OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНурали Қобул
Асар номиБургутлар чўққиларда яшайди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Нурали Қобул
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Китоб дунёси», 2013 йил 13 феврал 3 (150) -сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бургутлар чўққиларда яшайди (ҳикоя)
Нурали Қобул

Шаршара довонидаги ҳашарчилар ўтовда тунаб, эртаси эрталаб Супа текислиги орқали Бахмалга ўтмоқчи эдик. Ўйлаганимиздек қуёш ботар-ботмас довонга етиб келиб, уч юз метрлар чамаси баландликдан тушадиган шаршарани томоша қилдик.

Узоқ йўл юриб чарчаган эканмиз, шекилли, ҳаммамиз барвақт ётдик. Бундай ҳавода икки соат ухласанг, бас, қушдай енгил тортасан киши. Мен ярим кечадаёқ тоза ҳаводан тўйиб уйғондим. Тонг ёришмай туриб ташқарига чиқдим-да, шаршара томон юрдим. Қаршимдаги қоядан бир тўп каклик париллаб осмонга кўтарилди. Уларнинг сайраган овози тоғу тошда акс садо бериб, дарани ёқимли куй эгаллади. Какликлар галаси қоянинг шаршара бошланадиган жойига бориб қўнди. «Эрталабки сувга тушибди», дея хаёлимдан ўтказдим.

Шаршара ҳаётнинг давомийлигини, инсон қаерда ва қандай ҳолатда яшамасин, дунёнинг ҳеч ким ўзгартира олмас қонунлари барча учун баробар эканлигини таъкидламоқчидек, тинимсиз шарқирайди. Қоялар бағрини яхшиликка буркаб турган неча юз йиллик вазмин арчалар ҳам шаршаранинг фалсафасини маъқуллаган каби қўл қовуштириб жимгина туришибди.

Сувга қонган какликлар галаси яна осмонга кўтарилганда қуёшнинг илк нурлари тоғ этакларига ёйилди. Сўнг тепалик ва қоялар ҳам сарғиш яшил рангга бўялиб, тасвирлаб бўлмас, тикилиб тўймас гўзал қиёфага кирди. «Рўзи Чориевни олиб келиш керак экан, ҳали унинг бунақа рангларни ишлатганини кўрмаганман», деган ўй хаёлимдан кечди. Довонга олиб келадиган илонизи тоғ йўлида енгил автомашина қорайиб кўринди. Кеча бизга ҳамроҳ бўлиб келган раҳбар кишининг машинаси: ҳайдовчиси қозон патир билан кувида пишилган сариёғ олиб келгани кетган эди.

Пастга қайтиб тушганимда шерикларим ҳали уйқудан уйғонишмаган, ҳайдовчи билан ҳашарчилардан бири ниманидир ўртага олганча тикилиб туришар эди. Ажабо, бургут!.. Бир зум жойимда тик туриб қолдим.
– Қанотидан ўқ тегибди, – деди ҳайдовчи йигит менга гуноҳкорона тикилиб. – Мирзақўзи отиб ташлаб кетган экан, олиб келдим.

Жавоб қайтармадим. Отилган, ярадор бўлган қуш ва ҳайвонларни кўп кўрганман. Лекин бургутнинг ҳам шу аҳволга тушиши мумкинлигини ўйлаб ёки тасаввур қилиб кўрмаганман. Балки истамагандирман. Ўқ бургутнинг чап қанотига теккан, узун ва чиройли қаноти энди унга бўйсунмас, тўзиб шалвираб ётарди. Вужуди оғриқдан буришган. Ўткир тумшуғи атрофидаги ажинлар осилиб, уни шу қадар қайғули ва аянчли қиёфага солиб қўйган эдики, узоқ ва бефарқ қараб бўлмасди. У юришни унутгандек ер билан битта бўлиб ётар, икки кўзи олис ва қорли чўққиларда эди... Аҳён-аҳёнда биз томон сергак ўгирилиб, нафрат билан боқарди.
– Уни қўйиб юбориш керак, – дедим бўғзимга алланима тиқилиб.

Йигит бургутни кўтариб пастликка қараб кетган йўлнинг четига олиб бориб қўйди. Тош йўл устида бургут иккаламиз қолдик. Ўзимни панароққа олиб, уни кузата бошладим. У йўлнинг чап томонидаги қумли қияликка чиқмоқчи бўлиб уринар, аммо силлиқ қумлоқдан сирғалиб яна йўлга йиқилиб тушарди. Негадир пастликка қараб кетган текис йўлдан юрмас эди. Xиёл вақт бир жойда қотиб тургач, илк қадам босган чақалоқдек қуйи томон лапанглаб бир-икки юрди-да, таққа тўхтади.

Тоғу тошда ёқимсиз акс садо бериб, олашақшақнинг товуши эшитилди. Зум ўтмай у бургутнинг олдида пайдо бўлди. Йўл четидаги харсангдан харсангга сакраганча гир айланиб, бургутнинг хатти-ҳаракатларини кузата бошлади. Бу каттакон ва бесўнақай қушнинг оёқда зўрға турганига ишонч ҳосил қилгач, яқинроқ борди. Ёқимсиз товуш билан баралла қичқириб, уни мазах қилишга тушди. Бургутнинг тепасида чарх уриб гир айланаркан, думи билан уни бир-икки туртиб ҳам ўтди. Унинг бетиним шақиллашидан дарак топган иккита олашақшақ ва яна аллақандай қушчалар қаердандир пайдо бўлиб қолди. Улар энди бир тўп бўлиб ярадор бургутни ошкора мазах қилишарди гўё. Бургут эса олис ва қорли чўққиларга тикилганча қотиб қолган эди. Бу ҳолатга узоқ тикилиб ўтириб бўлмасди...

Бургутни кўтариб қоянинг этагига олиб келиб қўйдим-да, секин узоқлашдим. У анчагача ярадор қанотини ёзиб ётди. Менинг кўздан ғойиб бўлганимга ишонч ҳосил қилгандан сўнг ўрнидан қўзғалди. Ярадор қанотини йиғиштириб олишга бир уринди-да, чўққига қараб шу қадар тез юриб кетдики, хиёл шалвираган чап қанотини ҳисобга олмаганда унга ўқ тегмагандек эди. Арчаларни паналаб, мен ҳам чўққи томон борардим. Кичикроқ бир харсангга чиққанда, у ярадор ва қонли қанотини чўқий бошлади. Ажабо! У аламданми, очликданми, оғриқнинг зўриданми, ўз гўштини ўзи чўқирди...

У яна чўққига қараб юра бошлади. Мен уни кузатиб қолдим. Ана, у арчалар панасида кўзга кўринмай кетди. Лекин у олис ва қорли чўққилар томон дадил борарди. Мен буни юрак-юракдан ҳис этиб турардим. Мен унинг шижоатидан икки ҳақиқатни уқдим: агар у тузалса, ўша чўққидан яна беғубор ва чексиз самога кўтарилади. Уни отиб ярадор қилган, шу мудҳиш қилмиши билан ўзини ғолиб билган ўткинчи бағритош одамнинг устидан қанотларини кенг ёзиб учиб ўтади. Бўронларга кўксини тутиб, чўққиларни туташтиради... Мардлик ва ғолиблик тимсоли бўлиб қорли тоғлар бошида парвоз этаверади.

Лекин... лекин у тузалмаслиги ҳам мумкин. Ярадор қаноти газак олиб, ўзидек мағрур чўққилар билан абадий видолашиши ҳам мумкин. Назаримда, у буни ҳис этиб бораётгандек... Бундай ҳол эса у фақат чўққига чиққандан сўнггина юз бериши керак... Бунинг учун куч-қуввати борида, ўз этини еб бўлса ҳамки, чўққига чиқиши керак... Шунинг учун у фавқулодда дадил илгарилаб борарди. Энг муҳими, чўққида ўлса – ўлигини олашақшақлар кўрмайди...

Мен яна бир ҳақиқатни аён сезиб турардим: бургутлар фақат юксакликка қараб юрар экан... Улар чўққилар учун яратилган. Чўққиларда эса фақат бургутлар парвоз этади!