OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНосиржон Жўраев
Асар номиКуннинг охири (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Носиржон Жўраев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Куннинг охири (ҳикоя)
Носиржон Жўраев

Йиртиқ пайпоғини кияётган онам мени кўрмасин деб нариги ёққа ўгирилиб олди. Мен эса кузатиб, сезиб ўтирибман — унинг кўзига ёш келди. Йиғлаганини билдирмаслик учун пайпоғини кийиб бўлгач ҳам бирпас ўша алпозда ўтирди-да, кейин менга қарамай қўзғалди. Ўзини хушнуд кўрсатишга уриниб:
— Бугун маош оламан, ўғлим! — деди.

Мен фақат жилмайиб қўйдим. Эҳ, кошки, англамасам экан онамнинг бу сўзларида шодликдан кўра қат-қат аламнинг, дарднинг нафаси борлигини. Бир ой тинмай ишлаб оладиган ҳақи кунда олинадиган иккита ноннинг учта бўлишига етмаслигини иккаламиз ҳам яхши биламиз-ку. Барибир у ўзини дадил тутади. Онам кўчада ҳар кун ҳар тур кийинадиган ўзи тенгқур аёлларни кўрмайди, ҳашаматлар ҳақида соатлаб мақтанадиган сатангларни эшитмайди, йиллаб бир хил кўйлак кийиб юришдан ор қилмайди. У фақат мени кўради, мени билади, ёлғиз ўғлини. Онам бир нарсадан ёмон қўрқади. Эндигина ақли тўлишиб, мурти сабза ураётган жигарбандининг ҳамма-ҳаммасидан эрта совиб қолишидан ҳадик тортади.
— Ўқишингга кеч қолмагин, болам!

Онамнинг қалтироқ товуши мени сескантириб юборди. Шу титроқ товуш эсимни таниганимдан буён қулоғимда жаранглаб келади.

«Ўқишингга бор» дегани унинг мендан кутаётган жамики орзу-умидларининг йиғиндиси эканини, шу гапи «Бор умидим сендан, ўғлим» деган ўтинчга, илтижога тенг эканини ёш кўнглим билан ҳис қиламан.

Онам одатича деворлари шўрлашган шу қадрдон уйимизга тикилиб-тикилиб қарайди-да, сумкасини қўлига олади. Қайдам, эҳтимол ҳар сафар уйдан чиқаётганда шу остонага омон қайтишини, унга куч ва умид берувчи ўғлининг ёнига тезроқ келишини тилар. Сумкасига кўзим тушиб эзиламан. Олинганига ўн йиллар бўлган бу сумканинг ҳаммаёғи титилиб, кўримсиз ҳолга келган. Ҳозир бунақа матоҳни онамдан бўлак ҳеч ким тутмайди.

Онамнинг ҳам ҳамма нарсага ҳаваси келади, кўп нарсаларни истайди. Лекин барини менинг эртам — ўқишим, ишлашим, яхши пул топишим билан боғлайди. Унинг учун энг ширин, осуда ҳаёт — менинг ҳузурим.

Аммо буларнинг биронтасиям бўлмаса-чи? Мендек девонадил ўғлининг бу умидворликка қурби етмаса-чи? Унда эрта қариётган умрини ёлғиз менга сарфлаган муштипарнинг мукофотини ким беради? Тупроққа кўмилган ҳавасларнинг ҳақини ким тўлайди, ярим кўнглини ким бутун қиларкин? Мени шундай саволлар энди-энди росмана қийнай бошлади.

Онам кетганидан сўнг мен ҳам кўчага чиқиб кетдим...

...Кечқурун ҳаётимда илк бор уйга онамдан кейин кириб келдим. Унинг хавотирини — мени йўқотиб қўйган юрагининг потирлашини отамдан кейин бир йилдаёқ сўлиб бўлган чеҳрасига бир қарашда сездим. Жовдираб турганича қотган онамнинг ёнига бордим. Муштимда сиқилиб, ғижимланган пулларни аста узатдим. У менинг бир кунда қадоқ боғлаган, шилинган кафтларимга, кулиб турсам ҳам ҳорғин кўринаётган юзимга боқиб барчасини тушунди. Мени бағрига маҳкам босиб узоқ, жуда узоқ йиғлади.

2003