OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМуяссар Тиловова
Асар номиЖиловсиз асов (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Муяссар Тиловова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жиловсиз асов (ҳикоя)
Муяссар Тиловова

Ер андак силкинди. Тоғу тошлар гумбурлади. Галадаги отлар довдираб, ўзларини қаёққа уришини билмай қолишди. Галабоши уларни тинчлантиришга ҳарчанд уринмасин, байталлар кишнаб, турли томонга тирқиради. Оналарининг бу ажабтовур ҳаракатларига тушунмаган янги туғилган қулунлар атрофга ҳайрон олайишарди. Кўз очиб юмгунча бўлиб ўтган зилзила борлиққа шунча саросима солишга улгурди. Отларнинг оёқлари маҳкам турган ер қимирлашдан тўхтаган, бироқ негадир шовқин тинчимаганди. Оёқлари узун, бақувват, хипча бели қорувли, метиндай мустаҳкам галабоши айғир қандайдир хавфни сезиб, бурун тешикларини катта-катта очганча, безовта кишнаб кўл томондаги тепаликка қараб югурди. Бу тепалик яқин атрофдаги энг баланд жой. Унинг устидан ҳамма ер кафтдагидай кўринади. Ваҳимали кишнаб, тепалик устида ер тепинаётган айғирга пастдаги галаси бир илинж кутгандай жавдираб туришарди. Галабоши адашмабди. Кўнгли сезганича бор экан. Пастдаги водийдан ўзлари томонга чанг-тўзон кўтарганча бир неча отлиқ югуриб келарди. Айғир улар нима учун келаётганларини, мақсади нима эканлигини яхши билади. Чунки бундай кутилмаган меҳмонлар тез-тез кўриниб галанинг тинчини бузади. Шундай пайтларда бутун бошли отлар уюрининг тақдири галабошининг зиммасига тушади. Қора айғир шу чоққача бирор марта адашмаган. Тўғри, доим ҳам галани бус-бутун, ҳеч қандай талофациз қутқара олмайди. Улар орасида нимжон, касал отлар, ёш болали байталлар ва қарилар ё қоч-қувда ҳалок бўлади ёки қўлга тушади. Наилож, айғир бундай паллаларда ожиз қолади.

Қадамларидан ўт чақнаб, худди қуюндай пастлади. Олд оёқларини баланд кўтариб, галасига шимол томон қочишни амирона буйруқ бериб кишнади. Йўл бошлашга бошлади-ю, ўзи олдинга интилмай, галани айланиб югурди. Отларни тезроқ ҳаракат қилишга ундаб ер тепинди. Кўл томондаги тепаликдан ўтилса, торгина водий. Ундан сўнг пастқам тоғликлар бошланади. У ерда тезроқ югурилса, бирор пана жой топиб, кўздан йўқолиш осон. Бутун уюр галабошининг мақсади нима эканини тушунди. Қора айғир эса энг охирги от ҳам йўлга тушиб олганидан кейингина қочишга ҳозирланди. Барчани кўздан кечириб, бир ҳаракат билан галанинг олдига ўтиб олди. У энг олдинда тўдасига намуна бўлиш учун тезроқ, чаққонроқ ҳаракат қилади. Югурганида кўмирдек қора ёллари селкиллаб, парвозга шайланаётган қушни эслатади. Аммо айғир илкис-илкис тўхтаб, чанг-тўзон ичида элас-елас кўзга ташланаётган оппоқ байталга қарайди. Бошқа пайтларда ўша от айғир билан олдинма-кетин югурар эди. Ҳозир эса бунинг иложи йўқ. Чунки байтал қулунлаши керак. Галабоши тўдани унинг тинчгина кўзи ёриши учун шу адирликка олиб келганди, бехавотир деб ўйлаганди бу ерни. Бироқ шу ердаям азалий рақиби одамлар тинч қўйишмади уларни. Оқ бия аввалига рисоладагидек, бир текис югурди, аммо бора-бора ҳаммадан ортда қола бошлади. Унинг нафаси бўғзига тиқилиб ҳансирар, қорнида қандайдир кучли оғриқ турганди. Тахминан мўлжал олинган йўлдан гала жонҳолатда одимлар, айғир эса тўхтади. Оқ байталнинг бошқа югурмай, юмалаб қолганини кўргач ортга қайтди. Бу орада гала анча узоқлашига улгурди. Айғир биясини ўрнидан туришга ундаб атрофида гижинглаб айланди. Аммо оқ отнинг ортиқ югуришга мадори йўқ. Аввалига уни туришга ундаган галабоши энди пишқириб буйруқ беришга ўтди. Бироқ фойдасиз. Биянинг дарди бошланганди. Боягина зилзиладан қўрқиб кетган отга, кейинги зарба оғирлик қилди. У кишнашдан тўхтаб, бошини ерга ташлади. Энди бефойда. Байтал югуриш у ёқда турсин, ўрнидан ҳам туролмайди. Айғири атрофида гоҳ амирона, гоҳ ялиниб кишнар, жуфтининг тумшуғига бурнини теккизиб ундан ниманидир ўтинарди. Икки ўт орасида қолган галабоши бир суюкли байталига, бир шовқин солишиб тобора узоқлашиб бораётган уюрга қарайди. У қолганларни асраши керак, бироқ оқ отни шу аҳволида ташлаб ҳам кетолмайди. Унинг узоқ иккиланишига ортидан қувиб келаётганларнинг қораси кўриниши нуқта қўйди. Айғир осмонга сапчиб, ваҳимали, шу билан бирга жуда аянчли кишнади.

* * *

Тўйчи чавандоз уюрнинг изини йўқотган бўлса-да, овдан қуруқ қайтмади. Олдинги оёқлари тушовланиб, итоаткорона йўрғалаётган оқ байтал ва унинг тойчоғини, бу кенгликлардаги жамики ёввойи отлар сардори, афсонавий айғирнинг зурриёдини олиб қайтди. Қулуннинг юнглари худди отасиникидек тим қора, ялтироқ, кўзлари эса онасиники каби жигарранг. Оёқлари ҳали ориқ, нимжон бўлса ҳам, вақти келиб уларда кенгликларга сиғмайдиган куч йиғилиши муқаррар.
– Насли тоза-да жониворнинг, ялтиллашини қара, – дея севинчини ичига сиғдира олмаган чавандоз атрофидагиларга кулиб қўяди. – Айғирни тутолмаган бўлсак ҳам, қулуни бизда. Бу тойчоқнинг, – дея ёнидагиларнинг ким эканини англамай қулоқларини диккайтираётган қулуннинг бошини силайди, – галабошидан афзаллиги кўп. Чунки уни тутганимиз билан ёввойи барибир ёввойилигини қилади. Қулай пайт бўлди дегунча қочишга уринади. Асовни жиловлаш қийин. Қулунча эса энди ўзимизники. Агар отасидай ўктам от бўлса, бу орада олдимизга тушадиган чавандоз топилмайди.

Оқ бия одамлар қулунини эркалаган, юнгларини силаган сайин баттарроқ тихирлик қилаётганди. Бир иложини топса-ю, боласини олиб ортига қарамай қочса. Аммо бари ҳаракатлари бефойда эканини жониворнинг ўзи ҳам билиб турар, шундай эса-да тақдирнинг бу ғирром ҳукми билан келишишни, уни қабул қилишни истамаётганди.

Ўша куни чавандозга қишлоқнинг ёшу қариси ҳавас қилди. Ҳозир ҳар ким унинг ўрнида бўлиб қолишни хоҳларди. Чунки донғи бутун водийга ёйилган қора айғирнинг зурриёди Тўйчи чавандознинг қўлида.

* * *

Оқ байталнинг кишнаши, тонгда, қуёш тоғлар бошини сийпаб мўралай бошлаганида, айниқса, авжига чиқарди. Чунки бу вақтда оқбошли чўққилар доимгидан ҳам виқорли, улуғвор ва жуда-жуда яқинда, худди кафт чўзса етадигандай кўринар, унда асовнинг қорли яйловда югураётган, озодликда шамолдай учаётган уюрининг дупурлари эшитилади. У малла, доим ёшовраб турадиган кўзларини ўша томонга қадайди. Агар бир ҳаракат қилса, одамлар ўзича бақувват деб қурган ёғоч отхонани бемалол бузиб ташлаб, узоқ-узоқларга, инсон етолмайдиган маконларга қочиб кета олади. Бироқ бунга унинг ҳақи йўқ. Чунки ортида яқинда туғилган қулуни бор. От кишнай-кишнай тинчийди ва бостирма тагида безовта онасига ҳайрон тикилиб турган гўдагининг ёнига қайтади. Тоғ асовини ёввойи отлар уюридан кўзи ёриётган пайтда тутиб олишган. Қулунча ҳали жуда заиф, хонаки отларнинг болаларидан фарқ қилмайди. Лекин ёввойи байтал қўрадаги бошқа болаларни қулунининг ёнига йўлатмайди. Чунки ҳар тикилганида унда улкан харсангларга, юксак тоғларга, кенг дараларга сиғмаган озодликни кўради, жажжи юрагининг уришида югурганида тошлардан учқун сачратган отлар дупурини, ҳали ҳам онда-сонда қулоқларига чалиниб қоладиган жуфтининг ўктам овозли кишнашини эшитади. Қишнинг узундан-узоқ қировли тунларида ҳам отхонанинг усти очиқ қисмида қулоқларини диккайтириб, бурун тешикларидан ҳовур чиқариб тураверади.

Тонг отгач, қулунчасини ялаётган айғирни кузатаркан, Зиёд ота чуқур уф-ф тортди. У пайтларда Илҳом ҳали ёш, бобосининг кетидан қолмайдиган бола эди. Унинг гўдакларча мижғов саволлари ҳам кулгили, ҳам жавоб беришга одамни шошириб қўяди.
– Нимага уфлаяпсиз, бобо?
– Оқбошнинг аҳволини кўриб уфламай нима қилай?

(Улар отга шундай деб ном қўйиб олишганди)
– Отимизга нима бўлган?
– Уйини соғиняпти, бечора.
– Қайси уйини, уйи шу ерда-ку.
– Эй-й боласи тушмагур, эзиб юбординг, – Зиёд отанинг сабри тугаб, набирасини уришган бўлади.

Илҳом бошқа гапирмайди. Совуқда қизарган бурнини тортиб жим тураверади. Ҳамма нарсани тез унутиб қўядиган чол яна отга чалғийди.
– Насли тоза-да жониворнинг.
– Насли тоза дегани нима?
– Бу, – дея тушунтириш беради чол набирасига, – бу дегани ҳақиқий от дегани. Асл отлар худди Оқбошга ўхшайди. Қадамидан ўт чақнайди уларнинг.
– Ўт чақнайди дегани нима?
– Ўт чақнайди дегани жуда тез югуради. Қувганинг билан барибир етолмайсан дегани.
– Лекин отам отни қувганида етган-ку, у асл от эмасми?

Ота набирасига шу ерда таслим бўлади. Чунки бу саволга жавоб беролмасди. Ахир болакай отасининг оқ бошни ҳалол жангда эмас, болалаётган вақтида тутганини қайдан билсин?
– Эй баччағар, тоза жонга тегдинг. Миямни ачитишдан бошқа қиладиган ишинг йўқми? Бор, укаларинг билан ўйна.

Енгилаётган вазиятларида чол шу йўлни тутарди. Илҳомга эса барибир бобосининг ёнида ҳам, бошқа ерда ҳам ўзини зериктирмайди.

Қулунча бола билан тенгдош улғаярди. Кўриниши худди онасининг ўзи. Бақувват ва чайир оёқлари узун-узун, тим қора ёллари қизларнинг офтобда тобланган сочидек ялтирайди. Пешонаси ва биқинида оқ қашқаси бор. Шунинг учун ҳамма унга Оққашқа деб ном қўйиб олганди. Оққашқа вояга етгач онасидан ҳам ёвқур, онасидан ҳам навқирон отга айланди. Аммо она ва боланинг орасида бир фарқ бор эди. Оққашқа катта бўлган сари одамлар билан жуда-жуда яқин бўлиб кетди. Унинг пойгаларда, кўпкариларда бели қотиб, донғи ҳар томонга ёйилди. Лекин она от инсонларга бўйсунмади, қанчалик мажбурлашмасин, ҳеч бир чавандозни устига йўлатмади. Бошқа ишчи отлар қатори далага борар, аравага қўшилар, ўт, сув таширди.
– Бечорани турткилама, – деди бир куни Зиёд ота ёнига йўлатмаганидан байтални қамчилаётган ўғлига. – Унгаям меҳр берсанг, тек туради-да.
– Бу боқувни керагидан ортиқ олиб бўлган, ота. Лекин ҳеч нарсага ярамаяпти. Бунинг ўрнига қирчанғи боққанимизда яхшийди.

Ота индамади, фақат норозиланиб бошини сарак-сарак қилди.
– Ҳар ким ўз юртида шоҳ бўлсин экан.

Илҳом бобосининг нима деганини англамагани учун беришга бирор жўяли савол тополмади. Фақат кўзларини пирпиратиб бобосига термилиб тураверди.
– Оқбошни айтяпман, – деди набирасининг ҳозир нимадир сўраб қолишини олдиндан билган чол. – Уни биз тамом қилдик. Тоғларида ҳукмдор эди, бу ерда-чи, ҳеч нарсага арзимайдиган бир от, холос.
– Унда нимага қочиб кетмайди?

Илҳом ўшанда биринчи марта бобосини ҳайратга соладиган савол берганди. Зиёд ота ҳам биринчи марта ўзига лойиқ суҳбатдош топган.
– Агар Оққашқа бўлмаганида эди, байтал аллақачон ё қочиб кетарди, ёки ўларди.

Оққашқани улоққа Тўйчи чавандоз, унинг укаси Суюн чавандоз минди. У билан қаерга боришмасин, доим ғалаба билан қайтишди. От эмас, чин дўст эди у. Баъзан отаси Оқбошни қамчиласа, калтак худди боланинг бирор ерига теккандай сесканарди. Шундай пайтларда бобосини чақирар, фақат бобоси отнинг ёнини олиши мумкин эканини биларди. Бобосининг отларга меҳрини кўриб, уларни чин дилидан яхши кўради дея ўйлаган. Аммо бир куни кўпкарига кетган отни юк машинасида олиб қайтишди. Чунки отнинг йиқилиб оёғи синганди. Ўшанда энди ҳеч нарсага ярамай қолган Оққашқани сўйиш кераклигини, айнан, Зиёд ота маслаҳат берди. Ўша куни Оққашқага онасидан бошқа ҳеч кимнинг раҳми келмади. Сўйишаётганида атрофидагилардан меҳр-шафқат сўраб тиланган кўзлари ҳамон боланинг ёдидан чиқмайди. Кишнаганида доим ўктам чиқадиган овози ўша пайтда гўдакларникидан ҳам нимжон, янги туғилган қулунларникидан-да ожиз чиққан. У-ку охири тақдирига тан берди, лекин она от... Юраги қандайдир нохушликни сезгандай эрталабдан безовталана бошлагач, чол оёғидан маҳкам боғлаб қўйди. Лекин Оққашқани сўйишаётганида ер тепиниб кишнагани...

Илҳомнинг ўшанда раҳми келганидан ва айни дамда қўлидан ҳеч нарса келмаганидан лабларини тишлаган.

Байтал боласини кўргани йўқ, Оққашқани отхонадан панага олиб кетишганди. Лекин боласи ўлаётганини, ўлаётгандаям дўстим деб ишонганлари нобуд қилаётганини ич-ичидан сезиб турганди бечора. Оққашқа жони узилишидан олдин оғир ингради. Шу пайт отхона томондан нимадир қарсиллаб синди. Зум ўтмай одамлар ёнига шамолдай учиб, она от келди. Ҳамма карахт бўлиб қолганди. Чорасиз айғир орқа оёқларида туриб бутун гавдасини тик кўтарганча олдинги оёқларини ҳавода муаллақ айлантирди. Шунчалик баланд кишнадики, овози қулоқни кар қилай дерди. Бола биринчи марта ёввойи байталда шундай важоҳат, куч, одам боласига нафрат ва иложсиз онанинг фарзанди учун тутган мотамини кўрди. Катта очилган бурун тешиклари ўт пуркайман дерди гўё. Оққашқанинг кўзлари онаси томон қадалганча қотиб қолди. Эҳтимол, уларда "Одамларга ишонганим, улар билан дўст бўлганим учун мени кечиринг, онажон" деган маъно бўлгандир. Ҳар қалай Илҳом ўша пайтда буни ўқиёлмасди. Ҳаммаси тамом бўлганди. Ёввойи байтал яна бир кишнади-да, пуртаналар ҳосил қилиб, вишиллаб оқаётган сойнинг устидан нариги қирғоққа сакради. Унинг соғ-омон ўтиб кетишига ҳеч ким ишонмаганди. Шунчалик юқори сакрадики, худди учаётганга ўхшарди. Узун ёллари шамолда қуш қанотидай селкиллаб, парвоз қиларди. Оқ байтал йиқилмади. Қанчалик узоқ бўлмасин, нариги қирғоққача сакрай олди. Сакраб ўтди-ю, тоғларга қараб жуда тез югурганидан бир зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди. У ёввойи эрки, озодлиги томон шошарди. Одамлар орасида узоқ муддат яшаган бўлса ҳам қари кўнглидаги бундай юксак туйғулар ҳамон ёш эди.

Болакай Оқбошни шундан кейин кўрмади. Қайта учратмади. Лекин она отдан кўнгли тўқ. Агар тирик бўлса одам етолмайдиган жойларда, эркинликда яшаяпти, ўлиб кетган бўлсаям ҳақиқий ғолибларга хос ўлим топган. Мана буни ҳаёт деса бўлади.

Илҳом ҳамма тарқалгач ҳам она отнинг дупурлари қулоғига чалиниб қоладигандай бутун диққатини тоғ томон бериб анча вақт турди.

Ҳамма нарса қанчалик тез содир бўлган бўлса, шунчалик тез тугади. Зиёд ота "Ҳозир саволга кўмиб ташлайди" деб кўзларини набирасидан олиб қочди. Аммо бола ҳеч нарса сўрамади. Чунки кўп нарсани билади деб ўйлаган инсони аслида ҳайвон англай олган оддий ҳисларни тушунмас экан. Бобоси илгари унинг кўзига ҳамма нарсани биладиган жуда ақлли инсон бўлиб кўринарди. Xудди у кишидай фикрлагиси, у кишидай ўйлагиси келарди. Аммо кейин бошқа ҳеч нарса сўрамади. Бу воқеага ўзининг хулосасини чиқариб бўлганди.