OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНабижон Боқий
Асар номиГўрўғли султон ҳузурида
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Набижон Боқий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 31-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Гўрўғли султон ҳузурида
Набижон Боқий

Тўра Сулаймон баҳорда бир кўриниш бериб, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетганча дом-дараксиз кетди. Нима бало, бедарак йўқолдимикан, деб ўйладик. Ундай десак, гоҳ Иқболдан, гоҳ Асқар Маҳкамдан, «уёқ-буёққа кетиб қолманг, Тўра бува ташриф буюрмоқчилар», деган хушхабар эшитилиб қоларди. Лабимизни ялаб, юзимизга табассум югуриб, уч-тўрт кун майин кекириб юрамиз: дўстлар, парҳезни маҳкам тутингиз, Гўрўғли Султон келяптилар, зиёфат бошқача бўлади... Қаёқда! Э-е, бу чолнинг таманнолари жигар-бағримизни эзиб юборди-ку! Ундан кўра, юринг, Садриддин жўра, ўзимиз Гўрўғли Султоннинг ёнига бора қолайлик; жума куни дўконингиз ёпиладими, шанба куни иш йўқми?.. «Иш йўғ-у, лекин ташвиш бор; Доғларжа Олой бозорига яқин жойга бир мошин қовун туширган экан, ўшани...» деб Садриддин ҳам чайналади. Қўйинг, ана, Фарҳод бор, қарашиб юборади, бозор-ўчарни Данғара ҳам қотиради. Кетдик!

Хуллас, Садриддин жўрамиз билан шанба тонгида Гулистонга йўл оламиз. Янгиерга кетаверишда, йўлнинг ўнг қанотида сўлимгина оромгоҳ (сиҳатгоҳ) бор. Боғ қўйнида. Номини Саптакми, Спитакми дейишади. Ҳойнаҳой, Спартак бўлса керак. Чошгоҳ маҳали ўша гўшага кириб бордик. Ҳовлидаги сўрида таниқли адабиёцҳунос Умрзоқ ака Ўлжабоевни учратдик. Юрагимиз «шиғғ» этди: нима бало, Тўра буванинг аҳволи жиддийми?..
— Ие, Набижон, Тўра ака ҳам шу ердами? — деб сўради Умрзоқ ака ажабланиб. — Қачон ётибди? Xабарим йўқ экан...

Енгил тин олдик. Xайрият, жиддий эмасга ўхшайди.
— Кеннойингизнинг мазаси йўқ, ҳозир олиб келиб жойлаштирдик, — деб изоҳ берди Умрзоқ ака. — Тўра ака нечанчи палатада?..
— Эски жойида бўлиши керак, — деб иккинчи қаватга кўтарилдик.
— Мен шифокор билан икки оғиз гаплашиб чиқаман, Тўра акага салом айтиб қўйинглар, — деб Умрзоқ ака Мустафоқулнинг ҳузурига кириб кетди.

Йўлакда юрган Элбек (бобонинг тўнғич невараси) дарҳол бизни люкс-палатага бошлади: Тўра ака кўзойнакни бурнига қўндириб олиб, каровотдан оёқларини осилтириб, журнал столига энгашганича бир нималарни ёзиб ўтирган экан. Биз кирганда бошини ҳам кўтармасдан:
— Элбек, футбол тамом бўлдими? — деб сўради.

Ўша кунлари футбол бўйича Европа чемпионати авж нуқтага кўтарилган, ана кетди-мана кетди деб юрганимиз Юнонистон (Греция) терма жамоаси Франция, Чехия каби асосий даъвогарларни йиғлатиб-йиғлатиб, финалгача етиб келган, майдон эгалари — Португалия билан юзма-юз қолган эди. Эрта-индин финал учрашуви бўлиши керак, бу галги башоратлар ҳам Юнонистон фойдасига эмас эди.
— Бугун футбол йўқ, эртага бўлади, — дедим. — Сиз қайси жамоага балет қиляпсиз?..
— Менми?.. — деб кўзойнак устидан ажабланиб қаради: бирдан лабларига кулги ёйилиб, юзлари ажи-бужи бўлиб кетди. — Роса соғингандим, келинг, келинглар!..

Очомлашиб кўришдик.
— Қачон семирасиз? — дедим қоқ суяк елкаларини силаб.
— Яхши қўчқор семирмайди, — деб қулоғимга шивирлади.

Бирдан хохолаб юбордик.
— Нима, нима дедингиз, Тўра ака? — деб сўради Садриддин жилмайиб. — Биз ҳам эшитайлик.
— Айтадиган гап эмас, — деди Тўра ака. Сўнг неварасига юзланиб: — Тезда Мирзони топ, Қаҳҳорга қўнғироқ қил, меҳмонлар келди де...

Элбек Садриддиннинг «сотка»сидан амакиларига телефон қилди. Даҳлизга чиқиб стол атрофига жойлашдик. Дуо-фотиҳадан сўнг:
— Сиз қайси жамоага балет қиляпсиз? — деб қайта сўрадим.
— Биз доим ютган команда тарафдоримиз.
— Тўғри. Биз зўр томон ғолиб бўлиши керак деб, охирида чапак чалиб қолаверамиз. Аслида, сиз айтган позициядан маъқулроқ йўл йўқ.
— Майли, — деб бепарво қўл силтайди Тўра ака. — Xўш, Иброҳимжоннинг соғлиги яхшими, юраги безовта қилмаяптими?
— Яхши. Салом айтиб юборди.
— Лекин «Тафаккур»да чиққан эссеси... Бай-бай! Оббо, азамат-ей, азаматнинг ишини қилибди! Отасига раҳмат!
— Миртемир домла ҳақида ҳам каттароқ бир нарса ёзишга тайёргарлик кўриб юрибди. Бир учрашсак, бафуржа гаплашсак, деяпти.
— Арзийди, арзийди! Бўпти, мен ўзимни «ремонт» қилиб олай, Ботаника боғига бораман, ўшанда бемалол гаплашамиз... Эркин қалай? «Халқ сўзи»да лекин... Э-е, балли азамат! Бир портлабди, бир портлабдики, уёқ-буёғи йўқ! Эркиннинг мақоласига луқма жўнатган эдим, чиқибди. Кўрдимикан?.. Эркинга алоҳида раҳмат айтиб қўйинг, ўзим учрашганимда ҳам айтаман... Нурали янги романини тугатибдими?
— Тугатди, ҳозир сайқал беряпти. Тўра акамга салом айтасиз; айтинг — келсин, уйимизнинг тўри у кишига мунтазир, мен бунақа гўзал инсонни умримда учратмаганман, деб қолди.
— Э-е, менинг нимам гўзал! Ғижимлаб ташланган қоғозга ўхшайман-ку! — деб кулди Тўра ака.

Ҳамшира кириб уч-тўртта таблетка бериб кетди.
— Шу дориларни уйингизда ичиб ёцангиз бўлмайдими? Касалга ҳам ўхшамайсиз-ку?!
— Ие, бу нима деяпти? — деб Садриддинга қараб пичинг қилди. — Катталар фақат касал бўлгани учун шифохонага ётадими? Қолаверса, мен бекорга ётганим йўқ, қўлёзмаларимни тартибга соляпман.
— Кўрдим, лўлига ўхшаб бутун кўч-кўронингизни кўтариб келибсиз...

Дарҳақиқат, Тўра аканинг хонасида ҳар хил қоғоз-дафтарлар уюм-уюм бўлиб ётарди.
— Эргаш отанинг халқ йўлида, оғзида юрган достонни топдим. Уч хил варианти бор экан, шуни бир-бирига чоғиштириб, оптимал нусхасини тиклаяпман.
— Тафовут жуда каттами?
— Жуда катта эмас-у, бироқ фарқ бор. «Бир мусовий бир элни афсун билан ўйнатур» деган мисраси бор. Бу — биринчи нусхасида. Иккинчи нусхасида «Бир мусовий бир элни шамшир билан ўйнатур» шаклида келади. Учинчисида «Бир мусовий бир элни қамчи билан ўйнатур» деб ёзилган. Қайси бири тўғри экан, билмайман.
— Демак, «Эргаш Жуманбулбул эл кезади» туркумингиз давом этар экан-да?
— Шунақа шекилли... Аҳрор Аҳмедовга навбатдаги китобим насрий бўлади, деб ваъда берган эдим, аммо буниси ҳам назмга тортиб кетяпти.

Мирзо келди. Бу — шоирнинг учинчи ўғли; бир тутам тепа сочи оқарган. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Иброҳим исмли гапга чечан, ҳақиқатчи ўғлини алоҳида сўрадим. Яқинда Зоминдаги лагердан қайтибди.
— Ака, кейин айтаман. Қизиқ воқеа бўлибди, — деди Мирзо лабини тишлаб. — Фақат эслатиб қўясиз...

Чамаси, воқеадан Тўра аканинг хабари бор эди — кулимсираб қўйди.
— Тўра ака, Миллий қомусдан таржимаи ҳолингизни сўрашяпти. Ёзиб қўйдингизми? «Т»га келиб тўхтаб қолишибди...
— Ёзиб, Равшанга бергандим, кўчиртириб қўйган бўлса, бир нусхасини беради.
— Қайси Равшан?
— Университетда ишлайди, проректор. Мирзо танийди, учраштириб қўяди...

Беморнинг ҳолидан хабар олгани бош шифокор Мустафоқул кирди.
— Бу йигит Киевда номзодлик диссертациясини ёқлаган, ноёб мутахассис, — деб таништирди уни Тўра ака.
— Ҳа, Тўра ака, қўймайсиз-да! — деб кулди Мустафоқул.

Хийла суҳбатдан сўнг улар Садриддин билан таниш чиқиб қолди, умумий ошна-оғайнилари кўп экан. Илгари учрашмаганига иккови ҳам ҳайрон бўлди. Тоғ тоғ билан учрашмайди, лекин одам одам билан учрашади, деганлари шунда исботини топди гўё.

«Тихий час» бошланди. Тўра ака билан вақтинча хайрлашиб, Мустафоқулнинг хонасига тушдик. Бирпас уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирдик. Сўнг Гулистонга йўл олдик.
— Равшан акани танимайсизми? — деб сўради Мирзо.
— Йўқ, — дедим.

Машинасининг бардачогидан бир китоб чиқариб узатди: «Равшанбек Маҳмудов, Одамлар — менинг кутубхонам».
— Ие, файласуф эканлар-ку!.. Маънавий-маърифий масалалар бўйича биринчи проректор, доцент, — дедим китобнинг зарварағига кўз югуртириб.
— Докторлик диссертацияси ҳам тайёр бўлиб қолган... Шу китобида отам билан суҳбати бор, — деди Мирзо.

Мундарижага қарадим: «Шоир Тўра Сулаймон билан суҳбат» саҳифасини очдим.

«Р.М. — Сизнинг қатор шеърларингиз бахшиёна услубда ёзилган. Адабиёцҳунос, танқидчилар ҳам Сизни бахши-шоир дейишади. Бунинг сабаби нимада?

Т.С. — Сабабини ўзингиз айтиб қўйдингиз-ку! Аниқроқ жавоб берадиган бўлсам, менимча, ёзганларим соф бахшиёна бўлиб бахшиёна эмас, ёзма (классик) бўлиб ёзма эмас, ҳозирги давр шеъриятидан сал нари (тубан) туради. Ўрта-сарсон бир нарса... Кейин, адабиёцҳуносларингиз ижодкорларни бўлиб-тақсимлаб олишган. Биридан олиб, бирига солиб ётишади. Мен бирорта ... шунос билан «бор товоғим-кел товоғим» қилиша олмадим...

Р.М. — Сизни Миртемир домланинг шогирди дейишади...

Т.С. — Миртемир аканинг шогирдиман дейиш учун у киши қилган ишларнинг юздан бирини қилиш керак бўлади. Шогирд даражасига ета олмадим. Лекин ота-бола сингари, ҳатто ундан ҳам зиёда кўнглимиз яқин эди.

Р.М. — Ҳозиргача нечта тўпламингиз нашр қилинди?

Т.С. — Бу саволингизга, ижодкорнинг ижодкорлиги унинг қанча китоби босилиб чиққани билан белгиланмайди, деб жавоб берган бўлар эдим».

Китобни ёпиб Садриддинга узатдим. Садриддин ҳам суҳбатни ўқиб чиқди.
— Маладес, тарашламасдан, қандай гапирган бўлса, шундайлигича қоғозга туширибди. Тўра аканинг ҳиди келиб турибди! — деди Садриддин мийиғида кулиб.

Гулистон Давлат университетига яқинлашдик. Машинани бир четга қўйиб, Равшан акани излаб кетдик. Шанба — қисқа кун, пешиндан кейин навбатчилардан ташқари ўқитувчилар уйларига кетади. Равшан ака эса... шоли ўтоқда экан.
— Шоликор бўлиб кетибсиз-ку? — деб сўрадик Равшан акадан ҳазил аралаш.
— Рапқондан синфдош ўртоғимни олиб келганман, ёрдам беряпти, ўзи миришкор деҳқон, — деди Равшан ака. — Тўра ака тўғрисида ўзимча бир нарсаларни қоралаб қўйганман, фақат яна ишлов бериш керак. Шолини ўтоқдан чиқариб олсам, қўлим бўшайди. Ҳозир ўтоқдан кейин эснаб-еснаб ухлаб қолганимни ўзим ҳам билмай қоламан. Ўтоқ қийин бўлар экан, одамнинг силласи қуриб кетади...

Ўша оқшом Европа чемпионатининг финал учрашуви бўлди: Португалия билан Юнонистон учрашди. Ҳамиджон икковимиз Португалияга, Неъмат (тўнғич ўғил) Грецияга тарафдор бўлди. Мирзо бетараф қолди... Кутилмаганда Юнонистон майдон эгаларини мағлубиятга учратди; Португалия терма командасининг аксарият футболчилари росмана йиғлаб юборишди, томошабинлар ҳам юм-юм йиғлашарди... Ноилож биз ҳам тақдирга тан бердик: биз кутган натижа бўлмади. Юнонистон бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилди ва ҳаққоний ғалабага эришди. Бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишда гап кўп экан, ҳамжиҳатликда гап кўп экан... Кайфиятимиз бир пул бўлган эса-да, кўҳна ҳақиқат — ҳамжиҳатлик олдида бош эгиб, ғолибларни ғойибона табрикладик.

...Қайтишда шифохонага бориб, Тўра ака билан дунёнинг ишларидан гурунглашдик. «Иложи бўлса, Xосият Рустамованинг кейинги «Нажот», «Ридо» китобларидан топиб юборинглар!» деб илтимос қилди. Xўп дедик. «Жиддий шоирага ўхшайди, лекин Ваҳоб Рўзиматов айтмоқчи, ўзим ўқиб кўрмасам ишонмайман», деб илова қилди Тўра Сулаймон.

Назаримда, Тўра Сулаймон таянч нуқтани излаётган инсонга ўхшайди. У ҳам Архимед бобо каби одамларнинг корига ярайдиган кашфиёт яраца ажаб эмас. Эҳтимол, биз ҳозирча аллақачон яратиб қўйилган кашфиётни англамаётгандирмиз. Қайдам...