OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНосир Боймирзаев
Асар номиПолвонча рақс (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Носир Боймирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/17
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Полвонча рақс (ҳикоя)
Носир Боймирзаев

Тўйчи полвон йиқилди. Даврадагилар бир қалқиб тушди.
— Ҳалол! Нормўмин полвонники ҳалол! Полвоннинг зотини беринг!

Буларни Тўйчи полвон эшитмади. У бутунлай ўзини йўқотиб қўйганди.

«Eнди элнинг кўзига қандай кўринаман?!» — Тўйчи полвоннинг миясига гурзидай келиб тушган нарса шу бўлди. У шахт билан даврадан чиқиб кетди. Шу пайтда унга қашқир йўлиққанда ҳам бу важоҳатни кўриб думини қисганча қочиб қолган бўларди. У айбни Нормўминдан қидирмади. Чиндан ҳам у ҳалол енгганди. Ҳаммасига ўша қанжиқ сабабчи, дея бўралиб сўкинди. Тавба, шу тобда у қандай қилиб эсига тушиб қолди экан, ўзи ҳам ҳайрон. Ҳа, ёдига тушди. Нормўмин полвон Шўрчидан келиб эди. Тўйчи полвон у билан авваллари салом-алик қилмаган бўлса-да, унинг олишини уч-тўрт тўйда кўрган. Ўшанда у Тўйчидан йиқилган полвонларга чиқиб юрарди. Гоҳ йиқитиб, гоҳ йиқиларди.

Турдиқул раис анчадан бери йиғиб юрганларини бугун тўкиб-сочди. Тўйидаги курашга кўп-кўп номдор полвонларни чақирди. Кураш қизигандан қизиди. Анчадан буён бундай курашни кўрмаган каттаю кичик полвонлар уйларига хурсанд қайтадиган бўлди, ишқилиб, «бир нималик» бўлиб қолишди.

Курашнинг «таги кўринай» деганда, давранинг баковули Ҳазрат полвон ўртага чиқди.
— Халойиқ! — Унинг овозидан ҳамма тин олди. — Эшитинглар, энг сўнгги зот, «товоқ»ни эълон қилаяпман. Товоққа мана шу тўй эгаси Турдиқул раис бир туя, бир қўчқор атабди. Хуллас, ким олса — бир тўн, бир қўчқор! Юрагимда ўтим бор, деган полвонлар бўлса, чиқаверсин.

Ҳазрат полвон қўлидаги товоқни давранинг ўртасига қўяр экан, зотдаги пулдан битта беш юзталикни олиб, товоқнинг тагига бостириб қўйди. Бу «хамир учидан патир» дегани бўлди.

Даврада ғала-ғовур бошланди. Биров «Тўйчидан бошқа ким ҳам оларди« деса, бошқа биров "Сурхондарёдан ҳам полвонлар келганмиш, даврадаги курашда кўринмади, балким "товоқ»ни кутиб ўтиргандир», дея баҳслашарди.

Тўйчи полвон шошилмади. «Қани, менга ким рақиб бўларкан«, деган ўйда даврадан кўз узмади. Давра бир мунча совиб қолди. Бу пайтга келиб, Тўйчи полвоннинг полвонлик ғурури ва ғайрати шу даражага етган эдики, энди даврага чиқмай иложи қолмаганди. Уни қандайдир куч даврага чорларди. Ахир, фалончининг тўйига Тўйчи полвон келармиш деса, чекка-чекка ҳудудлардаги қишлоқ аҳли ҳам юмушини ташлаб, томошага отланади. Қолаверса даврадаги бу ҳайқириқларнинг аксарияти унга таниш, булар унинг ҳамқишлоқлари. Чекка қишлоқларда қаердансиз, деб сўраганларга "ҳув-в Тўйчи полвонни эшитганмисиз, ўшанинг қишлоғиданмиз", дейдиганлар ҳам мана шулар. Тўйчи полвонни даврага судраётган қандайдир куч ана шу эди. Тўйчи полвон бошини эгганча камтарона »товоқ» томон борар экан, буларни ич-ичидан ҳис қилиб турарди. Мана, у зотни олди. Баковул уни енгидан тутганча давра бўйлаб айлантирмоқда:
— «Товоқ»ни Макриддан Тўйчи полвон олди. Шу полвонга талабгорлар борми-и-и, даврага чиқси-и-н!

Тўйчи полвон атрофдагиларга зимдан бургут қараш қилиб қўйяпти. Бу билан у қани, мардинг борми ичингда, дегандай бўлади. Давра яна совий бошлади. Полвон зотида ор кучли-да, чидаб туролмайди. Шу пайт даврага Тўйчига қараганда анча ёшроқ, қорувлигина йигит чиқиб келди. Келиб баковулнинг сўл қанотидан жой олди. Ҳамманинг нигоҳи шу икки полвонга қаратилди. Яна Ҳазрат полвоннинг овози янгради.
— Халойиқ, эшитинглар! Ҳей, болаларди орқароққа олинглар, давра кенгроқ бўлсин! — У ёрдамчи баковулларга танбеҳ берди-да гапида давом этди: — Товоқни Китоб — Макриддан Тўйчи полвон олиб эди, унга Сурхандайранинг Шўрчисидан Нормўмин полвон талаб соб чиқди. Бу иккала полвонди зотига Турдиқул раисни укаси Ризоқул ҳам ўн минг сўм қўшдим, деяпти. Энди бу полвонларди зоти бир туя, бир қўчқор, ўн минг пул бўлди. Қани, полвонлар, шўх-шўх олишиб, ўртада йиқитиб, зотларингизни ҳалоллаб олингизлар!

Полвонлар ҳар галгидек кураш даврасини завқ билан кузатиб турган чолларнинг қаршисига боришди. Кекса полвонлар: «Йигит пири қўлласин!«, "Пирлар мададкор бўлсин!", »Елканг ер кўрмасин!» дея дуо бердилар. Шундан сўнг полвонлар ризқ улашаётган тупроққа, йиқилса кўтариб суягувчи Она заминга таъзим қилишди, ер ўпиб, Тангридан мадад сўрашди. Тўйчи полвон бошини сарак-сарак қилди. Кенг елкаларини тез-тез қимирлатди. Сўнг қўлларини кўкка чўзиб, бармоқларини жазавага тушган одамга ўхшаб силкита бошлади. Шу аснода дик-дик сакраб ҳам турди.

Тўйчи полвоннинг кўнгли тўқ. Рақибини «мендан йиқилган полвонлар билан олишиб юрган полвон-да«, деб ўйлади. Менсимасдан, бемалол олиша бошлади. Бир-икки марта Нормўмин полвоннинг елкаси ер кўришига оз қолди. Ҳатто атрофдагиларнинг баъзилари "Ҳалол!" деб қийқириб юборишди ҳам. Бу Тўйчи полвонни анча ҳаволантирди. Ғолиблик ҳидини туя бошлади. Бироқ, Нормўмин полвон ҳам ҳадеганда бўш келай демасди. Балки, бутун кучини бир жойга тўплаш учун пешқадамликни кейинга суриб тургандир, ким билсин, яна? Хуллас, нонини қулоғига емаганлиги кўриниб турибди. Икки номдор полвон курашидаги худди мана шу сусткашлик Тўйчи полвоннинг хаёлини ўғирлади. Ёки хаёли унга хиёнат қилди. Шу тобда биринчи хотини Гулсанам ёдига тушди, у ҳам унга хиёнат қилиб, бир ўғли билан бошқага тегиб кетган эди. Ўшанда Тўйчи полвон "бу укағарнинг зоти тоза чиқмади, қони бузуқ экан", деб жавобини берганди. Ахир, Тўйчи полвоннинг хотини "ўйинчи" эмиш, деган гапни кўтаргандан кўра, анов пурвиқор Пайғамбарсупа тоғини елкасига ортмоқлаб юргани минг карра осон. Тунов куни жўраси Холбозор бир гапни топиб келди: »Гулсанамлар ҳозир Шўрчида яшаётган экан. Ўғли ҳам катта йигит бўлиб қолибди. Сурхондарёдаги қайси бир тўйда учратиб қолганмиш». Ҳозир олишаётган рақибининг ҳам Сурхондарёдан эканлиги ёдига тушди.

Тўйчи полвоннинг чалғиши панд берди. Рақиби унинг ўнгини олиб, ўзига қулай чилни қўллаганини сезганида кеч бўлганди. Уни ҳеч бир усул билан қайтариб қолиш имкони йўқ, энди ўзининг ярим, нари борса бир дақиқадан сўнг «юлдуз санаш»ини ҳис этишдан ўзга чораси қолмаганди. Шундай бўлди ҳам.

Бу кеча Тўйчи полвоннинг кўзи уйқуга илинмади. Мағлубият алами бир дақиқа ҳам ором бермади. Овқат кўтариб кирган хотинини ҳам сўкиб-сўкиб, Гулмат носфурушникига носга чиқарворди.

Тонг пайти, хўрозлар ҳали қичқиришга улгурмасдан Тўйчи полвон далага йўл олди. Отининг хуржунига кетмон, белкуракларини солволди. Эрта баҳор Пайғамбарсупанинг кунчиқар томонидан ер олиб эди. Ўзича ерига ишлов берган бўлди.

Тушга яқин кун қитзигандан қизиди. Тўйчи полвоннинг томоғи қуриди. Хуржунини елкага илиб, яқин атрофдаги дўлананинг тагидан чордона қурди.

«Ойсулувим ақлли хотин, — кўнглидан ўтказди у. — Менга билдирмасдан хуржунга бир косада қатиқ, иккита нон, бидончада сув солиб қўйибди».

Тўйчи полвон тушдан сўнг яна ишида давом этди. Қош қорайиши билан от жиловини уйи томон бурди. Бу кунларда Тўйчига отидан бўлак маҳрами-дўст йўқ эди. Шу тахлит бир неча кун элнинг кўзига кўринмади. Бу орада полвоннинг ҳовури бирмунча босилди. Аламлари унутилгандай бўлди. Энди у интиқлик билан навбатдаги курашни кутарди. Нормўминни халқнинг кўз ўнгида йиқитиб, юзи ёруғ бўлиши керак. Ахир давраларнинг тўри, ош бетидаги иликнинг зўри ўзиники бўлган. Тўйчи полвон қирқ кундирки, бировга катта гапиролмайди. Одамлар «Аввал Нормўминни енггин-да, кейин кўкрагингни кер», дегандай бўлаверади. Ҳа, ўшанда Тўйчи полвон кураги билан йиқилмади, юраги билан йиқилди.

Тўйчи полвон кутган кун келди. Тўрт-беш полвон оғайнилари билан Шўрчидаги тўйга йўл олди. Кураш бошланишидан бир кун олдин келиб, шу атрофдаги ҳовлиларнинг бирида қўноқ бўлишди.

Улар етиб келганларида даврада болакайлар навбати тугаб, гал ўсмир-йигитчаларга етганди. Давра атрофи тумонат одам. Улар бир-бирларининг елкаси оша бўйлашиб даврадан кўз узишмас, полвонларнинг курашишини катта бир завқ билан кузатишмоқда. Аста-секин кураш «катталаша» борди. Бирин-кетин номдорроқ полвонлар кураша бошлади. Тўйчи полвоннинг шерикларидан Найим полвон даврага чиқди. Даврадагилар унинг қашқадарёлик эканини эшитгач, полвонга нописандлик билан қичқиришди.
— Ҳа, Файзулла, бўш келма, шуни йиқитолмасанг, нима қилиб юрибсан, — дея ўз ҳамқишлоқларини олқишлай бошладилар.

Бу бақир-чақирлардан руҳи тушдими, ё рақиби ростдан ҳам зўр эканми — бу Найим полвонга аён. Ҳар қалай, томошабинларнинг билгани — даврада Найим полвоннинг елкаси «ер искади«. Найим полвоннинг орига Тўйчи полвон ёнидаги Пўлат полвонни турғизиб юборди. Пўлат полвон билан Файзулла полвоннинг кучи бир оз тенг келди шекилли, уларнинг олишишидан даврадагилар зерикди. Баковул иккала полвоннинг кучи тенг экан, деб натижани дуранг қилмоқчи бўлди. Яна даврани оломоннинг бақир-чақири тутди. »Индаманг, олишсин, Файзулла ўлар-қолар жойда эмас, полвоннинг шаштини қайтарманг!».

Бу қий-чувлардан куч олган Файзулла полвон «Ё, Али!« дея қўққисдан Пўлат полвонни "қўшша"га олди. Пўлат полвон "гурс" этиб ўнг ёни билан тушди. Ҳамма шуни кутиб турган шекилли, бирваракайига »Ҳалол!» деб юборишди.

Пўлат полвон баковулга ҳар қанча эътироз билдирмасин, давра раиси ҳамкорларига қарши боролмади. «Файзулла полвон, зотингизни олинг!« дея эълон қилди. Шу пайт тишини-тишига босиб ўтирган Тўйчи полвон отилиб чиқди. Тўйчи полвоннинг важоҳати шу қадар ваҳимали эдики, ҳозир у ўн-ўн беш чоғли одам билан дўппослашганда ҳам уларнинг барини ерга кўрпачадай »тўшаб» қўйишга кўзи етарди. Тўйчи полвон баковулга ёпишди:
— Нега ғирром айтасан? Кимни алдамоқчи бўлаяпсан! Бу ўйинингни бориб энангга қил!..

Тўйчини шериклари зўрға ушлаб қолишди. Шунда даврадагилар буниси ҳам олишсин, армонда кетмасин, дея Тўйчи полвонни масхара қилди. Тўйчи полвон қараса, ростдан ҳам ўзининг гали келганга ўхшайди. Қолган икки-уч шеригидан умид йўқ. Уларни Файзуллага қўйиш — булутсиз осмондан ёмғир кутгандай бир гап. Файзулла полвон устма-уст ғалабадан анча ўзини босиб олдими, қишлоқдошлари олдида ҳаволандими, ишқилиб, баковулга қарата: «Майли, чиқаман», деди. Бу Тўйчи полвоннинг ғазабини баттар оширди. Баковул бир ёнида Файзулла полвон, бир ёнида Тўйчи полвонни етаклаб давранинг ўртасига чиқди.
— Ўнг томонимда турган Шўрчидан Файзулла полвон, чап томонимдаги қашқадарёлик Тўйчи полвон. Тўйчи полвон ошналарининг орига Файзулла полвонга талаб солиб чиқяпти, бу иккала полвоннинг зоти — бир қўчқор, бир така!..

Файзулла полвон рақибига тезроқ чиқсанг-чи, дегандай давра айланиб турди. Тўйчи полвон яктагини кийиб чиқаркан, йўл-йўлакай белбоғини боғлаб олди. Рақибининг кенг кўкракларига, чайир мушакларига кўзи тушгач Файзулла полвоннинг ичидан қиринди ўтди. Лекин буни билдирмасликка уринди. Полвонлар даврага чиқишди. Даврада энди иккаласидан бошқа ҳеч ким олишаётгани йўқ. Ҳамманинг кўзи шу иккала полвонда. Тўйчи полвон рақибига яқинлашди. Эпчиллик билан Файзулла полвоннинг ичига кириб белбоғидан тутди-ю, белига миндириб, «Ё, пирим!» дея ҳайқирди. Ҳайқириқ тинганда Файзулла полвон бор бўйи билан давра ўртасида чўзилиб ётарди. Кўз очиб, юмгунча бўлиб ўтган бу ҳол шармандалиги Файзулла полвон учун йилларга татирди. Файзулла полвон Файзулла полвон бўлибдики, ҳали бундай кучли рақибга сира йўлиқмаган эди. У ёмон йиқилди шекилли, зўрға ўрнидан туриб даврани тарк этди. Шу пайт қаердан пайдо бўлди, даврада Нормўмин полвон кўринди. Ғала-ғовур бошланди.
— Ана энди курашнинг зўри бўлади, — дейишарди томошабинлар. — Чунки Нормўмин полвоннинг кейинги пайтда роса куни туққан, унинг олдини кесиб ўтадиган полвон йўқ ҳозир.

Баковул полвонларни таништириб, зотини овоза қилди. Давра четида рақибини кутиб тураркан, Тўйчи полвон бутун кучини билакларига тўплади. Кураш бошланди. Биринчи ушлашишдаёқ Нормўмин полвонни тиззалатиб қўйди. Кейинги ушлашувларда ҳам Тўйчи полвон Нормўминни анча довдиратиб қўйди. Нормўмин полвон ўқтин-ўқтин давра айланиб юрди, бу ўзини олиб қочаётгани бўлди. У баковулни дуранг билан тугатиб беришини кутарди. Баковул уларга охирги икки «қафас»ни эълон қилди. Бу иккита ушлашувдан сўнг, ҳеч қайси томон йиқитмаса, кураш дуранг билан ажрим топади, дегани эди.

Тўйчи полвон безовталанди. У Нормўминни йиқитаман, деб неча кунлар оромидан айрилди. Энди имкон бўлди, деганда эса... Шуларни хаёлидан ўтказаркан, рақибига янада синчковроқ қаради. Шу пайт бир нарсани сезиб қолди: Нормўмин полвон оғирлигини кўпроқ чап ёнига ташлаб турибди. Тўйчи полвон вақтни бой бермай дея, шаҳд билан рақибининг, чап товонига «қоқма« берди. Рақиби бутун кураш давомида шуни кутаётган эди, оғирлигини чап оёғига ташлаб, Тўйчи полвоннинг ўнг оёғидан кўзини узмасди. Бу унинг тузоғи эди. Тўйчи полвоннинг бор кучи билан тепган »қоқма»си бекор кетди. Рақиб чап оёғини олиб қочишга улгурди ва эпчиллик билан мувозанати қочган Тўйчининг ўзига ўша усулни қайтарма қилди. Тўйчи полвоннинг иккала оёғи ҳам ердан узилиб, бор бўйи билан ағнади. Тўйчи полвоннинг кўзига бу дунёлар қоронғи бўлди. Бу гал унинг жаҳли чиқмади, аввалгидай кўзларига қон қуйилмади, бўғзига нимадир келиб тиқилди. Тўйчи полвон ич-ичидан бўзлади. Ҳамма йиғласа ҳам полвон йиғламасин экан.

Бир овоз азага чорлаётган жарчининг овозидай қулоққа ёмон келди: «Тўйчи полвоннинг орига чиқадиган борми? Қани, Қашқадарёдан келган полвонлар, нега нафасларинг чиқмай қолди?..»

Ҳамма бир-бирига қарайди. Ҳозир ер ёрилганида, биринчи бўлиб унга Тўйчи полвон ўзини отган бўларди. Бироқ ер жуда қаттиқ бўлди, осмон эса йироқдан-йироқ. Баковулнинг овози яна бир бор янгради. Оломон орасидан кимнингдир «Қўйинг, баковул, кўп қийнаманг, бечораларни бошқа пичоққа илинадигани қолмади« — деган масхараси эшитилди. Шу пайт даврага бир йигитча отилиб чиқди. Ёшининг ўн олти-ўн етти яшарлигини ҳисобга олмаса, бўй-бастига қараб уни «йигитча» деб бўлмасди.
— Тўйчи полвоннинг орига мен чиқаман! —

Унинг овози барчани ўзига қаратди. Ҳамма ҳайрон. Тўйчи полвон ҳам. Ҳайронлигини боиси, бу зуваласи пишиқ йигит қашқадарёлик полвонлар ўтирган тарафдан эмас, балки сурхондарёликлар қаторидан чиқиб келганди. Йигитча гапини бошқа такрорламади. Аслида бунга ҳожат йўқ эди. Даврага отилиб чиқаётган пайтдаёқ унинг овозини ҳамма эшитиб бўлганди. Нормўмин полвон ҳам ажабланди. У йигитчага бошдан-оёқ разм соларкан, бу қарашдан «сен қолувдинг ўзи», деган маънони англаш қийин эмасди. Баковул полвон билан ҳалиги йигитни давра ўртасига етаклаб чиқди. Ҳамма баковулнинг оғзига қараган. Ҳамманинг қулоғи динг.
— Ўнг қўлимдаги — сурхондарёлик Нормўмин полвонга чап қўлимдаги манави полвон талаб солиб чиқди!

(Баковул йигитчага ўзингни таништир, дея қулоғини тутди.
— Сурхондарёдансан, шекилли, отинг нима?
— Йўқ, Қашқадарёданман. Отим — Эргаш.
— Халойиқ! Тинчланинглар! — баковул яна ҳаммани ўзига қаратди: — Чап қўлимда турган полвон — Қашқадарёдан Эргаш полвон, бу икки полвоннинг зоти бир туя, бир қўчқор, ўн минг пул бўлди. Ўртада ким ҳалоллаб йиқитса, зот шуники-и!

Кураш бошланди. Даврадагилар бир-бирига пичирлай бошладилар.
— Эй-я, бу элбаёнлик Маҳкам бригадирнинг ўғли-ку!
— Йўғ-э, Маҳкам бригадирнинг ўғли йўқ эди, шекилли.
— Тўғри, бу иккинчи хотинининг боласи. Онасига эргашиб келган.
— Эй-ҳа, бу ҳалиги Гулсанамнинг ўғли-да, Қашқадарё томонлардан келиб қолган.

Гап шу жойга келганда Тўйчи полвон шартта орқасига ўгирилиб қаради. У ҳаммасини эшитиб турганди. Охирги гап эса этларини жимирлатиб юборди. Пешонасига иссиқ тер қўйилди. Бу ҳаяжонми, севинчми, ғурурми — Тўйчи полвоннинг ўзига ҳам ноаён.

Тўйчининг отаси бир пайтлар катта полвон ўтган. Эргаш полвон, деса, чекка-чекка ҳудудларгача танишарди. Тўйчи полвон ўғиллик бўлганида онаси ҳаёт эди. Ўғлининг исмини момоси топган, неварам бобосидай полвон бўлсин деб, исмини Эргаш қўйган эди...
— Ё, отам! — Бу ҳайқириқ Тўйчининг хаёлини тўзғитиб юборди.

«Ҳалол!«, "Отангга раҳмат!", »Eргаш полвон, зотингизни олинг!» Давра аҳли қийқириб полвонни олқишлашарди. Тўйчининг кўзларидан дув-дув ёш қуйилди. Эргаш полвон давра ўртасида қўлларини кўкка чўзганча бошини сарак-сарак қилиб, бармоқларини силкитиб-силкитиб, сакраб-сакраб ўйнарди. Бу рақс шунчалик завқли эдики, у киндик қони тўкилган жойнинг орини оқлади.

Eргаш полвон ижросидаги рақс полвонлар ўйини, дейилади. Уни ҳеч ким полвончалик маҳорат билан ижро этолмайди. Бу ўйинни кўрган ҳар қандай кишининг ҳам енг шимариб, кураш тушгиси келади.

Тўйчи полвон ўз ўйинини таниб, ҳайратдан ёқа ушлади — қонига тортибди-да, ўзимга ўхшабди. Мана, қанча вақтлар ўтдики, кейинги пайтда Тўйчи полвон курашларда бундай яйрашни, бундай ҳузурни туймаган эди. У даврага югуриб чиқди.

— Ўғлим! — дея ҳайқириб, Эргаш полвонни бағрига босди. Сўнг қўлларини кўкка чўзганча, бармоқларини силкитиб-силкитиб, сакраб-сакраб ўйнади.