OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНормурод Норқобилов
Асар номиБўрон қопган кун (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нормурод Норқобилов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм29KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бўрон қопган кун (ҳикоя)
Нормурод Норқобилов

Келинининг аломат феъли бор — ҳуши тоблаган кунлари, ҳе йўқ-бе йўқ, бирдан тушлик кўтариб келиб қолади. Сўнг эса, шу гапни иддао йўсинида такрор этади: «Иккитагина сомсага қорнингиз тўяди. Шу иссиқда овора бўлишим шартмиди». Қайнонаси Эшқулнинг сомсасидан емаслигини яхши билади. Билгани боис, бу гапни таъкидлашни хуш кўради.

Санам хола эса келинининг ғамхўрлигидан қувонмаганидек, гапидан ҳам ранжимайди. Бу вақтда унинг кўзи наридаги дўконларда, аниқроғи, эркакларда бўлади.

У дўконда, қатор осилган гўшт нимталари ортида гумбаздай бўлиб ўтирган Баҳром қассобга, манглайи тиришиб тандир ковлаётган Эшқул сомсапазга, кир-чир столни тевараклаб, қарта ўйнашаётган бошқаларга бир-бир боқаркан, сўнгра аста дейди:
— Ҳамманинг кўзини ўйнатиб, келишинг шартмиди...

Кутубхона пешайвонига қўйилган узун ёғоч ўриндиққа омонатгина чўккан келини иссиқдан нолиркан, бепарво оҳангда тўнғиллайди:
— Қарамай, кўзлари тешилсин! Нима, уларни деб энди кўчадаям юролмаймизми?

Келинининг бу гапидан оғирсиниб, унга бошдан-оёқ кўз ташлайди. Жувоннинг бўлиқ қомати ғашини келтираётганини ҳис этиб, тағин эркакларга юзланади. Яна ўша ҳол — у қараши билан Баҳром қассоб кўзларини олиб қочади, Эшқул сомсапаз, қўлида узун темир кўсов, қирларни томоша қилаётган бўлади. Негадир улар бу хоксоргина аёлдан ийманишади. Бироқ бу ийманиш замирида нимадир ётганини аёл яхши англайди. Эътибор бермайди. Яккаш келини кўтариб келган тугунни ичкарига олиб кирмоқни ўйлайди.

Кутубхона ичи пешайвондан кўра салқинроқ, қайноқ гармсел эпкинидан холи. У, одатда, китоблар терилган жавонлар орасига бир амаллаб жойлаштирилган столда тушлик қилади. Йилнинг совуқ фаслларини ҳам шу хонада ўтказади. Кунлар сал илиши билан эса, пешайвонга чиқади. Узун ўриндиқнинг бир чеккасига тўшамча ташлаб, кунини эскирган китобларни елимлашу мутолаа билан ўтказади.

Ажиб феъли бор — ишга вақтида келиб, вақтида кетади.

Ўриндиқни эса тушдагина бир зум тарк этади. Бироқ келини тушлик кўтариб келган кунлари бу юмуш унга ўлимдан қийин туюлади. Қани энди, қулоқлари том бица-ю, ташқи шовурни эшитмаса. Аммо, аксига олгандек, қайноқ эпкин қанотига илашган ўша хунукдан хунук ишорали сас, у остона ҳатламаёқ изидан қувиб етади. Қулоғига тирмашиб, миясига ўқдек қадалади. Шунда аёлнинг шуури кўзга айланиб, ташқаридаги ҳолатни аниқ кўра бошлайди: ана келини йўғон қўймичини лорсиллатиб, аста кетиб бормоқда. Баҳром қассобнинг бўғзидан кўчган хунук ишорали сасдан, яъни маънодор томоқ қиришидан сергак тортган бошқа эркаклар жувонга еб қўйгудек тикилишган. Ҳар бири хаёлан уни...

Сирасини айтганда, келинигина эмас, ўтган-қайтган барча қизу жувонлар кунда шу хил «кўрик»дан ўтмоққа мажбур. Боз устига, нарида бекат. Ўткинчиларнинг кети узилмайди.

Аслида эса, ҳаммаси мана шу бекатдан бошланган. Қир оралаб келиб, қишлоқ ёқалаб ўтадиган катта йўл бўйида бекат қурилдию, илгари бу сайҳонликда ёлғиз бўлган кутубхона қаторига Баҳром қассобнинг дўкони тушди. Бир эмас, иккита. Бирида ўзи, иккинчисида укаси Абрай қилтириқ ўтиради. Акасининг ғирт акси бўлган бу банданинг аёллар билан сира иши йўқ. Кунда-шунда улфатлар узатган бир пиёла, ярим пиёла ичимликни лиққа ютади-да, манглайи терлаб, мудраб ўтираверади. Сўнг эса, Эшқул сомсапаз келди. Тўрт-беш ходадан емакхона қуриб, тандир ўрнатди. Бекатга ҳар автобус келиб тўхтаганда, қичқириб қўяди: «Қайноғидан бор, кеп қолинг!» Баъзан эса сомсадан бўшаган тоғорасини чилдирма қилиб, чийилдоқ овозда мақтаниб қўяди: «Касбимдан ўргилай, бизди нарса кўчадаям пул бўлаверади».

У бу гапни айтаркан, ҳар сафар Санам хола томонга кўз ташлаб қўйишни канда қилмайди. Нега деганда, аллақандай китобхонларни пойлаб кунини кеч қиладиган аёлни ҳеч тушунолмайди. Ўзича унга ачинган бўлади. Баҳром қассоб эса, аёл қолиб, китобхонларга ачинади. Қорин тўйғизмайдиган бу зормандага намунча ўч бўлишмаса булар. Эшқул сомсапаздан фарқли ўлароқ, у кутубхонани дўконга айлантиришни ўйлайди. Пешайвонли каттагина бино... Шу баҳонада аёлнинг қарашларидан ҳам қутулишган бўларди. У борида жувонларга тикилиш қийин.

Азбаройи маҳлиё бўлганидан, гоҳида Баҳром қассоб ёмон қовун тушириб қўяди, яъни ичкаридан қайтиб чиққан Санам холани сезмай қолади. Аёл зина босиб пастга тушади. Одатдаги оғриқни сезмайди. Бир ой муқаддам уни ит талаган бўлиб, зинадан тушиб-чиқишда, ўнг тиззасидаги жароҳат изи симиллаб азоб берарди. Бу гал буни сезмайди. Ошиқмай бориб, қассобга тикланади. Баҳром қассоб гўё уни энди кўраётгандек, беўхшов илжаяди: «Этдан тортайми, хола?» Санам хола индамайди. Индамагани сайин Баҳром қассоб баттар тараддудланади. Аёл унинг жундор кўксига, йўғон билакларига, гўштдор афтига бир-бир разм соларкан, кўзларида маъно йўқлигидан ажабланади. Буни яхши билса-да, негадир ҳар гал таажжубланаверади.

У қассобни нигоҳи билан «нимта»лаб, нари ўтади. Емакхонага етиб-етмай тўхтайди. Кўзлари Эшқул сомсапазни гангитиб, стол теварагида ўтирганларда қўним топади. Нечундир фақат тук босган энсалару яғир ёқаларнигина кўради. Ўтирганлар қиёфасини илғамайди, тўғрироғи, илғаёлмайди. Шунда олам кир, тириклик чиркин туюлади. Нажот истаб, уфққа кўз ташлайди. Уфқ тупроқ рангида, осмон ҳам шу тусда. Қайноқ гармсел борлиқни тўзонга буркамоқчидек, ўқтин-ўқтин қутуради. Оқибат, кишилик қиёфаси чангга белангану, уларда мана шу тук босган энсалару яғир ёқаларгина қолгандек гўё. Бундан унинг юраги баттар сиқилади ва беихтиёр тилига шу гаплар кўчади: «Худойими-ий, буларни яратиб нима қилардинг, а?!» Дардли бу сасни ҳамма, ҳатто наридаги Эшқул сомсапаз ҳам эшитади. Бунга жавобан кимдир бармоғи учи билан чеккасини қашлайди: «Китоб ўқийвериб, мияси суюлиб битган». Бошқалар буни зимдан тасдиқлайди. Тўғри-да, феъли ҳеч аёлникига ўхшамайди, на қарғанади, на уришади. Аёл дегани ичидагини тўка қолса экан, нимадир деб жавоб айцанг. Бу эса сумрайиб жонингни олади.

Санам хола таассуфли қиёфада пешайвонга қайтади. Қаншарига кўзойнакни қўндириб, қўлига саҳифалари орасига сўлиган райҳон новдаси солинган китобни олади. Райҳонни қулоғига қистириб, тағин мутолаага тутинади. Бироқ ҳарфлар чалкашиб, мияси ҳеч нарса ўқимайди. Ўзининг китобга термулиб ўтириши теваракдагиларнинг истеҳзоли илжайишига сабаб бўлаётганини ич-ичидан ҳис этиб, узоқдаги мозортепага маъюс термулиб қолади. Қулоқлар остида энасининг ҳазин овози сирғалиб ўтганини сезгандай бўлади: «Отанг ўр эди, қизим...» Санам хола эса отасини эслаёлмайди. Сарғайиб кетган кичкина суратини кўрган, холос. Суратдаги одам қайсарга ўхшамас, қарашлари қатъиятли, зиёлинамо киши. Энасининг овози қулоқларини сийпалашда давом этади: «Отанг ўлганда уч ойлик чақалоқ эдинг. Отангни уйинг куйгур Берди ўпур уриб ўлдирган. Мозорга икки қоп китоб яширгани учун қамаб олиб уришган. Топиб берасан китобларни, дейишган. Отанг ўр эди, қонига белашса-да, чурқ этмаган. Xўш, нима бўлди. Бекитган китобларининг ҳузурини ер кўрди...» Шу орада овозлар алмашиниб, шуурида қуйидаги сўзлар жаранги сас беради: «... китоблар чиқди, эски имлода экан... Қўлга олгилиги йўқ... Бармоқ тегиши билан титилиб, тўкилиб кетади денг. Қўрқдим мен. Қулқоранинг гўрини бошқа ердан қазидим. Китобларни шундайгина жойига кўмиб қўя қолдим...»

Жамол гўрков бу гапни узоқ вақт гапириб юрди. Аммо бу китобларни ким кўмгану ва қанақа китоблиги билан ҳеч ким қизиқмади. Негаки, хотиралар ниҳоятда эскирган, китоблар қатори ўтмиш қаърига аллақачон кўмиб юборилган. У фақат Сайқал кампирнинг юрагида яшаб келарди. Кейин уни қизи Санамга мерос қолдирди. Санам хола ҳар гал мозорга термуларкан, ўзи умрида кўрмаган Берди ўпирнинг гўрига ғишт қаламоқ истайди. Бироқ бу борада ҳам у бошқа хотинларга ўхшаёлмайди. Андиша қилади, ўлиб кетган одамнинг нимасини янасан? Энасининг овозида бу сафар мамнунлик сезилади: «Ўпирман деб тоза қутуриб кетганди. Одил ҳукумат отиб юборди уни. Сен унда уч яшар эдинг. Қизамиқдан ана кетди-мана кетди бўлиб ётардинг. Берди ўпир отилибди деган куни шу йиғлабман-шу йиғлабман, ҳеч айтгилиги йўқ.»

Санам хола отасини ўлдирган кимсанинг келбатини тасаввурида тиклашга уринади. Авваллари тасаввури қатидан шопмўйлов, қоратўри кимса қалқиб чиқарди. Сўнг унинг ўрнини Баҳром қассобга ўхшаш қиёфа эгалларди. Қассоб Берди ўпирга невара. Аёл бу авлодга нисбатан адоват сезмайди. Баҳром қассобнинг аёлларга беҳаёларча тикилишинигина ёмон кўради. Баъзан ўтмишда яшаб ўтган аёллар каби ёвқур, шаддод эмаслигидан ўкинади. У мунисликнинг акси бўлмиш шаддодликни жинидан ёмон кўради. Аёлга мунислик, эркакка орият ярашади, деб ўйлайди-ю, аммо гоҳо ўзининг хокисорлигидан жуда ғаши келади. Xаёлидаги ёвқур аёллардан бирига ўхшамоқ истайди ва беихтиёр ўзини бийдек даштда, от устида тасаввур этади. Қаватида ким денг, ўзи китобларда кўп ўқиган Тўмарисга ўхшаш бир қиёфани кўради. Чақноқ кўзлари узоқларга тикилган, қоп-қора кокилларини шамол ўйнайди... Аёл унга томон талпинади. Аммо чақноқ кўз жувоннинг оти қуюндек учқур, уни ёлғиз қолдириб, бийдек чўл четига ҳошия тортган қирмизи ранг уфққа сингиб кетади. Аёл аламда қолаверади. Баъзида эса уфққа сингган қора бироздан сўнг анча бурун ўлиб кетган Ўғилой момо сиймосида қайта намоён бўлади. Момо виқорли одимлар билан тикка босиб келаркан, унга норозиланиб боқади: «Аёлсан, эркакларни сал тийиб қўйсанг бўлмайдими, лаллаймай ўлгур!» Аёл унинг қаршисида ўзини гуноҳкор сезади: «Қандай қилиб, моможон?» Бироқ саволи жавобсиз қолиб, хотиралар гирдоби уни ўз домига тортади, Ўғилой момонинг айрим қилиқларини энди тушуниб етаётганини англайди.

Момо дарвозаси олдига ўриндиқ қўйиб, ўтган-кетганларни кузатиб ўтирадиган айрим эркакларни аяб турмасди: «Нимаси бу, — дерди, — аёлларнинг этагини, қизларнинг тўпиғини томоша қилиб, ё уйингдан илон чиққанми?!» Кўчада тўдалашиб, соатлаб валақлашиб ўтирадиган аёлларни ҳам назаридан қочирмасди. Ҳамма ундан ҳайиқарди. Нимасидан ҳайиқарди? Сири нимада эди унинг? Жиддий бош қотирилса, ўша сирнинг тагига етиш мумкиндек эди. Бироқ Баҳром қассобнинг маънодор томоқ қиришлари ҳамиша хаёлини бўлади.

Баҳром қассобнинг томоқ қиришидан, бекатга келиб тўхтаган автобусдан ким ва қанақа аёл тушганини қарамасданоқ илғаш мумкин...

Ҳар куни шу аҳвол.

Бугун ҳам у ёнида елпиниб ўтирган келинига безовта тикиларкан, қўлидаги тугунни ичкарига олиб кирмоқдан юраги безиллаб турарди.
— Ичкарига юр, салқингина, — деди ўзи чўчиб кутаётган нохуш дақиқани имкони борича ортга чўзиш умидида.

Келини, йўқ, деган маънода бош чайқаркан, кетмоқ учун ўрнидан қўзғалди. Санам хола, кутиб тур, тугунни қўйиб чиқай, деёлмади. Шунингдек, келинини кузатиб қолишниям ўйламади. Шунчалик соддами у? Сиртдан қараганда, шундай. Аслида эса, у тугун баҳонасида қочарди. Биладики, пешайвондан туриб қанчалик қоровуллик қилмасин, келинини эркакларнинг ерости қарашларидан асраёлмайди. Эркакларнинг қилиғидан номус қилиб, қочарди. Эшикка етмай, Баҳром қассобнинг бўғзидан кўчган хунук сас ортидан қувиб етади.

У тугунни стол устига қўяркан, бу сафар ичкарида кўп ўралашмади. Ошиғич изига қайтаркан, тағин ўша таниш ҳолатни кўрди. Майдонда неки эркак зоти борки, барининг кўзи келинига қадалганди. Қир бағрини ялаб эсаётган қайноқ гармсел худди ўчакишгандай, жувоннинг этакларини тортқилаб, унинг бутун жисми-жаҳонини кўз-кўз қилмоқда эди. Стол теварагида ўтирганлардан кимдир беихтиёр «оҳ» тортиб юборди. Унга бошқаси қўшилди. Бу энди янгилик эди. Илгари улар фақат кўз билан чекланишарди. Энди нигоҳ билан «пайпаслашиш»га қаноат қилолмайдиган бўлиб қолишибди.

Санам холанинг бағрига ўт туташгандек бўлди. Аввалига зина босиб, пастга тушмоқ истади. Сўнгги зинада фикридан қайтиб, нажот қидиргандек, ичкарига юрди. Тиззасини стол қиррасига уриб олди. Оғриқ сезмади. Кўзларини аланг-жаланг қилиб, нимадир қидирди. Жавон тўла китоблар, девордаги адибу шоирларнинг суратларидан силжиб ўтган нигоҳи бурчакдаги печкада, аниқроғи, унинг ёнидаги чоғроқ болтада тўхтади. Нима учун? Ахир хаёлида болта йўқ эди-ку. Нечун уни қўлга олмоқни истаяпти? У кўзларини тезгина болтадан олиб қочди. Шунда оқиш девор тарҳида Ўғилой момонинг сиймосини кўргандай бўлди. Момонинг маҳкам қимтилган лаблари қуйидаги сўзларнинг сирғалиб чиқишига монелик қилолмади: «Кўз зинокор...» Дарвоқе, момога куч берган сир шу эмасмикан? У умр бўйи шу ақидага амал қилиб, суллоҳ эркакларни кўча юзидан қувиб келмадимикан? Уни ёмон кўришарди, ғийбатини қилишарди. Аммо у сира чекинмасди. Чекинмас одамдан эса, турган гап, ҳамма ҳайиқади.

Санам хола кўзларини бир зумга юмди. Қулоқларини кўзлари каби юммоқнинг имкони йўқлигидан ўкинди. Қайтамга бутун вужуди қулоққа айланган, ташқаридан келаётган овозлар унинг ич-етини кемирмоқда эди. Ана энсасини тук босган йигитлардан бирининг, «бир кечагина...» деган гапини аниқ эшитди. Бунга жавобан Эшқул сомсапаз ҳиринглади. Баҳром қассоб салобат-ла томоқ қирди: «Ҳадларингдан ошманглар-ов!»

Аёл шиддат-ла ташқарига интиларкан, остонадан ҳатлаётиб, қўлида болтани кўрди. Қачон олишга улгурди, буни ўйлаб турмади. У яккаш бир нарсани, бу ҳол ортиқ давом этиши мумкин эмаслигини ўйларди. Анчадан бери ичида димланиб ётган алам сиртига тепкан, майдонни эркаклардан тозалаш қасдида ёнарди. Биринчи бўлиб столдагиларни қувади, кейин Баҳром қассоб билан гаплашиб қўяди. Эшқул сомсапаз ана энди ундан кўрадиганини кўради.

Ичкаридан болта кўтариб чиққан аёлни дастлаб ҳеч ким пайқамади. Ўртага эндигина қўйилган шиша болта зарбидан чил-парчин бўлгачгина, улфатлар у томон ўгирилишди ва нақ тепаларида даҳшатли қиёфада турган аёлни кўрдилар. Кимдир жонҳолатда болтага қўл чўзди. Улгуролмади. Болтанинг тўмтоқ учи тук босган энсани қиялаб ўтиб, бу сафар стол четига қарсиллаб урилди.
— Э, бу қутурибди-ку!

Бу хитоб ўтирганларга болта зарбидан кўра, кучлироқ таъсир қилди. Улфатлар бир зумда тум-тарақай бўлишди.
— Қоч, тишласа ўласан!

Аёлнинг назарида, бу ғалаба эди. Аммо бундан заррача қувонмади. У аламу нафратдан оташ бўлиб ёнарди. Ҳаялламай қассобхона томонга юрди.

Баҳром қассоб сочлари тўзғиган, кўзлари бежо чақнаган кўйи ўзи тарафга бостириб келаётган аёлни одам боласига ўхшатолмади. Алвасти ҳам эмас, номсиз бир бало эди у. Довдираб қолган қассоб қочмоқ лозимлигини англади. Оғир гавдасини илкис кўтариб, ортдаги эшикка интилди. Эшикдан нариси қиялик эди. У остонада қоқилиб, пастга думалаб кетди.

Санам хола буни кўрмади. Кўрадиган аҳволда эмасди. У қассобни жойидан тополмагач, шуурсиз бир ҳолатда сомсахона сари интилди. Эшқул сомсапазни қидирди. Бироқ у, балодан йироқ, дея аллақачон жуфтакни ростлаганди.

Аёл болтани қия тутганча, тандирга бориб туртилди. Аланга тафтини ҳис этаркан, Эшқул сомсапазни йўқотмоқ учун, аввало, тандирни бузмоқ керак, деб ўйлади. Бу ўй миясида чарх ураркан, тандирни йиқитмоқ билан ўз мақсадига эришгандек эди. Аммо тандир мустаҳкам, унда ўт гуриллаб ёнарди. У болтани ташлаб, тандир оғзидан чиқиб турган шох-шаббаларга ёпишди. Уларни тутамлаб дуч келган томонга итқита бошлади. Итқитилган ўтнинг бир қисми емакхонага бориб тушганини сезмади. Олов тили аввалига эпкин қаерлардандир суриб келган қоғоз парчаларига ёпишди. Боз устига, ўт бор жойда шамолнинг жини қутуради дегандек, даштни қуритиб-қақшатиб эсаётган қайноқ гармсел бағридан юлқиниб чиққан чоғроқ қуюн ёнаётган қоғоз парчаларию сочилган чўғларни оғушига тортиб, майдонда бир муддат чарх урди-да, емакхона ортида кўздан ғойиб бўлди. Ундан дўкон билан емакхона оралиғида тахланган шох-шаббаларда оловли из қолди.

Аёл эса буларни сезмас, гурсиллатиб тандирни чопмоқ билан банд эди. Эшқул сомсапаз тандир гирдини пишиқ ғиштдан кўтарган экан, болта дами ғиштга урилиб қайтарди. Охири у толиқди. Асаби баттар қайнаб, бошини кўтарди ва емакхона билан дўконга ўт туташганини кўрди. Беихтиёр қичқириб юборди:
— Вой, ёнаяпти!

Ўзига келган аёл жонҳолатда олға интилди. Энди кеч эканлигини англаб, қилмишидан қўрқиб кетди. Қўрқуви ҳайрат билан алмашинди. Дастлаб кўзларига ишонмади. Йўқ, ёнаётган дўкон ичида ҳақиқатдан кимнингдир боши ликиллаб турарди.
— Чиқ-ий, касофат!

Абрай қилтириқ гандираклаб ташқарига чиқаркан, оғзидан вино ҳидини бурқситиб деди:
— Уйғонсам, ҳамма ёқ ёнаяпти. Ўзи нима бўлди, а, хола?

Қишлоқ аҳли ва қочганлар эс-ҳушини йиғиб, майдонга ошиққанларида, дўконлар тамомила ўт ичида қолган, болта тутган аёл, қаватида Абрай қилтириқ, гўё сеҳрлангандай алангага термулиб турарди.