OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНосиржон Жўраев
Асар номиНоябр куйи (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Носиржон Жўраев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм75KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журнали, 2010 йил, 9-cон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Ноябр куйи (қисса)
Носиржон Жўраев

«
Олам ичра вужуд...
Вужуд ичра кўнгил...
Кўнгил ичра хотира...
Хотира ичра эса ҳеч нарса қолмади...
 
Уч кунда куз келди. Дунё қариди...

Иқбол Мирзо
»

1

Ёзишдан тўхтадим-у бошимни илкис кўтардим. Кўз олдим қоронғилашиб, бир муддат хонани, ундаги буюмларни идрок қилолмай қолдим. Эҳтимол, яна қон босимим пасайиб кетгандир. Пича ўзимга келгач, қоғоз-қаламни йиғиштириб, даҳлизга ўтдим. Аёлимни чақирдим – қуюқроқ қора чой дамлаб берса яхши бўларди. У ёқ-бу ёққа чиққанми, ҳадеганда овози келавермади.

Ҳовлида гувраниб эсаётган кечки шамол деразаларга қопланган сувқоғозни шопиллатиб ойналарга уради, чоғроқ экинзордаги уюм-уюм хазонларни шопиради. Кўчага қулоқ солдим – на бирон бир қадам товуши, на бир шарпа эшитилади. Бундай рутубатда кўча кезиш кимга ёқади? Даҳлизга қайтиб кираётганимда, ичкари уйда қолган қўл телефонимнинг жиринглагани эшитилди.

– Алў, эшитаман, алў-ў.

У ёқдан ҳеч кимнинг овози келмади, аксинча, ёмғир ёғишиними, кўчага сув сепилишиними эслатувчи сас қулоғимга урилди. Тўртбурчак хонтахта ёнига чўкдим, телефонни елкам билан чап қулоғимга қисганча эшитиб ўтиравердим – нарёғда эса ҳануз шиғирлаган сас-садо. «Унга шу иши завқ берармикин?» дея ўйладим. Лекин миямга урилган бошқа бир ўйдан ўзим ҳам алланечук бўлиб кетдим – «Менга-чи, менгаям завқ берадими?!». Рости, унинг бу тахлит йўқлашларига йиллар давомида кўникиб бўлганман. Буни кундалик эҳтиёж, деса, кулгили бўлар-у, аммо мен унинг бундай қўнғироғини ҳар куни кутаман. Гарчи бир оғиз гапирмаса ҳам.

Газхонага ўтиб чой қўйдим, ширинтаъма бўлиб музлаткични очдим. Нонуштадан қолган беҳили мураббо бор эди, шуни чойга қўшиб ичсамми... Аммо ниятим ўзгарди, мураббони қайтариб жойига қўйиб, хонамга ўтдим, портфелимда бир бўлак шоколад қолганди, шуни еяқолай, дедим. Чой қайнашини кутиб, шоколаддан кичкина-кичкина синдириб оғзимга соларканман, ташқарига назар солдим. Ёмғир томчилаяпти, бояги рутубат бироз юмшаган, эгри-бугри дарахтлар, уларнинг остидаги моғор босган барг-хазонлар, чилп-чилп лой бўлиб қолган тупроқ йўлакчадан худди куй таралаётгандек – кузнинг эзгин куйи.

Унинг боягина қилган қўнғироғи ёдимга тушди, демак улар тарафда ёмғир ёға бошлаган экан-да. Менга ёмғирнинг овозини илинибди-да. Балки, бу сокин фаслнинг сеҳрли-сирли қўшиғини бирга тингламоқчи бўлгандир? Мен-чи, менинг хаёлимга келган бўлармиди бу фикр? Эҳтимол, бундай эслаш, яхши нарсаларни унга илиниш сира хаёлимга келмаслигини билгани учун ҳам вақтида йўқлагандир, қўнғироғимни кутиб, аммо уни шу тобда эсламаганим учун мендан хафа бўлиб қолмасликка уриниб қилгандир бу ишни? Хуллас, унинг ичи менга қоронқу, сирлигича қолиб келаяпти.

Ғовлидаги тақир-туқирдан хаёлим йиқиштирилди. Хотиним тарновлар тагига челак қўяётибди. Унинг ёмғирда қолган ул-бул нарсаларни йиғиб-саранжомлаб даҳлизга киришини кутдим. Бу орада чой қайнади.

– Қаерларда қолдинг?

– Шундоқ ўзим. Сизга халақит қилмай деб янги қўшниникига чиқувдим. Қайтгунимча ёмғир қуйиб юборди.

Аёлимнинг гапидан кейин ҳовлига яна бир қараб олдим. Энди ёмғир шитоблаган, ҳалидан бери қулоғимда айланаётган маҳзун оҳангдан асар ҳам қолмаганди. Ҳамма нарса ёмғирнинг шаштига кўниккандек мўмин-қобилгина бўлиб турибди.

«Чой ичасизми?» сўради хотиним. «Ҳа, дамлаб берақол». Мен унга бош ирғаётиб, кўзларини кўриб қолдим. Доимгидек ўйчан ва ҳадикка тўла, хижолат бўлиб кетдим. Мен бу аҳволга кўп бора тушганман, унинг нигоҳларида биргина савол бор – уни ҳам биламан, аммо ана шу саволга жавоб беришни ҳамиша орқага ташлаб келаяпман. Бу менинг «кузнинг куйи»дан-да оғирроқ, маъюсроқ куйим. Бу куй ҳар куни уйимда жаранглайди, уни қулоғим тугул юзим, кўзу қошларим билан ҳам тинглай оламан. Ва мана шу оҳанг сўнгги кунимгача қўлимдан тутиб етаклайдиган чорлов эканига имон келтирганман. Бу куйнинг ҳар бир пардасига, сокинлигию авжига мутлоқ тушунаман ва мен бир умрга шу куйга ҳукм қилинганман. Бу – ёлғизлик куйи, бу – кимсасизликнинг ғамгин мусиқаси.

* * *

«Болаларни боғчага ташлаб ўтасизми?». Хотиним кичкина қизимнинг нимчасини кийдираётиб, менга зимдан қараб қўйганини сездим. «Дадаси, шимингизнинг тахи бузилибдими, ўлсин, кеча эътибор қилмабман. Алмаштириб олақолинг».

У менинг бошқатдан ечиниб-кийинишга азалдан ҳафсалам йўқлигини билади, шундай бўлса-да, айтади-қўяди. Бошқаларда қандай – билмадим-у, аммо биз итғажиш бўлиб уришган кунларимиз ҳам салом-аликни, ишга жўнаш олдидан хайр-хўшни канда қилмаймиз. Эҳтимол, шунчаки ўрганишдир, балки ички бир адолатимиз йўл бермас, нима бўлганда ҳам, кечқурун ҳарқанча жанжаллашмайлик, эрталаб, ишга кетиш олдидан худди роботлардек дағал ва ҳиссиз овозда хайрлашамиз: «Яхши бориб келинг». «Ўзинг ҳам».

Лекин бугун ундай эмас, ҳартугул кайфиятимиз яхши. Эр-хотин суҳбатлашиб нонушта қилдик, болаларга иссиқ кийим-кечак олиш ҳақида гаплашдик. У менинг қалпоғим, ўзининг этиги бироз ўнгиганини эслатди. Мана энди иш олдидан... ўша гап: «Яхши бориб келинг». «Ўзинг ҳам».

Иккала қизимни машинанинг орқа ўриндиғига ўтирғизиб, камарларни танғидим. Йўлда ҳадеб савол беравермасликларини, фикрим чалғиши мумкинлигини одатдагидек тушунтирдим. Улар бу танбеҳимни эшитавериб ёдлаб олишган, гапим тугамасиданоқ, «хўп бўлади, хўп бўлади», дея машинани тезроқ юргизишимни кутишади.

Жиблажибонларимни боғча опасига топшириб, машинага бензин қуйиб, ишхонага ўн беш дақиқа кечикиб келдим. Кабинетим эшигига калит солишим билан котиба қиз югургилаб келиб, бироз олдин мени директор йўқлаганини айтди. «Яхши, ҳозир», дедим-у, кабинетга кириб ёмғирпўшимни қозиққа илдим. Хона совуқ, ҳали қишки иситиш тизими уланмаган, чироқни ёқсам ҳам ташқаридаги булутли ҳавонинг таъсирида ичкари унчалик ёришмади. «Нима гапи бор экан директорнинг?», котибанинг эслатмасини ўйлай бошладим. «Тунов кунги гап тағин қўзғалармикан? Ахир кап-катта раҳбар бўлса, бу ишни нима учун ўзи ҳал қилиб қўя қолмаяпти, нега ҳадеб менинг фикримни билишга қизиқаяпти? Хўп, ўша йигитга ёрдам бериш керак экан, берсин. Қўлёзманинг пешанасига гажакдор имзосини қўйиб берса, бўлди, вассалом». Шу хаёллар билан хонадан чиқаётгандим, қўққисдан эшигим очилди – «Кофе қайнатаётувдим, сизга ҳам олиб кирайми?», сўради қўшни хонада ишлайдиган янги ходима. «Яхши бўларди, раҳмат. Бокалим ювилган».

Директор одатдагидан кўра яхшироқ кайфиятда эди, салом-алиги ҳам қуюқроқ бўлди, ҳатто телевизорнинг овозини пастлатаётиб «Сизга шовқин ёқмаслигини биламиз, оғайни», деб қўйди. Доимо шундай, у мени ҳамиша «оғайни» деб чақиради, эҳтимол унга шу қулайроқдир. Инсоф билан айтганда, у яхши одам, ғамхўр раҳбар, аммо бир нарса – пулни отасидан ҳам азиз кўриши унинг афт-ангорига ҳам уриб кетган. Чувак юзида ҳамиша совуққонлик туради, ҳадеганда кулавермайди.

– Оғайни, яна ўша гап. Эҳтимол, бир-икки кун ичида фикрингиз ўзгаргандир. Ўша йигитни бир қўллаворсак, шу билан изига тушиб кетар?

Директор бу гапларни кўзимга қарамай сўзлади, чеҳрасида ғалати ифодалар ўзгариб турарди. Хижолат чекаяпти деб ўйлаганим учун у гапини якунлаб, савол назари билан қараши ҳамоно мен ҳам кўзимни олиб қочдим. Лекин бу масалани яна чувалашган ҳолда қолдириш керак эмас, ё директор, ё мен тезроқ ён беришимиз керак эди.

– Мўмин ака, сизга ўша куни ҳам айтдим, – иложи борича хотиржам гапиришга уриндим мен, – дейлик, ўша йигитнинг китобига қўл қўйиб берайлик, босишга топширайлик ҳам. Лекин бундан кимга фойда? Туппа-тузук жойда ишларкан, топиш-тутиши ҳам ёмонга ўхшамайди, нима қилади ўзининг ҳам, бизнинг ҳам бошимизни қотириб? Эртага китоби ялтир-юлтир муқовада нашр қилинади, пештахталарга чиройли қилиб териб қўйилади, бироқ бу асарни биров қўлига олиб қарайдими-йўқми, буёғи сизга ҳам қоронғу.

Директор авзойини ўзгартирмади, фақат юзимга тикилганча бир алпозда тураверди. Мен қизишиб кетиб унинг кўнглига тегадиган гап гапириб қўймадимми, деб ўзимни таҳлил қила бошладим. Лекин ичимдагини айтганимдан енгил тортган эдим, ана, столим устида дуппа-дуруст бир асар мана шу директорнинг рухсатини кутиб ётибди, ўзим неча бор шу хонага кўтариб кириб, бир-биридан ғалати баҳоналарни эшитиб чиққанман. Ахир одамлар нимани ўқишни яхши билади, биз зўрлаб тиқиштиролмаймиз.

Директор сокин овозда мурожаат қилди:

– Энди мундоқ, оғайни, гапнинг пўсткалласини айтсам, у бизга керакли одам. Ҳмм, нима демоқчиман, мен аслида бир оғиз гап билан бир ойга қолдирмай чиқариб берардим ўша китобни. Лекин гап бошқа ёқда, биз гаплашаётган йигитнинг ниятигина мени ушлаб турибди. Ўша укамиз биринчи китобига айнан сиз муҳаррир бўлиб беришингизни истаяпти. Энди тушунгандирсиз нега сизнинг оғзингизни пойлаётганимни?

Донг қотиб қолдим, унинг охирги гаплари мен учун тамоман ҳайратланарли эди. Ахир азбаройи асарнинг савиясизлиги учун ҳам унинг чоп қилинишига қарши эдим, нашриётнинг обрўйини йўқотмаслик учун раҳбарнинг таклифидан бўйин товлаётгандим-ку. Қандай қилиб ўзинг хом-хатала, бир пулга қиммат деб турган қўлёзмага муҳаррирлик қилиш мумкин? Фикр­ларимни жамлаб, директорга юзландим.

– Сиз айтаётган ўша «насиҳатнома»га муҳаррирлик қилишдан кўра, уни бошқатдан ёзиш осонроқ. Бир жумлани тўғри ёзолмайдиган савдогардан нега ёзувчи ясаяпмиз?! Ёзганлари, кечирасиз-у, мактабда ёзиладиган иншодан ҳам баттар!

Мен энди анчайин қизишиб кетгандим. Қўлларим титрай бошлаган, қулоқларимгача қизиб кетганди. Аммо раҳбарим ҳеч бир ўзгаришсиз, кўзларини менга қадаганча ўтираверди. Тавба, нега у миқ этмай эшитиб турибди, бошқа одам бўлса, мени қуюшқондан чиққанликда айбларди, ҳеч бўлмаганда ҳурматини пеш қиларди. Директор эса, биз худди яхши гаплардан гаплашаётгандек ним табассум билан пинагини ҳам бузмасди. Балки шунақа босиқлиги учун ҳам раҳбар бўлиб ўтиргандир, бу фазилатига қойил қолиш керак.

Унинг олдида ўзимни ноқулай сезиб, «Менга рухсат» дея қўзғалдим, ушбу гапим билан бу мавзудаги суҳбатимиз ҳам тамом бўлганини билдирмоқчи эдим. Директор мени эшик олдигача кузатди ва «Сизнинг истеъдодингизни жуда қадрлайман, сиз яхши ижодкорсиз. Аммо билиб қўйинг, ўша китоб барибир нашр этилади», деди.

* * *

Мен одамлардаги истак-майллар нега бу қадар хўрланиши ҳақида жуда кўп бош қотираман, уларнинг ҳис-туйғулари нималар эвазига бой берилишини, нега инсон боласи кўзлаган мақсадларига эришгани сайин дағаллашиб, қалби хира тортиб боришини таҳлил қилишга уринаман. Юракларни кўринмас ип сингари боғлаб-чирмаб турган ришталар, покиза ҳаяжонлар, ҳайратлар нега бунчалик жонсизланиб бораётганини ҳеч тушунолмайман. Энг аянчлиси, улар шу тахлит ҳаётни тобора афзал кўришаётгандек туюлади менга. Ҳар куни уйдан ишга, ишдан уйга бир маромда келиб-кетувчи одамлар ташқаридан қараганда жуда тартибли, сипо кўринишади. Бунинг устига, ҳар бир сўзни чертиб, орқа-ўнгига қараб гапирадилар. Фаслларнинг алмашиши, майсалар униши, хазон тўкилиши, бундай нарсалар аллақачон уларнинг эътиборидан четда қолган. Ҳеч ким минглаб машиналар остида эзилиб ётган асфальт йўлларнинг ёмғир ёғаётганда ажойиб бир рангга киришини кузатмайди. Бу жозиб манзараларга бир фурсатгина вақт ажратган одам ўзини ҳаётдан орқада қолган, чорасиз ва мискин сезади. Ва, алал-оқибат, вақт билан чопиша-чопиша кунларни, йилларни қурбон қилиб юборишади.

Нега буларни ўйлаяпман, ўзим ҳам ҳайронман.

Шом қоронғусида машинамни шаҳар четидаги «Пикко» кафеси олдида тўхтатдим. Ичкарига кираётиб бир қути тамаки сотиб олдим, шу пайт беихтиёр эътибор қилибман – дўкон дарчасидан тушаётган ёғдуда қор учқунлаяпти. Бу қанақаси бўлди, ҳали эрта эди-ку, ҳаво ҳам унчалик совуқ эмас. Бугун тўққизинчими, тавба, ҳали қишга бир ойча вақт бор, бу йил совуқ қаттиқ бўларкан-да.

Столга ўтиришим билан хизматчи қиз етиб келди. У жойлашиб олишимни кутиб, сўнгра одоб билан сўради:

– Нима ичасиз?

– Шафтоли шарбати, қуюқроқ бўлсин.

– А, юз грамни-чи, кейинроқми?

Нима дейишни билмай қолдим, ҳозир «Мен ичмайман» десам кулгили бўлса керак-а! Шундай расо эркак ичмайман деса, ишонишармикан, эҳтимол «Шарбатингни уйингга бориб ичсанг ҳам бўлади», деган хаёл ўтар бу қизларнинг бошидан.

– Мен ичмайман, – дедим ниҳоят.

Хизматчи қиз табассум билан «Яна нима буюрасиз?» дея сўради. Мен икки хил овқат айтдим, нарироққа борганда эса кулдонни ҳам тайинладим. Қиз кетгач, унинг табассуми ҳақида ўйлай бошладим. Бундай жилмайиш уларга одатмикан ёки истеҳзо қилдими, балки ичмаслигимни эшитиб қувонгандир ҳам. Қизиқ, одамнинг ҳатто кулгисини ҳам тўлалигича тушуниб бўлмайди. Ахир ҳеч жаҳонда кулаётган инсон «Мен шу сабаб билан кулаяпман», демайди-ку. Қайтиб келганда ўзидан сўраб кўрайми? Нима дерди – шунчаки ўзим, дейди-қўяди-да, қўшимчасига энсасини қотиради. Айтаяпман-ку, кулган одам шу-шу сабабдан кулаяпман, деб шарҳлаб ўтирмайди.

Атрофимни кузата бошладим, кимлар кулган, кимлар бошини бошига тираб гаплашиб ўтирибди, яна ким иштаҳа билан овқатланяпти. Кафенинг хилватроқ бурчакларида ёшлар. Мана сенга шунча сабаб. Шу чоққина бино ичида қанча қайғу, қанча соғинч, муаммолар, шодликлар, эҳтиросли суҳбатлар. Хўш, мен ўзим нима учун бу ерга келдим, тамадди қилганими – уйда овқатлансам ҳам бўларди, қолаверса, ҳар куни бу ерга келиб нонушта ёки кечлик қилаётган жойим йўқ. Нега иш тугаши билан уйга кетмадим? Дам олишим, қизалоқларим билан ўйнашим ёки бир-иккита китоб титишим мумкин эди-ку. Хўш, нега? Чунки мен қандайдир туйғу – ёлғиз қолишгами, бирор нарсани хотиржам ўйлаб олишгами ўхшаш, хуллас, уйдан ҳам, ишхонадан ҳам топиб бўлмайдиган таскин излаб келганман бу ерга. Бу ерда одам кўп, аммо шунга қарамай, сен бемалол ёлғиз, кишилар эътиборидан холи қолишинг мумкин. Кафеда ўтирганларнинг аксарияти ҳам аслида шу сингари сабаблар билан келишган.

Овқатни еб бўлиб, графиндаги охирги шарбатни қуяётганимда телефоним жиринглади, қулоғимга тутдим. У томонда шу қадар жимлик эдики, беихтиёр энтикиб кетдим. Унинг қулоғига қандай шовқин-сурон бораётганини ҳис қилиб, хижолат чекдим. Балки у уйимдаги осуда ҳаётни, қақажонларимнинг тўс-тўполонини, ё жимгина китоб варақлаб ўтирганимни эшитаман, деб ўйлагандир. Нархлар ёзилган қоғоз ва пулни хизматчи қизга имо билан кўрсатдим-да, ташқарига шошдим. Телефонда эса, ҳамон жимлик. Аммо машинамга ўтириб, эшикни ёпишим биланоқ, аппаратдан қисқа-қисқа гудок кела бошлади – у машинага ўтирганимга ишонч ҳосил қилганди. Бу орада дарахт шохларини, йўл четлари ва тунука томларни юпқа ва нафис қор қоплаб улгурганди.

* * *

Автомобиллар ғилдираги қолдираётган излардан мен ҳам ўтиб борарканман, тағин одамлар, турмушнинг ғимир-ғимирлари орасида мана бу асфальт йўл устида бир сониягина аввал борлиги энди эсдан чиқаётган қор парчаларидек изсиз йўқолаётган минг­лаб ҳис-туғёнлар ҳақида ўйлай бошладим. Бу хил мулоҳазалар ўзимга бетайин, тутуриқсиз туюлаётган бўлса-да, аммо кўнглимнинг аллақаеригадир хуш ёқаётганди. Балки, чиндан ҳам нималарнидир ўйлашга эҳтиёжим бордир. Мана шу сон-саноқсиз, бир-бирини кесиб-узиб ташлаган излардан минглаб машиналар ўтган, хўш, улар қаёққа кетади? Ўзимни олай, ҳозир уйга, эртага яна шу йўлдан ишга қайтаман. Нега энди хаёлимга келган заҳоти рулни хоҳлаган бир кўчага буриб юборолмайман. Мени нима ушлаб-жиловлаб туради? Оиламга садоқатми, ишхонамга ҳурматми, миллионлаб одамлар назаридаги тартибли ҳаётга муносиб бўлишликми – нима? Тасаввур қиламан, ҳозир уйга эмас, дуч келган бирор ёққа, масалан, дарё бўйигами бориб, совуқда дилдираб ўтирсам, аммо шунинг эвазига тип-тиниқ осмонни, ойни, изғирин кўчаларни томоша қилсам, эртага нима ўзгаради? Бирор киши бундан зиён-заҳмат чекадими? Хотиним ва болаларим хавотир олиши мумкин, туни билан мижжа қоқмай чиқади, бироқ эртасига мени соғ-омон кўргач, ўша заҳотиёқ кечаги хавотирларни унутади, яна ҳаёт ўз йўлида давом этаверади. Лекин мен шу нарсани билган ҳолда, рулни ҳеч қачон, ҳатто бир марта бўлса ҳам манзили номаълум йўлга бура олмайман. Бошқалар эса эҳтимол бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмас. Чунки бу тахлит «эркинлик»нинг оқибатини ўзгалардан эшитишган, вақтни бундай совуришга уларнинг кўзи қиймайди, уйида ағанаб ётса-ётадики, бундай дайдишларга ҳуши келмайди.

Дарвоқе, қор анча тезлашибди, энди қанча машина ўтмасин, йўлни шиддат билан қоплаб бораяпти. Лекин менга қор унчалик ёқмайди. Ёмғирнинг йўриғи бошқа – у инсон кўнгли билан ҳисоблашади, сочларингиз орасига, бўйин ва билакларингизга эркаланиб сингади, ёғиши ҳам чиройли, шаффоф томчилар кўзингизга кўриниб-кўринмай, худди осмондан ерга тортилган миллионлаб иплар бўйлаб оқаётгандек, ажиб сукунат билан ёғади. Ёмғирнинг яна бир муҳим томони шундаки, у ҳар қанча ёғмасин, нигоҳимиз тушиб турган бирор рангни кўмиб юборишга уринмайди, аксинча, аслиятни янада равшанроқ кўрсатади. Қор эса, қип-қизил, ям-яшил тунука томларни ҳам, қўнғир йўлларни ҳам, қоп-қора тоғларни ҳам фақат оққа бўяйди. Ахир одам деганнинг кўзи тиниб кетади-ку! Ерни ҳам, кўкни ҳам, одамлару машиналарни ҳам фақат бир рангда кўриш, бу – адолатсизлик эмасми?!

Менинг бу фикрларимни у ҳамиша оддийгина, гўё бирор ёқтирган мусиқасини тинглаётган одамдек хотиржам қабул қиларди, балки бу тентакнамо гап­ларимга қарши бўлса ҳам, индамай қўя қолармиди? Ёки айнан шу нарсаларга нисбатан ўз қарашларининг пинҳон-сирлигича қолишини истармиди, ҳарқалай, доимо жимгина тингларди, холос. Чамамда, уни бошқа нарсалар қизиқтирарди. Масалан, одамзоднинг ўзини ўзи ҳурмат қилишими, касал-кусал бўлмай, ҳамма нарсани ўрни-ўрнида, ўз вақтида бажаришими, шунга ўхшаш нарсаларни кўп гапирарди. Эсимда, бир куни поликлиникага борганимни айтиб қўйдим. Мен ҳар қанча тўсқинлик қилмай, у касаллик варақасини, буюрилган дори-дармонларни, яна алламбало майда-чуйда қоғозларни шоша-пиша, аммо синчиклаб ўқиб чиқди. Сўнг хавотирли кўзларини юзимга қадаб, яхшигина шамоллаганимни айтди. Очиғи, кулиб юбордим, тўғри-да, нимаси хавотирли бунинг. Шамоллаганлар камми?

Энди ўйласам, айнан унинг ҳадигу хавотирлари сабаб мен ўзимга ишониб юрар эканман. Атрофингизда сизга меҳрибон одам қанча кўп бўлса, сиз шунча талтаясиз, эркаликлар қилгингиз келади, мана буни е, мана буни ич, дейдиган одам бўлса, сиз айнан ўша кишига нисбатан ноз-фироқ қиласиз. Нега биз кўчада, ишхонада ёки меҳмондорчиликда ўзимизни сипо, бамаъни тутамиз-у, уйимизда сал нарсага бақир-чақир қиладиган, жиззаки, ҳовлиқма бўлиб қоламиз? Етти ёт аёлларнинг ҳурматини жойига қўйиб олқиш оламиз-у, онамизни силтаб-силтаб ташлаймиз. Ишхонада бирор сабаб билан тушлик бир-икки соатга чўзилса чидаймиз-у, чойи вақтида қайнамагани учун уйдагиларни гизиллатамиз. Бу одамликка хос тушунчалар, одатларми – нима бу?

Аслида, унинг меҳрибончиликлари ҳам мени алал-оқибат такаббурликка олиб бораётганди. Ва борган сари димоғдорлик мени маҳв этарди. Энди мен унинг ғамхўрликларидан азобланаётганим учун ҳам айнан унга нисбатан кибр сақлардим, худди ўзимни бекаму-кўст одамдек тутишга тиришардим.

* * *

Тонгда ҳовлига чиққанимда, ҳаво тозарган, аммо анчайин намчил-намхуш эди. Мен билган кузнинг куйига яна бир оҳанг қўшилган – «чак-чик, чак-чик» қилаётган бир маромдаги овозлар қулоқ-қулоқларгача сингиб, асабларни пармалашга атайлаб уринаётгандек, бутун ҳовлини тутиб кетганди. Кеча оқшом бошланган илк қор ернинг, ҳали чиримаган хазонларнинг тафтига дош беролмай эриётганди, қор эрияпти-ю деворлар, йўлаклар устидан, дарахтларнинг шир яланғоч шохларидан ҳовур кўтарилаяпти. Худди уйнинг ҳамма бурчагида митти-митти вулқонлар бору, ўшалар биқирлаб қайнаб ётгандек. Тамаки тутатдим, ичимга тутун билан муздек ҳаво ҳам тортдим, бадан-баданим сесканиб кетди. Шу алпозда, шу эзгинликда ўйга толдим. Тўғриси, табиатни кузата туриб, ташқи қиёфалар гўзаллиги ёки бунинг акси ҳақида тасаввур қила бошладим. Нега биз кўҳлик, кўркам қизларга қайта-қайта қараймиз. Уларнинг жозибаси нимада, нимаси маҳлиё қилади бизни? «Чиройли экан», деймиз, нимасига қараб баҳо берамиз? «Мутаносиблик» деган сўз келди хаёлимга. Рост-да, кўзу қоши, ранги-ю қомати, юзи-ю сочи бир-бирига уйғун қиёфалар кўзимизни олар, эҳтимол. Шу уйғунликни ўзимиз ҳам бузгимиз келмайди, дейлик бирорта чиройли қиз ҳақида ўйлаганимизда уни ножўя, хунук ишлар қилиб турганини, масалан, тупураётганиними, бетамизларча қичқираётганиними хаёл қилишдан ҳарчанд тийиламиз, бундай хаёлдан ўзимизни олиб қочгимиз келади. Аксинча, истарасиз ва ахлоқсиз аёлларга боғлиқ ёқимли таассуротларимиз ҳам унчалик кўп эмас. Агар бирор эркакшода, нафосатдан узоқ қиз ҳақида гапираётиб, унинг назокат билан музқаймоқ ейишиними, гулзорларда сайр қилиб юришиними айтсак, аксарият одамларнинг афти буришади. Чунки уларнинг кўнгли бундай тескари тасаввурларга тайёр бўлмайди, кўп ҳолларда буни хоҳлашмайди ҳам.

Ҳозирги манзара ҳам шундай тескари тасаввур уйғотарди кишида. Осмонга қарасанг, кўм-кўк яланг­ликда парча-парча булут қийқимлари, қуёшнинг кучсиз нурлари ерга осойишта оқиб турибди. Ерда эса... уюм-уюм қорайган хазонлар, мунғайган уйлар, қўнжигача лойга ботган оёқ кийимлари, хуллас шунақа чалкашликлар. Йўқ, булар ҳеч қандай чалкашлик эмас, аслида қандай бўлиши керак бўлса, шундай алпозда турипти. Фақат менинг кўзларим бу акс манзараларга кўника олмаётган бўлиши мумкин. Кўрдингми, дейман ўзимга ўзим, осмонга, оёғинг остидаги ерга бир лаҳза тикилиб, шунча изтироб чекаяпсан. Бошқалар ҳам ўзларини худди шундай ортиқ қийнамаслик учун бунақа нарсалардан, ўй-хаёллардан кўз юмиб-қулоқ ёпиб ўтишади, вассалом. Уларнинг наздида, сенинг бу каби ҳамма нарсадан азият чекишинг бемаънилик, жинниликдан бўлак нарса эмас! Бунинг ўрнига улар уйларига печка қуришади, ўтин ғамлашади, тешик-туйнукларни беркитишади ва шу тахлит тадбир-тадориклар билан ҳар қандай фаслни, ҳар қандай қулай-ноқулай шароитларни ҳам хотиржам, ортиқча ҳиссиётларга берилмай, баъзан эса беписандлик билан кутиб олаверишади.

Аслида, менинг энг катта йўқотишим ҳам мана шундай изтиробдан қочиш эвазига юз берганди, унинг кўзларига бир лаҳза бўлсин қараш, денгиз сатҳидаги улкан бир кемадек чайқалиб-тўлқинланиб ётган қалбидаги ҳар битта титраш-силкинишни тинглаш, тушуниш азобидан қўрқиш мени ундан узоқлаштирганди. Кузги япроқлардек омонат, мажолсиз ва сокин муҳаббатининг юки эзиб қўйганди, кўзларидаги тубсиз-ниҳоясиз умид, илинжнинг оғирлиги менинг бечоралигимни тобора юзага олиб чиқарди. Аммо мен, ана шу юк-заҳматлар орасида янчилиб-топталиб кетаётганимга қарамай, улғаяётган эдим, унинг муҳаббати улғайтираётганди. Мен қанча қочганим, ўзимни ожиз сезганим сари бу чеки-чегараси йўқ қочқинларнинг, чорасизликларнинг моҳиятини англашга маҳкум бўлиб борардим. Унинг севгиси шу қадар шафқатсиз эдики, мени бир сония, бир нафас бўлсин аямасди, таъқиб қилишдан чарчамасди ҳам. Муҳаббат менинг икки елкамдан тутиб, шундай қаттиқ силкирдики, иложсиз равишда қайтадан ўнгланишга, унинг бир нафасидан пардек тўзғиб кетган борлиғимни янгитдан тиклашга мажбур бўлардим. У шундай шафқатсиз севги эдики, менинг ҳар бир сўзим унинг учун қонун билан баробар эди, у фақат менинг борлигимни тан оларди холос ва шу йўл билан, яъни мени камситмасликка уриниб азоб­ларди. Бу худди совуқда музлаётган одамни иситаман деб гуриллаб ёнаётган оловга отишдек гап эди. Бу – минг-минглаб ҳужайраларингни, томирларингни, сезгиларингни дўзахдан дўзахга солиб ўйнашдир. Мен бу адоқсиз хўрланишларга ҳукм қилинган, унинг сассиз-садосиз, маъсум ва сокин муҳаббати эса, шубҳасиз, ҳукмфармо эди. Мен уни ҳамиша қучгим, бағримга маҳкам босиб, бераётган уқубатлари учун ўч олгим, қучоғимда туриб қандай йиғлашини ҳузур билан томоша қилгим келарди. Бироқ бу ишларим унинг кўнглига қандай янги тўфонлар солишини яхши англардим, бу ўч-оловдан кейин ҳозирги азобу кўргиликларим ўн чандон, юз чандон ортишини ўйлаб, яна қуниш тортардим. Менинг ҳатто шунга ҳам имконим етмасди.

2

Агар куз ижозат берганида, уни бундай ғуссали куйларга эмас, шодумон, инсон кўнглига барча томирларидан оқиб кирувчи, агар бир кун тингламаса, дунёдаги жамики қалблар илҳақ-интизор бўлиб кутгувчи қувонч оҳангларига тўлдириб ташлаган бўлардим. Аммо хазонлар фасли оламнинг кўҳна қоидаларидан чекинмади, Тангри ва Замин ўртасидаги азалий меҳвардан бир лаҳзага бўлса ҳам узила олмади. Мен эса, бутун борлиғим билан қайтадан яралгандек бўлдим, ҳеч нарса кўрмагандек, ҳеч қайси ҳиссиётларни танимаган-билмагандек янгитдан яшай бошладим. Ва шундай уни йўқотдим, ва шундай одамлар кўз ўнгида аста-секин йўқола бошладим. Энди мени аввалги дунёим билан фақат биргина қўнғироқ боғлаб қолди, ана шу қўнғироқдан бошқа ҳаммаси мен учун тамомила янгилик эди.

Аммо бу янги ҳаётимда ўзимни ҳеч кимга тушунтира олмадим. Оилам учун ўша-ўша оғир феъл-атворли, кўча-кўйда эса такаббур қиёфали одам сифатида қолавердим. Аянчлиси, бирор кишига бўлсин, «Мен аслида мана бундай одамман», дея ўзимни изоҳлай олмадим. Энди, агар ишхонада бирор ҳамкасбимнинг сўзи кўнглимга оғир ботса, уни олдимга ўтирғизиб, керак бўлса соатлаб гаплашишни, уни ҳам, ўзимни ҳам виждон азобидан қутқаришни ўйлайман. Бироқ бу қўлимдан келмайди, аксинча, ё ичимга ютиб индамай кетаман, ё унинг ҳам дилини оғритаман. Ёки кўча-кўйда бирор нотаниш одамнинг нега изтироб чекаётганининг, нимадан қийналаётганининг сабабини билгим келади, мен унинг ҳаётига ўзимни жавобгар ёки тегишли деб ҳис этаман. Бироқ ҳеч қачон у билан гаплашмайман, аксинча, ўша одамнинг қаршисида жуда ҳам ортиқча сезаман ўзимни. Минг афсуски, бу тахлит ечимларнинг ҳаммаси иродамнинг кучсизлигини намоён қилиб қўяди. Мен энди аввалги қиёфамдан ҳам баттарроқ шамойилда эдим, тобора ўзимга ўзим кўмилиб-ўралиб борардим. Ундан, унинг меҳридан воз кечган кунимдан эътиборан шаклсиз ҳаётнинг оддий – минглаб одамлар қаторидаги жўн кишисига айлангандим. Бу менинг чинакам фожиам бўлди.

Бўйинбоғимни тақаётиб, хотинимнинг саволомуз нигоҳи эътиборимни жалб этди. У қўлида тутиб турган костюмни олиб, диван четига омонат қўйдим-да, дилимдан кечаётган ажиб туйғулар билан хотинимни бағримга тортдим. Сочларидан силаб, илк бор рўйи-рост нигоҳ билан кўзларига тикилдим. Мен бугун аёлимнинг кўнглидан ўтаётган барча ҳисларни, андуҳлар овозинию норизоликлар нидосини тингламоқчиман, қўлларидаги дағалликлар, юзидаги ҳорғинлик, вужудининг ич-ичларида яшаб келаётган, қачондир улкан ва қўрқинчли вулқондек портлаб чиқувчи аламларининг акс садосига жимгина, хайрихоҳлик ва мойиллик билан қулоқ тутмоқчиман. Ва, эҳтимолки, менинг ҳаётимдаги чигалликлар, руҳимдаги сиқиқлик, гуррос-гуррос оломон орасида ҳам ёлғиз-кимсасиз умр кечираётганимнинг сабабларини у билар.

«Ақалли бир марта бўлса ҳам тан олиб айтинг, сиз ҳаётдан бунчалик куюниб яшашингизнинг боиси нимада? Нега одамлар нигоҳидан узоқ бўлишга уринасиз? Аслида, уларни ўз ғам-ташвишингиздан ҳимоя қилгингиз, яқинларингизнинг кўнглига бевақт хавотир солиб қўймасликка тиришасиз. Лекин шу ишингизнинг ўзиёқ жигарларингизни ташвишга солади. Эслаб кўринг, қачон ота-онангиз билан ёзилиб, чин дилдан гаплашгансиз? Қачон опангиз ёки акангиз қаршисида қимтинмай дардлашгансиз? Бирон жойингиз оғриётганини улар қачон ўз тилингиздан эшитишган? Бу билан гўёки уларни бемаврид сиқилишлардан, сизни деб хавотир олишларидан асрагандек бўласиз.

Ўзингизни улар қаршисида бекаму кўст, бой-бадавлат, хотиржам тутишга уринасиз. Яқинларингиз учун худди тоғдек суянч эканингизни уқтирасиз. Аммо сиз кетишингиз биланоқ ўзингиз ҳамиша ҳадиксираб юрадиган, юз беришидан чўчиб яшайдиган воқеалар бўй кўрсатади. Яъни сизнинг ортингиздан яқинларингиз доимо юраги хижил бўлиб қолади. На бирор дардингиз, на бирор ташвишингиздан хабардор бўла олмай, айни пайтда, сизга ёрдам беролмасликларини ўйлаб, адойи тамом бўлишади. Сиз эса ҳамиша ўзингиздан қочасиз. Ишдан келиб наридан-бери овқатланасиз, қизларингизнинг раъйига қараб, улар билан пича ўйнаган бўласиз, китоб варақлайсиз, аммо буларнинг бирортаси ҳам сизнинг ботинингиздаги бесаранжомлик, алағдалик, паришонликнинг юзига парда тўса олмайди. Ва, аксинча, бу қийноқлар, ичингиздаги иккиланишлар заҳар-заққумдек сизни емириб бораяпти».

Бу хотиним айтган айни ҳақиқатлар эди. У шу қадар ишонч билан гапирардики, мен то хотинимнинг гапи тугамагунча ўзимни оқлашга ҳам, уни тўхтатишга ҳам интилмадим, ҳеч нарса дея олмадим. Негадир унинг бу аччиқ ҳақиқатлари юрагимнинг туб-тубларига сингиб, ҳузур бағишлаётганди. Сўнг эса уни яна ҳам қаттиқроқ бағримга босиб, имкон қадар кўзларимни яширишга уриндим.

* * *

Машинамни гараждан олиб чиқмадим – бугун ишхонагача бўлган ўн чақиримча йўлни пиёда босиб ўтмоқчиман. Худди машҳур китобларда ёзилганидек, мана шу йўл давомида ўзимни ўзим бир англаб кўрмоқчиман, қарийб беш йилдан буён илмилиқ кечаётган умримнинг барча сўқмоқларини хаёлан кезиб чиқмоқчиман. Лекин, ҳалитдан қўрқаяпманки, бунга менинг куч-мадорим етмайди. Чунки, ўтмишга қайтиш мен учун ҳазил гап эмас, қачонки чексиз сабот билан, эслаганларимнинг бирортаси мени тушкунликка туширмайди, деган хулосага кела олсамгина, бу ишга қўл урганим яхши. Бироқ, бугун шунга жазм қилдим.

Кўчада ҳамишадагидек қаерларгадир кетаётган йўловчилар. Ўзимнинг кўчамдан то катта йўлга чиққунимча бир-икки таниш одам бош силкиб ўтди, лекин сезиб турибманки, улар саломлашиб ўтибоқ ортига қайрилаяпти – нега машинасиз йўлга чиққаним уларга қизиқ туюляпти. Уларга эътибор бермай, ўз хаёлларим билан банд бўлишга уринаман, пальтомнинг ёқасини кўтарганча лойгарчиликдан исқирт кўринишга келиб қолган йўлкаларга тикилиб бораман.

Ҳаёт мен ўйлаганчалик осон кечмаслигини ўшанда, унинг мендаги чидаб бўлмас тушкунликни инкор этувчи, кучининг борича сочимдан тирноғимгача силтаб-қоқиб, ҳамма қатори оддий ҳаётга қайтаришга ундовчи сўзларини тинглаганимда илк бор тушунган эдим. Хаёлотимнинг ҳамма нуқтасини бир-бир кўздан кечириб, кечинмаларим ва орзу-истакларимни бор-йўғи икки оғиз гап билан чиппакка чиқаргунча бўлган ҳаёт – менинг ҳаётим бўлмай қолди. У мени шундай инкор қилдики, на ўзим, на орзу-майлларимнинг бирор нарсага арзишини англаб етдим.

Унинг қаршисида тамаки тутатиб турарканман, ҳатто ана шу сигарет чекишимда ҳам кибр борлигини ҳис қилдим. «Сиз кучсиз одамсиз, – деганди ўшанда у, – на ўзингизни, на ҳаётингизни идора қила биласиз. Бир нарсани тушунинг, бу ҳаёт сизнинг қурбон қилаётган умрингизга, ўзлигингиздан кечиб топаётган нималарингизгадир арзимайди. Атрофга имкон борича оддий одам бўлиб қаранг, бу боришингизда ҳамма яқинларингиз сизни ташлаб кетади».

Бу гапларнинг тўғрилигига биринчи бор унингсиз қолган кунимда иқрор бўлгандим. Ва ўшандан бери шу беаёв иқрор билан ҳар куни юзма-юз бўламан. Менинг ақлга сиғмас такаббурлигим, кўтариб бўлмас инжиқликларим алал-оқибат, у айтгандек, бирин-кетин кўп ришталарни чирт-чирт узиб ташлади. Кейинроқ билдимки, инсон ҳар қанча яхши бўлмасин, агар ундан зерикишса, аяб ўтирмайдилар. Чунки у одамнинг атрофдагиларни қизиқтирадиган ҳеч нарсаси қолмайди. Унинг борлиги ҳам, яшаётгани ҳам изсиз-нишонсиз бўлиб қолади. У энди худди осмондан тушиб қолгандек ҳис қилади ўзини, чунки у ҳамма жойда инкор этилади. Бошқаларни менсимагани, ўз қаторида кўрмагани, инсонийлик андозаларидан четга чиқиб кетгани учун у тан олинмайди. Бу – ҳаёт ҳаёт бўлибдики, амал қилиб келинаётган буюк қоида.

Эрталаб аёлим айтган эътирозлар ҳам шу қоиданинг бир кўриниши эканини бехос англаб қолдим. Мен боя зерикиш ҳақида ўйладим, мана энди хотиним ҳам секин-секин ўша жараёнга етиб келаяпти, бугун кўнглимга тегмайдиган қилиб гапирган бўлса, эртага энсаси қотиб сўзлайди ва учинчи куни гапириш фойдасиз эканини фаҳмлагач, у мени бутунлай эътиборсиз қолдиради. Ва, афсуски, агар шундай давом этсам, ҳаётнинг бояги ёқимсиз ва қатъий қоидасига бош эгишимга тўғри келади.

Чорраҳани кесиб ўтаётганимда, телефоним жиринглади, юрагим ҳапқириб кетди. Худди менинг ичимдан ўтаётган туйғуларни билиб тургандек қилинган қўнғироқ эди бу. Йўлакчага ўтиб яшил тугмачани босдим, у ёқда жим-житлик. Мен йигирма қадамлар юриб боргунимча, оёқ товушларимни тинглаб турди, кейин қисқа-қисқа гудок. Ё алҳазар, бунинг боиси нимада, у қандай қилиб сезаяпти, бутун йўл бўйи ўйлаб келаётган кечинмаларим унинг кўнглига қандай етиб бораяпти. Эҳтимол, у нонуштадан кейин хотиним билан бўлган суҳбатдан ҳам хабари бордир. Нега у ҳамиша тушкунликка тушган, икки ўт орасида қолган кезларимда йўқлайди, у шу йўл билан мени юпатмоқчи, ўзи айтган теп-текис ҳаётга қайтармоқчи бўладими? Лекин бу ҳолатимни қаёқдан билади?

Ишхонага кириб келганимда ҳамма нарса ўрни-ўрнида, ходимлар ўз ишларини бошламоқда эдилар. «Тузукмисиз?», дея сўради менга биринчи дуч келган котиба қиз ранги-рўйимга эътибор қилиб. Мен унга бош ирғаб жилмайдим-да, шу билан «Ҳаммаси жойида», дегандек бўлдим. «Хонангизга киргандик», деди у авзойимни чамалашга уриниб, «У киши айтгандилар». Котиба бош бармоғи билан раҳбарнинг хонасига ишора қилди. Мен елка қисиб, кабинетимга кирдим. Одатдагидек, бугунги режадаги ишларимни ажратар эканман, раҳбар тиқилинч қилаётган йигитнинг қўлёзма жилди йўқлиги эътиборимни тортди. Айланма курсига чўкиб, бу жилд нега, нима сабабдан олинганини тахмин қила бошладим, балки қайтариб берилгандир ёки Мўмин ака унинг айтганини қилмаслигимга кўзи етиб, ҳафсаласи пир бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, ўша жилднинг столим устидан кетгани мени анча енгил торттирди. Тамаки тутатаётиб, беихтиёр бошқа қоғозларга ҳам разм солдим, қолганлари жойида эди.

* * *

Тушга яқин ҳаво совиб кетди. Ёзиб ўтирган жойимда жунжика бошладим. Эшик орқасидаги қозиқдан пальтомни олиб елкамга ташлаётганимда кимдир киришга ижозат сўради ва жавоб беришимни кутмаёқ, хонамда янги ходима пайдо бўлди. У мени курсида ўтирган деб ўйлаган шекилли, кирибоқ бир-икки қадам ташлаб, сўнг ортга ўгирилди. Мен эса худди ҳеч нарса бўлмагандек жойимга қайтдим. Менинг бу бепарволигимни кўриб хафа бўлдими ёки шошилинч кирганига хижолат тортдими, негадир аста томоқ қириб қўйди. Қоғоз-қаламимни йиғиштирар эканман, «Хўш?» деган маънода унга қарадим. Ходима бироз тараддудланиб, «Бирон ёққа кетаяпсизми?», дея сўради.

– Ҳарқалай, шуни сўрагани кирмагандирсиз!

– Мўмин ака ҳамма ходимларга тайинланг, бугун тушликни жамоа билан қиламиз дегандилар, шуни айтиб қўяй деб...

Янги ходиманинг шошиб-пишиб айтаётган гаплари менинг кулгимни қистатди. «Келишдик», дедим унинг гапи тугагач ҳам туриб қолганини кўриб.

Мен хонамни қулфлаб коридор тўридаги залга бораётганимда ишхонамиз рўпарасидаги Марказий майдондаги соат ўн икки марта бонг урди. Залнинг ойнаванд эшигидан ичкари шундоқ кўриниб турарди – дабдабали безатилган стол, ўттизга яқин одам қолган бир-икки кишининг келишини кутиб турарди. Ичкари кириб сездимки, Мўмин аканинг жойи бўш эди. Мен қаерга ўтиришга иккиланиб турганимда бояги ходима илтифот қилди: «Келинг, қўшни, ёнимдаги стул бўш». Индамай кўрсатилган ўриндиққа чўкдим. Тавба, дедим ёнимдагиларни кузатарканман, битта идорада шунча одам ишларканмиз-у, салом-аликдан нарига ўтмас эканмиз-да. Эрталаб ҳамма хонасига шўнғийди, кечқурун соат олтида ҳамма уйига жўнайди. Бунақа тартиб-интизом ҳозирги шароитда анча қийин масала. Рўзғор ташвиши ҳамма нарсадан ошиб тушаётган бир пайтда бундай фидойилик билан хизмат қилиш чинакам эътиборли иш.

Бирдан ҳамма сергакланиб, ўтирганлар раҳбар­нинг ҳурматига бир-икки қимирлаб қўйишди. Мўмин ака ёнида бир йигит билан кириб келди. У ҳаммага бир-бир қараркан, баралла овозда «Бу йигит бизда чоп этилаётган «Замон қўшиғи» китобининг муаллифи. Бугун ана шу китобнинг тасдиқдан ўтгани муносабати билан бизни меҳмон қилмоқчи!» деди дастурхонга ишора қилиб. Раҳбарнинг гапини эшитиб, баданимга тиғ теккандек сескандим. Худди ҳамма менга тикилаётгандек, Мўмин ака билан ўртамиздаги суҳбатдан бутун жамоа хабардордек ўзимни ноқулай сеза бошладим. Раҳбар эса менга истеҳзоли нигоҳ ташларкан, ҳаммани дастурхонга таклиф қилди. Мен икки ўт орасида қолган эдим – ўзимга қолса, шартта туриб чиқиб кетгим келарди, бу дастурхондан ҳам, жамоамдан ҳам тезроқ узилиб, холироқ жойга боришни, енгил нафас олишни хоҳлардим. Аммо, айни дамда, шунча одамни беҳурмат қилиб хонани тарк этиш ҳам мушкул эди.

Шу пайтда раҳбар ҳамманинг эътиборини қаратиб, менга «Шоир, сизга қанақасидан қуяй?!» деб қолди. Аъзойи баданимга ғазаб югурар экан, унга кескин эътироз билдириш учун илкис бошимни кўтарган чоғимда телефоним жиринглаб қолди. Бу ўша эди. Бир дам тараддудланиб тургач, ташқарига йўналдим. Ўзимнинг хонамга етганимда бироз ўйландим-да, хонага кирмай, пастга – аччиқ қаҳва ичгани тушиб кетдим.

Буфетчи қизга қаҳва ва бутерброд буюраётганимда ҳам, мўъжаз тамаддихонанинг энг бурчагидаги жойга ўтираётганимда ҳам ҳозиргина юз берган мулзамликни, йўқ, жирканч ҳодисани хаёлимдан чиқара олмасдим. Бу нима дегани, ош-нон билан тилингни қисқа қилиб қўйишса, кейин нима десалар, ғинг демай бажарсанг! Ким ўйлаб топган бундай маданиятли савдо-сотиқни, ўша ишбилармонларми ёки ўзимизнинг Мўмин акаларми! Ким бўлганда ҳам жуда паст ўйлаган экан!

Қаҳвани қошиқча билан аралаштирар эканман, қўнғироқни эсладим. Унинг жуда зарур пайтда бўлганини ўйладим, лекин шу заҳотиёқ хаёлимга келган фикр мени гангитиб-довдираб қўйди – ахир у шунча йиллардан буён бир кунда икки марта қўнғироқ қилмаган эди.

Ишхона фойесининг кенг деразаларидан таш­қарига термулиб, кўчани томоша қила бошладим. Ҳовлига тўп-тўп одамлар тушлик қилиш учун чиқи­шаяпти, кимлардир тамаки тутатаяпти. Менинг ҳам хуморим тутди, сигарет ёндирдим. Аммо бояги қўнғироқ хаёлимдан чиқиб кетмасди, энди унутаман десам, ёнимда ўтирган кимнингдир телефони жиринг­лайди – яна ёдимга тушади. Мен то қаҳвани ичиб бўлгунимча, ишчилар тушликдан қайта бошлади. Шундагина бироздан сўнг тағин кабинетимга қайтишимни, бояги одамларни кўришимни ўйлаб юрагим хижил тортди. Буфетчи қиз ҳисоб-китоб қилгандан кейин ўрнимдан оғир қўзғалдим. Аммо ичимдаги бир товуш мени яна пича ўтиришга ундарди, оёғим ишга торт­масди. Мен яна унинг йўқловини эсладим. Ахир унга нима фойда? Шу биргина қўнғироқ энди унинг ҳаётига нима мазмун беради?! «Шошма!» дейман ўзимга ўзим, «Ахир шу қўнғироқ ҳозиргина сени бир синовдан асраб қолди, эҳтимол у сени чалғитмаганида, бу имтиҳондан ўта олмасдинг. Энг мушкул паллада ўша даврадан сени юлиб олиб, сенга қанчалик ёрдам бера олишини кўрсатди». Мен энди тушуна бошлаган эдимки, бу қўнғироқ менинг чинакам халоскорим эди. Неча бор тушкунликка тушган, тўғри йўл топишга қийналган кезларим у мени ўзимга келтирган эмасмиди?

Мана, бугун менинг шундай ноқулай аҳволда қолишимни у туш кўрмаган, бироқ ҳис этганини, энг муҳими, унинг керак пайтда қўнғироқ қилганини инкор эта олмайман. Уни йўқотганимдан кейин бир марта бўлса ҳам қайта учратмадим, тасодифан бўлсин йўлиқиб қолмадик ҳам. Лекин у менинг ҳар бир кунимда яшади, яшаганда ҳам ростакамига, дардларимга қулоқ тутиб, беминнат яшади. Балки гўшак орқали бирон марта «Алло!» деганида, унинг барча ҳисларини тушуниб қолган ва қадрламай қўйган бўлишим мумкин эди. У эса бунинг ўрнига ҳамиша ўн битта рақам, менга ёдаки бўлиб кетган ўн битта рақам билан мурожаат қиларди, холос.

Мен дадил қадамлар билан хонамга йўналдим, чунки энди ўзимни жуда ҳам енгил, ғам-ташвишсиз сезаётан, бундан буёғига одамларнинг ҳар турли қиёфасига хотиржам қарай олишимга ишонаётган эдим. Мен шунча йиллардан бери кўнглимни қиймалаб келаётган қўнғироқнинг огоҳлик қўнғироғи, ҳаёт қўнғироғи эканини фаҳмлаган эдим.

* * *

Ҳали тонг ёришмасиданоқ хотиним туртиб уйғот­ди. Унинг бутун баданини тер босган, оғир-оғир нафас оларди. У шунча азобда ҳам юз-қўлимни ювиб келгунимча чидаб ётди ва ўрнидан қўзғаларкан жилмайганча “Вақти бўлди шекилли” деди, сўнгра “Қизлар уйғонса қўрқишмасмикан”, дея улар ётган хонага хавотирли қараб қўйди.

Биз туғруқхонага етиб келганимизда тонг бўзарган, аммо осмон булутли эди. Йўлларда қатнов кам, унда-бунда фаррошлар кўча супуришарди. “Ўн олтинчи палата”, деди хотинимни жойлаштириб чиққан ҳамшира ва кийимлар солинган халта билан қўлимга бир парча қоғоз тутқазди, “Керакли нарсалар, тезроқ олиб келарсиз”. Кўча эшик ёнида машинани тўхтатишим билан катта қизим чопиб чиқди, кўзларида ёш. Мен уни опичлаганча уйга йўналдим, хайриятки, кичкинаси ҳали уйғонмаган экан.

Товага тухум чаққан пайтимда телефоним жиринг­лаб қолди, хаёлимга “У бўлса керак, хурсандлигимни сезибди-да”, деган фикр келди. Катта қизим телефонни олиб келар экан, “Дада, тоғам”, деди. Чиндан ҳам хотинимнинг укаси йўқлаган экан, унга бугунги янгиликни, ўзгариш бўлса телефон қилишимни айтдим. Нонушта қилиб бўлгач, иккала қизимни кийинтиришга тутиндим. Ниятим уларни онасининг ёнига олиб бориб, бирров кўрсатиб келиш эди. Боғчасига олиб бормайман, агар улар ҳам куни бўйи уйда бўлмаса, зерикиб қолишдан қўрқардим. Ишдан эса ҳафсалам пир бўлганди.

Шарфимни боғлаётиб хаёлимга антиқа бир фикр келди: унга ўзим телефон қилиб айтсам-чи, ахир у ҳам хурсанд бўлади. Лекин шу заҳотиёқ фикримдан қай­тдим. Ўтган тўрт йил ичида у бир марта бўлсин гапирмади, энди мен дабдурустдан қўнғироқ қилиб, “Хотинимни туғруқхонага жойлаштирдим, суюнчи бер”, дейманми? Анча иккиланишдан кейин телефондаги унинг рақамини босдим, бир оз жимликдан сўнг узун-узун гудок кетди. Ва шу пайт... Аввалига эътибор қил­мадим, аммо пича муддат тинглаб тургач, жиринг­лаган овоз шу уйдан, аллақайси бурчакдан келаётганини фаҳмлаб қолдим. Бир зумга тахтадек қотиб, ҳушимни йўқотаёздим. Жиринглаган овоз тошойнак ғала­донидаги пардоз қутичасининг ичидан таралаётганди...

Менинг шунча йиллардан бери минг-минглаб ришталар, азобли хотиралар орқали боғланиб келаётган яхлит кечмишим шу лаҳзаларда митти-митти парчаларга бўлиниб, тобора кўздан йўқолаётган эди.