OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифМузаффар Буйруқчи
Асар номиБолакай (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Музаффар Буйруқчи
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲикоят Маҳмудова
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Болакай (ҳикоя)
Музаффар Буйруқчи

— Манқал олдида ўйнашни бас қил!
— Ўйнаётганим йўқ-ку, ойи.

Бола кул ичидан оташкуракни тортиб олиб, манқалнинг қулоғига илиб қўйди. Кўмир аллақачон кулга айланиб бўлган, манқал деярли совиб қолганди. Фақат уч-тўрттагина чўғ кул ичида милтиллаб турарди.

Бола онасига қаради. У оёғини тагига бостириб ўтирганча кўйлагини ямамоқда эди. Аёлнинг сочлари тўзғиган, кўзлари эса худди уларга чодранинг сояси тушиб тургандек сўник бўлиб, юзида ҳаётга нафрат ифодаси зоҳир эди. У кўйлагининг этагини у ёқдан-бу ёққа айлантириб, ундан янгидан-янги йиртиқ жойларини топарди. У баъзан бошини кўтариб ўзича жилмаяр, ёки худди ўзи билан ўзи гаплашгандек қовоғини уяр, ёки бефарқ нигоҳини деворга қадарди.

Бола совқотганидан ғужанак бўлиб ўтирар, юзи билан қўллари кўкариб кетганди. У оёғи билан манқалнинг совиган темирига қапишди-да, уни ликиллатди.
— Оёғингни ол!—деб бақирди аёл. Болакай бошини елкасига тортди.
— Совқотяпман!
— Ўринга ёт!
— Ётмайман!
— Ергина юцин сени!
— Ўзингни юцин!

Она боласига жаҳлла қаради. Қани энди қулоқ-чаккасига тортиб юборсанг! Ҳа, майли, ҳали суяги қотмаган, нима деяпганини ўзи ҳам билмайди. Боз устига, у ҳақ: хона совуқ. Лекин бу аҳволда манқални ағдариб юбориш—ҳам мумкин-ку, хўш, шунгаям ота гўри қозихонами? Фақат кулни йиғиб, полни артишга тўғри келадида.
— Ётасанми ёки йўқми?
— Ўзингиз нега ётмаяпсиз?
— Сенинг нима ишинг бор? Командир топилганидан ўргилдим!

«Командир» сўзини эшитиб, бола кулиб юборди.
— Кулишни йиғиштир, оёғингни торт!
— Xа-ха-ха!
— Сенга айтяпман, ярамас!

Аёлнинг астойдил жаҳли чиқиб, худди ўрнидан тураётгандай қўзғалиб қўйди. Болакай шоша-пиша оёғини йиғиб олди.
— Мана тортдим! Қаранг-а, ойи Аёл кулимсиради.

Кўчада шамол-бўрон қутурарди. Шамол ёмғир аралаш қорни олиб келар, худди учириб юборгудай томларни ларзага келтирарди. Тунукалар гумбурлар, старапил ёғочлари аянчли ғийқиллар, яна бир шиддат қилса уйни ҳам қўпориб юборадиганга ўхшарди. Кўчага қараган яккаю-ягона деразанинг ойнаси синган бўлиб, қоғоз билан ёпиштириб қўйилганди. Шамол дам-бадам уни худди елкандай дўмбира қиларди.

Манқалнинг олдидаги полда йиртиқ-ямоқ қанордан қилинган гиламча тўшалган, дераза олдида эса миндер турарди. Идиш-товоқлар бурчакка уюб қўйилганди.

Бола қўлларини қўйнига тиқиб, ғингшиди:
— Оҳ, мунчаям совуқ бўлмаса!
— Яна нолияпсанми?
— Совқотяпман, ойи! Мана-мана, оёғим билан қўлимга қаранг. Вой- ой- ой!
— Мен нимаям қила олардим —Жон ҳолатда гапирди аёл.— Марҳаматли отамиз олло таолога арзқил!
— Олло таоло — отами?
— Билмайман.
— Ўзингиз «ота» дедингиз-ку!
— Ҳамма шундай дейди-да.
— Ойи, олло таоло нима қилади?
— Нима қилади, деяпсанми? Унинг иши бошидан ошиб ётибди.
— Ишлайдими?
— Албатта, ишлайди-да. Биз учун елкасини яғир қилгани-қилган — қор, ёмғир, совуқ юборади.
— Манави қорниям худо юборганми?
— Ҳа.
— У нон ҳам юборадими?
— Бўлмасам-чи.
— Пул-чи?
— Пулам.
— Унда айтинг, менга йигирма беш қуруш юборсин.
— Сенга пул нимага керак бўлиб қолди?
— Кўмир сотиб оламан.
— Яна-чи?
— Нон оламан. Қулоқ солинг, ойи, агар яна беш лира сўрасам, олло таоло юборармикин? Сизга пайпоқ олиб берардим. Сизнинг ҳам оёғингиз совқотади-ю. Менга ҳеч нима қилмайди, ахир, эркакман-ку! Эркакларга бало ҳам урмайди.

Онаси уни қучоқлаб, ўпди.
— Ўғлим, ўғилгинам. Мен ҳақимда қайғуряпсан-а. Аёл йиғлаб юборай деди-ю, лекин ўзини тутди. Ўғлининг бошини силаб, увушиб қолган оёқларини ишқади, унинг жажжи қўлларини ўзининг қўйнига тиқди.
— Ойи, агар олло таоло менга пул юборса, дадамизга айтмаймиз, хўпми?
— Айтмайман. Сен унга ҳеч нарса олиб бермайсанми?
— Мен уни ёмон кўраман. Кўмир олиб келмайди, сизни сигир, қанжиқ деб чақиради. Ойи қанжиқ дегани нима дегани?
— Ҳеч нима, бемаънилик,— деди аёл.— Мен ҳам дадангни ёмон кўраман, лекин нимаям қила олардим.

Қош қорая бошлади. Xонада худди ертўладагидек совуқ ҳукмрон. Дераза ортида фақат шамол увиллайди. Одатдагидек мушукларнинг миёвлаши-ю, итларнинг акиллаши бугун эшитилмасди. Эрталабдан бери ёмғир аралаш қор уриб ётибди. Бадқовоқ, бўтана халқоблар тошкўчада йилтилларди. Лойни шапиллатганча одамлар ўтишди, уларнинг сояси ойнада акс этди. Қўшни кулбаларда хирагина чироқлар ёқилди. Онда-сонда у ердан аёлларнинг чинқирган овози, хирқироқ эркак йўтали ҳамда сўкиш эшитиларди. Кейин қандайдир ғайри-табиий шовқин эшитилди. Аёл кўчада нима бўлаётганини кўриш учун ойнадан қаради. Икки киши ёғоч омбори олдига тахлаб қўйилган ўтинлардан тараша тортиб олишаётган эди. Кучли шамол намиққан қоғозни йиртиб, қор аралаш хонага отилиб кирди. Ойна олдидаги миндер зум ўтмай ҳўл бўлиб кетди.
— Фақат шу етишмай турувди ўзи,— дея тўнғиллади аёл миндер устидаги чойшабни оларкан.— Ун олиб кел-чи.
— Нима дедингиз?
— Ун олиб кел деяпман, ун!
— Ун қаерда ўзи, ойи?
— Курсини устига чиқ. Қўлингни ойнанинг орқаси-га тиқ.
— У ерда йўқ-ку.

Онаси ўғлининг ғарданига бир туширди.
— Вой ҳароми-ей! Сени фақат ўлимга юбориш керак, холос!

У унни товоққа солди-да, сув билан аралаштирди. Ун шу заҳоти қоп-қорайиб, думалоқ-думалоқ бўлиб ёпишиб қолди.

Аёл хамирни ийлай бошлади. Xамир қуюлгандан кейин, тўшак тагидан газета олиб икки буклади-да, четларига хамирни қуюқ қилиб суркаб ойнага ёпиштирди. Агар шамол пасайса эрталабгача, балки чидаши мумкин.

Аёл лампани ёқди. Бола яна манқалнинг олдига ўтириб олиб, тумшайганча индамасди. Чироқнинг хира нури боланинг аянчли, ожиз, ғариб, худди якка-ёлғиз виждонга тириклай кўмиб қўйилгандек мурғак танасини ёритиб турарди. «Худойим, унда нима гуноҳ,— деб ўйлади аёл.— Бўлмаса айб мендами?»

Унинг заррачаям айби бўлмаса ҳам, гуноҳга ботиб, ифлос, молдек ҳаёт кечиради! Нега яшаяпти, мазкур ҳаётдан нима кутяпти?— бу ҳақда у ўйлаб ҳам кўрмасди. Эри уйда нокерак буюмдек одам эди. Ундан нимаям тама қила оларди. Совуқ ҳамда очлик, худонинг берган куни бўлиб турадиган муштлашув ҳамда сўкишлар аёлнинг ҳисларини ўлдириб юборганди. Эри унга суйкала бошласа беихтиёр тескари қараб олар, лекин бари бир у билан яшар, очлигини қондириш учун ёввойи одамга нон дарахти керак бўлганидек, унга ҳам эркак керак бўлганлиги учун яшайверарди. Одам қийинчиликларни енгишга ҳаракат қилиб яшагани сари, тенгсиз олишувда кўпинча шунчалик кўп маънавий куч сарф қиладики, пировардида уни бутунлай йўқотиб ҳам қўяди. Натижа-да, меҳр-оқибат ҳамда севги-муҳаббат ўрнини бепарволик, бераҳмлик, ўз йўлидаги ҳамма нарсани босиб-янчиб ташловчи ҳайвоний куч эгаллайди. Агар, мабодо, битта-яримта шундай одамларнинг қалбини текшириб кўрилса борми, унда фақат қаҳр-ғазабдан бўлак ҳеч нарса тополмайди. Қаҳр-ғазаб— чордоқларда! Қаҳр-ғазаб — ертўлаларда. Уйда ҳам, хизматда ҳам, хиёбону кўчаларда ҳам — ҳамма ерда фақат қаҳру-ғазаб яккаю ёлғиз ҳукмрон! Агар, мабодо, битта-яримта эпчил текширувчи қаҳру-ғазабдан бошқа бирон-бир туйғуни — дейлик, севги, эҳтирос, ҳаётга меҳр — топмоқчи бўлса, кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмаслиги кундай равшан. Яксон қилинган, лой-балчиққа булғанган нарсани қаердан ҳам топа оларди.

«Пешанам шўр экан-да», деб ўйларди аёл.
— Ботинкам йўқ,— деди бирдан болакай.
— Бўлади! Туяни думи ерга текканда.
— Отам олиб берсин.
— Унинг ўзини сотиб олишса кошкийди. Бола онасининг кўзларига ҳайрат-ла тикилди.
— Агар ўлиб қолсам-чи?
— Менга нима?
— Йиғламайсизми?
— Қиладиган бошқа ишим йўқми? Ким учун йиғлай? Икки куннинг бирида бирлира олиб келадиган, тунлари эса маст бўлиб келиб мени дўппослайдиган отангга аза тутайми? Сен ҳам жуда яхшисан! Икковингниям илоё жин урсин!
— Ҳа-а. Агар сиз ўлиб қолсангиз-чи, мана кўрасиз, мен росаям йиғлайман. Сизсиз мени отам калтаклайди. Ойижон, отамни ёмон кўраман. У худди айиққа ўхшайди. Биласизми, лўлиларнинг айиғи бор, худди ана ўшан-га ўхшайди. Қулоқ солинг, ойи, катта бўлгач, мактабни тугатаман, сиз қўрқманг. Xудди Умарга ўхшаб ижарага уй олиб бераман. Отамни эса олиб кетмайман. Кўзимдан йўқол, дейман! Сен бизга нон олиб келмагансан, дўппослагансан.

Бола онасининг қўлини ушлаб ўпди,
— Айтганча, ойи, сиз олло таолодан пул сўрамоқчи эдингиз.
— Яхшиси, ўзинг сўрай қол,— деди аёл
— Қандай қилиб?
— Олло таоло дегин.
— Олло таоло.
— Мени тезроқ катта кил.
— Мени тезроқ катта қил.
— Менга ақл ато эт.
— Менга ақл ато эт.
— Ҳақ йўлдан тойдирма.
— Ҳақ йўлдан тойдирма.
— Менга пул юбор.
— Менга пул юбор.

Бола қўлини олдинга чўзди.
— Xўш? Нега бермаяпти?
— Ҳозир эмас, болажоним. Катта бўлганингда ишлайсан, ана ўшанда беради.

Бола ўрнидан сакраб турди.
— Сиз мени алдадингиз? Менга ҳозир керак. Овқат егим келяпти!
— Ахир, ҳозиргина овқатландинг-ку.
— Ҳозир эмиш! Ўзингиз айтдингиз-ку: кўз очиб-юмгунча кеч бўлиб қолди-я, деб. Чироқни Ҳам ёқдингиз.
— Ахир, ҳеч вақо йўқ. Ишонмасанг, саватга қара. Кўряпсанми, йўқ.
— Xолиқдан сўраб кўраман.
— Мумкин эмас.

Бола оёқларини тапиллатди.
— Нон егим келяпти! Нон, деяпман, нон! Бир бурда бўлсаям, майлийди, ойижон! Қорнимга қарагин, қапишиб ётибди!
— Йўқ бўлса осмондал олиб бераманми? Агар аъзойи баданимни тилкалаб юрагимни олишнинг иложи бўлса олиб бера қолардим. Сен ҳам худди отангга ўхшаш ҳайвонсан! ЙО худойим-ей! ЙО худойим-ей! О қодир худр, ўз қулингнинг руҳини тезроқ қабул қилиб ол, мен манавилардан қутулай! Ўлдир мени!
— Менга нима бўлади, а, менга?

Аёл юзини қўллари билан беркитиб олди. Кейин деразага қаради, қоғоз ивиб кетган бўлса ҳам, ҳали илиниб турарди. Аёл сакраб турди-да, хонанинг у бурчаги билан бу бурчагига юрди, кейин ўрнига ўтирди, кейин яна турди.
— Оҳ, болажоним! Биламан, ҳаммасини биламан! Лекин қўлимдан нима ҳам келарди? Ҳеч нарсам йўқ!

Қани, ўрнингга ёт! Карагин, кўзларинг юмилиб кетяп-ти. Ёта қол, ўғлим бўлақол! Эртага — тезроқ тонг ота қолсайди — мен сенга нималар олиб беришимни кўрасан.
— Нима олиб берасиз, ойи?
— Xоҳлаганингни.
— Xўрозқанд.
— Xўп бўлади.
— Китобча.
— Китобчаям.
— Ботинка. Нон ҳам олинг! Ҳар доим уйимизда нон бўлсин. Xўпми, ойи?
— Xўп бўлади, ўғлим. Энди ётиб ухла. Бола ўрнига ётади.
— Мен отамни севмайман. Сиз уни яхши кўрасизми, ойи?

Аёл жавоб бермади. Пиликни пасайтириб, миндерга ўтирди.

«Севмайман»,— деди у ўзига-ўзи. У бу ҳиссиётии аллақачон унутиб юборганди. Балки, уйга ҳар турли буюмлар каби эркак ҳам керакдир. Лекин у ҳозир эридан худди кераксиз бўлиб қолган йиртиқ кўйлак, тўзиган туфлидек халос бўлишни хоҳларди. Мана ҳозир у уйга қайтади — аёл сесканиб кетдида, юзини қўллари билан беркитиб олди. Уни иситма ўз оташига олди. у қўрқувмиди? Ҳа, қўрқув. Мана, узоқ йиллардан бери эри эшикда пайдо бўлиши биланоқ аёлни нафрат туйғуси қамраб оларди. Эшик ҳеч қачон очилмасайди, деб орзу қиларди аёл. Ҳаммаси жонига теккан эди: эрининг сўкишлари ҳам, муштлари ҳам, пойма-пой гап-сўзлари ҳам, аҳмоқона маслаҳатлари ҳам — ўзинг бандам дегин, оллоҳ! Агар у эрини кутаётган дақиқада эшик очилмаса унинг юрагида қувноқ, ёрқин чироқ пориллаб кетарди. Фақат болакай бир оз улғайиб, ўзини тутиб олиб, ишга тушиб кеца бўлгани. «Мен бутунлай эс-ҳушимни еб қўйибман, нима қилишни, қаёқ-қа боришни билмайман, Агар мана шу одам бўлмаганда мен ўз йўлимни топиб олган бўлардим, нима қилиш кераклигини ҳам билган бўлардим.» — дея пичирларди аёл умидсизликка тушганча.

Бола ухлаб қолди.

«Ўзим ишга борармидим.»

Эшик ортида шитирлаган овоз эшитилди. Тақиллатишяпти, шекилли? У сакраб турди-да, қўрқа-писа эшикни очди. Совуқ билан бирга хонага мушук ҳам лип этиб кирди.

Келмаса кошкийди. Кошкийди.

Қаердадир, узоқда, радиода йўғон эркак овози эшитила бошлади.

«Ақалли, турмушим осойиштароқ бўлармиди. Озгина бўлса-да, нафасимни ростлаб олардим.»

У боласининг устига энгашиб ёноғидан ўпди-да, кўрпасини тўғрилаб қўйди.

Эшикни тақиллатишди: «Мана, ниҳоят, келди!»

Остонада полициячи турарди.
— Сиз — Ҳалимамисиз?
— Мен! Нима бўлди?

Полициячи нигоҳини туширди. Шоша-пиша чўнтагини титкилаб, ғижимланган рўмолча, тароқ, бир неча қуруш майда пул, қаламнинг қолдиғи, ён дафтарча, бир пачка сигарет олиб, буларнинг ҳаммасини унга узатди.
— Муштлашувда содир бўлди. — деди у.
— У ҳозир қаерда?
— Ўлди. Xудо сизга узоқ умр берсин! Касалхонага олиб кетишди.

Полициячи касалхонанинг адресини айтди-да, у ерга бориш мумкин, деб қўшиб қўйди.

Аёл эшикни оҳиста беркитди. Деразага, кейин уйқусида тез-тез нафас олаётган болага қаради. Дафъатан жилмайди, ойнага яқинлашиб, тароқни олди-да, сочларини тарай бошлади.

Кўчада аллақачон тун чўккан. Ҳаво ажойиб бўлса керак. Эҳ, кўчага чиқиб, хоҳлаганингча айланиб келсанг.

Аёл тиз чўкиб, боласига суйкалиб, қўлларига ёпишди, кейин унинг ёноғидан, лабидан ўпа бошлади.
— Ўғлим! Арслоним! Эртага нима хоҳласанг, ҳаммасини олиб бераман. Ҳаммасини!

У боланинг ёнига ётиб, анчага довур ухлай олмади. Шифтнинг қорайиб кетган ёғочлари тирқишидан унинг олдига одамлар тушиб келишарди. Улар ашула айти-шарди. Одамлар қўшиқ айтишарди, шунингдек, кунлар гўзал ҳамда ёруғ эди.