OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНормурод Норқобилов
Асар номиЁнғин (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нормурод Норқобилов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм26KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ёнғин (ҳикоя)
Нормурод Норқобилов

Танасига чирмашган оловдан пояси куйган азим боботерак узумзор устига гурсиллаб қуларкан, йиғилганлар назарида оламни жаҳаннам оташи қучгандай бўлди. Йиқилган дарахтдан чортарафга сочилган чўғу аланга нафақат заминни, балки осмону фалакни ҳам куйдириб юборадигандек эди.

Оловнинг шашти баланд эди.

Унинг тафтига чидаёлмай чет-четга қочган одамлар ғалати бир синоатни, яъники алангага айланган дарахтнинг ўтли панжалари бамисоли илондай биланглаб, токзорни янада кенгроқ қамрамоқ кўйида ғимирлаётганини сезмай қолишди. Нега деганда, ярим тунда кутилмаганда юз берган бу ҳодиса барчани ёмон довдиратиб қўйган. Боз устига, кўпчиликнинг диққати томи гуриллаб ёнаётган мўъжаз оқиш бинога қаратилганди. Йиқилган теракка бақамти қад ростлаган бу бинонинг томи анчадан бери ёнаётган бўлса-да, уни ўчирмоққа ҳеч ким ошиқмас, ошиққанлар эса олов тафтига чидаёлмай ортга чекинишар, гўё четдан мадад кутишаётгандек, аксарият кишилар бесамар тентирашарди.

Токзор устига узала тушган аланга эса, фурсатдан фойдалангандек, ўтли панжаларини ҳар тарафга чўзиб, яшил новдаларни бешафқат ямлар, тўла пишиб етилган узум бошлари оловда писиллаб-тисиллаб тутдай тўкиларди. Узумзорнинг кулини кўкка совурмоққа қасд қилган боботерак аланга тимсолида қутурарди. У ёнмоқ ва ёндирмоқ учунгина яралгану, эндиликда ушбу юмушни бекаму кўст адо этаётгандек эди.

Аслида ҳам шу — теваракда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан анчадан бери бағри тутаб келарди. Оқибат, арзимаган учқундан аланга олиб қўя қолганди.

Ёнғинга кеч оқшом томи ёнаётган оқиш бинодан аламзада қиёфада чиққан Тўра узун сабаб бўлганди.

Атай эмас, бехос.

У ташлаган сигарет қолдиғидан аввалига ердаги хас ёнди. Xасга илашган ўт теракка ёпишди.

Боботерак жуда кекса — пўсти қуруқсиб, ичи пўкиллаб қолган эмасми, ўтни жонидек қабул қилди. Кекса танасига оғули илондек чирмашган алангадан миннатдор бўлиб, қуйида ястанган токзорга адоватли тикилди. Ўч олмоққа имкон туғилганидан қувонди.

Бу лаҳзада Тўра узун деганлари уйида ҳасрат кўрпасига бурканиб ётарди. Амакиваччаси Зокир қорадан аламзада эди у. Бу не ҳолки, ўз жигари уни қаматмоқ истаб қолибди. Шошма, ўртада не гап ўтганди ўзи? Ҳа, эсида, амакиваччаси кайф ҳолатда тирғалди унга. Эмишки, Оролнинг тўйида пиёладаги ароғига сув қўшиб, устидан кулганмиш. Тўра узун ароққа сув қўшиш нари турсин, ўша куни уйига қандай етиб келганини ҳам эслаёлмайди. У бекорга тирғалаётган қариндошининг соқол босган афтига ҳайрон тикиларкан, шунда бирдан эски бир адовати ёдига тушади-да, қўлидаги токқайчи билан унинг елкасига урганини билмай қолади. Кейин бу ишга хотинлар аралашиб, иш Ҳайдар нозиргача етиб боради.

Ҳайдар нозир одам боласини қаматган банда эмас, нари борса ўн беш кунга бериб юборади. Бироқ ишни босди-босди қилгунча шунақанги тавбангга таянтирадики, аламдан додлаб юборганингни билмай қоласан киши. Қизиқ феълли, бўралаб сўкишни яхши кўради. Ҳар икки гапнинг бирида, тиқиб юбораман, дейди. Тиқиб юбормасин тағин деб, қўланса гапларига чидамоққа тўғри келади-да.

У тергаркан, шикоятчининг аризаси солинган стол устидаги юпқа жилдликни намойишкорона очиб-ёпади. Жонинг менинг қўлимда дегандай, жилдга нуқиб-нуқиб қўяди. Сўнгра, яна чақираман ёки чиқиб тур, дея ҳайдаб солади.

Унинг ҳузуридан чиққанлар эса терак остидан паноҳ топади. Овлоқ жой. Аламдан кўз ёши тўксанг-да, биров кўрмайди. Иккинчидан, Ҳайдар нозирга худо инсоф бериб қолса, гуноҳингдан кечиб юборишиям мумкин. Бунинг учун терак остидан жилмай, унинг ташқарига чиқмоғини кутмоғинг даркор. Не сабабдан сўппайиб турганингни яхши билади у. Эшикни ошиқмай қулфларкан, шу томонга киши билмас кўз ташлаб қўяди. Сўнг зиналарни бир-бир босиб тушаркан, бехос нигоҳи тушгандай, қовоқ уюб қарайди. Агар гап қоца, вазиятнинг юмшагани, чурқ этмаса, демак ҳали кўп гаранг қилади. Теракдан узоқлашаётиб эса, ғулдираб қўйишни канда қилмайди:
— Бу қишлоққа нима бўлган ўзи, а?!

Бу қишлоқ аҳлига нима бўлган ёки бўлиши мумкинлигини боботерак ўзича яхши билади. Бу энди кўп жиҳатдан токзордаги ҳосилнинг чўғига боғлиқ. Ҳақиқатда, ҳосил кам йили қишлоқ аҳли алланечук ювош тортиб қолади. Ҳосил мўл йили эса, худо уради уларни. Узумдан хирмон ясаб, қоп-қоп майиз қуритишган одамлар гўё тўқликдан айнишади. Узун-узун кекиришиб, бир-бирларини назарга илмай қўйишади. Сабаб-бесабаб зиёфатлар уюштириб, сўнг обдон ёқалашади. Кейин то баҳоргача қозилашиб юришади. Бу ғашавадан уларни кўклам юмушларигина чалғитади. Токзорга кетмон кўтариб чиққан бандаси ғиди-бидидан вақт қизғанади. Аразини кеч кузгача юраги тубига асраб қўяди. Кузакда қўлига мўмайгина пул тушгач, бундай ёни-верига қарасаки, фалончининг димоғи шишиб, даврада бировга гап бермай ўтирибди. Одам боласини писанд қиладиган сиёғи йўқ. Бу нарса бунисининг ғашига тегиб, сендан мен камми, деган ўйга боради. Оқибат, давраларда шишалар жиринглаб, гурунглар чўзилади. Гурунглар чўзилгани сайин, эски аламлар жонлана боради. Кейинги жараёнда эса, сен хеш, сен бегона, деб турилмайди. Умуман олганда, бу қишлоқда бегонанинг ўзи йўқ. Бари бир-бирига чатишиб кетган.

Аммо ёқалашганда, ёвдан баттар ҳезланишади.

Шу важдан нариги қишлоқдаги нозирлик идораси бу қишлоққа кўчирилган.

Бу қишлоқ аҳлига бегона саналмиш Ҳайдар нозир тийрак одам, қишлоқда қайси йили кўпроқ жанжал қўпишини токзорнинг авзойига қараб билади. Аммо боботерак каби узумзорга адоват сақламайди. Таассуф-ла мийиғида илжайибгина қўя қолади. Негаки, ёз бўйи меҳнатдан бўшамаган одамлар кузда кўтарилган ҳосилнинг маълум бир қисмини гуноҳларини ювмоқ учун сарфлашади-да. Юқорида жиндек шаъма қилганимиздек, бир-бирларининг бошини уриб ёришади-да, сўнг ҳар куни шифохонага товуқ шўрва ташиб юришади. Ёҳуд жаҳл устида бировнинг молига шикаст етказиб қўйишади-да, сўнг зиёнини тўлашга уринишади. Кишилар турлидек, жанжалу унинг оқибатлари ҳам хилма-хилдир.

Ҳайдар нозир эса, рақибини жазолатмоқ истагида бўлганларга ғалати йўсинда таъсир ўтказади. Шу бир куни тўсатдан уни ҳузурига чорлайди-да, атай анқайганича, ҳайрат тўла оҳангда дейди: «Суриштирсам, анови сенга қариндош экан-ку, а? Атиги икки қорин алишгансилар. Бунчалик яқинсилар деб ўйламовдим мен...» Xешлиги энди эсига тушгандай, даъвогар бир муддат бақрайиб қолади. Кейин шу қишлоқ аҳлига хос гинахонлик билан тутақиб сўкинмоққа тушади: «Унақа хешнинг падарига лаънат...» Ҳайдар нозир унинг хуморидан чиқмоғига қўйиб бераркан, сўнг стол чертиб дейди: «Тиқиб юбориш-ку қийин эмас-а. Аммо кейин, фалончи ўз қариндошини қаматибди, деган гапнинг чувалиши ёмон-да». Бу энди жиддий гап эди. Даъвогар бирдан бўшашади. Ҳайдар нозир ўйлаб кўрмоққа изн беради. У ташқарига чиқиб ўйлайди, теракка суяниб ўйлайди, унинг пойига чўкиб ўйлайди. Кечирай деса алам ўтган, кечирмай деса...

Боботерак унга инсоф тилайди. Япроқларини шитирлатиб, узумзорни таг-томири билан қўпориб ташлашга ундайди. Аммо ундашлари бекор кетиб, токзорга кулгу бўлгани қолади. Қишлоқ аҳли унинг ғашини келтириб, токзорни жонидек ардоқлайди. Тагини юмшатиб, шохларини тарайди, ҳар-ҳар жойга капа тикиб, уни қушлардан асрайди. Бунга сари, боботеракнинг жини тиришади. Дардкаш тополмай, арзини елга айтади. Елга эса барибир, шўх-шодон елиб, унинг япроқларини ўйнайди, новдаларини силаб-сийпайди. Елнинг бу эркалашларидан токзор ҳам бенасиб қолмайди. Шунга қарамай, гоҳи йиллари нимадандир ғазабланадими, эрка ел бўрон бобосини бошлаб келади. Ана унда кўринг томошани. Бўрон бобо бир ҳамла билан токзорни шип-шийдам қилиб кетади. Натижада, ўша йили қишлоқ аҳли юмшоқ тортиб, Ҳайдар нозирга иш қолмайди. Оқиш бинога ойлаб биров оёқ босмайди.

Аммо бу хил йиллар кам, жуда кам.

Эрка ел эса боботеракнинг бу қадар куйинишларидан баъзида жуда ҳайратда қолади. Сенга нима, дейди, сўнг ўша-ўша шўх-шодон елиб, токзор, токзорга қўшиб, боботеракни ҳам «силаб-сийпаш»да давом этади. Унинг беқарорлигига кўниккан боботерак изоҳ бермоққа ошиқмайди. Нега деганда, ел тушмагур шу қадар бетайинки, на ўзини билади, на ўзгани. Унинг учун ҳамма бир.

Мана ҳозир ҳам эски қадрдони боботеракка жони ачиш ўрнига, пуфлаб алангани баттар кучайтирмоқда. Теракка қўшиб, токзорни ҳам алангага кўмиб ташлашга уринмоқда. Унга қолса бутун дунёга ўт кетмайдими. Ёнаётган токзору, боботеракнинг ҳасратлари билан унинг неча пуллик иши бор? Ёниб кул бўлмайдими, бариси.

Эрка ел қанчалик бетайин бўлмасин, боботерак унинг эркалашларидан ҳамиша сархуш тортиб келган. Гоҳида суҳбатлари қовушиб, у саодатли ўтмиши ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қиларди. Эрка ел бу хил ҳикояларни токзорга синггиб, боботеракнинг тўшига бош қўйиб тингларди. Сўнг эса аста хўрсинарди. Унинг хўрсинишидан токзор чайқалиб, боботерак япроқларини силкитганча, беихтиёр куйлаб юборарди.

Бу унинг маъсуд дамларидан ёдгор бўлиб қолган ягона қўшиғи эди. У вақтда ҳозирги токзордан асар ҳам йўқ эди. Қишлоқ мўъжазгина бўлиб, одамлар зиғир етиштириш билан шуғулланишарди. Тераклар эса мўл эди. Ҳув адоқ қуюқ толзор эди. У қуйидаги тегирмонгача чўзилганди. О-о, қанчалик ажойиб дамлар эди! Кейинчалик қишлоқ кенгая бориб, кишилар узумчиликка ўтишди. Тераклар томга босилиб, новдаларидан ишкомлар ясалди. Эрка ел эса, боботеракка дилини хира қиладиган гапларни етказадиган бўлиб қолди:

«Абдутолиб майизнинг ўзидан ўн қоп қипти. Энди одам боласини чивин ўрнида кўрмай қўйган эмиш. Бутун қишлоғингни сотиб олишга пулим етади, деганмиш».

«Шодивойнинг мусалласи эсни чаппа қиладиган даражада ўткир чиқибди. Ичган одамнинг ўрнидан турмоғи қийин эмиш».

«Санақул Xолёр бодроқни урган экан, икки қоп майизнинг пули билан зўрға қутулиб қопти. Xолавачча бўлмай ўлларинг».

«Гелдиёр боди қирқ ёшини юбилей қилмоқчи эмиш. Шаҳардан артистлар чақириб, ўзи зар чопонда тўрда керилиб ўтирмоқчи эмиш. Пули кўп-да, қаерга қўйишини билмайди. Ўзи бир Эшмат чўтирнинг ули бўлса, юбилейни ким қўйибди унга».

«Узунқул хумларини мусалласга тўлдирибдию, ўзиям ғирт алкашга айланибди. Тунов куни туғишган укасини «енангни» деб сўккан экан, иниси оғзини йириб қўйибди. Энди хотини укасини қаматаман деб юрганмиш».

«Эшқобил уч қоп майизнинг пулини шаҳарда олдириб қўйибди. Ичиб олиб мақтанган-да. Азалдан шу, оғзига озгина тегса бас — йигитнинг хўрозиман дея, чиранишни яхши кўради. Xотини аразлаб кетиб қопти».

«Шариф кўса кайфда токзорим отам, деб қўшиқ айтган экан, отаси Соли махсум ҳовлисидаги бутун ишкомларини кесиб ташлабди».

Бу хабарлар одамлар оғзидан учарди. Эрка ел эса уларни оқизмай-томизмай боботеракка етказарди. Бундан унинг ғами ортарди. Негаки, қишлоқ унинг кўз ўнгида бўй ростлаган, аҳли униб-ўсган. Шу боис, бари унга жондек қадрдон. Яхшидир, ёмондир — ҳеч бегонаси йўқ.

Бегонаси узумзор.

У зиғирпоя ўрнида ястанган бу «бегона»га аввалига эътибор бермаганди. Сўнг бундай разм солсаки, ерга қадалган ток қаламчалари кўкка бўй чўзгани сайин, теракларга қирон етмоқда. Шунда у талвасага тушиб қолади. Ахир ўзининг ҳам жони қил устида эди-да. Кейинчалик болта тутган кимсалар тагидан неча бор ўтиб-қайтмади. Кесмоқ бўлиб, чамалаб кўрмади. Ҳайтовур, умри узун экан, танасига болта тиғидан шикаст етмади. Шикастни у бошқа томондан, яъники эрка елнинг совуқ хабарларидан ола бошлади.

Ўз навбатида, қишлоқ аҳли учун унинг бир чақалик қадри йўқ эди. Тўсинга ярамайди, ўтинликка арзимайди. Турибди-да, сўппайиб. Бахтига қаватида нозирнинг идораси. Акс ҳолда аллақачон кесиб юборишганам бўларди. Тарвақайлаган шоху бутоқлари ишкомга яраб қолар. Xуллас, сабабдан ками борми. Бирон важ ҳамиша топилади.

«Боботерак» деган номига келсак, бу номни унга Тўра узун берган. Деганки: «Зўр терагимиз бор-да, олисдан қайцанг, қаршилайди, кецанг, кузатиб қолади. Момотерак, э, йўқ, боботерак». Бу гапни айтганда, у ширакайф эди. Улфатлари билан токзор этагида қаймоқлашиб ўтиришарди. Гапи йигитларга маъқул тушиб, улар теракнинг соғлиғи учун, ҳа, айнан соғлиғи учун қадаҳ кўтаришган. Сўнг боботераклиги учун. Орада бир-бирларига тилак билдиришниям унутишмаган. Кейин... Қисқаси, арзимаган бир гап устидан ёқалашиб қолмагунча қадаҳлар «жиринг»и тинмаган. Сўнг Тўра узун қўшни қишлоқлик бир йигит билан муштлашиб қолиб, икки тишини уриб синдирган.

Ёмон воқеадан яхши ном қолган.

Боботерак!

Ўшанда, меҳмон йигит бегона бўлса-да, кечиримли экан, ортиқ тирғалишни ўзига эп кўрмаган. Яқин қариндоши саналмиш амакиваччаси эса ўша бегонача бўлмади. Андишанинг юзига туфлаб, устидан бир қулоч даъво арзнома битди. Ариза томи гуруллаб ёнаётган оқиш бинодаги темир жавонда. Икки кундирки, Ҳайдар нозир ўшани рўкач қилиб жонини олмоқда эди.

Шунинг учун ҳам алангани узоқроқдан томоша қилиб турган Тўра узун юз берган бу ёнғиндан ғоят мамнун эди. Ахир бинога қўшилиб, ариза ҳам ёниб кетадиган бўлди-да. Одамлар эса икки ўт ўртасида гарангсиб қолган. Бири челак кўтариб бинога интилса, бири узумзорни пешма-пеш ямлаётган аланга томон талпинган. Бошқа бирови бўлса Тўра узун қатори томошабинга айланганди.

Тўра узун аланга теварагида бесамар ирғишлаётган амакиваччасига истеҳзоли тикиларкан, шу кейинги икки кун ичида илк бор юзига табассум қалқиб, беихтиёр илжайди. Илжаяркан, қаватидаги одамнинг ажабланиб боқишидан уялиб, кафтини оғзига олиб борди, тутундан бўғилиб йўталган киши бўлди. Бироқ кўзлари қувончини ошкор этиб турарди. Нечун ҳам севинмасин, ахир кўз ўнгида хешдан душманга айланган амакиваччасининг токзори ёнмоқда эди-да. Оловнинг шашти эса жуда баланд, шу суръати бўлса, Санақулнинг узумзори ҳам ундан омон қолмайди. Бу ўйдан Тўра узун сергак тортди. Санақулникидан сўнг ўзининг токзори-да. Ундан нариси Эшқобил билан Узунқулники. У сўпоқ бошини олдинга чўзиб, токзори томон хавотирли боқди. Xавотири ўринсизлигини фаҳмлагач, сигарет тутатди. Йўлига кишиларни шоширган бўлди. Оёқлари остига келиб тушган бўш челакни нари тепиб, ёнида турган кимгадир, ҳа, бўл, деди. Кейин бу хитобни баланд овозда қайтараркан, ўрнидан жилишни ҳатто хаёлига келтирмади.

Кимдир уни туртиб ўтди, кимдир сўкинди. Эс-ҳушини йиғиб олишга улгурган одамлар эндиликда баҳамжиҳат ҳолда ҳаракатланишмоқда эди.

Улкан алангага айланган боботерак эса ҳануз бўш келмасликка тиришар, ўтли панжаларини ҳар ён чўзганча ғарқ пишган узум бошларию яшил новдаларни ямламай ютишда давом этар, эрка ел эса гўё пишанг бергандек, ёнғинни тобора авжлантирмоққа уринарди...