OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНаби Жалолиддин
Асар номиМустақиллик (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Наби Жалолиддин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм27KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мустақиллик (ҳикоя)
Наби Жалолиддин

Султон бува оламдан ўтди.

Қишлоқнинг устунларидан эди. Чопонининг яғрини қуёшда оқшайганди. У ўтирган жойдан ўтган уловлар тўхташга, уловдорлар эса ерга тушишга мажбур бўлардилар. қоянинг салобату сояси бор эди чолда. Бир умр далада табелчи, бригадир, ҳосилот бўлиб ишлаганди, ер тилини биларди.

Бетоб эди, уйидан одам аримай қолганди. Бироқ узоқ ётмади, шу кеча етмиш саккизида давра қилди.

Жаноза ўн иккига белгиланди. Маҳалла-кўйчилик -у ҳам ишга бормади. Таҳоратини янгилаб, октябр охирининг оқиш қуёши ялтираб, кўзга урила бошлаганда марҳумникига чиқди. Дарвоза олдидаги қатор ўриндиқлар одамлар билан тўлиб қолаёзганди. У марҳумнинг эшик олдида қўл қовуштириб турган уч ўғли билан елка олишиб, таъзия изҳор қилди. ҳовли ичкарисидан хотинларнинг айтиб йиғлагани эшитилди. Унинг юраги бир зирқираб қўйди. ўзи шунақа -азадор хонадондаги йиғи овози ҳамиша энг аввало юрагига урилади. Ортига қайтаркан, нигоҳи билан бўш жой қидирди. Ёш эмасми, бир четда тик туришга ҳам рози эди, аммо бўш ўриндиқ кўзига тез илинди. Бунинг устига, жой қўшниларининг ёнида эди, беихтиёр қадамини тезлатиб, ўша ёққа юрди. Салом бериб, орага кирди, лекин ҳеч ким билан қўл олишмади.

-Чиқдингизми-эй, қўшни, -деди сўл ёғидаги савдогар қўшниси, юзларга фотиҳа тортилгач.

Ўнг тарафдан келаётган «Нексия» нарироқдаёқ секинлаб, одамлар олдидан оҳиста ўтди. У ёнбошидагилар билан паст овозда қисқа ҳол-аҳвол сўрашган бўлди. Шунинг ортидан ерга қараган кўйи жим қолди.

Унинг ўнг ёнида бошига думалоқ кулранг дўппи, эгнига костюм-шим, оёғига қора қалин пайпоқ устидан ёзги резина шиппак кийган, ёши элликни қоралаган бир девор қўшниси, у билан бақамти қуйи кўчалик яп-янги дўппи, костюм устидан енгил чакмон кийиб, замона диндорлари каби калта соқол-мўйлов қўйган, кўринишидан қирқ беш ёшлардаги қори ўтирардилар. Кийими қимматбаҳо дўпписига монанд бағоят оҳорли савдогар ҳамсоясининг нариги ёнидан янги қора чопону дўпписи ўзига ярашган, қишлоқнинг олди фермери жой олган. Ундан кейинда эса афтидан одамовироққа ўхшаган, тажанглигиданми, пешонаси серажин олтмиш ёшларнинг нари-берисидаги киши уринганроқ қора тўнига бурканиб, букчайиб ўтирибди. Бошида бўлса тўнининг тусига «ўтиришмаган» оқ дўппича.

У эса журналист, туман газетасида ишлайди. Ёши ўттиз еттида.

Журналист бармоқларини ҳар кўйда қимирлатиб, уларга жимгина тикилиб ўтираркан, одатга кўра марҳум ҳақида яхши гап айтмоқчи бўлдими ёки беихтиёрми, секингина деди:

-Раҳматли Султон бува мустақиллик эълон қилинган куни йиғлаганакан...

Унинг гапини ёнидагиларнинг ҳаммаси эшитди. Шиппакли одам кучукникимонанд кўзларини унга тикиб, гапнинг давомини кутди. қори эса «тавба» дегандай бир қимирлаб олди. Савдогар мийиғида кулди, Фермер уни билинар-билинмас туртиб қўйди. Оқ дўппичали кишининг пешонаси баттар тиришди-да,

-Энди оч қоламиз, деб йиғлагандир-да!.. -дея тўнғиллади унга қовоғи остидан кўз қирини ташлаб.

Бу сафар Фермер бошини силкиб, маъноли жилмайди. қори эса хайрихоҳона бош тебратди. Журналистнинг бағри жизиллади, аламзада-да, дея ўйлади, ўғли Афғонда нобуд бўлган. Куйганидан шу кўйга келганми, жуда феъли тор, озгина нарсагаям аччиқ қилаверади. Гап орасида агар шўро турганида Афғонда ўлганларнинг оиласидан ҳамиша хабар оларди, дея қистириб-қистириб қўяди зарда аралаш. қанийди ҳозир агар шўро бўлмаганида, яъни Ватанимиз аввалроқ мустақилликка эришганида, бизлар учун Афғон уруши ҳам бўлмасди, демакки, ўғлингиз ҳам ўлмасди, дея айтолса. Афсуски, айтолмайди -оловга қора ёғ сеполмайди. У шўринг қурғур ҳам бағридаги ўтни қандай босишни билмаганидан ҳар балолар дейди-да, аслида, айниқса, алам аччиғида оз-моз «татиб» олганида кўзига ёш тўлиб, шўро бўлмаганида ўғлим урушга бормасди, деб кўп ўйлайди. ўйлагани сари ёнади, лекин ташига чиқармайди.

-Инейчи-иней (иннайкейинчи), Султон бува нимага йиғлаганакан? -сўради Шиппакли ростмона қизиқиш билан.

Журналист хиёл жим турди. Одатда у Савдогар ёки Фермерга ўхшаганларнинг масхараомуз илжайишларини шу тариқа енгиб, ўтказиб юборишга уринади.

-Раҳматлининг отаси, -дея тилга кирди ниҳоят у, -ўттиз еттинчи йилда қамалиб, отилиб кетмаганми. Шу эсига тушиб, агар ўзбекистон олдинроқ мустақил бўганда, отам ўлиб кетмасди, мен эса катта ўқишларда ўқирдим, еттинчи синф маълумотиминан қолиб кетмасдим, деб йиғлаганакан. Чунки отасини олиб кетишгач, тўнғич фарзанд бўганидан тирикчиликнинг борки юки унинг елкасига тушганакан-да. Яна тағин у кичкиналигида катта олим бўлишни орзу қилардийкан...

Энди йўлдан ғинғиллаб «Тико» ўтиб кетди.

-Нима, ҳозир қамашмаяптими? -деб қўйди қори араз қилгандай.

У бундан бир-икки йил бурун уйида болаларни «ескича»га ўқитарди. ҳам савоб, ҳам тирикчилик, деганларидай. Аммо ҳар хил тўполонлардан кейин уни бир-икки ой мелисаю прокуратурага кетма-кет чақиртиришавериб, роса тавбасига таянтиришди.

-Бизам ҳужрада ўқиганмиз, -деди қори у ёқ-бу ёққа қараб олгач. -Аши сиз ёмонлаган шўро замонидаям биров ғиринг демаган.

-Биров билмаган-да, қори ака. Билса-ю... -Журналист босиқлик билан гапирди. -Инейкейин у пайтлари ҳозиргидай мадрасалар, исломий институту университетлар бўмаган-да. ҳужраларда чаласавод...

-Сиёсатни қўйинар энди, ёнимизда ёзувчилар бор, ёзвормасин тағин, -дея гапни бўлди Фермер Савдогарга кўзини қисиб.

Журналист ёмон кўрган сўзини эшитиб, ичида безиллади. Бундайларга керакли гапни вақтида топиб-тутиб зарба бериб қўймаса, ҳаддиларидан ошиб, масхарага айлантириб юборишларини яхши билганидан:

-Йўқ, мол қилиб боқворади, -деди билинар-билинмас гезариб.

Фермер пинагини бузмади-да, сир бой бергиси келмай, айтарини қитмирона оҳангда бошқа ёққа бурди:

-Ун минан ёғни талонга об турсак, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Мустақиллигимизга энди ўн етти йил бўляпти-ю ахир.

Журналист бу сўзларнинг тагмаъносини тушуниб, бошини эгганча сукутга толди. Қорига айтган «чиройли» фикрларидан ҳам афсусланди: нима қиларди уқмаганга оғзини оғритиб, тағин мановиларга кулги бўлиб.

-Ашна дейсиз-у, озиқ-овқат жа қимматлаб кетяпти-да, -орага суқилди Шиппакли. -Бозорни қаранг... Мен-ку эплаб туриппан.... -деб юборди мақтангиси келгандай.

-Ҳа, энди долларларди об турганийздан кейин... -деди Савдогар эрмакталаблик билан.

Шиппакли умр бўйи далада ер тимдалаган. Кейинроқ мардикорчиликка ўрганди -ҳар ҳолда қўл тишга босгулик нақд пул кўраркан. Қаранг-ки, мана шу пешонаси тердан шўрлаганнинг ёлғиз ўғли «китобхўр» чиқиб қолди: мактабни тамомлаб, отасининг «қўй-қўй»лашига қарамай, сигирининг ўтган йилги бузоғини соттирди-да, ўқишга кираман, дея Тошкентга жўнаворди. Одамларнинг айтишича, бойларнинг болалари ўқийдиган ўша энг зўр ўқишга бепул кириб кетса бўладими. Яна денг, бюджетга кирди. У роса қувонди, кўча-кўйда елкасини кўтариб юрадиган бўлди, гап-сўзлари бутунлашди. Аммо Тошкентда ўқиса, қандай қилиб пул етказиб бераман, деб қўрққанди, ахир бу ёқда қизларини чиқариши керак. Йўқ, ўғли бир сўм пул сўрамай, ўзини-ўзи эплади. Тўртинчи курсга ўтгач, қанақадир танловда ғолиб чиқиб, Англияга ўқишга кетди. У яна ташвишга тушди. Яхшики, бу сафар ҳам адашган экан: ўғли ўқиш билан бирга ойига икки юз доллардан пул жўнатиб турибди. Шундан кейин мардикорчиликни ташлаб, мактабга қоровул бўлиб олди. қирқ минг сўм ойлиги бор. Хотинининг гапи билан ўғли жўнатган пулдан чегириб, бозорга борди-да, ўттиз минг сўмга устидаги костюм-шимни кийиб қайтди.

Яна машина ўтди.

Йўлнинг нарига бетида оёғига эски керза этик, эгнига яғири чиқиб кетган костюмга ўхшаш нарса кийган, қоп ортқилаганидан букчайиб олган киши кўринди. Ҳамма унга қаради. У юзини базўр ўгириб, салом берди.

-Ўзбек тирикчилик, деб ўлиб кетаркан-да, -деди кимдир.

-Ҳамма бало ўзида-да. Бўмаса, ўғли Россиядан «яхши» келди, -деган ғўлдираш эшитилди четроқдан.

-Кап-катта одам на жанозани билсин. -Бу қорининг овози эди.

-Иш билан бўлиб кечроқ қогандир-да, ҳозир қайтиб чиқса керак, -деди Журналист беихтиёр, гапини биров эшитишидан безиллагандай минғирлаб.

-У-бу дейсилар-у, тирикчилик жа қийин бўп кетяпти-да. Бўмаса зарилми-я бечарага, -дея қўшилди Фермер ҳамманинг ташвишини қилаётгандай оҳангда. -Мана, буғдой минг сўмга чиқибди. Минг сўм-а!..

-Йўғ-э?.. -деб юборди Оқ дўппичали кўзлари олайиб.

Фермер бунга парво қилмади. Фақат кўкрагини бир кериб, томоқ қириб қўйди. Унинг тўқсон олти гектар ери бор. Бу йил буғдой йили бўлиб, эккан буғдойининг эллик тоннаси ўзига қолди. Уйига сиғмаганидан ярмини укасиникига босди. Мана энди буғдойнинг қимматлашини кутиб ётибди. қимматлаши билан бирваракай бозорга «уради». ҳалиги, «яхши нияти» шунинг хумори. Бир йўла неча йил агрономлик қилиб, косаси оқармаганлигининг аламиниям олади.

-Ҳамма гапирсаям сиз гапирманг, фермерсизу... -деди Савдогар тиржайиб, «сиз билан менга нима» қабилида.

-Ашна дейсизу, фермерлигам осонмас. Бу ер Россия бўсайкан, честнийлик бўса, ҳар хил лготлар бўса. -Фермер сўзи ҳасратга айланиб кетаётганидан пича сергак тортди. -Улар вобше ривожланиб кетяпти. Бизда бўса, фақат обқоч-обқоч...

Босиб қўйган буғдойимни биров билиб қолмасин, дейди-да хумпар, хаёлидан ўтказди Савдогар, бўмаса шу ёзғиришлар машинга (мана шунга) ярашадими? Лготмиш? Сенга яна қанча лгот керак? Ой чиқсаям, кун чиқсаям фермерларга боқяпти-ю. Бир йилда эллик тонна буғдойни ўзингга бериб қўйгани лготларнинг лготи эмасми?

«Фир-ғир» қилиб «Жигули» ўтиб кетди.

Йўлнинг нариги бетида қишлоқ қизларига нисбатан сатангроқ кийинган қиз кўринди.

-Ҳалиги «закўнчи»ни қизими? -шипшиди Фермер Савдогарга «Закўнчи» ён-веримда эмасми, дегандай у ёқ-бу ёққа аланглаб.

-Ҳм-м... -деркан Савдогарнинг кўзи бир йилтираб қўйди.

-Шу «закўнчи»ни отаси ўз отаси ўлганда жаноза ўқитмаган дейишадими?.. -сўради қори.

-Ҳа энди замон шунақа бўган-да, отаси честний партийнийиди. Унисини қўйинг, раҳматли ўғлига рўзада тўй қиган, -деди Савдогар оғиз очишга ҳам оғринаётгандай.

-Юриши ўзгариб қоганмишми?.. -Фермернинг айтгани оғзида қолди.

-Англияда почти нон ейишмасмиш, -деди томдан тараша тушгандай Шиппакли хиёл шанқиб.

-Буни сиз қаяғдан эшита қолдийиз? -дея Фермер гапи бўлинганидан унга писандсизларча нигоҳ ташлади.

-Ўғлим тилпонда айтди. -У шу баҳона мақтанишни истарди. Ўғли кетганидан буён бир марта маҳалланинг идорасига телефон қилганди. Ўшандан бери топиб олгани шу, боласи айтмаган нарсаларниям ўзидан қўшиб-чатади.

Одамларимизнинг феъли қизиқ-да, ўйлади Журналист, шу бола -оддийгина мардикорнинг ўғли шу ерда ўқиб, униб-ўсиб, ўша ёқларга муносиб эс йиғади-да, бир куни қайтгач, ўзига шунча таълиму-идрокни берган халқига ақл ўргатмоқчи бўлади. Ўзини бу ердагилардан бўлакчароқ, эҳтимолки, аълороқ тутади. Англияда нон ейишмас эмиш. Тавба! Улар емаса-эмас, лекин сенинг халқинг нон ейди. Еганда ҳам суюб-суюб ейди, кўп ейди. Нима, энди сен халқингни нон емайдиган қилишга уринасанми?.. Қўй, бадгумон бўлмагин. Ота-да, оч қолмаяпсанми, дея сўраган бўлса, ҳалиги гапни балки қизиқчиликка айтгандир-да.

-Ўзи-чи, рости, жейла (жудаям) ношукур бўп кетяппиз, -деди Савдогар овозига салобат бағишлашга чираниб. -Бўмаса, ҳамма нарсамиз етарли.

Шу фикр ундан чиқдими, деган ўй ўтди Фермернинг хаёлидан. Қачон қарама бизда қонун йўқлигидан, айниқса, «органлар» ҳаддидан ошиб кетаётганидан нолийди. Аслида унинг нолийдиган аҳволи йўқ. Бир умр «РайПО»да ишлаб, давлатдан ўмарган пулларига «01-Жигули» олганди. Униям бировнинг номига расмийлаштирганди. (У пайтларда ҳар кимга ҳам машина олиш мумкин эмасди-да). Энди эса уч ўғлининг ҳар бирида биттадан данғиллама ҳовли, қимматбаҳо машина. Ўзининг уйи эса сарой, тагида «Ласетти». Яна тўртта машинани ижарага бериб, киракашликка чиқариб қўйган. Шундай экан, унинг ҳамма нарсамиз етарли дегани тўғри, фақат қитмирликка бало бормикин?

Журналистнинг юраги сиқилди, ҳам атрофда одам кўпайиб, бир неча катта ёшлилар оёқда қолганидан, жойни уларга бўшатиб, четроққа ўтди-да, тик турганларга қўшилди.

Ниҳоят жанозага турилди. Журналист одамлар орасида ичкарига кириб бораркан, кўз қирига ҳов нарида, таҳорат олган шекилли, шимарилган енгларини тушириш асносида бироз букчайганча югуриб келаётган бояги қоп кўтарган одамнинг шарпаси урилди.

Жанозада одам анча кўп эди. Имом қибла томонга қўйилган анбар (тобут) ёнида туриб, қисқа ваъз айтди, у дунё ва охират, яхшилик ва ёмонлик, марҳумнинг фазилатлари ҳақида гапирди. Агар марҳумнинг кимлар биландир «олди-бердиси» бўлса, уч ўғли кафил эканлигини билдириб, маййитнинг зиммасидан бу дунёлик ташвишларни соқит қилди. Сўнг марҳум ўғилларига бир хат ёздириб, жанозага келган халойиққа ўқиб беришни васият қилганлигини айтди. Бу кутилмаган янгиликни эшитиб, ҳамма жим қолди. Имом дафтар варағига ёзилган хатни баланд овозда ўқишга тушди:

-«Азиз ҳамқишлоқларим! Мен у дунёга бу дунёдан рози бўлиб, хурсанд ҳолда, анбаримдан қанотлар чиқиб, учиб кетаяпман. Чунки мен Ватанимизнинг мустақил бўлганини кўрдим, шу кунга етдим.

Сизлардан илтимос, бу борада жиддий бўлинглар. Бу табаррук тушунчани ҳазил-мазах қилманглар. Мустақиллик сиз билан биздан, шоҳу-гадодан, ниятларимиздан, хато ва нуқсонларимиздан, нафсимиздан, ёлғонларимиздан, аразларимиздан -ҳамма-ҳаммасидан улуғроқдир. Шуни билинг! Яна илтимос қиламан, Мустақилликни асранг, миллатдошлар!..»

Марҳумнинг ўғиллари бошларини эгиб, жимгина туришар, фақат елкалари силкиниб қўярди.

Журналистнинг эти жимирлаб, бўғзига нимадир тиқилди. Қайси ўғли ёздийкин, деган ўй ўтди хаёлидан, яхши ёзибди. Раҳматлининг ўзиниям тузуккина саводи бор эди-да. У шу лаҳзада атрофидаги одамларнинг юзларига бир-бир боқиб, уларда акс этган маъноларни билишни истарди. Аммо бунинг иложи йўқ, сафда турганда аланглаш одобдан эмас. Қолаверса, бу барчанинг ўз иши. Эҳтимол, кимдир кулгандир, кимдир ҳайрон бўлгандир? Балки унинг кўйига тушиб, кўзига ёш олганлар ҳам бордир?..

Халойиқ анбарни машинага солмай, қабристонга қўлма-қўл элтди. Икки тарафдан келаётган машиналар четга чиқиб, тўхтар, эгалари анбар тутгани ошиқардилар.

Jurnalist Sulton buvaning oʻgʻillari va savobtalab yoshlar qatori ketmonda, qabr ustiga tuproq tortarkan, yerning ostki qatlamidan chiqqan yumshoq, sargʻish tuproqqa boqib, xayolan  bir hikmatni kashf etdi: mana shu oltinday tovlangan xilqat har qanday chiqindi-yu axlatni, boringki, hamma-hamma narsani, hattoki, bizning jismimizni ham bagʻriga olib, taftini beradi va oxir oqibat mayin tuproqqa aylantiradi. U shu qadar xokisor, kamtarin va cheksiz mehru himmati tufayli mislsiz ulugʻvor. Sen chinorning yaprogʻisan, sen tolning bargisan yoki eski lattasan, deya ajratib oʻtirmaydi -barini oʻz bagʻriga olaveradi.  Mustaqillik ham xuddi ona  tuproqqa oʻxshaydi: bizlarni -olimu dehqon, ishchi-yu savdogar, oʻgʻri-yu kazzob, avliyo-yu gʻofil,  shohu gado -barcha-barchamizni oʻz quchogʻiga olib, taftini beradi-da, yillar osha Xalqqa, ozod millatga aylantirib boradi...

Журналист қабр бошидан ўтирганлар орасига қайтиб, чўнқаяркан, «Таборак» («Мулк»)нинг оғушига сингди. Миясида эса кейинги ойлардаги нияти яна ғимирлади: маошидан ошиниб, бир кило таллиқ (суяксиз, юмшоқ) гўшт олса-ю, бирваракай қозонга солиб, пиширса, сўнг учов боласига бўлашиб берса ва ниҳоят уларнинг лунжини тўлатиб-тўлатиб гўшт чайнашларини мириқиб томоша қилса. Лекин ҳозир бу ҳақда ўйлашни истамади. Қабристондан қайтиб, уйига киришни ва болалари билан суюқми-қуюқми овқатни еб, тушлик қилишни, кейин эса Султон буванинг хатини, ўзи кашф этган ҳикматни тезроқ уларга айтиб беришни дилига тугди...

У ғилқ этиб ютинганди, ўнг кўзидан бир томчи ёш сизиб чиқиб, юзи узра қуйига сирпанди.

Оламга Оллоҳнинг «Мулк»и тараларди...