OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНаргис Қосимова
Асар номиҚаҳрабо парчаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Наргис Қосимова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қаҳрабо парчаси (ҳикоя)
Наргис Қосимова

Нилуфар бехосдан уйғониб, қаердалигини анча вақт тушунмай, бир муддат турли хил рангларда товланаётган шифтга тикилиб ётди. Кеча нима бўлганлигини эслашга ҳарчанд уринмасин тарқоқ, бир -биридан икки мусбат заряд сингари қарама-қарши томонга қочаётган фикрларини жамлай олмади. Олис-олисдан бундан етти йил илгари ажрашиб кетган эрининг истеҳзо билан тиржайган башараси кўриниб: «Менсиз бир ўзинг яшаб кўр-чи, кўраман ҳолинг не бўлар экан? Тиланчилик қиласан, икки боланг этагингга ёпишиб, чанг кечиб юрасан ҳали» деган сўзлари яна бир бор жаранглагандай бўлди.

Нилуфар бошини тўлғаб гўёки, тиржайган башарани кўз олдидан ҳайдади. Саккиз йиллик турмуши давомида ҳақорат-у, калтакдан деярли бошқа нарсани кўрмай, ажрашиб, эндигина тинч яшаётганида бот-бот уни таъқиб этаётган эрининг хунук тиржайган башараси баъзида унут бўлаётган хотираларини яна эсга солар, шундай пайтларда аёл Худодан фақатгина ўша қора кунларни ёдига солмасликни сўрар эди. Башара узоқлашиб, қор пардаси ичида ғойиб бўлди, аммо танасидаги ҳорғинлик, бошининг лўқиллаб оғриши юмган кўзларини яна қайта очишга мажбур этди. Ташқаридан эшитилаётган шовқин Нилуфарни сергаклантирди. Худди денгизнинг шовуллашига ўхшайди-я! Бу ерда денгиз нима қилади? Нилуфар яна ухлашга ҳаракат қилди. Бу ҳаммаси қулоғининг орқасида пайдо бўлган шишдан. Кечасию, кундузи азоб бериб, эндигина изга тушаётган ширин ҳаётига заҳар солди. Бошидаги лаънати оғриқ пайдо бўлганидан буён бирор бир бошлаган ишини охирига етказа олмайди. Эрталаблари худди кечаси билан кетмон чопган одамга ўхшаб чарчаб, жиққа терга ботиб уйғонади.

Нилуфар секин ўрнидан туриб ёнидаги каравотда ётган ўғлининг устини ёпиб қўйди. Эндигина саккиз ёшга тўлган ўғилчаси совқотиб ғужанак бўлиб олибди. Бошқа каравотда ётган қизига термулар экан, бошида пайдо бўлган оғриқ билан кўнглида пайдо бўлган хавотир янада кучайди. Унга бирор кори ҳол бўлса, ҳали бу шафқатсиз ҳаёт таъмини татиб кўрмаган норасидаларининг аҳволи нима кечади? Ёлғиз ўзи ялаб-юлқаб катта қилаётган фарзандлари учун уч жойда ишлайди. Бировдан кам бўлмасин, ўксимасин деб истаган нарсаларини олиб беришга ҳаракат қилади. Шунча елиб- югурганига яраша Худойим унга яна озгина умр, бахт берса нима қиларди-я?!

Нилуфар яна ўз ўрнига чўзилар экан, боя қулоғига чалинган шовқин яна такрорланди. Қизиқиб, дераза пардасини четга сурди. Во ажабо! Ой нурига чўмган борлиқда бепоён денгиз ястаниб ётар, кетма-кет ўрмалаб келаётган тўлқинлар қирғоқдаги тошларга урилиб, уларнинг устида қолаётган оқ кўпик бир дақиқадан сўнг жимирлаб сўнарди..

Нилуфар туш кўраяпман шекилли деб ўйлаб, аста ўзини чимчилаб кўрди. Йўқ, бу туш эмас эди. Демак, ақлдан озаяпти. Ахир у шаҳар чеккасидаги тўрт қаватли уйда яшайди. Кеча кечқурун ишдан қайтаётганида ахлатга тўлган кичкина ариғу кўп қаватли уйлар олдида савлат тўкиб турган азим қайрағочларнинг тагида оёқлари қийшайиб, ёғочлари чириган ўриндиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Бу денгиз қаёқдан пайдо бўлди. Доимо денгиз қирғоғида ўзининг катта уйи бўлишини орзу қиларди. Наҳотки, орзуси рўёбга чиқаётган бўлса?!

Пишиллаб ухлаб ётган фарзандларини уйғотмаслик учун илгакда турган чарм курткасини тунги кўйлаги устидан елкасига ташлади-да, аста ташқарига чиқди. Ташқарида хақиқатдан ҳам денгиз мавжланарди. Оёғидаги калишини ечиб, сув ювган илиқ қумга қадам босган Нилуфар ҳамма нарсани бир зумда унутди. Аччиқ ҳаётининг битмас-туганмас ташвишлари, соғлиғининг ёмонлашгани – барчаси унут бўлди. У бақириб кулгиси, ашула айтгиси, ёш қизалоқлардай яланг оёқларини юваётган тўлқинлар ичида югургиси келарди. Соҳил бўйлаб кетар экан, ой нурида ялтираган алланарса диққатини тортди. Энгашиб уни қўлига олди. Қаҳрабо парчаси экан. Болалигида раҳматли бувиси ўз севгисига етиша олмаган гўзал қизнинг сув парисига айланиб, бир умр қирғоқда қолган ёри ишқида кўз ёш тўкканлиги ҳақида эртак айтиб берганди. Сув парисининг кўз ёшлари қаҳрабога айланар, тўлқинлар эса уларни қирғоққа чиқариб ташлашар экан. Бир куни қаҳрабо парчасини топиб олган йигит заргарга олиб бориб ундан узукка кўз ясатибди. Ҳар доим узукка қараса, қаҳрабода севгилисининг аксини кўрар экан…

Нилуфар кафтидаги қаҳрабо парчаси ой нурида гоҳ оч сариқ, гоҳ қизғиш рангда товланишини томоша қилар экан, бувисини, бузилган турмушини эслаб оғир хўрсинди. Қаҳрабони авайлаб кўйлагининг этагига артиб, курткасининг чўнтагига солиб қўйди. Оёқларига келиб урилган янги тўлқин аёлни чўчитиб юборди. Ахир, фарзандлари уйда ёлғиз қолишди-ку, уйғониб қолишса, қўрқиб, йиғлашса-я? Нилуфар калишини қидириб орқага югурар экан, ҳозиргина ўзи чиққан уйини топа олмай хуноби ошди. Калиши қолдирган жойда ётар, аммо кўп қаватли уйлар, ўзининг мавзеси йўқолган эди. Уларнинг ўрнида болалиги ўтган, томи тунука билан қопланган уйи қад кўтариб турарди. Дадаси вафот этганидан буён ёқилмайдиган чироқ унинг хонасини ёритиб турганини кўриб, ҳовли томон шошилди. Дарвоза очиқ, зинада мудраб ётган кучуги уни таниб, думини ликиллатганича оёқларига суркалди.

– Тузик, Ту-узик, ўзингмисан?

Нилуфар кучугини эркалаб, совуқ бурнидан ўпиб қўйди. Отаси вафотидан сўнг ёлғиз укаси хотинининг «талаби» билан ҳовлини иккига бўлиб, ўртадан девор урган, етмиш беш ёшга кириб, келин олиб қўлидан бир пиёла ҳам чой ичмаган онаси ва синглисидан айри бўлиб олган эди. Ўзи-чи, ўзи. Бошқа шаҳарда насибасини териб юрибди. Онаси ва синглисидан фақатгина телефон орқали хабар олади. Ҳозир эса…ўша машъум девор йўқ, ҳаммаси отаси ҳаёт пайтидагидек.

Нилуфар атрофга боқиб ҳар доим тунда қулфланадиган даҳлиз эшигини тортди. Очиқ экан. Дада-сининг хонасига кирар экан, шифтгача китоб терилган жавонлар, дераза ёнидаги ёзув столи олдида ўтирган дадасини кўриб қотиб қолди. Бирданига соғинчдан, бошига тушган қийинчиликлардан ўпкаси тўлиб, кўзлари намланди.

– Нега ёлғиз келдинг, болаларинг қани?

Дадаси қўлидаги ручкани қоғоз устига қўйиб, қайрилиб Нилуфарга қаради.

– Ассалому-алайкум, дада… Сиз…

– Болаларинг ёнига қайт. Уларни ёлғиз қолдирма, кейинроқ гаплашамиз. Ҳали бунинг вақти эмас, ўзим сени олиб кетаман.

Дадаси яна қоғоз устига энгашиб алланималарнидир ёзишга тутинди.

– Дада..

– Бора қол… Кейин гаплашамиз, менинг бу уйда анча ишим бор экан, қайтмасам бўлмади…

Нилуфар қуйилиб келган кўз ёшини енги билан артдию, қўлини туширганида қоп-қора подъездда, хонадонининг эшиги олдида турганини кўрди. Аста эшикни очиб уйга кирди. Ҳаммаёқ сув қуйгандай жим-жит. Болалари ҳамон ухлашарди. Сукунатни фақатгина ошхона деворига осилган соатнинг чиқиллаши бузарди. Устидаги курткасини ечиб, аллақачон совуган жойига чўзилар экан, хўрсиниб кўзини юмди.

… – Э, Худо, болалар, тез туринглар, мактабга кечикасизлар.

Нилуфар болаларини гап билан шоширар экан, уларга нонушта тайёрлаб, шу орада ўғлини ки-йинтиришга, қизалоғининг сочини ўриб қўйишга ҳам улгурди. Кечга бориб секинлашган вақт аксига олиб эрталаб югуриб кетади. Соат тўққизда ўзининг университетдаги дарси бошланади. Бир соат олдин уйдан чиқмаса, улгурмайди. Фарзандларини кузатиб, хонтахта устида сочилиб ётган маъруза матнларини сумкасига солди. Тезда кийиниб, сочини таради. Сумкани елкасига илиб, аксига олиб доимо шошилганида йўқолиб қоладиган калитини қидира бошлади. Курткасининг чўнтакларини титар экан, ниҳоят калитни топди. Шода калитларни олиши билан, улар орасидан нимадир ерга тушиб кетди. Эшикни қулфлаб, тушган танга бўлса керак дея энгашганича қотиб қолди. Нилуфарнинг оёқлари остида тунда соҳил бўйидан топган қаҳрабо парчаси ётарди.