OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМурод Мансур
Асар номиЖудолик диёри (3-китоб 2-қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Мурод Мансур
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётЎзбекистон адабиёти ва санъати газетаси (2005 й. 5 август сони.)
Ҳажм337KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Жудолик диёри (3-китоб 2-қисм)
Мурод Мансур

Иккинчи Бўлим - Элчига Ўлим Йўқ, Мужоҳидга Тараф

Узоқиб кетган элчи

Эрталабдан кўзим учар, бармоқларимни ўпиб, қабоқларимга суртиб ҳам тўхтата олмасдим.

Мана, нимага экан!

Ишхонамга кириб ўтирганимдан телефон жиринглай кетди. Олмай бўладими, олдим:
— Лаббай?

Симнинг нариги ёғидан биров ширин ўзбакий такаллумда сўрашар эди:
— Алё, ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳ.1

Лаҳжасидан бу тарафнинг одамига ўхшамасди:

Мен бояқиш дафъатан қандай алик оларимни билмай қисиндим.
— Ва алайкум...

Симдаги киши жиндек узр, жиндек истиҳола аралаш сўради:
— Мени маъзур тутгайсиз, мирзахонами бу?

Саволи саломидан-да хуш такаллум эди, чиндан бу тарафнинг одами эмас шекилли.
— Йўқ, газетхона бу, — дедим мен ҳам ҳалим тортиб.
— Дарвоқе, газет ёзиб, чоп этарлар, адашмасам.

Қарангки, талаффузи ҳам турк афандилариникига ўхшаб кетмоқда эди.
— Адашмадингиз, газет чиқарамиз... — дедим.

Ростини айцам, унинг муомаласи менга ёқиб тушмоқда эди. Овози ҳам аллақандай таниш...
— Аллоҳимга шукр, адаштирмаганига шукр, — деди. Сўнг яна боягидек, жиндек узр, жиндек истиҳола аралаш, (истиҳоласи ўзига ярашиб тушмоқда эди!) илтимос эта кетди. — Маъзур тутгайсиз, биродар, хизмат бўлмаса, биза кўп қадрлув танишимиз Мақсудхўжа жанобларини чорлатиб версангиз.

Ана холос, ким экан, деб ўтирибман! Илгари ҳам йўқлаб келган элчимиз эмасми? Ҳар эҳтимолга қарши қайтариб сўрадим:
— Шошманг, ким дедингиз?..
— Ким эмас, кўп азиз танишимиз, Мақсуд мирзо Маҳмудхўжа ўғиллари. Борму, шундай чўҳ гўзал инсон? Танигайсизму?
— Таниганда қандоқ! — дедим бир ерга етиб. У мени ҳали таниб улгурмаган бўлса-да, мен уни сўзлари, овози, бир гўзал ўзбекона такаллумидан таниб турар эдим. Қиёфаси ҳам кўз олдимга кела бошлаган, адашмасам, ўша — ҳов бирда келган хорижлик меҳмонимизга ўхшаб-ўхшаб кетмоқда эди. — Қидирган одамизни топдим деяверинг, тақсир. Камина ўзимман, — дедим унинг ҳурмати учун ҳам ўрнимдан тура бошлаб. (Меҳмон отангдан улуғ. Кўрмаса ҳам иззати-да, туриб гаплашганга нима ецин!..)
— Ана холос, ўзлари эдиларми? Уятлув иш бўпти-ку?! — деди у ҳижолатларга ботиб.
— Ҳижолати нимаси, тақсир, Аллоҳим учраштирганини айтинг, — дедим мулозаматга тушиб.
— Бой бўласиз экан, Мақсудхўжа жаноблари, танумабман, — деб яхшиликка йўйди меҳмон ҳам.
— Аммо мен овозизданоқ таниб туриб эдим, тусмоллаб туриб эдим. Бўлади-ку шунақа туйғу — бир оғиз сўзданоқ таниб олиш... — дедим чинига кўчиб.

Меҳмон тақдирнинг ёзуғидан шодланди:
— Аллоҳимга шукр, бир қўнғироқдаёқ рўбарў эт-са-я! Xизрни йўқламайман-ми! Валлоҳ-валлоҳ, ўзиммен, денг-а?!.
— Ўзимман ўзимман, — деб қўшилишиб тасдиқладим.

Меҳмон бунга сари боши осмонга етиб, қайтарар эди:
— Муҳандисликдан ёзарликни авло кўрган ўша битикчи танишимиз-да? Саломпамнинг ёлғизлари, Баҳриддин биродаримизнинг холаваччаси?! Уни қаранг-а...
— Ўша ўзлари билган гап ўғриси, тили гоҳ ширин, гоҳ аччиқ мирзо, — деб ҳазиллашдим.
— Қўйинг, аччиқдан Xудованди Каримнинг ўзи асрасин. Дийдор кунида Аллоҳга хуш келадургон сўзлардан сўзлашайлук, — деди меҳмон.
— Унда хуш келибсиз, меҳмон жаноблари. Кўришайлик, — дедим янада яқин олиб.
— Аллоҳимнинг ўзи кўриштирсун. Камина эрталабдан безовта этуб, қўлларини тутмадимми? Юмушларидан қўймадимми? — деб мулозиматланди у.
— Ҳеч-да, ҳеч-да. Сиздек мозор босиб келган меҳмонимизга вақтлар тасаддуқ бўлсин, — дедим ийиб кетганимни яшириб ўтирмай. — Сиз ахир, адашмасам, ҳов бирда ташриф буюрган биродаримиз — элчи жаноблари бўласиз. Азиздан азиз Марғу кеннойимиздан, Баҳриддин акамиздан саломлар етказган, топдимми?
— Ах, уни қаранг-а! Танидингиз-а, Мақсудхўжа жаноблари. Фаросатиза балли, хотиралари бутун экан, мирзо жаноблари, — деб тўлиб-тошиб алқашга туша кетди у.

«Хотирадан ҳам бурун калла бутун, мағизлари тўқ. Ахир бекорга сигир боқиб катта бўлибмизми! Қанча қаймоқнинг тусини ўчириб юборганмиз! Ўша қаймоқлар бўлмаса, биздан мирзо чиқармиди, битикчи чиқармиди!» деб тегишгим келди-ю тушунадими-йўқми, деб тилимни тийдим.

Ўрнига «қаерда тўхтадингиз, қандай кўришамиз»га тушмоқчи эдим, меҳмон сўзни илиб кетди.
— Ўзларига алангали саломлар бўлсин!
— Ўзларигаям, ўзларигаям... Қийналмайин, уринмайин етиб келдингизми? Xабар бериб ҳам қўймабсиз, кутиб олардик, — деб илтифот эта кетдим. Кейингина ичим қуриб, интиқиб, бу саломлар кимданлигини сўрашга журъат этдим. — Яна ўша диёрлардан сўраймизми? Ўшал азизларимиз олдидан келишингизми? Қалай юришибди, тани-жонлари соғ, азиз бошлари омонми? — деб қулфи-дилим очилиб суриштира кетдим.
— Эсончилик-есончилик. Азиз холаваччангиз-да, Бону кеннойингиз-да, кўпдан-кўп дуои саломлар йўл-лаб қолмишлар. Ҳамма тануган, билган, сўраганларга Аллоҳумдан кушойишлар тиламишлар.
— Эслаганларига раҳмат, шу дунёнинг бир чеккасида биз ҳам борлигимизни унутмаганларига раҳмат,— деб туриб, меҳмоннинг ўзидан ҳам кўнгил сўрай кетдим. — Дарвоқе, ўзлари бунча узоқиб кетдилар? Элчиликни бўйинга олган киши ҳам одамни шунчалар соғинтирадими? Биз-ку мисоли тушовлаб қўйиб юборилган отлардан фарқимиз йўқ. Ўз даламиздан нари кетолмаймиз. Сарҳад ошиб учиб юрган Сиз эркин қушларга нима бўлди, дарагингиз йўқ?!.

Меҳмон бу сўзлардан ийиб, кўкси ўсиб кулди.
— Эркин-еркин қушлар денг-а?! Оҳ, Сиз мирзо жаноблари, оҳ, сиз сўз заргарлари, гапни ҳам ҳўб топасизлар-да! Қани эди, ўшандоқ бўлса! Истаган тарафингга учолсанг, учиб етолсанг.
— Ҳарқалай, биздан кўра истаган учоғингизга мина оласиз-ку.
— Бу фикрингизда-да, жон вор. Жилла қурса бизда тушовлар йўқ, расмиятчилик йўқ. Лекин бу тарафлара йўл топмоқ мушкул. Ҳар кима виза беравермаслар. Аммо Аллоҳ ўзи билгувчи, қачон бу сарҳадларни очворарин Ўзи билгай. Ул зот «Кун» десаёқ бас: барча мушкулотлар барҳам топгай. Ахир эрта-ю кеч Xудодан сўраб ётганлар қанча! Дарбадарлар, ватанжудолар қанча! Уларнинг ноласи Аллоҳга етмасми? Етади, ахир, Мақсудхўжа жаноблари.
— Илоҳим ецин. Ўшаларнинг зори етмаса, кимники етади? — дедим тўлиқа бошлаб.
— Аввало, ўшалардан салом, бу кунни интизор интизор кутганлардан салом. Баҳриддин акангизнинг илтижоси, омонати бу, — деди меҳмон гап ўзанини шу ёққа буриб.
— Салом етказган ўзларига салламно! — дедим элчи жанобларини алқаб.— Биз ҳам ўша кунларни ку-тиб ётибмиз-да, интиқдан-интиқ, кўзларимиз тешилиб. Ҳар куни у кўзлар неча қайта ёшланади экан, — дедим аввало кеннойижонимни назарда тутиб. Аммо буни бу одамга айтиб бўладими?! Элчи Баҳриддин акамизни танигани билан Султон акамни билармиди, бу тарихларни тушунтириб бўлармиди?!
— Умид дорам, дейдилар. Шунақа, бандасининг иши кутмоқ, илтижо этмоқ, ёзмишига кўнмоқ. Ҳар икки дунё «ийяка наъбуду ва ийяка настаъйин1» устига қурилмиш, Мақсудхўжа жаноблари, ундан берига кушойиш йўқ, — деди меҳмон тасалли бериб.
— Бизнинг ҳам ёлғиз зоримиз шу, — дедим мен ҳам эшилиб. — Шояд, сизнинг бу ташрифингниз ўша кушойишларнинг бошланиши бўлса. — Сўнг: — Уни-буни қўйинг қачон кўришамиз, қандай кўришамиз? Қаерда тўхтагансиз, меҳмон жаноблари? — деб қистамоққа тушдим.
— Шундай рўпарангиздаги мусофирхонада тўхтамишбиз. Сиза яқин деб шу ера қўндик, — деди у.
— Уни қаранг-а, қўл узаца етгудек жойда экансиз-ку!..
— Бўлмаса, ҳов бирдагидек театру майдонига тушиб бора берайлук. Топишуб олармиз?
— Топишганда-чи! Ҳозироқ учиб боргайман-ку, — дедим энтикиб.
— Аллоҳ кўриштирсун, — деди меҳмоним...

Кўриштирсин, сўраштирсин, азизларимиздан салом келтирган кишининг дийдорига ўзи етказсин... Зиналардан учиб тушиб боряпману ҳов бирда мужда келтирган хорижлик меҳмонимизнинг савлатли гавдаси, йирик-йирик қош-кўзлари, кенг пешона, лўппи юзлари кўз олдимдан кетмас эди. Фақат мўйлабига оқ оралаганмиди, йўқми, эслай олмаётирман. Аммо чиқсамоқ бир кўришда таниб олсам керак...

Шовуллаб ётган фаввора олдига етиб улгурмадим. Унинг шовуллашидан ҳам бурун ўзини ўпиб, эпкин-тўзонларини учириб эсаётган шамоли... кишини сескантириб-жунжиктиргудек эди. Ҳали баҳор-да, дарахтлар энди куртак ёзди, ёз келсин, кимга ҳам ёқмас экан у! Аммо фаввора ёқилган кунда ташриф буюрган меҳмон бу гал қандай хушхабарлар билан келибди экан?!

Хаёлим ўша ёқдаю кўзим олма-кесак терар эди. Йўқ, меҳмони тушмагур, қай тарафдан келар экан, бир маҳал:
— Эсонмисиз, Мақсудхўжа жаноблари, — дея елкамга қоқса, чўчиб тушибман.

Ўгирилиб турк афандиларига ўхшаб тусаниб олган ўша басавлат тужжорни кўрдим. У ҳам хориж нусхи урган иссиқ чеҳрасию меҳр тўла кўзларидан бир таниш нурлар ёғилиб, шириндан-ширин жилмайишга тушган эди. Беихтиёр:
— Субҳаналлоҳ, ўзлари-ку! — деб юборибман.

У ҳам қучоқ очди-ю:
— Сиз ким деб ўйлаб эдингиз?! Тоғ тоғ бирла кўришмас, одам одам бирла учрашгай, деганлари шу-да. Қани, ўшал узоқ юртга ризқи сочилган қариндошларингиз учун-да омонлашиб қўяйлик, — дея бағрига тортди. — Уларнинг иссиқ саломларин, соғинчларин шу кўксимиза жойлаб келмишбиз. Аллоҳ шу дамлара еткурганига шукр. Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм1.
— Воҳ, Содиқхон афандим, ўша-ўшасиз, қилча ўзгармабсиз! — Мен жинқарча бўлмасам-да, басавлат меҳмоннинг қучоғида йўқ бўлиб кетган эдим, биз учун азиз кишилар олдидан келган элчини қучиб қўймасдим.
— Алҳамдулиллаҳ, алҳамдулиллаҳ, яна етказду. Яна дийдор насиб этду. Аллоҳ кўриштираман деса, йўлларни-да очиб юборгай экан, тўсиқларни-да, ўзи кўтариб ташлагай экан. Мана, яна келдук, Маҳмуд-хўжа ўғиллари, — дея бошига кўтаргудек бўлар эди у.
— Қадамларига хасанот. Йўлларизни очган, мушкулларимизни осон этган Зотга тасаннолар бўлсин, шукрлар бўлсин! — дедим ўзимни унутиб, унинг хориж бўйларию ифорлари гуркираган бағрига сингиб борар эканман. Шу чоғ кўклам елларининг рашки келгандек эпкин туриб, фаввора зарраларини бошимиз узра сочқи эта кетдию «ҳай-ҳай»лаб нари жилмоққа, фаввора «ёмғири»дан қочмоққа тушдик. Нарилар эдиг-у, бир-биримизнинг бағримиздан чиқмоқни ўйламас эдик.

Сайрга чиққан кишилар ҳам биздан кўзларини узмай, ҳавас-ла боқар эдилар.
— Ўзларидан сўрасак, эл-овуллар тинч, қовму қариндошлар омонми? Тошкандларга жойлашиб кетдингизми? Марғубону келинимизникидагилар қалай ўтиришибдир? Баҳриддин биродаримизнинг холаю тоғажонлари буларнинг дарагин эшитиб, қай куйларга тушишди?
— Дуои жонларини қилиб ўлтиришибди, — дедим узоқдан келиб, — етимларни асраб, дарагини чиқарган Xудой ўзи кўриштирмасми? Осмон никоҳини тиклаган Зот дийдорни ҳам қиёматга қолдирмас, деб ўлтиришибди.

—Бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг инояти. Фақат биз бандаси шошқалоқмиз, калта ўйлагувчимиз: Аллоҳга таваккул қила билмасмиз. Таваккул қилганни Аллоҳ ниятга етказмай қўймаган. Ўзимиздан қиёс, Баҳриддин ила бир борсак эди, кераклу кишиларни топсак эди, деб ният қилуб эдик, йўлларимиз очилуб мана, кўришиб турибмиз. Иншааллоҳ, қолган орзуларимизни-да ўзи ушалтиргай.
— Шошманг-шошманг, Баҳриддин акамизни-да ола келганмисиз? Ёлғиз эмасмисиз?! — деб юбордим унинг тирсакларидан тутганча.

Меҳмон бош чайқади:
— Униси орзу. Ҳали сафаримиз осонликча кўчмас, деб, Баҳриддин биродаримизни йўлдан қайтардук. Биласиз, ўртада қанча чиғириқлар бор. Ўзимизга-ўзимиз мушкул сотиб олмайлук, дедук. — Меҳмон боягидек иссиқ жилмайди. — Эллук йилда эл ўзгарур дерлар, зора муносабатлар юмшаб, борди-келдилар, ҳаж йўллари очилиб кеца, Аллоҳимнинг биз ватанжудоларга атагани ҳам вордир, Мақсудхўжа жаноблари?
— Шуни айтинг, шуни айтинг, биздан кўра сизларга аёнроқ, — дедим ичим ёришгандан-ёришиб: ахир дунё кўрган шулар билмаса, ким билади, озодлик еллари қай тарафдан эсаётганини? Темир парда ичига ўралиб ётган биз бечоралар «совет шарофати»дан бўлак нимани ҳам биламиз?

Тик турганча сўрашиб, мулозамат қилаётганимиз бирдан эсимга тушиб, меҳмонни қистай бошладим:
— Юринг, афандим, ишхонага кирайлик, бир пиёла чой қилай, қандин-қаёқдан мозор босиб келгансиз, ахир. Кейин ҳовлига ўтамиз.
— Чой қочмайдир, Мақсудхўжа жаноблари. Лекин ишхонагамас, ишхонани пирхона, дерлар. Қолаверса,— у негадир ийманиб ямланди, — идорангиза кирмаганимиз маъқул, кейин қулоғингизни тинчитмаслар...

«Унда қаёққа ўтдик?» деб туриб, ақлим ярақлаб ёриша кета қолди:
— Шошманг, қўл чўзса етгудек жойда бир оғайнимиз такя очган. Бир соатгина ўтирайлик. Суҳбатизни олай? — дедим қистаб.
— Узоқ эмасми? — деди меҳмоним.
— Шундай пиёда ўтамиз. Беш минутлик йўл.
— Ундай бўлса, бошласунлар, Мақсудхўжа жаноблари. Ўтганимиз бўлсун, ўтирганимиз бўлсун, — деди у ҳам.

Ақлимдан айланай. Ҳикматхўжа ошнамни заб эслаб қолдимми?! Ўзи «бир келмайсизам, ҳаммага ҳаммага топилган бир пиёла чойимиз, сизга ҳам татти кеб қолар» деб қачондан бери гина қилар эди. Биз эса, борсак ҳам «пақир киши панада» дегандек кўринмай қочиб қолардик. Аммо-лекин овқатлари хўб мазали. Ош дейсизми, лўла кабоб дейсизми, яқиндан илик шўрваси ҳам чиқибди. Салатлар-ку анвойи. Айниқса, айвондан жой топсангизми, яйраб ўтирасиз. Меҳмонни ўша ерга олиб борганга нима ецин.

Лекин бу гал Ҳикмат эшонга имо қилиб қўйишга тўғри келади. Ҳазилми, меҳмонимиз нақ Пайғамбаримиз (У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) юртларидан келган.

Эшоннинг ўзи ҳовуз бўйида сув очтираётган экан, кўриб боши осмонга етиб кетди. Бирпасда баҳаво айвондан жойлар қилдириб, мулозаматлар ила рисоладагидек кута бошлади. Мен дўстимни таништирган бўлдим:
— Бу киши ҳам ўзимизнинг Каттабоғдан. Тепамасжиддан ўтганда, тегирмонкўча бошида туришарди. Ҳозир у ерларга кўча тушиб кетдимикан, валлоҳи аълам. — Кейин кулиб қўшиб қўйдим. — Сиз Баҳриддин акамдан Xидой холалари ҳақда эшитган чиқарсиз. Ана ўша холамизнинг бир ўғиллари сабзи тўғрашда — жаҳон чемпиони. Яқинда Гиннесга ёзиб кетишибди. Мана шу «Мовий гумбаз»да ҳар куни неча кило ош дамлашса, ўшанга лозим сабзини бир ўзлари тўғраб ташлайдилар.
— Воҳ, чўх гўзал! Аломат ҳунар экан. Арзийди, арзийди. Гиннесга шундай аломат ишлар ёзилади-да,— деб меҳмон беш кетди. Кейин тўлқинланиб сўради. — Ўша кишини бир кўрсатгайсиз. Балки Баҳриддин биродаримизни танирлар?
— Шуни айтинг, — дедим-у, лекин кўрсатишга... иймандим.

Ўзи яримта, устига устак чистончи Раҳим акамиз жиндек отиб олган бўлсалар-чи, уялтириб қўймасмиканлар? Кейин анув хоббилари-чи? Ишдан кейин майдонга чиқиб олиб, хорижлик меҳмонлардан осори-атиқа сифатида чақа-чуқа йиғиб ўтиришлари-чи?! У кишидек оёқлари калта, ўзлари яримта одамни кўрган ким ҳам чўнтак ковламай ўтиб кета оларкан! Шунаққиб, ярим динор, бир доллардан бўлса ҳам бир оламнинг пули йиғилиб қолади... Бир қозон ошнинг сабзисини ёлғиз ўзлари тўғраб ташлаган Раҳим акам эса, ёнларида «тафтбости»га бир чойнак чой — ўзлари гўё ҳордиқ чиқаргани ҳовуз бўйига чиққанлар — ора-орада «Мовий гумбаз»га ташриф буюрган меҳмонларга таъзим бажо айлаб: «Ош бўлсин, келиб турингларов», деб чорсилари билан елпиниб, хўшлашиб ҳам қўядилар.

Хорижликлар у кишининг гапларини қайдан ҳам тушунсин, суветни ҳам тиланчиси бор экан, деб, беш-ўн доллар ташлаб кетишади. Ташлаб кетишгани майли, баъзилари видеоларига ҳам олиб қўйишади. Охири ўша видеолари чатоқ бўлди. Чет элликлар келганда Раҳим акамни ҳовуз бўйига чиқармай қўйишди.

Аммо у кишида нима гуноҳ? У киши туғма чўлоқ эмаслар. Ойим айтиб ўтирадилар: гунгурсдек бир чиройли бола эди. Ҳамма суйиб қўлига олар, катта бўлса, заб полвон йигит бўладими, деб эркалар экан. Қаёқда! Кимнидир кўзи тегиб, бир куни Қўлдош тоғам суйиб, отиб ўйнатаёцалар, қўлларидан тушиб кетиб қолибди. Шу-шу полвон бола яримта бўлиб қолибдилар. Ҳозир у кишининг бир тиззаларини ушлаб, яримта оёқни судраб босишларини кўрган одам... ачиниблар кетади...

Аммо Xудо барча кучни қўлларига берган. У кишининг гап сотиб туриб ҳам сабзи тўғрашларини кўрган одам ёқа ушлайди. Одам эмас, машина, дейсиз.

Меҳмон шу кишини бир кўришга иштиёқманд эди. Рости, кўрсатишга орим келди. Уялдимми, ножўя чис-тон қилиб қоладилар дедимми, ишқилиб, ёлғонни Xудо кечирсин, Ҳикматхўжага имо қилиб юбордим. У ҳам тушуниб, кириб кетди-да, қайтиб чиқиб, узр айтди:
— У кишини бир жойга олиб кетишган экан, жиндек юмуш чиқиб қопти. Сизлар баҳузур ўтира туринглар, келиб қолсалар, айтаман, хўп?
— Эсиз, эсиз, Баҳриддин биродаримизнинг холаваччалари экан, кўришсак, биродаримиз кўп хурсанд бўлар эди, — деб ачинди меҳмон.
— Мен сизни ҳали янги маҳалламизга, ундан холалариму тоғаларимникига олиб чиқмоқчиман-ку, шу билан қутулмайсиз! — дедим.

Меҳмон ҳам бу манзиратлардан эриб, ростига кўчди:
— Қану эди, қану эди! Биз сафар кишиси. Вақт эса тиғиз, — деди елка учириб. — Бугун бу ердамиз, эртага Xудо билсин, қай шаҳарнинг қай гўшасиндамиз. Тужжорнинг умри шундай — учоқлардаю аеропортларда ўтгай. Бу ера етказганига, сизни кўриб, манавиндай баҳаво ҳовуз бўйларинда ўтирганимиз шукр. Аллоҳ ўзи чевар-да: бизни шундай топиштириб қўйибди. Шундай дастурхонлар устида учраштириб қўйибдир. Ҳечбири беҳудамас: менинг келувим ҳам, сизни топивум ҳам.
— Илоҳим, илоҳим, — дедим ўша ниятларга интиқиб.

Биз тушланиб бўлган, энди чой ичиб, ширин суҳбат қурмоқда эдик. У ҳам ўша интиқлигимни сезиб, жилмайди:
— Чиндан ҳам, Мақсудхўжа жаноблари, бу гал биза ажиб хизматлар юкланмиш, — деди бетимга иссиқ-иссиқ термулиб.
— Xўш, хўш? Биздан нима хизмат? Тортинманг ҳеч, — дедим қистаб.
— Xизмат шуки, — деди Содиқ афанди аллақандай гулдираб ҳам пишқириб. У баъзан азбаройи тўлқинланиб кетган кезлари ҳаво етмай қолар-да, қаддини бир қадар кўтариб керишар ва шу топда овози ҳам аллақандай гулдираб чиқа бошлар эди. Унинг норғуллиги, улкан одамлардек бир ерга сиғмай қолиши шунда яққол сезилиб қолар эди. Мен унинг олдида ўзимни ушоқдек ҳис эта бошлар эдим, тавба. У ютиниб олиб, давом этди. — Аввалги гал Марғубонуга тегишли хабарлариздан кў-ўп мутаассир бўлишиб эди. Энди бошқа бир кишина тегишлув юмушлар чиқмиш.
— Ҳеч қисинманг. Xолаваччамиз сўрайдилар-у, билиб бермайликми? Айтаверинг, — дедим. Ўзим эса азбаройи интиқиб турибман, кимга тегишли экан, деб...

Меҳмон кутмаганимда мен томон энгашиб, овозини пастлатгали тушди:
— Улар бир биродарларин ожизасин изларлар.
— Изларлар?.. Кимни? — дедим ҳайратга тушиб. Чиндан ҳам бу ғалати хабар эди.

У овозини ундан-да, пастлатди:
— Сарҳад ошиб келмиш... экан...
— Қаердан, қаердан?! — Мен қаерда ўтирганимизни-да унутиб, овозимни кўтариб юборган эдим.

Меҳмон елкамга қоқиб, ўзига тортди:
— Ҳай-ҳай, мирзо жаноблари, деворнинг-да қулоғи вор-а?
— Узр-узр, — дея ўзимни босиб олишга уриниб, рижога тушдим. — Фақат тушунтириброқ айцангиз: қаердан келмиш?
— Ким, ўшал мушфиқами? — деди у.

Оҳ, қаердан ҳам шуни айтди?! Мен шу бир оғиз сўзданоқ ҳамма гапни англаб етгандек эдим. Кўз олдимдан мушфиқа кеннойим кетмай қолган, ундан, акамдан бўлак нарсани ўйламай қўйган эдим.

Назаримда, элчи ҳам шундан бўлак нарса учун келмагандек! Лекин нега очиқ-ёриқ айта қолмаяпти? Нуқул ижикилайди? Илинжини рўй-рост айтавермайдими?..

Мен у мушфиқанинг қаердан лигиниям, кимлигиниям билиб турибман. Бўлади-ку шундай сезги, аввалдан билдириб турадиган... Шундай экан, ундан бўлак кимни излашарди?!
— Ҳар кишини-да бу дунёда бир орқадоши, қиёматлув дўсти бўлсин экан, Мақсудхўжа жаноблари, — деди меҳмон қаддию овозини ростлаб.
— Xўш-хўш? — дедим ҳисларимни зўрға жиловлаб.
— Мен сиза айцам, Баҳриддин оғамиз кўздан-да яқун, жигардан-да афзал бир биродарина қаюшиб, ул оғасина яхшилуклар соғинадур. Биз ул ватанжудонинг аҳли аёлин дарагин билмак истарбиз.
— Истармисиз, излармисиз? — дея олдим.
— Униси-да, муниси-да, — деди элчи мамнун илжайиб. — Оғамиз ўз вақтида ул биродариндан тенгсиз яхшиликлар кўрмиш...

Ана уни қаранг!.. Қайтар дунёни кўотгш!..

Чиндан ҳам Марғу кеннойимни ким унга етказиб, ким узилган никоҳ ришталарини улабди?! Ўшанинг қайтимини қайтармоқчи бўптими?! Қиёматга қолмасин, дептими?! Эвазига бу ёқларда қолиб кетган кеннойимни дараклатиб, элчи юборибдими? Бўлак нима ҳам бўларди?! Кимни ҳам изларди?! Менинг бутун вужудимга, бармоқларим учидан сочларим тагига довур ширин бир титроқ югуриб улгурган, ўзим бу хабардан осмонларда учиб юрардим. Шундай бўлса-да:
— Сиз у мушфиқанинг кимлигию кимларга тегишли эканини... айтмадиз-ку, — дедим элчига хуш тикилганча.
— Дарвоқе, шундайми? Аллоҳимнинг ҳифзу ҳимоясинда бул диёрларда умргузаронлик қилаётган ул мушфиқа... сизга-да бегона бўлмас. Тангритоққами — қаёққа ҳижрат этиб кетмиш қай бир холаваччангизнинг шаръий ҳалоласимиш-ку, Мақсудхўжа жаноблари. Салом холамизга келин қавлида бўлгай, топсангиз ўша диёрлардан — Каттабоғу Яккабоғлардан топгайсиз дарагин, дедилар.
— Боядан бери айтмайсизми, шуни?! — дедим қувончим ичимга сиғмай кетаётганини ошкор этишдан йила-тийла. Аммо ўзимга қолса, қани, ҳоли бир ерда бўлсагу шундай ширин хабарлар ила келган элчини қучиб олиб, бағримдан бўшатмасам... — Фақат бир нарса сўрасам майлими, айбга буюрмайсизми? — дея олдим ахийри шивирлагудек бўлиб.
— Сўранг, Мақсудхўжа жаноблари, жоним билан айтай, — деди у ҳам.
— Ўша дарбадарнинг ўзи-чи? — дедим тилим танг-лайимга ёпиша бориб. — Ўзи қай элларни ватан тутиб, қай диёрларда тўхтабди? Биласизми ўзингиз?
— Кимни айтасиз? — деди у дабдурустдан англаб етолмай.
— Ким бўларди, биз учун азиз ўша мужоҳидни айтаман-да...
— Ҳа-а, Баҳриддин оғамизнинг қиёматли ошнаси, ватанжудо холаваччасин айтасиз... — У енгил тин олиб, орқасига суянди. — Икки йил бўлдимикан, валлоҳи аълам, дараги чиққанига...
— Қай юрт-диёрлардан сўрармиз? Омонмилар ишқилиб? — дедим ўксим бузила келиб.
— Сиқилманг, кўнгилингиз ҳам бузилмасин, Мақсудхўжа жаноблари. Ўзини хор қилдириб қўймайдиган жигарларингиз вор экан. Аввалда Пешовардами, қаерда эди.
— Ҳозир-чи, ҳозир қаердалар? — дедим титраниб, қолаверса, у манзиллардан келган хатлар рост чиқмоқда эди.
— Бомбейдами, қаерда — бандаргоҳда қўним топмишлар. Кемалару қаюқларни мумлашар эмуш.
— Мумлашар эмуш?!. — Мен билганларим тасдиқ топаётганидан ҳайратга, тушиб қайтариб сўрардим. — Шундай ботур — шундай мужоҳид акамиз-а? Ҳалигача-я?..
— Сиз хурсанд бўлинг, Мақсудхўжа жаноблари, ўша ердан шундай бир юмуш топганларига, ватанжудолар жамияти очганларига.
— Жамият?! — дедим мен орзиқиб, акам ўшал ерда ҳам жим юролмагани яна тасдиқ топмоқда эди.
— Мушкул кунга қолган ватанжудоларни ҳимояга оладурган, қўллайдурган жамият эмуш. Ниятнинг улуғлигини кўринг, Мақсудхўжа. Ҳар ким ҳам бу ишга бел боғласин-чи! — деди меҳмон мутаассирланиб. — Шундай ишларга бош қўшадию биз қаюшмайлукми?! Аҳли аёлини топишиб юбормайлукми?

Мен унинг сўзларидан титраниб бормоқда эдим.
— Сиз... ўзиз у кишини билгайсизми? — дея олдим.
— Қай бирларин айтасиз, Мақсудхўжа жаноблари? Мен нимагадир ақлим етмай борадир. Ҳар иккалалари-да Сиза холавачча бўлгайларми, ёки?.. — деди Содиқхон афанди сергак тортиб.

Мен ўзимга келиб, элчимизнинг кўзларига термулдим.
— Баҳриддин холаваччамизга Марғу кеннойимни етказган киши — ўша валломат бизга ким бўлишини билсангиз эди...— дедиму хушхол энгашиб меҳмоннинг қулоғига шивирладим.— Бизда ҳам биров билиб, биров билмас хабарлар бор: ўша туғишгандан аъло акамизни... Олтинхон тўрам Маккага чорлаётган эмишлар. Ўшанақаси биродариникига кирса ҳам ажабмас.
— Ким, Олтинхон тўрам-а? Маккага-я?.. Вой, Мақсудхўжа жаноблари-ей, зўр экан-ку сизнинг хабарлар ҳам! Биз билмайдиган нарсаларни биласиз экан-ку!.. — деб юбордию у азза-базза туриб, рапидадек кафтини елкамга ташлади ва ўзига тортди.

Биз жону жаҳонимиз эриб, бир-биримизнинг бағримизга сингиб борар эдик.

Улар кимнинг аҳли аёлию тирноғин излашар?

Уйларнинг сояси тортилиб, офтоб терак бўйидан ошган сари осмон тоқи тиниқлашиб, камига мовийлашиб кенгайиб борар эди. Балки мен сўрига чиқволиб ток тарашга тушганимдандир бу. Ишқилиб атрофга суқланиб боқар, ҳали ҳовли ортидаги ўрик шоҳида чиёв-чиёвлашга тушган саъвага, ҳали қўшнининг тупроқ томи бўғотига қўнволиб, тожини ёйиб-йиғиб «ҳуку-пиш»лаётган попишакхонга анқайишга тушган эдим.

Пастдаги айвонда эса, ойим чордана қуриб ўтир-волиб, менга қайси навдани кесиб ташлашу қайси-нисини қолдириб, қандай боғлашни ўргатиб турибдилар:
— Йўқ-йўқ, унисига тегма. Кўзинг қаёқда?! Ўша майда бўғини шўраласин-да ҳали. Сенга қолса, сатта узум қиладиганини кесиб, эркак навдасини қолдирмоқчимисан? Қўй, билмасанг, келиним чиқади, — деб тергаб қўядилар ора-орада. Бунга сари кулгим қистаб, юзимни четга бураман.
— Нега куласан, у сендан уқувлироқ. Битта айтгандаёқ илиб олади.

Баттар кулгим қистаб, бурнимни елкамга ишқайман: қани, шайтоним қўйса...
— Ҳа, унга нима қипти, сўрига чиқмай юрган жойи борми? — дедилар азза-базза жаҳллари қистаб.
— Ҳа, энди... сўрига икки киши чиққанидан... бир киши чиққани тузук-да, ойи, — деб унинг оғир-оёқлигига шама қилган бўлдим.
— Қўяқол унда. Кенжа тоғанг тараб бера қолар. У кишининг қўли теккан навда ҳосил бермай қўймаган.

Ола! Мен туриб, тоғамни чақиртириб юрсалар, айт-майдиларми?!.

Азза-базза хафа бўлган жойимда... дарвоза зулфини шиқирлади.
— Ҳой, ким бор, қутлуғ уйда? Меҳмон кевотти ўз оёғи билан.

Овоз танищ, жуда ҳам таниш эди. Ҳассанинг дўқ-дўқи ундан-да таниш эди.

«Келаверинг, почча»лаб нарвондан тушиб борсам, чиндан йўлакдан у киши кириб келяптилар. Бирпасда бағримиз тўлиб, уйимизга файз кириб кетди.

Дастурхон ёзилиб, чой кирди. Дуолар бўлиб, ҳол-аҳвол сўраша кетдик. Қариндошлар сал узоққа тушиб, ҳовли-жой қилса, шу экан: соғиниб, ичикар даражага етар экан одам. Шунданми, сўрашиб-исташиб тўймас эдик.

Қолаверса, биз истаб бориш ўрнига, у кишининг йўқлаб келганларидан, ихраб-сихраб бўлса-да, шу ёқда хешларим бор-ку, деб кирганларидан бир — хижолатга боцак, бир — бошимиз кўкка етар эди.
— Борса-келса, оқибат узилмайди-да, Саломхон. Оёғимиз остидан шамол ўтиб турибди, шунисига шукр. Ҳасса нима, бир далда-да, ётгулик қилмасин, — дер эдилар у киши пишиллаб. Басавлат одамнинг ёстиққа суялиши ҳам, хонтахтага кўкрак бериб, хўриллатиб чой хўплашлари ҳам бир бўлакча эди. Суяги йўғон, тоши оғир одамнинг шундан шу ёққа бизни деб келганлари, ҳовлимизга юз бурганлари, айниқса, бизга хуш келмоқда, у кишини ҳар қачонгидан яхши кўриб кетмоқда эдик.

Тоғаларимизникига келиб, босиб ўтиб кета олмадилармикин ё атайин келяптиларми, бунисини била олмай ўтирардик.
— Ҳай, бизнинг тоғ ошиб келган арзанда келинимиз қани, Ёдгормурод қани? Улар кўринишмайди, қаёққа жавоб бергансиз? — деб қолдилар почча очиқ эшикдан ҳовли адоғидаги уйлар томон аланглаб.

Шундагина бир нарсаларнинг учини сезгандек юрагим ҳаприқди: нима гап экан? Шунчаки суриштиряптиларми ё бирон хабар борми, деб юзларига термулдим. Аммо у киши соқолларини тутамлаб-силаганча жавоб куцалар-кутардиларки, менга қарай қолмас эдилар. Юзларидан бир қувончли нарсани сир тутиб тургандеклар. У нима экан, деб ичим қуриб боряптию... ўзим Баҳриддин акам юборган элчи ҳақда ҳеч кимга миқ этмай юрганимдан (Келишув шундай! Ҳатто кеннойимга, Ёдгорга сўз очганим йўқ! Элчи қаттиқ тайинлаган!) жим қола қолдим. Ҳозир ҳам очмаганим маъқул бу гапни, очсам — ойимлардан балога қоламан. Бошланади сўнг: нимага айтмовдинг? Биз кўрсак бир нарса бўлардими? Шундан шу ёққа одам келадию уйга опкелмайсанми? Анув муштипарларга бир оғиз билдириб қўймайсанми? Шунча кутганда — арзимабдими, дарагини эшица?.. Ундан кўра, ичимда ётавергани маъқул. Бунақа нарсаларнинг исини чиқариб бўладими!
— Қумлоққа кетишди. Ойтўрахонни кўриб келгани, — дедилар ойим, мен рухсат бердим деган каби ва қўшдилар, — У киши ҳам табаррук, дуоларини олиб туришгани маъқул. Бир вақтлар бағриларида ўтиришган.
— Э, шунақами, мен Султонмуродимизнинг тирноғини кўриб кетаманми, девдим. Xайитлик беролмаб эдим, бериб кетаманми, деб эдим. Э, аттанг, э, аттанг,— деб қолдилар у киши.
— Шошадиган ериз борми, почча, ўтира туринг. Келин кўксомсанинг ҳаракатига тушган. Кейин ўзим ош дамлайман, қўлбола қилиб. Унгача қайтиб ҳам қолишади, — дедим соғинганимни жиндек сездириб.
— Ҳай, сенинг гапинг ҳам тузук, қаёққа шошаман. Кечқурун обориб қўйсанг бўлди-да, — дедилар ҳалитдан кетиш ғамидан сўз очиб.
— Қолавурасиз-да, — дедим атай.
— Xў, жиян-а, — дедилар у киши орқаларига суяниб-кулиб. — Сенам қаригин биласан, ўз уйинг ўлан тўшагинг эканини. Қолаверса, холанг кўз юммай чиқади.
— Опкелавермабсиз-да, опамларни ҳам. Ётиб кетардилар, — дедилар ойим.
— Уми, билгани йўқ. Исини чиқармай қўя қолай девдим топган гапимни...
— Вой, яна қанақа гап? Ниманинг иси? — деб ҳовлиқиб қолдилар ойим. — Шу муштипаргинага тегишлими?
— Нима десам, сизга қандай тушунтирсам, — деб почча талмовсирадилар. Афтидан бу гапни ҳеч кимга очгилари келмай мени излаб келганлар-у, ҳозир но-илож қолган эдилар. — Ўзимам таги-тугига етолмай сарангман.
— Нимани, очиқ-ёриқроқ айтаверинг,— дедилар ойим.
— Шу янги имомимиз кечагинда бир гап топиб кепти. Эмишки, ҳаждан қайтган муфтий тақсиримиз бир одамнинг омонатидан сўз очганмишлар. Ўша қоч-қоч пайтларда аҳли аёли қолиб, ўзи ҳижрат этиб кетган биров яқинлари дарагини сўратганмиш. «Сизда ҳам бир муштипаргина бор деб эшитамиз, эри сарҳаддан ўтолмай қолган. Тақсиримга балки учраб боқарсиз», дейди. Ўшандан бери на еяр-ичаримда, на ўтирар-тураримда ҳаловат бор. Кошки бизга тегишли бўлиб чиқса деб... — Почча кўксиларининг ичи ачишиб бораётган каби ўша жойларни силаб, яна орқаларига ястандилар, — Султонмурод ҳажда нима қилади, у ерларга етишга йўл бўлсин, бошқа бировдир деб, ўзимга таскин-тасаллулар берсам-да, тинчий олмаяпман ҳеч. Xудо хоҳлаб турибдики, бу хабар бизгача етиб келибди. Xоҳламаса, қайдан ҳам етарди деб, эрталабдан бу ёққа юрвордим. Нима қилай, нима бўлса, Xудодан кўрдик, деб бир бориб кўрайми, Мақсудхўжа? Ҳарҳолда сен ўқигансан, дунё ишларидан хабаринг бор. Ишонса бўладими шу гапларга... ё ҳаммаси бир уйдирма, тузоқми? Оғримаган бошга ташвиш орт-тириб олмасмиканмиз?

Мен ялт этиб ойимларга қарасам, у киши қўлларининг юзидаги кўк ипакдайин томирларини силаганча хаёлга толиб қолибдилар. Бир тўхтамга келганларини билиб бўлмайди: шунчалик хаёл олиб қочган.

Почча ҳам бу ҳолни кўриб, совуб қолган чойларини симирарканлар, орқасидан чуқур тин олиб, юзларини ишқаб қўйдилар:
— Сўз очгани ҳам қўрқасан, очмагани ҳам. Айцанг ҳам — бир бало, айтмасанг ҳам. Бу ҳукумат ис олиб қолса борми... — дедилар у киши хум бошларини маъноли сараклатиб, — ундан кўра, «оч қорним — тинч қулоғим» яхшироқмикан-а?

Мен у кишининг сояларидан ҳам хавфсираётганларини билиб турсам-да, элчи келгани, кетидан бу гапнинг чиқиши ҳеч бекорга ўхшасди. Демак, Султонмурод акам ҳам тинч ўтиргани йўқ: буларни топиб, зиммасидаги шаръий бурч — омонатни ўташ ҳаракатида! Шундай бўлиб чиқадими?.. Ундай десам, Баҳриддин акам жўнатган элчидан хабари йўқ, тақсирга оғиз очиб қўйдимикан?.. Ҳеч тушуниб бўлмасди.
— Чиқмаган жондан умид, ўзимизнинг одам — муфтий экан-ку, — дедим.
— Ҳе, жиян-а, — деб қўл силтадилар почча, — буларнинг ичида ҳам муросаи мадорачиси қанча, хизмат қилиб қўйгани қанча. Яктагу салла бир либос, холос. Жон эса, ширин.

Ичимдан ё қиринди ўтди, ё бошимдан бир олов чиқиб кетди (Балки ҳар иккиси шу бир лаҳзанинг ўзида кечгандир):
— Қандай?! Xудодан қўрқмасдан-а?.. — деб юбордим. — Меҳробда чаён ёца, бу ёқдагиларни ҳоли не кечади?
— Астағфируллоҳи ал-азим. Балки биз адашаётгандирмиз, Аллоҳ зоҳиргамас, ботинга қарайди-ку.
— Унда нимадан қўрқасиз? — дедим қидираётган одам акам эканидан умидимни узмай.

Ойим шаша-дока рўмолларини пешоналарига тортиб, учини елкаларидан ошириб ташларканлар, бош тўлғадилар:
— Гумондан имон ҳам қочади. Каъбатуллоҳгаки бориб келган одам... ундай қилолмас. Бораверинг, Аллоҳнинг ёзганидан бўлак нима бўларди? Балки келингина бояқишнинг бахти очилай деб тургандир.
— Шуни айтинг. Балки ҳаммаси ростдан ҳам яхшиликкадир.

Мен ич-ичимдан «Қани эди, қора кунлар орқада қолиб, булар ҳам рўшноликка чиқа қолса», деб учиб-қўниб турардим-у, калламнинг бир чеккасидаги шуб-ҳа қўймасди: «Шошма, шунча кўргиликлари камми? Ҳукуматнинг найранги бўлмасин. Ундан кўра, сабр қилиш керак. Ишончли элчи келиб кетди-ку, ахир».

Ахийри шу шубҳа тош босиб кетиб, фикримдан қайтдим:
— Аввал биладиганроқ одамга маслаҳат солиш керакмиди?
— Кимга? — дедилар почча сергак тортиб. — Анув ошнасига дейсанми?

Тушундим, Чаман акамни айтаяптилар. Кечаги элчи ҳақида миқ этмадим-у, буни айтиб бўладимикан? Ернинг тагида илон қимирласа, билади-ку, буни билмайдими? Акамнинг қайтиши мумкин бўлса, Чаман акам аллақачон ҳаракатга тушиб қолмасмиди.

Ундан кўра, Тўрамнинг олдиларига ўтмоқ лозим. Ким-ким, у кишидан хайрли бир маслаҳат чиқиши аниқ.
— Истасангиз, Тўрамнинг олдиларига обориб келай. У киши айтган одамизни билсалар керак, — дедим тусмоллаб.
— Дарвоқе, сен ҳақсан, — дедилар почча пишиллаб, — ҳақ бўлганда ҳам юз карра ҳақсан. Бориб секин сўрайлик-чи, бор гапмикан-йўқ гапми? Отлан-отлан, мен рози.
— Ҳой, почча, келмасиздан-а, — дедилар ойим азза-базза ҳовлиқиб, — келин кўксомсани опкесин, омонлиқ-сомонлиқ қилайлик. Xудонинг куни биттами? Қолаверса, ўша муштипаргина келсин, Ёдгори келсин. Сизни кўриб, бошлари кўкка ецин. Келмасиздан йўл кўрманг-да, почча.
— Бўпти-бўпти. Суриштириш мирзога тан. Мен қолдим, — деб иккала қўлларини кўтарганча чайқалиб қўйдилар у киши.

Бундан мутаассир бўлиб ҳаммамиз кулдик. Чиндан Нусрат поччанинг қилиқлари ўзларига ярашарди, улардан бошқа одам бундай беғараздан-беғараз кулги уйғота олмасди. Ҳатто Ёдгор ҳам, кеннойим ҳам, кўзда ёш билан бу кулгига қўшилган бўлар эдилар. Ҳозир эса, ким аҳли аёлию ёлғиз тирноғини излашидан бехабар қаерларда юришар, билишса борми, юраклари ёрилар эди.

Чиндан Ойтўра бувининг зиёратига кетишдимикан ё Чаман акамдан бирон мужда кутиб? Мен аниқ бир нарса билмасдим.

Ўзи пок, дарди дунёси қора бир инсон

Поччани киракаш машинада Бешқайрағочга ташлаб қайцам, маҳалла зим-зиё, на бирон кўчада чироқ бор, на бирон уйда липиллаган ёруғ. Ҳаммаёқ тим-тирс, одам зоти кўринмайди. Xудди алламаҳал бўлиб кетгандек.

Ваҳоланки, кетаётганимда чироқлар чарақлаб ётиб эди. Қанча вақт бўлибди экан? Қолаверса, кеннойимгилар шаҳардан қайтишмаган эди.

Шу хаёлда гузарга яқинлашиб қарасам, дўкон ёнидаги қоровулхонада бир нарса милтираяпти. Ким экан, бемаҳалда ҳужрага чиққан? Секин бурилдим. Борсам, шахматчи харифларим хонтахта устига мук тушганча дунёни унутиб дона суришяпти. Ёнларида ёғга солинган пилик ожиз чирсиллаб, шахмат устинигина зўрға ёритиб турибди. Шу аҳволда:
— Ших, қочсинлар! Ших, ишонган тоғларини берсинлар! Ших, мотга тайёрланавурсинлар! — деб дона суришяпти.
— Эй-й, ҳарифжонлар, бормисизлар, ўртанглар тўлсин, — деб кириб бордиму ўтириб қопман.

Неча қўл ўйнадик, ўртада шахмат неча айланди, билмайман. Бир маҳал биров эшикни очиб юбориб:
— Э, баракалла, у ёқда ким нечта туғиб ўтирибди, бу ёқда буларнинг топган ўйинини кўринг, — деса, ўзимизга келибмиз. Дарвоқе, ойим кўз юммай ўтирадилар-ку. Устига-устак, Ёдгорлар ҳам келишмаган эди, деб ўрнимдан турдим.

Ичим ғурмишлаб, уйга етиб келсам, эшик юзига ёпиқ, қулф тушмабди. Демак, ойим тиқ этган товушга қулоқ тутиб ўтирибдилар. Киришимдан уришиб беришлари аниқ. Шунинг учун ҳам оёқ учида кириб бориб, деразадаги қулфни ола бошладим. Аммо ичкаридан... қанақадир пиқ-пиқ йиғи товуши келар, товуш ҳам танишдек эди...
— Шунақа, кичигоюжон, дардум ичимда. Чироқ ёқса, ёрумайду. Бу бало қайдун ёпушду, қай гуноҳларумга тутду, — деб сиқтанарди кеннойим... Қотиб қопман.
— Ҳаммадан яширсангиз ҳам ўзимга айтавермайсизми? — дедилар ойим.

Кеннойим йиғисини ютолмай, ҳиқиллади:
— Кошки... айтуб бўлса, кичигоюжон.
— Мен кимман, келинпошша? Нега онангиз ўрнига онадек кўравурмайсиз? Бир чеккаси келиним бўлсангиз, бир чеккаси шу ёқдан кетган кишиларнинг тирноғисиз, чироғисиз, — деб тергай кетдилар ойим.— Аллоҳ оталаризга буюрмаган юртни сизга буюрибди, шукр қилинг. Бировларнимас, бизни бағримизда ўтирибсиз. Бизга суянмай, кимга суянасиз?! Султонмуродимизнинг тақдирида аҳли аёлию Ёдгорини бизга қолдириб, ўзи дарбадар кетиши боракан, не қилайлук?! Кўнамиз-да Xудонинг ёзуғига. Дардизни олай, ундай қилманг. Ҳаммасини ичингизга солаверманг. Анави Ёдгориззи ўйланг. Эрта бириси кун уни уйлашингиз, орзу-ҳавасини кўришингиз керак. Келин туширсангиз, қўлидан бир пиёла чой ичганингизда бу кунлар унут бўлиб кетади, айланай. Зиммангизга ҳам ота, ҳам она бўлиш тушибди, ҳали ажрини ҳам кўрасиз. Тирноғингиз эр етиб қолди, ҳар одамлар борки, тирноққа зор, чироғбонга зор. Ҳеч сиқилманг, Аллоҳнинг ваъдаси бор, мен шукр қилган бандам биланман, деган. Тўғрими?
— Раҳмат, кичигою. Яхшуям сизлар боркансиз.
— Ҳа, бу бошқа гап. Дард берган Аллоҳим шифосини бермасми? Судралиб юрувчи бир илонки, жароҳатига шифо топганда, биз тополмасмизми?

Мен дамим ичимда, ҳамон дераза тагида миқ этмай турар, кетолмас ҳам, қимирлай олмас ҳам эдим.
— Қандай? — дедилар кеннойим илинжда.
— Далаю даштдан бир ўтни топиб бориб, ўшангга жароҳатини сурта-сурта, тузалиб кетади экан. Ана ўшани эрмана дер эканлар. Биз ўшанчалик ҳам эмасмизми? Бунинг ҳам бир давоси бордир, келинпошша...

Мен эсовсираб қолган эдим. Кеннойим бечора, томоқларига довур ўраниб юришлари шундан эканми? Бошидан рўмол тушмай, енги узун кўйлаклар кийиб олишлари, билакларини худди яра чиққандек дока билан танғиб ташлашлари... шундан эканми?! Олим акамникига уйкўрарга борганимиздами, қаерда кўриб эдим, худди янги тушган келинлардек рўмолларни томоғлари билан қўшиб ўраб олганларини? Ўшандан бошланган эканми?

Нега ранглари чиқмайди, узун хаёл сурганлари-сурган десам... оқ тушиб, шу дард илашган эканми? Ойтўра бувининг олдига ҳам бекорга тушмаган эканлар-да.
— Ҳамиша шундай қолмас, келинпошша...

Шу маҳал... чироқ бирдан чарақлаб ёниб, ҳаммаёқ чароғон бўлиб кеца... кўзларим қамашиб, тисарилиб кетибман. (Қолаверса, дераза тагида сўз пойлаган кимсадек туришим хунук эди!)

Қулфни ола дарвозахонага қайрилган жойимда ичкаридан ойимнинг овозлари келди:
— Ҳой, ким? Мақсудхўжа, ўзингмисан?
— Мен-мен, келдим...
— Сен келишинг-ла чироқ ёнаркан, воҳлироқ келмайсанми-я, болам?

Мен эшикни қулфлаб, қўлимни чайиб кириб борганимда, улар анча ўзларига келиб қолишган, кеннойим хонтахта устини йиғиштиришга тушган, аллақандай ўнғайсиз ҳолатда одамга қарамасликка тиришар, кўзёшларини артиб улгурган бўлсалар-да, нами билиниб турар эди. Мен ичим зил кетиб, сўрашишга ҳам тилим бормай турарканман, ойим ҳушимга келтирдилар:
— Ҳа, болам, жа қолиб кетдинг? Xоланг яхши эканларми?
— Сўрай-сўрай бир ерга етишди, дуо деб қолишди.
— Саломат бўлишсин. Кичкина бўлсаям битта машина олсанг, «ғувва» обориб-келиб турармидинг. Одам соғинаркан, болам. Ҳа, қани-я, Каттабоғда ўтирганларимиз? Соғинсак, эшикка тамбани босиб кетаверишларимиз? Алламаҳалгача гаплашиб ўтириб келишларимиз? Қадри ўтяпти.
— Энди мен қачон ўрганардим! Ундан кўра, ана, Ёдгорни ўқитамиз. Ўрганволса, обориб келаверади.

Бу гапим чой янгилагани чиқиб бораётган кенно-йимга ёқиб, қайрилиб қараб қўйдилар. Кўзларида йилт этган ёлқин, у кишини янги келган даврларига қайтаргандек эди, тавба. Юзлари ёришиб:
— Ўша кунларга етказсун, илоҳум, — дедилару чиқдилар.

Ойимлар билан қолиб, мен у кишига саволомуз қарадим.
— Тинчликми, ойи, руҳлари тушиб кетибди жуда?

Ойим дамларини чиқармай, эшикка имо қилдилар. Сўнг оёқ овозлари узоқиб бориб, ошхонага кириб кетгачгина:
— Бояқишга шу етмай туриб эди, — дедилар бош тўлғаб. — Нима қиласан, Аллоҳимнинг ёзмиши. Суйганига дарду машаққатни қоплаб беравурадикан.
— Тушунмадим?
— Ҳаммага ҳам берсин-чи, бермайди. Пировун1 дегани ўтган экан, додам раҳматли айтиб ўтирардилар. Ўшанга ҳамма нарсани, мулкниям, дунёниям бериб қўйиб, дардни раво кўрмаган экан.
— Ёмонми бу? — Мен ҳамон нима демоқчи эканларига тушуна олмай ўтирардим.
— Бош оғриғи нима деган гап? Ҳатто ўшани ҳам бермаган экан.
— Нега?
— Берсам, менга илтижо қилиб, топиниб қолади деб, бермаган экан. Дардни ҳам суйган бандасига, амаллари хуш келганига беради. Кеннойингга ҳам ибодатларини мукаммал эцин, деб берган-да, болам, бу нарсани.
— Ўша ҳаммадан яшираётганлари шунчалик қўрқинчлими, ойи? — дедим ўтакам ёрилиб. Қолаверса дамим ичимга тушиб, эшикка аланглар эдим.
— Аёл кишига хунук-да, болам. Устига-устак, суқсурдек жувон шу оқ балога учраб турса. Ҳамма қатори яйраб-яшнаб юролмаса, бировга кўринолмаса... Султон акангдан тирик жудо бўлгани кам экан. — Ойим чуқур тин олдилар, ичларидан олов ўртаб чиққандек, кетидан бош тўлғаб дедилар. — Нимаям қилади, осмон узоқ, ер қаттиқ...

Менинг ичим баттар тилинди:
— Шунчалик бедаво деб ўйлайсизми, ойи?
— Қайтиб, мусаффо бўлиб кетибди, деганини эшитмаганмиз...

Энди ичимни бир ғашлик тирнагандан тирнай бошлаган эди. Ўғли эр етиб қолганида шу ҳам бор эканми? Ичим худди биров тилимлаб, туз сепаётгандек ачишар эди.
— Шаҳарга нимага боришибди экан? Табиб излабми?..
— Чаманни опаси Эски Жувадаги ёймачилардан бир гап топиб келганмиш. Арпапояда шунақа оқ тушганни даволайдиган табиб боракан. Агар хорижга кетиб қолмаган бўлса, ўша даволайдимиш.
— Боришибдими? — дедим умид тутиб.
— Йўқ, биздан бемаслаҳат ўтмабди. Йиғлаб-сиқтаб қайтиб кепти. Шунисига ҳам шукр. Бизни қора тортиб, кўниб ўтирибди. Бошқаси бо Xудо, дердию чопарди. Бу истиҳола қипти. — Унақа-бунақа нарсага хўрликлари келмайдиган ойим энгашиб олганча кафтларининг орқасинию оч кўкимтир томирларини силашга тушган эдилар.

Мен қайтариб сўрашга журъат этдим:
— Қандай табиб, дедиз?

Ойим айтгилари келмайинқираб айтдилар:
— Жуҳуд табиб деса, ҳамма билармиш.
— Улар ўта ақлли халқ, балога ақли етади. Нима бўпти, боравериш керак, — дедим миямга келганини қайтармай.

Ойим ялт этиб афтимга қарадилар-у, энсалари қотгандек, юз буриб олдилар. Мен ҳеч нарсага тушунмай мовдирадим. Аммо шу тоб эшик очилиб, чой кўтарган кеннойим кўриндилару биз жим қолдик. У киши пиёлаларни чайиб, чой дамлаб келмоқда эдилар.
— Ҳожати йўқ эди, бекор уринибсиз. Керак бўлса, ана, Саидага айтардик, — дедим.

Ойим у кишини алқадилар:
— Барака топинг, ош энди чанқатвотувди. Келин бояқиш, болаларини ухлатаман деб, ўзи ҳам мизғиб кетгандир-да. Майли, тиниқиб ола қолсин.

Мен разм солмайман десам ҳам назарим кеннойимнинг ўша рўмол ўраган жойларига, қулоқ юмшоғи ортию соч тагларига кетиб-кетиб қолмоқда эди. Ўша қулоқ юмшоғининг ёнгинасидаги тангадек нори тепасида (ё тавба, бу неси бўлди!) тухум пўчоғи ёпишгандек бир нарсани кўриб, ичларим титраб кетди. Қайдан илаша қолибди бу бало? Ё неча йил сурункасига кўрган азоблари, сиқилишу кутишлари, бедарак кетган акамга етиб-етолмаслигию эртасини билиб-билолмасликлари — барча-барчаси қўшилиб, шу оқ дард бўлиб чиқибдимикан? Акам келмагунча бет-қўлини шундай тутиб боравурадими бу? Унгача давоси йўқми?

Менинг назаримда шундай эди, унгача биронта табиб ип эшолмайдиган, давосини топиб беролмайдигандек эди. Акам келадию у яна бир эт ташлаб, аввалгидек яшнаб кетадими?

Аммо акамни қайси мард қайтариб кела олади? Топганда ҳам сарҳаддан ким ўтказа олади? Кошки бу ҳукумат жим қўйса! Ҳамма-ҳамма билан уни ўтказиб қўядилар эканми? Яшатиб қўядилар эканми?

Нима қилмоқ мумкин? Мен кеннойим учун, акам учун ҳамма нарсага тайёрдек эдим, кўз юмганча қолган эдим. Аммо улар учун ўзни нисор этишнинг бирон-бир йўли кўринмасди. Гўё миям тўнгиб қолгандек ўтирардим.

Бошқа қандай ҳам йўл бор — жуҳуд табибдан бошқа?..

Ичим ўртангандан-ўртаниб борар, ҳеч кимгаю ҳеч ёққа қарай олмасдим. Чой ҳам татимас, ичсамоқ ичимни ёндириб юборадигандек эди гўё. Туриб қўл чайиш баҳонасида ҳовлига тушиб бордим. Бодроқдек бодраб кетган осмон юлдузлари ғашни келтирар даражада ярқирар, нимқоронғу кўкдан адашган тун қуши чулдираб ўтиб борарди. Қаёққа, Xудо билсин.

Ниятга қараб ажр берилса, агар...

Кун чиройли ёйилиб келар, у қўшнининг навдалари ғўдда-ғўдда буртиб ётган гилоси устидан уй пештоқларига сирғалиб тушиб улгурган, мана-ҳозир ўша пештоқлар алангаланиб кетадигандек бир тус олиб борар эди. Кўклам офтобининг тиниқлиги шунчалик, нурларининг мўллиги шунчалик! Ундан жилла пастдаги равон ойналарига тушиб борсами, қараб бўлмас ҳам экан-да.

Боядан бери улкан шотут тагида қувалашиб, ҳали томга, ҳали пастга учиб тушиб, тинмаётган майналар ахийри нимадандир ҳадик сираб том ошиб учиб кетдилару дарвозахона йўлагида биров томоқ қириб йўталинди.
— Ҳов, опа, ким бор?

Овоз танишдан-таниш, тоғамларникига ўхшаш эди: кўз олдимга у кишининг сассиз жилмайиб кириб келаверишлари тушиб:
— Ҳозир-ҳозир, — дея чиқиб боравердим.

Чиқсам, чиндан тоғам, ярим йўлда жилмайинқираб турибдилар, орқаларида девор ушлаб юрадиган кенжа тоғамларнинг қўлтиқларидан олганча дароздан- дароз Яҳё акам остона оша пастга тушаяптилар. Тоғамни қўлтиқларидан тутганлари камдай, яна бир қўлларида бир шишабонка қаймоқ билан иккита иссиқ нон. Мен унинг янги тандирдан узилганини дарвозахонани тутган ҳидиданоқ сезиб, қўлларидан олишга ошиқдим.

Яҳё акам шунақалар, бизни маҳаллага келиб қолсалароқ, бас, ҳаммамизникига бир-бир кириб ўтишлари бор, кирмай кетганларини кўриш тугул, эшитмаганмиз.
— Ҳаммангни ичингда Яҳё бир бошқача-да! Келдими, бош суқмай кетмайди, оқибатни ундан ўрганинглар, ҳой, фалончи, — деб ойим ҳаммани уялтирганлари-уялтирган. Ҳатто тоғаларимни-да кўзларини очирмайдилар, ҳеч кимни аямайдилар. Бугун қайси тоғ қулаб, нима бўлақолибдики, тоғам жиян-қайнилари билан бошлашиб келар эдилар. Кенжа тоғам, албатта, ўзлари йўлдан қўшилганлар. (У киши вақт топдилар дегунча, Қуръон ўқигани кириб турадилар. «Опа, сиззи Қуръониз тиниқ, дона-дона, одам зер-забарига адашмайди. Менам шунақа босмасидан топтирсам эди», деб қўядилар.)

Мен улар билан кўришиб-исташиб, ойимларнинг уйларига бошлаб кирдим. Кеннойим қўлтиқларидан олиб, у киши туришга унналаётган эдилар, тоғаларим қўйишмади.
— Ҳой-ҳой, опа, сиздан лозимми шу, ўзиззи уринтириб? Мана, биз кириб бўлдик-ку. Ҳалиям бўлса, ўлтиринг.

Аммо ойим ўз билгиларидан қолмай, бош тўлғардилар:
— Мани қўяверинглар. Эр кишининг ўз ҳурмати бор. Туриб сўрашганга нима ецин. Момо Ҳаввони ҳам Аллоҳим эр кишининг қай еридан яратибди. Жилла қурса, кўкрак баравар турай.

Кейин сизсираб, алоҳида бир илтифотлар ила елкаларига қоқ-қоқа, сўраша кетдилар:
— Келинг, Қўлдошхўжа, бормисиз-омонмисиз. Пенсаларга чиқиб олганмушсиз. Ишларни ташлаб, масжидлардан бери келмаётганмушсиз. Бир чиройли-бир чиройли. Қумрихондан эшитиб, бир суюндим-бир суюндим. Болалигизда чиройли таловатлар қилардиз, Қуръонга қайтганиз муборак бўлсин, муборак бўлсин.

Бояқиш кеннойим, биз бостириб кириб, қаёққа қочарларини билмай қолибдилар. Ойимни турғизишга унналиб қўйиб, энди ўзлари у кишининг орқаларида «жон сақлаётгандек» эдилар. Бир қўллари билан у кишини тутганча, яна рўмоллариними, ниманидир тўғрилашга уринадилар. Билдим, анавинга бировнинг кўзи тушмай қўя қолсин, деб... жонлари ҳалак: уялиб, ерга кириб боряптилар.

Мен уларга ёрдамлашиб, ойимнинг қўлтиқларидан тутгим бор-у, сўрашаётган тоғаларим олдидан ўта олмай довдирабгина турибман. Қолаверса, қўлимдагини қаерга қўяримни билмайман, у кишига ачиниб кетганим шунчалик.

Ахийри опаларига елка тутиб борган тоғам қайтганларида олдинга ўтдиму ойимнинг қўлтиқларига кириб улгурдим. Кеннойимга жон битган эди, у киши бир қайрилишда қандай нариги токча ёнига етдилар, кейин ўша токчаларга қисинганча сурина-сурина, тоғаларим билан сўраша-сўраша эшикка бордилару ўзларини ташқари олдилар. Ёнламасига чиқиб кетдиларми, орқалари илами, сезмайин ҳам қолдим. Афтидан фикри-хаёли ўша нарсадаю унга бировнинг кўзи тушмай қўя қолса, деб титраб-қақшар, ўзини қаерга қўярини билмасди.

Нега Аллоҳ берган бир дард экан, дея олмаяпти? Ҳамма нарсага кўнган, не-не машаққатларни кўрдим демаган, шунча маломатларни ичига ютиб кетолган кеннойим... шунга келганда бўшашиб тушди? Ўзини еб битиряпти? Буям Аллоҳимнинг бир синови-да деб, орқага ташлай олмаяпти?

Аёл кишининг бошига тоғ ағдарилса, ағдарилсин экан-у, этига бундай оқ тушмасин эканми?! Заифа дегани шунда билинади эканми?!

Султонмурод акамни йўқотгани, ажраб қолгани, ўша аламлар, ўша боши-кети йўқ айрилиқ-ҳижронлар энди билиняптими? Шунча ҳижрон етмагандек, тақдир қамчиси уни бедаво оқ доғлар билан «тақдирлаб» тўрт девор ичига қувмоқчи, қамамоқчими? Бу кўргиликка қандай чидайди энди?!.

Мен ич-етим узилиб шуларни ўйларканман, кенжа тоғам ойим билан қандай сўрашдилар, сўнг акаларининг ёнларига ўтиб ўтирганча, орқаларидаги ёстиқни нега ойим томонга ташлашга уннала бошладилар, ҳеч фаҳмлай олмасдим. Бу орада Яҳё акам ҳам икки букилиб елка тутиб улгурган, холамнинг саломларини топшириш билан андармон эдилар:
— Ойим дуо деб юбордилар, хола, намозларизда шифо тилаб қўярмишсиз у кишига. Саломхонни дуолари қабул: икки саловот ўртасида сўрашни билади, дейдилар. Шунақами хола? — дедилар овозлари уйимизнинг тоқилари тагида жангиллаб. (У киши шунақа дароз одам. Овозлари ҳам бўй-бастларига яраша!)
— Бўлса, бордир, — дедилар ойим менга суянганча жойларига чўкаётиб, кейин ўтирволиб қўшдилар,— ҳаммаси ихтимат-да, болам. Аллоҳ ҳам ихтиматли бандасини суяди. Ўзлари тузукмилар?
— Ўтирибдилар ўша ўзиз билган каравотларида... ихраб-сихраб, тасбеҳларини ўгириб. Чарчасалар ётадилар. Ётиб зериксалар, туриб таҳорат оладилар, яна ўша ўринларида намозларини ўқийдилар. Xудо умр берсин, — деб у киши ҳам чўкдилар.
— Беради ҳам. Аллоҳимнинг берган дардига неча вақтдан бери сабр этадилару у кишини севмай, кимни севсин! Шу дард билан ҳам ибодатларини қўймаганлари учун ҳам шунақа ушлаб турибди, Яҳёхўжа. Бўлмаса, у киши тенги қанчалар ўтиб кетди. Қани, илоҳим, қадам етди, бало етмасин, ҳаммага ҳам шунақа ибодатли умр берсин, роҳи-ростдан Ўзи адаштирмасин. Облоҳу акбар. Xуш кепсизлар. Қаранглар-а, қандай ярашиб турибди, уйларимиз тўлиб турибди. Келса, кўрса, кўз-кўзга тушса, яхши-да. Ҳаммавуза ҳам ғанимат.

Мен ишга кетишим керак эди, чой келгунча кийиниб ола қолгани чиқдим.
— Ҳой, болам, ичингга иссиқ кирмай, қаёққа шошасан? Ўтир, тоғаларинг бир келиб қолишибди, — дедилар ойим.
— Xўп-хўп, ҳалиги қаймоқ билан ширчойни опкиришай... — деб чиқдим.

Уларнинг кўнглига қарамай бўлади эканми! Ки-йинмаёқ ширчойни тезлаштириб қайтиб кирсам, тоғаларим ўтган-кетгандан гап очиб, гангир-гунгур суҳбатлашиб ўтиришар, уй ичи ҳар қачонгидан файзли бўлиб кетган эди.

Қаймоқ кетидан ширчой кириб, бояги ҳиди гуркираган тандир нонлар ушатилиб, бисмиллоҳ ила «олинг-олинг, насибангиз қўшилган экан», «Аллоҳ дастурхонимизни бундан ҳам зиёда қилсин» деган мулозаматлар билан нонушта қила бошладик.

Очиғи, ақраболар билан ёзилишиб ўтириб нонушта қилиш бир гаштли, ёлғиз ўзинг шоша-пиша, апил-тапил бир нарсалар билан нафсни қондириб кетишдан ўлса ўлиги ортиқ эди. Меҳр кўзда деб шуни айцалар керак-да? Энди кетгим ҳам келмай қолган, ҳар кунги ўша иш-да, бораман-да, ахир, деб қилт этмасдим. Ростини айцам, жиришни бузгим келмасди. Қолаверса, улар ҳар куни келиб юришибдими?

Қўлдош тоғам бир гап очмоқчи бўлсалар аввал одамга сассиз жилмайганча тикилиб қолар эдилар. Ҳозир ҳам мени суйган каби ўшандай тикилиб қолдилару сўзга кўчдилар:
— Акангни Ёдгори кўринмайди, жиян?

Менинг ўрнимга ҳам ойим жавоб қилдилар:
— Мактабига кетган, тоғаси. Ҳадемай ўнни битиради, Xудо хоҳласа. Бунга ўхшаб инстуларга кирмоқчи. Зеҳни тез болагинамизнинг. Xудо омадини берсин.
— Э, шунақами? Адасига тортибди-да. Ким бўлмоқчи? — дедилар у киши.
— Дўхтирликка ўқирмиш, онасининг боши касалдан чиқмаганигаям.

Тоғам эшик томон аланглаб олиб, овозларини паст-латдилар:
— Аббосиздан бир учини эшитдим, шунақа тушибдимишми, опа? — дедилар тоғам, аёлларини тўнғичларининг номи билан атаб.

Ойим кафтлари устидан нигоҳларини узмай — истамайгина бош тебрадилар-да, қўшдилар:
— Осмон узоқ, ер қаттиқ, дейдилар-ку, шу ҳам боракан пешонасида.
— Шу ойдай келинимизга-я? Бинойидек шекилли,— деб гап қўшдилар кенжа тоғам.
— Элдан бурун ваҳма қилманглар, қўйинглар, — дедилар Яҳё акам хонтахтадан нари сурилиб.
— Ёмон бўпти, — дедилар Қўлдош тоғам ичлари сидирилиб ва негадир чаккаларини қашлаб, яна эшикка қараб олдилар. — Ўзи ман айтганимда бўладиган ишни бўлдириб юбора қолиш керагийди. Ҳазилми, шунча йилдан бери турмуш қурмай ўтириш аёл кишига?! Бари шундан.

Ҳаммани билмадим-у, менинг дамим ичимга тушиб кетган эди! Мен тугул, бошқалар ҳам миқ этолмай қолишган, уй ичига пашша учса билингудек бир жимлик чўккан ва гўё биз шу ўтирганимизча тубсиз чоҳга шувиллаб тушиб борардик. Ёлғиз Xудо асрамаса, бош-қадан паноҳ ҳам, нажот ҳам йўқдек эди...

Бир маҳал ўзимга келиб, ён-веримга қарасам, тоғамдан бошқа ҳамма ер чизиб қопти. У киши эса, зўр бериб, ўз гапларини маъқуллаб ётиптилар. Қани энди, даст туриб, чиқиб кета олсам!..

Ойим ҳам ҳар вақтдагидек кафтларининг орқасини ҳардамхаёл силаганча жим қолган, бош кўтариб, қараб ҳам қўймасдилар. У кишининг гапидан ўзларини қаерга қўярларини билмай қолган кенжа тоғам-ку нуқул энгаҳларини силаб, чучкурмоқчидек бурунларини ишқардилар. Қани, аксира олсалару қутулсалар!..

Яҳё акам-ку опаларининг ҳурматидан гап қўшолмай, маъноли илжайиб ўтирибдилар!

Ахийри ойим бош кўтардилар:
— Xудо хайрингизни берсин, Қўлдошхўжа. Бу гапни бир айтдингиз, бошқа тилга ола кўрманг. Эшонпоччанинг ҳаққи-ҳурматлари, Султонмуродимизнинг ҳаққи-ҳурмати. Майлими?

Кутилмаганда тоғам дастурхонга фотиҳа ўқиган кишидай кафтларини юзларига тортиб, тура бошладилару эшикка қараган жойларида қайтиб чўккалаб, овозларини пастлатдилар:
— Нима, мен... ёмонлик соғиниб айтаётган эканманми, опа?

Ойим бўшашмадилар:
— Соғинмаган тақдирингизда ҳам ниятингиз нима— айтайми? — дедилар у киши.
— Айтинг, айта қолинг, — деб изн бердилар тоғам жаҳл устида.

Ойим оқиллик қилдилар:
— Ўзиз айта қолинг, мендан кўра.

Тоғам кўрпачага кетларини қўйиб, иккала қўлларини ёздилар:
— Бўлмаса, Олим қурган шунча ҳовли-жой, учасканинг ҳузурини биров кўрсинми, бировларга қолсинми? Жилла қурса, Ёдгорга қолади-ку, опа.

Ойим кулимсираб, бош тебрадилар:
— Оҳ, Қўлдошхўжа, Қўлдошхўжа, хафа бўлманг-у, чўт қоқувчилигингизча қопсиз. Ахир икки ўртада бекор бўлмаган осмон никоҳи бор-ку! Буни шариат дейдилар. Шуни тушунасизми?

Воҳ, дунёда шундай сўзлар ҳам бор эканми, тоғдек жилдираб бўлмас?.

Аммо ўзимиз елкадан тоғ ағдарилгандек енгил тортиб қолган эдик.

Узоқиб кетмиш орқадошимизга соғинчли хат

«Бор экансиз-ку, акажоним! Xабарингиз келиб, бошимиз осмонга етди. Сизни қай диёрлардан сўрайлик деб ўтирганимизда. Сиз чиндан тегирмонга тушса, бутун чиққувчилардан эдингиз! Мана, яна чиқиб турибсиз! Сиз бизнинг муробитимиз, мужоҳидимиз, эртанги мурод-мақсудимиз, ҳур фикрли Султонимиз эдингиз. Нима бўлдики, жуда-жуда узоқиб кетдингиз?

Ростини айцам, хабарингизни эшитиб, танамга гўё жон битди!

Ўлтириб эдим, туриб-ла кетдим! Бошим осмонда, ўзимни қўярга жой тополмасдим. Гўё икки курагимдан хўв болаликдаги каби қанот ўсиб чиқмоқда эди. Шундай енгил эдимки, учиб кецам ҳам мумкиндек эди! Бор экансиз-ку! Дунёнинг бир чеккасида бўлса-да, эсон экансиз-ку, омон экансиз-ку. Шунга-да шукр.

Раҳмат, Xудо қарғаган юртнинг бир чеккасида бизлар ҳам борлигимизни, суянчсиз-таянчсиз қолганимизни унутмабсизлар. Xешу ақраболарим бор эди ўша диёрда, бизга кўз тутган-тикканлар бор эди, деб хатлар йўллаб, ҳол сўрабсиз. Сарҳад ошиб келган хатларизнинг ичида ўзимга аталганлари бор экан, ўшандан бир олам мададлар олиб, мадорлар топдим. Руҳим ҳов бир вақтлардагидек енгил тортиб, ўзимни бир бошқача сеза бошладимки, асти қўяверасиз.

Асли биздан лозим эди, Сизни излаб топмоқ, ҳол сўрамоқ... Аммо соясидан ҳам ҳуркиб яшашга маҳкум биз нотавонларнинг қўлимиз қаерга ҳам етарди?! Ҳолимизу феълимизга яраша мазлумликка маҳкум эканимизни кошки билмасак!.. Ўзини ўзгартиролмаган қавмга Xудо ҳам назар солмас экан. Сочимизга қиров инадиган кезда ақлимизни сал-палгина таниб турсак, қаердан ҳам Xудо ёрлақасин!

Ака, саломдан ҳам аввал дарду хасратга тушиб кетганим учун узр сўрайман. Азбаройи яқин олиб, ёрилиб қўйибман. Соғинганимизни, йўлларингизга кўзимиз тўрт эканини, бундан кейин ундан ҳам интиқ кутаримизни — шундан билаверинг. Борингизда кимга бўйлашишу эргашишни билардик. Сизсиз ҳамма қатори бўлдик-қолдик. Қайғуларимиз ҳам қаричимизга яраша. Интилиб эса, қаерга ҳам етардик?! Дамимиз ичимизда, бир нави ғимирлаб юрганимизни Баҳриддин акамдан элчи келганида (ҳарқалай у дунё кўрган-да!) сезиб қолдим. Илгари ҳам бир келган у тужжор эски чўғ-яраларимни янгилаб, ё мени ўзгартириб кетди, ё кўзимни очиб кетди. Ишқилиб мен кечаги Мақсуд эмасдим. Дунёга ҳам аввалгидан бошқа кўз билан қараб, бошқа қарич — Сизнинг қаричингиз билан ўлчар эдим. Гўё Сиз билган ўша пакана пари (ёшим бир қорага етганда!) тирилиб келиб қолгандек эди. Ўша илинж, ўша қизиқишларимни, кимга беш кетган томонларимни топиб олгандек эдим. (Ахир мен кимга ўхшамоқчи эдиму, ким бўлдим?! Қани, ночорнинг ёнига тушиб, мазлумнинг тарафини ола билганим?! Қани, қаламим «ҳамду сано»дан ортиб, элнинг ғамини териб ёзаётгани?)

Ака, сиз кўкрагида ёли бор йигитларнинг сараси эдингиз, султони эдингиз! Зиғирча адолацизликка қараб туролмасдингиз. Сиз бизнинг муродимиз эдингиз, Сизга қараб ёруғ кунларни кўргандек бўлаверардик. Афсуски, муробиту мужоҳидларнинг сўнггиси— сизлар экансиз, ундан кейин биз ишонган тоғлардан шер тугул кийиклар чиқмай-ла қолди. Марғуба кеннойимизни ўз никоҳидаги эгасига етказиб, худди у келинойимиздан бир туки кам бўлмаган Маҳфуз кеннойимни бу тарафга жўнатганингизда (Акам келадилар экан-да деб!) бошимиз кўкка етиб эди.

Чиндан Аллоҳ Сиздек мужоҳидни (унинг шариатию осмон никоҳини ҳар нарсадан устун қўйганингиз учун!) пардаи исматда асраган бошқа бир Маҳфузаси билан тақдирлаган экан. Бунга поччадан тортиб холаларимгача, ҳатто ойим ҳам иймон келтиришган — бу Xудойимнинг ёзмиши, Султонмуродни зиёдаси билан тақдирлабди, дейишган эди. Аммо сиз бунга жавобан нима қилдингиз — бир марта бош суққанча қайтиб қорангизни кўрсатмадингиз! Аллоҳ ёрлақаганига шумиди жавобингиз?

Мусофиргина келинчакнинг ҳоли нима кечди деб ҳеч ўйламадингизми? Сизлар излаган дориломон диёр кишининг аҳли аёли, бола-чақасидан ҳам азиз эканми? Қолаверса, у бояқишгина сизнинг никоҳингизда эди. (Ҳануз кўзлари тўрт кутяпти!) Шариат буюрган зиммангиздаги нарсаларни нима соқит қила олардики, бу ёқда аҳли аёлингиз туриб, ўзингиз у ёқларда қолиб кетдингиз?.. Топганларингиз йўқотганингиздан шунчалар азизмиди?

Узр, мен бу нарсалар ҳақда оғиз очмаслигим керак эди, лекин кейинги воқеалар, у муштипаргинанинг бошига тушган кўргиликларни билсингиз эди, сиз ҳам кечирмасдингиз ўзингизни. На илож, қиёмат қарз, шуларни билдириб қўйишим шарт кўринди. (Ахир, у сизнинг аҳли аёлингиз! Эрта-бириси кун Аллоҳнинг олдида сўралишингиз бор!) У мусофиргинани бу азим шаҳарда неча йиллар йўқотиб қўйиб, сизга нима жавоб қиларимизни билмай уй-ичимиз билан ич-етимизни еб ўтирганларимизни айтганим йўқ. (Кейин билсак, Ёдгорга юкли бўлиб қолиб, бизникиларга кўринолмайин Каттабоғдан бош олиб кетган, Чаман аканикидан паноҳ топган экан). Кейин-чи, дўхтирлар оёғини кесадиган бўлиб, шифохоналарда тиқ эца, эшикка термулиб ётганида-чи? Ким жонига ора кирди? Мана энди ёлғиз Ёдгори эр етиб қолганида яна уйдан чиқолмай ўтирибди. Кошки у бояқишгинага илашган дард ҳақида бировга оғиз очиб бўлса!

Ойимларни эшицангиз: Xудойимдан айланақолай, бундан бўлак суйгани йўқ эканми, дард устига дард қўшиб беравермаса? Шунаққиб синаганлари эвазига кошки яхши бир кунда Султонмуродгинамиз осмондан тушгандек кириб кела қолса, деб ўтирибдилар.

Шунақа, акажон. Булар ҳаммаси айтишга осон. Лекин териси бошқа нимани ҳам биларди! Бир кун чидармиканмиз? Кеннойим-чи, йил — ўн икки ойгина эмас, яқин ўн саккиз йилдан бери чидаб келяпти! Тағинам фил экан, бошқаси бо Xудо, дунёга икки марта келаманми, дердию турмуш қилиб кетарди. У мингдан биттаси бўлиб ўтирибди-ку. Шундай моҳипора кеннойимиз хабар олишга арзимадими?

Ака, узр. Аввалом бор, булар ҳақда сизга ёзмаслигим керак эди, Сизни билганимдан, ичим ачигандан, ёзиб қўйибман. Сиз ҳеч кимга ўхшамассиз! Сиздек одамга чегара-сарҳадлар нима экан?! Тузумлар нима экан?! Ҳаммаси ноқис, ноодил эканини, ўткинчи санашингизни кошки билмасам! Ҳеч бири Аллоҳ яратган шариатдан, зиммамизга юклаган бурчу сўраладиган нарсалардан устивормасдир?

Мен ўзингизни кўр-кўрона оловга уриб, бўйнингизни сиртмоққа тутиб беринг демоқчи эмасман. Лекин инсон Қиёматни, Маҳшар кунини, Аллоҳнинг олдида турмоғини унутмоғи мумкинми? Кўра-била туриб, ўзини шармисорликка қолдирмоғи мумкинми? Сиздек одам бунга рози бўлмоғини ҳеч тасаввур эта олмасман...

Яна минг бор узр, мен муштипаргина кеннойимизни деб, шуларни ёздим. Айбситмайсиз. Адашган бўлсам, Аллоҳ кечирсин. Қолаверса, тили аччиғу қўли калта укангизни кечириб қўйинг! Нима деган бўлсам, аввало, Сизни суйганимдан, Аллоҳнинг олдида юзингиз ёруғ бўлишини истаб ёздим. Ҳамма кечирмаса ҳам ўзингиз кечирасиз, сиз тушунасиз деб, мирзо укангиз, Мақсуд.

Ўзингиз билган Тошканди азимнинг

Катта Қангли биқинида

ошён тутган хешу

ақраболарингиздан соғинчли саломлар

йўллаб қоламан».

Мангу жавҳар ёхуд иймон кўчасидан ўтмаганлар ҳийласи

Тан берамиз: дунё шундай қурилган. Унда боқий нарсанинг ўзи йўқ.

Унда ҳар бир нарсанинг яшнаши, гуркираши, гуллаши бор. Сўнг заволга юз тутиши. Ҳатто анвойи печакгул ҳам бир ажойиб карнайгуллар ўраб, неча кунгина яшнамоғи, сўнг уруғ боғлаб сўлмоғи бор. Ҳатто ўша йўқликка кўчган Изза тепаликларидаги тиконзорлар ҳам баҳорда бир чиройли гуллаб юборар эдилар. Энди топиб кўр-чи!

Кўрк-ҳусн-чирой ҳам шунга монанд нарсалар жумласидан экан.

Ойим узун кечаларда айтиб ўтирардилар:
— Xудойим таоло кўркни яратиб, уни юз бўлакка бўлган экан-да, ўшанинг бир бўлагини яна мингга бўлиб, бир бўлаккинасини Юсуф алайҳиссаломга бериб, қолганини бутун дунёга сочган экан. Ўшанда кеннойингга ҳам жиндек юққан. Xудонинг бериши-да, болам, — дер эдилар.

Энди ана ўша чиройга ҳам кўз тегиб, қаердандир оқ тушган эди. Нима бу, Аллоҳ Ўзи берган ҳуснни Ўзи қайтариб олмоқдами ё шуни ҳам кўп кўрдими? Балки маҳбуб кўрган бандасини шу тариқа синаб-покламоқдадир?! Шунча кўргиликлари, тош келса — кемириб, сув келса — симириб ўтирганлари оз эканми?..

Келишилган ерга етиб борганимда ҳали айтилган вақтга жиндек бор — офтоб энди театр ортидаги чинорлар орқасидан бош кўтармоқда эди. Аммо кунмисан-кун чиқиб келмоқда. Уни нур тўзони ёхуд сели деб атамоқ ҳам кам эди: бутун дарахтзор, улкан чинорлар нур селида қолган, соялар қаёққа қочарини билмай дарахт таналарига ёпишиб олган, ўзлари эса, зар пуркалган тилла дарахтларга айланиб улгурган эдилар. Шохлари орасидан ёриб ўтган нурлар шундай ўткир, ёқимли эдики, у нур тўзонидан кўз узмасам дердим. Бунақасини илгари кўрганманми-йўқми, эслай олмасдим. Кўрганманки, ҳов ўша ўйинқароқ кезларимда Изза тепаларида туриб қуёшнинг чиқишию ботишини соатлаб томоша қилганларим ёдимга тушиб бормоқда, йўқотганларимни топиб олгандек эдим. Умр шундай бебақо, ҳаёт эса бевафо эканки, йиллар ўтгани, кунлар кечгани сайин, ҳатто дақиқалар ичида ҳам одам бир азиз нарсасидан жудо бўлиб қолаверса! Мана, ҳозир ҳам офтоб найза бўйи кўтарилиб, дарахтлар устига чиқиб оладию ҳозирги нур селинию дарахтзор ичидаги анави қушлар бозорини қайтиб топиб кўр-чи? Эртага ё кўра оласан, ё кўра олмайсан. Шунақа, умр селдай ўтиб бормоқда, азиз онларни совуриб, бой бериб бормоқдамиз. У деб, бу деб чопиб юрибмиз-у, лекин нимани ушлаб қолмоқдамиз? Охир-оқибат нимага эга чиқмоқдамиз? Айрилиққами?

Кечагина Баҳриддин акам тарафларидан элчи кепти, шундан-шу ёққа Султон акамнинг аҳли аёлини йўқлаб-дараклаб кепти деб, бошим осмонда эди. Бугун эса, у билан ҳам хайрлашув онлари етиб келмоқда эди. Яна қанчадир вақт ўтиб у келадию мендан саломномани олиб, қучоқлашиб хайрлашишга тушади. Кейин мен яна юрагим бўшаб — ҳувиллаб қолавераман. Шуми топганларим? Бу ҳаёт деганлари бунча бешафқат экан, нуқул йўқотувлару жудоликлардан иборат?! Бўлмаса, топиб кўр-чи, келтириб кўр-чи акамни! Акаму кеннойим икковини қўша қаритиб кўр-чи! Келмайди қўлингдан! Аллоҳ хоҳламаса, биз киммиз? Наҳот тақдир қаламининг сиёҳи битган, унинг нуқтасини-да ўзгартиб бўлмас?!.
— Саломлар бўлсин ўзларига, Мақсудхўжа жаноблари.

Оққушдайин сузиб келиб ёнгинамда тўхтаган машинадан тушиб улгурган меҳмонимиз қучоқ очиб турар эди.

Турк афандиларидек пўрим кийинган, кенг пешона, қора кўз, ярқироқ юзли меҳмонимизни кўрганимданоқ алоҳида бир меҳр уйғониб, унга талпиндим. Ҳар на қилса, акаларимиздан муждаю саломлар келтирган одам. Яна биздан муждаю саломлар олиб кетмакчи. Ўз юмушларидан ортиб, бизга шунчалар қайишибди, вақт топиб кепти, Аллоҳ ажрини тўлиқ қилиб берсин. Шу омонатни деб бирон кор-ҳолга қолмоқдан қўрқмабди, барчасидан Аллоҳ розилигини устун қўйибди, унга тасанно. Ҳар на қилса, дунё кўрган: элчиликни ўрнига қўйди. Гап йўқ! Мен-чи, бу мард инсонни лозим даражада кутиб олиб, эъзоз кўрсата олдимми?

Уйга олиб кетай, бир кеча меҳмонимиз бўлинг, деб шунча қистадим, кўнмади. Бизнинг қадамимиз ўлчовлу, мирзо йигит. Сизни кўрганум, биродаримизга тегишлув кишиларнинг соғ-омонлигуни билганум етарлув, муҳими — шу эду, энди эртага икки энлуккина бир хат битуб берсангиз кифоя, ола кетаман, деб туриб олди. Мана, ўшанга келяпти — хайр-хўш учун келяпти.
— Кузатиб қўяй, шундан шу ёққа мозор босиб келибсиз, юртдан жиндек совға-саломлар қилиб берай, ола кетинг, — деб уввало ялиндим, илтижолар қилдим, кўнмади.
— Биз сафар кишиси — келиб-кетадурган одам, Сиз қоласиз. Биздан кейин бир карра суриштирмоқлари бор, шунга етмай қўяқолсин, дастхат — мактубингиз етарлув, — деди иссиқ жилмайиб. Тушунган одамларнинг садағаси кецанг арзийди. Улар ўзи ана шундай — бир бошқача бўладилар...

Майли деса, бир шиша бонкачада омонлуқ-сомонлуққа деб тут тердириб, яна бир шиша бонкачада сумалакми, ҳалимми бериб юбормоқчи эдим. Xолаваччалариму Марғу кеннойимга илинган эдим. Зора оғзилари тегиб, бошлари кўкка еца, деб эдим. Унамади меҳмон. Айниқса, ҳалим Султон акамнинг жони-тани эди!
— Жиндек-жиндек шакар сепиб, бир лаганини еб олсангми, оҳ, унинг савобига ким ецин, таъми келгувси йилгача оғиздан кетмайди. Дориломон замонлар келсин, юртга бир ҳалимлар тортайлик, — дерди орзулаб. Орзусига етолмади. Орзу қайда, сарҳаддан ҳам ўтолмай, бегона юртларда қолиб кетди. «Иншааллоҳ» демаган экан, эсиз...
— Қалайсиз, мирзо йигит? Кутуб қолмадизми? Узр, сизни мунтазир эттук! — деб келиб, иссиқ сўрашди. Кафт олиб, тирсакдан тутиши, мулозаматлари бир самимий эди, мутаассир тортиб:
— Мунтазири нимаси?! — дедим хижолат аралаш,— аеропортга чиқаверсам бўлар эди.
— Раҳмат, мирзо йигит. Кутиб олиб, кўп мутаассир эттиз. Такаллуфлариздан миннатдорман, — деди у тирсагимни сиқиб қўйиб, — Ўйлайманки, бу сўнгги кўришишимиз эмас. Мана, биродар бўлиб қолдик. Аллоҳ хоҳласа, бизим диёрларда-да, кўриштиргай.
— Қани эди, қани эди, — дедим самимиятидан таъсирланиб.
— Сиз сидқидил сўрайверинг, иншааллоҳ, Ўзи етказгай.
— Раҳмат. Ўзиз ҳам бедарак кетманг. Келишингиз билан кўришайлик, — дедим.
— Илоҳум, илоҳум. Кўришмоқ насиб эцун, — деди у бағрига тортиб.

Мен уни қучиб, елкаларига бош қўйиб, хўшлашар эканман, кўксию яғринларидан таниш бўй — сафар кишисининг бўйини туйиб, беихтиёр у мен учун азиздан-азиз кишилар — дарбадар холаваччаларим билан ҳам мана шундай эсонлашувини кўз олдимга келтириб, ғалати бўлиб кетдим. Кўзларимга соғинч ёшларими, нима тепчиб, бетига қарай олмай қолган эдим. Кўксимни кўксидан узгим келмасди.

У эса, пайтдан фойдаланиб, бетини бетимга суйкаб тўймас экан, кутилмаганда қулоғимга шивирламоққа бошлади:
— Атаганингиз у битикни... ўнг киссамга сола билсангиз — солиб қўя қолинг. У ёғи Аллоҳ паноҳига! Эгасига теккай, иншааллоҳ.

Ичимдан бир жимирлов югуриб, хушёр тортдим: нима бало кузатувда эканмизми? Олдини оляптими, ҳар эҳтимолга қарши? Юрагим дук-дук урмоққаю кўзим олма-кесак термоққа тушган эди. Сўнгги дақиқада у ҳақ эканини пайқаб қолдим: Ўшал оққуш каби сузиб келган оқ машинанинг ҳайдовчиси... биздан кўзини узмас, нимадандир ғофил қолгиси йўқ эди.

Шу топда ғижиним тутди: у шохида юрса, нега биз баргида юрмаслигимиз керак?! Шуни доғда қолдиролмасам, нимам пакана пари, деб ўйладиму...тингчининг кўзларига қараб туриб, нигоҳини узган кезда омонатни меҳмоннинг киссасига жойлаб юбордим. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандек меҳмон бағридан чиқиб, хўшлашмоққа бошладим.

Аллоҳ бундай иккиюзламачи тингчиларнинг юзини Ўзи тескари қилсин. Ундан берига бу тошни-да тешар назарлардан қутулиб бўладими экан! Ўзи асрасин, аввало.

Сўнг оқ машинага довур кузатиб бориб, меҳмонимизга оқ йўл тилар эканман:
— Xўп, омон боринг. Сиз ила кўриштирган Аллоҳимга беадад шукрлар бўлсин, — дедим.
— Сиз-да яхши қолинг. Кўрганумдан беадад мамнунман. Рўбарў қиламан деса, Ўзига осон экан, — дея шукрона билдирди у ва икки кафтини боши узра кўтариб жуфтлади: — Xўп, Аллоҳнинг паноҳига.
— Биродарларингизу хеш-ақраболарингизни Ўзига топширдик, — деб эшикни ёпдим.

Мен айтадиганимни айтиб, берадиганимни бериб улгурган эдим. Тингчи тушмагур, ҳеч нимани англамайин-да қолган эди. У ноилож машинасига ўт олдирмоқда эди.

Мен жондан азиз кишим — Султонмурод акамга дуои хайрлар ила салом йўллаб қолганимдан бошим осмонда экан, турган еридан оҳиста жилиб, эрка ки-йикдек сузиб кетган машинадан кўз узолмасдим. Аммо шу тоб кўчанинг нариги бетида, қайрағоч тагидаги узун ўриндиқда ўтирган қора кўзойнакли ёлғиз кимсага баногоҳ кўзим тушиб, юрагим шиғ этди. Чап курагим устида бир жимирлов югуриб, ўзимни аллақандай омонат сезиб кетдиму қаёққа юраримни унутдим. Назаримда эсхонам чиқиб, жоним товонимга тушиб кетган эди. Ана, холос, арзимаган кузатувга бунча эсанкирамасам? Акамга тўзим берсин экан! Яна мен ўзимни кимга менгзаб, кимларга эргашаримни орзулаб юрибман?! Яна уларнинг орқасида кимларнинг, ҳимоячиси бўлиб қолмоқчиман! Бундай пайтда булар шохида юрса, нега биз баргида юрмаслигимиз керак?! Шундагина Аллоҳ асрагай-ку, тўзим бергай-ку. Ундан берига ким мазлумларнинг ҳимоячисига айлана қолибди?!

Мени уят, андеша ҳисси босиб, сал ўзимга келиб қолган эдим: узун зиналардан бир-бир чиқиб, маҳобатли коллоналар таги билан ишхонамиз эшиклари томон юрдим. Чиндан бу эшиклар, бу идора мени ҳар қандай балолардан асраб қоладигандек, боягидек нигоҳларга хорлатиб ҳам, хўрлатиб ҳам қўймайдигандек эди. Аммо ўзим аввало тилимдан панд бермаслигим, билиб қадамимни босишим лозим. Ана шунда Аллоҳ ҳам асрайди, ўзим ҳам узоққа бора оламан. Тўғри, акам бўлолмасам ҳам (унга тенглашишга йўл бўлсин!) ундан берироқ бўлмоқ мумкин-ку. Ўз сўзида маҳкам турмоқ, бошқалардан бир поғона баланд фикрламоқ, ҳамиша Ҳақни демоқ, Ҳақ тарафида турмоқ мумкин-ку. Ундан берига бу даргоҳларда нима бор?

Мен шундай ўйлар билан ўз қаватимга кўтарилишга кўтарилдим-у, эшикка калит солган жойимда хаёлимга тамомила бошқа фикр урилиб, пешонамни муздек тер босди:

«Ҳайдовчиси сезмаган тақдирда ҳам... бошқа бирови кўрмадимикан? Йўлдаёқ тўхтатиб тинтишса-чи?»

Бу фикрдан эсим тескари бўлиб кетаёзган эди.

Балки тўхтатиб улгуришган ҳамдир?.. Мен нимага ишониб ундай хат битиб бера қолдим? Тузоққа туширишди, десанг-чи! Яхши ҳам Сутчи берган ўгирмани қўшмаганим!.. Мавриди келар, берарман ҳам, фикрини биларман ҳам...

Хонамга қандай кириб бордим, оёқларимдан мадор қочиб, қай ўриндиққа чўкдим, қанча ўтириб қолдим — билмасдим. Xаёлим тўзиб кетган, кўз олдимдан ўша машинадаёқ икки ёғидан икки одам кириб тинтувга олган хорижлик меҳмонимиз кетмасди. Шайтон мени не куйдан олиб, не куйга солар, ўзимга келолмас, қилган ишимдан мантиқ излардим-у, ўзимни оқлайдиган бир нарса тополмасдим. Ахийри бошим қотиб, дераза олдига борсам, ўша ёлғиз қайрағоч тагидаги узун ўриндиқда... ким ўтирибди денг?! Қора кўзойнагини қўлига олиб, ё дариғ, тепадан аниқ-таниқ кўрдим, кўзи ожиз — сўқир одам ўтирибди!..

Ана васвасаю мана васваса! Шайтон экан-ку! Наузанбиллоҳ, бўш келсанг у қай куйларга солмайди, кишини...

Деразадан урган шабададан ўзимга келиб, енгил тортган жойимда эшик очилиб биров кирди. Ўгирилиб, бир қават юқоридаги «Аёллар салтанати»1да ишлайдиган «жаннати ҳамкасбимиз»ни кўриб илжайдим. Мана буни яхшиликка фол олса мумкин эди.
— Э, келинг, «Саодат асри»дан тушган акам, — дея беғараз ҳазиллашдим.
— Ҳури айнлардан салом, — деди у ҳам кафтини кафтимга ташлаб.
— Нечук-нечук, эртаматан йўқлаб қопсиз? — дедим фарғонача тегишиб.
— Шу қаватда тили бир ширин, сўзи бир ўткир йигит бор. Уни бизга тортинг. Биз учунам бир нарсалар битиб берсин, деяптилар опа.
— Йўғ-е! Мен сизларбоп силлиқ нарсалар ёза оларканманми? — дедим ҳайратга тушиб.
— Ўтиринг-ўтиринг, аввал эшитинг, — деди ҳамкасбим мени жойимга чўкишга ундаб.

Биз узун оромкурсига ўтира қолдик. У билагимдан тутиб, жилмайди:
— Xудди ўша силлиқ нарсалар меъдага тегиб, Сизни, Сизга ўхшаганларни йўқлатаяптилар. Ёрдамиз керак, ошна.
— Мени биласиз, унақа тезотарлардан эмасман. Ёзсам оғриқ нарсаларни, жондан ўтганларини ёзаман. Ҳар кимга ҳам ёқавермайди, — дедим ҳақига кўчиб.

У бош силкиди:
— Xудди ўшанақаси керак. Ўзлари айтдилар: нима, ҳаётимиз шунчалар силлиқ, тўкисми? Кўнгли яримта ўксиклар камми? Жудоликларимиз ҳақида ким ёзади? Армонларимиз ҳақида-чи, дедилар. Эшитяпсизми, ўзлари айтдилар.

Аммо ёзиб берган тақдиримда ҳам босмасликларини билиб, гажирлигим тутиб келмоқда эди.
— Нечук ўзлари бошлаб бера қолмабдилар? Ёзаман десалар армонларидан қоғоз бети куйгай-ку, — дедим.
— Билмадим, балки ўзларига ноқулайдир. Ҳарқалай, опа деган номлари бор, — деди бўшашиброқ.

Мен тўнимни тескари кийиб улгурган эдим. Қолаверса, бояги кўнгли яримта ўксиклар ҳақида гап кетгандаёқ тамом бўлгандим. Кеннойиму акамнинг ҳижрон тўла тарихлари ёдимга тушиб кетиб, аламимми — нимам тўлиб бормоқда эди. Мен ундан бўлак нимани ҳам ёза олар эдим?! Аммо бу тарихни, наинки диёридан, хешу ақраболаридан айрилган, ҳатто шаръан никоҳидаги ёстиқдошидан жудо бўлган бу дарбадарлар қиссасини ким ҳам босиб чиқаргай? Опа тугул бошқаси бир чимдимини эълон қила олармикан?

Ўзлари-чи? Ўзларини тул қолдирган жамият, тузум ҳақида ёлғиз ёстиқдан бўлак кимга оғиз оча олар эканлар1? У сир-асрорлари, ичга ютган зардоблари ҳақда миқ этмай келяптилар-ку ўзлари?! Шу миқ этмаганлари эвазига Опа бўлиб ўтирибдилар-ку, тўрда юрибдилар-ку! Аммо буни айта оладиларми, оча оладиларми юракларини? Ҳаёт — мана шунақа бешафқат! Xоҳла, ичга юту зулм машинасининг бир мурвати, паррагига айлан! Xоҳла, бошни тикиб, тўғрисидан қайтма! Қай бири боқийлик келтиради — ўзинг билиб олавер, танлаб олавер! Ҳаёт шунақа — чидаганга чиқарган! Унинг имтиҳонидан Аллоҳга хуш келадирган бирон иш қила олган кишидан бўлак ким ҳам ўта олибди?..

У киши эса, жамият инъом этган курсию тўрлардан кеча олмай нимани бой бераётганларини билармиканлар?..
— Йўқ. Биродар, ваъда қилолмайман. Ундай нарсани ёзишга ҳозир кайфиятим йўқроқ, — дедим ётиғи билан. Афтидан уни аяб, очиғига кўчмаётган эдим.

«Аёллар салтанати»дан тушган ҳамкасбим эса, мени тушуна қолмай ўтина бошлаган эди:
— Майли, бир ҳафтача кутай. Ўзиз бир нарса қоралаб бера қолинг.

Мен унинг кўзига қарамайин ҳам бош чайқадим:
— Иложи йўқ, кайфиятим бўлмаса, бирон сатр ҳам... бита олмайман, — дедим ҳамон чинига кўча қолмай.
— Нима бўлди, уйизда хотиржамлик йўқми ё бу ердами? — деди у ўзини яқин тутиб.

Мен ўша ичимга сиғдиролмаётган нарсани қайта ичимга юта қолмай, ўрнимдан туриб, дераза томон юрдим:
— Бизниям бир ўксик, кўнгли яримта кеннойимиз борлар, — дедим унга қарай олмай, негадир кўзим намланиб, овозим ҳам ўзгариб келмоқда эди, — Шу кишига бўлишолмаганимиздан...
— Қанақа ёрдам керак, сиз яширмай айтаверинг. Опанинг дастлари узун. Ҳаммага бирдек қайишадиган одатлари бор, — у туриб ёнимга келиб олган, елкамга қўлини қўйиб, ўзига элатмоқчи бўлар эди.

Мен кўнглим юмшаб келиб, қандай жин айлантирди, ёрилиб қўйибман. Эсимни йиғиб олганимда кеч эди, сирни очиб қўйганимдан ўзим пушаймон эдим.
— Шошманг, бунинг давоси бор-ку. Ўзиз ҳам уни кўргансиз! — деб елкамга қоқди.
— Қачон, кимни айтаяпсиз? — дедим ҳеч нарсага тушуна олмай.
— Ўша ямоқчини-да. Анув ҳовлидаги тутнинг тагида ўтирадиган-чи? Арон амаки?..
— Xўш, бунга унинг нима даҳли бор? — дедим ҳайронлигим баттар ортиб.
— Xудди ўшандан эшитганман бу нарсани. Сиз хўп деяверинг!
— Ямоқчидан-а? Гапингиз қизиқ, — дедим яна қайтариб.
— Сиз аввал эшитинг, — деб тирсагимдан тутганича ўзига қаратди. — Xудди ўша одам Арпапоядаги машҳур жуҳуд табибнинг акаси бўларди, билдиз?

Арпапоялик табибнинг номини эшитиб, жойимда туролмай қолдим:
— Ҳозир қаерда экан ўзи?
— Э, у аллақачон Америкасига жилворган. Мен унинг акасидан эшитганман. Кейин ўзи ҳам ўша ёққа сурворди шекилли, кўринмай қолди.
— Топса бўладиган нарсами ўзи? — дедим азза-базза умидланиб. Машҳур табибнинг акаси бўлса, бир нарсани билса керак, ахир.

Ҳамкасбим юзимга боқиб:
— Агар сир бўлмаса, ўша нарса янги бошланганми, — деди,— ўтказвормаганмисизлар?

Мен тушунмадим:
— Нимани... ўтказиб юборилади?

У ўнғайсизланиб, тушунтиришга ўринди:
— Ўша оқлар-да... Агар ости қизғишланиб, туклари оқара бошламаган бўлса...
— Унисига... эътибор бермабмиз, нима эди? — дедим ичим дукурлаб.

У яна боягиндек ўнғайсизланиб, ямланди:
— Xудо асрасину... ўшандай бўлса... дори кор қилмас эмиш.

Мен уни энди англаб, ичим бир зил кетди:
— Йўғ-е, бу гап чиққанига... қанча бўла қопти?! Билакларию чаккаларида, холос, — дедим титраниб.
— Унда уриниб кўринглар, эм бўлса зора...

Мен «У нима, оти борми, жониворни? деб сўрагим бор-у, қани, тилим айлана қолса, у жонивор тўнг қотганга ўхшар эди. Ўзимни эса, ичим тушиб бормоқда.

У менинг ҳолимни кўриб, жавобга ошиқди:
— Бу нарсага норасида гўдакнинг пешоби... лозиммиш. Ундан берига тузалмасмиш!

Ана холос!.. Бу гапни эшитиб, бошим икки айланиб кетдиёв! Товонимдан кўтарилган бир жимирлов бошимга довур етиб борган, пешонамдан эса, муздек тер чиқиб кетган эди.

Ичимдаги сўз эса тилим учига кела қолмасди...
— Ўша нарса ҳалол эканми? Билиб айтаяпсизми?— деб юборман ахийри.

Важоҳатим ҳам бир бошқача эдими, у бир қадам тисарилиб кетган эди:
— Узр, биродар, бу ёғини сўрамаган эканман. Ўлай агар, бу ётини ўйлаган бўлсам, суриси тирган бўл-сам... — У азза-базза қўлини кўксига босиб, қайта-қайта узр сўрарди, —Мен азбаройи яхшилик согинганимдан айта қолувдим. Норасида боланики экан-ку... балки мумкиндир деган эдим...

Мен жиғи-бийроним чиқиб: «Қанақасига мумкин бўлсин, у нажас-ку, ҳаром-ку, шуниям билмайсизми? Бошқа ҳалол чораси бордир! Қанақа мусулмонсиз?!» дегим келар-у, ташимга чиқаролмасдим.

Рости, бу ҳолимиздан йиғлагим келар эди: шунчалар ҳам кўр, оми бўламизми? Шариатимизни, нима ҳалол, нима ҳаромлигини билмаймизми? Бедаво силни тузатаркан деб, ота-боболаримиз оғизга олмаган нарсаларни тановул қилсак?! Ҳалқумни ўйламасак, қиёматдаги сўроғидан қўрқмасак — қаёққа қараб кетмоқдамиз? Энди пешоб чиқибдими?!.1

Ҳамма қолиб, мен шу нарсани ўша мушфиқага раво кўрар эканманми?! Шунча асраб-авайлаб-а? Бордир Xудойимнинг бошқа бир ёзгани?! Кеннойижонимга атаган шифоси!2

Яхшилик соғинган яна бир киши ёхуд Тўрам тадбир излайдилар

— Амақу биз келуб эдик.

Шу бир оғиз сўздан жону жаҳоним ёришиб кетган эди.
— Ёдгор, ўзингми?! Мен ҳозир, — дедиму апил-тапил отланишга тушдим.

Меҳмонни кузатганим ҳам бир бўлди, Опанинг илтимоси билан тушган ҳамкасбимнинг маслаҳати ҳам. Меҳмон муждахатни олиб, жўнаб кетганида ичим бир узилган эди, ҳамкасбимнинг маслаҳатидан баттар эзилдим. Борингки, ўша нарса (аввало, ўзим икки дунёда розимасман!) даво бўлган тақдирда ҳам мен уни кеннойимга айта олар эканманми?! Биров орқали ҳам айттирмасман! Бу гап зинҳор мендан чиқмаслиги керак. Кейин бетларига қандай қарайман?..

Нечта зинани битта қилиб, учиб тушиб борсам, улар она-бола кўчанинг нариги бетидаги қўш қайрағоч тагида аллақандай бегонасираб (худди мусофирлардек жавдираб!) туришибди... Кўргандан ичим бир увишди. Яхшиям бирон топшириқ билан кетиб қолмаганим! Ахир улар келишмоқчи, бирга-бирга Тўрам тақсирнинг олдиларига ўтмоқчи эдик-ку. Ўзим айтиб, ўзим унутиб ўтирсам...

Чиндан Xудо ҳафиз. Унинг Ўзи мени уятга қолишдан асраган эди.

Мен уларни бир қарашдаёқ таниган эдим. Ҳамиша ҳар нарсага маҳлиё бўлиб қолавергучи Ёдгор театр биноси пештоқларидан кўз узолмас, оч симобранг шойи рўмолларига ўраниб олган кеннойим эса, ёлғизгинасининг кифтларини қоқиб, ёқасини тўғрилар ва қулоғига шивирлаб, бир нималарни уқдирар эдилар. Ҳаммадан ғаройиби — у мушфиқа шаҳарга неча йилда бир тушиб қоладиган кўҳликдан-кўҳлик қишлоқ келинларига ўхшаб, ўткинчилардан ажраб турар, унга қараган ҳам қарар, қарамаган ҳам қарар, бунга сайин у ўнғайсизланиб, қисиниб борар эди.

Бояқишгина, мунча бегонасирамаса, қисинавермаса?.. Ахир кеча келгани йўқ-ку бу диёр, бу шаҳарга? Шу ерга келиб топган тирноғи эр етиб қопти-ку, ҳалига довур қимтинади, қовушиб кетолмайди. Шу ўйлардан ичим сидирилиб, бу тарих, бу таворихлар кўксимда аламангиз бир қўзғолон ясаб бораркан, мижжаларим орасидан қайноқ ёшми-нима сизиб чиқмоққа уринар, кўчани кесиб ўтмоққа ҳам ҳолим қолмагандек эди.

Кеннойим ўзига қараган ҳар кимсадан бир хижолатларга ботиб, рўмолини пешонасига туширишгаю бўйниларини қайта ўрашга тутинар экан, мен унга ачиниблар бормоқда эдим. Тағинам фил экан! Бу балолар тоғга ёғилса, тоғ чидамасди. У чидаб келяпти...

Мен жаҳд билан қандай ўтиб борганимнию суйиб салом берганимни ўзим сезмай қолган эдим:
— Ассалому алайкум, кеннойижон. Узр, кутдириб қўйдим. Қийналмай етиб келдингларми?
— Вой, яхшимусиз? Кўрмай ҳам қолубмиз. — У хижолатга ботиб тушунтирмоққа уринаркан, ҳатто мендан-да қисиниб-қимтинар эди, — Ёдгорум шошираверуб, эл-бурутдан келаверубмиз.
— Ажаб қипсизлар-да. Бўлмаса, мен ичим қуриб кутиб ўтирардим, — дея Ёдгорни елкасидан қучиб, эркалаб қўйдим, — Кетдикми, дўнантой?

У эриб, бош силкиди:
— Нимада борамуз, амақу? Учар трамвайларга чиқамизму, шоҳли мошинларга тушамизму? — деб эланишга тушди.
— Менинг вақтим зиқ, такси тутақоламиз. Ғизза ташлаб қўяди, юра қолинглар, — деб йўл ёқасига бошлайвердим.

Аммо кеннойим ийманганча ҳамон маҳтал тортиб турар, жойларидан жила қолмас эдилар. Мен нима гаплигини билолмай, у кишига қарадим:
— Тез борсак, тез қайтамиз, юра қолинг.
— Меҳмониз боракан... қутулмаган бўлсайиз... кутатурайлук. Саидахон айтувдила...

Мен элчининг исини ҳам чиқармоқчи эмасдим. (Ахир сўз берганман!) Саида қаёқдан айта қолибди?.. Аламимни ичимга ютиб, хас-пўшлашга уриндим:
— Ҳў, у кишини, аллақачон жўнатиб юбордим-ку. Саида нимани билади, — дедим сир бой бермай. Аммо ўзим ичим пўкиллаб, ишқилиб, элчи кимнинг номидан келганини сўрамасин-да дер эдим. Кейин: «Хизматчилик — бизни ишда узоқ кетиб бўлмайди, кетдик-кетдик...»лаб шоширдим.

У киши ноилож эргашарканлар, Ёдгор ёнимдан қолмай қўлтиғимга ёпишиб олган, шу тобда савол халтаси очилиб кетиб, бир нималарни шипшиб, ижикилар эди:
— Амақу-амақу, ростдан Тўра бувамларнукига кетопмизму? Ўшаларнукига борамизму?
— Бўлмаса-чи, Тошканди азимда у кишидан зўри борми, табибларнинг додахўжаси ўша киши-ку, — дедим шивирлаб.
— Шаҳар ҳовлуларидамуканлар? — деди у жавдираб ҳам тўхтаб.— Танновга кетворган бўлсалар-чу?..
— Қанақа Таннов? — мен ҳайрон қолган эдим.
— Боғлари-чу?! Тополмасак, ўшаққа чиқиб боравурамизаму? Мен биламан, оборганлар мену.
— Йўқ, оғайни. У ёқларга чиқиб юришга... вақт қани?! Сен яхши ният қил, шу ердан топайлик, — дедим уни яна илгари бошлаб. Ўзим эса, йўл қараб, бир янгироқ маркаб тутиш ғамидаман. Ҳамонки, кеннойиму Ёдгор демаганларни шаҳар айлантириб, табиб буваникига олиб бормоқчи эканман, Ёдгор кейин ҳам оғзидан қўймай гапириб юрадиган ҳилидан тутганим маъқул.

Ахийри қайрилишда эрка кийикдайин йилт янги мошин кўриниб, мен «бизни ола кетинг» дегандек ишора бериб, чиқиб боравердим. У ҳам «хожа»сидан қутулиб чиққани экан, ёнгинамга келиб тўхтади.
— Севзорга ташлаб қўёласизми?

У «марҳамат» ишорасини бериб, бош силкиди:
— Фақат тезроқ, ҳали буриб олишим керак.

Ана холос! Сазаси ўлмасин деб, тўхтаган экан-ку! Мен уят ичида қолган эдим. Аммо ҳар нима бўлганда ҳам «ерка кийик»ни қўлдан чиқариб бўлмасди. Биз шоша-пиша чиқиб, у жилди.

Машина биз кутгандан ҳам аъло эди: «Вазирлар ҳам ўз ҳузурларини билишмас экан-а!»

Аммо ҳозир биз қайси вазирдан кам эдик?! Айниқса, орқа ўриндиқда ғир-ғир шамолларга юз тутиб, атрофдан кўз узмай бораётган Ёдгорнинг боши осмонда эди. Олд кўзгуга секин зингил ташласам... оқ шойи рўмолларига яна ҳам ўраниб олган кеннойим ҳар қачонгидан сипо тортиб ўтирибдилар. Фақат Ёдгортойларининг яйраб борувидан мутаассирланиб кетяптилар-у, шуни ҳам сир бой бергилари келмайди. Шунга-да, шукр: «Қўйинг, биз бу хил мошинларга тушмай қўя қолайлук», десалар — нима қилардим? Албатта, бирдамас-бирда акамга сўз бериб қўйган бўлсалар, кўрган кўзга яхшимас. Лекин ҳозир... мен борман, Ёдгор ёнимизда. Биз маҳрам ҳисобига ўцак керак, ахир?

Назаримда у киши ундан берига бу хил мошинларга чиқмайдигандек эдилар...

Ишқилиб сафаримиз хайрли чиқсин. Ҳамма умид Тўра бувадан. У кишининг енгил қўллари билан кошки бу бало даф бўлиб, сал чиройлари очилса.

Асли мен уларни Саидага қўшиб, бу ёқларга алоҳида оптушиш ниятларим бор. Ҳа-ҳа, кечки салқин билан шу Қизил Майдонга оптушиб бир сайр қилдирсам, улар ҳам бошқаларга ўхшаб, анҳор бўйларида бир кезишса, очиқ музқаймоқхоналарда ўтириб, фавворалар атрофида салқинлаб, хумордан чиқишса, дейман-у, айтишга ҳеч журъат қилолмай келяпман. Қани эди, сўнг Ўрда кўпригидан трамвайга ўтириб, театр майдонига қайцак-да, жиндек тамадди қилиб, оқшом чўкиши билан театрга олиб тушсам, унинг бир-биридан муҳташам золларини айлантириб томоша қилдирсам, бир умр эслаб юришар эди.

Аммо акам қайтмагунича... бу мумкинмикан? Рози бўладилармикан, кеннойим?..

«Эрка кийик» айтган еримизга элтиб улгурган эди. Биз ноилож тахтиравондан тушиб, таниш дарвозага қараб юрарканмиз, кеннойим аллақандай типирчилаб қолган эдилар. Минг бир андешаларга бориб, хижолатга тушадиларми-ей. Ўзларига қолса, кирмай қўя қолсалар.

Шу топда у кишини ҳеч тушуна олмасдим.
— Нимадан тортинасиз? Xешдан аъло, жигардан яқин кишимиз бўлсалар, — дедим.
— Юра қолунг. Шундан-шу ёққа келдук-ку, — деб қистаб-ялинди Ёдгор ҳам. — Энди кўропсизму? Биладилар-ку бизну?
— Биладулар, ўғлум. Лекин ғалату-да, — дея ийманар эдилар.
— Сизни билсалар, бизни билсалар, акамни танисалар — нимадан хижолатланасиз? — дедим.

У киши икки одим юриб, яна тўхтадилар:
— Ҳар гал... ташвишимизну кўтаруб келаверсак... ноқулай-да, Мақсудхўжа?...
— Одамлар бу кишига етолмайди-ку...

Аммо у киши ҳамон ўтинар эдилар:
— Сизлар киратуринглар...
— Ою, табуб-табуб дедингиз, келсак — кир- майсуз, — деб Ёдгор ўтинди. — Бўлак кимга борамуз?

Кеннойим ноилож эргашган бўлдилар:
— Майлу, фақат мен ичкаруда ўтира турай?..

У кишининг ўзларини бундай тутишлари, Тўрамга кўринишдан тортинишлари жуда-жуда ғалати ҳам тушунарсиз эди. Шунча жойдан келганда нега айниб қолдилар? Нимадан тортиняптилар? Ўша номи хунук нарса туфайлими?

Тўғри, ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади. Лекин кимгадир ёрилиш, суяниш керак-ку. Ё юраклари бетламаяптими, аввалам паноҳларига олган, падардан ҳам яқин бўлиб қолган кишига кўринишга?

Ундай десам, тангритоғлик қочган-қувган мусофирларнинг, диёридан узоқ тушганларнинг таянчию суянчи ким экан, у киши бўлмай?

Кўнмай илож қанча:
— Майли, сиз ичкарида бўла туринг, — деб Ёдгор билан дарвоза болачасини очиб, чақириб кириб боравердик.

Валлоҳ, валлоҳ, ҳовлида «Ҳайт!» дейдиган одам топилмаганидан ёлғиз балх тути устини чумчуқлар галаси шундай босган, улар беармон бозор қилиб ётишар эдики, дарвозахона ёнидаги ҳужрадан таралаётган қори боланинг овозини-да ютиб юборган эдилар. Икки елкаси икки ёнга салом берганча паст-баланд тушиб юргувчи эшик оғаси қаёққа гум бўлибди, кўринмасди.

Биз киришимиз билан гала гув кўтарилиб, ҳовли тинчиди-қолдию, аммо тут таги билан битта бўлиб марвариддек оқарган мевачалари қолган эди. Уларни босиб ҳам, айланиб ўтиб ҳам бўлмас эди.
— Вуй, ҳидуни, асалну ўзи-ку! — Ёдгор илтифот кутмайин ҳам уларни териб, оғзига солмоққа тушган эди, кеннойим остонадан ўтибоқ:
— Вой, ҳой, уят-а! — дея қўлларини юзга босганча қолдилар.
— Нимасу уят, ою? Тут-ку бу?
— Сўрамай-нетмай еб бўладуму, қўй.

Шу тоб ён тарафда ўранган аёл киши қораси кўриниб, у келиб кеннойим билан кўриша бошладию ҳужрадан Ёдгор тенги қори бола чиқиб, қўлини кўксига қўйди-да, салом берди. Сўнг:
— Келингиз, опоқдодамизга бўлса, жиндек кутатурасиз,— дея қадимий чорбурчак ғишт ётқизилган йўлкадан бошлай кетди.

Сипогина боланинг муомаласига маҳлиё қолган Ёдгор ҳам тутни қўйиб, бизга эргашган эди. Тўра буванинг олдиларига хос юмуш билан келганимиз учун ҳам қори болага тушунтирган бўлдим:
— Эшикда улов кўринувди, олдиларида одам бўлса, сизларга-да кута турайлик.

У қўли кўксида, бош силкиди:
— Яхшу-яхшу, жой етарлу.

Аммо Тўрамнинг ўша тепадаги хос ҳужралари олдидан ўтар эканмиз, унинг қия очиқ эшигидан жуда таниш овоз эшитиб титраб кетдим. Ичкаридаги одам:
— Шунақа, тақсир, ўзиз бир давосини қилмасангиз, бояқиш ич-етини еб адо бўляпти. Xудо хайрингизни берсин, — деб ўчинар эди.

Ё тавба, Олим акамми?!. Кимни айтяпти?!

Ўгирилгунимча бўлмай Ёдгор югургилаб келиб, тирсагимдан тутди:
— Амақу, қаранг, катта амақумламу?

Мен ҳайратда қолган эдим:
— Кўчадаги мошин у кишиники эмас шекилли? — дедим шивирлаб.
— Уларнукимас, лекин овозларину... эшиттизму?

Ўзиз қаранг... кўрунг, — деб қистарди Ёдгор.

Бизнинг шивир-шивиримизга тушуна олмай ёндош хона остонасида тўхтаган қори болага ўгирилдим:
— Балки Тўрам тақсирга айтиб боқарсиз? Султонмурод ботуризнинг хешлари келишибди деб, — дафъатан тилимга келган гапдан ўзим ҳам ҳайрон қолган эдим.

Қори бола бу тарихнинг бир чекасини эшитган шекилли, ялт этиб юзимга қаради:
— Чиндан-а?
— Чиндан-чиндан. Тўрам биладилар, зиёратларига илгариям келганмиз, — дедим шивирлаб.
— Биз кўрмай қолган эканмиз-да, — деди у болалигига бориб.

Мен бориб, елкасига қоқдим:
— Сиз ҳув анув болохонада Аллоҳнинг каломини ёдлаб ётган кезлариз... келганмиз. У ердан бир чиройли қироатлар тараларди, билсангиз, — дедим қулоғига.

У ийманиб, ерга қаради:
— Биз эмас, Ориф дўстимиз тиловат қилар эди, биз унинг усулини ўрганар эдик, — деди чинига кўчиб.

Мен унинг азиз бошини силадим:
— Ўша усул, ўша овозни қайтиб эшитмадим. Xудо хоҳласа, ўзиздан ҳам бир эшитамиз. Бўптими?..

У уялиб бош силкидию, кейин турган еридан чаққон бурилиб, Тўрамнинг ҳужралари томон чопди ва остонаданоқ овоза қилди:
— Бува, биласизми, ким кепту?! Султонмурод ботуриззи хешлари келишупту!..

Шу баробар эшик ланг очилиб қадимги оқ руҳ каравотда ярим ёнбошлаган Тўрам тақсир кўриндилару биз шошиб қолдик. У кишининг бир чиройли кузалган оппоқ соқоллари ўзларига ярашиб тушган бўлса-да, юзларида аллақандай дард асари ҳам кўриниб тургандек эди.
— Ие, тақсир бетобмидилар? Айтмайсизларам?!— деб юкиниб кира бошладим.

У кишига тўрдаги дарча тагидан жой қилиб беришган, Олим акам эса дастурхон тузалган курси ёнига тиз букканча ўлтирар эди. У қори боланинг сўзидан ҳайратга тушиб, ўгирилган жойида кўзи менга тушдию:
— Ие, чинданам, мирзо-ку, холаваччамиз-ку, — деб тура бошлади ва Ёдгорни кўриб, каловланиб қолди.

Мен унинг бояги сўзларидан энди бир нарсаларни англагандек бўлар эдим-у, аммо бир тўхтамга кела олмасдим: нечук ҳеч кимга маслаҳат солмай келаверибди?..

Энди уларни маҳтал қилиб бўлмасди. Мен йўлакай Олим акам билан сўрашиб, Тўра буванинг ёнларига ўтавердим.
— Ассалому алайкум, имом бува. Баҳай-баҳай, биз эшитмабмиз-ку. — деб юкиниб бориб, тиз букдиму қўлларини олиб ўпиб, юзларимга сурта кетдим. Ажаб, сариқ бахмалдан ҳам юмшоқ, момиқдан ҳам майин бу қўл муздек эди. Лекин шу муздек кафтдан мушк-анбар бўйларига ўхшаш бир бўй таралар эди. Уни ўпиб, юзларимга суртар эканман, ўзимда йўқ ҳузур топардим, тавба. У киши ҳам бундан мутаассирланиб, пешонаю қаншарларимни аста силар:
— Ва алайкум, мирзо, ва алайкум, — деб шивирлар, — бу тонг-саҳар кўз ўнгимдан ўтувдингиз, Сиз ҳам, тойим ҳам — кўрсатганига шукр, соғинганларимни олиб келибсиз, барака топинг, Аллоҳдан қайцун,— дер эдилар.

Бунга сари мен у кишининг бағриларига сингиб кетгим келар, ҳеч жилмасам дердим. Шу орада у киши энгаҳларини сал кўтариб, нигоҳлари ила Ёдгорними, кимнидир излаётганларига кўзим тушиб қолдию жой бўшатишга ошиқдим. Ана шунда у кишининг бир бурда юзларига офтоб тушгандайин мамнунлик югурмоққа бошлаган эди.

Сўнг хастаҳол овозда чорлаб:
— Вой, тойим-тойим. Ғунан тойим, дўнан тойим. Бунақа соғинтиришга келишмаган эдик-ку, — дея ўпкаламоққами, эркаламоққа тушдилар-да, бошларини силаганча дуога берилдилар:
— Ило-ой, етимларнинг мураббийси Ўзингсан, орқамизда қоладиган бу маҳбубларимизнинг ҳам умрини чиройли қил. Ота-оналарига тўзим бер. Уларни Ўзинг яна қовуштириб, жудоликларига чек қўй. Шу норасида банданг ҳаққи уларга рўшнолик ато эт.

Мижжаларидаги икки томчи ёшга кўзим тушиб, ичим аллатовур сидирилди. Ўзим четга қараб олган, аммо кўз олдимдан Тўрамнинг нурли сиймолари, қу-лоқларининг юмшоғига довур туташиб борган қор- дай оппоқ соқолларию мижжаларидаги икки томчи ёш нари кетмасди. У киши узиб-узиб, дуода давом этардилар.
— Ўзингга осон. Мужоҳидларингни бу дунёю у дунёсини чиройли эт. Шу жумладан ботурларимни ҳам, бизникини ҳам...

Кейин унинг пешонасини силаганча, жим қолдилар.

Олим акамнинг иссиқ нафаси қулоғимга урилиб, ўзимга келдим.
— Тақсирни толиқтириб қўймай чиқа қолайлик, нима дединг?

Мен унинг юзига ҳайрон термулдим.

Олим акам ўша-ўша шипшир эди:
— Яқинда тиғ остидан чиқибдилар. Бошқа гал келармиз.
— Майли, — дедим ноилож.

Аммо шу он у киши ниятимизни сезиб қолиб, бизни қистай кетдилар:
— Ўтирингиз-ўтирингиз. Нима бўлди, мирзом, келмасдан туриб олибсизлар?

Менинг ўрнимга ҳам Олим акам қўл қовуштириб, изн сўрамоққа бошлаган эди, у киши бош сараклатиб зинҳор кўнмадилар:
— Yoʻq-yoʻq, bu azizlarimga javob yoʻq. Men bularni oʻzim sog‘inib yotib edim. Sizga esa, xizmat boʻlmasa, bir yumush bor.
— Jonim bilan, buyuring, — deb akam qayta tiz bukib, yana qoʻl qovushtirdi.

U kishi Yodgorni bag‘rilaridan boʻshatmay turib, nimagadir ishora etdilar:
— Haligi «anqoning urug‘i»ni u kishimdan soʻramay qoʻya qoling. Emiga tushmay yurmasin. Soʻrashga arzigulik boshqa bir beg‘ubor odam bor.
— Bir og‘iz soʻziz, kim? — dedi akam.
— Koʻp yaxshi, pokiza odam. Oʻsha muftiy janoblariga noib. Mirzakarimboy avlodidan, eshitgan chiqarsiz.
— Ie, Mirzamurod akami? — dedi akam.
— Duoi salomimni yetkazsangiz, bizni diyorlarda otliqqa ham topilmaydurgan zamzamni ana shu kishidan topgaysiz, Xudo xohlasa...

«Voh, izlayotgan narsalari shu ekanmi?! Bor ekan-ku shifosi?!» derdim ichim toshib. Akam esa, choʻk tushgan holida kamiga ta’zimga egilgan koʻyi:
— Rahmat, Toʻra buvajon, rahmat. Bizdan qaytmasa, Allohdan qaytsin, Alloh Oʻzi sizni qoʻllasin, — deb yukinar edi. Bu juda-juda g‘alati edi. Iltijosi ham, iltimosi ham...
— Olib kelsangiz, keyin oʻzim, albatta, dam urib bergayman. Inshaalloh, san koʻr, man koʻr boʻlib ketgay, — dedilar u kishi. Ana shunda Olim akam:
— Baraka toping, Alloh nafasizzi bundanam oʻtkur etsin. Oʻzi sizga ham shifoi komillar bersin, — deya turib, qoʻl qovushtirgancha orti bilan yurib, kovshandozga tusharkan, Yodgor ham, men ham hangu mang qolgandik: kim-kim, qarshimizda bizdan avvalroq otini qamchilagan va kennoyimga yaxshilik sog‘ingan yana bir odam turar edi.

Shu tob Toʻram qoʻllarini koʻtarib, unga shoshmang imosini qildilar:
— Ilojini qilsangiz, idoraga oʻting. Hojimni oʻsha yerdan topasiz, — deb turib, yumshoq jilmaydilar. — Shu bugun ola kelsangiz nur ustiga a’lo nur boʻlib, kelinimizni ham quruq qaytarmasdik.

Ana xolos!.. Bu karomatga nima demoq mumkin?!. Yodgor ikkimiz ham yoqa ushlagancha qolgan edik. Biz mayli, kelishimiz xovflarida ma’lum boʻpti! Ammo kennoyimni qayoqdan bildilar, hech aql bovar qilmasdi.

Қора дарвешнинг илтифоти (Ҳикоячига қоронғу, ёлғиз муаллифга аён тарихлардан)

«...Ҳайялал фалаҳ! Ҳайялал фалаҳ!»
— Соҳиб, азон чақиришадир.

У ўзига келиб, ўгирилиб қаради. Xизматчи «намозга чиққайсизми?» деган каби остонада турар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидлари томондан эса, азоннинг сўнгги калималари янграб келмоқда эди: «Ла-а илаҳа иллалло-оҳ!»

У афсус-надоматга тушиб, ёмон эзилди. Сўнгги неча йил бадалида у аср жамоатидан бенасиб қолмоқда эди. Ҳамма — ҳамма билан, у ўзидан тинчиган бир одам... куппа-кундузи аср жамоатига етишолмаган, осмон малоикалари алмашиниб, Тангри таоло ҳузурига қайтадиган ва ул Зотнинг «бандим не билан маш¬ғул?» деган сўроғига «жамоатда ибодат ила машғул» жавоби бериладиган кезда... у бу мартаба — Аллоҳ даргоҳида муносиб эсланишдан бенасиб қолмоқда эди. Xаёли нималарга қочди? Шайтон ёзғирмаса, жамоатга аллақачон етиб боргай эди-ку, эмаклаб бўлса-да, етиб бормоқ керак эди-ку!..

У қулоқ юмшоқларига довур ловуллаб, ўрнидан тураркан, йўлакай хизматчига хижолатомуз нигоҳ ташлаб:
— Қара-чи, яна ким бор экан, жамоат савобидан бебаҳра қолмасдук, ҳали ҳам бўлса, — дея таҳорат янгилашга шошилди.

Аллоҳ ўзи меҳрибон, қўшни дўкон хизматчиси ҳам дўконни ёпиб улгурмаган экан, у ҳам кириб, такбир туширдилар. Пайғамбар масжидларига етолмаган бўлсалар-да, Аллоҳ олдидаги хижолатпазликдан жиндек қутулган эдилар.

Аммо унга бугун нима бўлдики, сал қолса аср шарофатидан бебаҳра қолади экан. Чиндан шайтон ёзғирдими ёхуд диёрдан келган мактуб паришон этдими? Бир бўлса ўша фаромуш этдиёв.

Улар асрни қиёмига етказиб ўқиб, дуолар ила ўрниларидан қўзғолишаркан, у шукрона лозимлигини сезди:
— Ўзига шукр, Аллоҳ сизларни етказиб, жамоат савобига доҳил этди. Энди ҳеч қачон, ҳеч биримизни бу бахтдан бенасиб этмасин, омин, — деди. Шериклари-да, бундан мутаассирланиб бош силкидилар.

Дунё кеза-кеза шу табаррук заминда қўним топмиш бу узоқ юртлик мусофир ҳеч кутилмаганда бугун сўлғин ва фаромуш кўринар эди. Ўша узоқ диёрга жўнатмиш элчилари қайтиб, неча кунгача уларни ёнидан жилдирмай суҳбатлар қурган, келтирган муждаларидан боши кўкка етиб, ватандошларини зиёфатларга чорлаб, суюнчиликларини баҳам кўрган бўлса-да, бугун яна хомуш эди. Нима бўпти экан? Ҳатто Пешовардан атай ташриф буюрган ватандошини кеча еру кўкка ишонмай, ёнидан бир қадам жилдирмай меҳмоннавозлик қилиб ўтириб эди. У Маккага ўтиб кетдию бу яна сўнди-қолди. Боғдаги қўш хурмо ўртасига тупроқ тўктириб ясатган супасида, ҳа, ўша қўшқават кўрпачалар ёздириб ватандошларини зиёфату суҳбатга чорлайдиган жойда ёлғиз ўзи ўша дўсти-ёрони кетган тараф — қиблага термулиб ўлтирар эди. Ёнидаги қўша-қўша пар ёстиқлардан биронтасини тирсаги тагига тортиб ёнбошласа эканки, хотиржам десанг, бир хаёлга толди-да, десанг.

Худди ўша Пешовардан дараги чиққан дўсти қайтиб кўринмагунча шундай ўтираверишга қасам ичган каби қимирламас, чордона қуриб ўтиргани-ўтирган эди. Xаёлдан толмагани унинг!

Соқол-муртига оқ оралаб, келбатли, файзли кишилар қаторига кира бошлаган кезда нимани қўмсаб қолди? Ўша қирчиллама йигит ёшида тарк этган жойлариними, етишолмаган қон-қардошлариними? Уларни демаса, нимадан камчилиги бор? Бир кам дунё деб шуни айтар эканлар-да! Бўлмаса, бу мунаввар замин, қиёматга қадар қут-барака ёғилган бу шаҳарга кимлар етди, кимлар етолмади? Бу ёнда хотамун набий масжидлари, у ёқда Ухуд тоғлари, Бадр водийси, ансору муҳожир саҳобалар ётган Бақъи қабристони, яна қанчадан-қанча Пайғамбар қадамжолари — ҳамма-ҳаммасидан саодат асрининг нафаси келиб турибди. Эрта тонгларда танга роҳат Мадина шабадалари эсиб, Набий масжидлари тарафдан наинки азон садоларини, ўша саодат асридан қолган ифор ҳидларини ҳам олиб келаётгандек, таратиб ўтаётгандек бўлаверади. Улар қиёматга қадар туганмаслиги, таралиб туравериши тайин.

У ёқда эса, қиблагоҳ — Каъбатуллоҳ турибди, соғинсанг етгудек жойда. Шу диндаги бир инсонга бундан ортиқ яна нима керак?! Ҳар йили умра ё ҳаж қилмоқ мумкин. Каъбатуллоҳни тавоф этмоқ, пайғамбарлар, авлиёлар қадамлари етган Миноларга бормоқ, Арофотда турмоқ, Муздалифада тунаб, қониб-қониб ибодатлар қилмоқ мумкин. Ёлғиз Аллоҳга суяниб қолган бандага бундан ортиқ нима керак? Кўнглининг яна қаерида кемтик қопти экан? Шунча дунё кезиб, шу ерларга етиб ҳам яна қандай армони бор унинг?

Хизматкорлар унинг ёнига йўлай олмасдилар, бир қур бўлса-да, кўнгил сўрай олмасдилар. Ахийри шивир-шивир билан хонум бекага маълум қилишни афзал топдилар. Шунақа дамларда Марғу хоним ёнига Фотма-Зуҳра қизларини олиб, оталари қаршисига саломга чиқишадию Баҳриддинхўжа ўз ҳолига қайтади. Ундан берига шу ўтириши ўтириш. Фақат азон билан намозга чорлаб, ўзига келтирмоқ мумкин.

Марғухоним ўша Қашқардан келинлик сепига қўшиб берилган олма гулли чойнак-пиёлаларга чой дамлаб чиқиб, ҳожасига тавозула боқаркан:
— Адаси, ўзимизни Тошканча қора чой дамлаб эдим, ичинг. Зора ғубориззи олса,— деди раъйига қараб.
— Ғуборни олиб, кўнгилни ёзадиган нарсага нима ецин. Валлоҳ-валлоҳ. Бу чинниларда кечагиндаёқ чой дамлаб чиқармоқ лозим эди, — деди Баҳриддинхўжа уларни кўргандаёқ баҳри-дили очилиб. (Ҳазилми, булар узилган никоҳ ришталарини улаган валломат ошнасидан совға тариқасида келган-ку. Наинки ёлғиз ўзи, манави келинбону билан келган! Унинг дарагини эшитибоқ, никоҳидаги аёлини совға-саломлар билан жўнатган кишини шу чинниларда сийламоқ лозим эмасмиди?!.)

Марғубонунинг кўзлари ер сузди:
— Уялдим, адаси, — деб қўйди секин. — Кейин ўзиз айтдиз, у кишининг кўнгли яримтамуш.

Баҳриддинхўжа чой хўплаб, бош ирғади:
— Сен ҳақсан. Яримталикка яримта. Кўз очиб кўргани мана қанча йилки ёлғиз Ёдгори билан сарҳад ортида. На хабар олдира олади, на мужда келади, — у яна бояги ҳардамхаёл ҳолига қайта бошлаган эди, аёли чалғитмоққа жазм этди.
— Нима, Пешоварда жой-дўконлари бормикан, бунчалик боғланиб қолмасалар?
— Йўқ, уни у ерда тутиб турган — бошқа нарса. Биласан, Султонмурод жой-дўконлардан, бу дунёнинг хою ҳавасларидан баландроқ туради. У ерда жамият очган. Бизга ўхшаган мусофирларнинг бошини қовуштираман деб юрибди шу диёрларда ҳам. — Баҳриддинхўжа тўлиқиб, энтикиб қўйди, — Ўзи бу аҳволда... яна кимларнинг ғамини ейди! Бировга эн бўлгунча ўзингга енг бўл, деганлари бекор экан!
— Кеча келганларида элчингиз олакелган хат-хабарлардан бошлари кўкка етгандир?..
— Қаёқда! — деди Баҳриддинхўжа бош тўлғаб, — бундай таъсир этишини билсам, бермай ҳам қўя қолардим мактубни.

Бону беихтиёр қўлини юзига босди:
— Вой, билмай-кўрмай, бериб қўйибсизми? Кимдан экан?
— Ўша ўзингиз билган мирзо йигит — Салом холамизнинг битикчи ўғилларидан экан. Фаҳмимча, аччиқ-тизиқроқ хат битган кўринади. Нега бундай ёзибдир, тушунолмадим.
— Қандай кўзлари қийибди?
— Билмасам, Бону. Аяса бўларди, осон тутган кўринадир бунга! — Ҳожаси пиёлани узатиб аёли яна чой қуйди:
— Ўзингиз юпатиб, тушунтирсангиз бўлармиди. Xарамга ўтишлари шунчалик зарур эканми?
— Биласан, Олтинхон тўрам ҳозир ўша ердалар, дарс бераяптилар. Олдиларига маслаҳатга кетди, — деди ҳожаси ва қўшди. — У кишининг ҳам қўлларидан нима келарди. Қолаверса, биз ватанжудолар бир бўлганда ҳам нима қила оламиз, Аллоҳ Ўзи кушойиш бермаса?
— Шундай-ку, адаси, астойдил йиғласа Аллоҳ сўқир кўзга-да ёш берар дейдилар, — деди бону ялинч оҳангида. — Бизга шунча яхшиликлар соғинган кишига қолганда наҳот бирон тадбир топилмаса?

Баҳриддинхўжа бир тўлғаниб, хонтахта устига кўкрагини берган эди, дардининг зўриданми, залвориданми хонтахта қисирлаб кетди:
— Шу икки кун ичида каллам торс ёрилаёзди. Қани энди эпақали бир йўл келса. Ўша дастимиз ет-майдими деб қўрқаман. Қайтаролмаймиз шекилли яхшилигини, қиёматга қолади шекилли, Бону. Ёзуғи... шундаймикан. — Ҳожасининг кўзларига қалққан нам йилтираб кетгандек, овози ҳам ўзгариб чиқмоқда эди.
— Қайтишда кирадилармикан?
— Киргил, мени тинчлантириб кетгил, кўнглим алағда ўтирмайин, дедим. Яна билмадим. Қизиқ устида ножўя бир иш қилиб қўймаса эди, деб қўрқаман, Бону.
— Йўғ-е, адаси, Xудо асрасин. Сарҳад ошиб боришдан ҳам тоймайдилар, деб ўйлайсизми?
— Ўзига қолса, дордан қайтмайди. Шунақа феъли ҳам йўқ эмас. Аммо Тўрамдек художўй одам хабар топсалар қўймасалар керак.
— Ўзиз қайтара қолмабсиз-да, адаси?

Ҳожаси ночор жилмайди. Бу ичи тўкилиб бораётган одамнинг зўрма-зўраки кулимсишига ўхшаб кетарди:
— Менми, қани қанотим бўлса, унинг ўрнига ҳам ўзим учиб бориб, бир йўлини қилган бўлардим-ку. Ўшанинг эвини тополмаяпман-да, Бону...

Улар жим қолдилар. Ким дастурхон попугини ғижимлаганича, ким бўшаган чинни пиёлани чангаллаб, уни кети ила хонтахта устини эзғилаганча. Аммо ҳар иккисининг кўзларида ёш ғилт-ғилт айланар-у, оқиб кетолмас эди.

Шунда Xудонинг уларга раҳми келдими, кушойишини Ўзи етказиб, супадан беш қадам нарида хизматкор йўталинди:
— Ҳожам, сизни бир киши йўқлайдир.
— Ким, дединг? — деди Баҳриддинхўжа ҳайратга тушиб.
— Занжимисан занжи бир қора дарвеш... киришга изн сўрайдир.
— Йўғ-е, ўша, алп келбатли киночи-я? Уни шу топда қандай шамол учирибдир?
— Билмасам.
— Айт, кираверсин, Шундан шу ёққа келиб, нега тортинадир, азиз меҳмонимиз?

Эшик оғаси унинг қайсибир сўзига (балки «азиз меҳмонимиз»гадир) илжайинқираб елка қисди. Аммо тўғрисини яширмади:
— Тоза шалдир-шулдир — бир қоп ёнғоқ экан, меҳмонингиз. Тили танглайига ёпишиб, суюнчи сўрайдир нуқул.
— Суюнчи?
— Ҳа-да. Сиз билан қайси офтобшувоқда қатиқ ялашган экан, нуқул «ҳожамиз қаердалар, ҳожамиз суюнчини чўзаверсинлар, атаганларини чиқараверсинлар», дейди.

«Шиғаб суюнчи сўрайдир?» Шошма, ўша хайрли иши Тангрим азза ва жаллага хуш келиб, шу дунёдаёқ иззат-икром топибдиканми?
— Шошма, ўзим, — дея Баҳриддинхўжа супадан туша бошлади.

Аммо у орқаси очиқ кавушини оёғига илиб улгурмади. Дарвозанинг болача эшиги очилиб, бурунги замон гладиаторларидан қолишмайдиган гавдали одамнинг аввал муштдек қоп-қора боши (соч дегани жингалак-жингалик бўлиб, каллага ёпишиб кетган — жингиртоб эди), сўнг унга неча баробар катта елкаси кўринди. Ўзи эса, болача эшикдан икки энгашиб ўтмоқда, оёғини оламан деса, гавдаси сиғмас, гавдасини ўтказаман деса, оёғини ололмас эди. Таниди. У ўша Нажоший авлоди, саҳобалару Пайғамбаримизга муҳаббати тушиб, шу муҳаббатини кинога кўчирмоқчи бўлган Қора дарвеш эди. Ўша дину диёнатини асрамоқ учун Xабашистонни қора тортиб борган биринчи мусулмонларнинг аламли кунларию Аллоҳ рози бўладиган мардона сафарларини, кейинги карамли ҳаётларини алоҳида бир муҳаббат билан дунё халқларига ҳикоя этмоқчи бўлган занжи киночи эди.

У эшикдан икки букилиб ўтиши ила қандай бир тор ердан ўта олганига қараб ҳам қўймайин қаддини ғоз тутиб, супа четидан тура бошлаган Баҳриддинхўжа томон интилди:
— Оҳ, ҳожам! Ҳотами Той биродарим! Бизни табрикланг! Мубаракбод этинг! Аллоҳ йўлидаги эҳсонингиз Ўзига хуш келиб, бизга нусрат ато этди. Эшитяпсизми, ҳожам, биз ютдик! Суюнчини чиқараверинг, атаганингизни келтираверинг.

Баҳриддинхўжа дабдурустдан ҳеч нарса тушунмади. Қандай нусрат? Киноси олиб бўлиниб, қўйила бошлаган, ҳатто телеканаллар сотиб олган эди шекилли? Яна қандай нусрат ҳақида гапирадир?

У жиндек ҳайиқди. Чиндан ҳам қора айиқдек лапанглаб қучоқ очиб келаётган бу қора давангирнинг қучоғига тушиб қолишдан киши туйқус чўчиб кетуви мумкин эди. Лекин у бегонамас, кейинги йилларда ўзи суйиб орттирган биродарларидан эди. Қоранинг қораси, кўмирга айланиб кетган бир инсон бўлса-да, ялтираган қўл-оёқлари, юз-бошлари, тарс-тарс ёрилиб кетган товонларига қараб туриб, қайси балчиқдан чиққан дейсиз. (Шунақа хабаш!) Аммо иймони шунчалар бутун, шунчалар покизаки, буни ўйлаганда бағрига сингиб кетгинг келади! Ундай биродарни қайтиб топ-чи!
— Xудо ҳар бир мўминни сочқи сочадирган кунларга етказсин! Суюнчи сиздан айлансун! — деди Баҳриддинхўжа хизматкорларига меҳмон елкасига тўн ёпмоқ ишорасини бериб.

Бунгача Қора дарвеш унга етиб келиб улгурган, қалампирмунчоқ ҳидидан сал бўлакчароқ, гуркираганроқ бир ифор бўйлар таратиб бағрига олган, у бўйлар юзини юзга босганда қулоқлари таккинасидан келарми, қора эти ялтираган яғринларидан келарми, билиб бўлмас, аммо жума намозига отланган мўминдан таралган бўйлардан кам эмасди.
— Оҳ, ҳожам, билсангиз эди, мен сизга қандай қувончлу хабарлар келтирганимни. Етти ухлаб тушимизга кирмаган илтифотларга эришиб турибмиз. Бу ҳаммаси сиз туфайли, эҳсонингиз туфайлидир. Унгача Аллоҳга хуш келадирган бир нима яратмакка бизга йўл бўлсин эди.

Баҳриддинхўжа хизматкорлар олдида хижолатланди:
— Нима топган бўлсангиз Аллоҳдан. У фийсабилиллоҳ эди...
— Йўқ, сиз қандай хабар деб сўранг. Қандай суюнчилиқ деб сўранг, — у уни бағрига босиб тўймас эди. — Сўранг, оғзингизга сиққанини сўранг. Мен сиз учун жонимни беришга-да тайёрман. Биз ўшал жаннатмакон диёрингизга кетяпмиз. Эшитяпсизми, сизнинг ота юртингизга! Ўшал сиз қўллаб юборган кино Аллоҳга хуш келиб, бизга кўп иззатлар келтирди. Сизнинг юртга йўл очди. Xалқаро фестивалга кетяпман. Тиланг тилагингизни — энди узмасак, қачон узамиз яхшилигингизни?!

Баҳриддинхўжа ўз диёрининг номини эшитиб, юраклари тўкилиб тушаёзди. У маъвони кўриш, бўйларини қайта бўйлаб, сувларидан ҳовучлаб-ҳовучлаб ичиш мумкин эканми? Қўярканларми шунга? Нималар дейди? Кимни айтяпти? Наҳот бир умрлик армон шу қора қулнинг илтифоти билан абас топса? Шу мумкин эканми? Уларга шу киночининг бир оғиз сўзи билан диёрга қайтишга рухсат берадилар эканми? Шўролар-а, ўша йўқсиллар ҳукумати-я? Ё бирон нарсани чалкаш эшитдими? Балки йўл олдидан тила тилагингни деб илтифот кўрсатиб келгандир? Шуниси тўғрироқ, ҳақиқатга яқинроқ. Шунга ҳам шукр, айтмаса, индамай жўнаб юборса, нима дея оларди?!
— Қандай анжуман дедингиз? Шўролар ҳам ўз эшикларини очадилар эканми? Темир қўрғон қилиб ташлаган, деб эшитардик-ку? — дея олди Баҳриддинхўжа, биродари у етиб бўлмас диёрга кетаётганидан кўнгли аллатовур бузилиб келиб. Шунақа: кимга у диёрнинг йўллари тақа-тақ берк, (Худо ёрлақасагина тушларида кўрмоқ мумкин!), кимга эса, «шўроларнинг шарофатини» кўз-кўз этиб, анжуманлар ташкил этишади, фестиваллар ўтказишади. Биродаримиз ҳам ўша рўйхатга тушибдими?

Майли, биз учунам кўришсин, жаннат боғларида кезишсин, кавсар сувларидан ичишсин! Фақат зар қоғозга ўралган ёлғонларига учишмаса, бас! Иймонларидан ажраб қайтишмаса, бас! Мазлум ҳукмида қолган бутун бир элни қандайин ҳам булар бахтиёр экан деб юришмаса, бас!
— Ҳожам, тиланг тилагингизни. Бизга сизнинг диёрларга бориш насиб этиб турибди. Омонат саломларингиз, топшириқларингиз бўлса айтинг! Ўзим элчингиз бўлай! У яхшиликларингизни қайтарай мен ҳам. Нима истайсиз? Мана, мен хизматиздаман! Тортинманг, ҳожам.

Оҳ, бу кўнгил нималарни истамас?! Xоҳламас?! Воҳ-воҳ-воҳ, бир оғиз сўз шунчалар ширин бўларми? Жону жаҳонингни ўртаб юборарми? Унинг сўнгги сўзи юрагининг аллақайси ингичка жойларига етиб бориб, тегиб кетган эди: вужудига ёқимли бир титроқ югурган, ўзи эриб-битиб борар эди! Қариликми, нима ё бир умрли соғинч элтдими? Баҳриддинхўжа туйқус бўшашиб, пешонасини меҳмоннинг елкаларига тираб қолди! Воҳ, Аллоҳ шу кунларни раво кўриб турибди эканми, етказиб турибди эканми?!
— Ҳов, умрим шомида топган азиз биродарим, ўзимга қолса, мен нималарни истамасдим?!

Ичиккан кўнгли бу паллада ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган у диёрнинг сувратларини бир бор бўлса-да, кўрмоққа зор-зор йиғлар, шунда ҳам куйган дили «майли, мен чидайман, нима кароматинг бўлса, нима илтифотинг бўлса, менинг дарбадар бир биродарим бор, ўшанга қил бу оламнинг яхшилигини», дер эди. Ўзи қолиб, унга илинарди.

Тақсирлар жиндек урзлидурларми?

Бугун сабоқ куни эди.

Олим эрталабдан қаймоқ бозорига тушдию иккита иссиқ нон билан бир шиша бонкачада қаймоқ олиб, Тўрамнинг зиёратларига шошди.

У бу табаррук хонадондан туганмас ғазна топиб олгандек эди. Ғазна нимаси, Тўрамнинг ўзлари юрадирган бир тирик хазина эканлар. Ҳар сўзлари олтинга тенг, турган-битгани ҳикмат. Сабоқлари-чи, чан-қоқ қалбга чиппа ёпишяпти. Шу вақтгача қаёқларда юрган экан? Илгарироқ келса, бўлмасми экан?! Интиқиши шундан: ҳар куни хизматларида турсам, назарларига тушиб, дуоларини ола қолсам, дейди-ю, дуо олиш ўзими? Жилла қурса, у тарихлардан бирон нима илинсалар ҳам жон қулоғини тутиб, чанқоғини қондиргай-ку.

Ҳаммасидан ҳам бурун у ҳарф таниётганидан, «бисмиллаҳир роҳманир роҳийм1»ни ўзи таталиб ўқий бошлаганидан боши осмонда эди. Тўрам саккиз дарсдан сўнг Каломуллоҳнинг майда сураларини ўзи ўқийдиган этиб, Қуръонга туширар эмишлар. У шунга ичи тушиб ётибди. Ҳарф таниб олсаёқ Сутчи Қайрағочли ёлғиз мозордан топган китобларни сўраб олиб келарди. Падарибузруквори ўқиган табаррук китобларни ўзи ўқий олса қани эди, йиғлаб-йиғлаб хатм эца қани эди! Нечук ўқимасин?! Отанинг номаи аъмолига савоб етказувчи нарса шу бўладию ўқимайдими?! Xатм қилмайдими?!

Тўрам шу калитни топиб берадилару у зотнинг ҳузурларига чопмасинми, хизматларини қилиб, назарларига тушмасинми? Бўлак нияти йўқ. Бўлак ниятларни ярим йўлга ташлаб келган. Аллоҳ шоҳид, соф ният билан келган.

Аммо хосхонага нонушта ҳозирлаб, Тўрамнинг қўлларига сув қуйиб улгуриб эди ҳамки, у кишини аллақандай улуғ меҳмон йўқлаб келганини маълум қилишди.

Устозга ихтимат билан хизмат этиб, бирга нонушта этмоқ умидида елиб-югурган Олимнинг чойига қувалашган пашша тушгандек бўлган эди. Начора, Аллоҳнинг хоҳлаши!

Ҳовлига банорас тўнда, оқ салалли улуғ меҳмон— муфтий жаноблари зиёратга кириб келмоқда эдилар.

Олим уларнинг олдида ўзини ортиқча сезиб, таш¬қарига чиқа бошлаган эди, Тўрам чақириб қолдилар:
— Эшон бола, бу кишимни танимадиз, чоғи?

Олим бир дақиқа тараддудланди. Меҳмоннинг юзида камдан-кам одамларда учрайдиган ичдан балққувчи бир нур кўриб тўхтади. Улуғ меҳмон ҳам ярим ҳайрат ичра ўгирилган эди. Саломига алик олди:
— Ваалайкум ассалом, келинг, ўғлим.
— Шундай, тоғ-тоғ билан кўришмаса-да, одам одам билан топишгай экан, — дедилар Тўрам меҳмонни тўрга ўтишга ундаб. — Албатта, Аллоҳнинг изни-марҳамати ила. Бу йигит ота қадрдонингиз раҳматли Абдураҳим эшон поччамнинг кенжалари бўладирлар.
— Ё раббий! — деди меҳмон тўлқинланиб, — Ўшал... муфтийликка биринчи ҳақдор зотни-я? Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин ул раҳматуллоҳи алайҳни!
— Ҳа, муфтийликдан Туманли юртни афзал кўрган зот — Эшон поччамнинг кенжалари.

Олим кўп одамлар оғзидан эшитган гапларни эслаб, (муфтийликка чақиришганда у киши узр айтиб, «Қуръоннинг зер-забари кўп, биз улардан чиқолмаймизми, деб қўрқадирмиз», деган эканлар) кўзи намланди. Булар қолган тарихларни ҳам билишса эди! Шу асно томоғига аччиқ бир нарса тиқилиб келди.

Шу топда улуғ меҳмон у томон икки одим ташлаб, қучоғини очиб улгурган эди.
— Келинг, ота қадрдон, бир хўшлашиб, у зотларнинг руҳи-покларини шод этиб қўяйлук.

У қўли кўксида, елка тутиб бориб, ийманибгина тақсирнинг бағрига сингиди. Сингидию жудаям бегона эмас эканмиз-ку, деб ўйлади.

Ҳазрат унинг куракларини силаб, юзини юзига босди ва икки кифтидан маҳкам тутиб, силкиб қўйди:
— Мана, танишиб ҳам олдик тақсирим туфайли. Энди қиёматга қадар биродармиз. Унутмайсиз-а? Керак бўлганда тортинмай бораверасиз, — деди.

Сўнгги сўзи унчалик ёқинқирамаган бўлса-да, кўнгли учун ҳам Олим бош силкиди.

Тўрам илтифот қилдилар:
— Қани, марҳамат, дастурхон мунтазир бўлмасин. Аллоҳ бугун бирга-бирга нонушта қилмоқни насиб этган экан. Шукрини бажо қилайлук.

Ўтирдилар.

Қўлларини дуога очиб, бир-бирларига қарашдилар. Улуғ меҳмон:
— Ўзларидан бўлсин, — деб қистади.

Ҳали жудаям соғайиб кетмаганлари ранг-рўйларидан сезилиб турган, аммо янги кузалган соқолларию бир бурда юзларидан нур ёғилиб турган жиккак қария— Тўрам дуо қилдилар:
— Албатта, ҳар нарса ниятга боғлиқ. Шу кун, шу соатда яхши ният-ла кулбамиз остонасин босиб келибсиз, я қодир Аллоҳ ўзинг чеварсан, биродарларимизни ниятларига етказгайсан. Шулар қатори биз ожиз бандангни ҳам марҳаматларингдан дариғ тутмагайсан, омин, Аллоҳу акбар.

Бу ширин дуога илм талабидаги Олим ҳам, зиёрат ниятида қадам ранжида этган манави улуғ меҳмон ҳам қўшилиб, сидқидил юзларига фотиҳа тортдилар.

Шундан сўнггина меҳмон ҳол сўрашга тушган эди:
— Қалайсиз, тақсир? Бир оз муолажалар олган эмишсиз. Жарроҳлар тиғ ҳам теккизган эмишлар. Сафарда эдик, хабар ололмадик. Xатар ўтиб, ҳаммаси орқада қолган бўлсин, илоҳим. Кўринишларингиз яхши, Аллоҳим шифосини берсин.

Тўрам раҳмат маъносида бош силкидилар, камига қўлларини кўксиларига қўйиб, таъзим қилдилар:
— Ўзига шукр, дардни чекинтириб, бандачилигимизни бардавом эттиришга имкон берганига шукр.
— Кўрган-кечирганингиз шу бўлсин. Қайтиб қийнамасин, сиздай суйган бандасини, — деди ҳазрат.
— Ким суюкли — ёлғиз Ўзига аён. Биз умид тутамиз, холос. Ўзининг жамолига муштоқлигимиз қай даражада баъзан билиб, баъзан билмай...
— Йўғ-е, тақсирим, сизки шундай десангиз...

Уларнинг наинки сўрашишлари, ҳатто манзиратлари ҳам бир бўлакча, ҳавас қилса арзигулик эди. Олим соме ўтириб ҳам эриб борарди: ана мўминлигу, ана ҳалимлик! Муомалаю манзиратни улардан ўрганмоқ керак экан!

Бу орада чой киритилиб, Олим чор-ночор тақсирларга хизмат эта бошлади.

Аввал чой узатиб, сўнг нон ушатди. Довдираганидан ҳаммасини аралаштириб юборди. Қараса, қаймоқ ҳамон идишда турибди. Пиёлаларга қуймоқчи эди, хайтовур, Тўрам йўлга солдилар:
— Яхшиси, чиннига ағдаринг, нон тўғраймиз. Ивиб мағиз-мағизига сингса, ана унинг савобига нима ецин.

Улуғ меҳмон ҳам у кишини қувватлади:
— Ҳа, ана шундай: қари билганини пари билмас. Сўнг бу қаймоқхўрликни аллазамонгача эслаб юрамиз.
— Шундай-шундай, муболағаси йўқ бунинг, — деб кулишдилар.

У қаймоққа нон тўғраб бўлгунича, Рўзиохун (қачон келиб, жиз-бизга уннабди экан!) чиннида яккаоворадан ширчой киритди. Тақсирлар алқаб-алқаб ича бошладилар. Аммо-лекин қандай тайёрланибди, Тошканни ширчойидан ўтиб тушган, бу дунёнинг таоми бўлмаган эди.

Сўнг тақсирлар дастурхондан тотиниб, чой хўплаганча ўтган-кетганларни эслашга берилдилар-у, Олим чиқиб, уларни ҳоли қолдирарини ҳам, ўтириб чой қуярини ҳам билмай қолди. Турай деса, ҳали чойни бўлди қилишганича йўқ, турмай деса, уламою устозлар олдида ўтириш ўнғайсиз.

Бир марта чойни янгилаб ҳам кирди, аммо қаймоққа тўғралган нон бўка қолмас, меҳмон ҳам муд-даога кўчолмаётир эди.
— Дарвоқе, Xижоз сафаридан қайтган эмишсиз. Зиёратлари даргоҳида қабул бўлсин. Набийи Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам юртларида не янгиликлар? Саодат асридагидек ибодатга қайтишга уринишлар тинчигудекми, ё ҳали ҳам ўша-ўша? — дедилар Тўрам муфтийнинг юзларига синчков термулиб.

Муфтий иссиқ ҳам майин жилмайди:
— У асрни қайтиб топмак маҳоллигин ўзлари ҳам биладилар. Биладилару... уринадилар-да.

Тўрам ҳам жилмайдилар:
— Ният у ибодат ҳаловатини топмоқ бўлса, топардилар-а...
— Ундай эмас, деб ўйлагайсизми, тақсирим?
— Шундайми, деб қўрқаман. Агар ният холис бўлса, у диёрни энг дориломон бир диёрга айлантирмасми эдилар?! Қолаверса, Xижоз йўлларини ҳар муслим учун очдириб қўймасми эдилар? Биз эсимизни танибмизки, йўллар берк. Тағинам чор замонида ҳаё бор экан.

Муфтий домла сўчиб тушган каби бир сергак тортдилару яна ўзларини ўнглаб:
— Ўтказарди... дейсизми? — дедилар беозор.
— Бўлмаса-чи. У ўрисда инсоф бор эди. Ҳаж деса, йўлни тўсмасди. — Кейин меҳмоннинг бетига маъноли қараб, қўшиб қўйдилар. — Мана, бизам дунёнинг Тўқмоқ деган бир «овлоқ» манзилидан борганмиз акамиз раҳматли ила.
— Уларнинг назарида овлоқ саналган-да, билсалар-ку... — деди муфтий жилмайиб.
— Ҳарқалай уламони уламо санар эди, илми ҳурматидан. Инсофи шу-да, — деб қўйдилар Тўрам.

Муфтий жаноблари ялт этиб қарадилару дилларига келганини айтмакка андешами, нимадир йўл бермади. Олимнинг наздида унинг дилида уйғониб бўлган илон шаккок шайтон қиёфасига кириб, тилининг учига заҳардан-заҳар не бир фикрлар қуйиб улгурган эди-ю, Тўрамнинг салобатларими, нимадир тилидагисини айтишга йўл бермас эди. Балки улар кўрган исломий тарбия бунга йўл қўймаётгандир. Аксинча, юзига ҳалимлик нури таралиб келмоқда эди.
— Унда анув сўзлар-чи, тақсирим? — дея олди ҳайрат аралаш.
— Қайси, минг чиғириқдан ўтказиб... сўнг рухсат этишларими?
— Ўлманг, бизлар бот-бот эшитганимиз билан, сизлар кўргансиз, — деди муфтий, аммо жавобига қизиққанича бор эди.
— Давлатчилик ҳамма ерда, ҳамма замонларда бўлган, — дедилар Тўрам орқаларидаги духоба ёстиққа бир оз суянибгина. Толиқдиларми, чойдан лабларини хўллаб, пиёлани қайтариб жойига қўйдилар. Лекин шаштлари бояги-боягидек эди, ўшандай давом этдилар. — Аммо чор даврининг тўралари бошқачароқ эди, умумий сиёсатдан келиб чиқиб, душманига ҳам ҳамият қила биларди.
— Ҳамият? — деб ҳайрат-ла боқди муфтий домла. Улар бу масалада чуқур кетишаётганини англаб қўрқиб кетгандек кўринарди у.

Тўрам унинг ҳолидан... мийиғларида кулимсиб, дедилар:
— Валломатроқ деса, балки тўғри бўлар.

Бу гап томдан тараша тушгандек бўлиб, муфтий ўзи сезмагани ҳолда ўтирган ерида бир хавфни туйгандек қотиб қолган эди.

Тўрам вазиятни юмшатиш учун, қўл ишораси ила илтифот қилган бўлдилар:
— Қани, чойга қарасинлар.
— Раҳмат, — дея у киши ҳам илтифотни қабул қилди-ю, лекин ҳали ўзига келмагани ва Тўрамнинг оғзиларини пойлаётгани аён эди.
— Билсангиз, тарихда мисоллар кўп бунга.
— Сиз Xудоёрхон тарихиними, нимани назарда тутмоқдасиз? — деб юборди муфтий бир оз шошилиб.
— Йўқ, унинг сафари ўзида шижоат топиб, Аллоҳга таваккул қилган бир мўминнинг ҳижрати билан баробар. Мен имом Шомил ҳазратларини айтмоқчи эдим. Улар ўшандай ашаддий бир душманлари — ғазовотчи мужоҳидга ҳам ён бериб, валломатлик қилганлар. Унинг сўнгги илтимосини қондирганларини эсланг. Биз ўша сафаримизда имом тарихларидан ҳали бехабар бир ёш ўсмир эдик. Кейин қанча армон қилганмиз Бадр қаҳрамонлари қатори ул зот раҳматуллоҳи алайҳнинг Бақъидаги қабрларини зиёрат этмаганимизга.
— Аллоҳ раҳмат қилсин барчаларини. Лекин қандай?.. — деб юборди муфтий кутилмаганда.

У чиндан ҳам имом тарихини билмаслигини шу саволи ила аён этиб қўйган, энди жиндек хижолатга тушиб, қўлидаги бўш пиёлани ўйнар эди. Ахийри уни Олимга узатиб, Тўрамга қаради:
— Узр, сиз имом Xамзатнинг шогирдлари имом Шомилни айтасизми, ё...
— Ўша иккинчи имомни айтаман, тутқунликка қайт¬моқдан, лоши Пайғамбар алайҳиссалом юртларида қолмоғини авло кўрган буюк мужоҳидни. Ул зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида қолиб, Аллоҳдан ёлғиз бир нарсани — лошлари ўшал юртда қолмоғини сурункасига уч кун намозда сўрган эканлар.

Тўрам тақсир бу воқеаларни сўзлар эканлар, ўзлари шу тарихлардан руҳ олиб, бир неча ўн йиллар аввалги чин Тўрамга айланиб бормоқда эдилар. Овозлари ҳам, сўзларининг залвори ҳам бўлакча эди. Муфтий ҳазратлари эса, у кишига тан бермоқдан ўзга иложлари йўқ бир алпозда ҳам ҳавасланиб, ҳам кемтик бир ҳислар қоришиғида ўтирар эдилар. Ниятлари эса, ташрифларининг боисини айтмоқ бўлса-да, бунинг мавридини билолмай, — қариянинг армонига ҳамоҳанг тебранар эдилар.

Ниҳоят улар бу мавзуларни бир четга суриб, илтифоту манзиратлар билан қаймоқхўрликка тутиндилар. Боя тўғралган нон сатта мойга айланиб, энди оғизда эриб борар, арзимас вақтда жаннат таомига айланиб улгурган эди. Қариялар ўзлари қолиб, Олимни қисташар:
— Олинг, бу дунёнинг неъмати бўлмабди, кейин бунақасини тополмай юрасиз. Топганингизда ҳам ўхшатолмайсиз, — дейишар эди.

Олим эса, уларга аталган неъматга ўзи ҳам шерик бўлаётганидан тобора қисиниб борарди. Ҳозир бу дунё кўрган қариялар билан ўтириш бир гаштли бўлса-да, ўртадаги таомдан кўра суҳбатлари ширинроқ туюлмоқда эди. Xизматларида ўтирганидан, бу кунларга етиб келганидан боши осмонда эди.

Қаймоқдан кейин эзилишиб чой ича бошладилар. Ва шу асно улуғ меҳмон ўрнида бир тебраниб, жойлашиб олиб, томоқ қиринди. Бу унинг Тўрамдан изн сўрашига ўхшаб кетарди.

У киши ҳам ниятни сезиб (балки кириб келганларидаёқ билиб улгургандирлар!) тортинманг, ҳар куни келиб юрибсизми, дегандек қарадилар. Тавба, инсон қариса, тақво йўлига ўца, кишини бир нигоҳдаёқ англайдиган даражаларга етар эканми?! Булар бу тарафдан бир-бирларидан қолишмас эдилар. Ҳарқалай, Олим буни сезиб-англаб тургандек эди.
— Шу ҳижоз сафари чоғи бир улуғ зот зиёратига чорлаб қолишди, — деди меҳмон узоқдан келиб. Унинг бу зиёратдан кўп мутаассир бўлгани сўз оҳангидан сезилиб турар эди.
— Чорлашди? — «борарга журъат этдингизми, ахир?» дегандек кўз ташладилар Тўрам.

Улуғ меҳмон ҳам у кишини тушуниб, ростига кўчишни афзал кўрдилар. (Яширишдан не илож, қайтага назардан қолмоқ мумкин!)
— Илтимосларига биноан, орага нозик кишилар тушиб, мийқотдаги Оиша онамиз масжидларида кўришдик. Умра нияти-ла эҳром боғлаб, икки ракат намоз ўташ асносида.
— Ким, ватандан айро тушган ватанжудолар улуғлари-лами?
— Шундай. Балки исми-шарифларини эшитган чиқарсиз. Олтинхон тўрам аталмиш кўп табаррук зот эканлар...

Тўрам майин жилмайдилар, у киши ҳар қачонгидан хотиржам эдилар. Буни қандоқ тушунмоқни ҳатто Олим ҳам билмай ўтирар эди. Шунчалар сирли ва дунё кўрган эди бу қариялар!

Жавоб ундан ҳайратланарди чиқди:
— У зот бизга томир бўладирлар. Фақат она тарафдан.
— Уни қаранг! — ҳайратланиш гали улуғ меҳмонга келган эди. — Xудо мушкулимизни ўзи осон этаётганини кўринг.
— Қандай юмуш, қандай мушкулот, ҳеч тортинманг? — дедилар Тўрам аввалдан сезганлари рост чиқаётганидан жилмайиб.

Улуғ меҳмон ҳам қисинишга ҳожат қолмаганидан ҳийла енгил тортиб, қўзғолиб қўйди:
— Сизга томир чиқишларининг ўзи... бу мушкулотни йўққа чиқаргай, тақсир. Аллоҳ кўнглимга сол-ганига мингдан минг шукрларки, келиб яхши хабарлар топиб турибман, — муфтий домла чиндан ўзини қўярга жой тополмай қолган эдилар. — Борди-келдилар узилишиб кетмагандир, ахир?
— Ҳов, қайда? Бу Шўроси тушмагур бизни хўб тўзитди-ку, — дедилар Тўрам чинидан қолмай. Олим бу Тўрам ҳақларида эшитганлари рост чиқаётганидан бир чеккаси ҳайратга тушиб бормоқда эди. У киши деворнинг ҳам қулоғи бор демай, Шўрони сўкишда давом этар эдилар. — Бундай кекчини онаси туғмайди. Рўйхатига тушдингми, ўлиб қутуласан. Чинига кўчсам, Саййид Маҳмудхон елкага тўнни ташлаб, тўғри қилганлар ўша вақтдаёқ.

Ичлари тушиб ўтирган муфтий жаноблари бу орада икки қўзғолиб олдилар:
— Сиз ўша Жамбулли домламиз ҳақда айтасиз-да? Аҳли аёллари қолиб, ўзлари сарҳад ошиб чиқиб кетишга мажбур бўлган зот?
— Шундай-шундай. Бу гаплар бўлиб ўтганига ҳам ўттиз йиллар кечдимикан, валлоҳи аълам. Ишқилиб, бу ҳижрат хабарини раҳматли волидамиздан эшитиб эдик. Кейин бу қўтир дунё неча эврилиб, неча ўзгарди. Аммо рўшноликдан дарак йўқ, — деб туриб, Тўрам меҳмоннинг бетига қарадилар. — Сиз яширмай-нетмай айтаверинг: нима бало, Саййид Маҳмудхон тўрам шошилишда лозим нарсани айтолмай кетган эканларми?

Улуғ меҳмон яна бир карра бу кароматдан ҳайратга тушиб, бош силкидилар:
— Топдиз, Тўрам тақсир, топдиз. Ҳали тақдир бу бошга нималарни битган деб... жавобини бериб кета қолмаган эканлар. Қиёматда шунинг гуноҳи тутмасайди деб... қайғурадир эканлар. У кишининг аҳли аёлларини хабарлашимиз ҳам шундан.

Тўрам юз-кўзларию бир чиройли кузалган соқолларига ичдан нур ёғилиб, кулимсидилар. Шу топда раҳмат ёғилиб турган бу юз қарангки, Олимга жуда-жуда ҳам таниш, ҳам суюкли кўриниб кетаётганидан ўзи ҳайратларга тушиб борарди. Нимадан бўлса экан бу?...
— Бугун чиндан ўнг ёнингиз билан турган экансиз. Суюнчини бегона қилмайдирган бўлдингиз. Уларни сўраттириб бериш бизнинг зиммада, иншааллоҳ, дараклари ҳам яқин кунларда чиқиб қолса.
— Суюнчи сиздан айлансун, — деди муфтий жаноблари, — ўттиз йиллик ришта уланадию, жудо кўнгиллар яна топишиб, таскин неъматига эришадию бизни суюнчидан қочирасизми? Оладирган савобимизни айтинг! Уни қайси тарозуда тортиб адо қилиб бўладиркан?!
— Ҳаммасидан бурун шундан келинг. Унинг савобига нима ецун!

Олим доғда эди: бир нарсанинг сирига — бир-бирларини унча ҳам хушламайдилар деб эшитгани икки уламонинг бир биродарлари ташвишида фикрлари бир ердан чиқиб, апоқ-чапоқ ўтиришларига ҳеч тушуниб етолмас эди. Шу анави кунги Тўрамми, замзамни унданмас, ноибидан сўранг деган, дерди. Энди қилча сир бермай ўтиришлари-чи, бу нимадан далолат?

Ё буларга ўхшаб бирча тақсирлар ҳам бу масалада жиндек узрлидурларми?

Гунг тасвирчи қароқларидаги ёш

Жужур1 эдим, пешиндан кейин бемалол ишга келсам, мудиримиз остонадан ўтмасимдан табриклай кетди.
— Xудо бир асради сизни, Мақсудхон. Шу жужурлигиз бўлмаса, билмадим ҳозир Тошканни қайси даҳасида юрган бўлардиз, киночиларни етаклаб. Ўрнизга Жўравой кетди, бояқиш лўкиллаб... — деб кулди у киши.

Мен ичим ёришиб кулдим. Чиндан ҳар балодан асрагувчи ҳам, ҳар жафога ташлагувчи ҳам Ўзи. Ўзига шукр, деб мудиримга тегишдим:
— Омад чопса шу-да, ака, Ўзи паноҳида асрайверади.
— Бу гапни Жўра акангиз эшитмасин, яний-яний кетди.
— Жазоси битта ош-да, бир товоқ ош айлансин акамиздан, — дедиму қалашиб турган саҳифаларни ўқишга тутиндим.

Орадан икки соатлар ўтиб, саҳифага кўмилиб ўтирсам, оғзи-қулоғида Жўра акам кириб келди. Биринчи марта сезишим: эшикнинг таккинасида столда ўтирган кишига эшикдан кирган найновдек одам мирзатеракдек кўринади экан. Бунинг устига у алмисоқдан қолган узун плашини кийиб олган, бошида «Лениндан қолган кепка»си бор эди. У киши қаерда қиттак-қиттак отвола қолибди, икки юзи қип-қизил, лабларини йиғиштириб ололмас эдилар.

«Ҳайрият, меҳмондорчилиги бор экан, бўлмаса, эшитардим эшитадиганимни» деб енгил тортган жойим-да у киши плашининг енгини эгилмайдиган қўлларидан зўрға чиқариб, энгилни жойига илдилару тик турганча сочни тараган бўлдилар.

Лекин шу туришда ҳам мендан кўз узмай, лаб-лунжларини йиғиштиролмай турибдилар. Сездим: менга айтадиган гаплари бор-у, ҳадеганда дамларини чиқармаётирлар. У киши шунақа оғиркарвон, тилларининг учида турган сўз ҳам ҳадеганда учиб чиқа қолмайди.

Ниҳоят оромижон диванга чўкиб, фақат зиёфатларда ўртага чиқиб ўйнагандагина эгилмаслиги билиниб қоладиган қўлларини диван суянчиғи устига ташлаб ястандилар. Билдимки, сафар тўкис ўтган, мудирим айтганидек, мен эшитадиганимни эшитмайман. Xайтовур, охири баҳайр чиқди деб турсам, шу тоб Жўра акам соғ қўллари билан тиззаларига шаппалаб қолдилар. Ва шу баробар қаддиларини кўтариб, ўтириб олдилар-да:
— Воҳ, Мақсу-уд, келиб-келиб шу кунгаям жужур бўладими одам?! Xў-ў, кўп нарсадан қуруқ қолдиз! Биз қаёқларга борганимизни билганизда эди! Ах!— деб тилларини тоқилатдилар.
— Нечук? — дедим мен ҳайронсираб ва кулимсираб. — Қайтага яхши бўпти. Биласиз-ку нажирхўрликларга тоб-тоқатим йўқ. Ош бўлсин, — дедим камига.
— Э, йўқ, — деди у киши қўл силтаб, — биз қаёқларга борганимизни, қай гўшаларга бош суққанимизни билсангиз эди! Қаёқдан менинг чекимга тушди?! Асли ўзиз борадиган экансиз. Борганизда бир нарсаларни тушунган, мен пандавақи ақлим етмаган нарсаларни ўзиз англаб етган бўлармидингиз! Энди мен сизга қандай тушунтирай, қай бир бошидан айтиб берай?! Ўлай агар, улар бу тарафларга бекорга келишмаган! Бекорга олишмади ҳам у кинони! Лекин мен буни кимга ҳам айтай, айта олай?

Мен секин ўрнимдан турдим. Қайси бир ақлим билан хона эшигини ичидан қулфлаб, ҳамхонамнинг ёнига чўкдим.
— Ўзи нима бўлди, очиқроқ айтаверинг. Улар ким эдию қаерларга боришди? Илтимос, бир бошдан қайтаринг, — дедим азза-базза титраб-қақшаб. Мен ўзим сезмаган ҳолда аллақандай хавотирларга тушиб бормоқда эдим.

Чиндан ҳам хориждан кинофестивалга келган киночилар нега биз тарафларга қизиқиб қолишибдию ҳаммаёқ суриб-нетиб ташланиб, кўп қаватли тошқўр-ғонлар тагида қолиб кетганда нимасини сувратга туширмоқчи, кино қилмоқчи бўлишибди? Бунга қандай рухсат этишибди? Ақл бовар қилмасди. Яна аллақандай занжи режиссёру киночилар эмиш. Ўлай агар, бирон нарсага тушуниб етаётган бўлсам! Яна Жўра акамнинг гапи бундай.
— Тушунарли ерда ишлайдиган одам экансиз, илтимос, сўрашган ерларига опчиқиб, айлантириб кела қолинг. Қайтгач, натижасини айтарсиз, одамларимиз камлигидан сизга айтяпмиз. Тушундиз-а, Чўпон отаю Қанглига олиб борасиз. Нимани олишса, олаверишсин. Xалқлар дўстлигининг қудратини бир кўриб қўйишсин, дейишди.

Чўпон ота билан Қангли номини эшитгандаёқ юрагим жиз этиб, орзиқиб тушдим!
— Ким у тарафларни тавсия этибди?

Жўра акам ногаҳон энгашиб, овозини пастлатди:
— Шуни айтинг. Қўлларида биров бир варақ қоғозга кўк қалам билан чизиб берган харитами, нимаям бор.
— Чизмадир балки? — дедим тусмоллаб
— Шунга яқинроқ. Чўпон отадан Қанглига борадиган анув катта йўл. Кейин Туваккўча, Бўзсувни кўрдим. Ўртада Изза ҳам бор шекилли.
— Уларни билган одам чизмаса, бошқа ким ҳам чизиб беради? Сўрамадизми? — дедим юрагим ҳаприқиб кела бошлаб.
— Қандай сўрайман, кимдан сўрайман? Ҳаммаси қоп-қора, бир-биридан давангир хабаш киночилар. Папауслардек кийиниб, пешонасига пат тақиб олган тасвирчиси-ку қулоғи том битган, нақд гунг экан. Елкасидан камерасини қўймай чалдеворларни, сурилиб битмаган тепаю сойларни сувратга обётибди.
— Янги тушган уйлар, осмонга бўй чўзган тошқўрғонлар-чи? Олдими уларни ҳам? — дедим Жўра акамнинг гапидан бир нарсаларни англагандек бўлиб. Xаёлимда эса, нуқул бир гап айланади: нима бало, улар омон қолган эски жою мавзеларни сувратга олиб боришни буюртма олиб келишганми ё? Олишган бўлса, кимдан?

Шундай деб ўйлайман-у, ўйларим тубсиз кўринаверади. Ахир бу мавзедан кетган ким ҳам уларга буюртма бериши мумкин? Султон акам юбордимикан? Ўзимиз етолмаганимизга яраша, сувратига етишайлик деб? Ундан бўлак ким ҳам интиқиши, соғиниши мумкин?
— Шошманг, қаерларга бориб, қаерларга кирдиларингиз? — дея унинг енгидан тортқиладим.
— Ҳа, дарвоқе, бу ёғини айтмадим-а? Аввал Чўпон отага боришди. Ёлғиз омон қолган Миртўхта амакининг чойхонасинию орқасидаги сутбозорни олишди. Кейин катта кўча билан Қорахўжанинг Иззасига довур тушдик. Омон қолган сойликни, чимзорларни олишди. Кейин Яккабоғда йўл четида турган бўйича қуриб қолган садани, Муржимонда илдиз-пилдизи билан суғириб ташланган азим ёнғоқларни (жониворлар шунча йилдан бери қилт этмай турибди экан!) у ёғидан ўтиб, бу ёғидан ўтиб олишди. Ундан нарида, шундай йўл чеккасида Минавархўжа акани болохонали уйи бўларди. Шу бузилмай қолган экан, уни ичу ташига қадар олишди. Ўша ерда ярим соатча қолиб кетдик. Гунг тасвирчини ундан ажратиб бўлмасди.

Шу ерга келганда қўл-оёғим бўшашиб, хушим бошимдан учиб бораётгандек бир ҳолга тушган эдим. Оҳ! У бахти қаро хонадон! На Адол холамга, на Марғу кеннойимга, на бошқага буюрган бу уй, бу жойлар, ҳали омон турган эканми? Ҳаммаёқ остин-устин бўлиб кетганида Xудо уни шу кунга қадар нега асради экан? Шулар келиб, сувратга тушириб кетишлари учунми? Нима бу, тақдир ёзмишими, ё тасодиф? Қандайин ҳам ақлга сиғдирасан?

Жўра акам менинг ҳолимдан бехабар давом этар эди:
— Кейин Тувакка ўтиб, Бўзсув бўйларига тушдик. Омон қолган жару журларни, тепасида оқ каптарлар пориллаб учган Бўзсувни, унинг қиёқзорларини хўб томоша қилиб, сувратга олишди. Каттабоғнинг бир чеккасида эски шийпон бузилмай қолган экан, ўша ерда чой ичдик, ундан сизларнинг эски ҳовлингизга ўтишди.
— Ёпирай, қандай топиб боришди? — Ўйлаб гапиряпсизми, дегандек тикилдим. — Ё режаларида бор эканми?

Жўра акам елка қисди:
— Унисини билмадим. Лекин дўмлар оралаб ўтиб бораёцак, (танийман-ку, ахир!) томи очилганча валонгор ётган экан, оёғим тортиб олиб кирдим. Улар ҳам кўриб, кўп ачинишди.
— Гунг тасвирчингиз-чи?..
— Йўқ, — деди Жўра акам бош чайқаб, — У анҳор бўйида қолиб эди. Чиқсам, тагидан арралаб ташланган ёнғоқ тўнкаси устида тиззасига камерасини қўйганча иззатини билган папаус қабиласи йўлбошчисидек тек қотиб ўтирибди. Кўзи вайронадаю юзи қилт этмайди. Аммо важоҳатидан одам қўрққулик! Чиндан нима бўпти экан деб, боши муштдек ўзи давангирдек хабаш киночига қарасам, (битта шуниси чалакам-чатти ўрисча биларкан!) елкамга қоқиб:
— Устал, устал, — дейди.
— Ана ўтирибди-ку, усталдан ҳам аълосида... пошшои оламга ўхшаб, — дебман. Ўл дейдиган одам йўқ. Буям темирмас-ку, чарчаса-чарчагандир, озмунча харобаларни олдими, тўрт қаватли кошоналар ёнида? Балки бунданам хароб ўз қишлоқларини, қувғин элатдошларини эслаб кетгандир? Сивилизациа деган бало хароб этган жаннатмакон диёрлари кўз олдидан кетмай қолгандир балки? Бир кўнглим елкасига қоқиб таскин бергим, биз ҳам сендан кам эмасмиз — тирик туриб нималардан жудо бўлмадик дегим келдию, айтолмадим. Тил билмагач, қандай тушунтирасан?!

Мен эсам, афсус-надоматдан ўзимни қўярга жой тополмасдим: келиб-келиб шу бугун жужур бўлиб қоламанми?! Ўзим боришим керак экан! Ўз кўзларим билан кўрсам... нима гаплигини англаб етардимми, аниқ-таниқ тасаввур этардимми! Унгача бу қоронғулигича қолаверади шекилли.
— Шошманг, кейин-чи? Кейин қаёққа олиб ўтдингиз? Боришдими яна бирон ерга? — дедим ижикилаб.
— Ҳамма гап шунда-да, шу Каттабоғдан кўчиб бориб, ватан тутган ерларини кўрсак бўладими, дейишди. Мен қаёққа ҳам олиб ўтардим, сизларникига бошлаб бордим.
— Ана халос! Нега, ахир! — Эсингиз жойидами деб юборишимга бир баҳя қолган эди: одам ҳам шунчалар содда-тўпори бўладими?! Кетидан келадигани-чи, гап чиқса, тинч қўйишади эканми кейин?

Мен ўзимдан ҳам бурун кеннойимни, Ёдгорни ўйламоқда эдим. Маҳалладагилар тушунгани билан ҳукумат тушунармиди! Бир ками қочқиннинг аёли деб суриштиришлари, сўроқ бериб юриши қолувди!
— Яхши бўлмабди шу ишиз, — дедим хафа бўлиб.

Мен ўрнимдан туриб азза-базза жойимга қайта бошлаган эдим, Жўра акам елка қисди:
— Нимаси ёмон, меҳмон отангдан улуғ деган гап бор. Сизлар чақирибсизларми?..

Менинг кайфиятим бузилиб, шаштим тушиб кетиб бўлган эди.
— Улар келиб-кетадиган одам. Сўралгандан биз сўраламиз. Биласиз-ку, хонадонимизда нозик одам бор,— дедим тўнғиллаб.
— Улар ҳам кинога тушишди, она-бола. Осмон узилиб ерга тушгани йўқ.
— Тушишди? — дедим қалтираб.
— Нима бўпти, ҳамма қатори, — деди ҳамхонам.

«Дард бўпти!» деворгим келди-ю, тилимни тишлаб қолдим.

Хаёлимдан эса, биров буюрган, буюрмаса, улар бориб юрмасди, сувратга тушириб юрмасди! Лекин ўша биров ким, дердим-у, жавобига ожиз эдим.
— Улариз қайда? Кўрса, бирон оғиз гаплашса бў-ладими, ўзи? — дедим ниҳоят ҳовримдан тушиб-тушолмай.
— Юринг опчиқаман, меҳмонхонага ташлаб келганимга нари борса, бирон соат бўлди-да, — деди ҳамхонам менга ачиниб.
— Жилдик-жилдик, жужурлик қочиб кетмайди. Лоақал биронтаси билан таништириб қўйинг, — дедим илтижога тушиб.

Ҳамхонам туриб, ўша урининқираган плашини дароз елкасига илар экан, негадир оёғи тортинқирамай имиллади:
— Олинадиган нарсалар олиб бўлинган бўлса, нимадан чўчийсиз? — дедию юзимдан ўтолмай остона хатлаб йўлакка чиққан жойида қаршимизда котиб кўринди. У киши жилмайиб туриб, одамни «узиб» оларди:
— Ҳа, Мақсуд Тўрахўжаевич, саҳифалар қалашиб ётиб, ўзларига йўл бўлсин?
— Xориждан меҳмон кепқопти. Тушаману чиқаман, — дедим оғзимга келганини қайтармай.

У киши меҳмонни улуғ кўрарди, мени қайтара олмади:
— Яхши, тушингу чиқинг, меҳмонни Жўра акангиз овутиб тура қолади.

Биз меҳмонхонага чиқишга чиқдигу, Африканинг қайси бир гўшасидан келган қора танли ўша киночиларни тополмай, неча қаватига бош суқиб чиқдик. Улар кўп эдилар, лекин биронтаси ҳамхонамни танимас эди. Қолаверса, папауслар йўлбошчиси каби бежаниб олган гунг тасвирчи ҳеч ерда кўринмасди.

Гидлар хонасига кириб суриштирсак бўларди-ю, ишни бузиб қўйишдан қўрқдик.
— Мени тергов бериб юрсин десангиз, кирасиз, — деб туриб олдилар Жўра акам.

Мен у кишини аядим, ҳарқалай неча йиллардан бери бирга ишлаймиз, қора тортиб, бирга бориб, бирга келамиз. У қора занжилар биз йўқотган диёрнинг қолган-қутган урвоқларини сувратга олиб кетган бўлсалар, бунда ҳам бир ҳикмат бордир, сабр қилайлик-чи, дердим.

Шундай бўлса-да, эртасига фестивал ёпилиб, улар жўнайдиган куни Жўра акам иккаламиз аеропортга чиқдик. Мен нимагадир бирров бўлса-да, ўша папауслар йўлбошчисига ўхшаш гунг тасвирчини бир кўргим келар эди. Аммо дунёнинг турли чеккаларидан келган оқ, қора, сариқ танли кино юлдузлари ичида биргина ўша папауслардек кийинган одамгина кўринмасди. Ё биз чалғиб ўтказиб юбордик, ё у ўзини танитмай ўтиб кетди.

Мен эски ҳовлимизу янги ҳовлимизгача кириб борган, шунча ердан келиб, биз учун азиз бир диёрнинг қолган-қутган ёдгор жойларини сувратга олиб кетган бир инсонни кўрмай қолганимдан доғда эдим. Бу қандайин сафар эдики, ёнида туриб биз ҳам бехабар қолган эдик. Балки Xудойимнинг хоҳлаши шундай бўлгандир. У беҳикмат эмасдир, ахир?!.

Йиғласим келадир, эй ёронлар!

«Акам ўрнида акажоним, Чаман ака!

Энг оғир, энг мушкул дамларда ҳар кимнинг бир ишонимли, суянса суянгулик кишиси бўлсин экан! Бундай қарасам, дардимни тўкиб, ичимни ёргудек яқинларим кўп. Ойим борлар, маслаҳат солса солгудек, аёлим бор, ичимни ёрсам ёргудек. Акамнинг укаси — Олим акам бор, борсам боргудек. Ёдгорнинг аяси — кеннойим бор, мени еру кўкка ишонмагудек. Лекин бу гапни, кейинги кунларда дарди-дунёмни остин-устин қилиб ташлаган бу воқеаларни мен уларга қандай ҳам айтай?! Уларни ҳам ўзимдан баттар куйдирмоққа, ташвишга қолдирмоққа ҳаққим борми?! Очиғи, бу дардни уларга тўкмоқ тугул, учини чиқармоққа ҳаддим сиғмай келадир. Ўйлаб кўрсам, ҳали ҳам бўлса бу гапни сиздан бўлакка ёрилолмас эканман, маслаҳат сололмас эканман. Шу умидда (ичимга сиғдиролмай) қидириб борсам, йўқ экансиз. Сабрим чидамай, бир вақтлар Ёдгорлар турган болохонага чиқиб, шу хатни ёзиб, қолдира қолдим.

Айтинг, нима қилай? Бошлиғимга ариза кўтариб кираверайми, ё чақиргунларича, кута турайми?

Шундай бўлдики, мен умримда биринчи марта бош муҳаррирнинг топшириғини рад этдим. «Мен бу хилдаги юмушларни адо эта олмайман. Ким ўзига эп кўрса қилаверсин», дебман котибларига. Йўқ, мен ишсиз қолишдан қўрқмайман. Бир амаллаб кунимни кўриб кетарман. Лекин Ёдгорларга нима бўлади? Текшир-текшир бўлиб қолмасмикан?

Тушунтириброқ айцам, Тошкентдаги ўша Осиё, Африка мамлакатлари киночилари фетивалидан сўнг шундай воқеалар содир бўлиб кетдики, уларни бир оғиз сўз билан айтишга тил, тасвирлашга қалам ожиз. Бизда қўли-қўлига тегмай, ҳатто ҳарф-клавишларига қарамай шатиллатиб ёзиб ташлайдиган машинкачи опой — Гулсума опа борлар. Шу кишига бирон таъсирли воқеани ёздириб қолсак, «Ий, йиғласим кела!..» деб кафтлари билан мижжаларини артаверадилар. Биз буни қаричиликка йўйиб, мийиғимизда кулиб қўя қолардик.

Ростини айцам, Чаман ака, ўша аҳвол ўзимнинг бошимга келиб турибди! Эсласам, опой айтмоқчи, ичим тўлиб, йиғласим келадир.

Ҳаммаси ўша дардисар жужурлик куни кеч келганимдан бошланди. Оддий кунда бўлса, зилзиладан жафо кўрган ўзбекларнинг эскию янги ватанлари ҳақида ҳужжатли филм олишни ният қилган фестивал меҳмонларини сўраган жойларига мен оборишим керак экан. Насиб қилмаса, шу-да, мен қолиб бошқа кишини қўшиб жўнатибдилар. Кейин тафсилотини эшитиб, ҳайронлар қолдим. Ўлай агар, хабаш киночиларининг ниятларига тушунган бўлсам! Янги жойларимизни олмоқчи бўлишса, нега бузилмай қолган чалдеворлар оралаб юришибди? Охирига қадар суриб, кўмиб ташланмаган Изза сойларимизни, Бўзсув тепаларию ҳов бир вақтлар акамгилар қароргоҳ тутиб, жон сақлаган Каттабоғ тагидаги жойларни сувратга тушириб юришибди? Бунда қандай сиру синоат бор? Нега бизнинг эски ҳовлимизу янги жойларимизгача қидириб боришади?

Мен Жўра акамдан ҳалигача хафаман. Ўша хабаш киночиларни қаердан қаёққа бошлаб борганларини айтиб ўтиргунча: «Ҳей, Мақсуд — пакана пари, юр, сенга бир нарса кўрсатай. Узоқ хориждан келиб, сизларнинг эски ҳовлию янги жойларингизгача борган, уй ичларингизни кинога тушириб кетган занжиларни таништириб қўяй. Кейин ўпкалаб юрма!» демайдими?! Кейинчи, кейин аеропортгача чиқиб бориб ўша папауслар йўлбошчисига ўхшаб пешонасини кумуш белбоғ билан танғиб, бошига пат қадаган тасвирчининг соясини ҳам тополмай қайтганимизда айт-ган гаплари-чи, ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди.
— Мақсуд, ростини айцам, кеча сенга бир нарсани айтишни унутибман. Ўша пат тақиб, алмойи-алжойи кийиниб олиб, ўзини ким деб фаҳмлаган гунг тасвирчи, биласанми ким экан?! — дейди.

Ичим узилиб тушгандек тўхтаб қопман:
— Ким экан? — дедим жон битиб.
— Мусулмон экан. Қора хабаш бўлсаям, биздан тузукроқ мусулмон экан! — дейди.

Мен бу гапдан қотиб қолган эдим:
— Қандай? — дея олдим зўрға.
— Қанглидан ўтиб бораётиб эдик. Мен олдинги ўриндиқда эдим, бир маҳал қарасам, орқада ўтирган ўша гунг тасвирчи кишибилмас юзига фотиҳа торт-япти... Ичимдан муздек тер чиқиб, бақа бўлиб қопман. Негаки ўзини чин мусулмон санаган биз қолиб, у Теракли ота қабристонида ётганларга раҳм тиламоқда эди...

Шу гапни эшитганимдан бери ичим ёнади! Нега ўзим бўлмадим, ўз кўзим билан кўрмадим! Кўрганимда бундай шубҳалар гирдобида қолмасмидим, ўзимда бир қатъият топиб бу ишларидан ҳам воз кечиб кета қолармидим? Ҳозир нега қўл силтаб кетолмаяпман, нима, қандай илинж тутиб турибди, ўзим тушунолмайман. Балки у мен ўйлаган кишим эмасдир?! Дарровда сир бой бермаслик керакдир?! (Нима демоқчилигимни тушунаётгандирсиз, Чаман акажон?!)

Навбатчиликдан ярим кечаларда қайцам, эшик тагида Ёдгор ўтирибди.
— Амақу, биласизму, бизникуга кимлар келишду?— дейди суюнчилаб.
— Кимлар? — дедим ичим бир зил кетиб.
— Нажоший юртудан бир талай киночилар келишду.
— Нима дейдулар? — дея олдим.
— Ўзунинг тилуда «моро-моро»лайдур, холос.
— Саломидир-да.
— Балки, лекин биттасу соқов экан, амақу. Ҳеч ёққа қарамай камерусининг кўзига тикилиб ётупту, айлантираду бизну оладу, айлантираду бизну оладу.

Сизга ёлғон, Xудога чин, шу гапидан этларим жимирлаб кетди...
— Сизлар ким — аянг, сенму? — дея олдим зўрға.
— Ҳа-да, унга сару аям хижолат тортадулар, ўрануб чирманадулар. Ахийру уюмузга кириб кетуб қутулдилар. Нега ундай қилдиз десам, суратга тушиш — гуноҳ, дейдулар. Тўғриму шу, амақу?
— Аянг айтган бўлсалар, ўзларига тўғри, — деяпману ўзимни хаёл опқочиб кетяпти. Ёдгорнинг боя¬ги гапи: «Айланаду бизну оладу, айланаду бизну оладу»си кетмаяпти. Чинданам нега?

Ҳовлига кириб бордигам, Ёдгор ичидагини тўкиб солиб тугатолмайди:
— Биласизму, амақу, ўша елкасуда зилдай наруса кўтарган, бошудаги патлари бир чиройлув товлануп-селкунган гунг тасвирчига аям бир пиёла чой беруб эдилар, оборсам ичволуб қўли кўксуда мулозамат эца денг...
— Шошма-шошма, қўли кўксуда дейсанми? — дея тўхтаб қопман.

Ёдгор ҳам елкамга осилиб, қулоғимга шипшир эди:
— Кўксуда-кўксуда: раҳмати бизнукига ўхшайдукан.
— Адашмаяпсанми?
— Унда... унда пешонасудаги терларну... сидируб артуши-чу?
— Йўғ-е,— дедим ҳайратим ортиб,— Тасодифдир.
— Ўшанда... чаккасуда нима кўрдим, денг, амақу?!
— Нима кўрдинг? — дедим юрагим така-пука уриб.
— Тожи тагуда оқ чандуқ бор эду...
— Воҳ, нималар деяпсан, қаёқдаги нарсаларни эсга тушириб? Адойи-тамом этдинг-ку одамни!.. — деб остонага ўтириб қопман.

Ана шунақа гаплар, Чаман ака! Ростданам у бўлса, ўзи бўлса, нега бизга бирров кўринмай кетди?! Ё сизга билдирган, жиндек белги берган жойи бормиди?

Чаман ака, бу ҳали ҳаммаси эмас. Мен не армон, не гумонлар ичида юрган бир кезимда, ўша фестивал меҳмонлари жўнаб кетганларига бир ҳафта ҳам бўлмай бир куни ишхонада таржимон қидириб, чоп-чоп қилиб қолишди. Асил таржимон бир кун аввал тонготар ишлаган, машина юбориб олдириб келай дейишса, телефонни ҳеч ким кўтармаётган экан. Юқоридан тушган материал эса, шу сонда кетиши керак. Бунақа пайтда масъул котибга йўлиққан одамнинг шўри қурирди. Тақдирнинг ёзмишини кўрингки, шу пайтда мен рўбарў келибман. Қарасам, фелетон! Яна унақа-бунақаси эмас, сиёсий фелетон! «Ҳой, яхшилар, инсоф қилинг. Мен бирда-иккида бунақа нарсани ўгирмаганман. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин», дедим. Қани, биров эшица! Ҳамма қочади. «Ўқиб кўринг аввал, ҳалитдан дод-вой қиласиз!» дейишди котибиятда.

Ўқисам... Воҳ, Чаман ака, ким, нима ҳақда, денг?! Айцам, эсиз оғиб қолади!

Султон акамга ўхшаган сарҳад ортида қолиб кетган бир одам!

Албатта, акамнинг ватанга ҳиёнат қилган жойи йўқ, тузлуққа тупурган жойи йўқ. Ёзмиши шундай экан, бегона элларда дарбадар кезиб юрибди.

Аммо бу... эсимизни танибмизки, ватан хоини аталиб келади. Бизни тузумни қоралаб, жилд-жилд китоблар ёзган. Шундай «тўнини тескар кийган одам» нима қилибди денг? Юрт соғинчи, кўз очиб кўрган диёр ўрташларига чидамай сирот кўпригига қадам қўйибди. Ва қарангки, она юртига сайёх қиёфасида кириб келиб, кўриб кетибди! Буни ҳеч ким сезмай ҳам қолибди!..

Мени қандай жин урган эди, қўлимга қалам ололмасдим, олдим дегунча кўз олдимга акам сингари ватанжудолар келаверар, фелетоннинг бир сатрига ҳам тишим ўтмас эди.

Қолаверса, Чаман ака, бошқа бир нарса, кечаги занжи киночиларнинг бизникига ташрифи, эски-янги ҳовли-жойларимизни, Бўзсув бўйларини, акам қадами етган жойларгача бориб тасвирга тушириб кетишгани ёдимга тушиб, ичим музлаб-музлаб кетмоқда эди. Буларнинг ҳаммасида аллақандай боғлиқлик бордек, бежиз эмасдек эди. Ростини айцам, агар шу фелетонни таржима эцам, мен улар айтаётган аллақандай бир ватангадони эмас, тирик туриб бу диёрдан жудо бўлган ўз акамнию ўша ёқларда қолиб кетган бошқа ватанжудоларни қўшиб ёзаётгандек эдим. Агар шу ишни қилсам, тақдир тақозоси-ла бутун дунёга тўзиб кетган, ватаннинг бир сиқим тупроғию бир қарич ерига зор кишилар қарғишига қоладигандек эдим.

Нима десалар-десинлар, қандай тушунсалар-тушунсинлар, мен фелетонни қайтариб бердим. Бош муҳаррир эшитиб, у қандай ношукр мирзо, кетгиси келяптими биздан, деганмиш. Мен акам учун агар керак бўлса, ўша ишдан кетишга-да тайёрман. Албатта, улар акам билан боғлиқ у тарихларни билмайдилар. Билсалар, бир кун ҳам тургизмасликлари аниқ.

Шунақа гаплар, Чаман акажон. Ё йиллар ичимдаги митти чолни янада қаритди, ё бошимиздан кечмиш савдолар кўксимда бир тур ўзгаришлар ясадики, туриб-туриб мен ўзимни танимай қолаётирман. Бошимда эса, ғужғон саволлар: нимага келганмиз дунёга? Аввалда не ниятда эдигу, нимага эришдик? Эртага ғалвир сувдан кўтариладиган пайтлар ҳам келар, лекин биз у ғалвирдан нима топгусимиз? Кўз олдимизда жигаримизнинг жигарлари қалби доғлиқ, ўзи мунглиқ яшаб ўтмоқдалар. Лекин биз жонни нисор қилиб бўлса-да, ўша доғ, ўша мунгни кеткизмоққа қодирмизми?

Жудоликларига малҳам бўларли бир ҳаракатлар этмоққа-чи? Акам сарҳаддан ўтолмаган тақдир-да, уни тушуниш мумкин, унга мумкин эмас, нега биз дараклаб бормадик, боролмадик? Шунчалар қўли калта, ўзи ожиз кишилармизми? Нега Аллоҳга таваккал қила билмаймиз? Ё ундайларнинг замони ўтган, уларнинг сўнггиси акам эдими?

Рости, Чаман ака, бу нотавон аҳволи-ҳолимдан, Гулсум опой айтмоқчи, йиғласим келадир.

Наҳот акамга, ўша ўзингиз қиёматли дўст тутинган бир кишига, шунча йиллар кечиб, бир ёрдам қўлини чўза олмасак? Бизни ким биримизни жигар, биримизни қиёматли дўст атайди?! Жилла қурса, томири Ёдгор билан кўриштирмоқ мумкиндир?! Бу дунё шунчалар темирқўрғонга айлантириб ташланмагандир? Отаю ўғилу аҳли аёл учун дийдор қиёматга қолса, биз унда Тангри олдида не деб жавоб бергаймиз?

Ана шундан йиғласим келадир, Чаман ака!

Мақсудингиз».

Сим-сим калиди ёхуд ҳамма рози бўладирган кўшиш

Бегим кунлари ҳам баҳарнав экан. Иш билан — саҳифа тушириш-чиқариш, ҳали муҳарририят, ҳали котибиятга югуриш билан кун қандай ўтганини ҳам билмас экансан. Бу шанба уйда қолиб, ҳеч ерга сиғмас эдим.

Фелетон билан боғлиқ воқеаларни кимга ҳам айта олар эдим! Ойимларга ёрила олмадим. Кеннойимга учини чиқариб қўйсалар нима бўлади? Ўзининг куйгани камми? Нима бўлса, Xудодан кўрдим: дамимни чиқармаганим маъқул.

Лекин бошимда осилиб турган бир хавф ҳеч тинчлик бермасди. Наҳот битта топшириқни деб... шунчаликка боришса?! Шу баҳонада ишдан ҳайдаб, мирзоликка йўлатмай қўйишса-я? Кўнглим шунақа ёмон оқибатларни сезиб тургандек эди. Айниқса, анув рапорт1 ёмон бўлган эди. Муҳаррирга «Маҳмудовнинг инжиқлиги билан кечикиб кетди» деб ёзиб беришибди. Албатта, ўша рапортга топшириқдан бош тортди, сиёсий фелетон бу кишимнинг дидларига ўтирмасмиш, деб қўшишган эди. Улар нимага шама қилишганини аввалига тушунмаган эканман. Муҳокамада:
— Xорижда қолиб кетган кимиз бор? Фелетоннинг нимаси сизга ёқмади? — деб савол беришганида пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Чиндан мен таржимани қайтариб бериб, қовун туширганимни сезиб қолган эдим.

Лекин жавоб бермаслик ҳам мумкин эмасди:
— Акам, — дедим ўз товушим ўзимга ғалати эшитилиб. Мен нима бўлса-бўлди деб, чинига кўча қолган, ҳеч қанақа ёлғон ёрдам бермаслигини англаб етган эдим.
— Ана, халос!..
— Акангиз?..
— Йўғ-е...
— Чиндан туғишганизми? — дея ҳар томондан ҳайрат аралаш саволлар ёғила кетган, таҳририят аъзолари бир-бирларига қараб қолишган эди. Бу қарашларда: «мана, қандай одам билан ишлаётган эканмиз! Махсус бўлимнинг кўзи қаерда?» деган маъно ҳам ётар эди.

Нима бўлса, бўлди деб, мен яна чинига кўчдим. Xудо асраса, шу чин-рости билан ҳам асрайдигандек эди:
— Асли холаваччамиз, лекин ўзи бизга акадек бўлиб кетган.

Ҳайхотдек хонага оғир сукунат чўкса, ёмон бўлар экан. Одамлар бир оғиз сўз, бир ҳаракат билан бошларидаги «бахт қуши»ни учириб юборадигандек қилт этмай қолишган, нигоҳлари ер чизар-у қулоқлари динг ҳолда бош муҳаррирнинг ҳукмини кутар эдилар.

Ниҳоят узун стол бошидаги кичик жуссали, қора-тўри одам олдида қоғоз шитирлади. У киши энсаси қотган пайтлари одамнинг афтига эмас, каттакон хона-нинг бир бурчагига қараб айтадиганини айтиб олару жаҳлдан ҳам тез туша қолар эди.

Мен шу дақиқада «яхшиям шу одам бор, бўлмаса, манави «дев»лар мени хомталаш қилиб, ютиб юбора қоларми эдилар. Xудо унга тўзим берсин» деганча тик турар эдим.
— Аввало, бизда қоида қандай, Файзуллахон? Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўймоғи керак эмасми? Сиёсий фелетонни ҳамма қолиб, шуларга берасизми? Айб ўзларингда. Машина юбориб бўлса ҳам таржимонни топдириб келиш керак эди! Сизлар эса, шундай нарсани кимга ишонибсизлар! Ҳол қўйиб ағдариб берса, ким жавоб берарди?! Сизга эса, ўртоқ Маҳмудов, уч кун жувоб. Ўйлаб келинг, бундан кейин бизнинг даргоҳда ишлай оласизми-йўқми? Ўшанга қараб тақдирингизни ҳал қиламиз. Боринг.

Мен чиқиб, ўзлари қолишди.

Қайси «дев» зўр бериб, қурбонлик талаб қилару қайсиниси афв этиб, гуноҳимдан ўтилишини истар эди, у ёғини билмасдим. Мен уларнинг чангалидан қутулганимни ҳам, қутулмаганимни ҳам билмасдим...

Ўшандан бери ичкари уйга қамалволиб, ёстиқ қучоқлаб ётибман. Уйдагиларнинг назарида бир топшириқ олганману ўшани ёзиб битирмагунча чиқмайдигандекман. Нон-чойларимгача опкириб беришяпти. Мева-чева, ширинликлар, тансиқ таомлар илинишади, қани ишим бита қолса.

Ўзим эса, каллам ғум, на ухлаб-ухлай оламан, на «ёзиб-ёза оламан». Одамларга-ку умуман, кўрингим йўқ. «Уч кун жувоб»га шунчалик, ишдан бўшатиб юборишса, нима қилар эканман?! Калламга эса, бир эпақали фикр кела қолмайди. Нима гап топиб боришим керак экан, бош муҳаррир нимани истайди, ялиниб-ёлворишимними, тавба-тазаррумними, униям билмайман.

Қолаверса, нега тавба қилишим керак? Ўша кўнглимга ёқмаган нарсадан бош тортганим учунми? Асли ўзи бизнинг бўлимга тегишли бўлса ҳам майли экан, тегишлимас-ку. Демак, қайтаришга ҳаққим бор.

Улар-чи, шунга сиёсий тус беришга ҳақлари борми?

Шу ерга келганда тилим айланмай қола бошлар эди: биронта эрмак газетада ишласам бошқа гап эди. Ўзимни тинчимни кўзласам бўлаверарди, билинмасди. Бу республиканинг марказий газетаси, ҳар нарсага сиёсий баҳо бериладиган жой бўлса, шуниси нозик эди. Мен эса, кайфиятимни сездириб, чув тушиб ўтирибман. Бошқа рўкач топишим керак шекилли, токи ожиз жойимдан ушлай олмасинлар...

Шунда ҳам иккита нарса менга қоронғи эди: улар бу мавзуни ёқтирмасимни қайдан била қолдилару уни хориждаги акамга қандай боғламоқдалар? Тўғрироғи, бу нарсани қаердан билибдилар? Ким айтган бўлиши мумкин?..

Қоронғи уйда қамалиб ётганимдан фойда йўқдек эди, ичим ҳам эзилиб битмоқда эди.

Ахийри бирон нажот умидида отланиб чиқиб, шаҳарга сурвордим. Чаман акамни уйдан топсамоқ ҳамма мушкулотдан бир йўла қутуладигандек эдим.

Идорада бекорга «махсус бўлимнинг кўзи қаёқда» деган гап бўлгани йўқ. Бу бўлимга эса, Чаман акамнинг сўзи ўтиши мумкин. Ўша бўлим «у одамнинг буларга даҳли йўқ десаёқ...» Қандай шайтон ёзғирди, шу фикр калламга урилганиданоқ феълим айниди. Ўз-ўзимни ёмон кўриб кета бошладим. Назаримда, мендан палид одам йўқ эди! Йўқ, Чаман акамдан бундай ёрдам сўрамайман, зинҳор ва зинҳор! Ундан кўра, бор гапни айтиб, маслаҳат сўраш лозим. Балки акам учун жондан азиз ишхонамдан ҳам кечсам арзир?!

Аммо омад юз ўгирган эканми, Чаман ака ҳар галгидек уйида эмасди. Ноилож, хат ёзиб, ташлаб келдим.

Умидсиз, несиз, сувга тушган бўлкадек бўшашиб уйга қайцам, кўча эшик тагида алмисоқдан қолган бир «друндалет»1 турибди. Қувониб уйга югуриб кирсам, Олим акам кутиб ўтирибди.

Ёмби топгандек қучоқ очиб бориб, бағрига ўзимни ташладим. Негадир ўзим сир бергим келмаса-да, сал нарсага ўпкам тўлиб, овозим ўзгариб бормоқда эди. Ич-ичимдан Xудога тавалло қиламан: «Тангрим, ўзинг тўзим бер. Тилиму дийдамни маҳкам эт. Ўзингдан бошқа мураббийим йўқ, ҳар номардга муҳтож этма!» Шундай онтлар ичаётган бўлсам-да, назаримда, Xудонинг ўзи уни етказиб тургандек туйилаверар эди.
— Шанбаларда ҳам уйда ўтирмагин. Ишхонангдан нима топгансан? — деб гина қила кетди Олим акам.
— Йўқ, ўзим шундай, — деб сир бергим келмади яна. Қолаверса, ойимларнинг олдиларида у гапдан оғиз очиб бўлармиди!
— Шунақа, уйга сиғмай қолгани камдек «ичимдагини топ» бўлиб олган, — деб койиндилар ойим.

Мен ичимга сиғмаса-да, сипоришладим:
— Ёдгор билан боғизнинг тагига, балиқ овига ўтамиз, деб неча кундан бери отланамиз. Майли, десангиз эртага...

Олим акам орқасидаги духоба ёстиқлар сиғишмай, бирини олиб ташлаб, бошқасига суянди ва чапаничасига қўл силтади:
— Ўтмаганинг ҳам яхши бўпти, мен йўқ эдим.

Тушунмай оғзига тикилдим:
— Нечук?

У ойимларга бир қараб олиб, эмранди:
— Жамбулда сафарда эдим. Икки ҳафтадан бери ўшақларда юрибман. Ундан Янгийўлга ўтиб келяпман.

Ойим ўзларича жилмайдилар:
— Илгари у ёқларга мурид овлагани чиқишарди, ҳозир нима бор экан?

Олим акам ҳам сирли кулди:
— Мен эсам эшонзодаларнинг изини излаб юрибман.

Ойим сергак тортдилар:
— Қанақа эшонзода? Кимларга тегишлув?
— Пир даражасига етган бир одамнинг илтимосимиш... Ўттизинчи йиллардаги «қоч-қоч»да аҳли аёлию фарзандлари қолиб, ўзи хорижга ўтиб кетган экан. Энди томирларини. Тўрамдан сўраб келишибди.
— У киши ўзлари уй қамоғидалар-ку, қайдан билсинлар, — дедим.

Олим акам Аллоҳнинг даргоҳи кенг деган маънода қўл тўлғади:
— Қараки, сўратган одам ҳам шулардан экан, она томондан Тўрамнинг томирлари чиқиб қолди.
— Ё Аллоҳ, кушойиш бераман деса шу-да, — деб юбордилар ойим, у кишининг кўзлари бирпасда нам-ланиб кела қолиб, кафтларини мижжаларига босдилар.
— Топдингларми? — дедим ҳайратланиб: Ахир орада қанча йил ўтиб кетибди, пушти паноҳларидан айрилган у ёлғизларнинг бошига не кунлар тушмади экан, манави муштипарларга ўхшаб?! Ойимларни, бизни қора тортиб ўтирганида шунчалик, уларнинг ҳоли не кечди экан?!
— Тўрам айтувли одамларга хат битиб берган эдилар. Суриштира-суриштира Жамбулгача бориб келибмиз. Ахийри бир яхши одам бир кишини бошлаб келиб мушкулимизни осон этди-қўйди. Дунёда савобталаб, Аллоҳ розилиги учун жонини бериб юборадиган одамлар кўп экан. Бўлмаса, ўттиз йил илгариги изни топиб бўлармиди?! Янгийўлдан топдик ахийри.— Олим акам ўша хорижда, яна Маккаи мукаррамада пир даражасига етган одам учун фийсабилиллоҳ ҳаракат қилгани учунми, ё Тўрам тақсирнинг бир оғиз илтимосларини ўринлатиб келгани учунми, тоғ ағдарган одамдек хурсанд эди. Ўзини енгил, эмин-еркин ҳис этар эди. Балки орқасида бўлак гаплар ҳам бордир. Айтмай тургандир?

Лекин шу топда унга сидқидил ҳавасим келиб турса-да, ўзимни тушуниксиз ҳислар қамраб бормоқда эди. Чиндан ҳам дунёнинг ишлари қизиқ. От айланиб-айланиб қозиғини топиши шумикан? Кечагина ўлган-тирилганига қарамасдан ҳукуматга хизматдан бўлак нарсани билмаган одамнинг бугун савоб умидида шаҳарма-шаҳар кимнинг зурриётларини излаб юриши — чиндан ҳайратланарли эди. Ҳамма ҳам шундай қила олсин-чи, қунт қилган фурсат топмас, фурсат топган ўз ташвишларидан ортмас. У эса, уй-жойини, ўзини унутиб, шунинг кетида юрибди. Мўмин мўминга бундан ортиқ қайиша олмас.

У шундай яхши ташвишлар билан куйманиб юрганида мен ишим орқага кетиб, тақдирим нима бўлишини билмай (бу ҳақда ҳатто бировга ёрилолмай!) уйда кўмилиб ўтиришим чиндан ғалати эди. Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи деганлари шумикан? Олим акамдек одам йўлини топиб олганида мен қоронғи кўчага кириб қолсам, жуда-жуда ғалати-да. Нималар бўляпти ўзи? Нимада адашдим, хато қилдим? Ё ким билиб ўтирибди деб, ўша нарсани ўгириб бераверишим, ичимдаги нарсага тупуришим керакмиди?! Ҳеч қачон! Мен ундай қилолмасдим, бошимда қилич туриб, дор олдига олиб борсалар-да, рози бўлмасдим! Шу менинг «мен»лигим эди! Ҳамма-ҳамма билан мен Султон акамга ўхшаб, эътиқоди-иймонини деб ватанидан айрилганларни сўколмасдим, хоин деб атолмасдим! Ҳамма томдан ташласа-да, мен ташлай олмасдим! Ўша дор тагидагилар тарафга ўцам-ўтиб кетардимки, уларни сота олмасдим. Шуни деб балки уч кун ўтиб, ишдан ҳам кетарман. Ҳозир-чи, қадримга йиғлаб ўтиришим қизиқ. Танамга ўйласам-чи! Ким комил бўлиб туғила қолибди! Инсон қадрига йиғлай-йиғлай ўзини танийди, ўзлигини топади-ку. Бизга ҳам шу йўлни босиш насиб этибди, Ўзига шукр қилмайманми?!
— Аллоҳ рози бўладирган кўшиш экан, савобнинг тагида қопсан, болам, савобнинг тагида, — дедилар ойим мутаассирланиб.
— Суюнчиси-чи, суюнчиси? Катта бўлгандир? — дедим мен унга тегишиб.

Олим акам хижолатланиб илжайди:
— Xолам айтганлари етади менга. Аллоҳ розилигидан ортиғи кимга керак! — деди у. — Қолаверса, бу ёқда бу Тўрам хурсанд, у ёқда у Тўрам хурсанд. У кишининг мушфиқ завжалари, ўғил-қизлари хурсанд. Икки ўртада турган муфтий тақсир сидқидил дуо қилдилар. Бундан ортиқ нима керак менга?!
— Юз йилга татийдиган иш бўпти! — деб юбордим мен.
— Икки дунёингга етарли, бўпти, болам. Бунақа савобни ҳамма ҳам топсин-чи, — дедилар ойим. У киши таъсирланганларидан ўтирган ерларида шаша-дока рўмолларининг учини дам у, дам бу мижжаларига босар эдилар.
— Бу ҳали ҳаммасимас, хола. Тўрам тақсир ўша муфтий домлага бир хат битиб бергандилар, оборсам: «Бизга шунчалик қайишиб, Олтинхон тўрам олдиларида юзимизни ёруғ этган Тўрамга жонлар нисор бўлсин. У кишининг илтимосларини адо этмак бизга фарз ҳам қарз. Ҳажга ўрин излаб кўрамиз», — дедилар у киши.
— Ҳажга ўрин, ким учун? — дедим ҳеч нарсага тушуна олмай.

Олим акам ўзига ярашадиган бир тарзда иссиқ жилмайди ва овозини пастлатиб мен томон энгашди:
— Ёдгор билан мушфиқа келинойимиз учун. Биласанми, нима дедилар Тўрам? «Ўғли эр етиб қолди, онасини Каъбатуллоҳга олиб бориб, замзамларга қондириб келсин. Ҳаж асносида дардлари ариб кетгай, иншааллоҳ», дедилар.

Мен ич-ичимдан бир енгиллик туйиб:
— Ана, бор экан-ку давоси! Шифоси ўша замзаму сим-сим калиди ҳаж талбияси «Лаббайка, Аллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарика лака лаббайк1»... эканми?... — деб юбордим дарди-дунёмни унутиб.

13. Доғи ватан ёхуд ғариб диёр сувратлари нималардан сўзлар?

Жаҳонда нима улуғ — лафзнинг устидан чиқмоқ улуғ! Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламдан қолган бир суннат. Нажоший диёридан орт-тирган ўша биродари ўзи занжи бўлса ҳам иймони бутун экан. «Сен туфайли кином дунёга танилди, оғизга тушди. Аввало, Аллоҳ, қолаверса, сен қўлламасанг, «Ҳижрат юрти»ни икки дунёда бундай чиқаролмасдим. Тила тилагингни!» деб келган ўша Қора дарвеш унинг бир оғиз илтимосини қандай ўринлатибди! Биродари Султонмуродни қора юкчи-сувратчилари қатори ола кетиб, уни ота мавзе-мавозеларига қадар олиб ўтиб, у азиз диёрнинг Яккабоғу Каттабоғдек кўзга тўтиё эца арзигулик жойларини тасвирга тушириб кепти! Оҳ, бундан ортиқ илтифот бўлуви мумкинми?! Ватандан бундан ортиқ эсдалик-муждалар келтирув мумкинми?! Ўзи қора бўлса ҳам кўнгли «Хажарул асъад»дек оқ экан, пок экан! Аллоҳ рози бўлсин, саъй-ҳаракатларининг ажрини тўлиқ қилиб берсин, илоҳим.

У хайрлашиб кетдию Баҳриддин ўзини аллақандай ғариб сезиб қолди. Ҳозиргина меҳмон супаси, ҳовли-жойлари улар ватандан келтирган муждалар билан тўлиб тургандек эди, тўйхонага ўхшаб кетган эди. Улар жўнаб кетишдию ҳаммаёқ ҳувиллаб қолди. Султонни Жиддада қолдириб келишмаса, бунчалик ёл¬ғизланиб қолмасмиди. У Маккага ўтиб кетганмиш, ўшанақаси Олтинхон тўрам билан учрашиб, қайтишда кирадиган бўлганмиш. Унгача ичикиб қолмасин деб, она диёр суврати туширилган видеотасмалардан бир донагинасини ташлаб кетганмиш. Бу хамир учидан патир, кейин бамайлихотир кўрамиз, деганмиш. Бунда ҳам бир ҳикмат бордирки, Аллоҳ шуни хоҳлабди.

Баҳриддин она юрт хабарларидан ўзини қўярга жой тополмай қолган, ҳозир эса, ҳовлиларига қадар туташиб келган хурмозорлари тагидаги меҳмонсупаларни оёғи олти, қўли етти бўлиб. йиғиштириб юрган завжасини имлаб чақирди:
— Қўй, онаси, хизматкорларга ҳам иш қолсин. Бери кел, қара, улар бизга ватандан нима келтирлар. Бунақаси етти ухлаб тушингга кирмаган. Остки қаватдаги салқин уйга жой қилсанг, бирга-бирга ўшани кўргаймиз. Ўзимиздан бўлак ҳеч кимни қўйма. Xоҳласак, кўзёшларга эрк берамиз, хоҳласак, қайта бошдан кўриб бўзлашамиз. Бўлақол, — деди.

Марғубабону эрининг охирги сўзларидан чўчибгина ярим йўлда тўхтади:
— У нима, адаси? Ўзиз буюрганмисиз? Ё ўз билгиларича, бирон нарса топиб келтирибдиларми?
— Кирсанг, кўрасан, — деди Баҳриддин ҳалитдан бўғзига бир нарсалар қадалиб кела бошлаб, овози ўзгаргани ўзига ҳам билинмоқда эди. — Биз туғилиб ўсган маъвони, сен келин бўлиб тушган жойларни сувратга тушириб қайтганмишлар.

Марғубабону бу хабардан икки юзини ушлаб қолган эди, юзлари уятданми, нимадан, балки чимилдиқда ёлғиз қолганларини эслаб, лов-лов ёнмоқда эди:
— Вой, Муржимондаги ўша ҳовли-жойларизни-я?
— Топдик-топдик, кўча ёқасидаги ўша узун болохонали уй омон қолган экан, дейдилар. Қари толлар қирқилиб кетганмиш-у, том омонмиш.
— Субҳаналлоҳ, шунча йил кечиб-а? — Икки оёғидан бор мадори ерга ўтиб кета қолганми, аёли турган ерига ўтириб қолган эди.

Баҳриддин унинг бу ҳоли-аҳволидан қўрқиб кетиб, оёғини қўлга олиб югурди. Бориб завжасининг қўлтиғига кираркан:
— Ҳолинг келмаса, майли, онаси. Мен сенга илинган жойим эди, — деб тасалли бера кетди. — Балки жиндек сув ичиб юборсан ўтиб кетар?..

У сув чақиргунча бўлмай, Марғубабону енги билан елпиниб, сал ўзига келди:
— Ҳечқиси йўқ, адаси. Ўтиб кетди шекилли, — деб туришга унналди. — Айтишга айтиб қўйдиз, энди чидаб бўладими, юрак узилиб тушади-ку.

Улар пастки қаватдаги салқин уй томон юра бошладилар.
— Майли, майли, ўзингга қара, ўзинг биласан, юрагинг кўтармаса, кейин ҳам кўраверамиз, — деди Баҳриддинхўжа унинг кўнглига қараб.

Аммо аёли бош тўлғаб, яхшиман, деган каби жилмайди, сўнг қўлтиғидан чиқиб, ўша салқин хона эшикларини очгали ошиқди: ватан соғинчи, ватан сувратлари олдида бўлак нарсалар ўтаверсин эди!

Улар ўша салқинлатиб қўйилган хос хонага кирдилар-да, ҳар эҳтимолга қарши эшик илгагини ҳам илдилар. Ватандагидек қилиб усталарга ясаттирилган хонтахта ёнига, қўшқават кўрпачаларга чўкканча, таш¬қаридаги жазирама иссиқни унутиб, бошқарув тугмачасини босдилар. На тасма шиғиллади, на телевизор маҳтал этди. Ана буни техника деса бўларди! Тугмачани босган онда ойнаи жаҳон тасвирхонаси очилиб, юракни орзиқтириб юрт жамоли юз очган ва ўзига оҳанрабодек тортган эди.

Аввалига кўз олдиларида таниб бўлмас даражада янгариб кетган улуғ шаҳар пайдо бўлиб, ҳеч нарсага тушуна олмай турдилар. Сўнг у ҳам орқада қолиб, тасвирга олаётган киночилар тушган машина кунботарга қараб оққан аллақандай канал ёқалаб бора бошлади. Қарангки, унинг икки чети кета-кетгунча текис бўй талашиб ўсган мирзатераклар эди, уларнинг барглари шабадада учирмақанот қушчалардек париллагандан-париллар эдилар. Мана буни она диёр деса бўларди! Шамолда кўк уклардек шилдираган мирзатеракларни кўриб, ҳар иккалаларининг-да юраклари тўкилишга тушган эди. Бу қайси сув эканки, қирғоғида беҳисоб тераклар бўй талашиб улгурибди? Устига устак, сув ёқалаб кетган кафтдек текис йўлнинг бу ёнидаги оқ уй-олабаргоҳларни ҳеч таниб бўлмас эди. Уни қаранг, ҳатто сув устига ҳатто бетон кўприклар солиб ҳам улгуришибди. Аммо у қаер эди, ҳеч таний олмасдилар.

Йўқ, ана, ўша кўприк ёнида осма тахта кўприк ҳам кўриниб, энди тасвирчилар ундан кимнидир ўтказиб сувратга ола бошладилару... у росмана лопиллашга тушиб, Баҳриддинхўжа ўзини тута олмай қолди:
— Ие-ие, ахир бу Оқтепанинг осма кўприги-ку! Ўзимизнинг Бўзсув-ку, онаси! Танидингми?
— Вой, ўшами? Новзадан бораверишдаги кўприкми? Ўшани айтасизми? — деди аёли.
— Ана, ана, чапга бурилишди! Йўл илгариги ўрнида қолган экан! Новзани кўчаси билан Чўпон отага қараб келишяпти! Мени айтди дейсан! — ҳовлиқди Баҳриддин хўжа. — Сен қараб тур, йўл ёқасида ҳо-зир азим садақайрағоч чиқади: агар суриб ташлашмаган бўлса.
— Вой, нега суришади, адаси, неча юз йиллик нарсани-я? Унақада нима қолади?! — деб ачинди аёли ҳалитдан.
— Сен ниятларини билмайсан, онаси. Бу халқ ғурурланадиган нарса борки, ҳаммасини йиқадилар, қирқадилар, йўқотадилар. Сен нимани билардинг, — деди хожаси.
— Шу зилзила баҳона ўзларини кўчириб, жаннатдек боғларимизни тортиб олишганмишми, адаси? Қаранг, ҳаммаёққа тошқўрғонларни «екиб» ташлашибди. Боғлардан асар кўринмайди-ку.
— Улар бўладию қолдирадими! Тағинам ҳаммасини кун-паякун қилиб улгурмасларидан сувратга олиб қолишибди. Бўлмаса, таниб бўпсан эди!

Шу орада киночилар машинаси тагидан бир ан-ҳор сув оқиб чиқаётган кўприкдан ошиб ўтиб, расталарию дўконларининг томлари очиб ташланган бир гузарга кириб бора бошладию Баҳриддинхўжа уни таниб қолиб, «воҳ-воҳ»лаб юборди:
— Во-оҳ, онаси! Бу ахир Чўпон ота-ку! Ҳароб бўпти-ку гузаримиз! Мен сенга нима девдим?! Жаннат диёримизнинг урвоғини ҳам қолдирмайдилар, ғурурланадиган ҳеч вақомиз қолмайди, демабмидим?! Гузарсиз, ҳовли-боғларсиз — биз киммиз?! Ҳеч киммиз-да. — Аламданми, нимадан кўкраги симиллаб кетди, аллақаери туз сепилгандек ачишарди.

Шу тоб катта йўл ёқасида ўша айтгани — азим садақайрағоч кўриниб, иккалалари-да шошиб қолишди: Ҳайхот, унга нима бўлган эдики, бутун бошли улкан сада таг-туги билан қуриб битган, айни баҳорда биронта ҳам барг ёзмай, чумчуқвойларга ин-ватан бўлиб қолган эди!
— Ана, холос! Мен сенга нима девдим? — деди Баҳриддинхўжа ичи сидирилиб, — Уларнинг қайси касофатидан қуриб ҳам битибди-ку.
— Ҳечқурса, қирқилмай қопти-ку, адаси, — деди аёли.
— Қуриган дарахт қачон бир яхшилик келтирган? Ўзбек борки, касри-касофати урмасин деб, ўша заҳоти арралаб ташлайди. Булар эса, тегишмабди ҳам! Шундан билавер, ниятларини!..

Атрофда осмонни ҳам тўсгудек битиб-битмаган маҳобатли тошқўрғонлар кўринар, улар ўртасида илгариги боғлардан на бирон дарахт, на бирон ишком-боғ кўзга ташланар эди. Ҳатто сойларгача кўмиб, чимзорларга довур суриб ташлашибди.
— Ана сенга диёринг!.. — деди Баҳриддинхўжа «нимасини соғинасан, нимасини қўмсаб бир ерларга етасан», деган каби.
— Қай гуноҳимизга Аллоҳ диёримизни бу кўйга солибди, адаси? Гуноҳимиз борки... — деди аёли овози қалтираб.
— Бор, бор. Бўлмаса, бало юбормасди, — деди хожаси овози ўзгариб. Унга пиқиллаб аёли қўшилди:
— Ҳикмати нима экан, адажониси?
— Аввало, биз ўзбеклар ўзимиз ноаҳилмиз, иттифоқ эмасмиз. Агарки, — У туриб, қайтиб ўтирган, ўзини бироз тутиб олган эди. — Олтинхон тўрамга, Султонга ўхшаган кишилармизнинг этагидан маҳкам тутганимизда эди, мана бундай жаҳонга тўзиб юрмасми эдик, муқаддас еримизни келгиндиларга бериб қўймасми эдик?! Энг аввало, Аллоҳга суяниб, Ўзига таваккул қила билганимизда, шу кунларга қолмасми эдик!.
— Уни қаранг, адаси, қаранг, бизни болохона, бизни том-ку, эсладизми? — деб юборди аёли кутилмаганда ўрнидан туриб кетаёзгудек бўлиб.
— Эслаганда қандоқ, таниганда қандоқ, — деди хожаси йиғими, нима босиб келганидан овози битиб, сўнг ҳийла вақт ўзи эсини таниб, эр етган ўша ватан суратига термулиб қолиб, ичини тўлдирган ҳислардан мингдан бирини тилига кўчиролди. — Сен келин бўлиб тушган, мен бахти қарога куёвлик насиб этмаган уй— гўша-ку, — деб томоғига тиқилиб келган йиғини қулт ютиб, қўшди. — Тақдирнинг ёзмиши бундай экан, мана, қай диёрларда ўзи топиштирди. Қўша қарувимиз, бир этак бола-бақра кўриб юрувимизни... кўрмагандан падаримиз кўрмадилар, кўрмагандан онаизорим кўрмадилар. Куйгандан улар куйиб ўтишди.

Бу сўзлар шунчаки сўз эмасди, йиғламаганни ҳам йиғлатадирган, бўзламаганни ҳам бўзлатадирган сўзлар эди. Дунё кўрган, бу кунларга етгунча хўб оғирчиликларни елкага олиб не машаққатларга миқ этмаган эр кишининг ич-ичидан қайнаб чиқаётган бир сўзлар эдики, уни пиқ-пиқ йиғлаб тингламоқ мумкин эди, ўртага бирон сўз қўшиб бўлмас эди.
— Оҳ, онаизорим, ғамгузорим! Xудо фарзанд бермагани камдек асрандилари тўйини кўришга ҳам қўймагандилар-а!.. Биз бояқишларга куёвлик кийимларида гўшангага кириш насиб этмаса-я... Билмадим, бу воқеалардан эслари оғиб қолмадимикан кейин?..

Уни тинглайтурган ёлғиз завжаси — нима қилса ҳам аёл киши — ўзини тутолмади, тутолмайин хўнграб юборди:
— Нимасини айтасиз, адаси, сиз нимани ҳам кўрибсиз! Шом тушди дегандан у киши келинлик уйимнинг остонасига ўтириб олиб, «Баҳриддинув, Баҳриддингинамув»лаб чақиришга, чақириб бўзлашга тушар эдилар. У бўзлашларига бир мен чидар эдим, бутун олам чидолмасди. Ҳамма уй-уйига кириб кетар, бир мен қора ошхонада ёлғиз қолиб, хун-хун йиғига ботар эдим. Осмон йироқ, ер қаттиқ эди, адаси. Сиз эса, кела қолмасдингиз.
— Тақдирнинг ёзмиши бу, онаси, Xудонинг хоҳлаши, — дея оларди хожаси.
— Кейин мен кетдим, адаси, у киши менга жавоб бердилар. Не умидлар билан келган уйимдан кетдим, адаси, — деб йиғлаган куйи тушунтирарди завжаси.
— Сенда айб йўқ, онаси, Аллоҳнинг синовлари бу,— дерди хожаси, яна кетидан таскин берарди, — Шукр қил, шунча йил ўтиб топиштирганига, бировдан кам жойинг йўқ, яна қаер, Пайғамбар алайҳиссалом юртларда кўриштирди, топиштирди, ризқ-рўз, ватан ўрнига ватан берди, шукронасини қил.
— Алҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳ, бу кунларга кимлар етди, кимлар етмади. Мен шукр этмайин, ким эцун.

Улар диёр тасвирларини-да унутиб, Аллоҳга ҳамду санолар айтишар, бу кунларга етказгани, ҳамма нарсани чеварлик билан чок-чокига тўғрилаб, уларни қўша қаритиб қўйганига шукроналар айтиб, адо қилиша олмас эди.

Ахийри эр аҳли аёлининг юзига илтижо-ла боқди:
— Шошма, онаси, биз ўзимиз билан бўлиб, бизга шунча яхшиликлар қилган, юрак ютиб аждаҳонинг комига бориб келган бир кишини, унинг мушфиқ завжаси, ёлғиз ёдгорини унутибмиз. Сен тақвоси зўр бир мусофирсан. Сенинг дуоинг қабул. Шу мард биродариму унинг мушфиқаси ҳаққига бир дуо қилки, токим қодир Аллоҳ уларнинг ҳам узулган ришталарини улаб, ўзларини топиштирсин. Жудоликларига чек қўйиб, кенг дунёнинг бирон ерини ватан тутиб, яшамоқларига имкон берсин. Оч, қўлингни, токим шулар ҳам ҳамма қатори фарзандларининг камолини, роҳатини кўриб, Ўзига ибодатда қўша қарисинлар.
— Йўқ, йўқ, адаси. Мен Тангрининг бир ожиза, шу диёрга келиб ибодатга тушган бир гуноҳкор бандасиман, холос. Улар ҳаққига ўзиз дуо қилинг. Сиз неча йилларки, таҳажжудизни узмай келаётган кишисиз. Сизнинг дуоингиз қабул. Уларга сиз рўшнолик сўрасангиз, шояд Аллоҳим ижобат эца...

Улар бу мушфиқаларга рўшнолик тилашаётган бир паллада қарангки, гунг тасвирчи олган тасмадан ажаб таниш ўранган бир аёл суврати ўтиб борар, унинг ортидаги бўй етган ёлғиз Ёдгорини демаса, у бу гўшада йиғлаб дуо қилмоқда бўлган Марғубага бир томчи сувдек ўхшаб ҳам кетар, ўхшамай ҳам қолар эди. Бу нима, рўёми, ҳақиқат, ҳар иккалалари ҳам англай олмай, аланглашиб қолишган эди.

Бу қандай каромат — улар билиша олмас, билишдан ҳам ожиз эдилар. Бу паллада эса, бояги ўғил онаси қуйиб узатган чойни гунг тасвирчига илиниб олиб бормоқда эди.
— Ё қодир Аллоҳ, чой қуйган у мушфиқа киму уни нотаниш меҳмонга илиниб олиб борган ўғил ким?— деб юборди азбаройи тўлқинланганидан хожаси. — Наҳот биродаримиз гунг тасвирчи қиёфасида ўша ергача етиб борибди?! Етган эрса, бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг сўнгсиз марҳаматидир, ундан бўлак нарса эмасдир. Ўзига ҳамду санолар бўлсин, субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм1, — дея олди.

Шу дақиқада Ватан доғида куйган диллардангина Аллоҳ шаънига шундай ҳамдлар ёғилмоғи мумкин эди, холос. Ўзи даргоҳида қабул этиб, ҳар саносини бир нурга айлантирсин охиратда, илоҳим!

Рози бўл, Чаман...

«Узр, Чаман, сендан берухсат бир ишлар қилиб қўйдим. Жўмардлигим тутиб, сарҳад ошиб қўйдим: диёрга йўл чиқиб турган экан, таваккали Xудо қилдим. Ватан соғинчи, қавм-қариндошлар рухсорини бир кўрмоқ, у диёрга интизорлик, аҳли аёлим, ёлғиз ёдгорим олдидаги қарз — қўймади. Барча-барчаси устун келди сенга берган ваъдалардан, дим кетмоқдан, не балоларни кўрган бу азиз бошдан. Таваккал қилмоқ вақти келган эди, ўзимни Аллоҳга топшириб таваккал қилдим. Мардни қилич ҳам олмас, шайтон ҳам йўлдан уролмас, ботирни Xудо ҳам асрагай, деган гапларга ишондим. Ўша қора-қураларга ёлланиб бўлса-да, жондан азиз юртга кириб бордим.

Узр, бу ният, бу жиҳодимни сизларга хабар бериши мумкин бўлган пашшадан ҳам сир тутиб, Аллоҳ ўзи кечирсин, Олтинхон тўрам қаватларида эътикоф ўтиргани кетаётган жойимда сафарни ихтиёр эттим. Шундай — ватанга йўл чиққанда — эътикофдан ҳам кечмоқ, ортга сурмоқ мумкин экан.

Ватанни севмоқ иймон жумласидандир дедилар Тўрам ҳам. Сўнгра ё хуббил ватан, дея йўлга чиқдик. Ватан ҳаволаридан бир бора нафас олмоқ учун, сарҳад ортида қолган у азизларим бирини рухсор кўрмоқ учун мен ҳар нарсага тайёр эдим. Ахийри ўша қора-қураларга юкчи бўлиб ёлланишга, гунг-соқов бўлиб бориб-келишга рози бўлдим. Розилик ҳам гапми, бора-боргунча, кела-келгунча уларнинг пой-патаги бўлишга-да тайёр эдим.

Билмадим, Баҳриддин улар билан қандай тиллашган, қандай кўндирган, лекин мен бу сафар учун гунглик экан-ку, ҳар нарсага рози эдим. Фақат икки дийда—икки қароғим очиқ бўлса бас эди! Сарҳад ортида қолган у мушфиқам, у жабрдийдаларимни ўз қароғим-ла бир кўрсам, бу жаҳонда соғ-омон эканликларини билсам кифоя эди.

Чаман, бил, мен ишонтириб келган мушфиқам ҳаққи қайтиб бормаслигим мумкин эмас эди. Кўрмагунимча кўнглим жойига тушмасди. Тинчимасдим. Xабар беролмаганим-беролмаган, бормасам, ҳолидан хабар олмасам кейин тонгла Маҳшарда Аллоҳ олдида ким деб аталардим?!

Тушун, мен қоидани бузиб, сени абгор қилиш учун эмас, осмон никоҳи узилмаган ўз завжам — оиламни деб, пушти камаримдан бўлган тирноғим — Ёдгоримни деб бордим. Сен ватан соғинчи нима билмассан! Ватан соғинчи нима, ватандан қувилганлардан сўра! У соғинч ўртаб келганда ҳамма нарса бир томон, ватан ҳам бир томон бўлиб қолувини, унинг ҳаволаридан бир бора нафас олмоқ, сувларидан бир қултумгина ичмоқ жаҳондаги жамики нарсалардан азизроқ бўлиб қолувини дўстим, сен қайдан ҳам билардинг?! Бунинг учун менинг куйимга тушмоғинг, сарҳадларда кулбасига йўлай олмаган ит каби дарбадар дайдимоғинг, зор-зор йиғламоғинг керак, Чаман.

Узр, мен сени ғафлатда қолдирдим. Ғафлатда қолдириб сарҳад ошиб бордим.

Мени сизникилар нима деб атасинлар-атамасинлар, халқим ким деб ўйласин-ўйламасин, юртим ўзим учун ўша-ўша азиздир, миллатим ўша-ўша қадрлидир, мен ўлсам-да, ундан кеча билмасман, Аллоҳнинг омонатини қаерда топширмайин, ўша ватанимни, шу динимни, ўша азизларимни сўнгги нафасимга қадар унутмасман. Майли, элим мени қувғинди деб атасин, халқим сиғинди деб билсин, мен ўзимни улар билан эту тирноқдек деб биларман. Бу ҳижрат ҳаммага ҳам насиб қилавермас! Аллоҳим бизни шу ҳижрат билан синабди, тақдирлабди, шунисига ҳам шукр. Ўзи азиз қилган юртларга етказмай, тили, дини бошқа бир юртларга итқитганда, ўшандай Xудо қарғаган бир тарафларда дўзах азобини тотмоқни раво кўрганида нима қилардим?! Ё бўлмаса, Тангритоғнинг ўзида келгиндилар чангалида қолдирганида додимни кимга айтардим?! Жиндек омадим бораканки, қайсибир ишларим Аллоҳга хуш келган эканки, бу ёқларни раво кўрди, эмин-еркин ўзига тоат-ибодатда бўла оладиган диёрларга етказди. Пайғамбар юрт-ларига қадамимиз тегди, шукр.

Биламан, сизлар анойимассиз. Тузумингизга хавф сола олгувчи ҳар битта мужоҳид-қувғинди қай мамлакатда нима билан нафас оляпти, нимани дилига туккан, дарди нима — ҳамма-ҳаммасидан хабардор тургувчиларингиз бор, кўз-қулоқларингиз сон минг. Шунчалар устомонсиз. Лекин макрингиз Аллоҳнинг макри олдида ҳечлигини билмайсиз. Аллоҳ истаса, ўша душман тугул қуш ҳам учиб ўтолмассалтанатингизни бир кечада ўтмишга итқита олишидан бехабарсиз. Шунчалар ўзингизга мағрурсиз, мафтунсиз.

Қолаверса, Чаман, мен ҳам шу темирқўрғоннинг қанчалар маҳкамлигини бир синаб кўргим келди. Йўқ, ниятим сизларни доғда қолдиришгина эмасди. У даргоҳларнинг кўзига чўп солиб бўлса-да, азизларимни кўриб келиш эди, қиёмат қарздан қутулиш эди. Ҳатто мени ола кетган ўша занжи киночиларнинг ўзи-да менинг кимлигимни билмасдилар. Пластик операциядан кейин ўзимни ўзим танимай қолганимни билсанг эди! Чаман, биламан, сен бу ишимни оқламаслигинг тайин. Шаккоклик деб аташинг, кўра-била туриб, дор тагига бориш, қилич дамида юриб, сирот кўпригидан ўтмоқ деб баҳолашинг мумкин. Лекин бу ўлгиси келган мушукнинг арслон билан ўйнашуви эмасди, йўқ. Мен ўша арслоннинг кўзини шамғалат қилгим келди ва Аллоҳга таваккал қилиб эдим, қодир Аллоҳ мендек ёлғиз жангчисига нусрат берди ва мен Аллоҳнинг бир «қора қули» ниятимга етдим.

Чаман, сен бу сафаримни, ёвуз арслон чангалидан омон ўтиб, азизларим паноҳ топган бир ергача бориб, уларни ўз кўзим билан кўриб келувимни, жудо бўлган диёримизнинг таниш сувратларини эсдаликка тасмага тушириб қайтувимни сен шаккоклик деб санама. Бу Xудонинг марҳаматидир. Бил, агар бутун олам сени душман санаб турса ҳам ёлғиз Аллоҳ сен тараф бўлса, бутун оламнинг душманлиги ҳечдир. Ёлғиз Аллоҳ ўзи асрагайдир. Мен билан ҳам шундай бўлди, бир тукимни ҳам тўкдирмай манзилимга қайтарди у.

Шу боисдан ҳам сен мендан хафа бўлишинг ўринсиздир, Чаман. Қолаверса, она шаҳримизга бориб, бир оғиз ўзимни билдирмаганимни, кўргиларим келса-да, кўришга ҳаракат этмаганимни ўзинг тушуниб етарсан деб ўйлайман. Бўлмаса, Калковуз бўйидаги у азиз гўшага бош суқмоқ, сени, Ойтўра холамларни кўриб, зиёрат этмоқ, дуоларини олмоқ фарз эди менга — сени, ўзимни аяб (аямасам бўлмасди, ҳамма-ҳамма билан сенга доғ туширолмасдим!) боролмадим. Ичларим ғурмишлаб, кўргим келиб ёца-да, нафсимни босдим, синдиролдим унинг истакларини!

Сен гина қилишга ҳар қанча ҳаққинг бор, сўкишга ҳаққинг бор. Аммо тушун, бу мумкин эмасди. Мен ёлғиз бир ният билан — у мушфиқам, у мусофиргинам, у қиёматга қадар кутмоққа рози жабрдийдам рухсорини соғиниб, бўйи бўйимга етиб қолган у ёл¬ғиз тирноғимизнинг чиройи, камоли-бастини бир қургина кўрмоқ учун ҳам, ҳар иккалаларининг ҳолидан хабар олмоқ учунгина ҳам келган эдим. Келмоқ — қиёмат қарз эди, келдим. Мен уларга бирон нима қилиб беролмасам-да, кўрмоғим, ҳолларидан хабар олмоғим ўзим учун фарз эди. Сен муҳожирлик нималигини, аҳли аёли, оиласини ташлаб, дунё кезмоқ нималигини билмайсан, дарбадарлик аламларини тотмагансан. Йўлингга кўз тутган мушфиқанг, фарзанд-ларинг кўз олдингдан ўтиб кўрмаган.

Сен тушун. Замоннинг зайли билан мен сарҳаддан ўтолмай қолганим билан, мусофир юртларда муҳожир бўлиб кезиб юрганим билан аҳли аёлим, оилам олдидаги шариат зиммага юкламиш вазифалар соқит бўла қолган эмас. Ўртада осмон никоҳи турибди, гулдек навжувон фарзандим бор, талоқ ҳам тушмаган ўртага. Уларнинг ҳолидан бир қур бўлса-да, хабар олмасликка қандай ҳаққим бор?!

У сизнинг даҳрийлик асосига қурилган давлатингиз оила муқаддас деб дунёга жар солгани билан мени ўз оиламга қўйсин-чи! Ёхуд олиб чиқиб кетаримга рухсат эцин-чи! Қўймайдиям, рухсат ҳам этмайди! Унга шариатимиз биз эркаклар зиммасига юкламиш вазифалар бир пул. Мен эсам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амрини илгари бўлмаса ҳам ҳозир устун қўяман, унга бўйин эгаман. Чунки қиёматда бу хусусларда қаттиқ сўралмоғимиз бор. Шу важдан ҳам ўша тонг-ла Маҳшарда жаноби Бош қози ҳузурида хижолатда қолмаслик учун ҳам бу сафарни ихтиёр эттим, Чаман. Ана энди тушунгандирсан, мен у қувилган диёримга не мақсадда қора қул қиёфасида кириб, яна ўша қиёфада ватанни тарк этганимни?! Бўлак иложим йўқ эди, мендан кейин биров жабр кўриб қолмаслиги керак эди. У диёрдагиларга мен жафо қилолмасдим.

Агар Чаман, ихтиёр менда бўлсами, ўзим билардим нима қилишни. Афсус, ихтиёр биздамас. Қўлимиз ҳам калта. Фақат сенга бир илтижом бор. Йўлини топиб у мушфиқам Маҳфузага бир ёрдам қил. Сен чиндан киришсанг йўлини топгайсан. Минг йиллик биродарлигимиз ҳаққи, қолаверса, Аллоҳ розилиги учун қил бу ишни. Ўзига яраша ажрини ҳам олгайсан, иншааллоҳ.

Гап шундаки, Чаман, балки мен адашаётгандирман (илоҳим, адашган бўлай!), балки кўзимга шундай кўрингандир (илоҳим, адаш кўринган бўлсин!).

Ўша сафар пайти, Мақсудларнинг янги жойдаги ҳовлисида биз хабаш киночилар у хонадонни ютақиб тасмага тушираётган кезимизда Аллоҳнинг марҳаматини қараки, менинг мушфиқам — излаган кишиларим (Баҳриддин хабар берганидек) ўша ердан чиқиб турибдилар. Кўриб, бошларим икки айланиб кетаёзди. Назаримда дунё остин-устун бўлиб икки айланиб келдиёв. Улар эса, дунёнинг нариги бир чеккасидан келган биз меҳмонларни кўриб, она-бола пастки уй айвонидан тушиб келишмоқда эди. Маҳфузам — тўлишиб дуркун тортган бир аёл, бўйи бўйига тенглашиб қолган (қара-я, ўғлимиз ўсмир ёшидан ўтиб, эр етиб қопти, елкалари барваста тортиб, онасининг чин ҳимоячисига айланибди!) ўзидек кўркам ўғлининг ортида елкасига қўл қўйиб турар, бошига мен ҳеч кўрмаган симобийранг бир рўмол ташлаган ва бўйниларига довур ўраниб олган эди, Чаман. Мен унинг бундай фаришталардек ўранган ҳолда ҳеч кўрмаган эдим, орзиққанимдан, отини атаб чақириб юборсам мумкин эди! Аммо сўнгги дамда тилимни тишлаб қолдим. Мен овоз бермоғим мумкин эмасди, бу диёрга гунг тасвирчи қиёфасида ёлланиб келгандим. Сирни уларга-да очолмасдим.

Аллоҳ шунақа пайтда Ўзи тўзим бераркан, Чаман. Эсимни йиғиб, сотиб қўйиши мумкин бўлган кўзларимни тасвир аппаратининг кўзларига босганимча қолдим... Аммо уни аччиқ ёш аллақачон қоплаб бўлган эди, шунча тикилмай ҳеч нима кўролмасдим! Шунча уринмай у ёшлардан қутулолмасдим (улар томчига айланиб, оқиб кета қолмасдилар!). Бўғзимга ҳам бир нима тиқилган, гўё жон куши юрагим бирла потирлаб чиқиб кетмоққа уринарди-ю, чиқиб кетолмасди. Пешонамдан эса маржон-маржон терлар ёғилардики, қўяверасан.

Ана шунда ўзимга келиб кўрсамки, ҳалиги йигитча — менинг Ёдгорим бир пиёлагина чойми, сувми олиб келаётир. Уни ким бериб, ким йўллади деб қараган чоғимда, Чаман, нимани кўрдим! Бояқиш мушфиқам, қўлидаги чойнакни айвон четига қўяётган экан. Шу тоб қаёқдандир баҳорнинг эрка бир эпкини келиб, унинг симобий рўмолини елкасидан кўтариб ташладию... бўйнигинасининг бир чеккасини очди-қўйди.

Сенга ёлғон, Аллоҳга чин, Чаман, мен унинг қулоқ юмшоғи теграсида таниш ва нотаниш икки бир нарсани кўриб, тахта бўлиб қолаёздим. Бири тангадек нори бўлса, унинг ёнида... ҳеч кўрилмаган оқ доғ кўзга ташланар эди...

Мен уни шу ҳолида тасмага туширишга туширдиму ҳали юрак бетлаб кўрганимча йўқ, Чаман. Илоҳим, мен адашган бўлай. У дард мушфиқамга ёпишмаган чиқсин.

Аммо мен эшитганим бор муҳожирлардан. Айрилиқ доғига учрамиш кўп аёллар ана шундай дардга йўлиқар эмишлар ва унинг давосини излаб, бир амаллаб ҳажга келар эмишлар. Иброҳим алайҳиссалом ва Ҳожар онамиз замонларидан қолган замзам ва дуо ўша оқ доғларнинг ёлғиз давоси, ювиб юборгувчиси эмиш.

Менинг мушфиқ завжамга ҳам бу диёрда нимаики илашмиш — барчаси мен туфайлидир. Орага тушган ул бадбахт ҳижрон туфайлидир. Энди сендан ёлғиз илтимосим, Чаман (шунча қилган яхшиликларингни биттаси!), уни бир эвини қилиб, ҳажга жўнат, дарддан покланиб — ҳалосланиб кецин! Маҳрами йўқ, дема, ўғлимиз бўй етиб қопти, ёнига қўш. Мендан қайтмаса, Аллоҳдан қайцин — шу илтимосимни уддаласанг улуғ савобга қолгайсан. Ва биз қиёматда Парвардигоримиз ҳузурига албатта ёруғ юз ила боргаймиз.

Рози бўл, Чаман, умр бўйи сенга юк бўлдим.

Мен яна Маккага, Олтинхон тўрам қаватларига кетяпман. Ният қилган эътикофим бор. Xайр, ошна, соғ бўл. Ўзи сени хифзу ҳимоясида асрасин.

Султонмуродинг.

Жидда».

II- qism