OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНурмамат Алмуродов
Асар номиОдамнинг хўрози (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Нурмамат Алмуродов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Одамнинг хўрози (ҳажвия)
Нурмамат Алмуродов

Бугун Равшан ака Ҳазратқуловнинг ширкатлар уюшмасига раис этиб тайинланганига роппа-роса икки ҳафта бўлади. Бировни таниса, бировни ҳали яхши танимайди. Ишни нимадан бошлашни билмай хонасида хаёл суриб ўтирибди. Ногаҳон телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олиб, ўнг қулоғига тутди.
— Алло, яхшимисиз. Мен вилоят ҳокимлигидан Ҳамроқул Султоновман. Тошкентга бораяпман. Агар хизмат бўлмаса бир соат ичида катта йўлга Xўрозни олиб чиқинг, илтимос, — деди қисқагина қилиб.

Равшан ака шундай катта лавозимдаги кишининг ўзига яқин олиб иш буюрганидан боши осмонга етиб:
— Xўп, акажон, бир оғиз гапингиз. Бошқа хизматлар бўлса ҳам бош устига. Ҳеч тортинмай айтаверинг, акажон, — деб гўшакни жойига қўйди.

Дарҳол вақтни қўлдан бой бермаслик учун уйига келиб, хотини Ойбарчин билан маслаҳатлашди:
— Каттаконлардан бири хўрозни олиб чиқинг, Тошкентга бораяпман, деб сим қоқди. Аммо нечталигини айтмади. Қўчқорни олиб чиқинг, демайдими. Кўкракни кериб, бўрдоқи ҳисори қўчқорлардан бирини олиб чиқар эдим. Ҳокимлар ҳам қизиқ. Арзимаган паррандани нима қилар экан, хотин.
— Э, дадаси, жуда ҳам соддасиз-да, — деди Ойбарчин билағонлик қилиб, — хўрозга ишқибоз бирорта нозик одамга совға қилса керак. Ўки бирорта яқин кишиси шифохонада ётган бўлса, фолбин-солбин қон чиқариб, хўроз билан қоқтириб ташланг дегандир. Қани, тез бўлинг, кечикасиз, — деб товуқхонадан иккита даканг хўрозни ушлаб берди.

Равшан аканинг кўнгли жойига тушиб мошина тезлигини оширди. Ҳамроқул Султонов аллақачон ўзи айтган жойга келиб, йўл бўйидаги чинор тагида кутиб турган экан. Салом-аликни ҳам насия қилиб:
— Xўроз қани, Xўроз? — деди.

Равшан Ҳазратқулов қош қўяман, деб кўз чиқариб қўйганини ўзи ҳам билмай:
— Мана, акажон, — дея илжайиб мошинаси юкхонасидан оёғи маҳкам боғланган иккита семиз хўрозни олиб кўрсатди. — Мошинанинг қаерига қўяй.

Султонов етти ухлаб тушида кўрмаган бу қизиқ воқеадан ҳайрон бўлди:
— Нима деяпсиз, Равшанбек, — деди кулиб, — бу бўлмайди...

Жабборқулда жон борми деганларидек, раис Равшан Ҳазратқулов:
— Бўлмаса бошқасига алмаштириб келаман, — деб югуриб кетаётганди, шунда Султонов қатъий:
— Тўхтанг! — деб орқасига қайтарди. — Қанақанги гапга тушунмайдиган одамсиз. Мен сизга товуқнинг хўрозини эмас, одамнинг хўрозини — оққовунлик моҳир фермер Xўроз Абдужабборовни олиб чиқинг дегандим. Ўзим билан у кишини эртага Тошкентда бўладиган катта йиғилишга олиб бормоқчи эдим. Аттанг, вақтим бекорга кетди.

— Э, шунақами. Узр, акажон. Мен каллаварам бошқача тушунибман, — деб Равшан Ҳазратқуловнинг нафаси ичига тушганча, Xўроз Абдужабборовнинг уйига қараб оқ «Нексия»сини елдик учириб кетди.