OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНусрат Раҳмат
Асар номиГўрков (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нусрат Раҳмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм133KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Гўрков (ҳикоя)
Нусрат Раҳмат

Унинг номи ёдда қоладиган, болохонадор - Ашуралиохун. Орқаворотдан гўрков дейишади; тенгдошлари орасида Ашурали, Ашур, Аши дейдиганлар ҳам анчагина.

Отасининг оти Муҳаммадалиохун бўлган. Шунчаки, Охун, ёки гўрков дейишган.

Аслида, охун деганда, ўқимишли, зиёли кишилар назарда тутилади. Лекин, кўрган-билганларнинг гувоҳлик беришича, отаси, ҳатто имзо чеколмайдиган саводсиз, итоаткор, бир оз баджаҳл, жоҳилроқ киши бўлган; жаҳли чиққанда, зуғум билан бош бармоғини икки бармоғи орасидан чиқариб кўрсатадиган хунук одатини умрининг охиригача ташламаган.
— Отам кўз ўнгимизда онамни дўппослаб қоларди,- дейди Ашуралиохун, бу ҳақда гап кетганда,- укам иккаламиз зириллаб турардик, нима қилишни билмай, жуда ўсал бўлардик. Феъли ғалати эди: биров арақ узатса, қўлини қайтармасди; кайфи ошганда гўрковлиги билан мақтанар, Худонинг назари тушган касб, деб гарилларди. Биров манзират қилмаса, ойлаб оғзига олмас, унутиб юборар, ичганларни лаънатлаб қоларди. Бирорта художўй мачитга таклиф қилса, эргашиб кетаверар, бошқа вақт қабристондан чиқмасди.

Майли, отасини қўятуриб, ўзига таъриф берайлик. Ўттиз ёшларнинг нари-берисидаги бўйчан-у ўйчан, раҳмдил-у содда; сочини мудом қиртишлатиб, дўппини бостириб кийиб юрадиган, қўнғиз мўйловчаси ўзига ярашган, юзи чўзинчоқ, озода, қирғийбурни ҳийла катта бўйдоқ йигитни кўз ўнгингизга келтира оласизми? Бунга қўшимча қилиб, дона-дона, қисқа қилиб, кесиб гапириш, бирор юмушни бошлашдан олдин қўлларини бир-бирига ишқаб, кулиб қўйиш одати борлигини ҳам айтиб ўтишимиз ортиқчалик қилмас.

Сўнгги ўн-ўн беш йилда ёш авлоднинг ўзига хос гуруҳи шаклланди. Уларни шўролар давридаги тенгдошларига таққослайдиган бўлсангиз, ғалати тафовутларни кўрасиз. Янги авлод, кўпроқ қўл телефони, компютер, дисплей, дискета, диск, автомобилларга боғланиб қолгандай бўлиб кўринади. Бу - масаланинг фақат техник томони. Улар ғоялар излаш, унга эргашиш, маслакка эришиш, уни байроқ қилиб кўтаришдан кўра пул топишни афзал кўришади. Партиявий мансубликка аллақандай зоҳирий киноя билан ёндашишади. Ҳар қандай сафсатавозликдан фарқли ўлароқ пул - озодлик, фаровонлик сарчашмаси деб билишади, миллий ғурур ҳақида гап кетганда, бошқа миллатлар ҳақида бетакаллуфроқ гапириб қўйишади.

Ашурали охун ҳам шу тоифага мансуб, албатта. Фарқи шундаки, кўпроқ китоб ўқийди. Кўп ўқиган - кўп билади, дейишади; аслида бу дунёда ҳаммаси нисбий. Соддадил Ашурни мактаб боласи ҳам чув тушириб кетиши мумкин. Шунчаки, имконияти ўқишни тақозо этади: у фақат гўрков эмас, қабристон қоровули ҳам ва айнан қоровуллиги учун маош беришади. Қабристонда эса ўғри ўмарадиган юмурта ҳам бўлмайди. Марҳумлар бир-бирларининг кафанларига кўз олайтиришмаганидек, тириклар ҳам бу ерга кирганда, ногоҳ охиратни ўйлаб қолишади.

Хуллас, китоб ўқиб ётиш учун энг ўнғай вазият. Албатта, ҳушёр бўлиб туриш керак: тозаликни сақлаш, хас-хашакларни вақтида йиғиштириш, марҳумлар хотирасига дуо-ю фотиҳа исташган савобталаб қавмларнинг илтимосларини адо этиш ва энг муҳими, бирор киши бандаликни бажо келтириб қўйса, қабрни айтилган вақтда тайёрлашга ҳам етарлича вақт қолади.

Ашурали бу юмушларни бекаму кўст, сидқидилдан уддалайди. Ишининг ўнғай томонларини билади. Масалан, тиғиз пайтда, мардикор чақириб, чуқурни (улар айвон дейишади) аввалдан қаздириб қўяди, лаҳатни эса ўзи жаноза олдидан тайёрлайди ва отасига ўхшаб, юзлаб ғамзада одамларнинг кўз ўнгида қабрдан тупроққа булғаниб чиқишни хуш кўради.

Сиз спектаклдан кейин томошабинларнинг бир маромдаги қарсаклари остида қимтиниб саҳнага чиққан актёрни кўз олдингизга келтира оласизми? Унинг камтарона нигоҳларида барча қийинчиликлар, етишмовчиликларга қарамай касби-коридан зоҳирий мамнунлик ҳисси жўш уришини, бояқишга мана шу қарсакдан кўра қадрли бойлик бўлмагандек сарафроз туришини кузатганмисиз? Гўрковлар ҳам қабрдан чиққанда, шундай туйғуни бошдан кечиришса ажаб эмас. Зеро буни тасвирлаш мушкул - туйғуни фақат туйиш мумкин.

Майли, Ашуралиохун ҳақида гапираётган эдик. Қуръоннинг ўтли оятларини қироат қилганида, вужудингизга титроқ киради. Даромаднинг бир қисми эса қироатдан келади. Хотира ва қадрлаш куни, Наврўз байрамларида дуоталаблар навбатда туришади, кўпроқ пул беришади.

Баҳсу мунозараларда қўли баланд келишига ишонса ҳамки, кам аралашади. Дин тарихини яхши билгани сабаб, вақтида отасини нописанд қилган айрим муллалар ундан ҳайиқишади, чаласаводликлари ( уларнинг кўпчилигига хос қусур) фош бўлишидан чўчиб, ясама мулозиматлар қилишади.

Аммо ўзининг ҳам бир қусури, ўз ибораси билан айтганда, «ожиз томони» ҳақида тил тишласак, инсофдан бўлмас. Бу одам хотин-қизлар масаласида…

Йўқ, йўқ, ундай хулосага келманг. У аёл зотига жуда бепарво, улардан нарироқ юришни афзал билади. Аммо улар…

Аёл зотига тушуниш қийин: бу гўрковнинг нимасини ёқтиришади - тушуниб бўлмайди. Касби-корининг сирли, аллақандай мавҳумлигими; қўнғиз муйловчасими, қадди қоматими, озодалигими, қирғий бурнининг андак катталигими…

Муомалада қачон, қаерда, нима дейишни билишдан кўра, зарур ўринда итоаткорона сукут сақлашда гап кўп, дейишади. Аёл билан мулоқоти пайтида Ашига зимдан назар ташласангиз, бўйнини сал эгиб, бир маромда бош тебратиб маъқуллаб туриши, таажжуб ва таассуфларини очиқ намоён этишда истеъдодли актёрлардан қолишмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. Тинглашдан кўра гапиришни хуш кўрадиган хотинларга унданда дилкаш суҳбатдош топиш мушкул. Эҳ, аёллар сабаб бўлиб, не-не маломат-у таҳликаларни бошдан кечирмади шўрлик.

Одамларга аввал нон керак, кейин ҳангома дейишади. Ашуралининг шу ёшгача бўйдоқ юриши, сирли учрашувлари ҳам ҳангоматалаблар учун бир эрмак. Дунёвий воқеалар бир чеккада қолиб, унинг ўйнашвозлиги, бўйдоқлигини муҳокама қилишади: турфа тахминлар, башоратларни қаторлаштиришади. Ўзининг эса жавоби аниқ:
— Ўттиз ёшгача уйланмаган, кейин ҳам уйланмайди, ўттиз бешгача бойимаган, кейин ҳам бойимайди.

Бу гапни қаердан олганлигини эшитинг.

У пайтлар медитсина техникумида (кейин коллеж дейиладиган бўлди) ўқирди. Дўстлари билан дарсдан чиқиб кетаётганда, лўли аёл русчалаб ўзи томон чорлаётганига гувоҳ бўлишди. «Ҳей, ғофил бандалар! Сизларни нималар кутаябди, биласизларми? Тақдирларингдан огоҳмисизлар? Тезроқ келинглар, барини аниқлаб бераман!»

Аёлнинг қаршисида яшил рангга бўялган қути бўлиб, унинг сиртига каламушга ўхшаган жониворнинг расми беўхшов қилиб чизилганди, ёнида кутубхонанинг картотека қутичалари, ичида букланган қоғозлар. Аёл қутичани секин тақиллатиб: «Менинг доногинам, думбоққинам, чиқақол, бу одамнинг тақдирини аён қил,» деса, ундан юмронқозиқдан хийла каттароқ ( кейин билса, русчасига - хомяк, ўзбекчасига - оғмахон, дейишаркан) жонивор чиқиб, атрофга синчков назар ташлар, эгаси имлаган кишини бошдан оёқ кузатгандай бўларди. Сўнг қутича устида юриб, қоғозлардан бирини суғурарди. Навбат Ашурга келганда, жонивор қутичаларнинг устида роса айланди-ю, қайтиб инига кириб кетди. У пулига ачиниб турганда, бекаси тағин чорлади. « Чиқақол, дўмбоғим. Уни аччиқ қисмат кутаётган бўлса ҳам майли. Сенинг вазифанг - огоҳ этиш…» Оғмахон бу гал бир хатни суғурди-ю, Ашига мунгли термулгандай бўлди. Лўли аёлнинг аччиқ қисмат ҳақидаги эслатмаси, жониворнинг нохуш нигоҳи унинг дилини пича хира қилди. Буклоғлик қоғозни Ашуралига узатишди. Рус тилида ёзилганлиги сабаб, унчалик тушунолмади ва чўнтагига солиб қўйди.

Рус гуруҳида Марина деган, дўндиққина қиз ўқирди. Кечқурун ётоққа қайтгач, ўшандан хатни таржима қилиб беришни сўради. Аммо у ўзбекчани яхши билмагани сабаб анча қийналишди: таржима чала-чулпа чиқди.

«Билиб қўй: ўттизгача уйланмаган бўйдоқ кейин ҳам уйланмайди, ўттиз бешгача бойимаган қашшоқ кейин ҳам бойимайди, қирқ ёшгача касбини ўзгартирмаган овсар кейин ҳам ўзгартирмайди …».

Юз ёшгача ёзилган эди башоратнома, аммо қолганларини тушунишмади. Охирги жумлани ағдариб, ўзлари ҳам кулиб юборишди. «Аёл - буюк… алдовчи. Панд емай десанг, у билан танишишдан олдин ажралишни ўйла».

Шу-шу бўлди-ю, Марина ундан ажралмайдиган бўлиб қолди. «Аши, сен жуда симпатичнийсан: китоб ўқисам, унинг саҳифасидан; телевизор кўрсам экранидан қараб тургандай бўласан» деди кўп ўтмай, дард билан. Ашур унга нисбатан совуққонроқ, лоқайдроқ бўлиб юрди. Йўқ, келажакда ажралиш мушкул бўлишидан кўрққани йўқ, «сен гўрковнинг боласисан, кўрпангга қараб оёқ узат» деган мушоҳада унинг этагидан тортиб турарди. Марина эса уни жону-ҳолига қўймас: кинога, музқаймоққа таклиф қилаверарди. Шу қиз сабаб бўлиб, русчани унча-мунча ўрганди.

Майли, гапни мухтасарроқ қилайлиг-у, тағин жилла орқага қайтайлик.

* * *

Бу дунёда кўп нарса, аввал айтганимиздек, нисбий ёки тасодифийдир. Жумладан, унинг коллежга кириб ўқиши ҳам.

У пайтларда (еҳтимол, ҳозир ҳам шундайдир) ёшларнинг аксари юрист ёки журналист бўлишни орзу қиларди. Ана шу факултетларга бир киши ўрнига ўн-ўн беш киши ҳужжат топширарди. Ашурали ҳам баланд дорга осилди - юристликни танлади. Бу ниятини минг истиҳола-ю, хавотир билан отасига айтган эди, у сукут сақлаб қолди. Чунки қабрнинг лаҳатини қазишда ўғли энди ёнига кираётгандида.
— Ким бўласан битказиб?- сўради ниҳоят.
— Прокурор.
— Эй-й,- ижирғинди отаси. - Бир прокурор бор эди, отасининг гўрини қазиган эдим. Бир куни келди-ю, гўр атрофидан икки сотих жойни банд қилиб кетди. Бу гапни оқсоқолга айтгандим, …ни ебди - бир бошдан қазийбер, деди. Шунда ҳам ярим сутихча қолдирдим. Кейин ўдағайлади: «Қаматиб юбораман!» деди. «Хўп,- дедим, аммо ичимда: Сен мени қаматолмайсан, локинда мен гўрингни қазийман», дедим. Боплабманми? Икки йилдан кейин ўлди. Тошкентдан келаётганда, мошиннинг эшиги очилиб кетган. Эшикка суяниб ухлаб қолган эканда, шўрлик. Ким билади - душмани қилганми… Отасининг ёнидан жой кўрсатишди. Бир оз қазидим-у, шумлигим тутди: «Ер қаттиқлик қилаябди, гўр юл бермаябди», дедим, акасига. Қўрқиб кетди: «Олганингни ол, аммо бу гапни чиқарма», деди. Тағин кўнглимга шайтон оралади: «Лаҳатни калтароқ қил, оёғини букиб ётсин, қизталоқ», деди. Аммо, Худодан қўрқдим! Умрим бино бўлиб бунақа иш қилмаганман. Бировга фалон сўм берасан, ҳам деганим йўқ. Уни ҳам берганини олдим. Бир сигирнинг пулини берган экан, шоввоз. Шу пулга ҳалиги олани олган эдим, аммо соғдиргани қўймади. Ўзим соғсам индамай турарди-ю, бошқани юлатмасди. Сигир соғиб юриш гўрковнинг обруйига тўғри келмайди, деб сотдим. Пулни олиб қўйибман - сен олақол. Барибир, ўқишга бепул олмайди. Кейин…»

«Майли, узундан-узоқ тафсилотлардан танг бўлган ўғли унинг гапини кесди-, турсин, кейин оламан.»

Ҳеч ким пул таъма қилмади. Ундан чандон баланд балл тўплаганлар ҳам ҳужжатларини қайтариб олишга мажбур бўлдилар. У ҳам навбатда турганида, девордаги умидбахш эълонни ўқиб қолди: « Ўқишдан қайтган бўлсангиз, ўксиманг. Биз сизга ёрдам берамиз. Медитсина коллежимиз сизга мунтазир. Инсон саломатлиги учун курашишдан кўра буюк бахт борми?..
— Прокурорликни ёмонладингиз, шунинг учун духтирликка кирдим,- деди отасига.
— Духтурнинг ҳам супраси қуруқ,- деди у,- Соли духтурга озгина пул берган эдим - икки йилдан бери қочиб юради. Аммо гўрковдан ҳеч ким қочиб кетолмайди: бир кунмас-бир кун келади. Ўзи келмаса, галалашиб кўтариб келишади.

Ўқишни битиргандан кейин сил касаликлари шифохонасида иш борлигини айтишди. Марина ҳам унга эргашди. Бу ерда икки ҳафтача малакаларини оширгач, уни навбатчи фелдшерликка, Маринани лабораторияга ишга тайинлашди. Ашуралиохун меҳр билан, астойдил ишга киришди. Бўлим мудири қатиққўл, талабчан эди; ҳар эрталаб қисқа йиғилиш ўтказар ва кўпроқ масъулият ҳақида гапирарди. «Гиппократ қасамёдида: «ҳар бир беморни отам, онам ва жигарим деб биламан» деган гапни ёддан чиқарманглар» дерди у. Ҳа, масъулиятли эди Ашуралининг вазифаси ва ана шу омил уни руҳлантирарди ҳам. Оғирлашиб қолган беморлар палатасига бир ҳафта кундузи, иккинчи ҳафта кечаси навбатчилик қиларди. Врач белгилаган дориларни бериш, укол қилиш, баъзида овқатлантириш, зарур бўлганда, ҳожатига кўмаклашиш унинг зиммасида эди. Аммо маоши йўлкира билан тушликка учма-уч етарди. Шунинг учун, дастлаб дадасидан бир-икки бор пул сўради-ю, кейин ҳамияти йўл бермади: ишдан кейин қабр қазиш, дуо-ю, фотиҳа ўқишда давом этди. У лаҳат ўяётганда, отаси юқорида турар ва тинмай гапирарди.
— Тугунни бир қўл билан ечиб бўлмайди: лаҳатни ичига кир, айвондан туриб қазима: тор бўлиб қолмасин!
— Биламан,- дерди у отасини тинчитиш илинжида.

Муйсафид жилла тин оларди-ю, тағин ўша шанғи овозда давом этарди.
— Одамлар қурумсоқ бўлиб кетаябди. Авваллари берган пуллари бир қоп ун билан икки кило гўштга етарди. Энди… Қара, марҳумнинг бегоҳи жума, йигирма, қирқида катта зиёфат беришади - нақ тўйга айлантиришади, шоввозлар. Миллион-миллион сўмга тош қўйишади. Билсанг, буларнинг барини ўлик учун эмас, ўзлари учун, обрў орттириш учун қилишади. Ўликнинг давоси эса - кўммоқ. Бундан бошқа бари бекор гап! А, гўрковни рози қил, номард!

Ашурали бу ишларни пинҳоний бўлишини истар, айниқса, ишхонасидагилар гўрковлигидан хабар топишларини хоҳламасди.
— Ойлигинг қанча,- сўради бир куни отаси хавотирланиш билан.

У икки ҳисса кўпайтириб айтди.
— Шу ҳам пулми.- деди муйсафид,- бирорта бойнинг гўрини қазисам, икки баравар кўп ҳақ беради. Мана шу мозорни ўтини яхшилаб ўриб олсанг, иккита новосни боқишга етади. Бу - фалон сўм бўлади. Ҳозир одамлар дую фотиҳага ҳам яхши ҳақ берадиган бўлган…

Шифохонада қарийб бир йил ишлади у. Ўша тунда бир бемор оғирлашиб қолди. Чўп-устихонга айланган, ранги ўликникидай заҳил чол ёшини яшаб, ошини ошаб қўйганди. Ўпкасининг озгина қисми соғ қолгани сабаб ҳаво етмас, боз устига, вужудидаги оғриқ азоб берарди. Гапдан, овқатдан қолганди, аммо юракка қувват берувчи укол, дорилардан кейин бир неча дақиқа шивирлаб гапирарди. Хуллас, Азроилнинг нохуш шарпаси палатада бўлмаса ҳамки, йўлак ёки ҳовлида кезиб юргани аниқ эди. Оғзини каппа-каппа очганича «ҳаво, ҳаво», шивирлай бошлади бемор. У деразаларни очиб қуйди, аммо муйсафиднинг нолиши камаймади. Ашур унинг оғзига кислород резинасини тўғрилади; бемор жимиди. Кўп ўтмай ўзи ҳам мизғиб қолди.

Тушида қатор қабрлар эмиш. Кафанга ўралиб ётганлар нуқул: «ҳаво, ҳаво» деб илтижо қилармиш. Ногаҳонда улардан бири Ашуралиохуннинг оёғига нўқийбошлабди. Ўйғонса, ҳалиги чол, ҳақиқатан ҳам ўпкасига ҳаво етишмай зорланаётган, унинг оёғига ожизгина туртаётган экан. Кислород ёстиқчаси эса олиб ташлаганди.
— Мусулмонмисан,- деди бемор зўрға шивирлаб.

У ажабланди, бош силкиб маъқуллади.
— Бир савоб иш қил, болам.
— Хўш?
— Мени буғиб ўлдир - қутулай…

У нима дейишини билмади ва инкор маъносида бош тебратди. Сўнгги илтижоси рад этилган бемор ўкинди, кўзига ёш олди,сўнгги кучини тўплаб шивирлади:
— Лаҳатга киргур! Падарингга…

Чол кислород резинасини қайта оғзига олмади ва эрталаб жон берди. Ашуралиохун унинг юзида жамики уқубатлардан бир умрга халос бўлган кишидаги мамнунликни илғагандай бўлди. Интизомни биринчи ўринга кўядиган бўлим мудири кислород ёстиқчаси анча нарида ётганини кўрди, бунинг устига марҳумнинг ости ҳўл эди. Ашуралига заҳрини сочди.
— Қарасанг бўлмайдими? Шунинг учун маош оласан-ку!

У индамади, аммо тақдир унга ўгай ўғилдек қараганидан, эшигини омад умуман тақиллатмай қўйганидан жуда ўкинди; кечқурун отасига сўнгги қарорини айтди.
— Ишга бормайман! Сиз билан бўламан! Лаҳатга кираман!
— Бизнинг авлоддан гўрковликни ташлаб кетганнинг бирортаси ёлчимаган,- деди отаси, жилла сукут сақлаб, масаланинг моҳиятига етгач,- чунки касби-коримизга дуо кетган.

* * *

Гўрковликдан ор эмас, фахр қилишим керак, деган хулосага келди у ва қабристондаги қоровулхонада муқимроқ жойлашди.

Бир куни уйга кирса, онаси йиғлаб ўтирибди.
— Отам урдими?- сўради андак қаҳрга миниб.
— Бўёқчиникига боргандим… совчиликка - ақалли эшигидан киритмади.

Ашуралиохун тутақиб кетди.
— Хотинни мен оламанми, сиз? Нега сўрамайсиз? Бундан кейин ҳеч ёққа борманг - ўзим топаман!

Одамлар, гарчанд, гўрковга ишлари муқарар тушиши, у билан ҳисоблашиш зарурлигини билишса-да, азал-азалдан қиз бериш, қуда бўлишга ор қилишлари унинг руҳини эзарди.
— Борманг! Тамом! Ўзим топиб қўйганман!- чала қолган гапини мухтасар этди у.

Онаси кўз ёшларини артиб, ажабтовур жилмайди. Ахир, эшикма-эшик юрак ҳовучлаб юриш унга ҳам осон эмасди-да. Табиийки, шундан кейин чол-кампир бўлажак келин билан астойдил қизиқиб қолишди. У минг бир ҳижолатвозлик, андиша билан Марина ҳақида сўз очганда, дастлаб жим туришди. Биринчи бўлиб отаси овозини кўтариб қолди.
— Бўлмайди! Тўғри келмайди! Ғайридин экан!

Ашурали жуда ўкиниб кетди, чунки қайсар муйсафидни фикридан қайтариш қийинлигини яхши биларди. Марина эса ҳомиладор бўлиб қолганди. Отаси шанғи овозда давом этарди.
— Бир жўрам шунақа намоқул иш қилганди: ўрисга уйланганди. Ўлгандан кейин гўрини қазидим. Хотини айтибдики, бу киши партийний - ўрис мозорга қўясизлар. Шундай қилишди. Бу ердаги гўр ҳозиргача оғзини очиб ётибди.
— Бўлди қилинг,- эшитгиси келмади Ашуралининг,- ундай бўлса хотин олмайман!
— Олмасанг садқаи сар!- қисқа қилди отаси ҳам.

Шўрлик Марина уни роса лаънатлади, қарғади; шукрки, кўп ўтмай бахти чопиб, бир миллатдошига турмушга чиқди.

Шу орада, кутилмаганда мусибат рўй берди: ота арзимаган сабаб билан бандачиликни бажо келтириб қўйди.

Улар айвонда дам олишаётганди ўшанда. Отаси чанқаган экан, шекилли, чойнак жумрагидан совуган чойни симирди-ю, илкис сесканиб тушди, юзи таниб бўлмас даражада буришди. Кейин чалажон арини туфлаб ташлади. Жумракдаги ари унинг танглайига ниш санчган эди. Ашуралиохун қўрқиб кетди - чунки кекирдак йўли шишиб, нафас ўтмай қолиши мумкинлигини биларди.
— Туринг, тезроқ, духтурга борамиз, деди.
— Ари чаққанга ҳам духтурми,- деди ота.

Жону ҳолига қўймай, эски «Жигули»сига миндирди ва тезликни оширди. Отаси йўлдаёқ хириллаб қолди. Докторлар зудлик билан ўртага олдилар. Бундай пайтда нафас йўлига бир қаричча келадиган махсус темир найча суқиб қўйилиши керак экан. Аммо бутун бошли бир шифохонадан ўша матони излаб топишолмади. Отаси шундайгина қўлида жон берди. Бош врач докторларга бақириб берди.
— Оператсияга ётқизиш керак эди!

Ашурали дард чекиб йиғлади: отасига, медитсинанинг аҳволига жуда ачинган эди у. Жаноза-ю маъракаларни муносиб қилиб ўтказди. Қабристон ҳам, рўзғор ҳам ўзига қолиб кетди.

Қабристон шаҳардаги беш маҳаллага тегишли бўлиб, бир ёғи катта кўчага туташ эди. Ана шу томонда унинг ҳашаматли, ўймакор дарвозаси, нарироқда мўъжазгина чойхона бўларди. У шу ердаги картда ўтирганда, қизчасини етаклаб келаётган жувонни кўрди. Йўқ, аёлга эътибор берган эмас, боласи жуда жажжи, ширин эди. Қизалоқнинг ялтироқ матодан тикилган калта, бурама кўйлакчаси, қоп-қора жингала сочларига термулиб қолди. Алланималар ҳақида ширинзабонлик билан гапириб келаётган қизча Ашуралиохунни кимгадир ўхшатдими, нигоҳларидаги меҳрни туйдими, ҳайтовур у томон талпинди; Аши қизчани бағрига босди. Илк бор бесамар ўтиб кетаётган умри, зурриёт хусусида уйлади. Қизалоқнинг ним табассум қилиб турган онасига бир сидра назар ташлади.
— Сиз дадасига ўхшар экансиз,- деди жувон маҳзун бир такаллуф билан.
— Дадаси?..
— У киши Кореяга ишга кетганлар.

Улар эртаси ҳам худди шу вақтда ўтишди. Ашурали шундай бўлишини кўнглидан ўтказганди ва чўнтагига солиб қўйган конфетни қизалоққа узатди.

Шу билан уларни ёддан чиқариб, ўз иши билан андармон бўлиб кетганди. Аммо бирор ҳафтадан кейин жувон боласини етаклаб, қабристонга кириб келди. Бу нозанин билан боғланиб қолишдан зоҳирий хавотир тортган бўлса-да, қизчани эркалади ва беихтиёр аёл билан гаплашиб қолди. Шаҳарга туташ қишлоқда яшаркан, боласини шу томондаги боғчага олиб келар экан.
— Ўзим ҳам шу ердаги боғчада тарбиячиман,- деди негадир қизариброқ. Гарчанд Ашуралиохун сўрамаган бўлса-да, сўзамоллик билан гапга киришиб кетди: оти Гулюз эканлигини, қайнотаси шаҳар билан қишлоқ туташган маҳаллада оқсоқоллик қилишини айтиб, мақтангандай бўлди.

Ашурали унга зимдан назар ташлади: юзи нозик, нафис, чеҳраси маюс, ёқимли эди, вужудидан соғломлик барқ уриб турарди. Қора трикодан тикилган кастюм ва юбкаси қоматига ярашиб тушганди.

«Эри Кореяда эканлигини нега айтди», деб мушоҳада юритди ўзича. Уни кузатиб қўйди-ю, дилида меҳр ўйғонгандай бўлди, бу гал келса, ўзгача оҳангда гаплашишни кўнглига тугди.

Гулюз бу гал боласини қолдириб келганди. Ҳаяжонданми, ҳадикданми юраги енгилгина ураётганлигини фаҳмлаш қийин эмасди. Помада суртилган лаблари бўсага илҳақлигини фаҳмлаган Ашуралиохун уни қоровулхонага таклиф этди. «Кейин-кейин», деди эҳтиросдан кўзларини юмиб олган жувон ва вужуди бирдан бўшашиб кетди.

Сўнг иссиқ овқат, вино олиб келадиган бўлди. Шундай азиз жойда бемаъни иш билан шуғулланиш уволлигини, маҳалладагилар билиб қолишса, гап чувалашиб кетишини биларди у. Шу билан бирга: «Сир сақлашда марҳумларга тенг келадигани йўқ», деган юпанч билан ўзига таскин берарди. Буниси ҳам майли: шу орада Марина уни излаб келадиган бўлди. «Сени эринг бор, энди қўяқол», деса, «Аши, сен менинг кўз очиб кўрганимсан» дерди. Орадан ҳафталар, ойлар шу тариқа шўхлик билан ўтди.

Бу гал ташриф буюрган аёл ҳақида Ашурали анча-мунча маълумотга эга эди. У араб мамлакатларидан бирида қолиб кетганини, у ердаги катта савдогарга тўртинчи хотин бўлганлигини эшитганди. Қорамағиз бу аёл бошдан оёқ қора либос кийган, қўл ва бўйнидаги олтин, бриллиант тақинчоқлар меёрдан кўпроқ эди. Қўлида бир даста гул.
— Эримнинг хотирасига дуои-фотиҳа қилсангиз,- деди.

Бундан бирор йил муқаддам ўзини осган йигит қабри бошида тин олдилар. У қироат қилди, кейин аёлнинг ўзи ҳам дуо ўқиди; эрининг хислатларини хотирлади ва улар осонгина ажрашдилар.

У бирор ҳафтадан кейин тағин келди ва Ашуралининг дилига ногаҳоний ғулғула солди. Бу гал жувоннинг рафтори батамом бошқача эди: у сурбетларча карашмалар, нозлар қилабошлади. Ашур қоровулхонага кириб келганди, орқасидан эргашди. Мастона кўзлар тўқнашдилар ва Аши тағин қасамни бузиб қўйди. Қўллари қалтираб, аёлнинг ҳарир сийнабандини назокат билан ечди.
— Энди келмаганингиз маъқул,- деди хайрлашишар экан,- қабристонда увол…
— Буни бошқа ўйнашларингизга айтинг,- деди анчайин шаддодлик билан. - Айтмасангиз, ўзим айтаман! Уларнинг кўпини танийман.

Унинг дили нохуш ва беҳузур бўлиб кетди. Шу-шу Ашурали ҳақида нохуш сафсаталар кўпаябошлади. Бу гапларни ўша енгилоёқ жувон тарқатаётганини у ҳис этди, аммо боисини тушунолмади. Барини аёл макрига йўйиб қўяр экан, биз замонлар оғмахон олиб берган қоғоздаги « Аёл - буюк алдовчи. Панд емай десанг, у билан танишишдан олдин ажралишни ўйла» деган ёзувни эслади.

Маҳалла йиғилишида мозор фоҳишахонага айланганини айтишгач, Ашур бу ердан насибаси узилганини фаҳмлади. Унга анча ёғли ишларни ҳам тавсия этдилар, аммо ўз касби корини ташлаб кетишга кўзи қиймасди. Жонига оро кирадиган Гулюз бўлишини эса кутмаган эди у.
— Гўрковимиз кексайиб қолган, ўрнига одам излашаябди-, деди. - Қайнотам билан гаплашиб, ҳал қилиб бераман.

* * *

Бу ердаги қабристон дарвозаси пештоқига Паҳлавон Маҳмуднинг машҳур рубоийси катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилганди:

    Эй хожа, ту аз ин жаҳон бехабари,
    Шабу-рўз дар ҳирси симу-зари.
    Дастмояи ту аз ин олам як газ кафан аст,
    Он ҳам гумон: ё бари, ё набари…

Қабристон қадимий, катта бўлиб, бир ўзбек қишлоғи билан тожик қишлоққа қарашли эди. Ўзбеклар яшайдиган қишлоқда Гулюзнинг қайнотаси, тожиклар турадиган даҳада эса ҳамма «муаллим» деб мурожаат қиладиган, кайвони амаки оқсоқол эдилар. Ашуралининг ўшаларга риоя қилиши талаб этиларди.
— Русларда: «Незаменимых не бывает» деган нақл бор,- деди муаллим,- у билан учрашганда,- ҳамманинг ўрнига одам топиш мумкин: оқсоқолми, ҳокимми - аммо гўрков деганни алмаштириб бўлмайди. Унинг ўрнига одам топиш мушкул. Роса изладик. Сизга насиб этган экан, эҳтиёт бўлинг: бу ерда азиз одамлар ётишибди.

Дарвозахонадаги узун айвондан ташқари, зарур жиҳозлари бекаму кўст бўлган уй, даҳлиз, хуллас бир оила учун шароит муҳайё қилинганди. Бундан ташқари, қабристон ташқарисидаги муъжазгина ҳовли-жой ҳам Ашуралиохун ихтиёрига топшириладиган бўлди. Бошқа жойлардаги сингари, бу ер ҳам сўнгги йилларда анча обод бўлган: йўлкаларга олти қиррали бетон плиталар ётқизилган, игнабаргли дарахтлар зичлаб ўтқазилган, ҳатто қадимий чинорлар ҳам ўзгача манзара касб этгандай эди. Янги манзилгоҳни топганидан қувонган бўлсада, таниш, нотаниш аёлларнинг ногаҳоний ташрифидан дилида зоҳирий хавотир уни бот-бот безовта қиларди

У маҳалла оқсоқоллари, атрофдаги қўни-қўшнилар, ташқаридаги мачит аёнлари, дўкондорлар билан тез киришиб кетди. Аёллар билан хуфёний алоқаларни батамом узаман, деб турганда телефони жиринглади, соткада Маринанинг таниш номерини кўриб, бир чеккага ўтди.
— Ярамас!- деди у, одатдагидек русчалаб,- унутиб юбординг. Иш жойингни янгилабсан - ҳидини чиқармайсан.

У гуноҳкорона сукут сақлади. Марина эса давом этарди. - Эрим билан ажралишдим, у Россияга кетди. Сен бевафони деб шу ерда қолдим.
— Ўзим бораман, бу ёқларга келма, ҳаммасини ўша ерда гаплашамиз!- атрофга ўғринча қараб жавоб берди у.

У аёллар билан алоқани батамом узиши, уларни бу ерга йўлатмаслиги кераклигини биларди. Жуда зарур бўлганда Маринани уйига бориш, Гулюзга барини обдон тушунтириш ва қорамағиз аёл билан орани очиқчасига узиш керак, деган қатъий хулосага келганди. Бунга анчайин эришди ҳам, аммо Гулюз…
— Азизим, тушунсангчи,- илтижо қилди Аши,- бу ер - сенинг қишлоғинг. Сезиб қолишса, иккаламизни ҳам тошбўрон қилишади! Ахир, оиланг бор...
— Тўғри, тўғри, - деди у ҳам. Аммо бир-бирларига қараб, нигоҳларидан батамом бошқа фикр-у, майлларни уқиб олдилар.

Шундай бўлсада, у ўзида куч топиб, қоровулхонага кириб кетди. Бирор соатдан кейин чиқса, Гулюз ҳали ҳам ташқарида мунғайибгина ўтирибди.
— Майли, келақол-, деди, аммо бу - охиргиси…

* * *

Баҳорда қабристонлар турфа майсалар, анвойи гулларга бурканиши; ўзгача тароватли, фусункор бўлишига эътибор берганмисиз? Қиш қаҳратонида қабрларни қор қоплайди, ёз жазирамасида хас-хашак босади ва улар мунғайиб қолгандай бўлади; бунинг устига ўз ташвишларимизга ўралашиб, марҳумлар ёддан чиқиб кетишади. Зиёратчиларнинг айнан кўклам пайтида кўпайишининг боиси, эҳтимол шудир. Қоровулнинг юмушлари ҳам табиийки кўпаяди: ҳар бир зиёратчига эҳтиром кўрсатиш, кимгадир белкурак, бошқа бировга супурги, пақир топиб беришга тўғри келади.

Ашуралиохун қавмларнинг баҳорий ташрифларидан беҳад қувонар, уларнинг қўлларидаги гулдасталарни фақат марҳумларга эмас, қабристонга ҳам эҳтиром ўрнида қабул қиларди. Шу билан бирга, дарвозага рўбарў бўладиган ҳар қандай нотаниш аёл билан оралиқ масофа тутишга ҳаракат қиларди.

Бу гал ташриф буюрган хонимнинг рафтори ўзгача эди: унинг нописандлиги, калондимоғлиги манаман деб турар, сўнгги модадаги калта шим, олди очиқ кофта кийганди. Зиёратга келганлиги сабаб, бошига омонатгина қилиб қора рўмолча танғиганди. У пардоз қилмаган, бунинг устига ўзи ҳам чиройли эмасди. Кўзлари кичик-кичик, бўйи пастроқ қора рўмолча остидан чиқиб турган сочлари сап-сариқ - бўялганми ёки табиийми - англаш қийин эди. Лекин ўзига, ақлига, зеҳнига ишониши, дадил ва жадалликни яхши кўриши, раҳбарларга хос синчковлиги сезилиб турарди. Жувон шошиб ичкари кирди, Ашурали ҳурмат юзасидан у билан изма-из борди.

Ногаҳоний меҳмон ўтган йил дафн этилган собиқ ҳокимнинг қора мармар билан зеб берилган, заррин ҳарфлар билан «Зияханов Қ.З.» деб ёзилган; туғилган, вафот этган йиллари акс эттирилган қабри қаршисида тин олди, бошини хиёл эгиб турди. «Русчалаб ёзилганига аввал эътибор бермаган эканман, ўйларди Ашуралиохун, исму шарифини тўла ёзишса бўлмасмикин». Балки Қудрат Зиёхоновичдир ёки Қиличмикин, эҳтимол, Қаҳҳор Зиёхоновичдир…

Инсон фикридай озод нарса йўқ, дейишади. Уни ҳеч ким таъқиқламайди, муҳокама қилмайди. Ашурали одатига кўра, охирги икки ҳарфни хаёлан шарҳлашга киришди. Балки «қизталоқ», «занғар» деганидир ёки «қайнонаси зўр»ми, балки «Зиёхонов қайнсинглисини зўрлади», деганидир.

Шу фикрдан кейин ёдига қайнсинглисининг номусига тегиб қўйган таниш имом-хатиб тушди. Қишлоқдан ўқишга келган ва опасиникида турадиган қиз айни балоғат ёшида бўлган. Ўша куни уйда почча икковлари қолишган. Кутилмаганда почча қайнсинглисига ташланган…

Аслида ҳар қандай қиз, жувонда, айниқса эркак билан ёлғиз қолганда, табиий инстинк - хавотирланиш ошади. Аммо аксар қизлар гўл - поччанинг бундай қабоҳатга қўл уришини тасаввур қилишолмайди. Буни эса ҳайвоний ҳирс, деб қўйибди. Яккама-якка қолган вазиятда инсоний тафаккур устидан айнан ҳайвоний ҳирс ғолиб келиши мумкинлигини қуваи ҳофизаларига сиғдиришолмайди, бояқишлар. Албатта, ҳалиги «ҳанги» ўлгудай пушаймон ҳам бўлади, турфа баҳоналар тўқийди, барини инкор этади ва ҳакозо. Аммо, ҳарчанд қилмасин, қилмишни яшириб бўлмайди.

Қиз болани зўрлаш эса, бир донишманд айтгандай: чол ёки болани ўлдиришдай оғир гуноҳ. Ашур бу хусусда нега ўйлаб кетганини ўзи ҳам тушунолмай қолди. Шу пайт жувон у томонга ўгирилди.

Унинг қарашида аввалги аёллардек хушдорлик эмас, мардикор олаётган кишининг синчковлигини кўргандай бўлди у. Фақат кўнгилхушлик эмас, бу аёл оила учун ҳам яратилмаганлигини англаб олиш қийин эмасди. Унда қандайдир пинҳоний мақсадлар борлиги ва улар кайфу-сафо қилиш; эр, бола-чақали бўлишга халақит бериши сезилиб турарди.
— Сиз қоровулми?- совуққина қилиб сўради жувон.
— Ҳам қоровул, ҳам гўрков.

Орага жимлик чўкди.
— Дадамни билармидингиз?

У билмаса ҳамки, маъқул ишорасида бош тебратиб қўйди.
— Константин Зияханович дейишарди. Ажойиб эдилар: одамларга кўп яхшиликлар қилганлар. -
— Отлари Константин бўлганми?- қизиқишини яширолмади Ашур.
— Аслида Қутбиддин бўлган-у… шунақа. У ёқинқирамай, гап ўзанини бошқа томонга буриб юборди. - Қабрнинг тўрт томонига тўртта банан ўтқазмоқчиман. Бир жойда кўрдим - зўр бўларкан.
— Бундай қилиб бўлмас..,- бепарвогина рад этди Ашуралиохун.
— Нега?
— Банан сувни жуда кўп талаб қилади.
— Соласиз, ҳақингизни берамиз, - деди, андак ҳукмфармолик билан у.
— Гулга сув солганим учун пул олмаганман!

Улар жимиб қолишди.
— Қанақа гул экишни маслаҳат берасиз?- бир зина пастга тушди жувон.
— Гулхайри билан райҳон,- бир лаҳза ўйлаб олгач жавоб берди Ашурали. - Ўн кунда бир бор суғорса ҳам бўлаверади.

Беихтиёр гаплашиб қолишди, меҳмон унинг қаерда ўқигани, ишлагани, маоши, оилавий аҳволи билан, кадрлар бўлимининг мудиридек, жиддий қизиқди.
— Йўқ, йўқ, бу нотўғри, деди беғубор кулиб, Ашурнинг «Ўттизгача уйланмаган, кейин ҳам уйланмайди» , деган доимий ақидасини эшитиб.

Кетиш олдидан аёл зоҳирий калондимоғлик ила визиткасини узатди. Ашуралиохун ҳам одоб юзасидан телефони номерини ёзиб берди. Ташриф қоғозига «Зияханова Камара Кутбидиновна (Константиновна)» деб ёзилган, чет тиллар институтининг дотсенти, хотин-қизлар кенгашининг раиси эканлиги қайд этилганди.

Ашур уни тез унутди. Аммо кўп ўтмай, жувон телефон қилди.
— Шу ердамисиз? Мен райҳон билан гулхайри уруғини топдим - олиб бораман.
— Райҳоннинг уруғи экилмайди, кўчати ўтқазилади; бозорда бор,- қисқа қилди у.

Қамара кўп куттирмади: икковлашиб ишга киришиб кетдилар: қабр атрофини юмшатиб гул қадашди. Ашурали сўрайвермагани сабаб бўлса керак, ўзи отаси ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар берабошлади.
— Дадамнинг хизматлари катта бўлган, у киши раҳбарлар орасида ажралиб турардилар: раён гуллаб кетганди ўшанда. Одамларни ишлатабилардилар. У кишининг қабрлари ҳам ажралиб туришини истайман. Бу атрофга ҳеч кимни қўйманг!
— Инсонга бир газ ер етади, деб эшитганмисиз? Бунда тириклар эмас, марҳумлар назарда тутилган. Уларга ҳақиқатан ҳам бир газ ер кифоя.

Ашурали шундай деди-ю, суҳбатдошига қаради, лекин унинг юзидан бирор ифодани уқиб олиш қийин эди.
— Дарвоза тепасидаги ёзувни ўқидингизми?- давом этди у.
— Ўқидим, бу рубоий Хайёмга тегишли деб юрардим, Паҳлавон Маҳмуднинг форс-тожикча ёзганини хаёлимга ҳам келтирмаганман.
— Маъносини яхши тушундингизми?- суҳбатдошининг билим-савиясини чамалаб кўргиси келарди унинг.

Қамара қошини норози чимирди, унинг тафаккурига гўрковнинг шубҳа билдириши дилига ўтиришмади
— Ахборотингиз учун айтиб қўяй: мен фақат ўзбек, тожик, рус тилларинигина эмас, инглиз, франтсузчани ҳам она тилимдай биламан,- деди енгилгина зарда билан. Ҳаётда ким бўлганидан қатъий назар, бу ерда ҳуқуқлар тенг, демоқчисиз, назаримда. Аммо унутмангки, қарол билан қиролнинг фарқи битта ҳарф бўлса ҳамки, улар орасидаги тафовут ер билан осмонча!

Ашурали андак ҳушёр тортди: интеллектуал салоҳияти анчайин бақувват киши билан юзма-юз бўлганини фаҳмлаб қувонди ва андак танаффусдан кейин жавоб берди.
— Жувонмард билан жувонмаргнинг ҳам фарқи битта харф, аммо уларнинг биринчиси тилга олинганда - тирик, иккинчиси айтилганда - ўлик назарда тутилади.

Қамара жавоб қайтармади, аммо суҳбатдошига тағин қизиқиш билан қаради. Улар бошқа мавзуларда суҳбатлашиб қолдилар.
— Арранинг ҳам тиши бор,- деди у, - чайнайди-ю ютмайди. Шунинг учун ориқ. Урчуқ қанча тез айланса, қорни шунча тез қаппаяди. Менинг шиорим шу.

Ашуралиохун бу гапларнинг туб моҳиятини тушунмай қолди.
-Биз гаплашиб туришимиз керак экан ,- деди Қамара жўнаб кетар экан.

Гарчанд, эркак зотининг шаҳвоний иштаҳаларини қўзғатмаса ва аввал айтганимиздек, оила учун яратилмаган бўлса-да, бу кибор ҳукмфармо билан гаплашиш ўзгача гаштли; аввалги танишлар, суҳбатдошлардан фарқли ўлароқ, исталган мавзуда суҳбатлашиш, баҳслашиш мумкин эди.

* * *

Бу орада бир-икки бор телефонда боғланишди: ҳол-аҳвол сўрашди, иш ва зарурат юзасидан савол-жавоблар қилишди, холос. Бирор ойдан кейин эса кутилмаганда, Қамара уни уйига, ўз ибораси билан айтганда, «ҳамфикр дўстлар суҳбатига» таклиф этди. Ашурали бунисини кутмаганди - ноўнғайликдан фикрлари алғов-далғов бўлиб кетди: нима муносабат билан чақирди экан, у ерда кимлар бўлади, киборлар даврасида ўзини қандай тутиш керак, гўрковлигини билиб, бирортаси нописандлик қилмайдими?

Ўша куни ювиниб, янги либосларини кийганда ҳам ана шундай мушоҳадалар уни тарк этмаганди. Майда-чуйда харид қилиб, айтилган манзилга, белгиланган вақтда етиб борди.

Уй-жойлар бир вақтлар ҳашамдор бўлганлиги, энди эса андак улуғворлигини йўқотгани билиниб турарди. Шунга қарамай, ундаги салобат одамларни табақага бўлгандай, камситгандай туюларди. Қамаранинг унга пешвоз чиқиши, эҳтиром билан кутиб олиши дилидаги зоҳирий ғашликка барҳам берди.

Стол атрофида ўнга яқин эркак, аёл бўлиб, уларнинг аксари Қамара билан ишлайдиган, уни кўп ҳолларда Клара деб атайдиган ҳамкасблар экан. Танишишди. Тўрда олтмиш ёшнинг нари-берисидаги, биров билан гапирганда, у томонга энгашиб, суҳбатдошининг кўзига жуда ҳам тикилиб қарайдиган, четдан кузатганда, худди зиддиятга боргандай овозини кўтарадиган, бир вақтлар амалдор бўлган, шу сабаб, ўтмишни кўпроқ улуғлайдиган ва гап орасида «мен»ни бўлар-бўлмасга қўллайдиган, бундай пайтда андак ошириб юбораётганлиги сезилиб қоладиган домла. Бу одамни орқаворотдан «депутат домла» ҳам дейишаркан. Боиси: бир бор депутатликка номзодини ўзи тавсия этиб, роса маблағ, вақт сарфлаган, аммо ўтолмай қолган экан.

Унинг ёнида ўттиз ёзлардаги кўзойнакли, чуваккина файласуф ўтирарди. У суҳбатдошини инкор этишга, нигилистик кайфиятини намойиш қилишга мойил эди. Бировга гапираётганда, кўзойнагини қўлига олиши ва гапи тугаши биланоқ шошилинч ўрнатиши ғайритабиий ва ғалати эди. Ашуралини ана шу домланинг ёнига таклиф этишди. Шу пайт ёшига нисбатан қорни каттароқ (бундай физиономия кишида нохуш таассурот ўйғотади) бепарво: қоматли, оппоқ қўллари, силлиқ юзи ва бутун борлиғи кўз ёши ва тер таъмини татиб кўрмаганидан далолат берадиган меҳмон кириб келди, Ашуралининг ёнидан жой олди. Унинг юзи ифодасиз эди - худди ниқоб кийгандай бирор мушаги қилт этмасди. Бу одам ўзини камтарин тутишга ҳаракат қилсада, нигоҳларида зоҳирий нописандлик манаман деб турарди. Ашуралиохунга кейинроқ аён бўлишича, унинг номи Охун бўлиб, Хитойдан юк олиб келадиган анча йирик савдогар экан, Бу одамнинг мазкур даврада не сабабдан иштирок этаётганлиги ўтиришнинг охиригача унга аён бўлмади. Бу одам ким фикр айтса, ўшани маъқуллаш билан чекланарди, ўз фикрини айтмас, эҳтимол, ўзини фош қилишни истамасди. Шунга қарамай, унга ўзгача эҳтиром кўрсатишарди.

Бундан ташқари, даврада аҳён-аҳёндагина татарча талаффузда русча, ўзбекча гапириб қўядиган амаки ва бошқаларни кўриш мумкин эди.

Аёллар орасида, ёшлигида анча-мунча «шўхликлар» қилганлиги сезилиб турган, эндиликда тароватини йўқотган бўлса-да, буни тан олмай, гап талашадиган, ҳеч тап тортмай миллат номидан гапиришга, уни чучмаллик билан улуғлашга кўникиб қолган, бот-бот шеър ўқишга ижозат сўрайдиган шоира ҳам бор эди. Унинг ҳам институтда дарс бериши аён бўлди. Ёши ўтган бўлишига қарамай, ишва-ю, карашмалар қилганда, талай эркакларнинг ёдига ёшликлари тушиши табиий эди. «Вақтида кўпларнинг бошини айлантирган бўлса керак, ўйлади Ашур, ўшанда дуч келганда, ўзим ҳам қоровулхонага олиб кирардим». Шунингдек, бу қаторда эрига бот-бот дашном бериб турадиган, кўзойнакли домланинг увоққина хотини, Қамаранинг онаси ва бошқалар ўтиришарди.

Шўролар даврида, айниқса киборлар даврасида на руслашган ва на ўзбек бўлиб қолган оралик бир авлод пайдо бўлдики, уларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Бу ердагиларнинг аксари ана шу тоифага мансуб эдилар. Ҳатто уйни жиҳозлаш, дастурхон безаш, ўзаро муносабатларда ҳам ана шу асоратлар кўринар, инчунин, русча-ўзбекча қоришиқ гапиришни фазилат деб билишар, ҳатто ўзбекча гапирганда ҳам русча талаффуз манаман деб турар ёки ўзбекча бошлаб, русча давом эттиришарди.

Қамара, гарчанд кечроқ бўлсада, Ашуралини меҳмонлар билан таништиришнинг анча ўнғай, айёрона усулини қўллади.
— Бу киши Ашуралиохун ака. Номлари шунақа этажли. Мен Аши ака, дейман. Ўзлари марҳумлар шаҳрининг мери.

Табиийки, меҳмонлар тушунишмади ёки ҳазилга йўйишди ва савол назари билан Ашуралига қарашди. У тўлдиришга мажбур бўлди.
— Гўрковман, қабристон қоровули…
— Ҳа, демак, археологсиз,- деди домла ва жавоб ҳам кутмай, саволда давом этди: - Нега Афросиёбда франтсузлар ишлаябди? Ўзимизда археолог йўқми? Уларга ишониб бўладими?!
— Франтсузлар дунёнинг ўнлаб мамлакатларида ишлашади,- Ашурали учун жавоб берди чувак домла,- уларнинг тажрибаси катта; археологик бойликлар эса инсониятга тегишлидир.
— Ҳақиқатдан шундай,- маъқуллаб қўйди Ашурали.

Домла тағин эътироз билдирди.
-Ерости бойликларини ҳеч кимга ишониш мумкин эмас!

Қамара эса якун ясагандай бўлди:
— Россия геологлари бизда кон қидиришади, японлар автомобилчилигимизни тараққий этиришади-ку; шунга ўхшаш гап.

Меҳмонлар Қамаранинг туғилган куни (йигирма саккиз ёшга тўлиши) муносабати билан тўпланишганини Ашуралиохун биринчи қадаҳ кўтарилгандан кейин фаҳмлади ва хижолат чекди.
— Биз Қамарахоннинг энг яқин дўстларимиз,- сўз бошлади депутат домла,- мен бу қизда жуда катта мақсад, истиқбол борлигини биламан. Дарҳақиқат, аввало катта мақсадлар керак! Бу қиз шу ёшда институт хотин-қизлар кенгашининг раиси. Етакчилик қилиш эса унинг қонида бор: отаси туғма раҳбар эдилар. Ўзим биринчига кириб, у кишини раёнга тавсия этгандим. Қамарахон тез кўтарилади ва тахминимча, аввал вилоят хотин-қизларига раҳбар бўлади. Кейин Ташкент, (у шундай талаффуз қилди) парламент ва ҳакозо…

Даврада шивир-шивир бошланди. Аёллар, негадир хотин-қизлар қўмитасининг ҳозирги раисини ғийбат қилакетишди: руйи-рост бузуқлик, таъмагирликда айблашди. Нотиқ уларга таънали назар ташлаб олгач, давом этди:
— Ҳозирги раҳбар совуққон, маккорроқ бўлиши керак.. Бўлмаса иш кетмайди. Бизнинг давримиз бошқача эди: партия билетини олиб қўйишларидан ўлгудай қўрқардик. Ҳозир алдам-қалдам қилишдан бошқа чора йўқ. Хуллас, шу йўлда унга омад берсин!

Улар қадаҳларни бўшатишди.

Даврадагилар бир тан бўлиб, газ ва электр токидаги узилишларни муҳокама килиб кетишди ва ҳозирги раҳбарларнинг барини порахўрга чиқаришди. Шундан кейин кўзойнакли домлага сўз беришди. У ўзгача оҳангда гапирди.
— Баримиз рус классикларини ўқиб катта бўлганмиз. Толстой, Тургенев, Чехов асарларида помешчикларининг ажойиб образлари бор. Уларнинг аксари Петербургда яшади, қишлоқда эса фалон десятина ери, юзлаб қароллари бор эди. Истаймизми-йўқми шундай давр қайтиб келди. Албатта, ўзгача шаклда. Қадимги юнон файласуфлари жамият резбасимон шаклда тараққий этишини исботлашган. Ўша давр айланиб келади, аммо жилла баланд бўлади. Домламиз Кларанинг ўрни раҳбарлик дедилар. Назаримда унинг келажаги ўз даврининг помешчиги, ҳозирги замон ибораси билан айтганда, ишбилармони бўлишдир. У Арабқишлоқни тўласинча ўз тасарруфига олади. У ердагиларни бахтли қилиш нияти бор. «Инсонни бахтли қилиш учун ҳамма нарсасини тортиб олиб, кейин оз-оздан бериш керак», дейди бир донишманд.

Улар кулишди, ўзаро гаплар бошланди. Даврадагилар унчалик исташмаётган бўлишсада, файласуф давом этди.
— Арабхонада ер, арзон ишчи кучи бор. Клара шу имкониятларни ишга солиб, катта даромад олишни режалаштирган. Бизнинг замонда жамики эшикларни ланг очадиган қудрат пул эканлигини бу қиз балодай билади.

Татарча талаффузда гапирадиган амаки депутат домла билан файласуфнинг фикрларини уйғунлаштирган бўлди. Россияда кўпгина олигархлар раҳбарлик билан ишбилармонликни қўшиб олиб боришаётганини, депутатлар орасида катта холдинглар, актсионерлик жамиятлари, конлар, заводлар, ер эгалари кўплигини гапирди. Қамарага худди ана шундай истиқбол тилади у.

Шу пайт шоира Ашурали билан Охун ўрталарига келиб тиқилди.
— Охунжон, Хитойга нуқул Кларани олиб борасиз, бизнинг гуноҳимиз нима?- деди аллақандай қочиримлардан кейин. Ашурали фикрга шунғиди: «Бу ҳўкиз Қамарани беҳудага Хитойга олиб бормагандир».
— Сизга ишимиз тушса, бу кишига ўхшаб чап бермайсизми- деди у бир маҳал Ашуралиохун томон ўгирилганча, кўзларини сузиб.

Бу саволни эшитиб қолган Қамара қаҳ-қаҳ отиб кулди.
— Илоҳим, у кишига ишингиз тушмасин!
— Демак, хирург экансизда… - келинг, ўшалар учун ичайлик…

Шу орада ёши катта домла кўзларини чақчайтириб, институт ректорини лаънатлаб кетди.
— «Ҳозирги сиёсатшунос ўқитувчиларимиз Мустақиллик ҳақида дарс ўтишади-ю-, имтиҳонда таъмагирлик қилишади. Айтинглар: бу қабоҳат эмасми» деди-ю, менга қараб қўйди. Ёши улуғлар энди нафақага чиқишлари керак,» деди тағин. Кейин сўз олдим. «Дунёни мендан қизғанманг, ўзим сиғинар мозорларим бор!» дедим. «Сиз шўролар даврида «худо йўқ» деб диссертатсия ёқладингиз. Ҳажга бориб келганингиздан кейин дарсда унинг борлигини исботлашга ҳаракат қилаябсиз» деди. «Ташкентда оғайнилар кўп» дедим. Кейин жимиб қолди.

Ашурали ректорга зоҳиран ачинди. Шундан кейин институтнинг собиқ ректорини улуғлаб кетишди. Юксак маданиятли, билимли эканлиги; ким билан қандай муомала қилишни билиши, бир нечта тилда гапириши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатни айтишдан чўчимаслигини; ҳозир эса порахўрлик авж олганлигини сўзлашди.
— Ўша одамни вилоятга ҳоким қилиб қўйса, ҳаммаёқни гуллатиб юборарди,- деди кекса домла.
-Мен бунга ишонмайман,- эътироз билдирди файласуф,- у жуда радикал эди. Ўнг қўлини фақат консерваторларга чўзадиган бизнинг жамиятда бундайларнинг ишлаши осон кечмайди.

Гарчанд хотини бот-бот тергаб қўяётган бўлсада, бу чувак домла курашга ташна полвондай рақибларини чорлаши Ашуралиохунга маъқул бўлди. Унинг фикрлари кескин, гоҳида қалтис, аммо мантиқли эди, шунинг учун инкор этиш осон кечмасди.

Шу орада шоира шеър ўқимоқчи бўлди, аммо негадир аввал ахлоқ, одоб ҳақида гапирди, яхши ошини, ёмон бошини ейишини таъкидлаб, кўзойнакли меҳмонга кинояли назар ташлаб қўйди.
— Ватанни фақат байрамларда севиш озлик қилади. Айнан Қамара бунақалардан эмас, у юртнинг бир ҳовуч тупроғини, ўзга мамлакатларнинг дуру-гавҳарига ҳам алишмайди,- деди. Қамарага бағишлаган шеърида ҳам шуларни такрорлади. Шеър файласуфнинг дилига ўтиришмагани, чучмал ҳамду-санодан иборат, шалдироқ гаплар бўлиб туюлганини унинг бурун жийиришидан англаб олиш қийин эмасди.
— Умримда,- деди у, ҳайъатга чиқиб ўтирмаганман, бировнинг тобути устида нутқ сўзламаганман ва шеър ёзмаганман! Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қоламан! Аммо баъзида бебошлик қилиб дилимга жуда ўтиришган шеърларни таржима қилганман. Шулардан бирини ўқийман:

    Эгилган бошни ҳам кесади қилич,
    Дунёда ҳаммаси, ҳаммаси нисбий.
    Яхши бошин ейди, ёмон ошини,
    Хасис деб айбланар Ҳотамдек сахий.

Депутат домла шеърнинг мазмунини тушунибми-тушунмайми қарсак чалди; у тин олгач тағин бир-икки киши шундай қилди.
— Шундай кишилар борки, бир латифага уч бор кулишади,- давом этди файласуф. - Биринчи марта ҳамма кулгани учун, иккинчисида, латифанинг мазмуни етиб боргани сабаб ва эртароқ кулиб қўйгани ёдига тушиб, тағин тиржаяди.

Гап ўз-ўзидан раҳбарлик масалаларига ўтди. Домла ўзи ишлаган пайтдаги саркотибни кўкларга кўтариб мақтайбошлади.
— Умрим бино бўлиб, бундай иқтидорли саркотибни кўрмаганман. Ўзим Олий партия мактабини битирганман, раҳбарлик назариясини ҳам яхши биламан. Лекин бу одамда раҳбарлик тактикаси, стратегияси бор эди. Активни сафарбар этарди. Одамни сеҳрлаб қўярди.

Кўзойнакли киши уни ҳам аямади.
— Мо инкор намекунем, лек ин кор намекунем, деган нақлни эшитганмисиз. Лекин мен инкор этаман. Биз баримиз болаларча гўлмиз, аммо улардай самимий бўлолмаймиз. Нима қиласиз, ўшани мақтаб? Бу - носамимийлик-ку! Ашаддий хотинвоз, қўшиб ёзувчи, баднафс эди! Ташналик қонади, аммо очкўзлик қонмайди, дейишади.

Бу гап домланинг ҳамиятига андак тегиб кетди: суҳбатдошига танбеҳ берган, койиган бўлди ва давом этди:
— Сиз ҳаммани инкор этасиз, аммо айтингчи, нигилизм нажот йўли бўлганми? Одатда барини инкор этган киши: «мен ўшалардан устунман» демоқчи бўлади. Сиз эса… ҳа, майли қўйинг. Сўнг ўзи бошлаган мавзуда давом этди: - Обкомда ишлаганимда, баримиз: «шу одам менга бирор иш буюрса-ю, қойиллатиб уддаласам», деб ўтирардик. «Жонингни бер», деса, «фақат шугинами?», дейишга тайёр эдим ўзим ҳам. Чунки у одамнинг меҳри ҳам, сеҳри ҳам, мавқеи ҳам ўзгача эди.
— Менинг дадам ҳам шунақа эдилар, - улаб кетди Қамара, бир гапни айтдиларми, муҳокама қилиб ўтиришмасди. Бу ҳам Худо берган туғма истеъдод. Гоҳида ўзимда ҳам ана шундай куч борлигини сезиб қоламан. Дадамдек қатъийман, аммо адолатлиман! Биров билан ишлайдиган бўлсам, уни измимга солиб, пластилинга айлантира оламан!

Даврадагилар хо-холаб кулишди.
— Ҳозир шунақа афсунгар замон,- қўшилди файласуфнинг хотини,- ҳатто товуқ ҳам айёрлик билан дон ейдиган бўлган.

Одамлар тағин кулишди
— Хўш, товуқ нима бўлди?- Қамара томон ўгирилди татар амаки.
— Бу ҳақда кейин,- истамади у.

Даврадагилар марҳум Зиёхоновга ҳамду сано ўқишда давом этдилар. Бу одам ҳозирги амалдорлардек нопок бўлмагани, режалар ҳар йили ошиғи билан бажарилганлиги, камтаринлиги…

Мавзу ахлоқ-одоб масаласига келганда, Ашуралиохун ҳам қўшилиб турди. Файласуф телевидениени зарарли деб топди.
— У асосан юпанч вазифасини ўтаябди, юз йиллик сақични чайнашдан нарига ўтмаябди. Қалам аҳли, амалдор зотини тиғ остига олмас экан, улар ижодкорларни оёқ остига олишлари табиий. Телевидениеда эса тиш йўқ. Одамларнинг оила даврасида тарбия билан шуғулланадиган, китоб ўқийдиган энг қимматли вақтларини ўғирлаш билан овора. Аслида маънавият оммани ғояларга эш қилиши, курашларга чорлаши шарт! Энг оғир тарбия - ўзингни тарбиялаш эканлигини шиор қилмас эканмиз, ва бунинг учун ўз-ўзини танқид йўлга қўйилмас экан, ҳеч нимарсага эришолмаймиз. Оммани ишонтириш керак, ишонқиратиш эмас! Тағин: одамларни фақат ўтмиш, тарих билан эмас, янги кашфиётлар, ғоялар, маслаклар билан олға чорлаш зарур. Чунки, Шопенгауер айтганидек: «Ҳар қандай тарихда ҳақиқатга нисбатан уйдирмалар кўпроқ бўлади». Аслида тарих, андак тинган шов-шувлардир.

Депутат домла унга қарши чиқди:
— Бизнинг тарихимиз жуда бой, уни севиш керак, деймиз. Аммо севишнинг ўзи кифоя эмас, ҳимоя қилабилиш керак! Айниқса, мана бунақа файласуфлардан!

Кейин китоб ўқиш, унинг фойдаси ҳақида гап кетди.
— Газетадан ўқиб қолдим,- давом этди файласуф,- ҳозир бадиий китоб ўқиш бўйича қоровуллар биринчи ўринда туришаркан.
— Қабристон қоровули ҳамми?- сўради Қамара атай Ашуралига кўз қирини ташлаб.
— Албатта,- давом этди файласуф,- кейин ёлғизлар, беморлар, дам олувчилар, йўловчилар, туристлар. Хуллас телевидение кўриши андак чекланган кишилар. Жамиятнинг етакчи кучи бўлган зиёлилар эса китобга қарамай қўйишди. Энг кам китоб ўқийдиганлар ёзувчиларнинг ўзлари экан.

Тағин ичишди ва дадиллашиб, одамларни табақаларга ажратиш масаласида баҳслашиб қолишди.
— «Одамларни тенглаштириш - даҳшатли хато, дейди немис файласуфларидан бири, чунки биз бир-биримиздан фарқ қилиш иштиёқи билан яшаймиз», давом этди кўзойнакли олим. Бозор иқтисоди, даврида болшевикча фикр юритиш ярамайди.
— Тўғри,- қўшилди Қамара, - масалан, мен ўзимни арабқишлоқлик ўғриваччалар билан тенглаштиришни сира истамасдим.

Татар меҳмон бу гал рус тилида анча мантиқли гапирди. Унинг мулоҳазаларини таржима қиладиган, шарҳлайдиган бўлсак, бу ўткинчи дунёда инсон бахту саодатидан устун нарсанинг ўзи йўқ. Ҳаммаси шунга хизмат қилиши керак. Одамларни табақага ажратиш ва шунга яраша муомала қилиш - даҳшатли хато.

Хомсемиз савдогар аввал: «одамлар аллақачон табақага ажралиб бўлган, буни муҳокама қилиш ортиқча», деганди, кейин ўзини инкор этди - ҳамма ҳам Одам Ато билан Момо Ҳавонинг фарзанди эканлигини, ўлгандан кейин гўрков бир хил қабр қазишини айтди.

Ашурали эса ўйланиб қолди: «хўш, одамлар нимасига қараб табақаланиши мумкин? Қадимдаги сингари бой, камбағаллигими ёки ўқиган, ўқимаганлиги инобатга олиниши керакми? Шундай бўлганда, унинг ўзи қайси табақага мансуб бўлади? Бир гўрков бўлса…Мен уларнинг доирасига мансубманми, майл ва қарашларим тўғри келадими?»

Шундан кейин, ўртага оталарнинг гуноҳи ўзи билан кетадими ёки фарзандларга мерос бўлиб қоладими, деган савол ташланди. Уни алламаҳалгача муҳокама қилиб, бир тўхтамга келишолмади.
— Гуноҳини билмайман-у, аммо савоби тегади,- деди Қамара,- дадам қилган савоб ишларнинг шарофатини ҳар қадамда ҳис қилиб тураман.

Зиёфат кеч тугади.

* * *

Чамаси икки ҳафталардан кейин Қамара телефон қилди, одатдагидан жилла кўпроқ ҳол-аҳвол сўради, кутилмаганда, уйига таклиф қилди, муҳим гапи борлигини яширмади.

У машинаси рулини ўша томонга бурар экан, фикрлар гужғон эди. «Нима гапи бўлиши мумкин? Нечун унга боғландим? Оқибати нима бўларкан?»
— Сизга муҳим гап бор,- деди, салом-аликдан кейин ишчан кайфиятда,- машинангизни шу ерда қолдирасиз, меники билан Арабхонага борамиз.
— Яхши, нима қиламиз у ерда?
— Боргандан кейин айтаман!

Улар йўлга тушишди.
— Дадам раҳбар бўлганда, ўша ердан ўттиз гектар ер олиб, номимга ўтказиб қўйган эдилар,- давом этди йўлга тушгач. - Бино, суғориладиган ер, ишчи кучи, бизнес-режа бор. Барининг ихтиёрини сизга топширмоқчиман. Араблар кўп нарсаларни ўмаришган; қоровулни янгилайсиз! Сизга икки мингта жўжа олиб бераман. Ўн мингта олишни маслаҳат беришганди-ю, аммо риск керак эмас. Сув бор, одам топасиз, маккажўхори экасиз.

Ашурали андак каловланиб қолганди: томдан тараша тушгандай эди буларнинг бари. Барини тарозига солиш, мушоҳада қилиб кўриш талаб этиларди. Аслида тинчлигини бузгиси йўқ, булар бари малолли эди. Қамара эса давом этарди. - Борингки, шу жўжаларнинг бир минг беш юзтаси вояга етиб тухум берсин. Ҳозир тухумнинг нархи юз сўм. Бу - бир юзу эллик минг сўм бўлади. Майли, эллик минги харажатга кетсин. Қолган юз минги иккаламизга кунлик фойда.

У жавоб беришга шошилмади, дастлаб барини рад этгиси келди-ю, Қамаранинг ҳисоб-китобларини чамалаб кўриб, ундан хато тополмади. - Бир ой ўйладим, обдон ҳисоб-китоб қилиб кўрдим, бу соҳанинг одамлари билан маслаҳатлашиб, шу фикрга келдим,- давом этарди Қамара. - Бунга сиздан кўра тузукроқ ишбоши топишим мушкул. Роса чамалаб, ўйлаб кўринг: пишмаган жойларини, гумонларингизни айтинг. Лекин унутманг: вақт пул дейишади-ку, аслида у пулдан ҳам ноёб: пулни топиш мумкин, вақт топилмайди. Улгуришга улгуриш керак!
— Ўйлаб кўришим керак, у ёқда қабристон…,- деди шунга қарамай.
— Сизнинг ўрнингиз қабристон эмас! Ўйлаб кўринг: тайёр бўлмасангиз, рад этманг, шубҳа билдирманг,- олдини олди у буйруқ оҳангида. - Ишни сизга топшираётганим бежиз эмас. Талабгор лак-лак.

Тоққа туташ Арабхона қишлоғини таърифлашдан аввал, соҳада содир бўлган ўзгаришлар ҳақида тўхталишга тўғри келади. Шаҳарга яқин, бозорга ёнбош, ишбилармонлари кўпроқ, аҳолиси савдо- сотиқ билан шуғулланадиган ёки чет элларга кетган даҳаларда икки-уч қаватли уйлар тикланди, кўчалар асфалтланди. Сув ва экин майдонлари чекланган, одамлари азалдан анча қашшоқ бўлган, газетачилар ибораси билан айтганда «кам таъминланган» қишлоқлар паст табақага тушиб қолди.

Арабхона ҳам имкониятлари чекланганлардан эди.

Қишлоқдан ҳийла ўтишлари билан пахсадан қурилган файзсиз, бесўнақай бино кўзга ташланди. Улар қийшайиб қолган темир дарвоза қаршисида тўхтадилар. Колхоз даврида молхона бўлганлиги учун у ердан ҳамон таппининг ҳиди анқирди. Ичкаридан ўрта ёшлардаги ориқ, кўкраги чўккан, мўйлови шалвираган ва унга қўшилиб лаби лунжи ҳам пастга осилгандай таассурот қолдирадиган амаки чиқди. Бундай башарага қараш кишининг дилини хуфтон қиларди. Қамаранинг уни йўқотиш борасидаги кўрсатмасида жон бор, деб ўйлади.

«Бу ерда ҳақиқатан ҳам ўн мингта товуқ боқса бўларкан», ўйлади ўзича Ашурали бинони кўздан кечиргач қувониб ва одатига кўра қўлларини бир-бирига ишқаб, майин кулиб қўйди. Молхонанинг ёнгинасидаги ариқдан тиниқ сув оқиб ўтиши, катта майдон унинг ихтиёрида бўлиши дилига умид солди ва шерик қилиб олгани учун Қамарага меҳри ошди.

Ҳар қандай шароитда ҳам инсон ўз манфаатларидан келиб чиқиб фикр билдиришини такрорлаб ўтиришимиз, эҳтимол ортиқчадир. Ашур яқин келажакда ўн минг жўжа боқишни, улардан етти-саккиз минги вояга етиб, тухум берганда ҳам даромад фалон сўмга етишини ва унинг улуши оз бўлмаслигини назарда тутганди, албатта.

У паррандачилик ҳақида китоблар топиб ўқиш; товуқ, жўжа боққанлар билан маслаҳатлашишга киришди. Бу ишни обдон биладиган ветврач топишни маслаҳат беришгандан кейин мутахассис излади. Аввал паррандачилик фабрикасида ишлаган, у хусусийлаштирилгандан кейин нафақага чиққан ориққина, гаплари кескин муйсафид унга хайрихоҳлик билан қулоқ солиб, мойиллик билдириб турди-ю, хўжайин Зиёхоновнинг қизи эканлигини эшитгач, авзойи ўзгарди.
— Бу - ҳақиқатан, ўша ҳокимнинг қизими?- сўради қайтадан.

Ашуралининг маъқул ишорасидан кейин фикридан қайтди.
— Йўқ, мени қўйинг,- деди совуққина қилиб. Лекин ноумид қолдирмади: ўзи билан ишлаган ветврачнинг манзилини берди.
— Интизомли одам, бизда партком ҳам бўлганди,- қўшиб қўйди.

Қорачадан келган, пакана отахон (паканалар ўз ишига пухта бўлишини Ашурали яхши биларди) аввал имкониятлар, шароитларни обдон суриштирди. Ашурали бу гал Зиёхонов ҳақида сўз очмади. Шунга қарамай, у товуқхонани кўргандан кейингина бирор тўхтамга келишини айтди.
— Тузукроқ маош тўласаларинг, ҳафтада икки-уч кун ишлашим мумкин,- деди у нечундир кўнгли чопмаган кайфиятда. - Лекин бу ерни, энг аввало, жўжа боқишга мослаштириш керак.

Амаки бинони суваш, оқлаш, дизенфектсия қилиш, симтўр билан ажратиш ҳақида маслаҳатлар берганда, Қамара ҳам эринмай барини ёзиб олди. Ҳафта давомида, қоровулнинг икки ўғли билан қипиқ тўшаш, ташқарида майдонча тайёрлаш сингари юмушларни бажаришди.

Гарчанд Қамара рўйхушлик бермаган бўлса-да, Ашур қишлоқ оқсоқоли билан танишиб олди. Маккажўхори экиш учун трактор, сеялка керак эди. Буни фақат ўша одам ҳал қилишини айтишди.

Шўролар даврида колхозга раислик қилган, орден, медалларга сазовор бўлган, бу музофотда ўртоқ Шаймонов деб эҳтиром этилган, эндиликда саксонни қоралаган муйсафиднинг ўйчан кўзлари, кайвонилиги дилига ўтиришди, у билан маслаҳатлашиб туришни кўнглига тугиб қўйди. Қамара бу одамларни нечун ёқтирмаслигини, оқсоқолга Шайтонов деб лақаб қўйиши боисини фаҳмлолмай ажабланди.
— Сиз маккайи экманг, буғдой сепинг, отажон,- маслаҳат берди у,- чунки буғдойни қўлда сепасиз, суғормай, ўғитламай ёзда йиғиштириб оласиз; товуққа тайёр дон. Гап трактор билан сеялкада эмас, аммо маккани ўғитлаш, ишлов беришни ҳам ўйланг. Ҳосилни кеч кузгача кутишга тўғри келади.

Маслаҳат Ашуралига маъқул тушди.

Паррандачилик фабрикасидан жўжа олишга келишганда, қуланса ҳид дилларини беҳузур қилгани устига, пашша шунча кўп ва хира эдики, бу ерда одамлар қандай қилиб ишлашади, деб ўйлаб қоларди киши. Улар жўжаларни олиб, тезроқ жўнаш ташвишига тушдилар. Расмиятчиликлар эса чўзилиб кетди. Пулини санаб олгач, жониворларни махсус машинага ортиб беришди. Шундан кейин эса ветврач амаки аллақандай ҳужжатларни титкилаб, жиғи-бийрон бўлиб кетди.
— Бизни алдашибди! Булар касаликка қарши эмланмаган! Олмаймиз! Гап битта - Худо битта! Туширинглар!

Қамара тоқат қилолмай кетиб қолди, аммо Ашур чидади ва бу юмуш эртага қолдирилди.

Киши ўз меҳнатининг илк самараларини кўрса хурсанд бўлади, албатта. Эртасига келтирилган сап-сариқ жўжаларнинг чийиллаб, дуч келганнинг ортидан эргашиб кетавериши шавқовар эди. Аммо, надоматлар бўлғайким, бу ўта нозик вужудлар биринчи кунданоқ нобуд бўла бошлашди. Жониворлар ғуж бўлиб, сув ичгани келишар ва орқадагилар олдингиларни итариб, сувга чўкдириб юборарди. Собиқ парткомнинг кўрсатмаси билан Ашурали шаҳарга тушиб, плассмасадан ясалган махсус юза идишлар топиб келди.

Харажатлар масаласида меники, сеники дейишмасди, бари ўртада, деган тушунча бунга монелик қиларди, албатта. Аммо чиқимлар, муаммолар кун сайин ошиб бораверди. Ерда ёввойи мушук, осмонда калхат пайт пойлайдиган бўлишди.

Ниҳоят қоровул ҳам топилди. Аввалгисини Қамара ҳайдаб юборгани сабаб Ашурнинг ўзи кечаси ётиб қолаётганди.
— Кўп жойларда ишлаганман - менга ишонишган,- деди ўрта ёшлардаги, бармоқлари билинар-билинмас қалтираб турадиган, қизғиш бурни негадир картошкани эслатадиган, кўринишидан беғам, бепарво, аммо ҳазилкаш, араббашара киши.
— Шу қишлоқда турасизми, бола-чақангиз борми?- аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун сўради Ашуралиохун.
— Бола бор-у, чақа йўқ,- ҳазилга олди у.

Бу одамнинг болаларга қўшилиб, иштиёқ билан ишга киришиб кетиши Ашурни қувонтирди, ишончини оширди. Аммо икки кундан кейин келган Қамара норозилигини яширмади, унга Қарашқул деб лақаб қўйди.
— Қоровулни бошқа қишлоқдан олиш керак эди - буларга ишониб бўлмайди! Бунинг ялтоқланиши ҳам жиғимга тегаябди.

Қамара ҳам қоровулга ёқмаганини англаб олиш қийин эмасди.
— Аёллар нега эркаклардан кўпроқ яшашини биласизми? - сўради у Қамара жўнаб кетгач, ҳазиломуз оҳангда.
— Хўш?
— Уларнинг хотинлари бўлмайди! Тағин: иккаламизга ҳам Худо бурундан қарашганига шукур қилишимиз керак. Бир шоир: «Ўксима, бурни катта эркаксан, хотинларга шунинг учун кераксан», деб ёзган.

Бир куни эрталаб Қамаранинг «Нексия»си билан ишга келишди-ю, қоровулни ғирт маст ҳолда кўришди.
— Эҳтиёт бўлинг, ҳеч нарса деманг,- уни ногаҳоний кўнгилқорачиликдан ҳимоя қилмоқчи бўлди Қамара. - Ҳушёр бўлса, кейин ҳайдаймиз бу Қарашқулни!

Жўжаларни озиқлантириш учун буғдой, маккажўхори, соя кунжараси, оқ мой, витаминлар обдон аралаштириб берилиши талаб этиларди. Уларни янчиб, аралаштирадиган механик тегирмон ҳам сотиб олишди, аммо электр токидаги узилишлари ишни мураккаблаштирар ва кўп ҳолларда бу юмушларни Ашурали болалар билан бажарарди.

Шу орада товуқхонада сичқон билан каламуш пайдо бўлди ва тез кўпайиб, озуқа омборини ғорат қилабошлашди. Негадир уларга қарши дорилар кор қилмас ва махлуқлар ҳеч кимдан чўчимай, озуқанинг баракасини учиришарди. Нуқул ўтмишни улуғлайдиган, бугунги кунда қаллоблар кўпайганидан шикоят қилишни хуш кўрадиган собиқ парком барига ветеринария аптекасидаги ноинсофларни айбларди.
— Худо сичқон билан каламушни яратиб, ўзи ҳам нега бундай қилганидан ажабланган,- деди бир куни ўзига хос ҳазилкашлик билан қоровул. - Мен эртага мушук олиб келаман - барини қийратиб ташлайди.

Аммо у олиб келган мушук каламушга яқинлашмади, жўжаларни эса қийратабошлади.
— Сўхтаси совуқ Қарашқулга айтинг: мушугини кўтарсин-у, бу ердан даф бўлсин!- деди Қамара.

Ашурали қандай қилиб янги қоровул топишни ўйлаб қолди.

Ветврачнинг маслаҳати билан бадбўй ҳид таратадиган креолин олиб келишди, озуқа атрофига ариқча қазиб, ўшандан қуйиб чиқишди. Очофатлар озуқа томон ўтолмайдиган бўлишди. Бу кашфиётларидан мамнун бўлиб туришганда, каламушлар ҳам анойи эмасликларини кўрсатишди: озуқадан воз кечиб, жўжаларга ҳужум уюштиришди ва чийиллатганча инларига судраб кетабошлашди.

Жўжа деган, жажжи, аммо ҳимоясиз жониворнинг душманлари бунча мўллигини ким ҳам хаёлига келтирибди дейсиз.

Бунисини эса ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганди: бир маҳал жўжалар ҳалқа бўлиб, безовта чийиллашга киришди. Қарашса, ўртада катта илон бошини кўтариб турибди. Саросимага тушиб, нима қилишларини билмай қолишди. Жониворлар эса қочиш ўрнига тобора кушандаларига яқинлашарди. Кутилмаганда, газанда кескин ҳамла билан жўжалардан бирини тутиб олди ва шошилмай ютабошлади, хадемай унинг томоғи ҳайратомуз даражада қаппайиб кетди. Кейин қорни тўйдими, одам ҳидини туйдими, кетишга шайланди. У йўлга тушиши билан жўжалар ҳам ғуж бўлиб унинг ортидан югурдилар. Илонни ўлдириб бўлмади - у девор кавагига кириб кетди, ўлжалари унинг ортидан чирқиллаб қолишди. Ветврач амаки изоҳлади.
— Булар - инкубатордан чиққан: она кўрмаган, шунинг учун ҳар қандай жониворни паноҳ тутиб, унга эргашишади.

Газандага ем бўлган ва қолганлари унинг ортидан чирқиллаб эргашган жўжалар бир неча кунгача Ашуралиохуннинг кўз ўнгидан нари кетмади.

У қабристонни, гарчанд укасининг ихтиёрига топшириб қўйган бўлса-да, жаноза бўлиб қолса, қабр тайёрлашга вақт ажратарди. Лекин айни кунларда қабристондан топгани ҳам очофат жўжаларга ем бўлаётганди.

Ўша куни ишга келиб, икки бола кутиб тургани устидан чиқди.
— Амаки, жўжа оласизми,- деди улардан бири,- уйда очдирганмиз, арзон қилиб берамиз.

«Ҳарҳолда, нобуд бўлганлар ўрнини тўлдириш керак, бундан Қамара ҳам қувонар», ўйлади у ва харид қилди. Эртаси, индини жўжа олиб келадиган болалар кўпайишди.

Қамара бу гал келиб, ( илон, каламуш ҳамда бадбўй ҳиддан чўчиб, кам келадиган бўлганди) жўжа сотаётган болаларни кўрди, жиғибийрони чиқди.
— Қанақа одамсиз? Ахир, танимадингизми - булар ўзимизнинг жўжалар-ку!

Ашурали ура қочаётган болакайлардан бирини чаққонлик билан тутиб олди.
— Қаердан олдинг?- сўради унинг қулоғини чўзиб.

Бола йиғлаб юборди ва Қарашқулдан олганлигини яширолмади. Қоровулнинг эса кайфи баланд эди. Улар ғазабга минишди.
— Неча бор айтдим сизга: шу Қарашқулни йўқотинг, деб. Қатиққўл бўлмасангиз иш кетмайди,- деди ва қоровулга ўгирилди: - Менга қаранг,- деди анча андиша билан, - сизга жавоб! Жўнанг!

Мудом ҳазилкашлик қилиб юрадиган қоровулнинг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди.
— Қаёққа жўнайман? Сизлар жўнанглар! Бу - бизнинг еримиз. Ота-боболаримиздан қолган! Биз муттаҳам эмасмиз!

Заҳру зардасини сочганига қарамай, тушдан кейин кўч-кўлонини кўтарди.
— Бу ерда ишлаш итимга - ор, мушугимга - номус,- деди кетатуриб.

Аммо булар бари ҳолва экан - жўжаларнинг турли юқумли касалликлари бошланди ва улар ҳар куни ўнлаб эмас, юзлаб қирилабошлади. Бу ҳолни кўриш кишининг дилини хуфтон қиларди. Жўжа деган жониворнинг нюкасл, парранда чечаги сингари ўнлаб юқумли касалликлари борлигини икковлари ҳам тасаввур қилиб кўришмаганди. Ветврачнинг елиб югуриши, қимматбаҳо дорилар кор қилмай қўйганди.

Охир-оқибатда бало-қазолардан омон чиққан жўжалар беш юзтадан ҳам ошмади.
— Майли,- овутди уни Қамара,- шулар ҳар куни бир донадан тухум берса ҳам…

У эринмай ҳисоб-китоб қилди, чиқадиган фойдани исботлашга ҳаракат қилди, аммо Ашуралиохун буларни эшитгиси келмас, нимагадир ишонмас, лоақал сарфлаган пулларига куйиб қолишидан, қандайдир нохушликлардан хавотир тортар, алдам-қалдам тўрига тушгандай, Қамаранинг ибораси билан айтганда, унинг қўлидаги пластилинга айлангандай бўлар, касбу коримга хиёнат қилаётганим учун шу жазони тортаётган бўлсам, ажаб эмас, деб ўйларди; баридан воз кечиб кетишга эса аёл кишининг маломатидан андиша қиларди.

* * *

Қоровул топишолмагани сабаб, гоҳида товуқхонада тунаб қолиш Ашуралининг жонига текканди. Шу боис оқсоқолни излаб чойхона томон йўл олди. Бу ердагилар эса у кишини қабристонга кетганини айтишди.

Қабристон - қишлоқ аҳли анча юпун яшашидан далолат берарди: дарвоза пастқам, тош қўйилган қабрлар бармоқ билан санарли, атроф сим билан ўралган. Аммо йўлак ва атрофларнинг тозалиги, хас-хашакларнинг ўриб олинганлиги бу ернинг жонсўз эгаси борлигини кўрсатарди. Ўзи қоровул бўлган масканга зоҳиран таққослаб, у ернинг ободлиги, ҳатто улуғворлигидан фахрланиб ҳам қўйди. Аммо тирик жон кўринмасди, эшиклари ланг очиқ қоровулхона ҳам бўм-бўш эди. Чеккароқдаги чуқурликдан бот-бот тупроқ улоқтирилаётганлигини кўриб, кимдир гўр қазиётганлигини тахминлади ва ўша томонга йўл одди. Саксон ёшларни қоралаган, жиккак муйсафид қабр ўярди. Чолнинг дастаси калта махсус кетмончани зарб билан уриши, қорайиб кетганлиги, чака-чандирлиги отасини ёдга солди, аксар гўрковлар нимаси биландир бир-бирларига ўхшашликларини хаёлдан ўтказиб ажабланди.
— Ҳорманг, отахон!

Унинг қулоғи оғир экан, шекилли, ўгирилиб қарамади.

Ашуралиохун бир пас кузатиб турди-ю, унга меҳри жўшиб кетди, муйсафид билан гаплашгиси, унга кўмаклашгиси келди.
— Ҳорманг, деябман,- овозини пича кўтарди у,- сизга ёрдамга келдим. Муйсафид бошини кўтарди, алик олди. Бир оз иккиланиб тургач, ўрнидан турди. Унинг ташқарига чиқмоқчи бўлганини сезган Ашури қўлини чўзди. Чолнинг серпай қўллари бақувват эди.
— Раис бово келганмиди,- суради у,- ўртадаги бегонасирашга чек қўйиш ва суҳбат узилиб қолмаслиги учун.
— Ҳа, тушгача қабрни тайёрла, деди-ю, раёнга кетди. Болани шуёққа олиб келишаркан. Ашурали кимдир узоқроқда вафот этганлигини тахминлади.
— Нима бўлибди шўрликка?
— Қозоққа мардикорликка кетганди - якка ўғил эди…Сизни раис ёрдамга юбордими?

Ашурали маъқул ишорасида бош силкиб қўяқолди.
— Ўзим қазийман, дегандим, лаҳатга киролмай қолганман.
— Мана мен кираман.- деди у аввал ҳам қазиганман. -
— Ерларинг қаттиқми?- қўлини бир-бирига ишқар экан кулиб сўради.
— Еримиз - тилло. Амударё томонга бир жанозага боргандим, ери шундай сув экан. Майитни шўр сувга қўйишди. Шундан бери шукур қиламан. Бекор турмай, битта яримта чуқур қазиб қўяман. Бир мулламиз бор эди - бундай қилиш увол: гўр одамни чақиради, деди. Кўрсат, қаерда ёзилган, дедим.

Отахон қоровулхонадан жомакор олиб келди. Ашурали чуқурга тушди, муйсафид юқорида қолиб, гапини давом эттирди. - Колхоз пайтида ариқларда сув тошиб оқарди.
— Ҳозир сув чатоқми?-
— Сув - чатоқ,- илғаб олди отахон. Чашманинг суви ёзда қуриб қолади. Борини Зиёхоновнинг қизи қайтариб олади.
— Ашурали ҳушёр тортди. Муйсафид чалғиб кетмаслиги учун савол берди.
— Зиёхонов деганингиз…
— Раённи сўрарди,- гапини бўлиб, жавоб беришга киришди у. - Ўлди. Локинда еримизни қизига олиб берган экан. Шоймонов йиғлади! Кўп югурди, ёзди - бўлмади. Тирикчилигимиз шундан эди. Энди иш йўқ - болаларимиз мардикорчиликка кетган. Ўзимнинг ўғлим ҳам... Энди ёнимга кирган эди. Гўрковлик билан кун кўриб бўлмай қолди.

Орага бир неча сониялик жимлик чўкди, Отахон тағин давом этди. - Локинда халқнинг ҳақи тешиб чиқади! Барака топмайди. Бултур қўй боқмоқчи бўлди. Лакалов ишбошиси ерга беда экмоқчи бўлибди. Шоймонов: «Отажон, арпа қўйни тез семиртиради, икки ойда пишиб етилади, ўйлаб кўр», дебди. Чунки беда экса, қишлоққа сув ўтмай қолади-да. Кейин арпа сепди, аммо моллар пайхон қилди. Қўйлари ҳам ўлди, йўқолди.

Ашурали ўша лакалов ишбошидан ҳам баттар бўлганини ўйлаб, надомат чекди.
— Зиёхоновни ўзингиз танирмидингиз?- гап ўзанини тўғрилаб қўйди Ашуралиохун.
— Ҳа, биринчи аёли бизнинг қишлоқдан эди. Локинда номардлик қилди, даюс! Уйида меҳмон бўлган қайинсинглисини ишини чатақ қилиб қўйди. Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик деганларидек: «Хотиним қиз чиқмаган эди, шунинг аламини олдим», дебди. Локинда бу гапи ёлғон экан, ўша қиз ўзини осиб қўйди, аёл ҳам аламдан ўлди.

Ашурнинг ёдига, аввал таъкидлаганимиздек, донишманднинг: «Қиз болани зўрлаш - бола ёки муйсафидни ўлдиришдек оғир жиноят» деган гапи тушди. Бир вақтлар Зиёхоновнинг қабр тошидаги ҳарфларни шарҳлаганини эслаб, мийиғида кулиб қўйди.

У ишни тугатди-ю, қоровулхонага келиб, апил-тапил ювиниб олди, саросималанмай Қамарага телефон қилишга киришди. Иши кўпайиб кетганини важ қилиб, орани очиқ қилишни режалаштирганди. Бу маккорнинг қўлидаги пластилинга айланганидан ўкинди, унинг чангалидан чиқиш, аввалги - оёғи енгил хотинлардан кўра қийин кечмасмикин, деган хавотир тинчлик бермай қўйди.

«Абонент хизмат доирасидан ташқарида». Надоматлар бўлғайким, кечгача бу жавоб ўзгармай қолди.

У гўшасига қайтди, барини ёддан чиқаришга аҳд қилди, аммо хашак ўрса ҳам, қабр қазиса ҳам бир кўнгли ўша ёқда бўлаверди. Шунча дову даскани ветврач билан товуқбоқарларга топшириб кетиши виждонини бот-бот безовта қиларди. Деярли ҳар куни телефон қиладиган Қамара уни батамом ёддан чиқаргани ҳам ғалати эди. Бирор ҳафтадан кейин ветврач амаки сим қоқиб қолди.
— Товуқхонадан телефон қилаябман, - деди у. Бу ерда тўполон-ку. - Тез етиб келинг!

Одамлар эндигина бошоқ тортган ғаллазорни тап тортмай пайхон қилишар, мол боқишарди; биров ер ўлчаса, бошқаси чуқур қазирди. Молхона бузилган ва ғалатиси, одамлар беҳад хурсанд эдилар. У атрофга аланглаб ветврачни излади, аммо тополмади.

Одамлар ҳалқа бўлиб олган жойга бориб, ўртада раис билан хомсемиз савдогар (Охун)ни кўрди. Қутилардан омонатгина стол қилинган, курсилар қўйилганди. Кимдир мамнун пул санар, бошқа биров очиқ чеҳра билан ариза ёзарди. У билан совуққина саломлашишди.
— Менга қара, отажон,- деди раис кўринишидан зиёли, ориққина кишига,- шунча йил мактабда ишлайсан-у, ариза ёзолмайсан-а. Бизда ер сотиш мумкин эмас: молхонами, бузилган биноми, шийпонми деб ёз; «ҳ» билан «х»нинг ҳам фарқига бормас экансан.

Муаллим ҳийла хижолат бўлиб, аризасини қайтариб олди.
— Йўқ,- деди раис бу гал, қаршисидагига овозини андак кўтариб,- олти сотихдан бир метр ҳам кўп бермаймиз! Шунга иморат қурасанми, томорқа қиласанми - сенинг ишинг! Лекин бошқаларни ҳам ўйла!
— Пули тайёр, деябман-ку,- жим турмади у ҳам.
— Менга қара,- унга жиддий тикилди раис,- бошқалар ҳам бепул олаётгани йўқ! Фақат кейинроқ ҳисоб-китоб қилмоқчи. Ҳозир пули йўқ. Тушунсангчи.

Ашурали мулк сотилганини фаҳмлади ва юраги увишиб кетди. «Нега мендан яширишди? Харажатларим нима бўлди? Қамара қаерда? Нахотки шу қадар мунофиқ бўлса?! Товуқлар қани?»
— Еримизни қайтариб олдик.- деди раис қувониб. Қиммат олди-ю, майли…
— Қамара қаерда?
— Ие, хабарингиз йўқми?- ажабланди Шаймонов бобо. - Америкага кетди! Бу киши вакил,- хомсемиз томон имлаб қўйди охирида.
— Товуқлар…
— Уларни ҳам сотдик,- деди Охун, совуққина қилиб.
— Қамара ҳеч нима демадими?,- сўради харажатларини ўйлаб.
— «Инсонни бахтли қилиш учун, бор-будини тортиб олиб, кейин оз-оздан қайтариб бериш керак», деди. Аши зўр бериб, ана шу гапни аввал қаерда эшитганини эсламоқчи бўлди-ю, ёдига келмади. ( Қамара туғилган кунда бу гапни файласуф айтганини, муҳтарам ўқувчи хотирласа керак.)

Бир маҳал оқсоқол билан Охун гапга бориб қолишди. - Менга қаранг,- ўдағайлади Охун,- ишни тўғрилаб бергани учун ҳокимга икки минг берамиз, дедикми? Дедик! Шуни арралаймиз, дедикми? Дедик! Нега энди тонасиз? А? Муйсафид одамсиз…
— Тонганим йўқ, тонганим йўқ! Минг доллар дейсиз… Бу одамлар доллар деганини қўлига ушлаб кўрган эмас! Қаердан топади? Кўраябсиз: сигири, эчкисини сотиб, қарз кўтариб, олти сотихга эга бўлаябди.
— Сиз - неблагадарний одамсиз! Қамара беҳудага фамилиянгизни…
— Биламан, биламан,- отажон,- унинг сўзини кесди Шаймонов. - Лекин ўз халқини талайдиган, эзадиган ҳокимлар, ҳокимваччаларга ҳам Худонинг жазоси бордир?! Болаларимизнинг ўлиги келаябди. Шу ерда кулбаси, бир парча ери бўлса …еб борармиди у томонларга…

У шундай деди-ю, ўпкаси тўлиб кетди. Шоша-пиша рўмолчасини излади, уни тополмай, кўз ёшларини енги билан ситиб ташлади. Ҳамқишлоқларнинг чеҳраларидаги мамнунлик ўрнини важоҳат эгаллади - Охунга еб қўйгудай бўлиб қарай бошладилар. Буни сезган отахон зудлик билан дилсиёликнинг олдини олди.
— Айб бу кишидамас, бу кишидамас!- деди шоша-пиша. - Бу киши - вакил. Ҳамма ишига борсин! Муаллим, кимга айтаябман? Жўнанглар!

Ашурали ўзини орқага олди. Даврадагилардан кимдир: «Биз ўзбекмиз, араб эмасмиз! Араб бўлганимизда бошқача бўларди», деди.

«Пружинани қисганинг сари унинг қаршилиги ортиб боради, ўйлади ўзича Ашурали, демак, аввал отаси, кейин қизи бу одамларга адолатсизлик қилган, камситган. Инсон табиати эса зулм ва камситишни ҳазм қилолмайди. Шунинг учун булар ҳам жим ўтиришмаган: нафратларини бот-бот намоён қилишган».

Аслида бу муғомбирдан қутилишни чамалаб юрганда, Худонинг ўзи қўллаганидан қувонди ҳам, аммо Қамаранинг мунофиқлигини ўйлар экан, беихтиёр отасининг гапи ёдига тушди: «…гўрковдан ҳеч ким қочиб кетолмайди: бир кунмас-бир кун келади. Ўзи келмаса, галалашиб кўтариб келишади».

Йўл-йўлакай, кўз ўнгидан бир пайтлар оғмахони билан унинг тақдиридан ҳадиксираб фол очган лўли аёл, ўлжасини тириклай ютган илон, кушандалари ортидан чирқиллаб эргашган жўжалар, кўз ёшларини енги билан ситиб ташлаган оқсоқол ва бошқа воқеалар кино лентасидан бўлиб ўтди.

У тезликни оширди.