OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМустай Карим
Асар номиОй тутилган тунда (фожиа)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Башкортостон адабиёти
Бўлимлар
   - Драматургия
Муаллифлар
   - Мустай Карим
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Фожиалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонЗулфия (рус тилидан)
Ҳажм204KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/18
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ой тутилган тунда (фожиа)
Мустай Карим

Уч пардали фожиа

Иштирок Этувчилар

Оқйигит — 17 ёшда.
Зубаржад — 17 ёшда.
Тангабека — 50-52 ёшда.
Шафақ — 21 ёшда.
Девона — 30 ёшда.
Дарвеш — 55 ёшда.
Ризқул — 60 ёшда.
Эшмирза — 11 ёшда.
Ёлчиқул — 30 ёшларда.
Биринчи оқсоқол
Иккинчи оқсоқол
Учинчи оқсоқол
Чопар
Эркаклар ва аёллар.

Биринчи Парда

Ёз. Чўл. Ўтовлар тизилиб кетган. Тангабека ўтовининг ёнида. Ўчоққа катта қозон осилган. У ер-бу ерда палослар, гилам ва кигизлар осиб қуритилмоқда. Афтидан бу яйловга яқинда кўчиб келишган. Шафақ қозон бошида уймалашиб юрибди. Ўтовдан Тангабека чиқади. Қўлида қамчи, қаёққадир отланган.

Тангабека. Ёлчиқул келмадими?

Шафақ. Йўқ, кўринмади.

Тангабека. У лалайганнинг оғзидан сўзи чиққунча, бургут тухум очиб, учирма қилади. Келиб-келиб шуни юборибман-а...

Шафақ. Қаёққа шошсин, онажон? Қўрада моли маъраб, уйда боласи йиғлаб қоляптими? Киши шодлик кутиб турган бўлса шошади-да.

Тангабека. Нима бало, ҳамманг ўша Ёлчиқулнинг ёнини оласанлар!

Шафақ. Бечорага ачинаман. Ёлғизгина бошига не савдолар тушмади шўрликнинг.

Тангабека. Бандаларга қисматни биз улашмаймиз, келин, ҳаммаси худодан! Пешонасига нима ёзилган бўлса, ўшани кўради.

Таёқот қилиб минган Эшмирза қўшиқ айтиб киради.

Эшмирза.

Отам олиб берди от,
Эгарлатиб чоп, деди,
Хотин олиб бераман,
Қучоқлашиб ёт, деди.
Чух қамиш оёқ арғумоғим, чуҳ!..

Тангабека. Жим, эй, тилинг кесилмагур! Бунақа беадаб ашулани қаёқдан ўргандинг, тентак. Қамчим қани, бир таъзирингни бериб қўяй!

Эшмирза. Йўқ, ойи, бу куёвлар айтадиган қўшиқ.

Тангабека. Қамчи билан ачитиб куёвлигингни кўрсатнб қўймай! Йўқол кўзимдан. (Шафаққа.) Шу кунларда кўнглим шундай ғашки, келин, ичимга чироқ ёқса ёримайди. Урушга кетганлардан дом-дарак йўқ. Чопар келганига ҳам бир йилдан ошди.

Шафақ. Мен-чи? Кундуз шамоллардан сўрайман, тунда осмонни тутган юлдузларга жавдираб, Йўлмирзамни ўйлайман, сўрайман. Қиблага қараб тиз чўкиб, Йўлмирзамни ўз паноҳингда сақлагин, деб илтижо қиламан. Саҳарлар қонли ёшлар тўкиб, оқ тилаклар тилайман парвардигоримдан.

Тангабека. Кўз ёшларинг тупроққа сингса ҳам тилакларинг ерда қолмайди, келин. Иншоолло, фаришталарнинг оминига тушса ажаб эмас.

Шафақ . Айтганинг келсин, илоҳим!

Эшмирза . Ойи. Девона осмондаги фаришталарни кўрганмиш. Худди ириб қолган сутдаги қуртлардай, ғуж-ғуж ғивирлаб ётганмиш. Фаришта дегани қанақа бўлади, ойи?

Тангабека. Ҳали ҳам шу ердамисан, оёқ остида ўралашмай, бор, ўйна! (Қамчисини ўқталиб қўяди.)

Эшмирза. Булар Девона билган нарсани ҳам билишмайди-я. (Кетади.)

Тангабека. Эшмирза, бор, йилқичи Кўчарбойга айт, кўк дўнанни тутиб эгарласин.

Эшмирза (узоқдан). Хўп, айтаман.

Тангабека. Мен чўпонларнинг олдига бориб келай... Вой, худойим, кўнглим шундай ғашки, нима бўларини билмайман.

Шафақ. Уч йил! Уч йилдан бери кўзларим йўлда интизор! Муштоқликдан жигар-бағрим қон бўлди. Ўн тўққиз баҳоримда Йўлмирзамсиз сўлиб қолдим, худди кечки шафақдек сўниб боряпман, онажон!

Тангабека. Бўйингда ҳам бўла қолмаган экан. Ақалли фарзанд билан юпанардинг, овунчоқ бўларди.

Шафақ. Ҳа, насиб бўлмади.

Тангабека. Шояд, тилакларимиз ижобат бўлиб, Оқ подшо урушни тўхтатишга фармон берса-ю, бизникилар ҳам эл-юрт қатори қайтиб келишса!

Шафақ. Кошки эди ўша кунларга етишсак.

Тангабека. Ёлчиқул қалинни бир ёқлик қилиб келса, оқсоқолларни чақираман. Бор, келин, қора ўтовдан хабар ол-чи, қимизни пишитишдимикин. Молни ўзим сўйдираман.

Шафақ. Хўп, ойи. (Кета бошлайди.)

Тангабека. Оқйигит қаёққа улоқди?

Шафақ. Зубаржад келган эди, тоғ томонга от чоптириб кетишди.

Тангабека. Ўн еттига киришди-ю, ҳали ҳам болаликлари қолмаган!

Шафақ. Тўйларигача ўйнаб олишсин, даладаги тойчоқлардай яйрашсин. Зубаржад дунёда монанди йўқ қиз, бамисоли малика! Оқйигит бўлса, ҳуснда Юсуф пайғамбардан ўтади. Яна шоирлигини айтмайсанми!

Тангабека. Қўй, келин, умматни пайғамбарга ўхшатма, гуноҳ бўлади.

Узоқдан овоз. Бойвучча, ҳой бойвучча, кўк дўнан далага қочиб кетибди!

Тангабека. Бир ками шу эди! (Кетмоқчи бўлади.)

Умалоқ ошиб Девона кириб келади.

Девона. Тангабека бойвучча опа, Тангабека бойвучча опа, бир қизиқ нарса кўрдим, айтиб берайми? (Хахолаб кулади.)

Тангабека. Ҳа, айт. Девона, айта қол, қизиқ нарса бўлса.

Девона (сакраб ўрнидан туради). Тақилган қоя чўққисида бир она бургут тўртта палапонини ўлдирди. Олдин кўзларини чўқиб ўйди, кейин қаноти билан уядан суриб чиқарди. Палапонлар мана бундай юмалаб-юмалаб (қилиб кўрсатади) жарга тушиб кетди... Шундай томошадан қолдинг, бойвучча опа. (Хахолаб кулади, сўнг бирдан маъюс.) Она бургут нега шундай қилди экан-а?

Тангабека. Сенга шундай кўрингандир. Девона, бургутнинг боласи атиги битта ёки иккита бўлади.

Девона. Уники тўртта эди, бойвучча. Иккитасини бошқа уядан олган экан-да?

Тангабека. Келин, бор, айт, Девонага овқат беришсин, оч бўлса керак. Оч кишининг кўзига бир нарса тўртта бўлиб кўринаверади.

Шафақ. Юр, Девона.

Девона. Ҳалиги она бургут нега шундай қилди экан, бойвучча опа? Нега сизларнинг раҳмингиз келмайди, нега йиғламайсизлар, бағри тошлар! (Йиғлаганча Шафақнинг орқасидан чиқиб кетади.)

Тангабека. Мияси айниб қолибди бу тентакнинг. Беҳуда гап! Қушларнинг маликаси саналган она бургут ўз палапонларинн чўқиб ўлдирармиди? Ундай десанг, ўз фарзандини ўзи нобуд қилган подшолар озми? Мансабга минган сари киши кўпроқ қонсирармиш. Ишқилиб, Девонанинг сўзлари яхшиликка кўринсин. Мен умримда бировга озор берган бўлсам, тангрининг ўзи кечирсин... Э худо, кўнглим шундай ғашки, шундай гашки, ичимни ит тирнаяпти. Фол очдирмасам бўлмайди шекилли. Чўпонлар бирон ёққа кетиб қолармиди, бугун бўлмаса, эртага борармаи. (Ўтовга киради.)

Ёлчиқул киради. Тангабека нинг ўтови олдига ўтиради.

Ёлчиқул. Ишни битириб қайтсанг тўн кийдираман, деган эди бойвучча, кийдиради ҳам. Сўзининг устидан чиқадиган аёл. Аммо-лекин, янги тўнни кийиб, ясаниб қаёққа борардим?.. Ҳар қалай, кўнглим жойига тушди. Бир мағизни ёриб чиққан икки ниҳолдай Оқйигит билан Зубаржад бир умрга қовушади. Ана шунисига хурсандман. Оқйигитни ўн етти йил пуф-пуфлаб ўстирдим, ўз ўғлимдан ҳам азиз бўлиб қолди. (Қичқириб.) Ҳой, бойвучча! Уйдамисан, бойвучча, мен келдим!

Ўтовдан Тангабека чиқади.

Тангабека. Келибди-ю, лалайиб ўтирганини қара! Ё ишинг унмадими? Ўғри-қароқчига учрамадингми? Молларни омон-эсон олиб бордингми ишқилиб?

Ёлчиқул. Ҳаммасини тўкис-тугал олиб бордим, бойвучча. Аммо Рисқулбекнинг кўнгли тўлинқирамади. Назаримда, моллар кўзига оз кўринди. Яна йигирма беш от, элликта қўй берсин, деди.

Тангабека. Шунисини билувдим-а! У очкўз тўярмиди! Отаси Элмирза тириклигида у билан кенгашиб, гапни бир ерга қўйган, «Оқйигит ўн еттига тўлганда, қалиннинг қолганини берасан»,деб менга васият қилган зди, васиятини бажардим.

Ёлчиқул. Мен ҳам шундай дедим. Лекин Рисқулбек кўзини лўқ қилиб туриб олди. Биз бир-биримизга сўз берганда Элмирзабек тирик эди, энди бекнинг ўзи ҳам, мартабаси ҳам йўқ. У дунёда бандаларнинг ҳаммаси баб-баравар, деса бўладими? Мен ҳам бўш келмадим. Молларни қайтаришга буйруқ бердим. Шундан кейин бир оз шахтидан тушди.

Тангабека. Шундай дегин? Бундай гапга қандай тили борди у разилнинг? Бу муртадлиги учун шу бугуноқ яйловга уруш очардимку-я! Ҳа, майли, болалар ҳаққи, гуноҳидан ўтаман. Худо хоҳласа, Йўлмирзам урушдан омон қайтса, ота шаъни учун курашадиган йигит у.

Ёлчиқул. Сассиқ алафдан асл гўл очилганига ҳайронман! Зубаржадни айтаман. Мен молларни ҳайдаб борсам, ўз қизимиздай олдимга чопиб келса бўладими.

Тангабека. Зубаржаднинг мақтовига сўз йўқ. Аммо Ризқул паст одам. У мол олишдан ҳам кўра, бизни камситиш, таҳқирлаш учун шундай деган. Бир кун қилмишига пушаймон еб қолар. Қаримталик дунё, қайтди.

Ёлчиқул. Рисқулбек, қизимга Соқмор чўлларининг ҳокими Қорахўжадан ҳам совчи келган эди, қайтардим, деб мақтанди. Элмирзабекка бергаи сўзимда турдим. Шуни бойвуччага алоҳида уқтириб айт, ихлосим баланд эканини билиб қўйсин, дедн.

Тангабека. Гўё одамгарчилик қилибди-да, бизга! Такаббурлиги жонга тегди. Қўй, садқайи сўзим кетсин! Ёлчиқул, сен тезлик билан чўпонларга хабар қил, иккита яхши бўрдоқини сўйишсин, таомилга тўғрилаб, уруғларнинг кўнглини олайлик.

Ёлчиқул. Хўп бўлади, бойвучча, ҳозир айтаман. (Кетади.)

Тангабека (орқасидан қичқириб). Ҳой, Ёлчиқул, янги тўнинг муборак бўлсин! Сўзидан қайтадиганлардан эмасман!

Ёлчиқул (саҳна орқасидан). Қуллуқ, бойвучча, қуллуқ!

Тангабека (ёлғиз). Рисқулни айтаман. Манман деган эркаклар урушда жон бериб, жон олаётган бўлса, у бу ерда қутуриб юрса! Ҳой, бу ерда ким бор? Гулемиш! Мана бу палосларни оқ ўтовга олиб бориб сол, маълум ошини ўша ерда берамиз. (Чиқади.)

Бир неча дақиқа ўтгач, бир а ё л кириб, ёйиб қўйилган палосларни олиб чиқади, чўл томондан Дарвеш келяпти. Ўтов орқасидан Девона чиқади.

Девона. (катта устихонни кемириб). Бунинг энг маза жойини нега ичига солиб қўйишаркан? Ҳеч олиб бўлмаяпти! (Чалқанча ётиб, оғзига иликни қоқади.) Йўқ, тушмаяпти. Маҳкам ёпиштириб қўйишипти...Қўя қол, еб тўймаган ялаб тўярмидинг! Бунинг ҳузурини бароқ кўради. (Итни чақиради.) Бароқ, бароқ, маҳ... маҳ... (Олди-ортига қарамасдан суякни отади, суяк кириб келаётган Дарвешнинг олдига тушади.)

Дарвеш. Ё парвардигор, эшикдан кириб келган мусофирга ҳам тош отадиларми, ноинсофлар!

Девона. Тошмас, суяк! Кемиролмадим.

Дарвеш (суякни кўриб, лабларини ялайди). Ўз ризқингга тупуриш нонкўрлик бўлади, эр йигит!

Девона . Менми эр йигит? Ҳа-ҳа-ҳа, мен девонаман, девона! Ие, кулоҳинг аломат экан-ку! (Дарвешнинг кулоҳини олиб, айлантириб кўради.) Ит думига ўхшаган попуги ҳам бор экан! Думидан ушлаб киясанми? (Дарвешнинг атрофида юриб, уни кўздан кечиради.) Уккига ўхшаб ҳурпайган экансанми? Яна ўзингнинг ҳам думинг бўлмасин, а? (Шақиллаб кулади.) Сен нега кулмайсан?

Дарвеш. Мен олисдан келдим, худонинг бандаси, силлам қуриб, дармоним кетди. Бу ерлар қайси бекнинг яйлови бўлади?

Девона. Меники ҳам, бойвуччаники ҳам!

Дарвеш. Қирдаги қўйлар ҳам уникими?

Д с в о н а. Уники ҳам, меники ҳам. Ана у қоялар ҳам, ана у пода-пода булутлар ҳам меники. Ўша булутларга миниб олиб, сузиб кетсам ҳам бўлади, лекин бойвуччани кўзим қиймайди!

Дарвеш. Бойвуччанинг кими бўласан, ўзинг?

Девона. Девонаси. Бир замонлар Ҳозирқул деган исмим бўлган экан, энди исмим йўқ. Девона десанг ҳамма билади. Девонани ранжитманглар, гуноҳ бўлади, дейди бойвучча.

Дарвеш. (Девонага тикилиб қараб туради). Манглайингда қора холинг ҳам бор эканми?..

Девона. Кўр бўлганмисан, хол эмас — фарншта муҳри.

Дарвеш. Неча ёшдасан, худонинг қули?

Девона. Мен худонинг қули эмасман, Девонаман! Сенинг ўзинг қулсан!

Дарвеш. Сен бечора, неча ёшда эканингни ҳам билмассан.

Девона. Менинг ҳеч қанақа ёшим йўқ, шундай ёш-пошсиз яшайвераман! Тўхта, сен кимсан ўзинг? Чопонингнинг барларини ит дабдала қилиб ташлабди-ку?

Дарвеш. Мен — дарвешман. Жаҳон кезиб, одамларга имон тарқатаман. Қани, Девона, бойвуччангнинг олдига олиб бор-чи мени. Тиззаларимда дармон қолмади, ҳолдан кетяпман: уч кундан бери туз тотганим йўқ.

Девона. Бойвуччанинг ўтови шу! Бойвучча опа, бойвучча опа! Дарвеш келди. Кел, томоша қил, кулоҳининг попуги бор.

Елкасида меш билан ўтов орқасидаи Шафақ чиқади. Дарвешни кўриб тўхтайди.

Дарвеш. (ўзича). Субҳоноллоҳ, сув парисидай бу сулув қайдан пайдо бўлди? (Кўксига қўлини қўйиб, эгилиб салом беради.)

Девона. Тиззаларида дармон қолмаган Дарвеш шу бўлади, Шафақ.

Шафақ ўтов томонга юради.

Дарвеш. Чарчаб, чанқаб келган мусофирга бир қултум сув берсанг, савобга қолар эдинг, сулув қиз!

Девона. У қиз эмас, келин. Йўлмирзанинг хотини. Йўлмирзанинг ўзи оқпошшо урушида. Келиб қолади! Кечаси, қулоғимни ерга тутиб, от туёқлари дупурини эшитдим. Ҳадемай келиб қолишади.

Дарвеш (фотиҳа ўқийди.) Фаришталар Девонанинг сўзига омин десин!

Девона. Оллоҳу акбар!

Шафақ ўтовга киради. Дарвеш сулувнинг орқасидан ҳавас билан қараб қолади.

Дарвеш. Тангрининг қудрати зўр. Кўҳликни ҳам, хунукни ҳам ўзи яратади. (Ўтиради.)

Девона. Сен кўҳликми ёки хунукми?

Дарвеш. Кўҳлик эмас...

Девона (диққат билан қараб). Хунук, хунук.

Шафақ катта товоқда қимиз олиб чиқади.

Шафақ. Ма, бобой, қимиз ич, ташналигингни босади.

Дарвеш (косани олади, нималардир ўқиб, бамайлихотир ичади). Раҳмат, сулув, муродингга ет!

Шафақ. Айтганинг келсин.

Тангабека кўринади.

Девона. Бойвучча! Дарвеш, дарвеш келди.

Дарвеш (ўрнидан туради). Ассалому алайкум, бойвучча, элу юртингни, молу жонингни худо ўз паноҳида асрасин, сиҳат-саломатлик, хотиржамлик бўлсин, бойвучча, бошингдан бахт қуши аримасин.

Тангабека. Раҳмат, мусофир, айтганинг келсин, сенинг ҳам ниятинг хайрли, қадаминг қутли бўлсин, хуш кўрдик./

Дарвеш. Қани, ўтириб бир ҳақингга дуо қилайлик, бойвучча!

Фотиҳа ўқийдилар.

Девона. Мен иккинчи марта ўқишим бу фотиҳани.

Дарвеш. Такрорлашдан дуо қаримайди. (Бойвуччага тикилиб-тикилиб қарайди.)

Тангабека. Қани, сўзла, қаерлардан бўласан, мусофир?

Дарвеш. Мен пайғамбар элчиси, бойвучча, Маккаю Мадинадан келяпман. Пайғамбаримизнинг муқаддас қабр ташларига бошимни қўйиб, хокларини бу қўлларим билан кўзимга суртиб, оби замзамлардан татиб келган муборак зотман. Бу фоний дунёда осий бандаларига имон ато қилиб юришдан савоб иш борми?

Тангабека. Табаррук зот экансан, ниятинг эзгу, сафаринг хайрли экан, мусофир!

Дарвеш. Эзгу, бойвучча.

Тангабека. Оламда тинч-омонликми?

Дарвеш. Омонлик, бойвучча, сенга ҳам яхши хабар келтирдим. Оқпошшонинг лашкарлари енгиб, сизнинг элингизда ҳам тинчлик қарор топади. Кутганларингизнинг йўли оқ, худо хоҳласа. (Шафаққа қараб.) Ҳадемай от ўйнатишиб келиб қолишади.

Девона (Етиб, ерга кулоҳини қўйиб тинглайди). Йўқ, бугун от дупури эшитилмаяпти.

Тангабека. Девона, жим бўл, мусофирнинг сўзини бўлма! (Дарвешга.) Авлиё, хушхабаринг учун сенга уюримдан энг яхши йилқини суюнчига бердим, танлаб ол!

Дарвеш. Қуллуқ, қуллуқ, бойвучча, менга бу дунёнинг мол-давлати керак эмас, мен худонинг қулиман. Тўярлик овқат, тунарлик бошпана берсанг, закотинг шу менга!

Шафақ (ўзича). Авлиё одам экан-а, тавба.

Тангабека. Майли, сенинг антганинг бўлсин. Келин, дарроз дастурхон олиб кел, мусофир овқатланиб, дам олсин!

Шафақ. Хўп бўлади, ойи.

Тангабека. Яхши меҳмон ўз ризқи билан келади, дейдилар, тўйнинг устидан чиқдинг. Ўртанча ўғлимнинг қайлиғи учун бугун қалинни тўкин бериб бўлдим. Кечқурун оқ ўтовда маслаҳат оши бераман, уйимизнинг тўри сеники бўлади.

Дарвеш. Мени сийласанг, сени худо сийласин, гуноҳларингни тангрининг ўзи кечирсин, бегуноҳ бандаси йўқ...

Девона. Ие, бегуноҳ одам йўк? Менинг ҳам гуноҳим борми, Тангабека бойвучча опа?

Тангабека. Сенинг гуноҳинг йўқ, Девона, сен бегуноҳсан!

Дарвеш (ўзича). Тангабека?..

Тангабека. Қани, ўтовга марҳамат, мусофир!

Дарвеш. Сенинг номинг Тангабеками, бойвучча?

Тангабека. Шу Девонадан бўлак ҳеч ким номимни тилга олмайди, Элмирзабек ўлганидан буён ҳамма мени бойвучча деб атайди. Назаримда, менинг номим сени ҳайратга солиб қўйди чоғи?

Дарвеш. Йўқ, бойвучча, жуда чиройли исм экан, бундай чиройли исмни энди эшитишим, шунинг учун ғалати туюлди. Элмирзабекнинг ўзини билмасам ҳам, донгғини эшитганман. Қазо қилган экан, раҳматликнинг жони жаннатда бўлсин.

Тангабека. Ўтовга кир, мусофир, дастурхон мунтазир. (Ўтовга киришади.)

Девона. Бу дарвешнинг кўзлари худди уккиникига ўхшайди, юм-юмалоқ, ўқрайиб туради... Ҳа, бориб қоя қаъридаги бургут палапонларини кўмиб келай, ҳамма ўликларни кўмишади-ку, ахир! (Кетади.)

Ўтовнинг икки томонидан Зубаржад билан Оқйигит чопиб чиқишиб, ўзларини бир-бирларининг қучоқларига отадилар. Иккиси ҳам суворий кийимида.

Зубаржад. Шу дақиқадан умримнинг охиригача қучоғингдан қўйма мени, шунқорим!

Оқйигит . Энди бизни ҳеч ким ажрата олмайди, Зубаржадим, оқ каптарим!

Зубаржад. Худо саховатли, Оқйигит, иккимизни бир тупроқда яратган. Туғилишимиз билан бизни қовуштирган ҳам тангрим, шундай бўлгандан кейин, бизни ким айирсин, шунқорим!

Оқйигит.

Қип-қизарган кунга боққанда
Йўқотаман ихтиёримни.
У — қуёшми, ё муҳаббатдан
Иниб турган ўнг ёноғингми?
Салқин тунда осмонда тўлиб,
Мағрур болқиб боқар нурли ой.
Мени асир этган ой бўлиб
Чап ёноғинг сенинг ҳойнаҳой!
Яна тунда ой кўкка чиқиб,
Нури тутса яйловни, қирни,
Чап бетингдан ардоқлаб ўпиб,
Ухлатаман мен ўзим сени.
Тонг оқариб, чиққанда офтоб,
Шуъласига тўлганда жаҳон,
Ўнг бетингдан ўпиб беҳисоб,
Дейман: «Ёрқин қуёшим, уйғон!»
Сўнг боқарман жамолингга лол,
Кавсар лабинг бўсасидан маст.
Муродимга етганимдан шод,
Ишқ шаҳиди бўлсам ажабмас!

Зубаржад.

Лабларимни лабларингга қўйиб,
Дарҳол яна бағишлайман жон.
Бахтнинг тотли ўтида куйиб,
Ўлсам ўпиб, сен тирилт шу он!

Сен ўпиб ўлсанг, мен ўпиб тирилтираман, Мен ўлсам сен ўпиб тирилтирасан! Бас, шундай экан, биз ўлмаймиз, Оқйигит. (Яна қучоғига ташланади.)

Оқйигит. Агар сен бўлак эл-юртда туғилсангу, умримда сени кўрмаган бўлсам, нима қилар эдим, Зубаржад? Ўшанда ҳам албатта секи излаб топар эдим, тоғлар ошиб, дарёлар кечар эднм, овозим борича: «Зубаржад, қайдасан?» деб сўроғлардим бутун борлиқдан. Албатта топар эдим сени, Зубаржад!

Зубаржад. Мен товушингдан таниб ўзим сен томонга йўлга чиқар эдим, Оқйигит! Қўлимдаги ҳассам игнадай бўлиб, этикларимнинг ўқчаси япроқдай қолгунча ахтарар эдим сени! Ва излаб топар эдим! (Яшнаб, шод куйлайди.)

Мен, Зубаржад отлидирман,
Оқйигитнинг ёридирман.
Бир кўришга зоридирман,
Билган борми, бизнинг ёрни?

деб кетаверардим. (Кулади.)

Оқйигит. Йўқ, йўқ Зубаржад, ундай мудҳиш тақдир бизга бегона!

Зубаржад. Оқйигитим, айирмоқни ўйлаганлар бўлса, ўйига етмасин, илоҳим... Вой тавба, нималарни ўйлаяпмиз?..

Оқйигит. Ҳеч ким айирмайди бизни. Мен сени ҳеч кимга бермайман!

Оқйигитман, орим бор,
Ёнгинамда ёрим бор.
Ҳеч кнм енгмас қудрат берган
Танда қайноқ жоним бор.
Ор деганим — Зубаржад,
Ёр деганим — Зубаржад,
Томиримда кезиб юрган,
Жон деганим — Зубаржад!

Зубаржад (бирдан кайфи ўзгариб). Замон биз ўйлагандай тинч эмас, Оқйигит, оқподшо аканг сингари сени ҳам урушга олиб қўйса, нима қиламан?

Оқйигит. Янгам Шафақдай сабр-тоқат билан кутасан мени!

Зубаржад. Йўқ, Оқйигит, Шафақдаги тоқат менда йўқ, сенсиз бир кун ҳам яшашга сабрим йўқ. Овга борсанг ҳам, ёвга борсанг ҳам мен ёнингда бўламан.

Ор деганим — Зубаржад,
Жон деганим — Зубаржад» —

дединг-ку, ор билаи жон ҳамиша йигит билан бўлади. Ҳар қандай эркакдан яхшироқ от чопаман, ҳар қандай мергандан ўзиб ўқ отаман.

Оқйигит. Сен менга хотингина эмас, қанот бўласан, Зубаржад, қанотсиз учган шунқор борми? Сенсиз йўлдан адашаман, сенсиз сафар бемаъно. Чиндан ҳам сен отда ботирлардай еласан, ҳали ҳатто мендан ҳам ўзиб кетдинг-ку!

Зубаржад. Сенинг ёнингда бўлсам ҳеч нарсадан қўрқмайман... ҳатто, ҳатто...

Оқйигит. Қўй, бундай гапларни. (Зубаржаднинг оғзини беркитади.)

Зубаржад (шод, эркаланиб). Оқйигит, бирдан мени дев олиб қочиб кетса-чи? Мана бундай ғойиб бўлиб қолсам-чи? (Қаттиқ кулиб ўтов орқасига яширинади.)

Оқйигит . Мен девга мана бундай ташланиб қувиб етаман-да, сени тортиб оламан. (Иккинчи томондан ўтов орқасига югуради. Бир дақиқадан сўнг ҳалигидай икки томондаи чопиб келиб бир-бирларини қучоқлаб оладилар.)

Зубаржад. Вой-вой, жуда даҳшатли экан-ку, бу дев! Қучоғига қисиб жонимни олаёзди-я. (Оқйигитнинг кўксига бошини қўяди.)

Оқйигит. Юрагимнинг талпинаётганинн эшитяпсанми? Худди қанотли қушга ўхшайди-я!

Зубаржад. Мен бу қушни олтин қафасда сақлаймаи, ҳамманинг ҳасадли назаридан узоқда сақлайман, эшитяпсанми, ҳеч кимга бермайман!

Оқйигит. Берма, менинг суюклим, берма! Шу кунгача сен худди эгар кўрмаган ҳуркак тойга ўхшар эдинг, бугун бутун бошкасан, менинг Зубаржадим!

Зубаржад. Бугундан бошлаб бир умрга сеники бўлдим, Оқйигит!

Оқйигит. Ўтган кечада даҳшатли бир туш кўрдим: учиб юрган кўк каптарни калхат олиб кетай деди. Қўрқиб уйғониб кетдим. Сени ўйладим.

Зубаржад. Қорахўжа уруғидан совчи келганини юрагинг сезибди-да! Совчиларни кўрибоқ менинг ҳам жоним ҳалқумимга келди.

Оқйигит . Хайрият, отанг мардлик қилибди, Қорахўжага унча-мунча одам бас келмайди.

Зубаржад. «Менинг қизим ҳам, ваъдам ҳам битта, қайта-қайта узатадиган қизим ҳам, қайта-қайта бузадиган ваъдам ҳам йўқ» дебди отам. Совчилар жаҳл билан отамни яниб жўнашипти... Лекин отам нимадандир ташвишда.

Оқйигит. Қорахўжадай мудҳиш бекнинг сўзини рад қилиш ҳазил эмас, Зубаржад, отанг жуда ҳам ботир одам.

Зубаржад. Отам менинг бахтимни тилайди. Менинг бахтим ёлғиз сенсан, Оқйигит.

Оқйигит. Ойим бугун оқ ўтовда улуғларга зиёфат берса керак. Ёш-яланглар кўл бўйига чиқишади, сен билан менинг шаънимизга ўйин қилиб беришади. Давранинг ўртасида кўл юзидаги оқ нилуфарга ўхшаб сен турасан, Зубаржад! Мен севги тўлқинида сузгандай бахтиёр сузиб бораману, шу нилуфарни узиб оламан.

Зубаржад. Уз, Оқйигит, узиб ол! Нилуфар сеники! (Маъюсланади.)

Оқйигит . Нега маъюс тортдинг. Нилуфарим, ё кўнглинг бирор сўзимдан озор чекдими?

Зубаржад . Биз иккаламиз ҳам жуда нонкўр эканмиз, Оқйигит, онанг олдида тиз чўкиб, миннатдорчилик ҳам билдирмадик. Фотиҳаларини олдигу, қуллуқни насия қилдик.

Оқйигит. Зубаржаднинг қўлидан ушлаб ўтов эшигига келади. Иккиси ҳам тиз чўкишади.

Оқйигит.

Оқ сут бериб боққан ўғлинг қошингга келди,

Оқ ўтовдан чиқ, эй онажон!

Икки юрак бир ишқ билан сенга эгилди,

Оқ фотиҳанг бер сен, онажон! Ўтовдамисан, онажон?

Ўтовдан соқолини силаб Дарвеш чиқади. Ёшлар саросимада. Кейин Тангабека кўринади.

Тангабека (Дарвешга). Ўғлим Оқйигит билан келин бўлгуси Зубаржад шу бўлади! Ҳақларига дуо қилиб, фотиҳа бер, мусофир!

Дарвеш. Ё парвардигор, Оқйигит билан Зубаржад отли бу қулларингга ўзинг инсоф-тавфиқ бер, ҳамжиҳатлнк ва аркон давлат ато қилгин, оллоҳу акбар!

Тангабека. Пайғамбар элчиси аталган муборак одам фотиҳа берди сизларга, болаларим. (Дарвеш бош эгиб туради.) Ёзиқ бандаларига имон тарқатиб юришдан бошқа иши йўқ бунинг, бахтли бўласизлар.

Оқйигит. Отам васиятига амал қилиб, бошимизни қовуштириб, савобимизга қолдинг, ойи, тиз чўкиб қуллуқ қиламиз!

Тангабека. Васият, урф-одат биз учун муқаддас қонун, болаларим, сизлар ҳам унга хиёнат қилманг! (Аввал Зубаржаднинг бошига ўнг қўлини қўяди.) Кўкрак сути бериб ўстирмаган бўлсам ҳам, Зубаржад, бағримга босиб фотиҳа бераман. Менинг хонадонимга болам бўлиб кирасан. (Оқйигитнинг бошига қўлини қўяди.) Яширмайман, энг суюкли ўғлим сек, Оқйигит! Ҳамиша бахт, толе ёр бўлсин, омин!

Оқйигит (сакраб, оёққа босади, Зубаржад ҳам туради). Онажон, сен мени ёрур дунёга келтириб бир марта бахтиёр қилган эдинг. Зубаржадим билан қовуштириб, менга бир олам толе ато қилдинг, одамга бундан катта бахт ҳам, давлат ҳам бўлмайди, онажоним!

Қуёш, ойли кўким бор,
Қир, яйловли юртим бор,
Барини сен бердинг, онажон!
Оппоқ бахтга мўл бўлдим,
Муҳаббатга қул бўлдим,
Барини сен бердинг, онажон!

Тангабека. Аввало, болаларим, юрак қули бўлманглар, ақл қули бўлинглар! Кўнгил дарёдай бебош нарса, тўлқинланиб ҳар ёққа сени ураверади. Ақл тоғ чўққисндай юксак ва мустаҳкам бўлади. Унга суянган йиқилмайди, болаларим!

Оқйигит. Ўгитларингга қуллуқ, ойижон! Яхши орзулар тўлқинга солган юрак ёмонлик келтирмайди.

Тангабека. Ҳали ёшсан, болам, ақл билан юрак ўртасидаги кураш жангини билмайсан. Мабодо бошингга тушиб қолгудай бўлса, ақлингга қулоқ бер!

Оқйигит. Ёзмишдан дейдилар. Лекин мен учун она сўзи — тақдир муҳри. Сўзингдан чиқмаймиз, ойижон.

Дарвеш. Шундай... Шундай итоатли бўлинглар! (Бир чеккага ўтиб, бошини эгиб ўтиради, ўзича.) Буларни кстиқболда турли-туман шодлик, бахт, севги кутади. Орқаларнда дилларига хиралик соладиган ҳеч нарса... Мен-чи, эй умр, эсиз умрим...

Тангабека. Аканг урушдан қайтиб келиши билан бутун яйловни чорлаб тўй қиламиз, катта улоқ чоптирамиз. Элмирзанинг зоти ҳали тирик! Боринглар, ўйнанглар энди, болаларим!

Оқйигит. Кетаверайликми, ойи?

Тангабека. Сабр қилинг! Ҳой, келин! Шафақ!

Шафақ ўтовдан чиқади.

Шафақ. Чақирдингми?

Тангабека. Ҳа... Анави иккита хитой коса бор-ку, ўша косаларга қимиз тўлдириб чиқ!

Шафақ. Хўп бўлади.

Тангабека. У вақтда икковинглар ҳам бешикдаги гўдак эдинглар. Худди мана шундай кўклам пайти эди. Отанг раҳматлик катта пойга берди. Зиёфатда зодагон, улуғлар нақ тумонат. Шу зиёфатда Рисқулбек билан Элмирзабек сизларни бешиккертти қилиб қўйишди. Тўй яна уч кеча-ю кундуз давом этдн. Оқмон шоир сизларнинг шаънингизга кўшиқ тўқиди.

Оқйигит.

«Кўкка боқпб ўй сурдим,
Юлдузни ёндош кўрдим.
Ерда икки гўдакнинг
Умрини йўлдош кўрдим...»

Шу қўшиқми, ойи?

Тангабека. Шу, Оқйигит, шу!

Косаларни кўтариб Шафақ чиқади.

Мана шу косаларни тўлдириб икки бек қимиз ичишди. Шундан бери ўн етти йил ўтди. Бу косаларда энди сизлар ўз бахтингиз учун ичинг!.. Шу лиммо-лим жуфт косадай толеингиз тўлиқ бўлсин, бахти бекам бўлинг!

Шафақ косанинг бирини Зубаржадга узатади. Зубаржад косани лабига олиб бориб, тўхтаб қолади. Шафақ косани Оқйигит га тута туриб, кўзи Дарвеш назарига тушади.

Шафақ косани ташлаб юборади. Ҳамма саросимада.

Тангабека. Сенга нима бўлди, келин?

Шафақ. Билмайман.

Тангабека. Яхшиликдан башорат эмас, Шафақ. Илоҳим, яхшиликка кўринсин!

Оқйигит. Хафа бўлма, ойижон, коса бутун! Қимиз тўкилган бўлса ҳечқиси йўқ, оқлик!

Шафақ. Куйинма, она, худо хоҳласа, уларга ҳеч нарса бўлмайди, нима келса ҳам менинг бошимга келсин, мен тўкдим.

Оқйигит. Умр бўйи фолбин, ирим-сиримга топиндинг, ойи, бирон нарсани ўзгартиролдингми? Қуёш боягидай чарақлаб болқийди, майсалар боягидай ям-яшил. Шу хаёлларни итқитиб ташла, она, бугунги шодлигимизга ташвиш, ваҳима кўланка солмасин! Бизга фотиҳангни бердингми, бас. Бир коса эмас, ўн коса қимиз тўкилса ҳам бизга ҳеч нарса бўлмайди. Қўш юлдуз осмонимизда порлаб тураверади!

Дарвеш. Қисматимиз пешонамизга ёзиғлиқ. Уни ҳеч нарса сидириб ташлаёлмайди. Таҳлика қилма, бойвучча, ёзилгани бўлади.

Оқйигит. Ойи, мана биз иккаламиз бир косадан ича қоламиз, қайтага яхши бўлди, бир косадан ичсанг янада ширин татийди, ростми, ойи?

Тангабека индамайди.

Зубаржад. Хафа бўлма, бойвучча опа, косамиз лиммо-лим! Ма, Оқйигит, аввал сен ич, ўтинаман!

Оқйигит. Сен ич, Зубаржад, ўз улушингни аввал сен ич, қолганини мен ичаман. (Зубаржад ичади, кейин Оқйигит охиригача ичади.) Умримда бундай тотли қимиз ичмаганман!

Тангабека. Насибангизни бутун ичмадинглар, болажонларим! Бахт толеингиз ярим-ёрти бўлмасин, илоҳим.

Оқйигит. Иккимиз бир тан, бир жон бўлгандан кейин бир бахт кифоя эмасми, онажон!

Девона чопиб киради, орқасидан Эшмирза кўринади.

Девона. Бойвучча, бойвучча опа, суюнчи бер!

Эшмирза (сакраб, сакраб). Суюнчи, суюнчи! Суюнчига беш олтин, суюнганга ўн олтин!

Девона. Суюнчи, суюнчи! Ие, нега ҳеч ким суюнмайди?

Тангабека. Қувончли хабарингни айтиб, ҳали севинтирмадинг-ку, Девона?

Девона. Ҳозиргина чопар ўтиб кетди. Урушдагилар қайтяпти, деди. Аскар йигитлар Кўктепага кўтарилаётган эмиш.

Эшмирза. Чопарнинг оти терга ботиб кетган. Ўқ-ёйи обкашга ўхшайди. Акам келганда камонини мен ҳам тортиб кўраман.

Ҳамма кутиш ҳаяжонида.

Тангабека. Сени худонинг ўзи ёрлақасин. Девона, суюнчига сенга сарпо кийгизаман, Эшмирзага шойи яланг тўн қилиб бераман.

Девона. Суюнчига менга хотин олиб бер, бойвучча, ҳаммасининг хотини бор, фақат менинг хотиним йўқ, Эшмирзага ҳам хотин олиб бер!

Тангабека. Бу тентакка нима десам бўлади? Ҳамма ҳам хотинли бўлавермайди, ахир!

Шафақ. (турган жойида гандираклаб кетади). Бундай севинчга етар замон бор экан, тангрим! Юрагим, юраккинам шунқорга ўхшаб қинидан чиқа ёзяпти, онажоним! (Тангабекананг пинжига тикилади).

Тангабека. Катта шодлик, қайғудай оғир келади, болам, бардам бўл!

Девона (ётиб тинглайди). Отларнинг дупури эшитиляпти. Биттасининг оти шатирлатиб чопиб келаяпти, шу Йўлмирза бўлса керак?

Тангабека. Насибаси қўшилган бўлсин, боламнииг, насиба ҳайдаб келади.

Оқйигит. Ижозат бер, онажон, Зубаржад икковимиз акамизни каршилагани чопайлик! Отларимиз тайёр, эгарланган!

Тангабека. Расми, ёвга кетганни узатиб бормайди, қайтганнинг йўлига чиқмайди, болаларим! Бурунгилар сабр, сабр деганлар.

Дарвеш. Мана, бойвучча, башоратимга тан бердингми. Тилакларингни худонинг ўзи қабул қилди.

Тангабека. Бизни сен хушнуд қилсанг, сени худо қувонтирсин!

Шафақ. Тоқатларим тоқ бўлди, ойижон, кўзим тиниб, ер-кўк айланаётгандай! Ижозат бер менга, истиқболига югурай! Йўлмирзамни олиб келган отнинг ёлларини тараб ўпай, изларини кўзимга суртай.

Тангабека. Сабрсиз бўлма, келин!

Зубаржад (Шафақ олдига келади). Шодлик сени мажнунтолдай эгиб қўйди, Шафақ. Бошингни кўтар, овсин! Сенинг қувончинг ҳаммамизнинг қувончимиз, жонгинам!

Шафақ. Кутиш йиллари бу қадар қийин туюлмаган эди, Зубаржад. Дилинг талпиниб, кўзинг кўрмагандан оғири йўқ экан!

Девона (узоққа қараб). Ана, тепага отлиқ чиқди... яна... яна бири чиқди... вой-вой, бунча кўп экан?

Ҳамма ўша томояга қарайди. Дарвеш гина жойидан қимирламай ўтирибди.

Эшмирза. Олдинда келаётганнинг учинчиси акам... худди ўзи...

Тангабека. Йўқ, у эмас. Ўз ботиримни ўзим танимайманми?

Оқйигит. Анави тўртинчиси акамга ўхшайди!

Тангабека (Шафаққа назар ташлаб). Келин, ёвдан ғолиб қайтган эрни шу тахлит кутадими?! Уст-бошингга қара! Эринг нима дейди?

Шафақ (бирдан ҳушини йиғиб). Рост айтасан, онажон! Эс-ҳушимдан ажраб қолибман, Нима қилай, қайси кўйлагимни кияй, онажон, айт, нимани кияй?

Тангабека. Бугун ярашганини танлаб кий!

Шафақ. Тўй оқшоми кнйган кўйлагимни кийиб чиқсам-чи?! Бўладмими, ойи?

Зубаржад. Ўшани кий, Шафақ, ўшани кий, овсин. Бугун ҳам тўйинг!

Шафақ шошилинч ўтовга кириб кетади. Бир дам жимлик.

Тангабека. Ҳалиги чопар нега бизникига кирмай ўтди экан?

Девона. Суворисиз бир от етакда оқсаб келаяпти-ю, лекин жуда қайсарлик қиляпти.

Оқйигит. Мен акамни кўрмаяпман, нега одамлар ичида акам йўқ? Сен кўряпсанми, ойи?

Тангабека. Билмайман, болам, ҳамма отлиқ кўзимга аканг бўлиб кўриняпти.

Оқйигит. Акам йўқ, ойи. Олдингилар яйловга етиб келди. Акам юзбоши ахир, юзбоши олдинда келмайдими?

Девона. Ана, ҳалиги оқсоқ отнинг юганини олиб, чўлга хайдаб юборишди... Йўқ, от кетмай яна бошқаларга қўшилиб олди.

Ҳамма жим кузатади. Шафақ кийиниб чиқади.

Шафақ (ўзига). Мана, тўй кўйлагимни кийиб, сенинг билан қовушмоққа чиқдим, менинг Йўлмирзам! Сен отингга қамчи уриб нега елиб келмаяпсан? О, Йўлмирзам, менда заррача сабр-тоқат қолмади. (Зубаржад билан Оқйигит ўртасига киради.) Сизлар кўряпсизми? Нега мен кўрмаяпман, ё худо, мен ҳеч кимни кўрмаяпман, Йўлмирза қайси бири?

Ҳамма жим. Ўтов орқасидан отлиқлар ўта бошлайди.

Тангабека (олдиндаги отлиққа). Бойиш, сенмисан? Нега ёнингда Йўлмирза кўринмайди? (Отлиқ ўтиб кетади.) Нега жавоб бермайсан, Бойиш?!

Оқйигит. Бошини эгиб ўтиб кетди...

Тангабека. Ҳой, Борлибой, юзбошингиз Йўлмирза нега орқада қолиб кетди? (Ўша томонга интилади.)

Оқйигит. Бу ҳам бошини эгиб ўтиб кетди...

Тангабека. Ҳеч бўлмаса, сен жавоб қил, Қўлош, нега орангизда Йўлмирза йўқ? Менинг болам қаёқда қолди?

Девона. Бари ўтиб бўлди...

Тангабека. Ҳаммасининг тили кесилганми, нима бало? Нега жавоб қилмай ўтиб кетишди?!

Ёвдан қайтаётганлардан бири келиб, Бойвучча олдига юган билан кичик бир тугунча қўяди. Девона югуриб келиб юганни олади. Тугунчани ушлаб кўради.

Девона. Бу тугунчада яна олтин бўлмасин, бойвучча?

Тангабека. Тупроқ! Қора тупроқ! Йўлмирзамнинг қабр тупроғи! Оҳ болам, болам, болам!

Шафақ. Йўлмирза! Йўлмирзам! Ёнингга торт, Йўлмирза! Торт мени ёнингга, Йўлмирзам! Бу тўй кўйлагим кафаним бўлсин! (Қичқириб йиғлаб, Оқйигит билан Зубаржад ўртасига йиқилади.)

Улар ўзларини четга оладилар. III а ф а қ ни ҳеч ким суямайди.

Тангабека. Мен сенга нима гуноҳ қилувдим, э, худо! Мени жазолаганинг жазолаган! Умрим бўйи ғазабингдан қутулмадим! Гуноҳим нима?! (Бирдан жим қолади.) Болам... Ўғилгинам, болам!..

Девона Шафақ ёнига ўтириб, унинг сочларини силайди.

Девона. Йиғлама, Шафақ, сен менга хотин бўласан!


Иккинчи Парда

Орадан бир неча кун ўтган. Тангабека нинг ўтови. Оқсоқоллар ўтирибди. Дарвеш ҳам шу ерда. Гўшт еб бўлиб, қимиз ичяптилар. Бир чеккада Шафақ.

Тангабека. К.ани, келин, чаққон, чаққон. Оқсоқолларнинг қўлларига сув қуй! Кейин бошқа ишларга қара!

Шафақ дашшўй ва қумғон тутиб меҳмонларнинг қўлларини ювдиради.

Биринчи оқсоқол. Раҳмат, бойвучча, жуда катта зиёфат қилиб юбординг, феълингни худо ҳамиша шундай кенг қилсин!

Иккинчи оқсоқол. Хонадонингни Элмирзанинг саховати тарк этмабди, келин. Давлатингга худо барака берсин. Сен бойвуччагина эмас бек, бекасан.

Учинчи оқсоқол. Сахийнинг давлати камаймайди, дейдилар. Бу дунёни ким орқалаб кетибди. Еганинг, ичганинг қолади, ўйнаб-кулганинг қолади. (Шафақ қўлига сув қуйганча бармоқларини ялайди.)

Тангабека. Энди қимиздан тановул қилинглар.

Учинчи оқсоқол. Таомдан улуғ бўлмоқ гуноҳ! Тановул қиламиз, бойвучча. (Очкўзлик билан ичади.) Вай-бай-бай, бутун томирларимга мойдай ёйилиб кетди-я.

Шафақ кетади.

Тангабека. Рисқулбекка чопар юборган эдим. Ҳанузгача дараги йўқ.

Учинчи оқсоқол. Элбошининг элда иши чиқиб қолгандир-да.

Иккинчи оқсоқол. Санқиб юрмагандир, албатта.

Биринчи оқсоқол. Келмас бекни кутмайдилар.

Учинчи оқсоқол. (Қимиз ичади.) Бу гап ҳам тўғри.

Тангабека. Нима қилсам—нима бўлади, деб тунлар мижжа қоқмай ўйлаб ўйимга етмайман. Сизларнинг маслаҳатингизга муҳтожман. Фозил ҳукмингизни чиқариб беринг, оқсоқоллар!

Биринчи оқсоқол. Ҳа, бойвучча, бахтингга рахна кетди. Лекин уни тиклаш керак. Ўлган кетидан ким ўлибди?! Тириклар тириклигича кун кўраверади.

Учинчи оқсоқол (қимиз ичиб). Ейди, ичади, дунёдан ўтаверади.

Биринчи оқсоқол. Фалакнинг гардиши, бойвучча. Кўнмай иложинг қанча?

Тангабека. Шу фалак гардишини изига солиб юбормоқ керак.

Иккинчи оқсоқол. Кенгашлик тўй тарқамас деганлар, кенгашиб кўрайлик.

Тангабека. Шафақ келин ўн гулидан бир гули очилмай, мана, эрсиз қолди. Уни уюр-уюр мол бериб олганимдан хабарингиз бор. Оқйигит учун Рисқулга қалинни тўлаб бўлганман. Энди нима қилай, йўл-йўриқ кўрсатинглар!

Иккинчи оқсоқол. Ўтганлардан қолган одат ва таомил бор, васият бор, бойвучча, шариат шаръидан чиқиб бўлмас!

Учинчи оқсоқол. Кенжа ўғлингни ҳам ўйламаслик инсофдан эмас. Кенжанг ҳам ўсиб бўйи етпб қолди. Неча ёшга борди?

Тангабека. Ҳали бола, энди ўн иккига тўлди.

Учинчи оқсоқол. Мен тўққиз ёшимда акамдан бева қолган янгамга уйланиб, унинг қўйнига кирганман.

Биринчи оқсоқол. Бизни чақирганингдаёқ билгандим, бойвучча. Бу ҳақда бир сен эмас, бутун уруғ ўйлаяпти, сенинг ташвишинг уруғнинг ташвиши. Юрсам ҳам, турсам ҳам ўйлайман. Мана бу қурдошимиз айтганидай, таомилга амал қилиб, удумимизни тутайлик. Ўтганлар васиятини адо этайлик!

Иккинчи оқсоқол. Эшмирзани янганинг қўйнига киритиб бўлмайди. Бу шариатга хилоф, негаки ўзидан катта тирик акаси бор, улуғлар!

Биринчи оқсоқол. Буни ҳам ўйлаб келдим, ўйлаб ўтирибман. Бу ерда биргина йўл бор, бойвучча. Шафақ келин Оқйигитга бўлади. Рисқул олган қалинни қайтариб беришга қурби етса, қизини Қорахўжа уруғига беради-қўяди. Янглишмасам, совчилар ҳам келиб юрган эди.

Дарвеш безовта.

Тангабека. Қалинни катта олган. Қайтаришга қурби етармикан? Бойнинг моли ҳам ҳисобли.

Учинчи оқсоқол. Қайтармаса, Зубаржадни кенжанг Эшмирзага унаштириб, икки тўйни бирга ўтказасан. Уруғ ҳам еб-ичиб, кўнгилхушлик қилиб қолади. Эл орасида бундақанги тўйлар бўлмаганми?

Тангабека. Оқйигит билан Зубаржад нақ бир олманинг икки палласи! Бир-бирларини ўлгудай суюшади. Ўн етти йиллик ширин орзуларидан маҳрум этиш жуда қийин савдо.

Иккинчи оқсоқол. Суюшмоқ—шайтоннинг макри. Бандаларни йўлдан оздириб ҳаром-харишга бошлаган ҳам ўша ошиқ-маъшуқлик эмасми? Ўша! Ҳамма ўшаларнинг касрига учраяпти.

Тангабека (сесканиб кетади). Тўғри айтасан...

Биринчи оқсоқол. Ихтиёр бизда эмас, бойвучча, шариат шуни тақозо қилади. Рисқулдан қалин қайтмас, икки ўғлингни бирваракай уйлантираеан. Аммо, аввал Йўлмирзанинг қирқини ўтказиш керак.

Иккинчи оқсоқол. Бўлмаса шундай деб фотиҳа қиламиз, бойвучча.

Дарвеш. Эл оғалари, андак сабр қилинса. Мусофирнинг ҳам бир калима сўзини тингласангизлар.

Учинчи оқсоқол. Ҳа, пайғамбар элчиси нима демоқчи экан, эшитайлик.

Дарвеш. Ўйлаб иш тутинг-да, оқсоқоллар. Никоҳ ёшига етмаган, ҳали ўн иккига ҳам тўлмаган ўсмирни никоҳлаш — бу шариатнинг муқаддас қонунига хилоф. Танангизга ўйлаб кўринг.

Учинчи оқсоқол. Яйловнинг ўз қонуни, ўз таомили бор, Дарвеш, биз учун ўша муқаддас!

Дарвеш. Йўқ, уламолар, бу ишингиз шариатга тўғри келмайди. Шафақ тақдирига тан бериб, тангрига имон келтириб, бегуноҳ туллигича ўтиб кетса, уруғингизнинг обрўси бўлади. Мана бу ҳақда фикр юритиб кўринглар.

Кексалар иккиланиб қолишади.

Тангабека. Эҳтимол, Дарвеш ҳақдир, ҳукм чиқаришга шошилманглар.

Иккинчи оқсоқол. Йўқ, бойвучча, яйловимизнинг урф-одатларию, таомили ўзингга маълум. Биз ҳам кўпни кўриб умр кечирган кишиларданмиз. Муқаддас таомилимизни оёқ ости қилган бандаларни Оллоҳи-таолонинг ўзи жазоламай қўймайди.

Дарвеш. Гуноҳ иш қиляпсиз, қариялар, гуноҳ иш.

Биринчи оқсоқол. Мана бу тақсиримиз айтгандай, бизлардан ҳам кекса таомилимиз бор, ўшанга амал қиламиз, Дарвеш.

Тангабека қайтиб киради.

Дарвеш. Маккаи Мукаррама билан онт ичиб айтаман, ҳукмингиз инсофдан эмас!

Учинчи оқсоқол. Каъба, Маккаю Мадина узоқда, Дарвеш, биздан олисда. Тавба, деб айтиш керакку-я, биз эркин, саҳройи одамлармиз. Саҳронинг ўз қонунлари бор. Сен билан бизнинг зътиқодимиз бир бўлса ҳам, йўриғимиз, таомилимиз бошқа.

Дарвеш. Ўзингиз ҳам ваҳший, таомилингиз ҳам! Сизлардан итлар ҳам хазар қилади.

Биринчи оқсоқол. Шуни билиб қўйки, Дарвеш, биз ўзимизни камситишга ҳеч кимга йўл қўймаймиз, ҳатто сенга ҳам.

Иккинчи оқсоқол. Қани, тақсирлар, омин денг, хайрли ишга фотиҳа берайлик.

Дарвеш дан бошқалари фотиҳа ўқийдилар.

Биринчи оқсоқол . Бойвучча, бизга рухсат энди. Иззат-ҳурматинг учун қуллуқ. Давлатингни худо зиёда қилсин.

Тура бошлайдилар.

Учинчи оқсоқол (қимиз ичади). Шошиладиган ёшдан ўтганмиз шекилли, қариялар, таомни ташлаб кетиш ярашармикан?

Иккинчи оқсоқол. Ярашади, ярашади. Овқатдан бошқа дардинг йўқ! Қани тура қолинглар энди.

Тангабека. Катта бошингизни кичик қилиб келдингизлар, улуғлар, савоб ишга бош бўлдинглар, тану жонингизни худо саломат қилсин.

Кетишади. Тангабека кузатиб чикади.

Дарвеш. Лаънатилар! Йўқ! Барибир айтганимни қиламан. Тангабека менинг чангалимда-ку. Хоҳласам бўғаман, хоҳласам қўяман. (Панжаларини юлиб очади.)

Тангабека. Маслаҳатингни олмаганларига ранжима, дарвеш, бизнинг урф-одатни ҳазм қилишинг қийин. Менга ҳам осон тутма. Юракларим эзилиб кетяпти. Бу иш ҳали неча одамнинг қон-қон йиғлашига сабаб бўлади. Лекин, одат ҳаммадан бешафқат, таомил ҳаммасидан кучли. Бунга сенинг тушунишинг қийин!

Дарвеш. Сизларнинг ваҳший таомилларингизни билмайман, бойвучча, буниси ҳақ! Лекин ўзимга нима кераклигини биламан!

Тангабека. Тилагингни бажо келтираман, мусофир!

Дарвеш. Ваъдани катта қилиб, кейин оғриниб ўлтирма, бойвучча.

Тангабека. Сўзларинг аллақандай ғалати кўриняпти. Гапларинг ҳам бир хил. Нафасингни иссиқ қил, меҳмон, ёт юртдан келган киши бўлсанг...

Дарвеш. Дин-эътиқод йўлларида қирқ йил кезиб чарчаган одамман, бойвучча. Мусофирлик ҳассасидан бошқани кўзим кўриб, қўлим тутгани йўқ. Мен ҳам тирик одамман. Бағримни тош деб ўйлайсанми?

Тангабека. Гапларинг ғалати, мусофир, бу сўзларнинг менга нима дахли бор?

Дарвеш. Сендан бошқа кимга гапираман, ахир, бойвучча?

Тангабека. Сен бир ёқдан келган одамсан, дарвеш! Бу ерга олиб келган қийматинг йўлингни ҳам берар.

Дарвеш. Менинг ҳам шошиладиган даврим ўтиб боряпти, бойвучча. Ташқарида от дупури эшитилади. Биров отдан сакраб тушади.

Тангабека. Отда биров келди. Оти ҳансираяпти. Олисдан келган чопарга ўхшайди.

Рисқул киради. Бойвучча у томон бир неча одим юради.

Рисқул. Ассалому алайкум, эл-юртинг омон, мол-давлатинг зиёда бўлсин, бойвучча! (Дарвешни кўриб.) Ассалому алайкум!

Дарвеш. Ваалайкум ассалом, бек!

Тангабека. Айтганинг келсин, Рискулбек, қани, тўрга ўт! Келмаганингга хавотирланиб, ўзим борай деб турган эдим.

Рисқул. Чопаринг борганда овда эдим. Хабар топишим билан орқамга қайтдим. Оқсоқоллар тарқалишипти-да?

Тангабека. Ҳа, сени анча кутишди.

Рисқул. Ўтириб, фотиҳа қилайлик. (Фотиҳа қилади.)

Тангабека. Овинг дуруст бўлдими, Рисқулбек?

Рисқул. Йўқ, бойвучча, овим юришмади, иккитагина карқур билан қайтдим. Овнинг мазаси йўқ, йил оғир келадиганга ўхшайди.

Тангабека. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин...

Рисқул. Оқсоқоллар қандай ҳукмга келишди, бойвучча?

Тангабека. Бор таомилдан ўтиб қаёққа боришар эди, Оқйигит учун келин уйда бор. Олган қалинни тўла-тўкис қайтара олсанг, Зубаржадга яна ўзинг хўжасан, қайтара олмасанг, уйимизда кенжа ўғлим ўсяпти... (Қимиз узатади.) Қимиздан тановул қил, бек, гўштга насибанг қўшилмаган экан.

Рисқул. Тақдир шу экан, нима ҳам қиламиз, бойвучча, Зубаржадга ҳам совчи келган жойи бор. Қорахўжа оёғини тираб турибди. Ҳали яна совчи юборса керак, берган мол-жонингни қайтараман, қариндош бўлиш насиб қилмаган экан.

Дарвеш. Ё худованди карим, мол-мол дейсизлару, болаларингизни ўйламайсизлар-а!

Рисқул. Бу ҳақда сен ўйламасанг ҳам бўлади, Дарвеш! Шундай қилиб бойвучча, берган молингнинг ҳаммасини қайтариб юбораман, ҳаммаси ҳисобли.

Тангабека. Аввалги юборган молларимнинг урчишини ҳам ҳисобга олиб, санаб қайтаришни унутма!

Рисқул. Бўлмаса келишиб олайлик. Қанча урчиди деб тахмин қиласан? Аммо-лекин, бир оқсоқ така кам бўлса ҳам қўймайман.

Тангабека. Бошқа одамдан бирга бирни олар эдим. Сенинг беклик мансабингни инобатга олиб, икки бошга бир бош бўлса ҳам ризоман.

Рисқул (сакраб ўрнидан туради). Оғзингга қараб гапир, бойвучча, беклик мансабимни молга уриб, мени камситмоқчимисан?

Тангабека. Беҳудага қизишяпсан, бек. Сен бор, мансабинг бор, шунинг учун шаънингга қўшяпман-да.

Рисқул (ниманидир зслаб). Ҳай, майли, бойвучча, қасосингни олдинг! Ҳазилимни чин билган экансан!

Тангабека. Дунё шунақа, Рисқул, беклик умрлик бўлса ҳам, умр мангулик эмас. У дунёда ҳамма баб-баравар.

Рисқул. Вой-бў, кекинг зўр экан-ку!

Тангабека. Зиёфатга яраша фотиҳа дейдилар, бек!

Рисқул. Кўпайиши билан талаб қилиб, теримни шиласан-ку!

Тангабека. Сенинг теринг нимага ярар эди, ҳалол молимни сенга ҳаром қилиб қолдирсам, ҳурматсизлик бўлар, бек!

Рисқул. Шу орада молларга неча марта ўлат келди. Қанча мол қирилиб кетди. Қайси мол урчисин?! Мени қийин савдога қўйдинг-ку!

Тангабека. Тўғри айтасан, бек, ўлатлар бўлди. Лекин қалин молига ўлим йўқ. Қирғин кишининг ўз молига келади.

Рисқул. Мени Рисқулбек дейдилар, бойвучча, ади-бади айтишиб ўлтиришга тобим йўқ, бўладиган гапни айт!

Тангабека. Бўларини айтдим, бек!

Дарвеш. Бойвуччанинг нафси бузуқ эмас, бек, ортиқ сўраши ҳам мумкин эди...

Рисқул. Сен дин аҳлисан, Дарвеш, бу дунё ишларидан узоқсан. Аралашмаганинг маъқул!

Дарвеш. Ихтиёринг, бек!

Тангабека. Майли. (Кескин.) Яхшилигимни унутмассан. Бештага биттадан қўшиб ҳам молни яйловга юбора қол!

Рисқул. Ўнтага битта бераман, вассалом!

Тангабека. Эй, қўй-е, сени бек деб ким айтади, хотиндан баттарсан...

Рисқул. Сенга худо бас келсин, менга мол эмас, обрў қиммат. Бештага биттадан қўшиб ҳайдатиб юбораман молларингни... Лекин, бойвучча, сен билан қайта учрашишдан худонинг ўзи асрасин! Қизим сенинг домингга тушиб қолмаганидан жуда хурсандман. Шуни билки, Рисқулбек ҳеч нарсани унутмайди! (Чиқиб кетмоқчи бўлади.)

Ташқарида от дупури эшитилади. Биқинини чангаллаб чопар киради.

Чопар. Хунук хабар, бегим, хунук хабар олиб келдим! (Оғир нафас олади.) Буйрагимни ўқ тешиб ўтди.

Рисқул. Буйрагингни қўй, олдин хабарингни айт!

Чопар. Ўтган кечаси узоқдаги подага қора булутга ўхшаб ёв ёпирилиб келди. Қорахўжанинг одамлари баримтага келган бўлса керак. Бутун молларингни ҳайдаб кетди.

Рисқул (чопарга қамчи ўқталиб). Сенлар қараб туравердиларингми ёки қуёнга ўхшаб ин-инингга кириб кетдиларингми?

Чопар. Туни бўйи олишдик, бек, ёқалашдик, кучимиз етмади, бек. Ҳамма йилқичиларинг, қўйбоқарларинг ўлган, қандай қилиб мен омон чиққанимга ҳайронман у жаҳаннамдан. Вой, ўламан, ичим қонга тўлди чоғи, ҳолим ёмон, бегим, ўламан.

Рисқул. Ҳа, Қорахўжа шу йўлни тутдими ҳали! Энди у мендан баримтанинг қонли қасоси—қаримтани кутаверсин! Мени Рисқулбек дейдилар... (Қамчи силтайди.)

Тангабека. Қаримтанинг устига қор ёгди дея-вер, Рисқулбек! Молсиз қолибсан-ку ё нотўғрими?

Рисқул. Тўғри, тўғри. Суюнавер, сенинг кунинг туғди.

Тангабека. Нега суюнай, ахир, сенинг молинг билан меники ҳам кетгандир.

Рисқул. Молинг кетса, сенга келин қолади. Менинг на молим, на қизим қолди. Эҳ, муртад Қорахўжа! Қонингни томчилаб тўкмасам, Рисқулбек отим ўчсин, бутун зотимга қирғин келсин!

Тангабека. Демак, қариндош бўлишдан бошқа чорамиз йўқ экан-да?

Рисқул. Яна сен ютдинг, бойвучча, яна айтганингни қилдинг!

Дарвеш (ўзича). Хм-м... тақдир ўйини авжига чиқяпти...

Тангабека. Очиғини айтсам, Зубаржадни ўз қизимдай севиб қолганман. Қўлдан чиқариб юборгим келмаганди. Кўнглимга тортди.

Рисқул. Бу билан дардим енгил тортмайди. (Чопарга.) Тезроқ бориб отингга мин, одамларни йиғ, у босқинчини қувиб борамиз, шояд етсак! Эй, отни олиб кел!..

Чопар чопиб чиқиб кетади.

Тангабека. Оқ йўл, бек. Ишингни худо ўнгласин.

Рисқул. Қуллуқ, бойвучча! Фотиҳа бер, авлиё!

Дарвеш (маккорона табассум билан пичирлаб ўқиб). Худо ўз паноҳида асрасин, оллоҳу акбар.

Рисқулбек шиддат билан чиқиб кетади.

Тангабека. Чўлдаги елни бостириб бўпсан, бек. Қирғин дарахт бошида эмас, одам бошида юради!

Дарвеш. Мана, яна иккимиз қолдик, бойвучча.

Тангабека. Бир ўзим танҳо қолсам, янада яхшироқ бўлар эди, дарвеш. Бир оз ўйлаб, хаёлимни йиғиб олай.

Дарвеш. Ўйлайвер, мен шошмайман. Лекин хайрли иш ҳақида ўйламаяпсан. Оқйигит билан Зубаржадни бир-биридан айириб, эрнинг васиятига хиёнат қиляпсан. (Бошини эгиб чиқиб кетади.)

Тангабека. Бу Дарвеш ҳадеб гапни қаёққа бураверади, сира тушунмайман. Бизнинг ғам-ташвишимиз билан унинг нима иши бор? Ёки қилаётган бу ишларим чиндан ҳам раҳматли Элмирзанинг васиятларига хиёнатми? Бошимизга бундай балолар келишини ким билибди? Назаримда мени худди илон чаққанга ўхшайди. Ўзимни қўярга жой тополмайман. Тангрим, нима қилиш керак, нима қилай?!

Пауза

Девона югуриб киради.

Девона. Бойвучча опа, бойвучча опа! Шундай Тол Қивиққа етиши билан Рисқулбекнинг оти мункиб кетиб, ўлди-қолди. Мана бундай юмалаб, ўмбалоқ ошиб кетди. (Юмалаб кўрсатади.)

Тангабека. Бек тирикми?

Девона. Бек дарров сакраб турди-ю, от талаб қилди. Ёлчиқул бизнинг тўриқ йўрғани тутиб, уни миндириб юборди.

Тангабека. Хайрият, жони омон қолибди бечоранинг.

Девона. Бекнинг дўпписи бир чақирим ерга учиб тушди, бошида мана бундай (муштини кўрсатади) ғурра.

Девона Тангабеканинг ёнига келиб ўтиради. Тангабека унинг бошини силайди.

Девона. Бошимни силасанг бирам хуш ёқади, бирам хуш ёқади. (Жилмайиб.) Ҳамма вақт шундай қилиб тур, хўпми, бойвучча опа?

Тангабека. Бир бегуноҳ тириккина жонсан, Девона, сен билан сўзлашиб ўтирсам ўзим ҳам енгил тортаман.

Девона. Мени эркаласанг, йиглагим келиб кетаверади. Йўқ, бойвучча опа, мен йиғламайман, мен йиғласам, сенинг кўнглинг бузилади.

Тангабека. Йиғлама, Девонам, сенинг йиғингсиз ҳам менга жуда қийин. Ҳамма ёқ алғов-далғов бўлиб кетди. Нима бўлишига ақлим етмай қолди. (Девонанинг бошини силайди.)

Девона. Сен билан иккаламиз бўлак яйловга кўчиб кета қолайлик, бойвучча опа? Эшмирзани ҳам олиб кетамиз. Майли, Шафақ ҳам кета қолсин биз билан! Майли! Оқйигит билан Зубаржадни ҳам қолдириб кетмаймиз, иккаласи бу ерда қийналиб қолади. Ёлчиқул-чи? У ҳам яхши одам, уни ҳам олиб кетамиз. Дарвеш анави Рисқул яйловига кетаверсин.

Тангабека. Оҳ, Девона, қани энди сен айттандай осонгина қутулиб бўлса? Кошки, кўргулик ва азобларимиз бу ерда қолса! Ҳаммаси орқамиздан қувиб боради.

Девона. Бароқни ҳам олиб кетамиз, бўлмаса суякларни ким кемиради?..

Тангабека. Ҳай, майли. Ана, қимиз қуйиб ич!

Эшмирза. Чуҳ... қамиш оёқ арғумоғим, чуҳ! Ойи, ойи қўйчи Боймат мендан, хотин олганингда сен уни нима қиласан, деб сўради. Менми, мен уни қамчи билан боплаб савалайман, дедим. Тўғри айтибманми?

Тангабека. Эсингни йиғ, тентак, алжирама! Қамчи билан хотин калтаклаганни кўрганинг борми?

Эшмирза. Кўрганим бор, ойи. Анави ғилай Йилқибой хотинини кунда қамчи билан савалаб, ўласи қилади.

Тангабека. Одам эмас, ваҳший экан бўлмаса.

Шафақ, унинг кетидан Девона киради.

Шафақ. Чақирдингми, қайнанам?

Тангабека. Чақирдим; ўтир, ҳамманглар ўтиринглар. Сен, девона, эшитиб, жимгина ўтир.

Девона. Хўп бўлади, бойвучча.

Оқйигит. Ойи, сен бизни жуда бемаҳалда тўпладинг, ишқилиб, охири бахайр бўлсин.

Тангабека. Огоҳлантираман, бу оқшом мендан яхши-хабар кутмай қўя қолинглар. Ихтиёрим ўзимда эмас.

Ҳамма ташвишда, бир-бирларига қарашади.

Шафақ (ўзича). Худойим, наҳот ўйлаганларим олдимга келса? Бир балони сезяпман.

Тангабека. Нимадан бошлашга ҳам ҳайронман. Бугун оқсоқолларни, яъни уруғларимизни ҳурматга сазовор улуғларини йиғиб, кенгаш қургандик. Ўйладик, кенгашдик. Ҳа, айтгандай, Зубаржад, Рисқул ҳам келиб кетди. Кенгашиб, фикрлашиб ота-боболаримиз удумини тутишга, ўтганлар таомилига амал қилишга қарор қилдик.

Оқйигит (ҳаяжонда). Ота-боболаримиз таомили, васияти мен учун муқаддас. Бизнинг фотиҳамиз бор...

Тангабека. Таомилимиз, қонунларимиз авлоддан авлодга ўтиб келган кўҳна қонунлар, болаларим! Ундан ўтиб ҳеч қаерга боролмаймиз.

Оқйигит. Нима бўлди ўзи ойи, қийнамасдан тезроқ сўзла!

Тангабека. Акангнинг ўлими ҳамма ёқни остин-устин қилиб юборди, болам. Кўп умидларимиз пучга чиқди. Оқсоқоллар эски удумимизни тутиб, шундай қарор қилдилар: Оқйигит, сен Шафаққа уйланасан. Эшмирза, сенга ана Зубаржад хотин бўлади. Акангизнинг қирқини ўтказиб, сизларнинг тўйларингизга ҳаракат қиламиз.

Ҳамма саросимада.

Эшмирза. Менга хотин керак эмас, ойи, мен уйланмайман. Ана Девонага хотин керак. Мен ҳали тегишиб айтдим, менга хотин керак эмас. (Ўтовдан чопиб чиқиб кетади).

Девона. Қўй, қўй мени, бойвучча, ўз холимга. Менга хотин керак эмас, менга уйланиш гуноҳ. Хотинсиз ҳам жуда яхши ухлайман. Ана, иккаласини ҳам Оқйигитга бер! Мени тинч қўй, бойвучча опа! (Орқаси билан юриб ўтовдан чиқади.)

Зубаржад билан Оқйигит ҳамон саросимада, ҳайрон.

Шафақ. Истасанг ос, истасанг чопиб ташла, қайнанам! Лекин мени бундай жафоларга гирифтор қилма! Илиниб турган бир кузги етим япроқ сингариман. Тегма, қайнанам, ўзим узилиб тушаман. Сен мени уч кишининг кўз ёшига сабаб қилма. Кўз ёши нималигини мен жуда яхши биламан! (Ҳўнграб йиғлайди.)

Оқйигит (қаҳқаҳлаб кулиб). Эй, онажон! Тошдан тошга, қоядан қояга сакраб юрган кийикка: сен бундай қилма, деб ким буйруқ бера олади? Бу ерда унга қонун эмас... фақатгина ўқ ҳоким. Қўлинг борса, от бизни. Биз Зубаржад иккаламиз бир жонмиз. Бизнинг тақдиримизни васият ва таомил билан ўзларинг қўшгансизлар!..

Зубаржад. Ўлгунимча сенинг қулинг, хизматкоринг бўлишга тайёрман, бойвучча... Фақат бир илтимос, мени Оқйигитдан жудо қилма, менга Оқйигитимни қўй!

Оқйигит. Ундай дема. Зубаржад, биз қул бўлиб эмас, ҳур бўлиб яшаш учун дунёга келганмиз. Қул бўлиб эмас, муҳаббат, аҳд-паймон асири бўлиб яшаш — бу буюк бахт, Зубаржад! Ойижон, наҳотки сен унутдинг отам сўзларини? У ҳамиша, «Ҳурлик-бахтиёрлик» дер эди». Хўш, нега жим бўлиб қолдинг? Айт, ойижон, сен бизнинг ирода ва садоқатимизни синаб кўрмоқчи эдинг, шундайми?

Тангабека. Йўқ, болаларим, сизлар синовдан ўтгансизлар. Худойи таолонинг хоҳлагани бошқа экану, биз шошиб осийлик қилиб қўйган эканмиз, болаларим. Тақдирнинг ёзганига бўйсунмай иложимиз қанча?

Зубаржад (Тангабеканинг оёғига йиқилиб). Бизнинг тақдиримиз сенсан, бойвучча! Сен кучли одамсан, ҳар нимага қодирсан, бизларни бир-биримиздан жудо қилма!

Оқйигит (Зубаржадни ўрнидан турғизиб). Тур ўрнингдан! Бизнинг тиз чўкиб кечирим сўрарлик нима гуноҳимиз бор, Зубаржад? Бизни туғилишимиз қовуштирган, фақат ўлимгина бир-биримиздан жудо қилиши мумкин!

Тангабека. Тангримнинг қудрати чексиз.

Зубаржад. Ундай бўлса, нега унинг қудрати фақат ёзузликда чексиз экан, бойвучча?!

Тангабека. Тавба деб гапир, Зубаржад. Бу сўзларингнинг турган-битгани гуноҳ!

Зубаржад. Бир илдиздан кўкариб чиққан қўшалоқ ниҳолни томиридан қирқиб ажратиш гуноҳ эмасмиккн, бойвучча! Бизнинг кўз ёшларимиз наҳот сенинг бағрингни қон қилмаса, бойвучча! Бунча қаҳринг қаттиқ!

Оқйигит. Она, агар сен бизни шундай жудолик доғига ташлайдиган бўлсанг, берган оқ сутларинг ҳаром бўлади! Йўқ, йўқ, она! Оёқ-қўлларимизга темир кишан солсанг солгину, аммо дилларимизни озод қўй!

Тангабека. Тўлқин дарёдан чиқиб кетмайди, ўғлим, қирғоққа урилиб яна изига қайтади. Тақдир дарёсининг қирғоқлари баланд ва серқоя. Ундан ҳеч ким ҳатлаб ўтган эмас!

Оқйигит. Мана, биз тақдир дарёси тўлқинига ботмай, ундан ҳатлаб ўтамиз.

Зубаржад. Ҳаммаси сенинг қўлингда, бойвучча!

Тангабека. Мен тақдир қулиман, таомил, урф-одат қулиман. Мгнинг эрким ўзимда эмас.

Оқйигит. Оҳ, бу қуллик! Банда бандага қул, қонунга қул, таомилга қул! Қул, қул, қул! Одамлар ўзларига қонун ўйлаб чиқарадилар-да, ўла-ўлгунча ўша қонуннинг қули бўлиб яшайдилар. Қул, қул! Одат ва заифлик қули, гўллик ва ҳирсият қули! Инсоннинг бири шуҳратпарастлик қули бўлса, иккинчиси молу дунё қули! Учинчиси нодонлик қули бўлса, яна бири ёвузликка қул! Нима учун шундай? Нима учун ҳар бир тирик жонни беҳуда тамоил ра урф-одат гўрига тиқасизлар? Биламан, эл-уруғимизнинг одат ва таомилига кўра мен Шафаққа уйланишим керак. Бунга на Шафақ, на мен рози ахир! Ўт билаи сув қандай қовушсин?!

Тангабека. Бизда ихтиёр йўқ, бу Олло-таолонинг хоҳиши.

Шафақ. Бизнинг зоримиз, илтижоларимиз нега унинг қулоғига етмайди. У шунча узоқдами?

Оқйигит. Оллоҳнинг қулимиз! Аммо ўзимиз ўзимизга қул бўлиб яшаймиз. Мен ҳурмат қиладиган Оқмон шоир шундай деган эди:

Қуллар бўлиб яшашдан ҳам қуллик ёмон,

Еримизда қуллар битар бирон замон.

Қуллар битар! Руҳимизга подшо бўлиб,

Дилимизга тахтин қуриб қолар ҳамон...

О, руҳларни кишанлаган қуллик ёмон!..

Тангабека. Оқмон шоирни элдан бадарға қилганларини ҳам унутма, ўғлим!

Оқйигит. Шоирни элдан бадарға қилишга, юртдан ҳайдаб чиқаришга ёвузларнинг кучлари етади. Лекин унинг қўшиғини ҳам, руҳини ҳам қувиб чиқариб бўлмайди элдан!

Тангабека. Уруғ унга лаънатлар ўқиди.

Оқйигит. Йўқ, уруғ ёвузларига, жоҳилларига у лаънат ўқиб кетди.

Тангабека. Мана, оз эмас, кўп эмас, эллик йиллик умримда кўпни кўрдим, ўғлим. Лекин таомилни оёқ ости қилган бирон қулнинг худо ғазабидан омон қолганини ҳали кўрганим йўқ. Мен буни жуда яхши биламан. Шунинг учун бутун ташвишу ҳаракатим — сизни шу ҳалокатдан ҳимоя қилиш.

Оқйигит. Ҳимоя қилма, она, бизни бир-биримиздан жудо қилишнинг ўзи ҳалокат қаърига отишдир.

Шафақ. Мен мисоли милтиллаб ёнаётган бир шамман, қайнанам. Йўлмирзам ҳаққи, унинг руҳи ҳурмати мени ўз ҳолимга қўй. Эрим доғида ўзим ёниб, ўзим сўнайин. Ўтинаман, қўй, мени ўз ҳолимга!

Тангабека (жаҳл билан). Тилинг чиқиб қолибди дейман, келин? Ҳаддингдан ошма! Сени уруғ пода-пода мол бериб олган. Сенинг хўжанг ҳам уруғ бўлади. «Севги, севги» дейсан ҳамманг. Мана, Йўлмирза билан севишиб қовушдиларинг, бахтинг кўпга бордими? Муҳаббатнинг турган-битгани ҳасрат.

Шафақ. Муҳаббатнинг ҳасрати ҳам мен учун лаззат!

Тангабека. Етар, гапни бас қилларинг энди!.. Қиёматда худо олдида мен жавоб бераман. Қарор битта: оқсоқоллар қандай ҳукм чиқарган бўлса, шундай бўлади! Ҳадемай ҳаммангиз ҳам тақдирга тан бериб кетасиз.

Зубаржад. (Оқйигитнинг чеҳрасига боқиб.) О, тангрим, бу не ҳол, Оқйигит? Нега чакка сочларинг бирдан оқариб кетди? Ё худойим!..

Оқйигит. Қуллуқ, она, минг раҳмат! Шу дақиқалар ичида сен мени ўттиз ёшга улғайтирдинг. Ақлимни тиниқтирдинг. Ҳозир мен йигит эмас, кўпни кўрган эр киши бўлиб сенга айтар сўзим бор. Мен Зубаржадсиз бир кун ҳам яшай олмайман. Жонимиз ҳам, танимиз ҳам бир ерда бўлади. Бутун севган уруғим мени лаънатлаш эмас, оёғимга йиқилиб ёлворса ҳам, айтганимдан қайтадиган эмасман. Мен муҳаббатим билан ўзимни жуда қудратли ҳис қиляпман, она! Сен бутун дунёни қоронғиликка кўмдинг, мана шу қоронғиликда мен учун биргина юлдуз — Зубаржад ярқираб турибди. (Зубаржаднинг кўлидан ушлаб Тангабека олдига келади.) Бизга берган фотиҳангни такрорла, онажон!

Зубаржад. Мен Оқйигитсиз бир кун ҳам яшаи олмайман. Мен сўнгги нафасимгача Оқйигитникиман, бойвучча! Бизни қовуштирган фотиҳангни такрорла, бўлғуси қайнанам! Такрорла фотиҳангни, бўлғуси онажоним!

Тангабека. Мен фотиҳамни такрорлаш учун эмас, қайтариб олиш учун чақиртирдим сизларни! Мана, кўз олдингизда оламан уни. Оқсоқолларнинг ҳукми ҳукм! Бугундан бошлаб бир-бирингиз билан кўришишингизга мен розилик бермайман!

Оқйигит . Сен Қуёш нуридан маҳрум этсанг, она, бизнинг йўлимизни ой нури ёритади, бахтимизга паноҳ бўлади! Юр, Зубаржадим, кетдик!

Оқйигит билан Зубаржад чиқади.

Тангабека. Кунимиз серқайғу, эртамиз қоронғи!

Шафақ (саҳрога термилиб). Ҳамма ёқ симсиёҳ, қора туман қоплаган атрофни... (Кета бошлайди.)

Тангабека. Бир оз сабр қил, Шафақ, кетма.

Шафақ. Овқат пиширишим керак.

Тангабека. Улгурасан. Гап бор.

Шафақ. Айтилмаган нима қолди, қайнанам?

Тангабека. Қайнана-келин бўлиб эмас, икки тенг аёл бўлиб гаплашайлик.

Шафақ . Даражамиз тенг эмас-ку, қайнанам.

Тангабека. Ҳамма хотинлар бир хил, Шафақ. Мен ҳам бир вақтлар ёш бўлганман.

Шафақ. Сен ҳозир ҳам қари эмассан!

Тангабека. Сен эндигина дарахтдан узиб олинган етук мевасан, Шафақ! Заҳа бўлмаган, шарбатга тўлиб, тирсиллаган мева! Чиройлисан, қадди-қоматинг келишган жувонсан. Сенинг чекингга йигитларнинг сараси тушди. Менга қанча оғир бўлишига қарамай, сенга маслаҳатим шу: фурсат ғаниматлигида ўзинг ҳақингда ўйлаб қол.

Шафақ. Ёшлигимни уриб кетди қора гармсел.

Тангабека. Мен ҳам севги лаззатига тўйиб қонмай бўлиб қолдим тул. Неча марта ўлдирмоқчи бўлдим ўзимни. Лекнн ҳаёт устун чиқди. Инсон ҳамма нарсага кўникади.

Шафақ. Мен кўника олмайман, бардошим етмайди.

Тангабека. Ўзингни кўниктир, Шафақ, Оқйигитга кўнгил бер, бошқа иложимиз йўқ! Ой булутлар чодирига кирганда сен ҳам секин унинг оқ ўтовига кир!

Шафақ. О, қайнанам, худодан қўрқ, мени ёмон йўлга йўллашдан! Мен ундай хиёнатни хаёлимга ҳам келтиролмайман. Бировнинг бахтини ўғирлаб киши бахтли бўладими? Зубаржаднинг кўз ёши кимни тутади?

Тангабека. Зубаржад ҳақида биз ўйлаймиз, сен ўзингни ўйлайвер!

Шафақ. Йўқ, мен бу йўлга юрмайман, қайнанам! Мен ўз оёғим билан унинг оқ ўтовига кириб боролмайман. Мени бу шармандаликдан қутқар! Мен гуноҳдан қўрқаман. Анави Дарвеш аллақандай ёвуз назар билан мени кузатиб юради. Қаерга борсам, ўша ерда у...

Дарвеш киради.

Дарвеш. Кечки ибодатни ҳам адо этиб келдим, бойвучча... Нимагадир ҳамма ёқни қуюқ туман босиб келяпти, бамисоли қора булут! Ишқилиб яхшиликка кўринсин!

Тангабека. Қора туман хайрлик келтирмаслигини пайгамбар элчиси билса керак?!

Шафақ сездирмай чиқиб кетади.

Дарвеш. Ер гуноҳга тўлиб-тошган, бойвучча!

Тангабека. Ерда бандалар яшайди. Банда бўлган жойда ҳар нарса ҳам бўлади.

Дарвеш. Хўш, бойвучча, ёшларни кўндира олдингми?

Тангабека. Мен уларга уруғнинг ҳукмини айтдим, кўниш-кўнмасликка уларда ихтиёр йўқ.

Дарвеш. Шундай дегин...

Тангабека. Шундай... Мен сенга анчадан бери айтмоқчи бўлиб юрган эдим. Сенинг қилиқларинг мени борган сари ҳайратга солиб қўйяпти. Авлиё бўлсанг ҳам, бошқа бўлсанг ҳам, ўзингга, биз учун сен бегонасан... Балки...

Дарвеш. Нима «балки?»

Тангабека. Балки кетарсан дейман... Сенсиз ҳам ҳаётимиз нотинч. Нима истасанг шуни ол-да, жўнаб қол!

Дарвеш. Менга мол керак эмас, менга бир қароргоҳ керак. Жаҳон кезиб чарчадим, қўним керак.

Тангабека. Ундай бўлса, ўзингга бир қароргоҳ излаб топгин!

Дарвеш. Бир умр излаган қароргоҳимни топдим, бойвучча, жаҳонгашталикка алвидо дедиму, кексалигимни сенинг қароргоҳингда ўтказишга келдим.

Тангабека. Бу ернинг бекаси мен! Менинг қароргоҳимда сенинг ризқинг тугади, энди йўлингга равона бўл!

Дарвеш. Қуллуқ, бойвучча. Лекин мен бир дайди ит эмасманки, олдимга бир суяк ташлаб, алдаб, ҳайдаб юборсанг. Фаҳмладингми?

Тангабека. Нималар деяпсан ўзинг? Ҳеч нарса тушунмаяпман.

Дарвеш. Тушунмасанг, тушунтириб қўяман.

Тангабека. Йўқ, тушунтирмай қўя қол, керак эмас. Аммо кет бу ердан. Нима керак бўлса шуни олгину, кет!

Дарвеш. Керагини албатта оламан, бойвучча, лекин кетмайман. Негаки, кетиш учун келган эмасман!

Тангабека. Йўқ, кетасан! Меҳмондўстлигимни кўрдинг, лозим бўлса қаҳримни ҳам кўриб қоларсан! Яхшиси, нима кераклигини айт, буюраман, ҳозир беришади!

Дарвеш. Менга Шафақ керак, бойвучча. Шуни бер. Мен қолган ҳаётимни шу ерда, Шафақ билан ўтказаман... Ҳа, нега ўқраясан? Мен ҳали қариганим йўқ, энди эллик бешга кирдим.

Тангабека. Тўхта, тўхта! Бу куёв алаҳсирашини ўнгимда эшитяпманми ё тушимда? Ҳалиги авлиё Дарвеш сенмасмидинг?

Дарвеш. Авлиёликни тарк этганимга кўп бўлди, бойвучча. Бу гуноҳкор ерни тарки дунё қилиб, ўзимни дин, худо йўлига бағишладим. Дину имон, рўзаи рамазон, тоату ибодат қилдим, ҳақиқат истаб, нима топдим? Хулё топдим, хулё! Ҳаммаси риё, ҳаммаси беҳуда гап, бойвучча. Нимага сажда қилдим, нимага топиндим? Қўша-қўша хотин қучиб, олтин саройларда бу дунёнинг роҳатини кўрган олий зотлар имонининг саломатлиги учунми?

Тангабека. Худо сени охиратда ўзи ёрлақайди.

Дарвеш. Охират ҳозир ер устида, бойвучча! Охиратнинг жаннати ҳам, дўзахи ҳам — Шафақ! Уни кўрдиму, диндан чиқдим, имондан айрилдим, бойвучча. Мевасиз дарахт ва уясиз қуш сингари сўққабош бўлиб дунёдан ўтиб кетаётганимга афсусланиб қолдим. Шафақ мени кўкдан ерга туширди. Менда ернинг нозу неъматларидан, роҳат ва лаззатларидан баҳраманд бўлиб яшаш иштиёқини уйғотди. Ёз қуёши ботаётганда ҳам ёниб ботади... Музлаб қолаётган қоним туғёнга келиб, мудроқ ҳирсу ҳавасларим исён кўтариб, менга омон бермаяпти. Мен кўмилган вулқонга ўхшайман, бойвучча! Менга Шафақни бер! Бугуноқ, ҳозироқ бер уни менга!..

Тангабека. Эй, ақлдан озмадингмикан, Дарвеш, эсингни йиғ!

Дарвеш. Эсимни йиғиб олганим учун ўзимга тегишлигини талаб қиляпман, бойвучча.

Тангабека. Ҳозироқ кет бу ердан, дарвеш, бўлмаса тумонатни бошингга тўплайман, қамчи остида қоласан.

Дарвеш. Пўписангни қўй, бойвучча, мен қўрқмайман. Ҳаёт ўз қамчисини қаттиқ босган менга. Қара-я, одамларга имон тарқатиб юрган одам, бу ерга келиб имондан чиқиб қолса. Имонсиз одам қўрқоқ бўлмайди.

Тангабека. Яна бир сўз дейдиган бўлсанг, оёқ-қўлингни боғлатиб, чўлга чиқариб ташлатаман, оч бўриларга ем бўласан.

Дарвеш. Ташлатишдан бурун бир ҳикоя эшит... Бу бўлган воқеа.

Тангабека. Керак эмас ҳикоянг, ҳикоя эшитадиган бўлиб ўтирганим йўқ.

Дарвеш. Ҳикоям жуда қизиқ... кўнглинг очилади.

Тангабека. Керак эмас...

Дарвеш. Ихтиёринг... Бундан ўттиз йиллар чоғи муқаддам... ҳа, ўттиз йил бўлиши керак.

Тангабека (ўзича). Ўттиз йиллар...

Дарвеш. Олислардаги яйловлардан бирида эри урушга кетган чиройли бир ёш жувон бўлган. Чиройли жувон бошида эри билан ўтган ширин ишқли тунларни, қувончли кунларни эслаб соғинган, юраклари интилган... Отилиб чиққан чашма ўз оқимига йўл топади, дейдилар. Қўшни қароргоҳдан келиб-кетиб юрган келишган бир йигитга жувон ошиқу беқарор бўлиб қолади. Шундай қилиб, ҳислар тўфонида маст жувон ўйнаш орттиради. Йигит неча бор оқ ўтовга кириб чиқади — бўсағадан бошқа ҳаммага сир. Кундузларни эри хаёли тузоғида, тунларни йигит қучоғида ўтказади бу жувон... Орадан йил ўтмаёқ хуфия учрашувлар ўз мевасини инъом қилади — ўғил бола дунёга келади. Бу сирдан ерда киндик кесган доя кампиру кўкда ҳайрон чақнаган юлдузларгина воқиф бўлади. Лекин сир ҳам қил устида эди — болани нима қилишлари, қаёққа яширишларяни билмасдилар... Худонинг марҳамати кенг, бойвучча... Худо бандасига бераман деса, улушини йўлига ташлаб қўяр эмиш. Шу бола туғилган кунда яйловда қўлида ҳасса, юрагида ғусса бир ёш дарвеш ўтиб қолади. Худонинг меҳрибонлигига қара... Доя кампир дарвешнинг йўлини тўсади. Қўрқа-писа бўлган сирни айтиб: тилаганингни сўра, мол дейсанми, олтин дейсанми — қанча хоҳласанг ол. Лекин мушкулимизни осон қил, бизни балодан қутқар, дейди. Болани олиб чўлга кет, эрталаб қайтариб кел, келганингни ҳамма кўрсин. Кейин халққа: чет яйловдан шу болани топиб олдим, дегин. Халқ сенга болани катта ўтовга бекнинг хотини олдига олиб боришни маслаҳат беради, дейди кампир. Дарвеш йигит доя кампирнинг ҳамма айтганларини бажо келтиради. Болани дарҳол подачининг эмизикли хотинига берадилар... Дарвеш ваъда қилинган пулу олтин, қўю отлардан кечиб, фақат мудҳиш сирни кўнглига кўмади-ю, ҳу, деб жўнаб кетади... Мана, бор ҳангама... Ҳа, нима бўлди, бойвучча, рангинг ўчиб кетди?

Тангабека. Ҳа, жаҳонгашта одамларнинг эртаги шунақа кўп бўлади.

Дарвеш. Эсимда... ҳалиги бузуқнинг исми Тангабека эди... Ҳали ҳам дарвешнинг қулоғида ўша исм жаранглаб турибди.

Тангабека. Ҳа, саҳроларда бунақа исмлар жуда кўп учрайди.

Дарвеш. Арзимаса яна бир нарсани айтай... Уша гўдакнинг манглайида катта холи бор эди. Худди сенинг Девонанг пешонасидагига ўхшаган... Ўтмишингдан қочиб, бошқа даргоҳларга кўчиб кетибсан. Аммо ўтмиш кўзга кўринар-кўринмас бўлиб кишининг изидан юраверади, бойвучча! Мана, мен ҳам топиб келдим изингдан...

Тангабека. Ҳассанг билан бирга қўшиб худо урсин сени, Дарвеш! У вақт ёвуз иблис бўлиб чиқди. Шу иблис келиб энди мендан тозон талаб қиляпти. Олмай кетган олтин ўрнига — ёш хотин эмиш! Менинг ўз кўрган азобларим каммиди?! Бир гуноҳга минг жазо... бўйимда эканида кундуз одамлардан яшириниб, тунларни изтироб ва кўз ёшида ўтказиб, ақлдан оза ёзган эдим. Шунинг учунми, боланинг эси паст бўлди. Ўттиз йилдан бери унга қараб хуфия изтироб чекаман. Яширин лаззатнинг неъмати жуда аччиқ келди менга.

Дарвеш. Ўкин, бойвучча, ўкин. Кейинги пушаймон ўзингга душман, дейдилар.

Тангабека. Ўкинаман. Шу гуноҳим учун худо мени қирққа етмай тул қолдирди. Мана энди ўғлимни тортиб олди. Қаҳри ғазабига дучор қилди худо. Қани айт-чи, Дарвеш, дунё тарозисининг мезони борми ё йўқ? Ҳақиқат қаёқда?!

Дарвеш. Ўкин, бойвучча, ўкин! Мана мен шу ўттиз йил гуноҳ қилмаганимга ўкинаман. Севгидан қўрқдим, хотинлар билан айш-ишратдан ҳазар қилдим. Хуллас, бу дунёнинг лаззатидан бебаҳра яшадим... Йигирма беш йил аввал Бағдодда бир давлатманд савдогар мени куёв қилмоқчи бўлди. Мен у дунёнинг жаннатини бу дунё лаззатига алиштирмадим. Ҳозир пушаймонман!.. Яқиндагина, бундан ўн йил муқаддам бир тул даҳри хотин мени увалло ўз қучоғига тортди — тоб бердим, яқинига йўламадим. Энди ачинаман! Ундан кейин Бухорода... Саройлида... Ўкинаман, бойвучча, ҳаёт чақириғига кар-кўр яшаганим учун ўкинаман! Лекин бефойда!

Тангабека. Сен одам эмассан, иблиссан, девсан!

Дарвеш. Иблис бўлсам жуда қудратли бўлар эдим. Мен бўлсам заиф, аянч бир дарвешман... Ўттиз йилдан бери мудраб ётган иблис мана бугун уйғонди, сарфланмаган кучим, аланга олмаган чўғим бугун юрак-бағримни ёндиряпти.

Тангабека. Совуш топ, дарвеш, энди ёниб қаёққа борар эдинг.

Дарвеш. Рост айтасан, мен лаззат оладиган ҳаёт дарахтининг мевалари анча сийраклашиб қолган. Шундай бўлса ҳам ўз улушимни олмай қўймайман. Энг охиргиси бўлса ҳам узиб оламан мевамни. Бўйим етмаса, шохини синдириб оламан!

Тангабека. Нақадар мудҳиш вабосан, дарвеш!

Дарвеш. Тўғри айтасан, бойвучча, сенинг тақдиринг менинг қўлимда. Ҳамма сирларнинг калити — Шафақ. Шафақни менга қолдирсанг, олам гулистон!

Тангабека. Йўқ, қасамёд қилиб айтаманки, уни сенга бермайман! Бутун бир уруғ шаънига иснод келтирасан! Ё парвардигор, ўзинг мадад бер менга!

Дарвеш. Худо оҳ-зорингни эшитмайди, буни мен яхши биламан. Одамларнинг ўзлари бир-бирларини жазолайдилар. Сенинг жазонг — мана мен! Ўша вақтда олтинингни олмаган эдим, бойвучча, қарзингни тўла!

Тангабека. Йўқ, дарвеш, бир гуноҳимни ювиш учун яна гуноҳ қилишни хоҳламайман! Кет, бу ердан, тезроқ кет!

Дарвеш. Мен кетмайман. Агар танбаллик қилаверсанг, бошингга тумонат уруғингни йиғиб, сени ер билан яксон қиламан. Далилим — ана, Девона!

Тангабека. Қанча ёвуз бўлсанг ҳам ваҳшийлик қилмассан! Ҳар ҳолда сен эр кишисан-ку, ахир?!

Дарвеш. Мен ҳозир ҳеч ким эмасман, на фаришта ва на иблис! Мен учун муқаддас ҳеч нарса йўқ! Менга Шафақни бер, бўлмаса шарманда бўласан, эски ўкинчларингга янги пушаймон туз сепади.

Тангабека. Қўй, қўрқитма мени, дарвеш, мен қўрқинчларнинг ичидан бутун чиққан одамман. Лекин мен ҳозир ўзимни эмас, болаларимни ўйлаяпман. Таомилни оёқ ости қилишса, худонинг ғазабига учрайдилар. Тирик эканман, мен бунга йўл қўймайман. Бор, эл олдида мени фош қилсанг қилавер! Лекин бир нарсани унутма! Мен қаттиққўл ва тошбағирман.

Дарвеш. Йўқ, қўрқиб кеттанингдан шундай деяпсан, бойвучча, қўрқасан...

Тангабека. Мен ҳозир сендан заррача ҳам қўрқмайман. Териси шилинган бўри қўрқинчли бўлмайди.

Дарвеш. Кўп кутдим, энди ози қолди. Лекин шуни унутма, бойвучча, сен менинг кўланкамсан. Мен қаёққа борсам, ўша ёққа ўрмалайсан. Сенинг ўзингнинг на танинг, на жонинг бор! Ҳозирча холи қолдираман, лекин хотиржам бўл, Шафақни олмагунча қўймайман. (Чиқиб кетади.)

Тангабека. Ё раббий, қандай мудҳиш ҳақиқат бу?! Бошимга не балолар ёпирилиб келяпти? (Осиғлиқ ёй билан ўқни кўриб.) Мана бу ўқларнинг ҳаммаси менга ўқталган! Ана, ана ёйи тортиляпти... (Орқага чекинади.) Тортил, тортил! Менинг юрагимга қадал! Қадал менинг юрагимга! Қандайин даҳшат бу! Мени қандай қилиб ер кўтариб юрибди экан, худойим!.. Эй, одамлар!.. (Қичқиради, аммо шу заҳоти қўли билан оғзини беркитиб, ўриндиққа йиқилади.)

Учинчи Парда

Шафақ билан Оқйигит нинг ўтови. Оқшом тушмоқда. Узоқдан «Зулҳижжа» куйини хотирлатадиган мунгли куй эшитилади. Ўтовда Оқйигит билан Шафақ.

Шафақ. Узоқларда юракни эзадиган бирам мунгли куй қуйиляпти.

Оқйигит. Бизнинг етим юракларимиз йиғлаяпти. Сарсон-саргардон қилишди шўрли юракларимизни!..

Шафақ. Қисмат дейдилар. Пешанамиз шўр экан!

Оқйигит. Йўқ, пешанага, ёзмишга йўйиб, аслнда одамлар ўз ҳукмларини ўтказадилар.

Шафақ. Ўзимни гирдобга отсам ҳам омон қолдим-а, ана у Ёлчиқул қутқармаса, кўлга ботардиму, қутулардим бу дунёнинг ташвишларидан. Қаёқдан пайдо бўла қолди у Ёлчиқул?..

Оқйигит. Сен ўзингни ўлдирганинг билан бир бахтиёр бўлармидик? Сен тушган қабрнинг совуқлиги бизни исишга қўярмиди? Минг раҳмат Ёлчиқулга!

Шафақ. Шўрли Зубаржаднинг кеча-кундуз тортган оҳ-зорларини эшитиб, шунқор йигитнинг қаноти қайрилиб бораётганини кўриб туриб яшаш осонми, Оқйигит? Шундоққина суратинг қолди...

Оқйигит.

Суйганимни олдилар,
Жонимга ўт солдилар.
Кўкрагим тўла тутун,
Ўти сўниб кул қолди,
Кундуз сўлиб тун қолди,
Толеим бунча забун?
Дил кишанин олинглар,
Қўлларимга солинглар,
Қўйинг, юрагимни ҳур!!

Шафақ. Узоқларда юракни эзадиган бирам мунгли куй қўйиляпти...

Оқйигит. Зубаржадга қўшилиб бутун саҳро йиғлаяпти.

Тинглашади.

Пауза.

Шафақ. Мана, эр-хотин бўлиб бир ўтовга кирганимизга ҳам уч ой бўляпти, Оқйигит. Лекин кўзларингнинг нурлари ҳали бирон тунимни ёритгани йўқ.

Оқйигит. Кечир, Шафақ, нима қилай?!..

Шафақ. Бундан бу ёқ ҳам шу бўлармикан қисматим...

Оқйигит. Умр бўйи... Лекин умр узоқ бўлмас.

Шафақ. Менинг ҳам танамда жоним, томиримда ёш қоним бор... Уч ой... Наҳот уч ойда ақалли уч марта ёстиғимга бош қўймасанг?..

Оқйигит. (Шафақ ёнига ўтириб, бошини силайди.) Кечир мени. Ихтиёр менда эмас, Шафақ, ихтиёр юрагимда. Юрагим ўзганинг ёстиғи тепасида пирпираб юрибди.

Шафақ. Бахтли бўлсин, десалар, отимни Шафақ қўярмидилар. Оқшомги шафақдай бир ярқираб сўнсин, деган эканлар...

Оқйигит. Эр бўлиб сени эркалаб юпатишга тайёрман, аммо қандай қилиб! Қай сўз, қайси кўнгил билан? Кечир, хотин... ўзимнинг ҳам ичим тутун, устим бутун.

Шафақ. Эҳтимол, тақдирга тан бериш керакдир?.. Биздайлар оз бўлганми дунёда?..

Оқйигит. Тақдирга тан бериб ҳам кўрдик, янгам иккимизни икки қўзидай бир ўтовга қамадилар. Мен ҳам кўникиб кетаман деб ўйладим, бўлмади. Муҳаббат мендан устун келди. Кечир, Шафақ, сен жуда гўзалсан, лекин мен Зубаржадники, ўшаникиман!

Шафақ. Менинг заррача ҳам улушим йўқмикан сенда?

Оқйигит. Юракни улушларга бўлиб бўлмас экан, Шафақ. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтдим сенга, кечир мени!

Шафақ. Оҳ, Оқйигит, айтмасанг ҳам ҳаммасини биламан.

Оқйигит. Нимани биласан?

Шафақ. Бутун тунларингни у билан биргаликда оппоқ нурли саҳарга улайсан.

Оқйигит. Нима, таъқиб қилиб юрасанми?

Шафақ. Таъқиб қилмайман сени, Оқйигит, кўнглим сезади. Тунлар бўйи мижжа қоқмай чиқаман. Хотин бўлганимдан кейин эрим ўз тунларини қаёқда ўтказишини билмайманми? Лекин эҳтиёт бўл, Оқйигит, кейинги кунларда уруғ орасида сизлар тўғрингизда гап-сўз юрибди.

Оқйигит. Агар Зубаржадим бўлмаса, сенга энг садоқатли эр бўлар эдим, Шафақ. Бошингдан тирноғинггача ақл. Нима қилайки, мен сеники эмас!

Шафақ. Сен меники эмас... шунинг учун ҳам хотин бўлиб эрни рашк қилишга ҳаддим сиғмайди.

Оқйигит . Биздан ранжима, Шафақ, бизга ҳам қийин!

Шафақ (хўрсинади). О, қани, энди ранжишга ҳаққим бўлса! Менинг ҳеч нимага, ҳеч нарсага ҳаққим йўқ!.. Умуман, ҳеч нарсам йўқ менинг!.. (Йиғлайди.)

Оқйигит . Йиғлама, Шафақ! Бизнинг зору фиғонларимизни кўкдагилар барибир эшитмайди, кўз ёшимизни кўришмайди... Қани энди, уруш бошланиб қолса-ю, кета қолсам, бирданига ҳаммамиз бу жафолардан қутулар эдик...

Шафақ. Оҳ, ундай дема, жоним, ёв чиқмай ҳасратда ўтсин! Сен жуда кераксан бизга, Оқйигит, менинг қора бахтим!

Оқйигитнинг кўкрагига бошини қўяди.

Оқйигит. Икки ўт орасида куймоқ ўлимдан ҳам оғир, Шафақ. Сени юпатишга сўз тополмайман, ақллигим, нима деб сени юпатай?..

Ёлчиқул киради. Оқйигит билан Шафақни бу суратда кўриб шошиб қолади.

Ёлчиқул. Ўтовингизга аҳиллик, ҳамжиҳатлик дориганини кўриб хушвақт бўлдим, хушвақтлик аримасин!

Оқйигит. О, Ёлчиқул, оғай! Кел, қадрдон, кел! Яхши келдинг. Шафақ, меҳмонга қимиз олиб кел!

Шафақ. Ҳозир келтираман. (Меҳмонга пўстин тўшайди.) Ўтир, Ёлчиқул оғай.

Ёлчиқул. Мен қулингизни фақат бир ўтовда одам санаб меҳмон қилардилар. Ўша ўтов мана шу. Раҳмат сизларга, минг раҳмат.

Оқйигит . Сен қул эмас, мана бизлар қул, Ёлчиқул оғай.

Ёлчиқул. Ҳаммамиз ҳам қул, укаларим. Қуллик мана бу еримизни (кўкрагини кўрсатади) босиб ётибди. (Шафақ қимиз олиб келиб унга узатади. Қимиз ичиб.) Раҳмат, Шафақ, барака топ. Юзингга қизил югуриб, уйингга бахтиёрлик дориганидан хурсандман.

Шафақ. Бизга аталган бахтиёрлик Қоф тоғининг орқасида эмиш, Ёлчиқул оғай!

Ёлчиқул. Келади. Шафақ, мавриди билан келади. Иккингизни жуфт кўриб, қувондим.

Шафақ. Бизни қувонч эмас, қайғу яқин қилади, бахт эмас, ҳасрат жуфтлайди, оғай.

Оқйигит. Зорланганинг билан зор нари кетмайди, Шафақ!

Ёлчиқул. Бир иш билан келган эдим, ўтовингизга бундай рўшнолик билан қут дариган экан, айтмай кета қоламан.

Оқйигит. Гапиравер, Ёлчиқул оғай. Бизнинг ўтов — ўша-ўша, унда на қут бор ва на ўт!

Шафақ. Қут билан ўт ҳам Қоф тоғининг орқасида эмиш, Ёлчиқул оғай...

Оқйигит. Гапир гапингни, Ёлчиқул оғай, нима демоқчи эдинг?

Ёлчиқул. Шафақ эшитарлик хушхабар эмас, балки Шафақ...

Оқйигит. Шафақдан яширадиган сирим йўқ, сўзлайвер!

Шафақ. Мен қора ўтовга чиқиб тура қолай!

Оқйигит. Чиқма, Шафақ. Қанча оғир гап бўлса ҳам бизнинг кўргуликдан мудҳиш эмасдир.

Ёлчиқул. Онанг уч ойдан бери ўтовдан чиқмайди.

Оқйигит. Касал эмасми?

Ёлчиқул. Касал ҳам эмас, соғ ҳам. Олдига бир кириб чиқ!

Оқйигит. Ўзи чақирмайди-ку!

Ёлчиқул. Чақирмаса сен кир, у — она ахир сенга.

Оқйигит. Ҳаммамизнинг қаддимизни букиб қўйди... Ҳа, гапнинг учини чиқардингу нарёғини айтмаяисан, Ёлчиқул оғай!

Ёлчиқул (Шафаққа узр сўрагандай бир қараб). Илонга ўхшаб ҳамма ёқда совуқ гаплар ўрмалаб қолди, Оқйигит, ҳамма гап сен билан Зубаржад устида. Оқсоқоллар ғазабга минган. Никоҳни бузиб, номаҳрам билан кўнгилхушлик қиляпти деб, иккалангизнинг бошингизга лаънат ёғдиришяпти.

Оқйигит. Мени лаънатлашга фақат биргина одам ҳақли — у ҳам бўлса — Шафақ! Бошқанинг лаънати бир пул менга.

Ёлчиқул. Улар эл оталари, Оқйигит, сўзларига қулоқ солмай бўладими?

Оқйигит. Ҳамма оқсоқолдан менга Зубаржад муқаддас!

Ёлчиқул. Йил ёмон келаётганга ўхшайди. Ют, очарчилик яқин эмиш... Оқсоқоллар ҳаммасини сизларга йўйишяпти.

Шафақ. Бу гаплар Оқйигитнинг оқ кўнглига туҳмат! Элга офат келтирадиган қандай ножўя иш қилди?

Ёлчиқул. Бунинг устига, анави Дарвеш уккига ўхшаб ҳурпайиб уруғ орасига ғулув солиб юрибди. Гуноҳга ботганларни элдан ҳайдамасангиз, ўлат босади, деб ваҳимага соляпти халойиқни.

Шафақ. Нима учун бойвучча у дайдининг шармандасини чиқариб, ҳайдаб юбормайди?

Ёлчиқул. Ҳамма шунга ҳайрон. Бутун элатни зир титратган бойвуччанинг бир дарбадарга кучи етмай ўтирса.

Оқйигит. Ойимнинг бир тил қисиқлиги борга ўхшайди.

Ёлчиқул. Хунук хабар билан таъбларингни хира қилдим, кечиринглар мени.

Шафақ. Хушхабарни кутмай ҳам қўйганмиз, оғай. Хушхабар Қоф тоғининг орқасида чоғи...

Ёлчиқул. Яна шуни айтиб қўймоқчи эдим, Оқйигит. Агар, мабодо бу яйловдан бош олиб чиқиб кетиш хаёлингга келиб қолса, менинг икки отим эгарлоғлик!

Оқйигит. Қаёққа от солма, бу жафолар орқангдан етиб боради.

Ёлчиқул. Киши нима бўлишини билиши қийин, қариндош!

Оқйигит (кескин ўрнидан туриб). Тоқатим тоқ бўлди! Ойим олдига бораман. Йиғсин оқсоқолларини, бу иш бир ёқлик бўлиши керак, албатта бир ёқлик бўлиши керак! Тушунишлари лозим! Оқсоқоллар ҳам одам қабиласиданми, ахир! (Чопиб чиқиб кетади.)

Жимлик. Яна ўша мунгли куй эшитилади.

Шафақ. Нега, нега сен ўшанда мени гирдобдан тортиб олдинг, Ёлчиқул оғай! Бу дунёнинг оловида ёнмай, муздек қабр қучоғида тинчгина ётган бўлар эдим...

Ёлчиқул. Қуёшнинг бутунлай сўнганидан, булут орқасидан бўлса ҳам, сочиб тургани яхши, Шафақ!

Шафақ. Сенинг сўзларингни ҳам туман босди чоғи, оғай, ҳеч нарса тушунмадим.

Ёлчиқул. Бу дунёда танҳо, ёппа-ёлғизман, менинг кўнглимни овлайдиган фақат Оқйигиту сен бор. Булут орқасидаги менинг қуёшим шу сиз, иккингиз!

Шафақ. Дарду алам номли қора булут остидамиз, Ёлчиқул оғай.

Ёлчиқул. Сен менга худди ўз синглимдайсан, Шафақ. Ғамингни енгиллатиш учун ўтга ҳам, сувга ҳам киришга тайёрман. Назаримда, сени гирдобдан тортиб олганимда сен билан бирга ўз бахтимни қутқариб қолгандайсан, ўзинг қувончдан маҳрум бўлсанг ҳам мен ғарибнинг кечаларини ёритган қувонч чироғисан!

Шафақ. Одамлар бир-бирига азоб бериш учун туғилганларми, деб ўйлайсан киши. Лекин мен биламан, агар уларнинг ўз эрклари ўзларида бўлса, фақат бир-бирларига қувонч бағишлар эдилар.

Ёлчиқул. Айбга буюрма, Шафақ, сенинг учун жонимни беришга тайёр эканлигимдан огоҳ қилиб қўяй, деб айтдим.

Шафақ Қуллуқ, Ёлчиқул оғай!

Ёлчиқул. Хуш қол, Шафақ, худо сенга сабр-қаноат берсин. (Кетади.)

Шафақ. Эй дунёи бевафо... Мен бечора Ёлчиқулни айтаман. Саҳродаги якка дарахтга ўхшайди. На бутоғида қуш уяси, на соясида кўкат майсаси бор. Мевасиз дарахт, сўққабош!.. Нима, менинг ғуссали тақдирим уникидан яхшироқми? Менинг нимам бор! Бир эрим бор, у ҳам бировники! Эрсиз ҳам тул эдим, эрли ҳам тулман. Уч ойдан бери илҳақман. Йўқ, ёстиғимга бошини ҳам қўйгани йўқ! Нима, илҳақликка ҳаддим йўқми? Ахир у менинг ҳалол эрим-ку, чиройда Юсуфдан афзал эрим-ку, ахир!..

Дарвеш киради.

Дарвеш. Ассалому алайкум, хўжанг уйдами?

Шафақ (ўзини четга олиб). Йўқ, у уйда эмас!.. Хайр, йўлингдан қолма, дарвеш!

Дарвеш. Менинг унда ишим йўқ, ҳамма ишим сен билан битади.

Шафақ. Беҳуда гап! Бу уйнинг хўжаси бор. Лекин у ҳозир уйда эмас, кет, қайтганда келасан.

Дарвеш. Бу уруғда хўжа йўқ!

Шафақ. Нега бўлмасин, бу уйнинг хўжаси эрим, уруғнинг хўжаси қайнанам!

Дарвеш. Қайнана, қайнана! Қайнанангни қўй! Мен сенинг олдингга келдим, сенга яхшилик қиламан деб келдим.

Шафақ. Менга ҳеч ким, ҳеч нарса керак эмас... Жўна бу ердан! Менинг камчилик жойим йўқ, бахти тўкисман.

Дарвеш (кулади). Бахти бекам эмиш? Ҳаётингиз ҳалокат остида, бошларингга бало ёпирилиб келяпти, уруғингга қирғин келяпти! Фатарат топяпти!

Шафақ. Бекордан-бекорга уруғ фатарат топмайди. Алжирама!

Дарвеш. Сен ўзингни лақмалнкка солма, ҳамма нарсани биласан, уруғ сенларнинг касрингга қоляпти! Эринг таомил ва никоҳга хилоф иш тутиб, бузуқлик йўлига кириб кетди. Тунларни бошқанинг қучоғида ўтказади. Сенга бир йўл бор: халойиқнинг олдига чиқиб, ёстиғингга бош қўймаган эрингдан кеч. «Мен гукоҳкорнинг гуноҳига шерик бўлмайман, мен эримдан кечаман!» де!

Шафақ. Ҳамма сўзинг туҳмат, Оқйигит менга содиқ!

Дарвеш. Кечалари Эшмирза бола ширин уйқуга кетганда, Зубаржаднинг қайноқ оғушига ким киради? Балки мен кирарман, балки Девона кирар? (Кулади.)

Шафақ. Мен айғоқчи эмасман. Менинг эрим — менинг тўшагимда. Бошқасини билмайман.

Дарвеш. Сенда на хотин юраги, на аёл ғурури бор, бутун эл билганини сен билмайсан.

Шафақ. Менинг эл билан ишим йўқ. Менннг жаннатим ҳам, дўзахим ҳам шу ўтов. Сен бу ўтоздан нари юр, дарвеш, алангасида куйиб ўласан.

Дарвеш (ўзича). Одам суягидан кўприк солсам ҳам мақсадимга эришмай қўймайман. (Шафаққа.) Мен тангрининг амру иродасини айтяпман, Шафақ, гуноҳга ботма, Оқйигитдан кеч! Бировнинг гуноҳини хас-пўшлашдан оғир гуноҳ йўқ бу фоний дунёда! Қани, айт-чи, садоқатли эринг ҳозир қаерда?

Шафақ. Кўнгли қаёққа бошлаган бўлса, оёғи ўша ерда! Сен жўна бу ердан, бўлмаса, шовқин солиб одамларни бошингга йиғаман.

Дарвеш. Мен одамлардан қўрқмайман. Мен ҳеч нимадан қўрқмайман. Чунки мен авлиёман! Авлиё ҳатто ўлимдан ҳам қўрқмайди. Унга на ўлим, на жазо бор! Мен кучли одамман, қўлимни қаёққа узатсам етади. Истасам ойни сўндираману, ер юзига қабр зулматини чўктираман. (Қўйнидан китоб олиб, узоқ қарайди. Сўнгра ўзича.) Ҳа, бугун... ой тутилади... Бугуноқ ойни тутилтира оламан... Шошилиш керак... Шошилиш керак...

Шафақ. Шошил, шошил, дарвеш... Шошилинч жўнаб қол бу ердан!

Дарвеш. Мен сенга шошиламан, Шафақ, ёлғиз сенга шошиламан! (Шафаққа интилади.)

Шафақ. Вой-дод!..

Девона киради.

Девона. Шафақ, Шафақ, ўтов ёнида ҳали бир қоп-қора илон изғиб юрган эди. Тағин ўрмалаб бу ерга кирмасин, эҳтиёт бўл! (Дарвешни кўриб.) Илон бир юмалаб дарвеш бўлиб қолган бўлса-я?

Дарвеш. Нима деб алжираяпсан, манглайига шайтон муҳр босган махлуқ! Мана бу таёқ билан бошингга солайми?

Девона. Мени уриб бўлмайди, дарвеш, гуноҳ бўлади... Менга қара, нега сен тун бўйи ўтовлар орасида ўрмалаб юрасан? Сен илондан тарқагансан. Менга фаришталар айтди.

Дарвеш. Куф-суф десам тошга айланасан-қоласан. Кейин онангнинг гўри устига қабр тоши қилиб қўйишади... Ҳар нима, қабрга асқотган бўлардинг!

Девона (маъюс). Менинг онам йўқ. (Ғазаб билан.) Тош бўлсам сени босиб-янчиб ўлдирар эдим, сен одам эмас, қора илонсан-ку! Та-та-та-та. Қара, думинг илонга ўхшаб жилпанглайди. Кўлаҳлик бошинг ҳам, нақ илоннинг боши.

Дарвеш. Лаънат бўлсин сенга! Ҳозир сен махлуқни итга айлантираману, товонимни ялатаман.

Девона. Йўқ, йўқ! Мен товонингни яламайман, ўзингни чайнайман. Мана бундай, мана бундай қилиб чайнаб кемираман. Вов...вов...вов... (Ит бўлиб вовиллаб Дарвешни кувиб чиқаради.)

Шафақ. Уф, қутим учиб кетди-я, Девона. Яхши ҳам сен кириб қолдинг.

Девона. Қўрқма, Шафақ. Шунчаки ёлғондан ит бўлиб вовилладим. Қоровул итига ўхшаб вовиллаб ҳайдадим.

Шафақ. У одам қиёфасига кирган ит, сен бўлсанг, ёлғондан ит бўлиб акиллаган инсон!..

Девона. Шафақ!

Шафақ. Нима, Девона?

Девона. Мен сира уйланмайман.

Шафақ, Нега, Девона?

Девона. Оқйигит билан Эшмирза уйланмасларидан бурун қандай яхши одамлар эди-я, ҳеч қачон йиғлаганини кўрган эмасман. Ҳозир бечораларга жуда қийин. У ўтовда Зубаржад йиғлайди, бу ўтовда сен йиғлайсан. Бойвучча ҳам менинг бошимни силаб ўтириб, менга билдирмай йиғлайди... Фақат Эшмирза йиғламайди, холос. Куни бўйи ёғочдан от қилиб чопиб чарчайди-да, кечалари ухлайди. Йиғламанглар, йиғламанглар, Шафақ! (Ўзи ўкраб йиғлаб юборади.)

Шафақ. Ё худойим! Девонанинг юраги бир балони сезаётганга ўхшайди.

Девона. Ҳозир кўкда фаришталар ҳам кўринмай қолди... Кўк юзи қоп-қора.

Шафақ. Қўй, хафа бўлма, Девона, очилиб кетар.

Девона. Очилмайди, Шафақ, фаришталар узоқ ёқларга учиб кетишган...

Шафақ. Бор энди, Девона, ўрнингга бориб ёт, ташқарига қоронғи тушди.

Девона. Баҳоргача уйғонмасдан ухласанг... қишнинг совуғи жондан ўтиб кетяпти...

Зубаржад киради. Шафақ саросимада. Узоқ жимлик.

Зубаржад. Бевақт келганим учун кечир, Шафақ! Ёлғиз ўзим жуда қўрқаман, куни бўйи ўйнаб чарчаган эрим донг қотиб ухлаб қолди.

Шафақ. Кел, уйим тўри сеники, овсин, юқорига ўт!

Девона. Икки келин, келиндош, бири ялқов, бири ёш... Икки келин, келиндош, бир-бирига...

Зубаржад (сўзини бўлиб). Бор, Девона бизнинг ўтовга бориб, Эшмирза ёнига кириб ёт, уйғониб кетса, бир ўзи қоронғида қўрқиб йиғлаб беради.

Девона. Икки келин, келиндош, бир-бирига кундош... (Кетади.)

Зубаржад. Мен сенинг оёғингга бош уриб келдим, Шафақ. Шунча вақт кўзингга кўринишга журъат қилмай яширикиб юрдим. Энди бўлмади, тоқатим, қолмади, нима қилсанг — қил мени! Ихтиёр сенда, Шафақ!

Шафақ. Сенинг изминг менда эмас, Зубаржад!

Зубаржад. Йўқ — сенда... Оқйигитнинг ҳалол хотини — сен!

Шафақ. Қўй, ярамга туз сепма!

Зубаржад. Кечир, Шафақ, ҳеч чорам йўқ. Бошимга лаънатлар дўлини ёғдир, юзларимни қамчилар билан тилиб ташла, шармандаю шармисор қилиб, остонангдан ҳайдаб чиқар, лекин чорам йўқ, Шафақ! Мен Оқйигитни кўрмасам телбаман, жинниман! Мен уч кеча кўрмадим уни, Шафақ, уч кеча!..

Шафақ. У мени уч ойдан бери кўрмайди. Кўзи кўрса ҳам кўнгли тусамайди. Менинг аҳволим — тирик мурданинг ҳолидан оғир. Жонли, тирик Шафақнинг қисмати — мурда қисмати.

Зубаржад. Ҳаммамиз ҳам шариаларга ўхшаймиз... Жонсиз шариаларга. Жонимизни танимиздан суғуриб олганлар. Биз ҳаёт кечираётганимиз йўқ, Шафақ, қимирлаб юрибмиз, холос...

Шафақ. Қимирлашга ҳам мажол тугаб боряпти...

Зубаржад (Шафақ оёғига тиз чўкади). Оёғингга бош уриб, изларингни ўпиб ёлвораман, Шафақ, Оқйигитимни менга қайтариб бер! Усиз бир кун ҳам яшашга мажолим йўқ. Менинг олдимда факат икки йўл бор: ё Оқйигит ёки ўлим! Йўқ, йўқ, Шафақ, менинг ўлгим келмайди, яшашни истайман. Оқйигитни менга бер. Жоним Шафақ, менга бер!..

Шафақ. Тур ўрнингдан, Зубаржад, ўзингни хўрлама. Агар мен сен сингари севимли бўлсам, барча дарду азоблар тутундан ҳам енгил туюлиб, бошим осмонга етар эди. Шу бахт қанотларида паға булутлар устида нарвоз қилиб, бахтиёрлигимни дунёга жар солиб яшар эдим. Ҳеч нарсани, ҳеч кимни ўйламас здим. Севимли бўлмоқ — тирик жонли бўлмоқ, демак — Зубаржад!

Зубаржад (турмайди). Фақат сен лаънатламасанг бас, Шафақ. Мен бошқа ҳеч кимнинг қарғишидан қўрқмайман, менинг тақдирим сенинг ҳукмингда! Ризолик бер, Шафақ. Оқйигит меники эканлигини тан олиб, менга ризолик бер! Мен Оқйигитим билан қовушай! Ризолик бер, Шафақ, оҳ Шафақ!

Шафақ (Зубаржаднинг қўлтиғидан ушлаб турғазади). Сизни бир-бирингиздан айирганларида биров сизнинг ризолигингизни сўраганмиди? Йўқ, ҳеч ким сўрагани йўқ! Нега энди севганинг билан қовушиш учун тиз чўкиб, из ўпиб ризолик сўрайсан? Меники бўлмаган кишига мен хўжайин эмасман, Зубаржад!

Зубаржад. Оҳ, нақадар олижаноб, саховатлисан, Шафақ. (Шафақни қучоқламоқчи бўлади.)

Шафақ. Менга яқинлашма, мен ўлим қучоғидан чиққан одамман, сени ҳаёт оғуши муштоқлик билан кутади.

Зубаржад. Мурувватинг учун қуллуқ, Шафақ!

Шафақ. Мурувватли бўлмай нима иложим бор? Мен ҳам ўз эримни бировга ўз кўлим билан бериб қўярмидим? Тиш-тирноғим билан унга ёпишиб олмасмидим. Ўлсам ҳам бировга бермасдим... Менинг эрим йўқ! Йўқ менинг эрим! У сенинг қайлиғинг, ўйнашинг, эринг — ким бўлса ҳам сеники Оқйигит! Ҳозирги ҳолимизда барибир сен — эрсиз, мен эса ҳамон — тул! Иккимиз ҳам ўз йўлимизга бахти қоралармиз.

Оқйигит киради. Зубаржад билан бир-бирларига интилганларича қотиб коладилар, Шафақ жимгина чиқиб кетади.

Зубаржад. Оҳ, Оқйигит!

Оқйигит. Зубаржад! Зубаржадим!

Зубаржад. Соғиниб, юракларим узилиб кетди, Оқйигит. Чидай олмадим, ўзим келдим.

Оқйигит. Зубаржадгинам, қафасдаги оқ каптарим!

Зубаржад. Соғиниб юракларим узилиб кетди, шунқорим!

Оқйигит. Битмас қайгум, битмас шодлигим менинг, Зубаржадгинам.

Зубаржад. Сен ёнимда бўлсанг, тунларим ҳам кундуздай нурга тўлиб кетади, Оқйигит. Ҳатто девдан ҳам қўрқмайман. Сен бўлмасанг, атрофимни зулмат қоплагандай симсиёҳ.

Оқйигит. Дев деганингга, у куни худди девдан қочгандай, мендан қочиб юрганинг эсимга тушди, хотирингдами?

Зубаржад. Вой, вой... ўша дев яна келиб қолибди-ку... қўрқаман... (орқага тисарилади.)

Оқйигит (отилиб келиб қучоқлаб олади). Мен яна мана бундай қилиб сени девдан тортиб оламан. Ҳеч қандай қароқчига бермайман!

Зубаржад. Ҳали кечагина бу гапларнинг ҳаммаси ҳазил эди! Қайда қолди беташвиш ёшлигимиз?

Оқйигит. Ёшлигимиз ўзимиз билан, ҳеч ким айира олмайди бизни!

Зубаржад. Айирдилар-ку!

Оқйигит. Мана яна биргамиз-ку, Зубаржад. Энди ҳеч ким айиролмайди бизни. Онамнинг олдига кириб, бундан кейин усиз бир кун ҳам яшай олмайман, дедим. Иккимиз бир ўтовда яшаймиз, дедим.

Зубаржад. Чинингми Оқйигит? Эр-хотинлардай бехавф, беқўрқув? О, бахт, нақадар Оқйигитимдай ёрқинсак!.. Ҳа, ойинг нима деди?

Оқйигит. Ўйланиб ўтириб, чуқур хўрсинди-ю, ҳеч нима демади.

Зубаржад. Кел, Оқйигит, узоқ-узоқларга кетайлик бу ердан!

Оқйигит. Ўз ерингдан топмаган бахтни қаердан топасан, Зубаржад? Ҳамма ёқ бўри увиллаган чўл!

Зубаржад. Иккимиз бир ерда бўлсак ҳар қандай қийинчиликни енгиш мумкин. Одамлар бордир-ку, одам одамга раҳм қилмайдими? Отамни қонхўр Қорахўжанинг жаллодлари ўлдирмаса, биз шу кунга қолармидик?

Оқйигит. Айтиш қийин, Зубаржад!

Зубаржад. Қочайлик бу ердан тезроқ... Бошимизга жудолик болтаси тушмасидан қочайлик!

Оқйигит. Ҳеч қаерга кетмаймиз, Зубаржад, шу ерда яшаймиз. Бутун уруғнинг кўз олдида иккаламиз бир ерда яшаймиз! Шундай дедим онамга!

Зубаржад. Нима деди қайнанам? Ҳеч нарса демадими?

Оқйигит. Ҳеч нарса демади... Олдига оқсоқоллар келиб қолди, чақирган бўлса керак.

Зубаржад. Балки оқсоқоллар ҳаққоний ҳукм чиқариб, бизни қовуштириб қўйишар?

Оқйигит. Қовуштирмайдилар. Уларда жон йўқ, инсон юраги йўқ, Зубаржад!

Зубаржад. Ахир ўшалар ҳам қачонлардир ёш бўлган-ку!

Оқйигит. Ёшликларини юз йил аввал унутиб юборишган, Зубаржад! Улардан яхшилик кутма! Ўз йўлимизни ўзимиз топишимиз керак! Биз ўзимизга ўзимиз ҳоким!

Ташқарида ғовур-ғувур эшитиладн.

Зубаржад. Бу нима шовқин, нима тўполон, Оқйигит? Яна қандай таҳлика, ё худойим!

Оқйигит. Қўрқма, Зубаржад, молларни ҳайдашаётган бўлса керак.

Зубаржад. Унақага ўхшамайди, ғалаён вақтидаги шовқин бу! Даҳшатдан музлаб кетяпман, Оқйигит. (Оқйигит пинжига киради.)

Оқйигит. Қўрқма, жоним, ёнингда мен бор, қўрқма!

Шовқин-сурон билан ўтовга Дарвеш, уч оқсоқол, Тангабека ва яна икки-уч киши киради.

Дарвеш. Элнинг номус-ори бўлган оқсоқоллар, ўз кўзингиз билан кўринг! Уятни билмаган орсизлар яна бирга. Булар бузуқлигининг чегараси йўқ!

Иккинчи оқсоқол. Уят, уят-э, бутун уруғнинг номусини ерга букдиларинг! Сизлардан худо юзини тескари қилсин.

Учинчи оқсоқол. Уруғимиз тарихида кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган шармандалик бу!

Бир киши. Хароб бўлдик, элдан қут-барака кетди.

Дарвеш. Ҳаром-хариш—уруғ томирни кесадиган болта, дейдилар. Неча ойдан бери ўша болта қирқяпти томирингизни! Икки бузуқ бутун уруғ бошига ҳалокат келтиряпти, қирғин босиб келяпти.

Биринчи оқсоқол. Дарё-ю жилғаларда сув қурияпти.

Иккинчи оқсоқол. Бия ва сигирларнинг елинида сут қурияпти.

Учинчи оқсоқол. Ёз бўйи томчи ёмғир кўрмадик, далаларда япроқлар сарғайиб, ўтлар қуриб кетди.

Иккинчи оқсоқол. Устимизга офат ёпирилиб келяпти!..

Бир киши. Одамларни ўлат ютиб, уруғга қирон келяпти!

Дарвеш. Бу ҳам кам. Уруғингизда бунақа ҳаром-харишлар яшар экан, қуёш куйиб, ой ҳам сўнади.

Оқйигит. Эл оталари! Бизнинг тақдиримиз сизнинг қўлингизда. Аммо шуни ёдингизда тутингки, далаларни бизнинг кўз ёшларимиз қуритди, япроқларни бизнинг ҳасратларимиз сарғайтирди. Бизни бу кунга солган ким? Сиз эмасми? Бизни шунча азоб-уқубатга солганингиз учун худо сизнинг бошингизга офат ёғдиряпти!

Биринчи оқсоқол. Тавба деб гапир, Оқйигит! Сени шайтон йўлдан оздирибди. Бутун қонун-таомилимизни оёқ ости қилдинг, имонсиз, тавба қил!

Иккинчи оқсоқол. Тавба қилдим, де!

Оқйигит. Сизлар тавба қилинглар, улуғлар! Хато қарорингиздан воз кечинг. Мен отам васиятига содиқман, сиз уни буздингиз. Васиятга хилоф иш қилмоқ — катта гуноҳ. Сизлар тавба келтиринг.

Учинчи оқсоқол. Бундай сафсаталарни эшитишнинг ўзи катта гуноҳ, қариялар!

Биринчи оқсоқол. Сен нега индамайсан, бойвучча! Сен ўз оналик сўзннгни айт!

Тангабека жим.

Иккинчи оқсоқол. Ўзинг туққан бола учун ўзинг жавоб бер, бойвучча!

Учинчи оқсоқол. Рисқулбек ўлиб қутулди бу шармандаликдан. Бўлмаса анави оқпадари (Зубаржадни кўрсатиб) учун ҳозир у ҳам изза бўлиб турар эди. Яхшидан туғилган ёмон, деб шуни айтадилар.

Оқйигит. Зубаржадга тил теккизма, улуғ! Унинг виждони покиза. Сен мен билан сўзлашавер!

Иккинчи оқсоқол. Покиза эмиш? Унда виждон нима қилсин? Иккаланг бир гўр!

Биринчи оқсоқол. Айт ўз сўзингни, бойвучча, ўғлинг гуноҳини ёпиб, ўзинг гуноҳга ботяпсан...

Тангабека. Тоғ бағрида кўз очган булоқ суви оқиб тушгандан кейин — водийники бўлади... Ўғлим энди вояга ётган, мендан кетиб — элники бўлган. (Маъюс ва таҳликада.) Эл нима қилса, ихтиёри! Сўзим шу!

Дарвеш. Сен ўзингни қуруққа олиб, элга солма, бойвучча, болаларинг учун сен масъул. Учаласи устида ўз ҳукмингни чиқар. Учала ўғил ҳам сеники-ку! (Тангабекага маккорона жилмайиб қарайди.)

Иккинчи оқсоқол. Учаласи дедингми?

Учинчи оқсоқол. Уч ўғил?

Дарвеш. Ҳа, уч ўғил!

Биринчи оқсоқол. Урушда ўлган Йўлмирза шаҳид кетган. У бойвуччага шуҳрат келтирди, холос.

Дарвеш (ўйлаб тургач, бир қарорга келиб). Тўғри айтасизлар, қариялар, ёвда ўлган — шаҳид!

Иккинчи оқсоқол. Нимага қараб ўтирибмиз, оқсоқоллар! Гуноҳкорлар тезроқ тавба қилсинлар. Буларнинг касрига элни қора вабо босиб келяпти. Тангабека, айтадиган сўзингни айт, қариялар сенга мунтазир!

Биринчи оқсоқол. Сўз сенга, бойвучча!

Тангабека (изтиробда.) Якка отнинг чанги чиқмас, дейдилар. Ўғлим, қадимдан қолган қонун ва таомилга якка ўзинг бош кўтариб нима орттирдинг? Сен таомилга хиёнат қилдинг. Йўлдан озган бандасига тангрининг қаҳри ғазаби чексиз, болам! Умр бўйи тириклайин дўзахда куйдиради. Буни бир гуноҳ қилиб, минг жафо тортганларгина билади, болам. Кўнгилнинг бир эрки учун ақл умр бўйи уни қийнайди. Ақл-ҳушингизни йиғиб, оқсоқоллар олдида тавба қилинглар! Тавба қил, болам!

Оқйигит. Мен тавба сўзини билмайман, онажон!

Тангабека. Уруғнинг улуғлари олдида тавба қилиб, бир-бирингиздан кечинглар... Кейин мен Зубаржад билан Эшмирзани олис яйловга кўчириб юбораман. Одам бераман, етадиган мол бераман.

Оқйигит. Йўқ, она, тавба фурсати эмас, биз бир жон, бир тан бўлиб қолганмиз энди.

Зубаржад. Оқсоқоллар! Мени дунёнинг нариги бурчига ҳайданглар, мен эмаклаб бўлса ҳам Оқйигитга етиб келаман. Бизни туғилиш қовуштирди, ўлимгина жудо қилади.

Иккинчи оқсоқол. Ана, кўрдингизми?! Аёл боши билан тилини тиймайди-я?

Учинчи оқсоқол. Сенга уруғ мол тўлаганми — уруғ молисан!

Зубаржад. Мол билан тенг кўрсанглар, молдай бўғизлаб ташланглар қўйинглар. Молни ҳам қийнашмайди-ку!

Бир киши. Бўғизлаш ҳам кам, осиш керак буни!

Оқйигит. Мол билан тиллашиб ўргангансиз, оқсоқоллар, биз сизнинг сурувингизда, осасизми, чопасизми, ихтиёр сизда! Танларимиз сизники, лекин руҳларимиз-чи? Руҳларимиз таомилнинг темир қафасларини бузиб чиққан. Улар кенг ҳавода, сизнинг фисқу фужур, урфу одатларингиздан юксакда эркин парвоз қилади. Бу икки ҳур қушга қанча ўқ отманг, ҳаммаси беҳуда!

Иккинчи оқсоқол. Амр этинглар, уламолар! Бундай қабиҳ сўзлар учун бурунги замонда одамларнинг тилини кесар эдилар! Бетавфиқлар, биздан қўрқмасанглар, тангридан қўрқинглар!

Оқйигит. Менинг тангрим битта. Бизни қовуштирган бир ўша тангри, бошқа тангрини мен билмайман. Имоним эса — муҳаббатим!

Иккинчи оқсоқол. Бандалар, эшитяпсизларми? Бу одам эмас, иблис, иблисдан тарқаган! Одам боласидан чиқмайди бундай сўзлар! Булар ҳаммага қирон келтиради, қирон!

Тангабека. Оёғингга бош уриб ўтинаман, ўғлим, улуғларнинг юзига оёқ тирама! Тавба қил, Оқйигит, қон-қариндошларингни қирондан сақла!

Оқйигит. Менинг тавба қиладиган гуноҳим йўқ, она! Қон-қариндошларни биз ҳалок қилаётганимиз йўқ. Сизлар ҳаммангиз ўзингизни ўзингиз ҳалок қиляпсиз! Таомил, қонун деган ўлик жонлар тирикларни кемиряпти.

Биринчи оқсоқол. Биттагина йўл бор, оқсоқоллар! Бу икки имонсизни уруғдан қувиш керак!

Товушлар. Қувиш керак, ҳайдаш керак!

Иккинчи оқсоқол. Иккаласининг қўлларини бир арқонга боғлаб, чўлга ҳайдаш керак!

Товушлар. Ҳайдаш керак! Қувиш!

Дарвеш. Тўрт томонга чопар юборилсин, уларни ҳеч ким яқинига йўлатмасин, «Улар мохов, улар қайси уруғга борсалар, ўша ерда вабо қўпади, қирон келади!» деб хабар қилинсин!

Товушлар. Вабо келади, қирон келади!

Девона чопиб киради.

Девона. Бойвучча опа, Тангабека бойвучча опа, ғалати иш бўлди, осмонда қизиқ ишлар бўляпти, ойнинг бир бўлаги четидан узилди-ю, тушди-кетди.

Иккинчи оқсоқол. Овозингни ўчир, Девона, бўлмаган гап!

Девона (эшикка чопиб бориб). Ишонмасанг, ана ўзинг чиқиб қара, ойнинг бир чеккаси кемтик. Ойингизни шайтон кемириб кетди!

Иккинчи оқсоқол (эшикка бориб). Айтганимиз келди. Охир замон бўляпти. Яъжуж-маъжуж ойни кемириб кетди. Анави бузуқларнинг касри бу!

Дарвеш. Башоратимга шак келтирдингларми? Ойсиз қолиб, зулматга ботасизлар демабмидим?!

Биринчи оқсоқол. Ё тангрим, ой сўниб боряпти.

Далада молларнинг маъраши, итларним ҳуриши эшитилади, ўтовда йиғи-сиғи.

Товушлар. Ой сўняпти!

Иккинчи оқсоқол. Ер гуноҳга ботган, ер юзида бузуқлик кўп, бузуқлик!

Товушлар. Бузуқлик кўп... Ҳаммаси ўшаларнинг касофати. Ҳалок бўляпмиз. Худо, ўзингнинг раҳминг келсин!

Дарвеш. Оқсоқоллар, такбир айтинглар, такбир айтинглар!..

Халойиқ такбир ўқиб чиқади.
Оллоҳу акбар, оллоҳу акбар,
Ло илоҳа иллоллоҳу,
Валлоҳу акбар, оллоҳу акбар...

Дарвеш билан Тангабека орқароқда қолади. Оқйигит билан Зубаржад икки четда.

Оқйигит. Бизнинг ойимиз ҳам сўнди. Ҳамма ёқ сим-сиёҳ.

Зубаржад. Кўзларимиз кўрмаса, товушларимиздан таниб топиб оламиз бир-биримизни, Оқйигит. Нафасингни сезиб турибман, Оқйигит. Мен зулматдан қўрқмайман.

Оқйигит. Ҳамма қўрқадиганлар орқада қолиб кетди, Зубаржад!

Зубаржад. Овозингдан ёрқин нур сочилади, Оқйигит.

Оқйигит. Чунки сен умид каби порлаб турган қуёшимсан, Зубаржад!

Секин бир-бирларига яқинлаша борадилар.

Дарвеш. Кунинг битди, бойвучча, бошингга қора кун туғди. (Менсимай, буйруқомуз.) Айтиб қўй, Шафаққа кўз-қулоқ бўлиб туришсин. У — меники. Ҳали сен билан мен ора очиқ бўлганимиз йўқ. Кўряпсанми, бойвучча, ҳамма нарса менинг кўнглимдагидай хотима топяпти. Шафақ меники, эшитяпсанми?

Тангабека. Сен аждаҳосан! Минг йил ер тагида захлаб ётган қора илонсан, девеан!

Дарвеш. Ўртамизда таънага ўрин йўқ, бойвучча!

Тангабека. Оҳ, худо, жонимни ол, менга ўлим бер! (Гандираклаб чиқиб кетади.)

Дарвеш (кулади). Энди ўзим ҳам шунга ишондимки, жаҳонда иблисдан кўра қудратли тангри йўқ!..

Қоронғилик.

Зубаржад (эслаб).

Мен Зубаржад отлидирман,
Оқйигитнинг ёридирман,
Бир кўришга зоридирман,
Кўрган борми, бизнинг ёрни?

(Ўксиб йиғлаб юборади.)

Оқйигит. Зубаржадим, менинг асл зумрад тошим! Барибир сени ҳеч ким қора тошга айлантиролмайди. Шунинг учун истиқболимдан миннатдорман, оқ каптарим!

Зубаржад (йиғи аралаш). Мен ҳали ҳам умид узганим йўқ. Ажал албатта бизни четлаб ўтади. Ажалнинг шафқати йўқми? Ажал одамларга ўхшаган тош бағир эмасдир? (Оқйигитнинг пинжига суқилади).

Дарвеш Шафақни ўтовга итариб киритади.

Зубаржад. Ким бу?!

Шафақ. Мен!

Зубаржад. Шафақ?!

Шафақ. Мен ҳали ҳам тирикман...


Хотима

Ой тўла тутилган тун. Ўтов олдидаги майдон. Қаердадир машъал кўтарган одамлар шовқин-сурони эшитилади. Ўтов олдида қўлида машъал тутган Ёлчиқул. У соқчилик қилиб турибди.

Ёлчиқул. Дарвеш менга мана бу қабрни қўриқлаб туришни топшириб кетди. Бу гўрдан биров қочиб қутулармиди? Қаёққа қочади?.. Эй ёшлар-эй, ёшлик қилишди-да... Ҳали яқиндагина қулунтойлардай ўйнаб юрган бу болалар шу кунга тушиб қолади, деб ким ўйлабди дейсиз? Ҳой, Оқйигит, отларни эгарлаб қўйдим, мининглару қочиб қутулинглар бу жаҳаннамдан, дедим, кўнмади! Одамлар бир-бирларини тириклай гўрга тиқишади, бир-бирларининг териларини шилишга тайёр... Мана булар (ўтовга ишора қилиб) тақдирга бўйсунишни истамайдилар! Ўзларича кун кўришни истаган эканлар, яшайверсинлар! Бировга зарарлари тегармиди?.. Йўқ, одамлар бешафқат! Уларнинг юраклари тошдан.

Девона киради.

Девона. Вой, Ёлчиқулми? Ҳа, Ёлчиқул, отларни менга тутқазиб, ўзинг ғойиб бўлдинг-қўйдинг? Мен юганларини олиб, отларни далага ҳайдаб юбордим. Керак бўлса тағин тутиб оларсан!

Ёлчиқул. Шовқинлама, Девона, энди отларнинг кераги йўқ.

Девона. Энди нима бўлади, Ёлчиқул?

Ёлчиқул. Жуда ёмон бўлади.

Девона. Бу ёмонлардан ҳам ёмонми?

Ёлчиқул. Ёмондан ҳам ёмон.

Девона. Ёмондан ҳам ёмон бўлса нима бўлади?

Ёлчиқул. Оқйигит билан Зубаржаднинг қўлларини боғлаб чўлга қувадилар, оқсоқоллар бошлаган ишни оч бўрилар ниҳоясига етказади.

Девона. Нима учун бўрилар бир-бирларини емайдилар?

Ёлчиқул. Йиртқич ҳайвонлар ўз жинсларига шафқат қилишади. Лекин одамларда шафқат йўқ, бир-бирларини ейишади.

Девона. Мени ҳам еб қўйишса-я?

Ёлчиқул. Оҳ, Девона, сени аллақачон ейишган... Сенинг ҳатто исмингни ҳам ейишган...

Девона. Ким еган мени?

Ёлчиқул. Униси менга қоронғи. Лекин сени ейишган.

Девона. Бўлмаган гапни гапиряпсан... Мана оёқларим, қўлларим бутун, мана бурним, бошим бор... Бошимда дўппим бор...

Ёлчиқул. Сен билан менинг бахтимни ейишган, Девона.

Девона. Да... а... а...

Ёлчиқул (қулок солиб). Ўтовдагилар жим бўлиб қолишди... Фақат Шафақ ўксиб-ўксиб йиғлаяпти... Эй, дунё-ей...

Девона. Эртага қуёш чиқмаса нима қиламиз? Қанақа қилиб уйқудан уйғонамиз, Ёлчиқул?!

Ёлчиқул. Қуёш чиқар, чиқару аммо қора қуёш чиқар.

Девона. Бошқа қуёш чиқадими энди?

Ёлчиқул. Нега бошқа бўлсин, ўша қуёшнинг ўзи. Лекин ҳасратдан куйиб, унниқиб чиқар.

Девона. Жуда ёмон бўлар экан бўлмасам...

Машъал тутган одамлар яқинлашади.

Ёлчиқул. Биз томонга келишяпти.

Девона. Мен улардан қўрқаман, тағин мени ҳам тутиб еб юборишмасин?! (Ўтовга кириб кетади.)

Ёлчиқул. Бундай тунда яхши одамлар молни чўлга ҳайдамайди, булар одамни ҳайдагани келишяпти.

Эркаклар, хотинлар қўлларида машъаллар билан киришади.

Иккинчи оқсоқол. Бу бузуқлар тупроғимизни тарк этмаса, бошимиз фалокатдан чиқмайди. (Қўлида арқон.) Ҳайдаш керак буларни!

Учинчи оқсоқол. Фурсатни бой бермай, тезроқ қувиш керак!

Товушлар. Қувиш керак, қувиш керак!

Биринчи оқсоқол. Боринглар, олиб чиқинглар у юзсизларни!

Иккинчи оқсоқол. Одамлар кўрсин, билиб қўйсин: бузуқнинг ҳоли шу бўлади, ибрат олишсин!

Товушлар. Ибрат, ибрат бўлсин!

Биров. Шуларнинг касрига уруғимиз оғир кунга қолди.

Учинчи оқсоқол. Эй, бандалар, буларнинг ҳолини кўрингу, юз ўгиринг улардан...

Бир киши Оқйигит билан Зубаржадни олиб чиқади.

Ҳолдан тойган, оғир изтиробда Тангабека киради.

Биринчи оқсоқол. Сиз уруғнинг юзига оёқ қўйдингиз, уруғ бундан буён сиздан юз ўгиради!

Иккинчи оқсоқол. Кўрдингизми, шайтоннинг йўлига кирганларнииг ҳоли шу бўлади!

Дарвеш. Қилмиш — қидирмиш!

Иккинчи оқсоқол. (Ёлчиқулга арқонни узатиб.) Ма, Ёлчиқул, бу арқон билан иккаласининг қўлини боғла, қовушишни орзу қилар эдилар, қовушсинлар!

Ёлчиқул. Қуллуқ, оқсоқол, мен бу буйруғингни бажаролмайман.

Иккинчи оқсоқол. Бу муртад қайдан чиқди?! (Бир кишига.) Кўчарбой, ма, чаққон-чаққон боғла!

Кўчарбой. Мен от тушовлаганману, оқсоқол, одам тушовлаган змасман. Менинг қўлим бормайди, ўзинг боғлайвер!

Иккинчи оқсоқол. Нима бало бўлган буларга, бири биридан танбал?

Биринчи оқсоқол. Ўзинг бошлаганни, ўзинг бошқар, қурдош!

Иккинчи оқсоқол. Уруғимиз осойишталиги учун жонимни фидо қилишга тайёрман! (Оқйигит билан Зубаржаднинг қўлларини орқага қилиб боғлайди.) Мана, бундай бўлади... Мен қонун йўлида ўз фарзандимни ҳам аямас эдим.

Бир хотин. Бечораларни бундай қийнагандан кўра жонидан жудо қилиб қўя қолинглар!

Товушлар. Боғлаб нима қиласизлар, қўйворинглар, шундай кетаверсинлар!

Иккинчи оқсоқол. Шовқин солманглар! Бу нимаси?!

Тангабека. Оқсоқоллар! Сабр қилинглар, шошманглар, менинг сўзимга қулоқ беринглар! Бир хотин. Онага йўл беринглар!

Одамлар чстланиб Тангабекага йўл берадилар.

Тангабека. Мен она, онаман, халойиқ. Сизнинг олдингизда ҳам, худо олдида ҳам, у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам мен жавоб бераман. Болаларни қўйинглар, оқсоқоллар, менинг устимдан ҳукм чиқаринг. Мен гуноҳкорман, халойиқ, жуда гуноҳкорман. Мени лаънатланг, қарғанг мен гуноҳкорни! Лекин болаларни қўйинг, тегманг уларга, оқсоқоллар!

Дарвеш. Йўқ, бойвучча, улар сенинг қўлингдан кетган. Сен ҳали ўз гуноҳинг учун жавоб берадиган вақтинг келади.

Тангабека. Унинг сўзларига қулоқ солманг, бизнинг тинчимизни бузган ёвуз — шу!

Дарвеш. Сен бир оз ўйлаб гапирсанг дуруст бўлар эди, бойвучча!

Тангабека. Ҳозир мен сендан заррача ҳам қўрқмайман! Элатлар! Бу дўзахи одам, бу мудҳиш зот. Бу авлиё эмас, худодан қайтган ёвуз!

Дарвеш. Бу бойвучча ақлдан озди чоғи?!

Тангабека. Ҳа, ақлдан оздим, озмай кўр-чи ақлдан бу қиёмат қойимда! (Оқйигитга.) Ўғлим, кечир мени... Тавба қил, таомилга бўйсун, ўғилгинам! (Оқйигит жим.) Ахир тошбағир эмассан-ку, болам?!

Ёлчиқул. Ўзинг тошга айлантирдинг, бойвучча!

Тангабека (Зубаржадга). Ҳеч бўлмаса сен тавба қил, Зубаржад. Сен аёлсан-ку, аёл кишига тошкўнгиллик ярашмайди!

Зубаржад жим.

Биринчи оқсоқол. Кечикдинг, бойвучча, кечикдинг! Ҳукмимиз қатъий, уни Олло таолонинг ўзи қабул этди. Энди ўзгартириб бўлмайди.

Яна ўша тўй либосида Шафақ ўтовдан чиқади, бир чеккада мағрур жим туради. Одамлар ҳайрон ва ҳайратда унга қарайдилар.

Бир хотин. Астағфирулло! Бу нимаси?

Тангабека. Шафақ? Бугун туй либоси киядиган кун эмас-ку, болам? Жин-пин урмадими? Эринг ажал излаб кетяпти-ю, сен тўй либосида чиқасан?

Шафақ жим.

Иккинчи оқсоқол. Ҳа, худо йўлига, қон-қардошлар! Қани, фурсат ўтмасин, видолаш боланг билан, бойвучча!

Тангабека. Хайр, ўғлим, алвидо, Оқйигитим! Оқ исмингга қора кунлар йўлдош бўлиши ёзилган экан пешонангга, болам! Жувонмарг бўлган ёшлигинг учун, сен кўрмаган шодликларинг учун узр сўрайман сендан, болагинам! Кечир, мен ёзиқ онангни!.. Адалотсизлик, қандай оғир адолатсизлик бу!.. Бир нарса де, болам, охирги марта овозингни эшитиб қолай, биргина сўз айт бу гуноҳкор онангга, оқ шунқоргинам!...

Оқйигит. Қулоқ эшитмаган айблар эшитилиб, айтиладиган сўзлар айтилиб бўлди, она! Сенга эмас, мен туғилиб ўсган азиз даргоҳга, она тупроққа айтадиган сўзим бор:

Алвидо, тупроғим, сувлар, тоғларим,
Алвидо, дилимнинг иссиқ даргоҳи.
Бахтиёр ёшлигим, хушнуд чоғларим,
Ҳурлигим, ишқимнинг сўнгги паноҳи!
Қалбим жароҳати оғир, дард оғир,
Ўлимдай қоп-қора йўлга чиқаман.
Сенда куним битмиш, Она юрт, ахир,
Қул эмас, ҳурликча, ишқ-ла кетаман!..
Алвидо, Ёлчиқул оғай, алвидо,
Девона... Алвидо,
Шафақ, менинг бечора хотиним!

Мен гуноҳкор бўлсам, фақат сенинг олдингдагина гуноҳкорман, Шафақ! Сен оқиласан, кечир мени, қарғама, Шафақ!

Шафақ бош эгади. Оқйигит, Зубаржад иккаласи одамларга таъзим қилиб, қоронғилик томон кета бошлайдилар. Тангабека қотиб қолгандай.

Иккинчи оқсоқол. О, худойим, ниҳоят бу гуноҳкорлардан бизни халос қилдинг!

Учинчи оқсоқол (қўл силтаб). Ҳамма бало, ҳамма вабо улар билан даф бўлсин!

Биров. Ана, эшитяпсизми, ризқини сезиб, оч бўрилар увиллаяпти.

Бир хотин. Вой худойим-эй, ҳеч қайсингизда шафқат йўқ! Бўридан ҳам баттарсизлар!..

Шафақ кескин бурилиб иккинчи томонга йўл олади. Дарвеш унинг йўлини тўсмоқчи бўлади. Ёлчиқул Дарвешни четга итариб, ўзи Шафақ орқасидан кетади.

Иккинчи оқсоқол. Ҳаммаси йўлдан озган, ҳаммаси ҳам иблис қуллари, бузуқлик қуллари! Йўқолсин ҳаммаси, даф бўлсин! Қароргоҳимизга осойишталик дорисин!

Учинчи оқсоқол. Осойишталик бўлади, худо хоҳласа! Бу бузуқлик қулларига ўлим!

Девона (кутилмаганда ўртага чиқади). Қуллар! Қани қуллар! Ким қул?

Учинчи оқсоқол (кетганларки кўрсатиб). Ана, қуллар, ана!

Девона (хахолаб кулади). Мен ҳеч қандай қул кўрмаяпман. (Кетувчилар изига тикилиб.) Қуллар, қуллар дейсан! У ерда мен қулларни эмас, тўртта фариштани кўриб турибман, тўртовининг бошида тўрт олтин тож ярқираб турибди, улар ҳур-ку! Қуллар қаерда? (Қаттиқ кулади.) Мана бу ерда қуллар! (Биринчи оқсоқолга.) Ана, сенинг пешонангда қулликнинг муҳри қоп-қора бўлиб ёниб турибди, қоп-қора бўлиб турибди!.. (Иккинчи оқсоқолга.) Сенинг эса, ичингда шумшайиб ғариб қул ўтирибди, ана букур қул ўтирибди. Унинг елка-яғринларидаги қамчи изларини мен кўриб турибман... (Учинчи оқсоқолга.) Қуллик сенинг қорнингда. Худди чувалчангга ўхшаб хушомадгўйлик, лаганбардорлик қули ётибди. Сен аянч, қўрқоқлик қулисан!.. (Дарвешга.) Қани, менга қара-чи, сен авлиёнинг қора юрагида нима бор экан?! Сенинг ичингда қул йўқ! Ана, томоша қилинглар, бу авлиёнинг ичида буралиб-буралиб илон тўлғаняпти. Илоннинг икки тили ва иккита думи бор... Авлиё қиёфасидаги икки-юзламачилик қули бу! (Тангабека олдига келиб тўхтайди.) А, Тангабека бойвучча! Менга қара, ие, бўйнингдаги нима? Маржонми? Бу кумуш маржон эмас, кумуш арқон! Қуллик сиртмоғи. Ўз сиртмоғинг ўзингни бўғяпти... бўғяпти, ана бўғяпти! Қизил кўзли бургут сен эмасмисан? Нега сен ўз болаларкнгни чоҳга итариб юбординг, Тангабека?! Энди улар орқасидан ўзинг ҳам чоҳга ташлан, бойвучча! Ана, у чоҳнинг қаърида сен ўлдирганларнинг суяклари оқариб кўриниб турибди, ана, қара, оқариб турибди! Мен бориб уларни кўмай, ахир ўлганларни кўмишади-ку. Ўтовда туғилганми, қоянинг чўққисида туғилганми, ўлгандан кейин барибир тупроққа кўмишади...

(Кетади.)

Тангабека турган жойида йиқилади. Узоқда, кетганлар томонда ёрқин нурли катта йўл кўринади. Кетувчиларнинг ўша нурли йўлга чиққани кўринади...

Парда.