OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМустафо Қутлу
Асар номиЮлдуз тўзони (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Мустафо Қутлу
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонПошшожон Кенжаева (турк тилидан)
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Юлдуз тўзони (ҳикоя)
Мустафо Қутлу

Ёз оқшоми.

Салқин бир ёз кечаси. Юлдузлар худди осмондан ерга энаётгандек. Гўё қўл чўзсанг етади.

Укам Кенан билан бирга томда ётардик.

Осмондаги юлдузларни томоша қилардик.

Чурқ этиб, оғиз очмасдик.

Тун қушлари ўқтин-ўқтин сайрар, ора-сира узоқлардан итларнинг вовуллаши эшитиларди.

Кенан шу вақт:
— Ака! — деди
— Ҳа! — дедим мен.
— Осмонда ҳар бир одамнинг ўз юлдузи бор дейишади, шу гап ¬ростми?
— Билмайман, балки тўғридир.
— Қайсиси менинг юлдузим экан-а?!
— Ўҳ-ҳў... миллионлаб, милли¬ардлаб юлдузлар бор, мен қаердан билай.
— Бўлди, мен шу юлдузларнинг бирини танлашни хоҳлайман, сен ҳам ўзингга танла.

Бу гап менга ёқиб тушди.
— Қани, танлаймиз.

Кенанга юлдузлар ҳақида сўз очдим.

Мактабда ўқиганларимни бирма-бир эслай бошладим. Қара, шу тескари капкир шаклидаги юлдуз Кичкина Айиқ, унинг ёнидагиси эса Катта Айиқ дейман ва укамнинг «Қани, қани, қайсиси» деган саволига аниқ-лўнда жавоб бераман.

Кенан ҳали мактабга бормаган, иншооллоҳ, бу йил боради.

У, ниҳоят, ёруғ бир юлдузни танлади. «Мана бу — менинг юлдузим» деди. Нақ Кашиш тоғининг тепасида тикка осилиб турган юлдуз. Жо¬йини белгилаб қўйдик.

Мен ҳам бир юлдузни танладим, бемаънилик, ҳа, майли шундай бўла қолсин; ҳали у бола-да.

Шундай деб ўйлашим билан бир юлдуз учди.

Ортидан нурли из қолдириб кўздан ғойиб бўлди.

Кенан ҳаяжон билан:
— Ака, қара, бир юлдуз учди. Учиб, кўздан йўқолди. Юлдузлар учиб, қаерга кетади? – деди.
— Уни билмайман, бироқ...
— Нима, бироқ?
— Дейдиларки, агар юлдуз учса, унинг соҳиби бу дунёни тарк этармиш.
— Ҳозир ҳамми?
— Шундай.

Кенан хафа бўлиб менга юзланди:
— Қарамайлик, ака. Улар яна учар, эҳтимол...
— Майли, қарамаймиз.

* * *

Тоғам келди.

Тоғам Олмониядан менга велосипед, Кенанга копток совға келтирди.

Тоғам мени болалигимдан билади, Кенанни бўлса ҳеч кўрмаган. У анча йиллар илгари Олмонияга кетган, кўпдан бери уйга келмаганди. Ҳозир таътилда. Келиши билан уйимиз нурга тўлди. Аммо тоғам тез орада қайтиб кетмоқчи, чунки таътил муддати кам экан. У мени қучоғига олиб, ҳавода айлантирди, юзи қизариб, нафаси бўғилди.
— Катта йигит бўлиб қолибсан, — деди.

Тоғамнинг қўлларини ўпдим, раҳматлар айтдим. Тоғам Кенаннинг сочларини силар экан, онамга қараб:
— Вой-бўй, худди менинг ўзим, — деди.

Онам:
— Э-э... Айтадилар-ку, ўғил тоғага, қиз бибига тортади, деб.

Биз томонларда аммани биби дейишади.

Менинг ҳам велосипедим бўлишини кўпдан орзу қилар эдим. Лекин бадавлат яшамаганимиз учун отам менга велосипед олиб беролмасди. Ёшим улғайгани сайин шаҳарчамиздаги велосипеди бор болаларга ҳавасим келиб, уларнинг орқасидан югурар, «Мен ҳам бир марта учсам нима бўлади», дея ёлворардим. Улар бермасдилар. Бизнинг шаҳарчамиз жуда кичкина, саноқли болалардагина велосипед бор, улар ҳам ўзига тўқ оилаларнинг болалариники.

Энди менинг ҳам велосипедим бор. Ҳаммасининг кўзини ўйнатаман, ҳеч кимни учирмайман. Ҳар куни ювиб, ялтиратиб қўяман. Аслида, топ-тоза, яп-янги. Шаҳарчамизда энг чиройли велосипед менинг велосипедим. Ҳатто унда учишга менинг ҳам кўзим қиймайди. Ё ўзим йиқилиб тушадиган, ё велосипедга бир нарса бўладигандек.

Аммо сабрим чидамади, велосипедимда ора-чира уча бошладим. Кенан ёнимда югурар, «Ака, мени ҳам учир, менга ҳам ўргатсанг нима қилади», дея ялинарди, лекин уни велосипедга сира яқинлаштирмасдим. «Бўлмайди, сен ҳали кичкинасан, оёқларинг етмайди, кет, коптогингни ўйна», дердим. У бўлса — йиғлар, депсинар, «Нима қиламан коптокни, мен велосипедда учишни хоҳлайман», деб минғирлагани минғирлаган эди.
— Йўқ, бўлмайди, — дердим мен.

У бориб онамга ёмонлади, онам эса менинг яхшилаб таъзиримни берди. Кенан бутунлай менга қарши эди, йиғлади-сиқтади ва ниҳоят, хафа бўлиб, овози ўчди. Жаҳлидан тушмай томга чиқди, каптарларни учириш билан овора бўлди.

«Уф... Каптарини учирсин. Мени бир пасгина холи қолдирсин».

Шаҳарча кўчаларида велосипедимда учар эканман, ҳамма менга қарар, болалар орқамдан югуришиб велосипедимни ушлаб кўришга интилардилар. «Қочинглар, ифлос қўлларингизни теккизманг», дея болаларни ёзғирардим. Уларнинг велосипедлари эски-туски. Устига-устак, ўзимизнинг мол. Меники-чи, олмон моли!

Фақат Абдураҳмонга минишга рухсат бердим.

Келди, велосипеднинг у ёқ-бу ёғини кўргандек бўлди, қутлуғ бўлсин, деди. Учиришни хоҳламади, аслида учишни билмасди.

Абдураҳмон етим. Отаси ёшлигидан ҳаммол бўлган экан. Ўтган йили вафот этди. Улар жуда фақир, онаси ҳам касал. Абдураҳмон мактабга бормай қўйди, бозорда тиланчилик қила бошлади. Ҳар ҳолда, уч-тўрт куруш топиб келади. Яхши бола, билими ҳам яхши эди.

Абдураҳмонга раҳмим келарди.

Қанийди, учиришни билса, унга велосипедимни бериб турардим.

* * *

Тоғам Олмонияга жўнаб кетди.

Ёзги таътил ажойиб ўтди.

На сойга чўмилишга бордим, на балиқ овига. Ёз бўйи умуман копток ўйнамадим. Фақат велосипедда учиш билан куним ўтди. Иккита кичкина байроқ сотиб олдим. Бири Туркия байроғи, яна бири «Фанорбоғча» байроғи. Уларни рулга тақмоқчиман. Қани энди, бир ҳуштагим ҳам бўлса, яъники, велосипед сигнали. Қўнғироғим бор, лекин уни нима қиламан. Отамга айтсам, шаҳардан менга велосипед сигнали олиб келиб берармикан?

Кенан мен билан гаплашмайди, ҳануз хафа.

Мен велосипедни етаклаб уйдан чиққанимда у томда туриб менга қараб-қараб қўярди. Аслида укамни бунчалик хафа қилмаслигим керак эди. Аммо, нима қилай, у ҳали жуда кичкина, гапга тушунмайди.

Ёнида юриб ўргатсам, уч кундан кейин ўзим учаман, дейиши турган гап. Айтганини қилдирмасдан қўймайди. Уни яхши биламан. Учишни ўрганиб олса, велосипедни ўзиники қилиб олиши тайин, кейин мени ҳатто яқинлаштирмаслиги ҳам мумкин.

Ҳали шошилмасин, бир оз кутсин. Салгина иштиёқим сусайсин. Лекин сусаймаяпти сира. Ҳатто кечалари ҳам велосипед тушларимга кириб чиқади.

* * *

Бир куни саҳарлаб тўсатдан эшик тақиллади.

Қандай тақиллаганини кўрсангиз эди. Худди у кимса уйни йиқмоқчидек. Бир эшик қўнғироғини босар, бир эшикнинг ўзини урарди.

Апил-тапил югуриб бориб, эшикни очдик: Абдураҳмон. Юзлари оқариб кетганча, бақрайиб турарди.

Отам:
— Нима бўлди, Абдураҳмон, бу қандай ваҳима? — деб сўради.
— Кенан йиқилиб тушди амаки, югуринг, — деди.

Ҳайрон бўлиб, ҳаммамиз бир-биримизга қарадик.
— Кенанга нима қилди?
— Кенан уйда эмасмиди?
— Кенанга нима бўлди?

Отам пижамада, онам тунги кўйлагининг устидан шошилганча ниманидир кийди, мен эса калта кўйлакда эдим. Ҳаммамиз ташқарига отилдик.

Йўлда кетаётиб «Кенан қаерда?» — деб сўради отам.

Абдураҳмон «Олдинда, йўл четида пастликка думалаб кетибди», — деди.

Отам билан онам шундай югурдиларки, биз — Абдураҳмон иккимиз орқада қолиб кетдик. Улар муюлишда қайрилиб, кўздан ғойиб бўлдилар.

Мен Абдураҳмондан «Кенан эрта-саҳардан ташқарида нима қидираётган экан?», — деб сўрадим. Абдураҳмон ерга қаради. «Велосипедингни олибди, уни учирибди, баландликдан пастга энаётиб тўхтата олмай, пастликка қулабди. Мен уни кетаётганида кўрдим. Ўзи бир томонда, велосипед бошқа томонда, боши қонаб кетибди», — дея зўрға нафас оларди у.

Биз воқеа жойига етиб бормасдан онам билан отам муюлишда кўринди. Отам Кенанни қучоғига олган, Кенаннинг боши отамнинг қўли устида гўё жонсиздек пастга осилиб турарди, онам тиззаларига урганича «Кетти ўғлим, кетти», — дея дод-вой соларди.

Отам ёнимиздан ўтар экан, «Бор, бувингга хабар бер, биз касалхонага кетаётирмиз, хавотир олмасин», — деди.

Абдураҳмон иккимиз турган жойимизда қотиб қолдик. Бирпасдан кейин у елкамга туртиб: »Хафа бўлма, балки фақат ҳушидан кетгандир», — деди.

Бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди, ҳўнграб йиғлаб юбордим. ўзимни ҳеч тўхтата олмайман: кўз ёшларим тинимсиз оқади. Абдураҳмон ҳам йиғлади.

Қўлини елкамга қўйди. Қишлоқ касалхонасида шифокор йўқ. Икки доя, бир ҳамшира бор, холос.

Bolani zudlik bilan shaharga, kasalxonaga olib borish kerak, debdilar. Bir jip mashina topib Kenanni shaharga olib ketibdilar. Buvim esa derazaning oldiga choʻkkalagancha koʻzini yoʻldan uzmasdi. Tinmasdan duo oʻqirdi. Qoʻshnilar ham uyimizga chiqdilar.

Abdurahmon bilan borib velosipedni koʻrdik. Egri-bugri boʻlib ketibdi: rul qiyshaygan, chirogʻi singan. Hech koʻz oldimdan ketmayotir.

Велосипедни судраб уйга келтирдик, ҳовлининг бир бурчагига суяб қўйдик.

Оҳ Кенан, оҳ! Нега бундай қилдинг?

Аммо айб менда. Уни велосипедга миндирганимда эди, ҳаваси сал бўлса-да пасаярмиди! Шунда бу фалокат ҳам содир бўлмаган бўларди. Айб менда.

Туз ҳам тотмадим. Айвонда ўтириб қолдим. Кўзларим велосипедда. Минг лаънат. Кенанга бир нарса бўлса-чи? Укам ўлиб қолса-я.

Сиқилиб кетдим. Ортиқ йиғлашга ҳолим қолмади. Нима қилсам экан? Шаҳардан ҳам бирор хабар йўқ. Кенаннинг аҳволи яхши, хавотир оладиган жойи йўқ деган хабар келса, қанийди.

Томга чиқиб каптарларга дон сепдим. Вақт тезроқ ўтсин деб товуқхонани тозаладим, сувларини янгиладим. Кенаннинг тахтадан ясалган эски бир ўйинчоқ машинаси бор эди. Ғилдираги синган, у ҳам бир томонга ағдарилиб ётарди. Унга янги ғилдирак ясаб, ўрнига қўйдим. Чиройли бўлди. Аммо Кенан энди буни ўйнамайди, кичкина бола эмас. У энди улғайди, бу йил мактабга боради.

Бувим айвонда туриб овоз берди: «Набирагинам, кел, бир-икки луқма овқат еб ол», — деди. «Қорним тўқ менинг», — дея жавоб бердим. Томдан пастга тушишни хоҳламадим, у велосипедни яна кўришни истамайман.

Оқшом бўлди, ҳамон хабар йўқ.

Қўшниларимиз бувимга шўрва келтиришди, хабар борми, деб сўрадилар. Хабар — йўқ.

Мен ҳамон том устида эдим.

Кейин пастга тушдим. Югуриб велосипед ёнига бордим. Рулга оғиримни ташладим, бир оз тўғриланди, судраб Абдураҳмоннинг ¬уйига келдим.

Абдураҳмон ҳайрон бўлди. Нима бўлди, деди, хабар борми? Йўқ, дедим. Э-э, деди. Бу велосипедни сенга олиб келдим, поччанг темирчи-ку, балки тузатар, дедим. Йўғ-э, деди; у нима деб тушунди, билмадим. Мен буни сенга бермоқчиман, дедим. Абдураҳмон қандай бўлар экан, таъмирдан чиқариб яна минарсан, деди. Йўқ, йўқ, дедим; мен бу велосипедни энди минмайман, сеники бўлсин, дедим.

Шундай дейишим билан кўзларим яна ёшга тўлди. Бошқа гаплашмадик. Абдураҳмонни шу ерда, эшик олдида ҳайрон қолдирганча ундан узоқлашдим.

Келиб яна томга чиқдим.

Осмонга қараб ётиб кўзларимни Кашиш тоғининг устида порлаб турган юлдузга тикдим. Бу — Кенаннинг юлдузи, иккаламиз танлаган эдик.

Юлдузга тикила-тикила кечган кунларни хаёлимдан ўтказдим. Ўтган ёзни. Ариқда тутган балиқларимизни. Пастки маҳаллани матчда 6—2 ҳисобида ютганимизни.

Юлдуз учди.

Юлдуз учиб пастлай бошлади.

Кенаннинг юлдузи учаётир.

Кенан ўлаётир.

Оллоҳим, Оллоҳим, Кенан ўлаётирми?

Ўрнимдан учиб турдим, бир кўзим юлдузда. Юлдуз ортидан нурли из қолдириб яқинлашаётир. Маккажўхори даласи ёнига, Султон пичанзори устига тўғри тушаётир.

Томдан ўқдек отилиб тушдим. Оёқларим яланг. Югура бошладим. Шаҳарча кўчаларида елдек учдим. Бир кўзим юлдузда.

У тушаётир, мен югураётирман.

Шаҳарчадан чиқдим, маккажўхори даласига рўпара бўлдим.

Маккажўхорининг бўйи меникидан баланд, барглари юзимни тирнарди. Юлдузни кўрмаётирман, юлдузга нима бўлди? Маккажўхоризордан чиқдим, пичанзор томон юрдим. Атроф кундуздек ёруғ, мовий-яшил ажиб ёруғлик. Сув янглиғ, денгиз янглиғ.

Юлдуз тушаётир.

Шукрки, секин-секин энаётир.

Бир фазо кемаси каби ёруғлик таратганча энаётир.

У қўнди, мен яқинлашдим; у тушди, мен бордим. Пичанзорнинг ўртасига етдим.

Юлдуз тушиб келди, келди, келаётиб порлади, порлаб зарраларга айланди, мен қўлларимни узатдим, икки кафтимни очдим, юлдуз келиб кафтимга қўнди.

Худди тушдагидек суҳбатлаша бошладик:
— Сен Кенаннинг юлдузисан, шундайми?
— Шундай.
— Хуш келибсан, аҳволинг қандай?
— Яхшиман, аммо қуладим, учиб келаётиб қуладим.
— Ҳечқиси йўқ, мен сени югуриб тутдим.
— Ташаккур. Озгина кеч қолганингда ерпарчин бўлардим.
— Бунча енгилсан, нега юлдузлар учади?
— Ҳар жонзотнинг бир умри бор, умри охирласа нур сўнади.
— Бироқ мен сени тутдим, қара, ҳали ҳам порлаётирсан.
— Демакки, бир умрнинг вақти-соати тугамаган.
— Хўш, энди нима қиламиз. Сени ҳамиша кафтимда бундай тутиб туролмайман-ку.
— Маъқул. Нима қилмоқчисан?
— Нима қилай?
— Мени бир оз баландга кўтар-да, кейин бутун кучинг борича «Ё, Оллоҳ! Бисмиллоҳ!», деб менга қараб пуфла!

Юлдуз пар янглиғ осмонга юксалди, сўнгра тезлаша-тезлаша, ёруғлик тезлигида кўк сари ўқдек тўғри кетди — эски жойига етиб борди, у макондан менга бир кўз ташлагандек бўлди, гўё ташаккур билдирди.

Вой-бўй!

Кенаннинг юлдузи яна Кашиш тоғининг қоқ тепасида, эски ўрнида — яна олдингидек порлаб турарди.

Елкамдан оғир бир юк тушгандек бўлди.

Юлдузга қўл силкидим, кейин бир қаттиқ ҳуштак чалдим, сўнгра келган йўлимдан соллана-соллана орқага қайтдим.

Уйга келганимда эшик олди тўла оломон эди.

Бир жип турарди ва Кенан яна отамнинг қучоғида эди. Ҳаяжон билан отилиб, уларнинг ёнига бордим. Кенан тузалган, куларди. «Жуда ёмон йиқилдим, ака», деди. Бу сафар севинчдан укамнинг бўйнига осилиб ҳўнг-ҳўнг йиғладим.

У ерга тўпланган ҳамма йиғларди. Нима сабабдан, англамадим. Отам етар, бўлди, деб мени Кенандан айирди. Оломон «Кўрганингиз шу бўлсин» деб, секин-секин тарқалди.

Ҳовлига киришим билан онамнинг кўзи менга тушди ва қўлларимга ишора қилиб:
— Сенинг қўлларингга нима бўлди? — деди.

Мен ҳам қарадим.
— Нима бўлибди, нима бор экан, — дедим.
— Худди юлдуз тўзони тўкилгандек порлаяпти. Оппоқ.

Оллоҳ гуноҳ ёзмас, деб ёлғон гапирдим:
— Ҳанифа холанинг сомонини ташиган эдик, шундан бўлса керак, — дедим.

Қаердандир Абдураҳмон пайдо бўлди.
— Ҳа, сомон ташидик, — дея мени қўллаб-қувватлади у.

Ҳеч ким билан гаплашадиган ҳолим қолмаган эди. Ҳамма қандайдир ҳорғинлик билан уйга кирди.

Ташқарида Абдураҳмон билан иккимиз қолдик.
— Кенан яхши, — дедим унга. — Ҳеч нарса бўлмапти.
— Биламан, — деди. Шаҳардан келган жипни у кутиб олган эди.

Бошимни кўтариб Кашиш тоғининг устида тўғри осилиб турган юлдузга қарадим. Ўйга толдим. Абдураҳмон:
— Кеч бўлди, мен кетаман, — деди.
— Соғ бўл, — дедим, — эртага кўришамиз.

Абдураҳмон тўхтаб қолди, қўлларимга қараб сўради:
— Қўлларингга нима бўлди?

Кулимсираб:
— Бир кун келиб тушунтираман, — дедим.
— Сўз берасанми? — деди Абдураҳмон.

— Сўз бераман, — дедим мен.