OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНормат Йўлдошев
Асар номиЁниқ қалб мунаққиди
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Нормат Йўлдошев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди
Ҳажм24KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ёниқ қалб мунаққиди
Нормат Йўлдошев

Атоқли мунаққид Озод Шарафиддинов адабиёцҳунослик майдонига ўтган асрнинг эллигинчи йилларида кириб келди. Бу хусусда, улуғ ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ушбу сўзларини эслаш жоиздир: «Озод Шарафиддинов адабиёт илмига, аниқроқ қилиб айтганда, адабий танқидчиликка ёниб кирди ва ҳозиргача мана шу фазилатни сақлаб қолди». Дарҳақиқат, Озод Шарафиддинов умрининг охирига қадар ушбу эътиқодида собит туриб: адабиётга, ижодга, ҳақиқатга садоқат ила хизмат қилди.

«Замон, Қалб, Поезия»

Озод Шарафиддинов «Замон, қалб, поезия»дан то «Ижодни англаш бахти»га қадар йигирмадан ортиқ китоблар ёзди. Ўзбек адабий танқидчилигида ўзига хос мактаб яратди.

Мунаққид тоталитар тузум даврида, эллигинчи йилларда филология фанлари доктори Умарали Норматов қайд этганидек, «устози Абдулла Қаҳҳордан руҳланиб адабиётдаги халтурага, ўртамиёначиликка қарши мардона кураш олиб борди. 40-50-йилларда кенг тарқалган ўта сиёсатлашган, нуқул мустабид тузум мафкураси тарғиботига қаратилган қуруқ риторика, ваъзхонликдан иборат шеъриятнинг астар-аврасини чиқариб ташлади. Улардан кўплаб мисоллар келтириб: «Шеърми шу асарлар, поезия борми уларда», деган кескин саволни қўяди ва теран илмий таҳлил, рад этиш мумкин бўлмаган далил ва мантиқ асосида, «йўқ», дея жавоб бера олади. 50-йиллар шароитида бундай фикрни айтиш мислсиз жасорат эди». Ҳақиқатан ҳам Озод Шараффиддинов «Замон, қалб, поезия» китобида энг номдор шоирларнинг шеърларидан мисоллар келтириб, уларнинг камчиликларини холисона исботлаб берган.

Мунаққид: «Поезия нима? Унинг моҳияти нимадан иборат, чинакам санъат, чинакам поезия, чинакам истеъдод қандай бўлиши керак?» деган саволларга ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаёқ жавоб берган эди. «Чинакам санъат, поезия ҳамиша санъаткорнинг воқеликка янгича муносабатидан, янгича қарашидан, янгича фикрлашидан бошланади... Чинакам шоир, биринчи навбатда, мутафаккирдир, ҳаёт ҳақида фикрловчи, унинг устидан ҳукм чиқарувчи файласуфдир.

Чинакам поезия эса ҳаммавақт ҳис-туйғуга айланиб кетадиган фикрдан ёки фикр­га айланган ҳис-туйғудан иборатдир".

Мунаққид шеъриятга муносабатида жаҳон адабиётининг энг юксак мезонлари асосида ёндашди. Чинакам поезия билан назмбозликни бир-биридан фарқ қилиш кераклигини, поезия-талантдан бошланишини, талант эса ҳаётнинг ҳеч ким кўрмаган томонларини кўра олиш қобилияти эканлигини ҳар жиҳатдан асослаб берди.

«Замон, қалб, поезия» китобига кирган «Поезиянинг бағри кенг», «Чаманзорда гуллар кўпайсин» мақолаларида, лирик қаҳрамон муаммоси ҳақидаги баҳсу мунозараларга ойдинлик киритди. Шеъриятимизда овозлар, созлар ҳар хил жаранглашини, ҳар бир шоир ўз овози ва созига эга бўлиши кераклигини Миртемирнинг халқона, Асқад Мухторнинг интеллектуал шеърияти мисолида асослаб берди. «Замон, қалб, поезия» ниҳоясида мунаққид: «Мен фақат поезиямизнинг ижобий тенденцияларини ва уларнинг ўсишига халақит бераётган айрим ҳодисаларни таҳлил қилдим», деб ёзган эди.

Табиийки, Озод Шарафиддиновнинг айрим номдор шоирлар ҳақидаги танқидий мулоҳозалари кўпларга ёқмади. Бунинг оқибатида, мунаққид маломатларга ҳам дучор бўлди. Аммо ўз эътиқодидан қайтмади. Энг муҳими, Озод Шарафиддинов олтмишинчи йилларда кириб келган истеъдодли ёшларни ҳимояси остига олди. Абдулла Ориповнинг илк шеърларига «Оқ йўл» тилади. «Ҳаёт билан ҳамнафас» мақоласида Эркин Воҳидов шеъриятини таҳлил қилди. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» қиссасига тақриз ёзди. Шу аснода, мунаққид адабий жараённинг қайноқ нафаси билан яшади.

Бугунга келиб замон, давр ўзгарди. Адабиётга қараш ҳам ўзгарди. Кўпгина ижодкорларнинг шўро даврида яратган асарлари эндиликда, адабий тамойилларга тўғри келмай қолди. Аммо Озод Шарафиддиновнинг аксарият мақола ва китоблари бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотган эмас. Масалан: «Биринчи мўъжиза» китобидаги Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов ижоди ҳақидаги портретлари бугунги адабиёт учун ҳам муҳим манбадир.

Озод Шарафиддинов «Замон, қалб, поезия»дан кейин яратилган «Адабий этюдлар» (1968), «Истеъдод жилолари» (1976), «Талант – халқ мулки» (1979), «Адабиёт – ҳаёт дарслиги» (1980), «Ҳаёт билан ҳамнафас» (1983), «Гўзаллик излаб» (1985), «Абдулла Қаҳҳор» (1988), «Ҳақиқатга садоқат» (1989) китобларига қадар адабиёцҳунос, мунаққид сифатида ўз эстетик принципларига содиқ қолди.

«Истиқлол Фидойилари»

1991 йил сентябрининг илк тонги миллат китобига зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. Миллатнинг асрий орзулари ушалди. Барча миллат фарзандлари сингари Озод Шарафиддинов ҳам мустақилликни қучоқ очиб кутиб олди. Мустақиллик барча ижодкорлар сингари мунаққидга ҳам чексиз имкониятлар эшигини очди. Мунаққид биринчи галда, кўнглидаги энг буюк армони – миллат истиқлоли йўлида шаҳид кетган, ноҳақ қатағонга учраган адибларнинг муборак номларини оқлаб, асарларини халққа қайтаришдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди.

1969 йилда Чўлпон, Фитратлар қаторида ноҳақ қатағон қилинган шоирлар шеърларидан жамланган «Тирик сатрлар» китоби бевосита Озод Шарафиддинов раҳбарлигида нашр этилди. Аммо бу китобнинг бошига қийин кунлар тушди. Бу ҳақда мунаққид «Тирик сатрлар»нинг қийин қисмати» мақоласида муфассал фикр юритган.

Озод Шарафиддинов мустақилликнинг илк кунларидан истиқлол фидойилари ҳақида туркум мақола ва рисолалар ёзди. Айниқса, Чўлпон ижоди мунаққид ижодининг марказида бўлди. 1991 йилда нашр этилган «Чўлпон» рисоласида шоирнинг ҳаёти ва ижодий мероси илк бор монографик йўсинда ўрганилди. «Истиқлол фидойилари» китобида Туркистон истиқлоли фидойилари: Мустафо Чўқаев, Отажон Ҳошимов ҳаёти, ижоди, тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Чўлпоннинг адабий-танқидий қарашлари кенг таҳлил назаридан ўтказилади.

Чўлпонни англаш борасида мулоҳаза юритиб, мунаққид шундай фикрни келтиради: «Чўлпонни англаш – сўз санъатининг ботиний қонуниятларини теран англаш, уларнинг шоир ижодида қандай зоҳир топишини англашдир. Чўлпонни англаш – унинг умумбашарий ғояларини, унинг юксак инсоний туйғуларини юракка сингдириб олишдир. Чўлпонни англаш-Ватанни, кўҳна Туркистонимизни Чўлпон кўзи билан кўриб, Чўлпон юраги билан сева билмоқдир».

Озод Шарафиддиновнинг ўзбек профессонал адабий танқидчилигига тамал тошини қўйган Отажон Ҳошимов ҳақидаги мақоласи ҳам характерлидир. Мақолада мунаққиднинг ҳаёти, ижоди, тақдири қаламга олинган. Москва, Санкт-Петербург шаҳарларининг нуфузли олий даргоҳларида таҳсил олган, Осфалд каби шарқшунос олимлар назарига тушган Отажон Ҳошимов 20-йилларнинг ўрталарида адабиётга кириб келган, 30-йиллардаёқ илмий жамоатчилик эътиборига тушган эди.

Отажон Ҳошимов ҳаёти ва ижодининг мураккаб, зиддиятли томонлари, илк адабий-танқидий мақолалари, Ўзбекистон адабиёти, маданиятини юксалтиришдаги хизматлари Озод Шарафиддинов томонидан кенг қамровли таҳлил қилинади. Мунаққид Отажон Ҳошимовнинг «Диалектика ва диалектика усулида ўйлаш», «Адабий мерос ва Чиғатой адабиёти» мақолаларини, фолклор бўйича тадқиқотларини зукколик билан таҳлил назаридан ўтказади.

«Ижодни Англаш Бахти»

Ушбу китобни янги ўзбек адабиётининг ярим асрлик манзараси деб изоҳлаш мумкин. Китобга ёзган сўзбошисида Умарали Норматов ҳақли равишда таъкидлаганидек, «... Озод Шарафиддиновнинг сўнгги йилларда яратилган адабий-танқидий асарлари, суҳбат ва бадиалари (адабий-танқидчилик асарлари) мустақиллик даври миллий адабиётимизда, маънавий ҳаётимизда жиддий ҳодиса бўлди, дейиш учун тўла асос беради...»

Дарҳақиқат, истиқлол Озод Шарафиддиновга ижод имкониятларини кенг очди. Йиллар давомида қалбида ўйлаб, ёзишга ундаган оғриқли нуқталарини баён қилишга имконият берди. Шу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ юзага келган – «Ижодни англаш бахти»нинг илк рукни – «Истиқлол нурларида эврилаётган адабиёт»да янги миллий адабиётимизга тамал тошини қўйган – Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Ҳамза ижодининг янги қирралари қаламга олинади. Жадид адабиётининг ўзига хос хусусиятлари белгилаб берилади.

Озод Шарафиддиновнинг ижод ва ижодкорнинг адабиёт ҳамда жамият олдидаги бурчи тўғрисидаги қирралари, айниқса, суҳбат-мақолаларида ёрқин ифодаланган. Устоз истиқлолдан кейинги йилларда жуда кўп адабиёцҳунослар, ёзувчилар, журналистлар билан адабий ҳаёт ҳақида қилган суҳбатларида ҳозирги адабий жараёндаги муаммоли масалаларни қаламга олди. «Истиқлол адабиёти энг илғор адабиётдир...», «Боқий мўъжиза», «Истеъдод билан учрашиш байрам» каби мулоқотларида юксак бадиий асарлар яратиш учун ижод эркинлиги ва, энг муҳими, юксак истеъдод бирлашгандагина, бирор натижага эришиш мумкинлиги таъкидланади.

Мустақиллик даврида адабиётда ижобий қаҳрамон, яъни, замонамиз қаҳрамонини яратиш масаласи қўйилди. Мунаққид адабиётнинг ижтимоий функцияси ҳақида гапирар экан, қаҳрамон масаласига ҳам ўз муносабатини билдириб ўтган: «Адабиётнинг асосий предмети – инсон. Бу жиҳатдан адабиёт дунёдаги энг демократик ҳодисалардан бўлмоғи керак. Унга шоҳ ҳам, гадо ҳам, ёш ҳам, қари ҳам, чолу кампир ҳам, буюк саркардаю оддий аскар ҳам, давлат арбоби ва талаба ҳам, дунёдаги машҳур актрисаю турли сабаблар билан танини сотиб тирикчилик қиладиган фоҳиша ҳам барибир. ...Хуллас, адабиётда инсон ёхуд қаҳрамон муаммосини самарали ҳал қилмоқ учун, биринчи навбатда, фалсафий планда инсон концепциясини мукаммал ишлаб чиқмоқ керак...» Ҳақиқатан, истиқлолдан кейинги йилларда яратилган бадиият намуналарида инсоннинг мураккаб руҳий оламини кашф этиш тамойиллари кўзга ташланаётир. Бу ҳодисаларни Эркин Аъзам, Омон Мухтор, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам каби адиб­лар насрида: Усмон Азим, Икром Отамурод, Баҳром Рўзимуҳаммад, Фахриёр каби шоирлар шеъриятида кузатиш мумкин.

Озод Шарафиддинов назаридан, адабиётда йилт этган ҳодиса-да, четда қолмас эди. Айниқса, адабий танқидчилик бобида айтилган фикрлар бугунги танқид учун ниҳоятда муҳимдир. Нозиктаъб адабиёцҳунос Иброҳим Ғафуров ўринли таъкидлаганидек, «Озод Шарафиддинов – туғма танқидчи эди». Озод Шарафиддиновнинг танқидчилик касби ҳақидаги мақоласи 1976 йилда ёзилган. Ваҳоланки, мақола бугунги кунда ҳам танқидчи бўламан, деган ижодкор учун маълум даражада дастур вазифасини ўтайди. Танқидчи қандай бўлиши керак, деган саволга мунаққид шундай жавоб беради: «Танқидчи бўлишни истаган одам адабиётни бутун вужуди билан севиши, унга сидқидилдан фидойилик билан хизмат қилиши лозим. Чинакам сўз санъати танқидчи учун оламдаги энг муқаддас, энг қутлуғ нарса бўлмоғи даркор! ...Танқидчининг адабиётга муҳаббати унинг адабиёт ютуқларидан қувона билишида, адабиёт учун ифтихор туйғусида, унинг қусурларидан изтиробида, адабий асарга эҳтиромли муносабатида, санъаткорга нисбатан ички иззат-икромида намоён бўлади...» Озод Шарафиддинов танқидчи учун ниҳоятда зарур бўлган уч элемент – эстетик туйғу, фикрлаш қобилияти, сўз санъатига нисбатан эҳтиросни алоҳида таъкидлаб, буларсиз танқидчи таланти тарбия топмаслигини асослаб беради.

Озод Шарафиддинов мунаққидлик фаолияти давомида ҳақли равишда қаҳрамонга айланди. Нафақат ижоди билан, балки амалий фаолияти билан ҳам. Адабий ҳаётимизнинг бирор нуқтасида йилт этган истеъдод бўлса Озод Шарафиддиновнинг назаридан четда қолмади. Буни бугунги кунда танқидчилигимиз қиёфасини белгилаб бераётган – Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Иброҳим Ҳаққулов, Дилмурод Қуронов, Аҳмад Отабоев, Баҳодир Карим, Раҳмон Қўчқор каби танқидчилар ҳақидаги фикрлари тасдиқлаб турибди.

Озод Шарафиддинов «Адабий танқид ва янги тафаккур» мақоласида муста­қилликнинг адабий танқидга берган имкониятларидан тўлқинланиб сўз юритади: «Мустақиллик адабиёт каби адабий танқидда ҳам эски қолиплар ва исканжаларни улоқтириб ташлаб, эркин ижод қилишга имкон яратди».

Ҳозирги адабий жараёнда модернизм, абсурд адабиёти билан боғлиқ баҳслар давом этмоқда. Бу ҳақда Озод Шарафиддиновнинг «Модернизм – жўн ҳодиса эмас...» мақоласини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айрим адабиёцҳуносларнинг мазкур масалага бирёқлама муносабат билдирганини эътиборга олсак, Озод Шарафиддиновнинг бу муаммога холисона ёндашганини мақола сарлавҳасидан-да англаймиз. Мунаққид назарида адабиётдаги барча оқим ва йўналишлар яшашга ҳақли. Қачонки, у ўзининг адабиёт олдидаги, жамият ва халқ олдидаги вазифасини унутмаса. Ҳар бир даврнинг ўз модерн ижодкорлари бўлади. Масалан, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Ойбек ҳам ўз даври учун модерн ижодкорлар бўлишгани маълум. Ҳозирги миллий адабиётимизда тобора нашъу намо топиб бораётган модерн адабиётининг келажагига катта умид боғлаган мунаққид суҳбатни: «Яшасин эркинлик, йўқолсин қолиплар», деб хулосалайди.

«Ижодни англаш бахти» китобида Озод Шарафиддиновнинг устозлари – Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад ҳақидаги этюдлари китобхонлар учун қимматли маълумотлар беради. Энг муҳими, улуғ адиблар ҳаёти ва ижодининг ўқувчига номаълум бўлган жиҳатлари ёрқин, юморга бой, образли тилда ифода этилади.

Юқоридаги мулоҳазалардан чиқадиган хулоса шуки, Озод Шарафиддиновнинг ҳаёт ва ижод йўли, нафақат, адабиёт остонасига қадам қўяётган ҳар бир ижодкор учун, балки, ҳар бир инсоннинг маънавий камолоти учун ибратли йўл ҳисобланиши, шубҳасиз.