OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНилуфар
Асар номиБеошён яралган аёл (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нилуфар
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм290KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журнали, 2011 йил, 1-сон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Беошён яралган аёл (қисса)
Нилуфар

Тасодифми Ё Тақдир?

Олтин кузнинг сафари қаримоқда.

Дарахт шохларидан узилган барглар жажжи варраклар каби айланиб учиб, йўлаклар, майдонлар узра ястанган уюм-уюм хазонбарглар устига тушиб, қуёш нурида олтиндек товланади. Ҳали ҳаво илиқ. Қиш кеч келадиганга ўхшайди.

Машинасини йўл четида тўхтатган Рустам тўп-тўп айланиб юрган талабаларни кузата туриб, соатига қаради, вақт бўб қопти, кириш керак, лекин сира оёғи тортмаяпти. «Ким билан чиқиши маълум, барибир шу ердан ўтади, яхшиси, машина ичида пойлаб, кўриб кета қоламан», деган қарорга келди ва машинанинг ярақлаётган оппоқ деразасидан узилиб тушаётган баргларга тикилганча қолди. Сарғайган барглар тақдирга тан бергандай шохдан узилади-ю, атрофни кеза-кеза ўзига аталган жойга бориб қўнади. Шохдан узилишни ҳечам хоҳламаса керак.

Қарши томондан майда-майда, лекин тез-тез қадам ташлаб, ердан кўз узмай келаётган қизга кўзи тушиб, хаёли бўлинди. Этаги тиззасидан юқори, чиройли тим кўк кўйлак кийган, оёғида оқиш туфли, қўлида оппоқ сумка, оқимтир тасмаси елкасига осилган. Қоп-қора сочлари бўйнини ўраб турибди. Оёқлари чиройли экан, юзи оппоқ, ҳеч қанақа бўёқ сурилмаган. Ортиқча безак тақинчоқлариям йўқ. Фақат бўйнида ингичка занжири бор, уям кўйлакка кўрк бериб ҳуснини янада очган. Жудаям бежирим, чиройли малак, қараган кўзни ўйнатади.

Рустам жойида бир қўзғалиб, хўрсиниб қўйди. Гўзал қиз машина ёнидан ўтиб, сал нарида тўхтади ва кимнидир интиқ қидирди, тополмади шекилли, бир чеккада туриб кута бошлади. Машина ойначасидан Рустам кузатувни давом эттирди. «Жиддийлиги билиниб турибди, ликиллаганлардан эмас экан». Қиз бир жойда турганча атрофга аланглади, кўзини пирпиратиб, бурнини секин-секин тортиб қўйди. «Алламбало қиз, таннозлигиям йўқ, юз-кўзи ғуборсиз, юриш-туришида, қарашларида нозланиш йўқ, лекин қараган йигитни ўзига тортади, тушиб гаплашиб кўрсаммикан?! Зебо кўриб қолса гап кўпаяди. Лекин... шунақаям чиройли қиз бўларкан-да!»

Қиз кимгадир қараб жилмайди.

Рустам унга томон чопқиллаб келаётган тоғасининг қизини кўрди-ю, «Айтганлари шу қиз эканми?!» – деганча жойида анграйиб қолди. Гоҳида ўзинг кутмаган, сира хаёлингга келмаган воқеалар рўй беради. Тасодифми бу ё тақдир?!

Икки Ўт Орасида

– Бола дегани умрингни заволи экан, худди менга керакдек, замбарак билан қўзғатиб бўлмайди. Наҳотки, уч кундан бери битта қизни кўриб келиш қийин, болани ўзида бўлмагандан кейин, қанча ҳаракат қил бир тийин, мен сени сўқимга боқдимми ўзи, нима қил дейди, дарди бўлса айтмайди, бу уйни уй қилгунча адо бўлувдим, сени уйлантиргунча гўрга кираман шекилли, бу аҳволда нима бўлади, а? Эрта-индин ўттизга чиқасан, юраверасанми, итнинг кейинги оёғи бўлиб, оғайниларинг қиз узатади, сен қараб туравергин, эртага аммаларинг гап чиқарсин, акам бўлмаса, кеннойим бир ўзи, ҳеч балони эплолмайди, битта ўғилни уйлантиролмаяпти десин, сенга ўзи шу керак. Пешонамга ўқ тегса бўлмасмиди? Ўз болам ўзимга душман!

Иштаҳаси аллақачон бўғилиб бўлган Рустам, қошиқни айлантириб-айлантириб охири тўхтатди, косани нари суришга юраги бетламай кўз қири билан онасига қаради. Рўмолини жаҳл билан ечиб, қайта ўраган онаси:

– Ўзи асли пешонам шўр, худо урганни пайғамбар ҳассаси билан туртади! – деди ҳасратли овозда.

Нодира онасининг елкасини силади.

– Ойи? Ҳадеб нолиманг, худога хуш келмайди.

– Ўчир! Энди сен қолувдинг менга ақл ўргатмаган!

Дами ичига тушиб кетган Нодира укасига бир нима десангчи, дегандай қаради.

Рустам бошланажак жанжалнинг олдини олишга шайланиб:

– Ойи, бугун навбатчиман! – дея баҳона қилди.

– Ана, ана бошланди, қачон мен гапирсам бу ё навбатчи бўлади, ё тузатган касали ўлиб қолади. Қайси гуноҳларимга худо менга бу кунларни раво кўрди! – Онаси пешонасига шапатилади. – Ичимдан тушган боламга сўзим ўтмаса-я! Ё астағфирилло!

Рустам онасининг дардини енгиллатишни истаб:

– Ойи, бўлди, кўриб келдим, ҳозир ўша ердан келиб турибман! – деди.

Шусиз ҳам жазавага тушиб турган Дилорхонни алам тўғони бостириб, додга келди:

– Кўрдингми, кўрдингми! Йўқ, бу мени ўлдириб қутулади, менда қасди бор! – кўрпачага узала тушиб, додлай бошлади.

Бу ҳолни кўп бора кўравериб, кўникиб қолган Рустам ўрнидан туриб, доим тайёр турадиган шприцга папаверин, димедрол тортиб, онасининг билак томирига юборди. Ҳовлига чиқиб пиёлада сув олиб кирган Нодира валерианка томизиб ичирди ва онасининг курагини ишқай бошлади.

Уйни юрак дорисининг ўткир ҳиди тутди. Хонага чўккан оғир жимликни аввал ўнг кўзини, сўнг чап кўзини очиб, Рустамга ғалати қараган онасининг бўғиқ товуши бузди:

– Кўрган бўлсанг, энди нима дейсан?! Нима баҳона топиб келдинг яна? Кар эканми ё ғилай? Ё гапирганда тупуги оқарканми? Гапир!.. Баҳоналарингни эшитавериб, худо ҳамма қизларни шунақа совуқ яратган экан, деб ўйлаб қолдим.

– Ойи бирпас дам олинг, ҳозир яна юрагингиз...

– Э, қуруқ меҳрибончилик қилма менга.

Нодира нимага ҳам гапира қолдим деб, тилини тишлаб, ўзи ўтирган кўрпачанинг четини асабий ғижимлашга тушди.

– Шундоқ жой а, шундоқ жой, кимдан кам! Ҳали берса жон дегин, қуруқ савлатига осмондаги ой керакми, боламас бало бўлди, қандоқ кунда туққан эканман ўзи!

Сабр косаси тўлган Рустам:

– Бўлди, хўп билганингизни қилинг! Бўлдими, қутулдимми энди?! – дея олдидаги косани тўқ этиб нари суриб қўйди.

Дилорхон унга чақчайиб қаради:

– Дўқ қилма менга!

Нодира жим туролмай яна гапга аралашди:

– Ойи-и?.. Хўп деди-ку, яна нимага уришасиз?!

– Эй, мен бугун кўряпманми буни, кўчага чиқиб айнаб келади, нечтасини шунақа қилди, эртага йўқ деб, икки оёғини бир этикка тиқиб туриб олади.

Нодира астойдил ўртанди:

– Йўқ демайди энди, демайсан-а? Рустам, бир нарса дегин! Айнаб келмайсан-а?

Рустам хаёлга чўмди: институт ҳовлиси, оппоқ сумкасини ушлаганча, ёлғондан бурнини тортиб, кўзини пирпиратаётган чиройли Нигора; оппоқ бўйни, думалоқ юзи, чиройли елкаси, кейин... лаблари... Дилорхон тағин жазавага тушди:

– Оғзига талқон солган бу! Одамни эзишдан бошқа нарсани билмайди!

– Хўп энди айнимайман! – хаёли бўлинган Рустам паст овозда жавоб берди. Тағин кўз олдида Нигора жонланаверди... кейин яна биров... Айни пайтда Рустам ўзини ожиз сезди. У иккиланарди. Хаёлида жонланаётган қиёфаларни бир-бири билан солиштириш тўғри бўлмас. Бугун кўриб келган қизнинг гўзаллиги олдида ҳамма нарса икки пул. Бунақа чиройли қизни бировга бериб бўладими? Аммо иккинчи қиёфа-чи? Унда нима бор? Унда на ҳусн, на муомала бор. Аммо энг катта ютуғи – ҳаётига сингиган, кўнглига ўтирган: кўз ўнгида жилмайган ёқимтой Нигора қилт этмай турар, унинг гўзаллиги борган сари йигитнинг юрагини ўз забтига олмоқда эди. Ўша заҳоти Нигоранинг ёнида иккинчи қиёфа: « – Мен-чи, мен борман-ку», деяётгандек ўзини эслатиб турарди.

Ўғлига тикилиб қолган Дилорхон рост айтяптими ё шунчакими деб кўнглидан ўтказди, ростлигига ишонч ҳосил қилди шекилли, секин ўрнидан туриб:

– Гапинг рост бўлса, бахтли бўлгин, қўша қаригин, мен унда ҳаракатимни қилай, ким билан борсам экан, сени қайнонанг бирга борармикан? – деб Нодирага юзланди.

– Билмасам ойи, мен ҳам бора қолай, боғчага кеч қоламан, ойим билан ўзингиз телефонлашинг.

– Сени қайнонангдан ёруғлик чиққанми ўзи ҳеч, фақат олишни билади. Ўзи учта қуда қилиб ёлчимадим, зора бунисидан роҳат кўрсам. Жуда бақувват жой экан, орзу-ҳавасли дейишади. Бўпти, сен борақол, болага кеч қолма. Мен бир амалларман.

Қайнонасидан беркитиб, бирров хабар олишга кирганига минг пушаймон бўлган Нодира ичида ўзини-ўзи қарғаб-қарғаб кўчага чиқди.

Дугоналар Бор Бўлсин

Сентябрнинг мўътадил ҳавоси ёзнинг жазирама кунларидан кейин танни яйратиб, кишига хуш ёқади: иссиқни ҳам, совуқни ҳам писанд қилмайдиган ёшларнинг ғовур-ғувури институт ҳовлисини тутиб кетган.

Охирги сабоқдан дугоналаридан орқада қолиб чиққан Зебо чопқиллаганча олдинда кетаётган Нигора билан Лазизага етиб олиб:

– Сартарошхонага кирамизми, йўқми? – деб сўради ҳансираб.

– Бугун кеч бўлди, кўп ўқидик, эртага кирақолайлик, – Лазиза қошини чимириб энсаси қотганини яширмай жавоб қилди.

– Бугун киришим керак, – Зебо ялинганнамо Лазизага қаради.

– Нуқул ой эшикка, арава тешикка қадалганда айтасан, шуни вақтлироқ айтсанг, манқа домлани дарсига кирмасдик. Шу бугун шартми?

– Шарт!

– Учрашувинг борга ўхшайди, биздан беркитяпсанми? Бўлди, энди биз ҳам сенга ҳеч нарса айтмаймиз! – деди Лазиза ва жаҳл билан бежирим сумкасини елкасига осди-да, терс ўгирилиб тўмшайди.

– Қўйсанг-чи Лази, ҳали нима гап, нима сўз, олдиндан дўмбира қилиб чалгим келмади, ўзи шуларга бўлмасаям керак, аммаларимга ёқмай турибди, адаси ишдан кетган экан, кеча адамга роса гапириб кетишди. Опамга онаси ёққан эди, миқ этолмай қолдилар.

– Аммаларингни бир қайнови ичида-а, адаси ишласа – хўп, ишламаса – алвидо экан-да?!

Боядан бери жимгина кетаётган Нигора, Зебонинг аммалари ҳақида сўз очилиши билан юраги ҳапқирди. Тилига чиқаришга қўрқиб, бир оз тараддудланди, кейин секингина сўради:

– Аммангни ўғли кўринмайди?

– Ибратми?! Касал-ку у! Ўқишга кечроқ тушади... Барибир сочимни тўғрилатиб кетишим керак, бу аҳволда чиқолмайман. Опам уришиб берадилар. Бирпасгина мени кутсанг¬лар, нима қипти?! Қани, олдимга тушинглар-чи, ялқовлар!

Ўқиш бошлангандан бери дилидагини сездириб қўйишдан қўрқиб, сўраёлмай юрган Нигора хабар топганидан суюниб, итоаткорлик билан Зебога эргашди. Лекин яна бир савол кўндаланг туриб олди: қанақа касал экан? Сўрасаммикан? Билиб қолишса, Зебо-ку бўйи баланд, етиб бориши қийин, Лазиза дарров айлантиради. «Нега терговчидай тергаб колдинг? Бир балойинг борми?» Сири ошкор бўлишидан қўрққан Нигора миқ этмай қизларга эргашиб кетаверди.

– Мана шу кишини ўзимиз билан олиб кетсак бўларди! – Лазиза қоровул амакига ишора қилди.

– Уни нима қиласан? – Зебо Лазизага «ростдан ҳам бирга олиб кетасанми?» дегандай ажабланиб қаради.

– Соч-соқолини олиб, мўйловини калталатамиз, савоб бўлади, нуқул ғашимга тегади, эрталаб уйдан ҳар куни хурсанд бўлиб чиқаман, ўқишга келиб шу амакимни кўришим билан ҳаётдан хафа бўлиб кетаман.

Зебо:

– Ўзинг ҳам текканга тегиб, тегмаганга кесак отадиган бўлиб қолибсан, амакинг билан нима ишинг бор? Мени ўйласанг-чи? – деди тутақиб.

– Сени ўйласам юрагим баттар қисилади.

– Нега энди?!

– Бордию, фалончини ўғлига тегсанг, бир ойдан кейин адаси ишдан кетса, аммаларинг бориб ажратиб олишармикан?

– Э, нафасинг қурсин, совуқ!

Институт ҳовлисидан чиққан учала қиз кулишиб сартарошхонага қараб кетишди.

Ёмғирда Қолган Йигит

– Эртага вақтлироқ кела оласанми, қизим? – сўради ойиси Нигорадан чала пишириб олинган карам баргига гуручли қийма ўраркан.

Тиззасида жиянини ўйнатиб ўтирган Нигора гап тагидаги нимкосани дарров сезди.

– Ойи, эртага дарсларим кўп! – дея баҳона қилди ноилож.

Гапга келинойиси аралашди:

– Уч марта келишди, учаласидаям расмингизни кўрсатвордик. Ҳадеб бировни овора қилиш яхшимас, Нигорхон! Кечроқ келинглар деёлмасак, улар келиб кетаверади, ойижоним хижолат бўлаверадилар, энди бир амалланг.

Нигора жиянини кўтариб ўрнидан турди:

– Овқатгача озгина айлантириб келаман.

Уй ичидан ойисининг бир оз тушкунлик билан:

– Ношукурчилик бўлмасину, совчи кутиш ҳам жонга тегди. Гоҳида ваҳм босиб кетади одамни! – деган овози баралла эшитилди.

– Нега унақа дейсиз, ойижон! – тилёғламалик қилди келинойиси. – Холаларим: «Қайнсинглингга совчи кўп келадими?», деб сўрашганда, қайнсинглимга совчи келмайди, ёғилади дедим! Насиб қилган кун, албатта, узатамиз бу эркатойни, ойижон!

– Ўғилларимдан кўнглим тўқ, ҳаммаси тенгини топиб, ўзидан тинчиб ўтиришибди – ойиси чуқур хўрсинди – қизимни ўйласам юрагим шув этиб кетади. Ишқилиб бахтини берсин.

Овқатдан сўнг жиянини келинойисига бериб, Нигора: «Дарсларим кўп!», дея хонасига кириб кетди. Лекин дарс тайёрлаш қаёқда?! Қани энди миясига бир нима кирса. Олдида китоб-дафтарини очиб қўйиб хаёл сурганча анча ўтирди, адаси билан акаси ҳалиям келишмади. Келинойиси ошхонада эртанги совчиларга пишир-куйдир қилиш билан овора. Совчиларнинг кети узилмайди, келинойиси столдаги пишириқ ейилмаса ҳам алмаштиришдан эринмайди. Ўзиям ажойиб янгаси бор-да, ҳеч ким айтмаса ҳам ҳамма ишни бажонидил бажаради. Меҳмон кутишни яхши кўради, совчиларни-ку бош устига қўяди. Гоҳида хижолат тортиб: «Тағин, келинойим мендан тезроқ қутулмоқчи экан, деб ўйламанг, берсак-бермасак бизни мақтаб кетишларини яхши кўраман», дейди содда, самимий оҳангда. Нигора куёвликка номзод билан учрашадиган бўлса дейди: «Ҳуснингизга ишонманг, муомала яхши бўлмаса қолгани бир тийин, айнаб кетмасин! Тўнг-тўнг қилманг, кулиб бориб, кулиб келинг! Сизга ёқмаса, биз йўқ деймиз, лекин ёқишингиз шарт, бир умр армонда ўтмайсиз!». Бу гап Нигорага ёқмайди, бировнинг кўнгли билан ҳазиллашиб бўладими?

Нигора бошқа тоифа қизлардан: бировга заррача озор беришни истамайди. Қалб дегани – ойна, унга дарз етказиб, нимага эришиш мумкин?! Келинойиси тинмай жаврайди, унинг кўз олдида эса ёмғирда қолган одамдек дилдираб турган Ибрат жонланади. Шу йигитнинг ўрнида бўлганида, жон деб тегарди. Нега у бошқа йигитлардек шилқимлик қилмайди? Ҳечам ёқмасмиканман унга? Курсдошларининг ярмидан кўпи уни яхши кўради, нечтаси совчи юборди, лекин Ибрат жим. Cабаби нима? Ё бошқаси бормикан? Сўролмасам! Қанийди гапирсам, гапира олсам! Сездириб қўймай деб, қўрққанимдан бемалол гаплаша олмайман, унга тегишли гапларни фақат Зебодан эшитаман. Улар нимагадир бир-бирларига ўхшайди. Ибрат Зебони ҳурмат қилади. Умуман, курсдош қизларга ҳурмат билан қарайди. Секин гапиради. Уч йилдан бери бирор марта овози қаттиқ чиққанини эшитган эмас. Бошқа болаларга ўхшаб сўкинмайди ҳам. Зебонинг айтишича, адаси жуда қаттиққўл экан, болаларига маҳкам тураркан, оиласида қиз йўқ, фақат ўғил болалар эмиш. Шунинг учун онасига жуда меҳрибон экан.

Ўшандан бери Нигора беором. Жавобсиз севгисини нима килади? Бир умр қалбида сақлаб юрадими? Севгиси унга жавоб бермаса ҳам, бир умр содиқ қолиб, қалбида пинҳон асрашга, унга гард юқтирмасликка, ҳаммасига астойдил рози эди. Аммо, ана шу аммо сўнгги пайтлар Нигорани қийнаб юборди. Кетма-кет келаётган совчилар… кунда «бахтинг очилсин» деб дуо қиладиган бувисига, онасига дардини айтолмайди! Нима деб ҳам айтади? Курсдошимни яхши кўраман дейдими? Турган гапки, танлагани бўлса совчи юборишсин дейишади. Танлагани эса сукутдан бўлак нарсани билмайди. Ибрат, Ибратим нега гапирмайсан? Бир мартагина гапирсанг-чи! У гапирмайди, чиройли қошларини чимириб, узун киприкларини қоқиб, қараб тураверади, зўр келса мийиғида кулиб қўяди. Яқинимдан ўтса, оппоқ юзи қизариб кетади, буни сезганман, қизиқ уни кўрганда мен ҳам қизариб кетармиканман? Адам унга берармиканлар? Сўраса берадилар! Тағинам, кўнглимга қараб турибдилар, лекин бу узоққа чўзилмайди. Буни биламан. Балки унга бир амаллаб билдириш керакмикан? Кейин-чи? Бордию, хоҳлагани бўлса, ё мени ёқтирмаса, ана кейин томоша бўладими?! Лекин бу воқеаларнинг нима билан тугаши номаълум. Ютқазишимга бир фоиз гумон бўлса ҳам ўйнамайман! Яхшиси умрбод ичимга ютиб яшайман. Туғилган кунимга ўғил болаларни ҳам чақирсаммикан? Уйимдагилар Ибратни ёқтириб қолишарди, бу аниқ. Ўзи уни ҳамма ёқтириб қолади. Тарбияли, оғир, босиқ, яна чиройли. Бўйи ҳам баланд. Айниқса, оқ халатини кийса, жуда очилиб кетади. Ким куёв қилгиси келмайди бундай йигитни? Дадамгаям ёқиб қолгандами? Барибир охири бориб ҳамма нарса Ибратни ўзига тақалади. Эҳ…

Нигора дилидаги туйғуларини гоҳ шодлик дарёсига отди, гоҳ иложсизлик жарига улоқтирди ва охири толиқиб, ухлаб қолди.

Остона Сояси

Кузнинг дилгир оқшоми.

Бугун Нигоралар ҳовлисига тумонат одам йиғилди. Ҳа, серуруғ оила, ҳеч ким келмайди, деганда ҳам фақат яқинларининг ўзидан йигирма-ўттиз киши йиғилади. Бугун қариндош-уруғ танишлардан ташқари, курсдошлари ҳам келишди. Талаба бўлгандан бери дугоналарини илк бора уйига чақирди. Кўча тарафдаги икки қаватли иморат, ҳашаматли дарвозани кўриб, «Вой-бўй!», деган ҳайрат билан ичкари киришди. Ҳовлининг пастки тарафи – уч қават, мармардан ишланган чиройли айланма зинапоялар, тўртта бурчакда сув пуркаб турган жимжимали фавворалар, лекин биттаям мевали дарахт йўқ, ҳаммаси тропик мамлакатларда ўсадиган манзарали дарахтлар. Дугоналари: «Ўзимиздаям ўстирса бўлар экан-да», дея мармар пиллипояларга тўшалган гиламларни босиб, меҳмонхонага киришди. Ўртада катта стол, нозу неъматга тўла дастурхон. Лазиза дугоналарига кўзи билан имлади: роса ҳаракат қилишибдими!

Деразаларга замонавий пардалар тутилган, деворда зарҳал рамкаларда қимматбаҳо суратлар, оёқ остидаги чўғдек гиламлар кўзни олади. Булар уй эгасининг серҳафсала, дидли эканини кўрсатади.

Нигоранинг ойиси, бувилари фотиҳа ўқиб, чиқиб кетишгач, Лазиза минғирлаб ёнидаги Зебога гапирди:

– Нигорани шунақа данғиллама ҳовлида туради, деб ўйламовдим! Писмиқ, индамай юришини қара!

– Сенга мақтаниши керакмиди?! Бойнинг қизиман деб эълон беришини кутганмидинг? Биттаси сал мақтанса, дарҳол тишлаб, узиб оласан!

– Тўғри айтасан: манманларни жиним суймайди, биров сал мақтанса, попугини пасайтириб қўйгим келади, Нигорага бўлса, қойилман, жуда камтар экан, энди билдим, янаям яхши кўриб кетдим. Шу туришда индамай автобусгаям чиқиб кетаверади. Анави, димоғига қурт тушган ўртоқларинг карилламасаям бўларкан, – Лазиза тўрга чиқиб, шумшайиб ўтирган Нафисани имлади. – Ўқишга машина ҳайдаб келаман деб, жа осмон¬дайди, Нигорани уйини кўриб, сувга тушган мушукдек бўлди-қолди.

Зебо Лазизанинг оёғига туртиб қўйиб:

– Жим, эшитиб қолади, – деди.

Шаддод Лазиза қўярмиди:

– Жуда яхши бўлди-да, эртадан оғзини очирмайман, ўзи анчадан бери жиғимга тегиб юрувди.

– Менга қара, Нигорани ўзларига ўхшаган жойга беришармикан? Бунақасини қаер¬дан топишади?

Адрасдан калта кўйлак-шим кийиб олган Нигора чойнак кўтариб кирганда, уларнинг суҳбати узилди. У зарҳал ҳошиялари нафис пиёлаларга чой қуйиб узатгач, «олинглар еб ўтиринглар!» дея қисталанг қилиб, хил-хил пишган, ўткир зира ва қази ҳиди уфуриб турган норинни алоҳида-алоҳида тақсимчаларда солиб, уларнинг олдига қўйди, сўнг стол четида териб қўйилган ёғли патирдан биттасини бўлаклади, қизлар чуғурлашиб: «Синдирманг!» деса ҳам кўнмади, кулиб, жилмайиб: “ – Олсанглар-чи!” деди яна ва: «Менга узр!» дея орти билан чиқиб кетди.

Лазиза нафис лабини хунук бурди, гуё нозиккина бурни остида майда-майда чувалчанглар липиллади :

– Эсингдами, Нафисанинг уйига бориб итдай бўлиб келувдик!

Зебо ён-верига қараб қўйди-да:

– Яна меҳмондорчиликка чақирмоқчи! – деди пичирлаб.

– Борманглар! Масалан, мен қайтиб унинг уйига қадам босмайман, деб келганман. Тўйи бўлса, тўйигаям бормайман. Меҳмонниям феъли кенг одам кутсин. Бунга ким қўйибди. Чақирса ҳам борманглар! Мани айтди дерсизлар: хор қилиб кутади. Танноз, уйидагилари ўзидан баттар. Қариндошларини кўрдингми, Чиғатойдаги норинчиларга ўхшайди. Лаби-лабига тегмайди. Нигораникиларни қара: ҳаммаси – аристократка!

Оёқ товушлари эшитилиб, қизлар сергаклик билан эшик томонга тикилишди. Нигора калта соч, оқ кўйлак, оқ туфли кийган, кулча юзи бежирим қизни бошлаб кирди-да, уни қўшнимиз, мактабда бирга ўқиганмиз деб, таништирди.

Одатда кўнгил яқин кишилар ўтирган даврага бегона келиб қўшилса, ошга пашша тушгандек, дил ғашланади. Қизлар нафасларини ичларига ютиб, жим қолишди. Нигора икки-уч марта: «Олинглар, еб ўтиринглар!» деса ҳам миқ этишмади, гуё оғизларига талқон солиб олишгандек эди. Қўшни қиз ҳам бу ерда ортиқчалигини билдими, кўп ўтирмади, бир пиёла чой ичгач: «Ойим сенга совға бериб юбордилар» – деди-да, ялтироқ қутичани Нигоранинг қўлига тутқазганча чиқиб кетди, Нигора ҳанг-манг бўлганча қолаверди.

– Нега довдирайсан, очиб кўр! – дея шанғиллади Лазиза ва бу ҳам етмагандай қутичани тортиб олиб очди: бир жуфт зирак билан узук ярқираб кўзини олди. – Вой бу-у-у! Зўр-у! Бриллиантми? Ҳа, ҳа, бриллиант!

Дугоналари унинг қўлига ёпишишди:

– Берчи, бизларам бир кўрайлик!

Лазиза пичинг аралаш яна чийиллади:

– Қўшниларинг кучайган кўринади! Топганларини нима қилишни билмайдиган бўлиб қолишганми, нима бало! Қўшни бриллиант совға қилса-я?!.. Ё сенда илинжлари борми?!

Бу гапдан ўсал бўлган Нигора бўғзидагини зўрға ютиб, Лазизага қаради. Балою офат бу қиз. Ҳеч нарсани яшириб бўлмайди ундан. Бошқаларнинг хаёлига ҳам келмаган бўлса керак, бу-чи, дарров билди. Бу ғалва қаёқдан чиқди? Қўшниси анчадан буён совчи бўлиб келади, адаси йўқ деган, бўлди-да! Ўғли ғирт такасалтанг. Ҳалигача бирор ишнинг бошини тутмаган. Бугун ўйлаб топганини қаранг, ҳамманинг олдида. Ойисига айтиш керак. Энди нима қилади?

Нигора дугоналарини ҳам унутиб, аёллар ўтирган хонага югурди. Зинапоядан тушаётиб, патнис кўтариб чиқаётган келинойисини кўриб, кўнгли жойига тушди. Ўзи боплайди, жуда яхши келинойиси бор-да! Унга вазиятни тушунтириб, қўлига қутичани тутқазди-да, сўнг дарҳол ортга қайтди.

Базм ярим тунгача давом этди.

Отасининг ҳайдовчиси дугоналарини уй-уйларига обориб қўйди. Қариндошларини кузатиб қайтган дадаси Нигорага ҳовлида тўқнаш келиб, уни қайта табриклади.

– Ўртоқларинг яхши ўтиришдими? – сўради оталарча меҳрибончилик билан бағрига босиб. – Хурсандмисан, қизим?! Тўйингда бундан ҳам яхши кутиб оламиз.

– Раҳмат, дадажон, раҳмат! – деди Нигора ва кўнгли кўтарилган ҳолда ошхонага йўл олди. Идиш-товоқларни ювиб, барча юмушларни бажариб бўлгач, хонасига кириб, маза қилиб ухлашни хаёлга тугди, аммо ҳамиша ҳам ўйлаганинг бўлмайди, унинг ҳам айтгани ўнгидан келмади: гарчи анча толиққан бўлса-да, ҳадеганда уйқуси келмади. Хаёлида бугунги воқеалар бирма-бир такрорланар, уларни таҳлилдан ўтказиб, ўзича мулоҳаза қиларди. Узук воқеасини айтмаганда, ҳаммаси яхши, ҳаммаси жойида, фақат дадасидан уялиб, йигитларни чақиролмади, табиийки, Ибрат ҳам келмади, кўнгли ҳувиллаб турибди, лекин бугунги меҳмондорчиликдан мамнун.

Бегона Бахт

Осмону фалакда қанот қоқиб парвоз қилаётган қуш каби ширин орзулари оғушида маст юрган Нигора жиддийгина муаммога дуч келди. Бу унга аталган илк синов эди.

– Зебо сен билан жуда қизиқиб қолди! – деди Лазиза дарсдан сўнг уйга қайтаётганларида. – Уйингга бориб келгандан буён, сен тўғрингда кўп гапирадиган бўлиб қолди. Бир балони бошламоқчи шекилли! Билишимча, сенга совчи оборади-ёв!. Акаси йўқ-ку, қариндошларигами? Қайси бирига экан? Бугун бекорга биздан олдин кетмади, балки у аллақачон уйингдадир!

Нигоранинг юраги тез урди. Ибратгами?!

Лазизанинг қолган гаплари қулоғига кирмади. Ўз ўйи билан бўлиб, ҳатто дугонаси билан қачон қаерда хайрлашганини, уйига не алфозда етиб келганини ҳам билмай қолди. Дарвозаларидан нарироқда турган машинага кўзи тушиб, баданига титроқ югурди. Назарида, эшикдан кириши билан деворлару томгача тарақлаб устига қулайдигандай, авайлаб қадам босди. Ҳовлига кириши билан айланма зинапоядан тушиб келаётган аёлларни кўриб жойида тўхтади. Совчиларни кузатиб чиқаётган ойиси кулиб:

– Келиб кўришавер, қизим, бегоналар эмас экан, уялма, – деди. Аёллар ҳам минг йиллик қадрдондек қуюқ сўрашишди.

Онаси аёлларни кузатгани кўчага чиқиб кетди. Ушатилган нонларни патнисга солиб, меҳмонхонадан чиқаётган келинойисини, кўриб, салом берди-ю, енгил тортди. Келинойи¬сининг одатини яхши билади, бунақа пайтларда ичидагини яшириб ўтирмай, дарҳол суюнчи олишга ошиқади.

Келинойиси унинг қўлтиғига кирди:

– Менга айтмаган экансиз, Нигорхон!

– Нимани айтмаган эканман! – деди у таажжубланиб.

– Зебони аммалари экан-ку, курсдош дугонангизнинг! Иккаласиям аммаси бўлар экан. Ўғли бор экан, дўхтир!

– …А !!!

Нигора ер билан осмоннинг фарқига бормай қолди: учяптими, юряптими? Ер пахтадек юмшоқми ёки булутларда сузиб юрибдими? Бахтга етиш шунчалар осонми, ё бу орзусига етишганими? Тилаги ижобат бўлдими? Худо унга шунчалар хурсандчилик тайёрлаб қўйган экан-у, бесабрлик қилиб юрибдими? Наҳотки, шу кунга етди. Бахтли қиз эканман! Лазиза тўғри айтган экан: ростданам Зебо бало қиз. Лекин у Ибратни яхши кўришимни билмаган, Ибрат-чи? У ҳам уялганидан совчи юбораяпман, деб айтмаган. Лекин Лазиза, уйингга бориб келиб, Зебо сен билан қизиқиб қолди деди-ку! Демак, бу Зебонинг иши. Ростданам уйимга келиб… Эй, фарқи нима, муҳими келишди. Ибрат хоҳламаса келишармиди? Энди-чи, энди нима бўлади? Дадам хўп дермиканлар? Десалар керак! Ишқилиб кўнсинлар-да. Тўй бўлади.

Ҳовлига чиқса кулиб юбориб, хурсандчилигини ошкор қилиб қўйишидан чўчиган Нигора «овқат егим келмаяпти» деди-ю, дарсини баҳона қилиб, хонасига қамалиб олди. Ортидан янгаси ҳовлиқиб кирди:

– Вой, сизга сўнгги ахборот олиб келдим. Айвонда нима гаплар бўлаётганидан бехабар ўтирибсиз.

Нигора жон қулоғи билан эшитаётган бўлса-да, ўзини бефарқ кўрсатишга уриниб, дафтарларини титкилашга тушди.

– Дарс ҳам ўлсин, бирпас қўйиб туринг. Адажон билан ойижон бугун келган совчилар тўғрисида гаплашишди. Куёвнинг ўқимишли, яна дўхтир, нуфузли оиладан бўлгани адажонга маъқул тушди. Онаси ҳам баъмани хотин экан. Ойижон шунақа дедилар, менга ҳам ёққандай бўлувди. Менимча, куёв бўлмиш сизни кўрган бўлса керак, бояги хотинларнинг гапидан шуни пайқадим.

Нигора «вой содда кеннойима, албатта кўради-да!» деб дилидан ўтказганича жилмайди.

Келинойиси гапида давом этди:

– Яна бир марта келишса, кейин яхшилаб суриштириб, адажон куёв билан кўришар эканлар. Ойижон айтдиларки, адажонга маъқул келса, сиз йигит билан кўришсангиз бўлар экан, агар куёв сизга ёқса, молу давлатига қарамай, зиёли оила бўлгани учун розилик берарканмиз.

«Нега ёқмас экан?» Нигора қалб сири ташқарига чиқиб кетаётгандай лабини тишлаб олди.

Янгаси ўз дарди билан овора эди.

– Учрашувга олиб чиқарканмиз сизни! Қайси кўйлагимни кийсам экан? – Янгаси ҳозир учрашувга кетаётгандай ойна олдига бориб, сочларига қараб қўйди. – Эртага қирқтириб келсам бўлар экан.

Шодлиги ичига сиғмай турган Нигора баҳона топилганидан суюниб, кулиб юборди:

– Куёв мен қолиб, сизни танласа-я?

– Ҳазилингиз қурсин! – деди янгаси унинг елкасига оҳиста шапатилаб. – Хуллас, ҳамма бир-бирига ёқса, баҳорга чиқиб тўй қиларканмиз!

Шу кеча Нигора ҳамманинг бир-бирига ёқишини истаб, яратгандан ёлвориб сўради.

Фақат… фақат куёвни ўзига ёқишини сўраш негадир хаёлига келмади.

Баҳорни тезроқ келишини истади… Ўзини хаёлан оппоқ кўйлакда, келинлик либосида кўраётган Нигора, хурсандлиги ичига сиғмай, аллақандай куйни хиргойи қилиб хонада айланиб, рақс тушди.

Келин бўлади… «У» эса куёв.

« – Энг бахтли келин бўламан, – ўйлади у. – Оқ кўйлакни қаердан олсам экан? Узун фата тақаман!»

Кимдир уни яширин томоша қилаётгандай туюлиб, қилиғидан уялиб, ўзини каравотга ташлади-да, юзини ёстиқ билан беркитиб олди. Кўзлари қувончга, қалби илиқ ҳисларга, юраги бахтга лиммо-лим эди…

Зарб Ва Таскин

Куз тонги. Ҳаво бир оз изғирин. Қуёш нурлари ҳароратсиз, аммо истараси иссиқ қиздай ёқимли жилмайиб турибди.

Нигора уйқудан тетик уйғонди, назарида қалбига ўзи кутган бахт қуши тезда кириб келадигандек эди.

Ундаги жўшқинликни янгаси ҳам сезди. «Жайрон! Жайроннинг нақ ўзи!» деб ўйлади ташқарида уни кузата туриб ва қайнонасига унинг бугун бошқача эканлигини, кеча суҳбатлашганида ҳам кулиб ўтирганини, эрталаб ойна олдида бир соат ўтирганини ва буни биринчи марта кўрганлигини, неча хил кийимларни саралаб ўзига танлаганини ҳам айтиб, суюнчи ола қолди.

Совчиларни кутишга астойдил киришган онаси: « – Илоё бахтининг очилгани рост бўлсин» дея юзига фотиҳа тортди.

Қуёшнинг кулгани рост, Нигоранинг назарида, ҳаттоки, кечаси ёғиб ўтган ёмғирдан кейин асфальтга ёпишиб ётган хазонлар, лой сачраган тахта ўриндиқлар, катта йўлда тизиллатиб сув сачратиб ўтаётган, ювилмаган, кир машиналар ҳам – ҳамма-ҳаммаси кўзига файзли кўринди. Оҳудек тез илдамлаб бораркан, қоровул амакига кўзи тушиб, «бугун сочини тараб келибди, соқолиям олинган, Лазиза кўрганмикан?» деб хаёлидан ўтказди. Ўзидан-ўзи жилмаётганини билиб, ғалати бўлиб кетди. «Лаб-лунжимни йиғиштириб олмасам, шарманда бўламан», дея ўйлаб, ўзини босишга ҳаракат қилди. Қадамлари ўзиникимас гуё. Худди булутлар устида рақс тушаётгандай енгил юриб, аудиторияга кирди. Кириши билан кўзи аллакимларни қидирди. Бир хўрсиндию, шалвираб тушди. Йўқ, келмабди. «Бир ҳисобда кўринмагани ҳам яхши бўлди, қочишга жой тополмай қолардим».

– Ҳа, фариштам, кўзинг олма-кесак теряпти, кимни қидиряпсан?

Дунёда Лазизадай сезгир қиз бўлмаса керак. Нигора ҳар ер-ҳар ерда тўдалашиб ўтирган курсдошлари билан сўрашиб, унинг ёнига чўкди.

– Кимни қидирардим, сени-да, – деди кейин чўзиб.

– Мени кўрмай қолдингми? – Лазизанинг овози дўриллади. – М-ен-и-я!

Нигора ёлғондан ҳорғин эснади:

– Зебо қани, келмадими?

– Тушингга кирдими? Бир челак сув билан кетди. Домла йўқ, ухлаб қопти, уйига уйғотгани юбордим.

Нигора кулимсиради:

– Қўйсанг-чи шунақа ҳазилларингни!

– Ҳазили йўқ, домла уйғонмаса, дарсни мен ўтарканман, ҳозир декан айтиб кетди.

– Ҳазиллашганинг, ҳазиллашган. Сал жиддийроқ бўлгин, – Нигора чиройли кўзларини сузиб, дугонасига қаради.

– Қувноқ одам доимо хушчақчақ юради. Мен бўлмасам, зерекиб қоласизлар! Нотўғри деб кўр-чи?!

Нигора баъзи қизларга ўхшаб ички кайфиятини яширишга нўноқроқ. Нимани ўйласа шуни айтиб қўя қолади. Тўғриси бу жиҳати унга кўпинча панд беради. Ҳозир ҳам дугонамга айтишим керак, деб ўйлади. Зебодан эшитса, тумшуғи осилиб, мендан яширди, дея хафа бўлади. Айтаверса-чи? Нима деб айтади? Барибир, Зебо келгунча айтишим шарт, деган қарорга келди-да, кўзини эшикдан узмай секин шивирлади:

– Лази, бир нарса айтсам…

– Гапир, эрталабдан жиддийлик тўнини кийиб келибсан, ичингда қолмасин.

– Сен кеча тўғри айтибсан.

– Кеча деганинг нимаси, мен ҳар доим тўғри гапираман, тўғри сўз – қиличдан ўткир.

– Шу мақолларингни қўйиб тур!

– Мақол сўз кўрки.

– Зарур гап этмоқчиман.

– Қулоғим ўзимда, гапиравер! – Лазиза ихчам сумкасидан ойнача билан бир талай бўёқ олиб, лабини бўяй бошлади.

– Кеча уйга борсам, Зебо аммаларини юборибди.

Ойначадан кўзини узиб Нигора тарафга бурилган Лазиза қалам суртилган қовоқларини керганча бақрайиб қолди:

– Мана буни янгилик деса бўлади, кечадан бери ёрилмаганингни қара, нега телефон қилмадинг? Лекин Зебо келса, женсоветга масаласини қўямиз, биздан бемаслаҳат иш қилгани учун! Хўш, кимига оборибди?

Нигоранинг кўзлари юлдуздек чақнади. Лаблари жавобга шайланганда, эшикда сумкасини қучоқлаган Зебо кўринди.

Аудитория талабаларга тўлиб бўлган, ғала-ғовур авжида эди. Кимдир домла келгунча вақтни ғанимат билиб, ими-жимида жуфтакни ростлади, кимдир бир ёқадан бош чиқариб қочишни таклиф қилди.

Дугоналари ёнига келиб саломлашган Зебони Лазиза очиқдан-очиқ чақиб олди:

– Шунча ишни ясаб қўйиб, миқ этмаганингга қойилман! Юрагинг тош экан!

Худди шунақа гаплар бўлишини билиб, тайёрланиб келган Зебо дугонасининг заҳарли пичингидан хафа бўлмади, қайтанга кулиб:

– Ойинг мақол этиб туққанмилар сени!

– Ойим бақириб туққанлар, саволлар борми? – деди узун киприкларига туш суртаётган Лазиза, – лекин сени бу қилмишингни ҳеч қачон кечирмайман, нима, айтсанг мен бориб аммаларингни айнитиб келармидим?

Келгандан бери Нигорага хавотирланиб қараб-қараб қўяётган Зебо ундан сўради.

– Сен-чи ? Сен кечирасанми, хафа бўлмадингми?

Зебо дик ўрнидан турди:

– Уни номидан мен кечирмайман, жуда хафа, ўзи сенга айтолмаяпти, устингдан арз қиламиз.

– Хафа бўлманглар, шунақа бўлиб қолди. Олдинига нима гап, нима сўз дедим. Кеча тўсатдан борамиз деб қолишди. Уйдаги аҳволни биласан-ку, аммаларимни гапи-гап, қайтаролмаймиз, у-бу десам, ўзинг топиб, энди ўзинг оборгинг келмаяпти дейишди!

Дам-бадам эшикка қараб-қараб қўяётган Нигора ўзида бир куч, жасорат ҳосил қилиб, охири сўрашга ботинди:

– Ибрат келадими?

– Билмадим, гаплашганим йўқ, – Зебо негадир унинг саволига аҳамият бермай гапида давом этди. – Хуллас, кеча хурсанд бўлиб келишди. Аммам ҳойнаҳой кечаси билан ухламай чиққан бўлсалар керак. Мениям роса дуо қилдилар. Онаси ҳам қуданг борми деса бордек, онасини кўриб қизини ол, кеннойинг ҳам роса ёқибди, мулозаматни ўрнига қўяркан дейишди. Сенга-ку, ошиқ бўлиб келишди. Ўзинг ҳам роса кўзга яқинсан-да, ҳаммага ёқасан. Қара, ҳаммаси яхши ўтди, олдиндан айтганимда, нима бўларкин, деб ўйлаб юрардинг-ку, тўғрими? Рустам акамга ҳам ўзингга билдирмай туриб кўрсатдим, билсанг уялиб, хижолат бўлардинг. Уларга ҳам жуда ёқибсан!

Бутун вужуди қулоққа айланган Нигора талмовсираб қолди. Кўзларини пирпиратиб, бурнини ёлғондан тортиб қўйди.

– Ким дединг?

– Рустам акам! Исмлари – Рустам, энди кўрсанг керак. Қалай, яхши иш қипманми?

Нигоранинг томоғига бир нарса тиқилди, нафаси етишмаган кишидек эсанкираб, боши айланди. «Нима деяпти?! Рустам? Қанақа Рустам?»

Шу аснода хонага домла кириб келиб, ҳамма ўз жойини эгаллади.

Нигора уч пара дарс қандай ўтганини билмади, қулоғига рахит, суяк системаси, кўкрак қафас, катта лиқилдоқ каби сўзлардан бошқа ҳеч нарса кирмади. Тиззасида қалтироқ туриб бўшашди. Ёнида ўтирган Зебо лаби-лабига тегмай нималарни гапирар эди, лекин ҳеч нимани эшитмади, ҳеч нимани англамади. Ё тавба, бу қанақаси бўлди, ўзи ким содда экан, онасими, янгасими ё ўзими? Қулоғида келинойисининг кечаги гаплари айланаверди. «Агар куёв бўлмиш Нигорага ёқса, бас! Куёв бўлмиш уни зимдан кузатган экан». Гап бу ёқда экан-у, ҳаммани соддага чиқариб ўтибди-я! Энг ёмони, куёв дадасига ёқса, баҳорда … баҳорда тўй бўлиши аниқ!»

Нигора илон чаққандек, қаттиқ чийралди. Рустам ким ўзи? Яна Зебо яхши қилибманми дейди-я, нима иш қилиб қўйганини билмаяпти. Энди нима бўлади? Ўзича сир сақлагани билан уйидагилари сезиб бўлишди. Кеча жиннига ўхшаб ашула айтиб ўйнаганимга ўлайми, энг биринчи келинойиси сезган, онаси ҳам лақма эмас, дадасига дарров етказган, Нигор хурсанд бўлди, кулиб юрибди деган. Адасига худди шу керак, тамом, қўлга тушдим, ўзимга ўзим қилдим, тўхтатиш керак, бир амаллаш керак. Ибрат қаерларда юрганикин? Ўзи келса бўлмасмиди? Хўп, келганда нима? Гапира олармидим, узоқдан кўрсам дудуқланаман-ку! Эй худо, буёғи қандоқ бўлди? Ибрат эшитганмикан, наҳотки ҳеч нарса демаган, демак менга… бефарқ…

Нигора иссиғи чиқиб, асаблари толиққан кишидек, кўнгли чўккан ҳолда уйига жўнади. Йўл-йўлакай Зебонинг жағи тинмади: аммасининг ўзидан тортиб, ҳовлилари қанақа, неч¬та уйи бор, келинга нечта хонани беришгани, катта келинининг ёнидаги ҳовлига кўчиб чиққани-ю, Рустам акасининг ёшликда ўта шўх бўлиб, ҳамманинг ундан додга келгани, ҳозир эса анча қуйилиб, ҳаммага ёқадиган йигит бўлганлиги, тўрт йилдан бери қиз танлаб, онасини қийнаб юборганлигини ва, ниҳоят, Нигорани бир кўришда ёқтириб қолганлигини бирма-бир гапирди. Ва ўзи билмаган ҳолда Рустамни Ибратга ўхшашишини ҳам гап орасида қистириб ўтди, аммо шу гапи билан Нигоранинг юрагидаги ярасига туз сепганини сезмади. Яна нималар деди, лекин унинг кейинги гаплари қулоғига кирмади. Дугоналари билан хайрлашган Нигора юраги эзилиб, уйига боргиси келмай, вақтни ўтказиш учун хаёл суриб пиёда кетди. Оёқлари остидаги олтинранг хазонбарглар унга жуда совуқ туюлди. Буларнинг нимаси олтин?! Одамлар ўзларини алдаш учун шундай ўхшатишларни ўйлаб топишади. Мана бу дарахтлар-чи? Барглари бўлмаса, қуруқ ходанинг ўзгинаси! Хазонбаргли йўлкаларга ҳам ғаши келиб қаради, нега ҳаммаёқ ифлос? Кузда ҳаммаёқ исқирт бўлиб кетаркан. Шуни энди англади шекилли!. Машиналарнинг шошилишини. Нарироққа бориб уриб олишса, кейин билишади тез ҳайдаш нималигини. Одамлар-чи, ҳамма бир-бири билан уришганми? Намунча жаҳл қилишмаса, ҳамма ер тепиб юрганга ўхшайди.

Уйга боришга юраги безиллаб турган Нигора, томчилаётган ёмғирга парво қилмай кетаверди. Ҳар бир қадам уни умидсизлик жарига яқинлаштираётгандек эди. «Ибрат, сенга меҳримни бергим келганди, юлдузларни тортиқ қилгим бор эди. Кўзларингга қалбимни жойламоқчи эдим, бир қарашингга дунёни алишмоқчи эдим. Сени бахт гуллари билан ўрамоқни ният қилиб эдим. Бир оғизгина сўзингга боримни бағишлашим аниқ эди. Нега шугинани ҳам қизғондинг, қизғонган ким, сенми ё дунё?! Мендан юлиб, сени кимга тортиқ этмоқчи энди? Сенга мен керак бўлмадимми?! Энди мен…

Орадан бир ҳафта ўтди.

Куз ёмғири еру-кўкни тушгача аямай савалади, пешинга бориб эса қорга айланди. Деразадан қор учқунларини бепарво томоша қилиб ўтирган Нигоранинг бошида оғриқ туриб, ўрнига чўзилди. Неча кунки, ўқишга бормади. Бу орада дадаси розилик берди. Ноилож, янгаси билан учрашувга борди. Рустам Ибратга ўхшар экан. Нималар бўлганини ўзи ҳам англолмай қолди. Туш кўраётганга ўхшарди. Совчилар келишди. Оҳ деди, воҳ деди. На дадаси, на ойиси ва на янгаси дардига қулоқ беришмади. Бунинг ўрнига номига, уялганидан ноз қиляпти, дея унга парво ҳам қилишмади. Энди нима бўлади? Бахтдан бахтсизликка бир қадамми бу? Худога оҳлари етмабдими, дунё шунчалар хасисми? Ёнимдаги, ёнгинамдаги бахтимни раво кўрмади. Ёнгинамда эди. Ҳар куни кўриб турардим, ёнгинасида нафас олардим. Овозини эшитардим, бир баҳона билан бўлса-да, кўзларига қараб олардим. Хаёлан суҳбатлашардим. Энди шундан ҳам маҳрум бўлдимми, энди у билан қандай юз кўришаман?

Юмшоқ ёстиқ унга тошдан ҳам қаттиқроқ туюлди. Бошини уриб-уриб олгиси келди. Ўзини ҳолсиз сезди. Юраги эриниб-эриниб зўрғагина урди. Сўлғин кўзлари ёшга ташна эди: қуйилиб келаверди, келаверди, охири селга айланди.

Шомга яқин бувилари келишди. Фотиҳанинг дараги чиққандан бери кампирлар серқатнов бўлиб қолишган. Кўз ёшидан ёстиғи жиққа ҳўл, Нигора хонасига бувиси кириб келганини сезиб, ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо кампир «ётавер» дегандек уни ўрнидан қўзғатмай, юзларини, ҳўл сочларини, пешоналарини силади.

– Йиғла, кўнглингни бўшатиб ол, кейин бир нарсани айтиб бераман, – деди.

Шу кўйи узоқ ўтиришди.

– Болам, унашилган қизлар ҳар доимо йиғлашади, йиғламаса айб қиламиз, – секин гап бошлади бувиси. – Сеники бошқача йиғими, бунча эзилиб йиғладинг, ё бир дардинг борми?

Нигора лабини тишлади. Дилидагини бувисига тўкиб солгиси келди-ю, бўғзи¬да¬гисини ичига ютди. Нимани айтади: жавобсиз севгисиними, ё адашганиними?! Билмай хурсанд бўлибман, эртаси аниқласам, бошқаси экан, мен севган йигит фалонча дейдими? Бировга айтадиган гапми шу?!

Нигора алам билан бошини ҳар ёнга ташлади.

Бувиси унинг кўнглини англади шекили:

– Бунчалик йиғиниям хосияти йўқ, болам, онанг эзилиб кетади, – деди насиҳатли оҳангда. – Не орзуда тўй бошлади, дилини хира қилиб қўйма. Ёлғизгина қизисан, энди бувингни эшит: худо хоҳласа бир куни сенам невараларингга айтиб берарсан… Аёл бўлиш оғир, биз аёллар беошён яралганмиз, ана шу беошёнлигимиз бахтимиз бўлади. Сабаби туғилганимизда – отамизнинг уйида, эрга тегсак – эримизнинг уйида, қариганимизда – болаларимизнинг уйида яшаймиз. Эътибор бергина бахт қаерда! Ошёни бор аёл – бахтсиз бўлади. Ё отаси йўқ, ё эри йўқ, ё фарзанди йўқ. Мен шу беошёнлигимга аллоҳга минглаб шукроналар айтаман. Отангнинг уйида туғилдинг, ундинг, ўсдинг, вақт келди, никоҳга кирасан, сени никоҳинг сулоламизга янги ҳалқа улайди. Никоҳ остонасининг у ёғидаги мураккаб дунё – оила. Шуниси эсингда турсинки, оилангдаги озгина қувонч ёки ташвиш ҳаммага баробар. Оила қуриб, фарзандли бўлишинг керак. Аёлларнинг бурчи – наслни давом эттириш. Фарзанд – оила умрининг давоми. Мен ҳаётга келдим, оила қурдим, бир умр Тошкандан четга чиқмадим, бир кун бир жойда ишламадим, ҳаётим беиз кетди дейсанми? Агар шундоқ фикр қилсанг бу нотўғри, мен жуда бахтли кампирман, саккизта фарзандни тарбияладим, уйладим, жойладим, ўзим ўқимаган бўлсам ҳам уларнинг ҳаммасини ўқитдим, йигирма иккита невара, ўн тўртта эвара кўрдим, насиб қилса чевара ҳам кўраман, ҳаётим мазмунли ўтди. Мазмуни – тоғаларинг, онанг, холаларинг. Умрим шуларда, мана сендек ажойиб неварамда давом этади. Қани энди айт-чи, назарингда, мен қанақа яшабман?

Нигора бувисига ҳайротомуз тикилиб қолди. Демак, ҳаётнинг мазмуни – фарзанд. У шунинг учун ҳам оила қуриши керак, наслни давом эттириш учун… Ниманидир тушунгандай эди у. Нотинч қалбига сокинлик ташриф буюрганидан ўзи ҳам лол бўлди.

Бувиси босиқ, аммо ширали оҳангда давом этди:

– Энг бахтли куним қайси, биласанми? Тоғаларинг бир уйга тўпланишган кун! Қачон хурсанд бўламан, биласанми? Ҳали у холанг, ҳали бу келинойинг олиб кетиб қолганда. Бирининг келини туғади, бирининг қизига совчи келади. Бир ишга ярамасам ҳам бош-қош бўлиб ўтирганим, болаларимга мадад бўлганим учун қувонаман. Қара, қанча қувончли дамларим бор. Кел, энди сен менга ваъда бер, ўзинг чиройлисан, невараларимнинг ичида энг чиройлисисан, тўйингда бунданам чиройли бўласан-у, мени шундоқ неварам бор деб, керилиб ўтираман. Қуда менга сарпо қўяди. Оилали бўласан – оилангдаги садоқат бахтнинг калити, эсингда турсин, уйингда яхшилик яшаса, ёмонлик кира олмайди. Сабр¬ли бўлиб, иродани қўлга оласан, иродали одам ҳар қандай бахтсизликни енга олади. Қўша-қўша фарзанд кўрасан, ўқишингни ўйламай туғавергин, онанг боқишади, бошқа нима иш ҳам қиларди? Қариганингда бир этак невара-чевараларинг ардоғида яйраб-яшнаб ўтирасан. Худди ўзингга ўхшаган набиранг боши бойланганда ҳунар қилса, мени гапларимни худди ўзидай қилиб етказасан, кейин уйнинг тўрига осиб қўйилган суратимнинг олдига келиб, бувижон, ваъдамни бажардим дейсан. Сўз берасанми?

– Бувижон! – Нигора бувисини қаттиқ қучоқлаганча йиғлаб юборди.

– Йиғлама, иккаламиз бирга суратга тушсак бўларкан.

Нигора бувисини янаям қаттиқ қучоқлаб олди.

– Келишдикми, ваъда берасанми?

Нигора оҳиста бош ирғади.

– Ўзим ўргилай, бу йиғинг бошқача чиқди, энди хотиржамман. Никоҳим куни мен ҳам шунақа йиғлаган эдим. Бўлди энди, чеҳрангни очиб юр. Юр, мен билан қайнонанг қилган кийимликларни кўрамиз, бу ёғи тўй, болам, худо қувват берсин. Илойим борган жойингда туп қўйиб, палак ёз, омин.

Кампир юзига фотиҳа тортиб, ҳансираганча ўрнидан турди.

Тўй

Оппоқ гуллаган сершох бодом дарахтининг гулдор қўлчалари орасидан жилма¬йиб қараган она қуёш тўрт томони гир айлана иморатли ҳовли узра зар кокилларини тарайди, енгил шабада ям-яшил майсалар юзини силаб ўтади. Ойнаванд уй ёнидаги темир ўчоқнинг кули олинмаган, ярим ёнган ўтинларнинг учлари асаларининг қорнидек тарам-тарам оқ, қора айлана ҳолатда қолган. Ҳовлида куймаланиб юрган аёлларнинг бири супуриш-сидириш, бошқа бирлари идиш-товоқларни ювиш, яна бирлари бугун ўтказиладиган келинсалом маросимининг кам-кўстларини тўлдириш, тўғрилаш билан овора.

Тўй-маросимларнинг об-ҳавосини яхши билган қўшни аёл – Раҳбар хола ўчоқбошига келиб, тайёргарлик ишларини бирма-бир кузатиб, ҳаммани саволга тутади:

– Тўққиз-тўққизга қўйиладиган нарсалар қани? Обчиқиб равонга териб қўяве¬ринг¬лар, айб бўлмайди! Қудаларнинг патнислари тайёрми? Дилорхон, қаймоққа одам жўнатдингизми?

– Қайнэгачим йўлдан биратўла олиб келаман дегандилар, ая!

– Ундоқ бўлса яхши, Дилорхон! Биттада яхши кутмасангиз, қиз берган жойи дас¬турхонли эмас экан, деб кетишади. Қайнэгачингизни эсидан чиқарадиган одати йўқми ишқилиб? Ўчоқбошини тахт қилиб, сарпо-суруғингизни бир қараб бераман, кимга нима қўясиз? Овсин-ажинга яхши нарса қўйинг, опа-сингил гап чиқармайди! Қайинбўйинининг иши қийин, қудасига шу айтган, овсинимга бўлаверади деган! Қуданинг юзини шувут қилиб қўймайлик, қудачилик минг йилчилик айланай!.. Сомсани қайноқ киргизамиз.

Ўчоқбошидан чиқиб тавонхонага йўл олган кампир бир нима эсига тушгандек ортига қайтиб, секингина қайнонадан сўради:

– Кўрманангизни тайёрлаб қўйганмисиз? Тағин шошганда югургилаб қолмайлик!

– Хавотир олманг, айланай, ҳаммаси тахт!

Қуёш қиз узатиб келган аёлларнинг олдига қуйилган таомларни оппоқ нурлари билан сийпалаб ўтиб, уларнинг кўнглига ҳовлини томоша қилиш завқини солди. Кеча югур-югур билан ҳовлини кўздан кечира олишмаган эди. Тўй ўтди, ҳаммаёқ тинчиди, қорин ҳам тўйди, энди қиз тушган жойни бир айланиб кўришмаса, аёл зотининг кўнгли тинчирмиди?!

Ҳовли унчалик катта эмас. Олтитагина поғонадан иборат цемент зинапоядан кўтарилиб, панжарали узун айвонга, ундан меҳмонхонага кирилади. Меҳмонхона деразаларига нафис нейлон пардалар тутилиб, тўрга анча-мунча қимматбаҳо мебель қўйилган. Улардан олдин келин тушган уйга кирган аёллар: «Буниси фалон пулли гарнитур экан, чиннию-идишлар, япон сервизларини, оёқ тагига солинган гилам ҳам ёмон эмас», деб ўзларича шивир-шивирлашиб юришарди.

Ён тарафдаги эшикдан ётоқхонага кирилади. Ўртача катталикдаги хонага тўқ рангли ётоқхона мебели ўрнатилиб, деворларига палак, чойшаблар осилган, баланд ойнаванд жавон ёнига иккита сандиқ ёнма-ён қўйилган, устига духоба, атлас, кўрпа-кўрпачалар текис тахланиб, ёстиқлар қатор терилган.

Ўзини кузатаётган аёлларни катта тошойна орқали кўриб турган келинчак оқчил-текис юзига, бу яқин орада мунг нималигини билмаган оҳу кўзларига, чиройли табассум учун яралган нозик лабларига, нафис ним қизғиш бўёқ суртилган ёноқларига, узун қора киприкларига назар ташлаб, юзига номигагина упа суртди-да, қоматига мослаб тикилган адрас кўйлак устидан қуюқ зар бериб ишланган пешматини кийиб, елкасига тушган тим қора сочлари устидан дўпписини бостирди. Шу аснода беқарор кўзлари билан кўзгудаги аксига тикилиб, ўз ҳусни малоҳатидан мамнундек ширин жилмайиб қўйди. Қайси гўзалдан кам? Худога шукр, ойдек ҳусни, ўзига ярашган қадди-қомати, ҳамманинг ҳаваси келадиган чиройи бор. Яхшики, бир оздан кейин юзига рўмол ёпиб олиб чиқишади, акс ҳолда, кўз, назар, кинна деган қора-қусурлар ўраб олиши, оёқдан йиқитиши тайин.

Ташқарида бошланган қўшиқ бир оз эриш туюлиб, кўнглига ҳаяжон солди.

Келинчак-о, келинчак, бу дунё бир ҳалинчак,

Чимилдиққа киравер-о, куёв бағри беланчак!..

Боядан бери гўзаллигидан мамнун, кўзгудан ўзини ололмаётган келинчагимиз кўзларини яширишга жой тополмай қолди: тундаги шивир-шивирлар...

Эшик очилиб, қўлида бир даста дастрўмол билан янгаси кирди:

– Бўп қолдингизми, қизпошша?

Келинчакнинг юраги дук-дук урди, қулоғи деворга, тили косовга айланди. Лов-лов ёнган юзини кўтарса, янгаси кўнглидагини билиб қоладигандай туюлиб, бошини қўйи эгди.

Янгаси уни секин туртди:

– Бўла қолинг, саломга чиқамиз!

Дўпписи тагидан дастрўмолларни қистириб, эшик олдига борганда, узун ялтироқ ёпинчиғини ёпар экан, янгаси тайинлади:

– Салом манавунақа бўлади деб, жа-а эгилворманг! Ярим эгилсангиз, чиройли чиқади. Мен қанақа салом қилганим, эсиздадир-а?

Дастрўмол тагидан чинни жарангидек ёқимли кулги эшитилди.

Узоқ-яқин амма-холалар, қўни-қўшнилар, эгачи-сингиллар атаганларини қўл¬ла¬рида тутганларича навбат кутишяпти. Каттаю-кичик тартиб билан келиб, салом олиб қайтмоқда. Қуда тараф совға қайтариш билан овора. Кимдир мамнун, кимдир ҳаяжонда, кимнингдир эса энсаси қотган, кимдир шу ерда ҳам таниш-билишчилик дея норози тўнғиллайди.

Илк баҳор гулидек оппоқ очилган келинчак ўз бахтидан яйраб-яшнаб салом қиляпти.

Тўққиз қизнинг харидори,
Йигитларнинг сардори
Қайноғаларига салом!
Маккатилло йўлида,
Жойнамози қўлида
Амма пошшаларига салом!
Ўғил туғиб керилган
Қайноналарига салом!

«Қайнонам?» Келинчак бир дамгина бўшашди, титради. Қайнонадан хушбўй атир ҳиди таралиб, ширин ҳисни туйди. Қўллари иссиққина, мулойим экан. Узукни авайлаб тақиб, оппоқ ёпинғичини салгина очиб, юзидан ўпди.

Қош-кўзлари пиликдек,
Ошга солган иликдек
Овсинларига салом!

Овсини ҳаялламади, зув етиб келиб, кўрманани берди-ю, юзини шарт очди... бу хонадондаги биринчи чеҳра, чарақлаб кулиб турибди. Кўз-кўзга тушганда қувониб кетишди. Овсини кўришганда у ҳам юзидан ўпиб олди. Кўзида меҳр кўриб, юраги бирпас тин олгандай бўлди.

Юзочарга жажжи болачани кўтариб келишди. Унинг дўмбоқ қўлларига кўзи тушиб «вуй ширинлигини, мениям шунақа...» дея ҳавас билан интикди.

Келинсалом маросими ниҳоясига етгач, бувиси узундан узоқ дуо қилди: «Юзинг иболи, кўзинг ҳаёли бўлсин, қўша-қўша фарзанд кўриб, ували-жували бўлиб, ўзингдан кўпайгин, омин».

Баҳор оқшоми ташриф буюрганда, мўъжаз ҳовлида қадам товушлари сийраклашиб қолганди.

Онасини кузатган Нигора кўнгли бузилиб, кўз ёши қилди. Бегона жой кишига бир оз ёмон таъсир қилар экан.

Янгаси унинг қизарган кўзларига қараб, насиҳат қилишга ўтди:

– Қиз зотининг бўлгани шу! Ойижонимизнинг дилларини хуфтон қилиб жўнатдингиз. Ўзлари бир аҳволда эдилар. Овсинингиз кирса, нима дейишни билмасдан қолдим. Яхши жувонга ўхшайди, ишқилиб юлдузингларни иссиқ кўрсатсин! Бўлди энди, ҳадеб йиғласангиз бошингиз оғриб қолади. Келинг, ундан кўра нарсаларингизни жойлаб бераман. Сиз қараб туринг! – Улар биргаликда совға-саруполарни тахлай бошладилар. – Менга қаранг, – деди янгаси. – Супургини ушлашингиздан билиб олишади қанақалигингизни. Ҳамма нарсага ҳушёр туринг, уй йиғсангиз, аввал қайнонангизникидан бошланг, кир ювсангиз ҳам қайнонангизникидан бошланг, ухлаб қолсангиз бир четда довдираб турмасдан, кечирасизлар деб, дарров ишга киришинг, оёқ кийимларни кечқурун тайёрлаб қўйинг, ҳим... яна нимайди? Ҳа-я, мўлжални ҳали билмайсиз, гўшт-ёғни лўмба-лўмба ишлатиб юборманг, сўраб кейин солинг, ўзи нима қилсангиз ҳам ойижонингиздан сўраб, кейин бир ишга киришинг, тушундингизми? Ўшаниси тинч, ўзбошимча дейишмайди. Бир жойга борадиган бўлиб қолсанглар, имилламай отланинг, лекин дарров эшикка чиқиб олманг, кўчага деса доим тайёр туради дейишмасин.

Оқшом шамоли ўз қўшиғини бошлади. Унда келинчакнинг қалб титроғи, ҳаяжонга тўла кўзлари, интикиб нафас олиши ва висол завқи ҳам бор эди.

Дўстми Ё Духтир?

Баланд бўйли йигит анча вақтгача туғруқхона атрофини айланиб юрди. Қўлидаги сигаретни ёқишни хаёл билан ё унутди, ё хоҳламади, қўлида айлантира туриб, улоқтириб юборди, бир оз фурсат ўтиб эса бошқасини олди, сўнг дарахтлар панасига ўтди ва бир оздан сўнг жадал қадам ташлаб, бош бино тарафга кетди.

Ҳозиргина консилиумдан чиққан Рустам билан Хайрулло шифокорлар хонасига киришди. Ортдан қадам товушлари эшитилди. Эшик зарб билан очилди-ю, хонага ҳеч ким кирмади. Чамаси эшикни тортган одам фикридан қайтдими, жойида қотди.

– Киравер, Умид ! – деди Хайрулло.

Барваста йигит кирди ва изтироб билан унга тикилди. Айтадиган гапи оғирлигидан, ичидагини сиртига чиқаролмади.

Хайрулло унга далда берди:

– Ука, сал қовоғингни очиб юр, кўрганлар нима дейди? Боя шунча гаплашдик, ҳозиргина профессор билан ҳам маслаҳатлашиб чиқдим. Ҳозир яна хотинингнинг олдига кирамиз. Сен ишингга боравер, тирикчиликдан қолма, бу ёғи яхши бўлади!

Йигит миқ этмай чиқиб кетди.

Хайрулло унинг ортидан ачиниб қараб қолди:

– Эрталабдан бери кетмайди. Носированинг эри. Хотини операцияга кўнмаяпти!

– Нима бўлади энди?

– Аслида операция билан туғдиришга қаршиман. Кўп кузатдим, табиий йўл билан туққан аёлларга қараганда, кесерево билан туққан аёллар, нисбатан боласига бемеҳрроқ бўлишади. Аммо мана бунақа ҳолатларда... билмадим... бошқа иложи бўлмагандан ке¬йин... Мен профессор билан олдига кириб чиқаман. Сен, ҳойнаҳой, кирмасанг керак?!

Рустам креслога суяниб, илжайганча бош чайқади. Хайрулло касаллик тарихини кўтариб чиқиб кетди.

– Носирова йигирма бир ёшда, биринчи ҳомиладорлик, биринчи туғруқ, нефропатия, қирқ биринчи ҳафта….,

Профессорга эринмай баён қилган Хайрулло, аёлни кўздан кечирди, «шишган, анчагина шишган, қовоқлари осилиб турибди, кўзлари кичкиналашиб кетган, бир пайтлар жуда ҳусндор бўлган кўринади. Беозоргина, мулойим. Худди айб иш қилиб қўйгандек, хижолат тортиб, ҳар бир саволга жавоб беришдан олдин, узун-узун киприкларини пирпиратиб олиб, кейин кўзларини бир нуқтага қадаб, оҳиста гапиради. Дардга оғир экан».

Профессор кўзойнагини тақиб, Хайруллонинг қўлидан касаллик тарихини олди. Бир бошдан, шошилмай варақлаб, қайтадан ўқиб чиқди.

– Отангиз ё онангизнинг қон босимлари ошармиди?

– Адам… қон босимидан вафот этганлар.

– Ҳомиладор бўлмагунча ошмаганмиди?

– Йўқ.

Кекса профессор қуюқ қошларини чимириб хаёлга толди. Умр бўйи илм билан машғул бўлган одамлар ҳиссиётга берилишмайди. Балки шунинг учунми, одамнинг кўнглидагини сеза олиш қобилиятидан маҳрум улар. Баъзилари гапга нўноқ. Аслида биров гапни ёғлаб гапиради, биров тиканак боғлаб гапиради. Бутун ҳаёти давомида инсон саломатлиги ва ҳаётини ҳамма нарсадан устун қўйиб яшаган, буни шогирдларига ҳам сингдиришга ҳаракат қилган профессор ҳам гапга гул ўраб гапира олиш хислатидан йироқ эди. Шунинг учун ҳам, тўсатдан:

– Нега операцияга розилик бермаяпсиз? – деб сўради.

Аёл аввалига жим қолди, кейин одамнинг юрагини эзар даражада оғир хўрсинди, шифтга қараб ётганча, икки кўзидан бир томчидан ёш сизиб чиқиб, сочлари орасига думалаб кетди. Профессор ҳам, Хайрулло ҳам савол берилган бўлса-да, жавоб қайтарилмаслигини билиб, уни ортиқ қисташмади. Хонада оғир сукунат чўкди.

– Қизим? – профессор гулдираган овозда меҳр билан салмоқлаб гап бошлади. – Келганингга бир ойдан ошибди, аҳволинг… қониқарли эмас. Қон босиминг баланд, камқонсан, буйрагинг анчадан бери касал экан, кўпинча қизларда буйрак касаллиги билинтирмай кечади. Ё турмушга чиққач, ё ҳомиладор бўлгачгина ўзини билдиради. Сен ҳозир икки киши ҳаёти учун жавобгарсан. Она бўлиш арафасидасан, она бўлиш масъулият, буни ҳис қилмасликка ҳаққинг йўқ! Бунақа ишда қайсарлик ярамайди. Энг муҳими, фарзандни соғлом дунёга келтириш. Гапларимни ўйлаб кўр. Рози бўлсанг, эртага операция қиламиз. Чўзишдан наф йўқ. Саломат бўл.

Профессор оғир қўзғалиб, эшикка қараб юрди, Хайрулло унга эргашди. Саида ўзини қийнаб юрган оғир хаёллар гирдобида қолаверди.

Касалхонада кунларнинг ўтиши жуда қийин. Шифтга қараб ётиш ҳам, деразани кузатиш ҳам бир зумда жонингга тегади. Хаёлида яна ўша савол чарх урди: «Ҳеч иложи йўқмикан?» Қон босими кўтарилди шекилли, боши лўқиллаб оғриди. Ана, ҳозир ҳамшира дорисини кўтариб югуриб келиб, томирига улаб қўяди. Шу билан қимирламай икки соат ётади. Уйига кетса, яхши бўлиб қолармиди?!.. Эри қачон келаркин? У ҳам қийналиб кетди. Тўтидек битта гапни қайтарадилар: «Қаҳрамонлик қилмай операцияга розилик беравер!». Кўпроқ ўзидан хавотир оляпти. Хўп, ана, операция-ку бир зумда ўтар, лекин кейин-чи? Тиғ теккан одам ярим жон бўлиб қоладими? Буни ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмайди. Кейин у ёғи дардисар, ҳисобли! Яна қачон фарзанд кўради, кўрадими, йўқми, туғиши муаммо бўлиб қолмайдими?! Ўғиллари кўп бўлишини хоҳлайди. Операция қилдирса, тўрт-беш йилсиз туғмай юради.

Шу оғир ўйловлар исканжасида Саида кечгача ётди. Ҳар замонда боласи қимирлаб қўяди. Бечора ростдан ҳам ҳаво етмай қийналяптими?! Тезроқ ёруғ дунёга чиққиси келгандир. Худбинман шекилли! Ўз манфаатимни кўзлаб, болани ўйламаяпманми! Кесеревоси қурсин. Ким ўйлаб топган экан…

Қайсар… Юлий Цезарь биринчи бўлиб она қорнидан ёриб олинган бола. Саркарда, давлат арбоби, яна ёзувчи ҳам бўлган. Унинг ҳам боласи шунақа ақлли бўлармикан? Ўзи ўғилмикан ё қизми? Қизиқ, ойим қизлигингни сезганман дердилар! У-чи? У ҳеч нарсани сезмаяпти.

Эшик очилиб, енгил шиппак товуши эшитилди, хонага кирган одам ичкаридан эшикни беркитди.

Саида кўзларини очди. Хона ним қоронғи эди.

– Нега қоронғида ётибсан? – Хайрулло чироқни ёққач, каравот тепасига келди. – Ие, йиғлаяпсанми?

Саида ҳазин жилмайди.

Ажойиб одам! Гоҳ сизлайди, гоҳ минг йиллик қадрдондек сенсирашиб кетади. Муомаласи самимийлигидан Саида унчалик оғринмайди. Халати йўқ, ҳали кетмабдими ё навбатчими? Саида ўрнидан турмоқчи эди:

– Ётавер, қимирлама, фақат бошингни сал кўтариб ол! – деди . – Хўш, емай-ичмай, тарки дунё қилиб ётибсанми? Сени ўрнингда бўлсам бунақа қилмасдим.

Саида оғир нафас олди.

Хайрулло уни саволга тутди:

– Эринг билан баравармисизлар?

Саида «ҳа» ишорасини қилди.

– Ўхшаб ҳам кетасизлар, қариндош эмасмисизлар?

– Йўқ, бирга ўқиганмиз.

– Муҳаббатми?!

Саида уялиб, кулимсиради.

– Энди сенга жиддий савол!

Саида нима савол бераркин дея, кўзларини катта-катта очиб ҳайратланди.

Хайрулло унинг кўнглини сезгандек:

– Сен ҳайрон бўлма, саволларимни туғишингга алоқаси йўқ. Шунчаки сен билан бир дардлашиб ўтиргим келди, бугун навбатчиман, тўйингга қанча бўлди? – деб сўради.

– Икки йил.

– Яхши яшайсанми?

Саида елкасини қисди.

Хайрулло:

– Бировдан олдин, бировдан кейин дегин, – деди ва ўзи жавоб бериб қўя қолди: – Шу икки йил ичида эрингга текканингдан ҳеч афсусландингми, йўқми?

Саида бу қанақа беъмани савол, дегандек энсаси қотди. Хайрулло буни писанд қилмай саволига жавоб кутди. Саида жавоб қайтаришни хоҳламаса-да:

– Йўқ, – деди.

– Эрингни яхши кўрасан, кўриниб турибди, биласанми, Ибн Сино касалларига нима деркан? Биз уч кишимиз, мен – табиб, сен – касал, у – касаллик. Агар сен, мен тарафга ўтсанг, у енгилади. Бордию, у тарафга ўтиб олсанг, иккалангни енгишим қийин. Мен ҳам шундоқ буюк одамларнинг усулини давом эттириб, сени ўз тарафимга таклиф қиламан, нима дейсан?

Саида ёйилиб кулди, бош оғриғи сал ёзилди.

Хайрулло унга жиддий қаради:

– Хўш, сенга айтсам, кўнглим алдамайди. Нималарни ўйлаётганингни айтиб берайми? Гапларимга эътироз билдириб, овора бўлма, чунки ҳақ бўлиб чиқаман. Ҳозир эринг учун фидойилик қилиб ётибсан, сен қўрқоқ эмассан, қўрқоқлар туғишдан кўра, операцияга осонгина рози бўлиб қўя қолишади. Сен эрингни ўйлаб, операция қилдирмаяпсан, тўғри топдимми? Энди, Саида, ўзингдан қолар гап йўқ, мендан ўн ёш кичик экансан, сендан кўра кўпроқ кўйлак йиртганман, мени гапларимга кир, кам бўлмайсан: биринчидан, эринг бунақа фидойиликни барибир билмайди, эркаклар табиатан шунақа яралган, буни ўзгартириш қийин. Мен сенга шифокор сифатида эмас, эркак бўлганим учун айтяпман, иккинчидан, қон босиминг ошган сари бола қийналади, кундан-кунга аҳволи оғирлашиб боради, ўзинг камқонсан, бу биласанми, нима дегани, бола қорнингдалигидаёқ бир нечта касалга йўлиқади дегани.

Саида ғалати аҳволга тушди. Ҳеч қачон бунақа гапларни эшитмаган эди. Ажойиб дўхтир экан! Худди ичимга кириб чиққандай, ё тавба, нима ўйлаётган бўлсам, шуни айтиб турибди. Гипнозчими? Гапларини… ҳаммаси тўғри, изоҳга ҳожат йўқ. Биринчи марта бунақа одам билан гаплашишим. Ҳеч ҳам бунақа суҳбатдошни учратмагандим.

Саида йўқотиб қўйган қадрдонини топиб олган одамдай яйраб кетди. «Ҳаётга реал қараб яшашни ўрган. Хўп, ҳозир сени айтганингни қилдик дейлик, кейин нима бўлишини биласанми? Ўзинг бир амаллаб туғарсан, ҳай-ҳайлашиб туғдириб олишар, бола-чи? Туғилиш осон жараён эмас, қанча-қанча болалар туғруқ пайтида касаллик орттиради. Кейин-чи, касал бола боқишдан ортиқ азоб йўқ! Ўзингни кечира олмайсан, бошқаларни соғлом фарзандига қараб ўзингни еб юрасан, сал каттароқ бўлганда, нега палончини боласи яхши ўқийди, меники бунақамас, палончиники унақа, меники бунақа деб юрасан. Операция билан туғсам, кейин нима бўлади деб, ўйлаяпсанми? Лекин билиб қўй, биринчи боланг касалвон туғилса, қолганидан ўзинг воз кечасан, чунки адойи тамом бўлган бўласан, гапларимни тушуняпсанми? Касал бола ғурбатнинг ўзи!»

Саида енгил тортиб, бўшашди. Юрагини сиқиб, чангаллаб ётган сим тўрлар битта-битта ечилиб қўйворди. Кейин хотиржам тортди. Яхши одам экан! Хайруллонинг кўзларига чуқур меҳр билан тикилиб, нигоҳи билан жавоб қайтарди.

Хайрулло унинг рози бўлганини сезди ва сўради:

– Эртага чоршанба, яхши кун! Нима дейсан?

– Шунақа қилсам, тўғри бўлади дейсизми?

– Аввало ҳар бир ишни худога тавакал қилиш керак, ундан кейин, сенга боя айтдим, гапимга кирсанг, кам бўлмайсан, менга ишонсанг ишон, сени зўрлаш йўқ.

– Эримдан…

– Эринг икки соатдан бери хонамда ўтирибди.

Саида бутунлай хотиржам тортди.

– Кечаси ухлай оласанми ё…

– Керакмас, – Саида кескин бош чайқади.

– Унда эрталаб кўришамиз, яхши ётиб тур.

Бугун қуёш тонгни барвақт уйғотди.

Тонг Саидага қизалоқ ҳадя қилди. Худди эрига ўхшайди. Ингалаётган чақалоқни хира ёруғлик ортидан кўрди-ю, елкасидан тоғ ағдарилгандек, хотиржам ҳолда уйқуга кетди.

Сирти Тинч, Тубида Ғалаён

«Шафтолини гули тўкилганда ҳам чиройли, тупроққа беланса ҳам ранги ўзгар¬майди».

Узун, жимжимадор енгли оппоқ кўйлак, лозим устидан тим кўк пешмат кийган Нигора ҳовли супураётиб дарахтларни кўздан кечирди. Олма, гилос бор, лекин анор экишмаган экан, унинг гули жуда чиройли, ҳиди ҳам бошқача!

Айвондаги телефон жиринглаб хаёли бўлинди.

– Лаббай!

– Саломалайкум, Рустам акани чақириб беринг.

Нигора эрини зўрға уйғотди. Ҳовлига чиқиб супуришда давом этаркан, кийимларини тезда эгнига илиб, кўчага отилган эрининг орқасидан боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай ҳайрон қолди. «Чой ичмадилар!»

Машинасини кўчага олиб чиққан Рустам ойнасини тушираётиб:

– Ишга чақиришди, оғир касал бор экан. Мен кечроқ қайтсам керак, – дея кўз қисиб қўйди. Унга жавобан жилмайган Нигора «яхшиям қаерга деб сўрамаганим» деб хаёлидан ўтказди-ю, чиройли табассуми билан эрини кузатди. Келинлик бахтининг беғубор осмонида парвоз қилаётган келинчак айни дамда нега аёл киши тонг саҳарда эримни чақиртирди, деб ўйлаб ҳам кўрмади.

Аср вақти бўлди. Қуёш эрталабдан бери булутлар орқасига беркиниб, аразлагандай юзини кўрсатмайди. Ҳаводан ёмғир ҳиди келади. Нигора ўқишга бориб қайтди-ю, ҳар кунгидек ошхона, уй юмушлари билан машғул бўлиб, кун ўтганини сезмай қолди. Кеч¬қурунги овқатни қозонга димлаб, кўчани супуриб қайтгач, бекор турмай деб, ғимирлаганча ҳовлида иш қидириб юрди. Қайнонаси ичкарида телевизор кўраётган эди.

Гулга кирган дарахтлар эътиборини тортди. Бунчаям чиройли-а!

Олма дарахтининг тўп-тўп бўлиб гуллаган шохларига қанча тикилса ҳам кўзи тўймади. Кичкинагина шохчани синдириб олиб, гулларини юзига қўйиб, силагиси келди. Бекорга увол қилмай, деб синдиргани кўзи қиймай, пастрокдаги шохчани салгина эгиб тўйиб-тўйиб ҳидлаб, кейин қўйиб юборди. Уй ичидан қайнонаси чиқиб келаётганига кўзи тушиб, ошхонага кириб овқат сузишга тутинди.

Ёмғир томчилай бошлади. Овқатдан кейин кийим-бошини алмаштириб, пардоз қилгач, қайнонасининг ёнига кириб бирпас ўтирди. Қайнонаси индамай телевизордан кўзини узмай ўтиравергач, ийманиб, уй ичида иш қидиргандек бўлиб, секингина яна ҳовлига чиқди. Ёмғирнинг шивир-шивирига қулоқ тутди. Қоронғи туннинг садолари ҳам ғалати: гоҳ юрагингга қувонч солади, гоҳ ваҳима!

Рустамдан ҳалигача дарак йўқ, кеч келаман деганди. Келиб қолар. Унга ўрганиб ҳам қолди. Аввалига ёмон кўргани рост. Кейинроқ ҳайиқиб ҳам юрди. Унақа ёмонга ўхшамайди. Озгина ўтиб илиқлик туйди. Ҳозир кўнглида меҳрми, соғинишми, алланималар айланиб юрибди. Ишдан қайтадиган пайт бўлди, дегунча, юраги бетоқат уради. Гоҳида… уйда ёлғиз қолишса, қафасдаги қуш ўзини у ёқдан-бу ёққа ургандай, қочиб чиқишга уринади. Қачон келаркин?

Нигора ёғаётган ёмғирга эркаланиб, ҳовлида узоқ қолиб кетди. Бошини осмонга қаратиб, кўзларини юмди. Юзига битта-битта келиб урилаётган томчилар, худди Рустамнинг нафаси келиб урилаётгандай баданини жимирлатди…

Энтикиб нафас олди…

Бир замон Рустамнинг қайноқ нафаси кучлироқ урилгандек бўлди. Қўллари белидан қучиб, лаблари бўйнидан қулоғигача секин кўтарилди. Шивирлаган овоз:

– Нега ёмғирда турибсан? – деб сўради.

– Вой?! – чўчиб тушган Нигора эрининг кучли қўлларидан чиқишга уринди. Юраги дукиллаб кетди. «Шарманда бўлдим, келиб қолганларини!»

Рустам қўйвормади, шивирлашда давом этди.

– Соғиндим, мени ўйлаб турганмидинг?

Нигоранинг лавлагидан фарқи қолмади.

– Қўйворинг! – ялинди у.

– Уйга юр, кўйлагинг ҳўл бўлиб кетибди, алмаштирасан.

– Ойижон кўриб қоладилар, қўйворсангиз-чи!

Рустам бехос қўлларини бўшатди, ҳуркак Нигора оҳудек бир сакраб, жилмайган кўйи уй тарафга юрди.

Туни билан шивалаб ёмғир ёғди. Азонда жиринглаган телефон Рустамни яна ишга шоширди.

Хайрулло уни ҳажв билан кутиб олди:

– Ҳа, куёв бола, бугун кеч қолдинг, келин қўйвормадими? Келинга тушунтириб қўй. Сени касалларинг бошқача: пойлаб ўтиришолмайди. Хоҳлаган пайт дарди тутиб, хоҳлаган пайт туғаверади.

Рустам пинак бузмади:

– Навбатчилик қанақа ўтди?

– 6-палатадаги туғди, 11-палата мени туғдирди.

– Яхши, эсон-омон қутулибсан.

– Эри ғирт аҳмоқ экан, боласи димиқиб, хотини ўлай деб ётибди. Операция қилмайсан, хотиним жуда бақувват, деб онасини бошлаб келибди. Кечаси билан талашиб, азонда барибир операция қилдик, тўнка, икки ўртада хотини билан боласини қийнагани қолди. Ҳали родзалдан чиқмади, боласи тепада, аҳволи яхшимас – асфиксия. Ҳозир хабар олиб тушдим. Главрачдан касал келди. 6-бўшаган, ўша ерга ётқиздим. Пуф десанг, туғадиган. Қараб турарсан. Мен кетдим, хотиним пойлаб ўтиргандир. Уч кундан бери кўрмадим.

– Сенга қийин бўпти.

– Нимасини айтасан, жуда жавр бўлди. Сен уйланганингдан бери уйимга боришим катта муаммо бўлиб қолди, чилланг чиқдими ўзи? Бўпти, шундоқ уйимга ўтиб келаман.

Хайрулло полни, ҳатто эшик-деразаларни ҳам зириллатиб хонадан чиқиб кетди. Эшик ёпилиши билан телефон жиринглади. Халатини энди кийиб бўлган Рустам гўшакни кўтарди. Нигора қўнғироқ қилмаслигини билса-да, ўзича тусмоллади, аммо гўшакдан Умиданинг нозли овози эшитилди:

– Рустам ака, соғиндим Сизни-и-и!

– Бирпасда-я, ҳозиргина олдингдан келдим-ку!

– Нима қилай, ростданам шунақа бўлса?

– Нима қилишингни айтайми? Кечга қолмасдан ишга бор. Кечроқ кўришамиз, хайр.

У тарафдан қисқа-қисқа гудок эшитилди.

Рустам Умидага қандай илакишиб қолганини эслади. Қизнинг ота-онаси бу дунёда кун ҳам кўришмади. Акаси бевақт қазо қилиб, юрак олдириб қўйишди, шу боис ҳам бор эътибор ва диққатларини ёлғиз қизларига қаратиб, худодан унга фақат узоқ умр сўрадилар. Бу орада автоҳалокат рўй бериб, улар ҳам оламдан ўтишди.

Умида энди қариб-қартайиб қолган кампир қўлида қолди. Кампир бу ғамни кўтара олмайман деб ўйлаганди. Умри бор экан, фарзанд доғида бир куйса, ўша фалокатда набирасининг оёғи қаттиқ жароҳатланиб, нуқсонли бўлиб қолганига яна куйиб яшади. Ўғли билан келинини маъракаларини ўтказиб, бор-будуни белига тугиб, набирасини катта дўхтирларга кўрсата бошлади. «Қиз бола ахир, боламдан қолган омонатни ногирон қилиб қўйсам, қиёматда ўғлим билан келинимнинг кўзига қандай қарайман», деб эридан қолган билагузук, келинининг тилла асбоблари – барини сотди.

Лекин Умида тузалмади. Охири ҳақиқатни ўзи ҳам тан олиб, шу муштипаргинани жони соғ қолганига шукр қилиб, яшай бошлади. Худо бир тарафдан сиқса, иккинчи тарафдан мўл-кўл қилиб беради, деган илинжда яшади. Тунлари ухламай, эгасига ўз қўлим билан топширай, жонимни олмай тур деб, худога нолалар қилди. Аммо набирасини ўқишдан қайтишини пойлаб ўтириб, омонатини топширди

Умида ҳайҳотдек ҳовлида яшаб, тиббиёт билим юртини битирди, сўнг Рустам яшайдиган касалхонага ишга келди.

Рустам оқсоқланиб юрадиган бу қорача қизга дастлаб кўпам аҳамият бермади. Кейинроқ бу қиз унга бошқалардан кўра, ўзгачароқ қарашини билиб қолди. Бу севги-муҳаббат эмас, уни муомалаларида қанақадир самимият, ўзига яқин олиш, жигаридай инсонга меҳр кўрсатиш каби ҳаракатлар бор эди. Буни Рустам орадан жуда кўп фурсат ўтиб ҳис қилди. У бошқа қизларга ўхшаб, шарақлаб кулмайди, бирон нарсадан қаттиқ таъсирланганда мийиғида кулиб қўя қолади. Ҳеч қачон ўз фикрини талашиб-тортишиб, исбот қилишга ёки бировларга сингдиришга ҳаракат қилмайди. У қанақадир ўзга оламда яшайди.

Эсида, ўшанда шаррос ёмғир ёғаётган кун эди. Ёмғирдан ўзини пана қилиб зўрға машинасига ўтириб олган Рустам, касалхона дарвозасидан чиқаётиб узоқда оқсоқланиб кетаётган Умидага кўзи тушиб, ҳайрон бўлди. Ё тавба, ўзи соғмикан бу қиз? Қўлида зонтиги йўқ, ўзини панагаям олмаяпти, на автобус бекатида туради, на қўл кўтариб машина тўхтатади. Худди устидан аямай савалаётган ёмғирга қасд қилгандай қаддини тик тутиб тўхтамай кетяпти. Астағфирулло дея, Рустам машинасини тўхтатиб қараб турди. Бу кетишда чақирса чиқмайдиганга ўхшайди. Рустам озгина юриб, яна тўхтади. Қиз тағин ўша алфозда кетаверди. Бир-икки қаттиқ-қаттиқ сигнал берди. Жала товушидан Умида ҳеч нимани эшитмади. Рустам машинасини айлантириб, уст-боши шалаббо бўлиб кетган қиз қаршисига кўндаланг қилиб қўйди. «Ўтирсангиз-чи, ивиб кетибсиз», деди қатъий оҳангда. Хижолатдан ёрилай деган Умида машинага ўтириб: «Ёмғирда юришни яхши кўраман», деб қўйди.

Рустам қайси тарафга юришни сўраб олди. Манзилга етиб боргунча иккаласи ҳам чурқ этмади. Кўча бошига етганда Умида Рустамнинг йўқ дейишига қарамай, машинадан тушиб қолди. Эшикни ёпа туриб: «Ёмғирни яхши кўраман», деб қайта қистириб ўтди. Ёмғир товушидан Рустам ҳеч нимани эшитмаса-да, ростанам ғалати қиз экан деб, машинасини ҳайдаб кетди.

Унинг нимасидир Рустамни ўзига тортарди. Қизларнинг ҳеч бирида ундаги фазилатлар йўқ, уларнинг ҳеч бири унингдек садоқатли бўлмайди. Мағрур ва фидойи, вазмин ва босиқ. Худди сокин дарё. Рустам айнан ўхшатган эди. Тинч оққан сувнинг туби шунақанги ғалвали эдики… Умиданинг кўнгил тубидаги ҳислар бош кўтаргандагина – қисмат унга нималарни раво кўрганини кейинроқ англади.

Меҳр Нима Ўзи?

Рост айтишаркан, боланинг кўзига қарасанг – меҳр қуйилиб келади. Болани эмизиш роҳат, қучоғига олиш ҳузур-ҳаловат. Дунёдаги ҳеч бир юмушни, ё ҳеч бир хурсандчиликни болани эмизишга тенглаб бўлмас.

Ҳузур билан қизини эмизаётган Саида, эрини кутиб, келавермаганидан хавотирланаётган эди, онаси келди. Унга қараб, Саиданинг доим юраги ачишади. Қизларига дадасининг ўрнини билинтирмасликка тиришиб, ўзини ўтгаям-чўққаям уради, бечора. Ҳозир ҳам санитар хотиндан лиқ тўла сумкани бериб юборибдилар: битта идишда қатиқ, биттасида сут, озгина печенье, иккита чиройли патир, олма, банан; қават-қават ўралган банкани очиб қаради, атала! Совимабди. Қайноққина кепти. Шакар билан қаймоқ қўшиб, аралаштириб тайёр қилинган творог, сумканинг тагидан устига ликопча тўнкарилган коса чиқди. Дўмпайган тугунни ечиб ликопчани ўгирди: ток! Онаси доимгидай яхши кўрган овқатини обкепти. Жуда яхши онаси борда. Саидага ҳали овқат мумкинмас. Инқиллаб ток тугаётган онаси кўз олдига келиб, овқатни қайтариб бергиси келмади. Не ҳасратда олиб келганлар дея дилидан ўтказиб, идишларни бўшатиб, авайлаб ўраб сумкага жойлади. Ҳаллослаган санитар қора хотин сумкани олиб чиқиб кетар пайти, ойнадан онаси чақирди:

– Са-а-ида!

Дераза ёнига югургудек бўлиб борган Саида ойнани очмоқчи эди, онаси бақирди.

– Очма, кўкрагингга шамол теккизасан.

– Тузукмисан. Бола яхшими?

Саида кўзларини ғилтиллаб бош ирғади.

– Дарров туриб, юриб кетмагин болам, ҳали мўртсан, белингни иссиқ қилиб юр. Пайпоғинг борми?

Бўғзига йиғи тиғилиб гапиролмади. Деразадан қараганча боши билан фақат «ҳа», «йўқ» ишорасини қилиб турди.

– Кўп-кўп сут чой қилиб, иссиқ-иссиқ ичгин, аталани совутмасдан дарров ич, қайноғида симирвогин, қувват бўлади. Сутинг кўпаяди, болам! Чақалоғинг йиғлоқмасми, кечаси ухлаяптими?

Орқасига ўгирилиб пиш-пиш ухлаётган қизига қаради. Беозор-ку! Эмизмасаям миқ этмай ухлайверади. Саида кулиб бошини қимирлатди. Онасининг туриши ғарибгина бўлсаям, бахтиёр кўринарди. Набира кўриш бахт! Набира боқиш – ҳузурланиш! Онаси Саидадан ҳам кўпроқ хурсанд бўлса керак. Энг кенжа қизининг боласини кўрди. Бу кунларга ким етдию, ким етмади. Боши тепага қарайверганидан орқасига сирғалиб тушаётган рўмолини тузатиб:

– Ҳали опаларинг келишади, мен эрталаб нима обкелай? – деб сўради.

Онаси хайрлашиб кетгач, Саида атала мумкинмаслигини билса ҳам, мазза қилиб ичди. Идишнинг тагида қолган қиймаларни қошиқ билан еб қўйди. Шу пайт кўкрагига қуйилиб сут келганини сезиб, эмизгиси келди. Онаси уйга етиб олганмикан? Қайнонаси ҳали бир мартаям келгани йўқ. Онаси доим йўқ бўлсаям бордай, қайнонаси тескариси, ошиб-тошиб ётсаям томизмайди. Онаси эри ўлиб болаларига бирор марта нолиган эмас. Болаларининг кўнглини ўкситгиси келмайди. Қайнонаси эса нолигани-нолиган.

Қизини жойига ётқизиб, яна эрини кута бошлади. Нега келмаяптийкан? Доимо тес¬кариси бўлади: кутганинг келмайди.

Хонага юзидан мамнунлиги билиниб турган Хайрулло бамайлихотир кириб келди.

– Хўш, Ойбарчиндай қиз туғдим деб керилиб, келганларга хоҳлаганингни буюриб ўтирибсанми? Ҳазиллашдим. Тузукмисан? Қизинг қалай? Оналик ҳиссиётларинг билан ўртоқлашмайсанми, она бўлиш яхши эканми, айниқса кечаси ухламаганда?

Саида чақнаб жавоб берди:

– Кечаси яхши ухлаяпти!

– Ие, зўр-ку! Ўзинг ҳам омадли экансан, чилладан кейин кунингни кўрсатмаса бўлди. Киндиги тушдими?

– Киндиги тушса кетаманми?

Хайрулло жаҳли чиққанини яширмай терс жавоб қайтарди:

– Мунча шошасан, уйингда нима бор? Қийналасан. Озгина ўзингга келиб ол, қувватга кир. Яхшиман деб, уйингга шошилаверма. Ипини олиш керак. Қийналаётган бўлсанг айт, болага қараб беришади. Дориларингни вақтида оляпсанми, у-бу каминг бўлса айтавер, тортинма.

Саида рўпарасидаги шифокорга чексиз меҳр билан тикилди:

Бунчаям меҳрибон! Шундай меҳрибон эркаклар ҳам бўлар экан-да. Томоғига бир нарса келиб тиқилди. Зўрғагина «ҳа, бор» дея олди, холос. Дилининг туб-тубидан бир нималар қайнаб чиқа бошлади. Бир оғиз ширин сўз билан одамнинг дилини қанчалик кўтариш мумкин-а!

Хайрулло секин бориб чақалоқни авайлаб кўтариб, «Сендай беғам бўлиб юрайлик», деб жойига қўйди.

– Уйингга борволиб, полвонлик қилма, ўзингни аягин, хўпми? Овсининг борми? Яхши гапириб алдасанг, қарашиб юборади.

Саида бош ирғиб:

– Мен алоҳида тураман – деди.

– Оббо, бу яхши-ку, лекин манавинақа пайтларда жуда ёмон қийналасан-да. Майли, эплаб кетасан. Бўлар-бўлмасга сиқилма! Болага яхши қара. Кўп-кўп эмиз, яхши кўриб эмизсанг, сутинг кўпаяди. Тағин эрингни қизғанавериб, бор сутингниям қочириб юборма.

– Э, боринг-е ! – Саида қип-қизариб тескари қаради.

– Тўғрисиям-да: хотин зоти борки, эрини қизғаниб умри ўтади, икки орада бола сутсиз қолади. Майли, қизингни авайла, сал каттароқ бўлса, ҳўл мева билан кўп-кўп оқлик бергин, эсингда турсин, кўп оқлик еган бола, яхши одам бўлади. Чиройли нарсаларга қараб ўзингни хурсанд қилиб юр. Сен билан худо насиб қилса, тўрт-беш йилдан кейин кўришамиз. Тағин бир йилда югургилаб келмагин, уришиб бераман. Буйрагингни яхшилаб даволаш керак. Гапларим қулоғингда қолсин. Соғ бўл. Муаммо чиқса, бехижолат келавер. Ёрдамим тегса, мен хурсандман.

Хайрулло чиқиб кетар чоғи, Саида унга чуқур ҳурмат, чексиз миннатдорчилик туйғуси билан қараб қолди. «Қандоқ яхши одам-а!» Чин дилидан унга қандайдир меҳр кўрсатгиси келди. Эшик очилиб, йўлакка қадам ташлаши билан ортидан овоз эшитилди:

– Хайрул… – бу ёғи жуда паст чиқди – …ло ака…

Орқасига ўгирилган Хайрулло нима эсингдан чиқди, дегандай қаради. Саиданинг индамай қотиб турганини кўриб, эшикни ёпиб, қайтиб кирди:

– Нима гап?

– Бир нарса…

– Сўрамоқчимисан? Сўрайвер.

– …

– Гапир, гапир ичингда қолмасин.

– Сизга, сиз…

Хайрулло хахолаб кулиб, кейин чақалоқни чўчитиб юборишдан чўчиб, уйғотдимми, йўқми деб, унга қараб қўйгач:

– Ҳаяжонланяпсанми? Бемалол гапиравер, дардинг борга ўхшайди! – деди паст овозда.

Боя Хайрулло чиқиб кетаётганида Саиданинг юрагида тўлиб-тошиб сўзлар қуйилиб келаётганди. Миннатдорлигини аллақанча гаплар билан изҳор қилмоқчи эди. Айтар маҳали келганда, тили айланмай қолди.

– Тавба, битта туғиб тилдан қолдингми? Ўзи битта туғишли ҳолинг бор экан, яна операция қилсангиз, кўп туға олмайман деб дод соласан! – Халатининг чўнтагига иккала қўлини солиб яқин келди.

Саида Хайруллони биринчи бор кўрганда жуда қўпол кўринганди. Ундан кейин у пайтда ўз дарди, хаёллари билан бўлиб, бировнинг феълини ўрганадиган аҳволда ҳам эмасди.

Ҳаётнинг ҳамма қонунлари тескари. Унча ёқтирмаган одами унга ҳамдард бўлди. Хайруллонинг катта очилиб турган кўзларига қараб, ўзини тутиб олиб, секин гап бошлади:

– Яхши одамлигингизни кўнглим сезганди.

Хайрулло кулди:

– Мен яхши одамман ўзи!

– Мен сиздан жудаям… қанақа қилиб раҳмат айтишни…

Хайрулло унинг сўзини шарт бўлди:

– Менга қара, миннатдор она! Ҳаётда шунақа нарсалар борки, одамларни бир-бирига бўлган муносабати, айтадиган раҳмати, ё берадиган нарсаси билан ўлчанмайди. Одамлар орасида бунданам баландроқ турадиган нарсалар бор. Сен соғ бўлгин, қизинг катта бўлсин, эринг билан қўша қари. Менга шу керак. Саломат бўл.

Саида юрагида тўлиб ётган ҳурмат, меҳр, миннатдорчилик туйғуларига яна бир қанчасини қўшиб орқасидан қараб қолди. Суюкли эри тутган ҳашамдор гулдастадан, ҳашамдор машина, яқин қариндош-уруғларнинг давраси бир томон-у, кўз олдида кулиб турган Хайрулло бир томон эди.

Қари Қизнинг Қисмати

Танҳоликка маҳкум қилинган қизнинг еган оши – заҳар, кундузлари қоронғи; одамлар орасида кулиб юрса-да – бари ёлғон. Дил тубини ёлғизликнинг харсанг тошлари эгаллаб ётаверади. Ногирон бўлиб қолганида, ота-онасидан, кейинроқ бувисидан ажралганида умид қилган эди. Ҳамма нарса ташлаб кетса ҳам, орзу ва умид кетмади. Ўша харсанг тошлар устида орзу-умид гуллари илдиз отди. Уни ўша мудҳиш кунлардан умиди олиб ўтди. Ширин болачали бўлишни дилига тугиб яшади. Жанда кўнгилнинг ҳам умиди кимхоб, ахир!

Унга ҳеч ким росмана харидор ҳам бўлмади. Ёши ўтиб қолди. Бу орада Рустамни қаттиқ севиб қолишга улгурди. Тоғ-тоғ билан учрашмас, лекин Умида …Рустам билан қовушди. Тақдирнинг ҳукмига тан бермай иложи йўқ экан. «Дилозорларнинг барчаси дўзахга маҳкумдир». Бу ҳадисда ҳикмат кўп. Озор топган дил гоҳида аламга чидай олмай шунақанги гуноҳга ботадики, айниқса, мадда олган қалб ундан қутулиш учун малҳам излашга мажбур бўлади.

У якшанбани ёмон кўради. Бир кун уйда қолса, эрта қачон келаркин деб, тарс ёрилар ҳолатга келади. Борадиган жойи, келадиган одами бўлмаса. Ҳафтасига етти кун ишласа ҳам майли, ишхонада одамлар орасида юрса бўлди.

Эрталаб вақтли уйғонган бўлса ҳам, тургиси келмай ётаверди. Қуёш нури деразадан ўйноқлаб кириб, турсанг-чи деб қисталанг қилди. Аввал пешонасини, кейин юзини қиздириб, елкаларига тушганда, беихтиёр туриб кетди. Оқсоқланиб ҳовлида айланиб юрди. Қақраб ётган ҳовлига қараб сув сепиш керак деб ўйлади-ю, эриниб ошхонага кирди. Бир нарса эсига тушдими, қайтиб чиқди. Битта-битта юриб, кўча эшикни очиб келди. Ўзини у ёққа ташлаб, бу ёққа ташлаб, охири чой қўйди. «Бирон нима пиширсаммикан, хўш... қуймоқ!» Жовондан ун, музлатгичдан тухум олиб, стол устига қўйди. Дераза табаларини очди. Кимнингдир ҳовлисида товуғи тинмай қақағлаяпти. Ойналарга кўзи тушиб, кир бўлиб кетганини пайқади. Қачон артганини эслай олмади. «Бугун артиб олсам бўларкан», деб ўйлади. Қуймоқ пишириш фикридан қайтиб, тайёрлаган нарсаларини жойига қайтариб қўйди. «Қаердадир эски-туски латталар бор эди». Ойна ювишга тутинган Умида, ҳовлида боласини етаклаб кириб келаётган ён қўшнисини кўриб, юзига хурсандчилик югурди.

– Келинглар! – Умида оқсоқланишига қарамай, зинадан югургудек тушиб, болачани кўтариб олди. Пўмпиллаган юзларидан чўлп-чўлп ўпиб: – Мени кўришга чиқдингми? – деди хурсанд оҳангда, сўнг аёлга юзланди. – Яхши юрибсизларми, кўринмайсизларам?.

– Юрибмиз, – Умида билан биргалашиб ошхонага кираркан аёл: – Ойижоним, адамиз билан бозорга тушиб кетишди. Каттам ҳам эргашиб кетди. Шу баҳонада озгина ўтирайлик деб чиқиб келавердик! – деди.

– Яхши қилибсиз, зерикиб ўтирган эдим, – болачани стулга авайлаб ўтқазиб сўради: – Нима ейсан? Ҳозир сенга зўр нарса пишириб бераман, ейсанми?

Умида боя жойига қайтариб қўйган нарсаларини қайтадан олиб, қуймоқ пиширишга киришиб кетди.

– Вой нима қиласиз, зарилми? – деди қўшни аёл ва стулнинг оёғига туртиниб, боласининг олдига келди, овқат қилаётганида ёғ сачрайвериб, қорни доғ бўлиб кетган штапел кўйлагининг этаги билан ўғлининг бурнини артиб қўйди.

Умида столга чойнак-пиёла, печенье, сариёғ, қотганроқ бўлсаям нон қўяркан:

– Хадичангизни йўтали қолдими? – сўради.

– Қолди опаси, қўлингиз жуда енгил-да, бирпасда тузатасиз.

– Олинг, Дилфуза, чой ичиб туринглар, мен ҳозир! – деди ва товадаги ёғни қиздириб, жазиллатиб қуймоқ пишира бошлади.

Шу аёл Умиданинг бувиси ўлган йили келин бўлиб тушган эди. Мактабни битираётганида фотиҳа қилинган қиз, турмушга чиқиб кетма-кетига бир қиз, бир ўғил кўриб, рўзғорга керакли буюмдек, уй ичидан чиқолмай, тўрт деворнинг маликаси бўлиб ўтириб қолган эди. Лекин ахборот йиғишда ундан ўтадигани йўқ, қобилияти зўр: кимнинг ҳовлисида нима бўлганидан доим воқиф. Кимнинг келини нимага кетиб қолди, кимнинг эри ким билан юради, муҳими, кимга қандай хабар кераклигини билиб, вақтида етказади. Гоҳида куракда турмайдиган ғийбатларидан Умиданинг энсаси қотса ҳам, ёлғизликдан қутқаргани учун эшитаверади. Нима деяпти, аҳамияти йўқ, жавраб турса бўлди. Ош-овқатни ҳам эплолмаганидан болалари очин-тўқин ғингшиб юради. Қайнона уйда бўлмаса, болаларининг шўри қурийди. Яхши қаралмаганидан гўдакларнинг боши касалдан чиқмайди. Иккала боласига қишин-ёзин Умида тинмай укол қилади.

– Уйга бормаганимга ҳам анча бўлибди! – деди Дилфуза пиёладаги ивитилган печеньени боласига едира туриб. – Ойимга этсам ёқмагандайроқ бўлди. Бирпасда бозорга тушадиган бўлиб қолишди. Мен ҳам индамай қўя қолдим.

– Ўзи қайнонани миннатдор бўладигани йўқ экан, айтгандай, – Дилфуза гап орасига кўпинча «айтгандай» сўзини қўшиб гапиради. Эрига нон керак демоқчи бўлсаям, «айтгандай, нон ола келинг» дейди. Умида шу одатини билганидан, ҳар галгидек, бўлар бўлмас гапидир деб аҳамият бермай ишини давом эттираверди.

– Кеча опоқиникига чиқувдик. Ҳовлига жой қилиб беришибди. Олдиларида оз-моз ўтирдик. Хадича йиқилиб тушди. Рўмолларидан берувдилар, тиззасини бойлаб қўйдим. Шуни устига катта қизлари келиб қолди. Ош дамлашаётган экан, сузишгунча ўтирдик. Гапдан-гап чиқиб, анави ўлган овсинларининг эри бор-ку, шуни уйлантиришар экан. Шунга сизни мўлжаллаб келишибди. Опоқим этдилар, олса барака топадиган қиз, бахти очилса, арвоҳлар ҳам хурсанд бўлади деятувдилар, қизлариям қайноғамга кўрсатаверамиз деб тургандилар. Лоп этиб келинлари : «Бўлмайди, ўзиники бор», деб қолсами?!

Суюқ хамир юқи тоғорачани юваётган Умида елкаси оша ўгирилиб:

– Нима ўзиники бор? – деб ҳайрон бўлиб сўради.

– Менам этдим, бўлмаган гап десам, келинлари: «Вой, Аҳмад акам этганлар, шу чўлоқ бўлсаям юради, деганлар», ўзимам мошинадан тушаётганини кўрганман деб турволди. Унга Мавжуда опам: «Зотингга қирғин келгур эркак зотига фарқи йўқ, қинғирми-қийшиқми, нафас олса бўлди, юраверади» дедилар. Энди улар ҳар замонда машинадан тушириб кетадиган бўйи баланд йигитни айтишвотти-да! – Дилфуза шу гаплари билан Умиданинг сирларини билиб оладигандай бит кўзларини унга қадади. Қуймоқнинг охиргиларини товадан олиб, лаганга солаётган Умида ўзини йўқотиб қўйди. Нималар деб валдираяпти бу? Тўқмоқ тушгандек боши айланиб, кўз олди тинди. Унинг учун бу яхши гап эмасди. Заҳар ичган одамдек кўнгли ўқчиб, жойида депсинди: юзи қорайиб, бояги меҳрдан асар ҳам қолмади. Йил-ўн икки ой ёлғизлик азобини тортиб, бахтсизлигидан ўкиниб юрадиган «қиз бола»… бу бало юкини қандоқ кўтарсин?!

Умида карахт бўлиб қолди. Унинг аҳволини сезган қўшниси: «Зойиржонга пиширувдиз, кўнглиз қолмасин», дея ликопчадаги қуймоқларни лаганга солди-да, боласини етак¬лаб чиқиб кетди.

Умида бир зумда шилиниб тушди. Деразадан ташқари қараркан, қуёшнинг булутлар орасига беркиниб, куннинг хира тортганини кўриб, дилини қоронғилик қоплади. Ўрнидан турмоқчи эди, ногирон оёғи азоб берди. Ихраб-сихраб бир амаллади. Бу нима деган гап? Опоқининг олдида ҳам шарманда бўлибман-ку! Опоқи юролмайди, кўчага чиқмаса, қизи, келинларининг гапига ишониб қўя қолган-да. Анави телба ҳар куни ҳар хил машинада келади дегандир. Шарманда. Қўни-қўшнилар мени шунақа ёмон бўлиб кетган дейишаркан-да. Нега? Айбим нима? Ёмон иш қилганим йўқ-ку! Одамлар нега бунақа гапиришади? Нотавонлигим рост-ку! Даҳшат. Эй худо, нега? Ишга тўғри бориб, тўғри келсам, уйимга биров остона ҳатлаб кирмаса, ортиқча у ёқ-бу ёққа бормасам. Қаердан чиқди ўзи бу гап? Биров ёлғондан кўнглимни олай демаса, байрам ўтади, туғилган кунларим. Бирон марта биров номига бўлса ҳам табрикламаган. Ўзинг учун ўл етим, ўз кунимни ўзим кўрсам, биров оғиримни енгил қилмаса. Нега? Нега бунақа гап чиқди, қаердадир хато қилдимми? Рустам бир-икки марта обкелиб қўйгани учун шунча гапми? Яхшики, дарвозанинг тагигача обкириб қўймагани, бўлмаса… балки кўчани бошида тушганим учун шунақа гап қилишгандир.

Дод деб бақиргиси келди, аммо бақиролмади, ҳатто шу иш ҳам қўлидан келмади. Аламзада дил устига ғазаб ўти тўкилиб баттар ёна бошлади. Юраги куйди. Юмшоқ ёстиқнинг бағри ўтли кўз ёшларидан ҳўл бўлди. Ўксиниб-ўксиниб, охири ухлаб қолди. Эрталаб ойнага зўр-базўр қаради. Ўҳ-ҳў! Бир йил ётиб йиғлаган одамдай юз-кўзлари шишиб кетибди. Бу аҳволда ишга бориб бўладими? Ноилож кийинди.

Юрагини қанчалик дард кемирмасин, маҳалладан бемалол бошини кўтариб чиқиб кетаверди. Алам билан қўшилиб ёниб ётган бўлса ҳам, ҳеч кимдан уялмади, ёмон иш қилгани йўқ ахир!

Касалхона дарвозасидан кираётиб Рустамнинг машинасига кўзи тушди. Ичкари кирса, тўқнаш келишини ўйлаб, юрагини бир нима ғижимлади.

Рустам акаси қадрдон бўлиб қолган. Ҳаммасини бўлмаса ҳам, гоҳо юз дардининг ярмини айта олади. Энди-чи? Ҳамширалар хонасидан чиқаётиб, йўлакнинг бошида бамайлихотир келаётган Рустамни кўрди-ю, индамай ўтиб кетди. Бундан ажабланган Рус¬там: «Кайфияти йўқроғми?» деб ўйлади. Умида унга яқинлашишдан чўчиди. Негадир биринчи марта шунақа бўлди. Қўшниларнинг иғвосида Рустамнинг айби йўқ! Лекин гап-сўзларга қолмаслиги учун ундан айриладими энди?! Айрилиқ ёмон. Бир пайтлар дунёда энг ёмон нарса айрилиқ деб эшитган эди. Умида ёш бўлса ҳам, заҳарли аламини кўп тортган. Аммо ота-онаси вафот этганда жуда ёш, бувисидан ажралганда эса, йиғлаб-йиғлаб тақдирга тан берган эди. Ҳозир бир нарсани чуқур ҳис қилди. Ўлиб айрилиш осон экан, аммо тирик одамдан айрилиш – ўлимдан ёмон. Айниқса, заррача суянч унга тоғдек мадад бериб турган бир пайтда Рустам билан яқинлашиб, омонатгина бўлса ҳам унга суяниб юрди. Энди ўз хоҳиши билан ажраладими?! Азоб-ку! Бунга чидай олмайди!

Ҳар кунгидек ишини тугатганлар кун қайтиши билан уйига ошиқади. Умида ҳеч қачон уйига шошмаган, ким ҳам кутарди уни уйда?! Рустам бугун навбатчи эмас эди. Негадир кетмаяпти. Реанимация хонасидаги аёлни эмлаб чиққан Умида:

– Бугун навбатчимидингиз? – деб сўраб қолди.

– Хайруллони хотини касал экан, болаларимга қарамасам бўлмайди деб кетди. Мен қолдим, сиз ҳам қолинг, – Рустам кулиб ҳазил қилган бўлди.

Номига ҳазил қилиб айтилган гап, саҳрога сув келгандек, Умиданинг қалбини жунбишга келтирди. Орқасига қайтиб, катта ҳамширадан:

– Шоҳида опа, бугун ўрнингизга мен қолайми?! – деб сўради.

Яқиндагина тез ёрдам олиб келган аёлнинг қон босимини ўлчаётган Шоҳида опа кўзойнагини тушириб қаради:

– Уйингдан илон чиққанми? Ишхонага пропискага ўтиб қўя қол, овора бўлиб уйингга бориб келиб юрасанми!

– Ҳазиллашмаяпман.

– Бугун зарил ишим йўқ, мени ғамимни емай қўя қол.

– Мен қарзга туриб беринг демаяпман. Рост!

Шоҳида опа ўрнидан турди:

– Майли, сазанг ерда қолмасин!

Умида гарчи бу пичинг оғир ботса-да, иши юришганидан хурсанд бўлиб, аччиғи ҳам чиқмади. Опани уйига жўнатиб юбориб, қоронғи тушгунча Рустамнинг кўзига кўринишдан қочиб, беркинмачоқ ўйнаб юрди. Ҳамширани қидириб Рустамнинг жаҳли чиқди. Боя тез ёрдамда келган аёлнинг аҳволини билишга кирди-ю, бир зумдан сўнг бошида қаққайиб турган Умидага кўзи тушиб:

– Сиз навбатчи экансиз-у, билмабман, қаерда юрибсиз? – Рустам жаҳли чиққанини яширмади, лунжи пир-пир учди.

Ботир бир марта ўлади, қўрқоқ – минг марта. Ўзида жасорат пайдо бўлганини сезган Умида:

– Ўзингиз қолинг дедингиз-ку! – дея кўз қисди. Умидадан бундай ҳаракат кўрмаган, ҳазил эшитмаган Рустам беихтиёр жилмайди.

Тун оламни тобора ўз оғушига тортмоқда.

Ёзув-чизувини тугатган Умида Рустамни чойга чақирди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Рустамнинг тикка-тикка сочларига, чиройли кўзларига, текис елкаларига назар соларкан: «Қандоқ яхши йигит-а!» дея унга ҳавас билан тикилди.

Пиёладаги совиб қолган чойдан ҳўплаган Рустам рўпарасидаги мулойим кулиб турган Умидага қараб, унинг бугун “бошқачароқ” эканлигини сезди. Қарашлари ҳам ғалати! Тавба, шунча пайтдан бери гаплашиб, ўзгарганини сезмаган экан. Ўзи қиз боламикин?! Ҳар нечук, шайтон Рустамга ҳам таъсирини ўтказиб, шаҳват оловини ёқиб қўйди.

Вақт алламаҳал бўлди.

Бугун тинч, оғир касал йўқ, тез ёрдам ҳозирча ҳеч кимни олиб келмади. Реанимациядаги касаллардан хабар олиб қайтган Рустам хонасидаги диванга ёнбошлади. Ҳа-я, Умидага айтиб қўйиш керак эди. Бугун келган касалга коордиолог чақиртириш лозим. Шуни ҳозир айтмасам, эсимдан чиқиб кетади деб, оёғига шиппагини илиб, йўлакка чиқди. Умида навбатчиликда қолса, баъзи ҳамшираларга ўхшаб ҳечам ухламайди. Кечаси билан йўлакда “Ҳамширалар пости” деб ёзиб қўйилган столда ёзув-чизувини қилиб жимгина ўтиради. Касаллардан тинмай хабар олиб туради.

Аммо бугун стол бўм-бўш. Бирортасини мазаси қочганми? Реанимация тарафга юриб кетаётган Рустам ҳамширалар хонасининг қия очиқ эшикдан ўтиб тўхтади. Орқасига қайтиб, қоп-қоронғи хонада деворга тақаб қўйилган кушеткада ғалатироқ ўтирган Умидани кўриб, ичкари кирди.

– Тузукмисиз? – шивирлаб сўради Рустам. Умида бошини ён тарафга буриб, индамай унга ғалати қаради.

– Нега чироқни ёқмай ўтирибсиз?

Умидадан садо чиқмагач, меҳрибончилик билан сўради:

– Ҳеч қаерингиз оғримаяптими?

Умида хўрсинди. Ўрнидан туриб эшикни беркитиб келди. Қоп-қоронғи хонада энтикиб унга яқинлашди. Рустам нима бўлаётганини англамай уни бағрига босди. Сўзсиз узоқ қучоқлади…

Қиз Рустамнинг сочларини силаб, янаям унинг бағрига киришга интилди.

Тун сокин. Жимликни фақат энитикиб-энтикиб олинган нафас бузади. Онангни… қиз бола экан.

Рустамнинг кайфи учиб, асаблари таранглашди, уни уриб юборгиси келиб, ўзини зўрға қўлга олди. Боягина кўзига беозор, муштипар кўринган қиз, энди илондек кўриниб сесканди. Жаҳл қилиб кўнглини оғритиб қўймай деб номига эркалаб қўйди. Бўлар иш бўлди. Энди…шунга ўйланадими? Ўша куни ҳақиқатан ҳам унга қийин бўлди. Чўлоқ қизга уйланишга онаси икки дунёда ҳам рози бўлмайди. Гулдай фарзандини шу қорача қизга раво кўрадиган онаси йўқ. Отасининг ўлимидан сўнг оила деб яшаган Рустам тиббиёт институтини битириб, ишга кирди, кимсан фалончи дўхтир деган ном олди. Энди келиб-келиб, онасининг етти ухлаб тушига кирмаган қизга ўйланса, одамлар, маҳалла-кўй нима дейди. То Нигорага уйлангунча унга ана шу тиканли ўйлар азоб берди, жуда ҳам азоб берди. Олдига уйланиш муаммоси қўйилганда таранг қилиб вақтни чўзгани шундан эди. Кейин қараса, онаси кечгача ёлғиз, келинойиси вақти-вақти билан қарашса-да, асосий юмушлар волидасининг бўйнида эди. Уйланиш керак эди. Турган гапки, Умидага уйланолмасди. Охири, онасига: «Билганингизни қилинг!» дейишга мажбур бўлди. Онаси ҳар куни совчиликка бориб келди. Лекин она танлаган қизларнинг бирортаси унга ёқмади. Тақдирга ёзгани учрамагунча орадан анча вақт ўтиб кетди.

Бу орада Умида унга норасмий хотин бўлди.

Ўша тун Рустам виждонан қийналди. Нега бунақа қилди? Энди оласан деб туриб олса, бошини қайси деворга уради? Қаердан ҳам олдига кирди? Э, онасини, нима бўлса бўлар, мен зўрладимми, ўзи ёпишди.

Кунда Умидани кузатади, ўзини тутишига, қилаётган ишларига назар солади. Йўқ, хатти-ҳаракатида ўзига нисбатан зарда ё жаҳл сезилмайди. Нима ўйлаган ўзи бу қиз?

* * *

Кунлар ўтаверди, шайтон қизни яна ўз исканжасига торта бошлади. Бошида ўзини-ўзи қийнаб юрган Умида, худди оддий ҳолдек бунга кўникиб кетди.

Энди у ёлғизмас. Гулга ҳам сув қуйса очилади. У ҳам ўзгариб, кўзлари чарақлайдиган бўлди. Худо энди бахтимни берди, атагани бор экан: мана, ҳомиладор. Хаёлан болачани чўмилтиради, эмизади. Ҳовлисида айлантириб юради, ўйинчоқлар олиб беради. Энди қоронғи кечалари шифтга термулиб ётишдан қутулади. Боласи йиғлайди. Кўтарасан дейди.

Рустам унинг аҳволини пайқаб қолиб, муаммони ҳал этиш учун зудлик билан чора излади.

Умида бўғриқди:

– Нега ахир? Нимага?

– Гапни кўпайтирма, хўп, шунақа бўпти, нега ҳаракат қилмай ўтирибсан, нимани кутяпсан? – Лунжи пир-пир учаётган Рустам Умиданинг тепасига келди. Яна нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади-ю, фикридан қайтди шекилли индамай қўя колди. Икки қўлини чўнтагига солиб, стол атрофини айланди.

– Нега? – Бу сафар Умиданинг овози жудаям паст чиқди, стол устидаги қошиқни олиб, тескари ушлаб столга чиза бошлади.

– Нима қиласан ҳаммани баробар қийнаб, шусиз ҳам яхши юрувдик-ку!

– Сиз яхши юрибсиз, мен эмас! –Умида қўлидаги қошиқни тарақ этиб столга ташлади. Бир нуқтадан кўзини узмай, паст овозда гапирди. – Рустам ака, сиз уйингизга кетасиз, болаларингиз бўлмаса, жиянларингиз бор, жуда ҳеч ким бўлмаса, онангиз бор, сиз ҳеч қачон ёлғиз қолмагансиз. Буни нималигини ҳис қилиш у ёқда турсин, тушуна олмайсиз, мен доим ёлғизман. Энди шунақа ўтмайман-ку, мен ҳам ўзимни аёлдай ҳис қилгим келади. Бир кун мен ҳам қариб қоламан. Ким билан қоламан, менга ким қарайди? Нега бунақа томонларини ўйлагингиз келмайди.

– Одамлар нима дейди? Ўзи эсинг жойидами? Сен нега бу тарафини ўйламайсан?

– Одамлар билан ишим йўқ, ким нима деса десин. Одамлар дейсиз. Қани ўша одамлар? Кундузи ҳаммаси ғийбатимни қилади, кечаси ёлғизликдан сиқилиб, ё қоронғида қўрқиб ўтирганимда биттаси жонимга оро кирадими? Касал бўлсам, тепамда биттаси келиб қарайдими? Ўлиб қолсам сув томизишга одам топилмайди. Қачон ўлганимни биров билмай ҳам қолади. Одамлар дейсиз. Тинчгина, туппа-тузук юрганимда, биттаси йўқ бу яхши қиз, қадамини тўғри босади дедими? Қайтанга ўшалар…

Умида кафти билан юзини тўсди.

Рустам унга ачинди. Ростданам унга қийин, жуда қийин. Лекин уям нима қилсин, бошқа иложи йўқ. Келин қилиб уйига оборолмаса, кўча-кўйда бирга олиб юролмаса, Рус¬там хоҳлаганда ҳам бунинг иложи йўқ.

– Умида, ҳаммасини биламан, сени ҳеч қачон ташлаб кетмайман, эсингда турсин. Лекин шуниям билгинки, мен никоҳсиз туғилган болани ёмон кўраман. Энг ёмон кўрганим – никоҳсиз бола. Энди ўзингга қара, мени десанг боладан воз кеч, йўқ десанг, ўзинг биласан, бошқа сенга айтадиган гапим йўқ. Вақт кам. Икки кунда менга жавобини айт. Қаерга боришингни айтаман. Ўзинг танла.

Кўз ёшлари шашқатор Умида бош силкиди. Икки кунни кутгандан нима фойда? Нимадир ўзгариб қолармиди? Рустамдан ажралса, кейин нима қилади? Ўттизга чиқиб, шу ўғри бахтга етишди. Шунданам ажраса, яна биров унга қарармиди? Тағин Рустамдақаси? Униям иложи йўқ. Ўзини ўйлаяпти. Боласи бор, онаси чўлоқ, деган гап чиқиб қолса, биров қизини бермайди. Мени деб уям бахтсиз бўлмасин. Майли, кейин деяпти-ку. Бир берган худо яна бериб қолар. Барибир, шунча яхшилик қилди, ҳар ҳолда кўнглимни олиб туради. Йиғласам, елкасига бош қўядиган одам бор-ку!

Аёл қалбининг чеки-чегараси йўқ. Уни ҳеч қанақа шаклга келтириб бўлмайди.

Адоқсиз, қолипсиз у!

Унда-мунда ҳаммадан беркитиб бош қўядиган елка учун… боладан воз кечди.

Шунга ҳам икки-уч йил бўлиб қолди.

Учинчи Ё Тўртинчи Хотинингиз Чақиряпти

– Зиё, битта кофе ичмайсанми?

Бир даста касаллик тарихини қучоқлаб кирган Зиёда Хайруллонинг ҳазилини тушуниб қаҳва дамлади.

– Ўзинг чаққон, оёғинг чаққон, тилинг чаққон. Cени кўрсам, тилимга тегирмонтош боғланади.

Қаҳва тайёрлаб, мақтов эшитишиш умидида турган Зиёданинг қовоғи осилди. Хўмрайиб Рустамга қараркан:

– Шу ўртоғингиз жуда қитмир, бир кун уришиб қоламасак деб қўрқаман! – деди аччиқланиб.

Хайрулло паст тушмади:

– Рустамга нима қиласан дардингни айтиб, бечора янги уйланган. Лекин мен сенга қарасам, нега ўн тўққиз ёшимда уйланган эканман, дея афсус қиламан!

Зиёда гап келганда отасини ҳам аямайди. Бир бопламайманми деб ўйлади-ю:

– Шуниям борди-келдиси борми? Мусулмончиликда тўрттагача мумкин-ку! – деди кесатиб, «яна бошқасига уйлана қолинг» деган маънода.

Хайрулло гапни ҳазилга бурди:

– Тўртталасигаям уйланиб бўлганман, Зиё!

Хонада қаҳқаҳа янгради.

Ҳазили бошига бало бўлган Зиёда қип-қизариб: «Боринг-э!» – дея хонадан чиқиб кетди.

Рустам мириқиб куларкан:

– Шуни нуқул ғашига тегасан, – деди қоғоздан кўзини узмай ва кўнглига қўл солиб кўрди. – Шу қизнинг сенга кўнгли бор. Сени кўрса қизариб кетади.

– Беҳуда гапирма, у – қиз бола !

– Айтдим-қўйдим-да. Лекин нимадан сиқилаётганини билмасак ҳам айб бўлади. Бечорага қийин. Уйлангунингча роса оғзингни пойлади.

– Нега пойлайди, у билан ҳеч қанақа боғлиқлик жойим йўқ. Эрга тегиб кетаверсин!

Зиёда югуриб хонага кирди.

– Гапингиз тўғрига ўхшайди. Учинчи ё тўртинчи хотинингиз сизни чақиряпти.

Хайрулло безовталаниб, Зиёдага қаради:

– Эсинг жойидами? Учинчи, тўртинчинг нимаси? Ким чақирди?

Хайруллонинг гапларидан Зиёда, энди мени галим дегандек, бемалол яйраб кулди.

– Қўрқоқ экансиз-ку, рангингиз оқариб кетдими? Эрталаб тез ёрдам обкелган аёлчи, – Зиёда Рустамга қараб изоҳ берди – ҳозир реанимацияга кирсам, сизни чақириб беришимни сўради.

– Шунақа демайсанми?! – деди Рустамга қараб. – Сен кўрганмидинг?

– Қон босими билан келган. Ўн тўрт ҳафталик, бачадон чандиғи бор.

– Бориб кўрай-чи! – Хайрулло ойна-эшикларни зириллатиб чиқиб кетди.

Бурнига кислород найчаси, билагига узун резина ичакдан дори улаб қўйилган. Осма укол томчилаб турибди. Ҳаворанг экранда рақамлар қон босимини кўрсатмоқда: мувозанат бузилган. Ўҳ-ҳў, ишлар чатоқ-ку! Бемор ким бўлдийкин? Каравотга яқин борган Хайрулло дабдурустдан аёлни танимади. Касал бир нуқтадан кўзини узмай ётарди. Хайрулло уни таниди:

– Ие, Саида! Ўзингмисан?!

Саида ҳазин жилмайди.

Хайрулло ўпкалангандай бўлиб:

– Нега дарров чақиртирмадинг?! “Тез ёрдам” обкелганини эшитувдим, сенлигингни билмабман!

Саида гапира оларди, лекин истамади, сукутни ихтиёр этиб, маъносиз кўзларини бир нуқтага тикиб ётаверди.

Зиёда кириб устма-уст бир неча дорини томиридан юбораётганида, Хайрулло “ётиб тур, мен ҳозир келаман” деб чиқиб кетди.

Шифокорлар хонасига кириб, Рустамдан: “Носирова экан-ку, танимадингми?” – деб сўради. Рустам йўқ маъносида бош чайқади.

Хайрулло безовта эди.

– Ўн тўрт ҳафталик эканми? – деди хавотирланиб. – Беш ой бўлди операция қилганимга, туғиши мумкинмас, нега аборт қилдирмабди?

Рустам норозироқ бўлиб дўстига қаради:

– Касални дарров абортга тушириб бўларканми?! Ётқизиш керак, текшириш керак, даволаш керак, кейин ҳомила олиб ташланади!

– Текшириб овора бўлишнинг кераги йўқ. Ҳомилани тўхтатиш керак. Барибир бўлмайди.

Рустам бош ирғаб тасдиқлаб қўйди.

Кучли уйқу дори таъсирида бир ухлаб турган Саида кўзини очганида бошида Хайрулло ғамгин турарди.

– Қаҳрамон она бўлгинг келиб қолдими?!

Саида миқ этмади. Экрандаги рақамлар ўзгариб, қон босими кўтарилаётганини кўрсатди. Хайрулло ҳамширани чақириб укол буюрди-да, ўзи ташқарига чиқди. Ҳазил биляптими бу жувон! Ростданам туғмоқчи шекилли! Буйрак билан ҳазиллашиб бўлмайди. Операцияга кўндиргунча эси кетувди, аборт қилдиргунча онасини кўради шекилли. Аҳволини билиб турибди, балога ақли етади. Лекин… гапира олмаяпти, бир нималарни ўйлаб сиқилган, шунинг учун мени сўраган, дарди бор, ёрилгиси келяпти-ю, ёрила олмаяпти. Гаплашиш керак.

Хайрулло уйга кетар чоғи ундан яна хабар олди. Қон босими бир оз баланд эди. «Яхши ётиб тур, эртага кўришамиз» деб чиқиб кетди. Уйга етиб келгач, «Дадам келди-ла!» деб оёғига ёпишган ўғли билан қизини нари-бери овутган бўлди-да, ичкарига кириб кетди. Орқасидан қўрқа-писа кирган хотинига индамай, юзини ёстиқ билан беркитиб ётиб олди. «Кайфияти ёмон, бир бало бўлганмикан, қайнонамникига кирган бўлсалар, ғиди-биди қилгандир», деган хаёлга борган Гўзал ҳадиксираганча болаларини овозини чиқартирмай ошхонада олиб ўтирди. Озгина ётиб ўзига келган Хайрулло болаларини соғиниб, ошхонага чиқди. Лекин овқатланаётганида ҳам кечқурун болалари билан ўйнаётганида ҳам, хаёли фақат Саидада бўлди. «Туғиш ҳазилми унга?!»

Қайсар Онанинг Ташвиши

Рустам Носировага тегишли анализ натижаларини, текширув қоғозларини жамлаб, унинг аҳволи билан қизиқди.Ўзгариш деярли йўқ. Қон босими дориларнинг кучи билан пасайиб, яна кўтариляпти. Бу аҳволда узоққа боролмайди. Ҳомила ривожланиши жуда суст. Гемоглобини паст. Хайрулло ҳақ – ҳомиладорликни тўхтатиш керак. Дарҳол. Орқага суриб бўлмайди. Тушдан кейин Хайруллога касаллик тарихини бериб, нима қиламиз дегандай қаради.

Носирова туғаман деб туриб олиши кутилмаган ҳол бўлиб, ҳаммани саросимага солиб қўйди.

– Ўзинг яна бир гаплашиб кўр, ҳар ҳолда эски қадрдонсан! – деди Рустам.

– Тўғри айтасан, гаплашиш керак! Касалнинг қорнини ёриб даволагандан кўра, дилини ёрсанг, тузатишинг осон кечади. Бу мени таълимотим, қалай, фикримга қўшиласанми, Гиппократ?.

– Шу таълимотингни амалда исботлаб берсанг, янаям қўллаб-қувватлардим. Дардисар касаллар билан осон чиқишасан!

Хайрулло кўпинча ички сезгисига ишониб, бемалол қарор қабул қиларди. Олдинги сафар Саидани операцияга кўндирганда ҳам ўзига ишонганидан бемалол гап бошлаганди. Бу сафар кўнишига ўзининг ҳам кўзи етмай бир оз қийналди. Кечки пайт кўндириш илинжи билан яна унинг олдига кирди. Бу сафар навбатчи эмас эди.

– Қизингни соғинаётгандирсан? Уйингдагиларга айт, обкелишсин, айтиб қўяман. Яна соғинтириб касал қилиб ўтирма. Эринг кўринмайди? Туғишга ётганингда кетказиб бўлмасди. Ё мен кўрмаяпманми?

Саида бу одамни жуда ҳурмат қилади. Аввалги сафар қизи туғилганидан кейин уйига чиққунича жуда кўп ғамхўрлик қилди. Худди олдиндан қадрдон бўлгандек, жуда меҳрибон. «Шунчаки яхшилик қиладиган одам ҳам бўларкан-да: дилдош-суҳбатдош».

Аввалги сафар Саиданинг кўнглидагини топиб, мушкулини осон қилганди. Бу сафар-чи?! Бу сафар ҳам кўндироладими?! Саиданинг илтижоли қарашлари Хайруллонинг кўнглини ўртади.

– Шу одатинг қачон қолади, а? – деди унга астойдил ачиниб. – Ўзингни ўзинг қийнайверасанми? Ён-атрофингга қара, ҳамма яшаяпти. Эринг бор, оиланг бор, боланг бор. Яна нимага сиқилаверасан?! Ўзингни қўлга олсанг-чи?!

Саида охири тилга кириб:

– Хайрулло ака, туғмасам бўлмайди! – деди кўз ёши қилиб.

– Сабаб?! – Хайрулло ҳар галгидек масалани кўндаланг қўйди.

– …

– Сабаб яна эринг, тўғрими?

Саида ютиниб, гапирмоққа чоғланган эди, Хайрулло қўймади.

– Саида, сен синглимдайсан, қаттиқроқ гапирсам кўнглингга олма, энг аввало юракни кенг қилиш керак. Ҳамма нарсагаям сал юракни ёйиб назар сол. Юраги тор одам яшади нимаю, яшамади нима? Унақаларни доим кўнгли тўлмайди, нимадандир норози бўлиб юради. Сен нега доим икки оёғингни бир этикка тиқиб юрасан? Дунёга бошқача кўз билан қарагин. Сен нима деб ўйлайсан: ҳаёт бировга ширин, бировга аччиқми? Ё кимгадир пул тутиб, кимгадир мушт туширадими? Йўқ, ҳаёт ҳаммага баробар, бир хил нарсани – яшашни инъом қилади. Фақат ҳамма ҳар хил нарсани олади. Агар билсанг, ақлли одамлар яхши нарсаларни ўзлари ҳаётдан юлиб оладилар. Бошқа иложи йўқ. Шалвираб ўтирсанг, ўтираверасан. Билиб қўй, ҳаётга қанақа кўз билан қарасанг, худди шунақа туюлади. Бахтсизликданам бахт топиш мумкин, фақат каллани ишлатиш керак. Ҳозирги аҳволингни қара, туққанингга ярим йил бўлгани йўқ, қўлингга гулдек қизни олдинг, соппа-соғ. Хўп, худо яна берибди, сен қийналмагин деб, ҳомиладорликни тўхтатишмоқчи. Бошингда тупа-тузук эринг бор, бировдан кам жойинг йўқ, қийшиқмассан, чўлоқмассан, айбинг йўқ. Лекин сенга қараган одам, катта айб иш қилиб қўйибди дейди. Афт-ангорингни тузатиб ол.

Хайруллонинг чапани гаплари Саиданинг юзига табассум ҳадя этди.

– Хайрулло ака, гапларингиз ҳар доимгидек тўғри. Фақат биласизми, ён-атрофим тўла одам, лекин кўнглимни ҳеч кимга очолмайман. Бунданам баттар ёлғизлик бўлмас экан.

– Тўппа-тўғри, бу – даҳшат, сиқилган пайтинг бемалол юрагингни очиб-сочавер, бехижолат.

Саида кулди.

– Қизим туғилгандан бери умуман бегона одам билан яшаётгандекман. Унга сездирмасликка ҳаракат қиламан, лекин бу ҳолат борган сари мени қийнаяпти.

– Сабаб?

– Чунки, ҳаммаси ясама, ҳамма нарса омонатга ўхшайди. Ё мен ўзгариб қолганман, ё эрим олдингидаймас. Ҳаттоки қизим, уйим ҳам бировнинг омонатига ўхшайди…

Депрессия… операциядан кейинги ҳолат, руҳий жараёнлар секинлашуви, кайфиятнинг бузилиши. Шунинг учун ҳеч очилмайди. Сиқилгани-сиқилган. Доим ёмон нарсаларни ўйлаб юради, кўнгли ғаш. Юрагига қил сиғмайди. Назарида, дунёдаги энг бахтсиз, омадсиз одам. Туғруқдан кейин кўп аёллар шу дардга учрайди. Афсуски, кам, жудаям кам фоизи мутахассисга мурожаат қилади. Ўз аҳволини тушунмаслигидан оиласида ҳар хил можаролар келиб чиқади. Қўйди-чиқдиларнинг асосини ҳам шу ҳолатга тушганлар ташкил қилар балки?

Хайрулло Саиданинг аҳволига қараб туриб, ўзини эркак қилиб яратганга тангрига шукрона айтди. Невропотолог, психотерапевт маслаҳати керак. Эртага, йўқ бугуннинг ўзида чақиртириш керак. Операция асаб тизимига қаттиқ таъсир кўрсатган.

– Кел, очиқчасига сенга айтиб қўя қолай, ҳозир дод десанг ҳам, вой десанг ҳам туға олмайсан.

– Нега энди?

– Биринчидан, ҳали вақтли, бачадоннинг чандиғи битмаган, иккинчидан, яна қон босиминг, учинчидан буйрагинг ёмон, ҳатто жуда ёмон, тўртинчидан яна камқонлигинг, бешинчидан, бу аҳволда бола соғлом ривожлана олмайди, ундан кейин қанақа онасан, қизингни ўйлагин, бечора қийналиб кетди!

– Хайрулло ака, бир илтимосим бор.

– Бемалол.

– Олдинги сафар, операциядан қўрқувдим, ҳечам хоҳламагандим, тўғриси… сиз менга анчагина далда бўлувдингиз, энди, энди… яна бир марта… шу болани туғиб олишим керак.

– Оиланг тинчми ўзи?

Саида бирдан ҳўнгради. Хайрулло ҳам бемалол йиғлаб олсин, деб қўйиб бериб, экрандаги қон босим кўрсаткичларини кузатиб ўтирди.

– Шу болани туғмасам… эримдан… ажрайдиганга ўхшайман!

– Аниқ сабаб борми?

– Билмадим, лекин шунақа деб ўйлаяпман.

– Ҳеч қанақа асосинг йўқ. Ўзинг миянгга қуйиб олгансан. Бу – руҳий ҳолат, кўп аёлларда туғруқдан кейин шунақа бўлади. Кўряпсанми, руҳиятинг, асабинг чарчаган, бу аҳволда қанақа қилиб туғмоқчисан, ҳечам иложи йўқ. Ке, ҳомиладорликни тўхтатиб, асабларингни даволаймиз. Мана кўрасан: умуман бошқа одамга айланасан. Ҳаммаси изга тушиб кетади. Бояги гапни миянгдан чиқариб ташла, эринг туғасан деб мажбур қилмаяпти-ку! Сенга ҳеч нима деб даъво қилмаяпти… бошқа бировни топиб олмаганми?

– …

– Агар топиб олган бўлса, сенга айтиб қўя қолай, бола туғиб ушлаб қоламан деб ўйлама. Хоҳласа, ўнта бола билан ҳам ташлаб кетади.

Бу гапларни эшитиш Саида учун оғир эди.

– Мен сизга ишонаман… шу болани туғишим шарт! – деди у ялинган оҳангда.

– Бунақа нарсани илтимос қилма, бунга ҳаққим йўқ.

– Сиз мени ҳаммадан яхши тушунасиз.

Саида Хайруллонинг кўзларига шунақанги термулдики, дийдаси қаттиқ Хайрулло дош беролмай уҳ тортиб, чиқиб кетди.

Бўлим мудири Заҳро Пўлатовна Хайрулло, Рустам билан бошлашиб, профессорнинг олдига кирди. Вазият жиддийлигини ҳамма яхши билади. Оппоқ сочли, қовоғи солиқ профессор қуюқ қошларини кериб, шунақа бўлишини билардим, дегандек уларга қаради ва:

– Баъзида аёлларга тан бераман, баъзида улардан жаҳлим чиқади. Гоҳида ўйланиб қоламан, биз бўлажак оналарни – қизларни тўғри тарбиялаяпмизми, йўқми?

Рустам профессорга ажабланиб қаради. «Нега энди аёлларни эмас, қизларни?»

Хонадагилар профессорни гапидан чалғитиб қўйишдан қўрққандай, қимир этмай ўтиришарди. Гулдираган овозда, профессор худди ўзига ўзи гапириб, қаттиқ таъсирланаётган одамдай бир нуқтага тикилиб давом этди.

– Аёл бўлдинг дегани, орқа-ўнгингга қарамай йилига туғ дегани эмас! Носировани биздан кетганига ярим йил ҳам тўлгани йўқ. Аввалига операцияга рози бўлмовди. Кесар кесиш усулини бизда кўпинча қоралашади. Табиий туғиш ҳеч қанақанги муаммо туғдирмаса-ку, бу энг яхши йўл. Аммо она ва бола, иккисидан бирининг, ё иккаласининг ҳам ҳаёти ҳавф остида қолса-чи? Айнан шу кесар кесиш усули билан бир неча миллионлаб она-болаларнинг ҳаётга қайтгани маълум! Ёинки аборт! Бировга қарасанг, йилига ўнта аборт қилади, бировга қарасанг, ўн йилда битта туғади. Наҳотки, шунча ҳаракатларимиз эвазига аёлларимизни туғишдаги, оиладаги савиясини ошира олмасак. Аборт бу туғилмаган болани ўлдириш дегани. Динда бу нарса қаттиқ қораланиши бежиз эмас. Аммо аёл ҳаёти ҳавф остида қолганда, қаршилик қилиш ўзига зулм қилиш эмасмикан? Аёлларимиз бунинг меъёрини белгилай оладиган даражага етиб олишармикан? Ҳамма нарсани, шу жумладан, боланиям берадиган худо. Носированинг ҳомиладорлигини тўхтатишимиз керак эди. Қаттиқ қаршилик кўрсатгандан кейин мажбур қилишга ҳаққимиз йўқ. Энди олдимиздаги муҳим вазифа туғишигача сидқидилдан даволаб, эсон-омон боласини қўлига олиб бериш. Доимий назоратда қон босимини бир меъёрда ушлаб туришимиз керак. Қўшимча анализлар олиб, буйрагини даволаш учун дори-дармонларни кўпайтириш керак бўлади. Ҳозир ўн олтинчи ҳафтада бўлса, худо хоҳласа, ўттиз тўртинчи ҳафталарга бориб, операцияга оламиз. Боласи жудаям кичкина, агар кетаман деб тихирлик килса, йигирма ҳафталардан кейин уйига жавоб берсак бўлади. Лекин назоратни кучайтириш керак. Ўшанда ҳам вақтида қатнаб туриш шарти билан жавоб берамиз.

Заҳро Пўлатовна назарида профессор ҳозирнинг ўзида Носировага жавоб бериб юбораётгандай туюлди. Эътироз билдиргиси келди-ю, «шунча гапидан кейин гапирганим билан инобатга олармиди» деб индамади. Хонадан чиқар пайти барибир чидаб туролмай:

– Шунча одам битта жиблажибондай қизга гапимизни ўтказа олмасак, – деб мин¬ғирлаб қўйди.

Қайнона – Қийин Онами?!

Қайнонасининг дарғазаб овози ҳовлига баралла эшитилмоқда эди.

– Келин қилсам, ҳузурини кўраман дегандим, йўқ, келин қилдим нима-ю, қилмадим нима? Қайтанга мен унга хизматкор. Кечгача уйга кирволиб, билмайман нима қилади, онаси уйда туққанми, нима бало?

«Нима айб қилибман» дея хомуш тортган Нигора эрини кузатгани чиқишини ҳам, чиқмаслигини ҳам билмай беихтиёр дераза рахига беҳол суянди: юраги тез¬-тез уриб, ичида нимадир зириллади. Титроғи босилгач, оғир хўрсинди-ю, ҳовлига югуриб чиқиб, дарвоза олдини супуришга тутинди. Қайнонасига кўзи тушиб қолишидан чўчиб, жон-жаҳди билан ишини тугатиб, тушлик учун овқат бошлади. Хаёлида «қайнонамнинг кўнгли тўлмаяпти, ҳали эри келса, нима деркин, биринчи тўқнашув бўладими?» деган гап чарх уриб, бутун аъзойи бадани қақшар эди.

Дастурхон бошида қайнонаси ҳеч нима бўлмагандай очилиб-сочилиб овқатланди. Нигора эса яна гап эшитиб қолмай, дея ҳовлида ғимирсиб юрди. Бошқа не иложи бор?

– Ишинг тугадими? – деди Рустам унга ва: – Ўзи соғинасанми ҳеч? – дея уни бағрига тортди. Кутилмаган муомаладан эсанкираб қолган Нигора суюнишини ҳам, суюнмасликни ҳам билмай анграйиб қолди.

Кунлар бир-бирини шитоб билан қувади. Аллақачон жазирама саратон кунлари бошланиб, ҳамма салқин жой қидиради. Қоқ пешинда ҳовлида қилар ишнинг ўзи йўқ. Нигора муздек уйга киришга қайнонасидан чўчийди. Эрталабдан бери ҳовлига олти марта сув сепди. Азонда ювилган кирлари аллақачон қуриди, ҳатто уларни дазмоллашга ҳам улгурди. Ланг очиқ эшикдан кўчага кўзи тушиб, юраги бир хаприқди: қанийди хоҳлаганда кўчага чиқа олса? Уйини, онасини қўмсади. Кўнгли очиқ эшикдан бир ҳатласанг бас, ҳаммасидан қутулиб, енгил бўласан дейди. Кўзини чирт юмиб, чиқиб кетгиси келди-ю, ўзини тутди.

Ҳар куни аҳвол шу. Қайнонаси овсининикига чиққан эди. Ҳалигача дараги йўқ. Эри ишда. Овсини уйи яқин бўлсаям қайнонасидан қўрқадими, кўп чиқмайди. Чиқсаям боласини баҳона қилиб, дарров орқага қайтади.

Нигора нима иш қилишини топгандай суюниб, ошхонага кирди, эрталаб пиширилган сомсасидан идишга солиб, дарвозахонага борганда тўхтаб қолди. Бир оз туриб, орқасига қайтди. Кейин ўзича, чиққаним сабабини сўраб қолсалар, кечқурунга нима овқатлигини сўрашга дейман, дея ўйлади. Эшикни ёпиб кўчага шошди. Баланд сўрили, атрофи панжара билан ўралиб, ичига игна баргли дарахтлар экилган дарвоза ёнига бориб, эшикни тақиллатмоқчи эди, ичкаридан қулфланмаган экан, қўл теккизган ҳамоно бир тавақаси очилиб кетди. Кенг йўлакдан ўтиб бораркан, ҳовлидаги сўрида ўтиришган шекилли, қайнонасининг шанғиллаган товуши келди.

– Узиб-узиб гапираман дейман, кел, қўй дейман, мулла Мисрнинг тиними йўқ, қилган ишини унуми йўқ! Келин деганни товонидан ўт чақнаса, бу уяққа ўтади, буяққа ўтади, нима қилганини билмайман, тиржайишни биламан деб, тиржайгани тиржайган. Қилган овқатини егим келмайди, ювган кирини кийгим келмайди. Қайнингизга шунча гапирдим, талқон ютган. Миқ этмайди. Бу бўшашгани бошида маълум эди. Хотин эплолмайди. Қўлига латта тутмаган, онаси иш ўргатмаган, яхшики, шу кунларда ўқиши йўқ, бўлмаса бу кунларам ҳолва бўлиб қоларди.

Сомса кўтарган Нигора, бирпас калтак еган боладай жовдираб туриб, кейин орқасига қайтди. Кўзига аллақандай хунук кўриниб қолган ҳовлига кириб туриб қолди. Юраги эзилди. Хўрлиги келди. Ўзига ўзини раҳми келди. Дили пораланди. Айби нима? Узоқ ўйлаб барибир тополмади. Нажот қидирди. Оғир хўрсинишдан бошқаси унга юпанч бўла олмади. Мадад кутди. Йиғи ёрдамга келмади. Ҳовлининг деворлари тўрт тарафдан сиқиб кела бошлади.

Иш қилиш керак!

Шундан бошқаси миясига келмади. Ҳамма хоналарни кўздан кечириб иш қидирди. Юраги бесаранжом урди, қўли ишда-ю, хаёли қайнонасида: «Ҳали чиқса нима деркин?»

Ичида қалт-қалт титроқ турган Нигора кечгача қайнонасига кўзи тушиб қолишидан қўрқиб, чекка-чеккада беркиниб кунни ўтказди.

Унинг кунлари, бошқанинг эмас, айнан унинг кунлари шу тарзда ғариб қариди.

Бахтга нима билан етишилади – фақат сабр билан. Ҳар қанақанги ташвишлардан узоқ, умуман хотиржам ўсган Нигора сабр улашилганда мўл-кўл қилиб берилган десак бўлади. Бора-бора қайнонасининг иғвосига кўникиб, ҳаттоки ҳайрон ҳам қолмайдиган бўлди. Кўникишга кўникди-ю, лекин кўнгли хотиржам эмас. Доим ниманидир кутиб, хавотирланиб яшайди. Худди қадам босса портлайдигандек. Оғзидан гап чиқиши амри-маҳол, юраги питирлагани-питирлаган. Тўйдан кейин ўтган фурсат ичида эри унга бирор марта на қўполлик қилди, на ортиқча меҳр кўрсатди. Муомаласини ўзгартирмайди. Доим бир хил. Ундан кўра бақириб ургани, сўккани минг марта яхши эди. Ярим йилдан ошса-да, ота-онасига бирор марта гап кўтариб бормади. Ҳар сафар худди ҳаммадан бахтли келиндай кўринишга ҳаракат қилди. Сиртдан қаралса-ку шундай, лекин ичида доим нимадир ғалаён қилиб, юрагини сиқувга олади.

Кечгача дунёнинг ишини қилиб чарчаган Нигора уйга кириб кийимини алмаш¬тирмоқчи эди. Негадир ҳолсизланди. Хонадаги жиҳозлар кўзига бефайз кўриниб, аллақандай қийматсиз нарсага ўхшаб туюлди. Жавондаги қимматбаҳо сервизлар, биллур идишларнинг ҳаммасини онаси билан не орзуда саралаб олишганди. Қўйилган жойида қимирламай турибди. Бу ҳовлига меҳмон ҳам келмайди. Унда доим жимлик ҳукмрон.

Кўзига кўринган ҳамма нарсани олиб отгиси, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди. Анчадан бери йиғи ундан юз ўгирган. Оғир руҳий ҳолатда одам йиғлаш қобилиятини йўқотади. Шу даражага етиб қолдими?!

Нигора чуқур хўрсиниб, ётоқхонасига кириб, жавонни очди. Нима кийса экан? Эри барибир аҳамият бермаса керак. Кийими билан иши йўқ. Нима билан иши бор ўзи? Келгандан кетгунча онаси Нигорани ёмонлайди. У бўлса миқ этмайди. Биттаси ёмонлашини қўймайди, биттаси оғзини очолмай эшитишини қўймайди. Соғи борми ўзи буларнинг? Келин бўлгандан бери бу уйга нимага кераклигини билолмайди. Бу уйда унинг ўрни борми ўзи? Овқатни қайнонаси ўзи ҳам эплайди. Йиғиб-терарни кунда бўлмаса ҳам, кунора қилиб олаверади. Фақат шунинг учун Нигора шу уйда туриши шартми? Нигора бўлмаса Рустамнинг ҳаёти бояги-боягидай ўз йўлида давом этади.

Ўзига жуда ярашадиган калта халатини лозими билан олиб кийиб кўрди. Тошойна қаршисига борди. Доимо қадди-қоматига ҳавас билан қарайдиган Нигора бу сафар негадир маъюс қаради. Пардозга ҳам ҳуши келмай турганди, кўча тараф деразасидан қўшнисининг овози келди:

– Келинингизга яна нима керак экан ўзи, уй-жойи тайин, қорни тўқ, усти бут бўлса, бир хиллага ўхшаб қайноналик қилавермасангиз, эри ҳадеб тергамаса, аслида келин зотини бўш қўйиб бўлмайди.

Қайнонаси Нигорани ҳали ҳам ошхонада деб ўйлаган бўлса керак, бемалол иғвосини давом эттирди:

– Бир умр шу болаларни деб, йиғиб-териб яшаган эдим. Инсофни ўзига бермаса қийин экан.

Нигоранинг оёқлари қақшаб оғриди. Бу хотин соғми ё жинними?! Камчилигим бўлса, бетга айтсин. Бировларнинг олдида ҳеч нима бўлмагандай гаплашади. Нима керак ўзи бунга? Қариндош-уруғ, маҳалла-кўйда ёмонламаган одами қолмади. Жинни деса жиннига, соғ деса соғга ўхшамайди. Одамнинг айбини ўзига айтмай орқасидан иғво қилади.

Дод деб югуриб чиқиб, қайнонасининг сочини юлгиси келди. Телбалардек ўтирган жойида атрофга олазарак қаради. Ўзи адашди, бошқача бўлиши мумкин эмас!

Қоронғи тушса-да, Рустамдан ҳамон дарак йўқ. Нигора ҳар кунгидек яна ёлғиз. Қайнонаси ўзининг хонасида, ё аллақачон ухлаб бўлган, ё телевизор кўряпти. Кутиб-кутиб чарчаган Нигора, уйқусирашига қарамай кўчадан машина товуши келиши билан, дик этиб ўрнидан туриб, деразадан қарайди. Машина тўхтамай ўтиб кетса, яна жойига келиб ётади.

Қанийди, биттагина китоб бўлса. Ўзи билан фақат дарсликларни олиб келган, яхши кўриб ўқийдиган китобларини йиғаётганида, келинойиси «келин нарса китобга бало борми, ишдан қўяди» деб китобларини бердирмаганди. Каравот ёнбошига қўйилган тумбочка тортмасини очиб, «Болалар касалликлари» китобини варақлади, турли жадваллар кўнглига тегиб, китобни ёпиб қўя қолди. Шу топда маҳмадона келинойисидан ранжиди.

Вақт алламаҳал бўлди.

Ҳали Рустам келса нима деб айтади? Нигоранинг кўнглида гоҳ қувонч уйғонади, гоҳ унинг ўрнини хўрсиниш эгаллайди.

Кўз олдида болача пайдо бўлди, ўғил бўлармикан, ё қиз? Қиз отани бой қилади, дейишади. Яна баракаям дейишади.

Шунақа хаёллар билан ухлаб қолди. Бир маҳал кўнгли беҳузур уйғонди. Дарҳол турмаса, ўрнига қайт қилиб юборишини билиб, ҳовлига югурди: томоғи, бурни, қулоғигача ачишди. Тоза ҳаво олиб, бир оз енгил тортиб, қаддини ростлагач, орқасида турган Рус¬тамни кўрди. Қачон келган экан? Иккаласи бир-бирига тикилганча, жим қолишди. Уялиб ерга қараган Нигора ёлғондан бурнини тортиб қўйди.

Рустамнинг кўнглига илиқлик югурди. Яқин келиб хотинининг елкасидан қучиб, «ўзингни эҳтиёт қил» деди. Бўлди. Бор-йўғи шу. Нигора бундан бошқасини кутмаган ҳам эди-ю, лекин барибир ноумид шайтон, кўнгил тубида нимадир йилтиллаб турувди. Шу йилт этиб турган нарса Рустамнинг бир оғиз гапи билан лоп этиб ўчиб-қолди.

Аёлни Ёлғиз Ташламанг!

Туни билан мижжа қоқмаган Саида, азонга яқин бир оз мизғиган бўлди-ю, яна чўчиб уйғонди. Кўнгли алғов-далғов, безовталигини қорнидаги боласи ҳам сездими, ғимирлаб тепа бошлади. Саида меҳр билан қорнини силаб қўйди. Она қўли тафтини сезган ҳомила ором топди. Ёнида беозоргина пишиллаб ухлаётган қизчасига тикилганча суюнди ва уни уйғотиб юбормаслик учун авайлаб, меҳр билан бағрига олди. Унга ука келтирса, бағри янада тўлишади.

Оппоқ тонг жилмайиб кириб келди.

Қорни катта Саида, оғирлик қилсада, қизини жойига ётқизгиси келмади, қўлида кўтарганча туни билан ёқувли қолган чироқларни ўчириб чиқди. Кеча эри уйига келмади, кута-кута тунни бедор ўтказиб, интиқлик билан эшик пойлади. Қизини кўтариб, балконга чиқди, деразадан кўчага тикилди, соатга қаради, яна кўчага қаради, яна соатга қаради. Юраги сиқилиб, қизини жойига ётқизди. Уйғонса бирон нима едираман, деб ўйлади. Ошхонага чиқиб, бўм-бўш музлатгични очиб, худди шунақа қилса, бир нарса топилиб қоладигандек узоқ тикилиб турди. Сўнг беҳол секингина ёпиб қўйди. Ҳар доим шунақа, ҳеч нима йўқлигини билса ҳам очади, ёпади. Идишда охири кўриниб қолган картошкадан икки дона олиб сувда қайнатди. Қизи уйғонгунча пишган картошкани эзиб, туз қўшиб аралаштирди. Ёғсиз, сутсиз картошка қизига бемаза туюлдими, инжиқланиб егиси келмади, сут ичадиган шишасида илиқ чой тайёрлаб берди. Юраги эзилиб кетиб, қизини эркалаб, ширин гапиришга ҳам ҳоли келмади, бағрига маҳкам босиб хона ичида айланиб юрди.

Эшик жим. Телефон жим.

«Қаерда экан, соғмикан ўзи, нимага бунақа қилади, қаерда бўлса ҳам қўнғироқ қилиб, бир оғиз гап билан хотиржам қилиб қўйиш мумкин-ку! Тинчлик бўлсинда ишқилиб. Онасидан эшитган гапи ёдига тушди: «Ёмон хабар тез тарқалади. Тинчдир!» Ўзини-ўзи алдашга ҳаракат қилса ҳам, бу гап барибир кўнглини тинчита олмади. Меҳмонхонага кираверишда тўғрига чиройли рамкада осилган, иккаласи тўйида бошини-бошига қапиштириб тушган суратига қараб дили ёмон эзилди. Қандоқ яхши кунлар эди. Бирпасда ўтиб кетибди. Энди яна қайтармикан? Ҳозирги бўлаётган воқеалар ўткинчимикан? Ўтмиши ширин тушни ёдига солгандек бир лаҳзагина бўлса-да, хаёлини ярқиратиб ўтди. Кейин яна одамни эзиб қийнагувчи хаёллари оғушида қолаверди. Эмаклаб хонада айланиб юрган қизига қараб раҳми келди. Бошқа болаларга ўхшаб тўполонниям билмайди. Кўча эшикни биров тутқичидан тортгандек туюлиб югуриб борди. Ҳеч ким йўқ. Орқасидан эмаклаб келаётган қизини полдан кўтариб олиши билан телефон жиринглаб юрагини ўйнатди, ҳам ҳадик, ҳам умид билан трубкани кўтарган Саида онасини товушини эшитиши билан ҳафсаласи пир бўлди. Онаси худди эри кечаси келмаганини билиб қоладигандай, қисқа-қисқа жавоб қайтариб, гўшакни қўя қолди. Хаёли эрида бўлгани учун онаси билан тузукроқ гаплаша олмагандек туюлди. Онасини дили оғридими? Ўзи қачон нотинч бўлса, онаси ё дарров телефон қилади, ё югуриб келади. Эри келмаганини билиб қолса, юраги қисилиб юрмасин деб, уни аяган бўлди. Аяйман дейди-ю, ўзи билмаган ҳолда нуқул ранжитиб қўяди. Оналар ҳамма нарсани сезиб туришади.

Онаси кетгач, юрагининг саҳрога айланганини ва унда аччиқланиш изғиринлари кўтарилганини сезди. Пешинга бориб, асаблари таранглашган Саида «шунақаям масъулиятсиз одам бўладими!» деган ўйда қаттиқ тутақиб, чаккалари сирқираб оғриди. «Дадам қанилар?» деб сўрайвериб, юзлари сўлиган қизнинг кўзларига қараб, баттар эзилди. Бугунги кун шу зайлда ўтиб, шомга яқин Умид кириб келди. Бир кеча-кундуз давомида алам ва хавотир ўтида ёнган Саида эрига аҳволини билдиришга ҳам кучи етмади. Каловланиб юрди. Ҳеч нима бўлмагандай кириб келиб, тунни осойишта ўтказган эри яна ҳеч нима бўлмагандай эрталаб чиқиб кетди. Ўз ёғига ўзи қовурилиб, бир оғиз гап ҳам айтолмай қолган Саида яна тўрт девор ичида изтироб ўтида ёнди. Нималар бўляпти ўзи? Нега бунақа қиладилар? Ёқмай қолдими, нима бало?! На мени соғлигим билан иши бор, на қизига меҳри бор, ҳеч нарсага қизиқмайди, уйга фақат ётишга келади. Умид акам учун оила нима дегани ўзи, кўчага чиқиб кетганидан кейин қизиними, меними эслармикан? Эркак киши уйдан чиқиб, етти қадам юрса, бўйдоқ дейишади. Умид акам ... йўқ, саёқ юриши мумкинмас, мени яхши кўрарди-ку. Бир қарасанг бинойидек, бир қарасанг, мана бунақа ҳунарлари одамни эзиб ташлайди. Эрталаб чой ҳам ичмай чиқиб кетди. Кечқурун овқат бермаганига индамади, овқат сўраса, ҳеч нарса йўқлигини айтармиди... Кечаси билан оғиз жуфтлаб, барибир айтолмади, ўзи ҳам ўлгудек ношуд аёл, битта нонга пул сўролмаса, болага озгина сутга пул сўролмаса! Уф-ф! Ҳувиллаган уйнинг деворлари-да юрагини қисди.

Шу ўтиришда зимистондан нур қидирди. Меҳр нури эди бу.

Умид чексиз…

Ҳатто хазоннинг ҳам умиди майса. Жимгина ухлаб ётган қизига қараб, қорнидаги беозоргина қимирлаётган болани ушлаб қўйдию, излаганини, зимистондаги шуълани топгандек бўлди. Боласини эсон-омон туғволса яхши бўлади! Кўпайиб қолишади. Болалари кўпайса, эри ҳам оталигини ҳис қила бошлайди. Шу ўйи унга бир оз яхши кайфият, қувват бергандай бўлди-ю, сал енгил тортди.

Анакондами Ёки Зулук?

Кенг аудиторияда домланинг овози жаранглаб эшитилар, ора-орада талабаларнинг пичир-пичирлари ҳам қулоққа чалинарди.

Лазиза домланинг ялтираган бошига, миттигина оқ кўзойнагига тикилганча қолди.

Домла бир текис вазмин оҳангда давом этди:

– Талваса синдроми кўпроқ гўдакларда учрайди. Талвасалар, яъни мускулларнинг тортишиб, тиришиб қолиши чекланган ва умумий, бир марта тутадиган ва қайталаниб турадиган, табиати жиҳатидан клоник, тоник бўлиши мумкин. Ҳар хил сабабларга алоқадор энцефалопатияларда, пневмониялар, сепсисда, бактериал, вирусли, паразитар касалликлар, аллергик реакцияларда марказий нерв системаси зарарланганда талвасалар кўп учрайди. Талваса синдроми…

Лазиза Нигорани секин турди:

– Сени қайнонангдаям талваса учрайдими?

Нигора ўз дарди билан овора эди.

Лазиза жавоб кутмай, яна бидирлай кетди:

– Уф, исиб кетдим, тезроқ тугаса бўларди. Уйга вақтли бормасам қайнонамнинг талвасаси тутади. Эрталабдан асаб торларимни чертиб қўйган. Бу қайнонам яқинда мениям талваса тутадиган қилиб қўяди. Жуда минғир-синғир, сеники унақамасми? Нега ҳеч ёмонламайсан? Зебога айтиб қўяди деб қўрқасанда, а?

Нигора кулиб қўя қолди.

– Кеча ўқишдан бориб тоғорасини пишириб бердим, – Лазиза пичирлаб ҳасратини давом эттирди. – Кечқурунга овқат қилдим, қайнсингилларим тўнкани ўзи, уларни кирини ювиб бердим. Ҳовлини супурдим. Кечқурун тўйдан келиб ёпишди. Нима иш қилдингиз дейди, кўзини лўқ қилиб, анаконда! Тилинг танглайингда қотгур. Кечаси эрим билан уришиб чиқдим.

– Аламингни эрингдан олдингми?

– Бошқа кимдан оламан?

Нигора индамади. Лазиза билан гап талашиб барака топмайди. Ютқазиши аниқ. Лекини шу туришда Лазизага ҳаваси ҳам келди. Ҳечам ўзини ҳафа қилдириб қўймайди. Бирон нарсадан кўнгли тўлмаса дарров айтади – қўяди. Дилини оғритган одам билан жойида ҳисоб-китоб қилиб олади. У нега шунақа экан?

– Талваса синдромида қилинадиган даво, уни келтириб чиқарган сабабнинг қана¬қалигидан қатъий назар, умумий чора-тадбирдан бошланади.

Хаёли бўлинган Нигоранинг қулоғига дарс кирмади.

Анаконда. Лазизанинг қайнонаси анаконда экан. Меники ким? Зулукни ўзи. Бошқа нарса эмас. Фақат қон сўради. Лазизанинг қайнонаси нима қилдингиз деркан, меники шуниям айтмайди. Фақат орқамдан ёмонлайди. Ёзи билан эзилиб кетди. Яхшиям ўқиш бошланиб қолди. Ўқишдан чиқиб қизлик уйига кирсамикан, билиб қолишса яхшимас. Тинчгина уйга кетаверади. Эрига бор-йўқлиги билинармикан ўзи? Шунчалигам совуққон одам бўладими? Бу оилага керакми ўзи? У бўлмаса, нимадир ўзгариб қолармиди? Ўзи борган сари қайнонаси ё эрини кўрса, Нигоранинг юраги безиллайдиган бўлиб қоляпти.

Иймонли Бир Йигит

Доимо ташвишларга кўмилиб юрадиган Хайрулло, хотини билан қизини мактабга, ўғлини боғчага ташлаб, онасидан бирров хабар олди. У ердан ажойиб янгилик эшитиб чиқди. Катта опаси қизини фотиҳа қиладиган бўпти. Фотиҳа ошининг дастурхони унинг зиммасига тушди Хайрулло онасидан хотинининг ажойиб хислатларга эга эканлигини яна бир бор эшитиб, эрталабдан кайфияти кучли бўронга учраб, ишга кетди.

Яна Гўзалдан беркитиб бозор қилиб бериш керак.

Мактабда бирга ўқишганди. Гўзал бош қиз бўлганидан, ота-онаси мактабни битириши билан узатиш тараддудига тушиб қолишди. Институтни энди иккинчи курсига ўтган Хайрулло ҳамма ёқни тўс-тўполон қилиб, ахийри онасини кўндирди. Онаси, бир бало қилиб, бўлмасга келтираман, деган хаёлда совчиликка бориб, Гўзалнинг ҳуснига ўзи ҳам маҳлиё бўлиб келди.

Тақдирни қарангки, бир ойда тўй бўлди. Лекин бир ой ўтар-ўтмас орада машмаша қўзғаб, гулдек келинчак Гўзал қайнонасининг зуғумига учради. Ўзи хоҳлаб олгани ҳам Хайруллонинг бошига бало бўлди. Ҳаётида ҳаловат қолмади. Бу орада бирин-кетин болалар туғилиб, вазият янада таранглашди. Не кунларни кўришмади. Ахийри Хайрулло ўзини ўтга урди, чўққа урди, қарзга ботсада, икки хонали уй олиб, ота уйидан чиқиб кетди. Икки ўтни орасида сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмасликка ҳаракат қилиб яшайдиган Хайрулло баъзида дод деб ҳаммасидан воз кечиб юборгиси келади. Лекин уйи остонасида Гўзалнинг кулиб чиқишини кўриши, болалари баравар қучоғига отилишини кўриб, шаштидан қайтади ва барча ташвишларни унутади. Баъзан бир йигитга бундан бошқа яна нима керак, дея ўзига тасалли ҳам беради.

Онасининг уйидан кайфияти бузилиб чиққан Хайрулло ишхонага келиб яна нохушликка учради.

Саидани яна “тез ёрдам” олиб келибди. Ҳуши ўзидамас. Уйида даволанишни давом эттирмаган. Йўқса бунақа бўлмасди. Саиданинг аҳволини билган Хайрулло ўзидан ғижинди. Шу тинчмаслигини билардим, нега хабар олмадим, қийинмиди? Биттаям дорини ичмагандир. Ўлармидим, бердирворсам!

Ҳамма йиғилди. Аҳволи оғир. Буйрак фаолияти умуман ишдан чиққан.

Вазият жиддий. Шошилинч операция қилинмаса бўлмайди.

Операцияга олиб кириб кетилаётганда Саида кўзларини очди. Қуюқ туман орасида Хайруллони кўриб, тилига чиқаролмасада, «Хайрият» деб дилидан ўтказди.

Хайрулло жонҳолатда:

– Ҳаммаси яхши бўлади. Эшитяпсан-а? – деди унга тасалли ва мадад бериш учун.

Саида ўзига кела бошлади. Ҳамма нарсани аниқ-таниқ кўряпти. Уни операция залига олиб киришди. Операция столига ётқизишди. Ҳамшира билагига дори улаб қўйди. Қовоғи солиқ профессор юзига ниқобини тақиб кириб келди. Демак, у опрецияга тайёр.

Энг асосийси-чи?!

Ана, Хайрулло ҳам кириб келди. Жудаям асабийлашяпти. Қошигача титраб кетяпти. Нега? Ҳозиргина айтди-ку, хавотир олма деб. Яхши бўлади ҳаммаси. Қизини қўшниси олиб қолувди. Онаси тезроқ бориб у ердан олса яхши бўларди, қорни оч. Уйга олиб борсалар, албатта, қорнини тўйдирадилар. Худога шукр. Шу билан тугайди ҳаммаси. Кейин яхши бўлади.

Буниси ўғил.

Тунда озгина ухлаб туш кўрувди.

Жингалак сочлари қоп-қора, ўзиям қорача болажон. Олдига югуриб келди. Саида энди қўлга олмоқчи эди, эмаклаб нарироқда турган одамга қараб талпинди. Ким экан у? Саида таниб-таниёлмай қолди. Эримас. Ким бўлди? Шу пайт отаси чақирди. Чала битган иморат ичида турибди. Саида хурсанд бўлиб кетди. Жуда соғинган эди. Ўғли билан қизи турган тарафга бир қараб олиб дадасини ёнига кетди. Қучоқлашиб кўришишди.

Наркоз беришдан олдин Хайрулло Саиданинг боши устига эгилди.

– Баравар ҳаракат қиламизда, қаҳрамон она! – Хайрулло титраганини билдириб қўйишдан қўрқиб, ютиниб олди, – эсон-омон қутуласан, ухла. Ухлаб турганингдан кейин кўришамиз.

Саида охирги кучини йиғиб қонсиз лабларини қимирлатди. «Албатта кўришамиз».

Хайрулло ҳар галгидек кўнглидагини топди:

– Бир нима демоқчимисан?

Кўзи билан «ҳа» ишорасини қилган Саида зўр-базўр ютинди. Жудаям паст, фақатгина Хайрулло эшитадиган овозда деди:

– Бо-ла... ларим!..

Қолганига кучи етмади.

Наркоз берилди.

Болани бирпасда олишди. Жингалак сочлари қоп-қора, ўзиям қорача болажон.

Киндигини Хайрулло кесди.

Инга-ингаси оламни бузди.

Тўполончи бўлади чамаси…

Операция тўрт соат давом этди.

Профессор тақдирга тан берди. Ичида ўзини айблади. Шунақа бўлиши мумкин деб ўйлаганди.

Шифокорларлар умид узишди.

Фақат Хайруллогина буни тан олмади. Йўқ. Бунақа бўлиши мумкинмас. Ахир болалари бор. Аввал битта эди, энди иккита бўлди. Қизи бор, ўғли бор. Эри ташлаб кетган. Уларга ким қарайди?! Онаси қариб қолган. Йўқ. Бу мумкинмас. Саида яшаши керак. Йигирма иккигаям кирмади ҳали. Эри учун туғмоқчи эди. Туғиб эрини қайтармоқчи эди. Нега энди ўзи кетаркан. Йўқ!

Саида комадан чиқмади.

Хайрулло қалби кўтараётган ғалаёнга чидаш беролмай, юрагини суғуриб ташлагиси келди. Нажот қидириб, аввал тепага, кейин мурданинг рангсиз юзига тикилди. Бир пайтлар ҳусндор бўлгани билиниб турибди. Кўзлари … билолмади, юмуқ экан. Боши устига аста эгилиб, ўйга толди.

– Болаларинг?!. – бир томчи ёш мурданинг қулоғига томди, бу сафар титроғини билинтиришдан қўрқмади, бемалол гапираверди, – Менга омонат, хабар олиб тураман, хавотир олма.

Хавотир

Бу йил қиш эрта келди.

Боғларга қор эрта тушди. Қорни дўппайиб қолган Нигора иссиққина уй ичидан оппоқ қорнинг ёғишини кузатганча хаёлга берилган. Ҳозиргина ўқишдан келди. Ҳаво тоза, лекин жуда совуқлигидан ҳовлига чиққиси келмайди. Ошхонага бориб овқат тайёрлаши керак. Қайнонаси ошхонага кирди. «Юзимни қизаргани ҳали кетмабди, бурним ҳам исимаган, бирпасгина исиниб олай», Нигора ўзини оқлаган бўлди. Қайнонаси ошхонада тарақ-туруқни бошлади. «Атайлабдан қиляпти, ўзим ҳам анчагина без бўлиб қопман. «Безни иши беш!» Қайнонасидан ўрганган иборани ичида такрорлади. «Олдинги пайт бўлса, оёқ-қўлим акашак бўлиб қолсаям югуриб чиқиб иш қилардим».

Чинданам охирги пайтлар Нигора анча ўзгарган. Анчагина бепарво ва лоқайд. Қайнонасининг иғвосига ҳам, пичинг кесатиқларига ҳам, қайнэгачилари келганда уйга кирволиб пичирлашишига ҳам, унда-мунда зўрға чиқадиган овсинига, «қизим сенга айтаман, келиним сен эшит» қабилида узиб-узиб гапиришига ҳам, ҳаттоки эри…

Бир неча ой олдин Рустамни ўйласа юраги питирлайдиган бўлиб қолган эди. Ўзича эримни севиб қолдим шекилли деб ўйлади. Уялса ҳам Рустам унга яқинлашишини жуда хоҳларди. Энтикиб кетарди. Кейинроқ Рустамнинг хоҳиши фақатгина нимадан иборатлигини тушуниб қолди. Негадир бундан хурсанд бўлмади. Қайтага шуни тушунгандан кейин ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Ҳозир у… буларнинг ҳеч бирини хоҳламайди. Фақат боласини ўйлайди, эсон-омон қутилиб олса бўлди. Беихтиёр тилига қўшиқ қуйилиб келди.

Алла болам, аллаларга хумор, болам
Тақиб қўяй бешигингга тумор, болам,
Алла айтсам, кундай ёруғ юз бўласан
Алпомишлар орзу қилган қиз бўласан.

«Қанийди қиз туғсам, чинданам алпомишлар орзу қилган қиз қилиб ўстирардим, лекин… ўғил бўлса керак, кўнглим сезяпти». Нигора кўкрагига сут келганини сезиб роҳатланди. Хаёлан чақалоқни бағрига олиб алла айтди. Ошхонадаги тарақ-туруқ авжига чиққач, иссиқ кийиниб ичида бояги куйни такрорлаганча ошхонага борди. Қайнонаси бор аламини сабзи тахтадан олиб жон-жаҳди билан пиёз тўғраётган эди. Нигора қўрққан олдин мушт кўтарар қабилида, қайнонаси бирон нима деб қолмасидан совуқ қотиб келганини билдириб қўйиш мақсадида уҳ-уҳулаб қўйди.

Қайнона-келин бир-бирини сўзсиз тушунишади. Энсаси қотган қайнонаси:

– Доим ҳаракатда бўладиганлар умуман совуқ қотишмас экан, ўқишга яхши бориб келдингизми? – деди.

Маъноли гаплардан товонигача титраб кетган Нигора бурнини ёлғондан тортиб қўйди.

«Зулук, шунгаям гап топди. Мени ўрнимда Лазиза бўлганида ҳозир бопларди. Менам ўлармидим индамай кирсам». Ичида алласини қайтариб, сабзи артишга тутинди. «Алла болам, аллаларга хумор болам, тақиб қўяй бешигингга тумор болам».

Ҳаворанг безак берилган чиройли хона. Ҳаворанг парда тутилган. Ҳаво рангдаги ширингина болалар каравоти қўйилган. Каравот ичида дўмбоқ бола оёқ қўлини типирлатиб ўйнаб ётибди. Ё тавба, каравотни тўшаги йўқ, ёстиқ-кўрпаси йўқ. Ким болани бунақа ётқизади? Болача гу-гулаб онасини чақира бошлади шекилли. Ҳеч ким ёнига келмади. Онаси қараса бўлмайдими, қанақа одам экан. Нигора қараб туриб, мени болам-ку, деганча каравот ёнига югурди. Тавба, кичкинагина хонада югуриб етолмаса. Бола чириллаб йиғлашга тушди. Ҳозир бораман. Бола баттар чириллади. Нега ҳеч ким қарамайди? Нега боламни ҳеч ким кўтармаяпти. Кўз ёшлари сел бўлган Нигора югураётиб йиқилдими, чўчиб тушди.

Юраги уриб, нафаси тезлашиб кетди. Кўрпаси зил туюлиб устини очиб ташлади. Қоп-қоронғи хона устига бостириб тушаётгандай бўлиб ёнбошидаги тунчироқни ёқди. Ёнида ётган эрини уйғотиб тушини айтиб бергиси келди-ю, лекин уйғотмай қўя қолди.

Нимага бунақа туш кўрди? Нигорани ваҳм босди. Юраги дукиллаб, тушини бехосият ҳисобласа-да, болани яна кўргиси келиб, кўзларини юмди. Анча пайт ўтса-да, уйқуси қайтмади. Ёстиғини баланд кўтариб, суяниб ўтирди. Пишиллаб ухлаб ётган Рустамга қараб ухлашига ҳаваси келди.

Қорни катта Нигора эри тепасида ўтириб сочларини, юзларини силагиси, қулоқларига яхши гапларни пичирлаб айтгиси келди-ю, ийманиб ботинмади. Худди қимирласа эрини жаҳли чиқадигандай, хўрсинишга ҳам қўрқиб, шу ўтирганча тонг оттирди.

Алла айтсам, кундай ёруғ юз бўласан,

Алпомишлар орзу қилган қиз бўласан!

Дарвозахонадан ўтиб, овоз чиқармай битта-битта қадам босиб келаётган Нигора баланд айвоннинг ойнасидан ўзига қараб турган бувисини кўриб юзига табассум югурди. Эшикни очиб қараган бувиси, кўзойнагини пешонасидан кўзига тушириб, ҳали Нигора салом бермасидан аввал:

– Нега келдинг? – деди.

Нигора кулиб:

– Келдим-да! – деди.

– Қаердан келдинг?

– Уйимдан келдим.

– Қаерга келдинг?

– Уйимга келдим.

– Нега келдинг?

– Сизни соғиндим.

– Бу ердалигимни қаердан билдинг?

– Билдим-да.

– Кимдан сўраб келдинг?

– …

Нигора кулиб келиб, кўпдан соғинган бувисини болаларча қучоқлади.

– Ассалому алайкум, бувижон, нега хавотирланасиз?

– Эсон-омон келдингми? Уйингдагилар яхшими?

Ичкари уйга ўтиб, фақатгина бувилари келганда ўтириладиган хонтахта атрофига чўккалашди. Хона бетартиб, чала битган бешик анжомлари сочилиб ётарди.

– Илоҳи омин, хонадонимизга тинчлик, барака, сиҳат-саломатлик ато этсин, қўша қариб, юзга кириб бола-чақаларингни роҳатини кўргин. Этагингдан тушгандай, эсон-омон қутулиб, бағрингга босиб олиб келгин. Ўзинг яхши юрибсанми, қайнонанг, қайнибўйниларинг яхшими, куёвим яхши юрибдими?

Бир амаллаб оёқларини узатиб олган Нигора жилмайганча жавоб қайтариб ўтирарди.

– Онанг сен келишингни билмовди, бўлмаса уйда ўтирарди. Тинчликми? Ҳеч беоддих келмасдинг-ку?

– Бугун рухсат беришди-да, буви.

– Онанг билан янганг бозорга тушиб кетишувди. Келиб қолишади. Унгача иккаламиз ўтира турамиз. Мана, эварамни кўрпачаларини тикиб ўтирибман. Ўзинг оғиргина бўлмай юрибсанми? Анчагина пишиб қопсан.

Нигора секин овозда:

– Буви, баъзида қўрқиб кетаман – деди бир оз ташвишли оҳангда.

– Нега қўрқасан? Нимадан қўрқасан?

– Туғишдан!

– Туғмаган хотин борми? Тишинг оғриганми? Бўлди. Тиш оғриғини билганга туғиш ҳеч гап эмас. Билдингми?

– Бувижон, сизга ҳаммаси шунақанги осон кўринадики!

– Нега осон бўлсин болам, сенларни шунақа қилиб юпатмаса бўларканми? Ҳа-ҳа қилиб, узатворамиз, ҳа-ҳа қилиб болали бўласан, бирпасда катта қилиб оласан, қарабсанки ўзинг ҳам кап-катта хотин бўлиб қоласан.

– Шу билан умрим ҳам ўтиб кетади.

– Ўтади-да болам, шунақа ўтгани яхши. Одамзод болам катта бўляпти деб кун санаб, хурсанд бўлади-ю, ўзи қариб қолганини билмай қолади.

– Одамлар шунинг учун келишадими дунёга?

– Келган одамнинг кетиши аниқ бўлгандан кейин сендан қоладиган нарса фақат болаларинг.

Буви билан невара пешингача гаплашиб ўтиришди. Онаси билан янгаси бозордан қайтиши билан, Нигора уйини қўмсаб қолди. Негадир бетоқат, жойини тополмасди. Эрини уйида юрганида онасиникига кетгиси келарди. Энди онасининг уйидан эрининг уйига боргиси келиб қолди. Безовта бўлавергач, онаси ҳам борақол энди, деб рухсат берди. Оналар ҳамма нарсани сезишади. Нигора ўзини қанчалик бахтли кўрсатишга уринмасин, онанинг нотинч қалби ҳақиқатни билиб турарди. Қизининг кўзлари аввалгидай эмас, кулиб турибди-ю, кулгиси ҳам бошқа. Оиласи бир тарафдан қараганда тинчга ўхшайди. Аммо қизи нега бахтиёр эмас? Ё жойини билиб бермадикми? Ён қўшнилари бир эмас, бир неча маротаба сўраган эди. Ё шуларни дили оғриганмиди? Худо билсин, кўзи текканми? Кўзинг қурсин! Қизи шу аҳволда юриб, дардини ичига ютавериб касал бўлиб қолса-я? Дилида айланиб юрган хавотирни қувиб чиқара олмаган она, охири эрига ёрилди.

Эри уни жеркиб ташлади:

– Нега подадан олдин чанг чиқарасан, қизинг ҳамма қатори юрибди-ку!

– Шуни узатганимиздан бери, кўнглим алғов-далғов, дадаси.

– Сенга бир нарса дедими?

– Йўқ!

– Унда нега ваҳима қиласан? Қорнида боласи билан қайтариб олиб кел¬моқ¬чимисан?

– Вой, нафасингиз қурсин! Нега унақа дейсиз?

– Бўлмаса нима қил дейсан? Ҳар хил хаёлларга берилиб, гап чиқариб, икки орага совуқчилик туширма. Бирон нимадан қийналадиган бўлса, ўзи айтади.

«Айтади эмиш, қизининг феълини биладику!» Хавотирлик ўтида ёнаётган онанинг кўнглига бу гаплар таскин бера олмади. Қайтага эрининг кўнглига ҳам ғулғула солиб, ташвиши ортди.

Қора Қарор

Аёлга хоҳлаганини беринг – бўлмаса уни ўзи олади.

Умида бу иборани қачондир, қаердадир ўқиган эди. Тушунса ҳам кулиб қўя қолган экан. Кейин буни биратўла ҳис қилди. Тушуниш бошқа экан. Яна ҳам аниқроғи нима хоҳлашини энди ўзи тушуниб етди.

Рустам уники бўлиши керак! Бошқача бўлиши мумкин эмас!

Қайтариб олади. Нималар қилиб бўлса ҳам. Энди орқага йўл йўқ. Бошқача яшолмайди. Қанчалар қимматга тушмасин, қанчалар гуноҳга ботмасин, қанчалар маломатга қолмасин Рустамни қайтариб олади.

Бир неча кундан бери кўнгли музлаб қолди. Алам, алам ёмон эзиб ташлади.

... Умида Нигоранинг ҳомиладорлигини билиб қолди...

Рустам уйланган кезлари бир икки ой, жуда қаттиқ хавотирда юрди. Гоҳида одам ўзини ўзи алдаб ҳам бирор нимага эришади. Умида ҳам бўйида бўлмаяпти-ку, балки шу баҳона ажрашиб кетишар деб хаёл қилди. Бунга ўзи ҳам ишонмаса-да, чиқмаган жондан умид, шу хаёл унга қанот бериб турди. Рустам хотинининг ҳомиладорлигини беркитиши мумкинлигини Умида ўйлаб ҳам кўрмаган экан.

Алам ўтида ёнди.

Бир тарафдан рашк-алам, бир тарафдан – ғазаб, бир тарафдан – уни ҳеч қачон тарк этмайдиган, ахир бир кун Рустамдан ажралиб, яна ёлғиз қолиш ҳадиги уни ҳаддан зиёд ғажиб ташлади!

Ҳамма, ҳаммадан ҳафсаласи пир бўлди. Демак, ҳамма бир хил экан. Ростданам одамзодни яхшиси йўқ экан. Яхши бўлсанг биров билмас экан. Нега? Нега Рустам бунақа қилди? Меникини… олдириб, хотинини… аблаҳ!

У худбинлик қилди. Мен уни ўйлаган эдим, оиласига аралашмаган эдим, обрўсини тўкмовдим. Шунақаям разил бўладими? Энди ўзидан кўрсин! Кўргуликларимни икки баробар қилиб қайтариб олмасам, отимни бошқа қўяман. Кейин нима бўлса бўлар! Шусиз ҳам куним яйраб-яшнаб ўтаётгани йўқ!

Ўзи шусиз ҳам ҳасрат ўтида ёниб юрган Умида бир неча кундан бери ўзига келолмайди. Хаёлида фақат бир нарса – Рустам! Туни билан дағ-дағ титраб, азонда бир қарорга келди. Шу бугун! Ҳаммаси ҳал бўлади!

Илон Инидан Чиқди

Нигора бу тушни аввал ҳам кўрган эди. Аниқ эсида: айнан ўша туш. Тавба шунақаси ҳам бўлар экан-да. Худди кинони қайта кўргандек. Лекин ҳозир тушини қайта кўргани эмас, тушининг таъбири кўпроқ қизиқтирди уни. Тушни қайси тарафга йўйсанг, шу бўлади дейишади. Аввал кўрганимда нимани ўйлаган эдим. Маълум эди. Ўшанда ҳам маълум эди. Бугун-чи, бугун эрталаб кўрган тушини эслади-ю, эти жимирлаб, ўрнидан турди. Охирги пайтлар туш кўришдан қўрқиб ухлагиси ҳам келмай қолган. Баъзида кундузи кўрганларидан уйқуда кўрганлари оғирлик қилиб чарчатиб юборяпти. Нима қилиш керак.

Қайнонасини азонда кузатди. Кечаси билан норин тўғради. Шуни тинчгина бировга буюртирса бўларди. Қайнонасининг феъли маълум, «ит аразлади эгаси билмади» дегандек, ўзича аразлаган киши бўлган Нигора, дами ичида, тўй юборарга етадиган норинни бир ўзи тўғраяпти.

Азонга яқин ўрнига кириб ётиб кўзи озгина илинди-ю, туш кўрди.

Қоп-қоронғи бўшлиқ… Ҳавода муаллақ турганмиш… Қорнига қараб ҳайрон бўлди. Нега теп-текис? Қорним қани? Ҳомиладор бўлса… қорнини пайпаслаётиб бармоқларига қаради. Ўзи яхши кўрадиган катта кўк кўзли узуги… ўзидан-ўзи тушиб кетди. Нигора пайпаслай бошлади, оёғи ерда эмас, қўли ерга тегмаса ҳам пайпаслайверди: бир, икки, уч… қидириб, қидириб қоронғиликка кириб кетди. Кейин нима бўлди денг. Кейин бирдан атроф ёришди ва институт дарвозаси ёнидаги тешикдан кулранг илон чиқиб келди ва у бир думалаб қорача аёлга айланди.

Алғов-далғов тушидан фикри чувалашиб, уйқудан туриб, карахт ҳолда ҳовлига чиққанда ясан-тусан қилиб олган қайнонаси тоғора тугиш билан овора эди. Уни сезмади шекилли, Рустамга:

– Бир кун минг кун эмас! Хотининг бир марта ўзи қолса қолаяпти? Онамникига бориб ётаман деб бошингни айлантирса, кўниб ўтирма, қизни онаси бузади, қанча кам кўрса шунча яхши. Ҳавони баҳона қилиб қўя қол, ўзиям роса қуяди шекилли! – Орқасига ўгирилган Дилорхон ўзига қараб турган келинини кўриб, авзойин ўзгартирди.

– Бунақа пайтда кўз тегиши осон, кўпчиликни ичига бормаганингиз маъқул – деди ўлганнинг кунидан ясама тиржайиб.

Нигора эри билан қайнонасини кузатгач, ўқишга отланди.

Бугун бормаса ҳам бўларди. Ҳеч оёғи тортмай зўрға кетди. Бугун тўй. Ибрат қанақа куёв бўларкин. Ибрат. Мени Ибратим, қачонлардир шу сўзлар дилида айланиб юрарди. Афсуски, тилига чиқмади. Бахтданми, бахтсизликданми? Муҳаббатнинг кўнглингни тўлдириб яшаши бахт экан. Мени муҳаббатим-чи? Ўлик туғилган болага ўхшади. Туғилдиям – кўмилдиям. Муҳаббатни майиб қилган оғриғини ўзи тортади дейишади. Мен муҳаббатимни майиб қилдимми? Бошқа нима иложим бор эди. Қиз бола бошим билан ундан муҳаббат талаб қилармидим.

Оғир, одамни эзиб ташлайдиган хаёллар билан Нигора аудиторияга кириб келди. Курсдош йигитларнинг ярми йўқ. Ибратга яқинлари эрталабдан кетишган шекилли.

Лазиза негадир келмабди. Зебо тўйга боришга юраги тошиб охирги пара бўлмасин, деб худога нола қилиб ўтирганди, илтижолари инобатга ўтмади. Нигора беҳаловат уч пара дарснинг қанақа ўтганини сезмай қолди. Охирги дарс тугаса ҳам кўнгил ғашлиги тарқамаган Нигора, шишган оёқларини судрагудай бўлиб зинадан пастга тушди. Орқасидан пўмпиллаб тушиб келган Зебо ҳансираганча Нигорани қўлтиқлаб олди.

– Тўйга бормаслигинг ёмон бўлди. Борсанг бирга ўтирардик. Рустам акамдан сўраб берайми?

Нигора керакмас, деб бош чайқади.

– Бу қорним билан бемалол ўтирармидим. Ўзи ҳеч нарса кўнглимга сиғмаяпти. Тезроқ туғиб олганимда эди! ... – Рўпарасидаги аёлга кўзи тушиб, гапи бўлинди. Уни қаердадир кўрганди. Яхшилаб қаради. Йўқ кўрмаган. Лекин танийди. Аёл улар тарафга қараб кела бошлади. «Оқсоқланаркан».

Умида Нигора билан Зебо қаршисига келиб тўхтади.

– Яхшимисизлар.

– …

Нигора бир нарсадан ҳадиксирагандай саломи тилига чиқмади. Зебо бировни сўрамоқчидир деб савол кутиб қараб турди.

– Сиз… сен Нигора бўлсанг керак?!

Аввал сизлаб, сўнг сенсирашга ўтган бу аёлнинг муддаосини тушунмаган Нигора бир фурсат карахт ҳолда қолди, юрагини нимадир ғижимлай бошлади.

Аёл унга ўқрайиб қаради.

– Мен Умидаман! Сизда гапим бор! – У Зебога юзланди. – Нарироққа бориб турасанми?

Нигора Зебонинг қўлтиғига қаттиқроқ ёпишди.

Зебо унга ғоз қараш қилди:

– ¬Бизда ишингиз бормиди?

Унинг кеккайиши Умидага ёқмади:

– Сендамас, ўртоғингда гапим бор! Четроқ турсанг-чи!

– Ўртоғиммас, кеннойим бўлади.

Умида унинг гапини назарига ҳам илмади.

– Жуда яхши, унда бирга эшит!

Гапираверинг, эшитамиз.

Умида уларга ғуддайиб менсинмай қаради:

– Мен Рустам акамни биринчи хотиниман!

Боядан бери Нигоранинг юрак уришини бутун олам эшитаётгандек эди. Энди гўё тўхтаб қолди. Йўқ, қулоғига бир бало бўлди шекилли. Рўпарадаги аёл гапиряпти, оғзи қимирлаяпти, лекин нега эшитмаяпти? Анграйиб Зебога қаради. У ҳам гапираётган экан. Уришишяпти...

– Мен ҳамма нарсани биламан, ўзингдан ўзинг валдирайверма! Рустам акамнинг бошқа хотини бўлса, биринчи мен билардим!

– Нечук шуни билмай қолган экансан, яхшиси бизга халақит берма. Нигора билан гаплашиб олишим керак.

– Шунақаям безбет одаммисан, бор, йўлингдан қолма, турқинг қурсин, шалава! – деди Зебо важоҳат билан.

Нигора бежон қолди. Боши ғувиллаб, қулоқлари тагида биров шишаларни қарсиллатиб синдираётгандай туюлиб, томоғи бўғилди, минг гапираман деб уринди, бўлмади, тили калимага келмади. Базўр куч тўплаб, Зебога уришма, деб имлади холос. Зебога бу таъсир қилмади, жағи-жағига тегмай бидиллаб уришаверди.

– Бу номерингни бошқа жойга бориб кўрсатасан, бизга ўтмайди, бошқароқ лақмани топ, туппа-тузук оилани бузмоқчимисан? Сендақалар кўпайиб кетган ҳозир. Афтингни қара, ойнага қараганмисан ўзинг, шундоқ чиройли хотини туриб, сени бошига урадими Рустам акам, ўзинг чўлоғакансан.

Умида важоҳат билан пишқирди!

– Менга қара, мохов, тилингни тиймасанг еб қоласан, Нигорада ишим бор, гаплашиб олишимга қўй!

– Кенойимни сенда иши йўқ, коптокдек тепилмасингдан жўнаб қол, иккинчи йўлимизни тўсма, башарангни ёриб қўямиз!

Нигора ўтган-кетган талабалар, домлаларга қараркан, икки бети лов-лов ёнди. Буниси ҳам бормиди ҳали? Орқа тарафга ўгирилиб, чиқиб келаётган курсдошларини кўрди. Энди ҳамма билади. Эй худо, шарманда қилма, қочиш керак, тезроқ кетмаса ҳаммага гап бўлади. Зебога «ҳеч кимга гапирма» дегандек бошини лиқиллатди, шу аҳволида табиийки, тили айланмади.

Нигора йўлакдан машина йўлига чиқмоқчи бўлди. Унинг кетаётганини сезган Умида қўлидан ушлаб тортди.

– Тўхта сен билан гаплашиб олишим керак.

Зебо орага суқилди.

– Қўлингни торт, чўлоқ!

Умида шу пайтгача эсини йўқотаёзган эди, энди бутунлай ақлдан озди.

Кутилмаганда юзига тушган тарсаки зарбидан Зебо гангиб кетди. Нима бўлганини идрок қилгунича Умиданинг оғзидан боди кириб, шоди чиқди. Довдираб қолган Зебо аламидан Умиданинг сочини чангаллаб олди. Бу манзарадан Нигора дод дегиси келди. Жонҳолатда катта йўлга чиқиб, машиналарга қўл кўтарди.

Курсдошлари етиб келиб, Зебони ундан ажратиб олишди.

Ваҳший ҳайвондек қутуриб кетган Умида алам билан ортга қайтди. Шу кетишда анча-мунча йўл юриб қўйди. Аллақандай нотаниш кўчада, икки қаватли бино ёнида тўхтаб атрофга аланглади, мажолсиз ерга ўтириб қолди. Қилиб қўйган иши бефойда эди. Чўккалаб ўтириб, аччиқ йиғлади.

Ўзига келиб йиғига тушган Зебо дугоналарининг «нима бўлди ўзи» деган саволига жавоб бермай, у ҳам югуриб катта йўлга чиқди. «Нигор энди кетиб қолади. Тўхтатиш керак». Тўйхонага бориб аммаларимга айтаман, олиб қолишади, ўзи қаёққа кетдийкин, биратўла ойисиникигами? Тўхтаган машинага: « – Уста Ширинга!», деди-ю, кабинага отилиб кирди. Ранг-рўйини кўрган ҳайдовчи катта тезликда машинани ҳайдаб кетди. «Наҳотки? Ростми ўзи? Нима деб кетди? Исботла десам бўларкан. Нима бўлганикин ўзи? Алдадими? Алдагандан нима фойда? Нигор уни танимаса, ўзи Рустам акам танирмикан уни? Ҳа-я, Рус¬там акам, нималигини фақат Рустам акам билиши керак. Тўйхонада нима бор, Рустам акамга айтиш керак». Зебо титраб-қақшаб ҳайдовчига йўлни бошқа ёққа буришни айтди. Энсаси қотса ҳам, бир аҳвол бўлиб ўтирганини кўриб турган ҳайдовчи индамай йўлни касалхона томон бурди. Касалхонадан Рустамни топа олмаган Зебо, кўчага қайтиб чиқиб, катта йўлда озгина меровсираб турди-ю, сўнг Нигораларникига қараб кетди.

Ҳижроннинг Уйида Доимо Қиш

Нигора хаёл билан эшикни очиқ қолдириб уйга кирди. Энди ҳаммаси уни тарк этди. Боши устида тинмай айланаётган қовоғарилар, қулоғи тагида шанғиллаб бақи¬ришаётганлар, шишаларни синдираётганлар, оёғидан тортиб йиқитмоқчи бўлаётганлар бари бир зумда қаёққадир ғойиб бўлишди. Фақатгина юрагини ғижимлаётганлар маҳкам чангаллаб олганча қўйворишмади.

Абгор аҳволда уйига кириб, каравотга чўзилди. У энди бор-йўғидан ажралганди. Қалт-қалт титраб ёта олмади. Ўрнидан туриб, хона айланди. Тошойна қаршисига келиб тўхтади. Онги уни тарк қилгандек ҳеч нимани илғамай аксига тикилиб кичкина стулчага ўтириб олди.

Қанча турди, билмайди.

Хира туман тарқалиб, тошойнадаги акси ёнида Рустамнинг кўринди. «Ё тавба, кўзимга нималар кўриняпти».

– Ҳуснингга тўймай қолдингми?

Нигора меровсираб ёнига ўгирилди. Кўзларини катта-катта очиб бақрайиб қаради. «Ростдан келган экан, кўзимга кўринмапти».

– Эринг келди турмайсанми? – Илжайиб қараётган Рустамни кўрган Нигора биров бўйнидан бойлаб тортгандай ўрнидан турди. Жонсиз оёқларини судрагудай бўлиб уйдан чиқди. Ошхонага йўналганини кўриб, Рустам овоз берди:

– Овқатланмайман, Нигор, кийимларимни тайёрлаб берсанг бўлди. Индамай ор¬қасига қайтган Нигора Рустам ҳаммомдан чиққунича кийимларини тахт қилиб қўйди-ю, жавонга суяниб тураверди. Сочиққа артиниб кирган Рустамнинг кўзига хотини ғалатироқ кўринди.

– Тузукмисан? – деб сўради, Нигора индамагач: –Ўтирсанг-чи, – деди.

Кийиниб бўлган Рустам Нигоранинг олдига келиб елкаларидан тутди. Ўзича рухсат тегмаганига хафа бўлдимикан дея ўйлаб:

– Тўйга борасанми? – деб сўради.

Нигора бош чайқади.

Эри унга ҳайрон боқди.

– Соқов бўлиб қолдингми? Келганимдан бери бир оғиз гапирмадинг. Бугун навбатчиман. Хавотир олма! Тўйга бирров кириб ўтаман. Ҳавони қара: роса жала қуяди шекилли. Эҳтиёт бўл, эрталаб келаман! – Эри уни қаттиқроқ қучиб, лабини титроқ лабига босди. Ғазабдан титраётган лаблар гўё илон чаққандек зириллаб оғриди. Кучли қўллардан юлқиниб чиққиси келса-да, иложини тополмади.

Рустам яна унга қаради.

– Боя эшикни очиқ қолдирибсан, қулфлаб ўтир!

Бу гап Нигоранинг баттар нафратини оширди. «Бевафога йўлиққан қиз ёки йигитнинг қисмати аччиқ». Нигора бу иборани мағзини чақиб кўрмаган эди. Қисматим аччиқми? Ё бу фожиами? Нега бунақа бўлди? Сабаби нимада? У алдамади. Зебо унга ишонмади, лекин ўша аёл алдамади!

Қаттиқ шамол эсди.

Нигора Рустам чиқиб кетганидан кейин ҳам турган жойида бир нуқтага тикилиб тураверди. Тушини эслаб, таъбирини англади. Наҳотки энди эридан ажралади? Боласи отасиз ўсадими? Худонинг қаҳри келдими? Қачондан бери танир экан. Рустам уни севармикан? У аёл ўзига жуда ишонган кўринади. Нимаси билан? Нимасига? Эрим мени севмаган, бу аниқ! Чиройимга шайдо бўлган. Лекин ўша аёлда на ҳусн бор, на муомала, камига чўлоқ экан. Ўзи ўрталарида нима бор? Ростданам хотиними ё ... Дидли одам янтоқнинг гулида ҳам гўзаллик кўради дейишади. Рустам ўта дидлими? Подшоҳнинг ишқи қурбақага тушган экан.

Нигора хаёлан ўзини камситиб, у аёлни кўкка кўтара бошлади. Лекин қанча ўйласа ҳам ўзидан ортиқ жойини тополмади.

Бошида қаттиқ оғриқ турган Нигора жойига етиб олмаса йиқилиб тушишини билиб қўзғалмоқчи бўлди, аксига оёқлари ерга михлангандай юришга қўймади. Белида пайдо бўлган кучли санчиқдан оғир инграганча бор гавдаси билан гиламга ағанаб тушди. Боши ерга тегиб, оғриқ тўхтадими, пар ёстиққа бош қўйгандай роҳатланди.

Югургилаб келган Зебо, ҳовлида ҳеч кимни кўрмагач, тўппа-тўғри ётоқхонага отилиб кирди-ю, гиламда чўзилиб ётган Нигорани кўриб, эсини йўқотаёзди. Жонҳолатда телефонга ёпишиб тез ёрдам чақирди.

Ёмғирли Кун Фожиаси

Жала тинмай қуяр, шамол худди жаҳл қилгандай ўкириб йўлида учраган нимаики бўлса, ҳаммасини аямай суриб кетмоқда эди.. Момақалдироқ ваҳшат билан чор-атрофга сурон солди. Тунука томга тушган ёмғир томчилари тарақлаб, тарновдаги сув шариллаб оққанидан телефоннинг тўхтовсиз жиринглагани ҳам эшитилмади. Бир қўлини белига тираб, иккинчисини эшик кесакисига қўйиб олган Умида кўзларини чақчайтирганча Рус¬тамга аламли тикилиб турарди. Шу туришда у кўзойнакли илоннинг ўзгинаси эди.

Жони халқумига келган Рустам, лунжи пир-пир учиб, аламидан бор бисотидаги бор сўзлар билан ер тепиниб сўкинди.

Рустам беихтиёр қўл кўтарди.

– Ё ҳозир ўтказворасан, ё …

– Ё нима қиласиз? Қўлингиздан келганини қилинг, агар ҳозир чиқиб кетсангиз бир умр пушаймон бўлиб юрасиз, овора бўлманг. Ерга кирсангиз қулоғингиздан, осмонга чиқсангиз оёғингиздан тортиб оламан.

– Ким сени ташлаб кетяпти, уйгамас, ишга боришим керак, ғалча, мендан бошқа ҳеч ким йўқ, бугун навбатчиман.

– Биламан қанақа навбатчисиз, хотинингизни кучоқлагингиз келиб қолган. Бир кун олдида ётмасангиз, ўлиб қолмайсиз. Қайтанга яхши бўлди. Энди сизни пойламайди, ёстиғини қучоқлаб ётаверади, балки уйигаям кетиб қолгандир.

Рустам шунақа бўлиши мумкинлигини ҳозир аниқ ҳис этиб, аламини Умидага сочди.

– Қанжиқ, мараз, нега жим юролмайсан, нима етмайди ўзи сенга?

– Менгами? Сиз!

– Ўзи сен ҳеч қачон миннатдор бўлмайсан, уйланиб кейин кетворсам қўлингдан нима келарди, нима қилардинг, сенга биров кўзи учиб турибдими?

– Ҳали… юзимга соладиган бўлиб қолдингизми?

– Ҳа, хотинимни аралаштиришга ҳаққинг йўқ эди.

– Балки яхши кўриб ҳам қолгандирсиз? Сиз ҳали шошмай туринг, у энди умуман юра олмайдиган бўлиб қолади.

Момақалдироқ қаттиқ гумбурлади. Рустам урмади. Бор кучи билан кўтариб, отиб юборди. Ёнбоши билан столга бориб урилган Умида икки букилиб, увиллаб йиғлашга тушди.

Ёмғир шаҳарни обдон ювиб шалаббо қилган, кучли шамол баъзи дарахтларни йиқитиб улгурган. Ярим тунда жуда катта тезликда кетаётган Рустам ҳеч қайси чорраҳада тўхтамади. «Аҳмоққа ўхшаб, тез етиб келинг деса, нега келдим ўзи, ҳамма нарса чалкашиб кетди, эртага нима бўларкин, тезроқ бориш керак, ишхона тинчмикан ўзи?! Ишхона тинч бўлса, Нигордан хабар олиш керак, нима қилдийкин, ишқилиб уйда бўлсин». Машинани худди биров бошқараётгандай ҳеч нимани идрок қилмасди. Касалхона ҳовлисида машинадан шошиб тушаркан, йўлакда югуриб келаётган Зиёдани ойнадан кўриб, унга томон шошилди.

– Нима гап Зиё?..

– Рустам ака, нимага телефонни олмадингиз? “Тез ёрдам” биттасини обкелди. Аҳволи ёмон. Келавермаганингиздан кейин Хайрулло акани чақирдим.

– Келдими?

– Олиб кириб кетдилар. Бошлашганига анча бўлди.

Рустам операция залига югурди. Жонҳолатда ювиниб, операция хонасига кириши билан Хайрулло уни сўкиб берди:

– Қисиб ишласанг ўласанми?

– …

– Бўлақол. Болага кечикиб бўлдик шекилли. Ўзига улгуришимиз керак. Қон босими тушиб кетяпти. Сув анча олдин кетиб бўлган. Ҳушсиз қолганми, бу ёққа келгунчаям анча вақт ўтиб кетган. Мен келганимда боласи қимирламаётувди. Рустам, эплолмаймизми?

– Ўзингни бос, эплаймиз.

– Неонатолог келганми?

– Чақирдим, шу ерда! – Ранги оппоқ Зиёда телба-тескари жавоб берди.

Хайрулло адашмаган эди. Жисми яралиб, ҳаёт бахш этилмаган гўдакни жони билан бирга йиғи ҳам тарк этибди. Хасис дунё миттигина юракчадан инга-ингани ҳам қизғанибди.

– Ўғил экан.

Болани кўтарган Рустам киндиги кесилаётганда, қип-қизил қонга беланиб, аллақачон мурда қиёфасига кирган аёлнинг рангсиз юзига…

Нима бу?

Нима?

Ким бу?

– К-и-и-м?

Ваҳшат ичида болага қаради. Кўзлари юмуқ. Кўм-кўк чақалоқ. Ўғил сочлари қоп-қора, нафас олмайди. Ўғлим-ку! Меники, нега нафас олмайди? У жон ҳолатда болани силкита бошлади.

Ҳамма унга ҳайрон боқди.

Зиёда қўлидаги асбобларни ерга тушириб юборди. «Нима бўляпти ўзи?»

– Қўй!!!

Хайруллонинг товушидан ўзига келган Рустам шундагина жонсиз вужудга озор бераётганини тушунди. Онги уни тарк этди, вужуди бўм-бўш қолди. Қўллари титраганча гўдакни авайлаб неонатолог қўлига топширди.

– Нега довдираяпсан?! – Хайрулло тирик мурданинг қонсиз юзи, рангсиз лабига, юмуқ кўзларига қараб кимнидир эслади. Ким эди? Кўз олдида таниш қиёфа жонланди. Жуда таниш. Бурнини ёлғондан тортиб қўядиган келин!

– А!

– Эҳ!

Энди…

–Ҳе оналарингни… қимирлаларинг тезроқ. Профессорни чақиртиринглар, қон тўхтамаяпти.

– Қон қуйиш керак!

– Қон группаси неччи?

– …

– Неччи қони?

Рустамнинг жим туришидан қони қайнаган Хайрулло бор овозда бақирди.

Карахт аҳволдаги Рустамнинг тили жавоб берди:

– Тўртинчи!

Хайрулло ер тепинди. Қўлидаги асбобларни ташқарига отгиси, кетидан ўзи ҳам отил¬гиси келди. Кейин ўзини қўлга олди. Бир аҳволда турган Рустамга:

– Рустам, ўзингни тут! Хотингга улгуришимиз керак! – дея олди холос.

Ҳалитдан бери пастки лабини тинмай тишлаётган неонотолог, довдираётган Зиёда, акушерлар, нима гаплигини тушунишди-ю, дардларини ичларига ютишди.

Қон босими тушиб кетди.

Қон тўхтамаяпти.

Ҳаммаси бир неча сонияда бўлиб ўтди.

Бутун бор маҳоратини ишга солган Хайрулло охири чекинди. Қарор, бир қарорга келиш керак.

Қарорни Рустам қабул қилиши керак эди.

Бунақа пайтда ҳеч сўзсиз ишга киришган Хайрулло, ўзинг танла дегандек, Рустамга тикилди.

Вақт оз. Бунақа пайтда вақт деганлари юракни қиймаламайди, қайтанга томирингда оқаётган қондан олдин югуриб, маррага етказиб қўяди. Шусиз ҳам жамики изтироблар оловида ёнаётган Рустам, минг азоб билан Нигоранинг юзларига энди биринчи марта ўзгача меҳр билан тикилди. Хотинининг қанчалик мунис, беозорлиги, меҳрибонлигини, доимо нимадандир чўчиб, ҳадиксириб яшаганини ҳис қилди. Қидиргани кўнглидаги туйғулари, Умида эмас, Нигорада яшаганлигини тан олди. Нигораси турмуш қургандан бери ҳеч кимдан меҳр кўрмаган эди, меҳрга ташна эди. Қалбидаги илиқ туйғулар, ардоқлаб ўстирган муҳаббатини улашишга одам тополмай ҳаммасини фарзандига атаб қўйган эди. Тўққиз ой меҳр билан кутган гўдаги билан ҳаттоки юз ҳам кўришишмади.

Ташқарида ёмғир ёғади. Кечга томон бошлаган ёмғир бор аламини тўкиб солаётгандай челаклаб қуярди. Рустамнинг кўз ёшлар сели юзидаги ниқобини жиққа ҳўл қилиб юборди. Шошилиш керак. Бошқа иложи йўқ. Кўз ёшлари шашқатор оқди. Бошқа иложи йўқ, хотинини қутқариш керак эди. У ... ҳа, у ўз қўллари билан Нигоранинг бачадонини олиб ташлади.

Хотима Ўрнида

Кунлар исиб кетди.

Гулини тўккан дарахтлар аллақачон мевага кирган. Баҳор ўз ўрнини саратонга бўшатишга шошилади.

Нигора ўзига келиб қолди. Қушларни чуғур-чуғури қулоғига ёқмаганидан деразани очтирмайди. Қушлар буни билиб жаҳл қилгандай баттар авжига чиқариб чаҳ-чаҳлашади. Деразадан тиниқ осмондаги паға-паға булутларга тикилиб ётади. Онасини эрталаб келган янгасига қўшиб зўрға уйига жўнатди. Волидаси туни билан мижжа қоқмай чиқишди. Дам олишсин.

Охирги пайтда ҳамма бир-биридан кўзини олиб қочади. Ҳақиқатдан беркинган барча кўзларнинг нигоҳида бир савол: «Энди нима бўлади?»

Кўзлари ич-ичига ботиб кетган, халатининг елкалари осилиб қолган Рустам титраб-қақшаб палатага кирганда Нигора ҳар галгидек ойнадан ташқарига тикилиб ётарди. Нима дейишни билмай ғўлдиради. Ҳароратини ҳозиргина ўлчаб чиққан ҳамширадан билган, қон босими ошмаган, тузукмисан дегани билан нима жавоб берарди. Ўз кўнглида хотинининг пешонасини ушлаган бўлди-ю, тилидан барибир шу савол учди:

– Тузукмисан?

Нигора ташқаридан кўз узмай, жавоб қайтармади.

Рустам меҳрибон товушда:

– Эртага чиқамиз, Нигор! – деди-ю, кўнгли бузилди.

Рустам буни айтмаса ҳам бўларди.

Эртагача ўртада яна бир тун бор.

Машина дарвоза ёнида тўхтаганда Нигор киприклари нам эди. Ҳовлида қайнонаси билан саломлашди, кичик қайнэгачиси билан овсини ошхонадан чиқишмади.

Нигора бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмади.

Меҳмонхонасига овоз чиқармай кирган Нигора чиннилари қутиларга жойланган, бўм-бўш қолган мебелларга кўзи тушиб, ётоқхонага кирди. Каравот устига тахлаб қўйилган бўхчаларга қараб индамай ерга ўтирди.

Ҳовлига кириши билан қайнонасининг совуқ қарашидан ҳаммасини сезган эди.

Шу аҳволда ҳаракатсиз ўтираверди.

Ўзига келганда уй ичи анча қоронғилашиб қолганди. Уйига қандоқ кирган бўлса, худди шу алфозда ҳовлига чиқди. Ўзини таъқиб қилаётган нигоҳларни ҳайратда қолдириб, гап-сўзсиз битта-битта босиб ҳовлини тарк этди.

Кўчага чиққанда қуёш ботиб қолганди.

Нигора қуёшга етиб олишга шошилгандай уфқ сари юриб кетди.