OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНодирабегим Иброҳимова
Асар номиАзон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нодирабегим Иброҳимова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Азон (ҳикоя)
Нодирабегим Иброҳимова

Аеропорт гавжум эди. Ҳамма қаёққадир шошар, негадир барча шодон, титроқ қўллари билан ҳассасини тутганча, хира тортган кўзларини одамларга тикиб ўтирган бу чол билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Баъзи кўнгли бўшлар эса унинг ёнидан ўтаётиб чақа ташлаб кетишарди, лекин чол тангаларга қараб ҳам қўймасди. У бу ерга кўп келади. Айниқса, охирги пайтларда тонгдан кечга довур шу ерда. Қуёш нурларини баланд бинолар остига ола бошлагач, истамайгина уйи томон йўл олади. Келини Лизага билдирмай хонасига қамалади. Тунлари эса хотиралар қийнайди. Негадир отаси ёдига тушаверади. «Илоё, ўзингдан қайтсин», деб ўткир нигоҳларини тиккан эди у. Ҳартугул, отасига унча қийин бўлмаганди. Исмат «керакли жойларга» отасининг «қилмишлари» ҳақида етказди: ўтмиш сарқитлари — болалигида онаси узун кечаларда мутолаа қилиб берадиган дилгир ғазаллар, диний ўгитлар, ҳадисларни хуфёна сақлашини сотиб берди. Туғри, ўша пайт «сотдим» демасди, нима бўпти, отамми, бошқами, муҳими, давлатни битта душмандан тозаладим, деб ўйларди. Партиям учун хизмат қилдим, деб мажлисларда кўкрагини керарди, ҳаммага «намуна» бўларди. Отасини кўп сиқувга олишди. Ўртага онасини тиқиштиришгач, Маҳкам ота индамай имзо чекди. Ҳа, барибир отасига ўзи каби қийин бўлмаганди, ахир ёнида ҳамдардлари бор эди. Онаси суянч бўлди, опаси, укалари тиргак эди, ёлғиз қўйишмади то қамоқда вафот этгунча… Исматни-чи? Ёнида кими бор? Хотинга ёлчимади. Тўрт марта уйланди. Тўғри, улар ўзбек эдию… лекин қандайдир Энахонга ўхшамасдилар. Энахон бошқача эди, Исмат буни кеч англади, жуда кеч…

Исмат бўғилиб деразани очди. Қуёшнинг чиқишини кута бошлади. Шу пайт қаердандир азон овози эшитилди. Исмат аввалига англамади. Кейин туйқус эсига тушди. Отаси азон айтарди. Охирги марта қачон эшитганди? Эллик йилдан ошди-ёв. Балки ундан ҳам кўпдир… лекин унутмапти, унутолмайдиям. Ҳа, отаси масжидда азон айтарди. Овозида юракни энтиктирувчи бир нима бор эди. Кейин масжидлар йўқотилди. Исмат ҳам қанчасини аниқлаб, буздиртириб ташлади. Қизик, бу овоз қаердан келаяптикин? Ё қулоғига чалиняптимикин, билолмади…

Исмат бирдан набирасини кўргиси келиб кетди. Йигирма йил бурун ота-онаси уни ҳарбий интернатга юборишганди. Аввал кўп келарди. Улғайгач, келмай қўйди. Яқинда уйланди, деб эшитди. Лекин Лиза буни тўйдан қайтгач айтди. Исмат барибир хурсанд бўлди. Авлодининг давомчиси шу ахир…

Исмат учта хотинидан ҳам фарзанд кўрмади. Охири, сал енгилтакроқ бўлса-да, тўртинчисига уйланди. Ундан ўғил кўрди. Ва кўп ўтмай хотини ўғлини ташлаб, Исматнинг бор-будини шилиб ўйнаши билан қочиб кетди. Исмат ўғли билан шумшайиб қолаверди. Уни катта қиламан, деб кирмаган тешиги, қилмаган иши қолмади ҳисоб. Оқибат нима бўлди? Ўғли ҳам онасига тортди. Дадаси топган пулга ичадиган ғирт такасалтанг бўлди. Ҳарҳолда, Лизага уйлангач, сал одамга ўхшаб яшай бошлади. Исмат ўғлини кам кўради. Ўғли ҳам уни йўқлаб хонасига кирмай қўйган.

Исмат билади… бу барча гуноҳлари учун берилаётган жазолар. Бу дунёдагиси шу бўлса, охират ҳақида ўйласа юраги орқага тортади. У қўрқади, жуда қўрқади… Оғир хаёллар билан тонг оттирган Исмат ўсиб кетган соқолини силади-да, қандайдир ҳафсала билан қиртишлай бошлади. Кейин униқиб кетган кийимини алиштирди, қўли билан дазмол қилган бўлди. Ва яна аеропорт томон йўл олди. Нега бу ерга келаверади, ўзи ҳам тушунмайди. Балки турли давлатлардан турли хил одамларнинг ташрифи, уларнинг ўз юртлари нафасини олиб келаётгани учундир. Ахир улар орасида Ўзбекистон ҳам бор… Исмат доимий ўриндиғига чўкди. Қўлига китобини олиб, қийшиқ кўзойнагини тақди: сўнгги пайтларда Машрабни ўқийди. Асли ўзининг тилида бор-йўқ китоби ҳам шу. Икки йил бурун худди мана шу ерда бир ўзбек отахон берган эди. Аввалига чанг босиб ётди. Аммо кейинчалик бу мисраларсиз туролмай колди. Онасининг оҳанги ёдига тушаверади. Соҳир овозда шу ғазалларни ўқир эди-я…
— Отахон, ўзбекмисиз? — бир чолга, бир унинг қўлидаги китобга қараб турган нотаниш йигит унинг хаёлларини тўзғитиб юборди.
— Ҳа… — Исматнинг юраги тез-тез уриб кетди. — Ўзбекман…
— Самолётдан тушибоқ, дунёнинг у чеккасида ўз юртинг одамини учратиш… — йигит севиниб кетди. Кейин қўлини узатди. — Исмим Азамат, ота, сизга Ўзбекистондан алангали саломлар!

Исмат ўрнидан турди.
— Ўзбекистон… мустақил бўлди, дейишади, ростми, ўғлим? — Исматнинг кўзлари ғилтиллади.
— Албатта. Анчадан бери бормаган кўринасиз?
— Ҳа… кўп бўлди.

Йигит жуда одамохун, хушчақчақ экан. Ўзбекистон ҳақида анча сўзлаб берди. Кейин эса кетди. Бу ерга иш билан бир ҳафтага келган экан. Исмат яна оғир хаёллар ичида қолди.

Бир ҳафта ўтгач, Исмат йигит қайтар, деб саҳардан бери одамларни кузатарди. Мақсади, унга бир омонат гап етказиш… Энахон ва ўғли Абдукаримга…
— Ие, ота сизмисиз? — ён томондан келган овоздан Исмат қувониб кетди. Бу Азамат эди.
— Ўғлим, сени кутаётгандим. Юртимга, бир одамга омонат гапим бор…

Азамат ўйланди.
— Ота, ўзингиз бора қолганингиз дурустдир, балки. Она юртга кетиш вақти етди, энди эркинмиз. Мен билан кетинг, ота.

Исмат ерга қаради.
— Кетолмайман, ўғлим…

Азамат чолнинг елкасидан тутди.
— Ўзим олиб кетаман, отахон. Савоб ҳам керак. Харажатини ўйламанг…

Исмат ярқ этиб унга қаради. Гўё ҳозир юртини кўрадигандек юраги ҳапқириб кетди.
— Ахир… ўғлим, сенга тағин оғирлигим тушиб…
— Оманатингизни ўзингиз етказасиз, ота. Кейин қайтаман, десайиз ўзим кузатиб юбораман.

…Исмат самолётда ўтирар экан, негадир туш кўраяпман, деб ўйларди. Наҳотки… бир неча соатлардан сўнг…
— Ота, агар бобом ҳаёт бўлганларида уларга яхши ҳамсуҳбат олиб келаётганимдан қувонардилар…
— Ҳа, кексачилик, ўғлим.
— Бобомни кўриш насиб қилмаган-да, ота. Улар отам икки яшарлигида оламдан ўтганлар. Худога шукур, бувим ҳаётлар. Бобом вафот этгач, турмуш қилмай, отамни ўстирдилар. Кўп қийналганмиз, дейдилар. Ҳозир дадам ҳам, онам ҳам уларни еру кўкка ишонишмайди. Яқинда Ҳажга юборишмоқчи…
— Ниятларига етишсин, — Исмат Энахонни эслади. Қизиқ, у турмушга чиққанмикин? Шунча берган азобларига миқ этмай чидарди. Лекин бир кун ғазабдан титраб пичирлаган: «Илоё, мана шу қўлларингиз…». Йўқ, қарғамаганди, ҳатто гапини тугатмаганди ҳам. Ўшанда Исмат Қуръони Каримни улоқтирганди!
— Фарзандларингиз борми, ота? — ийманиб сўради Азамат.
— Ҳа, бор… Икки ўғлим бор. Бири у ерда, бири бу…
— Дийдор ширин-да, — Азамат шундай дея бироз ўтиб уйқуга кетди.

Исмат яна азобли хотиралар гирдобида қолди. Отаси қамалгач, ҳамма қариндош-уруғи ундан юз ўгирди. Фақат Энахон негадир уни ташлаб кетмади. У қандайдир умид билан яшарди. Эрим бир кун иймонга кирар, дерди. Баъзан юрак ютиб «Оллоҳга шак келтирманг», деб Исматга сўз қотарди. Кетидан калтак ерди. «Агар тепадагилар эшитса борми, сен динпарастга қўшиб мениям йўқ қилишади. Кимсан Исмат Холтоевнинг хотини шундай деса? Йиғиштир сафсатангни!». Исматнинг «сири» барибир очилди. Бир икки ғаламислар Исмат уйида Қуръонни сақлашини ошкор қилишди. Исматнинг ўзи ҳам билмасди бу ҳақда. Энахонга она мерос бу китобни кўрпа қатидан излаб топди-да, хотинининг қўлига осилиб ёлворишига қарамай, кўчага — дарахт ёнидаги анҳорга улоқтирди. Бўтана лойқа сув уни бир ямлаб ютди. Энахон шунда тушунди: бари умидлари бекор экан… Исмат барибир қутулиб қолмаслигини англади. Энди уни тинч қўйишмайди. Ишонишмайди… шунча йиллик хизматлари бир пул! У қочди. Ҳа, бор пулини чўнтакка жойлаб ҳеч кимга ҳеч нима демай тунда уйидан чиқиб кетди. Дарвозадан чиқар экан, ичкаридан ўғлининг уйғониб хархаша қилганини эшитди. Энахон уни овутди. Исматнинг негадир ичкарига киргиси, ўғлини бағрига босгиси келди. Лекин оёқлари кўча томон бошлади.
— Кеб қолдик, ота, — Азаматнинг ўктам овози Исматни кўзини очишга мажбур килди. — Ўзбекистондамиз!

Исмат негадир қўрқа бошлади, қўллари титради. Онаси Исмат 4-5 ёшлигида мусичага озор берма, қўлларинг қалтироқ бўлиб қолади, деб уқтирарди. Исмат бу гапларга амал қиларди. Ўртоқлари рогаткада мусичага тош отганини кўрса, улар билан ёқалашарди ҳам. Ҳа, қушларга озор бермасди Исмат. Лекин… неча-неча оилаларнинг шўрини қуритди, қанча мусичадек беозор болаларни тирик етим қилди.

Самолёт қўнди. Исмат Азаматнинг ёрдами билан зиналардан пастга тушаркан, унутилиб кетган хаводан тўйиб симирди. Атрофга қоронғулик чўккан эди. Афсус, қуёшни кўрмади-да.
— Уйимиз олис эмас, ота, яна бироз қийнайман сизни. Боргач дамингизни оласиз. Ҳойнаҳой ҳамма кутиб ўтиргандир. Айниқса, қизчам…
— Оилалиман, дегин…
— Ҳа, бир ўғил, бир қизим бор, худога шукур.

«Худога шукур»! бу жумлани қанча бўлди эшитмаганига. Онаси ҳар гапининг бирида такрорларди. Ҳатто бир кун Исмат дарахтдан йиқилиб қўли синганда ҳам «худога шукур-эй, бошқа еринг синмапти», деб бағрига босганди. Исматнинг кўзлари намланди. Машинадан тушишгач, Азамат чолни суяб олди. Исмат тинмай қалтирар, юраги гуп-гуп урарди.
— Мана, келдик, ота…

Исмат қаршисидаги баланд дарвозали нақшинкор уйга қаради. Қўнғироқ чалингач, ичкаридан хушрўй бир жувон кўринди.
— Ассалому алайкум, дадаси, яхши келдингизми? — сўнг эса меҳмонга юзланиб у билан қуюқ саломлашди.
— Ваалайкум ассалом, яхши ўтирибсизларми? — Азамат ичкарига киргач, хотинига имо қилди — «Яхшилаб дастурхон туза!».

Келин уларни меҳмонхона томон бошлади. У ерда Азаматнинг ота-онаси ўғлини кутиб ўтирарди. Уларнинг худди анча йиллар кўришмагандек қучоқлашиб дийдорлашишларидан Исматнинг юраги орзиқиб кетди. Азаматнинг дадаси меҳмонни тўрга бошлади. Шу пайт эшик очилиб, бир қўлида чойнак кўтарган келин ва унинг ёнида бир кекса онахон кириб келишди.
— Бувижон! — Азамат улар томон ошиқди.

Исмат бу кампирни қаердадир кўргандай бўлди. Бироқ эслолмади… Хонани кузатар экан, бирдан кўзи деворда осиғлиқ турган эски бир суратга — Энахоннинг ва ўзининг суратига тушди. Исмат карахт бўлиб қолди. Қўллари титрар, чуқур-чуқур нафас олар, атрофдагиларнинг гапларини умуман англамасди. Шу пайт таниш овоз эшитилди.
— Келинг, меҳмон…

Исмат овоз келган тарафга аланглади. Қараши билан эса Энахонни таниди. Аввалига Энахон ҳам бироз тикилиб турди. Сўнг бирдан ҳушини йўқотиб ерга йиқилаёзди. Азамат уни суяб қолди. Ҳамма улар томон ошиқди. Энахонни олиб чиқиб кетишди, ғала-ғовурдан фойдаланган Исмат эса сирғалиб дарвозадан чиқиб кетди.

Маҳалла кимсасиз… Исмат сал нарида оқаётган кичик анҳорчага кўзи тушди. Ўша гуноҳига гувоҳ анҳор-ку! Исмат сув ёқалаб кетаверди. Қаерга ва не мақсадда, билмасди. Энахонга аталган омонат гапи эса тилида тинмай айланарди:
— Мени кечир, Энахон… кечир нобакор отангни, ўғлим…

Исмат бир уй қаршисида тўхтади. Шу пайт у ердан азон овози эшитилди. Ҳа… бу ер масжид, хуфтон намозига чорлов эди.
— Ота, сизми, ота?! — Исмат азондан сеҳрланди. — Ҳалиям шу ердамидингиз, отажон? Ниҳоят топдим сизни. Тўхтаманг, ота, азон айтишингизни қўмсаб келдим…

Исмат ерга чўкди. Бир сиқим тупроқни олмоқчи бўлиб ерга кафтини урди. Бироқ титроқ бармоқларини қанча жамлашга уринмасин, тупроқ тўкилиб кетаверар, бари уринишлари зое кетарди…