OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМурод Мансур
Асар номиЖудолик диёри (3-китоб 1-қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Мурод Мансур
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси (2005 й. 5 август сони.)
Ҳажм346KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Жудолик диёри (3-китоб 1-қисм)
Мурод Мансур

«
... Сен ватан соғинчи нима билмассан ҳам, Чаман! Ватан соғинчини ватандан ҳижрат этганлардан сўра! У соғинч ўртаб келганда ҳамма нарса бир томон, ватан ҳам бир томон бўлиб қолувини, унинг ҳаволаридан бир бора нафас олмоқ, сувидан бир қултумгина ичмоқ жаҳондаги жамики нарсалардан азизроқ бўлиб кўринувини сен қайдан билардинг, дўстим?!
 
Майли, элим мени қувғинди деб атасин, халқим сиғинди деб билсин, мен ўзимни улар билан эту тирноқдек деб биларман!

Султонмурод («Сарҳад ошган мактублари»дан)
»

Муқаддима «Иброҳим Мақоми»даги Ватанжудо...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сиз дарсхонамда ҳеч бўлмагансиз. Ўзим ҳам у ерга ҳаммадан қизғониб, ёмон кўз, ёмон назарлардан беркитиб бир нарсалар битадиган пайтларим кираман холос. Ўзи тордан-тор, битта каравоту устол зўрға сиғади. Аммо дунёда ундан осуда, ундан кенг жойнинг ўзи йўқ менга.

Ёлғиз дераза тагига ўтирволсам ҳеч ким, ҳеч нарса чалғита олмайди мени. Қолаверса, ҳаммаёққа парда тутиб ташлаганман. Ҳатто қибла тарафдаги меҳробсимон дераза ўрнидан тортиб, бу ёқдаги токчага довур оқ-оппоқ парда тортиғлиқ. Ўша «меҳроб» тарафдагисини ҳар замонда бир соғиниб, кўргим келиб очмасам, рўпарадагисига кўпдан қўл урганим йўқ. У ерда кишибилмас токчамиз бўлиб, унда нима сақланишини ҳатто Саида билмайди. Кеннойимга шипшиб қўймасин деб... айтмаганман. Қибла тарафдаги парда ортида эса, узоқ шариф диёрдан келтирилган бошқа нарса бор. Ўзиям қиблага ярашадиган. Тўғрироғи, дунёдаги энг муборак шаҳар — Маккада олиниб, Туркиядами — қаерда қулоч етмас шилдироқ қоғозга босилган бир суврат... Табаррукки, қўяверасиз. Ранглари ҳам тиниқдан тиниқ, нурлидан нурли, ўзи шундай нозик-адо қилиб олинганки, соатлаб термулиб тўймаслик мумкин.

Ана ўша сувратдан бир қарашдаёқ кишини ром этиб қўядиган, осмонларга алоқадор бир илоҳий нур, файзи футуҳ ёғиладики, бу адоқсиз нур қайдан келяпти, дарҳол ажратиш маҳолдан маҳол.

Ҳар қандай кўҳлик нарса ҳам бир кўришли. Нари борса, икки-уч кўзни қувнатиб, сўнг оҳори тўкилади- қолади. Айниқса, у суврат бўлса. Аммо бу қанча вақт кечмасин, неча қайталаб кўрманг — ҳеч-ҳеч эскирмайди. Қайтага ҳар гал янгариб-жилоланиб, нимаси биландир сизни ром этаверади, этаверади. Сир-асрори ҳам шунда. Балки ойим қиблаи муаззама деганларича бордир?..

Бундай нарсаларнинг Ҳижоз томонлардан кела бошлаши, аввало, Xудонинг инояти. Бўлмаса, уларга етишиш қайда эдию, уйларимиз тўрига илиш қайда эди!.. Биз шу ёшга кириб, Каъбанинг тасвири туширилган жойнамоз-гиламчаларни ҳам кўрмаган эдик. Шариф диёрнинг таърифи оналаримиз оғизларидан оғизга ўтиб келарди, холос. Мана энди ўша қўл етмас диёр тасвирлари...

Дарвоқе, мен ўша ёдгор нарсани қандай қўлга киритганим ҳақда айтмоқчи эдим, узр.

Жумалардан бирида «Қозиработ» жомесига борсам, китоб растаси ёнида бир тўп одам пастак ўт-девор устига ёйиб қўйилган рангин сувратлардан кўз узиша олмай турибди.

Улар шундай тиниқ ҳам нозик-адо эдики, бир қарашда сувратми, мўйқаламда ишлаб, сўнг чоп этилганми — ажратиб бўлмасди. Сўраб билдик, шариф шаҳарнинг сувратлари экан. У томонларда суврат олишу чоп этиш шу қадар ривожланиб, фарангилардан-да ўзиб кетишибди.

Чиндан-да, пиёз пўстидек нозик шилдироқ қоғозлардаги сувратлар ғаройиб даражада тиниқ эди. Нури ҳам бир бўлакча, қараган саринг дил юмшаб, бир сир босиб келаверарди. Балки ҳамма гап ўша сир-дадир. Унинг тагига етгинг келадию, етолмайсан. Кўнгил узиб ҳам кетолмайсан. Шунақа оҳанрабоси бор...

Мени нима сир босди, десам, ёнимдаги қариялар ҳам аллақандай ҳалим тортиб, мутаассирланиб қолибдилар. Қайбирлари кўзларида ёш, елкаларига ташлаган белбоғларининг учини кишибилмас мижжаларига босиб-босиб, олмоқдалар. Қайбирлари эса, у муборак тасвирларни силаб-сийпаб, юз-кўзларига суртмоққа тушган эдилар. Шунчалик табаррук...

Аввалига илғамабман, шунақа сувратлардан яна биттаси... рўпарадаги темир панжарага илиб қўйилган экан.

Ана буниси — ҳаммасидан зўр эди! Қарагандаёқ киши чиппа ёпишадиган эди. Айниқса, ўртадаги «Қора уй», унинг ортида осмонларга довур туташган қўш минора, пастда — тавоф майдонига энди кира бошлаган оқ эҳромли кишилар — шунақа жонли, табиий эдиларки, бир қарашдаёқ михланиб қолмоқ мумкин эди. Беихтиёр яқинроқ бордиму тагидан жилолмай қолдим. Ажойиб! Шу эканми, Аллоҳнинг уйи — Каъбатуллоҳ деганлари?!. Мен ўзимни унинг тагида тургандек ҳис этар, жиндек ҳаракат эцам — ўша оқ эҳромли умрачиларга қўшилиб кетадигандек эдим, тавба.

Устига ажойиб каъбапўш ёпилган «Қора уй» шунақа бир нуқтадан сувратга олинган эдики, (балки мен ўша нуқтага яқин ерда тургандирман!) ўзимни тавоф майдонига тушиб қолгандек ҳис этар эдим. Гўё чақирсам овозим оқ эҳромли кишиларга етадигандек эди. Қолаверса, Каъбатуллоҳ осмонидан устимга бир раҳмат нурими, нима ёғилиб, аллақандай сир босиб келмоқда... Мен шунча газетада ишлаб, жаҳонни неча айланган машҳур сувратларни кўриб ҳам ҳеч бу ҳолга тушмаган эдим. Жону жаҳонимни бунчалик қамрамаган эди ҳеч бири!

Бу эса ром этганди-қўйганди! Наинки ром этганди, мен ўзимни унинг бир бўлагидек ҳис этмоқдайдим. Ҳатто анави Аллоҳнинг меҳмонларидан бирига айланиб қолгим келмоқдайди...

Чиндан ажойиб эди «Қора уй» деганлари. Ўзи оддий қора тошдан-у, аммо шундай сервиқор, осмонларга алоқадорки... Ҳатто тепасидан айланиб сузиб ўтаётиб, тўхтаб қолгандек анави оқ-оппоқ паға булутлар ҳам бу уй, бу майдонга алоқаси бордек эдилар. Ҳар тарафдан роҳатбахш бир нурлар ёғилаётгандек. Айниқса, фаришталардек оқ-оппоқ эҳромли кишилар— Аллоҳ меҳмонларининг тавоф майдонига кириб келишларини кўргандаёқ одам бир орзиқиб тушар, ўшаларнинг сафида бўлиб қолгиси келаверарди. Нега шундай, сири-асрори нимада — ҳеч тушуниб бўлмасди.

Сувратчиси тушмагур шунча нарсани бир йўла қандай қамраб олибди, бу мутаносибликни қандай топибди — ақл бовар қилмасди. Балки қай нуқтадан олмасин, бундан кам чиқмас, файзи-футуҳи шундай бўлаверар? Ахир уни Каъбатуллоҳ деб қўйибдилар?! У ягона-ку бу жаҳон айвонида!

Ана энди топгандек эдим сир-асрорини: мени ром этган нарса — ўша файзи-футуҳ эди!

Ҳозир — шу туришимда ҳам қаердалигимни унутиб, тавоф майдонига тушиб боргудек бир ҳолатда, Каъбатуллоҳу унинг осмонидан ёғилаётган файзи-футуҳнинг асири бўлиб турар эдим.

Калитини топсанг, қолгани ўз-ўзидан маълум бўлиб бораверади экан, ҳозир мен сувратчининг сирини ҳам билиб қолгандек эдим. Ана у — қаердан олибди экан! Тавоф чизиғига яқин бир ерда оқ эҳромли қора қул (уни қора оёқларидан занжилигини билмоқ мумкин эди!) саждага бош уриб ётар, Каъбатуллоҳ эса, худ-ди ўша ерга яқин жойдан — саждадан бош кўтара туриб (!) олингандек эди! (Балки сувратчиси тушмагур уни шу кўк чизиққа тиз букиб туриб олгандир?! Анави саждадаги қора қулнинг ортидан — унинг кўз нигоҳи ила олгандир?)

Нима бўлганда ҳам унда мўмин нигоҳи, Аллоҳга топинадиган кишининг назари бор эди. Ўша назар билан Каъбатуллоҳга қараган киши уни бор бўй-басти ила кўрмоғи, осмонларга алоқадорлигини туймоғи ва бир умрга кўз қорачуқларига жолаб олмоғи мумкин эди. Унинг бутун жозибаси ҳам, сир-асрори ҳам шунда эди!

Ана, нимага тавофчиларга қўшилиб кетгим келаётган экан!

Ана, нимага «Қора уй»нинг сим-сиёх ёпинчиғию унинг пештоққа ўхшатиб тилла суви берилган арабий ёзувлари — Каломуллоҳ оятларидан кўз узолмаётган эканман!

Қолаверса, Каъбанинг «Иброҳим мақоми»га қараган тилла эшигию унинг ортидаги ҳарамнинг оқ минораларига қўшилиб, осмон ўзи бир оламга айланган эди. Ҳай-ҳай, қаранг, ўша мовий оламдан сузиб келиб, улкан алифдек осмон тоқига кўтарилган қўш минора ўртасида тўхтаган паға булутлар миноралар билан қўшилиб, рамзий ёзув шаклига кирган эдилар-да, бир санти ҳам жилмай туриб қолган эдилар. Бу ҳам камдек, ўша оқ жужун булутлардан роҳатбахш бир нур ёғилар, ўша нарса менга-да таъсир этаётгандек эди.

Сувратчи тушмагурлар ана шундай нарсани сувратга муҳрлаб, кейин Туркиядами, қаерда пиёз пўстидан-да юпқа шилдироқ қоғозларга босиб, бизнинг диёрларга жўнатибдиларми? Валлоҳ-валлоҳ, мўъжизадан қаери кам?!.

Шу ҳолда қанча турдим, билмайман. Бир маҳал кўзимни ўша жужун булутлардан узиб, пастда — «Иброҳим мақоми»да тўхтаб, намозга қўл боғлаган ёлғиз ҳожига қарадиму... ундан-да ғаройиб ҳолга тушдим. Ҳожининг юз бичимими, қоматими (ишқилиб алла-қаери!) жуда таниш кўриниб кетиб, бошим гир айланишга бошлади. Билмайман, назаримдами ё аслида ҳам айланармиди... яхши ҳам темир панжара бор экан, ушлаб қолдим. «Бу қандай синоат ё тасодиф?» дердим ўзимга ўзим. Балки азбаройи соғинганимдан ҳар битта одам у бўлиб кўринмоқдадир?

Бир қадам тисарилиб, яна ҳам яхшироқ тикил- сам — айни ўзи, акам! Ё қодир Аллоҳ! Шунақаси ҳам бўлади эканми?!

«Иброҳим мақоми»га келганда Каъбага юзланиб, қўл боғлаганча тек қотган (нега тек қотади, намозми, Қуръонми ўқиётган!) оқ эҳромли киши шунчалар кўзга яқин ҳам таниш эдики, беихтиёр:
— Воҳ, унинг ўзи-ку! — деб юборибман.

Чиндан ҳам бу қандайин марҳамат? Сарҳад ошолмай, қай диёрларда саргардон кезган бир ватанжудони Аллоҳ ўз уйига меҳмон этиб чақириб олса? Ёрлақаса! Оталари етолмаган бир ерга етиб турса? Буни қандай тушунмоқ керак?.. Балки у ҳам эмас, бошқа ватанжудодир?.. Аллоҳ чақириғига «лаббайка ва саъдайка» айтиб борган оддий ҳожидир?..

Лекин у ким бўлганда ҳам бир топиб, сўнг йўқотган жигаргўшамизга икки томчи сувдек ўхшаб кетмоқда, унга алоқадор кўп тарихларни ёдга тушириб, бошим ўзимга хуш ёқадурган тарзда айланиб-айланиб бормоқда эди.

Шундан кейин ҳам бу сувратни сотиб олмайинми?! Азизлаб уйимизнинг тўри — қибласига илиб қўй- майинми?!

Яқинроқ келинг, ҳижрат тарихининг бир гўзал — ҳам аламли, ҳам фараҳли қиссасини Сизга илиндим. Сизга Аллоҳдан сабр ва муҳаббат, ўзимга ростгўйлик тилаб,

Мақсуд Мирзо.

«Жудолик диёри»нинг аввалги

китобларидан таниш қиссагўй укангиз.

Дарвоқе, хонамда ёлғиз шу сувратгина эмас, бу тарихга алоқадор яна бир талай нарсалар ҳам бор. Шулардан бири — акамнинг «диёрдагиларга хатлари»дир.

Уни Чаман акам Тангритоғ томонларданми, қайдан топиб, бир осори-атиқашунос таниши орқали бериб юборибди. Неча вақтдан бери электр ҳисобгич ортидаги кишибилмас токча-тортмачамизда турибди, устидан парда тортиғлиқ.

Ҳали эгаларига кўрсатмаганман. Кеннойимга шипшиб қўйишларидан қочиб, шундай асраб келяпман. У мушфиқанинг эса, дарди ўзига етарли. Қолаверса, ўша хатларнинг орқасида яна бир нарса — эгаси чиқмаган бир шода марварид ҳам бор. Бу нарсаларнинг ўзига яраша тарихи борки, уни бир кун келиб очмай иложим йўқ. Ҳамонки, бу тарихни сизга илинган эканман, келинг, яхшиси, уни ўша «диёрдагиларга аталган хатлар»дан бошлай қолай.

Усиз бу жудолик тарихи Сизга ҳам, келгуси авлодларга ҳам қоронғи бўлиб қолмасин. Уни миридан сирига қадар нозик илғаб бормоғингизни ва давомини илҳақлик ила кутмоғингизни табиатнинг нозик жойларидан сўраб қоламан.

Аллоҳ уни барчамизга чиройли эцин. Омин.

Биринчи Бўлим - Сарҳад Ошган Мактублар

Қиёматли биродарим Чаманга

«Оҳ, Чаман, Чаман!

Биз қандайин ҳам шошқалоқ яратилган эканмиз?! Ҳатто Яратган эгам — Аллоҳга таваккул қилмоқни ҳам ўрнига қўя олмаймиз1.

Ҳамма сабабларини жой-жойига қўйгандек эдик гўё... «Ҳозиқ тўрам» ҳам лашкар олдига чиқиб, Xайит-гоҳга йиғилган етти яшардан етмиш яшаргача халойиққа Тўрамдан кам ваъз айтмаган эдилар! Одамлар неча бор қалқиб, такбир айтишга тушган, ваъз охирида эса, «Ўлсак — шаҳид, юцак — ғозиймиз!» дея ўша ерданоқ жангга отланган эдилар! Бунақа якдиллик, бунақа жонфидоликни дунё дунё бўлиб кўрмагандир, Чаман.

Аммо биз пистапўчоқдан кема ясамоқчи бўлган эканмиз!

Чиндан ҳам қачон ёлғон ростнинг ўрнини босибди?! Пуч тўқнинг ўрнига ўтибди?! Риё Аллоҳга хуш ёқибди?!

Биз Тўрам қайтдилар деб, шунча лашкар, шунча халқнинг кўзини боғлаб, у кишининг сояи чеҳрадошларини ўртага чиқариб қўйиб, ғалабага эришмоқчи бўлибмиз! Xалқ ишонганда ҳам... Аллоҳ кўриб туриб эди-ку! Наҳот шуни назардан қочирдик?! Рост имдод билан Аллоҳдан нусрат тилаш ўрнига биз кимни аврамоқчи бўлдик? Ёғийними? Аммо аввало Аллоҳни алдаётганимизни нега ўйламадик? Ҳаммадан бурун шундан қўрқмоқ лозим эмасмиди?!

Ана шунақа, Чаман! Дунё ростлик устига қурилганини кўп ҳолларда унутиб қўямиз-да, армону пушаймонлар ёғига қоврулиб ётаверамиз кейин. Қачон одам бўламиз, босиқ-вазмин тортамиз экан, Аллоҳ шариатини маҳкам тутадиган қавмга айланамиз экан?! Шариатда эса, ҳар нарса ўз номи ила атаб қўйилган: Ёлғон — ҳеч қачон ростнинг ўрнини босмаган. Риё билан киши кўкармаган. Ҳамма нарса ростлик асосига қурилган ва тўғрилик энг биринчи фазилат саналган кишилик жамиятида ёлғоннинг боғи ҳеч қачон кўкармаган! Унинг меваси ҳамиша мағлубият бўлган, заҳар-заққум бўлган. Бу мана шу дунёдагиси. Охиратдагисини-ку қўявер.

Ана шунақа, киши шошқалоқ бўлмаса, чин саркарда қолиб, соясига эргашадими?! Биз ҳам Тўрам қолиб, у кишининг сояи чеҳрадошларига эргашиб, дориломон бир диёр қурмоқчи бўлибмиз. Ёғийларимизни суриб ташлаб, етим қолган салтанатни тикламоқчи бўлибмиз.

Ният улуғ бўлса-да, бундай сохтакорлик кетидан нусрат келмаслигини англаб етмабмиз. Уруш ҳийладир, деган гапларга учибмиз-у, ёғий қолиб, ўзимизни алдаб қўйибмиз! Балки Тўрам рози бўлмасалар, бизнинг қаеримиз кам у кишидан, деб ўйлагандирмиз? Ўзимизга бино қўйиб юборгандирмиз?..

Аллоҳга суянгулик иймонимиз қандай — ўйлаб кўрмабмиз ҳам, Чаман. Ана энди мағлубият аламини тотиб, мушкул бир аҳволда жанг майдонидан тўзиб-чекиниб, қўл етмас тоғларга бош олиб кетарканмиз, ёнимизда сен камлик қилиб турибсан, Чаман. Сенинг йўқлигинг — хабар бериб ҳам чақиртириб ололмаслигимиз — шундай билиняптики...

Узр, ошна, сендан бемаслаҳат шундай ишлар бўлиб кетди. Бу ишни сендан сир тутишни маслаҳат берганлар энди бетимга қарай олмаётирлар. Мен уларни ҳам айблай олмайман. Бу балки тақдир ёзуғи — пешонамизда боридирки, мағлубият аламини тотиб, бошни асрамоқ учун ҳам бу довон йўлига тушгандирмиз. Қиёматли ошнам, сендан гина йўқ. Жиндек хабар топсанг, ёлини куйдирсанг дунёнинг нариги чеккасидан етиб келгувчи Асрор девдек, етиб келардинг-а, ўша хабарсиз қолгансан. Xабар бермаган — биз ўзимиз айбдор. Бир хато — шунчалар қимматга тушди. Лашкар тўзигандан тўзиб, ким йитди, ким қолди — билмасмиз. Омон қолганлар бир-биримизни қора тортиб, ёлғизоёқ сўқмоқлардан Музтоққа паноҳ тортиб бормоқдамиз. Тақдирнинг ҳазилими, нима бу, бир вақт омон қолганларга назар солсак, ҳов ўша сарҳад ошган саккиз биродар — ким соғ, ким — бир-бирини ортмоқлаб, жанггоҳдан тирик чиқибмиз. Оҳ, Чаман, бундан — бу қаро кўргиликдан, жанг майдонида сўнгги қатра қонимиз қолгунча савашиб, лошимиз ўша ҳарб майдонида қолгани авло эди! Жилла қурса, шаҳидлар қаторида кетардик!

Энди-чи, киммиз?

Тоза ниятларни бой берган, лашкарни ҳалокатга етаклаган калтабинлар биз эмасми?

Узр, қўлим муз қотиб, хатларим хунук, сўзларим қовушимсиз чиқаётган бўлса. Орқадагиларнинг етиб олишларини кута туриб, тиззамда битаётирман уни. Бу ер шунчалар совуқ, изғиринки, қоғоз намлаб, уни ёзиб улгириш маҳол. Сиёҳқалам етгунча қоғоз юзидаги нам яхлаб улгуряпти, юқорида нима қиларканмиз бу совуқда? Xудо тўзим берсин ишқилиб...

Мен ҳалигача бир нарсага тушуна олмаётирман: феълимизга қараб нусрат юз ўгирса-ўгиргандир, Чаман. Аммо Тангри нимамизга бизга шафқат-марҳамат қилди, жанггоҳдан бундайин тирик чиқарди? Зиммамизга яна қандайин юмуш-имтиҳонларини юклаганки, бир-биримизни ортмоқлаган ҳолда кўриб турибмиз ўзимизни? Қайси амалимиз эвазига ёғий ўқидан паноҳ берди?

Балки бу бизга аталмиш жазодир? Ёхуд гуноҳимизни ювмоққа бир имкон — бир муҳлатмики, бундан ўша майдонда қолганимиз яхшироқ эди. Нега келиб-келиб биз — ўша Тўрамни қайтариб олиб келмоққа отланиб, сарҳад ошган саккиз биродар бу қирғинбаротдан омон чиқиб турибмиз? Бунинг сир-асрори нимада? Аллоҳ биз қусурли бандаларига қусримизнинг касрини билдириб қўймоқ учунгина шундай қилдими, тирик қолдирдими? Тўғри, ким ярадор, ким қанчалар ҳолдан тойган, дунё кўзига қоронғи бир тарзда тўпланиб турибмиз. Калта ўйлаган бир ишимизнинг аччиқ мевасини татиб турибмиз. Лекин барибир омон қолганимиз ғалати — у ё бир мўъжиза, ё Аллоҳнинг карами. Балки Аллоҳ ибрат учун бизни дийдор кўрсатиб қўйгандир? Ростдан ҳам бир-биримизнинг юзларимизга қарай олмасдик. Гўё мана, ёлғоннинг умри қаергача етди, демоқчи бўлардигу, айтолмасдик.

Бу дунёда кимдан нимани сир тутмоқни ҳам билмоқ керак экан, Чаман. Азму қароримизни ҳаммадан сир туцак ҳам... сендан яширмаслигимиз керак эди. Сен менинг бу дунёда энг ишонимли дўстим эдинг, орқадошим эдинг. Сенга бир учини чиқарганимда ҳам... қайтарган бўлардинг бу фалокатдан. Соя — соя-да: бўй-баст, юз-чеҳра, овоз ўхшагани билан қалб-чи, шижоат, иймон-чи, деган бўлар эдинг. Ҳамма Тўрам бўлаверибдими! Xалойиқни оёққа турғазиб, ёғийни енгаверибдими?! Амаллари Аллоҳга хуш келаверибдими, деган бўлар эдинг. Сен ҳақсан. Қани эди ҳаммамиз ҳам у кишидек Аллоҳга таваккул қила билсак, Пайғамбар йўлларини ушлай билсак.

Ушлай олмаймиз, ожизлигимиз шунда. Сен бўлсанг, бизни бу сохта шижоатлардан қайтарган бўлардинг. Ёким довқур деб аталишга учдикми? Шундай номлар кўзимизни кўр, қулоғимизни кар қилиб қўйганмиди ё? Шуларни ўйласам, юрагим орқага тортиб-тортиб кетади, симиллаблар кетади, Чаман. Ахир тонг-ла Маҳшарда Аллоҳнинг ҳузурига қай юз билан борардик унда? Тағинам Аллоҳ охират шармисорлигидан асрабди, Чаман. Ниятга қарабди. Ният эса, дориломон бир диёр қурмоқ эди...

Илк қўналғадаёқ (қўналғаки, улкан қоя тагидаги супрадек супачада — хатни ҳам шу ерда давом эттиряпман!) нафас ростлар эканмиз, Элчин ботурнинг устози Қори аканинг насиҳатлари бошқаларга билмадим-у, менга қандай ёқиб тушганини бир эшицанг эди.
— Тағинам Аллоҳнинг карами кенг. Қайси бир амалларимизга у бизни қон ва оташ дарёсидан омон чиқарибди. Бу ёғига синови осон кечмас. Энди маҳкам бўлинглар, ўзига таваккул қилинглар, — дедилар у киши.

Қори ака бизни хушёр бўлишга чақиряптилар десам, орқасидан сўраб қолдилар:
— Биласизми, қиёмат куни биринчи бўлиб, Аллоҳнинг ҳузурига кимлар чақирилгай?
— Савол-жавобгами? — дедик ҳайратга тушиб.
— Шундай, ҳамманинг Аллоҳ ҳузурига бориши бор. Лекин биринчи чақирилиб, биринчи сўраладиганлар...
— Билмасак...
— Биринчи бўлиб шаҳид чақирилади экан. У олиб келиниб, Аллоҳ берган неъматлар танитилгач: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўралади, экан...
— Йўғ-е, деб юборибман мен..
— Ҳа, ҳа, «Сенинг йўлингда жанг қилдим ва шаҳид бўлдим», — дейди экан у.
— «Ёлғон айтдинг, сен шижоатли деб аталиш учун жанг қилдинг. Шундоқ дейилди ҳам», — дейди экан ул Зот. Сўнг фаришталарга амр этилиб, у юзтубан судратилганча жаҳаннамга итқитилар экан...

Юрак орқага тортиб, «воҳ» деб юборибмиз. Ахир биз ҳам шу ҳолга тушувимизга бир баҳя қолган экан-ку, Чаман!

Худо кўрсатмасин, агар шу жангда шаҳид кетганимизда нима бўлар экан?! Аллоҳ Ўзи асрабди!
— Ана, нимага учиб, нимага дучор бўлай деган эканмиз?!

Думини гажак қилиб олганча югургилаб бораётган чаённи кўрганда киши қай аҳволга тушади?! Ҳозир этларим орасига ана ўшандек бир жимирлов югурган эди, Чаман. Ўзим эса, яхшиям ёғий ўқига учиб-нетмабмиз, дер эдим, Аллоҳга шукрлар айтардим. Бу ёғи жон фойдага қолган, эндиям охиратни ўйламаслик мумкин эмасди.

Чаман, биродарим, Аллоҳ менга иккита дўст ато этган бўлса, ўшанинг биттаси сенсан. У агар битта бўлса, ўша ҳам ўзингсан!

Бу диёрларда мен бир ривоят эшитдим: Аллоҳ қиёмат куни одам боласидан меҳрни кўтариб, ўзига қайтариб олиб қўяди экан. Ана ўша қиёматда ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади экан. Ота болага, бола отага қарамас, қиз онани, она қизини «танимас» экан. Шафқат йўқолади экан. Раҳм-марҳамат деган нарсалар ўртадан кўтарилади экан. Ана шу дамда бир қориндан талашиб тушган Ҳасан-Ҳусанлар, Фотима-Зуҳралар бир-бирларидан қочадилар экан, савобимдан сўраб қолмасин деб. Бир пайса савоб анқонинг уруғига айланиб, уни тиланиб юриб ҳам топиб бўлмай қолади экан.

Ана шундай кунда бир пайсагина савоби етмай қолган бир банда зир югуриб ҳешу ақраболарини излаб юрса, ҳеч ким қайрилиб қарамасмиш. Жигарига борса, жигари юз буриб кетармиш. Бир умрли ёр-биродарларига борса, улар ўзлари кимдан сўрашларини билмай турадилар экан. Ниҳояти бир пайса савоб топилмаса-я! Жаннатдан қандай умид узсин? У яна таниш излаб югургилаб кетибди. Ахийри хомушдан-хомуш туриб қолган бир биродарини учратибди.
— Эй азиз биродар, у дунёдаги яқинлигимиз ҳаққи, ёрдам қил. Бир пайсагина савоб етмай дўзахга тушадиган бўлиб турибман. Ҳеч ким раҳм қилмаётир,— дея ўтина кетибди.

Шунда ҳалиги таниши кутилмаганда:
— Сен бир пайсани тополмаётган бўлсанг, ў-ҳў, менга йўл бўлсин экан, — дебди валломатлиги тутиб: — Мени бор-йўғи бир пайсагина савобим бор экан, ол, шу билан ишинг бица, — деб юборибди...

Ана шу тоб буни кўриб турган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло:
— Эй ёлғиз бир пайса савобини биродарига илинган бандам, қайт, — деб чақиради экан ва: — биродаринг қўлидан тут-да, иккингиз жаннатга кирингиз, — деб марҳамат қилади экан...

Сен менинг ана шундай биродаримсан, Чаман. Орқадошимсан. Ҳеч кимда раҳм-шафқат қолмаган кезда ҳам сенга ишонмоқ мумкин! Мен қачонлардир қилган бир яхшилигим эвазига — хўв ўша Зокир-говни чироқпоя қилиб кетганимизда ўтқазиб қўйишгани, почча қутқариб олгани борганларида айтган сўзим, сенсиз чиқмаганим учун — шунча яхшиликлар қилдинг. Аллақачон қамалиб кетадиган мендек одамни қай диёрларга чиқариб-қутқариб юрибсан. Кафил турмагил — кафансиз кетасан, десалар-да, ўз билганингдан қолмай келасан. Жаҳон валломатлари дўстга садоқатни сендан ўргансинлар.

Агар сен бўлмасанг, кафил турмасанг, қадамим бу диёрларга тегиши, бу жиҳодларда юришим даргумон эди. Юргизиб қўйишмасди: аллақачон қуёш бетини кўрмайдиган жойларга тиқиб ташлашар эди, валлоҳи аълам. Сен бўлмасанг бизни бу ҳалоскорлар сафига қўшиб қўярмидилар! Тангритоғга йўлатарми эдилар! Ниятимизни билишсаёқ, пешонамиздан отардилар.

Сен чиндан қиёматли дўсцанки, бу ёқда бизни асрадинг, у ёқда аҳли аёлимни қанотинг остига олиб ўтирибсан. Бу яхшиликларингни қиёматга довур қайтара оламанми экан? Қайтара олмасам рози бўлиб қўясан, ошна. Ёлғиз Аллоҳдан ўтинчим шуки, бу силаи раҳмларинг ажрини Ўзи минг баробар қилиб қайтарсин. Бу дунёда юз кўриштирмаса... йўқ-йўқ, фаришталар омин демай туриб, Аллоҳдан бир ўтинчим бор: у бизни жилла қурса, бир бор кўриштирсин, дийдорингни шунчалар соғинганман! Қолаверса, дунё кезиб сендайин бир садоқатли дўст топмадим...

Чаман, тақдир ёзуғида нималар бор, билмасмиз. Агар қайта кўришолмасак деб ушбу мактубларни сенга атаб қўноқ бўлган манзилларимизда қолдиришни ният қилдим. Дўстим, уни ўзинг билган услуб- да — ҳов ўша улуғ жиҳодчи Закий Валидийнинг тан соқчиси Xорис раҳматли ўйлаб топганидек қилиб, шишага солиб, қўноқ бўлган жойларимизнинг қибла тарафига кўмиш ва харитага тушириш ниятидаман. Уларни биз намоз ўқиган жойларнинг меҳроби четидан топгайсан. Xаритани сенга етказгайлар.

Дуоларида эслагувчиларимизни Аллоҳ Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин. Яратганнинг Ўзи дастимизни узун, ниятларимизни пок қилсин.


Биродаринг Султонмурод.

Улкан қоя тагидаги

илк қўналға».
* * *

Ўша шиша топилдиқдан чиққан бошқа найча-хатчада шундай битиклар бор эди: (Уни ҳам ўз ҳолича юқоридаги хатга илова қиламиз).

«...Субҳаналлоҳи! Не кунларга қола бошладик? Олдинда яна не кўргиликлар бор экан?

Тик оёқда тура оладиганлар Қори акага иқтидо қилиб, шомнинг фарзини ўқиб олгунимизча шундай воқеа содир бўлса-я!..

Ўша маршал Тўрамнинг сояи чеҳрадошлари (ҳа-ҳа, ўша хос табиблари), бўй-баст, суврат, шакл-шамойилда бир туки кам бўлмаган, ваъз айтганда у кишидек илҳомланиб-жўшиб кетгувчи ва ўзини тўрам деб кўрсата билгувчи киши — Қўшшоқ тўрам бирпасда айниб қолса-я. У ётган ерида ҳар биттамизнинг отимизни атаб чақирар, бошларини тўлғаб алаҳлар эди.
— Ботур, Тўрамнинг розиликларини олмабми эдик? У киши нега индамайдилар?.. Нега жимдан-жим турибдилар? Қайтингиз ҳузурларига. Рози-ризолик тилангиз. Биздан рози бўлсунлар, — деб тўлғонади. Пешонасини маржон-маржон тер қоплаган, ўзи ҳар биримизга бир илинж-ла термулади. Аммо биз қани туролсак, намозни бузолмаймиз, унга ҳам ёрдам беролмаймиз.

Алаҳлаяпти десам, жон халпида васият қилаётган экан.
— Аллоҳ ўзи кечирсин, — дерди Қўшшоқ тўрам ютақа-ютақа, — мен сизларни қай йўлга бошлаб қўйдим? Нега бировнинг ўрнига ўтдим? Айтинг, Қори ака, менинг ҳолим... тонгла Маҳшарда не кечгай?

Қори ака икки ёнга салом бера, унинг ёнига ошиққан эдилар. Қўшшоқ тўрамнинг бошларини тиззаларига олиб, юзларини силаб, пешоналаридан ўпдилар:
— Нега кечирмасин, Қўшшоқ тўрам. Ахир ният қандай эди! Аллоҳ ризолигини истаб ўртага чиққан эдингиз-ку. Ният — жиҳод эдими, ахир?
— Дарвоқе, ният шу эди, пок эди-ку... Ўзингга шукр, лаа илаҳа иллаллоҳу...

Унинг мижжларидан икки томчи ёш юмалаб бориб, Қори аканинг тўни баригами, қаерга сингиб йўқолди ҳам, у энгаҳ ташлаб, боши бир ёнга бурилди-қолди ҳам. Қўшшоқ тўрам жон таслим қила олмай турган экан, кўз ўнгимизда шом асносида узулди-қўйди. Кўп қон йўқотган эди, бояқиш, у ёғига торта олмади. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, у киши Ҳозиқ Тўрамнинг сояи чеҳрадошлари бўлибгина қолмай, хос табиблари ҳам эди, маййитни машъала ёруғида шаҳид қавмида энгил-боши ила тупроққа бердик. Рўзи Маҳшарда шу қони ила Аллоҳ ҳузурига тирилиб борсин, илоҳим.

Биродарлар, Музтоққа кўтарилаверишда учрагувчи биринчи қоя тагидаги қабрни — мужоҳид қабри деб билгайсизлар. Аллоҳ қабрдаги савол-жавобларини осон қилган бўлсин, илоҳим. Эртага навбат кимники, ҳеч ким билмас. Қай биримиз кўкка даҳанини тираб турган у довонга ета оламиз, қай биримиз ета олмасмиз — ёлғиз Аллоҳ билгай.

Довон ошолсак — ғолиб деб, ошолмасак — шаҳид деб билгайсизлар.
— Умид дорам, денг. Шояд Тангрим барояд ё раб деса, — дедилар Қори ака.

У киши энди бизнинг йўлбошчи-имомимиз бўлиб қолган эдилар».

Хатнинг сўнггида: «Шунақа гаплар, Чаман. Ойтўра онамизга салом айт. Дуоларида эслагувчиларимга ҳам дуои саломларимни етказ. Xайрли кеч» деган жумлалар бор эди.

Умидим навдаси, жон укам, пакана пари

«Бугун сўнгги диёрдошим, ўзимизнинг ўша Қанғлидан бирга чиқиб, шу кунга қадар ёнимдан жилмаган қурдошимдан жудо бўлиб турибман, Мақсуд. Тойир акангдан айрилиб қолдик. Навбат уники экан. Аллоҳ уни-да ҳузурига чорлаб олди!

Мен унга берган ваъдаларимнинг ўндан бирини ҳам адо этолмай қолдим, Мақсуд!

У бу дунёдан мангуга кетаётиб (қара-я, бир жароҳат тоғдек йигитни қулаца-я!), мен билан рози-ризолик тилашар экан, Аллоҳ ўзи кечирсин, бу осмон, бу тоғлар устимга қўшилишиб қуласалар рози эдим. Дунё кўзимга тордан-тор, ҳунукдан-ҳунук, олчиқдан-олчоқ кўриниб кетмоқда эди.
— Барзанимни бир кўрсам эди, хутталон отига бир бор минсам эди, — дея ўтинар экан, жон қушим бўғзимга келган эди, Мақсуд.

Сенгина биласан, у от жинниси эди. Барзанга ишқи тушиб, не кўчаларга кирмаб эди. Мен сенга бундан юз карра зўр отлар топиб бергайман. Биз учар отлар диёрига кетяпмиз. Xоҳласанг, тошлоқда оҳудан ҳам ўзадиган, чарчоқ нималигини билмайдиган, бошқа отлар қирқ чақирим йўл босганда, юз чақиримни кўрдим демайдиган хуттал отларидан олиб бераман, деб бу диёрга бошлаган эдим. Тўйларингда ўзим куёв-навкаринг бўлай, деб ваъдалар қилгандим. Ҳеч бирига улгурмадим. У эса, рози-ризолик тиларди, Мақсуд. Энди мен бу жаҳонга қандай сиғай, Мақсуд?!

Илгари беклар бунақа кезда: «тик туриб эрдим— қаддим букилди! Ўлтириб эрдим — бошим хам бўлди. Ерга узала тушиб эрдим — бовурим эзилди! Аллоҳим, Ўзинг сабр бер — чиройли сабр бер», деб бўзлар эканлар. Мен нима ҳам дея олардим?!

Мен уни от баҳонасида Аллоҳ рози бўладиган йўлларга бошлаб эдим-ку. Ўн гулидан бир гули очилмай, гўшангаларга куёв бўлмай туриб, қайга чақириб олмоқда Аллоҳим уни?! Биродарим Тойир аканг учқур отларга ишқи тушган бир бўзбола эди, аммо суянса суянгулик чин биродар эди. Бундайлар билан тоғни уриб, талқон этмоқ мумкин эди. Улар билан дориломон бир диёр қурмоқ мумкин эди, Мақсуд. Менга муҳаббати, мен ишонган нарсаларга эътиқоди бўлакча эди! Мен учун деса, ўтга кирарди, тегирмонга тушиб-да бутун чиқарди, Мақсуд! Топ-чи, энди бундайин биродарни! Раҳматлини эсласам, Қори ака айтган бир ривоят ёдимга тушиб кетаверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида Бани Ҳанифа қабиласидан Мусайлама отлиғ бир киши чиқиб, пайғамбарлик даъвосини қила бошлаганида У зот уни залолатдан қайтариш учун мактуб билан чопар жўнатибдилар экан.

Чопар Тойир акангга ўхшаб, ишонимли йигитлардан экан. Болалигидаёқ У зотга байъат бериб боғланганича ажралмай келади экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун деса жонини нисор қилиб юборадиган саҳобалар хилидан экан ўзи ҳам. Ҳабиб ибн Зайд деган ўша йигит қир, адир ошиб, Нажд тепаликларига етиб борибди-да, Расули Акрамнинг мактубларини Мусайламага топширибди.

Пайғамбарлик даъвоси билан чиққан кимса хатни ўқиб, сап-сариқ юзлари заҳил тортиб, гезариб кетибди. Аламдан ўзини қаерга қўярини билмай, заҳарини одамларига сочиб:
— Бу тирранчани кишанлаб ташланг! — деб буюриб, ўзи кўшкига кириб кетибди.

Эртасига жамоатини жам қилиб, чопарни чорлабди.
— Xўш, — дебди сўроқни бошлаб, — Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бера оласанми?
— Албатта, — деб бийрон жавоб қилибди чопар,— Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу, — деб шаҳодат келтирибди у.
— Мен Аллоҳнинг элчиси эканимга-чи? — дебди Мусайлама.
— Ким? — дебди чопар кутилмаганда кафтини қулоғига тутиб, — Биласанми, менинг қулоғим сал оғирроқ. Нима деганингни...

Масхараомуз бу гапдан Мусайламанинг тепа сочи тикка бўлиб:
— Жаллод, кес! — дея унинг баданидан бир бўлак кесиб олишга амр этибди.

Жаллод шай экан, чопарнинг ўнг этидан қилич ила бир бўлак кесиб олиб, ерга отибди.

Мусайлама саволини такрорлабди:
— Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик берасан, шундайми?
— Албатта, у киши Расулуллоҳдирлар, — дебди чопар.
— Мен-чи, мен кимман — Аллоҳнинг элчиси бўлмай? — дебди у яна.
— Айтдим-ку, — дебди чопар қулоғига ишора этиб, — нима деганингни тушуниб бўлмаяпти.

Мусайлама баттар жазавага тушиб, қичқирибди:
— Жаллод, чоп!

Қиличи кескир жаллод чопарнинг яна бир парча этини узиб олиб, ерга итқитибди. Қон шариллаб оқа бошлабди. Лекин элчи ҳамон қилт этмай туради экан. Одамлар унинг саботидан даҳшатга тушибдилар.

Мусайлама саволини такрорлашни қўймас, чопар ўз сўзидан қайтмас, жаллод эса, ҳар гал уни қилич ила қиймалар экан, чопар:
— Ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу! — деб иймон келтиради экан.

Ҳеч қанча ўтмай чопар иккига бўлиниб қолибди. Унинг ярми бўлакларга бўлиниб ерда ётар, ярми эса қип-қизил қонига беланиб бўлса-да, тик турар, ўзи ўша сўзини — ёлғиз Расулуллоҳга (У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин!) содиқлигини такрорлар экан.

Кичкина болалигида Расулуллоҳга (У зотга Аллоҳдан саловат ва саломлар бўлсин) байъат берган ўша саҳоба — йигит ёшида шундай эътиқод кўрсатиб, вафо намунасини намоён қилган экан, Мақсуд. Ана сенга мўминлик! Тойир аканг ҳам шулар тоифасидан эди, Мақсуд. Унинг бошига ҳам ўша иш тушса, бу ҳам ўз сўзидан қайтмас эди! Аллоҳим уни жаннатда Буроқ отлари билан сийлаб, Ўзи хурсанд эцин, илоҳим. Етмади Тойир у дориломон кунларга. Етгаймиканмиз биз? Биздан чиқмади ҳалоскор. Қачон чин ҳалоскорини юборгай экан, Аллоҳим. Тўрамдек бўла билмадик биз!

Тойир ёш кетди, аммо бу дунёдан охиратини топиб кетди! Уникидагиларга бу хабарни етказиб қўй, Мақсуд. Шу юмуш ҳам сенинг зиммангда қолди, укагинам. Бўзлашмасин, Тойир аканг шаҳид қавмида тўғри жаннатга кетди.

«Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун» — ҳаммамиз Уникимиз ва Унга қайтгувчимиз. Ўзи ёрлақасин.

Қачон ва қандай қайтарини билмаган аканг

Султонмуроддан деб билгайсан.

Азиз холалариму тоғаларимга, кеннойинг ва ҳамма бизни таниганларга дуо дегайсан. Мени ёддан чиқармайдиганларни Аллоҳ ўзи паноҳида асрасин. Ва саломун аллал мурсалин, валҳамдулиллаҳи роббил аламийн.

Иккинчи манзилдаги муз қабр боши».

Биз киммиз, Чаман, на шаҳид ўлмаган, на ғозий бўлмаган? (Ёхуд қўтос суяклари қолган жойнинг қибла тарафидан топилган хат)

«Ҳаво айниб, қор аралаш ёмғир шивалашга, юқоридан муз нафаси ура бошлашга тушган бир паллада... қараки, Аллоҳ бизни ёрлақади. Егуликлар тугаб, силла қурий бошлаган кезда Xудо тоғдек ризқ етказди. Тўпидан ажраган бир оқсоқ қўтос учрадики, «ҳай-ҳай»лашиб қувиб-чалғитиб, оёқларини арқонга матаб, йиқитиб олдик. Кейин терисини шилиб, бир олам гўшт ғамлабмиз. Ҳайҳотдек суякларигина қолди йиртқичларга ризқ бўлиб...

Шунисига ҳам шукр, Аллоҳ ҳадеб олавермайди экан, беради ҳам экан! Олдинда осмон ила бўйлашган музли тоғлар, қорли довон турар эди, ҳолимизни кўриб, ўзи марҳамат этди. Кўрган сари, қараган сари эт жунжикиб, ваҳм босади: қандай ошиб ўтгаймиз экан деб бу муз тоғдан? Ютаман дерди бу муз, совуқ...

Мадор бўлсин деб ўтда жиндек гўшт қовуришяпти. Ҳидидан бош айланиб, ичаклар ачишяпти, шундай очқабмиз экан!

Мен эса, шу ҳолимга сенга йўлакай хат битяпман, Чаман. Айт, энди биз киммиз? На шаҳид кетдик, на ғозий бўлдик? Энди қай диёрга ҳам бош олиб боргаймиз?! Нусрат нега биздан юз ўгиряпти? Неча юз йилларки, мўминларнинг иши шундай орқага кетиб, қўли паст тушиб бормоқда? Ҳикмати нима — ҳеч ўйлаб кўрганмисан, Чаман? Нимани унутганмиз? Ҳатто Тўрамдек зот ҳам чин нусратни қўлда тутиб қола олмадилар? Нега? Xатолик қаерда?.. Амалимиздами, ниятимиздами? Ё иймонимиз сустми, нимада? Нега забунмиз, мазлуммиз, иши орқага кетган миллатлардан бўлиб қолмоқдамиз? Бу қолоқлик нимадан, мутаассиблигимизданми ва ё бошқа сабабдан? Ҳар нарсага ақлинг етгувчи, аммо ичингга ютиб, чивинга ҳам сир олдирмовчи сен билмасанг, ким билгай? Сулаймон қори акадан сўраганимча йўқ, мавриди ҳам келмади. Аммо дарди-дунёмни зимистон этиб ётган бу саволлардан қани фориғ бўлолсам?! Қани бир дардкаш тополсам!..

Ҳатто Закий Валидийдек бир зот, Анвар пошою Мадаминбеклар бошини қовуштиролмаган, нусрат йўлига олиб чиқа олмаган бу халқни энди ҳеч ким уйғота олмагайми?

Тараққиётдан ортда қолувимизга... кемалар чиқиб, денгиз йўллари очилиб, мусулмон олами катта карвон йўлларидан четда мунғайиб қолганигина сабабми? Тараққиётга иштиёқ, илмга ташналик-чи, журъат-чи, бир дин — бир миллат туйғуси-чи, иттифоқлик-чи? Аллоҳ буюрганидек, жилла қурса, рози бўладиганидек даражадами?

Чаман, ўзинг айт. Xато, кемтиклик қаерда? Нега сидқ ила қилган нияту жиҳодларимиз ҳам кутилган мевани бермаяпти? Нусратга етишолмаяпмиз? Сен бошқирдлар элида тузилган «Жоннисорлар» тарихию тақдирини яхши биласан. Шарқий Туркистонда зафар устига зафар қучиб юриб, ахийри таназзулга юз тутиб, боши берк кўчага кириб қолган «Фийсабилиллоҳ»чилар ҳақида эшитгансан. Ҳатто имом Шомилдек зотлар ёлғизланиб қолганини ҳам яхши биласан. Бу мағлубиятларнинг ҳикмати нимада? Бу жиҳод, жоннисорликлар дилимизнинг туб-тубидан эмаслигидан эмасми? Биз ҳар ерда, ҳар нарсада Аллоҳ розилигини истовчилар, изловчилар эмас, довқур, ботур деб аталиш учун ўзимизни ўтга-чўққа урувчиларга айланиб қолмаганмизми? Ахир жиҳод «фийсабилиллоҳ» ёзувли алоҳида кураш кийимлари кийишдами, ўзимизни кўз-кўз қилиш, мутаассибларча ўзни ўлимга отишдами? Билмадим, Чаман, балки мен янглишаётгандирман, воқеаларнинг ҳикматига етолмаётгандирман. Балки Аллоҳ бу миллат қайғусини елкасига даст оладирган бир зотни ҳали юбормагандир. Унгача ўзимизни ўнглашимиз керакдир. Ўшанда нусрат келиб, натижа юз кўрсатари балки. Ҳозир-чи, қани ўша натижа, дориломон бир ҳаёт? Мағлубиятлар алами юрак-бағримизни ўртаб, адой-тамом этди-ку. Бу ҳолатдан, бу мағлубиятлардан қачон хулоса чиқарамиз экан?! Сендан бошқа кимдан ҳам сўрай бу дардларимни? Ё қодир Аллоҳ, ўзинг тўзим бер бу довонлардан ошиб ўтмоғимизда.

Султонмуроддан деб билгайсан.

Маҳфузамга, бизникиларга дуои саломларимни етказгайсан. Қиёматли биродаринг.

Учинчи манзилгоҳ».

Сайраб учган Уларқуш қай балолардан хабар берар, Чаман?

«Чаман дўстим. Бизга Аллоҳдан мадад тила. Сабр-бардош тила. Қай бир тилсимли диёрга, музлар ўлкасига кириб қолган эканмизки, бу диёрнинг нимасига берухсат тегиниб қўйган эканмизки, бизни бу бало тутди, Чаман?!

Ҳолимизга йиғлагувчи қани, бўзлагувчи қани? 1

Тик туриб эдим, оёқларимдан мадор кетиб, ўлтириб қолдим! Сапчиб тушган отим зорли кишнаб, қай бир ерга довур суриб-сургаб кетди! Жилови қўлимда экан, ажраб кетолмади. Кетолмадию тўхтаган ерида камига оёқларини кериб, шов-шов бўшаниб юборди, жонивор...

Шерикларим ҳам шу аҳволда эдилар. Қори ака зўр бериб калима келтирар эдилар, қўллари от сағрисидан тушмас эди. Элчин қани, қаерда қолди десам, мосовсираб, турган ерида серрайиб қопти? Орқадагилардан кўз узмайди. Субҳаналлоҳ! Кўз ўнгимда Ботурнинг сочи оппоқ оқариб тушди! Қасира-қусир ила қалдириб тепадан ўпирилиб тушаётган оқ бало эса, тўғри шерикларимизнинг устига тушиб келарди!

Чаман, бундай бало — кўчкини сену биз — одам боласи кўрмаганмиз! Кўз очиб-юмгунча фурсат ичида орқада ҳеч вақо қолмаган эди, биродарларимиз йўқ эдилар... Бир йўла уч киши, уч мужоҳидни, кўчки ютган эди, э, воҳ!..

«Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун»2.

Инсоннинг куни бица — шу экан. Сафарда, диёридан узоқда, деб ўтирмаскан. Аллоҳ уларни бу дунё машаққатларидан фориғ этиб, бир лаҳзадаёқ даргоҳига чорлаб ола қолган, кўз юмиб очгунча фурсат ичида орқамизда оқ мозортепа пайдо бўла қўйган эди.

Саккиз нафар эдик, довоннинг ярмига етмай беш биродаримиздан ажраб, етим бўтадек қолиб ўтирибмиз...

Ҳолимизга ким йиғлайдию ким бўзлайди, Чаман?

Эртага ўзимизнинг ҳолимиз не кечгай? Албатта, билгувчи ёлғиз Аллоҳ, аммо буни айтгувчи қанию, далда бергувчи қани?!

Осмон бояги-боягидек, ўша хатарқуш учиб ўтган вақтдагидек мусаффодан мусаффо эди. Кун эса чарақлагандан чарақлар, атрофдаги муз кўллару, бошида тош-тугун кўтарган муз қоялару, ҳар икки ёндаги муз тоғларгача офтоб нурида парпирагандан парпирар эдилар. Музлар эримасалар-да, жимгина «ёнардилар»...

Аммо қўлим қалам ушлашга кела қолмайди. Совуқ ургандек тўнг қотган...

Ўша Уларқуш муз қозиқдек осмон устунлари — муз тоғлар ёқалаб сайраб учиб ўтган чоғда ҳеч бир хатардан дарак йўқ эди. Кўкда бир тола ҳам булут кўринмасди, тавба. От туёқларининг тийғониб, тақаларининг тарақлаши, ўзларининг пишқираб, сесканиб бош силкишларини демаса, жимжитликни бузгучи ҳеч нарса йўқ эди. Ҳатто ғувлаган шамол эсиб қўймасди...

Орадан бир соатлар ўтиб, орқа ёнбошимиздаги баланд тоғларнинг теппасида баногоҳ осмон қарсиллаб ёрилгандек бир мудҳиш овоз эшитилдию... тоғлар парчаланиб тушаётгандек бир қиёмат кўпди! Қарасам, чўққидан кўчган катта муз йўлида учраган жами муз-тошлару қорларни суриб, пастга тушиб келмоқда, ваҳимаси оламни бузгудек!.. Отлар жон ҳалпида кишнаб юборган, Қори ака калима келтирар, Элчин ботурнинг сочи бир дақиқада оқариб кетган эди! Орқадагилар қочишга-да улгурмай кўчки тагида қолган эдилар, Чаман.

Ҳолимиз шунчалик экан-ку, дунё низомини тузамиз деб юрибмиз, Чаман?! Бу дунёда адолат топамиз, адолат ўрнатамиз, деб юрибмиз! Ўзимизни ким санаб кетибмиз?! Ундан кўра, бу ишларимиз Аллоҳга хуш келадими-йўқми, шуни ўйласак-чи! Аллоҳ ёрлақамаса, ниҳояти хатокор бир банда эканимизни ўйласак-чи! Қори ака ҳақлар: Аллоҳ розилигини истаб қилинмаган ҳар битта ишнинг охири кесикдир, войдир! Ниятини ўнглаб олмаган банда хатокордир! Охиратини ўйламаган киши бу дунёсини ҳам, у дунё-сини ҳам бой берган кимсадир! Ўзни ўнглаш энг катта жиҳоддир! Шу лаҳза, шу паллада мен энг тўғри йўлни кўриб тургандекман, Чаман! Сироти мустақим деганлари шу бўлса керак.

Аллоҳдан бизга мадад тила, Чаман.

Қиёматли ошнанг Султонмурод.

Кўчки тепани кўрганингда унинг тагида мангуга қолган сафдошларимиз ҳаққига бир калима Қуръон тиловат этиб қўйгайсан, ошна».

Нусрат сўраб дуо эт, Маҳфузам

«Маҳфузам, ёлғиз ўзинг менинг чин нажот фариштамдирсан.

Бир бўлса, сенинг дуои илтижоларинг Ҳаққа етиб, Унинг раҳмат-марҳамати билан бу довонга етиб турибмиз; бир бўлса, тақдири азалда Аллоҳимнинг Лав-ҳул Маҳфузга ёзмиши шундай — бошқаси бекор.

Булутлар билан ўпишган бу муз-довонга етмак, айтишга осон. Унга ё вафодор отнинг ёлига ёпишибгина чиқиб олмоқ мумкин, ё музлик пасайган кезлари етмоқ мумкин. Ҳа, жоним, бу муз довон ўсиб-улға-йиб, эриб-пасайиб туради. Шунда ҳам муз зиналардан уловсиз чиқишга йўл бўлсин!

Довончининг тош уйига етиб бир пиёла қайноқ чой ичиш ҳар кимга ҳам насиб эцин-чи! Биз беш биродаримизни муз қабру кўчкига бериб, чиқиб келдик бу ерга, Маҳфузам. Энди ўшалар учун ҳам яшашимиз керак, ўшалар орзу қилган, курашган дориломон кунлар учун бу фойдага қолган жонни аямаслигимиз керак. Аллоҳ ҳам рози бўладиган йўл шу, рафиқам. Яна нимани марҳамат қилади, Ўзи биладир.

Дунёнинг бир учидаги, қачондир Бобуршоҳ сафдошларию Ёқуббек лашкарларининг оёғи етган бу жой — бу довон шунақа Xудо қарғаган жой эканми, деб ўйласак, ғалати хабарчилари бор гўша экан у, жамилам. Биз қозиқтоғлардан қулаган кўчкидан эсхонамиз чиқиб, тийғона-тийғона йўлда давом этарканмиз, довондан юк-уловлари билан атак-чечак тушиб келаётган кичик бир карвонга учраб эдик. Бу диёрларнинг дахлсиз тижоратчилари бўлсалар керак, омонлашиб-хўшлашиб ўтиб кетиб эдилар. Беш соат ўтмай ўша карвондагилар ҳолдан тойган бир аҳволда қайтиб келиб қолдилар.

Худо уларни бир асрабдимиш: Уфорли сойликда қиёмат бир бўрон туриб, кўз очирмаётганмиш.

Шунда биз тепамиздан сайраб ўтган ўша Улар-қушни эсладик. Довончи айтди. Бу қуш хабарчи қуш эмиш. Музтоғнинг буюк қозиқтоғлари устида уйғонаётган хатар — бўрондан хабар бериб, сайраб, жар солиб ўтади экан! Шундан уч-тўрт соат ўтиб, Уфорли сойда росмана қорбўрон авжга минар эмиш. Биз бу қуш не хатардан хабар берди, кўчкиданми, деб ўлтирибмиз.

Биз-ку осон қутулибмиз, Маҳфуза. Аллоҳ асрабди. Лекин орқамиздан тушган ёғийни... ҳа, ҳа, Маҳфуза, кечагина нусрат топган ёғий лашкари ўша ғалабага қониқмай мўминларга довоннинг бу ёғида ҳам қиёмат азобини тоттирмоқчи бўлиб келаётган экан, Аллоҳнинг ғазабига учрабди-қўйибди.

Эшитяпсанми, Маҳфуз, Аллоҳ одил! У ҳамиша мазлумлар тарафида! Тожирлар ўз кўзлари билан кўрибдилар: бутун бошли лашкар жон олгучи совуғу бўронга учраб, қор остида қолганмиш. У ер-бу ерда отларнинг боши кўринадимиш, улар ҳам муз қотган.
— Субҳаналлоҳ! Қувонишингни ҳам билмайсан, ачинишингни ҳам, — деб сапчиб кетди Элчин ботур. (Ҳа, ҳа, ўша кўчки вақтида бир дамда сочи оппоқ оқариб тушган Элчин биродаримиз!) — Кеча нусрат бериб, бугун ғазабига дучор эца... ҳикмати не бунинг, Қори ака? — дерди у.

Ҳаммамизнинг ичимизда энг камгап, энг хокисор (шу чивиндек жони билан бу кураш-сўқишларда қандай юрибди экан?) шу одам бир оғиз сўз билан унинг ҳикматини айтиб қўяқолдилар:
— Ҳамма гап шундаки, чин нусрат олдинда. У мўминларга аталгандир. Қолгани синов.

Эшитяпсанми, Маҳфуз, ана, Аллоҳнинг адолати қандай! Чин нусрат биз тарафда экан, барибир. Қолган барча машаққатлар, мағлубияту йўқотишлар синаб-тоблантириш, иймонни чархлаш, кишини ўзининг суйган бандалари сафига қўшиш учун экан!

Нега ҳам сўникайлик энди?! Нега ҳам ниятлардан тонайлик, қайтайлик энди?! Нега ҳам энди ҳар нафас, ҳар қадамда Аллоҳга топинмайлик, сиғинмайлик?! Қўлимизни баланд этадиган ҳам, паст этадиган ҳам Ўзи экан-ку!

Ҳали боягина қай бир мамлакат, қай бир диёрга бош олиб кетдик, бу мағлуб бошимиз қаерга ҳам сиғди экан, деб келмоқда эдик. Бу хабарни эшитиб хам бўлган бошларимиз тик бўлди! Билакларимизу оёқларимизга мадор кирди! Ҳаммасидан дилимиз равшан тортган эди. Қараки, Аллоҳ биз билан экан!

Энди ҳалиги ҳикматни — нусрат алал-оқибат биз тарафда эканию қолган барчаси Аллоҳнинг синови эканини ҳар битта мўмин биродаримиз дилига жо қилмак биздан лозим эмасми?! Ана шу Аллоҳ биздан рози бўладиган ишдир, Маҳфузам. Ҳали шундай силаи раҳм жамиятлари тузайликки, ҳар қандай мў-мин — у хоҳи қора, хоҳи сариқ, бизга суяна олсин, шу жамиятимиздан ҳимоя топа олсин. Адолат шундадир. Унинг пок саболари, ҳали қараб турасан, ўша бизнинг она диёрларимизгача етиб боргай, иншааллоҳ. Фақат саҳарларги дуоларингда бизга нусрат тиласанг, бас, жамилам. Ўша мен боргандаги ваъдаларни унутмагайсан.

Султонмуродинг.

Довончининг Ёқуббек давлатманд давридан қолган «тош қасри»да ҳийла туриб, жануб вилоятларга тушмоқ ниятидамиз. Дуода бўл, токи Тангри таоло бояги олий ҳам покиза ниятларимизни ўзимизга йўлдош эцин. Омин».

Аччиқ бир қамчи ёхуд у қамчида не ҳикмат кўрмоқдасан, Чаман?

«Чаман, сенинг ҳам кўзингга бу дунё тордан- тор кўриниб кетганми ҳеч? Ўшанда нима қилгансан? Биламан, сен энсангни қашлаганча, секин жилмая бошлар эдинг. Буни кўриб рақибларинг талвасага тушиб қолардилар. Ким — бу тарз мулойим тортиб кетувингдан, ким — мана ҳозир қоплондек ташланиб қолувингдан ҳайқиб, тисарилиб кетардилар.

Мен-чи, мен қай алпозга тушардим, кузатганмисан ҳеч? Ўзим эслаб, эслай олмадим. (Балки алам аччиғи қўймаётгандир).

Ўша Бўзсув бўйларидаги қароргоҳимизга аскар ташлаб, ўраб олмоқчи бўлганларида ҳам, она диёримиз Каттабоғни ташлаб чиқишга мажбур бўлган чоғларимда ҳам дунё кўзларимга бунчалар тор кўринмаган. Балки энди у диёрга сиғдирмасликларини англаб етганимдан шундай бўлгандир. Балки у пайтлар эрта бириси кун қайтиб бораримга ишонганимдан — жимгина чиқиб кетгандирман.

Саккиз ботур — саккиз довқур сарҳад ошиб, аждаҳо комига кириб бориб, Тўрамни олиб кетмоққа кўндира олмаган кезимизда ҳам шунга яқин бир ҳолга тушиб, вужудимни бир нарса оташдек ўртаб ёндирган эди. Лекин алами бу қадар ўтмаган эди, Чаман.

Тўрамнинг сояи чеҳрадошлари — сохта тўрам бошчилигида жангга кириб, ёғийдан зарба еб, тўзиган чоғимизда ҳам, ҳатто Музтоққа ўрлаб бора туриб, орқадаги сафдошларимизни кўчки ютиб кетиб, музтоғлар аро уч киши ёлғиздан-ёлғиз қолган кезларимизда ҳам дунё бундан тор, бевафодан бевафо кўринмаган эди, Чаман.

Чаман, одамга алам қиларкан. Сен бу дунё ҳаётини гўзал қиламан деб, адолатли этаман деб, жонингни Жабборга берганинг сари у сени топтайди, ҳали у, ҳали бу ёнингдан аччиқ қамчиларини ёғдиради, савалайди. Нима бу? Дунё шундай қурилган кўҳна дорми ё? На адолат бор, на одил қози! Ё биз кетма-кет мағлуб бўлавериб, тўзигандан-тўзиб, бу диёрларга ҳам сиға олмаётганимизданми, ё мусофирлик бизга панд бераётирми? Ундай десам, Қори аканинг пандлари қаён кетди? «Биз Аллоҳга шукр айтиб, бу диёрга жон фидо эцак арзийди. Ансорлардек қучоғини очиб, кутиб олган бунақа қавм, бунақа юртни яна қаердан ҳам топгаймиз?! У чиндан ҳам Мадинаи сонийдир», деб эдилар у киши. Биз довон ошиб етиб келган вилоят кишилари чиндан шундай: битта майизни қирққа бўлишадиган, муҳожир деса, жонини бериб юборадиган. Қуда-қудағайини ҳам шунчалик эъзозламас.

Лекин ўзинг билган сиёсат, ўша сиёсатнинг исковичлари бу ерга ҳам етиб келиб, ҳаром тумшуқларини тиқмаган жой қолмабди, Чаман. Чақув, ғийбат уруғини сепиб, у кўзингни бу кўзингга ёв этмаган кунлари қолмади, Чаман. Шундай шароитда қози бўлиб ўртага тушиб кўр-чи, мазлумнинг тарафини олиб кўр-чи! Нусрат алал-оқибат биз тарафда эканини кишилар онги, қалбига сингдира ол-чи! Исботлай ол-чи! Ҳар битта мўмин суяна оладиган, ҳимоя топадиган силаи раҳм жамиятингни тузиб кўр-чи! Қалбингни тўр-тўрида асраган-ардоқлаган орзуларинг-ни амалга ошириб кўр-чи, ўзингни қаерда кўрар экансан!

Аммо улар шоҳида юрсалар биз баргида юролмаймизми деб тоғлар оралиғидаги бу вилоятда шу ерлик мард ботурлар билан муҳожирларнинг биродарлик жамиятини тузган эдик. Улар қўлни қўлга бериб, қиёматли дўст тутинган, қай бирларининг бошига мушкул тушса, бошқалари ёрдамга келиши ҳақида, лозим бўлса, жон фидо этиб, қутқаруви тўғрисида қасамёд этган эдилар. Xудди Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам даврларидагидек бир биродарлик вужудга келаётиб эди. Бу ишларнинг бошида Қори акам, Элчин ботур — учовимиз туриб эдик. Буни бир йилга довур ҳам билишолмай ҳукумат исковичлари ахийри орамизга сотқин тиқишди. Аъзоларимиз бирин-сирин қамалиб, режаларимиз барбод бўла бошлади. Сотқинни топмоқ, қамалганларни қутқармоқ лозим эди. Шошилинч, аммо қалтис режа тузиб, зобитлару турма назоратчилари кийимида марказдан келган текширувчилар қиёфасида биродарларимиз ётган қамоқхоналарга кириб бордик ва сохта буйруқ қоғозлари билан иш кўра кетдик. Сиримиз очилиб қолса, ё қаршилик бўлса, ўт очиб ёриб чиқишга ҳам тайёр эдик. Аммо довқурни Аллоҳ ҳам қўллайди экан, Чаман, омадимиз чопиб, ўнта биродаримизни шунаққиб қутқариб олдик.

Аммо бу ёғига ҳам қадамимиз назоратда — ҳар кўча бошию этагига исковучлар экиб ташланган — «тўрт кўз»лаб кузатар эдилар. Сотқинни эса, аниқлай олмаётган эдик. Шу ташвишлар устига, Чаман, мен учун кимлиги ўзингга аён, Мафҳузам бўй етмиш хонадондан (ҳа, ҳа, ўша уларнинг қишга мева сақланадиган ертўлаларида қирқ кун жон сақлаб, билмам кимнинг бахтига Xудо бир қайтиб берган қўрғонларидан) ҳеч кутмаганда одам келиб қолди. Уни бир кўришдаёқ танидим, Чаман. У раҳматли қайнотамиз Мирзахўжа ҳожимнинг кўп садоқатли қароллари — эшик оғаси Алимат қозоқ эди. Қай пуштидадир қозоқ уруғлари билан туташиб кетиб, икки гапининг бирида «ҳов-ҳов»лаб, «ой-бой»лаб қоладиган бу кепчик юзли одамни танимаслик мумкин эмас эди, Чаман. Садоқатни қараки, излаб-излаб, суриштира-суриштира топиб кепти. Шу келишида Музтоғни ҳам ошиб ўтибди. Мен бу довондан қандай ўтаман, деб қайтиб ҳам кетмабди.
— Қудайга шукр, ўзиззи кўрдим, Эшанайимнинг аманатларини ала келдум, — дейди.
— Қандай омонат? Ёхуд саломми? Ўзларининг тан-жонлари соғ-омонми?
— Қудай раҳматиға олған бўлсун. Бандалиқни бажа этдилар-ғўй.
— Ё Аллоҳ, у кишини ҳамми?.. «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун», — дея олдим юзимга фотиҳа тортиб. Эшик оғаси ҳайрат-ла боқди:
— Не деғайсиз, куяв тўрам?

Мен қайтардим:
— Биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва Унинг даргоҳига қайтиб боргаймиз. Xудо раҳмат қилсин.
— Ҳа, ҳа, раҳмат эцун. Кўп марҳаматли эдулар Эшанаюм. Шу кишининг васиятлари ила келибжатурман, билсанғиз.
— Васият? — деб юборибман. Ҳойнаҳой, куёвимга етказсангиз, у қизим бояқиш Маҳфузамга етказади, қора кийиб аза очади, бир калима Қуръон тиловат қилсаям ҳарна савоб, деб ўйлаганмилар онаизор. Мен шу хаёлда эдим, аммо...
— Аманат-ғўй... Айбға буюрмағайсиз.
— Айби нимаси, — дея олдим мен. Эшик оғаси эса қўйнидан оқ шохи рўмолга ўралган бир нарсани олиб, кафтида тутиб турар, мен уни оларни ҳам, олмасимни ҳам билмасдим. Олай десам, сарҳад йўли мен учун берк. Олмай десам, қайнонамнинг омонати, жондан азиз Маҳфузамга аталган. Олдим. Шоҳи рўмол ичида майиндан-майин шилдирашидан, сиқимга сиғиб-сиғмасидан марваридми, нимадир эди.
— Ачиб кўринг, куяв тўрам, — деди элчи, — қиёматда бу қўл, бу кўзлар-да гуваҳлиққа ўтғай.
— Дарвоқе, — деб очдиму нимани кўрдим, Чаман. Кафтимда ҳар шодаси нозик-адо тилла ипларга тақилиб, кейин барчаси қўш боғичга жамланган оппоқ марварид турар эди. Мен уни тилла ипию ҳалқали тилла боғичларидан, тўғрироғи, ҳилолмонанд тақинчоғидан таниб турар эдим. Улар биринчи кўрганимдагидек янги туққан қизғиш ойдек ярқирар эдилар.

Эшонойимиз нимадир бўлиб, унутилиб қолдирилган ўша ёдгор тақинчоқни жигарпораларига етказмоқни васият этардилар.

Элчини бир кеча меҳмон этиб, совға-саломлар билан жўнатдим-у, лекин ўзимга келолмасдим. Бу нима, Аллоҳнинг яна бир синовими ё диёрга юз бурмоқ керакми — била олмасдим. Ундай десам, мен у диёрга энди қандай сиғгайман, ватанда бир беватанга айланмасманми, ниятларим-чи, не бўлғай — ҳеч бир тўхтамга келолмасдим.

Бу ёқда эса, жамият ташвишларию бизни деб қўлга олинмиш, турмаларга тиқилмиш жоннисор ошналаримизни қутқармоқ билан боғлиқ юмушлар ётар, буни десам, омонат, омонатни десам, улар қолиб кетмоқда эдилар.

Ана шундай ичга қил сиғмайдиган кунларнинг бирида Оқсу гузаридаги дўконимда қиблага қараб, фаромуш ўлтирар эдим. Нега фаромуш? Тилимда «Алҳамдулиллаҳиллазию» кўз олдимда қаршимдаги сойлик эмас, Бўзсув тепаликлари бир-бирига ястаниб ётар эдилар. Негадир ўша қароргоҳимизга лолақиз-ғалдоқдек бўлиб, осмондан ҳов бирдагидек ёғий ёғилиб тушиб келар эди. Ўнгимми, ҳовфим, деб турсам... елкам аралаш бўйнимга илондек ёпишиб, аччиқ қамчи тушса дегин!.. Ўгирилиб қарасам, шаҳар қозиси! Аёнлари билан қаршимда савлат тўкиб турибди. Ҳаммалари отлиқ — от устида. Биз сингари пиёда дўкондорлару харидорлар эса, барчалари икки букилиб таъзимга эгилишганча қолишган. Кўзим қозининг билагидаги қамчига тушиб, феълим айниб-айниб кела бошлади. Чаман, ҳеч кимга айтмасам ҳам сенга айтаман. Нега биз бундай миллатмиз? Устимизга тўн ёпиб, тагимизга от берсалар, айниб қоламиз? Ўз миллатимизга паст назар билан боқиб, ўша от берганлар билан оғиз-бурун ўпишиб кетамиз? Шу ҳам ўз миллатдошим, диндошим, тепишиб катта бўлганим, бир имом ортида туриб намоз ўқийдиган сафдошим демаймиз? Ҳамма билан ўз туғишганимиздек соғинишиб кўришолмаймиз? Бизга қандай дард теккан, нуқс урганки, ичимиз кирланиб кетган, Чаман? Қачон одам бўламиз биз ҳам? Қачон бирига тикон кирса, бошқамизнинг ҳам жонимиз баробар ачийди? Мўминлар бир-бирларига биродардирлар, деган гап қайда қолди?! Ё саодат асри энди қайтмагайми, ундай замон келмагайми?

Эсиз, ҳатто биз ила биродар тутинган кишилар ҳам миқ этолмасдилар. Эвоҳки, ошна, биз писта пўчоқдан кема ясамоқчи эканмизми?.. Мен ана шундай ўксик бир ҳолатда эдимми, ё қамчи тушган ер— бўйним ҳали ҳам ловуллаб ёнардими, қозига терс қарадим.
— Ҳа, ботур йигит, Сизга алоҳида такаллуф лозимму?

Менга бу қочириқ қамчидан-да ўтиб тушган эди. Устига-устак атрофдан пичирлаб шивирлашарди:
— Эгил-егил. Букилиб-да таъзим эт, қутулгайсан.

Аммо мен тўнимни тескари кийиб улгурган эдим, Чаман. Ўзинг биласан, энди мени эпақага солиб бўлмасди. Терс ўгирилдим:
— Ажаб?! Таъзимни сўраб оладурларми бу диёрларда?
— Ўҳў, ўзига етгунча-ку бу?! — деди қози атрофидагиларга маъноли боқиб. Кўриб турибман, аёнлари имосига шайлар. Кўз учирсаю оёғимни ерга теккизмай олиб кецалар. Уларга шу керак шекилли. Бу ёқда эса, қўшни тожирлар пичирлашиб ўтинишадур: «Узр сўраб қўяқолинг, ўғлим...»

Аммо мен (ноҳақ қамчини унутганимча йўқ) шайтонга ҳай беролмай турибман.
— Узрни мен эмас, у кишим сўрашлари лозимдур!

Биламан, тилим аччиқ. Лекин бу тил ҳақдан сўзлар эди.

Қози жаноблари шунча халойиқ ичида ўзини ўнғайсиз сезиб, ўша таъзимдаги халойиқ томон аланглади. Афтидан у мўминлардан нажот кутмоқда эди.
— Астағфируллоҳиллази, таъзим қачондан бери... уятлу саналмиш?

Меники тутган эди:
— Қачондан берли қамчи таъзиму таъзир қуроли бўлиб қолмиш? Қамчинни шунинг учун тўқирларми бу юртда?

Биламан, сўзларим уларни чаёндек чақиб-чақиб олмоқда эди. Қозию шаҳар аёнлари ўзларини оқлашга сўз тополмасдилар. Ўртага оқсоқоллардан кимдир тушмаса бўлмайдирган бир вазият вужудга келмоқда эди. Мен эсам, тилимни тийгим келмай борар, шу билан ҳамма аламларимни бир йўла олгимми, нима қилгим келар эди:
— Муҳожирларга ҳамиша қучоғини очиб келган бу диёр, бу юртда наҳот энди қамчи кўтариб, таъзир бермоқни расм эцалар?
— Наузанбиллоҳ! Сиз ҳақсиз, бўтам. Бошқа сўзга тилим айланмас, — кутилмаганда қозикалон отдан тушиб, азза-базза қўлини кўксига босиб кела бошлади. Билагидаги ўша қамчи эса, кафтига ёпишган қўнғир илондек тўлғонар эди, Чаман. У кела тиззаларимни қучмоққа ҳозирлигини кўриб, кескин тисарилдим.
— Қўйинг. Энди бари кеч!..

У тўхтаб қолди. Нажот кутиб атрофимдагиларга қаради. Ўртага қариялар тушиб, яраштирмоқ ниятида елкаю куракларимни силамоққа тушдилар. Аммо бари кўзимга хунукдан-хунук кўриниб кетмоқда эди. Менинг ўксук кўнглим нимани истарди — ўзим билмасдим. Насиҳатлар қулоғимга кирмас, кирса ҳам малҳам бўлолмас эди.
— Йўқ, тақсирлар. Беҳуда овора бўлгайсиз, — дедим бош тебраб. — Тўн елкага тишланиб бўлди! Қамчининг ҳаққи эса, қиёматга қолди, қози бува. Xайр.

Ана шундай бўлиб қолди, Чаман. Бир қамчига шунча аччиқ, шунча жаҳлми, демайсан, ошна. Ўртада ғурурми, нимадир ётарди. Балки Xудонинг хоҳлаши шундай бўлгандир. Қори ака ҳам қароримни маъқул топдилар. Ўрнимизга (жамият тарқаганича йўқ, Чаман. У ҳали кўп яшайди!) ишончлув йигитларни қолдириб, ўша Музтоғдан ошгандаги сафардошларим ила яна бўлак диёрга бош олиб кетадиган бўлдик. Буни ҳижрат деб атайсанми, сафар деб санайсанми, ўзинг биласан, Чаман.

Сенинг изнингсиз шундай ишлар қилиб қўйдик, ош-на. Қийин-қийин — сенга қийин бўлди. Жабр-жабр— сенга жабр бўлди. Сен энди бизни қидириб топмоғинг, биз учун жавоб бермоғинг керак. Сен бизга шунча яхшиликлар қилганда, аждаҳо комидан қутқа-риб, қилча ёмонлик соғинмаганингда биз бундайин ишлар қилиб қўйдик. Узр, ошна, кетмасак бўлмасди у диёрдан. Кейин ўзингга қийин бўларди, сен ҳам қутқара олмасдинг у қора аждар домидан. Сенга умр-бод ташвиш орттириб юраман шекилли, Чаман. Чекингга шундай ўртоқ тушган экан, инжимайсан, оғайни. Ёлғиз қолганингда Тангри азза ва жаллага ўтиниб дуо қилгилки, кўришмоқни қиёматга қолдирмасин.

Омон бўл. Сен ишонган тоғлардан ҳам бир кун кийиклар солланиб-солланиб чиққайлар, иншааллоҳ. Xайр. Султонмуродинг.

(У диёрдан топилган охирги хат эди бу, қолганлари бошқа диёрлардан йиғиб келинган эди 1.)

Ким кимга илҳақ бу жаҳон айвонида?

Менга шундай биқинимиздаги даланинг энг баланд жойидан бир парчагина ер теккан. Дам олиш кунлари ўша ерда куйманиб ётаман. Куйманишки, дунё ташвишларидан жиндек бўлса-да, чалғиб, бош оғриқларни унутиб, одамга ўхшаб қайтаман. Айниқса, роса жазирамаларда офтобдан қочиб, пастак чайлачам тагига чиқиб олсам борми, унинг соясию ғир-ғир шабадасини ҳеч нарсага алишмайдиган бир ҳолга тушаман. Чинданам инсонга ортиқ нима керак, бу жаҳон айвонида? Пойингдаги бутун атроф-жавониб офтоб селига кўмилиб, живирлагандан живирлаб ёца-да, сен ўзингга лойиқ соя топиб, қуруқ ерга секин чўзилсанг-да, кафтга бош қўйиб, оёқ чалиштирганча, оламни унуцанг. Ўзинг айт, болаликда қолиб кетган бир фароғатни топгандек шу чалқанча ётишингни яна бирон нарсага алишиб бўладимикан?!

Камига чайла устига чирмашган жандуқлару печак гуллар анвойи гуллаб, уруғ боғлашга киришган, чайла устини кўк ёпинчиғи ила ўраётган бўлсалар. Саратон живирига тўлган осмон унинг ортидан кўриниб-кўринмаса.

Камига тепангдаги ёлғиз терак барглари шабадада кумуш капалаклардек шовуллаб, тагидан бир ариқ сув шалоплаб оқиб ёца.

Яна камига дала бошиданми, қаердан гуркираган райҳон ҳидларини «ўғирлаб» бир майин шабода чайла тагидан ғир-ғир ўтаверса, тинмаса... Ўша еллар олиб қочган райҳон ҳидларининг сочилиб-тўкилгани ҳам сенга етаверса... Унинг гаштига нима ецин, бу жаҳон айвонида?

Ана шунда ҳамма нарсани унутасан-да, фақат ўзинг илҳақ нарсаларгина қолади...

Чайланинг қуруқ шохига чиқиб олган бошмалдоқдек кўк бешиктерватдан (у ҳам чайла соясида ором оляпти!) кўз узмай ётарканман, пастданми — қаердан машинанинг «бибип»лаб чақирган овозими, нима эшитилгандек бўлаверарди. Яна бир болакай: «Амақу-у, Мақсуд амақу»лаб чақирар, овози элас-елас келар эди. Эринибгина бош кўтарсам, даланинг ҳов пастида майсаранг бир «Жигули» турибди. Ким бўлса экан? Эгаси ҳали тушмаган, аммо чақираётган болакай эса, эгат ўртасидаги йўлдан чопиб келар, қўлига олволган дўписини силкилаб чарчамас эди.
— Амақу-у, Сизну чақиришопту... Амақу-у, қаердасиз?

«Ким? Ёдгортойми?! Нима бўпти?!» деб дик этиб туриб опман!

Ҳалигина: «Қани эди, шу тобда азиз кишиларингдан бирортаси қидириб келсаю, манави сояда бир тўйиб отамлашсак...» деб кўнглим кетмаб эдими, тавба. Нима бу? Ниятга яраша деганлари шумикан?

Эгат ўртасидаги йўлга қараб юрмасимдан ўша майсаранг машинадан жуда ҳам таниш одам тушиб, юрагим хаприқиб кетди! Ие, жаҳонгашта акагинамнинг ўзларими?! Бундай оқ кепкани ундан бўлак ким ҳам кияркан?! Ўша жаҳонгашта кийсин-да! Бир кетганча бадар кетадиган ўша изқувар кийсин-да! Акажонимнинг дайди ошнаси-ку! Қандай хабарлар билан қайтибди экан у Шерлок Xолмс? Жаҳондаги гадойтопмас барча об-ҳаво истансаларининг тентироқ кезувчиси, тиниб-тинчимас Чаман акамиз-ку!
— Э-е, Xизрни йўқласам бўлмас эканми?! Тушимми, ўнгимми?! — дея қанот чиқариб пастга югурган жойимда у ҳам бир тўлғониб қад ростладию қучоқ очганча ўшаёқданоқ эмраниб кела бошлади. Аммо кошки эшицам, қандай эркалаб, нима номлар билан атаётганини! Оғзидан қандай сўз, муждалар учаётганини! Фақат у ҳам мендан баттар соғиниб югуриб келар, узоқ кўришмаган кишиларгина шундай талпинмоқлари, бир-бирларини соғинмоқлари мумкин эди.

Қолаверса, у жондан азиз акажонимни излаб кетган эди, уни излай-излай бир ерларга етган эди! Қандай дараклар билан келди экан энди?..

Даланинг ўртасида бир-биримизга етиб бордик. Етиб бордигу чирмашганча қолдик. Офтоб селига тўлган даланинг қоқ ўртасида туриб қолганимизга ҳам, ташлама ариқ бўйида тизза бўйи ўсиб уруғ боғлашга тушган ўтларни босиб-янчаётганимизни ҳам унутиб, гир айланардик. Қучоғимиздан қўйиб юбормасдик. Қўйиб юбормасдигу қучиб ҳам, ялаб-юлқашиб ҳам тўймасдик.
— Бор экансиз-ку, шунчалар ҳам бедарак кетадими одам?.. — дердим мен.
— Келдим-келдим. Узоқиб кетган бўлсам, узр, соғинтириб қўйган бўлсам, кечирасан, пакана пари. Шунақа бўлиб қолди, чўзилиб кетди сафарларимиз. Фақат айбга буюрмайсан, сўкмайсан, пакана пари, — деб ўтинарди у.
— Нега, Чаман акажон, соғинганимиздан, кутавериб кўзларимиз тешилганидан айтаман-да, — дердим мен.
— Эшитдим барини, эшитдим. Мингдан-минг раҳмат сенга, пакана пари. Йўқлигимни билинтирмабсан. Ҳаммасига ўзинг гиргиттон, ўзинг балогардон бўлибсан! Тоғдек ҳимоячилари бўлиб ўтирибсан! Табибларга бориб эм-дориларини топдирибсан! Касалхоналардан олиб чиқибсан! Ёлғиз қолдирмабсан. Чин укалик қилибсан, Мақсуд! — дея, алқаб бир ерларга етарди.

Куракларимни силаб, бағридан бўшатмасди. Мен ҳам бу сўзлардан эригандан-ериб борардим. Ҳамма қийналганларим — барча югур-югурларнинг, ўлиб-тирилганларимнинг қийноғи, алами тарқаб борарди. Гўё биров эмас, Чаман акамнинг ўзи уни кўксимдан сидириб олиб ташламоқда эди, қушдай енгил тортиб бормоқдайдим.

Кейин ўзи қучоғида даст кўтариб, ерга қўяркан, елкамга қоқиб:
— Оббо, пакана пари-ей, шунақа ҳеч ким топмас жойларга чиқиб олиб, ғир-ғир шабадалар билан тиллашиб ётибман дегин? Даламиз бор, бу дунё ғурбатларидан ёзилиб кетадиган жойимиз бор, дегин? Юр, юр, ўша чайлангга чиқайлук. Бирпасгина бўлса ҳам дунё ташвишларидан узилиб, ариқ бўйларида ўтирайлук. Ғуборлардан тозаланайлук, — деб қистай кетди. — Бундай жойлар ҳам ғанимат.

Ёдгор эса, бу гапни эшитганданоқ отланиб қолган, ўрта йўлга тушиб олиб, ҳали у оёғида, ҳали бунисида ўйноқлаб борар, йўлакай ғумайларнингу бошоқ тортган бедана ўтларнинг бошини юлиб-отар эди. Ҳали ариққа ецин, балиқ бўлиб сувдан чиқмай қолади шекилли! У ўзи билан ўзи андармон экан, биз эса сўрашиб-исташиб, чайла тагига чиқиб бордик. Чайлаки, бир неча тол ходаларини эгиб-боғлаб, тол истакларию чўплари билан ишкомдек ёпиб, камига икки ёнидан жандиғу чирмовиқ гулларни чиқариб юборган эдим. Ариқдаги сувнинг айқириб оқишию унинг бўйидаги ёлғиз ёш теракнинг бийдек даланинг қоқ ўртасида кумуш укпардек «шилдираши»ни демасангиз, айтарлик жойи йўқдек. Аммо Чаман акам ҳали ариқдаги сувда юзларини пишиб-пишиб чайиб, ҳали эгат бошидаги қарқираб ўсган жамбилу райҳонлар оралаб, ҳидларини гуркиратиб тинчий қолмасди:
— Оҳ-оҳ, жаннатнинг бир бўлаги-ку! Ҳар тарафдан ором ёғилиб ётибди-ку, — дерди.

Чайланинг тагига кириб эса:
— Ана шабадаю мана шабада! Бунақа жойни яна қаердан топасан?! — деб туриб қолди. — Вой, сен— пакана пари, шунақа ғир-ғир шабадаларнинг йўлини топиб чайла қурганмисан? Фақат аврама, зўр деҳқонлар ҳам бундай жойни тополмайдилар-ку, — дерди у.
— Нега аврайин, менга ўзи шундай баланд — кўкча ер тушиб қопти, — дедим ийманиб. Ўзим эсам уни ўтказгани жой тополмай, қуруқ шолча устига нима ёзаримни билмас эдим: Чаман акамдек бир одам озиб-ёзиб бир келиб қолганида... тагига солишга битта кўрпачам бўлмаса-я!..
— Буям бўлса, сенинг бахтинг. Ўзи омади чопган йигицан-да, пакана пари. Ҳамма ҳам сендек бўла олсин-чи, сидқидил бўла олсин-чи...
— Қани, қаерга ҳам ўтқаздим? Ёки манави бир қучоқ печакни тушаб бера қолай, — деб уринардим мен.

У кўнмади.
— Қўй, тегма, қўзичоқларнинг ризқига. Одам ўтирса емай қўяқоладилар. Ундан кўра, мана бу ерга чўкиб, оёқларни узатиб юборамиз-да, даланинг эрка шамолларига юз тутамиз. Қара, ердан ҳам оёқларга хуш ёқиб, муз чиқяпти! Кўпдан одамга ўхшаб, бунақа жойларда ёнбошламаганмиз. Ернинг таптини туймаганмиз. Қўй, пакана пари, одамни бу бахтдан бенасиб эт- ма, — деб туриб, кутилмаганда у қўлини дуога оч- ди, — Қани, омин, сени ҳам кишти-корингга Аллоҳ барака берсин. Яна кўп йиллар шу ерлар, шу елларнинг файзидан бебаҳра этмасин.

Далага келиб, ялангоёқ тупроқ кечиб, ариқларда чўмилиб, дарахтларга осилиб юрган Ёдгортойнинг бўйи анча тик тортиб қолган, ҳозир ҳам ўйинқароқлигига бориб, ариқнинг у бетидан бу бетига сакрар, ниначими — нимадир тутишга андармон эди. (Ҳали ариққа тўғон бўлиб, ўзидан ошиб ўтган сувлар шаршарасига беш кетишга тушсин, офтобга чиқиб ётиб, яна ўзини сувга отишга тушсин, тўхтатиб бўпсиз! Бу ердан кетгиси ҳам келмай қолиши аниқ).

Биз эса, бундан фойдаланиб, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб, кўнгил овлашга тушиб кетганмиз. Мулозаматларимиз чўзилгани сари дил ҳаприқади. Ниятга кўча олмай ҳалакман. Бир чеккаси ўзи соғ-омон қайтганидан бошим осмонда, кўнглим хотиржам тортиб бораётган бўлса-да, муддаога кўчишга бир интиқ-бир интиқманки, қани мавриди кела қолса. Ўзи ҳам одамни қийнамай муродга кўча қолса бўларди.

Бунга сари ичимга «нима, шунча юриб, изини тополмабдими, нега жим, гапни айлантиради» деган шубҳаю гумонлар оралайди. Ўзимни эса тилим айланмаяпти, ирим қилиб, оғиз очолмаяпман. Ниҳоят, у қай бир юртларнинг жазирама офтобида куйиб қорайган юзларини ишқаб, бошидан (ўша айвончаси силлиқ елиму ўзи латтадан тикилган) оқ кепкасини олиб, чайла бағазига иларкан:
— Айтмоқчи, анув осори-атиқашунос учрадими? Мен йўлдан сенга бир нарсалар бериб юбориб эдим?— деди негадир бетимга қарамай.

Юрагим така-пука бўлиб келиб, шув этди! Сездимки, ундан ортиқ бир нарса топмабди. Топса, айтарди-ку! Айтиб, суюнчи оларди!.. Наҳот акам?..

Йўқ, тишни тишга босмоқ керак! Ҳалитдан ёмон фол олишга нима ҳожат? Акам бўладию беиз-бедарак кетадими?! У ёлғиз ўз бошини ўйлаганлардан бўлса эканки, қўрқсам?!.
— Берди-берди, келтириб берди, у омонат хатларни асраб қўйибман, ҳеч кимга кўрсатмай.
— Баракалла, яхши қипсан, ҳали мавридимас, — деб у менга миннатдор қараб қўйди.
— Ҳали яралар битмаган, кўтара олмайди, дейсиз-да? — дедим ичим ачишиб.
— Ҳар нарсанинг давоси вақт, тура турсин, — деди у узатиб юборган оёқларини негадир тинимсиз силаб-сийпаганча.

Бу гапдан ичим узулиб, ўзимни беҳол сездим: бояқиш, кеннойим, яна қанча кутади экан? Сабри етадимикан? Шу хаёлларим ўзимга ўтиришмай ич-ичимдан бир норозилик уйғониб келмоқда, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетмоқда эдим: Айца айта қолмайдими, нима бўлганини? Одамни бунча хат қилмай!

У суюб тикилди:
— Сенга минг раҳмат. Ўз жигарингдан ҳам аъло кўриб, хизматлар қилибсан. Жужуғинию ўзини кўз қорачуғингдек асраб ўтирибсан. У дунё-бу дунё унутмайдиган бир иш қилибсан.
— Кимга? — дедим бир хижолатларга ботиб.
— Уларга-да, кимга бўларди. Аканг учун, мен учун.
— Қилсам кимга қипман, бегонами? — дедим ўпкам тўлиб кела бошлаб.
— Аллоҳ рози бўладиган ишни айтиб қўйган яхши-да, — деди у.
— Бир менинг қўлимдан нимаям келарди?! Сиз шу раҳматларингизни бошқа бир кишига айцангиз ярашарди, — дедим чинига кўчиб.

Чаман акам илкис қаради. Бу нигоҳ ичимнинг туб-тубларига қадар сингиб боргудек эди.
— Чин гап ҳам шу. Агар Тўрам тақсир ёрдам бермасалар, паноҳларига олмасалар, бир менинг қўлимдан нима ҳам келарди...
— Чиндан ўша киши-я? Тангритоғда давлат қуриб, кейин биз... бизникилар ўғирлаб келган, уй қамоғида ўтирган зот-а? — деди ҳайратланиб.

Яширадиган ҳеч нарса қолмаган эди:
— Ҳа, ўша — акамни биладиган, унинг номини тилдан қўймайдиган киши.
— Биламан, — деди у яна тиззаларини силай бошлаб. — Аканг ҳам у кишига кўп эътиқод қўйган, ишонган эди. Буюрсаёқ, осмондаги юлдузни узуб оладиганлардан эди. Йўллари айри тушдию ниятларига етолмадилар.
— Нима, акам?.. — деб юбордим юрагим хунук бир қалқиб.
— Ҳа, у диёрдан чиқиб кетганча, ҳеч ерда қўним тополмаётир. Тарих ўз ниятидан қайтмаган бунақа дарбадарни кўрмагандир...

Чайла тагида шабада бир дамгина тўхтаб, олам тандирга айлангандек, қизиблар кетдим. Бу хабардан ё нафасим ичимга тушиб кетган, ё бир бўлса, юрагим урмай қолган эди! Бетоқатланиб, чуқур бир тин олиб эдим, шуни кутиб тургандек Аллоҳ ҳам ушлаб турган елларини қўйиб юбордию кўксимга аввалгидек бир енгиллик кириб, одам ҳолига қайтдим. Ўзига шукр. Бу ғир-ғир шабадаларини бирпасгина қўйиб юбормай турса, нима қилардим, ҳолим нима кечарди?! Яхшиям қўйиб юборди, марҳаматини дариғ тутмади. Акамга ҳам шундай марҳаматини дариғ тутмаса, нима қилади экан? Сарҳадларни очиб юборса, нима қилади экан? Ё бирон бошқа атагани борми унга?
— Шунинг учун ҳам ҳийла кечикдим. У кўчиб ўтган диёрдан топганларим эса, ёлғиз шу битиклар бўлди. У ёғи қаерга кетиб, қаерда қўним топгани маълум эмас, — деяр эди Чаман акам. Мен эсам, буни англаб тургандекман-у, қўлидаги ўроғлиқ нарса яна хатларминима эканини фаҳмлаб етолмаётирман...

У ёқда эса иккала қўлчаси ила тўғон қозиғигами, нимагадир ёпишиб олган Ёдгортой зўр бериб сувни шалоплатар, оламга сиғмай яйрар эди. Бу ёқда эса, биз ўз ғамимиз ўзимизга етиб, бир-биримизга тикилишиб ўлтирибмиз. Ғир-ғир эсган шабадалар ҳам ўша ғамларимизни кўтариб кетолмаётгандек. Шу ҳолда яна қанча ўтирамиз — ўзимиз билмасдик.

Чироғбонига зор гўша ёхуд булбуллар чаҳ-чаҳлаган бир чорбоғ

Бекободнинг Ширин шаҳрига икки кунлик сафар билан кетган эдик. Сафар ҳам шошилинчроқ эди. Эртасига тушларга яқин қайтиб келсам, мени кимдир сўроқлабди. Камига келиши ила қўнғироқ қилсин, деб телефон нумерини қолдирибди.

Рақамидан танимадим-у, лекин ичим ҳаприқиши қолмасди. Xудди бирон қариндошимиз тўсатдан оламдан ўтгану мен жанозасига ета олмай қоладигандек эдим. Ахийри сабрим чидамади. Берилган нумерни терсам... Олим акам!
— Э, менинг мирзо холаваччам, қаерларда юрибсан? Бунча сафаринг кўп экан, юришларинг кўп экан сенинг?! Насиба қўшган экан, тезда етиб кел. Ҳамма холаларимизу тоғалар йиғилишиб ўтиришибди. Битта сен йўқсан.
— Тинчликми, ўзи? Қаерга етиб бораман, қандай йиғин? — дедим, бу гўша қаерда эканини ҳеч ақлимга сиғдиролмай.
— Қаерга бўларди, пакана пари. Бизнинг янги ҳовлига-да... — Кейин «дарвоқе сен билмайсан-а», деб тушунтира кетди. — Бир таксига ўтир, кеца мирзодан кетибди. Аммо бу йиғиндан қолма. Кейин афсус қиласан. Қариндошларни битта қолдирмай йиғиб келганман. Кутаман-а?!

Шуни айтадилар-да, насиб қилса келар Шому Ироқдан деб. Ўзим ҳам Каттабоғу Яккабоғлар бузилиб, ҳар ерга тўзиб кетган қариндошларимни соғинган эдим. Қолаверса, ишли одам — бошқа пайтда бориб кўргани вақт тополмайсан, вақтинг бўлса, бошқа ташвишлардан ортиб етолмайсан. Шунақа йиғинларда дийдорларига тўймасанг, қачон тўясан! Xолалару тоғалар ҳам қариб қолишди, ҳаммалари ғанимат. Дуоларини олиб қолганга, хизматларини қилганга нима ецин! Ундан ташқари бу акам тушмагур миқ этмай юриб, исини ҳам чиқармай қаердан ҳовли-жой қилибди экан? Нега қаватимизга боравермай, сойлик-тепалик демай Бўзсув бўйидан жой қилибди экан? Нияти нима? Сўққабош одам— иссиғи бор, совуғи бор, ҳовли-жой қилмоқчи экан, бир оғиз айтмайдими, қаватимизга яқин жойдан топмаймизми?
— Ўзинг биласан, Боғободнинг таги билан ўтган йўл бор-ку, ҳозир автобус қатнаётган? Омон қолган лагерларнинг пастида полковникларнинг боғларини кўрганмисан? Ўшатта тушасан. Нақ Бўзсув бўйида. Қайнамага етмасдан, — деб тушунтирди акам.

У ерда қандай бўш жой бор экан, иморат солса бўладиган, ҳеч ақлим бовар қилмас эди. Шунча ўтиб, кўрмаган эканман-да?! Мен Бўзсув ёқасидан жой қилган полковникларнинг мевали-мевасиз дарахтлар ўраб, чакалак бўлиб кетган боғларини билар эдим-у, лекин кечалари лагерларга кино кўргани шунча девор ошиб борганимиз билан, у боғларга юрак ютиб кирган эмасдик. У гилосзор, нокзорли чакалакларда кеча-кундуз булбуллар чаҳ-чаҳлаб ёца-да, биронтамиз икки қават шоҳ-деворларни ошиб ўтмаганмиз. Симга боғлиқ занжирларини судраб, акиллаб берадиган итларига юрак ютиб яқинлашиб бўлади эканми?! Шоҳдан кирган бола тугул қуёну мушукларни ғажиб ташлайдиган у итлар ҳали ҳам бор бўлса керак. Олим акам келиб-келиб, ўшаларнинг қаватидан жой қилибдими? Ҳукуматга хизматлари эвазига беришибдимикан ё сотиб олдими- кан?

Мен шу хаёллар билан асрга яқин айтилган жойга етиб борар эканман, унинг қаватимиздан чиқиб, бошқа ерда жой қилганига ҳеч тушуна олмасдим. Кейинги пайтларда унинг камнамо-камгап, худди ичимдагини топ қабилидаги одамлар сирасидан бўлиб қолгани шундан эканми ё?..

Боғободнинг пасти билан тушган ўша айланма йўлни демаса, у атрофда янги ҳовли-жою қурилиш отининг ўзи кўринмас, Олим акам қайси жойни тушунтирибди экан, тусмоллай-тусмоллай, йўл ёқалаб борар эканман, ўша машҳур полковникларнинг боғ-ҳовлиларига етиб қолган жойимда янги қўш дарвоза билан якка тавақа эшик кўринди. У ёғи ҳам, бу ёғи ҳам ғиштин девор эди. Шунақа расамади билан терилиб ўралганки, қанақа идора экан, дейсиз.

Мен кимдан, нима деб сўраримни билмай тараддудда эканман, шу маҳал ҳалиги эшикдан хайр-хўшлашиб тиш кавлаган қариялар чиқа бошладилар. Улар қай бирлари алқаб, қай бирлари кекириб, дуо қилиб чиқишмоқда эди. Шу ер эканми, камина эҳсондан кечикибтиларми, дея яқин бораримни ҳам, бормасимни ҳам билмай, иккиланиб турарканман, кузатиб чиққанлар орасида поччанию Қўлдош тоғамларни кўриб қадамимни тезлатдим. Қариялар саломимга алик олиб, гурунг берганча йўлни кесиб ўтиб кетдилар. Афтидан улар масжидгами — қаёққа шошар, олдинда бораётган оқ салла, сидирға халатли занжи башара имомдан ортда қолмасликка тиришар эдилар.

Танидим, бу ўша қироати ширали, аммо бидирлаб гапирганидан нима деяётганини илғаб олиш қийин бўлган тарашадек озғин домла эди. Бизникилар Чўпон ота масжидининг бу домласини — нимасига ихлос қўйишган — ҳеч йиғинга канда қилмай айтишади, тушуна олмасдим. Балки қироати учундир— Қуръонни ҳурматидан. Яна ким билади. Шу тоб поччанинг кўзлари менга тушиб қолди.
— Ие-ие, Мақсудхўжа, ўзингмисан? Кепқопсан-ку. Кир-кир, болам. Xолаларинг сўрайвериб бир ерга етишаётувди. Етиб келганинг кўп яхши бўпти, кўп яхши бўпти. Ҳой, Олим, қанисан, жигаргўшангга қара, орқамизда қоладиган жиянларингга қара, — деб алқай кетдилар. Мен ҳижолатларга ботиб, бориб кўриша бошладим.
— Узр, хизматчилик, топиб келгунчаям вақт ўтиб кетипти.
— Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ. Масжид қавми чиққани билан ҳамма қариндошлар шўтта — ичкарида. Ҳеч ким тарқагани йўқ, кира қол, — дедилар Қўлдош тоғам ўзларига ярашадиган бир тарзда, ўша-ўша лаб четида суйиб, илжайиб турганча. Ҳаммадан Олим акамнинг боши осмонда эди:
— Ана, ана, қандай ярашиб турибди келганинг. Аввалроқ айтмайсанми, сафарим бор деб, булар кўзимни очиришмаётиб эди. Келиб юзимни бир ёруғ эттинг, оқлаб юбординг барча гиналарниям. Ўзинг зўрсан, мирзоларнинг мирзоси, менинг чин холаваччам. Акагинамнинг суйган пакана париси, бағримни тўлатдинг, — дея бағрига босиб, ичкарига етаклай кетди.

Мен ҳеч кутмагандим. Унинг бунчалар яйраб кетишини, боши осмонга етиб алқашини. Ким туфайлидир мени бунчалар еру кўкка ишонмаслигини. Ёки булар ҳаммаси йўлига — мулозамат учунми? Ундай десам, киприклари намланиб, азза-базза кўзига ёш келган, овози ҳам бир тарз ўзгариб, сўзлари бўғзига тиқилиб бораётир... У ҳам одам экан-ку ўзимиз қатори. Жигарчиликни биларкан-ку. Қадри энди ўтибдими акамнинг? У акамни эслаб кўнгли бузилиб кетганини мен энди кўриб туришим эди...

Иккита бир хилда қилиб, ёнма-ён қурилган, локи қотмаган қўш дарвозанинг беригисидан ҳовлига кириб бордик. Қарангки, дарвоза иккита бўлгани билан ҳали ўртадан девор олинмаган, ҳовли жуда кенг, пастдаги боғ-ишкомлар узун кетган, йўлкалар бир расамадли, мева туплари ундан-да режали, акам боғ ҳовли олибдими, янги ҳовли-жой қилибдими, бир қарашда билиш қийин эди. Шу кенг ҳовли-боғнинг бир тарафида кунга қаратиб солинган қўш қаватли, айвонлари кенг-кенг, ёғоч зиналари бир чиройли, пештоқи ажаб ўймакорли нақшлар билан нақшланган, айвон панжаралари ярқираган, ўзи ихчам-у, лекин кўкракдор оқ бино кўринар, худди унинг қаршисида— азим дарахтларга кўмилган боғ ичида унга қаратиб солинган худди ўшандек бошқа бир оқ бино кўзга ташланар эди. Гўё бири бошқасининг улкан ойнасувдаги акси-сувратидек одамни лол қолдирар эди.
— Жур, жур, мана бу ёққа жур. Аввал азиз холажонларимиз, тоғаларимиз билан омонлашиб ол. Сени кўриб кўнгиллари жойига тушсин. Сўрайвериб ҳам ҳоли-жонимга қўйишмади. Кўрсатиб ўзимни оқлаб олай, жур.

У мени ўнг қўл томондаги ўша азиз холажонларимнинг таниш шовур-шувур овозлари келаётган оқ уй томон бошлади. Ҳовлида патнису идиш-товоқ кўтарган аёллару хизматчилар кўринар, мен қай гўшага келиб қолганимни билмай гангиб қолганимдан қай бирлари ким эканликларини саломларига алик олибгина танимоқда эдим. Қолаверса, салқин болалайдиган бу ҳовлида аллақандай овлоқ боғлар, чакалакларнинг ҳавосини туяётган, ариқлардаги шилдирабу ўйноқлаб оқаётган сув қаердан кириб, қаёққа чиқиб кетаётганини ҳали англаб етмаган бўлсам-да, унинг саришталигими — нимаси, ёққандан-ёқиб тушмоқда эди. Қачон экилгани номаълум, аммо ерни хоҳлаб қолиб, тоза бўй талашиб ўсган кади ноклар тагига тушган иморат шунча кўкракдорлиги билан ҳеч қисиниб қолмаган, қайтага узукка кўз қўйгандек ярашиб турар эди. Ишкомлар ортиданми, қай тарафдандир катта сув салқинига қўшилиб, ёввой ялпизу сув ўтларининг омухта ҳиди келар эди. Мен уни танигандек эдим, бу салқинлигу болаликдан таниш бўйлар кўксимга мойдек оқиб кирмоқда эдилар. Ўзимни Бўзсув бўйларида тургандек ҳис қила бошлаган эдим. Олим акам чиндан полковниклар қаватидан жой олибдими? Унда бу боғ, анави ишкомлар сув бўйига қадар тушиб боради, десанг-чи. Ҳали пастда аллақанча тепалару сойлар, чакалакзорлар бор, десанг-чи. Балки сават ташлайдиган, балиқ тутадиган жойлари ҳам бордир? Бу орада биз панжарали айвон ўртасидаги ковшандоздан ўтиб, икки ён тарафдаги болохонага олиб чиқадиган ёғоч зиналарни ортда қолдириб, ичкари кириб борган, олтмиш чоғли одам сиғса мумкин бўлган зол остонасига етган эдик. Паркет полли бу йўлак-ковшандознинг икки тарафида яна безоғлиқ меҳмонхоналар кўринар, у ерда ким бор, ҳалиги чиқиб бораётган чоллар қаерда кутилди экан, дафъатан ажратиш мушкул эди.
— Кел, кел, шу золга ўтавер, Усмон тоғангу Норхўжа поччалар шу ерда ўтиришибди. Ие, ана холаларимиз ҳам чиқишибди. Ҳаммалари билан шу ерда кўриша қоладиган бўлибсан. Xола, қаранг, мен кимни бошлаб келяпман. Қочқоқ ўғлингизни обкелтирмагунча қўймадим, қаранг, — деб Олим акам бир яйраб, бир керилиб кириб бораркан, хурсандлигини яширмас, очилиб-сочилиб кетган эди.

Кенг-кенг, қўшқават деразалари орқа боғга қаратиб очиб юборилган зол ойналари кўплигиданми, ё деворлари ганчкор, камига худди театр золларидагидек ўрталарига тошойналар ўрнатиб зеб берилганиданми, уй ичи яна ҳам кенгайиб кетгандек эди. Нариги тарафда ҳам худди шундай зол бордек, у ерда ҳам одамлар ўтиришгандек таассурот туғдираверар эди. Олим акам бекорга дунё кезмаган экан, уйини хон қасрию саройларидан қолишмайдиган қилиб безаттирган эди. Булар учун ёлғиз диднинг ўзи камлик қилар, ҳавас-иштиёқнинг ўзи ҳам етмас, жуда катта маблағ ҳам керак эди. Нима бало, анув йилт янги «Волва»ни лойлаб, ҳаммасини шу ерга урибдимикан?

Мен кўришишни катталардан бошлаган эдим. Энг тўрда қачондир улоқда лат еган, ёзсалар йиға олмай, туришга қийналадиган оёқларини хонтахта тагига чўзиб юборганча, қўша-қўша кўк духоба ёстиқларга ботиб, Усмон тоғам ўтирар, ёнларида тиз букиб, чўккалаганча дароздан-дароз Норхўжа почча чой қуйиб, гурунг берар эдилар. Улар ўлгудек чистончи-ҳазилвон бўлганларидан ҳозир ҳам аллақайси тоғамиз бировга яхшилик қиламан деб, қовун тушириб қўйганларини кула-кула ҳикоя этар эдилар. Мени кўриб, почча узун қўлларини чўздилар:
— Ие, ана, гап ўғриси ҳам кепқопти-ку. Саломхон, буниз биз ўтиб кетгандан кейин ҳам мана шу воқеаларни эслаб, китоб ёзиб юрмаса эди, денг. Одамни кимларга шарманда этиб. Биздики, беғараз, жиян, ёзиб юрмайсиз-а?
— Нима, ёмонми, почча, — деб кулдилар Усмон тоғам юмшоқдан-юмшоқ, худди куйлагандек эшитиладиган бир товушда. — Шунақа дали-ғули одамлар ҳам ўтган экан-да, деб эслаб юришади.

Почча қўлимни қўйиб юбормай бош чайқадилар:
— Эслагани яхши-ю, шайтони зўр экан деб тушунмасалар бўлгани.

Пишиллаб-харсиллаб кириб келаётган Нусрат почча билан Қўлдош тоғам бу гапдан яйраб кулишди.
— Шойтониз ҳам бордир — ўзиздек? — дедилар Нусрат почча тегишиб, — Унга ўзиз бас келмасангиз, унақа-бунақа одамни тентиратиб қўяр-е. Қаердан илаштиргансиз уни?

Тоғалариму холаларим қайси бир воқеани эслаб, барчалари кулишди.
— Чакалакнинг шайтони-да. Қаерники бўларди,— деб қўйдилар катта холам, — одам жой танламай ётиб қолавурса, шу-да.

Яна кулишди. Шу асно почча менинг қўлимни қўйиб юбориб эдилар, бошқалар билан ҳам кўришиб чиқа бошладим. Тоғаларим дуо қилиб, холаларим эса, елкаларимга қоқиб, куракларимни силаб кўришишди. Кейин ўтириб менинг ҳаққимга, Султонмурод акам, Олим акамларнинг, барча орқада қоладиганларнинг ҳаққига дуо қилишди. Ҳаммалари бир оғиздан «Илой, шуларга тўзим бергин, иттифоқлик ато этгин, орқамиздан чироғимизни ёқиб ўтиришсин, туп қўйиб палак ёзишсин» деб, дуолар қилишди. Кейин «Мана бу сенинг насибанг, ол, ол, мунтазир қилма» деб шўрваю манти олиб келишди.
— Мантини Маҳфуз кеннойинг қилди. Ҳар галгидек бир ўхшабди, бир ўхшабди. Ол, болам, хамири пиёзни пўстидан юпқа тортиб кетипти, ол, — деб ойим қистадилар.
— Барака топсин, кўп пазанда экан, бу тоғлик келинимиз, — деб алқадилар Мубор холам.
— Қўйинг, опа, ҳамма мақтасаям сиз мақтаманг, кўзиз тегади, — дедилар Xидой холам, у киши хафа бўладилар демай ҳам.
— Ҳа, мен шунчаки, Xидой. Суйганимдан, — дедилар холам ширин жилмайиб. У кишининг бир кўзларига жиндек оқ тушган, бошқасида эса, хол бор — ана ўша ёмон, астойдил қарасалар отни йиқитадилар, дейишарди. Мубор холам кириб кела бошласалар ойимгилар келинларга ҳай-ҳайлаб, ширин талпинадиган бўлиб қолган чақалоқларини дарров яширишга тушишар, соғиб турган, янги бўшанган сигирларини кўрсатмай қўя қолишар эди. Негаки, ўша сигирга холамнинг кўзлари тушди дегунча у эмчагига қўл урдирмай, тепиб ташлайдиган бўлиб қолар, ҳар юввош сигирларни ҳам жин урарди-қоларди.
— Сизни суйганиз бор бўлсин, — деб тўнғиллаб қўйдилар Xабира холам. — Ўзини куйгани етмайдими, эри келолмай қаерларда юрибди-ку.
— Аллоҳ ҳафиз. Эшон поччамни қанча алғов-далғовлардан асраган, ўғлини ҳам асрар, — деб қўйдилар Мубор холам.

У кишининг бу гапларни заррача оғир олмай, чой хўплаганча жилмайиб ўтиришлари бир ғалати эди. Инсон шунчалар ҳам кенгфеъл-кенгюрак бўла олар эканми — ҳеч тушуна олмасдим. Шу тоб тошойналарда акс этиб турган «қўшни зол»да қўлидаги ликопчада бир нима кўтариб келаётган, ўша ҳусндан эмас, бошқа нарсадан Xудо қисган Маҳфуз кеннойимни кўриб, ичимда бир нарса чирт узилгандек тек қолдим. Ўзимга келганимда чиндан ҳам у ҳеч нарсадан бехабар қўлидаги ликопчада икки сих қийма кабоб кўтарганча мен томон келар, тоғалару холаларим жим қолишган, Мубор холам эса, Xудога минг қатла шукр — назарларини олиб қочиб, хижолатли жилмайганча, кафтлари ила дастурхон попугини силаб-тўғрилар эдилар. Шунгаям шукр, аяганларига шукр. Кимсан Эшон поччанинг зурриётига тегишли экан, бахтида қарисин, деб ўтирганларига шукр.
— Олунг, Мақсудхўжа. Сизга илинуб, янги қўюб беришду.
— Раҳмат.

У бўш чойнакларни олиб чиқди ҳам, холаларим бояги сукутни бузиша олмасди.
— Яхши олиб келибсиз, Саломхон. Шунақа қўшилиб турсин, ёлғизлигини, ғамларини унутади, — дедилар Xабира холам.
— Қаватингизга олиб келиб, ундан ҳам яхши қилибсиз, опа. Ҳимоячиси йўқ дея олмайди биров, — дедилар кенжа тоғам.
— Савоб ҳам керак-ку, — дедилар Усмон тоғам.— Энди манави жиянимизнинг бошини иккита қилиб қўйсак — Аллоҳ ҳам биздан рози бўларди. Шундай ҳовли-жойларни бекорга қурмагандир. Олдингиси унақа чиққан бўлса, эндигиси оқ ювиб-оқ тараб ўтирар. Нима дейсиз, Нусратхўжа?

Олим акам қай бир юмуш билан ташқари чиққан, шундан фойдаланиб булар шу ҳақда гап очган, ҳовли тўйи — эҳсон баҳона уни оилали қилиб қўйиш ғамига тушган кўринар эдилар.
— Умид билан ҳовли-жой қипти, бош қўшсак, йўқ демас, — дедилар почча, — Қолаверса, уй битипти, бу ёғига оёқ-қўлли бир аҳли аёл топиш биздан лозим.
— Лозим-лозим. Шариатда никоҳ нимага буюрилган? Вақт-бемаҳал маза-бемаза йўллардан тийилишга буюрилган, — дедилар Норхўжа почча ўша-ўша чўккалаб — қўндоқдек ўтирганча.

Нусрат почча бу гапга негадир мийиғларида кулдилар-у, ҳар қалай куёв номлари бор, холаларим олдида тилларига келганидан тийилдилар.
— Бордир, ахир, уруғимизда биронта ўзига моси?— дедилар Усмон тоғам аяга кўз қирларини ташлаб қўйиб ва ҳам юмшоқ жилмайганча.

Шу жилмайишларида «Сизлар топасизлар ундайи-ни» деган мазмун бор эди. Xолаларим «разм солиб кўрайлик-чи, ока», дегандек бир-бирларига маъноли қарашди-ю, очиқ бир нарса дейишмади. Шу тоб (ўша мақташган мантидан бир тишлаган эдим, у ғирчча мойга пишган, зиралари тобида, есанг ҳам ейдиган, емасанг ҳам ейдиган эди) Қўлдош тоғам томоқ қирдилар:
— Излашга нима ҳожат? Энидан чиққанини этагига солиб қўяқолайлук. Юрадими бу бу ёқда сўққабош, у у ёқда бевадек?
— Ким? — дедилар ойим илкис бош кўтариб. У киши биринчи бўлиб тоғамнинг ниятларини пайқаб қолган ва ҳам норози қараб турар эдилар.

Юрагим шиғ этди, оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қолди. Ноҳат кеннойимни айтмоқдалар?
— Ким бўларди, ҳозирги келиниз-да, опа.

Шундай катта золга пашша учса билинадиган жимлик чўккан эди. Ойим, тоғамдан шунча яхшиликлар кўриб, олдиларида ҳам, орқаларидан ҳам алқаб юрадиган ойимнинг туслари ўзгариб кетган, қўллари кўрпача четини чангаллаганча қолган эди. Ниҳоят у кишига жон битди, жон битиб кафтлари билан юзларини силадилару тоғамдан юз бурдилар. Сезиб турибман. У киши «Уялинг, Қўлдошхўжа! Опамизнинг ўғли Султонмурод ўлгани кетган эмас-ку!» демоқчи бўлар эдилар-у, тиллари айлана қолмасди. У киши — шунча тўғрисўз, гап келганда ҳеч кимни аямайдиган одам — ҳозир жим қолган, ирим қилибми, дилларидагини тилларига чиқармай турар эдилар.

Ойимнинг ўрниларига Ойпошшо холам жавоб қилдилар:
— Биламиз, Қўлдошхўжа, сиз яхши ниятда, савоб бўлармикан деб, айтаяпсиз бу гапни. Лекин бедарак кетгани — қайтмайди деганимасдир?
— Мен ҳам бир нарсани биларман, опа? Шу ҳукумат турадиган бўлса, Султонмуродизни икки дунёда ҳам бу ёқларга йўлатмас...

Мен адо бўлган эдим: оғзимдагию бўғзимдагини қандай ютдим, дастурхонга қандай фотиҳа ўқиб турдим — билмасдим. Ўзимга келганимда косамни кўтариб, секин золдан чиқиб борардим. Кўз олдимда эса, аллақандай туман, чала ёниб тутаётган самовар тутунидек бир нарса туриб қолган, негадир кўзим эмас, ичим ачишиб борар эди. Чиқишим-ла Ёдгор кўриб чопиб келдию ўзини отиб, белимдан қучиб олди:
— Вой, амақужон! Келубму эдингиз? Мен кўрмабман.

Қўлимдаги коса тушиб кетай деб... зўрға ушлаб қолдим. Буни кўриб, кеннойим ёлғизтойини қайтарган бўлдилар:
— Вой, ўғлум, кўзиз қаёқда? Эслу боллар амақусига шунақа ёпишадуларму? — У киши қўлимдан косани олдилару менинг бир алпоздалигимни кўриб, шошиб қолдилар: «Вой, Мақсудхўжа, тинчлукму, ўзиз чиқдизму»лаб шивирлар, атрофимда айланиб ўрги- лар эканлар, мен «тинчлик-тинчлик» дердим-у, ич-ичимдан босиб келиб, кўксимни ачиштириб-ачиштириб ўтаётган оташ-аламни ичимга қулт-қулт ютганча турарканман, «йўқ-йўқ, ўзим» дея ёлғонлашга тушган эдим:
— Ичкарида бўғилиб кетдим, у ёқларга ҳам бир ўтай-чи, — деб ишком томонларга юра бошладим.
— Ундай бўлса, майлун-а, бора қолунг, бир чиройлу жойлар экан. Пастда каттакон сув оқуб ётипту. Олуб бор, Ёдгор. Қайтишда маймунжон теруб келасизлар, — дедилар гапимга чиппа-чин ишониб.

Яхшиям ижикилаб сўрамадилар, сўраганларида ўлган эдим. Нима дея олар эдим?! Сизни шу чиройли жойларнинг эгаси қилишмоқчи! Акамни қайтмайдига, қайтолмайдига чиқариб, сизни шу уйларнинг хожасига бўлишяпти! Ўзларига охиратда тегадиган савобни ўйлаб, икки қовушмайдиган бошни... қовуштиришяпти! Бировни дўзахга отиш ҳисобига... ўзларига жаннатдан жой ҳозирлашяпти. Ана, менинг қандай тоғаларим бор, дермидим?!. Наҳот шу ишлар Xудога ҳам хуш келса? Шариатда шарм йўқ, деганлари шудир балки?.. Ичимни ўша нарса тирнагандан тирнаб, тирнаганда ҳам энг нозик жойларини ўртаб бормоқда эди.

Ундан фақат ҳеч ким билмас бир овлоқларга қочиб кетгиларим келмоқда, қочганда ҳам ўша ерларда ўкраб-ўкраб бўшанмагунча... бўшанмоғим, қутулмоғим мушкулдан-мушкул эди. Ҳозир ҳам ишкомлар ёқалаб тушган сўқмоқдан ўшандай овлоқ-сойликка тушиб бораётган бўлсам-да, ўкраб-ўкраб бўшани олмасдим. Барча аламларимни ютмоққа мажбур эдим, миқ этолмасдим. Олдимда гоҳ у оёғида, гоҳ бу оёғида сакраб-ўйноқлаб Ёдгортой борар, мен унинг кўнглига қараб салқин болалайдиган чакалакзорлар оша чимзор сойликка, ундан булоқлари катта сувга қўшиладиган «қўлтиқ»даги гала-гала митти балиқларни кўргани тушиб борар эдик. Кошки шу чакалаклар, маймунжонлар тутиб кетган шоҳ-деворлар кўнглимга сиғса! Биронтасига қайрилиб қараётган бўлсам, ўлсин агар! Аммо катта сувни — жонажон Бўзсувни кўришим ила, унинг намхуш еллари кўксимга урилиши ила зора чалғисам, зора унуцам, деб келяпман. Лекин унутиб бўлармикан бу алам, бу хўрликларни?

Етти ёт-бегоналар уйининг тўридан жой бериб, бировнинг аҳли аёли экан деб, ўраб-чирмаб сақлаганда ўзимизникиларни нима жин урди? Кеннойим бояқишнинг уларга нима оғирлиги туша қолдики, қутулмоқчи бўлиб қолишибди? Яна ўзларини меҳрибон-паноҳгўй кўрсатиб, энидан чиққанини этагига солмоқчи бўлишаётгани-чи! Ўлсин агар, шу Аллоҳ рози бўладирган иш бўлса!

Олим акам-чи, нима дейди? Шу ниятда тоғалариму холаларимни ҳовли тўйига чақириб, бир ерга тўплабдими? Кўринг, қандай жойлар қилдим, энди бошимни иккита қилиб қўйсангиз — савобга қоласиз, демоқчими? Нияти ўзи нима? Унда анув рўпарадаги ҳовли-жой-чи, ўзиникига ўхшатиб, ҳеч нарсадан қисмай, камитмай қурган иккинчи кошона-чи? Кимга аталган? Зарурмиди, нияти шундай экан?

Ишкомлар тугаб, чимзор сойликка туша бошладигу эллик метрча пастда Бўзсув кўриниб, унинг намхуш ели димоққа урилди. Xаёлим акамнинг қароргоҳини излаб юрган кезларимизга кўчган эди ва шу баробар кўзим Бўзсувнинг нариги бетидаги жарга тушиб, хушим учди: наҳот биз ўша машҳур жар рўпарасида турибмиз? У бу ерга шунақа яқин эканми? Унга поччанинг боғлари тагидаги йўлдан тушиб борилмасмиди? Катта ясситепанинг нақ устига чиқволиб, тамоша қилмаганмидик — жазирамага ташлаб қўйилган Парпи ўғрини?..

Гап шундаки, нақ рўпарамиздаги катта бир тепа... қоқ ярмидан ўпирилиб тушгану... ярим йўлда бир мўъжиза бўлиб, илиниб қолган, унинг устидаги ёлғиз қора тол шу ҳолича кўклаб ётар эди. Тепанинг сурилмай қолган қисмидаги ёлғиз туп дарахт эса, ҳов ўша биз кўрган тепадагидек паққос қуриб қолган эди. Кўз олдимга нима келиб кетибди! Гўё у ўша қуриган дарахтнинг ўзи эдию... қўлтиғидан арқонга боғлаб пастдаги супага ташлаб қўйилган Парпи толга айланиб қолгандек эди. Мен неча йилдан кейин ҳов ўшандагига ўхшаш бир манзарани кўриб турар эдим.

Фақат бунинг ҳикмати нима — ўйлаб ўйимнинг тагига етолмасдим. Шундай бир ерда бадар йўқолган Олим акам мана неча йиллардан кейин омон-есон қайтиб келиб, ўша жойларга яқин ердан ҳовли-жой қилиб, ватан тутаётгани жуда-жуда ғалати эди. Xудди ўша жойда адолат учун курашиб, ўз диёридан жудо бўлган бошқа бир акам эса, ўша чиқиб кетганича бадар кетиб борарди... Ана сизга адолат! Ажаб адолат! Ким қилган қайси хизматлари эвазига ажри-мукофотини шу дунёдаёқ олиб турса-ю, ким топганидан ҳам айрилиб, қувғинди бўлиб юрса...

Бу вақт чимзорнинг пастигача тушиб борган Ёдгор сув қўлтиқ бўлиб кирган жой тепасида турволиб, зўр бериб имлаб чақирар, овозини чиқарсаёқ, митти балиқчалар сув тагига уриб кетадигандек, қўл силкилагандан-силкилар эди.
— Ҳа, той бола, нима кўрдинг? Саватми? — дедим жойимдан жилгим келмай.
— Йўқ-йўқ, балиқлар галасу. Қаранг, қочуб, яна қайтуб чиқоптулар, — деди у ҳовлиқиб.
— Тоза сувни ким хоҳламайди?! Улар ҳам ўйнаб чиқишган-да, — дедим секин. Кейин ўзим ҳам у митти балиқларнинг гоҳ хуркиб қочишларию яна секин қайтиб чиқишларини тасаввур этиб, жим қолдим.

Шу митти балиқлар ҳам ўзлари туғилган тоза диёрларни тарк этгилари, ҳеч нарсага алишгилари келмайди, қайтиб-қайтиб келаверадилар. Одамлар-чи, нега қайтолмасканлар? Ҳатто Султон акамдек ботурлар ҳам ўз диёрларига ўтолмасалар? Бу қандай адолат бўлди? Ё бу дунё бошқача қурилганми? Бешикдан қабргача энг азиз нарсаларингдан айрилиб-ажраб бораверасанми? Ҳамма йўқотганларинг топганингга арзиса, хўп-хўп-а, арзимаса-чи? У қандай адолат бўлди?..

Шу тоб ёнгинамдаги чакалак ичида — маймунжонлар ўраб кетган шоҳдевор ортидами, қизил тоғолчалару кўксултонлар орасидами — ишқилиб соя болалаб ётган бир ерда булбул чаҳ-чаҳлаб юбориб, сокиндан-сокин оқиб ётган катта сув устилаб, унинг жаранги тарала кетдию бунга нариги қирғоқдан акс-садоси қўшилиб, ариқ бўйига секин ўтира қолдим. Субҳаналлоҳ! Биз ўзи жаннатларда ҳам топилмайдиган қандай бир жойга келиб қолганмиз? Олим акам тагларидан анҳор-анҳор сувлар оқиб, булбуллар чаҳ-чаҳлаб ётган бу жойни қандай топдию, нега бир жуфт қилиб, оқ уй-оқ кошоналар қурди? Фақат ўзи ва манави Ёдгортою кеннойимлар учун десам, ҳовли-жой нега иккита? Иккинчи кошона кимга аталган?

Мен бу нарсаларнинг беҳуда эмаслигини англаб етгандек, етаётгандек бўлардим-у, унинг сидқидиллигига ҳеч ишона олмасдим. Сидқидил бўлса, тоғам ҳалиги гапни нега очдилар? Ўзидан бир имдод бўлганки, у киши оғиз соляптилар...

Булбул эса, тиним билмай чаҳ-чаҳлар, у жонивор бўзлаяптими, куйлаяптими, ажратиш мушкулдан-мулкул эди. Қолаверса, қани нариги қирғоқдан бошқа биронтаси унга жўр бўла қолса... — қўшилмасди.

Осмон никоҳини ким ҳам буза олгай?

Мен ўша бир оғиз сўздан бутун тинчимни йўқотган эдим, бояги ҳайрату ҳаловатдан асар ҳам қолмаган эди. Энди ўша бир-бирига қаратиб, (гўё бири бошқасининг ойинадаги аксидек!..) қурилган икки қаср — икки кошона — кошоналигини йўқотиб, дасти узун бир кимсанинг бачкана уринишларига ўхшаб қолган эди. Ундан олхўриранг «Волва»нинг ўзи четан эшик олдида оврўпонинг йилт-янги ўйинчоғимисол тургани авлороқ эмасмиди! (Бу эса, уни лойлаб, қайсибир полковникдан қолган шу жойни олиб, манави «чиранма ғоз, ҳунаринг оз» иморатларига чаплабди!)

Қандай боғларидан айрилиб, тўрт сотихгина жойга тиқилиб ўтирган тоғалариму холаларим учун бу балки «тагларидан анҳор-анҳор сувлар оқиб ўтгувчи жаннат боғлари»дан ҳеч ери кам эмасдир. Лекин менга энди қилча таъсир этмаётган эди. «...Ҳаммаси ўша ниятда олинган, шу ниятда солинган эканми? Ака укадан кутгани... — шумиди ҳали?! Энди бу эшиклардан Султонмурод акам эмас, елкасига тўнини ташлаб у чиқадими?! Кеннойим... унингмас, бунинг хизматларини қилиб, болаларини оқ ювиб-оқ тарайдими? Ў ҳаёт, бунчалар аччиқсан, таҳирдан таҳирсан! Имм!..»

Икки ёни сойга етгунга қадар чўзилган ишкомлар ёқалаб, ташлама ариқ бўйи билан боғ адоғига тушиб бордик ҳам, Ёдгорнинг учиб-қўнишига, олдимга тушиб олиб, пастда кўрганларидан бу қадар ҳайратланишига ҳам ҳеч тушуна олмасдим. Тавба, катта сувни энди кўришими?! Умри бино бўлиб кўрмаган нарсаларини энди кўраётгандек бир ерга етади. Таърифини келтиролмай ҳали ўт босган ариқ ичларига, ҳали сувларга тушиб кетади, яна сакраб-ҳакачоқлаб йўлга чиқиб олади-ю, давом этади...

Аммо мен қани энди уни тушунадиган бир аҳволда бўлсам! Қайда! Ичимга чироқ ёқса, ёримайди.Шу топда ўзини тутиши, ижиклашларидан бир ғашим келяптики: нимасига хурсанд бўлади бу бола?! Етим бошини силаётганлариданми?.. Эртага падари ўрнига бир «падар»лик... бўлаётганиданми? Бу эҳсон, бу ҳовли тўйи баҳона орқаворотдан нима ишлар бўлаётганини биладими ўзи? Бўйи бўйимизга тенг бўлиб қолганда унинг орзу-ҳавасини ўйлаш ўрнига «бошини силагувчи бир қўл» излаб қолишибдими унга? Шундай топиладиган савоб, ўлсин агар савоб деб аталса! Бировни бу дунёда кўрган ситамлари, аламлари кам бўлса, яна шу дунёнинг дўзахига отиб, ўзларига жаннат боғчаларидан бир жой ҳозирламоқчиларми? Xудо ҳам анойи экан-да! Кўриб тургандир?!

Қолаверса, осмон никоҳини бузиш осон эканми? Шунча қув-қув, талотўпларда узулмаган никоҳ ришталари энди узуладими? Узулди деганимиз Марғу кеннойимникимиди? Охири нима бўлиб чиқди? Бунинг ҳам Xудо бир белгилагани бордир, ошиқишмаса?..

Ишкомлар жарлик ёқасида тугаб, ўртадаги сойликка тушиб бора бошладик. Пастдан ҳов бир вақтлар Бўзсувдан сават қарагани тушиб юрган кезимиздагидек, сув ўтлари билан балиқ ҳидларига ялпиз бўйлари қўшилиб, омухта бўлиб кетган «катта сув ҳиди» келиб турар, ўша, шу ерга келганда бурилатуриб оқмай тўхтаб қолгандек катта сув бетида эсабаланд осмону тик ўпирилган жарлар... бир ажойиб аксланиб, кўринар эдилар. Бунга сари қирғоқлардаги толлар бир пакана тортиб кетганларки, уларнинг тагига тушибгина булар ҳам росмана тарвақайлаган қари толлар эканини, тагидан соя аримай, жимлик дегани шу ерларда болалашини кўрмоқ мумкин. Биз сойга тушиб борганимиз сари қўлтиқ-қирғоқдаги қамишлар ҳам бўй чўзиб, росмана қамишзорга айланиб борардилар.
— Вуй, уни қаранг, амақу, қамишлар нима чиқаруб, туғ боғлабдулар?! — Ёдгор овози дўриллаб, раста бўла бошлаган бўлса-да, болалиги қолмай, ўша ёққа чопди.

Чиндан ҳам у пўпанаклар — тепасига туғ боғлаган найзаларга ўхшаб, бодриб кетган эдилар.
— Узаман деб яқин бориб юрма, эҳтиёт бўл, — деб тергаган бўлдим. Лекин қани у қайца.
— Битта олай? Теппага отамиз, роса учаду, — деди у ялиниб.
— Майли, ол. Лекин эҳтиёт бўл, илонлари бўлади қамишзорнинг.
— Қирғоқда туриб оламан, эҳтиёт бўламан.

У кетди, мен эсам, тол тагидаги чимзорга тушиб, (жонивор, мол тегмаганидан кўрпа бўлиб кетибди!) аста ёнбошладим. Чиндан сукунат болалайдиган жойлар эди. Ҳатто шундай катта сув ҳам шу ерга келганда — қайрилиш бўлгани учунми, тўхтаб қолгандек, қилт этмас эди.

Аммо ҳов нариги тик ўпирилган қирғоқда ин қурган кўк каптарлару яна аллақандай қушлар ғур-ғурлабми, ўз тилларида чулдираб ётишибди. Пастидан эса ға-ғоқлаган, париллагану патиллаган товушлар эшитилиб қолади. Сув ўртасида балиқ сакраб, балиқчи қуш чив-чивлаганича учиб ўтди. Кейин ўша қирғоқ томон бошини тик кўтарганча илонми, болачасими сузиб кета бошлаб, теппадаги қайси бир чакалакда булбул сайраб юборди. Чиндан ҳам тагларидан катта сувлар айланиб ўтгувчи жаннат боғчаларидан қаери кам?

Аммо бу жойлар қачон кимга буюрибди? Илгари шу юрт учун, унинг мустақиллиги учун бош тикиб чиққан йигитларни қирган, ватандан қувиб чиқарган аллақандай генераллару полковниклар ҳузурини кўриб, давру даврон сургани жой қилмаб эдиларми, энди Олим акамга буюради эканми? У ҳам шулар учун юртма-юрт кезмаганида, аллақанча хизматлар қилиб, хориж мошинларини миниб қайтмаганида бу жойни қўлга кирита олармиди? Қолаверса, осонгина бериб қўйишармиди? Xизмати борки, индаша олмаган, тилларини тишлаб қолавуришган. Ана энди бу эса, саруқ-суруқ хотинию болаларидан қутулиб олиб, ким билан даврон сурмоқчи?! Уялмагани бунинг?! Яна кишибилмас ҳовли тўйлари ўтказиб юрибди. Бутун холалару тоғаларимни бош-оёқ сарупо-суруполар билан сийлаб, оғзиларини мойлаб, қайси ниятига эришмоқчи? Киши кўзига сўққабош етим, хокисоргина бир инсондир. Лекин асли ким?.. Ҳеч кимга эл бўлмас ўша шўртумшуқ бугун ким бўлганини, қўли қаергача етишини кўрсатмоқчими?! Майли, кўрсацин, лекин бундай эмас-да! Номардлик ҳисобигамас-да!

Белингда кучинг, қўлингда қувватинг борида қай юртларни кезиб юриб эдинг?! Энди сочингга оқ оралаб, белингдан мадор кетганида қавминг керак бўлиб қолдими? Уларга оқибат кўрсатиб, эҳсонлар қилиб, дуоларини олгинг келиб қолдими?.. Мен уни юрт соғинчида келган, отасининг васиятларига кўра бир бошпана, бир ватан тикиб, чироқларини ёқиб ўтиргани келибди, деб юрибман. Ҳар хил бегона юрт, бегона кўчаларда тентирай-тентирай ахийри кўзи очилибди, ўзиникиларни, ўз урф-одати, дини-диёнатини соғиниб, фитрати очилиб қайтибди, деб юрибман. Бу эса, мана, нима ниятда экан! Султонмурод акам— ўз акаси умрбод бу диёрларга қадам босолмаслигини, босса нима бўлишини билади-да! Қолаверса, қайтиб кўрсаки, ойдай жувон ёлғиз ёдгори билан тоқ ўтяпти. Машинани сотибоқ шу жойларга ҳаракат қилган экан-да?!

Менга алам қиларди: мен билан шунча юриб, Сутчи амакиникига қатнаб, миқ этмаган инсон, шу ўй-режаларни тузиб юрган эканми?! Қувлигини, тилёғлама эканини билардим. Лекин бунчалик ичдан пишган қув эканини билмас эканман! Билиб туриб оғиз очмаган. Очса, чақиб олишим мумкин эди-да. Айтардим ҳам! Сиз Султонмурод акамга илгаритдан хасад қилиб келгансиз. Ҳозирги ачинишларингиз бир пул! Шунчаки тил учида, холос. Аслида унингдек бўлолмаганингиздан ҳалигача ич-ичингиздан куясиз! Куйганингиздан ичларингизгача қорайиб кетган. Қўйиб берса, уни отгани ўқингиз йўқ! Сиз бу аҳволингизда отангизнинг васиятларини ҳам икки дунёда адо этолмайсиз. Негаки эртага Султонмурод акам қайтиб келса, қаерга қочишни ҳам билмай қо-ласиз!

Ахир инсон, бир қориндан талашиб тушган киши ўз биродарига шундоқ хиёнат этуви, унинг никоҳидаги аёлни ўз хасмига айлантирмоғи мумкинми? Уят, андеша қаерда қолдики, осмон никоҳини кимларнинг қўли билан бузмоқчисиз? Кўриб қўйинг, мана, сиз — кимсиз!..

Нариги қирғоқдан биров чақирарди:
— Ҳой, фалончи... чиқа қолунгларув...

Аммо овоз келаётган қирғоқда ҳеч зоғ кўринмас, тик жардаги кўккаптарлар эса, инлари ёнида учиб-қўниб, бозор қилишар эди.

Беихтиёр тепамга қараб, сойлик бошидаги ишком адоғида кеннойимни кўриб, ҳозирги хаёлларимдан ўзим уялиб кетдим. У қарғашойи атлас кўйлагининг барлари ҳилпираганча, бир қўли ила бошидаги рўмолини тутиб, бизни чақириб турар, бел нимчасию рўмолию кўйлагига қадар (нега шунақа ўхшатдим, ўзим би-лолмайман!) азадор жувонларникидек қора кўринар эди.

Қамишнайза пўпанаклар ҳам қолиб кетди. Ёдгор айтганидек, осмонга ҳам отиб кўрмадик, нариги қирғоққа ким ошарга ҳам улоқтирмадик. Торт-торт, юр-юр билан бир-биримизни қистаб тепага чиқиб борсак, ҳақиқатан ҳам қориндошлар кетиш ҳаракатига тушиб қолишибди.

Мен Олим акам билан ўлганимни кунидан, тишимни оқини кўрсатиб хайрлашар эканман, у менинг нега бунчалик тунд эканимни пайқай қолмас, зўр бериб, вақт топиб етиб келганимдан хурсандлигини айтиб чарчамас эди.
— Шунақа келиб тур. Узулишиб кетмайлук. Ижод уйидан қаери кам?!. Бир чеккаси сизларни деб олганман. Илгариги жойларимизни қўмсаб қолсангиз келасизлар деганман. Келасан-а, узоқиб кетмайсан-а? — дерди.

Нима бу, тилёғламаликми? Ё мен баҳона кенно-йимга мулозаматларими, тушуна олмасдим.
— Xоламларни эса, олиб қоляпман. Бир кечадан ётиб кетишсин, арвоҳ хотира. Фақат, хафа бўлмайсан...

«Шунақами, ойи? Сиз ҳам шу тўқиган тўрга илиниб бўлдингизми?» дегандек қарадим.

Ойим мени бир қарашдаёқ тушунар эдилар. Ҳозир ҳам тушундилару бир четга чақирдилар. Овозларини пастлатиб:
— Ҳа, намунча? — дедилар, — Ҳалитдан тўмта-йиб опсан?! Ўзингни бос, катталар бир нима деганда жи-им турилади.
— Ўша катталар нима қилишяпти? Ўзлари жаннат-жаннат дейишадию, бировни қаерга отишмоқ- чи? — деб юбордим. — Бир кун акам эшигимиздан кириб келса, нима деган одам бўласизлар?
— Келсин, илоҳим, — дедилар ойим менинг ўтимга сув сепиб, — қўшгани билан ўзи қўша қарисин. Лекин сен гапнинг охирини эшитмай нега қизишасан? Ҳали Нусрат почча диний идорага борсинлар, уламолардан фатво сўраб кўрсинлар... Xудо розилигисиз бу ишга ким бош қўшаркан?!
— Ҳар қандай фатво ҳам Xудо розилиги бўлаверибдими? — дедим тўрсайиб.

Ойим менга ёмон қарадилар.
— Болам, — дедилар лаблари учиб ҳам аллақандай гезариб. — Сен шариатга тил теккизма. Ёшлик қиласан ҳали. Биз ўша билан тирикмиз, ўша билан Xудонинг олдига бормоқчимиз.

Мен индай олмай бош эгдим.

Қолаверса, ҳамма-ҳамма билан, кеннойим рози бўлармиди шу ишга?..

Фатво ёхуд кимки нажот ҳалқасини тутибди

Ёзарлар хонасида эдим.

Тирсагимни силаганча ичимдан қуйилиб келаётганларни Гулсум опойга пешма-пеш айтиб-ёздираётган эдим. Опой ҳам «автомат!» Машинкага қарабам қўймай шатиллатиб ёзиб ётар, ўнтала бормоғи-ла керакли тугмачаларни қандай топяпти, ақл бовар қилмас эди. Ана маҳорату ана кўзнинг пишиб кетиши. Қолаверса, илҳом келса, шу экан. Мен ҳам тилим бурро тортиб, у кишидан ўзсам-ўзардимки, орқада қолмасдим.

Кимдир кирди:
— Ҳов, тезотар мирзо! Инсоф ҳам керак-да одамга! Бир инсон қанчадан бери кутяпти-я!
— Ким? — дедим ёқинқирамай.
— Ким бўларди, келган одам-да.

Ўлди мақола ҳам! Илҳом-ку учиб кетган, каллада ҳеч вақо қолмаган эди!
— Кутмай кецин, шунақа пайтда келадими?! — дедим тўнғиллаб ва истамайгина йиғиштирина бошладим.
— Иби сизни! Куца — куцин иди. Зур чиқаятувди. Эсиз, — деди опой ачиниб. — Улашни айтинг инди.
— Буларга нима! Буларга навбат керак, — дедим ўша-ўша тўнғиллаб.
— Навбат нимаси, қаранг аввал, кутавериб эзилиблар кетди-ку, — деди ҳамхонам ўзини оқлаб.

Чиқсам, чиндан ҳам кутяпти экан. Яна ким денг, Олим акам! Тоқати тоқ бўлиб кетганидан зинага чиқволиб босиб-босиб чекяптикан, кўриб қўлидагини итқита, мен томон юрди.
— Ол-а, ўшақдамидинг, мирзо. Сени ҳам тутар кун боракан-ку! Шунақа қисталанг ерда ишлайсанми? Бундай хотиржамроқ жой қуриганми?
— Газетачилик, ака! Мирзоларга қачон осон бўлган?! — деб мен ҳам тегишдим. (Уни қанчадан бери яниб юришимни ҳам, ўшандан бери кўрарга кўзим, отарга ўқим йўқлигини ҳам унутган эдим. Биров сени излаб келадию гина-кудуратларинг қоладими!) Бориб қўлини олмоқчи эдим, у қучоғини очиб, бағрига босганча (қаердалигини ҳам унутиб!) «пийпалай» кетди: минг йил кўришмаган одамдек ҳали бағрига тортиб, белимдан кўтариб-кўтариб қўяди, ҳали ўпиб, ялаб-юлқайди!

Ҳалитдан қай гўрда жиндек отиб ола қолибди, ҳиди гуркираб келиб турибди. Нима воқеа бўла қолибдики, яна бунақа нарсаларни оғизга олибди? «Етар, шунча гуноҳга ботганларим. Энди ҳалқумимдан фақат ҳалол нарса ўтади!» деб катта кетган эди-ку. Нечук!»

Хонага бошласам — ичган, ноқулай, бошламасам, меҳмон деган номи бор. Ҳардамхаёлланиб:
— Келинг, қай шамоллар учириб?.. Ҳари синдириб юборса кам-ку, — дедим.
— Қўй, кетдик-кетдик. Иложини қилсанг, бирон соатга жавоб ол. Гадойтопмас бирон ерга бориб, бир отамлашмасам, ёрилиб кетаман, Xудо ҳаққи. Бўптими? Мен пастда тураман, хўп?

Мақола-мақолада қолди, иш ишда. Мудиримдан жавоб сўраб чиқиб эдим, Олим акам битта машина тўхтатиб турибди.
— Қаёққа? — дедим ҳайрон қолиб.
— Қаёққа бўларди, айтдим-ку, бирон баҳавороқ жой топмасанг ёрилиб кетай депман. Xўш, қаёққа борамиз? Кейин ўзим опкелиб қўяман, қўрқма. Чин сўзим.

Ола, тоза одамига учрабман-ку. Дарди бир олам-ку бунинг. Оғзидан сўз эмас, дуд чиқяпти. Яна нима воқеа рўй бера қолибди?
— Машинани нима кераги бор? Анави ерда хилватдан-хилват «Кўк гумбаз» беган жой бор. Ғир-ғир шабадаси билан. Пиёда-яёв ўта қоламиз, — дедим.

Кўнмади:
— Тўхтатдикми, ташлаб ўтади. Сазаси ўлмасин бунинг ҳам, ўтир.

Сездим: шофердан ҳам бурун унинг сазаси ўлмаслиги керак. Бўлмаса, жиндек отган одам — хафа бўлиб қолиши тайин.

Ўтирдик, ғир этиб айлантириб ўтиб, ташлаб кетди. Шарбатли сув чақириб, бир чеккага қўндик. Ҳақиқатда ғир-ғир шабада эсиб турар, аллақаердан кабоб ҳиди анқиб-анқиб келар эди. Чойхона томондан шекилли.
— Овқатланиб ола қол, тушлик ҳам қиласан-ку, барибир, — деб тўрттадан кабоб, ош чақирди.
— Мезбон ким ўзи? — дедим мен гинам қўзиб.

У тиззамга уриб, ўтказиб қўйди:
— Сен биздек бўлгунча ҳали кўп қовун пишиғи бор. Иззатингда тур, мирзо деган номинг бор.

У десам, бу дейди, бу десам у, кўнмади ишқилиб.

Жим овқатлана бошладик. Афтидан кўриниб турибди: нимадир рўй берган. Ўша нарса ичида ғалаён қилиб ётибди-ю, ўзини босяпти. Шунда юзи бўртиб, қулоқларигача қизил тортиб кетадию, гап очақолмайди. Ё ўша гапни менга айтолмаяпти, ё маврид кутяпти.

Ахийри:
— Бўлди, — деди олдидаги сихлару талинкаларни нари суриб, — Ўзи яхши жой экан-у, лекин кабобни қотирмабди. Мен ўргамчикка бундан яхши пишираман.
— Гўшт жонивор яхши бўлса, яп-янги бўлса — маҳорат керагамас, — деб қўйдим унинг кўнгли учун. Лекин кабобнинг туз-намагию таъми жойида эди. Олим акамнинг уни нишхўрдга чиқариши бошқа нарсадан эди, чоғи. У ахир мен билан кабоб еб отамлашгани келибдими! Ҳаво етмай пишиллашию мишиллашидан, юраги сиқилиб кетаётгани аниқ.
— Нима бўлди? — дедим кўк чойдан унга ҳам, ўзимга ҳам қуйиб.

Ўша ниманидир ичига сиғдиролмай кўкрагини стол-га бериб, уни икки чеккасидан тутганча росмана маст одамдек ўтирган Олим акам қаддини ростлаб, бирдан ўзини орқага ташлади ва афтимга афтодаҳол ҳам аламли тикилди:
— Йўқ, мирзо, аввал сен айт! Сенам мени шундай пасткаш одам деб ҳисоблайсанми? Шу ниятда қайтиб келибмидим мен? Ўша жойларни шу ниятда олиб, шу ниятда қурибманми? Мен бир марта адашиб, номим қора бўлган одам — қоралигимча қоларканман-да? Йўқ. Мен бу ниятда келмагандим, мирзо?! Мени ким деб ўйлашибди у тоғаларинг? Мен ҳам бир одамдек, солиҳ бир фарзанддек отамнинг чироғини ёқиб ўтиргани, жигарларимнинг бошини қовуштиргани келсам, улар нима деб ўйлашибди? Ким деб ўйлашибди?! Мен мурувват бошпана излаб келибманми? Киндик қоним тўкилган ерни соғиниб, уни ватан тутиб ўтиргани келсам, ким деб, нима деб тушунишибди! Сиғсам ҳамма ерга ҳам сиғиб кетаверардим. Лекин одам ўзиникилар ичидагина, киндик қони томган, ота-боболари ўтган ердагина бир ҳаловат топиб ўтирмоғи мумкин-ку! Мен ўз урф-одатларимизни соғиниб келган эдим. Отам топинган нарсага мен ҳам топинсам, улар қибла тутган жойни мен ҳам қибла туцам дегандим. Тоғаларинг тўғри тушунишмабди, мирзо. Мен улардан ундай оқибат кутиб келмаганман. Мендан бир оғиз сўрамай-нетмай, нима ишларни бошлаб юришибди?!

Кутилмаганда стол устига унинг муштими, нима келиб тушиб, пиёлалару талинкалар сакраб кетдилар. Мен биттасини зўрға илиб олиб қолдим, нақ полга тушиб чил-чил бўлар эди. Аммо у буни сезиб-сезмади ҳам. Ўша қизишганча давом эта кетди:
— Ўзинг ўйла, мирзо, энди мен ким деган одам бўлдим, эшитган қулоққа?! Қолаверса, улар, у жабрдийдалар нима деб ўйлашяпти экан? Ўзларининг кўргиликлари, шу кунгача кўрганлари кам эканми? Энди бу иснод ҳам бор эканми уларга, менга? Нимага эшитиб ҳам индамадинг сен? Сендан лозим эмасмиди, қайтариб ташлаш? Ким айтади сени ўқиган, оқ-қорани тушунган деб?! Акам олдида бир марта юзим шувут бўлгани етмасканми? Яна юзиқоралик учун келибманми мен? Шунақа, ука, пичоқни аввал ўзига уриб кўриш керак-да, оғримаса, бошқага уриш керак. Ҳар нарсага ақллари етган тоғамиз шунга келганда оқсабдими? Тавба! Xолам-чи, ойинглар-чи, индамадиларми? Ҳар нарсадан адолатни устун қўядиган ойинг ғиқ этмаганларига ҳайронман. Етимнинг бошини шунаққиб силарканларми? Бировларни иснодга қолдириш эвазига-я?! Мен ҳам одамман-ку. Менда ҳам ҳамият, деган нарса бордир. Уят, ор-номусни йиғиштириб ташламагандирман жуда. Сўққабош қайтган бўлсам, менга ҳам Xудонинг ёзгани бордир, атагани бордир! Тил бормайди ҳатто айтишга! Мен қайниман-ку, ахир! Ўртада акам турибди-ку, ахир. Мен кимга деб олибман бу ҳовли-жойларни! Кимга деб қурибман — агар акам қайтиб келмайдиган бўлса?! Отам-чи? Аканг билан топиш, деб васият қилган отам гўрларида тикка турмайдиларми шундан кейин?! Қиёматда, ўша тонгла Маҳшарда мен у кишининг юзларига қай кўз билан қарайман? Нима деб рўбарў бўламан?! Шуни ўйлашадими булар?

Ростини айцам, мен ҳеч кутмагандим. Ҳар нарсани куцам-кутгандирман, лекин Олим акам шундай гаплар билан келади деб, ҳеч ўйламагандим. Xаёлимнинг бир чеккасидан ўтиб ҳам қўймаганди бу. Ўзимнинг анави кунги алам-аччиқларим, ёниб — дамим ичимда кетганларим эсимга тушиб, ўзим уялиблар кетдим. Мен уни бу ишдан хабардор деб не хаёлларга бориб эдим! Уни эса, етти ухлаб тушига ҳам кирмаган экан! Қараб туриб, суйиб кетдим. Ўтирган еримда эгилиб, елкалари аралаш бошидан қучиб олдиму қўйиб юбормай, қулоқ юмшоғи остиларини, бўйниларини искаб-искалана кетдим:
— Олим ака, акажон! — дейман-у, у ёғини айтолмаяпман. Бўғзимга келиб туриб қолган қайноқ йиғими, нима айтишга қўймаяпти. Овозим ҳам гоҳ ичимга тушиб кетиб, гоҳ вулқондек отилиб чиқадию ҳеч тушунтира олмайман. Фақат қайтариб қўймаяпман:
— Бор экансиз-ку, Олим ака! Фақат биз гумроҳларни кечирсангиз, бас! Сиз ҳақингизда бошқа хаёлларга бориб юрганларни... кечиролсангиз кечириб қў-йинг, — деб қаттиқроқ тармашаман, бош-кўзларидан ўпаман.

Бизни кўрганлар нима деб ўйлаяпти, деган андишага-да бориб қўймасдим.
— Фақат менга ишонсангиз, бир гапни айтай, — дедим ахийри.
— Нима дейсан? — деди қаддини кўтариб. Мен қўлларимни тортиб, жойимга чўкдим. Лекин чин гапим: қайтиб қучиб олгим, ҳеч кимдан уялмай юзларидан ўпиб-ўпиб олгим бор, юрагимда борини тўкиб солгим бор. «Сиз Султонмурод акамнинг чин укаси— туғишгани экансиз. Энди билдим» дегим келяптию, айтолмаяпман. Айтишга йигитлик ғуруримми, нимадир қўймаяпти. Йўқ, қўймаяптимас, бу гаплар ўзи шундоқ ҳам аён, тушунарли-ку. Яхшиси, кўзларингдан, юзларингдан уқиб олаверсин, деяпти калламнинг ич-ичида ўтириб олган бир митта чол. Биламан, у мен ўзим. Айтолмайдиган гапларимни у гоҳо ана шундай ўзимга шипшиб туради. Ҳозир ҳам кўнглимдагини айтолмадим. Бунинг ўрнига ҳам:
— Сиз кўпам қайғурманг,— дедим секин.
— Нега? — деди у ҳайрон қолиб.
— Аввало, унчалик уялишга ўрин йўқ. Бу гаплардан кеннойим бехабарлар. Қолаверса...
— Нима, қолаверса? — деди у билагимни синдириб юборгудек чангаллаб.

Мен унинг кифтларини силаб тинчлантиришга уриндим:
— Қолаверса, почча уламолардан фатво бўлмагунча ким бу ишга бош қўшади, деганмишлар.
— Ола, ҳали шунгача боришибдими? — деди у юзию феъли ўзгариб.

Ўртага шунақа сукунат чўкиб, у миқ этмай қолдики, мен унинг бундай ўтирувидан қўрқиблар кетдим. Йўқ, у ўзида бир куч топиб, бошини секин кўтарди. Афтимга қаттиқ тикилиб:
— Нима дейишибди... ўша шариат пешволари?..— деди аччиқ устида.
— Билмасам, — дедим менинг ҳам кўнглимга бир совуқ ғулғула оралаб. — Ўшандан бери у кишини кўрганимча йўқ.
— Тур, кетдик, — деди у дабдурустдан қўзғола бошлаб. — Кетдик-кетдик, шу бугуноқ бир ёқли қилиб келамиз. Ким кўтарса, кўтарсин бу иснодни, мен кўтараолмайман!..

У йўлакай ошхона хизматчисига ҳақини тутқазиб, зинадан тушаверди. Кейин катта йўл ёқасига чиқиб, машина тутмоққа бошлади. Бормай кўр-чи, ноилож эргашдим. Ўлганни кети шаҳид, деганлари шу бўлса керак! Етиб боргунимизча ҳам миқ этмаса-я. Нақ юракларим ёрилаёзди. Шариатда шарм борми, йўл берса, нима бўлади, деб юрагим пўкиллагандан-пўкилларди.

Борсак, почча ҳовлидаги кафтдек ёғоч сўричаларида кўзойнак тутиб, китоб кўриб ўтирган эканлар. Биз холаваччаларни кўриб, бошлари кўкка етганча, инқиллаб ўрниларидан тура бошладилар-да, кейин қаддиларини ростлаб:
— Оҳ-оҳ, Олим, ўзгинангмисан? Xудо сени етказганини қара! Қани, чин валломат сўзингни айт! Ўйнаб берсанми, ё суюнчини каттасини олиб келасанми? Мен фатво топтириб қўйдим, — десалар борми, Олим акам демаганлар дарвозахонадан ўтолмаёқ тахта бўлиб қолди. У на поччага қараб юра олар, на бир оғиз бир нарса дея олар эди: юзи қув оқариб кетибди! Кўриб, ўзим ҳам қўрқиб кетдим.
— Чиндан шариат, — дердим-у, у ёғини айтолмасдим.
— Ҳа, довқур? Сени ким айтади, эшон поччамнинг кенжалари деб? Шуни ҳам билмайсанми ўзинг?

Хўб поччамиз борлар-да. Биров не аҳволдаю у киши қиқир-қиқир куладилар. Бош чайқаб-чайқаб, тир-қираб чиққан кўзёшларини арта-арта, қайта бошдан куладилар.

Ахийри:
— Ҳай, жиян-а, жиян, мен бўламан-ку, сени ўтга отиб, оловида исинаманми? Сен сўрасанг-чи аввал фатвони. Уни қай гўрдан топганимни! Муфтий жанобларидан сўраб келдим-ку, ахир. Оддий уламодан олсам, қўрқсанг ярашарди. Эшит, у қулоғинг билан ҳам, бу қулоғинг билан ҳам, — дедилар у киши дона-дона қилиб, — агар киши ҳижрат қилиб кетиб, орқасида аҳли аёли қолган бўлса, никоҳидаги эрини... неча йил дейми, тўқсон йил куца жоиз экан. Демак, осмон никоҳини ҳеч ким бузолмагай. Муфтий тақсир айттиларки, ким бул фатвони тутибди, нажот ҳалқасини тутибди, Аллоҳ рози бўлсин, дедилар. Эй сен, кичкина Маҳмудхўжа, бориб кеннойингдан суюнчини олавер. Уларнинг Султонмурод жиянимиз билан никоҳлари ҳали-вери бузилмагай, — дедилар. Шунда олам бир ёришиб, чароғон бўлиб кетганини сездим-у, лекин у нимадан эди, билолмаганимча қолдим. Олим акам эса, кўзда ёш ила почча томон қучоқ очиб борарди.

Тутқин

Ишдан қайцам, ойим айвонда қарши олдилар. (У кишининг оёқлари оғрийди. Бир вақтлар лат еган жойи энди билиняпти. Ҳовлига тушишдан кўра, айвонга эмаклаб чиқиб, ўтириб оладилар-да, ўша тиззаларидан пастини силаганча узун хаёлга бериладилар. Биз узун хаёл деб ўйласак, у зикр экан. Энди тушуняпмиз).

Мен салом бердим. У киши алик олиб, ҳол сўраган бўлдилар:
— Яхши келдингми, болам. — Шу аснода оёқларини силашдан ҳам тўхтадилар, сездим оғриётганини менга билдиргилари йўқ.
— Раҳмат, — дедим ботинкам ипини еча бошлаб, «нима, анави кунги мой қолдирмадими оғриқни», деб сўрашга ийманиб турган жойимда... ойим қайтариб сўрадилар.
— Машиналар кўпайиб қолганми, ё ҳалиям ўша-ўша — икки соатда бир келадими?
— Нима эди, ойи? — деб бош кўтариб юзларига қарасам, менга ачиниб, тикилиб турибдилар. Она— она-да. Ғалати бўлиб кетдим. Тездан ҳолатимни ўнг-лашга шошилдим. — Эй ойижон-а, ҳар куни боравергандан кейин одамга ўрганиш бўлиб кетади, билинмайди.
— Шунақа-ку, яқинроқдан бирон иш топсанг бўлармиди?

Ҳайрон қолдим.
— Нега, ойи?
— Ризқни берадиган — Xудойим. Ўзингни ўтга-чўққа уравермасанг ҳам қозонимиз қайнамай қолмас. Қийналиб кетдинг.
— Мен-а? — мен у кишининг нима демоқчи эканликларига ҳамон тушуна олмасдим. — У ерга одамлар етолмайди-ку, ойи, — дедим ниҳоят. Ўзим айвон остонасига ўтирганча қолган эдим.
— Энди айтаман-да, — дедилар у киши кўзларини тушириб ва яна оёқларини бир қур силаб қўйиб.— Бизам ғанимат. Кундузлари кўргим келади, сен эса,— у кишининг кўзлари намланиб, бир ғалати йилтиради, — бугунгиcини айтмаса, қош қораяр ҳам дарагинг бўлмас, вақт икки хуфтонга етар ҳам жужур машинанг ташлаб кета қолмас. Эшикка тикилган одамга қийин-да, болам.

Тушундиму ғалати бўлиб кетдим. Илгариги галлардагидек «отдексиз, ойи, Николайнинг ёғини еганлар билан пахта ёғи еганлар бараварми» деб ҳазилга олиб кета олмадим. Ичим увишиб қолганини кўриб... ойимнинг ўзлари гапни бошқа мавзуга буриб юбора қолдилар.
— Ҳа, айтмоқчи, акангнинг анув шаҳарлик ўртоғи келувди. Тутинган ошнаси-чи, ўша.
— Чаман аками?
— Ҳа, буларнинг ўша суянган тоғи.

Тушундим, аммо ичим баттар ҳаприқиб борар эди:
— Тинчликми, нима дейди?
— Булар йўқ эди, тикувчиникига кетишиб эди,— дедилар ойим қўрқма, деган каби. — Бирпас Ёдгор билан ўтирди. Кейин кетди.
— Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўғ-а?
— Нега, тўйга айтиб кепти сени. Боринглар, деди.
— Тўй? Қанақа тўй? — Мен ҳеч нарсага тушуна олмасдим.
— Қанақа тўй бўларди, ўзи уйланаётганмиш, — нимасига тушунмадинг дегандай қарадилар ойим.

Менинг кўз ўнгимдан эса, ўша ковшандози мўъжаз хонадаги оқ руҳ каравотда ўтириб қолган оқ-оппоқ кампир кетмасди: ниҳоят орзусига етибди-да у киши? Унатибди-да? Яна бошқа нарсаям кўз олдимга айланиб-айланиб келаверар эди: ўша Ёдгор билан чиққанимиз — болохонадаги улар турган жой, унинг деразаси, деразасидан кўринган ишкомлар, Калковуз суви, унинг бўйидаги қатор толлар, қолаверса, ўгирилгач деворда кўрганим — ғаройиб сурат — бир қарасанг кеннойим, бир қарасанг акам ва яна бир қарасанг у — Чаман акам бўлиб кўрингувчи нарса ёдимга тушиб кетган эди.
— Пича бўлса ҳам кут...мадими?
— Кимни? — Ойим тушунмадилар.

Менинг эса, номини айтишга тилим айланмас, не хаёлларга бориб гуноҳга ботаётганимни ўйлар, ўйлаган сарим юзиму қулоқларим ости ёниб борар эди.
— Ўша, неча йил паноҳида асраб келган кишиси— кеннойимларни-да? Уларни ҳам айтгани келибдими, ахир?
— Ҳа-а, — дедилар ойим энди тушиниб, — айтди, «булар ҳам боришсин. Ойим бошлари кўкка етади», деди. «Ўзлари билган жой», деди.

Менинг кўнглим худди чанқоғи қонган одамникидек хотиржам тортиб қолган эди-ю, ўзим бояги хаёлларимдан энди ич-ичимдан уялиб бормоқда эдим.
— Ёдгорни-чи, олиб борармиканмиз? — дедим бош-қа гап тополмай. Мен атрофга аланглаб, уни излардим, лекин ҳеч ерда кўрина қолмасди.
— Вой, ҳамма қолиб, уни обормай бўларканми? Ичикиб бир ерга етган экан, кўриб нақ ёпишиб олди-ку. Кейин сенга бир нималар ёзиб ташлаб кетди. Нима десам, Ёдгоринг таклуфнома, шунақаси расм бўлибту, дейди. Мана. — У киши омонатни нимчаларининг ён чўнтакчасидан олиб узатдилар.

Росмана таклифнома, орқасида чумоли изиданам майда битик-хат. Ўқишга тутиндим.

«Мақсуд, укажон. Биз ҳам озод қуш эдик! Ота-она орзуси бизни ҳам тутқун этди! На қилайлик, бор экан тақдирида, деганларидек... кўндик. Тўрва халта бўйинга тушди, укажон. Энди биз ҳам ҳамма қатори яшамакчимиз. Эплай биламизми-йўқми, уни ёлғиз Аллоҳ билгай.

Боргин, акангни кўргандек бўламан, Чаман».

«Воҳ, шундай одам ахир синибдими?!» деб юбордиму ўз хаёлимдан ўзим қўрқиб кетдим. Кетидан келадигани... чиндан қўрққувлик эди: Ахир нега синмаётган эди?!

Бошқа дегани бормиди ё?

Ким эди у?..

Нимани кутар эди?

Ё бирон қасам ичган жойи бормидики, уйланолмаса?

Қачон уйланмоқчи эди?

Акамни қайтариб олиб келибми, тинчибми?

Энди-чи, ноиложликдан, онасининг — ўша беш кунлиги борми-йўқ, оқ-оппоқ бўлиб ўтирган онаизорнинг сўзини ташлай олмай уйланмоқдами?

Унда нега ичи ёниб кетяпти? Дуди осмонга чиқиб, нега озод қуш эдик, тутқун бўлдик, демоқда?

Кимни деб бўйдоқ ўтмоқда эди?

Бу саволларга қани эди бирон жавоб тополсам...

Тўй ҳам бир чиройли ўтди. Расм-русуми жойида бўлди. Қудалар ҳам рози кетди.

Биз ҳаммамиз тушиб бордик. Ёдгордан кеннойимгача. Ўз хеш-ақраболаримизникидагидек «қамишдан бел боғлаб» хизмат қилдик. Айниқса, ойимлар билан опа-сингилдек топишиб қолган Ойтўра бувининг эси кетди. Бир дуо қилдилар, бир дуо қилдилар. Дуолари даргоҳида қабул бўлган бўлсин. Шу билан бу хонадонга хотиржамлигу халоват иниб, Чаман акамнинг узун-узун кетишлари орқада қолиб, туп қўйиб палак ёзадиган пайти келгани рост бўлсин. Аллоҳ унинг кўнглига бу келган изли-қутли келинга муҳаббат, яқинларига меҳр солсин. Дуо яхши нарса, ҳаммамизнинг кўнглимизни ийлаб-ийитиб янада яқин қилиб қўйган эди. Гўё узулмайдиган ришталар билан боғлаб ташлагандек эди.

Ҳатто Чаман акам ҳам сипо тортиб қолган, уятчан куёвтўралардек қизарибгина, тортинибгина қараб қўйишини айтмаса, Ойтўра бувининг гапларига сўз қўшолмай ер чизиб ўлтирар эди. У тўрвахалта бўйнига тушганидан хурсанд эканини ҳам, хомуш эканини ҳам билиб бўлмас, мен уни ичида жон-жон деб турганини ташига чиқаролмаётган куёвларга ҳам ўхшатолмасдим. У кўпроқ тўрга тушиб қолганини сездирмасликка уринаётган каби эди. Балки менга шундай туйилгандир.

Ҳарқалай, у биз билан хайрлашаркан, келганимиздан боши кўкка етганини қайта-қайта айтиб, қўлини кўксидан узмаса-да, яна нимадандир жуда-жуда хижолат эди. У гўё энди илгариги суянган тоғимиз — ишонган боғимиз эмасди, энди унинг ўз оиласи, ташвишлари бор эди, ўзидан ортиб, бизга мурувват қила олмас, паноҳига ҳам ола билмас, акам ҳақда ундан хушхабарлар ҳам кута олмасдик. Чунки энди у узоқ командировкаларига чиқа олмас, аканг ҳақда хабарлар бор, зора ўзини кўрсам деб, зудлик билан жўнаб кета олмас эди. Унинг бўйнига оила аталмиш бўйинтуруқ тушган, Калковуз бўйидаги шу ҳовлига ипсиз боғланган эди. Чаман акамдек озод қуш бу тўрга қандай илина қолди, ҳеч ақлим етмасди. Сабаби — мен сизга айцам, анчага довур маълум бўлмай қолди. Бу ўртада ёз ўтди, куз кетди, қиш чиқай деганда шаҳардан хабар келди. Ойтўра буви невара кўрибдилар. «Муборак бўлсин»га ойим билан кеннойим тушиб чиқишди.

Шундан икки ҳафталар ўтгандими, ишхонага қўнғироқ бўлиб қолди. Олсам — Чаман акам: боши осмонда:
— Ўзингмисан, пакана пари? Ука деган ҳам шунақа бўладими? Xабарам олай демайсан, табриклай ҳам демайсан? Э, баракалла!
— Муборак бўлсин, ўғилчалар! — дедим хижолатларга ботиб.
— Муборак ҳам гапми, хари синдириш керак! Аканг қарағай шу кунни кутиб ўлиб бўлди, кўкраклари тешилиб кетди-ку. Бу ёғи озодлик, яна хурлик-ку, Мақсуд. Эшитяпсанми?

Мен эсовсираб қолган эдим!

«Қизиқ-ку! Шу кунни кутиб ётган эканми?! Келинпошша билан (тавба, нега келинпошша бўлсин! Келинойи-ку!) аҳднома шундай эканми?» Чиндан у қандай рози бўлибди экан? Бунинг юришларига, бедарак тентираб кетишларига! Бекорга у қариқизни, «ўқий-ўқий шаҳар олиб бера олмаган», онасига шаҳар олиб беролса ҳам ўзига бахтдан тахт яратолмаган ўша олимани хотинликка олмаган экан-да. Жиндек шунга ўхшаш гаплар қулоғимга чалингани бор эди. Гўё «Битта қўчқордек ўғил туғиб берсанг, бас, ойимнинг армонлари ушалсин. Кейин ўшанга андармон бўлиб ўтираверасизлар қайнона-келин...» деганмиш, тавба.

Воҳ! Шундай бўлса, яна яхши-ку! Акамнинг чопари, кимларнинг «суянган тоғию ишонган боғи» ўлмаган экан-ку! Истеъфога чиқмаган экан-ку соқчи фаришта! Юрагига балли-ей, бир йилга чидаб ўтирибди-я! Энди тентираса, қаёққа бораркин? Акамни излаб қай диёрларга ўтаркин? Қай сарҳадлардан ошиб, қай шаҳарлардан уни сўроқларкин? Йўқотган изини қай саҳролардан изларкин? Бирон мужда топганми ё таваккалчини ишини Xудо ўнглар деб, отланиб қолдими? Рухсат беришмаса, қаёққа боради?
— Тушайми, қаердасиз? — дедим ютақиб.
— Туш-туш. Олиб кетгани келдим-да сени. Ичларим тошиб кетди-ку, пакана пари. Сенга ёрилмасам кимга ёриламан? Бўл, йиғиштир иш-пишингни. Бир кун сенсиз ҳам чиқар ўша ҳеч кимга кераксиз газетинг...

Ол-а, шу ерга келганда оширворди-ку. Одамнинг ҳамиятига тегиб кетади ҳам демайди-я. Xудди бир вақтлардаги салти-свой Чарли чапанидек нималар деяпти?! Шунча одам кўр бўлиб чиқарган газетни нима демоқда? Рости, гапи энди менга наша қилмоқда, ичимда аламми, бир нима ғимирлашга тушган эди. Чиндан ҳам ҳеч кимга кераксизми? Кимнинг гапини гапиряпти? Ҳамма-ҳамма билан, у шундай деб турса-я... Аламданми, нимадан тилим танглайимга ёпишиб қолгандек эди гўё!..
— Ҳа, даминг чиқмай қолди, бирон юмушинг... — деди у сал юмшаб.

Мен ҳам уни аядим. Ахир кимсан акамнинг қиёматли ошнаси. Бошқа биров бўлганида эшитадиганини эшитиб оларди. Ҳақимни қўймасдим балки... Лекин бу акамнинг туғишгандан аъло ошнаси. У келади-ку, мен чиқмайманми? Бир арзимас гапига зарда қилиб-а?! От тепкисини от кўтаради-да.
— Йўқ, чиқаяпман, юмуш-пумуши борми! Ҳаммаси сиздан айлансин, — дедим.
— Бу бошқа гап, пакана пари. Ўзингга етари йўқ. Бўлақол, — деб шоширди.

Йўлакай палтомни эгнимга ила-ила кубанкамни қўлга олганча зинадан пастга ошиқдим.

Ўпкамни қўлтиқлаб дегандек тушиб борсам, тушдан аввалги йилт этган эшак ўлдирар офтобда жиндек эриб, яна қатир-қутур яхламоққа бошлаган йўлкада Чаман акам бетоқат бориб-келмоқда. У мени кўриб чекиб турган сигаретини қорга итқитиб, ўзи менга қучоқ очгудек юрди.
— Э, бормисан, Каттабоғнинг гули! Ошнагинамнинг пакана пари укагинаси! Сўраб келмасам, ўзинг борай ҳам демайсан?! Оқибат шу бўлдими?
— Узр, узр. Эшитибам ўтолмадим. Муборак бўлсин, янги меҳмонлар? Оти нима бўлда, полвоннинг оти? — дедим гиналарни унуттиришга уриниб.
— Ўғилчаними? — деди у қучоғидан қўйиб юбормай. Ундан ҳозиргина чеккан сигаретининг ҳиди гуркираб келар, ўзи эса мени ялаб-юлқашга тайёр эди.— Олма олмадан нари тушганми, аммо мен ихтимат қўйиб, ошнамнинг номини бердим. Адашига ўхшаб, ботур бўлсин, унданам узоққа борсин. У етолмаган орзуларга ҳеч қурса булар ецин деб, шундай қўйдик. Қалай, сенга ёқдими?
— Султонмурод дебми? — дедим ҳайрату шодлигимни ичимга сиғдиролмай.
— Ҳа, тўлиғича қўйдим. Ирим қилиб эмас, ният қилиб! — Кейин кутилмаганда қулоғимга энгашиб шипшиди, — Билиб қўй! Ҳар иш ниятга боғлиқ. Пайғамбаримиздан шундай ҳадис бормиш.
— Раҳмат, унутмаганизга... — деёлдим ичим аллатовур ачишиб кела бошлаб.
— Унутиш? — деди у икки елкамдан чангаллаб тутиб турганича, кўзимдан кўзини узмай. — Қаёқдаги гапни гапиряпсан сен?! Уни унуцам, Чаман отимни бошқа қўярман! Усиз мен кимман? — деди мени силкилаб, кейин итариб юборатуриб, маҳкам ўзига тортди-да, қўшди. — Қўй бу гапларни ҳозир: ярамга туз сепма. Ундан кўра кетдик. Ўғилни ювамиз бирон ерда. Бир отамлашиб, эзилишайлик.

Менинг миямга қачондир, кимдандир эшитганларим урилиб, бош чайқадим:
— Отамлашсак отамлашайлиг-у, лекин ювмайлик. Чилласи чиқмаган болага яхшимас. Юк тушади, дейдилар ойим. Ундан кўра, бирон ҳолироқ иссиқ жой топайлик, — дедим ийманибгина.

Чаман акам дабдурустдан елкамга қўлини ташлаб, қоқди:
— Ўлма. Шундай кунда танчадан зўри борми? Юр, уйга кетдик. Бозиллаган танчада бир битимиз тўкилсин.
— Бу бошқа гап. Шўрвани солиб қўйиб, эзилишганга нима ецин. — дедим. Ичимда эса, нимадир ғурмишлагандан-ғурмишлаб нимани илиниб келибдикан, деб турибман-у, сўрай олмаяпман. Чаман акам бўладию беҳудадан-беҳудага сўроқлаб келадими? Балки, аввалги сафарларида топган хатларидан қолгани бўлса ўшани ҳам бермоқчидир?..

У ихчам, узун қора чарм палто кийган, бошида ҳам чарм кепка, ҳатто қўлқопи юмшоқ — тоза чармдан эди. У шу туришида қора машиналарда юрадиган амалдор вазирлардан бир туки кам эмасди. Мен уни бирон баландроқ вазифага тайинлашибдими, хизмат машинаси ҳам ҳозир келиб қолса эҳтимол, деб ўйлаб қолган эдим.

Ундай десам, бозиллаган танча ҳақидаги гапи қизиқ... Ё қабулу мажлислардан безиб, ёриларга мендек бир яқин суҳбатдош истаб қолдимикан?

Ҳукуматнинг қора машинаси ҳам келмади, унинг орқа ўриндиғига ҳам ўтирмадик. Нечта бинойи таксиларни ўтказиб юбориб, кепкасининг мойи чиққан бир киракашнинг машинасини тўхтатди-да, савдолашмай ҳам олд ўриндиққа чўкди. Кейин ярим ўгирилиб ўтириб олиб, гап бера кетди. Ё роса ичи қизиб, тўкилолмай юрган экан, ё мени топиб олиб, гап халтаси очилиб кетган эди. Фақат мен бир нарсага ҳайронман: бир йил бурун уйланиб сипогина куёвга айланган Чаман ака қани? Гўё у бир думалаб, яна аввалги ўз ҳолига қайтиб улгурган, бир гапириб ўн кулар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган саргузашту теша тегмаган ҳангомаларни қалаштириб, ичимни узиб бораётган эди.

Яхшиям мой босган кепкасини бостириб олган анув сариқмошак шофер бизнинг тилимизга тушунмайди. Тушунса, шу вақтгача қайбир ариққа машинани солворган бўлармиди. Шунда ҳам ҳар шарақлаган кулгимизга худди бир нарса тушунгандек илжайиб қараб қўймоқда.

Калковуз кўпригидан ўтиб, сув ёқалаб ўша остонаси тагига ўн одам зўрға кўтаргудек катта харсангтош ётқизилган эшикка етганимизда акам шофернинг тиззасига иккита қизил ўн сўмлик ташлаб, елкасига қоқди:
— Раҳмат, сариқ-суруқ — ўзимизнинг уруғ, ука. Топганинг ош бўлсин.

Сариқмошак ҳам валломат экан:
— Ўзларига-да, раҳмат, шеф, — дея кишибилмас битта ўн сўмликни тушаётган акамнинг чўнтагига қистириб юборди. Назари тўқлигини кўринг буни... деб ўйладиму... шу заҳоти ўзимни омиларнинг омиси, ҳар битта келгиндидан фазилат излагучи гўлларнинг биттаси ҳисоблаб — ўз-ўзимдан ижирғаниб кетдим. Шунаққиб, ўзимизни паст ола-ола ким бўлиб қолмоқдамиз?! Султонмурод акамдек одам ҳеч замонда шундай ҳайратга тушармиди?! Чаман акам у сариқмошакка беҳуда иккита ўн сўмлик ташлаб тушдими? Гўё ма, шунга келганмисан, хизмат ҳақингни ол-да, қорангни ўчир, демоқчимасми? У ҳам анойимас (жилла қурса, мен кўраман-ку валломатлигини!!) ўша хорижда ҳам қадрланадиган ўн сўмликнинг биттасини қайтариб, қистириб юборди. Шунақа «ўқсиз жанг» аллазамондан бери давом этаётганини мана ҳозир англаб-кўриб тургандек эдим мен. Булар ҳам ташларидан сездирмасалар-да, ичларидан бўш келмасдилар. Эрта-бириси кун ким ғолиб келади, буни ёлғиз Аллоҳ билади.

Яъни ким Аллоҳга яқин бўлса, ўша ютади. Ғурури, ори, номусини, демакки, дини-диёнатини қайтариб олади. Ҳозирча хуфёна жанг кетяпти. Рости, бундай «номаъқул» фикрлар меҳмон бўлиб келаётганидан баъзан қўрқиб-қўрқиб кецам, баъзан акамга ўхшаб бораётганимдан хурсанд бўлиб кетаман...

Тушдик. Кириб боряпмиз ишкомлару кўмилган ток занглари оппоқ қор тагида қолиб, яна ҳам кенгайиб кетган ҳайҳотдек ҳовли-боғнинг япасқи ғишт ётқизилган йўлкаси билан ўша тепадаги узун ҳам болохонали уйлар томон. Биз бу ердан ўзимиз учун азиз одамларни топганмиз бир вақтлар. Оғир кунда улар шу ерда жон сақлашган. Ёдгортойимиз эса, шу ерда туғилиб, дунё юзини кўрган. Ҳов анави шохлари ҳар томонга салом бериб эгилиб қолган толлар остидаги кўҳна ҳовуз бўйларида чопқиллаб юриб, катта бўлган. Кечалари эса, (ҳозир деразасига бўзми — нима тутилган) ҳов анави болохонали уйда ётиб, тушларида кимларни кўрган. Шу боис ҳам бу ҳовли, бу уйлар менга азиздан-азиз. Анави чеккадаги бир уй, бир даҳлизда Ёдгорнинг ўрнигаям (мен Ёдгорман деб!) буваларининг юртига бориб келган, уларга совға-саломлару муждалар олиб келган Саритою уни асраб олган онаси Асал опа туради. Бунисига бўлса, келин тушган. Ёнгинасида (ҳов ўша болохонага чиқадиган ёғоч зина ёнида) бу хонадоннинг нури иймони бўлиб, Ойтўра буви ўтирибдилар. Ҳозир қаерга кирамиз экан? Қаерга кирганимизда ҳам аввал бувини зиёрат қилиб қўйиш қарз ҳам фарз. Дуоларини олиш лозимдан-лозим. Қолаверса, янги меҳмонли бўлишган. Муборакбод этиб, кўрманасини у кишига бермоқ лозим. Урф шундай, ирими шундай. Амақисига ўхшаб, мирзо йигит бўлсин, бизаниям тарихларимизни ёзсин, деб дуо қилсалар, бошим кўкка етмайдими?..
— Қаранг, ойи, мен кимни бошлаб келдим. Ошнагинамнинг туғишгандан аъло холаваччаси. Тануқли мирзо... Анави кунги меҳмонлар шуларникидан келишиб эди-да. Энди бу кишининг оналари бизга ҳам хола ҳисобланадилар-да, шундайми, ойижон?
— Вой, онайиз айлансин. Ким келяпти десам, сизмидиз ҳали? Келинг-келинг, қадамларингизга хасанот. Тутинганларни туғишгандан аъло этган Аллоҳимдан ўргилай, келинг, — деб бир ерга ета кетдилар.

Қўлларидаги қариганда топган неваралари — йўргакдаги болани ёнгиналарига ётқизиб, ўтирган жойларида мен билан кўришишга чоғланарканлар, бу кўп қадим уйлар янги меҳмон кўришиб, аввалгидан ҳам чароғон бўлиб кетгандек эди. Чиндан келиннинг қадами қутлуғ кепти бу хонадонга. Ҳаммаёқ саранжом-саришта, деразалардан офтобда ярқираган қорнинг оппоқ нурлари тўкилибми, уй ичи чароғон тортиб кетган. Илгариги заҳ-моғор ҳидларам йўқ. Токча қозиқларидаги охорли сочиқларданми ва ё бешик бошига илинган қалампирмунчоқ шодасиданми, таниш ифорлару бўйлар тараларди. Унга норасида бола иси, янги келин бўйлари, Ойтўра бувининг ширин мулозаматлари қўшилиб, уй эмас, жаннатга кириб қолгандек бўлмоқда эдим. Бошим ҳам енгил-енгил айланиб келмоқда эди гўё. Мен бош эгиб бориб, оқ руҳ каравот ёнига тиззалаганча Ойтўра бувининг момиқ бағирларида қолдим. Ундан эса бояги бўйлардан ҳам азизроқ бир бўй — ҳалим тортиб қариган тақводор зотлардан келадиган бир тур ифор ҳидлар анқиб, худди жаннатдан тушган деб аталувчи анжир тагига келиб қолгандек эдим.

У киши эса, момиқдан юмшоқ кафтлари билан бошиму куракларимни силаб, шивирлар эдилар:
— Эслаб кепсиз, илой, бизнинг невараларга ҳам сизнинг йўлингизни берсин. Юртда азизу мукаррам қилсин Ўзи, — кетидан қўлларини очиб, дуо қилиб қўйдилар, — Ва саллалоҳу таоло ала хойри холқиҳи Муҳаммадин ва ала алиҳи ашабиҳи ажмайин. Бироҳматика я арҳамар роҳимийн.

Беихтиёр биз ҳам қўл очиб дуога қўшилдиг-у, аммо бу Пайғамбаримиз шаънларига саловат эканини, шусиз осмон эшиклари очилмаслигини ҳов талай йиллардан кейин англаб етдик. Улар билган нарсаларни билишимизга неча қовун пишиғи бор бўлса-да, бу дуолар бизга мойдек ёқиб тушмоқда эди.

Кейин Ойтўра буви бошлари кўкка етиб, сўраша кетдилар:
— Ойиз Саломхон омон-есонмилар, келинпошшам қалайлар? Бир-биридан ширин жужуқ қизлариз бормиш — бой экансиз, катта бўлишяптими? Ўғилчангиз юриб кетганмиш, ило-ой, Аллоҳ бахтини берсин. Гўшангаларга куёв бўлсин.

Шу асно йўргакдаги чақалоқ гувраниб, бошини дам у, дам бу томонга бурганча искалана бошлаб эди, буви унинг тилидан ҳам гапириб қўлларига олдилар-да, бошини тикка қилдилар:
— Вой, амақужон, ассалому алайкум, бу ёқда биз ҳам бормиз, гўшангаларга куёв бўладиган. Xуш кепсиз, адажонимизнинг азизлари. Чилламиз чиқиб қолди бизаниям, одам танийдиган бўп қоламиз ҳадемай.

Мен ийиб кетиб, ўрнимдан тура бошладиму қўйин чўнтагимдан бешта қизил ўн сўмлик олиб, акамнинг митти адаши бўлмиш болакай йўргагининг ипак боғичига қистирдим.
— Ваалайкум, ваалайкум. Катта йигит бўлсинлар. Отларига яраша ишлар қилиб, ҳамманинг дуосини олиб юрсинлар. Биз етолмаган жойларга ецинлар, — дедиму ўзим нимагадир тўлиқиб келиб, кўзларим намланди.

Бу ёқда аҳли аёли, ўғли қолиб, ўзи қайтар йўлини тополмаган акам ёдимга тушиб кетган эди. Ва негадир Чаман акам шу ўғлининг отини бундай қўймай турса бўлармиди... шу билан қайтар йўли тамом беркилмасмиди?.. деган ўйлар кечиб, ичимни тирнай бошлаган ҳам эдилар. Исломда ирим йўқ бўлса-да, негадир мен ўзимни босолмасдим. Ич-ичимдан ғурмишлаб келаётган бир ғашликни қуварга ҳам ярамасдим.

Қарангки, қайтиб ўтираримни ҳам, чиқишга изн сўраримни ҳам билмасдим. Яхши ҳам Чаман акам бор экан, у ҳолимни тушуниб, орага тушди.
— Ойи, бизга рухсат берсангиз, нариги танчали уйга жой қилдириб эдик. Ўрик ўтиннинг оловида танчани бир бозиллатиб ўтирмоқчимиз.
— Яхши ўйлабсизлар. Оёқни ҳозирдан асраш лозим. Кейин мендек, манавундай кунга қолиб ўтирмайсизлар. Бораверинг, бахайр...

Манзиратлар билан чиқдик. Бирон ёққа кетишган шекилли, Асал опа ҳам, унинг асранди ўғилчаси кемшиктой ҳам кўринмас, фақат ташландиқ ҳовуз томондаги ошхонадан енгил дуду тутун ўрлаб, оловнинг чарсиллагани эшитилар, ишкомлар орасию ҳовлидаги қор кўрпасига қараб бўлмас, у офтобда минг-миллиард марвариду инжуларга айланиб ярқирар, қамашган кўзни қаёққа оларни билмасдик.

Биз ўн бир тўсин (болор)ли, лакланган тоқилари қора жигарранг тусга кириб кетган, гир айланасига дорпечу гулпечлар тутилган, атир упаю қовуздоғу бешик анжомларининг бўйларига қўшилиб, қалампирмунчоқми, гўдак исими, нимадир ўтириб қолган келинлик уйига кириб қолган, тепадаги дераза тагида кўрпа ёпилган танча кўринар эди.

Чаман акам ясси ғиштдан терилган ханик ёнидаги ковшандозда қўнжли нозик ботинкасини еча туриб, тегишди:
— Мана шу бизнинг тутқунхонамиз. Xудо хоҳласа, шу ғурбатхонага тушганимизга ҳам бир йил бўляпти. Келаси ҳафталарга Султонтойнинг чиллари чиқса, тўртта чолни чақириб, ис чиқариб юборсак, қарабсизки, уй тутқунидан ҳам озодмиз-да. Келишув шундай бўлган. Кейин тўрт томонимиз қибла, хоҳлаган ёғимизга қанот ёзиб уча оламиз. Озодлик!..
— Кимдан? — деб юборибман беихтиёр.
— Кимдан бўларди, — деб ишшайди у намат устига ўтиб, — бу тарз бир тупкага қамалиб ўтиришлардан. Рўзғор ивир-чивирию ҳамма қатори юришлардан. Бемақсад, бемурод умргузаронликдан. Тўйдим ҳаммасидан. Қолаверса, пакана пари, энди сенга ёрилсам бўлади, бошда чақириб олишганида шартлашув шундай бўлган. Уйланасан, ўғилми-қиз кўрасан, чилласи чиқади, сўнг озодсан, унгача бўйнингда бўйинтуруқ — ўтиравурасан. Сен буларнинг орзу-ҳавасини қондир — кейин тўрт томонинг қибла, борганча бориб, келганча кел. Об-ҳаво истансангдаги вазифалар сенсиз ҳам адо этиб турилади. Дунёни тўфон босиб кетмас, кут, деб шу тўрт девор ичига тиқишган эди. Мана, биз шартни адо этдик. Той боланинг чиллалари чиқяпти, келинпошша қўллари косов, сочлари супурги, буларнинг истакларини адо этиб турибди. Қолаверса, кемшиктой эр етиб қолди. Демак, бу хонадон эркаксиз эмас. Аканг қарағай иссиғ элларга қараб учса, бўлавуради. Рам-рам, рам-тарарам...— деб айлана туриб, қош қоқиб, кўз учириб, қарс бадабангга ўйинга тушиб кеца, бўладими?

Мен тахта бўлиб қолаёзган эдим. Уни табрикларимни ҳам, қучиб оларимни ҳам билмасдим. Ваҳо-лангки, арзирди. Шуни айтадилар-да, ҳар нарса ниятга боғлиқ деб. Ният соф бўлса, ким ниятига етмагай?!

Хуш қол энди, жамилам… (Тангритоғдан ўзга диёрлардан топилган мактублар жумласидан.)

«Аллоҳ сенга сабр бериб, Ўз паноҳида асрасин. Сени унга топширдим. Ўзини сенга вакил этдим. Тушун, жамилам, шундай ишлар бўлиб кетди! Ҳамма сиғган Тангритоққа бизлар сиғмай қолдик. Кўнглум ҳарқалай тинч эди сизлардан. Шундай довон ошиб, сарҳаддан ўцам етадиган жойда эдим. Жилла қурса, соғиниблар кецам, ўша довонга чиқиб тушмоғим, сизлар паноҳ топган она диёр ҳаволаридан туйиб-тўйиб нафас олмоғим, у азиз юрт насимларига юзларимни тутиб, соатлаб ўтирмоғим мумкин эди. Барчасини Xудойим кўп кўрди. Тангритоғни ташлаб чиқдик. Қори акам айтадилар: Ҳазрат Алидан сўрашган экан: агар Осмон камонга айланиб, Ер унинг ипию одамлар ўртасидаги мажоролар камон ўқига айлансалар, Камончи эса, буюк Аллоҳнинг ўзи бўлса, нишонга айланган бебахтлар қаёққа қочгайлар деб. Шунда у киши: Албатта, Аллоҳ томонга қочиб, жон сақлаш мумкин, деб жавоб қилган эканлар. Шунга ўхшаб, биз ҳам Унинг паноҳига қочмоқни афзал кўрдик. Шояд Каъбатуллоҳ томонлардан нажот топсак. Ана шу умидда ҳижратни ихтиёр этдик. Бунда ёлғиз Аллоҳ розилигидан бўлак ниятимиз йўқ, Маҳфузам.

Тўғри, Маҳфуз, Каъба йўли осонмас. Унга етмоқ душвордан-душвор. Айниқса, биздек дарбадарлар учун мушкулдан-мушкул бир сафар. Етгунча не диёрларда қандай заҳматлар чекармиз, қанча сарҳадлардан қандай ошармиз — билмасмиз. Олдинда Аллоҳнинг яна қандай имтиҳону синоатлари бор, не кўргиликларга учрармиз, билмасмиз. Билмасак-да, Камончи томон қочмоқни, уни паноҳ тортиб бормоқни лозим кўрдик.

Маҳфуз, «биз кўзингизга кўринмадикми?» деб ўпкалашга ҳақлисан. Йиғлаб-сиқташга, сочларингни ёйиб, юзингни ёстиқларга буркаб ўкрашга ҳақлисан.

Майли, кимсасиз уйларга қамалиб олиб, тўйиб-тўйиб, хун-хун бўлиб йиғла, кўз ёшларингга эрк бер. Бусиз ҳам эзилган юраккинангни бўшат. Аммо тақдирингни қарғаб тилга ола кўрма. Булар ҳаммаси — мен бу ёқларда қолиб, сен ота юртда орқадошингни кутиб юрмоғинг, аёл бошинг ила ватанда ватансиз қолмоғинг — барча-барчаси Аллоҳнинг ёзмиши — хоҳлашидир. Унинг синови — имтиҳонидир. Ҳар иккимизга ҳам шундайдир. Негаки бу дунёда Аллоҳнинг хоҳишидан ташқари на бир ел эсар, на бир кун кечар. Қалам ёзишдан тўхтаган, сиёҳи битган! Барчаси ёзилиб бўлган! Бу ёзмишни ўзгартирувчи Аллоҳдан бўлак Зот йўқдир. Xоҳласагина Ўзи ўнглагай. Шунинг учун ҳам, жамилам, гуноҳга ботиб, ёзмишимиздан нолиб, тақдирни қарғаб ўтирма. Барчасига кўн. Дунёда Аллоҳнинг ёзмишига кўнган кишидан ҳам оқилроқ одам бўлмагай. Ана шундай кишигина банда саналгай. Кўниб, Аллоҳнинг розилигини тополгай.

Сен (узр, аввал сизлар эдим, энди азбаройи ўзимга яқин олиб сенлаётирман. Чунки осмон никоҳи ўқилган ёлғиз рафиқамсан. Мен сендан тонмасман. Ҳар қанча узоқ кетмай, унутмасман), ҳа, сен ўзинг оқиласан, барча-барчасини вақт ўтиб тушуниб олгайсан. Бу жаҳон айвонида Аллоҳнинг ихтиёри, иродасидан ташқари ҳеч нарса содир бўлмаслигини англаб етгайсан. Тушун, биз бир-биримиздан қанча олисларда бўлсак-да, ўртада қанча тоғ, қанча дарёлар ёца-да, барибир ёлғиз бир Зот паноҳидамиз. Унинг Ўзи яратган Ер устию Осмон остидамиз, ундан чиқиб кетмаганмиз. Қолаверса, унинг хуш кўрган динидамиз. Ўзи паноҳида асрагай бизни. Шунинг учун мен сендан хотиржамман. Ўзига топшириб қўйганман сени! Ҳеч бир кимса сени ул Зотдек асрай олмас! Фақат сен буни тушунсанг, бас. Ўзингни унга топширсанг, ҳасбияллоҳу неъмал вакил1, дея таваккул қилсанг, бас. Ўзи асрагай. Ана шунда, билки, қалбингга ҳам буюк бир хотиржамлик ингайки, унинг олдида бу дунёнинг барча ташвишлари ҳечга айлангай! Ўзинг эса, менинг гўзал амалли, саботли маҳбубамга айланиб қолгайсан.

Бу бир таскин эмас, жамилам. Ривоят ё эртак ҳам эмас. Бу ҳақиқатдир. Ўзини билган, Аллоҳни таниган, уни ҳеч бир нарсага алмаштирмаган, ёлғиз Аллоҳга таваккул қилган мўминларнинг буюк эътиқодидир. Лаа илаҳа иллаллоҳу2 — ана шудир! Шунга суян — шундан паноҳ топгайсан.

Барча ишлар ниятга боғлиқ, демишлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Биз жиҳодни дилга тугиб, ўша сарҳад ошиб борган кезимизда зоҳиран ниятга етмаган эсак-да, ботинан Аллоҳ ризолигини топган эканмизки, буюк Аллоҳ ўша кечанинг ўзидаёқ мени ажри мукофоти ила сийлаган, сенинг рухсорингга етказган эди! Энди имоним комилки, ўша сафарда бизга сарҳад йўлларини очиб уни бехатар қилиб қўйган ҳам унинг Ўзидир. Тўрамни ишни қайта бошдан бошлаб, зафар топмоққа кўнгилларини чоптирмаган ҳам ким бўларди?! Ўзидир! Фақат менингу сенинг қайси феълимизу амалимиз унга хуш келмишки, бизни шу баҳона топиштирди, бир кеча меҳмон этди бир-биримизга. Шунга ҳам беадад шукрлар бўлсин. Топиштирмаса, бошқа кўриштирмаса, нима қилар эдик?! Ва бунинг ҳикматини ҳов кейин англаб етармиз балки.

Сен ғам ема. Ҳаммасини буюк Аллоҳ ўзи чокини чокига тўғрилаб, ўнглагай. Иймоним комилки, ўша учрашув беиз кетмагай. Ундан ёдгор қилиб бир тирноқми, нима бергайки, алал-оқибат ўшал фарзандимиз туфайли ўртадаги ришталаримиз узулмай қолгай, қачондир бизни топиштиргай. Бўлмаса, нега кўриштирди, учраштирди, агар қайтиб топиштирмаса?! Менинг умидим шундан ва ёлғиз Ёдгоримдан. Қай юртлару бегона элларда дарбадар кезмай, афғон чекиб ҳиндудек қораймай бу ният, бу умиддан тонмасман, сизларни унутмасман.

Майли, йиғла-сиқта, тишингни тишингга бос, аммо Тангримиз азза ва жаллага шукрни унутма. У иноятга кимлар етди, кимлар етмади?! Ахир Маҳфуз қаердасан, бил. Ўз ота юртингда, холаларимиз қаватида ўтирибсан. Биздек дарбадар кезсанг, нима қилардинг?! Ношукр бўлма. Қанчалар у диёрнинг бир ховуч сувига зор, тупроғига зор. Яқинларини тушларида кўради, холос. Сен уларнинг қаватида ўтирибсан-ку.

Биламан, кучи кўз ёшидан бўлакка етмаган бир аёлсан, бир келинчаксан. Лекин мени десанг, қаерда бўлса, омон бўлсин десанг, йиғламагайсан. Унинг ўрнига ҳам ўзингга сабр тилагайсан. Ўйла, Маҳфузам, бу дунёда шунчаки яшашдан не фойда? Агар ўз нафсингга қарши жиҳод қила билмасанг?! Бу дунёнинг хою ҳавасларидан устун туролмасанг?! Қолаверса, нимага яшаб юрибмиз, агар Аллоҳнинг розилигини тополмасак?! Шундан бошқа тонгла Маҳшарда катта тарозуга қўядиган нимамиз бор?! Агар шу розиликни топсак, билки, у қирқ йил бирга яшаганимиздан аълороқдир!

Қўй, кўзёшларингга ҳам раҳминг келсин. Умидим бор. Буюк Аллоҳ бизни шундай қолдирмагай, бу жудоликлар кетидан висол келса, ажабмас. Сени, Ёдгоримни бир бор кўрмай кецам — кўзим очиқ кетмасми?

Кут. Саҳарларда ёлғиз Ўзига илтижо қилки, бизни қайта кўриштирсин, топиштирсин.

Хуш қол энди, жамилам. Мен сенга сабру сабот тиларман.

Султонмуродинг

Пешовар».

Чин соқчим, қиёматли биродарим — Чарли-Чаманимга

«Оҳ, биродарим, бу дунёга келиб топган якка-ёлғиз содиқ дўстгинам, Чаман! Қадим Эскижувалигим! Ҳорисим, соқчи фариштам, Закий Валидийдек суянганим, ишонганим!

Узр, минг бор, узр! Йўлларимиз айро тушганига. Мен сендан берухсат, бемаслаҳат бу йўлни — ҳижратни ихтиёр этиб қўйдим. Ватанга сиғмаганларга Аллоҳим Ўзи ҳижрат йўлини очгай экан. Мен бу йўлнинг биринчи йўловчиси ҳам, охиргиси ҳам эмасман! Тақдирга шукрона айтмоғим лозим.

Йўқ, мен қасамни бузмоқчи эмасман ва бузганимча ҳам йўқ. Сенга берган сўзим-сўз, унга ҳиёнат этганимча йўқ! Фақат шундай бўлиб қолди. Барча мажорою мушкулотлар Камончи томонга қочиб, жон сақламоқдан бўлак йўл қолдирмадилар. Ҳамма йўллар беркилиб, шу биргина йўл — Аллоҳ паноҳига қочмоқгина қолган эди, Чаман.

Мен сени оғир кунга қолдирдим, узр. Бунинг учун сени тинч қўймаслар. Бир қават этингни шилиб ол-салар-да мумкин. Лекин сен эпини топасан, деб ўй-лайман. Не оғир ҳоллардан қутулиб чиқмагансан, ахир. Бир чорасини топарсан. Ахир сендай чапдаст бу дунёда иккита бўлса, биттаси ўзингдирсан. Балки сен ҳам ўша Камончи паноҳига қочиб қутиларсан?

Чаман, тушун! Сен учун ҳамиша вазифалар ўз йўлига, бир баҳона бўлган холос. Сени менга минг ишончлув соқчи этиб тайинлашмасин, минг ҳисобу ҳисоботлар талаб этиб келишмасин, сен ҳамиша мени бало-қазолардан асрагувчи соқчи фаришта бўлиб келгансан. Шуни олий вазифа, ният, мақсад деб билгансан. Шу билан Аллоҳ розилигини топмоқни истагансан. Бўлмаса, аллақачон мени маҳв этиб юборар эдилар. Ёхуд ер ости музхоналаригами, қамоқхоналаригами тиқиб ташлаган бўлардилар. Сен эса, мени уларга ким кўрсатиб, қай сарҳадлардан ошириб, қай жанггоҳларга олиб чиқиб юрибсан! Ва биз «топшириқ ила от минган» мужоҳидлар сафига қўшилиб турибмиз! Сен нияти ёлғиз Аллоҳгагина аён бўлган улуғ ўйинчисан! Сен Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш — ўзига хос фириб беришдир, деб марҳамат қилганларидек, устомонлик билан бизни қутқарган, мужоҳидлар сафига қўшган кишисан. Аллоҳ рози бўлсин, яхшиликларинг учун! Фақат мен сенинг бу яхшиликларингга арзирли яхшилик қилиб улгурмадим. Қайтага сени оғир аҳволга солиб, Тангритоғдан чиқиб кетдим. Изимни йўқотиб кетдим. Сенга жабр қилиб кетганимни, Чаман, энди англаб турибман. Лекин энди кеч, орқага қайтишга имкон ҳам, йўл ҳам йўқ. Узр, ошна, Аллоҳнинг хоҳлаши балки шундай бўлгандир. Мен барча-барчасини ҳозир тарозуга солиб, ким ҳақ-ноҳақлигини аниқлашга ожизман. Фақат Буюк Камончи — Аллоҳнинг паноҳига қочиб тўғри қилганимни биламан, холос. Қори акам айтдилар: Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Алига: «Эй Али, агар бутун олам сенга душман бўлса ҳам ҳеч андиша қилмагил рост сўзлашдан, омонатни асрашдан, жувонмардликдан» деб васият қилмишлар. Шу боис мен ҳам сенга рост сўзни айтдим, токи мени қасамга ҳиёнат этди, деб ўйламагайсан ва бундан кейинги қадамларингни билиб босиб, ўзингни касу нокаслардан асрагайсан.

Оҳ, Чаман, Чаман, биласанми, бизнинг фожиамиз нимада? Сарҳад ошмаганимизда, дунё кўрмаганимизда. Киндик қонимиз тўкилган жойнигина ватан ҳисоблаб юришимизда. Ундан ажрасак, ўзимизни энг бахциз киши санашимизда. Ваҳоланки, Аллоҳ бизга бутун ер юзини намозгоҳ қилиб бериб қўймиш. Ва унга бизни вақтинча нигоҳбон этиб тайинламиш. Ана шу имтиҳон диёридаки, биз барча мўминларнинг дарди билан яшай билмас эканмиз, қандоқ ҳам бутун ер юзини саждагоҳ ватан тута олгаймиз. Мангу ватанимиз жаннатга эришолгаймиз?! Бусиз Аллоҳ розилигини топиб бўлгайми?! (Яна биз ўзимизни мужоҳид санаб юрибмиз!)

Чаман, хатнинг шу жойига келганда ўқишдан тўхтагил-да, волиданг Ойтўра буви олдиларига чиқ. Чиқ-да, (дарвоқе, биз учун азиз у кишига кўпдан-кўп дуои саломларимни етказгайсан. Аллоҳ у кишини сизлариннг бахтингиз учун ҳам ўз хифзу ҳимоясида асрасин. Яна кўп йиллар шу хонадоннинг дуогўй онахони бўлиб ўтирсинлар!) каравотлари тепасидаги жилдда осиғлиқ турмуш ўша Каломуллоҳни очиб, биз ватанжудолар ҳақида келмиш бир оятни — Нисо сурасининг 100-оятини топиб ўқиб беришларини илтижо эт. Шунда кўнглинг жойига тушиб, барча ғилу ғашликларни, аламларни унутиб, ҳеч замон туймаган бир хотиржамликни туйгайсан, ўртоқ.

Қайтиб чиқдингми, энди эшит. Ўша Қуръони Каримни биринчи бўлиб бизнинг тилимизга ўгирмиш зот (у киши ҳам ватанжудо — бу ёқларга ҳижрат қилмиш кўп табаррук киши эмишлар) — ана ўша киши ҳижрат оятини бундай шарҳламишлар: «Кишики, Xудо ризоси учун азиз ватанларин, маҳбуб хонадонларин ва хеш-ақроболарин ташлаб, аларнинг ҳажрларига сабр қилурлар ва азият оламига ўзларини олурлар, Жаноб Парвардигор аларга ватанларидан яхши ватан ва биродарларидан меҳрибон биродарлар ва иззатларидан зиёда иззат ва ризқларидан ортиқ ризқ ато қилур. Ва бу — дунёдаги ажрларидур, охиратдаги даража ва савобларини баён қилиб бўлмас. Агар андин хабардор бўлинса эрди, ҳижрат қилолмағон бечоралар ҳам ҳар нечук кулфатлар ва азият кўрсалар ҳам албатта, ҳижрат қилур эрдилар».

У киши биздан анча олдин бу томонларга ҳижрат этиб, шу даражаларга етмишлар. Ишон, биз ҳам Аллоҳга шу тариқа таваккул қилган кишилар изидан бу диёрларга уларни қора тутиб келганмиз. Ҳар қанча азиятлар бўлса, чидамоққа бел боғлаганмиз. Xудо хоҳласа, у тарафларда адо этолмаган (адо этишга қўйишмаган!) вазифамиз — барча мўминларнинг дарди билан яшаш орзумизга шу ерда ецак, шояд! Шояд, ўз ватани, яқинлари, қавму қариндошларидан ажраб азият оламига юз тутган ватанжудолар дардига малҳам бўла олсак, уларни бебақо дунёнинг турфа адолацизликларидан ҳимоя эта олсак. Жилла қурса, улар суяна оладиган бир «ватанжудолар жамияти» тузсак эди. Лоақал ўз йўлини йўқотган, адашган, мушкул кунга, вазиятга тушганларга эш бўла олсак эди, Аллоҳ розилигини топармидик?! Тақдирни қараки, ўз юртига сиғмамиш ва қувилмиш буюк бобокалонимиз Бобур Мирзо ватан тутиб, салтанат қурмиш диёрларга биз ғарибларни-да қадами етди. Ул зот бир ҳовуч ишонган биродарлари ила салтанат қурган бўлсалар биз сиғинди ватанжудоларни ҳимоя эта оладиган, силаи раҳм кўрсатадиган жамият туза олмасмизми? Лоақал ўзимиз учун, Аллоҳ розилиги учун! У жамият салтанат даъвосини қилмас, лекин собиқ мужоҳидларни-да хўрлатиб қўймас.

Ёдингда тут. Ўша Ўринбургдан чўл ошиб, неча қум-тақирликларни ортда қолдириб, Макка сафарига чиқмиш улуғ тутқун Xудоёрхон қадами етган жойларга етиб келмишбиз. Ва у сув кемасига тушиб, Жиддага отланган бандаргоҳдан иш топмишбиз. Ишимиз чинакам қора иш — кемалару қаюқларнинг тагини сақич-қорамой эритиб мумлашдир. Аммо шундай ишни тополмаган дарбадарлар ҳам қанча, Аллоҳга мингдан-минг шукрки, бизни ишлик этти, бошпаналик этти. У ёғига ҳам Xудо ўзи Ҳаллоқдур. Ишқилиб ниятимизни ўзимизга ҳамроҳ эцин, ҳидоятини дариғ тутмасин.

Чаман, жон биродарим, Аллоҳ ўзингга тўзим берсин, у диёрда мен учун азиз кимлар қолгани ёлғиз ўзингга маълум. Нима демоқчилигим ҳам ўзингга аён. Уларни сенга, сени эса, Xудога топширдим. У ожизаларимдан ўзинг хабардор бўлгайсан. Аллоҳ Ўзи паноҳига олсин. Агар ўтга тушсанг, Ўзи Намруднинг ўтини совуқ қилиб, Иброҳимни асраганидек асрасин, Агар тегирмонга солсалар эса, яна Ўзи бутун чиқарсин. Чунки сен биз мазлумларга кераксан. Дуоларим ижобат бўлмоғини Аллоҳдан сўраб,

Султонмурод биродаринг. Бомбей».

Яна бир умрли асрордошим Чаманга

«Ҳов, асрордошим-сирдошим, Чаман! Сенга ёлғон, Xудога чин — Аллоҳ бизни ёрлақади! Шундай бир дарбадарликда биз мазлумларни қўллади-я! Чиндан унинг Ўзи «Хува аъла кулли шайин қодир»дир. «Хувар Роҳманур Роҳийм»дир! Мазлумларнинг ғамини егувчи «Ва хувал азизул ҳакийм»дир.

Фақат ниятни тўғрилаб, ёлғиз Ўзига таваккул қилсанг бас экан, суянсанг бас экан! Қўллагувчи, етказувчи Ўзи экан!

Ким ўйлабди, денгиз бўйи бандаргоҳида, киши назарига илмас бир юмушни бажарувчилар — шу ишдан рўшноликка чиқамиз деб?! Ким ҳам хаёлига келтирибди, қорақурумга беланиб мум эритувчи ва кемалар тагини сақичловчи биздек келгиндилар ярим йилга қолмай ўзимизни ўнглаб оламиз деб! Ўнглаб олибгина қолмай мушкул кунга тушиб қолган ватангадоларни қўллагувчи кишиларга айланамиз деб!

Аввалбошдан ниятимиз Аллоҳга хуш келганини кўр!

Кел, яхшиси, бир бошдан айтай. Бундай воқеа — Аллоҳнинг инояти деймизми, синови ёхуд мўъжизаси деймизми, ўтган асрда биз томонларда ҳам содир бўлгани қачондир қулоғимга чалингандек... Ҳозир кимдан эшитганимни аниқ эслай олмаётирман. Аммо Аллоҳнинг қудратини кўрки, ўзимиз ўшандек ҳолга тушган эдик. Бўлмаса, ҳеч ким назарга илмас бу бандаргоҳда кимлар ишлаб кетмаган, бу қирғоқни қанча сувлар ювиб ўтмаган. Ўшанда очилмаган хум бир тўлқин келиши билан очилиб турибди! Ҳар куни ўтадиган оёқ тагимиздан чиқиб турибди! Қумдан кавлаб олсак, ичи тўла хазина. Яхши ҳам Қори ака бор эканлар:
— Эсингизни йиғинг, йигитлар. Ҳеч кимга буюрмаган бу хазина бизга ҳам буюрмас. Унинг ўз эгаси бор, — дедилар ҳайратимизга сув сепиб, — агар эгасини топиб ишлатмасак, ажри ҳам буюрмас. Бу ё синов, ё фитнадир. Ҳозирча ундан нари турмоқ лозим. Ўйланг, нега биздан олдин ўтган шунча кишиларга кўринмай туриб, бизга кўринди? Мана шунинг сирига етмоқ керак...

Яхшиям қайтарган эканлар, хазина эгаларини Аллоҳнинг ўзи кўрсатди. Қори ака Қуръон очиб, ҳикмат қидирган эдилар, «Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар!» ояти чиқди.
— Дарвоқе, ботур, аввалбошда ният нима эди?! Ватанжудоларга қайишмоқ, уларнинг бошини силамоқмиди?! Аллоҳ ана шунга яраша етказибди. Бу ўша жамият учунгина ҳалол! — деб фатво бердилар.

Уни қара! Мўминнинг, мазлумнинг нияти хуш келса, Аллоҳдек Зот қум тагида Xудо билсин, неча замонлар ётган хазинани бир тўлқин юбориб очиб қўяди экан! «Кун» дептию устини очиб қўя қолибди! Ана шундай қилиб дегин, Чаман, етарли жамғармаси бор жамиятга эга бўлиб турибмиз. Кеча қора бир гўлоҳ эдик, ҳеч ким назарига илмаган! Бугун ватандан узоқда ўзимизникиларга мурувват кўрсата олгувчи дасти узун кишиларга айланиб қолган эдик. Ана, Аллоҳнинг ниятга қараб беришию ҳақ ваъдаси!

Аллоҳ розилиги учун азиз ватанларию маҳбуб хонадонларини, хешу ақробаларини ташлаб чиққан кишиларга ваъдаси эса, ватанларидан яхши бир ватан, биродарларидан меҳрибон биродарлар, иззатларидан аъло иззат, ризқларидан ортиқ ризқ ва бу шу дунёдагиси эди! Қараки, ҳалиги хазина ўша ваъдаларнинг дебочаси экан! Қуръонни туркийга ўгириб шарҳ этган Олтинхон тўрам таъвиллари рост чиқди.

Алҳамдулиллаҳиллази, кўнгли ўксик, қадди букик келгиндилар эдик, Ўзи қўллаб, дасти узун, бағри кенг мурувватпешаларга айлантирди. Ишқилиб Ўзи адаштирмасин, сиротим мустақим йўлларидан тойдирмасин, ўша улуғ ниятимизни ўзимизга ҳамроҳ эцин. Ҳижрат диёрида мушкул кунга тушиб қолган кишиларни дараклаб топувимизда, қўллаб оёққа турғизиб қўювимизда Ўзи мададкор бўлсин.

Чаман, ўйлама, биз бу ишни шуҳрат учун ё бирон норасмий ҳукумат ёхуд салтанат илинжидамас, Аллоҳ розилиги учун бошладик. Мададимиз беғараздир. Ҳижрат диёрида ёлғиз Аллоҳга суяниб яшамоқ, умргузаронлик қилмоқ учундир. Унга тирноқча ҳам риё аралашишини истамасмиз.

Албатта, ҳижрат диёрининг ҳам ўзига яраша азиятлари, аччиқ-чучуклари, имтиҳонлари бор. Аммо унга сабр қилмоқ — Аллоҳ розилигини топмоқ билан баробарлиги бизга катта саодатдир. Қолаверса, ҳижратдагиларнинг биродарлигига асос солмоқ худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаги муҳожирлар билан ансорлар биродарлигига ўхшаб-ўхшаб кетмоқда. Қани эди бу ҳам худди ўшандек Аллоҳга хуш келгувчи амаллар сирасига кирса...

Бизни таниган азизларимизга саломимизни етказгайсан. Дуода бўлсинлар. Валлоҳи аълам биссавоб.

Бомбейи азимдан Пешоварга қайтган

Султонмуроддан деб билгайсан, дўстим.

Тушларимга киргувчи ул азизам — Маҳфузага

«Маҳфузам, негадир кейинги пайтларда тушларимдан аримай қолдинглар. Яна бир вақтда — кечанинг учдан бири қолган кезда, Қори ака айни тунги намозга туриб, кулбамизнинг бир четида ибодатга тушган чоғларида кирасизлар. Нима бўлди экан сизларга? Шу уйқум ўчганича — Қори ака намозу дуою илтижоларини тугатиб, бомдодга азон чақиргунларига қадар кўзим илинмас. Азондан эса, енгил тортиб тургайман. Унгача Қори акани хижолат этмай деб қилт этолмасман.

Бугун ҳам ўша таниш ҳовлида — Саломхон холамгиларнинг ҳовлиларида кўрдим. Анҳордан сув олиб келиб, липа урганча ҳовлига шакароб бериб, бир чиройли сув сепиб юрибсизлар. Бир ширинтой болакай эса ўша уйнинг таниш зинасида оёғини осилтириб ўйнаб ўтирибди. Сепилган сув сачраб-сачрамай, елкасини қисиб бир чиройли нари сурилади ва қиқир-қирқир кулишда давом этади. Ҳазиллашгиси келмаган сизларни-да, ҳазиллашишга ундайди. Тагида қолган жиндек сувни сепмоқчидек бўлиб бир ҳаракат этган эдингиз, пақир юқори кўтарилиб кетиб, тагидаги сув ҳар иккалангиз устингиздан ёмғир-ёғалоқ бўлиб сочилиб кетдию бўлди томоша!.. Ҳар иккингиз ҳам бундан шод, яйраб-яшнаб кулардингиз.

Мен эсам, ўша қари қора тол тагидаги супа четида ийиб турганмишман...

Тавба, бу нимаси? Нимадан имдод бермоқдасизлар? Сизларни соғинганимданми ё кўнглимга хотиржамлик индириш учун кирмоқдасизларми тушларимга? Сув, албатта, ёруғлик, сизлар Аллоҳ раҳмати остида юрганингизга бир ишора. Лекин узоқнинг иши қийин экан, билай десам, билолмасман, кўрай десам— кўролмасман. Ишқилиб, Ўзи паноҳида асраётган бўлсин.

Маҳфуза, ҳарна қилса, ота диёрдасиз, шукр қи-линглар. У диёрга етолмаганлар қанча. Ўртамизга тушган айрилиқ ҳам беҳикмат эмасдир. Мен сарҳаддан ўтиб, сизлар ўта олмай қолганингизда, нима бўларди? Xудо кўрсатмасин, қайтиб кўриша олармидик-йўқми? Бу ҳолда жилла қурса, бир кеча меҳмон этти-ку, Аллоҳим. Бу ёғини ҳам ўзи осон этар, ахир. Шундай қолдирмас!

Азизам, бу айрилиқнинг ҳикмати шундаки, у Сизни бизникиларга етказмоқчи экан, етказибди, шу йўл билан Аллоҳ азза ва жалла ўз ҳифзи-ҳимоясига олмоқчи экан, олибди деб, тушунмоқ керак. Бу ёғини ҳам Ўзи чиройли эцин. Ахир ожизларнинг ҳимоячиси У бўлмай, ким бўлган!

Маҳфузам, ўзинг оқиласан. Кўп нарсаларни бир оғиз сўздан англай олгайсан. Ўйла, бу дунёда биздан ҳам баттар айрилиғу жудоликларда қолганлар қанча. Ўшалардан эца, бундан оғирроқ, мушкулроқ синовларини раво кўрса, нима қилардик? Шунисига ҳам шукр, буларнинг ҳаммасини Аллоҳнинг ёзмиши деб, имтиҳони деб қабул қилмоқ керак. Нолисак Аллоҳга хуш келмас. Шу маънода биздан бир қанча кўп кўйлак йиртган устозимиз Қори аканинг бошларига тушган кўргиликлар олдида бу холвадир.

У киши яқинларидан айрилиб, бу томонларга иккинчи ҳижрат этишлари экан. Мен буни Элчин ботурдан эшитиб, лол қолдим. Улар диёрларидан қувилиб, Тангритоғни қора тортиб келаётиб бир тоғ қишлоғига киришса, ўша ернинг ўзига тўқ, ор-номусли бир кишисини нотаниш элларга бадарға этишаётган экан. Аёллар пиқ-пиқ йиғлашар, болалар кеча ўзлари ўйнаб-кулган уйларидан умид узолмай мўлтираб туришар экан. Шу кез соқолларига оқ оралаган покиза кийимли бир қария улардан ажраб чиқиб:
— Ҳой, яхшилар, кўкрагида ёли бор киши борми орангизда, бир дам тўхтанг. Жилла қурса, сизлар раҳм этинг, — деб кела бошлабди. — Биз у ёт элларга борармиз ҳам, ёт қавмлар ичида қолармиз ҳам. Чидармиз Аллоҳнинг бу синов кўргиликларига. Лекин манави бўй етган қизимизга раҳмингиз келсин. У ахир бировнинг хасми, сизга ўхшаган бир мусулмоннинг хасми. Мен уни ўзим билан ола кетиб, эртага нима қиламан? Кимга бериб, кимга узатаман? У қай бегона тупроқда туп қўйиб, палак ёзади? Кўра била туриб, бир маъсумани дўзах ўтига отаманми? Ўтинаман сизлардан, олиб қолинг. Бир мўминнинг уйини гуллацин. Бировларга хасм бўлганидан, иймонидан айрилганидан кўра, олиб қолинг, ўзидан кўпайсин, илоҳим. Жилла қурса, орқамиздан дуо юбориб тургувчи бир зурриётимиз қолсин бу диёрларда ҳам...

Қарашса, бўйи етиб-етмаган, ой деса дегудек, кун деса кундан равшан юзлик бир моҳичеҳра. Қори ака юраклари жиз этиб, отдан тушибдилар ва қизни йигитдек кийинтириб, отга мингаштирганча ҳижрат йўлида давом этибдилар. Тангритоғга етишгач, бир коса ширин сув ила никоҳ ўқитиб, бир мурувватпеша одамнинг кулбасида яшай бошлабдилар. Аммо Аллоҳ қизни ҳуснда беназир этгани билан умрдан қисган экан. Фарзанд кўратуриб, бу оламдан кўз юмибди. Қори ака ёлғиз ёдгор чақалоқ билан қолибдилар. Сўнг яна бўйинга ўлимни олиб, сарҳад ошиб ўтиб, зурриётларини ишончлув кишиларга қолдириб қайтибдилар. Шу-шу биз билан эканлар. Ўшандан бери у тирноқларидан на хабар бор, на хат. Тирик бўлса, фалон ёшга етди, мактабга қатнаётгандир, деб қўядилар-у, аммо маҳзун тортиб йиғлаганларини билмаймиз. Фақат кечалари жойнамоз устида соатлаб ўтиришлари бор, Аллоҳга тавалло қилишлари бор. Ўша ёлғиз зурриётлари камолини сўраб, дуо-илтижодан чарчамаслар.

Қори аканинг ўрнида бошқа одам аллақачон тоб ташлаб, йиқилиб қоларди. Лекин у киши Аллоҳга таваккул қилиб, ёлғиз тирноқларини унинг паноҳига топшириб қўйиптилар. Ана саботу ана матонат! Ана Аллоҳга таваккул! Шу боис ҳам биз ёлғизмасбиз, Маҳфуз. Жилла курса, менинг Ёдгорим ёнида сен борсан, сенга суянади у тирноғимиз, бизнинг давомчимиз! Шунга-да шукр қилмоқ керак, яхши кунларга умид тутмоқ керак. Шояд ўша митти зурриётимиз бизнинг ўртамизда узилмас бир ришта бўлиб қолса. Шояд у биз хижронзодаларни, диёридан жудо бўлган, айрилиқ ичра қолиб, азият оламида тентираганларни бир кун келиб топиштиришга сабаб бўлса.

Иншааллоҳ, дегилки, қолган барчасини Аллоҳ ўзи ўнглагай. Шу боис, сенга талоқ сўзини йўллашга тилим бормас! Сени барча мушкулу мушкулотлардан шу бир оғиз сўз ила қутултириш, йўлингни очиб қўйиш мендан лозим бўлса-да, мен у сўзни ҳеч қачон тилга олмасман. Олган куним менинг ўлганимдир, Султон номимдан тонганимдир! Дунёда сизлар бор экансиз, мен рўшнолик учун, сизларга етишмоқ учун курашавергайман. Аллоҳдан ўтиниб-ўтиниб сўрайвергайман. Албатта, Унинг Ўзи истаса, тақдиримизни ҳам ўнглагай. Илоҳо, Ўзи бу ўткинчи дунёда ҳеч кимни Ўзидан ўзгага муҳтож этмасин.

Кўзларингда биллурий ёш кўрмоқдаман. Илоҳо, у Аллоҳимга ҳам хуш келсин.

Султонмуродинг. (Пешовар)».

Жигарбардим, сўнгсиз дардим Олимга

«Укагинам, Олим!

Мен сени энди қайлардан сўроқларман, кимлардан дараклатарман?! Орамизда қанча тоғ-довонлар, қанча тошқин сой-дарёлар ётибди. Неча қават сарҳадлар тушмуш ўртага. Эсиз, ҳеч ким ўйламаган ишлар бўлиб кетди. Аллоҳ ризқимизни шу ёқларга сочган экан, у диёрларни энди тушда кўрмоқ ҳам душвор.

Эсиз, нега аввалда парво қилмадим, тергамадим, суриштирмадим, кетга ташладим? Аядимми, адаш йўлларга кириб қолганингга ишонмадимми? Бизнинг зот, бизнинг палакдан ундай одамлар чиқмаслигига ишониб, яккама-якка гаплашмоқни ортга ташладимми, ишқилиб биз кутмаган ишлар бўлиб кетди. Диёрдан бош олиб кетмоқ лозим бўлиб қолди. Сени топиш, топиб Аллоҳ рози бўладирган йўлларга бошлаш лозим бўлганида... ҳаммаси кеч эди. Қолаверса, изингни тополмадим.

Айб менда. Мен ака эдим, битта бўлса ҳам кўпроқ кўйлак йиртган эдим, сени қайириш, қайтариш мендан лозим эди. Шайтанат йўлига кириб қолганингга ишонмай, доғда қолдим. Дардим ичимда. Энди ҳеч кимга айтолмасман, нарёғи йўқ. Сен йўқолган диёрга етиб-етолмасман, топиб-тополмасман.

Дарагингни билиб бергувчи бир киши бор эди, ундан ҳам айро тушди йўлимиз. Фақат умид Аллоҳдан. Ўзи сенга ҳидоят берсин. Юзиқароликлардан Ўзи асрасин.

Олим, бу хатни сенга қай тарзда етказишни ҳам ҳали билмасман. Лекин ичимдагиларни сенга очиқ-ёриқ айтмасам бўлмас. Ахир мен ёлғиз туғишқонингман. Бир қориндан талашиб тушганмиз. Мен қайғурмасам, ким қайғургай? Ўзим қай диёрлардаман-у, кечагида тушларимга кириб юрибсан. Ёлғиз ўзингмас, ёнингда камар тақиб, наган осган яна кимлардир ҳам бор. Падарибузрукворимиз олдиларига келмишсизлар. Биласанми, сен салом берсанг ҳам у зот ўгирилиб қарамаётганмишлар.

Ахийри шерикларинг сени ёлғиз ташлаб кетишди ҳамки, раҳматли отам — падарибузрукворимиз юзинг-га қарамай тасбеҳ ўгиришда давом этавердилар. Сен қаршиларига тиз букиб, қўл қовуштирган эдинг, у киши ўгирилиб олдилар. Сен яна ўша томонга ўтиб эдинг, у киши яна бу томонга юз буриб олдилар, тавба. Кейин сен нима қиларингни билмай тек туриб қолдингу... мен ҳам уйғониб кетдим. Турсам, қора терга тушиб кетибман. Юрагим ҳам шундай бежоки...

Нега бу тахлит тушларимга кириб юрибсан, бошингга не мушкулу мушкулотлар тушди, отам нега норозилар — билолмай гарангман.

Отам бетингга ҳам қарамаётганларини тушуниш мумкиндир — гўрларида ҳам тинч эмаслар. Лекин сен-чи, сен нобакор нега оёқлари тагига ётиб бўлса ҳам узр сўрамаяпсан, саломимга алик олмаяптилар деб тўрсайиб турибсан?! Ҳеч замонда ўғил отадан аччиқланадими, гина-кудуратларга борадими? Узринг-ни айтиб, дуоларини олмайсанми, йўлинг очилиб кетмайдими?!.

Ва бехос шу туш менга нимани эслатиб юборди дегин. Қори ака узун саргардон йўлларимизда мадад бўлсин деб айтиб берганлари бир тарихни — Пайғамбаримиз (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) замонларидан оғиздан-оғизга, китобдан-китобга ўтиб келаётган бир воқеани эсга солиб юборди.

Эшит, сенга ўхшамиш бир киши билан ҳам шундай воқеа содир бўлган экан. Бу тарихни у саҳоба ўз оғзи билан ҳикоя этган. Тўқима деб ўйлама. У замонларда фақат рост сўзлаганлар. Ёлғон аралаштиришни хаёлларига-да келтирмаганлар. Негаки Аллоҳдан қўрққанлар. Иймонлари шу даражада зиёда бўлган.

Бу ёғини Қори акадан эшитганимча қоғозга туширдим. Кам-кўстини Аллоҳ кечирсин. Ўша Ваҳший ибн Xарб отли қора қул ўзининг машъум ва машҳур найзаси туфайли топган лаънату ҳидояти ҳақда асрлар қаъридан бизга шундай хабар қолдирган. У саҳобаларнинг чин тарихларидан жой олмиш. Тингла.

«Мен Қурайш зодагонларидан Жубайр ибн Мутъимнинг қули эдим, — дейди у. — Бадр жангида Ҳамза ибн Абдулмутталиб Жубайрнинг амакиси Туаймани ўлдирди. Шундан кейин ҳожам қаттиқ қайғу чекди ва қотилни ўлдириб, амакисининг қасосини олишга қасам ичди.

Қўшин Ухуд жангига отланганида ҳожам мени чақирди:
— Эй Абу Дасама, қулликдан озод бўлишни истайсанми? — деди у.

Мен сўрадим:
— Ҳа, лекин қандай қилиб?
— Мен сени озод қиламан, — деди у.
— Қандай шарт билан? — деб сўрадим.
— Амаким Туайма ибн Адий қасоси учун Муҳаммаднинг амакиси Xамза ибн Абдулмутталибни ўлдирсанг — озодсан.
— Ким бунга кафолат беради? — дедим.
— Ҳохлаган кишинг. Истасанг ҳамма одамларни гувоҳ қиламан.
— Яхши. Мен розиман,— дедим.

Мен ҳақиқий ҳабаш эдим, ҳабашларнинг найза отиш санъатини тоза эгаллаган эдим. Отган найзам хато кетмасди.

Шундан сўнг найзамни олиб, қўшинга қўшилдим. Мен қўшиннинг дум қисмида аёллар билан ёнма-ён борардим. Улар жангчиларни рағбатлантириб боришар эди.

Ухудга етгач, Xамзани қидиришга тушдим. У баҳодирлар одатига кўра, кучли рақибларни ўзига чорлаш учун пешонасига туяқуш пати тақиб олганди. Xудди кулранг туядек ўкириб, қиличини ўнгу сўлга сермаб жанг қиларди.

Мен Xамзанинг яқинлашишини пойлаб бир дарахт орқасида яшириниб турардим. Шунда Сибў ибн Абдулузза исмли қурайш чавандози ёнимдан ўтиб:
— Ҳей, Xамза, яккама-якка олишасанми? — деб қичқирди. Xамза:
— Бу ёққа кел, мушриквачча, бу ёққа, — деди.

Икки паҳлавоннинг олишуви узоққа чўзилмади. Xамза бир қилич силташ билан рақибининг калласини сапчадай узиб ташлади. У гурсиллаб йиқилди. Шунда ниҳоятда қулай пайт келди ва мен найзамни кўтариб, хезланиб турдим-да, бор кучим билан унга ит-қитдим. Найза Xамзанинг қорнидан кириб, орқасидан тешиб чиқди. У менга қараб бир-икки қадам ташлади, сўнг ерга қулади. У ўлганига аниқ ишонч ҳосил қилгач бориб найзамни суғириб олдим-да, орқамга қайтдим.

Шундай қилиб, мен ҳур одамга айландим. Муҳаммаднинг иши ривож топиб, мусулмонлар сони ошгани сайин менинг қалбимдаги ташвиш ҳам кучайиб борарди. Ахийри бутунлай ғам-қайғуга тушиб қолдим.

Муҳаммад қўшин билан келиб, Маккани фатҳ этганида Тоиф тарафга қочиб кетдим. Ўша ерда омонлик топаманми, деб ўйлаб эдим. Бироқ улар ҳам Исломга мойиллик билдириб, Муҳаммадга вакиллар жўнатишди. Шунда тарвузум қўлтиғимдан тушиб, дунё кўзимга тор кўриниб кетди. Ўзимча ё Шомга, ё Яманга кецамми, деб ўйлай бошладим.

Шунда менга раҳми келган одамлардан бири:
— Xудо ҳаққи, ҳой, Ваҳший, Муҳаммад унинг динига кириб, ҳақ шаҳодатини айтган одамларнинг бирортасини ҳам ўлдирмайди, — деди.

Буни эшитиб мен Ясрибга, Муҳаммаднинг ҳузурига йўл олдим. Суриштирсам, масжидда экан. Қўрқа-писа олдига кирдим. Тўғри тепасига бориб:
— Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу, — дедим.

У шаҳодат калимасини эшитиб, бошини кўтарди. Менга кўзи тушиб, таниди. Танидию юзини ўгириб олди. Тескари қараганича:
— Сен Ваҳшиймисан? — деди.
— Ҳа, ё Расулиллоҳ, — дедим.
— Ўтир, Xамзани қандай ўлдирганингни гапириб бер, — дедилар у киши.

Мен ўтириб, бўлган воқеани оқизмай-томизмай сўзлаб бердим. Ҳикоям охирига етгач, у киши яна юзларини ўгириб олдилар ва:
— Турқинг қурсин, эй Ваҳший. Бор, кўзимга кўринма. Бугундан кейин сени кўрмайин, — дедилар.

Ўша кундан бошлаб мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нигоҳларидан қочадиган бўлдим. Саҳобалар у кишининг олдиларига ўтиришса, мен орқаларидан жой олардим. Пайғамбар алайҳиссалом то Парвардигорларининг ҳузурига кетгунларича мени кўрмадилар.

Мен Исломга кириш аввалги гуноҳларни кечириб юборишини билсам-да, қилиб қўйган машъум ишимдан қаттиқ хижолат чекиб юрар, уни ювиб ташлайдиган фурсат келишини кўзим тўрт бўлиб кутардим.

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин Мусайлама каззобнинг қавми муртадлик йўлини тутди. Абу Бакр унга қарши уруш қилиб, Бани Ҳанифани Аллоҳнинг динига қайтариш учун қўшин туза бошлади Шунда ўзимга ўзим:
— Xудо ҳаққи, мана, сен учун қулай фурсат келди, эй Ваҳший. Фойдаланиб қол, — дедим.

Сўнг лашкар сафида жиҳодга жўнадим. Ўзим билан ўша машҳур найзани — шаҳидлар саййиди Xамза ибн Абдулмутталибни қатл этган найзани олволган эдим. Ё Мусайламани ўлдиришга, ё шаҳид бўлишга қасам ичдим.

Мусулмонлар Аллоҳнинг душманларини суриб бориб, «ўлим боғи»га тиқиб қўйишди. Мен каззобни қидира бошладим ва уни қўлида қилич тутиб турган ҳолда кўрдим. Қарасам бир ансорий худди менга ўхшаб, уни ўлдириш учун пайт пойлаяпти. Мен қулай имкониятга эга бўлганимда найзамни олиб, бир-икки ҳезландим-да, сўнг куч билан Мусайламага улоқтирдим. Найзам аниқ нишонга санчилди. Мен найза отган пайтимда бояги ансорий беркинган жойидан сапчиб чиқиб, Мусайламани чопиб ташлади. Қайси биримиз уни ўлдирдик — Аллоҳ билади. Агар мен ўлдирган бўлсам, Муҳаммаддан кейинги энг яхши одамни ҳам, энг ёмон одамни ҳам ўзим қатл қилган бўламан...»

Мана шу тарих. Энди бу ёғини ўзинг тушуниб олавер, Олим. Агар отам тушимга кирмасалар эди, сени кўриб юзларини ўгириб олавермасалар эди, мен бу тарихни сенга ёзиб, йўллаб ўтирмасдим ҳам балки.

Танангга ўйлаб кўр, ким эдинг, қайси кўчаларда юрибсан? Кимларнинг зурриёти эканингни наҳот унутиб қўйдинг? Отамиз — ул зот, худди Пайғамбар алайҳиссаломдек сендан юз ўгиряптилар. Турқингни кўришни истамаяптилар, ука. Бу қандай иснодлигини биласанми ўзинг? Кимларнинг гапига учиб у кўчаларда юрибсан? Ва ахийри ким бўлмоқчисан? Ҳозир-ку, майли, бу фоний дунё ҳам ўтар, эрта бириси кун — тонгла Маҳшарда қай юз билан отамизга кўринасан? Қуруму ис босган қора юз билан Парвардигорга рўбару бўлмоқчимисан?

Ҳали-да кеч эмас. Бекорга отам хафаҳол ўтирганлари йўқ. Тирик бўлсаларки, топ-да, оёқларини ўп, узр сўра, десам.

Ота рози — Xудо рози, деган гап бор. Ота розилигини топиш иложи йўқ экан, нега энди тавба эшигини қоқмаслигинг керак?! Нега ёлғиз Унинг Ўзига тавба-таззарулар билан ҳидоят сўрамаслигинг, саждага бош урмаслигинг керак? Қачонгача ғўддайиб ўтмоқчисан? Эгил, укам. Азбаройи жоним ачиганидагн ёзмоқдаман бу гапларни, Ҳали бу хат қўлингга тегадими-йўқми, қалбингни ларзага соладими-йўқми, у шайтон кўчасидан қайтасанми-йўқми, билмасман, Олим. Аммо танангга ўйла, ўша Ваҳшийлар тавба эшигини қоқиб, ҳидоят топганида, сен — отамизнинг покиза палагидан бўлган бир зурриёт нечук инсофга келолмасанг?

Илоҳим, мен адашаётган бўлай.

Илоҳим, ичимдаги ҳадиклар бари ёлғон бўлиб чиқсин.

Илоҳим, ўйларим беҳуда, тушларим шайтоний бўлиб чиқа қолсин.

Илоҳим, сен сироти мустақим йўлини топиб олган бўлгину мен бехабар қолган бўлай.

Аллоҳ барчамизин Ўз паноҳида асрасин. Омин.

Аканг Султонмуроддан

деб билгайсан.

Калкутта».

17. Умидим эртаси, бир бўлса, ушалмаган мурод-мақсудларга етгувчи укам Мақсудга

«Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила бошладим.

Биз тирикмиз, Мақсуд. Ёғий бизни тўзитиб, Музтоғга қувиб солган бўлса-да, Аллоҳнинг мадади ила биз омон қолдик. Ёғийнинг ўзи эса, лак-лак лашкари билан Тангри юборган бало қорининг остида қолди. Қараки, нусрат лак-лак қўшинга эмас, уч бирдек мужоҳидга насиб этди.

Шундан кейин ҳам Аллоҳга ҳамд айтмайликми! Ўзи кўрсатган йўлдан кетмайликми?!

Шундан кейин ҳам ёлғиз Ўзига таваккул қилмайликми?! Ўзининг паноҳига қочмайликми?!

Мақсуд, биз ташлаб чиққан она диёр оҳанрабодек ўзига қанчалар чорламасин, у ёқда сиз азиз туғишганларимиз кўзларингиз тўрт бўлиб, йўлларимизга қанча кўз тутманглар, ҳижратни ихтиёр этдик. Бир ях-ши кунда қайтмоқ учун ҳам ҳозирча Аллоҳ паноҳига қочдик. Чунки сарҳад ортидаги можаролар ичига оловга урилган парвоналардек урилолмасдик биз. Тушуниб туриб, кўриб туриб, ўзимизни ўтга ташлолмасдик биз.

У мажораларга мусулмон нигоҳи билан ҳам қарамоқ лозим экан. Аллоҳ ҳам кўр-кўрона қурбонни эмас, ҳижратни хуш кўргайкан. Ҳижрат этгувчиларга ўз диёрларидан чандон яхшироқ диёрлар, ризқлар, исломий ҳаёт ато этгайкан.

Шундай, укам. Биз беному нишон кетганимиз ҳам йўқ, бегона элу элатлар ичра сарсон-саргардон қолганимиз ҳам йўқ. Биз диёрига сиғмаган, унинг эртасини кутиб, Аллоҳга дуо-илтижода юрган мингларнинг биримиз. Кеча шундай эди, бугун эса, ўша мингларнинг ҳимоячиси бўлиш зиммамизга тушиб турибди, Мақсуд. Ҳар иш ниятга боғлиқ экан. Мақсуд. Бўлмаса, ким ўйлабди, бу юртларга келиб, хов ўша Каттабоғдагидек бир иш қиламиз, адолацизликка учраганларни ҳимоя этиб, адолатни ўрнига қўямиз деб!

Ҳаммадан ҳам бу ерда лозим экан бундай жамият, ватанжудоларни ҳимояга оладиган, мурувват кўрсатадиган бир қўл. Ниятимиз ватандан узоқда мушкул кунга тушиб қолган, синган, ҳимоячисини йўқотган, қул бўлишга келган дарбадар ғарибларнинг бошини силайдиган, ҳимоя этадиган жамият тузиш эди, шунга муваффақ бўлдик.

Бу ерда ҳам ўзини тутиб олган, ҳамиятини йўқотмаган бойларимиз, тижоратчиларимиз анчагина. Ватан деса, муҳожир деса, моли тугул жонини бериб юборадиганлар бор. Ватан доғида куйганлар айниқса тез топишар, тез бирлашар эканлар. Уларнинг муҳаббатлари туганмас бўлади экан. Жамиятимиз ана шундай қўли очиқ, бағри очиқ, эҳсонли кишилар, сидқидил Аллоҳ деганлар, савоб қидирганлар ҳисобига шуҳрат топди. Ғарибларнинг, ватанжудоларнинг чин ҳимоячисига айланди, Мақсуд. Сен ҳатто тасаввур эта олмайсан, Мақсуд, биз атиги икки-уч йилда топган жамғармамизни, Бир ёқдан сарфлаб бораверамиз, бир ёқдан эҳсонлар оқиб келаверади. Жойига тушириб улгурсак, бас. Мурувват қилиб улгурсак, бас.

Қолаверса, бандаргоҳда Аллоҳ етказгани жуда-жуда асқотяпти.

Эҳсон билан мол камаймаганини, қайтага дунёга барака кириб кетганини шу ерда кўрдим, Мақсуд. Бу ҳаммаси ҳалоллик туфайли эди, бу маблағларни Аллоҳга хуш келадиган ўринларга сарфлаётганимиздан эди.

Мен сенга бир воқеани айтай. Наманганнинг кўп табаррук ери — Косонсойдан ҳижрат қилиб келиб қолган бир йигит (кўрсанг ўзбек демайсан, ўзи озғин, найновдан-найнов, бунинг устига юзи сап-сариқ, кўзлари кўкиш одам) жамиятимизга ёрдам сўраб келди. Қипчоқ бўлиб қипчоқ эмас, Қўқонни Бувайдаси томонлардаги «онг-кенг»ловчи кўккўзу қотма сариқ ўзбекларга ўхшаб кетади. Шу одам кейин билсам, ғирт етим экан. Ўша ўттизинчи йилларнинг «қоч-қоч»ида отасига эргашиб Амударёни кечиб ўтиб қолганлардан экан. У пайтда оқ-қорани таниб улгурмаган бола ҳеч қанча ўтмай имом отасидан ажраб, етим қопти. Кимларнинг эшигида битлаб-циркалаб хизматини қилиб, бўй етибди. Меҳнаткашлиги қўл келиб, ўлмай қолибди. Эсини танибдики, арава миниб, юк таширкан. Шуни орқасида ичкуёв бўпти, бола-чақа қилибди. Лекин фалокат оёқ остида эмасми, бир кун келиб, ёмон кунига яраб турган от-арава бошига балою мусибат келтирибди. Катта йўлда машинадан хуркиб қочган от-арава йўл четида бораётган ҳинду қизини уриб, суриб кетибди.

Ана фалокату мана фалокат. Ўзи истамаган, кутмаган тарзда бир одамнинг қотилига айланиб қолибди. От-арава кетгани майли, ўзи хун ҳақини тўламаса, қамалиш арафасида эмиш. Бу ёқда яна жўжабирдай оиласи чирқираб қолаётгани-чи! Ўз ватани-диёрида бўлса-ку, қавм-қариндоши ёнига кирар, маҳалла-кўй ўртага тушарди. Бу бегона юрт, бегона элда ким ўртага тушади.

Қори ака билан мусибат тушган хонадонга кўнгил сўраб бордик. Қуръон тиловат қилиб, лутф кўргаздик.

Инсон — инсон-да. Кўнгли жиндек эриди. Ўзига ўхшаш бир заҳматкашни кечирса-да, хун ҳақидан кечолмади. Қолаверса, шариатда кечса афзал дегани билан хун ҳақини сўраганнинг айби йўқ. Билмай одам ўлдириб қўйган кишининг ўзи каффоротига олтмиш кун рўза тутиши жоиз бўлса-да, сўралган хун ҳақини унинг қавми уч йил бадалида йиғиб бериши лозим.

Ҳижрат туфайли бу юртга келиб қолган йигитни биз ўз қавмимиз ҳисоблаб, хун ҳақини тўлаб қўймоқни зиммамизга олдик ва биринчи галда учдан бирини етказиб бердик. У катта пул эди — юзта туянинг ҳақи. Аввалига қолганини ҳам берсак, ғазнамиз қуриб қоладигандек кўриниб эди, лекин кейин жамиятга келиб, маслаҳатлашиб кўриб, хун ҳақининг иккинчи бўлагини ҳам етказиб беришни лозим топдик. Бошқа дин кишиларининг кўз ўнгида шариатимизнинг шармию шарафини сақлагимиз келди. Маблағни олиб бордик ҳам. Ана шунда кўрсанг, Мақсуд, биз ҳеч кутмаган воқеа содир бўлди.

Оила бошлиғи мусибатзада ота хун ҳақини ола туриб ҳўнграб йиғлаб юборди. У умри бино бўлиб бунча бойликни кўрмаган-да деб ўйлаган эдик. Йўқ, у кулбасига кириб кетиб, қайтиб чиқди-да, бизнинг этагимизни ўпа кетди. Зўрға турғизиб қўйдик.
— Бу қандай дин эканки, адолати шунчалар тўкис бўлса?! Бир ғарибга шунчалар мурувват кўрсатилса! У ахир икки дунёда бунча маблағ тополмасди-ку, сизлар бўлмасангиз! Сизларнинг шу жамиятингиз, шу динингиз бўлмаса! Марҳамат қилиб, менга динингиз калимасини ўргатинг. Шаҳодат келтирай. Мен у динга кирмоқчиман. Барча динлардан афзал кўрдим динингизни! — деб турибди.

Ана шундай, Мақсуд! Шариатимиз бағрикенглиги туфайли ким озодликка, ким ҳидоятга эришиб турибди!

Шундан кейин ҳам бу йўлга жонлар нисор бўлмасинми?!

Шундан кейин ҳам бу жамиятнинг ишини олға бостирмайликми?!

Қаерда бўлса-да, ажрни Аллоҳ тўла беравергай- ку!

Мақсуд, ўрни келди, сўрай. Бизни қароргоҳларга нима бўлган, тушларимдан кетмай қолди? У тепалар сурилиб, жарлар тўлиб, Бўзсув сакраб ўца бўлгудек бир анҳорга айланиб қолганмиш. Ишкомлар эса, қайда қолди, кўринмайди?

Ҳадеб кўзимга боши хумдек, ўзи чиллашир бир ғаройиб одам кўринади. Парпи омонми ҳалига довур? Марғубанинг акаси қайтган деган гапларнинг бир учи бизга-да етиб келди, ўзи қаерда ҳозир? Каттабоғда белида белбоғи бор йигитлар борми ўзи? Бизникиларни хўрлатиб қўйишмас, ахир? Қолаверса, Аллоҳ ҳафиз, Ўзи асрагай! Буни шунчаки сўрадим. Ахир сен борсан-ку. Ҳамма қолиб, сен мен учун азиз кишиларни ёлғизлатиб қўярмидинг! Сендан умидим катта. От босмаган жойларни той босади, ахир. Омон бўл!

Узоқдаги дуогуй аканг Султонмурод ёзди. Бомбей».

Тўрам чорловлари

«Мақсуд, ул Мадинаи мунаввара тарафлардан бизга хушхабар етди. Ким-ким, ўшал Олтинхон тўрамдан, ҳижратдаги саргардон юртдошларимиз сўрови билан Қуръони азимушшонни туркий тилимизга ўгирган буюк зотдан муждаю саломлар етиб келди.

Ул зот:

Эй муҳожир, ётма ғофил, саъй қил, бедор бўл,

Уз кўнгил дунёдин эмди, толиби дийдор бўл, дебдурлар ва камига:

Ҳамжиҳатлик, бинобарин, бирлашишлик бизларга фарз,

Жонлантиринг бирликни сиз, сирлашишлик бизларга фарз,

деб ёзибдурлар.

Бу кишининг кўп табаррук дастхатларини биз қўл-ма-қўл, кўзга тўтиё қилиб суртиб, ўқиб чиқдик.

Қуръони Каримни сув қилиб ичган кишининг насиҳатлари ота васиятидек азиз ва табаррук эди. Ўқиб тўймас эдик, кўздаги нам ва ёшларни артиб адо қила олмасдик, Мақсуд.

У киши жамиятимиз ишини табриклаб, «жаҳон аро тариқдек сочилмиш ватанжудолар бошини бирлаштиришнинг дебочаси бўлибдир бу саъй-ҳаракатингиз. Аллоҳ ажрини тўлиқ қилиб берсун, илоҳим. Илтижо шулким, келинг, биродарлар, уни қувватлантирайлук, жамият шаҳобчаларини афғону туркия томонларда-да тузайлук, токи у ғариблар кўксига иксиру1 малҳам бўлсин» дебдилар.

Мақсуд, мен бу хурсандчиликни кўксимга сиғдиролмайин у хатти-насиҳатнинг бир чимдимини сенга-да илиндим. Ўзинг ўқи, у наинки насиҳат, дурри гавҳардур. Бутун миллатга тегишли васиятдур.

«Биродарлар, бу беш кунлик дунё, инсоф қилайлук, ўйлаб кўрайлук, шоҳ ҳам ўтади, гадо ҳам ўтади. Қувғинда юрган ҳам ўтади, даврон сурган ҳам ўтади. Силаи раҳм зарур, етимни, мусофирни, муҳожирнинг бошини силамак, мушкул кунга қолганнинг мушкулини осон қилмоқдан улуғ савоб йўқдур. Бу ватанжудолар ичида, мусулмонлар орасида зоҳиран бойимиз ҳам бор, камбағалимиз ҳам бор. Аммо ниятимиз битта, иймонимизни сақлаш учун бу диёрларга ҳижрат этганмиз. Нега қўлламайлук, нега бир жон-бир тан бўлмайлук?! Расулуллоҳ марҳамат қилдиларки: «Ҳаргиз мусулмонни камбағал деманглар. Шу Ислом давлати етиб ошиб қолади. Икки дунёда шу неъмат етади», дедилар. Ҳақиқат шундоқ. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор-у, кейин ўлиш йўқ. Жаннатга кирсангиз ҳам мана бунча миллион йил, мана бунча миллиард йил турасиз, холос, деган гап йўқ. «Холидина фиҳа абадо» деб айтади Аллоҳ таоло Қуръонда. Бу «абадо» (абадий)! Ҳеч буни фалон йил деган ери йўқ. Xудо сақласин, жаҳаннамнинг йиллари ҳам шундай. Аммо жаноби Расулуллоҳ Аллоҳга арз қиладилар: «Менинг умматимнинг биттаси жаҳаннамда қолса ҳам жаннатга кирмайман» деб!

Бу Ислом неъматига шукр қилиш ҳар битта мўмин, мўминага фарз. Дейлик, дастурхонда ўлтириб паловларни еймиз, ҳар турли мева-чеваларни еймиз. Xудонинг берган неъматларининг ҳаммасига алоҳида шукр айтиш лозим. Аммо у неъматни Аллоҳ таоло раҳмонлик сифати билан кофирга ҳам берган, мўминга ҳам берган. Раҳмонлик сифати дунёда тамоми маҳлуқларга меҳрибончилик қилиб, ризқини фаровон қилишини билдиради.

Раҳмлик сифати-чи, раҳмлик исмининг барокати-чи, қайси? Бу Аллоҳнинг энг катта лутф-еҳсоники, уни қиёматга қолдирган. Нега? Бу дунёда оз есак ҳам ўтиб кетамиз, кўп есак ҳам ўтиб кетамиз. Мардикор ишласак ҳам ўтиб кетамиз, чоракор ишласак ҳам ўтиб кетамиз. Масалан, ҳар куни битта қўй есак ҳам ўтиб кетамиз.

Бунинг этибори йўқ. У ерга борганда — қиёматда нажот топадиган ер йўқ. Ота болага қарамайди, бола отага. Аллоҳ таоло раҳмни ана шу ерда хос мўминларгагина қилади. Буни Аллоҳ қиёматга боқий қилган, бизнинг насибамиз.

Силаи раҳм деган гап бор. Яъни катта-кичикка, бола-чақага, ҳатто ҳайвонларга раҳм қилиш. Ана шу раҳмни Аллоҳ ўз раҳмлик исмидан олиб, юзга тақсим қилган. Тўқсон тўққизини ўзига олиб қолиб, бир қисмини тамомий халқига ва маҳлуқига тақсим қилган. Биродарлар, Аллоҳ таоло қиёмат куни ана шу раҳмни бу маҳлуқларидан олиб, ўзиникини яна юзта қилиб қўяди экан. Бизда бир-биримизга марҳамат қилиш, шафқат қилиш, раҳм қилиш йўқ бўлиб қолади экан. Ота болага, бола отага боқмас экан. Бунда қиёматнинг шиддатию Аллоҳ таолонинг қаҳҳорлик сифати бор. Шу ҳолатда бизнинг Пайғамбаримиздан бошқа тамомий пайғамбарлар «воҳ нафси, воҳ нафси», деб қолар эканлар қиёмат шиддатининг оғирлигидан. «Воҳ нафси», яъни ўз жонимни қутқарсам, бас, дегани. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, «Воҳ уммато, воҳ уммато» дер эканлар.

Шу раҳматан лил оламин Пайғамбаримизга уммат қилган Парвардигорга миллионлар, миллиардлар шукр. Алҳамдулиллаҳи лакал ҳамд. Алҳамдулиллаҳи лакал шукр. Алҳамдулиллаҳи аъло дини ислом. Ал-ҳамдуллиллаҳи аъло неъмати ислом. Бошларини саждага қўйиб, дилларига келганича Аллоҳдан сўрар эканлар. У киши дунёдан дод деб ўтдилар, яна қиёматда бизларнинг нажотимизни Xудодан сўраб, дод дер эканлар. Аллоҳ: «Ё Ҳабиб, бошингни кўтар, нима десанг, тилагингни бердим», демагунча бошларини саждадан кўтармас эканлар.

Аллоҳ бизни ана шундоқ Пайғамбарга уммат қилган. Қани бизда ҳиммат бўлсаки, шу Пайғамбаримизга ҳар куни минг бор саловат айцак, ақаллиси юз бор саловат айцак! Эсимизга келадими? Инсоф қилайлук, биродарлар. Ана шунда дуоларимиз ҳам даргоҳида қабул бўларди, амалларимиз ҳам Аллоҳ азза ва жаллага хуш келарди.

Ана бу жамиятингиз, ватанжудолар ҳолидан хабар олиб, уларнинг дардига малҳам қўяётганингиз— чиндан Аллоҳ рози бўладирган ишлардан бўлибди. Биз ҳам қўшилдук бу саъй-кўшишга.

Юрагида ўти, Аллоҳга иймони бор, кўксида ватан муҳаббати сўнмаган барча муҳожирларга етказгаймиз. Ватанжудоларга силаи раҳм этайлук, диёрларидан жудо бўлганларнинг кўнгилларини овлаб, бошларини қовуштирайлук. Токи бир жон-бир тан бўлиб, ватандан яхшироқ ватан, ризқларидан кенгроқ ризқлар берган Аллоҳ таолога бандачиликни ўрнига қўяйлук. Жудо бўлган диёримизда қолган хешларимизу аҳли аёлларимизга, фарзандларимизга омонлигу эрк сўрайлук. Дуоларимизни ўзи ижобат эцун.

Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ, ҳидоят ато эцун».

Сизларни билмадим, Мақсуд, биз бу хатни ўқиб, тўйиб-тўйиб йиғладик. Сизларнинг эртангизни сўраб, хайрли дуолар қилдук. Илоҳим, дийдорни қиёматга қолдирмасин.

Султонмурод. Бомбей».

Ҳидоят йўли кимга насиб этгай, билармисан, Мақсуд?! (Тангритоғдан ўзга диёрда топилган мактубларнинг ҳозирча сўнггиси)

«Жондан азиз ул маъво — тушларимдан аримас диёр — Тошканди азимнинг Каттабоғу Яккабоғларида хешу ақроболаримиз бағрида Улуғхўжабойлар авлодининг эрка ҳам умидли навдаси бўлиб, мирзоси бўлиб юрган укажоним, Мақсуд!

Мен — бир дарбадар аканг, сенга ёрилмай — кимга ёрилай?! Бизни кимлар қочқин деб атар, буваларининг азиз хилхонаси туриб, хешу ақроболари умргузаронлик қилаётган диёр туриб, ҳатто осмон никоҳи ўқилмиш жуфти ҳалолини қолдириб, қайларга кетмиш дер. Орқамиздан ғийбатлар этишар. Кимлар эса, энди у оёқ етгунча кетди, қайтар йўллари берк, ўзига ўзи қилди. Сиғмасмиди шу Каттабоғга— жимгина юрса? Нима излайдир — дориломон бир юртми, ё салтанат, деб ўйларлар.

Дориломон юрт қайдаю салтанат қайда?! Биз бор-йўғи иймонни асрамоқ ғамида ҳижратни ихтиёр этганмиз. Дунё можароларидан қўл силтаб, Камончининг паноҳига қочганмиз. Буни улар қайдан ҳам тушунсин, Мақсуд! Тушунсанг бир сен, бир Чаман тушунишларинг, яна Нусрат поччаю Тўрамгина англамоқлари мумкин. Қолганлар билмоқлари душвор.

Мақсуд, менинг ортимдан ғийбату маломат тошларини отаётганларга парво қилма. Жондан азиз холажонлариму тоғажонларимга ҳам, кеннойингга ҳам айтиб қўй. Мен у диёрдан этак силкиб чиқиб кетган киши эмасман. Мен забун бир кимсадек яшашни истамадим, холос. Шу боис у диёрларга сиғмадим. Йўқ-йўқ, ўзим сиғсам ҳам дардларим, армонларим сиғмади. Дориломон кунларни яқинлаштиришга ёлғизлик қилдик биз. Қолаверса, Аллоҳ ризқу насибамизни бу ёқларга сочган экан — шу ёқларга йўллади, келдик. Паноҳига олганидан сизлар қувонмоғингиз, мен эса, тоабад шукроналар айтмоғим лозим. Ўзи чақирганки, тақдир этганки, бу ерларда соғ-омон юрибмиз. Ўзига ҳазор-минг ҳамду санолар бўлсинки, бу мусофир диёрда ҳам қўлимизни баланд, сўзимизни устун қилиб қўйибди. Жамият ишини олға бостириб, биз ватанжудоларни азизу мукаррам этиб қўйибди. Аллоҳ розилиги йўлида ҳижрат этганларга ватанларидан яхшироқ бир ватан, ризқларидан кенгроқ бир ризқ бераман, деган ваъдасининг устидан чиқиб турибди!

Ундан ташқари, Мақсуд, сен яхши хабарларни эшит. Олтинхон тўрам ҳаж мавсумига яқин бизни у мунаввар ва мукаррам замин — Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам1 ўтган диёрга чорламоқдалар. Турк диёрида жамиятингизни шўъбасини очиб, бир йўла ҳаж қилиб кетасиз, дебдилар. Аллоҳга шукрларки, унинг розилигини топиш йўлидаги жиндек саъй-ҳаракатимиз шундай тақдирланяпти.

Сен билсанг эди, тасаввур эцанг эди, мен бу мактубни битиб, бу хушхабарни сенга илинмоқдаману кўзим жиққа ёшга тўлиб, хат қаторини-да кўрмай қолмоқдаман. Агар унга бирон томчи ёш тегиб, хатларим чаплашган эса, маъзур тутгайсан.

Лекин қалбимда офтоб чарақлаб ётипти! Нурафшон бўлиб ётипти! Ҳеч ерга сиғмагудек! Бизни муборакбод эт, Мақсуд, ҳидоят йўлига чиқаётганимиз, муборак ҳаж сафари арафасида турганимиз билан. Бунга кимлар етдию, кимлар етмади. Келиб-келиб биз ватанжудоларга насиб этибди у. Биз йиғламай, ким йиғласин, Мақсуд!

Шу онда қараки, нималар хаёлдан кетмаяпти!

Бу ҳам бўлса, «Эй одам боласи, сен мен томон бир қадам ташлагил, мен югуриб борай2», деган Аллоҳнинг марҳаматидир, карамидир. Ҳаммани ҳам у Ўз уйи — Каъбатуллоҳига чорласин-чи!

Шу топда Мақсуд, жаннатдек бир гўзал водийда уч қатла тахтга ўтириб ҳам, неча ўн йиллар даври-даврон суриб ҳам чин саодатни тополмаган бир инсон — мардуми Фарғона тақдири хаёлимга келса дегин! Уни сўкиб қанча китоблар битилмади. Айшу ишратдан бўлак нимани ҳам билди, нимани кўрди, қайдан ҳам халқ додига ецин эди, деб ёзмаган ким қолди?

Аммо Аллоҳ келиб-келиб шу инсонга ҳидоят берса! Ўринбургдек Xудо қарғаган бир ерда уй қамоғига маҳкум этилган собиқ хон тоат-ибодатлари кам кўриниб, тунлари тахажжуд ўқишга бошласаю ногоҳ бир кеча улуғ ниятни дилга тугиб, тонг оттирса! Ва чўлга овга чиққан киши қавлида Устюртдек улуғ бир тақирни отда кесиб ўтиб, Қизилқуму Қорақумдек чўлларни орқада қолдириб, афғон диёрига, ундан эса Пешоварга етиб келса, Амудан ўтарда қароқчиларга учраб, бор буд-шудидан ажрасаю ниятидан кечмаса! Аллоҳга таваккул қилиб йўлида давом этаверса... Ундай кишини ким деб атамоқ керак?! Ботур дебми, мужоҳид дебми? Ёхуд ҳидоят топган оддий бир инсон — мўмин дебми?

Ҳарқалай, бу дунё ҳою ҳавасларидан этак силкий олган, ёлғиз тўғри йўл — Аллоҳга қуллик қилмоқ, ундан бошқа барчаси ўткинчи, сароб, охири вой эканини англаб етган кишигина шундай жасоратга бел боғлай олмоғи мумкин. Шоҳона уй қамоғидан кўра жондан кечиб, лоши чўлларда қолиб кетмоғидан-да қўрқмай, Каъба йўлига чиқмоғи мумкин.

Тақдирни қараки, Мақсуд, биз ҳам энди ўша киши ўтган йўллар билан ҳаж сафарига отланмоқда эдик. Тангритоғдан чиқиб, афғон диёри билан Пешоварга келиб, ундан Бомбейга етган эдик. Энди шунақаси денгиз билан кемада кетиб, Жиддага етмоқчимиз.

Қараки, тахтию бахти тортиб олинган, аҳли аёлию хеш-ақроболаридан, диёридан айириб, уй қамоғига тиқилган хоннинг иймонини тортиб ололмаган эканлар. Xўрликларга сабр, билиб-билмай қилган гуноҳларга тавбаю истиғфорлар, тинимсиз зикру шукр, қараки, ҳидоят эшигини очмиш. Тавба эшигидан ҳидоят йўлига чиқилади, дегани шудир балки?!

Мен Xудоёрхоннинг ана шу сўнгги жасоратига ҳамиша беш кетар эдим. Қараки, юз йилдан сўнг у ўтган йўллар билан ҳаж азиматига отланмоқдаман. Аллоҳдан ёлғиз тилагим, ўша ватанжудо инсонлардек Аллоҳ розилигини тополсам эди!

Фақат ёлғиз ўтинчим, диёримни, йўлларимга кўзи тўрт бўлиб кутганларим — сизларни бир кўрсам... бир кўрсаца, армоним қолмасди.

Усиз кўзим очиқ кетмаса деб қўрқаман, Мақсуд!

Айт, холаларимга, кеннойингга дуоларидан қўймасинлар. Шояд, Аллоҳ ўзи қўлласа, қайтар йўлларимизни очиб берса!. Ёдгоримни ўпиб қўй. Отанг тирик, Xудо хоҳласа, Аллоҳ юз кўриштиргай дегин.

Соғинган Султонмуродингиз.

Бомбей».

Avvalgi
I- qism