OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНеъмат Арслон
Асар номиСояда ухлаётган толеъ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Неъмат Арслон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм56KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 6-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Сояда ухлаётган толеъ (ҳикоя)
Неъмат Арслон

«
«Толеъим сандал ёғоч,
екса кўкармас пояси»

(Раҳматли момомнинг чарх йигириб айтадиган қўшиқларидан).
»

I

Патрот топган рўзғорини ўнглаб олишга бўлган узоқ уринишлар Бешимни батамом толиқтирди. Ниҳоясизлик чарчатди уни. Қайси ишга қўл урмасин, меҳнатнинг сўнги кўринмас, энг ёмони қўл урган иши хунук оқибатларга олиб келарди. Натижада, Бешимнинг афти довча еган одамникидек буришиб турадиган бўлиб қолди. Уйқусизликдан кўзининг жияклари қизарди, оғзининг икки чети пастга осилиб тушиб, юзига сўлжайган ифодани муҳрлаб қўйди. Онда-сонда ташриф буюрадиган ним табассум ҳам унинг ажин босган юзини ва нурсиз кўзларини тарк этди. Фақат қорингина садоқат кўрсатиб, аввалги кўринишини бежирим сақлаб қолган ва ўз соҳибининг фаровон кунларидан хотирадек басавлат кўринарди.

«Эҳ Бешим, сени нима жин урди! – дея нола қилди бир куни у каравотига чалқанча ётиб шифтга термуларкан. – Бир қадам олға боссанг икки қадам ортга кетаяпсан».

Ҳовлида ёлғиз ўзи бўлганлиги сабабли унинг фарёдини ҳеч ким эшитмади. Қариндош-уруғлари ўзларини олиб қочишар, хотини кетиб қолган, гоҳида укаларини кўчада учратиб қолиб, ўз тақдирининг шумлигидан шикоят қила бошлайдиган бўлса, улар осонгина қутулишар, яъни ака гап бошлаши ҳамон укалар ҳам бир-бирларига навбат бермай ишлари юришмаётганидан нолий кетишарди.

Каравотда ётганча кейинги кунларда юз берган воқеаларни тахмин қиларкан, бошқа дурустроқ йўл тополмай, фол кўрсатиш керак, деган қарорга келди. Ҳеч бўлмаганда қуёнларини ким ўғирлаб кетганини билишни истарди. Қуёнларга қўшиб якка-ю ягона товуғини ҳам олиб кетишгани, айниқса, алам қиларди унга. Ҳар кун, гоҳида кунора тухум туғиб турарди жонивор. Шу воқеадан бир ҳафта олдин омборхонаси ёниб кетганда ҳам бунчалик куюнмаганди. Аслида омборхона катта йўл бўйида жойлашган кенгу мўл-кўлгина бўлиб, Бешим унинг орқасини тешиб, ҳамма қўшниларникидай «савдо дўкони» очишни мўлжаллаган, ҳатто баъзи бир нарсаларни харид қилиб қўйганди. Шундай бўлса-да, омборхонадан кўра, товуғининг йўқолганига кўпроқ ачинди. Ҳар кун қўрамтага кўмиб ёки қайнатиб, иши шошилинч пайтда қовуриб ейдиган тухумини ўйларкан, фолга бориш керак, деган фикри қатъийлашди. Ўрнидан туриб беихтиёр белини ушлади ва ғижимлашга тушди. Унинг буйраги оғрирди. Ҳайдовчилик қилиб орттирганди бу дардни. Қишда машинаси бузилиб, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги узилишда қолиб кетганди. Бахтга қарши ер музлаган, ширабўрон қилиб қор уриб турган ўша тунда бирорта таниш машина ўтмади. Бу ҳам етмагандай, орадан бир ой ўтиб-ўтмай «авария» содир бўлди. Бешим машинаси билан йўл четидаги тижорат дўконига бориб урилди. Ғазабнок дўкондор роса сўкди, калтаклади ва жарима ундириб олди. Машина деворга урилганда қаттиқ жароҳат олган Бешим касалхонадан чиқиб келганда хотини уни ташлаб кетиб қолганди. Ҳувиллаб қолган уйни кўздан кечириб, тошойна олдидан икки энлик хат топиб олди. Ўқиди, хотини шундай ёзган эди:

«Сенга тақдиримни қўшиб хароб бўлдим. Толеъинг паст. Энди ўз кунимни ўзим кўрай, ортимдан борма, фойдасиз. Xайр. Ёқутхон".

Бешим стулга ўтириб қолди. Йиғлади. Кейин бир неча кун тергов идораларига қатнаб юрди, жарима устига жарима тўлади, қарзга ботди, пировардида ишдан ҳайдалди. Бу унинг еттинчи бор ишдан кетиши эди.

II

– Кўп гапирманг, – танбеҳ берди фолбин Бешимнинг бетиним жаврашидан безор бўлгандай бир қиёфада, – ўзи шундоғ ҳам юзингиздан ҳаммаси аён: пешонангизда узуқ-юлуқ етти қатор чизиқ, демак, ўйловингиз кўп. Кўзингиз нурсизланган, бу – умидсизлик ва омадсизлик нишонаси. Рангингизнинг таги заҳил. Демак, дардингиз бор...

Бешим жимиб қолди.

Фолбин бошига қора тўн ёпиб, унинг енгидан осмонга қараб ром очишга киришди. Бешим нафасини ичига ютиб, тўннинг осмонга чўзилган енгига қараб, енг худди кўктоқига ёзилган сатрларни бирма-бир ўқиётгандай маълум бир масофада тебраниб турарди. Ниҳоят, фолбин тўн ичидан бошини чиқариб: «Кўрдим, толеъингиз сояда ётибди», деди.
– Энди нима қилишим керак? – сўради Бешим.
– Офтобга чиққунча кутасиз.
– Қачон чиқади? Балки умуман чиқмас!
– Балки бу менга қоронғу.
– Толеъим сояда ёца, мен бахтли бўлишим керак эмасми?
– Йўқ. Кимнинг толеъи ҳузурда бўлса ўзи азобда, аксинча жони қийноқда бўлган кишининг толеъи ҳузурда бўлади.
– Қаерда ўша номард толеънинг ўзи, кўрсам бўладими?
– Бўлади.

Бешим буни кутмаганди. Фолбинга шубҳа ичра қаради.
– Толеъларнинг ҳаммаси бир жойда, «Дўстаман» водийсидан макон топишган. Ҳозир тўнни беҳуда титкилаяпсиз, барибир ҳеч нарсани кўролмайсиз. Бунинг учун ўша водийга бориш керак.
– Олиб боринг мени! – илтижо қилди Бешим фолбиннинг пойига тиз чўкиб.
– Майли, – дарҳол рози бўлди фолбин. – Ўзим ҳам кўпдан бери шуни ният қилиб, дурустроқ ҳамроҳ топилиб қолишини кутардим. Сизга уч кун муҳлат. Ҳозирлик кўринг, уч кундан кейин ё насиб деб йўлга равона бўламиз. Иншооллоҳ, толеъингизни топасиз.

Бешим уйига хурсанд бўлиб қайтди.

III

Улар узоқ йўл босишди. Сўнгги довондан ошиб юксак чўққига кўтарилганларидан кейин инсон ҳаётига бутунлай бегона, тасаввурга сиғмас даражада ғайритабиий бир манзара намоён бўлди.
– Ана, – шивирлади фолбин пастликка эгилиб қараб, – «Дўстаман» водийси шу.

Бешим ҳам ерга қорни билан ётиб, тошга тирмашган кўйи пастликка қаради, ҳайратини яширолмай, ўзгарган товушда сўради:
– Нимади анавилар?!

Фолбин жавоб бермади. Водий манзараси мантиқсизлиги билан Бешимни шу даражада қойил қолдиргандики, ўз саволининг жавобини эшитишни унутиб, мубҳам маъвога тикилиб қолганди.
– Пастга томон энайлик энди...

Узоқ-узоқлардан эшитилгандай бўлди фолбиннинг овози. Бешим ҳамроҳининг мақсадини базўр англаб ўрнидан турди. Сўқмоқ тагма-таг айланалар ҳосил қилиб, водийга томон олиб тушарди. Ранглар тиниқ торта борди, чаплашган чизиқлар муайян шакл ола бошлади. Тепадан қараганда булут бўлиб кўринган қора кўланка аслида дарахтлиги, дарахт бўлганда ҳам ниҳоятда улкан эканлиги аён бўлди. Фақат қўйлар сурувига ўхшаб кўринаётган маъвонинг нималигини англаб бўлмасди. Етти кеча-кундуз йўл босганларидан сўнг Бешим ҳақиқатнинг тагига етгандай бўлди ва нидо қилди:
– Э воҳ, бунча кўп қўй!
– Ғалат сўзламанг. Улар қўй эмас, умуман бу жойда ҳуда-беҳуда гапларни айтавермасликни маслаҳат бераман. Муқаддас жой.

Бешим муқаддаслик белгиларини топмоқчи бўлиб, атрофга аланглади. Саҳро поёнсиз ва ҳад-ҳудуди кўринмасди. «Бу ер Дашти Карбаломикин? Ёки Саҳройи Кабир деганлари шу жойми?» хаёлидан ўтказди, адабиёт дарсларида тилга олинадиган бундай калималардан хабардорлигидан мамнун бўлиб. Фолбин эса жиддий қиёфада кетиб борарди. Бешим ҳам юзига жиддий тус берди. Қошлари чимирилди, кекирдагини бироз олдинга чиқариб, бошини адл кўтарганча ҳамроҳига монанд одимлай кетди. Аммо бундай қиёфада узоқ йўл босолмади. Оёғи остида ўсиб ётган тиканлар игна каби ўткир бўлиб, эркин юришга қўймасди.

Манзара алмашинди: тиканзор майдон ортда қолиб, темир чангакдай чайир бутазор бошланди. Йўл йўқ, учи қармоқ каби қайрилган шох-шаббалар теккан жойини узиб оларди. Бешимнинг қийналаётгани ва ҳафсаласи пир бўлаётганини кўриб, фолбин далда берди:
– Бардам бўлинг, тақсир, меҳнатнинг таги роҳат, иншооллоҳ, мақсадимизга етурмиз, – деди-да, олдинга ўтиб йўл бошлади.

«Шу пайтгача тақсир демаганди, хаёлидан ўтказди Бешим, – демак, бу жойлар ҳақиқатдан ҳам муқаддас экан-да».

Олға босиш оғир, ортга ҳам қайтиб бўлмасди. Бутазор тугай демас, йўловчиларнинг эгнидаги кийимларини беаёв юлқилар, тиканлар ўткирлашиб, йўллар чалкашиб, бутазор қалинлашиб борарди. Бешим бир лаҳза тўхтаб, ортга қаради. Аста жуфтакни ростлаб қолиш нияти ҳам йўқ эмасди унинг. Аммо ортига қайрилиши ҳамон юраги орқасига тортиб кетди. Қоронғулик. Буталар бамисоли чала ёнган ёғочлардек қорайиб кўринади. Шошиб олдинга интилди, чайир симчивиқдек қаттиқ новдалар шартиллаб юзига келиб урилди.
– Қайтамиз! – ўкириб юборди Бешим, эгилиб қўллари билан юзидан оқаётган қонни артаркан.
– Элакка қолганда оқсаманг-да энди, – жавоб бўлди фолбин тарафидан.
– Уйимда оёғимни узатиб ётиб, бир пиёла чойни ичиб, тўйиб бир ухласаму ўлсам розиман. Жин чалган бу лаънати жойда итдек ўлиб кетамиз. Ўз юртингда ўз қабринг бўлиши ҳам катта бахт. Шу чангалзорлар орасида ўлигимиз қолиб кеца, ўша бахтдан ҳам маҳрум бўламиз.
– Тушкунликка тушманг, тақсир.
– Сиз ҳам вазиятни холисона баҳоланг.
– Эр кишига йиғлаш ярашмайди.
– Ярашиғли бўлишимнинг кимга кераги бор?
– Қўйинг, айтишиб ўтирмайлик, оз қолди. Қани дадил бўлинг, кетдик, тақсир!

Бешим ноилож кўнди.

Ҳамроҳидан қолиб кетиб, бу куни хам кўплик қилишини ўйларкан, шох-шаббаларни тирсаклари билан четлатганча, фолбиннинг қорасини кўздан қочирмай бораверди. Энди эгнида тўннинг ёқаси ва икки кафтигина осилиб турар, орқасида, икки курагининг ўртасида эса бир бўлак узунроқ қизғиш матоҳ кўринарди.

Ниҳоят бир гиламнинг ўрнидеккина ялангликка чиқишди. Табиатнинг бу инъоми Бешимни қувонтириб юборди.
– Xудога минг қатла шукур-е, тақсир, – деди Бешим ҳорғин нигоҳ билан ҳамроҳига қараркан.

Фолбин нигоҳини ундан олиб қочди. Тескари ўгирилганча, халтасини кавлади ва ундан четларига кашта урилган, этак-ёнларига пирпирак тикилган белқарс олиб узатди. Ўзи эса ҳамон четга қараб турарди.
– Нима гап, тақсир? – сўради Бешим ажабланиб.
– Олинг, олатингизни тўсинг.

Бешим эгилиб қараб, мешдек улкан қорни остида чарм қайишдан бўлак ҳеч вақо қолмаганини кўрди.
– Ана энди исмингиз жисмингизга мос бўлди, – кулгу аралаш ҳазил қилди фолбин.

Дарҳақиқат, Бешим энди бутунлай бешим қолганди.
– Узр тақсир, фақат юзимни тўсиш билан овора бўлиб... – ғўлдиради Бешим ва белқарсни олиб, олдини тўсди. Қарснинг икки учини тортиб орқасига боғлади. Сўнгра унинг толиққан вужуди бамисоли бир қоп гўштдек шилқиллаб ерга йиқилди. Узоқ ухлашди улар. Ўринларидан туришганда ҳавонинг авзойи ўзгарган, қуёш кўкимтир ғубор ортида қолган, ҳавода тутунга ўхшаш, аммо қўл билан ушласа бўладиган зарралар учиб юрарди. Бошқа бир томонда қўнғир тусдаги қурум бурқсарди.

IV

Олақуроқ туманлик кўтарилиб, бамисоли шишадек ялтироқ тўртбурчак шаклидаги муз қотган тепалик намоён бўлди. Осонроқ ўтиш мумкин бўлган бирорта кемтик ёки тирқиш кўринмас, тепалик йўлни бор бўйича тўсиб турарди.
– Қайтамиз! – деди Бешим қатъий қилиб.

Фолбин оғиз очмади. Афтидан Бешимни тетикликка ундаш ва алдаб-сулдаб йўлга солиш жонига теккан ва энди «билганингни қил» қабилида индамай муз тоғига тикилиб турарди. Бир дамлик иккиланишдан кейин у йўл бошлади ва қўл-оёғи билан баравар ҳаракат қилиб, тик ёнбағирдан юқорига томон ўрмалай кетди. Тепалик сирти музлагандай бўлиб кўринса-да, темир каби қизиб ётарди. Кўп машакқатлардан сўнг тепалик устига чиқиб олишди, қадлар ростланди. Бешимнинг тирноқлари қўпорилган, тирсаклари сидирилганди.
– Мана Дўстаман! – қўли билан пастликка ишора қилди фолбин. Ястаниб ётган водийга ҳайрат ичра тикилиб қолишди. Ўша улкан дарахт, ўша манзара яна кўз олдиларида намоён бўлди. Ҳаракациз қотган сон-саноқсиз қўйлар тўдаси. Дарахтнинг шохлари тепаликка тегай-тегай деб турибди. Фолбин энг пастдаги чирмовиқсимон новдалардан бирини ушлади-да, Бешимга ҳам имо қилди.
– Шохдан маҳкам ушлангу, кўзингизни чирт юмиб ўзингизни пастга отинг! – буюрди фолбин.

Бешим журъат этмади.
– Сакранг!

Бешим тараддудланиб белига боғланган белқарсни пайпаслашга тушди. Иштон ўрнида хизмат қилаётган белқарс липасини силади, тугунини ушлаб кўрди, хуллас, сакрашни пайсалга солди.

Агар айтганимни бажармасангиз, бир умр шу ерда қолиб кетасиз, толеъингизни кўриш насиб этмайди.
– Ҳозир! Мана, ҳозир, – деди Бешим шохга маҳкам ёпишиб.
– Оёғингизни кўтаринг!
– Кўзимни юмайми?
– Юминг!
– Оғзимни-чи?
– Шак келтирманг, Бешим, ҳазилнинг жойи эмас. Сакранг!

Бешим сал ортга тисарилди-ю, тиззаларини букиб, ўзини шохнинг ихтиёрига топширди. Бирдан вужуди енгил тортди, қулоқлари остида шамол ғувиллар, қандайдир салқинлик танига ҳузур бағишлар, гўё пастга эмас, юқорига томон учиб борарди. Кўзини очиб қарашга журъати етмади. Шундай бўлса-да, киприклари бир-икки пирпираб кетди. Атроф бамисоли шишадек тиниқ, кўм-кўк ва шаффоф. Бошқа ҳеч нарсани англамади. Оёғи ерга тегиб, кўзини очганда рўпарасида бегона киши турарди.
– Ассалому алайкум, тақсир! – деди Бешим қўлларини кўксига қўйиб ва ҳурмат ила ерга эгилди.

Нотаниш киши алик олди. Шу пайт фолбиннинг ҳам овози эшитилиб қолди. У ҳам қўлини кўксига қўйиб саломлашди.
– Толеъидан норози бир бечорани ҳузурингизга олиб келдим, – гап бошлади фолбин, – гуноҳимиздан ўтинг, тақсир. Умр бўйи фол кўрдим. Толеъидан рози одам дунёда кам...
– Рози одам сизнинг ҳузурингизга бормайди-да, – кулги аралаш сўзлади нотаниш киши ва ўзини таништирди:
– Мен толеъбонман.
– Бағоят хурсандман, – хушомад қилди фолбин.
– Мана шу биринчи минтақа менинг тасарруфимда. Қани, марҳамат, ичкарига киринглар.

Толеъбон бағдоди нақшлар ўйилган оғир дарвозани очиб толеъталабларни ичкарига киргизди.

Ҳовли тандирдек қизиб ётарди. Гиёҳ деган нарсадан асар ҳам йўқ. Бешим шундагина ўзи шохига осилиб тушган дарахтнинг ҳам йўқолиб қолганини пайқади ва ҳайрати ошди. Ер шу қадар иссиқ эдики, этикларнинг тагчарми чиппа-чиппа ёпишар, қизиб кетиб оёқни куйдирарди.
– Ҳа, бизнинг минтақа андак иссиқроқ, – изоҳ берди Толеъбон.
– Бу ер дарё ўзаними, сув қачон қуриган? – сўради Бешим сабри чидамай ва қалашиб ётган тошларга ишора қилди.
– Улар тош эмас, толеълар, – тушунтирди Толеъбон.
– Йўғ-е!
– Шундай. Иши аъло даражада юришиб турган кишиларнинг толеълари булар.
– Бахтлиларнинг толеъи шундай азобда бўлса, меникининг ҳолига вой экан-да! – қичқирди Бешим оёғи куяётганини ҳам унутиб.

Қақроқ ерга думалаб ётган тошларнинг инсон толеъи эканлигига сира ишониб бўлмасди. Бешим улардан бирини оёғи билан секин туртиб кўрди. «Тош» қатиқ тўлдирилган тухумдек илкиллади. Тепасида нимадир соя солганини пайқаб талпина бошлади. Бешим ўзини четга олди.

V

Толеъбон навбатдаги дарвозани очаркан, толеъталаб меҳмонлар ҳовлига киришга журъат этмай, остонада тўхтаб қолишди. Мешлар нотинч чайқалишар, телефон учун ўрнатилган ёғоч соясига ўзларини уриб "ғизз-ғизз" этган овоз чиқаришарди. Толеъбон дастакни кўтарди, рақам терди ва ким биландир гаплаша бошлади. Бешим унинг авзойига разм солиб, ишлар жойида эмас шекилли, деган хулосага келди. Толеъбоннинг товуши тобора пастлаб, ичига тушиб борарди. Фолбин ҳам унга қараб, ғамгин бош чайқаб қўйди.
– Ўртоқ иккинчи, узр! Йўқ, узр, – дерди толеъбон, – хизматим давомида сира бундай ҳолга дуч келмагандим. Йўқ, ўзбошимчалик қилганим йўқ. Уларни меҳмон сифатида... Xўп, яхши, безовта қилмаймиз, яхши! Тартиб бузилмайди! Xудди шундай! Тушундим!

Толеъбон соя излаб оёқлари орасига тиқилаётган бадбуруш, афтидан қариб қолган бир толеъни тепиб юборди-да, иккинчининг гапини маъқуллашда давом этди:
– Бўпти ўртоқ, иккинчи! Айтганингиздай қиламан. Рўйхатдан ўтказаман. Дарҳол ўз ўрнимга қайтаман. Кузатувни давом эттираман...
– Буларга ҳам қийин экан, – фолбиннинг қулоғига шипшиди Бешим.

Фолбин жеркиб ташлади, ҳавода учиб юрган пашшани уриб туширмоқчи бўлгандай қўлини кескин силтаб қўйди.
– Кетдик, – деди ниҳоят дастакни жойига қўяркан Толеъбон ва толеъталабларни сариқ мойбўёқ чапланган дарча томон бошлади. Ичкарида чорпоя кўринди.
– Сиз шу ерда қоласиз, – деди Толеъбон фолбинга, – сиз эса мен билан борасиз.

Бешим деворлардаги сувратларга қараб, ҳайратланиб турарди. Назарида абстракт йўналишидаги рассом чизган сувратларга жуда-жуда ўхшарди улар. Толеъбон унинг тирсагига кафтини тегизиб қўйиб, йўлга тушиши кераклигини билдирди. Даҳлиздан ўтиб қабулхонага кирганларида уч нафар котиба кутиб турарди. Улар тезкорлик билан ишга киришиб, чамаси ярим соатларда ҳужжатларни тўғрилаб беришди. Бошлиққа қўл қўйдириш учун Толеъбоннинг ўзи кирди. Ўн дақиқалар ўтди. Бешим бу ерда вақтни ўз андозаси билан ўлчарди. Умуман, Дўстаман водийсида вақт оқими инсон ўйлаб топган дақиқаю сонияларга бўйсунадими ёки уларнинг ўз эталони борми, буни билиб бўлмасди. Сўнгра улар бошқа бир хонага киришди. Ўнлаб компютерлар ва бўлак кўринишдаги Бешим номини билмайдиган – ускуналар... Қизлар бошқаришаяпти уларни.
– Бешим Ботмонов! – баланд овозда эълон қилди Толеъбон.
– Кўзгуга рўпара қилинг! – деган буйруқ эшитилди.

Бешим тошойнага рўпара бўлди. Ойнадан соч-соқоллари ўсган, чақчайган кўзли, ярим яланғоч кимса бегона нигоҳ билан қараб турарди. Оёғида соғиси узилиб тушган дағал кирза этик. Бўйнида дабдала бўлиб кетган тўннинг бир бўлаккина астари илиниб турибди. Елкалари тилинган, юлинган, моматалоқ бўлиб кетган. Белида кирга ботган белқарс.
– Ўзингизми? – деган савол берилди.
– Ўзим, – жавоб қилди Бешим йиғламсираган овозда.
– Мақсадингиз?
– Толеъимни кўриш.
– Сабаб?
– Бахцизман. Ишим юришмайди.

Худди шу мазмунда яна бир қатор саволлар берилди. Толеъбон эшик ёнида кутиб турарди.

Пировардида шу нарса аниқ бўлдики, Дўстаман водийси ходимлари ўз ишларини у қадар яхши билишмас экан. Бешим шундай қарорга келди ва бунинг сабабини ҳам ўзича изоҳлади: «Демак, мендан аввал ҳеч ким ўз толеъини қидириб келмаган, буларнинг мазкур ишларга тажрибаси йўқ». Қўлидаги ҳужжат рақами ҳам шуни кўрсатиб турарди. Ўз хулосасидан кўнгли таскин топди. Xодимлар «лох», демак, ўз тош-тарозумни қўйсам бўлади, деган тўхтамга келди.

Хода ва толхивичдан ясалган эрганак дарвоза олдида тўхтадилар. Толеъбон қўнғироқ тугмачасини босиб, ичкарига маълум қилгунча Бешим бармоғи билан дарвоза ёндорисини суртиб кўрди ва мойбўёқнинг ҳали қуриб улгурмаганини аниқлади: «Демак, менинг келишимдан булар салгина бўлса-да, чўчишибди, тайёргарлик кўрибдилар», деди Бешим ич-ичидан қувониб. Ана шу ҳиссиёт таъсирида остонадан виқор билан ўтиб, қаддини ғоз тутганча пешайвон томон юрди. Йўлакдан пилдираганча келаётган одамча Бешимнинг ҳайбатидан чўчигандай тўрт-беш қадам нарида тўхтаб қолди. Деразалардан аёллар ва бўйи етган ёш қизлар қараб туришарди. Албатта, Бешимнинг ярим яланғоч гавдаси, антиқа тарздаги кийимлари ва айниқса, улкан қорни уларда катта қизиқиш уйғотаётган эди. Толеъталаб буни пайқади: «Қани энди бу хонимчаларнинг олдидан қора костюм, оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ боғлаб ўцанг, бошингда шляпа, оёғингда чет эл туфлиси бўлса», ўйлади афсус билан Бешим ва ўз кўринишини бирров кўздан кечириб, аҳволи ҳақиқатдан ҳам хароб ҳамда кулгили эканлигини тан олди. Майкаси йиртилиб, баҳайбат қорни очилиб қолган, белқарс учма-уч бўлиб олдини тўсиб турса-да, орти очилиб ётар, елкасида ҳамон тўннинг ўша «Т» ҳарфи шаклидаги увадаси.
– Йигитни жанданинг ичида танисин деганлар, – қичқирди Бешим аёлларга қараб.

Қизлар жилмайишар, аёллар қиқирлаб кулишарди. Мазах қилиш ёки ижирғаниш аломатлари кўринмасди уларнинг юзларида. Бешим ёнида фолбиннинг йўқлигидан фойдаланиб, қизлардан бирига кўзини қисди.

Одамча қўли билан айвонни кўрсатди ва орқамдан юринг, дегандай имо қилиб йўл бошлади. Толеъбон хайр-хўшлашганча дарвоза олдида қолди. Маҳкамада ёлғиз ўзи ўтирган киши натижани дарҳол маълум қилди:
– Сизнинг толеъингиз бизда йўқ.
– Нега? – ажабланди Бешим.
– Мен сизга айцам, ҳамма одамлар бир-бирларига ўхшайдилар: данғиллама уй, чиройли машина, лавозим, мустаҳкам соғлик ва ҳоказо. Бахцизлар бир-бирларидан кескин фарқ қилади. Бахцизликнинг чеку чегараси йўқ: биров тўшакка михланган, бошқаси фарзандсиз, ёлғизлик азобига маҳкумлар бор, бири икки бўлмай сарсон юрганлар бор... хуллас, бахцизлик хилма-хилу ранг-баранг. Агар ўқиган бўлсангиз, Толстой деган бир ёзувчи бу ҳакда қотириб айтиб қўйган. Гапнинг индаллоси шуки, сизнинг толеъингизни топиш анча мушкул иш. Аммо қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, ҳаракат қилаяпмиз. Таҳлил натижаларини учинчи поғонага ўтказдик, бироз кутасиз.
– Время – это денег, – деди Бешим ўзи ҳам кутмаганда бирдан ўрисчалаб.

Иккинчи минтақа толеъбони ўзга лафзни унчалик тушунмай анграйиб қолди, унга биргина «денег» сўзи таниш эди. Унинг саросимага тушиши Бешимни руҳлантириб юборди. Ўзга тил сирли таъсир кўрсатмоқда эди. Бир пайтлар раҳбар ходимлар худди шу йўлни тутишарди, яъни ўзбекча гапира туриб русчадан битта-иккита сўзни шундай оҳангдор қилиб, бежаб ва ўзгача урғу бериб қўшиб юборишардики, оддий фуқаро бир неча йиллар ифтихор билан ўша раҳбарнинг нуктадонлигидан таъсирланиб юрарди. Бешим ҳам туман халқ таълими бўлимининг мудири лавозимида ишлаб юрган кезлари бу усулни бот-бот қўлларди. Шуни эслаб, сўзида давом этди:
– Мне пара!

Толеъбон қуллуқ қилди. Мийиғида кулганча Бешимга яқинлашди. Бироз тараддудланиб тургач, унга бақамти келди-да, чўнтагидан бир даста пул олиб Бешимнинг белқарси остига тиқди.
– Э тақсир, нима қилаяпсиз? Не, хорошо, – деди босиқлик билан Бешим.
– Арзимас совға...

Афтидан Толеъбон «пара» сўзимни пора деб қабул қилган ва ҳали хаёлида айланиб турган «денег» таъсирида пора сўраяпти, деб ўйлаганди.
– Не хорошо... – бош тебратди Бешим ва шу аснода ҳамёнлари кенг шими тиканли буталарга «ем» бўлганлигини эслади, қўлини белқарс остига юбориб, пулни маҳкам ушлади.

Телефон қўнғироғи жиринглаб қолди. Толеъбон югургилаб бориб дастакни кўтарди. «Тайёрми? Олиб киринг», деди-ю, Бешимга қараб, хушнуд жилмайди. Орадан беш дақиқа ўтганда учинчи ҳудуд дарвозаси олдида пайдо бўлдилар. Толеъбон қўнғироқ тугмачасига қўл чўзди. Бешим ичкарига қадам қўяркан, бутун борлиққа соя ташлагудек ғоят улкан дарахтга кўзи тушди. Ҳаво мўътадил, аввалги жазирамадан ном-нишон йўқ. Икки-уч одим нарида мешлар думалаб ётибди. Бешим улардан бирини оёғи билан туртиб кўрди, илкиллайди.
– Ухлаяпти, – тушунтирди Толеъбон.
– Нега ухлайди? Қанақасига ухлайди? – ажабланди Бешим. – Улар мешлар-ку ахир, оддий мешлар. Боши ҳам йўқ, кўзи ҳам. Қатиқ тўлдирилган тулумннг ўзи, бир туки кам эмас.
– Шундай, лекин улар тирик, ҳатто зарурат туғилганда ҳаракатланадилар ва юрадилар ҳам.
– Буларнинг қайси бири меники? Кўрсата оласизми? – сўради Бешим бепоён кенгликни эгаллаб ётган бу антиқа жонзотлардан кўз узмай.
– Кўрсатаман, – жавоб қилди Толеъбон.

Толеъбон йўл тортди, Бешим унинг ортидан эргашди.
– Мана! – қўли билан мешлардан бирига ишора қилди Толеъбон.

Меш соянинг қуюғида илкиллаб ётарди.
– Шуми? – ишонқирамай сўради Бешим.
– Сизнинг толеъингиз шу.
– Бунинг нимаси менинг толеъим? Қандай исботлайсиз? Ахир, уларнинг ҳаммаси бир хил-ку!
– Йўқ, фарқи бор. Эътибор берган бўлсангиз, аввалги ҳудудлардаги мешлар буларга нисбатан кичикроқ, баъзилари буришиб қолган, ҳатто сўлинқинамолари ҳам бор эди. Уларнинг ранги тўқ қўнғирдан қорамтиргача бор эди, буларнинг ранги эса оч қўнғир, ҳатто оқимтирлари ҳам бор.
– Билишимча, бу ерда минглаб толеълар ётибди. Шундай бўлгач...
– Фикрингизни уқдим, – унинг сўзини бўлди Толеъбон, – мешлар рақамлар билан белгиланган. Мана, ҳозир... Толеъбон эгилиб мешнинг у ён-бу ёнига қаради, аммо рақамининг нечалигини айтолмади.
– Товламачилик! – қичқирди Бешим, Толеъбоннинг хижолат чекаётганидан фойдаланиб.
– Бор, бор, топамиз. Толеъингиз узоқ йиллар сояда ётавериб, ўта семирган, натижада териси таранглашган ва рақамлар ўз кўринишини йўқотган, сийқаланиб кетган. Лекин топамиз.
– Семирган? Нега семиради? Мен бир умр қийналсаму, бу ҳайвон семириб ёца, ҳозир чавақлаб ташлайман! – ўдағайлади Бешим ва бор кучи билан мешнинг қорнига тепди.
– Шовқин солманг, тақсир. Уларни чўчитиб юборасиз. Нима бўлганда ҳам инсон тақдири улар. Ҳамма иш ўз ройиши билан бориши жоиз.
– Мен бахтли бўлишим учун нима қилишим керак?
– Бу ернинг қоидаси оддий: толеъ азобда бўлса, соҳиби роҳатда ва аксинча соҳиби азобда бўлса, толеъи роҳатда.
– Ҳозир чавақлайман у лаънатини! – жўшиб кетди Бешим ва чавақлаш учун ўткирроқ нарса қидириб, атрофга қаради. Девор дарзида шакли ўроққа ўхшаш қандайдир асбоб кўринди. Толеъбон унинг йўлини тўсди.
– Барибир ўлдираман, – бўкириб юборди Бешим. – Мени шунча йил азоблаган, ўзи сояда ётиб семирган толеънинг баҳридан ўтаман!

Биқинига устма-уст тепки тушаётган толеъ «ғиз-ғиз» этиб овоз чиқарар ва аста-аста худди шимол денгизларида яшайдиган тюленлардек қийинчилик билан ҳаракатланиб, офтобда қизиб ётган майдонча томон силжирди. Толеъбон нима чора кўришини билмай, эсанкираб қолмаса эди, деб атрофга хавфсираб қарарди. Ўз муваффақиятидан руҳланиб кетган Бешим аввалгидан беш баттар жазавага тушиб, мешни тепкилай кетди. Унинг имиллашига қаноат қилмай муштини ишга солди. Чўкка тушиб, мешнинг елкасидан тишлади, хуллас, терлаб пишиб «жанг қилди».
– Бас, етар! – деди Толеъбон журъат билан унинг қўлидан тутиб. – Катталар билиб қолса, менга ёмон бўлади.
– Шуми ўзи, – пўписа қилди Бешим, – бошқанинг толеъини чиқарган бўлмай.
– Сизники. Агар шубҳа қилсангиз рақамини кўрсатишим мумкин.
– Кўрсатинг-да. Шу пайтгача нима қилиб лайлак ҳайдаб турибсиз?

Толеъбон омборхонадан белкурак олиб чикди. Уни толеънинг тагига суқиб, Бешимни кўмакка чорлади. Икковлашиб мешни ағдаришди. Унинг кўкимтир томирлар бўртиб турган оппоқ қорнида қатор тизилган рақамлар кўринди.
– Ҳужжатингизга қаранг, солиштиринг, – деди Толеъбон.

Бешим рақамларни солиштириб кўриб, мамнун жилмайди.
– Фақат бу томони қандоқ бўларкин? Бошлиқлар нима дейишаркин? – деди Толеъбон ўзига ўзи гапиргандай қилиб, Дўстаман тарихида сира бундай бўлмаганди.
– Нари борса битта ҳайфсан оларсиз, – минғирлаб қўйди Бешим ва сўради:
– Энди бу лаънати меш яна ўзини сояга урмайдими?
– Уради. Лекин булар ўта ялқов, камҳаракат ва эринчоқ. Шу туришда азобланиб, бир неча йил ётиши ҳам мумкин.
– Менга қаранг, – деди Бешим қўлини Толеъбоннинг елкасига ташлаб. Икков дўст бўлайлик, қиёматли дўст. Мана буни олинг! Липпасига қистирилган пулни олиб узатди. – Сояга ўтгани қўйманг, илтимос. Йўлингиз тушиб, биз томонларга борсангиз хурсанд қилардим...

Толеъбон ўйлаб қолди. Пул ўз кучини кўрсатдими ёки Бешимнинг дўстлик тўғрисидаги гаплари ёқиб қолдими, ҳар ҳолда унинг қулоғига эгилиб, шивирлади:
– Кечаси дарвоза олдида сизни кутаман. Келинг, муҳим гап бор. Ҳозир боринг-да, яхшилаб дам олинг. Кечаси соат бир ярим, иккилар орасида кутаман. Xўп, ҳозирча хайр!

Бешим савол беришга улгурмай қолди. Толеъбон дарчадан ўтиб, кўздан пана бўлди.

Бешим тунда бир неча бор уйғонди. Тинч ухлолмади. Ўзича турли хаёлларга борди. Ниҳоят айтилган пайтда дарвоза ёнида ҳозир бўлди. Толеъбон кутиб турарди. «Ушланг» деб Бешимнинг қўлига юмшоқ бир нарса тутқазди.
– Нима бу? – хириллади Бешим.

Толеъбон ўзига хос бир ҳаракат билан жим юриш кераклигини англатди. Бешим қоронғуда пайпаслаб бўлса-да, кўлидаги нарса чоғроқ қоп эканлигини англади, аммо бунинг нимага керак бўлишини тушунмади. Бораверди. Толеъбон ерга чўккалади ва Бешимнинг енгидан тортиб, уни ҳам чўккалашга ундади. Ерда толеъ меши қорайиб кўринди. Толеъбоннинг ишораси билан қопнинг оғзини ҳимариб, унга толеъ мешини солишди. Бу иш анча машаққат билан бажарилди. Иккаласи ҳам ҳарсиллаб нафас олишарди. Толеъбон ўрнидан туриб, йўл бошлади. Бешим қопни елкалаганча унинг ортидан эргашди. Бу ишлар замирида нима ётганини ҳамон тушуниб етган бўлмаса-да, яхшиликка йўяр ва қовун тушириб қўймаслик учун жим борарди. Йўлда икки-уч бор дам олдилар. Шунда ҳам ҳеч ким ғинг деб оғиз очмади. Уч марта девордан ошиб ўтишга тўғри келди. Дарвозалар қулф бўлганлиги сабабли шундай қилишдан бўлак иложлари йўқ эди. Толеъбон девор устида туриб қопни тортиб олар, Бешим пастдан қўллари билан кўтариб боши ва елкаларини ишга солиб унга ёрдам берар, кейин қопни деворнинг нариги томонига секин туширар ва яна елкага олиб йўлда давом этишарди. Уч бора ана шундай довондан ўтишга тўғри келди. Ниҳоят биринчи ҳудудга – толеълар азобда яшайдиган ҳудудга етиб келдилар. Толеъбоннинг имоси билан Бешим қопни бўшатди. Толеъбон катталиги ўртача қовундек келадиган мешлардан бирини қопга солди ва «кетдик» дея шивирлади. Унинг овозидан қаттиқ ҳаяжонланаётгани билиниб турарди.
– Xайрият! – деди Толеъбон ўз ҳудудига етиб келгач.

Бешим қопни ерга қўйди.
– Бўшатинг! – буюрди Толеъбон.

Бешим буйруқни сўзсиз бажарди. «Муҳим гап»нинг нима эканлигини энди англаб етган ва Толеъбонга қандай қилиб миннатдорчилик билдиришни ўйларди. Пули қолмаганди. Қоронғуда ҳеч нарса кўринмаса ҳам унга миннатдор нигоҳ билан тикилиб турди-да, белидан чарм камарини шартта ечиб, дўстига узатди. Дўстаманда бундай буюмлар жуда қимматли совға ҳисобланарди. Бешим барча ҳудудларнинг Толеъбонлари камарига оч нигоҳ билан тикилишганидан буни пайқаб олганди.
– Ўзим ҳам шундай қиларсиз, деб ўйловдим, – миннатдорчилик билдирди Толеъбон камарни оларкан.

Бешим туннинг қолган қисмини ўша ҳудудда ўтказди. Кўнглида «Қайси бир шўринг қурғурнинг толеъи бўлса?» деган ўй шарпа ташлаб турса-да, қилган ишидан ҳар қалай мамнун эди. «Кимнинг толеъи бўлса ҳам буришиб муштдеккина бўлиб қолган экан, мана энди бироз жонланади», деб ўзига таскин берди ва кўнглининг бир четида илиниб турган хижилликни қувди. Толеъбон уйқудан туриб белидаги камарга дамба-дам қараб қўяр ва қўллари билан юмшоқ чарм тасмани силаб-сийпаларди.
– Ҳар ҳолда билиб кецам ёмон бўлмасди,– Толеъбоннинг елкасига қўл ташлади Бешим. – Биз алмаштириб қўйган толеъ кимники?
– Мен айтаман, – жавоб қилди Толеъбон. – Аммо сиз қаттиқ сир сақланг. Ҳар ҳолда бу қалтис иш. Бировнинг толеъи билан ўйнашиб бўлмайди.
– Албатта. Сиз айтганингиздай бўлади.

Толеъбон чўнтагидан қоғоз олиб рўйхатга кўз ташлади ва минғирлаб ўқий бошлади: Синдор Сулаймонов, ёши ўттиз бешда, манзили – Кешкаш шаҳри.

VI

Сафари қариганини ҳис қилди Бешим. Тезроқ ўз юртига етиб бориши ва юз бериши муқаррар бўлган мўъжизани қўшқўллаб кутиб олиши даркор эди. Йўлга тушди. Бош маҳкама олдида вертолёт кутиб турарди. Қудратли машина кўкка парвоз қиларкан, ҳамроҳларига кўз ташлади Бешим ва фолбиннинг йўқлигини шундагина пайқади. Басавлат, мансабдор кишиларга ўхшарди улар. Олдинги ўриндикда ўтирган икки кишининг суҳбати беихтиёр қулоғига чалинди:
– Сиз ҳам шу масалада келганмидингиз? – сўради ёши улуғроқ киши ҳамроҳидан.
– Ҳа, сал шовурини сезиб қолдим. Айғоқчиларим яхши ишлашади. Биттаси... товушини пасайтирди ўттиз беш ёшлардаги мансабдор, – бизди тагимизга сув қуймоқчи бўлган экан. Вертолёт кира қилдиму, дарҳол етиб келдим.
– Натижа қалай?
– Тинчитдим.
– Омон бўлинг, ука. Замон сиздай ишбилармонларникида, Синдор ука!..

«Синдор Сулаймонов», – хаёлидан ўтказди Бешим ва бутун вужуди билан титраб кетди. Шундай басавлат одамнинг офтобда қуришиб жизғанак бўлиб қолган толеъи кўз ўнгига келди. Унинг «тинчитгани»га ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмасди.

Суҳбатдошлар ҳам ниманидир сезгандай жимиб қолишди. Фақат Бешимнинг хаёлига антиқа режалар келди, аммо ер билан осмон ўртасида муаллақ туриб ҳеч қандай режани амалга ошириб бўлмасди.