OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНазар Эшонқул
Асар номиҚултой (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Назар Эшонқул
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм50KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қултой (ҳикоя)
Назар Эшонқул

«
..Кетсин мендан оҳу войим,
Обод бўлсин мазгил жойим,
Дуо қилган, қиблагойим,
Отам Қултой, хуш қол энди...

«Алпомиш» достонидан Алпомиш сўзи
»

Юзи аралаш тушган қамчидан сўнг орқасидан тепки еди — кўпкариларда ўзларига йўл очиш учун олдини тўсган отларнинг биқинига тепиб ўрганган қайнилар бу барзанги ва на хотинни, на рўзғорни биладиган, умри молнинг изидан таёқ судраб, қир-у адирларда ўтаётган ва шунга яраша куч-қувватга тўлиб турган одамни бошқа жойига тепиб йиқитиб бўлмаслигини, хотинидан бошқа ҳеч кимга айтмаган сирини — айнан шу чап оёғини қирнинг устида бўри ғажиб, қувватсиз бўлиб қолганини билишгандай мўлжалдан адашмай нақ тиззасига, бўрининг тишлари қолган ва беш йилдан бери намгарчилик пайтлари зирқираб, азоб берадиган чандиқ устига орқа тарафдан кетма-кет зарба беришди — Улжоннинг кўзидан ўт чақнаб кетди. У оёғим синди деб ўйлади ва шунинг учун энди нима қилиб бўлса ҳам моматалоқ бўлиб кетмасин деб, бир пайтлар Ражаб чўпон билан Толли яйловида муз ёғаётган дўл остида қолиб, устига эшакнинг жабдуғини ёпиниб қутулиб қолишгандай, дўлдай ёғилаётган қамчилардан ҳимояланиш учун юзини қўллари билан тўсганча ҳар қандай ҳўкизни орқа оёғидан бир тортиб, қассобларга боғлаб берадиган чайир панжаларига агар биронтасининг ақалли балоғи илашиб қолса ҳам худди қутурган шердай тагига тортиб, тилка-пора қиладигандек, қайниларининг яқин келишини пешонасидан сизаётган қондан ачишиб турган кўзларини қисиб олганча пойлаб ётар, қайнилар ҳам ичидагини билиб туришгандай оёқларини унинг қўллари етмайдиган масофада сақлаб, худди пахта савалашаётгандай бири қўйиб, бири қамчилар, Улжон энди тақдирга тан берган кўйи, кўз олдига негадир ҳали қулоғи кесилмаган кучуги келган, кейин булар мени ўлдириб қўйса, изимдан йиғлаб қоладиганим ҳам йўқ, анови эси кирди-чиқди маймоққа эса мен ўламанми, қоламанми, фарқи йўқ, у мендан кейин ҳам этагига тезак йиғиб, ўтган-кетганга ишшайиб юраверади деган жосусона фикр лип этиб ўтганди-ю томоғига аламли хўрсиниқ тиқилиб, ҳатто қаршилик қилиш ҳақида ўйлашга ҳам қурби келмай, бўшашганча, ўзи неча марта кўзига қараб туриб, бўғизлаб ташлаган новвосларнинг жонҳолатда пишқиргани каби ҳансираб ётаркан, бирдан аёлнинг чинқириғини эшитди-қайдандир маймоқланиб Арзихол пайдо бўлганди; у қайниларнинг атайлаб учига қотирилган тери ўрнатилган қамчилари моматалоқ қилаётган Улжоннинг бошига ўзини ташлади: энди қамчилар аёлнинг елкаси аралаш визиллар, Арзихол бор овози билан қишлоқдошларини ёрдамга чақирганча, худди ёш гўдагини бағрига олиб, бостириб келаётган бало-қазолардан асраётгандай Улжоннинг бошини товон-у бармоқлари бирлашиб кетган майиб оёқлар билан туғилгани ва айни шу нуқсони учун соғлом ва нуқсонсиз одамлар дунёсида бир умрга бўйнини қисиб, бошини эгиб юришга маҳкум этилгани бери бошидан аримаган ҳақорат ва хўрликдан йилма-йил кичрайиб бораётган миттигина жуссаси билан тўсиб олганди. Улжон нақ бурнига тегиб турган аёлнинг кўкрагидан ачимсиқ тер ва ўзига жуда таниш бўлган кўкрак ҳидини тўйди: бир зум у бу ҳид қаердан келаётганини ва бу ҳид димоғида қачон ва қандай ўрнашиб қолганини англолмай, ўзини калтаклашаётганини ҳам унутиб, беихтиёр худди эмаётгандек тамшанди. Тамшанди-ю, кейинчалик шу ҳолатини эслаб жаҳли чиқди, сал бўлмаса, иккита сигирнинг оёғини гаврони билан уриб синдираёзди. Икки-уч ойдан кейин хотини уйга қайтиб, боласини эмизиб турганини кўрди-да, яна ўша ҳид эсига тушди. Бу ҳид жуда таниш, шу билан бирга нотаниш эди. Қисир сигирдан фарқи йўқ, бир маймоқ тўқолнинг кўкрак ҳиди ўзига таниш бўлиши ғазабини келтирди ва отасидан ўрганган одатини қилди: подага қўшиш учун сигирни етаклаб чиққан Арзихолниннг елкасига алам билан гаврон туширди. Бу марта аёлни аяди, гавроннинг учигина тегди. Арзихол унинг қўрс ва қўпол муомаласига ўрганиб кетганди. Елкасига гаврон тушганда майишиб кетар, оғриқни билдирмай унга ожиз ва ялинчоқ тарзда тикилганча маймоқ оёқларини судраб, нари кетарди. Шундай пайтлари Улжон Ражаб чўпондан ўрганган сўзлар билан «Eнағар, маймоқ!« деб сўкинарди. Ражаб чўпон одамови ва қаҳри қаттиқ одам эди. Унга мол билан одамнинг фарқ йўқ, ким жаҳлини чиқарса, узун гаврони билан тушириб қолар, шунинг учун терсоталиклар уни кўпам давраларга қўшавермас, у подаси билан яйловда қанча юрса, қишлоқ шунча тинч бўлади дейишарди. Унинг ана шу қўрс ва ўзига ёқмаган ҳар қандай масалага гаврон билан аралашиш одати, гарчи пушти камаридан тушган фарзанди бўлмаса ҳам Улжонга тўлиқ кўчиб ўтганди. Ражаб чўпон қаҳри қаттиқ бўлгани билан мижғов эмасди. Улжоннинг асранди эканини бирон марта ҳам юзига солмади, шу сабабли Улжон бу уйга асранди экани хаёлига ҳам келмасди. Бола қизи билан кўкрак талашиб катта бўла бошлагач, бировнинг фарзанди экани ҳам Ражабнинг эсидан чиқиб кетди ва у олти ёшга кириши билан ўзига қўшиб, подага олиб кетди. Шундан сўнг гоҳ Чит устидаги, гоҳ Толлидаги яйловларда ойлаб қолиб кетишар, ота-бола пода кетидан юриб, ўз изларидан худди ўз умрларининг ёрқин ва навқирон даврларини бирма-бир ёқиб, кейин ўчиришаётгандек тутаб ётган ўчоқлар билан бирга мол тезаклари қолдирганча, гавронлари билан сигир оёқлари-ю ўзларига ёқмаган одамлар елкасига жиззаки феълларининг асоратларини чизиб, ўзларининг гоҳ юввош, гоҳ зардали кайфиятлари каби ўзгарувчан фасллар-у йилларни бу тоғ яйловлари ва дашту-далаларга бирма-бир алмаштириб чиқишарди. Улжон мактабда ўқимади, унинг борлигини биров эсламади ҳам. Шунинг учун худди дашт бўриси каби жиззаки ва циркаси сув кўтармайдиган қизиққон бўлиб ўсди. Орадан йиллар ўтиб, балоғат ёшига етгандагина, ҳужжат кераклиги ёдига тушишдими, Ражаб чўпон бир қўзили қўйга эски таниши орқали туғилганлик гувоҳномасини тўғирлаб олди. Шундай қилиб, Улжоннинг асранди фарзанд экани ҳам, кенжа қизи икки ойлик бўлганда, баҳорнинг охирларида безгак тутиб ётган хотини касал ҳолида отасиникига кетиб, қўлида бир ҳафталик бола кўтариб келгани ҳам эсидан чиқиб кетди. Ўшанда у хотинининг қўлидаги эти ҳилвираб ётган чақалоқни кўриб, отасиникида икки кун қолиб кетгани учун гаврон билан савламоқчи бўлди-ю, аммо хотинининг ўзига ялиниб, илтижо билан титраб, безгак тутиб турганини кўргач индамади. Устма-уст қиз туғиб, мендан калтак еявергани учун ҳам бу болани олиб келган деб ўйлади ўзича. "Бир қариндошимиз туққан куни ўлиб қолибди, қизинг ҳали сутдан чиқмаган деб менга беришди, бу энди бизнинг боламиз, отаси" деди Роҳат. Ражаб энди туғилган қўзичоқдай бўлиб ётган чақалоққа қаради-ю, бошқа бу бола кимнинг боласи, қандай қариндоши бўлади, қайнотаси нега касал хотинини айнан шу кунлари Читга шошлинч чақирди ва хотини қандай қилиб бу болани олиб келди, қайта суриштириб ўтирмади. Ҳатто унга исм қўйиш ҳам эсдан чиқиб кетди. Орадан бир ҳафта ўтмай хотини безгакдан қалтираб иккита чақалоқни боқишга қийналаётганини айтди ва отасининг уйида ўтириб қолган маймоқ синглисини олиб келишини сўради. Ражаб чўпон индамади. Хотини куви пишишга ҳам қурби етмай қолганини ва кундан кун худди кузги шувоқдек тўкилиб бораётганини биларди—Арзихолни қайнотаси бир сўз демай, худди бу эр олмас қиздан безор бўлишгандек, битта эшак қулоғича келадиган бўғчага ўралган кийимлари билан ташлаб кетди. Ҳатто куёвнинг кўзларига қарамади ҳам. Ражабнинг майдакашлик одати йўқ эди. Бунга эътибор ҳам бергани йўқ. Кейинчалик бола юра бошлаганда Ражаб боланинг бўлиқ оёқларига қараб туриб, хотинига »Бу энди бизнинг ул бўлди, Улжон қўяқол» деди. Шундай қилиб, Читлик бола Ражаб чўпоннинг меросхўри бўлиб қолди ва Арзихол ҳам қайтиб отасиникига кетмади. Улжоннинг ҳам асранди экани баъзида келиб, отасининг уйи-ю молига иддао қилиб кетадиган қизлари демаса, ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Аммо қизлар Ражаб чўпоннинг Улжонга бўлган муносабатини кўриб, бу ҳақда очиқ-ошкора оғиз очишмасди. Роҳат тўшакка михланиб қолгандан кейин бутун рўзғор мўйлови сабза уриб, отасидай бағритош ва қўпол бўлиб вояга етаётган Улжоннинг турткилашлари-ю қамчиларидан қирқдан ошар-ошмай муштдай бўлиб қолган шу маймоқ аёлга, Ражаб чўпондан сўнг қишлоқнинг подаси эса Улжонга қолди.

Улжон Арзихолни бошидаёқ ёқтирмасди: у бу мажруҳ аёл нега ўзлари билан яшаётганини узоқ вақтгача тушунмади — кейин эса онасининг ўрнидан туролмай ётганда ёлғиз шу майиб холаси кунига яраётганини кўрганда, баттар ғаши келди: унга бу аёлнинг бирон ишни эплаб қилолмаслиги, иш буюрса, ҳамиша чаласи бўлиши, чироқ ёққанда, шишаси ёрилиши, идиш ювганда коса синдириши, нон ёп деса, хамир оқиб кетиб, нонсиз қолишлари, соғиб олган сутига, албатта, мол гўнги қўшилиб қолиши, умуман, аёлга хос бўлган жуда кўп фазилатлар бу Худо урганда йўқлиги унинг ғашини келтирар, устига устак бу аёлга раҳм қиладиган, унга ачинадиган одамнинг ўзи йўқ, отасидан тортиб, опаларигача Арзихолга бир кераксиз ва ортиқча буюмга қарагандай қарашар, боболари билан тоғалари ҳам Читдан қидириб келишганда Арзихол билан номига сўрашар, гўё у аллақачон ўлиб кетгандай, бу майиб аёл бир бегонадай, унинг ҳали ҳам ўша отаси билан олиб келган бўғчадаги кийимлари устига илиниб турган абгор қиёфасига эътибор ҳам беришмас, Роҳат эса касаллик ҳеч кимга кераги бўлмаган бир маймоқни эмас, айнан ўзини танлаб, ҳаёт шамларини бирма-бир ўчираётгани учун алами келгандек ётган жойида Арзихолни «Сен тўқол, мени ўзингдай бебурд қиласан, мени иснодга қўясан» деб қарғанар, кўзи тушган жойда уни гўрдан олиб, гўрга тиқар, шунда ҳам бу аёл хўрлик ва ҳақоратга лойиқдай бирон эътироз билдириш тугул, ҳамиша қўрқиб, ҳуркиб, бурчак-бурчакларга бекиниб, бировларнинг кўзига кўринмай яшар, бу эса Улжоннинг ғашини баттар келтирар, уни кўрган жойда турткилаб ўтар ва ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб сўкарди.

Қайниларининг қирдан ошиб келаётганини кўргандаёқ Улжон буларнинг нияти бузуқлигини билганди. Аммо том айланиб қочишга ё бекинишга ғурури йўл қўймади. Отнинг абзалини тортганча уларни пойлаб тураверди. Биринчи қамчи келиб тушганда, от ҳуркиб, қочиб қолди. Қишлоқда ҳар ким ўз иши билан банд, тўртта барзангининг қишлоқдаги ҳар қандай йигитни бир чўқишда қочирадиган Улжондай одамни уйига келиб калтаклаши хаёлларига ҳам келмасди. Аммо қайнилар бир сўз демай куёвни савалашга тушишди. Товуқларга дон бериб, катакдан ўрмалаб чиқаётган Арзихол кўриб қолиб, ўзини устига ташлаб, бор овози билан бутун қишлоқни оёққа турғизгандагина қишлоқдошлари ажабланган кўйи бирин-кетин югуриб кела бошлашди.

Бойқул чол Қўшкўллик қайниларни жеркиб берди.
— Сингилларингни ҳайдаб юборган бўлса, қамчи билан қўшасизларми? Ҳе, ўргилдим сизлардай оркашлардан.
— Синглимиз энди бу ҳўкизнинг уйига ўлса ҳам келмайди! Бунга бошқа хотин топиб беринглар! — деди ўртанча қайни.

У жимитдай гавдаси билан Улжоннинг бошини тўсиб олган Арзихолнинг елкаси оша қамчи туширганда акасидан бир қамчи еб, бўйнини ушлаб турарди.

Қайнилар от чопиб, қишлоқларининг орини кўтариб юрган одамлар эди. Кекса чол билан тортишиб ўтиришмади. Бундан ташқари терсоталиклар ҳам ўз қишлоқларига қамчи кўтариб бостириб келишганидан нафсонияти қўзғалиб, бири таёқ, бири паншаха кўтариб олишган, важоҳатларидан ака-укаларни ғажиб ташлагудек кўринишарди. Улар отларига миниб, бир сўз демай жўнаб қолишди. Арзихол юзидан сизаётган қон бўйни орқали ичига оқиб кетаётганидан бехабар Улжоннинг юзидаги жароҳат изларини рўмоли учи билан артар, нарига учиб кетган телпагини қоқиб бошига кийдирарди. Унинг меҳрибончилиги Улжоннинг жаҳлини чиқарди. У ўзига келиб, аёлни итариб юбориб, ҳали қирга етмаган қайниларига бир кўз ташлаб, омборга қараб югурди. Арзихол унинг нима учун омборга кирганини билди. Маймоқланиб, Бойқул чолга нимадир деб ғулдураганча, изидан чопди ва омборнинг эшигига таёқ ўтказиб қўйди. Ичкаридан Улжон эшикни тепиб бақираётгани эшитилди. Улжон бир илож қилиб, эшикни бузиб, қўлида милтиқ билан чиққанда қайнилар аллақачон қир ошиб кетганди. Улжон аламига чидолмай қўндоқ билан Арзихолни бир уриб йиқитди.
— Энағар маймоқ, уларнинг ўрнига сени ўлдираман!

Улжон хотинининг кетиб қолиши-ю, қайниларининг ўзини савалашгани аламини биратўла маймоқ аёлдан олди: ҳар доим подадан қайтганда Ражаб чўпон оёқ остида ётмаслик учун ўргатган жойга — айвоннинг шифтига тиқиб қўйилган узун ирғай таёқ билан Арзихолни солиб қолди. Аёл сал бўлмаса икки қадамга, айвонга териб қўйилган буғдой қоплари устига учиб бориб тушди: унинг жимитдай танаси худди коптокдай юқорига кўтарилиб тушганини бу ерга нафсониятлари қўзғалиб эмас, кўпроқ томоша учун келган терсоталиклар аниқ кўришди. Арзихол Улжонга ожизона ва заиф овозда нимадир демоқчи бўлди, мусичанинг қуриллашидай овоз чиқарди, аммо ҳеч нарса демади, таёқ тушиши билан бошидан учиб тушган рўмолини олиб, эсига тушгандагина қатиққа ювиладиган сочи патак бўлиб ётган тўзғоқ бошига ташлаб, Улжоннинг кўзидан яшириниш учун молхона тарафга пилдираб ўтиб кетди.

Kechga yaqin Oʻrol usta qop-qorayib ketgan tayoq oʻrnini koʻrib, zaiflashib qolgan tirsakni ushlab koʻrarkan, ayolchalish qilib qargʻandi:

— Hoʻkizday boʻlmay oʻl-da, sen, Uljon. Kelib-kelib bir mayibga kuching yetdimi? Qoʻlini sindirib qoʻyibsan-ku, juvonmarg.

Arzixolning ogʻriqdan koʻkarib ketgan yuziga qarab, oʻzi ustani boshlab kelib, oʻzi dakki eshitayotgani jahlini keltirdimi, yo qilgan ishidan uyaldimi, Uljon cholga bir ogʻiz gap qaytarmay nari ketdi.

— Uni qargʻamang, usta bova, — dedi Arzixol ogʻriqdan terlab, inqillarkan. — Ayb oʻzimda. Oʻzim yiqilib tushdim. Xotinini men sigʻdirmadim. Meni deb ketib qoldi. Nima qilay, men bir Xudo urgan ayol ekanman. Bunga ham dardisar boʻldim. Oʻzi opamning oʻrniga men oʻlib ketsam boʻlardi.

Tersotaliklarning birontasi Uljonni koyiy boshlasa va u haqda yomon fikr bildirsa, Arzixol birdan uni «Aslida ayb menda, opamning oʻrniga men oʻlib ketsam yaxshi boʻlardi« degan soʻzlar bilan himoya qilishga tushardi. Rohat odam tanimay, koʻzlari orqali rozi-rizolik qilib yotarkan, Arzixol rozilik soʻrash oʻrniga »Sizning oʻrninigzda men oʻlsam yaxshi boʻlardi, Uljon ham shuni istayapti», deb yigʻlaganini hali haligacha qishloqdoshlari eslab yurishardi. Tersotaliklar bu majruh ayolning hamisha oʻzi qilmagan aybni boʻyniga olishi va hamisha hurkak, bir narsadan xavotirda yurganday doimo Uljonning oldida qaltirab turishi, Uljon desa kasalligiga qaramay oʻrnidan turib ketishi, Uljon kelmasa kechalari toki u kelguncha mijja qoqmay chiqishi, ba’zida och ketganda, ovqat koʻtarib, mayib holiga qaramay, ikki qir nariga — yaylovga piyoda borib kelishi, bolalari va xotinining tayyor choʻrisi boʻlib qolganining sababi — ayol unga oʻrganib qolgan, shu sababli Uljonning uydan haydab yuborishidan qoʻrqadi, poda izidan yuraverib, oʻzi ham hoʻkizga oʻxshab qolgan bu yovvoyi uni haydab yuborishdan ham qaytmaydi, shuning uchun ham bu ayol oʻziga shuncha azob bergan odamga baribir mehribonlik qilaveradi, chunki bu asrandini chaqaloqligidan oʻzi koʻtarib katta qilgan, oʻz bolasiday boʻlib qolgan, bir uyga beka boʻlish baxtidan mahrum boʻlgan shoʻrlikning shu choʻpondan boshqa bu dunyoda ovunchogʻi qolmagan, faqat shu Uljonga boʻlgan mehrgina bu bebaxtni dunyoda ushlab turibdi deyishardi. 

Oʻrol usta oʻshanda qariyib oʻttiz yildan beri Rajab choʻponning uyida yarim jon va mittigina boʻlishiga qaramay, qoʻli kosov, sochi supurgi boʻlib qolgan ayolning yiqilib tushganiga ishonmagandi: tayoqning oʻrni bilinib turardi. Arzixol hech qachon biron kishiga aytmagan boʻlsa ham uning goh peshonasi, goh yuzi shilinib, koʻkarib yurganini koʻrgan qishloqdoshlari bu Uljonning ishi ekanini bilishardi. Usta Oʻrol tuxum surtib, Arzixolni dodlatib, tirsakni xuddi munchoq terayotganday silab-ishqaladi, singan suyaklarni qoʻli bilan tekislab boʻlgach, chorchoʻp qilib bogʻlab qoʻydi. Ogʻriq qolgandek boʻldi-yu, ammo Arzixolning tirsagi yillar oʻtishi bilan qaltiraydigan, keyin esa, salga chiqib ketadigan darajada moʻrtlashib qoldi. Oradan yillar oʻtib, Arzixolning chiqib ketgan tirsagini xuddi qoʻgʻirchoqning qoʻlidek joyiga solib qoʻyishga Uljonning bolalari ham oʻrganib ketishdi, tirsakni joyiga solish payti ayol dod-voy qilib turganda, Uljon sekin uydan chiqib ketar, shuncha yillar oʻtgan boʻlsa ham negadir qaynilari kelib ketganda alam ustida Arzixolni kaltaklagani yodidan chiqmas va oʻsha kungi ter hidi kelayotgan koʻkrak hidini dimogʻida tuyardi. Vaholanki, u bu maymoqni jahl ustida tayoq bilan solib, mayib qilib qoʻyay degan holatlar umri davomida koʻp boʻlgan, bularning birontasi ham esida qolish tugul, hatto bir moʻyini qilt ettirganini eslolmasdi. Nega aynan oʻsha kungi voqea yodida bunchalik uzoq saqlanib qolganini tushunmasdi. Eng kayvoni kampirlaru oqsoqollarning ham qoʻlidan kelmagach, tersotaliklarni hayratga solib, poyu-piyoda maymoqlanib Qoʻshkoʻlga kirib borgan Arzixol bilan birga uyiga qaytgani sababli singillari bilan yuz koʻrishmas boʻlib ketgani uchunmi yo turmush degani chimildiqdagi entikishdan boshqa narsa ekanligi tufaylimi, xotinining tobora injiq va mijgʻov boʻlib borayotganiga qaramay izma-iz tugʻilayotgan bolalar oʻsha kungi kaltaklanganining alamini ham, xotinining zaif joyini sotib qoʻyganini ham, qaynilari uni urish uchun aynan oʻsha zaif joyidan foydalanishganini ham, oʻsha kuni Arzixolni jahl ustida urib, birinchi marta chekkan xijolatini ham uning xotirasidan surib chiqarishdi, ammo achimsiq, ter ta’mi bor koʻkrak hidi esidan chiqmadi. U bu hidni ilgari qaerda hidlaganman deb keng vodiyda yoyilib oʻtlayotgan podalarga xuddi oʻz mulkini kuzatib turgan shahonshohday sersolib qaragancha, Arzixolnining goh yelkasi, goh oyogʻiga tushaverib, oʻzi ham ayolning bilak va yelkalariga qoʻshilib, yilma-yil yeyilib-silliqlanib borayotgan tayoqqa suyanib, azobli oʻyining tagiga yetishga urinardi. U yillarning uvalanib ketgan kesaklari va suvoqlari ostida qolgan yiltillab turgan oʻsha xotirasini topgandek boʻldi: Arzixol maymoq chaqaloqligida oʻzini ovutish uchun koʻkrak bergan, shu yoʻl bilan Rohat onasi yoʻq paytlari, keyin esa, kasal boʻlgandan keyin hamisha ter hidi kelayotgan, oyoqlaridek zaif va hayot asari yoʻq, xuddi suzmasi achib qolgan xaltadek soʻlgʻin, sassiq koʻkragini ogʻziga tutgan, hid oʻshandan dimogʻida qolgan deb oʻyladi va bu uni battar tutoqtirib yubordi — u bu maymoqni er ham olmagandan keyin menga koʻkragini berib, oʻzini ovutgan, shuning uchun meni xuddi oʻzi tugʻib qoʻyganday mehribonlik qilgan, bu hid oʻsha paytlardan xotiramda qolgan degan xulosaga keldi: bu uning jahlini battar qoʻzgʻadi, agar shu payt maymoq oldida boʻlganda, gavroni bilan yelkasiga solib qolishdan va sogʻ qoʻlini ham mayib qilishdan qaytmasdi. Shuning uchun u keyinchalik ham Arzixolning mayib oyogʻiga qoʻshilib, oʻng qoʻli ham butunlay ishlamay qolganda, biron marta oʻzini aybdorday his qilmadi: aksincha, uning bir paytlar, onasi oʻrniga oʻzining shoʻrlangan teriday koʻkragini tutgani uchun kechirolmadi. Uljonning ayolga boʻlgan bunday munosabati keyinchalik uning bolalariga ham oʻtdi: esini taniyotgan bolalari ham chaqaloqlarning ishtonini yuvishmi, tezakdan guvala qilishmi, qozon ostiga olov yoqishmi, qish kunlari qurigan yulgʻun terib, toʻqayzor titib yurishmi, hammasi maymoq ayolning chekiga tushganidan zarracha ham ajablanishmay qoʻyishgan, uni momolarining singlisi deb emas, uylaridagi oʻzlari qilishga irganadigan yoki qoʻllari bormaydigan qora ishlarni bajarishga mahkum etilgan choʻri deb tasavvur qilishar, Rohat oʻlgandan keyin Arzixol sichqon hidi bosib ketgan omborga koʻchib oʻtgan — Uljon nozik mehmonlarga ataylab togʻda otib kelgan, shamolda quritib, qotirish uchun omborni toʻldirib ilib tashlagan va qotgani sayin shuncha mazasi chiqadigan toʻngʻiz etlari bilan birga bu ayolning umri ham kichkina hujrada yilma-yil quruqshib borardi. 

Aslida xotinining ketib qolishida Arzixolning aybi yoʻq edi. Arzixol kelinni haydatib yuborish tugul, unga oʻqrayib qarashga ham yuragi betlamagan, aksincha, kelin kelgan kunidanoq bu maymoq ayolga butun jasadini tashlab olgandi. Oldiniga nomiga boʻlsa ham Uljonning onasi oʻrnidagi xolasi, shularning xizmatini qilasan deyishdi kelinga. Ammo Arzixol kelinga xizmat qildirishga imkon ham qoldirmadi. Hali chillasi chiqmagan deb uy yumushlarini oʻz zimmasiga oldi — kelinning baxti bor ekan — chimildiqdaligidayoq tekin xizmatkorga ega boʻldi. Kelin poda izidan ketgan, ba’zi kechalari tuni bilan ham yaylovda tunab qoladigan kuyovni kutib oʻtirgan tunlarda Arzixol uni ovutishga urinardi — hali hech kimga, hatto oʻz opasiga ham aytmagan sirlarini shivirlab aytib, kelinning kuyovi kelmayotganidan paydo boʻlgan hijronini biroz boʻlsa ham bosishga urinardi. Kelin birinchi bor koʻrgandayoq bu ayolning oyogʻini toʻgʻrilab bosishdan boshqa armoni boʻlmasa kerak, bunday ayolda orzu-havas nima qiladi deb xato oʻylaganini oʻsha kunlari bilib qoldi. Zero Arzixolning ana shu siridan boshqa bironta ham boshqalarga aytishga arzigulik xotirasi yoʻq edi. Shuning uchun chillasining chanqogʻini bosolmagan kelinga shu xotirani aytib, chimildiqdan chiqmasdan kuyovdan norozi boʻlayotgan kelinni chalgʻitishga uringandi. Shundan boshqa niyati yoʻq edi. U kelinga uyalibroq, lekin xoʻrsiniq bilan bir chavondoz yigitga koʻngli tushganini, oʻzlariga maymoq kelinni munosib koʻrmagan ota-onasidan nolib, u yigit hu anovi qir ortidagi qishloqdan kelib, toʻqayzorda uchrashib turganini, Arzixol ham uylaridagi suv toʻla chelaklarni oʻraga agʻdarib, tez-tez suv olib kelish uchun daryo boʻyiga—oʻsha toʻqayga tez-tez borib turishini, yigitning qamchisiga kashtali bandak toʻqib berganini, keyin nima boʻlib, chavondoz yigit koʻrinmay qolganini, oradan oylar oʻtsa ham undan xabar boʻlmaganini, u esa yurak yutib birovga bu haqda gapirolmaganini, hali ham oʻsha yigit navqiron va oʻktam qiyofada, yulgʻun va zirk bilan toʻlgan toʻqayda yurgandek, oʻsha toʻqayga borgisi, uni koʻrib, koʻkragiga bosh qoʻyib shuncha yillik ayriliq uchun gina qilib, toʻyib-toʻyib yigʻlagisi kelishini aytib qoʻydi. Oʻsha payti kelin bu gaplarni biron kishiga gullab qoʻymaslikka va’da bergandi. Ammo bolalar tugʻilib, Uljonning xolasiga boʻlgan qoʻpol-qoʻrs muomalasi asta-sekin kelinning ham betini qotirdi—u ham Arzixolga eriga oʻxshab muomala qilishni oʻrgandi. Oldinma-ketin tugʻilayotgan bolalarning beshigini tebrataverib ayolning qoʻllari chilvirday eshildi, keyin esa koʻtaraverib, yelkasining yagʻiri chiqdi. Ammo buni ayol bir marta ham na Uljonning, na kelinning yuziga solgani yoʻq. Aksincha u xuddi oʻz nevaralarini bagʻriga olib, tarbiya qilayotganday bolalarning na xarxashasidan, na toʻpolonidan bezor boʻlar, bolalar uni qiynagan sayin ayolning ularga mehri iyib, koʻproq suyib borar, bolalar uni goh ot, goh eshak qilib minib, butun hovlini aylanib yurganini koʻrganda Uljon asli bu maymoqning esi yoʻq, buning oʻzini tarbiyalash kerak oldin, u tomonidan bu tomoni yaqin qolgan kampir ham shunaqa qilib bolalar bilan oʻynaydimi deb oʻylar va shunday bir ayolni oʻziga dardisar qilib tashlab ketgan onasidan norozi boʻlib, qoʻlidagi gavronni gʻazab bilan ushlab qoʻyardi. Kelin ham endi unga bir xizmatkorga qaraganday qarar, uy ishlari-yu, supur-sidir, mol-holga va bolalarga qarash Arzixolning zimmasida edi. Yillar oʻtishi va chimildiqdan uzoqlashib, turmushning betiyiq ehtiroslariga oʻralashib qolgan kelin bergan va’dasini unutdi. Bir kuni Uljon dasturxon ustida qir ortidagi bir chavondozni baytali tepib oʻldirganini aytib, janozaga borayapman deb, xotinini shoshira boshladi.

— Энағарни бедов эмас, байтал тепиб ўлдирибди. Худди ўч олгандек, нақ қаншарига тепибди, — деди у.—Бойқул чол кутиб турибди. Худди ўзи борса қирда бўри ейдигандай... Тез бўл...

Шунда келин бефаросатлик қилди.
— Бу, ҳалиги, сиз билан ваъдалашиб юрган чавондоз эмасми, — деди пичинг аралаш келин бир четда Улжоннинг хуржунини омбордан олиб чиққан Арзихолга. — Ҳали поччамнинг азасига бораяпман денг...

Улжон ажабланиб хотинига қаради. Арзихол эса тахтадай қотиб қолди — у ҳозир ҳаммаси тугайдигандек, Улжон унинг сирини билиб, терисига сомон тиқадигандек гезариб-қалтираб турарди. Унинг юзи бунчалик оқариб кетганини ва бунчалик саросимага тушганини ҳали ҳеч ким кўрмаганди. Унинг юзи кечириб бўлмас гуноҳ устида қўлган тушгандек оқариб кетганди. Аммо Улжон хотинининг гапидан бошқа маъно туйди: бир ҳафта олдин келиннинг холаси тўй қилганда Улжон «Поччангнинг олдида тўй қарзим йўқ, мен тўй қилганимда ҳам келгани йўқ, орамиз очиқ» деганди. Бир ҳафтадан бери тўмтайиб юрган хотини қош қўяман деб кўз чиқарганини кеч англади, пичинги қимматга тушди.

Безрайиб турган Арзихол аралашишга улгурмади, келин фақат қариндошларининг тўй-азасига бормай қўйгани учун эмас, эри йилнинг уч фаслини яйловда ўтказаётгани ва ўзининг гулдай умри иккита чурвақанинг биғиллаши билан ўтиб бораётгани учун тўлиб турган эканми, тилига келганини оғзи чарчагунча гапирди, Улжон ҳам қўли чарчагунча уни савалади. Улжон кетгач, елкаси маматалоқ бўлган келин болаларини олиб, Қўшкўлга, отасиникига кетиб қолди. Арзихол Қўшкўл қиригача ялиниб борса ҳам келин қайрилиб қарамади: у келиннинг изидан токи қош қорайгунча қараб ўтирган қир устида эртасига тўртта отлиқ пайдо бўлди....

* * *
Oʻziga tengdosh ayollar allaqachon kelinli boʻlib, bolalar-u nabiralar, kelinlaru qizlar parvarishida, yetti qavat koʻrpa ustida sogʻliklaridan noliy boshlaganda ham Arzixol na sogʻligidan, na turmushidan nolir, hali ham otasi Rajab choʻponnikiga opasining xizmatini qilish uchun tashlab ketgan oʻsha sunbula oqshomidek tongdan shomgacha Uljonning yilma-yil kattarib borayotgan gʻalvali roʻzgʻorida, qoʻzi izidan toʻqayzoru bahor paytlari xuddi dunyo oʻtkinchiligini ta’kidlayotgandek shoshib-toʻliqib oqadigan daryo boʻyida, poda tezagi tushgan qiru adirda, qishloqning mish-mishlaru gʻurbat koʻmilgan chang koʻchalarida oʻzining shum taqdirini yetaklab yurgandek kuymalanib yurar, uni mayib qilib yaratgan taqdir xuddi uni endi siylayotgandek yoshi oʻtgan sayin u tetiklashib, kuchga toʻlib borar, yanayam jonsarak boʻlib qolgan, kechasi hammadan keyin yotar, ochilib qolgan bolalarning va Uljonning ustini yopib qoʻyar, sovub qolgan pechkaga tezak tashlar, uxlab yotgan kelinning uygʻonib qolishidan xavotirlanib, nafasini ichiga yutib beshik tebratib chiqar, keyin allamahalda yillar-u fasllar qor va yomgʻir qiyofasida yemiraverib, kalamushning uyasiday gʻarib qilib qoʻygan omborga kirib ketar, ertalab esa maymoqlanib yo oftobani, yo sut toʻla kadini agʻdarib yuborgan shovqin bilan boshqalarni uygʻotar, endi tovushi doʻrillay boshlagan Uljonning bolalari ham uni xuddi otalariday jerkir, kelin esa tinim bermay yumushga koʻmib tashlar, u esa yaroqsiz boʻlib qolgach tashlab yuboriladigan buyumga oʻxshab bu uydan haydalishdan choʻchigandek hech bir ishdan boʻyin tovlamas, u oʻzini keraksiz boʻlib qolayapman deb oʻylagani sayin Uljonning bolalaridan tortib, oʻzi ham kampirga koʻproq suyanib borar, uning ogʻrib yo kasal boʻlib yotib qolishini tasavvur ham qilisholmasdi. Xuddi oʻzi chiqmasa, qishloq moli oʻrmaydigandek, Uljonni poda izidan Azlar qirigacha kuzatib qoʻyar, agar kech qolsa, hech kimga aytmay yana oʻsha qirga, chayir va temirday mustahkam ildizlari toshlarni yorib, qoyaga chirmovuqday yopishib olgan, shoxlari qurib-qaqshab ketganiga qaramay eng baland novdasida hali joʻshqinlik va koʻklam hidi barq urib turgan, bir juft gʻuddasini xuddi butun dunyoga koʻz-koʻz qilayotganday silkitib qoʻyadigan va tabiatning fasllar qiyofasida goh izgʻirin, goh jazira, goh sel boʻlib keladigan barcha sinovlariga matonat bilan dosh berib kelayotgan yolgʻiz keksa zarang daraxti yoniga borib, xira torta boshlagan koʻzlarini olis yaylovlarga tikib, choʻkkalab oʻtirib olar, goʻyo keksa zarang bilan sabr va matonat borasida bahs boylashayotganday toki uzoqlardan kelayotgan podaning changi koʻrinmaguncha shu holatda qilt etmay oʻtiraverar, poda koʻrinishi bilan maymoqlanib, turtinib-surtinib, peshvoz chiqar, qariyb ellik yildan beri yolgʻizlikdan zerikkan daraxt esa uni qoʻyib yubormaslik uchun juldur kiyimlaridan bir parcha yulib qolganini ham, keyin asov shamolda xuddi gʻoliblik tugʻiday laxtakni hilpiratib turganini ham sezmay, Uljon sari otilardi. Ayol qarigan sayin jonsarak, harakatchan, sergʻayrat boʻlib borar, endi uni boshqa tersotalaklarning ham xizmatini qilib, turli hovlilarda gʻimirlab yurganini koʻrib qolishardi. 

Уни кўрганда ўз қисматдошини топгандай шабада тили билан овоз чиқарадиган зарангнинг зорланишлари ҳам, маймоқ кампирнинг худди жандасини судраб юрган дарвишдай ойма-ой тўкилиб бораётган танасини бошқаларга билдирмаслик учун азод кўтариб юриши ҳам энди пешонасига ёзилган тақдири азал ҳукмини ўзгартиролмади: Арзихол бир умр қўрққан нарса кузнинг ўрталарида тегирмондан ярим халта ун торттириб келгандан сўнг содир бўлди — у бирдан ётиб қолди — худди жон томири узилиб кетгандай кундан кунга юзларидан ҳаёт асари йўқола бошлади. Шу ётиш билан хазонрезгини ўтказиб, қишнинг нақ чилласида қайтиш қилди. Туфласа тупук музлайдиган тонгда уни сўнгги манзилга кузатишга ўнтача терсоталик ва ҳали бетлари қотмаган қариндошлар йиғилишди: бу ерга йиғилганлар азага келгандан кўра чет қишлоқдан келиб, бошқалар бир неча кунда эгаллаб оладиган терсоталикларнинг кўнглига қирқ йилдан ортиқ яшаб ҳам киролмаган, кириш у ёқда турсин, кириш эшигини тақиллатиб ҳам кўрмаган ва шунча йиллардан бери ўзининг маймоқ оёғини, қирқ йилча бирга яшаб ҳам сирли ва номаълум бўлиб қолган кўнглини ўзларидан яшириб ўтган мажруҳ аёлнинг ҳеч қурса сўнгги кунида, худди қулаган қалъага бостириб кирган қўшиндай, унинг бор сирини энди фош қилиш мақсадида йиғилишгандай эди: Улжон ҳам айни шундай кунда ўзини ташвишга қўйганидан норози тўнғилларди.
— Бу маймоқнинг ўлган куни ҳам ўзига ўхшаган ташвиш бўлди-я...

U bu gaplarni atayin boshqalarga eshittirib aytdi, shu yoʻl bilan kasal onasi oʻlgandan soʻng ham Chitga qaytarib olib ketmay oʻzining boshiga majruh ayolni dardisar qilib qoʻygani uchun bobosi bilan togʻasini chaqib olmoqchi edi. Bobosining endi parti ketib, sharti qolgandi, uning gapiga parvo qilmadi — u oʻzining darmonsizlikdan osilib tushayotgan boshini zoʻrgʻa koʻtarib turar, togʻasi esa oʻzini eshitmaganga solardi.

Улжон номига бўлса ҳам чолларнинг қистови билан майит ётган омборхона туйнуги олдида туриб, рўмолча билан кўзларини ишқалаган бўлди, таёққа суяниб, «холам-ов« деди. Унинг бу йўқлови тинч осмонда момоқалдироқ гумбурлагандай таъсир қилди, йўқловдан кўра зардага ўхшаб эшитилди. Азага келганларнинг кулгуси қистади. Чоллар ёши қирқдан ошиб ҳам эл русумини тушунмаган бу бесўнақай ва қўрс одамдан норози бўлиб бош чайқаб қўйишди. Шунда кимдир келиб, Улжоннинг қўлтиғидан олди. Улжон секин бурилиб, кенжа тоғасини кўрди. Тоғаси Читдан эрталаб икки киши отда суяб зўрға олиб келган ва айвоннинг бир четида тагига омонат тўшалган пўстакда ўтирган бобоси чақираётганини шивирлаб тушунтирди. Улжон кўпам жини суймайдиган ва шунча йилдан бери онда-сонда боболигини эслаб қоладиган, шунда ҳам бирров келиб, тез жўнаб кетадиган чолнинг ўзида нима гапи бўлиши мумкинлигига ажабланиб, лайлак юриш қилиб, чолнинг олдига борди-да, »Нима дейсиз?» дегандай сурлик билан таёққа суяниб турди. Бобоси худди айбдордай бошини эгиб олганди. Кейин қариликданми ёки барибир маймоқ ва мажруҳ бўлса ҳам фарзанди ўзидан олдин дунёдан ўтганидан эзилганиданми, кўзлари ёшга тўлиб, хириллоқ товушда деди:
— Онам деб йўқланг, болам. Онам денг.

Улжоннинг ғаши келди. Энди шу етмай турувди деб ўйлади.
— Нега она деб чақираман? Онам ўлиб кетганига ўттиз йилдан ошди.

Bobosi chuqur xoʻrsindi. Koʻzlarini olib qochdi. Keyin pichirladi:

— Арзихол сизнинг туққан онангиз бўлади, болам. Салом чавондоз бадном қилиб кетгач сизни Роҳатга бердик. Аслида сизни Арзихолнинг ўзи эмизиб катта қилди, болам... У сизнинг ҳақиқий онангиз...

Чол бошқа ҳеч нарса демади. Куннинг аёзини жунлар ичига кириб олиб енгмоқчидай, пўстакни оёқларига ўраб, кўзларини юмиб олди ва шу билан ўзининг сўнгсиз дардларига ва маймоқ қизини исноддан қутқариш учун ўйлаб топган ўша олис хотирасига кўмилиб кетди.

Улжон эса «Бу эсини еган нима деяпти?!« дегандек тоғасига қаҳр билан қаради. Тоғаси бошқалар эшитиб қолишидан қўрққандек, отасининг гапини тасдиқлаб, »Шундай!» дегандек индамай бош ирғади ва у ҳам бу бетийиқ жияни таёқ билан солиб қолишидан қўрққандек нари кетди. Улжон худди бу азали ҳовлининг безовта ҳилпираётган яловидай юзи пирпираб, атрофга илинж билан тикилар, кимдир бу гапларни ёлғон дейишини кутар, аммо ҳамма ўз иши билан банд ва бу гапни инкор қиладиган марднинг ўзи бу ҳовлида кўринмасди. Шунда аввал қайнилари калтаклашга келган кунда туйган кўкрак ҳидини димоғи тагида туйди, кейин бу ҳид унинг аллақачон зулмат қаърига сингиб кетган хотирасини — ўзининг тамшаниб эмаётганини ва ўзига ҳам гуноҳкорона, ҳам қўрқув билан боқиб турган ёш ва опасининг навбатдаги қарғишидан дилдираб турган Арзихолни лип этиб ёритиб юборди.

Улжонни қабр тепасида ёлғиз қолдиришди. Унинг қирқ йилдан ошиқ елкасидан қўймаган ва азада суяниб турган таёғини бу аёлнинг ҳам изидан йиғлаб қолган кишиси бор дейишгандай шунчаки удум учун қабрга тиқиб қўйишди. Энди Улжон дастлаб Ражаб чўпоннинг, кейин эса қарийб ўттиз йил ўзининг қўли билан гоҳ ўчоқ бошида бутун ҳовлини тутунга тўлдириб юборгани, гоҳ куви пишаман деб ёғи билан қўшиб ағдариб қўйгани учун, гоҳ сигирни эмиб ётган бузоқ олдида, гоҳ хамири оқиб кетган тандир бошида Арзихолни таъқиб этган, қачон жаҳли чиқса, қачон қаҳри қўзиса, нуқул оёғи остида ўралашадиган, урган сари ургиси, хўрлаган сайин хўрлагиси келаверадиган, шунча хўрликларга индамай чидаб, яна мени ур дегандай қаршисида пайдо бўладиган, нимжон ва мажруҳ аёлни гоҳ турткилаб, гоҳ савалаб, ўзи ҳам энди савалаган сайин бир қучоқ қуриган ўтиндай кўтариб келишиб, манови дўмпайиб турган қабрга тиқишган аёлнинг устихонлари каби силлиқлашиб-ингичкалашиб қолган ва Улжон учун бу ҳаётда подасининг изидан эргашиб юрадиган итчалик ҳам қадри бўлмаган жимитдай жуссали аёлга берилган шунча йиллик хўрликларига «мана, мен гувоҳман» деётгандек қад кериб турган таёқ билан юзма-юз турарди.