OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуродбой Низанов
Асар номиТелефон жинниси (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/Қорақалпоқ адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Муродбой Низанов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонИсмоил Оллоберганов (Қорақалпоқ тилидан)
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Телефон жинниси (ҳажвия)
Муродбой Низанов

Катталар билан ҳазиллашмоқ яхшиликка олиб келмас экан. Сабаби, уларнинг табиати нозик бўлади. Эҳтиёцизлик билан айтилган бир оғиз гап учун бир умр жабр тортишга тўғри келиши мумкин. Масалан...

Нашриётда эрталабдан шовқин-сурон кўтарилди.
— Ёзувчи Дўстжон Муҳамедовни жин урибди, телефон аппаратларини синдириб ташлади.
— Xой, телефонни яшир! Дўстжон келаётир.
— Эшикни бекитинг.

Бу гап-сўзлар бошлиққа бориб етди. У зудлик билан бош ҳисобчи ва касаба уюшмаси раҳбарини ҳузурига чақирди.
— Муҳамедов ойлигини олганми?
— Олган.
— Унга тўланадиган қалам ҳақидан қарзимиз йўқми?
— Йўқ.
— Яқин ўртада моддий ёрдам сўрамаганмиди?
— Сўраган эди, олди.
— Уйида ёзув-чизув билан шуғулланиш учун қалам-қоғоздан ёрдам қилиб турибсизларми ўзи?
— Албатта.
— Унда нимага ғалва кўтараётган экан-а? Айтмоқчи, баҳорда дам олишга бораман, деб йўлланма сўраб юрган эди.
— Йўлланмани ўзи қайтариб топширди.
— Нега?
— Кузда борганим маъқулроқ, деди.
— Биздан гина қилишига бирор асоси борми ўзи?
— Йўқ.
— Бўпти. Унда айтинглар, олдимга кирсин!

Бош ҳисобчи билан касаба уюшмаси раҳбари хонадан чиқар-чиқмас бошлиқ ҳузурига ёзувчи Муҳамедов кириб келди. Кайфияти ҳар кунгидай эмас. Кўзлари қизариб кетган. Унга кўзи тушиши билан бошлиқ шошилиб қолди. Стол устида турган учта телефондан биттаси жиринглай бошлади. Муҳамедов кабинет соҳибидан бурун чаққонлик билан телефонни олди-да, кўтариб ерга урди. Аппарат чил-чил синди. Бошлиқ не қиларини билмай, бир сочилиб ётган телефон бўлакларига, бир Дўстжон Муҳамедовга қаради. Шу орада иккинчи телефон ҳам жиринглаб қолса бўладими. Буниси ҳам расво бўлди. Учинчи телефон аппаратини бошлиқнинг ўзи қўлига олди ва ташқарига отилиб чиқди. Муҳамедов изидан эргашди.

Қабулхонада котиба қиз ким биландир телефонда гаплашаётган экан. Муҳамедов унинг қўлидаги телефонни юлқаб олди-да, ерга урди. Телефон ўчоққа қаланадиган тарашага ўхшаб бўлакларга бўлинди. Шу орада кимдир омон қолган телефонларнинг биридан «03»га қўнғироқ қилишга улгурди. Тезда уч нафар шифокор етиб келди ва Муҳамедовни машинага зўрлаб жойлашди.
— Ушладик, олиб бораётирмиз, — деди олдинги ўриндиқда ўтирган шифокор рация орқали.

Муҳамедов бир силтаниб, уларнинг қўлидан чиқди ва рациянинг гўшагини ўтирғичнинг темирига зарб билан урди. Рация тамом бўлди. Муҳамедов руҳий касалликлар шифохонаси қабулхонасидаги барча телефонларни ҳам бошига етди. Аслида унинг бундай телефон жиннисига айланишида ўн кунча олдин катталардан бирига бемаҳал қилган қўнғироғи сабабчи бўлган эди.

Сўнгги ярим йил мобайнида ёзувчи Муҳамедовга дурустроқ илҳом келмай, ҳеч нарса ёзолмай юрган эди. Бир куни кутилмаганда ярим кечада илҳом келиб қолса бўладими! У ёзув столига ўтириб иштиёқ билан ёза бошлади. Саҳифалар бирин-кетин тўляпти. Қуйилиб келаётган жумлаларни ёзишга зўрға улгурмоқда. Шу пайт бирдан чироқ ўчиб қолди. Муҳамедовнинг мавж уриб турган илҳоми тўхтади-қолди! Шамнинг ёруғида телефон китобини олиб ГРЭС бошлиғининг уйига қўнғироқ қилди.
— Алло! Бу ГРЭС бошлиғининг уйими?
— Ҳа, шундай.
— Сиз бошлиқмисиз?
— Ўзиман!
— Сизнинг уйингизда «свет» борми?
— Бор.
— Менинг уйимда эса йўқ.
— Навбати билан ўчиряпмиз. Ёниб қолар.
— Лекин менинг илҳомим сизнинг навбатингизни кутиб турмайди-да. Мен ёзувчи Муҳамедов бўламан. Эл оёғи тинган пайтда ижод қилаётган эдим, хонамда чироқ ўчиб қолди. Сизнинг уйингизда эса ўчмабди. Шу адолатданми ахир?!

ГРЭС бошлиғи Муҳамедовнинг яшаш жойини, телефон номерини ёзиб олиб, чироқни ёқтиришга ваъда берди. Сўзининг устидан чиқди ҳам! Сал ўтмай чироқ ёнди. Бироқ Муҳамедовнинг илҳоми сўниб қолган эди.

Эртаси куни тунда Муҳамедов телефоннинг жиринглашидан чўчиб уйғонди.
— Алло, ёзувчи Муҳамедовнинг уйими? Илҳом қалай?
— Ёмон эмас.
— Чироқ борми?
— Ҳа, ёниб турибди.
— Мен кечаги ГРЭС бошлиғиман. Чироғингизни ўчирмасликка ваъда бергандим. Шунинг учун аниғини билай деб шахсан ўзим телефон қиляпман.
— Раҳмат, раҳмат!

Уйқу бир бўлингандан кейин қайтадан кўзнинг илиниши қийин бўлар экан. Муҳамедовни хаёл олиб қочди. Шу ётишда тонгга яқин кўзи илинди.

Иккинчи куни тунги соат учда телефон жиринглади. Муҳамедов тушиммикан деб аввалига эътибор бермади. Лекин ўнгида жиринглаётган экан.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими?
— Ҳа, шундай.
— Чироқ ўчмадими?
— Йўқ, ёниб турибди.
— Мен ГРЭС бошлиғининг ўринбосариман...

Учинчи куни тунги соат учда ёзувчини хотини туртиб уйғотди.
— Туринг, телефонга чақиришяпти!
— Ким? — деди у уйқусираб.
— Билмайман.

Муҳамедов гандираклаб бориб гўшакни олди.
— Ёзувчи Муҳамедовмисиз?
— Ҳа.
— «Свет» борми?
— Бор.
— Мен ГРЭСнинг бош инжинериман.

Муҳамедов тўртинчи куни гўшакни олаётиб соатига қаради. Учдан икки минут ўтган экан.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими? Чироғингиз ёняптими?
— Ҳа, ёниб турибди...

Бешинчи куни тунги соат учгача Муҳамедов ухламай қўнғироқ бўлишини кутиб ётди. Умиди пучга чиқмай, қўнғироқ жиринглади.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими?
— Шундай.
— Илҳом қалай?
— Ёмон эмас.
— Чироқ борми?
— Бор!

Еттинчи, саккизинчи, ўнинчи, ўн олтинчи кунлари телефон жиринглаши билан Муҳамедов жавоб қилди:
— Мен ёзувчи Муҳамедовман, илҳомим жойида. Чироқ ўчгани йўқ. Ўз ҳолимга қўясизларми, йўқми?

У ёқдан дарҳол жавоб қайтади:
— Бизда тўқсон олтита оператор, қирқ саккизта техник бор. Ҳаммамизга ушбу топшириқ бўйича график тузиб берилган.

Ана шу гапдан кейин Муҳамедов телефонни деворга уриб синдирди-да, кўчага чиқиб кетди. Тонг оқара бошлагач, дастлаб қўшниларнинг телефонларини синдириб чиқди. Сўнг ишхонага келди. Қолган гаплар ўзингизга маълум.