OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНазар Эшонқул
Асар номиТобут (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Назар Эшонқул
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм45KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тобут (ҳикоя)
Назар Эшонқул

Номаълум сабабларга кўра ўлим кўпайган чекка музофотдаги олис шаҳарга кетаётган текширув гуруҳига нега айнан мени қўшиб қўйишди, меъморчиликнинг ўлатга қандай алоқаси бор (бизга ҳали сира аниқланмаган ўлат деб тушунтиришди) тўғриси, ҳозиргача ақлим етмайди. Ваҳоланки, меъморчиликда ҳам шунчаки ҳаваскор даражасида эдим, бу соҳада ишлай бошлаганимга уч йилдан ошган бўлса-да, ҳали биронта лойиҳамни қабул қилишмаганди, кун узоғи ишимизга ҳеч бир боғлиқ бўлмаган чизмалар билан машғул бўлардик, биз чизаётган лойиҳаларнинг ҳеч кимга керакги йўқлигини ўзимиз ҳам билар, бироқ бошлиқлар тегирмонида айланиб, тушиб келадиган ва тез муддат ичида бажаришимиз зарурлиги таъкидланган, бир чеккада пора-пора қилинган яловдай илова турган қоғозларни изма-из қабул қилаверар, талабалик йилларимнинг орзуси бўлган шаҳарга кўрк ва улуғворлик бағишлайдиган жимжимадор ва серҳашам бинонинг лойиҳасини мен фақат ҳаёлдагина чизиб юрардим. Аввалига гуруҳга тасодифан қўшишаяпти, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор, деб ўйладим, ижроқўмда ўлим сабаблари ҳар томонлама ўрганишга муҳтож, хусусан, биноларнинг жуғрофий жойлашишидан, об-ҳавога чидамлилигигача яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини айтишганда ҳам мен бу ерда бизнинг соҳага боғлиқ бирон нарсани кўрмагандим. «Тажрибали меъморлардан жўнатинг» деган таклифга, хўжакўрсинга мени жўнатишаётганини сезиб турдим. Буйруқни тутқазишгандан сўнг ноилож жўнашга мажбур бўлдим.
— Шаҳар қурилганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Унинг ўрнида олдин ёввойи саҳро бор эди, биз уни бўйсундирдик. Ва бошқа шаҳарлар билан рақобат қила оладиган гўзал макон қурдик. Матбуотда ўқиган бўлсаларингиз керак, биз ҳақимизда роса ёзишди, - деди бизни кутиб олган шаҳар бошлиғи. - Одамларимиз тўқ ва фаровон яшаётганди; ҳатто сайёҳлар хориждан атайлаб биноларимизни тамоша қилиш учун келишарди. Уларни ҳам шаҳримиз лол қолдирганига шубҳам йўқ. Ҳамма бало беш ойча бурун бошланди. Одамлар ишлаб турган ёки ухлаб ётган жойларида, баъзан суҳбатлашиб туриб тўсатдан жон таслим қилишаяпти. Аввалига биз булар ҳаммаси шунчаки тасодифий деб ўйлагандик. Бироқ ўлим тобора кўпаявергач, ташвишга тушиб қолдик. Махсус эмлаш ўтказдик, воқеанинг тагига етиш учун барча касалхоналаримизни назорат остига олдик, бир неча марта уйларни ёппасига кўрикдан ўтказдик, аммо натижа бўлмади - ўлим тўхтамади. Аксинча, уйлар аста-секин бўшаб қолаяпти. Одамларни ваҳимага туширмасли
— Бундай ҳодиса Фарангларда ҳам бир пайтлар бўлган, - деди гуруҳ раҳбари қилиб жўнатилган профессор шаҳар бошлиғининг тугунтиришидан энсаси қотгандек, - ҳамма бало тиббиётимизни саводсиз ва қобилиятсиз одамлар босиб кетганида. Бошқа сабаб йўқ...
— Марказдан келганлар ҳам «Бндайини биринчи учратишимиз», деб ҳайрон бўлганча қайтиб кетишаяпти, - унинг гапининг охиригача эшитмай, ўз қўл остидаги ҳакимларнинг шаънини ҳимоя қилди шаҳар бошлиғи. У бизга ўхшаш текшириш гуруҳларини кўравериб, тоза пишиб кетган эди, чоғи, ўзини жуда эркин тутар ва эркин гаплашарди, шунингдек, профессорга ўхшаш димоғи баланд олимларни ҳам кўп кўрган, гапларида хуфёна осилган қилич каби «жўжани кузда санайсиз», деган писанда бор эди.
— Масалага чуқурроқ қараш зарур. Профессор индамай бошини туйнукка бурди - у ердан пастда ястаниб ётган қип-қизил саҳро кўринарди ва биз бир пайтлар қуш учиб ўтолмас саҳро устидан қушдай учиб ўтаётганимизни сезиб турардик: профессор бошлиқнинг гапларини шунчаки ваҳима деб ўйлайтгани ва уни эътиборсизлик билан тинглаётгани кўзларидан кўриниб турарди. Одатда бутун умри илми-урфон билан ўтган одамлар амалдорлар билан бурнини жийириб гаплашишади, хусусан, чекка музофотдагилар билан. Шундан сўнг бошлиқ жим кетди. У жуда ораста кийинган эди. «Мен унинг кийим-кечаги-ю аъзо-ю баданидан нафасни бўғиб қўядиган ачимсиқ ҳид анқиётганини йўлнинг ярмини босиб ўтганимиздан сўнг сездим, фаҳмимча, бу ҳид гўё ичида кимдир ўлиб қолгандан унинг ичак-чавағидан чиқаётгандай эди: гапирганда оғзидан гуп этиб атрофга кишини лохас қилувчи ҳид тарқаларди. Ҳидни профессор ҳам сезган бўлса керак, бир-икки марта бошлиқнинг қонсиз юзини ва қиррадор ёқали уст-бошини жиркангандек кўз

Биз тушган вертолёт шаҳар чеккасига бориб қўнди: бизни ҳар эҳтимолга қарши эмлаш зарур эди. Шаҳар четига тикилган тиббиёт чодирларига бир-бир кириб чиққач, нарироқда дарвозаси кўриниб турган шаҳарга қараб йўл олдик. Шаҳарга яқинлашганда улкан маҳлуқнинг катта қанотига ўхшайдиган дарвоза бошлиқ мақтаганчалик эканини кўрдик; унинг олдида биз кичкина чумолига ўхшаб қолгандик ва шаҳар шу кўринишида ростдан ҳам учишга чоғланаётган маҳлуққа ўхшарди. Дарвоза олдида турган соқчилар бошлиқни кўриб ғоз қотишди. У ерда бизни бошлиқ назорат бошлиғи ва тиббиёт мудири деб таништирган икки киши кутиб турарди; иккаласи ҳам бошлиққа тақлид қилиб, соқол қўйишган ва иккаласи ҳам тепакал эди.
— Хайрият етиб келдиларингиз, - деди назорат бошлиғи биз билан кўришар экан. - Бу фалокат бизни адои тамом қилди. - Шундай дея у пилдираб олдинга тушди. Мен унинг қисиқ кўзларида таҳлика ва ваҳм тўлиб турганини кўрдим. Балким ҳар қадамда пайдо бўлаётган ўлим уни шу ҳолатга солгандир. Тиббиёт мудирининг кўзларида кўпроқ қувлик ҳукмрон бўлса-да таг-тагида худди шундай таҳлика тўкилиб ётганини сезиш мумкин эди. Девор баланд бўлса ҳам тўзон шаҳар кўчаларигача бостириб кирган, бинолар қанчалар муҳташам бўлмасин, шаҳар файзсиз ва ҳатто андак хароба тус олгандек кўринди менга, эҳтимол, одамларнинг юзларида тўниб қолган умидсизликни кўриб, бизда шундай ҳис пайдо бўлгандир? Ҳаммасидан ҳам шаҳарга киришимиз билан димоғимизга худди бошлиқнинг нафасидан анқиган ҳидга ўхшаш уфунат урилгани бизни бироз шошириб қўйди: «чиркинлик, хазонрезгилик ва бадан ҳиди қоришиб кетган шаҳарда уфунат худди бу манзилга ташриф буюрганларнинг бурнини куйдириб ташлаш учун атайлаб тарқа
— Ҳайратомуз, - деди у, - бирон жойда ўлик қолганми деб бутун шаҳарни қадамба-қадам текшириб чиқдик, ҳеч нарса тополмадик. Энди эса кўникиб кетдик.

Ҳақиқатан ҳам шаҳарда бу ҳид бирон одамни ажаблантирмаётган эди. Балким, ўлатни худди мана шу уфунатдан излаш керакдир?!
— Э, йўқ, - деди шаҳар бошлиғи гапимни эшитиб бош чайқаркан, - ҳид шаҳар қурилгандан бери бор. Ўлим эса беш ой олдин пайдо бўлди.

Унинг гапи мени яна кўпроқ ҳайратга солди. Балким тавқи лаънатга йўлиққан одамзотга тангри дўзах қандай бишини мана шаҳар орқали бир

кўрсатиб қўймоқчи бўлгандир? Ростдан ҳам шаҳар жазира ва қум тўзони остида қолган серҳашам дўзах остонасига ўхшарди - бир вақтлар гуриллаб кўкарган дарахтлар ҳам қуёш фаввораси остида ҳаёт учун кураша-кураша сўлгандилар. Биз дарвозадан то маъмурий бинога боргунча ҳавоси сўриб олинган лаҳмни кезиб чиққандай ўпкамиз шишиб, ҳолдан тойиб қолдик.
— Шаҳарда яна икки кун турсак бўғилиб ўлишимиз аниққа ўхшайди, - деди биз билан келган химик томоғини қириб йўталар экан.

Профессор дам олмай ўликхонага кетди - унга химик ҳам эргашди. Тушдан сўнг мен назорат бошлиғи ҳамроҳлигида (шаҳар боглиғи уни менинг адашиб кетмаслигим учун қўшиб қўйганди), гарчи ўлатни касбимга алоқаси йўқ ҳисобласам ҳам, ўлим оғушига олган, тўзиб ётган биноларни шунчаки номига кўриб қўйиш учун айланишга чиқдик:
— Сизга ҳеч бир ёрдам беролмаймиз, - деди шаҳар бошлиғи узрхоҳлик билан елкасини қисар экан. - Шаҳримизнинг бош меъмори касал бўлиб олган, ўрнига бирон тузук одам чиқмаяпти. Энди фақат кўз билан кузатишга мажбурсиз.

Мен унинг ҳижолат чекмаслигини ва шаҳар лойиҳасини кўриш учун умуман зарурат йўқлигини билдирдим.

Шундай деб эрталаб бир неча одамнинг ўлиги чиққан, бир-бирига қўуиб қўйгандай ўхшаш яқин орадаги кўп қаватли иморатларга йўл олдим. Бир қарашда уйлар ғоят дид билан қурилгандек кўринар, бошқа томондан эса худди улкан-улкан қоялар оёғингиз остига тўсатдан қўпорилиб туша бошлагандек уларга қараган сайин ичингизда нимадир қулаб кетаётганини сезардингиз. Ним қоронғу зинада шаҳар кўчаларида кезиб урган уфунат яна ҳам бадбйлашган эди, балким бу ерда ҳаво ўтириб қолгани учун шундайдир, зинадан чиққунча нафасим тиқилиб димоғим ачиша бошлади. Ҳид одамни беҳол қилиб қўядиган даражада ўткир ва заққум эди. Хонадонларда бизни индамай кутиб олишар ва ичкарига бошлашар, ҳужраларга олиб киришар, дарвозаларни, деворларни кўрсатишар, сўнг яна бирон сўз айтмай кузатиб қўйишарди.

Уйлар атайлаб ичкарини салқин сақлаш учун уфққа тескари қурилган: деразалардан тушаётган хира шуъла ҳужраларни ёритишга қурби етмай, Ўлмас Дев билан олишавериб, ҳолдан тойган Ботир мисоли бир бурчакда холсиз тўшалиб ётарди. Мен ўлим сабаблари айнан нурни хўплаб ютиб юборган мана шу заҳлик ва зулматда бўлса керак деб ўйладиму, аммо тезда бу ўйим ҳақиқатга ҳеч бир тўғри келмаслигини англадим: «Ўлим тўрт мучаси бут, бақувват, соғлом кишиларни нам комига тортаяпти», деган эди шаҳар бошлиғи. Ўлатинг бу уйларга ҳеч бир алоқаси йўқлигини тушунгач, ҳафсалам пир бўлиб изимга қайтдим.

Бир ҳафтага қолмай ўлим элчиси кезиб юрган барча биноларни деярли бир-бир айланиб чиқдим - ҳамма ўша ҳид, ҳамма ҳужрада ўша зулмат, ҳамма хонадонда юракни сескантирадиган сукунат ҳукмрон эди. Бу сукунат кўчаларда одамларнинг юзларида ҳам кезиб юрарди - уларнинг кўзлари-ю юзларида шунча мусибатдан сўнг ҳам қилт этган ифодани кўрмадим, араваларга ёки замбилларга солинган ўликларни олиб ўтишар экан, улар арава ёки замбилга ҳўмрайиб кўз ташлаб қўйишар ва индамай йўлларида давом этишарди.

Серажин юзларини босиб кетган ва ёниб бўлган ўрмонга ўхшаб қолган мўйлар аро барқиб турган солиқ қиёфалар менга минг йиллардан буён одам қадами етмаган ташландиқ иморатларни эслатган, бу қиёфалардан аёвсиз ёғаётган жаладек, ҳасрат ва мунг ёғилиб турарди: бу юзлардан атрофга бир қаҳрли совуқлик таралар, мен ҳали шу ёшимгача бундайин солиқ қиёфаларни кўрмагандим, шаҳарга келгандан бери ўзимни қоп-қора булутлар остида қолгандек ҳис этар, бу суви қуриган кўлга ёҳуд сўниб бўлган шамга ўхшаб қолган кўзларга қараб туриб, уларда секин-аста сассиз, садосиз бстириб келаётган ўлимга нисбатан кўникма пайдо бўлганини ва бу кўникмани энди ҳеч нарса билан: ҳатто энг қудратли ҳисобланган сеҳру-жодулар билан ҳам қўпориб ташлаш мумкин эмаслигини англагандим; ўшанда шаҳар одамлари менга қулашини билган ҳолда жарга қараб югуриб кетаётган телбадай таассурот қолдирганди. Уларнинг юзларида ҳаёт хуршиди аллақачон сўниб бўлган; энди бу юзларни ажинлар билан бирга тушкунлик, ҳорғинлик чакалаклари қоплаб олган, бутун чеҳраларни умидсизлик тумани босиб кетганди. Муз йўлакда қандай йиқилиб тушсангиз, бу сову чеҳраларда ҳам нигоҳингиз шундай қулаб тушар, ҳўмрайган кўзлар қопоғон ит каби сизни ҳеч қачон ўзига яинлаштирмасди.

Ўзимни кейинги кунларда рўё ҳукмрон бўлган шаҳарга келиб қолгандай ҳис этар ва ҳар бир кўрган манзарам ақл бовар қилмас нарсалар бўлиб туюла бошлаганди; эҳтимол, булар саҳрода рўё салтанатини қуришгандир?! Нима бўлганда ҳам кўрганларим - шаҳар, ўлар, ҳўмрайган одамлар, тепакал бошлиқлар, маҳобатли бинолар, ҳаммаси жоду бўлса-чи ва биз саробни излаб юргандай рўёни кезиб юрган бўрсак-чи, деган шубҳа куч тўплаб, қайта-қайта жангга кираётган лашкардек хаёлимга бот-бот бостириб кирар ва бутун танамни беҳол қилиб қўярди, алоҳа, бу ерга келиб кўрган-кечирганларимнинг ҳаммаси ғайри табиий ва ғайриодатий тус олганди, зеро, кезиб чиққан биноларда касалликдан дарак берувчи ҳид вва сукунатдан бошқа ҳеч қандайзоҳирот учратмадим, ўлимнинг менинг касбимга ёки мана бу маҳобатли биноларга заррача алоқаси йўқлигига кўпроқ ишониб борар, шаҳар кўчаларида қора девнинг арвоҳдай кезиб юрган чангу тўзонни қанча кўп кўрсам, мени бу ёввойи саҳрога жўнатган оромпараст бошлиқларимга ғазабим шунчалик тошиб борарди. Ўша саҳродаёқ ғазаб ва тўзон бир-бирига нақадар ўхшашини ҳис қилгандим: аслида ғазаб ҳам вужуднинг жунбушидан ларзага келган алб тўзонидир; қанчалик ҳашаматли ва улуғвор бўлмасин, ўзининг заҳмкор сиру асрори билан забт этиб бўлмас қалъани қанчалар эслатмасин, кўчаларида фақат жаннатий манзилларгагина хос сурур ва шукуҳ тўшалиб ётмасин, кишандан озод бўлган шердек ажал ҳайқириб юрган шаҳарга нисбатан ғазаб мени тез-тез жунбушга соларди.

Бир куни қуйи кўчаларнинг бирида (дарвоқе, шаҳардаги кўчалар қуйи ва юқори кўчаларга бўлинарди, кийимлари увада, қадди букик, ҳашамдор ва виқорли, шаҳарни атайлаб масхара қилаётгандай доғ-дуғга беланган узун ҳирқа кийган, юзидаги шиш ва ажинлар қишки қабристонни эслатадиган, сочи кал пешонаси узра осилиб тушган, барваста кишини учратдим; гумбаз шаклида қурилган емакхонанинг ўртасида турганча у оғзидан кўпик сачратиб одамларга қўлини бигиз қилиб ўшқирар, чўғи сўнаётган ўчоқдай тафтсиз бўлиб қолган кўзларини далани босиб кетган кузги қарғалар мисоли жазава ва жунун қоплаб олган эди.
— Ҳаммаларинг унинг чангалидасизлар, шаҳар ҳам уники, - бақирарди у лоқайд ва паришон одамларга. - У менга айтиб турди, мен қуриб бердим.

Бирдан иштаҳам бўғилди ва назорат бошлиғидан бу барвастанинг кимлигини сўрадим.
— Шу кўчанинг жинниси, - деди назорат бошлиғи юзига ғамгин тус бериб. Сўнг мен кутмаган жиддийлик билан ҳикоя қила бошлади. - Асли сизга касбдош. Бошлиқ айтган меъмор шу киши бўладилар. Шаҳримиз унинг лойиҳаси асосида қурилган. У бош меъмор, мен эса унга ёрдамчи эдим. Ўзи жуда ғайратли, саводли ва тиниб-тинчимас одам эди. Шаҳарда бирон ғишт ҳам унинг кўрсатмасисиз қуйилмаган. У мен билган меъморларнинг энг улуғи эди. Классик ва замонавий меъморчилик соҳасида унга тенг келадиган билимдонни топиш қийин эди. У Лотин Америкаси, Сингапурдаги бинолар қурилишини ҳам тинимсиз кузатиб борар, ўша юртлардан унга қалин-қалин хатлар келиб турарди. У «дунёга энг улкан ва одамзот ҳали хаёлига келтирмаган шаҳар қурамиз», деб хитоб қилар, қачон қарамай чизмалар ичида ўралашиб ўтирарди. Ростдан ҳам ақл бовар қилмас шаҳар қурилди. Ҳозир ўлат чиққандан бери шаҳримиз файзсиз бўлиб қолди, у пайтлар эса шаҳарни нақ хаёлнинг жилвалари деб ўйлардингиз: нафис гумбазлар, сержило бўёқл

Назоратчи «касбдошингиз» дегандан сўнг телбага тузукроқ разм солдим: деярли адойи тамом бўлган, кам ухлаганидан қовоқлари осилиб қолган, на кийинишида, на чеҳрасида, на гап-сўзларида аввалги касбидан дарак берувчи бирон аломат қолмаган, фақат олис-олислардан эшитилаётган мусиқа ёхуд вайрон қилинган шаҳар ўртасида харобага шукуҳ ва шавкат бағишлаб ҳилпираб турган ҳарир туғ каби шунча жунбуш ва хаёл тўзонидан сўнг ҳам нозиклигича қолган қўлларигина ўша хушвақт ва дориломон даврларни эслатиб турар, кўзлари ботиб бўлган қуёшнинг шафағидай қизариб кетган, чуқур лаҳмга ўхшаш қора чўғларида йиллар давомида занглаган қилич каби бир телба истеҳзо қотиб қолган, игоҳида олис ўтмишнинг кўланкалари бурдаланган шер каби парча-парча бўлиб ётарди: ўтмиш зулматини ёритолмаган бирпаслик аланга янглиғ бу юзни, бу вужудни ёритишга қурби етмай сассиз-садосиз бўлган эдилар. Хоҳолар экан, ўзига қараб тобора бостириб келатёган шаҳарни эмас, бунда истиқомат қилувчи барча юракларни ҳам аллақачон ишғол қилиб олган сукунат ва қурқувни шу кулгуси билан тор-мор қилиб ташлаётгандек эди ва гарчи телба бўлса-да, шаҳарда мен учратган қиёфалар ичида фақат унинг юзидагина чўғдай табассум ёниб турарди, аммо бу табассум ҳам масхараомуз тиржайишга ўхшаб кетар, ўлимларини жимгина кутиб турган ожиз ва маҳкум одамларнинг, ўлат кезиб юрган шаҳарнинг, қуриб-қовжираб, арвоҳдай сўппайиб қолган дарахтларнинг, сирли ўлим сабабини аниқлаш ва шаҳарга шифо бахш этиш учун келган ва ҳеч нарсанинг уддасидан чиқмай, ҳеч бир сирни ечолмай, шармандаю шармисор бўлиб жимгина жўнаб қолаётган биз каби олифта ва дағдағабоз текширувчиларнинг ва ўзини ўраб турган ҳамда ўзининг бир телба макрига дош беролмай лолу ҳайрон қотган бани башарнинг устидан истеҳзо аралаш кулиб тургандай эди. Учиб юрган ўқдек кўзлари тагидан қўрқа-писа ўқрайиб тикилишларига қараганда, телбани хўрандалар ҳаддан ташқари ёмон кўришар, чоғи, у гапирар экан, ижирғаниб қўйишарди. Бу мени ғоят ажаблантирди. Телбани одатда ҳеч ким яхши кўрмагани каби ҳеч ким ёмон ҳам кўрмайди. Сабабини назорат бошлиғи ҳам изоҳлаб беролмади:
— Тўғрисини айтсам, - деди у, - бу одамлар менга сира ҳам ёқмайди. Ҳамиша нимадандир норози, ҳамиша тнғиллашгани, тўнғиллашган. Ахир шундай жаннатмакон ва гўзал шаҳар қуриб бердик, яна нима керак экан буларга, ҳеч тушунмайман.Назорат бошлиғининг мушти ғазабдан сиқилиб ккетганини кўриб қолдим, ҳозир қўйиб берса қутурган айиқдай бутун шаҳарни вайрон қилиб ташлайдиган важоҳати бор эди юзида.

Телба эса нимадир эсига тушиб қолгандай, шартта изига бурилди ва деярли югуриб емакхонадан чиқиб кетди; кетиб борар экан, у менга денгизда тобора узоқлашиб бораётган ва сўнгги сафарга жўнаб кетаётган хароба кемани эслатган ва изидан узоқ қараб қолган эдим. Унинг телба нигоҳи ва жазавасли қиёфаси хотирам тароқларида узоқ вақт илашиб юрди: шундай ҳолатга тушдимки, биноларни ҳам йиғиштириб қўйиб, касбдошимизнинг қисмати билан таниша бошладим; унинг тақдири ётган ҳужрага кириб борган сари шаҳардаги палапартиш ҳашаматнинг сири ҳам ойдинлаша борди; назаримда, шаҳар бинолари хам жунун ва жазаванинг ҳосиласи эди, гўё бутун шаҳар телбавор маҳобат касб этганди. Аммо телбанинг шов-шуҳрат шоҳсупасига чиқиш арафасида ақлдан озиб қолгани ҳақидаги маълумотдан бошқа ҳеч қандай янги гап ололмадим; кўплар унга очиқ ҳасад қилиб «Аввалдан телбароқ эди» дейишдан нарига ўтмади; бошқа бирлари эса «Шаҳар шу даражада гўзал ва муваффақиятли қуридди-ку, у буни кутмаганди, бирдан ақли шошиб қолди», дейишдиб бироқ шу нарса аён эди-ки, у кўпларнинг хотирасидан буткул ўчиб кетганди. Кейинчалик ҳам телбани ўша кўйи кўчада икки-уч марта кўрдим: у худди ўзидан қолган хотира шамларини қайтадан ёқмоқчидай ўтган одамга тиржайиб тикилар, ўша бир хил гапни такрорларди. Бошқа куни кўрганимда гўё ўз ақлининг суратига боқиб лол тургандай биноларга тикилганча ғоз қотиб турганди.

У менга қараб жаврамоқчи эди, бироқ олдидан тез юриб ўтиб кетдим - тўғриси, унинг алмайи-алжайи гаплари жонимга теккан, бу сўзлар мен учун маънисини йўқотган эди Бу гал у анча чўкиб қолгандай, шаҳар оралаб юрган ўлим унинг ноқисо ақлида ҳам ниҳоят юз кўрсатгандай, жаврашлари ҳам олдингидай ғазабнок эмас, балки мунгли ва ҳасратли оҳанг касб этгандай эди; унинг жаврашлари менга тавба-тазарру қилаётган гуноҳи азимкорнинг минғирлашидай эшитилганди. Балким у мутлақо телба эмасдир, балким телбаликнинг кўчасидан ҳам ўтмагандир, балки бу хаёл жунбушидир, эҳтимол, ундаги жунун ўзи қурган шаҳар ва биноларга қарши ақл қўзғолонидир?! Нима бўлган тақдирда ҳам телба ваҳм, қўрқув, тўзон ва ўлат ҳукмрон шаҳарнинг уйқус иқрорига ўхшарди.

Мен худди онасига ўчакишиб, ерга ўтирганча биғиллаётган гўдакдек нуқул тақиқланган ишларни қилгим ва одамларнинг жиғига тегиб, тақдир билан ўйнашгим келаверганди. Икки томонига турли шаклдаги бинолар қуриб ташланган, ҳар муюлишга ранги кетиб қолган байроқлар илинган, гўё ўтмас шамширнинг тиғидай шаҳарнинг қоқ ўртасида тўшалиб ётган кўчалардан яёв кетиб борарканман, мени ҳар хир туйғулар чулғаб оларди - ҳозир ер ёрилиб тортиб ккетадигандай ҳар қадамда юрагим бир ҳаприқиб тушар - буларнинг ҳаммаси шаҳарга келиб орттирган васвасаларим эди - шунингдек, қанча юрмайин йўл ҳеч қачон тугамайдигандек, бутун умрим чангу-тўзон қоплаган бесамар ҳаётга ўхшайдиган мана шу йўлга изсиз-садосиз сочилиб кетадигандай туюлаверганди.

Бир куни химик хонамга кириб келди-да, кўзларини юмганча, «Ўлай агар ҳеч нарса тушунмаяпман, деди ва сўнг хона бўйлаб юра бошлади, «қаерга келиб қолдим ўзи?! Худди эртакка ёки қўрқинчли тушга ўхшайди. Кунига қанча одам ўлиб бораяпти-ю, лекин ўлимнинг сабаби нималиги ҳанузгача топилмаяпти. Ҳар куни мурда қиёфасидаги навбатдаги мағлубиятни учратиш жонимга тегди, ўзимиз ҳам мурдага айланмасдан бу ердан кетиш керак».

У тўғри айтаётган эди. Унинг ҳам худди ўзим каби ҳолдан тойганини, умидсизлик уни ҳам бешафқатларча чопиб ташлаганини сездим. Биз шаҳарда ҳеч бир ишни охирига етказиш мумкин эмаслигини, ҳамма ишимиз, текширишимиз охир-оқибат натижасизлик билан тугашини, шаҳардаги ҳар бир кўчада, муюлишда, уйда ўлимга маҳкумлик, номаълумлик пойлаб туришини ниҳоят тушуниб етгандик. Жуда ишонч билан келган кекса профессор ҳам кейинги кунларда сувга бўктирилган товуқдай бирдан тушкун бўлиб қолганди; ўзига, қудратига ишонган одамнинг тушкунликка тушиши жуда оғир кечади, у бизни тез-тез жеркиб ташлар, ўликларга ҳафсаласиз кўз югуртирар, энди олдинги кунлардагидай шаҳарнинг у четидан бу четига елиб-югурмасди.

Аммо ҳаммамиз туни билан ўларнинг сабаби нима бўлиши мумкин, дея баҳслашиб чиқар, профессор энди мунозараларга ҳам қатнашмас, саволларимизга қўл силкиб қўя қолар, мен унинг юзини қуюқ ўрмоннинг ичига кириб қолиб, энди ундан қандай чиқишини билмай ётган кишининг юзига ўхшатардим; дарвоқе, бу сирли ўлим бош-бошдоқсиз оқиб бораётган жилға каби бизни ақлимиз ҳам, шууримиз ҳам етмайдиган номаълум томонларга бошлаб кетганди. Балки шаҳардаги боши-ю охири ўлим билан тугайдиган ҳаёт бизни толиқтиргандир. Балки, қўрқинчли ва серғулу кунларимиздан бир маъно, бир мазмун излаб, туннинг сирли ва бепоён мамлакатини хаёл ва савол тулпорида кезиб юргандирмиз. Ўша пайтларда шундай ҳолатда эдикки, одам бўлиб ухлаб, эрталаб шерга айланиб уйғонсак ҳам унчалик ажабланмасдик: шаҳар ҳаёти тасаввуримиз қалъаларини буткул вайрон қилиб ташлаган, у ерда на чегара, на ҳудуд қолган, у ердаги деворлар кучли зилзила остида қолгандек бир-бир қулаб тушганди, баъзан кўксимизда юрак эмас, қатл ноғоралари гурсиллаб урилаётгандек, бир-биримизга қўрқув ва ҳасрат билан тикилиб қолардик.

Eрталаб мени химик уйғотди:
— Эй, Микиланжело туринг, профессор сизга мана бу нарсани бериб юборди.

Ўрнимдан туриб керишдим, қуёш чиқиб, кўчаларда тонгги салқинни ҳайдаб бўлган, ҳамма иш-ишига кетган эди. Нима у?
— Кеча бир телба ўлган экан. Профессор буни ўшанинг чўнтагидан топиб олибди. Шаҳарга тааллуқли бўлса керак деб жўнатибди.

Мен ўзимга касбдош бўлган телбани дарров эсладим.
— қандай телба?! қуйи кўчадаги телба эмасми?
— Ўша, - деди химик қўл силтаб. - Бечора тик турганча қотиб қолибди. Профессор ҳозир мурданинг ёнида. Ўзиям чўнтагида бир умр олиб юрган, чоғи, - у сумкасидан эзилиб, сарғайиб кетган харита нусха қоғоз чиқариб узатди. - Бу шаҳарнинг телбалари ҳам олим бўлади, шекилли.

Мен шошиб қоғозни очдим: аввалига ҳеч нарса тушунмадим. У чўзинчоқ, ясси шаклда чизилгшан, бир неча жойи доира ичига олиб қўйилганди. Уни уч-тўрт марта айлантириб, кўзларим ўзим кезиб чиққан кўчаларнинг белгиларига тушгач, ҳайрат ва даҳшатдан нафасим ичимга тушиб кетди; аввал кўзларимга ишонмадим; бошимни силкиб-силкиб яна қарадим; йўқ, кўзларим алдамаган эди ва мана шу бир неча сония ичида шаҳарда пайдо бўлган ўлатнинг туб сабабини англаб қолган эдим; титраб кетганимдан қўлимдан чизма тушиб кетди ва шу туришда узоқ вақт донг қотиб турдим. Шу куни қаерларда бўлганим эсимда йўқ, афтидан, чизмадаги кўчаларни ўз кўзим билан кўриш учун шаҳар айланган бўлсам керак - чизма айнан шу шаҳарнинг лойиҳаси эди. Яна шу эсимда-ки, мен текширув гуруҳидан эртагаёқ қайтиб кетамиз деб қатъий талаб қилдим. Энди тажрибаларидан натижа чиқишдан умид узган профессор ҳам гапимни маъқуллади:

-Барибир бу ерда ҳеч нарса қила олмаймиз. Кетганимиз тузук.

Ша ҳар бошлиғи аҳдимиздан қайтара олмади, унинг юзида ғолиб қўшиннинг яловидай зафарли истеҳзо пайдо бўлган, профессорнинг жиғига тегиш учун атайлаб бизни яна бир неча кун қолишга ундар, фарангларникига ўхшаш бу ўлатнинг сабабини топиш унчалик қийин эмас, деб товуш чиқариб минғилларди. У профессор устидан ғалаба қилганидан хурсанд эди. Аммо профессор унга ортиқча эътибор бермади: менинг ҳам, фаҳмимча бутун гуруҳнинг ҳам. Бу ўлакса анқиб ётган шаҳарда бир кун ҳам тургимиз келмаётганди. Биз шу пайтгача ўлим каби буюк ва ўлим каби ёвуз иқтидорнинг кўчаларини кезиб юрган эдик.

Eртасига шаҳарнинг улкан дарвозасидан чиқиб кетар эканмиз, мен бу манзилнинг мангу ўлимга юз тутганини, уни энди ҳеч ким қутқариб қололмаслигини, худди қуёш ботгандан сўнг ту келиши муқаррардай, тириклик қуёши ботган, кўчаларида ўлим ва телбалик кезиб юрган бу шаҳарга вайроналик ташриф буюражаги, узоқ йиллар ҳукм сурган эътиқод бирдан харобага юз тутгани каби бу шаҳар ҳам энди таназзул томон оғишмай кетажаги ҳақида ваҳм ва қўрқув билан ўйладим.

* * *

У хонамга кечқурун кириб кетди: жуда ҳорғин эди, кўзларида даҳшат аралаш жунун ўйнарди.

Бир неча кун ичида у муштдай бўлиб қолибди. Мен уни касал юқтирган чоғи деб ўйладим ва уйга таклиф қилдим. У хонам тўрига қўйилган курсига ўзини ташлади ва юзини қўллари орасига анча вақт яшириб ўтирди, сўнг худди ҳамма нарсани босиб янчиб ўтаётган бўрон каби бир телбавор оҳангда пичирлади:

— Бутун шаҳар тобут шаклида қурилганди. Мен буни лойиҳада кўрдим. Биз шунча кун тобутни кезиб юрган эканмиз...