OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНодир Норматов
Асар номиБир куни чумоли бўлиб... (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нодир Норматов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм42KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/01/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бир куни чумоли бўлиб... (ҳикоя)
Нодир Норматов

«Сиз нега касалхонада ётибсиз», дейсизми? Дўхтирлар ошқозонинг заҳарланган дейишди. Нега, қандай қилиб — ҳайронман. Очиғини айтганда, мен табиатан зиёфатлардан қочиб, нафсига қаноат қилиб юрадиганларданман. Ўша куни бор-йўғи бир бўлак қотган нон еган эдим. Балки, ўша, гиёҳи беҳиштни кидираман деб, бўлак ўтни еганимдан шу кўйга тушгандирман. Гиёҳи беҳиштни эшитмаганман, дедингизми? Мен ҳам илгари эшитмаган эдим. Кишлоғимизда сизу биз билмаган гаёҳлар кўп. Хар гал қишлоққа борганимда қишлоқ бошидаги Довулқўрғонни зиёрат қилиб қайтаман. У ерда чашмалар кўп. Сув ёруғлик дейдилар, шунинг учунми, у ерда негадир руҳим яйраб кетади. Бир куни шу томонга кетаётган эдим. Йўлни калта қилиш мақсадида, қабристон яқинидан ўта бошладим. Атрофини ўт-ўлан босиб кетган эски қабрлар ўйилиб, чўкиб қолган, янгидан дўппайганлари ҳам кўзга хунук кўринади. Қабристонга ўтишдан аввал сўқмоқ пастида, шундайгина йўл ёқасида чулдираб турган чуқур чашмага тушдим. Чашманинг суви оз бўлса ҳам бир парча ерни кўказак қилиб турарди. Ҳовучимга сув олиб ичдим, роҳатланиб бош кўтардим-у, булоқ чеккасида бўйи бир қарич келадиган гиёҳга кўзим тушди. Шунғула бўлса керак, деган хаёл билан узиб олганча, дўнгликка кўтарилдим. Қабристон ёнбошида баҳорда кўкариб, энди қувраб қолган чимзор кўринди, мен шу ердан ўтарканман, бута ёнида чумолилар қатновини кўрдим. Йўловчи чумолилар шу қадар кўп эди-ки, уларни электрон машинаси ҳам санаб улгурмаса керак, деб ўйлайсиз. Шу хаёл билан қўлимдаги гиёҳни оғзимга солдиму, бирдан қулоғим шанғиллаб кетди. Миямга қон урилди, гандираклаб кетдим. Чумолилар ўтаётган йўл ёнида чўккалаб ўтириб қолгач, ўзимга келдим. Аммо, қизиғи шундаки, қулоғимга турли-туман, мулойим, ингичка оҳанг-товушлар эшитила бошлади. Бу товушлар худди бузуқ телефон дастасидан уланиб қолган бегона кишилар суҳбатини эслатарди. Мен аввалига, нима бўляпти ўзи, деб атрофга алангладим, аммо, ҳеч кимни кўрмадим, шундан сўнг бу чинқиллаб сўзлашаётганлар — чумолилар эканини пайқадим. Уларни худди тушда кўраетгандай эдим.

Чумолилар бир-бирларига «ҳорма», «бор бўл», «қувончинг кўпайсин», «сенга ҳам шуни тилайман» қабилида мурожаат қилиб ўтишарди. Уларнинг ўнг томонга кетаётганлари дон-дун, қилтиқ-хас ташиб боришарди. Қарама-қарши томондан келаётгани эса, афтидан юкларини қўйишиб, яна ишга, озуқа ташишга кетишарди. Мен ғужғон бўлиб ўтаётган бу митти жониворларнинг юкли-беюклари бир-бирларига ҳалақит бермай, яъни кўча қоидаларини бузмай ўтаётганларига қойил қолиб кетдим. Бу қатнов йўлда бирорта бетартиб, бўлак йўл солиб кетаётган қонунбузар мутлақо кўринмасди. Айниқса, юкдан бўшаган оғизчаларини енгилгина силкитиб, салом бериб ўтаётган ёш чумолиларни айтинг. Хуллас, бу тартиб-қоидани кўриб, беихтиёр «қойил» деб юбордим.
— Нимасига қойилсан, эй одамзод? — деган товуш эшитилди яқинимдан. Мен бундан шошиб қолдим, кўз-қирим билан секин-аста товуш эгасини излай бошладим.
— Мана, мен бу ерда, оёғинг олдидаман, ҳушёр бўл, тағин эзиб қўймагин, — деди яна ўша товуш эгаси.

Ана шундан сўнг, мен оғзидан юкини қўйиб турган сариқ чумолини кўрдим.
— Биламан, сен чумоли тилини тушуниб қолганингта ҳайрон қолаётирсан, — деди чумоли. — Бунинг сабаби шуки, сен булоқ бўйида ўсган гиёҳи беҳиштдан егансан. Боя булоқ бўйига борган қавмларимдан бири еяётганингни кўрган экан. Энди сен, то қуёш ботгунича тилимизга тушуниб, биз билан сўзлашиш қувватига эгасан... Хўп, қани, сен жавоб бер-чи, нега ўз-ўзингдан «қойил» деб юбординг?

Мен ҳалиям чумолининг гапига тушунишдек мўъжизага ақлим бовар қилмаганимдан, тилим лол эди. Ниҳоят, тупугимни ютиб, жавоб қилдим:
— Нега қойил қолмай? Шундай тиғиз йўлда, бунинг устига қарама-қарши қатнов бўла туриб, бирорта ҳам чумоли тўқнашиб кетмаяпти.
— Гапингга тушундим, — деди чумоли, — сен чумоли йўлини одамзод йўли билан таққослаяпсан-да. Одамзод кенг йўлда, кўча ҳаракатлари белгили-қоидали бўлишига қарамай, бир-бири билан бари бир тўқнашиб юради. Шундайми?
— Сен буни қаердан биласан, — дедим оғзим очилиб.
— Нега билмайин. Сен кўриб турган бу чумолилар оддий эмас, биз асли одамзод қавмиданмиз.
— Шунақа дегин, — дедим мен уни калака қилмоқчи бўлиб, — қани, мундайроқ тушунтириб бер-чи? Балки, Худо лойимизни бир жойдан олган чиқар?

Чумоли ёнидан юк ташиб ўтаетган ориққина чумолини тўхтатди.
— Ҳурматли бошлиқ, — деди бошчасини қимирлатиб, — Менга қуёш ботгунча руҳсат берсанг. Одамзодга ул-бул нарсани тушунтирсам.

Ориқ чумоли жавоб қилди.
— Сенга ижозат, донишманд.

Чумоли бошлиқ шундай деди-ю, йўлида давом этди. Мен чумолилар бошлиғини ҳар қалай жуда ўзимиздаги сингари ҳашаматли хонада, юмшоқ креслода ўтиришини тасаввур қилмаган эсамда, ҳар қалай бирор уя-омборнинг чеккасида ўтириб, қатновни, келди-кетдиларни ҳисобга олса керак, деб ўйлаган эдим. Ажабки, уларда бошлиқ фуқароси билан теппа-тенг ишлар экан.

Бошлиқ чумоли кўздан ғойиб бўлгач, ишчи чумоли яна тилга кирди:
— Эй, одамзод! Биз сизнинг қавмингиз бўламиз, десам, ишонмадинг. Энди эшит! Гап шундаки, биз мана шу қабристонда ётган марҳумларнинг тириклигида ишлатилмай қолган мияларидан чумолига айланиб чиққанмиз. Инсон суратида юрган пайтларимизда, инсонлик ҳақ-ҳуқуқимиз тенг бўлса ҳам, уни суиистеъмол қилганмиз, яъни бир-биримизнинг кўзимизга чўп суқиб яшаганмиз. Мана энди чумолига айланиб қолганимизда, ўша хатоларнинг ўрнини босиш учун ўзимизнинг темир қонунларимизни яратганмиз. Бу қонун ҳаммага баробар. Биз қонунни инсончалик суиистеъмол қилмаймиз. Чумолиларнинг бирдан-бир мақсади шу.

Мен ҳали ҳам чумолининг гапларига ишонмай турардим.
— Бўлмаса нега сизлар инсон тилида гапирмайсизлар? — деб уни мот килмоқчи бўлдим.

Чумоли менга шундай деди:
— Инсон тили, бу шартли, ўзи ўйлаб топган товушлар йиғиндиси. Бизнинг тилимиз эса табиий сезгилар асосига қурилган. Бутун тирик мавжудотнинг тили — бу сезгилар. Инсон ҳам бу сезгидан маҳрум эмас. Аммо, у дунёнинг майда-чуйда ишларига шунчалик берилиб кетганки, натижада сезгилардан маҳрум бўлган.
— Сен қанақа майда-чуйда ишларни назарда тутасан?
— Мана айтайлик, қоғозбозлик, беҳуда расмиятчиликлар. Ёки гапим нотўғрими?

Мен нима деяримни билмай, елкамни қисдим.
— Инсон миясидаги сон-саноқсиз сезгилар ишлатилмаса, ҳаракатга келтирилмаса, улар ғафлат уйқусида қола беради. Биз миядаги ана шу сезгилардан яралган чумолилармиз.

Мен чумолининг бу гапларидан даҳшатга тушдим. Мени чумолининг бу қадар зукколиги ўйлантириб қўйди. Қаердан билади у бундай гапларни? Ёки у бирорта машҳур донишманднинг аклидан яралганмикан? Аммо, бизнинг қишлоғимизда катта донишмандлар ўтганини эшитмаганман. Шунинг учун бу гапни эҳтиёткорона сўрадим: «Сен бундай гапларни қаердан биласан?»
— Нега билмайман. Энг зўр китобларни битган қанча-қанча буюк зотлар бу қаро ерда ётибди. Биз — одамзод қавмидан бўлган барча чумолилар бир-биримиз билан мулоқотда бўлишга интиламиз.
— Нега керак сизга бу мулоқотлар? — дедим.
— Нега, дейсанми? Ҳеч бўлмаганда, инсонлиқда қилган хатоларимизни, гуноҳларимизни англаш учун. Кейин, баъзида сенга ўхшаган гиёҳи беҳиштни еган инсонга билганларимизни етказиш учун.
— Гиёҳи беҳишт еганлар тез-тез учрайдими? — деб қизиқиб сўрадим.
— Йўқ, — деди чумоли афсусланиб. — Энг ёмони шундаки, неча йиллар, неча ойлар давомида битта-ярим киши бу гиёҳни учратади. Лекин уларнинг баъзиси бизнинг гапимизга ишониб, баъзиси ишонмай кетади. Шундай бўлса ҳам биз ўз билганларимизни етказишга уринамиз.
— Шу қишлоқдан яқин йиллар ичида бирор киши гиёҳи бехишт еб келган жойи борми?

Чумоли ўйланиб қолди.
— Ўтган йили Мўмин лов-лов деган киши келган эди, — деди у. Мен беихтиёр, савдойи, пайдар-пай гапирадиган Мўмин акани эсга олдим.
— Ахир у эсли-ҳушли одам эмас-ку? — дедим чумолига.
— Нега шундай дейсан. Ахир сен ҳам одамларга «мен чумолилар тилини тушуниб, улар билан гаплашдим», десанг, улар сени ҳам эси йўққа чиқаришмайдими?

Шунда мен Мўмин лов-ловнинг гапларини эсладим. У агар бирор киши қурт-қумурсқага азоб берганини кўрса, дарҳол йўлини тўсарди.
— Курт-қумурсқа ҳам Худонинг бандаси. Унинг ҳам сенга ўхшаб жони бор. Теша уларга, — дерди.

Мен энди чумолининг ҳақ эканлигига иқрор бўлдим. Чумолига кўзимни тикканча, ўйлай бошладим. Мана шу жонивор қайси зотнинг миясидан яралган экан. Балки мен ўша зотнинг авлод-аждодларини топарман. Чумоли бу саволга жавоб беришдан қатъий бош тортди.
— Бунга биз чумолилар қасамёд қилганмиз, — деди у. Мен ундан яна нималарни сўрашни ўйлай бошладим.
— Сенга иккита таклифим бор, — деди чумоли. — Биринчиси шуки, хоҳласанг, чумолилар уясига сени таклиф қиламан.
— Боришга борардиму, лекин мен чумоли уясига қанақасига сиғаман?
— Гавданг шу ерда қолаверади. Мен сенга оёқ тегизишим билан миянг чумоли шаклига айланиб, мен билан бирга кета беради.

Мен шу ерда қўрқоқлик қилдим — миям гавдамни ташлаб кетишини сира хоҳламасдим. У ерда менга нима бор, гавдам беега қолса? Ахир унга қанча меҳнатим сингган. Онам тўққиз ою, тўққиз кун қорнида кўтарган, саккизга кирганимга қадар оқ ювиб, оқ тараган бу гавдани. Мана, йигирма саккиз йилки, уни мен авайлаб келаман. Шундай бўлгач, қандай қилиб гавдамни бекордан-бекорга, тўсатдан ташлаб кета оламан.

Чумоли хаёлимдан ўтган гапни фаҳмлагандек, шундай деди:
— Бари бир одамзодлигангга бординг. Гавдангни ташлаб кетишга кўзинг қиймаяпти. Майли, бўлмаса, иккинчи шартни эшит. Сен ўзинг ҳақингда билганларингни, кўнглингда неки дарду ўйларинг бўлса, барини айтиб берасан. Балки, мен сенинг бирор дардингга малҳам бўларман.

Мен очиғини айтганда, ундан катта мўъжиза кутган бўлсам бордир, лекин бунақа таклифни эшитаман деб ўйламаган эдим. Тўғри-да, мен ўзимни мухбирликка урганимдан бери ҳамманинг дардини тинглашга мажбур бўлганман. Аммо, мен-чи, мени ким тинглайди, буни ҳеч ким ўйламайди. Ҳозир эса, шундай бир қулай имконият бор экан, нега мен бундан фойдаланмаслигим керак экан. Ахир дардини тўккан одам енгил тортади, дейишади-ку. Ахир Искандарнинг шохи борлигидан воқиф бўлган сартарош бу сирни ҳеч кимга айта олмай, охири қудуққа айтиб, енгил тортган-ку.

Хуллас, мен кўп ўйлаб ўтирмай, ўзим ҳақимда билганимча очиқ-ошкор гапира бошладим.

Чумоли менинг гапимни бирпас тинглаб турди-да, «кўй, бунақа таржима ҳолни. Мени туйғуларингнинг таржимаи ҳали қизиқтиради. Сен шундан гапир», деди.
— Қўйсанг-чи, бу жуда қийин масала, — дедим унга. — Сен уни тушунармидинг.
— Майли, айтмасанг-айтма, — деди чумоли.

Лекин мен айтмасдан қўярмидим? Ахир туйғуларимнинг таржимаи холини, уларнинг туғилишлари-ю, йўқ бўлишларини чумолидан бўлак кимга ҳам айтиб бўларди? Нега дейсизми, ахир мен ҳам ҳамма қатори ўз туйғуларимни яшириб юраман-да. Баъзан, ичган маҳалларим, уларни хотинларнинг безаги каби кўз-кўз қилишга ошиқаман. Шўрлик туйғулар ана шундай қилиб эгасининг қачон сахийлик қилиб озоддикка қўйиб юборишини ҳар доим сабр-тоқат билан кутишгани-кутишган. Бисотимда қолган туйғуларни олиб қарай-чи, деб ўйладим. Мана, одамзоддаги илк туйғу бу, у ўзлигини англашдан бошланган, шекилли. Бу туйғунинг шакли игнанинг учидек келади, аммо, олтиндек тоза, қараган кишининг кўзи қамашади. Менда бу туйғу туғилганида ёшим тўртларда эди. Ўша пайтларда ёшим нечадалигини билмасдим, албатта. Хотирамда ҳовлимиздаги катта тўй-шодиёналар манзараси бир умр парчинланиб қолган. Кейин билсам, икки акамнинг қўшалоқ суннат тўйи бўлиб, ўша пайтда уларнинг бири саккизда, иккинчиси олти ёшда эканлар. Ана шундай ҳисоб-китоб қилинса, мен албатта тўрт ёшда бўламан. Хуллас, ўша куни мен кимдир ўргатган қўшиқни такрорлар эдим:

Жийда қоқай тўйингда,

Жийда қоқай тўйингда.

Тўйда нима учун жийда қоқиш керак, бунинг маъноси нима, рости, ҳалигача билмайман. Кейин, қўлимга қаердандир шўрва солинган сопол товоқ тушиб қолди. Уни кимгадир, қаергадир элта туриб, гилам устида ўтирганларнинг бирига тўқнашиб кетдим. Қўлимдаги товоқ тушиб, шўрва бир одамнинг елкасига тўкилиб кетди. У одам кўкрагини чангаллаб, ўрнидан турди, менга эса, «қўй, йиғлама» деб зўрма-зўраки жилмайиб қаради. Унинг қиёфасидаги оғриқ аралаш мени авф этган ифодани шу вақтгача унутолмайман. Мен йиллар ўтиб унга (у холамнинг ўғли эди) ўша воқеани эслатганимда, у «рост, шундай бўлган эди, сен тўкиб юборган шўрвадан мана бу ерим куйган эди», деб, кўксидаги чандиғни кўрсатди. Мен хижолат чекқандай бўлиб, унинг кўзларига тикилдим ва бу кўзларда бир пайтда мени авф этган мулойим ифодани кўриб қолдим. Мана шундан бери юрагимда унга нисбатан миннатдорчилик туйғуси яшаб келади. У менинг қалбимга нур, юрагимга қувват беради.

Мен хаёлан етти-саккиз яшарлик пайтимга қайтаман. Лабларимда беихтиёр анорнинг, олунинг таъми пайдо бўлади. Сўлагимни ютиб, пахса девордан ошиб, икки-уч анорни узиб, майкам ичига жойлайман. «Қани бўл, кетдик», — дейди ҳамроҳим. Бир маҳал ёнгинамиздан, «Тўхта!» деган товуш эшитилади. Шеригим бир зумда девор кемтигидан ошиб, жуфтак ростлайди. Мен эса энди қочмоқчи бўлганимда, кимнингдир омбирдек қўллари бўйнимни қисади. Бир дам нафасим чиқмай қолади. Кейин ўша қўллар мени олдинга итқитиб, майкам ичидан уч дона анорни чиқариб олади. Мен энди рўпарамда шоп мўйловли, шокосадек чиққан кўзларни кўраман. Бу — колхоз чорбоғининг қоровули Ғани эди. У мени бир туп ёнғоқ тагига бошлаб, дўппайган бир қабрни кўрсатиб, шундай дейди:
— Мана, кўрдингми? Мен мана шу ерда бир одамни сўйиб, кўмганман. Мана энди сени ҳам сўяман.

У шундай деб ёнбошига осилган узун пичоқни қинидан суғуради. Пичоқ қуёш нурида бир ярқ этади-ю, мен тахтадек котиб қоламан. Эсимда қолгани шу. Эртаси кўзимни очиб қарасам, уйда ётибман. Мен тирик эканлигимга ишонар-ишонмай кўрпани, кейин бошимни ушлаб кўраман.
— Ўзимизнинг боғ тўла анор бўлса, нима қилардинг болам, ўша ерга бориб, — дейди онам.
— Бола-да, бола, — дейди момом, — ўғлингга кўпроқ иш буюриб тургин. Бекорчилиқдан бола бечора нима иш қилишини билмай зериккан-да. Оғзидан қони келгур Ғани мохов болани шундай қўрқитадими?

Мен шулар ҳақида гапирар эканман, чумолидан ўша марҳум Ғани акани таниш-танимаслигини сўрадим. Ахир у ҳам мана шу қабристонга кўмилган.
— Ҳа, танийман, — деб жавоб қилди чумоли, — Биласанми, унинг уч юз йил аввал ўтган бобокалонларининг касби жаллод бўлган, Ғани аканг қонига тортиб, ота-бобосидан ўтган кўл хотираси билан пичоқ ўқталиб, сенга шунчаки дўқ-пўписа қилмоқчи бўлган.
— Демак, ҳали уч юз йил аввал манфур касб билан шуғулланган ота-бобоси учун Ғани ака ҳам ёмонотлиқ бўлиб юрибдими? — дедим.
— Начора, — деди чумоли. — Қонни, ирсиятни бирдан тозалаш қийин... Яна бир сирни айтишим мумкин.
— Қани эшитайлик-чи?
— Боя олдимизга келиб тўхтаган бошлиқ чумоли Ғани ака эди, билсанг. Мен бу сафар ҳангу манг эмас, хафа бўлиб кетдим.
— Наҳотки, — дедим унга, — шундай баджаҳл одам сизга бошлиқми? Бу ерда ҳам у йўлини топибди-да.
— Ундай эмас, — деди чумоли. — Бизда энг кўп ишлаган киши бошлиқ қилиб тайинланади. Ғани ака инсонлигидаги гуноҳларини ювиш учун ҳаммадан кўп елиб-югуради, шўрлик.
— Ўзинг боягина ирсиятни тозалаш қийин дединг-ку. Наҳотки, у ювош тортиб қолган бўлса.
— Биз чумолилар инсон миясининг фақат эзгулик қисмидан яраламиз, — деди чумоли. — Бунга шубҳа килмасанг ҳам бўлаверади. Яхшиси, сен ҳикоянгни давом эттир.
— Яхши, — дедиму, кўнглимда мавжуд туйғулар таржимаи ҳолини бирма-бир айта бошладим.
— Биласанми, сен менга товуш чиқариб, гапириб ўтирма. Яхшиси, хаёл сур. Хаёлингдан нималар ўтганини мен англаб тураман. Фақат бунинг учун оёғингга сал тегиб турсам, бас, — деди чумоли.
— Майли, — дедим мен. Сўнг, тиззамни қучоқлаганча, узуқ-юлуқ хотираларни эслай бошладим.

Болалик хотираларида эсласа эслагудек воқеалар жуда кўп. Аммо, шундай воқеалар борки, улар хаёл кўзгусида худди ғилофга солинган кинотасмадек тайёр туради. Исталган дақиқада улар хаёл экранида лип-лип этиб, қайта жонланади. Балки, пайти келиб, кўнгил экранидаги бу тасвирларни ёзиб оладиган магнит тасмаси ўйлаб топилар. Мен шуни хаёл қилатуриб, беихтиёр болалик хотиралари ёзилган хотира тасмасини томоша қила бошладим.

Ана, пахсадан қилинган икки хонали уй. Дахлиз ва оромгоҳ. Ҳалигача ҳам ўша уй мен кўрган барча уйлардан иссиқ, шинам, кенг, гўзал туюла беради. Ўша икки хонали уйда саккиз жон яшасак-да, кенгу мўлдек туюларди.

Орадан йиллар ўтиб, мен олти кишилик оилам билан уч хоналик иссиқ-совуқ сув, қулай ҳожатхонаси бор уйга аранг сиғишимизни ўйлаб, ҳайрон бўламан, бунинг сабабини кўп ўйлайман, ичим сиқилади. Балки бу жумбоқни менга чумоли ечиб берар.
— Сен ердан ажраб қоляпсан, — дейди чумоли нохосдан. — Ер тафтини ҳис қилиб турмаган ҳар қандай тирик жонга осмону фалак ҳам торлик қилади.

«Тўғри айтдинг, чумоли» дейман ичимда. Кеча қизим уйимизнинг қайси бир хонаси деворларига қаламчизгилар қилганига хотиним озмунча уришдими? Мен худди шу ёшда, олти ёшимда уйимиз деворига акаларим ўргатган исмимни пичоқ билан ўйиб ёзмаган эдимми? Буни бехосдан онам кўриб қолиб, «болам, деворнинг ҳам жони бор, уни пичоқ билан тилсанг, жони оғрийди» демаганмиди? Ҳозир ҳам бағри тирналган девор ёки тошни кўриб қолсам кўнглим увишиб кетади. Мен болаларимда ҳам раҳм-шафқат туйғуси туғилишини жуда-жуда хоҳлайман. Ахир эзгу-туйғулар ўз-ўзидан пайдо бўла бермайди. Улар инсон қалбида ғафлат уйқусида ётган бўлса уйғотиш, мавжуд бўлмаса яратиш лозим эмасми, — деб ўйлайман. Мени кечалар кўпроқ мана шу муаммолар безовта қилади. Айниқса, ерга, табиатга муҳаббат туйғуси бўлмаган инсон ҳар қандай жиноятга қодир эканлигини ўйлайман.
— Кўп ўксинма, — деб фикримни бўлди чумоли, — сен чумолига айланганингда фақат табиатни дилингга жо айлаб яшайсан. Яхшиси, менга айт-чи, сени нималар ташвишга солади, шулар ҳақида гапиргин. Чунки, вақтимиз зиқ. Ана, қара, қуёш ботишига оз қолди.
— Нима десам экан, сенга. Агар тилла балиқдек, сен ҳам тила тилагингни, деганингда, бошқа гап эди. Ташвиш-ҳасратимни бировга айтишга ўрганмаганман. Шунинг учун дўсту душманларим мени «бу ичидан пишган, жуда писмиқ», дейишади. Балки улар ҳақдир. Лекин мен бир донишманд айтган гапга амал қиламан. У шундай деган: «ғаму ҳасратингни ўзингга колдир, шодлигингаи дўстларинг билан баҳам кўр, нафратингни душманларингта асра».
— Сенинг ташвишларингга балки менинг бирор хизматим асқотар. Ахир мен ер юзидан кўра, ер остида кўп бўлган инсонлар дунёсидан элчиман. Қолаверса, биз ёруғ дунёда яшаётган қавмларимизнинг қандай дарду ташвишлари борлигини билгимиз келади.
— Сен фақат туйғуларнигина тушунишга қодир экансан. Шунинг учун яна мендага икки-уч туйғунинг таржимаи ҳолини гапириб берақолай. Балки шунда сен мени жиндек тушуниб етарсан.

Чумоли гапимни маъқуллади.

Мени энг катта қийнокқа соладиган нарса, сўз олдида жавобгарлигимдир. Ҳали-ҳали, бундан саккиз йил муқаддам, уй бериб қолишар, деб бир амалдорни мақтаб ёзганимни сира кечира олмайман. Ўша амалдор менга уйни ўз навбатим билан берганида раҳмат айтганим ўзимга алам қилади. Эл қарғишига учраган ўша одамни мен «ҳурматли фалончиев» деб атаганим алам қилади. У киши мен учун ҳам, элу-юрт учун ҳам ҳурматли эмас, қаллоб эканлигини мен ўшандаёқ билган эдим-ку. Баъзи кечалари ўша сўз менинг томоғимдан ғиппа бўғади, «нега сен мени ўша ярамасга сотдинг, нега мен хор бўлдим» деб ҳоли-жонимга қўймайди. Ана шунда мен ўйлаб қоламан: ўзимга-ўзим хиёнат қилишдек бу иллат менда қаердан пайдо бўлди, ўзи? Ўша биргина беқадр бўлган сўз, ўша сўз мени кўпдан бери таъқиб қилади. Қани сен айт-чи, мен қачон унинг бу таъқибидан қутула оламан?
— Бу дардинг бедаво, — деди чумоли. — Сендан аввал ўтган ақли дониш ҳам, энг катта гуноҳ, бу сўзни беқадр қилмоқ, деганлар. Мен буни чумолилар мажлисида айтиб кўрарман. Балки бирор фатво топилар.
— Мендан фақат сўз эмас, туйғум ҳам ранжиган. Бу воқеа шундай рўй берди: Мен авваллари ҳеч қачон бўлмаган бир шаҳарда юлдузи иссиқ бир ой юзлини кўриб қолдим. Қизиғи шундаки, мен уни танидим. У билан бу умрим бино бўлганидан бери учрашган эмасман, лекин негадир юз йил, эҳтимол, минг йил бурун у мен билан бирга яшагандек туюлди. Уни қошу кўзидан танидим. Кўзлари минг йиллик хотиротнинг ифодасини айтиб турарди. У ҳам мени кўзларимдан таниб, тўхтади. Иккаламиз ҳам сукут сақлаб гаплашдик. Сўнг мен тўсатдан хотиним... болаларим борлигини эсладиму ўз туйғумдан уялиб кетдим. Ой юзлига меҳрим тушишидан қўрқиб, туйғумни жиловлаб олдим. Ой юзлини, гарчи у билан орадан минг йиллар ўтиб учрашганимизга қарамай, тезда тарк этдим. Туйғумга эса, «ҳа, менда бир лаҳзалик заифлик пайдо бўлди, у ҳозир ўтади-кетади» дедим. «Ёлғон!» деб қичқирди туйғу. — Сен қўрқоқлик қилдинг. Бу туйғу мени бир неча кунлар таъқиб қилди, ёқамдан олиб, қанчалар сўкканини айтсанг. Бир куни у тонгда мени тарк этиб, шеърга айланиб кетди. Унинг дард-фарёди мана шу сатрларда жамулжам бўл.

Олтин сукунатдан яралган дилбар Нурли нигоҳингдан кўзим қамашди Андак бир ҳаё-ку, ҳисни жиловлар: Шошма, дер ул рўё, кўзинг адашди.
— Тўхта, тўхта. Бу туйгу бир сени эмас, кўпларни ҳам безовта қилиб келади, — деди чумоли. — Балки у сени бир умр тергаб, безовта қилар. Қўй, у ҳеч бўлмаса шу билан аламидан чиқсин.
— Мен бу туйғуга ўта қаттиққўл бўлганимни тан оламан. Лекин мени бошқа бир туйғу боис юрагим қўрқоқ, титрайдиган бўлиб қолган. Мени мана шу кўп ташвишга солади.
— Кўринишингдан ҳечам қўрқоққа ўхшамайсан-ку, — деди чумоли. Кўнглингда ҳам қўрқув сезмадим.
— Йўқ, бу гапинг нотўғри, — дедим мен. — Яқинда танишлардан бири менга, «сен қўрқоқсан» деб айтди. У буни муштлашиш баҳонасида айтди. Мен ўзимнинг қўрқоқ эмаслигимни исботлаш учун у билан муштлашдим. Ўша кеч уйга хурсанд бўлиб қайтар эканман, бирдан аҳмоқона иш қилиб қўйганимни англадим. Ахир, аслини олганда, мен юрагимда анча-мунча қўрқув сезаман. Уйим кўча бошида, автомашиналар тинимсиз ўтиб туради. Болаларим кўчага чиқиб ўйнашса, ҳар сафар улардан хабар оламан. Уларнинг машина йўлига чиқиб кетишидан қўрқаман. Уйимизга иссиқ-совуқ сув, газ, яна аллақандай қувурлар ўтказилган. Ўтган ёзда ана шу қувур қудуғига эридан эндигина ажралган ёшгина бир жувоннинг якка-ю-ягона ўғли тушиб кетиб ўлди. Унинг фарёдини эшитганимдан бери, менинг ҳам юрагимда қўрқув пайдо бўлган. Хотиним дамқисма деган дардга гирифтор бўлган. У то бешинчи қаватдаги хонамизга ҳар чиққанида, нафаси қайтиб, жуда қийналади. Мен сафарга кетсам, уйда қолган хотиниму, тўртта норасида гўдакни ўйлаб, қўрқиб тураман. Баъзан хотиним телевизорни кўриб, ваҳима қилади: «Дунёда озиқ-овқатдан ҳам кўра ўқ-дори кўп экан», дейди. Унинг ваҳимаси мени яна ташвишга солади. Ахир унга ортиқча ҳаяжонланиш мумкин эмас. Нафаси қисади-да. Эҳтимол, кўнглимдаги бундай қўрқув туйғусини сен чумоли кўрмаётгандирсан. У аллақачон кўнглимда эмас, қонимга сингиб кетган. Бу қўрқувлар олдида муштлашиш масаласи нима деган гап ахир. Яна нима дей сенга, чумоли. Ана, қуёш ҳам ботиб қолди, вақтимиз ҳам тугаб қолди.

Чумоли менинг гагшаримни эшитиб бўлгач, шундай деди:
— Бу қўрқувнинг чорасини билмадим, одамизод. Балки буни чумолилар мажлисида кўриб чиқармиз. Агар жавоб топсам, албатта сенга етказаман. Хайр, ана, куёш ботиб кетди. Хайр!

У шундай деди-ю, кўз олдимдан ғойиб бўлди.

Ана шундан бери чумолини учратганим йўқ. Ҳар гал қишлоққа борсам, албатта қабристон йўлига ўтаман. У ердан ўрмалаб кетаётган ҳар бир чумолига диққат билан тикиламан. Тириклик ғамида юрган ҳар бир чумолини «бу ўша таниш чумоли эмасмикан?» деб ўйлайман. Мана, неча ёз ўтди, ундан эса дарак йўқ. Лекин уни умид билан кутганим ҳам йўқ. Негаки, бир кунмас бир кун мен ҳам чумоли бўлиб, унинг олдига жўнайман...