OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНусрат Раҳмат
Асар номиИқбол (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нусрат Раҳмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм36KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Иқбол (ҳикоя)
Нусрат Раҳмат

– Чиқар! – буюрди полвон одатдаги тўнглик билан тошларни имлаб кўрсатаркан.

Мен зилдай оғир тошлардан иккитасини икки қўлимга олиб, саҳнага чиқдим: залнинг ҳар ер-ҳар еридан тартибсиз қарсак чалинди.

Булар мени полвон деб ўйлашганидан шундай қилишади. Аслида мен полвон эмас, унинг шогирдиман.

Институтга киролмаганимдан кейин физкултура ўқитувчимиз шаҳар истироҳат боғининг директори Киромовга илтимос қилиб, шу одамга – Жума полвонга шогирд тушишимга ёрдамлашди.

Мен тошларни саҳнага чиқариб қўйдим. Ҳадемай сурнай чўзиб нола қилди, ноғора ҳаяжон билан авжига кўтарилди. Кенг елкалари, забардаст билакларидан куч ёғилиб турган азимжусса Жума полвон саҳнага чиқиши билан ҳамма қарсак чалиб юборди. Паҳлавон лабининг бир чеккаси билан хиёл табассум қилди. Мен ўзимни чеккароққа олдим. Томоша бошланди.

Жума ака энг аввал мен чиқарган икки пудлик тошларни коптокдай юқорига улоқтириб ўйнай бошлади: уларни навбатма-навбат ирғитар, сўнг кўкраги билан уриб юборар, чўян тошлар зарб билан полга урилар, тахталар бир оз майишиб кетар, енгил чанг кўтариларди.

Аслида бундай шароитда томоша кўрсатиш ноқулай. Яхши томоша учун обдан жиҳозланган тсирк саҳнаси керак. Унинг манежига ёғоч қиниғи солинган, устидан гилам тўшалган бўлади. Ундай пайтда иштиёқ ҳам шунга яраша бўлади, албатта.

Ҳа, майли, булар бари вақтинча: келажакда ҳаммаси жойида бўлади. Яқинда Тошкентдан келган вакил ҳам шаҳримизд – бизнинг группамиз базасида тсирк бўлишини айтганди: биз ўша тсиркнинг илк артистлари бўламиз. Унда ҳамма нарсамиз бўлади: машинамиз, инвентарларимиз, энг муҳими – мустақил бўламиз. Ҳозир эса маданият бўлими ихтиёридаги бир группа, бухгалтерия дафтарида ҳам биримиз ҳисобчи, яна биримиз фаррош ва ҳоказо. Шунинг учун бўлса керак, ҳар бир йиғилишда Жума полвон Киромов билан айтишиб қолади: қўшимча штатлар ажратишни талаб қилади, бизга тегадиган пулни кўпайтириш масаласини қўяди. Аммо у бўлса шундай полвон кишидан чўчимай: «Бу қўлимдан келмайди», деб қўя қолади. Балки, ҳақиқатанҳам шундайдир. Ўтган куни ишга келган кассир қизни ҳам тошкентлик вакил рухсат берганидан кейин қабул қилди-ку. Унгача Бўта қизиқ ҳам билет сотарди, ҳам томоша кўрсатарди.
– Тубаретка! – фикримни бўлди ҳамон тошларни ўйнатаётган полвон менга қарамаёқ.

Югуриб бориб, аввалдан тайёрлаб қўйилган курсини келтирдим ва саҳнанинг ўртасига қўйдим, тошларни ичкарига олиб кирдим.

Полвон ўн-ўн беш ёшлардаги болани курси устига чиқарди, сўнг маҳкам тишлаганича уни ердан узди, қарсак садолари остида саҳнани икки бор айланиб чиқди.

Навбат Полвоннинг қорни устида ўтин ёриш ҳангомасига етиб келди. У чалқанчасига ётди, махсус тайёрланган энлигина тахтани унинг кўкрак қафаси устига қўйдим. Сурнай билан ноғора одатдагидай нола қилишга тушди. Мен ғўлани бафуржа тиклаб қўйиб, болтани олдим ва одамларнинг ҳаяжонларини ошириш илинжида уни даст кўтарганимча бир лаҳза тўхтадим, кейин ғўлани бир неча бўлакларга бўлиб ташладим. Жума ака ўрнидан туриши билан қарсак янграб кетди.

Навбатдаги томоша анча қалтис эди. Мен томошабинлар кўзи олдида бир неча лимонад шишасини синдириб, пол устига ёйдим, сўнг унинг орасидан йирикларини териб олдим. Ўтган гал шундай қилишни унутганим учун полвон шундай ёвқараш қилгандики, эсласам ҳали ҳам юрагим орқага тортиб кетади.

Полвон бу гал ҳеч қандай эътироз билдирмай, шиша синиқлари устига чалқанча чўзилди. Программага биноан залдан саккиз кишини саҳнага таклиф қилдим ва улардан полвоннинг устига чиқишларини илтимос қилдим. Ҳар галгидек, улар рози бўлишмай тархашлик қилиб туришди. Шунинг учун аввал ўзим чиқдим. Улар минг истиҳола билан полвоннинг кенг елкаларига чиқишди. Биз бир неча дақиқа шу алфозда турдик. Зални қарсак тутиб кетди.

Шу билан бизнинг галимиз тугади. Жума ака яна бир таъзим бажо келтириб, орқасига қайтаётганда унга юмалоқланган қоғоз улоқтириб қолишди. Биламан: уни мен тенги болалардан бирортаси ёзган. Ҳар гал шундай қилишади – Жума акадан полвонлик сирларини сўрашади: полвон бўлиб олиб ҳаммани ҳайратда қолдирмоқчи бўлишади. Ўзим ҳам шунақа бўлганман. Аслида эса бу шундайгина азиятдан иборат эканлигини энди ҳис қиляпман. Куни билан полвоннинг қош-қовоғига қараб иш тутиш, уйга боргандан кейин ҳам тинмай машқ ўтказиш осон эмас.

Полвон мактубни очиб кўрмаёқ Бўта қизиққа узатди. Ўтган гал ҳам шундай қилганди. «Бўта гапга бой, ўша гапириб берсин», деганди.
– Биродарлар, – сўз бошлади БЎта қизиқ икки қўли билан «жим» ишорасини қилиб, - қаердаки томоша кўрсатмайлик, болалар албатта машҳур полвонимиз Жума акадан полвонлик сирларини сўрашади. Майли, айта қолай. Фақат жим ўтирилсин! Бу сир – ҳеч кимга айтиб қўйилмасин.

Бир лаҳза сукутдан кейин у яна давом этди:
– Ривоят қилишларича, жуда қадим замонларда узоқ қайбирам мамлакатда ўз марганлиги билан донг таратган бир шаҳзода бўлган экан. У камон билан бир чақирим наридаги отнинг қулоғини теша олар, учиб бораётган турналардан истаганини уриб қулата оларкан. Шаҳзодага ҳамма тан бераркан-у, аммо севикли хотини қойил қолмас экан. Шаҳзоданинг тоқати тугаб, хотинидан бунинг боисини сўрабди. «Маҳоратнинг калити – машқ. Машқ қилса ҳамма ҳам шундай бўлиши мумкин», - дебди малика. Шаҳзода унинг қайсарлигидан дарғазаб бўлиб, ҳайдаб юборибди. Малика узоқ бир қишлоққа бориб кун кечирибди. Ўша ерда болохона қурдириб, яқинда туғилган бузоқни олиб чиқиш, олиб тушишни машқ қилаверибди. Йиллар ўтибди, бузоқ улғайиб ҳўкиз бўлибди, аммо малика машқни канда қилмабди. Кўп ўтмай бу шов-шув шаҳзоданинг ҳам қулоғига етибди ва у ҳўкизни кўтарадиган аёлни кўриш ниятида мулозимлари билан ўша томонга равона бўлибди. Бориб қараса, ҳақиқатан ҳам бир нозанин аёл баҳайбат ҳўкизни кўтариб юрган экан. Шаҳзода жуда қизиқиб, аёлдан бунинг боисини сўрабди. «Маҳоратнинг калити машқ. Машқ қилса ҳамма ҳам шундай бўлиши мумкин», дебди у аввалгидек. Шундан кейингина шаҳзода бу аёл ўзининг севикли ва тик сўзли хотини эканлигини фаҳмлаб қолиб, ундан узр сўрабди.

Бу эртакни Бўта қизиқдан келган кунларим эшитган эдим. Шундан кейин гантел сотиб олиб машқни жуда қизитдим, аммо негадир Жума акадай бақувват бўлолмаётганимдан хуноб бўлиб кетаман баъзан.

Программага биноан саҳнага Бўта қизиқ билан Боли вали чиқишди. Ола-була кийинган бу масхарабозлар пайдо бўлиши билан залда шўх кулги янгради. Улар бир неча интермедия ижро этишгач, одатдагидек Бўта Боли валининг кўзини боғлаб, уни саҳнада қолдирди ва ўзи залга тушди. У томошабинлар орасида бир оз юргач, бир аёлни кўрсатиб сўради.
– Так, Боли вали, бу киши ким?
– Бу – аёл киши, ака, - жавоб берди Боли вали ҳеч қийналмай.
– Балли! Бу киши-чи? – бир эркакни кўрсатиб сўради Бўта қизиқ.
– Эркак.
– Бу киши-чи?
– Бу киши ҳам ўзини эркак деб юрганлардан, ака.
– Балли! Бу кишининг бошларида нима бор?
– Ҳеч нима йўқ, ака.
– Балли! Э, сизни бекорга вали дейишмаскан-да.

Бир лаҳза жимлик чўкди. Бўта қизиқ чеккада ўтирган кишига мурожаат қилиб, бир неча бармоғини кўрсатишни сўради. Сўнг Боли волидан нечта бармоғини кўрсатаётганини сўради.
– Бешта бармоғини, ака.
– Энди-чи?
– Энди битта бармоғини, ака.

Одамлар гуриллаб кулишади, қарсак чалишади. Бундан кейинги саволларга ҳам адашмай жавоб қайтаради у.

Томошадан кейин колхоз раҳбарлари зиёфат беришди. Дастурхон устида ҳам нуқул бугунги томоша ҳақида гапиришар, маҳоратимизни мақташарди.
– Булар ҳали ишнинг бошланиши, - ғурурланиб жавоб қайтарди сурнайчимиз.
– Циркка айлангандан кейин кўрасизлар: ўзимизнинг акробатсиямиз, дрессировками бўлади.
– Циркимизнинг мустақил хўжалиги, плани, номи бўлади, - вазминлик билан давом эттирди Жума ака.
– Шундай қилиб, номини нима қўямиз? - полвонга савол бериб қолди Бўта.

Жума ака бир оз ўйланиб турди-ю, елка қисиб қўя қолди.
– Номини «Иқбол» қўйсак яхши бўларди-да, – қўрқа-писа анча вақтдан бери ўйлаб юрган фикримни айтдим. Ҳеч ким индамади. Фақатгина кассир қиз «пиқ» этиб кулди.
– Ҳа, тинчликми? – унга юзланди Бўта.
– Нима, тсиркка менинг номим қўйиладими? – бу гал очиқроқ кулиб гапирди у.
– Иқбол учун олайлик, ўртоқлар, - суҳбатимизни кесди раис.

Жума акадан сўнг Иқболдан ташқари ҳаммамиз қадаҳларни бўшатдик.

* * *

Бугун тушгача тахтага қўл билан мих қоқиб, уни тиш билан суғуриб олишни машқ қилдим. Аммо ҳар қанча зарб билан урсамда, тахтани тешишни уддалолмадим. Бунинг устига михдан зарб еган кафтим қип-қизил бўлиб шишиб чиқди, тишимга зирқираб оғриқ кирди. Шундан кейин жуда хўрлигим келиб кетди, михни тўғри келган томонга улоқтирдиму кўзимдан тирқираб чиққан ёшларни сидириб ташладим. Ўзи мен хумбошга ким қўйибди паҳлавонликни?! Бошқа бирор ишнинг этагини тутганимда, ҳозиргача бемалол ўрганиб олардим, ойимга оғирлигим тушмай, ёрдамим тегарди. Фаррошлик қилиб топадиган озгина моясини ҳам мана бунақа лашлушлар сотиб олиш учун менга тутқазади, бояқиш. Қўшниларга: «Ўғлим катта паҳлавон бўлади», деб мақтаниб ҳам қўйди. Менинг эса аҳволим бунақа... Мени шу тошбағир Жума полвонга шогирд қилиб қўйган физкултура ўқитувчимиз Норбоевга ҳам...

Кечқурун йиғилишда кайфиятим ундан ҳам баттар бузилди: квартал якунига бағишланган йиғилишда бизларни роса танқид қилди. Маълум бўлишича, фақат бизнинг группа планни бажаролмай қолган экан.
– Охи, аёққа кишан бўлманглар, - деди Киромов тожикча лаҳжада, - программа доқиюнусдан қолган, тамошабин зиқ бўлиб кетади.

Жума ака ҳам жим ўтирмади: рухсат-пухсат сўрамай ўрнидан турди-ю, тутақиб гап бошлади.
– Шу группани йўқ жойдан бор қиламан дегунча она сутим оғзимга келган: у пайтларда бирорта хўжайин йўқ эди. Энди ҳамма бизга катта. Аҳволинг нечук деб сўрайдиган савобталаб йўқ! Томошанинг ўзи бўлмайди-ку! Жума ака яна нимадир демоқчи бўлди-ю, сўзини йўқотиб қўйди. Киромов фурсатдан фойдаланди:
– Қайси талабингиз рўёбга чиқмади?
– Талабимиз шуки, бизга билет сотиш тўғри келмайди. Шартнома тузамиз. Ўша пулни қаердан бўлса топиб берамиз. Бизга машина керак, штат керак!
– Булар қўлимдан келмайди, - одатдаги жавобини рўкач қилди Киромов ва бошқа масалага ўтди.

* * *

Навбатдаги томоша тоғ орасидаги Оҳалик қишлоғида кўрсатиладиган бўлди. Бу ерда келишимиз билан диққатимизни унинг сўлим табиати жалб этди. Қишлоқ тўрт томондан пурвиқор тоғлар билан қуршалган, чўққилар тўшида қор ялтирарди.

Лаш-лушларимизни клубнинг бир чеккасига жойлаб, тоғ сайрига жўнадик. Шундайгина тепамизда осилиб турган чўққи ўзига чорларди бизни. Чўққи этагига етгунча ҳазиллашиб, латифагўйлик қилиб бордик, хатто Жума полвон ҳам ҳазил-мутойибага мойил бўлиб қолди. Аммо у чўққига чиқмади, гарчанд бизнинг ҳам чиқишимизга унчалик рўйхўшлик бермаган бўлса-да, индамай юқорига чирмашдик.

Кўп ўтмай Бўта қизиқ билан Боли вали ҳам ҳансираб қолишди ва мен билан Иқболга оқ йўл тилашди. Олдинда Иқбол чўққига тикилганича илгарилар, мен унга етиб олишга ҳаракат қилардим.

Ҳадемай Иқбол каттакон харсанг устида тин олди. Мен унинг ёнидан жой олдим. Иккаламиз ҳам енгилгина ҳансирардик, гаплашишга мажолимиз йўқ эди.
– Бу тошлар оддий тошлар эмас, - сукунатни бузди Иқбол остимиздаги харсангни имлаб кўрсатаркан. – Булар – оҳак тошлар, қишлоқнинг номи ҳам «оҳаклик» сўзидан олинган бўлса ажаб эмас.
– Буни Боли валидан сўраш керак, - дедим унинг топқирлиги ёдимга тушиб.
– Нега?
– Ахир у вали-ку! Билади-да!

Мен бундай жавобни кутмаган эдим: ҳайратланиб Иқболга юзландим. У ҳамон ўша қиёфада турарди.
– Вали эмас, дедингизми? – ишонқирамай сўрадим.
– Бўлажак паҳлавон ўта синчков бўлиши керак. Улар код билан аниқлашади – одамларни алдашади.
– Масалан?

У андак сукут сақлаб турди-ю, тушунтиришга киришди.
– Бўта қизиқ савол берганда, бир йўла жавобини ҳам айтади. Масалан, «Так, Боли вали, бу киши ким?» – деса, ана шу гапдаги «так сўзи аёл эканлигига ишора, шу сўзни ташлаб кетса – эркак. Бўта қизиқ «хўш», деб гап бошласа, Боли вали «йўқ» деб жавоб қайтаради. Масалан, «Хўш, бу кишининг бошида нима бор?», «Ҳеч нима йўқ».
– Ундай бўлса, буюмлар, бармоқлар сонини қандай қилиб билади? – ҳайратланиб саволда давом этдим.
– Саволдаги сўзлар сонига қараб. «Бу киши нечта бармоғини кўрсатаяптилар:» Бешта сўзми? Демак, бешта бармоғини кўрсатаяпти.

Мен жуда лол қолдим. Шунча вақтгача оддий лақиллатишнинг фаҳмига етмай юрганимни қаранг-а! Бало экан бу қиз! Яқинда келиб, бари сир-асроримизни билиб олибди.
– Бўлмаса ҳақиқий кўзбойлагичларқандай қилиб билади? – суҳбатимиз узилиб қолмаслиги учун саволда давом этдим.
– Иллюзия. Нерв системасига таъсир қилиш йўли билан.

Табиийки, мен ҳеч нарса тушунмадим. Бир оз сукунатдан кейин яна саволда давом этдим. Иқбол жавоб бериш ўрнига менга яқин сурилди, кўзимга боққанича уйқу ҳақида гап бошлади. Чеховнинг «Уйқу истаги» ҳикоясини напириб бергач, «ухланг, ухланг» деб назокатли шивирлай бошлади...
– Ўтиринг, - деди у бир маҳал.

Мен ўтирдим, аммо қачон ўрнимдан турганимни эслолмадим, бу орада қандайдир сирли воқеалар бўлиб ўтганидан шубҳага тушдим.
– Ҳозир ўзингиз сезмаган ҳолда ўрнингиздан туриб, костюмингизни ечдингиз, орқасига оёғингизни артдингиз.
–Ҳазилни қўйинг, - дедим мумкин қадар босиқлик билан, аммо шубҳам ортиб, костюмимни ечдим: унинг орқасида оёқ излари бор эди.
–Сиз хижолат тортманг, Умид ака, - биринчи бор номимни тилга олиб гап бошлади қиз, - ким кўрган эмас.

Кўнглимда туғён ураётган бояги завқ ўрнини нохуш ғашлик эгаллай бошлади, мен эндигина садоқат қўймоқчи бўлган қиз билан орамизда каттагина жарлик бордай эди. Ахир у – доно, ҳозиржавоб бўлиш билан бирга қандайдир ғайритабиий ҳунарга ҳам эга. Менда эса на Жума полвонникидай куч бор ва на Иқболникидақа маҳорат.
–Умид ака, сиз тсирк бўлишига ишонасизми? – фикримни бўлди Иқбол.
–Ҳа, ишонаман, албатта ишонаман!
–Айтганингиз келсин-да.
–Унда кўпроқ билет сотиш мумкин бўларди-да, - фикрини уқмоқчи бўлдим унинг.
–Гап унда эмас, билетни ҳамма ҳам сотиши мумкин. Мен бу ерга кассир бўлиш учун институтни ташлаб келганим йўқ.
–Ҳа, ҳа, сиз тсирк артисти бўлишингиз керак. Одамни гипноз қилоласиз, - далда бердим.
–Гап унда ҳам эмас. Цирк бўлса забардаст гипнозчилар келади, улардан кўпроқ нарсани ўрганиб олиш мумкин бўлади-да. Мен бу ерда шундай артистлар бор, деб хатога йўл қўйибман.

У таърифлаб бўлмас, самимият, назокат билан гапирарди: жуда яқин кишисига кўнгил очаётгандай ўкинч ва надомат билан ўз туйғуларини изҳор этарди. Бу ҳол бизни яна яқинлаштирди.
– Цирк бўлади, албатта бўлади, - дедим негадир комил ишонч билан.

* * *

Оҳалик қишлоғининг клубига одам сиғмасди. Чоллар, болалар, жамики тўпланганлар томоша бошланишини интизорлик билан кутардилар.

Бугун кайфиятим жойида эди: бирорта томоша кўрсатиб, мана шу беғубор тоғ кишилари шодлигига қўшгим келарди. Лекин буни полвондан сўрашга истиҳола қилардим. Бир гал айтганимда жуда тўнг жавоб қайтарганди. «Э, қўйсанг-чи, Умид, мен полвон бўлиб қаерни обод қилдимки, сен қилсанг! Шу ҳам касб бўлди-ю?! Ҳозирги замонда куч керак бўлмай қолди: ҳозир ё пул керак, ё билим!» – деганди. Шундай бўлса-да, унга яқинлашиб, бирорта номер ижро этиш ниятим борлигини гапирдим.
–Масалан, - анча очиқ чеҳра билан сўради у.
–Масалан, тахтага қўл билан мих қоқиб тиш билан суғуриш ёки арқонни учига етти кишини қўйиб тортиш.
–Етти кишини тортаман, дедингми? Шарманда бўлиб қолмайлик тағин. – У ишонқирамай қайишини ечди, саҳнага чиқдик, парданинг очилиб қолган жойларини беркитдик. Паҳлавон тасманинг бир учини қўлига ўраб, осилиб турган томонини менга чўзди.
–Қани, торттинг-чи!

У ўнг қўлини олдинга чўзганича ғоз турарди, лоақал ўрнидан ҳам жилдиролмаслигимга ишончи комил эди.

Қайишнинг иккинчи учини қўлимга ўрадим, гавдамни бир оз эгиб, бор кучим билан тортдим: полвон мункиллаб кетди. Мен тўхташим билан ҳижолат бўлиб, қайишни икки қўли билан ушлади. Вазиятини ўзгартирди.Зарб билан тортдим: рақибим яна силкиниб кетди, чеккага бориб қолганим учун ўзимни чапга олдим, тезлигини тўхтатолмаган паҳлавон саҳнадан пастга тушиб кетди. Ҳар қалай йиқилмади!

Иккаламиз ҳам бундай бўлишини хаёлимизга келтирмадик: нақадар ноўнғай вазият. Мен бу одамни жуда кучли деб юрибман...

Сурнай чўзиб нола қилди, ноғора авжига чиқди. Мен икки пудлик тошлардан бир жуфтини саҳнага олиб чиқишим билан ҳар ер, ҳар ердан тартибсиз қарсак янгради. Кўп ўтмай Жума ака ўша виқор ва салобат билан ўртага чиқди...

Менга гал бермаган бўлишса ҳамки, унчалик ўксинмадим. Қандайдир ифтихор туйғуси қалбимни аллаларди.

Кечқурун одатдагидек зиёфат беришди. Арақ шишаларини кўриб, Жума аканинг чеҳраси анча ёришгандай бўлди. Мен бу гал ичишдан ўзимни тийдим.
–Бизнинг шогирдлар шунақа: аста-секин айнийверади, - тўнғиллади полвон. Ҳадемай унинг кайфи ошди: ёввойи ҳислатлари юзага ура бошлади. Менга эса еб қўйгудай бўлиб тикилар, бирор баҳона билан можаро чиқариб, тўйиб дўппослагиси келаётганлиги сезилиб турарди. У Иқболга ҳам қандайдир ғаркўзлик билан назар ташлар, буларнинг бари ноўнғай ва ҳатто жирканч эди.

Ҳар қалай раис фотиҳага қўл кўтарди.

* * *

Куни билан Иқболни қўмсадим. Кеч тушиши билан микрораёнга – уникига йўл олдим. Энтикиб иккинчи қаватга кўтарилишим билан овози қулоғимга чалинди.
–Чиқинг, чиқинг деяпман, беномус!

Унинг овози қалтирар, йиғламсирарди. Ўрнимда қотиб қолдим. Қия очиқ эшикдан Жума полвоннинг минғирлаган овози келди: «Ўша сўтакчалик ҳам бўлмадикми! У билан кайф-сафо қилинади-ю, бизга келганда...»
– Чиқинг, Чиқинг деяпман! – кескинлашди Иқбол.

Ортиқ чидаб туролмадим: эшикни шиддат билан очиб, ўзимни ичкарига урдим. Улар мени кутишмаган эди, албатта: полвоннинг кўзи қонга тўлди, Иқбол эса ҳўнграб йиғлаб юборди.

Жума полвон билан интиқомли нигоҳларимиз тўқнашди: дуелга чоғланган эркаклардай ташқарига чиқдик ва ҳудудсиз ғазабларимизни босиб пастга туша бошладик. Биринчи қаватга тўрт-беш зина қолганда, елкам ва бўйним аралаш қаттиқ зарба тушди: ўз нафратини тиёлмаган полвон бутун кучини тўплаб мушт туширган эди. Мен узала тушиб йиқилдим. Чап юзим бетонда шилиниб кетди, оғзимда шўртаккина таъм пайдо бўлди.
– Хўш, сўтак! Ана шу муштдан яна егинг борми?! Ёки басми, а?

Мен қаттиқ зарба еган, ўрнимдан туришга мажолим йўқ: шу алфозда бир оз ётиб, ўзимни тиклаб олгим келарди. Аммо устимга бостириб келаётган полвонни кўриб ўрнимдан турдим. У юзимга тарсаки тортишга улгурди. Кўзимдан ўт чақнагандай бўлди, қорачиғимни ёш қоплаб, ҳеч нимани кўрмай қолдим. Чекиндим. Енгим билан кўз ёшларимни артиб олгач, кўкрагимни тўлдириб нафас олдим. Полвоннинг ҳавога кўтарилган қўлини кесиб ушладим-у, бор кучимни тўплаб кўкрагига калла қилдим. Полвон сурилиб кетиб бурчакка йиқилди, кўзлари катта-катта очилиб, важоҳати ваҳимали тус олди. Назаримда у ҳозир ўрнидан туриб мени қиймалаб ташлайдиган эди. Югуриб бориб иккала елкасидан кўтариб турғиздим ва яна елкаси аралаш мушт туширдим. Шундан кейингина у дод солди. Ҳадемай одам тўпланди. Бир рус кампир мени муштумзўрликда айблаб, полвонга ёрдамга шошилди.

Кечаси билан ухлолмадим, юрагим ҳамон гупиллаб урар, хаёлларим паришон, зарб еган баданим эса зирқираб оғрирди. Тузалгач, бирорта заводга кириб ишлашни, у ердан Иқболни ҳам чиқариб олишни мўлжаллаб қўйдим. Зўр бўлса, тсирк ташкил этилгандан кейин келармиз...

Бир ҳафтадан кейин ҳужжатларимни олиш учун идорага келиб талай янгиликларни эшитдим. Жума полвон кетиб қолибди. Умуман кетибди. Ҳозирча Иқбол бизга бошлиқ қилиб тайинланибди.

Шошиб залга кирдим. Ҳамкасблар берилиб машқ ўтказишарди. Мени кўриб ҳаммалари қувонишди. Иқбол эса ўтириб янги программа тузарди. У мен билан анча ҳаяжонланиб кўришди ва яна ишида давом этди. Бир оздан кейин эса музикачиларга мурожаат қилди.
– Ишни музикадан бошлаймиз! Бизга шўхроқ, дилкашроқ куйлар керак!

Музикачилар эътироз билдирмай бошқа куй машқ қилишга киришишди. Мен бир оз нима қилишимни билмай турдим-у, сўнг машқни давом эттирдим.