OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНусрат Раҳмат
Асар номиҚавмлар ёки Вадим фалсафаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нусрат Раҳмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм97KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/01/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қавмлар ёки Вадим фалсафаси (ҳикоя)
Нусрат Раҳмат

Бу кўнгилсизликларнинг бари Тоғошарнинг бурнидан қон келган ўша нохуш шанбадан бошланди. Дастлаб ўзи ҳам, бошқалар ҳам бунга жиддий эътибор беришмаганди. Аммо, қон тўхтамади. Бурнига пахта тиқди, бошини кўтариб ётди - қон эса ҳалқумига ўтди ва оғзидан келди. Ишбоши «тез ёрдам» чақирди. Доктор ўз ишининг устаси экан - унинг бошини янада баланд қилиб ётқизди, бурнига водород пероксид шимдирилган пахта суқди, қаншарига ҳўл латта босди - қон тўхтади. Кейин шошмай қон босимини ўлчади.
- Жойида,- деди енгил тортиб. - Бурнингизни бирор нарсага уриб олганингиз йўқми? Ичмайсизми, чекмайсизми?

У инкор маъносида бош тебратиб турди. - Иссиқда юрманг, бурнингизни қаттиқ қоқманг,- деди доктор кетатуриб. Тағин қон кеца, ётишга тўғри келади. Жигар касалланганда ҳам шундай бўлиши мумкин.

Анчагина қон йўқотганидан бўлса керак, у андак ҳолсизланди ва биринчи бор ўлим ҳақида ўйлаб қолди. Кайфияти андак бузилди.

Ҳафта ўтмай, дилни хуфтон қиладиган ҳол тағин такрорланди: бу гал докторни овора қилишмади - бурнига дориланган пахта тиқиб, пешонасига муздай латта босишганди, қон тўхтади. Бора-бора, жигарида билинар-билинмас, рутубатли оғриқ пайдо бўлди. У: «ватанга қайтиш керак», деган хулосага келди.

Бу ердаги шифохоналарда даволаниш жуда қимматга тушишини у эшитган эди, шунинг учун ҳам юртга қайтиш, ўша ерда даволаниш фикри тағин кучайди. «Ҳар ҳолда, ўз юртим, қавмлар ҳолимдан хабардор бўлишади. Тузалиб кецам, тағин қайтиб келарман», деган, унчалик қатъий бўлмаган, мавҳумроқ муддаоси ҳам йўқ эмасди унинг. Бунинг устига қизи Шабнам бўй етиб қолганди: хотини унинг бу мусофир юртда, бегонага турмушга чиқишини тасаввур қилолмасди.

* * *

Тоғошарнинг тақдир тақозоси билан, аниқроғи, ризқ-у насиба излаб, Сочи шаҳридан бир неча чақирим юқоридаги Мамайка посёлкасига келиб қолганига ўн йилдан ошганди. Тўқсонинчи йилларнинг (ХХ аср) ўрталарида устма-уст келган қурғоқчиликлар бошқа жойлардаги сингари унинг қишлоқдошларини ҳам талай қийинчиликлар, мушкулотларга рўбарў қилди. Дарё суви қуриди, (муйсафидларнинг айтишларича, бундан етмиш йил илгари ҳам шундай ҳол рўй берган экан) юзга яқин хўжалик биргина булоққа кўз тикиб қолди. Ёзнинг охирларига келиб, ундан чиқадиган сув жуда камайиб: пақир кўтарган қиз-жувонлар, фляга ортган мотоцикллар, аравалар навбатда турадиган бўлиб қолишди. Тоғда ўт-ўлан ўсмагани сабаб, молларни арзон-гаровга сотишди. Болалар мактабга келмай қўйишди: муаллимлар мардикорликка жўнаб кетишди. Оммавий-ахборот воситалари тўкинлик, фаровонлик ҳақида шалдироқ гапларни вайсаётганда, одамлар нон топиш ваҳимасига тушгандилар. Табиийки, Тоштемир ҳам бундан мустасно эмасди. Унинг туғилган куни, аниқроғи қирқ ёшга тўлиши ҳам нажот ҳақида бош қотириб юрган кунларга тўғри келиб қолди. Ўша куни почтачи тутқазиб кетган телеграмма ҳаёт йўлини батамом ўзгартириб юборишини эса хаёлига ҳам келтирмаганди.

Телеграмма Сочи шаҳридан келган бўлиб, уни дўсти Одина юборган, аниқроғи, туғилган куни билан муборакбод этганди.

Одина деганимиз, асли панжакентлик. У билан университетга бирга ўқишга киришганди. (Мустақиллик эълон қилинишидан олдин, албатта) Кейин ётоқда ҳам ҳамхона бўлиб қолишди. Фақат феъл-атворларигина эмас, қиёфалари ҳам ўхшаш бўлганлиги сабаб, кўпчилик уларни ака-ука деб биларди. Ҳаёт йўлларида, имкониятлар орасидан муносибини танлайбилиш қобилиятига эга эдилар улар. Икковлари ҳам ўртабўй, қиррабурун; мушоҳадали, қаноатли, сокин, хуллас, «шаҳар кўрган»лардан эдилар.

Ўқишдан кейин Одина юртига қайтиб, муаллимлик қилаётганда ҳам борди-келдилар узилмади. Байрамлар, туғилган кунларда бир-бирларини табриклаб туришди. Мустақиллик эълон қилингач, робиталар мураккаблашди, дастлаб, ҳатто мактуб ҳам эгасини топмайдиган бўлиб қолди. Бу ҳам табиий ҳол эди: янги тартиб ва тузумга мослашиш учун вақт талаб қилинарди. Одина мактабни ташлаб, Россияга ишга кетганини у эшитганди, аммо бу гапни ким айтганини сира эслолмасди.

«Дўстим у ёқда нима иш қилаётган экан? Борсам менга ҳам юмуш топилармикан», деб ўйлади ўзича ва ўша табрикномани қайта қулга олиб, манзилгоҳга синчков назар солди. Кейин мактуб йўллади. Ўн кунлардан кейин келган жавоб хати анчайин умидбахш бўлиб, жумладан қуйидаги гаплар бор эди.

«Бундай ноиложлик менинг ҳам бошимга тушганди. Бундан ўксимаслик керак. Дўстим, жомадонингизни (улар бир умр сиз-сизлаб гаплашишганди)кўтариб келаверинг: ишбоши билан гаплашиб қўйдим. Ётиб-турадиган жой ҳам аниқ. Юмушимиз қийин эмас: бу ерда бир озарбайжоннинг каттагина ери бор - шу ерда гул етиштирамиз…»

У сўнгги қўй-ечкиларни сотиб, бир қисмига рўзғорига ун билан ёғ харид қилди, қолганига чипта олди. Акаси билан укасига ( ҳаммалари бир ҳовлида яшашарди) оиласидан бохабар бўлиб туришни тайинлади, иши ўнгидан келса, пул юборишга сўз берди.

Бу ёғи ҳам қийин бўлмади: Одина, ваъда берганидек, уни аеропортда кутиб олди. Тамадди қилишгач, аввал Қора денгизни, унинг соҳилларидаги муҳташам биноларни, сўлим хиёбонларни кўрсатди. Тоғошарнинг дили аллақандай шукуҳга тўлди; сарҳадсиз денгиз, ям-яшил боғлар, мамнун қиёфалар дилидаги орзу-умидларни оловлантирди; инсон бу дунёга бахт учун келишини бот-бот хаёлидан ўтказди. Такси билан Мамайкага жўнаш олдидан, Одина унинг бу жозибалардан тўймай қолганини ҳис этди ва: « Ҳар якшанба шаҳарга тушиб турамиз - ҳали тўйиб томоша қиласиз», деди.

Йўл-йўлакай пишиқ ғишт ёки шунга ўхшаш оқ блоклардан тикланган уйлар ва уларнинг деразаларига тортилган ҳарир пардалар тўқлик, фаровонликдан далолат берарди. Мамайка деганлари ҳам каттароқ қишлоқ экан. Бу ерда жаъми бинолар пишиқ ғиштдан тикланган, ҳовлилар ям-яшил, улар девор билан ўралмаган, гуллар, буталар билан тўсилганди.
- Биз дарҳол уч пахса девор урамиз, уйимизнинг ўзи ҳам пахса,- дардини тўкмоқчи бўлди дўстига.
- Шундай қилмасак ҳам бўлмайди - мол киради,- эътироз билдирган бўлди Одина.
- Булар мол боқишмайдими?
- Фермаларда боқишади, аммо сут, қаймоқ арзон,- деди у.

Атрофи анвойи гуллар, буталарга бурканган икки қаватли бино қаршисида тўхтадилар. Дўсти изоҳ беришга тушди.
- Уйнинг эгаси Санк-Петербургда яшайди, бу ерда Вадим деган ўғли туради; Одамхудо, дейишади уни - хаёлпарастроқ бола. Шу йигитнинг бир гапи бор: «Инсон қаерда яхши яшаса, ўша маскан - унинг ватани». Бугундан бошлаб, шу уй сизнинг ҳам ватанингиз бўлади.

Юкларни кроватининг остига жойлаштиргач, дўсти чой олиб келди, бегона муҳит, нотаниш кишилар дилига рутубат солмаслиги учун бу ерга келиб тўғри қилганини, иши ўнгдан келиши муқаррарлигини қайта-қайта такрорлади. Бир оздан кейин йўлакка олиб чиқиб, ўша хушфеъллик, умидбахшлик билан муҳит, шароитлар, одамлар билан таништиришда давом этди.
- Чап томонимиздаги хонада менинг икки жияним туради: уч йил илгари бирга келганмиз. Аввал бизга ҳам қийин бўлганди, ҳозир ҳақимизни қолдирмаймиз! Мана бу хонада икки озарбайжон бола яшайди. Ишёқмас, эркароқ - катта хўжайиннинг қавмларидан бўлса ажаб эмас. Бунисида чеченлар яшашади. Бу томонда иккита хона бор - ўша Одамхудо деганимиз хизматкори, тансоқчиси билан туради.
- Тансоқчиси ҳам борми?- ишонқирамай сўради Тоғошар.
- Ҳа, бир чечен йигит кузатиб юради. Негадир ёлғизликдан хавотир тортади, бу Вадим деганимиз. Фалсафа факултетини битириб, ўша ерда дарс бераётганда, андак касалланиб қолган: назаримда, мияни чарчатиб қўйган. Шунинг учун ота-онаси бу ёққа юборган - дам олишга. Пастки қаватда турли жойлардан келган аёллар яшашади. Истасангиз, бирортаси билан таништириб қўйишим ҳам мумкин.

Улар беғубор кулишди.

Одина хотини, қизи билан бурчакдаги икки хонани ижарага олган экан: тушликни ўша ерда қилишди. Кейин дўсти уни ишбоши - Жабраил билан таништирди. Русчалаб тез гапирадиган, (овози бурнидан чиқадиган) чувак, пакана бу одам Тоғошарнинг дилига унчалик ўтиришмади. Xудди от харид қилаётгандек, суҳбатдошига синчков назар ташлаб чиқиши, гапираётганда нуқул кўзини олиб қочиши ғалатироқ эди. Шунга қарамай, Тоғошар унга эҳтиром кўрсатиб турди. Чунки бундай феъл ва рафтор кўпгина ишбошиларнинг табиатига хос эканлигини биларди. Жабраилни эса Xудонинг ўзи ишбоши қилиб яратгани мана-ман, деб турарди: бошлиқнинг ишончини қозониш, унга садоқатини намоён қилиб туриш, кам харажат қилиб, кўпроқ фойда олиш ҳаётининг мазмунига айланиб қолганди бу одамнинг.
- Бу ҳам бизнинг бригадада ишлайверсинми?-сўради Одина.

У розилик бергач, саволда давом этди: - Шартнома тузиш керак эмасми?
- Дастлаб уч юз олади.
- Жуда оз-ку, лоақал бизникига тенглаштириш керак: бола-чақаси бор.

Жабраил ижирғандай бўлди ва жавоб қайтармай, зарда билан жўнаб кетди. Одина ғазабини яширмади.
- Ўша Одамхудо буни Азроил деб атаганича бор. Қаранг: бир ойда уч юз бераман, деябди. Ановилар минг доллардан олишаябди…
- Одина, уч юз долларми? Майли, индаманг, мен розиман - ахир у ерда оладиган маошимни долларга чақса, олтмишга ҳам етмасди.

* * *

Бу ерда бир неча гектар майдонда турли навдаги гулларни етиштиришаркан ва пешма-пеш Сочига элтиб сотишаркан. Очиқ майдонлар билан бирга усти пленка билан ёпиладиган иссиқхоналар ҳам кўзга ташланиб турарди. Ана шу мулк соҳибининг Москвада, Бокуда уйи; аллақаерда корхоналари борлигини, ҳар ойда бир бор келиб, хабар олишини айтишди.

Тоғошар ошхонада жам бўлган кишилардан андак қимтиниб турган бўлса ҳамки, уларни таниб олиш; қиёфалари, номларини хотирада сақлашга ҳаракат қилди. Сипо кийинган хушфеъл, чиройли қиз-жувонлар; ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, ҳазилкаш йигитчаларни меҳр, ҳавас билан кузатди.

Нонушта қилиб олгач, (тухум, сариёғ, ширгурач, кофе беришди) атиргул етиштириладиган каттагина майдонга боришди. Ҳар бир қаторда алоҳида навдаги гул ўсар, улар камалакдек жилоланиши устига атрофга хушбўй ифорлар таратар, буларнинг бари дилга илиқ ҳиссиётлар солар, ҳаёт мунаввар, умидбахш кўринар; ер билан осмон ораси бўшлик эмас, инсоннинг орзу-умидларини, ҳаётга бўлган ҳавасини оловлантирадиган гўзалликлар маскани эканлигини ёдга соларди.

Унга токқайчи беришди: улар гул тайёрлашга киришишди. Тоғошар қора атиргул (гули сиёҳ) қаторига тушиб қолди. Бундай гулни биринчи бор кўраётгани учун қизиқиши ошиб, дўстидан сўради.
- Бу гулнинг ҳам харидори борми?
- Жуда кўп,- жавоб берди Одина,- мотам маросимларида, марҳумлар қабрини зиёрат қилишда… Гоҳида бошқаларидан кўп кетади, нархи ҳам баландроқ.

Очилай-очилай деб турган ғунчаларни тахминан икки қарич узунликдаги пояси билан қирқиб олиб, қутига солишар, аёллар уларни ранги, шаклига қараб ялтироқ қоғозларга ўрашарди. У тезроқ, кўпроқ ишлагиси келди-ю, шерикларидан андиша қилди. Бунинг устига ҳалиги йигитчалар атрофда бир-бирини қувиб юришар, иш бошлашмаганди. Бундай пайтда жудаям ишга берилган киши «ола қарға»га айланиб қолишини у яхши биларди. Тушгача аксар ҳамкорлар билан танишиб, дўст бўлиб олди. Ундан кейин Жабраил уларни бошқа юмушларга тақсимлаб юборди. Одина икковлари анча кексайиб қолган атиргул тубларини тагдан арралашга киришишди. Шундай қилинганда, улар ёш, бақувват новдалар бериши Тоғошарга ҳам аён эди.

Кечқурун Одинанинг хонасида чой ичиб, дам олиб ўтиришганда, эшик тақиллади. Рухсат бўлгач, хонага йигирма беш ёшлардаги, яхши кийинган йигитча кириб келди.
- Бу - Одамхудонинг тан соқчиси,- таништирди Одина.
- Сени хўжайин кўрмоқчи бўлаябди,- деди у Тоғошарга қовоғини очмай.

У нима дейишини билмай, шеригига юзланди
- Бирга борамиз, ҳар хил саволлар бериб, бошингизни қотиради,- деди дўсти ва йўл-юлакай Вадим ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар берди. - Бу одам ғалати: ҳар бир инсонда Xудо сиймосини кўрмоқчи бўлади. Инсонни шу даражада улуғлаш керак, дейди. Шунда янги - одамхудо жамияти вужудга келади, деган фалсафани яратган ва унга қаттиқ ишонади; шубҳаланганларни жоҳиликка айблайди. Шунинг учун гапини маъқуллаб туришингиз керак. Маошингизни сўраса, андак ошириб айтинг…Уч юзни эшица, жуда асабийлашиб кетади.

Тоғошар ногаҳоний учрашувдан, негадир хавотир тортиб бораётганди, аммо Вадим деганларини кўрди-ю, дили ҳузурбахш ва зоҳирий бир ҳаловатга тўлди. Боиси: бу йигитча Сергей Есениннинг айнан ўзидай эди. Тоғошар ёшлигиданоқ Есенин шеърларини хуш кўрар, шоирнинг суврат ва сийрати шуурига сингиб кетганди. Севимли кишисининг қуйиб қўйган нусхасини кўраман, деб ўйламагани учун жилмайиб қўйди. Сарғишдан келган сочи қизларникидай ўртадан фарқ олинган ва кенг пешоналари узра паришон, табассум қилиб туриши, чеҳрасидаги хушфеъллик аломатлари, тиниқ ва ўткир кўзлари кишини сеҳрлаб қўядиган даражада мафтункор эди. У қўл телефонида аллакимга дашном берарди.
- Ким айтади, сани файласуф деб, Россия - менинг ватаним эмас - давлатим! Ватаним - Мамайка: шу ерда туғилиб ўсганман, уни севаман. Россиянинг эса кўпгина губерняларига бормаганман. Ўзим кўрмаган жойларни қандай қилиб ватан дейман. Йўқ, йўқ, бу масалада Марксга ҳам, Ницшега ҳам қўшилмайман - ўз фикрим бор: китобимни ўқи! Йўқ, давлатдорлар «ватан» ва «давлат» тушунчасини фарқламаслигимиздан манфаатдор. Бир пайтлар Афғонистонда ҳалок бўлганларни ҳам «ватан учун жон берди» дейишарди. Ҳозир ҳам «она ватан учун жон бериш керак», деган чучмал гапни такрорлаб туришларида инсонни манқуртга айлантиришдан ўзга мақсад йўқ! Аслида, бунинг тескариси бўлади - ҳақиқий оналар фарзанд учун жон нисор қилишга тайёр турадилар. Майли, қолганини кейин гаплашамиз,- деди у, меҳмонларни куттириб қўйганидан ҳижолат чекиб.
- Сигарет чексам, майлими,- сўради салом-аликдан кейин, уларни ўтиришга таклиф этар экан. Доктор ман этган, аммо, тан оламан - иродам бўш. Танишиб олсак бўладими? - ногаҳонда овозини ўзгартириб, Тоғошарга мурожаат қилди у. Одина билан бирга университетда ўқиганингизни айтишди. Ўзингиз ҳақингизда пича гапирингчи.

Одамхудо яъни Вадим деганлари бу гапни шундай беихтиёр, дилкаш оҳангда айтдики, ҳар қандай киши эврилиб кетиб, энг нозик туйғулари, ҳатто айрим асрорларини ҳам айтиб қўйиши ҳеч гап эмасди. Ўзи, оиласи, қишлоғи ҳақида (албатта, рус тилида) шошмай, муфассалроқ гапирабошлади. Вадим бор диққатини жамлаб, бир маромда бош тебратиб туриши, гоҳида табассумини кузатган киши, бировнинг гапини тинглайбилиш ҳам санъат эканлигига ишонч ҳосил қилиши ҳеч гам эмасди.
- Сиз русчани яхши гапираркансиз, - эътироф этди суҳбатдоши,- айтингчи, қишлоқдошларингизнинг реал даромади қанча? Ҳисоблаб кўрганмисиз? Масалан, ҳар бир киши ойида…
- Афсуски, бундай маълумот йўқ. Менинг маошим аниқ эди, аммо кўпчилик ишсиз-ку. Улар мол боқишади, узум сотишади. Аниқ даромад нафақахўрлар билан, муаллимларда. Кўп оилаларни нафақахўрлар боқишади; долларга чақадиган бўлсак, улар ойида қирқ- эллик олишади.
- Xўш, умумий қилиб оладиган бўлсак, қишлоқдошларнинг даромади ойида ўттиз долларга етиб қоладими?
- Еца керак,- мавҳумроқ жавоб берди Тоғошар.
- Сизлардаги уй-жойларнинг Одинанинг қишлоғидан фарқи нимада? -саволда давом этди у.
- Фарқи деярли йўқ…
- Иморатлар лойданми?
- Ҳа, пахса.
- Юз хўжаликнинг барими?
- Мактаб, идора, магазин пишиқ ғиштдан.
- Демак аҳолининг тўқсон фоизи лойдан қилинган уйларда яшайди. Шундайми?
- Шундай.
- Инсонни ер ости ёки ер усти бойликлари фаровон қилолмайди! Интеллектуал қудрат керак! Ҳовучида бир сиқим олтини бор довдирдан, калласида билими, қўлида ҳунари бўлган киши бахтиёрроқдир…

Орага мавҳум сукунат чўкди. Бу одамнинг мустақиллик, аниқроғи Россия истиқлоли ҳақидаги фикрлари ҳам томдан тараша тушгандай эди.
- Мустақиллигимиз абадий бўлмайди,- деди Одинанинг сўзини кесиб,- зеро, дунёда ҳеч нимарса боқий эмас. Бу - диалектиканинг қонуни. Бора-бора давлатлар бирлашади ва йўқолади. Чунки давлатчилик ҳам инсоният учун керак бўлмай қолади.

Сўнг ўрнидан хавотирона туриб, атрофдагиларга анчайин нописандлик билан деди: - Мен баландга чиқиб олганман, бу ердан одамларни томоша қилиш мароқли.

Тоғошар унинг нима демоқчи эканлигини яхши англолмай қолган бўлсада, суҳбатдошининг андак киборроқ рафтори, зоҳирий ғуруридан ранжимади: истеъдодли кишилар қусурсиз бўлмаслигини у яхши биларди.
- Жабраил сизга қанча маош берадиган бўлди?
- Тўрт юз,- унинг учун жавоб қайтарди Одина.

Бу жавобни эшитиб, ҳақиқатан ҳам Вадимнинг важоҳати ўзгарди. Муштини тийди:
- Йўқ, бу - инсон ҳуқуқларини оёғости қилиш! Бу - ўрта асрларга қараб чекиниш! Инсонни шунчалик камситиш мумкинми, ахир?! Булар одам зотини оддий машинага айлантиришмоқчи! Мен шахсан президентга мактуб йўллайман! Агар эътибор беришмаса, кетаман. Толстой, Пушкин юртининг жабраиллар, азроиллар масканига айланганига тоқат қилолмайман! Европага кетаман! Замон сенга боқмаса, боқма сен ҳам замонга!- деганди бир шоир. Инсонни севмаган юртни севиш ножоиз, Ундан қочиш керак!
- Менга қаранг,- тағин Тоғошарга юзланди у андак сукутдан сўнг,- уйимиз лойдан дегандингиз, ҳаммомчи?
- Ҳаммом йўқ,- ҳижолатомуз жавоб қайтарди у,- пишиқ ғишт изладим – тополмадим.
- Умуман, қишлоқда борми, ҳаммом?
-Йўқ.
- Нима одамлар ювинишмайдими,- жилла қаҳрга миниб сўради Вадим.
- Шаҳарга тушганда ҳаммомга киришади, кўпинча уйда сув иситишади.

Кутилмаганда суҳбатдоши асабийлашди, бармоқлари, лаблари қалтирайбошлади.
- Аблаҳлар!- деди овозини кўтариб,- бари амалдорларингни чиқариб отиш керак! Ўзларингни ҳам...
- Тоғошар алланечук бўлиб кетди, ҳижолат тортди.

Авзойи ўзгарган чечен йигит унга ўзбекчалаб буюрди.
- Кет! Кет! Кет!
- Тоғошар ташқари чиқаётганда, дори-дармон кўтариб келаётган ҳамшира билан тўқнашиб кетди ва баттар мулзам бўлди.
- Бу одам ғалатироқ, чамамда?- сўради Тоғошар ташқарига чиқишгач Одинадан. Мен нима хатога йўл қўйганимни тушунолмаябман.
- Бўлиб туради,- дудмал жавоб қайтарди дўсти.

* * *

У тез мослашиб кетди. Иш оғир эмасди: атиргул узишдан ташқари уни суғориш, бачки новдаларини чилпиш, оқпашша, шира каби зараркунандалар; оқшудринг, занг касалликларига қарши мунтазам заҳарли модда сепишга тўғри келарди. Шунингдек, кексайиб қолган атиргул тубларини чиқариш, ёшларини ўғитлаш, пайвандлаш ҳам кўп вақтни оларди.

Бирор ойдан кейин Одина унга Вадим ёзган китобни берди. Рус тилида ёзилган бу асарнинг номини Тоғошар ўзича: «Одамхудо фалсафасига кириш» деб таржима қилди. Бош қисми мавзу баёни ва афоризмлардан иборат бўлиб, инсоният босиб ўтган йўл таҳлил қилинган, янги эътиқод соҳиби бўладиган келажак авлодга таъриф берилган эди. «Одамларнинг энг катта хатолари - ўз хатоларини такрорлаб туришлари» деб бошланганди бу боб. Яқин келажак ҳақида гап кетганда, одамхудо даврининг бошланиши, деб каромат қилинганди; унинг фуқаролари авлодлар йўл қўйган қусурлардан холилиги билан ажралиб туриши айтилганди. Одамхудолар ўзларини жафо ва уқубатга уришни хуш кўришлари, имтиёз ва мукофотлардан бот-бот воз кечишлари алоҳида таъкидланганди.

Тоғошар китобни аввал «чўқилаб», кейин эса синчиклаб ўқиди ва муаллифнинг кўпгина фикрлари унга томдан тараша тушгандай бўлиб туюлди, уларнинг бир қисмига қўшилиш, қўшилмасликни ҳам билмай қолди. «Давлат» деган бобда давлатчилик қаттиқ қораланганди. Дастлаб давлат бўлмаган ва ҳудуд, ҳамда бойлик учун қон тўкишмаган. Бу тузилманинг ўрнига жаҳон миқёсида қонунлар ишлаб чиқарадиган, мослаштирадиган жамоа ташкилотлари бўлса бас. Чунки, айнан давлат сабаб бўлиб, инсон вужудга келтирадиган жуда катта бойликлар, кишилик жамиятини қирғин қиладиган қурол ишлаб чиқаришга, бир ҳовуч доҳий ва доҳийчаларни боқишга сарфланавериши мантиққа зидлиги уқтирилганди. «Халқнинг энг даҳо фарзандларини отадиган, осадиган, қамоқхоналарга ташлайдиган, сургун қиладиган ҳам айнан давлатдир! Давлатлараро чегаралар, ҳарбий қурилмалар, базалар инсоният учун зарардан бошқа нарса эмас! Бу борада тарихда мисоллар кўп», деган хулосага келганди у.

Муаллиф дин ҳақида ҳам ана шундай бетакаллуф гапирганди. «Болшевикларга ўхшаб, динга қарши курашиш керак эмас, чунки пружинани сиққанинг сайин унинг қаршилиги ошаверади. Ишлатмай қўйсанг, занглаб, ишдан чиқади. Одамхудо диннинг афюн эканлигини билади: динлар давлатларга ўхшаб, одамларни алдашдан бошқасига ярамайди», дейилганди.

Бу одамнинг милат, миллий ғурур борасидаги фикрлари ҳам ўта нигилистик эди. Миллатлар йўқолиб, ягона тил вужудга келишини каромат қилганди. «Миллий ғурур эмиш. Xўш, у нимага керак? Ўз миллатини ўзгалардан устун қўйиш учунми?!»- деб заҳарханда қилганди муаллиф. Шу билан бирга бозор иқтисоди, яъни капиталистик тузумни ҳам, коммунизм ғояларини ҳам қаттиқ қоралаганди. Фақат рад этиб қолмай, барининг ўрнига одамхудо жамиятни тиклашни таклиф этган, бўлажак тузумга таъриф берган эди. Бу китобдаги талай афоризмларнинг бир қисми Тоғошарнинг миясида михланиб қолди.

«Эй Одамхудо, вақт деганлари қўлингда сўнаётган шам эмас, тобора алангланаётган машъалга айлансин!»

«Боғ тинч бўлса, булбул кўп бўлади. Бунинг учун эса она планетани қурол-яроқдан холи қилишга тўғри келади. Армия билан яроқ ҳамиша урушларга ҳуқуқ берган.»

«Тарихда ғалабага эришган партиялар, гуруҳлар дарҳол иккига бўлинишган. Одамхудо жамияти эса бу қусурдан холидир».

«Одамхудо нигилизмдан батамом воз кечмайди. Чунки турғунликка барҳам бериш; идеаллар, қадриятларни якунлаб олиш, янги уфқлар излаш учун нигилизм қўл келиб туради.»

«Ғоя билан яшайдиган одамларни излайлик, уларнинг кўнглига қўл солайлик!»

«Келажак кишисини тасодифлар билан эмас, кашфиётлар билан тарбиялаш керак.»

« Одамхудога айланиш учун ўз даврининг камчиликларидан изтироб чекадиган бўлишга тўғри келади»

* * *

Шу орада: «Кимдир президентга норозилик хати ёзган эмиш. Катта хўжайиннинг ўзи келиб, мажлис ўтказармиш», деган шов-шувлар тарқалиб қолди.

Ўша куни тушликда ошхона, стол-стуллар ўзгача безатилганини англаш қийин эмасди. Жабраил ва икки нотаниш киши қуршовида кириб келган бу одамга таъриф берадиган бўлсак, унинг андак паканалиги, бақалоқлиги, қўнғиз мўйловчаси оппоқ юзига ярашиб тушганлиги, ҳаракатчанлигини таъкидлаб ўтишга тўғри келади. Ҳеч қанақа расмиятчилик бўлмади. Катта хўжайин бирайўла мақсадга ўтди: «Биласизлар, ҳукуматнинг ойлик маошларни ошириш ҳақида фармойиши бор. Аммо ишбошимизнинг лоқайдлиги сабаб бўлиб, бунга эътибор берилмабди. Ведомостларга қарасам, саккиз минг рубл оладиганлар ҳам бор экан. Бу - уч юз доллар дегани. Айтингларчи, шунча маош билан тирикчилик қилиб бўладими? Бугундан эътиборан ҳамманинг маоши ошади.» Одамлар қарсак чалишди. «Саволлар, таклифлар борми?» Аёллардан бири оилалиларга уй-жой бериш масаласини ўртага ташлади. Аммо бошлиқ дудмал ваъдадан нарига ўтмади.
- Xўжайин адолатпешага ўхшайди,- Одинанинг фикрини билмоқчи бўлди Тоғошар.
- Xўжайинларнинг бари алдам-қалдам бўлади. «Ишбошимизнинг лоқайдлиги сабаб» дегани кўтара носамимийликдан бошқа нарса эмас: ўзи бари гапни билади, назорат қилади. Жабраил унинг рухсатисиз йўталмайди ҳам.

Эртаси ишбоши уни дараклаб келди.
- Маошингни икки ҳисса ошираман, аммо юмушинг ҳам қийинлашади,- деди. - Дори сепишни сендан бошқаси уддалолмас экан, шу ишни буйнингга оласан. Бу гапни ҳаммага айтиб юрма. Тағин мукофот ҳам бераман.

Айниқса, иссиқхоналарда оқпашша деган зараркунанда билан оқшудринг касаллиги кўп эди. Уларга қарши «Топас» деган заҳарни сувга қўшиб сепишга ва унсимон бадбўй порошокни чанглатишга тўғри келарди. Бу ишнинг соғликка зарари борлигини дўстлари айтган, ўзи обдон ҳис қилган бўлсада, Жабраил тилга олган тузуккина маошдан воз кечгиси келмасди. У ўз оиласигагина эмас, қишлоғидаги қавмларига мунтазам пул юбориб турар, гоҳида ночор кишиларга мадад кўрсатишни ҳам таъкидлаб қўярди.

* * *

Тоғошарнинг ўзи Мамайкада бўлса ҳам, кўнгли нуқул қишлоғида эди. Бола-чақаларнинг аҳволи не кечди, қавмларнинг тирикчилиги қанақа бўлди, қишлоқда нима гап? Дастлабки йиллар пул юбориш, ҳатто телефон қилишнинг ҳам иложи йўқ эди. Ҳарқалай, бора-бора бу муаммолар ҳал бўлди.

Бир куни уни тағин Вадим йўқлаб қолди.
- Менга қаранг,- деди ўша эҳтиром ила,- сиз менга ёқиб қолдингиз. Сиз таппа-тайёр одамхудосиз. Чунки кўп уқубатлар чеккансиз, виждонлисиз. Имконингиз бўлса, менга икки кун тансоқчилик қилсангиз. Азроилга ўзим айтиб қўяман. Бу уйига бориб-келмоқчи,- деди чечен йигит томон имлаб.
- Тан соқчилик бунинг қўлидан келмайди,- деди у анча нописандлик билан.

Тоғошар унинг гапини маъқулламоқчи бўлиб турганда, Вадим кескинроқ рад этди.
- Келади! Унинг савияси сеникидай чекланган эмас!

Чечен йигит индамай Тоғошарга йўл-йўриқ кўрсатди. Кечаси шу ерга келиб ётиши, аммо ухлаб қолмаслигини, атрофни қандай кузатиш зурурлигини, машинага биров портловчи модда қўймаслиги учун ундан узоқлашмасликни уқдирди. Тоғошар рози бўлди.

Кечқурун эса Вадим икковлари ёлғиз қолиб, анча суҳбатлашишди. Одамхудо деганлари нурли келажак ҳақида тўлиб-тошиб сўзлашни хуш кўрарди.
- Биз келажак ҳақида нима биламиз? Ҳеч нимарса билмаслигимизни биламиз, холос. Авваллари: «Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун» деган шиор бўларди. Лекин аслини олганда, барча бойликлар амалдорлар, уларнинг бахт саодати учун хизмат қиларди. Одамхудо жамиятида асосий вазифа, эзгу бурч инсон қалбини ардоқлаш бўлиб қолади ва у жамиятни йўлдан оздирувчи ғоялар учрамайди. Ҳарқанча ҳаракат қилишмасин, одамхудонинг бу борадаги фикрини ўзгартиришолмайди. Оламни фақат гуманизм қутқариши унинг бош шиорига айланади!

Тоғошар ҳам жим турмай, суҳбатга қўшилди. - Китобингизда « Xудо одамни яратди. Бу − унинг хатоси эди. Балки аксинчадир: одамлар худони яратиб, хатога йўл қўйишгандир» деган жумлани ўқиб қолдим. Вадимнинг юзида мамнунлик пайдо бўлди ва тағин очилиб кетди.
- Бу мушоҳада тариқасида айтилган эди. Фалсафада саллогизм деган ибора бор. Бу - икки фикрдан мантиқий учинчи фикр чиқариш дегани. Шу йўлни қўллаганман: давомида бошқаларнинг ҳам мушоҳадаси бор. Умуман худо бўлмаганда ҳам одамлар уни яратишарди. Чунки ҳайҳотдай бу планетада инсон кимгадир суяниши, мадад сўраши керак.
- Одамхудо ҳам диний китобларни ўқийдиган бўлади, аммо ҳамма гап уни жиддий қабул қилмасликдадир.
- Лекин сен халқингни, халқинг эса сени тушунмай ўца−чи?

Вадим Тоғошардан бундай жиддий мушоҳада кутмаганди. Бир лаҳза ўйга толгач, жавоб беришга киришди:

Ҳаёт эркин, шод бўлсин, десанг,

Унга жўшқин юрак билан кир!

дейди Некрасов. Оломондан ажралиб чиққан одамхудолар ана шундай жўшқин юракли бўладилар. Улар мени тушунишларига имоним комил! Ва менинг учун энг муҳими шудир! Ҳар қандай шароитда ҳам воқеликка муносабатимиз воқеликнинг ўзига тўғри келиши керак! Шунинг учун бугунги воқелик билан эмас, келажак умиди ва унинг ўлкан мақсадлари билан яшашга тўғри келади. Тан оламан: биз - одамхудолар материалистлармиз! Аммо материализмга содиқ юраклар ҳам юксак идеалларга ташна бўлади. Бу идеал мавжуд: у одамхудолар жамиятини вужудга келтиришдир! Ўшанда бутун дунё одамхудолари, бирлашингиз, деган шиор юзага келади, у амал қилади. Бутун планета катта, аҳил қишлоққа айланади. Сиз буни тасаввур қилаябсизми? Ўша Айриқия деган қишлоғингиздан аксар кишилар ҳаёт фаровон, дилкаш бўлган жойларга кўчиб кетишади. У ерда қолганлар ҳам пахса уйларда яшамайдилар. Компютер техникаси шу даражада тараққий этиб кетадики, инсоннинг жисмоний меҳнатига заррача эҳтиёж қолмайди. Одамлар жуда узоқ ва бахтиёр яшайдилар! Ахир, шундай бўлиши шарт-да. Инсон бахт учун дунёга келар экан, унга сазавор бўлмоғи зарур!

У чинакамига завқ-у шавқ билан монолог айтишга киришиб кетди. Одамхудоларнинг ажойиб хислатларини узоқ таърифлади, аллақандай декларация, уставлар ҳақида гапирди. Кейин бирдан тин олиб, Тоғошарга савол берди.
- Агар қўшнингиз иморатини сизникидан баландроқ қилиб қурса нима қиласиз?
- Бунга эътибор бермайман.
- Агар пастроқ қилсачи?
- Бунда уйлаб кўришга тўғри келади. Балки мен ҳам иморатимни пастроқ қиларман…

Одамхудо, негадир қувониб кетди.
-Сиз одамхудосиз, том маънодаги одамхудо! Қайси куни сизни ноўрин ранжитдим. Айтингчи, мактабингизда компютер борми?
- Бор,- суҳбатдоши жаҳлга минмаслиги учун ёлғон гапирди Тоғошар.
- Компютерни билмаган бола гастрабайтердан бошқасига ярамайди. Атиги битта гастрабайтери бўлса ҳам, у миллат қолоқ ҳисобланади.

Эртаси улар Сочига борадиган бўлдилар. Тоғошар андак хавотирланди, машина йўлга тушди.

Вадим ноутбукини олиб, кутубхонага кирди, Тоғошар соядек унга эргашди. У ўқув залига кириб, мутолаага киришганда ҳам зийрак бўлиб турди, шубҳали одамларни кузатди. Тоғошар Вадимни яхши кўриб қолганди: агар бирор киши унга ташланса, душман билан курашишга тайёр эди. Xайриятки, ҳаммаси жойида бўлди.

Қайтишда Вадим Тоғошарга маслаҳат берди:

Оилангизни олиб келинг! Икки хоналини бераман - пул олмайман!

У нима дейишини билмай қолди.

* * *

Тоғошар қишлоғига қарийб уч йилдан кейин, кузда келди. У оиласи, қишлоғи, қавмларини соғингани сабаб энтикиб кетди. Гарчанд озроқ бўлсада ўзгаришлар бор эди: шаҳардан «Дамас» қатнайдиган бўлибди.
- Шаҳарга тушиб келиш осонлашди,- дейишди,- мардикорларимиз ҳам «Дамас» билан бориб-келадиган бўлишди.

Қишлоқдан фақат эркаклар эмас, аёллар ҳам мардикорликка чиқаётганлиги унга нохуш бўлиб туюлди.

Ўзгаришлар фақат шу эмас: тоғ теппасига антенна ўрнатишибди, телевидениени кўриш, телефонда гаплашиш имкони юзага келибди. Тепаликдаги ўзгариш ўз йўли билан аммо, пастликда жимжитлик эди. Акаси аввалгидан ҳам кўпроқ ичадиган бўлибди, аҳволи, табиийки, афтодаҳол эди, шу сабаб бўлса керак, янгаси мардикор бозорга чиқишга мажбур бўлибди. Укаси эса мачитга қатнаётган экан: соқол қўйган, оқ иштон кийиб олган, бунинг устига художўйлигини намоён қилишни хуш курадиган, одамларни намозу, рўзага даъват этадиган бўлибди. Қишлоқ ёшларидан тўрт-беш киши Қозоғистонга ишга борган экан, аммо бир неча ой ишлатиб, бир тийин бермай ҳайдаб юборишибди. Тоғошар Мамайка ва Сочи атрофидаги қурилишларда ишчи етишмаслигини биларди, шунинг учун ҳам бир нечта ўсмирларга боришини тайинлаб, йўл-йўриқ кўрсатди.

Қишлоқда иқтисодий ночор аҳволга тушган оилалар анчагина эди, аммо шуниси ғалатики, йиллар давомида йўқчиликка кўникиб қолган кишилар ҳеч нимарсадан нолишмас, яхши ҳаёт учун курашишмас, гўёки бу ердагиларнинг бахти ана шу кўникмада эди.

* * *

Тоғошар хайрлашишдан олдин акаларига бироз пул берди ва хотини билан қизини олиб, Мамайкага қайтди.

Хотини Одинанинг аёли билан аввалдан таниш эди. у билан гладиолус ва доим гуллаб турадиган сирен майдонларида ишлайдиган бўлдилар. Шабнамни эса мактабга жойлаштиришди. Йил ўтмай, ўғил ҳам кўришди. Xуллас, мақсадли, шукуҳли йиллар бир-бирини қувиб ўтарди.

Аммо ана шу ҳаёт деганлари арзимас шодликлар учун гоҳида катта ҳақ талаб қилишини унутмаслик керак.

Бари ширин орзулар, зоҳирий умидлар белига шу ярамас касаллик тепди, ҳаёт тизгинини қўлдан чиқаришга сабаб бўлди. Жигарининг зирқираб оғриши асабини бузар, иштаҳасини буғар, ҳолсизлантирарди. Докторлар ёзиб берган дорилар вақтинчалик тинчлантирса ҳамки, тиш оғриғига ўхшаш азоб тағин дилини хуфтон этар, бот-бот: беморлик - энг катта бахцизлик, деган хулосага келарди.

Қишлоғида шароит дилдагидай эмаслигини, докторларнинг чаласаводлигини биларди. Аммо аллақандай номаълум даъват ( тузалиш умидими, ўлим хавфими - ўзи ҳам билмасди) юртига чорлар, борса дарддан фориғ бўлиши аниқроқдай бўлиб туюларди.

Шундай кунлардан бирида уни тағин Вадим йўқлаб қолди, ва бор гапдан воқиф бўлгач, қаҳрга минди.
- Сизни касал қилган - ўша Азроил! Ярамас! Фақат у эмас, инсоннинг қадрига етмайдиган ҳукумат, тузум ҳам айбдор! Мен сизни Германияга юбораман - даволаниб келасиз. Xаражатларни ўйламанг! Сиз одамхудосиз - қадрингизга етмасак, манифестимизга доғ туширамиз, виждонимиз олдида азоб чекамиз!

Чет элга - мутлақо бегона, тил билмас кишилар орасига бориб даволанишни у тасаввур ҳам қилолмасди. Бунинг устига хаёлпараст бир кишининг гапига лаққа тушиш лакаловлик-ку, деган гумон уни иккилантирарди.

Тоғошар қишлоғи, қавмлари билан алоқани узмаганди. Бу гал эса кўпроқ пул жўнатди: тоби қочганлиги боис бир-икки ой орасида қайтиб боришини билдирди, у яшайдиган уйнинг полини янгилашлари, деворларини бўяб қўйишларини илтимос қилди.

* * *

Мана орадан, бир неча ўтгач, хотини, ўн олти ёшли қизи, ҳали боғчага қатнайдиган ўғли, бир нечта жомадонга жойлаштирилган кўч-кўлони ва албатта тўрт-беш сум дегандай, пул билан қайтиб келди.

Таксичининг саволларига узуқ-юлуқ жавоб берар экан, бу ердаги ўзгаришларни илғашга зўр берарди. Йўллар жуда ўнқир-чўнқир эди, шўролар даврида ётқизилган асфалт ҳар ер-ҳар ерда қуроққа ўхшаб қолганди.

Куз бўлганлиги сабаб, одамлар ёппасига узум узиш, хашак жамғаришга чиқиб кетган; кўча-кўйлар сокин эди.

У туғилиб ўсган ҳовлисига юракни ҳаприқтирадиган ҳаяжон билан қадам қўйди, аммо ҳамма далада экан, шекилли истиқболларига бирор киши чиқмади. Юкларни тушириб бўлгандан кейин, укасининг катта қизи Шарқия пайдо бўлди. Унинг юзи нозик, нафис, чеҳраси маъюс, ёқимли, соғлом эди; ҳижоб ўраган, енги ва этаклари узун, кўйлак кийганди. Бир қарашда, ана шу ҳижоб ҳам, узун кўйлак ҳам бу иболи қизга ярашгандай бўлиб туюлди, уни даъфатан маъсума қилиб кўрсатди. Тоғошар соғинч, меҳр билан уни бағрига босмоқчи бўлганда, Шарқия ўзини илкис орқага олди. Кейин эса бошқалар билан ҳам кўришмай ва ҳеч нарса демай кетиб қолди. Тоғошар унинг бу ҳаракатини тушунолмай, гарангсиб турганида, хотини изоҳ берди.
- Уни мачитда отинойи ўқитади, деб эшитгандим: эркак зоти билан кўришма, деб таълим бергандир…
- Ундай бўлса, сизлар биланчи…
- Бошяланглигимиз, кийинишимиз дилига ўтиришмагандир.

Хоналарига кириб, диллари баттар хуфтон бўлди: даҳлиз ҳам, уй ҳам тозаланмаган, деворларни бўяш ўрнига чала-чулпа оҳак суйкалган ва пақирда унинг қотиб кетган қолдиқлари турарди. Поллар бўялмаган, айрим жойлари кўчган. Xуллас, Мамайкада шинам хоналарда рўзгурзонлик қилган оила учун номус қиладиган даражада хароб эди бу жойлар.
- Юборган пулларимнинг озгинасини сарфлашганда ҳам анча эпақага келарди,- деди хотини йиғидан бери бўлиб.

Тоғошар ранжиганини сиртига чиқармай, хотини билан қизига далда берди.
- Ҳеч қиси йўқ, тозалаймиз, полни ҳам янгилаймиз, яхши пардалар иламиз. Пулимиз бўлса бор.

У оиласини овутар экан, дилининг аллақаерида: «Вадим ҳақ экан: беҳуда келибман» деган фикр йилт этгандай бўлди.
- Жигарим келдими?- акасининг овозини таниди Тоғошар. - Укам келдими? Қани у?

Кайфи тароқ аканинг аҳволи анчайин афтодаҳол эди: кийимлари уриниб кетган, ғижимланган ана шу либослар ичида ўзи ҳам ғижимлангандай таассурот қолдирарди. Акаси уни қучоқлаб, тупукларини сачратганча роса ўпди, кейин йиғлади.
- Бир қошиқ қонимиздан кеч, ука - юборган пулларингни харжлаб қўйдик; уйингни бошқача қилмоқчи эдик…Мен дурак… Қарзлар кўпайиб кетди. Лекин йилнинг охиригача барини қайтарамиз. Балки кейинроқ қайтарармиз…

У шанғи овозда мастларга хос кўп ва мантиқсиз гапирар, кишининг энсасини қотирадиган ясама ҳаракатлар қиларди.

Кўп ўтмай, укаси ҳам пайдо бўлди. У юзига унчалик ярашмаган даражада каттагина соқол қўйган, салла ўраганди. Ака-ука қучоқлаб кўришишди. Кейин укаси узундан-узоқ дуо қилди.

Жигарида оғриқ пайдо бўлганини телефонда айтган эди: шунинг учун ҳам саломатлигини қайта-қайта, хавотирона сўрашарди. Акаси жигар хасталигига даво бўладиган гиёҳларни санаган, уларни топиб келишини таъкидлаётган бўлса, укаси нафаси ўткир муллалар, дуохонларни тилга олди ва икковлашиб, уни дарддан фориғ қилишга бел боғлаганларини намоён қилган бўлишди.

Ҳадемай қўни-қўшнилар, қавмлар, муаллимлар тўпланишди. Ёшликдаги завқовар хотираларни эслаб кулишди. Ошни жуда кеч сузишди. Кечки овқат жигари учун оғирлик қилишини билса ҳамки, Тоғошар қўл тортишга истиҳола қилди.

Кўрпа-ёстиқлар ҳам кирланган, улардан сичқон ҳиди анқирди. Шунинг учун эртагаёқ янги кўрпа-тўшак, рўзғор ашёлари харид қилишга келишиб, нохушликларнинг барини ҳазилга йўйиб ухлашди.

Оила тонг саҳарда муаззиннинг ғайритабиий овозидан уйғониб кетди. Микрофон аввал хириллади, кейин баланд овозда азон айтилди. Шундан сўнг ҳеч кимнинг уйқуси келмади.

Эрталаб булар дастурхон тузатишаётганда, акаси норози оҳангда гилалаган бўлди.
- Бу ерга келинглар, бир жойда чой ичамиз. Уят бўлади!

Мамайкада стол-стулда ўтириб, анчайин тўкин дастурхондан чой ичган оила учун бу ерда ноўнғайлик, камчиликлар кўп эди. Чорпоя одамга тўлиб кетган, бола-чақа, кир-чир. Кўрпачаларнинг пахтаси чиққан ва ўртада чой, нон, узумдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Аммо шунга қарамай, ҳеч ким дастурхонга қўл чўзмай ўтирганди. Тоғошар савол назари билан акасига қаради. - Қобил намозини ўқиб келсин,- деди у айвон томон имлаб.

Гарчанд намоз беш вақт фарз қилинган бўлса-да, укаси бир кунда олти-етти бор саждага бош қўяркан, имом-хатиб, вақтида ўқилмаган қарзларни ( улар қазо, дейишади) узишни маслаҳат берган эмиш. Ниҳоят, Қобил ҳам келди, ҳамма унга одоб билан салом бериб, жой кўрсатди.

Дастурхон бошида асосан, узумни қуритиш, молларга ем-хашак жамғариш ҳақида гап кетди ва буларнинг бари Тоғошар, унинг оиласи учун бегона, зерикарли эди. Акаси эшакнинг темир қозиғи йўқолганини уч бор надомат билан гапирди; Қобил: дастурхон атрофида бошяланг ўтириш, қўлни ювгандан кейин силкиб ташлашнинг уволлигини таъкидлади. Чамаси ўн беш кишига олтитагина пиёлани кўриб, Тоғошар қизига буюрди.
- Шабнам, югур, уйдан ўнта пиёла олиб кел!

Эртаси хотини қизи билан шаҳарга тушадиган бўлди.
- Ўша, маъсума, деб мақтаган жиянчангиз Шабнамга зуғум ўтказаётган экан: «Агар узун куйлак билан лозими кийиб юрмасанг, бўғиб ўлдираман», дебди. Бу ерларда эса тикувчи йўқ.

Кўзига мусичадай беозор, санамдай бокира бўлиб кўринган Шарқиянинг бу ҳаракати унга қаттиқ ботган бўлсада, хотин билан қизига далда берди.
- Ҳа, энди ҳеч гап эмас: шароитга ҳам қараш керакдир. Вадим: «вазиятни ўзгартиролмасанг, унга мослашишга ҳаракат қил,» дерди. Шаҳарга тушсаларинг, менга дори олинглар, бозорга тушиб сабзавот, балиқ харид қилинглар: негадир иштаҳам ҳам, мадорим ҳам йўқ. Қайтиб келсаларинг, шу ердаги дўконга чиқиб, рўзғорга зарур ашёларни оламиз. Ўзим ҳам бораман.

Тушга яқин акаси сут, қатиқ билан тоғ гиёҳларини олиб келди.
- Бу дориларни тоғдан ўзим териб келдим, эчки сути, қатиғини ҳам. Шуларни аралаштириб ичиб юбор, кўрмагандай бўлиб кетасан.

Эртаси, индини ҳам бу ҳол такрорланди. Орадан ўн кунлар ўтар-ўтмас муъжиза рўй берди: оғриқ ўз-ўзидан йўқолди. Бу ҳолдан беморнинг ўзигина эмас, оила, қавмлар ҳам даъфатан енгил тортишди.
- Мен бир гапни айтдимми - албатта қиламан,- гарилларди акаси,- тузатаман, дедим - тузатдим!

Шу орада вужудига куч кириб, укаси билан теварак-атрофларни айланадиган бўлди.

Чойхонада карта чийиб ўтирган ҳамқишлоқлар уни кўриб, хурсандчиликларини яширолмадилар: эҳтиром билан чойга таклиф этишди, ёшликдаги ҳангомаларни эслаган бўлишди.

Мактаб янгидан қурилганини эшитган эди: уни кўриб, беҳад қувонди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида қурилган эски бино тўкилай-тўкилай, деб қолганди. Пишиқ ғиштдан тикланган ва ҳали бўёқ ҳиди анқиб турган янги бинонинг спорт зали, компютер хоналарини айланар экан, ҳукуматнинг бу борадаги ғамхўрлигини ич-ичдан ҳис этди, тасаннолар айтди. Гарчанд спорт залида болалар машғулот ўтказаётган бўлишсада, компютерни ўргатадиган муаллим йўқлиги сабаб, хонани қулфлаб қўйишганди. Эркак муаллимлар уч-тўрт киши қолганини, айни пайтда улар юқори синф болаларини пахта теримига олиб кетишганини айтишди.
- Ҳали ҳам пахтага олиб чиқишаркан-да,- ўсмоқчилаб, норози оҳангда деди Тоштемир.

Муаллималарга жон кирди: болалардан пул йиғиб, пахта сотиб олишаётганидан, ноўнғай шароитлардан шикоят қилган бўлишди

Эртаси укаси уни булоқ бўйида қад кўтарган «Хонаи шифо»га олиб борадиган бўлди.

Тоғошар университетда ўқиб юрган пайтлари укасини техникумнинг ветеринария факултетига ўқишга қўйганди. Исму-жисмига монанд қобилгина бола эди ўшанда. Колхоз пайтида фермада веттехник бўлиб ишлади. Xўжалик тугатилгандан кейин одамларнинг молларини даволаб юрди. Колхоз шароитига кўниккан ҳамқишлоқлар унинг хизматига пул бергилари келмасди. Зеро пулнинг ўзи ҳам анқонинг уруғи бўлиб қолганди. Шу орада булоқ бўйида янги мачит қурилиб, шаҳардан Ҳожи ака имом-хатиб бўлиб келади; бошқалар қатори Қобилни ҳам тоат-ибодатга даъват этади. Кўп ўтмай, болалар ҳам жалб этилади: ўғил болалар алоҳида, қизлар алоҳида ўқитиладиган бўлади.

Гарчанд Қобил акасини ва табиийки Тоғошар укасини яхши кўришсада, дунёқарашдаги фарқлар, савиялар, эътиқодлар алланималарга монелик қилиб қолганди. Мамайкадан келганларидан кўп ўтмай Қобил акасини мачитга даъват этабошлади.
- Сиз сажда деган ҳикматнинг ҳаловати, роҳатини ҳис қиладиган бўласиз! Ахир, ёшингиз ҳам бир жойга бориб қолди: бош эгадиган пайтингиз келди. Мана мен ўша пайтларда ўқилмай қолган қазо қарзларни узолмай ҳалакман. Бош қўяйлик - у дунёда тилимиз бурро бўлади: мункар-накирларга жавоб беришимиз осон кечади!

Тоғошар дастлаб индамай қўяқолди, аммо ука ҳам тинчиб кетадиганлардан эмас экан. Бу гал ўша гапларни такрорлаш билан қаноатланмай, аччиқ-тизик сўзлар ҳам қилди. Исломий фарзларни ижро этмайдиган муслимни дўзах олови куйдиришини, ҳозир ҳатто христианлар, ҳабашлар ҳам ўз эътиқодларидан воз кечиб, муқаддас динимизни қабул қилишаётганини такрорлайдиган, асослайдиган бўлди.
- Ука, қўй,- деди шундан кейин Тоғошар,- мендан намозхон чиқмайди. Овора бўлиб нима қиласан?

Қобилнинг жаҳли чиқди:
- Xудони танимаганингиз учун ана шундай дардларга мубтало бўлиб юрибсиз!
- Йўқ, мен Xудони танийман, аммо сенга ўхшаб кўр-кўрона эмас,- деди у ғазабга эрк бермай, анча мулойим оҳангда.

Қобил икки ҳафтагача ундан аразлаб юрди. Охирида, Тоғошар вазиятни юмшатиш учунми ёки заруратданми унга қизини юборди, сайрга олиб чиқишини сўради.

Булоқ бўйидаги ўзгаришлар ҳақида Тоғошар узуқ-юлуқ эшитган бўлсада, унчалик эътибор бермаганди. -
- Эсингиздами: шу дўлананинг тагида бир мозор бор эди,- тушунтиришда давом этарди укаси,- гоҳида раҳматли ойим билан келиб, шам ёқардик. Кўримсиз жой эди. Вилоятнинг катта мулласи келиб: «Бу ерда Ҳазрати Алининг кичик ўғиллари дафн этилган эканлар, ҳужжатларини топдик», дедилар. Кейин телевизордан ҳам чиқиб, шу гапни айтдилар. Айтишларича, бу киши катта авлиё бўлган эканлар. Дуо билан мана шу сувни тескари оқизганлар.

Янги мачитнинг ёнида бир нечта хоналар ҳам қурилибди. Дўлана шохлари эса латта-путталарга тўлиб кетганди.
- Энди бу ёққа келинг,- деди Қобил, сирли шивирлаб ва одамнинг бўйи аранг етадиган шохдаги оқ латтани кўрсатди: - Бунисини ўзим атаганман: сиз учун! Ишонасизми - шундай боғладим-у, дарддан фориғ бўлдингиз. Ана каромат!

Тоғошар, бир лаҳза иккиланди: айниқса илоҳиётга нописандлигини мушоҳада қилиб кўрди. Лекин кўп ўтмай, барибир: «Булар бари хурофот, хурофот, хурофот» деган хулосага келди. Аммо укасининг эҳтиросларига совуқ сув сепмади: бош силкиб, маъқуллаб қўяқолди.

Келинг, ичкари кирайлик - Ҳожи ака билан таништириб қўяман. Локинда тилло одам, нафаслари ўткир мулла. Бу киши бош имом-хатибимизнинг жиянлари. Ҳозир намозни ҳам шу ерда, Ҳожи аканинг орқаларида туриб ўқиябмиз. Ўғилларимизга ўзлари, қизларимизга аёллари таълим бераябдилар.

Мачит мактабга нисбатан гавжумроқдай эди. Собиқ муаллим бўлгани сабабми, бу ҳол дилига ўтиришмади.

Бошқа вақт кирармиз,- истамади Тоғошар.

Бу ердаги бекатда бир нечта «Дамас»лар турганлиги ҳам янгилик эди.
- Бошқа қишлоқлардан ҳам шифо излаб келишади,- изоҳ берди укаси,- ихлос-у - холос, деб қўйибди. Қанчадан-қанча дардманлар шифо топиб кетаябди! Басир бўлмаслик керак!

Охирги калом акасига тегиб кетишидан хавотир тортган Қобил гап ўзанини бошқа томонга бурди. - «Дамас»ларнинг кўпайгани ўзимизга ҳам соз бўлди - зип этиб шаҳарга тушиб келамиз. Одамларимиз эрталаб мардикорчиликка жўнаб, кечқурун пул топиб келишади.
- Аёлларимиз ҳам чиққан,- деб эшитдим.
- Ҳа, ўттиз икки қўймагандан кейин чиқади-да. Янгамиз ҳам бориб-келади, чунки акамнинг аҳволини кўриб турибсиз - топганини ичади. Улфатлари бор.
- Лекин сенинг улфатларингдан уники озроққа ўхшайди? Қобил саволнинг моҳиятини яхши тушунмади, шекилли, индамай қўяқолди.

Қишлоқдаги ўзгаришлар фақат шулардан иборат эмасди. Алдам-қалдамчилик кўпайганини ҳар қадамда сезиш мумкин эди. Шўролар даврида тортилган газ қувурларидан бора-бора газ келмайдиган бўлибди. Оқибатда, ёнбағирлардаги ёнғоқзор, арчазорларни кесиб, ўтин қилишибди. Шу орада газлаштириш идорасидан бир ҳаннот келиб: «фалон сўмдан йиғиб берсаларинг, бош магистралга улаб берамиз, газ қишин-ёзин келадиган бўлади», дебди. Бор-бутларини сотиб, қарз кўтариб, ҳалиги шайтонга тутқазишибди. Одамлар ҳашарга чиқишибди, ҳақиқатан катта қувурга улашибди ва газ гуриллаб ёнадиган бўлибди. Аммо андак салқин тушиши билан тағин аввалги ҳолига келибди. Ҳозир ( ҳаво иссиқ бўлса ҳамки) қувурларда газнинг ҳиди ҳам йўқ экан. Югуришибди, юқори ташкилотларга ёзишибди, аммо наф бўлмабди.

Ўзгаришлар ҳақида гап кетганда, турли олиб-сотарлар пайдо бўлганлигини таъкидлаб ўтишга тўғри келади: Xитойнинг арзон матоларини уйма-уй кўтариб кирадиган, шу билан бирга жун, мол ва қўй териси, қадимий буюмлар, ёдгорликлар, нодир китобларни арзон-гаровга сотиб оладиган корчаллонлар; лўлилар, аъзайимхонлар, экстрасенслар кўпайганди.

Тоғошар дарддан фориғ бўлганидан қувониб юрган, ака билан ука бунга ўзларини сабаб қилиб кўрсатаётган бир пайтда, надоматлар бўлғайким, лаънати оғриқ тағин ўзини эслатиб қолди. Жигарнинг зирқираши кундан-кун авж олар, дори-дармон; акаси топиб келадиган эчки сути, гиёҳлар умуман ёрдам бермасди. Бора-бора Тоғошар қавмлардан ҳам безди: уни ёлғиз, тинч қолдиришларини сўрайдиган бўлди.

Аммо уни тинч қўйишмасди: ўзларининг ғамхўрликларини намойиш қилиш учун бўлар-бўлмасга олдига киришар, турли егуликлар, дориларни кўтариб келишар ва энг ёмони, эзмалик қилишарди.

Хонани арақ ҳидига тўлдириб, акаси кўпроқ келар ва ҳар гал Тоғошар унинг нигоҳлари, болаларча қилиқларига қараб, зоҳирий муддаосини фаҳмлаб оларди. Агар у кимнидир ёмонлай бошласа, ғийбат қилса, ва кейин жигарга даво бўладиган малҳамларни қаторлаштирса, араққа пул сўрашга келгани маълум бўларди.
- Сен Қобилга ҳам, унинг ўша Ҳожи акасига ҳам ишонма,- одатдаги кириш сўз билан бошлади акаси бу гал,- эсингдами: колхоз пайтида раис мени олти ойга қаматиб юборганди. Гирибонидан олган эдимда. Айб ўзида: «Ҳей алкаш, кабинетдан чиқ!» деб тепиб юборганди. Мен ҳам кўчада қолган эмасман: жавобини бердим. Майли, бу - ўтган гап. Лекин, барига арақ сабаб.

Тоғошар эса унинг кўзи ва сўзидан: «Акангни жағини қиздириб нима қиласан, бир шиша араққа пул берақол» деган ўтинчни уқиб олаётган бўлсада, тўғридан-тўғри пул узатишга ноўнғай бўлар, бунинг учун бирор баҳона ёки қулай вазиятни кутар, ундан тезроқ қутулишни мўлжалларди. Акаси бу гал Тоғошарни аллақандай сирдан воқиф қиладигандай унга яқинлашди ва қулоғига шипшийбошлади: « Ҳожи бор-ку - укангни устози...» У кўрсатгич бармоғини лабига босиб, «жим» ишорасини қилди. Тоғошар ҳушёр тортди, нимадандир надомат чекди. Акаси давом этарди: «Ҳожи мени кўрса ранги учиб кетади. Қайси кун бир шиша араққа пул берди.»
- Ака,- унинг гапини бўлди вазиятдан фойдаланган Тоғошар,- бундан кейин дуч келган кишидан пул олманг - ўзимга келаверинг. У шундай деди-ю, чаққонлик билан акасининг чўнтагига пул суқди. Акаси бирдан гапини тўхтатди, ажабтовур қилиб тиржайди ва (ҳарқалай) шошилинч чиқиб кетди.

Бунисига чидаса бўлади. Орадан ҳафта ўтмай арақ кўтариб келди. Унинг кайфи тароқ эди.
- Тоғошар, жигарим, биласанми, лубой касалликнинг давоси - арақ. Бир қултум ич: отдай бўлиб кетмасанг, юзимга тупур!
- Тушунсангизчи, духтур буни, оғзинга олма, деган.
- Духтур балони ҳам билмайди! Бундан ҳеч ким ёмонлик кўрмаган.
- У гал мажбурладингиз: туни билан ухлолмадим: оғриқ зўрайди.
- Қўлимни қайтарма, бир қултум ичақол! Биламан, сендан анча қарзим бор,- гапни чувалаштирабошлади у.
- Бу гапнинг кераги йўқ! Ичмайман, дедимми ичмайман!- иддао аралаш, кескин жавоб қайтарди Тоғошар.

Акасининг лунжи осилди, гандираклагинича, жаҳл ва иддао аралаш чиқиб кетди. Дилсиёҳлик эса ҳамиша ўзга бир нохушликни олиб келади. Кўп ўтмай аканинг уйидан шовқун-сурон, қий-чув эшитилди. Овозлар тобора кўтарилар, янгаси кимнидир қарғарди. Идиш-товоқ ёки деразанинг чил-чил бўлгани эшитилди. Сўнг янгаси дод солгунча, уйидан чиқиб, буларникига қочиб кирди. Қўлидаги халачўп билан дағдаға қилганича акаси ҳам қувиб келди.
- Ўлдираман! Ўлдирмасам қўймайман!- дерди у, хотинига ҳамла қилар экан.

Тоғошар ўрнидан туриб, уларни тинчлантирмоқчи бўлди. Кўйлаги йиртилган, дағ-дағ титраётган янгасининг эса дарду-ҳасратлари сарҳадсиз эди:

− Укажон, Тоғошаржон, бу алкаш қайбир кун мени ўлдиради! Раҳмингиз келсин! Эй Xудо нима учун дунёга келдим? Нима учун?
- Эшитдингми? Эшитдингми, нима деябди,- укасига мурожаат қилганича халачўпни кўтарарди акаси.

У эр-хотинни муросага чақирган бўлди. Аммо ҳар иккала томоннинг қаҳр-у-ғазаблари, алам-у ситамлари беҳудуд эди.
- Мени хароб қилган - ана шу манжалақи!
- Бу гўрсўхтани хароб қилган - арақ!- бир гапдан қолмасди янгаси. Одам бўлмади, бу пияниста! Мен бировларнинг кирини ювиб, уйини тозалаб, пул топиб келаман - бу жиғилдонинг тешилгур барини олиб, заҳру маргига ичади. Ўзимга битта калиш ололмайман, болаларимнинг дафтари йўқ! Сиз билмайсиз, укажон, эркакларимизнинг барини ҳудо уриб кетган? Ор-номуси йўқ буларнинг! Бири қарз олиб арақ ичади, бошқаси топганини мачитга ташийди. Булар рўзғорни, хотин, бола-чақани уйламайди! Қони қайнамайди, бу ҳезалакларнинг! Булар эркак эмас! Xотинини мардикорликка жўнатиб, ўзи карта ўйнайдиган, мачитдан чиқмайдиган, маст бўлиб юрадиганни эркак деб бўладими?! Бари кўргиликларга шулар айбдор! Эй худо! Эй худо! Қандай кунларга қолдик?! Бундан кўра жонимни олсанг бўлмайдими?!

Тоғошар янгасига ачиниб кетди. Бу жафокаш аёлни опичиб, бисотидаги энг ширин каломлар билан овутгиси келди, аммо вазият буни тақозо этмасди. Ҳаёт деганлари кўзига, негадир зерикарли, бўм-бўш ва арзимас бўлиб кўринди.

Улар учун бу одатий ҳол бўлса керак, бирдан жимишди ва уйларига жўнаб кетишди.

Орадан кўп ўтмай, тағин бир дилсиёҳлик рўй бердики, шундай оғир-вазмин Тоғошар ҳам ўзини идора этолмай, сўкиниб юборди. Ўз дарди билан овора бўлиб ётганди ўшанда. Кутилмаганда, Шабнам увиллаганича йиғлаб кирди. У тиззаси, билакларини кўрсатар, ўпкаси тўлиб кетганидан гапиролмасди. Тоғошар қизининг енги, пойчасини кўтариб, унинг бадани хивич изларидан қаварганини кўрди; бундай бераҳмлик фақат Шарқиянинг қўлидан келишини тахминлаб, хуноби ошиб кетди. Шундай бўлсада сўради.

Ким урди сени?

Қизи барибир жавоб беролмади. Тоғошар жиянига таълим бераётганларни болохонадор қилиб сўкди.
- Қўлимга тушсин, ҳижобини йиртиб отаман!, деди ғазаб билан.

Аммо жаҳлдан тушгач, андишаларга бориб, барини босди-босди қилиб қўяқолди. Дўсти ,Одина бот-бот такрорлаб турадиган «Шаҳри як чашма рав - як чашма шав», яъни бир кўзлилар шаҳрига борсанг, бир кўзли бўл, деган нақлни эслаб, мушоҳадага борди. « Эҳтимол, қаердадир хатога йўл қўяётгандирман - мослашиб олишим заруратдир…»

* * *

Кунлар шу тариқа ўтарди. Тоғошар бот-бот Мамайкани; Вадим, Одина, дўстларини ички бир энтикиш билан қумсар, соғлиги жилла тикланиши билан қайтиб кетишни, атрофдаги жаҳолат ва қашшоқликдан шу тариқа қочиб қолишни ўйларди.

Бирор ойдан кейин укаси унга ётиғи билан маслаҳат берди.
- Ака, мен сизни мачитга олиб бораман! Касалингиз тузалиб кетишига ўзим кафил. Тушунинг: ибодат берадиган тасалли, шифо ўрнини ҳеч нима босолмайди! Фақат эътиқодингиз мустаҳкам бўлса бас!

Мени қўй…
- Сиз хато қилаябсиз,- деди, акасининг оддий ҳақиқатни идрок этаолмаётганидан хуноби ошиб,- Ҳадиси шарифларда йўлдан адашган муслимларни илоҳий қудратдан воқиф қилиш зарурлиги ёзилган. Динидан воз кечган худобехабарларнинг аҳволи забун бўлади. Дилингизга шайтон ораламасин! Ҳозирча ҳафтада бир бор - бегоҳи жума борсангиз бас, қолганини уйда ўқийверасиз.

Мадорим йўқ, укажон, мадорим.- имкон қадар вазминлик билан рад этар экан, «Бу бадбахт мутаассибга қандай қилиб тушунтирсам экан», деб бош қотирар, унинг эътиқоди, иззат-нафсига тегиб қўйишдан хавотир тортарди.

Аммо Қобил шу билан тинчиб кетмади. Мачитдан Ҳожини эргаштириб келди. Меҳмон хуштакаллуфлик билан ҳол-аҳвол сўраган бўлди ва беморнинг ёнида чўкалаб, ҳеч нима демасданоқ, дуо ўқишга киришди. Тоғошар Ҳожининг қоп-қора соқоли, нохуш бақбақасига термулиб: «Бунга кўзим учмаган эди-ку! Ярамас, қачон тугатаркан, қачон жўнаб кетаркан» деб ўйларди. Ниҳоят у юзига фотиҳа тортди.
- Янга,- деди укаси, беш минг чиқаринг. Эрта тағин келадилар.

Дарҳақиқат у эртаси тағин келди. Оғриқ эса қўйиб юбормас, мулланинг нохуш башарасига қараб ўтириш эса ана шу дарддан ҳам оғирдай эди. Учинчи кун укасига деди:
- Айт келмасин, керак эмас!

Бу гап Қобилга ботиб тушди.
- Сизга айтган эдим: «Худони танимаганингиз учун шу куйга тушгансиз», деб. Аллоҳ эса кечирувчидир, мағфират қилувчидир! Буни унутмаслик керак!

Бу гаплар Тоғошарга қаттиқ ботган бўлсада, сукут сақлади; зеро кексалар ва беморлар: «ҳамма нарсага фаҳми етадиган киши - ҳамма нарсани кечиради», деган нақлнинг моҳиятини теранроқ идрок этадиган бўлишади. Ёдига эса Вадимнинг китобидаги: «Арақхўрлик - бемаънилик, аммо фанатиклик ундан беш баттар ёмон» деган афоризм тушди.

* * *

Кузнинг рутубатли кунларидан бири эди. Овқатдан, гапдан деярли қолган Тоғошарнинг аҳволи кечга бориб тағин оғирлашди: устма-уст, лахтак-лахтак қон қусди. Қавм-қариндошлар унинг атрофига хавотирона тўпландилар. Укаси турли оятларни тинимсиз такрорлаб, юзига фотиҳа тортарди. Бемор эрталабгача кўзини гоҳида очиб, гоҳида юмиб турди.

Эртаси, ногаҳонда кўз ўнгида оппоқ булутлар устида югуриб юрган ярим яланғоч кишилар намоён бўлдилар.
- Ана улар булут устида юришибди,- деди, бор кучини тўплаб

Беморнинг тилга кириши атрофдагиларнинг дилига зоҳирий умид солди.
- Кўзига фаришталар кўринаябди,- деди укаси калима қайтаришдан бир лаҳза тин олиб.
- Йўқ, улар фаришталар эмас, одамхудолар!, деди пичирлаб Тоғошар.

Сўнг кўзлари юмилди.

Абадиятга юмилди.