OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифНусрат Раҳмат
Асар номиЗарпечак (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Нусрат Раҳмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Зарпечак (ҳикоя)
Нусрат Раҳмат

Икки ёнида пишиқ ғиштдан жимжимадор қилиб устун тикланган, устидан эса ҳашамдор болохона қурилган, ўнг табақасига овчарка расми чизилиб, «Осторожно, злая собака!» деб ёзилган тунука қоқилган таниш дарвоза қаршисида бир зум тўхтаб қолдим: дилимда нохуш, рутубатли туйғу пайдо бўлди. Бундан етти йилча муқаддам суриштира-суриштира мана шу дарвозани топиб келгани ва сигнал тугмачасини қувонч билан босганим беихтиёр ёдимга тушди.

Ўнинчи синфни битириб, эндигина аттестатимни қўлга олган пайтларим эди ўшанда. Университетнинг биология факултетига кириш, ўсимликларнинг ғаройиботларига тўла дунёсини ўрганиш иштиёқи билан юрган пайтларим эди.

Ўша – биринчи бор бу ерга келишимга ҳам ойим сабаб бўлганди. Ўқишга киришга аҳд қилганимдан қувониб, шаҳарда тоғаваччамиз яшашини, у катта одам – терговчи эканлигини, менга мадади тегишини қайта-қайта таъкидлаганди.
–Самарқандга бориб, дуч келган одамдан Отақул Қулиевичнинг уйи қаерда, деб сўрасанг кўрсатади, - деганди.

Ўшанда йиллар ўтиб тоғаваччамиз билан борди-келди қилмаганимиз, бир-биримизни билмаслигимиз сабабларини ўйлаб ажабланмагандим. Шу маҳаллага келиб, ҳайратим яна ошганли: ўнлаб кишилар Отақул Қулиевич деган кимсани билмасликларини афсус билан тан олгандилар. Фақатгина маҳалла чойхоначиси жонимга ора кирганди.
–Терговчи бўлса, мана шу Махсумчадир. Ҳув, ўша дарвозани тақиллатиб кўринг-чи.

Бу ҳашамдор дарвоза қаршисида мени салобат босиб турганди, унинг тахтасига кимдир бўр билан шошиб, «хасиз» деб ёзганини ўқиб кулгим келганди. Кулгимни қистатган аслида бу сўз эмас, балки бундаги хато бўлганди ўшанда. Менга пешвоз чиққан аёлга ўзимни таништирганимдан кейин қувониб ичкарига таклиф қилганди: ойимнинг соғлигини қайта-қайта суриштирганди. Қопонғич итдан хавотирланаётганимни сезиб, кулганди.
–Қурқмай кираверинг, ит йўқ!

Аёлнинг ширинсуханлиги, жонсўзлиги; нимадандир азият чеккан қиёфаси менга маъқул тушган бўлса-да, тоғаваччамиз Отақул Қулиевич биринчи кўришдаёқ нохуш таассурот уйғотганди. Унинг ранги заҳил, қиёфаси тунд эди. Мени бўш хона излаб юрган студент деб ўйлади, шекилли, хотинига тожикчалаб ижарагирдан безорлигини айтди. Аёл мени таништирганидан кейин ҳам унинг қиёфаси ва муомаласида жиддий ўзгариш бўлмади: бармоғининг учи билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
–Мол нечта? – унинг дабдурустдан берилган биринчи саволи кечагидай ёдимда.

Мен алламаҳалгача иккиланиб, бир оз мулоҳазадан кейингина у уйимиздаги молларни сўраётганини фаҳмлагандим.
–Сигир бор бузоғи билан...
–Қўй-чи?
–Йўқ...
–Сизларнинг шароитларинг менда бўлса, қўйни кўпайтириб ташлардим.

У бир совлиқ бир йилда иккита бола берса, икки-уч йилда нечта бўлишини ҳисоблаб берди: гўштнинг камчиллигини гапирди. Мен эса тезда зерикиб, бу ердан кетгим келаверди. Ҳар қалай, тоғаваччамнинг хотини ўғли билан таништириб қўйди-ю, суҳбатимиз анча қовушди. Акбар ҳам менга ўхшаб шу йил ўрта мактабни битирган экан.
–Архитектура институтига кирмоқчи эдим, аммо дадам рози бўлмаяпти,- деди у ташқарига чиққанимиздан кейин. – «Мясомолочний» техникумига киришни талаб қиляпти. Унга ойим ҳам тушунтиролмаяпти.

Куни билан шаҳар айландик. Кечқурун у мендан илтимос қилиб қолди.
–Ҳар ҳолда, сиз қариндошсиз, дадамга бир айтиб кўринг-чи, институтга киришимга зора рухсат бериб қолса...

Аммо мен бу гапни айтолмадим. Гапни бошлаб, ўқишга кириш ниятим борлигини айтишим биланоқ, у қўл силтади.
–Ўқишнинг ўзи бўлмайди, жиян! Университетга кириш учун камида фалон пул керак. Ўқиш пайтида ҳам шу. Сенинг ўрнингда бўлсам, бир-икки йил қишлоқда ишлардим. Ойинг бўлса бусиз ҳам кўп азият чеккан аёл.

Мен ўқишга кириш учун пул кераклигини айрим одамлардан эшитган бўлсам-да, ишонмай юрардим. Бу гапдан кейин шубҳам ошди, иккиланиб қолдим. Қолаверса, тоғаваччамизнинг гапида ҳам жон бор эди. Дадамнинг вафотидан кейин бечора ойим ўзи емай менга егизди, ўзи киймай менга кийгизди. Тағин уни қийнаб қўйсам инсофдан бўлмас.

Қишлоққа қайтиб, қароримни ойимга айтгандим, у сира рози бўлмади: ҳар нима қилиб бўлса ҳам ўқишни зарурлигини таъкидлади.
–Майли, пул керак бўлса, сигирни сотамиз. Ўқиш пайти ҳам бир гап бўлар, зўр бўлса, фермага ишга ўтаман, у ерда яхши ҳақ тўлашади.

Лекин ўша йили қабул имтиҳонларидан ҳеч қийналмай ўтдим, ҳеч қандай тамасиз қабул қилишди. Биринчи семестрдан кейин аълочилар стипендияси олиб, ойимга ҳам кўмаклашадиган бўлдим. Аммо йиллар ўтиб бу даргоҳга киролмадим. Ойим ҳар гал киришимни тайинлар, аммо оёғим тортмасди. Бугун эса ноиложман: уларни никоҳ тўйимга хабар қилишим керак.

Сигнал тугмачасига бармоғимни қўйишим билан ичкаридан қадам товушлари эшитилди.
–Ким у? – сўради аёл киши.
–Мен...
–Кимсиз?
–Ҳамроқулман... Ургутдан...

Эшикни Отақул Қулиевичнинг хотини очди. Мен билан қуюқ саломлашиб, ойимнинг саломатлигини суриштирди, келмай кетганим учунгина қилди. Ўтган етти йил мобайнида у ориқлаган, заифлашган, кексайган эди.

Ўнг томонда баланд айвон қурилибди. Саҳнада ҳамранг гиламлар, диван кресло. Унинг остидаги гаражда яп-янги «Волга». Ҳовли юзи шундайгина токзор. Тўрда яна аллақандай ҳашамдор иморатлар.

Чап томонда эса бунинг акси – қачонлардир гуваладан пастаккина қилиб қурилган айвон, унинг олдида зарпечак ўралган ток ўсган. Айвондаги эскигина каравотда ўтирган тоғаваччам мени дарҳол таниб ўрнидан турди. Ўтган йиллар мобайнида у анча кичрайган ва янада заҳиллашгандай. Кийимлари уринган, ғижимланган ва бу либослар ичида унинг ўзи ҳам ғижимлаб ташлангандай эди.
–Хўш, мулла Ҳамроқул, - сўз бошлади тоғаваччам, - дўстданми, душманданми – бедарак бўлиб кетдингиз?!
–Ўқишдан қўл бўшамади, - баҳона қилдим.

У қишлоқдагиларни узоқдан-узоқ суриштирганидан кейин университетни битирганимни, ботаника ва ўсимликлар физиологияси кафедрасида ишга қолганимни, зарпечак ўсимлигининг айрим хусусиятлари тўғрисида илмий иш олганимни гапириб бердим.
–Маладес, маладес, - мамнун жилмайди у, - зарпечак денг-а. Тўғри қилибсиз. Мана шу токка биттаси чирмашганди, ҳеч ҳам йўқотолмайман. Токни хароб қилди.
–Буни баҳорда юлиб ташлаш керак эди. Энди қийин, - фикримни айтдим. – Атрофдаги гиёҳларга чирмашиб олиб, уларни ҳароб қилади.
–Бунинг илдизи бўлмасаканда-а? – ўсмоқчилаб сўради тоғаваччам.
–Бўлмайди. Текинхўр. Уруғидан чиқасолиб, ёнидаги ўсимликка чирмашиб олади.

У диссертатсияни қачон ёқлашимни, кейин қанча маош олишимни, банкет учун қанча маблағ сарфлашимни суриштирди. Жавобларим дудмал, узуқ-юлуқ чиққани учун бўлса, керак, гапни бошқа томонга бурди:
–Томорқага нима эккансизлар?
–Картошка, сабзи, молга емиш.
–Неча сотих?
–Ўнталар бор, чамаси...
–Ўн сотихдан ҳар йили беш минг сўм даромад қилиш мумкин. Эртага картошка экилиб, ёнига редиска қадалса, картошка пишгунча қадар редискани сотиш мумкин бўлади. Ер экиндан бўшагандан кейин тағин картошка, шолғом, саримсоқ пиёз экиш мумкин. Бирор сотихига кузда кўкат экиб, пленка билан ёпса, қишда боғламчасини эллик тийиндан сотиш мумкин бўлади. Мен мана шу ҳовлидан бир йилда тўрт-беш ҳосил олардим. Кейин барини ток қилиб ташладим. Кузда узумини узиб, ертўлага иламан. Килоси уч сўмлик пайтда ўзи келиб олиб кетади. Ҳар бир ақлли киши кеч бўлмасданоқ ҳаётини тузатиб олиш ҳақида брш қотириш шарт.

Тоғаваччамиз ўз гапини далил ва исботлар билан маъқкллар, исботларди.
–Мана сиз, бир йилда нари борса, икки минг сўм даромад қилишингиз мумкин. Тўғрими? Лекин атиги бир сотих ерни теплитса қилса, камида уч минг сўз олиш мумкин бўлади. Ёки иккита новвос боқсангиз, бир йилда уч минг фойда беради.

Дарвоза олдида машина тўхтади, сўнг эшик шахт билан очилиб, ичкарига шалоғи чиққан «Запорожетс» кирди. Унинг мотори ажабтовур гулдирар, орқасидан қуюқ тутун чиқарди. Машинадан сочлари тўзғиган, мен тенги киши тушиб, биз томонга нохуш назар ташлаб қўйди, кейин индамай уйга кириб кетди. Уни кўриб Отақул Қулиевнинг ҳам кайфияти бузилди, равон фалсафаси қовушмай қолди. Анча танаффусдан кейин қишлоқда гўшт билан тухумнинг нархини суриштирди. Бир таниши баҳорда беш юзта жўжа харид қилиб, кузгача боққанини, кейин неча сўмдандир сотганини гапирди.

Орадан бирор соат чамаси вақт ўтгач, ҳалиги сочлари тўзғиган киши чиқиб келди. У тоғаваччамизнинг ўғли- Акбар эканлигини яқинимизга келгандан кейин танидим. Унинг кайфи бор эди: мени танимади ҳам, дадасига қараб тўнглик билан гап бошлади:
–Докторлар ойимга санаторияга боринг, дейишибди. Кеча ҳам икки марта приступ тутди.

Орага чўккан нохуш сукутни дадаси бузди:
–Санаториянинг ўзи бўлмайди: унинг путёвкаси фалон пул!
–Ойимнинг соғлиғи фалон пулдан ҳам қиммат.
–Қиммат бўлса, пул топ-у, олиб бор! Лекин менга пулдан гапирма! Сенинг ёшингда одамлар уйли, жойли, машинали бўлиб олишган. Мана шу бола ҳам, - у ногаҳонда мени имлаб кўрсатди – ўз кучи билан ўқиб аспирант бўлди. Ҳадемай диссертатсия ёқлайди. Зарпечакдан!
–Менга зарпечакдан гапирманг! Ўқидингизми, кеча дарвозага нима деб ёзиб кетишибди? «Қори ишкамбанинг уйи», деб ёзишибди. «Махсумча қурумсоқнинг ўғли», деган гапдан номус қиламан. Мана бундан гапиринг!

Отақул Қулиевич ҳам жаҳлга минди. Ота-бола айтишиб қолишибди. Мен ўрнимдан туриб, токзор оралаган киши бўлиб нари кетдим. Дастлаб учрашганимизда жуда мўмин, камтарин бўлган Акбарнинг бунчалик юзгачопар, баджаҳл бўлиб қолганлиги кишини ажаблантирарди.

Дарвоза олдида тоғаваччамиз хотини жон ҳовучлаб ўтирарди. Унинг илтижо тўла нигоҳлари, бутун диққати ўғли билан эри томонга қаратилганди. Мени дастлаб сезмади ҳам. Кейин хавотирланиб сўради.
–Уришишмаяптими?
–Йўқ, шунчаки...

Орага жимлик чўкди. Аёл давом этди:
–Эй, худо, жанжаллашиб қолишмаса эди.
–...
–Докторларнинг гапини бекор айтибман Акбарга. Ўтиб кетарди.

Мен нима дейишимни билмадим. Анча сукутдан кейин аёл менга илтимос қилишга тушди:
–Айланай, Ҳамроқул, тоғангизга ётиғи билан тушунтиринг: Акбарни уйлантириб Қўйсин: У тенгиларнинг иккиталан боласи бор. Уйланса, ўзи билан ўзи бўлиб кетади, ичмайди ҳам, жанжаллашмайди ҳам.
–Яхши, айтиб кўраман!

Аёл қувониб мен томон ўгирилди: умид, илтижо билан давом этди:
–Бир айтиб кўринг, айланай, зора рози бўлса. Ҳамма сепларини ўзим олиб қўйибман. Жияк, қалпоқ тикардим авваллари, энди юрагим санчади.

Жанжал авжига чиққани учун бўлса керак, аёл гапни чала қолдириб ўша томонга жўнади. Мен дарвозадан сирғалиб ташқарига чиқдим. Кўчада бир оз иккиланиб тургач, чойхонага қараб йўл олдим.

Хушчақчақ, хушфеъл отахонни дарҳол танидим. Тавозе ва илтифот билан олдимга қанд-қурс, чой келтириб қўйди. Бир оздан кейин шахмат ўйнашни таклиф қилиб қолди. Доналарни суриш билан беихтиёр гапга киришиб кетдик.
–Меҳмонжон, сўраганнинг айби йўқ, бу ўзлари қаерданлар?
–Ургутдан.
–Ҳа, яхши! Ургут – кўп сўлим жой. Одамлари ҳам хушфеъл, бой. Бизнинг маҳаллада ҳам Махсумча деган одам бор, асли ургутлик...
–Биламан. Шу одамникига келганман.
–Қариндошингизми? – сергакланди у.
–Йўқ, - тан олгим келмади, - бир қариндошимизнинг иши тушган экан.
–Лекин, қариндошингизнинг иши нобоброқ одамга тушибди. У йили укамиз хотини билан жанжаллашиб қолиб, иши шу одамга тушган экан, пулини роса шилиб, ўзини қаматиб юборди.

Мен мот бўлдим ва шу билан ўйинни тугатдик. Чрйхоначига миннатдорчилик билдириб, орқага қайтдим. Дарвоза олдида у ёқдан-бу ёққа асабий юраётган Отақул Қулиевнинг мени кўриб тўхтади ва дарҳол ўғлидан шикоят қила кетди.

У ўғлини ўқитганини, лекин шуларга қарамай, бола ўзига ўхшамаганини афсус билан гапирарди.
–Балки уйлантириб қўйсангиз, босилиб қолармиди, - айлнинг илтимоси ёдимга тушди.
–Мени ҳеч ким уйлантирган эмас. Бундай пайтимда кассада эски пул билан юз минг сўм пулим бор эди. Бунинг бир тийини йўқ!

У ўғли билан хотининингношудлигидан узоқ шикоят қилди.

Биз яна бир оз кўча айлангач, уйга қайтдик. Мен аслида бир кеча меҳмон бўлиш ниятида эдим, аммо шоўнғайликдан тезроқ қочиш илинжида йўлга отландим. Аввал янгамни, сўнг тоғаваччамни тўйга боришларини тайинлаб, кўчага чиқдим ва енгил тортдим.

«Шу одам тўйга бормаса маъқул эдику-я», ўйлардим ўзимча йўл-йўлакай.