OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНормурод Норқобилов
Асар номиТоғдаги ёлғиз одам (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нормурод Норқобилов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм203KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журнали, 2009 йил, 6-сон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тоғдаги ёлғиз одам (қисса)
Нормурод Норқобилов

Қишлоқ кайвониларидан бири Ҳамидқул оқсоқол андак иддаоли, андак зардали оҳангда рақиби – яккақайроғочлик Асилбекнинг номини тилга олмагунча Омонали тайинли бирор гап айтмади, тагидаги пўстак жунини бармоқлари билан тараб, тортқилаб ҳардамхаёл бир алфозда миқ этмай ўтираверди. Негаки, унинг назарида, оқсоқолнинг дийдиёси эътибор беришга арзимасди. Сурувига йилда бир йиртқич ораласа оралабди-да, энди шунга шунча ота гўри қозихонами.

У тўрда қўр тўкканича, тинмай чакак ураётган оқсоқолнинг қаватидаги икки чолга ҳамда пойгакроқда чой қуйиб ўтирган ўгай укаси Бердиқулга манглайи остидан бирин-сирин кўз ташларкан, уларнинг юзига соя солиб турган маҳзунликдан ғаши келди. Одам боласининг феъли жуда қизиқ-да, деб ўйлади пўстак жунини тортқилашда давом этиб, ўзи-ку осмондагини отиб, сувдагини тутиб, ердагини қоқиб ейди-ю, лекин адашган бирон-бир жондор бехос қўтони ёнидан ўтиб қолар бўлса, дарров додлаб, оламни бузади. Бу камдек, қўлига яроқ тутади, яроқ тутишга чоғи етмаса, югургилаб олдингга келади. Яхшиямки, жониворларнинг бахтига тоғ-тошу ўру қир бор, акс ҳолда одамзоднинг бу қадар қирриқлигидан ёввойи жонзотларнинг бирортаси ҳам омон қолмасди, қирилиб-сирилиб кетарди бари. Бироқ бу ўйларини у тилига чиқармайди, бундан бирор наф йўқлигини аллақачон фаҳмлаб етган. Ва шунинг учун ҳам сукутни ўзига эш тутиб, чурқ этмасликка уринади.

У талқон ютгани сайин эса Ҳамидқул оқсоқолнинг фиғони кўкка ўрлайди.

– Агар сурувга қоплон эмас, бирорта жондор оралаганидами, мана шу оппоқ соқолим ҳаққи-ҳурмати, ғинг демасдим, – дейди у мошгуруч соқолини намойишкорона тутамлаб. – Келган бало-қазо шунга урсин деб қўя қолардим. Аммо қорли товдан берман энмайдиган қоплони нимаси?! Бу олачипор махлуқ қачондан бери бу томонларга ўрлайдиган бўлиб қолди? Ундан бизни ҳимоя қила оладиган биронта мард борми ўзи бу қишлоқда! Эсласам, ҳалиям этим титрайди, тошлар орасидан илондай сирғалиб чиқди-ю, кўз олдимда семиз бир қўзимни ўмариб кетди! Мендай бир гўрсухтани қўлидан нимаям келарди, дод деганча қолавердим!

Қишлоқ яқинидаги сурувга бўри эмас, одатда, бу томонларга сира доримайдиган қор қоплонининг ҳужум қилиши ҳеч хаёлга келмайдиган ҳол эди. Бундан ҳамма жиддий ташвишда эди. Айниқса, Ҳамидқул оқсоқол, гўё қоплон эрта-индин бутун сурувини еб-ютиб қўядигандек, ўтиргани жой тополмай қолганди.

Бироқ у келганидан бери қанча оҳ-воҳ қилмасин, қаршисида мум тишлаб ўтирган йигитнинг бирор мўйи қилт этмасди. Ана, кесак янглиғ ўтирибди, танаси бошқа дард билмас қабилида, остидаги пўстак жунини тараб, тортқилаб. Бундан оқсоқолнинг ёмон жини қуришади. Омоналини боплаб тўзитиб, чангитиб сўкиб ташлагиси келади.

У худди сўкишга баҳона қидиргандай, бир зумга тин олади. Йигитга бошдан-оёқ синчков назар ташлайди. Шунда Омоналининг қиёфасида олис ўтмишда қолиб кетган бир сиймо – Сарагулнинг ўктам рухсорини кўргандай бўлади. Қошидаги йигит кўринишда отаси Саркор лочинга тортган эса-да, лекин нимаси биландир энаси Сарагулга ҳам ўхшаб кетарди. У йигитга янада синчковлик билан разм солади.

Ҳа, унинг қимтилган лаблари, хиёл чимирилган қошлари ва яна нимасидир, қўйиб қўйгандай энасиники эди. Бу ўхшашликни дабдурустдан пайқаб қолган оқсоқолнинг ичи дириллаб, кўксида неча йиллардан буён димланиб, моғорланиб ётган кўҳна аламлари туйқусдан қайта бош кўтарганини сезади. Бу етмагандек, танида ўша таниш азобли оғриқни бот ҳис этиб, худди юмшоқ жойидан нимадир чаққандай, ўтирган жойида бежо-бежо тебраниб қўяди.

Ўшанда ўта нозик жойидан тепки еб, қалин арчалар орасида кучала еган итдай ғингшиб ётаркан, энди ўлсам керак, деган ўйга борганди. Йўқ, куни етмаган эканми, ўлмади. Лекин ўлгандан батттар бўлиб, неча йилдирки Сарагулнинг юзига тик қараёлмай, ундан нари қочиб юрди. Сарагулнинг қазоси етганида эса, ўзида йўқ қувонди. Аммо Сарагул тоғда юз берган воқеани арчалар орасига мангуга кўмгандай, у ҳам қувончини ичига яширди. У минг ёмон кўрса-да, ҳозиргача барибир марҳумага тан бериб келади. Тўғри-да, агар унинг ўрнида бошқа бир аёл бўлганида борми, бу ҳодисани оқизмай-томизмай эрига айтарди, хешига айтарди, эл-улусга шармандаю шармисор қиларди.

Сарагул эса, шайтон измига бўйсуниб, ҳирсига эрк берган кап-катта эркакни ёлғиз ўзи осонгина тинчитгани етмагандек, бу ҳақда бировга чурқ этмади, аёллигига бориб қарғанмади, бор-йўғи, кета туриб, арча тагида етти букилиб, «энам» лаб ётган эркакка шундай бир қараш қилганки, оқсоқол ўзининг нечоғли тубан, нечоғли жирканч кимсалигини унинг шу биргина қарашиданоқ англаб етгандай бўлган.

У ҳали-ҳанузгача бир нарсани тўла идрок этолмайди: қизиқ, Сарагул шунчалар кучлимиди, ё яратган Эгам ожизанинг бадном бўлишини истамагани боис, аёлга бир лаҳзалик куч-қудрат ато этдимикан? Агар Худо чинданам Сарагулни сийлаган бўлса, нечун унда унинг ўзини шайтон измидан халос этмади? Ё иймон-эътиқоди нечоғлик тўкислигини шу йўл билан синаб кўрмоқни истадимикан? Ё иймони азалдан кемтиклигини билиб, жазо тариқасида, овлоқ ерда Сарагулга рўпарў қилдимикан? Ё ўша кезлари дасти узунлигидан ҳаволаниб, унча-бунча одамни менсимай, босар-тусарини билмай қолгани сабабли, худди эркак зоти қуриб қолгандай, қандайдир бир ожизанинг олдида тили қисиқ, боши эгик ҳолда юришини хоҳладимикан?

Яхшиямки, қазоси етиб, Сарагул бу ёлғон дунёни барвақтироқ тарк эта қолди. Акс ҳолда юрарди, умри охиригача рангги чиқмай.

Агар қоплон балоси бўлмаганида, оқсоқол бу даргоҳга ўлақолса бош уриб келмасди. Сарагул воқеаси туфайли бу хонадон аҳлини унчалик хушламасди. Боз устига, Омонали ройиш йигитлардан эмас, унинг замзамасини кўтарадиган. Чарсликда ҳаттоки отаси Саркор лочиндан ҳам ўтиб тушади. Шунинг учун оқсоқол, одатдаги, катта¬зангликдан тийилиб, ёниши қийин бўлган ҳўл ўтиндек обдон писиллади, писирлади, чисирлади ва йигитдан садо чиқавермагач, охири зардаси қайнаб, айтган гапи шу бўлди:

– Агар эвини қилолмасанг, узрингни айт. Бориб, Асилбекка ялинамиз. Отаси Бўстон раҳматли қадрдонимиз эди, илтимос қилсак, у йўқ демайди.

Бу гапдан Омонали, чаён чаққандай, бир сапчиб тушди. Бармоқлари беихтиёр тугун тортиб, чангали жунга тўлди. У чангалини тўлдирган жунни юлиб, юлқилаб дуч келган томонга, аниқроғи, оқсоқолнинг башарасига отмоқ истади. Тортди, тортқилади, бироқ пўстак жуни юлинмади. Бу пўстак тоғу тошларда беармон кезинган ва ўтган йили томдек новвос билан сузишиб қолиб, аҳмоқона бир тарзда ўлим топган қора таканики эди. Териси пишиқ, жуни бўлиқ ва қалин эди.

Омонали оқсоқолнинг тинчини бузган қоплон – Оқманглайни Қуйидарада мана шу қора такага ҳужум қилганида илк бора кўрганди. Қай бир жангда орттирганми ё бирор овчи отган ўқ ялаб кетганми, унинг манглайида кўндаланг тушган бир энлик оқиш тукли тиртиғи бор эди. Ўша тиртиғи туфайли бу лақабни унга Омонали берганди. Оқсоқол ҳам унинг манглайидаги ўша белгини яхши эслаб қолганди.

Ўшанда қоплон такани ололмаган. Эпчилликда унча-бунча ёввойи жониворни бир чўқишда қочирадиган қора така ўзини сертиканак буталар орасига уриб, унинг ҳамласидан осонгина қутулиб кетган. Бу воқеага фавқулодда гувоҳ бўлган Омонали йиртқичга нисбатан адоват сезмаган, йўлига бўлса-да, бақир-чақир қилмаган, таканинг чаққонлигига тасанно айтиш билан чекланган, холос. Шундан кейин у қоплонни Қуйидарада бошқа учратмаган.

Мана, бу йил у яна пайдо бўлибди.

Омонали ўзининг ғазабнок боқишидан саросимага тушиб қолган Ҳамидқул оқсоқолга ортиқча бир сўз демади, меҳмон ҳурмати, бир амаллаб ўзини босди.

Андиша қилди.

Аксарият ҳамқишлоқлари қатори хасисликнинг этагидан маҳкам тутган ва бир тийин устидан ўмбалоқ ошадиган бу хил кимсалардан у кўпда хафа бўлавермасди. Бироқ бундай одамларнинг ёмон бир одати бор, агар иши тушар бўлса, иблисга бориб ялинишдан ҳам тойишмайди. Омонали яхши биладики, оқсоқол арз билан борса, Асилбекнинг куни туғади, эл талаб қилаяпти, дея ўзида йўқ ошқинлайди. Тоғбегиларнинг кўзини шамғалат қилиб, тоғдаги кўринган қорага кун бермай қўяди кейин. Уни бу томонларга ўрлатгандан кўра, ўша йиртқични ўзи тинчитгани минг марта маъқул.

У шу хаёлда оқсоқолга ризолик билдиради.

– Бу теварак-атрофда қўлидан иш келадигани фақат шу икковингда, – дейди бу орада сал ўзига келиб олган Ҳамидқул оқсоқол ялтоқланиб. – Йигитнинг аслиям, зўриям силар!

Омонали яна бир тагдор қараш билан унинг унини ўчиргач, негадир тўрдаги милтиғи томонга кўз қирини ташлаб қўйди. Унда Асилбекка аталган иккита чўчқа ўқ бор эди. Наҳотки энди бу ўқлар ғаними бу ёқда қолиб, Оқманглайга насиб этса. Ўзига қолса-ку, ҳар иккисини ҳам аллақачон Асилбекнинг кўксига жойларди-да, кейин ўша борадиган жойига ўзи борарди.

У қасос илинжида ҳар сафар қўлига қурол тутганида, нақ қаршисида Гуласалнинг ўйчан ва жиддий сиймоси намоён бўлади. Қиз ҳар сафар норози қош чимирганча, тек, дейди, бу ишни асло қила кўрманг, дейди.

Гуласал тушларида ҳам уни тинч қўймайди: «Агар мени чиндан суяр бўлсангиз, қасос олишни хаёлингизга келтира кўрманг! – дейди ўша жиддий қиёфада. – Руҳим ҳаловат топишини истасангиз, бу ўйдан тезроқ қайтинг! У менга бармоғи учини ҳам тегизгани йўқ!..» Омонали саркашлик қилмайди, тортишмайди, бош эгиб, хўп, дейди. Шу сўзни айтиши билан кулбаси майин ёғдуга тўлганини ҳис этади, дераза пардаларини тебратаётган енгил ва ёқимли эпкинни сезади. Руҳини эркалаётган бу ёғду остонада энди кулимсираб турган Гуласалнинг гулгун чеҳрасидан балқиётганини фаҳмлагач эса, тириклигида айтмаган, аниқроғи, айтолмаган кўнгил розлари ҳеч бир қийинчиликсиз, тилида осонгина эврила бошлайди.

– Сени соғиндим, соғиниб ўлаяпман сени, Гуласал!

Гуласал индамайди, кулимсираганча тураверади.

– Суйишимни ўшандаёқ айтмаганимдан энди жуда-жуда афсусдаман, гулим! – дейди Омонали овози қалтираб. – Буни қараки, айтиш ҳеч қийин эмас экан! Нега вақтида кўнглимда борини айта қолмадим-а!

– Айтмасангиз-да, қарашларингиздан билардим!

– Йўқ, айтмаганимдан барибир армондаман!

– Армонга ўрин йўқ, мен ҳаммасидан бо¬ха¬барман!

– Ростданми?!

– Чин сўзим!

– Сени жуда соғинаман-да, гулим!

– Соғинишингизни билиб, келдим-да!

– Энди кетмайсанми, жоним!

– Кетмасликнинг ҳеч иложи йўқ-да, азизим!

Бу гапдан Омоналининг бағри ўпирилиб тушгандай бўлади. У қизга интилиб дейди:

– Йў-ўқ, мен уни барибир ўлдираман!

– Яна ўжарлик қилаяпсиз! – Қиз нимтабассум-ла уни ўзига яқинлаштирмасликка уринади.

– Чидаёлмаяпман-да! – Йигит ҳамишагидек қизга бақамти боролмай, берида тўхтайди.

– Сиз бардошли бўлинг...

Эшикдан кириб келган маҳбубаси ҳар сафаргидек қизғиш дераза пардаси қатида аста кўздан ғойиб бўлади.

Омонали уйғониб кетиб, ҳамиша ўзини қоп-қоронғи хонада кўради. Қучоғига тушиб қолган болишнинг намлигидан тушида роса йиғлаганини сезади. Ортиқ чўзилиб ётишни истамай, аста ташқарилайди. Ичи ва таши баравар ёнишига тоқат қилолмай, челакдаги муздек сувни бошидан қўяди. Муздек совуқ сув жисмидаги оташнигина пасайтиради, юрагидаги олов ва соғинч эса қолаверади. Шундан сўнг бошдан-оёқ шалаббо бўлган ҳолида михда осиғлиқ турган милтиқ ёнига келади. Ундаги ўқларни суғуриб олмоқчи бўлади. Бироқ бу ишидан сўнг, руҳи тинчланган Гуласал қайтиб тушига кирмаслигидан чўчиб, яна ниятидан қайтади.

Йигитнинг ҳар туни мана шу тарзда абгор кечади.

Ўзини юртнинг гапи ўтар, олди кайвониси деб биладиган Ҳамидқул оқсоқолнинг эса йигитнинг бу хилдаги изтироблари билан мутлақо иши йўқ, уни Оқманглайнинг чангалида жон берган жонлиғию агар тезда бунинг олди олинмаса, қўзи этига мазахўрак бўлган йиртқичнинг яна қайтиб келиши эҳтимоли борлигидан ўзгаси қайғуртирмайди. Унинг бор гапдан бохабар бўла туриб, Асилбекнинг номини тилга олишга журъат этишининг боиси шундан эди.

Омонали ўзининг ризолигини олганидан суюнишиб, ўзаро гурунгга тушиб кетган чолларнинг тезроқ даф бўлишини истайди. Аниқроғи, уларнинг насиҳат қилиб қолишларидан чўчийди. Нега деганда, насиҳатга баҳона таппа-тайёр эди-да. Ахир чимилдиқ кўрмай туриб қайси йигит ўз бошига ватан тикади. Бу камдек, ўгай энаси сиғдирмаганидан, Омонали уйини бўлак қипти, деганга ўхшаш гап-сўзлар ҳам аллақачон қишлоқда теша тегмаган мавзуга айланган. Бу эса, табиий равишда, чолларнинг насиҳат қилмоғига ундайди. Шунинг учун у узр сўраган оҳангда деди:

– Мен эртагаёқ унинг изидан тушаман. Бугун эса куч-пуч йиғиб дегандай... озроқ дам олишим зарур.

Оқсоқоллар қўзғолишди.

Омонали уларни дарвозагача узатиб бормай, укаси измига топширди-да, ўзи тоғларга хаёлчан термулганча, ҳовли юзида туриб қолди. Сўнг қўра четида боғлиқ турган овчи ити – Бўйноқ томон юрди. Унинг яғринига шапатилаб, пича эркалаган бўлди ва шу аснода кўзи супуриқсиз-сидириқсиз қўра ичкарисига тушиб, таъби баттар хиралашди. Яқинда отаси томонидан ажратиб берилган сурув Омонали учун изи-кети йўқ бир дунё ташвишни юзага келтирганди. Молга қарамай деса, бўлмайди, қарашга эса унда на иштиёқ, на ҳафсала бор эди. Қўли ишга бормай турган шундай бир паллада, бу ёқдан Оқманглай муаммоси чиқиб турганини қаранг.

У деворга суяб қўйилган куракни қўлига олиб, азбаройи ўлганининг кунидангина қўрани тозалашга киришади.

* * *

Саркор лочин фаросатли одам эди. Кўрдики, тўнғич ўғли қоядан йиқилиб ўлган шаҳарлик олима қизнинг фожеасига чидаёлмай, куйиб-ёнмоқда. Агар вақтида олди олинмаса, қоядай йигитдан бир сиқимгина кул қолиши мумкин. Ҳозир унга на аччиқ сўз таъсир қилади, на панду насиҳат. Йигитни фақат бирор ишга андармонлик, яъни меҳнатгина қутқара олиши мумкин. Шунинг учун ота уни меҳнатга боғлашга қарор қилди. Ўз қўрасидаги жонлиқнинг тенг ярмини ва ҳатто кўпроғини ўғлининг қўрасига ҳайдаб қамади.

У бир йилча бурун Омоналини уйлантириш ниятида ҳовлиси биқинидаги сайхонликка янги иморат тушириб, қўра эгиртирганди. Бу уруғнинг манглайига кеч уйланиш ёзилгани боис, шу пайтгача ўғлини уйланишга кўпам қистамаган, ўзидан бирор садо чиқишини кутган. Кейинроқ ўғлининг кўнгли тоғу тошларда чечаклару ўсимликларни ўрганадиган, кўникмаган кўзга жуда ғалати кўринувчи кенг соябонли шляпа бошидан тушмайдиган чарос кўзли, қорамағиз юзли олима қизга мойиллигини сезгач эса, ҳайратдан ёқа тутган.

Бу нимаси, қишлоқ тўла ой юзли, лўмбиллаган-лўмбиллаган қизлар бўлса-ю, у кимга кўнгил қўйиб юрибди. Тавба, йўқ ердаги ишларга рўжу қўйган бу қора чигиртканинг нимаси ёқди экан унга? Лекин шундаям ота, не гап ўзи, деб сўрамади, унинг ўзи бирор нима дейишини кутди. Бироқ ўғлидан бир сас чиққанча бўлмай, қизнинг қоядан учиб ўлганини эшитди. Шундан сўнг ўғли бир муддат шаҳарга йўқ бўлиб кетди-да, қайтиши билан ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, уйини бўлак қилиб олди.

Ўша куни ота қўй-қўзиларни қўрага қамаб, дағал тахталардан ишланган эшикни зичлаб ёпаркан, ҳовли ўртасида юзи ғамдан қорайиб ўтирган ўғлига айтган бирдан-бир гапи шу бўлди:

– Молларга қараш керак, улим...

Шу пайтгача моллар умум эди. Дабдурустдан чорванинг иккига бўлиниши кутилмаган ҳол эди. Омонали унинг ниятини дарров фаҳмлади, ота уни меҳнатга боғламоқчи, андармон қилмоқчи. Ота, одатда, нимагадир қарор қилдими, тамом – унга монелик қилиш, қарши гап айтиш бефойда. Бироқ бу ишга Омонали қанчалик лоқайд қараса, ўгай укаси Бердиқул ичидан шунчалик зил кетди. Ярим қўра молнинг ҳе йўқ-бе йўқ ўгай акаси тасарруфига ўтиб кетганидан юраги тарс икки ёрилай деди. Бироқ бу ҳақда уй хўжасига ботиниб бир сўз айтолмади. Бор дардини ўчоқбошида бамисли илондай тўлғониб ўтирган энаси Эркинойга бориб тўкишдан ўзга чора топмади. Шусиз ҳам аламдан ўт тушган нам хашакдай тутаб, тутақиб турган аёл баттар ўртанди, барига ўғли айбдордай, қўлидаги темир косов билан Бердиқулнинг қоқ елкасига бир туширди-да, сўнг ер муштлаб, вишиллаганча, қўшни ҳовлида юрган эри ва ўгай ўғлини қарғаб қўяверди.

Эркиной деганлари ақли калта, тили узун аёллар тоифасидан эди. Шу феъли сабабли эрининг қамчисини тез-тез татиб турарди.

Қамчи олдида ҳамиша ўзини мусичадай беозор тутарди. Аммо бу «мусича»нинг тили айри эди, ҳар қулай фурсатдан фойдаланиб, заҳар солмоққа ҳозир турарди.

Саркор лочин бу аёлга ғамдан карахт бўлиб юрган пайтида уйланганди. Уни Сарагулдай ажойиб ёстиқдош бўлади деб умид қилганди. Йўқ, бу дунёда Сарагулга ўхшашлар кам, ақли ноқис калтабинлар эса жуда сероб экан. Бунақалар йўқ ердан нам олиб, жигарлар ўртасига нифоқ солмоққа ўта уста бўларкан. Энг ночор жиҳати, бунақалар ўз қилмишларининг гуноҳ эканлигини англаб етмоққа ноқодир ва феъли торлик уларга мерос экан.

Саркор лочин одамзод феълидаги бу қусурларни англаб етгунча бўлмай, Эркиной эргашма ўғли Бердиқулдан сўнг ҳаш-паш дегунча бир этак фарзанд туғиб берди. Саркор лочин феъл-атвори энаси Сарагулга тортинқирагани учунми, ё бошқа сабабданми Омоналини бошқа фарзандларига нисбатан айричароқ суярди. Лекин буни ҳеч қачон ошкор этмасди. Бор-йўқ амали, озми-кўпми унинг раъйига қарарди, холос. Саркор лочиннинг ўрнида бошқа бир ота бўлганидами, эл нима дейди, дея ўғлининг бу қилиғига, яъни рўзғорини бўлак қилишига тиш-тирноғи билан қарши чиқарди. Саркор лочин, табиатан фаросатли одам эмасми, дарров фаҳмладики, ўғли танҳолик истаяпти. Бундайлар ғамини пинҳон тутади, ўзи куйиб, ўзи ёниб, охири бир амаллаб қаддини тиклаб олади. Сарагул бу ёруғ оламни тарк этганида, Саркор лочиннинг ўзи ҳам киши кўзига гўё тош бўлган, ёлғиз қолганида эса, манглайини қаттиқ деворга тираб, мумдай эриб йиғлаган.

Ўғли ота ҳовлини тарк этган куннинг эртаси Саркор лочин аста унинг кулбасига мўралаган. Қарасаки, кенг хонада рангги униққан эски шолча-ю икки болиш ҳамда нимдош кўрпа-кўрпачадан бўлак ҳеч вақо йўқ. Бу ҳолдан отанинг юраги титраб кетади ва ўша куни аёли ва қизларини дўқлаб, кулбани келинчакнинг уйидек ясаттириб қўяди. Бироқ бундан Омонали заррача қувонмади, қайтамга баттар эзилди. Негаки, безалган уй келинсиз, келинликка ягона номзод Гуласал эса бу тириклик дунёсини тарк этиб бўлган. Шундай экан, бу ортиқча ҳашам нимага керак, йўқ бошга дўппи танлашдек бир гапда буям. Аммо ақл-ҳуши қатори тили ҳам карахт эмасми, бу ҳақда бир сўз демайди. Ўзидан мақтов кутиб, остонада қатор турган сингилларини кўради-ю, лекин уларни акаларча алқаб қўйиш лозимлигини идрок этолмайди. Хуллас, бу қилиғининг сабабини ота сўрамади, ўғил эса ўзидан билиб бирон англатиш бермади. Зеро, у бировга изоҳ берадиган аҳволда эмасди.

Омонали қизни сўнгги йўлга узатиб, шаҳардан қайтиши ҳамон Асилбекни қидириб, тўғри унинг тўқайзор орасига биқинган пастқам кулбасига уриб борди. Бир сўз демай, қоқ пешонасига милтиқ тиради. Пўписага эмас, чинакамига отмоқчи эди. Биратўла икки ўқни бўшатиб, хуморидан чиқмоқчи эди. Бироқ бармоқлари тепкига етиб-етмай, милтиқ мили қаршисида терчиган, офтобда қорайган, кир-чир қаримсоқ манглайни эмас, бўшлиқни кўрди. Ажабланиб бундай қарасаки, қора юз Асилбек тиз чўкиб эмас, ер қучиб ялинмоқда. Қизнинг ўлимида менинг айбим йўқ, дея зор қақшамоқда.

Бунгача Омонали қизнинг қоядан йиқилишини кўрган ягона гувоҳ мулла Саид билан юзма-юз бўлганди. Аниқроғи, мулла Саиднинг ўзи уни қидириб келганди.

– Турқингга қараганда, сен бола бир балони бошламоқчисан шекилли! – дея унга бет бўлганди. – Агар ниятинг шу бўлса, кўп чакки иш қиласан лекин.

У Омоналини яхшилаб койиб қўймоқчи эди. Аммо бундай қарасаки, йигитнинг нигоҳи туманли, баданига тиғ санчсанг-да, сезмайдиган бир аҳволда. Мулла Саид отаси Қосим қоридай орқали одам эди, орқаси тутиб қолар бўлса, катта-кичикни аяб ўтирмасди. Белида доим қистириғли юрадиган майда ўрим қамчисини қўлига олиб, туйқусдан савалаб қоларди. Кейин, елкангга жин-ажиналар ўтириб олган экан, барини ҳайдаб солдим, дерди ва бу гапига бошқалар қатори ўзи ҳам чиппа-чин ишонарди. Шунинг учунми, унинг бу овкорлиги кўпчиликка оғир ботмасди.

Мулла Саид қаршисида оғзига сув олгандай, чурқ этмай турган йигитга қаттиқ тикилиб, беихтиёр белбоғидаги қамчисига қўл юбораркан, сўнгги дақиқада йигитнинг елкасига аллақандай майда-чуйда жин-ажиналар эмас, ҳайбатли бир дев ўтириб олганини пайқади. Бу девнинг бир оти «гумон», иккинчиси «қасду қасос» эдики, уни оддий бир қамчи билан ҳайдаб, қувлаб бўлмасди. Шунинг учун қояда юз берган фожеага гувоҳ бўлган киши сифатида кўрганларини қайта такрор этиб, дедики, ўзинг бохабарсан, ўша куни мен Қизилқоя қошидаги дўнгда қўйларимни ёйиб юриб эдим, у қиз, раҳматли, ит қувгандай, қоя ёқалаб пирпи¬ракдай елиб келди-да, Оқартошга тушиб қолиб, пайрахадай пастга эниб кетди. Ўзинг биласан, Оқартошнинг комига тушган тирик жоннинг омон қолмоғи қийин.

У шу гапларни айта туриб йигитга қаттиқ тикиларкан, унинг кўзларида қуйидаги маънони ўқиди: «Кимдир қувлаганки, қочаман дея, Оқартошга тушиб қолган». Ким эмас, кимдир қувлаганини мулла Саид эласгина илғаб қолганди. Лекин ким, буни у ҳам билмасди. Негаки, қувлаган кимса ялангликка бир ровга отилиб чиқиб, сўнг қизга етолмаслигига кўзи етдими, ё биров кўриб қолишидан чўчидими, ҳарнечук, тезда ўзини арчалар панасига олганди. Муҳими, ўша кимдир атай қизни қоядан итариб юборгани йўқ, Оқартош ўзанига тушган унинг ўзи. Умуман олганда, қизга Қизилқояда пишириб қўйибмиди? Кал эчкидай диконглавермай, жойини билибгина юрса бўлмасмиди! Шунинг учун қизнинг ўзини айбдор санаб, жиддий деди: «Йўқ, уни биров қувласа, кўрардим. Ахир бари ҳодиса кўз ўнгимда содир бўлди-ку.» Бироқ Омонали яхши биладики, тоғда ҳеч ким ўз майлига югурмайди, айниқса, Гуласалдай оқила қизлар пасту баландга қараб, ҳар бир қадамини ўйлаб ва ўлчаб босади. Бунинг устига, ўша куни Асилбекни тоғда жонсарак ҳолатда кўрганлар бор. Мулла Саидга келсак, у ҳамиша ва ҳар ишда тинчлик тарафдори – кўрса-да, кўрмадим дейиши тайин. Боз устига, бу ишда Асилбекнинг қўли борлигини кўнгли аниқ айтиб турибди.

Ўша куни аламдан оташ бўлиб ёнаётган эса-да, у барибир Асилбекни отолмади. Қаровсизликдан чакалакзорга айланган қаршидаги боғдан бир даста шох-шабба кўтариб чиқиб келган кекса энаси додлаганча кўксини милтиққа рўпарў қилгач, Асилбекка аталган ўқлар яна ўз жойида – яроқда қолаверди.

Қисқаси, Гуласал ушалмас орзулар қатида, ғамгин ва армонли хотиралар оғушида қолгани боис, Омонали ғам-алам уммонига бўғзига қадар ботмоқчи эди. Ғам дегани жуда тотли туюлиб, унинг бағрига бутунлай сингиб кетмоқчи эди. Унинг наздида, тириклик аллақачон тўхтаб, тош қотиб қолгандек эди. Бироқ, буни қарангки, у тўхтамаган, ўз маромида давом этаётган экан: ана, қор қоплони Оқманглай сурувга ҳужум қилибди. Сурув эгаси Ҳамидқул оқсоқол эса кўмак сўраб ҳузурига югуриб келди... Хуллас, ўз майлида эврилаётган тириклик ҳатто танҳоликда тинчгина кўзёши тўкмоғига изн бермаяпти. Ундан ҳаракатни ва дадил оёққа қалқишни талаб этаяпти.

У ўзи сезмаган ҳолда қўлидаги куракни, худди унда қасди бордай, тез ва чаққон ишлата бошлади.

Тоғдан эндигина қайтган Саркар лочин ўғлини яна эски ҳолида – эзгин ва хаёлчан ҳолатда кўраман деб ўйлаганди. Агар шундай бўлса, бу сафар бироз буровга олмоқчи эди. У шу хаёлда деворга яқинлашаркан, сўнгги дақиқада бу ниятидан қайтди, қўй, куйиб турган жонини баттар куйдир¬майин.

Саркор лочин ўртадаги пастак эшикдан эгилиб ўтишдан аввал девор оша ҳовлига мўраларкан, ўғлининг қўра тозалаётганини кўриб, ташвишманд юзига табассум югурди. Мамнун йўталиб, ўзидан дарак берган бўлди. Сўнг нимадандир малоллангандай, аста эгилиб ичкарига ўтди. Ўғлининг рўзғорини кўздан кечираётгандек, ҳовли ўртасида бир зум туриб қолди. Шунда у нақ елкасида аёли Эркинойнинг ўткир қарашини ҳис этди. Билдики, аёли девор оша ортидан мўралаб турибди. Кўзларида меҳрдан асар йўқ, шубҳа, гумон ва қаҳрга тўла. Бари бўлинган чорва важидан. Ҳозир орқасига ўгирилиши билан аёли девор ортига яширинади ва агар бекинишга улгуролмаса, ўлганининг кунидан жилмайган киши бўлади, лекин юзи кулса-да, кўзлари кулмайди. Яхшиямки, уйидагилар отанинг ғазабидан зир титрайди, акс ҳолда бу хонадонда аллақачон қўзғолон қўпиши аниқ эди.

– Оқсоқоллар кепти деб эшитдим, – деди Саркор лочин ўғли ёнига келгач, қиялик бўйлаб сочилган қишлоқ уйларига шунчаки бир назар ташлаб. – Тинчликми?

Омонали сездики, отанинг бари гапдан хабари бор. Шунга қарамай изоҳ берган бўлди.

– Қоплон дорибди дейишаяпти.

– Мазахўрак бўптими?

– Шунга ўхшаяпти.

– Унда... бир ёқлик қилиш керак уни.

– Мен ҳам шу ўйдаман.

– Осон эмас-ов бу ишинг.

– Осон эмас...

Шу билан гап тугагандек эди. Аслида эса тугамаган, эндигина бошланганди. Ота, нега сурувни Бозорқулга ишониб, ўзинг пашша қўриб ўтирибсан, демоқчи эди. Фақат бунга жўялироқ бирор баҳона тополмайроқ турарди. У ўғлининг жон жўраси Бозорқулнинг ўта ҳалоллиги ва дўстга нисбатан садоқатини жуда қадрларди-ю, бироқ айни дамда ўзининг бутун режасини пучакка чиқаргани учун, ундан бир оз хафа эди.

Ота чорвани иккига бўлган куннинг эртасиёқ Бозорқул дўсти Омоналининг уйига уриб келган. Биламан, ҳозир сен молга қарайдиган аҳволда эмассан, шунинг учун қўйларингни сурувимга қўшиб, ўзим боқиб тураман, сўнг суришиб-кўришиб кетаверамиз, деган. Отанинг назарида, у дўстлик қиламан деб, душманнинг йўлини тутган, яъни жўрасини ғам-алам гирдобига ёлғиз ташлаб қўйганди. Омоналига эса бу хил ғамхўрлик эмас, меҳнат деб аталмиш аччиқ қамчи даркор эди. Ана шунда у хиёлгина бўлса-да, қайғудан чалғирди. Бироқ Бозорқул гўл, буни қаердан ҳам билсин. Шу нарса Саркор лочиннинг ғазабини қўзитмоқда эди. У ичидаги бор зардасини ўғлига сочиб, молингга ўзинг эгалик қил, демоқчи эди. Агар Омонали, эртадан бошлаб қоплоннинг изига тушаман, деб қолмаганида, Саркор лочин бу сафар уни сийпалаб ўтирмаган, айтадиганини айтарди. Қоплон овини эшитгач эса, кўнгли дарров хотиржам тортди. Негаки, тирик инсон учун овдан зўр эрмак йўқ. У шундай бир кўнгилли машғулотки, одамзод қайғу тугул, ўзини унутиб қўяди.

Шунинг учун ҳам Саркор лочин таскин бир кайфиятда ўғил уйини тарк этди.

* * *

Эртаси тонгда Омонали ғаними Асилбекка аталган қўш ўқни милтиқдан бўшатиб, токча бурчагидаги тунука қутичага алоҳида қўйиб қўйди-да, сўнг яроғини елкасига осиб, ёлғизоёқ сўқмоқдан тоққа қараб жўнади.

У ошиқмасди, ошиқишни хаёлига ҳам келтирмасди. Нега деганда, бундан бирон наф йўқ эди. Ахир қоплон деган жонивор сени тайинли бирор жойда кутиб турмайди, шунингдек, лоп этиб олдингдан ҳам чиқиб қолмайди. Унинг изига тушмоқ учун аввало у юрадиган манзилни обдон ўрганиб, йўналишларини аниқлаб олиш лозим. Шу боис, бунақа ишда фойдасидан кўра зиёни кўпроқ бўлган итини эргаштирмади. Ана, у занжирини тортқилаб, бутун қишлоқни бошига кўтармоқда.

Омонали ота томондан узоқ қариндош ҳисобланмиш, содда ва далли-ғули, ўз навбатида, анчагина синчи бўлган Мелиқул тоғбегига сездирмай тоғдан озми-кўпми насибасини териб юрса-да, айрим ноинсоф овчилардек бу ишга ҳаддан ташқари ружу қўймаган, қисқача қилиб айтганда, инсоф доирасидан чиқмасди. Шу сабабми, Мелиқул тоғбеги бир сафар деганди: «Шу виждонингга андаккина ғубор қўнганини демаса, сен асли ёмон йигит эмассан. Яхшилигинг манглайингдан маълум. Аммо-лекин шу ғубор... Қани энди, чоғим етса-ю, виждонингни ана шу гарду гуртдан тозалабгина қўйсам. Э, шунда киши ҳавас қиларли бир ярқираган йигит бўлардинг-ки, ҳеч у ёқ-бу ёғи йўқ... Фақат мен ғуборни аритадиган сўзларни билмайман-да. Агар билганимда борми, ичингни чиннидай тозалаб қўярдим-а».

Омонали кўнгилдан ғуборни аритадиган сўзларни кейинроқ, яъни ёмғирли кунларнинг бирида, шиптидан сув чакиллаб турган Кунгайбет ғорида тасодифан танишган Гуласалдан эшитди.

Шу кунгача бу ёруғ оламда бошида соябони кенг оқиш шляпа, эгнида эса жинси шим ва шу матодан тикилган серчўнтак калтароқ камзул, қорачадан келган юзи доим кулиб турадиган, ёниқ нигоҳли, хушбичим қадди-бастли қиз борлигини ҳатто тасаввурига ҳам сиғдиролмасди. У эзиб ёғаётган ёмғирни лаънатлаганча, бошпана илинжида қўриқхона чеккасидаги тошлоқ ёнбағирликни ёқалаб, арчазор бетликдаги Кунгайбет ғорини қоралаб борарди. Ғорда ўт ёқиб, жиққа ҳўл энгил-бошини қуритиш ниятида эди. У ўзидан кам ивимаган итини эргаштирганча, сирпанчиқ танггу тор сўқмоқдан юқорига ўрларкан, қуйидаги арчазорда қантариқли отларга ва ғор оғзидан кўтарилаётган енгил тутунга кўзи тушгач, бир оз тараддудланиб қолди. Бироқ бу атрофда шундан бўлак пана жой бўлмагани боис, ичкарига бош суқмоқдан бўлак чора топмади.

У қизиқсиниб, аста ғор ичига мўраларкан, дастлаб кўзи тушгани кираверишдаги кенг айвон ўртасида биқирлаб қайнаётган чоғроқ осма қозон бўлди. Оловнинг бир четида эса биқини хиёл пачоқланган қорақумғон жиғиллаб турарди.

Кўзи нимқоронғиликка ўргангач, ўчоқдан нарироқдаги пастак супамисол қизғиш тош устида, қўлфонар ёруғида алланималарни чизиб-ёзиб ўтирган икки аёлни ва ғор деворига орқа тираган кўйи, баҳузур мудраётган Мелиқул тоғбегини илғади.

Омоналининг ташрифи аёллардан бири – малласоч Иринага ёқмади. Шу ёмғирли ҳавода сен етмай турувдинг дегандай, хўмрайиб бир қараб қўйди-да, яна ишида давом этди. Аммо Гуласал беэътибор бўлолмади. Худди уйига кутилмаганда меҳмон келган бекадай, аввалига жиндек беса¬ронжамланди, сўнг ўрнидан илкис қўзғалиб, гўё меҳмонга кўрпача ташламоқчидай, беихтиёр бир сира ён-берига кўз югуртирди ва қачонки кўзи тошўчоққа яқин ердаги курси монанд тошга тушгандан кейингина, чеҳрасидан хижолатга ўхшаш ноқулайлик ариб, жилмайди, келинг, ўтиринг, дея тошга ишора қилди. Табиий, йигитнинг обдон ивиган энгил-боши ҳам унинг назаридан четда қолмади. Омоналининг пахталигини ечиб, шундоққина оёғи остига ташлаб қўйиши ёқмай, енгил бир ҳаракат-ла уни қўлига олди-да, оловга яқинроқ тошлардан бири устига ёйиб қўйди. У бу ишларни шундай бир ўзига хос савқи табиий ила адо этдики, ғирт нодон одам ҳам унинг босаронжом оилада камол топганини англамасдан иложи йўқ эди. Бироқ қизнинг бу хил жонсараклиги Иринанинг ғашига тегмай қолмади, чалғима, деди норозиланиб. Гуласал эса унинг тўнғиллашига эътибор ҳам бермай, ўчоққа яқинлашди. Қозонда билқиллаб қайнаётган таомнинг тузини татиб кўрди, сўнг бир маромда ёнаётган оловнинг бир қисмини ўчоқдан берироққа тортди-да, тутай бошлаган ўтга яна ўтин ташлади. Бу ҳаракатларнинг бари ўзи учун эканлигини англаган йигит баттар хижолат тортди. Бахтига Мелиқул тоғбеги уйғониб қолиб, унинг ноқулай вазиятдан чиқмоғига имкон яратди.

– Э, қариндош, сенмисан, – дея оғзини карракдай очиб эснаркан, кўзи ғор деворига суяб қўйилган яроққа тушгач эса, ҳам тоғбеги, ҳам хеш сифатида, одатдагидай, уни тергай бошлади. – Шу ёмғирда Худо деб уйингда ўтирмайсанми! Буйтиб санқиб юришинг нимаси, а? Қўриқхонада яна кўрсам, қариндош-париндош деб ўтирмайман, тозагина хафа қип қўяман демаганмидим! Хўш, энди нима қилай, а?

– Биринчидан, қўриқхонада эмас, ундан четдамиз, – деди Омонали ҳазил оҳангида. – Кейин... урасизми, сўкасизми, фақат ҳозирча меҳмонларнинг олдида одамни уялтирмай туринг.

– Булар меҳмон эмас, олимлар! – деди Мелиқул тоғбеги андак ғурур билан. – Товдаги барча ўсимликлар билан тиллашадиган одам булар. Шундайми, Иринахон?

Бироқ энди ёзув-чизувини йиғиштириб, тиззаларини қучганича, ташқарида шаррос қуяётган ёмғирни кузатиб ўтирган жувон унинг гапига ҳеч бир муносабат билдирмади, яъни тоғ одамларининг содда ва дўлвор гап-сўзларига унчалик ҳам ҳуши йўқлигини англатишдан ийманмади. Унинг бу нописандлигидан сал шашти қайтинқираган Мелиқул тоғбеги нима деярини билмай, носқовоғини қўлига олди ва кафтига мўлгина нос тўкди, сўнг уни тили тагига ташласамми-йўқми дегандай, бир муддат ҳардамхаёл туриб қолди.

Гуласал эса юзага келган бу ноқулайликдан хижолат тортгандай, андак ошиқиш-ла қумғонни оловга яқин сурди, нима ичасизлар, чойми, қаҳвами, дея ҳазил-ҳузул қилган киши бўлди. Кейин бу билан қаноатланмай, наридаги халталарнинг биридан чинни идишларни олиб, уларни бирма-бир чайишга тушди. Орада тоғбегини саволга тутиб, чалғитишга уринди. Ундан аллақандай ўт-ўланларни сўради. Улар орасида қайта жонланган гурунгдан Омонали шуни фаҳм¬ладики, бу икки аёл ҳақиқатдан ҳам ўсимлик¬ларни ўрганадиган илм кишилари экан. Бундан унинг таажжуби баттар ортди. Аёл бошларинг билан бу овлоқ тоғу тошларда силарга пишириб қўйибдими, дегиси келди. Агар бошдаёқ унинг ташрифини унчалик хушламаган Ирина ғор деворига суёғли милтиққа ишора қилиб, браконьерми бу, дея тўсатдан тўнғиллаб қолмаганида, шунга яқин гап қилиши тайин эди.

– Йўқ, – деди тоғбеги алланечук шошқалоқлик билан. – Бу йигитнинг товга ҳеч зиёни йўқ. У қўриқхонадан четда ов қилади.

– Тарафини олаяпсизми, демак, бу ёғи таниш-билишчилик, – деди Ирина жанжал қўзғашни яхши кўрадиган аёлларга хос қош чимириб. – Қўриқхона ҳудудига қурол билан яқинлашдими, бас, қонунни бузган ҳисобланади...

Шу пайт Гуласал илон чаққандай чинқириб юборди:

– Вой, қаҳвани унутибмиз-ку!

Ирина, чамаси, қаҳвасиз туролмайдиганлар хилидан шекилли, ранг-қути учиб кетди. Бўлиши мумкин эмас, дея ирғиб ўрнидан турди-да, қоплардан бирини шошиб-пишиб титкилай бошлади. Бу орада Гуласал, мийиғида кулимсираб, иккинчи қопдан кичкина ялтироқ шиша идиш чиқарди. Кейин, қалай, бопладимми, дегандай тоғбегига шўхчан кўз қисиб қўйди. Иринанинг бобиллашига эса, кўникиб кетганиданми, ҳатто эътибор ҳам бериб ўтирмади.

Омонали уларнинг таомига шерик бўлишдан тортиниб, тезгина пахталиги ва яроғини қўлига олиб, ташқарига йўналаркан, шу ҳавода қаёққа борасиз, деган сасдан сўнг ялт этиб ортига қаради ва ўзига ҳайрон боқиб турган қизга кўзи тушди.

– Келдингизми, таомимиздан тотинмасдан кетиш йўқ, – деди Гуласал нигоҳини табассумга тўлдириб. – Ё сизларда эшикдан кирган одамни қуруқ оғиз билан қайтаришадими?

– Э, йўқ, – деди Омонали шошиб. – Биз борган одамга қўй сўямиз.

– Унда қўйга қарздор қип қўйиш ниятида, сизни бир пиёла чойга таклиф этсак бўладими? – деди қиз юракни ўртайдиган даражада жилмайиб. – Мабодо камтарона дастурхонимизни назарга илмаётган бўлсангиз, нима ҳам дердик, зоримиз бору зўримиз йўқ. Ё қўйга қарздор бўп қолишдан қўрқаяпсизми?

– Нималар деяпсиз! – йигитнинг орияти қўзиб, қўлидаги яроқни ғор деворига суяб, изига қайтди. – Юринг, ҳозироқ оёғингиз остига қўй сўяман! Сўймаган номард!

– Унда ёмғир тинишини кутишимизга тўғри келади. – Қиз кулганича эпчиллик билан қаҳва тайёрлай бошлади. – Ҳозирча эса бизнинг хушбўй қаҳвамизга шерик бўлмоқдан бўлак иложингиз йўқ. Қани, марҳамат, оловга яқинроқ келинг.

Шу пайт ташқаридаги харсангтош панасида қолган Бўйноқ ичкарига бош суқиб, уларнинг гапи бўлинди. Итни кўриши билан Иринанинг тўнг афти ёришди. Бўйноқни эркалаб ёнига чақирди. Бироқ Бўйноқ аксарият итлар каби дум силкитмади, ўзини чорлаётган нотаниш аёлга сергак тикилиб, сил¬кинди, яланди, сўнг эгасининг буйруғига итоат этиб, ғор остонасига чўкди.

Омоналига қолса-ку, итни ҳаяллатмай таш¬қарига ҳайдарди, аммо аёллар бунга изн беришмади. Айниқса, Ирина худди туғишган укасини ҳимоя қилгандай, бақириб берди.

Уларнинг вағир-вуғирини нимтабассум-ла кузатиб, ҳануз ёнбошлаб ётган Мелиқул тоғбеги ўзига узатилган идишни қўлига оларкан, норози оҳангда деди:

– Мана шу нордон ичимликни таъмига ҳеч ўрганолмадим ўрганолмадим-да, синглим. Бунинг чой бўлиб, чой эмас, заҳардан берман бир бало. Э, бунинг тоза аччиқ-ку! Озгина шакардан қўши-ий. Ҳа, баракалла!

Омонали ўчоқбошида куйманаётган қизга қарашган бўлиб, ўтга чўп-пўп ташлаб ўтираркан, бу орада уларнинг суҳбати ҳайратли даражада тез қовушиб кетди. Гурунг асносида қизнинг асли шаҳарлик экани, уч кундирки, тоғу тошда тентиб юрганию икки йилдирки, ўсимликлар бўйича илмий иш қилаётгани билиб олди. Қизнинг, айниқса, тоғда ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган бирор ўсимлик турини кашф қилиб, унга онаси номини бериш орзусида юрганини эшитиб, бутунлай донг қотди. Ахир тоғда ўз майлида ўсиб-униб ётган гиёҳларни ўрганиш ва ҳали фанга маълум бўлмаганларини аниқлаб, унга бирон-бир ном бериш тасаввурига сиғмайдиган иш эди-да. Негаки, у тоғлардаги барча ўсимлик турларини молларга озиқ бўладиган шунчаки ўт-ўланлар деб биларди-да. Буни қарангки, бу дунёда ўт-ўланларга бошқача кўз билан қарайдиган ва ҳатто уларга ўз исмини беришга ҳозир ва шунингдек, мавжуд нарсаларни бошқача номлайдиган тентаклар ҳам бор экан.

«Суворов ширачи» дейдими-ей. «Улуғ лола» дейдими-ей. Ахир ширач ўз номи билан ширач-да. Унга номингни бердинг нима-ю, бермадинг нима, шу билан унинг шакл-шамойили ўзгариб қолардими, ё бошқача тус олармиди. Булар ўзи жуда ғалати одамлар экан, ҳамма нарсани ўзларича номлаб ташлашавераркан. Эмасам, лолага ном бериши нимаси. «Улуғ лола» эмиш...

У шуларни хаёлидан ўтказар экан, қаватида нотаниш терминлар билан бошини қотираётган, тўғрироғи, гурунг бераётган қизни жеркиб, шу сизга зарилми, нимага керак бунинг бариси, дегиси келади. Лекин деёлмайди. Сабаби, Гуласал оқшомлари булоқ бўйига йиғилиб, ғийбатнинг уйини куйдирадиган ва ҳаётга нисбатан қарашлари манову мудроқ тоғлардан нарига ўтмайдиган, энг ёмони, орзу ва қизиқишлари бир тутамгина бўлган қишлоғи қизларига сира ўхшамасди. Агар ҳозир ёнидаги олима қизнинг ўрнида қўшни қизлар – Салима дўндиқ ёки Ойсара читтак ўтирганидами, Омонали ҳеч истиҳола қилиб турмай, ҳай тентак қиз, кўҳликкина, бўйликкина экансан, буйтиб тоғу тошларда тентиб юрмай, эр-перга тегиб, уйингда бешик қучиб ўтирсанг бўлмайди, дейиши аниқ эди. Бироқ Гуласалга бу хил муомала қилиш қийин эди. Қандайдир бошқача эди у. Бир қарашда, жудаям яқин, ўз навбатида эса, қўл етмас даражада узоқ эди у. Болаларча беғуборлиги ва соддалиги ортида унча-бунчага қайишмайдиган қандайдир қатъий феъл яширин эдиким, бу нарса истаган пайтда ўзини намойиш этиши мумкин эди. У, қобил бўлсанг, эркалайман, мабодо ёмон хаёлга борсанг, тезда танобингни тортиб қўяман, деётгандек туюларди.

Омонали қизнинг суҳбатига андармон бўлиб, қаҳвадан бўшаган идишларга Иринанинг жиндек-жиндек ароқ қуйганини пайқамади. Қачонки тоғбеги хушнуд ва хушомад оҳангида, бундай ҳавода ароқ ичмаслик гуноҳ, Иринахон, дегандан сўнггина ўзига узатилган идишга эътибор берди. У шу ёшгача аёл киши қўлидан бирон марта қадаҳ олмагани боис, Иринанинг бу иши унга жуда эриш туюлди, ҳатто андак нафсониятига ҳам тегди. Шунинг учун бир оз қўрслик билан аёлнинг қўлини нари итарди. Ирина эса уни ортиқ қистаб турмади, хоҳишинг, дея нарида кўзлари ўғри мушукнинг кўзларидай ёниб-ёлқинланиб ўтирган Мелиқул тоғбегининг қаватига бориб чўкди ва иккиси чўқиштириб ичишди.

– Овқат олдидан гоҳ-гоҳида озгина ичиб турадиган одатлари бор, – деди Гуласал ҳамро¬ҳининг бу қилиғи йигитга ёқмаганини фаҳмлаб ва сўнг секин шипшиб қўйди: – Лекин, сал қўрслигини демаса, ўзи ажойиб аёл. Ажойиб олима!

– Сиз эса... олмадингиз? – деди йигит аёл ҳақида ортиқ изоҳ эшитишни истамай, ярим чин, ярим ҳазил оҳангда.

Қиз гўё бу гапни эшитмади, унинг эътибори ғор оғзида чўзилиб ётган итда эди. Аслида у бошданоқ Бўйноқдан назарини аритмай турарди.

– Содиқликка қасам ичмаган, лекин ҳамиша содиқ бўлиб қолаверадиган ажойиб жонивор! – деб қолди бир маҳал алланечук хаёлчанлик билан. – Назаримда, унинг мана шу хусусияти туфайли қадимда одамзод бошқа ҳайвонни эмас, айнан итни қўлга ўргатган. Лекин ўзи содиқлик борасида ундан ибрат олмаган. Оқибатда эса... Биттаси, ана, Ирина, бевафолик жабрини кўравериб, охири илмга суяниб қолган. Қўрс кўрингани билан ўзи ажойиб аёл.

Омонали жиндек ичганиданми, фавқулодда очилиб, тоғбеги билан беармон чақчақлашаётган Иринага зимдан қараб қўяркан, ёнида ўтирган қиз ўзидан янада узоқлашганини ҳис қилди.

У шу пайтгача бу хилда фикрлайдиган ожизани учратмаган, кўрган ва билган аёллари эса тўйларда арзимас латта-путта устида талашиб-тортишиб, сўнг буни йиллаб гап-сўз қилиб юрадиган қишлоқ хотин-халажлари эмасми, қизнинг бу тарздаги гап-сўзларини ҳазм қилмоққа қийналмоқда эди. Унинг тилида ҳар бир сўз алоҳида маъно касб этиб, тирик¬лик ғаройиб бир тусда товланаётгандек туюларди.

Қизнинг фикрларини қизиқсиниб тинглашда давом этаркан, Омонали ўзини беихтиёр улфатлари даврасида тасаввур этиб, унинг гапларини хаёлан сўзма-сўз такрор этиб кўрди. Йўқ, жўралари бу хил гурунгдан тез зерикадилар, айтилаётган ҳар бир сўзни ақл тарозисига тортиб кўришдан кўра, унинг устидан қаҳ-қаҳ отиб куладилар. Бундан ҳам ночор томони, бу хушбичим қиз билан жўн тилда гаплашиб бўлмасди. У билан суҳбат қурмоқ учун алоҳида ҳозирлик лозимдек эди. Кейинчалик у ўзи сезмаган ҳолда қизни номаълум хавф-хатарлардан қизғанадиган бўлиб қолди. Нега деганда, тоғда кўзи қизариб юрган чўпон-чўлиқлар, нотаниш қизил этакни кўриши билан ақл-ҳушини бутунлай йўқотиб қўядиган кимсалар йўқ эмасди. Аммо бу ҳақда қизга айтолмасди, уни ҳуркитиб қўйишдан чўчирди.

Йигитнинг назарида, суҳбати мароқли бу қизга кўнгил қўйиш ақл доирасига сиғмайдиган ишдек туюларди. Ғалати энгил-боши, яъни бошидаги соябони кенг оқиш шляпаси ва қоматини сириброқ турган либосигина эмас, балки тоғма-тоғ тентиб юришлари ҳам ғайритабиийдек эди. Агар у ҳақда отаси Саркор лочинга гап очгудек бўлса, ҳайратдан унинг бароқ қошлари тепага сапчиши аниқ эди. Боиси, қизнинг юриш-туриши қишлоқ аҳли кўниккан андозага сира тўғри келмайди. Тўғри, у тоғма-тоғ санқиб, ўзича улуғ бир ишлар қилаётгандир ҳамда боши тўла ақл ва илмдир. Бироқ, энг муҳими, у қишлоқ қизларига ўхшамайди. Боз устига, насл-насаби қанақа, ота-онаси ким ва шунингдек, отаси қанақа номард одам эканки, шундай дилбар қизни кимсасиз бу тоғу тошларга бемалол қўйиб қўйибди. Қисқаси, Гуласалдай зукко ва эркин қизларни қишлоқ аҳли осонликча ҳазм қилолмайди.

Уларнинг қиз ҳақидаги аҳмоқона тасаввурларини емириш эса ўлимдан ҳам қийин. Бундай қизларни фақат буюк муҳаббатгина ўз бағрига сингдира олади, холос. Айни шу муҳаббат дастлабки онлардаёқ қалбида чечак отганини Омонали сезмаган, буни шунчаки қизнинг суҳбатига ошуфталик деб ўйлаган.

Омонали сўнгсиз хаёллар оғушида ғорга яқинлашганини сезмай қолди.

У ғор жойлашган бетда бир зумга тўхтади.

Негадир унга кирмоқ истади.

Арчазор оралаб аста юқорига ўрлай бошлади.

Ғор ичи ўша-ўша нимқоронғи. Ўртадаги тошўчоқ унинг куйган юрагидек қорайиб турарди. Бир четда кимлардандир қолган ярим даста ўтин.

У қиз ўтирган тошга чўкаркан, ўт ёқиш истагини туйди.

Нега?

Ҳаво илиқ, ўт ёқмоққа ҳеч ҳожат йўқ эди. Ўз навбатида, бу саволга жавоб ҳам йўқ эди.

У тиззаларини қучганча, чирсиллаб ёнаётган оловга маъюс термулиб ўтираркан, беихтиёр мижжаларига қалқиган ёшни тиёлмай қолди. Аниқроғи, тийишни хаёлига келтирмади. Ва йиғи тотли туюлиб турган бир паллада эса, ҳеч кутил¬маганда кўксидан қайноқ бир ўкирик ташқарига тошиб чиқди.

Буни тўхтатиб бўлмасди, тўхтатмоққа энди унинг чоғи етмасди ва буни ўзи ҳам истамасди.

Бу овлоқ гўша инсон боласи яралганидан бери қанча-қанча одамга бошпана бўлган – кимдир ёвдан, кимдир ёмғирдан қочиб, унинг бағрида ором топган. Лекин улардан бирортаси ҳам Омонали каби ёввойи нидо таратиб, ўкириб-ўкириб йиғламаган бўлса керак.

Бу аянчли сасдан ғор деворлари сукутда, баланд шифтдан эса унга ҳамдардлик изҳор этаётгандек, тинимсиз томчи томарди...

* * *

Омонали ихтиёридан ташқарида юз берган бу ўтли ўкирикдан сўнг, оловга тикилган кўйи, сассиз узоқ йиғлади.

Аслида ота уйини тарк этишдан мақсади ҳам шу – ҳоли жойда қайғуни тўшак, ғамни болиш айлаб, тўйгунча, кўзёшлари адо бўлгунча йиғлаш эди. Илгари агар биров, эркак зоти ҳам гоҳида йиғламоқни истаб қолади, деса сира ишонмасди, кўзёшини аёлларга чиқарган, дерди. Мана энди билаяптики, эркак зоти ҳам йиғларкан, фарёд уриб эмас, сассиз ва садосиз, ўрни келса, ўзини идрок этолмай, бамисоли айиқдай ўкириб йиғларкан.

Омонали рўзғорини бўлак қилгани билан истагини амалга оширолмади – худди биров деразадан мўралаб тургандай, тўйиб-тўйиб кўзёши тўколмади. Ана шунда йигит киши учун йиғламоқ осон эмаслигини англади. Бунга сари юраги ғамга тўлиб бораверди. Кунгайбет ғорига эса йиғлаш учун кирмаганди, нима учун бош суққанини ўзи ҳам билмасди. Юрагида димланиб ётган алам ёшларини келиб-келиб шу овлоқ гўшада тўкиши мумкинлигини ҳатто хаёлига келтирмаганди.

У анча енгил тортгандан сўнг, бир муддат нечун бу томонларда дайдиб юрганини эслашга уринди. Дарвоқе, қоплоннинг изини топиш илинжида йўлга тушганди-ку. Уф-ф, овчи халқи учун бундан нохушроқ, бундан машаққатлироқ машғулот бўлмаса керак. Нега деганда, маълум бир жониворнинг кетидан тушиш ов эмас, бориб турган даҳмазанинг ўзи, яъники ипсиз, тизгинсиз боғланишдек бир гап: минг хаёлласангда-да ташлаб кетолмайсан. Агар қўл силтаб кетар бўлсанг, ўрнингга Асилбекка ўхшаганлар чиқади. Унақалар фойдали юмушдан бўйин товлашади, ўз манфаатлари йўлида ҳатто итнинг қўлтиғидаги бургани ҳам тинч қўйишмайди. Ҳақиқий овнинг йўриғи эса бутунлай бўлак, омадинг чопса чопди, чопмаса, ими-жимида изингга қайтиб кетаверасан.

Қисқаси, тоғнинг қайси бир пучмоғида ўз майлида юрган қоплон Омонали учун ўлжа эмас, балки Асилбекка ўхшаш ёмон ўроқчилар томонидан пайҳон қилинмаслиги учун кўклаб турган майсалар орасидан авайлаб юлиб ташланиши лозим бўлган ёввойи бир ўт эди. Қишлоқда чорваси йилнинг илиқ фаслида тоғдан бери тушмайдиган одам борки, қоплонга кўз тиккан, тезроқ унинг бир ёқли бўлишини истайди. Қолганлар эса шунчаки ҳангоматалаб, қани, Омонали бу ишни эплай оладими-йўқми дегандай. Хуллас, жўяли бир фикр юритувчидан кўра, томошабин кўп. Оқманглай қорли тоғлардаги саноқли қоплонлардан бири экани ва уни авайлаб-асраш лозимлиги хусусидаги ўй бирор кимсанинг бошига келмайди.

Бу қўриқхона мутасаддилари, жумладан, Мелиқул тоғбегининг ташвишидек, қишлоқ аҳли бу масалага ўгай кўз билан қарайди. Образли йўсинда айтганда, сарҳадсиз қўриқхона ҳудуди кишилар учун гўё бегона бир боғ ва ҳар ким чоғи ҳамда уқуви етганча бу боғдан кўпроқ мева ўмариш пайида бўлади. Бу ишда улар қаноатни билишмайди, «инсоф» деган тушунчани негадир унутиб қўйишади. Агар, мабодо, бу ҳолатнинг тескариси юз берса, яъниким кишилар ўз «боғ»ларига бегоналар оралаганини сезиб қолишса-чи, тамом – улар додлаб оламни бузишади. Қоплоннинг эса йўқ-бор айби шу – ўзга боғнинг «мева»сига кўз олайтиргани. Мана, «боғ» эгаси Ҳамидқул оқсоқол биргина «мева» – қўзисининг аламига чидаёлмай, Омоналининг ҳузурига югуриб келди. Менга унинг жони керак, эмасам тинч қўймайди у бизни, дея қақшаб-қалтиради. Оқсоқолга оламдаги жамики нарсадан ўша савил кетган қўзиси қадрлироқ, унга қолса, қоплон деган аллақандай бир жонивор ноёб тур сифатида ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетмайдими, унга деса, чўққисидан оппоқ қор аримайдиган манову чўнг тоғларни ер ютмайдими, энг муҳими, мулкига биров даҳл қилмаса ҳамда қўйлари йилтиллаб семириб, совлиқлари йил сайин эгиз қўзилаб турса бас.

Теварак муҳитдаги ўзгаришлар бошқалар қатори ўзининг ҳам турмуш тарзига даҳл қилиши мумкинлигини ҳатто тасаввурига сиғдиролмайди. Бу тўғрида гап очсанг, ўзини доно билиб, энсасини қотиради. Хуллас, бунақалар девордан нарини кўрмайди, кўра билмайди. Мабодо одам боласи билан ёввойи жониворларни юзлаштиришнинг иложи бўлганидами, қоплон деганлари одамзотнинг куракда турмайдиган қатор кирдикорларини очиб, бирма-бир санаб ташлаган бўларди. У шунчаки гапирмаган, балки аждодлари хотирасида жамланган қуйидаги маълумотларни пеш қилиб, сўзлаган бўларди, дердики, сизлар бу томонларга келгунга қадар тоғлар кийикка тўла, дарё бўйлари қундузга сероб, ўтлоқларда ғужғон ўйнаган турли ертешар жониворларнинг сон-саноғи йўқ эди. Сизлар келиб барига қирон келтирдиларинг. Яйлов тўла қўйларинг бўла туриб, эти мазали дея, кийикларни отдинглар, мойи дардга даво дея, қундузларни қуритдинглар, олачипор мўйнамизга ҳавасларинг келиб, бизга чанг солдиларинг. Оқибат, биз ўта саноқли қолдик, бу ёқда кийиклар камайиб, қундуз деганлари, оқ¬шомги юлдузлардай, унда-бунда кўзга чалинадиган бўлиб қолди. Тоғда емагимиз камайиб қолгач, энди олган қарзларингни қайтаринглар, дея сурув¬ларингдан атиги биттагина қўзини ўмаргандим, шуниям кўп кўрдиларинг.

Оманалининг хаёлидан ўтган бу ўйларни Гуласал айнан шундай ифодалаган бўларди. Умуман олганда, қиз бало эди, гоҳида шўхлиги тутиб, арчалар тилидан сўзлагани етмагандек, чечаклар тилидан қўшиқлар ҳам айтиб қўярди. У дердики, табиатдаги барча нарса жонли ва ҳар бири мулоқот қила олиш салоҳиятига эга, фақат биз одамзодгина буни идрок эта олмаймиз. Зеро, инсон яралибдики, ён-теварак нари турсин, лоақал бир-бирини англаб етолмайди. Ҳолбуки шундай экан, улар дов-дарахтлар додини, ўланлар қайғусини, ёввойи жониворлар изтиробини қаердан ҳам ҳис этишсин!

Гуласал ўзининг бу тарздаги фикрлари билан билиб-билмай, унинг олис болалик сарҳадида қолиб кетган ва ҳозирда ҳам онда-сонда юзага тепчиб турадиган гўзал туйғу торларини тебратарди. Йигит¬нинг аслига қайтишига, теварак-атрофга тийрак бир нигоҳ билан назар ташлашига ундарди. Унутилган ҳолат ва ҳодисаларни қайта эсига туширарди.

Эсида, айни ёз чилласида отаси ўгай энаси билан жанжаллашиб қолиб, эшиги олдидаги ягона токни кесиб ташлаган. Омонали, бола эмасми, ток танасидан оқаётган селга бошқалар каби беэътибор бўлмай, уни токнинг кўзёшлари деб ўйлаган ва бундан қаттиқ ёзғириб, бу ҳақда айтмаган одами қолмаган.

Натижада, момоси Баҳринисонинг қистови билан Саркар лочин болани отига мингаш¬тириб, негадир мулла Саидга эмас, қўшни қишлоқ¬даги мулла Дониёрга олиб борган. Мулла, нима гап, дея отага қараган, ота қолиб, бола жавоб берган.

– Мен... ўзим кўрдим, эшик олдидаги токимиз йиғлади, уч кун тинимсиз йиғлади!..

Мулла Дониёр маънодор бош ирғаб, бошқа нарса сўрамаган, болани қошига ўтқазиб қўйиб, узоқ ўқиган. Момоси эса бу билан чекланиб қолмай, қора товуқ сўйган, унинг қони билан боланинг манглайи ва танглайини бўяган. Сўнг, сенларнинг жанжалларинг туфайли неварамнинг эси оғай деди, дея отаси ва ўгай энасига роса заҳрини сочган. Шунда бола Омонали бир нарсани фаҳмладики, агар туйғуларини ҳадеб ошкор этаверса, катталар орасида албатта жанжал қўпаркан. Кейинчалик бу хил туйғуларини тенгқурларига изҳор этадиган бўлди. Афсуски, тенгдошлари катталардан баттар тош эди, уни мутлақо тушунишмади. Оқибатда, бутун ҳис-тўйғулари ичида димланиб қолавер¬ганиданми, бола дағал тортди. Бамисоли шаффоф булоқ кўзини тошлар босди, бекитди, ўзга нигоҳлардан пана қилди. Гуласал эса ўзининг беғубор феъли ва сержило дунёқараши билан ўша бекик булоқ кўзини оҳиста очиб юборганди. Қиз ҳар қандай ҳолат ва вазиятга, табиат манзараси ва кишининг руҳию рухсорига дилни қувнатадиган даражада баҳо бера оларди. Масалан, яккатутлик Ёдгор кал ярғоқ бошини яшириш учун қишин-ёзин бошидан телпагини қўймасди. Худди тақир бошлик катта айбдай, куя еган қозондек телпагини ҳамиша қошигача бостириб юрарди. Иттифоқо, кунлардан бирида телпаги тезоб сойга тушиб, оқиб кетади. Бунга тасодифан гувоҳ бўлган Омонали ёнида турган қизнинг шарақлаб кулишини кутади. Сўнг, унга жўр бўлиб, ўзи ҳам мириқиб қаҳ-қаҳ отмоқчи эди. Бироқ кулгу ўрнига ҳайратли бир хитобни эшитади.

– Вой, буни қаранг, Суқротнинг худди ўзи! Кенг манглай, тақир бош... Қуйиб қўйгандай, Суқротнинг ўзи!

Қизнинг ҳайрати шусиз ҳам бўлари бўлиб турган Ёдгор калнинг ғазабини қўзитади. Сувда оқиб кетган минг йиллик қадрдони бўлмиш телпагининг аламини ундан олмоқчидай қизга ўқрайиб қарайди. Бироқ Гуласалнинг нигоҳида ўзи кутган киноя ва истеҳзони илғамагач, қаҳри сўниб, Суқротинг ким, менга ўхшаш бир бедаво калми, дейди ўксиб.

– Суқрот буюк донишманд! – деди қиз унинг шундай одамни билмаслигидан ҳайрати жўшиб. – Сиз айнан шу одамга ўхшайсиз! Бунақа бошни телпак остига бекитмай, одамларга кўз-кўз қилиб юришингиз керак, амакижон.

Ёдгор кал асалчи эди.

Унинг бу ёруғ оламга келиб билгани мана шу тоғ-тошлару элликдан зиёд асалари қутилари ҳамда ҳар кузакда йиққан-терган асалини арзон-гаровга кўтарасига олиб кетадиган Ҳамидқул оқсоқолнинг шаҳарлик қудаси Миркомил асалфуруш эди. Ёдгор кал улар билан фақат фойда-зиён хусусида сўзла¬шар¬ди. Танҳо қолган кезлари эса, кунчиқишдаги чўнг тоғларга хаёлчан боқиб, доим бир нарсани, яъни асалари қутиларини юксак водийдаги арчазорга олиб чиқишни ўйларди. Бироқ кейин асалхўр айиқлар тинч қўймаслигини ўйлаб, ҳамиша шаштидан қайтарди. Сўнг қирриқликда бир-биридан қолишмайдиган қудаларнинг қутқуси ва алдовига учиб, асални арзонга бериб юбормадиммикан, деган шубҳага борарди. Ўзича улардан пича аразлаган киши бўларди. Унинг ҳаёт тарзи шу эди ва бу дунёда Суқротдек буюк шахслар яшаб ўтганини эса ҳатто тасаввурига сиғдиролмасди.

Энг қизиқ жиҳати шу бўлдики, қиз Суқрот ҳақида гапиргани сайин Ёдгор кал Омоналининг кўз ўнгида секин-аста бўлак қиёфа касб эта бошлади. Кенг манглай, тақир боши кўзига ортиқ хунук кўринмай қўйди. Телпакда қаримсиқ кўринган кимса ялангбош ҳолида анчайин ёш ва бамаъни тус олаётганини туйгани сари эътирофда гап кўплигини, сўзнинг қудрати ўта беқиёс эканлигини юрак-юракдан ҳис эта борди. Сўз ила қора тупроққа қориштирмоқ ва шунингдек, сўз ила еттинчи осмонга олиб чиқмоқ мумкинлигини яна бир карра идрок этди. Ўшанда сўз таъсир қилдими, ҳар ҳолда Ёдгор кал илиқ кунлари қозондек телпак кийишни бас қилди ва ўзига «Суқрот» деган лақабни орттириб олди.

Гуласал ҳайратга йўлдош эди, лоқайдлик эса ундан етмиш етти чақирим нарига қочарди. У тоғлар билан сўйлашарди, чечаклар билан куйлашарди. Бунга сари қиз йигит учун қўл етмас бир малакдек туюла борарди. Уни кўрмоқ ва сўйлашмоқ мумкин, лекин суймоқ ножоиздек эди. У мисли бир капалак эдиким, чечаклар узра парвозини мароқ-ла кузатмоқ мумкин, холос. Агар тутиб кўрмоққа уринсанг, тутдай тўкилиб тушадигандек эди.

Ўша фожеа юз берган куни у дилидагини қизга изҳор этмоқчи эди. Уч сўздангина иборат жумлани тонгга қадар такрор этиб чиқаркан, айтадиганимни шартта-шуртта айтаману ҳадаҳа изимга қайтаман, сўнг эртаси яна ҳузурига бораман, агар чодиридан кулиб чиқса, бахтим, қовоқ уюб, қошини читса, ўлимим, шаршаранинг сувига тушиб, юрагимнинг тафтини босмоқдан бошқа чорам қолмайди, деб ўйлаганди.

Шу куни у қизни қидириб водийга борди. Чодирда Иринанинг ёлғиз ўзи алланималарни ёзиб-чизиб ўтирган экан. Агар у, кут, кеп қолар, деб тутиб қолмаганида, бу фалокатнинг олди олинган бўлармиди. Нега деганда, Омонали уни чодирда учратмагач, ортиқ сермаланмай, йўл-йўлакай Яланг¬тошни бир ров кўздан кечириб, сўнг Тошлоқсой ўзани орқали Қизилқояга кўтарилмоқчи эди. Қиз ўтган сафар шу тарафда ноёб ўсимликлар сероб¬лигини айтгандай бўлувди. У Гуласалнинг тоғда ҳеч нарсадан ҳайиқмай бемалол юришидан доим ҳадикда эди. Бундан ҳам ёмони, Асилбекнинг шу атрофда ўралашиб қолгани эди. Бир гал олдидан чиқиб, унга бет бўлган.

– Бу томонларга кўп дорийдиган бўп қол¬дингми, ошна?

– Юрибмиз-да шу энди, – Асилбек, сенинг нима ишинг бор, дегандай унга истеҳзоли қаради. – Оёғи бор — юради, оғзи бор — гапиради дегандай, юрибмизда биз ҳам худо деб. Ё сендан рухсат сўраб юришим керакми?

– Тек юрсанг бўлди!

– Текми, тек эмасми, ҳар ҳолда сендан сўраб юрмасам керак!

Азалдан уларнинг сози чиқишмасди, шунга яраша, юзларида нимтабассум, адоват-ла хайр-хўшлашдилар. Ўша куни Омоналининг кўнгли қандайдир ёмонликни сезгандай бўлувди. Бунинг устига, фожеа юз берган куни Асилбекни Қизилқоя ҳудудида кўрганлар бор. Жумладан, ўзиям, у томонга қадам босмадим деб эмас, қизга ҳатто бармоғимнинг учини текизмадим, дея зориллаб турибди. Ҳар нарса бўлганида ҳам кийикдай эпчил қиз Оқартош ўзанига бежиз тушиб қолмаган, қандайдир тазйиқдан қочган у. Аммо қўлга тушмаган ўғри ўғри эмас дегандек, бунинг тагига етиш мушкул эди.

Шунга қарамай, Омоналининг бор гумони Асилбекдан эди.

* * *

Кунгайбет ғори томонидан қаралганда, Қизил¬қоя деярли тик жарлик. Жарлик бетига сезилар-сезилмас торсўқмоқ чирмашган бўлиб, тоши енгил одам ундан бемалол юқорига ўрлаши мумкин. Аммо эси бор одам бу сўқмоққа сира яқинлаш¬майди, четлаб ўтади. Унда асосан тоғ жонивор¬ларигина ҳаракатланади.

Омонали дастлабки белгига, яъни Оқманг¬лайнинг тезагига ана шу сўқмоқ белида дуч келганди. Бироқ бу нарса ҳеч нарсани англатмайди. Қоплоннинг изини бу манзилдан эмас, тоғу тошлар ичкарисидан қидириш лозимлигини ҳатто қўлига умрида яроқ тутмаган одам ҳам яхши билади. Сўқмоқдаги белги эса йиртқич қуйига Қизилқоя белидан энганини билдирарди, холос.

Кўкка найзадек санчилган қоя тепасидаги улкан қизғиш харсанг унга чўққи тусини бергандек эса-да, аслида қоянинг харсангдан ҳоли қисми яшил майсаси тиззага урадиган, тевараги арчазор кенг сайҳонлик эди. Бу сайҳонлик кунчиқиш томонга чўзила бориб, кўндаланг тушган Арчалидовоннинг қоқ биқинига бориб туташади. Айни шу довон ортидан эса юксак ва сирли тоғлар салтанати бошланади.

Бошидан қишин-ёзин оппоқ қор аримайдиган узоқдаги сервиқор чўққилар Қизил¬қоядан туриб қаралганда, дастлаб қўл етар масофада жуда яқин туюлади. Бироқ салдан сўнг бу салтанатнинг маҳобати ва чексизлигини, яқин кўринган чўққиларнинг эса олисдалигини даб¬дуруст¬дан фаҳмлаб, унинг қаршисида бир зум лол туриб қоласиз. Шунга қарамай, тоғлар сизни аста алдашда давом этади. Агар яна жиндеккина олға юрсангиз, қаршингиздаги Арчалидовон ортидан сир-синоатга йўғрилган янги бир олам юз очадигандек, сайҳонлик сўлидаги тубсиз Тошлоқсой жарлиги ёқалаб, довон томон чўзилиб кетган энсиз сўқмоқ бўйлаб ёхуд бўлиқ майсали сайҳонликни тиккасига кесиб, беихтиёр ҳолатда ўша томонга интиласиз. Бироқ сизнинг дастлабки бу жаҳдингиз ярим йўлга етиб-етмай, қаттиқ чарчоқ билан алмашингандан кейин, бу тоғу тошлар оламида барча нарса қўл етар масофада яқин кўрингани билан аслида жуда узоқдалигини қайта ҳис этиб, андак шаштингиз қайтади. Агар изингизга қайрил¬май, олға юришда давом этсангиз, сайҳонликнинг довонга туташ қисмида яна бир танггу тор сўқмоққа дуч келасиз. Бу сўқмоқнинг нариги боши довонга тирмашган бўлиб, бергиси эса кўримсиз буталар оралаб Тошлоқсойга энади. Бу сўқмоқ Қизилқояга кўтариладиган асосий йўллардан бири ҳисобланади. Ёз ўртаси қуриб, кўкламда беҳад қутуридаган Тошлоқсой суви Қизилқоя пойини ялаб-юлқаб ўтиб, бир ярим чақирим қуйидаги Эгрисойга бориб қуйилади. Эгрисойдан нариси қишлоқ уйлари чор тарафга сочилган кенг ўрлик.

Бундан ташқари, Қизилқояга Арчалидовоннинг узвий ва ғарбий қисми ҳисобланмиш Каттақир орқали ҳам кўтарилиш мумкин. Бу улкан қирлик кунботиш томонга чувалана бориб, Асилбекнинг дўппидеккина қишлоғини ўзининг саноқсиз ўнгир¬ларидан бирида қолдириб, янада нарига чўзилиб кетади.

Оқманглай оқсоқолнинг сурувига Каттақир¬нинг Қизилқояга яқин тошлоқ ўнгирларидан бирида ҳамла қилганди. Мана энди, Омонали неча кундирки тоғма-тоғ дайдиб, санғиб, унинг изини қидириб юрибди. Юқорида таъкидлаганимиздек, тоғ одами аввало бир нимага тикилмасин, тикилдими, тамом – ўша нарсанинг жонини олмай қўймайди. Бунақа пайтда таъқибдаги жониворнинг жонига на қўриқхона даҳлсизлиги ора кира олади, на унинг қўриқчилари. Боз устига қўриқхона сарҳади ҳадсиз-ҳисобсиз, унинг саноқли назоратчилари ададсиз бу ҳудуднинг бўйига қарайдими, энигами.

Бир қарашда, бир-бирига мингашиб кетган бу юксак тоғлар, чуқур даралар, арчазор ўрмонлару чигал чакалакзорлардан қоплонни излаш пичан орасидан игна қидиришдек бир гап. Бироқ Омон¬али¬дек серфаҳм овчи учун бу юмуш унчалик ҳам мушкул эмас. Бунинг учун биринчи галда жони¬ворнинг ҳаракатланиш майдони ва юрар йўллари аниқланиб, ўрганиб чиқилиши лозим, қолгани эса кейин ўша сайёднинг зийраклиги, фаҳм-фаросати ҳамда сабр-тоқатига боғлиқ.

Омонали уни юксак тоғлар бағридан қидирарди. Қизилқояга келсак, яқингача у йигит учун тоғлар¬нинг шунчаки бир бўлаги эди. Эндиликда эса мудҳиш фожеа юз берган хосиятсиз бир макон сифатида юрагини доғлаб, ўртаб турарди. У Қизилқояни кўрарга кўзи йўқ эса-да, йўқотган энг азиз кишисининг изларини кўзларига суртмоқ¬чидай, негадир, беихтиёр, ўша томонга интила¬верарди.

Шу пайтгача у бу манзилдан неча бор ўтиб қайтмаган ва бир кун келиб айни шу ҳудудда ҳали изҳор этишга улгурмаган илк муҳаббатини фожеали тарзда йўқотиши мумкинлигини ким ҳам ўйлабди дейсиз. Бу-ку майли, умрида кўрмаган шаҳарлик бир қизга кўнгил бериши унинг хаёлига келибдими. Уйланиш деганда, у яқин-яқингача қишлоғи қизларидан ўзгасини кўз олдига келтира олмасди. Бир кун келиб шулардан бирига уйланишига имони комил эди.

У шу ўйда бамайлихотир юрганида, кутилма¬ганда унинг ҳаётига кенг соябонли шлаяпа кийган қиз кириб келса бўладими. Бошида қизнинг ғайритабиий кўринган энгил-боши, очиқлиги ҳамда беҳад қувноқлиги унга эриш туюлди, унчалик ёқтирмади уни. Бироқ қизи тушмагур Худо берган улуғ хусусияти – бу жонли оламни қизғин сева ола билиши билан йигитни бутунлай ўзига ром этиб, сеҳрлаб қўйганди. У, масалан, йигитга теваракда гулдан гулга учиб-қўниб юрган капалак¬лар ёхуд тиниб-тинчимас чумолилар, этик билан бемалол топтаб, янчиб кетса бўлаверадиган шунчаки ҳашоратлар эмас, балки тўлқинланиб, мавжланиб турган чинакам ҳаёт эканини англатди. Ёз ўртаси ўрилиб, сўнг томга чиқариб босиладиган пичан ғарамлари орасидаги турфа хил тоғ чечаклари шунчаки мол озуқаси эмас, балки ўрганилиши лозим бўлган ўсимликлар дунёси эканини уқтира билди. Шусиз ҳам табиатга жуда яқин бўлган Омонали азалдан шуни идрок этиб келардики, бу оламдаги жамики нарса бир-бирга шу қадар чамбарчас боғланиб кетганки, агар бирор ерда жиндек кемтиклик юз берса, бунинг оқибатида тузатилиши қийин бўлган улкан ўпирилишлар вужудга келиши мумкин.

Бунинг учун жуда узоққа бориши шарт эмас, унинг жузъий бир аломатини ўз тақдири мисолида яққол кўриб турибди: қизнинг ўлими туфайли у ота уйини тарк этди, ота уйини тарк этиши билан умумқўрадаги қўй-қўзилар иккига бўлинди, молларнинг икки бўлиниши эса ўгай укалари кўнглида адоватли туйғуларнинг уйғонишига сабаб бўлди. Ва шунингдек, бу тоғу тошларнинг эркаси, кишилар таъбири билан айтганда, тийиқсиз дайди ити бўлган Асилбекнинг эрки ва оёғига маълум даражада тушов урилди. Энди у анчагача юрак бетлаб бу томонларга келолмаса керак.

Омонали аввалдан ҳаёт ва тириклик хусусида ўзича мушоҳада юритишни яхши кўрарди. Шунинг учунми, қишлоқда ҳамма билан ҳам ош-қатиқ бўлиб кетавермасди. У аксарият жўраларининг ўйсизлиги ва фикрсизлигини суймаганидек, оғайнилари ҳам унинг «файласуф»лигини кўпам ёқтиришавермасди. Йигитнинг узоқ-яқин оғайнилари сероб, лекин дурустроқ ҳамфикри йўқ эди. Кенг шляпали қиз эса ўша бўшлиқни тўлдирганини дастлаб англаб етмади. Англаб етганида эса, юрагида бошқа нозик туйғулар томир отиб улгурганди.

У ўзини ҳар қанча бепарво тутишга уринмасин, унинг қизга бўлган муносабати бир оз ўзгачалигини эл-улус билди, хели-хеш билди, бироқ қиз билол¬май кетди. Қишлоқ қизлари эса йигитни рашк қилиб, айримлари ҳатто салом-аликниям йиғиш¬тириб, терс қараб ўтадиган бўлди. Турган гап, улар орасидаги бу яқинликдан Асилбек ҳам бехабар эмасди. Бироқ унинг кир кўнгли қиз ва йигит орасидаги муносабатни чин муҳаббат эканлигини идрок этолмади. Омоналини ўзи каби «ширин луқма» илинжида лаб ялаб юрган бир саёқ ит деб ўйлади. У таранг шимда сонлари диркиллаб турадиган мўрчамиён бу қизни овлоқ жойда қўлга тушириш, янада аниқроғи, унинг ўз ибораси билан айтганда, тоғда кийикдай ирғишлаб юрган бу «ширин луқма» таъмини Омоналидан аввалроқ татиб кўриш истагида ёна бошлади.

Асилбек азалдан нозик туйғулардан мосуво, разил кимса эди. Пана-пастқам жойларда якка-ёлғиз жувонларга ташланиб, нафсини қондиришга одатланган бир малъун эди. У ўз ҳаёти давомида бу жирканч ишга бир неча бор қўл урган ва домига тушган аёлларнинг гап-сўз бўлишларидан қўрқиб, ҳамиша дардларини ичига ютиб кетаверганлиги боис ҳар сафар жазосиз қолаверарди. Лекин ўша аёллар ҳозиргача уни беаёв қарғаб келишади. Қарғиш туфайлими, ё тақдири азалми, у ҳанузгача сўққабош, доимо бирор-бир қизга совчи қўяди, ҳатто тўй куниям белгиланади, бироқ битиб турган иш ҳеч кутилмаганда бузилиб кетаверади. Бу синоатдан ҳамма ҳайрон, фақат угина бу ғалати савдога эътибор бермайди, пешонага битгани бўлар бир кун, дея парвою фалак юраверади.

У Гуласалга кўз тикаркан, ким билан ўйнаша¬ётганини яхши биларди. Омонали бошқалар каби улоқ чопмайди, давраларда бел тутишмайди, аммо чангалига тушган одамнинг белини синдирмай қўймайди. Бироқ ҳамма бало шунда эдики, Асилбек¬нинг кўнгли қизга жуда ёмон суст кетганди, агар ҳаром нафсини қондирмаса, турган ерида тил тортмай ўлиб қоладигандек эди. Боз устига, етти ёт бегона бир қиз учун Омоналининг бу қадар қутуриб кетишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Мабодо қилмиши ошкор бўлар бўлса, буюрганники эмас, югурганники дея, вазиятдан осонгина чиқиб кетмоқчи эди. Энг ёмони, у қизни одам сифатида эмас, бемалол даҳл қилиши мумкин бўлган навбатдаги ўлжа ўрнида кўрмоқда эди. Жазосиз қолган аввалги қилмишлари туфайли у янада сурлашганди. Бу тоғу тошларда унга ҳамма нарса мумкиндек эди. Тоғлар барча ножўя ҳаракатларига имкон яратгандек, бу галги тажовузини ҳам, одатдагидек, ҳаммадан сир тутадигандек эди.

Ҳа, тоғлар барча нарсани сир тутади.

Шу кунларда у қоплоннинг изларини Омоналидан сир тутмоқда эди. Бироқ йигит ҳам анойилардан эмас, топталган ўт-ўланлар, синган новдалар, ерга тушган япроқлар ҳолатидан қайси жонивор қай томон ва қачон ўтганини адашмай аниқлаганидек, вақт-соати етиб Оқманглайни изига тушиши тайин эди. У тоғдаги барча баланд-пастликни, яхши ва ёмон маконлару хосиятсиз жойларни бамисоли беш қўлдай биларди.

Қизилқоя тубидаги, Тошлоқсой ўзанидаги қиррадор харсангли майдон ана шундай хосиятсиз жойлардан бири ҳисобланади. Қоя тепасидаги Оқартош комига тушиб қолган ҳар қандай тирик жон айни мана шу тошлар устига йиқилиб ўлим топади. Шунинг учун одамлар бу ёмон ердан нарироқ юришга ҳаракат қилишади. Бу ҳолат Омоналига ҳам бегона эмас. У ҳар гал қиррадор харсангли майдонни четлаб ўтаркан, тошлар юзидаги қора доғларни кўргандай бўлади ва уни шаҳидлар қони деб ўйлайди. Кишилар гапига қараганда, юқоридаги Оқартош билан қуйидаги бу харсангли майдон ўртасида қандайдир илоҳий боғлиқлик бор эмиш, тошлар юзидаги қон доғлари эскириши билан Оқартош янги қурбон талаб қила бошлармиш. У бу гаплар бидъат эканлигини яхши биларди-ю, лекин жондек азиз маҳбубаси унинг навбатдаги қурбони бўлишини хаёлининг кўчасига ҳам келтирмаганди.

Қон доғлари...

Бу дунёда суюкли кишингнинг қон доғларига кейинчалик рўпарў келмоқдан ортиқ азоб йўқ экан. Бунақа пайтда инсон боласи бу ёруғ оламга келганига, шу заминга оёқ қўйиб, шу ҳаводан нафас олаётганига минг-минг пушаймон еркан. Энг даҳшатлиси, бунақа пайтда бош урмоққа бирор тешик тополмай қоларкан ва бунинг азоби кўп ёмон бўларкан, яъни ерга бамисли томчи каби сингмоқ истаркану, лекин замин уни қабул қилмас экан. Осмонга сапчиб, оппоқ булутлар қатида кўздан ғойиб бўлмоқни хоҳларкану, лекин она замин, толенгда неки бор, барини бағримда бошингдан кечирмоққа маҳкумсан, дегандай кўкка интил¬моғингга имкон бермас экан.

У бу қўтир дунёдан ҳар неки ёмонликни кутган эса-да, қуёш чарақлаб турган ажойиб кунлардан бирида маҳбубасининг қонга беланган жасадига дуч келаман деб сира ўйламаганди.

Ўша куни Ирина билан хайрлашаркан, Гуласалнинг рухсорини кўрмоққа имони комил эди. У шу ширин умидда Тошлоқсой ўзани орқали Қизилқоянинг довонга туташ қисмидаги тор сўқмоқни қоралаб бораркан, қоя қаршисидаги дўнгликда сочилган қўй-қўзиларга аввалига эътибор бермади, чўпони билан қизиқмади. Ва қачонки қоя тубидаги харсанглар орасида илонга дуч келган бақадек қотиб турган мулла Саидга кўзи тушгачгина жиндек ҳушёр тортди.

Унинг гапга тутиб қолишидан чўчиб, астагина ўтиб кетмоқчи эди, бўлмади, мулла Саид, қўл сермаб, ёнига чақириб қолди.

– Буни қара, Оқартош яна қонсирабди! – деди мулла Саид у яқинлашгач, ғамгин оҳангда: – Кўз ўнгимда қоядан йиқилиб тушди. Мен ҳув дўнгда эдим... Бу... худди ит қувлагандай югуриб келди-да, Оқартош ўзанига тушиб қолиб... Ёш нарса... эссиз жуда ёмон бўлди-да!

Омонали унинг гапларини тузукроқ идрок этиб-этмай, кўнгли ғашланган кўйи, қиррадор харсанглар оралаб, олдинга интиларкан, кўз ўнгида юз очган даҳшатли манзарадан эси оғай деди. У мисли ҳайкалдай тош қотиб тураркан, ҳеч кўзларига ишонмасди, аниқроғи, ишонолмасди. Бу асло юз бериши мумкин бўлмаган ҳол эди. У суйганининг бу аҳволда қонига беланиб ётишини кўргандан кўра, олис осмон қаъридаги ойнинг йиқилиб тушишига ёхуд тунлари ўзидан ёрқин из қолдириб, қоронғи осмонни тилимлайдиган учар юлдузлардан бирининг қояга урилиб, тоғу тошларни қаттиқ ларзага соли¬шига мингдан минг рози эди, фақат бу фожеага эмас. Йигит худди туш кўраётгандек эди. Назарида, ҳализамон Гуласал, бир ҳазиллашгим келди-да, дея ўрнидан дик сакраб турадигандек эди. Омонали шу умидда кўзларини оҳиста юмади. Қизнинг шўхчан кулгуси қулоқларини сийпалашини кутади. Йўқ, у кутган ҳол юз бермади. Рўй бериши мумкин ҳам эмасди. У аста кўзларини очади ва қизнинг ўша-ўша қиррали харсанглар орасида тошларни лола рангга бўяб ётганини кўради.

Ўша куни Омонали асрий харсанглардан улгу олгандай, том маънода, тош қотди. Мулла Саид кейин нима деди, қизнинг жасади ёнига кимлар келди, кимлар кетди – бирор нимани англаёлмади, ҳатто Иринанинг фарёд уриб чинқиришлариям уни ўзига келтиролмади.

Карахт шуурида яккаш бир ўй чарх урарди.

Бўлиши мумкин эмас!

Қачонки, қизнинг жасади ўраб-чирмаб олиб кетилаётгандагина унга жон кирди ва қоқилиб-суқилиб одамларга эргашди. Йўлда телбанома равишда неча бор, беринглар менга, дея жасадга қўл чўзди. Лекин, ранг кўр-ҳол сўр, дегандай уни қизнинг яқинига йўлатишмади.

Бугун ҳам Омонали Қизилқоя орқали йўлга тушганди. У қоя тепасида бир зумга нафас ростлар¬кан, одатдагидек, нечун бу томонда ўралашиб юрибман ўзи, деган ўйга борди. Ва ўйини адоқлаб улгурмай, хаёлчан бир тарзда теваракка кўз ташлар¬кан, одатдагидек, на худди нимадандир аразла¬гандай, сайҳонликнинг бир бурчагига қисилиб олган бўлиқ арчаларнинг ғалати ҳолатига эътибор берди, на тонгги қуёш нуридан қирмизи тус олган тоғлар бошидаги алвон рангни пайқади, на бошқа нарсаларни. Ҳолбуки, теварак-атроф киши ақли тонг қоларли даражада гўзал ва фусункор эди. У эса кўз ўнгидаги бу гўзалликни идрок этишни истама¬гандек, қўним топган жойида кўпда ҳаялламай, қоянинг Тошлоқсой қисмидаги Оқартош томон юрди.

Тоғ жониворлари солган энсиз сўқмоққа кўнда¬ланг тушган ва қуйидаги Тошлоқсой томон кескин энган, жар лабидаги тошлоқ ўнгур – Оқартошнинг бир қарашда ҳеч хавфли жойи йўқдек эди. Лекин унгур ўзани сал турткидан селдай оқувчи чағир тошлардан иборат бўлиб, унга бехос тушиб қолган тирик жоннинг қутулиб кетмоғига ҳеч бир имкон йўқ эди.

У бирда Оқартошнинг қонсираб, ҳар йили қурбонлик талаб қилиши ҳақида қизга айтганида, Гуласал кулиб, йўқ, биз табиатнинг эмас, эҳтиёт¬сизлик қурбони бўлишимиз мумкин, деганди.

Мана энди, қизнинг ўзи унинг қурбонига айланиб ўтирибди.

* * *

Ниҳоят, тўртинчи кун деганда Омонали қоплоннинг изига туша олди. Унинг қаерларда ўрлаб, қаерларда қўниб ўтишини обдон ўрганди. Жонивор энг кўп қўниб ўтадиган манзиллардан бири қорли чўққига туташ Бўзбулоқ дараси муюлишидаги уч асрлик кекса тол таги эди. Лекин у ҳафтанинг қайси кунлари ва куннинг қайси пайтларида бу манзилга қўниб ўтади, буниси ҳозирча номаълум эди. Бироқ йигит учун буни аниқлаш унчалик ҳам мушкул иш эмас. Озгина ҳафсала қилса ёхуд доимо қалтис пайтлардагина юзага тепчийдиган ички сезгиси панд бермаса, бу синоатнинг тагига етмай қолмайди.

Инсониятга нисбатан ёввойи оламга хешлиги кўпроқ бўлган кекса тол ўз бағрида тин олишни хуш кўрадиган жониворларни ташқи нигоҳдан сақлаш ва иҳоталаш учун узун новдаларини ерга эгиб, ўзига хос «ўтов» ҳосил қилганди. У азал-азалдан инсон қавмини ёқтирмасди. Нега деганда, тоғнинг бу қисмига камдан-кам ҳоллардагина ўрлайдиган одам боласи ҳеч вақт тинч келиб, тинч кетмайди. Тагида олов ёққани етмагандек, шохларини синдириб-сидириб кетади. Ёввойи жониворларнинг эса йўриғи бўлак, улар унинг шох-бутоқларига дахл қилмайди, пинжида тинчгина ором олиш билан кифояланишади.

Ахир бу қадар ҳайбатли тус олмоғи ҳамда узоқдан-узоқ умр кечирмоғи учун кекса тол ўз ҳаёти давомида нималар қилмади дейсиз. У шу ўтган давр ичида неча бор ўлиб, неча бор тирилмади дейсиз. Тошлар орасига чуқур илдиз отмоқ унга осон кечибдими, бунинг учун не бир машаққатларни, не бир куйманишларни бошидан кечирмади дейсиз.

Аввалига зиғирдеккина бир уруғ эди у. Тоғ шамоли уни бу бепоён тоғли ҳудуднинг аллақаерларидан учириб келиб ташлаганди. У қоя юзидаги бир кафтгина тупроқда ниш уриб, аста кўз очаркан, унган жойи жуда нобоплигини дарров фаҳмлади. Унинг қисматида кун кўрмай нобуд бўлиш ёзилгандек эди. Аслида ҳам шу эди. Бироқ у қисматга бўй бермади. Ўта даражада қайишқоқ ва чидамли тоғ буталаригина ўса оладиган бу муҳитда якка-ёлғизман деб турмади. Аввалига шу бир кафтгина тупроққа маҳкам томир отди. Бахтига бу тупроқ қум ва майда тошли ёриққа туташ экан. У илдизлари билан пайпасланиб дастлаб ўша тирқишни топди. Тирқиш қуйига чўзилган бўлиб, унинг назарида, заминга туташдек эди.

Замин тошлоқ эса-да, унда тупроқли қатлам ва тармоқлар кам эмасди. У кейинчалик ўша тупроқли тирқишлар бўйлаб илдиз отиш баробарида, чор-тарафга новдалар ёйди. Ерга етган илдизларидан янгидан-янги ниҳоллар чиқариб, тоғнинг бешафқат иқлими билан тинимсиз курашган ҳолда яшаш ва яшаб қолиш кўник¬маларини ўзлаштира борди. Чиниққани сари қайишқоқлиги ортиб, дара муюлишида ёввойи жониворлар ором оладиган ажойиб бир хилватгоҳни юзага келтирди. Ўтган вақт давомида унинг қучоғи не-не жониворларга бошпана бўлмади, яраланган ёхуд қариб-чуриб, умри поёнига етган не бир тоғ жониворларининг сўнгги нафаси шу ерда узилмади. Мана, икки йилдирки, қор қоплони Оқманглай унинг қучоғини ўзиники қилиб олганди. Лекин кекса тол таги унинг муқим маскани эмас, қўниб ўтар, гоҳида бир неча кунлаб қолиб кетар жойи эди.

Кекса тол Омоналининг авзойиданоқ не мақсадда тентиб юрганини пайқади. Негаки, одам боласи бу хилват гўшаларда ҳеч вақт бекорга айланишмайди. У одам боласидан қоплонни қизғанди. Бу томонда йилнинг ҳар фаслида тинимсиз эсиб турадиган тентак ел кўмагида новдалари билан унинг елкаларини савалади, одам боласини ўз бағрига қўймасликка уринди. Минг афсуски, новдаларини қайириб-сайириб, ичкарига бош суққан бу одам боласида тиришқоқликдан ташқари, фаҳм-фаросат дегани мўл эди, теваракка биргина разм солишдаёқ бу манзилни қоплон макон тутганини дарров англади.

Бироқ қоплоннинг қўналғасини топишга муяссар бўлган Омоналини қувонди деб бўлмасди. Яқин кишини кўмгандек, бугун у жуда ғамда эди. Нафсиламирини айтганда, шундай эди – бу томонга келаётиб, Гуласал йиқилиб нобуд бўлган жар тубида рамзий қабр бунёд этганди.

Қизнинг тош юзасида қолган қон доғлари унга азалдан тинчлик бермай келарди. Ўша томонга боришни ҳарчанд истамаса-да, бироқ харсанг юзасидаги қорамтир қон доғлари негадир тинмай уни ўзига чорлаётгандек туюлаверарди. У тезроқ жала қуйиб, тошдаги қон доғларини ювиб кетишини истарди. Бироқ, аксига олгандек, шир этган ёмғирдан дарак йўқ, иккинчидан эса, тош бетидаги қон доғларига унча-бунча ёмғир кор қилмаслигини аввалдан яхши биларди. У нима қиларини билмай, боши қотиб юрганида, бирдан эсига катта йўл бўйидаги рамзий қабрлар тушиб қолади. Бу хил қабрлар йўлда бирор фалокат туфайли нобуд бўлган кишиларга белги сифатида ўрнатилади. Шунинг учун бугун тонг-саҳарлаб йўлга чиқаркан, биринчи қилган иши қон доғлари қорайиб турган чоғроқ харсанг устига тош қалаб, рамзий қабр барпо этиш бўлди. Сўнг «қабр» пойига тиз чўкиб, узоқ сукутга ботди. Мижжаларини ёшлагиси келса-да, негадир бунинг уддасидан чиқолмади.

У шаҳарда, яъни Гуласалнинг қабри тепасида ҳам шу аҳволга тушганди. Ўшанда йиғлаганда ҳам қизнинг туғишганлари йиғлаган, Ирина йиғлаган. У эса тош қотиб тураверган. Буни қарангки, унинг шундаги ҳолатини Ирина англаган, бу фалокатда ўзини айбдор санаб, ич-этини еб юрган Мелиқул тоғбеги ҳис қилган ва ҳар иккиси ҳам қўлларидан келганча уни юпатмоққа уринишган. Ҳолбуки, қизнинг жасадини шаҳарга олиб кетишаётганида, иккаласи ҳам унга рўйхушлик беришмаганди. Биров унга «юр» ёки «қол» демаган. Гарангсиб, гандираклаб ўзи машинага чиқиб олган. Қизнинг соябони кенг шляпасини қўлига тутиб, дам-бадам уни юзига босиб борган. Қизнинг хонадонида эса шляпани йўқотиб қўйди. Қўлидан биров олдими, ё ўзи бирор ерда унутиб қолдирдими, ҳанузгача тузук эслаёлмайди. Охири Иринадан қизнинг суратини сўраб олиб, изига қайтган.

У «қабр» бошида ғамга ботиб ўтираркан, қўйнини пайпаслаб, чўнтагидан ўша суратни олди. Қизнинг кулиб турган сиймосига узоқ тикилиб қолди. Сўнг сурат юзига оҳиста лаб текизмоқчи бўлди. Лекин қизга муҳаббатини изҳор этолма¬гандек, суратни ҳам ўполмади. Ички бир ийманиш бунга йўл қўймади.

Омонали шу тушкун кайфиятда тоғлар аро йўл тортганди.

У кекса тол тагини тажрибали овчиларга хос синчковлик билан қайта ва қайта кўздан кечи¬раркан, туғма овчи эмасми, барибир бир зумга бўлса-да, ғамдан чалғиди. Тошдек оғир юрагининг бир чеккасида ов иштиёқи ғимирлаб қолди. У шундай овчилар тоифасидан эдики, унда ички ҳис қилиш қобилияти кучли эди. Кекса тол йирт¬қичнинг муқим қўналғаларидан бири эканини, агар қулай пайтини топса, уни шу ерда қўлга тушириш мумкинлигини туйганидан сўнг, яна икки кун унинг йўлини пойлаб, йиртқичнинг шу ерга қўниб ўтишини, гоҳида эса узоқ қолиб кетишини аниқлади. Шундан кейингина у Оқманглайни айни шу манзилда қўлга туширишга қарор қилди.

* * *

Ўша куннинг эртаси тонгда укаси Бердимурод яна бир ўлиб тирилди.

У қўйларини тоққа ҳайдаб чиқаркан, нариги бетда ёйилиб юрган Бозорқулнинг суруви орасида ўзига таниш қўйларни кўриб, юраги аламдан бир қалқиб тушди. Агар бу ердан тезроқ олисламаса, акасининг жондек оғайнисини беҳудага хафа қилиб қўйишидан чўчиб, қўйларини қичаброқ ҳайдади. Супадек кенг ва ясси харсанг четида қўлидаги таёққа ияк тираб ўтирган Бозорқул йўталиб ўзидан дарак берди, жўраси Омоналининг ҳурматига, у билан ҳол-аҳвол сўрашгиси келди. Бироқ ичи тирналиб турган ука унга рўйхушлик бермади, ўлганининг кунидангина базўр тиржайиб, қўл сермаб саломлашган бўлди-да, агар етишиброқ юрмаса, қўйлари чор-тарафга тирқираб кетади¬гандек, суруви ортидан зипиллади. Сал узоқлаш¬гандан сўнг эса тўнғиллаб, хуморидан чиққинча сўкинди. Кейин бунга ҳам қаноат этмай, ичидаги бор дарду ҳасратини кимгадир тўкиб-сочгиси келди. Худо оҳини эшитдими, Учгаза бетида донга тўйган хўроздай ғўддайиб ўтирган Ҳамидқул оқсоқол дуч келди.

Ҳамидқул оқсоқол ҳар тонг қўйларини ўзи ёярди. Ғийбатга суяги йўқроқ бўлгани учунми Бердимуродни ўзига анча яқин тутарди. Янада аниқроғи, бировни тинглашдан ҳам кўра, чакак отишни жуда хуш кўрадиган бу бандага бекорчи қулоқ керак эди. Чунки унинг энг ёмон одати – ҳеч қачон ҳеч нарсадан кўнгли тўлмас, ҳар нарсадан нуқсон қидиришга уста эди. Замон ва одамлардан нолишга-ку сира суяги йўқ. Агар суҳбатдоши ўзи каби ношукр ва нолакор кимса бўлса, бас, оқсоқол¬нинг куни туғади – ғийбат ботқоғига нақ бўғзигача ботади. У борлиққа, ҳаттоки теваракдаги чўнг тоғлару кўкдаги қуёшга ҳам истеҳзоли боқади. Ўрни келса, уларни ҳам ёмонлашдан тоймайди. Дунё айниган, одамлар ёмон дейди-ю, бироқ ўша ёмонлардан бири ўзи эканини хаёлига ҳам келтирмайди. Агар биров шунга шама қилар бўлса, у оқсоқолнинг чин душманига айланади.

Ҳозир ҳам оқсоқолнинг нигоҳи гўзал, қирмизи тонг шафағини ёхуд дара тубида бамисли оппоқ булутдай ястаниб ётган эртанги туманнинг улуғвор салобатини эмас, йигит олдига солиб келган сурув¬даги қўйларнинг одатдагидан кўра анча камлигини пайқади. Нечунлигини яхши билса-да, худди ҳеч нарсадан хабари йўқдек, гапни айнан шундан бошлади.

– Э... бу... чўғи сал камайиброқ қоптими, мулла Бердимурод? – деди йигитнинг ичидан не бир қиринди ўтаётганини сезгандай, бўғиқ ҳиринглаб. Сўнг ҳазил йўсинда қўшиб қўйди: – Эй-й, сенга ярашмабди бу иш. Қўй ҳайдагандан сўғин, мана, бизга ўхшаб ўру қирни тўлдириб ҳайдаш керак-да. Бу тўртта қўйинг йигит одамнинг овора бўлишига арзимайди.

– Ҳали бизам ўру қирни тўлдириб ҳайдаб қолармиз, амаки! – деди Бердимурод ҳазилга тоқати йўқлигини билдирган оҳангда, тўрсиллаб. – Ҳозирча шу борига қаноат қип турайлик-чи. Кейин бир гап бўлар

– Ё насиб! – Ҳамидқул оқсоқол қаватига келиб чўккан йигитнинг елкасига енгилгина шапатилаб қўяркан, сўнг тусини кескин ўзгартириб деди: – лекин Саркор лочин сурлувни иккига бўлиб кўп хато иш қилди. Бундай қимаслиги керак эди. Бекорга баракасини учирди. Бу дейман, аканг Омоналига унинг меҳри салгина баландроқми дейман, эмасам шунча молни, ма сенга, деб бериб юборармиди. Мен сенга айтсам, мулк дегани бунақа тақсимланмайди, киши бошига қараб тенгма-тенг бўлинади. Тағин яна билмадим. Бу камдек, Омонали сурувга ўзи эгалик қимай, уни ошнаси Бозорқулга топшириб қўйибди. Тавба, киши ўз молиниям бировга ишонадами. Бозорқул минг яқин ошна бўлгани билан барибир бегона-да, қони бўлак. Шундай бўлгач, ўзганинг молига жони ачиб қарармиди. Мана, мени айтди дерсан, қишга қолмай яримини ўлдириб беради у.

Бу гаплар Бердимуродга ўқдай таъсир этиб, ўтирган жойида бежо тебранди. Манглайини сиқимлаб, бармоқлари орасидан Бозорқул томонга ғазабнок боқди. Қани энди, чоғи етса-ю, акасига қарашли қўйларни битта қўймай унинг сурувидан айириб олса, ва агар бу ишига монелик қилар бўлса, Бозорқул деган¬ларининг тумшуғига боплаб бир туширса. Бироқ, минг афсуски, бунинг сира иложи йўқ – отаси нақ терисини шилгани етмагандай, дўстига қўл кўтаргани учун, ўгай акаси бир эмас, икки карра кафанини бичади. Унинг бор журъати шу кунларда, мол аччиғи-жон аччиғи дея, ўзи каби зимдан тутаб, зимдан ёниб юрган энаси Тўлғонойга зарда қилмоққа етади, холос. Шунга қарамай, унинг паст кетгиси келмади, кўзларини ола-кула қилиб деди:

– Агар биттаси йитсин, Бозорқулнинг нақ бўғзини йиртаман!

Оқсоқол йигитнинг аҳволини кўриб, ўзича андак инсоф қилган бўлади. Боз устига, Омонали¬нинг тоғма-тоға санқиб юриши ўзининг илтимоси туфайли экани эсига тушиб қолиб, ғийбатдан зўр-базўр тилини тияди. Кейин эса барини унутган ҳолда, одатига хос, истеҳзоли илжайганча, зимдан ўтга керосин сепишда давом этади.

– Мол акангники бўса, нега энди сенинг кетинг куяди, а?

Бердимурод чуқур хўрсинганча тоғларга алам¬нок боқади. Мисли қизил туғдек кўкка санчилиб турган Қизилқоя чўққисига бу сафар узоқ тикилиб қолади ва беихтиёр кўз ўнгида қуйидаги манзарани жонлантиради: ана, елкасига милтиқ осган Омонали қоя юзига тирмашганча юқорига интилмоқда, яна бир оз ҳаракат қилса, қоя лабидаги пастак арчага етади, арча шохлари чайир, фақат қўл етса бўлди, бироқ оёқ тагидаги тошлар анча омонат, ана бири кўчди, кейин иккинчиси... Бердимурод воқеанинг бу ёғини тасаввур этишни ҳарчанд истамаса-да, қоя тубида акасининг жонсиз жасадини кўради. У таомилга кўра, ачиниш лозимлигини ўйлайди. Бироқ ачиниш қатори қувончга ўхшаш ёқимсиз бир ҳисни туяркан, ўзини жуда ёмон кўриб кетади. Қаншарини қашлаб, ўзини чалғитишга уринади. Бироқ ногаҳон кўзи яна Бозорқулнинг наридаги сурувига тушиб, алами қайта жунбушга келади ва дилидаги тилига кўчганини сезмай қолади.

– Буни ҳали кўрамиз, кимга насиб этаркин!

Бу гап шу қадар совуқ оҳангда айтилдики, бундан ҳатто Ҳамидқул оқсоқолнинг эти жунжикиб кетди. Шундан сўнг у тезда сурув ҳақидаги гапни бас қилиб, шу кунларда ҳамманинг оғзида обдон чайналаётган мавзуга ўз муносабатини билдиришга тушди.

– Мен отангга бир эмас, икки бор айтдим, – деди ҳамсуҳбатини ёмон вазиятдан тезроқ чиқариш ниятида, худди томдан тараша тушгандек қилиб. – Катта улди кечиктирмай, ҳадаҳа уйлантиринг деб. Йў-ўқ, Саркор лочин гапимга қулоқ сомади. Мана оқибат, аканг шаҳарлик бир қизга элакишиб, гап-сўзга қолиб ўтирибди. Ўзимизда қиз қуригандай, илакишган қизини қара унинг, на уруғини, на аймоғини биров билади.

Мен сенга айтсам, эс-ҳушли қиз уйида ўтиради, илм қиламан-билим қиламан деб товма-тов санқиб юрмайди. Илм деганни асли тус бекорчиларга чиқарган. Мана, мен билан сен илм қилмасак ҳам, қорнимиз тўқ, устимиз бут, бинойидек яшаб юрибмиз-ку. Менимча, янаям билмадиму, ўша шаҳарлик жиблажибонни бу томонга ажал бошлаб келган. Эмасам, бу тоғу тошда пишириб қўйибдими унга. Аканг эса уялмай-нетмай унинг дардида куйиб-ёниб юрибди. Лекин шу отанггаям қойил эмасман, омайдими аччиқ қамчи¬нинг остига, нега мени элга шарманда қилаяпсан деб. Агар Омоналининг ўрнида мен бўлганимдами, ўлганнинг кетидан буйтиблар ув тортиб юрмасдим, қишлоқнинг сўлқиллаган олди қизларидан бирини шартта бовримга тортардим-да, бор аламимни унутардим қўярдим. Ай-й, бу ёшларга гап уқтириб бўмайди, бари айниган!

Оқсоқол бир вақтлар ўзини катта арча тагида кучала еган итдай қилиб ташлаб кетган Сарагулнинг зурриёти бўлгани учун ҳам Омоналини жини севмас, ҳар гапида уни чандиб олишга уринар ва шунинг билан биргаликда, қаватида хомуш ер чизиб ўтирган йигитнинг дил ярасини беаёв тирнаётганидан мутлақо бехабар эди.

Аллақачон йигит ёшига етиб, кўзи қизариб юрган Бердимуроднинг аҳволи шу кунларда ҳавас қиларли даражада эмасди. Агар қўйиб берса, дуч келган қизил этакка ёпишиб, дунёнинг нариги чеккасига улоқиб кетишга ҳам тайёр эди. Тунлари беҳудага болишни эзғиламай, кўз остига олган қизларидан бирига оғиз солай деса, орада акаси турибди шофдай бўлиб. Ака турганда, ким ҳам укага қизини берарди. Бу туриши бўлса, акаси ҳаливери уйланадиган эмас. Ана, юрибди етти ёт бир бегонанинг ҳажрида косовдай куйиб.

У тиззасига ияк тираб, тағин ўша нохуш манзарани қайта кўз олдига келтиради, яъни ўгай акасини қоя тубида тош қучиб ётган аҳволда кўради. Қўрадаги жонлиқ иккига бўлингач, энаси алам устида писиллаб, бу етим ўлгур тов-повдан йиқилиб ўлса қанийди, ўзим кўккинасини киярдим, дегани¬дан бери шу каби қора ўйлар тез-тез миясида чарх урадиган бўлиб қолганди.

Айни шу лаҳзада эса Омонали сўнгги ҳал қилувчи қарорга келиб бўлганди. Унинг режаси анчайин жўн, лекин эҳтимоллиги ҳар томонлама пухта ўйланганди. Йигитнинг қоплонлар ҳақида қисман билгани шу эдики, бу йиртқичлар, одатда, тонг азонда ҳамда оқшомда ов қиладилар. Агар тонгда овлари бароридан келса, кейин кун бўйи ини яқинида ёхуд қўниб ўтиши мумкин бўлган бирор овлоқ гўшада ҳазми таом қилиб ётади. Бунинг акси бўлса, уни маълум бир ҳудудда учратиш ғоятда мушкул, ўлжа илинжида жуда кенг майдон бўйлаб тоғма-тоғ санқиб юради. Унга яна шу нарса маълум эдики, қоплонлар, агар рўпарў келиб қолса, одамдан кўпам чўчишавермайди, сал эҳтиётсизроқ бўлишади ва оқибат, айрим ҳолларда, овчиларнинг осон ўлжасига айланади. Шунингдек, ҳар турдаги тирик жонзотда бўлганидек, қоплонлар орасида ҳам ўта тажовузкорлари, яъни болтадан қайтмаслариям учрайди. Унақаларга тасодифан дуч келиб қолсанг, қўлингдаги яроғинг кераксиз матоҳга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бунақа қалтис пайтда билак кучинг ва белингдаги пичоғингга таянмоқдан бўлак иложинг қолмайди.

Қадимда овчилар қучоғида жон берган қоплон¬лар, шунингдек, қоплонлар чангалида умри поёнига етган овчилар кўп бўлган.

Омонали йиртқичнинг қадам олишиданоқ унинг қанақалиги ва нималарга қодирлигини фарқ¬лай олиш даражасига етган овчилар тоифасидан эмасми, кузатишлари мобайнида Оқманглайнинг вужудида тийиқсиз ғазаб ва алам яширинлигини, агар бетма-бет келиб қолар бўлса, бу йиртқич ҳеч балодан тап тортмаслигини аллақачон пайқаб улгурганди. Шунинг учун ҳам унга қоплон макон тутган кексатол ёқмаётган эди. Негаки, ерга шокиладай осилиб тушган тол новдалари ортида не бор, не йўқ – кўриш ва билиш жуда мушкул эди. Йигитнинг таваккал қилмоқдан бўлак чораси қолма¬ганди. Бунинг учун эса унга итини маълум масофада тутиб турадиган ва зарур онда жониворни кўмакка йўллай оладиган ҳушёр бир кўмакчи зарур эди.

У бу ишга укаси Бердимуродни танлаганди.

Худди кутганидек, сурувдан чақиртириб келин¬ган укаси бу ишдан бўйин товлай бошлади. Йўқ ердаги баҳоналарни тоғдай қалаштириб ташлади. Омонали яхши биладики, ўрлик ва бировга қайиш¬маслик укаларининг юргагига теккан тузал¬мас касаллик, то жиддий дўқланмангунча, ёмон отдек тайсаллаб тураверишади. Одатда, бунақалар ўзидан зўрга киприк қоқмай бўйсинишади, бундай¬роқларни эса ҳатто одам ўрнида кўришмайди. Агар қўлтиғига озгина сув пуркасанг, ҳеч ўйлаб турмас¬дан, истаган одамингни ёқасидан бўғиши мумкин. Булар ўз қилмишлари оқибати ҳақида ўйламайди ва доимий равишда қўшни қишлоқ йигитлари билан ёвлашиб, тарафма-тараф бўлиб уришиб юрадилар. Ва бундан ёввойи бир завқ оладилар.

Омонали ройиш бермай турган укасининг тўнг афтига энсаси қотиб, зимдан разм соларкан, қиз¬нинг, ҳувв, бирда айтган гапларини эслади.

Ўшанда иккиси чўққисида қадим қўрғон харо¬баси жойлашган юксак Илонўрмас қояси ёнидан ўтиб боришаётганди. Йигит бу тошқўрғон қайси қавм, қайси замонга тегишлигини билмаса-да, тасаввур дунёсига имкони етганича эрк бериб, бирдан аждодларини осмон бағирлаб сузиб юрган бургутларга менгзаб, бир мақтангиси келиб кетди, дедики, қаранг, ота-боболаримиз қуйидаги тоғу тошларни писанд қилмай, худди бургутлардай чўққиларда яшашган.

Қаватида хушҳол одимлаб бораётган Гуласал бу гапидан сўнг бир лаҳзага тўхтаб, қўрғонга ҳайрату ҳавас билан боқиши лозим эди. У шуни кутган ва қизни бир лол қолдирмоқчи эди.

У билимдон бу қизни ҳайратда қолдиришни доимо истар ва фақат бунга ҳеч имкон тополмай келарди. Нега деганда, йигит маҳбубасини тоғу тошлардан, ҳаттоки отаси тенги тоғбегидан қизғанса-да, ҳамиша ҳам юрак бетлаб ёнига келавермасди. У билан учрашмоқ учун доимо баҳона қидириб юрарди. Баҳона эса гоҳида анқонинг уруғига айланарди. Иккинчидан, айрим ошиқлардек, ҳадеб суйганига суйкалавериш йигитнинг табиатига мутлақо зид эди. Шунинг учун баъзида Гуласални узоқдан кузатиш билан кифояланар, гоҳида эса гўё ўз юмуши билан кетаётгандек, қизнинг олдидан бехос чиқиб қолган киши бўларди. Ўша куни ҳам атай унинг йўлидан чиқиб, қизга ҳамроҳ бўлган ва чўққидаги қўрғон харобаси ёнидан ўтишаётганида эса юқоридаги таърифи билан Гуласални лол қолдирмоқчи бўлганди.

Бироқ қизнинг жон ўртовчи ширингина табассумини демаса, у билдирган фикрлар айтарли даражада ёқимли эмасди: «Сиз мени танганинг бир томонига разм солишга ундаяпсиз, – деган қиз қўрғон харобасига шунчаки бир қараб қўйиб. – Агар унинг иккинчи томонини ўгириб қарайдиган бўлсак, бу каби харобалар тимсолида инсониятнинг жоҳиллиги ва нодонлигини, қолаверса, ёвузлигини кўриш мумкин». Шундан сўнг қизи тушмагур енгил бир тин олиб, унинг кўз ўнгида қуйидаги даҳшатли манзарани чизиб берган: қадимда бу тоғли ўлкада бир эмас, бир нечта қавм умргузоронлик қилган, улар худди ер торлик қилгандай, ҳамиша бир-бирига ҳужумлар уюштириб турган. У қавмни ер юзидан йўқ қилмоқ учун бу қавм қўлидан келган барча ёвузликни қилган. Униси эса, табиий равиш¬да, йўқликка юз тутишни истамай, қоя чўққи¬ларидан паноҳ қидирган, қалъаю қўрғонлар қурган. Оқибат, маънисиз жанглар қалъа деворлари ёнига кўчиб, ўтмишдан бизга мана шу хилдаги тошхаро¬балар қолган. Хуллас, одам боласи кўк бағир¬лаб парвоз қилаётган бургутларга ҳавас қилиб эмас, омон қолиш ва насл-насабини давом эттириш илинжида чўққиларни макон тутган. Ачинарли жиҳати шундаки, талашиб-тортишиб, урушиб-сўқишиб бу дунёдан қанча қавмлар ўтмади дейсиз, чўнг тоғлар эса инсониятга тириклик мувақ¬қатлигини англатмоқчидай, кафтидаги бу тошха¬робаларни авайлаб сақлаб келмоқда.

. Бироқ одам боласи бундан ибрат оладиган эмас, ҳали-ҳануз бир-бири билан қирпичоқ бўлиб келмоқда. Бу камдек, кимдир табиатга, кимдир ҳайвонот дунёсига зуғум қилишда давом этмоқда, нозиккина шаҳарлик бир қиз эса тоғлар бағридаги турфа ўт-ўланлару ранг-баранг чечакларга маҳлиё бўлиб, уларни ўрганиш умидида иссиқ ўрнини совутиб, тоғма-тоғ дайдиб юрибди.

Қиз сўнгги гапларини кулимсираб айтаркан, негадир «нозик» деган сўзга истеҳзоли равишда алоҳида урғу беради.

Гуласал ўзининг бу каби қизғин мулоҳазалари билан йигитни, одатдагидек, довдиратиб, уни нариги соҳилга итқитиб юборганини мутлақо сезмайди. Омонали нариги соҳилдан туриб, унинг ёниб турган чарос кўзларига ҳадикли боқаркан, қизни ўзига эмас, ўзини қизга номуносиб кўра бошлайди, йўқ, бу париваш менинг уйимда кашта тикиб, таппи ёпиб ўтирадиган қиз эмас, бу ўзга бир дунё малаги!

Омонали ўша куни ана шу тушкун кайфиятда қишлоғига қайтаркан, укалари қўшни Ҳайдар кўсанинг ўғиллари билан жиққамушт бўлаётгани устидан чиқиб, бот қизнинг гапларини эслади. Уларнинг арзимас нарсани деб бу қадар қутури¬шидан, нодонлигию бениҳоя қайсарлигидан ҳам ҳайратланган, ҳам ғазабланган ва сўнг заҳарни заҳар кесади, дея ғазаб отига миниб, жанжални тезда бартараф этган. Сўз ва насиҳат ила эмас, балки қамчининг кучи билан бир-бирига ёввойи йирт¬қичдай ҳезланаётган тарафларни ҳар томонга тумтарақай қилган.

Ҳозир ҳам у ўзига бўй беришни истамай, тўрсайиб, тайсаллаб турган укасининг анчайин сур ва ўр афти-ангорига қизиқсиниб боқаркан, унинг тўнг башарасида бир-бирига беомон қирғинлар келтириб, қоя чўққиларидаги тошқўрғон хароба¬ларида ўз изини қолдирган ўша қадим одамлар қиёфасини кўргандай бўлди. Ахир шу укаси эмасмиди, Ҳайдар кўсанинг ўзидан баттар аҳмоқ ўғилларидан бирига пичоқ ўқталиб, дарвозасини уриб синдирган.

Омонали миясига келган бу ўй туфайли ука¬сини ёмон кўриб қолишидан чўчигандай, тезда ҳовли бурчагида боғлиқ турган итига кўз ташлайди. Бошини оёқлари устига қўйганча, гўё ов шовурини сезгандай, ўзига умидвор тикилиб ётган Бўйноқ¬нинг қарашларидан кўнгли хиёл оройиш топиб, тез бўл, дея гапни қисқа қилди.

Ўгай акасининг измига бўйсинмоқдан бўлак иложи қолмаган Бердимуроднинг манглайи тири¬шиб, ғижиниб, ниҳоятда ҳушсизлик билан бир Омоналига, бир унинг эски белбоғ билан чандилган чап билагига қараркан, ичи қизиб, нима гап, дея сўрамоқ истайди. Бироқ акасидан жўяли бир гап чиқмаслигини англаб, тилини тияди.

Бу кечаги олишувнинг асорати эканини бошқалар қатори у ҳам билмасди.

* * *

Омонали оқшом Сангтошдан энаётиб, арчазор қиялик этагида Асилбекка дуч келаман деб сира ўйламаганди. Аввалига рақибининг бу томонларда дайдиб юрганидан ғазаби келди, сўнг атай йўлини тўсиб чиққанини пайқаб ҳайрати тошди. Нега деганда, Асилбек ҳафта бурун тиз чўкиб ялинган ғанимига сира ўхшамасди. Кўзлари ёвузона чақнаб, тор сўқмоқда оёқларини керганча, ғалати бир алфозда турарди. Шунга қарамай, ўзидан ўн одимча берида ҳайрон тўхтаган Омоналининг ўткир нигоҳига бардош беролмай, барибир ҳаяжонини билдириб қўйди.

Омонали дарров сездики, қаршисида турган ғаними ниманингдир қаттиқ таъсирида, акс ҳолда қаршисига юрак бетлаб чиқолмасди. Ўз навбатида, ўртада ўт чиқиши муқаррарлигини англаб, танида қасосга ундовчи енгил бир титроқ қўзғалди. Лекин биринчи бўлиб гап бошлашни хаёлига келтирмади. Муддоанг нима ўзи, дегандай ўқрайиб тураверди.

Асилбек бундай қарасаки, рақиби ҳаливери чурқ этадиган эмас, турибди хода ютгандек қаққайиб, шунинг учун илондек вишиллаб деди:

– Аввал милтиғингни ташла, агар йигит бўсанг! Кўриб турибсан менда қурол йўқ.

Омонали ўзи сезмаган ҳолда, ғайритабиий бир итоаткорлик билан елкасидаги милтиқни ёнидаги кулранг тошга суяб қўйди.

– Менга қара! – деди Асилбек унинг бу ҳаракатидан қаноат ҳосил қилгач. – Нега сен йўқ ердаги туҳматлар билан уйимга бостириб бординг, элга мени шарманда қилдинг, а?! Кўнглинг тўла гумон экан, ҳадаҳа бошимга милтиқ кўтариб бормай, бирор овлоққа чақирсанг бўларди-ку.

Бошқа бир одамга унинг бу гаплари жўялидек туюлиши мумкин эди. Бироқ Омонали унинг туллаклигидан бохабар эмасми, арқонни узун ташлаб, ғанимининг даъвою достонларини жимгина тинглашни маъқул топди.

Асилбек икки қишлоқ болалари ўртасида жанжални қўзғаб қўйиб, сўнг ўзи сувдан қуруқ чиқиб кетганига бир эмас, бир неча бор гувоҳ бўлганди. Ўшандаям у ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик қилиб, бутун айбни қарши томонга юклашга уринганди. Бироқ Омоналини ажаблантирган нарса бу эмас, орадан ҳафта ўтиб, унинг туйқусдан йўлига кўндаланг бўлиши эди. Нимадан бунчалик таъсир¬ланди экан бу?

Омонали хаёлига келтирмасдики, ҳафта бурун ғанимини тиз чўктириб кетиши қўшни қишлоқ йигитлари, айниқса Асилбекнинг жўралари нафсо¬ниятига жуда қаттиқ текканди. Қишлоқни шарманда қипсан дея, унга кўз очирмай қўйишганди. Бориб ораочди қилиб келмасанг, бу қишлоқдан қури, дейишганди.

Асилбекнинг ўзига қолса-ку, ўлса-да Омонали¬га рўпарў бўлмасди. Негаки, ўз айбини яхши биларди у. Бироқ бу тўғрида жўраларига оғиз очолмасди. Агар айтар бўлса, уларнинг ўзи суробини тўғрилаб қўйишарди. Шунинг учун унинг олдида биргина йўл – рақибидан калтак еб бўлса-да, шаънини ҳимоя этмоғи ва кўкарган афти-ангорини улфат¬ларига байроқ қилиб кўрсатмоғи лозим эди. Унинг бор ботирлиги шундан, яъни қандай қилиб бўлмасин жўралари ҳузурига ёруғ юз билан қайтишдангина иборат эди. У шу тобда ўз шаъни ва ғурурини тиклашни ўйларди-ю, лекин ифлос хатти-ҳаракати туфайли бир банда фожеали тарзда йўқликка юз тутганини хаёлига ҳам келтирмасди. Бундан виждони тариқча оғримас, қайтамга гезарган афтида, сен бола, мени бекорга ранжитдинг, деган иддаоли ифода зуҳур эди. Қаншаридан эса қиз берган зарба изи ҳануз кетмаганди.

Ўша куни у бир уринишдаёқ ниятимга етаман деб ўйлаганди. Мақсадига етишига ҳатто бир баҳя қолгандиям. Бироқ қиз нозик кўрингани билан жуда чайир экан, қаншарига тош билан уриб, унинг чангалидан осонгина сирғалиб чиқиб кетди. У қоя ёқалаб қочиб бораётган қизнинг ортидан бироз югурган бўлди-ю, сўнг худди қилмишини биров кўриб қоладигандек, тезда ўзини арчалар панасига олди ва ёрилган қаншарини тутганча шалоқ сўзлар билан роса сўкинди. Қачонки Оқартош ўзанига тушиб қолган қизнинг қаттиқ чинқириғини эшит¬гандан сўнггина не мудҳиш фожеага сабаб бўлганини фаҳмлаб, оёғини қўлига олди. Одамлар кўзига ташланиб қолмаслик учун пана-пастқамлардан биқиниб-сиқиниб, қишлоғига жўнади. Агар бирор яқин сирдоши шу ҳақда гап очгудек бўлса, оёқ билан тепмадим, қўлим билан туртмадим, Оқартошга ўз оёғи билан бориб тушди, дея ўзини айбдор санамаслиги тайин эди. Лекин қаршисида ҳануз сўзсиз-садосиз турган Омоналига нисбатан бўлган кек-гинаси тоғдан-да юксакроқ эди. У, нега уйимга бостириб бординг, деган даъвога шу қадар маҳкам ёпишиб олган эдики, назарида, бунинг учун Омоналининг этини тилимласада камдек эди. Фақат биринчи бўлиб қўл кўтармоққа унинг журъати етмайроқ турарди. Агар Омонали ҳамла қилар бўлса, бамисли ёввойи мушукдай биғиллаб ташланишга ҳозиру нозир турарди.

У табиатан бақувват эди, лекин Омонали ундан кўра бардам ва вазминроқ эди. Турган гап, босиқ одамнинг қўзғалмоғи учун аччиқ-тиззиқ гаплар тизими керак. Бундай гапларга эса Асилбекнинг суяги йўқ эди. У дўқ-пўписалари беҳудалигини сезгач, Гуласалнинг пок номини балчиққа белаб, шундай бир гап қилдики, Омонали деганлари чаён чаққандай сакраб кетди.

Улар аввал обдон муштлашдилар, сўнг тор сўқмоқни тўзғитиб роса олишдилар...

Омонали олиша-олиша, охири ўзига қаршилик кўрсатмоққа чоғи етмай қолган Асилбекнинг оёғини осмондан келтириб ерга урди, сўнг тумшуғига боплаб кетма-кет бир неча мушт туширди. Рақиби ортиқ қимирламай қолгач эса, аста оёққа қалқиб, тош тилиб юборган билагини тутганча, тошга суяб қўйилган милтиғи ёнига борди. Уни қўлига олди. Лекин ўзида олдинги ўтли қасосни – рақибини отиш истагини туймади. Нимага деганда, ерда чўзилиб ётган ғаними ўққа эмас, ҳатто тузукроқ тепкилашгаям арзимасди.

Ўзининг ердаги тезакчалик қадри йўқлигини намойиш этгандай, ана, сўқмоққа кўндаланг тушиб ётибди. Шунга қарамай, Омонали милтиғи милини Асилбекка тўғрилашдан ўзини тиёлмади. У дустаман тушиб ётган рақибининг курагини мўлжалга оларкан, беихтиёр кўнглидан қуйидаги оловли ўйлар ўтди: «У ўзига ўхшаган дилбар ўғил-қизлар туғиб бериши мумкин эди! Ундан бошланган авлодлар ипи чўзилгандан чўзилиб, бу оламни чирмаб олиши мумкин эди! Лекин сен малъун туфайли унинг ҳаёт ипи қоқ тубидан чирт узилди! Бутун бошли бир авлод туғилмасдан заволга юз тутди!» Омонали ўзининг бу ўйларини оташ ибораларга жамлаш ниятида лаб жуфтларкан, сўнгги дақиқада фикридан қайтди. Негаки, бундай ташбеҳларни англаб етмоқ учун киши, кам деганда, ўзидек бўлмоғи керак. Асилбек ким – нодон бир жонзот, урсанг, яраланган буқадай бўкиради, қувсанг, калтак еган қўтир итдай ғингшиб қочади. Одатда, Гуласал бундайлар ҳақида, Худо яратишга яратиб қўйиб, сўнг ўзи ҳайрон қолиб юрган кимсалар, дерди. Ҳа, у теран мушоҳада юритибгина қолмай, фикрларини образли йўсинда ифода этишгаям уста эди. Омонали унинг айни шу жиҳатини қадрлар, ўз навбатида, чўчирди. У қиз билан учрашган кезлари ўзини тоғда кутилмаганда гавҳарга дуч келгану, бироқ тошлар орасида жило бериб турган ўша гавҳарни қўлига олмоқнинг ҳеч эвини тополмаётган одамдек ҳис этарди. Минг афсуски, Асилбек унинг гавҳарини оддий тош ўрнида қабул қилди ва ҳаракатлари ҳам шунга яраша бўлди. Мана энди, қилмишига яраша жазосини олиб, ётибди тош юзини қизил қонига бўяб.

Асилбек қон туфлаб, турмоққа қурби етиб-етмай ерпарчин бўлиб ётаркан, дунёда ожизона бир тарзда ер искаб ётишдан ёмони йўқлигини илк бор англади. Шунда ўзи томонидан зўрланган яқин оғайнисининг аёлини эслади. Шўрлик жувон номусдан ер бағрига сингиб кетгудек бўлиб изилларкан, яккаш, энди нима қиламан, эл орасида қандай қилиб бош кўтариб юраман, буйтиблар яшаганимдан кўра ўлибгина қўя қолганим яхши эмасми, дерди. Асилбек хас-хашакка қоришиб ётган ожиза тепасида ҳирсини қондирганидан мамнун ҳолда тураркан, йўқ ердаги туҳматни айтишдан ийманмаган: «Агар эринг бурноғи йили аммамнинг қизи Лолани зўрлаб қўймаганида эди, сенга бармоғимнинг учини ҳам тегизмасдим. Жигарим учун ўч олай деб қилдим бу ишни! Сен кўпам ваҳима қилаверма, бу сир ўртамизда чирийди. Ана, аммамнинг қизиям оиласи ва бола-чақасини ўйлаб, бутун дардини ичига ютиб, тинчгина яшаб юрибди-ку». Буни қарангки, бу гапдан кейин ўламан-куяман деб ётган жувон бирдан сергак тортган, сўнг аввал зинокор эрини, кейин эрига қўшиб дунёдаги барча эркак зотини тутоқиб қарғамоққа тушган. Унинг қарғишидан ҳеч бир гуноҳи йўқ Лола ҳам бенасиб қолмаган. Асилбекнинг қилмиши ҳақида эса бировга чурқ этмаган, этолмаган.

Асилбек, ер ҳидлаб ётган эса-да, айни дамда ўзини ғолиб санарди. Ахир у қўрқувни енгиб, рақибига рўпарў бўлмоққа журъат этди-да. Ана энди у қишлоғига кўкарган юз билан қайтаркан, ўлақол¬са, калтак едим, демайди, тенгма-тенг олишдим, дея роса оғиз кўпиртиради. Дарвоқе, бунинг унчалик аҳамиятиям йўқ, муҳими, у рақиби билан орани очиб олди. Ҳозирча рақиби қайта тирғалиб қолмаслиги учун бир-икки вой-войлаб қўйса зарар қилмайди.

У хўжакўрсинга инқиллар экан, ўзига тўғри¬ланган милтиққа кўзи тушиб, жони товонига тушиб кетди. Ер қучиб ялинай, ёлворай деган жойида, ҳайтовур, Омонали қуролини пастга туширди. Бунга жавобан эса Асилбек чўзиб-чўзиб вой-войлаб қўйди.

Омонали бу олишувда ўзи кутган интиқом ҳиссини туймади. Қайтамга жирканч бир туйғуни, яъни катакдан товуқ ўғирлаган саёқ итни калтак¬лагандай ҳис қилди ўзини. Кимсасиз бирон жойга бош олиб кетгиси келди. Бинобарин, шусиз ҳам у кимсасиз макон – тоғу тошлар қучоғида эди, қочиб яна қаерга борарди денг.

– Манову ниманинг қони экан, а?

Олдинда ўз ўйи, ўз хаёли билан кетаётган Омонали истамайроқ ортига ўгирилди. Тенгқурлари орасида ўзини тузук овчи санайдиган Бердимурод кеча Асилбек чўзилиб ётган ерда сергак тик қотган, оқиш сийпақ тош устида қотиб қолган қон доғлари қорайиб турарди.

– Бирор ҳайвон-пайвоннинг қони бўлса керак-да, – деди Омонали тундлик билан.

Бироқ укаси теваракдаги изларга қарабоқ, бу ерда қандайдир олишув юз берганини аллақачон тахминлаган эмасми, ўзининг топқирлигини тезроқ намойиш этиш учун ҳовлиқибироқ деди:

– Йўқ, бу ҳайвон қони эмас, бу...

– Йўқ, у айнан ҳайвон қони! – Омонали туйқусдан қизишиб, шартта унинг гапини бўлди. – Ўта йиртқич ҳайвоннинг қони!

– Теваракдаги манову излар бошқача маънони бераяпти-да, ака, – деди ҳануз ердан кўз узмай турган Бердимурод сира бўш келгиси келмай. – Бу ерда биров бировни сўйиб кетгандай...

– Унда қараб кўр, жасадиям топилиб қолар.

Бердимурод тажрибали изқуварлардай теваракни синчков кўздан кечирган бўлди ва ҳатто бу ишга наридаги арчазорда искаланиб юрган Бўйноқниям жалб этмоқчи бўлди. Сўнг, одатдагидек, эринчоқ¬лиги қўзиб, барига қўл силтаб деди:

– Балки ҳақиқатанам бирор ҳайвон-пайвоннинг қонидир.

– Топдинг, чинданам у ҳайвон қони! – деди Омонали ҳам.

Ака-укалар шу кетишда олис дара бағридаги кексатолни қора тортганди.

Кўкка бўй чўзган юксак тоғлар эса бамисли чумолидек ғимирлаб бораётган бу икки жон бошқа бир жонзоднинг жонини олмоқ ўйида бораётгани билан мутлақо иши йўқ, ўша-ўша сокин мудрарди.

* * *

Омонали кексатол қад ростлаган Бўзбулоқ дараси муюлишига етгунга қадар, ўз режаси ҳақида укасига чурқ этиб оғиз очмади. Қачонки, муюлиш¬дан анча беридаги томдек улкан харсангтош пойига яқинлашгандан сўнггина, ярим йўлдаёқ тизгинга тушган Бўйноқнинг арқонини укасига тутқазаркан, босиқлик билан мақсадини англатди, дедики, бу йиртқич анчагина аламдийда ва ўта тажовузкор, ҳозир обдон қорнини тўйғазиб, анову улкан ўтовсимон толнинг панасида чўзилиб ётган бўлиши мумкин. Агар аввал итни қўйиб кўрсак, кейин унинг чангиниям тутиб бўлмайди. Энг чатоқ томони, сездирмай яқинлашган одамга тўсатдан ташланиб қолишиям мумкин. Бундай ҳолда отишга улгурсанг улгурдинг, улгурмасанг кейин додингни Худога айтаверасан. Гапнинг қисқаси, «ҳайт» дейишим билан итни бўшатасан. Бўйноқ ақлли жонивор, нима қилишини ўзи яхши билади, йиртқичнинг чотига ёпишиб, менга мадад беради. Бироқ бир сония ҳам ҳаяллай кўрма. Ҳаялласанг, мен уни эмас, у мени бир бало қилиб қўйиши мумкин.

Бу гапдан Бердимуроднинг юрагига қўрқув инган бўлса-да, сир бермасликка тиришди.

– Унинг шу ердалигига ишончингиз комилми? – деди кекса тол томонга ҳадикли боқиб.

– Бўлмаслигиям мумкин, – деди Омонали этиги қўнжидаги шопдай пичоғини белига тақаркан. – Лекин мен уни анча-бунча ўргандим, кўнглим сезиб турибди, у аниқ шу ерда.

– Бўлмаса-чи, унда нима қиламиз?

– Унда вазиятга қараб иш тутаверамиз.

– Юрар эканмизда тоғма-тоғ санқиб.

– Ака керак бўлса юрасан-да! – Омоналининг манглайи тиришиб, унга ёмон қараб қўйди. – Агар сенга жигар керак бўлмаса, марҳамат, ҳозироқ қорангни ўчиришинг мумкин!

– Йўғ-ай, нималар деяпсиз, ака.

– Унда гапни кўпайтирма! – Омонали қўлидаги яроқни яна бир карра синчков кўздан кечирди. – Такрор айтаман, у жуда қаҳрли ва тажовузкор йиртқич. Ҳушёр бўл-а, тағин мен ҳам раҳматли Мирсалим овчининг ҳолига тушиб ўтирмайин. Айтганча, уни шу атрофда нобуд бўлган дейишади.

– Бўлиши мумкин, – дея елка қисди Берди¬мурод. – Аммо мен чолларнинг ўтиригига кўпам ишонавермайман.

– Бу ўтирик эмас...

Узоқ йиллар бурун яшаб ўтган бу афсонавий овчининг таърифини улар, қиш оқшомлари сандал атрофида, кўп ва хўп эшитишган. Айтишларига қараганда, Мирсалим овчи деганлари алп келбатли, чумчуқнинг кўзидан, қарғанинг тилидан бехато урадиган зўр мерган бўлган экан. Афсуски, шундай одам бирон-бир қутурган айиқнинг эмас, жасади ўртача итникича келмайдиган қандайдир жангари бир қоплоннинг чангалида нобуд бўлган. Бироқ эндигилар бу гапга кўпда ишонишавермайди, эртак деб ўйлашади. Омонали эса забонсиз тоғ жониворларидан ҳар балони кутиш мумкинлигини ўз тажрибасидан яхши билади. Буни ҳатто ён қўшнисининг тарғил мушуги мисолида ҳам кўрган. Ўшанда ҳайбатли бир ит бостирма тагидаги бола¬ларига ташланганида, табиатан анча ювош бўлган она мушук қочмаган, эшакдай келадиган ит билан олишиб, унинг чангалида жон берганди. Она мушукнинг ўша пайтдаги жанговар ҳолати, итга биғиллаб ташланишлари ва сўнг аста жон бергани ҳалигача унинг кўз ўнгидан кетмайди. Қишлоқ одамлари эса она мушукнинг ғайритабиий ҳарака¬тига эмас, шунчаки воқеага урғу беришган, яъники фалончанинг мушугини пистончанинг ити ғажиб ташлабди, тамом-вассалом.

У бир мушук экан, важоҳатда тенгсиз бўлган қоплондан бундан батта¬рини кутиш мумкин эмасми.

– Аввал итни қўйиб кўрсак-чи, ака, – деди Бердимурод овози титраброқ.

– Итни қўйсак, кейин уни қаердан қиди¬рамиз...

У укаси билан итини харсангтош пойидаги бир парча яланг ерда қолдириб, ўзи енгил шабадага юз тутганча, бутазор оралаб кексатол томон жилди. Оралиқдаги юз одимдан ошиқ ўнгур қалин буталар билан қопланган бўлиб, бу томондан кексатолга яқинлашиш хийла қулай эди.

Акаси буталар орасида кўздан ғойиб бўлиши билан Бердимурод бояги ҳадик ва қўрқувни деярли унутди. Қоплоннинг кексатол тагида чўзилиб ётганига ишонгиси келмади. Омоналининг ҳадемай, лаънати, бу ерда йўқ экан, дея қайтиб келишини кута бошлади. Акасининг шунча тайинлашига қарамай, ҳушёрликни хаёлидан мосуво қилган ҳолда, оёғи тагидаги тўнкадек тошга бамайлихотир жойлашиб ўтириб олди.

У бутазорга тикилган кўйи, қулоқларини динг қилиб турган Бўйноққа меҳри ийимайроқ кўз ташларкан, ҳеч сабабсиз уни сўкиб қўйди. Қўрадаги жонлиқ иккига бўлинган кундан эътиборан акасига боғлиқ ҳамма нарса, ҳатто шугина ит ҳам унга бегона туюлиб қолганди. Бу етмагандек, бугун саҳарданоқ у энаси Эркинойнинг одатдаги минғир-минғири ва писир-писирига керагидан ортиқ тўйинганди. Камини Ҳамидқул оқсоқолнинг «насиҳат»лари тўлдирганди. Эркиной деганлари пасткашликнинг тирик тимсоли эди, у ҳар куни овга кетаётган ўгай ўғлига оқ йўл тилаш ўрнига, илойим товдан ўлигинг қайтсин, дея писиллаб қарғаб қоларди. Бердимурод ҳам шу онанинг боласи эмасми, ерга бош эгиб турган кексатол тагидан қоплоннинг эмас, дарғазаб айиқнинг ириллаб чиқишини тасаввур қила бошлади. Ана, у акасига ҳамла қилиб, тоғу тошларни қалдирата бошлади...

Ҳар нечук, укада хиёл бўлса-да, инсоф бор эди, воқеанинг у ёғини хаёлидан қувлашга тири¬шади. Безовталана бошлаган итнинг тизгинидан маҳкам тутиб, уни тинчлантиришга уринди.

Кексатолни қоралаб, пусиб бораётган Омон¬алининг ўзида ҳам қоплоннинг шу ердалигига унчалик ишончи йўқ эди. Лекин аксарият овчиларга хос ички бир сезги билан у ерда қандайдир тирик жон мавжудлигини ҳис этиб турарди. У нима, қоплонми ё тўнғизми ёхуд қаноти шикаст еган бирор-бир омадсиз бургутми ё ўз соясидан ўзи ҳуркадиган шалпангқулоқ қуёнми?

Буни у билмасди, билолмасди.

Унинг юраги сезган нарса қуён ёки омадсиз бир бургут эмас, кейинги пайтда ёлғиз қолга¬ниданми, ўта серзарда ҳамда ўта бешафқат жони¬ворга айланган Оқманглайнинг айнан ўзи эди. У тонгданоқ қурсоғини тўйғазиб, одатича, ҳазми таом қилиш ниятида кексатолни қора тортганди.

Кексалик сарҳадини эндигина ҳатлаган бу жонивор аввалги ҳолатининг акси ўлароқ кўпам ҳаётга иштиёқи йўқ ва вақт ўтган сари, ўлар ҳўкиз болтадан қайтмас, дегандай қандайдир жиззаки ва тажовузкор бир махлуққа айланиб бормоқда эди. Шу боисми, гоҳида ўлимни унинг ўзи қидириб қоларди. Ўлим эса ундан нари қочарди. У ўлимга чанг солгиси, пийпалагиси ва охирида ўткир тир¬ноқ¬лари билан уни тилкалаб ташлагиси келарди. Ўлим не ҳолат, не тусда юз кўрсатишини билмаса-да, унга рўпарў келмоғига жуда оз фурсат қолга¬нини юраги сезиб турарди.

У бир вақтлар бу чўнг тоғларнинг султони, чоғроққина қоплонлар тўдасининг етакчиси эди. Бироқ хиёлгина кучдан қола бошлаши билан ҳамжинслари уни тарк этишди. У ёлғиз қолган заҳотиёқ бу нурли олам ўз тароватини йўқотганини дарҳол англади. Унинг кейинги кунлари ҳам бирор қувончли онларни ваъда қилолмасди. Шунинг учун у нафс илинжида учраган жонга чангал солишга уринар, гоҳо эса эрмакка ўлдирарди. Нафс уни ҳаракатга ундаб, тинчгина ўлмоғига изн берма¬ганидек, тўқ кезларида эса доим бир хил туш кўрар ва тушида улкан бир қоплон тинмай уни ўзига чорларди. У томонга фақатгина кулранг ва кўкимтир тусдаги ўлим водийси орқалигина ўтиш мумкин эди.

Бу водийга тушмоқ учун аввало ўлмоқ керак эди.

Ўлимдан эса ҳалигача дарак йўқ эди.

Оқманглайнинг кўзи илинган экан, ички бир турткидан енгил сесканиб, уйғониб кетди ва мудроқ нигоҳлари ила ўлимни кўрди. Ана, у одам шаклида аста яқинлашиб келмоқда. Уларни ергача эгилган тол новдаларигина ажратиб турарди. «Ўлим» уни кўрмас, Оқманглай эса оҳиста шитирлаётган тол япроқлари орасидан уни аниқ-таниқ кўриб турарди.

У ёлғизликдан, бинобарин, яшашдан жуда ҳориган эди. Шу сабаб, ажалдан чўчимади. Бор куч-қувватини бақувват панжаларига жамларкан, ўзи томон ғоятда эҳтиёткорлик билан бир-бир босиб келаётган «ўлим»ни пийпалаб ва тилкалаб ташлаш иштиёқида сакрашга ҳозирлана бошлади. Бунинг учун унга сониянинг юздан бир улуши етиб ортди.

Қоплоннинг яшин янглиғ ҳаракати ўлим тимсоли бўлмиш Омоналини бутунлай доғда қолдирди. У қўлидаги милтиқ тепкисини босиш у ёқда турсин, ҳатто «ҳайт» демоққа чоғи етмай, ғайритабиий бир сас чиқаришгагина улгурди, холос.

Кексатол томонда нимадир содир бўлганини ит дарров сезди. У бўйнига боғланган тасманинг иккинчи учини билагига ўраб-чирмаб олган Бердимуродни илкис сургаб-судраганча, жон ҳолатда олға ташланди.

Бўйноқнинг изидан қоқилиб-суқилиб тол ёнига етиб келган ука ўта даҳшатли манзаранинг устидан чиқди: бел ва умуртқаси синдирилган қоплон чалқанча тушиб ётган йигитнинг бақувват билаклари орасида, аниқроғи, кўксида ўлиб ётар, бўйин томирлари титиб юборилган Омонали ҳам аллақачон бу ёруғ оламни тарк этиб улгурганди.

– Акам-а!

Бироқ уканинг бу нидосида зиғирча дард йўқ эди.

Буни сезган кекса тол тўсатдан қўзғолган тентак эпкинга юз тутганча, новдаларини соллантира-сол¬лантира, азалий марсиясини бошлаб юборди.

Салдан сўнг унга ит қўшилди.