OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНазар Эшонқул
Асар номиОғриқ лаззати (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Назар Эшонқул
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Оғриқ лаззати (ҳикоя)
Назар Эшонқул

Дўстим билан шаҳар ўртасидаги майдонга кириб борганимизда, улар атор тизилиб ўтиришарди. Таналари яра-чақадан гезарган, азбаройи оғриқ ва азобдан деярли шилиниб тушган елкаларидаги яирга қуёш шуълалари тушганда ялтираб кетар, оёқларини олдинга чўзганча туришга ҳам мадорлари келмай забун бўлиб ўтиришарди. Текин томоша кўришни истовчи эртаю кеч майдондан кетмай уларнинг фарёд ва фиғонга тўла ҳолатини зериккунча тамоша қилишар, ҳатто тунлари ҳам бу ерда хоҳлаганча томошабин топилар эди. Азобга маҳкумлар исқирт вва увада кийимларига ўралганча бир муддат мизғиб олишар, сўнг яна уқубатли ҳунарларини бошлашарди. Фиғонлар қанчалик мудҳиш, ҳасратомуз чиқмасин, бунга ҳеч ким эътибор ҳам бермас, аксинча, бир неча фиғон ичидан ким кўпроқ оҳ-воҳ қилаётибди, кимнинг товуши баланд, кимники зўраки-ю кимники самимий дея баҳслашардилар. Мабодо биронтаси фиғон қилишдан тўхтаб қолса, худди айбдордек, яралар беҳад азоб бераётган шерикларига ҳасад аралаш кўз ташлар ва назоратчиларни имларди; назоратчи қўлида қамчи билан етиб келар ва кўкара бошлаган яралар устидан савалашга тушарди. Агар бу ҳам кор қилмаса, катта наалли этиги билан тананинг тўғри келган ерини топтай бошларди. Назоратчилар азоб беришнинг хилма-хил усулларини қўллар эдилар; улар ўз ишларининг айтиш мумкинки, устаси фаранглари эди. Аммо назоратчиларнинг оғриқ қўзғатишдаги тажрибалари қанчалик ошаётган бўлса, майдондагиларнинг қониқмасликлари ҳам шунчалик кучайиб борарди. Айримлар бош назоратчи келганда усулларнинг тез эскириб, танага кор қилмай қолаётганидан шикоят қилишарди. Бошлиқдан танбеҳ эшитган назоратчилар бироз кенгашиб олгач, важоатли қиёфада яна маҳкумлар олдида пайдо бўлишар ва аввал оёқларининг, сўнг қўлларининг бармоқларини бирма-бир, бўғинма-бўғин синдира бошлашарди: оғриқ қўзғатиш мумкин бўлган барча усулларни қўллашга рухсат берилганди; назоратчилар аввал маҳкумларни этлари шилингунча савалаб чиқишар, кейин яралар устига туз сепишарди. Бу фақат бошланғич босқич эди. Бора-бора туз ҳам танадан оғриқ қўзғатмай қўярди, шундан сўнггина назоратчилар боша аъзоларга оғриқ қўзғатиш тараддудига тушардилар.

Бармоғи синган маҳкум ўкириб юборар, юзида азобли ифода пайдо бўлиб, кўзидан ёш чииб кетарди, аммо қисиб олган лабларига баайни зулмат ичида ёниб турган шамдек бир заиф табассум қалқиб чиарди, оғриқ кучайган сайин бу табассум бутун юзни эгаллаб оларди. Кимнинг бзида азоб ўрнида тўлиқ табассум пайдо бўлса, тамошабинлар ўшани кўрсатиб, қийқиришарди. Бу уларнинг олқиши эди. Маҳкумларнинг юзига булутлар остидан чиқиб келаётган уёш каби табассум ёйила борар, бундан завқланган назоратчилар уларнинг бармоқларини шарт-шурт синдира бошлашар эди. Гарчи оломон қийқириб турган бўлса ҳамки, бармоқларнинг синиши бутун майдонга эшитилар эди. Юзида табассум балқиган маҳкум шу ҳолда кўзини юмганча узоқ жилмайиб ётарди - айни шу сония унинг масту мустарлик палласи эди. Унга ҳеч нарса оғриқ лаззатчалик фароғат бахш эта олмасди; ёйилиб кетган лабларини, милкларидан оқиб тушаётган ёшларни, исқирт, ювиқсиз ва қаровсиз юзига истара бахш этган табассумни ва унинг жангда ғолиб чиқиб, ухлаб ётган қадим паҳлавондек бахтиёр қиёфасини кўриб у айнан шу лаҳзани ҳеч қайси жаннатга алмаштирмайди уни ҳеч қайси пайғамбар, ҳеч қайси муқаддас китоб бу лаззатдан маҳрум этолмайди деб ўйлардингиз, зеро, унинг айни шу лаҳзадаги саодатманд қиёфасини ҳеч нарса билан ифодалаб ҳам бўлмасди. Шу сабабли улар атрофида ҳамиша томошабинлар қийқириб туришар, маҳкумлар эса, бир--биридан ўтказиб ўз санъатларини намойиш этиш учун назоратчиларни ўзларига кўпроқ азоб беришга чорлашарди. Назоратчи энди унинг тиззаси устида сакрар ва юзи аралаш қамчи туширарди. Суяк қарсиллаб кетарди; маҳкум эса саодатнавиш жилмаяр, ёрилиб кетган лаб ва бурундан оқаётган қон унинг табассумига заррача бўлсин гард юқтира олмас, аксинча, маҳкум азобу оғриқдан фароғатланиб турган шу сонияда яна ҳам салобатли ва илоҳий туюларди.
— Санъат, бу санъат, - деб бақиришарди оломон маҳкумнинг юзини кўрсатиб.
— Қойил қилишаяпти, - чийилларди орқадагилар ҳам. - Бунақаси камдан--кам учрайди.

Оғриқ санъати ҳам санъатга хос барча сифатларга эга эди, ҳатто улардан мукаммалроқ ҳам эди; унинг ҳар бир ҳаракати, ҳолати, овози, ижроси, манзараси шундай изчил тартибга эга эдики, бири иккинчисиз содир бўлмасди ва энг улкан рассомлар ҳам энг улуғ асари устида маҳкумлар каби завқланган, лаззатланган эмас ва улар ҳам бу манзарани чизишга ожиз қолардилар. Оғриқ ва оғриқ пайдо қилишнинг тури, усуллари шунчалик хилма-хил эдики, бу соҳада ҳар қандай санъат тури билан баҳс бойлаша оларди, бинобарин, бу санъатдан ҳам бошқа санъат турлари каби маҳкумлик мавжуд ва бунинг ҳам ўз томошабинлари бор эди. «Оғриқ лаззати - энг олий лаззат, - деб ёзишарди маҳкумлар билан қилган суҳбатларда, - бу лаззатни фақат оғриққа маҳкум бўлгач сезиш мумкин». Бу санъатнинг бошқа санъатлардан фарқи шуки, унга маҳкум этилган умр бўйи унинг шайдоси бўлиб қолар, ундан ҳеч қачон қутилиб кета олмасди. Ташлаб кетганлар салдан сўнг яна айтиб келишарди. Чунки оғриқ лаззатидан таътиган, кўчасидан бир марта ўтган киши усиз яшай олмаслигини англарди. Оғриқ маҳкумлар учун саодат эди. Маҳкумлар қанчалик азоб чекишса, шунчалик завқланишар ва оғриқ лаззатига ҳар маҳал ташна туришар, оғриқ ҳумор қилиб, таналарини ўзлари ҳам юлиб--ялқаб ташлашарди. Улар оғриқ учун туғилган, оғриқ ва азобнинг олий мақомига етишган эдилар - уларни оғриқ ва азобдан бошқа ҳолатда тасаввур қилиб

бўлмасди. Азоб санъат асари яратишнинг энг қулай воситаси эканлигини маҳкумлар ҳам, назоратчилар ҳам ҳис қилишар, шу сабабли назоратчилар оғриқ ва азоб беришни ўзларининг бурчлари дея ҳисоблардилар.

Газеталар ҳар куни маҳкумларнинг янги-янги муваффақиятлар тўғрисида саҳифа-саҳифа мақола, хабарлар беришар, томошабинлар эса эртага маҳкумлар билан бўладиган янги томошани орзиқиб кутганча тонг оттиришар, сал бўш вақт топилса, майдонга қараб чопишарди. Улар санъат шайдоларига, санъатдан завқ олишнинг хуморпарастларига айлангандилар. Санъат ва санъаткорларга бундай садоқатли ихлосмандликни бошқа жойда топиш мушкул эди. Шу сабабли назоратчилар ҳам майдондагиларни ўз мухлислари билан беҳад фаҳрланишар, майдонда одам қанча кўп бўлса, уларнинг ҳаракатлари ҳам, нағмалари ҳам шунча санъаткорона тус оларди. Оғриқ туфайли келадиган лаззатдан ўзга олийроқ фароғат йўқ эди; яра-чақа тошган таналар, исқирт ва увада кийимлар ҳам бу манзарани хиралаштиролмас, азоб-уқубат чекавериб, мурданики каби қонсиз ва ифодасиз юзлар нақ хулё офтоби ёритиб турган, фақат тахаюлгина яратиш мумкин бўлган хаёлий қиёфаларга ўхшаб кетарди. Фақат санъат асари яратаётгандагина юз шундай улуғвор ҳолатга кириши мумкин.

Биз шаҳарнинг қайси бурчагига бормайлик, мўъжизавий санъаткорликка ва уни олқишлаётган мухлислар оломонига дуч келардик. Айрим мухлислар

ўзларининг санъат фидойиси эканлигини кўрсати учун назоратчилар сафига келиб қўшилар ва улуғ санъат намунаси яратишда ўз ҳиссаларини қўшишни

исташарди; улар санъатга фидойиликлари туфайли ҳам маҳкумларни кўпроқ азоблаш керак, шунда улар яна улуғроқ асарлар яратадилар дейишар ва назоратчи сифатида маҳкумга ташланиб, уни бир пасда оғиз-бурнини қонга бўяр, тузни шусиз ҳам ҳалвираб қолган яралар устига сепарди. Фидойилар газетларда бу санъатнинг равнақ топиши ҳақида баҳс, мунозаралар уюштиришарди. «Инсонни хўрлаш мумкин эмас, - деб ёзишарди улар мунозараларда, - инсон фақат улуғланиши керак. Чунки у улуғ нарсалар яратишга қодирдир». Кейинги ойларда оғриқ санъати билан шуулланувчи тадқиқотчилар ҳам пайдо бўлганди. Улар бу санъат инсон яратган энг улуғ санъатлардан бири эканлигини эътироф этишар, аммо бу санъат тафаккур маҳсулими ёки тана деган масала юзасидан ҳеч келиша олмасдилар. Ҳар бирининг ўзига хос далил ва исботлари бор эди. Бу мунозарага шаҳар аҳли ҳам қўшилгач, тарафлар жанжали яна ҳам авж олди. «Бу тафаккур масули, йўқса, улар тананинг бу қадар азобига дош беролмасди. Фақат тафаккур шундай улуғ санъат ярата олади», - дея баҳслашардилар тафаккурчилар. «ЙЎ, бу санъат фақат тананики. Унинг янгилиги ҳам шунда. Инсоннинг жисмоний имконияти чексиздир», деб уларнинг фикрини рад қиларди бошқалари. Баҳс--мунозаралар шунчалик важ олдики, оқибат сал бўлмаса, икки ўртада жанжал чиқиб кетаёзди. Шаҳар раҳбарлари аралашуви билан икки томон ярашди ва энди улар «Бу инсондаги жисмоний ва тафаккур қувватининг маҳсули», деган якдил тўхтамга келдилар. Шундай кунларда газеталарда Тўртинчи маҳкум ҳақида шов-шув бошланди. Унинг азоб-уқубатга бениҳоя қобилиятли эканлиги, санъати ҳам ўзининг нафис ва гўзаллиги билан ажралиб туриши ҳақида ёзишарди, дарвоқе, уни нафосат оламининг сўнмас гулига қиёслашар эди. Тўртинчи маҳкум - у марказий майдондаги маҳкумлар ичида эди - қотмадан келган, узунбўй, қилтириқ ва юзида доим табассум балқиб турадиган йигит эди. У маҳкумлар ичида ўзининг дардга чидамлилиги билан ажралиб турар, бармоқлари синдирилаётганда ёки оғриқ бутун танасини қалтиратиб юборганда у худди маъшуқасига табассум қилаётгандай жилмайиб қўяр, сўнг яна ҳам назокатлироқ қилиб назоратчига миннаддорона бош ирғарди. Назоратчилар ҳам унга шундай муносабатда бўлишга интилишар, учи ўткир, махсус санчқисини гўё тош йўнаётган ҳайкалтарошдай танага иштиёқ билан санчар, сўнг ўша тошга бу гўзал санъатнинг намунаси бўлган ўзига хос нақш солиб чиқишарди. Назоратчиларнинг тўртинчига эътибор ва ҳурмати зўрлигидан ҳафсала билан азоб беришаётгани кўриниб турарди. Ваҳоланки, уларга оғриқ қўзғатиш учун хоҳлаганча қўполлик қилиш ҳуқуқи берилганди. Тўртинчи оёқларининг суяги синдирилаётганда ҳам табассум қилишни тарк этмади: гўё у бу оғриқларни назарига илмаётгандай эди; оғриқ юзини бир зум кўкартириб юборса ҳам у бир неча сонияда ўзини тутиб олар ва хумор қилиб тамаки тутатаётгандай оғриқнинг танасига сингаётганидан лаззатланиб, лабининг бир четида жилмайганча мағрур ва шарафли алфозда турарди. Унинг шу туришиёқ ўзи бир санъат асари эди; унинг юзида беҳад азоб-уқубат акс этган, қиёфаси яқинда ирғин-барот тугаган ва ҳамма нарса вайрон қилинган майдонни эслатарди. Бу юзида ҳақорат ва хўрликдан, мусибат ва аламдан асар ҳам йўқ, лабининг четидаги табассум эса, ҳаётининг қоронғу кўчаларида қолиб кетган, ўша олис дориламон кунларнинг бир синиқ парчаси, ўзини томоша қилаётган, олқишлаётган оламон олдига кийиб чиққан ниқоби эди, ана шу табассумгина уни майдондагилар ичида улуғвор ва мағрур кўрсатиб турарди.

У ўзининг озурдалиги билан менга жуда ёқиб қолганди, дарвоқе, биз майдонма-майдон югуришни бас қилиб, энди фақат тўртинчи турган майдонга борар, кечгача ўша ерда қолиб кетардик; тўртинчининг худди май тўлатилган қадаҳ каби оғриқ тўла юзини кўрганда кунлар қандай кеч бўлганини ҳам билмай қолардик. Тўртинчи ғаройиб сабр-тоқати ва назокати билан ҳаммани ҳайратга солган эди. Унинг ғолиб табассумини кўрганда азбаройи завқланганимиздан уни ғажиб ташлагудек қудрат сезардик ўзимизда. Уни ғажиганда ҳам шундай ғажиш керакки, у тилка-пора этилаётгандаги оғриқдан яна ҳам буюклашсин ва бу буюк оғриқ инсониятнинг абадул-абад турадиган санъат асарига айлансин, зеро, тўртинчи абадийлик қадар буюк асар яратишга қодирдир, дердим дўстимга. Мен айнан шу тўртинчи маҳкум туфайли дўстим билан қаттиқ тортишиб қолгандим.- У бир олифта - дерди у, - ўзи ҳозир тўкилиб тушаман деяпдию дағдағасини қаранг, нуқул мадорсиз қоматини тутаман деб чиранади. Ундан кўра менга нариги майдондаги бурнига халқа ўрнатилгани кўпроқ ёқади. Халқага қўшиб бурнини қанча бурасанг ҳам жилмайиб тураверади.

Мен тўртинчини қанчалик мақтамайин дўстим ўз сўзида туриб олди. Биз гарчи ўзимизни фидойи деб ҳисобламасак ҳам талабалик давримизда кўпроқ нарсаларни кўриб қолайлик деб, майдонга ҳар куни келардик ва уларнинг маҳорати кўриб биз ҳам оломон ичида туриб олқишлардик. Кейинги

кунларда синов бошланиб, биз майдонга боролмай қолган бўлсак-да, дўстим билан бутун синов муддати тугагунча - уч ҳафтача тўртинчи ҳақида тортишиб юрдик. Биз тўғри келган ерда - хоҳ даҳлиз, хоҳ хонада бўлсин баҳсга киришиб кетардик.
— Унинг ичкариси мустаҳкам, - дердим мен, - гап танада эмас, у ўзини мустаҳкам ушлаб туришга қудратни ўша ичкаридан олаяпти.

Дўстим уни нуқул олифта дерди. Унга тўртинчининг табассуми ёқмасди. - Ҳаммаси зўраки, - дерди у, - кулгуси масхара қилайтганга ўхшаб чиқади.

Бир фикрга келолмасак ҳам биз синов тугаши билан майдонга қараб югурдик. У ерда оломон яна ҳам гавжумлашганди. Санъат асарига шунчалик ихлосманд одамлар кўплигидан биз фахрланиб қўярдик. Дўстим санъатни севган халқ - буюк халқ деб исботлашга ҳаракат қиларди ва шу сабабли майдондаги мухлисларни кўрганда беҳад қувониб кетарди.

Шаҳар тўртинчининг янги мўъжизаларини ҳазм қилиб улгурмасди. У кейинги кунларнинг шубҳасиз, ягона қаҳрамонига айланди. Майдонга борганимизда биз яна бир янги гап эшитдик: тўртинчи ўзининг юрагини суғуриб олишга рухсат берибди. Бундай ғаройиб томоша ҳали маҳкумлар ичида содир бўлмаганди. Мен бироз енгил тортдим. Дўстим билан баҳсимиз шу билан ниҳоясига етганди. Бу гапни эшитгач, дўстим бироз ишонқирамай турдию, сўнг индамай қўя қолди. Сукути менинг ғалабамдан дарак берарди. Шу сабабли биз тўртинчининг янги-янги мўъжизаларини кўриш учун майдонга қараб йўл олардик. Тўртинчининг юраги кесиб олинадиган куни майдон томошабинларга тўлиб кетди. Улар тўртинчига ўз муҳаббатларини изҳор қилгани келгандилар. Ўртада синган оёқлари ва бармоқлари шишиб ккетган тўртинчи ўша алфозда - мағрур ўтирарди. Энди унинг юзи ҳам гезара бошлаган, оғриқ силласини қуритган эди, аммо у ҳали ўзини тетик ва бардам тутиб турар, оғриқ ҳали уни буткул енголмаганди. Танадаги яраларига ёпишиб қолавергач, унинг уст-бошини ечиб ташлашган, ялонғоч пайти у яна ҳам озғин бўлиб кўринарди. Мухлислар уни тинмай олқишлашарди - улар ҳозир энг улуғ санъатга воқиф бўлажакларидан ҳаяжонга тушгандилар; уларнинг кўпчилиги ўзлари билан шиорлар ёзилган лавҳалар, эндигина узилган гуллар кўтариб олишган, лавҳаларда «Биз сен билан фахрланамиз», «Сенга омад тилаймиз» деган ёзувлар кўзга ташланарди; гуллар эса бир-биридан чиройли эди - майдонда турфа рангдаги қўлбола гулзор пайдо бўлганди.

Майдонга тўртта назоратчи кириб келгач, газетчилар шақирлатиб суратга тушира бошлашди. Назоратчилар томошабинлар ҳайқириғи остида ишга киришдилар: улар макумнинг юзи майдонга яхшироқ кўриниб туриши учун юракни орқа томондан чиқариб олишга қарор қилдилар. Биттаси маҳкумнинг қўлидан ушлаб турғизди ва уни томошабинларга қаратди. Қолган иккитаси умуртқа суякни арралай бошлашди. Маҳкум ғоз қотиб ўтирар, арра суякларини кесиб ўтаётгандагина кўзларини юмиб олар, юзи қоп-қора тер аралаш буришиб кетар, бироқ тезда кўзини очар ва ўша синиқ табассум билан оломонга қараб жилмайиб қўярди. У худди шу лаҳзада оғриқдан беҳад лаззатланаётганлиги кўриниб турарди - кўзлари хушнудликдан йилтиллаб кетганди. Оғриқ уни ниҳоят лаззатнинг олий мақомига олиб чиққанди - назоратчилар юракка туташ томирларни қайчилашар экан, маҳкумнинг юзидаги табассум яна ҳам улуғворлашди - шу сониядаги лаззатни у қачондан бери кутган, муштоқ бўлган эди. У фароғатнинг олий чўққисида туриб ўзини томоша қилаётганларни беписанд кузатиб турар, ўзи эса ҳамон лаззат диёрида парвоз қиларди. Бошқа маҳкумлар ҳам оҳ-воҳ қилишни бас қилиб, унга ҳасад билан боқиб туришар, томошабинлар эса «Офарин», «Қойил», «Жуда боплаяпти», дея ҳайқиришар, газетчилар маҳкумнинг юзида пайдо бўлган лаззат ифодасини тезроқ суратга олиш учун бир-бирига бир нималар деб бақиришарди. Орқада турган назоратчилардан биттаси булкиллаб турган юракни қўлига олиб, майдондагиларга кўрсатганда оломон гувурлаб юборди. Энг сўнгги нафасгача маҳкумнинг юзидаги табассум йўқолмади, у қалтираётган, юраксиз танасини тик тутганча ҳамон табассум қилиб турарди, тўғрироғи, унинг жонсиз юзида табассум қотиб қолган эди - у фароғат қучоғида ҳамон парвоз қилар, ўз санъатининг ақл бовар қилмас улуғворлигини кўрсатиш учун учишга чоғланган бургутдек шиддатли қиёфага кирганди. Унинг табассуми секин-аста сўна бошлади. Табассум сўниши билан тана ҳам гупиллаб ерга қулади. Бир дам сукут чўкди. Сўнг бирдан мухлислар тана устига яшнаб турган гулларини ирғитдилар ва улуғ санъатга гувоҳ бўлганларидан қувончлари ичига сиғмай бир-бирини қучоқлаб кетдилар. Мен ҳам ғолиб алфозда дўстимни қучиб олдим. Тана гуллар ичида кўринмай қолди. Қўлида юрак булкиллаётган назоратчи бу улуғ санъаткор олдида аввал тиз чўкди, сўнг юракни оҳиста унинг кўкраги устига қўйди. Шундагина биз оғриқ-фароғатидан сўнг ҳам, ўзимиз турган заминга тушмаганини англадик - у нариги ёқда, лаззат юртида қолган эди - унинг жонсиз танаси ҳам санъат асарига айланган ва яшноқ гулларга кўмилиб ётарди.