OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНаим Каримов
Асар номиДўрмон ҳангомалари (комедия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Драматургия
Муаллифлар
   - Наим Каримов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Комедиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм139KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дўрмон ҳангомалари (комедия)
Наим Каримов

Иштирок этувчилар

Ғафур Ғулом – 59-60 ёшларда.
Собир Абдулла – 57-58 ёшларда.
Ҳабибий – 72-73 ёшларда.
Юнус Ражабий – 65-66 ёшларда.
Ғайратий – 59-60 ёшларда.
Маҳмудхон – Ғафур Ғуломнинг болалик дўсти, аптекачи, 59-60 ёшларда.
Номаълум йигит – 20-22 ёшларда.
Саодатхон – Собир Абдулланинг рафиқаси, қирчиллама ёшда.
Мустафо – Ғафур Ғуломнинг шофёри, 44-45 ёшларда.
Ёзувчилар, созандалар ва бошқалар.

Биринчи Парда

Биринчи кўриниш

Собир Абдулланинг боғи. Куз кунларининг бири. Эрта тонг. Гулзор орасида атлас кўрпача ва болишлар қўйилган сўри. Ўнг томонда данғиллама уй эшиги. Эшик яқинида четан стол ва уч-тўртта стул. Этакдаги турли-туман мевали дарахтлар ва анвойи гулларнинг заъфарон чеҳраси ҳовлига ўзгача кўрк бағишлаб турибди.

Уй ичидан радионинг тонгги овози эшитилади. Бир оздан сўнг кимдир дераза табақасини очиши билан овоз кучайиб эшитилади: «Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар! Куз қуёшининг илк нурлари билан бошланган янги айёмингиз муборак бўлсин, азизлар!» Нафис чолғу куйи янграй бошлайди.

Ташқаридан «Победа» машинасининг келиб тўхтаган овози келади. Уй эшигидан устига тўн ташлаган Собир Абдулла чиқиб, кўча томон йўналади. Кўп ўтмай, шовқин-сурон билан билан Собир Абдулла ва Ғафур Ғулом кириб келадилар.

Ғафур Ғулом (ешикдан кираётиб). Душанбеда дўст­лар дийдорига тўйиб, ўтган азизлар руҳини обод айлаб келдим. Сайр ҳам сайр, саргардон ҳам сайр, деганларидек сайру саёҳат фароғатини тотдим. Аммо ўзимизнинг кўҳна Шошимиздан қўймасин, Собиржон! Ҳиротга борсам ҳам, икки кунда Тошканни соғинаман, Тошканни...

Собир Абдулла. Мени айтмайсизми, Ғафур ака! Бир кун-ярим кун ойдек қизларимни кўрмай қолсам жиннидай бўп қоламан.

Ғафур Ғулом. Жиннидай эмас, жиннининг ўзи бўласиз, мулла Собир. (Кулади.)

Собир Абдулла (ўзига оғир олиб). Фарзанд ширин бўлади, Ғафур ака. Ўзингизни ҳам кўрганмиз, қизингиз...

Ғафур Ғулом (унинг сўзини бўлиб). Ҳазилни кўтармайдиган бўлиб қолибсизми, Ҳўқонди Латифнинг эркатойи?! Нима, «қизингиз»?

Собир Абдулла. Олмосхонни қанақа соғинганингизни кўрганман. Шуни айтмоқчийдим, холос. (Сукут.) Қани (стол ва стулларни кўрсатиб), тоғу дарёларни ошиб келган оёқларингизга дам беринг.

(Ўтиришади.)

Ғафур Ғулом. Соғинган бўлсам соғинибман-да, Собиржон! «Соғиниш – меҳр-оқибатнинг дояси», деган машойихлардан бири. Бу дунё – одамнинг бир-бирини соғиниши билан дунё. Икки кунга бўлса ҳам сафарга чиққан одам, агар онасини соғинмаса, хотини-ю бола-чақасини соғинмаса, дўст-ёрларини соғинмаса, ҳайвондан фарқи қолмайди, окоси.

Собир Абдулла. Ҳаттоки ҳайвонлар ҳам соғиниш туйғусидан маҳрум эмас...

Ғафур Ғулом (унинг сўзини бўлиб). Олимлар буни инстинкт, дейишади, мулла Собир! Ҳайвонларда туйғу бўлмайди. Академик Павловни эшитганмисиз?..

Собир Абдулла. Академик Палов, дедингизми? Шунақаям академик бор эканми? (Кулади.)

Ғафур Ғулом. Бўлганда қандоқ! Фақат Палов эмас, Павлов.

Собир Абдулла. Шундай демайсизми? Паловни ҳам биламан, Павловни ҳам. (Ҳазиллашиб.) Бир оз сабр қилсангиз, аввал сизга сергўшт, серёғ академик Паловни чинни лаганга солиб олиб чиқаман.

Ғафур Ғулом (ҳазилни илиб олиб). Сиз айтаётган академик Палов ота-боболаримдан қолган жигарим бўлади. Муҳаррама опангиз бу қариндошимизни азбаройи ҳурмат қилганидан ҳар куни лаганга солиб дастурхонга қўйиб кетар эди, «олишиб-суҳбатлашиб ўтиринглар», деб. Ёдингиздан чиқдими, дўстингизнинг Арпапоядаги уйи­да сизни ёғлиқ қўллари билан кутиб олишлари?

Собир Абдулла (бўш келмасликка уриниб). Қайси академик Паловни айтаяпсиз, Ғафур ака?

Ғафур Ғулом. Қайси Палов бўларди, Собиржон. (Керилиб.) Менким, академик Ғафур Ғулом бунақа академикларни кун ора уч-тўрттасини тайёрлаб турган бўлсам…

Собир Абдулла. (пичингнамо) Ҳов 44-йилда, Ҳамид Олимжоннинг уйида, Жиззахдан келган бочкани яримлатиб тайёрлаган академикингизни ҳам биламиз. Ўшанда академик Палов эмас, академик Куйганбоев бўлиб қолганини кўриб, шаталоқ отиб қочганингиз ёдингиздан чиқдими? Бечора Ҳамид Олимжон...

(Ғафур Ғулом, аччиғи келибми, ўрнидан туриб кетади.)

Ғафур Ғулом (унинг сўзини бўлиб). Нима, Ҳамид Олимжон ош кўрмаганмиди? У юзимга солмаган нарсани сиз гапириб ўтирибсиз-а, бақрайиб! (Бир оз туриб.) Ўтган ишга саловот, деган гап бор. Xотира яхши воқеаларни сақлаб юриш учун берилган одамзодга. Агар инсон бутун умр кўрган ёмонликларини эслаб юраверса, одамгарчиликдан чиқиб кетади. Гитлер билан Сталинларнинг миллионлаб кишиларни қириб ташлагани сабабини биласизми? (Собир Абдулла унга «билмайман», деган маънода қарайди.) Чунки, уларнинг мия ҳужайраларида ота-боболарининг, олис аждодларининг ёмон воқеалар, хунрезликлар билан тўла хотираси жойлашиб қолган эди. Ёмон хотира билан заҳарланган мия ҳужайраси ота-онага ҳурмат, бева-бечорага шафқат, қариндош-уруғларга меҳр-оқибат сингари инсоний фазилатларни ситиб чиқаради. Шунинг учун улар XX асрнинг Заҳҳоки Моронлари эди. (Яна сукут қилиб) Мана шунақа, Мирсобир Мирабдуллаев! Xотира сандиғини тез-тез очиб, шамоллатиб туриш лозим. Акс ҳолда моғоллаб кетади.

Собир Абдулла. Келинг, ўтириб суҳбатлашайлик. Тик турганингизда, хаёлингизга нуқул жиддий фикрлар келиб Афлотун бўлиб кетасиз. (Ўтиришади. Собир Абдулла уйга кириб, бир чойнакда чой дамлаб чиқади.) Бугун шанба. Сиз айтганингиздек, озгина миямизни шамоллатиб, шанбалик қилсак...

Ғафур Ғулом. Қанақа шанбалик? Томсувоқ бормиди?

Собир Абдулла. Томсувоқ қилмай қўйганимизга анча бўлди, Ғафур ака...

Ғафур Ғулом (унинг сўзини бўлиб). Афсус. Мен болалигимда қип-қизил лола­қизғалдоқ, кўм-кўк ўт-ўлан билан қопланган томларда варрак учиришни хуш кўрардим. Қани энди ўша дамларимга, ўша лолазор томларга бир кун бўлса ҳам қайцам. Ҳозирги бечора болакайлар бунинг гаштини қаёқдан билишcин. Э!..

Собир Абдулла. Мен ўтмишни эсласам, кексалик қўнғироғи чалингандек, ғойибдан: «Марҳамат, поезддан тушинг, сўнгги бекатга етиб келдингиз!» деган овоз эшитилгандек бўлаверади.

Ғафур Ғулом. Ёшликнинг ям-яшил ниҳолига яна қуриган шохни пайванд қил­моқчисиз-а, Собирвой!.

Собир Абдулла (қўл кўтаради). Бўпти, мен қўл кўтардим. Бошқа кексаликдан гапириш йўқ... Ҳа, айтгандек, сафар яхши ўтдими? Тожик биродарлар соғ-саломат юришибдими? Кимларни кўрдингиз?

Ғафур Ғулом (ўйчан). Сафар кўнгилдагидек ўтди. Дўстларингиз сизни кўп йўқлашди. Турсунзода, Миршакар, Боқи Раҳимзода... Ҳаммаси... «Собир Абдулла чакки қилди, бизга кўчиб келиши керак эди. Ҳовли-боғ берардик, машина берардик. Ҳукумат дўконидан сархил молларни арзон-гаров оларди», дейишди. Мен: «Ўзбекистон ҳукумати Собир Абдуллага ёш, ҳурилиқо хотин олиб берган, бунинг устига бир-биридан гўзал канизакларини айтмайсизми яна», дедим. «Шаҳарда данғиллама уйи-ю кавсар сувлари шарқираб турган боғ ҳовлиси бор», дедим. (Иккаласи хохолаб кулишади.) Рост айтибманми? Саодатхонни сизга ким олиб берган? Тўйингизда ҳукумат бошлиқлари қатнашганмиди? Қатнашган. Ўшалар олиб беришганмиди, олиб беришган!.. Ҳозир яшаётган уйингиз катта холангиздан қолмаганини ҳам ҳамма билади. Ё нотўғрими?

Собир Абдулла (ўйланиб). Тўғри, тўғри айтасиз..

Ғафур Ғулом. Онасининг атрофида парвона бўлиб юрган қизларингиз канизак бўлмай, ким бўлсин!.. Xуллас, тожик дўстларингиз сизнинг жаннатда яшаётганингизга ишонишди, хурсанд бўлишди. Боқи Раҳимзоданинг сизга ҳаваси келиб, «Ўзбекистонга кўчиб борсам, менга ҳам шундай шароит яратасизларми?» деб сўради. «Сизга йўл бўлсин, дедим, аввал «Тоҳир – Зуҳра»га ўхшаган бир асарни ёзиб, ўн тўртта мамлакат саҳнасида қўйдиринг, кино қилиб бутун дунёни айлантириб чиқинг. Кейин Ўзбекистонни ҳавас қилсангиз ярашади», дедим. Тўғри айтибманми?

Собир Абдулла. Тўғри, тўғри айтибсиз.

Ғафур Ғулом. Xуллас, сизнинг жаннатда яшаётганингизни таъриф-тавсиф қила­ман, деб эсим кетди.

Собир Абдулла (сирли жилмайиб). Сиз ҳам икки-уч кун жаннатда яшаган кўри­насиз.

Ғафур Ғулом. Жаннат қайда? Мажлис бошланган кундан тугагунича эшитганим «зиндабод, зиндабод» бўлди.

Собир Абдулла. Нима, «зиндабод» ёмон сўзми? Яшасин, дегани. «Зиндабод Ға­фур Ғулом!» дегани – «Яшасин Ғафур Ғулом!» дегани. Буни сиз мендан яхши биласиз.

Ғафур Ғулом. Ҳа, сиздан яхши биламан. Аммо мен ҳар бир сўзидан «Правда» газетасининг ҳиди анқийдиган кишилардан чарчадим. Жуда чарчадим. Бир Собирвойнинг уйига бориб, Маҳмудхонга ўхшаган содда, беғубор, ҳазилни кўтарадиган ёр-дўстлар билан отамлашиб ўтирсам, дедим ўзимга. Ҳозирги замонда дўхтир берган дори-дармонларни ичишдан кўра, Маҳмудхонга ўхшаган кўнглида кири йўқ улфатлар билан дийдорлашишга нима ецин, Собиржон!

Собир Абдулла. Маҳмудхон аптекачи билан ўтган бозор куни кўришиб, роса битингиз тўкилган эди-ку.

Ғафур Ғулом. Теварак-атрофга қарасанг, девдай-девдай пихини ёрган одамларни кўрасан, киши. Маҳмудхон – соддаларнинг соддаси. Гўлларнинг гўли. Содда одамнинг дили пок бўлади. Мен покликни, мусаффоликни соғиндим, Собиржон.

Собир Абдулла. Xўш, нима демоқчисиз? Уни бориб олиб келайми? Ёки ўзимиз борамизми?

Ғафур Ғулом. Йўқ, уни олиб келиш учун яхши баҳона топиш керак.

Собир Абдулла. Баҳонанинг кони ўзингиз-да, Ғафур ака. Кўрсаткич бармоғингизни чаккангизга михлашингиз билан шеър ҳам оқиб келади, баҳона ҳам!

Ғафур Ғулом (кулади, сўнгра кўрсаткич бармоғини чаккасига қўйиб, бир зум хаёл суриб). Ёзинг!

Собир Абдулла. Мана, баҳонани ҳам топдингиз. Агар сизга ҳайкал қўядиган бўлишса, сизга эмас, шу кўрсаткич бармоғингизга ҳайкал қўйиш керак!

Ғафур Ғулом. Гапни чўзманг. Довот, қалам, қоғоз олиб чиқинг.

(Собир Абдулла уйига кириб, қоғоз-қалам олиб чиқиб, ёзишга ўтиради.)

Ғафур Ғулом (айтиб туради). «Ҳурматли Маҳмудхон ака! Ҳамма заруру нозарур ишларингизни бир чеккага қўйиб, бизникига марҳамат қилишингизни табиатнинг нозик жойларидан ёлвориб сўрайман. Мен ва дўстингиз Ғафур Ғулом учун табаррук бўлган, яъниким жаннатмакон шоир Муқимийнинг устозлари бўлмиш Муташарриф домла бугун тонг бирлан Латифи Xўқонддан келиб, аввал сиз азизу мукаррамни, кейин Ғафур Ғуломни йўқламоқдалар. Шунинг учун аввал машинани сиз жанобларига юбораяпман. Сиздан сўнг машина шоири давронни олиб келажак. Устоз Муташарриф домлани узоқ кутдирмагайсиз. Камоли эҳтиром билан Собир Абдулло Xўқандий».

Собир Абдулла (ёзишни тугатиб). Баҳонани ҳам, хатни ҳам бопладингиз. Маҳмудхон ака бу хатни олиши билан қанот қоқиб учи-иб келади.

Ғафур Ғулом. Қани энди бу хат ҳам учи-иб борса! (Чақиради.) Мустафо! Ҳо, Мус­тафо!!

Собир Абдулла. Мен ўзим чиқиб, бериб келаман. (Чиқади.)

Ғафур Ғулом маккажўхорилар бўй чўзиб турган жойга бориб, улар попугини юлиб, соқол-мўйлов ясайди. Қошига ҳам попук ёпиштиради.

Собир Абдулла (ҳовлига қайтиб кириб, дастлаб Ғафур Ғуломни топа олмай, у ёқ-бу ёққа аланглайди, сўнг кўриб). I-е, Ғафур ака! Тинчликми?

Ғафур Ғулом. Тинчлик. Сандиғингизда Xудоёрхондан сизга мерос бўлиб қолган банорас тўн бор, дейишарди. Шу гап ростми? Муқимийнинг устозига ярашадиган бошқа сарполар ҳам бордир? Бор бўлса, тезроқ олиб чиқинг.

Собир Абдулла. Тушундим. Аммо эҳтиёт бўлинг. Тағин Маҳмудхон ака Муқимийнинг устозини кўрдим, деб ҳушидан кетиб юрмасин. Бу, учинчи маротабами... ҳушидан кетиши бўлади. Xудо сақласин, бир кунмас бир кун...

Ғафур Ғулом. Боғингизга булбул ҳам керак эмас, чоғи. Жуда яхши сайраяпсиз, Собиржон! Фақат ниятингизни яхши қилинг!

Собир Абдулла уйга кириб, бир мунча вақтдан сўнг бир қучоқ кийим-кечак, китоб-дафтар олиб чиқади. Ғафур Ғулом уларни танлаб, кийинади ва 100 ёшдан ошган чолнинг қиёфасига кириб, сўрига кўтарилади. Собир Абдулла савлат тўкиб ўтирган «Муташарриф»нинг орқа тарафига икки-учта ёстиқ қўяди. «Муташарриф» Даққи Юнусдан қолган кўзойнакни тақиб, бир қўлида тасбеҳ ўгириб, олдидаги катта арабий китобни ўқиётган киши бўлиб ўтиради.

Шу пайт машина товуши эшитилади. Собир Абдулла чиқиб, Маҳмудхонни бошлаб киради.

Маҳмудхон (ҳовлига кираётиб). Мавлоно Муқимийнинг домласи мени қаердан билар экан? На Қўқонга борган, на Муқимийни кўрган бўлсам. Сирасини айцам, Муқимийнинг устози у ёқда турсин, шогирдига ҳам ишим тушмаган. У ҳам мени тушида кўрмаган, албатта.

Собир Абдулла. Ундай деманг, Ғафур Ғулом ҳар сафар Қўқонга борганида сизнинг таърифингизни қиларди. Қўқонда шоир зоти борки, сизни жуда яхши билади. Муташарриф бобо ҳам сизнинг таърифингизни кўп эшитганлар. Сизни кўрсалар, балки шогирдлари Муҳаммад Аминхўжани кўргандек бўлиб бошлари осмонга етар.

Маҳмудхон (ўзича). Зарур ишларим бисёр эди. Ҳаммасини ташлаб келаяпман-а. Ҳай, майли. Муқимийнинг домласини ҳар куни кўрмасак... (Сукут. Собир Абдуллага.) Мулла Собир, Ғафур келгани йўқми?

Собир Абдулла. Ғафур акага машина энди боради. Марҳамат, сўрига чиқинг, сизнинг келишингизни кутиб меҳмонга дастурхон ёзолмай ўтирибман.

Маҳмудхон. Э, қизиқ-ку, Xўқонди Латифдай олис жойдан меҳмон келади-ю, мендек шоир зотининг соясига салом берадиган кишини кутиб ўтирасизми, мулла Собир?

Собир Абдулла. Меҳмон: «Маҳмудхон келмасларидан бурун дастурхон ёзмайсиз, чойнак-пиёла қўймайсиз», деб оёқ тираб олдилар. Ана, сўрида ўтирибдилар. Қани, қани (сўрини кўрсатиб), кўтарилинг.

Маҳмудхон сўрига чиқиб, икки қўлини кўксига қўйган ҳолда меҳмонга салом беради.

Маҳмудхон. Ассалому алайкум, тақсир. Xуш келибсиз Тошканди азимга. Яхши кел­дингизми? Сиҳат-саломатлигингиз жойидами? Поездда уриниб-чарчаб қолма­дингизми? Шу муборак ёшда бир Тошканга борай, деб йўлга чиқибсиз-да. Боракалло, боракалло, қадамингизга ҳасанот.

«Муташарриф» қулоғи оғир бўлгани учун Маҳмудхоннинг сўзларини эшитмай, Собир Абдуллага қарайди.

Собир Абдулла («Муташарриф»га баланд овоз билан). Маҳмудхон сизга салом беряптилар. «Хуш келибсиз», деяптилар, «Тошканди азимга яхши келдингизми? Сиҳат-саломатингиз яхшими?» деяптилар.

«Муташарриф» маъқул, дегандек бошини қимирлатиб қўяди.

Маҳмудхон (Собир Абдуллага қараб, секин овоз билан, ўзича). Муқимий ҳаз­ратларининг домласи тушмагур каловланиб қолганга ўхшайди. («Муташарриф»га мурожаат қилиб.) Тақсир, мучалингиз нима? Юздан ошгандирсиз-а? Муқимий ҳаз­ратларига устозлик қилганман, денг. Барака топинг, кўп яшанг. (Муташаррифдан садо чиқмаётганини кўриб.) Қулоқ масалалари чатоққа ўхшайдими, тақсир?! Мен ҳам мулла Собиржонга ўхшаб бақирсам, қулоғингизнинг қолган пардаси ҳам йиртилиб кетиши мумкин. Xудо келиб-келиб сиздек улуғ домланинг қулоғига пахта тиқиб кетадими-а? (Муташарриф тушунарсиз ҳаракат қилади.)

Собир Абдулла. Xудога тил теккизманг. Домла хафа бўлдилар.

Маҳмудхон. Xудога тил теккизиб жинни-пинни бўлдимми? Шундоқ табаррук ёшдаги домланинг қулоғига Xудо пахса урмаганида ота-бола бўлиб гурунглашиб ўтирган бўлармидик, мулла Сообиржон. (Яна Муташаррифда ўзгариш.)

Собир Абдулла. Яна худога тил теккизяпсиз, Маҳмудхон ака. Домла ранжияптилар. Домлага айтадиган бамаъни гапларингиз йўқми, Маҳмудхон ака!

Маҳмудхон (ўзича). Бу ерга келмай мен ўлай. Тушимда кимнингдир арвоҳини кўргандим-а! Отамнинг арвоҳи, деб эрталаб уч карра «Ёсин» ўқиган эдим. Мутакаббир, йўғе. Муташаккир, йўқ, Муташарриф домланинг арвоҳи экан! (Муташаррифга баланд овоз билан). Бугун сизни туш кўрган эдим. Қаранг, учрашар эканмиз. Тушда ҳам кўп хосият бор-да, тақсир. Мен, мана, олтмишга кирмасдан, қулоқдан қолганман. Сизга ҳавасим келиб турипти. Кўз тегмасин, ҳали ҳам қулоғингиз Мулла Тўйчи аканинг қулоғидек яхши эшитар экан, кўзингиз қалай, кўзингиз ҳам яхшими?

«Муташарриф» Собир Абдуллага тушунмаган киши бўлиб қарайди.

Собир Абдулла (Муташаррифга баланд овоз билан). Маҳмудхон ака аптекачи эмасмилар, оз-моз тиббиётдан ҳам хабардорлар (Қизишиб.) Баъзан Ғафур Ғуломни ҳам (томоғини кўрсатиб) даволаб турадилар...

(«Муташарриф» жаҳлланади.)

Собир Абдулла. Маҳмудхон: «Тақсир, мен, мана, олтмишга кирмасдан, қулоқдан қолганман», деяптилар. «Сизга ҳавасим келиб турипти», деяптилар.

(«Муташарриф» нимадир дейди.)

Собир Абдулла (Маҳмудхонга). Муташарриф домла: «Кўзим ҳам, қулоғим ҳам балонинг ўқидек соппа-соғ», деяптилар.

«Муташарриф» (кутилмаганда сўзлаб юборади). Йўқ, мен Маҳмудхондан: «Пешонангдаги кўзми ё супранинг тешигими?» деб сўрадим.

(«Муташарриф» соқол-мўйловини олади, салла-чопонини ечади.)

Маҳмудхон (ҳайратда). I-е, Ғафурвой, ўзингизми? (қотиб-қотиб кулишади.) Мен ҳам Муқимийнинг домласи аллақачон кўкариб чиққандир, деган хаёлда эдим... Ҳали сизлар Топчинский-Попчинский бўлиб мени лақиллатгани чақирган экансизлар-да? Сизларни деб шунча зарур ишларни ташлаб келибман-а! (Ўзини аразлаганга солади.)

Ғафур Ғулом. «Мени ҳеч ким лақиллатолмайди», деб кериладиган сенмисан, Маҳмудхон! Лақиллатиш мана мунақа бўлади, окоси. Чолни кўрсанг бувам дейдиган бўлиб қолибсан-у, яна биздан хафа бўласан! Кел, энди бир қучоқлашиб кўришайлик. (Тура бошлайди.)

Маҳмудхон. Йўқ, керакмас, мени мазах қиладиган арвоҳ билан кўришмайман.

Ғафур Ғулом (сўридан тушиб, Маҳмудхонга яқинлашиб келади). Сен мени соғинмаган бўлсанг, мен сени соғиндим, дўстим. Тожикистонда уч кун уч йилдек туюлди. Кеча оқшом келиб, бугун эрталаб сени кўргим, бағримга босгим келди. Наҳотки, Ғафур Ғулом деган минг йиллик дўстингни кечирмасанг!

Маҳмудхонда ўзгариш. У ҳам сўридан тушиб, секин-аста Ғафур Ғуломга яқин­лашади. Сўнг иккаласи қаттиқ қучоқлашиб кетади.


Иккинчи кўриниш

Ўша жой. Ўша кишилар.

Парда очилиши билан машина овози келади. Шовқин-сурон билан шоиру хо­нан­да-ю созандалар кириб келишади.

Собир Абдулла меҳмонлар келаётганини кўриб, уйдан янги болиш ва кўрпачалар олиб чиқиб, сўрига тўшайди. Дастурхон ёзади.

Ҳабибий (кириб). Ассалому алайкум, азизлар!

Ғафур Ғулом (у билан кўришиб). Ҳабибий домла, яхши келдингизми? Сизни кўрсам, раҳматлик отамни кўргандек бўламан. Доим беш юзинчи лампадек нур сочиб, нуроний отахон бўлиб юринг-е. (Юнус Ражабий билан кўришиб). Юнус тоға, сизни ҳам кўрар кун бор экан-а. Соғ-саломатмисиз? Бир арава бола-чақа, қозон-товоқлардан ортиб, сўзимни ерда қолдирмасдан келганингиз учун ташаккур …

Юнус Ражабий (унинг сўзини бўлиб). Ғафурвой, сизни кечадан бери ахтараман, Собир Абдулланинг уйида ўтирибман чилла қилиб, демайсиз ҳам.

Ғафур Ғулом. Вой, тоғам тушмагур-ей, чиллани сизга чиқарган. Янгамнинг этак­ларидан ҳафталаб чиқмайсиз. Катта танбурнинг қорнини чертиб ётганингиз ётган. (Кулишади.)

Юнус Ражабий. Кўзингиз тегди, мулла Ғафур, кўзингиз тегди. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганмиз.

Ғафур Ғулом. Сизни яхши биламан, Юнус тоға. Кўз тегмасин, деб белингизга тумор боғлаб юрасиз. Не-не созандалар танбур чертмай қўйишган. Сиз ҳали ҳам танбур навосини тарк этмай келасиз. (Кулишади.)

Юнус Ражабий. Об-бо, Ғафурвой-ей, аскияни сизга чиқарган. Лофни олиб қочганингизда раҳматли Юсуфжон Қизиқ ҳам сизга етолмасди. Асли бу гапларингизни Ҳабибий домлага айтганингизда, ўринли бўларди.

Ғафур Ғулом. Нечук?

Юнус Ражабий. Ёзган ғазалларини ўқимаяпсизми? Ҳали ҳам ўлдим-куйдимдан нарига ўтмайдилар. Янгамизга ҳали ҳамон тинчлик бермайдилар чоғи.

Ғафур Ғулом. Шоирлар шунақа бўлади ўзи, Юнус ака. Тўқсон ёшга тўлиб, оёқ­ларидан дармон кетиб, чўзилиб ётишса ҳам, тилларидан ишқ-муҳаббат навоси тушмайди.

Юнус Ражабий. Кеча ўғилларидан янги ғазалларини юборибдилар, Юнус тоғангга айт, пайсалга солмасдан куй басталасин, деб. Бу ғазалда нима ёзибдилар, денг:

Ҳар замон кўрсам, ёшим улғайса ҳам, эй сарвиноз,

Қоматим хам бўлмагай, қўлга асо даркор эмас.

(Кулишади.)

Юнус Ражабий. Ҳабибий домла нимага шама қилаётганларини сезаяпсизми, мулла Ғафур. «Қоматим хам бўлмагай», деганларини қаранг! Шундай дейишга уялмайдилар ҳам. Яна мен бу ғазалга куй басталар эмишман-да, у кишим ғазални сарвинозга ашула қилиб айтиб юрар эмишлар!

(Кулги.)

Ғафур Ғулом. Ҳабибий домланинг сарвинози ким эканини наҳотки билмасангиз, Юнус ака! Мана, эшитинг:

Ҳар кишининг таъбига лойиқ севикли ёри бор,

Толеимдан ўргилай, ёримга ҳеч ёр ўхшамас.

Мана шунақа. Ҳабибий домла бегонага кўз қирини ташлайверадиганлардан эмаслар. Ўзлари бу гуноҳли дунёда яшаётган бўлсалар ҳам, кўн­гиллари арши аълодан пастга тушмайди. Бундай покиза кўнгил базми жамшидни хуш кўрмайди, Юнус ака!.

Ҳабибий. Мулла Ғафур, бизни жуда узлатга чекинганлар қаторига киритиб юбордингиз-ку. Базми жамшидга тушиб қолсак, сизни уялтирмаймиз, азизим. Пиёла узатасизми ё…

Ғафур Ғулом (унинг сўзини бўлиб). Гул-лола кўрсатасизми...

Ҳабибий (ешитмаганга олиб). Ё оёқ ўйинга тушасизми, сиз нима қилсангиз, шуни эплашга уриниб кўрамиз.

Юнус Ражабий (чеккага). Домласи тушмагур ҳали ҳам қариб қуйилмаганга ўхшайди.

Ҳабибий (сезиб). Бир нарса дегандек бўлдингизми, Ушшоқвой ака?

Юнус Ражабий. Мулла Ғафурнинг ўзига ўхшаган қирчиллама йигитларни йиғдириб келганини айтаман, домла.

Ғафур Ғулом. Ҳали ҳам унча-мунча қирчиллама йигитлардан кам жойингиз йўқ. Камтарлик қилманг, уста. Бир битингиз тўкилсин, деб сизларни олиб келгани Мустафони юборган эдим-да.

Юнус Ражабий. Барака топинг, мулла Ғафур. (Маҳмудхонга яқинлашиб.) Лутф-алтофга берилиб, Дори-Дармонийни унутиб қўйдик чоғи. (Маҳмудхон билан кўришади.) Соғ-саломат юрибсизми, Маҳмудхон? Аптекангизга биз, мўйсафидлар боп дори-дармонлар келиб туриптими?..

Ғафур Ғулом (унинг сўзини бўлиб), Кампирнинг дарди ғўзада, деганлари шу-да. Аптекачини кўришса, дармон дорини суриштириб кетишади. Салом-алик ҳам ўлда-жўлда бўлади.

Ҳабибий (ҳали ҳам уй билан сўри ўртасида елиб югурган Собир Абдуллага қараб). Мулла Собир, тепага чиқиб олиб, тушгингиз келмай қолдими?

Ғафур Ғулом. Тепага чиқиб олганидан кейин қайси аҳмоқнинг пастга тушгиси келади?! (Собир Абдуллага.) Тушманг, Собиржон, зинҳор туша кўрманг. Керак бўлса, сиз билан сўрашгани сўрига ўзлари чиқишсин!

Юнус Ражабий (ҳамроҳларига қараб). Собиржон сизу биз ўлтирадиган жойни нозу неъматлар билан ясатаётган кўринадилар.

Ғафур Ғулом (Собир Абдуллага қараб)

Зоҳирни ясашдан дили виждонни ясантир,
Виждонни солиб ишга, бу давронни ясантир.

Ҳабибий

Ижод ила эк чўлу биёбонга қизил гул,
Кўп мева экиб, чўлу биёбонни ясантир.

Ғафур Ғулом

Меҳнат ила зеб боғла лаёқат-ҳунарингга,
Юлдуз яратиб чақна-ю осмонни ясантир.

Ғафур Ғулом

Минбарга чиқиб, бошла қўшиқларни баралла,
Қарсаклар ила халқ тўла майдонни ясантир.

Ғафур Ғулом

Нур чашмасидур халқинг учун қалби хазинанг,
Соч нур, бу ёруғ қалб ила инсонни ясантир!

Собир Абдулла (сўридан тушаётиб)

Сен элдан агар шираю шарбат умид эцанг,
Боғбони бўлу, боғ ила бўстонни ясантир.

Пастга тушиб, меҳмонлар билан қучоқлашиб кўришади.

Юнус Ражабий (Собир Абдулла билан кўришар экан). Боракалло, шоир дўстлар. Сизлар ҳаммаёқни боғу бўстонга айлантираётганингизда биз бир чеккада қўл қовуш­тириб турсак ярашмас экан. (Созандаларга.) Қани, йигитлар, тезроқ жойлашиб, асбоб­ларни ғилофидан чиқариб олинглар.

Ғафур Ғулом. Ҳой-ҳой, Юнусвой ака, уят борми сизда? Нималар деяпсиз? Xотин-халаж кириб қолса, нима бўлади?

Юнус Ражабий. Бузуқ хаёлга борманг, Ғафурвой. Созандаларнинг асбобини хотин-халаж кўп кўрган. Қани энди ҳамма асбоблар ҳам тилга кирганда, ҳазрат Навоий сўзларига басталанган кую қўшиқ садолари ҳаммаёқни жаранглатиб юборса!

Ҳабибий. Дилимдагини айтдингиз, оға. Дилимсиз, дилим. Аммо шўхроғидан бўл­са, Мулла Ғафур билан мулла Собиржоннинг бир хиром айлаганини кўриб, жаннатга тушгандек ором олармидик.

Ғафур Ғулом. Маҳмудхон дўстимнинг-чи? У кишим бир куни тўйда ўртага тушиб хиром айлаганида, Мукаррамахоним бу тўйда менга ҳожат йўқ экан, деб тўрва-халтасини кўтариб чиқиб кетган.

Собир Абдулла. Қани, меҳмонлар, марҳамат! Ким сўрини ихтиёр қилса – сўрига, ким Пушкин билан Глинкага ўхшаб оёғини чалиштириб ўтиришни истаса – курсига.

Ҳамма ўзи истаган ердан макон топиб ўтиради. Созандалар асбобларини созлаб, мумтоз куйлардан бирини чала бошлайдилар.

Кўчадан машина овози эшитилади. Собир Абдулланинг: «Мустафо, сиз кетаверинг. Ғафур ака бугун ҳам бизникида дам оладилар», – деган ва шу заҳоти Мустафонинг: «Собиржон ака, мени Муҳаррама ая юбордилар. Эртага Ҳиндистондан меҳмон келаётган экан. Ғафур акани олиб кетаман», – деган овози келади.

Собир Абдулла (кириб, Ғафур Ғуломга). Мустафо келди. Эртага ҳиндистонлик меҳмонларингиз келаётган экан. Ғафур акани олиб кетаман, деб эшикда оёқ тираб турипти.

Ҳабибий (Ғафур Ғуломга). Ким келаётган экан, мулла Ғафур? Неру жаноблари эмасми?

Ғафур Ғулом. Йўқ, Ҳабибий домла. Икки кекса ҳинд ёзувчиси келиб, мен билан, менинг сизларга ўхшаган пурҳикмат ёр-дўстларим билан танишишмоқчи. Эртага кечқурун ҳаммангизни кутаман. Маҳмудхон, тағин бирор баҳона топиб, мени меҳмонлар олдида уялтириб қўйма. Улар ҳам сенга ўхшаган содда ва самимий кишилар...

Саҳна қоронғилашади. Машинанинг кетаётган овози. Шу пайт радиодан Ғафур Ғуломнинг товуши эшитилади:

Олам билар, Фурқат деган йўли бор,
Беруний майдони, Ёшлар кўли бор,
Муқимий биносин худди сўли бор,
Кўрсатувчи милиционер қўли бор.
Бизниннг уйга қўниб ўтинг, дўстларим!
Парда


Иккинчи Парда

Саҳна олди

Ичкаридан Юнус Ражабий ижросида мумтоз ўзбек халқ ашулаларидан бири эшитилмоқда. Ора-чора «Дўст», «Барака топинг, Юнус ака!», «Саломат бўлинг!», «Ўзингизга ҳам, овозингизга ҳам кўз тегмасин, уста!» деган овозлар келади.

Шу пайт Номаълум йигит пайдо бўлади. У ёқ-бу ёққа мўралаб, ашула овози келаётган уйга кирмоқчи бўлади.

Номаълум йигит. Фурқат йўли-ю, Ёшлар кўлини ҳам, «Муқимий» театрининг сўли-ю милиционернинг Арпапояга қараган қўлини ҳам топдим! Топдим-у, лекин кирай десам, олтмиш-етмишни урган кишилар ашула эшитиб, бошларини сарак-сарак қилиб ўтиришипти. Улар орасига суқулиб кириб, бошимни сарак-сарак қилиб ўтиришга тоқатим йўқ. Кирмай десам, «Бизнинг уйга кириб ўтинг, дўстларим», деб кечқурун ҳам, эрталаб ҳам шеър ўқиди шоир... Ғафур Ғулом. Кирай десам, «Сенга кўзим учиб турувдими, бола?!» деб ҳайдаб юборса, обрўйим бир пул бўлади. Кирмай десам, Ғафур Ғуломсиз ишим битмайдиганга ўхшайди. Кирай десам...

Шу пайт олисдан ҳуштак товуши эшитилади. Номаълум йигит ўзини панага уради.

Учинчи кўриниш

Ғафур Ғуломнинг уйи. Шинамгина болохона. Саҳна ортида боғ.

Ғафур Ғулом, Ҳабибий, Маҳмудхон, созандалар ва бошқалар дастурхон атрофида суҳбат қуриб ўтиришипти.

Саҳна очилиши билан Юнус Ражабий кириб келади. «Ҳорманг, уста!», «Яшанг, саломат бўлинг!», «Фаришталаримизнинг кўнглини обод қилиб чиқдингизми?» деган овозлар.

Юнус Ражабий (меҳмонларга қуллуқ қилиб, Ғафур Ғуломга). Xўп ажойиб иш қилибсиз-да, мулла Ғафур! Бизга ўхшаш калтафаҳм кишиларнинг ақлига келмайди бу қилган улуғ ишингиз! Барака топинг, умрингиз узоқ бўлсин илоҳи.

Ғафур Ғулом. Яқинда раҳматли Ҳамид Олимжонни туш кўрган эдим. Нима учундир кейинги кунларда уни бот-бот кўрадиган бўлдим. «Раҳмат, дўстим, бола-чақамдан хабар олиб турибсан. Айниқса, аямнинг кўнглини сўраб турганингдан бошим осмонга етаяпти», деди. Ҳамид билан бир отамлашиб гаплашмоқчи эдим, шу пайт момагулдирак овозидан уйғониб кетдим. Ўша куниёқ Зулфиянинг уйига тандирдан янги узилган бир сават жиззали нон кўтариб бордим-да: «Зулфия, айланай, хушрўй келиним, мен анчадан бери бир ниятни дилимга тугиб юрган эдим. Шуни айтгани келдим», дедим. «Ғафур ака, қандай ният?» – деди Зулфия тортиниб. «Ниятим шуки, – дедим, – сен яхши шоира бўлиб етишдинг. Фақат Ўзбекистон эмас, бутун дунё билади сени. Сен бизнинг ифтихоримизсан! Шунинг учун мен сенинг шарафингга зиёфат бермоқчиман. Бу фикримни Муҳаррама аянг ҳам маъқуллади. Келаётган шанба оқшомида сени кутаман», – дедим. «Фақат кимлар билан, неча аёл бўлиб келишингни айт. Ҳар бирингга бир кийимлик Марғилон саккиз тепки атласидан тайёрлаб қўймоқчиман», – дедим. Зулфия бир оз ўйлаб, дугоналарини санай бошлади: (бармоқларини бирма-бир букиб) Ҳалимахоним, Мукаррамахоним, Сорахоним, Тамарахоним, Бертахоним, Xадичахоним, Василахоним, Ҳабибахоним, Саидахоним...» Мана, ҳозир улар меҳмонхонани гуллатиб, менинг заъфарон кўнглимга кўклам уфорини пуркаб, яйраб-яшнаб ўтиришипти.

Ҳабибий. Минг тасанно сизга, мулла Ғафур! Зулфияхоннинг ўксик кўнглини осмон баравар кўтарадиган иш қилибсиз!

Юнус Ражабий. Мулла Ғафур, даврада қимтиниб ўтирган икки аёлни танимадим. «Қаро кўзим»ни йиғлаб эшитишди. Улардан бирини раҳматли Ҳамиднинг онаси, десам, Комила ая барвастароқ эдими...

Ғафур Ғулом (қаҳқаҳа отиб). Бу жаннат гулларининг келишини эшитиб, ҳиндистонлик меҳмонларим типирчилаб қолишди. «Машҳур ўзбек шоиру санъаткор аёллари билан бир даврада ўтиришни истаб қолишса бўладими улар! На илож, хонадонимга Абу Райҳон Беруний, Xусрав Деҳлавий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари табаррук боболарим руҳини олиб келган меҳмонларга «йўқ», десам айб бўларди. Ўйлаб-ўйлаб бир ҳийла ишлатдим. Тожикистондан Бадахшон гўзаллари киядиган икки-уч кўйлак олиб келган эдим, бахтга қарши, Муҳаррамхонга торлик қилиб қолувди. Буни қарангки, Гурбахш Синг билан Навтеж Синг деган ота-бола меҳмонларимга кийгизиб кўрган эдим, худонинг қудрати билан худди ўзларига тикилгандек бўлди. Бирам очилиб кетишдики, кўрган одам уларни Мукаррамхоним билан Тамарахонимдан сира ажрата олмайди Бошларига марғилонча рўмол танғиб, меҳмонхонанинг тўрида савлат тўкиб ўтиришипти. Бу сирдан фақат Зулфия хабардор. У меҳмонларимни ҳинд шоираси Амрита Притамнинг опалари, деб таништирди. Амрита Притамнинг бу опалари «тишлари оғриётгани учун» оғиз очмай, томоша қилиб ўтиришипти ҳозир.

(Кулги.)

Ҳабибий. Ана топқирлигу, мана топқирлик! Гуллар ҳам хурсанд, тиканлар ҳам.

Ғафур Ғулом. Ҳай-ҳай, Ҳабибий домла, нималар деяпсиз? (Ҳазиллашиб.) Ҳали Ҳиндистондан мамлакатимизга дўстлик элчилари бўлиб келган муҳтарам зотларни тиканга ўхшатасизми?! Камина бу ўтириш тўғрисида тегишли жойга ҳисобот ёзиб беришим керак. Сирасини айцам, ўтиришга сиз ҳам, Юнус ака ҳам, Маҳмудхон ҳам (қўлини кўкка бигиз қилиб) уларнинг рухсати билан келгансиз..

Ҳабибий (қўрқиб кетади). Тавба қилдим, тавба! Агар ҳисобот ёзадиган бўлсангиз, биз, қўқонқишлоқлик оми шоирнинг номини ҳам, бояги сўзимни ҳам асло хат қилманг, мулла Ғафур!

Ғафур Ғулом (бошқаларга кўз қисиб) Нима, (яна қўлини кўкка найза қилиб) уларни алдайми? Буюк ҳинд халқининг вакилларини тиканга ўхшатганингизни ўзим айтдим, деб ёзайми? Ўзим балога гирифтор бўлайми?

Маҳмудхон. Йўқ, йўқ, мулла Ғафур, сиз ўзбек халқига кераксиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Сизни эҳтиёт қилиш бизнинг ҳам...

Ғафур Ғулом (сўзини бўлиб ва кўзини қисиб). Қандай эҳтиёт қилай ўзимни, Маҳмудхон, сизлар мени аждаҳонинг нақ оғзига рўпара қилиб турган бўлсангиз...

Ҳабибий. Ҳай-ҳай, мулла Ғафур, одамни қўрқитманг. «Аждаҳо» деганингиз нимаси? «Тикан» деган сўзим қайда-ю «аждаҳо» қайда! Еган-ичганим татисин, мулла Ғафур! Мен ниҳояти айтмоқчи бўлганимни тушунасиз, деб ўйлаган эдим. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ қолсин, иним! Шундоқ бўлсин!

Юнус Ражабий (ўйин кетаётганини сезиб). Энди, мулла Ғафур, ҳаммамиз ҳам худонинг оқ сут эмган бандасимиз. Ҳабибий домла бу қалтис гапнинг оқибатини ўйламай дабдурустдан айтиб юбордилар. Шунақами, домла?

Ҳабибий. Шунақа-шунақа.

Юнус Ражабий. Агар ўша гап ёзилаётган бўлса, секин тузатиб қўйишнинг иложини топинг! (Ҳабибийга қараб.) Шунақами, домла?

Ҳабибий. Шунақа, шунақа.

Ғафур Ғулом. Қанақа «шунақа-шунақа»?

Юнус Ражабий. Яъниким, «Гуллар ҳам хурсанд, тиканлар ҳам» деган (урғу билан) машъум иборадаги «тиканлар» сўзини, масалан, «туваклар» деган сўз билан алмаштириб қўйинг. Гул ҳам, гулнинг туваги ҳам хурсанд, деган маъно чиқади. Биз радиода кўпинча шундай қиламиз.

Ғафур Ғулом (кўз қисиб). Юнусвой ака, сизни оқил ва доно акам деб ҳурмат қилиб юрсам, сиз ҳам мени хиёнат йўлига бошламоқчимисиз? Ичларингда бирор сиёсий ҳушёр одам борми ўзи?

Маҳмудхон (жиддий). Мен. Мен сиёсий ҳушёр одамман. (Ғафур Ғуломга қараб.) Ёдингизда бўлса, Чўлпоннинг Ҳамза театридан қандай ҳайдалганини айтиб берган эдингиз. Келинг, биз ҳам мажлис қилиб, Ҳабибий домлани шу сиёсий хатоси учун даврамиздан ўчирайлик. Ҳабибий домла уйларига бориб, дори-пори ичиб, ўзларига келсинлар. Шунда улар ҳам жазоланган, биз ҳам сиёсий хатога дахлдорликдан холи бўламиз.

Ғафур Ғулом. Мана, бор экан-ку сиёсий ҳушёр одам! Баракалла, Маҳмудхон! Сен фақат аптекачи эмас, замоннинг нозиклигини яхши тушунадиган сезгир одам ҳам экансан!

Маҳмудхон мамнун бўлганини яширмайди. Ҳабибий домла карахт ҳолатда кўзларидан оқа бошлаган ёшни дастурхоннинг учи билан артади.

Ҳабибий. Мулла Ғафур, (сукут) уйингизга келмай мен ўлай. Ўзи оёғим тортмай турган эди. Юнусвой: «Бирга борамиз. Кийина қолинг», деб қўймай олиб келган эдилар. Мана, Юнусвой, биз ҳам девор бўлмаса, кўчани бемалол кўрадиган одамлар тоифасиданмиз.

Юнус Ражабий. Xафа бўлманг, домла. Бу дунёда ўлимдан бошқа ҳамма нарсага даво топса бўлади. (Ғафур Ғуломга қараб.) Нима дейсиз, мулла Ғафур? Даво топиладими?

Ғафур Ғулом. Ҳабибий домланинг ҳолатини кўриб, ўзимнинг ҳам хўрлигим келяпти. Бир иложини қилмасак бўлмас. Туппа-тузук одам кексайган чоғида қамалиб кеца, бизга ҳам касри уради.

Ҳабибий. «Қамалиб кеца»? (Жаҳл билан.) Ҳали қамаламанми ҳам?!

Юнус Ражабий. Ҳой-ҳой, мулла Ғафур. Ҳабибий домла қамаладиган иш қилмадилар-ку! Кексайган чоғларида у кишини ҳам, бизларни ҳам чўчитаверманг.

Маҳмудхон. Тўғри айтасиз, Юнус ака. Кексайган чоғимизда биз ҳам Ҳабибий дом­лага (ўйлаб) пе... пее..передача элтиб юрмайлик.

Ҳабибий (четга). Нафасинг қурсин ...сен аптекачининг!

Юнус Ражабий (у ёқ-бу ёқни текшириб бўлгач). Сирасини айцам, бу гапни фақат ўзимиз эшитдик. Мана, ҳаммаёқни илма-тешик қилиб чиқдим. Бирор ёзиб оладиган ускунани кўрмадим. Бунақа ускуна йўқ! Йўқ!! Бинобарин, ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ. Қани, ким нимани таклиф қилади? Айтинглар!

Ҳамма Ғафур Ғуломга қарайди.

Ғафур Ғулом. Агар бирор идорага бориб гулламасанглар, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ қолади.

Юнус Ражабий. Мана бу – мард одамнинг гапи!

Маҳмудхон. Мана, бу валломатлик! Мана бу, чин дўстнинг иши! Омон бўл-ей, Ғафурвой!

Юнус Ражабий. Мендан кўнглингиз тўқ бўлсин, мулла Ғафур!

Маҳмудхон. Мендан ҳам!

Ҳабибий. Раҳмат, мулла Ғафур! Умрингиз узоқ, мартабангиз яна ҳам баланд бўлсин!

Ҳамма хурсанд. Ҳабибий нимадир пичирлаб, қўлини фотиҳага жуфтлайди.

Юнус Ражабий (Ҳабибийга). Домла, балои азимдан осон қутулганингиз учун яхши бир ўтириш қилиб берасиз энди.

Ғафур Ғулом. Агар Ҳабибий домла ўтиришдан қочадиган бўлса, мана мен, аканг қарағай сизларни кутаман.

Маҳмудхон. Нега энди сиз? Ҳам Ҳабибий домлани аждаҳо оғзидан олиб қоласиз, ҳам ўзингиз ўтириш қилиб берасизми?

Ҳабибий. Қанақа аждаҳо? Мен аждаҳо оғзига тушадиган иш қилибманми?! Гапингизни ўйлаб гапиринг, Мммм... Маҳмудхон!. Нима бало, аптекангиздаги аччиқ дориларни ичиб олганмисиз, оғзингиздан нуқул аччиқ гап чиқаяпти?!

Маҳмудхон. Аждаҳо оғзига тушай деб турганингизни ҳаммамиз кўрдик-ку, домла. Яхши ҳамки мулла Ғафур иложини топиб, сизни (ўйлаб) ...илоннинг оғзидан олиб қолди. Мабодо сизнинг ўрнингизда бўлганимда, мен жон-жон деб ўтириш қилиб берган бўлардим.

Юнус Ражабий. Энди қизишмайлик, биродарлар. Ҳабибий домла ошдан қочадиган одам эмаслар. Ёзган битта ғазалларининг қалам ҳақи бир эмас, икки-уч ошга етади.

Ғафур Ғулом. Ундай бўлса, ўтиришга борадиган жўраларнинг, қолаверса дастурхонга тортиладиган ноз-неъматларнинг рўйхатини тузайлик.

Маҳмудхон. Янги сўйилган қўй гўштига қилинган ошни емаганимга анча бўлди. Домла, молбозорда қора қўчқорлар сероб бўлиб қолган. Истасангиз, ўғлингиз билан бозорга бирга бориб, бир бўрдоқи қўчқорни ўзим танлаб бераман.

Юнус Ражабий Маҳмудхон, бўрдоқи қўй бўлиши шарт эмас. Домлага жабр қилмайлик. Ғазал қачон ёзилади-ю, қачон унга куй басталанади? Қачон ашула бўлиб эфирга чиқади-ю, қачон қалам ҳақи тегади?

Ғафур Ғулом. Нима демоқчисиз, уста? Битта ошга шунча олди-бердими?

Юнус Ражабий. Айтмоқчиманки, инон-ихтиёрни Ҳабибий домланинг ўзларига берайлик. Биз қозонни ёпишга ёпдик. Агар у кишининг ўзлари бошқа қозонда жиз-биз қилиб бераман, десалар, рози бўлмасдан иложимиз қанча!

Ҳабибий. Ўтириш бўлса, ўтириш. Битта ўтириш сизлардан айлансин, сиёсий ҳушёр жўралар!.

Юнус Ражабий (Ҳабибийнинг сўнгги сўзини эшитмаганга олиб). Бу бошқа гап! Розимисиз, ...жўралар?

Маҳмудхон. Мен икки қўлимни кўтараман.

Ҳабибий (четга). Қўлинг қурсин кўтарилиб-тушаверадиган!

Ғафур Ғулом. Мен ҳам розиман. Мана, Ҳабибий домла, қандай ажойиб, инсонпарвар дўстларингиз бор! Сизни, керак бўлса, ернинг тагидан олиб чиқишади. Бундай дўстлар учун битта ўтириш эмас, ўнта ўтириш қилиб берсангиз ҳам оз!

Ҳабибий (киноявий). Ҳа, ажойиб, инсонпарвар дўстлар эканлигингизни кўриб турибман. Битта тиканнинг ичидан битта ўтиришни осонгина суғуриб олдинглар. Сал бўлмаса, битта тикан деб жонимни суғуриб олардингиз-а, инсонпарвар, ажойиб дўстларим!

(Кулги.)

Шу пайт аёл либосидаги икки ҳинду меҳмон хонага кириб келади.

Меҳмонлар (таъзим қилиб). Намасте, намасте!

Дилгир Ҳабибий уларнинг кулгили қиёфаларини кўриб, чеҳраси очилади.

Ғафур Ғулом (меҳмонларга). Азиз меҳмонлар, қалай, жаннатга кириб чиққандек бўлдингларми? Ўзбек гўзалларининг нафис мажлиси сизга манзур бўлдими? (Юнус Ражабийни кўрсатиб.) Юнусвой акамиз: меҳмонлар Мукаррамахонимдан кўзларини узмай ўтиришипти, дедилар. Шу ростми? Гурбахш дўстим, агар ўғлингиз Мукаррамхонимгами ё бошқа бир жононгами ошифта бўлиб қолган бўлса, каминаи камтарин совчилик қилишга тайёрман. Фақат бир шарт билан: менга ҳам Наргис хонимними ё бошқа бирор ҳинд гўзалиними олиб берасиз! (Кулишади.).

Гурбахш Синг (ҳинд тилида). Жуда ажойиб анжуман бўлди. Айни пайтда бу анжуманни анжуман эмас, гўзаллар танлови деса ҳам бўлади. Агар ёшроқ бўлганимда, ўғлимдан олдин ўзим шу гўзаллардан бирини менга олиб беринг, деб сизга ёпишиб олган бўлардим.

Нантеж Синг (ҳинд тилида). Олган таассуротларимни дадамнинг олдида айтолмайман. (Ҳазиллашиб.) Мусулмон оламида тўрт хотин олишга ижозат берилади. Шу аёллардан тўрттасини менга олиб бера олмайсизми, Ғафур дўстим? Керак бўлса, Калкутта билан Бомбайни ҳам сотишга тайёрман.

Ғафур Ғулом. Самарқанду Бухорони сотмоқчи бўлган Ҳофизга ўхшаб-а?

(Кулги.)

Меҳмонлар (ҳинд тилида). Энди бизга ҳордиқ олишимиз учун ижозат берсангиз.

Ғафур Ғулом. Сизларни дўст-ёрларим билан таништиришга улгурмадим. Бу киши (Ҳабибийни кўрсатиб) мавлоно Ҳабибий бўладилар, ўзбекнинг катта шоири (меҳмонлар Ҳабибий билан қучоқ очиб кўришишади). Бу муҳтарам зотнинг ёнларидаги – машҳур ўзбек бастакори ва ҳофизи Юнус Ражабий, мумтоз халқ ашулаларининг беназир ижрочиси (меҳмонлар Юнус Ражабий билан қучоқ очиб кўришишади). Мана бу тарвузга ўхшаган думалоқ киши – менинг болалик дўстим, машҳур аптекачи Маҳмудхон Ҳушёрхонов (меҳмонлар Маҳмудхон билан қучоқ очиб кўришишади). Булар (созандаларни кўрсатиб) Ўзбекистоннинг машҳур созандалари (меҳмонлар икки қўлларининг учларини кўкракларига яқинлаштириб кўришган бўладилар.) Майли, сизларга ижозат.

Меҳмонлар чиқадилар.

Тўртинчи кўриниш

Ўша жой. Ўша кишилар.

Юнус Ражабий созандалар жўрлигида мумтоз халқ ашулаларидан бирини айтаётган пайтда парда очилади.

Ғафур Ғулом (ашула тугагандан сўнг). Яшанг, уста. Шу ашулангизни Ғайратий яхши кўриб, доим сизга жўр бўларди.

Юнус Ражабий. Дарвоқе, Ғайратий кўринмайди. Саломатми?

Ғафур Ғулом. Бироз бетоб эди. «Тузалиб қолсам, албатта, бораман», деган. Балки оқшомга қадар келиб қолар.

(Шу пайт Номаълум йигит эшикдан мўралайди, сўнгра киради.)

Номаълум йигит. Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар! (Юнус Ражабийга.) Ашулангизнинг тугашини кутиб турувдим. Аммо мазза қилиб эшитдим, устоз!

Ғафур Ғулом (Номаълум кишига). Ким бўласан? Мана, кўриб турибсан: бугун мен бандман. Xудо шоир зотига ҳам якшанбани берган, бошқалар қатори, сен ҳам ҳордиқ ол, деб! Шеър-пер сўраб келган бўлсанг, чакки қилибсан. Эртага кел!

Номаълум йигит. Ишим зарил, Ғафур дада. Эртага кеч бўлади.

Ғафур Ғулом. Қандай иш экан, якшанбада битиши лозим бўлган иш?

Номаълум йигит. Мени ҳайдашяпти.

Ғафур Ғулом. Қаердан ҳайдашяпти?

Номаълум йигит. Институтдан.

Ғафур Ғулом. Қайси институтдан?

Номаълум йигит. Театр-рассомчилик институтидан.

Ғафур Ғулом. Менинг бу институтга нима дахлим бор?

Номаълум йигит. Институт директорининг кабинетида сизнинг катта суратингиз осиғлиқ турипти.

Ғафур Ғулом. Агар директорингнинг кабинетида Станиславскийнинг сурати осилиб турган бўлса, ўша театр арбобининг гўрига бориб ялинган бўлармидинг?

Номаълум йигит. Директоримизнинг кабинетида Станиславскийнинг сурати осилиб турмайди. У театрни эмас, поезияни севади! У сизнинг мухлисингиз!

Ғафур Ғулом. Шундай дегин.

Номаълум йигит. Шундай.

Ғафур Ғулом. Xўш, мендан нимани истайсан? Мен сенга нима билан ёрдам беришим керак?

Номаълум йигит. Шу мухлисингизга бир оғиз айтиб қўйсангиз.

Ғафур Ғулом. Нима деб?

Номаълум йигит. Фалончи менинг ўғлим бўлади, уни ўқишга тиклаб қўй, деб.

Ғафур Ғулом. Барча ўғилларим институтни битириб, аллақачон профессор бўлишган. Буни бутун олам билади. Агар директоринг чиндан ҳам мухлисим бўлса, буни ҳам билади.

Номаълум йигит. Ёш пайтимда уйингизга келганимда мени «ўғлим», деган эдингиз. Эсингиздан чиқдими?

Ғафур Ғулом. Бу ёғи қизиқ бўлди-ку. Қачон келгандинг? Ким билан келгандинг?

Номаълум йигит. Отам билан ёш пайтимда келган эдим. Ўшанда бошимни силаб: «Ўғлим, ўғлим», деган эдингиз.

Ғафур Ғулом. Отанг ким бўлади?

Номаълум йигит. Адҳам Ҳамдам!

Ғафур Ғулом. Фарғонанинг афандиси Адҳам Ҳамдамнинг ўғлимисан ҳали!

Номаълум йигит. Ҳа, Адҳам Ҳамдамнинг ўғлиман.

Ғафур Ғулом. Отанг менинг олдимга ҳуда-беҳудага келавермасди..

Номаълум йигит. Тушунмадим.

Ғафур Ғулом. Бемаврид келдинг, деяпман, болам.

Номаълум йигит. «Ўғлим!» денг, дадажон..

Ғафур Ғулом. Отангдан ҳам баттар шилқим кўринасан, Адҳамнинг ўғли!

Номаълум йигит. Директоримизга қўнғироқ қилсангиз, дадажон! Мана, телефони! (Бир парча қоғозни узатади,)

Ғафур Ғулом. Юнусвой ака, Ғайратийни соғиндим, деганмидингиз?

Юнус Ражабий. Ҳа, келса, яхши бўларди.

Ғафур Ғулом. Шу болани юборайлик Ғайратийнинг уйига. Ўликни ҳам тирилтириб келадиган абжирга ўхшайди.

Юнус Ражабий. Агар тезроқ келса, унга ҳам Бадахшон қизларининг либосларини кийгизиб, аёллар даврасига киргизиб юборган бўлармидик.

Ғафур Ғулом Юнус Ражабийга «қойил», дегандек имо қилиб, токчадан қоғоз-қалам олади ва хат ёзишга тушади.

Ғафур Ғулом (Номаълум йигитга). Бор, сен чиқиб тур! Шоир Ғайратийга хат ёзиб бераман. Олиб борасан. Директоринг Ғайратийнинг жияни бўлади! Айцанг, қўнғироқ қилади.

(Номаълум йигит чиқади.)

Ғафур Ғулом (овоз чиқариб ёзади).

«Ғайрато, ёнингдаги шилқимни барбод айлагил,
Адресим Арпапоя, сен буни ёд айлагил.
Маҳмудхону Ҳабибий тўтиқушдек интизор,
Тез келиб, суҳбат аро базмимни обод айлагил.

Юнус Ражабийнинг исм-шарифини шеърга қўшмадим. Бунга сабаб у киши заёмда юз минг сўм ютганлар. Ёмон ниятли одамлар сезмаслиги керак. Ҳозирча Уста Юнус Ражабий - секрет.

Сенга ҳурмат билан Мирзо Абдул Қодир Ғафур Шоший, собиқ Қоратоший».

Юнус Ражабий. Мулла Ғафур, мен ҳам ошга тушадиганга ўхшаб қолдимми?

Ғафур Ғулом. Xотиржам бўлинг. Сизнинг заёмдан 100 минг сўм ютганингиз ҳозирча сир.

(Ғафур Ғулом хатни конвертга солиб, олиб чиқади.)

Ғафур Ғулом (овози). Шуни Урицкий деган кўчага бориб, «Ғафур Ғуломнинг дўсти шоир Ғайратийнинг уйи қаерда?» десанг, ҳамма айтиб беради. Кўк дарвоза! Албатта, ўзининг қўлига бер!

(Ғафур Ғулом бир неча сониядан сўнг қайтиб киради.)

Ғафур Ғулом. Узоқдан аёлларимизни кўрдим. Ҳовлини айланиб, гулу райҳонларни искаб юришипти. Куз кунлари, айниқса, оқшом тушиши билан одамзод ғаройиб хаёллар оғушида қолади... Қани, кўрайлик-чи, бизнинг аёлларимиз қандай хаёллар қанотида парвоз этишар экан!

Юнус Ражабий. Фақат шоир эмас, руҳшуносликдан ҳам хабарим бор, денг.

Ҳабибий. Шоир зоти аввало руҳшунос бўлади, уста. Киши руҳини билмаган, шу руҳнинг нозик торларини чертолмаган шоир – шоир эмас!

Ғафур Ғулом. Афсуски, шоир ўз руҳининг ҳамма ҳаракатини ва ўз қалбининг ҳамма жилваларини қоғозга тушира олмайди. Шеърга шоир қалбидаги ҳаяжон ва бўронларнинг ўн фойизигина тушади, уста.

Маҳмудхон. Нега? Масалан, сиздек катта шоир кўрган-билганларингизни бизга юз фойиз қилибгина эмас, қўшиб-чатиб икки юз фойиз қилиб ҳам айтиб берасиз-ку!

Ғафур Ғулом. Айтиб бериш бошқа, шеър ёзиш бошқа. Мана, Зулфияхонни олайлик. Ҳамид Олимжоннинг ўлими муносабати билан у қандай руҳий бўронларни бошидан кечирмади! Агар бирор шоир шундай бўронларнинг ҳаммасини қоғозга туширса ё туширишга уринса, жинни бўлиб қолади.

Шу пайт аёллар хонасидан қўшиқ садолари эшитила бошлайди. Бу садолар ёқимли бўлгани учун Ғафур Ғулом эшик ва деразаларни ланг очиб юборади. Ҳалима Носирова ижросида «Танавор»нинг дилбар мавжлари хонага оқиб киради. Ҳамма лол ҳолатда. Айниқса, Ғафур Ғулом.

Ғафур Ғулом. «Танавор»!.. Ота-боболарим яратган мусиқий санъат мўъжизаси!..

Секин-аста ашулага Ғафур Ғулом, Юнус Ражабий, Ҳабибий ва Маҳмудхон ҳам қўшиладилар. «Танавор» баланд пардаларда янграб, бутун оламни эгаллагандек бўлади.

Энди сендек, жоно, жонон қайдадур,
Кўриб гул юзингни боғда бандадур,
Сақлай ишқинг токи жоним тандадур,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сандадур..


Бешинчи кўриниш

Ўша жой... Ғафур Ғуломдан бошқа барча иштирокчилар шу ерда. Уларнинг бирлари чой ичиб, бирлари китоб жавонини титкилаб, бирлари деразадан шоир боғини томоша қилиб турибдилар.

Шу пайт уй олдига келиб тўхтаган машина овози келади. Бир оздан сўнг товушлар эшитилади.

Ғайратийт (овози). Ғафур, бу хира элчинг, бетоб бўлиб ётганимга қарамай, тўшакдан турғизиб олиб келди. Шоширганидан, пул олмай чиққан экан, таксичи эшикда мўйловини бураб, дарғазаб бўлиб турипти. Бир-икки сўм бериб юбор унга.

Ғафур Ғулом (овози). Ма, олиб чиқиб бер. Такси бу пулга ўзингни ҳам Ҳиротгача элтиб қўяди. (Бир оздан сўнг.) Ҳа, яна келдингми? Катталарнинг этагида ўрмалашиб нима қиласан, бола?

Номаълум йигит (овози). Дадажон, мен ҳам сизга ўхшаш қайсарман. Бола дадасига ўхшамай, кимга ўхшасин!

Ғайратий, Ғафур Ғулом ва уларга эргашиб Номаълум йигит ҳам кириб келишади.

Ғафур Ғулом. Ҳой, бола, бу гапингни отанг эшитмасин! Сени ҳам ўтмас пичоқ билан сўяди, мени ҳам зуғумга олади.

Номаълум йигит. Отам сўйса, мени шундай деганим учун эмас, ўқишдан ҳайдал­ганим учун сўяди. Агар менга раҳмингиз келиб, директоримга қўнғироқ қилмасангиз, институтдан ҳайдалган талаба бўлиб уйингизда хизмат қилиб юравераман, ўлгунимча.

Ғайратий. Қип-қизил дардисар экансан-ку! (Ғафур Ғуломга.) Ғафур, бу болани қаердан топдинг?

Ғафур Ғулом. Мен-ку ундан қутула олмай, сенга юборган эдим. Сен ҳам бирор жойда адаштириб келмабсан-да, бу хира пашшани!

Ғайратий. Кел, дўстим, қўнғироқ қилмасанг, бари бир қўймайди. Қўнғироқ қила қол, ўша институтининг директорига. Балки шу боланинг одам бўлишига сабабчи бўлиб қоларсан! (одамларни кўриб). О, жамоат жам-ку! Мушоира бўлаяптими ё мақомхонлик? Маҳмудхоннинг борлигига қараганда, кўпроқ гурунгга ўхшайди. (Ҳаммалари билан кўришади.)

Ҳабибий. Келиб, яхши қилдингиз, Ғайратжон. Булар учовлашиб менга ағёрлик қилишаётган эди. Бекордан-бекорга битта ошга тушиб турипман, шу чоғда.

Ғайратий. Нечук? Дуо ўқиб, келаётган бало-қазоларни қайтармадингизми?

Ҳабибий. Елкамга ош тушганига ҳам шукур қилиб турибман. Ош қолиб, палахмон тоши ҳам тушиши ҳеч гап эмас эди.

Ғафур Ғулом. Домла кексайган чоғларида ношукур бўлиб қолиптилар. Қўпол сиёсий хато қилганларини айтмайман сенга. Ёпиғлиқ қозон – ёпиғлиқ қолсин.

Юнус Ражабий. Ўтган ишга салавот, азизлар. Мана энди жамоат жам бўлиб, яхши-яхши гаплардан сўзлашсак ярашади.

Маҳмудхон. Шундай бўлсин. Уста, бир танбур чертиб, хониш қилсангиз.

Юнус Ражабий. Мен ҳам худди шундай ниятдаман. (Ғафур Ғуломга қараб.) Мулла Ғафур, шу топда елкамга илҳом фариштаси қўниб, икки қаторлик шеър тўқидим.

Ғафур Ғулом ва бошқалар. Қани, эшитайлик.

Юнус Ражабий.

Даврамизга келиб қолди дўстим Ғайратий,
Қўлга олиб танбуримни энди сайратий!

Маҳмудхон. Шоир бўлиб кетинг-ей!

Ҳабибий (ҳазиллашиб). Йўқ, уста, ҳамма ўз касбининг этагидан туцин. Агар шундай лаби-бурни келишган шеърларни ёзаверсангиз, Ғафур Ғуломдек шоирни ҳам аро йўлда қолдириб кетасиз.

(Кулишади.)

Ғафур Ғулом (қўлига танбурни олиб, Юнус Ражабийга). Мен танбурнинг қулоғини кам бураб, торларини кам чертаётганимнинг сабаби ҳам шу: сизни йўлда қолдириб кетмай, дейман, уста!

(Кулишади..)

Дафъатан куз шамоли эсиб, дераза пардаларини шиддат билан ўйнайди. Кун совиб, ҳаво ўзгаради. Сўнг аҳён-аҳёнда тўкила бошлаган ёмғир тезда майда қорга айланади. Қор тобора шиддатли тус олади.

Ҳабибий (ҳайратланиб). Яхши одамнинг садағаси кецанг арзийди. Оппоқ қор олиб келдингиз, мулла Ғайратий!

Ғафур Ғулом. Қаранг, фаришталар осмондан парқув болишларининг боғичини ечиб, оппоқ патларни яхши ният билан сиз билан бизнинг устимизга сочишмоқда. Қор – барака белгиси! Қор – поклик ва мусаффолик аломати! (Баланд товуш билан чақиради.) Зулфияхон! Кўряпсизларми, сизларнинг шарафингизга қор ёғмоқда! Биринчи қор!!..

(«Кўраяпмиз!», «Қандай ажойиб оқшом-а!», «Ғафур ака, қорни ҳам заказ қилган эдингизми?» деган овозлар.)

Ғафур Ғулом (Юнус Ражабийга қараб.) Уста, сизнинг елкангизга қўнган илҳом фариштаси учиб, менинг елкамга қўнган кўринади.

Юнус Ражабий. Қани, бўлмаса, сиздан эшитайлик....

Ҳабибий. Илҳом фариштаси қулоғингизга нималар деганини бизлар ҳам билайлик!

Ғафур Ғулом (осмонга қараб).

Катта парқув болишдек келгуси неъматларнинг
Ҳаммамизга сут берган онахон сийнаси бу.
Ўзбек шуҳрат қозонган офтоб-маърифатнинг
Бугунги хуш оқшомда суви, хазинаси бу...

(«Тасанно», «Саломат бўлинг!» деган садолар.)

Ҳабибий. Мулла Ғафур, биринчи қор сизнинг уйингизга келган чоғимизда ёғаяпти! Оллоҳ сизни суяр экан, муборак бўлсин!.

Ғафур Ғулом. Қор ...уйимда ёлғиз зерикиб, йиғламоқдан бери бўлиб ўтирган чоғларимда ҳам ёғиши мумкин эди. Лекин қор сиз, азизлар, келган кунингиз ёғаяпти: Оллоҳ аввало сизларни, қолаверса, қўшни хонадаги аёлларимизни суяр экан.

Ғайратий. Қани энди табиатнинг шу гўзал мўъжизасини Собир Абдулла ҳам биз билан бирга кўрганида!.. Дарвоқе, Ғафур, Собиржон кўринмаяпти? Бетобми?

Ғафур Ғулом. Бугун кечаси хотини Қўқондан поездда бола-чақасини олиб келади. Собиржон бу дунёдаги энг жантилмен эрлардан эмасми, кир-пир чайиб, хамир қориб, қозонга олов ёқиб, «Хотинжон, қачон келасиз?» деб интизор кўзларидан дув-дув ёш тўкиб ўтирипти.

Маҳмудхон. Маза-маза, Собиржоннинг хотинига маза. Собиржон эр эмас, хазина!

Ғафур Ғулом. Битта Собиржон эмас, ҳаммангиз ҳам хазинасиз!

Юнус Ражабий. Агар Собиржон аёл бўлиб туғилганида, унга ўзим одам қўйган бўлардим! (Кулишади.)

Ҳабибий. Мулла Ғафур, ёшроқ чоғимиз бўлганида, бир ғаройиб қорхат ёзиб, Собиржонга юборган бўлармидик!

Юнус Ражабий. Нима, қорхат ёзишга ҳам ярамайдиган, «пуф!» деса, янги туғилган мушукнинг боласидек думалаб тушаверадиган чоллар бўлиб қолдикми?!

Ғафур Ғулом. Тўғри айтасиз, уста. Қорхатни биз, шоири давронлар, ёзмасак, ҳали тухумдан чиқмаган шоир болалар ёзадими? Ғайрат, қоғоз-қаламни тайёрла! Бирга қорхат ёзамиз.

(Ғайратий ўз уйида юрган кишидек, шкафни очиб, қоғоз, қалам, сиёҳдон ва ручка олади-да, келиб ўтиради.)

Ғафур Ғулом (қор ёғишига бир оз маҳлиё бўлиб, сўнгра айта бошлайди; Ғайратий ёзиб боради). «Азиз дўстимиз Собиржон ибни Абдуллога етиб маълум бўлсинким:

Қўлингизда ярқираб турган бу хат – қорхат, укам,
Қўлга тушдингиз, иложсиз, белни боғлайсиз маҳкам.

Ҳабибий

Бисти гавжум йиғилурмиз улфати чор, ўргилай,
Ҳарнаки топган-таянган бўлса ночор, ўргилай.

Ғафур Ғулом

Ўн қадоқ гўшт, бир қази – Тошкентча «норин» дейдилар,
Қўлга тушгач, хоҳ ранжи, хоҳи оғрин, дейдилар.

Ғайратий

Битта хуш хониш дуторчи қизгина бўлса фаранг,
Ғозадин юзларда тобу ўсмадин қошлар таранг.

Ғафур Ғулом

Мен-ку, ичмайман, ароқхўрнинг ароқдир шеваси,
Менга басдир бир яшик »Жигулевский» пивоси.

Ҳабибий

Иссиқ уйда сиз мулозим, биз таралло қилгумиз,
Мияни қўлга қоқиб бергунча ялло қилгумиз.

Ғайратий

Воқеан, ёддан чиқай дебдир талабнинг тантиси,
Яхна гўшт, япроқ қази, закускамизнинг мантиси…

Ғафур Ғулом

Собиро, тан бер ўзинг ҳам, биз каби меҳмон қани?
Интизор кўзлар-ла кутган сендайин мезбон қани? – деб Ғафур ал-Ғулом».

Юнус Ражабий. Агар Собиржон сезиб қолиб, хатни қайтариб юборса-чи, унда нима бўлади?.

Ғафур Ғулом. Ғайрат, ёз: «Қўлга тушсам, жавобгарман», деб. (Ғайратий бу сўзларни ёзиб бўлгач, ўзи қўл қўяди.) Мана, қўл қўйдим... Ҳой. бола, қаердасан?

Номаълум йигит. Шу ердаман.

Ғафур Ғулом. Собир Абдулла деган зўр шоирни эшитганмисан? Унинг песалари қўйилмаган театр йўқ бу дунёда! Сенинг директоринг ҳам мендан кўра Собир Абдулланинг гапига кўпроқ қулоқ солади! Мана шу хатни олиб бориб, шахсан унинг қўлига топширасан-да, дарҳол қуён бўласан! Тушундингми?

Номаълум йигит. Тушундим, дадажон! Собир Абдуллага қуённинг расмини кўрсатаман-у, шу заҳоти учиб келаман!

Ғафур Ғулом. Оқ йўл сенга, Адҳам Ҳамдамнинг Ғиркўки!


Учинчи Парда

Олтинчи кўриниш

Дўрмондаги Ёзувчиларнинг ижод боғи. Кенг-мўл хона. Стол-стулларнинг бир қисми жой-жойига қўйилган, қолган қисми эса чеккада бир-бирининг устига тахланганича турибди. Деразадан боғнинг сўлим қишки манзараси кўзга ташланади.

Собир Абдулла телефонда ким биландир сўзлашмоқда.

Собир Абдулла (саҳна четида юрган кишига қараб). Ғафур Ғуломнинг истаги билан қорхат ошини Дўрмонга кўчирдим. Бола-чақанинг вағир-вуғиридан четда, хилватда кечган гурунг нашъали бўлади, деди. Қолаверса, Шайх билан Миртемир ҳам шу ерда бўлишса керак... Абдулла Қаҳҳорни-ку онаси Дўрмонда туққан – шу ердан силжимайди. Балки Шуҳрат билан Ҳамид Ғулом ҳам бир-икки тенгдоши билан келиб қолар. Ҳар ҳолда 20-30 кишини қиш куни уйда кутишнинг ўзи бўлмайди.

Четдан овоз. Янгам ҳам келиб қоларлар-а?

Собир Абдулла. Янгангни Адҳам Ҳамдамнинг ўғли олиб келади, ош масаллиқлари борми, пишириқлар борми – ҳаммасини кўтариб келишади! Камина уларнинг келишини кутиб турибман.

Четдан овоз. Ҳадемай, меҳмонларингиз кела бошлашади. Масаллиқ ҳали келмагани учун қозонга олов ёқолмай турибман.

Собир Абдулла. Янгангнинг кечикадиган одати йўқ эди. Адҳам Ҳамдамнинг ўғли-ку юлдузни бенарвон урадиган шоввозлардан. Бир оз кутайлик-чи. Янганг нўхотни кеча кечқурун увитиб қўйган. Махора – ярим соатда тайёр бўладиган таом. (Бир оз сукутдан сўнг.) Катта қозонга ўт ёқиб турсанг ҳам бўлади.

(Қўшни хонадан идиш-товоқ кўтариб чиқиб кетаётган кишининг шарпаси.

Шу пайт телефон жиринглаб қолади.)

Собир Абдулла (гўшакни кўтариб). Лаббай! Эшитаман.

Овоз. Собиржон, қўй бордими? Қўлим калта пайтим эди, 200 сўмгина бердим. Яна бирор кишидан пул топдимикан?

Собир Абдулла. Ким?

Овоз. Ким бўларди? Адҳам Ҳамдамнинг ўғли-да!

Собир Абдулла. Нега 200 сўм бердингиз? Адҳамнинг ўғли қўй учун ҳам, бозордан олинадиган бошқа нарсалар учун ҳам мендан етарли пул олган-ку!

Овоз. I-я! Менга Собиржон акам камхарж эканлар, қўйга пуллари етмай турипти, деди-ку!

Собир Абдулла. Маҳмудхон ака, адашмаяпсизми? Адҳамжоннинг ўғли сизга шундай дедими?

Овоз. Ҳа, Адҳамжоннинг ўғли! Яна меҳмонлар қиш куни шамоллаб қолмасин, деб минг хил дори-дармонларни насияга олиб кетди!

Собир Абдулла. Ҳой, Ғафур аканинг аптекачи ҳазилкаш дўсти! Мени қўрқитманг! Улар кечикиб турганидан юрагим така-пука бўлиб турипти ўзи. Қаёқдаги гапларни гапиргандан кўра тезроқ етиб келинг!

Овоз. Ҳазиллашаётганим йўқ, Собиржон. Менинг бирор марта ҳазиллашганимни кўрганмисиз? Гапим чин! (Гўшакда қисқа гудоклар)

Собир Абдулла (ўзича). Бу бола хомлик қилиб пулини олдириб қўйдимикан? Тавба! (Уйига қўнғироқ қилади.) Алло! Яшнахон, қизим, ойинг уйдами? Чақир! Саодатхон, жоним, кўзингиздан ўргилай, нега шу пайтгача келмаяпсизлар? Меҳмонлар келадиган пайт яқинлашиб қолди-ку! Ошпаз қозонга ўт ёқмай, сизларнинг масаллиқ олиб келишингларни кутиб ўтирипти!

Овоз. Бекор ўтирганим йўқ, адаси! Адҳамжоннинг ўғлини кутябман. Барвақт келаман, деган эди, ҳанузгача дом-дараги йўқ. Мошина-пошина уриб кетмадимикин? Бирор фалокат рўй берган бўлса, отасига нима деймиз, деган хавотирдаман!..

Собир Абдулла. Нафасингизни иссиқ қилинг, хоним. (Хўрсинади.) Келиши билан йўлга тушинглар!

Овоз. Xўп бўлади, адаси.

(Ҳабибий билан Юнус Ражабий кириб келадилар.)

Ҳабибий (кўришиб), Ассалому алайкум, мулла Собиржон! Қиш куни уринтириб қўймадикми сизни?

Юнус Ражабий (кўришиб). Чарчатиб қўймадикми, Собиржон? Яна ўтиришни Дўрмонга кўчирибсиз. Кўпроқ меҳмонларни айтган кўринасиз?

Собир Абдулла (ташвишли бир ҳолатда). Ғафур аканинг маслаҳати бу... Ишқилиб уятда қолмай, уста!..

Юнус Ражабий. Нега уятда қолар экансиз, Собиржон? Янгамиз билан бирга қанчадан-қанча меҳмонларни кутавериб, тажрибангиз ошиб кетган. Бошқа мамлакатда яшаганингизда борми, каттакон ресторанни очиб, миллионер бўлиб кетган бўлардинглар!

Собир Абдулла. Миллионер бўлишдан гапирманг. Бир бурда нон билан тирикчилик ўтказган кунларимиз ҳам бўлган. Энди учта-тўртта песамиз қўйилиб, дастурхонда қанд-қурс пайдо бўлиб қолган. Шунга ҳам шукроналар айтамиз, оға! Аммо ҳозир... (Тўхтаб қолади.)

Ҳабибий. Нима «ҳозир»?

Собир Абдулла. Адҳам Ҳамдамнинг ўғли бозор қилиб, хонимнинг пиширган нарсаларини олиб келиши лозим эди... (Тўхтаб қолади.)

Ҳабибий. Нега тўхтаб қолдингиз? Гапиринг. Бирор воқеа рўй бердими?

Собир Абдулла. Келмай турибди...

Ҳабибий. Ким?

Собир Абдулла. Адҳамжоннинг ўғли! Бунинг устига, Маҳмудхон акадан қўйга деб 200 сўм пул олипти! Меҳмонлар шамоллаб қолишса, асқотади, деб анча-мунча дори ҳам олипти, насияга! Яъни менинг ҳисобимдан!

Юнус Ражабий. Вой, муттаҳам-ей!

Собир Абдулла. Адҳамжоннинг ўғли ҳар ҳолда ёмон йўлга кирганлардан бўлмаса керак. Мошина-пошина уриб кетган бўлса, шу топда бирор мурдахонада ётибдими, бечора! (Кўзига ёш олади.) Ҳар хил хаёлга бориб, безовта бўлаяпман.

Юнус Ражабий. Мошина-пошина урмагандир. Бундан бирор соат аввал уйимга бориб: «Юнусвой амаки, Дўрмонга кетаяпман, машинада олиб кетайми?» деб сўради. «Йўқ, Ҳабибий амакинг билан ўзимиз борамиз», дедим. «Ундай бўлса, менга бирор 200 сўм бериб турсангиз, Дўрмоннинг йўлида янги сўйилган қўйнинг гўштини, янги тайёрланган қази-пазиларни олардим», деди. Xуллас, мендан 200 сўмни ундириб, Дўрмонга аллақачон етиб келган бўлиши керак эди.

Собир Абдулла. Ана, холос! Юнусвой ака, шунинг учун ҳам «уятга қолмасам бўлди», деяпман-да. Шарманда бўладиган бўлдим, оғалар!

Ҳабибий (Юнус Ражабийга). Уста, рост гапни айтдингизми? Сизнинг уйингиздан чиқиб, меникига келди, у муттаҳам! Мени ҳам олиб кетмоқчи бўлди. Кейин оғилхонадаги қўйни кўриб қолиб: «Домла, бугун милиса мол бозорга ҳеч кимни йўлатмаётган экан. Шу қўйингизни олиб кецам, пулини Дўрмонга борганингизда Собиржон амаким берардилар», деб қўйнинг арқонини ечиб, олиб чиқиб кетди. Ҳали мен бечора қорхатнинг ошига бораман, деб битта қўйга тушган бўлсам-а!..

Собир Абдулла. Нималар деяпсиз, домла! Айтган ҳар бир сўзингиз пичоқ бўлиб бағримга санчилаяпти! Яна биз ҳаммамиз бир муттаҳамнинг тузоғига илинган бўлмайлик!

(Телефон жиринглайди.)

Собир Абдулла (шошилганча гўшакни кўтариб). Алло, алло, Маҳмудхон ака?

Маҳмудхон (овози). Адҳам Ҳамдамнинг ўғли бордими? У муттаҳам Ғафурвойни ҳам шилиб кетибди-ку!

Собир Абдулла. Нима, Ғафур акани ҳамми? Нима қилипти?

Маҳмудхон (овози). Мана, ўзларига бераман.

Ғафур Ғулом (овози). Собиржон, бу Адҳамнинг ўғли деганимиз қип-қизил аферист экан! Маҳмудхонни-ку лақиллатиш қийин эмас, менинг ҳам бурнимдан ип ўтказиб кетипти, бу аблаҳ!...

Собир Абдулла (йиғламсираб). Сизга нима қилипти, бу муттаҳам?

Ғафур Ғулом (овози). Неварамнинг туғилган кунига бир тоғора сомса келган экан, шуни кўтариб кетипти! Дўрмонга олиб бораман, Ғафур дадам айтдилар, деб!

Собир Абдулла. Бу, шарманда бўлганим, Ғафур ака! Сиз бошлиқ йигирма-ўттиз киши келадиган! Аммо дастурхонда шашвор ҳам йўқ. (Йиғламсираб.) Шарманда бўлдим, шарманда!

Ғафур Ғулом (овози). Xафа бўлманг, мен ҳозир шаҳар милисасини оёққа турғизаман! Ернинг тагидан бўлса ҳам топаман, у аферистни! (қисқа гудоклар)

(Телефон жиринглайди.)

Собир Абдулла (гўшакни кўтариб, хаста овоз билан). Алло!

Овоз. Собиржон ака, кечирасиз, ишим чиқиб қолди...

Собир Абдулла. Алло, ким бу?

Овоз. Мен, Саид Аҳмадман. Ишим чиқиб қолди, деяпман. Мен боролмайман. Адҳам Ҳамдамнинг ўғли олган 200 сўмни сиздан кейин оларман...

Собир Абдулла. Нима, нима? Қанақа 200 сўм?

Овоз. Адҳам аканинг ўғли, оркестрга деб мен билан Ҳамид Ғуломдан 200 сўмдан пул олувди.

Собир Абдулла. Қанақа оркестр? Қанақа пул?

Овоз. «Қорхат»нинг ўтиришига оркестрни топиб келишни буюрган экансиз. «Тошкент» меҳмонхонасининг оркестрини гаплашиб бердим! Шунинг закаладини Ҳамид Ғулом билан мен бердик. Етмаганини ўзингиз берарсиз!

Собир Абдулла. Ҳой, Саид Аҳмад, жинни-пинни бўлганингиз йўқми? Қанақа оркестр? Қайси ўтиришимизга оркестр чақирганмиз? Ё мени ўлдириб, тепамда мотам маршини чалдирмоқчимисизлар, бугун? А?! (Додлаб юборади.)

Овоз. Собир ака, ёмон эшитилаяпти, кулаётганингиз йўқми?

Собир Абдулла. Нега кулар эканман, йиғлаяпман, Саид Аҳмад, йиғлаяпман! Ҳамманг бир бўлиб мени хонавайрон қилаяпсизлар! Xонавайрон ҳам гапми, шарманда қилаяпсизлар, шарманда! (Гўшакни жаҳл билан қўяди.)

Яна телефон жиринглайди. Собир Абдулла йиғлаб, телефондан узоқлашади.

Юнус Ражабий келиб, гўшакни кўтаради.

Юнус Ражабий. Алло!

Овоз. Собиржон ака?

Юнус Ражабий. Мен Юнус акангизман. Нима дейсиз, Мустафо?

Овоз. Ғафур акам Дўрмонга бормадиларми? Адҳам Ҳамдамнинг ўғли мени кун бўйи банд қилиб, ҳозиргина қўйиб юборди. Уйга келсам, Ғафур акам кетиб қолган эканлар. Қаердан ахтаришни билмай турибман.

Юнус Ражабий. У муттаҳам сизни нега кун бўйи банд қилади?

Овоз. «Собиржон амаким айтдилар, у ерга борарканмиз, бу ерга борарканмиз», деб жон-ҳолимга қўймади.

Юнус Ражабий. Ҳозир қаердасиз?

Овоз. Ёзувчилар уюшмасида. Ғафур акамни ахтариб шу ерга келган эдим.

Юнус Ражабий. Ўша ерда тура туринг. Ғафур бизга қўнғироқ қилиб қолиши мумкин. Шунда айтаман, топишиб оласизлар.

Овоз. Мен ҳозир бирорта одамдан бензин пулини топмасам бўлмайди. Адҳам Ҳамдамнинг ўғли: «Дўрмонда бераман», деб киссамни тозалаб кетган!

Юнус Ражабий. Оббо, Адҳамзода-ей, сизни ҳам тунаб кетдими, ярамас?!

Овоз. Нима? Бошқаларнинг ҳам киссасини тозалаб кетдими?

Юнус Ражабий. Майли, буёғи билан ишингиз бўлмасин. (Гўшакни қўяди.)

(Эшик очилиб, Ғафур Ғулом, Ғайратий, Маҳмудхон ва уч-тўртта санъаткор кириб келади.)

Ғафур Ғулом (ўтирганлар билан кўришиб). Собиржон, майли, йиғлайверманг! Бу аферистнинг адабини яхшилаб бераман. Ғафур Ғуломни лақиллатадиган Ёсуманни ушлаб, шундай шарманда қилайки, онадан туғилганига пушаймон қилсин! (Санъаткорларни кўрсатиб.) Мана бу санъаткорлар тўйдан майда-чуйда кўтариб кетишаётган экан. Ҳойнаҳой Собир Абдулланинг дастурхони қуп-қуруқ бўлса керак, деб бошлаб келаяпман. Қани, устол-устулни жой-жойига қўйиб, дастурхонни ёзинглар!

(Ҳозир бўлганлар четроқда устма-уст қўйилган стулларни олиб, стол атрофига қўйиб чиқишади ва дастурхон ёзишади.)

Ғафур Ғулом (Собир Абдуллага). Уйга қўнғироқ қилиб кўринг-чи, мабодо аферис­тимиз топилиб, келиним Саодатхон билан бирга келишаётган бўлса...

Собир Абдулла (унинг сўзинини бўлиб). Xўп бўлади! (Қўнғироқ қилади.) Алло, Саодатхон, жоним! Адҳамжоннинг ўғлидан дарак-парак бўлмадими?

Овоз. Йўқ. Балога йўлиққур алдаб кетганга ўхшайди!

Ғафур Ғулом (гўшакни унинг қўлидан олиб). Майли, Саодатхон, кўп куйинманг, касалланиб қоласиз. Мен бу аблаҳнинг онасини Учқўрғондан кўрсатиб қўяман! Бу шайтонвачча бизни алдаб-аҳмоқ қилиб кетганига қарамай, биринчи қор шарафига базми Жамшид қиламиз! (Гўшакни қўйиб, қайта номер теради.) Алло, сенмисан, генерал! Топдингларми?

Овоз. Ғафур ака, биз ҳаммаёқни илма-тешик қилиб юбордик. Сизнинг уйингизга келган боланинг Адҳам Ҳамдамга ҳеч қандай алоқаси йўқ экан. Фамилияси Ҳамдамов бўлгани учун ўзини Адҳам Ҳамдамнинг ўғлиман, деб юрган. Афсуски, бундан бир соат аввал Тошкент-Москва самолётида учиб кетипти. Аеропортдан Ёзувчилар уюшмасига, сизнинг номингизга хат юборибди, ярамас. Мустафо хатни олиб кетди. Биз Москва шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилдик. Улар Ҳамдамовни ушлаб, Тошкентга қўлига кишан солиб қайтариб юборадилар, деб умид қиламан.

Ғафур Ғулом. Шундай бўлсин, генерал! Жиноят жазоси қолса, жиноятчининг уруғи кўпаяди. (Гўшакни қўяди. Юнус Ражабийга.) Юнусвой ака, шунча машмашадан кейин юрак чигилини ёзмасак бўлмайди. Қани, соқийлик рутбасини қўлингизга олинг!

(Меҳмонлар дастурхон атрофига келиб ўтирадилар. Пиёлаларга май қуйила бошлайди. Ғафур Ғулом пиёласини дўстларининг пиёлалари билан чўқиштираётган пайтда эшикдан ҳаллослаганича Мустафо киради.)

Мустафо. Ғафур ака! У бадбахт ҳамамизни калака қилиб, Москвага қочиб кетипти! Аеропортдан мана бу хатними, телеграмманими бериб юборипти!

Ғафур Ғулом. (қоғозни олиб ўқийди). «Ҳурматли дадажон!» (Четга.) Ўғлим бўлмай тўнғиз қопгур! (Эшиттириб.) «Сизнинг олдингизда ҳам, Собиржон амакимнинг олдиларида ҳам, ҳаммангизнинг олдингизда ҳам катта гуноҳкорман. Аммо, на қилайки, чорам йўқ эди. Сиз директоримга қўнғироқ қилмаганингиздан кейин мени институтдан ҳайдашди. Ўзимни қаерга қўйишни билмай қолдим. Трамвайнинг тагига ташламоқчи бўлувдим, аллақаердан милиционер пайдо бўлиб қолиб, ушлаб қолди. Маҳмудхон амакимга шунчалар ялиндим: ҳалиги доридан топиб беринг, деб. Дўстингиз унамади...» (Маҳмудхонга.) Қанақа дори?

Маҳмудхон. Баччағар бир ютум бўлса ҳам заҳар топиб беринг, деб келганди.

(Ғафур Ғулом бир оз ўйланиб қолади.)

Ғафур Ғулом. Шу гапни менга айцанг бўлмасмиди? Ҳаётдан тўйган экан-да, бечора!

Овозлар. Xатни эшитайлик.

Ғафур Ғулом. (ўқишда давом этади). «... Ўша кунларда, бахтимга, Москва газеталаридан бирида эълон чиқиб қолди. Пойтахт театрларидан бири Xлестаков ролини ижро этиш учун танлов эълон қилган экан. Мен Наби Раҳимовнинг шу ролини яхши кўриб қолиб, Xлестаковнинг барча ўзбекча ва русча монологларини ёдлаб олган эдим. Ҳатто иккинчи курсда домлам курс иши сифатида «Ревизор»ни қўйганида, мен бош ролни ижро этган эдим. Барча ҳужжатларни, ўша ўқув спектаклдан олинган суратларни юборган эдим, танловдан ўтибман шекилли, чақириб қолишди.

Ўзингиздан қолар гап йўқ, самолёт билетига ҳам, меҳмонхонага ҳам, трамвай-прамвайда юришга ҳам, уч-тўрт кун тирикчилик қилишга ҳам мулла жиринг керак. Xуллас, дадажон, сиз ҳаммангиз ўзбек халқининг Ҳотамтойлари бўлганингиз учун бир эркалик қилгим келди. Насиб қилса, ота-она меҳрини кўрмай, болалар уйида яхшими-ёмонми тарбия кўрган мендек нодон, мендек бахциз боланинг Наби Раҳимовдек машҳур артист бўлганини кўрасиз.

Сизларнинг бугунги ўтиришингизни ҳам, асабларингизни ҳам бузганим учун мен бахти қарони кечиринглар! Xудо хоҳласа, келгуси йили «қорхат»нинг ўтиришини Дўрмонда ўзим қилиб бераман!

Дадажон! Менга омад тиланг! Мабодо Москва театрлари учун характеристика керак бўлиб қолса, албатта, яхши характеристика ёзиб берасиз, деб умид қиламан.

Сизга Жамбул умрини, Алпомиш кучини, ҳазрат Навоийнинг обрўсини тилаб, бир оғиз сўзингизни аяган ўғлингиз Ҳамдам Ҳамдамов». (Хатни стол устига ташлайди.)

Собир Абдулла. Ҳамдам Ҳамдамов бўлмай, жувонмарг бўлгур.

Юнус Ражабий. Мулла Ғафур, ўша илтимосини бажо келтирганингизда бу савдолар бўлмасмиди?

Ҳабибий. Шу ўлтиришга келишга ҳам оёғим тортмай турган эди-я.

Маҳмудхон. Мендан бир ботмон дори-дармон олиб кетган эди.

Ғафур Ғулом. Бу бола мен ўйлагандек аферист кўринмайди. Аферист бўлса, қочарди-кетарди, думини тутқазмай...(Бир оз сукутдан сўнг.) Ўша шеърият мухлиси бўлган, менинг мухлисим бўлган директорига бир оғиз айтиб қўйсам, асакам кетармиди?! Бошқа ролларини билмайман-ку, Xлестаков ролини қийворадиган бола экан! Театрга шунақа туғма артистлар ҳам керак-да, Собиржон! (Сукут.) Қани, олайлик! (Ҳамма нима учун қадаҳ кўтараётганини билмай, ҳайрон. Шу пайт Ғайратий хатни олиб, Ғафур Ғуломга дейди.)

Ғайратий. Xатнинг орқасида ҳам бир-икки сўз ёзилган эканми?

Ғафур Ғулом (хатни Ғайратийнинг қўлидан тортиб олиб ўқийди). «Дадажон! Ҳабибий домланинг қўйларини олишга олдим-у, мўйсафидга жабр бўлмасин, деб ён қўшниларининг ҳовлисидаги тут дарахтига боғлаб кетдим. Собиржон амаким, Юнус тоғамлар беришган пул ҳисобига Ижод уйининг катта ошхонасига дастурхон безатиб қўйганман. Ўша ерга ўтиб, базми Жамшидга марҳамат қилсанглар! Бундан Саодатхон аямларнинг хабарлари бор. Улар менинг илтимосим билан Дўрмон ҳангомасини сизлардан яшириб турдилар. Менинг ҳам, уларнинг ҳам бир қошиқ қонимиздан кечинглар. Ҳурмат билан ўғлингиз Ҳамдам Ҳамдамов». (Бир оз сукутдан сўнг.) Вой, аферист-е!

(Собир Абдулла қўнғироқ қилиш учун телефон олдига боради. Шу пайт

Саодатхон бир тоғора пишириқ кўтариб киради.)

Саодатхон. Ассалому алайкум, азизлар! (Ғафур Ғуломга.) Ғафур ака! Фақат сиз эмас, биз, қўқонлик аёллар ҳам озгина бўлса-да ҳазил қилишни биламиз. Бир сизларни синаб кўрайлик, дедик-да, Ҳамдамжон билан!

Ҳабибий. Ажаб воқеа бўляптими?

Юнус Ражабий. Ўнгимми, тушимми, билмай қолдим.

Маҳмудхон. Ҳазил ҳам шунақа бесўнақай бўладими, Саодатхон? Бир ботмон дорининг пулига тушдим, деб инфаркт бўлишимга оз қолди.

Саодатхон. Маҳмудхон ака, лоф деса ола қопни олиб қочадиган бўлиб кетибсизми? Мана, дорингиз. (Дастурхон орасидан кичик пакетчани олиб, стол устига қўяди.) Юраги мўртлар ичадиган дорилар экан.

Ғайратий. Энди, биродарлар, ўзбек бор жойда ҳазил ҳам бўлади. Нозикми, бесўнақайми, ишқилиб, ҳазилнинг таги зил бўлмаса бўлди.

Юнус Ражабий. Ҳамдамжоннинг етим ўсганлигини эшитиб, бир воқеа ёдимга тушди. Уруш йиллари, денг, Янгийўлдаги театрда ишлаб юрган эдик. Бир куни денг, Турғун Алиматов шаҳарга тушиб, скрипка кўтариб чиқди. Шаҳар бозорида ленинградлик бир ўрис киши тирикчилик тақозоси билан музикант отасидан қолган скрипкани сотмоқчи бўлиб турган экан. Турғун, денг, мирқуруқ бўлса ҳам ҳаваси келиб, скрипкани қўлига олиб чалипти. Аввал ўзбекча куйни, кейин эгаси ҳам бир маза қилсин, деб «Катюша»ни. Ҳалиги, денг, ўрис киши урушдан қайтаётган экан. Етим қолган фарзанди Ўзбекистондан паноҳ топганини эшитиб, ахтариб келган экан. Тошкентдаги болалар уйидан топипти. Ўзбек халқи фарзандининг бошини силаб, соғ-омон катта қилаётганини кўриб, азбаройи хурсанд бўлганидан бояги скрипкани Турғунга совға қилипти. «Буни сотиб, бой бўлармидим? Яхши одам кўринасиз, чалишни биларкансиз, музикант экансиз. Зора отамдан қолган шу табаррук совға билан ўзбек халқи олдидаги қарзимни озгина бўлса ҳам узсам», дебди.

Ҳабибий. Ғаройиб ривоят экан.

Юнус Ражабий. Ривоят эмас, нақ бўлган воқеа. Етимнинг бошини силашдан ортиқ савоб йўқ бу дунёда.

Ғафур Ғулом. Муҳаммад пайғамбар рўза ҳайити кунлари масжидга кетаётган эканлар, йўлда йиғлаб, кўзлари гирён бўлиб турган бир етим болани кўриб қолиптилар. Муҳаммад пайғамбар етим боланинг қошига келиб: «Сени биров хафа қилдими? Нимага йиғлаяпсан?» деб сўраптлар. Етим бола: «Ҳамма ўртоқларимнинг туялари бор. Улар ҳайит намозига туя миниб боряптилар. Туям йўқлиги учун йиғлаяпман», деб жавоб берипти. Муҳаммад пайғамбар етимнинг сўзларини эшитиб, бўйинларини ер баравар эгибдилар-да: «Кел, бўтам, елкамга чиқиб ўтир, мен сенинг туянг бўла қолай», дебдилар. Етим бола Муҳаммад пайғамбарнинг елкаларига чиқиб, туя қилиб юра бошлабди. Етим бола яна армондан чиқиш учун Муҳаммад пайғамбардан туяга ўхшаб «афу», «афу» деб ўкиришини сўрапти. Муҳаммад пайғамбар бир марта «афу» деб ўкириптилар, бола хурсанд бўлиб, «яна, яна» депти. Муҳаммад пайғамбар иккинчи марта «афу» деб ўкирган эканлар, Xудодан нидо келибди: «Бир марта «афу» деб ўкирганингда одамзоднинг учдан бир қисмининг гуноҳидан ўтдим. Иккинчи марта «афу» деб ўкирганингда иккинчи гуноҳкор қисмини ҳам кечирдим. Энди бас қил, зеро, яна бир марта «афу» десанг, ҳамма бандаларимнинг гуноҳидан кечишга мажбур бўламан ва ер юзида дўзахга тушадиган бирор гуноҳкор қолмайди». (Бир оз сукутдан сўнг.) Мана шунақа, етимнинг бошини силашдан ортиқ савоб йўқ дунёда. Етимнинг бошини силаган киши Парвардигор олдида ҳар қандай гуноҳларидан фориғ бўлади.

Ҳабибий. Ғаройиб ривоят экан.

Ғафур Ғулом. Балки ривоятдир, балки бўлган воқеадир. Бунинг сира аҳамияти йўқ. Аммо шу нарса ҳақиқатки, етим болаларга меҳр-оқибат кўрсатиш, уларни она-ота меҳрига зор этмаслик – улуғ фазилат. Фақат етим-есирларни эмас, барча болаларни полопон пайтидан бошлаб вояга етгунига қадар меҳр-муҳаббат боғида парвариш қилиш – сиз билан бизнинг Парвардигор олдидаги бурчимиздир. Меҳр кўрган авлодгина (шу пайт хона деворлари кенгайиб, Ижод боғининг навбаҳор кунларидаги гўзал манзараси кўзимизни қамаштириб юборади.) меҳрибон, самимий, бағри кенг, ҳалол ва ақл-фаросатли кишилар бўлиб улғаяди.

Саодатхон. Улуғ гапларни айтдингиз, Ғафуржон ака. Бўйнингизни эгиб, «афу» демасангиз ҳам мен билан Ҳамдамжонни кечирган бўлсангиз бўлди.

Ғафур Ғулом. Албатта, кечирдим. Ҳаммамиз кечирдик.

Собир Абдулла. Менинг инфаркт бўлиб, нариги дунёга кетишимга бир баҳя қолди, Саодатхон. Ҳамдамжонни кечирган бўлсам ҳам...

Саодатхон. Нима, мени кечира олмайсизми? (Собир Абдулла бошини эгиб, бирор сўз айтмайди.) Ундай бўлса, ундай бўлса... (Аразлаб чиқиб кетади.)

(Ноқулай вазият.)

Ғафур Ғулом (вазиятдан чиқиш учун хиргойи қила бошлайди). Энди сендек... (Сукут.) Энди сендек жоно-жонон... (Сукут.) Қайдадир... (Сукутдан сўнг.)

Энди сендек, жоно, жонон қайдадур,
Кўриб гул юзингни боғда бандадур,

Маҳмудхон. Робинзон Крузо бўлиб кет-е, Ғафур!

Юнус Ражабий. Робинзон Крузо эмас, Карузо. Энрике Карузо, буюк италян ҳофизи.

Маҳмудхон. Робинзон Крузоми, Карузоми – нима фарқи бор?

Ғафур Ғулом (еътибор бермай). Энди сендек..

Собир Абдулла (ўрнидан туриб, секин ашулага қўшилади), Энди сендек...

Ҳамма ашулага қўшилади. Ашула давомида Саодатхон ҳам кириб келиб, жўровоз бўлади.

Ҳамма:

Энди сендек, жоно, жонон қайдадур,
Кўриб гул юзингни боғда бандадур,
Сақлай ишқинг токи жоним тандадур,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сандадур..
Парда.

Ғафур Ғулом. Дунёда фақат бир нарса қолади. Яхшилик! Ҳатто ёмонлик ҳам бора-бора унутилади. Шунинг учун машойихлар: «Отангни ўлдирганга онангни бер!» дейишган. Аҳмад Яссавий ҳам, Лев Толстой ҳам, Маҳатма Ганди ҳам: «Ҳой, инсонлар! Сизларга ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилинг! Яхшилик қилишда ҳикмат кўп! Белингизга доим яхшилик камарини боғлаб юринг!» деб ўтиб кетишган. Нима, биз шу улуғларнинг васиятига амал қилсак, бирор жойимиз камайиб қоладими?!

Ғайратий. Гуноҳ қилган одамни жазолаш ҳам тарбия, унга олижаноблик намунасини кўрсатиш ҳам. Дўстим, етимлик нималигини сен ҳам, мен ҳам яхши биламиз. Келинглар, ота-она меҳрини кўрмай, шу кўчага адашиб кириб қолган бир боланинг қўлига кишан солиб, кўчама-кўча сазойи қилмайлик!

Юнус Ражабий. Ҳаммамизнинг дилимиздаги гапни айтдинглар, устозлар! Бу, чинакам инсонпарвар шоирларнинг гапи!

Ҳабибий. Яхшиликдан яхшилик туғилади, азизлар! Ёмон болани ёмон деган билан унинг тузалиши маҳол. Бу хунук воқеадан ҳамма – ота-оналар ҳам, ёшлар ҳам хулоса чиқариб олсалар айни муддао бўлурди!

Ғафур Ғулом. (гўшакни кўтариб). Генерал! Яна мен, Ғафурман!. Москвага қўн­ғироқ қилинг! Қўйиб юбориша қолсин. Биз кечирдик. Эси бўлса, бу яхшиликни ҳеч қачон унутмайди. Балки бутунлай бошқа одам – яхши одам, ҳалол, меҳнаткаш ва меҳрибон одам бўлиб кетар. (Гўшакни қўйиб.) Шундайми?

Ҳамма. Шундай, шундай,

Ғафур Ғулом. Қани, санъаткорлар! Шўхроғидан олинглар!

Санъаткорлардан бири. Нимадан бошлайлик, Ғафур ака?

Ғафур Ғулом. «Танавор»дан-да, нимадан бўларди! Бундан ҳам гўзал ашула борми, бу ёруғ дунёда?! Рақси-чи, рақси? Мукаррамхоннинг «Танавор»га хиром айлаганини кўргансизлар-ку!!! «Танавор», яшавор!

Ашула
Энди сендек, жоно, жонон қайдадур,
Кўриб гул юзингни боғда бандадур,
Сақлай ишқинг токи жоним тандадур,
Ўзим ҳар жойдаман, қўнглим сандадур.

Ашула бошланаётган чоғда даврага Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемир кириб келиб, ашулага жўрлик қиладилар. Аста-секин бошланган ашула тобора авжлана боради.

Парда