OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМурод Мансур
Асар номиЖудолик диёри (1-китоб 1-қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Мурод Мансур
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ» Нашриёт-Матбаа Акциядорлик Компанияси - Бош Таҳририяти, Тошкент, 2007
Ҳажм557KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/15
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Жамоатчи муҳаррир: Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
Мусаввир: Хуршид Зиёхонов



iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Жудолик диёри (1-китоб 1-қисм)
Мурод Мансур

«
Ушбу битикларимни волидам Каромхон Умархўжа қизига
ва мушкулдошим Саидага атадим.

Муаллиф
»

«Жондан азиз укажоним, Мақсуд, бу беш кунлик омонат дунёни сизларга ташлаб кета туриб, у ота юртни, сизларни, холалариму поччалариму тоғаларимни, бу дунёдан ўтиб кетган барча маҳалладошларни эсладим. Ва Улуғхўжабойлар сулоласининг умидли новдаси бўлган сенга шу омонат гапларимни қолдиргим келди...

Мақсуд, қўй, ўзингни бос. Йиғлама. Мен сенга армонларимнимас, ўз хато-ю гуноҳларимни тўкмоқдаман. Ёлғиз Оллоҳ ва ўзимги-на биладиган гуноҳларимни сенга ишониб айтмоқдаман. Сен узоққа борадурган йигитсан, тушуниб оларсан, деб ўйлайман. Юртимизда кимлар мени қароқчи деб атар, кимлар сўнгги босмачи, деб тавқи лаънат тамғасини босиб ҳам қўйгандир. Балки, баъзилар бировнинг тўйини бузиб, никоҳидаги аёлини олиб қочган нобакор деб билар. Лекин мен, Худованди Каримга минг қатла шукрларки, у гуноҳи азимга ботиб улгурмадим. Менинг гуноҳим бошқа нарсада: бу дунёда ҳар неки Оллоҳнинг изни-иродасисиз бўлмаслигини унутиб, Баҳриддин ошнамнинг қасосини олмагунча қўймайман, деб қасам ичганим ва шу ният билан бир бандага билиб-билмай зулм ўтказиб қўйганимдир! Мен султонлар ҳам журъат этолмайдиган бир жазони инсон боласига, Худо қўшқўллаб уриб қўйган кимсага раво кўриб, ёмон адашибман. У асли беайб бўлиб чиқди, Мақсуд...»

Адиб Мурод Мансурнинг «Жудолик диёри» асари ана шу тарих ва кечмишлар ҳақида баҳс этади.

«
Аллоҳнинг бўёғини (лозим тутинг).
Аллоҳнинг бўёғидан чиройлироқ бўёқ
бергувчи ким бор?! Ва биз унга ибодат
қилувчилармиз.

Қуръони карим, 2/138
»
СУЛТОНМУРОДНИНГ ЁЛҒИЗ ЎТИНЧИ
«
Эй инсон... ўз аслинг нимарсадур ва не ердин келибсан
ва не ерга боргунгдур? Бу олам манзилгоҳига нима
ишга келибсан ва сени нима учун офарида қилибдур?
Саодатинг не ишдадур?..

Муҳаммад Ғаззолий
»

Биринчи бўлим

Ёдгор Наъматак (Муқаддима)

Ҳеч ким кўзи очиқ туриб, болалиги кечган жойлардан айрилмасун экан. Айрилсаям, ёдга соладиган бирон нарса қолсин экан у атрофларда.

Ёдимда: жимжилоқдай келадиган пичоқчам бўларди. Йўқ-йўқ, паккича эмас, қаламтарош ҳам эмас, садаф бандли митти пичоқча. Тоғам ҳадя қилган эди. Катталарникидан фарқи — қини йўқ, холос.

Ксчалари ёстиғим тагига қўйиб ётардим. Кўз очишим билан жойини пайпаслаб қолардим. Худди уйқудалигимда биров ўмариб қўйгандай(!).

Гоҳо болаларга кўз-кўз қилгани мактабга олиб бориб, қайтишда тушириб қўймайин, деб тарих китобимнинг муқоваси орасига яшириб юрардим. Бир куни ўша пичоқчам... осмонга учдими, ерга кирдмми, ҳеч ерда йўқ-да. Бир алам қилади, бир алам қилади. Зир югуриб, ҳаммаёқнинг тити-питисини чиқарвордим. Токчадаги киртахнинг таглариям қолмади, китобларимнинг ичиям. Юрган йўлларимни неча қайталаб айланиб чиқдим, қани топилса! Шундай алам қилади, шундай алам қилади! Гўё ичим ёниб кетяпти.

Ахийри чидаёлмадим: ўзимни сандал чеккасига отиб, ҳўнграб юбордим.

Аввал ҳўнграб-ҳўнграб, кейин куйиб-куйиб, сўнгида ўксиб-ўксиб, тоза йиғладим. Ҳеч алами тарқамасди, унутолмасдим пичоқчамни. Ахийри йиғлай-йиғлай, ойимларнинг келишларини кутиб, намозшомга яқин ухлаб қолибман.

Ўша ётишимда туш кўрибман. Жондан азиз пичоқчам тушимга кирибди. Чиройли мўйлов қўйган, қора қош, қора кўзли, улоқчилардай хушқад бир йигит: — Ё тавба, шунақаям аниқ-таниқ кўринадими?! — тепамда жилмайи-иб турибди. Қўлида ўша садаф бандли митти пичоқчам....
— Шуми, болакай? Йигит киши дўпписи билан пичоғини олдирмайди. Ма, маҳкам бўл энди.

Пичоғимни олаётиб уйғониб кетдим. Йигитнинг суврати шундай кўз олдимда турибди. Қариндошларимиздан кимгадир жуда-жуда ўхшаб кетади, қуйиб қўйгандек-у, лекин кимлигини ҳеч эслай олмайман. Ё Хизр бува йигит сувратида кўриндилармикан?

Шундан кейин чинданам пичоқчамни топиб олдим. Эрталаб қарасам, сандал устидаги катта гардин патнисимиз тагида турибди. Биров атай шу ерга қўйиб кетгандай. Ўзим жуда яхши эслайман: пичоқчамни садаф банди қирилиб қолади, деб ҳеч патнис тагига яширмас эдим...

Ойим узун кечалар қора чироқ ёруғида машина тикиб ўтириб, баъзан Худонинг қаҳрига учраб, юртини ер ютган, тўфон туриб сув босган, вулқон отилиб кунпаякун бўлиб кетган жойлар, қавмлар ҳақида ҳикоя қилиб қолсалар, мен даҳшатга тушиб, мана-ҳозир ўша фалокатлар ёпирилиб келаётгандек сандал кўрпасини бошимга тортардим-да, танча ичига кириблар кетардим. Ойим эса, илиқ жилмайганча, юпатишга тушар эдилар:
— Сен қўрқма, ҳали қиёмат қўпмайди. Намоз ўқийдиган битта одам қолсаям, оламни ер ютмайди. Ўшанинг шарофатидан Худо ўзи асрайди, — дердилар.

Ва эрталаблари танларга ва руҳларга ҳузурбахш этувчи ёқимли овоздан — ойим қуръон тиловат қилаётган бўлсалар — уйғониб кетиб, қироатнинг хуш оҳангидан эриб ётарканман, ўзимга-ўзим таскин берардим:
— Яхшиям ойим борлар, қиёмат қўпмайди... Аммо орадан кў-ўп йиллар ўтиб, бир куни — ўригимиз шохлари роса яшилликка буркалиб, довуччалари тишга тегай деган кезда ер остидан бир офат гулдираб келдию ҳамманинг тинчини ўғирлади-қўйди: минг йилдан бери ўтириб келган еримиздан айрилдик-қолдик. Уйларимиз силкинди, у ер-бу ерининг сувоғи кўчди, синчлари очилиб қолди, ҳеч кимни том босмади. Тахмонлар ўрнида, токча ҳам ташлаб юбормади. Аммо шу офат баҳона бўлдию ҳамма кўчирмага тушди. Боғларимизу сойларимизни шаҳар ютди, ўрнида дўмлар қўзиқориндай потраб чиқа бошлади. Киндик қонимиз тўкилган, неча пушт оталаримиз ўтган у диёрдан ҳеч вақо қолмади. Тупроқ ўша-ўша, макон ўша эди-ю, лекин энди у диёр йўқ эди. Уни ёдга соладиган бир ўр ё қир, бир сой ё жилға, бир қўрғон ё ҳовли қолмаганди...

Йиллар кейин шу дўмлардан бирига кўчиб келган ошнам неварасига ақиқа қилиб берадиган бўлдию кечқурун савзи тўғрарга бордик.

Бир-бирига қалаштириб қуриб ташланган бу тошқўрғонлар орасидаги «ҳовли»да, пала-партиш ўрис дарахтлар остида жой ҳозирларканмиз, қай биридандир таралаётган таниш бўйдан биир ҳузурландик. Шунда ошнам:
— Бай-бай-бай, жийда гулининг ҳидиданам ўткир-а! Қаранг, бир чақиримдан гуркираб келиб турибди,— деди.

Мени хўрсиниқ босди.
— Ҳо-ов,.. жийда гулининг ҳиди қаёқдаю бу қаёқ-да!.. Бу дўмларнинг остида қолиб кетган боғларни кўрмагансиз-да...
— Шошманг-шошманг, чинданам шу ерда ҳовуз бўлгучи эди, гир атрофидан ҳар баҳор бир чиройли сафсар гуллар ўсиб чиқадиган. Кейин ахлат билан тўлиб кетиб эди. Ҳозир пастак ўрни қолган, қаранг.
— Ростданам... — Мен ўзию гир айланаси сал чўкиб, бир пайтлар ҳовуз бўлганидан дарак бериб турган жойга ютоқиб тикилдим. Ва, кимнинг ҳовузи экан, деб эслашга уриндим. Шу алфоз... бу «чўкма» ҳовуз четида чўкиртак тўнкасидан гуркираб ўсиб чиқиб, яккам-дуккам гуллашга улгурган наъматакка кўзим тушди. Гулкосалари йирик-йирик, гулбарглари бўлиқ-бўлиқ, тиниқ-тиниқ, нафармон эди у.

Ҳайратда қолдим. Шу наъматак хотирамни жонлантириб юборгандай эди. Ҳа, ҳа, ҳовузнинг бир томонида супача бўларди. Супа четида эса бир туп наъматак ўсару гуллаган кезлари Иззадан эсган сал шабададан ҳам ҳовуз юзини наъматак гулбарглари тутиб кетар эди.

Ўша манзара хаёлимда қайта жонланиб, улар ҳовуз сувининг енгил мавжларида худди нимпушти елканли қайиқчалардай, у томондан бу томонга сузиб бориб-сузиб кела бошладилар... Худди ўша вақтдагидай...

Эсладим! Топдим! Бу ўша холамгиларнинг боғи-мизга туташ ташландиқ ҳовузлари эди. Гир атрофини баланд-баланд сафсар гуллар тутиб ётгувчи, кўклам келиши-ла бир ёнини эгаллаган ёлғиз наъматак нафармон-нафармон гуллаб, тинмагур қурбақалар алламаҳалга довур вақир-вуқур базмлар қургувчи ҳовуз.

Ундан у ёғи эски анҳор ўтган чакалакзору хароба қўрғон — томлари валангор, деворлари қор-ёмғирларда нураб ётган — биз пешинларда беркинмачоқ ўйнаб чарчамагувчи бир жой эди.

Энди билсам, бу диёрнинг таназзули худди ўша кездан, ёлғиз наъматакли бу ҳовузнинг эгасиз қолиши, боғларида бинафшалар очилиб, маймунжонлар ғарқ пишиб ётадиган бу қўрғоннинг харобага айланишидан, холаваччаларимнинг ҳар ёққа тирқираб кетиб, беватан қолишларидан бошланган экан!

Бу етим наъматак энди ўша биз кўз очиб кўрган диёрдан бир маъюс хотирадай, тирик эртак гули мисоли, у сафоли ва балоли кунлардан бир ёдгор бўлиб, дўмлар ўртасида ўз ҳолича ўсиб, ўз ҳолича гуллаб ётар эди...

Ойдинда Учган Турналар

Ярим кечамиди, бир уйғонсам, қовуғим тўлиб, сим-сим ачишиб кетяпти. Аммо ҳеч кўзимни очгим йўқ, шунақа ширин уйқуда эканман! Қовоқларим қумга тўлгандай, киприкларимни биров ширачлаб ташлагандай. Шу ётишимда қулоғимга бир ажиб қур-қурлаган товушлар киради. Бу товуш-нағмалар томимиз тепасидан келяптими ё боғ томонданми — билолмайман. Турналар шекилли? Бояқишлар шунақа кеч қолиб кетишибдими? Ундай десам... бунча яқиндан келмоқда бу овозлар? Худди устимда ғужғон ўйнашаётган каби?..

Амал-тақал қилиб кўзимни очиб олдим. Ширач ювилди, қум ариди гўё. Шундагина кўрдим: дераза тагида ётган эканман, устимга келиб қолган тўлин ой — кўкнинг ёлғиз келинчаги деразанинг тепа кўзидан мўралаб турибди.

Боғ томондан бояги қур-қурлар, номаълум қушларнинг сирли чуғур-чуғурлари эшитилади. Гўё турналар тунги олис учишидан толиқиб, бир зумга ёни-миздаги ҳовуз бўйига қўнгану бир-бирларига йўлда кўрганларини ҳовлиқа-ҳовлиқа сўйлаб бераётгандай.

Дик этиб тура, ҳовлига чиқдим. Беихтиёр оёғим боғ эшикка томон тортди. Ташқари — бутун олам сутдек ойдинга чўмилиб ётибди: ишкомлару девор сархокларигача аллатовур кўринади.

Тамбани олиб, эшикни очдиму остонада лол қолдим. Ҳали-ҳануз англаб етолмайманки, тушиммиди ё ўнгим? Бир талай ажиб қушлар ой нурларини эмиб ётган хароба қўрғон тепасидан пастлаб келиб, ойданда оқ — жужун қанотларини ёйганича ҳовуз бўйига қўнишар, қайбирлари «қур-ей, қур-ей»лаб сувга талпинишар, сувга қонган қайбирлари эса, жуфт-жуфт бўлиб, ҳовуз атрофида рақсга тушишар, ўз тилларида бир-бирларига роз айтиб, нағмалар чалишар эди.

Ҳар кўклам ва ҳар кузда осмони фалакдан арғамчи солиб ўтгувчи, «қур-ей, қур-ей»лари биз болаларни далаларга ё томларга чорлагувчи бу қушларни ҳозир мен жуда яқиндан, эллик қадам беридан кўриб турардим, уларнинг худди тушдагидай, ойдинда учиб-қўпишларидан ҳайратда эдим. Улар шундай овлоқларни хуш кўришади. Илгарилари Қўшилиш га қўниб, Бўзсув бўйларида сувлаб қувнаган бўлсалар, бугун холамгиларнинг ташландиқ қўрғонига оралабдилар. Йўлдан адашдиларми ё кимсасиз ҳовуз ойдинда кўзларига харобалар орасига тушиб қолган думалоқ кўзгу бўлиб кўриниб, ўзларини ойнакка солгилари келиб, бу ерга қўндиларми? Манзара чинданам ғаройиб эди.

Балки мен ҳамон туш кўраётгандирман?..

Йўқ, бу овлоқ, бу хароба қўрғоннинг шунақа жозибаси ҳам бор: айниқса наъматак гуллаганда, сафсар гуллар очилганда биз болалару қизлар шу ерга танда қуриб оламиз. Анув қаровсиз боғ ортида ҳали қўзиқоринлар потраб, маймунжонлар ҳам пишиб берсин-чи!..

Балки булар турна ҳам эмасдир? (Ахир бундайин жужунқанот турналарни ким кўрибди? Овозини демаса, нимаси ўхшайди?) Балки бир нималар мени ётган еримдан авраб олиб чиқиб... Ва ўзлари қуш бўлиб кўриниб...

Совуқданми, бошқаданми жунжикиб, боғ эшикни секингина ёпдиму тамбани боса, уйга чопдим. Ўрнимга кирасолиб, кўрпани бошга тортарканман, тахмон томондан ойимнинг овозлари келди:
— Ҳа, Мақсудхўжа, уйқусирадингми?
— Йўқ, ойи, ўзим, — дедим уялиб.
— Ҳаяллаб қолдинг?

Хайрият, тутним ҳам, ажиналар ҳам эмаскан. Ойим сезиб ётган эканлар. Ўзимга келиб, кўрганларимни айтишга ошиқдим. Бошимдан кўрпани отиб ташлаб, азза-базза ўтириб олдим.
— Ойи-чи, ойи, холамгиларнинг қўрғонида нималарни кўрдим, айтайми?
— Нимани кўрдинг?
— Аллақандай катта-катта, ғалати қушлар учиб юрибди. Турнага ўхшайди, лекин оқ, кулранг, яшил — ҳар хил. Ҳовуз бўйида ғужғон ўйнаб ётибди. Роса зўр сайраяптида ўзиям.
— Ла ҳавла ва ла қуввата... «Субҳоноллоҳ», де, болам.
— Айтдим, ойи...
— Яна айт-да, ёт, ухла. Кўзингга кўринишибди...
— Нима, ойи? — дедим ҳайратга тушиб.
— Бояқишлар, — деб пичирладилар ойим.
— Ким, ойи? Ким кўзимга кўринибди?

Ахир, ўзим кўрдим-ку! Ростданам у қушлар узоқ юртлардан учиб келатуриб қўнган турналарди.

Ойим чуқур тин олиб, хўрсиндилар. Овозлари ҳам қалтираб чиқди.
— Худо раҳмат қилган бўлсин ҳаммаларини. Чирқираб юрибди экан ҳалиям бояқишларнинг руҳлари.

Мен ҳайрон қолдим.
— Нега унақа дейсиз, ойи?
— Бояқиш холангни, Абдураҳим эшон поччани айтаман-да. Шундай хонадон... тариқдай сочилиб кетди-я, хонавайрон этдилар-а! — Ойим ўрниларидан туриб ўтириб, рўмолларини ўрашга тутиндилар. — Худойим ўзи билиб-кўриб тургандир? Қасд қилганларни қолдирмас бундай!

Ойим азза-базза рўмолларининг учини мижжаларига босдилар. Овозлари яна қалтираб чиқди.

Дарвоқе, ўзи нима бўлган? Шу қўрғон ҳақида гап очилди дегунча кўзлари ёшланиб, овозлари ўзгариб келаверади. Раҳматли холанг, раҳматли Абдураҳим эшон почча, дейдилар-у, у ёғини айтолмайдилар. Биз эсимизни танибмизки, бу уйларнинг томи очиқ, пахса деворлари қор-ёмғирларда нураб ётади. Шунча йилнинг бадалида бу ерга ҳеч ким кўчиб ҳам келмади, томларини тиклашга уринмади ҳам. Қарғиш теккандай, сўппайиб ётади. Ҳовузга ҳам сув кириб-чиқиб туради-ю, лекин биздан бўлак ҳеч ким ичмайди.

«Ойи-и, улар қаёққа кетишган, нимага қайтишмайди?» деб сўрагим келди-ю, журъат эта олмадим. Ойим ўз юмушлари билан чиқиб борардилар.

Ҳа, ойимларга ҳам осонмас. Ярим кечагача қора чироқда иш тикиб, мошиначилик қиладилар. Бомдодни ўқибоқ сигир соғадилар. Кечқурун соғилганини докада сузиб, иккита идишни тўлдирадилар-да, паранжини қийшиқ ёпиниб, Чўлпонотанинг сут бозорига йўл оладилар. Қайтишда рўзғорга бозор-ўчар қилиб келадилар. Унгача кун ҳам ёйилиб кетади. Кейин далага қараб чопадилар. Тушгача бир қоп, тушдан кейин бир қоп дагирга ўт олиб келмасалар, бошқа ҳеч вақо йўқ. Кунимиз шу сигирга қолган. Мактабдан келгунимча, у кўчамиздаги тол тагида «рўза тутиб» ётади. Тушдан кейин мен битта китобни қўлтиғимга қисиб, Иззага ўтлатгани олиб кетаман. Чўмилиб, балиқ тутиб, чимзорларда гурпаклашиб умримиз ўтади. Зериксам, толнинг соясига ўтиб, чимзорга чўзиламан-да, паға-паға булутларнинг минг шаклга киришию сўфитўрғайларнинг чуғурлашига маҳлиё бўлиб, соатлаб кўкка тикилиб ётаман...

Бундай қарасам, ой аллақачон деразамиз кўзидан ўтиб ҳаволаб кетибди. Энди бир парча нури тахмон томонга чўзала тушиб турарди. Бояги овозларни қўмсаб, ташқарига қулоқ тутдим. Аммо бу сафар нимагадир қурилдоқлар овозидан бўлак ҳеч товуш эшитилмади.

Бояги қушлар нима бўлди экан? Ойим «кўзингга кўринишибди-да» деб нимани, кимни назарда тутдиларкин? Шу хаёллар оғушида эканман, тотли бир уйқу элтиб келиб, секин ўрнимга чўзилдим ва ўзим сезиб-сезмай хаёлий оламларга сузиб кириб кетдим.

Жала Йўлида Қолган Қўрғон

Ҳеч қанча ухламадим. Бир маҳал том тепасида нимадир қасирлаб кетди. Осмон қоқ иккига бўлиниб узилиб тушаётгандай, жон-поним чиқиб, туриб ўтириб олибман.

Бояги чарақлаган ойдиндан асар ҳам йўқ. Уйни зулмат босиб, ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Ойим қани эканлар?

Пайпасланиб, тахмон томон сурилдим. Йўқ, ойим ўринларини йиғиштириб, аллақачон жўнаб кетиб бўптилар. Даҳлизда сут идишлар ҳам кўринмайди. Тоғорачалар таги ғира-шира оқарибгина турибди. Қўрқа-писа деразамиздан ташқарига мўраладим. Осмон қорайиб, шундай пастлаб тушибдики, нақ бўғотимизга тиралиб қолгандай. Сўриток ёғочлари ҳам аранг кўзга чалинади. Зулумот шунчалик.

Шу маҳал кўкда чақмоқ илдиз отиб, олам бир лаҳза титроқ ёғду ичида қолдию боягидан баттар момақалдироқ турди.

Чопиб остонага чиқиб олибман. Юзларимга намчил ҳаво эпкини урилиб, ёмғир ҳиди анқиб кетди. Орқасидан шатир-шутур билан ўзи ҳам етиб келди, бирпасда олатасир жала қуйиб юборди.

Ё тавба, шунча булут қаерда турганакану ҳавойи жаҳон қачон айниб улгура қолди?! Ойижоним наҳот сезмадилар? Ё сезсалар ҳам, таваккал жўнаб юборавердиларми? Бирпасгина сабр қилсалар-ку...

Момақалдироқ энди Яккабоғ тепасида, нақ холамгилар ташлаб кетган қўрғон устида гумбурлади. Осмонда бир-бирлари билан тош отишиб «ўйнашаётган» чол-кампир биздан узоқлашиб борар, бу ёқда энди жала авжига минар эди. У томга урилиб такирлар, тарновлардан ваҳимаси билан бир ариқ сув шариллаб тушар, ҳовли бетини қоплаган ёмғир юзида пуфакчалар бодраб чиқар эди.

Бунга сари мен остонада типирчилаб турибман. Ахийри бошимга бир қопчиқни ташлаб, бўйнимни қисганча, зарилжойга югура кетдим. Қайтиб келгунимча ҳамма ёғим шалаббо бўлди. Артиниб-суртиниб, ўрнимни йиғиштиришга тутиндим.

Бу орада ҳаво ёришиб, зулмат қаёққадир чекинди. Анча-мунча сувини тўкиб олган булутлар боягидан кўтарилиб оқаришгандай эди. Момақалдироқ ҳам энди Каттабоғ, Тувак томонларга кўчган, овози борган сари бўғиқлашиб-узоқлашиб борар, жаланинг кучи қирқилиб, том илгаригидай такирламас, тарновдан келаётган сув энди анча берига тушар эди.

Ҳозир жала тоғаларимнинг маҳалласи Каттабоғга етиб бориб, ҳамма олатасирни ўша ёқда қилмоқда. Яхшиям йўлини ўзгартириб ўша ёққа юрди. Чўлпон-ота га қараб босиб борса, ойим ва бошқа бозорчилар иима қилишар эди?

Мен сал бўлса-да, таскин топиб, уй юзини йиғиштиришга тушдим. Тоғорачаларнинг устини патнис билан ёпиб, дераза тавақаларини очиб юбордим-да, уйни супура бошладим.

То ишларни бир ёқли қилгунимча, Чўлпонота тепасида булут чокидан ёрилиб, осмон мовий дарёдай очилди. Сўнг узоқдан кун тождай ярқираб чиқдию бу ёқда ёмғир ҳам тинақолди. Ора-чора ҳувиллаб, куртак ойган дарахтларни силкитиб, маржон-маржон томчиларни дувва-дувва тўкаётган шамол аллақаёқлардан бодроқ исидай тоза, хушбуй исни димоққа келтириб урарди. Мен бунақа вақтларда курагимдан қанот чиқариб, тозариб бораётган кўкка учгим, далаю кенгликларга чиқиб кетгим келаверади. Балки ҳалиги момақалдироқдан кейин ишкомлар орасию ёлғиз биз биладиган жойларда қўзиқоринлар потраб чиққандир? Вир дўппи-бир дўппи қилиб териб олганга, оловга тутиб кабоб қилиб еганга нима етсин. Эҳ! Алиакбарни чақириб, мактаб вақтигача ўтиб келсакми эди!

Мен кўчанинг нариги бетидаги тепаликка солинган, гир айланаси тупроқ томли (баҳор келди дегунча биз устида варрак учириб чарчамайдиган) қўрғонга қараб чопдим. Шунча жала қуйгани билан тупроқ кўчага гўё «жин ҳам урмаган» эди. Яккам-дуккам кўлмакларни демаса, намини шабада кўтариб кетиб, селгиб улгурибди. Алиакбарларнинг эшиги олдидаги азим ёнғоқ носранг кучала чиқариб юборибди. Таги билан битта «зулуклари»... Том орқасидаги қатор олчалар хумчалаб ётибди. Ҳар хумчасида бир томчидан ёмғир-зирак, қилт этган шабадага ҳам дув-дув тўкилади. Алиакбарни ҳовлисида кўрибоқ қистадим:
— Юр, ўтиб келамиз?
— Қаёққа? Мактаб-чи?
— Бўл, улгурамиз. Холамгиларнинг қўрғонидан ўтган эски ариқни биласан-ку. Ҳар йили потраб чиқади.
— Қўзиқоринларми? Шошма, мен ҳозир.

У тезда яғир дўпписини бошига илиб чиқди ва биз Яккабоғ томонга қараб, шипиллаб кетдик. Неча қишу кўкламларнинг қор-ёмғирларини кўравериб, учинчи пахсаси емирилиб бўлаёзган қўрғон харобалари ва унга кўтарилаверишдаги ёлғиз шафтоли узоқданоқ мана мен, деб кўзга ташланиб турарди шу чоқда.

Ё тавба! Хароба тагида мунғайибгина ўсган шафтоли шу қадар қийғос гуллабдики, гўшангадан чиққан келинчак дейсиз!

Мен уни қачондир, яна қаердадир кўргандай, юрагим гуп-гуп уриб, тўхтаб қолдим ва Алиакбарни қистадим:
— Уни қара, уни! Туришини қара! Алиакбар ҳам беш кетиб тўхтади:
— Ў! Роса очилибди-ку! — Кейин ачиниб қўшиб қўйди: — Шундай қўрғон... холаваччаларингга буюрмаганини қара.
— Э, нимасини айтасан!.. (Бойўғлихона бўлиб ётиши... кимларга керак экан?!)

Офтоб валангор уйлару қўрғон деворларини, ҳар бутаю ҳар майсани ўпиб, ёйилиб кела бошлади. Қушлар ҳам саломга чиқишди. Учиб-қўниб, чағир-чуғур билан бозор қила бошлашди. Ана, сассиқпопишак «ку-ку-пиш»лаб ола қанотларини ёйганича, ёнгинамдан ҳаволаб ўтди. Қаердадир майна қиқирлаб, саъва сайрашга тушди. Бедана патпалоқлаб, саноғини саккизга етказиб тўхтади, лекин қулоқларим остида ҳамон сайраётганга ўхшар эди. Худди олам қушлари шу ерга йиғилган каби, бир-бирларига навбат бергилари келмасди.

Алиакбар енгимдан тортиб қистади:
— Чопдик, кеч қоламиз.

«Ана айтмовдимми, вуй, буни қара»лаб ариқнинг у бетидан-бу бетига сакраймиз. Бултурги хазонлар тагидан виж-виж чиққан қўзиқоринларни аввал битталаб, кейин танлаб тера кетамиз:
— Онабошиларини ол, онабошиларини! Мактабдан қайтгунимизча болачалари ҳам муш-мушакон бўпқолади, кўрасан. Устига хазон ташла, хазон! — деб билағонлик қилади Алиакбар. Мен эсам дўппим тўлиб, янги топганларимни қўйнимга тиқиштираман.

Алҳол, териб тугатолмаслигимизга кўзимиз етиб, қайтдик. Келсам, ойим сут идишларини чайиб, бир чеккага тўнкариб қўяётган эканлар. Мени кўриб юзлари ёришди:
— Қаерга йўқолдинг, десам, шуни излаб кетувмидинг?
— Алиакбарминан холамгиларнинг қўрғонларига ўтдик. Шунақа кўп чиқибдики...
— Ош бўлсин, болам, ош бўлсин. Эрта турганга шунақа ҳалолидан етказади, Худойим. Қаний? — Ойим бир донасини қўлларига олиб, ҳидлаб кўрдилар-да, ўпиб кўзларига суртдилар. — Омонлиқ-сомонлиқ, шу кунларга етказганига шукр. — Қайтариб дўппимга солдилар. — Ошхонага киритиб қўй, кечка қовуриб бераман. Вор, энди, чойингни ичу югур, мактабингдан кеч қолма.
— Хўп бўлади, ойижон.

Қаймоққа нонни булаб, паққос тушириб олдим-да, елкага жилдни осиб, мактабга зинғилладим. Хаёлимдан эса, бояги манзара — харобазордан чиқиб келин-салом қилиб тургандек, қийғос гуллаган бир туп шафтоли(!) ҳеч кетмайди. Унинг нимпушти гулларини, саломга эгилган шохини худди биров миямга чизиб қўйгандек. Яна қаерда кўрган эканман бунақа чиройли нарсани?..

Ҳали офтоб ёйилиб кетсин, асаларилар устида ғужғон ўйнасин, ўшанда тагидаги майсазорга чўзилиб, уларнинг бир маромда ғўнғиллашига қулоқ берсанг борми, эҳ!..

Харобаси шунчалик гўзал, ободлигида қандай бўлган экан бу қўрғон?!.

Асол Холамнинг Билакузуги

Эрталабки қўзиқоринни жиндек картошка билан қовуриб-димлаган эканлар, бир антиқа, иликдек овқат бўпти. Нон билан паққос тушириб, оғзимда қолган мазасига беш кетиб ўтириб эдим, ойим кўз таглари билан илжайибгина қараб қўйдилар.
— Тўйдингми, болам?

Билдимки, кимгадир илиниб озгина опқўйганлар, борми десам, опкелишдан ҳам тоймайдилар. Егим келиб турган бўлса ҳам, сездирмадим.
— Тўйганда қандоқ! Асал бўб кетипти овқатиз, ойи! — дедим мақтаб.

Дастурхонни йиғиштира бошладилар.
— Ундай бўлса, отлан, узоқ кеча — Асол холангни кўриб келамиз, ҳақингга бир дуо қилиб есинлар. Ёлғиз одам, савоб бўлар.

Мен ҳайрон бўлдим.
— Келинлари-чи, ойи?..

Ойим ҳа деганда жавоб қилавермай, қора чироқни кўтариб, ошхонага йўл олдилар.
— Бугун кўчини ортиб кетишди...
— Ий-й! Марғу кеннойимни-я? — Мен гарангсиб қолдим.
— Ҳа, болам, пешонасига сиғмаган экан бу уй, бу қўрғонлар. Қизил паранжида келиб, ўша паранжисида кетди, бояқишгина...

Мен тушунмадим бунга. Лекин бирдан лоп этиб, худди биров олтин ҳал билан чизиб қўйгандек эрталабки манзара хотиримга келди. Кўз олдимда саломга эгилган келиндек бўлиб, ўша бир туп (қийғос гуллаган) шафтоли турарди. Топдим! Мен уни илгари ҳам кўрганман! Асол холамникига тўйдан кейин биринчи борганимизда кўрганман. Шунда у бошига шафтоли гулли узу-ун симрўмолми, тўр рўмолми ташлаб чиққан. Аввал ойимларга, сўнг менга бир чиройли салом қилганида хийла вақтгача эсим оғиб туриб қолган эдим. Топдим! Шунда кўрганман! Пиёлани уч бармоғининг учига қўндириб чой узатаркан, ширин жилмайиб: «Олинг, қайним-қайнижоним, дастурхонга қарангла», дея қистаган эди. Менинг бирдан эриб кетганларим — ҳамма-ҳаммаси қайта-бошдан ёдимга тушди. Ростданам тили бир ғалати ширин, аллақаёқли келинларникидай эди, овози бир аломат, қулоққа мойдай ёқарди. Ўзидан-чи, ўзидан бир ёқимли ифорлар гуркираб, адо бўлмасми эди-ей. Кейин эркалаб бағрига тортиб қўйганида-чи, бошим гир айланиб, не ҳолларга тушмовдим? Ҳали-ҳали ўша атир ҳидларини қўмсаб қолишларим, ўзини кўргим келишлари-чи!

Шу келинойим бизни ташлаб кетибдими?
— Энди холам бир ўзлари қолдиларми? — дедим ачиниб.
— Қандоқ қилсинлар, болам. Аввал поччани олиб кетишувди. Кейин бу бало қаерда турганакан, бир кечада гунгурсдай ўғилдан жудо бўлдилар. Мана, энди келин ҳам кетди.
— Тураверса бўлмасмиди, ойи?

Кўз олдимдан паканагина, бунинг устига, бир қўлларини белларига ташлаб, зўрға энкайиб юрадиган лўлибашара Асол холам ўтдилар. Холам никоҳ кечаси ўғиллари йўқолганидан бери янаям бир бурда тортиб қолдилар. Уззукун дарвоза оддидаги қари қоратол тагида ҳали жавраб, ҳали йиғлаб-сиқтаб, йўл қараб ўтирганлари-ўтирган. Биз, мактаб болалар ҳайиқибгина кўчанинг нариги бетидан жим-жим ўтиб кетамиз.

Ойим чуқур тин олдилар:
— Уям бировнинг қизи, болам.

Мен тушуна олмадим. Бировнинг қизи бўлса, шундай ҳайҳотдай хонадонда қари одамни ёлғиз ташлаб... кетаверадими?

Ниҳоят, чироқни пастлатиб қўйиб, товоқдаги томоқни сочиққа ўрадик-да, эшикка тамбани солиб, она-бола йўлга тушдик.

Қушлар ётоқ-ётоғига кириб кетиб, қурулдоқларга навбат теккан. Бинафшами, бодроқми ҳидини атрофга соча-соча юмшоқ баҳор шабадаси ўйноқлаб юрибди. Юз-кўзингдан ўргилиб, ипакдай майин «қўллари билан» аста силаб-сийпаса, оламда йўқ бир роҳат сезасан. Тепадаги ёнғоқзор томонда ҳаққуш «қув-қув»лайди. Ҳайбат акамларнинг эшиги рўпарасидаги яланғоч сададан пастлаб учган бойўғли кўчанинг нариги бетидан қўрғон орқасига сингиб кетди. Холамгиларнинг эски ҳовузида қурбақалар базми авжга миниб, бири олиб-бири қўйиб, шунақа вақир-вуқурлаб ётишибдики, томошага келган ажинаю қулочкашлар ҳам уларнинг қилиғидан қиқир-қиқир кулишаётганга ўхшайди.

Яккабоғ томондан ярим палла қовоқдай кемтик ой чиқиб келяпти. Шабада ўйноқлаб ўтиб, толбаргаклар ҳидини димоғимга уради. Биз ярми кесилиб, ярми кесилмай қолган толлар тагидан — чивиқлари йиғиштириб олиб улгурилмаган йўлдан туртиниб-суртиниб ўтиб, Асол холамнинг дарвозаларига етамиз. Бир вақтлар карвонсаройларникидек катта қилиб қурилган бу дарвоза, мана, неча йиддирки, ёпилмайди. Нега деганда ёпса очилмас, очса ёпилмас бўлиб, тоб ташлаб қолган. Тузатиб қўядиган мард йўқ. Тўйда бир тузатилгандай бўлувди. Кейин бир муддат ёпиб юрилиб, яна тоб ташлаб қийшайди. Энди келин ҳам кетиб, валангор ётибди. Холам қариган чоғларида шу кунлар ҳам бор экан-ми?

Катта кўчанинг ёқасига тушган болохонали узун уй, пасти ишкомларга туташиб кетган очиқ ҳовли зи-мистонки, ютаман дейди. Ҳовлидаги букри кампирлардек беш-олти туп беҳиларни демаса, ишкомларгача қаққайган ҳеч вақо йўқ. Шунданми ё вақт хуфтон бўлиб қолганигами, ҳаммаёқ ҳувиллаб ётибди. (Эртасига кўрдим: ишком бошида ёлғиз бир туп шафтоли қийғос гуллаб чиқибди. У бошига шафтоли гулли узун симрўмол ташлаган ана ўша келин каби бир чиройли салом қилиб турар, хароба қўрғон олдида кўрганимга жуда-жуда ўхшаб кетарди. Балки ўшадир, ўша келиб олгандир?..)

Аммо муйилишга етган жойимизда энг чеккадаги уй деразаси ёнида йўқ ердан одам қораси пайдо бўлиб, лип этдию кўздан йўқолди.

Нима бало, Қулочкаш эканми? Деворга қапишиб турган бўлса, бизни кўриб, қочиб қолдими?

Ундай десам, Асол холамникида Қулочкашга нима бор? Ўзлари ёлғизлар-ку.

Шу маҳал ичкаридан холамнинг ташвишли қақшаган овозлари эшитилди:
— Вой-ҳой, кимсан? Нима қиляпсан?

Юрагим шув сидирилиб, ойимларнинг енгларидан тортқиладим:
— Ойи-ойи, эшитяпсизми, ўғри юрибди.
— Ўғри нима қилади, болам? Холанг ўзи шунақароқ бўп қолганлар.

Менга таскин беряптилар десам, шу вақт чинданам холамнинг бир ғалати суйинган овозлари янграб, кечани тилиб ўтди:
— Вой-ҳой, одамле-ер, эшитмадим демангле-ер! Баҳриддингинам қайтде-е! Кўзимнинг оқу қораси қайт-де-е!

Ойим оғир хўрсиндилар:
— Бемаҳал кепмиз, болам...

Аммо суйиниб, бир ерга етиб турган холам, бирдан овозлари ўзгариб, ҳирқираб қолдилар:
— Йўқотган... йўқ-отган, вой-ҳой, нима қивотсан? Кимсан ўзинг, балогинага йўлиққур!..
— Ана, айтмадимми, ойи?!

Бошимни силаб турган ойимнинг қўллари ҳам қалтираб кетди. Қадамларини тезлатдилар:
— Чинданам, ичкарида биров бор шекилли?.. Лекин зинага чиқиб улгурмаган ҳам эдик, катта дераза тарақлаб очилиб, биров бор бўйича ўзини ҳовлига отдию оёғи ерга тегар-тегмас жон-жаҳди билан ишком томонга қоча бошлади. Орқасидан Асол холамнинг аламли қарғишлари янгради:
— Балогинага йўлиқсанг бўлмасме, Султонмуро-од! Келиб-келиб мен ғарибни тунайсанми-е?!

Кўриб турибман: ойим тахта бўлиб қолдилар. Кейин уйга чопиб кириб, деразани тақа-тақ ёпдилар-да, холамни уриша кетдилар:
— Ҳой, опа! Эсингизни еб қўйдингизми? Ўчиринг унингизни! «Султонмурод»лашингиз нимаси?! Ҳозиргина нима деятувдингиз?

Ҳали бузилмаган танчанинг ёнидан туриб улгурмаган холам сандални муштлай-муштлай, айтиб йиғлаётган жойларида бирдан жимиб қолдилар.
— Саломхон, сенмисан? — дедилар йиғилари қотмаган бир овозда.
— Ҳа, менман, опа. Кўргани келаётувдик. Сиз адашманг, деразадан ташлаб қочган балогинага йўлиққурни менам кўрдим. «Султонмурод» деб аййуҳаннос соласиз, уми, умасми, қаёқдан билақолдингиз? — Ойим уриша-уриша лампани ёқа бошладилар.

Уй ичи бир оз ёришди. Холам енгилгина ёпилган танча ортида оёқларини узатганча, сочлари тўзғиб ўтирардилар. Ёнларида думалоқланиб ётган қора адёл.
— Бекорларни айтибсан! Ўша эди! Ўшандан бўлак гўр ҳам эмасди! — Бирдан Асол холамнинг жазавалари тутиб, бошларини бир хунук чайқаганча, бўғилиб-бўғилиб, тиззаларига муштлаб-сиқташга тушдилар:
— Келиб-келиб менгинани тунади-я! Холам-ку, она урмида онам-ку демади-я! Эркаги йўқ деб кирган-да, тиргаги йўқ деган-да, яшамагур! Санга дунё керагакан, сўрамайсанми, дайди! Вой, билаккинем, вой билакларим-э!
— Опа дейман! Бўлди-да! — Ойимнинг ер тепиниб, жеркиганларини ҳечам кўрган эмасдим, анграйиб қолдим. — Эшитган нима дейди, ўйлаяпсизми? Ўша санғи бўлган тақдирда ҳам айтадиган гапми шу?!

Асол холам бояги шахтларидан тушишга тутттдилар-у, барибир билакларини силаб, юм-юм йиғлашдан ўзларини тия олмадилар.
— Келиб-келиб мени тунайдими, менгинани тунайдими? Ҳайҳотдай хонадонда шўппайиб қолганим етмасканми? Вой, яна қанақа азоблари боракан Худойимнинг? Олса олақолмайдими омонатини! Қутула қолмайманми ҳаммасидан! Вой, Баҳриддиним, Баҳриддингинам, мени бу мозористонга ташлаб, қаёқларга кетдинг-ей, жоним болам! Жонгинам болам!

Ойим Асол холамни уришиб ҳам, ялиниб ҳам юпата олмасликларини сездиларми, сандалнинг паст томонидаги калта кўрпачага чўкиб, бирдан Қуръон тиловат қилиб юбордилар.

Мен ҳам секингина бир четга ўтирдим. Холам бирпас ҳиқиллаб туриб, бошларини солинтирганча, жимишга мажбур бўлдилар.

Лампа чироқнинг пилиги сўхта тортиб чирсиллар, олов тили кўтарилиб-кўтарилиб қўйгани сари бир «арвоҳкапалак» унинг атрофида париллаб айланар эди.

Ойим қўлларини очиб, дуо қилишга тушдилар:
— Омин, ўқиган шу Қуръонимдан ҳосил бўлган савобларни шу хонадондан ўтиб кетган аждодларнинг руҳига, хусусан, гўрлари биз билмаган узоқ юртларда қолган поччамиз Мукаррам қори аканинг руҳи покларига фийсабилиллоҳ бағишладим. Эй поко парвардигоро, шу хонадоннинг бошига тушган балоларни ўзинг кўтаргин, доми-дараксиз кетган фарзандларининг бошини тошдан қилиб, илоҳо, ўзинг дарагини чиқаргин. Қариганда бизларни бундай хору зор қилиб қўймагин.

Тиловатнинг таъсири билан ҳаммамиз энди ўзимизга келиб қолган, бояги даҳшату қўрқувлар ҳам қаёққадир ғойиб бўлган эди. Ойим ўринларидан турдилар-да, шолчанинг устида ётган рўмолни холамга олиб бериб, уйни йиғиштиришга тушдилар.
— Олинг, опа, бошингизга ўраб олинг. Бунақа ўтирманг.

Қора адёлни тахмонга тутдилар. Йўл-йўл қизил дастурхонни топиб, сандалга ёйдилар. Товоқни очиб қўйдилар. Қоврилган қўзиқорин ҳиди гуркираб кетди.

Асол холам ҳамон билакларини силаб-сийпаганча, дастурхонга тескари ўтирар, миқ этмас эдилар. Худди эси оғиб юрадиган одамдай ора-чора баъзан хунук кулиб қўярдилар.

Ойим чой дамлаб келиб ўтирдилар.
— Ўгирилинг, опа, дастурхонга қараб олинг. Манави овқатга қаранг.

Асол холам ҳеч нарса демадилар. Ҳатто ойимга қараб қўймадилар. Шундай бўлса-да, сўзсиз ўтирилиб, товоқни олдиларига тортдилар-да, овқатни чапиллатиб ейишга тушдилар. Мен бир чеккада қисиниб ўтирга-нимни кўриб, ойим буюрдилар:
— Тур, битта пиёла топиб кел.

Мен дикка туриб, токчаларга алангладим. Пиёла кўрмай, чор-ночор ҳовлидаги ошхонага қараб юрдим. Назаримда, ҳозиргина деразадан ташлаб қочган ўғрининг шериклари ҳовлида пусиб тургандай, мен чиқишим-ла даст кўтариб қопига тиқадигандай эди. Кап-катта бола, жон ҳовучлаб зинага чиқсам, дераза олдида шипдай бўлиб бир одам турган экан. Юрагим шувиллаб кетди. Қичқирай дейман-у, овозим чиқмайди. Ҳолимни сезиб, ҳалиги қора томоқ қирди.
— Бу мен, Анвар тоғангман, — деди. Кейин деразанинг бир тавақасини очиб, ойимлар билан сўрашди.— Опа, яхшимисиз? Ўзингиз шўтта экансиз-ку. Яхши ўтирибсизларми?
— Ҳа, Анвархўжа, сизмисиз? Йўталиб қўймайсизам?.. — Ойим дабдурустдан дераза тавақалари очилганига кўксиларига туфладилар.
— Мен-мен. Опамнинг овозларига чиққаним. Тинчликмикан?!

Ҳамиша сиз-сизлаб, оғзидан бол томиб турадиган бу одам мени кўрди дегунча азза-базза қаршимда чўнқайиб, сўраша кетар, чўнтагидан бир нималар олиб тутқазиб, илинар эди. Мен ўзимга келиб, ошхонага чопқилладим.

Қайтганимда ойим у кишини койир, Асол холам эса, ҳеч гап бўлмагандай овқат еяр эдилар.
— Сиз қанақа одамсиз, Анвархўжа? Қари одамни шундай, ёлғиз ташлаб қўясизми? Болаларнинг биронтаси чиқиб ётса бўлмайдими?

Ҳамон деразанинг у ёғида турган Анвар тоғам ўнғайсизланиб, ер суздилар.
— Энди, опа, ўзингиздан қолар гап йўқ. Болалар...— дея ямландилар.
— Киринг бу ёқдан, бегона одамдай тургунча! — Ойим шунақа эдилар, жаҳллари чиқса, ҳеч кимни аямасдилар. — Нима, болалар? Ор қиладими?
— Нега, опа? Ор қиладиган бўлса, бошини уриб ёрарман! — У киши азза-базза дераза раҳига муштлаб қўйдилар. — Аммо бу кишининг одатларини биласиз, ярим кечасиям туриб олиб, «Баҳриддингинам»лаб қоладилар. Болалар юрак олдириб қўйишибди. Бўлмаса, ўлибмизми...

Ойим тушунгандай қараб қўйдилар.
— Сезгирроқ ётингда бўлмаса, сиз ҳам, — дедилар. Лекин ўғри тушганини индамай қўяқолдилар.
— Хўп, опажон, хўп, жоним билан. — Анвар тоға қутулганларига шукр қилиб, «хўп-хўп»лаб дераза тавақасини ёпдилар.

Асол холам ўша ёққа қараб, афтиларини бужмайтирдилар:
— Қоранг ўчсин, илойим, сув илондай вишилламай... Булар ҳаммаси шерик! Ҳаммаси шу хонадонни тўзитсам, хомталаш қилсам дейди!

Асол холам яна айний бошлаган эдиларми, ё чинданам тоғани таниб қарғардиларми, билиб бўлмасди. Ойим бирдан мулойим тортиб, холамни алдаб-сулдаб чалғитишга тушдилар:
— Ҳой, опа, опажон, мени келдингмиям демайсиз-а? Менам уйимни ташлаб келганман сизни деб. Бу ёқда Мақсудхўжам ўтирибди...

Асол холам ойимни энди кўргандай, қўлларини кўзларига тутиб тикилдилар:
— Сенам мени ташлаб кетмайсанми? Айт, ташлаб кетмайсанми? — дедилар йиғламсираб.
— Нега унақа дейсиз, опажон? Худога шукр, мана, еб-ичиб ўтирибсиз. Ваҳимангиз нимаси?
— Қоласан-а? Ётиб қоласан-а?
— Нима, қўрқяпсизми? Қўрқманг, энди келмайди! Келгандаям, нимайизни олади?

Асол холам ўша-ўша қайсарлик билан бош чайқа-дилар:
— Поччангни олиб кетти у ялмоғиз! Баҳриддингинамни олиб кетди у. Келинимниям кўп кўрди менга.

Энди сениям олиб кетадими, Салом? Айт, кимим қоляпти менинг? Кимим?!.

Ойим чидаёлмай, пиқиллаб, этакларини кўзларига босдилар. Нимадир деб холамни юпатмоқчи бўлдилар-у, овозлари чиқмай... туриб кетдилар. Холам бирдан ўзларига келдилар. Ҳай-ҳайлаб, ўринларидан юлқиниб турдилар:
— Ҳой, Саломхон, мен эси йўқни кечир! Бирпасгина ўтирақол. Юракларим қон бўлиб кетган, бирпасгина ёзилайлик, жон сингил.
— Хўп-хўп, мана, ўтирдим. — Ойим қайтган киши бўлдилар.

Холам энди мени ҳам сандал ёнига қисташга тушдилар:
— Вой, яримта нўхотимдан ўзим айланай. Бери келақол, бу ёққа ўтақол. Мен сенга нималар олиб қўйибман-ку ҳали. — У киши қути титкилашга, ёнғоқ, жийдалар олиб, дастурхонга тўкишга тушиб кетдилар.

Пилдираб юриб, бирпасда чойни ҳам янгилаб келдилар. Қайсидир қутилардан каллак қанд олиб, бир бўлагини менинг пиёламга солиб қўйдилар. Ўтирган жойларида ойимнинг елкаларига қоқиб, куракларини силаб, айланиб-ўргилганларини, чой бериб қистаганларини кўрсангиз. Дарровда тамомила бошқа одам бўлди-қолдилар.
— Яхшиям сен борсан, Саломхон. Дардимни енгиллатасан. Худо хайрингни берсин, манави тойчоғингнинг роҳатларини кўриб юргин, илоҳо.

Мен Асол холамнинг бу айланиб-ўргилишлари орқасида бирон гап йўқми деб хавотирланиб ўтирибман. Илгари қишда келганимизда шундай бўлган-да. Айланиб-ўргилиб, авраб ўтириб, бир вақт қарасак, танчанинг ичидан оёғимизни тизимча билан курсига боғлаб қўйибдилар. Ўз кўнгилларида, кетиб қолмасин, деганмилар.

Шуни сезибми, ойим гапга солдилар:
— Ўзи қўлингизда билагузугингиз бормиди, опа? «Йўқолган пичоқнинг сопи» бирдан эсларига тушиб, холам билакларини силаб, ҳиқиллай бошладилар.
— Келингина ташлаб кетганакан... Ундан ола кетгани туззув эди. Баҳриддингинамдан эсдалик қилиб... Ив-в...

Ойимнинг ранглари қора-қизил бўлиб кетди.
— Қаёқдан ис ола қолибди, ярамас?! — Кейин овозларини пастлатиб сўрадилар: — Сиз ўзи башаранг қурғурни башарасини кўрдингизми ё тусмоллаб?.. Асол холам хунук бош чайқадилар:
— Ўшандан бўлак ит кирармиди?! — Юзларини ўгириб ўтириб-ўтириб, анчадан кейин бўшашдилар.— Кўзим илинай деган экан, бир маҳал қарасам, шифтдай бўлиб тепамда биттаси турибди. Қўлида бояги қора адёл. Эсимни йиғгунча бошимга ёпиб, ситиб олди-кетди. Вой-войлаганча қолавурдим.
— Ҳали кўрмасдан... «Султонмурод»лаб ётибсизми?! — деб жеркиб бердилар ойим. — Ёмон бўлса, ким экан?.. Раҳматли синглингизнинг етимчаси. Фиғонингизни эшитиб, бояқиш гўрида тикка бўлди десангизчи.

Асол холам бирдан тўнларини тескари кийиб, ўти-рилиб олдилар:
— Сен намунча ўшанинг ёнини олиб қолдинг? Ўғрини ўғри, тўғрини тўғри дейди-да!

Ойим бўш келай демасдилар:
— Қўл билан ушламадингизми, жим ўтиринг. Уят бўлади! Мен ҳам кўрдим қорасини. Ўша бўлса, тилимни тишламай нима қилардим?!

Холам юмшадилар:
— Мен қайдан билай, пишиллаб-ҳарсиллашидан ўшами деб...
— Сизга шундай туйилган, энди ҳап ўтиратуринг-чи, бедарак кетмас. — Ойим холамни тинчитиб, қўзғалдилар. — Турақол, ўғлим, вақт ҳам алламаҳал бўлди.

Ўзи уйқу босиб ўтирган эдим, дарров турдим. Асол холам азза-базза йиғи-сиғига тушдилар:
— Мана шунақа-да. Ҳамманг келасан-кетасан. Сўппайиб ўзим қолавураман бу ҳайҳотдай мозористонда. Унинг келади — талайди, бунинг келади — тунайди... Ив-в...

Холам яна айний бошлаган эдилар. Бир амаллаб зинадан тушиб олдигу уйимизга зипиллаб қолдик.

Ой терак бўйидан ошиб, ҳаволаб кетибди. Атроф сутдек ойдинлигига қарамай, ҳар битта дарахт орқасида бир кимса пусиб турганга ўхшар, узоқда акиллаётган ит овози ҳам аниқ-таниқ эшитилар эди. Орқамиздан тун қўйнини ёриб, яна Асол холамнинг нолаю фарёдлари тарала кетди:
— Вой Баҳриддингинем, менгинани ташлаб, қаёқларга бош олиб кетдинг, боле-ем?! Бу дунёда яна қайта кўраманми сени, боле-ем?

Титраб кетдим. Ойим оғир хўрсиндилар:
— Тирноққа зор ўтган опам!.. Асрандисига тегмасалар нима қиларди эди?! Худойим ўзи кўриб-билиб тургандир. Жавоби бордир, бордир жавоби бу хўрликларнинг?..

Қуруқ қайрағочдан учган бир нима пастлаб ва хунук «қив-қив»лаб бориб, кўчани кесиб ўтдию даф бўлди. Оппоқ тўлин ой ўша қуруқ қайрағочгаям, уқаланиб адо бўлган девор сархокларигаям, йўл чеккасидаги кўрпа бўлиб ётган ўтларгаям нурини бирдай, аямай тўкар эди.

Нусрат Поччанинг Ташрифлари

Салқингина шом тушган, Тегирмонкўчанинг бу ёғидаги сойлик устида кўкиш бир туман Иззагача тасмадек ёйилиб ётибди. Ҳамма даладан уй-уйига шошган маҳал. Куннинг бу палласида товушлар аллатовур жаранглаб эшитила бошлайди. Бизнинг далалар шундай, тонгга қадар ҳар хил товушлардан жангиллаб, сойлар шовуллаб чиқади.

Она-бола олдинма-кетин ҳовлига кириб борсак, уйда меҳмон ўтирибди. Ўчокда олов ёниб, қозонда гўшт қовуриляпти. Ҳовлини пиёздоғ ҳиди тутиб кетган. Супада шаҳарлик қариндошимиз Нусратилла почча шом намозини ўқияптилар. Биз келганимизни кўриб, олди очиқ ошхонамиздан ипакдай мулойим Ойпошша холам чиқиб келдилар.
— Вой, Саломхон, келдингми далангдан? Ҳали қачон қайтасан, деб қозонга уннаб юбора қолувдим.

Ойим қучоқлашиб кўришарканлар, хижолатдан ўпка-гина қилиб:
— Вой, опа-ей, келганакансиз, биронта болани югуртирмайсизми? Мени уялтириб нималарга уннаб юрибсиз? — дедилар.
— Поччангни биласан-ку, шошириб ташлайдилар. Чўлпонотанинг гузаридан ёғ-гўшт олганаканлар, қозонга босақол, арвоҳ хотира, Саломхонникида бир кеча ётиб кетамиз, деб қўймадилар...
— Ажаб қипсизлар-да. Хуш кепсизлар. — Ойим йўлакай рўмолларини тўғрилаганча, уйга шошилдилар.

Шундагина холам мени кўриб, бир қўлларида капгир, бир қўлларини кўтариб, кўришгани кела бошладилар.
— Вой, холагинанг айлансин, катта йигит бўп қопсан-ку, болам. Жо-он Худойим, ойинг роҳатингни кўрсин, ўша кунларга ўзи етказсин, — деб бағриларига тортиб, куракларимни силаб, пешонамдан ўпиб қўйдилар. Бунга сари улардан ҳам, ойимлардан келгани каби, бир ифор таралиб, бағирларига сингиб кетгим келар эди.

Бу орада жойнамозни йиғиштириб, Нусратилла почча пишиллаб-ҳарсиллаб супадан туша бошладилар.
— Э-э, Маҳмудхўжа эшоннинг чироғи, яхшимисан? Қани-қани, кел-чи. Бир омонлашиб қўяйлик. Оббо дўнан тойчоғ-эй.

Мен салом бериб, чопиб бордим. У киши ҳам қучоқларига олиб, гўё бўйларимни ҳидлагандай искала-ниб, алқай-алқай пешонамдан ўпа кетдилар. Катта-катта қўллари, ипақданам мулойим кафтлари билан бошу бўйинларимни силашга тушдилар.
— Илоҳо, шу уйларнинг чироғини ўзинг ёқиб ўтиргин. Худо етимларнинг ғамини ўзи еган, ўзи қўллаган. Бобур мирзодай, пешонасини ёруғ қилган. Сенам юртда мартабалар топгин...

Нусратилла почча шунақалар ўзи. Оғизларидан бол томиб, ўша аждодларини бир эслаб қўймасалар, ўрнига тушмайди: «Шаҳзода сендеклигида ундай қилган, сендеклигида бундай қилган. Ўн иккисида давлат сўраган, ўн олтисида фалон-фалон мамлакатларни олган...» ва ҳоказо ва ҳоказо. Қулоқ солсангиз, бунданам ғаройиб ҳикоятларга тушиб кетадилар.

Шунча нарсани қаердан биладилар, ҳеч ақлга сиғдиролмайман. Айтишларича, ўзлари ҳам ўша Бобур мирзога ўхшаб, она томондан Юнусхонга туташиб келар эмишлар.
— Ҳей, сен билмайсан, яқин-яқинларгача ойим раҳматлининг сандиқларида Бобуршоҳнинг тилла бандди қиличи сақланар эди, валлоҳи аълам. Фалон йилги ков-ковда опчиқиб кетганларича кетди бедарак... Бадбахтлар ёлғиз ёдгорлигимизниям қўймадилар-а, — деб ичимизга олов ёққанлари-ёққан ҳар гал. Кейин бизнинг ҳам савол халтамиз очилиб кетади ўз-ўзидан.

Аммо ҳозир «борақол, бўтам» дегандай елкамга қоқиб, юзимни сийпаб қўйдилар. Мен ҳайитлик теккан боладай ичим тошиб турса-да, ўзимни босиб, сиполик билан нари юрдим. Ширин бир туйғудан бошим осмонда. Суяги йўғон, гавдали бу одам бунча мулойим, бунча ҳалим экан? Ундан мушк-анбар ҳидига ўхшаш бир муаттар ҳид гуркираб келиб турар, бу бўй юзига ярашиқли чиройли кузалган соқолларидан келадими ё уст-бошлариданми — билмасдим, билолмасдим. Улардан бошқа биронта одамдан шунақа бўй туйган эмасман, рости.

Ниҳоят, ош дамланиб, самовар қайнагунча сигир ҳам соғиб келинди, бошқа ишлар ҳам кусар топди. Ойим ҳали кўмиб улгурилмаган танча атрофига жой қилган эканлар. Бувамиздан қолган табаррук сандал устига дастурхон ёйилиб, чор гардишли катта гардин қўйилди. Унинг ўртасидаги гуллари ўнгиб кетган бўлса-да, гирдидаги нозик нақши бутун, биттаям сири кўчмаган эди. Нон ушатилиб, чой келди. Токчадаги чироқ ўртага олиниб, соялар деворга кўчди. Файз бир ерга йиғилгандай эди.

Тўрда Нусратилла почча сандалнинг бир тарафини тўлдириб, қўш ёстиққа суянганча, мамнун жилмайиб ўтирибдилар. Ҳар қимирлаганларида «Ўзингга шукр, шу кунларга етказганингга шукр», деб қўядилар. Қаршимда эса, оқ-оппоқ бўлиб, Ойпошша холам чой қуядилар, бошларидаги қўшқават оқ рўмолнинг бир учини бўйниларидан ўтказиб, шундайгина елкаларига ташлаб қўйганларигами ё чироқ ўша ёқдалиги учунми, юзлари шундай чиройли бўлиб кетганки, қараб-ла тўймайман.

Бу орада ойим ошни ёлғиз чинни лаганимизга сузиб келдилар. Ош ўртага қўйилдию дастурхонга яна ҳам файз кириб кетди.
— Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм, Худойимга шукр, етказганига шукр, қани, неъматини маҳтал қилманглар. Мана, мен бошладим, — дея Нусратилла почча енг шимариб, ошга қўл узатдилар.

Ё тавба! Бу шаҳарлик меҳмонларимизнинг қўли шунчалар ширинмиди ёки қўй гўштининг мазасимиди, лекин ош жуда зўр бўлибди. Ҳиди гуркираб, бошни бир айлантирса, ўзи томоқдан мойдек ўтиб, ўн ёқар эди.

Ойим самовар патнисга сездирмайгина чайинди ташладилар шекилли, тагига тушган чўғ вашиллаб сўнди. Поччага чой узатаётиб, ошга қистадилар:
— Яхши-яхши олинглар, почча, опа, йўл босиб келгансизлар.

Почча ўзларига ярашадиган бир тарзда бошларини сараклатиб, алқашга тушдилар:
— Бай-бай-бай, бу дунёнинг таоми бўлмабди. Ростини айтсам, сизларнинг олдингизда янгамнинг ошини ширин қилган поччамнинг масаллиғи деган гапларам бекор. Бекор-бекор.
— Ойим раҳматлидан бизга юққани шуда, — деб қўйдилар холам. — Бошқа нима қопти? Тўғрими, Саломхон?

Ойим хаёлланиб, бош силкидилар. Почча ошдан бош кўтариб, холамга қувноқ кўз ташладилар:
— Бошқа нима қоптими? Ҳе, кепчик-кепчик олтинлар-чи, олтинлар?..

Холам қанақадир бир воқеани эслаб, юзларига нур ёғилди:
— Э, Санобар-е, қаёқдаги унут гапларни кавлаштирасиз-а. Қариб, қитмир чол бўлиб қоляпсизки бирам.— Сўнг ўша воқеа наша қилиб, сандалнинг четига уриб қўйдилар. — Саломхон, эсингдами, Умархўжабой қизларининг сепига бир кепчикдан тилла бўлишибдимиш, деб эшигимизни турнақатор совчи босгани?..

Ойим юзларини яшириб, кулдилар:
— Шунинг учун сут пулига ҳам қурби етиб-етмайдиганлар куёв бўлган экан-де!..

Мен ҳеч нарса тушунмадим. Почча хўриллатиб-хўриллатиб чой ичатуриб, ойимнинг гапларига қалқиб кетдилар.
— Рост-да, нега куласиз? — деб қўйдилар холам. Почча ўзларини зўрға босиб, йўталнингми, кулгинингми зўридан кўзларидан тирқираб чиққан ёшларни арта-арта ҳансирардилар:
— Э, лаънати кепчик, лаънати сеп!.. Қаёқданам эсга солдим.
— Биз-ку, майли, бошқа жойда айта кўрманг, почча, тешик қулоқ — билиб бўладими...
— Ҳа, шуни айт, — дея кутилмаганда холамнинг ошга узатилган қўллари лаган четида қотди. — Ана, Асол опамларникига оралаган эмиш-ку. Ростми, Саломхон? Шунча сўрасам, ўзлари, э, йўқ, ўғри нимамни олади, деб турибдилар?

Ойим тилларини тишлаб қолдилар. Афтидан, булар у кунги воқеадан бехабар келиб қолишган-у, кимдандир бир учини эшитиб, холамникида ётолмай бу ёққа чиқаверишган. Ойим ҳам буни англаб, ямландилар.
— Ўзим устида эдим, опа...

Холам синчков-синчков тикилдилар:
— Сен, Саломхон, яширма, борини айтавур. Ойим энди тасалли беришга ошикдилар:
— Ҳай, опа, қизиқсиз-а, ўша гапларга ишониб ўтирибсизми? Номини атаб чақирганлари билан у эмасди. Ўзим кўрдим-ку деразадан ташлаб қочганини. Пакана, пачоққина одамийди. Мен биламанми, улар биладиларми?!

Почча кафтларини қошларига суркаб, бармоқларини яладилар. Кейин эринмай сочиққа артиниб, соқолларини силаб, мойладилар-да, пишиллаб ёстиққа суяндилар. (Ошдан бир-икки чўқум егим келиб турган бўлса-да, мен ҳам секин қўлимни торта қолдим).
— Ҳа-а-а, — дедилар чўзиб, — қизиқ бўпти-ку. Биз бу гаплардан бехабар, опам ёлғиз қолдилар, Сул-тонмуродни юбориб турсакмикан, деб келиб юрибмиз. Бир чеккаси қора, бир чеккаси манави нотинч замонда четроқ юратурсами деб...

Ўртага жимлик чўкди. Ҳар ким ўз хаёли билан машғул бўлиб қолди.

Почча яна томоқ қириб йўталдилар, юзларини ишқаб, ўтирган жойларида бетоқат қўзғалиб қўйдилар:
— Ў-ў-ў, чатоқ бўпти, чатоқ. Ҳовлиқиб қопмиз, ҳовлиқиб, Санобар.
— Нега унақа дейсиз? Мана, Саломхон айтвотти, хижолат бўладиган ҳеч гап ўтмабди-ку.
— Э, барибир-да, Санобар. Мен ҳовлиқма элбурутдан раисга кириб-ла юрибман. Рухсат олиб-ла юрибман.
— Кўнувдими? — дедилар холам ҳам хижолатга тушиб.
— Кўнмай нима?! Қизиқсан-а, Санобар! — Почча холамга илкис қарадилар. — Нима, Султонмурод шунақа қўрқинчли одаммидики? Гапингни қараю...

Почча ўрнашиб ўтирволдилар-да, оғизларидан бол томиб, асрандиларини ойимга алқай кетдилар. «Эй, Саломхон, бу эшон поччамнинг ўғиллари бир йигит бўлди: ўктамликдаям, суқсурликдаям тенги йўқ. Ўнта йигитнинг ичида жўрабоши, қирқта йигитнинг ичида бек саналгудек. Ўт-олов! Билмаган юрти, ошмаган тоғи, ичмаган суви қолмади. Ҳар дўстлари борки, билмадим, бу боладан ким чиқади, ким чиқади. Фақат...»

Ҳа, почча фақат бир нарсадан ташвишдамишлар. Анув Эски Жўванинг мелисаси Зокир бадбахт одам қуригандай у билан ўчакишиб қоптиймиш. Ё қаматаман, ё аскарга жўнатаман деб тирғалиб келиб ётганмишда нуқул.

Почча мелисани «Эгамнинг тийғи парронига учрагур», деб койиб, чойни оз-оздан ҳўплаб ўтириб эдилар, бирдан нимадир наша қилиб, бош чайқаб-чайқаб, ўзларини тўхтатолмай қиқирлаб-қиқирлаб кулишга тушдилар. «Ҳаҳ боласи тушмагурлар, боласи тушмагурлар! Нима қилишибди дегин, Санобар?», деб Зокир мелисани қанақа қилиб «ярашув оши»га чақиришга-нини айтиб бериб қолдилар.

Анойилар-е! Тирғалавурадими бу, деб уни аввал тоза мусалласга бўктиришибди. Оёқда туролмай қолгач, постига оббориб, «чироқпойа» қилиб кетишибди. Бир маҳал қарашса, постда шам ёниб ётганмиш, эриб оқиб ётганмиш. Постнинг ичида биров бақириб-чақирармиш, ўрнидан туролмасмиш. Қоровуллар чопиб боришса, Зокир мелиса экан.
— Э, тоза ҳангома бўб кетдида шу гап. Ўшандан бери Султонмуроддан қасдини ололмай ҳалак, — дедилар почча мижжаларини арта-арта.
— Вой, ўлақолсин. Шунга ўтқазиб қўйганаканми? — дедилар холам.
— Ҳа-да. Қанча ишловминан қутқазволсам... «Ҳақиқат қилса, баравар қилсин, биз иккитамиз», дермиш жиянинг.
— Йўғ-е. Билмаганда бу ёқда сиз борлигингизни.
— Билганда ҳам бир карра айтарди: Нима қилиб аралашиб юрибсиз деб. Ахийри ўша шеригиниям қўшиб бўшатволдим.
— Ким экан? — деб қизиқдилар холам. Почча қўл силтадилар:
— Ким бўларди, қумлоқлик бир отнинг қашқаси экан. Чаманми, Мачонми, деган. — Яна ўзлари «андавалаб» сипоришладилар: — Балки бинойи йигитдир. Мелисани биласан-ку, ҳамма удли-шудлисини ҳисобга олиб юради.

Кейин почча пиёлани бир четга қўйиб, тиззаларига тўкилган ушоқни териб, алаҳсиндилар. Ва шу алаҳсиш баробарида енгил хўрсиндилар:
— Шунақа гаплар, Саломхон. Биз шу асрандимиз шу ёқларда юра турсами деб келувдик. Аксига олиб... бу ёқда бунақа гаплар экан.
— Жилла қурса, кўчиб чиққунимизча турса эди, — дедилар холам.

Ол-а! Ниятлари шу экан-ку! Тағин «бир йигит бўлди-бир йигит бўлди»лаб алқаганларига ўлайми?!
— Буларга қолса, эртагаёқ анув қирғинбаротга жўнатворади. Кейин биз нима деган одам бўламиз Абдураҳим эшон поччанинг руҳлари олдида. Бир арзандаларини асрай олмасак?

Ойим якандознинг четини ҳимариб-текислаб ўтирган эдилар, бу гапдан илкис бош кўтардилар.
— Почча, унчалик бўлса, мана уй-жой: Асол опамларникида турди нимаю бу ерда турди нима?! Келаверсин.

Ана холос! Мен ялт этиб юзларига қарадим: «Ўғри-каззоб бир одам-а?! Келиб-келиб бизникида-я! Ўғрихона бўларкан-да?»

Аммо ойим менга қараб ҳам қўймадилар:
— Келса, бегонами, ота юртига келади! — дедилар кесиб.
— Уялтириб қўймасмикан? — Почча ямланиб, холамга қарадилар.
— Балки қуйилиб қолар, арвоҳлар ёр бўлиб? — дедилар холам.
— Қанийди, чироқларини ёқиб ўтирса, опамнинг арвоҳлари шод бўлмасмиди! — дедилар ойим маҳзун тортиб ва лаганни кўтариб чиқа бошладилар.

Рости, менам ўзим кал — кўнглим нозикларданман, шекилли, ғижиним қистаб-қистаб ўтирибман: ўзи буларга бўй бермай кетган экан-ку, тағин қирқта йигитнинг ичида бек саналгудек деб мақтаганлари нимаси?! Битта шўртумшуқ укасининг ўзи етарди, бунисиниям тиқиштиришмаса. Ҳеч кими йўқ деб опкелавуришар экан-да?..

Яшил Қушлар Ёхуд Поччанинг Бобур Мирзо Ҳақида Ҳикоялари

Ойим қозон-товоқларни ювиб, ошхонани сарамжон қиляптилар чоғи, ҳаяллаб қолдилар. Мен сандалнинг бир ёғида тиззамга патнисни тўнкарволиб, ўзимча дарс қиляпман. Почча қўлларида дўланаранг тасбеҳ (донасиям дўланадек келади), хумдек бошларини солинтирганча, жимлар. Кўзлари юмуқ. Мизғияптиларми, бир нарсани ўйлаяптиларми — билиб бўлмайди.

Мен у кишидан одатдагидек бирон саргузашт (балки яна Бобуршоҳ ҳақида бошлаб қоларлар) эшитишга илҳақман-у, сезмайдилар. Ниҳоят кўзлари тушиб илиқ жилмайдилар.
— Ҳа, жиян, элитяптими?
— Йўқ, нега? — дедим хижолатга ботиб. Ҳолбуки, чинданам уйқу элита бошлаган эди.
— Элитмасин, элитмасин, — дедилар у киши пишиллаб қўзғалиб. Кейин катта кафтлари билан соқолларини тутамлаб силадилар. — Сенинг шу ёшингдамикан, валлоҳи аълам, бизнинг Бобур мирзо уйқуларидан кечиб, Андижон томонларда ғанимлари устига от қўйиб, қилич солиб юрган кезлари... Бир куни десанг...
— Қўйинг, Санобар, яна бошладингизми ўша ҳикояларингизни ?

Холамнинг туйқус эътирозларидан почча норозиланиб тўхтадилар.
— Ҳикояларимга... нима қипти?

Холам у кишининг оғринганларини сезиб, сипоришладилар:
— Энди, ўзизам, Санобар...
— Нима ўзим? Оширворяпманми? Арзимабдими Бобур мирзо?
— Йўқ, нега, арзийди. Ундай демаяпман менам.
— Бўлмаса, нега аралашасан, мошхўрдага қатиқ бўлиб?
— Хўп, ана, жим ўтирдим, — деб холам орқаларига суяниб олдилар, — айтганингизча айтавуринг... эшитар қулоқни топволиб...
— Ана, холос! — дея пишиллаб кулиб юбордилар почча. — Бир, қўйинг, дейсан, бир... эшитар қулоқни топволиб! Сен эшитмасанг, мана, жиян эшитяпти!
— Биттаси Султонмуродмиди? — дедилар холам кутилмаганда кесатиб. — Эшитавериб... нима бўлди?

Нима бўлганини... мен тушунмадим. Лекин почча шу бир оғиз сўз наша қилиб, роса яйраб кулдилар. Кейин ўзларини тутолмай, ўтирган жойларида елкалари силкиниб-силкиниб, қиқирлаб-қиқирлашга тушдилар.
— Кулинг-а, кулинг. Сизга кулиш бўлса, — деб холам юз бурдилар.
— Вой, Санобар-эй, Санобари тушмагур-эй. шунақа дегин?! Ўшаларни эшитавериб, дегин?!
— Ҳа, ўзизам айбдорсиз, — дедилар холам гиналаридан тушмай.
— Айбдорман-айбдорман. — Почча бунга сари таъсирланиб, бош чайқаб-чайқаб куларканлар, тан бердилар, — фақат... фақат, ҳамма унга ўхшаса жон дердинг, Санобар!

Кимга ўхшаса? Султонмурод акамгами ё Бобур мирзогами? Унда нега бу ёқларга опчиқиб туришмоқчи? Келиб юришибди?

Холам кесатиброқ бир нима дедилар, мен англамай-ла қолдим. Почча эса, ўша-ўша, наша қилганда чиққан кўз ёшларини ҳали кафтларига, ҳали рўмолчаларига артиб ўтирарканлар, ахийри тинчиб:
— Қуйилишибам қолар, холажониси, қуйилишибам... Бу ёғи ота юрт... — дедилар муроса оҳангида.

Ҳикоя ҳикояда қолиб, холам гапни бошқа ёққа бурдилар:
— Ота юртда отанинг арвоҳини ҳам ўйласа бўларди, бояқиш эшон почча, икки энликкина хабарсиз... кетиб боряптилар.

Почча қўлларида тасбеҳни шиқирлатиб:
— Нимасини айтасан, — деб қўйдилар.
— Ёзиғи нима экан, шундай одам? Почча юмшоқ кулиб, чуқур тин олдилар:
— Ҳеҳ, Санобар-а, Санобар, балонинг қаттиғи кимга келишини билсанг эдинг. Эшон поччанинг кимлигини билмагандай гапирасан-а ?
— Авлиёдек бир одам эдилар. Нега билмай?!
— Ҳа-а, ана энди ўзингга келдинг, Санобар. Худованди Карим ҳам бало-мусибатларнинг энг зўрини аввал пайғамбарларига, қолавурса, авлиёларига юборади. Шу билан имтиҳон этади, билсанг. Ҳў-ў, Санобар-а, бу олағовур дунёда Абдураҳим эшон поччадай балонинг оғзига тўғри бориш, иймонни бермаслик осонми дейсан, осонми? У киши, иншооллоҳ, шаҳид мақомида кетдилар, руҳлари яшил қушларга айланиб ... Жаннати наъимлардан насиб этди десанг-чи, насиб...

«Ё Оллоҳ! — Мен юрагимга ғулғула тушиб, ҳаприқиб қолдим. — Ростдан ўша қушлар яшил эканми, руҳлар эканми, ойим айтганларидай?»

Қўрқиб кетганимни ҳам, севинчдан юрагим ёрилар даражага борганини ҳам билмайман. Поччадан сўрай дейман-у, сўрай олмайман, тилим танглайимга ёпишиб қолгандай.

Кўз олдимда эса, ўша кунги кўрганларим: олам ой нурига ғарқ бўлиб ётибдию мен боғ эшикда қотиб турибман. Бир ажиб, бир ғалати қушлар холамларнинг хароба қўрғони устидан пастлаб келиб, овлоқ ҳовуз бўйига қўнмоқдалар, қўнмоқдалар. Қур-қурлашиб учиб-қўниб, зиёрат этиб ётибдилар. Ўшалар ҳам яшил қушлар эди чоғи?..
— Шунақа дейсиз-у, бутун бошли бир хонадон тирқираб кетса, ачинмай бўладими?
— Ҳа, нимасини айтасан! — деб туриб, яна бояги гапга кўчдилар, Султонмурод акамни мақташга тушдилар: — Мен бунимизнинг тақдиридан кўпам қўрқмайман. Эшон поччадан юққани бор. Ҳамма хавфим анув кичигидан. Қўлдошхўжа ўқишга юбориб яхши қилмабди. Саломхоннинг қўл остидан чиқармаса бўларди.
— Тушунмадим. Униси қайтага Султонмуродингиздан мўминроғ-у...
— Қаёқда! Индамас, шўртумшуқ десанг, тўғри бўлар эди. Ана, Мақсуд билади-ку, тўғрими, дўнан тойчоқ? — Почча эркалагандек кўзлари бир мулойим кулиб қарадилар. (Олим акам ростданам аразгўй, ичимдагини топ хилидан эди. Лекин ойимлардан ҳайиқиб турар, сўзларини иккита қилолмас эди. Қочолмай турган экан, ўқишга кетдию қорасини кўрсатмай ҳам қўйди.)

Мен ёмонлагим келмай, елка қисдим.
— Балким.
— Балким эмас, анчагина ичидан пишган. Ёш қолган-да. Ота-онанинг меҳрига қонмаган. Султонмурод эса, ўт-оловлигиминан бўлак одам. — Кейин ийиб кетиб, узоқ йилги бир воқеани эслай кетдилар: — Бир куни дегин, Санобар, у вақтда раҳматли эшон поччам ҳаёт эдилар, биз чор-атрофдан китобхонликка йиғилиб турадиган пайтларимиз, борсам, энди аср намозига ўтишган экан, қаватларида шу бир қарич ўғиллари Султонмурод бир чиройли такбир тушириб турибди. Бориб мен ҳам қўшилдим. Эшон поччам имомликка ўтдилар, биз орқаларида туриб намоз ўтадик. Сўнгида «Қани, ўғлим, ўқиворасизми?» дедилар. Илгари эшитмаганаканман, қироатминан, шу, бир чиройли ўқий кетди, бир чиройли ўқий кетдики «Таборакаллазий»ни. Шу жимитдек болачалик ихлосимиз йўқлигидан, рости, уялиблар кетдим. Кейин, десанг, «Опоқдодаси, бизни озгина дарсимиз бор эди», деб ҳалиги ёнимизда қўндоқдек бўлиб намоз ўтаган болакайни имтиҳон эта бошладилар. Мен сомеъ — қулоқ бериб ўтирибман. Эшон поччам сўраб турибдилар. Бола бийрон-бийрон жавоб қилиб турибди. Кўзлари порлайди, пориллайди, яна сўранг дегандай. Ҳар битта мўмин-мусулмон билиши шарт бўлган нарсаларни бийрон-бийрон айтиб бераверса, дегин, ёқамни ушлаб қолибман. Қатиқ тўкилса ҳам, юқи қолади-ку, ахир, Санобар. Ўша болада шу...
— Кенжаси кимнинг фарзанди экан, Худо хоҳласа, бир йигит бўлсин у ҳам, — дедилар холам.

Почча мийиғларида жилмайиб, бир қараб қўйдилар-у, индамадилар. Совуб қолган чойларини симириб, ястандилар.
— Мен айбситаётганим йўқ, лекин меҳрга қонмаган буниси. Нари борса, атак-чечак юрган бола эдида у маҳал. Ҳа, кейин сен унутма, Санобар. Илгари пошшолар хос навкарликка бекорга, ота-онасини танимайдиганларни олишмаган? Чунки уларда меҳр камроқ бўлади. Бераҳмроқ келади. Олганини беради-да, олмаса нимани беради, Санобар?
— Қўйинг, Санобар. Худонинг ёзганидан ортиқ бўлармиди. — Холам поччанинг мулоҳазаларига қўшилмаган эдилар.
— Мен айтдим-қўйдим-да, болани ўша ўқишга бериб, Қўлдошхўжанг чакки қипти.
— Ҳой, Санобар, ўзиззи жа билимдон санаворасизки.... Нима Қўлдошхўжа? Ёмон бўлсин, дептими? — Холам бирпасда хафа бўлиб, аразлаган кишидай юзларини буриб ўтириб олдилар. — Султонмуродингизниям маслаҳат қилмадиз, ахийри нима бўлди?
— Нима бўпти?
— Мана, Саломхонга қолдирайликми деб ўтирибсиз-ку. Қўлдошхўжага маслаҳат солганийз-да...
— Қўлдошхўжанг авлиёмиди?! — Поччанинг соқоллари диккайиб тушди. Ҳатто узун-узун қошлари ҳам тиккайиб кетди.
— Авлиё бўлмаса ҳам, бир тайинли маслаҳат чиқарди ундан.
— Хўш, нима дейсан?.. Нима бўлса, пешонасидан, деб юбораверайинми ҳарбга бировнинг боласини? Ўзлари тўзиб кетгани етмайдими?

Холам бўшашдилар.
— Келиб-келиб, бошида эркаги йўқ, Саломхонга қолдирамизми дейман-да.
— Саломхон тушунадиган хотин. Сиёсати ҳам қаттиққина. Султонмурод шўтта туради, тамом! — дедилар почча гапни кесиб.

Мен бўшашиб тушдим! Ана холос! Шаҳарнинг машҳур ўғриси бизникига қўр тўкаркан-да? Бу ёғи қизиқ бўлди-ку!..

Қизғалдоқ Хумчалари

Чумчуқлар чирқиллаша-чирқиллаша инларига кириб кетишди. Осмон ҳали ёришиб турса ҳам, девор тагларию ариқ бўйларида қорамтир шарпа кезиб қопти. Ойим шоша-пиша намозларини ўқиб олиб, сигир соғишга тушдилар. Мен икки чойнаккина сув сиғадиган жажжи оқ руҳ самоваримизга (унинг олд томонидаги тамғалари ичида икки бошли қуш расмиям бор) олов қалаб, карнайидан гуриллаб чиқаётган ўтга маҳлиё бўлиб турган эдим, кўча эшигимиз ғижирлаб очилди. Остонада барваста одамнинг қораси кўринди.
— Опа?! Шўттамисиз?

Мағрур овозларидан танидим: Қўлдош тоғам! У киши Қонқус томондаги аллақайси калхўзда ким бўлибдир ишлайдилар. Ўзлари мўйлов қўйворган, барваста, унча-мунчани назар-писанд қилмайдиган, керилиб юрадиган одам. Лекин шу томонга йўллари тушса-тушмаса, ойда бир-икки бизникига бош суқиб ўтишлари, алламаҳалгача гаплашиб ўтириб кетишлари бор.

Мен тоғам лабларининг четида сассиз, лекин ёқимли кулиб туришларини жуда ёқтираман. Бир хил одамлар шундай кулса, ўзингни таҳқирлагандек сезасан. Лекин тоғамники бошқача. Худди «ҳа, жиян, нўхатполвон бўлиб юраверасизми, бундай бўйга ҳам зўр беринг-да», деб эркалаб тургандай. Мен югургилаб бориб, салом бердим.
— Э, жиян, сенмисан? Бўйни қўйиб юборибсиз-ку, яхши-яхши. Йигит деган шундоқ бўпти!

Қўлим у кишининг кафтларида йўқ бўлиб кетиб, ўзим бағриларига ёпишдим. Кийимлариданми, мўйловлариданми тамаки ҳиди гупиллаб анқиб турарди.

Ойим сут челакни бир чеккага қўйиб, шошилдилар.
— Келинг, Қўлдошхўжа, эсонмисиз-омонмисиз? Эл-овуллар, ҳамма қариндошлар тинчми? Ўзингиз?..— У киши илгаритдан тоғаларимни шундай сизсираб, соясига кўрпача солгудек иззатлаб сўрашадилар.

Тоғам елкаларини тутдилар. Сўнг менинг бўйнимдан қучганча, ичкарига бошладилар.
— Юр-чи, мен сенга нима опкелдим экан. — Ва уйга кириб, буюрдилар: — Қани, кўзингни юм, қўлингни оч-чи.

Мен ҳовучимни очиб, кўзимни юмдим.
— И-и-и, анойи-ей, кафтини десам, ҳовучини очади.
— Мана бўлмаса, — дедим айтганларини қилиб. (Аммо-лекин, нима экан, деб ичим қуришиб боряпти.)
— Бу бошқа гап, — дедилару кафтимга... қўломдек оғир, ғадир-будир нарса қўйдилар.
— Топдим, радёлни тоши! Ойи, тоғам тош опкептилар қулоқ радёлимизга. — Мен суйиниб-ирғишлай кетдим ва кафтимни юма, чироқ ёруғига чопдим. Қарасам, чинданам, ўшандай тош! Кумушдай ялтираб турибди!
— Раҳмат де, йўқ ердан топиб кептилар, болам. Мен катта бўлиб қолганимни унутиб, яна бир ирғишладим:
— Раҳмат, тоғажон! — Сўнг токчадаги дитекторни титкилаб, ўлиб қолган тошини алмаштиришга тушдим.

Ойим қўярда-қўймай тахмондан янги кўрпача олиб ёзгунларича радёлим қитир-қитирлаб ишлай кетди.
— Энди нуқул бешга ўқийсиз-да, жиян, — дедилар тоғам.
— Ўқийман! — Ваъдани қуюқ қилиб юборавердим.
— Ўнни аълога тугатсанг... шаҳарга ўқишга киритиб қўяман, — дедилар тоғам.
— Тугатаман ҳам! — дедим-у, бирдан ўйланиб қолдим. — Унда... ойим нима қиладилар? Йўқ, ўқишизга бормайман.
— Ана, холос! — Ўтирган жойларида тоғам хандон ташлаб кулиб юбордилар. — Ҳа, айниб қолдинг дарров? Кўзимиз очиғида ўқиб қолсанг-чи?

Мен елка қисдим: Олим акамни жўнатворган эдилар, мени ҳам жўнатсалар, бу ерда ким қолади, ойимга қора бўлиб? Асол холамга ўхшаб, шўппайиб ўтирадиларми?

Тоғам гарданимга шапатилаб, дашном бердилар:
— Сен елка қисма. Кейин томирингда Улуғхўжабойлар авлодининг қайсар қони кезинса ҳам, бундан тийил. Бизнинг авлоддан кўп айтувли одамлар чиққан, лекин ҳаммасини хароб қилган, биласанми, нима?
— Нима? — дедим мен.
— Ўша — қонимиздаги қайсар жоҳиллик! Уни тизгинлай олмаганимиз!

Тоғам бирдан нега насиҳат ўқиб, танбеҳ бера кетдилар, тушуна олмай ўтирардим. Кўзимни ердан узмасдим. Узсам, баттар тутоқишларини биламан.

Ниҳоят, ҳовурларидан тушиб, бизни севинтиргилари келдими, тантанавор дедилар:
— Мен нимага келдим, биласизларми?!
— Бу ёруғ жаҳонда бизга яхшилик соғинадиган сиздан бўлак кимимиз бор, Қўлдошхўжа. Албатта, яхши гап, яхши хабар билан келасиз-да, — дедилар ойим топган-тутганларини гардин устига таширканлар.

Тоғам мақтовни хуш кўрар эдилар, орқаларидаги ёстиққа ястаниб, ҳузурланганча:
— Опа, мен сизларни кўчириб кетмоқчиман, — дедилар.

Ойим қўлларида чойнак-пиёла, уй ўртасида тўхтаб қолдилар.
— Қаёққа, Қўлдошхўжа?
— Каттабоғга-да, опа, қаёққа бўларди? Юрасизми, қийналиб? Қаватимизда бўласиз. Укангизнинг ёнидаги жойни хатлатиб қўйдим номингизга.
— Бу жойларимиз-чи? — дедилар ойим ҳамон ўзларига келолмай.

Тоғам қўлларини айлантириб тушунтирдилар:
— Бу ерлар... Яккабоғ атрофидаги бари қўрғонлар бузилади. Бузиб, экин майдонларига қўшиб юборилади. Шунақа қарор бор, опа. Сизга Қанғлидан жой ажратиб қўйишган экан.
— Ўзимиздан сўрамасдан-а?
— Ҳе, опа-я, шунча жойларимизни олганда сўровмиди, энди сўрайди? Энди ота-бобомнинг жойи эди, деган гаплариз ўтмайди. Қаёққа сурса, ўша ёққа қараб кетаверасиз.
— Уруш пайтиям... шунақа қиларканми? — дедилар ойим, уларнинг эси жойидами, деган каби.
— Йўқ. Ўртага уруш тушиб, бу нарсалар тўхтаб турибди. Лекин эрта-бириси кун тинчиб олиб, бари-бир кўчиради. Мен катта пилонларини биламан-ку, опа. Ундан кўра, қаватимизга обкетиб олай.

Ойим энди жойларидан жилиб, ташқарига қараб юрдилар:
— Мендан аввал, ана Асол опамларни опкетиб туринглар. Савобга қоласизлар.

Тоғам бир муддат ер сузиб туриб, яна илкис бош кўтардилар.
— Опам... унамадилар, унасалар, қани эди. Ўламан саттор, Баҳриддиним қайтмагунча, ҳеч қаёққа жилмайман, деб ўтирибдилар.

Ойим нимадир демоқчи бўлиб, бир қараб қўйдилар-у, индамай чиқиб кетдилар. Тоғам қўлларига битта лўппи жийдани олиб, унинг хол-хол қизил пўстини томоша қила бошладилар; аввал кафтларига олиб салмоқлаб, бармоқлари билан эзиб-эзиб кўрдилар. Кейин тишлари билан этини ажратиб, чимчилоғдек узун данагини гардин четига қўйдилар. Унда чинданам алиф битиклари бир нақшдай сафланиб турар эди. (Беихтиёр жийда гулининг бирдан йўқолиб қолишини, катталар, у данагига алиф ёздиргани ҳажга кетган, дейишларини эсладим.) Тоғам хаёллари қочиб, яна битта жийда данагини яланғочладилар. Сўнг қаршиларида мен ўтирганимни кўриб, ҳушёр тортдилар-да, кулимсирадилар:
— Хўш, сенам кетгинг йўқми, жиян?

Мен нима деяримни билмай гангиб қолдим. Кўз олдимдан Яккабоғ, Миржумон атрофидаги боғлар, мол боқадиган сойлар чарх уриб ўтди бирдан. Бўш қолдик дегунча, шаббохун уриб кетардик бу жойларга. Кейин ёлғиз холам ёдимга тушиб:
— Биз кетсак, Асол холам... нима қиладилар? Улардан ким хабар олади? — деб юбордим. Тоғам кафтлари билан юзларини ишқаб, кулимсирадилар:
— Шундай дегин?
— Сиз билмайсиз, анув куни одам тушгани устига бориб қолибмиз, — дедим ҳовлиқиб. Тоғам ҳайратлашдилар:
— Одам?..
— Ўғри-да.
— Йўғ-э, индамадилар-ку менга? Қачон оралабди? Ким экан?
— Султонмурод акаммиш...

Мен бу гапни қандай айтиб юборганимни ўзим қам билмай қолдим.
— Султонмурод? Ўзимизнинг... жиянимиз-а? — тоғамнинг кўзлари қотиб, қорачиғи кенгайиб бора бошлади. — Ярамас! Мен уни шундай қўярканманми?! Ҳали шошмай турсин.

Мен ичим шувиллаб, кичкина тортиб кетдим: айтиб нима қилардим-а?

Чой кўтариб ойим кирдилар.
— Зерикмайгина ўтирибсизми, Қўлдошхўжа? Сиз бир пиёла чой ича туринг, мен овқатга уннаб юборай.
— Майли-ю... бу ёғи қизиқ бўпти-ку, опа? — дедилар тоғам.

Мен пусиб кетарга жой топа олмай қолдим.
— Нима қизиқ бўпти? — Ойим чой қуйишдан тўхтаб, менга ўқрайиб қарадилар. Мен талмовсираб, секингина уйдан сирғалиб чиқа бошладим.
— Опамларникига одам тушганини айтаман-да. Эшитган қулоққа яхши бўлмабди-ку.
— Ана шунинг учун ҳам бизни қўятуриб, у кишини кўчириб кетинг. Савобга қоласиз, — дедилар ойим.

Мен қия очиқ эшик тагидан кетолмай турибман. Тоғам тиззаларига шапатилаб, чуқур тин олдилар:
— Шунча тушунтирдим, авраб бокдим, ялиниб кўрдим, қани кўнсалар. Гоҳ биб-бинойи бўлиб, «Мен Мукаррам поччангнинг руҳини чирқиратиб кетаманми, қаёқдаги гапларни гапирасан!», деб қоладилар. Гоҳ айниб, йиғлаб берадилар. «Шу кеча Баҳриддингинам келадиган. Ўзи келсин. Келиб келинни чимилдиққа опкирсин, иннайкейин...», дейдилар.
— Худонинг хоҳиши, нимаям қилайлик. Ўзи сабр берсин ишқилиб.
— Айтишга осон, — дедилар тоғам хўрсиниб.
— Шукр қилинг, Қўлдошхўжа. Ҳаммангларни териб кетса, нима қилардик биз?
— Ўшанда нимагадир тегмовди. Энди қўймайди, опа. Битта қўймай опкетади! — дедилар тоғам қандайдир алам билан.
— Сизниям-а, Қўлдошхўжа? — дедилар ойим таш-вишланиб.
— Мениям, Ислом, Акром, Исроилниям чақириб турибди.
— Битта суянганимиз сиз эдингиз...
— Шунинг учунам... кўзим очиғида кўчириб опкетай, опа.

Мен «хўп демасинлар-да, девормасинлар-да», деб титраб турибман. Кўнгиллари юмшаб кетмасайди, деб қўрқиб турибман. Ич-ичимдан бир қалтироқ туриб келмоқдаки...

Шунча таваллоларим ҳам бир бўлди, ойимнинг бир оғиз сўзлари ҳам...
— Ундай бўлса, майлин, Қўлдошхўжа...

Эшик кесакисига суяниб туриб эдим, тиззаларим бўшашиб ўтириб-ла қолдим. Кейин — қанча ўтди — билмайман, ўша ичимдан бир нарса куйдириб-тошиб чиқа бошладию ўзим сапчиб туриб кетдим. Кўчагами, бир ёқларга қочиб боряпман-у, томоғимдан йиғи аралаш бир ғалати хўнгроқ босиб келяпти.
— Йўқ-йўқ, керагамас! Керагамас ҳеч!..

Тоғам алламаҳалда қайтиб кетдилар. Лекин мен қимирлаб ҳам қўймадим. Хайрлашмадим ҳам. Худди ер кўтармайдигандай қўшнининг боғ деворига чиқволганман. Ўтирибман миқ этмайин, минг йил қидирганда топишолмайдиган жойда — толлар орқасида. Яна оёғимни осилтирволганман. Жуда ботиб кетса, саланглатиб қўяман ё нариги томонга ошириб оламан.

Ойим хавотирланиб, қидириб чиқмагунларича кириб боргим ҳам йўқ: аразим шунчалик!

Четидан бир бурдаси ушатилган нондай кемтик ой холамларнинг хароба қўрғони устидан чиқиб келмоқда. Узоқда ёлғиз ит акиллаб, хаёлимни ўғирлайди. Толзор кўчамиз бошидаги кўприк остида қуриллаётган қурулдоқ ҳам ҳеч тинадиган эмас. Унинг сасими, нимадир ичимни сидирворай деяпти. Бу ёқда кўчиб кетаримизнинг хабарини эшитган каби баҳор кечасининг тентироқ шабадалари ўйноқлаб-ўйноқлаб келиб, пюҳи рўмолдайин майин «кафтча»лари билан юз-кўзларимни сийпалаб, овутмоққа бошлайдилар...

Мен эсам, тоғам опкелган радёлтошларидан ҳам кечвориб (қўлим етса, уйга киролсам, аллақачон ит-қитворган бўлардим), аразлаб ўтирибман. Ич-ичимдан хўрликми-хўрсиниқми тошиб келмоқдаки, нарёғи йўқ. Х,атто шамоллар ҳам мени қўйиб, толлар устида ҳувиллаб, йиғламоққа бошлайдилар.

Тавба, тоғам шунинг учун келган эканларми? Айниқса, қилар ишни қилиб қўйиб, индамайин жўнаб к «борганлари, бир оғиз, у қани, жиян қани, демаганлари ҳаммасидан ҳам ўтиб тушяпти, алам қиляпти.

Ҳа, у киши кетдилару мен қаламтарошини, наинки қаламтароши, унданам азизроқ нарсасини олдириб қўйган болакайдек бўлдим-қолдим. Мана, энди, кўзим жиққа ёшга тўлиб, кимсасиз бир кечада толзор кўчамизда тентираб юрибман. Сафсаргуллар яккам-дуккам хумчалай бошлаган ўша ташландиқ ҳовуз бўйларидан, томларию бўғотларини қизғалдоғу чучмома ўтлар босган кулбамиз атрофидан кетолмайман. Қизғалдоқ ўтлар шокила-шокила бўлиб хумчалаб ётибдилар, айни «қизми-ўғил» ўйнайдиган пайт. Биз эса, уларни очилишига ҳам қўймай, бузар эмишмиз, қўпориб ташлар эмишмиз!

Во дариғ, ўзимиз бузганда шунчалик! Бошқа пайт — мажбурлаб кўчирилганлар, ота юртидан қувилганлар нима қилишган экан? Не кўйларга тушишган экан холаваччаларим? Султонмурод акам, Олим акамгилар?..

Мимит Бува

Сигирни чимзорга арқонлаб, тол соясига ёнбошлаб олганман. Оқава ариқдан чопқиллаб тушаётган кумушдек тиниқ сув шалдираб, садафдек кўпикланиб ётибди. Ўша ёқдан ёввойи ялпиз ҳидига қўшилиб, бир салқин уфурадики, қўяверасиз. Соями, ўша ариқдан ураётган эпкинми хуш ёқиб, аста чимга чўзилгим келади. Чўзилдим ҳам. Юмшоқ чимда ҳузурланиб бир думалаб олдим. Шунда бошим алланарсага теккандай бўлди. Ўнгарилиб қарасам, ўқиш китобим. Боя ташлаб кетганимча, ётган экан. Бағримни марзага босиб, ўрмонга кириб кетган қароқчи ҳақидаги ҳикоятни ўқий бошладим. Бир пайт Иззанинг нариги ёғидан биров чақириб қолди:
— Ҳов, эшон бола? Эшон бола-ёв?..

Қарасам — Мимит бува. Оқ-оппоқ қарибам сигир боқишини қўймайдиган киши. Сиддиқ арракашнинг боғи пастидан ўтган сўқмоқда турибди. Жуда художўй одам. Озгина текис жойга белбоғ ёйиб, мимитдай бўлиб намоз ўқиб ўтирганларини кўп кўрганман.
— Ассалому алайкум, — деб овоз бердим.
— Ҳа, ўтмайсизми биззи томонга? Зериктирмангда одамни, эшон бола!
— Сиз қатга қўнгансиз? — дедим.
— Ҳов, анов тутнинг соясидаман. Ўтинг, отамлашамиз.

Билдимки, ниманидир илиняпти.
— Ҳозир, — дея сапчиб туриб, пастга қараб югурдим.

Мирқобил бува сўзини икки қилмай борганимгами эриб кетиб, қалтироқ қўллари-ла бағрига босиб қўйди.
— Оббо эшон болам-эй, катта йигит бўп қопсиз-ку...

Бу одам тоғаларим томонидан тушиб, мол боқиб кетишини биламан, лекин кимнинг бувасилигини ҳеч суриштирмаган эканман. Бизга у «анув бува» холос. Нонига шерик бўлганда элакишиб турамиз-у, бошқа пайтда парвойимизга келтирмаймиз. Биламизки, оқ яктак устидан қават-қават белбоғ боғлаб, қишин-ёзин калишда юрадиган бу мўмин-қобил чол бошқаларга ўхшаб бизни тергамайди ҳам, сўкиб қувмайди ҳам. Муштдек бўлиб, бир четда ўйинларимизни томоша қилиб ўтиргани-ўтирган.

У кишининг ола сигири ҳар йили мош сепиладиган сойликнинг пастида арқонлоғлиқ экан. Ўша сойлик Иззага келиб туташадиган жойда катта ботқоқлик бор — биз сакрабам ўтолмайдиган ташлама. Шунинг четига кимдир бир вақтлар қатор қилиб, учта туту битта тол эккан. Тагига қуюқ соя ташлаб, одамни оҳанрабодек чорлаб ётибди. Бува билан иккимиз бориб, ўша ерга чўкдик. Бува уннай-уннай белбоғини ечиб, чим устига ёйиб қўйди. Битта зоғора нону устида бир сиқим майиз. Нонни синдириб, мулозамат қилди.
— Олинг, эшон болам, бирга тамадди қиламиз. — Кейин калта камзулининг чўнтагини кавлаштириб, иккита ёнғоқ олди: — Манг, эшон болам, чақиб юборинг буни. Умархўжа бувангиз эктирган ёнғоқлардан еб кўринг.

Ирғиб туриб, ёнғоқни чақиб келдим, лекин қулоғим остидан «бувангиз» дегани кетмасди. «Бу киши биззи буваларни кўрган одам экан-ку!..» Ийиб кетиб:
— Бува, сиздан бир нарса сўрасам, майлими? — дедим.

У киши елкамга қоқ кафтини қўйиб, илиқ жил-майди:
— Сўрай қолинг, эшон болам!
— Нимага нуқул «эшон болам» дейсиз, бува?

Бир бурда сап-сариқ зоғорани оғизга олиб борган жойида қўлини туширди.
— Эшон бола бўлганингиздан кейин эшон бола дейман-да.

Буванинг эркалаши менга мойдек ёқаётган бўлса-да, ортиқча ҳурматининг маънисига барибир етолмасдим. Бува ҳолатимни сезгандек, янаям тушунтирмоқчи юўлди:
— Саййидларга яқин турасизлар, ахир.

Сутга қорилган талқондай бўй таратиб турган зоғорани ҳам унутдим. Бу ҳақда ойимлардан эшитганларим ёдимга тушди ва Мирқобил бува гўё менга йўқотган олтинимни топиб бергандай, қувониб кетдим.
— Сиз буваларимиздан қолган олтин китобни биласизми?

Бува дафъатан англаб етмади, шекилли:
— Қандай китоп? «Олтин» дейсизми, эшон болам? — деб сўради.
— Ҳа-да, етти пушт ёзилган китоб-чи.

Бува илиқ жилмайди:
— Шажара денг.
— Ўша-ўша. Кўрганмисиз ўшани? — дедим мен ирғишлагудек бўлиб.

Мимит бува бошини сараклатди.
— Нега? Ҳозир айтиб турувдиз-ку?

Бува «э-э» дегандай ўнг қўлини боши узра бир ғалати сермаб, энтикди:
— ...Аммо яхши эслайман, раҳматли Абдураҳим эшон почча ўша шажарангларни дараклатиб бир нарсалар топган эдилар. Кўкалдошда шаҳид кетган Улуғхўжа бувангиз ҳақида, у кишининг мерган ўғиллари ҳақида кўп гапириб ўтирар эдилар. Биз сабоқ олгани бориб, эшитиб қолганимиз шу, эшон болам.

Мен негадир ҳовлиқардим:
— И-я, мерган ўғиллари бораканми? — дедим гўё илк бора эшитаётгандай. Сўнгра қаршисига чўккалаб, дедим:
— Ўша китобни топса бўлармикан?

У киши боягидай қўл сермади.
— Қай-да!

Мен энди бир учини топдим деганимда, бу жавоби ғалати эди.
— У кўм-кўмларда қаерларга кўмилиб кетди, ким билсин, эшон болам. Лекин... — дея бува нурсиз, сузук кўзларини жиддий қадаб, бир дақиқа жим қолди.— Лекин илоҳий китоблар билан қўшиб кўмилган бўлса, йўқолмайди. Худойимнинг ўзи асрайди. Яна ўзи билади, биз нимани билардик.

Ажабо. Шунча нарсани биладиган одам, биз нимани билардик, деб турса. Шундай оқ-оппоқ, юзларидан ажойиб нурлар ёғилиб ўтирган одам... Онам айтиб берган Ҳизрнинг қиёфасидаги ёқимтой чол... (Юзига, кўзига қараб ўтирибман-у, бир нарсага чалғисам, худди йўқ бўлиб қоладигандай хавотирдаман...) шундай одам ҳам бизнинг йўқолган шажарамизни билмаслиги, бир ҳисобда, ҳафсаламни пир қилди. Лекин шажара ҳақидаги анув гаплари ажойиб эди! Қаерга кўмилган экан-а, эшон поччанинг ўша китоблари?

Бир қарқуноқ тепамизга учиб келиб, «қиёв-қиёв»лашга тутттди. Ҳўв наридаги бедапояда аллақандай сариқ бошли жимит қушчалар саъва каби бири олиб-бири қўйиб, чулдираб ётибди. Иззанинг қайрилишида сув шалоплаб-шалоплаб қўяди. Баъзан шабада боғ томондан жийда гули ҳидиними-ей, бир тотли бўйларни келтириб димоққа уради. Кўринишдан мол боқишу намозини ўқишдан бўлакка ярамайдиган манави Мирқобил бува ҳар замон «олинг-да, эшон болам», деб дастурхонга қистаб қўяди. Унга сари мен қисиниб-қимтинаман. Бошқа пайтлардаги муносабатимни эслаб, уялиб ўтирибман. Бува бизни шунчалик кифтига кўтариб, «эшонболам»лаб турсаю мен арзитиб салом ҳам бермас эдим-а.

Сигирим зорланиб маъради.
— Мен борай, бува. Ҳали мактабга кетишим керак,— дедим рухсат сўраб.
— Майли-майли, эшон болам. Биззи томонларга ўтиб туринг шунақа, хўпми?

Мен Иззанинг тор бир еридан ҳатлаб ўтиб, югуриб кетдим. Шундай енгил эдимки, қалдирғочдай учиб кетсам мумкин эди. Илгари болалар билан қувлашмачоқ ўйнаганимда, Изза бўйидаги катта тепалардан пастга қараб чопганларимда шундай бўларди. Худди елкамдан қўш қанот ўсиб чиққандай, учиб кетардим! Ҳеч зоғ тута олмасди! Энди бирон кимсадан бирон ширин гап, ширин сўз, бирон суюнчли хабар эшитсам, бас, ҳозиргидай аҳволга туша бошлайман. Бир ёқларга учиб кетгим келаверади, келаверади...

Мўмин Тоғанинг «Меҳмони»

Китобни қўлтиққа урганча, тарғилни етаклаб тегирмон йўлидан чиқиб борсам, Мўмин тоғанинг қўрғони олдида тумонат одам. Эркаклар сўкинган, хотин-халаж дарвозанинг жиловхонасига тиқилволган. Ҳовуз бўйига тўпланган томошаталаб болакайларнинг-ку ҳисоби йўқ. Кимнинг қўлида сўйил, кимникида гаврон.

Сигирни ўрикка боғлаб, ўша ёққа югурдим.

Айримлар тол томонга хезланиб-хезланиб боради-ю, ўртадаги Мўмин тоғадан ўтолмай қайтади.
— Ҳой, чироғларим, ўлдириб қўясизлар. Буям худонинг бандаси.

Аммо Раҳматилла биргад кетмон дастани боши узра сермаб, шанғиллайди:
— Шу гал ўртага тушманг, тоға. Буларнинг бари бир гўр: аяганингиз сари кўзга чўп солади! Қўйиб беринг, онасини Учқўрғондан кўрсатворайлик.

Яқинроқ бордим. Ариқ бўйидаги ичи чириб тушган толга ёқавайрон, бошяланг бир одамни арқон билан чирмаб ташлашибди. Ўласи қилиб уришган шекилли, боши кўксига осилиб ётибди. Гардану елкалари мўматалоқ.

Ўзим тенги бир боладан секин шипшиб суриштирдим:
— Нима бўпти?
— Том тешган экан, тутиб олишибди, — деди у кўзини чирмалган одамдан узмай.
— Бекор айтибсан, девол ошиб тушганакан. Ўзи айтди-ку, эшитмадингми? — деди ёнида турган бошқа бир бола.
— Куппа-кундузи-я?
— Ҳамма далага кетганини пойлаганда булар?
— Шеригиям бораканми?
— Ҳа, аммо оёғи чаққон экан, сурворибди.
— Ростдан-а?
— Толзор кўчада кетвотканини кўришибди. «Толзор» бизнинг кўча эди. Беихтиёр ичимга чўғ тушди. Асол холамларникига ўғри тушганини эсладим. Наҳот?..
— Ким экан? — деб сўрадим қўрқа-писа.
— Билмадим. Шеригини сотмаяпти, — деди Алиакбар ўғрининг оғзи маҳкамлигига беш кетиб. — Ўғри бўлсаям зўр экан!

Менинг хаёлимда эса, бир исм: «Наҳотки Султонмурод акам? — дейман. — Узи қолиб, шерик бошлаб кептими энди?.. Бўлакдир-э, ўлибдими?!»

Бу орада йигитлар яна норозиланиб, қизиққонроқлари шанғиллай кетишди:
— Қўйиб беринг-да, тоға. Шаҳдимизни ўлдирманг-да.

Сал ёши каттароқлари бўлак таклиф қилишди:
— Жилла қурса, эшакка тескари ўтказайлик. Кўчани бир айлантирамизу кейин қўйиб юборамиз.

Мўмин тоға эгнида яшил тўн, бошида кичкина салла, ҳассага таянганча ўғрига «қалқон» бўлиб турибди. Афтидан, чекингиси йўқ. Қўйиб берса, одамлар бечорани тилка-пора қилиб ташлагудек алпозда.
— Қўйинглар, чироғларим, бир адашиб кепқопти бу меҳмон болам.
— Адашибдими? Меҳмонми бу, тоға? — деб йигитлар кулишди. — Насибасини еб кетсин бўлмаса.
— Еди-еди, қорни ҳам тўйди. Энди бу ёқларга бошқа йўламайди, — деди тоға.

Раҳматилла биргад яна ўртага чиқди.
— Ҳали гуноҳини ҳам тилаб оларсиз? Илгариги замон бўлса, бировнинг молига чўзилган қўлларини чопиб ташлардик! — деди у худди болтаси бор одамдай азот қўл силтаб.
— Ҳозирам чопиш керак! Биттасини ибратга чопсак, ҳаммаси ин-инига кириб кетади, — деди Ҳайбат акам билағонлик қилиб.
— Ҳозир бўлак давр-да, — деб қўйди бир чеккада, катта тўнка устида тамаки ўраб ўтирган пўчтачи Мирҳомид амаки.
— Бўлмаса, бошини силаб, яра-чақасини боғланглар-да, узр сўраб, жавоб бериб юбора қолинглар! — деб кесатди Ҳайбат акам.

Аммо Мўмин тоғанинг парвойи палак. Сўзидан қайтадиган сиёғи йўқ эди.
— Ҳеч нарсамизни олмаган экан, биз гуноҳидан кечдик, энди тарқалинглар сизлар ҳам, — деди қатъий кесиб.
— Хўп, биз рози, — деди Раҳматилла биргад, — фақат шеригини айтсин, қўйвормаган номард.

Шу пайт Ҳайбат акам дабдурустдан:
— Ҳа-ҳа, сўраб боқинг, балки Султонмуродни танир, — деб қолса бўладими. Менинг ғашим келди: зўрлаб бўйнига қўя қолинглар бундан кўра! Ёки Ҳайбат акам ростдан ҳам бир нарсани биладими?

Мўмин тоға ҳассасини қўлтиғига қисиб, ўғрига ўгирилди:
— Нима дейсан, меҳмон болам? Айт-да, қутул-кет булардан.

Чандилган одам бош чайқаб, нимадир деди. Овози ташига чиқмади ҳам. Раҳматилла биргад шовқин солди:
— Жонинг борми, ҳаммага эшиттириб айт! Бу гал аранг минғирлади:
— Ёлғиз ўзимман.
— Ёлғизсан-а, ёлғизсан! Кимни лақиллатмоқчисан! Мана сенга, ўғри!

Қанаққиб айланишиб бориб қолди — билолмай қолдим: Ҳайбат акам унинг юзига қулочкашлаб тортиб юборди. «Меҳмон»нинг боши икки айланиб кетди-ёв. Биз болалар қўрққанимиздан «ҳув-в» тортвордик. Яна битта урганида борми, боши сапчадек узилиб кетармиди?!

Мўмин тоға ҳассасини кўтариб, Ҳайбат акамни қувиб берди.
— Қоч бадбахт! Қачондан бери йиқилганни тепадиган бўлдинг?!
— Узр, тоға, узр. Ўзимни тутолмай қопман, узр, — Ҳайбат акам қўлини кўксига қўйганча, тисарилди.

Энди Мўмин тоғанинг ростакам жаҳли чиқди:
— Боринглар ҳамманг! У сенларникига келганми, меникагами? Намунча бағритошсанлар?!

Боядан бери шанғиллаб, ҳеч кимга сўз бермаётган Раҳматилла амакию Ҳайбат акамлар дамлари ичига тушиб кетди. Одамлар жим-жим тарқай бошладилар.

Пўчтачи Амаки

Биз болалар томошанинг тез тугаб қолганидан афсусланиб истар-истамас жиларканмиз, йўл ёқасидаги тўнка устида ҳар доимгидек мийиғида кулиб ўтирган қув пўчтачи амаки кутилмаганда шарт ташландию биттамизни тутиб олди. Сўнгра «Чини-мини, хўп!» деб қўлини ўйната-ўйната ўша боланинг қўйнига тиқди-да, у ердан бир нарса чиқарди. Қитиғи келган шеригимиз қиқир-қиқир кулиб, қийшонглаб турарди.
— Манг, полвон бола, сўриб кўринг-чи, сузмангиздан қанақа қурут чиқибди!

Қурутни кўриб, ҳаммамиз ўралашиб бордик.
— Қаний? Қаний?..

Бола қурутни ҳайратланиб ҳам иккиланиб олди. Кафтида айлантириб, ростакамми, ёлғондакамми эканлигини то билгунча... бир олғир човут солиб, олиб қўйди ва шу заҳоти оғзига тикди.
— воой, зўр-ку, қаймоқнинг ўзи! — деди кўзини сузиб.

Буни кўриб, қолган болалар ҳам Мирҳомид пўчтачини ўраб олдик:
— Менгаям беринг...
— Менгаям «чиқариб» беринг.
— Жо-он амакижон...

Амаки бирдан яйраб кетди ва тамакисини четга итқитиб, кимга қурут, кимга ёнғоқ, кимга эса майиз чиқариб бера бошлади. Қизиғи шунда эдики, у «Чини-мини, хўп!» деб туриб, кимнинг боши, кимнинг гардани, яна қай биримизнинг биқинимиздан бирор нарса «пайдо қилар», ҳар гал бизлар шод қийқирар эдик. Ҳозиргина рўй берган ҳодисаларни — Мўмин тоғани ҳам, шаҳарлик «меҳмон»ни ҳам, ҳалиги можароларни ҳам унутиб юборай дебмиз.

Кўзирлар

У ёқда Мўмин тоғанинг дароз кампирлари бир коса айронми, қатиқми кўтариб чиққан, энди чол-кампир «меҳмон йигит» устида ўлиб-тирилиб ётишар эди. Адол опоқининг дўриллаган овозлари бизгача эшитилиб турибди.
— Ҳой болам, манавини бир симир. Ичгинанг узилиб ҳам кетгандир сангинани. олол, холанг қоқиндиқ.

Тоға уни толдан ечар-ечмас Адол опоқи ҳали унинг мўматалоқ елкаларини силаб, ҳали ёқаларини тўғри-лайди. Ўзича жавраб, куйиб-пишади:
— Кел-кел, қаддингни кўтарақол, холанг бўйгинангга қоқиндиқ. Ол буни. Малҳам бўлсин. Сан кўр-ман кўр бўлиб кетгин, илоҳим.

Шаҳарлик ўнг қоши устига тушиб бораётган сочини селпиб, косани олди ва қўшқўллаб тутганча, ютоқиб ича бошлади. Ўзиям бўлари бўлиб, ичгинаси куйиб кетган экан, қатиқни бир кўтаришда сипқориб, ҳузурланиб туриб қолди.

Мен унга қараб, қотиб қопман. Ажабо, у қатиқ ичдими ё бошқа бир шифобахш нарсами ичди! Бир коса қатикдан одам шунчалик тирилиб қоладими? Кўзларимга ишонолмасдим. Боя калтак остида шунча кичкина тортиб кетган эканми, қаршимда оёқ-қўллари узун-узун, ўзи нортуядек бесўнақай, дароз одам бўй ростлаб борар, унинг лаблари дўрдоқ-дўрдоқ, бурни ҳам ўқлоғидек бор эди. Фақат, ҳадеб қоши ва кўзи устига сирғалиб тушиб бораётган сочини демаса, ўғри сиёғи йўқ.
— Мана, хола, темирга сув бергандек бўлдиз! — деди у ахийри косанинг юқини ҳам қолдирмай.

Адол опоқи яйраб кетди:
— Холанг айлансин, қатиқ ош бўлармиди, уйга кир, уйга. Санга лойиқ бирон нарса топармиз.

Тоға ҳам қайтиб, ичкарига қистай бошлади.
— Юр, меҳмон болам, жилла қурса, бир пиёлагина чойимизни ичиб кет.

Шаҳарлик хижолатга ботиб илжайди. Лекин ҳолати шундайки, яна сал қисташса, кириб борадиган. Майли, бугун сизларга ўғил бўлақолай, буюринг, ўтинингизни ёриб берайми, ўғирингизни янчишиб юборайми, деб эргашгудек. Шунақа эриб турибди.

Аммо шу тоб Иззадан чиқавериш йўлдаги Қоровултепа орқасида чанг-тўзон кўтарилиб, араванингми, ниманингдир шалдираган шовқини эшитилди. Ва ҳеч қанча ўтмай, тепа орқасидан қўш отли узун арава отилиб чиқиб, тўғри шу ёққа бостириб кела бошлади.
— Уни қаранглар, боллар, уни қаранглар! — деб қичқириб юбордим.

Чиндан ҳам уларнинг келуви, келувидан ҳам бурун арава устида туриб олиб, қив-қивлаб қичқирувлари бир ғалати эди.
— Парпининг чапанилари-ку, — деди пўчтачи амаки ўтирган ерида.
— Вой, ростданам ўшалар!

Гурра қўзғолиб, ўша ёққа югурдик. Мен ҳаммадан орқада эдим. Негадир анув шаҳарликдан кўзимни узмасдим. «Қочса-чи, бир ёққа уриб кета қолса-чи!» дердим. Қаёқда, қилт этмай турибди. Мен ҳам беихтиёр тўхтаб, уни кузата бошладим.

«Меҳмон» аравани кўргач бир сергак тортдию нима гаплигига тушунди. На ўтакаси ёрилди, на қалтираб қолди. Қайтага тийраклашиб, Мўмин тоғага яқинлашди. У кишининг елкаларидан енгил қучди-да, қулоқларига бир нима деб, сўнг анҳор ёқалаб тисарила бошлади.

Адол опоқи ичкаридан ҳайҳайлаб чиқиб келди:
— Ҳай болам, қаёққа борасан? Кир бу ёққа, рўпара бўлма шуларга.
— Майли, хола, хижолат чекманг, — деди у ва айқириб оқаётган анҳордан қоплондай сакраб ўтиб, ҳовуз бўйига чиқиб борди.
— Вой, сани қара-ю. Тайёр жой туриб... — деганча қолаверди Адол опоқи. Сўнг чолига қаради: — Ҳой, чақирсангиз-чи уни ҳалиям...

Ҳассасини дўқиллатиб, Мўмин тоға анҳор ёқалаб бораверди:
— Ҳамонки уйга кирмадинг, ана, масжидга ўт. Хонақога кириб кет, болам. Худонинг уйига бостириб киролмайдилар, бор, — деб қистай бошлади.

«Меҳмон» аравадан кўз узмай, қиямалаб-лапанглаброқ бораркан, тоғанинг кўнгиллари учунми, бош силкиб, бир нималар деди. Лекин ўзи масжид қолиб, катта кўчани кесиб ўта бошлади.

Бу орада шалдираб келаётган қўш отли арава ўрикзордан ўтди. Йўл четига тизилишган болакайлар гурра унга эргашдилар. Бунга сари арава устида турволган йигитлар (нима бало, роса қимизхўрлик қилиб ётишганми) қийқириб, отларни баттар тезлашади. Аравакаш тизгинни силкилагани етмагандай, арқон учини боши узра қамчидай чир айлантириб, шотига чарс-чарс уради.
— Ҳа-а, жониворлар! Қадами шамолдан тезлар! — деб қийқиради.

Менинг ичим тошиб боряпти. Қорасини ўчирса, ўчириб кета қолмайдими анув шаҳарлик! Қодир амакининг деворидан липпа ошса-ку, олам гулистон! Ҳеч бўлмаса, Мирҳомид амакиникига уриб кетмайдими!
— Эҳ, қайсар-а, — деб тоға ҳам ярим йўдда тўхтади, — бошига яна ташвиш сотиб оляпти.

Адол опоқи липпаларини туширганча жовуллаб кўчанинг ўртасига довур тушиб бора бошладилар:
— Ҳой чол, ҳой Тўлавой, бу ёққа қаранг. Қайтаринг бу ер юткурларни. Бир балони бошламасинлар, ахир.

Мен ўтакам ёрилиб, олдиларига учиб бордим.
— Қочинг, опоқи, қочинг. Тўхтаса, ўзи тўхтайди,— деб бақирдим.

Яхши ҳам чопиб тушганим: отлар ҳуркиб, аравани бедапояга суриб кетдилар ва биз қутулиб қолдик. қолаверса, аравадагилар то ўзларини ўнглаб олгунча бояги шаҳарлик етадиган жойига етиб олади, деб суюндим. Лекин қаерда!

Хирмонтепага кетадиган кўча ёқасида, анҳор бўйига чиқиб, бемалол юзини чаяяпти. Ҳар замонда бу ёққа кдраб-қараб қўяди, холос. Шошмайди ҳам, қочмайди х,ам. Роса дарди бедаво экан-ку бу одам!

Хайриятки, ҳалиги ҳовлиқмалар ҳозирча шаҳарликни кўришгани йўқ. Аравадан сакраб-сакраб тушиб, отларнинг бошини қайириш, бир амаллаб кўчага олиб чиқиш билан оворалар.

Улар аравани қайтариб чиққанида шаҳарлик бир ҳатлаб анҳордан ўтган, Қодир амакининг наҳрали деиорига қараб юрган эди.

Наҳрадан ошиб ўтса, қутулади. Аммо у наҳрага оориб тўхтади, чўнтагидан бир нарса олиб, бамайлихотир тамаки ўрай бошлади. Ана холос!

Бу орада яктак устидан тўн кийиб, қийиқ боғлаган қизил этикли чапани йигит ғўддайиб, тоғанинг олдига чопиб келди.
— Ҳов амаки, қани меҳмониз? Ё қочирвордизми? Тоға ёқтирмайгина:
— Ўзинг кимсан? Сени ким чақирди бу ерга? — деди.
— Бизми? Парпининг йигитларимиз. Танимадизми? Тоға унга бошдан-оёқ разм солиб, кесатди:
— Хоннинг чопари эмасакансан-ку, шундоқ гапиравур-да. Худди мен Парпингни билмайдигандек.
— Билсангиз, биз сиззи ҳимоя этип келдик. Якка-боққа бесўроқ кирганни кўрсатинг бизга. Оёғини синдирайлик биз! Қани у? — деди ҳамон баландддн келиб.

Мўмин тоға жавоб бергунча бўлмай, бир болакай ҳовлиқиб кўрсатиб юборди.
— Ана-ана! Кўчанинг нари ёғида! Ўтиб кетди сизларни кўриб...

Тизгин бўшалиб, арава жилди. Йигитлар икки ёқдан «меҳмон»ни ўраб бораверишди.

Адол опоқи қарғаниб, жовуллаб берди:
— Ордона қолсин Парпинг! Энди ҳимоячи бўп қоптими?

Учинчи йигит аравани кўчанинг бошига буриб, туша бошлади. Бунгача қизил этиклиси кўприк устидан ўтиб, қайнаманинг нариги бошига етди.

Биз ҳам ҳовуз бўйи билан катта кўчага чопдик. Эрта кўкламдаёқ кесилиб, ходаси ишкомга ишлатилиб кетган толлар текис кўклаб ётибди. Тагларига сават кўтарган хотинларнинг соясидай соя ташлаган.

Биз ўзимизни шу сояларга олиб, кўзирларнинг олишуви қанақа бўлишини пойлаб ўтирибмиз. Биринчи бўлиб қизил этикли йигит чираниб борди. Тўнининг бир барини белбоғига қистириб олибди.
— Яхшиликча ўт баққа, хўв ҳезалак, — деди ҳали кўприк устидалигидаёқ.
— Керак бўлса, ўзинг ўт. Ўтиб кўр, — деб жавоб қилди шаҳарлик ҳам. У ўша-ўша тамакисини буруқситиб, наҳрага суялиб турарди.
— Ўтсам, қўрқаманми сендан! Гавдангга ишонма, букри туя. Сен лўк-лўк этгунча... — деб кулди қизил этикли. Унинг тутамаган гапини бу тугатди:
— ... мен думингни тугаман-қўяман!

Қиқирлаб кулиб юбордик. Қизил этиклининг ори келдими, бизга бир ўқрайиб қаради-да, жаҳл устида тисарилиб, анҳордан бир ҳатлаган эди, анча нарига бориб тушиб, мункиб кетди. Шунда шаҳарликка Худо берди. Тамакисини қаёққа итқитди, қизил этиклининг тепасида қандай пайдо бўлди — кўрмай ҳам қолдим. Кўрганим — тўнию яктагидан қўшиб, гарданидан азот кўтариб турар ва бояги чиранчиқ унинг қўлида мушук боладай типирчилар эди.
— Қўйвор, номард, ғирром экансан. Мард бўлсанг, ўртага чиқ, ўртага, — деб хирилларди у.
— Битталаб сувга пишаман ҳаммангни! Итнинг боласидай ваканглаб қочмаганингни кўраман! — Ша-ҳарлик меҳмон шундай деб қизил этиклини бир итқитган эди, анҳор ўртасига шалоплаб тушди ва анчагача ўзини ўнглай олмай қолди.

Биз ўрнимиздан сакраб тура, қай биримиз кўприк устига, қай биримиз нариги бетга зинғилладик.

Аммо шу топ аравакаш кўприк устидан ўкдай учиб бориб, шаҳарликнинг орқасидан чунонам калла қўйдики... ўлди, деб юбордим мен. Аммо шаҳарлик ўзини гўлликка солиб турган экан, усталик билан бир чап берган эди, аравакаш демагани пешонаси билан ер сузиб тутттди ва инграб юборди. Шаҳарлик уни ҳам гарданидан боягидек даст кўтариб, анҳорга итқитди. Айни шу дамда учинчи шериклари ўқдай етиб келиб, ўхшатиб тушириб қолди. Биз азбаройи қўрққанимиздан улув тортиб юбордик. Касофатнинг зарбаси қаттиқ бўлган шекилли, шаҳарлик уч ўмбалоқ ошиб кетди, лекин охирги дақиқада коптокдек сакраб турди ва учиб орқасига қайтди. Чапани ҳатто эсини йиғиб улгурмади. Шаҳарлик уни бўксаси билан чунонам тур-тиб, учириб юбордики, уч метрча нарига бориб тушди. Бу билан кифояланмай, устига бостириб борди-да, ордан даст турғазди ва чап қўлининг орқаси билан даҳанига бир тушириб эди, чапани деганининг эси оғиб, орқа-олдига қарамай қоча бошлади.
— Қанисан қолганинг! Битталаб қиймалайман энди! — деб ер тепинди шаҳарлик ғазаб ичида.

Шерикларига шунинг ўзи етарли бўлди. Сувдан чиқа, қочиб бердилар. Шаҳарлик қочаётганларнинг кетидан уч-тўрт қадам қувиб ҳам қўйди:
— Ҳе, устозингдан ўргилдим сен ҳезимларни! қўлимга тушларинг, нима қиларканман!

Улардан бири жон ҳолатда аравага ташланиб, тизгинни қўлига олди. Қизил этикли ҳам, бошқаси ҳам итирмон кўчага бурилган арава орқасидан чопди.
— Ҳой, шошма, дўппинг қолди, олакет, — деб атай ҳазиллашди пўчтачи.

Биз хахолаб кулиб юбордик.

Бу Кун Қандай Кун Ўзи

Болалар чуғурлаша бошлади:
— Қойи-ил!
— Зўр эканми! Бир ўзи учтасига бас келди-я!
— Аммо-лекин қотирди. Ана, йигитнинг гули! — деди кулиб пўчтачи Мирҳомид амаки. Сўнгра шаҳарликка юзланди: — Бу қутурганлар ўзини шу даҳанинг кўзири биз деб билади. Сен, ука, яхшиси булар билан ўчакишма, булар худонинг бошли-кўзли бир балоси.

Бу орада Мўмин тоға ҳам шу ерга етиб келган эди. Шаҳарлик читтонни яна йўлга солмоқчи бўлди:
— Мирҳомид тўғри айтди, меҳмон болам. Ё тез кетиб қутул, ё менинг айтганимга кир. Маъқулгина йигит экансан. Хўп де, бизгаям жабр қилма, ўзинггаям, — деди ялинчоқ оҳангда.

Шаҳарлик анҳордан ҳатлаб бу қирғоққа ўтди.
— Жабр дейсизми?
— Ҳа-да, улар у ёқдан ҳали нечтасини бошлаб келар, сен ҳам бу ёқда қараб турмассан, икки ўртада қирғин чиқадими? Қўй, кимга керак бу машмаша? Ўртада қон тўкиладими? Эшитган қулоққа яхшимас. Қолаверса, мусулмон фарзандисизлар. Муржумонда шунақа иш бўпти, деса, бизга уят.
— Унақа ниятим йўқ, ота. Сизларни уятга қолдиргунча... ўлганим яхши, — деди у кутилмаганда.
— Сен шунақа дейсан, лекин Парпи — Парпи-да. Бекорга бебахт деб атабмизми? — деди Мирҳомид амаки.
— Бебахт? — Шаҳарлик гўё муҳим бир сўз эшитгандай сергакланиб, бир пўчтачига, бир Мўмин тоғага қаради. Кўзлари ярқ очилган, юзларида эса, бир ғалати ифода — хижолатми-ей, уятми-ей...
— Асли бадбахт, лекин одамлар уни бебахт атаб юборган.
— Ўзиям биладими?
— Билмай нима?! Лекин кўкси кирлаб кетгач, ор нима қилади? Номус нима қилади унда? — деди Мўмин тоға ҳассасининг учи билан ер чизиб. — Иймон ҳам унақа кўкракни тарк этади, бўтам.
— Унда, бунақа кимсанинг жазоси нима, ота?

Биз болалар ҳамон томошабинмиз, унинг гапларига ҳайрон қолиб, миқ этмай турибмиз.
— Бунақа одамнинг бетига у дунёда Худоям қарамайди. Бу дунёда ит ўлимини топиб кетади, агар вақтида кўксини ҳаромдан тозаламаса. Худойимнинг каломи ўтиришиб, иймони қайтиб келмаса. Ҳаром мол, ҳаром ризқ шунақа ёмон нарса, — деди тоға.

Шаҳарлик бир зум ғалати ўйга толиб қолди ва кескин бошини кўтарди.
— Тавбаям... фойда бермайдими? — деди кўзлари жавдираб.
— Нега фойда бермасакан? Тавбадан улуғ нарса борми дунёда?! Худойим ўз номи билан ғофурур роҳиймдир.
— Агар одам ўлдирган, талаган, бировларни қон қақшатган бўлса ҳамми?
— Қайтиб бу кўчага кирмаслик шарти билан, жоиз. Худойимнинг даргоҳи кенг, тавба қилган бандамнинг гуноҳидан ўтаман, деган ҳақ ваъдаси бор. Тавбанинг эрта-кечи йўқ, ўғлим.
— Унда дуо қилинг, ота, — деди шаҳарлик кутилмаганда қўлини очиб.

Биз ҳайрон қолдик. Ҳатто Мўмин тоға шошиб қолдилар.
— Ҳа, бўтам, қаёққа шошмасанг?
— Борай, — деди у аччиқ жилмайиб, — ўшаларингизга йўлиқиб, яна гуноҳкор бўлиб юрмай.
— Ўзинг биласан, меҳмон болам, — деб тоға ҳассасини билакларига илдилар-да, қўлларини очиб қиблага қараб дуо қила бошладилар. Узоқ дуо қилди. Лабларига титроқ кирди. Дуога очилган бармоқларига титроқ кирди.

Қўшилиб, биз ҳам юзимизга қўл тортдик. Кўриб турибман, шундай қаҳри қаттиқ шаҳарлик ҳам аллақандай мутаассирланиб туриб қолган эди.
— Раҳмат, бува, — деди ўша-ўша таъсирланган овозда, — рози бўлинг... ҳаммасига.
— Рози бўлмай нима! Розиман, — деди тоға, — яхши боргин.
— Яхши қолинг. — У бошқа ҳеч нима демай, анҳор ёқалаб, Хирмонтепа томонга кета бошлади.

Пўчтачи амаки уйига кириб кетди. Тоға ҳовуз бўйидаги кичкина масжидга қараб юрди. Биз эсамиз, чағир-чуғур билан бир-биримизни уриб-енгиб, бояги жанг тафсилотларига тушиб кетдик. Бир ўзи учтасини чалпак қилиб ташлаган одамни умримиз бино бўлиб кўрмаган эдик. Кўриш қаёқда, эшитмаган ҳам эдик. Биримиз олиб, биримиз қўйиб ётсак, билмайман, қанча вақт ўтган (ишқилиб, Мўмин тоғадан дуо олган меҳмоннинг қорасиям кўринмай кетган эди), Тегирмонкўчада от чоптириб келаётган отлиқ кўринди. Ким бўлди экан, деб яна шошиб қолдик.
— Парпи бебахт-ку?! — деб ваҳима қилди кимдир.
— Ҳа-ҳа, боя кўрувдим. Тегирмоннинг тепасидаги шийпонда маишат қилиб ётишувди улар, — деди бошқа шеригимиз.

Биз гуриллаб ҳовуз бўйига чопдик ва толларга суяниб ўзимизни гўё панага олдик. Овозларимиз ўчди, толларга қапишиб кетдик. Нафасимиз ҳам ичимизга тушган. Ҳазилми, қаршимизда биз номидан ҳам қўрқадиган ўғрибоши... Устига эгар ҳам урилмаган отни қичаб келаётир.

У Ҳайбат акамчалик ҳайбатли бўлмаса-да, асов от устида қўндоқдек ўтириб, уни чапдаст чоптириб келар, юпқа тўнининг барлари қуш қанотидек шамолда пирпирар эди.

Отлиқ катта кўчага етиб-етмай жиловни бир тортган эди, от туёқлари остида ер қарсиллаб, чангиб кетди, ўзи боши қайрилиб чир айланди. Отдан ҳам бурун эгасининг важоҳатидан қўрққулик эди. У атрофга олазарак назар ташлаб, бир тирик жон излар, лекин кўзига қон қуйилганми, ҳеч нимани кўрмас эди.

Кейин бирдан кўприк устида ўзича валдираниб турган Мирзараҳимни сезиб қолдию отнинг бошини ўша ёққа бурди. Уни танидими-йўқми, билмайман, лекин от билан тўғри бостириб бориб:
— Қани у зўр? Қаёққа пусиб кетди, айт, — деб ўдағайлади.

Мирзараҳим нимани кўрибди?! Эндигина уйидан чиққан бўлса?!. Қолаверса, унга ҳаммаси барибир — Парпи ўғри бўладими, Ҳомид раис бўладими, оғзига келганини қайтармайди. Ҳозир ҳам дабдурустдан лабининг четида ярим ишшайганча ўзича қўл силкилаб:
— Қаёққа кетарди, кетти, қайтиб бўпти, — деди, — тамом-вассалом.

Охирида ҳиҳи деб кулиб ҳам қўйди.

Кўриб турибман. Парпи бебахтнинг жаҳли бошига тепиб, бўғриқиб кетди. Мирзараҳим бечорани қамчилай кетмаса деб турибман. Йўқ, тагидаги от типирчилаб, у отга алаҳсиди ва жиловни қўш қўллаб тортиб сўкинди.
— Ўғри қаёққа кетди деяпмаи сенга, қанақа галварссан?
— Кет-ти, Чўпонотадан нари кет-ти. Боравуринг, етволасиз.

Биз анграйиб турарканмиз, Мирзараҳим ўзи қайси хаёлда, Чўлпонотанинг йўлини кўрсатди-юборди.
— Шундай демайсанми, эси паст! — дедию Парпи ўғри отининг бошини катта йўлга буриб, қамчи босди. От туёқлари остидан чанг сачратиб, тупроқ кўчадан чопди. Биз кўча ўртасига — Мирзараҳимнинг олдига тушиб бориб, ҳар чеккадан алқай кетдик.
— Бопладинг, Мирза! Қойилмиз сенга!

Болалар унинг узун-узун қўлларига осилиб, елкаларига қоқишаркан, у таъсирланиб ишшайди:
— Рост-да, окам ҳали қайтмайдила...

Тавба, дедим мен ёқамни ушлаб, ҳамма нима ғамда-ю, у кимни айтяпти? Яна вақтида бунинг рўпара бўлиши-чи?! Қанақа тасодиф бу?

Секин тарқалиша бошладик.

Мен сигирни уйимиз орқасидаги қантак ўрик тагига қозиқлаб, эшикка чопдим. Тамбани суриб ташлаб, китоб-дафтарларимни олгани ичкари уйга югурдим. Кирдим-у, кирган жойимда қотдим. Уй ўртасида, арслоннинг ўлигидай чўзилиб, биров ётар эди! Боши остида битта ёстиқ, ўзи тақир гиламга юзтубан чўзилганча ухлаб қолибди.

Қўрқа-писа айланиб ўтиб, юзига қарасам... Султонмурод акам!

Э қойил! У ёқда шеригини (агар шериги бўлса) Парпи бебахт демаганлар яниб-излаб юрибди, бу ёқда бу кишим уйқуни уриб ётибдилар!

Мен мактабга кетворишимниям, далага — ойимнинг олдиларига чопишимниям билмасдим.

Тун Пошшоси

Ўпкам оғзимга тиқилиб, мактабга етиб борсам, аллақачон ҳамма синф-синфига кириб кетибди. Ҳовлида бола зоти йўқ. Лекин бизнинг синфдан аллақандай ғовур-ғовур келади. Муаллим Саид Ғани домла йўқ эканлар, бир синф болани битта дарсхонага қамаб қўйишибди. Чағир-чуғур авжида: ким гурпаклашиб, ким гап талашган, накд бозор. Эшикни шарт очиб, Саид Ғани домладай, панг овозда:
— Салом, болалар! — дедим. Ҳамма жой-жойига чопиб, тикка бўлди. Беихтиёр:
— Салом, маълим! — деб юборишди.

Кейин алданганларини кўриб, ҳар чеккадан талай кетишди:
— Қитмир! Ушла уни!
— Саломингни кўрсатиб қўяман!
— Сен ҳам қўлга тушарсан!
— Бошига сол, Аҳмад, бошига, ўша китобинг билан. Ақли кирсин.

Одатдагидек «Иккинчи қилмайман» билан зўрға қутулдим. Шу пайт эшик очилиб, заҳар муаллим Ҳуснитдин аканинг қораси кўринди:
— Ойиларингнинг уйими, бозор қиласанлар? Дарс ўтгани қўясанларми-йўқми?! — деб ўшқирди.

Ҳозиргина бозор қилиб ётганлар бирдан пусиб қолдик. Ҳуснитдин муаллим бўшашди.
— Маълимларинг топшириқ билан кетган. Боравурларинг, озодсанлар! — деди-да, бурилиб чиқди-кетди.

Уйга келсам, Султонмурод акам ҳали ҳам донг қотиб ухлаб ётибди.

Бир итимиз бўларди, Йўлбарс деган. Кун бўйи бир кунжакка кириб ётиб, кечаси бўлди дегунча, изғиб кетарди. Унга «Бойўғли» деб от қўйволган эдим. Буям ўша «тун пошшоси»га ўхшайдими, нима бало?

Жилдни токчага ирғитган эдим, патнис даранглаб кетиб, тун пошшоси илкис бошини кўтарди. Бирпас гарангсиб турди-да, кейин таниб қолиб, жилмайди:
— Ҳа-а, пакана пари, келдингми? — Туриб ўтирди. Ёстиқ изи тушиб қолган чўзиқ юзини ишқаб, керишди. — Мактабингга бормай, нима қип юрибсан?

Ғашим келиб, юзимни бурдим: «Саккизинчига ўтсам ҳам, пакана пари эканман-да?» У кулди:
— Ҳа, оринг келдими, пакана пари?
— Келса, сизга нима? — деб тўнғилладим.
— Келгани яхши. Ор — йигитнинг кўрки. Демак ўсаяпсан.

Бу гап ёқиб, ғашлигим тарқалди. Султонмурод акамнинг келбати чавандозларникидек эди. Чайир. Қирғий бурунли. Лабининг устидаги калта мўйлови бир ярашибди. Шу туришда тўн кийиб, чаккасини дурра билан танғиб олсами, улоқчининг ўзи. Лекин ҳозир шаҳарча кийинган, устига-устак, бошяланг, сочлари жин-галак эди. Эгнида бу томонларда ҳали расм бўлмагани ироқи гулли ёқасиз кўйлак. Ипак боғичлари бир чиройли...

Ўрнидан туриб, бўйи шифтга етгудек бўлиб яна керишган эди, кураклари шиқирлаб кетди. «Вуҳ» деб қўйди-да, ювингани ташқарига чиқди. Орқасидан суқланиб қараб қолдим.

Аммо шундай одамнинг қилиб юрган ишлари... ғалати. Наҳотки ўша кўчага кириб кетган? Яна, ор ҳақида гапиради.

Султонмурод акам тушиб борган ҳовузнинг уч тарафини толлару ажойиб сариқ сафсар гуллар тутиб, чакалак бўлиб ётарди. Толнинг очилиб қолган илдизлари зина бўлиб қолган, овлоқ, ажойиб жой эди. Султонмурод акам ўша ёқда аллавақтгача қолиб кетди.

Ниҳоят боғ эшигимиздан қайтиб кирганида, мен ҳам ҳовлида ивирсиб юрардим. Келиб, супа ёнида тўхтади. Сўрига, унинг орқасидаги ишкомларга суқланиб боқди. Қилт этган шабадага ҳам дувва-дувва тўкилаётган узум гулларини ҳовучига йиғиб ҳидларкан:
— Оҳ-оҳ, бўйларингдан! Маст этаман дейди-я, пакана пари! — деди ҳузурланиб.

Мен унинг устидан кулдим: шаҳарли акам-э!
— Уйнинг орқасига ўта кўрманг унда. Холаваччам ялт этиб қаради:
— Нега, пакана пари?
— Жийда гулининг ҳидидан бошиз айланиб кетмасин яна...

У суйиб елкамга қокди:
— Ҳа, сен писмиқ, мени шаҳарчига чиқариб қўйдингми ҳали?!
— Бўлмаса, нимасиз? Далачимидиз?
— Оббо сен-эй, Яккабоғдаги қўрғонимиз эсингдан чиқдими? Бўлиши мумкин, бўлиши мумкин. Унда сен кўйлагингнинг орқаси тугиғлик юрардинг, пакана пари,
— Нега энди, яхши эслайман.
— Нимани эслайсан?

Эслаб қолганларимни санашга тушдим:
— Улоққа борганмиз, деворга чиқволиб, томоша қилганмиз...
— Эй, зўрсан-ку! Ўша улоқ бериладиган бедапояни биламан дегин?! — Қизиқиб кетганидан, мени қучиб, кифтимга бир туширди: — Эшигимизнинг рўпарасидаги сайхонликни айтяпсан-да?

Мен бош силкидим. Сўнгра ҳовлиққанча бир воқеани ипидан-игнасигача айта бошладим.
— Бир маҳал, денг, бир қизил от тўғри бизга қараб эгасини опқочиб келаверди. Орқасида бир гала от. Ҳамма: «Ушла, утпла!» деб қийқириб, уни қувиб келяпти. Биз девор наҳрасида тикка турволганмиз. Шунда биров «Қо-ош!» деб бақирдию...
— ... сизлар ўтакаларинг ёрилиб, ўзларингни ҳар чеккага отдиларинг ва...
— ... бояги қизил от ўша наҳрадан сакраб, ошиб кетса, денг...
— Қувиб келаётганлар қамчиларини тишлаб қолавурдилар, қизил отлиқ Қангли йўлига чиқиб кетворди... шундайми?
— Эсларкансиз, — дедим хотирасига беш кетиб. Султонмурод акам хандон ташлаб кулди:
— Нега эсламай? Ахир, улоқни илиб кетган ўша Тўлабой қозоқ эди-да?!.

Шунисини унутган эканман. Кўзимни яширдим. У елкамга қокди:
— Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси... Муҳими, қўрғонимизни биларкансан. Борганакансан у жойларга... Қани, яна нималарни эслаб қолгансан? — деди у бирдан эрка-лаганнамо оҳангда.
— Яна... яна боғларингизга маймунжонхўрликка тушардик.
— Этакданми? Булбуллар чах-чахлаб ётадиган жойдан? Топдимми?
— Топдиз. — Мен қимтиниб бош силкидим, у эса хурсанд бўлиб кетди:
— Мен, тамом унутворишди, деб юрибман, ким ҳам эсларди, дебман. Жилла қурса, сен биларкансан-ку, пакана пари. Айт, жоним, яна бир нималарни эслаб мени хурсанд қил.

Шундай нигоҳ ила тикилдики, беихтиёр яна хотирлай бошладим.
— Кейин... каттакон кўк дарвозаларинг тепасида бир нок бўларди. Ўзи хунукдан-хунук, кўм-кўк, лекин мазаси шундай асал!..
— Топдинг, пакана пари, топдинг! Қойилман сенга! Ўша жой ташқи ҳовлимиз эди. Бутун нокзорийди! Ҳожи эшон бувамиз бу дунёнинг ҳамма нокидан бўлсин деб эктирган эканлар! — У қувонганидан кўзлари порларди. Мени қистаб ёнига ўтқазди-да, гапга тушиб кетди: — Ҳовлимизнинг ўртасидан кесиб ўтиб, ҳовузга чиқиб борадиган ариқ бўларди. Бутун қирғоғида анвойи гулу райҳонлар ўсиб ётарди. Раҳматли ойим, сенинг холанг шунақа аёл эдилар. Гул-райҳонсиз ҳовли — ҳовлими, дердилар. Эй, у даврлар ўтди-кетди, пакана пари.

Оёғимизнинг тагида ер билан битта бўлиб ётган узум гулларига тикилиб, узоқ жим қолди. Шу жим ўтиришида бировдан зўр алами борга ўхшаб кетар, аммо дардини айтмас эди. Юзидан саёқ юрадиган сиёғи йўқ. Нега бунақа ёмонотлиқ бўлиб кетди экан? Боя ҳам уни зўр бериб ўғрига шерик қилиб кўрсатмоқчи бўлишди.
— Сиз бу ёқда уйқуни урииб ётибсиз, у ёқда тоза томоша бўлди, — дедим гапни буриб. Султонмурод акам дафъатан англамагандай эди.
— Қаёқда?
— Тегирмонкўчанинг бошида-да.
— Қанақа томоша?
— Биттаси росаям читтон эканки... — дедим ҳайратимни яширмай, — бир ўзи учтасини шунақа урди, шунақа сувга пишди...

Султонмурод акам елкамга рапидадай кафтини ташлаб, силкиди:
— Шошма, ким билан ким солишди?
— Мўмин тоғаникига тушган ўғри билан Парпи бебахтнинг йигитлари. Ўзлари чираниб келиб, адабларини еб кетишди. Аммо-лекин боплади, роса ҳаддини олган экан.
— У читтонинг Мўмин тоғаникида нима қип юрибди?

Бошидан тушунтиришга мажбур бўлдим: ушлаб олишган экан, хўб тавбасига таянтириб, толга боғлаб қўйишибди. Мўмин тоға ажратиб олиб, қўйиб юборувдилар, булар овозасини эшитиб етиб кепти, дедим.
— Парпиям бормиди?
— Йўқ, у кейин салт отга миниб келди.
— Униям урди, дегин?!
— Ҳе, йўқ. Унгача жўнаб бўлувди. Бахти боракан. Кўлмаса, ўша важоҳати билан отибам ташларди, — дедим мен.
— Зўр бўлса, оттириб қўярмиди? Қутулиб кетибди-ку, ахир.
— У Хирмонтепага қараб кетдиям бу ёқдан Парпи излаб келди...
— Кейин-чи?
— Ҳамма тарқаб кетиб-кетиб, кўприк устида энди уйидан чиққан Мирзараҳим турувди. Парпи келиб-келиб ўшандан сўради. Аммо-лекин у боплади: ўғри кетган ёқ қолиб, бошқа томонни кўрсатворди.
— Девонанинг ишини худонинг ўзи ўнглайди, деганлари шуда!
— Ишқилиб кейин тутиб олган бўлмасин, — дедим мен хавотирланиб.
— Кимни, Мирзаними?
— Йўқ, анувини. Ўғриликни энди ташладим деган-да, — деб Мўмин тоғадан узр сўраганларини айтиб бердим.
— Афсус, мен бўлмабман-да, — деди Султонмурод акам ачиниб.

Шу тобда жуда-жуда сўрагим келиб, қўрқа-писа бетига қарадим:
— Сиз уни танирмидингиз?

Султонмурод акам аввалига шаракдаб кулиб юборди, сўнгра елкамга қоқаркан, жиддий тортди.
— Аммо-лекин шунақа иккита ошнам бўлса, ўзим билардим! Унақалар билан доғда қолмайсан ҳеч! — деди у аллақандай ғурурланиб. — Арзиркан ошна бўлишга! Шунақалардан чиқади одамнинг зўри, ишонса бўладигани!

Кейин тиззасини қучганча, ҳов олис осмондаги оппоқ, ёлғиз, момикдайин бир тутам булутгами ё шабадада аллаланиб-чайқалиб ётган тол учларигами тикилганча анча жим қолди. Боядан бери сўри ёғочида қайроқтошдек бир қалдирғоч вижир-вижир этиб куйлаб ётган эди. Энди ёнига яна биттаси келиб қўнди ва бир-бирларига жўр бўлишиб, валфажрларини авжига чиқаришди. Бирдан қаергадир кўмилган китоблар, шажарамиз ҳақдаги анув гаплар эсимга тушиб, холаваччамнинг биқинига секин туртдим:
— Сиз анув китобларни қаерга яширишганини биласизми?
— Қайси китоблар? Адамнинг китоблариними?
— Ҳа-да, қаергадир яшириб қўйилган дейишади-ку.

У бош силкиди:
— Тўғри, яшириб ташлашган. Лекин биз болаларни ухлатиб қўйиб, ярим кечадан ошганда кўмиб келишган. Мен бир кун аввал наматга ўраб, сандиқларга жойлашганида кўрганман. Катта-катта жиддли, қалин муқовали китоблар эди. Бир болохона китобни шунаққиб йўқотишган. Худди ўликни кўмгандай, ими-жимида. Ҳар биттасини ўпиб, кўзларига суртиб, ўраб-чирмашган.
— Қаерга кўмишган экан?
— Боққа ё бўлмаса, уйнинг орқасидаги тепаликкадир-да. Балки мозористонга кўмиб келишгандир, — деди у негадир аниғини айтгиси келмагандай.
— Ўша боғларингизнинг пастида бир мозорми, қайрағочзорми бор-ку, балки ўша ердадир? — деб тахминладим.
— Балки, лекин у китоблар Яккабоғдан чиқиб кетмаган. Қаердадир ётибди, ер остида, — деди аллақандай хомушланиб. Кейин бир уҳ тортди-да, бошимга иссиқ кафтини қўйди:
— Э, пакана пари, сен куйма, ҳали вақти келади, адаларимиз оқланиб, номлари тилдан тушмайди. Ўша китобларам қазиб олинади. Мана кўрасан, Худонинг ўзи асрайди у битикларни. Биттасига гард юқмай одамларнинг қўлига етиб боради. У илоҳий китобларни ҳеч ким йўқотолмаган. Нега десанг, уларга Худонинг каломи битилган. Шундай, пакана пари. Юр, энди, чой қўйиб, бирон нарса еб олайлик. Ахир, қорин ҳам пиёзнинг пўсти бўп кетди-ку.
— Ҳозир-да, сиз уйга киравуринг, — деб ошхонага чопдим. Лекин ичим тобора қизиб борарди. Китоблар наматга ўралиб, сандиқларга жойланганини кўрган экан, бир болохона китоб шунаққиб йўқотилганини билар экан, шажарамиз, олтин китобимиз қаёққа қўйилганини билмайдими? Жилла қурса, эшитган чиқар бувамизнинг буваларини... номлари нимаю ўзлари ким ўтганлар?..

Айтиб қўяй, мен ўзим шунақа ғалатироқман: эски қутиларни очиб, бувамнинг замонидан қолган нарсаларни титкилаб юрадиган одатим бор. Опоғойимларникига чиқсам ҳам, четдаги эски ҳужрадан бери келмайман. Ишқилиб, қариндошларнинг болохоналарию омборхоналарини бир тинтиб қўймасам, кўнглим тинчимайди. Кенжа тоғамларникига борсам-ку, ошхоналарининг ёнидаги донхоналаридан чиқмайман. Қачон қарасанг, бир энлик чанг ва моғор босиб ётадиган у хонада одам бўйи келадиган катта-катта хумлар бор. Кпронтасининг ичига тушиб олсангми, қидирибам топппголмайди. Тоғамнинг айтишларича, илгари шуларнинг ҳаммасида неча йиллаб ғалла сақланаркан. Ҳозир бўм-бўш, ёнига сичқон ҳам ораламайди. Ўша донхона токчасида ҳар хил қутилар бор, кўпинча соатлаб титкилаб ўтираман. Ичидан ялпоқ бошли, ўзи бир қаричдан узун арава михларими-ей, занглаган тақалару митти халтачаларда қовун уруғларими-ей чиқиб қолади. Шуларни экса, ҳалиям кўкарармиш. «Мен атай опқўйибман, бир куни экиб, ҳаммангларни меҳмон қиламан, ҳа-ҳа, буваларимиз еган қовунлардан биз ҳам тотисак тотибмиз-да», дейдилар тоғам кулиб.

Қовун уруғлари турганда, олтин китобимиз йўқоладими? Уям бир кунжакда ётгандир-да, ахир. Осмондан тушмаганмиз-ку ҳаммамиз...

Фақат алам қиладигани — ўша Абдураҳим эшон поччанинг бир болохона китобларини кўрмаганим, ўша болохонага чиқмаганим. Чиққан бўлсам ҳам, ҳозир ҳеч эслай олмаётирман. Ойим, касал бўлганингда оборганман, ўқиб қўйганлар, олдиларидан чиқибоқ чопқиллаб кетгансан, дейдилар. Лекин негадир ўзим ҳеч эслай олмаётирман. Ёғоч зинаям, у киши ўтирадиган болохонаям ёдимда йўқ. Фақат, ҳовуз бўйида чопқиллаб, самбитгуллар орасида капалак қувиб юрганим кечагидек ёдимда. Демак, борганимиз рост, у болохонага чиққанимиз, патнисдай-патнисдай қалин муқовали китобларни ўқиб ўтирган эшон поччани кўрганимиз, у киши бошимни силаб дуо қилганлари рост. (Ойим ёлғон айтмайдилар-ку, ахир.) Ҳозир Султонмурод акамдан шуларни бир сўрагим келарди.

Худо хоҳласа, олтин китобимизни топмай қўймайман.

Қўш Қизғалдоқ Ёхуд Сирли Суврат

Бир патнис жийда-майиз қилиб, тандир нонни ушатиб, энди чойга ўтирган эдик, кўча эшик ошиғич тақиллади:
— Ҳой, ким бор?

Мен қолиб, Султонмурод акам бир сапчиб тушди.
— Қара-чи, ким экан? — деди сергакланиб.

Мен остона ҳатлаб улгурмай, Ҳайбат акамнинг ўқдай зардали овози ҳовлидан келди:
— Мақсут, қаттасан?!

Юрагим хунук шиғиллаб, Султонмурод акамга қарадим. Ёлғизсан-а, ёлғизсан, деб ўғрининг юзига қулочкашлаб тортганию унинг боши икки айланиб кетаёзгани кўз олдимдан ўтиб, нафасим гўё ичимга тушиб кетди.
— Ҳайбат акам-ку! — деб юбордим ўтакам ёрилиб.

Аммо Султонмурод акам парвосига олмай (ҳеч гапдан хабари йўқ-да), қўл силкиди:
— Э, уми?! Чақир, кираверсин. Отамлашамиз бир,— деди очилиб.

Мўмин тоғанинг эшигидаги гапини секин шипшиб қўйсам-ку, кўради кўрадиганини. Аммо чақма-чақарлик бўлади-да.

Ҳовлига чиқиб борсам, Ҳайбат акам отхонадан ўтиб, ичи чирий бошлаган толимиз тагида келяпти. Мени кўриб, «Югур, тез!» дегандай имлади. Истар-истамас қадамимни тезлатиб эдим, у тўнғиллаб берди:
— Ичкарига кирволиб, мақивотсан — ғиқ этмайсан?!

Султонмурод акам билан бирга ўтирганимни айтгим келмади. Ўзимча бир нималар деб минғирладим. Ҳайбат акам лабини бурди:
— Бу ёққа қара, чоп, — деб кўкрак чўнтагидан жимитдек оқиш бир нима чиқарди. Нима экан, деб югуриб бордим. Ҳайбат акам ўша нарсани юзимга ойнадек тутди: — Танийсанми?

Танимай ўлибман-да! Жимитдек нарса — суврат экан, сувратдаги одам эса, ҳозир ичкарида қўр тўкиб, чой ичиб ўтирган Султонмурод акам эди. Ана холос! Буниси неча пулдан тушди?

Аммо суратки, бир ажойиб! Ўзи худди шу ироқи гулли кўйлакда-ю, лекин бир ҳурпайиб-аччиғланиб тушибдики, ҳайрон қоласиз. Мен Султонмурод акамни бу ҳолатда ҳечам кўрган эмасман. Шаҳарнинг урушқоқ, чапани йигитлари ҳам бунчалик бўлмас, бундай ёвқараш қилиб турмас. (Тавба, нимадан бунча аламзада?) Ёқа — валангор, лаб — алам-ла қимтилган, кўз — ёнаман дейди. Саватдек соч тўзғиб кетган.
— Ҳа, нафасинг жа ичингга тушиб кетди? Ўша олифтами, ахир? — деди Ҳайбат акам елкамга туртиб.
— Ўша... бўлса, нима?! — дедим тўмсайиб ва секин эшикка қараб юравердим. (Ишқилиб ўзи шўтталигини негадир ҳеч сездиргим йўқ.)

У тутақди:
— Қаёққа, ҳов галварс? Аммам қатталар?
— Қатта бўлардилар, даладалар, — дедим баттар тўмсайиб, — чақирайми?
— Кераги йўқ, — деди у ҳам тўрсайиб ва бирпас нимагадир алаҳсиб турди-да, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бирдан шанғиллай кетди: — Қанча жиғилладим! Неча қайта айтдим: ҳов амма, шу болага қаранглар, оёқ олиши бежо, юзинглар ерга қараб қолмасин, дедим. Хўп-хўпдан нари ўтишмади. Мана, оқибати! — У суратни чўнтагига соларкан, керилди. — Холаваччанг менга раҳмат десин. Чўнтагидан шуни шилиб қўймаганимда борми, кўрарди кўрадиганини!
— Нимани кўрар эканман?!

Шу тоб ичкаридан Султонмурод акам бир ғалати илжайиб чиқиб келдию Ҳайбат акамнинг бўлари-бўлиб, мен қочарга жой тополмай қолдим. Ёмон бўлди. Ҳайбат акам ич-ичидан яниб, менга ўқрайиб қўйди. Бошқа вақт бўлса, қулоғимнинг тагида шавла қайна-тиб олармиди? Аммо ҳозир холаваччамнинг олдида ночор, ҳам уятли эди. Ўзидан ўтди, унга биров ўпкасини босолмай валдирасин дебдими!
— Ҳа, ошнам, қаттан мани ташвишим санга тушиб қолди? — деди Султонмурод акам кесатганнамо.

У ўнғайсизланиб, бир қур қараб қўйди-да, хижолат аралаш:
— Бегонамисан, одам ўзиникига ачийдида жони?! — деди. Кейин самимий кўришишга чоғланиб бориб, қаршисида тўхтади. — Шўтталигингни билгандай келганимни қара-я...
— Шунақами?! — деди Султонмурод акам бояги гинасидан тушиб. Қаттиқ қўл ташлаб, бир силтаган эди, Ҳайбат акам демаганлар теракдек қалқиб қучоғига кириб борди ва елкама-елка туриб қолишди. Сўнг иккалалари қиз ўртоқлардай бел олишиб, кўриша кетдилар.
— Хўп-па! — деб Султонмурод акам уни бир кўтариб, айлантириб қўйди.
— Сени қара-йу! Зўрайиб кетипсан-ку! — деди Ҳайбат акам ҳам.
— Нима деб ўйловдинг биз «кичкина митти — йиқитаман депти»ларни! — деб Султонмурод акам алмисоқи гапларини эсга солди.

Иккаласи ҳам хохолашиб кулишди. Сўнг бу ҳам камдек кифтларига туртиб, гарданларидан тортиб қўйишди.

Мен қувониб кетдим: бу иккала қариндошим бир-бирига жони ачийдиган, бу қадар меҳрли экан-у, мен нима хаёлларга бориб юрибман!

Лекин ҳозир шундоққина тепаларига қараган одам бунданам гўзал бир манзарани кўрар эди. Томимизнинг нақ бўғотида укпардек очилган қўш қизғалдоқ кўклам шабадасида бир-бирига чирмашиб ҳилпираётибди, лекин ҳеч бўй бермайди, яна ва яна қаддиларини ростлаб олаверади. Дуркунлиги худди булардек... Аммо бу икки қариндош қани энди қараб қўйса...

Томда қиёқ чиқариб, бошоқ торта бошлаган ўтлар орасида унда-бунда чучмомалар кўринади, лекин қизғалдоқлар (бояги бўғотдагидан бошқалари) энди шо-кила-шокила тугунчаклаб, «ўғилми-қиз» ўйнайдиган бўлиб ётибди. Устида тинмагур қалдирғочлар чаппор уриб, пастлаб-кўтарилиб учиб юрадилар.

Отхонанинг орқасидаги қантак ўригимизнинг учида аллақандай қизилбош қушча билан сариқбош саъва галма-галига чулдир-чулдирлаб ётибди, ҳовуз бўйида эса, булбул чах-чахлаб қўяди.

Шунақа, олам яшнашга, ҳатто бўғотларга, девор сарҳокларига тармашиб чиқиб гуллашга, чакалакларда чах-чахлашга тушган паллада менинг бу ёввойи қариндошларим топишиб қолиб, бир-бирларига «мен сенга айтсам»лаб ётишарди.

Бирдан Ҳайбат акам мавзуни бурди. Мақтангиси келдими ё бошқа бир ниятдами, ишқилиб, юраги тошиб, бояги жажжи суратни чўнтагидан олди.
— Буни қара, қаердан топдим, ўртоқ! Сени Худо бир асради, — деди ҳовлиқиб.
— Худо асради? Тушунмадим, — деб ҳайратланди Султонмурод акам.
— Буни кўр, қай гўрларда тушгансан ўзинг ҳам?

Султонмурод акам суратни кўриб, кўз уза олмай қолди.
— Ие, ғалати-ку, қаердан топдинг?
— Сенмисан ўзинг?
— Менликка менман, лекин... бу алпозда тушганимни эслаёлмаяпман ҳеч.
— Тушмаган бўлсанг, туширишган, — деди Ҳайбат ҳам нимагадир шама қилиб.

Султонмурод акам ўқрайди:
— Гапинг қизиқ! Кимга зарур кепти менинг турқ-тароватим?
— Зарурдир-да, — деди Ҳайбат акам жиддий оҳангда. — Ўзинг дум илаштириб юрганингдан хабаринг борми?
— Дум?
— Ҳа-да, биз Мўмин тоғанинг қўрғонига оралаган одамни ўғри деб ушлаб юрибмиз, у бўлса...

Султонмурод акамнинг авзойи ўзгарди:
— Оғзингга қараб гапир, бола, — деди ҳурпайиб. Қўллари ўз-ўзидан мушт бўлиб тутилди ҳам.

Ҳайбат акам ҳайиқибгина бир қадам тисарилди.
— Ўзинг сўрадинг, мен айтдим. Энди жаҳлинг чиқмасин-да, — дея зўрма-зўраки илжайди у.
— Расмни қаттан олдинг?
— Қаттан бўларди, ўшанинг чўнтагидан чиқди. Ҳеч кимга сездирмай опқўйганимга раҳмат де. Ҳали опкетишса, бир умр бошинг ғавғодан чиқмасди.
— Кимни опкетишса? — деди Султонмурод акам ҳуши жойига кела бошлаб. Чинданам Ҳайбат акамнинг гаплари сирли ҳам тушунарсиз эди.
— Сен батта ётибсан, Парпи уни отиб кетибди, — деди Ҳайбат акам.

Бошимдан ҳовур чиқиб кетди-ёв.
— Қандай отиб қўяди? Ахир, Мирзараҳим... — дея олдим мен. Ҳатто ичим ачиб, кўзимдан ёш тирқиради. Келиб-келиб энди-я?.. Тавба қилиб, йўлига кетганда-я?.. Ўша баттолга учрабдими?
— Мирзараҳим бошқа ёқни кўрсатворгани билан... Яккабоғнинг Иззасида дуч кепти, — деди Ҳайбат акам бир менга, бир Султонмурод акамга қараб. — Қоқ пешин, далада ҳеч зоғ йўқ, тоза олишиб, ахийри кучи етмай отиб қочганмиш, аблаҳ. Яхшиям Чўлпонотадан келаётганлар кўриб қолишибди.
— Ҳозир қаттайкан? — деди Султонмурод акам шоша-пиша. — Ё опкетиб бўлишдими?
— Қатта бўларди, Мўмин тоғаникида. Ўша одамникига етказинглар, деганмиш. У бояқишлар нима қиларларини билмай...
— Вой, овса-ар, вой, ўпка-а. Шуни айтмайсанми аввал... сурат кўтариб юргунча?!

Султонмурод акам бирдан тутақиб, турган еридан сачраб кетди ва бошқа ҳеч нима демай, кўча эшикка отилди.

Уй уйда, чой чойда қолди. Биз ҳам орқасидан чопдик.

Кўк Қарға

Шоҳдеворимиз олдига чиқсам, Султонмурод акам толзор кўча қолиб, пастимиздаги карам экилган майдон ўртасидан икки ариқни бир қилиб ҳатлаб, чопиб боряпти. Ўшанақаси ёнғоқзорнинг таги билан Мўмин тоғанинг қўрғонига ўтмоқчи, шекилли.

Мен уйимизнинг орқаси билан ғизилладим. Шунақаси ҳовуз бўйидан ўтиб, Иззага қараб кетган катта ташлама ариққа чиқсам, у ёғи осон. Уша ариқ ёқалаб нокзоргача тушиб бораман. Балки шу кетишда Султонмурод акамга етиб ҳам оларман?

Орқамда этигини пўпиллатиб, Ҳайбат акам чопиб келяпти. Мен унга қарабам қўймайман. Шунақа вақтда ялангоёқ югуришга нима етсин. Тикан-миканни босволмасанг, бас, енгил-енгил сакраб кетаверасан. Читтон одамга ариқ нима экан, чалчиқ нима экан?!

Ташлама ёқалаб, ёлғизоёқ йўлга тушиб олганман. Кетяпман ғизиллаб. Тўпиқдан ошган ўтлар орасида йўл кўриниб-кўринмайди. Оёғим остидан учган чигирткаларнинг ҳисоби йўқ. Улар шунақа соя излаб, ўтлар орасига биқинишган пайт. Сувдан чиқиб, офтобга ўзини солиб ётган қурбақалар эса, жон ҳалпида ўзларини четга отиб, панжамнинг устини ҳўл қилиб кетишади. Орқаларидан тизиллаб отилган сувдан ирганиблар кетиб, оёғимни ариққа бир пишиб оламану яна шипиллаволиб чопиб кета бошлайман. Тўпиғимга ачитқи ўтлар ўралашиб, сим-сим ачишади. Лекин парво қилмайман.

Бу ўқариқлардан неча қайта қувалашиб ўтганмиз. Кўзимизни боғлаб қўйса, Иззага довур бирон нимага тўқинмай (чакалакларга кириб кетмай, ариқларга тушиб кетмай), чопиб бора оламиз. Дала ўртасида сададай тутиб кетган катта тошнокка етгунча ҳам сабрим чидамай, картишкапоя ичидан ёлғизоёқ йўл билан ёнғоқзорга бурилдим. Шунақаси бир зўр берсам, сойликдан ёнғоқзорга чиқиб бориб, Султонмурод акамгада етиб олишим мумкин. Бу жойлардан Тегирмонкўчаю Мўмин тоғанинг қўрғонигача ер баландлаб кетган. Пасти эса, Иззага довур сойлик. Ана шу сойлик билан тепалик ўртасига кимдир бир вақтлар текис ёнғоқ эккан ва у ёнғоқлар ҳозир осмони хафтимни тутиб, тагига тангадек офтоб туширмай қўйган. Куз келса, ойиларимиз бизни шу ёнғоқзордан топишади. Биздан қолгани эгалариники.

Султонмурод акам картишкапоя ўқариғидан ҳатлаётиб мункиб кетди. Энг чеккадаги ёнғоқдан париллаб икки кўкқарға кўтарилдию нокзорга қараб учди. Улар ҳеч ёлғиз юришмас, ҳозир ҳам ҳаққушлардек олдинма-кетин учиб боришар эди. Биламан, шу ёнғоқ кавагида уларнинг ини бор. Ҳар йили шу инларига тухум қўйиб, бола очишади, учирма қилиб, чағиллатиб эргаштириб юришади-да, бирдан йўқ бўлиб қолишади. Ойим, у хосиятли қуш, бу атрофда ёлғиз шулар қолди, тегманглар, деб гоҳо огохлантириб қўядилар. Булар ҳам йўқ бўлса, бу жойлардан путур кетади, хароб бўлади, дейдилар. Негалигини ҳеч тушунолмайман, лекин қўрқиб тегмаслигимиз аниқ. Мен бу гапни ҳамма ўртоқларимга айтиб қўйганман. Тегсинларам-чи, кўрадилар мендан.

Орқамга ўгирилиб қарасам, Ҳайбат акам энди нокзорга етиб кепти. Мен эсам, Султонмурод акам билан олдинма-кетин ёнғоқзордан баландлаб боряпмиз. Боя пастда оёғимнинг тагига ҳам қарамай енгил югуриб келаётган эдим, энди тиззаларимнинг тепаси зўриқиб оғрий бошлади. Бу кетишда Мўмин тоғанинг шоҳдеворигача ҳам етиб боролмасам керак.

Лекин Парпи номарддарча отиб кетган шаҳарлик кўзирнинг ҳозир Мўмин тоғаникида қонга беланиб ётганини эслаб... тиззамнинг тепасидаги оғриқларни ҳам унутдим. Унга нима бўпти экан? Нима жин уриб, Парпига рўбарў кепти? Ўзи бу ёқларга қон тортиб келган эканми? Нияти ўғрилик бўлмаса, нима излаб юрган экан бу ёқдарда? Акамнинг сурати унинг ёнида нима қилади? Ҳеч нарсага ақлим етмай боряпман. Ростдан акамга эргашиб келган бўлса-я, деб қўрқиб ҳам қўяман.

Султонмурод акам бўлса, ҳеч ёққа қарамай ҳаллослаб боряпти. Кўйлагининг попилтирикди тизгинлари елкаси оша ҳилпираб, жингалак сочлари селп-селп тўзғийди. Тобора қадами оғир кўчяпти. Ер баландлагани сари чопиш ҳам қийин-да. Ахийри Мўмин тоғанинг четан эшигига етиб-ёпишди-да, бир силтаб очди ва қадам босган жойида тўхтаб қолди.

Бу орада мен ҳам етиб келиб, унинг қўлтиғи тагидан ўтиб олдим-да, қистадим:
— Юринг, чопинг, нимага тўхтаб қолдингиз?!

Султонмурод акам аланглаб, кунгай айвондан кейинги уйнинг деразаси тагида бетоқат кезинаётган Мўмин тоғага термилган эди. Менинг далдам билан илга-рилади, йўлакай муштига йўталиб, тоғага салом берди.

Кунчиқарга қараган эшикнинг тор йўлагига қамалиб олган текин томошабинларни ҳайдаб солиб, ичкарига ҳеч кимни қўйдирмай турган Мўмин тоға Султонмурод акамни кўриб, Хизрни топгандай шошиб қолди:
— Киравур, болам, киравур. Зап келдинг. Мен қай бир эслик одамни чақирсам, кимга хабар берсам, деб ҳалак эдим. Яхши кепсан, — деганча ҳассасини дўқиллатиб биз томонга юрди. — Ҳарқалай шаҳар кўргансан, одам танийсан, Абдураҳим эшон поччамнинг тўнғичлари. Ўзинг бир нима қил бу мусофиргинани. Опкелишганидан бери алаҳлайди, одам танимай ётибди, болам. Нима қиларимизни билмаймиз бояқишгинани. Дуолар олиб кетганиди. Қайси айбларига бу аҳволга солишибди, қора қонига белашибди?! Ўзинг бир нарса қил: дўхтирга оборасанми, шаҳарга етказасанми...

Бу орада Ҳайбат акам ҳам етиб келди. Шу пайт ошхона олдида узун кўйлакларини липпа уриб олган Адол опоқи кўринди. Тириш-буриш кафтлари билан мижжаларини арта-арта, бизга қараб келаркан, ҳадеб жавранарди:
— Ҳай, Тўлавой, йўлбарсингизни боғлаганмисиз, биронта бояқишни жаврлантириб қўймасин. Одам тапийдими у яшшамагурингиз, — деб туриб, бирдан Султонмурод акамни кўриб қолди ва узун қўлларини чўзиб, алқаб кела бошлади: — Вой, худо раҳмат қилгур Зумрадхоннинг ёдгоргинасими? Бормисан, болам?! Бир ярашиб турибсан, қара, ота юртларга. Кўкқарғани кўриб, одам бунчалар қувонмайди. Келганинг рост бўлсин, илоҳим, болам. Шу азиз ерларда униб-ўсгин. Руҳлар шод бўлсин. Кел, болам, кел,— деб бағрига тортиб, куракларини силаб кўриша кетди.

Шу тобда опоқининг уст-бошларидан ширин бир бўй гуркираб, кўзларим сузилиб кетди. Жон бериб алқаши ширинми, бу бўйлари ширинми — билолмай қолдим.

Опоқи Султонмурод акамнинг елкаларини силаб, силаган қўлларини юзларига суртиб-ўпиб тавоф қилаётган эдилар, Мўмин тоға уришиб бердилар:
— Кейин-кейин. Аввал ичкари кирсин, уни кўрсин, — деб ўзлари йўл бошладилар.

Улар айвон четидаги зинадан чиқиб, ўнгдаги ёруғ даҳлизга кирдилар. Мен қисиниб, елкам билан эшик т.шақасига суянганча остонада қола қолдим, ичкарига утишга журъат этмадим. Бола нарса, сенга нима бор, дсб қолишганидан, шуям яхши.

Шаҳарликни уйнинг ўртасига, икки қават кўрпачанинг устига ётқизиб қўйишибди экан. Ҳали бунчалик ҳайбатли кўринмаган эди. Паҳлавонлардай бир уй бўлиб, чўзала тушиб ётибди. Елкалари кенг-кенг, қўллари узун-узун, атрофга ёйворган, ҳатто оёқлари кўрпачадан ошиб, гиламга тушиб турибди, шимининг почаларию оёғидаги пайпоғи қонга беланиб, ивиб қопти. Устида пашша ғужғон учяпти. Лекин рангида ранг йўқ, оқ лавлагидай оқариб кетган. Кўзлари юмиғ-у, қимтилган лабларида, чаккаларида қаттиқ оғриқнинг изи қолган. Кўз очишга ҳоли ҳам йўқдай.

Султонмурод акам ковшандоздан ўтди-ю, у ёғига жилолмай қолди. Кейин менга қайрилиб:
— Шумиди? — деди аллақандай ҳайрат ичида. Мен бир қадам ичкари босиб, бош силкидим:
— Ўша, ўшанинг ўзгинаси.

Чунки у чўзиқ юз, бунинг устига, сочи ҳадеб бир ёқ қаншарига сирғалиб тушиб кетаверадиган, силкиб тўғрилагани билан турмайдиган одам эди. Ҳозир ҳам бир тутам сочи ўнг пешонасини ўпиб ётар эди.
— Танидингми, бўтам, — деди тоға жонланиб.
— Йўқ, — дея бош чайқади Султонмурод акам ва тез бориб, гиламга тиз чўкди. — Ўқ қаерига тегибди?

Тоға чўнқайди.
— Билмасак. Қон бўксасиданми, қорниданми оқиб тушган, тушаверган. Ўзини бир амаллаб опкелишибди.

Султонмурод акам тусмоллаб туриб, унинг шимини юқорига сура бошлаган эди, у бош тўлғаб ингради. Ё алаҳлади, ё бир нима демоқчи бўлди. Ҳарҳолда, биз ҳеч нима англамадик. Султонмурод акам, ҳушига келар, деб унинг бошини силади:
— Қаерингиз, биродар? — деди умидвор тикилиб. Унинг киприкларига жон битиб, қўзғалди ва ҳиссиз, бемажол қаради.

Султонмурод акам яқинроқ суридди:
— Агар улов топсам, ҳолингиз келадими? — деди юзларига боқиб.

У кўкси кўтарилиб-тушиб, бош тўлғади.
— Балки Ҳожи дўхтирга одам юбориш керакдир? — деди Мўмин тоға жавдираб. — Бояқиш қийналиблар кетди.
— Оқтепагами? — деди Султонмурод акам.
— Ундан қўли енгил ким бор? Яқин-атрофда ҳеч кимам йўқ. — Тоға тиззалари қисирлаб ўрнидан турди-да, дераза токчасига бориб ўтирди.

Султонмурод акам жилмади.
— Вақт кетадими... — деди бош кўтармай. Сўнг қайрилди. — Ундан кўра, тўғри Арпапояга оборсам...

Ахир, оламнинг ярадорлари ўшатта. Жангдан қайтганиям, борадиганиям.
— Ўзинг биласан, бўтам. Мен бир нарса деёлмайман. Уловим бўлсаки, ма, ол, тез етказ, десам. Лекин қарабам ўтириб бўлмайди, — деб тоға токчадан ҳам туриб кетди. Уй ичига сиғмай, у ёқдан-бу ёққа юринишга тушди. — Худойимдан айланайки, бутун нима бўлди, у бизнинг Яккабоғдан кетолмай қолди? Нима ҳикмати бор экан бунда?

Шаҳарлик ётган жойида тўлғониб ингради. Бир ёнга ўгирилиб, ғужанак бўлишга тиришди-ю, қон сизиб қотган оёғини жилдиролмай қийналди. Султонмурод акам уни елкаларидан босиб, тинчлантирди:
— Озгина чиданг, биродар. Худойим ўзи сабр берсин сизга. Мен бирон нарса топай, — деб ўрнидан тез тура бошлади. Шу пайт шаҳарлик кўзларини очиб қолди. Жавдираганча, мажолсиз қўллари билан Султонмурод акамнинг эгнидан тутди.
— Олиб кетолсангиз... олиб кетинг, — деди энтикиб. — Ўз уйим ўлан тўшагимга... Қоратошимга... — Мижжаларида ёш йилтиради.
— Сиз ҳали... Қоратошданмисиз? — деб юборди Султонмурод акам аллақандай ҳайрат ичида.

Аммо у қайтиб бир нарса демади: ё ҳоли келмади, ё айтгиси. Бошини бир ёнга ташлаб, жим қолди. Султонмурод акам унга қараб туролмай қўзғалди:
— Хўп, мен кетдим! — деди унга ҳам эшиттириб.— Иложи борича тез қайтаман. Кутиб туринглар.

Остонадан ўтдию Мўмин тоғага қайрилди:
— Мовзирникига ўтаману қайтаман. Зора шўтта бўлса, — деди.

Мўмин тоға дуо қилдилар:
— Худо хайрингни берсин, борақол. Ейилиб қолмас извошлари...

Ҳеч қанча вақт ўтмай гувиллаган одамлар орасини ёриб ўтиб, ўша йўлакдан:
— Ҳой, Ҳусанбой, Ҳайбат, қанисизлар, ёрдамлашворинглар. Мовзирни Худонинг ўзи етказди, — деб кириб келди акам.

Мен эшикка югуриб чиқиб, ёқамни ушлаб қолдим. Йўл четида раиснинг усти ярим очиқ соябонли қора извоши турар, жингалак сочли, башанг кийинган Мовзир ака отининг сағринини силаб, юганларини маҳкамлар эди. Йўлақда овози дўриллаб, қўлларида коса, Адол опоқи кўриндилар:
— Худо ол қулим деса, шуда, ўзи етказади. Ҳов Мовзир болам, ма, манавини ичиб ол. Ўзи ярим чўмичгина суздим. Ол, болам, йўл-оёқ бўлсин. Насибанг сенинг.
— Э, опоқи, бормисиз. Сиз опчиқасизу мен ичмайманми? Сиззи қўлингиздай ширин қўл қаерда? — дея у ҳам опоқига қараб кела бошлади.

Шу тоб ичкаридан катталар пўшт-пўштлаб, ярадорни кўтариб чиқишди. Одамлар нима билан овора-ю, Адол опоқи уларнинг кетидан галдираб, жавраб боряптилар:
— Ҳай, яхшилар, ҳай, айланайлар. Мен бу болагинамга деб икки қошиққина иссиқ қилувдим, ичирмадинглар ҳам...

Кимдир:
— Кўриб турибсиз-ку, опоқи. Улов топилганда етволақолсин, — деди. Кимдир яна бошқа нарса деди. Опоқи бунга ҳам кўнди. Йўл четига ўтиб, бир дўнгга чўнқайди-да, бирнималарни деб дуо қила кетди. Ҳамма у кишига қўшилиб, юзига қўл тортди.

Извош жилди.

Унинг Чекига Тушган От

Султонмурод акам эртасига кечга яқин (шундаям офтоб Олмазорнинг орқасига ўтиб улгурмай) қайтиб келди. Супага — том соясига жой қилиб, чой опкелдим. Юзи тунд, очила қолмайди. Мен эсам, сўраримни ҳам, сўрамасимни ҳам, билмай ўтирибман. Бир пайт Султонмурод акам чуқур хўрсинди.
— Аҳволи ёмонроқ... — деди чойни ичишга ҳам шошмай. Хавотиримни сезди шекилли, бетимга қараб, маъюс жилмайди. Суюб, елкамни силаб ҳам қўйди. Сўнгра: — Сен қўрқма, Худо хоҳласа, тузалиб кетади. Уйидагиларга ҳам хабар бериб қўйдим. Лекин ўша Яккабоғнинг Иззасидаги олишувнинг тафсилотини билолмаяпман-да, — деди бир тин олиб.
— Ҳеч ким кўрмаганмикан? — дедим мен.
— Изласам топарман. Лекин... лекин ўзининг гапи қизиқ. Нуқул алаҳлайди: ўзим айбдорман, ўзим, дейди.

Тушунмадим: ўзи нимага айбдор бўларкин? Бу ерда бир сир борга ўхшарди.
— Энди нима қиласиз?
— Тузалсин-чи, ўзига келсин-чи, — деб акам ниҳоят чойни қўлига олди.

Худди шу маҳал кўча эшикда от пишқириб, сўлиқ чайнагани эшитилди. Югуриб чиқсам, тоғам. Эшик зулфинига отларини боғлаб, сассиз кулганча, кириб кел-яптилар.
— Ҳа, жиян, опам қанилар? — дедилар дабдурустдан.
— Даладалар.
— Уйда-чи, уйда ким бор?
— Султонмурод акам.
— Жуда яхши. Унда биз гаплашиб ўтиратурамиз, сен зипилла, опамларни айтиб кел.

Топшириқ ёқинқирамай, эшикка йўналдим. Ҳали Султонмурод акамдан қанча нарса сўрамоқчи эдим, ўзи ҳам бу ёқларда нима қилиб тентираб юрганини (ё кела қолдими?) билмоқчи эдим, гапнинг белига тепдилар-да.

Ойимларни айтиб, офтобда қизиб ётган бир қоп ўтни ортмоқлаб, даладан қайтсам, тоға-жиян қизишиброқ ўтиришибди.
— Э-э, тоға, биламан, сиздан бўлак қайишадиганимиз йўқ. Лекин шу ишни чакки қипсиз, — деди Султонмурод акам.
— Нега чакки бўларкан? Ўқиб, мелиса бўп келса, нимаси ёмон? — дедилар тоғам жеркибгина.
— Раҳматли адам икки дунёдаям унамаган бўларлилар бу ишга...
— Отни мину узоқни кўзла, дер эдилар додам раҳматли. Кўзимиз тиригида сизларам туп қўйиб, палак ёйиб олинглар-да, жиян.
— Муросаи мадора — шунақами? — деб тўнғиллади акам. Тоғам унинг кесатиғига парво қилмадилар.
— Ҳа-ҳа, мадор йиғаман деган муроса қилади. Кекдан ҳеч ким кўкармаган. Ўч — интиқом деб юриб, кўзингга қон тўлиб ё ёғ босиб қолмасин.
— Ҳар ким чекига тушган отни минади, — деди Акам тоғамнинг кўзига қарамай, — менинг чекимга... шу от тушибди! Мен ҳали шундай қолдирмайман уларни! Облочи бошлаб келганиниям, уй оралаб холамни чирқиратиб кетганиниям!..

Тоғам мўйловлари диккайиб, қайсарсан-қайсар, дегандай қарадилар-да, яна ўзларини босдилар.
— Тўғри, ҳар ким ўзи ёқтирган отни минади, жиян, секин бир умр асов от минолмайсан-ку, бир кунмас бир кун устидан итқитиб кетиши бор. Ўжарликдан Кимга жабр?
— Пешонамдан кўрдим!

Султонмурод акам юзини терс бурган жойида ойим кириб келдилару бу гаплар ўз-ўзиданоқ тўхтаб қолди.

Иккалалари ҳам туриб, ойим билан кўришгани елка тутиб, энгашишди.
— Ҳай-ҳай, қандай шамоллар учирди, Қўлдошхўжа, Султонмурод?! Келсам, уйимни тўлдириб ўтирибсизлар. Кўз тегмасин, бирам ярашиб турибсизларки!..
— Мен ҳалиям сизникида турадиган бўлиб келдим, хола, — деди Султонмурод акам ўзини яқин олиб.
— Вой, бош устига, холанг ўргулсин, бош устига. Келсанг, кимсан, жигаримнинг жигарисан, — дедилар ойим бошлари осмонга етиб.
— Мен эсам, яна ўша гап билан келдим, опа. Кўчирсам, кўчириб кетақолай энди, — дедилар тоғам дабдурустдан. — Эрталабдан тайёргарлигингизни кўраверасиз. Қариндошлар ҳашарга келишади.

Ойим серрайиб қолдилар бу хабардан.
— Мунча тез, Қўлдошхўжа? У ёқда бир бошпана кўтармай туриб-а?
— Вой, опа-ей, шу уйингизнинг ускунасини пешма-пеш обориб, бир ҳафтада тиклаб берсак, бўлдими? Устанинг зўрини айтиб қўйганман, айниманг энди.
— Тоға, оталаримизнинг юртини ташлаб кетиб, нима топамиз? — деди кутилмаганда Султонмурод акам аралашиб.

Ойим ёмон тортишув чиқиб кетишидан чўчибми, қистадилар:
— Ўтиринглар-ўтиринглар, бир дуо қилайлик, аввал. Қани, Қўлдошхўжа, ўзингиз ўтганларнинг руҳи-покига бағишлаб бир тиловат қилиб юборасизми?

Тоғамнинг ширали овозлари бор экан, тиловатларидан кейин ўз-ўзидан бояги таранглик ҳам унутилди-қўйди.
— Кўчиш бўлса, кўчиш-да, Султонмурод. Ҳаммасиям ота-буваларимизнинг юрти. Бу мулкдан чиқиб кетяпганимиз йўқ, — дедилар ойим энди бизни ҳайрон қолдириб.
— Шуни айтинг. Кўчсак, қаерга кўчибмиз? Тўрахўжа аканинг мулкидан Умархўжа аканинг мулкига ўтибмиз-да, — дедилар тоғам кулиб; ҳам узоқ тарихдан тушиб. Биз жон қулоғимизни тикиб қолдик. — Бирлари Яккабоғни, иккинчилари Каттабоғни макон тутишган, фарқи шу, холос.
— Унда... Тошкентга ўрис босиб кирганида, Улуғхўжа бувамизнинг ёнларида туриб мерганлик қилган қайсилари? Кенжалари бўлиб чиқадими? — деди Султонмурод акам кўзлари аллақандай чақнаб. (Тавба, буни қаёқдан эшита қолибди?!).
— Ҳа, ўша кенжалари бўлса керак. У Қоратошда қолиб, булар бу ёқни ватан тутишган экан.
— Кейин анув гап-чи, уям тўғрими? — деди Султонмурод акам лабининг четида жилмайиб қўйиб. — Нусрат почча айтиб ўтирадилар-ку?
— Қайси, Улуғхўжа бувамиз шаҳид кетганларида тиллани кепчиклаб бўлашишганими? Ҳа-ҳа, биз ютсанг ғозий, ўлсанг шаҳид деган одамларнинг авлодимиз. Фақат, бугунга келиб, жони, мол-дунёси кўзига ширин кўриниб, урушдан қочадиганлар чиқди-да. бўлмаса, шаҳидликдан улуғ мартаба борми Оллоҳнинг наздида?!

Тоғам бу гапни худди унга теккизиб айтгандек, Султонмурод акам бир қўзғалиб қўйди, мийиғида бир ғалати аччиқ жилмайиш кўринди.
— Буваларимизни қирган, оталаримизни қатл этган, юртимизни қонга ботирганларни ҳимоя этибми?..

Тоғам гап қайтарган одамни ёмон кўрар эдилар, оғриниб бир қараб қўйдилар.
— Сен бу тарз гапларинши қўй, жиян, — дедилар ҳайтовур насиҳатга кўчиб. — Буларга терс қараб, ким барака топдики, сен топасан. Яхшиси, бу хил фикрларингни ичингта ют.

Султонмурод акам кулди:
— Менинг ичим Кенжа тоғамнинг буғдой кўмадиган хуми экан-да?!.
— У қора кунга йиғса, сен ёруғ кунларингни ўйлаб ишир.

Султонмурод акам бу гапни ҳам ўзига олмай ижирғана бошлаган эди, ойим ўртага тушдилар:
— Тоғанг тўғри айтадилар. Қўй, болам, бўлмаган билан бўлишма. Сен кимсан — Улуғхўжабойлар авлодидансан!
— Биз ўшандай буваларимизнинг номини ҳам яширишга мажбурмизми — мажбурмиз! — деб юборди Султонмурод акам аллақандай ёниб-ўксиб.

Тоғам кўз қисдилар.
— Булар ҳаммаси вақтинчалик ҳол. Муҳими, кимнинг зурриёди эканингни унутма, ташингда сездирмагин-у, ичингда ғурурлана бил.
— Ўша ич ёниб кетса-чи?
— Ўзингни босу уларнинг руҳи-покига бир калима Қуръон тиловат қил. Ҳам таскин топасан, ҳам савоб юборасан, — дедилар тоғам.

Султонмурод акам ноилож жим қолиб, тоғамга қаради. Ойим (бу хил гапларга чек қўйгилари келибми) тамоми бошқа нарсадан сўз очдилар.
— Қўлдошхўжа, ҳамонки кўчадиган бўлсак, бугун кечқурунга битта ис чиқариб, тўртта қўшнини чақирсак, эҳсон-худойи қилиб юборсакмиди?.. Неча йил шу жойда туз-нон едик, қанча болаларимни, отасини ерга топширдим. Ўшаларнинг руҳи хотираси.
— Майлингиз. Унда вақт ўтмасин, — дедилар тоғам.

Кўчиш. Ҳар бир қаричи, ҳар бир устуни, ҳатто ҳиди ҳам қадрдон бўлган уйдан кўчиш. Ичимда нимадир узилгандай бўлиб, шифтимиздаги кўҳна тоқилару беҳи осиладиган узун доримизга тикилиб қолдим. Наҳот шуларнинг ҳаммасини эртага қўпориб ташлаймиз? Қалдирғоч уясини бузсанг, қанча чирқиллайди...

Ич-ичимдан хўрликми, хўрсиниқми босиб келиб, кўзим жиққа ёшга тўлдию секин уйдан чиқиб кета қолдим.

Бу Оҳу Кимнинг Оҳуси?

Қариндошлар-чун тоғамнинг сўзлари қонун, айтганлари айтган, экан. Кун яллиғланиб чиқиб улгурмай, бирин-кетин «Ассалому алайкў-ўм», деб кириб келишяпти-кириб келишяпти. Тоғамнинг ўзлари супанинг тўрида «Ҳа, баракалла, фалончи!»; «Ҳа, келдингми, пистончи», деб кутиб олаяптилар. Битта-битта кўришиб, ким ёнларига, ким пастроққа чўкяпти.
— Дуо қилинг, ока, — дейдилар тоғам. Ширали, куйлайдиган бир овозда Усмон тоғам дуо қиладилар. Ҳаммалари юзларига фотиҳа тортиб, гангир-гунгур билан сўраша кетадилар.

Фақат мен тўмсайибгина толнинг тагида чой қайнатяпман. Аксига олиб самовар ҳам қайнай қолмайди. Олови ёниб бўлар-бўлмас карнайини олиб, ўтин ташлайман. Ёниб турган нарса бурқсиб тутай бошлайди. Тутуни кўзларимга кириб ачиштиради, ачиштириб ёшлантирса ҳам, нари жилмайман. Шу яхши, ёшлантиргани яхши. Биров, нега йиғлаяпсан, демайди. Кўчсангиз, қаёққа кўчасиз, тоғаларингнинг қаватига борасиз-да, деб таскин-тасалли бериб ҳам юрмайди.

Ҳозир менга бир оғиз сўз ортиқча. Юрагимга ҳеч нарса сиғмай турибди. Йиғлаб юборишим, қариндошларнинг кулгисига қолишим мумкин... Уйни бузаётганларида бу ерда туролмасам ҳам керак.

Ахийри бир пиёладан чой ичиб бўлишган ҳам эди, калхўзнинг гаплашиб қўйилган аптакачкаси етиб кела қолди. Тоғам уни Султонмурод акамга топшириб, «Сенга ишондим, ўзинг чиқа қол», дедилар-да, акаларига ўгирилдилар:
— Қани, ока, фотиҳа беринг, бошлай қоламиз.

У киши қўлларини очиб, «Оми-ин», дедилару... мен кўчага отилдим. Сўнгги эшитганим: «Шулар ҳам борган ерида туп қўйиб, палак ёйсин, Худойимнинг ўзи...» деганлари бўлди.

Отлар мендан ҳуркиб, ўзларини бир орқага ташлаган эдилар, арава ғижирлаб, нари бориб-бери келди. Яхшиям толга боғлоғлиқ экан. Улар чинданам зўр, гижинглаган эдилар-у, лекин ҳозир менинг кўзимга ҳеч парса кўринмас эди: негадир бир ерларга кетиб қол-гим бор, қорамни ҳеч кўрсатгим йўқ, аразим шунчалик!

Султонмурод акам мени уришиб бергиси бор эди-ю, авзойимни кўриб, ҳеч кутмаганимда юмшади. Кейин эркалаб чақирди:
— Зап чиқдингда ўзинг, пакана пари. Тоғамлардан сўраб олмоқчийдим, юр, кўриб келамиз янги жойларингни.

Чинданам, бу ерда нима қилдим, оёқ тагида ўралашиб... кириб-чиқиб... тумсайиб юриб? Кўрмайинам-куймайинам бузганларини. Ҳаммасига чидарман-у, шо-кила-шокила хумчалаб ётган лолақизғалдоқлару келин гуллардай юз очган анув нозув чучмўмаларни яксон Этиб, том очишларига... чидолмасман.

Кўтар-кўтар билан ичкаридан аввал сандиқлар, кейин кўрпа-ёстикдар олиб чиқила бошлади. Кўпчиликка ҳеч гап эмаскан, барча лаш-луш бир аравага жо бўлди-кетди. Сигир-бузоғимизни араванинг орқасига боғлаб беришди. Ўзимиз юкларнинг тепасига чиқиб олдик.
— Сапурахоннинг битта уйини бўшаттириб қўйганман. Эшикка олиб борсангиз, кеннойинглар тушириб олишади ўзлари, — деб тайинладилар тоғам.

Арава ғижирлаб жилиб, отлар йўрғалай кетди. Юзга укпарданам майин шамол урилиб, еллар одамни ачомлаб ўтиша бошлади. Яна ўксик ҳислар босмасин, деб орқамга ўгирилиб қарай олмайман. Аммо отлар қадамларини тезлатгани сари ғир-ғир шамоллар эсиб, мени овутмоқни бўйнига олган каби ўйнар, юлқар, ғувиллар, бир зум тинмас эдилар.

Учинчи қатнашимизда синчлар билан тоқиларни ортиб беришди. Тоғам дамлаган ошни тол соясида паққос тушириб, уч-тўрт пиёла чой ичгунимизча нақ пешин бўлди. Кун ёздагидек қиздирар, одам ўзига соя ахтариб қолган, ҳеч тургиси келмас эди. Мен аразларим тарқаб, Султонмурод акамнинг ёнидан жилмай қўйдим. У нима буюрса, чопқиллаб бажарар эдим. қолаверса, янги жойларимизни кўрдик, зўр боғдан жой ажратишибди. Девор олиб, уй солинса, бошқаларникидан ҳечам қолишмайди. Жой менга ёқди. Ҳаммасидан ҳам, шундай олдимиздан кўча ёқалаб анҳор ўтаркан. Сувлари бир тиниқки...
— Вақт ўтмасин. Ҳали қанча юкимиз бор. Султонмурод, сизлар тура қолинглар, — деб қистадилар тоғам.

Биз жой-жойимизга чиқиб, Султонмурод акам тизгинни силкилади ва нарироққа бориб, мен томонга секин қайрилиб, кўз қисди:
— Қайтангга яхши бўлди, пакана пари. Бу гал йўлни Қаюмбек амакининг тагидаги айрилишдан соламиз-да, Чўмилишда тўхтаб, бир-бир шўнғиб оламиз. Бўптими?

Йўлни эслаб, юрагимга ғулғула тушди:
— Шошманг, у йўлнинг қиямалигини биласизми?
— Биламан. Қўрқма, пакана пари, отларимиз зўр! Тизгинни тортиб тушсак, ўтиб кетади худо хоҳласа!
— Ўзингиз биласиз...

Олмазордан ўтишимиз-ла (бир кенгликка чиқиб, ғир-ғир шабадаларга юз тутиб боряпмиз) отларнинг бошини ўз ҳолига қўйиб бериб, Султонмурод акам атрофга суқланиб қопти. Ҳеч кўз узолмайди у кенгликлардан. Ҳали тегирмон тепасидаги шамолларга кўксини очиб, чайқалиб-чайқалиб ётган (худди устида булутлар сояси кўчиб юргандек, тавба, аммо осмонда дона булут йўқ) буғдойзорларга, ҳали бу ёндаги қўшилиш тепаларига, ундан у ёғи Аччи қирларига туташиб кетган кунботар томонларга бир ғалати соғиниб, ичикиб тикилади. Мен ўзим ҳам шу Олмазорга келиб, бу ерлардан ўтадиган бўлсам, анув Фозилтепадан ва унга ёндошиб Иззага қадар пастлаб борган тепачалардан кўз узолмай қоламан. Назаримда узу-ун, баҳайбат бир аждар Иззадан ўрмалаб чиқаётиб... қотиб қолгандек... туюлаверади. Бир маҳаллар шундай эртак эшитганман, ўшанинг таъсиридами ё аслида ҳам шундайми, бу тепалар кўзимга аждардай кўринаверадилар.
— Ҳа, пакана пари, оғзинг очилиб қопти? — деди акам жилмайиб.
— Туриши чиройли-да.
— Фозилтепами?
— Сиз ёнидаги тепачалар билан бирга қаранг, бирга кўринг, — дедим мен.
— Ҳў-ўв, кун чиқаётганда ё ботаётганда кўрсангми? — деди акам бир ғалати таъсирланиб.
— Йўғ-э!..
— Ундан кейин шомда ё бўлмаса ёмғир шаррос қуйиб ётганда кўр бу ерларни! О, аждарнинг ўзи дейсан!

Мен ёқамни ушладим.
— Биларкансизда сиз ҳам?
— Нимани?
— Ўша эртакни?
— Нега билмай? Билмаган одамни ким яккабоғлик дейди?! — У отлар тизгинини тортиб, бир чиройли бош ирғади. — Аммо асли бўлакчароқ.

Мен тутяунмадим:
— Ниманинг асли? Эртакними?
— Йўқ, Фозилтепанинг тарихи. Менинг жоним кириб, ўнгарилиб олдим.
— Айтинг, айта қолинг.

У эса, ўша тепалару Қўшилиш қирларига боягидек бир ичикиб, бир муҳаббат-ла тикилди.
— Менинг билганим — бу қирлар, бу тепалар улуғ бир давлатнинг энг чекка сарҳадлари, улардан қолган ёлғиз нишоналар. Бу ерларда сурув-сурув отлар боқишган. Айниқса, баҳор пайтлари, лолалар очилган кезларда бу қирлар жаннатнинг давомидай бўлиб кетган, яшнаб ётган. У тепалар эса — Фозилтепаям, Хирмонтепаям, Оқтепаям — қўриқчи тепалардай узоқ-узоқлардан кўзга ташланиб турганлар. Бирида ўт ёқилса, ундан кўтарилган тутун наригисида бемалол кўринган. Ва ўша давлат сарҳадларига душман ораламаёқ унинг хабари барчага маълум бўлган. Шу тепаларда кўкка ўрлаган тутунларга қараб, отларга эгар ураверишган, лашкар жангга ҳозирланиб чиқаверган. Узоқ аждодларимиз шунақа қудратли давлат қуришган. Тарихда Қанғли давлати деб аталади у.
— Қанғли?
— Ҳа-ҳа, бу жойлар бекорга Катта Қанғли деб айтиладими? Ўшандан қолган, — деди у кўз учириб.

Мен яқинроқ сурилдим.
— Кейин-чи?

Султонмурод акам «Эҳ, пакана пари, пакана пари, менинг жонажон укам, кейин нима бўларди», деган каби маҳзун тикилди.
— Кейин у давлатлар, у салтанатлар ҳаммаси емирила-емирила, биз ўз пайимизни қирқа-қирқа шу кунларга қолдик-да! Отсиз, лашкарсиз, тахтсиз...

Шу тоб биз Иззага келиб қолган эканмиз, йўл пастлаб, арава ўзининг залвори билан отларни суриб кета бошлади. Султонмурод акам жон-жаҳди билан отларнинг тизгинига ёпишди ва тортиб ўзини орқага таш-лади. Отлар бошлари қайрилиб, кўзлари шокоса бўлганча, йўлдан чиқиб кетмасликка зўр берадилар-у, аммо қадамларини секинлата олмасдилар. Йўл шу ерга келганда чангал босган Жимиттепани айланиб ўтиб, кўприкка тушиб борар, шундан ўтиб олинса, араванинг залвори биланоқ сойдан чиқиб кетилар эди.

Аммо ҳозир отлар аравани эмас, арава отларни суриб боряпти. Сургандаям шитоб билан пастга суриб кетяпти. Бунга сари ғилдираклар ваҳимали шалдирайди. Араванинг ўзи мана ҳозир тўнтарилиб кетадигандай, чайқалиб бориб-келяптики...

Мен эсхонам чиқиб, жон ҳолатда нималаргадир ёпишдим. Ва шунинг баробарида ҳов пастда, Иззанинг чўмилиш жойида сувдан чиқа ўзини пана-пастқаму ёввойи ялпизлар ичига уриб бораётган қизларга кўзим тушиб, қотиб қолдим. Ё Оллоҳ! Ким ўзи булар? Париларми ё ўзимизнинг шу дала қизлари? Қаранг-а, чўмиладиган пайт келибди эканми? Қочишга улгуролмай қолганлари саросимада, ким қўллари билан кўксини тўсганича, ким сув ўртасида секингина ўтира қолиб, кимлари кўйлаги баданларига чиппа ёпишганча, қотиб турар эдилар.

Биз бўлсак, қалдир-қулдир билан ўша ёққа тушиб боряпмиз. Қўрқиб кетганимдан «Ўлибмиз!» деб ўйладиму... жон ҳолатда акамга бақирдим:
— Отларни қўйворинг! Ўз ҳолига қўйворинг!

Араванинг шу шалдирашию чўмилаётган қизларнинг қий-чувида Султонмурод акам менинг овозимни эшитдими-йўқми, билмайман. Аммо отлар кўзлари косасидан чиққудек бўлиб, осмонга сапчийдиган бир алпозда зўрға йўл топиб бораётган эди, арава нақ кўприкка етганда зарб билан бир нимага урилдию мен устидан коптокдек учиб кетдим. Отлардан биттаси зорли кишнаб, қизлар қичқириб юбордилар:
— Вой, ўлди, ушланглар!

Мен юз-бошим билан бултурги ёввойи ялпиз ичига шўнғиб, шалоплаб сувгами, балчиққами тушдим. Ялпиз ҳиди гуркираб, бўғзимга бемаза сув тиқилди. Шу ўзимни ўнглаб, бошимни кўтараман, дейман, қани кўтара олсам! Қўлимни ботқоқдан тортаман, дейман, қани тортолсам! Аммо шу пайт кимдир икки қўлтиғимдан даст кўтариб олиб, чимга ўтқазиб қўйди. Енгим билан кўзимни артиб қарасам, чит кўйлаги ҳали селгиб улгурмаган бир қиз ўтакаси ёрилиб, тепамда турибди. Нуқул бошимни силаб, қулоқларимни ишқайди. Нималардир деб ҳушимга келтирмоқчи-ю, эшитсам ўлай агар. Мен уни кўрибоқ, анграйиб қопман.

У бир пайтлар бошига шафтоли гулли узун симрўмол ташлаб чиқиб, салом қилган... Асол холамнинг ўша кўҳлик келинлари эди, кеннойим эди. Унинг юзи, ё Худо, бир тиниқ, тиниқдан-тиниқ эдики, умримда бунақа тиниқ юзни ҳозиргидек яқиндан, жуда яқиндан ҳеч кўрмаган эдим.

Уни яна учратганимдан рости, эсим оғиб қолганди.

Юз-кўзларимда жон асари йўқми, нима бало, (балки балчиққа буланиб чиққандирман, юз-кўзларимни ювиб олиш керакдир,) ишқилиб, кеннойим довдираб қопти, шошиб қолганидан қўлтиғимдан олиб турғазишни ҳам, шундай чимга ётқиза қолишини ҳам билмайди. Нималардир деб...

Шу тоб қулоғим жангиллаб очилиб, Иззанинг бир чиройли шовуллаши аро унинг таниш товушини эшитиб, ўзимга келдим.
— Ҳой, ука, ҳой, қайнижоним, менга қаранг, ўзизга келинг... — деб жовулларди у тепамда гиргиттон бўлиб.

Айланиб-ўргилиши, «қайнижоним» дейишлари бирам хуш ёқиб, кўзим сузилди. Қўрқманг, менга ҳеч иима бўлгани йўқ, ўзим шундай... Сизни кўриб, эриб кетдим, дегим бор-у, демаётирман. Яна бирпас эркалашини, бошимни силаб, устимда ўлиб-тирилишини истайман.

Ҳушимга келганимни кўриб, суйиниб кетди ва ширин жилмайиб, елкамдан қучди:
— Ёмон тушмадизми, ишқилиб?

Уялиб кетдим ва дикка туриб олдим.
— Йўқ-йўқ, мана, отдекман.

У ҳам туриб, кўксига туфлади.
— Хайрият, хайрият. Худо асради. Алҳамдулиллоҳ, денг, қайнижон.
— Қўрқиб кетдингларми шунча? — дедим довдираб. Шунақа учиб кетган эканманми?!
— Секинроқ айтасизми, эсхонамизни чиқарвордингиз-ку. Қолавурса... — дея ён тарафга ўгирилди. Кўприкдан ўтибоқ йўлга чўккалаб қолган ёлғиз отга (беригиси ҳам орқасига тисарилиб кетай-тисарилиб кетай деб титраб турибди) ачиниб қаради.

Бу вақт отнинг тепасида акам пичоғини қинидан суғуриб яланғочлаб турар, аммо қайси тизгинчани қирқишни билмай каловланар эди. Ана шу дақиқада у ҳам биз томонга ўгирилди ва... бир зум шундай қотди.

Кеннойимнинг юзлари лов қизарди ва саросималаниб, мени турткилади, қулоғимга энгашиб (бир ажойиб бўйлар таратиб) шивирлади:
— Чопинг, қайним, қарашвора қолинг. Тағин отдан айрилиб қолманглар.

Шундагина кўрдим: арава бир мўьжиза билан кўприк четига илиниб қолган, отлардан биттаси туролмай уриниб ётар, Султонмурод акам эса нима қиларини билмай нажот кутиб турар эди.
— Ака, шошманг!.. — дея бақирганча, учиб кетдим. Соғ отнинг остидан қандай ўтиб бордим, акамнинг қўлидан пичоқни қандай тортиб олдим, билмайман. Отнинг бўйинтириқларини кесиб юбориб эдим, сапчиб туриб кетди. Арава ҳам бир силкиндию ёнига оғиб, устидан тоқилар шақира-шуқур Иззага ағдарилиб бердилар. Асрайман деса, осон экан: юкдан бўшаган арава жойига ўнгарилди-қолди. Фақат, Иззани ёппа энлаб тоқиларимиз оқиб борар, қизлар қий-чув билан уни тутиб улгуришмас эди. Тоқилар бизга қарашли экани эсимга тушиб, мен ҳам ўша ёққа чопдим.

Султонмурод акам ҳали ўзига келолмаган отнинг ёнида қолди. Дир-дир титроқ баданини силаб-сийпаб, отни аравага қайта қўша бошлади. Ҳар-ҳар замонда биз томонга ўғринча қараб қўяди, холос. Ахийри, отни қўшиб бўлди, сал тепага юргазиб чиқди ва... Энди нима қилади? Изза бўйидаги чимзорда сочилиб ётган тоқиларни аравага ортишай деса, шундоқ ҳам қизлар ундан уялиб сувдан чиқиша олмаяпти. Қарашмай деса, бир ўзим қачон ташиб бўлардим? Ниҳоят:
— Сен отларга қараб тур, пакана пари, мен тутзордан бир-иккита новда кесиб келай, — дея катта тепанинг орқасига қараб юрди.

Султонмурод акам нари кетиши билан қизлар ҳам апил-тапил сувдан чиқа бошлади. Ким этагини сиқиб, ким сочларини тузаб, наридан-бери ўзларига оро берар, айни чоқда нимадандир ҳуркиб турар эди улар.
— Йўғида кетиб олайлик, қизлар? — деди қора юзли бижилдоғи. — Сенларга қарайман деб... сал қолса, Иззага қулай деди бояқиш.
— Ўзларингам йигит кишини бошини айлантирворасанларда бўз кўйлакда, — деди бошқаси.
— Ў-ўл, сен жуда сипомисан? — деб ҳаммалари кулишди.
— Бўлди! Индамаса айнивотсанлар, ундан кўра, ортишворинглар, — деди кеннойим — Асол холамнинг келини.

Тоқиларни териб, қўлларига тахлашаркан, бижилдоқ қиз келинойимга тегишди:
— Жигарларидан урганми, нима бало, ёрдамлашгилари кепқопти?..

Қизлар қиқирлаб кулишди, кеннойим уни қувди:
— Ҳу тилгинанг кесилсин, бичиб-тўқиган!.. қариндошим-ку у.

Бижилдоқ яна нимадир деб Иззанинг бу бетидан у бетига қочди.

Мен от жиловини тутганча, ҳали унисининг қилиғидан, ҳали бунисининг гапидан эсим оғиб турардим. Ниҳоят, иш тугади. Ҳалиги бижилдоқ қиз сўнгги қучоқни аравага келтириб ташлаб, кафтини қоқаркан:
— Ана, бўлди! Энди акачангизни чақираверинг, уялмасинлар, биз кетдик, — деди аллақандай тегажоғлиқ билан.
— Кетдик-кетдик, изимизниям тополмасин, — деди кеннойим унга қўшилиб.

Улар жовур-жувур билан кўприкдан чопиб ўтдилару кўз очиб юмгунча Жимиттепанинг орқасида ғойиб бўлдилар. Жийдазорнинг ичига уриб кетдиларми ё чангал гуллари орасига яшириниб йўқ бўлдиларми, билолмай ҳам қолдим.

Султонмурод акам бир даста новда кўтариб қайтганида, ҳайҳотдек сойликда ёлғиз ўзим турардим.

Отларнинг жини бўлади деган гап рост шекилли. Ўзи зўрға қутулиб олди-ю, ҳеч жим тура қолмайди.

Ҳали думини елпиб, човига шилп-шилп уради, ҳали орқа оёқларини бетоқат кўтариб ташлайди. Мен жиловидан тутиб турганим эса, сўлиғини чайнаб, ҳадеб йўл ёқасидаги чимга талпинади.

Бунга сари арава ғичирлаб, қиямаликда дам олдга, дам орқага бориб-келяпти. Юк орқага тортиб кетмасайди деб жоним ҳалак: акамнинг юзига қараганим-қараган.

Ниҳоят у ҳеч гап бўлмагандек қайтиб, новдаларни эшиб-эшиб, аравадаги юкни ҳар эҳтимолга қарши тортиб боғлади-да, отларга эрк берди:
— Ҳа, қани, жониворлар! Ўзимнинг жийронларим, тортдик!

Арава ғичирлаб бориб, тезлаб кетди. Югуришиб, устига чиқиб олдик. Шундан кейингина Султонмурод акам чиройли мўйловини силаб, кулиб қаради.
— Қойилман сенга, пакана пари. Отни вақтида бўшатиб юбориб, мени бир хижолатдан қутқардинг-да. Иззага тортиб кетганда борми, ҳў-ў...
— Ўлувдик, — дедим мен.
— Ўлиш ҳам гапми? Анув қизларнинг олдида ерга кирувдик!
— Шуни айтинг! Ўзи Чўмилишда бир маза қилайлик, дебмиз-у, Худо хоҳласа, демабмиз-да.
— Эгалари борлигини қаердан билибмиз, — деди кулиб. Кейин аста қайрилиб сўради: — Ростданам ҳалигилар ўзимиззи қизлармиди ё ҳурилармиди?
— Ўзимизнинг Каттабоғнинг қизлари, — дедим хиёл иккиланиб.
— Унда анув оҳу... сени булокдан тортиб олган қиз ким? Танийсанми уни?
— Нега танимай? Асол холамни... олти ойлик келинлари-да.
— Қандай келинлари? — У азза-базза отларнинг тизгинини тортиб қаради: — Баҳриддиннинг чимилдиқда қолган хотиними шу?
— Ўша, — дедим нимага сўраётганини ўйламай ҳам. — Баҳриддин акам топилмагач, кетиб қолган.

Султонмурод акам кўзларини бир дақиқа юмди. Сўнг отларнинг тизгинини бўш қўйиб, беҳол силкилади:
— Чу, жонивор...

Барзан

Биз боғ этагига, шундоққина кўча ёқасига тўхтаганмиз. Акром тоғам билан Ахёр тоғам аравадан юкни тушириб олишяпти. Тупроқ кўча ёқалаб эргашиб келган анҳор шу ерда, азим ёнғоқлар тагида кечикка ўхшаб ёйилиб оқади: салқини уфуриб ётибди. Кейин у сал нарига бориб, кўприк тагига, ундан аллакимнинг уйи ости билан ҳовлисига кириб кетади. У ёғига қаёққа боришини билмайман.

Ҳеч кўрмаган эканман: шу ердан Иззанинг нариги ёғидаги ўсмаранг олмазору сурмаранг ёнғоқзорларга-ча, унинг ёнидаги соя-салқин толзор кўчамизу митти қўрғонимиз ва сал тепароқдаги харобазоргача барча-барчаси кўзга яққол ташланиб турар, жудаям яқинга ўхшаб туйилар эди. Балки ўзим туғилиб ўсган жойлар бўлгани учун шундай оловдай кўринаётгандир. Устига-устак, бугун ўша ёқлардан кўчиб кетаётганимиз, ота юртни ташлаб, тоғаларимиз қаватига қайтаётганимиз учунам у жойлар бир азиз кўринмоқдадирлар. Бугина эмас, кўнглимнинг бир чеккаси нима учундир ғаш тортиб турибди. Ичимда йиғи уйғотадиган бир куй, бир ўксиклик туғилиб келмоқда. Уни ота юртдан кўчув, айрилув куйи деб атамоқ керакми ёки болалик билан хайрлашув демоқ лозимми? Ишқилиб, кўзимда ёш айланмоқда, аммо шу ёш ортидан ҳам у ўсмаранг олмазор билан сурмаранг ёнғоқзорни, сояга ғарқ бўлиб ётган толзор кўчамиз ва жондан азиз томларни аниқ-тиниқ кўряпман. У жойлар шунчалик узоқда, Изза сойининг нариги ёғидаги сабзаранг далалар ортида бўлсалар ҳам, яхши ажратиб турибман. У жойлар энди бир умрга ўша томонда қоладилар. Жуда-жуда соғиниб кетсам, шу анҳор бўйига чиқиб, соатлаб ўша ёқларга тикилиб ўтираверишим мумкин. Мен у ерларда бир нимамни, ҳатто тоғам ҳадя қилган пичоқчаданда ғўрроқ бир нарсамни қолдириб келганга ўхшайман.

Шу маҳал Олмазордан тикка Иззага тушиб келган мўлда отининг оёғи ерга тегиб-тегмай (аммо орқасидан внгил чанг ҳавога ўрлаб) учиб келаётган отлиққа кўзим тушиб, донг қотдим. Эгарга қапишволган, тўнининг икки бари шамолда шунақа парпираб келяптики, тагидаги отми ё қанотли бир нарсами — ажратиб олчи. Сал гўр берса, бу жонивор, ойимлар айтмоқчи, Сулаймон пайғамбарга кўрсатилган учқур отлар каби ҳавога учиб, осмону фалакка кўтарилиб кетиши мумкиндай.

Мен ўрнимдан ирғиб туриб кетдим:
— Уни қаранг, уни қаранг, Султонмурод ака!.. Султонмурод акам кўчанинг шу бетига ўтиб келиб, кафтини пешонасига қўйганча, туриб қолди ва бирдан:
— Ия, Барзан-ку! Ошнамиз-ку! — деди ҳайратини яшира олмай. — Шунча сўрасам миндирмовди. Ўзларига мумкин экан-да!
— Ким дедингиз?
— Ким бўларди, Ҳайбат аканг-да.
— Ҳа-а, — дедим: отини қизғонмаган чавандоз чавандозми!
— Барзанми ўша?! Бу дунёнинг отимас, қарчиғай бу, қарчиғай! — дедилар Акром тоғам юз-кўзлари ёришиб.
— Қўявер, жиян. Ўзим биир Келес томонларга опчиқаман сени. Ана ўшаттада отнинг зўри. Буларга эланма, — дедилар Ахёр тоғам.

Ҳамон қанотли отдай учиб келаётган Барзандан кўзини узолмай турган Султонмурод акам:
— Минг қилсаям Барзан — Барзан-да, — деб қўйди. Иззанинг йўлига тикилиб ўтириб, ҳалиги қанотли от сойликка шўнғиб кетганча бирдан қаёққа йўқолганини билолмай қолдим. Мана, ҳозир бу ёқдан, Қаюмбек амакининг пастидаги йўлдан учиб чиқади, десам, бадар кетяпти. Нима бало, Ҳайбат акам отни Иззада чўмилтиргани опкелганмиди? Ё уям бизга ўхшаб сойга қуладими учқур отини эплай олмай? Балки ҳозир...

Ичим ғурмишлаб боряпти. Отмисан от экан ўзиям! Бир миниб кўрсам, армоним қолмасди.

Фақат менми десам, сув ёқасида чўнқайганча, қўлини чайиб ўтирган Султонмурод акам ҳам хаёли оғиб қопти. Бир пайт менга кўзи тушиб, ширин жилмайди ва қаддини кўтариб, елкамдан енгил қучди.
— Кетдикми, пакана пари, ҳалиги парилар учиб кетмасларидан? Анави Барзан ҳам жўнавормасидан борайлик энди.
— Ҳа-ҳа, кетдик, — дедим мен учиб-қўниб. — Тезроқ бориб, Барзанни бир кўрайлик.
— Ҳа, холаваччалар, тинчликми? — деди Ахёр тоғам, бизнинг шовқинимизга ўгирилиб.

Султонмурод акам аравага қўшилган отларни анҳорнинг пастак ерига тушириб қўйиб, суғораётган эди.
— Тинчлик-тинчлик, аммо биз кўрган нарсаларни сиз икки дунёдаям кўрмайсиз. Тўғрими, Мақсуд? — деди маъноли кўз қисиб. — Бизни қачондан бери кутиб ётишибди. Ана, Барзанни ҳам чақириб олишди, кўрдингиз-ку. Тўғрими, Мақсуд, — дея отларни тислатиб, йўлга солди-да, тизгинни силкилади. — Кетдикми парилар мамлакатига?

Отлар бўш араванинг ғилдиракларини бир кўтариб ташлаб, ҳали тупроғи ўйнамаган кўчадан йўрғалай бошладию мен чопиб бориб, аравага бир амаллаб чиқиб олдим. Анҳор устидаги кўприкдан ҳам дупирлаб ўтиб, пастга шўнғидик. Султонмурод акам оёғини кериб олган. Тик турганча, тизгинни қўймай:
— Чў, жониворлар! Бормисизлар! Ойнониб кетай, бўш келмайсизлар! — деб қичқиради. Қийқириб кулади. Қалайсан, пакана пари, дегандай орқасига қайрилиб қўяди. Қошларини ўйнатиб, кўз қисади. Ишқилиб, ўзида йўқ хурсанд.

Толзорга етганимизда бошини бир ёнга эгиб, тизгингаям бўй бермай бораётган қизил йўрға сойликни жангиллатиб кишнаб юборди. Шу заҳоти унинг акс-садосидай Иззанинг нариги бетидан бунданам кучли кишноқ янгради.

Э-ҳа, Иззанинг нариги бетида чопиқ қилаётган қизлар йўл ёқасидаги жийдаларнинг тагига чиқиб олишган, ариқнинг бу бетида эса, Барзан гоҳ гижинглаб чир айланар, гоҳ олдинги оёқларини осмон баравар кўтариб, орқа оёқларида тик туриб олар эди.
— Қизларга томоша кўрсатгани опкелган эканда Ҳайбат аканг?! — деди Султонмурод акам бирдан ранги ўзгариб ва кутилмаганда отларнинг бошини чимзорга бурди.
— Яқинроқ борайлик, — деб ялиндим мен.
— Боравер ўзинг, — деди у энсаси қотиб.

Ўзи эса пастга тушиб, отларнинг сўлиғини чиқаришга алаҳсиб кетди. Ҳозиргина Барзанни кўкларга кўгариб мақтаб турган одамни бирдан нима жин ура қолди экан?

Мен Барзанни жудаям кўргим бор эди. Аравадан ажраб тушдиму нариги бетга югургилаб кетдим. жимиттепани ошиб, чангаллар орасидан чиқиб борсам, ўҳ-ҳў, зўр томошанинг устидан чиқибман. Тўпиқлари бирдай оппоқ, танаси қизил жездай ялтироқ, пешона-сига юлдуз каби қўнган гўзал оқ холи ғоят ярашиқли Барзан Марғу кеннойимнинг қўлидан бир нималар кемшимоқда эди. Эгарда Ҳайбат акам мағрур ўтирибди. Чопиқчи қизлар уч-тўрт қадам нарида отнинг ҳайбатидан ҳуркиб туришибди. Бир-бирларининг пинжиларига кириб кетгудек тиқилишади, кеннойимга «Қоч, Марғу, ўласан»лаб чуғурлашади. У бўлса, отга бир кафтини тутиб турибди-ю, иккинчи қўли билан унинг пешонасини — «юлдузи»ни силаб-сийпайди. Эркалаб, енгил шапатилайди. Шу тоб Барзан оғзидаги нарсани қасир-қусур чайнаб, бир пишқириб юборди. Кеннойим беихтиёр икки қадам нарига сакраб кетди. Қизлар қичқириб қочишди. Ҳайбат акам аввалига хоҳолаб кулди, сўнг кулгисини босиб, кеннойимни чақирди:
— Сиз бунга меҳрибонлик қилдиз, энди бунинг раҳматини олмайсизми? Қўрқманг, сизга раҳмат демоқчи-ку.

Кеннойим ҳайиқибгина бир қадам олға босди.
— Келаверинг, еб қўймайди.

Кеннойим кафтларини очиб, кўкраги баравар кўтарган эди, от ҳам иккала оёғини азот кўтариб, орқа оёкларида тикка турди ва уч бора салом ва раҳмат бериб, сўнг аста тисарилди ва ўйноқлаб, жойида гир айлана бошлади. Қизлар чапак чалиб юборишди:
— Қойил, қойил!

Шунинг баробарида пастдан дўпира-дўпир ва шалдира-шулдур шовқинлар билан Султонмурод акамнинг араваси отилиб чиқди. Барзан ҳам, бизлар ҳам ҳуркиб кетдик. Ана холос! Нима қилмоқчи ўзи?

Барзан турган ерида гир айланиб, бирдан осмонга сапчиди ва олдимиздан ўтиб улгурган араванинг ортидан учиб кетди.

Бирпас уч от қўшилган аравадай ёнма-ён елиб боришди, сўнг Барзан илгарилаб, Ҳайбат акам тўнининг барлари худди боягидек шамолда пар-парон ўйнаб, қўшқанотга айланди. От кўкка ўрлаб учиб бораётган ҳайбатли қушга ўхшади-қолди.

Иккинчи бўлим

(Муқаддима Давомига)

Билмабмиз: биз кўз очиб кўрган диёрлар хўб ғариб маъво экан. Бугун бор, эртага йўқ дегандай...

У диёрда жондан азиз нарсалар кўп эди. Ҳаммасини битта-битта бой бериб қўйибмизу, мана, маъюс хотирадай эслаб ўлтирибмиз...

Қолаверса, улар кимга буюриб, кимга вафо қилибдиларки, жудо бўлганимиздан ачинсак, куюнсак?! Ҳаммаси ҳам кўзимизга тўтиёдек азиз эди, садқаи кўзёшларинг деёлмасдик. Аммо...

Ёдимда: Довлат лақабли итимиз бўлгучи эди. Арслон деб атасак ҳам арзирди, қоплон деб чақирсак ҳам ярашарди. Шунақа — оёқлари йўғон-йўғон, ўзи кал-табақай, зўр ит эди. Анҳорларни, девор наҳраларини кўрдим демасди, қоплондай сакраб ўтиб кетавурарди. «Худо бунга ҳайбатдан берган. Ҳайбатидан от тугул, одам қўрқади. Нима бало, девлар наслиданми бу?..» — дердилар ойим. Бунга сари Нусрат почча бошларини сараклатиб, таъсирланиб-таъсирланиб кулар эдилар: «Бежиз Довлат деб атамабсиз, Саломхон, бежиз атамабсиз. Довлатдан қўрқмайдиган одам борми?» дердилар аллақандай сирли-шаъмали қилиб.

Ўша итимиз ҳирсдай бўлгани билан кучук болалардай ўйнашчоқ эди. Бўйим баравар-бўйим баравар сакрай бошласа, устимга босиб тушмасайди, деб ҳайиқиб турардим. Супагами, кўчагами — баландроқ ерга қочиб қутулишни кўзлардим. Аммо қаёқда! Довлат бир ўйнашишга тушмасин, тўхтатиб бўлмасди.

Менам ахийри чалпак дўппимни атайин тушуриб юбориб, унинг таъқибидан қутулар эдим. Довлатга шу керак, дўппимни тишлаб қочишга ишқибоз. Қувсам, гир айланиб қочавуради: бермайдиям, тутқазмайдиям. Ахийри йиғлагудек бўлиб ўтириб олсам, у ҳам ётиб олади-да, дўппимни оёқлари ўртасига олиб, аввал ёлғондакам, кейин чинакамига пийпалашга тушади. Ора-чора қарабам қўяди жаҳлимни қўзғаб.

Менам биттагина дўппимни унга пийпалатиб қўярканманми? Сакраб тура, «Ташла! Бер-чи, бер»лаб қупиб қоларман! Довлат эса, яна тишлаб, гир айланиб, халоплаб қочишга тушади. Қани берса!.. Ахийри битта таёқ топиб, дўқайиб бормагунимча ташламайди.

Ана шундай ажойиб итимиз бор эди. Мен унинг кўксини тўлдириб, астойдил «ҳовф-ҳовф»лаб (!) вовуллашига борман. Унинг овозини эшитганда ҳатто катта кўчада кетаётганлар таққа тўхтаб, олазарак бўлиб қолишарди. Унақа-бунақа одам юрак ютиб, яқинига йўламаса, бошқаси етти кўчани айланиб ўтишга мажбур эди. Шу Довлат туфайли налогчиям, табелчиям бизнинг эшикка ўйлашиб чақириб келарди. Ўғри-ку бир чақирим наридан юрарди.

Шу итимизнинг битта айби — нафси ёмон эди.

Ким нима ташласа, хап этиб ютиб қўя қоларди. Бергани порами, алдовми — фарқига бориб ўтирмасди. Мен бунақа очкўз, ебтўймас итни кўрган эмасман.

Шунга қарамай Довлатнинг ишқибозлари кўп эди. Нима қилсалару илиб кета қолсалар! Аммо Довлат анойимас, олиб келган ширинликлари, поралар тугагунча эргашиб боравуради-да, бўйнига қўл юборишлари билан арслондай ириллаб беради. Ана кейин ўтакалари ёрилиб, қочишларини кўринг. Сўнг Довлат иккинчи у одамни яқинига йўлатмайди. Узоқданоқ ҳурпайиб, ириллаб келаверади. Мен шунисига борман. Ақли бало эди унинг.

Аммо бир куни қайси ўчакишган (!) шу итимизга нина бериб кетибди. Шу йўталади, шу ўхчийди, бошини ҳар деворларга уради, қани, қутулса! Ахийри, тумшуғини ерга бериб, ётиб олди.

Кўксовдек йўталавериб, ингиллаб ғингшийвериб... бир ҳафтада қопдай шалвираб қолди. Кўзидан оққан ёшларни кўрсангиз, мўлтираб тикилишларини кўрсангиз...

Қайси бир кечаси уч марта увлагандай бўлдию (балки тушимда кўргандирман, ғингшигани увлагандай туюлгандир), кейин тинчиб қолди. Эрталаб турсам, ҳеч ерда йўқ. На лоши, на изи қопти (!) Шу йўқолганча, қайтиб қорасини кўрсатмади, бадар кетди Довлат...

Кейин Ҳайбат акам «Сизларга хонакиси ҳам бўлавуради экан», деб (!) мушукболадай бир тарғил кучукча олиб келиб берди. Қурмағур жуда питир-питир бўлиб, ширин эди. Ширинлиги ҳам майли, бўйнидаги тумордек оқ холи бирам ярашган, ёқимтойки... Ўз-ўзидан уни Бўйниоқ деб чақира бошладик. Қарангки, ҳеч қанча ўтмай, тумори қордай оқариб, ўзи писта кўмирдек қора тортиб кетди.

Иззанинг бу ёғига, тоғаларимиз қаватига кўчган вақтимизда у қаёққа борсак, орқамиздан қолмайдиган питрак маҳали эди, араванинг орқасига боғланган тарғилимизга эргашиб бу ёқларга келди. Иззани кўрди, бедапояларнинг ичига уриб кириб чиқди. Шарқироқ ариқларни кечди. Шу-шу сигирга эргашадиган бўлиб қолди.

Мен уни мол боққани тушганларимда эргаштириб Иззаларга оптушар эдим. Сигиримнинг арқонидан тортқилаб юргани-юрган эди. Шунда кучи етмаса денг олдидан айланиб ўтиб, акиллаб қайтара бошлайди. Аммо бекор қолмасин, қолди дегунча Иззанинг у бетидан-бу бетига сакраб, ўзини офтобга солиб ётган қурбақажонларни, мошак қушларни қувишга, қувиб ўйнашишга ишқибоз. Баъзан эса пайдо бўлиб қолган тупроқ уюми остидан кўрсичқон инларини топиб олиб кавлай кетади. Ишқилиб, ўзини зериктирмас, зерикмас эди.

Анча йиллар ўтиб, биз яна кўчадиган бўлдик. Аммо Бўйноғимиз қани энди жойидан жилса!.. Қанғлидан берилган янги жойимизга қани ўргана олса!.. Катта-боғдаги уйимизнинг томини очиб, юкларни олиб кетиб бўлганмиз, у ёқда ҳовлига чодир тикиб, бийдай жойда лой чангаллаб уй қуриб ётибмиз, Бўйноқвой эрта саҳардан йўқолиб қолади. Кун тиккага келар ҳам, найзадан ошиб ўтар ҳам, у йўқ. Алламаҳалда тили осилиб, ҳарсиллаб кириб келади.

«Ҳа, оғайни, бу нима қилиқ?» деб ўқрайиб қарашимни биламан, худди, бир қошиқ қонимдан кечинглар, деган каби ерга ёта оёғим остига бош уриб эмаклаб кела бошлайди... Кўзлари мўлтираган, ҳарсиллаб, бир суринадики... Аҳволини кўрсангиз! Балчиқларга буланиб, шилтаси тоза бошига чиқибди. Бўйнидаги тумори демаса, ғирт бегона...

Бир гал қаттиқ танбеҳ бердим;
— Ҳа, сени қараю! Иззада пишириб қўйган эканми?! — дедим товушимни кўтариб. Бўйноқ ерга баттар қапишиб, яна оёқларим тагига эмаклаб келди. У окдан ойим ўртага тушдилар:
— Қўй, болам, сўкиб-нетма, ўрганибам қолар. Кечворолмаётганда у ёқлардан бояқиш...
— Ҳаммаёқни алғов-далғов қилиб, суриб ташлаб, бўлишди-ку, нимасига боради?! Бунақада бир кунмас-бир кун машинанинг тагида қолиб кетади бунийз.
— Қўй, яхши нафас қил, болам. Бир-бир айланиб, ёзилиб келаётгандир-да.

Бўйноқ гўё пўписамни тушунадигандек:
— Арқонга солиб қўяман, шунақа қилавурса... кетиб қолавурса! — дедим. Сўнг «узри»ни қабул қилгандек, «бор!» деб ўшқириб бердим.

Бўйноқ айбдор боладай, кўзимга қараёлмай, девор таги билан пастга суринди.

Эртасига эрталаб турсам, яна йўқ. Одатдагидек, кун чиқмасдан изғиб кетибди ўша ёққа. Ҳали келсин, боғлаб қўймаганам номард, деб жиғи-бийроним бир чиқ-дп-ю, яна ишга уриниб кетдим.

Кун тиғдан ўтиб, соялар айланди. Офтоб заволга юз тутиб, шомга етиб борди. Аммо Бўйноқдан дарак йўқ эди. Келиб қолар билан қоронғи ҳам тушди. Хуфтон бўлди. Йўқ.

Ўшқирганимга аразлаб, эски қўрғонимиздан келмай қўйдими, деб ич-ичимдан афсусландим. Бир умр ўша ёқда қолмас-ку, келар-ку, ахир, деб ётдим. Йўқ, эртасигаям, индинигаям қорасини кўрсатмади. Ахийри, излаб боришга мажбур бўлдим.

Қарангки, у ердаям йўқ эди. Кечаси бирон ерга кириб ётгандир, десам, изиям йўқ. Ини-ку томи очиб ташланган уйимиздан ҳам баттар ҳувиллаб ётибди. Бу яқин орада бош суққан эмас. Ичим шиғ этди.

Бир оёқли лайлакларга ўхшаб қўққайган кранлар таги билан ва чала битган дўмлар оралаб (илгариги бедапоя ёқалаб) Иззага тушиб боряпман. Бу ёқда икки сурма шовқини оламни тутиб, Қаюмбек амакининг тепалигидаги ёнғоқларни қўпориб ётибди. Тепани ҳам суриб ташлашади шекилли. Ана, бир ёнғоқ қарсиллаб, ағанаб, шохлари билан ўша «темир қўнғиз»нинг устига босиб тушди. Лекин шунда ҳам у шохлар орасидан ўрмалаб чиқиб, бу томонга айланиб ўтди-да, иддиз-пилдизи билан жарга сургаб кетди. Эсиз тепа, эсиз ёнғоқзорлар. Тепанинг пастидаги жийда қаторни-ку шундай-ла кўмиб ташлашибди. Ҳар ер-ҳар ерда тупроқ уюми орасидан шох учлари чиқиб турибди...

У ёқдаги ўрикзор, Сиддиқ арракашнинг боғи, ишкомлари Иззага қадар шу аҳвол — кундаковга тушган, итирқини чиқиб ётибди.

Ичим ачиб, қадамимни тезлатдим. Аммо бу ёқда сойларга ҳам ит тегиб бўпти: боягидақа «қора қўнғиз»лар тепаларни суриб, жарларни чангитиб ётибди! Тар-тар овозлари Қўшилишга ошиққан сувнинг шарқирашини ҳам кўмиб кетган. Сув худди бу тепалар остида қолиб кетишдан қўрқиб, пастга қочиб бораётгандек, чопади-чопқиллайди. Иззага сиғмайди...

Оҳ, дедим, сувки бу даҳшатдан бош олиб қоча бош-лабдими, бошқа нарсаларга тўзим берсин! Энди бир пайтлардагидек кечалари Иззага тўсатга тушишлар йўқ, кундузлари балиқ ҳайдаб овлашлар йўқ экан-да?!. Энди у чўмилиш жойларда итбалиқдай яйрашлар, музлаб кетиб, қайноқ тупроққа бағирни бериб ётишлар... йўқ экан-да?! Энди бирон толнинг соясига ўтиб, чимга ағанаганча китоб ўқишлар, Мимитбува билан суҳбат қуришлар... йўқ экан-да?! Сой бўйига узала тушган Йўлбарстепа устида чалқанча ётиб, осмони ҳафтимда сўфитўрғайларнинг чулдирашига қулоқ беришлар, оламни унутишлар... йўқ экан-да?! Бўйноқнинг уйдан қочиб, бу ёқларга тентираб кетишлари, кунлаб йўқ бўлиб қолишлари бежиз эмаскан-да! Видолашгани бу ёқларга келаётган экан-да! Ўзи қаерларда қолди экан? Мошина-пошина уриб юбормадимикан ишқилиб? Тирикмикан?

Назаримда, у ҳозир мени кўриб, Изза бўйидаги ботқоқ ўтлар ичидан, мошак қушларни қувиб-учириб юрган жойидан отилиб чиқиб келадигандек, нарироқда бир силкиниб олиб, кейин атрофимда гирдикапалак бўлиб, қўлим баравар сакраб ўйнаша кетадигандек эди-ю, чиқа қолмасди. Мен эсам, ҳали суриб бўлинмаган Жийдалитепа устига чиқиб олиб, «Бўйноқ»лаб чақирмоқчи бўламан-у, хароба тепага чиқиб борарга ҳолим ҳам, мадорим ҳам йўқ. Бўйноқ аллақайси жар ё журда, тупроқ уюми остида қолиб кетганини, бу ерлардан кечиб кетолмаганини англаб турибман. Лекин тан олгим йўқ. Ақлим бовар қилмайди, бир итнинг кўз очиб кўрган ерларини ташлаб кетолмаганига... кечолмаганига...

Уйга борибоқ ойимларга ёрилдим:
— Ўша куни занжирлаб ташласам бўларкан. Бир кун ғингширди, икки кун ғингширди, кўникарди, ахир, — дедим аччиғимдан тушолмай.
— Бўйноқми? — дедилар ойим нима демоқчилигимни олдиндан англаб. — Сиёғидан маълум эди. Ҳали-бери кўниколмаслиги. Одам эмас-да, болам...

Беихтиёр Тўлавой қозоқни эслаб кетдим.

Ёши ҳам ойимлар тенги, лекин бузилган қўрғонидан бери келмай, келолмай юрибди-ку. Худонинг берган куни ўша ерда. Кун юз кўрсатмасдан бориб олади. Қўрғонидан ҳеч вақо қолмаган: вайронасини ҳам бир чеккага суриб, дўнгтепа қилиб қўйишибди. Уйи букилганидан бери кичкина тортиб кетган чол қўлини орқасига қилволиб, ўша тепа атрофида айлангани-айланган. Чивиқ топсаям чеккага, гувала учратсаям, бир ёнга тўдалайди. Баъзан эса, суриб ташланган уйнинг ўрнида чалпак дўпписини тиззасига қўндирганча, соатлаб ер чизиб ўтириб қолади. Нима излайди, нимадан кўнгил узолмайди, миқ этиб бировга оғиз очса-чи, йўқ! Ҳар куни келгани-келган, ўтиргани-ўтирган.

Бировлар «Тўлавой қозоқ отасидан қолган хазинадан умидвор», деса, бошқалар «Хеҳ, улардан нима қопти, ҳаммасини анави ков-ковда битта қўймай опчиқиб кетишган-ку», дейди. «Қатиқ тўкилсаям, юқи қолади-ку, биронта кўзача бордир-да», дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Ишқилиб, Тўлавой қозоқ нима йўқотган, нима излайди, нимадан кечиб кетолмайди — ҳеч ким жиддийроқ ўйлаб кўрмайди.

Ўзи ҳам миқ этиб бировга оғиз очмайди! Вайронада кезингани-кезинган. Эси кирарли-чиқарли бўлиб қолмаса эди, кошки, деймиз биз.

Азбаройи ачиниб, ойимларга айтиб бериб эдим: — Илоҳим, Худонинг ўзи тўзим берсин. Инсон ҳар йўқотганига аза очаверса, бир умр азадор ўтиб кетарди-ку. Туғилгандан бери жудо бўлган нарсаларимизни санаб адоғига етиб бўларканми?! — дедилар. — Бу жойлар ҳаммадан ҳам қолади. Ҳеч ким орқалаб кетган эмас. Бу жудолик бешикдан «чин уй»гача-ю, инсон тушунмайди-да, болам, Тушунса, йўқотганига ачинмасдиям, куймасдиям. Қайтага амалларини чиройли этарди...

Ойимнинг зоҳиран хотиржамликлари остида қандай туғёнлар кечаётган бўлса?! Беқиёс сабрлари тагида нечоғли изтиробу аламлар босилиб ётган бўлса! Хаёлимдан мен йўқотган энг азиз нарсалар бирма-бир ўта бошлади: тоғам ҳадя қилган ўша пичоқча ҳам, қулоқ радёлимиз, эски уйларимиз ҳам; Довлат лақабли итимиз, боғимиз ортидаги четини сафсар гуллар босиб кетган ўша ҳовуз, толзор кўчамиз ҳам... яна Маҳамад налугчи сандуғимизни очтириб опкетган, мен боламас да кийган зар тўним, укпарли дўппим, суриб, кўмиб юборилаётган Иззада бедарак йўқолган Бўйноғим кўз олдимдан айланиб-айланиб ўтар эдилар. Кў-зим эса жиққа ёш...

Биз эса, ниҳояти Яккабоғдан Каттабоғга — тоғаларимиз қаватига кўчиб борар эдик. Ҳали Бўйноқ ҳам йўқолмаган, ҳали у сойлар шарқираб-яшнаб ётар эди. Ҳали Барзан Сулаймон пайғамбарга кўрсатилган отлар сингари учиб юрар эди у сой ёқаларида. Ҳали Иззада қизлар ўғринча чўмиладиган Чўмилишлар омон эди. Султонмурод акам демаганлар «Бу оҳу кимнинг оҳуси?», деб сўроқлаб юрган кезлар эди. Беғубор, беташвиш дамлар эди, сафоли кунлар эди...

Қизил Тарам Олманинг Эгаси

Тоғам бир ишни бошламасинлар экан, бировгаям тиним бермасканлар, ўзлариям тинчимасканлар.

Биз «бегона жой»да — Сапура кеннойимнинг уйларида бир кеча ётдикми-йўқми, эрталаб турсак, уста кепти.

Ойим устага бир пиёла чой ҳозирлагунларича қариндошлар «Ҳорманглар-ов, ўртанглар тўлсин-ов», деб кириб кела бошлаб, янги жойимизни ҳам одам босди.

Кейин Усмон тоғам «ер эгалари, жой эгалари, бува-бувакалонларимиз руҳи покларига» бағишлаб Қуръ-он тиловат қилгач, оқ фотиҳа бериб, ҳамма ишга ёпишди: ким лой қорган, ким режа тортган, ким ғишт тера бошлаган.

Тоғам топган усталари ҳам бир ажойиб феълли, жаҳли тез одам экан. У ҳаммани шошириб ташлагани-ташлаган, ким дидига ёқмаса, ҳайдабам юбораверарди. Бу ёқда кун ёндираман дейди-ю, у киши «Ҳа, бўл!» деб қисташини қўймайди... Ахийри кун тиккага келиб, сояларимиз оёқ тагига қочиб кирган маҳал — ҳаммани катта тол тагидаги боғсупага тушликка чорлашиб, бизга ҳам озодлик тегди. Мен лойчелакни итқитиб, кўчага — анҳор бўйига уриб кетдим. Сувга ётиб олиб, роса балиқ бўлаётсам, қаёқдандир ишшайиб Соли етиб келди. Ёнғоқнинг дўмпайиб чиққан илдизига ўтира бошлаган эди, имладим:
— Туш. Маза бўпти сув.

Соли тилини такиллатди:
— Бир жойга ўтиб келай.

Бир шумликни бошлаш пайида эканини сезиб:
— Қаерга? — деб сўрадим.

У кўзларини ўйнатиб, товушини пастлатди:
— Биласанми, бир ерда... чиллаки... Мен қўл силтадим.
— Чиллаки уйдаям бор, Усмон тоғам опкептилар.

У сирли ишшайди:
— Яна бир ерда... қизил тарам олма...
— Ҳалитдан-а?
— Қизарганда қандоқ! Кўзинг ўйнайди!
— Қаердайкан?
— Сир бу...
— Ростингни айт!
— Ўлай агар! Шунақа қарсиллайдики...
— Кетдик!

Сувдан отилиб чиқдим. У ҳам сакраб турди. олдинма-кетин қувалашиб кетдик. Пастак деворлардан ошиб, ишкомлар орасига тушиб олдик, барра ўтлар тиззага уриб ётибди. Кимсасиз, салқин толзор кўчани кесиб ўтиб, аллақандай ҳовуз бўйига етиб бордик. Соли бош сермаб имлади:
— Бу ёққа.

Гадойтопмас бир чакалакзорга кириб бора бошладик. Боғ қаровсиз эди. Беҳию олча шохлари бир-бирига маташиб кетган, ҳаммаёқни маймунжон қоплаб, онда-сондагина баҳайбат тошнок туплари учрар эди. Девор ёқалаб пастак томли бостирмага етдик. У ердан яна сархоки емирилган девор ва гувалакли уй бошланиб кетарди. Соли тўхтаб, шипшиди:
— Келдик, сен манаши ерда тур. Чиқволгач, чақираман — чиқасан. Хўп?
— Бўпти, — дедим, аммо юрагим гупиллаб уриб ётибди. Секин девор тагига чўкдим. — Узинг оптушаверсанг-чи?
— И-и-и, шундан шу ёққа келиб-а? — деб тепага ишора қилди: — Уни қара.

Ростданам деворга қапишиб ўсган олма шохлари ярми оқ, ярми қизил тарам олмалар билан муш-мушакон эди. Назаримда, баргидан ҳам кўпроғов. Беихтиёр қизил тарам олманинг хушбўйини туйиб, «зўр!» деб юборганимни сезмай қолдим.
— Кетдим. — Соли шипиллаб деворга, у ердан олма дарахтига тирмашди.

Гарданим қотиб, тепага қараганча кутяпман, кутяпман. Ахийри Соли айри шохга етиб имлади ва мен ҳам кетидан тушдим. Олманинг тепасига чиқиб борарканман, кўзим бирдан ҳовлига тушиб, ё қудратингдан, деб юбордим.

Пастда ариқ, ариқ бўйи салқин райҳонзор, унинг чеккасида эса, бўйрадеккина супа кўринарди. Супага жой солиниб, хонтахта қўйилгану дастурхоннинг бир чеккаси қайрилиғ қолибди. Ўша қайрилган ерида ёлғиз ўсма сиқилган пиёла: бўйра чўпи пиёлага суялганча турибди. Ўсмани орзу қилган қошлар эгаси эса, хонтахта ёнига аста чўзилгану салқин элитибми, пинакка кетган.

Қўлларини ёстиққа ташлаб, бир гўзал ётишини кўриб, ҳушим оғиб қолибман. Соли гарданимга оёғини нуқмаганида, билмадим, яна қанча бу аҳводда турардим.
— Ҳов, мунча анқаясан? Термайсанми? — деди ярим шивирлаб.

Супада ётган қизнинг уйғониб кетишидан чўчиб, бармоғимни лабимга босдим: «Жим!»

Соли олма шохига қапишганча, ҳовлига разм солди ва бир маҳал:
— У-у-у, — деб юборди шивирлаб, — ўлибмиз-кув.
— Ўлганинг йўқ, овсар, кўрса ўласан-да, жим, — деб оёғига урдим.
— Ҳозир кўради! Ҳозир бошига одам чақириб, тутиб беради! — деди яна Соли ўтакаси ёрилиб. — Қочдик.
— Ўл-э, шу юрак билан шўтга бошлаб келдингми? Ухлаб ётибди-ку. Қочсанг, ўзинг қочавер, мен орқангдан етволаман.

Қайтага бу ўпка даф бўлгани маъқул. Ҳам олма устида ёлғиз қоламан.
— Хўп. Сенам тез бўл, — дея мушукдай эҳтиёткорлик билан шохдан-шохга ўтиб, туша бошлади. Аммо...

Ҳали битта ҳам олма узмасимдан бир нарса дув тўкилиб берди-ку! Ўтакам ёрилиб, пастга қарасам, солининг қўйни бўшаб, оқ-қизил олмалар ер билан битта бўлиб ётибди. Эгаси чўчиб уйғонган, лекин ҳали иима гаплигига ақли етмай, супада оёғини осилтириб ўтирар эди.

Соли:
— Қоч, ўлдинг! — дедию жон-жаҳди билан деворнинг нарёғига ўзини отиб, чакалакзорга уриб кетди.

Мен бир қаричча сирғалиб тушиб улгурдим, холос. Оёғим шохнинг айрисига қисилиб (о, қани тортиб ололсам), ўтирганимча қолдим. Қиз ялт этиб, бошини кўтардию кўзи менга тушди.
— Ие, сизмидиз, қайним?

Қаранг-а! Мен уни тепадан, ҳам ухлаб ётган ҳолида танимабман! Ахир, кечагина мени булоқдан тортиб олган ким экан?! У ўша кетмончи қизнинг ўзгинаси — Асол холамнинг келини эди!
— Эҳтиёт бўлинг, оёғингиз қайрилиб кетади, — деди кеннойим алланечук меҳрибонлик билан.

Яланг оёғимни айридан шу бўшатаман, дейман, қани бўшата олсам! Ахийри чиқариб олдим. Аммо товоним зирқираб оғрирди. Кеннойим бўлса, ҳамон олманинг тагида гиргиттон:
— Энди тушавуринг, қўрқмай тушавуринг, боғда ҳеч зоғ йўқ. Вой, сизни қаранг-у, бу ерга қандай кеп қолдийиз?
— Билмасам, — деб елка қисдим. Лекин ёнига тушиб боришга ҳамон бетим чидамасди.
— Тушинг-тушаверинг. Айтдим-ку, мендан бўлак ҳеч зоғ йўқ деб. Уй пойлоқчи бўлиб қолувдим! — У кулди: — Росаям зўр пойлоқчилик қилибманми?
— Зўр, — дедим сал ўзимни тутиб олиб, — тепага чиқволибмиз ҳам, билмайсиз.

Деворгача тушдим-да, оёғимни осилтириб ўша ерга ўтирволдим. Асол холамнинг келини ариқдаги сувда юзию қошини чайиб, кўрпача устида ётган сочиққа артинди-да:
— Шошмай туринг энди, — дея ариқчага ва райҳон ичига сочилиб кетган олмаларни этагига тера бош-лади. — Бахтийиз боракан, биттасиям эзилмабди.

Мен кулдим:
— Буни терган аллақачон жуфтакни урворди-ку. Мен энди чиққан эдим.

Кеннойим ёқимли жилмайди:
— Шунақами? Шеригизам бормиди ҳали?

Бош силкидим. Кеннойим тобора менга яқин келган эди, райҳон ислари гуркираб кетди.
— Кимийди? — дея сўради қизиқсиниб. — Мабодо... ўша кунги шеригизмасмиди?

Рости, ҳайрон қолдим. Шундай кўҳлик (кўҳлик дейиш ҳам кам! Моҳи қиз. Ойим «моҳитобон» дейдилар) қаёқдаги қароқчини сўраб ўтирса!.. Кимлигини билмайди-да! Билса, бетига ҳам қарамасди-ку! Ундай десам...

Мен бош чайқадим: «И-им».

Асол холамнинг келини (жавобимга парво қилмай) ариқдан ҳатлаб ўтиб, этагидаги олмаларни битталаб узата бошлади:
— Манг, у кишига ҳам... обборарсиз. Негадир оғзимдан:
— Ўғрилик нарсани-я? — деган сўз чиқиб кетди.
— Вой, нега ўғрилик бўлсин, мен беряпман-ку! — деди кеннойим бетимдан кўзини узмай.
— Майли, обор десангиз, оборавераман, — деб ғўлдирадим.

У ўсма ҳиди анқиб турган нозик бармоқлари билан ёқамни тўғрилаб, бетимни сийпаб қўйди.
— Фақат, мен берворганимни айтмайсиз-да, хўпми?
— Хўп.

Кеннойим олмадан бўшаган этагини қоқиб, ариқдан қайтиб ҳатлади. Ва уялибгина қараб, жилмайди:
— Шунақа, келиб туринг... олма егани.
— Хўп, кўриб олдим-ку, мана, — дедим мен ҳам чин дилдан. Қолаверса, бир қўйин олмалик бўлиб олиб ҳам йўқ дейманми?
— Хайр, — деди у ширин киприк қоқиб.
— Хайр, — дедим зўрға, ҳеч кетгим келмай.

У, яхши боринг, қайнижоним, деган каби им қоқди. Мен ноилож оёғимни деворнинг бу ёғига оширдим. Сархок шувиллаб тўкилиб, мен бу ёққа тушдим, кеннойим девор ортида қолаверди.

Қўйнимда бир талай олма, нимасинидир йўқотган дарвешдай чакалакзорда ҳайрону лол турибман. Кўз олдимда бояги ширин им қоқиб турган суврати, «Тавба, шу ёқларда турарканми Асол холамнинг келини?» дейман.

Сўнг бир амаллаб ҳовуз бўйига чиқдим-у, у ёғига яна қаёққа юраримни билмай қолдим. Тавба, қанақа жин топмас жойлар экан бу ерлар?

Бундай қарасам, ҳовузга сув бир ёқдан кириб, иккинчи ёқдан чиқиб ётибди. Шу ариқ ёқалаб бораверсам, анҳорга чиқиб оларман, ахир, дея кета бошладим. Ўзим сув ёқалаб боряпман-ку, кўз олдимдан бултурги воқеалар кетмайди.

Қизил Паранжи

Биз никоҳ ошига боролмай қолган эдик. Борганлариинг ҳикояларига маҳлиё бўлиб, ариқ бўйида тизилишиб ўтирар эдик. Тўйхонада гулхану машъалаларни ёқиб қўйиб, келинни кутишмоқда. Куёвтўра — Баҳриддин акам жўралари билан қўшни Анвархўжа тоғаникига кириб кетишган, тортишмачоқ олдидан жиндай маишат қилишаётган эди, чамаси. Кутилма-г.шда пақ-пуқ ўқ овозлари эшитилиб, тўйхонада қий-чув кўтарилди. Биз сапчиб туриб кетдик.
— Вой ўлмасам, шундай кунда облочи босадими? — дсди хотин киши чинқириб, — балогинага йўлиққур, оировнинг тўйини азага айлантирадими?
— Қатни босибди? Қаттайкан?
— Қани ўзи? Ўзлари қани?
— Кимни қидириб кептийкан? Кимни дедийиз?
— Вой, қочибдими? Қочишибдими?

Пайдар-пай саволлардан ҳеч нарса англаб бўлмасди. Биз болалар ўқ чиққан томонга югуриб эдик, хотинлар қувиб солитттди:
— Сенларга нима бор-а, уйларингда ўтирсаларинг-чи!

Хотинларнинг ҳай-ҳайига ҳам қарамай, ишком оралаб кетган Алиакбар ваҳимали гап топиб келди:
— Куёв йўқмиш, жўраларийам йўқмиш! Ҳаммалари қаёққадир уриб кетганча, қайтишмабди.
— Облочилар-чи?
— Қувиб кетишганмиш Иззага қараб.

Шу ғала-ғовур ичида боғ оралаб: «Баҳриддин-ув! Баҳриддингинам-ув»лаб чопган Асол холамни ахийри алдаб-сулдаб, қайтариб олиб келишди. Холам изиллаб йиғлай-йиғлай, йиғиларини ютолмай, келин тушадиган уйнинг зинасида ўтирганича ўтириб қолдилар.

Ниҳоят, Тегирмон кўчада янгаларнинг ёр-ёр саслари янграб, улар тушган арава қаттиқ ерда «қатирлаб» кела бошладию биз кўчага чопдик.
— Йиғлама қиз, йиғлама,

Тўйхонада олов чирсиллайдур, ёр-ёр,

Ёр-ёримиз эшитган,

Куёвтўрам юраги жизиллайдур, ёр-ёр,

деб куйлашарди улар.

Бу ёқда эса, куёвтўра қайси жарга уриб кетганини ҳеч ким билмайди. Облочи босганида қўшилишиб қочган жўраларидан биронтаси қайтса-чи, улар ҳам йўқ. Яқинлашиб келаётган ёр-ёр овозини эшитиб, зинада ўтирган холам бир йиғига тушиб бердилар, бир йиғига тушиб бердилар.
— Худо-ой, бу кунингдан жонгинамни олақоло-ой! Ҳамма қолиб мани асрандимни кўрибдими буларинг-ой! — деб бир айтиб йиғлай кетдилар, бир айтиб йиғлай кетдилар. Катта ҳам қўшилишиб йиғлади, кичик ҳам. Аёллар бир тўда, биз бир тўда бўлиб олганмиз. Ҳеч ким кетолмайдиям, яқин бора олмайдиям. Бир вақт ҳарсиллаб-лорсиллаб Нусрат почча етиб келдилар.
— Ҳай-ҳай, ҳай янга, элдан бурун бу нима ишингиз? Уят бўлади-ку, — деб холамни ичкари олиб кириб кетдилар. Сўнг қайтиб чиқиб, ҳаммани тартибга чақирдилар: — Ҳой яхшилар, омон бўлгурлар, сизларга нима бўлди? Қудаларни шундай кутиб оласизларми? Боринглар, ҳар ким ўз ишини билиб-билиб қилсин. Келинимизни иззат-икром билан тушириб олинглар. Ҳой, Фаридабону, болаларга айтинг, оловга ўтин ташласинлар! Дастурхончи қаерда? Мохорага қарамайсизларми? — Кейин дарвоза олдида довдираб турган сурнайчиларга буюрдилар: — Ҳой, метал, чалмайсанми, тўй тўйга ўхшасинда бундай.

Яна чоп-чоп, ғовур-ғувур авжга минди. Яна машъалаларга жон кириб, сурнай ўз навосини янгитдан бошлаганида келин келиб тушди. Сочқилар сочилиб, палак остида олов атрофига олиб кела бошлашди. Бизнинг бир кўзимиз сочқида бўлса, бир кўзимиз палак остида. Келинни кўриб қолармиканмиз деб мароқланамиз. Лекин янгалар ҳам анойимас. Сариқ духоба палакни сал баланд кўтариша қолмайди. Ёр-ёр билан пича ўйин-кулги қилиб турган бўлишдию, сўнгра тортишмачоқ бўладиган уйга кириб кетиб, у ерда жим-жим гўшанга ортига ўтказиб юборишди. Деразадан хиёл кўриб қолганим шу бўлдики, келин оловдек қизил духоба паранжида экан!

Алламаҳалда Баҳриддин акамнинг жўралари қай-тиб келишди. Аммо ўзи ҳам, энг яқин куёвжўраси ҳам йўқ эди. Улар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмасди. Шунда «облочини Акмал ўрис чақиртирган экан», деган шивир-шивир юриб қолди.

Бир ҳафтадан кейин эса, куёвжўрасини тутиб, аскарликка жўнатишибди, деган хабар чиқди. Аммо ўзидан бирон дарак бўлмади.

Кеннойим шу тушганича, олти ой кутди. Кейин кетди... Мана, қаерда тураркан...

Тавба, ариқ ёқалаб юрганим сари унинг бериб тоборган олмалари қўйнимда ширин-ширин сийпаланар эди: энди бу олмалар Баҳриддин акамгамас, бошқа бировга аталган эдилар.

Беда Гулида Ўрилади

Томсувоқдан кейиноқ янги жойимизга кўчиб чиқ-сак керак, деб ўтирувдим. Йўқ, Сайидориф почча пахсага сув бостириб, лой ётқизишга, ҳовлимизни гир айлантириб девор уришга тушиб кетдилар. Қўлдош тоғам шунақа деб тайинлаганмишлар: уйнинг сувоғлари шамоллаб-қуригунча девор ҳам битсинмиш.

Бир ҳисобда яхши. Ҳозир шу янги уйимизга кирдим дегунча, ачиган лойнинг ҳидидан бошим айланиблар кетади. У қуриб-селгиш оддидан шунақа зўр гуркирар эканки, тавба. Лекин бир чиройли уйлар чиқди.

Бугун қўлни орқага боғлаб, кечгача лой тепдик. Дунёда энг бемаза иш шу лой тепиш бўлса керак: селкиллаб тепавурасан, тепавурасан, бир изингдан ўн-юз бориб келасан, қани пиша қолса, бу лой деганлари... Бел тахтадек қотиб, оёқларинг лойга айланади, ҳеч нарсани сезмай ҳам қоладики, қани иш тугаса. Кеч туша қолсаю Иззагами, бир ёқларга қочиб кетсанг...

Ниҳоят, узундан-узун чўзилган кун ҳам кетиб, офтоб нурлари дарахтларнинг устига ина бошлади. Арзимаган нарсалар ҳам узун бир соялар ташлаб, салқин эпкин билан кечки шабада юрди. Ўчоқдаги олов янаям гуриллади. Ўша ёқда куймаланиб юрган ойим овоз бердилар:
— Ҳой, болагина, сигирингга борақолгин. Қаровсиз қолиб, учов-рўдаси узилгандир. Бедапояда эди. — Озодлик текканидан қувониб, шаталоқ отиб кетишимни билгандай, қўшиб қўйдилар: — Озгина ўтлатиб келарсан?
— Хўп, ойижон.

Бирпасдан кейин шундай пастимизда — Иззага қадарли чўзилиб кетган янги ўрилган бедапояда чўкиртаклари товонимга ботгани ҳам билинмай чопиб-ўйноқ-лаб борардим. Ҳали қуёш узокда — Худо билсин, Аччи қирларидан ҳам наридадир — уфкда бир тоғора ўтдай ёниб-яллиғланиб турар, унинг зарҳал қорилгандай нури юпқа зар рўмолдайин далалар устида ётар, ҳар замон кунботардан эсган бир эпкин уни тагидан кўтариб, пирпиратиб тургандайин эди.

Ҳамма ёқдан бир ажиб ҳидлар анқиб, бедазорда югургинг-елгинг, ўмбалоқ ошиб яйрагинг келади. бедага ўроқ тушиб, оламни беда гулининг ҳиди тутиб кеттанки, қўявурасиз. Шу тобда бир ғарам беданинг устига чиқиб чўзилсанг борми, оҳ, бунинг гаштига нима етсин.

Думбаси селкиллаб қолган қўзилар онасининг атрофида диконг-диконг сакрайди. Қорни дўмбира бўлиб кетган моллар ҳам пишиллаб-пишқириб ўтга ёпишади: қоронғи тушгунча қоринга киргани ҳарна ғанимат-да.

Ҳамма қайтяпти-ку, бир мен бедапоянинг ўртасидан ўйноқлаб-югуриб, Иззага тушиб бормоқдаман. Сигирим ўша пастда. Тезроқ бориб ечиб юборсам, бирпас яйраб қолади. Кейин ўзим юмшоқ жой топиб, биир чўзилсам...

Яхши ният ярим мол-да. Сигиримни қозиқдан чиқариб, бундай қарасам, бир арава беда ортилганча тоғ бўлиб турибди. Отлари ҳали аравага қўшилмаган ҳам. Нарироқда бўйинларини бўйинларига қўйиб, беозор ўйнашмоқда. Паншаха охирги боғ бедага санчилганча қолган.

Аравакаш Султонмурод акам бўлса керак, отлари таниш, лекин ўзи бу атрофда кўринмайди. Ҳойнаҳой Иззага тушиб кетган. Келгунича бедасининг устида бир чўзилмайманми! Шипиллаб араванинг тепасига чиқиб кетдим ва ўзимни беда устига отдим! Оҳ-оҳ, бунақа мазани қаердан ҳам топасиз?!

Ойнадек осмонга қараганча, чалқанча ётибман — таним, оёқларим, белим бир яйраяпти, ҳеч нарсани ўйлагим, ҳатто қимир этгим келмайди. Кўзларимни ҳам юмиб олганман. Қани энди шу ётганча ғарамга сингиб кетсам. Биров бир нарса демаса, ҳеч ким тополмаса...

Ундай десам, Султонмурод акам шунча бедани ортиб қўйиб, ўзи қаёқда юрибди экан? Хаёлим қочиб, ўнгарилдим!

Қарасам, Иззанинг нариги бетида биров кўринади. Шундай қиямаликда, кўприк ёқасида. Чимзорга ён-бошлаб, йўл пойлаяпти. Демак, акажоним анув жигаридан урганни кутяптилар. Кўргилари кепқопти.

Ғашим келиб, бу ёнбошимга ўнгарилиб олдим. Пойласа, пойлаб ўтмайдими! Баҳонада мен бир маза қилай. Роҳат-ку бу ётиш. Бундан ортиқ мазани яна қаердан топаман?

Лой тепаверганимдан тахтадай қотиб кетган белимга, болдирларимга юмшоқ беда шундай ёқяптики, нарёғи йўқ.

Беда гуркираб аллалайди. Аллақандай бир ўтнинг бошоғини қўлимга оламан-да, бандини ҳардамхаёл чайнаганча... кўзим илинибди. Бир маҳал улар тушимда (ё тавба!) бошлашиб, мен томон келишаётганмиш. Аниқ-таниқ кўриб турибман. Улардан бошқа ҳеч киммас. Бир ў (лари. Иззадан чиқиб келишяпти. Акамдан бир қадамгина оддинда сочини ўрганчами, ўйнаганчами, у...

Ана, сочини орқасига бир чиройли итқитдию, акамга кулибгина қараб қўйди. Баҳриддин акам қолиб, энди упи топиб олибдими? Уни ўлдига чиқариб, холамни қон-қон йиғлатиб, ҳали шу йўлларга кирибдими? Шошмай турсин, шошмай!..

Қоним қайнаб, сакраб туриб кетгим келади-ю, нимагадир қаддимни кўтаролмайман. Худди биров кўкрагимга минг пудли тош бостириб қўйгандай. На қўлимни, на оёғимни қимирлата оламан. На ўнгарила оламан, на юзтубан тушиб, юзимни бедаларга буркай оламан. Бунданам ортиқ хўрлик бўларми?!.

Хафалар бўлиб кетган жойимда бирдан бу ниҳояти туш эканини эслаб, енгил тортиб кетдим. Худога шукур-эй, туш экан-ку, уйқумни бузишга арзимаскан-ку. Ётибман-ку, ахир бедага кўмилиб, маза қилиб. Бундай роҳат қаерда бор? Борми? Бир умр шундай ётаверсам эди... Кўзимни очгим келмайди. Лекин атрофдаги тиқ этган товушгача, барчасини эшитиб ётибман. Қаердадир тўрғай чулдираб, устимдан бир гала чумчуқлар учиб ўтдилар. Узоқда бузоқ онасини қўм-саб, ўксиб-ўксиб, маърайди. Иззанинг нариги бетидаги экин ичида бедана «воғ-во, воғ-во»лаб қўяди-ю, сайраб юборолмайди.

Бир маҳал шундай пастда, ҳойнаҳой араванинг бу ёнида биров энтиккандай бўлди. Қиз бола шекилли? Ё менга шундай туюлдимикан? Кейин... ялинчоқ оҳангда шивирлагани эшитилди:
— Қўйинг, энди мен борай, жон Султонмурод ака...

Ғалати бўлиб кетдим. Лекин қимир этолмайман, қимирласам қани. Қилт этсам, сезиб қолишади.
— Бирпасгина сабр қилинг, Марғу, — дея ўтинди акам, — сизга гапларим бор.
— Айтадиганингизни айтинг, ўтинаман сиздан. Бу аҳволда турмайлик, қўйворинг энди.
— Хўп, ана... Фақат, айбга буюрмай, очиғини айтасиз.

У бўшадди шекилли, иккиси ҳам шивирлашга тушдилар.
— Сўрайқолинг, сиздан нимани ҳам яширай.

Султонмурод акам чайналгансимон бўлиб:
— Биласизми, мен унинг тақдирини, ўзи нима бўлганини билишим керак. Билишга... қасам ичганман. Аниқлай олмасам, Султонмуродлигим бекор! Тушуняпсизми? — деди.

Марғу кеннойимнинг хўрсиниғи эшитилди:
— Мен нимаям дей. Ўзларини яхши-ёриқ кўрмаган... бўлсам. Ачинаман, аммо иложим қанча...

Акам ўзи билмай қолди шекилли, овози бир баланд чиқиб, сўнг яна шу заҳоти шивирлашга ўтиб, деди:
— Йўқ, сиз тушунмадингиз. Мен биронта яниб ё қасдлашиб юрган бормиди демоқчиман.
— Вой, ростданам... Анув Акмал ўрис ўлгур бир кун йўлимни тўсувди.
— Тўйдан олдинми?
— Ҳа, анча олдин.
— Нима дейди?
— Агар ўшанга тегсанг, эринггаям, ўзинггаям жавр қиласан, бир кунам турғазмайман, девди.
— Кейин дим-дим кетдими ё?..
— Яқинда кўрдим.
— Хўш?
— Ўйлама, мендан қочиб қутулолмайсан, деб ишшаяди, балога йўлиққур.
— Сиз-чи?
— Икки дунёдаям... тегмасман, ўша лўқ кўзга.
— Мениям йўлдан суриб ташласа-чи?..
— Ҳеч-да. Топган гапингизни-чи!.. Башараси қурсин унинг! — деди у азза-базза хафа бўлганнамо оҳангда.

Султонмурод акам эркалади.
— Ҳазиллашдим. Сизни унга бериб қўярканманми! Ҳали шошмай турсин!

Асол холамнинг келини бирдан яна кетиш дардига тушиб қолди:
— Энди мен борай, шусизам қанча қолиб кетдим,— деди.
— Бирпас туринг, Марғу? Ҳозир ой чиқади гўзал бўлиб...
— Сизнинг бирпасингиз кўп.
— Ўша кўпи яхшимасми?
— Ози яхши. Бўлмаса, ширини қолмайди, — деди Марғу кеннойим, юлқиниб чиқди шекилли, чопиб кетаётгани эшитидди. Сал нари бориб (энди менга ҳам яққол кўриниб турарди): — Хайр, ўша ойни сизга Вера қолдим, — дея шитоб кета бошлади.

Бу ёқда Султонмурод акам «хайр» деганича жим қолди. Аммо овози бир оз синиқроқ эди. Кейин у ҳам оглари томон жилди.

Мен яна ёлғиздан-ёлғиз қолавердим. Турай дейман, туролмайман. Кўзимни очай дейман, очолмайман. Ҳозиргина беихтиёр эшитганларим ўнгиммиди, тушиммиди? Кўзимни очсам, ўнгим бўлиб қолишидан қўрқаман. Очмай ётаверсам, акам ҳозир қайтиб келади...

Балки булар ҳаммаси хаёлдир? Аммо аниқ эшитиб ётибман: Иззанинг нариги ёғида бедана «пат-палақ»лар, бу ёқда Султонмурод акамнинг отлари кишнаб, гир айланиб чопар эдилар.

Нима бало, аламини улардан олмоқдами? Жониворларда нима айб?
— Маразлар! Па-па-паранжингга урай! Йўқол! — дея сўкина-сўкина сув кечиб, ботқоқларга ботиб, қора мўндидай қорайганча, Иззанинг у бетидаги тепаликка тирмашди. Зўр-базўр чиқиб тиккайди-да, қорнимизни ушлаб, чимга ағанаб-ағанаб кулаётган бизлар ҳам қолиб, Иззани кечиб ўтолмай турган Ойжамолга ўшқирди:
— Ўл-а! Утолмадинг-ку! Бу кунингдан баттар бўл!

«Бу гапга чидаёлмаган Ойжамол» липпаларини кўтариб, азза-базза сув кеча бошлаган эди, бирдан паранжиси бошидан сирғалиб тушиб, у ўзимизнинг қора Толиб бўлиб чиқди!

Биз чимга думалаб-думалаб куламиз, ичимиз узилиб кетмасин, деб қоринларимизни чангаллаб олганмиз. Бир пайт Мирзараҳим ташлаб қочган толчивиқдаги балиқларни тоғаваччам ўт орасидан кўтариб олаётганини кўриб қолдим. Кулгим ҳам қочиб кетди: «Вой, иблис, вой, аблаҳ-эй! Ҳали шундаймисан? Бу сенинг ишингмиди?», дедим ўзимча ва аста туриб унга яқинлаша бошладим.

У ўз қилмишидан мамнун, ишшайиб турар, менинг ниятимдан ғафлатда эди. Дабдурустдан унинг юзига тарсаки тортиб юбордим. У қалқиб, толчивиқдаги балиқлар ерга учиб тушди.
— Ол! — дедим ортиқча гапга ўрин қолдирмай. У олди.
— Бу ёққа бер!

Ҳамма нима гаплигига ақли етмай, турган ерида туриб қолди.
— Мана, шуми? Сўрасанг, беравураман-ку! — деди Соли балиқларни узатиб.

Мен эсам ўзимни босолмасдим:
— Қилган бўлса, Худо уни шундай қилиб қўйган, энди ўшаникини ҳам тортиб олгин!
— Бопладинг, Мақсуд! — деди кимдир.
— Ўчир овозингни! — дедим қайрилиб.

Болалар ер сузиб қолишди. Мен тепага — Мирзараҳимнинг олдига чиқиб улгурмаган ҳам эдим, ўша ёқдан икки одамнинг қораси кўринди. Биринчисини бир қарашдаёқ танидим. У биз болаларнинг жон-дилимиз — пўчтачи Мирҳомид амаки эди. Бу одам қўллари калта-калта, ўзи хунук, худди букрига ўхшаб энкайиб юради, лекин пўкисларини кўрсангиз! Кўзларимизни бақрайтириб, қўлларини тепамизда айлантириб туриб, кимнинг қулоғи, кимнинг биқини, яна кимнинг қўлтиғи тагидан ҳали ёнғоқ, ҳали қурут чиқариб бераверади, бераверади. Қойил қолмай кўр-чи?

Ана шу одам нотаниш бир йигит билан бирга Мирзараҳимнинг ёнида турарди.
— Ие, қўшни, дўппингни устига каптар бола очиб кетипти-ку, — деб ҳазиллашди у.

Мирзараҳим қўлини силкитди:
— Боринг, боринг-э.

Пўчтачи гапидан қолмади:
— Ишонмайсанми?

Мирзараҳим энди ундан нари қоча бошлади:
— Кап-кап-каптариззи пишириб енг!
— Хўп, майли. Унда балиғингни опкет. Опанг пиширсалар, опчиқарсан, — деди у ниҳоят муросага келиб.

Сўнгра бирдан мени кўриб қолди.
— Ия, пакана пистон, ўзингмисан? Зап учраб қолдинг. Энди бу ёғига бу меҳмонни ўзинг опкетасан.

Меҳмон соч қўйиб, кепка кийган бир йигит эди. Эгнидаги оқ жужунча кўйлак-шими ҳилпираб, кўзлари олма-кесак териб турарди. Нари борса Султонмурод акам тенги, лекин ғирт бегона. У менга бошдан-оёқ қараб чиқиб, илжайди:
— Окасини тукигаям... ўхшамайди-ку? Мирҳомид амаки ҳам бўш келмади:
— Бу бола бошқача бола, окаси бунинг тукигаям... ўхшамайди. Ҳали кўрасиз.

Меҳмон пўчтачининг елкасига қоқиб кулди:
— Ростданам қизиқ одам экансиз, бобой. Гапларингизни соғинсак, топтириб кетамиз. Йўқ демайсиз-да?
— Жоним билан, — Мирҳомид амаки иккала қўлини кўксига қўйиб, мулозамат қилди: — Бир оғиз хабар бердирсанглар, бас.
— Рухсат, бобой, рухсат. Шу томонларга ўтсак, албатта, дўланангиздан еб кетиб турамиз.

Мен ичимда кулдим. Мирҳомид амакининг шунақа одати бор: фокусларини кўрсатаётганида, тўдага келиб кўшилган ўткинчиларнинг иккала чўнтагини дўланага тўлдириб қўяди. Ана шундан кейин ҳам унга ишонмай кўрсин-чи!

Мен балиқларни Мирзараҳимга тутқазиб, меҳмонга ҳам қизиқсиниб, ҳам ёқтирмайгина ўгирилдим:
— Сизга ким керак, ўзи? Биз бу ёқлардан кўчиб кетганмиз.
— Қанғли деса, «қани, қани»лаб зўрғатдан топиб келувдим. Энди оканг «Туваюжа тушиб кетганмиш. Хўб, маза жойни топибди-да! — Меҳмон ўзининг ас-кпясидан ўзи завқланиб кулди.

Мен тумтайдим.
— Тувак эмас, Тубан, Паст кўча дегани. Охири берк.
— Ў-ҳў, ростданам бошқача экансан-ку. Зардангам зўр, билимингам. — У елкамга қоқиб, секин итарди: — Бошла, пакана пари.

Мен унинг юзига ялт этиб қарадим:
— Ўзингиз-чи, нимасиз? Найнов-анқовми?
— Нима десанг, шу. Лекин сен чинданам пакана парисан. Юр, юр.

Мен унинг олдига тушиб, йўл бошларканман:
— Султонмурод акам айтган-да, шундайми? — дея сўрадим.
— Нимани, «пакана пари»ними? Ҳеч-да, туришинг айтиб турибди-ку. Сен бўлса, аччиғланиб ўтирибсан. Фахрлан, бу калланг, фаросатинг билан, пакана пари, ҳали узоққа борасан. Окангга эргашма, — У Иззадан сакраб ўтиб, менга танбеҳ бера кетди: — Унга ўхшама.

Жаҳлим чиқди:
— Акамга нима қипти? У ямланди:
— Ў-ў!.. Албатта, ҳеч ким оканг бўлолмайди. Ундай мард, танти, нима десам экан, жавонмардни икки дунёдаям тополмайсан.
— Жавонмард деганингиз нимаси?
— Жавонмард... ҳалиги, ҳеч ким олдига тушолмайдиган одам.

У олдинга ўтиб олиб, пича жадаллашди. Мен пилдираб эргашдим:
— Жангчими?
— Жангчиниям қўрқмаси! Бўй бермайдигани!
— Қароқчи экан-да?
— Қароқчиниям марди!

Мен кулдим.
— Шунинг учун бу ёқларда... юрган экан-да? Кутилмаганда меҳмон қайрилиб, елкамга човутини ташлади:
— Сен, бола, нималар деб валдираяпсан? Бир уриб ерга киргизиб юборсам, ана ундан кейин биласан унинг кимлигини. Тағин укаси эмиш! Мишиғингни эпласанг-чи аввал.

Сўнгра у яна юриб кетди.
— Нега унда одамлар...
— Оғзига кучи етмаганлар ҳар балони тўқийверади-да. Қўли билан ушлаган жойи бораканми? — деди у йўлакай яна ўгирилиб.
— Йўқ.
— Во! Ҳаммаси пуч гаплар! Сен бўлса, ор қилиб юрибсан. Яна «пакана пари» эмиш! Ўзинг анқовсан, билдинг?!

Айби бўйнига қўйилиб, сувга пишиб-пишиб олинган болакайдай ғинг дея олмай қолдим. Жимгина айланиб ўтиб, яна олдига тушдим-да, йўл бошлаб кетдим.

Девор Ортини Кўрадиган Одам

— Ўзи қатта? — деди анчадан кейин меҳмон бояги ҳовридан тушиб.
— Калхўзда, арава минвотти.
— Бугунам кетганми?
— Кетган.
— Топа оламизми?
— Бўлмасам-чи! Аввал отхонага кириб ўтамиз. Араваси кўринмаса, шийпонда бўлади. У ердаям бўлмаса...
— Ҳа, ана энди ўзингга келдинг. Менга тезроқ топиб берсанг, бўлди. Ров кўраману ров қайтаман.

Мен бу оқ жужун кўйлак-шимли, тағин ёзда оқ кепка кийиб олган тасқарани қошдан қовоқ қайтармай бошлаб кетяпман-у, тинмай ўйлайман. Бу қитмир-кепка ким бўлди экан? Султонмурод акамни пошшодай кўришидан булар бир товкадан шекилли? Тағинам бояги гапим учун бошимга уриб, пўла қилиб қўя қолмади. Мен аҳмоқ бунинг жиғига тегадиган гап қилиб ўтирибман-а. Ҳали ошнаси бу ёққа ўрнашиб олсин, бунақа сўраб келгувчи дайдиларнинг ҳисобига стиб бўлмай қолинса керак.

Биттаси анув кунгисимиди? Мўмин тоғаникига тушиб, Парпи бебахтлар билан олишиб юрган? Балки бу оқ кепка ҳам ўшаларнинг биттасидир, уни жуда яхшигина таиир, нима бўлганини билар? (Дўхтирхонадан тузалиб чиқиб кетдимикан ё?.. Ҳали қасдини олгани келибам қолар.) Ичим қизиб, секин ижикилашга тушдим:
— Сиз акамнинг ҳамма ўртоқларини танийсизми?
— Қанақа ўртоқлари? Қил ўтмас ошналариними? — У сезгир экан, афтимга ғалати қараб қўйди.

Мен у кунги чапанини қайси тоифага қўшишни билмай (жонажони десам, орқасидан келиб юрибди, яна ёнидан суврати чиқибди, жонажон демасам, акам уни извошга солиб, дўхтирларга опкетди), ҳарқалай:
— Энг яқинларини-да, — дедим.
— Энг яқини? — Оқ кепка яна ҳам ажабланди. — Нимайди, пакана пари?

Мен оёғимиз остидаги (биз икки пайкал оралаб чиқиб борамиз) сўқмоқда ғимирлаган чумолилар карвонини (улар аллақандай ўтнинг бошоғини ортмоқлаб олибдилар) босиб олмасликка тиришиб, илгарилар эдим:
— Анавинда сизга ўхшаб биттаси келувди. У сергакланиб, кафтини кифтимга ташлади:
— Сўроқлабми?

Мен излаб дейишни ҳам, эргашиб дейишни ҳам билмай елка учирдим.
— Қачон? Анча бўлдими?
— Уч ҳафта бўлгандир-да. Қоратошлик экан. Балки танирсиз?
— Кўриниши...
— Кўриниши найнов, сочи қошининг устига тушиб кетавуради... Ўзиям хўб чайир, хўб читтон экан: кўз очиб юмгунча учтасини чўзилтириб ташласа бўладими!
— Э-ҳа, уми? Турғун чочол дейдилар уни. — Биз Қаюмбек амакининг тепаси ёқалаб, ёнғоқлар таги билан чиқиб бора бошладик. — Қўлига тушгулик қилмасин! Қўли гурзи-ку унинг!..
— Унга нима бўлганиниям биласизми? — дедим мен.

Ҳозиргина таниб, билағонлик қилиб турган одам... бирпасда оғзига талқон солиб, тумшайиб олди-қўйди. Бир нарса сўрашга ҳаддим сиғмай ҳам қолди. (Аммо олдинма-кетин бошлашиб кетяпмиз.) Ниҳоят, у чирт этказиб, четга тупурди:
— У акангнинг ҳеч қанақа дўстияммас, танишиям. Ўтириб чиққан, закун вор! — деди аллақандай зарда билан, худди билмасанг билиб ол, деган каби. — Аканг — галварс, икки дунёдаям бировга эл бўлмайдиган одамни — Худонинг бошли-кўзли ғазаби-ку! — ўшани ўлимдан сақлаб қопти! Бир-бирининг гўштини еб ўлмайдими! Нима қилади аралашиб?!
— Мен билмасам, — дедим қўрқиб кетиб. Лекин унинг ўша Муржумандаги олишуви, Парпининг йигитларини битталаб чўзилтиргани кўз олдимдан ўтиб, бу ё маҳоват қиляпти, ё биров билан адаштиряпти, деб ўйладим. Рост-да, шунақа қаҳри қаттиқ одам Мўмин тоғанинг олдига келиб, ҳалиги гапни айтарканми? Тавба йўлини сўрарканми? Ҳеч-да!
— Чиқибдими тузалиб? — дедим секин.
— Тузалиш ҳам гапми?! Ном-нишонсиз даф бўпти!
— Қаёққа?
— Қаёққа бўларди, ўзининг мамлакатига-да. Аристонлари орасига, — деди у.

Тушунмадим: Мўмин тоға айтган тараф-чи? Бормаптими барибир? Мен азза-базза тўхтаб, меҳмоннинг афтига анграйдим:
— Кимлар орасига дедийиз?

Оқ кепка илиқ жилмайди. Кутилмаганда бошимни қўлтиғига тортиб, ўзича эркалади:
— Тушунмаганинг ҳам, билмаганинг ҳам яхши, пакана пари. Ҳавас қилма уларга! Улар бўлак мамлакатнинг одамлари. Улардан яхши одам чиқмаган. Кетдик-кетдик. Сен менга акангдан кел. Уни тезроқ топ. Тезроқ, — деди бу гапларга нуқта қўйиб.

Мен эсам: «Сизлар-чи, акам-чи, қайси мамлакатнинг одамларисиз?», деб сўрагим келиб турибди-ю, сўрай олмадим. Иймандим, рости.

Акам отларини ёнғоқ тагига қантариб қўйиб, ўзи шийпонга қўр тўккан, Саъдулла дўкай иккиси ҳовуз бўйига жой солдириб, маишат қилишаётган экан. Умрим бино бўлиб бунақа зўр баҳаво жойни биринчи кўришим эди. Оғзим очилиб қопти. Шийпон шундоқ тепаликка, ғир-ғир шабадаларга кўкрагини очиб қурилган, пастда бир ажойиб далаю боғ офтобнинг живир-живири остида ётар эди. Шундоқ остимизда қатор-қатор ишкомлар. Биз турган тепаликдан бир-бирига мингашиб кетган Бўзсув адирларини, ҳатто ундан у ёғини ҳам — кўз илғамас ерларгача — соатлаб томоша қилса бўларди. Яна дўнгликдаги ҳовуздан салқин уфуриб, ариқларда сув чулдираб ётибди.

Райҳон исини гуркиратиб, бир кўсанамо одам олди очиқ ошхонадан пилдираб чиқиб келдию худди товуқ кўригандек товушини пастлаб, бизни ҳайдай кетди:
— Ҳай, фишт, фишт дейман! Тезда қуринглар бу ердан! Ҳай, ман сизларга айтвотман, оповсилар.

Тавба, қилиғи қизиқ экан бу одамнинг. Хотин десанг, хотинчамас, эркак десанг, эркакчамас. Шунақаси қам бўларканми? Бу орада у тепамизга келиб, энди эркакча «ҳайқира» бошлади:
— Мен нима дедим? Қурийсизларми-йўқми? Шу к,амчиним билан бир урай — ўласизлар...

Қамчини бир толчивиқ эди, кўриб кулиб юбордим. Шу маҳал ҳовуз бўйидан ширакайф овоз келди:
— Ҳайдарбек ака, ким у, сиззи хит қивотган? У энди бизнинг ёнимизни олишга тутпди:
— Ҳозир, ҳозир. Мана, кетишвотти, оповси. Адашиб кириб қолишипти. Кечирасизлар-да, бир қошиқ қонларидан ўтасизлар-да, ўргилайлар!

Бошқа пайт бўлганида, думалаб-думалаб кулар эдим: одам ҳам шунақа тез туслана оладими? Бир қарасанг, дуппа-дуруст эркак, бир қарасанг... нима бало, атай қилвоттими? Қизиқчи бўлса керак-да. Боғ қоровули қилиб ишга олинади-да, келган-кетган меҳмонларнинг кўнглини хушлаб юради. Хўб аломат одамлар бор-да: ўзини минг кўйга солади, яна уялмайди.
— Энди кета қолинглар, ўргилайлар. Биргадимизнинг аччиқлари тез-а.

У азза-базза йўлимизни тўсиб, елкамизга қоқиб-суқиб, ҳайдай бошлади. Ҳайратим аста-секин нафратга айланиб, унинг юмшоқ қўлини силтаб ташладим.
— Қанақа одамсиз ўзи?! Мен акамни қидириб келдим! Унга меҳмон опкевотман. Кўрмаяпсизми, ахир.

Боғ қоровули сурма қўйгандек сузук кўзларини жавдиратди.
— Кимга дедийиз? Йигитларнинг гули Султонмуродхонгами?
— Ҳа-да.
— Аввалроқ шундай демайсизми, ўргилай.
— Гапиргани қўйсангиз экан.

У ўгирилиб, қилпиллаганича ҳовуз бўйига қараб пилдиради. Нарироқ бориб, у ердагиларга овоз берди:
— Ҳой Султонмуродхон, ўзингизга қарашли одамлар экан. Нима қилай, ўтавуришсинми?
— Ўтавуришсин, ўзимизга тегишли бўлса. Кейин бир йўла қозонкабобниям сузворасиз-да, акахон, — деб буюрди акам ёнбошлаб ётган еридан кўтарилмайин ҳам.

Бир ҳафтага қолмай бу ёқларни биргад-пиргади билан ўзиники қип опти-ку. Ажабо, қандай эриша қолди?

Меҳмонни секин имладим:
— Юринг, пошшойи олам айниб қолмасларидан... У оқ кепкасини тўғрилаб, таъсирланиб кулди:
— Қайнонамиз суйган йигитлармиз-да, ҳар ким ҳам қозонкабобнинг устидан чиқсин-чи! Нима дединг, пакана пари?!
— Шуни айтинг, — дедим мен ҳам оғзимнинг таноби қочиб.

Биз ўн қадамча юрмовдик, бирдан акамнинг кўзи ҳамроҳимга тушиб, мосовсираб қолди. Ўнгимми-тушимми дегандай, ётган ерида кўзларини юмиб-очди, кейин ўрнидан сакраб туриб кетди:
— Эй Чарли, ўзингмисан? Қаёқдан кун чиқди?! — У қучоқ очиб кела бошлади ва шартта бағрига босганча, даст кўтариб, гир айлантира кетди. — Оббо, ошнам-эй! Оббо, оғайничалиш-эй! Бошимни кўкка етказдинг-ку топиб келиб! Шу дунёнинг бир чеккасида бир ғариб ошнам бор, кўнглини олай дебсан-да? Ўйин-қароқ, беғубор кунларимизни бир эсига солай дебсан-да? Жоним тасаддуқлар бўлсин сенга. Юр, юр, шундай жаннатдай жойларда сени биир меҳмон этай. Сен билан бир отамлашайлик, эзилишайлик... — Севинганидан ўзини қўярга жой тополмай, ошнасини бағридан бўшатмай, ҳовуз бўйига сургай кетди.

Кўриб турибман: Султонмурод акам яхшигина ширакайф эди, лекин тилидан янглишмас, гаплари ҳам самимий эди. Мен оқ кепкали унақа-бунақа одам эмас, ростмана киссавур ёки қиморбоз деб тахмин қилган, ҳеч қурса, қарзини қистаб келганлардан ҳисоблаган эдим. У бўлса, қиз ўртоғидек кутиб олди. Ёки буларнинг товкасида расм шундайми? Бошқаларга сир олдирмай қўя қолишадими? Ҳарқалай, кўнглимда шунга ўхшаш гумон-шубҳалар йўқ эмас, ғимирсиб-ғимирсиб қўярди.

Ҳовуздан салқин эпкин эсиб, тепадаги ёнғокда зарғалдоқ сайради. Бу ерларга ярашиқли биёв-биёви яна бир қайтарилиб, ўзимга келдим.
— Ҳа, пакана пари, келмайсанми? — деди меҳмон ёнига имлаб.

Мен истаб турсам-да, бош чайқадим:
— Йўқ, сигирим қолган, боришим керак.
— Сигирингни... ит емас.
— Ит-ку емайди, лекин Чибитко деган бир махлуқ бор. Экин-пекинга тушса, думини чопади. Мен эса, думсиз мол боқишдан... уяламан.

Биргад ёнбошлаб ётган ерида аввал хахолаб, кейин думалаб-думалаб кула бошлади. Шундай барзанги, бунинг устига, шопдай мўйловли одамнинг юмалаб-юмалаб кулиши бир қизиқ эди.
— Топдинг, боласи тушмагур, топдинг. Унақа махлуқни одам боласи туғмайди.

Чарли бир қадам мен томон юрди:
— Ким дединг? Чигиртко дейсанми?
— Йўқ, Чибитко.
— Хоҳласанг, ўша Чибитко деганинг эртагаёқ инига кириб кетади. Истайсанми? — деди у жиддий туриб.

Мен нима деяримни билмай, довдираб қолдим.
— Бир оғиз ҳа десанг, бас, пакана пари, — деди у яна.

Мен унинг ниятини фаҳмлаб, бирдан қўрқиб кетдим ва бошимни сарак-сарак тебратдим:
— Кераги йўқ, ойим эшитсалар, уришиб берадилар, — дея олдим зўрға.
— Унда, борақол, пакана пари, ойинг уришиб юрмасинлар, — деди у суйиб ҳам эркалаб.

Ўгирилиб кета бошладим-у, лекин энди улардан ажралаётганимдан пушаймон эдим.

Фаришталар Омин Демасидан Бурун

Ғалати-ғалати (ҳеч ташлаёлмайдиган) одатларим бор. Биров қарқуноқ боқишга ўч: найновдек бўлиб ҳам уватларда чигиртка тутиб юради. Биров саҳармертандан кимларнингдир тузоғини қараб чиқишга ишқибоз: бир изғиб келмаса, кўнгли жойига тушмайди ҳеч. Мен эсам, сигиримни Иззага қўйвориб, ўзим бирон овлоққами, бедапоянинг ичигами, уриб кетсам. Беданинг ўсиқ бир жойига кириб олиб, секин чўзилсаму миқ этмайин ётаверсам, ётаверсам. Нақ тепамда попилти-риқ чиқариб, дала елларида чайқалиб ётган тўп ғумайнинг бирон узун шохига бедапоянинг жиблажибон-жимит қушлари келиб қўнса ва беҳадик-беармон чуддирай кетса. Унга узоқ-яқиндан бошқалари жўр бўлса, бўлаверса. Мен тинглаб тўймасам...

Ёнгинамдаги беда поячаларида хонқизлари ўрмалаб юрса, юраверса. Мен кўз узмасам... Аллақаердан ғумай баргида пайдо бўлган бешиктерват унинг белида тўхтаб, кўк бешигини тебратаверса, тебратаверса. Енгил шамолда ҳалиги ғумай пояси қўнган қушчаси билан силкиниб-силкиниб, чайқалиб бориб-келаверса, бориб-келаверсаю у ҳам чулдур-чулдурини қўймаса.

Шу ётишимда кеч бўлса, шом тушса, бошини ичига тортганча тўхтаб қолган улкан тошбақага ўхшаш анув Жийдали тепа тагига... кеннойимнинг йўлини пойлагани чопсам...

Уни ўша Чўмилишда кўрганимдан бери, кейин ўша бир этак қизил тарам олмасини опкелиб, ҳеч кимга улашмасданоқ еб битирганимдан буён шунақаман. шунақа одат чиқарганман.

Шом тушди дегунча ўша тепага чопаман. Бораману Олмазорга қараган ён бағрига чиқволиб, чангаллар орасида йўл пойлаганим-пойлаган. Кеннойим даладан баъзан ёлғиз ўзи, баъзан Каттабоғли қиз-жувонларга қўшилиб қайтади. Ёлғиз келса, жоним киради! Пилдираб олдига тушиб бораман. Кейин бирга-бирга кетамиз. Ўшанда кўрсангиз мени!..

Аммо, мен сизга айтсам, кейинги пайтда унинг йўлига кўз тикадиган бошқалар ҳам чиқиб қопти. Иззанинг нариги бетидаги хилватда тутиб олиб, соатлаб гапга соладиганлар бор. Кета қолайлик, деб типирчилайверса, қопини ҳам, ўзини ҳам аравасига соладию олади-кетади.

Аравасини шундайгина ёнгинамдан шалдиратиб ўтиб, мени чангга ботириб кетади. Кеннойим, кеннойижоним араванинг шундай ён чеккасида, учиб кет-масликка тиришиб — ҳам қўрқиб, ҳам кулиб-қийқириб бораркан, мен алам-аччиқдан бошимни чангаллаганча қолавераман. Кейин чидаб бўлмас бир хўрлик босиб келиб, ўкраб юбораман:
— Ўғри! Қароқчи! Бировларнинг кеннойисини тортиб олгувчи! Ўҳ! Сенгаям боққан бало бордир!

Тепамда юлдузлар кўздаги ёшдай милтирайдилар. Сойликни қоронғилик босиб, ҳеч нимани кўриб бўлмайди. Фақат, Изза суви бурилишда бўғиқ шовуллаб, ўкси ичига сиғмаган болакайдай, мендай ҳиқиллайди гўё...

Шундан кейин ҳам йўл пойлашга тушиб юрибман. Зора бу гал ёлғиз ўтса, жилла қурса, ўтини кўтаришиб кетсам, дебман.

Бир вақт... бошида бир боғ ўт, Жимиттепа сўқмоғидан, чангаллар оралаб бир қиз тушиб келяпти. Ё тавба, ўзи-ку! Ёлғиз-ку! Суюнчдан укпарданам енгил тортиб кетдим-ов. Аммо (қаерданам кўзим тушди?!) Жимиттепани айланиб ўтган арава йўлда яна биров — бир отлиқ кўриниб... йиғлаб юборай дедим. Яна менга халақит қилишдими?..

Мундайроқ қарасам, от Барзан, отлиқ Ҳайбат акам экан. Оббо, энди буниси кам эди!

Ҳайбат акам Барзанни қичаб, кеннойимнинг йўлини тўсиб чиқишга шошилар эди.

Мақтанчоқ! Барзанни минмасалар нима эди!

Ғашим келиб, бурнимни жийирдим-у, лекин... лекин ростини айтсам, от — отмисан от эди. Шунақа солланиб, виқор тўкиб келардики... тақ-туқ, тақ-туқ...

Бу овоз сўликдан чиқяптими, туёқлариданми ёки ҳар иккалови қўшилибми — ажратиш қийин эди. Шунақа чиройли юриб қўярканки...

Ана у, йўл қайрилиб, сўқмоқ билан учрашган жойда ўзидан-ўзи секинлаб, Ҳайбат акамнинг бир ҳимоси билан тўхтаб қолди ва чиройли бош силкиб, пишқирди.

Кеннойим ҳуркибгина ўзини йўл четига олди ва отлиқнинг ўтиб кетишини кутган каби тўхтади.

Ҳайбат акам эса, турибди илжайи-иб. На юради, на кўзини узади. Худди унинг қайрилиб, ўт остидан қарашини кутаётгандек.

Ахийри, бир ғалати томоқ қирди:
— Яхшимисиз, яхши қиз? — Ва қамчили қўлини чўзди: — Берақолинг, кўтаришиб кетай.

Бизнинг сойларда овоз бунақа пайтлари жангиллаб чиқади. Ҳайбат акамнинг овози ҳам ҳаяжондан бир оз қалтираб, янграб кетди. Бунинг устига, тагидаги оти худди тайинлаб қўйгандек (балки Марғу кеннойимни танибдир, ахир, қўлидан қандлар емаганми?), саломлашган каби, бош силкиб-силкиб пишқиради. Қўйиб берса, ўйноқлаб, ҳов бирдагидек томоша кўрсатса. Кеннойим ўтини узатмади.
— Қўлимни қайтаряпсизми, Марғу? — деди Ҳайбат акам араз қоришиқ бир ғалати ўксик овозда.

Кеннойим қайрилмайин ҳам титраб-қақшади:
— Кераги йўқ, кетинг.

Мен уларнинг овозларини шундай-ла эшитиб турибман. Бошқа, зоғ ҳам йўқ сойликда. Ҳамма кетиб-кетиб бўлган. Аммо улар келишолмай турибдилар.
— Сазамни ўлдирманг, Марғу. Кела қолинг, — деб ялинарди у.
— Кетинг, дедим, кетинг! Мени уятга қолдиряпсиз.— Кеннойим баттар титраб-қақшади.
— Нима, мендан шунчалик ҳазар қиласизми? Кеннойим йўлни четлаб, секин юра кетди.

Мен акамнинг қиз болага эланишини биринчи кўриб туришим эди. (Шундай мағрур, баджаҳл одам-а, тавба!) Ҳам ачиндим, ҳам ғашим келди.

Кеннойим эса, ғиқ этмайин юраверди. Бу орада улар кўприкка тушиб келишди. Изза сокин шовуллайди. Ҳатто от туёғининг кўприк устидаги бўғиқ дупури аниқ эшитилиб турибди. Шундай ўйноқи Барзан ҳам кеннойимнинг олдида мулойим тортиб қолган.

Кўприқдан сўзсиз ўтдилар. Йўл кўтарилиб, от туёғи ҳавасни келтирарли тақирлашга тушди. (Улар ҳов бирда бизнинг аравамиз тўнтарилиб кетай деган жойда, бирга-бирга, ёнма-ён келишяпти). Аммо Марғу кеннойим ҳамон ўнғайсизланяпти шекилли, атрофга ҳуркак кийикдай безовталаниб қарайди, йўлдан четланга-ни-четланган... Сойликдан чиқса, билмадим, нима қилар экан?
— Айтиб қўяй, Марғу, мендан қочиб қутулолмайсиз, бир кунмас бир кун...
— Нима бир кун?.. — деб кеннойим бирдан тўхтади, аммо ўгирилиб улгурмади.

Ҳайбат акам у томон энгашдию бир ҳаракат билан ўша бошидаги ўтни кўтариб олди ва:
— Мана шундай қиламану... бир куни эгарга ўнгариб, опқочаман-кетаман, — деди ўтни тиззасига босиб. — Топиб бўптилар кейин!..

Кеннойим аввал аллақандай довдираган бўлди, сўнг ростмана аччиғи чиқиб, юзини терс буриб олди. Ҳатто шу аччиғи ҳам ўзига ярашиб турарди.
— Яхши ният қилинг, Ҳайбат ака! — деди у титраб.
— Биласиз-ку, мени, Марғу. Бир айтганимдан қолганманми ҳеч?

Кеннойим аразли бир важоҳатда кескин орқага бурилди. Аммо Ҳайбат акамнинг ўтни тиззасига ўнгарганча бепарво кетиб бораётганини кўриб, ноилож қайтди ва ялинишга тушди.
— Ҳайбат ака, жо-он, Ҳайбат ака! Мени маломатларга қолдирманг. Аям...
— Нима аянгиз!
— Аям ўлдирадилар! Шуни истайсизми! Қасдингиз бўлса, айтинг.

Ҳайбат акам ҳам энди эланганнамо қаради.
— Сиз ҳам бир галча хўп денг. Бир галгина. Ё шу упшгизни кўтаришиб боришга ҳам арзит.... майсизми? — У отининг бошини буриб, яна тенглашиб келди. — Шундайми?
— Шу билан бир нарса ўзгариб қоладими? — деди мпнойим жойидан жилмай, ерга термулганча.

Улар тепанинг шундоққина ёнбағрида туришар, Ҳайбат акам мен томонга қарабам қўймас, умуман, бу яқин орада одам бор деб ўйлашмасди ҳам. Мен эсам, нафасимни ичимга ютиб, бу машмаша нима билан туьшнши кутиб ўтирибман. Чангаллар орасидан чиқолмайман.
— Ўзгаради, — деди кутилмаганда Ҳайбат акам овози қатъийлашиб ва нимадандир қайсарлиги тутиб,— ўзгармагунча кетингиздан қолмайман.
— Шунақалигини билсам, шунақалигингизни билсам... — Кеннойимнинг овози ўзгариб келиб, йиғлаб юборди. — Эй Худойим, гуноҳим нима эди, шу кунларга қолдим? Ўзингнинг раҳминг келсин, раҳминг...

Ҳайбат акам от жиловини тортиб, бирпас тўхтади. Аввал ачинган каби, сўнг суқланиб тикилиб турди-турди-да, кутилмаганда ўтни чимзорга отди:
— Майли, йиғла, сиқта, қарға, аммо мендан қочиб қутулиб бўпсан! Ўйлама ҳам! — дедию отига қамчи босди ва келган йўлидан чоптириб кетворди.

Мен қани энди ўрнимдан қўзғалолсам, ёлғиз қолган кеннойимнинг олдига тушиб боролсам. Аламми, гинами, уятми — бир нима туришга ҳам, кўринишга ҳам қўймайди. Тушиб нима қила оламан? Юпатаманми? Менга ким қўйипти юпатишни?! Умуман, мен кимман унинг олдида? Уларнинг олдида? Бир жинқарча, бир болакай-да. Болага ким қўйибди ўзидан каттани суюшни? Катталарнинг ишига аралашишни?..

Чимда Қолган Сирли Излар

Менинг аразимга ҳам, шодлигимга ҳам тараф йўқ.

Ойим бозорга жўнай туриб: «Султонмурод акангни уйғотиб қўярсан», деган эдилар. Мен эсам, энсам ёр бермай супамизда ўтирганча ўтирибман.

Ўзимга қолса, кун ёйилиб кетмай сигиримни етаклаб, Иззага қочворар эдим. У ерда биров кўриб, биров кўрмаган бир ўйиним бор. Ўшанга алаҳсирми эдим...

Сиз билмайсиз, Изза чимзорларини тонгга довур шабнам ювиб, чирилдрқлар қўриқлаб чиқадилар. Икки қадамгина босинг, изларингиздан ҳам биласиз буни.

Ҳатто тонг ёришар-ёришмас сой ошиб ўтиб кетган тулки излари ҳам ям-яшил туради. Ўша жимит излардан бориб ининида топмоқ мумкин. Менга ҳам айни мавриди, биров кўриб, биров кўрмаган ўйинимга тезроқ киришмасам, кун ёйилиб кетади, улгурмай ҳам қолишим мумкин.

Беҳи тагида бир майна «чоқ-чоқ»лади. Анҳор ортидаги нокзорда зағизғон сайради. Кўчадан дўқирлаб арава ўта бошлади.

Мен ўрнимдан турдим: уйғотсам, уйғотиб кета қолай.

Секин бориб, ичкарига мўраласам, акажоним ётибдилар ёстиқ қучоқлаб...

Тавба. Ёстиқ қучоқлаш бунга одат шекилли. Эски уйимизда ҳам шунга ўхшаб (худди яраланган йўлбарс судралиб келиб, чўзилиб қолгандай) ухлаб ётувди. Ҳо-зир ҳам (кечаси билан қай гўрларда санғиган) тош уйқуда ётибди, ёстиқни кўксига босиб.

Ниманинг дардида тентирарди?! Ё кеннойимни излаб борган, ё кундузи бирон отни кўз остига олиб қўйиб, кечаси гум қилган. Иккисидан бири.

Негадир ғашим келди. Эшикни секин бетига ёпиб, кетиб юбордим. Сигиримни етаклаб чиқдим ҳам, дарвозанинг тамбасини туширдим ҳам, билмади. Жилвордим Иззага қараб.

Тарғилимни Яккатол ёнидаги (мен ҳов бирда қобил бувага меҳмон бўлган жой) чимзорда қолдириб, (қарасам, офтоб Иззанинг, у бошидан ёнар тождай чиқиб келяпти, шошмасам, кечикаман) пастга чопдим. Бир маза! Яланг оёкдаримни шабнам ювиб, гилам бўлиб ётган чимзордан чопиб боряпман. Лекин Изза бўйида очиқроқ-сакраб ўтадиган жой кўринмайди. Сув ёқасини тиззага урадиган, ундан баланд ёввойи ялпизлар тутиб, ўраб ётибди. Почаларимни шимарволмасам, жиққа ҳўл бўладиганман. (Кейин бирон тепага чиқволиб, ўзимни аллавақт офтобга солиб ўтирмасам қуримайди. Унга вақт қани!) Тўхтаб, қайириб ола қолдим ва роса шохлаб, ҳам барги шабнамдан эгилишга келган ялпизлар ёқалаб бориб, сийраклашган жойдан нариги бетга сакрадим.

Биз бу ерни от қамалган қўриқ деб атаймиз. Чиндан ҳам ўзи шунақа жой. Бир вақт ярми учган жомашовимиз бўларди. Ўшанга ўхшаб бунинг ҳам Изза томони очиқ, қолгани чим босган дўнгтепа билан ўралиб келган. Агар ростдан ҳам бир отни оптушиб, бу қўриққа тушовлаб қўйворсангиз, минг зўр бўлсин, чиқолмайди! Неча кун десангиз, тураверади.

Ана шу қўриққа ўтволиб, тепани таглаб чопа кетдим. Орқамда бир ажойиб яшил излар қоляпти. Тепанинг «тагидаги ўтлоқ» ажралиб боряпти. Шу изимдан бир бориб келсам, у ёғи осон. Кейин чим босган дўнгтепага қияламасига чопиб чиқиб-чопиб тушавераман. Бу ёқда изимдан «туғилган» тик жар тепасида бир кенглик — осмон юз очиб бораверади, бораверади. Ва мен ўша кенгликда ёлғиз ўзим билган йўналишда югуриб бориб-югуриб келсам, қулинг ўргилсин бир из — «арғамчи ташлаб учган турналар» пайдо бўладилар. Уни ҳозир бу ерда туриб тасаввур қилиш қийин. Ўни кўриш учун ҳов Иззанинг нариги бетига қайтиб ўтиш керак. Сиддиқ арракашнинг боғи этагидаги тепачага чиқволиб, тиззани қучоқлаб, ўтирволиш керак. Ана ўша ердан кўрсангиз буни!..

Унгача ҳали от қамалган ўтлоққа қайтиб тушишим, минг эҳтиёт билан яна ёлғиз ўзим биладиган жойлардан юриб, чимда изларимни қолдиришим, (гоҳ товоним-ла шудрингларни сидира-сидира, гоҳ чўккалаб бўлажак отимнинг ёлларини тарай-тарай), тушов узиб осмонга сапчиган Барзандайин отимнинг расмини чимга туширишим керак.

У баъзан бундайроқ чиқади. Ростмана тушов узгандай, бир сакрашда ўнгирдан ҳатлаб чиқиб кетадигандай кўринмайди. Баъзан шунақа зўр чиқадики, ўзим кўриб, танамга сиғмай-ла кетаман. Назаримда, у яшил отимга жон битиб, мана ҳозир От Қамалган Қўрикдан сакраб чиқиб кетадигандек... ўзим ҳам ҳовлиқиб қоламан. Турналарим-чи, турналарим! Улар ҳам кўз ўнгимда аста қўзғалиб, қанот қоқа бошлайдилар. Ҳатто «қур-эй, қур-эй»лаган бир тур овозларини эшитгандай бўлиб кетаман. Изларим шунақа яшил тортиб, жонланиб кўринадиларки... балки ёлғиз ўзимгагина шундай туюлар, шундай кўринарлар. (Ҳатто ўша излар ўзимники эканига ишонмай қола бошлайман, тавба!) Лекин булар ҳаммаси офтоб бир терак бўйига келгунча, кўтарилгунча. Кейин чимзордаги изларим ўнгий бориб-бориб, ўрнида яна ўсмаранг чимзордан бўлак нарса қолмайди.

Чимларнинг кўзларидаги шунча шабнам, шунча биллур томчилар қаёққа йўқоладилар, отим, турналаримга қўшилиб учиб кетадиларми, ўчиб кетадиларми — билмасдан, билолмасдан қолавераман.

Шунақа. Ҳар ўйиннинг ҳам охири бор: тугайди. Лекин биз бири тутаса, бошқасини бошлаймиз, бошқасини топамиз.

Мен ҳам Сиддиқ арракашнинг боғи этагидаги дўнгдан тушиб, нариги бедапоянинг пастидаги тепачага қараб кетдим. У ҳам ўзига яраша бир ажойиб. Айниқса, Иззанинг нариги бетига ўтволиб, Жартепанинг бўйида оёқни осилтирволганча томоша қилсангизми! Чинданам. Бедапоянинг этаги сойга келиб, жуда ғалати узун тепа бўлиб тугайди. Худди сой бўйида ўзини офтобга солиб ётган бир йўлбарс каби ва у мана ҳозир аста бошини кўтариб қоладигандай.

Унинг чўзала тушган танасию узатиб юборган оёқлари, бўйни, ҳатто думалоқ бошигача шундай ўхшаш, ўз ўрнидаки, атайлаб ҳам бундай тепа ясаш қийин. Ўзиям Яккатолдан Жийдалитепа ёнидаги қўриққача чўзилиб борган. Ҳаммасидан ҳам ажойиби, тагида (икки оёғи ўртасида) ҳар ким экин экиб юрадиган бўлтак ер борлиги. Бабақлари ва боши ёнларини тикангул босиб, чангалзор бўлиб ётибди. Энди тасаввур қилаверинг биз устида қувлашмачоқ ўйнаб чарчамайдиган бу ясси тепани. Офтобга ўзини тоблаб ётган йўлбарсдан қаери кам?!

Мен энди шу тепанинг устига чиқиб, аста майса узра чўзилдим. (Албатта, чалқанчасига. Тепамда — осмони фалакда қанот қоқиб чулдираётган сўфитўрғай. Ундан кўз узмайман. Бир ўтнинг поячасини лабимга қистирволганман. Ётибман ўшани ўйнаб.) Офтоб хуш ёқиб, бир ажойиб элитаётир. Қимирлагим йўқ. Киприкларимни очсам, бу беқиёс мазани бирдан қочириб юборадигандекман.

Аммо ҳеч қанча ўтмай қуёш қиздира бошлаб, қочарга жой қидириб қолдим. Ўнгарилиб қарасам, тепанинг ярми ҳалиям Яккатолнинг соясида; кўм-кўк бўлиб, жилва қилиб турибди. Икки думаласам, сояга етаман. Бу ўт устида мен думаламай, ким думаласин.

О, ана роҳат! Думалаш бир роҳат, офтобдан сояга қочиб ўтиш бир роҳат! Офтоб энди Яккатолнинг тепасидан чиқай-чиқай деб турибди. Орқасида лахча чўғ бўлиб турган офтобдан пир-пир тол барглари ёниб кетай-ёниб кетай дейди. Лекин ёнишга улгурмай, офтоб юқорилаб, тол учларига чиқади.

Бунга сари толнинг қай бир энг пастки шохига қўниб силкинаётган қарқуноқ «қиёв-қиёв»лаб, учирма полапонини ёнига чорлайди. Эргаштириб аллақаёққа олиб кетмоқчи-ю, у «ғалча» тушуна қолмайди.

Ёнимда, шундай ёнгинамда бир пуштиранг қанотли чигиртка пайдо бўлди. У майсалар ичидан ўрмалаб чиқиб, отбашара бошини мағрур тутиб, ўзини офтобга солиб турди-турди-да, қанотларини ёйиб, оёқларини керди ва учмоққа шайланди. Қимирласам, сакраб қочвориши тайин. Шу боис соя устимдан сирғалиб тушиб, қуёш пешонамни қиздира бошласа ҳамки, қимир этмадим, чидаб ётавердим. Чигирткахон нима қиларкин деб. Бурнимнинг ичи қичишиб келиб, акса уриб юборай дейман, зўрға ўзимни тияман, у бўлса, оёғини керади-йиғади, қанотларини ёяди. Ахийри бир сакраб кўтарилган ҳам эди, аллақаерда тайёр турган бир чумчуқ пир-р учиб келиб, илди-кетди. Қанотлари нақ пешонам устида париллаб, чўчиб тушдим. Азот туриб, ўтириб олибман.

Кўзимни очганимда, у читтон қушча Иззанинг нариги бетидаги ўпирилган жар ёқасига (ҳойнаҳой ўша ерда ини ҳам бор) етиб бўлган, чигирткахон унинг тумшуғида «сайр қилиб» борар эдилар. Бу унинг умрида энг узоққа «учган» куни бўлса керак.

Мен унинг сакронғич оёқлари қандай узиб ташланиб, қанотлари қандай юлиб ташланаётганини тасаввур этиб ўтирмаёқ, яна аста чўзилдим.

Курагимга чим юмшоқ ботиб, роҳатланиб узанган эдим, тепамдаги бедапоядан бир ғалати нозик овоз тарала бошлади. Маҳлиё бўлиб қолдим.
— Кур-кут, кур-кут, кур-кут...

Худди бирон жонивор бошқасини эркалаб чақираётган каби. Аммо-лекин ҳар киркатидан кейин бир бедана патпалақлаб сайраб беряптики, шу тепамдаги бедапояда сайраяптими, сойнинг у ёғидами — ҳеч ажратолмайман. (Ўзи менинг атрофимда сайраб, овози у ёқдан келаётганга ҳам ўхшайди, тавба.) Заб сайратма эканми?! Ётган еримда (худди ўнгарилсам, чўчиб кетадигандек) патпалоғини санай бошладим: ...Ўн бир, ўн икки... қойил! Зўри экан-ку жуда!

Секин қаддимни кўтариб, ўнгарилиб қарасам, бедапоя ичида чўнқайиб ўтирган биров боракан:
— Ўтир-э, ўтир! — деб қўл силкилаб, урушиб берди.

Секин жойимга чўка қолдим. Каллаи саҳарлаб бедана тутишга чиққан ким экан, деб бундай назар ташласам, бир оёғини судраб босадиган анув беданавоз — жиккак, сариқ одам. Ҳамиша елкасида тўр, олдида шалпангқулоқ анқайма ити, бедапояма-бедапоя изғигани-изғиган. Фалончи сариқ, демаса, биров танимайдиган киши.

Ўша амаки рўпарамда ярим орқа ўгириб ўтирволиб (шипиллаволиб қачон келганини ҳам, қачон тўрини ёйиб улгурганини ҳам сезмабман), қўлидаги тупчасини хўб ўринлатиб чалаётган экан. Бир меъёр чалади-да, нафас ютмай, жим қолади. Бу чорловдан маст сайроқи эса, кўзи тиниб, ҳуши оғиб, тўр тагига йўрғалаб келганини билмай ҳам қолади. Йўлакай тўхтаб-тўхтаб, патпалоқлаб сайраб юборади. (Шунда амакини кўрсангиз: сайратма қаерга келиб қолганини билмоқчидай бошини чўзиб, сайраётган жойга тикилганча тош қотади. Чўчитиб юбормай, деб қимир этмайди, аммо-лекин кўзини ҳам узмайди. Дукурлаган юраги бўғзига тиқилиб, қандай чидаяпти — ҳайронман.) Тупчали қўлга жон битиб, ўша авровчи овоз тарала кетди яна:
— Кур-кут, кур-кут...

Сайроқи бу гал йўрғалашга ҳам сабри чидамай, бир пориллаб кўтарилди-ю, уч қулочча берига, кўрпа бўла бошлаган беда ичига келиб тушди.

Аммо амакининг сабрига қойил! У ҳамон қилт эт-масди: ўша-ўша елкасини ичига тортганча, қотиб ўтирар, бармоғини тупчасидан олмас эди. Яна ўша овоз унинг тиззалари орасидан, ер бағирлаб учди:
— Кур-кут, кур-кут...

Бу алдов сайроқи тўр тагига кириб келгунча давом этди (кириб келганини қандай билди — ҳали-ҳануз ақлим етмайди), кейин амаки бир ҳимо берган эди, холдор ити ётган еридан отилиб чиқиб, тўр атрофини гир айлана бошлади. Мен қотиб қопман.

Кейингиси осон экан: амаки пусиб ўтирган еридан сакраб турди-да, ярим энгашган кўйи тўрини силкиди. Бедана пориллаб кўтарилиб тўрга урилдию питир-лаб қолди. Беданавоз ўзини унинг устига отди.

Мен ҳам қандай туриб кетганимни ўзим сезмай, ёнига учиб бордим.

Амаки сайроқини тўр тагидан чиқариб олиб, тумшуғини намлар экан, ўзида йўқ илжайди:
— Ҳа, занғарча, қўлга тушаркансан-ку! — Кейин мунчоқ кўзлари питраб турган ҳуркак бедананинг қанотларини силаб, ёруққа солиб, мақтанди. — Уч ҳаф-тадан бери думини тутқазмайди-я, айёр. Хўб, маст пайтида авраб тутиб олдимми?!
— Тупчангизам зўракан, — дедим мен беш кетиб. Амаки бўйнини бир ғалати чўзиб:
— Ҳў, сен билмайсан, мен буни қаерлардан топдириб келганман! — деди.
— Қаердан? — дедим қизиқишим ортиб.
— Нақ Турвотдан! Кўряпсанми терисини? — У чап билагига осволган киркатини юқори кўтариб кўз-кўзлаган эди, устига сирилган нарсанинг оч жигарранг патлари майин йилтираб кетди. Мен уни ушлаб боқишдан ўзимни тия олмадим.
— Зўр-ку! Нимадан қилинган?
— Ўрдакнинг бўйин терисидан! Шуниям билмийсанми? — деди кулиб. Сўнгра бедана қанотини бир кериб қўйди-да: — Аммо-лекин бу унданам зўр. Ҳў, сен билмайсан, — деди.

Амаки ростданам бедананинг ошиғи экан. Ҳатто эркалаб, қанақадир товушлар чиқариб, тумшуғидан бир-икки ўпиб ҳам одди. Кейин менга синовчан қаради.
— Мен билан бир жойга борасанми, йигит? Менга нима, саргузашт бўлса бўлди-да. Шунинг учун ҳеч ўйлаб ўтирмай:
— Бораман, — дедим. — Қаёққа?
— Иззанинг ҳов нариги ёғида яна битта шунақаси бор. Неча кундан бери чап бериб юрибди. Ўшани тутиб келамиз. Бўптими?
— Бўпти! — дедим ич-ичимдан шодланиб. — Тўрни сургашвораманми?
— Сургашворсанг, бирпасда тутволамиз. — У белбоғига осилган оқ сурп халтачасининг оғзини очиб, сайроқини авайлаб сола бошлади. Исковучи бўлса, жил-панглаб айланади-келади, айланади-келади, оёкларига тармашади.
— Мен кўтарволай, — дедим чинданам бир ушлаб кўргим келиб.

Аммо амаки беданахалтанинг оғзини тугиб, азза-базза қўйнига жойлай бошлади.
— Ҳе, йўқ, буни ҳеч кимга ишонилмайди. Билмай эзиб қўйсанг, мен нима қиламан?
— Дарров ўла қолибди-да!
— И-и, ҳа, сен бу қанақа беданалигини биласанми ўзинг?
— Қанақа экан?
— Юзта беданага алишмасман буни, — деди у беҳазил.

Менга наша қилди:
— Юзтадан аъло бўлсаям, отминан туя бўлармиди?!
— Бўлганда қандоқ! — У тўрини йиғиштиргани кириша туриб, тўхтади: — Ҳали қўлга ўргатволай, сайрашга тушсин — кўрасан. Битта отни етаклаб келиб, ташлаб кетадилар. Сен нима деб ўйлаяпсан буни?!
— Барзандақасига... алмашасизми? — дедим ҳайратга тушиб.

У бедана тўрини учидаги қозиқчаси билан илиб-илиб йиғиштираркан, мийиғида кулиб қўйди:
— Қанийди, лекин кеч қопмиз. Мен тушунмадим.
— Нимага... кеч қоласиз?
— Гум қилиб кетишибди-ку шоввозлар.
— Барзанни-я?
— Ҳа-да.

Мен анқайиб қолдим.
— Қачон, ким?..
— Ким бўларди! От жиннилари озми! Барзан номини эшитса, ҳуши учиб, эси оғиб қоладиганлардан бирортаси мўлжаллаб юрган-да...

Беихтиёр Султонмурод акам хаёлимга келди: ёлғиз ўзи катта уйга кирволиб, етти уйқуни уриб ётиши қизиқ эди. Наҳот Султонмурод акам?

Ҳовлиқиб амакининг енгидан тортқиладим:
— Қачон дедиз? Шу кечасими?
— Қаёқда! Бир кун бўляпти-ку! Эшитмадингларми?

Мен ҳайратда бош чайқадим. Биз-ку, майли, эшитмай қолгандирмиз, лекин акам-чи? Ҳеч нарсадан хабари йўқ одамдай кун чиққунчаям ухлаб ётиши ғалати. Ё билсаям?..

Амаки тўрни беда устидан сидириб-тортиб, тирсагига ўрай бошлади:
— Жавр-жавр — чавандоз билан от қоровулга жавр бўпти.
— Нега? Уларнинг бўйнига қўйишдими? — дедим шошиб. (Ахир, Ҳайбат акам!..)
— Дараги чиқмагач, раис мелиса чақириб, шуларни қаматиб қўйганмиш.
— Ҳайбат акамни ҳам-а?
— Ҳазилакам отмиди Барзан? Мусобақаларда соврин олиб юрган...
— Ҳайбат акам-чи, у ким экан? Чавандоз-ку, ахир.
— Ўғрининг изи чиқмагач, шуда. Бошқа кимни ушлайдилар? — Амаки тўрни тирсагидан чиқариб, айлантириб-айлантириб тутди-да, елкасига ташлади, кучугини эргаштириб, пастга юра бошлади. Кейин тўхтади. — Дарвоқе, анув бор-ку... арава минаётган оканг.... ўшанга айтиб қўй, кўздан нарироқ юра турсин.

Дамим ичимга тушиб кетди. Серрайиб қопман ўзимам. Амаки елкамга қоқиб, ҳушимга келтирди.
— Ҳар эҳтимолга қарши-да. Тағин унга ағдариб юришмасин, — деди алланечук меҳрибонлик ила.

Ит бир ниманинг исини олиб, пилдираб беда ичига кириб кета бошлаган эди, уришиб чақирди:
— Мах-мах-мах, Олақулоқ.

Аммо Олақулоқ бошини кўтариб ҳам қўймай кетворди.
— Облочининг итиданам баттар чиқди-да. Ис олдими — югургилаб кетавуради фалончига ўхшаб...

Мароқландим:
— Фалончи ким?

Ўзининг гапи ўзига наша қилибми, энди ростмана юзи ёришиб, кулди:
— Ҳа, бор-ку анув... ўпка?! Ҳаҳ, нимаям эди оти? Мен елка қисдим:
— Билмасам мен...
— Нега билмасакансан? Уни билмайдиган борми? Ахир анувларнинг исковучи: хабар берадиганиям, бошлаб юрадиганиям-чи?!
— Ҳа, болалар кўрсаёқ тирақайлаб қочадиганми? — дедим.
— Балли, топдинг, — дея елкамга қоқди у, — ўша кўзи совуқ, мўндидай одам . Уям бир илашса, тутмай қўймайди шу итимга ўхшаб... Эртага урушлариям тугар, бу мансаблариям битар, демайди. — Кутилмаганда у иқи суйиб, пастга бошлаб қолди. — Юрдикми, пакана пари, Иззанинг нарёғига?

Мен ичим қуриб, эргашдим:
— Юрдик! Тўрни сургашвораманми?
— Сургашворасан. — У ўтирилиб итини чақириб қўйди: — Мах, Олақулоқ, мах-мах-мах.

Бу гал ити бирпасда шипиллаб кела қолди. Биз Йўлбарстепа ёқалаб, Яккатол тагига қараб кетдик. Тол сояси тепадан сирғалиб тушиб улгурган бўлса-да, ҳалиям аллақанча жойни тутиб ётар, шудринг ҳам ўша жойлардагина қолган эди.
— Ҳа, эсладим занғарни, — деди кутилмаганда амаки орқасига қайрилиб қараб қўйиб, — Акмал жувонмарг-да.

Хотинларга ўхшаб, қарғаниб гапиргани наша қилиб, кулдим. Сўнгра пайтдан фойдаланиб, анчадан бери мени қийнаб келаётган бир саволни бердим:
— Унда Асол холамнинг ўғиллариниям шу сотган экан-да?
— Анув никоҳида облочи босган холаваччангними?
— Ҳа-да. Танирмидингиз?
— Таниганда қандоқ! Шундай йигитни етим демай, ўн гулидан бир гули очилмай, йўқ қилиб юборишди-я, занғарлар. Суриштирадигани йўқ бўлгач, шуда. Эй, буларга ҳам боққан балоси бордир Худойимнинг! — У тупчали қўлини бир силтаган эди, билагига урилиб, беўхшов «киркат»лаб кетди.
— Ростданам ўша ишга аралашган бўлса, Султонмурод акам соғ қўймайди, кўрасиз ҳали! — дедим-у, тилимни тишлаб қолдим.
— Ким дединг! Ҳалиги арава минаётган окангми? — деб амаки елкаси оша қараб қўйди.
— Ўша, — дедим ноилож. У бош чайқади.
— Аммо окангга айтиб қўй. Ҳазир бўлсин ундан. Нақ иблиснинг бошли-кўзли балоси-я! Бир ўчакишса, қўймайди. Шунақа доғули, илоннинг ёғини ялаган.

Шу пайт ташлама ариқ бўйидаги ўтлар орасидан бедана париллаб кўтарилиб, чулуқ-чулуқлаганча сой ошиб кетдию Олақулоқ бир нарса қилишга улгурмаёқ анқайганча қолаверди. Амаки унинг шу туришига беш кетиб, кулиб юборди.
— Облочини ити бўлишингга анча боракан. Шу макишларга овора бўлиб юрибсанми, овсар? — Кейин эркалаб қўшиб қўйди. — Ҳай, майли, бурнинг бир гал панд берса берибди. Бугунги овимиз бир йилга татийди! Мах-мах-мах...

Биз толу тутлар тагидаги чимзордан ўтиб, сойликка тушиб борарканмиз, орқада эрталабкидек бир аломат яшил излар қолдирганимизни кўриб (ҳатто Олақулоқнинг жимитдек излари ҳам чимда аниқ-таниқ кўриниб турар эди), амакидан:

«Шундай Барзаннинг изи қолмабдими, ахир, уни ҳам шу сойдан олиб ўтишгандир?» деб сўрамоқчи бўлдим-у, яна сўрамай қўя қолдим.

Ахир, ҳамма менга ўхшаб саҳарлаб тушиб юрибдими бу ёқларга? Қолаверса, бугун эмас, кеча тушмайманми? Чимда қолган у сирли изларни кўрган бўлармидим!

Жониворни энди қандай топишар экан?

Акмал Жувонмаргнинг Ҳийласи

Тарғилимни ёнғоқзорга соялатиб, тепанинг ёнбағридаги оқ ўрикдан бир-икки татиб, ниҳоят уйга кириб борсам, катта толнинг тагидаги супамизда оқ-оппоқ бўлиб, хонтахтанинг бир ёнини тўлдириб, опоғойим ўтирибдилар. Ҳайбат акамнинг ойилари. У киши оқ-сариқдан келган, юзларидан нур ёғилиб турадиган катта хотин эдилар. Узоққа боролмасдилар. Бориб қолсалар ҳам, икки кун тиззаларини уқалаб ўтирардилар. Кўчиб келганимиздан бери келмаган эдилар. Энди, мана, уйимизга нур киргандек, бир ярашиб ўтирибдилар.

Мен салом бериб, чопиб бордим ва супага тиззалаб бўйнимни эгдим. Опоғойим ўтирган ерларида бағриларига тортиб кўришдилар. Пешонамдан ўпиб, куракларимни силадилар.
— Худо-ой, етимларнинг бахтини ўзинг бергин. Ойинг не умидларминан катта қилди, ило-ой роҳатингни кўрсин, — деб дуо қилиб, ойимга ўгирилдилар:
— Вой-ҳой, Саломхон, шу Мақсудхўжангизми-а, кичкина нўхатингизми? Туф-туф-туф, кўз тегмасин, ёмон кўзлардан ўзи асрасин. Бўйлари бир чўзилиб, овозлари дўриллаб, катта йигит бўп қоптими? Яқинда қиз қидириб қоларканмиз-да? Тўйларини кўрарканмизда бунингизнинг?..

Мен уялиб, туриб кетвораримни ҳам, қоларимни ҳам билмайман. Кетворай десам, ўзимнинг опоғойим. Шундан шу ёққа бизни деб кептилар. Қолай десам, уялиблар кетяпман бу гапларидан.

Ойим қутқардилар мени.
— Ҳали ўйин боласи-ку, опоғойиси. Бола бўлмаса, каллаи саҳарлаб кетганича энди кириб келадими пешин қилиб?! На чой ичибди, на нон олибди.

Ўртоқларим оптушган нарсалару ўзимиз Сиддиқ арракашнинг боғидан узиб чиққан узум билан Яккатолнинг тагида бир чиройли нону ангур қилиб олгани-мизни, кейин Иззада балиқ овлаб, пешинга қовурмоқчилигимизни айтиб бўладими уларга.
— Эрталабки қаймоғинг ҳам жойида турибди, олиб кела қол, — дедилар ахийри ойим.

Қутулганимга жон-жон деб тура қолдим. Ҳали тоғорачага бир бурда нон тўғрамаган эдим, сўраб қолдилар:
— Сен-ку, майли, Султонмурод акангга нима жин урди? Шундай кетворибди? Келсам, чой ҳам ичилмаган, дастурхон ҳам ёзилмаган?

Мен тўғрисини айтолмай ерга қарадим.
— Қачон қайтаркан, айтмадими?

Мана, айтилган ишни қилмаганимнинг оқибати! Уйғотиб қўйсам-ку, шу гаплар йўқ эди.
— Мен кетаётганимда... ухлаб ётиб эдилар, — деб минғирладим зўрға.
— Унда келиб қоларкан пешинларга. Эшикни тамбасини шундай тушириб кетибди. Кўнгли бўлмас, бир хабар олиб ўтмаса, — дедилар опоғойимга.

У киши хаёлланиб, дастурхон четини силаб қолдилар. Мен уларни ҳеч бу аҳволда кўрган эмасдим. Унақа-бунақа ташвишларни кўрдим демасдилар. Бошқаларга: «Ҳой эгачи, шунга шунча кўз ёш, дийдиёми, орқангизга ташлаворинг-е! Худо олсинзтяи, Сиззи кўз ёшиз билан ўнгланиб қоларканми?! Унглайдиганиям Ўзи, қўллайдиганиям Ўзи. Худога солиб қўяверинг», деб насиҳат қилиб юрадиган одам... бундай ўтирибдилар. Яна ҳарсиллаб-лорсиллаб ойимнинг олдиларига кептилар. Ҳайбат акамнинг иши чатоқ, шекилли. Тавба, Барзанни бировлар ўғирлаб, Ҳайбат акам жавоб беради эканми?
— Унда бирпас кута қолайинмикан? Ё кун исиб кетмасдан... — дедилар опоғойим кўзлари аллақандай ёшланиб келиб.
— Вой, кеннойи, шу иссикда қаёққа борасиз, озмунча йўлми Қоратош?! — дедилар ойим ҳеч рози бўлмай. — Келдизми, кутинг. Ўзи бир ёқли қилиб беради. Ҳайбатиллайиз шунга учранг дептими, бир нарсани билиб айтган.
— Дадажонга бора қолайми, девдим. Ҳарҳолда, паст-баландни билади. Закунни билади.

Ойим илкис бош чайқадилар:
— Закуниданам бурун от топилиши керак. От топилмаса, закуниям иш бермайди, кеннойи. Энди бирпас сабр қиласиз. Келмаса, ана Мақсудхўжам бор, топиб-чақириб келади. Умид билан келдизми, ўтиринг. Султонмуродниям қўли анча жойга етади, бу ёқларга энди келгани билан. Олинг, дастурхонга қараб ўтиринг.

Опоғойим «хўп, мана, овотман, ичиб ўтирибман», деб пиёлани қўлларига олдилар, аммо ҳадеганда чиройлари очила қолмасди.

Мен қўзғалдим.
— Бўлмаса, шийпонга ўтиб кела қолай. Айтишар қаердалигини ?
— Қанийди, тойчоқ, қанийди? Опоғойинг ўргилсин, ўзим тўйларингда ойинг билан бош бўлай. Чимилдиқли уйларингни пойлаб чиқай. Бориб келақол. Маниям кўнглим тинчисин. Яна кимларга ялиндим, борақол. — Опоғойим куракларимни силаб, дуо қилдилар: — Илоҳо, шу уйларда унгин-ўсгин. Туп қўйиб, палак ёйгин. Юртда мартабалар топгин.

Мен ҳам бир оғиз ширин сўзнинг гадосиман, бу дуодан Султонмурод акам дунёнинг нариги чеккасида бўлса, айтиб келгудек ҳолга тушиб, ўрнимдан турдим.
— Тез бориб кела қол, биз пойлаб ўтирамиз. Аравасини қўшиб келсин. Биратўла опоғойингларни ташлаб қўяди, — дедилар ойим тайинлаб.
— Хўп, — дея мен кўча эшик қолиб, ўртадаги йўлдан опамларникига чопдим. Ўшанақаси тутзорнинг ичи билан кесиб чиқмоқчи эдим. Аммо жийданинг тагига етганимда тепа йўлда арава шалдирагандай бўлиб, тўхтаб қолдим: Султонмурод акамми? Бу ёқларда ундан бўлак ким ҳам бўлсин. Қайтдим.

Чиқсам, чинданам ўзи! Арава Сайнаби домланинг қайрилишидан чиқиб келяпти. Фақат, илгариги шахти йўқ. Тизгинни бўш қўйганича, араванинг юришига монанд чайқалиб келяпти. Шунақа хаёл суриб кетибди. Бўлмаса, отларини ўз ҳолига қўйиб қўярмиди?! Айниқса, шу қиямаликдан тушишда?! Ўрнидан тик турволиб, бир қўли-ла тизгинни силкилаб, қамчинни шотига чарс-чурс урганда кўрсангиз уни! «Қиёв-қиёв»лаб отларни қистаганда кўрсангиз! Шаддираб бораётган арава тўн-тарилиб кетай-кетай деб яна ўнгланиб олганда кўрсангиз уни! Ҳо-ов, бир олам завқ топарди акам бундан. Ана уни ҳақиқий Султонмурод, ғайрати оламга сиғмаган йигит деса бўларди. Бутун пешонасини танғиб олган қийиғини демаса, нимаси бор, нимаси қопти?

Ростданам, у кейинги кунларда бир ғалати — камгап, ичимдагини топ бўлиб қолди. Илгаригидек тегишиб, ҳазиллашишлари, шарақлаб кулишлари йўқ. Иззада ҳам кам кўряпман: кеннойимнинг йўлини кутишлари, жийдазорда гапга тутиб, аравасига солиб кетишлари йўқ. Ё мен аразлаб бормай қўйдим, ё улар аразлашиб келмай қўйишди. Ҳайбат акам эса, нега кўринмайди десам, иш чаппасига кетган экан. Беданавоз амакининг айтгани рост чиқди, ана, опоғойим келиб ўтирибдилар. Султонмуродга боринг, отни топишворсин, бўлмаса, мени бўшатмай, кесиб юборишади, деганмиш.

Бу кишим эса, ҳеч гап бўлмагандек, (ахир, Барзан устида ўлиб қолай деганларини ким кўрмабди!) келяптилар. Ё қилар ишни қилиб қўйиб...

Мен хаёлимдан ўзим қўрқиб кетдим. Анҳор бўйига ўтираётган жойимда туриб олдим. Акам индамай ўтиб бориб, аравасини толқатор тагига бурди-да, тушиб, отлар сўлиғини чиқара бошлади. Кейин уларни қантарди. Арава ичидан белбоғга тугиғлиқ бир нарса олаётиб, кимнидир излагандай атрофга аланглади. Мен чопиб бордим. У шахти паст алпозда илжайди:
— Ҳм, аразлашгандай... тумтайиб опсан, тинчликми?
— Ўзиз-чи? — дедим мен ҳам.
— Мени қўявер, мени жин урмайди, — деди зўрма-зўраки жилмайиб ва нари юрди.
— Яхши кўрган Барзаниззи жин уриб кетибди-ку?..
— Хабарим бор, — деди у совуққина.
— Опоғойим кеб ўтирибдилар. Ҳайбат акамни...
— Унисиданам...

Ҳайрон бўлдим. Ҳаммасидан хабари бор одамнинг юришини қаранг! Жилла қурса, Ҳайбат акамга ачинса бўларди!

У эса, отларнинг бўйинбоғларига яна бир қараб қўйиб, қайтди. Ўша ерданоқ бош ирғаб:
— Гапинг рост бўлса, ўша белбоғдагидан бир-икки бош чайиб кир, бор, — деди худди анграйиб қолганим ёқмагандай.
— Хўп, — деб мен ноилож суриндим. Султонмурод акам боягидан сал юмшаб, ичкари қараб юрди ва қамчинини йўлакай эшик зулфинида қолдириб, кириб кетди. Анҳор бўйига бориб, белбоғни очсам... вой, уни кўринг! Отлиққа ҳам топилмайдиган даройи! Саҳарда узилгандай диркиллаб турибди. Узумларнинг пошшоси! Бунақаси фақат Каттабоғдаю Сиддиқ арракашнинг боғида битиши мумкин. Ишкомидан ғир-ғир шамол ўтмайдиган жойда овора бўладилар.

Узумнинг икки бошини чайиб, ҳовлиқиб кириб борсам, улар кўришиб бўлиб, ўтиришаётган экан. Тақсимчага солиб чиқиб, ўрталарига қўйдим.
— Вой, Саломхон, янглишмасам, Асол опамни даройилардан-ку. Ё бу ёқларгаям кўчатидан келганми? — дедилар опоғойим уни кўрибоқ.
— Келган эмас, шўттан борган. Ҳаммаси Ваҳоб поччамни боғларидан тарқаган. У кишидан миришкори бу даҳада йўқ, — деб ойим Султонмурод акамга қараб қўйдилар. — Яна бир бўлса, Нусрат поччамнинг боғларида кўргандайман.

Султонмурод акам ялт этиб, бошини кўтарди, бир ойимларга, бир узумга қараб, жилмайди.
— Ростданам, холам сўраб юбордилар. Кечки пайт ўтармиз, деб шуни бервордилар, — деди.

Нақ бўлмаса мен галварс бошқача хаёлларга боришимга сал қолувди. Нусрат поччанинг боғларидан экан-ку, қарийб ўзимизники ҳисоб. Нусрат почча ким? Холамнинг эрлари. Бу холамгилар ўзлари шаҳар ҳовлиларида туришади-ю, ёзда икки ойгина шу дала боғларига енгил-елпи кўчиб чиқишади. Мен кўп борганман, аммо боғни унчалик тинтимаган эканман. Бўлмаса, билардим!
— Олинглар. Олинг, кеннойи, омонлик-сомонлик, — деб дастурхонга қистадилар ойим.
— Етказганига шукр Худойим ўзининг шунақа неъматларига. Мана, мен олдим, — деб опоғойим биринчи қўл уриб бердилар.

Кутиб туриб ҳаммадан кейин мен ҳам бир шингил олдим-да, оғзимга солдим. Оҳ, оламда шунақа узумлар бор-а! Карсиллашини айтмайсизми бунинг!

Ойим яна бир шингил олиб, менга узатдилар:
— Мақсудхўжа, ма, Қудрат аянгларникига чоп. Опоғойим келдилар, дегин. Айтмабсан, деб юрмасинлар.
— Аяни овора қиласизми, Саломхон? Бемалол — ётадиган бўлиб келганимда чиқармиз, ҳозир... — деб хижолатга тушдилар опоғойим.

Мен, қани чиқмай қўя қолсам, деб турибман. Ҳайбат акамни нимага қамаб қўйишганию Барзанни қандай ўғирлатиб юборишганини шундай билгим келяптики, бу ердан бир қадам жилгим йўқ. Яна, Султонмурод акам нима дейди? Ишқилиб...
— Кеннойим эшитсалар, хафа бўладилар. Борақол болам, дийдор ғанимат! — деб ойим унамадилар. Балки югуриб бориб келсам, улгурарман, деб зинғилладим. Даройи ҳам хонтахтанинг четида қолаверибди. Қайтиб келганимда, Султонмурод акам ўша ўтирган жойида, бош силкиб: «Хўп, опоғойи, хўп», деб қўлини кўксига қўйганча ўтирар, аммо чиройи унақа очиқ эмас эди.
— Аям бир ёққа кетган эканлар. Мачимпамларга айтиб чиқавердим, — дедим мен.
— Энди мен қайта қолай, гаплашиб ётадиган бўлиб бошқа келарман. Жавоб бера қолинг, Саломхон,— деб опоғойим кетишга чоғлана бошладилар.

Шу маҳал кўчада отлар кишнаб юлқинди. Арава ғижирлаб, бориб-келди. Султонмурод акам ўрнидан тураётиб, мени шоширди.
— Чоп тизгинни узиб кетмасидан.

Мен ўкдай кўчага отилдим. Чиқсам, аравага қўшилган айғирлар қутуриб, орқа-олдиларига бориб келишяпти, ёш толни эгиб, тизгинни узгудек... Мен аввал тишлашиб-кишнашяпти дебман. Кўчадан бия минган одам ўтиб боряпти экан. Тизгинни узиб кетсаларми, кўрардик томошани!
— Др-р! Тис-э, бия кўрмаганлар! — деб юборибман.

Кутилмаганда отлиқ биясининг бошини ёнғоқ тагига буриб, эгардан туша бошлади.

Қўрқиб кетдим. Унга тегадиган нима гап қила қолибман?

У бўлса, жиловни отнинг бошидан ошириб, менга ўгирилди. И-и, ҳабашдай қора анув маймунбашара-ку! Кўк мовут кител-шимини ҳеч чечмайдиган?!

У хунук ишшайди:
— Бия кўрмаганларми?.. Оббо сен-эй!

Бу ёқда отлар юлқинишни қўймайди, у ёқда маймунбашара биясининг арқонини ёнғоқнинг бутоғига боғлаёлмай ҳалак. Нима бало, опке айғирларингни, деб қоладими? Бир кулгим қистайди.
— Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром ўлади, дейишарди, рост экан, — деди у ишшайиб. — Окангнинг ўзи қани?

У салтанат қилгандай галифе шимининг чангини қоқиб, камарини тўғрилаганча, кела бошлади. Шундагина ёнига наликчиларникига ўхшаган папкаю наган тақволганини кўрдим. Ичим шув-в этди: ўлди акам! деб ўйладим. Ё девор ошиб қочвордимикан?..
— О-кам? Қайси окам? — деб ғудрандим нима деяримни билмай.
— Асранди оканг-чи! Қизиқ бола экансан-ку! Ўзини овсарликка солишини кўринг. Вой санию, хувари! — У таъсирланиб кулди.

Назаримда Султонмурод акамнинг девор ошиб, гумдон бўлишига имкон туғдираётгандек, ўзимни баттар гўлликка солдим.
— Олим акамми?
— Қанақа Олим аканг? — У шунақа акам борлигини эслай олмай, яғир мовут кепкасини жилдириб, бошини қашлади. — Шошма-шошма, бу, анув, халқ душмани бўпкетган қариндошларинг бўларди, ўшанинг жинқарчасими ?

Унинг бу гапидан дамим ичимга тушиб, қўрқа-писа ёлғонладим:
— Сиз адашяпсиз, кимгадир ўхшатиб...
— Ола, хувари! — У яна боягидай кулди. — Хўп, қайтда ўша қочоқ оканг?
— Қочоқ?
— Ҳа, менга кўринмай юрганидан кейин, нима бўлади?!
— У ҳеч қанақа қочоқ-почоқмас, шаҳарга ўқишга юборишган уни. Мелисаликка ўқиб ётибди.
— Йўғ-э? Мени жуда қўрқитвординг-ку!..

Шу маҳал кўча эшигимиз очилиб, остонада Султонмурод акам кўринди. Мовут кепка ялт этиб қараб, бирдан сергак тортди. Юзига нимадир соя ташлаб ўтиб, зўрма-зўраки кулимсиради.
— Э-э, укагинам Султонмуродхон, бормисиз, кўрадиган кун ҳам боракан-ку ўзингизни?!

Вой ялтоқи-ей! Вой тулки-ей! Ҳозир димоғидан қурт ёғиб турган одамни кўринг.

У билагидаги қамчинни саланглатганча, кўришгани қўл чўзиб бора бошлади:
— Йўқлаб борганакансиз, йўғаканман.

Акам уни кўриб, энсаси қотди. Хушламайгина қўлини олдию (бевақт келгани ёқмагандай) отларига овора бўла бошлади.
— Хизмат, укам! Неча йилда бир ишингиз тушибди: қўлдан келса, жоним билан... — деб маймундек қийшонглади.

Миямга бирдан беданавоз амакининг гапи тушиб, бу одамнинг болаликдаги бир қарич думчасини яққол тасаввур қилдиму кафтимни оғзимга босдим. Э, бу ўша одам-ку: Акмал жувонмарг, деб таърифлаганмиди! Яна нима девди? Ҳа, облочининг ити! Ҳаммани зир титратадиган шу одам акамга ялтоқилик қилиб кептими? Балки айёрлик қилаётгандир?

Акам отини силаб тинчлантираркан, тўрсайиб қаради:
— Мен сизни қаерга чақиртирувдим?
— Ҳўв, хезалак, — деди Султонмурод акам, — бора оласанми-йўқми, шуни айт?
— Менам сен билан бошқа ерда гаплашаман, қараб тур!
— Шошма! — деди акам овозини бирдан анча пастлатиб. — Иккала қулоғинг билан эшитиб ол! Агар бирон ерга ғинг деб бораркансан ёки айтган жойимга келмасакансан... ўзингдан кўр! Аяб ўтирилмайди. Ҳозир сенга жувоб! Иккинчи қорангни кўрмай бу ерда. Жўна!

Акмал ўрис кўча ўртасида туриб-туриб, ноилож орқасига бурилди. Бияси думини икки бўксасига чилп-чилп урганча итпашшаларни қувар, бунга сари аравага қўшиғлиқ айғирлар қулоқларини динг қилиб, безовта пишқирар эдилар. Қани, бўшана қолсалару гижинглаб-ўйноқлаб ўша томонга чопсалар! Лекин мен бир нарсадан ҳайрону лолман: шунча вақтдан бери Султонмурод акамнинг кимлигини билмас эканман! Акмал ўрисдай одамлар унинг олдида пилдираб қолса-я. Ё тавба! Унда акам ўзи ким? Ўғрибошими ё ҳукуматнинг каттаси? Ҳали шунақа одам бизникида ётиб юрибдими?!

Султонмурод акам аравани қайтадан қўша бошлади.

Омонат

Опоғойим жўнайдиган бўлдилару мен битта кўрпача опчиқиб, тагларига тўшаб бордим. У киши аравага чиқиб, оёқларини узатиб ўтириб олдилар. Сачвонлари ёнларида, оч кулранг сидирға паранжиларига ўранволганлар. Кўзларини ҳеч биздан узмайдилар, узолмайдилар:
— Ўзларингам боринглар, бундай, оталарингиз юртига. Арвоҳларни шод этиб.
— Йлой, яхши кунларда кўришайлук, — деб ойим араванинг ёнидан бориб, қучоқлаб хайрлаша бошладилар.

Юзлари салга ёришиб кетадиган опоғойим кўзлари ёшланиб, бизни кўксиларига босарканлар, ичкаридан Султонмурод акам чиқиб келди.

Камгап. Афтидан хаёли жойидамас. Ахийри, у отларни толдан ечиб, араванинг бошини йўлга бураркан, мени имлади. Югургилаб бордим. Соат чўнтагидан буклоғлиқ бир қоғоз олди.
— Мана шу... сенда турсин, сўраганимда берасан, хўпми? — деди.
— Омонатми? — дея олдиму қўйнимга тиқдим.

У жилмайди ва суйиб қўйиб, сўнгра ойимларга қаради:
— Дуо қилинг, биз борайлук. Ойим қўлларини очдилар:
— Кушойиш бергувчи Илоҳим мушкулларингизни ўзи осон этсин, хонадонларимиздан хотиржамликни аритмасин, яхши боринглар.
— Илоҳо омин, — дедилар опоғойим кўзлари яна ешлана бошлаб.

Арава жилди. Акам оёғини ғилдирак устидан ошириб, ўтириб олган эди. Беихтиёр эргашдим:
— Мен ҳам боришиб келай?

Акам эшитмади, опоғойим, «чиқ, чиқақол», дедилар. Аммо ойим жим эдилар. Бунга сари бир соғинч ичимни ўртаб, куйдиряптики... Отлар жадаллаб, арава шалдиради. Мен чопдим. Рухсат тегмаган бўлсада, араванинг бир ёнини ушлаб олганман. Ўзимга қолса, осилиб чиқиб олгим, биз ташлаб келган жойларни бир кўриб келгим бор. Опоғойим келиб, ўша жойлар ҳидини туйдимми, ичимда бир соғинч қўзғолиб қолди. Ғир-ғир шабадалар макони — у толзор кўчамизу четларини баланд сафсар гуллар ўраб ётган ҳовуз бўйлари, биз беркинмачоқ ўйнаб чарчамайдиган у ёнғоқзору ўрикзор боғлар кўз олдимдан ўтиб... орқага — илинж-ла, ойимларга аланглайман, қани жавоб бера қолсалар... Акамга маза. Жилла қурса, ўзларининг хароба қўрғонларини кўриб, айланиб келади, ҳовурини ёзади. Бизнинг уйлар қанақа харобага айланиб қолди экан? Кўрганлар бу кимнинг қўрғони эди, деб сўраса, нима жавоб қилишаётган экан? Умуман, у ёқдарга — Яккабоғга нима бўлган, ҳамма бирин-сирин кўчиб-кўчиб кетиб, харобаларигина қоляпти? Бировлар кўчирмага тушиб, бировлар яқинлари қаватига кўчиб, яна бировлар Султонмурод акамнинг оталаридай қамалиб кетиб? Ё Яккабоғга шундай дуо кетганми? «Охирида ёлғиз бир боғ қолсин!», деган?

Ичим ачиб, Худонинг ўзи асрасин, дейман-у, ҳеч кўнглим ёзила қолмайди. Кўзим ҳам ёшланиб, ачишиб келаётир.

Ахийри арава Султонбек амакининг кўпригидан дўпирлаб ўтиб, пастга қараб бурилдию мен қайтдим. Лекин эндиликда бор-йўғи ўнтача қўрғон қолган Яккабоғимиздан — саратоннинг живир-живирларига кў-милиб ётган ўша азиз диёрдан кўз узолмайман. Назаримда, Барзан ўғирланиб, ўша ёқдан бир балолар бош-ланиб келаётгандай. Бўлмаса, нега Ҳайбат акамни қамаб қўйишди? Гумонсирабми ё топасан дебми? Учи, келиб, келиб опоғойимни Султонмурод акамнинг олдига юборибди! Ўша билади, ўшанинг ақли етади, деганими бу? Акам-чи? Нега ҳеч чиройи очила қолмаяпти? Балки...

Ўтирибман анҳор ёқасидаги дўнгда. Ана, ушгаг араваси Қаюмбек амакининг пастидаги сойга тушиб, бир муддат йўқ бўлиб кетди-да, Жимиттепа орқасидан чиқиб борди. Узокдан қўш чигиртка қўшилган митти аравачага ўхшаб кетарди. Лекин юки бордай жуда секин жиляпти. Илгари шунақа пайтларда акамни кўрсангиз. Ўла қолса отларини тинч қўймасди ҳеч. Бу шахтидан Барзанни топиб, Ҳайбат акамни қутқарволиши ҳам даргумон.

Бўксамни бир нима чақиб, жонҳолатда ўша еримни чангалладим. Секин ичдан қўлимни юборсам... чумолига ўхшайди. Ёпишиб опти, ҳеч ажралай демайди. Тура, липпамни очиб, кўйлагимни қоқа бошлаган эдим, ичимдан бир нарса анҳорга учиб тушди. Қарасам, акамнинг бояги омонати оқиб боряпти. Анҳорнинг у бетидан-бу бетига сакраб, чопдим-ку! Зўрға тутиб олдим. Силкиб ташлаб, қатини ёзсам, бир чеккасига нам уриб, сиёҳи ёйилиб қопти. Ўлдим! Биров одам деб ишониб берган эди, расвосини чиқарибман. Энди унга нима дейман?! Аламимдан йиғлаворай деб, беихтиёр хатнинг бошига кўз югуртирдим. Бир-икки сатр ўқидиму...

Хат Яккабоғнинг Иззасида Парпи бебахт отиб қўйган... ўғридан эди.

«Мен ўша дардисарман ўзинг извош топиб, Арпапояга етказиб келган, — деб бошланарди хат, — Раҳмат, ука. Танимаган-билмаган ғанимингта шунчалик одамгарчилик қипсан. Кези келса, жигар-жигарга шунча яхшилик қилолмайди. Бир қориндан талашиб тушганлар қўллай олмайди шунчалик! Сен қилибсан!

Аввало, номимни эшитсалароқ дўхтирлари оёққа қалқадиган жойга етказиб кепсан. Бошқа жойда ўлиб кетсам, биров билиб-биров билмасди. Бу ерда ҳарқалай Турғун чочал номим бор, бутун Бешоғоч даҳа, у ёғи Қоратош, бу ёғи Хадра танийди. Мени оёққа турғазмай кимни турғазишсин. Қолавурса, Қоратошга суриштириб бориб, волидаи меҳрибонимизга хабар бериб кетибсан. Эшитиб кўп таъсирландим!

Мен ким эдимки, Худойим менинг ишимни сенга туширибди, марҳаматли одамларга йўлиқтирибди? Ахир, сендан бўлак бир кимсага рўпара қилса ҳам, ит ўлимида ўлиб кетсам ҳам, ҳақи бор эди. Нега асраб қолди? Паноҳ беряпти? Очиғини айтсам, кейинги вақтда шунақа ғаройиб воқеалар бошимдан кечдики, нималар бўляпганига баъзан ақлим бовар қилмайди. Мен нима топшириқ билан орқангдан эргашиб чиқдим-у, ўзим нима бўлиб қайтдим? Ёруғ кунда, куппа-кундузи сени қандай йўқотиб қўйдиму ўзим ўша қўрғон атрофида гангиб-ўралашиб қолдим?

Калтакни еб-еб, кейин қутулиб кетишим-чи? Қўрғон эгаси, анув чолнинг Хизрдай етиб келиб, ажратиб олиши-чи?

Ҳаммаси тушга ўхшайди, бизнинг акдимиз етмайдиган бир нарсаларга ўхшаб кетади. Худонинг ўзи ёрлақади шекилли, сен менинг чангалимдан қандай қутулиб кетдинг, мен эсам кўрга ўхшаб сени кўрмай қолавурдим? Ўзим қазган чоҳга ўзим қулаб, қонга беланиб ётганимда яна сенинг етиб келишинг-чи? Қандай тушуниш керак?

Ростини айтсам, бу ёққа чиқаришмасидан сал бурунроқ ғаройиб бир воқеа содир бўлди. Унга ҳам ҳалигача ақлим етмайди. Бизни ярим кечада уйғотиб, ўлим камерасида ётган бир маҳбуснинг ёнига киритиб юбордилар. Ярим тун бўлгач, ўзинг тушуниб олавер. Бекорга киритмайдилар. Биламиз, ҳукм улардан, ижро биздан.

Кирдик. Эшик шарақлаб беркилиб, қадамлар узоқлашиб кетди ҳамки, ё тавба, мен жойимдан жилолмай, ўзимга келолмай турибман. Қотиб қолибман.

Қаршимда биров... нега биров бўлсин, отам раҳматлининг ўзгинаси! Қиблага қараб намоз ўқиб ўтирибдилар. Бошларида ўша оқ тўр дўппилари, оқ оралаган соқолларидан, кулча юзларидан нур ёғиляптики, қўяверасан. Тағинам сал қия ўтирибдилар. Бир юзларинию кенг яғринларини кўриб турибман. (У киши шунақа яғриндор эдилар.) Уша-ўша басавлатлар, ҳеч чўкмабдилар. Ундай десам, ўтганларига қанча замон бўляпти. Астағфируллоҳ, одам одамга шунчалар ўхшарканми, деб ёқа ушлайман. «Кимни бизга рўпара қилишяпти? Наҳот биз ўз отамизга ўхшаганларни?..» дедиму сесканиб кетиб, жон ҳолатда шеригимнинг тирсагидан ушладим.
— Ўтир, ўтир овсар, биров намоз ўқиётган пайтда тик турмайдилар.

Қаёқдан бу гап хаёлимга келди, ўзим билмайман.

Чўкдик. Қари маҳбус эса, хотиржам намозини ўқияпти. Тураркан, эгиларкан, сажда қиларкан, шивирлар, ҳар «Аллоҳу акбар» дейишларидан мени сир босиб, сеҳрланиб бораётибман. Тавба, овозлари ҳам айни! Отам ҳам кўксиларидан чиқариб, шундай чиройли такбир туширар эдилар... Балки кўпдан у ёқларга қайтмаганим, азбаройи уйдагиларни соғинганимдан бу одам отам бўлиб кўринаётгандир? Овозлари ўхшаб кетаётгандир?

Бир маҳал шеригим ҳансираб, шипшиб қолди.
— Намозда тегинолмаслигимизни билиб, ўтиравуради шекилли?
— Ў-чир! — дедим биқинига туртиб ва шу замони бир вақтлар эшитганим Ҳазрати Алининг қотили ҳақидаги ривоят ёдимга тушиб, сесканиб кетдим.

Во дариғо, бу ривоятни болалигимда шу отамиз айтиб берган эдилар. Ёдимга тушган маҳалини қара!

Ҳазрати Алининг асраб олган ўғилчалари бўлган экан деб айтиб ўтирар эдилар отам. У ҳеч ёнларидан жилмас, ҳатто намозга турганларида ҳам қўндоқдек бўлиб қаватларида ўтирар экан.

Ана шу бола бир куни:

«Ота, ота, сиздан кучлик кимса борми?», деб сўрабдиймиш.

«Йўқ», дебдилар у зот.

«Нега?», дебди бола.

«Худойим мени шундай яратган. Шоҳи Мардон номим бор, биласан».

«Демак, қилич ҳам олмайди сизни?»

«Олмайди», дебдилар Ҳазрат.

«Найза ҳам ўтмайди?»

«Ўтмайди, болам».

«Мумдай эримайсиз ҳеч?» дебди асрандилари.

«Эрийман баъзан», дебдилар Ҳазрати Али.

«Қачон, айтинг?»

«Намоз пайти, бўтам. Фақат намозда мумдай эриб ўтираман. Ундан бўлак вақт овора бўладилар...», деб жилмайиб қўйган эканлар.

Қараки, шу воқеадан қанча ўтиб, у кишининг душманлари хонақоҳда пичоқлаб кетишга муваффақ бўлишибди. Шунга ўхшаб, биз ҳам бир мўминни намозда ўтирган кезида пичоқлаб, қотил қавмида кетарканмиз-да? Шу ўйдан, сенга ёлғон, Худога чин, мўйларим тикка бўлиб кетди!

Хуллас, у намозини тугатиб қўзғалди. Биз саломга шошилдик. Басавлат қария экан. Яқинимизга келиб ўтирди. Биз унга тиғ тугул, қўлимизни теккиза олмадик.

Эртасига эшитсак, қўлига ҳукм қоғозини тутқазиб, жавобини бериб юборишибди. Ҳалигача англаб етолмайман: бегуноҳдан-бегуноҳ кимса ўлим хонасига қандай маҳбус бўлиб тушдию қандай осонгина қутулиб кетди? Шунинг орасида бизга отам қиёфасида кўриниб, лол қолганимиз-чи? Буни бировга қандай тушун-тира оласан? Мен-ку орадан ярим-бир ой ўтиб, бу воқеани унутган ҳам эдим. Аммо кейинги ишлар бундан ҳам ўтиб тушди.

Бўлмаса, жим ўтлаб юрган от... милтиқ отганини ким кўрган? Бир четда ётган қирқмани бехос босиб олса, кифоя экан-ку, мен қай ўнгирдан биқиниб отди, деб шердек сапчиб туриб кетибман! Йўқ, ўша Парпинг гуноҳкормас! У менинг номимни эшиттандаёқ, ҳурматимни жойига қўйиб, отдан тушган, кейин биз тол соясида, чимда ёнбошлаб гаплашиб ўтирган эдик. Фалокат от туёғи остида экан.

Ҳай, нима бўлса, пешонадагини кўрдим. Муҳими, охири яхши чиқди. Ва мен бугун бу ерлардан бош олиб кетмоқдаман. Қолиб, айтганим-айтган, деганим-деган бўлиб, еганим олдимда, емаганим орқамда, кўзир бўлиб юришим мумкин, лекин охири чиройли чиқмаса, бунинг нима кераги бор?

Бу дунё ҳаёти ҳаммаси бир синов, бир имтиҳон шекилли. Тўғри йўлни топса — топди, топмаса — кейини вой?.. Уша «вой»га қолмаслик учун ҳам бу «дўстларим»дан алоқани узиб, қўл етмас ерларга кетаётирман. Сендан илтижоим, гоҳ-гоҳ онамизни йўқлаб тур. Ўғлимнинг шундай дўстлари бор экан, деб кўксилари ўссин. Хайр.

Дарвоқе, ёлғиз ўзингга гапим бор эди. Хатга қўшолмадим. Ҳар хачир от саналмаганидек, ҳар бегонадан дўст чиқмас. Афсус, бизнинг дўстлигимиз узоққа чўзилмади. Дуоларимизда унутмайлик.

Турғун».

* * *

Акам яна бемаҳал юрадиган, ярим кечаларда қайтадиган одат чиқарди. Қаерларда тентирайди — билмаймиз.

Кеча ҳам опоғойимларни олиб кетганича етти хуфтонда қайтибди. Қачон ётиб, қачон туриб кетгани номаълум. Турсам, ўрни йиғиштириғлиқ. Фақат тахмон адёлини тушириб кетишнию дераза токчасида ётган мохорка халтачасини олишни унутибди.

Ҳайбат акамнинг илтимосини ўринлата олмаган шекилли? Шунча изғиб, Барзанни топиша олмаган бўлса, иш опоғойим ўйлаганларича осон эмаскан-да?

Аммо тарғилимни бедапоянинг пастидаги қўриққа олиб тушиб, ўзимиз Иззада (ҳов ўша кўприк пастидаги Чўмилишда) балиқ бўлиб ётсак, бир маҳал Жимиттепа орқасидаги йўддан аравасини шалдиратиб келиб қолди. Арава кўприкдан ўтаётганида Иззага шувиллаб тупроқ-кесак тўкилиб, сув юзида бир нарса сариқ илондек билонглаб кела бошлади. Ким қичқириб қочди, ким хахолаб кулди. Ҳалиги тупроқ сув юзида лойқаланиб, худди сариқ илондек «оқиб келар» эди...

Мен ўзимни қирғоққа ота, акамнинг орқасидан чопдим. Аравада тик турволганча тизгинларни қўйвормай «қив-қив»лаб, «Ҳа, жониворлар, ўзим ойнанайлар!» деб қийқириб келаётган акам, назаримда, кўприкдан ўтаётиб мени имлагандек, имлаб чақиргандек эди.

Арава катта тепадан ошиб ўтиб, йўлга чиққанида, етиб олдим. Акам тизгинларни тортиб, отлар секинлар-секинламас менга ўгирилди:
— Ҳов, балиқвой тўра, етар шунча яйраганинг! Итбалиқдан шоҳ чиқмаган. Сигирни опчиқсанг, бир ерга ўтиб келардик. Баҳонада ўйнаб ҳам келасан.

Мен жон-жон дейман-ку.
— Ҳозир... етволаман, — дедим ўйноқлаб.
— Мана, боғимиздан узганимиз бор. Қуруқ кирмаймиз, — деб кўнмади.

Мен унга қойил қолдим. Бировнинг ҳақига тегинмайдиган экан-ку, буни нима деб юришибди.

Мен уни анув (касалхонага олиб бориб ташлаган) ошнасини суриштиргани кирадими десам, аравани катта кўчанинг бир четидан ҳайдаб кетяпти-кетяпти, борадиган еримизга етай демаймиз. Қайтага мен кўчанинг у четидаги темир издан ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа жинғиллаб ўтаётган трамвайларга, унинг ичида ойнасини тушириб, шамолга юзини тутиб бораётган (шунинг ораси бизнинг аравага қўшилган отларга беш кетиб, «уни кўр-уни кўр» қилаётган болакайлару) одамларга анқайиб чарчамайман. Нима учундир олди очиқ оқ яктак кийиб, пешонасини қишлоқ аравакашларидек қийиқ билан танғиб олган чапанисифат акамга ҳам (зў-ўр отлари бораканми деб) ҳавасланиб анқайганлар қанча!

Бир маҳал дўқир-дўқир билан ўша темир изни кесиб ўтиб, деворлари оқланган, сердўконча бир гузарга чиқиб бордик. Бу ерлар аллақандай танишдай, мен тушимда бир вақтлар кўргандай эдим. Таниб улгурмасимдан, аравамиз қалдираб-шалдираб бир тор кўчага кириб бора бошлади. Бу кўчалар умрида от-арава кўрмаганми, от туёқлари бир ажаб тақирлаб, тор кўчанинг ичида шунақа жўр бўлиб чиқадики, одамнинг ҳаваси келиб кетади. Ҳали у эшикдан, ҳали бу эшикдан чиқиб, орқамиздан чопган, анқайган болалар қанча!

Ахийри жар ёқасидаги бир майдончага чиқиб бордик. Султонмурод акам от тизгинларини тортиб, арава тўхтар-тўхтамас, устидан сакраб тушди. Ва отларни тислатиб, йўлаги узун, дарвозахонаси оддинга чиқариб қурилган, икки тарафида қўша-қўша устунлару супачалари бўлган эшикка яқин олиб бора бошлади.

Мен жарга пастлаб кетган ёлғизоёқ йўлни кўргандаёқ ичим бир жиғ этди. Бу ерларга бир келганман, шекилли? Ҳатлаб ўтса бўладиган, қўнғироқ-қўнғироқ сув ўтлари босиб ётган сойдан чиқиб, ҳов анави томонга — кинохонага борган эмасмизми? Манави чекичлангандай эски дарвоза ҳам... Танидим! Қишда келганмиз! Роса совуқ, қора совуқ эди. Янги йилгачаям қор ёғмаган, мен учинчидами ўқийдиган вақтим, ойимлар билан келганмиз. Аввал Қоратошдаги қариндошларимизникига, кейин эртасига бу ёққа чиққанмиз.

Акам, Султонмурод акам буларни қаердан таниркан?... Ё шаҳарда турганида... келиб юрганми? Ўшанинг хотираси, кўргани келаётибдими?
— Узатақол челакларни...

Бу орада у отларни эшикнинг устунига боғлаб улгурибди. Араванинг бу ёнидан келди. Аввал узум челакни, кейин наригисини узатиб, кетидан ўзим ҳам сакрадим. Акам олма челакни тутқазди.
— Ма, кўтаришиб ола қол. Кўп ўтирмай қайтамиз,— деди у.

Афтидан, тезроқ қайтсак, музқаймоқларга ҳам улгурамиз, демоқчи. Мен эсам, тамоми бошқа хаёлдаман: Ўшанда киноларга оптушишган шаҳарлик қариндошларимиз мени танишармикан? Ҳозир қанақа бўлиб кетишган экан? Қизлари ҳам бор эди шекилли? Ҳаммадан ҳам бурун анави оқ юзли, чиройли хотин — Ҳури амма-чи? Ойимларни бағриларидан қўйиб юбормай: «Вой, кеннойижон, бормисиз, исларингиздан айланай, бўйларингиздан ўргилай, сизларни кўрадиган кун ҳам бор экан-ку, мунча сочилиб кетдук, узоқлашиб кетдук»лаб кўзига ёш олган қариндошимиз. Танирмикан?

Бунга сари Султонмурод акам жилмайиб:
— Юр-юравер, қисинма. Жудаям бегона жоймас, сен эгасини бир кўргансан, биласан, — дейди қулоғимга шивирлаб.

Қоронғи йўлақда мен унинг юзини яхши кўрмаётирман. У ҳам мени кўрмаяпти шекилли. Кўрса, ичимдан нималар кечаётганини биларди. Лекин у айтаётган ким экан?

Ҳеч қанча юрмай тўхтади ва йўталиб қўйиб, овоз берди:
— Турғун ака! Ҳов, Турғунбой ака!

Турғуни ким экан? Амманинг шундай ўғиллари бор эканми?

Ҳовлида юзини тўсган озғин аёл қораси кўриниб, йўқолди.
— Карима, қаравор, қизим, кимлар келишибди? Мен ғиштлари қирраси билан тикка қилиб, доира шаклида териб чиқилган зинадан кўз узолмай турибман. (Кейин қарасам, йўлкалар ҳам шунақа мусулмон ғиштдан экан, фақат азбаройи зах тепчиб кетганидан лой рангига кириб кетибди. Булар ҳам эсимга тушди.)
— Ҳа, ойижон, нима дедиз?

Зина тепасидаги эшик очилиб, остонада бўйчангина қиз бола кўринди-ю, йўлакка кўзи тушиб, «вой» деганича ўзини ичкари урди.

Акам мийиғида кулди:
— Сен кириб боравур, сендан қочишмайди.

Мен бир қадам босиб, хаёлланиб қолдим. Келиб юрган жойим бўлса эканки...

Аммо шу маҳал ҳалиги қизча бошига бир нарса илиб, зинага чиқди, калишини кийгунча бўлмай бизни таниб, чапак уриб юборди:
— Вой, ойи, опоқбуви! Қаранг, кимлар келишибди! Адамнинг ўртоқлари! — дея ҳовлини бошига кўтарганча ён томондаги ойнаванд равонга қараб югурди. У ерни ҳам деразасини очиб юбориб, турган ерида ўйноқлади: — Бир марта келишган эди-ку, ўшалар!

Қизалоқни... қўнғироқдай овозидан танидим. Кулиб турадиган юзи ҳам лоп этиб хотирамга келди. У ўша — кинога боргунимизча ҳам бижирлайвериб, ҳаммамизни кулдириб тинчимаган қизалоқ эди.

Равондагилар шошиб қолишди.
— Ий, шунақами? Хизрни йўқласак бўларкан, кеча эсловдиг-а. Чақир-чақир, бу ёққа чақиравур. Ҳой, келинпошша, қаёқдасиз, жой сола қолинг. — Опоқбувининг овозлари Ҳидой холамларникига ўхшаб юмшоқ, қулоққа мойдек ёқадиган эди.

Наҳот ўша амма бўлсалар?

Ниҳоят, оқ-оппоқ бўлиб, ним зангори (зар уқасиям борми-ей) рўмолда (икки учини икки елкаларидан ошириб ташлаганча) равон эшигида аёл киши кўринди. Янги туққан ойдай чўзиқ юзларига кўзим тушиб, ичимда: «Ҳа, ўшалар-ку! Ҳури амма-ку!» дейман-у, овозим чиқмайди.
— Вой, бўйларизга қоқиндиқ. Кириб келавурмайсизми? Сизни кўрсак, ўғлимизни кўргандай бўламиз-ку! Ўғлимиз келгандай бошимиз осмонларга етади-ку! Оёқлариз гарди кўзларимга тўтиё бўлсин. Кела қолинг, ўргилай, — деб амма ўша ёқданоқ бир қўллари тиззаларида, бир қўлларини очиб, зинадан тушиб кела бошладилар.

Биз челакларни четга қўйиб, кўришгани ошиқдик. Акам салом бериб, елкасини тутиб борди. Мен орқадан навбат кутиб турибман. Ҳали менга кўзлари тушганича йўқ. Акамдан ортмай турибдилар. Қучоқларидан қўймай елкаларини, куракларини силайдилар, енгил қоқиб алқайдилар.
— Илой, сизнинг енгил қадамларингиз билан ўзиям кириб кела қолсин. Кириб келиб, уйларимизни тўлдира қолсин. Оллоҳимнинг ўзи паноҳидан қўймасин, йўлларини очвора қолсин. Сизга ўхшаб, бизнинг дуоларимизни олиб юрсин. Иззат қилиб келибсиз, рўй-хотир қилиб келибсиз, сизни Худо иззатласин. Икки дунё кам қилмасин, — деб туриб акамнинг пешонасидан ўпиб қўйдилар.

Сўнгра акам бир қадам тисарилган эди, мен олдинга «ўтиб» қолдим. Амманинг юзлари хиёл хазинлик ила кулиб турибди-ю, аммо қийиқ кўзларида жиққа ёш. Бу ёш ортидан мени танимаётган бўлсалар ҳам керак. Ийманиб-ла турибман, ўтолмаётирман олдиларига. Аммо амма акамнинг ортида биров борлигини унутмаган эканлар. Ёш илиниб турган кўзларини узмайин ҳам менга қучоқ очиб юрдилар:
— Келинг, тойчоқ бола. Акагинасига қора бўлиб келган сиздай меҳмон боладан ўзим ўргилай. От босмаган жойларга тойлар етган. Сизни ҳам етгулик қилсин ўша кунларга, — деб ифор ҳидлар таратиб бағриларига олдилар.

Сўзларидан бол томадиган, юзларидан нур ёғадиган аммани ростмана танидим, лекин сезиб турибманки, ҳали улар таниганлари йўқ. Бир марта ойим билан бу хонадонларга меҳмон бўлиб келганимизни, ўша қанғлилик болакай мен эканимни эслаёлмай турибдилар. У кишигина эмас, анави супурги-хокандозларни кўздан нарироққа ташлаб келиб, зинадаги калишларни тўғрилаб бизга йўл очаётган қизалоқ ҳам танигани йўқ эди.

«Келинг-келинг»лаб ўша равонга бошлашди, тагимизга икки қават кўрпачалар солиб, дастурхонлар ёйишди. Анчадан кейин амма дастурхоннинг попутини бармоқлари орасида юмалоқлаб туриб, энди сал бошқача оҳангда қайта-бошдан сўрашишга тушдилар:
— Айбга буюрмайсиз, ўғлим. Биз сизни тузук-қуруқроқ ҳам билмаймиз. Ўша бирров кўрганимиз. Ўзиз яхшимисиз? У ёқда элу элатлар, яқинларингиз, ойиз, падари бузрукворингиз?..

Акам «раҳмат-раҳмат»лаб, тагидаги кўрпачани тўғрилашга уринди. Ўзини сезмаганга соляпти. Менинг эса, ичимдан қириндими, бир нарсалар ўтиб боряпти. Демак, амма кўп нарсани билмайдилар. Бизнинг Султонмурод акам билан қариндошлигимизниям, кейинги кечган воқеаларни ҳам...

Лекин амма сезгир эканлар, шақирлаб қайнаб турган самовар кўтариб кирган келинларига (бояги аёл, шекилли) иш буюриб, чалғиган бўлдилар-да, бирдан акамга:
— Бу ким, оповси, қош-кўзлари бирам таниш?.. — деб қолдилар.

Акам мийиғида жилмайди:
— Холаваччам. Бу зўр, менга қора бўлиб келди, опоғойи. Бўйи ҳам чўзилиб қолди, шаҳарни кўриб қўйсин дедим.

Мен мақтовдан (ёқиб турган бўлса ҳам) уялиб ер суздим.
— Шунақами? Истараси иссиқ йигитча бўляпти экан, мен кимгадир ўхшатибман-да, қаричилик қурсин, — дедилар у киши хижолатга тушиб.

Менинг ичимдан: «Тўғри, адашмаяпсиз!» деган гап отилиб чиқиб кетай деяпти.

Амма нон ушатишга алахсидилар. Акам, ҳа, сенга нима бўлди, дегандай хонтахта тагидан тиззамга туртиб қўйди. Мен шунда ўзимни босолмай, унинг қулоғига:
— Биз бир марта бу ерга келганмиз. Ойимлар билан келганмиз, — деб шивирладим.
— Қанақасига? — деди акам ҳайрон бўлиб.
— Шундай. Ойим опкелганлар. Амма сергак тортдилар:
— Ҳа, болам, тортинмай айтавур, ўз уйингдек билавур, — деб акамга қарадилар.

У ноилож жилмайди:
— Бу уйда меҳмон бўлганмиз, дейди.
— Менам айтдим-ку, қош-кўзи таниш, деб... Қани, бир яхшилаб эсла-чи, — дедилар у киши.
— Келганимдаёқ эслаганман, — дедим мен чўккалаб олиб ҳам ёйилиб кетиб. — Ойимларни танийсиз сиз!..

Амма, қўлларида бир ликопча ушатилган каллак қанд, юзимга тикилиб қолдилар ва юзлари ёришиб-нурланиб кела бошлади. Мен улардан ҳам олдин айтишга ошиқдим.
— Мен Саломхон кеннойининг ўғиллариман. Ўша...
— Вой, ўша қанғлилик Саломхон янгамизни-я?! Ойтўрахонларнинг қўшниси. Вой, Муржумонлар омонми, Яккабоғлар омонми? Кел, болам, қайтадан кўришай. Ўзимизнинг томир экансан-ку. Улуғхўжабойлар авлоди... — деб ўтирган ерларида она қалдирғочдай қучоқ очдилар.

Мен туриб бориб, қаршиларига чўккаладим. Ифорларидан тўйиб-тўйиб, эвазига пешонамдан ўпич бериб қайтдим.

У киши кўзлари боягиданам ёшланиб, рўмоллари четини мижжаларига босдилар. Акам ҳам таъсирланиб кетиб чўккалаб олибди. Нуқул ҳайратланиб менга тикилади. Ўзи эса:
— Оббо, пакана пари-ей, сенда гап кўп экан-ку, — деб қўяди.

Ҳалиги мен тенги қиз узум чайиб кирди, олма, ноку гулобилардан олиб келди.
— Даланинг неъматларидан ўргилай. Қариндошларимизнинг боғидан экан-ку. Жаннатнинг иси келади-я, жаннатнинг. Яккабоғ боғларини кўргандай бўлдим-а. Буваларимиз қўли теккан мевалардан экан-ку! — Амманинг шодликлари бўлакча эди. — Олинглар, дастурхонга қаранглар, энди бизники бўлди. Олишиб ўтиринглар. Сизларнинг қадамингиз билан бу уйларга ҳам файз кириб келди, олинглар.

Ваҳ, гаплариям, қисташу илтифотлариям ойимларникига, холаларимникига ўхшайди-я.

Амма биз томонларни таърифлаб чарчамайдилар:
— У ёқларни ким жаннатдай жойларга айлантирибди! Ҳаммаси уруғларимизники бўлган. Қоратош шаҳар ҳовлилари бўлса, у ёқлар дала жойлари эди. Ҳаммалари бир палақдан. Фақат биз катта ҳовлининг чироғини ёқиб қолганмиз, сал узилишиб кетдик. Қани илгариги борди-келдилар, у оқибатлар?..

Акам худди игнанинг устида ўтиргандай, зўр бериб тиззасини уқалайди, аммага тикилади. Бироқ амма ўз дардлари билан бўлиб, буни сезмайдилар.
— Турғунимнинг бошига шу ишлар тушмаса, бунақа сиқилиб қолмасмидик. Сизлар билан узилишиб кетмасмидик. Бир вақтлардагидек, ҳар баҳор, ҳар ёз чиқиб ётиб келармидик. Қандай замонларга қолдиг-а. Адолат қиламан, деб шунча йилга кесилиб кетди-я, болам бояқиш.
— У киши... Турғун акам тузалибам кирмадиларми? — деди акам бирдан ҳайратланиб.
— Нега, кирди, — дедилар амма маҳзун тортиб, — бир кеча ётиб кетди, болам бояқиш. Бормаса бўлмас экан.
— Қаёққа бормаса? — деди акам баттар ҳайратланиб.
— Мен билмасам, айланай. Муддатим тугамаган, мени бу ерда бир кун ҳам турғазмайдилар, деди.
— Айтдиларми қаёққалигини?

Мен анқайиб қопман. Ўша одам... ўша Муржумонда Парпи бебахт йигитларининг адабини берган ўша читтон, кейин Парпи отиб қўйиб, акам извошда шаҳарга олиб кетган ошнаси шу амманинг ўғиллари эканми? Қариндошимиз эканми? Унинг акамга ёзган хати эсимга тушди. Ё, товба!.. Бир-бирларини танимай дўст чиқиб туришса...
— Айтмади, — дедилар амма хўрсиниб ҳам кўзлари ёшланиб келиб. — Ёшлигидан шунақа: бир сўзли, чочол... Адаси раҳматли эркалаб, чочолим, дердилар, шундайлигича қолди.

Ёдимга унинг қамоқда кўрган туши, тушида отаси бўлиб кўринган одам билан кечган воқеалар тушиб, қичқириб юборай дейман. «Амма, сиз қўрқманг! У кишининг асрагувчиси бор! Асрайдигани бор!», дегим келади-ю, айтолмайман.

Акам эса, ўша-ўша, аммага тикилганча ўтирибди.

Амма ҳам ниманидир тушуниб, аста бош кўтариб, унинг юзига андиша ила қарадилар.
— Сўраганнинг айби йўқ, сиз боя бу тойчоқ-ла холаваччамиз дедингизми ё мен янглиш эшитдимми?
— Шундай, опоғойи, — деди акам ийманиб. — Отамиз Абдураҳим эшон поччани...
— Вой, худойим! — Амманинг юзлари боя биз биринчи кўргандагидек (худди янги туққан ойдек) ёришиб кетди. — Қаричилик қурсин! Эшон поччам қайси уруғдан эканлар, Зумрадхон қайси бўғиндан экан?!
— Ёпирай! Ҳаммамиз бир авлод, бир уруғ денг? — деди акам анг-танг қолиб. — Қанақасига сизлар?..
— Бўлмаса-чи, сизлар ҳозир қаерда ўтирибсиз экан? — дедилар амма очилиб-сочилиб ва бир яшнаб. — Бу жойлар ўша Улуғхўжа бувангиздан қолган кўп табаррук жойлар... — Сўнг ийманиб қўшиб қўйдилар.— Ҳарқалай мен келин бўлиб тушганимда раҳматли қайнотам, қайнонам «Шу сизларга омонат гап», деб айтар эдилар. Турғуним шу уйларда туғилган... Иш-қилиб, ўзи омон-эсон қайтсин. Шу табаррук жойларда туп қўйиб палак ёзсин, илоҳим.

Мен вассажуфт тоқили шифтга, унинг қучоқ етмас қизғиш-қўнғир тўсинларига тикилар эканман, бошим бир айланиб кетгандек бўлдию яна ўзимни тутиб олдим.

Акамга қарасам, у ҳам шу кўйга тушгандек шифтга тикилиб қопти. Бир қўли билан хонтахтани маҳкам чангаллаб олган. Бир маҳал ўзига келди.
— Ўша буваларимиз руҳи-поклари ҳаққи-ҳурмати бир калима Қуръон тиловат қилиб юборсак, — деди.
— Яхши ўйлабсиз, ўғлим. Ўқинг, ҳар қалай сиз эркак кишисиз, — дедилар амма.

Мен умримда туймаган бир ҳаловатни туйиб ўтирардиму ўйлардим: бу кишининг ўғиллари Турғун чочол ҳам билармикан шу гапларни?! Биз бир палакдан эканимизни?

Ҳукм

Шомдан бери мени югуртиришади. Ҳали, Усмон тоғангни айтиб кел, аянг ҳам бирга келсинлар. Ҳали, Хабира холангникига ўтиб кел, поччам ҳам борсинлар экан, де. Ҳали, Ҳидой холангникидан қайтишда Мубор холангникига кириб ўт. Бораркансизлар, де.

Шунаққиб, улоқчи Усмон тоғам билан бошлашиб, Қудрат аям кириб келдилар. Қўлтиқларидаги қийиқ-тутунчани дастурхонга тўккан эдилар, ҳар биттаси бошмалдоқдек оқ ўриклару зўлдирдай кўксултонлар, қўшалоқ-қўшалоқ қора гилослар хонтахта билан битта бўлиб, думалаб кетди. Кўзим ўйнаб, вой-ву деб юбордим.
— Жаннатнинг иси келади-я меваларийздан, — дедилар ойим.

Мен кўрпачанинг устига думалаб тушган кўксултонларни дастурхонга олиб қўйиб, данакларию томир-томирларигача манаман деб кўриниб турган шишадек тиниқ биттасини томоша қила бошладим.

Ҳали улар ўтириб улгуришмай, димоғимга қовурилган балиқ ҳиди урилди. Ўгирилиб, ҳамиша пилдираб-шошиб юрадиган Анвар кеннойимларни кўрдим. Улар бир лаган қип-қизартиб қовурилган балиқ кўтариб, авлиёсифат кенжа тоғамни «Юра қолинг, бой бўлгур», деб эргаштириб-қистаб келар эдилар. Чувак-кина тоғам нималардир деб минғирлаб қўядилар. Лекин нима деяётганларини ўзларидан бўлак кимса эшитса, ўлай агар. Чумолига ҳам озор бермайдиган шу тоғамни армияга чақириб турганмиш. У киши қанаққиб жангга кирадилар, одам ўлдирадилар — ақлим етмайди.

Уларнинг кетидан энг кўҳлик Сапура кеннойим билан бошлашиб, ойимнинг қарчиғайдай укалари Ислом тоғам кўринишди.
— Э-э, ҳамма жигаргўшалар жамулжам-ку. Ҳовли тўйини ўтказворсангиз ҳам бўларкан, опа, — деб ҳазиллашдилар тоғам. (Шу тоғам бир ҳафтадан кейин урушга жўнаб кетдилар. Кета туриб Қўлдош тоғамга: «Ока, хайр энди, дийдор қиёматга қолди. Ўшанақаси Маккага ўтиб кетаман. Бизга ҳижрат насиб этиб турибди, Худо хоҳласа», деганмишлар. Бу гапни Қўлдош тоғам қирқ йил ичларига солиб юриб, яқинда айтдилар.)

Ҳали ўртада бир пиёладан чой айланмаган эди, бир рўмол оқаччиқ кўтариб Ҳидой холам, орқаларида Мубор холам кириб келишди. Мубор холам бир тоғорача ларойи тугиб олибдилар. Елкамга қоқиб, пешонамдан ўпиб кўришдилар. Шунақа пайтда ойим кўпинча: «Бор, оёқни тагида ўралашма», деб ҳайдаб солардилар. Негаки, шу холамнинг «кўз»лари бор. Мижжаларидаги ажинга ўхшаб кетадиган аллақандай холлари кўзларининг ўткирлигидан нишонадай эди. «Холанг яхшилаб кдрасалар, ўйноқлаб бораётган отни ҳам йиқитадилар, хдзир бўлиш керак», дейдилар ойим. Қўни-қўшнилар ҳам холамни кўрдилар дегунча, чақалоқларини берки-тиб, келинларини қочириб юборишади. Холам бу ишларни сезадилар, лекин зиғирча хафа бўлмайдилар, Қўлдош тоғамга ўхшаб, сассиз кулиб қўя қоладилар.

Ҳидой холам эса, уларнинг тамоми аксилари. Оқ-сарикдан ке.лган юзларидан ҳамиша нур ёғилиб туради, вужудларидан қалампирмунчоқ ҳиди анқиб, қучоқларига олганларида бағирларига сингиб кетгинг келаверади одам. Бир чиройли нимчалар, камзуллар тикадилар.

Сув олиб, тирсиллаб турган даройидан егим келаётган бўлса-да, одоб сақлаб, тугунчаларни секин хонтахта устига олиб бориб қўйдим.

Шунаққиб, бир тоғорача чиллаки узум кўтариб, Нусрат почча билан бошлашиб Ойпошша холам кириб келдилар. Шунаққиб, бир пешонабоғ қизил тарам олма кўтариб, Ҳабира холам кўриндилар. Қариндошларнинг гангур-гунгурлари тоза қизиганда, Норхўжа почча билан Жўра холам етиб келишди.
— Ие, савзи қани, савзитахталар қани, Нусратхўжа? — дедилар Норхўжа почча дабдурустдан.
— Савзи нимаси? — дедилар кенжа тоғам гапга тушунмай. — Дастурхон тўла неъмат, яна нима кам сизга, почча?!
— Ҳа, биз кичкина Маҳмудхўжанинг чил-чил ҳасса тўйи олдидан маслаҳат оши бор деб эшитдик-ку, — дедилар у киши.

Мен кўзларим олазарак бўлиб, атрофга алангладим: «Бу йиғин ҳали шунга эканми? Тўйим аллақачон ўтган, уста кесган жойи билинмай ҳам кетган-ку».
— Ҳов, почча, адашяпсиз. Буни думалатиб олганимизга, валлоҳи аълам, неча йил бўвотти-ку, — дедилар кулиб Нусрат почча.
— Ҳе-йўқ, аниқ эсимда. Ёлғондакам думалатиб олинган бу, Уста келмай қолган... шундай бўлганми? — Норхўжа почча азза-базза ойимга қараб ўгирилдилар.— Саломхон, айтинг буларга: уста келмай қолган-а?

Уялганимдан қип-қизариб кетдим, шекилли, қулоқларимнинг тагигача ловуллаб ёна бошлади. Гўёки зарда қилиб, ҳовлига қараб юрдим.
— Ҳазилингиз бор бўлсин. Йигит бўп қолди-ку. Яқинда уйлантиради-ку Саломхон буни, — дея койиб бердилар холам кафтларига йўтала-йўтала. (Шу холам ўша вақтда касалванд эдилар. Орадан эллик йил ўтди. Шу ўртада шундай қувноқ Норхўжа почча, қўша-қўша келинлар, қарчиғайдай бир ўғиллари ўтиб кетдилар. Лекин холам умрлари узун экан, каравотда ёта-ёта кичкина тортиб, муштдек бўлиб қолсалар ҳам, кўзлари кўрмай, юролмай қолсалар ҳам, намозларию тоат-ибодатларини канда қилмай, Худо берган дардларига сабр қилиб, жаннати бўлиб, яқиндагина ўтдилар. оллоҳ ярлақаган бўлсин.)
— Унда куёв ошининг маслаҳати денглар? — дея қизиқчиликни қўймасдилар у киши.
— Йўқ, почча, бошқа маслаҳат бор, Қўлдошхўжани кутяпмиз, келинг, ўтиринг, бу ёққа ўтинг. — У кишига тўрдан жой кўрсатиб, мени ҳазил-ҳузулларидан қутқаришди. Дуодан сўнг яна мени эслаб, излаб қолишди:
— Айтмоқчи, даракчимиз қани? Хабар олса бўлармиди тоғасидан...
— Ҳой Мақсудхўжа, чиқиб келасанми?
— Югур, яна бир хабар олчи.

Мен яна икки хонадон нарига зинғилладим.

Қайтиб келсам, Нусратилла почча кафтларидаги пиёлани аста айлантирганча, ичидаги чойдан кўз узмайин, амри маъруфга тушиб кетибдилар. Меҳмонлар бир супа бўлиб, қўр тўкиб ўтиришибди. Бувамиздан қолган узун, сербар хонтахтанинг ўртасида тўнкариғлик коса, косанинг устида қирқинчи чироқ, атрофида ёзнинг олди мевалари. Сапура кеннойимнинг ёнларида самовар жиғиллаб «ашула»сини айтиб ётибди. Почча эса, тўрда, чиройли кузалган соқолларию япасқи оқ юзларидан нур ёғилиб, сўзлаяптилар. Секин келиб, райҳон ариқ ёқасига чўка қолдим.
— ... ана шу жаннат халқ этилгач, Жабройил алайҳиссалом уни томоша этиб айланиб юрсалар, бир вақт кўшкдан бир ҳур тушиб, у зотга кўриниш берибди. Жабройил алайҳиссаломнинг ҳамма кўрганлариям бир бўптию бунисиям бир бўпти. Ё Борийю ё Мусаввир, деб Оллоҳга тасанною ҳамд айтибдилар. Кейин у ҳур бу зотга қиё боқиб, табассум қилган экан, тишининг оқлигидан бутун жаннат равшан тортиб кетибди. Жабройил алайҳиссалом бу равшанликни Оллоҳ таолонинг нуридан гумон қилиб, беҳуш йиқилибдилар. Шунда устларига бояги ҳур келиб:

«Ё Аминуллоҳ, бошингизни кўтаринг», дебди аста.

Жабройил алайҳиссалом кўзларини очиб, қарабдилар-да:

«Субҳоноллоҳ!» дебдилар яна чиройидан лол қолиб.

«Е Жабройил, менинг ким учун халқ қилинганимни билмайсизми?», дебди ҳур.

«Билмайман», дебдилар Жабройил алайҳиссалом.

«Ё Жабройил, Улуғ Тангри мени ўз нафсининг хоҳишидан Оллоҳнинг розилигини афзал кўргувчи бандаси учун яратган», дебди у.

«Субҳоноллоҳ! Оллоҳим суйган бандасига шундай ажру мукофотлар атаб қўйган эканми?!», дебдилар Жабройил алайҳиссалом...
— Воо, уни қаранг-а! Уни кўринг-а! — деб юбордилар Ислом тоғам таъсирланиб. У киши бунақа пайтда қўлларини бир ғалати сермаб, қош керганча қотиб қолар ва юзларига аста кулги ёйила борар эди. Таъсирланган у киши, лекин Сапура кеннойим лавлагидек қизариб, ер сузиб қолдилар. Ҳаммалари кулишиб, чек-ка-чеккадан ҳазил-мутойибалар ёғилди:
— Бўлса, Сапура келинимизча бордир-да, ўша ҳур, Исломхўжа?
— Почча, оширвормадийизми мабодо?
— Ҳа, дарвоқе, дарвоқе, — деб ўзларига келиб, уялинқираб кулдилар Ислом тоғам.
— Султонмуродхон ҳам ўшандақа кашмирисига йўлиқмадимикан ишқилиб? — дедилар чистон қилиб Анвар кеннойи.
— Бўлса бордир, бўлса бордир, — деди кимдир.
— Асолни келини шунақа таърифи эканми? Саломхон, сен ўртада турганмидинг? — дедилар Жўра холам.
— Ангишвонага солиб ютиб юборадиган бўлмасаям, кўҳликкина эди, — дедилар Ҳидой холам тасдиқлаб. — Бувиси Худоёрхонга канизми-манизми ўтган экан-ку.
— Ўзи эмас, тақдири кўҳлик бўлсин. Ана, Баҳриддингина билан унашиб нима бўлди, — дедилар ойим.— Уям чиройига учиб, опамни қўярда-қўймай, шуни олсам ҳам оламан, олмасам ҳам оламан, деб куйдирган эди. Ўзи бунақа бўп кетади деб ким ўйлабди?
— Чиройини мақтаб ётибмиз, шумқадамроқ эканми, нима бало? — дедилар Анвар кеннойим бидирлаб.
— Сен нимани била қолдинг, тақдир дейдилар буни, — деб уришиб ташладилар кенжа тоғам.
— Хўп, бой бўлгур, хўп, — деб зўрға қутулдилар кеннойим.

Нусратилла почча пишиллаб, оғир қўзғалдилар:
— Ҳой, шу хил гапларни қўйинглар, бўладиганига кўчинглар. Мақсудхўжа қани, чиқиб келдими? Қўлдошхўжадан дарак бормикан?

Мен ўтирган еримдан туриб юзландим.
— Тоғам қайтмабдилар. Кеннойим эшикка қараб ўтирибдилар.
— Унақа кеч қолмасдилар-ку, мулла акам. — Сапура кеннойим хавотирланиб, Ислом тоғамга қараб қўйдилар.
— Ойибам бояқиш куйиб кетдилар, десангиз-чи,— дея қўшилдилар Анвар кеннойи.

Энди Ҳабира холам жеркиб бердилар:
— Элдан бурун ваҳма кўтарманглар. Биласизларми, қаерга қатнаб ишлайди — нақ Чалага бориб келади ҳар куни. Ҳазилакам жойми?
— Ишқилиб, тинчлик бўлсин, — дедилар Қудрат ая. Нусратилла почча енгил йўталиб, томоқ қирдилар:
— Ҳой, валлоҳи аълам, Қўлдошхўжасиз битмайдими шу ишингиз?
— Бошқа вақтда тиқ этса, чопиб боровуз, усиз ҳеч нарсани ҳал қилмайвуз. Энди кутмайсизми? Қўйинг,— Ойпошша холам шаша дока рўмолларини қайта ўраб, поччадан нарироқ сурилиб олдилар. Бу ишлари у кишининг қизишганларини кўрсатарди.

Усмон тоғам улокда лат еган тиззаларини силадилар.
— Ростданам, Нусратхўжа, шаръий томони қандай бўлади? Баҳриддинга аза очилса, бўлак гап эди, очилмаган-ку?
— Асол опамнинг юзлари-чи, қандай ўтиб совчи йўллайвуз?

Мен сергак тортдим. Бир алам қайнаб келди: Ие, бу йиғин, бу машмашалар шунгамиди ҳали? Шумқадамга чиқариб-чиқариб, яна совчи йўллашмоқчими?

Почча юзлари аралаш соқолларини силадилар:
— Мен у бетавфиқнинг ёнини олмоқчи эмасман, лекин бу ерда моне бўладиган ҳеч нарса йўқ.

Ҳайрон қолдим: ким бетавфиқ? Султонмурод акамми? Шунчалик элга достон бўлиб кетишибдими?
— Эрта-бириси кун Баҳриддиннинг дараги чиқса, нима деган одам бўловуз, — дедилар кенжа тоғам минғирлаб. — Нозув ишга бош қўшяпсиз, почча.
— Э, нозувми-йўқми, сен шошма, — деб кесдилар Ҳабира холам, кейин поччага юзланиб, дедилар: — Тушунтириброқ айтинг, почча. Идда муддатиям ўтиб кетган, девотсизми?

Почча мийиғларида жилмайиб, бош чайқадилар:
— Ундаймас. Аза очилганида, идда лозим эди. Ҳозир шундай ҳолки, қиз никоҳлангани билан, нима десам бўлади, на гўшангага бирга кира олди, на бир ёстиққа бош қўйиб улгурди. Бундай пайтда шариат маълум вақтдан кейин томонларнинг ризолиги билан қизнинг бошини очиб қўяди.
— Асол опам икки дунёда рози бўлмаслар. Қаёқдаги гапни гапирасиз? — Ойпошша холам яна боягидай қизишдилар.
— Сенам қизиқсан, Санобар. — Почча илкис қараб, хонтахтага секин муштладилар. — Кўчини олиб кетишганда индамаган одам, энди нима дердилар?
— Ҳечам-да. Опам ўшанда индамаганлари билан ичларидан куйиб ётибдилар, сиз қайдан биласиз?
— Билмасам... билмасам, бориб сўрармиз. Олдиларидан ўтармиз.
— Ўтинг-да, иннайкейин гапиринг. — Холам яна юзларини буриб олдилар.
— Ҳай, санга бир нарса бўлганми? — Почча жуда жаҳллари чиққанда енгил куладиган одатлари бор эди, ҳозир шундай кулиб қарадилар. — Менам эсимни еб қўймагандурман.

Холам муштларини хонтахтанинг четига босиб, шарт қўйдилар:
— Бўлмаса, сиз шу ишга бош қўшманг, тамом-вассалом!

Бунга сари почча пишиллаб-хахолаб, яйраб-яйраб кулдилар:
— Шу холосми, шу холосми? — Сўнг мижжаларини арта-арта: — Вой Санобар тушмагур-э, вой онаси тушмагур-э, — дея олдиларидаги совуб қолган чойни ҳўплаб, хонтахтага бағриларини бердилар. — Хў-ўш, сизларам шу тарафмисизлар, шунинг ёнини оласизларми? Айтаверинглар очиқ, — дедилар бошқаларга.

Ким кўзини четга олди, ким нима деярини билмай андишада жавдиради. Фақат Қудрат ая ўша-ўша ҳурпайибгина ўтирар эдилар, авзойлари ўзгармай:
— Тўғри, Султонмурод ҳам бегона эмас, ўз жигаримиз, — дедилар секин. — Лекин Баҳриддин бояқишнинг дараги чиқмай туриб, унинг никоҳидаги нарсага ўзимиз совчи юборишимиз... элнинг олдида яхшимас. — Аям поччага ярим ўгирилдилар. — Сиз, Нусратхўжа, кўп китоб кўрган одамсиз. Яхшилаб бир суриштиринг-чи, бу муаллақа аёллар қаторига тушиб қолмаганми ишқилиб?..
— Йўғ-э, кеннойи, унақамасдир, тушмас у тоифага.
— Ҳар қалай, суриштирган яхши-да. Ҳозир бева бўлиб бевамас, талоқ қилиниб талоқ қилинганмас.
— Ҳа, ўша муаллақанинг ўзи! Султонмуродингиз ҳам қизиқ. Шундан бошқа қиз қуриб қолганми?! — Ойпошша холам ҳамон рози бўлолмас эдилар.

Почча яна кулиб юбордилар:
— Ўзинг келин қилиб туширвотгандай сакрайсан-а, Санобар. Боланинг кўнглига ҳам қарайлик-да. Қолаверса, Баҳриддин билан бир кунгина умр қилган бўлсаям, майли экан... шу тавқи лаънатларни пешона-сига ёпиштирсак. Э, баракалла, э, баракалла.
— Шуни айтинг, почча. Бояқишда нима гуноҳ? — дедилар бир чеккада қисиниб, чой қуйиб ўтирган Пошша опам.
— Уйидагилар ҳам, тенги чиқса, узатворадиган ҳолатда эмиш, — дедилар Сапура кеннойим ўчоқбошидан кела туриб.
— Ўлсин, олов ёқмай, атай шундай гап тарқатган! — деб қўл силтадилар Ҳабира холам.
— Ҳамонки Султонмуроднинг кўнгли боракан, олиб беравуриш керак, қўйнидан тўкилса қўнжига қабилида. Асолга тушунтирармиз. — Ҳидой холамнинг бу гаплари оловга мой қуйган билан баравар бўлди. Холаларим ҳар чеккадан бобиллаб беришди.
— Худодан қўрқинг, опа.
— Баҳриддинни ўлдига чиқариб-а?
— Асол опамни тириклай гўрга тиқамиз-ку.
— Ҳай-ҳай, барака топкурлар, бу маслаҳат-ку, бунча жонларингиз чиқмаса?! — Усмон тоғам хонтахтани тапиллатиб, холаларимни инсофга чақирдилар. Лекин улар қайнаб турган дошқозондай вақирлаб, гапларидан қолишмас эди.
— Баҳриддингинанинг дараги чиқмагунча, у хонадонга боришни ўйламангларам. Кутса, ана, олармиз, қайта келин қилиб. Кутмаса, ўзи билади. Иккинчи оч-маганимиз бўлсин эшигини...
— Э, афсус, афсус. — Почча тиззаларини уқалай-уқалай ўрниларидан тура бошладилар. Буни кўриб ойим пгошиб қолдилар:
— Ҳой, почча, ошни дамлаб қўйибмиз. Қаёққа туряпсиз?

Почча индамай супадан тушдилар. Кавушларини топиб кийгачгина:
— Мен хуфтонни ўқиб, ўзимга келиб олмасам, бўлмайди, каллам қайнаб кетди, — дея ҳазилга бурдилар-да, обдастани кўтариб нари юрдилар.
— Намозни ўқиб оловрайлик бўлмаса, — дея бошқалар ҳам бирин-сирин тура бошлашди. Ҳеч ким энди бояги гапдан оғиз очмай қўя қолди.

Ана холос! Шўрлик Марғу кеннойим! Агар иккинчи эшигини очиб боришмайдиган бўлса, акам нима қилиб йўлларини пойлаб юрибди, кимнинг қизи бу оҳу, деб мендан суриштириб сўраётибди? У-чи, унинг ўзи-чи? Нима қилиб қизил тарам олмаларидан илиниб юрибди акамга? Нима қилиб Иззаларда куттириб, араваларига чиқиб юрибди агар бу уйларга келин бўлиб келолмаса? Холамгилар қўйишмаса?

Туриб-туриб унгаям, Султонмурод акамгаям ачиниб кетдим. Хўрлигим келиб, ҳовлидан чиқиб борарканман, ҳеч ким тополмайдиган кимсасиз бир жойларга кетиб қолгим, иккаласини қидириб топгим, ҳамма-ҳаммасини бирма-бир айтиб бергим келаверар эди.

Тавба. Кечагина уни Султонмурод акамдан қизғониб юрмабми эдим, нега энди бугун холаларимнинг ҳукмидан норозиман?

Осмонга Боғобод томондан бир ғалати кемтиккина ой чиқибди. Худди одамнинг юзига қарай олмай мунғайиб турган келинчакдай...

Бу савдолар нима билан тугаркин — ҳеч ақлим етмасди.

Сўроқ

Оппоқ ойдин. Ҳаммаёқ — дарахтлару далалар кўз етгунча бари сутдек нурга чўмган. Фақат анҳор бўйидаги азим ёнғоқларнинг сояси кўчани ярмигача эгаллаб, ҳов Қўлдош тоғамнинг бурилишигача чўзилиб борган. Анҳор ҳам шу сояда чилпиллаб оқиб ётибди . Гоҳ-гоҳ жойларида ойнинг бир бўлаги элакка солиб, оқизиб қўйилгандай... сув тагида липиллайди нуқул.

Мен анҳор бўйидаги дўнгга чиқиб ўтирганимча ўтирибман. Сув чилпиллайди, Ҳакимбек амакининг нокзорида ҳар замонда муштдек бир нарса хунук сайраб ўчиб ўтиб қолади, чирилдоқлар чириллайди — шуларни демаса, атроф сокин.

Ҳовлида ҳам жимжитлик. Афтидан, тоғалариму холаларим (холаларим опамларникида, тоғаю поччалар бизникида, Нусрат почча имомликка ўтиб) ҳалиям хуфтон намозини ўқишяпти. Ош сузилса, гангур-гунгур билан супага чорлаб қолишарди.

Шу тоб ҳов нарида анҳордан бир нарса лип этиб ўтдию кўча ёқалаб шу томонга шипиллаволиб кела бошлади. Унинг нималигини дабдурустдан фарклаб бўлмасди. Ҳамон шипиллаганча, шу томонга югургилаб келяпти. Юрагим шувиллаб, ўтирган еримда пайпасланиб, кесакми, бир нарса излаб қолдим. Аммо бояги қора ўн қадамларча берига келганда тиккайиб, кўчани кесиб ўта бошлади ва эшигимизга бурилган жойда ёруққа чиқиб, ингичка сояси ерга узала тушдию енгил тортдим. У ўзим тенги бола эди, лекин на юзини кўриб, на ўзини тусмоллаб бўларди. Ким экан? Ўрнимдан туришим билан кўзи менга тушиб, қайрилди.
— Мақсуд, ўзингмисан?

Овозидан танидим, Соли экан. Ҳаллослаб олдимга кела бошлади.
— Намунча ёв қувлагандай югурмасанг? Тинчликми?
— Жур тез! — У тортқилаб шоширди. — Антиқа сўроқ бўляпти. Чопдик! — Кейин орқа-олдига қарамай, келган йўлига бурилди.
— Ҳов, шошмасанг-чи! Қаёққа? Қанақа сўроқ?
— Жур дегандан кейин журавер. Бунақаси тушинггаям кирмаган. Бўл. — У анҳордан бир ҳатлашда сакраб ўтиб, чопиб кетди.

Қорама-қора югурдим, аммо қани у читтонга етиб ололсам. Қаюмбек амакининг ўқариғи билан пастлаб боряпмиз. Тепадан ошиб, катта толнинг тагига етганда чапга — Сиддиқ арракашнинг боғи томонга бурилди. Боғни ичидан кесиб ўтиб, ишком оралаб ҳаллосладик. Ишком таги гоҳ нимқоронғи, гоҳ олачалпоқ эди. Тизза бўйи ўтлар оёққа урилиб, шувуллайди. Баъзан узум бошлари пешонамга, бошимга урилиб, силкинганча қолаверади. Югургилашиб боришимиздан билмаган одам ўғри деб гумон қилишиям мумкин эди.

Ахийри сабрим чидамади:
— Ҳов, ўпка! Қаёққа бошлаяпсан ўзи, айтасанми-йўқми?

У сал секинлаб:
— Оз қолди, ҳозир етамиз, — дедию яна чопқиллади.

Вақт алламаҳал бўлиб кетган. Шу пайтда ким кимни сўроқ қиларкан, додини бераркан?

Биз Изза ёқалаб, ойдинда илоннинг пўстидек оқаришиб ётган сўқмоқдан тегирмон томонга югургилашиб кетяпмизу бутун сойликни, Изза бўйларини чирилдоқлар овози тутиб кетибди, бири олиб, бири қўйиб чириллаб ётибди. Худди ҳар битта ўт, ҳар битта чим тагига чирилдоқ кириб олгандай. Ой ботмагунча бу ҳол давом этадигандай.

Иккита қўриқни ошиб ўтишимиз билан оппоқ ойдинда ёлғиз ўзи қорайиб, эски тегирмон кўринди. У бир вақтлар — биз туғилмасимиздан анча бурун, ясси тепанинг бағрига қурилганча, кейин Иззани тепароқдан тўсиб, унга сув келтиришади. Ўшанда экилган толлар ҳозир тегирмонбошини қайрағочдай тутиб кетган эди. Тангадек офтоб тушмайдиган шу жойга биз молларимизни боғлаб, қоқ пешинларда чўмилганимиз-чўмилган. Ҳозир толлар учи худди биров устига оқ жужун мато ташлагандай ярқирар, тегирмон эса, шу толларнинг соясида қолиб, кичкина тортиб кетган эди.

Бу ташландиқ маконда ким бўлиши мумкин? Эшик-деразасига тахта қоқиб ташланган бу жойга биз ҳатто кундуз кунлари оралашга ҳам ҳайиқар эдик. Оғизни қийшайтириб қўядиган жинлардан ким қўрқмайди дейсиз? Бемаҳалда ҳатто катталар ҳам бу тегирмонни четлаб ўтишади. Бизни чўчитибми ёки ростданми, бу толларнинг ёнидан ёлғиз ўтма, соясида ётма, деб тайинлашгани-тайинлашган. Ҳозир қандай мард юрак ютиб у ерга кирибди экан?

Яқинлаб бордик. Чинданам тегирмон ичида биров борга ўхшар, тахта қоқиб ташланган дарчасидан ерга ожиз нур тушиб турар эди. Шивирлаб, Солидан ижикилай бошладим:
— Ким буларинг? Ё қароқчиларми?

У қадамини секинлатиб, бош чайқади. Узоқ чопганидан, нуқул ҳансирайди, бир нарса деёлмайди. Унга сари менинг сабрим чидамасди.
— Облочиларми ё?.. — дедим ютоқиб. Рост-да, урушга боришдан қочиб юрганларни тутиб олган бўлишса, шу ердаёқ сўроққа тортишдимикан?

Ҳовлиқмасанг кўрасан, дегандай Соли қўл силтаб юраверди ва салдан кейин ўзи қулоғимга энгашиб, шипшиди:
— Орқадан ўтиб, ичкарига кирамиз.

Мен ундан бир қадам орқада сояма-соя эргашиб боряпман. Энгашса, энгашаман, тепага тирмашса, мен ҳам тирмашаман. Ниҳоят, нов тепасига чиқиб, аланглаб туриб қолди. У ердан томга осонгина чиқиш мумкин бўлса-да, ичкарига киришнинг ҳеч иложи йўқ эди. На туйнук, на тирқиш бор. Фақат нов ичи қорайиб турибди. Пастда эса Изза шовуллайди.
— Сен қимирлама шўттан, — деди у ахийри қулоғимга шивирлаб, — ўзим чақираман...

Шундай дея новга узала тушиб, пастга сирғалиб кириб кета бошлади. Ичкаридан бўғиқ сўкиниш билан арқоннингми, камарнингми, балки қамчиндир, шилт-шилт этган товуши келади. Ора-чора бир овоз:
— Ваҳшийлар, шошмай турларинг сенлар! — деб бақириб қўяди. Яниб сўкингани сари қаттиқроқ калтак еб, инграйди.

Соли эса, новдан кириб кетганича, дараги йўқ. Ҳов пастда, балки Чўмилишдаги катта тепададир, чиябўрилар увлаб, одамнинг юрагига баттар ваҳм солади. Овози баъзан узокдан, баъзан яқиндан эшитилиб, улар ҳозир ёпирилиб келадигандай, новдан ичкари кириб кетгим келади. Кемтик ой анча ҳаволаб, толлар сояси ўзининг тагига тортилиб борар, тегирмоннинг бир чек-каси соядан чиқай-чиқай деб турар эди. Шу маҳал пастдан Солининг боши қорайиб кўринди: у новда ётганча қўл силкиб чақирарди:
— Туш, туша қолсанг-чи!

Юрагим қинидан чиққудай бўлиб дукурлайдию ҳадеганда новга узала туша олмайман. Ниҳоят, тирсакларим шилина-шилина, новнинг икки ёнини қўйиб гобормай, аста сирғала кетдим.

Тегирмоннинг тагига бир алпозда тушиб бордик. Осилиб, тортқилашиб тош устига ҳам чиқдик. Ундан тегирмоннинг дўли ёни билан бир амаллаб, жон ҳовучлаб дон тўкиладиган жойга ўтиб олдик. Пастга қарасам, вой-вў!.. пастда, тўсинга осиғлиқ фонус чироқ ёруғида, орқасига баҳайбат соя илашган одамлар кўринади! Ҳаммалари бўлиб тўрт киши-ку, ўртадаги букри устунга бир тепакал одамни арқон билан чандиб қўйишибди! Боши фонус ёруғида худди чирмандага тортилган эчки терисидай ялтирайди. Ёқавайрон. Бош кийими (Ие, анув мовут кепка-ку, Акмал ўрис-ку!) оёғининг тагида тегирмон гардига қоришиб ётибди. Бу ёқда уч киши... Биттаси Аҳмад чўлоқ ўзи учун қоқиштириб-ясаган қийшиқ курсида оёғини чалиштириб, чекиб ўтирибди. (Қаердадир кўргандайман бу оқ кепкалини.) Бошқаси устунга суянганча тек қотган. Яна бири қўлида тўқали қайиш камар, Акмал ўриснинг рўпарасида турибди. У чироққа орқа ўгириб турганидан юзини кўриб бўлмайди. Лекин елкалари кенг-кенг, қўллари узун-узун, бўйи шифтга етгудек, негадир жуда таниш...

Ана, у Акмал ўрисга яқин бориб, қайишли қўли билан даҳанидан кўтарди:
— Кўзимга қараб айт: уни қаёққа гум қилгансанлар?!

Ё тавба! Султонмурод акам-ку, ўша-ку! Шу ерни айтган экан-да, сен билан алоҳида гаплашаман деб?

У дона-дона қилиб сўрар, тўғрисини айтмаса, кўрадиганини кўрсатиши шундоқ англашилиб турар эди:
— Аскарга жўнатган бўлсаларинг, унисини айт, жўнатмаган бўлсаларинг, бунисини! Ё суриштирадигани йўқ деб ўйловдиларингми?.. Сенга айтяпман!

Жаҳлданам Худо берган экан. Жазавага тушиб бир бақирса, Соли иккимиз сакраб тушибмиз. Акмал ўрис эса, бир инграб ғужанак бўлди-қолди. Ё даҳанига мушт туширди, ё тиззаси билан бутига тепиб, нафасини чиқармай қўйди. Иккисидан бири.

Соли пусиб ўтирган ерида елкаси билан секин туртди:
— Аканг зўр-ку. Қўрбоши бўладиган экан. Мен ундан хафа бўлиб, аччиғим келди:
— Қўрбошинг нимаси! Эсинг жойидами?..
— Йўқ, сен яхшилаб қара, — деди у шивирлаб.
— Хўш, нима бўпти? — дедим қайсарлик билан. — Нари борса Акмал ўриснинг адабини беряпти.
— Э, қизиқ экансан! — Соли биқинимга яхшилаб туширди-да: — Шунақалар бўлмаса, биласанми, бу Акмал ўрислар нима қилади? — деди қулоғимга.
— Нима қилади?
— Ҳамманинг елкасига миниб олади! Ана ундан кейин тушириб кўр. Маладес аканг! Кўзирларнинг кўзири экан.
— Ҳавасинг кепти-да, — дедим кесатиб. У кифти билан кифтимга туртиб қўйди:
— Ҳе, сени қара-ю! Тўдасига олса, жон-жон дердим...

Шу маҳал акам тоқати тоқ бўлди шекилли, шерикларига ўтирилиб:
— Хўш, ҳамонки айтмас экан, нима ҳукм чиқарамиз? — деди феъли айниб.

Курсида оёғини чалиштирганча чекиб ўтирган оқ кепкали (Э, уни ҳам танидим: анавинда йўқлаб келган киссавур дўсти-ку!) бурнини жийирди:
— Узидан кўрсин. Итга ит ўлими!

Акам «Сен-чи, сен нима дейсан?» дегандай устунга суянган шеригига қаради. У гапириб ўтирмай, бўйнига кўлиии сиртмоқ қилиб шифтни кўрсатди.
— Ана холос! — дея шипшиди Соли. — Шу ернинг ўзида осишмоқчи!

Шу маҳал Акмал ўрис хунук бир ҳайқириқ билан хўнграб юборди. Биз ҳатто довдираб қолдик. У боғдан чиқишга уриниб жон-жаҳди билан юлқинар, тобора олборар эди:
— Жон укалар, ўлдирманглар! Айтаман, ҳаммасини айтиб бераман! Уни биз босмаганмиз. Ўзи қочиб бориб, анув Парпиларга учраган. Улар отиб қўйган! Биз уни босмаганмиз. Бошқани деб борганмиз, укалар...
— Тилинг бор экан-ку, иблис, — деди акам ундан ирганиб.
— Бор-бор, бор, ука. Фақат, Парпидан қўрқувдик. Лйтолмовдик.

Акам турган ерида ярим ўгирилиб, унга қаттиқ тикилди:
— Юзлаштирсак-чи? Тонсанг-чи?

Акмал ўрис бир дақиқа қотиб қолди, эсхонаси чиқиб кетган одамдек анграйиб туриб-туриб:
— Нега... тонай? — деди зўрға.

Оқ кепка ўтирган ерида лабининг четида кудди:
— Ахир, Парпидан қўрқасан-ку. Шу гапинг учун у сени... соғ қўядими?

Акмал ўрис бирдан латтадай бўшашиб, пиқ-пиқ йиғлашга тушди, кейин ўпкаси тўлиб, юз-кўзлари жиққа ёшга буланиб, хотин кишидай ҳиқиллади:
— Жон укалар, раҳм қилинглар. Менам... менам жўжабирдай жонман, мусулмонман...

Акам тегирмон ичини ларзага келтириб, шарақлаб кулиб юборди.
— О-ла! Мусулмон эканинг энди эсингга келдими? Худони танир экансанми? Қўрқар экансанми Худодан?

Акмал ўрис ерга қараганча қолиб, ўпкасини тутолмай ҳиқиллади.
— Алҳамдулиллоҳ... ҳамма қатори...
— Нима қатори? — деди акам ҳайратланиб.
— Мусулмон фарзандимиз, қўрқамиз...

Кўриб турибман: Султонмурод акамнинг тепа сочи тикка бўлиб, унинг кўзларига қаттиқ тикилди.
— Мунофиқ, — деди ичига сиғдиролмай. — Худодан қўрққан одам бир муштипарнинг тўйини облочи бошлаб келиб, азага айлантириб кетарканми? Худодан қўрққан одам қуруқ туҳмат кўчасига кириб, номарднинг ишини қилиб юрарканми?
— Худо урсин, мен ҳеч кимга... — деб қасам ича туриб, Акмал ўрис бирдан яна жимиб қолди.
— Урадиям, — деди акам ижирғаниб, — уриб қўйгани мана шу...
— Яна нима қилган экан? — деди Соли менга.
— Эшитсанг-чи, гапга суқулмай.

Мен уни жеркиб улгурмай ҳам, Акмал ўрис уларга ялинишга тушди. Биз жимиб қолдик.
— Ўлай агар, Султонмуродхон, бировга атай ёмонлик соғинган бўлсам... Ўлимдан хабарим бор, бу гапларингиздан...
— Шунақами?
— Ишонинг.
— Унда Барзаннинг ўғирланганиям бекор, Ҳайбатнинг қамалганиям бекор, отнинг ҳозиргача топилмаганиям бекор — шундайми?

У кутилмаганда ғиқ этолмай қолди. Боши кўксига тушиб кетди.
— Гапиринг. От кимнинг чорбоғига боғлаб кетилиши керак эди?

У ўша-ўша жим. Бошини кўтаролмайди.
— Нега индамайсиз? Ва қачон бостириб бориб, кимни бадном этмоқчи эдингиз? Режангиз нимага чиқмай қолди? Айтинг!
— Ҳеч қанақа режа... бўлган эмас. От йўқолган — вассалом, — деб тўнғиллади у.

Акам унга қараб, бир қадам босиб борди.
— Бекорларни айтибсиз, — деди энгашиб. — Махфий суҳбатларингиз ҳам, тузган режаларингиз ҳам маълум. Отни Қўлдош тоғанинг чорбоғига боғлаб, қайтиб бориши керак бўлган одам шу ерда. Чақирайми?

Акмал ўрис илкис аланглаб, типирчилаб қолди.
— Ким... шу ерда?

Қоронғида устунга суянган найнов қўзғалгандай бўлди-ю, жойидан жилмади. Акмал ўрис уни таниб, эси оғиб қолаёзди.
— Тойир?
— Ёруққа чиқсинми ё ҳожати йўқми? — деди акам.
— Нега чиқмайди? Кўрсин! Бу дунёда ҳамма ўзига ўхшаб, аблаҳ эмаслигини! — деди ўрнида ўтиролмай оқ кепка ҳам. У чекиб турган папиросини чертиб юборди, у чўғланиб учиб бориб деворга тегди-да, митти мушакдай тўзиб тўкилди.
— Мен, — деб олдинга чиқди у найнов кутилмаганда. — Сиз мени ким деб ўйловдингиз? Ҳамма от жинниси эсини еб қўяверибдими?
— Хоин, — деди тутоқиб Акмал ўрис, — Қўлимга тушмадинг, тушганингда этингни битталаб шилардим.

Султонмурод акам кулди.
— Ким хоину ким хоин эмаслигини кўриб турибмиз. Ким кимга чоҳ қазидию ким ўзи келиб тушди унга?! — Акам бошини сарак-сарак қилиб унга тикилди. — Бир умр ошиғим олчи деб ўйлаган экансиз-да! — Сўнг қайрилиб шаҳарлик ошнасига юзланди: — Нима қилдик, Чарли? Мана, кўрдинг, эшитдинг ҳаммасини. Охирги ҳукм сендан.

Чарли четга қараб, ноаниқ қўл силкиди ва чирт этказиб тупурди.

Сўнгра бирдан от жиннисига ўгирилиб буюрди:
— Еч буни!

У эса, оёғининг остида кўлвор илондек ўралиб ётган арқонга қаради.
— Шуминан осавурамизми? Ингичкалик қилмайдими?

Акмал ўрис тилдан қолиб, кўзи ола-кула бўлиб кетди. Чарли бош чайқади.
— Аввал Парпи билан юзлаштирамиз, кейин.
— Ундан кўра ос, шўтта ос, аблаҳлар! — Акмал ўрис бирдан жазавага тушиб, бақираркан, Султонмурод акам кулимсираб унга яқинлашди.
— Ҳо? Номарднинг ишини қилиб, мард бўлиб ўлмоқчимисиз ҳали?
— Баҳриддиннинг ўлимида тирноқча айбим йўқ менинғ! Бу ёғини Парпидан сўрайсизлар? Гуноҳи унинг бўйнида!
— Шунақами?
— Биз уни босмаганмиз, унга тегинмоқчи эмасдик.
— Эртагингни энангга айтасан! Келинга нима деб валдирагансан? Ҳеч ким билмайдими? Бировнинг тўйини азага айлантирганинг учун ҳам сени отиш керак! Аммо биз сен ўйлаган номардлардан эмасмиз. Тўғри келган ерда осиб, отиб кетавурадиган! Айбингни бўйнингга қўйиб, кейин отамиз. Ё бўлмаса, кўчингни орттириб, катта йўлга чиқариб қўямиз. Еч буни, Тойир! Парпиникига бошлаб боради.

Тойир найнов букри устунга чирмаб ташланган кимсанинг чилвирларини ечаркан, акам тегирмон тўсинига илиғлиқ тош фонусни ола бошлади. Чироқ ёруғида унинг тўсин томон чўзилган қўли, ё тавба, қип-қизариб, худди қонли қўлдай кўринар эди. Мана ҳозир улар чироқни ўчириб, тахтаси кўчирилган эшикдан чиқадилар-да, яна ўзидай қилиб қоқиб қўйиб, Акмал ўрисни олдиларига солганча жўнаб кетадилар. Парпи бебахтни ётган еридан турғазиб чиқиб, яна қайсидир овлоқда бу билан юзма-юз қиладилар. Асол холамнинг ёлғиз асрандиси нима бўлганини билиб, ҳукм чиқарадилар ва... эртага бутун қишлоқ...

Мен тасаввур қилиб бўлгунимча, акам чироқни ўчириб қўя қолди. Тойир от жинниси эса, Акмал ўриснинг кетига тепиб, олиб чиқиб кетди. Кейин қолганлар ҳам чиқиб, кимдир эшик тахтасини ойдинда жойига қоқа бошлади. Биз бўлсак, ҳамон тегирмон дўлининг тепасида пусиниб ўтирибмиз.

Кўрганларим ҳолва экан. Энди бу ажиналар маконида ёлғиз қолаётганимизни ва бу ердан қандай қайтиб чиқиб кетаримизни ўйлаб, вужудимни баттар даҳшат чулғаб олди.

«Султонмурод ака, бизларам бормиз!», дейишга эса, тил қани, юрак қани!

Avvalgi
I- қисм