OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуҳаммад Зиё
Асар номиГул ва Зиё (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Муҳаммад Зиё
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Гул ва Зиё (ҳикоя)
Муҳаммад Зиё

Масофалар Марғибдан Машриққача, масофалар ер билан осмонча, масофалар муҳаббатдан нафратгача, масофалар қайғудан шодликкача, масофалар висолдан ҳижронгача, масофалар зимистондан зиёгача, масофалар хасдан гулгача, масофалар тутқунликдан эркгача, масофалар ҳаётдан мамотгача, масофалар... Масофалар ҳадсиз-ҳудудсиз...

Масофалар миллион йиллик ёруғлик тезлигидан чорак сонияларгача...

Биз шунчалар яқинмизки, тасвирлашга сўз ожиз, биз шу қадар олисмизки, ўлчовларга мезон йўқ.

Масофалар... Бахтсизликдан бахтгача... Масофалар...

Сониялар: бир, икки, уч, тўрт...

Кенг, чиройли кўча, икки чети тўла баҳайбат чинорлар. Субҳидам бўлганлиги учун одамлар сийракроқ эди. Бир-бирларини пайқагани аниқ, чунки бундан сал аввалроқ қалбларни алланечук ларзага келтирган бу ҳолат уларга жуда таниш эди. Бу улар… Зиё Гул томон, Гул Зиё томон борар...

Чинор ўзига хос виқор билан яшайди, мажнунтолларга ўхшаб бўлар бўлмасга қад букмайди. Чинорлардан бирининг кутилмаганда чамаси ўн беш аршин баландликдаги роса етилган бир барги шабодада узилиб, туша бошлади. У худди патдай ҳавода сониялар билан ачомлашиб, ўйноқилаб аста-аста пастлаша борар... Барг уларнинг кўксига етганда ҳавода муаллақ туриб қолди. Уларни ўн дюймли ям-яшил барг ажратиб турар, бу икки вужуднинг ҳаётидаги энг яқин келган масофалари…

Ниҳоят кўзлар-кўзларга тушди.

Сониялар: йигирма етти, йигирма саккиз, йигирма тўққиз, ўттиз...

Ниҳоят кўзимиз кўзимизга тушди.

Майин ифорингиздан кўзлар тинади, бош айланади. Шунда сиз «Бу дунёда адолат борми ўзи?» дея сўроқландингиз. Нега, нима учун айнан шу саволни бердингиз? Ахир сизнинг бисотингизда: «Инсон бир кишини қаттиқ севса-ю, усиз қандай яшаш мумкин?», ёки «Инсон севса-ю, ўртасидаги узоқ айрилиқ муҳаббатнинг сўнишига сабаб бўладими?», йўқса, «Мангу севги-муҳаббат борми?» Ё «Севиш ва севилишни ибтидоси қаерда-ю, интиҳоси қаерда?» Ва ёки «Висол муҳаббатнинг якуними? Ё ...Бошланиши» каби миллионлаб саволлар бўлса-да, сиз айнан «Бу дунёда адолат борми ўзи?» дея юзландингиз гўё бутун олам бизга қаршидек, гўё бу дунёда адолат йўқдек.

* * *

Мен сизни дастлаб учратганимдаёқ ўртамизда қандайдир бир ришта борлигинию ва яна қандайдир кўз илғамас масофа борлигини дилимнинг туб-тубидан ҳис этганман. Бу нима эканлигини айни пайтда ўзим ҳам тушунмас, билмас, англамас эдим. Сиздаги шаршара каби сумбул сочлару қалдирғоч қанотидай қайрилма қошлар қайси элнинг қизида йўқ дейсиз ва ёки сиздаги оҳу кўзлару истарали, ойдек юз хоҳлаган бир миллатнинг моҳитобларида мавжуд эмасмиди? Ё сизнидек келишган қадди-қоматни ҳар қайси халқнинг ҳурлиқоларида учратиш мумкинмасмиди? Билганим, сизга кўнглим илиқлигию, сиз ҳам менга бефарқ эмаслигингизда эди.

Агарда ер юзидаги инсонлардан «Сиз қайси динга эътиқод қиласиз?» деб сўралса, уларнинг кўпчилиги, фалон динга эътиқод қилишини, Худони борлигига имон келтиришини айтсалар-да, бироқ улар орасида аксарияти ўзлари танлаган диннинг илму аҳкомига амал қилмаган ҳолда ўша динга мансублигини даъво қилишарди. Ҳар ҳолда менга учраганларнинг кўпчилиги мана шунақалар эди. Яна бир гуруҳи борки, улар Худони борлигини ҳам тан олишмайди. Нақадар қўрқинчли ҳол бу.

Сиз улардан, яҳудий отангиздан фарқли ўлароқ ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигингизни айтсангиз-да, бироқ «Яратгувчи, Худо бор» дегувчи эдингиз. Ва айнан шу нарса, назаримда, сизни бошқалардан ажратиб турган, мени ҳамиша ҳайратга солиб келган бўлса, неажаб. Ҳар қандай элат, миллат, халқларнинг сиз каби гўзаллари орасида худди сиздек дунёқарашга эга бўлганлари бордир, эҳтимол, аммо мен уларни учратмагандирман. Шунинг учун ҳам мен сиздан бошқани демагандирман...

Мен эътиқод қиладиган динда эркаклар аёлларга бош бўлиши, аёлларни Одам Атонинг чап қовурғасидан яралганлиги ва яна аёллар ожиза экани ҳақида айтилади. Қолаверса, сиздан уч-тўрт баҳорни кўпроқ кўрганлигимданми, балки сиз мендан аввалроқ саволга тутинганингизданми? Нима бўлганда ҳам мен сизни саволингизга жавоб беришга мажбурман.

Энг аввало, адолат бу – ҳақиқат демакдир. Одатда биз қалам, дафтар, китобни кўрамиз ва қўл билан ушлаймиз. Бу тилшуносликда «аниқ отлар» дейилади. Шунингдек, қалб, муҳаббат, ҳақиқатни кўзи билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмаса-да ҳис этамиз. Улар «мавҳум отлар» дейилади. Бу дегани, ҳақиқат мавҳум нарса дегани эмас, азизам. «Ҳақиқат – эгилади, букилади аммо синмайди» деган нақл бор. Бу ҳам тўғри албатта, бироқ ҳақиқат майда-майда бўлиб парчаланади. Чунки бу дунёнинг ўзи майда-майда зарра, электронлар, протонлар, унданда майдароқ заррачалардан ташкил топганидан кейин... Ҳақиқат ҳам майда-майда заррачаларга айланиб сочилиб кетиш-ю ва яна йиғилиб бир кучга айланишига қандай шубҳа қилиш мумкин.

Ҳақиқат худди Атом бомбаси портлаганда ажралиб чиқадиган кўз илғамас нурларга ўхшайди. Унинг тезлиги ёруғлик тезлигига тенг бўлиб, йўлида учраган нарсани, ҳатто қалинлиги ўн метр бўлган бетонни ҳам бемалол тешиб ўтади. Унинг зарб тўлқини йўлида учраган барча нарсаларни эритиб, куйдириб, ёндириб юборади. У шу қадар кучлики, бутун инсониятни бир зумда жунбушга келтириши, шикастлаши, адои тамом қилиши мумкин. Бироқ тиббиётда ўша нурлар махсус технологиялар ёрдамида инсон соғлиғини тиклашда қўлланилади. Бунга нима дейсиз, азизам. Бу Яратганинг мўъжизаси эмасмикин? Бу худди сўзга ўхшайди-я, инсонни бир сўз билан ўлдириш ё тирилтириш мумкин дегандай.

Уни англашнинг бирдан–бир йўли оддийгина қора қаламни биласизми? Ичида графит моддаси бўлади. Биргина оддий қора қалам ўша қалинги ўн мерт бўлган бетонни ҳам бемалол тешиб ўтадиган, кўзга кўринмас ўша нурларни ўзига ютиб, сингдириб тўхтатолади. Сизга айтмоқчи бўлганим, энг муҳимларидан бири ўша қора қаламда ёзиш, ёзганда ҳам сариқ, қизил ва бошқа рангли қоғозларга эмас, айнан оппоқ қоғозга ёзилгандагина аниқ ва тиниқ акс этиши ва улар йиғилиб-йиғилиб бутун бошли бир китобга айланиши мумкинлигида. Бунинг учун албатта вақт керак бўлади. Ҳа, азизам, вақт керак бўлади. Асрлару йиллар, ойлару кунлар керак бўлса, уни рўёбга чиқиши, бутун бўй-басти билан намоён бўлиши учун ҳатто сонияларини ҳам кутиш керак бўлади. Шунинг учун ҳам «Вақт энг олий ҳакам» деб бежиз айтишмаган.

Сониялар: ўттиз уч…

Ўйларимни жамлашга улгурмасдан яна сиз «Нега унда биз...?» дея сўроқландингиз, дарҳақиқат дунёда муҳаббат ва ҳақиқат бўлса нега унда биз сарсон ва саргардонмиз? Сиз ҳақсиз «Нега унда биз...»

Менимча, у вақтларда жуда ёш ва ғўр эдим. Аммо сизга бўлган муҳаббатим ўша пайтлардагидек ҳозир ҳам шаффофдек тиниқ. Тўғриси, Лондонга ўқишга бориш, у ерда сизни учратиш ва бир гуруҳда таҳсил олиш етти ухлаб тушимга кирмаган эди.

Илк бор учрашганимиздаёқ қандайдир ришта борлигини-ю, яна қандайдир тўсиқ борлигини ҳар иккимиз ҳис этган бўлсак, не ажаб. Сизнинг қаршингизда ўзимни алланечук бошқача, гўё сиз бир маъбудаю мен унга сиғинаётган ибодатгўйга ўхшардим. Буни моддий тафовут деб ўйлардим ва ана шу кемтик тўлдирилса бас, ҳаммаси жойига тушиб кетади деб ҳисоблардим. Бундан ташқари университетдаги тадбирлардан бирига дунёни манаман деган «Магнат» кишиларидан бири келди: қимматбаҳо либосда, баланд бўйли, сочлари силлиқ таралган, бургутдай ўткир нигоҳи ҳамиша кулимсираб туради. Тадбирдан сўнг ҳамма ўқитувчилар, талабалар у билан кўришишга, суратга тушишга ошиқишарди. Аммо тансоқчилар ва ёрдамчиларидан бир амаллаб ўтганларидан кейин ҳам уни қандайдир сирли салобати олдида эсанкираб қолишарди. Мен-ку ўша одам отангиз эканлигини билгач, оёқ-қўлим қалтираб фақат олисдангина кузатдим, холос.

Шундан кейин масофалар яна ҳам узайгандай бўлса-да, туну-кун сиз ҳақингизда ўйлайверганимдан тушларимда ҳам сизни кўра бошладим. Бир кун қарасам хонамда ейишга ҳеч вақо йўқ, чўнтакда бир тсент ҳам қолмапти. Яёв ўқишга бордим.

Эсланг: сиз менга «Бу менинг бисотимдаги энг яхши китобларимдан бири, албатта ўқиб чиқинг», дея уни қўлимга тутқазгандингиз. Минатдорчилик билдириб қабул қилдим. Хонамга бориб варақлай бошладим, ичидан беш юз фунт стерлинг чиқди. Ўшанда танг аҳволим ҳақида бировга чурқ этмаган бўлсам-да, сиз буни сезгандингиз. Бу ҳол тушларингизда аён бўлган бўлса, неажаб. Анча вақтлардан сўнг бисотимдаги энг яхши китобларимдан бири билан сизни омонатингизни қайтаришга базўр эришдим.

Шу тариқа ҳаёт давом этаётган бир пайтда на ейишимда, на ичишимда, на уйқумда ҳаловат бор эди. Дарсга кеч қолиб кирдим, ўшанда сиз биринчи марта оғиз очмай, бироқ ўша майин овозингизда «Хайрият-эй, бормисиз?» дедингиз, буни аниқ эшитдим. Ва мен ҳам беихтиёр «Борингизга шукур», дедим баралла овозда оғиз жуфтламай. Шу куни туғилган кунингизга таклиф қилдингиз, боролмадим. Мени бу ғайритабиий мулоқотдан эсим оғиб қолганди. Бир ҳафтача ҳолсизланиб ётиб қолдим. Биздаги бу ўзига хослик, ўзгариш сабабларини излаб руҳшуносларга, шифокорларга мурожаат қила бошладим. Тайинли бирон жавоб ололмаганим етмагандай улар бир даллига қарагандай разм солиши алам қиларди. Бир оз ўзимга келгач «Ҳечдан кўра кеч» деганларидай туғилган кун совғасини берар чоғимда, ёдингизда бўлса, биздаги рўй берган бу ўзгаришлар ҳақида бировга индамай туришингизни илтимос қилгандим. Токи ўзимиз бирон бир тўхтамга келмагунча...

* * *

Авваллари сиз ҳақингизда туну кун ўйлардим. Энди эса ўртамизда юз бераётган ғайритабиий ўша ҳодиса, маълум масофада мулоқотга киришимизу узоқлашгач узилиши, яна ҳам қизиқроғи, бу нега айнан бизни ўртамизда рўй бериши. Биздан бошқа қанчадан-қанча севишганлар, кўнгли яқинлар бўлса-да, бу ҳодиса айнан бизда рўй берди. Бунинг сабаби нима? Оқибати нима бўлади? Бу қанчалик фойдалию қанчалик хавфли? Бу қандай куч ўзи? Бу бахтми? Ё бахтсизлик... сингари минглаб саволларга жавоб излаш мақсадида дин, фалсафа, фалакиёт, кимё, тарих каби бир қанча фанларни ўрганишга киришдим. Бу фанларни ўзлаштириш учун бир қанча тилларни ўрганишга тўғри келди, рўй бераётган ҳодисани билиш учун оламни, энг аввало ўзни англаш кераклигини тушуниб етдим. Болалигимдан шундайман, бир нарсага қизиқдимми, унинг моҳиятига етмагунча тўхтамайман. Ўзим билан ўзим андармон бўлиб юрган кезларимда отангиз мени ҳузурига чорлади. Офисига бордим. Каттакон хона жуда дид билан безатилган, эътиборимни тортгани – ўнг томонда одам бўй келадиган улкан глобус, чапдаги шкафлар китоблар билан тўлдирилгани, ҳашаматидан одам зоти ҳуркади. Аммо бу сафар ҳеч қандай сирли савлатини сезмадим, жуда хушмуомала одам экан. Суҳбатлашиб ўтириб, унинг бир қанча шартларига кўнсам, қизини, яъни сизни менга бериши айтди. Шулардан биринчиси – унинг динини қабул қилишим, кейин қўл остида ишлашим, унга қўшилиб яна олам-олам дунё орттиришга қаратилган бир қанча лойҳалар эди.

Бир пайтлар мени ваҳимага солган бу инсон шу қадар ожиз кўриниши билан бирга гаплари ҳам негадир жуда эриш туюлди. Икки ўт орасида қолдим. Қандайдир бир куч ичкими, ташқими, билолмадим. Қисқаси таклифларини қабул қилолмадим. Ҳаётдаги энг катта орзуларимдан бири сизга уйланиш бўлса-да, тўғрими, йўқми билмадим. Сизга бу тарзда етишишни хоҳламадим. Айни пайтда мени қизиқтираётган, излаётган энг муҳим нарса ўртамизда рўй бераётган ҳодиса моҳиятини англаш, билиш зарурати эди. Шундан сўнггина қолган масалаларга ойдинлик киритиш мумкиндек, акс ҳолда «қош қўяман деб кўз чиқариб қўйиш», бир ноўрин хатти-ҳаракат билан сизни бахтсиз қилиб қўйишим ҳам ҳеч гап эмасдек туюлди. Бу вақтларга келиб аллақачон ўқишни ташлаб юборган эдим. Аксига олиб дардга – теританосил касалигига чалиндим, турли шифокорлар-у шу касаллик бўича мутахассислар билан ҳам гаплашдим. Бир-бирига қарама-қарши фикрлару ташхислардан чарчадим. Уларнинг жавобидаги ягона умумийлик дард ёш ўтган сайин зўрайиши, бутун вужудни қоплаб бориши эди. Соғлиғим билан боғлиқ муаммоларни бир четга йиғиштириб, тадиқотларга, изланишларга берилдим. Натижада «Мақсаднинг моҳият маркази», «Масофаларда вақтнинг парчаланиши», «Вақтда масофаларнинг парчаланиши» каби ўз қарашларим билан боғлиқ бир қатор илмий-оммабоп мақолаларим матбуотда эълон қилинди ва жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Шунингдек, «Скй Сент Медиа Гроуп» компанияси назарига тушиб, мен билан узоқ йиллик ҳамкорлик шартномаси тузилди.

Бундан буён иқтисодий масалалар ҳақида ўйламаслигим, дунёни исталган ерига боришим, ўрганишим мумкин бўлган, олам эшиклари мен учун ланг очилган бир вақтда онамнинг бетоблиги ҳақида хабар келди.

Онам ёлғиз яшагани учун қўшни қиз тез-тез хабар олиб туриши ҳақида менга хатларида кўп бора ёзган эдилар. Онамнинг ёнига борганимда ўша дастёр қизга уйлансам, ўзини «Бу дунёдаги энг бахтли инсон» деб ҳисоблашини айтдилар. Яна икки ўт орасида қолдим, назаримда, бу дунёда бахтли бўлиш учун онадан ҳақлироқ бирон зот йўқ эди. Мен ўша кучга, ичкими, ташқими, билмадим, биринчи бор қарши бориб, тўйга розилик бердим. Бу вақтга келиб, сизни аллақачон турмушга узатишгани, фарзандли ҳам бўлганлигингиз тушларимда аён бўлиб борарди. Никоҳдан сўнг асал ойи Венетсияда ўтди, анча вақт ўша ерда қолиб, изланишларимни давом эттирдим. Кунларнинг бирида мени компания бошқарув раиси йўқлабди. Бордим. Амазонка чангалзорларида янги қабила топилганини, уни ўрганиш учун махсус экспидиетсия гуруҳи тузилганини, агар хоҳласам мени ҳам рўйхатга киритишини айтди. Таклифни бажонидил қабул қилдим. Рафиқамни онамнинг ёнига юбориб, ўзим экспидиетсия билан жўнадим.

Минг бир азоб билан янги қабилага етиб борганимизда рафиқамдан онамнинг аҳволи оғирлашгани ва тез етиб боришим ҳақида хабар келди. Бир кунда бутун дунёни айланиб чиқса бўладиган шу замонда бир ҳафта деганда уйга зўрға етиб бордим. Ўшанда юрагимни туб-тубидан эзилиб йиғлагандим. Онамни сўнгги манзилга кузата олмаганимдан, маросимларида қатнаша олмаганимдан эмас, балки сиз «Бу дунёдаги энг бахтли инсон бўла олдингизми?» деб сўраб улгура олмаганимдан афсусланиб ўкингандим. Ана шу карахтликдан чалғиш учун ҳам яна дунё кеза бошладим, турли жойларда кўплаб халқлар, миллат ва элатларни келиб чиқиши, дини, тили, урф-одати, маънавияти ва қадриятлари билан боғлиқ масалаларни ўргандим улар ҳақида мақолалар ёздим. Энг муҳими, шу вақтлар оралиғида «Фалакиёт ва инсоният», «Тана ва руҳнинг туташ нуқтаси» каби рисолаларим чоп этилиши менга муваффақият-у, компанияга жудда катта даромад олиб келди.

Ҳозирда шунча йиллик изланишлар, тадқиқотларимни жамлаб, «Меъёрий нуқта қонунияти» номли асарим устида ишлаяпман. Бу асар инсоният дунёга келиб, фақат бир нарсани – бахтни излаб яшаши ҳақида. Яъни, инсоният ҳаёт кечирар экан, ҳамиша ўзидан қониқмаслик ҳиссини, қалбида қандайдир кемтикликни сезиб яшайди. Баъзи инсонлар буни бойлик билан боғлашади, яъни бойлик бўлса бас, ўзиларини бахтли ҳисоблашади. Баъзилар ота-онаси эрта вафот этгани билан, баъзилар тирноққа зорлиги билан, яна баъзилар севикли ёрига етиша олмагани билан боғлашади. Бойлик, қариндош-уруғ, дўсту-ёр, обрў-эътибор тўкис кишилар ҳам ёлғизликни ҳис этиб яшаши сир эмас. Инсон қалбининг бир четида ҳамиша бўшлиқ борлиги сезилиб туради. Айнан шу нарса уни бахтли эмаслигидан далолат беради. Баъзилар «Мен бир вақтлар бахтли эдим» дейишади. Бу унинг ҳозирги ҳаётига нисбатан аввалги ҳаёти яхшироқ эканлигидан бошқа нарса эмас. Унинг энг катта хатоси ўзи айтмоқчи «бахтли вақти»даги мавжуд кемтикликни эслай олмаслигида, холос.

Аслида инсон дунёга келиб бахтли бўлиши учун на бойлик, на обрў-эътибор, на қариндош-уруғ керак бўлади. Тадқиқотларим натижасида яратилган назария шундан иборатки, онг ва қалб йўналиш траекториясининг меъёрий нуқтада бирлаштира олингандагина инсон ўзини ва бутун оламни англайди. Инсон ўз қобиғида чиқади. Ва ғайритабиий имкониятларга эришади. Шундан сўнггина ҳаёт, тўлақонли бахт ва бахтсизлик ҳақида мушоҳада қилиши мумкин бўлади. Унгача инсоният ўз ёғида ўзи қоврилиб юраверади. «Меъёрий нуқта қонунияти» худди Нютоннинг «Бутун олам тортиши қонуни»га ўхшаб барчага баробар даҳл қилади. Бу ўз-ўзидан дунёга келган ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли деган фаразни келтириб чиқаради.

Мен ишлаб чиққан «Меъёрий нуқта қонунияти» назарияси бўйича унга эришиш йўллари ва ҳаётга тадбиқ этиш бўйича ечимини кутаётган айрим масалаларга ойдинлик киритиш учун ҳам тадқиқотларимни давом этиришим зарур.

Ҳаёт эса мени ҳайратга солишда давом этмоқда. Бундан ўн беш йиллар аввал учраган теританосил касаллигидан шу йил бутунлай халос бўлдим. Вақт, умр ўтиши билан дард кучайишини айтган шифокорларга учрадим. Улар текширишлардан сўнг ҳайрон қолишди ва қандай қилиб даволанганим билан қизиқишди. Мен уларга йиллар давомида дард ҳақида умуман ўйламай, фақат илм билан машғул бўлганимни айтдим. Аммо бунга ишонишмади. Шунча йиллар давомида қаерларда бўлганимни, нималар истеъмол қилганим ҳақида суриштириб, буни инсонлар соғлиғини тиклашдаги аҳамиятини тушунтиришди. Мен вақтим зиқлигини инсоният учун бундан-да муҳимроқ ишлар билан бандлигимни айтдим. Улар ҳол-жонимга қўймай ҳамкорлик қилиш учун ҳатто босим ҳам ўтказа бошлашди. Фақат компаниянинг аралашувидан кейингина мени тинч қўйишди.

«Бир йигит қирқ йилда дунёга келади» дейишади. Мен шу йил роппа-роса қирққа тўлдим. Эҳтимол, шу йил бу сирли олам ўз тилсимларини менга очар, ўшанда сизга яна ҳам жўялироқ жавоб айтарман.

Мен жуда кўп тинч-осуда мамлакатларда бўлдим. Энди тақдир тақозоси билан жангу-жадал авжига чиққан юртларга боришга тўғри келяпти. Ҳақиқатдан ҳам ҳаёт тасодифларга тўла экан. Мен бу ўлкага бор-йўғи бир-неча соатларга тўхтаб ўтиш учунгина келгандим. Сиз эса халқаро кўргазмага ташриф буюрган экансиз. Шу тобда сизу мени учраштирган тасодифни...

Азизам, мени аеропортга кечикаётганлигим сабабли маъзур тутасиз, кейинги сафар дунёнинг қайси бир четида учрашиб қоламиз, билмайман. Аммо бир нарсани аниқ биламанки, ўшанда фақат мен савол бераман-у, сиз жавоб қидирасиз.

Кўзлардан ёш қалқиди. Беихтиёр бир вақтлар ўқиган сатрлар ёдга тушди.

Аста чайқалади осмон денгизи,
Юлдузлар кўзимга кетмоқда сачраб.
Ҳар бир нафасимда нафасинг сезиб,
Кўзимда кўзингни қололсам асраб.

Топдим, сенга бўлган чин ишқим ғолиб,
Билдим, билдирмасдан кузатётган ким.
Энди юрагимга жойлашиб олиб,
Кўзларимдан қараб тур, Тангрим.
Кўзларимдан қараб тур Тангрим!

Сониялар: ўттиз етти...

Бу – Гул ва Зиёнинг сўнгги учрашуви эди.

Улар Худонинг етти кунда яратган дунёсида, етти қават осмон остида эдилар. Уларнинг юракларидан таралаётган инфирақизил нурлар ям-яшил баргни жигарранг ҳолга келтирди. Шабода уни эркалаб ерга юмалатди. У етти сония аввал ям-яшил эди, энди ҳазонга айланиб оёқлар остида майдаланиб, бу дунёдаги ўз вазифасини аъло даржада адо этди.