OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуяссар Тиловова
Асар номиБургутлар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Муяссар Тиловова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бургутлар (ҳикоя)
Муяссар Тиловова

Ярим соатча олдин баҳор ёмғири тошлар юзини ювиб ўтган. Қуюқ ўтлоқдаги майсалар баргида ёмғирнинг маржон-маржон зарралари йилтираб турибди. Эрталабдан бери қўрада қамалиб, очиққан қўй-эчкилар яйловга ёйилиб кетди. Кўкатлар нам бўлгани учун бобом билан катта харсангнинг устига ўтириб, уларни кузатяпмиз. Тепамизда — жуда баландда бургут кичик қора нуқтага ўхшаб, қанот қоқмай айланади. Унинг парвози худди тиниқ осмон бағридаги улуғвор рақсга ўхшайди.

Бобом ҳадеб тепага тикилаверганидан бўйни толиб кетди, шекилли, қўлларини бошининг орқасига қўйиб, чалқанча ётиб олди. У Мағрурга қараган пайти ҳатто киприк ҳам қоқмайди. Мағрур — бу бизнинг тоғларда яшайдиган катта она бургутнинг номи. У энди учишни ўрганиб, осмонда кўрина бошлаган пайтларда бобом шундай атаган экан. Кейинчалик қишлоқдагилар ҳам уни шундай деб айтадиган бўлишди. Чунки вақт ўтиб, у чиндан-да навқирон, ёвқур, тоғларнинг ҳақиқий ҳукмдорига айланганди.
— Қара, ўз сарҳадларини ҳимоя қиляпти, — деди бобом бургутдан кўз узмай ётаркан.
— Нима? — дедим бобом тарафга ўгирилиб.
— Бургутни айтяпман. Осмондан туриб, уйини қўриқлаяпти.
— Бобо, унга бундай қилишнинг нима кераги бор?
— Қишлоқдагилар Мағрурни полапонлаган дейишяпти. У чиндан ҳам болалаган. Чунки шу пайтгача бунчалик сергак бўлмаган. Болалаганда у жуда ҳушёр бўлади. Одамлар ўзларича у ҳақда қўрқинчли гапларни тўқиб ташлаган. Аслида, у жуда беозор қуш. Лекин болаларини ҳаммадан қизғанади. У — ҳақиқий она.

Бобомнинг шунчалик тўлқинланиб гапириши мени сеҳрлаб қўйди. Унинг бургутлар ҳақидаги ҳикояларини минг марталаб эшитганман. Ҳаммаси бир хил-у, лекин барибир қизиқарли. Кексайиб қолгани учун баъзида айтаётган ҳикоясининг давомини эсдан чиқариб қўяди. Мен атайлаб ўзимни билмаганга олиб, унинг нима билан тугаганини сўрайвераман. Бобом ўйлай-ўйлай, ниҳоят калаванинг учини топиб, тағин сўзлай бошлайди.
— Бобо, ҳар бир тоғда биттадан бургут яшайдими?
— Йўқ, улар кўп бўлади. Илгари бизнинг тоғларда ҳам Мағрурнинг аждодлари кўп эди. Осмонда ҳозиргидек битта эмас, уч-тўрттаси учиб юрарди. Кейин одамлар уларни овлашди. Насли тоза тоғ бургути бўлгани учун ҳайвонлар боғига деб олиб кетишди, тсиркками деб олиб кетишди. Улуғ бургутлар наслидан фақатгина шу Мағрур қолди.

Бобомнинг қорачиқларида алланечук ачиниш, афсус ва бирозгина армон бор эди.
— Бургутнинг уйи қаерда? — сўрадим.
— Аниғини ҳеч ким билмайди. Улар уйини одамтопмас чўққилар бағрига қуришади. Бургутнинг бургутлиги ҳам шунда. Ҳеч кимни тан олмайди. Ҳеч ким билан келишмайди. Ёлғиз ва мағрур ҳаёт кечиради. Шу ҳаёти деб кўплари қирилиб кетди.
— Унинг уйини топишни хоҳлармидингиз?

Бобом оғир хўрсиниб қўйди:
— Эсимни таниганимдан бери фақат шуни орзу қиламан. Отам раҳматли бургут маконини биларди. Лекин унинг қаердалигини ҳеч кимга айтмай, ўзи билан қабрга олиб кетди. У одамларни бургутга озор беришини истамасди. Шунинг учун менга ҳам айтмаган. Лекин билганимда ҳам фойдаси йўқ.
— Нимага?
— Чунки отам танийдиган бургут ўзидан насл ҳам қолдирмай, ўлиб кетган. Аммо бу қуруқ гап. Мағрур унинг авлоди. Худди отамнинг бургутидек ўктам. Одамларда ғалати одат бор. Кимнинг бургути бўлса, ўша омадли эмиш. Бургутнинг уйини отамдан кимлар сўрамади дейсан? Лекин отам ҳеч кимга айтмади. Эҳ-ҳе, қанча бургут овлари уюштирилган... Уларни худди чумчуқдек отганларини кўрганман. Ерга қулаганда ҳам то жон бермагунича ўзларига ҳеч кимни яқинлаштиришмасди.

Бобом қўлларини эътиборсиз силкиб қўйди. Бу, албатта, норозилик эди.

Кун тушдан оға бошлаганда бургут ғойиб бўлди. Осмон булутлашиб, ҳаво айниётганди.
— Жала бўладиганга ўхшайди. Қўйлар чақмоқдан ҳуркиб кетмасин, қишлоққа қайтамиз, — деди бобом.

Биз қанчалик шошилмайлик, барибир, улгуролмадик. Чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлай бошлади. Ёмғир шаррос қуймаётган бўлса-да, ҳар ҳолда, майдалаб ёғаётган эди. Подани ҳайдаб келарканмиз, қўрага яқин қолганда, йигирматача эчкининг йўқлигини пайқадик.
— Ўтлаб кетибди-да жониворлар. Ҳали яйловдан узоққа кетмаган. Мен излаб келаман, — дея ортига бурилди бобом.
— Мен ҳам сиз билан.
— Йўқ. Сен қолганларини олиб кетавер. Тағин улар ҳам ҳуркиб кетмасин.

Мен ноилож бобомнинг айтганини қилдим.

Қўйларни қўрага қамаб бўлганимизда шом тушганди. Ёмғир кучайиб, тунд ҳаво бўлганидан қоронғи тез тушди. Аммо бобомдан ҳалиям дарак йўқ. Заминга тун чўкди. Ҳамма хавотирда, бобом келмаяпти. Бунинг устига, жуда изғирин, бобомнинг эгнида эса енгил яктакдан бошқа нарса йўқ. Отам ва акаларим яйловни бир неча марта айланиб, бобомни тополмай келишди. Отам нима қилишини билмай, қишлоқнинг бақувват икки йигитини олиб, дара томонни излаб келишга шайланаётган ҳам эдики, кўча бошидан эчкиларнинг маърагани эшитилди. Ҳамма отилиб чиқди. Адашган эчкиларимиз билан изма-из бобом ҳам кириб келди.

Унинг аҳволига қараб бўлмасди. Совуқдан кўкарган лаблари пир-пир учарди. Аммо негадир яктагини ечиб, қўлига олган, уни ёмғирда кафтлари билан пана қиларди.

Хавотирдан юраги ёрилаёзган отам бобомга қараб бақириб юборди:
— Ота, кетса-кетар эди эчкилар. Шундай ҳавода излаб, сизга зарилмиди?

Бобом ҳеч кимга эътибор бермай, қўлидаги нарсага меҳр билан тикиларкан:
— Мен Мағрурнинг уйини кўрдим. Қора чўққида экан. Уни қандай усталик билан қурганини кўрсанг эди! Нақ тик қоянинг бағрида, — деди.

Мағрурнинг номини эшитиб, ҳамма бобомга «ялт» этиб қаради.
— У иккита полапонлабди. Икки буюк бургут насли. Ўзи шунақа, насли тозалар кам полапонлайди.

Бобом яктагини авайлаб очди. Орасидан товуқдан сал кичикроқ бургут боласи чиқди. У ҳали учолмасди. Фақат қанотларини питирлатарди, холос.
— Бургут боласи-ку, — отам унинг тумшуғини силади.

Бургутча тўсатдан отамнинг бармоғини чўқиб олди.
— Кўрдингми, бу Мағрурнинг авлоди. Ҳақиқий тоғ бургути. У одамларни тан олмайди, — деди бобом чўчиб қўлини тортиб олган отамга.

Сўнг патлари ҳурпайган полапончани силаб қўйди.
— Эчкиларни қидириб юрганимда кўриб қолдим. Бахтимга Мағрур сезмай қолди.

Кийимларини алмаштиргач, жуда чарчаган эканми, қотиб ухлаб қолди.

* * *

Эрталаб барвақт уйғондим. Деразадан қараганимда бобом ҳовлида осмонга тикилиб, у ёқдан-бу ёққа юрарди. Олдига яқинлашиб, осмонга қарасам, уйимиз устида Мағрур учиб юрибди! Лекин нимадаидир безовталангандек ҳар замонда қанот қоқиб қўяди.
— Билибдими? — дедим хавотирланиб.

Бобом келганимни сезди, шекилли, менга қарамай ҳам жавоб берди.
— Ҳа. Жонивор жуда сезгир бўлади-да. Аммо полапонини бермайман. Қариганимда Худо менга бургут ато қилди. Уни Мағрурдек вояга етказаман, — дея бобом қандайдир қайсарлик билан сўзларди. Сўнг осмонга қараб гапида давом этди: — Ҳозирча сен нариги болангни катта қил. Бунисидан хавотирланма, уни асрашга сўз бераман, Мағрур!
— Бобо, нимага унинг иккита боласини ҳам олмадингиз?
— Бургутлар жуда қасоскор бўлишади. Агар иккисини ҳам олиб келсам, Мағрур бизни тинч қўймаслиги аниқ. Ҳозир қолган битта боласи учун ўзини ўтга-чўққа урмайди. Лекин, қара, шундаям топиб келибди.

Орадан бир ойча вақт ўтди. Полапонга яхши шароит яратиб бердик. Унинг эркин яшаши учун каттароқ қафас ясатдик. Бургут боласи ҳам анча ўсди. Қафас торлик қилгач, каттароғини ясаттирдик. Лекин бобом уни ташқарига кам олиб чиқарди. Мағрурдан қўрқарди. Мағрур ҳам шу вақт ичида тепамизда айланишни бирор кун канда қилмади. Ора-сирада жуда қўрқинчли қичқириб қўярди. Унинг овозида бургутга хос ваҳима, буюклик, лекин ожизгина она алласига ўхшаш мунг бор эди. Бобом Мағрурнинг боласига «Буюк» деб ном қўйди. У чиндан ҳам онасига қуйиб қўйгандек ўхшарди. Фақат жуссаси ҳали кичкина.

Бир куни отам билан амаким Буюкни ташқарига олиб чиқишди. Бобомдан очиқ ҳавода бироз турсин, деб рухсат олишганди. Бу ҳар кунги одат бўлганидан бобом рози бўлди. Орадан бир соатча вақт ўтиб, мен ҳовлига чиқдим. Лекин ҳеч нарсага тушунмадим. Ҳовли ўртасида қафасга солинган Буюк ёлғиз турарди. Катталар уни унутибди чоғи. Мен ичкарига киритиб қўйиш учун Буюк томонга юрдим. Аммо кимнингдир қўллари мени қўйиб юбормади. Ўгирилиб қарасам: амаким. У киши кўрсаткич бармоғини лаби устига қўйиб, «жим» ишорасини қилди. Тушунмасам-да, жим бўлдим. Шу пайт кўзим осмондан шиддат билан пастлаётган қора кўланкага тушди. Аввалига нималигини илғамадим. Бироқ кейин... У Мағрур эди. Сездим, у боласини олиб кетмоқчи. Барчаси тез содир бўлаётганидан тушунарсиз эди. У панжалари билан қафасга ташланди. Буюк кетди, деб ўйладим. Лекин бундай бўлмади. Мағрур энди кўтарилганида устига қаердандир тўр тушди. Тўр ҳам унинг тўрт томонини чирмаб ташлади. Самода ҳақиқий жанг кетаётганди. Мағрур ўралиб қолган қанотларида учиш оғир бўлса-да, ҳаракат қилди. Бунинг устига, қафасдаги Буюк ҳам унинг олислашига тўсқинлик қилаётган эди. Агар тўрнинг бир учи отам ва амакимнинг қўлида бўлмаганида, у анча узоққа кета оларди. У шундай бўлса-да, ҳаракат қилди. Ўзини чарчагандай кўрсатиб, бироз пастлар, ерга етай деганида, яна зўр бериб қанот қоқарди. У таслим бўлмоқчи эмас. Бу унга хос хислат. Мен бу жангдан карахт бўлиб қолдим. Мағрур аянчли қичқирди. Ҳеч қандай ёрдам йўқлигини билса-да, у нимагадир илтижо қилди. Ўша пайт эсимда қолганини ҳисобласам, ярим соатдан ортиқ жанг бўлибди.

Ниҳоят, у гурсиллаб ерга қулади.
— Бобо, бобожон, Мағрур... — деганча мен ичкарига югурдим.

Ухлаётган бобом чўчиб кўзларини очди. Мен қўлларидан тортиб ташқарига имладим. У киши мункиллаб югурди. Ташқарида тўрга ўралиб, аянчли аҳволда ётган Мағрурни кўриб, бўшашганидан деворга суяниб қолди.
— Ота, бобомнинг мазаси йўқ.

Улар қилаётган ишларини ташлаб, биз томон югуришди.
— Ота, хавотирланманг, Мағрур тирик.
— Аҳмоқ, пасткаш...

У ўзини оқлаётган амакимга нафратланиб қаради.

Сўнг бобомнинг нафаси тиқилиб, гапиролмай қолди. Оғзига сув томизиб, ўзига келтиришди. Кейин мазаси бўлмай ётиб қолди. Отам ва амаким «Мағрурни қўйиб юбордик», деб бобомни алдашди. Аслида, уни катта қафасга солиб, амакимникига олиб кетишганини мен биламан. Лекин буни бобомга айтолмайман. Чунки шундоғам оғир аҳволи баттар ёмонлашади. Унинг Мағрурни қанчалар яхши кўришини биламан. Ҳатто баъзан бобом ва бургутнинг умри бир-бирига боғлиқдай туйилади. Доим бобом билан Мағрур бизники бўлишини орзу қилардим. Энди у ёнимизда, аммо бу ғолиблик менга татимаяпти. Ундан кўра осмонда учиб юргани яхшироқ эди. Булутлардан ҳам баланд, ҳеч кимнинг қўли етмайдиган юксакликда.
— Деразадан қара-чи, бургут осмондами?

Бобом тўшакдан туролмаётгани учун менга айтди. Юрагим ачишиб кетди. Осмонда ҳеч қандай бургут йўқ, бўлмайди ҳам. Ҳозир Мағрур темир қафасда, маъюс кўзларини чўққилар томон қадаб ўтирибди.
— Ҳа, ана. Учишини кўряпсизми, бобо? Аввалгидек жуда баландда. Кўзга аранг ташланади.

Бобом мийиғида кулиб қўйди:
— Ярамаслар...

Бироз жимликдан кейин айтган гапи шу бўлди.
— Дунёда одамзоддай чиркин махлуқ йўқ. Жониворни оналик меҳридан фойдаланиб, қўлга олишди-я?.. Мағрурнинг айби она бўлганими? У фарзандини қутқармоқчи эди. Унинг шу кўнгилчанлигидан фойдаланишди. Агар Мағрур она бўлмаганида, одамлар уни ҳеч қачон тутишолмасди.

Бобом кўзларига ёш олди. Мен ҳам йиғлаб юборишдан ўзимни зўрға тийдим. Барибир, осмонда Мағрур учмаётганини ва ҳеч қачон учмаслигини бобом билибди.
— Уни қутқараман, қафасидан озод қиламан... — дея пичирладим-да, хонадан чиқиб кетдим.

Шу кетишда амакимникига йўл олдим. Мағрурни тутиб олишганига бир ҳафтадан ошди. Лекин у оғзига бир қултум ҳам сув олгани йўқ. Озганидан патлари ҳурпайиб қолган. Қафасида қилт этмай ўтиради. Аҳволи оғир, шекилли, оғзидан сув оқиб турарди. Қишлоқнинг мол дўхтири уни «Ўлади», деди.
— Эсиз, шу савилни қанча куч сарфлаб тутибмиз. Ўрта йўлда отам билан муносабатимиз ёмонлашиб, у кишининг соғлиғи оғирлашгани қолди.
— Нимасини айтасиз, ака. Бу қанақасига Мағрур? Турган-битгани касал-ку.

Амакимнинг норозилигига отам ҳам қўшилди.

Улар бургутни ташқарига, очиқ ҳавога олиб чиқиб қўйишди.

Мен эса бир чеккадан уни чорасизгина кузатдим: у чиндан ҳам ўлса керак. Чунки жуда кичрайиб қолган. Ҳозир кўрган одам уни бир ҳафта аввалги, шу тоғларнинг ҳукмдори Мағрур эканига ишонмайди. У сўлғин кўзларини йироқларга — устида қорлари оқариб турган чўққилар томонга қадади. Мажолсизгина узун қанотларини ёйди. Лекин қанотлари қафасга сиғмади. Ҳатто ўзи хоҳлаганидек, баралла қанот ёзолмади бечора. У қафасда қанот ёзишнинг имкони йўқлигини билса-да, силкитишдан тўхтамасди. Назаримда, у сал жонлангандек бўлди. Тоза ҳаводан кучга тўлаётганга ўхшарди. Мункайиб қолган гавдаси яна ғолибларга хос керилди. Бир ҳафтадан бери туз тотмаган қушга қаердан куч ёғилиб келаётганини мен билмас эдим. Тўғрироғи, билишга биз одамларнинг ақлимиз калталик қиларди. Бургут кўз олдимда ҳавога кўтарила бошлади. У қафасдан чиқолмасди, қафаснинг ичида қанот қоқди. Мағрур питирлаб, ўзи доим интилган осмони фалакка парвоз қилаётган эди. Осмон уларни нега чорлашини мен тушунаётгандек бўлдим. У ерда эрк бор, озодлик бор. Бургут тобора баландлаб борарди. Эсанкираганимдан қафаснинг оғзини очишни унутибман. Унга шундоғам жуда оғир. Бир томондан қанотлари эркин ҳаракат қилолмайди, иккинчидан, зил-замбил қафасни ҳам кўтаришга мажбур. Лекин у уддалади. Назаримда, булутларга қадар кўтарилди. Ҳозир у доим муаллақ айланадиган юксак манзилига чиқади. Шунчасини уддалаган бу ёвқур қушнинг қафасдан қутулиб кетишига ишонардим. Қўлларимни пешонамга соябон қилиб, кўкка тикилдим. Мағрур яна доимгидек қора нуқтага айланган эди. Қуёшнинг заррин нурларидан кўзларим қамашиб қолди. Кўзим ёшланиб кетаётган бўлса-да, Мағрурни илғашга ҳаракат қилдим. Чунки унинг яна осмонда эканидан қувонардим.
— Энди осмонингдан тушма, Мағрур!

Турган жойимда сакраб, қўлларимни силкитдим.

Аммо кутилмаганда ҳаммаси ўзгариб кетди. Ёки мен адашяпман. У қанча қийналиб баландлаган бўлса, шунчалик тез пастлади.
— Наҳотки у қулаётган бўлса?! Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Йўқ...

Шиддат билан пастлаётган қафасни тутиб олишга ҳаракат қилардим. Қулочимни катта очиб, қафаснинг мўлжалини олдим. Бироқ кимдир қўлларимни маҳкам ушлаб тортди. Не кўз билан кўрайки, мен уйдан чиқаётганимда тўшагидан туролмай ётган бобом эди.
— Шундай бўлиши керак. Бургутнинг умри шу. Уни қутқараман деб, ўзингни ҳалок қилма. Менимча, бу бургутга муносиб қисмат. Бургут бўлиб туғилганлар ўлимини ҳам бургутдай қаршилайди.

Бобом мени бағрига босганча ерга яқинлашиб қолган бургутга тескари қаради. Уни қутқармоқчи бўлиб, бобомнинг қўлларидан юлқиниб чиқишга ҳаракат қилдим. Аммо бобом қўйиб юбормадилар. Кўз ўнгимда бургут ерга қулади. Ерга тушганида олам зириллаб кетгандай бўлди, назаримда. Дунёни бир лаҳза даҳшатли чинқириқ тутиб кетди. Мағрур ҳалок бўлди. Унинг парча-парча бўлиб ётганини кўришга дош беролмасдик. Қайтдик. Уйга етиб келгунимизча «чурқ» этмадик.
— Хафа бўлма, болам. Буюк бургут авлодидан битта насл қолган. Энди осмонга у ҳукмронлик қилади.
— Буюкни айтяпсизми?
— Ҳа, бизнинг Буюкни!
— Иккита, денг... Тоғда қолган полапонча-чи?

Бобом чуқур хўрсинди:
— Сен Буюкка қара. У бировнинг ёрдамисиз мустақил ов қилолмайди. Тоғдаги полапон ҳам у тенги. Мағрур эса бир ҳафтадан зиёд тутқунликда қолиб кетди. Иккинчи боласини бирор нарса еб кетган ёки очликдан ўлиб қолгандир...

«Нега шунга ақлим етмади экан?» — деб ўйладим. Биз Мағрурнинг иккинчи зурриёдидан ҳам умидимизни уздик.
— Гапинг тўғрига ўхшайди, болам. Ҳар бир тоғда биттадан ҳукмдор бўлгани яхши. Биз Буюкни учишга ўргатишимиз керак. Энди уни олиб кетадиган онаси йўқ. Бемалол ўргатаверамиз.
— Учишни яхши ўрганиб, кетиб қолса-чи?
— Бургутларнинг ҳақиқий макони тоғлар, осмон, чўққилар. Кетиши аниқ. Лекин, барибир, у бизнинг бургут. Мағрур ва унинг бир полопони менинг айбим билан ҳалок бўлишди. Лекин худо шоҳид, мен буни истамаган эдим.

Уйга етиб келган заҳоти Буюкни ташқарига олиб чиқиб, қафасни очдик. Ҳозир Буюк питирлаб чиқади-да, осмонга парвоз қилади. Қафасни очгач, дарахт соясида кузатиб ўтирган бобомнинг ёнига бориб чўкдим. Аммо Буюк қафасдан чиқишни хаёлига ҳам келтирмасди. Жуда ҳайрон бўлдим. Бориб уни ушлаб ташқарига чиқардим. Қўлимга олиб, оҳистагина осмонга отдим. У қанотларини питирлатганча ерга қайтиб тушди. Бир неча марта буни такрорладим, лекин ҳар гал шундай бўлди.

Бобом мени ёнига имлади:
— Уни ўз ҳолига қўй. Бироз атрофни ўргансин, кейин уча бошлайди.

Буюк эса лапанглаб у ёқ-бу ёққа юрди. Ўткир тумшуғи билан ўтларни чўқилаб кўрди. Қизиқсиниб атрофга қаради-ю, яна қафас ёнига қайтди ва жимгина қафасга кириб кетди.

Бобом иккимиз ҳанг-у мангмиз. Тўсатдан бобом бўшашиб, ерга чўккалади. Кўзларини Буюкдан узмай, ҳўнграб йиғлаб юборди:
— Мен қари аҳмоқман. Мен хато қилиб қўйдим. Буюк бургут наслини вояга етказмоқчи эдим. Аммо Мағрурнинг авлодини эмас, итоаткор қулни ўстирибман. Буюк бургут наслига мен қирон келтирдим...

Ҳозиргача тоғлардаги ўктам бургутдан битта бўлса ҳам қолган, деб ўйлаган эдим. Бироқ Буюкнинг қафасда бизга ҳайрон тикилиб турганини кўриб, улар тамом бўлганини англадим. Бобомдек ҳўнграб йиғламаётган бўлсам-да, юрагим қаттиқ ўртанарди.