OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНаби Жалолиддин
Асар номиУмар Xайём - Оралик (роман, II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Тарихий беллетристика
Муаллифлар
   - Наби Жалолиддин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм558KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/07
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Умар Xайём - Оралик (роман, II- қисм)
Наби Жалолиддин

Иккинчи Қисм

Биринчи боб

1

Султоннинг ажаб бир одати бор эди- кўнгилхушликка чоғланса ҳам ҳарб машварати янглиғ мажлис тузарди. Бу каби йиғинлар, айниқса, ҳукмдорнинг хос кишилари, надимларига алоҳида тааллуқли эди. Сарой сари чорланган аъёнлар бирон жиддий кенгаш бўлмоғига хезланиб, ҳар не сўроққа жавоб ва ечим топмоққа ҳозир келардилар. Улар ҳузури муборакка кириб, султон Маликшоҳнинг қошида Жаъфаракни кўрдилару олампаноҳ дилхушликни ихтиёр этганлигини англадилар ва кўпчиликларининг лабларида ним табассум зоҳир бўлди. Аҳли хос ўз мавқеларига биноан султоннинг икки ёнига тизилдилар. Унинг ўнг ёнида ҳар доимгидек вазири аъзам Низом ул Мулк, амирул фузало Умар Хайём ва бошқалар, сўл ёнида эса муҳтасиб Бадрий, Муҳаммад Такаш, Қазвиний ва амирлар амири Арслон Тош бошлиқ амирлар турардилар. Қуйироқда бўлса машшоқлар, ҳофизу қасидагўйлар жам эдилар. Султон мулойим жилмайиш ила аъёнлар таъзимига майл билдирди ва бу билан барчага эътиборли эканлигини англатди. Филҳақиқат, айни дамда султоннинг юз-кўзидан нур ёғилар, лабидан учаётган ҳар бир сўзда мутойибага мойиллик сезиларди. Унинг либоси-бошидаги тождан фарқли ўлароқ дур қадалган салла, юпқа оч яшил қабо, учи қайрилма этиги ҳам кайфиятига бисёр монанд эди. У жамоатга имкон қадар хуш сўзламоққа уринарди.

Султоннинг бу кунги майлини аллақачон пайқаган унинг қизиқчиси Жаъфарак чучукка, айниқса, Худо берди. Паканагина жиккак бу одам жуда сўзамол эдики, гап келганда, ўзгалар тугул султоннинг ўзини ҳам аяб ўтирмасди ва ҳеч ким унга эътироз билдирмоққа жазм этолмасди. Албатта олампаноҳдан ҳайиқардилар, балки Жаъфарак чучукнинг қисмати султоннинг илкида эканлигини яхши англардилар. Бу аччиқ забон қизиқчи ҳам ўз мақомини тузук билармиди ёхуд аслан шундайин мардона журъат соҳибимиди, атрофдагиларга игна санчишини қўймасди. Унинг «сайдлари» асосан уламою амалдорлар бўлардилар. У ҳеч бировни аяб ўтирмасди. Чамаси, уни онаси шунақа сертикон бир маҳлуқ этиб дунёга келтирган кўринади. Эҳе-е, унга тиш қайраганлар қанча. Айниқса, унинг сўз пайконига вазири аъзам кўп бор рўбарў келарди. Бироқ вазир унга аччиқ қилишга бир жиҳати султондан ҳайиқар, қолаверса, ўз ожизлигини атрофдагиларга намойиш этмоқни ҳам истамасди. Чучук нишонга урганда зоҳиран енгил кулиб қўя қолар, аммо ичини нимадир бирваракай шилиб юборгандек туюларди. Шунинг учун Низом ул Мулк Жаъфарак гап бошлаганида зириллаб турарди. Султон наздида эса қизиқчисининг вазири аъзамга айтаётган гаплари шунчаки мутойиба эди холос, унга парво қилмоқлик тузук бўлмасди. Устига устак дунёни зир титратган султон Маликшоҳ ҳам оддий инсон эди. У ҳам оддий бандалар каби гоҳо тушкунликка тушарди, хаёлга бериларди ёки арзимаган нарса учун кимнидир ёмон кўриб, унинг мағлублиги, камчилигини пайқаганда ҳузурлангандек туюларди. Низом ул Мулкнинг машҳурлиги, эл аро бообрўлиги ва ҳатто ўзини бош вазир соясида қолиб кетаётгандек ҳис қилиши баъзан султонни изтиробга солар, бу ожизона ғайирлигини Жаъфаракнинг вазири аъзамга нисбатан масхараларини тақиқ этмаганлигида гоҳо сездириб ҳам қўярди. Қисқаси, Жаъфарак чучук султоннинг вазири аъзамдан пинҳона қасос олмоғи учун ўзигагина аён воситаси эди.

Жаъфарак чучук кенг чалвор ва яланғоч танасига қизил нимча кийиб олган. Боши тақир қирилган ва кўзлари думалоқ, катта-катта бўлгани боис ҳам кулгили, ҳам бироз қўрқинчли кўринарди. У султоннинг ёнидан сакраб турди-да, «Шултон шакбоз!» (яъни «сакбоз»-итбоз демоқчи) дея ҳайқирди чучук тил ила. Барча султонга бирров қаради-ю унинг жилмайиб турганини кўриб, бараварига қаҳқаҳа урдилар. (Аслида Жаъфарак анойи эмасди- у ўзининг чучук тиллилигини рўкач қилиб, султонни «шакбоз», яъни шак келтирувчи ҳам демоқчи бўларди.)

-Мен-да унинг кўппагиман.-деди Жаъфарак, энди «тўрт оёқлаб» тилини осилтирганча хакилларкан.

Тақи барча хандон отди.

-Вале унинг ўжга (ўзга) шадоқатлийоқ шаки бой-қанжиқ...

Аъёнлар гап ким томонга оғаётганлигини англаёлмай, жим қолдилар.

Қизиқчи энди кетини ўйнатиб, қийқирганча сакрай бошлади:

-Қанжиқ!.. Қанжиқ!.. Қанжиқ!.. -Сўнг думалоқ кўзларини ола-кула қилиб бироз жим тургач, бировга сир айтаётгандай кафтини оғзига олиб бориб, деди,- У ўлгудай тўп (кўп) туғади- ўн иттита шакбаччалайиям бой. Вав, вав, вав... -У ҳар тарафга ирғишламоққа тушди.

Жамоат гап вазири аъзам ҳақида кетаётганлигини фаҳмлади, бироқ барчалари султонга эргашиб қаттиқ-қаттиқ кулавердилар. Баъзилари эса соҳиб девонга зимдан назар ташлаб қўярдилар.

Низом ул Мулк зил кетган, юзига қон уриб, базўр нафас оларди. У аламдан титраётган бўлса-да, сездирмасликка уринар ва ҳаммасидан ҳам Жаъфарак ўз пайровини қандай якунларкин, дея безиллаб турарди. Бу чучук деганлари аксар ҳолларда сўзини қақшатқич тарзда поёнига етказарди. Вазири аъзам ана шундан қўрқмоқда эди. Қўрққанича бор экан...

-Бачалайи-ку ўн иттита этан, летин қанжиқ шакнинг ўн иттита эмчаги боймикин, а? -Жаъфарак қорнига уриб, тақи ирғишлайверди.

Вазири аъзам адойи тамом бўлди. Султон бошлиқ аъёнларнинг ҳаммалари қаҳ-қаҳ отиб куларканлар, Низом ул Мулк гўё кулаётгандек юзини тириштиргани билан ич-ичидан бир ингроқ келиб, ҳиқ-ҳиқ қиларди холос. Аламдан кўзлари ёшланиб кетганди.

Жамоат узоқ кулди, бу то султон кулгидан тўхтаб, илкини кўтариб, жим бўлишга ишорат этгунча давом қилди.

-Маълумингиз бўлғайким, биз асад ойининг адоғи ёхуд сунбуланинг ибтидосида шикорға (овга) чиқмоқликни ихтиёр қилдук. Шул боисдан амирул сайдгарга (овчилар амири) ва жамики сайдгарларга бу шоҳона шикорға ҳозирлик кўрмоқни амр этурмиз.

Бу хабарни эшитган аҳли аъён бараварига мамнунлик кайфиятини намойиш этдилар.

-Амирул фузало, хос надимимиз Умар Хайём жаноблари шикорда бизга ҳамроҳ бўлғайлар. -Султон ним табассум ила шоирга боқаркан, билинар-билинмас бош силкиди.

Хайём аввалига султоннинг ниятини тушунмагандай бир лаҳза ҳайрон турди-да, сўнг шошиб таъзим қилди.

Бу олий эҳтиромдан қарши тарафда турган Қазвинийнинг кўзлари олайиб, косасидан чиқиб кетаёзди...

Ихтиёри олий барчага аён этилгач, тақи кўнгилхушлик авж олди...

2

Ўшанда Хайём ҳузури муборакдан чиққач, вазири аъзам билан учрашмоқ ниятидан қайтди, чунки айни дамда унга рўбарў келмоқ уни масхара этмоқ ила баробар эди. Соҳиби девон ҳозир танҳо қолмоғи лозим эди. Вужудидаги алам оташини босиб, тин олмоғи жоизлиги шоир учун маъқул кўринарди.

Аслида Хайём султоннинг амридан шодланмади. Шикорга кетса, расадхонадаги ишлар тўхтаб қолиши ва айниқса, хома-ю давотидан йироқ тушмоғи уни хомуш этди. Бироқ тождорнинг ҳукми вожиб эди.

У эртасига корфармони чақириб, Шокир Талхни олиб келишни буюрди. Шокир Талх деганлари Хайёмга аввалдан эшлиги бўлган этикдўз эди. У билан Исфаҳонга янги келган кезлари мана шу корфармо боис танишган эди. Шоир пошнали пойабзал киёлмасди, кийса-да, оёғи толиқар ва ҳатто мўлроқ юриб қўйса, оғришга тушарди. Шул важҳдан ҳамиша пошнасиз ясси тагчармли оёқ кийими кийишга уринарди. Бу унинг наздида, жуда қулай туюлар, уни кийса, қадамини енгил оларди. Ўшанда корфармо Шокир этикдўзнинг бошкентдаги энг олди аҳли ҳунарлардан бири эканлигини айтгач, Хайём уни дарҳол ҳузурига чорлади. Чорлашдан олдин этикдўзнинг исмига нега энди Талх лақаби қўшиб айтилишини сўраб ҳам олди. Чунки Шокир каби гўзал исм ортидан бундайин сифат бергувчи ғализ сўзнинг ишлатилиши уни чиндан ҳайрон қолдирганди ва шунинг учун бу лақабнинг тарихига қизиқиши ихтиёрсиз равишда ортди.

-Шокир этикдўз жудаям тўғрисўз.-деди корфармо шоирнинг сўроғига жавоб бериб,- Гапини хаспўшлаб ўтирмай, шартта айтади-қўяди. Сўзини бисёр намакоблаб сўзлар ва шул боис Талх дерлар уни.

Кейин Шокир Талх ила бир неча бор гаплашгач, англадики, у чиндан ҳам талх забонли экан. Ўзи асли тоза кўнгилли этикдўз ҳар қандай фикрини дағалроқ йўсинда ифода этмоққа одатланганди. Бу фақатгина тўғрисўзликдан дейилса, хато бўларди, аниқроғи, бу унинг илму урфон борасида ғофил ва тарбияси нотўкис эканлигидан ҳам далолат эди. Талх тамсили унинг сурату сийратига ростдан ҳам мос тушганди.

Хайём Шокир Талхнинг келишидан завқланди. Йўғон-йўғон бармоқларига монанд думалоқ қоп-қора юзи, оғоч бутоғи каби катта бурни шоирнинг завқини қўзғаб, табассумга ҳамроҳ этди.

-Ҳазратим чорлаган эканлар.-деди Шокир Талх салом-аликдан сўнг ўз одатича шошиб.

-Аввало муродимиз сизни кўрмоқ эди... -дея гап бошлади шоир сўзларни хижжалаб, кулимсираганча. -Оз фурсат бўлса-да суҳбатингизни...

Талх дағал овозда бидиллади:

-Оёғимга пойабзал даркор бўлиб қолди, дея қолинг, тақсир!

Хайём этикдўзнинг эркалигини кўтарарди ва бундан ўзи ҳузурланарди.

-Бунча ошиқурсиз, оғойи Шокир! -деди кулиб у, - Сиз тиккан этиклар ҳам ҳудди суҳбатингиз каби биз учун қимматлидур, бироқ ул бир баҳона холос. Аслида суҳбатингизга муштоқмиз, Талх.

-Ҳазратим муболаға этдилар. Илло бизнинг суҳбат нима-ю тегирмон тошининг товуши нима. Шундоғ бўлгач, баҳузур хизматни айтаверсинлар, жаноб.

Хайём юрак-юракдан қаҳ-қаҳ отиб кулди:

-Сўзланг, Талх, сўзланг. Талх отингиз араз этиб, қочиб қолмасин тағин!..

Кулишдилар.

Шоир муддаога кўчиб, султон ҳазратлари ила шикорга ҳозирланаётганлигини ва дашту саҳрода узоқ-узоқ юрмоқ учун мос келгувчи этик буюрмоқчи эканлигини айтди.

-Кўп юрганда оёғим толиқмаса бас. Пишиқроқ чармдан бўлса... Бу юмуш борасида сиздан ўтадурғони йўқтур.

Шокир Талх тақи бир бора шоир оёғининг қолипу ўлчамларини олиб, кетмоққа шайланди.

-Пошна борасида унутмасинлар, Талх.-дея эслатди шоир унинг ортидан.

-Пошнангиз менинг бўйнимда-ку, ҳазратим, қандоқ унутай. - деди этикдўз сўзига қўш маъно юклаб.

Хайём кула-кула қолди.

Ўша кунлари вазири аъзам Низом ул Мулк ила учрашмоқ, валинеъматининг аҳвол-руҳиясидан бохабар бўлиб, ҳол сўрмоқ шоирнинг бирламчи муддаоси эди. Ҳар тугул ўшанда соҳиб девоннинг кўнглига озор етди, бу дард устига чипқон бўлиб, ғанимлар тантана қилдилар, ошкора музаффарлик нашидасини сурдилар. Хайём айни мана шу озорларни вазири аъзамнинг қалбидан қувмоқ истарди. Бироқ ҳадеганда у билан учрашмоқ насиб этавермади.

Хайём отларга ишқибоз эди ва шикор туфайли тақи отларга ошно бўлмоғидан қувонарди. У султоннинг отхонасига ва турфа жонзотлар боқилгувчи томошахонасига кирмоқ учун ижозати олийга мушарраф бўлган эди. У ҳам бўлса, султон Маликшоҳ шаҳриёри аъзамнинг саховатлари туфайли насиб этганди. Шунинг учун шикорга ҳозирлик баҳона султоннинг отхона ва томошахонаси сари ошиқди. Хайём тузуккина синчи (отнинг аҳволи, соғлигини ўрганувчи одам) эди ҳамда у ердаги синчи-ю сайис (отбоқар)ларни жуда яхши танирди, улар ҳам ғалат феълли шоирга кўникиб кетгандилар, шунингдек, унинг отпарастлигини ҳам жуда яхши билардилар ва ҳурматлар эдилар.

Султон Маликшоҳ турфа жонзотларни хуш кўрарди. Тўғри, шикорга чиққанда ҳеч бир маҳлуқни аяб ўтирмай, бирваракай тиғлайверарди, лекин тирик жониворларнинг томошасидан ҳам ўзини тиёлмас, аксинча, гоҳо уларнинг ҳаракатларини кузатиб, завқланар, ҳузурланар эди. Унинг хос ҳайвонотхона бунёд этганлиги ва у ерга тез-тез кириб турмоғи ҳам ана ўша феълидан эди. Ҳайвонотхона-томошахонада жонзотларнинг жамики турлари мавжуд эди: бўри, паланг, шер, қоплон, тулки, оҳу, жайрон ва ҳакозолар, қушлару паррандалардан лочин, кабутар, қумри, тўти, саъва, товусу дуррож (тустовуқ)лар сақланарди. Султон сайдгар лочин ва саклар тайёрламоққа алоҳида эътибор бериб, саъй этарди. У отларнинг фаҳму фаросатидан қанчалик завқланиб, шиддатидан нечоғлик куч олса, лочинларнинг жасур сурати-ю мардона феълларидан шунчалар вужудига қуввату шижоат тўлиб борарди. У ўзини лочинга ўхшатарди ва лочиндай тутмоққа интиларди. Ҳар бир лочинга айруча эътибор берар, гўё ўз боласини эркалаётгандек меҳр ила сийларди. Лочин парвозини кўрганда унинг кўзлари чақнаб, олов сочаётган монанд кўринар, елкалари шишиб, бўйин томирлари бўртиб кетарди. Бу маҳал мисоли икки ҳукмдор-қушлар шоҳи ила башар султони баҳс бойлашиб, бир-бирларидан завқланаётгандек туюларди.

Хайём от зотлари турлари каби лочинлар ҳақида ҳам кўп нарса билар ва бу жонзотларнинг қадим тарихларидан тузуккина бохабар эди. Аслида султоннинг шоирни ўзига надим этиб тайинламоғига ушбу жиҳатлар ҳам қисман боис бўлган эди. Ўшанда султон сайисхонада Хайём ила отларни томоша қилиб, хордиқ олмоқда эди. У тинмай ўз отларини таърифу тавсиф этарди, қайси от қаердан келтирилганлиги ҳақида сўзларди. Султон бошқа бир жойда ёхуд даврада бунчалар очилмаслиги, сўзамол бўлмаслиги аниқ эди. Уни бу хуш кайфиятга солган нарса отларга бўлган мислу қиёссиз меҳри эди. Шунда шоир суҳбат асносида мақбул бир фурсатни топиб, ҳукмдорнинг ижозати ила унга ғазналик Сабуқ Тегиннинг ўғли султон Маҳмуд ва унинг Аёз отлиғ ғуломи тарихини сўзлаб берди:

-Кунлардан бир куни қўшни мамлакат ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавийга элчи йўллаб, унга кўп бебаҳо тортиқлар ила бир от ҳам жўнатади. Элчини султон Маҳмуд саройида иззат-икром ила кутиб оладилар, дабдабали қабул маросими уюштирадилар. Маросимдан сўнг султон туҳфа қилинган отни кўрмоқ учун боради. От барчага маъқул келади, лекин султон сарой отбоқарларидан «Отни кўрмаган ҳеч кимса қолдими?»-дея сўрайди. Сайислар бошлиғи «Султоним, отбоқарларнинг ҳаммалари, ҳатто муҳожир от билгичлар ҳам кўришди ва бу отга қойил қолишди», дейди. Шунда бир четда турган отбоқарлардан бири «Аёз кўргани йўқ», деганида, султон «У ҳам келиб кўрсин», дея амр этади. Сайислар бошлиғи эса «Олампаноҳ, Аёз яқинда келган қулингиз, у ҳеч нарсани билмайди, отларнинг тагини тозалаб юради холос», деб орага сўз қўшади. Султон бўлса, ғазаб ила ўз амрини қайтаради.

Аёзни чақириб келадилар. У султонга таъзим қилгач, бир четда қўл қовуштириб туради. Султон эса унга буюради:

-Ушбу отни яхшилаб кўр ва қандай от эканлигини бизга айт.

Аёз ўйлаб туриб, дейди:

-Олампаноҳ, камина ғуломингиз, оддий отбоқардурмен. Синчилик қилмоққа ожиздурмен. Агар ҳазрати олийлари истасалар, амрлари вожибки, билмоққа саъй этгум. Аммо ундан аввал отнинг дарёга тушиб чиқишини кўрсам-да, сўнг бир фикр айтсам.

Султон Аёзнинг талабига рози бўлиб, отни дарёга олиб боришларини буюради. Аёзнинг бу талаби отбоқарлар бошлиғи ва бошқа баъзи кимсаларга ҳам ёқмагани аниқ эди. Бироқ «Султоннинг амри вожиб», деб отни дарёга олиб бордилар ва сувга туширдилар. Сув отнинг белигача кўмгач, у бироз сув ичди. Шундан сўнг Аёз отни дарёдан олиб чиқди, шу билан бирга унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турди. От соҳилга чиққач, «энди бўлди, кетдик», деб сарой сари йўл олди. Барча ҳайратда -«бу қул нимани билдийкин», дея ажабланардилар. Бош сайис Аёзнинг олдига келиб, секин «Нимани билдинг, Аёз?»-деб сўраганди, Аёз «билганимни сўраган одамга айтамен», деди. У султонга рўбарў бўлиб, таъзим қилгач, деди:

-Олампаноҳ, сизга инъом этилган от зотли кўринадур, қадам ташлашлари, юриши, сувга ботирлик ила тушиши, чиқиши ҳайратомуз, шоҳларга арзигулик от. Лекин фикри ожизимча, бу от ёшлигида сигир сути ила боқилган чиқар, чунки ҳаракатлари отларга хос бўлса ҳам баъзи қилиқларида қорамолларда бўладиган аломатлар сезилдики, бу ҳол мени ўйлантириб қўйди. Балки мен хато қилаётгандирмен, унда бир қошиқ қонимдан кечмоғингизни ўтинамен.

Султон отбоқарлар бошлиғидан «Сен нима дейсан?»-деб сўради. У эса ҳеч нарса деёлмаслигини билдириб, бошини эгди.

Сўнг султон элчи ила йўлиқишди. Суҳбат асносида гапни от мавзусига бурди. Элчи от ҳақида батафсил сўзлаб берди:

-Бу от подшоҳ йилқисидаги энг зотли биянинг боласи бўлиб, унинг ёшлигида тасодиф туфайли бия ҳалок бўлган, тойча эса зотли сигир сути ила боқилган.-дея гапини тугатди элчи.

Султон от сигир сути ила боқилганига қаноат ҳосил қилгач, Аёзни ҳузурига чорлади:

-Бу сирни қандай англадинг?-дея сўради ундан.

Аёз таъзим-тавозе ила деди:

-Эй, улуғ султон, ҳар ҳодисага диққату иштиёқ ила қараш ва уни кузатиш, кўрган-билганларини тафаккур қилмоқдан инсон билими, тажрибаси ортади. «Ҳаётда содир бўладиган яхши-ю ёмон ҳар ҳодисани кузатиб боришга ўрган ва шунга одатлан», дер эди падари бузрукворим. Мен ёшлигимдан кексаларни ҳурмат қилар, кекса билим соҳибларининг сўзларига қулоқ солар ва айтганларини уқиб олар эдим. Кексалардан эшитганларим ва ўзимнинг ёшликдан кузатганларимдан фаҳмладимки, қорамоллар сувдан чиққанларида орқа оёқларини галма-гал ортига силкитадилар. Бу ила орқа оёқларида ўсган юнглардаги сувларни туширадилар. Лекин отларда бундай ҳол учрамайди. Келтирилган тулпор дарёга ҳайиқмай, сесканмай тушди. Аммо сувдан чиқиб, орқа оёқларини силкитди. Мен ҳайрон бўлдим. Ўйлай-ўйлай бу от ёшлигида сигир эмган бўлса керак, деган хулосага келдим. Эҳтимол мен адашаётгандирмен. Унда султонимдан мени афу этишларини сўраймен.

Султон Маҳмуд Аёзнинг жавобларидан мамнун бўлибди ва ўша заҳоти мирохур (отбоқарлар амири) этиб тайинлабди.

Бундан аён бўладики,-дея гапини тугатди Хайём-от тарбиясида, унинг зотини тоза сақламоқда ҳар бир нарса эътиборга олинмоғи лозим экан.

Филҳақиқат, отларни билмоқ борасида султон ила шоир бир-бирларидан қолишмасдилар. Балки шул боис ҳам суҳбат қизигандан қизирди. Хайём ўзининг Аёз ҳақидаги ривоятини тугатгач, ундан илҳом олган султон ҳам тақи отлар таърифига тушиб кетди. Чиндан ҳам гўдаклигидаёқ от миниб, шамшир тутган, яъники ҳарб илмини пухта эгаллаган бу туркий ҳукмдор барча қавмдошлари каби отлар хусусида кўп нарса биларди. Қадим туркий шоҳ Афросиёб айтган экан: «Эрга от андоғким, кўкка ой». Агар от бўлмаса, ҳарбийларга жасур одамлар деган ном нолойиқ бўлур эди. Кўп саркардалар отга минмоқни фалак бўйнига минмоқдан афзалроқ билганлар. Зеро уни «Қутлуғ қадам» деб бежиз айтмаганлар. Ҳа, бу гапни турклар айтган, султон ҳам бу таърифга ишонади. Султон Маликшоҳ, шунингдек, расулиллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг от ҳақида айтган ҳадисини ҳам яхши биларди. «Хайр йилқининг пешонасига ёзилган», дейди Пайғамбар алайҳиссалом . Айниқса, араб отлари бемислдир...

-Мана бу форслар алус деб атайдурғон от.-дея гапида давом этганди султон ўшанда. -Айтадиларки, у гўё осмонда учади, жуда зийрак ва бошқа отларнинг дупурини узоқлардан эшитади. У жуда қаноатли, аммо совуққа чидамсиз. Бундай от эгаси бўлмоқ бахт, бироқ бу жонивор анчайин нозикдур. Мен бунда хўп чопганмен, шоири замон.

Хайём ним табассум ила султоннинг гапини давом эттириб кетди:

-Устод Аристотилуснинг ёзишича, отларнинг тури жуда мўл. Ул зотнинг эътирофича, қушлар рангидаги, хусусан, оқ от яхши ва эътиборга лойиқ. Унинг соҳиби жангда доимо зафар қозонади. Бундай отни подшоҳлар минса ярашади.

Шоирнинг гапи султонга жуда ёқиб тушди. Чунки у оқ отни хушлар ва бир неча хил зотли оқ отлари бор эдики, ҳар жабҳада уларни минар ҳамда бундан фахру ифтихор этиб, ҳузурланарди.

Ўшанда уларнинг бу ёқимли суҳбати узоқ чўзилганди ва охирида султон Хайёмга «отлар хусусидаги бу билимларингиз ила «Тулпорнома» отлиғ рисола битсангиз бўлур эркан», дея лутф этиб, сийлаганди. Мана, энди сайисхонада шикори хосга ҳозирлик кўриб турибди. Бу шикордан албатта, яхши, тоза ва хуш ҳаводан симириб, сиҳатини барқарор этиб қайтади. Фақат хома-ю давотдан айру тушмоқ...

Шикорга, тағинки, шоҳона шикорга ҳозирлик узоқ давом этарди. Аввало учқур отларнинг туёқлари янгитдан тақаланиб, ювиб, мойланар, ёллари хафсала ила тароқланиб, хинолар суртиларди. Бу нимарса от узра ўлтирган чавандозни шижоатлантирар, зотли арғумоқнинг майин, хино тусли ёллари учиши унга журъат ва улуғворлик бахш этарди. Шунинг каби бу амаллар шикори хоснинг зийнати, унинг суратига берилгувчи оролари эди.

Бир ёнда уста сайдгарлар ов қурол-аслаҳаларини созлайдилар, ҳозирлайдилар. Найза ва пайконларнинг синонларини (тиғларини) чархлаб, садоқларга жойлайдилар. Бошқа ғуломлар аробаларга озиқ-овқат, идиш-аёқлару чодирларни, кўрпа-тўшакларни ортадилар. Кўплаб мешлардаги сувларни асосан туяларнинг ва баъзи отларнинг устига юклашар, қолган керакли буюмларни ҳам шу тариқа саранжомлашарди. Икки нортуяга аморий (кажава, туя устида ўлтиришга мўлжалланган махсус ўриндиқ) ҳам ўрнатилган бўлиб, бу султон ҳазратлари учун эди. Мабодо сафар чоғи от устида толиқсалар, аморийда ҳордиқ олишлари мумкин эди.

Шикори хосга шундайин алоҳида тадорик жоиз эди. Сарой ҳовлиси, ташқиси бир неча кунлаб шовқин оғушида бўларди. Айниқса, овчи саклар занжирларга боғлаб олиб чиқилганда, уларнинг басма-бас хуришлари оламни тутиб кетарди. Зотдор, шикори хос учун ўргатилган бу катта-кичик, турфа ранг итларнинг овозидан наинки одамнинг, оламнинг ҳам қулоғи батангга келарди. Яхшики, уларнинг «тилини» билгувчи сакбозлар бор, акси бўлса, бу мағзи йўқ махлуқлар не кўйга тушардилар, Оллоҳга аён.

Бир неча сайдгар лочинлар эса султоннинг ва аҳли шикорнинг ҳам фахру ифтихори эдилар. Бу мағрур, мардона қушларда улуғлик, киборлик рамзи мужассам эди. Улар ҳам гоҳо юракларга ваҳм солгувчи сас ила ҳайқириб қўярдилар...

3

Сунбуланинг бошида шикорга отландилар.

Ундан аввал Хайём вазири аъзамнинг ҳузурида бўлиб, бироз суҳбат қурди, Жаъфаракнинг пайровидан сўнг мудом шаштсиз бўлган валинеъматининг кўнглини олишга уринди. Сидқидилдан қилинган муомала, самимият киши қалбига, шуурига таъсир қилмасдан қолмайди. У кўнгилларни кўтаради, одамнинг ўзига бўлган ишончини оширади. Вазири аъзамда ҳам шундай бўлди-ўз жигарбанду аржумандидай бўлиб қолган шоирнинг самимий сўзлари, хайрихоҳ чеҳраси зимистон кўнглини ёритиб юборди. У ўша онда яна бир карра амин бўлдики, бу даҳри дуннинг омонлиги эзгулик, самимият ва чин дўстликнинг мавжудлигига боғлиқ экан. Ҳар ҳолда илму маърифат боқий экан, зеро Хайёмни унга ёвуқ тутган ҳам илму маърифат ва эзгуликка эшлик эди.

-Яхши олиму шоирдан уста сайдгар чиқмаслиги аниқ, -деганди ўшанда Низом ул Мулк шоир ила хайрлаша туриб. -Бироқ яхши шоирдан яхши ҳамроҳ чиқади. Олампаноҳ ила мулоқотда ул зотни эҳтиётлаганинг каби ўзингни ҳам сақлагин. -Бу унинг оталарча насиҳати эди. У ҳукмдорлар Қуёш янглиғ бўлишлигини тақи бир карра эслатганди...

Шикорнинг аввали бошкентга яқин водийда, унга туташиб кетган тоғлар устида кечди. Ёллари ўсиқ, арабий оқ отда виқор ва ҳайбат ила чопган султон Маликшоҳ ниҳоят суюкли тулпоридан тушиб, пиёда юрмоққа бошлади. Водийнинг елкасига оёқ қўйган тоғ буюк салжуқий султонга ҳам жалолатли (улуғвор) кўринар, унинг юксаклиги қаерда интиҳо топмоғини тасаввур этмоқ мушкул эди. Бу ерда атроф жавониб (томонлар) тоғдан иборат эди. Тоғ ёнбағридаги катта-кичик қора-қўнғир тусли, гоҳо оқиш харсанг тошларга суяниб турфа оғочлар ўсган. Бу оғочлар баъзи жойларда ғуж-ғуж бўлиб ўсганидан яхлит ёнғоқзор, тоғолчазор ва мевалари майда-майда ёввойи олмазорларга айланиб кетган. Ундан юқорида эса зарангзорлар ястанган. Бу оғочзорлар остида ўсгувчи гиёҳлар ҳам турфа хил-буғдойиқ, қўзиқулоқ, наъматак, ёввойи олча, қорақанд (зирк) каби ўтларнинг бир неча хиллари мавжуд. Айниқса, бу янглиғ гиёҳлар тоғ устидаги яйловларда мўл-кўл. Бу каби набототнинг бисёрлиги турфа жонзотларнинг ҳаёт кечирмоғи учун ҳам жуда қулайдир. Унда тулки, бўри, сиртлон, гоҳо эса айиқ ва йўлбарслар ҳам эмин-эркин яшайдилар. Тоғнинг юқорисида бўлса, жадий (тоғ такаси), кийик, тоғ қўйи, қор қоплони каби жонзотлар кўп. Тоғда яшовчи қушларнинг тури беҳисоб, уларни таниш, ажратиш анча мушкул.

Сайдгарларнинг бир қисми ва сакбозлар итларини олиб, тоғнинг юқорисига чиқиб кетдилар. Улар баландга чиқиб, бир қанча муддат жим туришар, тоғ устини сукунат қоплаб, жамики жонзотлар хотиржам бўлгач, ваҳимали сас бергувчи бурғуларни чалишиб, итлар ила шовқин-сурон солишиб, қуйига энардилар. Бу саъйлари ила тоғдаги борки ҳайвонотни сайёдлар томон ҳайдардилар. Тоғнинг бошланишида султон бошлиқ ҳар хил яроғлар тутган сайдгарлар туришар ва улар қимирлаган нарсаки бор жонталош этардилар. Сайдгарлар асосан султоннинг кўнгилхушлиги учун хизмат қилишар, ўлжалар қисматини ҳам аксаран унга топширишарди. Султоннинг атрофида анча-мунча даррандани (йиртқични) ҳам енга олишга қодир алп қомат сайдгар-қўриқчилари ҳамиша шай турардилар. Шикор маҳали султоннинг жони азизини омонда сақламоқ уларнинг зиммасида эди.

Султон Маликшоҳ ўлжани танлаб ўтирмасди. Жон ташвишида ўзини ҳар ёнга уриб, яширинишга уринаётган жониворларнинг барини бирваракай гоҳ камон, гоҳ палахмон ва ёки найза ила шикастлайверарди. Ёнидаги бир неча яроғбардорлари хориса хорирдики, султон асло хоримасди. Кишининг этини сескантиргувчи бир қиёфага кириб, турфа махлуқотни ўлдираверарди. Айни дамда у қатлгоҳ узра қилич яланғочлаб, маҳкумни кутаётган жаллодга ўхшарди. У уста мерган эди, отган ўқлари нишонга бехато тегарди... Кўп ўтмай ҳаммаёқ ҳайвон жасадларига тўлиб кетди. Уларнинг ҳаммасини ҳам йиғиштириб олмасдилар. Баъзи қимматбаҳо мўйнали жониворларни тўплаб, терисини шилиб олмасалар агар, аксарияти ўша жойнинг ўзида қолиб кетарди. Султон учун шикорда ўлдириш завқи муҳим эди.

Хайём бу «қатлгоҳ»га умуман яқинлашмади, баъзан чодирда қолса, гоҳида тескари томондаги тоғ ёнбағирларида кезинди. Тўйиб-тўйиб тоғ ҳавосини ва унга чулғаб май симирди, майсазорларга бурканиб, осмонга термулди, қадрдон маъвони кузатди. Гоҳо эса мастона шеър битди:

Ул азал Сайёди қўйиб дона, дом
Ўз овига қўйди одам дея ном.
Оламда не яхши-ёмонлик бўлса,
Ўзи қилиб, тўнкар одамга мудом.

Ўша сархуш кечаларда кўк балдоғи Ойга термулиб, ўртанди, эҳтирослари жунбушга келиб, Ой юзида Марямнинг жамоли акс этиб, шуурида тақи шеър айланди:

Ё Оллоҳ, ул гўзал Ойни яратиб,
Сочи сунбулидан анбар таратиб,
Унга қарамагил, дея буюрсанг,
Зулм-ку, дил шавқин ўзинг қўзғатиб.

Шоирнинг жон талвасасида типирчилаётган жониворларни кўрмоққа на ҳоли, на тоқати бор эди. У ўлимга сира-сира кўника олмасди. Оллоҳ ўзи яратган инсон ишқида барпо этган бу оламда тўйиб-тўйиб яшашни, барчанинг яшашини истарди. Хайёмнинг ҳамиша ўзгалардан пинҳон тутишга уринган сири-бу унинг жуда-жуда ҳаётпарастлиги эди. У ҳаётни севарди ва шунинг учун, ўлимнинг улуғлигини ҳис этгани ҳолда, унга тоқат қилолмасди.

Тоғдаги ов икки ҳафтага яқин давом этди.

Дашту биёбондаги шикор ўзгача бўларди. Бу ерда сайдгарлар кўпроқ от устида ов қилардилар. Султон ҳам оқ тулпорига миниб, ўлжанинг ортидан қувар ва болалигидан ҳадисини олганидай, отни чоптира бориб, жон қайғусида югураётган жониворга қарата ёйдан ўқ узарди. Сайд қулагач, тақи бошқа жониворнинг ортидан қува кетарди.

Ёзида (даштда) оқ саксовуллар мўл эди-уларнинг бўйи гоҳо етти-саккиз газгача етарди. Бундан ташқари, йирик жузғунлар, шувоқ ва шўраклар ҳам кўп бўлиб, қалин бутазорларни бунёд этгандики, бу ҳайвонларнинг жон сақламоғи учун ўнғай эди. Бу ерларда овбоп жониворлардан оҳу, кийик, тулки, шағол (чиябўри), қуён ва шер каби даррандалар ҳам кўп учрарди. Даштдаги шикор сайдгар учун чинакам синов ҳам эди. Унда отнинг устида ёй ота олмоқ маҳорати ила ботирлик ҳам бўлмоғи лозим эди. Чунки от устида чопиб бораётган овчининг рўбарўсидан баногоҳ бирон йиртқич чиқиб қолиши ва от ҳуркиб, суворийсини ерга қулатмоғи мумкин эди. Сайдгарнинг ёзиғида (пешонасида) бўлса, шер ёки бошқа дарранда уни ғажиб ташлаши ҳам турган гап. Султон Маликшоҳнинг падари бузруквори султон Алп Арслон даврида бўлган шикорларнинг бирида шундай бўлганди. Унда Маликшоҳ ёшгина болакай эди, ҳавас ила отасининг ортидан югуриб юрарди. Кичкина ёйидан ўзича ўқлар ҳам отарди. Ўшанда кўплаб ярадор жониворларнинг жон беришини кўрган эрса-да, қонга беланган одамнинг бундай тарзда жон талашмоғини ҳеч ҳам кузатмаганди. Буталар ортидан туйқусдан чиқиб келган шер бечора сайдгарнинг бўғзини ғажиб ташлаганди... Бу мудҳиш манзара уни ҳали ҳамон тарк этмайди Жангу жадалларда неча-неча одамнинг ёстиғини қуритган, ададсиз жониворларни хокга қорган султон Маликшоҳнинг ёдига ўша воқеа тушиши ҳамоно юраги зириллаб кетади. Чунки бу унинг ўлим ҳақидаги илк болалик тасаввури эди. Ўлим деганда унинг кўз олдига ўша бўғзи ғажилиб, қонга беланган сайдгар келарди.

Султон ёзи шикорида лочинларига ҳам эрк берди. Улар ҳам қушбонларнинг илкидан шиддат ила осмонга кўтарилиб, ўлжа излай бошладилар. Лочин подшоҳлар шикорининг улфатидир, у ила қувонадилар, уни севадилар. Лочиннинг хулқи ўзининг нозиклиги ва покизалиги ила тождорларнинг хулқига ўхшайди. У гўштхўр паррандаларнинг подшоҳидир. Шул боис лочин бошқа одамларга қараганда подшоҳларга кўпроқ ярашади. Лочинда бошқа жониворларда бўлмаган жалолат мавжуд. Подшоҳлар уни томоша қилишнинг яхши аломатлари бор деб билишади. Султон Маликшоҳ ҳам шундай деб билар ва айни дамда қушбонлар илкидан кўкка парвоз этаётган лочинларга узоқ-узоқ завқ ила тикилмоқда эди.

Асли лочинларга ишқибоз бўлган Хайём ҳам ҳозир султоннинг ёнида эди ва у ҳам лочинлар парвозини кузатарди. Шоир қушлар шоҳи ҳақида кўп нарса билар ва унинг билишидан султон ҳам бохабар эди. У лочин ҳақидаги ривоятларни билишдан ташқари, унинг ҳаракатларига қараб турли башоратлар қилишга ҳам қодир эди...

Ана, лочинлардан бири тўрғайни тутиб, ваҳшат ила қийқириб қайтди. Шоир сесканиб тушди, лочиннинг бундайин ҳаракати яқин орада бўлгувчи ёмонликдан далолат берарди. Қуш учиб келиб султоннинг илкига қўнди.

-Шоирлар шоҳи шоҳнинг шоҳ қуши ҳақида не дейди? -дея султон илкидаги лочинни юқори кўтариб, кўз-кўз қилди.

-Султонимнинг лочини беназир. -Хайём от устида ўлтирган султонга яқинлашиб, ўнг илкини қуш томон узатганча давом этди. -Унинг пайлари қаттиқ, болдири йўғон, ўзи юмалоқ ва миқти, қомати келишган, туси сарғиш. Демакки, бағоят соғлом ва овга бисёр ҳарисдир (ўчдир). Чин тождорларга муносиб лочин экан.

Шоирнинг гапларидан султон яйраб кетди:

-Сизнинг ҳар хусусда илмингиз беқиёс эканлиғига тақи бир карра амин бўлдим. -деди ва шоҳона илтифот кўрсатди. -Бу кунги оқшомни биз ила ўтказғайсиз, шоири замон.

Хайём енгил таъзим қилди.

Шоир султоннинг кўнглига йўл топа олганди. Чунки унинг лочинга бемисл меҳри борлигини жуда яхши биларди. Эсида, мана шундай шоҳона шикорларнинг бирида ажаб таассуротли воқеа кечган эди. Ўшанда султон илкига лочинни қўндириб, сув ичаётган қушбонини кўриб қолди. Уни юз дарра уриб жазолашни буюрди ва деди:

-Бу не ҳол?! Лочин -бу қушлар шоҳи, подшоҳлар илкидаги энг азиз ва муҳтарам жонзот. Не бўлдики, сен бундай одобсизлик қиласен? Подшоҳлар эъзозлаган нарса илкингда-ю, сен фаҳмсиз сув ичмоқдасен!

Қушбон таҳлика ичра деди:

-Худовандо умрингизни узун қилсин, султоним, агар ташна бўлсаму илкимда лочин бўлса, не қилай?

-Бу ишга лаёқатли одамга бер.-деганди ўшанда султон бироз юмшаб.-У лочинни ушлаб турсин, сен сувингни ичавер.

Султоннинг чодири қошида ваъдага биноан тузилган шоҳона зиёфатдан сархуш алпозда қайтган шоир ўз чодирига киргиси келмай, ташқарига ўлтирди. Доимгидай яна осмонга тикилди. Гўё уни ҳамиша осмон ўзига чорлаб турадигандек, кўк сари талпиниб яшарди. Чўлнинг тунги осмони янада бўлакча бўларкан-кенг, бепоён, тип-тиниқ. Ҳудди меҳрибон бир кишингнинг кўзларига ўхшайди. Жимирлаб нигоҳингга санчилгудай бўлаётган ложувард юлдузлар эса ўша кўзлардан отилган меҳрга чулғонган учқунлар янглиғ. Бунчалар ҳам ярқирамаса бу юлдузлар?! Уларнинг партави (шуъласи) жоним риштасига пайванд. Ана, Ой қошида Ноҳид юлдузи порлайди. Буёқда эса сурати чўмич монанд Дубби Акбар юлдузлари, бир ёнда Ҳулкари ахгар (чўғ). Бу бепоён коиноти яратган Зотга ҳамдлар бўлсин! Бу сонсиз юлдузларнинг адоғи бормикин? Уларнинг инсон кўзи илғай олмайдиганлари қанчайкин? Бир кун келиб башар қавми қадами, унинг шуури ана ўша чексиз маъволарга етиб борармикин? Тақи чексизлик! Тақи устоз Уқлидуснинг ўша икки ёндош чизиқлари, ҳеч қачон кесишмайдиган ҳадлар. Наҳотки ҳеч қачон кесишмасалар? Ҳудди эзгулик ва ёвузлик каби. Демак, уларни бир-бирларига яқинлаштирмоқ, ўрталикни топмоқ учун орадаги холис меъёрни топа билмоқ лозим экан-да. Ана ўшанда эзгулик ва ёвузлик мажозан бўлса-да қовушадилар. Қовушганлари билан улардан тақи не бино бўларди? Билмайсен, ё Абул Фатҳ Умар, билмайсен! Лекин оралиқнинг ҳосил бўлмоғи аниқ. Ҳамма нарсада оралиқни топа билмоқ лозим, уни топа билмоқ эса улуғлик нишонасидир. Ҳамма нарсада меъёр, яъни энг холис оралиқ топилар экан, мавжуд парда, балки ғайб пардасидир, кўтарилади ва кўп асрор ошкор бўлади. Бироқ бунга эришмоқ мушкул. Нафс бандаси бўлган одамзот барибир бир томонга оғиб кетади... Яхши фикр. Албатта ёзиб қўймоғи керак...

Улуғ муаллим Аристотилуснинг эгри ва тўғри ҳадлар ҳақидаги фикрига уйқаш фикр бўлади. Яъни у эгри чизиқни аҳмоқ, тўғри чизиқни эса оқилу доно кишиларга ўхшатади. Тўғри чизиқлар бир-бирларига ҳамиша текис ёпишадилар, эгри чизиқлар эса ҳеч қачон мос тушмайдилар. Яъни оқил кишилар бир-бирларини осон тушуниб, тил топиша оладилар, аҳмоқлар эса... Устоз топиб айтган. Тақи ўша оралиқ!.. Хайёмнинг мияси чирсиллаб кетгандай туюлди. Хаёлини чалғитиш ниятида юзини кафтлари ила кескин ишқалаб, яна Ойга тикилди. Май оташидан қизиган вужудида ёқимли жимирлаш уйғонди. Ой юзида тақи Марям намоён бўлди. Ҳозир не ила машғул экан у арман гўзали?! Шоирнинг тани қизиб, ўрнидан турди-да, эгнидаги ширдоғини (иссиқдан сақланиш учун кийиладиган кийим) ва Шокир Талх тикиб берган таги ясси ўнғай этигини ечди. Ширдоғини тахлади ва сўл ёнига ёнбошлаб, унга бошини қўйди. Кўзларини юмаркан, хаёли гўзал Марямнинг васлига илк бора етишган онларга учди.

Расадхона қасабасидаги тоғнинг бағрида катта бир булоқ бор эди. Унинг ёқасида улкан ёнғоқлар ўсган бўлиб, уларнинг остидаги харсанг тошлар текис ва силлиқ сояда салқинлаб ўлтириш учун жуда ўнғай эди. Булоқ суви бағоят тиниқ ва тоза, таъми тотли эди, кишининг ичган сари ичгиси келар, бошқа сувлар каби қоринни шиширмасди. Бир сафар Марямнинг майли ила ўша булоқ бўйига бордилар. Силлиқ харсангтош устига ёнма-ён ўлтирдилар. Қиз илкини тиззалари узра қовуштириб, уларнинг устига оппоқ ёноғини босиб, булоқ сувининг хиромига тикилди. Анчагача бир сўз демади. Хайём ҳам унга ҳалал бермоқни истамади. Ниҳоят қиз бошини кўтариб, оёқларидаги гулдор хипча чувакларини ечди, ҳовучини тўлатиб сув олиб, юзига босди. Биллурдайин сув томчилари юзида сирпандилар. Шоир унга маҳлиё бўлиб тикилиб турарди. Вужудида ҳузурбахш ва шунингдек, ўртагувчи бир ҳис кезина бошлаганди. У ана шу ўртаниш асносида ютоққандай ютинди.

-Қанчалар соҳибжамолсен, Марям!-деди у қиздан кўзларини узолмай.

Қиз унга қиёлаб, жон олғувчи нигоҳ ташлади. Ўсиқ қайрилма пайконлар бир неча бор силкиндилар.

-Чинингизми?-сўради у ёқимли эркалик ила.

Бу пайт шоирнинг нигоҳи унинг узун кўйлаги остидан чиқиб турган оппоқ оёқларига тушди. Айниқса, товонлари гўзал эди- қизғиш-сариқ, кўнгилга эҳтирос ўтини солгувчи.

-Сени жуда-жуда яхши кўриб кетмоқдамен, Марям!-деди шоир овози титраб.

-Эндигинами? -дея қиз тақи-да олов қалади.

-Азалдан!

-Мен ҳам айтайинми? -деди қиз энди араз қилгандай боқиб.

Хайём ўзини тутиб туролмади, унинг елкасидан оҳиста ушлаб, ўзига тортди. У қизни илк учрашувдаёқ севиб қолган, бироқ отасининг ҳурматидан андишаси ортиб, ўзга нигоҳ ила боқмоқдан тийиларди. Ҳозир эса ишқ ўти солган туғёнини жиловлай олмади.

Қиз ҳам қаршилик қилмади. Шоирнинг бағрига суқилгани сари бетакрор ҳузур оғушида қолмоқда эди.

-Жоним!-деди шоир титраб.

Қизнинг бошидаги силлиқ ёғлиғи (рўмоли) сирғалиб, тушиб кетди. Мушк[1] нинг бўйига чулғанган тим қора сочлари тўлғониб, ёйилдилар.

Шоир ним пушти лабларга лабларини босди. Улар беқиёс тотли эдилар, худди манов булоқнинг сувидек тоза ва мусаффо. Икки ошиқ дил бир-бирларига чирмашдилар...

Чодир ёнида ухлаб қолган шоир ҳансираб, тўлғонарди. У сўл ёнига ёнбошлаб, юрагини қучганча ширин туш кўрмоқда эди...

Шикорнинг ёзидагиси ҳам икки ҳафта давом этмоқда эди. Султон ҳали шикордан зерикмаганди. Бу сафар пешинга яқин саксовул ва шувоқлар чирмашган қумли дарага кириб қолдилар. Атроф жавониб қумтепалардан иборат. Тўрт бурчагига найзалар ўрнатилиб, соябонлар тутилган аробалар ўлжаларга тўлганди, бироқ ҳукмдор овни тўхтатай демасди. Бир маҳал икки сайдгар тепалик ортидан икки шербаччани кўтариб келиб қолдилар. Шербаччаларнинг кўзлари эндигина очилган бўлса-да, тинмай ириллардилар, бироқ бақувват сайдгарларнинг чайир илкидан қутула олмасдилар. Шернинг баччаси ҳам шер бўлгани боис бу бандиликка дош беролмасдилар. Уларни султоннинг истагига биноан қафасга солдилар. Ҳукмдор шербаччаларни сарой ҳайвонотхонасига элтмоқни ният қилганди.

Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, сайдгарлар шербаччаларни олиб келган ёқдаги тепаликда наъра тортган она шер пайдо бўлди. У шиддатли тарзда ўкирар ва одамлар томонга талпинарди. Аҳли шикор дарров сергак тортиб, яроғландилар. Ёйларига пайконларини жойлаб, зих (камон ип)ларини таранг тортиб, шай турдилар.

Султоннинг юзида тантанавор бир маъно барқ уриб, кулди.

-Мана энди жанг қизийдурғон кўринадур!..

Она шер қуйига тушиб кела бошлади. Сайдгарлар султоннинг амри ила уни ўққа тутдилар. У ёй ўқларига чап берар, гоҳ олдинга, гоҳ орқага сакраб, ирилларди, одамларга ҳамла қилишига пайконлар бўрони монелик қиларди. Бу ҳол анчагача давом этди. Сайдгарлар шернинг аҳволидан завқланиб, қийқирардилар. Ахийри шер бундан зерикдими ёхуд саъйлари нафсиз эканлигини тушундими, ерга думалаб, бошини ҳар ёнга уриб, ўкира бошлади. Барча уни масхара қилгандай баттар қийқирмоққа тушдилар. Бирдан шер тинчиб қолди-да, бир пас қимир этмай ётди.

Ҳаммалари ҳайрат ила сукутга толдилар. «Ўлиб қолдими, нима бало?»-дея ўйлардилар улар. Кўп ўтмай, она шер ўрнидан турди, хотиржам қиёфада одамларга тикилди. Сўнг оҳиста бир неча қадам ортига тисланди-да, шиддат ила олдинга ташланди. Ҳали одамлар ўзларини ўнглаб олмасларидан уларга яқинлашди ва шаҳд ила шундайин бир сакрадики, мисоли учаётгандек келиб, ўлжалар ортилган аробанинг бурчагидаги соябон тортилган найза тиғига кўксини урди. Тиғ ғирчиллаб кўксига чуқур-чуқур ботди. Уни кузатиб турган одамлар увиллаб юбордилар. Шер бир-икки типирчилади-да, нолакор сасда чўзиб бир инграгач, жон берди. Нарироқдаги қафасда турган шербаччалар кетма-кет ирилладилар.

Барча бир лаҳза жим қолди. Ҳамманинг қалбини ҳайрат ва ачиниш ҳисси эгаллади. Бу, айниқса, Хайёмга қаттиқ таъсир қилди, у ёқасини тутиб, «Субҳоноллоҳ!» деб юборди.

Жимликни Султоннинг овози бузди:

-Шерларга ачинмайдурлар.-деди у аста ва итобли (ғазабкор) тарзда хитоб этди. -Улардан ифтихор этурлар!- Аммо у шу гапини айтди-ю беихтиёр бир сўлиш олди. Шу-шу кечгача ожизлана борди. Оқшомда иситмаси чиқиб, ётиб қолди.

Хайём унинг ширдоғини ечиб, ёзи офтобидан қорайиб, озғинлашган юзидаги совуқ терларни артди.

-Менга не бўлди, шоир?-сўради у титраркан.

-Шикорни тўхтатинг, олампаноҳ.-деди Хайём ялинчоқ оҳангда,- Кўнгилхушлик учун жониворларнинг қонини тўкмоқликни бас қилайлик. Руҳиятингизга шикаст етмиш, султоним!

-Ҳа, ўзим ҳам сезиб турибмен!.. -Султон энтикди.- Тонгда саройга қайтмоқликка фармон беринг, шоир. Шаҳарга қайтишимиз ҳамоно Адам Шайх ҳазратларининг хонақосига, муридларига хайру эҳсонлар қилгум, иншооллоҳ!

-Султонимнинг ниятлари ўзларига йўлдош бўлғай.-дея унинг сўзини маъқуллади Хайём.

Эртасига эрталаб Исфаҳон сари йўл олдилар. Султоннинг аморийда ўтирмоққа ҳам ҳоли келмагач, аробага ётқиздилар. Умар Хайём уни муолажа қилмоққа тушди.

Бу шикорда ўн минг бошдан зиёд жонзотларга қирон келтирилди. Шу-шу халқ ичра «Султон Маликшоҳ, минорат ал қорун», яъни «Султон Маликшоҳ шохлардан минора тиклади», деган нақл тарқалди.

Иккинчи боб

1

Исфаҳонда ва умуман салжуқий султонлар ҳукмронлик қилаётган бутун мамлакат ҳудудида турли дин ва масҳабларга мансуб авом бақамти умргузаронлик қилардилар. Салжуқий ҳукмдорлар исломпараст ва исломпарвар бўлганлари ҳолда, ўзга динга мансуб қавмларга ҳам бағрикенглик ила муносабат кўрсатардилар. Улардаги мана шу фазилат кўпчиликка манзур бўлар ва забт этилган ўлкалардан Исфаҳонга ҳамда мамлакатнинг бошқа кентларига олиб келинган шоиру фузалолар, ҳунармандлар бу ер халқи ила тез қовушар, тақи урфу одатларига ҳам тез кўникиб кетардилар. Бироқ бу улкан ва қудратли давлат сиёсатининг бундайин мақомга етишмоғи осон кечмаган, унга анчайин курашлар ила эришилган. Мамлакат ичра бу янглиғ тартиб ўрнатилишида вазири аъзам Низом ул Мулк ҳазратларининг хизматлари беқиёс бўлган. Кекса вазир ёзган, шунингдек, аллақачон халқ ичра шуҳрат топиб, зиё таратаётган «Сиёсатнома» отлиғ рисолани мутолаа этган киши бунга янада амин бўлғай. Зотан бу донишмандликка йўғрилган рисолада тождорларга ва умуман давлатни идора этмоқ ила машғул кишиларга кўпу хўп панду насиҳатлар борки, уларни қулоққа олиб, амал қилмоқ оқиллар ишидир. Аслан ҳам бу китоб салжуқий шаҳзодаларни тарбия этмоқ ва уларнинг амаллари ила барпо қилинган буюк ҳамда қудратли мамлакатни сақлаб қолмоқ орзусида битилган эди. Фозилу дониш вазир ҳукмдорларга неники айтмоқни ихтиёр этган бўлса, ўша гап ёхуд унга муқобил ривоят ва ҳикоят мазкур рисоладан жой олганди.

Низом ул Мулк суннийларнинг шофеъин мазҳабига мансуб эди. Султон Маликшоҳнинг амакиси, салжуқийлар салтанатининг асосчиси Муҳаммад Тўғрулбек ўлгудай суннийпараст ҳанафий ва бу борада бисёр мутаассиб эди. У бутун умри мобайнида шофеъинларни қатл этиб, қувғин қилиб яшади. Вале соф суннъийлар давлатини барпо этмоққа қурбу имкони етмади.

Бу ғайирлик ва адоват туйғуси султон Алп Арслонда ҳам мавжуд эди. У шофеъинларни қувғин қилмаса-да, уларни очиқдан-очиқ ёмон кўрарди. Уларга зиён-заҳмат етказмаслигининг боиси эса Низом ул Мулкдай оқилу доно вазири борлиги ва унинг шофеъинлар мазҳабига мансублигидан эди. Лекин у бундан пинҳона афсус-надомат чекарди. Гоҳо кайфияти бузилган пайтларда бу надомати тилига ҳам чиқиб кетарди:

-Менинг вазирим шофеъин бўлмаса қанийди! Афсус!..-дерди итоб ила.

У салтанатни илки қаттиқлик ва куч ила идора этарди. Ўзининг эътиқодига, яъниким ҳанафий мазҳабига жуда содиқ ва муҳаббатли эди. Шофеъин бўлган вазири аъзам унинг ҳудди мана шу садоқату муҳаббатидан хавфсираб яшарди.

Ёш султон Маликшоҳ даврида Низом ул Мулк ўз орзусига етди- ҳанафий ва шофеъин мазҳаблари расман тенг дея эътироф этилди ҳамда улар ўртасидаги низолар бирмунча барҳам топди. Мамлакатнинг жамики жойларида шофеъинларга нисбатан ғайри муносабатлар йўқ бўлди. Гўёки мусулмон дунёси осмонида оқиллик қуёши балқиб, жумла жаҳон муроса-ю аҳиллик зиёсига йўғрилди. Бир сўз ила ифода этилса, салжуқийлар ва демакки, вазири аъзам орзусидаги мустаҳкам салтанат барпо этилди. Давлат идорасига аҳли диннинг таъсири кучайди. Низом ул Мулк жорий этган Низомияда (кўплаб фанлар ўқитиладиган ва давлат томонидан таъминланадиган ўқув маскани, замонавий тилда айтганда, университет) ва диний идораларда мутакаллимлар (Исломни анъанавий ва турғун ҳолда тушунувчи диний оқим) кўпайди. Сўфийлар алоҳида ҳурмату эътиборга эга бўлдилар, Исфаҳон сўфийларининг пири комили Адам Шайхнинг нуфузи ортди. Хонақоҳлар, муллавачча-ю ҳофизи Қуръонлар учун мамлакат хазинасидан мўл-кўл олтину кумушлар тортиқ этиларди. Султон бошлиқ кўплаб амалдорлар шофеъинларнинг марҳум имомлари руҳига иззат-ҳурмат кўрсатмоқни одат қилдилар.

Вазири аъзам шулар билангина чекланиб ёки кифояланиб қолмасди. У мамлакатдаги ўз таъсирини, нуфузини мустаҳкамлаб борарди. Бу борада, айниқса, унинг ўзи жорий этган Низомиялар жуда-жуда ўнғай эди. Улардаги вазир томонидан тайинланган мударрислар ва жомеъ масжидларининг имомлари Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларга уйғун тарзда унинг йўриқларини илгари сурардилар. Раиятнинг шуурига машҳур ва донишманд соҳиби девоннинг фикру насиҳатларини сингдирмоққа уринардилар. Филҳақиқат, бу уринишлар зое кетмаётганди, Низом ул Мулкнинг мавқеи салжуқийлар салтанати аро мустаҳкамланиб борарди.

Бироқ бани башар барибир бандалигича қоларди, яъни у минбаъд ўзаро низоларсиз, келишмовчиликларсиз яшолмасди. Вазири аъзамнинг хоҳиши ва саъйи ила мамлакатда шофеъинларга қарши таъқиблар тугатилгандек кўринарди, лекин улар ўртасидаги бу муроса-ю мадоралар фақатгина бошкент Исфаҳонда ва тақи баъзи вилоятларда сезиларли эди холос. Бунга аксил ўлароқ кўплаб вилоятларда ва айниқса, Ислом оламининг марказига айланган Боғдодда улар орасидаги низолар мудом давот этарди. Бироқ бу курашлар асосан ом (оддий халқ) ўртасида пинҳона тарзда олиб бориларди. Аслида бу низолар ҳеч қачон барҳам топмаслигини вазири аъзам ва бошқа мулоҳазакор кишилар ҳам жуда яхши тушунардилар.

Шундай қилиб, буюк салтанат бир қадар осойишта ҳаёт кечирмоқда эди...

Салжуқийлар давлатида кўпчиликка ноаён бўлган ва султон Маликшоҳ ҳамда вазири аъзамгина сезиб турган тақи бир хавф қувват йиғмоқда эди. Бу хавфнинг асосида ҳанафийларни ва на шофеъинларни тан олмаган, уларнинг ҳар иккисига ҳам бирдек тиш қайраган ( шиаликка мансуб) исмоилийлар турардилар. Уларни бир сўз ила таррорлар (ўғри, қароқчи, тажовузкорлар) деб ҳам аташ мумкин. Зеро бу аҳли таррор бутун дунё бўйлаб ёйилиб, куч йиға бошлагандилар. Салжуқий салтанатда эса улар асосан Қазвин, Исфаҳонда ва Ислом халифаси-ю шайхулислом ҳукмрон бўлган Боғдодда кўпчилик эдилар. Уларнинг саноғи кун сайин ортиб борарди. Бу ҳақда бутун салтанат бўйлаб изғиган ҳуфиялар кунда-кун ора янги-янги хабарлар олиб келардилар. Исмоилийларнинг пешвоси вазири аъзамга жуда яхши маълум бўлган Ҳасан Саббоҳ эди ва у олампаноҳнинг исмоилийларга қарши бир режа ихтиёр этганидан ҳам бохабар эди. Шунга қарамай, исмоилийлар вазири аъзамнинг ўз танасидаги энг хавфсираган оғриқли аъзосидек эди гўё.

Бу ўй-фикрлар вазири аъзамни бир лаҳза бўлсин тарк этмас, нафақат шуурини, балки қалбини ҳам кемириб борарди. Кейинги кунларда унинг кўнглига ғулғула солгувчи тақи бира воқеа рўй берди-султон Маликшоҳ ҳазратлари шикордан ҳасталаниб, бунинг устига кишини хушламайдиган бўлиб, тунд алпозда қайтди. Олампаноҳнинг руҳиятидаги бу дарзнинг шикор маҳали рўй берган шер воқеаси таъсирида пайдо бўлганлигидан бохабар эди. Бироқ ҳасталик чекиниб, оёққа турган бўлса-да, у ҳали бирон марта вазири аъзамни ҳузурига чорламади. Бу нарса вазирни турли гумону иштибоҳларга рўбарў этмоқда эди.

Соҳиб девоннинг шундоқ ҳам, яъни шунча ташвишу хавфларсиз ҳам хотиржам яшаши мумкин эмасди. Чунки унинг ош аёқига оғу солган, аниқроғи, оғу солдирган ғанимлари ҳаёт эдилар. Ибн Баҳманёр зиндонда сирли тарзда ўлим топгани билан унинг ҳамтовоқлари, раҳнамолари тирик юрардилар. Бироқ вазири аъзам уларнинг кимлар эканлигини билмасди, билолмасди. Гоҳо танҳо қолиб, ўйга ботганда, сон-саноқсиз қўллар унинг гирбонидан олаётгандек туюлар ва хаёлан мислсиз куч топиб, улардан омон қоларди. Шундай вақтлари атрофида пайт пойлаб, писиб ётган беҳисоб кушандалари борлигини ҳис қиларди, пайқарди...

2

Султоннинг дили хуфтон эди. Дунёнинг ярмини зир титратган тождор ҳозир забун бир аҳволда ўтирарди. Унинг бу кўнгилхиралиги шикорнинг сўнгида бошланган эрса-да, саройда рўй берган охирги ҳодиса аввалига ғазаб тулпорига миндирди. Лекин ўтган бир неча кун мобайнида ғазаби сўниб, бағрини ўкинч, алам эгаллади, ҳар нимарсага ҳафсаласиз аҳволга келди. Ундаги сўнган ўша ғазаб шоҳона бўлгани сингари, айни дамдаги ўкинчу алами бир жиҳати оддийгина инсоний бўлса-да, аслида бу туйғулари ҳам шоҳона эди. У ҳатто шоҳларга ҳам дунё бебақо эканлигини англаб, ҳар қанча ҳиммату саховат кўрсатмасин, барибир одамий хиёнатдан, шундоққина биқинидаги ханжарлар тиғидан омонда қолмаслигини англаб турарди. Бу нарсани англаш жуда эски, бироқ ҳар бир одам ўзича эришадиган шоҳона кашфиёт эди. Шу каби бу кашфиёт ҳамиша боягидек алам ила ниҳояланади...

Султон қарс уриб, ҳожиби даргоҳни (сарой нозири, қабул маросимларининг мутасаддиси) чақирди.

Ҳожиби даргоҳ кириб, таъзим ила хизматга шай тургач, буюрди:

-Аввалан муҳтасибни, сўнгра вазири аъзамни чорла!

Хизматчи чиқиб кетгач, нохуш ўйлар уни тақи ишғол эта бошлади. Менга не бўлди? Бунчалар дилзадалик нечун? Ҳа, бир қизиқчи ўлса ўлибди, вазирзода хиёнат қилса қилибди? Нима, шунга ҳам ота гўри- қозихонами? Ё хиёнатга энди рўбарў келишими? Ахир бу Одамдан (Одам Атодан) қолган шўриш-ку. Шунга шунчалар алам тортмоқ дурустми? Ахир у султон, буюк салжуқийлар салтанатининг ҳукмдори! Бу янглиғ аҳволга тушмоқ султонга ярашиқлими? Йўқ, асло!..

Аслида гап вазири аъзамда ҳам, қизиқчисида ҳам ва бошқада ҳам эмасди. Унинг аҳволи руҳияси ўша шикорда рўй берган она шер воқеасидан сўнг бутунлай ўзгарганди. Лекин ўзида кечаётган бу айру ҳолатни ўзи тузук-қуруқ англамасди. Ваҳоланки, шикордан қайтгач, бир ойча ҳасталаниб ётди. Табиблар муолажа этдилар, нафаси ўткир дуогўйга бир неча бор дам солдирдилар, сўфийлар хонақосига, бева-бечораларга хайру эҳсонлар қилдилар, аммо жисми сиҳат топса-да, руҳи, қалби оромга эришмади. Мудом шу аҳвол.

Ҳақиқатда эса салжуқлар давлатининг сарҳадлари кенгайгандан кенгайиб борар, унинг чегаралари мағрибда Ҳозор ва Марварид денгизига, шимолда Қофқоз ва Қора денгиз соҳилларига, жанубда эса Форс кўрфази ҳамда Ажаму Шом саҳроларигача етганди. Византия ва Миср Фотимийлари ҳам унга қарам эдилар. Булар жуда катта ҳудудларни ўз ичига оларди ва мана шу улкан ҳамда бемисл ҳудуд Буюк Салжуқийлар давлатини ташкил қиларди. Энди Султон машриқ томонга кўз тикмоқда эди. Унинг ўйида қорахонийлар давлати бўлмиш Мовароуннаҳр сари юриш қилиш режаси ҳам бор эди, бироқ буни ҳали ҳеч кимсага ошкор этмаганди.

Ҳожиби даргоҳ кириб, муҳтасиб Саййид Муҳаммад Бадрий келганлигини маълум қилди. Султоннинг ижозати ила кўп ўтмай ҳузури муборакда муҳтасиб пайдо бўлди. У олампаноҳга таъзим қилиб, унинг ишораси ила тахтнинг сўл ёнидаги ўриндиққа ўлтирди.

Султон илки остидаги Низом ул Мулк битган ва ўзига туҳфа этган «Сиёсатнома» китобини олиб, Бадрийга узатди. Сўнг:

-Шариатда хиёнатга жазо борму, муҳтарам Бадрий жаноблари?-деди паст, ўйчан овозда.

Кекса муҳтасиб шошиб қолди. У табиатан жуда ҳуркак эди ва ҳозир ҳам жони кўзига кўриниб кетди. Шўрлик бировга, бирон гапга қарши чиқмоқликни умумун хушламас ва истамасди ҳам. Ҳозир кўзларини жовдиратиб, сукутда қолмоғи ҳам айни дамда мақбул сўзни излаётганидан эди.

-Нечун индамайсиз? -Султон бу сўроғини жавобсиз қолдириш мумкин бўлган маънода айтди.

-Агар олампаноҳ...

Таъзим ила кириб келган ҳожиби даргоҳ муҳтасибнинг гапини бўлди ва вазири аъзам келганлигини маълум қилди.

Низом ул Мулк ҳузури муборакка кириб, бош эгиб салом берди ва султоннинг ишорати ила унинг ўнг ёнбошидаги курсига ўлтирди. У хиёл саросимали кўринар, ҳатто боя таъзим қилаётганида ноқулайроқ саъй этди чоғи, амомасининг (салласининг) печи (салланинг чап томонида осилиб турадиган қисми) елкасидан сирғалиб тушиб кетди. Кекса вазир буни ўтиргач пайқади ва осилиб қолган печини шошиб ўнг елкасига ташлади. Унинг бу безовталиги султон ҳазратларининг ўзгариб қолганлиги ва уни шу кунгача бирон марта йўқлатмай, баногоҳ ҳузурига чорлаб қолганлигидан эди.

Султон вазирга ўгрилиб, мийиғида кулди ва деди:

-Вазири аъзамнинг сиҳатлари дурустми?

Вазир шуурида бу сўроққа турли маънолар бераркан, таъзим қилди.

-Шукур, олампаноҳ. Султонимнинг сояйи давлатларида ҳамиша омондамиз.

-Биз улуғ бир донишмандлик китобидаги ҳикматни сиз ила баҳам кўрмоқни ихтиёр этдик.-деди султон муҳтасибга «ўқинг» маъносида ишорат қиларкан, ҳали белгилаб ва унга тайинлаб қўйгани саҳифани очишга буюриб.

Вазири аъзам ўз китобини таниди ва бир нохушликни сезиб, ичидан зил кетди.

Озғин, рангпар муҳтасибнинг нафақат илки, ҳатто сийрак соқолигача титрарди. У ўшандайин титроқ овозда китобни ўқий бошлади:

«-Ҳусрави Парвезнинг вазири Баҳром Чўбин ила муносабати бошда яхши эди, уни кўп ҳурмат қилди. Усиз ҳатто таом емас, бирон пиёла гулоб ҳам ичмас эди. Шикорда ҳам, саройда ҳам улар ҳамиша бирга бўлишарди. Кунлардан бир куни Ҳирот ила Сарахснинг омиллари подшога ҳар биттаси бир харвордан зарур ва қимматбаҳо юк ортилган уч юз бош туя олиб келдилар. Ҳусрави Парвоз буларнинг ҳаммасини Баҳром Чўбинга берди.

Эртаси куни Ҳусрави Парвезга нохуш хабар келтирдилар-Баҳром Чўбин ғуломини қип-яланғоч қилиб қаттиқ савалабди. Подшо дарғазаб бўлди ва Баҳром Чўбинни дарҳол чақиртириб келди, сўнг қурчибошига «Қурхонадан беш юз шамшир олиб чиқ!»-деб буюрди. Қилич олиб чиқилгач, Чўбинга қараб мурожаат қилди:

-Қани, Баҳром, қиличлар ичидан яхшиларини танла!

Баҳром юз эллик қилични саралаб олди.

Шундан кейин подшо яна деди:

-Шу қиличлардан ўнта яхшисини танла!

Баҳром танлаб, четга териб қўйди.

Подшо яна буюрди:

-Энди шу ўн қилич ичидан кескир иккитасини танла!

Баҳром энг яхши ва кскир икки қилични танлаб олиб, подшонинг олдига қўйди.

-Энди,-деди подшо, -ҳар иккала қилични бир қинга жойлаштир.

Баҳром Чўбин ҳайрон бўлди, сўнг деди:

-Аъло ҳазрат! Ахир икки қилич бир қинга сиғмайди-ку?

Подшо деди:

Подшо деди:

-Ундай тақдирда бир мамлакатга икки ҳукмдор сиғадими?..»

Бадрий ўқишни тўхтатиб, китобни аста ёпаркан, султонга қараб мўлтиради.

Вазири аъзам бошидаёқ ўқилаётган ҳикоятни эслаган ва султон нима демоқчи эканлигини фаҳмлаган эди. Бироқ ҳукмдор не боис бу ҳикоятни ўқитаётганлигини англолмай ҳалак эди.

Султон бўлса, ҳикоят тугагач ҳам манглайини тутиб, ўнг ёнбошига суянганча анча сукутга толди. Ниҳоят вазирга маъноли тикилди-да,

-Ана шундоқ!..-деди юмшоқ зарда ила.

Вазир «айбим не» дегандек ҳайрону лол турарди.

-Сизга ижозат!-деди бир маҳал султон вазирга ўлганнинг устига тепган янглиғ.

Низом ул Мулк забун бир аҳволда хаёллари чалкашиб, эшикка равона бўлди. У чиндан-да яқиндагина рўй берган даҳшатли воқеадан бехабар эди...

Султон ҳасталикдан сўнг оёққа тургач, кўнгил хиралигини ёзмоқни истаб қолди. Бир хаёли Хайёмни чорламоқчи бўлди. Лекин шоир унинг муолажаси ила бандлиги боис кунда-кун оша шу ерда эканлигини ўйлаб, дили янгиликни тусади ва суюкли қизиқчиси Жаъфарак Чучукни чорлади. Аҳли сарой буюк бир саросимада қолдилар, чунки қизиқчи аллақачон уқбога рихлат қилган, бу совуқ хабарни беморликдан энди-энди халос бўлаётган султон ҳазратларига етказолмай неча кундирки хизматчиларнинг ҳоли танг эди. Ана энди тождор ўз қизиқчисини йўқлаб қолди-ю... Ҳар тугул энди шум хабарни аъло ҳазратга етказмоқ ўнғайроқ. Етказдилар ҳам...

Жаъфарак Чучук сарой аъёнлари ҳузурида вазири аъзамни роса масхара қилгач, вазир бу оғир юкни минг азоб ила ичига ютиб қўяверган эди. Бироқ бу гап устомон кимсаларнинг чақуви ила вазирнинг тўнғич ўғли, Чучук айтмоқчи, ўн икки «сакбачча»нинг бири бўлмиш Балх ҳокими Жамол ул Мулкнинг қулоғига етиб боргач, у ўзини қўярга жой тополмай қолди. Итобга келиб, аламдан ва ўч иштиёқида тишлари ғичирлади. Жамол ул Мулкнинг феълида саркашлик (қайсарлик) ва кибру ҳаво устиворроқ эди. Ушбу важҳдан султон Маликшоҳни унча хушламас, бу борада отасининг насиҳатларига ҳам унча қулоқ тутмасди. Ҳали султон Алп Арслон ҳаётлигидаёқ отаси унга ёш шаҳзода Муҳаммад Жалолиддинга, яъни Маликшоҳга вазирлик мансабини тавсия этганида, у «Шу гўдакка вазирлик қиламанми!» дея рад қилганди. Ундаги ўша муносабат ва фикр мудом сақланиб қолганди. Шунинг учун Жамол ул Мулк баттол масхарабознинг адабини бериб қўйиш ниятида эртасигаёқ дорулсалтанат сари йўлга чиқди. Исфаҳонга етиб келгач, Жаъфаракни тутди ва аввал унинг тилини кесиб, қонга белади. Сўнг бўғизлаб ташлади. Бу ҳақда на отасига ва на бошқа бировга бир сўз айтмай Балхга қайтиб кетди...

Унинг бу қилмиши султоннинг юзига оёқ қўймоқлик ва ҳатто уни очиқ-ошкора писанд қилмаслик ила баробар эди. У гўё Маликшоҳни курашга даъват этарди. Султон ҳам бу даъватга «лаббайка» дея жавоб берди ва вазири аъзамни бу мудҳиш қилмишдан боягидек киноя ила воқиф этгач, тунда Балх сари ҳуфия киши юборди. Ҳуфия Балхга етиб бориб, Жамол ул Мулкни пинҳона бўғиб ўлдирди ва икки ойдан сўнг бошкентга оғир хасталикдан қазо қилди, деган хабар олиб келди.

3

Вазири аъзам султон ҳузуридан чиққач, авбош ўғлининг қилмишини эшитиб, таҳликада юрган кунларда аъёнлар тақи саройга чорланди. Султон Маликшоҳ ҳарбий машваратни ихтиёр этган эди. У машварат чоғи қорахонийлар ҳукмронлиги остида бўлмиш Мовароуннаҳрга лашкар тортмоқчи эканлигини ошкор этди. Бу хабарни эшитган сарой аъёнлари, сипоҳсолар (лашкарбошилар) олампаноҳни муборакбод этиб, олқишладилар. Қалби таҳлика-ю андишада бўлган Низом ул Мулк эса зоҳиран олқишларга хайрихоҳ турса-да, ёнидаги Умар Хайёмга зимдан маъноли қараб қўяди. Чунки...

Акаси султон Тўғрулбекдан сўнг салжуқийлар тахтига ўлтирган султон Алп Арслон унинг Боғдод халифасининг аралашуви боис амалга оширолмаган ниятини рўёбга чиқаришга аҳд қилди. Тўғрулбек замонида қорахонийлар ҳукмдори Тамғачхон унинг тажовузларидан халифага арз қилган ва халифа ҳар икки тождорни муросага солган эди. Бу даврга келиб, Боғдод халифалиги инқирозга юз тутган, халифанинг ҳам, шайхулисломнинг ҳам мудом омонлиги Исломнинг ҳурматидан эди холос. Аслида бутун шарқий оламга буюк салжуқийлар ҳукмронлик қила бошлагандилар.

Шундай қилиб, ҳижрий 450 (милодий 1071) йилнинг бошида султон Алп Арслон қарийб икки юз минглик қўшин ила Мовароуннаҳр сари юриш бошлади. Бу юрт халқининг азалий халоскори, ҳимоячиси бўлмиш кўҳна Жайҳун соҳилларига етиб, бир муддат нафас ростлаш баҳонасида дарё узра кўприклар қурдиришга тушди. Кунларнинг бирида салжуқий сипоҳийлар шубҳали бир кимсани тутиб келтирдилар. Ошкор бўлишича, бу кимса қорахонийлар салтанатининг дарвоза шаҳри бўлмиш Термиз қалъасининг қутволи (коменданти) экан. У султонга муҳим бир сирни айтмоқчи эканлигини билдиргач, уни султон Алп Арслонга рўбарў қилдилар. Юсуф отлиғ кимса ғанимнинг жонфидо ҳуфияси бўлиб чиқди- у султонга ёвуқ келгани ҳамоно унинг кўксига ханжар урди ва ўзи ҳам соқчилар илкида тилка-пора бўлди. Султон қаттиқ яралангани сабабли қўшинни орқага қайтарди ва Исфаҳонга етиб келгач, омонатини топширди. Тахт ворислигини ўғли Жалолиддин Маликшоҳга ҳамда унга раҳнамоликни суюкли вазири Низом ул Мулкга васият қилди.

Ҳали қони қайноқ бўлган ёш султон тез орада падари бузрукворининг хунини талаб қилмоқни ихтиёр этиб, келаси йили кўкламдаёқ Бухоро сари юришга ҳозирлик кўра бошлади. Бироқ Бухоро қозикалони Абу Тоҳир вазири аъзам Низом ул Мулкга мактуб ила киши йўллаб, бу юришни тўхтатишлигини ўтинди. Эвазига божу хирожлар миқдорини зиёда этмоқликни ваъда қилди. Қозикалон мўлжални тўғри олганди. Чунки вазири аъзам султонга мурожаат этиб, Мовароуннаҳр юришини тўхтатишликка эришди. Унда султон Маликшоҳ ҳали ёш, вазири аъзамнинг йўлига юргувчи, кўп юмушларда унга итоат этгувчи ва шу ила ота васиятини бажараётганлигидан шодланувчи ғуборсиз йигитча эди. Энди эса у улғайган, ўз фикрида қаттиқ тургувчи саркаш ҳукмдорга айланган ва шон-шавкати Низом ул Мулк заковатининг кўлкасида қолаётганлигини тушуниб етганди. Қолаверса, зурриёди қилган авбошлик вазири аъзамга бўлган ишончига ҳам путур етказганди. Энди бу урушга қорахонийлар наслидан бўлмиш малика Туркон Хотун ҳам монелик қилолмаслиги аниқ эди. Бундан ташқари, қозикалон Абу Тоҳир оламдан ўтган, Бухорода авомга нисбатан жабр-зулм кучайиб, унинг аввалги ҳукмдори Шамс ул-Мулкнинг ўғли Аҳмадхон султонга итоатсизлик қила бошлаганди. Вазири аъзам ҳам, Хайём ҳам бу нарсалардан бохабар эдилар ва айни дамда Мовароуннаҳр салтанатининг олдинги куч-қудрати қолмаганлигини ҳам яхши билардилар. Аҳмадхон ҳали ғўр, қисқа ўйлагувчи йигитча эди. Аммо Хайём бир замонлар дунёга илкини чўзган қорахонийлар сулоласининг шон-шавкатини, ақлу закосини яхши биларди...

Султон кўкламда бошланажак Мовароуннаҳр юришига тадорик кўриш ҳақида фармон бергач, машварат якун топди.

Қазвиний ҳузури муборакдан чиқаркан, муҳтасиб Бадрийни эртага шаҳзода Такаш ҳазратлари ҳузурида бўлажак, унинг ўзи айтмоқчи, «муҳим суҳбат»га таклиф этди.

4

Эртаси куни Қазвиний шаҳзода Муҳаммад Такашнинг саройига кириб келганида (салжуқий шаҳзодалар ва маликалар ўзларининг алоҳида қаср-саройларига эга эдилар.) у ўз қасрининг томида эди. Шаҳзоданинг феъли-ю одатларидан анчагина бохабар бўлган амирул шуаро тўғри қаср томи сари йўналди.

Такаш болаликдан кабутарбоз эди. Қасрининг томи устига бир неча қўноқлар ўрнатилган бўлиб, уларда ҳамиша турфа хил кабутарлар тизилиб турар, бир қисми эса осмони фалакда чарх урарди. Унинг юздан зиёд кабутарлари бор эди. Ҳозир ҳам осмонда бир гала кабутарлар учиб юрар, юмшоқ оромкурсида пар болишларга суяниб, ёнбошлаб кузнинг илиқ ва ёқимли офтобига тобланиб ўтирган шаҳзода Такаш улардан кўзини узолмас, гоҳ қарс уриб, гоҳ қийқириб, ҳуркитар, тақи чиройлироқ рақс этмоққа ундарди. Айни дамда у дунёдаги жамики нарсаларни бирин-кетин кашф этиб, ҳайратга тушаётган маъсум гўдак монанд эдики, қанотли гўзал маҳлуқларнинг ҳаракатларидан завқу шавққа тўлиб, сакраб юборгудай бўларди. Унга сайин қанот қоққанида бир парча нур мисол кўрингувчи кабутарлар тобора юксалиб борарди. (Унинг хуш одати хизматкорлари учун ҳам нафли эди. Улар кабутарларнинг гўнгини кўнчиларга пинҳона пуллардилар. Кабутар гўнги тери ошлашда жуда наф келтираркан.)

Султондан бир ёшгагина кичик бўлган Такаш унинг она бошқа иниси эди. У озғин, новча бўлиб, кўзлари чинакам саҳройиларга хос қисиқ, бурни катта, ёноқлари бўртган, то табассум қилмагунча кишини ўзидан нари суриб тургувчи қиёфали инсон эди. Бунинг устига у жуда кам кулар, юзи ҳозиргидек кабутарга ошно дамларда кўпроқ ёришарди.

Қазвиний хушомадга уйғун таъзим ила унга яқинлашди. Шаҳзоданинг кабутарлар парвозидан сираям кўз олгиси йўқ эди. Шунинг учун аввалига шоирни хушламайроқ кутиб олди ва сўнг кечаги келишувлари ёдига тушди шекилли, зўраки мулозамат кўрсатди.

-Ажаб тоза кўнглингиз бор-да, шаҳзодам,-деди Қазвиний Такаш кўрсатган ўриндлиққа ўлтираркан, хушомадгўйларча бидиллаб. -Дўстларингиз парвозидан ҳамиша шодланасиз. -Унинг пачоқ башараси Такашнинг чўзиқ юзи қаршисида аянчли даражада кичик кўриниб, амомасининг остида қолиб кетгандек туюларди.

Қазвинийнинг тагдор гапи шаҳзодага маъқул тушиб, хиёл жилмайди.

-Муҳтасиб кўринмайдилар, шоир?-дея сўради у Қаввинийга бир йўла ўгрилиб.

-У юраксиз така соқолдин не наф, шаҳзодам. Барибир бирон корга ярамайдур!

Хизматкор илиқ гулоб келтирди.

Ичдилар.

-Жаъфарак туфайли султонимиз баттол вазиридан юз ўгирдилар. Ўзини қўярга жой тополмай юрадур қанжиқ сак. -Қазвиний Чучукнинг вазири аъзам ҳақидаги пайровига ишора қилиб, хиринглади. -Аслида раҳматли Ибн Баҳманёр солган оғудан ўлиб кета қолгани дуруст эди. Энди ҳали фарзанд доғини ҳам тортмасайди. -У Жаъфарак Чучук учун султоннинг албатта ўч олишини назарда тутаётганди.

Такашнинг юзи тақи ёқимсиз аҳволга келди.

-Ҳа, Ибн Баҳманёр мардона турди. Аммо барибир зиндонбонга ақча бериб, азобини енгиллаштирмаганимизда охиригача бардош қилолмасди. Бизни ҳам оёғимиздан тортарди. -Такаш бироз жим тургач, қўшиб қўйди.- Минбаъд бу юраксизликдан эмасдурки, ҳали истиқболимизда буюк ишлар турибдур. Аларни рўёбга чиқармоғимиз учун ҳам биз яшамоғимиз даркор.

-Тўғри айтасиз, шаҳзодам. Султонлик асли сизга ярашиқли. -Қазвиний овозини пасайтириб, ҳеч ким йўқлигини билса ҳам у ён-бу ёнига қараб олди.- Энди анови худосиз майпарстни даф қилсак, муродимиз икки ҳисса ҳосил бўлғай.

-Ҳа, у мажусийпараст ҳам султоннинг ишончига кириб олди. -Такаш тақи бир тўхталди.- Биз ана шу ишонч чироғини сўндирмоғимиз лозим.

Қазвиний дарров гапни илиб кетди:

-Унинг душмани ўз шеърлари. Улар шеър эмас, лаъиннинг найранглари. Тақи у бу шеърларини, - у маъноли жилмайди, -маликамизга ўқиб, кўнгилхушлик қиладур. Султонимизга етказсак кифоя, шаҳзодам.

Такаш жим қолиб, бармоғидаги забаржад (оч писта ранг қимматбаҳо тош) кўзли узугини бошқа илкининг узун бармоқлари ила ўйнаб, унга тикилди.

Шоирлар амири пайтдан фойдаланиб, тақи хушомад отига қамчи босди:

-Бу бармоқларга султоннинг муҳрли узуги ярашадур, шаҳзодам!

Такаш ялт этиб унга қаради-да, мамнун жилмайди ва деди:

-Султонимиз кўкламда Мовароуннаҳр устига қўшин тортмоқликларини айтдиларми?..

Қазвиний унга савол назари ила тикиларкан, «шундай» деди секингина.

Такаш уни яқинроқ келишга ундади ва пичирлаб муҳим бир режасини тушунтира бошлади...

Учинчи боб

1

Умар Хайём бу кеч ижод ила машғул эди. Бир замон унинг ошёнаси остонасида Микоил пайдо бўлиб, одоб юзасидан томоқ қирди-да, шоир ишдан бош кўтариб, у томон қарагач, кирмоққа ижозат сўради. Хайёмнинг ўйчан нигоҳи унда бўлгани ҳолда хаёли ёзаётган асари ила банд эди. Шунинг учун остонада турган Микоилнинг муддаосини англаёлмай бир муддат унга сўзсиз тикилиб қолди. Ниҳоят шуурида қатланган фикрлар бир ёнга сурилиб, рўбарўсидаги кишининг нимадир демоқчи эканлигини илғади. Илғади-ю вужудида ожиз бир итоб уйғонганини кўзлари ошкор этди ва Микоилга «кел» деди хушламайгина. Унинг феълида қўрслик, ҳатто ҳақгўйлик ортидан вужудга келгувчи хиёл долозорлик мавжуд эди ва айниқса, уни суюкли машғулотидан чалғитсалар, илҳомига дарз солсалар тоқат қилолмасди. Микоил хожасининг бу феълини ҳар тугул яхши биларди. Айни дамдаги ҳаракатлари эса чорасизлик туфайли пайдо бўлган шошқалоқликнинг маҳсули эдики, бу суюкли соҳибига бироз эркаланиш ҳиссига ҳам қоришиб кетганди.

Хайём унга қовоқ уйганча «ўтир» дегандай ишора қилди.

-Не муддаоинг бор? -дея сўради шоир, у рўбарўсига ўтиргач, ер остидан.

Микоил хожасининг хушламаганлигидан эсанкираб, каловланиб қолди:

-Афу этгайсиз, хожам... Мен...

-Оғзингга чандир солганмисен, нечук бунча чайналасен?! -Хайём хизматкорини дадилликка ундади.

-Аввал ҳам бир ўтинчимни айтиб эрдим, ҳожам...

Эслади - у севгилиси Лайли ҳақида гапирганди. Агар маликадан рухсат олиб берса, Хайёмнинг оқ фотиҳаси ила унга уйланмоқчи эканлигини айтганди. Нечук унинг бу ўтинчини фаромуш қилдийкин? Ҳа, бир-икки бор маликага рўбарў келганида тилининг учига ҳам келганди, бироқ Туркон Хотундан қарздор бўлишлик ҳисси устун келиб, тилига боғич солганди. Кейин эса унутибди. Қолаверса, у ҳукмдорлар ила мулоқотда бўлавериб пишиб кетган, уларнинг ҳузурида сўз айтганда хушёрлик лозимлигини жуда яхши тушуниб қолган эди. Бу борада етти ўлчаб, бир кесган маъқул. Бу дунё, саройлар унинг қалб аталмиш ҳур салтанати эмаски, истаган сўзини айтиб, истаган фалсафасини, фикрини тўкиб солса. Йўқ, уларнинг салтанати унинг қалб мамлакати ҳоқонига бўйин эгмайди. Уларнинг ўз қонун-қоидалари, тошу торозулари ва ҳатто ўз шариатлари бор. Шул андишалар боис унинг илтимоси хаёлидан фаромуш бўлибди.

-Ёдимда,-деди мудом тўнг овозда сўзлаётган Хайём. -Фурсат келганда айтурмен маликамизга. Нечук бунча ошиқурсен?

Микоил хижолат тортиб, бош эгди ва хазин бир овозда деди:

-Ошиқмоқлигим боиси, Лайли бисёр азиятда қолмиш, хожам. Малика саройидаги можаролардин...

-Бас! -Хайём Микоилнинг гапини кескин бўлди. - Ҳасратинг икки дастурхондин ошаркан-ку, эй, айиқбоз. Сенга ижозат, борақол!

Микоил итоаткорона бош эгиб, ўрнидан турди ва эшик томон йўналди.

Хайёмнинг бағрини нимадир тирнагандай бўлди. Ҳозир у ўзининг фикр оламидан қайтиб, шуури дунёвий ташвишлар қуршовига тушмоқда эди. Бунчалар дилозорлик нечун? Наҳотки бир ширин сўзга ярамаса?!

Микоил остона хатлаётганда уни тўхтатди:

-Менга қара, Микоил.

Йигит тўхтаб, ортига ўгрилди.

-Полвонинг ўзга бир овозда ўкирадурғон бўлиб қолмадими? Ҳатто кўзлари ҳам бежо боқадур?- Хайём кулди. -Ёки у ҳам соҳиби каби ишқ дардига мубталоми?

Микоил жилмайди.

-Мен сезганим йўқ, хожам.

-Эътибор қилчи, балки сезарсен...

У чиқиб кетди. Хайём унинг кўнгил хиралигини бироз ёрита олганидан таскинланиб, ижодга қайтмоқ илинжида қоғоз узра ўгирилди. Бироқ энди ижод завқи сўнганди, бошидаги фикрлар тирқираб кетганди. Шунинг учун хафсаласи пир бўлиб, тақи Микоилни эслади. Филҳақиқат, унинг айиғи ўзга бир атворга келмиш. Уни кўриб, бир пайтлар айиқлар ҳақида эшитган гапи ёдига тушди. Айтишларича, тутқун айиқлар умр интиҳосида ўз соҳибини ҳалок этармиш. Буни билганлар айтиб эрди. Полвоннинг феълидаги ўзгаришни пайқаб, гоҳо Микоилнинг тақдиридан хиёл хавотирга тушиб юргувчи эди. Мана энди ўша хавотирни андак ошкор этган бўлди.

Дарвоқе, вазири аъзам эртага Низомияга таклиф этибди - талабаларга ваъз айтиб, сабоқ бериши лозим эмиш. Бечора ўғлининг қилмишидан андишага, тақдиридан қўрқувга тушганлиги рост. Кексайганида бу кўргилик унга оғирлик қилмоғи аниқ. Авбош бола-я! Наҳот подшоҳга ҳамла қилсанг? Ахир у ҳукмдор, сўзи тугул, бир киприк қоқмоғи сени чилпарчин қилмоғи мумкин. Бунинг устига подшоҳнинг хешу яқинларингга итобичи? Буларни ўйламоқ учун ақл даркор, бола! Падарингни не аҳволга солдинг-а! Энди шўрлик талабалар ила мулоқот қилиб овунмоқчи шекилли. Ҳа, вазири аъзам талабаларга сабоқ бермоқни, ваъз айтмоқликни хуш кўрарди. Шул боис у Низомияга кўп келарди. Хайём эса унинг акси-табиатан камгап бўлганлигидан ҳар турфа жамоатлардан ўзини олиб қочар, илми толибларға ваъз айтмоқни ҳам ёқтирмасди. Эҳтимол у мадраса талабалари барибир мени тушунмайдилар, дея бегонасирармиди ёки уларнинг тилини топиб, дилига йўл сололмаслигидан хавфсирармиди, не бўлганда ҳам у мадраса остонасига кам қадам қўярди. Унинг феъли шундай эди. Йўқ, аслида ундайин ҳам эмасди, мабодо қулфи дили очилса, рўбарўсидаги кишиларнинг кўзлари унинг суҳбатини англаётган янглиғ ташна боқаётганликларини пайқаса, чунонам сўзлардики, ўзини унутиб қўярди. Айниқса, унинг ўзигагина хос бўлган мастона бир илоҳий жазба ҳолатида шеър ўқиганида буткул бошқа одамга айланарди. Минг афсуски, уни ўқиб тинглагувчилар ва англагувчилар озчилик эдилар.

Канизак Пармуда оҳиста қадамлар ила кириб, илкидаги кўрага (май идиши) ва сопол пиёлани хонтахтанинг бир бурчагига қўйди. Унда Хайёмнинг ўзи тайёрлаб берган гиёҳлар дамламаси бор эди. Шоир ундан иссиқ-иссиқ ичмоқликни хуш кўрарди. Бундан жуда яхши бохабар бўлган канизак унинг кўнглини олмоқ истагида эди. Бироқ Хайём ҳозир хаёлларидан айру тушмоқни истамасди, шунинг учун канизакнинг бемаврид кириб келиши дилида ғашлик уйғотди. Зимдан унга боқаркан, ҳамиша гўзал кўринган ва аслида ҳам соҳибжамол бўлган Пармуда кўз ўнгида бадқиёфали бир кимсага менгзади. Бунча хунук бўлмаса-я бу канизак! Аввал кўзим қаёқдайди? Фаҳму фаросати ҳам ҳамин қдар, акси бўлса, айни хаёл уммонига ғарқ бўлганида кириб келармиди... Бас! Бирон гулюзни топиб, уйланганим бўлсин. Балки шунда бул каби хаёлкушлардин йироқ тушурмен!.. Мана шу нохуш ва шунингдек, унинг учун ғайришуурий бўлган ўйлар асносида кўз ўнгида Марямнинг гўзал сиймоси вужудга келди. Пармуда ва хонадаги нимқоронғулик ундан узоқлашди, қалбига ойдинлик инди. Марям жуда гўзал эди ва таралаётган нурга қоришиб кетгандай кўринарди. Ҳозир у ҳам ана ўша нурга сингиб борарди...

Пармуда шоирнинг юзидаги маънони англаёлмай, индамай қайтиб чиқиб кетди.

Марям ҳозир не қилаётир экан? Тез-тез ҳасталангувчи отасининг кўнглини овламоқ ила бандмикин? Ё бу каби у ҳам хаёл оғушидамикин?.. Булоқ бошидаги онларни эслармикин?!.. Хайёмнинг вужуди оташлана бошлади. Унинг танаси оппоқ, қаҳрабо янглиғ эди. Сочи, қошу киприклари тим қора, гўё қора тусли аланга ловуллаётганга ўхшарди. Лаблари пушти, силлиқ, улардан булоқ сувининг бўйи келади. Лабининг ўнг кунжида лабларига уйғун ҳолда ҳамиша титраб тургувчи холи бор. Оҳ, бу хол остидаги қимтилган маъводан димоққа урилгувчи хушбўй таъм! Жонни нисор этса арзир ул бўйга!..

Кимдир томоқ қирди.

Хайём олис-олислардан қайтгандай бўлди. Қаршисида хиёл букчайганча турган Риндоний кирмоққа ижозат сўрамоқда эди. Тақи унинг манглайи тиришди, бағридан бемисл бир наъра отилмоққа шайланди.

-Оромингизни буздим, чоғи, хожам? -деди кулранг тусга кирган соқол-мўйлабидан май ҳиди анқиган Риндоний андак хижолат тортиб.

Хайём ошкора зарда ила деди:

-Оромимни эмас, беоромлиғимни буздингиз, эй, Ринд.

Кекса фаррош не қиларини билмай, мулзам бўлиб қолди.

Шоирнинг эса мудом зардаси қайнарди:

-Менга ғайри кенгаш тузганмисизларки, бу кеч асло ўз ҳолимга қўймағайсизлар!

Риндоний таъзим ила тезроқ жуфтакни ростламоққа шайланди.

Хайём садоқатли ва айни шунингдек, дарвеш кўнгилли кишисини ранжитиб қўйиши мумкинлигини дарҳол фаҳмлади, фаҳмлади-ю қон томирлари узра барқ урган бир нимарса лаҳзадаёқ бутун вужудини кезиниб, шуурига санчилди.

-Не юмушингиз бор эди, эй, Ринд? -деди остонадан ғойиб бўлаёзган фаррошни тўхтатиб.

У ортига қайрилди ва шоирнинг нигоҳидаги қайтишни сезиб, хиёл жилмайди:

-Тўфон тиндими, хожам?

Хайём аввалига унинг сўзини англамади ва бирдан паришон кўзларида табассум порлади.

-Иншооллоҳ, тинди.-деди ва Риндонийни ўтиришга ундади. -Муддаони айтинг, тақсир.

-Хўп бўлади, хожам.-Фаррош бирров тараддудланиб олди-да, сўзида давом этди, -Расадхонамизнинг таббохи анчадан бери ҳасталаниб юриб эди, хабарингиз бор. Бу кун буткул ҳолдан тойиб, ётиб қолибди. Аҳволи анча мушкул, хожам. Шул важҳдан, ошпазликни ўзим эвлаб тусаммикин, деб келиб эдим. Сизнинг ижозатингиз ила, албатта.

Хайём бироз жим турди-да, деди:

-Ижозат. Эрта оқшом чоғи таббоҳ ҳолидин хабар олғаймиз. Бечора қизи Райҳона йўқолганидан сўнг ўнгланолмади. Шул айрилиқ дарди йиқади (йиқитади) шекилли уни. -Унинг нигоҳида тақи паришонлик зуҳур эта бошлади.

Буни пайқаган Риндоний суҳбат поёнига етганини фаҳмлади-да, бир ишорат ила ижозат сўраб, чиқиб кетди.

Хайёмнинг тафаккур бўстонида фикр гиёҳи унмоқда эди. У ўзининг бошидан шу сўнгги соатларда ўтказган кечмишларини ўйлаб, тафтиш қилар ва ўзича улуғ бир кашфиёт ясарди: демакки одам боласининг эрки, кўнгил ҳурлигига қанчалар даҳл қилинса, у шунчалар зулмкор бўлар экан. Демак, инсон туйғуларини ҳадлашга саъй этмоқ ёвузликдир. Ё, Оллоҳ! Унинг ўзи шу ўтган қисқа фурсат мобайнида ўз эрки, кўнгил майлининг ҳурлиги дея неча дилга озор бермади ахир!..

У илкига хомани олиб, олдидаги қоғознинг бир четига ёзиб қўйди: «Буткул ҳур бўлмоқлик ёвузликка аксил буюк исёндир».

2

Низом ул Мулк жорий этган Низомия мадрасаларида сабоқлар жуда эркин тарзда бериларди. Илму фанга султон ҳазратларининг ҳам, вазири аъзамнинг ҳам хайрихоҳликлари борлиги боис ушбу илм масканларида инсон тафаккурининг дурлари «бу Исломий, бу ноисломий» дея ажратилмасди. Шу сабабли ҳам илми толиблар Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Ҳатто Чиндан бўлса ҳам бориб илм ўрганинг», деган ҳадиси шарифини ўз сулукларига чароғ қилиб олмишдилар. Вазири аъзамнинг муродига биноан давлат маҳкамаларида ҳам ишлашлари кўзда тутилган бу талабалар ҳукм сурган ўшал эминлик боис ҳур фикрларга соҳиб эдилар. Бироқ султон ва вазири аъзамнинг амрлари ила ҳуфиялар ҳамма жойларда изғиб, пайқаганки шубҳали гап-сўзларни саройга етказиб турардилар. Бундан Хайём ҳам жуда яхши бохабар эди.

Вазири аъзам ўткир воиз эди ва илми толиблар шунинг учун ҳам уни хуш кўрардилар. Аввало у олий мартабали амалдор бўлганлиги, ҳамки ваъзлари таъсирли ҳамда чуқур билимга асосланганлиги боис ва ниҳоят баъзи талабалар эса унинг назарига тушмоқ илинжида сабоқларни қолдирмасликка уринардилар. Вазир сабоқ бермоқликни ёқтирар, ёш-ёш йигитчаларнинг чақноқ нигоҳлари, илмга ташналиклари унинг завқини келтирарди. Қалбига маҳзунлик чўкиб, андуҳ босса, жисму жонига дунё тор келса, мадрасага ошиқарди. Талабалар ила мулоқот ва узоқ вақт берилиб қилинган ваъзхонликдан сўнг енгил тортарди, кўнгли ёришарди. Мадраса сабоқлари унинг дил дардига малҳаму шифо янглиғ эди.

Бу кун Низомияга вазири аъзам ила амирул фузало Умар Хайём ҳам келганлигидан хабар топган илми толиблар икки карра хушнуд бўлдилар. Мадрасада камнамо бўлган шоирнинг ташрифи, бу ердаги ҳурлик боис ёшлик сурурига эш парвозпеша ва олис юлдузларга кўз тиккан баъзи дарёдил илми толиблар учун, айниқса, қувончли эди. Улар шоир ва олим Умар Хайёмнинг бетакрор ҳамда илҳомбахш фикрларини тинглашга ошиқардилар.

Сабоқ маҳали вазири аъзам ҳам иштирок этмоқни ихтиёр қилди. Балки у айни дамда безовта бўлган қалбига ҳаловат, дил ярасига малҳам истаб шундай қилдими ёхуд Хайёмнинг сўзларини тинглагиси келдими, ноаён. Дарсхонага Хайём ила кирди-ю бир четга ўтиб, толиб мисол ўлтириб олди.

Хайём жуда равон ва оддий тилда эҳтиросли сўзларди. Гоҳо ўз сўзига берилиб кетганидан чакка томирлари бўртиб, овози баландлаб кетарди. Лекин ҳеч вақт дудуқланиб ёки гапини йўқотиб қўймасди, сўз, фикр тилидан, шууридан дарёдай оқиб келарди.

У сўзини Мутлақият (Оллоҳ) ва инсон, уларни англаш, уларнинг ўзаро ҳамда ташқи олам ила муносабатлари хусусида гапирмоқдан бошлади. Ҳар бир фикрини файласуфона мушоҳада қиларкан, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлар ила далиллади. Ниҳоят табиат ҳақидаги фалсафий фикрларини нужум илми ила уйғун этиб, кавокибу (юлдузу) сайёралар ва умуман коинот, унинг тузилиши борасида сўзлади. Узоқ гапирди. Сабоқ бениҳоя таъсирчан ва қизиқарли бўлганлиги туфайли толиблар орасида бирон бора безовталик ёхуд зерикиш сезилмади. Барчалари жон қулоғи ила тингладилар. Ҳатто вазири аъзам ҳам киприк қоқмай, ҳайратини яширолмай қулоқ тутди... Хайём гапиришдан тўхтади. Ана энди дарсхонада жонланиш пайдо бўлди ва талабалар савол бермоқ учун изн сўрадилар. Илк савол шоир ҳеч шубҳаланмай кутган мазмунда бўлди. Уни озғин, рангпар юзли, аммо кўзлари чақнаб тургувчи талаба берди:

-Юлдузлар чиндан ҳам инсон тақдирига даҳл қиладиларми, ҳазрат?

Одатда бундайин мазмундаги сўроққа жавоб қилган кишилар кўпда улуғ мушкулотларга рўбарў бўлардилар. Чунки илми нужум тили ила гапирилса, жавоб албатта Исломга, шариатга зиддай туюларди. Салжуқийлар салтанатида қанчалар ҳур-фикр қадр топмасин, дили сиёҳ, ғаюр кўнгил ғаламис кимсалар ҳам мавжуд эдилар ва улар ўз мақсадлари йўлида ҳар нега ҳозиру қодир турардилар.

Хайём тўғрисўз ва айниқса илм бобида ҳамиша адолатпеша ҳамда фикр айтмоқликда ботир юракли эди.

-Сиз, мулло йигит, қайси оят ва ҳадисларни назарда тутиб, ушбу саволни бераётганлигингизни сезиб турибмен. Бу савол бани башар дунёга келганидан буён берилади ва ҳар ким ҳар хил жавоб айтади. Бу борада Фиръавну Ҳомонлар ҳам, мубоду (зардўштийларнинг бош руҳонийси) шомонлар ҳам, шоҳлару гадолар ҳам бош қотирганлар. Вале аниқ ва пухта жавоб мудом йўқ. Бироқ улуғ ҳакиму фузалолар юлдузлар ила суҳбат қуриб, қўп асрордин воқиф бўлғонлар. Ҳудди шул каби бу хусусда бизнинг ҳам ўз қарашларимиз бор. Яъни одам танасидаги юрак нима учун хизмат қилади? Қонни совутиб, айлантириб бермоқ учун, шундайми? Юлдузлар эса «йўлчиларга йўл кўрсатмоқ ва осмонга безак учун яратилган». Шу гапга қаноат ҳосил қилмоқ мумкинми ахир? Танҳо буюк зот шунчалар бемисл ҳилқатларни наҳотки шунинг учунгина яратган бўлса? Йўқ, бу Оллоҳнинг зотини, сифатларини камситмоқ эмасми? Ахир қалб ҳам бор -у Тангрининг назаргоҳи. У қаерда жойлашган? Албатта шуур ва юрак оралиғида. Ҳамма сир ана ўша оралиқда яширинган.

Тасаввур этинг, заминимиз бутун фалак (коинот)- кавокибу сайёралар, кўзимиз илғагану илғамаган оламлар ичра буғдой донича келгувчи бир вужуд. Фалак айланаркан, унга уйғун тарзда Замин ҳам чарх уради. Демак, бир-бирига ҳамришта эканми? Инсон шуури Заминга нисбатан жимитдек бир нарса. Лекин у ўз қаърига жумла фалакни сиғдира олади. Эҳтимол Оллоҳ таборака таоло фалакнинг кичик суратини инсон шуурига жо этгандир? Балки шунинг учун у ҳамиша ўз аслига- Эгасига талпиниб турар!.. -Айни дамда Хайёмнинг нигоҳида фалак акси пайдо бўлаётгандек эди. -Ва эҳтимолки, бизларни ўз шууримиз идора этгани каби Оллоҳ номаи аъмолимиз харитасини фалак қаърида пинҳон этгандир? Фалак қаърида эса юлдузлар жилва қиладир. Ҳақ, фалак ва инсон бир бутун, яхлит ва шунингдек, айрудир...

Аксар талабаларнинг кўзлари қуёшдай порлаб, ҳайрат оғушида шоирга тикилар ва унинг фикрлари қанотида юксак-юксакларда парвоз этардилар.

Хайём фикрлар уммонидан чиқай демасди:

-Ҳозир қай бирингиз руҳ ҳақида сўрайсиз-бу шубҳасиз.

Талабалар ичра енгил кулгу кўтарилди.

-Юлдузлар ва фалак, инсон ва руҳ ҳақидаги саволлар ҳамиша бақамти келурлар. Балки бу саволларнинг туғилмоғига азимушшаън Қуръондаги «Эй Муҳаммад, сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар, айтинг, руҳ парвардигори олам амридандур» ояти каримаси боис бўлгандир. Ҳақ гап-бизлар руҳ ҳақида ниҳоятда кам билимга эгамиз, зеро руҳ Оллоҳнинг сиридир. Қолаверса, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам бундан ортиқ сўзламасликка амр этилган. Бироқ ақли ожизимиз имконида бу борада мушоҳада этмоғимиз ҳам зарурийдир.

Маълумингизким, инсон жисми унинг қазосидан сўнг хоки туробга айланади. Аммо руҳчи? Оллоҳ уни қаерга йўллайди? Суқрот, Афлотуну Пифағорусларнинг фикрича, инсон руҳи аввалда хиёл ноқис бўлур ва шул боис ул тандан бул танга ўтиб, саргардон кезади. Бу ҳол то улар комиллик мақомига етгунларича давом этади ва комиликка эришгач, жисм, яъниким тан ила робитани узадилар. Инсоннинг руҳи ҳайвонот, наботот ва ҳатто сангу туробга ҳам ўтмоғу мумкин. Бу бениҳоят ибтидоий фикр, бироқ унда ҳақиқатдан улуш ҳам мавжуд. Ҳа, Оллоҳ инсон руҳини унинг қазосидан сўнг ўз даргоҳига олади ва комиллик мақомига (номаи аъмолига) боқиб, коинотнинг қайси кунжига йўллашни ҳал этади. Буни авом тилида осмон қаватлари деб аташ ҳам мумкин. Комил руҳлар то қиёматга довур осмоннинг маълум қаватида ҳаловатда яшайдилар. Бошқалари эса, даражотига монанд макон топадилар. Уларни ҳайвону гиёҳлар, сангу кесаклар ичра ҳам учратмоқ мумкин. Илло пок руҳлар пок маъволарда қўним топур, нопоклари эса... Бу нарса ибтидоий фикрларда руҳнинг тандан танга кўчмоғига нисбат берилган.

Азали мухтасар сўзлашга ўрганган Хайём айни дамда сўзининг чўзилиб кетиши ҳақида мутлақо ўйламас, қуйилиб келаётган қатма-қат фикрларидан завқланиб, илҳом оғушига шўнғиб борарди.

-Ибтидо ва Интиҳо хусусида не дейсиз, устоз?-дея савол берди бир талаба.

-Ибтидо ва Интиҳони англамоқ учун мангулик не эканлигини ақл мезонига солмоқ лозим. Бани башар пайдо бўлгунча беадад вақт дарёси оқиб ўтмиш. Ҳар бир одам қазосидан сўнг тақи қанча хадсиз вақт оқиб ўтгай. Уч ўлчамли бизнинг маъвода жами инсониятнинг ҳаёти мангулик қошида бир лаҳза холос. Бироқ инсон бир лаҳзада бутун мангуликни ҳис этиши, англаши мумкин. Ибтидо ва Интиҳони инсон англаган ана ўша лаҳза боғлаб туради. Қолгани жуда чексиз-чегарасиз, кўзу шуур илғамас.

Мен ақл баркамоллиги нуқтаи назаридан қараганимда, сўздан мўътабарроқ ва каломдан буюкроқ ҳеч нарсани топмадим. Чунки ундан афзалроқ бирор нарса бўлганда эди, Ҳақ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга ўша нарса ила мурожаат қилган бўларди. Илло ҳамма нарса сўздан иборат. -Хайём ўз кашфиётидан завқланди ва дилида уни эҳтирос ила қайтариб қўйди: «Оламда энг буюк ва мўътабар нарса сўздир».

Вазири аъзам рўбарўсида оламнинг турфа синоатларидан ваъз айтаётган оташнафас шоирга, тағинки ўзи меҳр қўйган шогирди қавмидаги саркаш олимга маҳлиё бўлиб тикилиб қолганди. У Хайёмнинг сурату сийратидан уфуриб турган ҳурлик нафасидан масрур эди ва унга бениҳоя ҳавас қиларди. Султоннинг қилган муомаласидан мудом дилхун юрган соҳиб девон ўз фарзандининг тақдири учун қайғуриб толиққанди ва бир таскину андармонлик илинжида Хайёмнинг суҳбатини орзулаганди. Ҳар тугул одам тафтини одам кўтарур, деган гап бор. Агар ўз хонасига қамалиб олиб, минг бир Ғйлар гирдобида қолса, кекса юрагига зил келмоқи аниқ. Ғам-андуҳ кшини ақлу шууридан мосуво келмоғи ҳам ҳеч гап эмас. Устига устак дилни ваҳм офати ишғол этур. Аслида-ку бирон ташвиш борасида узоқ қайғуриш унинг ҳўйига (феълига) мухолиф эди, яъни яратувчига таваккул қилмоқни биларди. Бироқ банда барибир банда экан-да, балки ўз жони унинг кўзига илғанмас, вале белидан бўлғонининг қисмати жигарини пора қилавераркан. Вазири аъзам ана шу ўйу хаёллардан йироқ тушмоқ истади ва айни дамда ўз муддаосига етишганди, яъни у Хайёмнинг туғёнли оламига ҳавасу хайрихоҳлик ила кириб бормоқда эди.

Абул Фатҳ Умар эса эса мудом сўзларди, илм ишқи ҳақида эҳтирос ила гапирарди:

-Илмда фидолик лозим, акси ўлса, киши нўноқ бир мухлисга айланажак. Илм олмоқ-бу умидворлик, вуслати (висоли) насия бўлган ошиқлик. Агар илмга бутун вужуд, қалб ва шуурнинг гавҳари бахшида этилмаса, беадад саъй пучдир. Эсланг, азиз илм ошнолари: яманлик Увайс Қароний Ҳазрати Рисолат саллаллоҳу алайҳи вассалламни кўрмаган эдилар. Бироқ ҳар нафаси ул зотнинг ишқи ила йўғрилган эди. Мабодо васлига ошиқса, уйда кекса ва кўзи ожиз волидаси борки, тарки хона этса, суннатга хилоф бўлур. У куну тунларни бедор ўтказди, мужгонлари (киприклари) бир-бирларининг васлини соғиндилар. Ашклари либосларини нам этди. Ҳазрати Увайс фақат ва фақат Пайғамбар алайҳиссаломни соғиниб яшадилар. Ниҳоят у улуғ ажрга, буюк бир мақомга эришди. Ҳотамул анбиё ҳам ғайб кучи ила ул зот ҳақида билардилар ва асҳобга айтардиларки, «Ямандин бир Оллоҳ ошиғининг иси келадур», деб. Уқбога рихлатлари арафасида эса Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Алини, Оллоҳ улардан рози бўлғай, ҳузурига чорлаб, мураққаъларини (кийимларини) бердилар-да, «Увайсга айтинг, ушбуни кийсин-да, умматимни дуо қилсин», дедилар. -Хайёмнинг вужуди ёниб, овози хириллаб, кўзлари ёшларга тўлмоқда эди. -Улар муборак мураққаъни элтдилар!.. Воҳки, аҳли уммат, айтинг, бундин ортуқ эҳтиром, сазоворлик бўлурми?! Увайс не-не улуғлар орзулаб етолмаган қутлуғ висолга эришмадиларми?.. Ва Пайғамбар алайҳиссалом охиратда Увайсга берилажак улуғ ажрлар ҳақида ҳам башорат этдилар...

Баъзи талабаларнинг кўзларида ёш айланди. Ҳатто, асли кўнгли тўлиб турганмиди ёҳуд чиндан-да шоирнинг сўзларидан мутаассир бўлдими, вазири аъзамнинг кўзлари ҳам ёшга тўлди.

Хайём эса ҳозир ўзини таниёлмасди...

Шоирнинг вазири аъзам ила мулоқоти мударрисхонада давом этди.

Аввало Хайём валинеъматининг сўлғин ва забун аҳволини кўриб ўкинди:

-Аҳволингиз дурустми, ҳазрати олийлари?-дея сўради фарзандларча ғамхўрлик ила.

Низом ул Мулк ҳам буни пайқади ва мутаассир бўлди.

-Шукур!.. Расадхонада аҳвол нечук? Даргоҳи олийдин бирон кўнгилсизлик етмадими?

-Йўқ, устоз. Барча юмушларимиз ўз хайлида бормоқда.

Шоирнинг «устоз» дейиши ҳам вазири аъзамга жуда-жуда хуш ёқди, чунки у сўнгги кунларда тобора кўнгилчану таъсирчан бўлиб бормоқда эди.

-Энди мен ила камроқ мулоқотда бўлмоқлик пайида бўлғил. -У шоирнинг юзида пайдо бўлаётган ранжиш аломатини сезиб, изоҳ берди. -Ранжида бўлмоғинг ўринсиз. Илло бу иккимиз учун ҳам ва ҳатто расадхона учун ҳам нафлидир. Султонимиз авбош фарзанд туфайли менга нисбатан ғазабдалар. Бу ғанимларимиз учун айни фурсатдир ва улар тезкор саъй этажаклар. Илоҳи, сенга шикаст етмасин!- вазири аъзам жим қоларкан, юзида ўйчанлик зуҳур этди. -Менинг хавфим Қазвиний ва валиаҳд Такашдин. Алардин воқиф ва эҳтиёт бўлғайсен. Энди сенга зиён етказмоққа бошлағайлар.

Хайём вазири аъзамнинг сўзларини тингларкан, шикорда рўй берган лочин воқеаси кўз ўнгида намоён бўлди. Ўшанда Султоннинг лочинларидан бири ўлжани тутиб, ваҳшат ила қийқирганича ортига қайтган эди. Бу салтанатда таназзул, қўшинда ғалаён бўлмоғидан далолат эди. Наҳотки шу қиёслар ва инсон ёхуд салтанат тақдирининг бир маҳлуқ ҳаракату хўйларига боғлиқлиги рост бўлса? Наҳотки шундайин улуғ салтанатдин ҳам файз юз буриб, унга зиён етса ва ёки султону вазири аъзамнинг азалдин эшу ёвуқлигидин-да баракот кетса? Ё алҳазарки, шуҳрати мағрибу машриққа ёйилмиш вазири аъзам Низом ул Мулкдайин донишманд зот мана бу каби забун аҳволга тушса-я! Ахир у қандайин соҳиби ирода, виқорли ва ҳатто гоҳида кибру ҳаволи илги дароз (узун) киши эмасмиди. Энди эса тождорнинг биргина ишоратидан сўнгра мунғайиб қолибди. Аслида ҳам унга оғир эди, зеро у ўз жонидан кўра кўпроқ фарзандининг қисматини ўйлаб ёнмоқда эди.

-Ёмонларнинг ёмонлиги Оллоҳ таолонинг синовидир, ҳазратим. -деди Хайём таскин оҳангида, -Алардин ҳимоят этгувчи ҳам унинг ўзидир. -Шоир бу гапни айтишга айтади-ю шуурида галдаги осиёна фикр барқ урди: ёмонликни ўзи йўлласа-да, тақи ўзи ундан ҳимоят этса. Агар ўтрусида (қаршисида) дилхун валинеъмати бўлмаганида ҳозир ушбу мазмунда рубоий айтмоғи тайин эди.

-Малика ва шаҳзодалар ила мулоқотда ҳам хушёр бўлғил.-деди вазири аъзам кўзлари мудом ўйчан боқаркан.

Хайём энди Микоилнинг ўтинчини эслади-бу хавфу хатар ва ҳатто ваҳима ичра малика Туркон Хотунга бир сўз айтмоқ ҳам душвор.

Аларнинг суҳбати бундин ортиқ мавзуда қовушмади ва шу асно хўшлашдилар.

Орадан икки кун ўтиб, фарзанд доғи адо қилган расадхона соҳиби матбаҳи ҳам оламдан ўтди. Хайём пешво аҳли расадхона уни бир мўминга муносиб иззат-икром ила қабрга топширдилар ва аза очиб, худойи бағишладилар.

Буёқда Қазвинийнинг Муҳаммад Такашга айтган гапи тўғри чиқди -орадан икки ой ўтиб, султон Маликшоҳ вазири аъзамга қўшилиб, унинг ўғли учун аза очди.

Тўртинчи боб

1

Хайём вазири аъзам ила кечган ўшал суҳбатдан сўнг расадхонани қарийб тарк этмай қўйди. Ҳатто ижоду юлдузлардан-да кўнгли совугандай бўлиб, бағридаги шеър ишқи ҳам сўнаёзди. Кўп фурсатни ўз ошёнасида танҳоликда, сажжода узра ўтказмоқликни одат қилди. Айниқса, тунларини ибодатда бедор ўтказиб, ҳамиша зикруллоҳ ила машғул бўларди. Унинг дил майли шундайин эврилганди-ўзи ҳам ҳайратда эдики, илки майга ёвуқ келмасди. Унинг бу кечмиши қошида шеъру май соғинчи ва ҳатто ёр соғинчи ҳам ҳечу абас эди.

Ўзидаги бу ўзгариш туфайлими ёхуд аввалдан мақсади бормиди, канизак Пармудани ҳам ўзидан йироқлаштирди. Онаси ила синглиси отасининг қабрини ғариб ҳолда ташлаб, Нишопурдан Исфаҳонга келмоқликни исташмагач, аларга тақи ақча йўллаб, канизакни шаҳардаги уйига кўчирди. Уй кимсасиз қолаётганлигини баҳона қилди.

У Микоилга ҳам Лайли ила дийдорлашмоқни таъқиқ этди, аммо сангтарошга бу амрининг боисини ошкор қилмади. Шўрлик йигит иложсиз бир аҳволда бўйин эгмоққа мажбур бўлди.

Бироқ Хайём гоҳ-гоҳида ўз хоҳиш-иродасига аксил тарзда малика Туркон Хотун саройига қатнар, маликанинг хоҳишига биноан шаҳзода Мвҳмуднинг тарбияси ила банд эди. Шундай кунларда истаса-истамаса Туркон Хотун ила рўбарў келар ва унинг юҳо кўзларига бардош бермоққа мажбур бўларди. Малика вужудидаги шайтон тилларидан яралмиш олов камида ундан шеър ўтинар ва гоҳо ана шу ўтинчлари асносида ўзи шоирнинг ўтлиғ сатрларидан ўқий бошларди. Хайём унинг муддаосини англаб турса-да, ўзини бепарво ва бехабар тутмоққа уринарди. Балки у умр йўлининг айни бекатида ғалаёну фириб бошлаган шайтону жинлар домидан омон чиқмоқлик учун ҳам ибодатга шўнғигандай туюларди...

Шаҳзода Маҳмуд чечак дардига йўлиқди. Мана икки ҳафтадирки Хайём унинг муолажаси ила машғул. Ҳар куни малика қасрига қатнайди.

Бу йилги қиш қаттиқ келди. Ҳатто замину деворлар яхлади, чунки изғирин шамол йўллар ва деворлар юзига суйкалиб эсади. Унинг таъсирида баданлар зирқирайди... Хайём иссиқ кийиниб, тақи малика саройига жўнади. Шаҳзоданинг сиҳати анча дуруст бўлиб қолганди. Шул боис шоир унинг ҳолидан бохабар бўлибоқ маликанинг кўзига йўлиқмай, зудликда ортига қайтмоқчи бўлди. У гоҳо ҳайрон бўларди- султону шаҳзода ва маликаларнинг саройларида табиблар беҳисоб ҳамда уларнинг ораларида ўликни тирилтирмоқдин ўзга барча юмушларга қодирлари ҳам бор эди. Лекин негадир соҳиби саройларнинг кўплари Хайёмга майл қилардиларки, у ўз наздида, риёзатчи олим, закий мунажжим ва саркаш шоирлиги қолиб, табибга айланиб бораётганга ўхшарди. Ҳа, у ибн Синони суярди, унинг «Ал Қонун»ини ёд биларди, ар Розийни мутолаа этмоқликдан толмасди, бироқ табибликни касб қилиб олмоқликни истамасди. Ҳозирги уринишлари эса тождорларнинг ихтиёри туфайли эди.

Хайём муддаосига етолмади-шаҳзода Маҳмуд ҳузуридан чиқай деб турганида Туркон Хотун канизак юбориб, уни ўз ҳузурига чорлади. Шоир ихтиёрсиз равишда бу амрга бўйин эгмоққа мажбур бўлди. У хосхонага кириб борганида малика кенг оромкурсида ястанганча ял-ял ёниб ўлтирарди. Унинг юзидаги ажиб қизиллик ҳар не марднинг (эркакнинг) юрагига ғулу солгулик эди. Хона анча илиқ эди ва шунга қарамай, чамаси, малика май нўш айлаган эдики, унинг юзидаги қизиллик, кўзидаги сузиклик боиси ҳам айни шу эди. Қолаверса, майи хосда совуқни кесмоқлик сифати ҳам бор.

Туркон Хотун шоирни ўрнидан туриб қарши олди ва ўзига яқин турган курсига таклиф этди.

-Шаҳзодамизнинг сиҳатлари нечук?-сўради у ва унинг сўз оҳангида «Билиб қўй, шаҳзода тахтнинг ягона меросхўридир», деган жиззакиликдан пайдо бўлгувчи маъно ҳам бор эди.

-Иншооллоҳ, шаҳзода соғайиб қолдилар. -Хайём шундай дея шаҳзоданинг муолажаси энди қандай давом этиши хусусида мухтасар сўзлаб ўтди.

Малика ўғлининг аҳволидан жуда яхши огоҳ эди, бу гаплари эса шунчаки суҳбат аввалининг одатий жимжималари эди. Аслида унинг муддаоси ўзга эдики, ҳар учрашувдаги саъйи ўшал сари йўналарди.

Туркон Хотун жодули нигоҳини шоирга қаттиқ қадади-да, ўтлиғ жилмайди.

-Бизларни назмингизни тингламоққа муносиб кўрмаётирсиз, муҳтарам шоир.-деди у Хайёмнинг яширинишга чоғланган кўзларини таъқиб этиб.-Бизнинг таъби назмимизга шубҳа қилсангиз ҳам шеърларингизга ошиқлигимиз чиндур.

Шоир енгил таъзим қилди-да, ҳукмдорлар хуш кўргувчи сохта хушомадга ўтди:

-Йўқ, аксинча, шеърларимнинг сизнинг эътиборингизга муносиб эмаслиги рост, маликам.

Мовароуннаҳр маликаси мамнун ва кибрли қиёфада бош силкиди.

-Жанобимизни йўқламоқдин муродимиз шулки, рубоийларингизни уста бир хаттот илкида китобот этсак - бу кўплаб мухлисларингиз каби биз учун ҳам айни муддао бўлур эди.

Хайём бу ҳақда сира ўйлаб кўрмаган эди ва унинг шеърга ошнолиғи ҳам кўнгли, аниқроғи, ўзи учун эди. У тўртгина сатрдан иборат рубоийларини қалби туғёнга келганда, илм заҳматидан толиқиб, ўзга машғулот истаганда ва ёки дили озурда бўлганида саҳфалар четига ёзиб қўярди холос. Уларни китобот этмоқ тугул биров ўқимоғи хусусида ҳам мутлақо хаёл қилмасди.

-Мен бу ҳақда асло ўйламагандим. Қолаверса, назмим китоботга арзирли ададда эмас. -деди у маликани ранжитишдан сақланишга уриниб.

Туркон Хотун кетишга ижозат бергач, шоир хосхонадан ўйчан қиёфада чиқаркан, бўсағада канизак Лайлига рўбарў келди. У ғамгин ва ҳатто илтижоли нигоҳ ташлади, сўнг овозсиз таъзим қилди-ю ёғлиғини кўзлари сари тортиб, шошила-шошила нари кетди. Хайёмнинг кўнгли бир аҳвол бўлиб, кўксининг бир чети ачишди. Бу кун менинг куним эрмас кўринадур, дея ўйлади қасрдан чиқишга чоғланиб, фақат озори диллар таъқиб этадур мени! Яхшики, Микоилни расадхонада қолдирибман, акс ҳолда... Воҳ, юлдузлар айни кунларда бизлардин юз буриб, ўзга буржларни кўзлайдур чоғи. Сўнг дарров ўзига танбеҳ берди: бир ҳаста дилга кўмак илкингни узатолмасанг ҳам мунажжимлик қиладурсан-а, эй, чодирдўзнинг ўғли! Кўнглинг зимистон эса, юлдузларда не айб?! Ёруғликни Оллоҳдин тила!.. У аламли бир жилмайиб қўяркан, қаср эшигидан кириб келаётган Қазвинийга кўзи тушди. Ҳали ўзининг маҳзун хаёлларидан айрилиб улгурмай, амирул шуаронинг ёқимсиз овози қулоғига, пачоқ юзи нигоҳига ботди.

-Ассалому алайкум, о, фозиллар амири!-дея илкини кўксига қўйган Қазвиний сохта табассум ила таъзим этди.

Кўришдилар.

-Шаҳзодамизнинг аҳволи нечук? -Асли касби гўнг титкилаш бўлган маҳлуқ нажасга беланган бирон емиш қидиради ва топса, унинг ҳидидан киши гул бўйларидан сармаст бўлгани янглиғ сархушланади. Қазвиний ҳам ҳозир айни шу кўйда эди.

Хайём хаёллар оғушидан мудом чиқолмас ва боя ўзи эътироф этгани руҳий бедорлик шуурини ҳамон тарк этмаганди. Кўз олдида хира парда пайдо бўлиб, қорамтир доғлар ёхуд шарпаларми, ғимирларди. Айни дамда унинг ўйлари воқелик ила қоришиб кетгандек эди. Шунинг учун Қазвинийнинг сўроғини тўла англамаса-да, шаҳзоданинг номи тилга олиниши ҳамоноқ бошидаги унга боғлиқ фикрлари лисонига кўчди.

-Иншооллоҳ, шаҳзодамиз соғайиб қолдилар. Фақат...

Қазвиний хушёр тортиб, қулоқларини динг қилди:

-Хўш-хўш?..

Хайём эса шунда ҳам сергак тортмади.

-Фақат шаҳзоданинг кўзларида бир нимарса борки, киши кўнглига ваҳм солодур...

Нажасхўр маҳлуқ ўз муродига етди, «хушбўй» таомини топди...

Қазвиний кўкрагини кериб, ғоз турди, кўзлари ёвузона чақнади.

-Ҳа энди, ул зот султоннинг зурриёди-да. Авомдин бир нимаси ортиқ бўлмоқлиги аниқ. Лекин... -Қазвиний овозини насиҳатомуз оҳангга йўғирди, -Лекин сиздек одамнинг султонзода ҳақида бундайин сўзларни айтиб юрмоғи...

Хайём зил кетди. У шунча илми, қобилияти ила ҳам руҳий такомилга етмаганди. Шу куннинг ўзида кетма-кет рўй берган руҳий зарбалар уни шошириб, толиқтириб қўйганди ва у шунинг учун ҳам руҳ мезонининг посангисини фаромуш айлади. Бошидаги ўйларининг тилига кўчгани дил кўзининг ўша онларда сўқир қолғонидан эди. Акс ҳолда боя кўз олдидаги хира парда ва қорамтир шарпаларни пайқаганидаёқ сергак тортмоғи лозим эди.

Қазвиний қаср ичкарисига юрди. Хайём эса ундан чиқаркан, надоматнинг тирноқлари бағрини тимдалай бошлади. Бу сўзларни нечун айтди? Ахир Қазвинийнинг ғаразли муддаоларини биларди-ку! Энди эса кеч, ёй пайкони отилди, унинг кимнингдир кўксини пора этмоғи аниқ. Агар ўша кўкрак соҳиби султон бўлиб чиқса, не кўргилик! Тождорларнинг, айниқса, туркий султонларнинг феълини Абул Фатҳ Умар яхши биларди. Чунки у қорахонийлар саройида хизмат қилган, уларни яхши билади. Ўша Шамс ул Мулк даргоҳида хизмат қилиб юрган кезлари кишини мутаассир этгувчи шунга доҳил бир воқеанинг гувоҳи бўлган эди. Дарвоқе, бу воқеа рўй берган ўша куни ёш малика Зуҳра Хотунга илк бора рўбарў келганди... Хуллас, ўшанда кенжа шаҳзодага сабоқ бергувчи фозиллардан бири кимгадир «шаҳзоданинг илки китоб тутмоққа қодир эмас, хаёли ҳамиша шамширу тулпорда туради», деган экан куюниб. Бу гап чақув орқали Шамс ул Мулкнинг қулоғига етибди. Ғазабга минган ҳукмдор «сен китоб жинниси шаҳзодадан нуқсон қидиргувчи бўлдингми», дея муаллимни дарра урдириб, шаҳардан сазойи қилганди. Хайём буни кўриб, ёқа тутганди, ахир бу шаҳзоданинг тақдирига қайғуриб мулоҳаза тарзида айтилган гап эди холос-ку!.. Энди бўлса яна бир туркий қавмдан бўлмиш салжуқийлар саройида кун ўтказмоқда.

Уларнинг феъли эса аён-хиёл гиначи, анчагина бадгумон ва айниқса, зурриёдлари, янаки норасида ўғиллари ҳақида ёмон сўз айтилишига тоқатсиз бўлгувчи эдилар. Ҳозиргина Хайёмнинг забонидан учган пайкон султоннинг ана ўша нозик ерини жароҳатлаши мумкин эди. Афсус чеккан Хайём ёйандоз тилини тишлади...

Бир куни Хайём султон ҳузурида қандайдир базмда ўлтирарди. Шул маҳал эпчиллик ва ёқимтойлик ила хизмат қилаётган амирзодалардан бирини хиёл кузатиб турди-да, завқланди. Ҳайратини яширолмай, султонга изҳор этди.

Ўшанда султон унга қарата шундай деди:

-Жўжанинг ҳудди ўзи. Тухумдан чиқибоқ ҳеч қандай кўмаксиз донни чўқишни ўргана олади, вале ўз ошёнини топиб боролмайди. Кабутарнинг боласи эса, -Султоннинг кўзлари таънали чақнади,-машқсиз донни чўқий олмайди. Бироқ Маккатуллоҳдан Боғдодга учаётган кабутарлар галасининг сардорига айланади!.. - Бу унинг султонзодалар ҳақида айтган таърифи эди.

Хайём ҳозир ихтиёрсиз равишда султоннинг ана ўша худбинона туйғусига даҳл қилганди...

Филҳақиқат, Қазвиний ўша кеч Хайёмнинг сўзларига қўшиб-чатиб султонга етказди.

2

Кўклам яқинлашиб, Бухоро фатҳига ҳозирликнинг сўнгги юмушлари уҳдаланмоқда эди. Бироқ султоннинг кайфиятидаги ва ёхуд хўйидаги эврилиш мудом давом этар, яқинларининг пайқашларича, ҳадеганда аслига қайтай демасди. У ҳамон киши суймас, хонанишин эди. Қорахонийларнинг унинг устидан халифага ва тақи шайхулисломга қилган арзлари қулоғига етиб келгани боис ҳам Мовароуннаҳр ҳукмдорига қаттиқ тиш қайраган ва токи уни мағлуб этиб, музаффарлик нашидасини сурмагунча кўнглининг жойига тушмоғи душвор эди. Арз этсанг, султоннинг ўзига арз эт эди, не балоки, халифа аталмиш номигагина қолган бир қисиндидан паноҳ истарсен! Салжуқийларнинг шону шавкати қошида Боғдод халифаси-ю унинг шайхулисломи не бўпти?! Агарки Исломдек буюк ва муқаддас диннинг ҳурмати бўлмаса, аллақачон бу халифаликдан ном-нишон қолмасди-я! Қолаверса, Бухорода авом томонидан норозилик ғалаёнлари кўтарилаётганлиги ҳам қулоққа чалиниб турарди. Халқ Шамс ул Мулкнинг ўғли, Бухоронинг ҳозирги ҳукмдори Аҳмадхонга қарши исён қиларди. Бу эса султон Жалолиддин Маликшоҳни Бухоро юриши сари икки ҳисса илҳомлантирарди.

Султон кейинги ҳафталарда завжа-ю канизакларига унчалик майл билдирмай қўйганди. Бу унинг қони совуганидан ёхуд ёшидан эрта қариганидан эмасди. У ҳали ҳам бақувват, эҳтирос олови бемисл бир йигит эди. Майлсизлиги эса қалбидаги совуш туфайли эдики, ҳамон ўша сўнгги шикордан орттириб қайтган дилгирлиги давом этарди...

Бу кеч эса май ила ошно бўлди ва ширин сархушлик оғушида қонида тағи олов уйғонди. Кўз олдида Бухоро гўзали Туркон Хотуннинг жодули нигоҳи намоён бўлди. Бу кўзлар уни ҳамиша сеҳрлаб, ғалат бир тушунуксиз туйғулар оғушига соладилар. Султон қорахонийзода маликанинг бағрига ҳар сафар гўё илк висол онларидагидек ютоқиб-ютоқиб, соғиниб-соғиниб, ўртаниб-ўртаниб ошиқади. Малика уни ҳар сафар бетакрор ва бемисл эҳтирос қўйнида эркалайди. У эса ҳар гал висол онлари ниҳоялагач, бўлиб ўтган оромли кечмишларини бир бошдан эсламоққа саъй этар, аммо уларни бутунлай тикламоққа хотираси ожизлик қаларди. Чиндан ҳам маликанинг жодуси бормидики, тун бўйи мислсиз ҳузур-ҳаловатга ошно этарди-ю тонг отиши билан ўшал ором онлари унинг хотиридан кўтарилиб бораверарди. У мана шундан ҳайратга тушар ва тақи маликанинг оғушига ошиқаверарди. Ҳудди шунингдек, маликага ёвуқ келганида гоҳо қалбини, дунёнинг ярмига соҳиблик қилаётган ёвқур ва забардаст салжуқийзоданинг юрагини ваҳм қамраб оларди. Шу ҳолини ўзи сира англолмас, шундай пайтлари юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлар, завжасининг кўзларига ҳадиксираб боқарди. Бироқ у бахш этган ҳузурни бошқа ҳеч ким унга беролмасди ва буни у жуда яхши биларди.

Султон бу тунни Туркон Хотун қучоғида ўтказмоқликни ихтиёр этди ва бу ҳақда маликага хабар берди. У май таъсиридан кўзлари сузилиб, тахтиравонда ўлтирар, занжилар ҳам унинг оромини бузмаслик учун оҳиста қадам ташлаганликлари боис бир маромда ёқимли тебраниб борарди. Шу пайт унинг кўз ўнгида Қазвинийнинг ёқимсиз башараси пайдо бўлди ва унга қараб тиржайди. Султоннинг қулоқлари остида Хайёмнинг шаҳзода ҳақида айтган гаплари Қазвинийнинг овозида янгради. Киши кўнглида ваҳм уйғотармиш?! Кейин эса маликанинг Хайём ила яқинлигини эслади-буни ҳам Қазвиний шипшиди. Дунёни зир титратган султоннинг дилида унинг ўзи ҳам тушуниб етмаган туйғу-рашк олови жунбушга келди. Лекин айни дамда уни Туркон Хотуннинг ўтли эҳтирослари соғинчи ўзига чорлайверди...

Малика Туркон Хотуннинг гўшангаси буткул шафақ рангида бўлиб, кўзларга олов ёқарди. Маликанинг юзи ва ярим яланғоч танасининг туси ҳам ўшал музаффар рангга уйқашиб кетганди. У уч бор туққан бўлса-да, дуркун эди, тирсиллаган жисмидан ҳирс ёғилиб турарди. Султон ҳамиша ана ўша ҳирс оловида жизғинак бўлар, балки кўнглида уйғонгувчи ваҳм ҳам шу қоврилишлар ортидан келармиди?.. Оҳ, бу жодули кўзлар! Сузилиб, бемисл ҳузур сари чорлаётган бу кўзлар ҳар нечук бағрни ўртаб юбормоғи тайин эди. Маликшоҳ унинг сирли нимарсасидир бор, дея хаёл қилар, шунинг учун ҳам уни ихтиёрсиз тарзда жуда қаттиқ севар, ихтиёрсиз тарзда жуда-жуда қизғонар ва ҳудди шу каби унинг қаршисида қўрқув ҳамда таҳликага дучор бўларди.

Малика ел менгиз (каби) оҳиста сирғалиб, парқу тўшакнинг четига келди-да, сархуш султоннинг илкидан тутиб, аста ўрнидан тураркан, хушбўй нафаси ила унинг бўйин ва юз-кўзларини ҳузурбахш сийпалаб ўтди. Не-не бокира моҳитобларни ўзининг жирканч ҳирси ила забуну хор этган ҳукмдор адойи тамом бўлди. Ҳозир у Туркон Хотуннинг пойига мум янглиғ тўкилишга тайёр эди... Малика ўзидан хуш бўй таратиб, султоннинг жуббасини аста ечиб ташлади. Ҳарир нилий (ҳаво ранг) тунги кийими ичра кўкраклари, бўлиқ сонлари-ю думбаси эр кўзига ёқимли лорсилларди. Ҳукмдорнинг томоғи куйди, оғзи қуруқшаб, тамшанди. Зийрак малика малолсиз бир тезликда саъй этиб, муздек гулоб тутди. Султон уни ютоқиб симирди. Лабларидан аёқ узилиши ҳамоно малика ҳирс ила уларга лабларини босди. Энтика-энтика чирмашдилар. Шу асно тўшакка қулаб, думалай бошладилар...

Иккиси ҳам чалқанча ётишар, вужудларини бетакрор бир ҳазур аллаларди. Султоннинг лаблари билинар-билинмас қимирлаб, мулойим овозда деди:

-Шаҳзоданинг сиҳати дурустми, маликам?

Туркон Хотуннинг ҳозирги овози ҳам вужудга ўт қаларди.

-Шукур, султоним. Умар Хайём жанобларининг уринишлари ила тез сиҳат топдилар.

Ҳукмдорнинг қалбини ғашлик тирнаб ўтди. Бояги тушуниксиз рашк олови куйдирди.

-Ҳа, Хайём деганлари қасрингиздан нари кетмай қолганмиш? Ғалат назмбозлик ҳам қилармиш?

Малика султоннинг кесатиғидан Қазвинийнинг кўланса исини сезди. У малика ҳузурига кириб, Хайёмга маломат қилмоқчи бўлганида, унинг гапини бўлиб, «Хайём бизнинг ҳифзи ҳимоямизда», дея мулзам қилганди. Демакки, у султонга ҳам арз этган.

-Мен не қилсам, сизнинг суюкли ўғлингиз,-Малика бу сўзга атайлаб урғу берди, -валиаҳд Маҳмуд ибн Маликшоҳнинг истиқболи учун қилгум. Маълумингизким, Умар Хайём сизнинг қутлуғ даргоҳингизда қадр топган беназир олим ва шоирдир. Ўғлимиз ул зотдан сабоқ олса, унга ёвуқ юрса, фойдадан ҳоли бўлмас, дея ўй қилурмен.

Султонга маликанинг овози ҳам, гаплари ҳам хуш ёқди. Хайём ким? У бор деса-бор, йўқ деса-йўқ бўлгувчи бир мусофир-да. Султон бўла туриб унга адоват тутса... Султон шаҳд бурилиб, икки илки ила малика юзини тутиб, ўзига ўгирди ва кўзларига тикилди. Бироқ унинг нигоҳидан бир қават эти сидирилиб тушгандай бўлди-да, сир бой бермай, ожизроқ товушда сўради:

-Шаҳзоданинг... ўғлимизнинг нигоҳи киши кўнглига қўрқув соладурми?

Маликанинг ичида музаффарият туйғусига чулғанган бир наъра уйғонди. Шу он «аҳволинг нечук, эй, саҳройи?!» дея қаҳ-қаҳ уриб юборишига оз қолди. Унинг наздида, ҳозир султон бутунлай мағлуб бўлганди.

-Бу нечук савол султоним?!-деган малика эрининг серюнг кўксига лаб босди...

Олов янгитдан ёна бошлади...

3

Қуёш ёрқинроқ нур сочиб, Исфаҳондаги азим дарахтларнинг куртаклари лаб бура бошлаган онларда султон Маликшоҳ лак-лак лашкарини сўнгги бор кўздан кечириб, якуний фармонларини берди. У бирваракайига мағрибу машриқ сари қўшин тортмоққа аҳд қилди. Яъниким Ҳасан Саббоҳ бошлиқ исмоилийларнинг қилмишлари ҳақидаги турли хабарлар султонни оташин (дарғазаб) этиб, шамшир тутмоққа чорламоқда эди. Бу исмоилий отлиғ нобакорлар ошёнсиз бир сак мисоли ҳар ерда изғирдилар. Ҳатто бошкенти азим ичра ҳам уларнинг шарпалари сезила бошлаганди. Айниқса, улар жойлашиб олган Аламит (яъни «Бургут уяси») номли тоғ узра қад ростлаган қалъага ёвуқ бўлган Қазвин шаҳрида ул кўппакларнинг таъсирлари кучли эди. (Султон ҳам, вазири аъзам ҳам уларни сак, кўппак деб атардилар.) Хабарларга қараганда, ҳатто Қазвин ҳокими ҳам исмоилийларнинг сўзидан чиқолмас эмиш. Ҳа, бу Ҳасан Саббоҳ деганлари жуда маккор. У мор мисол кулча бўлиб олиб ётаверади, офтобда тобланиб, заҳар-оғусини йиғаверади ва бир кун они келгач, шундайин ҳамла қиладики, ҳар нечук жонзотни ҳалок этади. Унинг турфа ҳаракатлари хусусидаги хабарлар қанча кўп тарқамасин, айни дамда у кулча бўлиб ётган мор янглиғ эди. Султон буни жуда яхши англарди ва шунинг учун ул оғули морни инида кулча бўлиб ётган ҳолида янчиб ташламоқни истарди. Бу истаги уни Аламит сари чоғроқ қўшин йўлламоққа ундади.

Мана, бу тонг Бухоро фатҳига шай турган икки юз минг кишилик лашкар олдидан, султонинг содиқ лашкарбошиларидан бири, амирлар амири Арслон Тош бошлиқ ўн минг кишилик сараланган қўшин Аламит сари йўл олди...

Султон давлат идорасини ҳар тугул вазири аъзам Низом ул Мулкка топширди. Бомдод намози адоғида султонга музаффарият ила қайтишликни тиладилар, унинг шаънига узундан-узоқ ҳамду санолар айтилиб, фотиҳа ўқилди. Улкан аждаҳо янглиғ пишиллаб турган беадад қўшин аста қўзғолиб, тебрана-тебрана судрала бошлади. Лекин энди унинг ғала-ғовурга уйқаш гувиллаб-пишиллашини турли аслаҳа-ю яроғларнинг ва шунингдек, ароба-ю турфа хил ҳарб уловларининг шақир-шуқир, тарақа-туруқ товушлари босиб кетди-да, маълум муддат ўтгач, бу товушлар ҳам бир маъромга тушиб қолди. Шундай қилиб, улкан аждаҳо-қўшин Бухоро сари йўл олди.

Филҳақиқат, бу лашкар икки юз минг ададда айтилгани билан, бир қарашда, ҳисобсиздай туюларди. Унинг ўртасида турган киши на бошини, на охирини кўра оларди. Мабодо қиёсга эҳтиёж бўлса, саҳармардонда қўшин томошаси учун чиққан одам у ўтиб бўлгунча фурсатни шом этар ва ҳатто намозларни қазо, емак нафсларини сазо айламоғи ҳам мумкин эди. Шунингдек, қўшин қадамларидан қўпган чангу ғубор мўллигидан тун бўйи нафас ололмай уйқуни-да кейинга қолдириши шубҳасиз эди.

Одатда лашкар карвон менгиз бир маромда юришини ҳисобга олиб, унинг бошига юк ортилган туяларни қўярдилар. Бу жониворлар на жадал ва на суст юрмай, меъёрни сақлай билганликларидан лашкар ҳам унга монанд тартибли одимларди. Ҳозир ҳам шундай қилдилар-турли кўч-кўрон, ҳарб ашёлари ортилган қатор туялар олдинда лўкиллаб борардилар.

Улардан кейин эса ёллари таралиб, хино ва мойлар сурилган, қадамлари ҳурлиқоларнинг нозли юришларини ёдга солувчи гўзалдан-гўзал аробий ҳамда турк отларига минган суворийлар жой олганлар. Уларнинг ҳарб либослари деярли бир хил, дубулға ва совутлар ҳайбатидан йирик гавдалари тақи улканлашгандай кўринади. Ҳатто отларнинг бош ва яғринларига ҳам совут кийдирилганди. Қалқонларини эгарнинг сўл ёнига, чўқморларини эса ўнг ёғига илганлар. Белларини сиққан пўлат камарларига шамшир осганлар. Уларнинг шамширлари асосан дамашқий, мисрий ва салмоний эдики, нисбатан қимматбаҳороқ бўлмиш ҳиндий ҳамда сулаймоний қиличлар эса сипоҳсолару лашкарбошиларга насиб этганди. Суворийларнинг эгарларига ихчам мешкоблар ҳам илинган бўлиб, уларга сув тўлдирилганди. Шўрлик отлар чиниққанликлари боис шунча юкни ҳам писанд қилмай илдам йўртадилар. Отлиқлар қадларини тик тутишиб, мардона қиёфада боришар, сафар эндигина бошлангани боисми, юзларида тетиклик ва бир қадар мамнунлик зоҳир эди. Баъзилари от устида лўкиллаб боришаркан, шунча шовқин-суронга қарамай ёнидаги ҳамроҳлари ила ўзига хос суҳбат ҳам қуриб қўярлилар.

Суворийлар ортидан қоядай-қоядай бўлишиб, улкан филлар келардилар. Улар ҳам ўзига хос «безаклар» ила «безатилган» эдилар. Оёқларига пўлатдан ясалган қалин «ковушлар» кийдирилган ва бу нарса ҳар қандайин жонзот ёхуд тўсиқни эзиб, мажақлаб, вайрон этишга кўмак берарди. Устларига нақшинкор кигизлар тўшалган, икки ёнига ёй ва дароз найзалар осилган. Ҳар бирларига биттадан занжи филбонлар минган бўлиб, улар барчадан баланд турганликлариданми ёки кенг дала-даштлар ҳурлигини туйиб, қадрдон ватандошлари бўлмиш филларга ошноликлариданми, хушнуд эдилар. Филлар галасининг адоғида, улардан хиёл узилиб, султоннинг аморийси ўрнатилган, нақшинкор матолар ила безатилган йирик фил ҳам келарди. Уни бир занжи етаклаб олган, бироқ устидаги аморий ҳозир бўш эди. Султон филдан орқароқда соқчилар ва хос навкарлар қуршовида ўзининг суюкли оти устида келарди.

Унинг оти оппоқ булутга қиёс эди. Оёқларини шу қадар енгил кўтариб-ташлар эдики, ҳудди парвоз этаётгандай кўринарди. Отнинг устидаги қуёшнинг баҳорий нурида жилвакар ялтираган тилла эгар ҳам тобланиб, кўзни қамаштиргудай эди. Султон калта яманий шамшир осган, унинг ҳам дастаси ва қини олтиндан эди. У от устида мағрур ва виқорли ўлтирар, отининг оёқлари узунлиги учунми ёхуд чиндан ҳам у шу қадар барваста эдими, атрофидагилардан анча баланд кўринарди. Эҳтимол ҳайбат, салобат, виқор уйғунлигидан шундайин ҳолат пайдо бўлар. Шунга қарамай, ҳукмдорнинг кўзлари ўйчан боқарди...

Султоннинг соқчилари-ю хос навкарларидан сўнг қатор сафга тизилган ёйандоз ва зарбдор найзабозлар келардилар. Ёйандозлар ёйларини қўлларида тутиб, елкаларига пайкон тўла садоқларини осиб олганлар. Улар ҳам бошларига дубулға ва эгниларига жеба (симдан тўқилган ҳарбий кийим) кийганлар. Буларнинг устларидаги юклари нисбатан енгил бўлганлиги боис шаҳдам қадам ташлайдилар, лекин нигоҳларидаги бир қарашда пайқаш мушкул бўлган чуқур ўйчанлик олдиндаги қақшатқич жангларнинг мудҳиш манзараларини ёдга солаётгандек туюлади.

Зарбдор найзабозлар ҳам дубулға ва жеба кийган эдилар. Улар бир қўлларида узун найза, бир қўлларида қарийб бўйларига монанд келгувчи қалқон тутгандилар. Ёнларида эса калта чўқмор ва ёйсимон эгри ханжар. Буларнинг қадам олишлари жуда оғир ва одимлари ҳам анча суст. Ёйандозларнинг нигоҳларидаги чуқур ўйчанлик, буларнинг юз-кўзларига сингиб кетган мунг ва заҳмат акси қошида ҳеч нарса эмасдек кўринарди.

Ҳарбий карвоннинг кейинги қаторларидан ўқ-ёй, қурол-аслаҳа ва озиқ-овқатлар ортилган аробалар ўрин олганди. Улар билан ёнма-ён таббоҳлар ва бошқа турли хизматларга зиммали бўлган кишилар борардилар. Улардан кейинда эса манжанақлар ва уларнинг ўқлари ҳамда қозону сақич, нафт (нефть) ортилган аробалар, ниҳоят сўнгида жанибатлар (эҳтиёт учун олиб юриладиган отлар) келардилар. Айни шу жойда қўшиннинг бир тумани (ўн минг киши) ниҳоясига етиб, янги туман бошланарди. Ҳозир бу ҳарбий карвонда йигирма тумандан ортиқ лашкар борарди. Беадад қўшиннинг кўчишидан кўкка ўрлаётган шовқин-сурон товуши узоқ-узоқлардан эшитилиб турарди.

Султон қулоқларни батангга келтирувчи мана шу овозлар оғушида ҳам дунёдан узилган янглиғ ўз ўй-фикрлари ила банд эди. Буюк салтанатининг бош кенти бўлмиш муаззам Исфаҳондан узоқлашиб бораркан, юрагининг туб-тубидан нимадир узилиб қолаётгандек туюларди. Айни дамда дунёни зир титратган тождор Оллоҳнинг барча каби бандасига, оддий мардумга айланиб борарди. Ҳали олдинда тақи неча ҳафталаб йўл юрмоқ лозимлигини ва ўшал узундан-узоқ фурсатда яна кўп бор оғиру енгил ўйлар гирдобига тушмоғини билса ҳам ҳозирги ўйлари чўзилгандан чўзилаверардики, ўзи бунга монелик қилишни истамасди. Мана энди тақи бир бора англамоқда-фарзандлари ва хотинларига, кейинги ойларда ораларига анча-мунча дилхиралик тушган бўлса-да, вазири аъзамга, дилкаш мусоҳиби (суҳбатдоши), хиёл шубҳа-гумонга солган эрса-да, наздида, садоқатли надими Умар Хайём ҳамда кўплаб бошқаларга кўникиб, ҳаттоки суяниб қолган экан. Ҳали хайрлашаётганда фотиҳа бера туриб вазири аъзамнинг кўзларида ёш айланганини пайқади. Ҳа, унинг отасидек бўлиб қолгани рост. Султонни дарғазаб этган ўшал воқеотга ҳам аслида Низом ул Мулк боис эмас, фарзанди шаккоклик қилиб, гуноҳга қўл урди. Вазири аъзам унга бир умр садоқат ила хизмат қилиб келмоқда. Унинг кўзларидаги ёш недин нишона? Унинг қадрига етмаганлигидан ўкиниш аломатимиди? Ёхуд ўз фарзандини уруш сари узатаётган падарнинг кўз ёшларимиди? Эҳтимол унинг ҳам ҳалок бўлиши мумкинлигини ўйлаб, йиғлагандир? Ахир падари бузруквори улуғ султон Алп Арслон Жайҳун бўйларида ажалга рўбарў келмаганмиди! Демак, бу ҳам ўлиб кетиши мумкин...

Султон Маликшоҳ қорахонийлар сулоласи ҳақида жуда яхши маълумотга эга эди: бу хусусда аввало туркон Хотунга уйланганидан сўнг билган бўлса, кейинроқ Шамс ул Мулкнинг саройида бир неча муддат хизмат қилган Хайёмдан эшитганди. Ҳа, у бу буюк туркий ҳукмдорлар сулоласини жуда яхши биларди.

Қашқарлик қорахонийлар наслининг асосчиси Абдулкарим Сутуқ Буғрохон (ҳижрий 320 йиллар) бўлган эди. У анча маърифатли ва зиёпеша инсон бўлиб, ўз қавмининг камол топмоғини истаб Исломга кирганди. Буғрохон ва унинг авлодлари туркий уруғларни бирлаштириш ҳамда юртни обод қилиш борасида кўпу хўп ишларни амалга оширадилар. У бир сафар Сайҳун бўйларидан ортига қайтиб кетади. Боиси бу ёқда барқарор бўлган форсий маданиятни енгиш анча мушкул эканлигини, айни дамда бу юртга қўшин тортса, ҳадемай уларга қоришиб, сингиб кетиши мумкинлигини англаб етади. Чунки у мустақил туркий давлат ва маданиятни барпо этмоқчи эди. Шул сабабли ҳам анча тайёргарликдан сўнг бу юртга ҳужум қилди ва уни ишғол этди. (Бухоро, Вобкент, Жарқўрғон ва Ўзгандаги бир қатор бино-ёдгорликлар қорахонийлар ҳукмронлиги даврида бунёд этилган бўлиб, улар ўзига хос туркий меъморчилик услубларига, жилоларига эгадир. Шунингдек, бу даврда Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Фаробий каби буюк туркий алломалар ҳам етишиб чиққанлар.)

Дилхуш суҳбатларининг бирида Бухоро ва қорахоний сулола ҳақида гап кетганида Хайём қаршисида буюк султон ўлтирганлигини дил-дилидан туйган ҳолда бағоят эҳтиёткорлик ила айтиб берган эди: унинг сўзига қараганда, Сутуқ Буғрохоннинг зурриёди бўлмиш Шамс ул Мулк ҳам дастлаб анчагина тадбирли, эл-улусга қайишгувчи ҳукмдор бўлган. Бир куни у Бухородаги барча фузало-ю шуаро, меъмору наққошларни саройда жам этиб, мажлис тузади. Шунда меъмор ва наққошларни имтиҳон эта туриб, ўз падарини эслайди. Отасининг бунёд этилаётган биноларнинг ҳатто нақшу бўёқларига ҳам эътибор берганлигини айтиб, энди бу ота мерос одат тақи давом этажагини таъкидлайди. Ўшанда Хайём хиёл табассум ила деганди:

-Олампаноҳ, қарангки, ул қорахоний ҳукмдор туркий ва форсий наққошлик санъатини ажаб қиёс ила таърифлаганди. Сўнгроқ ўзим ҳам эътибор қилдимки, филҳақиқат, форсий наққошларнинг нақшлари дона-дона унсурли, ёрқин рангли бўларкан. Туркий нақшлар эса нафис ва жимжимадор, бўёқлари эса кўзга уйғун кўринаркан.

Кейинчалик бу гапга султоннинг ўзи ҳам иқрор бўлганди.

Бироқ Сутуқ Буғрохон тузган улуғ салтанат унинг наслидан бўлмиш Шамс ул Мулк даврида таназзулга юз тута бошлади, юрт салобати ва файзидан барака кетди. Султон Маликшоҳ бу нарсалардан жуда яхши бохабар эди ва барибир ўзи каби туркий қавмдан бўлмиш қорахонийлар сулоласини дилида ҳурматларди. Бир томони, суюкли завжаси туркон Хотун ҳам ана ўша уруғдан эди. Шу каби султон, ўзидек мағрибу машриқни зир титратган туркий ҳукмдор Маҳмуд Ғазнавий ҳам, унинг ўзи ҳам ихтиёрсиз равишда форсийпараст эканликларини ич-ичидан тан оларди ва қорахонийларнинг соф туркийпараст бўлганликларига пинҳона ҳавас қиларди. Валекин бу кечмишларини сиртига чиқармасди, чунки салтанатида истаса-истамаса форсий йўриқ устуворлигини жуда яхши биларди...

Салжуқий қўшин икки ой деганда Жайҳун бўйларига етиб келди. Султон лашкарнинг асосий қисмига дам бериб, махсус усталарга дарё узра кўприклар қурдира бошлади. Бўсағада қадим Термиз шаҳри турарди.

Бешинчи боб

1

Султон бошлиқ қўшин Бухоро фатҳига кетгач, доруссалтанат анча ҳувиллаб қолди. Бозорларнинг гавжумлигидан, кўча-ю карвонсаройларнинг файзидан ҳам қўр кетди. Бунинг устига бошкент осмони узра кўз илғамас қора булут тўпланиб, бағрида бир мудҳиш шарпа изғий бошлади. Бироқ уни ўшал шарпага ошно бир неча кишидан ўзга биров пайқамасдики, зеро унинг кучу қудрати ҳам шунда эди.

Қўшин шаҳарни тарк этгач, Муҳаммад Такаш ва Қазвиний мулоқотлари тақи қуюқлашиб қолди. Шоирлар амири кунда-кун ора шаҳзоданинг қасрида ҳозир бўларди, Буёғи кунлар илиб, кўкламнинг адоғи кўрина бошлаганлиги боис, улар кўпинча одатдагидек қаср томи устида суҳбат қурардилар. Чунки Такаш кабутарлар парвозига мудом ошиқу беқарор эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди, Қазвиний томга кўтарилиб бораркан, Такашнинг кабутарларга қарата беўхшов қийқиргани қулоғига урилди.

-Овозинг ўчсин кабутарбоз, юракни ёрай дейдия баттол!-дея ғудраниб қўйди у ўзигина эшитадиган овозда. Бироқ Такаш кўриниши ҳамоно шоирлар амирининг башарасида табассум чечаги барқ урди.

-Ассалому алайкум, шаҳзодам!-деди у соҳиби хонадонга. -Ҳадемай кабутарларингиз менгиз ўз парвозингиз ҳам мамлакат осмонини безагувсидир. Илоҳи, ўшал кун жадал кела қолсин, эй, буюк султонзода!

Қазвинийнинг хушомади кабутарлар рақсидан олинажак завқдан устун келиб, Муҳаммад Такаш мамнун қиёфада унга ўгрилди. Унинг ялтоқланиб, қўл қовуштириб туриши тақи хуш ёқди-да, виқорига виқор қўшилиб, баттар ҳаволанди.

-Аҳлан ва саҳлан, хуш келибсиз шоири замон! -деди кўксини кериб, Қазвинийни ўлтиришга чорларкан, ўзи ҳам ўлтирди ва шу ўлтириш асносида кўкдаги ҳур эшларига илкис кўз ташлаб қўйди. У кабутарларни чиндан-да яхши кўрарди ва уларнинг аксари оппоқ тусда бўлганликлари боис кўк тоқида ўмбалоқ ошарканлар, серҳаракат қанотлари тангабалиқ сингари ялт-юлт қилади. Кабутарлар Такаш қалбидаги бир парча оқлик эдилар ва унинг хўйида улуғворлик ёхуд эзгулик бўлса агар, у ана ўшал гўзал маҳлуқларга меҳри туфайли эди.

-Фурсат етди чоғи, шаҳзодам.-деди Қазвиний шипшиган янглиғ овозини оҳисталаб.

Такаш чуқур тин олди, юзида сезиларли хавотир зоҳир бўлди. Шу кўйи анчагача илкидаги забаржад узугини бармоқлари ила ўйнаб ўлтирди.

-Амирни тадбир ила тарафимизға оғдирмоқ лозим.-деди у ниҳоят хаёлчан алпозда қоларкан.

-Тадбир тузилган, жанобим.

Такаш тақи жим қолди. Ундан ҳадеганда садо чиқавермагач, яна Қазвиний сўзламоққа тутинди.

-Сизнинг минглик қўшинингиз бор. Анови куффор шоъфеинга (вазири аъзамни назарда тутмоқда) итоат этгувчи ўшал амирни қўлга олсак...

Такашни ваҳм боса бошлагани унинг юз-кўзидан шундоққина билиниб турарди.

-Амирнинг хонадонини тунда олғаймиз. Қарабсизки, ул илкимиздада, чунки аҳли хонадони раҳнда (гаровда) бўлғай. Шоъфеинни эса зиндонга ташлаймиз.

-Эвлармикинмиз, шоир?-сўради Такаш кўзлари ола-кула бўлиб. У тақи кабутарларига боқди. Улаирнинг чарх уришларини бир муддат интиқ кузатаркан, ёнбошидаги идишдан ҳовучини тўлатиб дон олиб, кабутарлари ўрганган овозда ҳайқирди ва том саҳни узра сочиб юборди. Уларнинг иккиси пайкон мисоли тезликда ўзларини қуйига урдилар.

-Эвлаш ҳам гапми!.. Сизнинг султонлик ҳайбатингиз ила тоғларни-да бир ҳамлада йиқурмиз, шаҳзодам. -Қазвиний нишонни тўғри олди, ниҳоят Такашнинг кўзларида ҳам аста-секин ўт чақнай бошлади.

-Қани, тадбирингизни сўзланг!-деди у шоирлар амири томонга энгашиб...

Ниҳоят келишилган кечаси хиёнаткор фитначилар оёққа қалқдилар. Шаҳзода ўз сарбозлари ила (малика ва шаҳзодаларнинг ўз қасрлари, молиявий идоралари бўлганидек, кичик-кичик қўшинлари ҳам бўларди.) аввало эҳтиёт лашкарга бош этиб қолдирилган амир хонадонини босди. Унинг хотинлари ва фарзандларини раҳнга олгач, ўзи ҳамда лашкари бир қўғирчоқ менгиз кўйга тушди. Сўнг Такаш ҳар икки қўшинни бир неча қисмларга тақсимлаб, уларга ўзининг ишончли кишиларини бош қилди. Уларнинг иккиси маликаларнинг қасрларини ишғол этиб, қаср аҳлини ҳибсга олдилар ва қасрдан ташқарига чиқмасликка амр қилдилар. Такашнинг ўзи бошлиқ бир қисм лашкар эса вазири аъзамнинг қасрини қамал қилиб, ўзини ҳибсга олдилар. Бу орада девон аҳлининг барчалари ҳам зудлик ила зиндонбанд этилдилар. Соҳиб девон Низом ул Мулкнинг ўзи ҳам зиндоннинг алоҳида хонасига ташланди. Шундай қилиб, бир кечанинг ўзида мавжуд ҳукумат фитначилар томонидан ағдарилди. Нафақат сарой, балки бутун шаҳар аҳли ҳам ғафлатда қолдилар. Саҳармардонда олам-жаҳонни тутган ноғораларнинг ваҳимали овози ҳаммани шоҳмайдон сари чорлади. Одамлар бомдод намозини шоша-пиша ўқишиб, не ҳодиса рўй берганлигини тезроқ билмоқ учун шаҳристон томон чопдилар.

Бу пайт Такашнинг қўшинлари шоҳмайдонни халқа орасига олди. Унинг ўзи эса хос навкарлари ила супа устида эди ва виқорли нигоҳини саросимада ғала-ғовур қилаётган авомга қадаганди. Ёнбошида кўзлари ола-кула бўлган, бу қировли кекса бошига не шўришлар ёғилишини билмай базўр нафас олаётган муҳтасиб Бадрий титраб турарди. Шоир Қазвиний эса ўзига етгулик муғомбир ва устомон эдики, Такашнинг ғалабасига ҳали буткул ишонмаганлиги боис ўзини ғаним кўзлардан панароқда сақларди. Унинг тунги ҳодисотларнинг биронтасида иштирок этмаганлигини ҳатто Такаш ҳам пайқамаганди.

-Сиз ким тарафиндасиз, муҳтасиб жаноблари?-деди Такаш Бадрийга боқиб. Бироқ ҳар қанча тиришмасин овози титраб кетди.

Бадрий саросимага тушди.

-Мен... мен... Сул... сиз!..

-У сизга асло эл бўлмағай, шаҳзодам.-дея шивирлади орқа томонда турган Қазвиний.

-Нега дудуқланурсиз хезалак каби? -Такаш бу гапини Қазвинийнинг сўзидан дадилланиб айтди.

-Ур бу така соқолни!-дея ишора қилди Қазвиний Такашнинг ёнида турган янги ҳукуматда амирликни орзулаган ғилай кўзли, барзанги солорига (аскар бошлиғи).

Ғилай ҳам қонга ташна турган эканми, чўқмори ила Бадрийнинг бўйни ва орқа мияси аралаш бир урди «жиқ» этган сас чиқди-ю муҳтасиб ерга ағдарилди ва лаҳзада жон таслим қилди. Мударра салласи анча нарига думалаб кетди. Бу нохос қатлга кўзлари тушган атрофдаги кишилар қўрқув ила орқаларига тисландилар.

-Жазоингни олдингми, така соқол!-дея хиринглаб қўйди Қазвиний.

Такаш бундай бўлишини кутмаган ва ғилайнинг туйқус саъйидан ичида бир қалқиб тушган эса-да, бировга сездирмади, ўзини бепарво тутишга уринди. Майдон сари оқиб келаётган одамларга ғолибона тикилди. Бироқ унинг вужудида тақи ўша эски фаҳм жунбушга кела бошлаганди. Бу не ҳол, дея ўйларди у бўғзидаги нимарса тепа-ю пастга жонсарак тарзда бориб- келаркан.. Наҳотки султондан шунчалар қўрқса?! Ахир у қўрқоқ эмасди-ку. Уни бу кўйга солган наҳотки султоннинг ҳайбати бўлса? Ўзи йўқ одам кишини шунчалар қўрқувга солса-я!.. Ё Оллоҳ, бу қилмишларим не ила интиҳо топмоғи фақатгина ўзингга аён. Ўзинг нажот бер, Тангрим!.. Кабутарларим парвозига термулиб, кўнглим ҳаловатда ўлтирсам не қиларди-я?..

Иблиси лаъин йўриғида бу фитнага гўё бош бўлган Муҳаммад Такаш ўз аҳволини англаёлмай ҳалак эди. Юрагида уйғонган ваҳм-бу ўз иймони эканлигини, бузуқ юмушга бош қўшганлиги боис беҳаловат бўлаётганлигини у асло тушунолмасди. Ваҳм-ҳар тугул тоза қалбдан жой олган иймоннинг ўз соҳибига исёни эди.

Бу пайт Шокир Талх ҳам майдондаги оломон ичра эди. У фаҳмладики, хиёнаткорлар расадхона аҳлини фаромуш этмиш, акс ҳолда аллақачон уларни ҳам бош майдон сари қувиб келган бўлардилар. Талх ҳар томонга аланглай бошлади-шаҳардан чиқмоқ учун йўл ва бир ишончли ҳамроҳ изламоққа тутинди. Ён-верини кўздан кечираркан, ҳойнаҳой барча дарвозалар ғаним илкида бўлса керак, дея хаёл қилди. Ниҳоят нигоҳи ила бир косиб биродарини топди-ю у томонга отилди... Иккиси узун расан (чилвир, арқон) олишиб, расадхона тарафга чиқувчи дарвозага бордилар. Дарвоза берк эди, унинг олдида бир тўда хиёнатчи навкарлар турар эдилар. Шокир Талх оташин бўлди-ю ғудранди:

-Бу тождорлар касрига дунёда ҳам маъни қолмади. Ини оғанинг яқосидин олса-я! Қиёмат яқин кўринадур... астағфуриллоҳ!..

-Не деб ғўлдирайсиз, Талх?-дея сўради унинг туришидан ҳайратланган ҳамроҳи.

-Қани, кетдук, дейман.-деди Шокирнинг зардаси қайнаб.

Улар девор ошмоқ учун қулай жойни излаб кезина бошладилар. Аллақачон шаҳарнинг тўс-тўполони чиқиб кетганди. Барчанинг юзу кўзида улуғ бир саросима, ҳаракатларида таҳлика зоҳир эди. Одамлар ниҳоятда шошиб, жонсарак алпозда у ёқдан-бу ёққа ўтиб борардилар ва шу жонсаракликларига уйғун тарзда тез-тез ҳамда мухтасар сўзлаб ҳам қўярдилар. Шу ўтган қисқа муддат мобайнида гўзал бошкентдан, қадим Исфаҳондан файзу ҳаловат ариб улгургандек эди. Ҳамма нарса гўё хира қора парда ортига ўтиб бораётгандек кўринарди. Йўл четларидаги борлиққа чирой бахш этган анвойи гулларнинг ранги энди униққандай, ўзининг жилвакор тусини йўқотгандек. Қатор қад ростлаган сапидор (терак)ларнинг ҳам яшил ранги қорайиб-сиёҳланиб борарди гўё. Ҳа, мусулмон дунёси ҳамиша тилдан қўймаган, тинмай Оллоҳдан тилаган файзу барака фақат ва фақат тинчлигу омонлик туфайли экан. Агар юртдан ҳаловат ариса, ҳамма нарсанинг бир зумда зеру забар бўлмоғи ҳеч гап эмас экан.

Шаҳарда ғала-ғовур, парокандалик ва эшу ғанимнинг ўзи билан ўзи овора бўлганлиги боис икки косибнинг девор оша шаҳарни тарк этганлигини бирон кимса пайқамай қолди.

2

Аҳли расадхона шаҳар юқорисида бўлаётган шовқин-суронларни элас-элас эшитган эсалар-да, асли ҳодисотдан бехабар эдилар. Бундайин шум ғавғо илм аҳлининг етти ухлаб тушларига ҳам кирмаслиги аниқ эди. Чунки улар салжуқий салтанатнинг ва айниқса, буюк султон Маликшоҳнинг куч-қудратига, идора усулига шубҳа ила қарамоқлик хаёлидан йироқ эдилар. Илло расадхона ва илму урфоннинг барқарорлиги ҳам султон ҳазратларининг ҳиммату эътиборлари боис эди. Буни илм аҳли жуда яхши англардилар ва бу борада Оллоҳга шукроналари беҳад эди.

Воқеани Шокир Талх лафзидан эшитган Хайём зарурий тадбир илинжида ўйга ботди. Бош майдон узра музаффарият нашидасини сураётган эканлар, демак, вазири аъзаму аҳли девонни ҳибс этганлари аниқ. Агарки қатли ом қилиб улгурмаган бўлсалар тақи. Вазири аъзам итоатидаги қўшин қаерда қолдийкин? Наҳотки у ҳам хиёнаткорлар тарафига оғган бўлса?! Соҳиби девон ҳазратлари омонмикинлар ишқилиб? Ёки хусумат ва ҳасад гирдобида қолган Такаш ва ... Хайём туйқус Талхга ўгрилиб, сўради:

-Супа узра амирул шуаро Қазвиний кўринмадими?

-Кўринмади чоғи.-деган Талх иккиланиб, ёнидаги ҳамроҳига савол назари ила қаради. Ундан ҳам тайинли жавоб ололмагач, Ҳа, у йўқ эрди. -деди қатъий.

Хайрият, дея ўйлади Хайём бироз енгил тортиб, яхшики бунга бош қўшмабди у бадкирдор. Тақи ким билур? Булар кўрмаганликларини айтдилар холос... Дарвоқе, не тадбир қўлламоқ жоиз?..

-Микоил! -дея чорлади у ниҳоят у ён-бу ёнга аланглаб, айиқбозни қидираркан, юз-кўзида қатъият акс этиб.

-Лаббай, хожам.-деди унинг ўтрусида қўл қовуштирган Мекоил.

-Энг учқур отни мингайсен ва Султон ҳазратлари ҳузурига елгайсен. Хиёнаткорларнинг қилмишидан бохабар этгайсен.

-Сўнг ўз ишораси ила келтирилган қоғозга тезкор нома битди, унда бўлиб ўтган ҳодисотларни жуда мухтасар баён этди ва номани Микоилга тутқазаркан деди,- Ушбуни султонимизнинг ўз қўлларига топширгайсен. Қани, Оллоҳ ёр бўлғай. Оллоҳу акбар!..

Микоил от сари чопиб бораркан, Риндонийга деди:

-Полвонни унутмағайсиз, оға.

Микоилнинг қораси қир ортига яширингач, фурсат ғанимат бўлганлиги, Хайёмнинг айни пайтида тадбир қўллаганлиги аёнлашди. Чунки ҳадемай шаҳар томонда бир тўда отлиқ сарбозлар кўриндилар.

Хайём ўз измида бўлган ҳамроҳларини ваҳима қилмасликка, таҳликага тушмасликка ундаркан, иродасини бўлғувси синовларга ва ҳатто азоб-уқубатларга чоғларди. Анови яроғланган ҳайвонмижозларга аҳли расадхонани қарши қўймоқликдан маъни йўқ. Барибир уларнинг қўллари баланд келгай, чунки хома ва китоб тутган қўллар бировнинг жонига қасд қилмоқликка қодир эмас. Мабодо тўқнашув рўй берганида ҳам илм аҳлининг мағлубияти аниқ. Уларнинг жонларини омонда сақламоқлик эса аввало Хайём қўллагувчи тадбирга ҳамришта эди.

Филҳақиқат, юз чоғли суворийлар етиб келиб, расадхона атрофини халқага олдилар...

Бу маҳал шаҳарнинг бош майдонига жам бўлган авомнинг рўбарўсида оёқларидаги титроқни сездирмасликка уриниб, ғоз турган Муҳаммад Такаш ўнг илкини кўтариб, халойиқни жим бўлишга ундади. Унинг ишорасидан сўнг, ўтган кечада не воқеалар рўй берганлигини билмоққа интиқ бўлиб турган, бироқ ана ўша ноаёнлик ортидан тинмай сўзлаётганлиги боис шовқини шаҳарни бошига кўтарган одамлар тездагина тина қолдилар. Такаш бундай бўлишини кутмаганди, шунинг учун шаҳристон узра ястанган сукунат уни тақи довдиратиб қўйди. Бир муддат сўзсиз турди-ю, сўнг орқасида турган Қазвинийнинг «Бардам бўлинг, шаҳзодам!» деган рағбатидан дадилланиб, гапира бошлади:

-Азиз фуқаро! Маълумингизким, кўҳна Исфаҳонда фисқу фужур ин қуриб, турфа жодугарлар, иймони заиф шофеъинлар кўпаймоқдалар. Улар султоннинг пинжига кириб, ҳатто салтанат бошига ҳам чиқиб олмоқдалар. Натижада нужумпарастлик авж олиб, куфру залолат илдиз отмоқда. Бу эса Ислом заифлашувига олиб келмоқда. Шундай экан... -Такаш оғир бир ютинди, ичида нимадир қалқиб кетди. -Шундай экан, улуғ падаримиздан мерос қолган мамлакат идорасини ўз илкимизга олмоқликка жазм этдик. Оллоҳ таолонинг иродаси ила буюк Исломга кучу жаҳд бермоқлик шарафи сизу бизнинг елкамизга тушганлиги муборак бўлғай!

Бироқ у кутганидек олқишлар таралмади. Не ҳол рўй бераётганлигини англаб етолмаётган халойиқ лолу карахт турарди. Бу Такашни баттар эсанкиратиб қўйди.

-Сўзни мухтасар қилғайсиз, шаҳзодам!-дея шипшиди орқадан Қазвиний.

Валекин Такаш бошқа бирон сўз айтолмади, кўзлари олайганча авомга тикилиб, ютина-ютина тураверди. Буни пайқаган Қазвиний қуйироқда турган жарчига маъноли ишорат этди. У супа устига чиқиб, баланд ва жарангдор овоз ила аввалдан ёд этган сўзларини ҳайқириб айта кетди. Яъни жарчи шаҳзода Муҳаммад Такаш ибн султон Алп Арслон ўзини султон дея эълон этажагини, энди жамики давлат ишлари унинг амру иродасига доҳиллигини, токи махсус ижозат бўлмагунча шаҳардан чиқмоқ, унга кирмоқ, тунда кўчада юрмоқ ва бошқа кўплаб нимарсалар маън этилганлигини тинимсиз такрорламоққа тушди.

Такаш ўзини анча ўнглаб олганлиги боис, кибру виқор ила эндигина аъёнларига айланган бир неча кишиларни эргаштириб, шоҳсупани тарк этаётганларида майдон четида навкарлар қуршовига олинган Умар Хайём ва унинг шогирдлари Воситий ҳамда Исфазарий кўриндилар. Уларни кўрди-ю Такашнинг тақи турқи ўзгарди. Бу ҳолатини англагунча бўлмай нажот излаб Қазвинийга қаради. Шоирлар амири эса дарҳол ғилай солорга уларни тўғри зиндонга олиб боришликни амр этди. Чунки бу нужумпарастларнинг, айниқса, Хайёмнинг халқ ўртасида обрўси баланд эди. Улар зиндонбанд этилганликларининг пинҳон тутилмоғи авом ўртасида вужудга келажак норизоликнинг олдини олмоғи тайин эди. Амирлик мансабидан сармаст бўла бошлаган ғилай солор валинеъматлари фармонини тезликда бажармоқликка ошиқди...

3

Вазири аъзам зиндоннинг тор ва қоронғи хонасида беҳаловат ўлтирар экан ҳалигина содир бўлган воқеаларни хотирасида қайта тикламоққа уринарди. Шууридаги ана шу хоҳиш асносида хавотирли нигоҳи хонанинг кичкинагина туйнугига интиқ тикилди. тутилмоғи авом ўртасида вужудга келажак норизоликнинг олдини олмоғи тайин эди. Амирлик мансабидан сармаст бўла бошлаган ғилай солор валинеъматлари фармонини тезликда бажармоқликка ошиқди. Ҳали тонг отмади чоғи. У эгнидаги хонаки чакмонига бир қур қараб қўяркан, илки ила бошидаги тақясини пайпаслади-да, хиёнаткорлар тузукроқ кийиниб олмоққа ҳам имкон бермаганликларини эслади. Шу ўтган оз муддат ичида нималар рўй берди ўзи?..

Аслида кекса вазир ёши ўтиб қолганиданми ёхуд бошидаги тафаккур туғёнлари боисми, кам уйқу эди. Бироқ бу кеч не ғафлат босдики, хуфтон намозини адо этибоқ кўзларини уйқу элитдию тўшакка ён берди. Иблис алайҳилаънанинг макрини қаранг-ки, уйқунинг зўридан шаҳарда кечган шунча тўс-тўполонни ҳам сезмабди. Бўлмаса, у султон бошкентни тарк этгандан буён гўё шаҳар дарвозасида қойим турган тунги посбон мисол ҳамиша сергак эди. Минг надоматким, бу кеча хушёрликни унутди, ғанимларнинг ҳуфия режалари ижобати учун имкон яратиб қўйди. У ўз хобгоҳида қачонлардан бери айро тушгани-маст уйқу оғушида эди. Бир замон вазири аъзамнинг бошқа пайт бўлса бундайин юмушга асло журъат этолмаслиги аён, кичик хизматчиларидан бирови хобгоҳга дод сола кириб келди. Низом ул Мулк уйқудан уйғониб, ҳали ўзини ўнглаб олмасидан, не ҳодиса рўй бераётганлигини илғамасидан хонани шақир-шуқир, дупур-дупур товушлари босиб кетди. Чунки бир неча қуролланган сипоҳийлар хонага чопа кириб, у ичра доира бино этдилар.

-Бу не адабсизлик?! -дея ҳайқирди вазири аъзам ўрнидан қўпиб.

Охирида кириб келган солор унга мағрур боқаркан, деди:

-Шаҳзода Муҳаммад Такаш ибн Алп Арслон жаноби олийларининг фармонларига биноан сиз банди этилдингиз.

Вазири аъзам ана шундагина пойтахтда хиёнат рўй берганлигини англади. Англади-ю ақли калта бу сипоҳи-ю уларнинг солорига қайтиб бир сўз демади. Буларга сўз айтмоқлик деворнинг қулоғи бор дея ўйламоқ ила баробар эди.

Не бўлганда ҳам вазири аъзамга азият етказмоққа бу авбошларнинг бирорталари журъат қилолмадилар. Бошкентда ҳарчанд қиёмат қўпиб, ҳар бир сак ўз соҳибидан юз ўгирмоққа ҳозир тургани билан буларни кекса Низом ул Мулкнинг салобати босдими ёхуд фармони олийни кутиб шундай қилдиларми, бирон бир ножўя саъй этмадилар. Фақат зиндоннинг алоҳида хонасига киритиб, эшик олдига бир эмас, икки эмас, тўрт сипоҳийни посбон этдилар. Зиндон хизматчилари тугул ҳатто зиндонбонга ҳам ихтиёр бермадилар. Бу воқеотларни кўриб, кузатган бир закий зот топилгудек бўлса, шаҳар узра ва унинг чекка-чеккаларида ҳам шавкатли султон Маликшоҳнинг ҳайбату руҳи огоҳ турганлигини фаҳмламоғи мумкин эди.

Мана энди қоронғу зиндонда ўлтирганча ўзини ўзи ғадабламоқда. Умр шомида энди бу не ғафлат, не шармандалик бўлди? Султон ҳазратлари унга инониб қолдирган бошкентни, тахтни бир зумда оёқ ости қилмоқликларига имкон берса-я! Шу пайтгача Исфаҳон ичра не ҳодисотлар рўй берди экан? Маликалар, шаҳзодалар омонмикинлар? Ишқилиб уларнинг қони тўкилмасин! Амируллашкар қайларда қолдийкин? Ёки уни?.. Умар Хайёмчи?.. Улар ила қай йўл ила робита ўрнатмоғи мумкин? Кекса вазир зулмат ичра ноаёнлик оғушида карахтланиб бораркан, огоҳ одам шоҳу, дунёдан огоҳ бўлмаган шоҳ эса ожизу нотавон кимсага ўхшаб қолмоғини тақи бир бора англарди.

Ташқаридан одамларнинг шовқин-суронлари элас-элас эшитиларди. Тонг отмоқда чоғи?.. Шу пайт эшик очилиб, рўбарўсида зиндонбон пайдо бўлди. Унинг илкида анча уринган обдаста бор эди.

-Ассалому алайкум, ҳазрати олийлари!-деди у эгилиб.

Вазири аъзам унга савол назари ила мағрур тикилиб турарди.

-Бомдодга таҳорат олсангиз деб...

-Сен кимсен? -сўради вазир бироз ғазаб ила.

-Зиндонбонмен.

Низом ул Мулк унинг сўз оҳангидан ортиқча гап лозим эмаслигини тушунди.

Зиндонбон устаомон одам эди. У султон Маликшоҳнинг қудратини, мана бу банди вазири аъзамнинг эса ақли донишини фаҳмлаганлиги боис салжуқий салтанатнинг инқирозига инонмас, мазкур тўс-тўполонлар вақтинча эканлигига ақли етиб турарди. Шул боис таъма илинжида отни қамчиларди.

-Мендин Умар Хайёмга хабар бер. Қоғоз келтир, нома битиб берурмен. -деди вазири аъзам таҳорат оларкан.

-Мени қайта киритмоқлари душвор. -шипшиди зиндонбон.

Эшик шақирлаб очилиб, бир сипоҳийнинг қораси кўринди.

-Нега имиллайсен, ҳой, зулмат соҳиби?!-дея дағдаға қилди у. -Тез бўл!

-Саъй этиб кўр. -деди шивирлаб вазир.

Бироқ зиндонбон унинг олдига қайтиб кирмади (эҳтимол киритишмагандир). Умар Хайёмни ҳам банди этганликларини кейинроқ эшитди. Бирон бир тадбир қўлламоқликка қанча уринмасин ҳаракатлари нафсиз қолди. Эшик олдидаги сарбозлар исённинг сўнгги кунларигача у ерни тарк этмадилар. Вазири аъзам малика-ю шаҳзодалар ҳибсда, Хайём зиндонда, Исфаҳон амири рахнда эканлигидан хабар топгач, кутмоқдан, Оллоҳга таваккул қилмоқликдан ўзга чора йўқлигини тушунди...

4

Муҳаммад Такаш ниҳоят султон Маликшоҳ саройига, янаки мамлакатнинг энг нуфузли машварату кенгашлари ўтгувчи хосхона-тахт пойига кириб борди. У бу ерга кўп бор кирган ва айтмоқ жоизки, бу муҳташам қасрнинг ҳар бир устуни, қандилу даричасидан тортиб нақшларидаги турфа жилоларигача унга жуда яхши таниш эди. Авваллари кенгаш ёхуд бошқа бирон йиғин баҳона ҳузури муборакка кирганида, қасрдаги ҳар бир нимарсага, айниқса, унинг ҳашамат ва улуғворлигига ҳавас ила тикилар, гоҳо буларнинг бари ўзиники бўлиши мумикинлигини ўйлаб, юраги орзиқиб кетар, бу орзиқиш ортидан кўнглида султонга нисбатан кучли нафрату ҳасад вужудга келарди. Бироқ унда бу қасрга кирганида ва ҳаттоки султоннинг ўтлиғ қаҳрига рўбарў келганида ҳам вужудида ҳозиргидек титроқ, тушуниксиз қўрқув кезинмасди, шуурини ишғол этиб, ўз хоҳишига бўйсундирмасди. Айни дамда эса, буюк салжуқий салтанатнинг тиллодан ясалган улуғвор тахтига тикилиб тураркан, жисмида нимарсадир қуйига томон оқа бошладики, бўғинлари бўшашиб, суяклари толди, юраги остига тош қадалган мисол пастга осилаверди. Танидан мадор кетди, кўзлари намланган менгиз бўлса, оғзи қуруқшади. Вужудини титроққа солган боягидан ҳам кўра кучлироқ қўрқув пайдо бўлди. Оқир-оғир ютинаркан, ўртанди, дод деб юборгиси келди. Шундагина у ўзининг нақадар ожиз эканлигини, аслида мамлакат тахти учун яралмаганлигини англади. Англаган сари хўрлиги келди, барига қўл силтаб, тоғу тошларга кетмоқни истади. Бироқ энди кеч эди, борлиқда карвон ортидан кўтарилган гардгина қолганди. Энди ортга чекиниш мумкин эмасди...

Болалигида падари султон Алп Арслон уни хушламайдигандек туюлаверарди. Турли анжуманларга, айниқса, ҳарб илмига боис машқларда-чавандозлик ёхуд қиличбозлик каби сабоқларда султон отаси унга у қадар рўйхушлик бермас, ҳамиша бир ёшга катта бўлмиш ўғли Жалолиддин Маликшоҳга майл билдирарди. Унинг ҳар бир ҳаракатларидан ва ҳатто нуқсонларидан ҳам завқланар, агар бирон борада қойил қолдирса борми, тинмай олқишларди. Унга сайин Жалолиддин кундан-кун ҳар соҳада моҳир бўлиб, жуссаси йириклашиб, тўлишиб, билакларига куч қуйилиб борарди. У чинакам забардаст йигитга айланиб, улуғворлик касб этаверарди...

Такаш ила эса ундайин муносабатда бўлмасди, ҳаттоки кўпинча унга эътибор ҳам қилмасди. Буни Такаш ўзининг канизакдан туғилганлиги туфайли деб билар ва шул сабабли ҳам тобора эзилиб, писмиқлашиб борарди. Бола қалбига бу муомала қаттиқ таъсир этганлигиданми, падаридан ҳам, шаҳзодалар учун мажбурий бўлган ҳарб машқларидан ҳам узоқлашаверди. Нисбатан кучсиз ва журъатсизлиги ҳам шундан эдики, бирон юмушни қилишдан аввал узоқ иккиланиб, оқибатидан шубҳаланиб, ҳуркиб турарди. Бу феъли уни улғайгач ҳам тарк этмади, айтмоқ жоизки, мудом таъқиб қилади. У фақатгина кабутарлар даврасидагина ўзини эркину озод ва ҳаттоки журъатли сезарди. Эҳтимол бирон бир инсоншуносми ёхуд қалбшуносми топилиб, Такашни тафтиш этса-ю ва унинг ҳўйини тўла англаса, ҳар қандайин рақибни унга кабутарлари парвоз этганда рўбарў қилармиди. Ўшанда балки у мислсиз паҳлавонга эврилиб, ҳар не ғанимни яксон этармиди. Унинг кабутарларга ошиқлигини билган одам бунга ишониши тайин эди.

Аввал айтилганидек, тахтга ўлтирмиз салжуқий ҳукмдорлар атрофидаги тожга даҳл қилиши мумкин барча даъвогар жигарларини бир четдан қатл этаверарди. Такаш ўзининг ҳамон тирик юрганлигига гоҳо ҳайрон бўлар, ишонмасди ҳам. Нега энди оғаси султон Маликшоҳ унинг жонига қасд қилмади- у ҳудди мана шуни тушунолмасди. Султон Маликшоҳ эса инисини нечун қатл этмаганлигини жуда яхши биларди, билганлиги учун ҳам ўйлаган режасининг интиҳосини кутибми ёки бошқа бир муроди борми, жон қасдини кечиктирарди. Такаш, айниқса, болалигида бир умр қисиниб-қимтиниб, ўксиниб яшади. У ҳамиша Жалолиддинга ҳасад қиларди, бироқ журъатсизлиги боис ҳасаду нафратни ҳам эвлай олмасди, елкасини қисиб, эзилгани-эзилган эди. Ўз мағлубиятини омадсизликка йўйиб ва ҳатто жисмидаги туғма, нуқсон менгиз тушуниб, бош кўтармоқдан тийиларди. Бу отасига ёқмас, оғаси эса унинг бундайин кечмишларидан ҳузурланарди. Ана ўша ҳузур (ёки унинг ҳуморими) султонни ҳануз тарк этмас, ўз жигарининг мағлубиятидан, аламзадалигидан зафар нашидасини сурарди. Такаш унинг енгиб, бўйинсундириб яшашдек инсоний туйғусига посанги вазифасини ўтарди. У инисидаги ҳасад ўтини яна ва яна алангалатиб, унинг ожиз боқишларидан, пинҳоний тўлғонишларидан қалбида ҳузур туярди. Шунинг учун ҳам уни қатл этмасди.

Муҳаммад Такаш тахтга ўлтиролмади, оёқлари титраб, қуйидаги курсига чўкди.

-Шаҳзодам!-деди Қазвиний хушомадгўйларча таъзим қилиб, -Энди бу тахт сизники. Уни муборак этинг!

-Кейин. -дея Такаш бошини эгди. -Толиқдим... Амир этинг, танаввул ва май ҳозирласинлар.- У чиндан-да хорғин ва аянчли кўринар, тобора чўкиб бораётганлигини ўзи ҳам сезар, ҳис қилар, шунинг учун чорасиздай туюларди.

У бундан бўлишини кутмаганди, тахтга ўлтираману буюк салтанатни идора қилишга тушаман, деб ўйлаганди. Лекин ундай бўлиб чиқмади, мана ўшал тахт рўбарўсида турибди, икки қадам босса етади. Бироқ ана ўша икки қадамга ҳоли келмади. Энди ҳеч қачон бу тахтга ўлтира олмаслигига унинг ақли етди, фақат буни тўла тан олишни истамагани каби бошқалар билиб қолишларини , сиридан воқиф бўлишларини ҳам хоҳламасди. Қолаверса, мамлакатни идора этмоқни нимадан бошламоқ лозимлигини ҳам билмас, вазири аъзам тартиб берган давлат тизимининг сир-асрорларидан бехабар эди. Ўзи тан олмаса-да, салжуқийлар давлатида барқарор бўлган девонларнинг юмушларига-да ақли етмасди. Шул боис энди у ўз хатосининг аламини май заҳридан ола бошлади. Девоннинг бўйин эгмаган амалдорларини қаторасига зиндонбанд этаверганликларидан давлат ишлари ўлда-жўлда қолди. Шаҳар ҳаёти издан чиқди, ўғрилик, талончилик кўпайди. Султон Маликшоҳ тараф жон қайғусига тушган баъзи мансабдорлар, катта савдогарлар пинҳона шаҳарни тарк этмоққа тушдилар. Хуллас, кўҳна Исфаҳон хиёнат ботқоғига ботиб, бошини зулмат қоплади.

Шоҳона дастурхон узра сархуш ўлтирганларида ўзини вазири аъзам даражасига кўтарган Қазвиний Такашни Низом ул Мулк ва Хайёмни қатл этмоққа ундади, ҳеч йўқ қатлга ижозат беришлигини ўтинди. Бу каби қистовлар кейинги кунларда ҳам мунтазам давом этди. Аммо Такаш қай аҳволда бўлмасин унинг бу ўтинчини қатъият ила рад этарди. У қалбининг бир буржида сақланган чимдимгина нур туфайли бу икки инсоннинг улуғ мақомини ҳис қиларди чоғи.

Филҳақиқат, Муҳаммад Такаш қилғиликни қилиб қўйгач, бу қилмишининг оқибатини ўйлаб, ваҳимага тушаверди. Маишатга ва айниқса, ичкиликка ружу қўйди, кечалари уйқусини йўқотди. Эҳтимол чиндан ҳам султон Маликшоҳнинг Оллоҳ берган бирон хислати бормиди ёхуд бу тахти олий афсуну амал ила барқарормиди, ҳар қалай Такаш тож кийиб, ўшал тахтга ўлтирмоққа журъат этолмасди.

Орадан бир неча ҳафта ўтгач, шоирлик тўнини ёпинган маккор Қазвиний бу телбамонанд, ўзи айтмоқчи, хезалакмижоз шаҳзодага инониб, хато қилганлигини тушуниб етди. Англаб етди-ю жон қайғусига тушиб қолди...

Олтинчи боб

1

Султон Маликшоҳ Жайҳун узра кўприклар қуришни ниҳоялаб, Термиз фатҳини кўзлаб қадим дарё соҳилида ўлтирганида падари бузрукворининг қисматини тақи бир бора ёдига олди. У ҳудди мана шу жойда, манов шаштли дарё гувоҳлигида Юсуф отлиғ чўбоннинг тиғига рўбарў келган эди. Унинг валиаҳди ҳам яна шул манзилда турибди. Эрта тонгдан Термиз сари юриш бошлайди. Маликшоҳ Термизни ҳам, Бухорони ва умуман бутун Мовароуннаҳрни ҳам ҳеч қандай малолатсиз қўлга киритмоғига ишонар, Аҳмадхоннинг ўзига муносиб рақиб эмаслигини жуда яхши биларди. Бироқ ҳозир унинг юрагини нечукдир маҳзунлик эгаллаб, башар бошида ҳамиша тиғ тутиб турган уруш, қирғинбаротлардан совий бошлади. Шуурида ўз тақдирига нисбатан ожизона исён вужудга келди. Мижжалари ачишиб, бағри ўртанди. Дунёнинг ярмига ҳукмрон бўлган салжуқий султон айни дамда дод солмоқни истарди. Лекин ҳозирги кўйини ўзи англамас, бу банданинг ўз соҳибига, янада равшанроғи, ўз аслига интилиши эканлигини тушунолмасди. Шунингдек, бу ҳоли ўткинчи эди, ҳадемай қудратли ва виқорли султон Маликшоҳнинг ўз суратига тақи қайтмоғи аниқ эди.

Тонг саҳарлаб Термиз сари юриш бошладилар. Мўр-малах сингари адоғсиз қўшин бу қадим шаҳарни ҳеч қандай қаршиликсиз эгалладилар. Орадан бир ҳафта ўтгач эса салжуқий лашкар Бухоро бўсағасида турарди. Қорахоний ҳукмдор Аҳмадхонни тор-мор этиш, лашкарининг заифлигиданми ёхуд авомнинг унга қарши бўлганлигиданми, у қадар мушкул кечмади. Бир кунда Бухорои азим Маликшоҳ илкига ўтди. Аҳмадхонни тутиб, банди этиб, Исфаҳон сари йўллади. Бу ила малика Туркон Хотунга ўз меҳрини аён этмоқчи бўлдими ва ёки унинг насабини камситиб, пинҳона ҳузур топмоқчимиди- номаълум. Ҳар тугул сўнгги қорахонийзодага шафқат қилгани рост.

Ундан уёғи Шош, Сайрам, Андигону Ўзган каби йирик шаҳарлар эса-да, Салжуқийларга у қадар қаршилик кўрсатмадилар. Ниҳоят султон Маликшоҳ Қашқар сари кўз тикканида, унинг хонидан элчилар келди. Қашқар хони совға сифатида олам-жаҳон олтину кумуш ва арғумоқларни йўллаб, султон Маликшоҳга бож-хирож тўламоққа тайёр эканлигини, унинг номини хутбага қўшиб ўқитишлигини маълум қилган эди. Маликшоҳнинг суврату исмини олтин тангаларга зарб этиб йўллабди. Бундан султон бениҳоя шодланди ва Қашқарга юриш қилмасдан ортига қайтмоқликка жазм этди. Айни мана шу пайтда унинг ҳузурига Микоил етиб борди...

Султон ғазабнок бўлди ва ўша оннинг ўзидаёқ хос навкарларини отлантириб, бир қисм зарбдор қўшин тузди-да, бошкентга йўллади. Қўшин амирига Исфаҳонни зудлик билан эгаллаб, хиёнаткорларни бешафқатларча тор-мор этмоқликни амр этди. Сўзининг сўнгида соҳиб девон Низом ул мулк ва амирул фузало Умар Хайёмни не тадбир ила бўлса-да омонда сақламоқликни буюрди. Ушбу фармонни берди-ю донишманд устози Низом ул Мулк ва лутфи хўб надими шоир Умар Хайёмни дил-дилидан соғинганлигини ҳис этди. Ҳис этди-ю бағри сим-сим ўртанди. Манов олис юртларда, чанг-тўзон ва дашту биёбонларни кезавериб, қон тўкавериб ҳамда фақатгина эранлар орасида юравериб дағаллашган сарбозларнинг ҳайқириқлари, отлару филларнинг бўкиришлари, яроғлару аробалар, манжанақлар шақир-шуқури остида буюк бир соғинч ила англадики, ул икки улуғ зот нақадар гўзал ва дилбар инсонлар экан. Демакки, тўзону бақириқларга тўла бу дунёда, ул икки зиёпеша бириси тунда Ой, бириси кунда Қуёш янглиғ эканлар.

Кўп илмлардан бохабар бўлган султон илмнинг, ҳикмату зиёнинг маънисига мана энди тақи бир бора етди. Илму санъатга, олиму фузалоларга ҳомийлик қилмоқ- бу ҳали илмни англамоқ эмас экан. О, баттол Такаш! Сени ини демоқликдин ор этурмен. Ўшанда нечук сени ҳам қатл этмадим?! Нечук бўғзингга чўғ тиқмадим?! Бабибир канизакдан бўлганлигингға бординг сен хиёнаткор. Ё алҳазар! Шундайин буюк салтанатнинг пойтахтини эгалламоқ шунчалар осон бўлса-я?! Вазири аъзам ғафлатда қолмиш чоғи. Мен кимга ишондиму доруссалтанатда бунчалар оз қўшин қолдирдим? Асли айбдор мен, асли ғофил мен!.. Султон от узра Исфаҳон сари бораркан, тинмай ўзини ғадабларди. У салтанатни ёхуд тахтни йўқотишдан ваҳмга тушмасди, улар учун қайғурмасди. Уни оташин этиб, аламга солган хиёнат ва азиз кишиларининг қоронғу тақдирлари эди. Такаш ҳукмдорликни эвлай олмаслигини у яхши биларди ва пойтахтни ҳам, тахтни ҳам тезликда қайтариб олмоғини сезиб турарди. Бироқ нобакор иниси ўшал онгача бирон мудҳиш юмушни амалга ошириб қўймоғи мумкин. Маликшоҳ шундан қўрқарди. О, хиёнат оловида жизғинак бўлгур Такаш, илкимга тушғайсен ҳали!..

Бу пайтга келиб салжуқлар салтанатининг сарҳадлари ҳофиқайнда (Шарқу Ғарбда) бир ёни Шому Ажам, бир ёни Румою Византиядан Рофидайн (Мессопотамия) гача, буёғи Қай (Мўғулистон), Чин (Хитой) ўлкаларигача чўзилганди. Бу жуда ҳам улкан бир мамалакатни ташкил этарди. Султон Маликшоҳ ўзининг шуури-ю шамшири ва қувваи ҳофизаси ила мана шу чексиз-чегарасиз салтанатни идора этарди. У ҳар қандай ғанимнинг кўзига тик боқишга, шамширига шамшир уришга қодир эди. Валекин шунча кучу қудрати ила хиёнатнинг ҳийласи қошида ғофил ғолди. Йўқ, Такаш бундайин кабир юмушга қодир эмас. Уни бирон бир устомон йўлга солганлиги шубҳасиз. Ким бўлиши мумкин ўшал устомон? Ўзгалар ҳузурида отга дадил минолмайдиган, шамшир қай томонга осилишини билмайдиган кабутар жинниси тахтга даъвогарлик қила олармиди. Тахтга рўбарў келган тақдирда ҳам унга қай тарафдан ўлтиришни билмас. Ўзинг ожизларнинг ожизи бўлсангу!.. Ёхуд исмоилийлар бош қўшдилармикин? У ёқда саквачча Ҳасан (Саббоҳ) қутургандан-қутурмоқда. Арслон Тош не қилди экан? Аламит олиндимикин? Наҳотки иниси Такаш исмоилийлар домига тушган бўлса? Унда аҳвол жиддий бўлғувси!..

2

Маликшоҳ йўллаган хос лашкар Исфаҳонга сунбуланинг адоғида етиб келди. Бу пайт Ҳасан Саббоҳ қўним топган Аламит қалъасини ишғол этиш учун кетган амирлар амири Арслон Тош бошлиқ қўшин ҳам шаҳар бўсағасида турарди. Сўнгроқ маълум бўлишича, бу қўшин Аламитни узоқ муддат қамал қилиб туришига қарамасдан, уни олишга мушарраф бўлолмабди, охир оқибат амир Арслон Тош ихтиёри ила ортига қайтибди. Ҳозир эса улар Исфаҳонда не воқеа рўй берганлигини, не тадбир қўллаш лозимлигини билолмай бошлари қотиб турар эдилар. Машриқдан султоннинг хос қўшини етиб келгач, шаҳар остонасида ҳайбатли бир тўлқин пайдо бўлди. Бу тўлқиннинг ваҳимаси, турган гапки, шаҳар узра ҳам ёйилиб, Муҳаммад Такаш қулоғига-да етиб борди ва унинг юрагига ғулғула солди. Султонликни орзулаб, хиёнатга қўл урган сархуш шаҳзода ўша заҳотиёқ адойи тамом бўлиб, жон қайғусига тушиб қолди.

-Ё Оллоҳ!.. -дерди у ўзини у томондан-бу томонга уриб, -Тамом бўлдим! Хонавайрон бўлдим!.. Шайтоннинг сўзига юриб... Ўз паноҳингда асра, ё Оллоҳ!..

Шаҳар аҳли ҳам оёққа қалқа бошлади. Раҳнга олинган амирнинг ихтиёрсиз бўйинсундирилган сарбозлари орасида ғалаён кўтарилди. Шаҳар дарвозаси олдида ҳайқираётган султон қўшинининг ҳайбати уларга куч берди. Улар издан чиққан, тўс-тўполонга кўмилган шаҳар ҳаёти ичра аста-секин бир бошга ихтиёр берган халоскор жамоага айлана бошладилар. Бир куннинг ўзида кўҳна Исфаҳон султон Маликшоҳнинг номини улуғламоққа тушди. Ҳатто Такашга ихтиёрли сипоҳийлар ҳам султон тарафига ўтмоқда эдилар.

Устомон ва ҳийлагар Қазвинийнинг анови ҳезалак Такашдан аллақачоноқ хафсаласи пир бўлган эса-да, бирон мўъжиза рўй бериб, улуғ мартабаларга эришмоқликдан ҳам умидвор эди. Бироқ ҳозиргидек эврилишни кутмаганди. Энди бир чора қўлламаса бўлмас, акс ҳолда ўлим шарпаси ёвуқ кўринадур. У узоқ ўйланиб ўлтирмади, бир пасгина хаёлчан турди-ю ишонч ила ўрнидан қўзғолди. Зиндонбонга бориб, унинг илкига катта ақча тутқазди. Умри бино бўлиб бунақа мўл тилло тангаларни ушламаган зиндонбоннинг кўзлари отилиб кетмоққа ҳозирландилар.

-Ҳожам не истайдилар? -деди Қазвинийнинг қошида эгилиб.

-Бирон мушти оғир хизматчингни топиб, мени калтаклашга амр этурсен.

Зиндонбоннинг кўз соққалари бу гапдан сўнг шу қадар ташқарига отилдиларки, ортидаги қизил томирлари ҳам кўриниб кетди.

-Хожам?!..

-Амримни бажар, илло бу сирдин кимса воқиф бўлса, бошинг кетадур.

Зиндонбон оғир бир ютиниб, кафти ила бўйнини силаб қўйди-да, баланд овозда бировни чорлади. Кўп ўтмай уларнинг қаршисида қоп-қора девқомат бир исқирт кимса пайдо бўлди. Энди Қазвиний шўрликнинг кўзлари қинидан чиқмоққа уриндилар. Лекин тақдирга тан бермоқдин ўза чораси қолмади.

-Мана бу одамни ўз ошёнингга олиб кириб обдон дўппослайсен, токи... -зиндонбон шундай деркан Қазвинийга синовчан нигоҳ ташлаб қўйди. -Токи хуши оғмагунча...

Исқирт дарранда менгиз бир ириллади-да, қоп-қора, ифлос илкини шоирнинг елкасига қўйиб, олдинга силтади. Қазвиний зиндонбонга аянчли ва шунингдек, илтижоли нигоҳ ташлаб қўйиб, ўзи битган тақдир измига бўйинсунди...

Ўша куни кечга томон хиёнатчиларга қарши бош кўтарганлар тартибсиз бир равишда яроғ ила иш кўрган бўлсалар-да, энг аввало маликалару уларнинг қасрларини ва шаҳзодаларни ҳимоятга олдилар. Такашнинг тарқоқ қўшинлари ила кўча жанглари бошланди. Ҳаммаёқни қий-чув, бақир-чақиру оҳу фарёдлар тутиб кетди. Шаҳарнинг баъзи жойларида гуриллаган оловларнинг тиллари осмоннинг юзини яламоқдан бери бўлдилар. Ичкаридан берилган зарбга тоқат қилолмаган хиёнаткорларнинг шаҳар дарвозасида турган қўриқчилари аввали жон ташвишида, қолаверса, султоннинг тарафдорларидан ҳимояланмоқ илинжида ўз жойларини тарк этишга мажбур бўлдилар. Шомдан сўнг шаҳар ташқарисида турган зарбдор қўшин ҳам бирваракай ҳужум бошлади. Жангнинг бошидаёқ девор устидаги ёйандоз ва «олов отувчилар» (сақични ёндириб отувчилар), жойларини ташлаб қочишга тушдилар. Натижада султон қўшинларининг шаҳарга кириши осонлашди. Шундан сўнг шаҳар узра қиёмат қўпди. Қасос ўтида ёпирилган беҳисоб қўшин хиёнаткор сипоҳийларни аёвсиз қира бошлади. Такашнинг тарафдорлари икки ўт орасида қолдилар, баъзилари қуролларини ташлаб, тиз чўкиб, тавба қилмоққа тушдилар. Бироқ уларнинг илтижолари фармони олийдан куч олган лашкарга асло кор қилмас ва барчаларини бир-бир қиличдан ўтказарди...

Амир Арслон Тош бошлиқ қўшин султон ҳазратларининг фарзандлари ва завжаларининг ҳимоясини ўз назоратига олгач, аввало ҳукмдорнинг иродасига биноан Низом ул Мулк ҳамда Умар Хайёмнинг, қолаверса, султоннинг бошқа тарафдорлари жонларини ҳам омонда сақламоқ ниятида зиндон сари йўл олдилар. У ердан соппа-соғ вазири аъзам, Хайём ва унинг шогирдларини ҳамда аъзойи бадани кўкариб, қонталаш бўлган, сўл илкининг суяги синган Қазвинийни чала ўлик аҳволда озод қилдилар. Ниҳоят зафар тантаналари янграб, шаҳар осмонини султон Маликшоҳ шаънига айтилган олқиш хитоблари тутди...

Шокир Талх ўшанда ўзининг ҳамроҳи ила расадхонадан чиқиб, шаҳарга кириб олган бўлсалар-да, шу пайтгача таҳликада яшадилар. Бутун Исфаҳон аҳли сингари уларнинг ҳам касб-кору тирикчиликларидан путур кетди. Баъзи кунлари оч қолишиб, қоринларига тош бойлашга мажбур бўлдилар. Гўдакларнинг оҳу нолаларидан зада бўлсалар-да, Такашнинг бетаъсир ва очкўзу бешафқат навкарларидан жон сақлаш учун тишларини тишларига қўйдилар. Султоннинг тезроқ қайтмоғини сўраб Оллоҳга илтижолар қилдилар. Мана энди музаффар қўшиннинг наъралари ортидан тонг саҳарда кўчага чиқдилар. Талх султон шаънига айтилаётган ҳамду саноларга ўз феълига зид равишда беихтиёр қўшиларкан, нигоҳи шаҳар кўчалари узра тентийди. Ҳозир шаҳарни мутлақо таниб бўлмасди: кўчалар ўликларга, турли қурол-яроғу буюмларга тўлган. Қачонлардан бери фаррошлар илки тегиб, супуриб-сидирилмаганидан кўп жойларда аҳлатлар кўринар, бир сўз ила таъриф этилса, бошкентни файзу фаришталар тарк этганди. Баъзи қулаган, куйиб қорайган деворлар кўзга хунук кўринса, у ер-бу ерда мудом ловуллаётган оловлар юракларга ваҳм соларди.

Шокир Талх ва унинг ҳамроҳи эҳтиёткор қадамлар ила бош майдон сари ўтдилар. Ҳамма бало мана шу жойдан бошланганди, мана энди у қонга беланган ўликларга тўлиб ётибди. Ана, Такаш ўз ҳукмбардорлигини бошлаган супа-мунғайганча турибди. Ё Оллоҳ! Анов маййит таниш кўринадурми? Ҳа-ҳа, бу ахир Такашнинг барзанги ғилай солори-ку! Унинг жағи қаттиқ зарбдан мажақланган, соғ кўзи олайганча очиқ қолган. Бечора муҳтасиб Бадрийнинг бошини у ҳудди шу ерда ҳудди шундай мажақлаб ташлаганди. Қайтар дунё экан-да! Йўқ, итга ит ўлими деганлари шу!..

Майдоннинг зиндонга элтувчи томонида бир тўп кишилар кўриндилар. Уларнинг олдида Хайём, унинг шогирдлари Воситий ва Исфазарий келардилар. Бошқалар каби шоирнинг ҳам юзи сўлғин, кўзи ичига ботган, соч-соқоли ўсиб, аянчли кўринар, лекин мағрур ва бардам эди. У келаркан,ушбуни пичирларди:

Бу саройда Баҳром ичар эди жом,
Энди кийик, тулки олади ором.
Бир умр қулонлар овлар эди у,
Ўлимга қулондай овланди Баҳром...

3

Султон доруссалтанатга куз охирида-водий шаҳар бўлмиш Исфаҳоннинг танни жунжиктирувчи изғиринлари кезина бошлаганда етиб келди. Хиёнаткорлар бартараф этилиб, шаҳар тақи султон кишилари илкига ўтгандан кейинги муддат ичида бошкент кўчалари, майдону бозорлари супуриб-сидирилди, вайрон бўлган бино-ю деворлар қайта тикланди. Хуллас, шаҳар ҳуснида кузга монанд кулранг-қорамтир ранг ғолиб бўлса-да, унга файз қайта бошлади. Одамларнинг юз-кўзларида табассум, муомалаларида тақи аввалгидек мутойибалар пайдо бўлди. Бозорлар гавжумлашиб, расталарга барака кирди. Шаҳристондаги ҳунармандлар дўкону ҳужраларида яна ҳаёт нафаси уфуриб, турфа гап-сўзлар эшитила бошлади. Кўҳна Исфаҳон баралла қучоқ ёзиб, ўз соҳибини кутиб олди. Қалъа деворлари узра карнай-сурна-ю дўмбиралар янгради.

Султон Маликшоҳ чопарлар орқали шаҳарнинг ўз илкига ўтганлигини эшитган бўлса-да, пойтахт бўсағасига руҳсиз бир кайфиятда етиб келди. У ҳузурига пешвоз чиққан Низом ул Мулк ва суҳбати хуш надими Умар Хайём ила қучоқлашиб кўришгач, қалбида ажиб равшанлашув рўй берди. Хорғин ва сўлғин юзини тарк этганига неча кунлар бўлган табассум яна чеҳрасига қайтди. Чўлнинг самум- (гармсел)ларида қорайган юзига оппоқ тишлари маржон бўлди. У ўз инисидан кўрган хиёнат туфайли анча изтиробга тушиб, дарғазаб бўлган эди ва ана шу кечмишлари уни толиқтирганди. Бироқ энди англадики, ул толиқиш, яқин ва суйган кишиларининг соғинчи қошида ҳеч экан. Султон чиндан ҳам ўз яқинларини жуда-жуда соғинганди...

Маликшоҳ шунчалар ҳоригани билан эртаси куниёқ хиёнаткор Такашни кўрмоқни, унинг башарасига бир бора разм солмоқни ихтиёр этди. Ҳукмдорнинг амри вожиб-Такашни султоннинг кўпчиликдан пинҳон бўлган кичик ҳордиқ хонасига келтирдилар. Унинг оёқ-қўллари озод эди, юзи-ю танасида зўрликнинг, зарблар ёхуд қийноқларнинг ҳеч қандай акси кўринмасди. Чунки фармони олий бўлмай туриб султонзодаларга озор бермоққа ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. Лекин у баттар озиб кетган, шундай бўлса-да, аянчли кўринмас, нигоҳида аввалги қўрқув, хавотир йўқ эди. У хотиржам ва мағрур турарди. Чамаси, бандиликда ётган кунларида, қилмишларини сарҳисоб этиб, ўзини хийла тутиб олганди. Эҳтимол аввалги мавҳум кечмишлар барҳам топиб, нима бўлганда ҳам, эртанги тақдири аёнлашгани унга куч бериб, кўнглига ҳаловат солгандир.

У султонга таъзим қилмади, бошини мағрур тутиб тураверди. Бу ила рўбарўсида ўлтирган оғасига «мен ҳам сен каби султонзодамен», дегандек бўлди.

Султон Маликшоҳ қабоқлари осилган кўйи қимир этмай ўлтирар, нигоҳи Такашга қаттиқ қадалганди. У ғазабнок эди, бироқ овози босиқ чиқди:

-Не итлиғ қилдинғ, нобакор?! -Султоннинг ғазабда эканлигини унинг одатдагидек салжуқий-туркий талаффузда сўзлай бошлаганидан ҳам билмоқ мумкин эди. -Кавушинғға чўғ тушиб эдимики, тек ўлтиролмай, хиёнат кўчасиға аяғ бостинғ!..

Такаш кўзларини олиб қочди.

-Хиёнаткорлиғим рост, тонмасмен. Бироқ бу ҳодисалар кутилмаганда, менинг ихтиёримдин айру бир ҳолатда жадаллашиб кетди. Билмай қолдим, султоним, шайтон йўлдан урди!..

-Хиёнаткорнинғ жазоси не? -сўради султон ерга қараган кўйи атрофидагилардан жавоб кутгандай бироз сукут сақлаб.

Бу савол-жавобга вазири аъзам, Хайём, Арслон Тош ва тақи бир амир гувоҳ эдилар. Лекин уларнинг биронтаси султоннинг сўроғига жавоб бериб, садо чиқармадилар. Султон боягидек босиқ овозда саволини яна қайтарди.

Мудом барча жим.

-Ўлимга ҳам тайёрмен! -деди ниҳоят Такаш хаста бир овозда.

-Ўлим сенға жазо эмас, туҳфа бўлур, ит! Токи сен бизнинғ музаффар тақдиримизға воқиф бўлиб, умр ўтқазғайсен.

Такашнинг нигоҳида ҳайрат ва хавотир акс этди.

-Кўзига мил тортилсин!.. -деди султон кескин ва ҳалиги амирга буюрди. -Сўнг зиндонга ташлансин.

-Йў-ўқ!.. -Такаш оҳ уриб юборди. -Фақат бу эмас, султоним! Кабутарларим парвозини кўрмоқликдин маҳрум этманг мени!.. Яхшиси қатл эттиринг, оға!..

-Олиб чиқинғ!.. -деди султон юзини терс буриб.

Такашни судрадилар. У эса даҳшат ила ҳайқира бошлади:

-Илоҳи, рўшнолик кўрмағайсен, султон! Илоҳи, жувонмарг ўлғайсен!..

Ҳамма бош эгиб, жим қолди. Хайём ҳам сўзсиз тураркан, бағрида ожиз бир ўртаниш ила вужудида титроқ уйғонди. Оллоҳнинг кўнгил аталмиш мўъжизасини қаранг-а! Щундайин хатокор ва ҳатто жоҳил банданинг кўнглида бир чимдим нурга жой бера олган Кариймнинг қудратига минг тасанно. Мана шу кимсанинг қалбига кабутар ишқини ато этиб, бир ҳикмат яратмиш. Шоир шуларни ўйларкан, Такашга раҳми келиб кетди. Йўқ, ҳақиқати, унга эмас, унинг кўнглидаги бир чимдим ёруғ туйғуга ачинди. Ахир дунёни шу янглиғ ёруғ туйғулар, эзгуликлар тутиб турмаяптими! Демакки, ўшал ёруғликнинг завол топмоғига бу ҳам шерик экан-да? Во дариғ! Айни дамда султон ҳазраталарига сўз айтмоқ арининг инига чўп суқмоқ ила баробардир... Хайём султонга бирон сўз айтмоққа ботинолмади. Айтса, вазири аъзам айтарди. Ё тавба, сенинг шуурингда кечган ўйни вазири аъзам қаёқдан билсин, эҳтимол бу каби фикрлар унинг хаёлига умуман келмагандир. Ҳа, шўрлик Такаш ҳийла ишлатмоқни, устомонлик қилмоқни ҳам эвлай олмади. Ҳар тугул унинг феълида мардлик, тўғрилик бор экан. Аммо Қазвиний барчани доғда қолдирди. Кўнгли сезиб турибди -аслида бечора Такашни хиёнатга ундаган ҳам ана ўша ғаламис чиқар. Бироқ ўзини сақлай билди, чорасиз қолгач, ҳийла ишлатди чоғи. Бирон кимса унинг ҳақида ёмон гап айтмади, унинг тўғрисида султонга чақув етмади. Хайёмнинг илкидан эса бундайин юмуш келмас, бировнинг устидан чақув қилмоқ унинг феълига ёт. Лекин барибир шоирлар амири ҳам бир кун келиб албатта фош бўлғувси.

Султон Аламит олинмаганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб ҳам анча дилгир бўлганди. У падари бузруквори султон Алп Арслонга ҳам садоқат ила хизмат қилган амири Арслон Тошга қаттиқ ишонарди. Шунинг учун ҳам бу хабардан аччиқланди. Арслон Тошдек паҳлавон бир неча ойлаб қамалда тутиб ҳам ишғол этолмаган экан, демак, бу Аламит деганлари жуда мустаҳкам қалъа бўлиб, унинг хожаси Ҳасан Саббоҳ бемисл бир соҳиби қудрат экан-да. Дарвоқе, ҳуфияларнинг хабарларига қараганда, бу Ҳасан отлиғ таррор кунботар тарафдаги Ийсо алайҳиссалом қавмларига, уларнинг ҳукмдорларига ҳам даҳл қила бошлаганмиш. Ҳаттоки баъзи соҳиби давлатларини қатл ҳам эттирганмиш. Ё Оллоҳ! Бу не балои офат бўлди? Ёхуд китобларда айтилган Дажжол ўшалмикин-а? Унда ўшал Ҳасаннинг ангорига бир боқмоқ даркор. Эҳтимол кўзи биттадир!.. Султонинг кулгиси қистади. Бу ҳолатини билинтирмасликка уриниб, атрофидагиларга зимдан назар ташлади. Ҳозиргина нечук ҳукм этди-ю, энди бошида айланган ўйларни қаранг. Ё тавба!.. Унинг нигоҳи анча қариган, бир неча ҳафталик бандилик туфайли озиб, хорғин турган Низом ул Мулк ва Хайёмда тўхтаб, кўнглида илиқлик пайдо бўлди. Кейинги кунларда султоннинг меҳри бу икки аъёнига нисбатан беихтиёр равишда ортгандан ортиб борарди. У бу меҳр Оллоҳдан эканлигини энди-энди англай бошлади...

Ҳукмдор қолганларга ижозат бериб, вазири аъзам ва шоирнинг суҳбатини ихтиёр этди...

Султон Маликшоҳ бир ҳафта ҳордиқ олгач, аркони давлатни саройга-машваратга чорлади. У ҳар сафаргидек, яқиндагина Такаш кўз тикиб, бир лаҳза ўтира олиш тугул ҳатто яқинлашмоққа журъат этолмаган улкан тахтда аввалгидан-да улуғвор қиёфада ўлтирарди. Юз-кўзида ўйчанлик ва шунингдек, ҳар не иродани маҳф этмоққа қодир жиддийлик, айтмоқ мумкинки, сирлилик зоҳир эди. Кўпчилик кўникиб кетган «ёш султон» энди анча улғайган, сочи ва соқол-мўйлабига ҳам битта-иккита оқ оралаганди. У бир қадар тунд ва сўник кўринса-да, кайфияти анча хуш, хаёли янги режалар ила банд эди. Султон яқингинада ўзгалар илкига ўтиб кетиши мумкин бўлган давлатни янги бир қурб ва шижоат ила идора этишга киришмоқда эди.

Қаршисида ўша тўс-тўполонлар туфайли хиёлгина сийраклашган аркони давлат қўл қовуштириб турибдилар. Уларнинг орасида муҳтасиб, Такаш ва тақи бир неча кишилар йўқ, шўрликларнинг баъзилари хиёнат қурбони бўлган эсалар, баъзиларининг ўз хиёнатлари бошларига етди.

Бутун қиёфасида кексаликнинг борки сифатлари зуҳур эта бошлаган вазири аъзам ва ҳибсдалигида туғилган, пишиб етилган фикрларини қоғозга туширмоққа берилганлиги боис ҳозир ҳам пинҳона тафаккур уммонида сузаётган Хайём Султон ҳазратларига мамнун боқиб турардилар. Низом ул Мулкнинг вужудида ҳузурбахш бир ҳаловат собит эди. Бу ҳаловат киши кексайганида, айниқса, қадрли ва муҳим эдики, анча муддат соҳиби тож эътиборидан четда қолиб, авом тилида айтганда, «ичиккан» вазири аъзам уни узоқ кутди. У султон ила бир умрга «юз кўрмас» бўлдим, дея хаёл қилганди ва шунинг учун ҳам қаттиқ изтиробда қолганди. Ҳамиша ҳукмдору халқ назарида бўлиб келган одамнинг бирданига бу этибору назардан айрилмоғи таърифсиз ва ҳатто олий жазо эди. Низом ул Мулк бу жазога маълум фурсат мустаҳиқ этилган эса-да, энди ундан буткул халос бўлганди. Чунки султон унга тақи меҳру ҳурмат назари ила боқмоқда эди.

Олампаноҳнинг сўл ёнида турган Қазвиний эса бир қадар чўккан, ўзи ясаган аччиқ қисмат туфайли орттирган жароҳатлари тузалган бўлса-да, ранг-рўйи сўлғин ва заъфарон эди. Синган қўли тахтакачланиб, мудом бўйнига осилган кўйи турарди. У бутун сурату сийрати ва ҳаракатлари ила ўзини кўп азияту жафо тортган кимса қилиб кўрсатишга уринарди. Қанийди ҳамма унинг кўргиликларини, азобларини сезса, ҳис қилса. Афсуски кўпларнинг нигоҳида маломат кўрадур. Ишқилиб унинг номини тилга олиб қолмасалар бўлгани. Шундоғам сўнгакларигача қалтираб, оёқда базўр турибди, мабодо исмини айтгудай бўлсалар борми, жони чиқиб кетиши тайин. Неча кунларки кўзлари уйқу билмайди, кўзларини юмди дегунча бир қора шарпа босиб келаверади. Туну кун миясида нимадир ғинғирлагани ғинғирлаган. Бу юрак қурғур бунча тез урмаса!..

Султон салобатли, бироқ кутилмаганда бурунгиларга нисбатан мулойим овозда сўз бошлади. У давлатнинг издан чиққан ишларини тартибга солмоқ, шаҳарни обод қилмоқ, хиёнаткор мансабдорларнинг мол-мулкларини мусодара этмоқ ва уларнинг ўринларига муносиб кишиларни тайинламоқ хусусида гапирди. Кўкламдан бошлаб бошкентда тақи бир каттакон дорушшифо (шифохона) қуришга киришмоқ ҳақида фармон берди. Расадхона ва мадрасаларга берилгувчи ақчалар миқдорини янада оширди. Бу фармонлар ҳар бора султон лафзидан учганда унинг овозига аъёнларнинг таҳсину олқишлари уланди. Ниҳоят ҳукмдор иқталарнинг тасарруфи хусусида ҳам сўз айтди:

-Эгасиз қолғон иқталарнинг ҳисобини олиб, соҳиблиларини ҳам ҳадга солмоқ жоиз. Зеро султон ним табассум ила вазири аъзамга ўгирилди, -борки ерларни янгитдан ҳисоб-китоб этмоқ ҳам салтанат фойдасидин ҳоли бўлмас.

Низом ул Мулк хиёл бош эгиб, таъзим қилди:

-Ҳақ гапни айтдингиз, олампаноҳ.

-Бу мушкулотдин ҳоли ўлароқ-сўзида давом этди султон. -уруғлик хусусида ҳам бош қотирмоқ лозим. Боиси-хиёнаткорларнинг бир неча ойлик талон-тарожлари туфайли халқ уруғлик донларидин-да маҳрум бўлган чиқар. Илло ҳали замон кўклам кириб келади, эл-улус ўз ризқини заминга сочиб, Оллоҳ таоло инояти ила баракотлиғ этмоғи керак. Шунинг учун бу юмушнинг ҳам тараддудини кўрсинлар. -У тақи вазири аъзамга қараб қўйди. Шу гапдан сўнг Султон бироз ўйга толиб тургач, юзи янада жиддий тус олиб, сўзида давом этди.-Ғаламислар уяси Аламитни яксон этмоғимиз - у энди амир Арслон Тошга таънали кўз ташлади. -шарт ва унинг соҳиби, кўппаклар сардори Ҳасанни ҳам жазога мустаҳиқ этгаймиз. Бунга бизнинг куч-қудратимиз етадир, бировлар шубҳа кўзи ила қарамасинлар. Бир содиқ амиримизнинг-султон бу сўзга ўзга маъно бериб айтди, -тадбиру чорасизлиғи бизга мағлубият бўлмағай?!..

Арслон Тош бош эгиб, қип-қизарган кўйи сўзсиз қотди.

Озгина фурсатдан сўнг султоннинг чеҳраси қайта очилиб, Хайёмга қаради.

-Расадхонада не гаплар, ё соҳиби нужум?

-Бошкентдаги тўполонлар сабаб бироз сусайган илм амаллари тақи-да жадаллашмоқда. -деди Хайём сергак тортиб.

-Юлдузларнинг ҳисобига етай дедингизму?-дея мутойиба этган Султон билинар-билинмас жилмайди.

Бундан илҳомланган шоир ҳам шунга муносиб лутф этди:

-Коинот султонимиз салтанатининг сарҳадлари янглиғ чексизки, ундаги юлдузларнинг ҳисобига етиб бўлса. Илло юлдузлари адади олампаноҳнинг саховатлари менгиздир.

Султон бу гапдан эриб кетди-да, баралла кулиб юборди. Унга аъёнлар ҳам эргашиб, офаринлар айтдилар.

Қазвиний Хайёмнинг музаффарлик тантанасидек туюлган гап-сўзлари-ю қиёфасидан баттар эзилиб борарди. Айни шунинг устига султоннинг фармонбардор овози янгради:

-Надимимиз Умар Хайём жанобларига заррин хилъат инъом этилсун!

Қазвиний адойи тамом бўлди.

Барча шоирни шоҳона туҳфа ила муборакбод этиб бўлгач, султон яна жиддий тус олди. Қошлари чимирилди.

-Кимлардир ўз хиёнатини пинҳон тутиб, омон қолғон бўлишлари мумкин. -Ҳукмдор Қазвинийга туйқус бир назар ташлаб қўйди. -Вале омон қолғонликлари улар учун икки ҳисса жазо бўлғай. Чунки бир бора номақбулни еган кимса, яна қайта албатта еяжак!..

Ҳамма ўйчан бир қиёфада жим қолди.

Еттинчи боб

1

Хайём зиндондалигида расадхонани, юлдузларни ва айниқса, хома-ю давотни жуда-жуда соғинган эди. Шул боис қиш чилласининг узун кечаларини аксари ижод ила машғулликда ўтказарди. Айни кунларда риёзиётга оид муҳим бир рисоласини якунига етказмоқда эди. Ҳибсдалигида шуурида ниҳоясига етган бу асар «Уқлидус китобига кириш мушкулотларига изоҳлар» деб аталарди. У ўзининг ғойибона устози Уқлидус ҳазратлари ила мудом ғойибона бирга эди, уни ўрганмоқдан толмасди. Бандиликда ётган онларида ҳам у ҳақда, унинг буюк кашфиётлари борасида кўп ўйлади. Ўшанда олимнинг икки ёндош чизиқлар ҳақидаги ҳеч қандай исботу далил талаб этмайдиган, бироқ Хайём бир умр ўзи учун қайта-қайта исботлаб келаётган бешинчи қоидаси уни тақи изтиробга солди. Бу фоний дунёнинг, инсон ҳаётининг бутун мазмун-моҳиятини ўзида жам этган бу қоида чинакам мўъжизанинг ҳудди ўзгинаси эди. Икки ёндош чизиқлар ҳеч қачон бирлашмайдилар, илло эзгулик ва ёвузлик, зиё-ю жаҳолат ҳам айнан шундай. Лекин улар кўздан олислашиб боргани сарин бир нуқтада туташгандай туюлиши мумкин, ёвуқлашиб борганда эса яна айро-айро қоладилар. Аслида ҳам шу янглиғ-бир қарашда яхшилик ва ёмонлик қовушган каби кўрингани билан уларнинг бирикмоғи ҳақиқатга буткул зиддир. Хайём хаёлан ёндош ҳадлар чизаверди, улар зиндоннинг у деворидан бу деворига урилавердилару аммо асло туташмадилар. Шундан сўнг хаёлий ҳадлар деворларни ҳам тешиб ўтиб кетдилар ва мавҳум бир замоннинг мавҳум бир маконида туташгандай туюлдилар. Балки ўша замон ва макон Тангрининг даргоҳидир? Хайём фаросат илмини (логикани), фалсафий фикрлашни суярди, бироқ бу илмларда хато кетиш мўллигини, айниқса, фаросат илмида чалғиш, «бир ёқларга йўл солиш» осон кечишини ҳам биларди. Эҳтимол шунинг учун ҳам аҳли шариат, уламолар файласуфларни суймаслар. Рост, файласуфларда чуқур кетиш бор. Аммо у файласуф эмас-ку! Балки шоир ҳам эмасдир? Йўқ, шоирлиги рост. Унда шоирлар чинакам файласуфлар эканлигига не дейди? Шариат аҳли файласуфларни гоҳида ҳатто куффор (кофирлар)га ҳам тенглайдилар. Астағфуриллоҳ! Наҳотки Форобий, Абу Алилар кофир бўлсалар?! Ўшанда банди шоирнинг хаёлида ушбу сатрлар дунёга келди:

Мени файласуф деб, ёв қилур хато,
Мен ундай эмасман, билади Худо.
Шу қайғу уйига келгач, ўзимни
Ким билсам, ўшандан камроқман ҳатто.

Во дариғ, билмасмисанки, эй, Иброҳим чодирдўзнинг ўғли Абулфатҳ, бу бевафо дунё кимга вафо қилибди? Агар вафо қилган эса ҳам ўшал бевафоларга вафо қилмиш. Яна шеър...

Эй чарх, гардишингдан эмасман хурсанд,
Озод эт, ярашмас менга ҳеч бул банд.
Нодон, ноаҳилга гар карам қилсанг,
Мен ҳам эмасмен-ку аҳли донишманд.

Хайёмнинг кўнгли шу кунларда ҳам айни ўшандай кўйда эди. Яна уни май ишқи бедор этар. Кунни тунларга, тунларни кунларга улаб ичаверарди. Аввалги зикр ила машғуллик, узлуксиз ибодат барҳам топиб, бағрида бемисл бир ўт ёнарди. Хонасига, расадхонага ва ҳатто оламга сиғмай ўз қалбига кириб кетарди. Унинг ҳуру озод маъвосида сархуш кезар, ёзар ва ўшал ҳурликни, даҳлсизликни ўз ёзмишларига ихтиёрсиз равишда сингдириб ташларди. Жўнгина ва ҳатто дағалроқ туюлган тўрт сатрда башарнинг китобларида ёзиб тугатилмаган ҳикматлар зуҳр этарди. Хайём ўзидан мосуво бўлиб, ижод уммонида ғарқ эди.

Чошгоҳга яқин тақи Марямнинг падари роҳиб Артурни кўргани кирди. У анчадан буён бетоб эди. Мана, ўшал таниш қоронғу ҳужра. Қиш эмасми, куннинг даричадан тушаётган ожиз нурлари хонанинг қоронғулигига урилиб, баттар кучсизланадилар. Ҳужранинг бу кўр тусига қиш чилласининг рутубатли узун кечалари ва унда кезинган ўлим шарпасинингми нуқси ҳам урганлигидан кишининг оешу елкалари оғирлашиб бораётгандек туюлади. Ўчоқда ёнаётган оловнинг акси қорайган шифтнинг болорларини ялайди ва яна қайсидир қоронғуликларига урилгиси, уларни ёритгиси келади-ю ожиз қолади...

Роҳиб Артур кўзлари юмуқ кўйи чалқанча ётибди. Елкалари тўлғона-тўлғона қийналиб нафас олади. Қуюқ соқол-мўйловлари энди буткул оқарган, ёнбошдан гўё қор босган адирликларга ўхшаб кўринади. Катта бурни қир устидаги қоя янглиғ. Унинг қиёфаси шу қадар улуғвор. Ёнида ўлтирган Марямнинг илкида китоб, унга кўз қадаганча нималарнидир пичирлаб ўқийди (Баъзи ўқувчилар ахир хона қоронғу бўлса, қиз қандай қилиб китоб ўқиши мумкин,дея эътироз этсалар ҳам ажабмас. Лекин ул замон кишиларининг кўзлари билан замондошларимизнинг кўзлари ўртасида катта фарқ мавжуд. У пайтларда кишилар анча-мунча қоронғуликда ҳам бемалол китоб ўқиб, ёза олар эдилар. Бизнинг кўзларни эса сон-саноқсиз ёруғлик манбалари шу аҳволга солди.)

Хайёмнинг оҳиста томоқ қириб кириб келганини кўрган Марям ирғиб ўрнидан тураркан, бош эгиб, таъзим қилди.

-Хуш келғайсиз, устоз! Ассалому алайкум.

-Ваалайкум ассалом. Омонмисизлар?

Иккиси рўбарў ўлтирдилар.

Артур ҳамон уйқуда эди.

-Тузукми? -дея сўради Хайём беморга ишора қилиб, паст овозда.

-Шукур!.. -қизнинг бўғзига йиғи тиқилди, гапининг давомини айтолмади.

Аслида шоир ҳам бу сўроқни таомилга биноан беихтиёр берган эди. Чунки роҳибнинг дарди оғирлигини, бедаво эканлигини жуда яхши биларди. Ахир уни Хайёмнинг ўзи қолиб, вазири аъзамнинг ҳиммати ила яна не-не табиблар кўрмадилар. Бироқ илож топилмади, Артурнинг касаллиги давосиз эди-ўпкаси қурий бошлаганди. Энди унинг қазосини кутиш қолганди холос. Марям эса бундан бехабар эди, туну кун илтижо қилиб, падарининг соғаймоғини тиларди. Шўрлик қизнинг бу мусофир юртда отасидан ўзга яқин кишиси йўқ эди. Ҳаттоки Ватани ҳам ундан жуда-жуда олисда эди. Агар отаси қазо қилгудай бўлса, ҳайҳотдек оламда ҳувиллаб, кимсасиз қолиши тайин эди. Жуда нари борса, унинг учун Хайём яқин киши қавмида бўлиши мумкин, аммо у саркаш хаёлли, соҳир кўнгилли, дарвишфеълли бир шоир эди. Унинг кўнгил кўйидан хиёнатдан ўзга ҳамма нарсани кутмоқлик мумкин эди. Демакки, Марям бечора бир буюк айрилиқ олдида турганидан хабарсиз, ҳаста отаси учун дил-дилидан изтироб чекарди.

Шоир не қилиб бўлса-да, қизни чалғитмоқ зарурлигини пайқади. Пайқади-ю гапни нимадан бошлашини билмай, тараддудланиб қолди.

-Не мутолаа этурсен, Биби? -дея сўради ниҳоят қизни эркалашга уриниб.

Марям ёшли кўзларини артиб, бежирим бурнини ёқимли бир тарзда аста тортиб қўяркан,

-Афлотунни ўқийдурмен.-деди тиззадаги китобни ёпиб.

-Қай тилда?

-Юнонча.

-Офарин, Марям! Сен бизлардин ўзибсен. Чунки Афлотунни ҳар киши ҳам тушуна олмас. Янаки унинг ўз тилида. -Хайём бу сўзларни чин айтди.

Аммо Марям маҳзун бир тарзда жилмаяркан,

-Устоз муболаға этадур. Бизнинг уриниш ул кишининг улуғлиги қошида бир ҳавас эрур. -деди камтаринлик ила.

-Воҳ, Биби, сен хато айтурсен!

Шу пайт Хайём овозини баландлатиб юбордими, мудом ухлаб ётган роҳиб кўзларини очди. Бироз шифтга термулиб ётгач, шуури тиниқлашиб, ёнидаги кишиларни пайқади.

-Ассалом, эй, шоирлар шоири!-деди бошини хиёл буриб.

Хайём унга яқинлашди.

-Оллоҳ дардингизга шифо ато этсин. -деди самимий овозда. -Қалай, дардингиз енгиллашдими?-Шукур!.. -Роҳиб хириллаб, базўр сўзларди, -Қайноқ шарбат келтир меҳмонга, қизим.

Қиз ўрнидан тураётганда шоир уни қайтарди.

-Овора бўлма. -Сўнг тақи Артурга қайрилди. -Мен тайёрлаб берган дамламаларни ичаётирсизми?

-Ҳа, ташаккур... (Роҳибнинг нигоҳида туйқусдан ўйчанлик пайдо бўлди. -Бу кеч Ийсо алайҳиссаломни туш кўрибмен. -Шу гапни базўр айтди-ю бирдан уни йўтал тутди. Бўғриқиб-бўғриқиб йўталди. Қизи унинг бошини кўтариб, совутилган гиёҳли дамлама ичирди. Йўтали босилгач, пича хансираб ётди.

Хайём ҳайрон эди: роҳиб Ийсо пайғамбарнинг исмини ҳурмат ила исломий тарзда «Ийсо алайҳиссалом» деб айтди. Бу Хайёмга ва ёхуд барча мусулмонларга ҳурмат туфайли эдими ёки бошқа бирон боиси бормиди, шоирга ноаён.

Артур нафас ростлаб олгач, ниҳоят тақи тилга кирди:

-Кенг бир биёбон эмиш. Бу биёбон эса ҳаста-ю кўр ва гунг, чўлоғу мохов, яна шу каби носоғ одамлар ила тўла эмиш, Ҳазрати Ийсо... -Шу номни айтиши билан роҳибнинг кўзи ёшланиб, бўғзига йиғи тиқилди. -Ул зот эса бир улкан тош устида туриб, беморларни бирин-кетин тузатиб, каромату мўъжиза кўрсатармиш. Мен ҳам ўша одамлар ичра эмишмен. Бир замон сурила-сурила пайғамбар алайҳиссаломга рўбарў турибмену. Ул зот шул қадар гўзал, нурли эдилар. Кўзларим қамашди. Узун сочларидан гўё сув томчилаётгандек кўринарди. Шунда Ҳазрати Ийсо ўнг қўлини елкам узра бир силтади-да, ниманидир ичимдан суғириб олди. Илкида куйгандек қоп-қора бўлган менинг ўпкам турарди. Мен оҳ уриб юбордим. Сўнг у киши ёқимли жилмайдилар-да, «энди сен соғайдинг», дедилар!.. -Роҳибнинг кўзлари жиққа ёшга тўлганди. -Кейин эса... -Тушининг давомини айтишни истамади, чунки қизи бошқача тушуниб, қайғуга ботиши мумкин эди. У тушида отасини кўрди -оппоқ кийимда эмиш. Ҳудди тириклик пайтдагидек чўбон таёғини тутиб, қўй боқиб юрганмиш. «Юр мен билан.-дебди у ўғлига, -тиниқ булоққа олиб бораман.» Ҳа, падари чўбон эди ва тоғдаги барча булоқларни биларди. Азиз Ватани, олис Ватанидаги булоқларни. Роҳибнинг лабларига тоғнинг муздек, тотли сувлари урилгандек бўлди. Чўзиб хўрсинди, бироқ тушининг давомини қизига ҳам, Хайёмга ҳам айтмади. Қазоси яқин кўринади...

-Кўп хосиятли туш кўрибсиз, ҳазрат. -деди Хайём унга далда беришга саъй этиб. -Илло шифо топмоғингиз яқин.

Роҳибни яна йўтал тутди. Йўтала-йўтала толиқди, кўзларини юмиб, тин олди.

Хайём Марямга ишорат ила кетмоғини аён этиб, эшикка томон йўналди. Қиз уни кузатиб чиқди.

-Бир гап бўлса, мени чорламоқдин уялма.-деди қизга меҳрибонлик ила. -Дарвоқе, ўзинг ҳам таомланмоқни унутма.

-Хўп. -деди Марям хазин овозда.

-Мен Риндонийга айтамен, таом келтиргай.

-Овора бўлманг, ҳазратим, таомни ўзим ҳозирлаймен.

Хайём маҳзун бир кайфиятда ошёнасига қайтди.

2

Асрдан сўнг Хайёмнинг ҳузурига Риндоний кириб келди.

-Афу этгайсиз, хожам. Бу кун Микоил иккимиз дарёнинг гирдобли жойига дом солиб эдик. Хўп баракотлиғ балиғлар илинубдур. Ихтиёр этсангиз, бир балиғхўрлик қилсак?

Шоир Артур ва Марямга ачингани боис мудом дилгир эди. Ринднинг гапидан сўнг юзига табассум югурди.

-Балиғхўрликми ёхуд майхўрликми, эй, Ринд?-дея фаррошга мутойиба этди.

-Иккиси бир бўлса, тушу хушга ҳурлик келтиргай. Илло хўрлик қилмасак бўлди-да, хожам.

Риндонийнинг лутфи Хайёмга ёқиб тушди, қолаверса, кейинги кунларда майни мўл ичганлиги сабабли айни дамда томоғи қақраб бораётганди.

-Хўп айтдингиз, Ринд. Қани, келтиринг ўшал мақтаганингизни!

Кекса фаррош «хўп бўлади, хожам» деди-да, чиқиб кетди.

Филҳақиқат, шоир кейинги кунларда кўп май ичар, айниқса, тунларни шу кўйда бедор ўтказарди. Намозлари кетма-кет қазо бўлар, сархуш ҳолатда бу гуноҳи учун қаттиқ эзилар, бўғзи куйиб, Оллоҳга овозсиз нола қиларди. Баъзан эса тун бўйи зикруллоҳ ила банд бўларди. Шундай пайтларда ич-ичидан, қалбининг қаър-қаъридан истиғфор отилиб, тавбалар қиларди, энди қайтиб ичмасликка ўзига ўзи сўз бериб, узлуксиз ибодат этмоқни орзуларди. Бироқ тонг отиб, чошгоҳ, гоҳо пешингача бардоши етар, ундан сўнг тақи бағри сим-сим оқиб, сархушликка майл сезарди. Ичгач эса бир ажиб ўйлар, фикрлар урилиб, наздида, бу моддий олам йўқдек, фақат ва фақат тафаккур салтанатида яшаётган каби туюларди. Шундайин кечмишли кечаларда гоҳо шеърга зўр берар, бетакрор, куйдиргулик ва осийона сатрлар қуйилиб келаверарди. Унга, унинг кўнглига аслида шу лозим эди, шундан ҳузурланарди. Кейин гоҳида ўзини ўзи янмоққа, маломат этмоққа тушиб кетарди. Бошқаларни-ку қўйинг, илмпараст султонга ва ҳатто суюкли кишиси вазири аъзамга таъзим қилиб, пой-патак бўлганлигидан нафратланарди. Ўз аслига, яъники сийратига монанд эмаслигидан, бу фоний дунёда озод-ҳур яшай олмаётганлигидан ўртанарди, ўкинарди. Мен-бу мен эмас, дерди у оҳ уриб, аслида бу ёлғон дунёда лим-лим паймонага менгзаган суратим кезар. Ё, Оллоҳ! Наҳотки бу ёлғонларга, алдовларга, сурату сийратнинг номонандлигига кўниб яшамоқ менга қисмат бўлса?! Наҳот анов ожиз сабода оҳиста силкинаётган япроқчалик ҳам қурбим, исёним бўлмаса! Ахир мен сен танлаб, сийлаган ҳур ва шарафланган одам эмасманми?!..

Балиқ жуда хушхўр пиширилибди. Бу Ринд деганлари бало- уҳдасидан чиқолмайдиган юмуши йўқ. Айниқса, бу каби пазандалик унинг қонида бор- асли аҳли Бухоронинг «илки тотлиғ» бўлишлигини Хайём жуда яхши билади. Бухорода-Шамс ул Мулк саройида хизматдалигида бунинг кўп бора гувоҳи бўлган. Муболаға ила лутф этилса, бухороликларнинг кафти кафтгиру чўмичда қабаради.

Бир неча пиёла майи ноб (тоза мусаллас) ичилгач, иштаҳаларга барака кирди. Учовлон-Хайём, Риндоний ва Микоил балиғхўрликка зўр бердилар. Дарёнинг оқар сувида яшаган балиғларнинг гўшти ҳалиймдек, сермой, қилустихонлардин ҳоли эди. Шул боис ва мусаллас танларини қизитиб, ошқозонларига шашт берганлигидан то сўнгги луқмагача «талашиб-талашиб» едилар. Лекин иякларнинг тақиллашу шақиллаши узоққа чўзилмади, чунки мазали нарса ҳамиша оз, нари борса, оздек туюлиши тайин эди. Ортидан тақи май симирдилар. Кучли май барчаларини сархуш этиб, дилларидан ихтиёр кетди. Риндоний белбоғидан найини олиб, унинг лабларига лаб босди. Най туйқус мунглиғ-мунглиғ, ўтлиғ-ўтлиғ оҳ уриб юборди. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, бу оҳ Хайёмнинг кўнглига кўчди. Риндоний дарёдил, дарвиш хўйли киши эди, шул боис унинг бағридаги тошқин куй оғушига ҳам қўшилиб кетарди ва тинглагувчи юрагига бориб уриларди. Шоир ана шу тошган дарё тўлқинлари қўйнида суза бошлаганди. Уни соҳир наво сархуш этиб, оҳангга монанд тебранарди. Кўзлари юмилган бўлса-да, киприкларининг ости жизиллаб ачишмоққа тушганди. У роҳиб Артурнинг тушидан мутаассир бўлганди. Унинг туши-Ийсо алайҳиссалом ила юзлашгани шафоатдин дарак эди. Ё Оллоҳ! Бунчалар караминг кенг?

Наҳотки номуслим бир зот шафоат топса?! Унинг не амали сенга хуш келиб, бу улуғ неъматингни ато этдинг? Ахир у иймонга келмаган-ку! Сен қаёқдан билурсен, ғофил банда, инсон қалбини, унинг асрорини англамоқ осон бўлибдурми! Оллоҳ истаса, ҳар не бўлмоғи мумкин. Не бўлганда ҳам барибир калимаи шаҳодатни унинг ёдига солмоқ лозим. Ҳеч йўқ қазо чоғи иймонга келса ажабмас. Эҳтимолки бу туши унинг сўнгги нафасда иймон келтиришига ишоратдир?.. Ё алҳазар! Ўзинг не ноқис аҳволдасену, ноҳалол хамир (ачитилган ичимлик) ила булғонгансену иймон ҳақида баҳс этасен. Сенинг ул ғайримуслим роҳибдан не авло жойинг бор? Ҳа, сен ундан юз чандон, минг чандон хароброқсен! Во-оҳ, бу не синоат, тангрим?! Ўзим ўзимда ўзимдан ўзгамен! Бу ҳолим фақат ўзинггга аён эмасми! На иложимки, шул талх хамир мени ҳурликка эш қилса, сени вужуд-вужудим ила ҳис этмоқни осонлаштирса?!.. Энди Хайём куй оғушида уча бошлади. Бу ҳолати ўзига хуш ёқиб, парвози сўнгини кутмади-ю тақи туш ҳақида эслади. Одамлар тушида парвоз этадилар. Ўзим ҳам неча бор учганмен. Шундоққина қулочингни ёзиб, югура-югура учиб кетаверасен. Олам пойингда қолади. Тўхта-тўхта, нега энди башар қавми тушида уча олади-ю ўнгида бундан маҳрум? Тушида учибдими, демакки, хушида ҳам бунга қодир. Ёки руҳ парвоз этиб, жисм қолармикин? Унда руҳни моддалаштириш лозим экан-да. Ё тавба! Не деб алжирайсен, эй чодирдўзнинг ўғли. Ахир руҳ Оллоҳнинг сири, одамнинг олий жавҳари бўлса-ю сен уни моддалаштирмоқ истасанг-а! Аммо барибир бани одамнинг бир кун келиб албатта парвоз этмоғи тайин... Хайём қайтиб заминга тушди. Энди унинг кўкси ҳапқириб, кўнгли яна сим-сим оқа бошлади. Бу шеър соғинчи эди чоғи, шуурида бир ажиб фикрлар, уларни опичлаган сўзлар тажаллий эта бошлади.

Риндоний буни пайқадими ёхуд ўзи толиқдими, най чалишни тўхтатиб, шоирга маъноли қаради. Хайёмга шу керак эди, у танҳо қолмоқликни истарди...

Риндоний ва Микоил дастурхонни йиғиштириб, чиқиб кетдилар.

Хайёмнинг ихтиёри мастликнинг ҳурликка ошно эканлиги исботи учун оғиб борар, шуурида барқ урган ҳар бир фикр унинг фойдасига хизмат этмоққа шайланарди. Ё алҳазар! Бу не асрор? Ёхуд алайҳилаънанинг макримикин? Бунчалар хуш ёқур дилга? Нечук йиғлагим келур, фарёд уриб, Оллоҳга қовушгим келур?!.. Бошида шеър айлана бошлади. Илкига хомани олиб, ҳалигина битаётгани риёзатга оид рисоласининг очиқ турган саҳфаси ҳошиясига ёзмоққа тушди:

Май ичсам эгилиб қолади тиззам,
Ўйласам гуноҳмас, сажда-ку бу ҳам.
Азалдан биларди буни Ҳақ ўзи,
Шаккоклик эмасми, агар ичмасам!

Оғир бир ютинди-ю ёзганларини овоз чиқариб ўқиб кўрди. Кўнгли тўлмади-да, баттар эзилди. Юраги ҳамишадагидек тушунуксиз ўртанди. Не баломен-мен бало?! Асли шаккок бўла туриб неларни даъво қилурмен? У пиёлани тўлатиб май симирди ва бир муддат нафас ютиб турди. Гўё шу ила ўзича «инсофга келгандай» бўлди.

Баъзилар хаёли майда, ичкуда,
Баъзилар меҳробда, дили осуда.
Бекор киши йўқдир, барчага ташвиш,
Ёлғиз Ўзи уйғоқ, барча уйқуда.

Тақи такрор ўқиди. Энди қалбига ожиз бир ҳаловат эпкини урилгандай бўлди. Бу кўйи ортидан аввал кўкси, сўнг бутун вужуди қизий бошлади. Даричага боқди-аллақачон тун эди. Ташқарига ошиқди. Кечки аёз турганлиги боис ҳаво совуқ эди ва шунинг учун расадхона ҳовлисида бирон кимса кўринмасди. Ҳаммаёқ жим-жит. Фақат ўтинхона тарафдан Полвоннинг гоҳо-гоҳо пишиллагани ва баъзан ириллагани эшитилиб қоларди. Йўқ, асло бу сукунат ҳам ғанимат экан, ҳадемай тоғ томондан эсиб, расадхона деворларига урилиб, чийиллаган шамоллар овози ҳам қулоққа чалинди. Ҳатто қаердадир оч бўри увлади.

Хайёмнинг тани ловулларди, шунинг учун унга қишнинг совуқ ҳавоси ҳам хуш ёқди. Ана шу ҳузур оғушида сўл томонга ўгирилди. Ҳозир у ғалат бир ҳолатда эди- сархуш бўлиб сархуш эмас, хушёр бўлиб хушёр. Гўё муаллақ бир маъвода турарди-ю ҳамма нарсани кўра оларди. Туш билан хуш аро эди гўё. Қалби жуда-жуда сезгин, шуури бағоят таниқлашганди.

Иккинчи қаватдаги йўлак адоғидан расадхона минораси сари чиқиларди. У айлана пиллапоялар узра минорага кўтарила бошлади. Қадамлари шу қадар енгил эдики, гўё учаётгандек туюларди наздида. Мана, ниҳоят миноранинг юқорисига-мезанага чиқди. Миноранинг икки тарафида кунгурадор даричалари борлигидан бу жой анча изғирингир эди. Аммо сархуш ва шунингдек, вужудида мисилсиз бир олов уйғонган шоир совуқни у қадар писанд этмасди. Рўбарўсидаги тоғ қорайиб, улкан девнинг елкалари менгиз кўринади. Осмон жуда ҳам тиниқ, тўлин Ой киши кўнглига ойдинлик солар даражада осмонни нурларга чулғар, юлдузлар эса гўё қиш аёзида совуққотган янглиғ қалтирай-қалтирай жимирлайдилар. У мана шу манзарани жуда-жуда хуш кўради. Осмонни, юлдузларни соғинади, осмоннинг ошиғи у. Ҳозир шундоққина осмоннинг бағрига бошини қўйиб турганга ўхшайди. Юлдузлар эса дона-дона бўлиб, кўзларига тўкилаётгандек. Ана, Ой устида Ноҳид юлдузи порлайди. Манови ерда эса Дубби Акбар юлдузлари жойлашган. Сомон йўли унга туташиб кетган, унинг остидаги Ҳулкар чўғ мисоли милтирайди. Ана, Зуҳал, Муштарий! Унинг вужудида ажиб, бироқ тушунуксиз эврилиш рўй бермоқда эди. У бутун коинотни ҳис этарди гўё. Юлдузлар бир-бир унинг кўксига бош суқиб, ўзлари ҳақида ҳисоб берардилар. У ҳар бир юлдузни танирди, уларнинг қайси бурж остида қай тариқа жойлашганликларини ҳам биларди. О, фалак қозони, сени тўнтариб қўйган зотга беҳисоб ҳамду санолар бўлсин! Бу милтираб, жонимга ўт солган юлдузларнинг, сайёраларнинг ҳар бирига қадар неча минг йиллик масофа мавжуд экан? Уларнинг манов нурлари «йўлга чиққанига» қанча йиллар бўлди экан? Ҳа, бир қутлуғ кун келиб, рақамлар тилга киргайлар ва борки нимарсаларнинг ҳисоб-китобини сўзлаб бергайлар. Рақамлар Оллоҳнинг мўъжизаси, улар воқифу қодир бўлмаган нимарсанинг ўзи йўқ. Эҳтимол юлдузларнинг нуридан, яъники, нурдан, манов шамолнинг овозидан ҳам тез юрувчи маркаблар кашф этилиб, башар фарзанди коинот сайрига, сайёралар сайрига чиқмоққа сазовор бўлар? Шундай бўлиши муқаррар, чунки олий неъмат бўлмиш шуур, тафаккур кўп нимарсаларга қодир. Қанийди ўшал кунни кўролсам! У юлдузларга интиқ-интиқ термулиб, бўғзи куя-куя ютинди. Бағри сим-сим эриб, хаёлида тақи шеър айланди.

Бу бепоён осмон ҳолидан осон
Хабар топди фақат икки тур инсон:
Ё яхши-ёмондан хабардор олим,
Ё ўзин билмас маст, ақли паришон.

Зина томондан қадам товушлари эшитилди. Шеъри лабларида қотиб, ортига ўгрилди. Ким бўлди у? Қадамлар соҳиби узоқ куттирмади -ўтрусида Марям пайдо бўлди.

-Ассалому алайкум,устоз!-деди у бош эгиб.

Хайём ул томон талпинди:

-Кел, Биби, кел!.. -У бир таскинли васлга муштоқ эди, шул боис ичидан олов отилгандай бўлди.

-Юлдузлар ила суҳбатингизга ҳалал бермадимми?

-Асло, Биби! Аксинча, юлдузлар энди заминга, сенинг пойингга тушадилар.

-Устоз муболаға этдилар. -Марямнинг форс тилида бироз талаффуз ила сўзлаши ҳам киши кўнглига эрка бир ҳузур бахш этарди. -Бунинг устига мен устознинг тафаккур маркабида коинотни сайр этмоқ орзусидамен.

Хайём қизнинг лутфидан мутаассир бўлиб завқланди ва унинг илкидан тутди. Қўллари чўғдек иссиқ эди. Шоирники эса аёзда узоқ турганидан муздек бўлиб қолганди. Шунинг учун бу иссиқ-совуқлик иккалаларига ҳам хуш ёқди.

-Отангнинг аҳволи дурустми? -сўради Хайём меҳрибон овозда.

-Шукур, яхши. Ухлаб қолди. Мен эса димиқдим, бироз ҳаво олай деб, ташқарига чиқдим. Қарасам хонангизда йўқсиз. Ҳайнаҳой юлдузлар ила суҳбат қураётган бўлсалар керак, дея бу ёққа чиқдим. Янглишмабмен!.. -Қиз охирги сўзини жуда хазин товушда айтди.

Шоир уни бағрига олди.

-Отамдан айрилиб қолишдан жуда-жуда қўрқмоқдамен! -деди Марям нафаслари шоирнинг бўйнига урилиб.

-Қўрқма. Худо хоҳласа, падаринг ҳали узоқ яшайди. -Хайём бу гапни айтишга айтди-ю, унга ўзи ҳам ишонмаётганлигини ҳис этди. Бечора қизнинг отасидан бошқа кими ҳам бор! Мабодо у қазо қилса, Марям бу ёруғ оламда на Ватансиз, на бир жигарсиз танҳо қолади!.. Хайём қизга жуда-жуда ачиниб кетди.

-Йиғлама, Биби!-деди юзини силаб, лабларидан оҳиста ўпаркан. Унинг лаблари бағоят хушбўй эди, бутун вужудидан танга ўт солгувчи ҳузурбахш ифор уфурарди.

Шоир уни қаттиқроқ қучди...

3

Уни тонгга яқин Риндоний уйғотди.

-Роҳиб оғирлашиб қолибди, сизни чорлаётган эмиш.-деди у хавотирли овозда.

Хайём тезликда таҳорат олиб, кекса роҳибнинг ҳужраси томон ошиқди.

Артур хириллаб базўр нафас олар, кўкси нафас олишига ҳамоҳанг тарзда силтаниб-силтаниб қўярди. Марям эса унинг ёнида унсиз йиғлаб ўлтирарди.

Хайёмнинг кирганини кўриб, роҳибнинг нигоҳида хиёл қувонч зоҳир бўлди.

-Тузукмисиз, ҳазратим? -дея сўради шоир уни «ҳазрат» сўзи ила улуғлашга саъй этиб. -Анча бардам кўринадурсиз.

-Бу сўзлар ортиқча.-деди роҳиб хирқироқ овозда. -Яхшиси, менинг сўзларимни тинглангиз, шоир.

Хайём унга яқинроқ борди.

-Қулоғим сизда.

-Мен Ватандин айро тушдим. Бу шўриш ҳеч кимсанинг бошига тушмасин, илоҳи! Энди... -У бир пас нафас ростлаб олди. -Энди эса ёлғиз қизимни тақи танҳо ташлаб кетаётурмен.

-Тақсир!.. -Хайём уни бу эзғин хаёллардан чалғитмоқчи бўлди.

Марямнинг йиғиси авжланди.

-Ўтинамен, сўзларимни бўлманг. Куним битганлиги аён кўринадур... Илло қизимни сизга, сизни эса Худога топширдим! -Уни йўтал тутди.

Шоир унинг умри интиҳога етганлигини сезди. Шунинг учун иймонсиз ҳолда рихлат қилмоғини истамади-да,

-Ла илаҳа илаллоҳ, денг, ҳазрат, зора енгил тортсангиз. -деди илтижоли овозда.

-Э, шоир, жон чиқар маҳали қўрққанликдан бу сўзни айтмоқдан не наф?! Ахир... -Роҳиб сўл илки ила кийимининг ёқасини тортиб, кўксини очди.-Мен уни мана бу ерга жо этмишмен!

Хайёмнинг қулоқлари шанғиллаб кетди. Ҳужра жаранглагандек бўлди-ю, «ла илаҳа илаллоҳ» деган эҳтиросли овоз тўхтовсиз равишда эшитила бошлади. Шоир роҳибнинг яланғоч кўксига боқиб, ҳайрат оғушида лол қолди. Унинг юраги кўкрак қафасини тешиб юборгудек қаттиқ урар ва бояги овоз ўша жойдан эшитиларди. Аслида унинг бу кўраётганлари чинмиди ёхуд бир муддат алаҳсидими, англамади, кейин ҳам англолмади. Аммо буларнинг бари ғайбдан эканлигини сезиб, билиб турарди. У ҳайратини яширолмади:

-Ахир!.. -шоир унинг белидаги чилвирга ишора қилди, -Зуннор?!..

Артурнинг лабларида ожизона табассум балқиди:

-Агар шугина туфайли мусулмон бўлсам, минглаб зуннорларни ечмасмидим, ё, Абулфатҳ!

Артур ёстиғининг остидан Мусҳаф (Қуръон)ни олиб, ўпди, кўзларига суртди-да, бағрига босди.

-Бу шарафга етишмоғим сиз туфайли, хожам. -деди сўнг.

Хайём «ё Оллоҳ!» деб юборди титроқ ичида.

Роҳиб маҳзун турган қизига интиқ термулди. Сўнг:

-Ашҳаду анна илаҳа илаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммудун абдуҳу ва расулуҳу!-дея бир силтанди-да, кўзларини юмди...

Артурнинг ўлими ва унинг буюк иймон соҳиби бўла туриб, бировга сездирмагани Хайёмга қаттиқ таъсир қилди. У бир гал Султон ила шикорга чиқиб, оташпарастлар мубоди (руҳонийси)га рўбарў келган эди. Мубод ила суҳбат қурганида ҳам ҳудди бугунгидек мутаассир бўлганди.

Ўшанда даштда ов қилар эдилар. Сайдгарлар ўлжа кўйида, бошқалар эса ўз юмушлари ила андармон бўлган пайтда жонзотлар қони исидан кўнгли алланечук бўлган шоирнинг хаёлини анча наридаги дўнглик тўшида не биландир машғул кўринган одам тортди. У бирон хуш суҳбат истадими ёхуд ҳар нарсага қизиқувчанлиги тутдими, ўша одам томон юрди. Унга ёвуқлашавергач билдики- у ёнтоқ ва саксовул, яъни ўтин тераётган экан. Нотаниш кимса у то ёнига келиб, салом бермагунча ҳам парво қилмай, ўз юмушидан бош кўтармади. Мусулмонча саломни эшитиб, қаддини ростлади ва жуда ҳам мулойим табассум ила боқиб, алик олди. Унинг озғин юзида сўлғинликка уйқаш нурлилик зоҳир эди. Эгнида узун бўз қабо, ўсиқ сочли бошига оқ кулоҳ кийганди.

Унинг ҳаракатлари бағоят оҳиста, улардан узоқ йиллар мобайнида кўникилган хафсала сезилиб турарди. Сира шошилмас, унга боқиб, ҳозир бажараётгани бу юмуш албатта бажарилиши муқаррар ва агар бажарилмай қолса ҳам ҳеч нарса ўзгармаслигига бўлган ишончни пайқаш мумкин эди. Хайём уни яқиндан кўрибоқ зардуштий оташпараст эканлигини фаҳмлади.

-Тангри ёрлақаб нечук бул жазирамада кезурсиз? -дея сўради у Қуёш тафти илоҳий неъмат эканлигига ишорат этиб.

-Шикорда эдик... -деган шоир сўзини не деб давом эттиришни билмай дудуқланиб қолди.

-Шикор яхши нарса. -деди мубод Хайёмнинг юзидаги азият ва малол нишонасини сезиб. Шунингдек, унинг ўз оламидан қочмоқни истаётганини ҳам англади чоғи. -Балки бизнинг маконда андак хордиқ олурсиз?-деди у ўтинларини елкаларкан.

Шоир кўмак бермоққа уринганди, кўнмади.

Дўнгликнинг ортида-анча нарида кўринишидан ташландиқ бир харобат макон бор экан. Хайём яқин келиб билдики, бу куниш (оташпарастларнинг ибодатхонаси) бўлиб, ташқариси мунчалар вайрона кўрингани билан ичи ниҳоятда озода ва сўлим эди. У ердаги ҳамма нарса ўз ўрнида, тош ва лойдан ясалган ўриндиқлар ҳам тартибли тарзда ўрнатилган. Асосий хонанинг тўрига-меҳробга Қуёш сурати чизилган, унинг остида мойчироқ милтиллаб ёниб турибди. Гўё ҳар тарафдан таърифсиз ҳаловат ва сокинлик нафаси уфуриб турганга ўхшайди. Кунишнинг бундайин кўриниши дарвишлар аҳволини Хайёмнинг ёдига солди. Таши вайрона-ю чок-чок, ичи нурга чулғанган. Бу чин ошиқлар мақоми.

Мубод Хайёмни сўл томонидаги чоғроқ хонага бошлади. У ерда турли-туман идиш-аёқлар, суюқлигу турфа маъданлар ва тақи бир қанча нимарсалар тизиб қўйилганди. Қуйидаги ўчоқда оловнинг ожиз тили йилтирайди. Бироқ хона кишини сархуш этар даражада салқин эди.

Оташпараст хумчадаги қизғиш суюқликдан қуйиб, шоирга узатди. Бу ёнтоқ қайнатмаси бўлиб, бағоят чанқоқбосди ичимлик эди. Хайём жуда ташна бўлганди, шунинг учун ичимликни бир кўтаришда сипқорди. Тани бироз ором олгач, атрофдаги нарсаларга қизиқувчанлик ила назар ташлади.

-Жаноблари алкимё ила машғуллик қилурлар чоғи?-сўради сўнг турли тошларга ишора қилиб.

-Ўзлари ҳам бохабарлар шекилли? -саволга савол қилди мубод.

Хайём камтарона жилмайди:

-Бизники бир ҳавас, ўқиганларимдан англашилган ожиз бир фикр холос.

-Алкимёни ўқиб ўрганиб бўлмас, у кўнгил ишидир.

Бу икки одам аста-секин суҳбатга киришиб борар эканлар, айтган сўзлари бир-бирларига малол келмаётганлигини пайқамоқда эдиларки, бу суҳбатга авж бериб, самимиятни устувор этмоқда эди.

-Кўнгил?.. -Хайём бу сўзни беихтиёр айтиб юборган бўлса-да, унинг замирида савол аломати мужассам эди. -Ахир кўнгил модда эмас-ку? Алкимё эса моддалар уйғунлашувига асосланган чоғи? -Шоир ўз саволини вужудидаги шиддатли эврилиш асносида айтаркан, бу ила исломий сўфийлик таълимотидаги ўзича англаган кўнгил тушунчасини назарда тутганди.

Мубоднинг нигоҳидан Хайёмнинг айни дамдаги ҳолати унга хуш ёқаётганлигини пайқаш мумкин эди.

-Одам ўз кўзи ила оламни кўрар экан, олам унинг нигоҳида акс этади. Яъни олам ҳам одамда ўзини кўради. Бу курраи заминда ҳамма нарса бир-бирига таъсир этади ва шунингдек, ҳар бир нарсанинг алоҳида ўз моҳияти бор. Ана ўша моҳиятни англаган киши кўп мўъжизаларга гувоҳ бўлади. Алкимё ҳам нарсаларнинг моҳиятини англамоқдир. Моҳиятни англаш эса кўнгил ишидир.-дея сўзини тугатди мубод.

Хайём унинг гапларидан нималарнидир тушунгандай бўлар, бироқ булар камдай туюларди.

-Хўш-хўш!.. -деб юборди у беихтиёр.

Мубод ёқимли жилмайди.

-Нарсанинг моҳиятини англаш ва унга таъсир этиш мумкин. Масалан, англаш орқали сувни куйдирувчи оташга, оловни эса сувга айлантириш мумкин. Ахир алкимёда ҳам жездан ёхуд мисдан олтин олинади-ку.

-Бу сеҳр-ку?..

-Ҳа, сеҳр, бироқ у борлиқдан ажралмаган сеҳр. Одам оламга, табиатга яқинлашиб, у ила уйғунлашиб боргани сарийн юксалаверади. Чунки жамики нарсаларнинг -набототу ҳайвонотнинг ўз олами бор. Бу оламлар бутун бир коинотни бунёд этади.

Бу нима, дея ўйларди кўзлари чақнаган Хайём, моддий олам ила руҳий оламнинг чегарасими? Сўфийлар ва бошқа шу каби руҳият кишилари зикру тақво ҳамда парҳезкорлик ила оламни, Яратганни англашга, унга яқинлашишга уринадилар. Ҳатто нарсаларга таъсир этиб, мўъжизалар кўрсата оладилар. Улар руҳий олам ва китобларда айтилишича, жинлар таъсирида бунга эришадилар. Мановилар эса моддий оламни руҳий олам ила ҳамришта этадилар. Ё, Оллоҳ!... Хайёмнинг боши ғовлаб кетди. Демак, коинотдаги ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ ва улар бир режа асосида Ҳаққоният томонидан идора этилади. Тақдир деганлари шу-да, ундан ҳеч ким қочиб қутилолмайди. Ё тавба! Ахир булар ўзи билган гаплар-ку! Мубод бошқа нимарсалар хусусида сўзлади чоғи. Йўқ, шулар ҳақида гапирди, илло мўъжизалар, улуғликлар бағоят жўн кўринмоғи ҳам ҳақ гап.

Хайём мана шу суҳбатдан кейин оламга- ҳайвоноту наботот, тошу туфроғга ўзга кўз ила қарай бошлади. Уларнинг тилларини тушуниб, яъни борлиқнинг тилини, бутун коинотнинг лисони умумиясини англамоққа жаҳд этмоққа тушди.

Саккизинчи боб

1

Роҳиб Артурнинг қазоси Абул Фатҳ Умар ибн Иброҳимни қаттиқ мутаассир этди. Демак, башар Оллоҳни, Яратганни англамоғи учун макон, замон, миллату забон фарқсиз экан. Ҳаққониятни барча ўз билганича, қувваи ҳофизаси етганича идрок этаркан. Биров кўз ила, биров ақл, бошқаси эса қалб ила англаркан. Уларнинг тасаввурлари, ўшал тасаввурларидаги Илоҳнинг сурату сийрати ҳам турфа экан. Мана, асли армани бўлмиш носаро Артур ҳам белида зуннори ила ҳидоят топди. Унинг мусулмон бўлганлигини Оллоҳдан ўзга ҳеч кимса билмабди. Ҳатто номуслимона либоси-ю белидаги зуннорини ҳам ечмабди. Демакки, сувратга боқиб баҳо бермоқлик хатолик сари юзлантирмоғи аён. Аслида ҳам роҳиб ёмон одам эмасди, унда бизлар мўминларга нисбат бергувчи фазилатларнинг барчаси мавжуд эди.

Ҳалиги мажусий мубод эса ҳаққониятни, мутлоқ Зотни ўзича кашф этибди. Унинг динида Яратувчини буюк Олов-Қуёшга нисбат берилади ва оламдаги ҳар бир нимарса бир-бири ила узвий дейилади. Мубод мутлақ Зотнинг аслини эмас, унинг ижодини ўрганиб, тафтиш этиб, унга яқинлашибди ва мўъжизаларга қодир бўлибди. Ислом эса Ҳаққониятнинг аслини танитади. Аммо Унинг асли ҳам, ижоди ҳам Унинг ўзидир. Бундан келиб чиқадики, борар йўллар турфа, бироқ манзил бирдир. Ахир бу ҳам тирик жон, Оллоҳнинг маҳлуқи, дея жониворларни сўймасдан, ихтиёрсиз равишда мўминликнинг ҳалиймлик, шафқатлилик сифатини намоён этаётган мажусий ила Оллоҳга зикр айтаётган мусулмоннинг мақоми бир эмасми. Боиси иккиси ҳам мутлақ Зотни эсга олмаяптими? Ёхуд Оллоҳни Қуёш тимсолида кўриб, ҳар бир гиёҳу оғочнинг тилини билган мажусий ҳеч бир намозини қазо этмай, ҳар кун дини Ислом қайғусида бўлиб, ниҳоят кофирлик тамғасини босиб, норасида йигитни қатл этаётган шоҳдан афзал эмасми? Биз мадҳ этган чин инсонликнинг ҳадди борми ўзи?!

Биз кўриб турган, англаётган, ҳис этаётган барча нимарсалар аввал ҳам ёки азалдан бор эди. Мутлақ Зотнинг хоҳиш-иродасисиз бир хас ўрнидан жилмагай. Илло бизларнинг ҳам ҳар биримиз аввалдан бор эдик (руҳимиз мавжуд эди). Мутлақ Зот бизни (руҳимизни) ўзининг қай бир маъвосида сақлагандир. Энди эса жисм ато этиб, заминга йўллабди. Бу Унинг ижоди асрорини кашф этган мажусий мубоднинг кибратул аҳмарни (фалсафа тошини) топиб, ҳар не маъдандан олтин ола билишига қиёс эмасми? Зеро инсон боласи соҳирлик ила жисмга таъсир эта олганда, Борлиқ Эгасининг кучу қудратига таърифу тавсиф етармикин?.. Хайёмнинг ўйлари чувалгандан-чувалди. Кибратул аҳмар!.. Артур ҳам ўзи носаро бўлгани билан алкимёдан бохабар эди. Эҳтимол у ҳам кибратул аҳмарни инкишоф эта олганмиди. Балки у борлиқдаги жамики нимарсаларнинг моҳиятини англаб етгандир ва шунинг учун ҳам иймон йўлини тутганлар? Моҳият?.. Унда иймон моҳияти не?..

Роҳиб Артурни исломий урф-одатларга биноан дафн этдилар.

Шўрлик Марям бўзлаб қолди...

Хайём эса тақво уммонига ғарқ бўлди. Тунлари намоз ўқиб, савобини қадрдон дўсти, бир жиҳати, кўп нимарсаларни англашига кўмак берган устози, суюкли кишисининг отаси бўлмиш донишманд Артурнинг руҳига бахшида этди. Шу асно у азал ва абад ҳикматини англаб, Оллоҳнинг ёзиғи- Тақдирнинг ҳақ эканлигини қайта-қайта иймон келтириб борарди.

Сабаб саҳросида кимки саргардон,
Ишларин унингсиз юритар Яздон.
Бу кун бир баҳона ўртага ташлаб,
Эрта бажо бўлур тақдири осмон.

2

Кўклам кирди. Рўбарўдаги қирлар яшилланиб, бойчечакларнинг тили чиқди...

Узлуксиз тақво, парҳезкорлик ва айрилиқ солган изтироб боис юзи сўлғин тус олиб, анча озган Хайёмнинг наздида, бир сиқим бўлиб қолган кунларга тақи барака кирди. Ҳатто рутубатли қиш тунларида гўё қартайиб, мунглиғ-мунглиғ бўлиб қолгандай туюлган, аслида ўтлиғ ҳис-туйғулар ҳам кўнгилларни аста-секин ҳузурбахш жимирлата бошладилар.Бу, айниқса, шоирнинг бағрига яна янги соғинчларни солмоққа тушди. Бу соғинчлар номсиз ва таърифсиз эдилар. Хайём ихтиёрсиз тарзда ўртанарди, тушуниксиз бир кўйда тўлғонарди.

Ўша кунларнинг бирида уни вазири аъзам йўқлаб қолди. Хайём соҳиби девоннинг ҳузурига ошиқаркан, хос либосларини киймоқни ҳам унутди. У безовта қалбига дўсти, дилкаш устози Низом ул Мулк ҳузурида бирон таскин топмоқ илинжида эди. Зеро одам тафтини одам олар, дейдилар. Эҳтимол суюкли кишиси ила суҳбат қуриб, бир нави ҳаловат топар.

Вазири аъзам Хайёмнинг акси ўлароқ, анча тўлишганди. Нуроний юзи аввалгидек ёқимли тус олиб, бу фоний дунёнинг барча кўргуликларини кўриб улгурган кўзлари тақи мулойим ва хотиржам боқарди. Фитначилар фош этилиб, султоннинг оқу қорани англаши ва унга ишонч ила қарай бошлагани кекса вазирнинг яна ўз ҳолига қайтмоғига боис бўлганди. У шоирнинг аҳволидан мутаассир бўлди. Роҳиб Артурнинг ўлими туфайли шунчалар куйишини, паришон ҳолга келишини ўйламаганди.

Аслида Хайёмнинг бу кўйга тушмоғига фақатгина Артурнинг ўлими сабаб эмасди. Унинг ўлими азали оромсиз қалбли шоирнинг ўзи ҳам мудом англаб етолмаётган, кун-бакун вужудига ўт солиб, ёндиргувчи туйғуларни, ўйларни уйғотиб юборганди. Бу кечмиши жуда азобли, шунингдек, бағоят ёқимли ва ҳузурбахш эди. У ҳаловатсиз изтироб пинжида тўлғонарди, бироқ бу тўлғониш қалбига хуш ёқарди ҳам. Унинг аҳволи шундай-ҳам ойдек равшан, ҳам ҳар не шуурга-да тушунуксиз эди. У буюк бир муҳаббатни, буюк бир ишқни соғинарди чоғи.

-Бунчалар мутаассирлик, куймоқлик бўлмас, шоир.-деди вазири аъзам ўз одатича ўктам овозда салом-аликдан сўнг.

-Бу кўйимни ўзим ҳам айнглаёлмасмен, ҳазратим. Яхшиси, сўрмангиз!.. -Хайём бу сўзни оҳиста, лекин қатъий айтди ва шу билан гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди.

Вазири аъзам хиёл хижолат тортди: унинг ботинига нечук суқиладур? Ўзи шоири шўрлик шундоқ ҳам ич-этини еб юрган бўлса. Шунинг учун гап пайровини давлат юмушларига бурди.

-Олампаноҳ ила маслаҳат қилиб, расадхонани янада кенгайтирмоқни лозим топдик.

-Хўш-хўш?.. -дея сергак тортди бир қўзғолиб олган Хайём.

-Расадхонанинг сўл ёнига мадрасамонанд ҳужралар, таҳсилхоналар барпо этсак, не деюрсен?

-Айни муддао бўларди, ҳазратим. Илло илми толиблар учун, уларнинг сабоқлари учун расадхонамиз торлик қилиб қолмиш эди. Илоҳи, султонимизнинг умрлари узун бўлғай.

-Барча юмушлар учун етарли маблағ ажратилади. Уларни оқилона сарф этиб, ишларни маромга солмоқ сенинг измингдадур.

-Бош устига, жаноби олийлари.-дея хиёл таъзим қилди шоир, -Чиллаи зимистонда қонларимиз тўнглаб, сўнгакларимиз қақшагани рост. Бу каби улкан ишлар биз учун айни муддаодир. -Нечукдир шоирнинг юзига қизиллик югургандай бўлди.

Бирозгина авжсиз суҳбатдан сўнгра вазири аъзам Хайёмга шатранж сурмоқликни таклиф этди. У рози бўлгач, Низом ул Мулк мутойиба этди:

-Илло чин жаҳд ила ўйнагайсен. Зеро мен офтоби олам султонимиз эмасменки, мағлуб қилмоққа журъат этолмасанг.

Енгил кулишдилар.

Хайём вазири аъзамнинг қасридан чиқиб бораркан, унинг нима демоқчи эканлигини фаҳмлагандай бўлди. Ҳа, у дунёга теран ақл кўзи ила боқарди, қалбида мисилсиз туғён ва ҳатто исён борлигини ҳам яширмасди. Унинг учун илмнинг миллати ва ёки ирқи йўқ эди. У илм олмоқ истагида мажусий ёхуд будпарастга ҳам шогирд тушмоғи мумкин, чунки табойиъ (табиат) илмларини диний илмдан айро тушуна оларди. Эҳтимол валинеъмати Низом ул Мулк унинг феълидаги ана шу жиҳатларни билганлиги боис уни ўзича диний билимларнинг соҳиби Ғаззолийга аксил қўймоқчи бўлгандир? Агар шундай бўлса, демак, вазири аъзам хатокордир. Илло Оллоҳ висолига элтувчи йўллар турфа эканлигини у жуда яхши билади. Қолаверса, ҳар кишининг бир ёмони, ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади. Балки Хайём бир умр соғиниб яшаётган инсон шудир...

Султон ҳашаматли тахтда одатдагидек виқор ила ўлтирибди. Кайфи хуш чоғи, лабу кўзларида ним табассум. Икки ёнида эса бизга таниш аркони давлат қатор тизилишиб, қўл қовуштириб турибдилар. Барчалари бир нимарсани интиқ кутмоқдалар. Ойнаванд даричалардан оқиб кираётган жилвакор офтоб пар тави (ёлқин, шуъла) биллур қандилларга урилиб, султон тахтининг тилло нақшларига, тожининг олмос кўзига, аъёнларнинг турфа хил узукларига, либосларининг ёрқин тусли кашталарига ваниҳоят уларнинг сўник ва чақноқ, қисиқ ҳамда катта кўзларига сочилиб, жимирлаб қўярди.

Бир замон сарой мулозимининг тантанавор овози янгради:

-Уламон киром Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Ғаззолий жаноблари Боғдоддан ташриф буюрмишлар.

Унинг овози нақшинкор устунлар ва саройнинг баланд шифтларида акс садо бериб улгурмай, боргоҳ(султон қабулхонаси)нинг очиқ турган узун эшиги остонасида йигирма беш ёшлардаги кўркам йигит пайдо бўлди. Йигитнинг бошида ихчам оппоқ салла бўлиб, эгнига эронийларга хос калтароқ-тиззасидан келадиган гулли чопон кийганди. Қош-кўзлари қаламда чизилгандай текис ва сийрак соқолининг тим қоралиги боис шундоқ ҳам нур таратаётгандек туюлгувчи оқ, бироқ сўлғин юзи янада оппоқ кўринарди. Салласининг остидан чиқиб турган тим қора сочлари қулоқларини ярмигача ёпган. У ўрта бўйли бўлиб, узун киприклари пойида қоп-қора кўрингувчи бир қалам учи қалинлигидаги гардиш орасидаги чўғдайин чақнаб турган кўзлари кишига кулиб боқади.

Йигит султоннинг рўбарўсида тўхтади, ўнг илкини кўксига қўйиб, бошини хиёл эгди-да, олий насабли кишилар каби мағрурона таъзим қилди ва вазири аъзам томонга букилганча бораётган мулозимни нигоҳи ила кузатиб қолди. Мулозим илкидаги ёрлиқни икки қўллаб тутиб, вазири аъзамга узатди. Бу Боғдод ва аслида бутун мусулмон дунёси шайхулисломининг Муҳаммад Ғаззолий ҳақида Маликшоҳга битган номаси, янада тўғрироғи, ишонч ёрлиғи эди.

Айни кунларга келиб, жаҳон мусулмонларини бир туғ остига бирлаштирган Боғдод халифалигининг нуфузи аста-секин емирилиб бормоқда эди. Етти иқлимга буюк туркий қавм Салжуқийлар сулоласи ҳукмронлик қиларди. Шундай бўлгач, мағрибу машриқ соҳиби султон Маликшоҳ Боғдод халифасини ва ҳудди шунингдек, шайхулисломни ҳам унчалар писанд қилавермасди. Султоннинг уларга даҳл этмаётганлигининг боиси энг аввало дини Исломга бўлган буюк ҳурматидан эди. Қолаверса, асли исломпарвар бўлган Маликшоҳ илмпарвар ҳам эди ва боғдодлик меҳмонга кўрсатаётган эҳтироми ана ўша фазилатини намоён этарди.

Номани вазири аъзам Низом ул Мулк очиб, султоннинг ижозат ишорасидан сўнг овоз чиқариб ўқиди. Султон унинг мазмунидан аввалданоқ бохабар бўлса-да, ҳозир ўзини эндигина эшитаётгандек тутарди. У Ғаззолийга қараб билинар-билинмас бош силкиди-да, хиёл кулимсиради.

Вазири аъзам эса султоннинг боқишлари маъносини сўз ила ифодалади:

-Хуш келибсиз, эй, Ислом осмонининг порлаётган юлдузи, дин илмининг буюк истиқболи!.. -дея у кўз қири ила ўнг ёнида турган Умар Хайёмга қараб қўйди. -Шайхулислом ҳазратларининг сизга бўлган ишонч ва ихлослари шарофати ила мамлакатимиз доруссалтанати шаҳри азим Исфаҳон янада нурафшон бўлғай, иншооллоҳ!

Сарой аҳли вазири аъзамга ҳамоҳанг тарзда Ғаззолийни олқишладилар. У аввал султон, сўнг эса соҳиби девонга таъзим қилди.

Вазири аъзам оҳиста, шунингдек, маъноли тарзда бир бора томоқ қириб қўйди-да, деди:

-Номи бутун Хуросону Мовароуннаҳрга ёйилган улуғ шоир ва олим Умар Хайём жаноблари ҳам сизни муштоқлик ила кутмишлар. -У Ғаззолийга боқиш аввалида тақи бирбор кўз қири ила Хайёмга қараб қўйди. Унинг бу хайрихоҳона назарини пайқаган аламзада Қазвинийнинг ранги бўзариб кетди. Аммо ўз аҳволини султон ва вазири аъзамдан пинҳон тутиш мақсадида лабларини икки ёнга тортиб, тишларини кўрсатдики, бу ила ўзини табассум қилаётгандек кўрсатмоққа уринди.

Хайём бўйдор ва савлатли эди. Қалин қошлари, иякдор узунчоқ юзига ярашган дағал қўнғир-кулранг соқол-мўйлаби уни тағинда салобатли кўрсатарди. Елкасига тушган ўсиқ сочлари ихчам салласи остидан тўлқинланиб чиқиб турарди. Эгнидаги хирқасимон узун жун чакмон уни бағоят жуссали кўрсатади. У буюк олим, файласуф ва борингки, тоза кўнгилли шоир бўлгани билан, шунингдек, оддий банда ҳам эди. Унинг ҳам вужудида гоҳо шайтоний истаклар ёхуд туйғулар хуруж қилиб қоларди. Шундайин онларда иложи борича шайтонга хайр беришга уринарди. Ҳозир ҳар қанча саъй этмасин, вазири аъзамнинг анови муштдек йигитчани мақташи унинг бағрида қаро бир туйғу-ҳасаднинг уйғонишига сабаб бўлди. Ихтиёрсиз тарзда қовоқлари осилиб кетди.

Хайём сўзлаётган соҳиби девоннинг қарашини бу сафар ҳам сезди ва унинг сўзлари ниҳоялаши асносида Ғаззолийга қаради. У эса вазири аъзамнинг гапларига жавобанми, унга тикилиб турарди. Асли шаҳри Тусдан бўлмиш киборзода бу йигитнинг нигоҳи ҳамон табассумли эди ва унинг қароғларига чўккан қорачўғлари гўё оқ аланга бериб ёнаётганга ўхшарди. У энди ўтрусидаги шоирга бироз ҳавас, бу учрашувдан миннатдорлик ва шу каби самимий хайрихоҳлик ила боқди. Аммо кеча Низом ул Мулкдан Ғаззолийнинг келганини эшитган ва унинг ташрифи расадхона ишларига халақит беришини гумон қилаётган шоир бу қарашдан ўзгача маъно илғамоқда эди. Эҳтимол шунинг учун ҳам Умар ибн Иброҳим рўбарўсидаги ўзидан ўн ёш чамасида кичик йигитча, миш-мишлардан эшитиб улгурганидек, илоҳиёт илмида фавқулодда истеъдодга эга бўлган навқирон олимул муслиминга (мусулмонлар олимига) хиёл писандсизлик ила тикиларди. Унинг нигоҳи худди қароғларининг туб-тубига чўкиб кетгандай қалин қошларининг остида қорайиб кўринарди ва бу кўриниш бир қарашда гўё нафрат нишонасидек туюлса-да, аслида ундай эмасди. У ёш меҳмоннинг сўзларини тинглаб, унинг ўзини тутиши ва юз-кўзидаги самимиятни англаб, шу ўтган бир кеча ичида қалбида пайдо бўлган шубҳа-ю гумонлардан аста-секин тозариб борарди. Ахир у олим-ку, уммул Китобни ёд билган, тафсир этган, Оллоҳнинг ошиғи бўлган кишидан ёмонлик чиқадими? Ёшлик қусурлари бўлса бордир. Ҳали одам ила бир бора сўзлашмай фикр этмоқ-бу айни хатолиғ сари юз тутмоқ эмасми! Бунча бадгумон ва ҳуркак бўлмасанг, эй, чодирдўзнинг ўғли? Ахир бу заиф, ҳақиқатни қўйиб, ўз тинчини ўйлагувчи кимсаларнинг сифати эмасми... Булар Хайёмнинг шуурида кечаётган фикрлари эди, унинг қарашидан эса, қани бу ўзингга бино қўйишларинг қачонгача давом этаркин, деган маънони уқиш мумкин. Ғаззолий ҳам айнан шу маънони уқмоқда эди. Лабларидаги табассуми ила эса шоирга ўйларингиз хато, демоқчи бўлар ва унга самимий бир туйғуларни илинарди.

Бу уларнинг илк учрашуви эди.

3

Абу Ҳомид Муҳйиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ат Тусий ал Ғаззолий қадим Тус шаҳрида туғилган эди. У Хайёмдан ўн ёш кичик бўлиб, шоъфеин мазҳабидан эди. Хуросон ва хусусан, унинг кўҳна шаҳарлари азали илм-маърифат ўчоғи бўлиб келарди. Бу Абу Ҳомидга ҳам ҳали болалигидаёқ ўз таъсирини кўрсатди. Илк сабоқни Тусда беназир устози ар Родгонийдан олди. Азимушшаън Қуръонни ҳам шу ерда ҳатм қилди, мураттаъб қори бўлди. Сўнгра Нишопурга келиб, сўфий олим ал Жувайнийдан таълим олди. Шу ерда Қуръон тафсири ва ҳадис илми, фикҳ ила машғул бўлди. Туну кун тинимсиз киитоб мутолаа қилди, буюк Исломнинг тараққийи хусусида бош қотирди. Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли, ақли ва фикри жуда тиниқ эди. Ҳар не нарсани бир кўришдаёқ эслаб қола оларди, жилд-жилд китобларни ёд биларди. Соҳиб каромат устози Жувайний ҳазратларининг тўрт юз нафардан зиёд шогирдлари бор эди. У мана шунча зиё талаблар ичра юпунгина кийинган, оддийгина ҳунарманднинг фарзанди бўлмиш Абу Ҳомидга алоҳида эътибор ва ҳавас ила боқарди. Эҳтимол ўшанда суюкли шогирдининг буюк истиқболини кўра олганмиди бу қалби бедор зот. Устози Абу Ҳомид ҳақида сўзлаб, «У-қаъри хазинага тўла уммон», дея таъриф берганди. Филҳақиқат, ал Жувайний янглишмаганди-Ғаззолий ўз ақлу заковати ила оламга довруғ сола бошлади. Боғдодга келгач, бир неча рисолалар битди ва шу орқали кўп улуғ зотларнинг назарига тушди. Дин инъоми Оллоҳ таборака таолодан, асоси Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлгани билан унинг ривожи хос бандаларнинг ақл-идроки ва саъйлари туфайли эди. Буни халифа-ю шайхулислом ва ҳатто саҳройи султон Маликшоҳ ҳам яхши билардилар. Шул боис улар Исломга куч бермоқ, уни мустаҳкамламоқ ниятида ва бунинг ортидан салтанатни, давлатни қудратли, фуқарони андишали қилмоғи мумкин бўлган толиби илмларни, фозилларни эҳтиёт тутардилар. Ғаззолий ҳам ана шундай фазилат соҳиби эди.

Ғаззолийга Оллоҳ берганди: у айни дамда Ислом дунёсида барқарор бўлган қарашлар, фикрларни ўрганарди ва ўз навбатида бирин-сирин уларни инкор этиб борарди. Ғаззолий атрофга, мусулмонлар ҳаётига синчков боқаркан, улардан ўз бўйи анча баландлаб бораётганлигини пайқарди ва шайтоний кибру ҳавони даф қилмоқ учун истиғфор айтарди. Лекин барча нимарсаларни инкор этмоқ ила ҳақиқатга етиб бўлмасди, иқрор ҳам лозим эди. Буни у яхши биларди ва шунинг учун ҳам ҳозирда мавжуд бўлган тоифаларнинг борлиқ ҳамда динга муносабатларини тафтиш этарди. Айни кунда бутун мусулмон дунёси икки оқимга бўлинарди-суннийлар ва шиалар. Бу икки оқим эса тақи бир неча мазҳабларга ажраларди. Абу Ҳомидни мана шу нимарса изтиробга соларди. Яъни Ислом оламининг бир неча тоифаларга бўлиниб, сочилиб кетганлигидан азобланарди. Унинг ўзи шофеъин мазҳабига мансуб эди. Салжуқийлар салтанати фуқаролари эса асосан ҳанафий мазҳабига эътиқод қилардилар. Шофеъинлар, таъбир жоиз бўлса, уларнинг энг асосий рақиблари эдилар. Бундан ўзга тақи ботинийлар, яъники исмоилийларнинг тарафдорлари ҳам тобора кўпаймоқда эди. Буларнинг тутуми ҳавфли эдики, улар Ҳасан Саббоҳ отлиғ кимсанинг таррорлари эдилар.

Султон Маликшоҳ ҳанафий эди. Бироқ шофеъинларга ҳам ҳурмат билан қарарди. Ғаззолий бундан бохабарлиги боис салжуқийлар салтанатининг бош кенти Исфаҳонга хавф-хатарни гумон этмай кириб келди. Шу каби у султоннинг ҳанафийлик мазҳабининг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг Боғдоддаги қабри узра мақбара кўтариб, унинг ёнида ҳанафийлар учун улкан мадраса қурдирганлигини ҳам яхши биларди. Бу бағри кенг, содда кўнгилли туркий қавм ҳурмат-иззатга чиндан-да муносиб эди.

Ислом айни дамда аста-секин пароканда бўлиб борарди. Рисолат давридан (Пайғамбар алайҳиссалом давридан) сўнг ҳотамул анбиё келтирган охирги ҳақ диннинг муҳташам биноси дарз кета бошлади. Ҳазрати Али тарафдорлари бир ён, Ҳазрати Усмон тарафдорлари тақи бир ён, ўзгалари учинчи бир ён бўлдилар. Жангу жадаллар, қирғинлар авж олди. Оқибат эса аён-мусулмонларнинг турфа мазҳаблари бунёд бўлди. Ғаззолий барча оқим ва мазҳабларни яхши билар, шул боис уларнинг барчалари ҳам Ҳақ изловчилар эканлигини тушунарди. Ахир уларнинг биронтаси Ҳаққа аксил эмас-ку! Демак, уларни рад этмоқ ҳам одиллик нишонаси эмас. Шунингдек, эски одату эътиқодларга қайтмоқ ҳам умид бермайди. Тобора сўниб бораётган салафлар ҳақида бош қотирмоқ ёхуд уларга эргашмоқ ҳам муқаллидларга хосдир. Улар бир ойна кабидурларки, аллақачон дарз кетган. Озгина даҳл этмоқ ила чилпарчин бўлғувси. Илло дарзни чегаламоқ ёхуд синиқларни бир-бирига ёпиштирмоққа уринмоқ натижасиз юмуш. Яхшиси, ўша синиқларни тўплаб, оловда тобламоқ ва бутунлай янги ҳамда мустаҳкам ойна ясамоқ лозимдур. Авомга ишончли янгилик керак. Ғаззолий шулар ҳақида ўйларди, дин ислоҳи ҳақида бош қотирарди. Ҳали буёқда мутазаллийлар, файласуфлар, сўфийлар ҳам бор. Уларни ҳам аслият сари йўналтирмоқ лозим.

Абу Ҳомид сўфийларга анча хайрихоҳ эди, ўзи ҳам ибодатни баракотли этмоқда уларга майл билдирарди. Наздида, сўфийлик йўли энг тўғри йўлдек кўринарди. Гўё унда таъма, сохтакорлик камроқ эди. Зикру тақво ила парҳез тутиб, синиб бораверасан, Оллоҳга ёвуқлашаверасан. Дилингда Оллоҳнинг ризолигидан ўзга таъма бўлса, ўлиб бораверади. Албатта, тасаввуфда ҳам бир неча тариқатлар ва уларнинг машойихларининг ўзаро обрў-ю мартаба талошлари бор. Аслида ҳам башарнинг феъли-хўйи азалдан маълум: дин пешволари бўлмиш уламолар, шариат ва фикҳ олимлари ҳамда дин ҳомийлари саналмиш ҳукмдорлар аро баҳс кетса, нимадир, борингки, Ислом амаллари борасидами, фикр-мулоҳаза талошилса, дину Оллоҳ бир ёнда қолур. Ҳамма ўз фойдаси учун баҳс этур. Шундай кезларда улар динни, шариатни истаган кўйларига солишлари, ислоҳ баҳона ўзларига қулай амалларни яратиб олишлари мумкин. Демак, дин ва шариат одамларнинг хоҳишу иродаларига биноан ўзгариб, янгиланиб турар экан. Дин Оллоҳнинг буйруғи ила одамларга неъмат қилиб берилган бўлса-да, шариат асосларини кишилар яратурлар. Бундан келиб чиқадики, дину шариат бандалар юзини Оллоҳга томон бурибгина қолмай, одамлар ва айниқса, соҳиби давлатлар фойдаси учун ҳам хизмат этаркан. Бунинг каби олимлар ана ўша қонун-қоидаларни мустаҳкамлаб, фарзу суннат ила асослаб берар эканлар. Ё Оллоҳ! Хатокорлиғдин ўзинг асрагайсен. Банда ҳамиша гуноҳлидир, бироқ имкон қадар ундан сақланиш ва дини Ислом учун хизматга сидқидилдан бел боғламоқ лозим. Зеро сен битган битикларнинг қай томонидан боқмасинлар, буюк Исломнинг ёруғ юзи кўринсин. Ҳазрати пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари ҳам шундай эмасмиди!

Эҳҳе-е, бу оламда не-не китоблар битилмади. Барчалари ҳақиқат ва Исломга садоқат даъво қиладилар. Лекин уларнинг ичида куфру залолат, сеҳру жодуга элтгувчилари ҳам мўл. Илло бани башар, жумлаи одам дину диёнатга ўз шуури, идроки етганича муносабат билдирур. Гоҳо тўртта ҳадисни ёд олмаган, бир оятни тафсир этолмайдиган кимсалар ҳам китоб битмоққа тутинадилар, хаёлларига келган фикрларига ҳикмат тўнини кийдирмоқчи бўладилар. Шундай қилиб, ўшал чаламуллонинг китоби қайсидир бир омийнинг илкига тушади-ю, у ўзгалардан ақллироқ кўриниш илинжида уни ҳақиқат дея талқин этади. Қарабсизки, кимнингдир алжираши ортидан бирон тариқат ва ёхуд ҳатто шариат яралиб турибди-да. Аслида эса ул сўзлар шайтон ва жинларнинг васвасасидан ўзга нимарса эмасди.

Абу Ҳомид Боғдод мадрасасида мударрислик қиларкан, ҳатто илми толибларга сабоқ бериш ва айниқса, бедор тунларда шариатдаги ана ўшал нотўкисликларни тўкис этмоқ, парокандаликни жамламоқ хусусида ўйларди. Шу ниятда бир рисола битмоқни ихтиёр этди. Эндигина илк саҳифаларини битаётгани бу китоб «Иҳёу улумиддин» («Диний илмларини тирилтириш») деб аталади. Шу рисоласида ҳалиги янглиғ сўроқларга жавоблар бўлғувси, иншооллоҳ. Мазкур асарни битмоққа астойдил киришаётганда янги бир ният оромини олди. Бу файласуфлар илмининг туб моҳиятига етмоқ орзуси эди. Чунки динга қувват бермоқни истаган одам албатта файласуфларнинг фикрлари ила юзма-юз келмоғи муқаррар эди. У бухоролик машҳур табиб ва риёзатчи, шу каби, файласуф Ибн Синонинг фалсафий асарларидан бохабар эди. Унинг Исфаҳон расадхонасида бир муддат ишлаганлигини ва у ерда илм ила машғул бўлганлигини яхши биларди. Айниқса, табибнинг фалсафий қарашлари уни қизиқтирар ва унинг фикрларига инкорлар кашф этарди. Қолаверса, айни кунда ҳам Исфаҳонда файласуфлар бисёр эдилар. Уларнинг бошида Умар Хайём турар эҳтимол!.. У шу ниятда шайхулисломга арз этди ва Исфаҳон сари йўл олди. Янаки, вазири аъзам Низом ул Мулк ҳазратлари ила ҳам аввалдан танишлиги бор эди. Вазири аъзам уни бир-икки бор Исфаҳон Низомиясига таклиф қилганди. Мана, вақти-соати энди етибди.

Ғаззолий ҳузури муборакда мадрасада истиқомат қилмоқлик нияти борлигини аён этди. Ўз хоҳишига биноан Низомиянинг каттароқ ҳужраларидан бири унинг ихтиёрига берилди.

Тўққизинчи боб

1

Хайём бу кеча бомдодга яқин туш кўрди. Ажаб туш, даҳшатли туш: қаёқдандир жулдурларга бурканиб, белидаги чилвирга мусаллас аёқини осиб олган қоп-қора Мастона кампир пайдо бўлибди-ю унга қараб роса қаҳ-қаҳ урибди. Сўнг анграйиб турган Хайёмнинг илкидан Қуръонни тортиб олибди-да, олдидаги ғойибдан бино бўлган оловнинг ёнига чўнқайиб, Каломуллоҳни бурдалаб ёқа бошлабди. Шоир даҳшат ичра оҳ уриб, китобни тортиб олмоқ учун унинг илкига ёпишибди. Аммо ҳарчанд саъй этмасин кучи етмабди...

У ваҳм оғушида уйғонди. Қайта-қайта истиғфор айтди. Таҳорат олиб келгач, бомдод намозидан сўнгра тақи икки ракат намоз ўқиб, тавба қилди. Бироқ бу туш кўз ўнгидан ҳадеганда нари кетмасди. У тез-тез туш кўргувчи эди. Гоҳо тушлари нелардандир башоратлар ҳам қиларди. Шул боис кейин-кейин тушларига эътибор берадиган бўлди. Таъбир китобларини мутолаа қилиб, гоҳо тушларидан маънолар ахтаришга тушди. Чиндан ҳам у маъноли, башоратли тушлар кўрар ва бу мўъжизадан пинҳона ҳайратланарди ҳам. Шундай пайтлари инсон тафаккури ва руҳонияти кўп нимарсаларга қодир эканлигига тақи бир карра амин бўларди.

Хайём ўтган йиллар мобайнида Мастона кампирни кўп бор эслади. Кўпинча ул пиразан шоир сарохуш бўлган онларда хаёлига келар ва аксарият ҳолларда истиқболда бўлгувчи баъзи воқеотларга ишорат бериб қоларди. Лекин ҳали бирон марта тушига кирмаганди, янаки бугунгидек алпозда. Ё Оллоҳ! Девона пиразан Каламуллоҳни ёқса-я! Бу нелардин башоратлар қилур? Тақи не кўргуликлар кутмоқда уни?! Ул ё девона, ёки шум ва ёхуд валий пиразан неларни айтмоқчи бўладур? Ўшанда Нишопурда, падарининг чодирдўзлик устахонасида ўн ёшли Умар Қуръони каримни эндигина хатм қилган онларда мастона кампир ила йўлиққанди ва у мулло болакайни бағрига олганида, бола эса хуши оғиб, ерга йиқилганида нимадир рўй берганлигини кейинроқ ҳис этганди. Бу кун эса унда соҳир бир руҳий ҳолат юз бериб, девона кампир ва унинг ўртасида кўринмас ришта пайдо бўлганлигини, ул пиразан ўзига ҳамиша йўлдош эканлигини англай бошлаганди. Рост, бу туш бежиз эмас, Мастона кампирнинг ғойибона ташрифи ҳам беҳикмат эмас. Фақат у нелардин огоҳ этур у шуни тушунолмай доғда...

Ёхуд Қазвиний отлиғ мумсик, хийласи морники янглиғ, насли одамизот тақи бирон фитнанинг бошини тутдимикин? Хиёнатчиларнинг қилмишларидан сўнгра ул ҳам сассиз қолмиш. Ёки бу маккор мор оғу йиғмоғ ила бандми? Эҳтимол энди бирон ёвузликни бошламоқ пайидадир? Ҳар ҳолда бу сукунат ортида тўфонлар яширин турмоғи ҳам эҳтимол. Тағин ким билади, балки ул ҳасадгўй ғофилга Оллоҳ инсоф ато этган бўлса ҳам ажабмас. Бироқ бунга шоир инонмайди, инонолмайди.

Буёқда малика Туркон Хотундан ҳам ҳар не ёмонлик кутса бўлади. Муҳаммад Такаш воқеасидан сўнг малика ила ҳали бирон бора йўлиқмади. Ҳатто шаҳзода Маҳмудни ҳам йўқламай қўйди. Чунки ўшал воқадан кейин Исфаҳонда ҳам, аҳли сарой орасида ҳам муҳит буткул ўзгарди, султон ҳазратларининг феълида ажаб самимият вужудга келди. Эҳтимол малика бундан дилгир бўлиб, шоирга тиш қайраб юрган чиқар? Ё Раб!.. Гумонлар, шубҳалар, ишибоҳлар!..

Ёхуд ёмонлик янги келган меҳмон Абу Ҳомид Ғаззолий тарафидан бўлурми?.. Ё Абул Фатҳ Умар, сенга не бўлди? Бунчалар бадгумон бўлмасанг?! Ахир Қуръону тафсир, ҳадису шариат илмларининг билимдони бўлмиш шул нурпош йигитдан ёмонлик чиқадими! Унинг юз-кўзига боқмадингми ахир!.. Юз-кўзи!.. Наҳотки сурат сийратдин дарак берса? Бунга инонмоқ душвор. Унинг юз-кўзида кибру ҳаводан ўзга тақи не бор? Яна тағин хатокорлиғ қиладурсен, эй, нодон шоир. Эҳтимолки бу улуғ тафаккур соҳибининг аслини, моҳиятини англамаётирсен. Англамаётганинг шунда ҳам кўринадурки, сен табииюн ошиғи, моддиюнпараст банда борлиқнинг, ундаги набототу ҳайвонот, туфроғу маъдан, ҳар бир хасдан то кесакгача моҳиятини излаб, англамоқ истарсену бир илмпешанинг қалбини тушунмоққа жаҳд этмассен. У ҳақда ўзингча бир қур ҳукм чиқарасену бас, ортиқ саъй кўрсатмайсен. Ҳатто бир мажусийнинг тутмишидан маъно, ҳикмат ахтариб, унинг жодуга эш юмушларини мўъжиза ва ёхуд илм дейсану мана бу иймон соҳиби, ҳофизи Қуръондан ёмонлик гумон қиласен. Қани, сендаги эзгуликка ташналик даъвосининг исботи?! Хайём ўзидан хижолат тортиб, уялди. Ғаззолий ила ҳали тузукроқ сўзлашмай, ундан шубҳаланаётганлиги энди ўзига таъсир этиб, вужуди қизиди. Лекин не бўлганда ҳам барибир, шариатпешалар ила ўзининг ўртасида ихтилоф ёхуд, юмшоқроқ айтганда, баҳзу мунозара ҳамиша муқаррарлигини қалби сезиб турарди...

Кунлар исиб, хуршиди олам эрталабданоқ танларга оловли тиғини санчадиган бўлиб қолди. Шунинг учун расадхонанинг янги қурилишидаги юмушлар ҳам эрта бошланарди. Мусулмон олами ўзи шунақа-иш унумини эрталабда деб билади. Бомдоддан сўнг то Қуёш кўтарилгунча анча иш қилиб улгуриш мумкин, мусулмонлар ана шуни қадрлайдилар. Нари борса чошгоҳгача ишлайдилару офтоб тиккага ўрлай бошлагач, хордиқ олмоққа тушадилар. Чунки Исфаҳон ёзи бағоят иссиқ бўлади.

Ҳозир ҳам кун жуда чароғон эдики, пича кўкка юз тутган кишининг кўзларига тўлиб олиб, бир муддат қамаштириб қўярди. Хайём ерга боққан кўйи мадраса қурилиши томон ўтди. У ҳамон кўрган туши таъсирида эди. Мастона кампирни, унинг илкидаги Қуръонни, оловни қайта-қайта ўйлайверарди. Наздида, бу туш мудҳиш бир воқеанинг башоратидек туюлаверарди. Шул боис тезроқ ўзини ўзи чалғитишни истарди. Тушлар таъсирига берилмоқ ҳам яхшиликдан эмас, бунчалик мутаассирлик ярамайди... Биронтасига садақа бериб юборса соз бўларди. Ахир яхши тушга ҳам, ёмон тушга ҳам садақа жоиз, дейдилар-ку. Расадхонада ё бирон девона бўлмаса. Шу пайт Хайёмнинг кўзи обкашлик қилаётган Юсуф Риндонийга тушди. Садақани унингдек софдил одамга бергани дуруст. У хамёнини ковлаб, битта кумуш танга олди-да, Риндонийни чорлади:

-Аё, Ринд, буён келгайсиз!

Эрталабданоқ сархуш бўлиб олган майпараст фаррош шоирнинг қошига дарров етиб келди.

-Субҳи содиқда дуоингизни олгим келди. -деди Хайём кафтига тангани жойлаб.

Ринд унинг кўзларига ўткир бир назар солди-да, деди:

-Хожам бир ажаб туш кўрибдилар чоғи?.. Омин яхшиликка бўлсин. -У илкини юзига тортиб, ўз юмушига кетди.

Хайём бироз енгил тортгандай бўлди. Хаёлчан нигоҳи ила сангтарошларнинг ҳаракатларини кузатди, бироқ уларнинг тақир-туқирлари қарийб қулоғига кирмасди. Ҳеч қанча ўтмай рўбарўсида-қурилаётган мадрасанинг нариги четида корфармо пайдо бўлди. У шоирга бир пас тикилиб турди-да, ўнга томон юра бошлади. Лекин Хайём айни пайтда ҳеч кимса ила сўзлашмоқни истамасди, шунданми, нажот излагандай у ён-бу ёнига аланглади. Шу асно расадхона дарвозасидан чиқиб, нариги ёққа қайрилаётган Марямга нигоҳи тушди. Хурсанд бўлгандай бир қалқди-ю унинг ортидан юрди. Корфармо эса ярим йўлда тўхтаб, ўзга ишга машғул бўлди. Хайём бораркан, дилидан ўтказди- ҳозир бу олам ташвишлари дилимга сиғмайдур...

Марям булоқ сари кўтариларди. У ортидан келаётан Хайёмни анчагача пайқамади, то булоққа етгунча бирон марта қайрилиб қарамади. Ниҳоят булоқ бошидаги сайҳонликка қадам қўя туриб, яқинлашиб қолган шоирга кўзи тушди. Унинг нигоҳига ҳайрат нишонаси тўлди-устоз нечук иш пайти бу ерларда юрибди?..

Қиз тавозе ила салом берди.

-Ваалайкум... -деди Хайём тез юрганлигидан бироз хансираб.-Шундайин сулув қизни ёлғизлатиб қўйгим келмади. -У ҳазил қилмоққа уринди, бироқ кўзларидаги маҳзун ўйчанлик ҳазилининг шаштини анчагина сусайтириб юборди.

Буни қиз ҳам сезди. Булоқ бўйидаги ўзларига таниш ва қадрдон жойга ўлтирарканлар, Марям журъатсизларча сўради:

-Дилгир кўринадурсиз, устоз?

-Ҳайронмен. Дунёнинг ғавғоларидан толиқдим шекилли. -Аммо ғалат туш кўрганлигини айтмади.

Булоқ боши бағоят сўлим эди. Унинг таровати офтоб тиғларидан яроланган танларга гўё малҳам янглиғ суркалади.

Марям ҳам ҳамон мунглиғ эди, жудолик алами уни мудом тарк этмаганди. Хайём унга боқаркан, кўнглидан ўтган фикрдан ичида хижолат тортди. У Марямга энди аввалгидек завқ ва эҳтирос ила боқмасди. Унинг васли бағрига ўшал ҳузурбахш ва шу каби, илҳомбахш оловни энди солмасди. Ё Оллоҳ! Бу не ҳол? Наҳотки бул муҳаббатдин ҳам маҳруммен? Маҳрумиятлар қачон интиҳо топгай, Тангрим?!.. У Марямга ачинаётганлигини, юрагидаги ўтли ишқ ўрнини энди шафқат туйғуси эгаллаётганлигини пайқади-ю ўзидан баттар уялиб кетди.

Қиз ҳам бурунгидек дуркун эмасди, кўзларидаги бағрларни куйдиргувчи олов ҳам сўнаёзганди. У аввалгидек гўзал эди, лекин шоир вужудига куч, эҳтирос ва қалбига илҳом солган алланимадир уни тарк этганди. Чунки Хайём унинг ҳузурида боягидек ўртанмасди.

Улар анчагача тип-тиниқ булоқ сувига сўзсиз тикилиб ўлтирдилар. Бир замон кўзларининг қорачўғлари кенгайган шоир сувнинг жилвасига термулиб чарчадими ёки чиндан ҳам қизга гапиргиси келдими, оҳиста деди:

-Аҳволинг нечук, Биби?

Марям унга ўгрилди. Кўзлар тўқнашдилар. Ё Раб! Қиз бечоранинг кўзлари жиққа ёш эди. Улар оқ учқунлар сачратган менсиз ёнардилар.

Хайём тақи туйқус бу кеча кўрган ва мудом давом этаётган дилхиралигига боис бўлган тушини эслади. Қоп-қора Мастона кампир Қуръони каримни ёқарди. Олов гуриллаб ёнарди. Тушингга таъбир излабмидинг, эй, шоири девона? Балки... Ё Оллоҳим, наҳотки?!.. Олов!.. Ёшли кўзлар!.. Лов-лов ёнаётган Қуръон!.. Эҳтимол бу ўз оташи ила ҳатто Қуръонни ёндиргувчи Ишқни башорат қилур? Мен бандаи беҳаловатни ўзим хиёл ҳам қила олмагувчи улуғ бир Ишқ кутаётган бўлса не тонг! Хайёмнинг бутун вужуди жимирлаб кетди. У тушининг мана шу таъбирига ишона бошлади ва ишонгани сари қалби тушуниксиз соҳир туйғуларга йўғрилиб борди. Ўшал туйғулар оғушида эриркан, яна Ғаззолийнинг мағрур қиёфаси ёдига тушди. Тушди-ю унга ҳаваси кела бошлади. Унинг саркаш феъли бор эди - бировнинг ўзига бўлган муносабатининг маъносини ойдинлаштирмагунча тинчимасди. Ўшал одамга ёмонлик қила олиш унинг илкидан келмаса-да, токи ўзи у ҳақда бир қарорга келмагунча бадгумонликдан қутила олмасди. Аммо ҳозир тарки одат қилиб, Ғаззолийнинг мақсадини яхши англаб етмаган бўлса-да, унга ҳаваси келиб кетди. Ўзи ёшгина йигиту салобатидан шоҳлар сескангудек. Ҳа, бу улуғликдан нишона. Устози Ибн Сино қандайин жасур ва адолатпеша эди. Улуғ олим ал Берунийчи, илм дея, ҳақиқат дея, ўлимга ҳам тик боқа олмадими. Ўзичи ўзи?!.. Қанчалар жасур, мард эди. Жаннатмакон падари унинг тўғрисўзлигини ўйлаб, келгуси тақдиридан хавотирга тушарди. Чунки тўғрисўзлиги бироз дағалликка қоришиб, унинг феълидаги хиёл дилозорликни пайдо қиларди. Эндичи?! Наҳотки у итоатгўй, ҳақиқатни ёнлаб ўтгувчи оддий бир банди бандага айланиб қолган бўлса? Ғаззолийнинг нигоҳида эса исён ва кишиларни итоатга солгувчи бир куч бор. Айни дамда Хайём ўзини бўйинсунувчан, қўрқоқ ва журъатсиз кимса каби ҳис қилиб, ўзидан нафратлана бошлади. Наздида, султон ва вазири аъзам уни ана ўша итоатгўйлиги туфайли ёмон кўриб, Ғаззолийни улуғлай бошлагандек туюлдилар. Бу оддий бир инсоний ожизлик, ҳасаднинг қисқа хуружи эди.

Ал Беруний ўзининг «Ҳиндистон» номли асарида битган сўзлар гўё унга маломат қилаётган янглиғ ёдига тушди: «Ҳукмдорлар қаршисида қўрқувга тушманг, уларга ҳақиқатни сўзланг. Ахир улар фақатгина жисмингизга ҳукм ўтказа оладилар, руҳингизга эса даҳл этолмайдилар». Бу Ийсои Масиҳнинг сўзлари эди. Хайём уни «Инжил»да ўқиганди. Кейинроқ «Ҳиндистон»да ҳам кўрди. Демак, Беруний бу исёнкор ва ҳикматли сўзларни яхши кўрган ва уларга астойдил амал қилган. Унинг машаққатли ҳаёти бунинг исботидир. Бу эса тобора, кун сайин итоатгўй ва муросасоз бўлиб бормоқда. Султон қошида унинг марҳум масхарабоз Жаъфар чучукдан не тафовути бор? Хайём ўзидан баттарроқ нафратланди. Бироқ у ўзининг бу ҳолати ва боягидек ачинган монанд боқувчи нигоҳи ёнида ўлтирган Марямни ранжитаётганлигини, унинг озор тўла кўнглига тақи озор солаётганлигини пайқамасди...

2

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг улуғ орзуларидан бири, худди Хайём каби, Исфаҳоннинг қадим ва беназир кутубхонасини кўрмоқ ҳамда у ердаги етти иқлимдан келтирилган тафаккур меваларидан термоқлик эди. Султоннинг ижозатини олгач, у ҳам бу орзусига мушарраф бўлди, кўплаб кунларини ва ҳатто тунларини ҳам мана шу ирфон бўстонида ўтказа бошлади. Мадраса юмушларидан бўшади дегунча шу ёққа еларди.

Ҳозиқ табиб ва шул каби, табиат илмларининг билимдони бўлмиш Ибн Сино Султон Маҳмуд таъқибидан қочиб, бир муддат Исфаҳонда яшаб, расадхона қурилишида иштирок этганлигидан Ғаззолий бохабар эди. Филҳақиқат, ўшал оламни сарсон-саргардон кезган кунларида Абу Али султон Маликшоҳнинг бобоси Чағрибек ва катта амакиси, салжуқийларнинг илк султони Тўғрулбек ила учрашган эди. Унда бу саҳройи фотиҳлар ҳали султон эмас эдилар ва ҳали салжуқий салтанатга ҳам асос солинмаганди. У пайтлари юртма-юрт кезиб юргувчи кўчманчи қабила эдилар. Ўшанда Тўғрулбекнинг қавмида тўрт минг оила бор эди холос. Бироқ улар ва уларнинг сардори олис-олисларга кўз тиккан эдилар. Бу қавм эндигина Исломни қабул қилган, иймон аҳкомларини ҳам энди-энди уҳдалай бошлаган эди. Балки Оллоҳ ярлақагани шудирки, мард ва жасурлигига қарамай, саводсиз ҳамда турмуш тарзи ҳам бисёр ибтидоий бўлмиш кўчманчи қавм дунёнинг ярмига эга чиқса. Эҳтимол иймон тантанаси мана шудир.

Саҳро фарзандлари-салжуқийлар табиат ила ошно эдилар. Уларнинг ҳаёти табиат ҳаёти ила чамбарчарс ҳамришта эди. Шул боисми, осмону ердаги барча ўзгаришу эврилишларни яхши билардилар ва улар ила ҳамоҳанг яшардилар. Айни шул табиат янглиғ содда ва тўпори салжуқийларнинг, уларнинг сардорларининг мана шу волида каби азиз табатнинг ошиғи Абу Алига ҳурмату иззат кўрсатмоқларининг боиси ҳам ҳўйларидаги ўшал уйқашлик туфайли бўлса ажабмас. Надоматким, улуғ олимга исломпараст ва илмпараст салжуқийларнинг музаффар юришларини кўрмоқлик насиб этмади. Лекин Исфаҳонда ул зотнинг муборак излари қолган.

Ғаззолий буларнинг барчасидан ҳам бохабар эмасди, бироқ Абу Алининг кўплаб рисолаларини мутолаа этганди. Табиб ва олимнинг баъзи фалсафий назарларига, табиат илмларига мўлроқ уруғу беришларига унчалик ҳам хайрихоҳ эмасди. У бу каби фалсафа ва фаросат илмига ружу қўйган аҳли илмларнинг дунёга назарларини яхши биларди. Мухтасар айтганда, уларнинг фикрлари шундай эди: бул шуур соҳиблари, оламнинг юзидаги пардани буткул сидирмоққа жаҳд этган бул олими табииюнлар азал ва абадни, ибтидо ва интиҳони тан олардилар, бироқ ўртада -бу дунёда инсон ўзича яшайди, унга илоҳий куч таъсир этмайди, дея даъво қиларилар. Бундан келиб чиқадики, авом тили ила айтганда, Оллоҳ таборака таоло инсонни дунёга келтиради-ю ўз ҳолига ташлаб, уни унутади. Охиратда эса тақи ўз тасарруфига олади. Бундан ўзга, яна тағин улар ибодатнинг шаклу шамойилини ҳам тан олмайдилар. Оллоҳга ибодат қилмоқликда ибодат шакли, яъни сурати аҳамиятсиз, киши хоҳлаган алпозда Яратганга сиғиниши мумкин, дея фикр этадилар. Энг асосийси ва хатарлиси шундаки, улар ақл ҳамма нимарсанинг асоси ҳамда бошланиши дея тушунадилар. Аста-секин англамоқдаки, Умар Хайёмнинг дунёга назари ҳам уларники менгиз экан. Алхулоса, Ғаззолий файласуфларнинг мажозий, имо-ишоралар тарзида, ним коса қилиб сўзлашларини ҳам ёқламасди. Унингча, фикр тиниқ ва аниқ бўлмоғи лозим. Файласуфларнинг битикларини ҳар ёққа оғдириб англаш мумкин, чунки уларнинг тагдор фикрлари ҳар бир одамнинг қандай тушунмоғига ва қай йўсин талқин этмоғига боғлиқ...

Ғаззолий бу кун эрталабдан Низомияда талабаларга сабоқ бермоқ ила машғул бўлди. Исфаҳон талабалари ҳам ўз замонасининг фарзандлари эдилар. Зеро улар Умар Хайёмдек олим ва шоир ҳамда вазири аъзам Низом ул Мулк каби донишманд зотлар таъсирида илм излардилар. Улар баҳсу мунозараларда журъатли ва савол қилишда ийманиб ўлтирмасдилар. Чунки ҳур фикру аъмолли закий шоир Хайёмнинг руҳий таъсири бутун бошкент бўйлаб таралган эди. Шунинг учун улар илоҳиёт илмининг етук олими, шайхулисломдек зотнинг эътиборига тушган шариат мардининг сабоғига ҳам қизиқиш, ҳам иштибоҳ ва ҳатто баъзилари ундан бир хатар кутаётгандек муносабатда бўлардилар.

Хона сув қуйгандек жим-жит. Абу Ҳомид Ғаззолий толиби илмларга сабоқ бермоқда. Сабоқ поёнлаб бораётгани боис воиз талабалардан тушган саволга жавоб қайтарарди:

-Барча хатокорлиғлар ибоҳат, яъни йўл қўйишлик туфайли бино бўлғувси. Сиз айтган зотлар жоҳилдурлар-ки, бас, мавжудот аҳволини нужум ва табиатга ҳавола қилурлар. Ва айтурларки, одам, ҳайвонот, балки ҳамма мавжудот ўзича пайдо бўлғондир. Тақи абадий бўлғувси, дейдилар. Бу тоифанинг мисоли шундай кишига ўхшарким, хушхат китобни кўриб айтурким, бу хат ўзича битилгандур. Табиийун ва мунажжимнинг қисмати охир оқибат шақоватга (бахтсизликка) гирифтордир.

Ғаззолийнинг гаплари баъзи талабаларга ўзгачароқ таъсир этди шекилли, бир қўзғолишиб, бир-бирларига маъноли қараб қўйдилар. Бунинг боиси аён-улар гоҳо эса-да Хайёмдан сабоқ олишган ва унинг фикрларидан ҳамда расадхонада жумла коинотни ўрганиш борасида олиб борилаётган юмушлардан ҳар тугул бохабар эдилар. Умуман Исфаҳон илм олами, бу ердаги олимларнинг дунёвий илмларга муносабати ўзгача эди. Уларнинг фикр мезонларида ҳурлик устувор эди.

Бироқ Ғаззолий бағоят таъсирли ва чиройли сўзларди, фикрлари ишончли асос ила безанган эди.

-Иккинчи бир гуруҳ борким, охиратни инкор этурлар. Айтурларким, одам ҳайвонот ва набототга ўхшашдур, вақтики қазо қилса, нобуд бўлур, унга савоб ва азоб бўлмас, деб ўйлайдилар. Бас, бу жоҳиллар ўзларини хар (этмак), гов (сигир) ва гиёҳ қаторида билгайлар. Руҳ ҳақиқати одамий эканлигини билмаслар, уни танимаслар. Илло руҳ абадийдурким, ҳаргиз ўлмас.

Орқароқда ўлтирган қайсидир толиб савол ташлади:

-Ҳайвонотда руҳ бўлмасми?

Воиз ҳали сўзини тугатмаган бўлса-да, одобсиз толибнинг сўроғини малол олмади ва унинг бу тезкорлиги ғўрлик ҳамда қизиқувидан деб билди. Сокин овозини мутлақо ўзгартирмаган ҳолда саволга жавоб бермоққа тушди:

-Ҳа, ҳайвонотда руҳ бўлур. Вале руҳи ҳайвоний руҳи одамийдан он қадар тафовутлидир. Чунончи руҳи ҳайвоний бу дунё учун ва унинг тириклиги учундир. У тубандир. Бироқ ҳайвонотда дил бўлмас. Руҳи одамийнинг қуввати дил иладир. Чунончи руҳи одамий абадийдур, руҳи ҳайвоний эса ўлмак бирга ғойиб бўлур.

Барча жим қолди. Савол бергувчи жавобдан қаноат ҳосил қилди чоғи, бошини эгиб, аввалдагилар ортига беркинди.

Тақи кимдир савол қилди:

-Мунажжим, яъники жумла табиийунларнинг ғалатлиги хатокорлиги не ила ошкор бўлур?

Ғаззолий гўзал қироат ила сураи «Аъроф»дан бир оят ўқиди (оятнинг маъно таржимаси қуйидагича):

-«Офтоб ва ой ва ситоралар Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг амрига тобеъ ва мусаххардурлар.» Мусаххар деб ани айтурмизки, у бировнинг фармони ила иш қаилғай. Бас, нужум ўзича бир иш қилолмас, балки фаришталар фармонича иш қилур. Чунончи пайнинг амали атроф баданни ҳаракат қилдурмоқдадир. Яъники кавокиб (юлдузлар) охирги мартабадаги чокарлардан(хизматкорлардан)дур. Илло котиб илкидаги қалам кабидур.

Уларнинг бир гуруҳи сўқирларга менгиздур. Эшитибдурларки, уларнинг шаҳриға фил келибдур. Улар жам бўлишиб, филни қўллари ила силаб, танимоқни, англамоқни хоҳиш қилур. Баъзиси филнинг қулоғини ва баъзиси оёғини ва баъзиси дандонини (тишини) пайпаслайдурлар-да, филдан хабар бермоқ бўладилар. Бири филнинг оёғини силар ва айтурки, устун янглиғ нимарса экан. Дандонини ушлагани эса фил пичоққа ўхшаш нимарса экан, дейди. Улки қулоғини силагувчи филни гиламга ўхшатур. Бу тоифалар ҳаммалари рост айтурлар ва ҳам хато қилурлар. Чунки улар филнинг ҳамма аъзосини билишликни гумон қилурлар, бироқ баъзи аъзосидан хабардор, ўзгасидан бехабардурлар. Шу каби мунажжим ва табиийунлар ҳам Ҳазрати Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг чокарларидан баъзисини таниб, унинг ғолиб ва улуғворлигидан таажжуб қилиб, «подшоҳ ушбудир», деб айтурлар. Улар бу мўъжизакор ҳилқатлар тақи кимнингдир изну фармонида эканлигини англамаслар. Мана, уларнинг ғалатлиги ва ожизлиги. -Ғаззолий берилиб сўзларди ва шул боис толиққанлигини тан олмоқни истамасди. Асли бу кунги дарс ўзгача бўлди-унинг ҳузурида талабаларнинг кўзлари ёна бошлади. Бу яхшиликдан дарак. У яна узоқ гапирди ва саволларга астойдил жавоб қайтарди. Сабоқни эса ушбу сўзлар ила якунлади:

-Хусусан, илми калом ва фаросат илмини эҳтиёжидан ташқари талаб қилиб, фикҳ илми ила ҳожатдан ортиқча машғул бўлган кишиларга насиҳат қилмоқлик оғир кечади. -Воиз бу ила илми толибларни тақи бир бора шариат ва илоҳиёт илмлари сари даъват этарди...

Намози асрни ўз ҳужрасида адо этган Ғаззолий кўнгил иштиёқи ила расадхона томон йўл олди. Шаҳар дарвозасидан чиқиб, шаҳар деворлари остидан ковланган чуқур ҳандақ устидаги кўприкдан ўтиб бораркан, не-не жангу жадалларни кўрган кўҳна Исфаҳон ҳақидаги ўй шуурига урилди. Во дариғ! Башар қисмати ваҳшату қувончларга, зулмату зиёга бунчалар қоришиқ бўлмаса! Эҳтимол мана бу ҳандақ бағрида қон дарё каби оққандир. Рўбарўда эса, дунёвий илмлар қўрғони, коинотга нарвон қўймоқ истаган расадхона қад тутиб турибди. У расадхонанинг қир ортига яширинган паҳлавоннинг дубулғаси янглиғ кўринаётган гумбазларига, Бўйра қишлоғини қуршаган виқорли оғочларга ва уларнинг ортида осмонга елка тутган улкан қояларга боқиб, ўзича ҳикматлар яратди. Ҳа, юксаклигу тубанлик, эзгулигу ёвузлик, разолату адолат ҳамиша ёнма-ён. Бунга мана шу ҳандақ, инсон қони ила суғорилган анови гиёҳлар, улуғвор гумбазлару ҳайбатли қоялар гувоҳ...

Ғаззолий расадхона дарвозасидан кириб борганида Микоил саҳннинг ўртасида Полвоннинг юнгини тарамоқ ила банд эди. У бу баҳайбат маҳлуқнинг ҳаракатларидан, суратидаги мардоналикдан завқланиб жилмайди. Кириб келган меҳмонни аллақачон таниб улгурган Микоил қаддини ростлаб, унга салом берди. Меҳмон эса мудом табассум ила саломга алик оларкан, Полвоннинг қилиқларини кузатиб, хиёл туриб қолди. Бу унинг расадхонага илк бора қадам қўйиши эди.

-Аҳли илм юқоридалар, тақсир. -деди унинг қай тарафга юрмоқни билмаётганини сезган Микоил.

Ғаззолий Микоил кўрсатган томондан юқорига кўтарилди. Устурлоб ўрнатилган бизга таниш хосхонада Воситий, Исфазарий ва тақи бошқа бир неча ёш олимлар жам бўлгандилар. Улар хонтахта устидаги қоғозларга боқиб, неларнидир ҳал этмоқ ила овора эдилар. Риндоний ҳам уларнинг теварагида уймалашиб юрарди.

Ғаззолийнинг саломига алик олдилар-да, ўлтирмоқ учун таклиф этдилар.

-Ҳазратим нечук бақодин фанога қайтиш қилибдилар? -деди Исфазарийнинг шумлиги тутиб.

Меҳмон бул нужумпараст олимнинг сўзидаги маънони англаб, кулди:

-Юлдузлар уларга ғалат маъно бераётганликларингиздан арз этдилар, шул боис...

Унинг гапи енгил кулгуга сабаб бўлди.

-Ташрифингиздан бошимиз осмонга етди, жаноб.-деди Воситий илкини кўксига қўйиб.

-Қуллуқ. -таъзим қилди Ғаззолий ҳам ва - Умар Хайём жаноблари кўринмайдилар?-дея сўради.

-Намози асрни жамоат ила ўқидилару ҳужраларига қайтдилар. -деб жавоб қилди Риндоний.

Ғаззолий хонтахта устидаги чизмаларга қаради. Унда заминнинг сурати, яъниким қуруқлик ва сувлик харитаси йўғон-йўғон ҳад ила акс эттирилганди.

-Бу заминимиз сувратими?-сўради Ғаззолий чизмаларга чуқурроқ тикилиб.

-Ҳа. -деди Воситий қисқа қилиб.

-Қаёқдан билдингиз, ҳазратим? Ахир эски китобларда ер наҳанг ва ҳўкиз устида туради, дейиларди-ку. -дея бидиллади Исфазарий.

Воситий унга қараб қовоқ уйиб қўйди.

Аммо Ғаззолий унинг бу беодоблигига пинак бузмай, кулди-ю тақи ўз сўроғига қайтди:

-Недин билурсиз буни? Ёки бу ҳам юлдузлар башоратими? -У ўзининг гапи ҳам кинояга ўхшаб кетганлигига ичида афсусланди.

-Йўқ, -деди Воситий хотиржамлик ила жавоб бераркан. -Буларнинг бари илми ҳандаса ва алжабр асосида ҳисоб-китоб қилинган. Илло уларни тўласича айнан ҳам деб бўлмас.

Ғаззолий жавобдан қониқиш ҳосил қилди шекилли, қайтиб савол бермади. Бироқ қалбидаги ва умуман вужудидаги ҳаловатга, сокинликка нимарсадир ҳалал бераётганлигини сеза бошлаганди. Шул боис бу ҳолатни қалб кўзи ила тафтиш қилмоққа тушди. Филҳақиқат, бу илм кошонаси бўлмиш расадхонада кўз илғамас, қулоқ эшитмас бир ғалаён, балки исён мавжуд эди. Уни фақатгина уйғоқ қалб ила кўрмоқ, ҳис қилмоқ мумкиндир. Эҳтимол Хайёмнинг таъсиримиди, ҳар тугул бу ерда, ундаги одамларда, ҳаттоки одамларнинг сукутида ҳам жазава, ғалаён бордек эди. Ғаззолий буни сезиб турарди, бироқ уларнинг ўзлари пайқамасдилар.

-Коинотни, нужумни шу ила кузатурмисизлар?-деди у болаларча қизиқувчанлик ила устурлобни кўрсатиб.

-Шундай. Шу ва шу каби тақи бир асбоб-судс ила кузатурмиз. -Жавоб қилди яна Воситий.

-Юмушингиз бағоят қизиқарли экан.

-Бизнинг юмушларнинг қизиғини устоз Хайёмдан кўрурсиз ҳали. -деди Исфазарий кулгу ясамоққа уриниб.

Ғаззолий ўзи тенги бу йигитнинг кўп сўзлагувчи эканлигидан озор топгандай бўлди-ю, лекин ёнидагиларга сездирмади.

-Ҳа, устозингиз ҳақида кўп эшитганмен.-деди у ёруғ бири ният ила ўйчан қиёфада.

-Ҳазратим май ва хожамизнинг унга ошнолиги ҳақида ўйладилар чоғи? -дея гап қўшди сархуш Ринд.

Ғаззолий бугун анча толиққан бўлса-да, руҳан тетик эди.

-Асло. Бу нимарса хаёлимга ҳам келмаганди.-деди у Риндонийнинг сўроғидан ҳайрон бўлиб.

-Ҳозир хаёл қилмаган бўлсангиз, бир кун албатта хаёл қилурсиз. Шунинг учун айтиб қўймоқчиманки, хожамиз гўдак мисолидир. Гўдакни билурсиз, агар қорни очса ёки онасини кўргиси келса, ўзини ҳам фаромуш айлаб, йиғлайдур. Шу қадар берилиб йиғлайдики, онаси тугул бошқа одамнинг ҳам дийдаси юмшайдур. Хайём ҳазратлари ҳам сархуш бўлганида ана шундайин бўзлайди. Ўзини унутиб, Оллоҳга сингиб кетгиси келади. Бунинг нимаси айб?! Ростлик чоғида бундай бўлмайди.

Ё тавба, дея ўйларди Ғаззолий, булар барчаси бир бўлиб, кимдан кимни ҳимоя қиладурлар? Мендан Хайёмни, Исломдан дунёвий илмлариними? Ахир бу борада бир сўз айтмадим-ку! Бу недин? Биз ҳақимизда тўқилган маломатлардан, илмдаги, диндаги бидъатлардан (янгиликлардан), илм ва диндаги хурофотлардан эмасми! Бунчалик ҳадиксираш ва бадгумонлик кўнгил қаролиғидан ҳам даракдур балки? Ё Оллоҳ, ҳар неки илмни излаган кишида ёмонлик бўлмаслигини наҳотки булар билмасалар?..

-Ассалому алайкум! Аҳлан ва саҳлан, ё меҳмони азиз. -Эшик томондан Хайём жилмайиб кириб келарди.

Саломдаги самимият ва табассумдан Ғаззолийнинг кўнглига ёруғлик инди.

Юзларга фотиҳа тортдилар.

-Хайриятки жаноблари биз ғарибларни ҳам йўқламоққа жазм этибдилар. -Хайём меҳмонга тоза бир нигоҳ ила юзланиб, сўзларди. -Қутлуғ қадамларига бағоят муштоқ эдик.

-Қуллуқ, тақсир.-деди Ғаззолий ҳам кўнгли анча кўтарилиб.

Меҳмон тақи бироз олдидаги қоғозларга тикилиб ўлтирди-да, мулоҳазакор овозда сўзлай бошлади:

-Баъзи ўзларини Исломнинг дўстлари деб билгувчи кишилар ҳар неки илмни, айниқса, дунёвий илмларни инкор этмоқ ила дину шариатга қувват бермоқ мумкин, деб ўйлайдилар. Бу фаҳмсизликдан ўзга нимарса эмасдур. Илло риёзиёт, ҳандаса каби илмларни рад этмоқ ила динга кўмак берурмен, деб ўйлагувчи кишилар беҳад жинояткордурлар.

Даврадагиларнинг барчалари сергак тортиб, бир-бир кўз уриштириб олдилар. Турган гапки, бу сўзлар, айниқса, Хайёмга ёқиб тушди ва унинг наздида, кесакдан олов чиққандек туюлди.

-Жаноблари рост айтадурлар. Бироқ унда баъзи дин пешволарининг дин ила дунёвий илмларни қарама-қарши қўймоқликларидан маъно не? -дея сўради у ўз феълига зид равишда юмшоқлик ила.

Ғаззолийнинг овозига салобат кирди:

-Бу диндор ниқобидаги динсизлар ишидур. Лекин баъзи заиф иймонли ва адашган олимлар, яъни табииюнчилар ҳам борки, ўз ақлларига бино қўйишиб, яратувчилик даъво қиладилар. Аслида илм Оллоҳга эмас, инсонлар учун лозимдур. -Унинг кўзлари тобора чақнаб, ёниб борарди. -Қаранг, олам, коинот қанчалар мукаммал яратилган. Дунёвий илмларнинг соҳиблари ана шу мукаммалликни ўрганиб, унинг ҳажми, вазни, тезлиги ва бошқа ўлчовларининг аллақачонлар (азалдан) аниқ бўлмиш мукаммал ҳисоб-китобини ўзлари, яъники аҳли башар учун исботлайдилар холос. Оллоҳ Субҳонаҳу ва таолога эса бу эски кашфиётнинг тақи бир бора эътироф этилмоғининг минбаъд зарурияти йўқдур.

Хайём рўбарўсида ўлтирган ёш олимнинг беназир ақл-заковатига ичида тан бермоқда эди. Бироқ инсоний худбинлик унинг тилга чиқарилишига монелик қиларди. Бунинг устига шоир ундан ҳозиргидай холис ва асосли фикрларнинг чиқмоғини кутмаган эди.

-Унда қай йўлни тутмоқ лозим? -дея сўради у «сиз не дейсиз» қабилида.

Мудом барча жим эди ва ҳаммалари бу икки улуғ олимнинг суҳбати не ила якун топмоғини кутардилар.

-Олимликда хатар бор. -дея сўз бошлади Ғаззолий энди овозини хиёл пасайтириб. -Изидан одамлар эргашадиган олимнинг гуноҳкор бўлмоғи осон. Жумладан, унинг ипакдан либос кийиши, олтин эгарли уловга миниши, султонларнинг шубҳали молидан олиши, уларнинг ҳузурига кириб туриши, улар ҳақида гапирганида тараддудланиши, инкор этиш лозим бўлган ўринларда ҳам уларни маъқуллаши, дилозорлик қилиши, беҳуда баҳсга чорлаб, кимнидир таҳқирлашни қасд этиши, фақат дунёвий манфаат талабида илм ила машғул бўлиши гуноҳи сағирани гуноҳи кабирага айлантиргувчидир. Негаки ушбу гуноҳларни қилаётган олимга одамлар эргашади...

Бу гаплар шоирни зериктира бошлади. Шул боис меҳмон гапини тугатар-тугатмас, сўзга тушди:

-Бу гапларингиз хўп маъқулдир, жаноб. Бироқ сўзларимни оғир олмаслигингизни ўтинамен, шундайин гапларни кўп сўзлагувчи шариат пешволарининг ўзлари айни ўша гуноҳларни кўп қилгувчилар эмасмилар? -Хайём бир пас тўхталиб олди. -Пайғамбар алайҳиссалом саййидимизнинг ҳаётлари ва суннатлари ҳақида кўп китоблар ёзилмиш. Айниқса, ҳазрати Бухорийнинг «Саҳиҳ»и («Ишонарли ҳадислар тўплами») барчаларимизга ибрат оинасидур. Ёхуд мовароуннаҳрлик исломий олим Термизийнинг «Шамойили Муҳаммадия» китобини олинг. Уларда Мустафо алайҳиссалом нақадар содда, оддий, туфроғ қадар (хокисор) тасвирланадур. Ул зоти табаррукнинг сифатларини тасаввур этиб, ҳатто устимиздаги мана бу кийимлар ҳам ортиқча туюлиб, оғирлик қилиб қолади. Бизнинг устунларимиз-шариат пешволаричи?! Бунинг буткул акси эмасми? Улар шоҳона кийинадурлар, ноз-неъматга кўмиладурлар, инъом илинжида ёлғон фатво берадурлар. Ахир улар эмасми, дини Исломни, пайғамбар алайҳиссаломни халқдан узоқлаштирган?! Энди улар ўз нафслари етовида саййидул анбиёнинг покиза шариатига янги-янги ҳадлар торта бошладилар. Шундоғ экан, юз ёхуд минг йилдан сўнг шариатнинг аҳволи не бўлур? Динни, шариатни билганлар юҳога, мансабдорга айланмасму?!..

Ғаззолий шоирнинг қалбидаги улуғ исённи, оловни ҳис этиб турарди. Аслида унинг ўзида ҳам ўша ўт мавжуд эдики, бироқ бу оловга бир ўзан тополмай ҳалак эди. У Хайёмдаги исённинг ва ҳатто ғазабнинг асли эзгулик эканлигини яхши биларди. Шул боис унинг ҳақ сўзларига сохта эътироз билдирмоқдан тийилиб, мавзуни бошқа ёққа бурди...

Ўнинчи боб

1

Хайёмнинг вужудида кечаётган ғалаёнлар тобора авж оларди. Роҳиб Артурнинг ўлимидан қаттиқ мутаассир бўлиши ва кейинги кунларда кўнглида Марямга нисбатан ўзга ихтиёрнинг вужудга келиши, умуман жону жаҳонида кечаётган тўлғонишлар уни бағоят беҳаловат этиб қўйганди. Қалби бир янгиликни, ҳузурбахш ҳаловатни истарди. Худди шу кечмишлари асносида Ғаззолийнинг суҳбатига ошно бўлди ва унинг ҳузурида вужудида кечаётган ғалаёнлар тинаётганини, ҳеч қурса, суст олаётганлигини сезди. Чиндан-да бу йигитга сўлим бир ҳаловат ошно эди. Унинг ўз суҳбатдошини эҳтиётлаб сўзлаши, ўзгаларни тинглай билиши ва фикрларини аниқ, равон ифодалаши шоирга таъсир қилди. Ўзининг хиёл дағал феълига аксил ўлароқ янги ошносининг ҳўйи унга ёқиб тушди ва у ҳатто айни дамда эришаётгани ҳаловатдан мосуво бўлмоқликни ҳам истамасди.

Ўшанда Ғаззолий расадхона хосхонасининг даричаси оша оқиш самога боқаркан, Хайёмга деди:

-Мана шу қисмлари бир хил кўринишда бўлган само бағридан унинг қутбий қисмини аниқлаб берингчи, эй, фалакиёт илмининг султони.

Хайём бу баҳсли мавзудан эҳтиётланиб, узоқ ва батафсил гапира бошлади ҳамда бунда ҳаракат қандайдир табақаланмоғини тушунтирмоққа уринди. Батафсиллик шоирнинг феълига хос эди ва шул боис ҳам узоқ сўзлади. Оқибат фурсат етиб, намози асрга чорловчи азон эшитилди. Ғаззолий Хайёмнинг гапини адабли ишорат ила тўхтатди-да, арабий лисонда деди:

-«Ҳақиқат келди, ботил кетди...» («Ал-Исро» сураси, 81-оят).

Бу кеч улар шом намозини ҳам расадхонада бирга адо этдилар. Ғаззолий рўзадор бўлганлиги боис кечки танаввулдан бош тортди-ю вале озгина сув ва бир бурда нон ила ифторлик қилиб олди. Сўнгра унинг ихтиёри ила устурлобда юлдузларни томоша қилдилар, сайёралар, буржлар ҳақида сўзлашдилар. Ғаззолий осмон илмидан тузуккина бохабар эдики, бу Хайём учун айни муддао бўлди.

-Қаранг, кундуз чароғи хуршиди олам (Қуёш) энг кичик юлдуз ҳисобланади. Агарки энг митти юлдузнинг ҳарорати шунчалар бўлса, коинотни тўлдирган сон-саноқсиз улкан юлдузларнинг бағридаги оташи қанчалар экан? Бир кун келиб башар фарзанди самоларни кезмоққа қодир бўлармикин?-Хайём осмонга интиқ тикилди.

-Бу ҳам бўлса, Оллоҳ таборака таолонинг қудрати беқиёс эканлигидан далолат. Мана шунча улкан оловли сайёраларни бир жойга жамлаб, бизнинг нигоҳимизга ошкор этиб қўйганлигининг ўзи буюк мўъжиза. Субҳоноллоҳ! Бунча кўп юлдузларни бағрига сингдирган коинот қанчалар чексиз. Ахир улар бир-бирларига заррача ҳалал бермайдилар. Биргина Қуёшнинг ҳарорати ёз ойлари бизларни не аҳволга солади. Мабодо ўшал юлдузларнинг биронтаси заминимизга ёвуқ келиб қолса борми!.. Худонинг ўзи асрасин. Ҳа, мажусийлар бежиз қуёшга, оловга сажда қилмайдилар, зеро улар бу мўъжизалардан лол бўлиб, ақлларини йўқотмишлар ва бунинг ортидан ўшал оловнинг яратувчисини, соҳибини унутмишлар.

Хайём учун ёқимли суҳбатга тақи чўғ ташланди.

-Мен сизнинг фикрларингизни инкор этмоққа ожизмен. Бироқ ўшал адашганлар кўп улуғ мўъжизаларни кашф этмишлар. Жанобларига маълумки, алкимё ва унинг натижасида кашф этилган кибратул аҳмар (ҳикмат тоши) ҳам мажусийлар тафаккури маҳсулидир.-деди у энди анча босиқлик ила.

-Ҳа, алкимёдин бохабармен. Улар моддалар аралашувидан олтин бино этурлар. Кибратул ахмар эса ҳар не моддага чоғиштирилса уни олтинга айлантирур. Ҳаққи рост, бу бағоят гўзал мўъжизадур. Бироқ у ақлнинг сеҳру жодуга уйқаш бир маҳсулидир. Исломда эса дил кимёси мавжуд. Унинг соҳиблари коинотни кеза оладилар, фариштага менгзаб, ҳарки нимарсанинг моҳиятини, лисонини англай бошлайдилар.

-Бу икки кимё қовушса-чи?-дея сўради Хайём кескин бир тарзда.

Ғаззолий сўзсиз қолди. Ҳамсуҳбатининг сўроғига фикран жавоб излади.

Хайём уни бу кўйга тушириб, гўё мот қилганидан хурсанд бўлмасди, у ўзини тўлғоққа солиб келаётган жумбоққа тафаккури кенг суҳбатдошидан жавоб олмоққа умид қилганди. Лекин Ғаззолийнинг ўйга толганини кўриб, саволи тақи жавобсиз қолмоғини англади. Албатта, бунинг каби ул ҳам бир банда. Банда эса ўз номи ила банда, яъни банди. Унинг шуури ҳадли, ихтиёри тушовлиғ. Шундай бўлгач, ундан ортиқча нимарсани талаб этмоқ айни чоғда хатокорлиғқа юз тутмоқ ила баробардур.

Филҳақиқат, Ғаззолий ўй ила банд эди: чиндан-да икки кимёни бир этса не ҳол рўй бергай? Дил кимёсини англамоқ учун иймонли бўлмоқ шарт. Демакки, алкимёдан воқиф бўлмиш мажусий дил кимёсидан бохабар бўлмоғи мумкин эмас. Унда соҳиби иймон алкимёни ўрганмоғи мумкин экан-да. Албатта, бунга қодир, бироқ у бу каби юмушларга ихтиёр этмас.

Бундан хулосаки, икки кимё бирлашса, чуқур кетилади. Чуқур кетмоқ эса... Ё Оллоҳ!.. Аслида соҳиби диллар икки кимёни ҳам Тангри ишқи ила кўнгулда кашф этмоққа имконлиғдурлар-а!.. Ғаззолий ўй сураркан, ёнидан шоирнинг паст, вале қироатли овози эшитилди:

-Мени айладилар, дунёда мавжуд,
Ҳаётда топганим ҳайрат, тараддуд.
Бу йўлни ўтдиму тушунолмадим,
Келмагу кетмакдин не экан мақсуд?!

Ғаззолий ўйчан кўзларини Хайёмга тикди ва бироз жим турди. Сўнг

-Синовдур мақсуд. -деди секингина.

У ёш эди, аммо иймон ҳаловатини туйиб улгурганди ва шунинг учун ҳам ҳар бир ҳаракати, сўзи майин, сокин эди.

-Исфаҳон қадим ва обод шаҳар. -деди Ғаззолий озгина фурсат ўтгач, тақи тилга кириб.-Бирон куни шаҳарни томоша қилсам деб эдим. Мабодо имкон топиб, менга ҳамроҳлиғ қилсангиз бағоят хурсанд бўлурдим. Ҳар ҳолда сиз бу кўҳна шаҳарни яхши билурсиз.

-Бош устига. -деди Хайём самимий боқиб. -Ихтиёр этган кунингиз мен ҳозир бўлурмен.

-Ташаккур. Шу бир-икки кун ичида сизга киши юбориб, хабар берурмен...

2

Хайёмнинг ҳаётида тақи бир эврилиш рўй бермоқда эди. Унинг сўнаётган туйғулари тағин уйғона ва умрига қачонлардаги каби яна маъно кира бошлади. У ўтган шу бир неча кунлар ичида Ғаззолий ҳақида янглиш фикрда бўлганлигини фаҳмлади. Барча фикрларига, дин, илм борасидаги сўзу битикларининг барчасига ҳам қўшилмаса-да, уни закий суҳбатдош, турфа билимларнинг донишманд соҳиби ва айниқса, хулқу одоби расо зот сифатида ўз қалбига жо этди. Бир-икки бор суҳбат қургач, ихтиёрсиз тарзда тақи унинг суҳбатини соғинадиган бўлди. Девонаи саркаш кўнгли бир ошно топди гўё. Билмас кишиларга уларнинг баҳслари оқ ва қора рангларга қиёс бўлгулик тарзда туюлиши мумкин эди. Бироқ улар суҳбатлари авж олгани сарин бир-бирларини тобора кашф этиб, борардилар. Хайём рўбарўсидаги гўзал сурату сийратли йигитга боқаркан, авом ва ҳаттоки аҳли шариату унинг пешволари билган Ғаззолий-бу ҳали асил Ғаззолий эмаслигини ҳис этарди. Унинг суратида ниқоб, сийратида мўл асрор мужассам эди. Аслини олганда, Хайёмнинг ўзи ҳам шундай эмасми: ахир тунлари тўлғонган, тушуниксиз ўтларда жизғанак бўлиб, ўртанган, бир шеър кўйида оламга сиғмаган, гоҳо илоҳий ҳилқатлар қуршовида қолган Хайёмни ким ҳам билибди?!.. Билмас, билолмас. Эҳтимолки Тангри таоло Ғаззолий тимсолида шоирнинг юзига оина тутмоқдадир? Балки бунинг аксидир. Сирлар, сирлар, сирлар!.. Бу дунёнинг асли пардалиғ эмасми, яъники банда тўрт ён парда аросинда. Бу парданинг кўтарилмоғи учун он қадар жидду жаҳд лозим. У Ғаззолийда ана ўша жаҳдни туймоқда эди...

Шаҳар томошасини Низомияга туташ шаҳристондан бошладилар. Минораси узоқ-узоқлардан кўриниб тургувчи жомеъ масжиди, донғи оламга кетган кутубхона, султон саройи ва малика-ю шаҳзодаларнинг қасрларини жам этган бош майдон ортда қолди. Абу Ҳомид буларни кўриб улгурган эди. Мана улар шоҳмайдондан бошлангувчи кўчага чиқдилар. Тош ётқизилган йўлнинг икки четидаги қаторасига кетган турфа дўконларнинг олдидаги оғочлар-сапидор ва сарвлар ям-яшил тусга кирган. Уларнинг остидаги четига тош терилган ариқчанинг суви лим-лим оқиб, нозик фаросат ила текис экилган ҳар турли гулларга ҳаёт бахш этаётгандай. Исфаҳонни бежиз «шаҳри сабз» («яшил шаҳар») деб атамасдилар, зеро унда дарахту мевалар, гулу сув бағоят мўл эди. Шаҳарнинг бу сифати айни кунларда тағин-да яққол намоён бўлмоқда эди.

Ғаззолий шаҳарнинг гўзал сувратига маҳлиё бўлиб борарди.

-Шаҳар бағоят озода экан. -деди у Хайёмга бир қараб олгач, атрофга интиқ тикилиб. Фаррошларнинг сидқидил меҳнатлари кўриниб турибдур.

-Тўғри англабсиз. -Унинг гапини тасдиқ этди шоир,-Султонимиз ва айниқса, вазири аъзам ҳазратлари бошкентнинг озодалигига алоҳида эътибор қиладилар. Шул боис ҳам фаррошларга яхши ҳақ тўлайдилар.

-Офарин! Султон ҳазратларининг ҳам, вазири аъзамнинг ҳам умрлари узоқ бўлғай!

Улар оҳиста қадамлар ила ёнма-ён борардилар. Ғаззолий ҳар бир нимарсани назаридан қочирмасликка ҳаракат қилар, мавриди келса ёхуд эҳтиёж туғилса Хайёмни сўроққа тутарди. Йўлдан ўтаётганлар, четда турганларнинг аксарияти уларни, тўғрироғи, шоирни таниб, астойдил салом беришар, иккиси эса суҳбат ила андармон бўлганликлари боис, кўпроқ бош силкиб алик олардилар-да, ўтиб кетардилар.

-Бухоролик Абу Али ҳам бу кўчаларда кезган чиқар?-дея савол қилган бўлди Ғаззолий.

-Ҳа. Ғазналик Маҳмуднинг зулмидан қочиб, бир муддат Исфаҳонда ҳам жон сақлаган.-деди Хайём унинг саволдан муддаосини англашга уриниб.

Ғаззолий ўйчан қиёфада деди:

-Ул зот табиат илмлари бобида беназир олим ва улуғ ҳаким эди.

-Қуръону суннат илмларини ҳам мукаммал эгаллагандилар.

-Сизга устоз қавмида чоғи?

-Шундоғ, жаноб. Ул зоти муборак илк тошини қўйган расадхонада илм этаётганимдан ифтихор қилурмен. Риёзиёт, ҳандаса, фалакиёт ва табобат илмлари борасинда, айтганингиздай, шогирд мақомидадурмен. -деди Хайём овозини хиёл кўтариб.

-Унда Абу Алининг руҳнинг кўчиб юриши ва банданинг тақдири даҳлсиз эканлиги ҳақидаги фикрларига ҳам қўшиларсиз?

-Яъни?

-Унинг фикрича, киши руҳи ҳеч қачон йўқ бўлмайди, у қазо қилгач, ёки инсон, ё ҳайвон ва ёхуд оғочми, гиёҳми танига жо бўлади. Бу то рўзи маҳшаргача давом этаверади.

Энди банданинг тақдири хусусига келсак, ҳакими ҳозиқнинг баёнича, ибтидо бор, интиҳо бор ва у Ҳақ таолодан, бироқ ўртада, яъниким бу фоний дунёда инсон тақдири мутлақо даҳлсиздир. У не қилса, ўзи қиладики, илло охиратда шунга муносиб ажр олади.

Улар суҳбатга бениҳоя берилиб кетганликлари боис энди салом бергувчиларга бош силкимоқни ҳам унутмоқда эдилар.

-Сўзларингиздан анладимки, устознинг рисолаларини астойдил ўрганибсиз, Лекин ул зотнинг руҳнинг кўчиб юриши ҳақидаги фикрлари хусусида сўзлашга ожизмен. Чунки битикларида ҳали бу янглиғ фикрни учратмадим.

Банданинг тақдири даҳлсизлиги борасидаги фикрларига эса мен ҳам қўшиламен. Сиздайин донишманд шариатпеша қошида бул сўзларим ғалат туюлар. Лекин суҳбатимиз дўстона бир тарзда эрканлиги важҳидин узр ила ўз қарашларимни баён этай. -Хайём бироз жим тургач, ўйларини жамлаб олди шекилли, тақи сўзида давом этди. -«Саҳиҳ»да шундайин ҳадис бор: -У ҳадисни чиройли қироат ила арабийда айтмоққа тушди. -«Абдуллоҳ (ибн Масъуд)ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Ҳар қайсингизнинг вужудингиз онангиз қорнида қирқ кунда таркиб топгай, сўнг яна шунча кунда лахта қонга ва яна шунча кунда бир парча этга айлангай. Кейин Оллоҳ таоло (онангиз қорнига) бир фариштани юбориб, унга тўрт сўзни, яъни қандай ишлар қилмоғингизни, ризқингизни, умрингизни ва бахтсиз ёким бахтли эканлигингизни ёзиб қўймоқни амр қилгай. Сўнг жисмингизга руҳ пудалгай. Сизлардан қайсинингиздир ўзи бирлан жаннат ўртасида бир тирсак масофа қолунча амали солиҳлар қилиб юргайда, пировардида (онаси қорнида битилган) тақдири унга пешвоз чиқиб, жаҳаннам аҳлига мансуб бир ишни қилиб қўйгай ва сизлардан қайсинингиздир ўзи бирлан жаҳаннам ўртасида бир тирсак масофа қолгунча дўзахийларга хос ишларни қилиб юргай-да, пировардида (онаси қорнида битилган) тақдири унга пешвоз чиқиб, жаннат аҳлига мансуб иш қилгай. («Ҳадис», Тошкент Қомуслар Бош таҳририяти, 2-жилд, 367-бет.) -Хайём томоқ қириб, тўхталиб олди. -Оллоҳнинг тақдири, ёзиғи ҳақ. Бу шубҳадин ҳоли. Илло инсон Оллоҳ таборака таолонинг қудрату муҳаббати маҳсулидир. Вале ҳадиснинг иккинчи қисми кишида иштибоҳ уйғотади. Яъники банданинг жаннатий ва ёхуд дўзахийлиги аввалдан белгилаб қўйилган экан, унда имтиҳон қилмоқдин не маъно? Бунинг устига Ҳақнинг адолати қайда қолади? Менинг фикри ожизимча ҳам инсоннинг бу фоний дунёдаги тақдири даҳлсиздир.

-Хайём ал Бухорийнинг «Саҳиҳ»идан мазкур ҳадисни эсларкан, шуурида бундан анча йиллар муқаддам илк бор Самарқандга келиб имом Бухорийнинг мозорини зиёрат қилганидаги хотиралар айланди. Ўшанда ҳазрат муҳаддиснинг қабри устида ўзи учун тушуниксиз, бироқ ҳузурли илоҳий жазба ҳолига тушганди. Ўн икки кун ўшал мозористонда тоат-ибодат ила машғул бўлиб, савобини имом ҳазратларининг руҳига бахшида этганди. Мозор бошида қалбида туғилган ушбу сатрларни такрор ва такрор ўқиганди:

Бандаликдан оғдим, пайқадим, Тангрим,
Юздан гуноҳларни артмадим, Тангрим.
Лек шафқат кутурмен, чунки умримда
Танҳони жуфт дея айтмадим, Тангрим[2].

Ғаззолий шоирнинг куюнчаклик ила айтган сўзларидан мутаассир бўлиб, хийлагина сукутда қолди. Аммо тан беришга ёхуд индамай қўя қолишга худбинлик ҳисси йўл бермадими, босиқ овозда тақи гапира кетди:

-Биласизки, мударрис қай бир толиби илм, яъни ўз шогирдининг неларга қобиллигини ва ёки ожиз жиҳатларини жуда яхши билади. Лекин мавриди келганда талабасини албатта имтиҳон қилмоқликни ҳам унутмайди. Бу унинг бурчидур. Оллоҳ таборака таолонинг бандага муносабатини авом тилида мана шу ҳодисотга қиёс қилгулик.

Хайём мийиғида заҳарханда янглиғ кулди-да, ўз одатича кескин тарзда деди:

-Бу энди сўзамоллик холос, жаноб! Аслида бул сўроғимга жавоб йўқ.

Ғаззолий «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» деб, ширали овоз ила бир оят ўқиди:

-«Ахир (қилган) ёмон амали ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Оллоҳ ҳақ йўлга ҳидоят қилган зот каби бўлурми)?! Зотан Оллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур...» («Фотир» сураси, 8-оят) -У бошқа бирон сўз айтмади.

Унинг жаҳди Хайёмга ҳам таъсир этмай қолмади-у сукутга толди.

Бу маҳал шаҳарнинг обод ва саришта бош кўчаси ниҳоялаб, иккига айрилди. Сўл ёқдаги муюлишга тикилганча тўхтаб қолган Хайёмни кўриб Ғаззолий ҳам қадамини оҳисталатди. Муюлишнинг сўл тарафида баланд оқ бино бўлиб, у катта бир тужжорнинг уйи эканлигини Хайём яхши биларди. Йўлнинг нариги бетидаги чоғроқ, бироқ нақшинкор дарвозаси устига ихчам айвонча қурилган ҳовли эса унинг учун анчагина қадрдон эди. Қачонки бу томонларга йўли тушса ёхуд гоҳо атайлаб мана шу дарвозани қоралаб келганида унга узоқ-узоқ тикилиб қоларди. Чунки бу муюлиш, анови дарвоза ва унинг деворлари Нишопурдаги ота уйига жуда-жуда ўхшарди. Шунинг учун уни кўриб, олис болалиги, Нишопур кўчалари ва айниқса, раҳматли падари, уни мудом кутаётган волидаси-ю синглиси ҳақидаги хотираларнинг бағрига ғарқ бўларди. Соғинч ва яқинларига нисбатан айбдорлик ҳисси қалбини эзиб, қийноққа соларди. Ҳозир ҳам айни шу кўйга тушди.

-Манов дарвоза, бу муюлиш Нишопурдаги уйимизга жудаям ўхшайди. -деди у овози титраб.

Ғаззолий ундаги эврилишни, изтиробни, оқи қизғиш кўзларининг йилтираганини сезди. Унинг акси ўлароқ бунинг кўзлари оқи бағоят оппоқ бўлиб, қароқларидан оқ аланга чиқаётганга ўхшарди. Маҳзун турган шоир унинг нигоҳидан тақи бир бор мутаассир бўлиб, таажжубга тушди-да, тезликда ўз дардини унутиб, ҳамроҳини ўнг ёққа бошлади. Кейинги кунларда унинг ўнгу сўли айқаш-уйқаш бўлиб бормоқда эди. Авваллари ўзидаги сўл ёки соғ ёққа оғишни шууран яққол сезиб турарди. Энди эса гўё унга барибирдек-қай тарафга қайрилса ҳам маъно изламайди ва бунинг хато ёки ўздан кетиш эканлигини ҳам ҳис этади. Аммо қарийб парво қилмайди. Ҳозир эса беихтиёр ўнгга бурилди.

Бу кўча шаҳарнинг ўша бизга таниш энг катта бозорига элтарди. Унгача энг катта карвонсарой ҳам шу ерга жойлашганди. Карвонсаройнинг олди анча кенг бўлиб, унда оту туялар, хачиру аробалар тизилиб турар, уларнинг атрофида ғимирлаётган одамларнинг бақир-чақир ва сўзлашув овозлари бу жониворларнинг турфа товушларига қўшилиб, қулоқни батангга келтирарди. Абу Ҳомид карвон ила шаҳарга келган куни мана шу карвонсаройга қўнганди ва бир неча кун давомида уни тузуккина кўриб улгарганди. Шул боисми ва ёки шовқин-суронга тоқат қилолмадими, Хайёмни ҳам илдамроқ юрмоққа ундаб, у ердан тезликда ўтиб кетдилар. Карвонсаройдан сўнг йўл ёқасида ҳунармандларнинг қатор дўконлари жойлашганди. Ҳалиги овозлар анча ортда қолиб, қулоқлари тингач, яна аста одимлай бошладилар.

Ғаззолий дўконлари олдида ўтирволиб, алланималарни тикаётган ёхуд ямаётган косибларнинг ҳаракатларига ажиб бир орзиқиш ила тикилиб борарди.

-Менинг падари бузрукворим ҳам косибликдан бохабар эдилар. Бул ҳунарни бениҳоя қадр этардилар.

Хайём эндигина бир сўз демоқчи бўлувди ҳамки, рўбарўсида уларга орқа қилиб ўлтирганча, олдидаги икки кишига қизиқ гапларни гапираётган косибнинг овози иккаловларининг ҳам хаёлларини бўлди. Дарвоқе, бу Талхнинг дўкони-ку, деган ўй урилди шоирнинг бошига ва гапиргувчи айнан Шокир Талхнинг ўзи эканлигини ҳам пайқади. Талх эса уларни кўрмас, тиззасидаги эски махсига тинмай бигиз урар, икки суҳбатдошининг қулоқларига бўлса сўз бигизини санчарди:

-Бу аҳли мунажжим деганлари ўзларига бағоят бино қўймишлар. Бир ривоят эшитиб эдим...

Икки олим тўхтадилар.. Ихтиёрсиз равишда Талхнинг сўзларига қулоқ тутарканлар, унинг гапларини эшитган Ғаззолий Хайёмга бир қур қараб, жилмайиб қўйди. Унга жавобан шоир ҳам самимий табассум қилди. Косибнинг икки суҳбатдоши Хайёмни таниб, ўринларидан қўзғалмоқчи бўлувдилар, у «жим» дея ишорат этди.

Улардан бехабар Талх эса авом тилидан эшитган ривоятини сўзламоққа бошлади:

-Бир куни Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳаҳу Боғдод шаҳрининг расталари оралаб кетатурган эканлар. Шунда бир мунажжимни кўрдуларки, илми нужумни кўп яхши билурмен, деб муболағалар қилиб, маҳтаниб ўлтирубдур. Ҳазрати Али келиб, анинг илкидан тутиб айтдиларки, «Эй, биродар, сиз мундоғ илми нужумға моҳир экансиз, осмоннинг табойиъларини ва ер юзи иқлимларининг ҳаммасини яхши билур экансиз. Шул каби нарҳнинг арзону қиммат бўлмоғини ҳам билур экансиз ва ўзингиз мунажжимларнинг раиси эркансиз. -Талх сўзини ҳамроҳлари жимгина эшитаётганликларидан илҳомланиб тобора авжланар ва овозига ҳам салобат кириб борарди. Шунингдек, у илкидаги юмушини-да унутмас, бармоқлари бигизга тин бермасди. -Бас, мени сизга сўроғ этмоққа ҳожатим бордур. Эмди сиз бу жойда бир лаҳза таваққуф қилиб туринг ва мен бориб таом келтирайун. Иккимиз ҳамтабақ бўлуб, хўрак қилайлук. Андин сўнгра сиздин мақсадимни сўрармен ва сизнинг фазлингизни бул одамларға билдируб машҳур қилайин.» -дея бир коса сут ила икки адад нон келтирдилар. Косани ўртага қўйуб, ноннинг бирини ўзлари олиб, иккинчисини ўшал мунажжимга бериб, дедилар: «Нонни косага тўғраб солинг.» Ва ўзлари ҳам нонни тўғрадилар, сўнгра илки ила косани ковлаб, нонни аралаштирдилар. Андин сўнгра айтдиларки: «-Эй биродар, бу нонни емоқда ҳам илмингизни ишлатинг.» Мунажжим сўради: «-Бул нонға илмимни қай тариқа ишлатайин?» ҳазрати Али айтдиларки: «-Ушбу косаға ўзингиз тўғраган нонларни топиб олинг ва мен тўғраган нонни адаштириб олиб еманг.» Мунажжим эса, «Ҳар иккимизнинг тўғраган нонларимиз бир-бириға аралашиб кетди. Эмди ани қандоғ топиб олурмен?» деб эрди, Ҳазрати Али айтдилар: «-Эй, ёлғончи ва ноинсоф, ўзингни олдингда турган косанинг ичидан ўз илкинг ила тўғраб солғон нонингни топиб ололмассану осмоннинг устидаги юлдузларни қандоғ танурсен?! Оллоҳ таолонинг ҳикматини ва илми ғайбни қандоғ қилурсен?!»

Шунда мунажжим «Сиз ўзингиз тўғраган нонни топиб олурсизми?»-дея сўроғ этди. Ҳазрати Али айтдиларки: «Мен ҳам билмасмен ва мендан ўзга кишилар ҳам билмаслар, магар Оллоҳ таоло билур». Ул ғофил банда дедики: «-Унда кўрсат ўшал кароматингни, токи илми нужумни қўйиб, илми ғайбга кўнгул боғлай!» Бундин мутаассир бўлғон Ҳазрати Али қўлларини дуога очиб, муножот қилдилар: «Худоё! Мен Алининг қулим деганинг рост бўлса, Исломнинг ҳурматидин ушбу осийға қудратингни кўрсатиб, анинг тўғраган нонини менинг тўғраган нонимдан ажрат ва халойиқ олдида мени хижолатдан чиқаргил!» Шунда Оллоҳ таолонинг қудрати ила косадаги сут қайнаб, мунажжимнинг тўғраган нонини косадан чиқариб ташладики, унга сут ҳам юқмаган, қуруғ эди. Ул вақтда нечалаб кишилар бу мўъжизани томоша қилиб, таажжубда эдилар. Андин сўнгра Ҳазрати Али косани кўтаруб, ўзи тўғраган нон ила халойиқни сийларди. Ҳаммани тўйғуздилар, бироқ косадаги нон асло камаймади. -Шокир Талх юмушдан қўл узиб, қаддини ростлаб, гердайди-да, рўбарўсидаги кишиларга «қалай, бопладимми, калтафаҳмлар, сўз айтмоқ мана мундоғ бўлур», дегандек боқди. Улар эса оғизларининг таноби қочиб, тиржайиб турардилар. Чунки ортидаги Ғаззолий ва Хайём ростманасига кулар эдиларки, Ғаззолий гоҳо «уқдингизми» дея Хайёмни мутойибали тергаб қўярди. Ана шунда Талх улуғ меҳмонларни пайқаб қолиб, шитоб ўрнидан қўпди.

-Ассалому алайкум, муҳтарам зотлар! -деди хиёл эсанкираганча бидиллаб, лекин илки кир бўлганлиги боис сўрашмоқ учун узатмади.

-Мунажжимларга мана шунча маломатингиз бор экан-да, ё Талх! -дея заҳарханда қилди Хайём.

Талх бироз қизарди, аммо ўзини йўқотмади. Чиройли мулозамат ила меҳмонларни дўконига таклиф этди.

Хайёмда андак жиззакилик мавжуд эди, лекин ҳозир бу жиззакилиги Ғаззолийга ожизлик бўлиб кўринмаслиги учун ўзининг ҳалиги гапидан кейин ростмона самимий ҳазилга ўтди:

-Агар Пайғамбар алайҳиссаломнинг косиблар ҳақида айтган ҳадиси шарифи бўлмаганда эди, бояги гапингиз учун сизни тутиб, илми нужумга ўқитган бўлур эдик.

Енгил кулку ила дўкон ичига кирдилар. Бундан мурод -озгина салқинламоқ эди.

Юзларига фотиҳа тортдилар.

Хона тор, бироқ бағоят саришта -ҳамма нарса ўз ўрнида эди. Унда чарм, турфа мой, елимларнинг ҳиди уфуриб турарди. Бу ҳол азали камтарин бўлган икки олимга асло азият етказмади.

Талх қўлларини ювиб, аёқда яхна шарбат келтирди:

-Қани, марҳамат қилсинлар!-деди у пиёлаларга шарбат қуйиб узатаркан. -Бизнинг вайрона ҳам обод ва нурафшон бўладурғон кун бор экан, Оллоҳга шукр!

Ғаззолий рўзадор эди ва шул боис шарбатни рад этди. Хайём унинг ҳамиша рўза тутмоғини эслаб, ҳам ирода-ю эътиқодига лол қолди, ҳам хижолат бўлиб шарбат ичмоқдан тийилмоққа саъй этди, бироқ ташналик қўймади.

-Сиз юмушингизни қилаверинг.-деди Хайём ташқарига ишорат этиб.-Шукрки, бизнинг футларимиз (оёқларимиз) бут. Бироз салқинламоқ истадик.

-Хўп бўлади, тақсир. Лекин бу ҳаракатларим боиси бояги сўзларим заҳридин қалбингизда бино бўлғувчи кемтикни тўлдирмоқдир, холос.

Кулишдилар. Шу билан орадаги хижолатпазлик барҳам топди.

-Аслида косибнинг ҳалиги олимона ҳикоятида ҳам маъни бор.-дея гап бошлади энди Ғаззолий. -Аҳли нужумнинг баъзилари гоҳо ақлларига бино қўядилар.

Хайём бу каби маломатларни, халқ орасида кезинган шундайин турфа гап-сўзларни орқарваротдан кўп эшитарди. Шул боисдан ҳозир дарров қизишиб кетмади:

-Сиз Фурқонни (Қуръонни) биздинда хўп билгувчисиз. Демакки, ундаги «Буржлар» («Буруж») дея аталувчи сурадан ва унинг «Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам» деган илк оятидан бохабарсиз. Ўн икки буржни Оллоҳ таолонинг ўзи яратган ва ақли расо бўлган бирон кимса унга эгалик қилолмас. Лекин ана ўшал маъволарнинг буюк соҳиби у ерга бандаларининг тақдир китобларини, яъники ёзиқларини пинҳон этган бўлса не ажаб. Аҳли нужум эса ўшал асрорни, бани башарнинг тақдир китобини ўқимоққа саъй этадур холос. Бунинг нимаси айб, жаноб?!

-Ахир Қуръон юлдузларга қараб фол очмоқни, инсон тақдирини башорат қилмоқни маън этади-ку!

-Қуръон эмас, -деди энди Хайём ўз одатича кескин.-суннат, тўғрироғи, шариат уни таъқиқ этади. Эҳтимол бандаларнинг чуқур кетиб, чалғишларидан сақланиш учун шундай қилингандир. Билмадим, бу борада бир нима демоқдин ожизмен.

Ғаззолий беихтиёр шоирнинг илкидаги шарбатга боқиб, бироз ўйчан кўйда ўлтирди.

-Унда Қуръони каримдаги мана бу оятга не дейсиз? «Биз кеча ва кундузни (ўзимизнинг қудрати илоҳияларимизни кўрсатиб турадиган) икки белги-аломат қилиб қўйдик. (Ҳеч нарса) кўринмас қоронғуликни кечанинг аломати қилдик. Кундуз аломатини эса, парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни ризқу рўз) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик...» («Ал-Исро» сураси, 12-оят) Бу илоҳий сўзлардан бундин ўзгача маъно чиқармоқ мумкинми?

-Сиз ўз ўзингизни инкор этаётирсиз. Ахир Оллоҳ таборака таоло бу ояти каримада ҳам бизларни билишга, ҳисоб-китобга даъват қилаётир-ку!

Ғаззолий жим қолди. Унинг туришидан бирон маънони уқиш мушкул эди.

Бу икки олимнинг суҳбати эди. Улар илму ҳикмат асосида суҳбат қурар эканлар, бир-бирларидан ғалатлик қидирмасдилар ёхуд бир-бировларини мот қилмоққа ҳам уринмасдилар. Зеро ёлғиз Ҳақиқатни излардилар. Ўз кўнгилларидаги туғёнга билмоқ ва англамоқ ҳисси ила таскин топмоқ истардилар. Шунинг учун улар суҳбат асносида бир-бирларидан ранжимоқни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Вужудларидаги илоҳий ишқ уларни тобора яқинлаштириб ббормоқда эдики, буни ўзлари ҳам ҳозирча сезмасдилар. Таъбир жоиз бўлса, Абу Ҳомид Ғаззолийнинг вужудида ўзи тан олмаган Хайём, Абул Фатҳ Умарнинг вужудида эса ўзи кашф этмоқни истамаган Ғаззолий яшарди. Яъни улар жисмларига бир хил илоҳий ишқ оташи тушган икки хил одам эдилар.

Хайёмнинг кўнглида ҳузурбахш бир эврилиш кечмоқда эдики, бу унга жуда-жуда хуш ёқарди.

-Мансури Ҳаллож илоҳий ишқда маст бўлгани янглиғ ҳам суҳбатингиздан мастдурмен. Мисоли «Анал Ҳақ» лаззатини тотадурмен. -деди у тақи суҳбатга чўғ ташламоқ умидида. -Дарвоқе, Ҳалложнинг мақомида у бир кеча-кундузда ўқиган минг ракат намоз, тўғрироғи, сўз (Анал Ҳақ) муҳимми ёхуд унинг руҳий ҳолатими?

Савол нозик эди. Ғаззолий наздида, бу хатокорлиғдай туюлди.

-Албатта намоз, сўз муҳим. -деди у қатъий бир тарзда.

(Муҳтарам ўқувчига шуни айтиб қўймоқчимизки, тарихий китобларнинг гувоҳлик беришича, «Ҳужжатул Ислом, буюк имом, шайх Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари ёшлик йилларида Қуръон ва суннатни қаттиқ тутган ҳамда шариат аҳкомларига қаттиқ берилган зот бўлганлар. У кишида ҳали кўнгил мақоми шаклланмаган, тасаввуф илмидан бохабар бўлсалар-да, ҳали унга ихлос қўймаган, яъни бентибоҳ (огоҳ бўлмаган) эдилар. У пайтлари ҳазратимиз, ҳозирги замон тили билан айтганда, Ислом назариётчиси эдилар. Юқоридаги жавоби ул зот умрининг ёшлик йилларига тўғри келади. Умрининг иккинчи ярми ва айниқса, охирида у киши дунёвий нарсалардан воз кечиб, фақат тоат-ибодат ва ижод ила машғул бўлганлар ҳамда улуғ мақомларга эришганлар.

Умар Хайём эса бу пайтда ўз руҳий ҳолатини тўла англаб етмаган бўлса-да, кўнгил мақоми Ғаззолий ҳазратлариникидан хийла юқори эди. Аммо буни уларнинг ўзлари сезмасдилар. Сездиргувчи зотнинг пешини ҳали тутмагандилар.)

Хайём тақи ёнди:

-Мансури Ҳаллож бир кеча-кундузда минг ракат намоз ўқиганлигини айтдим. Ҳар бир ракат учун эса алоҳида ғусл қилган эканлар. Ҳаттоки юпқалашиб кетганидан устидаги ҳирқасининг вазни ҳам қолмаган экан. Агар жисмга эътибор этилса, ўшал минг ракат намознинг ўзини ўқиш имконсиздир. Демакки, бунинг учун руҳий тайёрлиғ ва мақоми хос даркор. Хулоса шулки, бунда Ҳалложнинг аҳволи (мақоми) муҳим эмасми?

Ғаззолий босиқлик ила, вале маънодор жилмайди:

-Унда жаноблари айтсинларчи, «Анал Ҳақ» хитоби унинг жисмидан учдими ёхуд руҳиданми (қалбиданми)?

-Албатта руҳидан-да! -Хайём суҳбатга авжлироқ киришди. -Ҳаллож тинимсиз ибодат ва зикруллоҳ ила нурга эврилиб, илоҳий тажаллийга қоришиб кетган эди. Унда жисм қолмаганди. Ғофилу жоҳиллар эрса, йўқ жисмни қатл этдилар. Ҳаллож буни сезмади ҳам ҳатто. Бу бағоят юксак мақомдур!... -Шоирнинг нигоҳида туйқус ўйчанлик зоҳир бўлиб, юзида изтироб балқди. Ё соҳиби Ғайб, бу кимнинг, сўзлари дея хиёл қиларди у, ким айтди мен учун бегона бўлмиш бул янглиғ фикрларни? Мен-кўплар ва айниқса, ақли шариат наздида, майпараст бўлмиш саркаш шоир, банданинг бандилик мақомини қалбан инкор этгувчи осийлик номига сазовор нужумпараст зот наҳотки шу сўзларни айтган бўлсам?! Қайдин учди бу фикр пайконлари?!..

Ғаззолий шоирнинг сўзларини тасдиқ ҳам, инкор ҳам этмади. Аслида ихтиёрсиз равишда унинг қалбида, вужудида ҳам ўзгача бир ғалаёнлар уйғона бошлаганди. Шунинг учун ва ёхуд ўз кечмишини англай олмагани боисми, ҳамроҳини бу ерни тарк этмоқликка ундади.

Улар Талх ила қуюқ хўшлашиб, ўз йўлларида давом этдилар. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, Ғаззолий титроқ овозда савол этди:

-Исфаҳон муттакоси (суянчиғи, мададкори) Адам Шайх ҳазратларининг ҳонақоҳлари қай тарафда?

Иккалаларининг нигоҳлари баногоҳ тўқнашдилар: во ажаб, айни дамда Хайёмнинг хаёлидан ҳам Шайх ҳазратлари ўтиб турганди.

-Шаҳар адоғида.-деди шоир кун ботиш тарафга илки ила ишорат этиб.

Шу бўйи қайтиб суҳбатлари қовушмади, иккалалари ҳам хаёлга чулғаниб, то намози асргача шаҳарни кездилар...

Ўн биринчи боб

1

Хайём оромини йўқотди. Авваллари вужудида уйғонган тушуниксиз кечмишларни май тафти, мусиқий ноласи ва ёки шеър мавжи ила босиб, қалбидаги олов-оташга малҳам топа оларди. Энди эса на май, на куй ва на назм аҳволига кор қилмаётир. Илмдан, юлдузлардан ва уларга эш давралардан кўнгли совуди. Илгари шундайин аҳволга тушса, ичидан бир нимарса сирғалиб чиқарди-ю беадад май сипқорарди, мусиқий оғушида тебраниб, фарёд ура шеър ўқирди. Бу кун ўшал нимарса ташқари чиқмас ва гўё у маҳф бўлиб бораётгандек туюлса-да, аслида бошқа ёруғ бир нимарсага эврилиб, унинг бағридаги ўт тажаллийсига чулғаниб, жону жаҳонини янада баттарроқ куйдирарди.

Унинг ҳатто намоздан, Каломуллоҳ мутолаасидан ҳам кўнгли совиганди. Ўзидаги бу ҳолатни англаёлмас, унга сари вужудига тағин-да куйдиргувчироқ ўт кетарди. Тунларни бедор ўтказаркан, қалбида Оллоҳ деган калом кун сайин кўкариб, гул очиб бораётганга ўхшарди ва бу сўз ададсиз рақам касб этарди. Шундай онларда у фақат ва фақат Ғаззолийнинг суҳбатини истар, унинг ўзидан неча ёш кичик эканлигини билиб, бунинг маъносини шууридан ўтказиб турса ҳам унга томон талпинаверарди. Шоир дўстининг суҳбатини ихтиёр этаркан, ғойибона устози Уқлидуснинг уни мудом беором тутган бешинчи қоидасини эслади. Икки ёндош тўғри ҳад ҳеч қачон кесишмайди, деганди устоз. У икки ёндош чизиқни хаёлан уфқ сари йўлларкан, кўзлари илғаган маълум бир нуқтада улар бирлашдилар. Демак, улар қачондир кесишади, бирлашади, фақат бунга бизларнинг ақлимиз қосирлик қилмоқда холос. Истиқболда улар бирлашур, илло у ва Ғаззолий каби. Унда дин табиат илмларини, табиат илмлари динни исбот этиб, бир-бирларига хизмат қилурлар. У кунлар қачон келаркин?! Шундай пайтларда шоири зорнинг юраги ўртаниб кетарди.

Қуръон Оллоҳ таборака таолонинг беадад илмидан бир улуши холос. Демак, Ҳақиқат Қуръоннинг ижодкорида, соҳибида. Бундан аён бўладики, башарнинг шуури илғамас коинотда барча дин ва миллатлардан, ҳатто энг шарафли Ислом миллатидан ҳам устувор бўлган мутлақ Ҳақиқат мавжуд. Балки ана ўша Мутлақият оламни бир бутун тутиб, моҳиятни барпо этар ва одамзотдан тортиб барча жонзоту наботот, туфроғу тошгача бир лисонда сўзлатар. Хайём бу нимарсаларни айни кунларда, яъни бедор куну тунларида кашф этарди. Ўша кунлари у ўзини ваҳмга ва ҳатто саросимага солган тушининг таъбирини ечгандай бўлди: Мастона кампирнинг Қуръони каримни ўтда ёқиб ўлтириши-унинг вужудига бемисл ўт солган улуғ Ишқ ташрифи, яъники Мутлақиятни англашимиди-уёғи энди Яратувчининг ўзигагина аён.

Ғаззолий ила кечган навбатдаги суҳбат, ёйинки баҳсларида у мазкур фикрларни ҳам тўлғона-тўлғона изҳор этганди:

-Коинотни ўрганувчи, табиат асрорини фош этишда кўмак бергувчи олмлар мажусийлик авжида ниҳоятда ривож топмиш эди. Алар жумла осмонлар илмини, ҳайвоноту наботот асрорини, алжабр, ҳандаса, фалсафа, фаросат илмларини бағоят мукаммал эгаллагандилар. Алкимёни кашф этиб, анинг сирридин воқиф бўлиб, мисни олтинга айлантира олганлар. Жисмларни неча бора катталаштириб бергувчи заррабин шишани ҳам алар кашф этмишларки, ул ила осмон аҳлини мушкулотсиз кузатмоқ мумкин. Ёки сирри мудом барчадин пинҳон кибратул аҳмарни айтинг... Ҳа, мажусийлар барча илмларни табиат ҳодисотларига ҳамоҳанг тарзда ўрганмишлар!.. -Хайём шеър айтаётган янглиғ завқу шавқ ила сўзларди ва бу шавқ тинглагувчига ҳам юқумли эди. -Ваниҳоят энди бани башар манглайига саодат нурини ёғдириб, улуғ Ислом дини юборилди. Инсон энди ҳалиги илмларни иймон торозуси ила ўрганмоққа киришди. Оқибат эса он қадар буюк. Агар илоҳий илмлар ривож топиб, табиат илмлари бир четда қолсачи? Унда хурофоту турфа бидъатлар авж олмайдими? Ғазналик Маҳмудлар дунёга келмайдими? Эҳтимол!.. Унинг акси ўлароқ илми табиийун юксаклаб, илми илоҳий тубанда қолса ҳам шу аҳвол-руҳий-аҳлоқий сифатлар таназзулга юз тутади. Демакки, ҳар неда меъёрни, сирли оралиқни унутмаслик лозим!..

Ўшанда Ғаззолий ҳам бу фикрларга майл билдириб, сўзсиз қолганди.

Хайёмнинг ўшал меъёр ёхуд сирли оралиқ ҳақида тақи ўзга назари ҳам мавжуд эдики, ани бировларга ошкор этмоқдан ҳамиша сақланарди. Бу сир шоирнинг шеърларига кўчганди. Эҳтимол унинг назмида ўшал рост сир борлиги учун ҳам эл ани суяр. Мана, ўшал чин сир: киши мастликда ростликни англашга саъй этади. Мастлик ила ростлик аро шундайин бир муддат, балки сониядан ҳам камроқ муддат борки, ана ўшал вақтда ҳақиқат яққол ёлқинланади. Шул ёлқинни илғай олмоқ муҳимдир, сағал у ёқ-бу ёққа оғмоқ хатоликнинг бошидир. Зеро ғайб олами ҳам шу янглиғдир: киши Оллоҳ ишқида масту беҳуд бўлмоғи ва дунё ҳамда ғайб олами орасидаги сониялик барқни пайқай олмоғи лозим. Ўшал сониянинг ўндан бир улушича муддатда ғайб пардаси кўтарилиб, одам бутун бир оламни, осмонларни кўра олмоғи имконлидир.

Одам сафиюллоҳ яратилгунича, яъники инсон бу дунёга келгунича қанча вақтлар (замонлар) ўтган. Бундан кейин тақи қанчаси ўтмоғи аниқ. Абадият (мангулик) қошида инсон умри, йиллар, асрлар бир лаҳза кабидур. Инсон умри-фақатгина бир лаҳза. Вале инсон ана ўшал бир лаҳзада мангуликни ҳис этмоғи, англамоғи мумкин. Яъни лаҳза ва мангулик бир бутун.

Хайём инсон умрини тушга қиёслайди. Одам туш кўради, унда тақи кўп нимарсаларни кўрмоғи мумкин. Бироқ битта муҳим воқеагина ёдида қолади (бу кишининг шуури даражаси ва руҳий ҳамда жисмоний поклигига қараб яққол ёхуд хира тарзда рўй беради) ва ўшал воқеа эртанги куни учун башорат бўлиши ҳам мумкин. Ўшани эслаб қолса бас, сўнг эртанги куннинг мазмун-моҳиятини англайди. Инсон умри ҳам шу-унда муҳим бир лаҳза мавжудки, ўшани илғай олган зот Ҳақиқатни англайди. Надоматким, бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди, акс ҳолда...

Одамизот яшар экан, шаҳарлар қуриб, сувлар чиқариб, китобот битиб, бир сўз ила айтганда, тамаддунга эришар экан, у ибтидодан, яъни ўз аслидан йироқлашиб бораверади. Асил сурату сийратидан мосуво бўлади. Унинг фожеаси ҳам шунда. Не этмасин, янги-янги урфлар, қоида ва таъқиқлар пайдо бўлаверади-да, аслидан жудоликка маҳкум.

Ҳақ дин келди. Ҳотамул анбиё юборилди. Саодат замони оламга ёруғлик сочди. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар соҳада умматларига ибрат бўлдилар. Не яхши нимарсага эришмасин бошқаларга илинди. Ҳар қандай ҳукмни адолат ила чиқарди. Шул боис ҳам кишилар ул зоти муборакка эргашдилар ва тинчу осуда, хотиржам яшадилар. Оллоҳнинг суюкли Пайғамбаридан сўнг эса... Ой сайин, йил сайин турфа одатлар, айрилишлар пайдо бўлиб бораверди. Суннат ва шариат аҳкомларига замон уламоларининг таъма-ю манфаатлари аралашди. Шариатда пайдо бўлган ҳар бир янги қоида, фатво кимларнингдир нафси учун хизмат қила бошлади. Оқибатни эса кўриб турибмиз.

Хайём ўшанда Ғаззолийга бир ҳикоят айтиб берганди:

-Бир камбағал одам тирикчилик ташвишларидан ниҳоятда хорибди. Ақли паришон бўлиб, ихтиёрсиз кўйда замона шайхига рўбарў бўлибди. Бир таскин илинжида ул зотга ёрилибди. Рўзғори юпунлигидан, кун кўриш оғирлиги-ю замона адолатсизлигидан нолиб, кўз ёш тўкибди.

Шайхнинг унга раҳми келиб, шундай дебди:

-Сабр қилмоқ даркор, биродар, илло чин бахт, чин бойлик қиёматда сабрлиларга ато этилур. Ахир Ҳазрати Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам не-не офатларга, хўрликларга сабр этмадиларми. У кишининг хонадонида ҳатто емоққа нон қолмаган кунлари бўлган. Бу бизларга сабоқ бўлмоғи лозим...

Шунда камбағал шўрликнинг аламли овози эшитилибди:

-Унда барча -Пайғамбар ҳам, камбағал ҳаммол ҳам баробар эди-да, тақсир!

Бу гап чин ҳақиқат эди, зеро файзу барокат ва аҳилликнинг асли тенгликдадур.

-Сиз Набий алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўзгаларга ибрат қилурсиз -бу бағоят соз. -деганди бир сафар Абу Ҳомид. -Вале ўзингиз шеърларингизда Оллоҳга, унинг тақдирига исён қилмайсизми? Биз қай бир Хайёмга инонайлик?!

Хайём ўйчан жилмайганди ўшанда:

-Ғаззолий жаноблари билсинларки, менинг исёним, яъни осийлигим Оллоҳ-соҳиби коинотга эмас, шу ҳаёт ва уни шу тарзда бино этаётган одамларгадур. Алар Тангри таоло яратган барча нимарсаларни ўзларича қайта «ижод» этадилар-да, яратувчилик даъво қиладилар. Янги-янги тартиблар, таъқиқлар жорий этадилар. Ниқоблари дину иймон бўлгани билан аслида ундай эмас. Дин ташвиши алардан анчайин наридадур. Демак, алар ўзларини бу дунёнинг соҳиби деб биладилар. Шеърларимдаги исён ана ўшаларгадур.

Ғаззолий кинояли табассум қилди.

-Чиройли сўзлайдурсиз.-деди, сўнг тагдор сўз айтди. -Ҳар тугул шоирлик этдингиз.

Хайём мулзам бўлди. Ҳамсуҳбатининг гапидан сўнг чиндан ҳам сохта сўзлаганини, ўзини оқлашга уринганини фаҳмлади. Аммо энди кеч бўлганди, айбини ёпмоққа уриниши уни икки ҳисса оширмоқ ила баробар эди. Шунинг учун индамай қўя қолди.

Ғаззолий буни сезиб, ўзича уни тўғри йўлга чорламоқчи бўлди:

-Шеърларингиздаги сўроғу хитоблардан уларни қай ҳолатда қандай ёзганлигингизни пайқаш мумкин. -У шоирнинг ўз шеърларини мастликда битганлигига ишорат қилмоқда эди. -«Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?!» («Шуаро» сураси, 224-225-226- оятлар)

Хайём хуш қироат ила айтилган илоҳий сўздан янада мутаассир бўлди ва бир лаҳзагина ўзига хиёнат қилиши, ўз феълига зид иш тутиши қанчалик оқибатларга Солмоғини тушунганидан баттар хижолатга тушди. Илло Ғаззолий нишонни тўғри олганди. Чин сўз қаршисида ҳар не куч ҳечдир.

-Ҳа, мен ўз шеърларимни бошқа бир таърифга сиғмас ҳолатларда ёзамен. -деди ниҳоят тилга кирган Хайём. -Кейин алар ўзимга ҳам ғалат туюладур. Илло бандамен, бу оламда не-не гуноҳлар қилмадим. Балки шеърларим ҳам ўшал гуноҳларимнинг биридир. -Шоир бу сўзларини чинакам истиғфор оҳангида айтди.

-Сизни кун келиб кимлардир майпараст бир шоир, бировлар беназир табиийунчи олим, бошқалар эса Уммул Китоб билимдони ҳофизи Қуръон, дея суйсалар ажабмас. Эҳтимолки бунда ҳам Оллоҳнинг бир ҳикмати бордур.

Хайёмнинг аввалги шаштидан асар ҳам қолмаганди, суҳбатдошининг сўзларини сукутда бош эгганча тингларди.

-Зеро уч олам мавжуд, -дея сўзида давом этди Ғаззолий. -Биринчи, тубан (қуйи) ҳисли жисм олами. Иккинчиси, ўрталиқ руҳий, ҳар нимарса маъно касб этгувчи олам. Ваниҳоят учинчиси, юқори олам-Илоҳнинг макони.

Қуйи олам ҳамиша ўзгариб туради. Илоҳ олами эса Буюк Ирода туфайли ўзгармас ва мангудир. Тоза руҳли кишилар Илоҳ оламига мансубдирлар. Чунки улар Илоҳдан яралганлар ва унга қайтадилар. Валекин қуйи оламга мансуб қалблар ҳам юқори олам ила робитага (алоқага) киришмоқлари имконли, фақат тушда, руҳий муроқабада.

Хайём авваллари бўлганида бундайин гапларга қулоқ солиб ўлтирмасди, шартта узарди-қўярди. Бироқ айни дамда рўбарўсидаги ёш шариатпешанинг сўзларини ихтиёрсиз равишда жон қулоғи ила тинглар ва барини қалбига жо этарди.

-Унда мен қай оламданмен? -дея сўради у паст овозда.

Ғаззолий анчагина сукутга толди ва ахийри:

-Фурсати ила аён бўлғай, иншооллоҳ!-деди мавҳум бир оҳангда.

Кузнинг ўрталарида Ғаззолий шайхулисломнинг чорлови ила тақи Боғдодга отланди. Сафар тадоригини кўраётган кунларининг бирида шаҳар четига чиқиб қайтди. Аммо Адам Шайх ила кўришдими ёки йўқми, Хайёмга ҳам ноаёнлигича қолди.

Бу айрилиқ иккиси учун ҳам оғир эди. Улар бир-бирларидан нелардир олганликларини, руҳиятларида, кўнгилларида ҳам ажаб эврилишлар рўй берганлигини сезиб турсалар-да, тан олмасдилар ёхуд тан олмоқни истамасдилар. Нега бундай-бу энди Яратувчининг сири эди. Ўтган кунлар, ойлар икки соҳиби илм ва соҳиби дилни гўзал маъволарга ҳамда ана ўшал маъволардаги бетакрор руҳ чаманларига, осмоний тажаллийларга ошно этди. Ўша кунлари Ғаззолий суҳбат асносида шундай деганди:

-Ҳали бизлар ҳақимизда турфа уйдирмалар, маломатлар тўқийдилар. Ҳатто иккимизни бир-биримизга аксил қўйиб, ўз нафслари учун хизмат қилдирмоққа уринадилар. Дунёдаги барча динлар танҳо Яратувчига ҳар тарафдан элтгани каби бизлар ҳам бир манзилни кўзлаган икки хил йўлдаги йўлчилар эканлигимизни кўплар англамай ўтадилар. Лекин шунисига ҳам шукур. Зеро Тангридан келганмиз, Тангрига қайтурмиз!.. Аслида бу ҳам ҳали холва. Чунки кун келиб, дунёга соҳиблик истагида бўлган Иблиснинг малайлари ҳали Ислом ила одамларни қўрқитмоққа тушадилар. Бундайин синовлар ҳам бор ҳали!..

Айрилиқ они узоқ хайрлашдилар. Ҳали тақи кўп бор дийдор кўришмоқларини сезиб турсалар-да, кўз ёшларини тиёлмадилар.

-Сизнинг йўлингиз олис, ё шоири замон!-деди Ғаззолий уни қучоқларкан. -Сиз барча оламларга мансубсиз!..

У Исфаҳонга Ибн Синонинг изларини излаб келган эди, англадики, Хайём иккисини топди...

-Хуш энди, дўстим Умар Хайём!

-Хуш!.. Хуш, азиз биродарим!..

2

Хайёмнинг дил ва руҳий ғалаёнлари баттар авж олди. Энди англадики, ўшал Қуръони каримни ёндирмоққа қодир ишқ буткул ҳаловатини олганди. На илмда, на ибодатда, на шеърда ва на майда дардига малҳам тополмасди. Тез-тез кўз унгида Мастона кампир намоён бўлар ва ўз бағрига чорлайверарди. Ўкраб йиғламоқ истарди, йиғлолмасди, нужум ҳолидан фол очмоқ бўларди, юлдузлар ҳам ёлғончидек туюлиб кетарди, илм истарди, лекин ўрганаётган, яратаётган илмлари ҳечдек кўринарди, назм олами эса ундан юз ўгиргандек эди. Аввалига у бу кўйини Ғаззолийдан айро тушганлигидан деб ўйлади, ахир яхши йўлдош, ҳар бир сўзингни осонликча англагувчи дўстдан, суҳбатдошдан айрилиш осонми?! Одам тафтини одам олади, дейдилар. Энди мислсиз оловдан бино бўлаётган тафтини олгувчи ўшал ҳамдами йўқ эди.

Аҳли расадхона ҳам ҳайратда-ҳаммалари ихлос қўйган, ҳайбатидан тоғлар мук тушган, ғайратидан ҳар не юмушнинг бўйни синган теран ақл ва унга итоатли дил соҳиби бўлмиш шоир Умар Хайём афтода бир аҳволга тушмиш эди. Бу не ҳол, дея бир четларда ғўлдирарди эрка шогирди Исфазарий, ул шариатпеша устозни қандайин жодуга солди?! Микоил хожасига гоҳ-гоҳ тикилиб қўярди-да, ул зот олим одам бўлса, мен бир омий сангтарошу томошабоз, унинг аҳолини недин билурмен, дея Полвон ила андармон бўларди. Фақат кекса Риндгина уни тушунарди чоғи. Чунки ҳамиша Хайёмга ҳалал бермасликка уринар ва турфа саволу нигоҳлари ила таъқиб ҳам этмасди. Аммо хожасининг кун сайин ундан узоқлашаётганлигини сезиб турарди.

Ўшал кунларнинг бирида шоирни вазири аъзам ўз ҳузурига чорлаб қолди. У Хайёмдаги ўзгаришни бировдан эшитганмиди ёхуд айни дамда пайқадими, номаълум эди.

-Сенга не бўлди, эй, нишопурлик саркаш шоир?-дея сўради у ўзининг мардона овози ила уни қаддини кўтармоқликка ундаб. -Бетобмисен ва ёхуд толиқдингми?

-Билмадим, ҳазрати олийлари. Ростдан ҳам толиқдим шекилли. -Хайём бу сўзларни мавҳум оҳангда айтди.

-Унда ҳордиқ ол. Май ила ёрни тут. Бундайин аҳвол сенга ярашмайдкр, ўғлим. -Вазири аъзам уни илк бора шундай аташи эди.

Бу меҳр туйғуси ила айтилган сўз шоирга ҳам таъсир этмай қолмади-дод солиб ўкраб юборишига оз қолди. Бироқ уни мудом тарк этмаган ғурур бўғзига урилган фарёдни тўсди.

Шундан сўнг гап қовушмади. Кўп ўтмай Хайём вазири аъзам даргоҳини тарк этди. Қайтаётиб бўсағада Қазвинийга йўлиқди.

Амирул шуаро энди ўзини анча ўнглаб олган, жисмида зуҳур этгувчи нотавонлик, руҳидаги гумон ва қўрқув ҳам ҳозир сезилмасди. У бўлиб ўтган қаро кунлардан сўнг Султон қаҳридан қўрқиб, ўзини четга олиб юрди. Салтанат «об-ҳавоси» бир маромга тушиб, султону бошқа аркони давлатлар ҳам ўзга юмушлар ила андармон бўла бошлагач, тақи унинг вужудидаги қора қуртлар ғимирлай бошлади. Не этиб бўлса-да, Хайёмни олампаноҳга ёмон кўрсатиш учун режа тузмоққа тушди. Бироқ энди султон Маликшоҳ унинг сўзини унчалик ҳам сўз деявермас, вазири аъзам ва айниқса, Умар Хайём ҳақида ёмон гап олиб келишларини хушламай қолганди. Қазвиний буни биларди ва шул боис Хайёмни ёмонотлиқ қилмоқ учун айни кунда унинг шеърларидан ўзга маҳкамроқ тутгулик дастак йўқ, дея ҳисобларди. Филҳақиқат, сўнгги ҳафталарда Хайёмнинг ғалат ва ҳаттоки осийона талқинда битилган шеърлари кўпаймоқда эди. Амирул шуаро ана ўшандай шеърларни улкан умидворлик ила тўпламоққа жаҳд этганди. Шул ёнишлари асносида эшитдики, нужумпараст Хайёмнинг кўйи ҳам ўзгариб, аҳволи савдойинамо бўлиб қолган эмиш. Шоирлар амири бағоят шодланди ва улкан умидворлиги тағин улканлашди. Ажаб бўлғай, деди у кўзлари чақнаб, султонзода Муҳаммад Такашнинг уволи тутибди-да бул нобакорни! Ҳали бу ҳам кам, ҳадемай чиндан-да ақлидан мосуво бўлса ажабмас. Шундай қилиб, Хайёмга астойдил кафан бича бошлади. Хайём ила ҳозирги йўлиқуви ҳам унинг ўшал қувончли кунларига тўғри келганди.

-Ассалому алайкум, ё юлдузлар шоҳи!-деди у Хайёмнинг кўзларига синовчан ва ҳам кинояли тикилиб.

Кўнгли уйғоқ Хайём унинг боқишидаги маънони дарров пайқади. Савдойи деб гумон қиладур бу дили сиёҳ, дея ўйлади, қарашлари музаффарлик тантанасидек кўринадур. О, инсон боласи, ўзингнинг ҳолингдан ошиб, бировларнинг кўнглини тафтиш этмоқдан қачон тийиласан-а!..

-Шаҳарда камнамосиз? -дея давом этди тақи Қазвиний ундан кўзларини узмай. -Ёки биз дўстларингиздан этак қоқдингизми, жаноб?

Бу гапга муносиб жавоб қилмаса бўлмасди.

-Асло, эй, амирул шуаро! Фақат дўстларимнинг яхшилик нури ёғилган гўзал ангорларига боқмоққа мен фақирнинг тоқатим етмас. -деди Хайём сўзларига конияли жило бериб ва йўлига кетаверди. Шайтони лаъин эса кўнглига ғулу солиб, бул пачоқ башаранинг ёқасидан олиб, кекирдагини суғурмоққа ундарди.

Бундайин муомалани кутмаган Қазвинийнинг кўзлари олайиб, туси бўз янглиғ ўнгиб кетди...

Фақат Марямгина... Хайёмнинг ўзига нисбатан аллақачон совиб улгурганлигини, аниқроғи, бефарқ бўлиб қолганлигини сезса-да, Марям мудом унга талпиниб турарди. Айниқса, шоирнинг ҳозирги аҳволи қизни ортиқ безовталантирар, ички бир сезим ила унинг туғёни боисини англаётгандек кўринарди. Хайём унга ҳамон ишонар, ўзгалардан пинҳон тутган кечмишини ҳам ундан яширмасди. Бироқ энди у Марям сари талпинмасди, васлига ошиқмасди.

-Устоз, зора ёрилсангиз!-деди бир куни Марям зорланиб, -Ғаюрлар бу ҳолингиздан огоҳ бўлсалар, хавф наинки сизга, балки бутун расадхонага соя солур.

Хайём индамади, қизга маҳзун тикилди...

Сўнгги кунларда Хайёмнинг наздида, оламдаги жамики ҳилқатлар маъносизлик касб эта бошлади. Мавжуд нимарсалардаги фонийлик унинг кўнгил ойнасида тиниқ-равшан акс этмоққа тушди. Ўзининг барча уринишлари, даъволари зоедек туюлди. Олган илмлари фоний, шеър фоний, ҳатто манов улуғвор қоялар фоний, тириклик фоний- ҳамма-ҳаммаси фоний эканлигини англади. Англади-ю хўрлиги келди. Наҳотки еб-ичмоқ учунгина яралган бўлсам, дея наъра тортди қақраган бағри ўт ичра. Унда не боқий? Бу оламдаги не бир саъй зое эмас?! Танҳо Яратгувчи, соҳиби коинот, яъники энг олий шуур ҳақ. Вале масжидда саждага бош урган одамнинг ўз инсоний муддаоси бор бўлганидек, калисода сиғинган кимса ҳам риёдан ҳоли эмас. Мажусий оловни, будпараст сангни Худо, дея ўз дардларини айтиб соладилар. Барчалари оддийгина маҳлуқ (яратилган), банда, қул эканликларини билганлари ҳолда ожизона истак-илтижоларини тинглагувчи, ижобат этгувчи ёлғиз Зотни ҳам ич-ичларидан сезиб турадилар. Бироқ сўқир қалблари, ноқис ақллари исканжасида Яратувчини турфа суратларда, ўзлари каби ожизона қурбларда тасаввур этадилар. Аларнинг ақллари бундан ортиғига дош беролмас, фаросатлари эса ўшал ақлларига бандидир. Илло бу оламда ҳар неки бор қулликкка, маҳкумликка элтур. Шоир эса бунга тоқат қилолмас. Инсон бўйнига илинган қуллик занжирларини чил-чил қилмоқни истар.

Каъбаю бутхона қуллик хонаси,
Бутхона занги ҳам шум таронаси.
Меҳробу калисо, тасбеҳу салиб-
Барчаси қулликнинг бир нишонаси.

Бу сатрлар кетидан ушбуси келди:

Бизга фалак иши-фақат ташвиш-ғам,
Бирини тикласа, бошқаси барҳам.
Ҳали келмаганлар бундан бехабар,
Хабар топа қолса келмас эди ҳам.

Шоир чинакам туғёнга келганди. У фоний умрга, ҳаммаси аввалдан битиб қўйилганлигига, бу битик-ҳаддан озгина бўлсин четлаш мумкин эмаслигига исён қиларди. Унинг қалбида яратиш ишқи жўш урарди. Бу ишқ унинг ихтиёридан айро равишда инъом этилган тақдирни инкор қиларди. Бу осийлик эди, ҳатто Оллоҳга ширк келтирмоқ ила баробар эди. Аммо буни унинг ўзи тузукроқ англаб етмасди, олов, жазаба оғушида эди. У ўзининг хато кетаётганлигини гоҳо элас-элас илғаб қолар, бироқ фикр этмоғига вужудидаги оташ монелик қиларди. Тақи ўшал ихтиёрсиз тарзда ненидир, бир буюк эврилишни кутарди. Тушларида, ўйларида Мастона кампир уни тарк эта бошлади. Сўзсиз, итоаткорлик ила тарк этарди у. Энди оромини, хаёлини ўн беш ёшлар чамасидаги гўзал ва нурпош чеҳрали бир қиз ўғирламоққа тушди. У мислсиз соҳиби чирой эди, ҳар сафар кўзларига кўринганида юраги хил-хил оқиб кетарди. Бул беором руҳий ҳузурни қачондир ўқиган икки ракат намози асносида бир бора тотган эди. Энди унинг дийдори туфайли такрор ва такрор ҳузур оғушида...

Ўша куни шом маҳали расадхона ортида, тоғнинг пойидаги оғочзор ичра бир қуш узоқ ва асрорли сайради. Не қуш эди, беҳуд бўлган Хайём англолмади. Ғайб ишорати эди гўё бу. Чунки қушнинг саси аллақачон тинган бўлса-да, унинг қулоқларида акс садо бериб тураверди. Бу ҳол то ярим кечагача давом этди. Тун ўзининг ҳикматли қисмига оғганда оромсиз шоир беихтиёр ўрнидан турди. Жаҳд ила расадхонани тарк этиб, шаҳар томон йўл олди. Бораркан, умрнинг бебақолиги ва Тангрининг васли ҳақида ўйлади. Ҳа, филҳақиқат, йўллар беададу манзил бир. Шундай экан, бир-бировни инкор этмоққа не ҳожат? Бу башарий худбинликдан, нафс қутқусидан ўзга нимарса эмас-ку! Манзилга пиёда, хачир ёхуд отда бординг нима? Муҳими манзилга етмоқ, фақат отдаги йўлчи хачирдаги ва пиёда кишига нисбатан аввалроқ етиб бориши мумкин холос. Бу худдики кетма-кет келгувчи сонларнинг бир-бирига нисбатларига уйқашдир-айирсалар озаяди, қўшсалар кўпаяди. Дарвоқе, вақт ҳам бор. Ундан ғофил бўлмоқ-зиёда нимарсаларни бой бермоқ ила баробардур. Кетма-кет ўтаётган бир хил кунлар умрнинг зое кетаётганлигидур. Ҳазрати Рисолат саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмишлар: «Кимнинг икки куни бир хил бўлса, бас, у алданган, кимники бугунидан эртаси ёмон бўлса, бас, у малъундир, кимки зиёдаликда бўлмаса бас, у нуқсонда, кимки нуқсонда бўлса, бас, унга ўлим яхшидир.» Бу ҳадиснинг унинг шуурига урилиши каромат эди, зеро у айни дамда Исломдан фалсафа сўқишга ожизлик қиларди. Ҳатто оғоч Тангрига ҳамд айтишда, зикруллоҳда одамдан зиёда экан, на одам, на наботот, на ҳайвонот бўлишликда фарқ йўқ. Зиёдалик иймонда, фидолик ва бахшидаликда. Ўшанда мажусий зоҳид-мубоддан динингнинг асоси не, деб сўраганида, у шундай жавоб берганди:

-Эзгу ўй, эзгу сўз, эзгу амал.

Ё, Оллоҳ! Ахир Исломнинг Фикр, Зикр, Шукр ҳикматига асосланган даъватига бағоят уйқаш эмасми бу?!

Хайёмнинг боши айланди. Ўйларининг аввалу охирини йўқотиб қўйди. Шаҳарнинг нариги чеккаси сари бораркан, вужудидаги тўфон тобора авжланмоқда эди. Бу бўрон ҳаловат илинжида беихтиёр шаҳар четидаги хонақоҳни-Адам Шайхнинг сирли даргоҳини кўзлаб борарди...

Хонақоҳ остонасига қадам қўйди. Ичкариларкан, ҳар қадам босганида вужудидаги ғалаён тобора тинаётгандек туюлди. Хонақоҳ ҳовлиси ўртасидаги ҳовузга етганда рўбарўдаги хона эшигидан бир одам чиқиб, тўғри у томонга юрди. Бу одам баланд бўйли бўлиб, қуюқ узун соқоли оппоқ эди. Эгнида рангпар хирқа, бошида кулоҳ, мисоли учаётган каби қадам қўяр, атрофида бир қучоқ нур эргашиб юрганга ўхшарди. Эҳтимол унга шундай туюлдими... Хайём салом берди ёки салом бермоқчи бўлди, бироқ буни ўзи англолмади.

-Ваниҳоят келдингизми, ё олимлар амири?!-деди нотаниш киши унга ёвуқ келиб.

Шоирнинг хаёлига урилган биринчи савол шу бўлди: нега энди «сен»ламади? Шундан сўнг жисму жони эриб, ҳолсизланиб бораётганлигини сезди. Дийдалари юмшаб, киприкларининг асти ачишди. Хўрлиги келиб, дод солмоқни истади. Ана ўшанда ҳалиги одам, яъни энди у шуурининг аллақаерида таниб улгургани Адам Шайх хирқасини икки ёнга қайирди. Шоир итоаткорона бош эгиб, юзини Шайхнинг кўксига босди, босгани ҳамоно шайх унинг бошини хирқаси ила ўради. У худди сув остига шўнғигандек бўлиб, мисилсиз бир сукунат ва ҳузурбахш ҳаловат оғушига тушди. Шуури тиниқлашди, қулоқлари ҳали бирон марта бундайин сукунат овозини эшитмаганди. Юраги жудаям осуда ура бошлади. Нигоҳи кўзни малоллантирмагувчи ёқимли ёруғликка тўлди. Ана, оппоқ суруш (фаришталар) улкан капалаклар мисоли учиб юрибдилар. Анови ёнма-ён ўлтирган кишилар ким бўлдийкин? Ё Оллоҳ! Бу ахир саййидул анбиё Ҳазрати Рисолат саллоллоҳу алайҳи васаллам-ку! Унинг кўзларидан дувиллаб ёш отилди. Йиғлагани сари вужудидан нимарсадир суғурилиб чиқар ва енгиллашарди. Ул зоти муборакнинг ёнларида завжалари Ойша онамиз ўлтирардилар. Ё Расулиллоҳ, дея ҳайқирди униг қалби. Пайғамбар алайҳиссалом оҳиста у томонга қайрилдилар ва билинар-билинмас жилмайдилар...

Шайх уни кўксидан айирди. Йўқ, шоир хушидан оғмади, унинг борлиғи мудом осудаликда эди. Соҳиби хонақоҳ уни ичкарига бошлади. Хонақоҳнинг барча ҳужраларида шағам ва мойчироқлар ёниқ эди. Улардаги муридлар зикри ҳуфия ёхуд намоз ила машғул эдилар. Ўтиб боришаркан, бир ҳужра эшиги олдида ўқчиётган йигитга рўбарў келдилар. Хайём уни бетобми, деб ўйлади. Шайх унинг фикрини уққандай деди:

-Мана бир ойдирки бу фарзандимиз танаввул қилмайди. Неки еса, қайтиб чиқмоқда. Аммо сихати яхши, ўзи бардам. Ҳали бир бурда нон еб, бир пиёла сув ичганди. Мана, оқибати.

Хайём ёқа тутди.

-Оллоҳ субҳонаҳу таборака таолонинг сири бўлмиш руҳ неларга қодир эканлигидан ғофилсиз, эй, валад (фарзанд)!-деган Адам Шайх уни тақи олдинга бошлади.

Кенгроқ бир хонага кирдилар. Шайх уни ўлтиришга ундади. У ўлтириб, ихтиёрсиз тарзда кўзларини юмди. Энди фақат пири комил сўзлади:

-Аввалги сархушлик-тан сархушлиги вужуд оловидир. Бунда ҳар дафъа шайтон алайҳилаъна хуруж этиб, ихтиёрни забт этмоғи мумкин. Сиз буни билурсиз. Сўнгра бир сукунат, сокинлик келадур. Бунда шуур, қалб тинадур, тиниқлашадур. Буни пайқаган банда кўп гўзал маъволарни кўриб, соҳиби ҳол бўлади. Вале бу кўйда ҳам хавф ва офат бор. Сиз ўшандасиз. Интиҳода сархушлик бўлур-бу энди Илох, муждаси. Унда хавфу офат йўқ, фақат висол, руҳий насиба бор.

Тақи айтди:

-Араб дунёсида зоҳидона фидолик сулуки кўп ривож топди. Бу фоний дунёдан бутунлай этак қоққан не-не улуғлар ўтдилар айни йўлда ва буюк-буюк насибалар топдилар. Энди эса туркий оламдан, Туркистондан бир шиддат келадур. Бу шиддат жазабасидан дунё титрагай ҳали ва оламни файзга тўлдиргай. Ниҳоят Илоҳдан муждалар етурки, ҳадемай форсий оламда бир синоатли сукунат бўй кўрсатгай. Руҳлар, кўнгиллар тингай, ҳуфия ибодатлар, илтижолар кўпаюр. Оз фурсат қолди, ҳадемай Ислом дунёсига осудалик чўмар.

Деди:

-Сиз на ундан, на бундан, на биздансиз. Сизнинг сулукингиз, мақомингиз, насибангиз ўзга-бу бизга аён. Фақат ортиқ шарҳ этолмасмиз, ижозат йўқ. Сиз етгувчи маъволар юксак!..

Тағин деди:

-Малахда (чигирткада) беш нимарсага қобиллик бор: у юради, бироқ жадал эмас, учади, лекин юксак эмас, сузади-ю тез эмас, сакрайди, вале йироққа эмас, ковлайди-ю чуқур эмас. Демак, унда қурб бор, бироқ илоҳий жазаба, истеъдод йўқ. Сизда ҳам ҳар нега қобиллик бор, фақат уларни тарбият этмоқ лозим. Шунда кўп улуғ насибалар олурсиз.

Сўнг айтди:

-Инсон ҳур бўлмоғи лозим. Бир нимарсага жаҳд этдими, бошқа умидлардан дилни фориғ қилмоғи керак. Бутун вужудини, руҳу шуурини бахш этса, ўшал юмушнинг оламда танҳо соҳиби бўлғай. Бизнинг талабимиз ҳам шул. Сиз аввало нимага жаҳд этганингизни тўла англаб олинг, бўтам!..

Бирдан рўбарўсида жанда кийган Мастона кампир пайдо бўлди. У аввалига бир пас маҳзун боқиб турди-да, сўнг ваҳимали қаҳ-қаҳ уриб, узоқлаша-узоқлаша ғойиб бўлди. Энди эса соғида юзигача рўймол ёпган теграсида нур ўйнаган фариштамонанд гўзал қиз кўринди. Унинг илкида коса бор эди. Косада лим тўла сут. У косани илкига олиб, дил-дилидан «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деди-да, ютоққандай бўлиб сутнинг ярмини сипқорди. Косадан лаб узди-ю бир ваҳимали товушдан чўчиб уйғониб кетди. У ўз ошёнасида ётарди. Товуш эса Полвонники эди, у ғайритабиий безовталик ила ўкирарди. Хайёмнинг бағри сирқираб, беихтиёр кўзларига ёш тўлди. У фаришта тутган ғойибона сутнинг ярмини ичолмаганига ўкинарди. Чунки шоир тушда сут ичмоқ Оллоҳнинг илмига соҳиб бўлмоқлик эканлигини яхши биларди. Ё Оллоҳ!.. Бу туш недин дарак, дея ўйлади у мудом сархуш, тушмиди ўзи бу? Унда хонақоҳ, Адам Шай,х муридлар, сирли сукунат- ҳаммаси тушмиди? Наҳотки туш бўлса?! Ўйининг охирига етолмади. Кўксидан отилган хоҳиш-илҳом ила таҳорат олмоққа шошилди.. Сўнг товба нияти ила икки ракат абвобин (тавба қилувчилар) намозини ўқиб, изтироб ичра истиғфор айтди. У дунёдан буткул фориғ бўлмоқликни истади...

Хайём қирқ ёшга кирди...

II- qism
 



  1. Мушк оҳунинг узоқ югуриши натижасида унинг қораталоғида ҳосил бўладиган қора хушбўй нарса. Сайдгарлар сарой учун оҳуларнинг танидаги мушкларни ҳам йиққанлар.
  2. «Омар Хайям», ЖЗЛ, Москва, «Молодая гвардия» нашриёти, 94-бет. Муаллиф таржимаси.