OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНаби Жалолиддин
Асар номиУмар Xайём - Оралик (роман, I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Тарихий беллетристика
Муаллифлар
   - Наби Жалолиддин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм397KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/7
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Умар Xайём - Оралик (роман, I- қисм)
Наби Жалолиддин

«
Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром.
Фируза гумбазли осмон тагида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом[1].

Умар Хайём
»

Ибтидо

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Жумла оламни, бу ҳадсиз коинотни ўз қудрати ва меҳри ила бино этиб, унда инсонни мукаррам қилган Раҳиму Раҳмонга, бандасига Ақл аталмиш мўъжизани бериб, фикрлатиб қўйган, қалб отлиғ сирли ҳилқатни ато қилиб, уни Ишқ ва Ҳақиқат насиймлари ила муаттар этган карамли Зотга беадад ҳамду санолар бўлсин.

Умматига шафоатлар тилаган, заминга боқий саодатнинг илк муждаларини етказган сарвари олам, Саййидул Коинот Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин. Ва ул Зотнинг аҳли байти ва саҳобаларига ҳам салоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд, бу мискин бир тарихи муборакни баён этмоқни ният қилдики, Оллоҳ рози ва мададкор бўлғай.

* * *

У йўл излагувчи эди. Куну тун, тушу хуш йўл изларди. Бу ҳатто бир кеча суратан аён бўлди: у саросар кезарди, жони ҳалқумида, кўнгли туғёнда, бутун вужуди лов-лов ёнарди. Бу йўл бошида ғала-ғовур ила турган одамларнинг қошига етди. Жигар-бағри хун, қоврилиб етди.

-Бу йўл қай маъвога олиб боради?-дея сўради ёниб.

Одамлар парво қилмадилар.

-Эй, одамлар, бу йўл қайга боради ахир?!

Яна ҳамма жим. Баъзилари ажаб жилмайиб, елка қисдилар.

У яна чопа кетди. Товонидан, бағридан ўт чиқа чопди. Алҳол тағин бир йўл бошидаги одамлар қошига етди.

-Бу йўл қай гўшага элтади?-деди уларга бутун вужудидан тер қуйилиб.

Одамлар жим туравердилар.

-Эй, одамлар, айтинг ахир, бу йўл қай маъвога олиб боради?!

Жавоб йўқ.

Яна чопа кетди.

Яна йўл.

Яна савол.

Яна жавоб йўқ.

Бу ҳол қайтарилаверди.

Ахийри ҳолдан тойиб, йиқилар пайтида кўзлари олдидаги хира парда йўқолиб, соқоли-ю кийим-боши оппоқ нуроний зот пайдо бўлди. Унинг юзидаги ҳалийм ва ёқимли табассумни таърифламоққа тил ожиз эди. У яна «Йўл!..» деди овози базўр чиқиб.

-Йўл?!..

-Ахир ҳар бир йўлнинг аввали кўнгилда-ку. Йўлнинг бошини кўнглингдан изла!

Энди унинг вужудига унга нотаниш ҳаловат ина бошлади ва шуурини ажиб бир ойдинлик қамрамоққа тушди. Кўнглидаги боягина оламни зеру забар этмоққа қодирдек туюлган тўфонлар тин олиб, энди тўлғоқли саволларга доя бўлдилар.

-Мен... мен... Тавротни ўқидим, Инжилни ўқидим... Қуръонни мутолаа этдим, ё Ҳазрат. Бироқ йўл?!..

-Умрингни сарҳисоб эт, болам. Дунёда икки мингдан зиёд илоҳий аталмиш китоблар бор. Керагини ўқи ва аввало кўнглингда ихлосни бино эт. Сўнг бу оламдаги вазифангни англаб ет-да, ўша вазифани адо айла. Муродингнинг қолганлари ўзи келади. Йўл ҳам, нажот ҳам ихлос ҳамда вазифада.

-Энди эса йўлларимни, йўлимни англаётгандекман. Юртимга қайтиб, улкан черковни бузаман-да, унинг ўрнида муҳташам масжид барпо этаман.

-Йўлни хато танлама, бўтам, ҳаддингни бил. Ул черковнинг ҳам ўз соҳиблари, ул диннинг ҳам ўз авлиёлари бор. Уларнинг руҳини чирқиратма. Масжидни бошқа ерга қур.

Саволлар ниҳоясиз эди. Нуроний зот бўлса жавобдан чарчамасди. Овозида озгина бўлсин малол ёхуд зарда сезилмасди.

-Бошимизда турган коинот чексиз-чегарасиз. Унинг охир ҳаддини Ўзидан ўзга кимса билмайди. Шул каби бу чексизлик қаърида беҳисоб йўллар, юлдузу сайёралар бор. Аммо уларнинг барчаларининг адоғи Меҳвари Муаззамда туташгусидир. Бу нимарсаларни бирон-бир дин таърифида туриб англаб бўлмиайди. Уларнинг ҳар бири ва Меҳвари Муаззам оралиғдаги сирли маъвони изламоқ ҳамда илғамоқ зарур. Ҳақиқат ана ўша ерда.

Ўзи тузган бу борлиқда Ўзи бор ва Иблис бор. Яъни Эзгулик ҳамда Ёвузлик мавжуд ва уларнинг оралиғи мавжуд.

Бани башар бу оламда қўним топгандан буён не-не мукаррам зотлар яшаб ўтмадилар. Уларнинг ҳар бирлари бир сайёра, бир юлдуз бўла оладилар. Динлари турфа, миллатлари турфа, лекин маслагу муродлари бир- эзгулик эди. Уларнинг қалбларида Ўзи яшарди. Илло бу зотларга ҳам бирон бир дин ёхуд миллий тамойиллар тарафида туриб ҳақ баҳони бермоқ душвор ва уларни англамоқ мушкул. Шундай экан, Ҳақиқат барқарор бўлган оралиқни-сирли маъвони изла!..

Унинг шуури ойдин-ойдин эди. Нуроний зот сўзлагани сари вужуди ҳузурбахш жимирлаб, ўзга бир оламга сингиб бораётгандек бўларди. У рўбарўсидаги кишининг сўздан тўхтамоғини сира-сира истамасди.

Нуроний зот эса мудом сўзлар, ҳикоя қиларди. Унинг овози ўзга бир оламдан, сирли бир маъводан эшитилаётгандек туюларди...

Биринчи Қисм

Биринчи боб

Ҳижрий 455 (мелодий 1076) йилнинг баҳори. Исфаҳонда тонг отмоқда. Қадим шаҳарнинг муҳташам деворлари оша, уларнинг ортида қорайиб кўринган ҳайбатли тоғларнинг виқорли елкалари узра тонгнинг илк муждалари сезилади. Осмоннинг шарқий буржидаги ҳов анови улкан чўққининг кети кўзнинг оқи янглиғ оқариб бормоқда. Гўё тун тўнининг бир пеши химарилиб, қўйнидаги оппоқ тонгнинг елкаси кўриниб келаётгандек.

Бу азим шаҳарга оламга ҳукмронлик даъвосини қилган Искандар Зулқарнайн асос солган бўлиб, уни водий шаҳар деса ҳам бўлади. Чунки шаҳар қалъасининг уч томони қир-адирлару уларга туташиб кетган баланд тоғлар билан ўралган, атрофи эса кенг яйловлардан иборат эди. Фақатгина жанубий-шарқ томонигина очиқ, яъни текислик бўлиб, чўлу саҳролар билан уланиб кетганди. Шаҳар қалъасининг асосий дарвозаси ҳам айни шу тарафда эди.

Қалъа деворлари анча баланд ва мустаҳкам эди. Уларнинг ости чуқур ҳандақлар билан ихоталанган, устида эса қоровул ва соқчилар юриши ҳамда атрофни кузатиши учун махсус йўлаклар, туйнуклар қилинган, ёв бос-қини пайти камончиларнинг ёй отишларига мўлжалланган супачали кунгурадор сангандозлар (ўқ отиш учун қолдириладиган туйнук) ҳам қурилганди. Буларнинг барчаси, хусусан қалъа девори ҳам тунда, айниқса, маҳобатли ва ҳатто ваҳимали кўринар, дунёнинг катта бир қисмини эгаллаб турган Сулжуқийлар доруссалтанатининг бутун улуғлиги ҳамда салобатини намойиш этаётгандек туюларди.

Исфаҳон араблар ҳукмронлиги даврида анча обод бўлди. Шаҳарнинг бош майдонида (халқ тили билан айтсак, шоҳмайдонида) қад ростлаб турган анови жомъе масжиди, Низомия мадрасаси биноси, асосий бозор ва ҳатто султон саройи ҳам араблар замонида қурилган. Масжиду мадрасанинг ҳозир қорайиб кўринаётган аслида мовий гумбазлари кўплаб шуҳратталаб ҳукмдорларнинг кўзларини қамаштирганлиги ҳам рост. Исфаҳон шуҳратига шуҳрат қўшмиш жомъе масжиди минорасининг баландлиги етмиш аршин бўлиб, анча узоқлардан кўриниб туради...

Одатда Умар Хайём бомдод намозини ўз ҳужрасида ўқирди. Аммо бугун муҳим бир юмушни режалаб, эртароқ уйғонди. Таҳорат олгач, суннат номозини ўқиди-да, жундан тўқилган хирқасимон одми чакмонини кийиб, ташқарига чиқди. Мақсади намоз фарзини жомъе масжидида ўқиш эди. Тонг осмонининг оқиш-кўкимтир ранги оламга хиёл ойдинлик бахш этаётган бўлса-да, ҳали атроф нимқоронғулик оғушида эди. Шаҳар ташқарисининг шимол томонидан оқиб ўтгувчи дарёнинг муздек баҳорий сувини хўплаган шабада кишининг баданини жунжиктирар даражада совуқ. Ҳавонинг тозалигидан нафас олганда кишининг томоғи, бурни ачишиб кетгудек бўларди. Шоир чакмонига яхшироқ бурканиб, бир-икки томоқ қириб қўяркан, бироз энкайган кўйи масжид томон одимлади. Шу пайт муаззиннинг минора устидан эшитилган бутун оламлар Эгасини шарафловчи жарангдор овози бутун атрофни тутди:

-Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар!..

Намоз ниҳоялангач, масжиддан аввалроқ чиққан Умар Хайём ўзини бир четга олиб, улуғ вазир Низом ул-Мулк жанобларининг чиқишини кута бошлади... Олам мудом осуда, ҳаво мусаффо, илло бу гўзал ва файзли хилқатлар киши умрига барокот бераётгандай туюлади. Табиатдаги бу тиниқлик одамлар шуурига ҳам кўчган ва улар шуурларидаги тиниқлигу тонгги ибодатнинг илоҳий таъсири ҳамда субҳидам тароватидан ўзларини ўзгача, балки енгилроқ ҳис этадилар. Намоздан турган ва масжиднинг нақшинкор ҳашаматли эшикларидан чиқаётган аҳли тақвонинг йўталишлари ва ҳатто томоқ қиришлари ҳам бомдодий сокинлик қўйнида мисоли темирчи болғасининг товушидай қулоққа ёқимсиз эшитилади. Одамларнинг лабидан учган ожиз шипшишлар ёҳуд бир оғиз сўз ҳам чор атрофга акс садодай сочилади... Мана, ниҳоят мақсурада (меҳроб ёнидаги аркони давлат намоз ўқийдиган жой) бўлгани учун кечроқ чиққан вазири аъзам ҳам кўринди. У хонаки ва одми бўлса-да, озода ҳамда оҳорли либосда бўлиб, кўринишдан бу либосини фақатгина намоз учун кийишини сезиш мумкин эди. Аслида ҳам шавкатли Салжуқлар давлатининг таянчларидан бири бўлмиш, шуҳрати бутун Шарққа ёйилган бу инсон жудаям саришта ва покликни суйгувчи эди. Унинг эгнига тушган анчайин уринган мато ёхуд либос ҳам оҳорли кўринар, мой суртилгандай ялтираб тургувчи юзи, доимо қиртишланган ихчам мош-гуруч соқол-мўйлови, на кичигу на катта бўлмаган, бироқ ўзига ўта ярашган оппоқ салласи шу қадар файзли эдики, кишининг завқини келтирарди. Зотан унинг қадди-қомати ҳам ўртадан қуйироқ бўлиб, паканаликка хиёл мойил эди.

Вазири аъзамнинг ҳам шоирга кўзи тушди-да, унинг масжид эшигида пешвоз туриши бежиз эмаслигини сезиб ҳамда у билан кўришмоқ ниятида ўша тарафга майл қилди.

-Ассалому алайкум, эй, мискинлар халоскори, фозиллар ғамхўри улуғ вазир жаноблари!-Шоир аслан бундайин жимжимадор сўзлардан иборат ҳамду саноларни ёқтирмасди. Эҳтимол шунинг учунми ҳар сафар шу каби сўзларни айтганда кўнглида ажиб бир ҳолат пайдо бўлар ва бу билан ўзини ўзи масхаралаётгандай туюларди-да, ичида ғашлик туғиларди. Унинг бу феълини, балки кайфиятини Низом ул Мулк ҳам тўла бўлмаса-да, бир қадар биларди. Қолаверса, бундайин мақтовлар шодасини Хайём ҳам ҳар кимга-да, ҳамиша-да айтавермас, айни дамда эса бу ҳамдлар вазири аъзам учун қуруқ хушомадгина эмас, балки унга берилган тўғри баҳо эди. У ҳақиқатан ҳам мискинлар халоскори, олиму фозиллар посбони эди. Шу важҳдан ҳам шоир ул зотни бениҳоя ҳурматларди.

Улар қўшқўллаб кўришдилар. Вазири аъзам шоирнинг тавозесига мағрур тавозе ила жавоб берди. Икковлон ёнма-ён вазири аъзамнинг қасри томон йўл олдилар. Дарвоқе, ул зотнинг қасри султон саройига туташ бўлиб, ихчам боғ ва тош ётқизилган текис йўлакчалардан иборат эди. Қаламга ошно фозиллар аҳлидан бўлган улуғ вазир одатда субҳи содиқдан то нонушта маҳалигача мазкур боғда сайр этиб, хаёл сургувчи, режалар тузгувчи эди. Хайём унинг бу ошиёнида бир неча бор бўлган ва ҳатто тонгги сайрларини ҳам кўрганди. Ёдида, у билан илк учрашувлари ҳам мана шу қасрда кечган эди...

Икки йил олдин, ўшанда ҳам айни кўклам маҳали эди. Ҳзининг Бухородаги ҳаётидан, балки Мовароуннаҳр ҳукмдори Шамс ул Мулк муносабатидан қониқмай қолган Умар Хайём ўз валинеъмати қозикалон Абу Тоҳирга рўбарў бўлди. Қозикалон бу кўҳна ва жафокаш дунёда анча яшаб қўйган, шул боис одамнинг ичидагини юз-кўзидан била оямоқлик қурбига эга инсон эди. У ёш шоирнинг аҳволи руҳиясига қалб кўзини тутаркан, инчунун зоҳиридаги ижод заҳматини, ўзидан қониқмаслик, ҳаловатсизлик сифатларини ҳам пайқади. Ўшанда зийрак қозикалон ҳам ундаги бедорлик ортида яширинган бўронларни, тўфонларни тўлалигича илғай олмаганди. Вужудида кечаётган бу ғалаёнларни ҳатто унинг ўзи ҳам бутун борича ҳали тушунмас, идрок этолмасди.

-Энди не манзилни ихтиёр этмоқ истарсен?-дея сўради Абу Тоҳир Умарга синовчан тикиларкан.

Шоирнинг ўз муддаоси, кўзлаган мақсади бор эди. Мовароуннаҳр ҳоқонининг унга бўлган муносабати анчайин совуқлиги шунда ҳам акс этардики, унга тайин этилган маош нафақат қадр-қимматини, балки тирикчилигини меъёрига солмоққа-да изн бермасди. Аммо Хайём қозикалонга буни арз этмайди, бу борада аввало унинг ўзи сўз айтмоғини кутади. Унинг феъли шундай-бировга ҳасрат қилиш, юкиниш, ўтиниб ёрдам сўраш мағрур юрагини жароҳатлайди. Қолаверса, Абу Тоҳир ҳам унинг бу феълини яхши билади ва қадрлайди.

-Сизнинг маслаҳатингизни кутмоқдамен.-деди Хайём тавозе ила.

-Бухорони тарк этмоқчи эканлигингни сезиб турибмен. -Қозикалон мудом мулоҳазакор бир оҳангда сўзларди. -Менинг фикримча, ҳозир сенинг жойинг Исфаҳонда. Чунки Салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ ва унинг улуғ вазири Низом ул-Мулк жаноблари ўз доруссалтанатларига кўплаб олиму фозилларни жаъм этмоқдалар. Илло Султон ҳазратлари хўп илмпараст ва Исломпараст эрмиш. Агар истасанг, дўстим Низом ул-Мулк жанобларига нома битиб берурмен. Иншооллоҳ, ул зот сени бенасиб этмагай.

Хайём учун бу айни муддо эди, айни шу нарса у кўзлаган мақсаднинг ибтидосини ташкил этарди. Чунки шоир Исфаҳондаги улкан кутубхонанинг шуҳратини эшитган ва ўшал бебаҳо хазинага тезроқ етишмоқ орзусида эди. Шунингдек, кўҳна Исфаҳонда ўзининг ғойибона устози, Шайх ур-раис Абу Али ибн Сино ҳам яшаб, ижод этганлигидан бохабар эдики, илло унинг битикларини зўр бир ташналик ила мутолаа қиларди. Унинг баъзи мухтасар асарларини ёддан билар, «Ал-Қонун»ини эса ёнидан қўймасди. Айни дамда Шайх ур-раисдай улуғ олимнинг янги асарлари билан танишмоқ иштиёқидан шодланмоқда эди. Зеро уни Бухорои шарифга етаклаб келган асосий сабаблардан бири ҳам жаннатмакон Ибн Сино доҳосининг завқу сурури бўлганди.

-Марҳаматингиздан миннатдормен, муҳтарам қозикалон ҳазратлари! -Шоир хиёл бош эгиб, таъзим қилди.

Шундай қилиб, Умар Хайём қозикалоннинг улуғ вазирга битилган номасига эришгач, Бухородан Исфаҳон сари йўл тутган карвонга қўшилди. У карвонда уч туяга эга бўлиб, бирига ўзи минган, қолган иккитасига эса китоб ва битиклари ортилган эди. Карвондаги бошқа туя ва отларга Мовароуннаҳр ҳукмдори Шамс ул Мулкнинг чор атрофни босиб келаётган Салжуқийлар султони Маликшоҳга йўллаган совға-саломлари юкланганди. Шамс ул-Мулк шу йўл ила жон сақламоққа уринарди...

Баҳорнинг ўрталарида доруссалтанатга етиб келгач, бир-икки кун ювиниб-тараниб, ҳордиқ олди ва улуғ вазирнинг қабулига ошиқди. Ҳшанда ҳам Низом ул Мулк шоирни ўз қасрида қабул қилган эди. Ёши элликдан ошган хуш чеҳрали улуғ вазир Умар Хайём ҳақида аввалдан эшитган, унинг ҳеч бир битикка қиёслаб бўлмайдиган рубоийларидан ҳам бохабар эди. Шунинг учун ҳам кўп илмлар борасида баҳс этмоққа қодир бўлган донишманд вазир ёш шоирни илиқлик ила кутиб олди. Унинг истиқболига пешвоз чиқиб, қучоқлашиб кўришди. Хайём бундайин муомалани кутмаганлиги боис бироз эсанкиради ва эҳтимол улуғ вазирнинг салобати ҳам босди.

Вазирнинг таклифи билан нақшинкор хонтахта ёнига юзма-юз ўтирдилар. Оллоҳ таолодан яхшилик тилаб, юзларга фотиҳа тортилгач, шоир Абу Тоҳирнинг мактубини тавозе ила улуғ вазирга узатди.

Умар Хайём шуҳрати узоқ-узоқларга кетган Низом ул Мулкдай инсон билан бу янглиғ юзма-юз ўлтириб ҳамсуҳбат бўлмоқ ҳар кимга ҳам насиб этавермаслигини яхши тушунар ва шул важҳдан-да имкон қадар ул муборак зотнинг эътиборини қозонмоқ истагида одоб сақларди. Вазир то мактубни ўқиб бўлгунича бошини қуйи солиб, жим ўлтирди. Ваниҳоят улуғ вазир очиқ чеҳра ила яна шоирга юзланди.

-Қалай, сафар толиқтирмадими? Оллоҳ таолонинг паноҳида эсон-омон етиб келдингизми? (вазири аъзам учрашувларининг дастлабки вақтларида шоирни «сиз»лаб гапирарди.) Биродарим Қозикалон Абу Тоҳир жаноблари ҳам омонда юрибдиларми?-дея бир муддат ҳол-аҳвол сўрамоқ ила банд бўлди.

-Шукр.-деди Хайём илкини (қўлини) кўксига қўйиб, -ул зоти бобарокот Оллоҳ таолонинг паноҳида соғ-омон яшаб юрибдилар. Мазлумлар паноҳи, олиму фозиллар ҳомийси бўлмиш сиз вазири аъзам жаноби олийларига кўпдан-кўп дуои салом йўлладилар.

-Ул зотдан Оллоҳ рози бўлғай. Филҳақиқат, Абу Тоҳир жаноблари ўз номасида битганларидек, улуғ султонимиз Маликшоҳ жаноби олийларининг фармонлари ҳамда истакларига биноан Ислом оламининг билимдон олиму фозилларини, оташзабон шоирларини доруссалтанатга жаъм этмоқдамиз. Иншооллоҳ, Исфаҳон жумлаи жаҳоннинг бош кентига айлангай. -Улуғ вазир бир муддат сукутга толди-да, сўнг яна сўзида давом этди. -маълумингиз бўлғайким, доруссалтанатда расадхона бунёд этилмиш. Лекин унинг улуғворлиги султонимизнинг шону шавкатларига монанд ва арзирли эмасдур. Расадхона қурилишини ниҳояламоқ, айниқса, унинг юқори қисмини такомилга етказмоқ илми ҳандаса ва илми нужумдин бохабар бўлган сиз каби олимга лозимдур.

-Қуллуқ, ҳазратим!-деди илки мудом кўксида бўлган шоир хокисорлик ила.-Банда ҳам улуғ султонимизнинг шону шавкатлари соясинда илм ила машғул бўлмоқ орзусида ёнмоқдамен. Илло Исфаҳон расадхонаси-ю кутубхонаси ҳақида кўп бор эшитганмен. Оллоҳ таолога ҳамдлар бўлғайким, ул мўътабар даргоҳлар остонасини кўзга суртмоқ бахтига мушарраф этаётир.

-Бороколло, аё шоир! -Улуғ вазир шоирга меҳр ва самимият ила боқиб деди,- Қаерга қўндингиз?

-Карвонсаройдамен, жаноби олийлари.

-Бу кеч ҳам ўша ерда тунамоққа сабр этурсиз. Эртага ҳузури муборакдин сўнгра расадхонага кўчиб ўтгайсиз. Улуғ Султонимизга шу бугуноқ сиз ҳақингизда етказурмен.

Шу билан суҳбатлари ниҳояланиб, Хайём карвонсаройга қайтди. Эртаси куни Низом ул Мулкнинг чорлови ила Султон ҳузурига кирди ва салжуқийлар салтанатининг ёш ҳукмдори назаридан ўтди. Султон ҳам унга олий мулозамат кўрсатди, шоирнинг ташрифидан илҳомланибми, ўзи орзулаган юмушлар хусусида-да мухтасар сўзлаб ўтди. Қабул ниҳоясида шоирнинг режалари борасида ҳам қизиқди. Ҳша илк учрашувдаёқ Умар Хайём ёш Султоннинг билимига, ўзини тута билиш салоҳиятига қойил қолганди. Зеро яқиндагина тахтга ўлтирган ўн етти ёшли Маликшоҳ ўзини худди катталардай ва ҳатто анча-мунча йилларни яшаб қўйган донишмадлардай тутар, келишган қадди-басти ҳам унга янада салобат бахш этарди. Шоир асли кўчманчи турк-ўғизлардан бўлмиш Султондан бундайин қобилият ва юксак маданиятни кутмаганди. Ўша учрашувдан сўнг унинг қалбида туғилган Султонга бўлган ҳурмати вақт ўтгани сайин тобора мустаҳкамланиб, собитлашиб борди...

Улар улуғ вазирнинг боғидаги тош ётқизилган текис йўлак бўйлаб борардилар. Вазири аъзам эрта баҳорнинг этни жунжиктиргудай салқин ҳавосини гўё писанд қилмаётгандай ўзини мағрур ва виқорли тутар, у кишидан бироз тикроқ бўлган, юз суяклари бўртиб чиққан, қисқа қора соқоли ўзига ярашган басавлат шоир эса бошини хиёл эгганча қадам ташлайди.

Ваниҳоят улуғ вазир тилга кирди:

-Шоирлар шоирини саҳармардонда бизнинг ҳузуримизга не юмуш бошлаб келди?

-Аввало узримни қабул этгайсиз, жаноби олийлари.-Шоир субҳий бир тиниқ ва ўктам овозда сўзларди. -Расадхонамиз таббохига (ошпазига) бир-икки бор қутлуғ назарингиз тушган бўлса керак.

-Хўш-хўш?..-дея вазири аъзам диққатини жамлаб, шоирга қаради.

-Ўша одамнинг ёлғиз қизи мана бир неча кундирки ғойиб бўлган. Назаримда, Саббоҳниг таррорлари ўғирлаб кетишган шекилли...

Хайёмнинг мақсадига тушунолмаётган вазир мудом унга тикилиб турарди.

Буни пайқаган шоир дарров гапига ойдинлик киритишга ўтди:

-Агар бошқа бир ташвиш туғилмаганда сизнинг қимматли вақтингизни олишга жазм этмаган бўлур эрдик.

-Тортинмай сўзлайвер.-дея далда берди вазир.

-Энг яхши сангтарошимиз бўлмиш йигит ўша қизга кўнгил қўйган экан. Ҳозир у жуда безовта. Қизни излаб кетиб қоладими деган ҳадикдамен..

-Агар йўқолганига шунча кун бўлган бўлса, ўғирлашгани аниқ. -Вазир бироз хаёлга толгач, деди,-Бироқ сенга ёрдам бермоққа ожизмен. Боиси улуғ Султонимиз тез кунларда улкан юриш режасини тузганлар. Илло бир ожизани деб бу режага даҳл этолмаймен.

Умар Хайём шу билан суҳбатга якун ясалганини тушунди. Улуғ вазирнинг бу ошкора тушунтиришидан сўнгра бирон нарса дейиш одобсизлик саналиши аниқ эди. У Низом ул-Мулк билан хайрлашиб, расадхона сари қайтаркан, Маҳмудни ўйларди. Бечора йигит шу бир ҳафта ичида хароб бир аҳволга тушди қолди. На бир тузукроқ овқат ейди, на бир ишида унум бўлади. Шоир йигитга дил-дилдан ачинаркан, уни илк бор учратган пайтини эслади...

Иккинчи боб

Бухородан Исфаҳон сари бораётган карвоннинг йўлга чиққанига икки ҳафтадан ошганди. Бир маромда йўрғалаб боргувчи карвон Бухоро салтанатидан чиқиб, аллақачон азим Жайҳундан кечиб, Хуросон бағридаги қумлоқ даштлар оралаб ўтар, мудом давом этаётган чўлу даштлар нигоҳларни толиқтирар даражада адоғсиз кўринарди. Бу адоғсизлик шундайин тамсилга муносиб келадики-гўё улкан аждаҳонинг қия очилган оғзи аста-секин баралла очилаётгандек ва мана-мана борлиқни ютиб юборадигандек туюларди. Одамзотнинг ибтидоси каби қадим ва шунингдек, асрорга йўғрилган ҳамда файласуфнинг ўйи мисол чўзилгандан-чўзилган чўллар ҳам баҳорда жонлана бошлайди. Қибла ёқдан мунтазам эсиб тургувчи, ҳали пешини йиғиштириб улгурмаган қишнинг қақшаган тунларида бисёр яхлаган ва бунинг устига тап-тақир чўлда ўзини қаерга қўйишни билмай гир-гир айланиб, шўхланган шамол танларга муз каби урилади. Аммо илк кўкламнинг бу совуқ шамолида ҳам ёқимли бир бўй борки, у димоқларни ҳузурбахш сийпалайди. Эҳтимол шамолдаги бу хушбўйлик чўлнинг у ер-бу ерида ниш ураётган саҳройи гиёҳлар ва ёхуд энди-энди жонлана бошлаган чўли маликнинг баҳорий нафасидандир. Балки саркаш шамоллар бу ёқимли исларни тоғу тошлардаги эртароқ уйғонган гулу чечаклар ёхуд обод кентларнинг гулзору бўстонларидан олиб қочиб келгандирлар. Не бўлганда ҳам одамзот наздида ёвузлик, бало-ю офат тимсолига айланиб қолган бу чўллар айни дамда ҳаётга ташна бир мавжудотни эслатарди. Балки бу ёз жазирамасига асос солиб, борки жонзоту набоботни ўз оташ қозонида қовурган бобо Қуёшнинг заминга ажиб илиқлик билан боқаётганлигидандир.

Даштнинг бағридан ўтиб, ҳов узоқларда қум барханлар елкасига опичган илонизи йўлнинг туси чўлнинг бошқа ерларидаги рангдан хиёл ўзгачалиги билан ажралиб туради. Бу йўлдан аста-аста йўртаётган карвон юқоридан қараган кўзга ўз ўлжасини пойлаб судралаётган улкан илондек кўринади. Карвон асосан юзлаб туялардан иборат, лекин туёқлари йўғон бир неча ўнлаб отлар ҳам борки, уларда қуролланган сарбозлар -карвон соқчилари борадилар. Туялар аксари қўш ўркачли бўлиб, ўркачлари орасидан икки ёнбошига осилган зил-замбил юклар уларнинг одимларига монанд лўкиллайди. От ва туяларнинг гоҳо-гоҳо пишқириши, сарбозларнинг бир-бирларига баланд овозда гапиришлари, кимларнингдир хиргойилари, қурол-яроғларнинг шақир-шуқурлари карвон қўнғироқларининг умидбахш товушларига қўшилиб, карвонга хос кўхна умум бир сасни вужудга келтиради. Қўнғироқ овозини ёпинган бу сас узоқ-узоқлардан ҳам эшитилади ва карвон келаётганидан олис-олисларга ишончли хабар беради.

Хайёмнинг икки туяси ва бир (ўзи минган от билан иккита) оти карвоннинг бошроғида-карвонбошининг туяларига бақамти жойлашганди. Бухоро қозикалонининг номидан карвонга қўшилган шоирни карвонбоши ўзига яқинроқ жойлаштиришни лозим топди. Ҳар ҳолда Бухоро қозикалонидан Исфаҳондаги вазири аъзам даргоҳига бораётган бу зот сағир одам бўлмаса керак, деган андишага борди. Қолаверса, ҳордиқ пайтлари тилла-ю кумуш ва молу матоҳдан бошқа гапни билмайдиган карвоннинг асосини ташкил этган савдогарлардан кўра китоб кўрган, айтишларича, замину само илмини билгувчи олим зот билан суҳбат қурмоқни афзал билди. Ҳар тугул узундан-узоқ сафарни зерикмайроқ қаритмоқни умид қилди. Шул боис, ётиш-туриши-ю емоқ-ичмоғи ҳам Хайём билан бирга бўлиб қолди. Карвонбошининг хизматкорлари хожасининг истагига биноан Хайёмга ҳам хизмат қила бошладилар. Айниқса, олов ёқиб, овқат пишириш, туя ва отларга ем-хашак бериш, ниҳоят карвонбошининг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туришда сидқидил заҳмат чекаётган савлатли йигит шоирнинг эътиборини тортди. У жуда гавдали эди. Жағ суяклари кенг, туртиб чиққан, бўз чопони яширган елкалари улуғвор, билаклари йўғон эди. Бундан бир-икки кун бурун бўлиб ўтган воқеа бу йигитнинг ниҳоятда бақувват эканлигини ҳам намойиш этди. Ҳшанда кеч кириб, карвон истироҳат учун тўхтади. Бундай пайтда таомилга биноан туялар чўктирилиб, уларнинг устидаги юклар ҳам тушириб қўйилар ва жониворлар шу тариқа дам олдирилади. Хайёмнинг зил-замбил китоблари ортилган туялари ҳам чўктирилди ва у юкларни тушириш ниятида ҳаракат қилаётган бир пайтда ҳалиги йигит пайдо бўлди. Икки-уч одам базўр кўтаргувчи юкни даст кўтарди-да, ерга қўйди. Унинг бу ишидан ҳайратлангандай бўлган туялар ҳам пишқириб юборгандай туюлди. Ана ўшанда Хайём бу йигитга эътибор берди ва мавриди билан уни саволга тутди.

Бу йигит асли Кешнинг туркий уруғларидан бўлиб, исми Маҳмуд экан. Бухорода илм олмаса-да, касб-ҳунар ўрганибди. Ниҳоят Бухоро мулкидан файзу барокат кўтарилаётганини сезиб, ҳам аҳли ҳунарманд қудратли Салжуқийларнинг бош кенти Исфаҳон сари интилаётганини эшитиб, ўша ёққа бормоқни ихтиёр этибди. Бухорода ҳунармандларнинг тирикчилиги танг бир аҳволга келган, боиси ҳеч қандай қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмасди. Эҳтимол бу кўҳна замин ҳукмдорлари шундоққина ёнбошларида дунёни ларзага солиб турган салжуқлар хавфидан ҳадиксираб, ёйинки жонлари кўзларига кўриниб, бундайин эзгу ишларга хафсалалари келмаётгандир. Нима бўлганда ҳам қадим Бухородан қўр-қут кўтарилиб улгурган ва бу шаҳарда ҳунармандларнинг камайиб бораётганида ҳам кўринарди.

Исфаҳон эса буюк салжуқийлар салтанатининг дорулсалтанати, улуғ Султон Маликшоҳ орзусига кўра жумлаи олам пойтахтига айлангулик шаҳар. У ерда кўпдан-кўп бинолар, масжиду мадрасалар барпо этилмоқда. Демак, у ёқларда меҳнаткаш ҳар қандай қўл қуруқ қолмаслиги, тишга ботгулик емиш топмоғи тайин. Бухорода сангташликни ўрганиб, устасининг дуосини олган йигит ана шундай ўй-хаёллар билан маблағи йўқлиги сабабли карвон эгасига хизматга ёлланиб, Исфаҳон сари борарди.

Хайём ўз бахтини излаган бу заҳматкаш йигитга боқаркан, дунёнинг ажаб савдоларини ўйлай кетди. Ризқининг билаклари кучи ила топиб, бир нави кун кўраётган, ўзи оми эрса-да, шоирнинг наздида, гўзал қалбнинг соҳиби бўлмиш бу йигит ҳам Маҳмуд ва дунёни зир титратиб, не-не тилло бошларни чопиб, қанча-қанча жавоҳир китобларни ёққан султон Fазнавий ҳам Маҳмуд. Ул жоҳил подшоҳ беҳисоб одамларнинг ризқини қийиб, уларнинг умрларига зомин бўлиб яшади, гўё кўк тоқига устун бўлгудай тутди ўзини. Яратганнинг адолатини қарангки, ўшал соҳиби қудрат ҳам тупроққа қоришди. Бу Маҳмуд эса оддий бир камбағал, ризқидан ортиғини даъво қилмагувчи оқкўнгил ҳунарманд. Кун келиб у ҳам барча қатори тупроқнинг бағрига қайтади. Ваъда қилинган ҳисоб-китоб эса барча учун баробар. Шоирнинг бошида янги сатрлар ғимирлай бошлади:

Кулол дўконига кирдим бир сафар,
Дастгоҳда ишларди уста кўзагар,
Гадо қўлидану шоҳнинг бошидан
Кўзанинг бўйни-ю дастасин ясар.

Во дариғ! Олам оқиб борар одамни оқизиб. Агар шу осмон ёхуд тун ва кун бўлмаса, умр ҳам худди мана шу чўлу даштлар янглиғ чексиз-чегарасиз туюлади. Балки Оллоҳнинг ҳикмати ҳам шундадирки- у одамга ўз умрини ўзи ҳисоб-китоб қилишлигини амр этгандир. Мана умр, уни хоҳла кунга ёз, хоҳла тунга...

Хайём атрофга ўйчан боқаркан, умри мана шундай сафарларда, одамларнинг ҳикояларига қараганда сарсон-саргардонликда ўтган ғойибона устози Абу Али ибн Синони эслади. У бу улуғ олимни ўзгача бир меҳр, ўзгача бир эҳтиром ила ёд этарди. Чунки Хайём донғи етти иқлимга кетган ана ўша олимнинг китоблари таъсирида улғайганди, вояга етганди. Ҳатто унинг баъзи асарларини ёддан билар, қувваи ҳофизасининг кучлилигидан қайси боб қайси саҳифада жойлашганигача айтиб бера оларди. Айниқса, табобатга оид асарларининг мутолаасига ўсмирлик йилларининг катта бир қисмини сарфлагандики, дардларни даволашда тузуккина моҳирлиги ҳам бор эди. Гиёҳлар ва жониворларнинг аъзоларидан дору тайёрлаб, дард қувмоқ, жароҳатларни шифоламоқ санъатига эга эди. Бу хислатларга ғойибона пешини тутмиш устози Ибн Синонинг китоблари орқали эришганди. Лекин у ўзининг бу ҳунарини кўпда ошкор қилавермас, зарурий ҳолат пайдо бўлсагина қўлларди. Хайём, шунингдек, Ибн Синонинг фалсафий қарашларини ўзига яқин оларди...

Бу карвон одатдагидан анча катта эди. Боиси буюк салжуқларнинг ҳужумидан титраган Бухоро ҳоқони Шамсул Мулкнинг жони кўзига кўриниб қолганди. У махсус карвон ёллаб юзлаб туяларга олтину жавоҳир, қоракўлу шойилар тўла сандиқларни юклаб, ўз элчилари билан Маликшоҳ ҳузурига йўллаганди. Ажабмаски шу билан бир неча йил жон сақлаб олса.

Шоир миясида айланган ҳалиги сатрлар таъсирида кўксини тўлдириб бир нафас олди-да, кескин қайтариб чиқарди. Кўзларини хиёл қисиб, атрофга назар солди. Шом яқинлашмоқда эди. Карвонбоши мана-мана буйруқ бериб карвонни тўхтатади, сўнг намозни жамоа бўлиб ўқийдилар. Афтидан шу ерда тунаб ҳам қолишса керак, боиси оёққа тура бошлаган шамол кучайиб кетиши ва тунда юришни мушкуллаштирмоғи мумкин.

Муаззин азонни айтиб, карвондагилар шом намозини ўқимоққа йиғилганларида, соқчилар бошлиғи тунги қўриқлаш жойларини белгилай бошлади. Хизматкорлар эса ўз хўжайинларининг юкларига яқин жойларга олов ёқишиб, кечки овқатни ҳозирламоққа тушдилар...

Намозни тугатгач, ҳар ким ўз олови атрофида танаввул қилдилар. Таомдан кейин карвонбоши соқчилар бошлиғини алоҳида чорлаб, топшириқлар берди. Қоровуллар хушёр туришлигини, имкон қадар оловларни ўчирмасликни тайинлади. Чунки миш-мишларга қараганда, бу ерларда шер тўдалари изғиб қолганмиш ва карвонларга ҳужум қилаётганмиш. Карвонбоши ҳали бирон марта ҳеч йўқ биронта шерни кўрмаган бўлса-да, эҳтиёт бўлишликни лозим топди. Ҳайтовур ўша узун қулоқ гаплар ҳақиқат бўлса, ғафлат балосидан Оллоҳнинг ўзи асрасин. Унинг устига бу махсус карвон. Унда Бухоро ҳукмдорининг жон риштаси, тўғрироғи, радди балоси, Маликшоҳ Салжуқийнинг эса кўринмас назари бор. Бу назар айни кунларда дунёнинг тўрт буржини кўрмоққа қодир. Карвонбоши ана шуларни ҳам эътиборга олиб хизматга зўр бермоқда эди. Умрининг асосий қисми мана шу саҳройи йўлларда кечган карвонбоши учун ҳар бир нимарсанинг, ҳар бир ҳодисотнинг заррадин кабири қадар ҳисоб-китоб этмоқ одат эди. Эҳтимол шунинг учундирки, савдогарлар ва умуман сафарни ихтиёр этганлар орасида унинг обрўси баланд эди... У ўз вазифаларини бажариб бўлгач, эртароқ уйқуга ётди.

Хайём мудом бояги ўй-хаёллар таъсирида бўлганлиги учунми, олов қошида анча ўтирди. Идиш-аёғу дастурхонни йиғиштириб қайтган Маҳмуд ҳам оловни ковлаш ва кучайтириш баҳонасида унга ҳамроҳ бўлди. Андишада бироз ўтиргач, журъат қилиб шоирни саволга тутди:

-Ҳазратим вазири аъзамнинг қанотига бораётган эмишлар?-деди иложи борича овозини кўтармасликка уриниб.

Хайём оловга тикилиб ўтирарди ва Маҳмуднинг сўровидан кейин ҳам ҳолатини ўзгартирмади. Оловга термуларкан, эҳтимол рўпарасидаги содда йигитнинг самимиятга йўғрилган овози таъсириданми, балки бошқа сабабданми, бутун вужуди жимирлаб, гўё ичидан нимадир чиқаётгандай, ўзини иккига ажралаётгандай ҳис қилди.

-Мен сенга ҳазрат бўлдимми? -деди беозор таъна ила ва шу гапи ортидан ҳалиги ҳолатидан мосуво бўлди.

Маҳмуд беодоблик қилиб қўйдим шекилли дея ўйлаб, безовталанди, ўзининг авбош (бебош) коми (истаги)дан таассуф қилди.

Бироқ ҳали унинг хафсаласи пир бўлиб улгурмай, ўз ҳазилининг нохуш оқибатини бартараф этишга шошилган Хайёмнинг таскинловчи овози эшитилди:

-Ҳғизларда ўзидан ёши улуғларни не деб эъзоз этадилар?

Маҳмуд шоирнинг олов шуъласида ялтираган кўзларига мақсади не экан, дегандек ҳадиксираб боқаркан, хиёл чўзиб деди:

-Оғойи дерлар.

-Унда мени шундай атай қол.

Соддадил ўғиз йигити Хайёмнинг муродини дабдурустдан англаёлмай тек қотди, сўнг кўзлари чақнаб, бақувват йирик тишларини кўрсатиб, жилмаяркан, ўнг қўлини кўксига қўйиб, бош эгди.

Хайём ҳам бош силкиб, унинг ҳалиги саволига қайтди:

-Филҳақиқат, вазири аъзам Низом ул-Мулк жанобларининг даргоҳларига бормоқдамен.

-Мени ҳам ўз хизматингизга олсангиз, ҳар не юмуш бўлса бўйин товламасдим.

Шоир «иншооллоҳ» деб қўйди-да, ҳордиқ олмоққа шайланди. Карвонбошининг ўнг ёнбошидаги бистар (тўшак) устига чўзилиб, жундан тўқилган ёпинчиғига бурканди...

Оламни бузгудай фарёддан чўчиб уйғониб кетди. Кўзларини очди-ю ёнбошида тўлғонаётган карвонбошини кўрди. У чап қўлини бағрига босганча «Илон! Илон!» дея додларди. Хайём ирғиб ўрнидан турди-да, бир силтаниб карвонбошига етди ва унинг сўл билагидан тутаркан, олов бошида нима қилишини билмай гарангсиб турган Маҳмудга ҳайқирди:

-Ёруғ келтир!..

Маҳмуд олов ичидаги энг баралла ёнаётган саксовул шохини суғуриб олиб, бир ирғиб Хайём устига келди-да, карвонбошининг билагига ёруғ тутди. Унинг билагидаги қон сизган жароҳатни кўрган шоир табобатдан бохабарлиги боис саросимага тушмади, ниҳоятда тезликда карвонбошининг белбоғини ечиб, тирсагининг юқорисидан қисиб боғлади. Сўнг ҳамон талвасага тушаётган карвонбошининг билагини икки қўллаб маҳкам тутиб, жароҳатига лаб босди. Уни қаттиқ-қаттиқ сўриб, ёнбошига туфлайверди. Охирги сўришларида карвонбоши кучлироқ ингради. Хайём ўз наздида жароҳатдаги заҳарни сўриб ташлагач, бир-икки томоқ қириб, кетма-кет туфлади-да, Маҳмуднинг қўлидаги милтираб ёнаётган саксовул шохини шитоб тортиб олди ва унга буюрди:

-Бос!..

Маҳмуд унинг гапини тушунган бўлса-да хўжайинини босишга ҳадди сиғмадими ёки қаерини босишни ўйладими, тек туриб қолди.

-Елкасидан бос дейман!.. -дея дўқ урди Хайём бетоқатланиб.

Маҳмуд хўжайинининг кўкрагига ўнг тиззасини қўйиб, икки қўли ила икки оёғини босди. Хайём эса карвонбошининг ўнг қўлини тиззаси остига олиб, чап илки ила жароҳатли қўлини маҳкам ерга тираб, қип-қизил чўғни илон чаққан жойга босди. Карвонбошининг танаси жизиллаб куйди, атрофга қўланса ҳид таралди. У оғриқ даҳшатида бир-икки кучаниб силтанди, оҳ урди, бироқ забардаст Маҳмуднинг чангалидан халос бўлолмади. Ана ўша зўриқишлар асносида хушидан айрилиб, жимиб қолди.

Хайём хуржунидан турли гиёҳ ва жониворларнинг аъзоларидан тайёрланган малҳамни олиб, хушсиз карвонбошининг жароҳатига сурди-да, боғлаб қўйди. Сўнг жойига яхшилаб ётқизаркан, унинг юзидаги терларни артиб, устини ёпди ва Маҳмудга деди:

-Эрталабгача истималайди. Ора-сира ичиргали хапдору тайёрлаб берурмен. Иншооллоҳ, тузалиб кетгай?!

Хайём шундагина атрофига эътибор қилди-уларни карвонбошининг фарёдидан уйғониб кетган одамлар ўраб туришарди.

-Бу баҳорий аёзда илон инидан чиқмаслиги жоиз эрди. Фикримча, охирги тунаган карвонсаройимизда юкларнинг ичига кириб олган бўлсами.-деб қўйди шоир ўзига ўзи гапираётгандай ва Маҳмудга қайрилди. -Эрталаб жамики юкларни бир бор кўздан кечирмоқ лозим. Ул мори газанда узоққа кетмаган чиқар.

Учинчи боб

Маҳмуднинг ғойиб бўлганидан хабар топгач, Хайём унинг ортга қайтмаслигига, расадхона эса бир моҳир сангтарошдан жудо бўлганлигига ишонди. Чунки у Маҳмуднинг феълини жуда яхши биларди. У қайсар ва жасур эди, дўсту ёр учун жону танидан кечмоққа қодир эди. Суюклиси гўзал Райҳона учун эса ўшал жону тандан ортиғини ҳам бахшида қилмоғи мумкин эди. Унинг феъли шундай эди, феъл эса Оллоҳдан. Мағриб Машриққа оғиб, Жайҳун Сайҳунга қуйилиши мумкиндир, вале Одам алайҳиссалом фарзандларининг феъли эврилибди десалар, шоир асло ишонмағай. Демакки, Маҳмуд сангтарош ҳам ўз ёрининг ҳеч қурса изини, жоизки, ўлик ёхуд тиригини кўрмагунча қўймас. Хайём ундан буткул умидини узди. Шул боис панжшанба субҳида бош бозорга бормоқни, расадхона учун асбоб-анжом ва турфа хил бўёқлар харид қилмоқни ихтиёр этди. Баҳонада йўлиқса, қурилиш учун бир-икки хизматгар ҳамда билгичроқ сангтарош ёлламоқ ҳам нияти бор эди.

Эрталаб Хайём, ёш мунажжим Абул Музаффар ал Исфазарий, расадхона корфармоси (ишбошиси) отда ва икки чуҳра (хизматкор, ғулом) аробада бозор сари йўл олдилар.

Исфаҳонда бир неча бозорлар мавжуд эди-катта-кичик, ҳатто баъзилари маълум бирон нимарса номи билан ҳам аталгувчи эди. Энг катта бозор эса шаҳарнинг расадхонага қарама- қарши томонида жойлашганди. Унга етмоқ учун масжиду мадраса, Султон саройи ва шоҳмайдонни ёнлаб ўтмоқ жоиз эди. Шаҳристоннинг кўчаларига текис қилиб тош ётқизилган, икки ёнида эса ажиб бир дид ва режа ила икки қаватли дўконлар бино этилганди. Уларнинг пастки қавати савдо-сотиқ учун бўлса, юқори қисми мол сақламоқ, баъзиларга ҳатто ётиб-турмоқ ҳаёт кечирмоқ учун хизмат қиларди. Дўконлар олдидан кичикроқ ариқ ўтган бўлиб, унинг икки четига сарв ва сапидор (терак)лар оралатиб ўтқазилган, уларнинг остига эса турли гуллар экилганди. Шаҳар аҳли кориз (ер ости қувур)лардан оқиб киргувчи ана ўша ариқлардан сув ичарди. Исфаҳон тарих саҳифаларида бежиз «Яшил шаҳар», «Гул шаҳар» дея ном қолдирмаганди. Айни дамда дарахтлар барг чиқармаган. Яланғоч, гуллар ҳам ҳали ғунчаламаган бўлса-да, шаҳарнинг бир ой ўтгандан кейинги ҳусну жамолини тасаввурга келтириш қийин эмасди.

Дарҳақиқат, шаҳри азим Исфаҳон буюк салтанатнинг дорулсалтанати ўлароқ бисёр ораста, покиза ва муҳташам эди. Шунингдек, шаҳарда баҳорий бир уйғониш кезмоқда эдики, гоҳо-гоҳо кўкламга хос юмушлар ила банд бўлган кишилар ҳам кўзга ташланарди. Боз устига ундаги саҳарги осудалик қулоғу кўнгилларга хуш ёқса, бир маромда «тақ-туқ» қилаётган от туёқлари бўлмаса-да, аробанинг ғийтиллаши ва ғилдиракларининг тош йўлда айланишидан чиққан овоз кишига хиёл нохуш туюларди. Бу айниқса, айни дамда кўнгли сабуҳий на-сиймлар янглиғ мусаффо ва жазбали бўлган Хайёмга ўзгача таъсир этар, янаки бу мутаассирлик ортидан «балки бозорга бормаганим дурустмиди», дея надомат ҳам қилиб қўярди. У ўз мавқеи ва хизмат бурчига биноан бозорга бормаса ҳам, харид хусусида корфармога амр этса ҳам бўларди. Вале ўзи хўп ва кўп меҳр бахш этган расадхонага сангтарош ёки оддий бўёқчи қиёфасида қандайин одам келишидан ташвишга тушардик. Шоир бу андиша ила аввало ўз кўнглини эҳтиёт қилса, шу каби, расадхона аҳли орасида фтина-ю ноаҳиллик пайдо бўлмоғидан ҳам сақланарди. Бундан ташқари, у савдо-сотиқни, тўғрироғи, бозорни мутлақо хуш кўрмас, унга кирди нафаси бўғилиб, кўксида оғир бир тош бино бўлгандек туюлаверарди. Бозор аҳлига боқиб, бирон сўз демоққа майли ҳам, хоҳиши ҳам қолмасди. Бу мол бозоридаги олди-сотти авжига минган бир пайтда аҳли бозорга қарата шеър айтмоқ билан баробар эди. Илло шу феъли ила ҳам унинг бозорга бормоқдан тийилмаганлиги муддаосининг чандон муҳимлигидан далолат эди.

Бозор қошида от-уловларни қолдириш учун махсус манзил мавжуд эди. Улар ҳам ароба ва отларни ўша ерда омонат қилдилар.

Бозорнинг бош дарвозасидан сўл тарафга юрилса, мева-чева, сабзавот ва каппон расталарига ўтиларди. Тўғрига борилса, баззозлик дўконлари бўлиб, турфа рангдаги матолар ёйиб ташланганди. Филҳақиқат, Исфаҳон ўзининг шойи ва пахтадан тайёрланган газламалари билан машҳур эди. Бу борада пойтахт ҳунармандлари анча номдор эдилар. Шунингдек, матоларга гул босиш санъати ҳам бу ерда ўзгача даражотга етган эдики, Исфаҳон газламалари гули ҳамда бўёқларининг тиниқлиги ва турфалиги билан ажралиб турарди. Дорулсалтанатда бўёқ тайёрлаш, тери ошлаш, китоботчилик ҳунарлари ҳам бисёр ривож топган эди. Ҳша боззозлик расталарининг адоғида бўёқ тайёрловчилар, кўнчилар ва китобдор устоларнинг дўконлари қаторасига қурилганди. Бозорнинг бу қисмлари ҳам жуда гавжум эди.

Ҳнг томонда эса эшиксозлик, бешиксозлик, кулолчилик, темирчилик, наддофлик (ип йигириш) каби расталар жойлашганди. Бу қисм хийла шовқин-сурон, янада аниқроғи, тақир-туқирдан иборат товушларга макон эди. Мазкур расталарнинг охиридаги майдонда иш излаган ҳунармандлар, мардикорлар ва ҳатто дарвешу гадойлар жой олишарди. Бу ерда ҳам бақир-чақир етарли эди.

Шоир ҳамроҳларини ўнг тарафга бошлади. Нияти-энг аввало уста бир сангтарошни ёлламоқ эди. Расталар ёнлаб борарканлар, ёш Исфазарий шоирнинг юзида изтиробми, маъсум кўнглидан оққан озорми акс этганини кўриб, уни бироз андармон этгиси келди. Яқингинада Исфаҳон Низомиясини хатм қилиб, устозлари тавсиясига биноан расадхонага, Хайём ҳузурига келган бу олим йигит илми нужум ҳамда илми риёзатда билгич эди. Шу боис тез орада Хайёмнинг ҳурматига, эътиборига мушарраф бўлди. Шу билан бирга, Исфазарийнинг бироз шумлиги, шўхлиги ҳам мавжуд бўлиб, вақти-вақти билан кишини мутойибага чорламоқ ойини (одати) бор эди. Худди шу феъли гоҳо шоирга хуш келар ва аксарият ҳолларда унинг беозор шўхликлари ғашнок қалбини тарабнок (хурсанд) этарди.

-Устоз,-деди Исфазарий овозига шўхлик бағишлаб,-Оллоҳ таборака таолога ҳунармандлар ёвуқроқми ёхуд олимлар?

Хайёмнинг тундлашган юзида табассумга мойиллик пайдо бўлди. Исфазарийга кўз қирини ташларкан,

-Кўнгил ёвуқроқ. Илло банда ўз эгасини қалбида кашф этмай туриб, унга яқинлашолмайди.-деди шунчаки сўзлаётгандай. Бир муддат жим боргач, қўшиб қўйди:

Оллоҳ бу дунёи бозорга боқиб, бандаларининг нафс жунбушидан ёқа тутган чиқар. Бир-иккисининг орасинда биз шунчаликмиз, барчасидин огоҳ зот не кўйда экан?

Исфазарий мамнун жилмайди- мана, энди ҳақиқий устозига ўхшади, унинг мутойибали сўзига мос сўз айтди.

Хайём ҳали ёш, янаки бошкентга келганига эндигина икки йил бўлганди. Шул боис уни ҳали кўпчилик таниб улгурмаган, халқ орасида унчалар шуҳрат топмаганди. Ҳозир улар расталар ёқалаб борар эканлар, ора-сира берилган саломларга алик олардилар. Шоирни таниган кишилар эса ёнидагиларга маъноли қараб қўйишар ёки унга тавозе ила салом бергач, «сизни таниб қолдим», дегандай бош қимирлатишарди. Ёшроқ, илмпешароқлари эса бир-бирларига «Хайём ҳазратлари, Хайём ҳазратлари», дея шивирлашарди. Лекин бу каби сийлов-сўрашувлар сезилмас даражада сийрак бўлиб ўтарди.

Расталар адоғидаги майдонга чиқдилар. Бу ер янада ғала-ғовурга тўла эди. Айниқса, майдоннинг сўл ёнидаги жанда кийган дарвешларнинг овози бошқа товушларни босиб кетади...

Ўнг томонда, майдоннинг четида ўтирганча нималарнидир минғирлаётган одам Хайёмнинг эътиборини тортди. У бир пайтлар кулранг бўлган, лекин ҳозир ўнгиб кетганидан тусини ҳам англаб бўлмас ҳолатда кирлаган чопони устидан эски белбоғ боғлаб, унга мул (май) учун аёқ (идиш, хумча) илиб олганди. Бошида қулоҳ, сочи, мош-гуруч соқоли ўсиқ, кирлаган эди. Бўй-басти паканага монанд, юзи думалоқ, кўзлари сузилиб боқади.

Шоир унга ёвуқ келди. Бозор шовқинидан унинг минғирлашини ажратмоққа уриниб, диққатини жамлади. Нафақат олатасир бозорни, балки бутун оламни унутган бу одам шеър ўқирди. Бир пайт у Хайёмнинг нигоҳини сездими ёхуд бошқа важҳданми, шаҳд бошини кўтарди-да, дарвишлар томонга қараб шеър ўқий кетди. Унинг овози бироз хирқираб чиқар, бироқ девона бир кайфиятга йўғрилгани боис ёқимли эшитиларди:

Муғона бодадин маст бўлсам бордур,
Ошиқу ринд, будпараст бўлсам бордур.
Ҳар ким мени ҳар хил гумон қилади,
Қандайлигим фақат менга ошкордур.

Дарвишларнинг баъзи ғофилроқлари, унга ола қараш қилиб, «астағфуриллоҳ!» дея наъра тортдилар.

Хайём ғалати бўлиб кетди. Авваллари бўлганидек бутун вужуди титраб, ичидан бир нарса сидирилиб чиқаётгандек туюлди. Шундайин бир жазба ила ёқасин чок, жисмини пора этиб, фарёд урмоқ истади. У гўё иккига айрилмоқда эди. Бироқ рўбарўсидаги одамнинг кўзларига йўлиққан биринчи бўлаги уни фарёддан тўхтатди. Ҳқилган рубоий Хайёмники эди.

-Кимсиз?-сўрди у овози титраб.

-Бир мулпарастмен?-деди ҳалиги одам елкаларини силкитиб. Унинг оқшайган елкаларига боқиб ҳаммоллигини фаҳмлаган шоир яна сўроққа тутди:

-Қаердансиз?

-Оллоҳдин!..

Бу жавобни эшитган Хайём ҳар доим берилгувчи саволнинг иккинчи қисмини тилига чиқармоқдан тийилди. Чунки ҳаммолнинг жавоби қандоқ бўлишини англаб етди. Шунинг учун исмини сўраб қўя қолди.

-Юсуф дерлар мени.-деди у ҳирқироқ овоз ила.

-Расадхонага чорласам борурмисиз?

Юсуф шоирга қаттиқроқ тикилди.

-Во-оҳ!-деб юборди у оҳ уриб, -Хайём ҳазратларининг дийдориға мушарраф бўлдимму, ё, Оллоҳ!.. Ахир эндигина сизнинг ўтлиғ сатрларингизни ўқимаган эдимми! - Тавозе ила келиб, меҳнатдан қадоқланган, эгри-бугри бармоқли қўлларини шоирга узатди.

-Ассалому алайкум, ё, зоти шариф!..

Шоир ҳам қўш қўллаб кўришди.

-Бир умр ошиёнингиз гардин аритсам шодмен.-дея бош эгди Юсуф эҳтирос ила.

Шоир унинг сўзларидан ва айниқса, улардаги эҳтиросдан мутаассир бўлди.

Улар Юсуфни эргаштириб сўл ёққа юрдилар. Дарвишлар ёнидан ўтиб, айиқ ўйнатаётган одамга рўбарў келдилар.

Айиқ ўйнатувчи жуда басавлат бўлиб, қалин соқол-мўйлови малла тусли, кўзлари мовий эди. У мусулмонча кийиниб олган бўлса-да, афт-ангори муслимга ўхшамасди. Бироқ белида зуннори (мусулмон бўлмаганлар боғлаб юрувчи чилвир) йўқ, демак, муслим. У чап илкида айиқ боғланган занжирни тутиб, ўнг илки ила турли ҳаракатлар қилар ва айиққа шунга монанд ҳар хил буйруқлар бериб, уни идора этарди. Аслида қўнғир тусли бўлган айиқ айни дамда кир-чирлигидан тўқ кулранг ҳолга келган, жунлари гадонинг жулдур чопони янглиғ кўринарди. У озиб-тўзиб кетган, бироқ аслида баҳайбат бўлганидан йирик устихонлари туртиб чиққан ва шул боисми, важоҳатли туюларди. Лекин эгасининг буйруқларини икки оёқлаб турганча итоаткорона бажаришидан бировга озор етказмаслигини англаш мумкин эди. У маймоқлиги етмагандай яна ажабтовур қилиқлар қилиб, атрофдаги томошабинларнинг завқини келтириб, кулгусини қистатарди.

Хайём ҳам завқ ила унга тикилиб қолди. Унинг завқини англаган Юсуф ўзгаларга эшиттирмасликка уриниб, аста сўз қотди:

-У олис шимол юртидан бўлур, номини ўрус дерлар. Исфаҳонда яқинда пайдо бўлмиш. Илкидин келмай-дурғон юмуш йўқ кўринадур.

Суриштиргач, билдиларки, унинг оти асли Михаил экан, Ислом динини қабул қилгач, Микоил деб ўзгартирибди. Туркий ва форсийда заҳматсиз сўзлашмоққа қодир, Юсуф айтмоқчи, кўп ҳунарлар соҳиби, жумладан, сангтарошлик, наққошлик борасида ҳам устолиги бор экан. Шоир уни ҳам ишга ёллади...

Тўртинчи боб

Расадхона ҳовлиси хийла кенг эди. Саҳнига тош ётқизилиб, ихоталанган айланалар ичига мевали дарахтлар ва гуллар экилган. Икки ёндаги икки қаватли ғиштин бинолар турли ҳажмдаги ошёналардан (хоналардан) иборат, барча ошёналарнинг эшиклари расадхона ҳовлисига қараган. Ҳнгдаги бинонинг иккинчи қаватидаги бир неча хоналардан иборат энг катта ошёнага Умар Хайём жойлашган бўлиб, унда соҳиб девон (бош вазир) шоирга инъом этган бир канизак ҳам истиқомат қилади. Хайёмнинг икки ёнида ҳамда сўлдаги бинонинг иккинчи қаватидаги кичикроқ ошёналарда эса мунажжимлар-Абул Музаффар ал Исфазарий, Маймун ибн Нажиб ал Воситий ва бошқа олиму толиби илмлар қўним топмишлар. Пастдаги ҳужраларда бўлса, расадхонанинг корфармо бошлиқ хизматчилари, қурилишда меҳнат қилаётган ҳунармандлар, чуҳра ва бошқалар яшайдилар. Ҳтинхона, қозону ўчоқ ва омборхона ҳам ўша ерда жойлашган.

ҳар икки тарафдаги бу бинолар рўпарадаги бош бинога уланиб кетган. Расадхонанинг асосий биноси ҳам икки қаватли бўлиб, тоғ тошларидан бунёд этилмоқда эди. Унинг биринчи қавати битказилиб, иш иккинчи қаватда давом этарди. Бу бино Хайёмнинг тархи асосида бунёд этилар, унинг иккинчи қаватида улкан бир хосхона барпо этмоққа киришилганди. Бу хосхонадаги ишлар ниҳоясига етгач, унда Хайёмнинг режасига асосан илмга хизмат қилувчи мўъжизалар тикланиши мўлжалланмоқда эди. Расадхона биносининг ҳар икки қаватидаги бошқа хоналарда буюк салжуқийлар салтанатига дунёнинг кўплаб мамлакатларидан олиб келинган, таклиф этилган олимлар илм ила машғул бўлишиб, кузатишлар олиб боришар, ҳисоб-китоблар ўтказишар, турфа тархлар чизишиб, коинот сарҳадларига етмоққа интилишарди. Бу ишларнинг бари шахсан Султон Жалолиддин Маликшоҳ ибн Али Арслон Салжуқий ва вазири аъзам Абу Али ҳасан ибн Али ат Тусий-Низом ул Мулк ҳомийлигида, Абул Фатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём-Нишопурий бошчилигида олиб бориларди. Шунинг учун ҳам жамики юмушлар пишиқ-пухта, тартиб-қоида билан бажарилар ва ҳамиша расадхона узра ёрқин бир нур сузиб юргандай, эҳтимолки, бу нур ундаги кишиларнинг қалбларига туташдай туюларди. Расадхонадаги олимлар, илми толиб ва хизматчилар, айниқса, унда олиб борилаётган юмушлар асло моддий тақчиликка йўлиқмасдилар. Аёнки, бу расадхона буюк Салжуқлар салтанатининг, хусусан, Султон Маликшоҳнинг фахру ифтихорига айланмоқда эди.

Юсуф ва Микоил ўнг томондаги бинонинг биринчи қаватида-Маҳмуд яшаган ҳужрага жойлашдилар. Айиқ эса Хайёмнинг ижозатига биноан ўтинхонадан макон топди.

Хайём шом намозини ўқигач, таомланди. Таомдан сўнгра эса канизаги келтирган илиқ сувда қўлини ювиб, оғзини чайқади. Айни пайтда у ажиб бир иштиёқ ила анчадан буён ёзаётгани риёзатга, хусусан, жабрга оид асарини давом эттирмоққа ўзида рағбат сеза бошлаганди. Ҳйчан қиёфада хонтахта ёнига ўтириб, давотни очди ва илкига хомани (қамишдан тайёрланган ручка, қалам) олди. Бироқ хомани қоғозга теккизар-теккизмас хаёли чалғиди, ҳалигина кўнглида жўш урган илҳом бахш эҳтирос энди уни олис хотиралар гирдобига тортди. Она шаҳри Нишопур бағрида ўтган болалиги, илмга ҳаво янглиғ ташна бўлган дамлари ёдига тушди. Ҳшанда ўн ёшдамиди... Fойибона устози бўлмиш Ибн Синонинг китобларидан бош кўтармасди, на кун, на туннинг фарқига борарди. Илми ҳисобга оид асарларини гўё гўзал бир достон мисол ўқир, айниқса, бу илм билан энди-энди шуғуллана бошлаганлигидан сеҳрли рақамлар ўйини уни ҳайратга соларди. Рақамларнинг мўъжизакор бу ўйинларини Ибн Сино ажиб содда, шунингдек, мафтункор бир йўсинда тасвирлаб бергандики, бирозгина киришиб қолган одамни асир этарди қўярди.

Дунёда фақатгина мўъзижалар кутиб, унга ҳайрат ила боқувчи болакай Умар учун Шайхурраиснинг «Ал ҳисоб» асари улуғ бир оламга олиб киргувчи қутлуғ боб (эшик) вазифасини ўтаган бўлса ажабмас... Хайём асарнинг рақамлар хоссалари ҳақидаги биринчи фаслини эслади. Ҳамон илкида турган хома билан ўзга ниятда очган қоғозга беихтиёр рақамларни ёза бошлади. Мана, уни илк болалик чоғлариданоқ асир этган оддийгина рақамлар: 1, 2, 3, 4, 5... Рақамларнинг бу туришини Ибн Сино «рақамларнинг табиий қатори» деб белгилаганди. Ҳа, Хайём билади-сонлар башарият кашф этган энг буюк мўъзижадир. Балки оламнинг асосини ҳам шу ўнтагина рақам ташкил этар. Уларнинг куч-қудрати нечоғли эканлиги фақатгина Оллоҳга ва уларнинг сеҳру жодусини англаган зотларгагина аён. «ҳар бир сон ёнидаги кичиги билан каттаси йиғиндисининг ярмига тенг ҳамда ўзидан шундай тенг узоқликдаги сонлар йиғиндисининг ярмига тенг». Бу Ибн Синонинг Хайём учун ёд бўлиб кетган сўзлари эди. Масалан, «5»ни танласак, Хайём шу хаёл билан қоғозга «5» сонини ёзди. Унинг ёнидаги кичиги- «4», каттаси -«6», яъни, 5=(4+6):2. Ҳудди шунингдек, 5 дан 3 ва 7, 2 ва 8 ҳам тенг узоқликда жойлашган, яъни 5= (3+7):2... Бу эса дунёдаги ҳамма нарса ҳисоб-китобли, янаки Буюк Зотнинг ҳисоб-китобига тааллуқли эканлигини кўрсатмайдими? Рақамлар ҳам худди сўз каби сеҳрга эга.

Хайёмнинг лаблари хиёл қайрилиб, юзида мамнунлик акс этди. Яна «Ал ҳисоб»даги сўзларни эслай бошлади. «ҳар бир соннинг икки баробар узоқликда жойлашгани ўша соннинг ўзига тенг бўлади». У завқ билан тез-тез ёза бошлади: масалан, 3 нинг 2 баробари 6 бўлиб, бу сон 3 дан ҳисоблаганимизда учинчи ўриндадир. Яъни 3.2=6---3 ----4, 5, 6...

Ибн Сино бу китобини ёзишда юнон олими Уқлидус (Евклид)нинг «Устуксот» асаридан фойдаланган. Дарвеш, Уқлидус ёдига тушди. Бу олимнинг фалсафий қарашлари Хайёмни ҳамиша ўйга толдиради. Унинг исбот талаб қилмайдиган «қоида»ларига (постулатларига) мудом исботу далил қидиради...

Ташқаридан келган ғалати овоз шоирнинг хаёлини бўлди. Унинг не сас эканлигини билмоқ илинжида канизакни чорлади:

-Пармуда!

-Лаббай, ҳазратим. -Унинг қаршисида назокат ила бош эгди канизак.

-Не товуш келадир ҳовлидан?

Пармуда ўзига ярашган табассум ила жилмайди:

-Сиз келтирган одамнинг ҳалиги улкан маҳлуқи наъра тортадур, ҳазратим.-деди у бош эгиб.

Хайём канизакнинг сўзларидан завқланиб, унга ғалати қараш қилди. Шу пайт кўнглида алланучук соғинч пайдо бўлди-да, сим-сим оқаётгандай теюлди. Киприкларининг ости ачишди, ўртанди ва ичидан нимадир сидирилиб чиқаётганга ўхшади. У «ё Оллоҳ!» дея ўрнидан турди. Канизакнинг ёнидан ўтаркан, деди:

-Боқайчи, ул маҳлуқ не деюр!

Пармуда яна жилмайди.

-Сен эса мени кутгил!-дея уни уялишга мажбур этгулик қараш қилди ва ташқарига чиқиб кетди.

Аслида Хайём чўри тутмасди, эрандан хизматкор сақласа сақлардики, канизакни ихтиёр этмасди. Пармудани эса яқинда вазири аъзам инъом этди. Шоирнинг уйланмаганлиги, ёлғиз истиқомат қилиши ва бақувват вужуди уни шундай иш тутмоққа ундади. Хайёмга бир шеърий аёл лозимлигини пайқади, лекин бу мулоҳазасини унга айтмади-ю канизакни измига топширди.

Хайём ташқарига чиқиб, ошёнасининг эшиги рўпарасидаги нақишнкор панжара ёнига келди. Кўксини тўлатиб нафас оларкан, чўзиб чиқариш асносида тўлин ой зиёсида оқиш кўринган кўкка тикилди. Узукнинг тилло кўзидай ялтираб, кўнгилга самовий енгиллик бағишлагувчи сочқин юлдузларга интиқ термулди. У бутун умр ана ўша самога интилиб, уни ўрганишга уриниб яшади. Бу ҳадсиз кенгликлар сиру синоатга тўла эканлигини билганлиги учун ҳам унга талпинди. Ундаги мўъжизакор борлиқ қалбини доимо ром этиб келади...

Қуйидан найнинг киши бағрини ўртагувчи хазин ноласи эшитилди. Бу нола ҳайбатли, улуғвор ва шунингдек, асрорли тунга шу қадар қоришиб борардики, қулоқ ёхуд қалб на уни эшитарди, на тунни ҳис қиларди. Балки тун ва куй ажиб сирлиликка йўғрилган дил билан уйғунлашиб борарди. Самовий хаёллар хуружидан сармаст бўлган шоирнинг бутун жисму жони жимирлаб, қаъридан нимадир сидирилиб чиқа бошлади. Бу унинг вужудида яшаётган иккинчи Хайём эди. У ташқарига чиқди-да, киприкларининг ости ачишиб, қароғи оловланди. Кенг, суякдор кўксини узун бармоқлари билан либоси устидан гўё тимдалагандай силади. Юзи изтиробли тиришиб, соғинчли бир интилиш билан сўлга юрди...

У ҳовлига тушиб, най овозига интилгани сари куй унга ёвуқ (яқин) келаверарди. Жон олғувчи мусиқор Юсуф ва Микоил жойлашган ҳужрадан эшитиларди. Шоир пастак эшик қошида бир муддат туриб қолди, чунки у эшик очилиши билан най овози танишини ҳис этар ва шу боис унинг тўхташини истамасди. Куй авжига келиб, най энг юқори пардада инграганда ихтиёрсиз шиддат билан эшикни туртиб юборди. Эшик тарақлаб очилди, занжири шақирлади. Куй узилди. Чўчиб тушган ҳамхоналар бақрайганча бир лаҳза қотдилар. Сўнг биринчи бўлиб ўзига келган Микоил ирғиб ўрнидан турди, қўлида най тутган Юсуф сармаст бир алпозда унга эргашди. Шошиб салом бердилар. Шоир алик олгулик ҳолатда эмасди. Унинг кўзлари оловдай ёнар ва ўчоқда хонани ҳам иситиб, ҳам ёритиб ёнаётган олов бу кўзларга нисбатда анчайин ожиздай туюларди. Юзи қизариб, бўғриқиб кетган, қош, кўз ҳам ҳалиги оловга қўшилиб ёнарди гўё.

-Тўхтамангиз!-деди шоир илтижоли титроқ овозда илки ила Юсуфга ишора қилиб.

Унинг аҳволини Микоил англамаган бўлса-да, Юсуф дарҳол фаҳмлади ва шоирни тўрга- ихчам хонтахта ёнидаги бўйрага ўтқазиб, найни лабига босди. Ёр лабига қовушган ошиқ оҳ урди гўё. Шоир кўзларини юмиб, куйга монанд тебрана бошлади. Ҳозир у ҳеч нарсани кўрмасди. Ўчоқдаги оловдан қорайган бу тор ҳужра, ундаги ғарибона ашёлар, ҳалигина бозор чангига қоришиб, тирикчилик илинжида ҳар кўйга тушган мана бу одамлар унинг учун фарқсиз. У буларнинг бари билан бирга эди. У дунёда ёлғиз эди. Бағрида ўзи ҳам англамаган улуғ бир ком тўлғонарди...

Микоил қорайган сопол пиёлага аёқдан ачимсиқ ҳидли, арпадан тайёрланган арзон бўзани қуйиб, Хайёмга узатди. Шоир кўзлари юмуқ бўлса-да, буни пайқади, пиёлани олиб, бир зарбда сипқорди. Юзи бужмайиб, ўз тебраниши ила мусиқага жадалроқ жўр бўлди. У куйдан, яшашдан, бўзадан, мана бу даврадан ва умуман дунёдан махмур (маст) эди.

Роса ўртаниб ингранган куй ниҳоят тинди. Унинг ортидан Юсуфнинг хирқироқ, лекин ёқимли овози эшитилди. У шеър ўқирди:

Меҳробга саждадан нима ҳам фойда,
Дилда Бухоро-ю Тароз жонони.
Намозни ёқтирмас менинг худойим,
Унга мақбул тушар ишқ ғалаёни...

-«Одами шуаро»! (Абу Абдулло Рудакийнинг лақаби. Уни биринчи шоир маъносида Одам алайҳиссаломга нисбат беришиб, шундай аташган)-деди Хайём паст овозда ва ўзи ҳам ўртаниб Радукийнинг байтидан ўқиди:

Тўлин ойдек нигор бирлан ақиқ май, чолғу бўлса, воҳ,
Фаришта ҳам тушар кўкдан, тушар жой бўлса ҳамки чоҳ.
Нечук узгум назар ундан, зарар топса имоним гар,
Мозоримдан чиқар ҳаттоки наргис, қовжираб гиёҳ.
Унинг ишқ лаззати жаннатда ҳам асло топилмас шаҳд,
Кечар ўз ҳолидан кимки агар бир бор бўлур огоҳ.
Кўзингда куппа-кундуз гар хари бўлса кўролмайсен,
Кўрурсен қоп-қора тун ўзга кўзи ичра чўп ногоҳ.

Сўнг Юсуфга юзланиб, деди:

-Кимсиз? Бу фано даҳрида не шўришлар ёғилмиш бошингизга?!

Юсуф ютоқиб кўксини силаркан, яна боягидек хазин, бироқ ёқимли овозда шеър ўқишга тушди:

-Мен ул риндменки, номимдир қаландар,
На хонумон, на уй кўрдим, на лангар.
Кўчанг кездим, чиқиб қолсанг мабодо
Фидо этмоққа бошимни муқаррар.
(Бобо Тоҳирнинг рубоийси)

У шеърни тугатиб, бироз тин олди-да, ўз кечмишини мухтасар ҳикоя қилиб берди.

Юсуф асли Бухоролик эди. Отаси моҳир хаттот бўлиш билан бирга уста китобатчи, яъни китоб муқоваловчи ҳам эди. У киши жуда илмпарвар ва шунинг орқасидан фозил зотларни қадрлар, уларни дунёнинг устунлари деб биларди. Ҳзи Исломий илмларни пухта билгувчи мулло зот эрса-да, кишилар билан бўлгувчи муомалотда ирқ, дин танламасди, барча «Оллоҳнинг қули» деган ақидага таянган ҳолда қарагувчи эди. Шул сабабли ҳам ёлғиз ўғли бўлмиш Юсуфни бошиданоқ илм шикорига солди. Юсуф аввалига ўз маҳалласидаги домуллодан харф ўрганиб, ибтидоий билимларни олган бўлса, кейинроқ Бухородаги катта мадрасада таҳсилни давом этдирди. У жуда илмга чанқоқ эди. Фалсафа, фикҳ каби илмлардан ташқари, шеърият ҳамда мусиқийга ҳам ўч эди. Мана шу ихлосу интилишлари ўлароқ улуғ орзулар исканжасида яшарди. Бироқ унинг бахтиёр ва осуда дамлари қисқа экан. Илло ўша йиллари Бухорони Маҳмуд Fазнавий лашкарлари ишғол этди. Улар шаҳарни вайрон қилдилар, Бухоронинг улкан кутубхонасидаги дурдона китобларни, яъники диний бўлмаган рисолаларни оловга отдилар, ўзга динга мансуб одамларни қатл ом этдилар. Қадим Бухорода қад ростлаган калиса-ю кунишлар (носаро ва оташпарастларнинг ибодатхоналар) бузиб ташланди. Fазналик Маҳмуд ўзини исломпараст қилиб кўрсатгани билан ўта золим эди ва шу аҳволи билан китобларда башорат қилинган лашкарбоши бўлишга, бутун мусулмон дунёсига ҳукмдорлик қилишга даъвогар эди.

Ҳша ққирғин бўлаётган кунлари Юсуфнинг отаси бир яҳудонинг жонини сақлаб қолиш учун яширади. Бироқ бу гап чақув туфайли босқинчиларнинг юзбошиларидан бирининг қулоғига етиб боради. Алҳол Юсуфнинг отасини ҳам яҳудога қўшиб қўлга оладилар. Ҳша ернинг ўзида яҳудони ўтда куйдирадилар, Юсуфнинг отасини эса дорга тортадилар. Ёш йигитча бўлмиш Юсуф бу даҳшатларнинг борини ўз кўзи билан кўриб туради ва ўша кундан бошлаб муллабаччаликни ташлайди, намозни тарки одат қилади. Кичкинагина салласини бошидан олиб, улоқтиради ва қаландарга ўхшамаган қаландарга айланади. Майга ошно тутиниб, фақирликда дунё кезади. Фақирлик, танҳолик ва саёҳат кўнгил кўзини равшанлаштириб, девонаваш ҳамда дилбар бир зотга менгзайди. Кеза-кеза ниҳоят Исфаҳонда қўним топади.

Хайём сархуш бир алфозда унинг ҳикоясини тингларкан, айни дамда мана шу девона инсонга жуда-жуда ўхшагиси келиб кетди. Унинг каби жамики нимарсалардан юз бурмоқни, фақатгина илм ва шеър ишқида яшамоқни истагувчи бир иштиёқ бағрида жўш урди. Юсуфга ҳавас ила боқаркан, деди:

-Сиз бизнинг нозик феълли, яъниким ўзингиз лутф қилганингиздек, риндий бир маҳрамимиз бўлғайсиз. Ва ризолигингиз ила бугундан эътиборан Риндоний таҳаллуси сизнингдир.

Юсуф сархуш кўзларини сузиб, жилмайди ва шоирга миннатдорона таъзим қилди.

Юсуфнинг ёдномаларини эшитгандаёқ Хайёмнинг қалбида ҳам ширин ва шунингдек, эзғин хотиралар бош кўтара бошлаганди. У ҳам она шаҳри Нишопурни, ота-онаси ва олис болалигини эсламоққа тушганди. Шоир Микоилнинг умр ҳикоясини узуқ-юлуқ эшитди. Яъни у олис Ҳрусия заминидан тери савдоси илинжида машриқ сари йўл олганини ва савдоси юоришмай, ватандоши бўлмиш айиқ билан шу томонларда қолиб кетганлигини элас-элас илғади. Унинг ҳкиояси асносида шоир Нишопурда-бундан ўн олти йил нарида, ота хонадонида рўй берган воқеотлар оғушига сингиб кетди...

Бешинчи боб

1

Буюк олим Абурайҳон Беруний султон Маҳмуднинг Fазнадаги зиндонида умрининг интиҳосини кутиб ётган кунларда, яъни ҳижрий 441 (мелодий 1048) йилнинг кўклами адоғида, жавзо эшик қоқиб турган бир кезда, самонинг жамики хос юлдузлари, сайёралари заминга хайрихоҳ ёнгувчи кунда, қадим Нишопурда бир гўдак дунёга келди. Унинг отаси Иброҳим чодирдўз (Хайём чодир тикувчи деган маънони беради) оддий ҳунарманд бўлса-да, илмли кишиларга ихлоси баланд ва қалбан Ислом нуридан баҳраманд инсон эди. Шул сабабли ўғлининг исмини халифаи рошидинларнинг бири бўлмиш ҳазрати Умар номи билан Абул Фатҳ Умар деб атади.

Чодирдўз Иброҳим ўғли Умар туғилганида бир мунча камбағал эди. Касби кори бўлса-да, илки калталик қилиб, ҳали бирон мустақил иш бошламаган, бировларга ёлланиб топган пулига базўр рўзғор тебратарди. Охир оқибат қашшоқлик унинг жонига тегди ва Оллоҳ ярлақаб даромад топиш илинжида Султон Маҳмуд лашкарига сарбозликка ёлланди. Бахтига Султон ўша йили ҳинд мамлакатига юриш қилишга тадорик кўраётган эди. Омади кулиб Иброҳим ҳам ана шу фатҳда иштирок этди, Маҳмуд Fазнавий кўшинига қўшилиб, ҳинд мулкини тарож қилди. Ҳша йили Султон олам-жаҳон ўлжалар-олтину кумуш, дуру жавоҳирлар ила ортга қайтди. Табиийки, қўшинидаги сарбозлар ҳам унинг ижозати туфайли анча-мунча бойликка сазовор бўлдилар. Улар орасида Нишопурлик Иброҳим чодирдўз ҳам бор эди. У ана ўша бойлик билан она шаҳрига қайтди ва чоғроғ боғи бўлган кўп хонали уй сотиб олди. Ҳавлининг бир ёнига катта устахона қуриб, бир неча аёлу эркакни ёллади ва чодирдўзликни йўлга қўйди..

Умарнинг ширин болалиги ана ўша боғда, гоҳо эса хотин-халажнинг гап-сўзларига тўлган устахонада ўтди. Меҳрибон ота-онасининг ҳароратли қучоғи унинг учун нақадар азиз бўлганлигини кейинроқ англаб етади. Ҳозир эса дарду ташвиши китоб, фикру ёди илм олмоқ ила банд.

Ҳшанда ҳам қиш интиҳолаб, кўкламнинг илиқ кунлари бошланган кунлар эди. Ҳн ёшли Умар бутун қиш ичи Қуръон мутолааси ила машғул бўлди. Оллоҳнинг китобини хатм қилиб, бир юз ўн тўртта муборак сурани ёд олди ва қироатни ўрганди. Қиш охирида бир неча кун мобайнида устозининг ҳузурида бўлиб, улуғ Китобни бошидан охиригача қироат билан ёд ўқиб, ул зотнинг таҳсинига сазовор бўлди. Зеро устози уни алоҳида бир меҳр ила севар, қувваи ҳофизасининг тиниқ ҳамда кучли эканлигидан ифтихор этарди. Шундай қилиб, Абул Фатҳ Умар ўн ёшида ҳофизи Қуръон мураттаб қорига айланди.

У устозининг табаррук фатвосини олиб қайтган кечаси туш кўрди. Бу унга бутун умр ҳамроҳ бўлгувчи, самовий ўй-хаёлларга солиб инсон қурбининг бениҳоялигини англатувчи сирли, эҳтимолки ишоратли туш эди. Тушида гўзал бир манзарали маъвода сайр этиб юрган эмиш. Туйқус қалбида югурмоқ истаги жунбушга келибди-ю жон жаҳди ила чопа кетибди. Чопгани сари қадамлари тобора катталашаверибди, катталашаверибди, ниҳоят оёқлари ердан узилибди-да, осмони фалакка кўтарилибди. Илкини мисоли қаноат янглиғ икки томонга ёйиб, парвоз этаркан, заминдан узоқлашиб, юлдузларга яқинлашаверибди. Мана энди юлдузлар шундоқ ёнбошида нур соча бошлаганида само тоқида бетимсол зиёга чулғанган сиймо пайдо бўлибди-да, унга маъноли бир нигоҳ ташлаб, яна тезликда ғойиб бўлибди. У эса энди пастлай-пастлай ниҳоят заминга келиб қўнибди. Кўкка парвоз этганидаги бетакрор туйғу, юракни кўкрак қафасини ёрмоққа қодир қилгувчи эҳтирос шу-шу бағрида макон тутди.

Умар ширин энтикиш билан уйғонди. Бомдод намозини ўқигач, ота-онасига қўшилиб, нонушта қилди. Ҳар кунгидек Қуръон ёхуд бошқа бирон китоб мутолааси ила машғул бўлмади. Боиси Уммул Китобни хатм этгач, илму китобга оид ҳер не машғулотдан «озод» олганди. Энди маълум муддат эмин-эркин бўлмоғи, барча болалардек турли ўйинларни ўйнамоғи мумкин эди.

Ҳша куни чошгоҳдан сўнг ёмғир ёға бошлади. Боғнинг ҳали япроқ ёзиб улгурмаган яланғоч дарахтлари оралаб кезинган Умар, кўклам ёмғирини ҳар нечук хушламасин ўзини панага олмоққа мажбур бўлди. У бутун қиш бўйи хонанишин ўлтириб, мутолаа заҳматини тотганлиги учунми, бир мунча носоғлом кўринарди. Юзи рангпар, бу рангпарликда ожиз бир ойдинлик мужассамдек. Оёқ-қўллари узун, нозиклашгандек туюлади, кўзлари ичига ботган, бироқ тубидаги қорачўғлари мардона чақнайди. Айни дамда қадам ташларкан, оёқлари ердан узилиб, парвозга интилаётганга ўхшайди...

ғочиб, яна уйга кирмоқни кўнгли истамади-да, илдам қадамлар ила устахонага ўзини урди.

Устахонанинг эшиги иккита эди-бири кўча томонда бўлса, иккинчиси ҳовлига қараганди. Ҳар икки эшик ҳам катта, икки тавақали эди. Умар ҳовли томондаги бир тавақаси қия очиқ эшикдан кириб борди. Кирди-ю таққа тўхтади. Бу ерга авваллари ҳам кўп бора кирганига қарамай, ундаги манзарани, одамларни ҳудди илк бора кўриб тургандай кўзларини катта-катта очиб, серрайиб қолди.

Устахонада асосан аёллар ишлашарди. Юк ортиш, юк тушириш каби оғир юмушларни отаси ёллаган бир-икки эркаклар бажарсалар-да, чодир тикмоқликнинг бутун заҳмати аввало аёлларга тушарди. Ҳозир эса биронта эркак кўринмас, уларнинг отаси билан бирга шаҳар ташқарисидаги ерларини экишга тайёрлаш учун кетганлигидан Умар бохабар эди. Устахонадаги юмушларга онаси корфармолик қилмоқда эди.

Оллоҳ таолло аёл зотига жумла неъматларидан энг аввало забонни ато этганлиги маълум. Айни дамда кенг сўриларнинг тўрт томонига ўтириб олган аёллар ҳам чодир тикмоқ ҳамда сўзламоқ ила банд эдилар. Умарнинг кириб келганлигини бирови пайқади, бирови пайқамади.

-Вой, мулло Умар ҳам бор эканлар-ку! -дея шодон сўз қотди уни биринчи бўлиб кўрган ёшгина жувон.

ҳаммаларининг нигоҳлари болакайга қадалди. Ростдан ҳам улар Умарни қиш бўйи кўрмагандилар. Шунинг учун барчалари ишларини қўйиб, неча бор эшитиб, гувоҳи бўлганлари фавқулодда истеъдод соҳиби деб аталмиш йигитча билан кўришмоққа тутиндилар.

Шу пайт кўча томондаги эшикдан ажиб бир наъра эшитилди. Эҳтимол бу овозни наъра дея атамоқлик хатодир, зеро у дарвишларнинг жаҳрий зикрларини ёдга солувчи бағрнинг туб-тубидан отилиб чиқаётган ҳароратли ўртаниш эди. Ҳамма ўша ёққа қаради. Эшикдан қадди хиёл букилган бир пиразан (кампир) кириб келарди. Унинг уст-боши жулдур ва шунга монанд равишда кир-чир эди. Буткул оқарган, бироқ кирлигидан кулранг тусга кирган сочлари паришон тўзғиган, не фурсатлардан буён таралмагани боис қўйнинг пўстагига қиёс қилгулик аҳволга келганди. Бошида кўхна кулоқ, ўнг илкида эгри-бугри асо, сўлида эса мухтасар кўза-май учун аёқ. Қўллари озғин, қоп-қора, бармоқлари узун-узун, устихонлари баралла намоён турадилар. Юзи ҳам қоп-қора, тўғрироғи, кўкимтир қора, унга кўзи тушган одамнинг бир сесканиб қўймоғи тайин. Фақатгина кўзлари, нигоҳи... Унинг ана ўша кўзлари ва бояги хазин, шунингдек, мардона наъраси, ўртаниши чор атрофни ёритиб юбораётгандек туюлади. У ўз сасига монанд тебраниб, паҳлавий тилида байт ўқимоқда, балки куйламоқда:

Дилинг зулмга ҳеч тўймайди, ё раб,

Кўзингга ёш келмас ҳолимга қараб.

ғизиғи-сени мен жондан дўст тутсам,

Юз минг ёвдан баттар сен ажал талаб.

Аёллар «Биби Мастона! Биби Мастона!» дея чуғурлаб қўйдилар.

Пиразан-Биби мастонанинг овози сеҳридан Умарнинг вужуди жимирлаб кетди.

-Авлиё хотин-да бу Биби мастона!-деди кимдир аёллар ичидан.

Аёллар Биби Мастонани олдинлари ҳам бир неча маротаба кўришган, аммо Умар унга илк бор йўлиқиб турганди.

Икки нигоҳ тўқнашди. Иккала нигоҳда ҳам ҳайрат зоҳир эди. Инкори тан пиразан рўпарасидаги болакайнинг ҳарирдай вужуди ҳамда нигоҳидаги маънодан ҳайратланаётган эрса, азимуш шаън китоб хатмидан ҳам зоҳиран ва ҳам ботинан покланган ўсмир Биби Мастонанинг шиддати ҳамда кўзларидаги нурдан ҳайратга тушмоқда эди.

Пиразан уни ўзи томон имлади. Умар беихтиёр унга яқинлашди. Нигоҳлар эса мудом бир-бирларига қадалганди. Биби Мастона асо тутган ўнг илки ила боланинг бўйнидан қучиб, бағрига олди. Умарнинг юзи унинг кўксига кўмилди. Бу бағр шу қадар оташли эдики, Умар юзини оловга теккизиб олгандай ҳис қилди ўзини ва нафаси бўғилиб, юз-кўзлари куяётгандек туюлди. Аммо кампир унинг бўйнидан қисганча тураверди. Умар бутунлай бўғилиб қолди, жон халпида нозик қўллари ила олов бағридан халос бўлмоққа уринди. Уринишлари бекор кетди. Ниҳоят ожиз бир силтаниш ортидан жим қолди. Ҳудди шу пайт Биби Мастона уни бағридан озод этди. Боланинг кўзлари қинидан чиққудай турар, бўғзидаги сўнгги ҳавони ютишга уриниб силтанар, юзи қип-қизариб кетганди. Пиразан шақирлаб кулиб юборди.

-Во-оҳ!.. Куйиб қолдингми, бўтам?!- деди дўрилдоқ овоз ила ва сўл илкидаги аёқни боланинг оғзига тутди. Тирсаги билан унинг бошини хиёл кўтарди-да, очиқ оғзига май қуйиб юборди.

Боланинг кўзлари баттар олайиб кетди. Силтаниб-силтаниб, ютоқиб-ютоқиб бир неча қултум май ютди. Пиразан уни қўйиб юборгач, бир-икки қадам гандираклади-да, ҳузурли бир хўрсинибми, оҳ урибми, ерга қулади.

Бўлиб ўтган воқени ҳайрату қўрқув ила кузатиб турган аёллар шундагина ўзларига келдилар ва ув тортиб, Умар сари интилдилар. Барча у билан андармон қолганлиги боис Биби Мастонанинг қачон, қандай ғойиб бўлганини биров сезмай қолди.

Умар кўзини очиб, боши узра афтодаҳол ўлтирган падари-ю волидасига кўзи тушди. Ҳа, шундай бўлди, бироқ уларнинг қиёфаси кўз ўнгида бир бора йилт этди-ю ғойиб бўлдилар. Сўнг унинг нигоҳи оппоқ нурга тўлди ва боши ул нурга қўшилиб гир-гир айланаверди. У томоғига қадалиб турган нимарсани ютмоққа саъй қилди ва шунинг учун юзи тиришиб кетди. «Болам!» деган йиғи аралаш сас келди узоқдан-бу волидасининг ноласи эди. Кимдир бошини силади-бу кафтнинг оғир ва катталигидан отасиники эканлигини пайқади.

-Қўрқма, онаси, иссиғи тушибди.-деди таниш овоз, бу отасининг овози эканлигини кейинроқ фаҳмлади.

Демак, истималабди-да. У аста-секин ўзига кела бошлади. Кўзи равшанлашиб бораркан, хонани хира ёритаётган мойчироқни илғаб, аллақачон кеч кириб улгурганини англади.

У ҳамма нарсани тўла идрок эта бошлагач, шуурида нечукдир эврилиш рўй берганлигини тушунгандай бўларди. Бу эврилиш шундан иборат эдиким, ҳар нимарсанинг чети, чегараси аниқ-тиниқ кўринар, оқ ила қора, нур ила савод (зулмат) яққол намоён бўлаётгандек туюларди. Ҳатто меҳрибон ота-онасининг хавотирли нигоҳларидаги беназир меҳр ҳам балқиб, бўртиб кўринарди.

-Тузукмисан, болам?-дея сўради отаси мудом унинг юз-кўзларини силаркан.

-Менга не бўлди, ота?-деди Умар саволга савол ила, кўзларини пирпиратиб.

-Оллоҳга шукр!-деб қўйди онаси йиғламсираб.

-Кўкламда об-ҳаво илғаб олади-да, ўғлим.-деди отаси жилмайишга уриниб.

Биби Мастона ҳозир Умарнинг ёдида йўқ эди ва не бўлганини ростдан ҳам англаб етмаётганди. Бироқ падару волидаси ҳам ул ғалат пиразанни на эсламадилар, на қарғамадилар. Эҳтимолки уни ёд этиб, болани тақи қўрқитиб қўйишлари мумкинлиги хаёлида шундай қилаётган бўлсалар ҳам ажаб эмас.

Онаси пиёлада гиёҳлардан тайёрланган дору келтирди. Отаси унинг бошини ёстиқдан узиб, доруни ичирди. Бироқ энди бола ўзини кучсиз, ҳолсиз сезмасди, табора қувватга кираётганини ҳис қилмоқда эди.

-Онажон, ғамнок бўлмангиз!-деди Умар шодон товушда, дадиллик ила бир қўзғолиш олиб. -Сиҳатим соз. Фақат егу (таом) истайдурмен, онажон.

Онаси хурсандлигидан қалқиб кетди. Кўзлари ёшга тўлиб, жилмаяркан, шошиб қолди:

-Егу? Вой, егу деган тилларингга жоним садоға, болам! ҳозир... -У ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди. Ҳеч қанча муддат ўтмай бир коса суюқ таом ва мис патнисда бир жуфт нон олиб кирди. Хонтахта устига дастурхон ёзиб, егуларни қўяётганда, Умар отасининг кўмагида ўрнидан туриб ўтирди. Унинг ўз қўлига қараб қўйганини сезган отаси, муддаосини англаб, онасига ишора қилди. Бироқ Умар волидасинин уринтирмоқликдан истиҳола қилиб, ўрнидан қўпмоққа саъй этганида отаси елкасидан тутди:

-Хижолат тортма, ўғлим! Андак қувватга киргунча қўзғалмаганинг маъқул.-деди мулойимлик ила.

Умар отасининг истагига ризолик билдирган каби итоаткорона тин олди.

Онаси келтирган чилобчин ва обдастада юз, қўлини ювиб, оғзини чайқади. Сўнгра шошилмай енгил таомланди ва падарининг сўзига биноан яна болишга ёнбошлади.

Иброҳим чодирдўз ўғлининг кенг пешонасини силаркан, ҳайбату ҳайрат балқиган кўзларига термуларди.

-Тузукмисан ишқилиб, болам? Кўнглингда бирон мушкуллик бўлса айтақол, ўғлим!-деди у боласининг безовта нигоҳидан ташвиш чекиб.

Умар отасига чуқур бир хаёлдан чалғиётгандек тикилди.

-Соғлигим яхши. Асло қайғурмангиз, отажон.-У токчада милтираётган мойчироққа ўгрилди.-Фақат бошим бўм-бўшдек. Оллоҳ таолонинг буюк ижоди бўлмиш бу олам, бу коинотга боқиб, қалбимда улуғ бир ҳайрат ва ҳатто ваҳм туғёнга келадир.

Отаси унинг сўзларини англамади, бироқ «нечук, ўғлим?» деди беихтиёр.

Умар яна отасига қайрилди.

-Сўзларимдан ўзгача ўйга бормангиз, ота, ақлу хушим жойида. Бу кўҳна олам биносини англамоқ истайдурмен, бас... -У ўйчан бир қиёфада сўзини давом эттирди.-Устоз Арасту дейдики-замин бу курра шаклида ва у коинотнинг марказидир. Архимедус эса ернинг думалоқлигини, бироқ у оловли булут, яъни Қуёш атрофида айлангувчи кичикроқ сайёра эканлигини тасдиқлайди. Сўнг... -Умарнинг қошлари чимирилди.-Анови токчада турган Батлимус (Птолемей)нинг «Алмажастий» деган китоби. Уни биз мадрасада ўрганамиз. Унда айтилишича ҳам замин думалоқ, лекин ҳаракатсиз. Ер атрофида нурафшон бир жисмлар айланадилар. Улардан Ерга энг ёвуғи Ой муҳити. Ундан сўнг Аторуд (Меркурий), сўнг Зуҳро (Венера), ундан сўнгра қуёш, Мирриҳ (Марс) ва бошқа муҳитлар мужассам. Саккизинчи муҳитда эса юлдузлар жойлашган. Ниҳоят тўққизинчи муҳитда бирламчи онг, яъни уларнинг барчасини, бутун коинотни ҳаракатлантирувчи Меҳвари Муаззам барқарор. Бу энди Батлимуснинг фикрлари.

Улуғ Беруний эса қадим ҳиндларнинг илми донишларига асосланиб, «Ер ҳаракатда, самолар ҳам ҳаловатсиз» дейди..

Иброҳим чодирдўз ўғлига ҳайрат ва қўрқув ила тикилиб турарди.

-Бизнинг замин коинот каҳкашонида бир заррадайин заиф вужуддир. Эҳтимол ўшал олис муҳитларда биз каби жонзотлар бордур. Ақл кўзи билан бир боқинг, отажон, Яратувчи айлантираётган чархдаги Ой, Миррих ёки бошқа сайёралар эмас, нега энди айнан Ер бағри муҳитнинг ўзаги ҳисобланади? Нега?!..

-Оллоҳ билгувчидир, болам. Ҳар неда Оллоҳнинг иродаси мужассам.

-Рост айтдингиз, ота!..

Умарнинг кўзлари кенгайиб, чақнадилар. У яна гапини давом эттирмоққа чоғланганда, отаси уни чалғитмоққа уринди, чунки омий чодирдўзнинг кўнглида ўғлининг аҳволидан хавотир пайдо бўлганди.

Ўшанда ёшгина Умар ўзидан аввал ўтган устозлари -Арасту (Аристотель), Афлотун (Платон), Батлимус, Жолинус (Гален), Беруний, Ибн Сино, Фаробий, Ибн ҳайсан, Ар Розий, Ал Хоразмий, Харроний, Баттоний ва ниҳоят кейинчалик бир умр асарларидан илҳомланган ғойибона устози Уқлидус (Евклид) ҳақида, уларнинг асарлари, баҳри муҳитни англаш борасидаги фикрлари хусусида гапирмоқчи, гапирганда ҳам узоқ-узоқ, бутун вужуди ила гапирмоқчи бўлганди. Лекин унга аввало отаси, сўнгра ўзидаги андиша монелик қилди. Ўша ҳолатини, вужудини қамраган эҳтирос, оташни ҳали ҳануз қўмсайди ва ўша кунги воқеани такрор-такрор эслайди. Ким эди ул пиразан? Жону жаҳонини мудом ёндиргувчи оловни солган ул мастона зот қай каромат соҳиби эди?! Шу кундан бошлаб у ҳам қалбан, ҳам жисман улғайиб борди. Боши ақлга, билаги қувватга тўлаверди...

2

Хайём Микоил узатган майли пиёлани оларкан, узоқ-узоқлардан келаётгандек эшитилгувчи сас ила айни дамда туғилган рубоийни ўқиди:

Хушёр бўлсам, мендан хурсандлик йироқ,
Маст бўлсам, ақлимдан ажраймен бироқ.
Мастлигу хушёрлик оралиғи бор,
Ҳаёт шу, унга қул бўлсам яхшироқ.

У юзига фотиҳа тортди-да, шаҳд ўрнидан турди. Риндоний ва Микоил ўринларидан қўпишиб, кузатмоққа шайланиб эдилар, бир ишора ила изн бермади. Ҳужра эшигидан чиқиб, энди ўнг ёққа қайрилди. Бир-икки қадам босгач, расадхонанинг қорайиб кўринган улкан гумбази устида-ойдин осмонда жимирлаётган юлдузларга тикилиб қолди. Нигоҳи ортидан шуури ҳам ўшал юксакликларга интилди. Интиларкан, вужуди нимадандир фориғ бўлиб бораётгандек туюлди ва шу енгиллашиш асносида оҳиста одимлар билан ўз ошёни сари юрди...

Бир силтанди-ю жойнамоз устида ўлтирганини, илкида тасбеҳ ва тилу дили зикруллоҳ ила машғуллигини пайқади. Бутун вужуди, қалби хил-хил эриб бормоқда эди. Ашкли кўзлари бир нуқтага қадалган, ҳўл лаблари титрайди.

-Ла илаҳа иллаллоҳ, ла илаҳа иллаллоҳ, ла илаҳа иллаллоҳ!..- Бу гўзал сўзлар адоғсиз эди.

Бир замон ўзига қайтиб, юзига фотиҳа тортди ва ўрнидан тураркан, «Одами шуаро»нинг ушбу шеърини эслади:

Шу оддий кўз билан боқмагил, балки
Билим кўзи ила боқгил жаҳонга.
Жаҳон дарё эрур, яхши ишингдан
Кема ясаб ўтгил нари томонга.

Хобгоҳ сари ўтди. Айни дамда канизак Пармудага айтган сўзини эслаб, хижолатли жилмайди.

-Интиқ бўлгандир шўрлик!..

Бироқ энди вужудидаги бояги оташ сусаймоқда эди.

Олтинчи боб

1

Тонгга яқин туш кўрибди: гўё еттинчи осмонга кўтарилганмиш. У ердаги гўзал бир масканда башар аҳлининг жамики улуғлари йиғилганмиш. Хайём уларнинг ўртасида турар, бир ёнида Ибн Сино, иккинчи ёнида Уқлидус жой олган бўлса, атрофида Арасту, Жолинус, Фаробий, Ал Хоразмий, Беруний ва бошқа у таниган-танимаган зотлар қатор-қатор саф тортганмиш. Барчалари хушнуд қиёфада эмиш. Бир пайт қибла ёқда улкан олтин кўшк пайдо бўлибди. Устида боши фақатгина нурдан иборат киши ўлтирар, унинг юзига боқмоқликка ҳеч бир нигоҳ дош беролмасмиш. Ҳшал зотнинг ишораси ила Ибн Сино Хайёмнинг елкасига заррин чопон ташлабди. Барча «Муборак! Муборак!» дея олқишлабди. У мислсиз бир ички туғёнли орзиқиш билан кўшк сари ошиқибди. Не бўлибди-ю кўшк туйқус силтаниб кетиб, нурли тўлқин унинг кўзига урилибди...

Шоир алланечук кайфиятда, руҳий зўриқиш оғушида уйғонди. Ҳамон туш таъсиридан чиқолмай шифтга термулиб ётаркан, намози бомдодга чорлаётган муаззин овози олис-олислардан эшитилаётгандек туюлди. У шуурининг туб-тубида кўшкда ўлтирган уз зоти мукаррам Расулиллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам эканлигини англар, лекин муборак юзини кўролмаганлигидан ўзича маъно чиқариб, изтиробланарди...

Нонуштадан сўнг вазири аъзам Низом ул Мулкдан чопар келиб, чошгоҳ маҳали ҳузури муборакда бўлмоғи лозимлигини етказди. Улуғ Султон машварат ўтказмоқликни ихтиёр этибди.

Чошгоҳда Хайём Султон саройининг жамики аъёнлари ила хосхона бўсағасида ҳозир турарди. Барча Султон дийдорига интиқ эди. Айниқса, амирул шуаро Шамсиддин Қазвиний безовта турар, кўзларининг олазарак боқишидан, қўлларини қаерга қўйишини билмагандай тез-тез қимирлатиб қўяётганидан ҳукмдор ила бўладиган бу учрашувга ошиқаётганлиги ва ул зотнинг шоҳона мурувватидан умидворлиги сезилмоқда эди. У Хайёмга қайта-қайта қараб қўяр, уни илк бор кўрганида бош силкиб саломлашган бўлса-да, энди ўзини мағрур тутишга уринарди. Хайёмнинг хотиржам нигоҳи ҳар сафар унга тушганида у кўксини тобора кериб, бошини ҳам тик тутиб, мағрур кўринишга интиларди. Бироқ бунинг уҳдасидан чиқолмас, чунки унинг виқорли, салобатли кўринмоғи учун ҳамиша ўйнаб тургувчи дум-думалоқ митти кўзлари монелик қиларди. Қолаверса, унинг жуссаси анчайин кичик эдики, эгнидаги либослари шалвираб кўринарди. Юзи кичкина, тағинки бир зувала хамирни бир муштлаб туриб, ўртасини чимдиб қўйгандек пачоқ эди ва буларнинг бари унинг кибор кўринмоғи учун халақит берарди.

Ниҳоят ҳузури муборакка ижозат бўлди. Аркони давлат ўз мавқеларига қараб бирин-сарин хосхонага кира бошладилар. Улар эшикдан кирибоқ улкан тахтда мағрур ўлтирган Султонга таъзим бажо айлашар ва сўнгра икки тарафга тизилишарди. Султон Маликшоҳнинг ўнг ёнида вазири аъзам Низом ул Мулк турарди. Хайём ўз мавқеига кўра вазири аъзамнинг ўнг ёнидан жой олди. Султоннинг сўл ёнида эса соҳиби фатво, Салжуқийлар салтанатининг бош имоми, муҳтасиб (шариат назоратчиси) Саййид Муҳаммад Бадрий, султоннинг иниси Муҳаммад Такаш, сўнгра шоирлар амири Қазвиний ва бошқа аъёнлар саф тортдилар. Салжуқийлар салтанатининг давлат бошқаруви тизимидан бохабар киши аъёнларнинг жойлашувига қараб уларнинг қай бири не мансабда эканлигини дарров пайқамоғи мумкин эди. Хўш, дунёнинг катта бир қисмини эгаллаган бу мамлакатнинг идора тизими қандай эди?

Салжуқийлар салтанатининг ҳукумат идораси икки улкан девонга-девони хос ва девони олийга бўлинган эди. Девони хос- бу султоннинг шахсий девони бўлиб, у султонлар сулоласининг уруғ-аймоғи, қўйингки, султоннинг номи ила боғлиқ барча меросий нимарсаларни тасарруф қиларди. Унга султоннинг жамики мол-мулклари, ерлари кирарди. Бутун-бутун вилоятлар ҳам унга бўйсуниб, солиқлар тўларди ва бу солиқлар девони хосга келиб тушарди. Давлат ғазнаси ҳам бевосита мазкур девонга кирар ва унда султоннинг борки олтин-кумушлари, жавоҳирлари ҳамда қимматбаҳо буюмлари сақланарди.

Девони олий эса ўз навбатида тўртта йирик девондан ташкил топганди. Улар девони туғри, девони истифо, девони ишроф ва девони арз деб номланарди.

Девони туғро султоннинг фармонларини, турли номаларини ва умуман давлат ишларини бошқаришдаги топшириқларини тасарруф этарди. Бу идоранинг бошлиғи туғройи деб аталар ва у ҳукумат ишига оид барча ҳужжатларни ҳукмдорга олиб кириш ҳамда унинг муҳрини шахсан бостириш ҳуқуқига эга эди. Туғройи давлат бошқарувига келиб тушадиган ва ундан чиқадиган барча ҳужжатларни, хабарларни, элчилик фаолиятига оид халқаро иш қоғозларини қатъий бир тарзда текширар, шунингдек, ёрлиқ ҳамда фармонлар, барча расмий қоғозларнинг тўғри юритилишини, берилишини назорат қилмоққа, ниҳоят давлат сирларини сақламоққа бурчли эди.

Салжуқийлар салтанатида расмий иш юритиш асосан форсий тилда, халқаро ёзишмалар эса кўпроқ араб тилида олиб бориларди. Бироқ жамики салжуқлар сулоласининг эл аро муомалатида ва ҳатто шахсан олампаноҳнинг гоҳо сезилгувчи ихтиёрида ҳам туркий тилнинг гўё камситилишидан оғриниш сезилиб турарди. шул боис Султон Маликшоҳ туркийда сўзлагувчи амалдорларга, шу тилда лутф этган фузалоларга гоҳо рағбат ҳам этгувчи эди. Лекин азалий расмий тил форсий ва арабий экан, туғройидан ҳар икки тилнинг нозик жиҳатларини, истиораларини пухта билишлик талаб этиларди. Бундан ташқари, у гўзал ҳусниҳат соҳиби бўлмоғи, арабий имлога хос барча ёзув усулларида бемалол ёза олгувчи ҳаттот бўлмоғи зарур эди.

Девони истифо ҳам бу салтанат идора усулида катта ўрин тутарди. Унинг пешвоси мустоуфий деб номланарди ва у ўз мартабаси бўйича учинчи одам ҳисобланарди. Мустоуфий давлатнинг молиявий юмушларини идора этарди. Девони истифо давлатнинг кирим-чиқим маблағлари, солиқ ва бошқа тушумларнинг, шунингдек, ғазнадаги мол-мулкларнинг ҳисоб-китобини қиларди. Девони хоснинг ҳисоб-китоб ишлари ҳам айни шу девон зиммасига юклатилганди. Мамлакат миқёсидаги ерларнинг, кимнинг мулки бўлишидан қатъи назар, хатлаб берилиши ҳам девони истифо хасми-ҳаққига мансуб эди.

Девони ишроф эса давлатнинг олий назорат идораси ҳисобланарди. Бу девон бошлиғи, яъни мушрифнинг вазифаси молиявий ва солиққа оид ҳисоб-китобларни назорат қилмоқ ҳамда тафтиш этмоқдан иборат эди. Ҳуфия хизмат ҳам мазкур девон тасарруфига кирарди. Маҳфий хизмат ва назорат, у орқали мамлакатнинг ички аҳволидан огоҳлик қудратли салжуқлар давлатининг асосий таянчларидан бири эди. Буни вазири аъзам жуда яхши биларди ва шунинг учун ҳам Маликшоҳ ҳамда авваллари унинг соҳибқирон падари бузруквори Алп Арслон ҳазратларига мушрифлик мансабига энг ишончли, садоқатли кишиларни тайинламоқ лозимлигини таъкидлаб келарди. «ҳукмдор амалдорлар борасида ҳеч қачон эҳтиётсизлик ва бепарволикка йўл қўймоғи мумкин эмас, ҳамиша уларнинг ҳаёт тарзларидан огоҳ бўлмоғи жоиз. Токи мушриф юқори масабдорларни маҳфий равишда назорат қилиб бормоғи ва у амалдорнинг ишлари хусусида ҳукмдорга мунтазам хабар етказиб турмоғи лозим.»-дерди. Низом ул Мулк ҳамиша.

Шунингдек, салжуқийлар ҳукуматида ҳарбий идора-девони арз ҳам мавжуд эди. Унинг бошлиғи «Ариз ал жойиш» деб аталарди.

Давлатни идора этувчи бу девонларнинг барчаси мамлакатнинг ҳамма вилоят ва шаҳарларида ўз бўлимларига эга эди.

Бағоят мукаммал бўлмиш мазкур идора усулини Низом ул Мулк жорий этганди. Айни дамда ҳузури муборакда жамики девонларнинг бошлиқлари ҳам ҳозир эдилар. Бироқ улар ўз ишлари ҳақида вазири аъзамга аллақачон ҳисоб бериб бўлганликлари боис хотиржам қўл қовуштириб турардилар. Султон уларга у қадар назар қилмас, ўз навбатида вазири аъзам ҳам девонлардаги аҳвол ва ишлар хусусида олампаноҳга ҳисоб бериб бўлганди. Мазкур машваратдан мурод эса кўпчиликка маълум бўлган кўкламги юмушларнинг ва умуммамлакат миқёсидаги бошқа зарурий тадбирларнинг режасини тузмоқдан иборат эди. Яъниким салтанатнинг асосий ҳаётий зарурати бўлмиш экин-тикин ва заминкорлик борасидаги муҳим ташвишлар эътибори олийга молик эди. Буларнинг ҳисобини олмаган ҳукмдор бу кун эрмаса-да, эртага боши берк манзилга рўбарў келиб, авомнинг норизолигига ва ҳатто нафратига гирифтор бўлмоғи шубҳасиз.

Тахт ниҳоятда улуғвор эди. Жимжимадор нақшлар билан безатилган, суянчиқлари кунгурадор, султон илкининг ҳар икки кафти ўрнашадиган жойига шер тасвири туширилган. Улуғ амакиси ясаттирган бу тахтда савлат тўкиб ўлтирган ёш султон Маликшоҳ кишига қаттиқ тикилгувчи эди. Унинг ёши эндигина йигирма бирга тўлаётган бўлса-да, шамойили улуғ кўринарди. Бу эҳтимол шоҳлик салобатидан эди, аммо юз сўнгакларининг бўртиб туриши, иякдор ва елкадорлиги, ниҳоят эрта қалинлашган қоп-қора калта соқоли ҳам унинг қиёфасига улуғлик бахш этарди. Насли туркий қавмнинг саҳройи уруғларига бориб тақалгувчи султон чинакам бақувват ва мардона сувратли одам эди. Бошидаги соф олтиндан ишланган султонлик тожига туташган йўғон қошлари остидаги хиёл қисиқ кўзларига ҳар нечук инсоннинг тик боқмоғи мушкул эди. Ҳозир ҳам у аъёнларининг барчаларини бир-бир назаридан ўтказди. Кўзи тушганки одам бир безовталанар, нигоҳини ёхуд қўлларини қаерга яширишини билмай қоларди.

Тахтнинг ортида икки забардаст занжи қўлларини кўкракларида қовуштириб, ҳайкалдек қотиб турар, лекин совуқ нигоҳлари сергак эди. Улар султоннинг хос соқчилари эди.

Султоннинг сезилар-сезилмас ишораси ила вазири аъзам аста томоқ қириб олди-да, ўктам овозда машварат муддаосини баён этди. Унинг шаҳар ташқарисидаги иқталарни (маълум хизмат эвазига турли мансабдорларга тортиқ қилинган ерлар) ва улардан олинадиган ҳосилларни тартибга солмоқ, баҳорги экин-тикин юмушларини бошламоқ, юртнинг уруғликка бўлган эҳтиёжини қондирмоқ, Наврўз байрамини нишонламоқ, мадраса-ю расадхона ислоҳлари борасида айтган умумий сўзлари унчалик узоқ чўзилмади. Ниҳоят султоннинг бу зарурий юмушлар хусусидаги ихтиёрини ҳам ошкор этди. Айниқса, Исфаҳондаги Низомия ва бошқа мадрасаларнинг бепул деб эълон қилиниши ҳамда уларга сарфланадиган маблағларнинг давлат томонидан қопланиши ҳақидаги хуш пайғом аҳли аъённинг олқишига сазовор бўлди. Айни дам казвиний ижозат ила олдинга чиқиб, ҳукмдор шаънига жимжимадор сўзлардан тузилган мақтовларни ёғдирди ва султонга бағишланган неча кунлар аввал битиб, ўқимоқ учун маврид кутгани ашъорини қўйнидан олиб, куйиб-пишиб ўқимоққа тушди. Шоирлар амири янглишмаганди-унинг таъма ўқи нишонга тегди, яъни султон қасидадаги ҳамду санолардан мум каби эриди. Кибр ила қошларини кериб девонбегини чорлади ва Қазвинийнинг елкасига хилъат (заррин чопон) ёпмоқни амр этди.

Қазвиний султонга боши ерга теккудай таъзим қиларкан, пайт топиб Хайёмга ғолибона назар ташлаб қўйди. Хайём шоирлар амирининг бу хушнудлиги-ю у эришган туҳфага ҳам беэътибор турар, бироқ мадрасаларнинг бепул қилинганлигидан дил-дилидан шодланмоқда эди. У бу эзгу амалларнинг ижодкори вазири аъзам эканлигини билар ва унингдайин донишманд зотнинг тадбирларини қўллаб-қувватлагувчи ҳукмдор борлигидан мамнун турарди. Дарҳақиқат, номи бутун мусулмон дунёсига тараннум бўлган вазири аъзам қудратли салжуқлар салтанатининг ишонган устунларидан бири эди. Уни Маликшоҳнинг падари бузруквори Султон Алп Арслон саройга келтирган ва таъбир жоиз бўлса, ундаги буюк истеъдодни кашф этиб, қадрини юксакка кўтарган эди. Шунинг учун валиаҳдининг тарбиясини унга ишонган ва рихлат маҳали ўғлининг ҳамда салтанат тақдирини унга топширган эди. Эл бахтига, вазири аъзам таъсиридами, ёш султон илмпарвар, динпарвар, шунингдек, фузалопарвар бўлиб чиқди. Яъни Низом ул Мулкнинг таклифларини инобатга олиб, жамики олиму фузалоларни Исфаҳонга йиғмоққа тушди. Бунинг ортидан бошкентнинг шуҳрати етти иқлимга таралди.

Вазири аъзам Наврўз байрамини нишонламоқ, унга тадорик кўрмоқ ва кетадиган сарф-харажатлар хусусида сўзлади. Сўзини тугатаркан, султоннинг хоҳишига баноан баъзи аъёнларга топшириқлар берди. Сўнгра олампаноҳнинг янги тақвим жорий этмоқ ҳақидаги ихтиёрини баён этди. Аслида бу амалнинг бошида ҳам вазири аъзам ила Хайём турардилар. Шунинг учун вазир бу борадаги фикрини ва мулоҳазаларини билмоқ истагида Хайёмга қаради.

Хайём бироз олдинга чиқиб, ҳукмдорга таъзим бажо этаркан, мардона жарангдор овозда сўз айтмоққа киришди:

-Филҳақиқат, олампаноҳ ихтиёр этган бу улуғ юмушда улкан маъни бор. Барчага аёнки, биз қўллаётган ҳижратга молик қамарий йил шамсий йилдан ўн бир кунга қисқадир. Бу фарқлилик эрса бисёр мушкулотларга рўбарў этмоқда. Шул боис йил ҳисобини ислоҳ қилмоқ ва ҳукмдоримиз шону шавкатига муносиб тақвим тадбиқ этмоқ мақсади олиймиз эрур.-Хайём Султонга яна таъзим қилди.

Султоннинг бу сўзларга хайрихоҳлигини билиб, барча Хайёмнинг фикрини овоз чиқариб тасдиқлади.

ҳақиқатан ҳам салжуқийлар мамлакатида бир вақтнинг ўзида иккита тақвимдан қамарий ва шамсий йил ҳисобларидан фойдаланардилар. Шамсий тақвим асосида шамсий йил ётади, яъни заминнинг Шамс (қуёш) атрофида айланиш даври 365 кеча-кундузи 5 соат, 48 дақиқа 46 сонияга тенг ва мана шу муддат бир йил ҳисобланади. Қамарий тақвим асосида эса Қамар (Ой)нинг замин атрофида айланиш даври муддати мужассам. Бу муддат 29 кеча-кундуз 12 соат 44 дақиқа 3 сонияга тенг. Шундай қилиб, ўн икки ойдан иборат қамарий йил 354 кеча-кундуз 8 соату 48 дақиқа 36 сонияга тўғри келади. Демак, шамсий йилдан ўн бир кун қисқа бўлган қамарий йил баҳорги экин-тикин юмушларида ноқулайликлар туғдиради. Бу борада шамсий йил ҳисоби жуда қўл келади. Натижада қамарий йил ҳисобидан диний ва ҳукумат ҳужжатларини юритишда, шамсий тақвимдан эса деҳқончилик юмушларида фойдаланилади.

Хайём йил ҳисоб-китобларига оид тақвимлар тарихидан жуда яхши бохабар эди. У қадимги форслар сулоласининг асосчиси шоҳ Гуштасп даврида дунёга келган Зардўшт ва унинг дини ҳақида кўп фикр-ўй қилган. Ҳшанда шоҳ Зардўшт динини қабул қилган ва йил ҳисобини ислоҳ этиб, Наврўзга асос солган. Унинг тақвими то Искандар Зулқарнайн замонасигача умр кўрган. Шундан кейин одамлар яна қадимги анъаналарга қайтишиб, бутунлай хатоликка юз тутганлар. Бу кечмиш сосонийлар сулоласининг асосчиси шоҳ Ардашер давригача ҳукм сурган. У ҳам тақвимга ислоҳ киритиб, улкан байрам жорий этган ва уни Наврўз деб номлаган. Хайём буларни жуда яхши биларди ва ҳатто пайти келиб Наврўз ҳақида бир рисола битмоқ орзуси ҳам бор эди. Номи афсонага айланган, эл оғзида кўп ҳурматга сазовор, сосонийлар сулоласининг асосчиси Нўширавони Одил замонасида Наврўзнинг ривож топиши, Аббосийлар халифаси Маъмун даврида Қуёшни кузатишлар ва у ҳамал буржига кирганда Наврўзни нишонлашнинг жорий этилиши-буларнинг бари Умар Хайёмга маълум эди. Эҳҳе-е, бу жафокаш ва лекин ҳамиша тўлин қиздек табассум ила кириб келгувчи ҳамда кўнгулларни сарафроз этгувчи Наврўз не-не замонларни-ю не-не ҳукмдорларни кўрмаган. Ҳатто уни мажусийлар байрами дея таъқиқ этганлар ҳам бўлган. Бироқ ҳаётбахш Наврўз мудом яшамоқда.

Ўша ўтган замонлардаги тақвим ислоҳларида йил ҳисобига ҳаммаси бўлиб ўн олти кун қўшилиб қолган эди. Яъники ҳар бир ислоҳ киритган ҳукмдор кабиса (ҳар тўрт йилда келадиган 29 феврали бор йил) йил ҳисобига бир кундан қўшаверган. Ислом таянчи, муслимлар ҳомийси буюк Маликшоҳ ҳазратлари замонасига келиб, яъни айни дамда ана ўша хатоликларни тузатишга амр этилмоқда эди. Бу ҳукми олий юлдузлар ошноси бўлмиш Хайёмни беҳад хушнуд этмоқда эди. Зеро у ҳозир тунги-Риндоний ва Микоилнинг ҳужрасида ўлтирган бағри чок шоирга мутлақо ўхшамасди. Султоннинг қаршисида салобатли мударра салласини (мударрислар ўрайдиган катта салла) ўраб, зарбоф чакмон кийган адл қоматли, юзида ғурур акс этган олим турарди.

-Биздин не тилак этурсиз?-дея сўради ниҳоят илк бора сўз айтган Султон. -Расадхона юмушлари бароридами? Харажатлар нечук?

Хайём тағин қўл қовуштириб, таъзим қилди-да, жарангдор овозда деди:

-Олампаноҳнинг буюк давлатлари соясида ҳамиша омондамиз. Расадхона қурилиши жадал бормоқда, сарф-харажатлардин мустарлигимиз йўқ. Оллоҳ султонимизнинг давлатларини яна-да зиёда қилғай. Биргина мушкул бизни қийнайдур...

-Сўйлангиз!-Султон Хайёмга қаттиқроқ тикилди.

Хайём мулоҳазакор ва андишали оҳангда деди:

-Ҳазрати олийлари бохабардирларки, расадхонамизда улкан устурлоб (телескоп) бино этмоқ юмушлари ниҳояланмоқда. Вале сағирни кабир этгувчи шишаи олмос-заррабинга эҳтиёжимиз бордур. Бундайин олмос алкимё илмининг устолари бўлмиш мажусийлар даргоҳида мавжуддир...

Султоннинг овози кескинлашди:

-Нечук сўз? Ақчага муҳтожлиғинғиз борму? -Султон туркий сўзларни аралаштириб сўзларди. Бу, демак, унинг ҳаяжонланаётганидан ёхуд ғазабга келаётганидан дарак берарди. (Ва умуман султоннинг лафзидан учгувчи «нг» товуши «нғ» тарзида эшитилардики, бу унинг асли турк ўғизларидан эканлигини эслатиб турарди.)

Хайём султоннинг овозидаги ўзгаришни мажусийларни тилга олганидан ғазабланаётганга йўйиб, бироз саросималанди.

-Маблағга муҳтожлигимиз йўқ. Хуршиди оламнинг ҳиммати олийлари барча юмушларимизни бисёр таъмин этмиш.

-Унда не сабаб?

-Мен бу ишга ижозати олийни олмоқ истагинда сўзлаб эрдим. Илло Ислом таянчи бўлмиш султон ҳазратларининг расадхонасида мажусийларнинг буюми...

Султон Хайёмнинг сўзини бўлди:

-Хайём ҳазратлари Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чиндан бўлса ҳам илм ўрганинг», деган ҳадисларидин бизни бехабар деб хаёл қилдилар чоғи.

Хайём ўз феълига ва кўнгил майлига зид иш тутиб, хато қилганини англади, султонга итоаткорона бош эгди. Шу маҳал нигоҳи беихтиёр шоирлар амирига тушди. У Хайёмнинг мот бўлганидан ва унинг султонга малол сўз сўзлаб, гўё уни ранжида этганидан мамнун бир қиёфада роҳатланиб турарди. Лекин у янглишаётганди, чунки олампаноҳ Хайёмни ўзгача меҳр ила яхши кўрар, унинг феълидаги мағрурлигу ҳамда тўғрисўзлигида туркийларга уйқашлик сезарди. Шул боис ҳам ҳозир Умар Хайёмни оғир аҳволга рўбарў қилганлигини фаҳмлади-да, навбатдаги ихтиёрини вазири аъзамга ишорат этди. Вазир султоннинг фармонини ошкор қилди:

-Олампаноҳимиз фузалонинг пешвоси, осмон илмининг билимдони, шоир Умар Хайём ибн Иброҳим жанобларини ўзларига надим этиб сайладилар ва у кишининг йиллик маошларини ўн икки минг динор қилиб тайин этдилар.

Барча «офарин, тасанно» дея султонни олқишлади. Қазвиний ҳам бу олқишларга тил учида қўшилса-да, аслида Хайёмнинг толеидан адойи тамом бўлганди. Ахир ўн икки минг-а! У бўлса бор-йўғи уч минг динор маош олади, тағин амирул шуаро деган номи бор. Хайёмни эса Султон ўзига надим этиб сайлади. Бу дегани подшоҳнинг энг яқин кишиси, суҳбатдоши демакдир. Ё Оллоҳ, бундайин бахт нечукким унга насиб этмаса?! ҳа, мана шу нишопурлик пайдо бўлди-ю шоирлар амирини ўша бахтга олиб боргувчи йўллар тўсилди. Энди бу йўллар Хайём даф бўлгачгина очилади. Қазвиний аянчли тиржайиб турар, аммо ич-ичидан отилиб келаётган бир фарёд бўғзини ёргудай бўларди.

Султоннинг ишораси ила Хайёмнинг елкасига ҳам хилъат ёпдилар.

Машварат якун топгач, султон вазири аъзам ва Хайёмга ўз ҳузурида қолишликни буюриб, бошқаларга ижозат берди.

Султоннинг уни бошқалардан айру кўрганлаги маъносини тушуниб ва ҳатто бу яхшилик эканлигини билиб турса ҳам Хайём ўзини қандай тутмоқ лозимлигини билмасди. Ҳалигина мулоҳазасизлик ила айтган гапи Хайёмни анчайин хижолатга солган, шул боис ҳам мудом ўшал туйғу оғушида эди. Асли бу сўзларини вазири аъзам жанобларига айтиб, рухсат олиб, уни бохабар қилиб қўйса ҳам бўларди. Не лаъин қавми йўлдан урди-ю шу гапни олампаноҳга арз этиб турибди. Ё ашъори туфайли иззат-икромга сазовор бўлган амирул шуарога ҳасади келиб, ўзининг султон ҳазратларига нечоғли ёвуқ эканлигини намойиш этмоқчи бўлдими? ҳа, султоннинг ҳалиги сўзидан сўнг Қазвиний қанчалар ҳузур қилганлигини сезди...

Хайём ҳукмдорларга боз яқин юрмоқлик, уларнинг ошнолигига эришмоқлик офатлар асоси эканлигини яхши билгувчи эди. Лекин замона зайлига биноан ва ёхуд Хайёмники каби мақомга сазовор одам учун уларнинг назаридан узоқлашмоқ ҳам яхшилик аломати эмасди. Чунки бул замонада дабдабали умр сурмоқ, улуғлар, яъни аҳли сарой, беку боёнлар ила ошнолик қилмоқ, ҳамдавра бўлмоқ русум эди ва барча шундайин тутумлар ортидан обрўга эришмоқ истарди. Мазкур таомили замонадан келиб чиқиб фикр этганда ҳам саройдан, яъни ҳукмдордан узоқлашмоқ ақлли одамнинг иши эмасди. Нима бўлганда ҳам ундан хатолик ўтди. Мана энди олампаноҳга не муомалотда бўлишлигини билолмай ҳалак.

Султон Маликшоҳ ақлли, кўпда адолатли ва Исломпараст ҳукмдор эди. Валекин барча ҳукмдорлар каби худбинлик қусуридан ҳам халос эмасди. Дўстни қадрлаш, сийлаш унинг феълига хос эрса-да, вақти-вақти ила ўша дўстнинг шохига болта уриб турмоқ одати ҳам мавжуд эдики, бу эл аро ҳукмдорлик иззатини сақламоқ учун қўл келарди. Буюк салжуқийлар феълида авомга нисбатан саҳро самуми (гармсели) янглиғ илиғлик мавжуд эрса-да, бу илиғликнинг мунтазамлиги ҳар қандайин набоботни қақратиб-қақшатмоғи тайин эди. Ҳа, улар исломпарвар, илмпарвар, фузалопарвар эдилар, бироқ бу олий амалларнинг барчаси уларнинг шуҳратпарастликлари ила қоришиб кетганди. Улар, зотан султон Маликшоҳ ҳам ҳокими мутлақликка интилардилар ва жами ҳаракатларида мана шу истак-хоҳиш намоён бўлиб турарди. Шу истак ортидан салжуқлар сулоласига доҳил мамлакат тахтини эгаллаганки кимса ўз теварагидаги тахтга даъвогар кишиларни қатлиом этган, ҳатто ўз жигарларини ҳам аяб ўтирмаган.

Ҳижрий 428 йили Муҳаммад Тўғрулбек отлиғ ҳукмдор салжуқий султонлар сулоласига асос солди. Уни «Буюк султон, дин ва осойишталик таянчи» дея атай бошлашди. Филҳақиқат, бу қудратли салтанатнинг олий ҳукмдорлари «Шаҳаншоҳи олам», «Мағриб ва Машриқ султони» номли унвонлар ила улуғланардилар.

Боғдод Ислом халифалиги бутун дунё мусулмонларига ўз ҳукмини ўтказиб келаётган бўлса-да, аслан энди салжуқлар сулоласи Ислом оламига ҳукмронлик қила бошлади. Айнан улар халифа билан баробар тургувчи «Ислом олами султони» дея аталгувчи олий ҳукмдор лавозимини жорий этдилар. Бироқ султонлик ҳуқуқини эл кўзига расман халифадан олар эдилар. Шунга қарамасдан, уларнинг ҳадлари чегара билмас даражада кенг эди. Улар исломий халқлар яшовчи барча ерларда ҳукмдорлик қилардилар. Бу ҳукмронликни ушлаб турмоқ ва ривож топтирмоқ учун айғоқчиликка асосланган ҳуфия хизматларга алоҳида эътибор қаратардилар. Шунингдек, «душман-ичингда» деган ҳикматга амал қилиб, ўз тахтларига даҳл қилгувчи ҳар қандай жигару қандошнинг баҳридан ўтмоққа тайёр эдилар. Таъбир жоиз бўлса, бу анъанага ҳам Маликшоҳнинг амакиси султон Тўғрулбек асос солган эди. Яъни унга қарши бош кўтарган ўз туғишган иниси Иннолбекнинг исёнини бостиргач, уни бўғиб ўлдиришга амр этди. Маликшоҳнинг отаси Алп Арслон тахтга ўтиргач эса оғаси Тўғрулбекнинг унга қарши бош кўтарган амакиларидан бири Қутулмишбек ила саваш қилди ва шафқатсизларча бостирди. Сўнг ўз иниси, Кармон ҳокими Ковурдбек ила сўғишди. Бироқ инисига омонлик берди. Ҳша Ковурдбек ўтган йилнинг кўкламида Исфаҳон тахти орзусида Маликшоҳга қарши бош кўтарди. Ҳамадон бўсағасида бўлиб ўтган уч кунлик савашдан сўнг Ковурдбекнинг қўшини тор-мор этилди ва ўзи асир олинди. Эртасига тунда Низом ул Мулк маслаҳати ила у ҳам бўғиб ўлдирилди. Бу салтанат яхлитлигини ва осойишталигини таъминламоқ ниятида қилинди. Бундай шўр қисматдан султоннинг туғишган иниси Муҳаммад Такашгина ҳозирча омонда. Аммо унинг оёқ олишидан вазири аъзам ҳамиша огоҳ турмоққа уринади. Чунки бир-икки шубҳаларига асос топа олди. У кўчманчи элга мансуб бу сулоланинг бироз соддалигини билиб, қадрласа-да, уларнинг пайти келганда ўта шафқатсиз ҳамда тап тортмас бўлиб кетишларини ҳам тушунар ва шундан сақланишга уринарди.

Султон Маликшоҳ замона зайлига нечоғли шўнғимасин ва вазири аъзам таъсирига қанчалар тушган бўлмасин, ўзининг мустақил фикрлари, орзу-ўйлари ҳам бисёр эди. У анчайин саводхон, тафаккурга суянган, илму маърифатга ён босган, ободончиликни хуш кўрувчи, бунёд этмоқдан шодлангувчи ва шунингдек, камбағалпарвар ҳукмдор эди. Хайём унинг айнан шу сифатларини қадрлар ва бу фазилатларидан илм йўлида наф олмоққа саъй этарди.

Султон ҳазратларининг авомпарварлиги ҳақидаги бир воқеотни вазири аъзам ажиб эҳтирос ва ифтихор ила сўзлаб берганди: мева-ю сабзавот тақчиллашган бир кезда сарой хизматчиларидан бирови бозорга тушибди. У тарвуз сотаётган деҳқоннинг тарвузидан бир дона олибди-ю ҳаққини тўламай жўнаворибди. Жабрдийда деҳқон шу ондаёқ саройга югурибди, чунки у султоннинг адолатипеша эканлигини ва арз этгувчилар учун сарой эшиги ҳамиша очиқлигидан бохабар экан. Султон деҳқоннинг тотини (арзини) диққат билан тинглабди. Сўнгра

-Ул юзсизни танийсанму?-дея суроқ қилибди.

-Суратин фаромуш айламишмен.-дебди афсус ила деҳқон.

Бу суҳбатдан кейин султон ҳазратлари деҳқонни панага олиб, саройнинг жамики хизматчи-ғуломларини ҳузурига чорлабди.

-Қанийди биттагина тарвуз бўлса, кўнглим ани тусайдур. Надоматким анинг мавсуми ўтмиш.-дебди у сасини самимиятга йўғириб.

Шунда ҳалиги хизматчи олдга чиқибди-да, олампаноҳга ёқмоқ истагида хушомад ила хонасида тарвуз борлигини ошкор этибди. Султон деҳқонни чорлабди ва у таланчини танибди. Fуломи айбини бўйнига олгач, султон уни деҳқонга инъом этибди ва дебди:

-Бу сенга ғулом бўлғай. Анинг ихтиёри сендадур.

Алқисса, ғулом ўзини деҳқондан уч юз динорга сотиб олибди-да, озод бўлибди.

Бу воқеот вазири аъзамнинг султон ҳазратларига бўлган эҳтироми маҳсули ўлароқ ул зотнинг тахайюлида туғилиб, мардумга таралганми ёхуд ростдан ҳам кечмишми Хайёмга равшан эмас. Вале бундайин саховатпешалигу адолатни улуғламоқ олампаноҳ феълига хослигига боз инонади. Шундай экан, унинг султон ҳазратларидан ёмонлик кутмоғи асоссиз эди.

Султон Маликшоҳ тахтдан қўзғолиб, виқор ила қуйига тушаркан, вазири аъзам ва Хайёмни ўнг ёқдаги хона сари бошлади. Иккиси ҳам унинг ортидан эргашдилар. Хайём икки соҳиби давлат тақи буюк салтанатнинг устунлари изидан юраркан, олампаноҳнинг боши узра ярқираган, айни дамда ўзлари тарк этаётганлари хонаи хоснинг нақшинкор усутунлари-ю шифти янглиғ ва кўкламги қирлардаги алвон чечакларга менгзаган нақшин деворлари каби улуғвор кўринган султонлик тожига боқиб, кўнглида ажиб бир ҳузурни ҳис этди. Ҳузур унинг вужудини бир неча лаҳзалар ишғол этди. У оддий чодирдўзнинг ўғли бўлмиш фақир шоирнинг подшоҳларга ҳамсуҳбатлик шарафига эришганлигидан ифтихору ғурурга ўранган инсоний қониқиши, тўғрироғи, кибр эдиким, буни англамоққа ҳамма ҳам қурб тополмасди. Бандалик Хайёмга ҳам хос эди. Бунинг устига замонанинг зайли ҳам шу эди, яъниким одамлар юқори мартабали кишилар ила яқинлик қилмоққа, аҳли сарой ила қариндош бўлмоққа ва уларнинг суҳбатига мушаррафликка интилардилар. Аҳли замоннинг бахтиёрлик тақи шарафлилик ўлчови ана шундоқ эди. Ҳозир Хайёмнинг борлиғини сийпалаб ўтган туйғу ана ўша кечмишларга йўғрилган, бироқ унинг руҳиятидан қувватли бўлмаган нафсий бир ҳис эди.

Ҳукмдор уларни танаввул хонасига етаклади, демак, у вазиру надими ила тушлик қилмоқни ихтиёр этган. Султон ишорати ила анвойи ноз-неъматлар тўла кенг нақшин хонтахта теварагига ўлтурдилар ва Оллоҳга шукрона келтириб, юзларига фотиҳа тортдилар. Fуломлар хизматга киришдилар. Аввали ҳарир либосга бурканган, қадамлари парвозга шай оққушмонанд гўзал канизак обдаста ва чилобчин келтириб, барчаларини қўлларига сув тутди.

-Умар Хайём жанобларининг бизга ҳамроҳ бўлганликларидан бахтиёрмиз.-деди султон табассум ила бош силкиб. Бу исломий одоб тамойилларидан бохабар ҳукмдорнинг дастурхон ҳурматидан қилган мулозамати эди. Шунингдек, у бу билан даврага илиқлик киритмоқни ҳам истади.

-Қуллуқ, олампаноҳ.-деди Хайём таъзим қилиб.

Таомдан сўнг шоир ва султон шатранж сурдилар. Ҳукмдор бу донишмандлар ўйинини хуш кўргувчи эди. Шул боис Хайёмдек кучли рақиб унга икки ҳисса завқ бағишларди...

Еттинчи боб

1

Бу юртнинг кўклами ўзгача-унинг ҳусну таровати ва файзини таъриф этмоққа ҳар не тил ожиз, қиёсига бирон муносиб ҳилқат топилмас. Шаҳар атрофида ястанган яйловлар, қирлар сабз уради, қирларнинг елкасига опичган тоғлар бағридан оқиб тушаётган дарё тўлиб-тошади. Ҳаво он қадар ғуборсиз ва хушбўй бўладики, халқумлар ачишиб кетади. Ҳали гулу чечаклар очилмагани боис бутун водийга яшил гилам тўшаб қўйилганга менгзайди, дўмпайган қирларни эса гилам тусига уйқаш ёстиқлар дегулик...

Хайём болалигидан фасли баҳорни яхши кўради, рутубатли қишнинг зулумотини қувиб солгувчи улкан чироғни олиб келган гўзал парийга қиёслайди уни. Филҳақиқат, улкан чароғ-бу офтобки, у кўкламда нақадар чароғон бўлади. Кўз-ку бардош этолмас, бардош этганлари қамашур. Кўк эса мислсиз даражотда таниқлашади, қор уюмларини эслатгувчи оппоқ абрлар, кўм-кўк уммондаги кемалар янглиғ бир маромда сузадилар. Кўнгуллар бўлса уларнинг ортидан парвоз этмоқ истайдилар. Айниқса, назмга ошно кўнгуллар.

Хайёмнинг кўкламни яхши кўриши рост. Эҳтимол унинг бу гўзал фаслга бўлган меҳри аввали-ҳов ўшал парвозлари чоғида самода туғилгандиру сўнг заминга қайтгандир.Чунки баҳор-бу Наврўз, Наврўз эса олдин юлдузлар чаманида таваллуд топган ва кейин башар фарзандларига инъом этилган. Наврўзнинг қон томирлари юлдузларга туташган. Шунинг учун ҳам Хайём эсини танибдики юлдузларга ошиқ, Наврўз ва кўкламга мафтун. У мажусийларнинг пешвоси бўлмиш Зардўшт қолдирган ва уларнинг муқаддас китоби саналмиш «Авасто»ни ҳам мутолаа қилиб эди. Унда ҳам Наврўз ҳақида кўп ва хўп сўз айтилмиш. Зеро мажусийлар осмон илмини жуда пухта эгаллаган қавмдирларки, йил ва ойлар ҳисобида, тақвим табдили, юлдузлар ҳамда уларнинг жойлашуви, буржлар, умуман самонинг заминга, башар тақдирига таъсири борасида улардан кўп нарса ўрганмоқ мумкин. Бежиз мардум мажусийлар динини жодугарлар дини деб атамаган, чунки улар илмда чуқур кета бошлаганлар. Хайём буларни жуда яхши биларди, мажусийларнинг коинот илми, Наврўз ва йил ҳисоблари тўғрисидаги китобларидан бохабар эди.

Мажусийларнинг ҳисоблари бўйича, Қуёш ҳамал буржига кирган кун Наврўз, деб аталарди, яъни ўша кундан янги йил бошланарди. Улар юлдузлар ҳаракатига қараб ҳар бир кун ёхуд ойнинг хислатларини белгилай олардилар ва ўз турмушларига жорий этардилар. Мисол учун улар ҳамал ойини фарвардин деб номлардилар ва бу ойни жаннатга қиёслардилар. Чунки бу муддатда наботот оламига жон киради дов-дарахту гиёҳларда тириклик барқ ура бошлайди. Офтобнинг заминга меҳри зиёдаланади.

Қуёшнинг савр буржида кечгувчи даврини улар урдбихшат ойи деб атайдилар. У кўкламнинг айни ўртасидир, замин ям-яшил либосга бурканади. Ундан сўнг хурдад ойи, тир, мурдод ва ҳакозо ойлари келади. Хайём буларни жуда яхши билади ва уларга эҳтиром ила қарайди. Ҳатто у нужум илми борасида мажусийларнинг дунёни идрок этмоққа асосланган ҳар турли фалсафий фикрларини ҳам ўрганган, улардан фойдаланган. Боиси шоир асрлар оша собитлашиб, башар ҳофизасига бораётган улуғ бир ҳикматга астойдил ишонарди. Бу «дунёдаги ҳар бир илм Яратувчига элтади», деган қадим ва лекин оддий фикр эди...

£уёш ҳамал буржига кирадиган куни эрта тонгданоқ шаҳарни ва шаҳар ташқарисидаги маъволарни ноғора-ю сурларнинг тантанавор саслари тутди. Бу саслардан нафақат аҳли башар, балки ҳайвонот ва наботат ҳам кўз очди. Доруссалтанат аҳли-ёшу қари, эркагу аёл ўзларининг янги либосларига бурканиб, шаҳар ташқарисидаги яйловлар сари отландилар. Шаҳар теварагидаги қишлоқларнинг аҳли ҳам ўшал кенг яйлов сари ошиқдилар. Бу умум хуш кайфият расадхона жойлашган тоғ ёнбағридаги Бўйра қишлоғи кишиларига ҳам хос эди. Бўйраликлар ҳам субҳи содиқдан Наврўз томошалари бўлиб ўтадиган жойга томон кўчдилар.

Оз фурсатда бутун водий бозормонанд томошагоҳ тусини олди. Аввалдан қазиб қўйилган ўчоқларга улкан қозонлар осилди ва уларнинг остида оловнинг қизғиш тили кўрина бошлади. Қозонлар атрофида гулгун юзли сулув канизаклар тизилдилар. Уларнинг илкида катта-катта ёғоч кафтгирлар бўлиб, сумалак пиширмоқ учун тадорик кўрар эдилар. Баайни Наврўзнинг хуш таоми бўлмиш сумалакнинг сирру асроридан воқиф сирли малаклар давра қургандек.

Бир тарафда қатор қилиб ўрнатилган дорларга бўғизланган қўй ва моллар илинган. Пичоқ тутган қассоблар уларнинг терисини шилиб, эту устихонларини нимталаш ила банд. Қассобларнинг қўли-қўлига тегмас, чунки султон ҳазратларининг амрларига мувофиқ бу йил Наврўзий маъракалар учун жуда мўл жонлиқ ажратилганди. Ниматаланган этлар саватларга солиниб, майдон четидаги турли таомлар учун мўлжалланган қозонлар бошига элтилади. Таббохларда ҳам бир лаҳза тиним йўқ, уни у ёққа, буни буёққа юмуш учун югуртиришиб, ҳар хил таомларга мослаб масаллиқлар ҳозирлайдилар. Зеро бутун водий бўйлаб солинаётган қатор-қатор дастурхонларга ҳадемай илк таомларни тортмоқ жоиз бўлур.

Майдоннинг энг марказида жойлашган қир устига султон Муҳаммад Жалолиддин Маликшоҳ учун тахтиравон ўрнатилди. Тахтиравоннинг ҳар икки ёнига олампаноҳнинг аҳли аёли, яъни маликалар ва фарзандлари учун юмшоқ оромкурсилар қўйилди. Бу ошёни олийнинг уч тарафи нақшинкор алвон гиламлар билан тўсилди. Устига офтоб нури баралла тушиб, олампаноҳ майдоннинг ҳар буржидан бемалол кўриниб турсин учун оқ ҳарир мато ёпилди.

Бир томондан мутриблар-созанда-ю хонандалар жой олдилар-да, ҳозирданоқ гўзал бир мусиқийни бошладилар. Бир ёнга улкан дор тикилиб, унинг остида адл қоматли дорбозлар ва қиёфалари кулгили алпозда бўяб-бежалган масхарабозлар томоша кўрсатмоққа шай турардилар. Улардан нарида мерганлик баҳслари учун майдон барпо этилиб, бир неча турли-туман ҳажмдаги қабақ йиғочлари (нишонлар ўрнатилган ёғочлар) ўрнатилган. У ерда камонкашлар (ёй отувчилар) яна бошқа майда-чуйда тайёргарлик ишлари ила оворалар. Мерганлар майдонининг ёнида эса бутун салтанатнинг кенту қишлоқларидан йиғилган муборизларнинг (паҳлавонларнинг) куч синашмоқлари учун бир неча қават кигизлар солиниб, таппа-тахт қилиб қўйилган кураш жойлари кўринади. У ерда юрган ва турли тан машқлари ила машғул бўлган ҳайбатли муборизлар ҳар нечук эътиборни ўзига чорлаб, кўнгилларда завқ уйғотади. Бундан ташқари, одамлар ичра қора танли ҳиндий морбозлар, олов ютиб, олов пурковчи чиний жодугарлар ҳам томошалар кўрсатмоққа ҳозирланардилар.

Умуммайдоннинг энг четида турфа тусли ва насли турли отлар кўзга ташланади. Отларнинг ёнида ҳам одамлар ғимирлайдилар -булар чавандозлар ва уларнинг кўмакчилари. Алоҳида қўрада турган ва таналари лов-лов ёниб, кўзни қамаштиргудай кўринган отлар эса султон ҳазратларига тегишли. Салжуқий ва ароабий бу зотдор отлар шахсан олампаноҳнинг назоратида, эътиборида туради. Ота-боболари асли саҳройи кўманчилардан бўлган ва жон риштасининг бир учи отлар жонига туташган, чин эранга хос бу мардона ишқ ила ёнган султон Маликшоҳ отларни бениҳоя севарди ҳамда ўзи ҳам беназир чавандоз, отлар ҳикматини билгувчи эди. Шул боис ҳам унинг отхонасида ўз мамлакатининг ҳар четидан жамланган уста сайислар хизмат қилиб, уларни отларнинг чин билгичлари бўлмиш зийрак синчилар назорат этардилар. Айни дамда отларга аралашиб, уларни артиб, ҳар ёқларини кўздан кечириб юрган анови отпараст одамлар на шу синчи-ю сайислар эдилар.

Алқисса, Исфаҳоннинг осмону замини бир малоҳатли байрамнинг, бир таърифсиз шукуҳнинг оғушида эди...

Бу тонг анча эрта бош кўтарган офтоб тезроқ кўк тоқига етмоққа ошиқарди. Ҳаво кечагидан илиқ, ёқимли бир шабода елиб турибди. Танлар ҳар кунгидек жунжикмайди ва аксинча, заррин-заррин нурлар элтгувчи офтобий ҳарорат хуш ёқиб, этларни жимирлатади. Аҳли расадхона ҳам кўнглида Наврўзга эш гўзал бир завқ ва жунбуш ила уйғонди. Улар ҳам ҳадемай расадхонадан чиқиб, тантаналар манзили сари оқдилар. Хайём Исфазарий, Воситий, роҳиб Артур ва бошқа олиму толиби илмларга бош бўлди. Уларнинг ортидан эса расадхона қурилишида ишловчи ҳунармандлар, хизматкору аҳли аёл ҳамда канизаклар эргашдилар. Байрам бошланаётган майдонга етишгач, барчалари ўз тўпларига қўшилдилар. Хайём ва бошқа аҳли илмлар эса тахтиравон бўсағасида олампаноҳ ташрифига мунтазир бўлишиб, қўл қовуштирдилар. У ерда вазири аъзам мустасно жаъми аркони давлат ҳам ҳозир эди.

Ниҳоят шаҳар томонда сур чалиниб, қатор-қатор тизилган яроғли сарбоз ва сипоҳийлар дарвозадан чиқишиб, чопганча икки ёққа айрила бошладилар. Улар устларидаги совут ва қуролларини шақирлатишиб, бир маромда югурганча, ҳавасли тартиб ила яйлов теварагига сафланиб, халқа ҳосил қилдилар. Аёнки, бу ҳаракатлар Султон ҳазратларининг омонлигини таъмин этмоқ ниятида амалга ошириларди. Раиятнинг интиқ нигоҳи ўша ёққа қадалди.

Сарбозу сипоҳийлар майдонни ўраб бўлишгач, шаҳар дарвозасида ярим яланғоч темирдек қоп-қора танлари мой сурилганидан ялтираган, елка ва билак пойлари бўртган занжилар пайдо бўлдилар. Йигирма-ўттиз чоғли бу қулларнинг ортидан Султон Маликшоҳ ўлтирган кўшк кўринди. Кўшкни ҳам ўн нафар ҳабаший қул кўтариб келмоқда эди. Султон кўшкидан сўнг кўринган маликалар Зубайда Хотун ва Туркон Хотун жойлашган кўшкларни ҳам занжилар елкалаб келардилар. Улардан кейин келаётган кичкинтой шаҳзодалар-Маҳмуд, Бекёруқ, Муҳаммад, Санжар ва соҳиб девон Низом ул Мулк минган отларнинг ҳар бирини биттадан қул етаклаб олганди. Охирида яна йигирма-ўттиз нафар занжи эргашиб келарди.

Халойиқ иккига айрилиб, султонга йўл берди ва бош эгиб, таъзимда қотди. Тахтиравон тарафдан бир неча жарчиларнинг акс садо янглиғ бир-бирига уланган баланд овозлари эшитилди:

-Дин ва шариат таянчи, фуқаронинг суянчи, олам мусулмонларининг буюк амири, Искандари соний, хуршиди олам султон Муҳаммад Жалолиддин Маликшоҳ ибн Алп Арслон ҳазратлари!..

Султон кўшкдан тушиб, тахтиравон олдига келди ва бошини хиёл қимирлатиб, фуқарога салом берди ҳамда уларнинг олқишига жавобан ўнг қўлини кўтариб, енгил силкинди. Сўнгра ўнг ёнидан жой олиб, қўл қовуштириб турган аъёнларга ҳам бош силкиб ўтди. Малика ва шаҳзодалар сўл тарафдаги ўриндиқларга ўлтирдилар.

Орадан бироз муддат ўтгач, суру ноғоралар овози, олқишу ҳайқириқлар тинди, ҳаммаёққа жимжитлик инди. Энди маросимнинг асосий қисми бошланмоғи лозим эди. Филҳақиқат, султон қошида бир неча киши пайдо бўлди. Улар оппоқ бўз либосда эдилар. Улардан бири -оқ соқоли кўксини қоплаган басавлат чол қўлида патнис ила султон қошида тиз чўкди. Патнис тўла буғдой эди. Султон ўрнидан туриб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», дея илкига бир сиқим буғдой олди. Сўнг шундай деди:

-Илоҳи ризқ-рўзимизни бисёр, иймонимизни басаломат, умримизни баракотли қилсин, омин!

Жарчилар султоннинг лафзини баланд овозлар ила атрофга таратдилар. Халойиқ «Омин! Омин!» дея уларга жўр бўлиб ҳайқирдилар.

Султон қўлидаги буғдойни ҳаволатиб, атрофга сочди ва бу саъйини уч бора такрорлади. У гўё юрт узра хайру баракот уруғини сочди. Жарчилар эртадан бошлаб ерга уруғ қадамоққа ижозат бўлганлигини халққа ошкор қилдилар.

Энди бояги фаришта мисол чол илкидаги патнисни сўл ёнидаги одамга бериб, ўнг ёнидаги ҳамроҳидан Каломуллоҳни олди ва ўпиб, кўзларига сурди. У Оллоҳнинг Китобини икки қўллаб Султон томон чўзди ва яна тиз чўкди. Олампаноҳ «Бисмиллоҳ» ила Китобни тутиб, ўпди ва кўзларига сурди. Сўнг унн илки ила бағрига босди. Халойиқ «Оллоҳу Акбар» дея наъра тортди. Бу билан ҳукмдор мамлакатни илму ирфон ва адолат ила бошқармоққа ваъда бермоқда эди.

Чол иккинчи ҳамроҳидан олтин сопли ва қинли каттакон шамширни олиб, тақи тиз чўкканча Султон ҳазратларига узатди. Маликшоҳ сўл илкида шамширни тутиб, боши узра кўтарди ва «Оллоҳу Акбар» деди. Барча унга эргашди. Бу унинг юртни, дину иймонни ҳамиша мардона ҳимоят этмоққа, ғанимга аёвсиз бўлмоққа аҳду паймон қилганлигидан нишона эди.

Султон ўз ўрнига ўлтиргач, муҳтасиб Бадрий гўзал бир овоз ила Қуръон тиловат қилди. Офтобнинг заррин ва илиқ нурларига, тоғнинг майин шабодасига Оллоҳнинг асрорли каломи қоришиб, мардум вужудини ёқимли жимирлатди. Сура ниҳоясига етгач, унинг савобини ҳазрати Мустафо Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам, жамики анбиёю мурсалин саҳобаи киром, ҳалифаи рошидин, азиз авлиёлар ва султон Маликшоҳнинг ота-боболари руҳларига бахшида этдилар.

Шундан сўнг ноғора-ю довуллар зарбланиб, мардонавор ва ҳайбатли бир товушлар мажмуи вужудга келди. Бу сарбозий рақсга ишорат эди. Икки тарафдан жанговар либосларда, қўлларида ҳилолсимон шамширлар тутиб, ажиб бир шиддатли ҳаракатлар ила кириб келган эран давра қуриб рақс эта бошладилар. Шунингдек, улар рақс асносида шамширлар ила бир-бирларига ҳамла қилиб, баланд овозда ҳайқириб ҳам қўярдиларки, унда чинакам улуғ муҳорабалардаги манзаралар намоён бўлиб, «ё ҳу, ё, ҳу!» деган наъралар қулоқларга чалингандай туюларди. Ушбу кўчманчи жангчи қавмнинг мардона рақси эди.

ҳузури муборакда бошланган рақс асносида ижозати олий ила бутун майдон узра байрам тантаналари бошланиб кетди. Хайём вазири аъзамга билинар-билинмас ишорат этиб, аркони давлатнинг орқароғида турган аҳли расадхона орасига келди. Уни кўриб Исфазарий ўз одатича ҳазиломуз оҳангда деди:

-Устоз бу кун чавандозликда ўзларини намоён этадиларми ёхуд мардлар муҳорабасидами? -У Хайёмнинг ҳар субҳида қилгувчи жисмоний машқларини ва отларга бўлган меҳру муҳаббатини жуда яхши биларди. Шунинг учун устозининг кўнглини топиб, эркалик қилди. -Балки назм баҳсини ихтиёр этарлар?

Хайём Исфазарийга муғомбирона жилмайиб боқаркан, деди:

-Сезабон машқи ила банд бўлганда, биз чавгон ўйинига майл билдирурмиз. Филҳол, чавгончилар майдонга тушса, бизни бохабар этурсен.

Атрофда енгил кулгу кўтарилди.

Шундан сўнг Хайём эгнига қора ридо кийиб, белига зуннор боғлаган роҳиб Артурга бир махфий сўз айтмоқчидай бўлиб қайрилган эди, ёнидагилар одоб юзасидан улардан эътиборларини олиб, хиёл нари сурилдилар. Роҳиб Артур ўрта бўйли, кенг елкали, чўзиқ, катта юзига қора паҳмоқ соқоли монанд тушган одам эди. Унинг қошлари йўғон, қоп-қора, кўзларининг қорачиқлари ҳам тим сиёҳ ва катта эди. У кишига дастлабига олайгандек боқар, чеҳраси суҳбат мазмунининг оғишига қараб, аста-секин очилиб борарди. Ёши элликлардан ошган бу армани роҳиб илми нужум ва илми ҳандаса-ю тарроҳлик бобида анча моҳир эди, боз устига насроний ҳамда мажусийларга хос сеҳр-жодудан ҳам бохабар эди. Эҳтимол мусулмонликни қабул этмай, белига зуннор боғлагани ҳам шундандир.

Салжуқий султонлар қайси юртни фатҳ этсалар, у ердаги аҳли илм, шоиру ҳунармандларнинг энг зўрларини ўзларининг бош кентларига келтирардилар. Роҳиб Артур ҳам Маликшоҳнинг падари бузруквори султон Алп Арслоннинг Арман юртига қилган юриши чоғида Исфаҳонга олиб келинганди. Ҳшанда унинг хотини ва Марям исмли қизалоғи бор эди. Хотини Исфаҳонга келиш пайтида безгак ҳасталигидан вафот этди, қизи Марям эса ҳозир бўйига етиб, мислсиз бир соҳибжамолга айланган.

-Неча кунким Марям кўринмайдур, сиҳати дурустми ишқилиб? -сўради Хайём чин дилдан қайғуриб.

Артур унинг самимиятини жуда яхши биларди, шул боис қондошларча қилган муомалотига монанд жавоб берди:

-Райҳона қиз йўқолганидан буён хонанишин бўлиб қолди. Биласиз-ку иккиси жуда иноқ эдилар.

Хайём дом-дараксиз кетган Райҳона ва унинг ишқида бир кечада ғойиб бўлган Маҳмудни эслаб, оғир бир хўрсиниб қўйди. Яхшики, унинг қоронғилашиб бораётган кўнглини Артурнинг овози қайта ёритиб юборди:

-Шукрки, у бу кун байрамга чиқди. Ҳов, ана, қуйида қизалоқлар ила ўлтирадур.-дея Артур майдоннинг энг четига ишорат этди.

Хайём нигоҳи ила Марямни ахтараркан, ўзига қадалиб турган ўткир бир нигоҳни ҳис этди-бу малика Туркон Хотуннинг нигоҳи эди. У хийла узоқ бўлишига қарамай, Хайёмга қаттиқ тикилиб турарди. «Муддаоси недур?» деган фикр ўтди шоирнинг хаёлидан ва ўзини чалғитмоққа уринди.

-Абул Музаффар!-дея чақирди Исфазарийни.

-Лаббай,устоз.-деди ёш олим унга яқинлашиб, қўл қовуштираркан.

-Чавгончилар не бўлди?- ҳазилкаш тарзда сўради Хайём.

-Назаримда ҳозирланмоқдалар.

Хайём султон қаршисига ўтиб, таъзим қилди ва ушбу тавозеси ила бир ишга жазм этганини билдирди. Султон жилмайиб билинар-билинмас бош силкиб, ижозат ишорасини қилди. Шоир айни дамда ҳам Туркон Хотуннинг ўйиб юборгудай нигоҳини ҳис этиб турарди, бироқ у томонга қарамоққа жазм қилолмади. Четроққа чиқиб, эгнидаги жуббасини (кийимлар устидан кийиладиган узун гулли либос) ва салласини ечиб, Исфаразийга берди-да, бошига тақясини кийганча сўл тарафдаги отлиқлар давраси томон кетди. Бош сайис унга энг яхши отлардан бирини келтирди. Чўғ мисол ялтираётган узун ёлли от жувонмард бир ҳолатга тушган Хайёмнинг завқини тақи оширди. У отларга бегона эмасди, болалигидан уларнинг зотларини билар, у пайтлар отаси ила далада юрганида, сўнгроқ Бухорода яшаганида ҳам чавандозлик машқини олганди. Бу борада унга чапдастлиги, чайир илки ва оёқлари кўмак берарди. Шунинг учун сакраб отга минди-да, қўлига эман дарахтидан ясалган чавгон таёғини олиб, бир ҳайқириб, ўзини отлиқлар даврасига урди...

Чавгон ўйини тинимсиз ҳайқириқ ва наъралар ила томошабинларнинг олқишлари остида анча давом этди. Ниҳоят интиҳога етгач, Хайём терга ботган кўйи тақи султонга рўбарў бўлиб, таъзим бажо этди. Ҳукмдор уни чин ихлос ила олқишлади ва бир ҳамён тилло ҳадя қилди.

-Биз жаноби Хайём ҳазратларини олимларнинг олими, шоирларнинг шоири, само тоқига нарвон қўйган зот деб юрсак, ул сиддиқимиз чавандозлар чавандози ҳам эканлар?-деди султон ўз ҳайратини яширлмай.

ҳам тинимсиз жисмоний ҳаракат натижасида, ҳам олий мақом олқишдан вужуди лов-лов ёнган Хайём бояги нигоҳни тағин ҳис этди...

Бу орада ҳузури олийда мушоира бошланиб, шоирлар навбатма-навбат ашъорлар айтдилар. Ашъорлар асосан султон Маликшоҳ ва салжуқийлар сулоласи мадҳида эди. Бу назм баҳсида амирул шуаро Қазвиний музаффариятга эришиб, ҳукмдорнинг туҳфасига сазовор бўлди.

Кураш майдонида бўлган муборизлар муҳорабасида Исфазарий ва Риндонийнинг қистови ила Микоил ҳам иштирок этди. У фузало ва толибларнинг олқишу рағбатлари остида бир неча паҳлавонларнинг елкаларини тубан этди. Бироқ сарой муборизларидан бўлмиш бир филмонанд туркманга бел бериб қўйди. Шунга қарамай, вазири аъзамнинг хос ҳадясига мушарраф бўлди.

Намози пешинга яқин султон ўз аҳли аёли ва аржумандлари ила водийни тарк этиб, шаҳар ичкарисига юзланди. Намоздан сўнг авомнинг байрам шодиёналари тақи давом этди.

2

Хайём ўйчан ва девона бир кайфитда танҳо ўзи дарё сари юрди. Тоғ ирмоқларидан ҳосил бўлиб, кенгайган дарё водийдан бироз қуйида эди. Унинг суви бир қадар лойқаланган ва шунингдек, кўпайиб, икки соҳилининг қабоқлари остига бош уриб оқарди. Дарё суви пасайганда кўриниб қолгувчи икки қирғоқдаги тошлоқ ҳозир сув остида қолган, шунинг учун ҳам дарё бир қарашда ғоят ваҳимали туюладики, бу унинг ростдан-да улуғворлигини намоён этади.

Умар Хайём водийдан анча пастлаб, дарёнинг тик соҳилидаги яшил гиёҳлар устига чўнқайиб, шитоб оқаётган сувга тикилди. Шовқин-суронли байрам оғуши дўнг ортида қолган, у ўлтирган жойдан кўринмаса-да, одамларнинг овозлари баралла эшитилиб турарди.

Дарё тоғдан, яъни юқоридан тушаётганлиги боис жуда тез оқарди. Эҳтимол унинг киши кўнглига ваҳм солмоғи ҳам ана ўша тезлигидан бўлса-да ажабмас. Зеро сувнинг шашти кўзни толдиқтирар даражада эди.

Хайём ана ўша тезоб сувга тикилиб ўлтираркан, қошлари керилиб, кўз косалари катталашгандай бўлди-да, шуурида маҳзун ўйлар айлана бошлади. Одам умри ҳам худди шу сув каби жуда шитоб оқиб ўтиб кетаркан. Гоҳо ён-верингга қайрилиб қарагани ҳам улгурмайсан. Ҳатто ҳаётингнинг энг тотли онларини яшаётганлигингни ҳам ўз вақтида пайқамайсан. Фақат фурсат бой берилганидан сўнггина... У ҳам яқиндагина бола эди, раҳматли қиблагоҳининг паноҳида шўх-шодон умр кечираётган китобсевар болакай эди. Отаси оддий ҳунарманд бўлгани билан гоҳо кўп ҳикматли гапларни топиб гапирардики, Абул Фатҳ жон қулоғи ила тингларди. Балки чодирдўз Иброҳимнинг бундайин ҳикматларни топиб сўзлаши унинг дунё ва ёхуд кўпни кўрганлигидан бўлса ҳам ажабмас. Қолаверса, Нишопур жуда қадим маскан эдики, унинг кечмиши юзлаб ҳикматли китобларга жо бўларди.

Ўша куни ҳам улар шаҳар ташқарисига заминкорликка чиққандилар. Туйқусдан отаси Иброҳим Адҳам ғорига бормоқликни истаб қолди. Нақл қилишларича, Шайх Иброхим Адҳам ибтидода подшоҳ нуфузида бўлган экан. Кунларнинг бирида ўз тахтида ўлтираркан, сарой томидан ғалати товуш эшитибди.

-Бу ненинг овози? -дея сўрабди у.

-Туяни қидираяпман.-деган овоз келибди.

-Туяни томнинг устида қидирадими?- дебди у ҳайрат оғушида.

-Эй, ғофил, сен ҳақни тож-тахт ва саройдан қидирмадингми?! -дебди ғойибона овоз.

Иброҳим Адҳам қаттиқ мутаассир бўлиб, ёмон аҳволга тушибди ва подшоҳликни аъёнларига топшириб, пулдор кийимлар кийибди-да, саҳрога бош олиб чиқиб кетибди. Бир жойда тавбаи насуҳ ( соф ҳолда, қайта гуноҳ этмаслик аҳди ила қилинадиган тавба) қилибди. Ўшанда саҳроларни кезиб Балхдан Нишопурга келибди ва мана шу ғорда тўққиз йил хилват тутибди. У ҳар пайшанба ғордан чиқиб ўтин терар ва Нишопурга олиб тушиб сотаркан. Ярим пулини дарвишларга бериб, ярмига ўзи учун емиш оларкан. У сидқ ила кўп улуғ мақомотларга етишган валийлардан, машойиҳлардан эди. Отаси бормоқни ихтиёр этган ғор мудом шайх Иброҳим Адҳам номи ила аталарди. Умуман Нишопур шаҳри ва унинг атрофида бунақа зиёрат жойлари, хонақоҳлар бисёр бўлиб, бу азим кентда жуда кўп азиз авлиёлар яшаб ўтганди. Ҳшанда отаси ғор ичида Умарни ҳамроҳ тутиб, икки ракат намоз ўқиди. Кўп яхшиликлар, ўғлига улуғ мартабалар тилаб, дуолар қилди. Сўнг уни ғор яқинидаги булоқ бошига олиб борди. Муздек булоқ сувидан қониб ичдилар ва отаси булоққа тикилиб ўтириб, мана шу ривоятни сўзлаб берди:

-Қадимда бир савдогар яшаган экан. У савдо сотиқ билан жуда кўп юртларда бўлибди, катта бойлик тўплабди. Кунларнинг бирида навбатдаги кент дарвозасига яқинлашаркан, шундайин манзаранинг гувоҳи бўлибди: бир заминкор омочда ер ҳайдар, лекин омочни от эмас, терга ботган қул тортиб борарди. Савдогар юмшоқ кўнгилли эди, шул боис қулга раҳми келди. Қул ва унинг хожасини ёнига чорлаб, қулни сотиб олиб, озод қилиш истаги бор эканлигини билдирди. Бироқ қул савдогарни ҳайратга қориб, аввал миннатдорчилик билдирди, сўнг унинг таклифини рад этди ва уни сотиб олишида маъно йўқлигини айтди. У савдогар ва унинг карвонига хотиржам боқаркан, деди:

-О, муҳтарам зот! ҳамма нарса ўткинчи, бу ҳам ўтади.

Савдогар мулзам бўлибди-да, бир сўз айтмасдан йўлига равона бўлибди.

Орадан бир неча йил ўтиб, иттифоқо савдогар тақи ўша шаҳарга келиб қолибди. Бироқ у ҳалиги воқеани аллақачон хотиридан айирган экан. Хуллас, молларини ўз вақтида сотиб, катта фойда олибди ва таомилга кўра барча тужжорлар ила ўша юрт ҳукмдорининг ҳузурида бўлибдилар. Ҳукмдорга қимматбаҳо совғалар инъом этибдилар, у эса меҳмонлар шарафига катта базм уюштирибди. Савдогар тўкин дастурхон устида ўлтираркан, баногоҳ ўзи бир вақтлар қулликдан озод этмоқни истаган ҳов ўша одамни кўриб қолибди. У қимматбаҳо либосларга бурканиб, подшоҳнинг ўнг ёнида ўлтирарди. Ниҳоят унинг, яъни собиқ қулнинг бош вазир эканлигидан хабар топгач, лол бўлиб қолибди.

Вазир ҳам эски танишини эслабди ва базми олийдан сўнг ўз уйига таклиф этибди. Меҳмонига қимматбаҳо инъомлар бериб, ўз тарихини ҳикоя қилиб берибди: шаҳар беҳисоб ёғий қуршовида қолиб, подшоҳ чорасиз аҳволга тушибди. Қул тақдир тақозоси ила ҳукмдорга рўбарў бўлибди ва ёғий ўртасига низо солиб, бир-бири билан уриштириб қўйиш тадбирини айтибди. Ҳукмдор унинг айтганини қилибди ва зафар қозонибди.

Вазирнинг бу ғаройиб саргузаштидан янада ҳайратга тушган савдогар сўрабди:

-Бу не? Бошингиздан кечирган азоб-уқубатлар эвазига тақдирнинг инъомими ёки?..

Вазир мийиғида кулиб, хотиржам дебди:

-Ҳаммаси ўткинчи, бу ҳам ўтади!

Савдогар лолу ҳайрон ҳолда шаҳарни тарк этибди.

Тақи бир неча йил ўтибди. Савдогар ўзининг тижорий юмушлари ила тағин ўша шаҳарга келиб қолибди. Эски таниши бўлмиш вазирни йўқлаган экан, юрт подшоҳининг вафотидан сўнг бош вазир унинг ўрнига ўлтирганини айтишибди. У кечқурун подшоҳ қабулига кирибди. Янги ҳукмдор уни илиқ кутиб олибди ва дуру жавоҳирларга кўмибди. Тун бўйи инсон умри ва униг бошига тушгувчи турфа кечмишлар ҳақида суҳбатлар қуришибди. Ниҳоят савдогар подшоҳ шаънига ҳамду санолар айтиб, бу бу мартабага чиндан муносиб эканлигини изҳор этибди. Шоҳ ҳеч нарса демабди. Фақат хайрлашув олдидан мулойим овоз ила ўзининг доимги гапини айтибди:

-ҳаммаси ўткинчи, бу ҳам ўтади!..

Орадан йиллар ўтиб, савдогарнинг йўли яна шу шаҳарга тушибди. Шаҳарга кирибди-ю совуқ хабар эшитибди-унинг қадрдонига айланиб қолган подшоҳ яқинда қазо қилган экан. У чинакам қайғуга чўмиб, дўсти қўйилган мозористонга борибди ва унинг қабри устида ўлтириб, қуръон тиловат қилиб, унга Оллоҳдан улуғ ажрлар тилабди. Кўз ёшларини артиб, сағана тошига битилган таниш сўзларга кўзи тушибди: «Бу ҳам ўтади». Савдогар фарёд урибди, умрнинг бебаҳолигини эслаб оҳ тортибди ва ушбу сўзларни айтибди:

-О, менинг биродарим, бу сафар сен янглишдинг! Буниси ўтмайди!

Маълум муддат ўтиб, кексайган, соч-соқоли оқарган савдогар яна ўша таниш шаҳарга келибди. Ҳар сафаргидек ўзининг савдо-ёстиқ ишларини якунлагач, дўстининг қабрини зиёрат қилмоқчи бўлибди. Валекин ҳар қанча изламасин мозористонни тополмабди. Одамлардан сўроқлабди. Айтишларича, уч йил аввал кўклам чоғи шаҳар четидаги дарё тошиб, кўп офатлар келтирибди. Қутурган тўлқин ҳатто мозористонни ҳам текислаб кетибди. Филҳақиқат, унинг ўрнида қақраган биёбон ётарди.

Савдогар бирон сўз айтмабди-да, ўша куниёқ шаҳарни тарк этибди...

Отаси сўзини тугатиб, булоқ сувига ўйчан тикилиб қолди. У ўз ривоятини берилиб ҳикоя қилди, бу бевафо дунё унинг ўзига ҳам вафо қилмаслигини ҳис этиб, сўзлади. Балки у бу ривоятни бирон бир дарвишдан эшитгандир, чунки Нишопурда дарвишу зоҳидлар мўл бўлгувчи эди. Уларнинг ваъзлари, каромату мақоматлари оғиздан оғизга кўчиб юрарди. Бироқ отаси бу ривоятни гўё ўз бошидан кечирган мисол ҳикоя қилди. Шунинг учунми, Умар ўзини ўшанда жуда ғалати ҳис қилиб, ажаб ҳолга тушганди. Ҳали бола бўлса-да, бир неча кун ҳаловатини йўқотиб, на емоқ-ичмоғида ва на уйқусида ором қолмаганди. Ҳозир ҳам ҳудди ана шундай аҳволга тушди, шиддат билан оқаётган дарёга тикиларкан, юраги орзиқди. Нималарнидир истаб, бағри ўртанди, кўзларининг чети жизиллади. Чуқур бир хўрсинди-да, «ҳаммаси ўткинчи», деди овоз чиқариб. Айни дамда қалбида жўш урган туғён ила миясида уйғонган фикр уйғунлашиб, шеърий сатрларга айланди:

Лоладек қадаҳ тут Наврўз айёми,
Лолаюз ёр ила хушдир дил коми.
Шодлик ила май ич, фируза фалак
Тупроқ қилур охир, шул иш анжоми.

У ютоқиб бағрини силади. Ҳозир унга на баҳорий салқинлик ва на айқириб оқаётган дарёнинг этни жунжиктирувчи салқин шабадаси таъсир қилмасди...

Ортидаги шарпани сезиб, чап елкаси оша ўша ёққа қайрилди. Бир неча қадам нарида пешонабанд ила бостирилган ҳарир рўймоли ел оғушида мафтункор ҳилпираган Марям ҳижолатли боқиб турарди.

-Фикру ўйингизга завол бўлдим, узр устод!- деди у юзи олланиб,-Ассалому алайкум.

Хайём фикрини жам этгунча бир муддат эсанкиради ва саломга алик оларкан, ўрнидан турди. У бу бемисл гўзал ҳилқат ила рўбарў келаркан, тақи ичидан бир нарса суғурилиб чиқаётганини, ўзининг иккига айрилаётганини сезди.

Филҳақиқат, Марямнинг тим қора армани кўзлари жон олғувчи эди. Бу кўзларни асрамоққа шай турган пайконлар қайрилма бўлиб, тим қора қошларга туташиб кетгудек. Юзи шу қадар пок ва оқки, қараган сари тақи қарамоқ истаган кўзлар тез толиқади. Лаблари пуштига мойил, четлари юз қисмидан тиниқ чизиқ ила ажратилган мисол. Улар тез-тез қимтиниб турар ва қимтинганлари сарин лаби устидаги қоп-қора холи ҳам ҳаракатга келардики, бу ҳари нечук қалбларга ўртаниш солмоғи аён эди. Хуллас, кундузи дарё бўйига тушган тўлин ой кўклам қуёшидан ҳам ойдин кўриниб, ҳаммаёқни кўзларни қамаштиргувчи, дилларни сим-сим оқизгувчи нурга чулғади.

Хайём ҳар сафар Марямга тўқнаш келганда, алланечук туғён ва тебранишларга гирифтор бўлар, гоҳо қаерда тургани, мудаосию айтмоқчи бўлган сўзларини ҳам фаромуш этарди. Вужудида олов ёниб, қони қизий бошлаганини бетакрор ҳузур ва сархушлик ила яққол ҳис қиларди. Балки бу эҳтиросли кечмишларга айни кучга тўлган йигит ёшидаги Хайёмнинг шоир қалби боисдир ва эҳтимол Марямнинг ҳуркак оҳу каби зоҳири остидаги бир қадар эркину озод феъли, мусулмон қизларига аксил ўлароқ дадиллиги ёхуд эркаликка менгзаган шўхлиги сабабдир. Не бўлганда ҳам Хайём унинг қошида ҳузурбахш бир оташда қоврула бошларди.

-Завол не, ширин хаёлларимга ҳаёт бахш этдинг, Марям, марҳабо! -Айни дамда Хайём ўзини идора этолмай, саросималанмоқда эди. -Нечук танҳосен?

Қизнинг киприклари силкиниб, шоирнинг бағрига тақи ўқ отдилар.

-Райҳонани унутмоққа ўзимда куч тополмасмен. Шўрликкинанинг ҳоли не кечди экан? -Марям форсийда бехато, лекин ёқимли бир талаффуз ила гапирарди.

Иккиси соҳилда сувга тикилганча маҳзун турардилар. Хайём Райҳона ҳақида Марямнинг кўнглига таскин бергувчи бирон сўз айтмоққа ожиз эди.

-У ғойиб бўлди-ю мен учун сўзлашгулик ҳамроҳ, дўст қолмади. -Марям ҳамон сувга тикилиб сўзларди. -Райҳона кўп тафаккурли қиз эди, кўп китоб ўқирди. Қанча шеъру ғазални ёд биларди. -У сўзларди-ю кўзларидан ёш оқарди ва уларга яна-да қаролик бахш этарди. -Уни эсладиму юрагим сиқилди, танҳоликни истаб қолдим. Бу томон юрсам, бахтимга сиз турибсиз!

Хайём қизнинг ростмона йиғлаб, андуҳ чекаётганини кўриб, ачиниб кетди.

-Ўзингни азоблама, Марям, балки қизгинани Маҳмуд топиб келар. Оллоҳ хоҳласа, ҳеч гап эмас. -У қизни чалғитишга уринди. -Ҳзинг нечуксен? Падаринг ила расадхонада қийналмаяпсизларми?

Марям бир энтикиб, илки ила кўз ёшларини артди.

-Шукр қийналганимиз йўқ. Ватандин ўзга ҳамма нарса муҳайё, устод.

Хайёмнинг бағри ўртаниб кетди, чунки қизни кичик дарддан олиб, каттасига отганини фаҳмлади.

-Ҳар кун мана бу тоғларга боқиб, Ватанимни, онажонимни эслаймен. Бу ернинг тоғлари арман тоғларига жуда ўхшаш, лекин бу ерда тупроқ, гиёҳ мўл, бизларда эса тош. Бу ернинг ҳавоси хушбўй, бизники бўлса енгил ва мусаффо!- Марям чуқур бир соғинч ила гапирарди.

Хайём тақи сўзсиз қолди, тилига келтиргулик таскинли сўз топа олмади.

Қиз сезгир эди, Хайёмнинг аҳволини англади.

-Узр, устод, дилингизни хира торттирдим.

Бир томони Марямнинг Хайёмни ўзига яқин олиб, бу сўзларни гапириши унга хуш ёқарди ҳам.

-Ҳа, айтгандай, отам нечукдир кейинги кунларда камгап бўлиб қолди. Дилидан ҳаловат ариган кўринади. У киши сизнинг суҳбатингизни хуш кўради, балки...

Хайём қизнинг муддаосини тушунди.

-Албатта гаплашаман.-деди қизни эркаловчи бир оҳангда...

Саккизинчи боб

Жавзо кириб, коинот тиниқлашди ва шу важҳдан ҳам расадхона юмушлари жадаллашиб қолди. Самопараст олимлар кеча-ю кундуз осмон ила тиллаша бошладилар. Расадхонанинг устурлоб ўрнатилган кенг хосхонаси олиму толиблар ила гавжумлашиб, гоҳо баҳс-мунозаралар ёхуд илми нужумга оид ваъзлар ҳам жонланмоққа тушди. Осмон, хусусан, юлдузлар сиру синоатга бой бўлганлиги ва уларнинг қисман инсон тақдирига туташлиги дунёни англаш талабидаги бошларни ўзи сари чорлаб, уларга кун сайин мўъжизалар ваъда қилаверарди.

Расадхона тоғ ёнбағрида жойлашганди ва шул боис унинг асосий катта гумбази ортидан тоғ чўққилари қорайиб кўриниб турарди. Хайём мажусийлардан олиб келинган шиша заррабинни устурлобга ўрнатиб, кузатишларини давом эттира бошлади ва бу билан гўё кўк тоқига нигоҳи етадиган бўлди, мажозан унга нарвон ўрнатди. У шогирдлари Исфазарий, Воситий ва бошқалар ҳамроҳлигида юлдузларни ўрганаркан, шу билан бирга уларнинг Миррих, Муштарий каби сайёраларга нисбатини, ҳаракату ҳажмларини ҳам аниқлашга, кузатмоққа тушди. У янги тақвим яратишга киришганлиги боис юлдузларнинг ўн икки буржини ўзида мужассам этган Самон йўли (Зодиак) туркумини ўрганмоққа астойдил бел боғлади. Зеро сирли самонинг башарият тақдирига туташ манзиллари ҳам айнан шу туркумда эди. Эҳтимол само меҳвари, Арши аълога туташ маъво ҳам шунда бўлса ва чексиз коинотнинг, таъбир жоиз эрса, маркази (нисбатан) мана шу оралиқда бўлса ажабмас. Чунки Ер айланади, Ой, Қуйёш ва бошқа хилқатларнинг бари айланади, яъни бутун коинот ҳаракатда, айланади. Демак, айланаркан...

Бу осмонга дил боғлаган Хайёмнинг ўйлари, фикрлари эди. У бутун борлиқни ўз қувваи ҳофизасига бирваракай жо этмоқни истарди...

Хайём ҳеч вақт фикрлашдан, изланишдан тўхтамасди. У ҳамиша янгилик сари интиларди, умрига маъно бўлаётган барча илмларни қамраб олмоққа ва уларда ўзига хос бирон кашфиёт яратмоққа ҳаракат қиларди. Унинг феъли шундай эди, умрининг маъно-мазмуни ҳаракатда эди. Шу кунларда у яна бир янги юмушга қўл урди, яъниким осмон хилқатларини ва унинг заминга нисбатини ўрганишни осонлаштирувчи бир асбоб бунёд этмоққа киришди. Бундан саксон йиллар муқаддам Рай шаҳрида яшаб ўтган риёзатчи ва мунажжим Абу Маҳмуд Ҳомид ибн Хидр ал Хўжандийнинг «Судси фахрийси» («Фахрий секстанти») Хайёмни қизиқтириб келарди. Мазкур судс ёрдамида Хўжандий Қуёш бир йилда айланиб чиқадиган катта фазовий доиранинг (эклиптика) Ернинг марказий айлана чизиғига (Экваторга) оғиш бурчагини аниқлаган. Шунингдек, Райнинг кенглама даржасини ҳам ўлчаган. Хайём ана шу судсни бино этмоқчи бўлди. Аввало ҳар томонлама ҳисоб-китобли мукаммал тарх чизди. Мазкур тархга асосан расадхона юқорисидаги тоғнинг тўшида оралиғидаги масофа етти газ келадиган иккита ўзаро ёндош тош девор ўрнатилмоғи лозим. Уларнинг орасига эса учидаги туйнуги айланасининг кўндаланг кесими (диаметри) бир қарич келадиган гумбазсимон тоқи бириктирилади. Бу туйнукнинг марказини шу деворлар орасидаги текисликка (меридианга) ўрнатилган ва кўндаланг кесими саксон газ келадиган доира судсининг маркази ила устма-уст тушадиган қилинади. Сўнг судсни ёғоч тахта ила ўраб, уни мис ила қопланади ва айлана даражаларининг ҳар бирини уч юз олтмишга бўлинади. Бу бўлимларнинг ҳар бири эса ўн сония (секунд) келади. Қуёш чиқаётганида унинг нури шу туйнукдан текислик чизиғига тушмоғи лозим.

Хўжандий тажрибасига биноан, туйнукдан ерга тушаётган нурнинг ҳажмича (миқдорича) доира ясаб, унинг марказини ўзаро кесишувчи иккита кўндаланг кесими ила белгилаб қўйилади. Доиранинг айланаси ердаги нур чегараси ила мос келади ва унинг марказига биноан Қуёш билан осмоннинг кузатувчи тепасидаги энг баланд нуқтаси (зенит) оралиғидаги масофа аниқланади.

Шундай қилиб, Хайём мазкур тарх асосида судсни қуришга киришганди. Кеча Микоил бошлиқ сангтарошлар ёндош деворларни қуриб битказдилар. Тоқини ўрнатишда эса Хайёмнинг ўзи иштирок этмоғи шарт, чунки бу юмуш заргарлик каби нозик ва аниқ ҳаракатларни, ҳисоб-китобни талаб этади. Озгина хатога йўл қўйилса ва нурнинг оғиши сезилмас даражада сурилса ҳам бир неча сониялар тугул кунлар нисбатида адашув келиб чиқмоғи мумкин.

Хайём расадхонанинг хосҳонаси марказидаги устурлоб олдида қоғоздаги иккита ёндош чизиққа тикилганча чуқур ўйга чўмиб турарди. Айни дамда у тақи устод Уқлидуснинг беш қоидаси ҳақида бош қотираётганди ва шунингдек, ҳайрат оғушида эди. Бу машҳур беш қоида, исбот талаб этмагувчи шу беш ҳақиқат унга болаликдан ошно. Гўё унинг барча илмларга оид жами фикрлари, қарашлари ва ҳатто кашфлари мана шу қоидалар ортидан ёхуд уларнинг етовида яратилгандек...

Корфармо ва Микоилнинг кириб келганлигини унинг ёнига етиб, салом берганларидагина пайқади.

-Ваалайкум ассалом.-деди у нигоҳи мудом тафаккур оғушидан чиқмай.

-Хожам, агарки судснинг тоқини бугун эрта ўрнатмоққа киришмас эканмиз, биз расадхона хоналари пештоқларидаги нақшларга ишлов бера турсакми, деб эдик?- рухсат сўраш маъносида деди корфармо.

Ниҳоят Хайём фикрини жамлади.

-Тоқини ўрнатишга эртадан киришурмиз. Унда ўзим иштирок этмасам бўлмас. Сизлар эса бугун ҳордиқ олинг, ижозат.

-Хўп бўлади, хожам.-деди Корфармо итоаткорона бош эгиб.

-Яхши бўлди. Микоилнинг қалин соқол-мўйлови орасидан тишлари кўриниб, мамнун жилмайганлигини ошкор этди. -Полвон (айиғининг исми шундай эди) ила водийни бир кезиб қайтамиз!

Хайём кулди:

-Полвоннинг тирноқларини тарошлаб қўйсанг бўларкан, жудаям ўсиб кетибди. Оллоҳ сақласину... -У сўзини интиҳоламади.

-Хўп бўлади, устод...

Тағин у икки ёндош чизиқ ила танҳо қолди. Қошлари чимирилиб, манглайи тиришиб, уларга тикилди. Сўнг қўлига хомани олиб, иккала ёндош чизиқни ҳам давом эттириб, кескин хома тортди. Чизиқлар қоғоз четида якун топди. Мабодо ул қоғозга туташ тақи бир қоғоз ёхуд хома чизиқ тортмоғи мумкин бошқа бирон нимарса бўлганда эди, икки ёндош чизиқ яна давом этаверарди, бироқ туташмасди. Шундай қилиб, бу чизиқлар Хайёмнинг нигоҳида чексиз бир маъвода ғойиб бўлиб, коинот қаърига сингиб кетардилару лекин туташмасдилар, кесишмасдилар. Ё Қодиро! Наҳотки бу жуфт ҳад мангу шундай давом этаверсалар?! Йўлларида қанча нигоҳлар, юксакликлар, кўтарилишу тушишлар, не-не талотумлар бор. Бу итоаткор, мўмин чизиқлар бир-бирларига эргашиб, абадий йўлдалар, на бир-бирларига яқинлашадилар, на бир-бирларидан узоқ кетадилар. Улар қандайдир кўринмас кучга, тўғрироғи, қонунга бўйсунадилар, итоат этадилар. Бу қонунни исботламоққа ҳожат ҳам йўқ, у абадул абад амалда. Ё парвардигоро! Бу абадий қонуннинг, ўзгармас, исбот талаб этмас қоиданинг асосчиси, эгаси ўзингсан! Устод Уқлидус ҳам буни англаб етган ва ўзининг исботга беҳожат қоидаларини яратган. Унинг бешинчи қоидаси! Мана, ўша бешинчи қоидага муқобил беш умумий тушунчалар... Хайёмнинг кўзлари катта очилиб, чақнарди. Ҳозир у бутун вужуди ила илм завқининг уммонига шўнғиб борарди. У илми ҳандасанинг шоирига айланарди... Хў-ўш!.. Ҳаққи рост, мана ўша умумий тушунчалар:

«Бир-бирига тенг бўлган ўзаро ҳам тенгдир.»

Нақадар содда ва жўн, бироқ ҳеч қачон ўзгармас қоида. Хайём ҳар бир тушунчани эслар экан, ўша тушунчага монанд чизиқларни қоғозга чизиб борарди. Демак, иккинчи тушунча:

«Агар тенгга тенг қўшилса, унда бутун ҳам тенг бўлади.»

Учинчиси:

«Агар тенгдан тенг олиб ташланса, унда қолдиқ ҳам тенг бўлади.»

Ва:

«Бир бири билан кесишувчилар ўзаро тенгдир.»

Ёки сўнггиси:

«Бутун бўлакдан каттадир.»

Бу борада баҳсу мунозарага ҳожат йўқ, ҳаммаси тўппа-тўғри. Шунинг учун ҳам ҳандаса ва унинг фалсафаси буюкдир...

Хайём таниш овозни эшитиб, узоқ-узоқлардан қайтди ва овоз келган томонга ўгирилди. Кўзларида чақнаган олов ёруғ нурга айланди ва нур ҳарир пардага менгзаб, ниҳоят маълум фурсат ўтгач, парда кўтарилиб, қаршисида турган роҳиб Артурни илғади.

-Хаёлингизни бўлмадимми ишқилиб?-деди роҳиб ҳижолатли овозда.

-Бу гапингиз ғалат, Артур ҳазратлари.- Хайём очиқ чеҳра ила қучоқ кериб, роҳибни хонанинг даричалари остига қурилган сўричага таклиф этди. -Марҳабо! Марҳабо!..

Юзма-юз ўлтирдилар.

-Нечукдир ҳужрамга ҳам, расадхонага ҳам сиғмасмен. -Артур нигоҳини қаерда тўхтатишни билмас, кўкси ҳапқириб-ҳапқириб қўярди. -Аслида туни билан киприк қоқмадим.

Хайём отаси тенги бу ғайри дин алломанинг аҳволини тушунгандай бўлар, бироқ наҳотки шу ёшда ҳам шунчалар туғён, бу қадар безовталик насиб этса, деган андишали ўй фикрини хулосалашга монелик қиларди. Шунинг учун Артурнинг кўнглини эҳтиётлаб гапиришга уринди:

-Не боис ухламадингиз?

-Рости тун бўйи юлдузларни томоша қилдим.

-Ахир умр бўйи томоша қилиб қонмадингизми? -Кулиб ҳазиллашди шоир.

-Демак, қонмаган эканмен.-роҳиб дарича орқали мовий осмонга тикилди. -Қизиқ, юлдузлар ҳаммага бир хил кўринади - мусулмонга ҳам, насронийу мажусийга ҳам!.. Аммо одамлар уларга бир хил қарамайдилар. Уларга боқиб, турли маънолар чиқарадилар.

-«Дарҳақиқат, биз (ерга) энг яқин осмонга чироғлар (юлдузлар) ила зийнат бердик...» («Мулк» сураси, 5-оят) -Хайём бу оятни гўзал бир қироат ила ўқиди ва давом этди. -Бу Оллоҳ таолонинг қавли. «Саҳиҳи Бухорий»да эса бу борада шундай дейилади: «Қатода розияллоҳу анҳу дедилар: «Оллоҳ таоло бул юлдузларни уч мақсадда -осмонга зийнат, шайтонларга отиладирган тош ҳамда бандаларига йўл кўрсатувчи аломатлар бўлмоғи учун яратди. Кимки бу оятни бундан бўлакча талқин қилса, янглишган, охират насибасини бой берган ва ўзи билмаган (ақли етмаган) нарса хусусида ўзбошимчалик бирлан фикр юритиб, ўзини-ўзи кулфатга қолдирган бўлур!»

Аввали буюк оятнинг гўзал қироати таъсир этдими ёки «Саҳиҳ»дан келтирилган сўзларми, Артур Хайёмга тикилиб турар ва унинг аслан хўмрайиб боқгувчи кўзлари айни дамда катта очилиб, мулойимлашгандек эди. Ҳатто бу кўзларнинг четларида ашкий шодалар думалар ва нигоҳи «нажот, нажот» деяётгандек туюларди. У ҳозир ўзини шоирнинг пойига ташлаб, ҳудди ёш бола мисол дод солмоққа, ўкраб-ўкраб йиғламоққа тайёрдек эди гўё.

Хайём ундаги бу ҳолатни ҳов ўшанда ҳам кўрганди. Марям дарё бўйида ундан отаси ила бир гаплашиб кўришини сўраганидан сўнг, эртаси куни пайт пойлаб Артурнинг ҳужрасига кирди.

Артур том маънодаги китоб кўрган одам эди. Юнон ва лотин тилларини билар, бу ерга келиб арабий ҳамда форсийни ҳам анча ўзлаштириб олганди. У ҳандаса, риёзат, нужум илмларини мукаммал эгаллаган, алкимёдан бохабар ва шунингдек, афсунгарлик (мағия) ила ҳам тузуккина машғул бўлган эди. Ўз наздида, у ҳам руҳий камолат сари интиларди.

Хайём ҳужрага кирганида Артур ўчоқ ёнида оловга тикилганча тиз чўкиб ўлтирар, лаблари нималарнидир пичирларди. У ёлғиз эди. Хайём унга халақит бермаслик учун индамай берироққа ўлтирди ва ҳам қизиқиш, ҳам ҳайрат ила роҳибнинг ҳаракатларини кузатишга тушди.

Артур хиёл овоз чиқариб, алланималарни ўқир ва маълум бир фурсат орасида икки қўлини олов сари чўзиб, юқорига аста силтаса, олов шиддатли овоз чиқарар ҳамда алангаси улканлашиб, мисоли мор (илон) янглиғ тепага интиларди. Бу ҳол бир неча бор такрорланди, ҳар такрорланганда, бунда шайтоний ғайб борлигини сезган Хайём ичида калима келтириб ўтирди. Роҳиб ниҳоят ўз юмушини якунлаб, чўқинди ва Хайёмга ўгирилди. Ўгирилди-ю шошиб ўрнидан турмоққа чоғланди.

-Келинг, хожам, марҳабо!

Бироқ шоир уни турмоқликка қўймади:

-Қўзғолмангиз, жаноб. Неча бор айтдим, мени «хожам» демангиз деб! -Хайём ростмона ранжиган эди.

-Афу этгайсиз, фаромуш қилибмен. -Артур меҳрли бир табассум ила ёнидаги аёқдан сопол пиёлага баҳорда ичилгувчи гиёҳлар дамламасидан қуйиб, шоирга узатди. Бу илиқ ичимлик аввалига бироз тахир туюлса-да, оз фурсат ўтиб, оғиздаги баҳорда бўлгувчи чучмал таъмни даф этиб, ёқимли бир маза бергувчи эди.

Хайём ичимликдан бир хўплаб, роҳибга гап айтмоқчидай маънода қаради.

-Кулбаи вайронамизни кўп обод этдингиз.-Артурнинг бу мулозамати шоирни муддаога ундади:

-Айб этмагайсизу, тақи жоду ила машғул эдингиз чоғи?

Артур хиёл зардали жилмайиб, деди:

-Не қилай, буям бир андармонликда.- Унинг кўзлари йўлини йўқотган одамнинг нигоҳи каби тоқат қилиб бўлмас даражада мунглиғ ва таънали боқарди.

-Банданинг зийнати ва андармонлиги ибодат ила деганлар.

-Ибодатим бор, билурсиз.

-Намозни назарда тутиб эрдим...

Артур Хайёмга янада қаттиқроқ тикилди.

-Намоз?.. -Ненингдир андишасида бироз жим қолди. -Ахир намоз мусулмонлар зийнати-ку?! Мен эрсам... -Энди унинг нигоҳи синовчан маънога йўғрилди.

-Мусулмон бўлмоғингизга не тўсиқ бор, жаноб? -Хайём бу гапни ёқимли бир тарзда айтди.

-Диним тўсқинлик қиладур.-деди Артур нигоҳини оловга қаратаркан, лекин унинг овозидаги қатъият ожизона эди.

Жим қолдилар. Сўнг:

-Мусулмонлик дейсиз! Афу этгайсиз, Хайём жаноблари, бироқ... -Артур лабларини қимтиб, у ёқ-бу ёққа бетоқатлик ила аланглади, ненидир қидирди гўё.

Хайём эса унга хотиржамлик ила мулойим боқиб турарди.

Артур сўзида давом этди:

-Бироқ мусулмонларингиз мана бу ишга қодирми? -У шаҳд ила илкини ўчоқдаги оловга тиқди.

Хайём бир сесканди-ю «ё Оллоҳ!» деб юборди ва лаҳзалик ҳайрати яна хотиржамлик ила алмашди. У шундагина Артурнинг нигоҳидаги маънони ва ҳаракатларидаги болаларча зарда ҳамда қайсарликни тушуниб етди. Филҳақиқат, роҳиб айни дамда «Менинг гапим тўғри» ёхуд «Мен зўрман» қабилида иш тутар ва буни соддаларча исботламоққа уринаркан, рўбарўсидаги аксил фикрли одамнинг ҳам ўз фикрини уникидан зўр эканлигини исботлаб бермоғини истарди. Тўғрироғи, ундаги инсоний бир худбинлик, аросат даштида сарсонликда қолган аҳволотини тан олмоғига монелик қиларди.

-Бу юмуш менинг илкимдан келмас.- деди Хайём раҳми келаётганини сездирмасликка уриниб. -Бироқ буни сиз уҳдалаётганингиз йўқ -бунисини аниқ билурмен.

-Унда ким? -сўради Артур ҳайратини яширолмай.

-Шайтон. Улуғ динимизда «Агар мўъжиза кўрсангизу у иймондан бўлса, ростдан ҳам мўъжизадир ва у раҳмонийдир, мабодо мўъжиза кўрсатаётган зот иймонсиз бўлса, у шайтонийдир, яъни жинларнинг ҳунаридир», дейилган. Сиз эса иймондан!.. -Шоир «иймондан бебаҳрасиз» деёлмади, суҳбатдошининг дилини оғритиб қўймоқликдан ҳадиксиради.

Анчадан бери бағрини кемираётган иштибоҳ зўр келдими ёки Хайёмнинг гаплари ҳақ эканлигига тан бердими, Артур жим қолди.

Хайём эса босиқлик ила давом этди:

-Ийсо алайҳиссаломга тушган ҳақиқий Инжил йўқолган ахир. Сиз эътиқод қилаётган Аҳдлар сохта устозларнинг уйдирмалари эканлиги сир эмас-ку!..

-Бунчалар маломат этманг!-деди роҳиб кўзларини ерга олиб, лекин энди овозида бояги қатъият, шиддат йўқ эди.

-Бу гапларим асло маломат эмас, жаноб. Мана, бир исботи: насронийлар Ийсо алайҳиссалом Худонинг ўғли эканлигини, астағфуриллоҳ, айтадилару тақи ул зотнинг насл-насаби шажарасини кўрсатадилар. -Хайём ўз феълига зид ўлароқ айни пайтда мутлақо қизишмас, ўзининг ҳақ эканлигини билганлиги ва суҳбатдошининг ёши улуғлиги унга шундайин босиқлик бахш этаётганди гўё. -Эски Аҳдда келтирилган башоратларда айтилишича, Бани Исроил кутаётган Масиҳ Довуд алайҳиссалом хонадонидан чиқиши ва ким ўзини Масиҳ дея билдирса, Довуд алайҳиссаломнинг подшоҳлик сулоласига мансублигини исбот этмоғи лозим эди. Ҳозир сиз муқаддас санаб келаётган Инжилда эса Ийсо алайҳиссаломнинг насл-насаби Бани Исроилга қаратилган ва у Довуд алайҳиссалом сулолаларининг давомчиси қилиб кўрсатилган.

Артур рўбарўсидаги мусулмон шоирга ҳай рат ила тикилиб қолган эдики, чамаси, у Хайёмнинг Инжилни билишини хаёлига ҳам келтирмаганди.

-Бу Адларни баён этмиш Матто ва Луқа каби авлиёларингиз катта хатолиғ йўлни тутганлар. Эътиқод ва мантиққа зид шажара тўқимоқ ила овора бўлишиб, Довуд алайҳиссаломнинг сулоласини Марям онамизнинг завжи бўлмиш Юсуфга боғлайдилар. Ҳолбуки Юсуф Ийсо алайҳиссаломнинг отаси эмас эди. Бу тўқима шажараларга черков руҳонийлари асло жавоб тополмайдилар.

Ийсо алайҳиссаломни Оллоҳ таоло отасиз дунёга келтирган экан, Матто ва Луқа келтирган Аҳдлардаги шажарага на ҳожат? Эҳ-ҳе, мазкур Аҳдларда бу каби чалкашликлар бисёр, қай бирини айтай!.. Биз мусулмонлар Ийсо алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига иймон келтирамиз ва ул зотнинг отасиз дунёга келганлигига шак-шубҳа ҳам қилмаймиз. Чунки бизга Оллоҳ таолонинг бир сўзи кифоя: «Албатта, Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Оллоҳ наздида Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл?» деди. Бас, у (жонли) одам бўлди.» («Оли Имрон» сураси, 59-оят) Зеро Ҳазрати Ийсо алайҳиссаломни ҳақиқий мақомларида улуғлаган, ул зотнинг пок номларини ҳар хил бўлмағур туҳмату бўҳтонлардан асраган ҳам Исломдир, буюк Қуръони каримдир! -Хайём сўзини тугатиб, қуйига боққанча сукутга толди.

Артур эса бутунлай бўшашиб, инон-ихтиёрини Хайёмнинг сўзларидаги ҳақиқатга ва эҳтимолки унинг ўзига топширгандек итоаткорона бош эгиб ўлтирарди. У айни дамда бирон сўз айтмоққа қодир эмасди, Хайёмнинг сўзларидан сўнг шунга амин бўлдики, энди Қуръонни, шариатни астойдил ўрганмоғи лозим экан. Ҳеч йўқ баҳсда тенг бўла олмоқ учун ҳам ўрганмоғи шарт. Шул боис ҳозир у фақат ва фақат танҳо қолмоқни, шуурини қамраб бораётган фикрлар талошини филҳол тиндирмоқни истарди. Шул боис Хайёмга аста бош ирғаб «афу этгайсиз» деди-да, оҳиста қадамлар ила ҳужраси сари йўл олди.

Хайём эса ўрнидан туриб, унинг ортидан хижолат ила қараб қоларкан, «бечора роҳибнинг дилига озор етказдим», деган андиша юрагига тиғ янглиғ санчилмоқда эди. У ўзини билағон фаҳмлаб кўп гапириб қўйганлигидан ва бу ила етук бир олим зотнинг олдида одобсизлик қилибгина қолмай, ваъзхонлиги ила ўз кўнглининг тиниқ оинасини ҳам хира торттирганлигидан ростмонасига афсусланарди. «У сенга ўн-ўн беш яшар боламидийки унга дарс берсанг, ақл ўргатсанг», дея ўзини ғадабларди. Бу ҳам етмагандек, ёлғон ҳам сўзлади ва бу ила ўзини кўз-кўз этмоқни истади. Юлдузларни фақат «Саҳиҳ»да айтилганидек, яъники йўл кўрсатувчи сифатидагина ўрганар эмиш. Ёлғон бўлса шунчалар бўлар ахир. Кунларни тунларга улаб, юлдузларнинг инсон тақдирига, кунлару ойлар ҳисобига ва умуман заминга таъсирини ўрганганини, ул осмон зийнатларининг сиру асрорларини билишга уринганлигини ҳамда мудом ўз қисматини юлдузлар ила боғлаб келаётганлигини наҳот унутди?! Ундай пайтларда бу юмушининг гуноҳ эканлигини ва ҳатто гуноҳ ва савоб тушунчалари ҳақида мутлақо ўйламас, фақат илм ила машғул бўлар эди-ку! У сон-саноқсиз юлдузлар аро ва умуман чексиз бул коинот бағрида яратганнинг башар қисматига доҳил не-не сирлари, ҳикматлари яширинганлигини жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам юлдузларга тобора ёвуқ келмоқни тилайди...

Юлдузлар!.. Юлдузлар!..

Ер айланади, Ой, Қуёш ва бошқа барча ҳилқатлар айланади. Яъниким бутун коинот ҳаракатда, айланади. Демак, айланаркан... Аёнки, бирваракай чарх ургувчи хилқатнинг ўртасида гирдоб, яъни туйнук ҳосил бўлади. Ё Парвардигоро! Танҳо олим зот! Балки у парда ила башар назаридан пинҳон этган ўзга оламига ана ўша туйнук орқали олиб ўтар? Икки оламни боғловчи узв шу туйнук бўлса ажабмас...

Хайёмнинг хаёли бўлинди-ю тағин роҳиб Артурни эслади. Бир мусофир, мазлум кўнгилни ранжитдим, дея ўйлади надомат ила. Ул бечоранинг олдида билағонлик қилмоққа не ҳожат эди? Унинг икки оташ орасинда жизғанак бўлиб юрганлигини биларди-ку ахир! Унга иймондан сабоқ бермоқ истади. Рост, иймон буюк неъмат, Оллоҳ таолонинг улуғ инъоми, у ўзи суйган бандаларгагина иймон ато этади. Бироқ у барча учун битта, ягона эмасми? Фақат Унга элтувчи йўллар турфа, кўп. Демакки, ўша йўллардан танҳо Яратгувчига интилган барча-барчани тушунмоқ, асрамоқ лозим. У гоҳо девонаваш кўйга тушиб, хос йўл ахтарган дамларида, бошқа бировнинг тушига ҳам кирмагувчи фикр- ўйларни бошидан ўтказади. Қандай ибодат қилмоқнинг, дея осийона фикрларга берилади у, не маъноси бор-турибми, ўтирибми? Мақсад-Оллоҳ ва унинг раҳматига умидворлик экан, ибодатнинг шакли муҳим эмас-ку! Пок руҳ, пок тан бўлса бас, ахир! Ё Оллоҳим, мен ижод қилганимда ёхуд бирон севимли, нафли юмушимни бажараётганимда бисёр ибодат қилаётгандек туюлавераман, наздимда. Зеро сидқидилдан меҳнат қилмоқ ҳам ибодатку, ё Соҳиб Адолат!.. Не баъд ўйларни қиладурмен?! Ўзинг кечиргайсен, Оллоҳим!.. Муҳтарам Артурни қаттиқ ранжитдим, мен дилозор банда.

Риндонийнинг ижозат сўраш маъносидаги томоқ қириши унинг хаёлини бўлди.

-Маликамизнинг канизаклари ҳузурингизга кирмоқни тилайдур, хожам. -деди Риндоний таъзим ила.

Хайём юз-кўзини кафти ила бир-икки ишқалади ва сергак тортгандай бўлди. Сўнг,

-Олиб киринг.-дея амр этди.

Орадан ҳеч қанча муддат ўтмай, шоирнинг қошида таъзим ила гўзал бир канизак турарди. У канизаклар либоси бўлмиш яшил қабода эди, бошидаги оқ ҳарир рўймол устидан пешонабанд таққанди.

-Маликаи олиялари сизга нома йўлламиш. -У думалоқланган қоғозни тавозе ила Хайёмга узатди.

Хайём номага бир қур кўз югуртириб чиқди-да, канизакка «маъқул» дегандай бош ирғади ва шу ила унинг кетмоғига ижозат ҳам берди.

Канизак тез-тез юриб, пастга-расадхона ҳовлисига тушиб, бўсағага етганда Полвонни етаклаб келаётган Микоилга рўбарў бўлди. Улкан маҳлуқни кўриб, ҳам ҳайрат, ҳам қўрқув оғушида тош янглиғ ўрнида қотди.

-Қўрқмангиз!-деди Микоил айиқни ортига олиб. -Полвон соҳиби жамолларга хуруж этмагай. -У маънодор жилмайиш ила шундай дегани замоно Полвон бир ириллаб қўйди. Бундан канизак баттар қўрқувга тушди, аммо Микоилнинг мулойим боқиб турган, оташли нигоҳига кўзлари тўқнаш келиб, хиёл хотиржам тортди.

-Исмингизни сўрайдур.-деди мудом жилмайиб, Полвонга ишора қиларкан. -Бунинг оти Полвон, меники эса Микоил.

Энди канизак бутунлай ўзига келиб олганди. Шул боис йигитга ҳар не дилни ўртаб юборгувчи нозли нигоҳ ила бир қараш қилди-да, «Лайли!» деди ва шаҳар томон чопа кетди...

Тўққизинчи боб

Канизак келтирган нома Султон Маликшоҳнинг суюкли завжаси- Мовароуннаҳр ҳукмдорлари Қорахонийлар наслидан бўлмиш Зуҳра (Туркон) Хотундан эди. Малика мактубида Хайёмни бисёр мутавозелик ила ўз саройига таклиф этганди. Номани ўқиди-ю шоирнинг юрагини хижиллик қамради, руҳияти хира тортди. Маликанинг маъноли қарашларини эслаб, эски гумонлари кучайди, шуурига маҳзун бир хавотир соя солди. Бироқ малика барибир Малика эди, у ҳам соҳиби фармон бўлиб, султонники каби унинг ҳам амри вожиб эди. Шул боис айтилган вақтда унинг ҳузурида қойим бўлмоғи шарт.

Эртаси куни чошгоҳга яқин Микоилни эргаштириб Туркон Хотуннинг қасри сари йўл олди. Мекоилни шерик қилмоғига сабаб-бир йўла сарой кутубхонасига кириб, анчадан буён мутолаа этмоқни ният қилгани китобларни олиб қайтмоқ ҳам эди. Қолаверса, Микоилнинг бусиз ҳам Хайёмга эргашмоғи тайин эди. Чунки вазири аъзам шоирнинг Микоилга бўлган меҳрини ва бу айиқмонанд айиқбознинг ўз хожасига нисбатан самимий муҳаббатини туйиб, уни пинҳона Хайёмнинг жонига посбон этиб тайинлаганди. Лекин бу юмушни ўта яширин бажармоғи лозим эдики, акс ҳолда шоирнинг ранжида бўлмоғи ва қарши турмоғи аниқ эди.

Маликанинг қасри султон саройига туташ эди. Таъбир жоиз бўлса, Туркон Хотуннинг саройи ҳам безаклар борасида султоннинг саройидан қолишмасди. Фақат маликанинг саройи бир қадар чоғроқ бўлиб, чин саройга муҳташамликда ён берарди холос. Бироқ девору шифтлардаги нақшлар беқиёс нафис бўлиб, кўпроқ алвон ранглар ишлатилганди ва бу кўзларни қамаштирарди. Ул нақшларга дуру жавоҳирлар, ёқутлар ҳам қадалганди. Шифтдаги қандиллар ҳам ниҳоятда нақшин ва маҳобатли эди. Уларга ўрнатилган шағамлар мазкур қандиллар учун махсус тайёрланганди.

Малика саройида оҳиста қадамлар ила елиб-югургувчи канизаклар бисёр эдилар. Хосхона бўсағасида икки басавлат ҳабаш қул қўлларини кўксида қовуштириб турардилар. Саройбека Хайём ва Микоилни кутиб турмоққа ундаб, ўзи маликанинг изнини сўрамоқ учун ичкарига кириб кетди. Орадан пича муддат ўтиб, саройбека чиқиб келди-да, тавозе ила Хайёмни ичкарига таклиф этди. Шоир Мекоилни ўша ерда қолдириб, хосхонага кирди-ю хира алвоний тусдан кўзлари қамашиб, бир лаҳза ўзини йўқотди. Бу жой ҳудди гўшангани эслатар, шунинг учун шоирнинг қалби ҳам илк бора ўз келинчагига ёвуқ келаётган куёв мисол дукирлаб кетди. Шундагина у бу малииканинг чин фароғатхонаси, яъниким ишратхонаси эканлигини фаҳмлади ва шунинг асносида ўзини тутиб олишга уринди. Нигоҳи равшанлашиб, рўпарасига синчковроқ разм соли: ҳарир парда ортидаги тахтиравонда оппоқ фарқуларга чулғаниб, малика ўлтирарди. Икки ёнидаги икки канизак елпиғич елпиб турар ва ундан пайдо бўлган ожиз бир шабода ҳарир пардани билинар-билинмас тўлқинлантирарди.

Хайём хиёл бош эгиб, салом берди.

-Хуш келибсиз, эй, шоирлар султони!-деди малика тантанавор ва шунингдек, титроқ овозда. У бу хитобини айтаркан, ҳаловатсиз бир кўйда силтаниб ҳам қўйди. Бу орада икки ёнида бош эгиб турган канизакларга ишорат қилган эди, улар ҳарир пардани икки томонга қайириб қўйдилар.

Ана энди малика тахтиравонининг бутун ҳашамати ва унинг ҳусну жамоли бир варакай намоён бўлиб, шоирнинг кўзлари тинди. Қорахонийлар наслидан бўлмиш бу навжувон чиндан-да соҳибжамол эди. Унинг оқ пушти юзи, қора қайрилма қошлари, кишига қаттиқ тикилгувчи ва қорчўғлари чуқур-чуқур кўринган жуҳудий кўзлари ростдан ҳам жон олғувчи эди. Малика Бухоро-Мовароуннаҳр ҳукмдори Шамс ул Мулкнинг синглиси эди ва шунинг учун ҳам унинг бутун жисму саъйидан аслзода хотинларга хос кибру ҳаво, ғурур ҳамда такаббурлик ёғилиб турарди. Шул боис ҳам у ўзини салжуқий султоннинг бошқа хотинларидан анчайин юқори кўрарди. Айниқса, салжуқий малика Зубайда Хотунни орқаваротдан «зоти паст» дея таҳқир этарди. Унинг султонга нисбатан эркин муомалотда бўлмоғининг сабаби яна шунда эдики, айни дамда Мовароуннаҳрнинг тасарруфини олиб келаётган ҳоқон Шамс ул Мулк султон Маликшоҳнинг опасига уйланган эди. Султоннинг Бухорога юриши қолдирилганлиги аввало Боғдод шайхулисломининг аралашуви ва вазири аъзам Низом ул Мулк жанобларининг тадбири туфайли бўлса, шунингдек, малика Туркон Хотуннинг эрига таъсирига ҳам боғлиқ эди. Илло қариндошлик ришталари ҳар ишда ўз ҳукмини имкон қадар ўтказиб келарди.

Шоир маликанинг ишорати ила рўбарўдаги нақшин ором курсига омонат ўлтирди. Канизаклар олтин аёқда салқин гулоб тутдилар. Хайём муздек аёқни тутгандан сўнггина бутун вужуди олов янглиғ ёнаётганлигини фаҳмлади. Нафас олишини енгиллатмоқ учун кўйлагининг ёқасини бироз бўшатди. Гулобдан хўплади. Яхдек ҳузур бағрини ёқимли сийпалаб ўтди.

Нигоҳи ила шоирни тинимсиз таъқиб этаётган малика унинг аҳволидан бохабар эди. Шунинг учун уни баттар исканжага олмоқни ихтиёр этди:

-Нечукким бизнинг ҳолимиздин хабар олмоқдин қочадурсиз, эй, юлдузлар ҳоқони?-деди малика маънодор табассум ила.

Хайём ўзини қўлга ола бошлади.

-Маликам ихтиёр этсалар, биз каби қулларини ҳар дафъа оёқлари остида кўрурлар.

Шоирнинг гапидан малика аёлларга хос ёввойи бир ҳузурни ҳис этди, бироқ бу кечмишини сир тутмоққа уринди.

-Сизни чорламоқдин муродимиз, ситамгар кўнгулларимизни гоҳо-гоҳо шеър файзи ила сарафроз этмоғингизни ўтинмоқдир. Зеро сизнинг ҳикмату... -малика бир тўхталиб, маънодор томоқ қириб қўйди- ишқ сеҳрига тўла рубоийларингизга ошиқлиғимиз чиндур. Назму мусиқий базмларимизга таклиф этсак, раддингиз бўлмасму?

Шоир ўнг қўли кўксида хиёл бош эгиб, деди:

-Маликамнинг ихтиёрлари биз учун вожибдур, бироқ бунинг учун аввало давлатпаноҳимизнинг фарз ижозатлари жоиздур. -Хайём маликанинг нозик жойидан тутди ва гўё ғолиб бўлгандек туйди ўзини.

Аммо Туркон Хотун уни зоҳиран сўзамоллиги учун табассум ила олқишлаган бўлса-да, ботинан бағридаги хусуматнинг қаро қасрига яна бир мустаҳкам тош қўймоқда эди...

Бу маҳал хосхонанинг даҳлизида хожасининг чиқишига интиқ турган Микоил сарой юмушлари ила елиб-югураётган канизак Лайлига рўбарў келди. У Микоилни кўрди-ю кўзлари чақнаганча тўхтаб қолди. Айни дамда шодликданми, қўрқувданми ва ёки ишқданми, қаттиқроқ дукурлай бошлаган юраги басавлат йигит ўзининг қисмати эканлигини сезиб турарди.

-Хуш келибсиз! -деди қиз кўзларини олиб қочиб, бош эгаркан.

-Оллоҳнинг карамини қаранг... -деди Микоил қувончдан яйраб, -Полвон туни билан исмингизни такрорлаб чиқди, Лайли!

Қиз гап айиқ ҳақида бораётганлигини дарров фаҳмлади ва йигитнинг ҳазилиги ҳузурбахш бир эркалаш ила жавоб берди:

-Сизчи? Сиз эсламадингизми исмимни?

Йигит ўртанди:

-Исмингизни жонимга нақш этмишмен, Лайли!.. Сизни кўрмоққа имкон...

Лайли унинг гапини бўлди:

-Сизнинг бу ерга келмоғингиз хавфли. Имкон етгач, ўзим сизни топурмен!..

Қиз уни тарк этди.

Шу пайт ҳаллослаганча бир мулозим пайдо бўлди.

-Умар Хайём ҳазратлари шундамилар?-дея сўради у Микоилга боқиб. У Микоилнинг Хайёмга доҳил эканлигини билармиди ёки шошиб қолганидан унга мурожаат этдими, англаш мушкул эди.

-Маликамизнинг ҳузуридалар. -таскинловчи оҳангда жавоб берди Микоил.

Мулозим Хайёмнинг зудлик билан Низом ул Мулк ҳузурига бормоғи лозимлигини хабар қилгани келганди. Яхшики, шоир маликанинг ҳузурида узоқ қолмади. У ердан чиқди-ю Микоилни эргаштириб, вазири аъзамнинг қасри сари югурди. Чунки соҳиб девоннинг чопари бир жиддий ҳодисот рўй берганлигига ишорат этган эди. Филҳақиқат, Хайём вазири аъзамнинг ошёни сари кириб келганида у рангпар бир аҳволда чўзилиб ётар, тинмай кўксини ишқалаб, оҳ урар ва ўқчирди. Ёнида бир чуҳраси идиш тутиб, чўнқайиб ўлтирар, уч мулозим эса (табиблар шекилли), вазир шундай амр этганиданми, берироқда юзларида хавотир ила тик туришарди.

Хайём шошилинч бир шаҳд ила вазири аъзамнинг ёнига чўнқайиб, унинг билагидан тутиб, томирига бармоқ босди.

-Не бўлди, ҳазратим?!-дея сўради титроқ овозда ва унинг ранги қочган юзига сарасоф солди.

Вазирнинг кўзлари юмуқ, мислсиз бир оғриқми ёхуд оташданми манглайидаги тиришлар қалинлашган, оғзининг икки чети кўпиклашгандай эди. У Хайёмнинг овозини эшитиб, кўзларини қия очди ва унга умидвор назар ташлади. «Хайрият» деди ожиз сас ила ва оғир бир ўртаниб, кўзларини қайта юмди. Чамаси, у Хайёмни интиқ кутган ва ёнидагиларга ишончсизлик билдиргани боис улар боягидек алпозда турардилар.

Хайём вазирнинг заҳарланганлигини дарров фаҳмлади ва ўз эгнидаги енгил чакмонини ечиб ташлаб, тезликда муолажага киришди. Ёнидагиларга аниқ-аниқ буйруқлар бериб, чор тарафга югуртирди. Бир пасда илиқ сув, доривор гиёҳлар ва тайёр дорулар келтирилди. Хайём вазирни парда ортига олиб, табиблардан бирининг кўмагида уни хуқна қилишга киришди. Аввало ошқозонни ҳамда ичакларни ювмоқ лозим, сўнгра қонни тозалашга киришилса ҳам бўлади. Оллоҳнинг карами боис оғу ҳали бутун вужудга тарқаб улгурмаган кўринадир, чунки вазири аъзам ҳамма нарсани идрок этиб турарди. Бироқ тўлғона-тўлғона ўқчир, қон аралаш кўкимтир нимарса қусарди. Ниҳоят ҳуқна якунланганда уни совуқ тер босди, кўзлари ағдарилиб, дир-дир титрай бошлади. Борки табиблик ҳунарини шуурига жамлаган Хайём энди вазирга қонни тозаламоқ учун хапдори ва кетидан раддиоғу ичирди. Шу асно унинг юз-кўзларидаги терни ҳам артарди. Лекин вазири аъзам зир қақшаб қалтираётганидан бир муддат саросималаниб, қўрқди. Орадан ваҳмага йўғрилган маълум фурсат ўтгач, беморнинг титроғи майинлашиб, нафас олиши текислашди.

Хайём ўзига келиб, қаддини ростлади ва «Оллоҳга шукур!» деди ҳўрсиниб. Шундагина ўзи ҳам жиққа терга ботганлигини сезди ва енги ила манглайини артди. Чиндан ҳам хавф чекиниб, хастанинг аҳволи умид бахш эта бошлаганди. Хайём ўрнидан туриб, ёнидаги кишиларга юзланди.

-Не воқеа рўй берди?-дея сўроққа тутди уларни.

Табиблар ва кейинроқ кириб келган вазирнинг надимлари бир-бирларига боқиб, кўз уриштириб олдилар.

Ибн Баҳманёр жаноблари келиб эди... -дея сас берди ваниҳоят улардан бири.

Ибн Баҳманёр деганлари девоннинг нуфузли мансабдорларидан эди. Шунданми, Хайём фожеани фаҳмлагандай бўлди-да, дарҳол султон ҳазратларига хабарчи йўллади ва соқчибошига Ибн Баҳманёрни тутиб, ҳибсга олмоқ ҳақида фармон берди.

Хайём бироз тин олгач, пешин намозини ҳали ўқимагани ёдига тушди. Вақт асрга яқинлашиб қолган, намозни қазо қилмасдан адо этиб олмоқ лозим эди. Рўбарўсида хизматга шай турган надимлардан бирига вазири аъзамни топширди-да, таҳорат олмоққа шошилди.

Номи бутун Хуросону Мовароуннаҳрга ёйилган вазири аъзам Абу Али Ҳасан ибн Али ат Тусий Низом ул Мулк ҳазратлари ҳозир ожиз бир суратда чалқанча ётар, энди унинг юзидаги аянч, азият излари чекинган, хотиржам кўз юмиб, ором оларди. Умр бўйи илм-маърифатга, давлат ишларини такомиллаштирмоққа интилиб яшаган бу зот чинакам донишманд, соҳиби ҳикмат одам эди. Бу унинг юз-кўзида шундоққина зоҳир этиб турар, унда кишиларни ўзига тортувчи бир хислат, илоҳий инъом мужассам эди. У эллик беш ёшларни қоралаб, умр шоми сари борар, бунинг устига тоат-ибодат ва илмнинг файзиданми ёхуд қалбидаги нурнинг аксиданми, анча нуроний кўринарди. Ўз замонаси учун анча мукаммал давлат идорасини яратган, «Сиёсатнома»дек тарихий китоб ёзган, ҳатто Низомия мадрасасида толиби илмларга сабоқ берган вазирнинг болалиги анчайин муҳтожликда кечганди...

Вазири аъзамнинг падари бузруквори қадим Туснинг олийнасаб кишиларидан бўлиб, тақдирнинг ёзиғи боис камбағалликка юз тутган эди. У узоқ йиллар Хуросоннинг Ғазнавий ҳукмдори даргоҳида хизмат қилганди. Саройда ўрта бўғиндаги мансабдор бўлганлигидан топган-тутгани оиласини таъмин этмоққа зўр-базўр етарди. Волидаси у ҳали сут эмди бўлган пайтдаёқ оламдан ўтган, шўрлик болакай фақатгина ота меҳрига қаноат қилмоққа маҳкум эди. Бироқ Оллоҳ таолонинг карами беқиёс, ҳикмати мўл, яъни у меҳрга ташна бу норасидага илоҳий бир истеъдод, нодир қувваи ҳофиза ато этган эди. Шунинг учун у илмга жуда эрта чексиз меҳр қўйди. Арабу форс тилини мукаммал ўрганди, энг нодир китобларни мутолаа қилди. Айниқса, фикҳ ва ҳадис илмларида беқиёс бир даражотга мушарраф бўлди. Унга омад эшиклари кетма-кет очилиб, тақдири табассум ила боқа бошлади. Хуросон шаҳарларини кезар экан, иттифоқо Ғазнага келиб қолди. Бу ерда бир зодагон ила танишгач, у туфайли Балх ҳокими Муҳаммад Довуднинг даргоҳига етиб, унинг омили (олиқ-солиқ ишлари билан шуғулланувчи мансабдор) ихтиёрида хизмат қила бошлади. Муҳаммад Довуд кейинчалик cалжуқийлар султонига айланган Алп Арслоннинг падари эди. Бу даргоҳда у ўз илму салоҳияти ила назарга тушди, валинеъматининг ишончини қозонди ва моддий аҳволи яхшилана бошлади. Асли илму маърифатни суйган омил умр адоғида садоқатли ходимини шаҳзода Алп Арслон хизматига тавсия қилди. Кекса омилнинг садоқатига инонган Алп Арслон ўз юмушларининг тасарруфини Низом ул Мулкка топширди. Сўнгроқ эса уни ўз вазири этиб тайинлади. Алп Арслоннинг амакиси султон Тўғрулбек оламдан кўз юмгач, Алп Арслон тахтга ўтирди ва султонлик тожини кийди. Низом ул мулкни эса вазири аъзам даражасига кўтарди. Кун етиб, султон Алп Арслоннинг ҳам қазоси етгач, у ўғли Маликшоҳга султонликни васият қилди ва ўғлининг тақдирини донишманд вазирига топширди. Шу-шу салжуқийлар сулоласининг маърифатпарварлиги ва кекса вазирнинг илму тадбиркорлиги боис бу туркий салтанат кун сайин яшнаб, куч-қудратга тўлиб бормоқда. Лекин...

Мана, энди у ожизу нотавон бир аҳволда тўшакка михланиб ётибди. Бир неча соат давом этган жон талвасаси уни толиқтирди, йиқитди. Аввало Оллоҳ таборака таолонинг меҳрибончилиги ва сўнгра шоиру табиб Умар ибн Иброҳимнинг сидқидил тадбири ила омон қолди. Айни дамда у жон талошида бой берган тан қувватини тиклагувчи уйқуда. Ҳозир ҳеч нарсани ўйламайди ва ўйламоққа имкони ҳам йўқ. Лекин ҳали ўзига келиб, шуури тиниқлашгач, изтиробли бир хаёлга тушмоғи аниғ: ё, алҳазар! Бани башар ёвлашмоқдин, бир-бирига хусумат этмоқдин қачон толаркин, тинаркин-а?! Бутун умрини мана шу одамларнинг тинч ва тўкин яшамоғи, кентларнинг обод бўлмоғи учун сарф этаётган бунингдек эзгулик талаб банданинг ҳам шунчаликка боргувчи ғаними бўлса-я! Ибн Баҳманёрнинг бадният эканлигини ҳуфиялар орқали ҳур тугул биларди. Бироқ бунчаликка борар деб ўйламаганди. Султоннинг иниси Муҳаммад Такаш ва шоирлар амири Қазвиний ила бул кимсанинг пинҳона мажлислари бўлиб турмоғидин ҳам бохабар эди. Лекин буни ҳасаднинг азалий ғимирлашлари, оддий фисқу фужур-да, деб ўйларди. Энди эса янглишганига ақли етиб турибди. -Ҳа, ҳаммасига сабаб-султон Маликшоҳ ила яқинлиги, олампаноҳнинг унинг сўзига кўпда ён босмоғи. Бу одам боласининг феълида бор-икки оқил бирлашса, чин ишонч ила баҳамжиҳат иш олиб бормоққа киришса, уларга қарши қора кўнгил кимсаларнинг бир неча жамоатлари пайдо бўлади. Шундай экан, султон ила вазирнинг самимий дўстлигини кўролмаганлар неча-нечалаб бўлмоқлари мумкин ахир! Вазири аъзам қанчалар доно бўлмасин, барибир у ҳам оддий банда эди ва шунинг учун бу адоватларга икки вилятдаги ҳоким ўғиллари ҳам боис эканлигини хаёлига келтирмасди. Бандага хос бўлган бу худбинлик унингдек доно зотни ҳам чалғитмоғда эди. Филҳақиқат, унинг жами ўн икки нафар ўғли бўлиб, уларнинг иккиси икки вилоятда ҳоким, қолганлари ҳам саройдаги нуфузли мансабларни эгаллаган эдилар.

Ибн Баҳманёр эрталаб вазири аъзамнинг ҳузурига кирмоққа ижозат сўради. Балхда ҳокимлик қилаётган тўнғич ўғлига доҳил гапи борлигини рўкач қилди. Ибн Баҳманёр ҳузурига кириб, ўлтиргач, соҳиб девон кун иссиқ бўлганидан муздек шарбат келтирмоқни буюрди. Энди билса, бу иши Ибн Баҳманёр учун айни муддао бўлган экан. Аслида-ку оғуни у солганлигини кўргани йўқ, бу шунчаки қалб сезгиси, аниқроғи, гумон эди холос. Ибн Баҳманёр чиқиб кетгач... У ўғли ҳақида нималар деди?! Бирон нарса дедими ўзи?! Ҳеч нарса айтгани йўқ, муддаоси ҳосил бўлгач, қочиб қолди чоғи. Кейин эса... Йўқ, ҳали у баттол чиқиб кетмасидан аввал вужуди оловлана бошлади. Ё фалак! Бу ғаддор хусумат деганлари қачон чархинг остида қолиб, яксон бўларкин?!..

Хайём намозни адо этиб қайтганида вазири аъзам мудом осойишта уйқуда эди.

-Қўзғолмадиларми?-сўради уни кўриб ўрнидан қўпган надимдан ва беморнинг ёнига чўкиб, манглайига кафтини босди.

Султон Маликшоҳ ошкора хавотир ила шошиб кириб келганида Хайём ҳамон ҳаста вазирнинг ёнида ўлтирарди. Султоннинг ортидан иниси Муҳаммад Такаш ҳам кўзларида саросима ила эргашиб келганди. Олампаноҳни кўриб Хайём ўрнидан қўпди ва ўзини четга олиб, қўл қовуштирди. Ташрифи муборакни сезган вазир ҳам кўзини очди ва ўрнидан турмоққа уринди. Султон эпчиллик ила унинг ёнига чўкиб, елкасидан аста босди.

-Азият чекмангиз, устоз!-Султоннинг меҳри товланганидан овози титраб кетди. -Аҳволингиз дурустми?.. -деди у беихтиёр донишманд вазирининг ранги қочган юзига боқаркан, сўзини йўқотиб.

Вазирнинг қуруқшаган лаблари тамшаниб, ожиз ва хорғин овози эшитилди:

-Шукур, олампаноҳ!.. -У сўзини давом эттиролмади-да, юзи аянчли тиришиб, табассум ясашга уринди.

Султон саволли назар ила Хайёмга боқди.

-Вазири аъзам жанобларини оғулашибди, олампаноҳ. Келганим ҳамоно зарур тадбирларни қўлладик. Иншооллоҳ, хавф чекинди. Оғунинг асли набототдин экани боисми, хавф осонроқ даф бўлди. Чунки гиёҳдин олинган оғу заиф бўлур. Худо хоҳласа, бир-икки кунда оёққа турғайлар... -Хайём бор гапни султонга тезроқ етказмоқ учун мухтасар сўзлади.

Олампаноҳ кўзларини юмиб олган вазирга яна бир бор назар ташлади-да, отилмоққа шайланган ғазаб ўтини босмоқ учун тишлари орасидан деди:

-Ким?!.. Оғуни ким солибдур?!..

Хайём Султоннинг сўроғига унинг овозига аксил ўлароқ вазминлик ила жавоб қилди:

-Озгина фурсат бурун ҳузурларига Ибн Баҳманёр кирган экан...

-Тутдиларму?!.. -султон шоирнинг гапини бўлиб.

Хайём бунга тайёр эди, шул боис эсанкирамади:

-Соқчибошига тутмоққа фармон бердим.

Султон вазири аъзамнинг устидаги гулдор чойшабни меҳрибонлик ила тузатган бўлиб, шаҳд ўрнидан турди. Ёш салжуқийзода султоннинг қони чинакамига кўпирмоқда эдики, кўзлари ғазабдан ёниб, тишлари ғижирлаб кетди. Филҳақиқат, айни дамда навжувон ҳукмдорга ёшлик ўз ҳукмини ўтказар ва у вазминликни фаромуш этмоқда эди. Ғазабдан ҳайқирмоғига ҳаста вазирнинг оромини бузмаслик истаги монелик қиларди холос.

-Зудликда бош табибни бунга чорланғиз! У бошлиқ барча табиблар шунда огоҳ турсинлар. Вазири аъзамнинг сиҳатидаги ҳар не ўзгаришдин мени хабардор этсинлар!-дея амр этди султон.

Шу пайт шаҳдам сарбозий одимлар ила соқчибоши кириб келди ва султон қошида тиз чўкиб, бош эгди .

-Сўйла!-деди султон шошиб, унинг ижозатсиз бир сўз айтмаслигини билганидан.

-Фармонга биноан Ибн Баҳманёрни банди этдик, олампаноҳ!

Султон Хайёмга қайрилидb.

-Нариги хонага ўтайлик!

Улар вазири аъзамнинг кўринишхонасига (қабулхонасига) ўтганлари ҳамоноқ чуҳралар султон учун оромкурси ҳозирладилар. Ҳукмдор ҳам айнан шуни хоҳлаганди-ақлга эрк бермоқ учун не қилиб бўлса-да, ғазабини синдирмоғи лозим эди. Бунинг машойихлар эътироф этган бирламчи тадбири эса ўлтирган бўлсанг қҒпмоқ, турган бўлсанг ўлтирмоқ ва калимаи илоҳий ила лаъинга хайр бермоқдир. Оромкурсига ўлтириб, ишорат этгач, миқти жуссали Ибн Баҳманёрни олиб кирдилар. Унинг думалоқ кўзлари олазарак боқар, бироқ уларда қўрқув сезилмасди.

-Не номақбул нимарсани танаввул этдинг, сакбачча?! -ғазабнок бир овозда сўради султон.

Қўлларини қовуштириб, итоаткорона бош эгган Ибн Баҳманёр ер остидан ғўлдиради:

-Муборак сўзларингизни англамоқдин ожизмен, офтоби олам.

-Муғомбирлик нафсиз. Қилмишинг айён. Вазири аъзамда не хусуматинг бор эди шуни билмоқ истайдурмен.

Ибн Баҳманёр жим тураверди.

-Гапир, ножинс!.. -дея ҳайқирди султон.

Ибн Баҳманёр яна жим.

-Унинг бошига сакнинг кунини солинғиз, токи хиёнатини бўйниға олиб, ғаламис шерикларининғ номларини ҳам ошкор этсун! Олиб чиқинғ!..

Ўнинчи боб

1

Султон бу тунни ҳар васлида уни лаззат ва шунингдек, тушуниксиз бир ваҳмга ошно этгувчи малика- кўҳна Бухоро гўзали Зуҳра Хотун оғушида ўтказди. Малика чиндан ҳам ҳусну латофат, нозу карашма ва ҳатто навқирон султонни олов-оташ бағрига солмиш шаҳват, яъни ишқ ўйинлари борасида ҳам беназир эди. Бу албаттаки тождор ҳазратларини бефарқ қолдирмас, кўпинча оқшомларини унинг тўшагида ўтказмоққа ошиқарди. Бироқ султон ёш бўлишига қарамай ўз ҳаддини ҳам биларди, яъни изму ихтиёрини ожизалар илкига бериб қўймоқликдан сақланарди. Бу борада отаси васият қилган устози Низом ул Мулкнинг насиҳатларига амал қилмоққа уринарди. Чунки бутун умрини илмга, ободлик ва эзгуликка сарф этаётган вазир ҳар бир юмушга киришмоқдан илгари узоқ ўйлар, машойиҳлар айтганларидек-етти ўлчаб бир кесарди. Шул боисми, камдан-кам адашувга, хатоликка йўл қўяр ва султон ҳам унинг йўриғига юриб, ҳали шу дамгача афсус-надомат чекмаган. Қолаверса, вазири аъзамнинг юз-кўзида, сўзида ва умуман бутун хатти-ҳаракатларида ажиб бир илиқлик, кишини ўзига тортгувчи, эҳтимолки, ўзига ишонтирувчи, охир оқибат ўз ортидан эргаштирувчи тажаллийми ёхуд сеҳрми мавжуд эди. Айни шу сеҳрми ва ёхуд бошқа нимарсами, унинг ғанимларига ёқмасди, ҳатто ундан қўрқардилар. Султонни сеҳру жоду ила ўзига банди этиб олган, йўриғига солган, дея ёзғирардилар. Султоннинг соҳиб девонга нисбатан ота мерос самимий меҳрини, ҳурматини ва иккисининг ораларидаги дўстликни тушунмоққа улар қодир эмасдилар. Чунки бу кўҳна дунё шундай яралган. Унда иймон аҳлининг бирлашмоғи, якдил бўлмоғи азал-азалдан мушкул, жамики яхшиликпешалар якка-якка ҳолда изтироб оғушидалар. Ҳа, азали шундай. Аксинча, шайтони лаъин қавмидан бўлмиш иймонсиз кимсалар эса жуда-жуда осон эшлашадилар, бир лаҳзада бошлари бирикиб, тил ҳам топишиб оладилар. Ёш султон мана шу жумбоқни ечмоққа ожиз, худди шу савдонинг изтиробидан доғда. Адоватнинг қўллари узун, тирноқлари ўткир, бир зум эҳтиётни унутсанг, вужудингни тилка-пора қилади. Унинг қошида тождорларнинг ҳайбату виқори ҳам ҳечдир. Агар акси бўлганида, ул хусумат аҳли султоннинг энг яқин кишисига, пинҳона пири муршидим деб қўл бергани донишманд зотга тиш қайрармидилар?! Надоматким, уларнинг бу қилмишлари биринчи бора ҳам эмасдики, ҳукмдор уни ҳамиша ҳис қилиб яшарди. Во дариғ! Ахир на унинг, на вазири аъзамнинг бошқаларга, аниқроғи, аъёнларга асло ёмонлиги йўқ-ку. Наҳотки дўстликнинг, чин биродарликнинг, яхшилик қувватланмоғининг сийлови шу бўлса?!..

Султон Маликшоҳ гўдаклик чоғлариданоқ падари бузруквори Алп Арслон ҳазратларининг ва у кишининг хоҳиш иродасига биноан Низом ул Мулк жанобларининг назоратида бўлди. Ҳа, у салжуқий султон буюк Алп Арслоннинг забардаст билаклари, кескир қиличи соясида ҳамда буюк Низом ул Мулкнинг тафаккури, илми дониши таъсири остида улғайди. Айнан шундай! Эҳтимол у ҳам шамшир кучига зўр бериб, тафаккур нуридан бебаҳра бўлганида бу адоватлар бўлмасмиди. Чунки қаттиққўл отаси бу каби пинҳоний сўғишларга мутлақо йўл бермасди, ҳар не бўлса қилич ила бостирарди. Балки у илмга ҳурмати боис юмшоқ кўнгил бўлиб ва шунинг учун ҳам ғаламис кимсалар ғимирлаб қолгандирлар? Не қилсин, у ҳам барча мушкулотларни қилич ила ҳал этсинми? Унда қураётгани бу расадхона, бу масжиду мадрасалар қонга ботмайдими? Бир қарашда жуда оддий туюлган бу ўйлар, ҳал қилиниши, айниқса, ҳукмдор учун, осон кўринган бу мушкуллар кишини чиндан-да азобловчи эди.

Маликанинг васлидан хушнуд қайтган султон миясига туйқус урилган бу хаёллардан сўнг тақи тундлашди. Малика ҳақиқатан султоннинг кўнглини овлашга уринди, бу сафар ҳам қиёссиз лаззат оғушига ғарқ этди. У икки ўғлини ёшига етмай тупроққа топширгач, юрак олдириб қўйганди. Беш ёшга тўлган якка-ю ёлғиз ўғли-шаҳзода Маҳмуд унинг танҳо умид юлдузи эди ва у мана шу умид юлдузининг сўнмаслиги, само узра баралла нур сочмоғи эрига-султон Маликшоҳга боғлиқ эканлигини жуда яхши биларди. Гўзал маликанинг султон кўнглига йўл изламоғига, унинг ишончини қозонмоққа уринмоғига боис юксак маъволарни кўзлаган онанинг матлуби (орзу қилган нарсаси) эди. У ёлғиз ўғлининг салжуқий малика Зубайда Хотундан туғилмиш шаҳзодалардан аввал тахтга ўлтиришини, султон уни биринчи меросхўр этиб танлашини истарди. Аслида бу бахтга энг аввало салжуқий маликадан туғилмиш шаҳзодалар ҳақли эдилар. Буни Зуҳра Хотун ҳам жуда яхши билар ва шул боисдан ҳам султоннинг кўнглига йўл ахтарарди. Ботинан эрини саҳройи авбош (бебош) дея камситар, ўзининг кўҳна Бухоро маликаси эканлигидан фаҳру ифтихор этарди, кибр ҳавосида учарди. Бироқ султон Маликшоҳ аёл зотининг макру хийласидан огоҳ эди ва шунинг учун ҳам калласидаги ўйларини бировга, айниқса, ожизаларга ошкор этмасди. Унинг кучи ҳам аслида шунда эди. Аёлларнинг давлат ишларига аралашмоғига йўл қўймасликни вазири аъзам ўргатганди. У бу борада кўплаб ҳикоят ва ривоятлар ҳам айтиб берганди. Айнан ўша ҳикоят ва ривоятлар унинг «Сиёсатнома» отлиғ китобига ҳам киритилганди. Аёллар ила маслаҳатлашмоқ аслида султоннинг Оллоҳ берган феълига ҳам бегона эди.

Султоннинг қалби хуш бир суҳбатни соғинди. Пешин намозидан сўнг киши юбориб, вазири аъзамнинг аҳволидан огоҳ бўлгач, Умар Хайёмни чақиртирди. Ўз боғида шоир ила суҳбат қуриб, кўнгил хижиллигини ёзмоқни ихтиёр этди.

Султон боғ сари ўтмоғи арафасида яна бир нохуш хабарни эшитди: тўрт кундан бери зиндонда бўлган Ибн Баҳманёр қўққисдан қазо қилибди. Хабар беришларича, ҳали унчалик оғир қийноқларга солинмаган хиёнаткорнинг бирдан жон таслим қилиши шубҳали эди. Ҳар тугул уни ўлар даражада азоблашмаган ва султоннинг ижозати бўлмагач, қатл этмоққа ҳам журъатлари етмаслиги аниқ эди. Наҳотки хиёнатчи касларнинг илдизлари зиндонгача етган бўлса-я? Банди ўз шерикларини фош этгувчи бирон бир гап айтиб улгурмаганлигидан билмоқ мумкинки, уни ўлдиришгани чин... Султон ўйчан ва паришон қиёфада улкан боғнинг нақшинкор шийпонига етиб борганда ортидаги Хайёмни пайқади. Кўришдилар. Ибн Баҳманёрнинг вафоти ҳақида Хайём ҳам эшитганди, шунинг учун султоннинг юзида зуҳур этган ташвиш маъносини тушунгандай бўлди. Бу эса ҳукмдор то фикрларини жамлаб олгунга қадар жим турмоғи лозимлигини англатди.

Ўлтирдилар...

Боғ бисёр кўркам эди. Ҳов нарида турфа хил мевалар барқ уриб яшнаган, офтоб нурига йўғрилган яшиллик кўзни қамаштиради. Берида, яъни шийпон теварагида эса хар хил тусдаги гуллар қийғос очилиб ётибди. Гулзорнинг умумрангида музаффарликка эришган қизиллик бетакрор бир гўзал манзара кашф этгандики, киши қалбига эҳтирос, туғён солмоғи аён эди. Гулзор ёқасида қад ростлаган қатор сарвлар эса гул узмоққа шайланган сулув қизларга монанд. Гул ва меваларнинг ораларига тош ётқизилиб, текис йўлаклар қурилган. Боғу гулзор бағридан ҳар турфа қушларнинг сайрашлари эшитилади.

Шийпон жуда сўлим эди. Айниқса, унинг томидан ҳар тарафга бир маромда шилдираб оқиб турган сув таровати жонга ором бағишлайди. Бу сув коризлар (ер ости ариқлари) орқали оқиб келиб, шийпон томига кўтариларди ва том узра ёйиларди. Гўё шийпоннинг тўрт томонига ялтироқ ҳарир парда тортилгандай... Табиатнинг фусункор манзараси ғашланган кўнгулларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади-султон хиёл енгил тортди. Шай турган гўзал канизаклар унинг ишораси ила хизматга киришдилар. Кенг хонтахта устидаги шоҳона дастурхон кўзни қамаштирарди. Энг аввало канизаклар тутган яхна шарбатдан тотиндилар. Вужудларига ҳузур инди.

-Бу гал шатранж ила бошингизни тангламоқчи эмасмен, шоир. -дея жилмайди султон,-Илло бизни ҳам шеъру юлдузларга ошно этмоғингизни истайдурмиз.

Султоннинг лутфидан шоирнинг ҳам юзида табассум балқди.

-Бош устига, олампаноҳ.-деди қўлини кўксига қўйиб.

-Кўнглингиз дарё бўлиб оқсун, шоир. Биз эса унда ғарқ бўлайлик.

Хайём султоннинг қошида ўлтирганини унутмади, зеро у ҳукмдорлар ҳузурида мувозанатни тутмоқ лозимлигини жуда яхши англарди. Шоҳлар Қуёш янглиғ-бисёр ёвуқлашсанг, куйиб қоласан, онча узоқлашсанг, яхлаб тўнасан, деган ҳикматни ўқиган, уққан эди. Шул боис ҳамду сано учун тилига эрк берди:

-Сизнинг шону шавкатингиз тақи саховатингиз уммони олдида биз бир жилғамиз, ҳазратим. Сиз баҳри муҳитсиз.

Шоирнинг гапи хуш ёқиб, султон мамнун жилмайди, кўзлари қувлик ила қисилиб, бўртган туркона ёноқлари ялтиради.

-Бир шеър айтингиз, шоир!

-Менинг шоирлик даъвом йўқдир, вале бир-икки машқ этганим бор. Ҳозир эса... -Хайём бир қўзғолиб олдида, қўлини кўксига қўйиб, енгил таъзим қилди.- Рудакий ҳазратларидан бир битик айтгум:

Дилим, токай «ўзим» дейсан, паришон,
Темирни урма кўп беҳуда, эй жон.
Дилим бир дону ишқ эса тоғ,
Нечун бир донга бу тоғдек тегирмон?
Келиб кўр Рудакийни, сен агарда
Кўрай дерсан тирик танники бежон.

Хайём шеърни ўктам бир овозда, ёқимли оҳангда ўқиди. Кўзларини юмиб, шеър оҳангига монанд тебранган султон бироз сукут ортидан «Офарин!» деди ва чуқур хўсиниб қўйди.

-Филҳақиқат, бу кажрафтор фалак одам боласининг увоқдек бошига тоғ янглиғ балоларни ёғдирғуси экан!

Хайём ўз қулоқларига ишонмади-мана шу рўбарўсида ўлтирган одам дунёни зир титратган ўшал буюк салжуқий султон Маликшоҳми ёхуд ўзгами? Бунчалар хорғин ва забун кўринмаса у?!

Бироқ султоннинг бу ҳолати лаҳзалик эди, оний бир инсоний ожизлик, олам шўришларидан хорғинлик уни шу лаҳзалар ичра маҳф этганди. Мана у яна мағрур ангорга кирди, қошлари чимирилиб, ўйчан бир ҳолатда деди:

-Ибн Баҳманёрни ўлдирибдурлар! Тақи хиёнат!..

Хайёмнинг феълида тезлик ва хиёл бадгумонлик бор эди. Юраги сесканиб, «наҳотки мендан шубҳа қилаётган бўлса?», дея ўйлади. То султон унга назар ташлагунча қони ҳам, ўйи ҳам тиниб, ўзини ўнглаб олди.

-Эшитдинғизми?-сўради султон ярим қаҳрли овозда яна тилида ўғизона шеваси пайдо бўлиб.

-Эшитдим, олампаноҳ.

-Бунға не дейсиз?

-Бир нима демоққа ожизмен, султоним.

-Бу кимнинғ илкидур?-султон бу гапни ўзига ўзи гапираётгандай ўйчан қиёфада айтди.

Бу орада канизаклар муздек мавиз (майиз) мусалласидан келтирдилар ва аёқларга қуйиб, ҳамсуҳбатларга тутдилар. Мезбонлик ҳурматиданми ёки ростдан ҳам Хайём ила хуш суҳбат қурмоқ истагидамиди, султоннинг юзига яна табассум югурди.

-Бул ҳақда шеърингиз бисёр турар, жаноб?-деди Маликшоҳ бармоғи ила бодали олтин аёқни чертаркан, муғомбирона жилмайиб.

Шоир ҳам табассум қилди ва тагдор сўз айтди:

-Тождорнинг амри вожиб.

Хуррамлик китобин ўқимоқ керак,
Дилда ғам кўкати ўсмасин андак.
Май ичиб, истагинг ўринлат доим,
Маълумки, тез келур ўлимдан дарак.

Бу султоннинг кўнглига қараб айтилган шеър эди.

-Ўлмағайсиз, шоир! Қани!-қадаҳга ишора қилди ҳукмдор.

Ичдилар.

Бу орада хуш бўйи димоғларни қитиқлаган суюқ таом тортилди.

Таомландилар.

-Жаноблари осмон илми ила ҳам машғуллар. Юлдузлар асроридан ҳам сўйласунлар.-Султоннинг нафси ором топиб, мусаллас туфайли қони қизиганиданми, энди мулойим сўзларди.- Уларнинг инсонлар тақдиридан сўз айтмоғи чинми? Ахир Уммул Китобда...-гапини сўнгига етказмади, зеро фикрини шоир тушунганлигини пайқади.

-Ҳақ гап, султоним.-дея гап бошлади Хайём сўз оҳангига оз бўлса-да дағаллик сингмоғидан эҳтиётланиб. -Филҳақиқат, Оллоҳ таборака таоло Қуръони каримда юлдузларга қараб фол очмоқни, тақдирлардан башорат қилмоқни таъқиқ этган. Зеро бу мажусийларга хос бир илатдурки, у билан машғул бўлмоқ мусулмон умматига чандон офатлар ёғдирмоғи ҳам тайин... - Шу ерга етганда шоир чайналиб, ўз фикрини султонга тўла айтмоқдан хавфсираётганлигини ошкор этиб қўйди.

-Тортинмай сўзлайверинг, эй, Иброҳимнинг ўғли! -дея хитоб қилди султон араб лисонида ва жилмайиб қўшиб қўйди, -Ижозат.

Шоир дадиллашди:

-Бироқ илми нужум ўз номи ила илмдур. У ила шуғулланмоқ олам мўъжизаларини англаб, Оллоҳнинг кучу қудратини туймоққа имкон беради. Демак, жамики маҳлуқотни англамоқ мумкин бўлади. Бу эса ўзни англамоқдур. Ўзликни анламоқ ўз давомийлиги ила Оллоҳ васлига мушарраф этади. Илло Ҳазрати рисолатпаноҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Бешикдан то қабргача илм изланг», дея бежиз марҳамат қилмаганлар.

Султон кулди:

-Демак, оламни англаш йўлида куфр кетмоқ ҳам жоиз экан-да?

-Фикри ожизимча, ундай эмас, олампаноҳ. Эҳтимолки, сарвари олам пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам «Динда чуқур кетманглар» деганларида шу нарсани назарда тутгандирлар.

Бу айни топиб айтилган гап эди. Жим қолдилар.

Ниҳоят яна султон тилга кирди:

-Наҳотки улар чиндан ҳам одам боласининг тақдирига таъсир эта олсалар?

Хайём ҳукмдорнинг изат-нафсини ҳимоялаган ҳолда оҳиста жавоб берди:

-Айнан шундай, ҳазратим. Илло Оллоҳ таолонинг мўъжизаси-ю асрори беҳисоб. Юлдузлар ҳам ана ўша асрордан биридир. Фалакнинг айланиши боис тун ва кун алмашиб туради. Юлдузларнинг тақдирларга таъсири ҳам фалакнинг ўша айланиши асосига қурилган. Яъни ўн иккита бурж бўлиб, уларнинг ҳар бирида маълум юлдузлар туркуми жам бўлганлар. Улар юлдузларнинг хонадонлари ҳисобланадилар. Буржларнинг номларини султоним ҳам биладилар, албатта.

-Адашмадингиз, шоир. Вале бу сирнинг остига мудом етолмаётирмен,-деди султон борки диққатини жамлаб Хайёмга тикиларкан.

Хайём ҳам энди суҳбатга берилиб кетганди.

-Инсоннинг руҳи ва шуури само тоқига узвийлиги шубҳасиз. Ахир Одам сафиюоллоҳ кўкдан-жаннатдан қувилмаганмидилар. Қолаверса, руҳ бизнинг ақлимиздан неча чандон тараққий этган бир асрордир. Бу ҳақда Оллоҳ таборака таоло ҳам хабар берган. Балки қодири Оллоҳ ўз сирини ўша юлдузларга пинҳон этгандир. Сайёраларнинг ўшал буржлардаги юлдузларга муносабати инсон тақдиридан муждалар беради.

Канизаклар навбатдаги таомни келтирдилар.

-Сўзлайверинг, шоир!-деди султон шошиб, қизиқ бу суҳбатдан айрилиб қолишдан чўчигандай.

-Оллоҳ бу буржларни тўрт хусусият ила яратди. Буни билмоқ ҳам жуда муҳимдир. Яъники уларнинг учтаси ўтга, учтаси тупроққа, учтаси ҳавога, учтаси сувга мансубдир. Зеро Оллоҳ Одамни мана шу унсурларнинг уйғунлигидан бино этган-бу сир эмас. Демак, ҳар биримизнинг вужудимизда ана ўша унсурлар мужассам ва уларни руҳ идора этади ҳамда само ила боғлаб туради.

-Субҳоноллоҳ!.. -Султоннинг кўзлари чақнаб кетди,-Демакки, бутун маҳлуқот-набототу ҳайвонот, барча-барчамиз бир бутун эканмиз-да?

Хайём таъзим қиларкан, деди:

-Султоним ҳақ гапни айтдилар. Бир бутунлигимиз шунда ҳам акс этадики, агар одам жазм этса, ўт-ўлану дарахтлар, парранда-ю дарранда ва жамики маҳлуқотнинг тилини тушунмоғи мумкин. Бундайин хислат пайғамбари мурсалинларга ва баъзи валиюллоҳларга ҳам ато этилганлиги бунинг исботидир.

-Ҳа-а, -бу гаплардан таъсирланди султон,- Оллоҳ таборака таолонинг ҳикмати мўл!..

Шоирнинг мабодо гап само хусусида боргудай бўлса, берилиб кетганидан гоҳо фикр уммонига ғарқ бўлмоқ одати мавжуд эди.

-Башарнинг буткул ҳаёти осмон ила ҳамриштадир. Олдинги қавмларнинг ҳалокатга юз тутишини, осмондан тош ёғилишини эсланг, олампаноҳ. Ҳатто ерга келадиган офатлар ҳам самодан кутилади. Чунки унда ерга анча яқин бўлган майда олов юлдузлар сузиб юради. Мабодо улар заминга урилгудай бўлсалар борми... Фақат Оллоҳгина бу офтлардан сақлаб турибди.

Хайёмнинг қулоғига улуғ бир сукунат келиб урилди-да, барча товушлар нари қочдилар ва у ўзини юҳодай бўшлиқ қаърига тушиб қолгандай ҳис қилди. Қаршисида ўйчан ўлтирган султон ҳам кўз ўнгидан узоқ-узоқларга кетиб борарди. У чап ёнига хиёл ўгирилиши ҳамоно кўз остида хира қорамтир парда ҳосил бўлиб, тобора чор атрофни қамраб олаётганга менгзади. Бу ҳолат унга таниш эди, шул сабаб кўнглида истиғфор айтди. «Ё Оллоҳ!.. Бу нечук синоат?!..» Орқа томонидаги гулзор бағридан булбулнинг овози эшитилди. Бу овоз шу қадар тиниқ, завқли ва мастона эдики, ҳатто бундайин хонишларни неча бор тинглаган ҳамда бунга кўникиб улгарган султон Маликшоҳнинг ҳам эътиборини тортди. Шоир ҳукмдорнинг нигоҳида акс этган шавқ ва қизиқувчанликка уйғун бир алпозда аста ортига ўгирилди. Надоматки, шийпонча томидан оқиб турган сув пардаси нарироқни кузатмоққа монелик қилди. Султонга эргашиб у ҳам ўрнидан турди, иккиси шийпонча бўсағасига чиқдилар. Икки мастона кўнгил-жаҳонгир шоҳ ҳамда беназир олим ва шоир нигоҳлари ила соҳиби навони, қалбларига мислсиз оташ солган ҳофизни излай бошладилар. У ҳамон сайрарди, овози ва куйи тобора жўшиб борарди. Жавзо адоғида қони жунбушга келган қуш уларни узоқ интизор қилмади, аввал чаман четидаги гулнинг пастки шохида пайдо бўлди-да, сўнг ерга тушди. Овози эса тобора баландлаб, тобора нолакор бўлиб борарди. У ўзига ҳайрат ила боқиб турган шоҳ ва шоирга анча яқин келиб қолганди.

Лолу ҳайратда қолган султон булбул хонишини узоқ тинглади. Сўнг:

-Навосозлар шоҳи пойингиздадир, шоир!-деди овозидаги эҳтирос таъсирини яширолмай. -Шунча юрт кезиб, юрт сўраб, ҳали бунақасини кўрмаган, эшитмаган эрдим. Булбул инсон қошида тиз чўкиб, хониш қилди-я! Бу ҳам бўлса, сизнинг шарофатингиздандур ва у буюк истиқболингиздин башорат қиладур.

Хайём ҳам қаттиқ мутаассир бўлган ва у ҳам эҳтиросини яширмоқдин ожиз эди. Бунинг устига, оламни титратган тождор унга чин дилдан эҳтиром кўрсатиб турарди. Шунинг учун бош эгиб, султонга таъзим қилди.

-Султоним бизнинг таърифда муболаға этдилар. Навосознинг бу алпози олампаноҳнинг улуғлиги ҳамда қудратининг ҳайбатидандур.-деди лутфи олийга жавоб лутф этиб ва сархуш бир овоз ила шеър ўқиди:

-Бу кун булбул ўқир достону достон,
Майни қўлдан-қўйма мастону мастон.
Туриб гулзорга чиқ, уч-тўрт кун бўлсин
Ҳуррамлик манзилинг бўстону бўстон.

Шоир кўз ўнгидаги бояги хира парда кўтарилгандай, ўнг ёнидан ёруғ таралиб, борлиқни ишғол этгандай туюлди...

2

Хайём расадхонага ўшандай аҳволда, турфа туйғулар оғушида қайтди. Микоилга ижозат бериб, юқорига-ошёнаси томон кўтариларкан, юрагида алланечук изтиробли оташ туғён уриб, ўртана бошлади. Эшикдан кирди-ю унинг шарпасини пайқаб, пешвоз чиққан Пармудага рўбарў бўлди. Унга ўз кечмишини сездирмаслик учун билинар-билинмас ишорат ила ижозат берди ва хонаси сари ўтди. Бошидаги салласини олиб, деворга илди, жуббасини ечаркан, унинг сидрилиб оёғи остига тушганини ҳам пайқамади. У ўзини бу кўйга солаётган туйғуни шеър дарди деб ўйлади ва хато қилди. Чунки хонтахта устига келиб, давот узра энкайиши ҳамоно бўғзига нимадир тиқилди ва сапчиб қаддини ростлади. Наздида, бағри куйиб бораётгандек туюлди-да, кўксини кафти ила ютоқиб ишқалади, бармоқлари ила тирнаб ташлагиси келди. Бироқ бутун танаси қзиб, киприкларининг ости ачишмоққа тушди. «Ё Оллоҳ, бу не асрор?!» деб юборди чийиллаб. Кейин қулоқлари гоҳ шовқин-суронга тўлиб, шанғиллади, гоҳ қиёссиз бир сукунат ила ўраниб, ванг бўлди. Бўғзидаги нимарса ташқарига отила бошлади, киприклари остида чўғ пайдо бўлгандай ёниб, учқунлар сачратди. На туролмас, на ўлтиролмас ва на ётолмас, ўзини у ёндан-бу ёнга урарди. Гоҳ у деворга, гоҳ бу деворга мушт туширар, тинмай «И-ии!.. Ваҳ-ҳ!.. Уххухуху-уу!» дея товуш чиқарар, «Менга не бўлди?» деб ўзини ўзи саволга тутар ва бу сўроққа ҳозир жавоб топгулик ҳолда эмасди. Кўзларидан ёш отилиб кетди. «Йў-ўўққ!..» деди у тақи бир бора деворни муштлаб. Аммо на бу хитоб, на вужудидаги ғуруру ор ва на деворга урилган муштлари унинг жолаларини тутиб қола олмадилар. У йиғини тан олмай йиғлайверди, кўз ёшлари оқавердилар ва шу асно бутун хона узра оппоқ нур ёйилаверди.

-Ё Қодир Оллоҳ!.. -дея ўртанди у.

Унинг борлиғини нур қамраб олди. Айни дамда вақт ўлчамсиз эди гўё...

Шу пайт шифтдан ўз ипига осилиб аста пастлаётган анкабутга (ўргимчакка) кўзи тушди. Унга андармон бўлиб, ўртанишлари тўхтади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалоскори (Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламни мушриклар қувганда, туйқус ғорга яширинадилар. Ўшанда Оллоҳнинг иродаси ила ўргамчаклар тезликда ғор оғзига ўз тўрларини тўқиб ғўядилар. Мушриклар ғор оғзидаги ўргимчак тўрини кўриб, у ерга ҳеч ким кирмаган, деб ўйлайдилар ва пайғамбаримиз омон қоладилар. Бу ерда шу воқеага ишора қилинмоқда.) қавмидан бўлмишни кафтига олди. Анкабут тек қотди. Шоир бу сероёқ қора жонзотни кўзларига яқинроқ олиб келиб, тикилди. Ё Раб, бу маҳлуқ тенгсиз бир санъат маҳсули бўлган нақш янглиғ буюк Мусаввирнинг бемисл ижодини кўз-кўз этиб турарди. Унинг туғёнлари буткул тинди, оташлари сўнди. Анкабутни кафтида тутиб, дарича олдига борди-да, ташқарига чиқариб ташлади. Чуқур бир ҳўрсинқғ ила вужудини енгиллаштириб, давот сари қайтди. Ўлтирди. Илкига хомани олиб, ёза бошлади:

Сукут ва фақирлик эмасдир бекор,
Дунё талабига ҳадсиз офат бор.
Икки кўз, тил, қулоқ омон чоғида
Кўзу тил, қулоқсиз бўлмоқлик даркор.

Тўрт сатрни бир нафасда ёзиб битгач, қоғозни қўлига олиб, ёзувига бироз тикилиб турди ва шеърни овоз чиқариб ўқиди. Сўнг мамнун жилмайиб, енгил тин олди. Айни дамда шуурида ушбу фикр айланди: «Пармудани соҳиби девоннинг ҳарамига қайтармоғим дуруст бўлур, чоғи?..» ва бунинг ортидан кўз олдида Марямнинг гўзал чеҳраси намоён бўлди.

Ўн биринчи боб

1

Микоил Лайлини шаҳар қопқасида кутмоқда эди. Дарвозабонларга берилган кумуш танга қизга ташланадиган саволларнинг умрига зомин бўлди. Оқшом файзидан ва висол туғёнидан масту масрур икковлон илдам қадамлар ила дарё томон бордилар. Тун ойдин эди. Кўк тоқида ғуж бўлиб жамланган юлдузлар ҳар тарафга сочилиб бораётгандай сийраклаша борадилар. Тўлин ой мисоли шамчироғу унинг теварагида милтираган юлдузлар парвоналар янглиғ. Уларнинг ожиз нурлари тўлқин-тўлқин бўлиб оқаётган дарё сувида жилваланади. Термулиб турган одамнинг кўзига гоҳо сув ҳам нур таратаётгандай туюлади.

Микоил ҳам расадхонага келиб, Хайёмдек юлдузлар илмининг султони ила мулоқотда бўлиб, ҳар куни само салтанати аҳли ҳақида гаплар эшитавергач, беихтиёр тарзда ўзида юлдузларга қизиқувчанлик сеза бошлаганди. Ҳозир ҳам соҳилдаги қуюқ майса устига ёнма-ён ўлтирадилару у осмонга тикилиб, бир энтикиб қўйди. Эҳтимолки, вужудидаги ғалаённи босиб, тез-тез ураётган юрагини совутмоқчи бўлдими, анчагача сўзсиз ўлтирди. У-ку эр киши, айни дамда қиз ҳам ҳудди шу аҳволда эди, энтикиб-энтикиб нафас оларди.

-Ҳарам бекаси ўз хобгоҳига кириб кетгач, пинҳона қоча қолдим. Дуруст қилибманми?..-деди қиқирлаб қиз.

Йигит унинг бу рағбатидан сўнг хиёл дадиллашди:

-Соз қилибсиз, Лайли, жуда соз!-дея ўртанди у бутун жисми ила қизга талпиниб,-шукурки, мактубимни олган экансиз.

-Олгандим...-деди қиз эҳтирос оғушида овози титраб,-Шундан бери жонимда ҳаловат йўқ. Ҳали шу чоққача бундайин кечмиш менга бегона эди... Кеча тун бўйи йиғладим!- қизнинг кўзларида ёш йилтиради.

-Нечук, Лайли?!-Микоил қизнинг сўл илкини кафтлари орасига олди,-Нечук йиғладингиз, жоним?!

Бу оловли сўздан қиз бир сесканиб тушди ва унинг таъсирида бир муддат сўзсиз ўлтирди.

-Ҳали гўдаклик чоғимдаёқ мени Мовароуннаҳр ҳукмдорининг қизи, бухоро маликаси Зуҳра Хотунга инъом қилганлар. На ота-онамни, на қариндош-уруғларимни эслай оламан. Бир умр ширин сўзга, дилдан қилингувчи самимий муомалага зор бўлиб яшадим. Ахир!.. -Қизнинг бўғзига йиғи тиқилиб, гапиролмай қолди.-Ахир кишида оила бўлмоғи керак-ку, шундай эмасми?! Оила Оллоҳ ва унинг пайғамбари томонидан ҳам шарафланади-ку!..

Ўз Ватанидан, яқинларидан бутунлай йироқ тушган Микоилнинг ҳам бу гапдан юрак-бағри эзилиб кетди, қизга дил-дилидан ачинди. Унинг бармоқларини оҳиста силаб, овутмоққа уринди.

Қиз ўзини ҳийла босиб олди, йигитнинг самимий меҳрини туйиб, шуури тиниқлашди.

-Маликамизни султонга узатишгач, бизни ҳам олиямизнинг сеп-сидраси ила Исфаҳонга йўлладилар. Энди менинг бирдан-бир орзуим, туну кун Оллоҳдан тилаган зорим бор-бу ширин бир оила қурмоқ, вайрона бўлса-да ўз уйимга эришмоқ!.. -Қиз хўрсинди, бир-икки ҳиққиллаб юз-кўзларидаги ёшни артди.-Сизни кўрдиму, кўзларингиздаги самимиятни ҳис этдиму, орзуим ушалмоғига ишона бошладим. -У йигитнинг Ой зиёсида аниқ кўриниб турган кўзларига қаттиқ тикилиб, нола қилди.-Орзуим ушалади,а?! Сиз бунга саъй этасиз-а?!

Микоил қизни бағрига тортиб, юз-кўзларини силади. Бутун вужудидан балоғат уфуриб турган ёрининг хушбўй ҳидини симирди.

-Ҳа, жоним, ҳа! Хожам Умар Хайём ҳазратларидан ўтинамен. У киши бизларга албатта шафқат илкини узатгайлар!

Йигит қизни қаттиқроқ қучиб, тамшанган лабларига лаб босди. Улар чандон тотли эдилар...

2

Микоил расадхонанинг юқори қисмидаги хосхонага кириб келганда устурлоб ёнидаги тарху чизмалар теварагида Воситий, Исфазарий, Артур роҳиб ва Риндоний қизғин суҳбат оғушида эдилар. Унинг миясига энг аввало «хожам кўринмайдилару» деган фикр урилди.

-Ассалому алайкум.-деди негадир даврага яқинлашмасликка уриниб в токчада турган идишдаги сувдан симирмоққа тутинди.

-Ваалайкум ассалом.-деркан Ифазарий одати бўйича жилмайиб, Микоилга икки оғиз сўз айтиб қўймоқни лозим топди.-Сизни Полвонни сайрга олиб кетган десак, ўзингиз кетаверган экансиз-да. Буёқда Полвон бечора бир бўзлайди-бир бўзлайди.- энди у ўз сўзини мутойибага йўғирди. -Соҳиби эрса, дарё оғушида ғарқлар.

Микоил бир саросималанди, «сезиб қолишдимикин-а?» деган ҳадикда зимдан ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Филҳақиқат, фақатгина роҳиб атрофга ва айниқса, унга бепарво ўлтирар, қолганлар эса бирови сездириб, бирови пинҳона назар ташлаб қўйдилар. Микоил дарёда чўмилгани боис кечки салқинда хиёл жунжикиб турар ва бунинг устига ўртанганидан муздек сувни симиргани баданига баттарроқ совуқ таратди. Соқол-мўйлови, танаси мойчироқнинг хира қизғиш нурида ялтираб кўринди.

Унинг хижолатда қолганлигини сезган Риндоний эътиборни бошқа ёққа бурмоққа уринди:

-Ҳай, сизлар юлдузларингни ковлаштиринглар бўлмаса. Мен ҳам ўз юмушларимни қилай. -У шундай дея кучаниб ўрнидан турди.

Тақи Исфазарийнинг сўзамоллиги тутди:

-Юлдузларга айтарингиз йўқмидур, Риндоний бобо?

-Юлдузлар ила сиз сўзлашурсиз, сиз хезлашурсиз, мулло йигит. Биз эрса заминда юриб турғонимиздан шодмиз.

Риндонийнинг қувноқ, бироқ тагдор гапидан сўнг даврада енгил кулгу қўпди.

-Устоз қанилар?-сўради Микоил «мени сўроқламадими ишқилиб» деган савол оҳангида.

-Устоз тафаккур ила бандлар чоғи, ҳануз чиқмадилар. Шомдан аввал ошёнасига кириб кетиб эдилар.-деди Воситий ҳам саволга жавоб бериб, ҳам ўз фикрларини билдирмоқ маъносида.

Микоил хотиржам қиёфага кириб, бир четга ўлтирди. Айни дамда даврадагилар ҳам унинг аҳволига бефарқ қолгандилар.

-Назаримда, ҳисоб-китобларимиз тахт бўлди.-деди Артур дўриллаган овоз ила ўйчан қиёфада.- тарху чизмаларимиз ҳам тайёр. Хайём жаноблари бир назар қилсалар бас.

-Устознинг ажаб феъли бор-да,-дея яна тилга кирди Исфазарий,-Бир улуғ ишни бошлайдилару тақи бошқа нимарсани режалаб борадилар. Мана, шамсий тақвим ишлари ниҳоялаб, «Солномаи Маликий» номини олмоқда ҳамки ул зот ўзга ўйлар ила бандлар. Ким билади ҳозир...

Хосхонанинг бурчагида ўз ишлари ила машғул бўлган Риндоний илкида эски латта тутган кўйи тақи даврага яқинлашди.

-Хожамиз буюк қалб соҳибидирлар. Ҳар соҳада ҳурликни қадрлагувчилар.-дея гап бошлади роҳибнинг ёнбошига ўлтираркан. -Басийри аълонинг (Оллоҳнинг) ҳаққи-ҳурмати ҳеч кишини ҳеч бир фикр ва ёхуд амали учун таъқибу тақиқ этмагайлар. Оллоҳни ҳам ҳар ким ўз билганича танийдур дейдилар. Аслинда ҳам ана шуниси ҳақдур. Бировнинг ақли ила топилган нимарса, филҳол бировникидур...

-Девонанинг девона фалсафаси тутди.-дея шипшиди тиржайиб Исфазарий Воситийнинг қулоғига.

-Ҳар илмда қалбга ҳам, ақлга ҳам эрк бермоқ даркор. Хожамиз шунинг учун ҳам буюкларки, кўнгул ҳурлигини тараннум этадилар. Ул зот Оллоҳнинг эрка бир қулидирларки, бу эркалиги барчага хуш ҳам ёқади. У Оллоҳга ҳудди бола онасига эркалагани янглиғ девона бир йўсинда кўнгул ёради... -Риндоний сўзлашдан тўхтаб, гўё нафаси қайтиб кетаётгандай у ён-бу ёнига тўлғонди ва «Эҳ, сизлар барибир тушунмайсизлар-да», дегандай силтаниб қўйди.

-Ишқилиб Бобо Риндоний ҳазратларимизни Адам Шайхга мурид қилиб олиб бориб бермасалар бас.-деди Исфазарий ҳазилини мудом давом эттираркан.

Бироқ энди ҳеч ким кулмади ва аксинча, «етар энди», дегандай кетма-кет зардали томоқ қириб қўйдилар. Шундагина Исфазарий ҳам ёшлигига бориб ошириб юборганини фаҳмлади. Ахир анча-мунча одамни эмас, шуҳрати етти иқлимга кетган кўҳна Исфаҳоннинг энг катта шайхул машойихи, кароматгўй пир Адам Шайхнинг номини тилга олди-я! Улуғларнинг номини калака қилмоқлик нафақат Ислом одобига монанд келмасди, шунингдек, бу улуғ шайхни бутун бошкент аҳли эъзозлашини, унга ихлос қилмоғини инобатга олганда ҳам ул зот ҳақида беписандлик ила айтилган юқоридаги гап беодоблик ва фаҳмсизликдан ўзга нарса эмасди. Айни дамда бу борада барчанинг фикру ўйи уйғун эди.

Ўртада вужудга келган ноқулай вазиятга тақи Риндоний барҳам берди:

-Бир ривоят эшитган эдим. Биз омий одаммиз, мабодо ривоятимиз ҳам омийча бўлса, айбга санамайсизлар. -Бу чолнинг хокисорлик ила айтган сўзи эди, аслида у анча-мунча илмлардан бохабар, китоб кўрган одам эди.

Ҳамроҳлар Риндонийдан қизиқ ва ҳикматли гапларни жуда кўп эшитгувчи эдилар, шул сабаб барчалари унинг оғзига тикилдилар. Айниқса, умрининг кейинги ўн йилча муддатини мусулмонлар ичра яшаб, ўзи учун кўп янгиликларни кашф этиб, ҳаётида кескин ўзгариш ва ёхуд эврилиш пайдо бўлаётганлигини ҳис қилаётган роҳиб Артур унга алоҳида эътибор ила қулоқ тутиб турарди.

-Оллоҳ таборака таолонинг ҳикматли кунларининг бирида ҳазрати Мусо алайҳиссалом йўлда кетаётиб, қўй боқаётган чўбон (чўпон)га рўбарў келибди. Мундоқ сарасоф солса, ул қўйчўбон Оллоҳ ила сўзлашур эмиш. Дермишки, «эй, Худойим, чориқларинг бўлса, бер, тикиб берай, сочларингни тараб қўяй. Мабодо қўйларинг бўлса, айт, боқиб, семиртириб берай, Художон!..» Наздида, ғофил бўлган чўбоннинг сўзларидан ҳазрати Мусонинг жаҳли чиқибди.

-Эй, омий чўбон, сен нелар деюрсан?! Оллоҳ таолода чориқ, соч не қилур? Валлоҳу аълам дунёдаги барча қўйларнинг соҳиби ул зот эмасми?-дея қаттиқ танбеҳ берибди.

Чўбон дарров тавба қилибди.

Мусо алайҳиссаломга эса ўша кеча ваҳий нозил бўлибди:

-Эй, Мусо, -дебди Ҳолиқи олам,-бизни сидқи дилдан севгувчи бир ҳабибимиздан маҳрум этдингиз. Ўшал чўбоннинг айтган сўзлари чин ва самимий эди, сиз уни ранжитдингиз. Биз бандаларнинг сўзига қараб эмас, қалбига назар ташлаб баҳолаймиз!

Энди ҳазрати Мусо айлайҳиссалом истиғфор айтибди...

Ҳудди шу каби Хайём ҳазратлари ҳам Оллоҳга арзу муножотда ҳур ва самимий бўлмоқликни ёқлайдилар.

Бу гап барчага ёқиб тушди ва ҳаммалари бундайин фикр ўз шуурларида азалдан бор бўлганлигини, лекин бу қадар содда ҳамда таъсирчан тарзда ўйлаб кўрмаганликларини, лозим бўлса, бундайин содда йўсинда ифода этолмасликларини ҳам тан олдилар. Шунинг учун суҳбатдошларнинг бари мамнун бир қиёфада, суҳбатнинг ниҳоясидан рози бўлиб, енгил тин олдилар.

-Чизмаларни эртага кўриб чиқамиз чоғ?-деди Воситий «турсак ҳам бўлар», деган оҳангда.

Бу маҳал Микоилни огоҳ этиб, Полвон ҳам аянчли ўкириб қўйди.

Бирин-кетин қўзғолдилар. Кенг хонтахта устида эса тарху чизмалар ёзиғлиқ кўйи қолди.

Хайём бошчилигида бунёд этилаётган «Фахрий судси» қурилиши ниҳояланган ва унда амалга оширилган ҳисоб-китобларга биноан шамсий тақвим яратилиб бўлинганди. Эндиги иш Хайёмнинг сўнгги хулосаси-ю «Солномаи Маликий», яъни янги тақвимни олампаноҳ ҳазратларига тақдим этишдагина қолганди холос. Расадхона аҳли хосининг шоирни интиқ кутганлигининг боиси ҳам шунда эди.

Рамоллар (астрономлар)нинг ёзишларича, Қуёшнинг йиллик айланиши уч юз олтмиш беш кеча-кундуз ва бир кеча-кундузнинг тўртдан бир улушига тенг (яъни 365 кеча-кундуз 5 соату 48 дақиқа, 45 1/4 сония). У ўзининг йиллик айланишида ўн икки бурждан ҳар бирини бир ойлик муддатда босиб ўтади. Қуёшнинг Ҳамал буржига кириши баҳорги эътидолга, яъни тун билан куннинг тенг бўлган вақтига тўғри келади. Унинг мазкур айлана йўли 360 даражага бўлинган бўлиб, ҳар бир буржи 30 даражани эгаллайди. Ҳар бир даражанинг олтмишдан бири «дақиқа» деб аталади.

Шундай қилиб, Хайём ана ўша судс ёрдамида йил, ой, кун, соат, дақиқа муддатларини аниқ ва равшан ҳисоблаб чиқиб, мукаммал бир солнома тузди. Айни дамда бутун Эрон, Хуросон ва Мовароуннаҳр халқлари Яздижард йил ҳисобидан фойдаланар эдилар. Бу йил ҳисоби сосонийлар давлатининг подшоҳи (632-681) Яздижард учинчи томонидан жорий этилган эди. Ниҳоят энди бу тақвим «Солномаи Маликий» билан алмаштириладиган бўлди.

(Умар Хаём яратган тақвим ҳозирги кунда бутун оламда фойдаланиладиган Григорян тақвимидан ҳам аниқроқдир. Амалдаги тақвим бўйича йилнинг ўртача давомийлиги 365, 2425 кеча-кундузга тенг, яъни аниқ ҳисобдаги йил ҳисобига нисбатан бўлган фарқ 0,0003 кеча-кундузни ташкил этади. Демак, бундан ҳар 3333 йилда 1 кунлик фарқ вужудга келиши маълум бўлади. Жўнроқ қилиб айтсак, ҳар 3333 йилда бир ортиқча кун келиб чиқади.

Хайёмнинг тақвимида эса кабиса йиллар 4, 8, 17, 16, 20, 24, 28 ва 33-йилларга тўғри келиб, 33 йил муддатли оддий ҳисоб яратилади. Унда бир йилнинг давомийлиги 365, 2424 кеча-кундузга тенг бўлиб, фарқ 0,0002 кеча-кундузга тўғри келади. Яъни бир кунлик фарқ ҳар 5000 йилда пайдо бўлади.

Умар Хайём даҳосидаги буюкликни шу оддийгина мисолдан ҳам англаш мумкин.)

3

Хайём давот узра ўлтирар, кўзлари бир нуқтага қадалган кўйи хаёл уммонида сузмоқда эди. Бу уммон эса тизгинсиз-гоҳ сокин бир кўйда чексиз-чегарасиз салтанатини кўз-кўз айласа, гоҳ тўфон бағрида тўлғониб, бошини кўк тоқига ургудай бўлади. Хотира унинг кемаси. Яхшики хотира бор, яхшики инсон ёди бор. Акс ҳолда башарий туйғуларга ғорат келмасмиди. Унда онаизорини, қадрдон хонадонини соғинган шоир не қиларди, бу оловни қай сув ила сўндирарди?

Волидаси жуда мулойим аёл, чин маънодаги муслима. Уни не умидлар ила паноҳлаб улғайтирди. Эрта тили чиққанидан, эрта китоб тутганидан қувонди. Ёлғизим деб суйди, маҳрамим деб севинди, тобуткашим деб ардоқлади. У эса ўн олтига тўлиб-тўлмай илм ишқида ва энди ўзини ўзи ғадабламоғига сабаб бўлган шон-шуҳрат талабида уйини тарк этди. Ҳатто қиблагоҳининг жанозасида тобут бошида турмади, уни ўз илки ила маҳрам сувига (эр кишини ўғиллари, аёлни қизлари вафотидан сўнг ғассол келгунича маҳрам сувига олиб, танини поклаб, тоза либосларини кийдириб қўйишлари лозим) ололмади, сўнгги сўзини тинглаб, васиятини эшитолмади. Иброҳим чодирдўзнинг ўксик танини лаҳадга ўзгалар қўйди, унинг ёлғиз ўғлига боғлаган умидлари завол топди, ўғиллик бурчига вафосизлиқ айлади. Воҳ, фалак! Бу не кўргуликки, икки жигарпора сўнгги дамда бир-бирларининг дийдорларига етолмасалар! Шўрлик отаси не армонларда жон таслим этди экан? Бу саркаш фарзандидан норизо кетган бўлса, наҳотки охиратда энди унинг аҳволи танг бўлғай?! Астағфуриллоҳ!..

Хайём биларди-унинг вужудидаги нур, зиё волидасидан ўтган. Чунки онаси чиндан ҳам Тангри ярлақаган нурпош аёл, ҳамиша яхшиликка эш, унинг учун ғайриэгуликнинг ўзи йўқдек. Устахонада Умарнинг хуши оғган ҳов ўша кунда ҳам шўрлик онаси не кўйга тушганди, танҳогинасининг алфозидан қўрқувга тушган аёл ақлидан мосуво бўлиб, савдойи ҳолига келаёзганди... Волидаи зорини, сингилжонини қанчалар соғинди-я. Бу фоний дунёда қондош жигарларнинг ҳам ўз ўрни, ўз ҳикматли маъноси бор экан. Одам боласи гоҳо қариндошлари ила ҳасратлашгиси келар, ҳеч йўқ дийдорлашиб, бир дастурхон теварагида ўлтирмоқни қўмсаб ҳам қолар экан. Илло хиёнатдан йироқ, таъмасиз суянч ҳамиша зарур ва у кишига бемисл бир қувват ҳам ато этгувчидир.

Хайём аввалига бир қисм ақча ила киши йўллаб, онаси ва синглисини Исфаҳонга чорлади. Бироқ илдизлари кўҳна Нишопургнинг ҳикмат тўла туфроғига чирмашиб кетган бева онаси унинг чорловига рад жавобини берди, «падарингнинг хоки муборагини қолдириб, хушнуд яшамоқлик, ул кишининг арвоҳини тентиратмоқлик охиратимнинг заволидир, болажоним», дея унинг ҳам қалбини ларзага солди. Энди эса, мана, жигарларига атаб Исфаҳондан бир ҳовли сотиб олди ва тақи Нишопурга киши жўнатди. Бир ҳамён ақчага зор-зор қақшаб битган номасини қўшиб йўллади. Оллоҳ насиб этса, ҳадемай номасига жавоб олмоғи ёки онаси ва синглисининг дийдорига тўймоғи тайин.

Хайём қўлидаги хомани бармоқлари орасида айлантириб, қалбу шуурини қамраган соғинчни қувмоққа ва қайта илм ила машғул бўлмоққа уринди. Шу боис хаёлини чалғитмоқ илинжида нигоҳини тақи давотга бурди, фикрини жам этиб, ёзаётгани фалсафий асарининг адоғини эслади. Умуман Хайёмнинг феълу табиати шундоғ эдики, асли у кам битар, аксарият ҳолларда мутолаа ила банд бўларди. Мабодо бирон рисола битмоқни ихтиёр этса, узоқ ўйлаб юрар, сўнг ёзмоққа киришарди. Ўша асарини бита туриб, шуурида бошқа бирон режа туғилиб, уни ҳам ёзмоқ учун илҳоми жўш урса, пайсалламоқ унга бегона эди. У икки хил мавзудаги икки асарни бирваракай қоғозга туширмоққа имконли эди ва бундан ўзи чинакамига ҳузурланарди. Гоҳо қалбида шеър ишқи ёнса, бир замон жунунваш Умар Хайём қойимга келса, битаётган рисолаларининг ҳошияларига тўрт сатр назм тўкмоқ одати ҳам бор эди.

Айни дамда ҳам бирваракайига икки рисола битмоқда эди: уларнинг бири фалсафага оид бўлиб, «Рисолаи фил вужуд», яъни «Борлиқ ҳақида рисола» деб аталарди. Иккинчи асарини эса «Уқлидус рисоласига кириш мушкулликларига изоҳлар» деб номлаганди ва у Хайёмга болалагиданоқ ошно бўлиб келаётган Уқлидуснинг ўша машҳур бешинчи қоидасига, яъники ёндош чизиқларга бағишлаганди. Шу кунларда у мазкур рисоласини ниҳоясига етказмоқ арафасида турарди. У рисоланинг илк сатрларини эслади: «Илм ўрганмоқ ва унинг кўмагида ҳақиқий исботу далилларга эришмоқ охират азобидан омон қолмоқни, абадий ҳаловатга етишмоқни ихтиёр этганлар учун муҳимдир. Хусусан, у боқий дунё, руҳ мавжудлиги ва унинг абадийлиги, Мутлақ зотнинг боқий ва улуғлиги, унга элтувчи сифатларни бунёд этиш, фаришталар, пайғамбарлар саййидининг ҳамда ул зот келтирган хабарнинг ҳақлиги ҳақидаги умумий тушунча ва қонунларга ҳам даҳлдордир...» Хайём худди шу фикрларини барча- уламо ҳам, фузало-ю фуқаро ҳам ва ҳатто олампаноҳ ҳам билмоғини, англамоғини истарди. Филҳақиқат, ҳар қандай илм Оллоҳга элтувчи энг ишончли ва собит йўлдир. Зеро дунёни, оламни англаб борган, шунга қодир бўлган одамгина Яратганнинг борлигини, улуғлигини тўла ҳис эта олади. Барча улум (илмлар) ҳам аслида Оллоҳники, демак, у ўзини англатиш, танитиш, қолаверса, башарнинг мушкулини осон қилмоқ учун ўз илмларини яратган. Бундан англанадики, уларни ўрганмоқ шарт, аксинча, уларни инкор этгувчилар эса шаккок ва осийдирлар. Чунки уларнинг бу саъйлари Оллоҳни танимоқдан бош тортмоқлик ила баробардир. Хайём кеча шогирдларига ҳам шунга уйғун гап айтганлигини эслади. Янги тақвимнинг ниҳоясига етаётганлигидан ғурурланган Абул Музаффар кибр бўйи анқиган сўзларни тизди:

-Бу қадар аниқ ҳисоб-китобни мозий кўрмаган, устоз. Ҳар бир дақиқа ва ҳатто сониянинг нечадан бир улуши ҳам қутлуғ назарингиздан пинҳон қолади. Бизлар ҳам шундайин бир улуғ кашфиётга даҳлдор...

Хайём шогирдининг гапини кескин бўлди-да, гўзал қироат ила бир оят ўқиди:

-«Албатта Оллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи-Оллоҳ осмонларни ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир, улардан тўрттаси (уруш) ҳаром қилинган ойлардир. Ана шу тўғри диндир (яъни ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (уруш қилиб) ўзларингизга зулм қилмангизлар!» (Қуръон, «Тавба» сураси, 36-оят, Аловуддин Мансур таржимаси.) -У Абул Музаффарга мулойим таънали назар ила бироз қараб тургач, ёш шогирди хижолат тортиб, кўзларини олиб қочди. -Ё, аҳли илм, унутмангиз! Биз Оллоҳ таолонинг буюк илми туфайли яратиб қўйилган нарсаларни ақли ожизимиз етганича ўрганиб, ўз фойдамиз учун кашф этамиз холос!..

Бу нарсаларни ҳамма тўғри тушунмасди. Ҳатто коинотни, юлдузларни ўрганиш куфрдир дегувчи ғофиллар ҳам тўлиб ётибди. Улар, айниқса, саройга, девонга ёвуқ эрсалар жуда хавфли-султонни, вазири аъзамни чалғитишиб, уларни илм кишиларига ғайри қилиб қўйишлари мумкин. Бу эса кўп яхши ишларга путур етказади. Хайём мана шундан қўрқарди, хавф туярди.

У эсини танибдики, Оллоҳ ва одам ҳақида фикр этади. Болалигида Яратганнинг тақдири азали борасида ўйларкан, наҳотки уни ўзгартириб бўлмаса, дея иштибоҳга борар ва гоҳо ўз хаёлидан қўрқиб кетиб, дарров истиғфор айтарди. Бироқ ҳалиги ўй яна қайта келаверарди. Балки шайтони лаъин ҳуружи деганлари шудир? Нима бўлганда ҳам бу тақдир деганлари ўйлашга, фикр этишга арзигулик нарса эди. Кимдир олтину кумушга кўмилиб, тўкин-сочин яшаб ўтади, бошқа биров эса бир бурда нонга зор. Ахир ўша шўрлик, «мени ҳам бой қилиб яратсанг, намоз ўқиб, яхши амаллар ила яшаб ўтардим», дея арз этмоғи ҳам мумкин ва у бунга ҳақли ҳам эмасми?! Ёшлигини эсларкан, Бухоро мадрасасида сабоқ маҳали рўй берган бир воқеот ёдига тушди. Ўшанда шўхроқ сабоқдошларидан бири мударрисга шундай савол қилганди:

-Уч оға-ини бор экан. Уларнинг бири тақво ила умр кечириб, оламдан ўтибди. Бири гуноҳкор, осий бўлиб, бошқаси эса гўдаклигидаёқ қоғозга юз тутибди. Айтингчи, устоз, улар охиратда не ажрга сазовор бўлурлар?

Мударрис гапини биров икки қила олмаслигини билган киши оҳангида жавоб берди:

-Бу кун каби равшандур. Парҳезкор тақводор бўлгани беҳиштга, гуноҳкори эса жаҳаннамга юз тутгайлар. Гўдак эса номаи аъмолида ҳеч нарса йўқлиги боис на у ёққа, на буёққа ҳам тушмас, аросат маъвосида макон топғай.

Толиб дарҳол иккинчи сўроғини йўллади:

-Унда гўдакликдаёқ қазоға юз тутган банда Оллоҳ таолога арз этсачи?

-Не деб?-дея сўради шошиб, шогирдининг кўзлари ғалати чақнашидан ҳайратланган мударрис.

-Менга ҳам умр ато этиб, савоб амаллар қилиб, беҳиштга тушмоғимга нечун имкон бермадинг ахир, деса, Холиқи мутлақ не деб жавоб айлагай?

Мударрис таънали жилмайди.

-Барчага аёнки, Оллоҳ таборака таоло меҳрибон ва раҳимли зот. У бандаларига фақат ва фақат яхшиликни истайди. Шундай экан, у ҳалиги бандага, «Сен улғайганингда сергуноҳ ва золим бўлиб, ўзингни жаҳаннам оловига гирифтор этардинг, шунинг учун ҳам жонингни эртароқ олиб, азоблардан халос этдим», дея жавоб қилади.

Толиб худди жазавага тушгандай алпозда тақи савол этди:

-У ҳолда дузаҳий бўлган оғаси, «Эй Оллоҳ, нега менинг жонимни ҳам гўдаклигимдаёқ олиб қўя қолмай, гуноҳкор ва золим бўлишимга йўл қўйдинг, нега?»-дея ҳайқирсачи?! Унда Яратганнинг жавоби не бўлур?

Мударрис шошиб қолди ва хиёл сукутдан сўнг зардали бир оҳангда ғудранди:

-Астағфуриллоҳ! Сўзларингдан лаъиннинг бад бўйи уфурадур!..

Ўшанда Абул Фатҳ Умарнинг сабоқдоши ўз ғалабасидан ошкора тарзда ҳузурланганди, одобсизларча музаффарият тантанасини намойиш этганди. Унинг фикрларида ўшал замон Бухорода динга ислоҳ киритмоқчи бўлиб, турфа ваъзлар айтаётган ва кўплаб ҳукмдорларнинг қувғинига учраётган мутазаллийларнинг таъсири сезиларди. Уларнинг кўпчилиги дунёвий ва уҳровий илмларни эгаллаган фозил одамлар эдилар. Улар Оллоҳнинг борлиги ва бирлигини тан олган ҳолда, тақдирни, охират ҳамда унда ҳисоб-китоб бўлмоғини инкор этардилар. Хайёмнинг ғойибона устози Ибн Сино ҳам ана шундай қарашларнинг соҳиби эди. Мутазаллийлар ҳамма нарсада ва ҳатто ибодатда ҳам эркинлик тарафдори эдилар. Улар олий бир ҳурликни ёқлар ва тараннум этардилар.

Хайём ҳам аввалига бояги сабоқдошининг фикрларига қўшилганди ва унинг ақлига, мантиқий мушоҳадаларига қойил қолганди. Аммо кейин унинг сўзларида хато, кибру ҳаво борлигини пайқади. Шунга қарамай, шуурининг қайсидир пучмоғида, қалбининг туб-тубида ўша фикрларга хайрихоҳ бир майл мудом яшайди. Бу унинг ўзи ҳам сезмаган ҳолда шеърларида акс этади. Эҳтимол бу ундаги ўзидан қониқмаслик туйғуси тафайлидир, балки барча нарсани англамоққа, дунёни мукаммал кўрмоққа уринганлигидандир. Ҳар ҳолда мудом ўша осийона мушоҳадалар замиридан келиб чиқувчи ўйлар гирдобида яшайди. Мудом Оллоҳни, дунёни, ўз қалбини, уларнинг ўзаро узвийлигини ва бир-бирларига нисбатларини англашга интилади. Гоҳо ўзича баъзи фикрларга ҳам келиб, хулосалар ясайди. Шу хулосалари асносида устоз Уқлидуснинг бешинчи қоидасига монанд ўзгармас, исбот талаб этмайдиган қоидалар, баъзан фалсафий низомлар ҳам яратади. Масалан, унинг энг сўнгги кашфиётларидан бири қуйидагича: «Оллоҳ дунёнинг ибтидосида ва интиҳосида мавжуд, оралиқда мавжуд эмас, яъни оралиқдаги ҳаётга аралашмайди»...

У икки ёндош чизиқлар ҳақида бош қотираркан, тақи бир оқилона фикрга ҳам келганди. Сўзлаётган одам,-дерди Хайём икки чизиқ аро бармоғини қўйиб,- ҳамиша бир ёқламаликка маҳкум. У ҳеч қачон икки томонда ҳам бўла олмайди. Демак, сукут сақламоқлик Ҳаққа ёвуқроқдир, яъни оралиқдир.

Хайём ҳамон ўйчан, хомани бармоқларида айлантириб ўлтираркан, кескин бир саъй ила оқ қоғозни олдига суриб, иккита ёндош чизиқларни чизди. Тақи Уқлидуснинг фикрларини эслади. У шу кунгача Уқлидуснинг кўплаб асарларини ўрганиб, унинг беш қоидаси ҳақида рисола ҳам ёзиб улгурганди. Шунингдек, бу олимнинг баъзи фикрларини, илмий кашфиётларини инкор этувчи хулосаларга ҳам келганди. Бу борада унга устози кубро Арастунинг илмий қарашлари ҳам қўл келганди. Мисол учун унинг фикрларини қунт билан ўрганган Хайём ўз хулосасига ҳам келиб, янги бир фикрни илгари сурмоқда эди: «Икки тўқнашувчи тўғри ҳад (чизиқ)лар кесишади ва икки тўқнашувчи тўғри ҳадлар тўқнашиш йўналишида бир-бирларидан ажралмоғи мумкин эмас». Бу унинг сўнгги кашфиёти эди. У энди икки ҳадни кесишган ҳолатда чизди-да, унинг ёнига тўрт сатр шеър ёзиб қўйди.

Бизни айлантирган бу чархи фалак,
Уни фонус дея хаёл қил андак;
Қуёш чироғи-ю олам фонуси,
Икки ўртада биз ҳайрону ҳалак.

Эртаси куни аҳли расадхона тақвим борасидаги ишларни якунлаб, жамладилар ва Хайём уни, яъниким «Солномаи Маликий»ни ҳузури муборакка элтиб, султон Маликшоҳ ибн Алп Арслон ҳазратларига тақдим этди.

Avvalgi
I- qism
 



  1. Рубоийлар Шоислом Шомуҳаммедов таржимасида берилди.