OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНурилла Чори
Асар номиЛўлитопмаслик чол (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Нурилла Чори
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм38KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/09/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Лўлитопмаслик чол (ҳикоя)
Нурилла Чори

Ўшанда нима бўлган, буни ёлғиз Эгам билади, яна Қулмат чол билан ити билади. Бошқалар ҳам билишга билади-я, аммо уларнинг на кўзлари, на қулоғи ва на тили бор. Ҳа, айтганча, уларнинг туққанидан тонган этаги йиртиқ қизи, шалварини кўтариб чопиб юрган ўғли йўқ. Поданинг ортидан таёғини судраб бир чиққанида ойлаб кетадиган қизғалдоқлик Қулмат подачи пешонаси тиришиб, буришиб, бурни оқиб мўйловига тушиб, соқолини кўз ёшлари ювиб, эшонларнинг пойқадамига ширбоз-бўрдоқи, олабош-қорабош қўйларни сўйиб, муллаларнинг этагини кўзига суртиб юрди. Аёли Зубайда фолчи-ю қушночларга оқ товуқ-қора товуқ, кулранг ва чипор товуқ қилиб, авлиё-ю шаҳидларнинг мозорини бот-бот зиёрат этди. Дугоналари айтган «ёр-ёр»лар қулоғига элас-элас ҳам эшитилмай қолиб, қирмизи олмаёноқ юзини сўлғинлик маҳв этганида тақимини ўпган сочига оқ оралаб тирсагига етмай қолди. Эрининг чайир қўллари бўшашиб, ёши олтмишнинг остонасига етганида, «шўр» дея аталмиш манглайларига бир тирноқ битди. Битишга-ку битди-я, лекин у тирноқ, ҳа-ҳа-а, олти ой ичида, норасидалигида қазо қилди.

Аввалига шердай наъра тортди, кейин оч бўридай увиллади, тўпорилигига ярашадиган жиззакилигини йўқотиб қўйди.

Кеч куздан эрта баҳоргача чолдевордан нари-бери бир айвоннинг икки қанотидаги ҳужрасида у билан бойўғлилар истиқомат қилаётгандан бериям, ўҳ-ҳў, қанча мезон шамоллари эсиб, анорларнинг бағрини тилди. У индамас, одамови ва хаёлпараст бўлиб қолган бўлса-да, Қулмат исмига қапишиб, шу билан бирга, тирик эканидан нишона бериб келаётган подачилигини қўймади. Элининг подасини аёли ва ўша тирноқни кўрган ит билан боқиб, дардлашиб, ошалолини териб юрди. 

Кўкламда қора қуюндай булут бостириб келиб, момоқалдироқ гумбурлаганидан сўнгги ёмғирига эркалик қилиб борлиққа бўй кўрсатган майсалар бўйи етмай поданинг мадорига айланади. Қуёш ерга бош урган паллада моллар жодраб[1], қора ерни ютадигандай қирларга ўрлаб кетади. 

Қулмат поданинг бошида, ити ортида, қўшни отарга қараб қирдан эна бошлади. Нонхалтасининг таги тешилганиданми ё бойўғлихона бўлиб қолган чолдеворга ошиққаниданми, кечадан бери қишлоққа кўзи учади. Тинчи йўқолган. Ҳаловатдан мосуво, гарангсиб юриб, ўзидан анча олислаб кетган чўпоннинг яқинига бориб тўхтади. Ит подани айланиб чопа бошлаганида юлдузлар кўлларга, дарёлар ва ариқларга, ирмоқларга ҳатто булоқнинг кўзига тўкилиб қолган, ой бўлса Қулмат подачи, подаси, ити ва унга қавмдош бўлмишларга этагидан жой берган тоғнинг бошида сочини тарарди. 
— Ув-в, Қулматбой подачи, келсинлар, келсинлар! Биз томонга қайси шамол учирди? Йўқлардингиз-да, қишлоққа тушгандами, қишдами, а? — дея ундан икки-уч кўйлакни йиртишда ортда қолган, келбатига қарабми, одамлар исмига «туя» сўзини қўшиб атайдиган жинжаклилик чўпон қарши олди. 
— Ҳеч одам бўлмадингиз-да.
— Сен одамман деб юриб тур қани. Бизам одам бўлиб қолармиз, Қулматбой!
— Сизданам тузук гап чиқадими ўзи?
— Чиқади-чиқади. Эгалик қилолмасанг, мен нима қилай?! Ҳи-ҳи-ҳи… Сенга ҳайронман, подангни боқиб юравермайсанми, туппа-тузук подачисан. Акамнинг ёқасини ушлашни ким қўювди. Раҳматли армонда ўлиб кетди. Мановининг кўзи бўлса кеча кўрардим, тилинг танглайингга ёпишгур бид-бидлаб тинмайди. Яна бир марта айтса, ўлиб қоладими ё осмон узилиб ерга тушадими, а? Уни сен ҳам эшитсанг, аҳ, бир борагина эшитсанг, — деб ўз майлида куйиб куйлаётган, алмисоқдан қолган пачоқ радиосини Ташман туя таёғи билан туртди.
— Нимани айтсин? 
— Ғармистонда катта кураш бўлибди. Ана шуни айтсин! Ҳа-а, ана шуни айтсин! Шунда-а-а раҳматлини сирқиндиси Шамсиддин полвон бўлибди. Ана муни айтсин! Шамсиддин бизга тортган. Тоғаларига тортганида борми, уям ит тирсак, сатанг акасига ўхшаб гўрам бўлмасди. Унинг елкалариям меникидай-да. У худди ўзим! Қуйиб қўйгандай ўзим. Ҳа, ўзим у. Ўзим.
— Рўзимурод раҳматлини улини айтаяпсизми? 
— Бўлмаса кимни айтаяпман? 

Қулмат подачининг дами ичига тушиб ниманингдир ҳисобини олди ва тилга кирди:
— Рўзимуродни ули, Рўзимуродни ули… Полвон бўлдими? Ундай бўлса ҳалоли бўлсин. Сизнинг бу марсинишингизда[2] тонгам отади. Мен қишлоққа тушиб келай дегандим. Шу десангиз, сиздан…
— Дарди бўлмаса Қулмат подачи келмайди дегандим ўзимам, манови иштони ҳўл болага, — бўйи бўйидан баланд йигитга ишора қилган Ташман туя кулиб ва яна ўз сўзида давом этди: — Олдин бир пиёла чой ич, қишлоққа тушиш қочмайди. Подангга бўлса ўзим кўз-қулоқ… 

Ой Қулмат подачининг йўлини сочлари билан супурмай қўйганида юлдузлар ердан йироқлаб кетди. У эшакнинг биқинига ниқтаб, «Бўрибосар» дея итини йўқлаб-йўқлаб Қизғалдоққа эниб келганида майин шабада қишлоқни аллаларди. Қишлоғи Зубайданинг хамирига ўхшаб кўпчиб кетганига Қулмат подачи шу тонг эътибор қилди. Унинг кўзига узоқдан чолдевори кўринмас, гувала-ю пахсадан қад ростлаётган иморатлар орасидан олдин ҳам ўтиб борганини эслади. Аммо шу кўкламда подани қаерга тўплаганини эслолмади. Илгари унинг кулбаси олдига қишлоқдошларининг мол-ҳоли тўпланар, у кузатар, қайси бири подага эргашолмаса қўшмас эди. Бу одатларини қачон унутганини қизғалдоқликлар тугул энди Қулматнинг ўзи ҳам билмайди. У завжаси ва пешонасига сиғмаган зурриёти қайтиш қилганидан бери кўпчиб бораётган қишлоқ одамларининг хизматини қилиш учун кун кўраётган ва улардан умидворлигини бировга, ҳатто ўзига ҳам айтолмаган бўлса-да, кўнглининг туб-тубида қип-қизил қизғалдоқдай очилган дардини тунлари бошқаларга билдирмайди, ўзича тентирайди ва бир маҳалга бориб беҳол йиқилади. Шу йиқилишда ой нурларини Зубайданинг сочидай уриб, ол омонатингни, дея зорланади. Кўзини юмганча юлдуз санайди. Яктагидан қўлларини чиқариб, белбоғи билан, тиши оғриган бемордай жағини боғлаб, яна бир белбоғ билан юзини ёпади. Оёғининг бош бармоқларини бир-бирга теккизиб шардозлаб, таёқдай ётади. У шунга одатланиб қолди. 

Эгри-бугри чатишиб, чигали ёзилмаган илонизи, ёлғизоёқ йўллар катта йўлларга туташиб подачини аҳли қишлоқ томонидан «Қулматнинг бойўғлихонаси», дея аталмиш кулбасига олиб келди. 

Қийиқ кўзига чолдевор эмас, кампирдай букчайган ҳужрасининг тамбалаб қўйилган эшиги очиқ кўринди. Очиқ эшик подачининг хаёлларини аёли томон етаклади. Унинг йўлига қачонлардир канда қилмай пешвоз чиққан Зубайда ҳозир яна бир бор Қулматга, ҳа, ўша оғироёқ кунларидаги табассумидан ҳадя этадигандек ва унинг келишини кутган, кутганда ҳам узо-о-о-қ кутган туюлди. Қулмат эса аёлининг чиқишини ич-ичидан истаб жуда секин, оҳиста одимлай-одимлай кўзини юмганча елкасидан сирғалиб тушиб кетган хуржуни устига ўтириб қолди. У кўзини очишни, очганда ҳам бошпанасига қарашни хоҳламасди: димоғига кўклам нафаси, олча гули ифори урилди, юзига олча гуллари бирин-кетин тўкила бошлаганида… Оғирлашиб қолган қулоғига бир лайчанинг акиллаши-ю, Бўрибосарнинг мағрур ириллашига қоришган ва шу дамгача Қулмат эшитмаган нолишли увиллаган овоз эшитилиб, хаёли жамланди. Ўзининг ғариб дунёсида кўз очди. Осмон гардсиз, тоғдан эсаётган шабада қишлоқдошларини уйғотишни истарди. Подачи итига кўз қирини ташлаб катта-катта очилган нурсиз кўзи бақрайиб турди ва кўзини уқалаб қаради, соқолини сийпаб, яктагини кўтарди ва кўксига «туп-туп»лади. Яна итига тикилди ва падарингга лаънат, дея уруғ-аймоғини ағдар-тўнтар қилиб, оғзи кўпириб, тупугини сачрата бошлади. 

Ит тишлаган этни Қизғалдоқнинг иссиғида идраб кетган ва тердан сарғайиб ҳидланган яктагига ўраб-чирмаб олишга олди-ю, энди нима қилишни билмай мустар қотди. Эл оқсоқоли Тиркашов муаллимга хабар берсинми? Йўқ-йўқ, унинг ўғли Ғармистондай катта шаҳарда эгарга ўтиргандан бери Тиркашов муаллим қутурган. Қулматдан бошқаларни ҳам қопяпти. Уни ҳам қуруқ қўймай бир-икки даврада изза қилгани бор гап. Эшонникига боришга борди-я, лекин эшони тушмагур ўтган кузда барзанги, қориндор ва калбош раисга Қулмат назир қилган улоқни сўйиб, анави зормандадан қуйиб, «Биз эшон бобонгиз бўламиз, сиз муридимсиз. Раҳматли отангиз хўб яхши одам эди. Сизнинг камолингизни кўрмай ўтди-да, эссиз, одам дегани шундай ўтиб кетаркан. Билмай қоларкансиз. У киши бизни тез-тез йўқлаб келиб, ўғлимнинг мартабаси улуғ бўлсин, деб дуо олгич эди», дея совхоз чўчқасига эгалик қилиши Қулматга қаттиқ ботган. У бундай пайтда гина-кудуратларни унутиш кераклиги учун унутмади, балки айни дамда довдираб қолганди. Шу боисми, оқсоқолу эшоннинг измига кўпам кирмайдиган ва улар юрган йўлларда оқсаб қолмайдиган Мулла махсумни барчадан маъқул билдими, уникига қараб бўри йўртиш қилиб боргунича ҳарсиллаб қолди. 

Махсумнинг эшигига борганида тонг отган эди. Мулла махсум аёлининг сочлари тўзғиб, бошидан сирғалган рўмолини нозик қўлига олиб, «Ҳув, ҳозир-ҳозир! Ҳу-в, ким? Ким эди?» деб овоз бериб подачига пешвоз чиқди. 
— Кеча Турдихол момонинг тили тортиб кетиб, болалари «чабҳачаб» бўлиб қолди. Шунқор Мирзомнинг отаси ҳам ўша ерда эди. Келганига бирпас бўлди. Озгина дам олай деганди. Нима? Ишингиз бормиди? Ё ошалолни бизникидан бошладингизми, подачи буваси?

Кўзини йиртиб очган хотиннинг товуқдай пат-патлашини Қулмат бўлди:
— Муллага айтинг, бизнинг бўсағага бир тирноқни ташлаб кетибди. Уни ит ўйнабди. 
— Аҳ? Нима! 
— Бизникига борсин! 

Мулла махсумнинг хотини сонига шапатилаб, додлаб уйига чопди: «Ҳу, отаси, кўргилик! Бу бир кўргилик! Сизга айтгандим тунавгида. Юзи қурғур янги ой ёнбошла-а-ган чалқанча, деб. Ўзига тинч, элга нотинч чиқди. Анави шўрникига, Қулмат шўрникига боринг! Туринг, турсангиз-чи, туринг… Отаси… Бу ётишингизда эртага Қизғолдоқни ер ютади ё сув олади. Шундайга ҳам Қулмат шўрни уйи куйибди. Куйиблар кетибди!». 

Буватиннинг[3] додини эшитган борки, аввал Махсумникига, кейин подачиникига чопди. Кетмон елкалаб далага кетаётганлар тўхтади. Жомадон кўтариб шаҳарга отланган оёқ илди. Папка қўлтиқлаб мактабга бораётган муаллим кирди. Қулмат подачининг томорқаси одамга тўлди. Қари-қурри, юзига ажин, сочига оқ оралаган, бир-икки ёш-яланглар ҳам қўшилиб, бинойидай давра бўлди-қолди. Болани мулла билан подачи кўздан кечирган, эл унинг онасини, сўнг отасини билмоқчи. Қулматга қолса, уни индамай кўпга қўшиб келмоқчи. Мулла махсум ҳам шу гапни маъқуллаб турибди. Тиркашов муаллим билан Эшон бува мулланинг, қолаверса, Қулмат подачининг гапига кирадиган аҳмоқ эмас. Улар ўша иштони йиртиқ падарлаънатини топиш ва Қизғалдоқ қишлоғидан беномусларни қувиб солмаса, ўзини бу ерлик ҳисобламайди. Буни элнинг олдида айтиб қўйган.

Қулмат даврага умри бино бўлиб бир маротаба — мўйи сабза уриб қорая бошлаган, овози дўриллаб қолган паллада чиққан. Ўшанда тирамонинг туни эди. Жинжаклида бир кураш бўлди, бир кураш бўлди! Рўзимурод полвон қизғалдоқликнинг кўкрак кериб юрадиганидан тортиб, полвонман деганигача барини ердан осмонга олиб, осмондан ерга урди. Қизғалдоқлик эрман дегани борки, ер билан бир бўлди. Ана шунда адашибми-нетибми Қулмат ирғиб майдонга чиққанди. Давра «гурра» кулди. Қизғалдоқлик полвонларнинг изи шу сағирга қолибди-да, деганлар ҳам бўлди. У қанотини қиздираётганида Тиркашов муаллим, эй, (кечирасиз), Тиркашов студент: «Қулмат бу ишингни йиғиштир», деса-да. Баковулнинг ўнгида, Рўзимурод полвон сўлида, Қулмат давра айланди. Зотига бир момо тугун[4], икки кигиз, бир улоқ айтилди. 

Баковулнинг овози даврадаги кулгини, шовқин-суронни кесди. «Худойим полвонларнинг белига куч-қувват, топганига файзу баракот берсин. Эй, биздан нима кетди. Кетса ҳам шу полвонларга кетди. Суйганлари майиз ҳам берсин», деб яна кулгига буриб қўйди. Томошаталаблар кулиб, бирдан жимиб майдонга тикилди. Рўзимурод полвон ортидан Қулмат даврани кезиб кураш туша бошлади. Рўзимурод ўйнади. Қулмат қунишди. Полвон Қулматга беписанд бўлиб икки қафас йиқитмай эзғилаб қўйиб юборди-ю, учинчи қафасда анг қолди. Қулмат уни на елкадан, на қўшшадан, на бурамадан олди. Ўнгига силтаб тортиб, сўлдан қоқма бериб, ер искамаган куракларини намчил сомонга босди-қўйди. Жинчаклиликлар: «Бошқатдан! Бу ғирром, ғирром!», деб тинмаса-да, Рўзимурод полвон майдонни тарк этди. Баковулнинг: «Полвон, исмингиз кимиди? Нима дейсиз? А? Қулмат. Қулмуҳаммад денг, полвон! Қулмуҳаммад денг!», дея «Бугунги курашда қизғалдоқлик Қулмуҳаммад катта полвон бўлди», деб элни дуога қўл очтириб курашга якун ясади. 

Бу олишув қизғалдоқлик тугул, жинжаклиликнинг, ҳа, айтганча, Ташман туяга ўхшаган бир-икки Рўзимурод полвоннинг жигарларини демаса, бошқаларнинг хотирасидан ўчиб кетган. Қулмат Рўзимурод полвондан бошқанинг ёқасидан тутмади. Қайтиб майдонга доримадиям. Шундай бўлса-да, унинг полвонлиги қоронғи тунларда, ёруғ кунларда оғиздан-оғизга ўтиб, шоҳулоқ пишган, қўноқ тушган даврани кезиб, «Қулмат ўшанда шалварини ҳўллаб қўйган, даврага чиқиш олдидан заранг таёғини сиққан жойи қизнинг сочидай тарам-тарам бўлиб қолган»лиги ҳақидаги миш-миш ва эмишлар орасида Зубайда билан бир мучал яшагунча исмига полвон сўзи эргашгани рост. 

Фалакнинг гардишини қаранг-а, ҳозир у шармандалик, шармисорлик даврасига чиқиб турибди. Ота-онаси нотайин бир парча этга катта аза, катта можаро. Қулмат подачи ўз элига юзланиб, зор қақшаб, ялиниб Мулла махсумдан неларнидир умид қилиб, Тиркашов муаллим ва Эшон бува бошчи эл билан курашди. «Кўпга қўшмоқдан бошқа даъво йўқ», деб муддаосини айтса-да, Тиркашов муаллим: «Кўпга қўшиш қочмайди. Сен олдин уни қандай топганингни айт, эл билсин», деб қистовга олди. Қулмат подачи гуноҳкор. Қулмат подачи айбдор. Айтар сўзини тополмай, ахийри, ит ўйнаб юрганини, боланинг эр экани ва ниҳоят, унинг суннат қилар жойини ит еб қўйганини айтишга мажбур бўлди. Оломон барибир уни ва ўша жойини кўрмоқчи, Тиркашов муаллим ва Эшон бува билан кўрса, ота-онаси топиладигандек, ўша жойи битадигандек, Қулмат подачи Қулмат ёлғончига, Қулмат қасамхўрга айланиб қоладигандек бўлди. 

Улар кўришди. Ундан ўзини олиб қочган кўпайди. Эшон бува Бўрибосарга ҳукм айтди. Оломон унинг ижросини талаб қилди. Ит осилди. Аммо у осонликча жон бермагач, Тиркашов муаллимнинг турткиси билан бир бўзбола итнинг бўғзига дами ўткир пичоқ тортди. Бўзболанинг бетига қон сачради. Қулмат подачининг юзини кўз ёшлари ювди. 

Оломон гўё шу томошага йиғилган ва муддаосига етгандек тарқаб кетди. Улар орасида Эшон буваям ғойиб бўлди. Тиркашовни оқсоқоллик юки ушлаб қолдими, уни Мулла махсум ҳам, Қулмат подачи ҳам билмайди. Яна бир-икки киши билан қуёш қиблага оққанида боламозордан бир ўра кавлаб, подачининг бойўғлихонасидан чиқаришди. 

Мулланинг юриш-туриши отамерос. Саҳарда азада, эртасига фотиҳада, сўнгига худойида қироат билан тиловот қилади. Азадорларнинг елкасига бош қўйиб, «Кўп куюнманг! У берганини олди-да», дейди-қўяди. Ачиниш, куюниш унга бегона. Негадир бугун унинг ранги қорайиб лаби ёрилибди. Қулматни-ку ўз дарди, қизғалдоқнинг иссиғи еб қўйган. Тиркашов муаллим асосига суянган. Икки-уч кишига «уй» кавлаганлар ҳам қўшилиб, саф кенгайиб мозордан жим қайтишяпти. Подачи чуқур «уҳ» тортди. Муаллим жимликни: «Қулмат, ичикма. Эл олдида айтганмиз, қачон бўлсаям Эшон бува билан у беномусларни топамиз. Қизғалдоқда қўймаймиз», деб бузди. Қулматнинг киртайган кўзлари гўристонга қадалди. Қип-қизил қизғалдоқлар очилиб ётган қабрлар орасидан митти мозорни топди. «Эҳ, сени шу кўйга солганнинг насли куйсин!» деганини билмай қолди. Бу негадир Тиркашов оқсоқолнинг қитиғига тегиб кетди. 
— Қулмат, элга бундай дейишга ҳаққинг йўқ!
— Элни демадим.
— Ҳозир у кимдан, билмаймиз-ку?
— Билмасак, индаманг.
— Элга сенинг бойўғлихонанг етмайдими-а?

Кесакдан олов чиққанидай мўнди чўққа айланди. Тишсиз оғзидаги тупукни Тиркашовга тортиқ қилди. Изидан ёрилиб ётган бармоқлари етмай бўйнига асо тегиб тўнтарилди. Юз-кўзи демай бошига, кўкрагига тепкилаётган Тиркашовни Мулла махсум тортди. «Эй, Бухор алдаркўсани боласи, сен шу тиримурдага эга чиқиб қолдингми ҳали! Бунинг-ку ўлиб қутулмаса қутулмайди. Сен биланам кўраман. Саҳарга қўймай бу ялоқхўрни бойўғлихонасига қўшиб ўт қўяман. Сенинг бошинга итнинг кунини соламан. Ўзи, куни билан кўзингни ола қилганинг ортиқча...», дея тинмади. 

Тиркашов муаллимдан ўтолмай мозорга бориб келаётганлар: «Домла, одам тенги билан жанжал қилади-да энди. Сиз у ялоқхўрни сўкканингиз ҳайф. Алдаркўсани боласиям бир гўр. Қулсан, қобилсан, асли наслингга тортасан, деган-ку. Шу алдаркўсага тортибди-да энди. Қўйинг, …вич эшитса хафа бўлади-я», деб овутган бўлди. У бўлса то уйгача мулла билан подачининг таърифини келтириб борди. 

Подачининг оғзи-бурнидан оққан оч қизғиш қон Мулланинг яктагиниям бўяди. Қулматни қўлтиқлаб «бойўғлихона»га олиб бориб бир кафт сув топмай ариққа ювинтирди ва Шунқор Мирзодан ош-овқат бериб юборишини айтиб, Мулла махсум жўнаб кетди.

Туни билан Қулмат подачининг уйқуси қочиб узоқ хаёлларга чўмиб, шифтга тикилганча ётди. Сас-садо йўқ. Ҳатто бойўғлиям жим. Ёта-ёта кулбасини сағанага ўхшатди. Ўзини унда ётган ҳисоблади. «Наҳот мен ўлган, сағанада ётган бўлсам-а? Ўлигимга ким эгалик қилади-а?!» Ўлимдан илк бора қўрққанидан отилиб ташқарига чиқди-ю қўлига кесак олиб кулбасига дўқ қилди, отолмади. Ич-ичидан келган алам қайтадан тислантирди. Остонада отасини кўриб боладай чопди. Отаси бағрига ўзини отди. Қучди. Сароб экан. Пешонасини остонага уриб ўкириб юборди. «Эй худо! Менга нега ризқ берувдинг!? Сарсон қиламан девмидинг!? Аҳмоқ қиламан девмидинг!? Ё, Тангри, айт, мендан нима ўтган, айт!? Сағир қилдинг, кўндим! Куттирдинг, чидадим! Отам сиғмаган дунёга, онам сиғмаган дунёга, болам сиғса бўлмасмиди, айтсанг-чи, айт!? Сенингам тилинг бор, айт!? Бировнинг молини олдимми ё жонини олдимми, уйини буздимми, айт қани, айт!? Ё берганингни мен нотавон билмадимми, айт!? Берганинг сағирликмиди ё бир гулни қўлимда сўлдирганингмиди!? Ўзи сен тўғри билан эгрини фарқлай оласанми, айт!? Ҳаромни урчитсанг, ҳалолни тўссанг, сенинг адолатинг шуми!? Менга яна нимани атаб турибсан, айт, айтсанг-чи!? Эсимни танибманки эзасан, эзғилайсан, тўймайсан, айт, ўзи қачон қўясан!?» Қулмат таъна қилиб, зорланиб толди, ҳовиридан тушди. Энди у ҳорғин овозда ғудранарди: «Эй, Тангрим мендан ўтгандир. Мендан бўлмаса аждодимдан ўтгандир. Майли, нима берган бўлсанг барига, қайғунгаям, қувончингаям шукур! Аммо мен сенинг луқмаси ҳаром, ҳирсига қул бандаларингдан нафратланаман. Нафратлансам нима қилай, ўзинг айт!?» Қулмат яна томоғига зўр бериб бақира кетди: «Нафратланаман, нафратланаман! Нафратланаман! …». Ўз ёқасидан олиб, ер муштлаб ётганини, яктагини йиртиб ташлаганини англаб, индамай осмонга тикилиб қолди. 

Юлдузлар ўша-ўша. Сомон йўли бурунгидек. Эшак ҳанграшию хўрознинг қичқиришида ҳам ҳеч бир нуқсон йўқ. У тонг отарни кутмай елкасига тўнини ташлаб Қизғалдоқни тарк этди. Қишлоқдан чиқаётганида узун вагонларини судраган, белига Кимкўрган — Ғармистон ёзувли поезд шитоб билан келиб «тақа-тақ» қилиб Қизғалдоққа бир тўхтаб ўтиб кетди. Унинг хаёлида йигитлик даври, худди шундай бир тун жонланди. Ўшанда худди шу поезддан бир болани эргаштирган кўккўз хотин тушиб қолган ва Тиркашовнинг уйини сўраганди. Ҳа, у бола ҳозир Ғармистондай катта шаҳардаги кимсан …вич, аҳли Қизғалдоқ у билан фахрланади. Бирови тўғри йўлдан озса, уни йўқлаб боради. Бирови мақсадга етаман, деб эгри йўл излаб боради. У шундай катта одам бўлган. Қизғалдоққа юриб келиб Қизғалдоқдан чиққан ва қизғалдоқликман деганига соя бераётган …вич! 

Қулмат кўп йўл юрмай подачилиги эсига тушиб таёғини излади. Ташман туянинг олдига бораман деб, бир қадам олса иккинчисини Тиркашов муаллимдан қочиб қўяди, учинчисини ўз ўтмишидан қутуламан дея ташлайди. У шу кетганча Жинжаклига, ундан Чаман гузарга, ундан Найзабулоққа ва Найзабулоқнинг суви тўкилиб турган дарёни ёқалаб яна кўп юриб Полвонариқнинг бошига келиб қолган.

Полвонариқ бўлса, ҳув, анави қишлоққа саҳарда бир тўйга етказган. У ўша тонгдан бери тўй-маъракаларда самовар ёқиб чой қайнатади. Тўйдан қайтишида болалар «самоварчи чол», деб ортидан эргашиб чопади. Бири тош отади. Бошқаси тош отганга дўқ қилади. Яна бири қўшиқ айтишини сўрайди. Унинг бисотида бор-йўғи такрор-такрор айтадиган битта қўшиғи болаларни анграйтириб қўяди.

Эчким туғди, сути йўқ.
Қумарасини[5] қути йўқ.

Овози эшитилмай, ўзиям кичрайиб-кичрайиб, бора-бора бир нуқтага айланиб, ёлғиз оёқ йўлга сингиб кетади.

Қаерда ётади, ким билан истиқомат қилади, буниси қоронғу. Қаерликсиз, деб сўраганларга чол шундай деган: «Ер куррасининг қоқ киндигидан кун чиқарга терс тарапдаги Лўлитоппасдан». Тўйдан олган қўниғини қўлтиғига қисиб, гоҳ тошлар орасида қолиб, гоҳ қўшиқ айтиб яна-яна ўз йўлига сингаверади. Кечалари узоқ-узоқлардан бир сибизғанинг товуши келса ҳамма «бу ўша — самоварчи чол», дейишади. Унинг ҳар замонда сакраб, қўлини баланд-баланд чўзиб рақсга тушиш одати борлигиниям, қишлоқ этагидаги кўл балчиғига ағанаб, шалварини байроқ қилиб чопиб юришиниям кўрганлар бор. Уни биров Қулмат деса, бошқа биров Қулмуҳаммад дейди. У ҳақидаги гап-сўзлар жуда урчиганидан қай бири рост, қайси ёлғонлигини ҳам билмайсиз. 

«Ёшлик» журналининг 2010 йил, 1-сонидан олинди.

  1. Жодраб — яйраб
  2. Марсиниш — мақтаниш
  3. Буватин — Мулланинг хотинига шундай нисбат берилади.
  4. Момо тугун — Ёши улуғ момолар тўйларда кураш ёки кўпкарига соврин учун махсус тугун тайёрлайди. Унинг ичига жойнамоз, белбоғ, маҳси ёки ширинлик солиб яхши ният билан тугиб қўйилади.
  5. Қумараси — боласи