OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМурод Мансур
Асар номиЖудолик диёри (1-китоб 3-қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Мурод Мансур
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ» Нашриёт-Матбаа Акциядорлик Компанияси - Бош Таҳририяти, Тошкент, 2007
Ҳажм206KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/15
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Жамоатчи муҳаррир: Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
Мусаввир: Хуршид Зиёхонов



iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жудолик диёри (1-китоб 3-қисм)
Мурод Мансур

Учинчи бўлим (давоми)

Тож Кўринган Кеча

Азонга яқин туш кўрибман. Тушимда ҳов бир галгидек жажжи пичоқчамни йўқотиб қўйганмишман-да, пиқ-пиқ йиғлайвериб шишиб кетганмишман. Тепамда чўккалаб ўтирган биров эса, овутмоқчи бўлиб, нуқул бошимни силайди:

«Қўй, тойчоқ, катта йигит бўп қолдинг. Мен сенга ростакамидан олиб келаман энди: банди садафли, юзига ой-у юлдузлар туширилганидан; қинига гуллар солиб тикилганидан. Бўлди қилақол, пакана пари», дермиш. Ўзи тоғамларга ўхшармиш-у, овози... Султонмурод акамники эмиш.

Вой, Султонмурод акам кепти, акажоним қайтипти, деб севиниб туриб уйғониб кетдим. Тонг отибди. Чуғур-чуғури оламни тутиб, томимиз устидан зағчалар галаси ўтиб боряпти экан. Бош томонимда ойим қиблага қараб ўтирибдилар. Намозлари тутаб, дуо қилиб ўтирибдилар. Узоқ дуо қилдилар. Ҳар галгидек, кўзларида ёш бўлса керак. Неларни сўраётирлар экан?..

Зағчалар ҳам ўтиб битдилар.

Ойим қўлларини юзларига тортиб, ўринларидан турдилар. Энди жойнамозни қозиққа илиб, эшикни очган жойларида Изза томондан аёл кишининг ўкдек овози уйга ёриб кирди:
— Войдо-од, мусулмонлар борми-се-ез! От ўғриларининг дастидан дод!

Мен тура ҳовлига отилдим. Ортимдан ойим чақириб қолдилар:
— Ҳой бола, бола дейман! Қайт, юзни ювмасдан қаёққа борасан?

Ноилож қайтиб, апил-тапил ювина бошладим. Ойим энди насиҳат оҳангида койий бошладилар:
— Одам деган туради, юз-қўлини ювади, покланиб, сўнг бировга кўринади-да. Чопаверадими? Ҳамма касофат нимадан чиқади? Шу ювиқсизликдан чиқади! Бировнинг молини ўмарсаям, чопасан, отини ўғирласаям, чопасан. Яхшимас, катта йигит бўп қолдинг...

Ойим мени жанжалга яқин йўлатмаганлари билан чамбараклардаги сутни сузиб бўлгунларича, ўша жанжалнинг ўзи эшигимиздан кириб келди. Пак-паканагина букри хотин остонамиздан ўтар-ўтмас, ойимларни кўрибоқ уввос солиб, йиғлаб юборди:
— Вой, Саломхо-он, уйим куйде-е, ичхонамга ўт туште-е! Салимбек акайизга нима дейма-ан, нима жавоб қилама-ан?

Ойим йиғлоқи аёлларни ёқтирмас эдилар, жеркиб ташладилар:
— Ёқангизни йиртгунча, нима бўлганини айтинг! Қанақа йиғлоқи хотинсиз!

Хотин ўпкасини босишга уриниб, юз-кўзларига унниқиб кетган кўк рўмолини босди. Мен уни бир-икки кўрганман-у, кимлигини билолмай турибман. У куйиб кетганидан азбаройи қорайиб кетипти. Шу кўйи ҳиқиллаб, анча ўтириб қолди ва зўрға ўзига келиб:
— Анув ордона Барзанни-да, Саломхон, қаёқданам опкелган эканлар?.. Ўзлари бор бўлсаларам, майли эди.
— Яна нима бўпти Барзанларига?
— Ўғирлаб кетишибде, Саломхон, ўғирлаб...
— Балогинага йўлиқсин, яна бошлашибдими?!
— Жон Саломхон, раҳмийиз келсин, мен яримтага, Султонмуродга ўзийиз айтинг, ёрдам берсе-ен.

Ойим рўмолларини тўғирлай туриб, сергакландилар.
— Султонмурод?.. Султонмурод қоптими?.. У шу ерда бўлса, Каттабоғга биров оралай олармиди?

Букри хотин алам билан бош чайқади:
— Билмасам, Саломхон, билмасам! У шу атрофда, дейишяпти-ку. Ҳукуматгаям чап берганмиш-ку.

Мен ичимдан офтоб чиққандай, шошиб қолдим. Хунуккина, букригина хотин... кўзимга бирам иссиқ кўриниб, яқин бордим.
— Қаердамиш, холажон?
— Мен билмасам, болагинам. Биров Яккабоғнинг Иззасини айтади, биров тегирмоннинг орқасини... шу ердамиш.

Ойим ялт этиб менга қарадилар.
— Ростан-а?
— Балким, — дедим мен ҳам ишониб. Уни қаранг, ойим ҳам ишондилар шу гапга.
— Шу атрофда бўлса, ана, Мақсудхўжам топиб айтади. Сиз хотиржам бўлаверинг, ернинг тагидан бўлсаям топдириб беради. Жаврлантириб қўймайди сизни. Айтинг-айтинг, чап берган бўлсин...

Ойимнинг шу сўзлари бўлдию Худо берди менга. Бўш қолдим дегунча ё Яккабоғнинг Иззасига, ё тегирмонбошига чопаман. Кечалари Соли иккимиз Яккабоғ билан тегирмон ўртасида изғиганимиз-изғиган, акамнинг йигитларига дуч келармиканмиз, деб... Қани биров тўсиб, қайт, отиласан ё ўронни айт, дея қолса.

Учинчи кеча Тегирмонкўчадан чиқавуришда, дала ўртасидаги Қоравултепада миқ этмай, йўл қараб ўтириб эдик. Яқиндагина шом тушган, энди осмону ер бирдай қора духобага ўралиб, узоқ-узоқлардан ёлғиздан-ёлғиз, ожиздан-ожиз чироқлар милтираб қўярди. Яхшилаб тикилмаса, илғашам қийин. Тепамиздаги юлдузлар ҳам шундай: ё тун қоронғулиги шунчалар қалин, ё юлдузларнинг ўзи қочиб, узоқлашиб кетган. Фақат янги туққан ой шунақа тиниқ, шунақа жилваланиб турибдики, қўша-қўша бўлиб кетяпти қараганим сари. Тиқ этган товушга қулоқ бериб ўтирибмиз.

Бир маҳал Иззанинг у бетидан (арава йўлданмикан?) ғижирлаган бир қур товушлар жуда яқиндага ўхшаб... келабошладию вужудимиз қулоқ бўлиб, қотиб қолдик.

Чинданам ўша ёқдан ёлғиз арава тушиб келар, ғижирлаб-қатирлашидан Қўқон аравага ўхшар эди.
— Учдик, — деди Соли ҳовлиқиб.
— Шошма, ўшаларми, бошқаларми?.. — дедим мен иккиланиб.
— Ўшалардан бўлак ким бўларди шу бемаҳалда, кетдик-кетдик, — деб қистади у.

Шу маҳал ўша ёқдан аёл кишининг қўнғирокдай кулгиси янграб, турган еримизда туриб қола қолдик.
— Ий, ғалати-ку, — деди Соли ҳам.
— Жин... чақиряпти шекилли бизни... — дедим астойдил чўчиб.

Лекин дам ўтмай ҳалиги кулгига... бир ғалати ёр-ёр овозлари уланиб кетди:

    Бўзлама, жоним, бўзлама,
    Уят бўлар, ёр-ёр-ей,
    Қарғама мани, қарғама,
    Ният бўлар, ёр-ёр-ей.

— Ий, келин узатиб келаётирларми? — дедим юрагим хунук орзиқиб.
— Шунақа шекилли, — деди Соли ҳам.

    Ким айтганин топибди-ё,
    Ким деганин олибди-ё,
    Эсизгина қизгина,
    Ўзини ўтларга отибди-ё.

— Ҳе, эсим қурсин, — деб ўзи қолиб, мени туртди Соли. — Ахир, Ҳайбат акам уйланяпти-ку Боғкўчадан...

Улар ҳамон куйлар эдилар:

    Бўзлама, жоним, бўзлама,
    Уят бўлар, ёр-ёр-ей.
    Қарғама мани, қарғама
    Ният бўлар, ёр-ёр-ей.

Бошим айланиб кетди. Назаримда бошимга қўшилиб, ёнимиздаги Қоровултепа, унинг қўш тераги, ҳамма нарса чир айланар эди.
— Бугун тўй эканми? — дедим юрагим музлаб. Овозим ўзимга ҳам бегона туюлиб кетди.

Оҳ Марғу кеннойи, Марғу кеннойи, акамни қистаганиз, қистаб сўзини олганиз нимаси эдию бу қилган ишиз нимаси? Нимага мен бунинг гувоҳи бўлиб турибман? Нимага ер ёрилмаяпти? Нимага менинг кўзим кўр, қулоғим кар бўлмаяпти?

Биз ўша ёққа чопиб боряпмизми ё ҳамон ўша жойда турибмизми, — англаб етолмасдим. Шу вақт Соли елкамга турткилаб, билагимдан тортқилаб, ҳоли-жонимга қўймай қўлимни силкилар эди:
— Мақсуд, уни қара! Уни қара, Мақсуд!

Ажабо, Иззанинг бу томонида ҳам бир Қўқон арава турибди. Қоронғида элас-элас кўзга ташланади. теварагида бир одам уймалашиб юрибди. Тепадан тушиб келаётган бегона отни сезиб, Иззанинг бериги бетидагиси пишқириб-пишқириб қўяди.

Шу маҳал юқорида от кишнаб юбордию ёр-ёр оҳанглари билан қуралашиб кетиб, ғалати жўрлик пайдо қилди.

Аравакаш от жиловини кескин тортди.
— Др-р, жонивор!..
— Қўрқманглар-ов қудалар, бизлармиз, биз кутиб оляпмиз! Кўприк бузуқ экан, — деган овоз янгради бериги қирғокдан. Кейин яқинидаги кимгадир мурожаат этиб, деди: — Толип, тайёрмисан? Битталаб ўтказиб қўясанда энди янгаларингни.
— Хўп, ака, жоним билан, — деб жавоб қилди сой бўйидаги қора.
— Ҳасанбой, сенмисан? — деди «келин тушди»нинг аравакаши.
— Менман, мушкулларингни осон қила қолайлик, деб келдик-да, ошна.
— Ундай бўлса, майлин-майлин, — деб нариги аравакаш ўзини пастга олди ва аёлларни шоширди: — Туша қолинглар, янгажонлар, қудаараваям тахт турган экан.

Аёллар вижир-вижир билан: «Вой, ўлақолай, баланд-ку, қандай тушдик»лаб қолишди. Ким паранжисини олиб, ким олмай-ла сакради. Ким кимнингдир қўлтиғидан олиб, қийқиришиб кулишди.

Сўнг «Келинпошша, кела қолинг»лаб, униям кўтариб тушириб қўйишди-да, тугуну саруполарга андармон бўлиб, битталаб узата бошлашди.

Изза суви тегирмон тагида шовуллаб, қўшиғини айтиб ётибди. Бузуқ кўприк томондан келаётган ҳар битта овоз жаранглаб таралади сойликка. Тугунлардан кейин янгалар ўта бошлашди. Биттаси: «Вой ўлмасам, мунча қоронғу, мунча ваҳмали» деса, бошқаси: «Ҳой, мени ушланглар!» деб айюҳаннос солади. Сўнгра бирдан:
— Келин қани, келин қани?! — деган овоз янгради.

Бирпасда ваҳима қўпди:
— Ҳой, келинпошша, қанисиз? Қаттасиз, Марғубахон?
— Иқболхон, қизиз қаерда қолди, қаёққа кетди?
— Сув-пувга тушиб кетмадими, қаранглар, ҳой, яхшилар? — деб ялинди кимдир аравакашларга.
— Ҳой, Марғубахон, қанисан, қаёқдасан, қизим? — деб зир қақшарди онаси.

Эркаклар сўкиниб, югур-югурга тушдилар. Кимдир тегирмон тепасига чопди.
— Ҳой, Толип, кўзинг қаёқда эди? Чоп тепага?! — деб бақирди бу ёқдаги аравакаш.

Нариги ёқдагиси эса... хотинларни сўка кетди:
— Ўтаканг ёрилгурлар, энди кимми узатиб борасанлар? Ўзларингними? Топларинг!

Хотинлар ҳам вағир-вуғур билан бир-бирларини айблаб кетишди.
— Қудаларга нима деб жавоб қиламиз энди?..

Биз ҳам ўша томонга чопдик. Шу аснода Тегирмон тепасидаги толқаторнинг бошида бир от кишнади. Рости, жудаям чиройли кишнаб, шовуллаб ётган сойликни жангиллатиб юборди ва кутилмаганда Изза ёқалаб, юқорига чопиб кета бошлади. У туёқлари бир чиройли дупурлаб, (овози — гоҳ ўша ёқдан, гоҳ орқа томонимиздан келиб) узоқлашиб бораркан, учқур отлиги шундайла билиниб турар эди. Бир маҳал ҳалиги от... йўқ-йўқ, тамомила бошқа от (Қанғли йўлидан тушиб келаётир эканми) кишнаб юбордию қиз опқочган туйқус Шийпонкўчага бурилди ва туёғи заранг йўлда жангил-лаб, таракдай кетди. Орқасидан буниси ҳам чопди.

Воҳ, орқадагиси ким бўлди? Шеригими ё рақиби? Ва бирдан акамнинг: «ўша сўзим сўз» деганини эслаб, юрагим ҳаприқиб кетди.

Қойил! Шунча одамнинг бурни тагидан илиб кетдими?! Мана буни йигит деса бўлади! Иккинчи ёқдан юрагимнинг бир чеккаси ғашланиб ҳам турибди. Орқасидан ким чопдийкан? Опқочган ким эди? Ё... бошқамикан?

Бу ёқда эркаклар ҳалиям бақир-чақир билан отни аравадан чиқариб ололмас, бир-бирларини шоширгандан-шоширар эдилар. У ёқда эса, келин опқочган ва орқасидан эргашган отлар тобора узоқлашиб, бутун атроф безовта итларнинг акиллаши билан алмашиниб боряпти.

Соли анграйиб қолган экан, секин туртдим:
— Кетдик, томоша тамом.
— Йўғ-э...
— Тамом, тутиб олишса, ўлдиришади, — дедим меи, Сойнинг ичи билан қорама-қора, худди жин қувлагандек югуриб кетдик. Сойма-сой, тепама-тепа ошиб боряпмизу узоқдан сурнай овози гоҳ баландлаб, гоҳ пастлаб келади. Тепага чиққанимизда яққолроқ эшитилиб, пастга тушганимизда йўқолиб қолади. Нима бўлса экан? Ё тўйхонадан келаётирми? Катта толнинг тагидан ўтганда каллам ишлаб қолди. Солига айтмай ҳам Новвостепанинг устига (ўзиям бедапоянинг пастида кавш қайтариб ётган улкан новвосга ўхшайди), ўшанинг устига югургилаб чиқиб кетдим. Чангалларга таланиб-тилиниб чиқиб борсам, келинни гўшангага чорловчи овоз нақ Яккабоғдан келяпти. Ўша шому хуфтон қоронғилигига чўмиб, боғ ҳовлилари бир текис: қорайиб улгурган томондан фақат бир жой (тўйхонада машъалаларни ёқиб юборишган шекилли), ўша қоронғулик усти ёришиб-шуълаланиб турибди.

Сурнай нимага «келин келди, ёр-ёр»ни чўзиб чаляпти — тушунолмайман. Кута-кута тоқати тоқ бўлаёзган Мусавой сурнайчи келинаравани жадаллата қолсинлар, деб чаляптими ё ростданам келинни етказиб...

Бу ёқда ҳали бақир-чақир тинмаган, биров тегирмонкўчада зор қақшаб, чақириб юрибди:
— Ҳой Марғиба-ю-ув? Тентаккинам-ув! Қайдасан-ув! — Ҳали у тепа устидан, ҳали тегирмон бошидан овоз беради, бўзлайди: — Вой мани индамасим, вой мани бирсўзлигим! Нималар қилиб қўйдинг-ув?! Сангинани шу умидларминан боққанми эдим-ув? Пешонагинам қурсин, вой мани шармандалар қилдинг-ув!..

Бу ўша «кашмири» Иқбол отин — Марғу кеннойимнинг онаси эди. Энди ақли кирибдими, тентаккинам деб қолибдими?!.

Демак, келин ҳали топилмаган, изиллаб излашяпти.

Тавба, Марғу кеннойимни Ҳайбат акамнинг шундай бурни тагидан илиб кетган ким ўзи? Акаммикан ё кеннойимнинг ўзи бу ишга журъат этдими? Балки Акмал ўрисдир, мен сени бировга тегдириб қўймайман, деган? Унинг одамларидир? Бирдан бошқа воқеани, ҳов ўша Чўмилишда Ҳайбат акамнинг ўзи кеннойимнинг йўлини тўсиб чиқиб айтганлари, ўтини кўтариб олиб, унамасанг ўзингниям мана шундай опқочиб кетаман, деб ичган қасамлари эсимга тушиб кетди. Ё тавба! Тақдирни қаранг, унинг ўрнига биров отга ўнгариб опқочиб кетиб турса. Бу нима? Худога ҳам хуш келмаган эканми ўша онтлари?..

Иззанинг нариги бетида мени йўқотиб қўйган соли отимни атаб ҳадеб чақирар эди:
— Ҳой, Мақсуд, қанисан? Қаерда қолдинг?..
— Ҳо-зир!

Мен унга овоз бериб, кунботарга ўгирилдиму Каттабоғ устида — сийрак юлдузли осмоннинг бир чеккасида сап-сариқ олтиндай ёниб-товланиб турган... х,айбатли тожни кўриб, донг қолдим! Ўтган куни ундан пастда тилла шохдай бўлиб кўринган, кеча тилла қайиқчага ўхшаб турган янги ой... бугун тождай ёниб-тўлқинланиб кўзни оларди. Ё қудратингдан! Худди тождор бир ҳукмдор бўй ростлаб, қараб тургани каби! Лекин ўзидан бурун тожи кўзни қамаштириб юбораётгандай. Осмонгача ўрлаб чиққан хуфтон қоронғулигидан ҳайбатинию бастини илғаб-илғамаётгандекман. Нега шундай туюлди, ўзим тушунмадим.

Назаримда бу кеча содир бўлаётган барча воқеалар ёлғиз шу ҳукмдорнинг амри-ихтиёри билан кечаётган каби эди...

Мен ўз хаёлимдан ўзим қўрқиб кетиб, югургилаб пастга қочиб қолдим.

Аммо тожнинг, тождорнинг туриши роса ҳайбатли, роса мафтункор эди билсангиз...

Кўк Бўри

Биз Мирҳомид амакининг боғидаги (Боғ қаёқда! Бир ёқ пастак деворини демаса, бошқа томони очиб, далага қўшворилган, фақат ҳовузию ўша дала ичида, уч-тўрт тупгина ноклари қопти!) нокларнинг тепасида азбаройи қизариб, хол ташлаб, асал тортиб кетган кади нокларини қоқмалаб, мактабдан қайтарканмиз, олмазордан ўтганда полизга мол қўйворилганини кўриб, ўша ёққа бурилдик.
— Изғиб юрдикми, хирмонга ўта қолайлик, хирмонни қара, — деб қистади Соли.

Ростдан ҳам тепанинг устига қурилган чайла ёнида арава турар, уч-тўрт одам куймаланишиб, тарвуз ортар эди.
— Ўзинг боравур, — дедим мен истамай. Юзни сидириб ташлаб, тарвуз сўрармишман! Сўрамай қўйдим! — Хазонченак қилиб топганга етарканми?!
— Шу моллар, шу болалардан жа қолса керак! Мен сурдим, — деди у, — кейин афсусланиб юрма.
— Боравур. боравур, бизга насиб қилгани ҳам бордир, — деб пушта оралаб кетдим.

Палаклар аллақачон қовжираб, ўлиб бўпти-ку, нуқул оёққа чайир ипдек илашади. Нима бало, хазончечакдан ҳам кеч қолибмизми, ҳар ер-ҳар ерда мол ғажиб, тупроққа қориштириб ташлаган пўчоқлари кўринади. Аммо ғумай ўсиб, итузум босган жойларда ўт орасида қолган болачаларини топиб олсам борми, оҳ, бир маза қилар эдим. Муштдеклари ҳам шунақа қизил, шунақа ширин чиқадики, ана уни тиззага уриб ёрсанг-да, кейин есанг, мазаси бир умр оғзингда қолади.

Мен аланглаб юриб, бир итузум босган жойга бориб қолдим. Шиғил донлаб ғарқ пишиб ётган итузумни печак ўраб кетибди. Мен болалигимда қишга олиб қўйилган итузумнинг сувидан ҳар шамоллаганимда ичавериб, кўрсам ижирғанадиган, томоғимда бир тахир аралаш ширин нарса тургандай бўпқолганман. шушу итузум кўрсам, кўнглим озади. Қўлимниям урмайман.

Мен уни оёғимнинг учи билан ёриб ўтиб бораёт-сам, остида сариқ олтиндай бўлиб, босволдининг болачаси ётипти! Устига энгашмасаканман-а! Олмасаканман-а!

Олсам денг, шу гуркирайди, гуркирайди, ҳиди оламни тутгудек. Асал тортиб кетипти, жонивор. Асалнинг ўзи бунчалик гуркирамас. Ойимларга илиниб, жилдимга солиб қўйдим.

Солиб қўйдим-у, ҳиди қўлларимдан ҳам келиб турипти.

Офтоб чарақлаб ётипти. Тип-тиниқ осмонда куркинаклар қувлашмачоқ ўйнайдилар. Моллар далаларга ёйилиб, яйраб кетган. Жийда шохига илиниб қолган мезонлар енгил елдан ўтинч сўрайди. Узиб юборақолсаю яна учиб кетақолсалар кенг далалар қўйнига!..

Со.лига қарасам, хирмонда қорасиям кўринмайди. Жийдани таглаб Иззага тушиб бора бошладим. Етиб олар ўзи.

Лекин Жимиттепанинг устидан кўприкка қараб бораётиб, сойликда бир одамга (нега бир одам бўлсин, Ҳайбат акам-ку!) кўзим тушди. Тиззасида милтиқ, йўл ёқасидаги чимда худди бировни излаб-излаб тополмаган-у, топса соғ қўймайдиган одамдек бир алпозда ўтирибди.

Тиниқ тортиб, шарқираб ётган сувдан кўзини узса, қани, атрофига қараб қўйса қани! Важоҳатиям... бузуқ.

Кеннойим тегирмон тепасида йўқолиб, тўйи тўйда, никоҳи никоҳда қолиб кетганини... ўзини ўшандан бери энди кўраётганимни эслаб, қўрқиб кетдим. Кимни яниб, йўлини пойлаб чиқибди экан? Кўрса, нақ отади-ку!

Орқамга секин бурилиб, қочиб юборишга шайланган жойимда... шипиллаволиб Соли келиб қолди. қучоғига сиғмайдиган тарвузни кўтариб опти. Ташлаб юборай деяпти-ю, ерга қўя олмайди. У етиб кела мени туртиб ўтиб кета бошлади:
— Жилдик-жилдик, Жамилбек амаки келяпти!
— Ўзинг жилавер, мен бу ёқ билан, — дедим.

У овсар ҳали пастдаги пойлоқчини кўргани йўқ. Кўрса нима қиларкан, деб тўхтадим.
— Менинг ўрнимгаям хивич еб юрма, дейман-да,— деб ишшайди у йўлидан қолмай ва бирдан милтиқли одамни кўриб, сапчиб тушди. Шу сапчиб тушганида тарвузни ташлаб юбордими ё ташлаб юбориб, чўчиб кетдими — билмайман.

Ишқилиб, юмронқозиқдай бир пусинганинию кейин чангалзор ичига уриб кетганини биламан. Ўзимга келганимда, у Жартепанинг устида қочиб борар эди.

Тарвуз сўқмоққа тушиб икки палла бўлганича, бири ўша ерда чимга ёнбошлаб қолди, бошқаси думалаб бориб, арава йўлга етганда, шундай қизариб пишган нарса тупроққа тўнкаридди. Эҳ, увол бўлди!

Мен чопиб бориб кўтариб олгим бор-у, Ҳайбат акадан ҳайиқиб турибман.

У бўлса, тепанинг устида қочиб бораётган Солига қараб анқайиб қопти. Бир тупроққа қоришиб ётган тарвуз палласига, бир мен томонда ётганига қарайди-ю, бирон нарса англаётганга ўхшамайди. Шунақа хаёл опқочиб кетган экан ўзини. Мирзараҳим ҳам солини таниган бўларди, бу танимай турибди. Эси шунақа оғиб қоптими, тавба. Мен унга ачиниб, бораримни ҳам, кетаримни ҳам билмай турарканман, бирдан мени таниб, ўқрайди. Тиззасидаги милтиқни олиб, ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, яна фикридан қайтиб, имлади:
— Ҳов, хатчи! Маъқиб қаққайиб турибсан? Кўтарволмайсанми тупрокдан!

Меникимас дейишнинг ўрни йўқ. Унинг устига, ўзидан қўрқиб турибман. Ҳаммасидан ҳам таниб туриб «хатчи» деб чақириши қизиқ эди. Демак, мендаям гинаси бор, Марғу кеннойимнинг хатларини Султонмурод акамга ташиб юрганларимни билади. Ноилож йўлгача тушиб, тўнкарилиб ётган тарвуз палласини ердан олдим. Юзи бир қават лой бўп қопти. Ичидан сели қип-қизил қондай тепчиб турибди. Лекин кўз ўнгимдан бир вақт гувоҳи бўлганим — шу Ҳайбат акам ўзининг Барзанида, худди шу ерда, кеннойимнинг йўлини тўсиб турганлари кетмайди. «Унамасанг, бари-бир қўймайман, мана шундай отга ўнгараману опқо-чиб кетаман», деганлари қулоқларим остида жаранглаб турибди. Ё тавба. Худо хоҳласа, деса-ку, шу гаплар йўқмиди. Ўзи мана бундай кимдан аламини олишни билмай ўтирмасиди...
— Ҳов, меров! Опкемайсанми? Туришингни қараю лойга қориб!

У туриб, ёнидан пичоқ чиқарди. Мен тиззам қалтираб, олдига кетяпман-у, ичимда тутволмайдимикан, ўлдими, деб боряпман. Келиб-келиб, аламини мендан оладими! Олса, ким учун олади, кеннойим учунми?!

Йўқ, у қўлимдан тарвузни ола, устини бир қават қирқиб ташлади-да:
— Қара, шундай нарсани увол қилиб ташлаб кетяпсанлар! Ҳе, сендақа тарвуз ўғриларидан ўргилдим,— деди.

Миқ этмадим. Этсам, тилимдан тутиши, сўкиб қолиши ё тарсаки тортиб юбориши мумкин. Феълини билмаган калтакни ейди.
— Ўтир! — деди у жеркиб. — Энди ўзинг ейсан. Қорнинг ёрилиб кетсаям, еб битириб кетасан. Унгача жавоб йўқ.

Меникимас дейишга қани тилим айланса. Ўзиям сезиб турибди меникимаслигини. Лекин оғиз очиб гап қайтаришимни кутяпти. Қайтардим дегунча эшитадиганимни эшитиб оламан. Мен ҳам чўка туриб:
— Унисиниям... опкелайми? — дедим қўрқа-писа. У бояги жойига оёқ узатаётиб (хайрият, инсофга келиб), буюрди:
— Опке!

Мен чопиб бориб, уни ҳам олдим. Унисига ҳатто чивиқ ёпишмабди. Бир хил қизларнинг дув қизарган юзидай гард юқмай турибди.
— Мана, сизга буюрган экан, — деб юборибман.
— Шунақами? — У афтимга ўқрайиб бир қаради-ю, мен сидқидил эканимни кўриб, юмшади.
— Ўтир! Эгаси минг пойласин, ўғри минг кўзласин, насиб қилган ейди, — деб тарвузни коса қилиб қирқа бошлади. Аввал меникини коса қилиб қўйди, кейин ўзиникини. Пичоқнинг учида бир бўлагини оғзига солдию «Им» дея қалқиб кетди. Сўнгра:
— Воҳ, — дея оғзидагини ютди. — Ҳожи эшоннинг ерига тарвуз эк, деганларича боракан.

Мен жилдимдаги босволдининг болачасини олиб, бир ҳидлатгим келди-ю, аммо уни ҳидлаб айниб қолишидан қўрқдим. Билиб бўладими, босволдининг бўйлари йигит кишига нималарни эслатмайди. Агар кеннойимни эслаб қолса борми, ўлдим деявер.

Биз чимга ўтирволиб, индамай тарвуз еяр, ҳар ким ўз палласи билан овора, ўз хаёллари билан банд эдик. Тепамизда куркинакларнинг бозорига ҳам, бу ёқда Иззанинг шарқироқ овозига ҳам парво қилмаймиз.

Лекин Ҳайбат акам уч-тўрт бўлак еб (яна алами эсига тушиб кетди шекилли), тарвуз ҳам томоғидан ўтмай, қўлининг ширасини қийиғи четига артганча, жим ўтириб қолди. Сўнгра мени энди кўраётгандек тикилиб, бошдан-оёғимгача бир ғалати қараб чиқа бош-лади. Худди кўзига қон тўлган одамдек лабининг чети учиб-учиб қўяди. Мен уни бу аҳволда важиллаб қарғанаётган бир ўтоқчи аёлнинг устига тик бостириб бориб, «Ўчир-чи, ўчир, бўлмаса чопиб ташлайман ҳозир!» деб азот кетмон кўтарган пайтида бир кўрганман. Юзи қораталоқдек қора-қизил бўлиб кетган эди ўшанда.

Ҳозир ҳам башараси ўшанга яқинлашиб қопти. Қанаққиб сурворсам экан? Кўзини шамғалат қилишни шу ўйлаяпман-у, ҳеч бир эпақали йўл тополмайман. Унга сари ичим тушиб, дукурлаб боряпти. Мен тарвузнимас, тарвуз мени еяпти гўё. Қаерданам унга рўпара бўлдим? Кўзига қарамасам дейман. Қилт этса, тура қочворишим тайин.
— Шошма, ейсанда шу тарвузингни! Ўтир, мана бундай! — дея кутилмаганда у жеркиб, елкамдан бир тортиб, чимга ўтқазиб қўйди. — Чўнқайиб опсан! Чўнқайибам овқат ейдими!

Ўлдим энди. Ўз оёғим билан келиб, қўлига тушиб ўтирибман-а!

Баданимга титроқ кириб, қаерданам рўпара бўлдим, Солига ўхшаб қочвормайманми, деб турибман ичимда. Мен нимаю бўрининг олдига боғлаб қўйилган қўзичоқ нима? Билиб бўладими бу жинни хўжани!

Қулоғимнинг тагига тортворса, қаерга бориб тушарканман!
— Қўрқма, мен сендан сўрайдиган нарсалар бор. Фақат, ростини айтасан, — деди бир палла. Афтидан ўзи боягидан сал юмшагандек эди.

Мен жон-жон деб бош силкидим. Шундаям кўзига қарашга ҳолим йўқ, ботинолмаяпман. У оёғини узатиб, тиззасини силади. Иззанинг қаеридан ўтиб кепти, қизил этигининг юзи, қўнжлари балчиқ бўб кетган, энди қуриб бўзариб борар, лекин барибир хунук эди. У эса, лойни парвосига ҳам келтирмай, ҳадеб усти қуриб қовжираган чимни юлади.

Ниҳоят, пишиллаб хўрсинди-да, мени ҳайиқмасин дебми, милтиғини янаям нари суриб қўйди ва кутилмаганда елкамга қўлини ташлаб:
— Менга қара, — деди ўтингандай, — ростингни айт, акангни... қачон кўргансан охири?
— Охири? — Мен унинг нимага буни сўраётганини англаб турган бўлсам ҳам, беихтиёр юзига қарадим: нима бало, уни излаб, ундан кўриб юрибди эканми?!
— Хайрлашгани киргандир, ахир?
— Кирди, — дедим ўша кунги кеннойим билан тасодифий учрашувини эслаб. Лекин уни бунга айтиб бўлармиди!
— Қачон? Қайси куни эди ўша? — деди у яна беихтиёр елкамга туртиб.

Бетига қарасам, яна қора-қизиллашиб боряпти. Кўзлари ўт бўлиб ёнади. Ростини билмагунча тинчимайдиган. Айтдим.
— Ўша Бўзсувда тўс-тўс бўлишидан сал олдин.
— Саллот ташлаган кунми?
— Ҳа-да.

У ўйланиб қолди. Ўзича алланарсаларни чамалаб, ҳисоблаб кўрди. Юзидан қора-қизиллик йўқолиб, бўшашди.
— Нима деб эди? Бормидинг ўзинг? — деди ишон-қирамай.
— Бўлганда-чи! Ойим йўқ эдилар уйда.
— Хўп, нима деди?
— Берган тузларига рози бўлсинлар, хайр, деди.
— Йўғ-э, жўнаб кетаётган эканми?
— Шошиб турган экан, кутолмади, — дедим мен. Лекин беда ортилган аравани айтмай қўяқолдим.

Ҳайбат акам нина учи бўлиб ётган муртию соқолларини ҳардамхаёл ишқади. (Тўйдан бери соқол олиш хаёлига ҳам келмай, чўзиқ юзини тутиб бора бошлабди. Балки кўнглига сиғмагандир ҳеч.)
— Ўша бўйи... қорасини кўрсатмадими? Мен бош чайқадим:
— Йўқ. Барзан йўқолганида ҳам... қидириб тополмадик. Опоқи сиқтаб келган эдилар.
— Қайси? Салимбек амакининг кампирларими? — деди у.
— Ҳа, ёрдам қилсин деб ойимнинг олдиларига келибди.
— Қизиқ, — деди Ҳайбат акам ўзича бути орасидаги чимларни юлиб-юлиб, — қаёққа бош олиб кетди экан? — Ва илкис ўгирилиб, менга қаради: — Ё Нусрат почча шаҳарга қочириб юбордиларми?
— Мен билмайман, — дедим.

Изза бекор ундан гумонсирайсан, дегандек ўзининг шарқироқ тилида бир нималарни сўзланиб ётарди. Тарвуз палласи устида баҳайбат бир қовоғари ғўнғиллаб айланиб, ширага қўнмоқчи бўлади-ю, биздан ҳайиқиб журъат этмас, лекин бошқа ёқларга кетиб ҳам юбормас эди. Ғўнғиллаши ғашига тегиб, Ҳайбат акам қўлининг орқаси билан бир урган эди, ари демаганлар уч қулоч нарига бориб тушиб, тупроққа қоришди ва жон ҳолатда ўзини ўнглаб, учиб кетди. Тавба, ари зоти урган-қувган саринг ёпишиб келиб, талашга тушар эди, буниси бошимиз устида бир айланиб ҳам қўймади.
— Унда қаёққа кетган бўлади? — деди яна ишонқирамай.
— Ким билсин, — дедим мен. Лекин ўша келин узатиб борилаётган кеча тегирмон олдида кўрганларимизни, тегирмон тепасида от бир кишнаб, кейин биров Чўлпонота томонга от чоптириб кетганини айтиб бўладими бунга. Айтганда ҳам, тушунтира олармидим. У менинг хаёлимда кечган нарсаларни сезиб тургандек, қош учирди:
— Анув гаплар-чи, ҳаммаси пучми? — деди юзимга тикилиб.
— Қайси гаплар? — дедим бирон нарсани ножойиз айтиб қўйишдан ҳалиям ҳайиқиб.
— Кўтарма томонда жон сақлаб қопти, қочиб юрганмиш деганлари-чи?
— Эшитмадим мен. — Шунақа деб қутулмасам, ижикилаб ҳоли-жонимга қўймайдиган. Нима бўлганда ҳам, аламзада одам, ҳазилми, тўй куни келиндан айрилиб қолиш, одамлар ўртасида бош кўтариб юриш?..

Лекин бир нарсага ҳайронманки, акам «ўша гапим гап» деганида никоҳ куни опқочишни назарда тутганмиди. Кўнгли бор экан, никоҳгача қаёқда юрган эди? Шунча ишлардан кейин энди улар қайтиб кела олишадими? Одамларга қандай кўринишади? Балки ҳаммаси бекордир. Акмал ўриснинг иши, тузоғидир булар. Ундай доғули одам борми?

Ҳайбат акам негадир туриб бориб, Иззада юзини пишиб-пишиб чая бошлади. Кун иссиғига қолиб кетган одамдай тўхтаб-тўхтаб, худди шу сувдан ором олаётгандай, ўзига келаётгандай, чайиб қонмас эди. Ниҳоят, белбоғига артиниб қайтаркан, менга зимдан зингил ташлаб қўйди. Сездим, ҳалиям ишонмаяпти. Бир нимани айтмаяпти бу жинқарча, дегандай қараб-қараб қўяди-ю, сир бермаяпти ҳозирча.
— Ўзингиз маъқиб милтиқ кўтариб юрибсиз? — дедим зора гумонлари тарқаб кетса, деган умидда.

У ўлганининг кунидан кулди:
— Ўша бўрининг йўлини пойлаб-да.
— Бўри? — Мен унинг гапи ҳазилми-чинлигини билмай, ҳайратландим.
— Бир кўк бўри чиққан. Неча кундан бери йўлини пойлайман, қорасини кўрсатмайди. Кўрсам, пешонасидан дарча очардим-қутулардим, — деди у Изза бўйидан кўтарила туриб. Лекин афтимга қарамади.
— Кўк бўри? Шу Иззадами?
— Йўқ, — деди у бош чайқаб. — Аввал Бўзсувнинг бўйида пайдо бўлган. Кейин изғишга тушган.
— Биз эшитмадик-ку ҳеч.

У менинг гапим наша қилиб, калта кулди.
— Тушунмадинг. Мен икки оёқли бўриларни айтаётибман.
— Йўғ-э?
— «Иўғ-э»инг нимаси! Айниқса, бир кўк туслиги бор. Худонинг бошли-кўзли балоси. Отадиган бўлса-мам, аввал ўшанисини йўқотаман, — деди у ёнимга келиб тикка турганча.

Мен тиззам қалтираб, бетига қарашга ҳам журъат этмай ўтирганча ўгирибман. Туришга мадор қани. Кўк туслиги нима экан? Одамми? Шу эсламоқчи бўламан, қани ёдимга келса.

Ва бирдан ўзи ҳабашдек қора, лекин устидан кўк мовут кител-шимини ҳеч қўймайдиган анув одам кўз олдимга келди(!)
— Акмал ўрисними?

Ҳайбат акам менга ҳайратланиб бир назар ташлаб кўйди. Балосан-ку, демоқчи бўлдими... ва сўзида давом этди:
— Қўлимга тушмади аммо-лекин!.. Тушса соғ қўймасдим, уйининг кулини кўкка совурганлари ҳолва бўлиб қоларди.
— Қайтиб келмайдиган қилиб кўчириб юборишди, шекилли?
— Э, у сувюқмас қаёққа кетарди шундай жойни ташлаб? Акангдан ҳайиққанидан қорасини кўрсатмай турибди-да. Ҳали кўрасан, қайтибам келади, туваклиларнинг бошида тегирмон тошини юргизадиям. Аканг Баҳриддиннинг ўчиниям биратўла олиши керак эди у даюсдан. Нимага чалғиди — тушунмайман.

Мен ўтираверишга ўнғайсизланиб, секин турдим.
— Орада Парпи боракан-ку, ахир, — дедим катталардек мулоҳаза юритаётганимдан ўзим ҳам ҳайрат-ланиб.
— Ҳа, бу доғули Парпига тўнкаб қутулди. Унинг олдида буни пешонасидан отса арзирди. У қилмаган ишни энди мен қиламан, мендан кўрсин! — деди у кутилмаганда қўшотарини кўтариб олиб.
— Сиз... сиз... — дедим-у, у ёғини айтолмадим. Марғу кеннойимни у опқочган деб ўйлайсизми, дейишга журъат қани менда. Аммо у нима демоқчи бўлга-нимни тушунди, кўзларимданми, сўзларимданми тушуниб, бош силкиди.
— Акмалдан бўлак ит ҳам қилмайди. Унга бировларнинг никоҳини бузиш, уйини мусодара этиш, ўзини кўчирма қилиш бўлса бўлгани! Қайси элдан, элатдан эканиниям унутворган. Мен ўшаларнинг қутқусига учиб, Барзаннинг йўқолганини акангдан кўриб юрибман.
— Қандай? Аввалги йўқолганидами?
— Қаёқда! — деди у эслагиси ҳам келмай. — Ўзлари яшириб қўйиб, Султонмуродга тўнкашмоқчи экан. Шунаққиб қутулмоқчи бўлишибди. Икки ўртада орамизни бузиб қўяй дейишди. — У милтиқни елкасига солиб, кетишга тараддудланди.

Мен эсам, мавриди келганида сўраб қолишга шошиб, атрофида гирдикапалак бўлиб, эргашдим.
— Ўшанда... ўшанда акам бордими? Учрадими сизга?
— Ҳе, — деб наша қилиб кулди у, — аканг ҳам қизиқ. Иккита мелиса юборибди. «Тезда Тоштурмага чақирилсин, ҳақиқий от ўғриси билан юзлаштирила-ди», дебди. Олдиларига солиб опкетишяпти, опкетишяпти. Бир маҳал раиснинг идорасига олиб боришди «Нима дейсиз, Барзан товғартелни бостирмасида деган хабар олдик, бу укамизни қўйиб юборайликми ё органни чалғитаётган айбдорларни ўзингиз топиб берасизми?» деб туришибди.
— Барзан ростдан ҳам ўшатта эканми?
— Бўлмаса-чи! Ўша куниёқ опкелиб беришди.
— Уни қаранг-а!
— Сен, мелисалар ким экан, дегин!
— Ким экан? Танишлари эканми? — дедим ҳайрон қолиб.
— Қаёқда! Ўзининг йигитлари экан. Мелисанинг кийимини кийиб олишибди холос.
— Қойил-э! — деб юбордим.
— Ҳа-да. Кейин суриштириб биддим-ку мен. Фақат... — Жимиттепа устилаб, чангал оралаб кетган сўқмоқ билан юра бошладик. — Фақат, битта нарсада адашдим мен. Олдига боравурсам бўларкан. Бунақа воқеалар бўлиб кетаркан, очиқча гаплашиб олмага-нимга армон қиламан. Улоқчилигим нима! Чавандозлигим нима! Эрмак учун, шуҳрат учун юрганаканман уларга. Бундан акангга қўшилиб кетганим минг марта яхши эди...

У ёниб, алам-аччиққа ботиб гапиряпти-ю, мен хижолатларга тушиб кетяпман. Акам билан кеннойим ўртасидаги гапларни билмасам ҳам майли эди. Уларнинг уйимиздаги охирги учрашувларини кўрмаган, акамнинг ваъдасини эшитмаган бўлсам, тегирмон тепасидаги воқеаларни билмасам ҳам майли эди! Ҳайбат акамга бир таскин бера олармидим, юпата олар-мидим. Энди-чи, энди қандай, сиз адашяпсиз, дея оламан? Марғу кеннойимнинг ўзи сизни истамовди, деб айтаолмайман-ку! Умуман, бу айтиб бўладиган гапми?
— Хўп, — деди у ниҳоят Жийдақатор тагидаги йўлга чиқиб, — акангнинг дараги чиқса, мени айт, кўришмоқчи де. Анувни эса, топсам, ўзим биламан.

У шундай деди-да, онти қаттиқ одамлардай юзи учиб-учиб, бошқа бирон сўз демай жўнаб юборди. Елкасидаги қўшотарининг нили совуқ йилтираб, ҳар қадам отганда қадами бирла кўтарилиб тушар, ундаги ўқлар фақат кўк бўрига аталганми, ёлғиз ўзи билар эди.

Бир Палакнинг Болалари

— Ойи-ойи, қаранг, хазонченақдан нима топдим!..— дея суюнчиладим.

Ойим босволди болачасини ажабланиб қўлларига олдилар.
— Ё қудратингдан, муштдек бўлиб пишибдими? — дедилар, Сўнгра ҳидлаб кўриб, ғалати маъюс тортиб қолдилар.
— Биласизми, мен уни қаердан топдим? Ҳожи эшоннинг еридан топдим!

Ҳожи эшоннинг ерлари бизнинг ерларимиз билан ёнма-ён эди. Ойим бир ғалати бўлиб кетдилар.
— Кўриб турибман, болам, кўриб турибман, — дедилар овозлари ўзгариб. — Бўлак қаерда ҳам битсин бу хил босволдилар? Бизнинг ердаю Ҳожи эшоннинг ерида битарди.

Ойим дуварак босволдини бир четга қўйиб, енгларини киши билмас мижжаларига босдилар.
— О, болам-а! Қандай ерларимиз бор эди: нима эксанг, олтин битадиган... Ҳаммасидан жудо этдилар, мосуво этдилар.

Овозлари бу тарз қалтираб чиққанини ҳеч кўрган эмасдим, кўнглим бузилиб кетди. Нимадан бунчалик тўлиб ўтирган эканлар? Мен анқов, нега сезмабман?..
— Қайси феълимиздан бўлди, ишқилиб бўлди, — дедилар ахийри ўксиларини ичларига ютиб. — Мана энди камига тўс-тўс этиб, тўзитиб ётибдилар. Ниятлари нима, уруғимизни қуритиб, палагимизни йўқотишми?..

Ҳамма нолиганда ҳам миқ этиб сир бермайдиган ойимнинг бу хил ёрилишлари ғалати эди. Чўчиб юзларига қарадим.

Мен хавотирга тушиб қолганимни кўриб, ойим ўзларини босдилар.
— Худойимнинг Ўзи меҳрибон. Ўзига солиб қўйганмиз, кўрсатар ўшаларгаям, — деб юзларига фотиҳа тортиб тура бошладилар. Дастурхонни йиғиштириб, ковшандозга тушдилар.

Сўнгра нимадир эсларига тушиб, остонада тўхтадилар.
— Қорнинг қанақа, болам?

Пўчтачининг ноки, йўлдаги ёнғоқларнинг тўқи ҳали кетмаган эди.
— Яхши, ойи, нима эди? — дедим.
— Чой-пой ичволсанг, бориб келадиган жойларинг бор эди. Чойнакни олиб чиқақол, — деб зинага тушавердилар.
— Келиб ичарман, айтавуринг, — деб мен йиғиштирина бошладим.

Бунгача ойим дастурхонни супа ёнбошидаги катта тол тагига қоқиб, қайтдилар.
— Кўчиб келибам, шунча воқеалар кечибам бир худойи-эҳсон қилолмабмиз. Раҳматли ойим билан Зумрад холанг тушларимга кириб юришибди. Бу ёқда Султонмурод аканг бир кетганча, бедарак. Шундан улар ҳам безовта шекилли. Тўртта одам чақириб ўтказсак, ўтказиб юборақолайлик.
— Бориб келавераман, — дедим отланиб. — Аввал Нусрат поччамларникига ўтайми?
— Йўқ, поччамларга маслаҳат қилганман. У киши масжиддан Зокир қорини опкеладиган бўлганлар, — дедилар ойим дастурхонни қозиққа илиб. — Сен фақат яқинларни, поччанинг улфатларини айтиб келасан. Бир йиғилишсин.
— Ўзлари айтдиларми? — дедим мен ҳайратланиб.
— Йўқ, мен ўзим...
— Зўр ўйлабсиз, ойи, — дедим қувончим ичимга сиғмай. (Шунақа одамлар келишадию севинмайми! Мен уларнинг бир йиғинларини кўрганман. Чой ташиб туриб, суҳбатларига михланиб қолганман. Ўша-ўша сояларига салом бераман ҳар битталарининг). — Ҳаммаларини айтиб келаверайми? — дедим ҳалитдан юрагим ҳаприқиб.

Ойим ҳайрон қолдилар менга.
— Сен.. кимни айтяпсан?
— Ошналаринида у кишининг...
— Сен қаердан била қолдинг уларни?..
— Биламан-да, — дедим сирли қилиб, — Санаб берайми?
— Қани?..
— Яккабоғдан... Қози поччани, у кишига қўшиб Мўмин тоғани айтиб келаман. Бу ёқдан Султонбек қори бувани, анави Сайнаби домлани... Топдимми?
— Яна-чи? — дедилар ойим.
— Шу ёқдан яна Мимит бувани...
— Мимит буванг ким?
— Мана шу қўшнимиз-чи!
— Ҳа-а! — дедилар ойим жилмайиб, — Хўш, тағин-чи?
— Тағин, анув, «Чўлпонота»нинг домласими, нимайди?..
— Зокир қорини айтасан-да?
— Ўша, узун бўйли, тиловат қилганда беданалар ҳам жимиб қоладиган одамни...
— Биларкансан. Баракалла, болам. Шуларга ихтимат қўйсанг, кам бўлмайсан. Саломингни аяма ҳеч. Улардек бўлсанг, жон дердим, — деб ойим бошимни силаб, елкамга қоқиб қўйдилар. — Майли, бора қол. Эртага пешин намозидан чиқиб боравераркансизлар, дегин. Ҳа, айтмоқчи, домлага овора бўлиб бориб юрма. Нусрат поччам қорини ўзим опкеламан деганлар. Фақат бу ёқдан Усмон тоғанг билан у ёқдан Норхўжа поччани унутмасанг бўлди.
— Хўп, ойижон.

Мен гоҳ у ёнимга, гоҳ бу ёнимга шох ташлаб, ўйноқлаб бориб, эшигимиздан чиқдим. Ойим:
— Ҳой, Мақсудхўжа, тез келгин. Тентираб юрма мени хавотирлантириб, — деб қолавердилар.

Эртасига Нусрат почча ҳожи ошналарини кўриб, бир суюнадилар, бир териларига сиғмайдилар. Ҳар бит-таларига қучоқ очиб:
— Ҳай, улуғ иш бўптида келганингиз, ҳай, зўр бўпти-да, анчадан буён тўпланишмаганидик, биир мажлис қурадиган бўпмиз-да, — деб эслари кетарди.

Нусрат поччанинг бу ҳайратлари, хурсандчиликлари меҳмонларга юқиб, улар ҳам таъсирланиб, кўзлари намланиб, бир-бирларига жилмайишади.
— Биз сиз айттирворибсиз деб келаверсак, буна-қамиди ҳали? — дедилар Мўмин тоға соддадиллик билан.
— Буми? Бу Саломхоннинг иши. Барака топкур, хўб тушунган аёл-да. Суҳбат қурмаганимизгаям аллақанча бўлувди, дийдор кўрсатганига шукр, шу кунларга етказганига шукр, — деб ошналарининг куракларини силай-силай тавоф этиб, ичкарига қистай бошладилар.

Мен қўлимда обдаста, елкамда сочиқ, у кишиларнинг қўлларига сув қуйиб турибман. Ойим буюрганларидек уларнинг дуоларини олиб қолаётирман.

Улар ҳам — ҳар битталари бир дунё, салобатлари Хизрча бор, дуо қила-қила уйга қараб юрадилар.

Шунаққиб, соқоллари кўксиларига тушган, ундан оқ саллалари бир чиройли ўралган, эгниларида сариқ йўл-йўл халат, қози почча кириб келдилар Мўмин тоға билан бошлашиб. «Сиз юринг, юринг сиз»лашиб. Ҳамиша отда басавлат кўринадиган қози почча узун бўйли, қотма Мўмин тоғанинг олдида ҳам ўша-ўша салобатли эдилар. Юзларидан бир нур ёғиладики, уни кўриб одамни сир босади.

Шунаққиб, ҳассаларини дўқир-дўқирлатиб ташлаб, Султонбек қори бува кириб келдилар.

Шунаққиб, чўнтакларида биз болаларга улашадиган майизу ширинликлари ҳеч тугамайдиган Мимит бува қўғирчоқдай бўлиб кўриндилар.

Ичкаридан Усмон тоғамнинг куйлагандай майин товушлари эшитилиб турибди. У киши бу ернинг одамига ҳеч ўхшамайдиган, ҳиндилардек қора, бунинг устига, қирра бурун, муштдеккина бошига салла ўраган «Чўлпонота»нинг домласига ниманидир тушунтиряп-тилар. Ора-чора у қорининг ҳам бидирлаб, бир нималар дегани эшитилади. Лекин тез гапирганидан нима деяётганини ҳеч англаб бўлмайди. Гўё бошқа тилда гаплашадиган одамга ўхшайди у киши. Аммо мен Қуръон тиловат қилганини бир эшитганман. Сайратмалар ҳам жимиб, шамол ҳам эсмай қолувди назаримда. кейин кимам: «Булбул қори бўлиб кетди-ей» деган эди.

Ҳаммалари жойлашиб, фотиҳа қилишгач, Нусрат почча ҳалиги кишига юзландилар:
— Қани, қори, ер эгалари, сув эгалари, ўтганлар руҳига атаб, бир тиловат қилиб юборасизми?

Мен даҳлизда чой олиб киришга шай бўлиб турибман. Уйнинг тўрида қози поччанинг ёнларида қимти-ниброқ ўтирган ҳалиги қирра бурун қоридан кўз узмайман. Ичимда, бугунам бир эшитарканмиз-да, деб чўккалай бошлаган эдим, у тавозе билан қўлини кўксига юбориб, қози поччага, бошлаб берасизми, устоз, дегандай қаради.

Қози почча бош силкиб, изн бердилар:
— Ўқинг, қори, биз рози.

Шу бир оғиз сўзлари билан қори (одат шекилли, муллаваччалардек чўккалаб олиб,) ўшандагидек бошлади. Назаримда, бу уйда бир жом бордек, овоз ўшанга урилиб жангиллаб чиқаётгандек, уйларимиз ҳам ўша овоз, ўша оҳангга тўлиб бора бошлади, у овоздан этларим жимирлашиб келиб, бир нафасда ром бўлиб қола қолдим.

Кўз олдимдаги ҳамма нарсалар қаёққадир чекилиб, шу қорининг ёлғиз ўзию унинг овози қолгандай эди. Ўзини ҳам элас-элас, аллақандай бир туман ичида кў-рардим. Ва ўзим сезмаган ҳолда ўша оҳангга монанд чайқалишга-тебранишга тушдим.

Ниҳоят, тиқ этган товуш ортиқча бўлиб қолган бир пайтда тиловат узилиб, ҳаммалари «илоҳо, омин» дея шовуллаб қўл очишди ва қози почча дуога оғиз жуфтладилар.
— Алҳамдулиллаҳ, алҳамдулиллаҳ, ўзингнинг Қуръонингни қодир қилганча ўқишга, унинг нурларидан баҳраманд бўлишга муяссар қилиб қўйибсан, юргизиб қўйибсан, тургизиб қўйибсан, ибодатларингга машғул қилиб қўйибсан, мингдан-минг шукрлар бўлсин. Шу хонадондан, авлод-аждодлардан дуо талабда бўлган руҳларга етказгин шу каломингдан ҳосил бўлган савобларни. Ер эгалари, жой эгаларидан ўтганларни ўз раҳматингга олиб, қолганларни паноҳингда асрагин. Бу диёрда топган, топадиган савобу амалларимизни, ило-ҳо, ўзимизга ҳамроҳ этгин.

Дуодан сўнг чой олиб киришга изн беришди. Опкирдим. Кириб-чиқиб, хизмат қилиб турибман.
— Шу раҳматли Маҳмудхўжанинг кенжасими-а? Йигит бўлиб қопти-ку! Эр етиб қопти-ку! О, вақтнинг ўтишини қаранг, умрнинг кетишини қаранг! Яқинда эмасмиди, раҳматли, нега еримни ҳукуматингга бериб қўярканман, деб ёлғиз ўзлари лой кесиб, пахса уриб ётганлари? Кундаков қилинганда-чи, кундаков қилинганда? Ток зангини Домдеҳқонга судраб бориб, токда нима гуноҳ, деб талашиб юрганлар-а, тавба, — дейишар эди.

Мен эсам, ҳар куни олдиларидан неча марталаб салом бериб ўтадиган одамларим мени кўриб ҳайратланишларига (яна ҳар гал тўхтатиб, кимни боласисан, деб сўрашларига) ҳайрон эдим. Лекин алқаб қилган дуоларидан бошим осмонда чопиб-чопиб хизмат этяпман.

Чойдан кейин ярим коса-ярим коса мастава сузилди. Устига жиндек мурч, жиндек райҳон сепилиб, ярим қошиққина қатиқ солиниб...

Маставани опкиргач, ўзим ҳам бир чеккага ўтиб, икки тўғрам нон билан ичиб олдим. Шунақа хушхўр бўптики ойимнинг овқатлари!..

Лекин маставани ичиб бўпман, неча қайта улар ўтирган уйнинг эшигига бориб аланглаб кепман ҳам чоллар косани ола қолинглар деб изн беришмас, Норхўжа почча «Ҳой, кичкина Маҳмудхўжа, қаттасан» деб чақира қолмас эдилар.

Бу ёқда ойим, кеннойимгилар ҳалак. Косаларни бериша қолса, тезроқ ювиб, ўшанда манти киргизишмоқчи. Ахийри ойим:
— Бор-чи, манти эзилиб кетмасин, — дедилар. Ковшандоздан кўриниш берай деб кирсам, косалар

бўшаган-у, алланима ҳақда суҳбат бошланиб қопти.
— Ҳў-ўй, секинроқ айтасизми? Ёмон бўлди, ёмон; шу тўй бузулгани, шу келиннинг йўқолгани. Асол опамга тушиб, ундай бўлувди, Ҳайбатга унашилиб бундай бўлди. Нима қилайликки, у бармоғимизни тишласак ҳам оғрийди, бу бармоғимизни тишласак ҳам... — дердилар Нусрат почча куйиб-куйиниб.
— Қизгинада бир гап борлигини Ҳайбат билмаса, айби йўқ, лекин катталар-чи? Қайтаришса бўларди-ку, — дедилар Норхўжа почча бу ёқдан бўйниларини чўзиб.
— Қайтарганга... қулоқ солдими! Шуни олсамам оламан, олмасамам-оламан деб... қўйдими! — дедилар Мўмин тоға. — Иримга ишонадими ҳозирги ёшлар. Мана, оқибати. Милтиқ кўтариб изғиб юрибди энди. Қиз ўғриси етадиган жойига етиб бўлган-да.
— Кимдан кўришингниям билмайсан... Султонмурод унақа бола эмасди шекилли, Нусратхўжа? — дедилар Усмон тоғам йиғолмайдиган оёқларини хонтахта тагига узатиб-жойлашиб.

Мен уларнинг рўпарасида худди гап пойлагандек туришга ийманиб, даҳлизга ўтиб, тахмонга суяндим. (Чақиришса, лаббай деб киришга осон. Унданам бурун манави гаплар мойдек ёқиб турибди. Фақат кеннойимни айблагандек гапиришларидан ғашим келиб-келиб қўйяпти.) Чинданам, ким опқочган экан ўша кечаси? Келин узатиб боришаётган оқшом?
— Билмадим, ока, билмадим. Бир нарса дейишим қийин. Кўнгли борлигини билардиг-у, бу ишга журъат этади деб ўйламаганмиз. Ҳозир ҳам гумонсираб гуноҳга ботишдан қўрқаман, — дедилар у киши. — Бунақа йўлга юрмаса керак эди.
— Унда ким, қайси Худодан қўрқмаган? — дедилар Мимит бува. (Мен шу ерда турибам, қалтираган овозларидан билдим.)
— Султонмуродимизни... раҳматли Абдураҳим эшон поччанинг болаларини халқ орасида ёмонотлиқ қилиш учун нималар ўйлаб топишмади! Шу ўйинларнинг биттасидирда бу ҳам, — дедилар қози почча.
— Балким-балким,— деб тасдиқлашди атрофдагилар.
— Гумондан иймон қочади. Эшитар қулоққа яхшимас. Қўйинглар, яхши гаплардан гаплашайлик, азизлар,— деди бегона овоз. (Бидирлаброқ сўзлашидан Чўл-понота масжидининг имоми деб тахминладим. У кишидан бўлак ҳеч ким билағон одамдек бидирламасди.)
— Ҳа, одам, азбаройи ачинганидан гапиради-да. Жабр-жабр, Асол кеннойимга жабр бўлди. Бояқиш божамиз ундай бўлиб кетувди, асрандиси бундай бўлди.
— Ҳеч бандани қариганда бундай фарзанд доғига солмасин Худойим, — деб қўйдилар Усмон тоғам. — Ўзи шу кишини қаватимизга кўчириб келиш керагийди, Нусратхўжа.
— Лозимийди-лозимийди. Кўрдиз, тушунтириб бўлмади-ку, — дедилар Нусрат почча.
— Сизларга раҳмат, сизга раҳмат, Нусратхўжа. тағинам оқибатинглар баланд экан. Куёвингизни кўчириб обориб қўйибсиз. Эшон почча, Мукаррам аканинг чироғини ёқиб ўтирган шу Нусратхўжанинг куёвлари бўлади, — деб тушунтирдилар Мўмин тоға. — Барака топишсин, илоҳим.
— Бировнинг ёлғизини қўллаб, қизларини бериб, ватанли қилиб қўйганлари-чи? Бундан улуғ савоб борми? — дедилар Норхўжа почча.

Бунга сари почча ўнғайсизланиб, кафтларига йўталар, ўзларини чалғитар эдилар.
— Биз сабабчимиз, холос, Худойим кўнгилга солсин аввало, — дедилар ахийри.
— Ким етим-есирни қўллабди, ёлғизни уйлаб-жойлабди, қўли калталарга қарашибди, қизларини чиқариб-узатишиб юборибди, савобни тўлиқ олибди! Жаннати наъимлардан ўзига кўшк тайёрлабди! — дедилар қози почча таъсирланиб. — Нусратхўжа, бунинг қисинадиган жойи йўқ, ота-боболаримиздан келаётган солиҳ амал бу.
— Тўғри айтасиз, эшон почча, — деб овоз бердилар Усмон тоғам. — Отам раҳматли, еттита қиз чиқарган жаннати бўларкан, деб олтита қиз устига яна битта қиз асраган эдилар. Бўй етгач, мол-сепи билан, жойини топиб узатганидилар . Етимга қиз бериш, бировни ватанли этиш бизга ўшалардан мерос. Ана, Саломхон ҳам шундай қилди, Нусратхўжа шундай қилди. Ажрини ўзи берсин.
— Беради, илоҳим. Сиз солиҳ амал қилибсиз, мен тўлиғи билан бераман, бирга минг қилиб бераман, деган ваъдаси бор Оллоҳимнинг, — дедилар қози почча.
— Шундай-шундай, — деб тасдиқлади имом ҳам.
— Фақат, унинг бошини иккита, оёғини тўртта қилиб қўёлмаганим — армон бўлиб қоляпти, ўртага манави уруш тушмаса, шу кунларам йўқмиди, божамизнинг руҳи поклари олдида қарздормиз, қарздор.

Ачинган Нусрат поччаю менинг кўзларимга ёш қуйилиб келди. Ич-ичимдан бир хўрсиниқми, аламми тирнаб-тимдалаб келиб, тахмон кўрпаларига сирғана-сирғана сандиқ тагига ўтириб қолдим.
— Оллоҳ сабр берсин. Палаги айнимаган бўлса, қаерга борса, хорлик кўрмайди, — дедилар қози почча тасалли бериб. — Ўша вабога ўхшаган нарса ораламасин хонадонларимизга, ишқилиб.
— Оралашга оралаб бўлди, қозим. Худойимнинг ўзи инсоф берсин қолганларга, — дедилар Султонбек қори бува ва нафаслари қисиб, тўхтаб қолдилар. У киши гапга аралашмай ўтирган эдилар, шу ерга етганда чидамай кетдилар, шекилли. — Куймаган ким қолди, қозим, ким қолди?!
— Шунақа деймиз-ку, чироғимизни ёқадиган ҳам, ўчирадиган ҳам ўзи шекилли. Бўлмаса, ким ўйлабди, бизнинг хонадонларда Худодан қўрқмайдиган зурёдлар дунёга келади деб?! Куфрнинг кўчаси кўп экан, қори бува, кўп экан?! Ҳаммаям Сироти мустақиймда қололмас экан, — дедилар у киши овозлари ўзгариб.

Ҳаммалари бу гапдан таъсирланиб, хийла жим қолдилар. Мен кўрмаяпман, лекин тасаввур қилиб турибман: қози поччанинг нозик ерларига тегиб кетмайлик деб ҳар нарсага алаҳсисалар алаҳсияптиларки, индаёлмаяптилар.
— Палакка тушган кулни, ширани-ку, кўтарса бўлар, лекин бунинг давоси борми, қози почча? — дедилар Усмон тоғам ахийри журъат этиб.
— Бизнинг диёрларда тонг-саҳарлари эсадиган, биров билиб, биров билмайдиган бир боди сабо бор. Ўша ўйноқлаб ўтиб кетса, бас, ҳар қандоқ экин ғуборлардан озод бўлиб, яшнаб кетади. Худойимнинг қудрати билан шу эпкин палакларни тозалайди. Тўғрими, Усмонхўжа?
— Биларкансиз-биларкансиз, Каттабоғни Каттабоғ қилиб турган ҳам, неъматларини асалга айлантириб, қаритмай келаётган ҳам ўша нарса-да. Ҳар тонг Бўз-сувдан ўйноқлаб чиқадиган ўша ўйноқи шабада-да, — дедилар тоғам ёш боладай қувониб.
— Ё қудратингдан, Худойим шунақа чеварми? шунақа эпкинлар юбориб қўйибдими?! — деб таъсирланиб ҳайратландилар Мимит бува.
— Бандасининг қалбини киру қурумлардан тозалагувчи шундай нарса нималигини айтайми? — Кутилмаганда қози поччанинг бу саволларидан ҳамма ҳайратга тушиб, ичкари уйда шовур-шувур қўпди. Ҳаммалари ҳар чеккадан қисташди.
— Айтинг, айтинг!..
— У — қўрқув!

Бирдан ҳамма жимиб, уйда пашша учса билингудек бир сукунат чўкди. Қанақа қўрқув? Нимадан қўрқув? Ҳеч замонда қўрқув ҳам ични тозартирар эканми? Мен ҳеч англаб ета олмас эдим.
— Балли, қозим. Бу қўрқувда ҳикмат кўп, — дедилар Султонбек қори бува ҳам кутилмаганда.
— Қўрқув ораламаган қалб қалбми? У кирлаб битади. Ширк, ҳасад ўша ерда болалайди. Шайтон ватан тутади уни, — дедилар қози почча илҳомлари жўшиб.— Агар одам Худованди Каримдан ҳайиқса-чи? Эртаги сўроқ кунидан, қиёматда қайта тирилиши, жавоб бериши муқаррарлигидан чўчиса-чи? Шайтоннинг сўзига кирадими? Палагини бузадими? Худо зурёдларимизни ўша балодан ўзи асрасин.
— Лекин ширк ораламаган хонадон, фоиз гарди урмаган мўмин, ҳаром луқма аралашмаган қозон қолдими, қозим? — деб юбордилар овозлари титраб Мимит бува.
— Шукр қилинг, Қобил бува, ҳамма сиздай фикрласа, нонини ҳалоллаб еса, охиратини ҳам чиройли қилар эди Худойим. Бугунга келиб шундай имтиҳонлари бор экан, сабр қилмоқдан ўзга нима чорамиз бор?! Абдураҳим эшон почча хонадонидай тўзитиб қўйса, тўзитиб синаса, нима қилар эдик? Шукр этинг шу кунингизга, — дедилар Нусрат почча.
— Ҳов дариғ, — деб қўйди кимдир. Кимдир хўрсинди:
— Эсиз, бир палакнинг болалари...
— Айтмоқчи, кичкинаси, нима бўлган, кўринмай қолди уям? — деди биров.
— Унисиданам дарак йўқ, ўзи билан опкетдими, қолдирдими — билолмадик. Бояқишлар сиғмадилар ота юртга.
— Йўғ-э, ҳижратга мажбур бўптими? — дедилар Норхўжа почча пойгакдан.

Нусрат почча хўрсиндилар:
— Балки ҳаммаси яхшиликкадир. Ўша аскар ташлашидан бир кун аввал кирди оқ фотиҳа сўраб. Опоқдода, дуо қилинг, ёзуғимиз шу экан, насибамиз бошқа юртларга қўшилган кўринади, деди.
— Чиндан-а? — деб юбордилар Усмон тоғам.
— «Нега, болам? Бизни, ўзинг эр етган диёрни ташлаб кетасанми? Иложсиз нарса борми, топармиз», дедим, — дея давом этдилар почча. — «Йўқ, раҳматли отам тушимга кириб юрибдилар. Тағин довон ошиб бораётган карвон кўрдим. Шуларга эш бўл дедилар...», дейди.
— Субҳоналлоҳ, — деди кимдир.
— Ё Арҳамар Роҳимийн, ўзлари йўл кўрсатибдиларми? — дедилар қози почча.
— Демак, кетибди, ҳижрат этибди, — дейишди бошқалар. Қози почча қандайдир оятни ўқиб, қайтардилар:
— Бас, ватанларидан ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, менинг йўлимда азиятлар чеккан ва жанг қилиб қатл этилган зотларнинг гуноҳларини ўчиргайман . Оллоҳнинг шундай ҳақ ваъдаси бордир. Илоҳим, Сироти мустақиймни топгани рост бўлсин.
— Уни қаранг-а! Бу ёқда биз уни ким деб юрибмиз, ҳукумат ким деб ўйлаб юрибди, — дедилар Усмон тоғам фахрланиб-ҳавасланиб.
— Боши тошдан бўлсин.
— Оллоҳ паноҳидан чиқармасин, қаерда бўлса ҳам,— дейишди чоллар.

Ва шу зайл бораётган суҳбат пойгакда чой қуйиб ўтирган Норхўжа поччанинг саволлари билан яна қизиб, жонланиб кетди.
— Қози почча, шу мен сиздан бир нарса сўрай олмай юраман. Мавриди кепқолди, агар рухсат этсангиз...
— Сўранг, Норхўжа, сўранг. Илмимиз етганча айтармиз, етмаса, мана, имом борлар, Нусратхўжа борлар. Биргалашиб, дегандай... — дедилар у киши.
— Ўзингиздан эшитамиз, — дедилар Нусрат почча.
— Ҳа, сиздан ўтиб бир нарса дермидик, — деди имом ҳам.

Сал кўриб турибман, Норхўжа почча жойлашиб-чўккалаб олдилар:
— Илмийиздан фойдаланиб қолайлик-да.
— Хўп, хўп...
— Шу, мани билишимча, ҳаммамиз бир отанинг болаларимиз-а? — дедилар у киши ийманиброқ.
— Шундай-шундай, Ҳазрати Одам ҳаммамизнинг отамиз бўладилар, — дедилар қози почча. — Биз — Нуҳ алайҳиссаломнинг Ёфас ўғилларидан тарқаб, кў-пайганмиз.
— Биз ҳамми? — дедилар Усмон тоғам.
— Сиз... бу ўлкаларга ёйилган авлодларингиз... Ҳазрати Али шажараларига бориб туташармикан, валлоҳи аълам. Ишқилиб, Одам ота фарзандларимизда ҳам-мамиз.
— Менам шуни айтаман, — дедилар Норхўжа почча,— шу бир отанинг болалари бугунга келиб, бир-бирини танимайдиган, кези келса, бир-бирининг пайини қирқадиган, душманлашиб сотадиган, қаматадиган, бир сўз билан айтганда, Худодан қўрқмайдиган бўлиб кетдилар. Мана шу Яккабоғимизу Каттабоғимизда қанчасини кўряпмиз. Қаёқдан кепқолишибди улар? Ана, Акмал ўрисга ўхшаганлар, Парпи бебахтнинг атрофидагилар? Шуларни деб Баҳриддин нима бўлди? Мукаррам почча, Абдураҳим эшон почча нима бўлдилар? Мана энди Султонмурод қаёқларга бош олиб кетибди? Қачон бир палакнинг болаларидай... мундай тотув яшарканмиз? Ўнгланармиканмиз ё олам ўзи шундай қурилганми?
— Ҳов, Норхўжа, Норхўжа?! Бу жумбоқни ким ечибдики, биз еча олсак, — дедилар қози почча ҳеч кутилмаганда Нусрат поччага ўхшаб сайха тортиб. — Кошки бир оғиз сўз билан тушунтириб бўлса. Нима дедиз, Нусратхўжа?

Ичкарида жонланув бошланиб, почча уларнинг тинчланишларини кутгандай, устма-уст томоқ қирдилар.
— Балки биргалашиб... топиб бўлар?
— Маъқул-маъқул, — дедилар қози почча ва боядан бери баҳсга аралашмай иззат кутиб ўтирган имомга ўгрилдилар. — Балки қорим бир нарса дерлар?

У киши Қуръон тиловат қилаверсин экан-у, гапирмай қўяқолсин экан. Бидирлаб, ҳовлиқиб гапирганидан, ўлай агар бир нарса тушунган бўлсам. Фақат Сироти мустақийм деганини англаб қолдим, холос.

Аммо Мимит бува овозлари қалтираб чиқса-да, бир оғиз қилиб айтиб қўя қолдилар:
— Ҳаммаси ўз феълимиздан. Феълимиз тор.
— Тилимиз намозда-ю, кўзимизга дунё чиройли кўриниб, жилва қилгани-қилган.
— Имтиҳонда бу. Худойим шундай синайди, — дедилар Сайнаби домла.
— Амалимиз чиройли бўлиб, қиёматдан қўрқсак эди, — дедилар Султонбек қори бува, — кам кулиб, кўп йиғлар эдик.
— Шайтоннинг васвасасига учмасак-ку, йиғлар эдиг-а, — деди кимдир.
— Иймон суст-да, иймон, — дедилар қози почча.
— Ҳа-ҳа, ана энди мағизга яқинлашяпмиз, — дедилар Нусрат почча пишиллаб-қўзғолиб, — Оллоҳни дўст тутиб, ўзигагина таваккал қилсак, ҳидоятга ҳам бошларди аллақачон.
— Ҳадларидан чиқиб бораётган, тойиб бораётган қанча, — дейишди бошқалар.
— «То ўзларингизни ўзгартирмагунча...» деган оят нима ҳақда келибди? — дедилар қози почча.
— Абдураҳим эшон почча авлиё эканлар. Ҳали бу кунлар ҳолва, мўминларнинг бошида қанча имтиҳонлар бор, деб ўтирардилар. Биларканлар у зот, — дедилар Сайнаби домла.
— Олиб кетишларидан бир кун аввал муридларига «энди мендан оладиганингизни олиб бўлдингиз, қолган илмни фалон ерга бориб фалончидан оласизлар», деб жавоб бериб юборганлари-чи? — дедилар қози почча.
— Шунақа бўлган эканми? Уни қаранг-а? — деб қолишди уй ичидагилар.
— Ўша бир кун аввал эртадан кечгача болохонадаги китобларни кигизга ўраб, сандиққа жойлашган, — дедилар Нусрат почча тушунтириш бериб. — Кейин қоронғу тушиб қаергадир олиб бориб кўмиб келишган. Бу орада Зумрадхонга ош дамлатиб қўйган эканлар, суздириб келиб, меҳмон қилибдилар-да, хуфтонни бирга ўқишиб, сўнг оқ фотиҳа берибдилар. Тонг отаунча қолишларига ҳам кўнмабдилар. Эрта билан эшитсак, саҳар чоғи келиб, ўзларини олиб кетишибди. Бомдодни ўқиб, истиғфор айтиб ўтирган жойларидан.
— Ла илаҳа иллаллоҳ! Ўзи аён бераркан-да? — дедилар Усмон тоғам ҳайратланиб.
— Лекин тайёргарликларини кўриб қўйган эканлар. Зумрадхонга: «Рози бўл, хотин, дийдор қиёматга қоляпти. Оллоҳим суйган бандаларига мусибат юборади. Шукр қилинглар», дебдилар.
— Ё Оллоҳ! Илгаригилар дор тагига қандай тўғри борган десак, хотиржамликниям Ўзи бераркан-да? — дедилар Мимит бува.
— Ўзи беради. Шунинг учун ҳам, сўнгги тилагинг нима, деганда, икки ракат намозга изн сўрайдилар мўминлар ва Оллоҳга юзланадилар. Бу бизга Ҳубайб дан қолган суннат, — дедилар қози почча, — Ҳаммага ҳам насиб этавермайди бу неъмат. Бирда бир, ўзи суйган бандаларига тақдир этади.

Мен эсам, ўша ўтирган еримда Султонмурод акамни ўйлаб кетибман. Назаримда, уни қаерга қочса, орқасидан қувиб бориб қўлга олишадигандек. Хоин ҳисоблаб, дор тагига судрашадигандек. Чор тарафдан одамларни ҳайдаб келиб, халойиқнинг кўз ўнгида... йўқ, йўқ, дорга тортиш олдидан у қиблага қараб икки ракат намоз ўқиб: «Мана, мен тайёрман. Оллоҳ учун битта жоним экан-ку, мингта жоним садақа!» деб тургандек.

Биз ҳақимизда, қариндошлари ҳақида бир оғиз бир нарса демай, дор тагига қараб юргани, жилла қурса, эслаб қўймагани алам қилиб, кўзимга аччиқ ёш қуйилиб келдию бўғзимга қайноқ бир нарса тиқилиб... туриб кетдим.

Шу маҳал... кўча эшигимиз очилиб, биров «адажон»лаб кириб кела бошлади. Ойимми, опамми ўша ёққа югурдилар:
— Ҳай, овозингни ют, уят бўлади!

Ўзим ҳам учиб, ҳовлига тушиб бордим. Қарасам, холамнинг кичкина қизлари. Ойимнинг бағриларига сингиб кетгудек бўлиб, изиллаб турибди.
— Нима бўлди, бундай тушунтириброқ айт, — деганлари сари ўпкаси тўлиб, кўксиларига чирмашади.
— Томимиззи... томимиззи... — дейди-ю, у ёғини айтолмайди. Хўрлиги тутиб қоляпти. Шовқинга (балки қизларининг овозини танибдир) поччанинг ўзлари чиқиб келдилар. Ковшандозданоқ:
— Ҳой, ким бор, косани олинглар. Бу ёғини тезлатинглар, — дедилар-у, остонага чиқиб, бир пой калишларини кия олмайин ҳам туриб қолдилар. Кўнгиллари хунук нарсани сезган экан-у, бало бунчалар тез келади деб ўйламаган эканлар.

Ахийри ҳассаларига таяна-таяна бир амаллаб зинадан тушиб, қизларининг олдига лапанглаб кела бошладилар:
— Ҳай, она қизим, оппоқ қизим, бўлди-бўлди, ичкарида шунча одам, сен йиғлашингни қара, эшитган нима дейди? — деб бориб, бағирларига олдилару бошини силаб, туриб қолдилар. Ва анчадан кейингина секин дедилар. — Ўша, кечагиларми? Акмал ўрисларми?
— Кўчирмага солишибди, адажон. Томимизни бузишяпти, — деди қизлари баттар ҳўнграб.
— Тинчлан-тинчлан. Ўша жигаримизни деб, Султонмурод акангни деб тортиб олсалар, олсинлар. Унга бошпана берган, деб аламдан чиқмоқчи бўлсалар, чиқ-синлар. Кўчада қолмасмиз. Дала бўлмаса, шаҳар бор, бир кунимизни кўрармиз. Мен уларга ялинмайман болам, Худога соламан, холос, Худога... Худойим ҳамма-сини ўзи кўриб-билиб турибди, йўлини ҳам ўзи кўрсатади, кўрсатади...

Почча шундай деб орқага қайтавердилар ва зинага етганда кимнидир излаб, алангладилар.
— Ҳой, Пошшахон, жойнамозларинг тахтми, қизим? Асрни ўқиб олайлик. Мантини кейин киритасизлар, — дедилар.

Анг-танг қолган қизлари яна орқаларидан чопди:
— Ада, адажон! Ахир, Сизни кутиб туришибди. Етиб бормасангиз... бормасангиз, ҳаммасини очиб таш-лашади!

Почча тўхтадилар, енгил бош силкидилар-у, қайтмадилар:
— Очганча очади, қизим. Намоздан улуғмас ҳаммаси — бу дунё ташвишлари ҳам, ҳой-ҳаваслари ҳам!..

Мен қотиб қопман: У ёқда томларини очмоқчилар-у, тавба! Ё Султонмурод акамнинг қайтишига ишоняптиларми? Бугун у киши индамасалар, эртага бу ёққа келмайдими? Сизлар ҳам бошпана бергансиз, бағрингизга олгансиз, деб қувсалар-чи бизни? Қўрқиб кетдим.

Бир маҳал ўзимга келсам, биров орқамдан келиб, бағрига тортиб турибди. Нуқул бошимни силайди, ипакдек юмшоқ кафтлари ёқяптики...

Фақат ойимгина шундай бағирларига тортиб, жим қолишлари мумкин. Қулоғимнинг четига қайноқ томчи тушиб, титраб кетдим:
— Ойи, ўзингизни босинг, бизникига келолмайдилар. Келсалар ҳам, очиб кўрсинлар-чи! Акам нима қиларкин уларни!
— Келолмайди, ўғлим, келолмайди. Худойим ҳам йўл бермайди! Қаерда бор экан, етимларнинг бошини силаб, бағрига олган хонадонни бузсин, тўзитсин деган қонун?! Келиб кўрсинларам-чи! — Ойим мени бағирларидан чиқариб, елкамга қоқдилар. — Лекин сен ҳозир чоп. Уларни тўхтат! Ўзлари келяптилар де! Чумолининг ини ҳам бузилмасин ҳеч замонда. Бора қол, холанг бояқиш нима қилдилар экан. Уч!
— Хўп, ойижон, — дедиму оёғимни қўлга олдим...

Ҳувиллаган боғлар ёқалаб, токлари аллақачон кўмилган ишкомлар ичи билан, устида донаям барги қолмаган яланғоч ёнғоқзорлар таги билан, бурганзорлар оралаб (ҳар оёқ ташлаганимда тиззамга урилиб, бурган уруғлари шув-шув сочиладилар), шўра ўтлар босган ўқариқлардан ҳатлаб ўтиб, учиб боряпман-у, назаримда холамларникигамас, тамоми бошқа ёққа югуриб кетаётгандекман. Ҳов анави — Бўзсувдаги энг баланд Ясситепага ва ё бўлмаса, Фозилтепага чиқиб бормоқчиман. Чиқиб бормоқчиман-да, ўша акам айтган аждодларимизга ўхшаб, олов ёқсам, дейман! Мени кўриб, тутунимни кўриб, бошқа тепаларда — Оқтепаю Хирмонтепаларда ҳам олов ёқилса-да, душман бош кўтарди, ичдан ёв чиқди, деб акамгиларга хабар берилса! Қани эди, қани эди!.. Кўзларим сим-сим ёшланиб, (ўша тутунданми ва ё бошқа нарсадан) кафтларим-ла артганим-артган. Йўлларига кўз тутганим-тутган. Қани кўрина қолса акам, акагинам!.. Қани қайта қолса!

Ва яна бир кўнглим Иззага қараб чопмоқчи, кўк бўрини излаб юрган Ҳайбат акамни топмоқчи бўламан. Юринг, у тирик экан, ўлмаган экан бўри! Бўзсувдан чиқиб, холамгиларникига тушибди! Тўс-тўс этаётганмиш, чопақолинг, деб қисталанг қилсам, шоширсам...

Эй акалар, акажонлар!

Ичимдан бир нималар тошиб келяпти! Кўз олдимни бир туман қоплаб боряпти! Лабларим четидан шўртанг томчилар сизиб кирадилар. Кўз олдим чаплашиб кетяпти. Жавоб беринг, қанисиз? Қаердасиз? Ҳамма умидим сиздан эди-ку?! Сизлардан эди-ку?! Эй акажон, Султонмурод акажон! Қайтинг. Бизларни кимга ташлаб кетмоқдасиз? Эшитяпсизми, халоскорсиз қол-дик биз!..

Мен девор ошиб, ишкомлар ичи билан холамгиларникига бўзлаб кириб борарканман, ҳов бирдагидек кунботар томондан қағиллаб-чағиллаб, бир қора қуюн оламни тутиб кела бошладию кўзим тиниб, эсим оғиб, боғ эшикка суяниб қолдим. Ажабо, томда ҳеч ким кўринмас, кетмон-кетмонда, бел-белда қолган, мил-тиқли биров Акмал ўрисни олдига солганча, ҳовлидан чиқиб борар, ялиниб-ёлборишига қарамас эди. У акаммиди, йигитларимиди ва ё Ҳайбат акамми — ҳеч аж-рата олмасдим. Зағчалар эса, қиёмат қўпгандай босиб келар эдилар.

ХОРИЖДАН МУЖДА (XОТИМА)

Яна нечанчидир марта шафтолилар нозик адо либосларини илдилар устларига. Ва нимпушти рўмолларини ўйноқи еллардан асраб-авайлаб, оҳиста эгилдилар: мулойим юзидан нур ёғилиб турган мўйсафид қайноталари — қуёшга салом қилгани чиққан келиндай...

Яна нечанчидир марта кунгай тепаларда бойчечак кулди ва болакайларнинг пучуқ бурунларидан ўпич олди. Анҳор ёқаларида кўз очган бинафшахонлар қақажон қизларнинг кўксиларига бир ярашиб тушдилар. Яна нечанчидир марта ҳориб-толиб, «қур-ей, қур-ей»лаб келаётган турналарни қувиб, девдай-девдай булутлар ўтдилар. Етолмай, тутолмай айқашиб-уйқашдилар. Қайбирлари енгилиб, кўзёш тўкдилар, қайбирлари наъра тортдилар. Кўкда чол-кампир қалдироқларини отиб, қувлашар эдилар.

Яна бултурги хазонларнинг остида қўзиқорин болалади. Чучмома хумчалаб, юзларини ёмғир сувларида ювди.

Қайбир ўнгирда бўри болалади, кўкда Тоҳир-Зуҳра жамол кўрсатди. Бу севинчлик хабардан куртаклару майсалар тилла исирғалар такдилар. Саъвалару попишакхонлар, сариқ, қизилбош минг хил қушчалар яйраб-қувнашга тушдилар.

Яна толчавконлар даври ўтди, толҳуштаклар чалиниб битди. Қизалокдар толчивиқлардан сочпопуклар шилиб, такдилар. Энди бу ёғи елларга қолди. Куни билан шафтоли гулларини бошидан сочиб, капалакдай учириб-қувиб, зериккан еллар кечалари билан толзорларда ҳалинчак учиб чиқа бошладилар.

Шундай ёқимли тунги насимлар тиниб, субҳи саболар уйғонадиган бир паллада бало тўсатдан келди. Ота юртда зилзила қўпди.

Биз бу хабарни юртдан узоқда — Фарғонада эшитдик. (Менинг хизматим юзасидан ўша ёқларга кўчиб бориб қолган эдик.) Ойим эшитган заҳотлари ҳеч ерга сиғмай, типирчилаб қолдилар.
— Вой, болагинам, бўла қол тезроқ. Отланақол, кетдук. Юртда шу аҳвол, биз бу ёқларда юрибмизми? Қишлоқнинг қозиси бўлгунча, шаҳарнинг тозиси бўл. Кетдук. Ишқилиб, бизникилар тинчмикан? Опаларим, тоғаларинг эсонмикин? Яккабоғу Каттабоғлар жойи-дамикин? — Яна айланиб келиб жовуллаб, куйиб-пишиб қистайдилар: — Шошма, аввал ишхонангга сим қоқ, Жўра акангдан бил, суриштир...

Сим қоққунимча бир ерга етдилар: «Вой, Тошкангинага нима бўбди, Худойимнинг қаҳри нималарга кела қолибди? Ишқилиб ўзининг раҳми келсин, бандаларининг ғамини ўзи есин, ўзи асрасин...»

Хайрият, сим улана қолди: қатнов тўхтаб, идораю ишхоналар беркилмабди. Қашқар маҳалласида том босиб, айрим деворлар ташлаб юборганини айтмаса, бизнинг томонлар — Қанғлию Яккабоғу Каттабоғлар тинч экан, жойида экан. Аммо ер нотинчмиш, вақти-вақти билан оёқ остидан бир гулдирак босиб келиб, силтаниб-силтаниб турганмиш. Ҳар дақиқада асов отдек бир кўтариб ташлашини кутиб-қўрқиб ўтиришганмиш. Ҳамма нарса омонатдай кўриниб, одамлар «Астағфируллоҳ»ни айтиб қолишганмиш.

Ойим: «Кетдук, Мақсудхўжа, ўлдирса ҳам ўз уйимизга — ўлан тўшагимизга кетдук»лаб туриб олдилар. Ўша Фарғонада туғилган бижилдоқ қизим Зилола жаж-жи кафтларини очиб, ҳар дастурхон тепасида ойимлардан ўрганганини тўтидек такрорлайди: «Адамларга узо-оқ умр берсинла, катта давлат берсинла, юртимизга эсон-омон етволайлук!» Сўнг сакраб туриб, қиқир-қиқир кулганча чопиб, уйни бир айланиб келади. Ва яна хонтахта оддига чўк тушиб, жажжи қўлчаларини очади: «Омин...»

Билет олиб келмасам бўлмаскан, деб ахийри отландим.

Келсак, ҳамма нарса жой-жойида. Уйимизнинг битта кесагиям учмабди. Бизнинг Каттабоғларда ёрилган деворларниям кўрмадик. Юз йиллик чалдеворлар ҳам «мункиллаганича» турибди. Фақат оғиздаги ваҳимаси зўр эди зилзиланинг: «Тўп отгандай гумбурлаб келиб, бир кўтариб ташласа, эсхонам чиқиб кетибди-я! Йўқ, олдин шифтни бир ғижимлаб, тоқиларни шақир-шуқур обориб-опкелдию кейин бутун бошли уйни писта пўчокдай...»

Ишқилиб, мана шунақа гаплар, текинга сотиб олса бўладиган воҳмалар.

Қариндошлар ҳам тинч, «худо-обло» деб ўтиришган экан.

Аммо шаҳарда юзлаб чодир уйлар тикилган, девори ёрилиб, сувоғи кўчган, мўриси учиб, тахмони ташлаб юборган омонат уйлардан ҳамма кўчириб чиқарилмоқда эди. Кеча ҳеч ким номиниям эшитмаган зил-зилашунослар бугун энг мўътабар кишилар. Бунинг устига, ҳукумат бошлиқларининг зудлик билан учиб келгани, Тошкент қайта қуриладиган бўлиб, Бутуниттифоқ қурилиш майдонига айлангани... ҳаммасидан ҳам ошиб тушди кейин билсак. Зилзила ҳам юта олмаган болалик юртимизни аждаҳодек комига тортаман деб турган бошқа нарса боракан. Сезмаган эканмиз аввалига. Дўст дўстнинг бошига иш тушганда келади-да, деб тасанно айтаверибмиз. Кў-ўп дўлвор эканмиз, ошнажонлар.

Йигирма кунлар ўтиб, қайта бир келсам, қай кўз билан кўриб, қай қулоқларим билан эшитайки, Каттабоғдан — ота-боболаримизнинг маконидан кўчадиган бўлибмиз. Бир биз эмас, Чилонзору Новза, Чўлпон-отаю Хирмонтепа, Муржуману Тувак — барчаси кўчаётган эмиш. Қурбақаободу Қанғлидан янги жой кўр-сатилганмиш. Шўринг қурғур, ўзбек. Дўмда тура олармиди! Умри участка қуриш билан ўтиб кетса, кетадики, ўла қолса рози бўлмас.

Келсам, занжидай хунук бир қора хотин (Ҳабира дейишди отини кейин ҳайиқибгина. Қаранг, ўзбек экан шуям) шляпали, оқ ёқали казо-казо ва қизил шапкалиларни уйма-уй бошлаб юрибди. Кўчишга, жойни бўшатиб беришга қўл қўйдириб оляпти. Йиғи-сиғи қилганларга унинг пўписасини кўрсангиз.
— Нега кўзёш қиласиз?! Ойиззи маҳрига тушибдими бу ер?! Ер ҳукуматники, хоҳласа, беради, хоҳласа қайтиб олавуради! Ёқмаса ана, дўмга чиқасиз! Сувга сийиб ўтиравурасиз...
— Вой ўлай, кофир бўлиб-а? — дейди уй эгаси.
— Бўлмаса, кўрсатган жойни минғирламай олавуринг. Нима, бузволадиганим йўқ? Ана, танка турибди, соддатлар турибди, айтайми, бирпасда юмалоқ-ёстиқ қилиб беришсинми? Дод-вой қимийсизми?
— Йўқ-йўқ, Худо хайрингизни берсин, ўзимиз... — дейди уй соҳиби.
— Аммо-лекин шу охиргиси бўлсин, кампир. Эртагаям кириб юрмай. Мени биласиз-а?
— Вой, билмай ўлибмизми...

Ана ўша ўзимиздан чиққан қора Ҳабира бош бўлиб, бояги мавзелардаги ҳамма хонадонларни янги жойларга — ростакам қурбақаободларга садоқат билан кўчириб берди. Аммо унинг шунча хизматлари нимага тақдирланмай қолди, Тошкентнинг бирор кў-ринарли ерига ўша хотинга нега бирон ҳайкал қўйишмади, ҳеч тушуна олмайман. Афтидан эл оғзида юра-диган «Қо-оч, Ҳабира кевотти» деган латифа монелик қилган-ов.

Ишқилиб, нима бўлса-бўлди, жаннатдай жойларимиз остин-устун бўлиб, сою тепаларимиздан, тутзору нокзору ёнғоқзорларимиздан, қовунполизу бедапояларимиздан (Қайси ёзиғимиз учун?) нишон ҳам қолмади. Ҳаммасини яъжуж-маъжуждан ҳам ўтадиган темир ялмоғиз ютди-юборди.

Ўша — Олмазордан тушиб келган аравамиз тўнтарилай деган йўлни ҳам, кўприкни ҳам, тоқиларимиз оққан Иззани ҳам, чопиқчи қизлар номаҳрам кўзлардан беркиниб чўмиладиган хилват жойни ҳам — барча-барчасини бой дердик, Сулаймон пайғамбардан қолган Барзан сингари отлар учиб юрадиган сойлар, ўт-лоқлар, бедапоялар, ҳатто ўша машҳур от кўмилган Жаргача йўқликка кўчди.

Бўзсув бўйидаги у ертўлалар, Каттабоғ ичидаги изи йўқолган қароргоҳ, икки бор ёр-ёр айтиб узатилиб бориб, икки бор ҳам бахтини топмаган Марғу кеннойим йўқолган ўша Тегирмон кўчаю тегирмон бошидаги азим қора толлар, Тегирмоннинг ўзи ҳам йўқолиб, бир эртакка айланди-қолди. Ўша биз мол боққан сойларнинг чимларигина умрбоқий экан: улар кўчириб кетилиб, Қизил майдону Тупроққўрғондаги «Нажот қалъаси» деб аталмиш бинонинг атрофларига ётқизилди, қолгани тошқўрғонлар тагида қолиб кетди мангута.

Оллоҳ ўзининг каломида, агар биз истасак, сизнинг ўрнингизга бошқа қавмни келтириб қўямиз, бу бизга осондир, дейди. Аввалдан огоҳлантириб қўйган экан-у, биз ўзимиз гумроҳлик қилган эканмиз. Акам, Марғу кеннойимни, Баҳриддин акамни, аввалроқ Абдураҳим эшон поччани ва яна бир гуруҳ кишиларни шу Яккабоғу Каттабоғдан чиқариб юбориб, кейин офатини юборгани-чи? Худди Нуҳ, Лут қавмлари устига бало ёғдиришдан олдин кўрган тадорики каби эмасми бу? Янаям бизни Ўзи асрабди, қайси савобларимиз, тоат-ибодатларимиз эвазига карам қилибди — билмайман.

Мен буларни тасаввур ҳам этмаган эдим аввал!

Ҳамма қатори янги берилган жойга йиғлаб-сиқтаб, бир амаллаб бошпана тиклаб юрган кезларим ишхонага бир одам қўнғироқ қилиб қолди.
— Ассалому алайкум. Маъзур тутгайсиз. Ўзлари Мақсудхўжа жанобларими? — деди у симнинг нариги томонидан ширин бир ўзбакий талаффузда.
— Ҳа, менман, — дедим кимлигини билолмай.
— Маҳмудхўжа ўғиллари-а? — дея янада аниқлаштириб олди у.
— Топдингиз.
— Яккабоғлик экансизлар. Кейин Каттабоғга кўчмишсизлар...
— Шундай-шундай, — дедим таажжубланиб. Унинг бу саволлари хотираларимнинг аллақайси саҳифаларини титкилаб юборди ва юрагим ҳаприқа бошлади.
— Волидангиз... ҳаётмилар? Адашмасам, исми-шарифлари Саломхон мошиначи эди?
— Алҳамдулиллоҳ, ҳаётлар, — дедим ҳайратим баттар ошиб.
— Пошша опангиз, Ойпошшахон, Ҳидойхон, Ҳабирахон, Жўрахон, Муборакхон атамли холаларингиз...

Бу ёғини мен давом эттирдим:
— Қўлдошхўжа, Усмонхўжа, Кенжахўжа деган тоғаларим...
— Ҳеч кимни унутмадиларми, биродари азиз? — У тили-талаффузидан ҳам бу ерлик одамга ўхшамасди. Лекин ҳаммани таниши, билиши қизиқ.
— Бу омон қайтганлари. Яна урушда бедарак кетган тоғамиз бўлгучи эдилар. Ислом тоғамиз... — Шундай дедиму бирдан ич-ичимдан бир ҳаяжон босиб келди.
— Тоғам... тирикмилар? Сиз...
— Йўқ, мен... шундай ном-нишонсиз кетганлар яна борми, демоқчи эдим?

Кимдан мужда келтирди экан? Акамданмикан? Мен баттар ҳовлиқиб қолдим.
— Сиз кимни сўраяпсиз? Султонмурод акамними ё Олим акамни?
— Олим? Ким у?
— Султонмурод акамнинг шундай укаси бўлгучи эди... мелиса ўқишига кирган... бир кўриниб... шу кўйи йўқ бўлиб кетди. Қўлдош тоғам у ҳақда биронта маълумот тополмадилар кейин. (Шунда ҳам Нусрат почча суриштириб юрган эдилар.)
— Йўқ, биродар, эшитмаган эканман, — деди у тан олиб. — Аммо акаси ҳақида...
— Сиз... сиз у кишини биларми эдингиз?
— Оз-моз. Аммо довруғини кў-ўп эшитганмиз, — деди у фахрланиб.
— Қаерда, айтинг. У тирикми ўзи? Марғу кеннойим-чи? — дедим ютоқиб.

У негадир жим қолди.
— Нега индамайсиз? У киши тирикмилар ўзи?
— Мен ўша ёқдан мужда келтирган бир элчиман, холос, биродари азиз. Майли десангиз, учрашайлик.
— Жон-жон дейман-ку.
— Сизни кўп изладим, — деди у яна. — У мавзелар йўкдикка кўчганидан бехабар эканмиз биз.
— Ҳў-ўв, — дедим ичларим куйиб, тутуним ўрлаб.— Нимасини айтасиз, биз йўқотмаган нима қолди ўзи?.. Ҳаммамиз тариқдай сочилиб кетдик-ку. Бир мушт қилиб йиғадиган мард қани энди?!
— Ундай деманг, сиз туфайли ришталар уланса, шояд топишиб кетсангизлар... — деди у таскин бериб.
— Лекин сиз кимдан мужда келтирганингизни... айтмадингиз ҳали, — дедим мен қистаб.
— Кўришайлик, кейин... Мен сизни, Мақсудхўжа жаноблари, ишхонангиз рўпарасида, фаввора олдида кутсам...
— Ҳозироқ чиқаман!
— Шошманг, биродари азиз. Агар мумкин бўлса, бир қўлингизга газет олволингиз. Шуни-да, тиззангизга уриб-уриб турсангиз... мен таниб борсам...
— Майлин...

Хаёлларим минг ёқларга бориб келади: ким бўлиши мумкин? Кимдан мужда келтирган экан? Акамдан бўлса, симдаёқ айтмасми эди? Нимага андиша сақлаб турибди? Кимга тегишли, ким юборган одам ўзи у? Яна ҳамма холаларим, тоғаларимни билиши қизиқ?

Кўриб лол қолдим. Тўғрироғи, у мени таниб, келиб сўрашди.
— Сизми, менида интизорлик-ла кутаётган битикчи биродар? — деди у лабининг четида ширин жилмайиб туриб. У турк фуқароларига ўхшаб башанг кийинган, калта соқол-мўйлов қўйган, ёшига нисбатан анча тетик, юзи ҳам нурликкина, тоза ўзбек лаҳжасида сўзлагувчи хорижлик эди.
— Биз ота юртга меҳмонмиз. Хайрият учратдим.

Топмай-ла кетаманми деб қўрққан эдим, — деди у янаям сидқидилдан.
— Хуш келибсиз, ола кетай бугун ҳовлимизга. Меҳмоним бўлинг. Бир кеча отамлашайлик, — дедим мен ҳам яқин тортиб.
— Насиб. Келармиз бир гал. Бу кеч ҳамроҳлар-ла Марғилона жўнамоқни аҳд этиб эдук. Айбга буюрмайсиз, — деди у қўлимни иссиқ қисиб.

Биз фаввора атрофини айланиб ўтиб, гулу гулзорлар оралаб кетдик.
— Сизни «Азиз инсон» аталмиш битикингиздан, она юртингиз тавсифларидан танишибди улар. Ўша мошиначи Салом кеннойининг ўғилларидан бўлак киши бундай ёзмайди, дейишди.
— Ким, Марғу кеннойимми? — дедим ялт этиб юзига қараб.
— Топдингиз, — деди меҳмон таажжубланиб ва ҳайратланиб. — Камина ўша Марғуба отиндан дуои саломлар келтирдим.
— Шуни айтмайсизми? — Мен меҳмонни шарт қучоқлаб олиб, гир айлантира кетдим. Сўнг қўлларига ёпишиб, юзларимга суртдим. — Бизни нечоғли севин-тирганингизни билсангиз эди, афандим! Рухсат этинг, бўйларингиздан бўйлай. Сиз бизга азиз одамлардан севинчли муждалар келтирибсиз. Бошимизни кўкка етказдингиз. Энди сизни ҳовлимизга олиб кетаман. Йўқ деманг, афандим. Ойим эшитсалар, хафа бўладилар.

У ҳам эриб кетиб, намланиб келган кўзларига рўмолчасини босди:
— Чинданда Худованди Каримнинг даргоҳи чексиз, инояти чексиз. Ўзи иноят этмаса, биз қандай кўришар эдук, топишар эдук? Ўзига чексиз ҳамдлар бўлсин, — дея мен билан қайтадан танишишга тушди.— Биз Жиддага бориб қолган ўзбеклармиз. Мен Содиқхон Умархон ўғиллариман. Тужжорман. Сиза қадрдон кишилар ила кўп яқинмиз. Улар Қашқардан келишган.
— Ким, Султонмурод акамми? — дедим у киши ниманидир айтишни истиҳола этаётганини сезиб. У жавобни орқага сургани сайин ичим қизиб боряпти.
— Йўқ, Мақсудхўжа жаноблари. Мендан бериб юборишган омонат боя камина исми-шарифларини айтган бону ила Баҳриддинхўжадандур. Биз у киши ила оға-инидекмиз...
— Ким, ким билан дедингиз? — Бу хабар мени тамоман гангитиб юборди.
— Баҳриддинхўжа. Сиз у кишини танишингиз керак, Мақсудхўжа жаноблари. Холаваччангиз...

Ҳар нарсани кутсам кутгандирман, лекин бунақа хабарни кутмаган эдим! Марғу кеннойимнинг акам билан қочиб кетиб, биринчи никоҳидаги куёвини шунча йилдан кейин топиши, у билан туриши... ақлга сиғмайдиган нарса эди. Балки бирга турмас ҳам...
— Шошманг, кеннойим у кишига турмушга... чиққанми?
— Ҳа, Мақсудхўжа жаноблари. Кўпдан берли, Баҳриддинхўжа Қашқардан қайтгандан берли. Олди ўғиллари эр етди ахир...
— Мен ҳеч нарсага тушунолмаяпман. Мени кечирасиз-у, бундай бўлиши аклга сиғмайди.
— Нега ахир, Мақсудхўжа жаноблари?
— Чунки, чунки... биласизми, у кишини никоҳ кечаси облочилар босиб, ўғрилар отиб қўйишган. Акам ўлигини топдириб, жаноза очтирган. Тушуняпсизми, жаноза очилиб, кўмиб келишган...
— Нима дедингиз, кўмиб келишган дедингизми? — Бу гапларим меҳмонга ҳам таъсир этиб, юзлари ёришиб келди. Сўнг ниманидир аниқ эслаб, илкис бошини кўтариб, мулойим жилмайди. — Ҳа, Мақсудхўжа жаноблари, менда бир учини эшитганим бор бу тарихни. Баҳриддинхўжа айтиб эди бир.
— Айтиб эди?..
— Ҳа-да. — У майин жилмайганча, менга тушунтиришга чоғланди: — Ўша «овловчи» деганингиздан қочиб боришаётиб нуқул жўраси: «Мен энди ўлдим! Тутди — олиб кетади. Етимнинг ҳоли шу экан, ўртоқ», дермиш-да, йиғлармиш. Йиғлармиш-да, ўлдим ўртоқ, дермиш.
— Хўш-хўш.
— Шунда улар — икки ўртоқ энгил алмашибдилар. У куёвлик тўнини кийибди, бу...
— Ё Оллоҳ! — дедим бошимни чангаллаб ва шу турганим кўйи туриб қолдим. Нотаниш меҳмон атрофимда гиргиттон бўлар, елкамдан суяб, куракларимни силаб:
— Сизга не вўлди? Ҳой, Маҳмудхўжа ўғиллари, ўзингизни тутинг, — деб юпатар, таскин берар эди.

Менинг кўз олдимдан эса, сочини юлиб «Баҳриддиним»лаб остона муштлаб ўтирган Асол холам, қизил алвон ўралган тобут кўтариб келаётган акаларим, унинг олдидаги Қўқон аравага чандиб ташланган калласи хумдек, ўзи чала туғилган боладек Парпи бебахтлар ясов тортиб боряпти. Мозоротга қўйиб келаётганимизда йў-лимизни тўсган аскарларми-ей, Бўзсув бўйларига ташланган десантчиларми-ей, гир-гир айланиб ўтаверади, ўтаверади. Гоҳ ўзим қорахат кўтариб кетаётган бўламан, гоҳ кўз олдимда ҳов ўшандагидек бўлиб кўкиш нур туриб олади. Секингина йўлак четидаги чим тўшамага чўкиб қўяқолдим.
— Туф-а-туф-а, қўрқитиб юбордингиз-ку, мезбон жаноблари. Мени кечирасиз, маъзур тутгайсиз, ножўя хабар етказган бўлсам...
— Ундаймас, ундаймас. Сиз мени маъзур тутинг. Ташвишга қўйдим сизни, — дедим узрхоҳлик билан.— Бояқиш Асол холам, кеч тушди дегунча номини атаб чақирганлари-чақирган эди, кўнгиллари сезарканми, тавба.
— У киши... ҳаётмилар? — деди меҳмон ҳайиқибгина.

Мен бош чайқадим:
— Афсуски, зор-зор йиғлаб, эсларидан айрилиб, қазо қилиб кетдилар.
— Худованди Карим раҳматига олган бўлсин ул мушфиқани, — деб дуо қилди у.

Мен эсам, шу ўтирганим кўйи, қаршимда чўккалаган хорижлик меҳмонга ҳайиқибгина, сўрашгада тилим бормай, саволчан тикилдим: қани ўша мактуб, берсангиз берақолинг...

У ҳам тушунди ва қўйин чўнтагидан оппоқ хорижий хатғилоф чиқариб узатди:
— Мана, ҳаммаси шунда битилган. Сизга аталган омонатни эсон-омон етказганимдан Оллоҳга шукрлар айтаман, — деди ва илтижоли тикилди. — Фақат бир илтимос, Маҳмудхўжа ўғиллари...
— Айтинг.
— Буни уйа етиб, сўнг очгайсиз.
— Нечун?
— Шуниси маъқул. Ҳарқалай... Рози бўлиб, бош силкидим.
— Раҳмат, — деди у.
— Сизга ҳам раҳмат. Шундан шу ёққа излаб, қидириб-ла келибсиз. Биз учун азиз кишилар ҳақда муждалар етказдингиз, — дедим мен сал ўзимга келиб.

Сўнг хайрлашиб, ажрашдик. Мен ишхонамга, у эса мусофирхонасига кетди. Мен қайтяпману ичим ғурмишлаб кетяпти, қачон очаман, ўқийман деб. Меҳмон нега бундай деди? Фақат ҳовлига етволиб ўқийсиз деди? Менга бир нарса бўлиб қолишидан қўрқдими ё чинданам бегона кўздан нарирокда ўқийдиган хатми бу? Унда (хунук десамми, даҳшатли десамми, балки жудаям хурсандчилик ато этадиган) қандай мужда бор экан?

Ҳаяжондан қўлларим қалтираб кетяпти. Энг салқин, ичкари уйга кирволганман. Дарпардаларни очворай десам, уйдагилар тинчликми деб қолишлари мумкин. Устига-устак, ойим, аёлим нима-нима, кимдан экан, деб ҳоли-жонимга қўймасликлари тайин. Мен эса, ўспиринлик давримдан таниш, у кўз очиб кўрган ва эндиликда бутунлай йўкдикка кўчган диёримиз шоҳидлари, мен учун энг азиз кишилар — акам, кеннойим ҳақида узокдан бир мужда келтирган хатни еру кўкка ишонмай, уни қандай очаримни билмай турибман.

Хатғилофнинг ўзи бир ғаройиб. Оппоқ, йилтироқ қоғоздан чўзинчоқроқ қилиб, худди тақинчоқлар соладиган қутичанинг эни, бўйидай этиб, хатғилоф ясалган. Устига бир чиройли, нозик тамғалар — уч кунлик янги туққан ойу аллақандай ғуж юлдузлар буржи туширилган. Босма араб ёзувлари ҳам худди нақшдай хатғилофни безаб, кўрк бўлиб турибди. Аммо мен оми уни қани энди ўқий олсам, тишим ўтса. Ота-боболаримиздан қолган бу ҳарфларнинг ҳар нуқтаси ортида яшириниб ётган олам-олам маънолардан бебаҳра тубсиз жарга итқитиб юборилган болакайдай ночор-нотавон турар эдим.

Бирдан юрагимда ҳадик уйғониб, ўзимни янаям ожиз-нотавон ҳис этдим: муждахат ҳам шу ёзувда бўлса-чи?..

Бир қайчи топиб, хатғилофнинг чеккасини қирқдим. Ичидан бир варақ хат (Во дариғ, чинданам мен кутган ёзувда экан!) ва яна туморхат (хат ичидаги хат) чиқди.

Иккисини бошқа-бошқа одам ёзгандек. Кимлардан экан? Ўзимни койирга сўз тополмай турибман. Эҳ, биз шўрпешоналар. Ўзимизни зиёли санасак-да, оталаримиз ёзувини ўқий олмасак! Мен умримда биринчи марта бошқача бир алам туйдим. Қаттиқ алам. Мен учун энг азиз кишилар ишониб, хабар топганларидан бошлари кўкка етиб бир мужда йўллашса-ю, мен уни ўқий олмай ўтирсам!.. Оми одамдай, нотавондай... Шу қадар биз гумроҳ бўлдикми? Бошқа ёққа, бошқа қавмга шу қадар эргашиб кетдикми, томирларимизни унутдикми?

Нима қилсам экан? Кимга ўқитаман энди? Балки биров билиб, биров билмаслиги лозим бўлган гаплардир. Махфийдир. Ёлғиз ўзимга аталгандир?

Ундай десам, шуни олсам ҳам оламан, олмасам ҳам оламан деб кеннойимга етишолмаган, ўзига аталган чимилдикдарга киролмаган Баҳриддин акамнинг топи-лиши-чи? Шунча йилдан кейин дараги чиқади-ю... (Ҳов, бу дунёнинг ишлари тескарилигини кўринг! Акам ошнасининг қотилларини топгунча нималар қилмаб эди?! Парпи бебахтни не кўйларга солмаб эди!) демак, ўлгани ҳам бекор, орқасидан келган қора хат ҳам бекор экан-да! Шундай бўлиб чиқадими? Ўнда, унда мен пандавақи нима қилиб бир уйга қамалволиб ўтирибман? Унинг хабарини яшириб ўтирибман?! Ваҳоланки, ойимларнинг олдиларига чопсам арзийди-ку. Суюнчилаб қариндошларга чиқсам арзийди-ку! Ахир ҳазилакам воқеами бу?! Ахир ўша никоҳ худонинг наздида ҳам, аслида ҳам бекор бўлмаган экан-ку! Кеннойим, менинг азиз Марғу кеннойим ўша биринчи никоҳидаги одам билан топишибди-ку! Буни ҳаммадан бурун ойимларга айтмасам кимга айтаман! Чопдим!

Эшик-деразаларини ёпиб, пардаларини тушириб олган уйимдан отилиб чиқсам, ойим пастдаги салқин айвончамизда фариштадеккина бўлиб, (шашадока рўмолларини бошларига ташласалароқ шундай оқ-оппоқ бўлиб, ойпарчадек бўлиб қоладилар) ўша қалин муқовали улуғ китобни ҳижжалаб ўқиб ўтирибдилар. Валлазина мўминина...

Қироатлари қулоқларимга мойдек ёқиб ғалати тортиб кетдим. Ва ўзим ажаб бир хотиржам тортиб қолдим.

Дарвоқе, ойимнинг ўзлари-чи? Таталаб бўлса-да, ўқиб беришлари мумкин-ку, ахир. Бу хабарни эшитиб бир қувонсинлар, бир қувонсинлар, бир ерларга етиб дуо қилсинлар. Зинадан сакрадим.
— Суюнчи беринг, ойи! Кимдан хат келибди! — дедим ўша узун хатғилофни бошим узра силкий-силкий олдиларига югурдим. Яхшиям, ҳаммасини бирдан айтмаганим! Баҳриддин акам тирик демаганим! Юракларини ёриб юборарми эдим!

Ойим тиззаларидаги китобни ёпмай ҳам кўзойнаклари тепасидан ажабланиб қарадилар. Хурсандлигимни кўриб, жилмайдилар.
— Суюнчиликка етказсин ҳаммани ҳам, илоҳим. Кимдан дединг?

Мен энди айтавурсам бўлади деб ўйлаб:
— Раҳматли Асол холамнинг... — дедим-у, у ёғини айтолмай қолдим. Асрандилари дейишимни ҳам, арзандалари дейишимни ҳам билмасдим. Баҳриддин акам дейишга-ку юрагим дов бермаётир. Ётиғи билан айтишга сўз қидириб тополмасдим. Аммо ойим англаб, бирдан шошиб қолдилар.
— Вой, поччаданми? Мукаррам қори акадан-а?
— Йўқ, ойи. У кишининг ўғилларидан. Ўша тўйида бедарак кетган-чи...
— Баҳриддиндан-а? — ойим азза-базза қулоқларини ишқаб, кўзойнакларини қўлларига олдилар. — Улгани, қора хатлар келгани бекор эканми?
— Бекор экан, ойи! Тирик эканлар у киши! Мана, қаранг хат бериб юборибдилар, — дедим ичимга сиғдиролмай ахийри.
— Ё қодир Оллоҳ!!. Опам тан олмаганларича бор эканми?! Ўлгунларича ҳам номини тилдан қўймаганларича бор эканми? Асрайман деса, қирқ йил қирғин бўлса асрарканда Худойимнинг ўзи... — деб туриб бирдан тиззаларидаги китобни қўшқўллаб кўтариб унга юзларини босганча жим қолдилар. Билмадим, унинг саҳифаларию оятларини кўзларига тўтиё қилиб суртармидилар, ўпармидилар. Ё Оллоҳга шукроналар айтиб дуолар қилармидилар. Ўзига йиғлаб-сиқтармидилар. Лекин миқ этиб товушлари чиқмас, мана, ҳозир елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаб юборадигандай эдилар. Мен ҳам қаршиларида чўккалаганча қолганман, «ойи-ойи»лаб юпатаримни ҳам, тинчлантираримни ҳам билмайман. Аммо юрагим тўлиб бораётир, кўзларимдан ситилиб оқмагунча енгил тортмайдигандекман.

Ниҳоят ойим юзларини у улуғ китобдан олиб, енгларини мижжаларига босдилару ўкраб юбордилар.
— О, опагинам, авлиё экансиз-у, биз билмабмиз! Чироғбоним қайдасан деб чақирардингиз, Сиз чақирсангиз биз қўшилишиб бўзлабмиз-у, ёнингизга кириб чақиришмабмиз. У эса тирик экан. Тирик туриб хабарини беролмаётган экан, бояқиш, — деб йиғлар эдилар, бусиз ҳам қисиқ тортиб кетган кўзларидан ду-виллаб ёшлар оқиб келаверар, тинақолмас эди.
— Қани, қаерларни ватан тутиб қолган экан, ўқи, болам, — дедилар ахийри кўз ёшларини кафтлари билан артиб.
— Тишим ўтса кошки эди, ойи, — дедим дардимни ёриб.
— Ҳа-а, дарвоқе, у ҳарфда эканми? — дедилар ойим ва хатни авайлаб қўлларига олиб, юз-кўзларига сурта бошладилар. — Худо-ой, кўрсатганингга шукр. Тирик эканин билдирганингга шукр. Гўрларида тинч ётадиган бўптилар опам ҳам...
— Ўқиб кўринг, ойи, мана, кўзойнагингиз. Балки қийин эмасдир сизга, — деб қистай бошладим алоҳал.

Ойим кўзойнакларини олишга олдилар, тақишга такдилар, раъйимни қайтаролмайин кўз югуртирдилар-у, аммо ўқишга сабрлари чидамади.
— Йўқ, болам, кошки менинг юрагим илгаригидай бўлса. Кўтармайди. Яхшиси, тоғашта опчиқ. Ёки поччангга олиб бор. Улар ҳар ҳолда эркак киши. Дийдаси ҳам, юраги ҳам дош беради. Бизга ишонма. Бизнинг ичимиз тугаб, сувратимиз қолган.
— Ундай деманг, ойи. Шундай ўтирганингизга минг шукрлар. Сиз бизнинг катта давлатимиз-ку, — деб юбордим мен.
— Раҳмат, болам, роҳатларингни кўрсатганига шукр. Ўзига шукр. Буни ўшаларга обборақол.
— Яхши, ойи. Тоғамни топсам тоғамга, бўлмаса поччага олиб бораман, — дедим уларни тинчлантириб. Аммо ташқарига чиқиб туриб қолдим. Қўлдош тоғамларникига ўтишга негадир ҳеч кўнглим бўлмади. Негаки, у киши... бу тарихни яхши билмай (у пайтда урушда юрганларини унутиб қўядилар, шекилли), ҳамиша Султонмурод акамни ёмонотлиқ қилиб келадилар: «Почча, оқламанг уни! Саёқ юриб кетган унингиз! Охири ҳам зотимизга ярашадиган иш қилиб кетмади. Бировнинг никоҳидаги ожизани йўлдан уриб кетиш, Худованди Карим ҳам кечирмайдиган гуноҳ!» деб гапларини маъқуллаганлари-маъқуллаган. Бу хатни опчиқсам, бир карра энсалари қотса керак. Яхшиси... йўлакай бозор-ўчар қиламан-да, Бешқайрағочга (ўша собиқ Қурбақаободга) ўтиб, Нусрат поччани зиёрат қилиб келаман. Анчадан буён борганим йўқ, хурсанд бўладилар. Кейин, у киши тушунадилар ҳам...

Борсам, почча, иккала енглари шимариғлиқ, қўлларида бўйни узун, жўмраги ундан узун эски мис обдаста (ҳойнаҳой Бобур замонидан қолган. Ўзлариям: «Она томондан Бобуршоҳнинг тоғаларига бориб туташамиз. Бобуршоҳнинг тилла бандди қиличини ойимгилар сандиқларида асрагувчи эдилар, шўроларнинг ков-ковида олиб чиқиб кетишган, деб айтиб ўтирардилар)... ўша қадим обдаста, таҳорат олиб, ҳовлида келаётган эканлар, кўриб, юзлари ой балқигандай ёришиб кетди. У кишининг юзлари шунақа, камдан-кам тақводор одамларга насиб этадиган бир нур ичдан жилоланиб тургани-турган. Ўзларининг ҳалим тортиб кетганлари-чи, аввалгиданам ширинсухан бўлиб қолганлари-чи? Ойим, бу ҳаммаси намоздан, тақводан, дейдилар. Агар ҳабаш ҳам Нусрат поччадек тақводор бўлолса, унинг ҳам юзи шунақа кўҳлик тортиб кетар эди, деб қўядилар.
— Ў-ў, қароғим, қароғим. Томиримнинг томири, Маҳмудхўжанинг ўчоқбони. Кел, бўтам, кел. Ўзи кипригим учиб турувди, кимни кўрарканман, деб турувдим. Саломхон эсон-омонми, болаларинг тинчми, ўзинг Тошкентга қайтиб, ишларга жойлашиб кетдингми? Ҳай, яхши йўқлаб кепсан-да. Балли, балли, ота ўғил, — дея алқай кетдилар. — Ҳой, Санобар, қара, ким кепти, бизни йўқлаб. Ҳе-ей, бола-я, бозор қилиб, нарса кўтариб юришинг нимаси? Биз дийдор қули-миз, оқибат қулимиз. Қаричилик, ўзимиз етолмаймиз, соғинамизки, у ёғи йўқ.

Ичкаридан фариштадай бўлиб, юзларидан ўша-ўша мулойимлик, нур ёғилиб, холам чиқиб келдилар.
— И-и, уни қаранглар, сингилгинамнинг ёлғизгинаси, ишонган боғи, суянган тоғи-ку. Вой холагинанг ўргилсин. Бўйларингга қоқиндиқ. Қандай шамоллар учира қолди. Саломхон яхшими ўзи, нимага опкелавурмадинг ойингни?..

Дастурхон ёйилиб, чой келгунча почча ҳам аср намозини ўқиб чиқдилар. Биз салом бериб, ўрнимиздан турдик. Ў киши ҳарсиллаб-пишиллаб алик олдилар:
— Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барока-туҳ. Кў-ўп яхши иш қипсанда келиб. Биз ҳам ғаниматмиз, шунақа йўқлаб туринглар. Узилишиб кетмайсизлар кейин. Балли-балли. Қадамларингга ҳаса-нот. Қани, ол, манави ноз-неъматлардан. Энди бизники бўлди. Қисинма, етказганига шукр.

Сўнг холам туриб, уй ишларига уннай кетгач, почча менга маъноли назар ташлаб олиб:
— Хў-ўш, нечук, қандай шамоллар учирди? Қанғлиларда тинчликми? — дедилар.

Мавриди келганини англаб, уятлигина бош силкидим:
— Шу ичимга сиғдиролмай-сиғдиролмай... Сиздан бўлак кимга ҳам бордим, деб келавурдим.
— Яхшилик хабарми, ишқилиб? — дедилар почча сал хавотирланиб.
— Яхшилик ҳам гапми, суюнчилик!
— Ё Оллоҳ! Суюнчиликка етказсин ҳамманиям. Кўзим беҳуда учмаган экан унда.

Қари одамнинг юрагини ёриб юбормайин, деб гапни узоқдан бошладим:
— Йўқотган одамларимизнинг дараги чиқибди, почча. Ишонасизми, шунга?
— Кимларни айтмоқдасан, Мақсудхўжа? Қаердан олдинг бу гапни? — У киши хумдек бошларини чайқаб, ўзларига бир ярашган соқолларини бармоқлари билан дамо-дам тараб қўйдилар.
— Хорижда қолиб кетган қариндошларимиз... мужда йўллашибди.

Почча ҳовлиқиб қолдилар.
— Субҳоналлоҳ! Ким экан? Султонмуродми?
— Йўқ, Баҳриддин акам.
— Астағфируллоҳ! Қайси Баҳриддин? Мукаррам поччанинг...
— Ҳа-ҳа, Асол холамнинг ёлғиз дилбандлари...
— У ахир...
— Йўқ, ўлганиям бекор экан, қора хатиям, почча.
— Ё қодир Оллоҳ! Ла ҳавла ва ла қуввата... Ўзи асраган эканми? — Почча ҳайратланиб, мамнун тортиб, юзимга тикилдилар.
— Асраган экан, мана мактублари. — Мен қўйин чўнтагимдан муждахатни олмоққа тутиндим. — Очиғи, бундай ёзувларга тишим ўтмай, сизга олиб келавурдим, почча.

Мен у кишига ёлғиз варақдаги хатни узатиб, туморчасини ҳар эҳтимолга қарши ғилофида қолдирдим.
— Ҳай-ҳай, кўп табаррук ерлардан, пайғамбаримиз юртларидан мозор босиб келган экан-ку. Кўзга тўтиё қилса арзийди-ку! — Почча азза-базза кўзларига суртиб, ўпиб қўйдилар-да, бирдан холамни чақиришга тушдилар. — Ҳой, Санобар, қанисан, қаердасан? Бу ёққа қара, ахир. Жиянингни хабари чиқибди. Хатлар келибди.
— Ким дедийиз? — деб холам кириб келдилару эшитиб кўзёш қилиб ўтириб қолдилар. — Вой, опам бояқиш, шу кунларга етолмай кетдиларми?! Тирик эканини эшитолмай кетдиларми? Эшитсалар қай ерларга етмас эдилар...

Почча холамни зўрға юпатиб, хатни ўқишга тутундилар.

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Узо-оқ ва жонданда яқин ота юртга, биз мусофирдийдалар чўнг соғинган у азизлара етиб маълум бўлсинким, бизким азза ва жалла Тангри таолонинг марҳаматию инояти-ла бу муаззам мамлакатнинг муборак Жидда шаҳрида истиқомат қилаётирмиз. Асли таваллуд юртимиз Тошканди мусулмонободда Яккабоғ, Қанғли отли жаннат манзиллар бор эдиким, биз ўшал диёрда эр етиб, падари бузрукворимиз ҳамда волидаи меҳрибонимиз, қон-қардошлар бағрида ўйнаб-кулиб юрган инсонлар эрдик. Худованди Карим тақдирда ёзгани шул эркан, қирғинбарот жанггоҳларданда омон чиқорди, кў-ўп саргардонликлар сўнгида, шукрким, шул юртда қўним топтирди...»
— Мошаоллоҳ-мошаоллоҳ! Ўзи асрайман деса, шу экан-да, қирқ йил қирғин бўлса асраркан-да, — дедилар почча қудрати илоҳийга иймон келтириб. — Чинданда барча ҳикматлар ёлғиз Ўзига хосдир. Бизга нима ҳам берилибди. Парпи отиб қўйганман деса, ишониб-ла ўтирибмиз. Жаноза очиб, кўмиб-ла, келиб юрибмиз. Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, Мирҳомид қора хат келди деса, унгаям бир ишонибмиз. Бу эса, у ёқда экан. Ё қудратингдан!..

Почча нафас ростлаб олиб, кўзойнакни тўғирлаб қўйдилар-да, яна ўқишга бериддилар:

«Укагинам, жигаргинам Мақсудхўжа. Сен ҳақингда келинойинг кў-ўп ёдлайди. Асол ойимни, Салом холамларни эслаб, кў-ўп эси кетади. (Ҳў-ўй, кўр тақдир-а, Асол опам кимнинг дардида куйиб адо бўптилар, деб қўйдилар почча.) У жаннатий боғлар, сойларни, болалигимиз кечган маъволарни қайтиб бир кўрсагу сўнг жон таслим этиб, омонатини топширсак, майли эди. Беармон кетардик. Аммо қайтарга қани йўл, сиз азизларнинг дийдорингизга етарга қани имкон?

Балки Оллоҳим тирик қолдиргани, никоҳимдаги Марғубабонуни қайта етказгани эвазига сизлар ила дийдорни қиёматга қолдиргандир. Яна Тангрининг ўзи яхшироқ билгай...»
— Вооҳ! — деб юбордилар почча. — Ўша келин, кашмири келин бориб-келиб, қочиб-қувиб, Султонмуродгамас ўзига насиб этибдими? Е қодир Оллоҳ! Бу не синоат?!

«Сенинг ёзган битигингдаги у таниш тасвирлар, азиз юртимизнинг тиниқ суврат-чизгиларидан таниб қолдик. Сен жимитдек болакай, Салом холамнинг қоракўз кенжаси — пакана парини ёзувингдан, Қанғлийу Аччи тасвирларидан, қиссангдаги одамлардан таниб олдик. Таниқли одам, катта ёзувчи етишибсан, деб ўзимиз ҳақда шу муждани йўлладик. Шояд сен ўз жигаримиз бўлиб чиқсанг. Эртаю кеч дуои жонингни қилиб ўлтирибмиз.

Зора у муштипаргина волидамиздан, холалариму тоғаларимдан бирон мужда ололсам, деб Тангри таолога муножотлар қилиб қолгайман.

Шунча мушкулларимизни осон қилган ё Оллоҳ!

Ризқимизни кенг, қалбларимизни ўзингга муҳаббатли қилиб қўйган ё Оллоҳ!

Бу жудолик манзилида ўзингнинг энг сабрли бандаларинг қаторига қўшиб, иноятларингни дариғ тутмаган ё Оллоҳ! Бу илтижоларимизнида ўзинг қабул айла! Жигарларимизнинг дарагини ўзинг чиқариб турибсан, улар билан узулган ришталарнида боғлашга, юз кўришга ўзинг йўл бер, ижобатлар қил. Дийдорни охиратга қолдирма.

Ассалому алайкум туғушқонларим!

Муждахатга азиз келинойингнинг номасини ҳам қўшдим. Ундан сизга кўпдан-кўп дуои саломлар ила,

Баҳриддинхўжа Мукаррамхўжа ўғли.

Жидда, сафар ойи».
— Ҳў-ўй, дариғ! Биз йитди-кетди деб юрганларнинг хабари чиқиб турганда Султонмурод жигаримиз қайларда қолди экан?.. Тегирмонга тушса бутун чиқадиган йигит ном-нишон бермаса-я ўзидан. Ахир, қанча йил, қанча замон кечяпти. Ёмон бўлди, ёмон. — Почча бир таъсирланиб кетсалар, тўхтатиб бўлмасди: бош чайқаб-чайқаб, энгаҳ силаб-силаб бир гапни такрорлайверар, «ҳў-ўй»лаб қолар эдилар.— Ҳў-ўй, ёмон бўлди, ёмон. Уят бўлди, уят, увол кетди, увол...
— Шошманг, почча, бу ёқда яна биттаси бор хатнинг. Балки ундан бир дарак чиқиб қолар, — дедим тумор хатчани узатиб: — Мана.

У киши хатчани олишга олиб, тараддудланиб қолдилар:
— Дарвоқе, бу кашмири келинимизданми? У Жиддада қайдан пайдо бўлиб қолибди аёл боши билан?

Биров билан кетиб, биринчи никоҳидаги эри билан топишиб турса, жуда қизиқ-ку! Астағфируллоҳ!
— Ўқинг, ўқиб кўринг. Балки бирон гап айтар, — дедим шошириб.
— Валлоҳи аълам, Худо ҳаққи, ҳеч нарса тушунолмадим. Нима бу — тақдирдан — азал ёзмишдан қочиб бўлмас, деганлари шу бўлса керак-да. — Почча каттакон кафтлари билан от юзларини ишқаб, соқолларини тутамлаб-силаб қўйдилар-да, тумор хатни ёздилар.

«Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм.

Бизни йўқотиб қўйиб, Худованди Каримдан муждалар сўраб ётган сиз азизларга дуои саломларимни йўллагайман.

Азиз қайним, қайнижоним. Бу менман: ўшал еру кўкка ишонмаган Марғу келинбувингизман. Оллоҳ бизнинг ризқу насибамизни шул ёқларга сочган экан, ўзига мингдан-минг адад шукрлар бўлсин, шул шаҳарда истиқомат этиб турибмиз.

Қайним, қайнижоним, сиз тушунгайсиз. Бир оғиз сўзимдан не демагимни ёлғиз сиз англаб етгайсиз. «Қул лан йусинбано илла ма китабаллоҳу!» — «Оллоҳ таоло тақдир айлаган нарсагина бизга насиб бўлғай», ортиғи ортиқ экан.

У киши (акагинангиз)... кўзлари очиқ кетди. Ўз юртимизда етмаган тилакларига етай деганда Шарқий Туркистон озодлигини кўриб-кўрмай шаҳид кетмак бор экан тақдирларида. Маршал Соғуний тарафдорларига келиб қўшилган эдилар. Баҳриддин акангиз тирик эканларини эшитгач, ёлғиз умидлари Оллоҳ йўлида жиҳод этиб, шаҳид кетишу жаннатига дохил бўлиш бўлиб қолди. Ўзини ўтга урган парвонадек, кофирлар тўдасига ташлана-ташлана, охири ниятга етибдилар. Бир замонлар Ёқуббеклар шу йўл, шу довонлардан ошиб келиб, Қашқарда давлат қурган, деб айтар эдилар. Тарихни қара, тақдирни қара, энди биз келяпмиз, дердилар. Йўллари ҳам, ниятлари ҳам бир чиқди. Гўрлари ҳам (Илоҳим, жаннат боғларига очилган бир дарчадек нурга тўлсин) ўша ёқда қолди, қайнижоним. Асрай олмадик у кишини. Мен бояқишни лаънатламагайсиз. Фақат ёлғиз ўтинчлари: «Сени жаннатда топмоқни Худованди Каримдан сўрагайман, Марғу», дебдилар у зот, шу бўлибди ўтинчлари...»

Мен ўзимни зўрға босиб ўтирибман. Ичимда: «Ё Худо, унинг ниятларини мустажоб қилгайсан» деб ўкраб юборгудекман.

«Мен бахтиқарони кечиргайсизлар, кечиргайсизлар. Шундай қарчиғайдек одам, саркарда бўладурган зот эдилар! У юртларга лозим эрмасмиди ўзлари?! Нега сиғмадилар ўз юртларига?!

Қайнигинам, қайнижоним! Менинг сизга ёлғиз ўтинчим — у жудолик манзилида кечган кўп воқеалардан сиз хабардорсиз, унча-мунча ҳақиқатни биласиз, тўғрисини ҳам билиб қўйсангиз, ёмон бўлмайди. Ўша қиз узатиб кетишаётиб, мен йўқолган кеча... ўзи бир китоб. Аввало, Оллоҳ кечирсин. Қолавурса, ойим ва яна бошқалар. Ўша топда кўзимга акангиздан, унга берган ваъдамдан бўлак ҳеч нарса кўринмаб эди. Ўша кўрлигимга бориб, тушган тузоғимни кўрсангиз!.. Ўша титроқ, ўша юрак ҳовучлаб чопишда Тегирмонбошида кутиб турган отлиқни акангизнинг элчилари фаҳмлаб, отларига мингаша қолибман-у, кейинги сарсонлик, талваса, қоч-қоч, қув-қувларини кўрсангиз!..

Акангизнинг элчиларидан илгарироқ отни қамчилаганлар, кўприкни бузиб қўйиб, мени тузоғига туширишга уриниб ётганлар бор экан, билмабман. Хайрият, Худо бир асради. Чаман акангиз Тойир элчи билан етиб келиб, Акмал ўриснинг чангалидан қутқариб кетди. Бўлмаса, ўлган эканман, шармандаи шармисор бўлган эканман.

Айтмоқчи, Чаман акангиз юртга қайтиш тадорикида юрган эдилар. Кўринмай-ла қолдилар. Етиб олдилармикан?..

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!»

Кўзимда жиққа ёш билан, туриб кетаримни ҳам, бош кўтариб поччага қараримни ҳам билмайман. Лекин ичим куйиб кетяпти, ёниб кетяпти. Негадир шундай хўрлик босиб келяптики...
— Чаман дегани?.. — Почча кўзимга қараб, аҳволимни тушуниб, бир дақиқа жим қолдилар, ўзлари ҳам таъсирланиб, оғир қўзғалиб қўйдилар. Сўнг яна сўрадилар: — Чаман дегани ўша айрилмас дўстими? Уям бирга эканми?
— Ўша, почча, ўша... — «Ўша нобакор» демоқчи бўлдим-у, айтолмадим.
— Сен уни аллақачон қайтган деб ўйлайсанми? — дедилар почча ҳайратланиб. — Келса, кўриниш берса керак эди-ку.
— Хат етиб келган... тирик одам қорасини кўрсатиб қўймапти-ку, — дедим шунча пайтдан бери бир-ров хабар бермаганидан жиғибийроним чиқиб.

Почча бош чайқадилар:
— Ундай дема, дунёда гумондан ёмон нарса йўқ.
— Одамга алам қилади-да, — дедим ўзимни босолмай.
— Йўқ, бу аламингни ичингга ют. Султонмуроднинг ёзуғи шундай бўлса, унда нима айб? — дедилар почча,
— У сабабдай... кўринаверади менга, — дедим ичимдагини яширолмай.
— Унида сабабчи қилиб қўйган ким? Оллоҳнинг ўзи!
— Улуғ гуноҳга қолганини билмайдими?
— Балки билар ҳам. Ёлғизлик қилган, қўли калта қолгандир. Ич-этини еб юргандир. Бировга осон тутиб бўладими, жиян? Келса, эшитармиз, билармиз.

Мен «қайдам, билмадим-ов» дегим келди-ю, жим қола қолдим.

Почча хатни хонтахта устига қўйиб, ўрнашиб ўтирдилар-да:
— Эй Худованди Карим! Ўзинг буюксан, ўзинг мавлосан. Биз ожизмиз, сен қодирсан, биз нодонмиз, сен доносан ва ўзинг барча ғайбдан воқифсан. Шу топда дилимиздан ўтиб, кўнглимиздан кечиб турган ўйлардан тортиб, ҳар неки содир бўлса, ўзинг хабардорсан. Ўша жигарбандимиз, томиримизнинг томири— сенинг қулинг, оталарига тортиб жиҳодга чиқибди, сен юборган, биз танлаган дин учунда курашиб, шарафли ўлим топибди, илоҳим, билиб-билмай қилган гуноҳларини мағфират этиб, у дунёсини ўзинг ёрлақагин. Жаннатингнинг энг юқори кўшкларидан ато этгин. Бу дунёда кўрмаган рўшноликларига, ушалмаган ниятларига ўзинг етказгин, Ва шу иноятингга мушарраф бўлганини кўрмокдикни биз қулларинггада насиб этгин. Омин, ё Арҳамар Роҳимийн, — дея юзларига фотиҳа тортиб, кетидан унинг руҳи покига бағишлаб, қироат-ла тиловат бошлаб юбордилар.

Почча берилиб, борлиқларини бахшида этиб тиловат қиляптилару, назаримда, атрофимдаги бутун борлиқ омин дея қўллаб тургандек.

Шу дам қулоқларим остида аллатовур бир қур-қур товушлари билан кўз олдимдан қанотлари оқ жужундай ярқираб, ўшал қушлар — ҳов анув оқ қушлар оҳиста-оҳиста сузиб ўта бошладилар.

Тавба, Чинданда ғалати. Ўша болалигим кечган жойларга яқин бориб қолдим дегунча ёхуд ота қадрдонлариму азиз қариндошларимни учратдим дегунча, бу оқ қушлар менинг оламимга чарх уриб кириб кела бошлайдилар. Ҳов ўша ойдин кечада, ўша хароба қўрғон устидан пастлаб келган оқ турналардек, атрофини самбит гуллар тутиб ётган ташландиқ ҳовузимизга қўр тўккани каби.

Ўзимни эса, тушуниксиз бир мунг қамраб олади-да, ич-ичимдан хўрсиниқ-ла бир соғинч ҳислари тошиб чиқаверади, тошиб чиқаверади. Ўзим ўша диёрга шу қушлар-ла учиб кетгим келаверади, келаверади. Неча кунгачаям ҳеч ерга сиғмай юраман. Нима бу? Нимадан аён бериб, гир айланмоқдалар бу оқ қушлар?

Ана, улар окдан ҳам оқ қанотларини ёйиб, оҳиста айланганча, ўша, қадим маконга қўнмоқчи бўлиб пастлаб келдилар-у, яна осмонлаб кетдилар. Бегонасираб «қур-қур»лаб бораётган бу овозларни аллавақтга қадар эшитиб тураман. Нима бу? Нимадан дарак бермоқдалар улар?..

Ахийри поччадан сўрашга журъат этдим.
— Ҳў-ўй, бўтам-а! Шунча воқеалар кечадию ўтганларнинг руҳи тинч ётадими?! Шундай манзилларимиздан айрилиб, улардан ҳатто азон товушлари эшитилмай қолади-ю, руҳлар чирқирамайдими?! Биз жиммиз, бўтам, аммо ўтганларнинг руҳи нотинч...

Тавба. Қодир Оллоҳ солиҳ бандалари учун биз йўқотган диёрларданда минг чандон кўримлироқ бир диёр — жаннатини тайёрлаб қўйганини билиб туриб ҳам бундан кечолмаймиз. Кўниколмаймиз ҳеч. Нега? Бу дунё бор-йўғи жудолик диёри эканини тан олгимиз келмайди. Мангу диёрга етсаккина унутамизми? Яна Оллоҳ ўзи яхшироқ билгай.

Чиндан бу дунёни бошқариб турган улуғ куч бор-ки...

Уйга келсам, келинингиз янги гап топиб ўтирибди. Нотаниш бир одам мени сўроқлаб келганмиш:

«Қани бизнинг пакана пари, уйда ўтирадими-йўқми?!» деганмиш дабдурустдан.

Юрагим жиз этиб, ҳовлиқа бошлади.
— Кутиб-кутиб кетди. Шунча қистасак, кирмади. Мавриди билан бир келарман, деди.
— Шошма, кўриниши қандай?.. Шу атрофликми — Саида елкасини қисиб, тушунтиришга уринди.
— Қандай десам, ўрта яшар, истараси иссиққина, ўзини эркин тутяпти. Лекин бу атрофнинг одами эмас. Фақат...
— Нима фақат?
— Фақат бошидаги оқ кепкасини олмаса, ўзбек демайсиз...
— Оқ кепка?!
— Ҳа, оқ, яп-янги кепка.
— Ё қудратингдан! Оҳимиз Тангрига етиб, ўзи ижобат этмоқдами? Чаман ака-ку!.. — дедим дўппимни осмонга отгудек бўлиб.

Қора духобага инжулар қадалгандек мағриб осмонида... ёпирай!.. ҳов ўша келин йўқолган кечадагидек бир ҳафталик янги ой балқиб, тилла тождек ёниб-ярақлаб кўзни олар, ҳайбатли бир зот ним табассум-ла қараб турганга ўхшар эди.
— Алҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳ, ўзингга минг қатла шукрлар, — дея олдим, холос.

Биринчи китоб битди.

НАЖОТ ФАРИШТАСИ

Иккинчи китобдан илк боб

Султонмуроднинг ўтинчлари

Биз томонларда шундай нақл бор: битта ўзбек — ўзбек, иккита ўзбек — бедана, учта ўзбек — чойхона. Фарғонадан дилтортар оғайнилар келишган экан, шунча уйга қистасам, бўлмади. Ахийри, яқинроқ бир чойхонага ош буюрдик. Икки соатгина отамлашиб қайтсам, бу ёқда роса илҳақ бўлиб кутишаётган экан.
— Вой, адаси-ей, юришингизам бор бўлсин. Қаёқларда эдингиз? — деди Саида остонаданоқ.
— Тинчликми? — дея ковшандозга қарадим, аммо бегона оёқ кийим кўринмасди.
— Ўша одам яна йўқлаб келди.
— Қайси одам?.. Оқ кепками?

Хотиним бош силкиди.
— Фақат бу гал кепкасини ташлаб...
— Қани? Аҳмадхўжа қаерда эди, болаларинг қаерда эди? Уйга опкириб, бирпас кутмайдими буларинг! Шундай меҳмонни жўнаттириб юборадими? Қандай...
— Вой, қизиқсиз-а, ўлибмиз-да. Абдуллахўжангиз қўярда-қўймай олиб кирди. Битта ош қилдик. Ўрнингизни билинтирмай олиб ўтирди шунча. Сиз келавермагач... манави омонатларни ташлаб кетибди, — Саида жимитдек «мезбонқоғоз» билан силлиқ, лекин сал сарғайинқираган хатғилофни токчадан олиб узатди. — Бу ҳафта албатта топиб, учрар эмишсиз.

Хатни кўриб, юрагим бир ғалати орзиқиб тушди. Худди унинг ичида менга аталган битик эмас, бир ғалати нур бордайин эди. Мен ҳайиқиб, лекин апил-тапил очишга киришдим.

Хатғилоф анча уринган бўлса ҳам, ичидаги хат янги, худди кеча битилгандек эди. Мен уни бутун вужудим-ла симириб, тик турганчаёқ ўқий кетдим:

«Жондан азиз укажоним, Мақсуд, бу беш кунлик омонат дунёни сизларга ташлаб кета туриб, у ота юртни, сизларни, холалариму поччалариму тоғаларимни, бу дунёдан ўтиб кетган барча маҳалладошларни эсладим. Ва Улуғхўжабойлар сулоласининг бир умидли новдаси бўлган сенга шу омонат гапларимни қолдиргим келди. Мен буларни сендан бўлак кимга ҳам айтай. Отам — падари бузрукворимизни нима қилишган, ўзинг биласан. Мен ўғил бўлиб, фарзанд бўлиб, мозорларини топиб, бир калима Қуръон тиловат қилишга ярай олмадим. Тўғрироғи, яратмадилар. Волидаи меҳрибонимизни ҳам ўзинг биласан, на бизнинг бахтимизни, на бир рўшноликни кўрдилар. Отамизнинг кетидан куйиб ўтиб кетдилар. Ёзуғлари шу экан... Мунис-мушфиқ холаларимнинг дийдорларини кўрмоқ эса, қиёматга қоляпти, укагинам. Мен буни яхши англаб турибман. Йўқ, Мақсуд, акам бу кураш, бу жиҳодга тушиб, қайтмас йўлга— мангу диёрга кетаётганидан афсус-надоматда экан, деб ўйлама. Аксинча! Оллоҳ розилигидан умидворлик туфайли кўнглимда бир ёруғлик, бир хотиржамлик туймоқдаманки, бу ҳам Яратган эгамнинг менга буюк марҳамати, неъматидир.

Ў, Мақсуд-Мақсудгина укам, сен билсанг эди, мен ботган гуноҳлар юкининг оғирлигини ва ҳозир шу тоғдек юкдан халос бўлиб, мусаффо бўлиб, пардек, парқудек енгил тортиб ётганимни. Ҳаммага ҳам насиб қилсин-чи шундай интиҳо! Шундай хотиржамлик. Ташқарида дунё оппоқ оқликка кўмилиб ётибдию, назаримда, атрофдан баҳорий насимлар билан аллақандай мушку анбарлар ҳиди гуркираб келаётгандай. Билмасам, бу жаннатий ифорлар қайдан келмоқда...

Мақсуд, қўй, ўзингни бос. Йиғлама, йиғлаб кузатма мени. Мен сенга армонларимнимас, ўз хатою гуноҳларимни тўкмоқдаман. Ёлғиз Оллоҳ ва ўзимгина биладиган гуноҳларимни сенга ишониб айтмоқдаман. Сен узоққа борадурган йигитсан авлодимизда, тушуниб оларсан деб ўйлайман. Юртимизда кимлар мени қароқчи деб атар, кимлар сўнгги босмачи, деб тавқи лаънат тамғасини босиб ҳам қўйгандир. Балки, балки баъзилар бировнинг тўйини бузиб, никоҳидаги аёлини олиб қочган нобакор деб билар. Лекин мен, Худованди Каримга минг қатла шукрларки, у гуноҳи азимга ботиб улгурмадим. Менинг гуноҳим бошқа нарсада: бу дунёда ҳар неки Оллоҳнинг изни-иродасисиз бўлмаслигини унутиб, Баҳриддин ошнамнинг қасосини олмагунимча қўймайман, деб қасам ичганим ва шу ният билан бир бандага билиб-билмай зулм ўтказиб қўйганимдир! Мен султонлар ҳам журъат этолмайдиган бир жазони инсон боласига, Худо ўзи қўшқўллаб уриб қўйган кимсага раво кўриб, ёмон адашибман энди билсам! У аслида ҳам беайб бўлиб чиқди, Мақсуд! Баҳриддин аканг чиндан ҳаёт экан!

Оллоҳнинг иноятини қараки, у урушга кетиб, асирга тушиб, ўшанақаси хорижга ўтиб кетган экан. Илгарироқ, ҳали юртдан чиқмай туриб, буни эшитсам, балки жоним товонимдан чиқиб-ла кетармиди! Лекин ҳозир сен балки тушунмассан, тасаввур этолмассан, лекин мен севиндим бир ҳисобда.

Марғу кеннойингни Тангри таоло менга эмас, мен туфайли биринчи никоҳидаги кишисига эриштиришни тақдир этган экан, шунгаям шукрлар айтаман. Шунинг учун ҳам Марғу кеннойингни Баҳриддинга етказишларини васият этдим. Мени ўлдига чиқаришларини... сўрадим (Оллоҳ ўзи кечирсин). Ҳали ҳам асраса, ёлғиз Оллоҳ асраши мумкин. Шу Оллоҳим Марғу кеннойингнинг ўрнига унингдек ой юзли, бир фариштадек афийфани етказди, устимда парвона қилиб қўйибдики, мен уни баъзан фариштами, инсон боласими, ажрата олмай қоламан. Ҳа, у туфайли балки омон қоларман, балки ногирон. Лекин бу кунимдан шаҳидлик шаробини тотиб кетганим афзалмиди деб ўйлаб кетаман баъзан. Бу ўткинчи дунё, унинг ҳой-ҳаваслари муҳаббат қўйишга арзимаслигини сен ҳам ҳов кейин англаб етгайсан, укам.

Худованди Карим ўзининг ҳақ динини қувватлантирадиган ва адолатли салтанатлар қурадиган Темурдек, Бобурдек, Ёқуббекдек зотларни неча юз йилда бир чиқаради, деган гапни раҳматли адамиздан эшитиб эдим. Не бахтки, шундай зотларга ўхшаш (балки мен адашаётгандирман, балки чинданда бу буюк бахтдир) Соғуний жанобларининг лашкарларига қўшилишга уриниб, жиҳод этиш менгада насиб этди.

Дарвоқе, бир кеча ўшал азиз юртимизга сиғмай, қочиб-қувиб, Бўзсув бўйларию Каттабоғ этакларини макон тутиб юрган маҳалларимиз бир сир, бир сунъи ғайб содир бўлдики, ҳали-ҳали унутолмайман. Мен Баҳриддин дўстимнинг қасосини олдим, ўлигини топиб, жанозасини очдириб, чин уйига топшириб, руҳи поки олдида бурчимни ўтадим, деб юрганим бир пайтда ундан қора хат келиб, мен ўзимни тамом йўқотиб, бир пири муршид, бир маслаҳатгўй истаб қолган кезларимда рўй берди шу. Кечалари азбаройи уйқум қочиб-қочиб кетар эди. Ва бир кун ярим кечада қора чироқ ёруғида мудраб ўтирарканман, эшик ўрнига тутилган адёлнинг бир чети аста кўтарилиб, ертўлага оппоқ кийимдаги падари бузрукворимиз кириб келдилар ва (Тавба, мен турай дейман-у, туролмайман, қаддимни кўтара олмайман. Салом берай дейман-у, овозим чиқмайди. Аммо ичим тўлиб, кўзимдан дувиллаб ёш келяптики, нарёғи йўқ) ўша ерда тўхтаб: «Бўтам, бунақа мушкул дамларда ёлғиз кимга нолаю илтижо қилмоқларини билмайсизми? Унутдингизми?» деб турибдилар. Аниқ-тиниқ эшитдим. Падари бузрукворимизнинг ҳалимдан-ҳалим, хотиржамдан-хотиржам овозлари эди...

Сесканиб кўзимни очсам, ертўлада жимжитлик. Қора чироқ осуда ёниб турибди. Фақат адёлнинг бир чети... худди ҳозиргина биров чиқиб кетгандай сезилар-сезилмас силкинар, тиқ этган товуш эшитилмас эди. Ё, қудратингдан, ўзи белги бермоқда-ку, дедим-да, тура солиб, ташқарига чиқиб, таҳорат олиб келдим ва икки ракат ҳожат намоз ўқиб, Парвардигори Оламга нолаю илтижо қила кетдим.

Йиғладим, сиқтадим. Ўзим билдиму ёлғиз Оллоҳ билди. Кейин ётиб ухлаб қолибман. Бир маҳал тушимда... карвон билан довон ошиб, кунчиқар мамлакатига кетаётган эмишмиз. Ёнимда — шу танишлар. Ё қудратингдан! Ўзи йўл кўрсатди-я, Ўзи.

Мана энди, Баҳриддиннинг ҳам дараги чиқиб турибди! Марғуба эса... биринчи никоҳидаги кишисига етишиб турибди! Энди ҳам Оллоҳнинг борлигию қудратига ишонмай кўр-чи, Мақсуд! Биз бошимизга қилич келса-да, Оллоҳдан тонмасак, ўшандагина ишимиз ўнглангай!

Шундай қилиб, биз тоғ оралиғидаги бу мамлакатга етиб келдик. Оллоҳнинг ўзи бизни Соғуний жаноблари қўл остидаги лашкарга етишиш ниятида йиғилаётганлар сафига қўшди.

Шукрки, Тангритоғ аталмиш бу мамлакатни озод кўрмоқ ниятини дилимга солди. Гуноҳларимни ювишга, ҳузурига ёруғ юз билан боришга имкон берди Оллоҳ. Мен ҳаётимдан нолимайман. Фақат, Мақсуд, укагинам, эшит, сенга иккитагина рижоим бор. Ўзинг биласан, у ёқларда менинг бир томирим, бир қориндан талашиб тушган жигаргўшам қолмоқда. У нобакорнинг тақдири нима бўлганини билолмай кетаманми, деб қўрқаман. У қаттиқ адашди, аммо шунда ҳам гуноҳини Яратгандан сўраб оламан. Балки Оллоҳ ўшандай фосиқлар туфайлидан динимизни бу ерда, Қашқару бошқа мамлакатларда қувватлантирмоқчидир валлоҳу аълам. Ҳар қалай, сен уни топ, ернинг тагида бўлса-да, қидириб топ. Топиб, менинг васиятимни етказ. Умри бевақт хазон бўлган падаримиз ва волидамиз руҳи поклари ҳаққи-ҳурмати, эсини йиғиб олсин. Уларга лаънат келтиргунча, Худодан қўрқсин. Тавбанинг кечи йўқ. Кимнинг зурриётларимиз, билсин! Мўмин бўлиб туғилиб, кофир бўлиб ўтмоқдан Ўзи асрасин, Ўзи...»

Толиқиб, чарчаган шекилли шу ерда узилиш бор. Дарвоқе сиёҳ ҳам тугаб, бу ёғи бошқа рангдаги сиёҳда битилган.

«Яна бир илтимосим, Парпининг олдига ўтгайсан. Агар мактубим кечикиб тегса, болаларига учрагайсан ва менинг узримни етказгайсан, ука. Мен уни кўп ўйладим: мен ким эдимки, унга дўзах азобини тотдирдим?! Адолатми қилдим? Рост, у нобакор, у аблаҳ Баҳриддинни ўлдирмаган эса-да, бошқани ноҳақ ўлдирган, талаган. Аммо мен кимман?! Энди ўша воқеаларни эсласам, титраб-қақшай бошлайман. Сендан илтижоим, уларга (Ҳайбатга ҳам) бу хабарни етказ. Баҳриддин ҳаёт эканини ва узилган никоҳ ришталари тикланажагини айт. Оллоҳнинг хоҳиши шу бўлди. Кечиролса, кечирсин.

Ва ниҳоят, сен бир вақтлар сўраган нарса — падаримизнинг китоблари ўша жойда, ўзинг билган қайрағочли ёлғиз мозоротга кўмилган.

Хатни Чаман аканг ёзиб олди. Сенга етиб бориш-бормаси энди унга боғлиқ. Мен сени ғойибона қучиб, Оллоҳимдан беадад марҳаматлар тилаб қоламан. От босмаган жойларни той боссин, илоҳим. Вақти келиб, намозларингда дуои тиловатлар қилиб, руҳимни шод этарингдан умидворман, Мақсуд.

Алҳамдулиллоҳи роббил оламийн.

Аканг Султонмуроддан деб билурсен. Дарвоқе, азиз холажонларим, мўътабар тоғалариму поччаларимга менинг сўнгги дуои саломимни етказгил. Султонмурод отли бир томирингиз Улуғхўжа бувасининг йўлидан кетди. Оллоҳ насиб этса, шаҳидликка эришгай, дегил. Яна. Ўша ўзинг билган қоратошлик Турғун чочол биз билан. Оллоҳнинг чеварлигини кўрки, бизни шу жанггоҳда топиштириб, у қиёмат қарзини узди. Мени жанг майдонидан у олиб чиқибди. Уйидагиларга хабарини бериб қўярсан».

Ё қодир Оллоҳ!

Кўпдан бедарак кетган кишиларимдан кетма-кет бундай муждалар келгай деб ўйлабми эдим?

Қолаверса, бу муждагина эмас, акамнинг ўтинчлари ҳам-ку менга. Мен уни адо этмоқ ниятида балки бир кун келиб, шу тарихни бир китоб этарман ҳам. Узрини Парпи бебахтнинг ўша кўҳлик хотини, кокил қўйган (албатта, ҳозир эр етган) ўғилчасига етказарман ҳам. Ҳеч ердан дараги чиқмаган Олим акамни-да, ернинг тагидан бўлса ҳам топарман, омонатини айтарман ҳам. Аммо Барзани ҳам, муҳаббати ҳам ўзига буюрмаган Ҳайбат акамга-чи? Бу узр, бу муждаларни қандай етказай? У ўша янги туғилган ой тилла тождай ярқираб кўриниб, сўнг ботиб кетган кечанинг ўзидаёқ, ҳали тўйхонада машъалалар ёниб битмаёқ Марғу кеннойимдан ажраб қолганини эшитиб, қўштиғини кўтариб чиқиб кетганича... уйга қайтмаган бўлса?.. Кўк бўрини излаб юриб, ахийри топиб, қўлга туширганида, нимадир бўлиб, ўша Чўмилишдаги кўприк ёқасида, ўша Марғу кеннойимни ўзи кутишни яхши кўрган Жимиттепа устида... ўзини-ўзи отганми, биров отиб кетганми ҳалигача билолмаган бўлсак... У қирғин уруш ҳам, облочиларнинг қув-қувлари, у сарсон-саргардонликлар ҳам у муқаддас никоҳ ришталарини узолмаганини мен унга қандай билдирай?..

* * *

Айтмоқчи, негадир мактубга сана қўйилмаган, манзил ҳам кўрсатилмаган эди. Негалигини тушунолмадим. Қолаверса, бир ҳафтанинг ичида мени топсин, деб кетибди у элчи. Нега?

Ўзи шунча пайт йўқ бўлиб кетиб, энди қаёққа шошади?

Ва ниҳоят, аслида ўзи ким... Чаман ака деганимиз?

У кунчиқар мамлакатдаги улуғ жиҳоднинг иштирокчиси неча йиллар уй қамоғида ўтирганида бу воқеаларнинг шоҳиди Чаман ака қаерда эди? Ҳибсдамиди ёки хорижда? Энди қаердан юз кўрсатиб қолди?

Мен учун азиз кишиларнинг сўнгги тақдири ҳақда у нима билади?

Дарвоқе, мен ўзим-чи? Нимани ҳам биламан...

III- qism
 
Keyingi