OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНазар Эшонқул
Асар номиҚайтиш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Назар Эшонқул
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм54KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/17
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қайтиш (ҳикоя)
Назар Эшонқул

...Сен уйғонганингда қуёш аллақачон ҳовли адоғидаги тутнинг шохлари орасидан мўралаб турар, фарахбахш, осуда ёз тонгининг мусаффо ҳавоси дарахтлар соясини ҳали ҳам тарк этмаган; сен кеча қандай етган бўлсанг сўрида ўша ҳолатда юз тубан тушиб ухлаб қолган эдинг; сенинг бутун вужудинг кечаги ичкиликнинг асоратидан қақшаб оғрирди, кўнглинг айниб, томоғинг қуруқшиб қолганди - сен кеча уйга қай ҳолатда келганингни ҳам яхши эслолмадинг, улфатларинг сени машинага ўтирғизиб юборишганди. Эсингда, фақат машинанинг тез юрганидан гувиллаган товуши ҳамда сенга номаълум бўлган қандайдир лойсувоқ уйлар ва жинкўчаларгина сақланиб қолганди. Бошқасини эслолмасдинг. Тўшак боитб кетиб, елкаларинг уюшиб қолганди. Ўрнингдан туриб, хотининг уч кунча бурун ҳали отасиникига кетмасдан олиб келган бир шиша қатиқни музхона бурчагидан топиб олиб ичганингдан кейин кўнглинг айнигани бир оз босилди, ўзингни бардам сеза бошладинг.

Карахтлигингни ёзиш учун ювиниб олмоқчи бўлдинг, ярим ечиниб жўмракни бураганингда ер остидан узоқ гувиллаган товуш эшитилди ва бугун ҳам сув йўқлигини билиб асабийлашиб тупурдинг. Аксига олиб пақирлар ҳам бўм-бўш эди.

Сўрининг бир четига ўтириб, қуёш нурларига чўмилиб ётган осмонга қарадинг, осмон гўзал ва сенинг хаёлларинг каби бепоён, хаёл каби жозибали эди; тут шохлари орасидан осмон парча-парчаларга бўлиниб кўринарди; тут шохида иккита чумчуқ ўйнаб юрар, бир-бирига қараб ҳадеб чирқиллашарди. Шунда бирдан сенга қўшни ҳовлиларни ҳам, машиналар тинимсиз ўтиб турадиган кўчани ҳам қандайдир ғалати осойишталик қоплагандай туюлди. Сен бирдан хушёр тортиб, атрофга яхшилаб қулоқ солдинг, йўқ, ростдан ҳам атрофга ғайритабиий осойишталик чўккан эди. Бундай бўлиши сира кутилмаган ҳол эди, чунки бугун дам олиш куни, қолаверса, шундоқ эшикнинг тагидан ўтган кўча шаҳарнинг энг гавжум кўчаларидан бири эди. Сен сўрининг четига суяниб, оралиқ девордан бошчиқариб қўшнингнинг кенг ҳовлсига қарадинг, қўшнингнинг кенг ҳовлисида ҳеч ким йўқ, лекин ойнаванд айвоннинг эшиги ланг очиқ турарди - ҳовли ўртасидаги торда чойшаблар ва кир-чир осилган, сўрига худди меҳмон кутишаётгандек атлас кўрпачаларда жой солиб, дастурхон тузаб қўйилган эди, бироқ на қўшнининг ўзи, на ҳовлини ҳар доим бошига кўтариб ўйнашадиган болаларнинг биронтаси кўринмасди.
— Хей, Рашид оға, - сен иложи борича қўшнингга ёқадиган оҳангда исмига «оға» сўзини қўшиб чақирдинг. Тамоғинг қуруқшиб қолганидан товушинг бўғилиб чиқди - ҳовли этагидаги ўзини офтобга тоблаб ётган ит бошини кўтариб, сенга бир назар ташладида, ҳеч қандай ҳавф сезмагач, яна ўша ҳолатда чўзилиб олди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эди - балки ичкарида кино-пино кўраётгандир, деб ўйладинг ҳовлингга қайтиб тушаркансан.

Сен бошқа иложи йўқлигидан пақирни олиб, кўча бошидаги водапроводга қараб жўнадинг, у ерда ҳамиша сува бўларди, - сувни вақти-вақти билан иқтисод қилишни ўйловчилар негадир бу нуқтани унитиб қўйишганди. Сен кўчага чиқиб бироз енгил тортдинг - ҳар қалай, кўчада машиналар ўтиб турарди, фақат улардан чиқаётган товуш одатдагидан пастроқдек эди, - балким қулоғинг шанғиллаётгани учун товушлар зўрға эшитилаётгандир. Водопроводгача икки юз қадамча келарди - ҳовлига қараганда кўча иссиқ ва ҳаво бирдан дим бўла бошлаганди; йўлдан ҳовур кўтарилиб, гуп этиб думоққа урар, йўлка четидаги ариқчадан балчиқ хиди анқирди - ёз қуёши эса тобора жазава билан шундоқ шаҳар устида иссиқлик ноғорасини қоқиб турарди; балким шунинг учундир, кўчада йўловчилар кам эди.

Дам олиш кунлари аксарият йўл ва йўлак гавжум, сершовқин бўларди. Бироқ бу нарсалар сенинг диққатингни унчалик тортмади, бошинг оғриб турганидан сен тезроқ ювиниб олишни ўйлардинг.

Сен ўзингга қараб келаётган икки йўловчи билан водапровод олдида учрашдинг; улар нимадир тўғрисида баҳслашиб келишар, сенга деярли эътибор беришмасди ва сен ҳам уларни одатдаги йўловчилар деб ўйлаганинг учун ақилли кўз қирингни ҳам ташламадинг, водапроводнинг тўғрисига келиб, улар сени кўриб қолишди-ю, таққа тўхтаб, бир зум безрайиб қараб туриди. Сен олдинига уларга қарамадинг иккаласи ўзингга тикилиб турганини сезгач, шунчаки нигоҳ ташладинг, нигоҳ ташладинггу юрагинг шув этиб кетди - сенга қараб турган икки йўловчининг ҳам ҳозир тўкилиб тушадигандек кўзлари бежо ва ўта қилтириқ эдилар - агар юриб келаётганини кўрмаганингда эди, болалар устихонга ҳазиллашиб шим-кўйлак кийгизиб, кўчага чиқариб қўйган деб ўйлашинг мумкин эди, - иккаласининг юзида ҳам хеч қандай ифода йўқ, бу юзлар ёзуви ўчиб кетган қоғозга ёки совуқ урган анорга ўхшар, кўзлари бироз чўчиб лекин ҳадиксираб боқиб турарди; улар бир зум каловланиб тургач, сенинг олдингдан тисарилиброқ ўтиб кетишди; - уларнинг иккаласи ҳам бир хил жигарранг кўкрагига қандайдир рақам босилган йўл-йўл пижамалар кийиб олишганди олдингдан ўтиб кетишаркан, ҳовлида улардан айниган гўштнинг ҳидидай зах аралаш қўланса мурда хиди келди-сен йўловчиларнинг изидан қарамоқчи эдинг, бироқ негадир юрагинг дов бермади, сени қандайдир қурқув ҳисси қоплаб олган ва бу қўрқув тонг шафағидай юрагингнинг бир четида секин тўгилиб келарди жўмракни очиб, юзингни сувга босаркансан, оёқларинг орасиджан бирров орқага кўз ташлашга улгурдинг икки йўловчи ҳам орқаларига қараб-қараб тез-тез кетиб боришар ва бир-бирига нимадир деб имо-ишора қилишарди.

Сен йўловчиларга бошқа қарамасликка аҳд қилдинг, пақир тўлгач изингга буриларкансан йўловчиларнинг муюлишдан бурилиб, чап кўчага кириб кетганини кўрдинг... «Булар ким бўлди? - ўйладинг сен ичингда, - нега бундай шубҳа билан қарашди».

Сен негадир, иккаласининг ҳам юзини эслаб қололмагандинг. Асли уларнинг эслаб қоладиган қиёфалари йўқ эди. Сен хаёлинг банд этган саволларни миянгдан бир силкиб тўкиб ташлагандай оғриётган карахт бошингни сарак-сарак қилиб қайта-қайта силкитдинг. Юзингни ювгач карахтлигинг бироз тарқаган, ўзингни енгил ва соғлом ҳис эта бошлаган эдинг; кўча қизиётган бўлса ҳам, дарахтзор ҳовлилардан тонг салқини уфурарди.

Сен худди бояги йўловчиларга ўхшаган учинчи йўловчи билан қоқ остонада - боя «Рашид оға» деб чақирган ҳовлидан чиқиб келаётганда дуч келдинг; бунисининг ҳам кўзлари совуқ, юзи кўнгилни суст қиладиган даражада кўказак, кийими ҳам худди олдинги йўловчиларникидай эди. У ҳам даставвал шошиб қолди, сенга бош оёқ разм солиб чиққач, дарров изига қайтиб эшикни шарақлатиб ёпиб олди. Буниси ёшроқ, лекин бу йўловчининг ҳам эслаб қоладиган қиёфаси йўқ эди, токи сен ўз ҳовлингга кириб кетмагунингча, эшик қайта очилмади. Водопровод олдидаги йўловчиларнинг сен бошим шишиб кетганидан менга шундай туюлган бўлса керак, деб ўйлагандинг, бироқ иккинчи бор дуч келгач, сен ташвишлана бошладинг. Ҳовлингга кира солиб, эшикни тамбалаб қўйдинг, сен ўзинг уйда бўлганингда эшикни ҳеч қачон тамбаламасдинг.

Пақирни бир четга қўйиб, сўридан осилиб, яна қўшни ҳовлига секин узалиб қарадинг, ҳовлида ит ҳали ҳам ўша ерда чўзилиб ётар, саҳнда дарахт барглари орасидан сирғалиб ўтган қуёш шуълалари ўноқлар, сўрида эса уч киши гаплашиб ўтирар ва бир-бирига нелардир деб мулозамат қилишарди: сен қўрқувдан энди батамом серрайиб қолдинг; сўридаги учаласи ҳам бир хил кийинишган эди, учаласининг ҳам юзи совуқ, ифодасиз, гўё юзлари ўрнида бир парча кўкиш ялов хилпираб тургандай эди. қошсиз кўзлари бир-бирига чақчайиб тикиларди.

Оёқларинг бўшашиб, турган жойингга ўтириб олдинг. «Баким менга шундай туюлаётгандир? - ўйладинг сен саросима аралаш. Ё ичимликнинг таъсиримикан?!» Сенинг карахтлигинг бирдан тарқади-ортиқ бошинг ҳам оғримай қўйди. Бошинг-кўзингни яхшилаб ювиб олгач артиндингда, қазноқдан нарвон келтириб, яна қўшни ҳовлига қўрқа-писа кўз ташладинг йўқ ростдан ҳам уч киши сўрида ҳамон гаплашиб ўтирар, тўғрироғи, кўм-кўк қонсиз лабларини очиб юмишарди, - лаблари очилганда қопқора ғордай тишсиз оғизлари кўриниб кетарди. Энди ҳеч қандай шбҳага ўрин йўқ эди: ё сенга, ёки кўзларингга бир гап бўлганди. Шунда хотининг ва болаларингни отасиникига юборганингдан бери биринчи марта хайхотдай кимсасиз ҳовлида ёлғиз эканингни англадинг ва бундан биринчи марта ваҳимага тушдинг. Хотинингни балким отасиникига юбориш керакмасмиди? Балким табиблар огоҳ этганидай сени ичимлик шу ҳолга солган ва кўз олдингга шунинг учун алламбалолар кўринаётгандир?! Карахтликдан асар ҳам қолмаган, кечадан буён шуурингни қоплаб турган хирагина туман ҳам тарқаб кетганди. Озқозонингни бўм-бўш бўлишига қарамасдан ҳеч нарса тортингинг келмади. Сен уйга кириб, ўзингни тўшакка ташладинг ва ўзингга йўлдош бўлиб туриш учун радионинг тугмачасини босдинг, ундан яқин ўтмишда қатлаом этилган одамларнинг оқлангани ва уларнинг ўлими тўғрисида эшиттириш борарди, бироқ сен махсус хабарни охиригача эшитгинг келмади. Радиони ўчираркансан, унинг устида турган қиррали қалпоқ кийган отангнинг суратига кўзинг тушди. Сен ҳеч қачон отангни кўрмагандинг. Лекин отангни олиб кетган кечасидлан буён барибир қайтади деб эшикни доим очиқ қўядиган онанг ҳатто сўнгги паллада ҳам «У қайтади... Мен кутолмадим» деганди. Суратдан кўзингни олиб деразага қарадинг. Шу заҳоти ўрнингдан ўқдек ирғиб турдинг - назарингда деразадан кимдир сени кузатиб турганга ўхшарди, ва кузатаётган, шубҳасиз, бояги қошсиз одамлардан бири эди. Сен деразага тикилганса бир муддат қотиб қолдинг; йўқ, деразада офтобнинг қиё нурларидан ҳосил бўлган ранг-баранг жилвалар аксланарди, сўнг ичкарига тирқираб тўкиларди. Сен бир ички сезги билан югуриб ҳовлига чиқдинг; назарингда кимдир эшикдан сирғалиб чиқиб кетганга ўхшади. Бу ҳолдан қалтираб кетдинг; эшик тамбаланганча турар, лекин у худди сим-симдай очилиб ёпилганини сен аниқ кўрган эдинг. Сен мадорсизланиб қолган оёқларингни зўрға кўтариб ҳовли эшигигача бординг - темир сургуч ҳар қандай зарбага дош бероладиган келбатда содиқ қулдай сал эгилиб турарди. Эшик очилган бўлиши сира мумкин эмас эди. Ташқаридан эса визиллаб ўтаётган машиналарнинг товуши элас-элас эшитиларди.

Темир сургучни очиб ташқарига қараш-қарамасликни билолмай тараддудланиб қолдинг ва таваккал қилиб кўчага қулфнинг тирқишидан мўраладинг ва рангинг оқариб ккетиб, деворга суяниб қолдинг, эшикдан ўн беш қадамча нарида боя сен кўчада кўрган икки йўловчи турар, уларнинг кийимидан ва сумбатидан таниб қолган эдинг ва улар эгнига жигарранг костюм кийган, кийган қиррадор қалпоғига қизил боғич тикилган худди ўзларидек қошсиз, юзи сурп камарли кишига сенинг уйингни кўрсатиб нимадир дейишар ва қўлларини силкиб-силкиб қўйишарди; камарли кишининг қуроли борлиги аниқ эди - икки йўловчи ниманидир ҳавода чизиб, сенинг ҳовлингга ишора қилгач, у қуроли осилган ғилофни ушлаб-ушлаб қўярди - энди ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмаганди; Сен кечаси ухлаганда шаҳарда нимадир содир бўлган, сен эса ғафлатда қолган эдинг. Кўз олдингда содир бўлаётган бу воқеалар юракни сиқадиган даражада ғайритабиий эди - на ўнг, на сўл тарафдаги қўшниларнинг ҳатто ҳамиша бақириб-чақиришадиган болаларнинг ҳам товуши эшитилмасди - Нега сен илгарироқ буни сезмаганингга ҳайрон қолдинг - алоҳа, дарахтма-дарахт учиб юрган чумчуқлар ҳам эҳтиёткорлик билан чуғурлашарди.

Дафъатан нима қилиш кераклигини билолмай каловланиб турдинг; ташқаридагилар нимагадир таёйрланишар, камарли кишининг ёнида милтиқ тутган учта аскар ҳам пайдо бўлган камарли киши уларга ҳовлини кўрсатиб нимадир буюрарди.

Наҳотки улар сенинг ҳовлингни кўрсатишаётган бўлса?! Ҳозир, шу дақиқадаёқ нимадир қарор қилишинг керак; балким алахсираётгандирсан - бироқ бу мумкин эмас, сен хушёр ва уйғоқ эканлигингни жуда яхши англардинг; балким махсус хизматдагилар шундай кийимга ўтгандир? Ҳар нарса бўлиши мумкин, шу дақиқада нимадир қилиши керак, қандайдир фавқулодда чора ўйлаб топишинг керак. Кейин кечикишинг мумкин. Сен уйга югуриб кирдинг, бу фикрингдан ҳатто қувониб ҳам кетдинг - нега олдинроқ шу нарса хаёлингга келмадийкин?! Сен даҳлизга кириб, бошини қорнига қўйиб ётган мушукдай мунғайиб турган телефонга ёпишдинг ва уйи ўзингдан бир кўча нарида бўлган ҳамда ёрдамга етиб келишига кўзинг етган барваста синфдошингнинг рақамини тердинг. Шошиб қолганингдан икки-уч марта чалкашиб кетдинг, ё охирги, ёки ўртадаги рақамни ташлаб кетиб терардинг; ниҳоят тушди, шекилли, нариги томондан, албатта синфдошингнинг даҳлизида телефон жиринглаётганини билдирувчи муддат-муддати билан бўғиқ ғўнғиллаш эшитилиб, енгил нафас олдинг. Телефон узоқ жиринглади - сен суяги оғир синфдошинг, атайлаб узоқ махтал қилиб сўнг олишини ва кейин «биринчи қўнғироқдаёқ олдим» деб туриб олишини, ўзи эса кулиб юбормаслик учун тишини-тишига босиб тиржайиб туришини хаёлингга келтириб, кўнглинг хуфтон бўлиб турганига қарамай тиржайиб қўйдинг. Бу дунёни сув босса тўпиғига келмайдиган синфдошинг сенга бошқалардан кўра кўпроқ ёқар ва сенга ўзини яқин тутарди; гарчи у бироз танбал бўлсаям зарур пайтда дўсти учун ўзини томдан ташлашга тайёр эди. Балким шунинг учун айнан унга телефон қилгандирсан? Телефон узоқ ғўнғиллашдан сўнг шарақлаб кўтарилди ва дўстингникига мутлақо ўхшамаган анча қўпол ва бўғиқ овоз эшитилди. «Терговчи эшитади...» Сен қулоқларингга ишонмаётгандек аввал телефон дастасига тикилиб қўйдинг, сўнг худди овоз эгасини қулоқларинг билан кўрмоқчидек бутун вужудингни диққатга айлантириб, бу қуруқ ва дағал овозга қулоқ солдинг.
— Ким?! Бу ким?! - сўрадинг сен ғалати бир ҳисдан қалтираб кетиб.
— «Терговчи, нима гапингиз бор, гапиринг». Буйруғомуз оҳангда сим тизимчалари орқали оқиб келган товуш сенинг бутун танангни нимталаб ташлади, гўё ўша нариги учдан бир томчи заҳар оқиб келиб, қон томирларингга тушган-у, ҳамма нарсани алғов-дарғов қилиб юборгандай эди - юрагинг шув этиб кетди - бу ҳозиргина кўзларинг билан кўрган манзарадан кўра даҳшатлироқ эди ва сен энди туш кўрмаётганингга, уйғоқ эканлигингга мутлақо ишонган, кўрганларинг эшитганларинг бошингдан кечираётган воқеалар эканлигига энди заррача шубҳа қилмасдинг. Бироқ наҳотки кечагина қуёш ботишидан сал бурун улфатларинг билан майхўрлик учун хиёбоннинг хилват бурчагига кирмасларингдан олдин бошқача бўлган дунё бир кечада шунчалар ўзгарган бўлса?!

Сен энди хаёлингга келган яқинларинг ва танишларингнинг рақамларини терар ва ўша бир хил бўғиқ сур товушда «Терговчи эшитади», «Терговчи эшитади», «Терговчи эшитади» деган бир хил жавобни олардинг. Сен энди даҳшатга тушдинг - юз берган ҳодиса шундай эди: ё бирон руҳий касалга йўлиққан, ё дунё ростдан ҳам бир кечада бошқа, ваҳимали, сертаъқиб, ғайриоддий қиёфага кирган ва сен билган, сен кўрган дунёнинг исми ўзгарган, ёки қандайдир қиёмавт бўлгану сен қайсидир ҳикояда ўқиганингдек ўзга дунёга тушиб қолгансан... О, қандайин ўйин бу? О қандайин машъум ўйин бу? Сен бошингни чангаллаб ўтириб қолдинг. Нима бўлди унга, у ким? Ким эди? қани у билан бўлган, севган одамлар? У севган овозлар қани? У қайси гуноҳи учун бу жазога мустаҳиҳ этилди?

Ҳовлида баъзи-баъзида шитир-шитир қадам товушлари эшитилаётгандай бўларди - уйда ҳам қандайдир шарпалар сени таъқиб қилаётганга ўхшарди. Энди телефонда ҳам, қўшнилардан ҳам, умид йўқ эди; Нима юз берди?! Нега дунё шунчалик ўзгарибди-ю сен бехабар қолибсан? Нега янги дунё бу қадар алоғ-чалоғ, хатарли, қандайдир машхар дунёсида юрганга ўхшайди одам? Ёки нариги дунёга бориб қолдими? Ким унинг бу саволларига жавоб бера олади? Ҳеч ким! Ёлғиз умид ўзидан! Ўзинггина бу мудҳиш манзараларнинг тагига етишинг мумкин; бошқа хеч ким! Ҳеч ким! Сен «нима қилиш кераклигини ўйлай бошладинг, юрагинг худди сеҳрланган дарахтдай лаҳза сайин хавотир ва гумон мевалари тугар, бу мевалар бутун вужудингга ёпишиб олганди, бирдан ҳаёлингга келган фикрдан шууринг ярқ этиб ёришиб кетди. Кечаги хиёбонга боради, балким, дам олиш куни бўлгани учун бугун дўстларингни кўпи ўша ердадир? Улар билан кенгашиб ўзига нима бўлганини маслаҳатлашиб олади. Бу фикр сенга бироз таскин берди, сен гўё бу уйга қайтиб кирмайдигандек эшикларни қулфладинг; Соқолингни олиб ўтирмадинг - бу кўнгилга сиғмас, бундан ташқари сенинг юрагинг хаприқар, вужудингга қандайдир қўрқинчли ҳайвонлар ичида ёлғиз қолгандай бир заққум ваҳима ўрмалаб кирганди. Ҳовли эшигингни олдига боргач, ҳар эҳтимолга қарши тирқишдан ташқарига яна кўз югуртирдинг: уч аскар билан қамарли киши - уларда ҳам деярли қиёфа йўқ эди - тўғри сенинг эшигингга қараб келишар, икки йўловчи қайгадир ғойиб бўлган эди. Сен бир муддат тайсалландинг, агар эшикдан чиқсанг шартта ушлаб олишади, улар важоҳатларидан айнан шунинг учун келишаётган, агар яна бир неча дақиқа ҳовлида қолсанг қўлга туширишлари аниқ!

Балким қўшниларингни шу тариқа ими-жимида олиб кетишгандир? Ўйлаб ўтирмай орқа деворга қараб югурдинг, эшик уч марта қаттиқ урилганда сен девордан ошиб тушаётган эдинг. Ҳовлининг бу томони сердарахт жин кўча эди. Кўчада ҳеч ким йўқ, дарахтлар қилт этмас, бошқа жойларга қараганда бу ер салқинроқ ва хилватроқ эди. Сен дарахтлар оралаб нариги бошидаги очиқ майдонга қараб йўл олдинг - у ер ҳамиша гавжум бўлар, айниқса, дам олиш кунлари ёш ялангга тўлиб кетар, у ерда одамлар орасида бўлиш хавфсизроқ ва хатарсизроқ эди. Сен майдон томон югуриб борардинг. Ёнингдан зувиллаб изма-из иккита машина ўтиб кетди, лекин машиналарнинг ҳайдовчиларини кўришга улгурмадинг лип этиб ўтиб кетди - агар яхшилаб разм солганингда, унда машиналарни ҳам қошсиз одамлар бошқариб бораётганини кўрардинг, ва бундан юз чандон ваҳимага тушардинг, эҳтимол.

Сен очиқ майдонга чиққанингда, ростдан ҳам бу ер гавжум, одамлар бу салқин масканда шунчаки кезиб юришар, фаввора атрофидаги ўриндиқда ястаниб ўтиришар, дарахтлар тагида гуруҳ-гуруҳ бўлиб суҳбат қуришар, музқаймоқ ва ичимликлар дўкони олдида узун бўлиб навбатда туришар, майдоннинг қоқ ўртасида жанговор оркестр жарангларди; у қандайдир тантанали куй чаларди; бу куй одамнинг ҳам ғашига тегар, ҳам негадир кишини жиддий қилиб қўярди, тўғрироғи трубалар ва ноғоралар саси одам эшитиб юрмаган бу куйдаги тажовузкорона оҳангдан эсанкираб қолиши мумкин эди.

Сен дарахтлар ичидан оралаб, ичимликлар дўкони тарафга ўтмоқчи эдинг, тез юрганингдан ва кечаги майхўрликнинг таъсирида жуда чанқаб кетгандинг, бахтга қарши кун ҳам тобора қизиб борарди; қўрқувдан ва шошиб юрганингдан кўйлагинг баданингга чиппа ёпишиб қолганди, - лекин шу дафъа майдонда ўзингга қараб келаётган йигит билан қизни кўриб, шамдай қотиб қолдинг, сўнг шамдай эрий бошладинг; улар сенга яқин келиб қолган, бир-бирини ялаб юлқишаётганидан атрофларига деярли қарашмасди ҳам. қиз йўл-йўл эркакча кўйлак кийиб олганди у ҳаддан ташари гўзалга ўхшар, лекин қошсиз юзи кишини ваҳимага соладиган даражада оппоқ, деярли юз эмас, бош ўрнида рангсиз туғ хилпираб тургандек эди. Йигит ҳам жуда ёш, кўкрагига ялтироқ нишона қадалган, лекин арвоҳдай шарпасиз ва юзи ўта тафтсиз эди. Сен шундан сўнггига майдондагиларнинг юзига ва кийимларига тез-тез разм солиб чиқдинг - гўё бир бичимдан чиқишгандай, сувнинг тагида ётишгандек кўказак юзлар бир-бирига ўхшар, ҳаммаси қошсиз ва балиқдай чақчайган одамлар эди. Боя ҳовли ёнида кўрган икки йўловчи ҳам майдонда кезиб юришар, сен уларни жуссалари ва кийимидан таниб олгандинг, юзларига қараб, майдондагиларни бир-биридан ажратиш қийин эди.

Улар сенга орқа ўгириб турган қандайдир аёлга хушомад қилишарди, афтидан, ҳа деб кулишарди.

Ўзингни дарахтлар панасига оларкансан сени ҳаддан ташқари ваҳима қоплаб олди. Бу нима ўзи? Рўёми? Тушми? Эртакми? Ё қандайдир қўрқинчли суратми? Нима бўлди унга? Нега бу ҳолатга тушди? Ановилар ким? Бу саволларнинг ҳар бири сени оч бўридай кемирарди. Наҳотки гўё вақт ҳам, шамол ҳам, ва юрагинг ҳам тўхтаб қолгандай эди.

Наҳотки бутун шаҳарни баданидан зах ва ўлик ҳиди келаётган одамлар забт этиб олган бўлса? Наҳотки шаҳар шу арвоҳ сифат одамлар тасарруфига ўтган бўлса?

Майдон четидаги байроқ осилган мухташам бинода тенглик ва инсонпарварлик ҳамда фан тараққиёт тўғрисида қандайдир давъаткор шоирлар осилганди, гўё бу шиордаги сувларга ёмғирнинг ҳам ғаши келгандай қизил алвонни оққа бўяб ташлаганди.

Майдондаги одамларнинг кийими ҳам алланечук ғалати эди - кўпининг эгнида эскириб кетган нимдош мундир осилган, аёллар эса бундан қирқ-эллик йил бурунги андозада одмигина кийинишган, лекин ҳаммасининг кўзларида саросима, таҳлика ва гумон аралаш бир қўрқув қотиб қолган, гўё бу қўрқув уларнинг бутун баданидан уфураётгандай эди.

Балким унга шундай туюлгандир? Балким ўзи ваҳимага тушгани учун майдондагилар ҳам қўрқаётгандек бўлиб кўрингандир. Бу ғаройиб ва ёлғончи дунёда ҳар нарса бўлиши мумкин. Сен дарахтзорнинг қуюқроқ жойига кириб, ўзингни бироз босиб олмоқчи, майдондагиларни яхшилаб зимдан кузатмоқчи эдинг, бироқ шундоқ орқангдан, дарахтлар ичидан мозористон қарғасининг қағиллашига ўхшаш ғўнғиллаш эшитилди, сен ўзингни дарахт шохлари орасига олиб, дарров товуш келган тарафга ўгирилдинг. Сен куўмай қолгандинг, сен кириб ўтирмоқчи бўлган дарахтзор четига кенг суянчиқли ўтирғич қўйилган ва у ерда майдондагиларга қараганда бироз замонавийроқ кийинган, бири олифталарча ҳасса тутган икки киши гаплашиб ўтиришар. Сенга томон орқа ўгириб ўтирганлари учун сени кўришмаган эди, ваҳоланки, ораларинг икки қадам ҳам чиқмасди. Улар қандайдир шеърий унсурлар ҳақида гаплашаётган эди. Гоҳ-гоҳида кимларнидир ғазаб билан сўкишар, қоралашарди; Сен иккала суҳбатдошнинг аччиқланганини қулоқлари дилдираб кетганидан билиб қолардинг.

Бу иккала ғалати одамнинг гап сўзидан сўнг сен ниманидир ғира-шира англаётганга ўхшардинг. Англаган нарсаларингдан шунчалар қўрқиб кетдингки, бўғзингдан нимадир ўтиб кетди-да, бутун ичингни уйдириб ўтиб, оёғингдан чиқиб кетди.

Наҳотки, бутун шаҳарни ўликлар босиб олган бўлса?! Бу юзсизлар гуруҳи нега бунча шовқин-сурон қилишаётгани, телефон, қўшни ҳовлидаги шарпаларнинг сабаби буёқда эканда? Сен ниманидир англаганла ўхшардинг ва энди майдондагиларнинг кийимидан, юзидан, баданларидан уфураётган ҳиддан ҳеч бир ажабланмасдинг ҳам.

Бу ердан тезроқ кетиш керак, ҳозир сени шу қизиқтирарди, холос. Бу ерда - ўлик маҳбуслар салтанатида қолиб бўлмаслигини яхши англардинг; шаҳарда қолиш лаҳза сайин хатарлашиб борарди. Кетиш, хотинингни ва болаларингни бу ҳавфдан огоҳ қилишинг керак эди. Токи улар бу даҳшатни кўрмасин.

Майдонда оркестрнинг жанговор куйи жаранглар, қандайдир ҳарбий қисм тантана билан ўтиб борар, улар саф тортиб юришларига қараб, одамнинг эти жимирлашиб кетарди. Гўё улар бирон ҳарбий мақсадда эмас, айнан, одамларни ваҳимага солиш учун саф тортиб ўтишаётгандек эди, атрофда, гулзорларда, соя салқин жойларда юзида қони йўқ, кўзлари ўт бўлиб чақнаган, бўйинлари дарроз одамлар бутун майдон бўйлаб кезиб юришарди. Уларнинг кўзларида умрлари каби шубҳа ва нафрат ёниб турар, ҳеч нарсадан ажабланмай қўйган қорачиқларида бошқа бир ифодани қиш қийин эди. Уларнинг ўзларини тутишлари ава хатти-ҳаракатлари осмонда бирон ўлакса излаб айланиб юрган оч қузғунга ўхшар, фақат буларнинг қанотлари йўқ эди. Баъзан бу кўзларда ҳаётнинг чигал калавалари сочилиб ётганини, гўё одам на тупроқдан, на сувдан эмас, фақат ғазаб ва нафратдан яралгандай, уларнинг бутун вужудида аламзадалик аралаш худбинлик ва жоҳиллик фуриб турганини, синчиклаб қараган одам қорачиқларининг тўрида шамлари учиб ётган абадият меҳробини кўриш мумкин эди ва булар ҳаммаси уларга нисбатан кишида ҳайрихоҳликни эмас, қандайдир қўрқув ва ваҳимани уйғотар, уларнинг кўзларидаги ана шу осойишталик ва махталликка ўхшаш кўникма уларни қандай қилиб бу ақл ва тафаккурнинг харобаси каби на бирон режа, на бирон мақсад билан эмас, балки пала-партиш қуриб ташланган, бинолари қадим даврлардаги - дарвоқе унчалик ҳам қадим ҳам эмас - авахталардан андоза олиб қурилган шаҳарга нега тўсатдан билдирмасдан бостириб келишганини ва ҳеч бир қаршиликсиз бутун шаҳарни эгаллашганини фош қилиб турар, ана шу фош қилишнинг ўзиёқ ваҳимали ва даҳшат эди - ахир уларнинг заҳил, чандиқли юзлари одамни бир зум эсанкиратиб қўяр, ва эътиқод, садоқат, эзгулик деган, одам бир умр сиғиниб келган ўтишга арзийдиган туйғулар аслида пуч нарсадан иборат эканликларини улар ўзларининг қисматларида ва майдонда, шаҳар кўчаларида бесару-пой изғиб юришлари билан исботлаб тургандай бўлишарди; буларнинг барини сен дарахт тагига чўккан кўйи майдондагиларни кузатиб туриб ўйлаган эдинг ва яқингинада сен ўзинг ишлайдиган рўзномада бу ўлик маҳбуслар ҳақида шундай фикрларни ёзган ва мақоланг шов-шувларга сабаб бўлганди. Ўша куни уларга қараб туриб яна неларни ўйлагандинг? Сенинг қалбингда қандай гумон айиқлари ўкирди, бу менга қаронғу. Менга аёни фақат ҳуки, қиёфасиз, ва ўликнусха одамлар шаҳарни ўзлариники қилиб олганларига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. қачон?! қай маҳалда?! Фақат мана шу нарса жумбоқ. Наҳотки, бир кечада шунчалик ўзгарса?? Ёки сен гемеолитлардай ойлаб ухлаб қолдингмикан?! Бўлиши мумкин. Унда хотини бир ҳафтадан сўнг қайтиб келаман деганди, нега улар йўқ? Ёхут бу ўлик шотирлар қўшнилари каби болалари ва хотинини олиб кетишдимикан? қайга? Нега?

Сен яна саволлар тиғи паррони остида қолгандинг, нима қилиб бўлса ҳам бу ердан кетиш кераклиги дамо-дам бутун ҳаёлингни банд этиб оларди. Бироқ қаерга?! Балким булар бутун дунёни эгаллашгандир?

Сенинг кўзинг тиниб, бошинг айлана бошлаганди, сен ҳатто ўрнингдан ирғиб турганингни, дарахт шоҳи чап юзингни тилиб ўтганини ҳам билмай қолдинг, эхтиёткорликни ҳам унутиб қўйгандинг. Хаёлинг паришонлигидан юрагинг ғазаб ўчоғига айланганди. Кўнглингни қоплаган машъум фикрлар, васвасалар оғушида йўлакни телба каби кесиб ўтаётганингни анча кеч - ёнингдан ўнгингдан сўнгингдан қонсиз, совуқ юзлар қаҳр билан еб қўйгудай тикилаётганини алоха сезгач англадинг, юзлари рангсиз, туғ каби хилпираган одамлар ўзларини четга олишар, изингдан балони кўргандай тикилиб қолишар, қий-чув кўтариб, кимларнидир ёрдамга чақиришарди; Хушинг ўзига келганида майдоннинг ўртасига бориб қолгандинг - энди орқага қайтиб бўлмасди; орқада сенга чақчайган кўзларини тикиб турган бир тўп оломон турарди, олдинда ҳам бир гуруҳ қиёфасиз одамлар сенга серрайиб қараб туришарди, фақат ўнг тарафдаги анҳорга қурилган ёлғизоёқ кўприккина бўш эди; Сен буларнинг ҳаммасини жуда тезликда ҳисоб-китоб қилиб чиқдинг, ўзингга қараб турганларни ҳуркитганча, олдинга қараб интилмоқда эдинг, бурақам - одамлар қурозсиз бўлсалар ўзингдан чўчишини билиб қолган эдинг: Бироқ шу пайт бутун майдонни ларзага солган буйруқ янгради.
— Ушланглар! Тириклай ушланглар.

Сен товуш келган томонга қарадинггу олд тарафдан ўзингга қараб югуриб келаётган учта аскарни ва боя уйинг олдида кўрган камарли кишини кўрдинг. Орқада ҳам сени қуролли кишилар қуршаб олганди - фақат битта йўл, кўприк очиқ эди; Сен кўприкдан ўтсанг бўлди, нарёғи қаровсиз, сердарахт хиёбонга чиқиб олишингни билардинг, балки қутулиб ҳам кетарсан? Сен кўприкка қараб югурдинг. Оёқларинг шу даражада чаққон бўлиб қолдики, ўзингда қўрқув аралаш эллик газча келадиган анҳордан ҳам сакраб ўта оладиган куч сездинг. Кўприк зиналаридан икки сакраб чиқиб олдинг ва ички сезги билан овчилар орасига тушиб қолган оҳу каби бирдан ўзингни майдондаги оломон қувлаб жўнаганини билдинг, орқангдан минглаб отлар қувлаб келаётгандек қулоқни қоматга келтирадиган дупур-дупур ва аёлу-эркакларнинг чинқириқлари эшитила бошлади - агар изингдагилар таъқибни шу тариқа давом эттирса тезда кўприкка келиб тиқилиб қолишлари ва бир-бирини босиб янчиб ташлашларини билардинг, бу сенга жуда қўл келарди - токи таъқибчилар ўзларини ўнглаб олгунларича ташландиқ хиёбонга бориб қолишинг, ундан сойлик бўйлаб яшириниб шаҳардан чиқиб кетишинг мумкин эди - бироқ бирдан орқангдаги шовқин бир зум тингандек бўлди ва нақ оёғинг остида нимадир портлагандай гумбурлади, визиллаб келиб чап сонингга нимадир жозиллаб ёпишди ва суягинг бўлак-бўлак бўлиб шарақлаб тўкилиб тушгандай кўз олдинг тиниб кетди, сен сўнгги пиллапояга қоқилиб ағнаб тушдинг, ағнаркансан изингдан қувлаб келаётган жоҳил, ғазабнок оломонни ва қўлида қурол ушлаган, ҳозиргина сенга ўқ узган одамни кўришга улгурдинг, у одам қиррадор қалпоқ кийган ва сенинг уйингда турган отангнинг суратидаги қиёфага жуда ўхшарди, эҳтимол ўшадир, эҳтимол қайтгандир?» деб ўйладинг, аммо бошқасини англай олмадинг ва чакканг зарб билан кўприк панжарасига урилди; Сўнг ҳаммаси тиниб қаергадир ғойиб бўлгандек туюлди, тошиб кўпириб чиққан сув сеҳрли куч таъсирида яна ўз ўрасига қайтиб сингиб кетгани каби, сен билган осмон, ер, дарахтлар, ранглар ва бутун дунё бир-бирига аралашиб кетиб, кичик бир қизғиш, ушлаб бўлмайдиган хира нуқтага айланди - сен ҳушингдан кетаркансан устингга етиб келган қошсиз ва юзсиз чақчайган одамларни, уларнинг жаҳлдан ўзларини йўқотиб қўйгандек шовқин сурон қилишаётганини, сени кўрсатиб нелардир деб кулишаётганини, камарли кишининг бақирганини, оломонни бир четга ҳайдаётганини, замбилга солиб қайгадир кўтариб боришаётганини, атрофингда арвоҳ сифат оломон тантанавор ва зафарли қийқиришаётганини, кимнидир тинмай олқишлаётганини, ва майдонда оркестр ҳамон тажовузкор ва жанговор куй чалаётганини оломоннинг шовқин-сурони ва қийқириғи тобора кучайиб бораётганини, гўё қачонлардир қўргану, энди эсингдан чиқиб кетган ва хотирлаш мушкул бўлган манзарадай элас-элас илғаб қолдинг.

Сўнг ҳаёлингнинг бир четида серфайз ёз оқшомидаги тўлин ой пайдо бўлди ва бир неча дақиқа шуурингни ёритиб юборди, сен бу ой қурмагур бунчалар чиройли, оромбахш нур таратмаса деб ўйладинг, сўнгги дақиқаларда эса кўксингга жавонда турган костюмимни ақалли бир марта ҳам кийишга улгурмадима, деган бир жосусона афсус оралаб ўтди ва сен бошқа бу нарсалар ҳақида ўйламаслик учун осмон акс этиб турган кўзларингни юмиб олдинг.

Оломон шодон қийқирганча сени қайгадир кўтариб боришарди, қаердадир радио карнайдан фаннинг сўнгги ютуқлари ва байрам олди чақириқлари ўқиларди, майдонда эса оркестр сафга чорлаб ҳамон тантанавор куй чаларди...