OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎктой Оқбол
Асар номиЗанги бузилган соат (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўктой Оқбол
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲикоят Маҳмудова
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Занги бузилган соат (ҳикоя)
Ўктой Оқбол

Манави ерда, ойнанинг олдида мен ўтирардим. Барча ўткинчилар мени танишарди. Шу ердан бола-бақраларга бақириб қўярдим. Кечқурунлари қизим хабар олгани келарди. Набирам эса туғилганидан буён доим мен билан бирга эди. Агар мен бўлмаганимда, унинг тирик қолиши даргумон эди. Кўз очиб юмгунча катта бўлиб қолганини қара-я! Овқат пишириб, унинг мактабдан келишини кутиб ўтирардим. Бу менинг кварталим. Болаларим шу ерда дунё юзини кўришди, эрим нариги дунёга равона бўлди. Бизга дам-бадам турар жойимизни ўзгартириб туришга тўғри келарди. Бизга яшаш насиб қилган кулбалар ҳали-ҳануз қилт этмай турибди. Фақат уларда энди бошқа бахти қаролар истиқомат қилишади. Мазкур уй-кулбаларда менинг ҳам номи нишоним йўқ. У ерда ҳеч ким мени кутмайди ҳам. Дарвоқе, мен у ерда ҳам ҳозиру нозирман. Ўша хоналарда, хоҳласам ҳаммасида бирдан бўлишим мумкин. Ошхонада овқат тайёрлайман. Мана, бир оз ором олгани ёнбошладим. Чарчаб, ойна қаршисига дам олгани ўтирдим.

Яна ойна олдидаман. Тепаликка қараб ўтирибман; улкан юк машиналари юқорига ўрмалаб чиқишади-да, сирғалганча қияликка тушиб кетишади. Ёмғир шивалаяпти. Болакай тойиб кетиб, нонини тушириб юборди.

Мен ёлғизман. Уй юмушлари тугаб, газеталардаги суратларни ҳам томоша қилиб бўлдим. Эҳ, ўқишни билмайман-да — қизим қанча ялиниб-ёлборди, ўзи ўргатмоқчи бўлди, бари бир ўрганишни хоҳламовдим. Расмларнинг ўзи ҳам етиб ортади — нақ бутун оламни кезиб чиққандек бўласан! Уларга қараб туриб ўзинг ҳам беихтиёр ҳамма, ҳамма нарса тўғрисида тўқиб ташлагинг келади. Газетани набирам, кўпинча эса куёвим овоз чиқариб ўқиб беришади. Қизим билан куёвим энди шу ерда яшашади. Яқин орада ўғлим уйланади, уйимизга келин келади. Унда мен қаёққа бораман? Бошқа жой топишга тўғри келади. Нарсаларим ҳам унчалик кўп эмас: каравот, сандиқ, иккита кресло ҳамда девор соати. Соатни албатта ўзим билан олиб кетаман. Бисотимда фақат шугина қолган. У ҳам худди ўзимга ўхшаб шарти кетиб парти қолган, фақат у мен эслаган нарсаларни ёдида сақлармиди? Афтидан, қаршимиздаги уйдаги қўшниларимиз мени кўриб қолишди шекилли! Қўлларини силкитиб, чақиришяпти. Бу ёққа кел, ўтган-кетгандан отамлашиб ўтирамиз, дейишяпти. Ўтмиш ҳақида, болалар-набиралар тўғрисида. Йўқ, негадир боргим келмаяпти. Тўр парда ортида якка ўзим ўтиргим келяпти. Оҳиста оқшом чўкяпти. Минг-минглаб оқшомларимдан бири. Девордаги соат чиқиллаб юриб турибди. Вақтни ўлчаяпти. Соат олти бўлганда олти марта жом уради. Баъзида эса янглишиб ҳам кетади: соат ўн бўлганда атиги уч марта жом урадиқўяди. Соатим бузилиб қолганга ўхшайди, балки ёғлаш керакмикин? Дарвоқе, унинг кимга ҳам кераги бор? Янглишса, янглишиб ўлмайдими. Қайтанга шуниси, яъни вақтни бутунлай алғов-далғов қилиб юбориши минг марта яхши. Учни беш қилиб, ўнни эса олти.

* * *

Столга дастурхон солинган. Радиода «Ҳой қиз, сен Черкешдан келдингми», деб куйлашяпти. Ёлғиз ўзим креслода ўтирибман. Ҳатто диванга ёнбошлаб мизғиб олсам ҳам бўларди. Қачон эшикни тақиллатишаркин, деб кутиб ўтирибман. Ана ҳозир бирин-кетин ўғлим, куёвим, қизим, набирам келиб қолишади. Йўқ, аввал куёвим, кейин қизим билан набирам, улардан кечроқ ўғлим келади. Уй бирпасда гавжум бўлади-қолади. Улар кун бўйи бўлган воқеа-ҳодисалар, дилсиёҳлигу хурсандчиликлар ҳақида тўлиб-тошиб гапиришади. Стол атрофига ўтириб, соатнинг бузуқ бонги остида гурунглашишади. Уларнинг турмушлари ана шундай бир меъёрда ўтиб борарди.

* * *

Баъзида худди ҳавога чоғишиб кетгандек, жуда енгил бўлиб қолганга ўхшайман. Узоқларда қолиб кетган қишлоқда, узоқ ўтмишда шундай эдим. Йўқликка юз тутган болалигим кейинчалик келинчаклик билан алмашинди. Ёлғизликда ёлғиз эдим — турмуш қуриб абадий ёлғизликка дучор бўлдим. Дилсиёҳлик, алдов, кўз ёшлар бошланди. Бора-бора ҳаммасига кўникиб кетдим. Вақт эса оқар дарёдек гап.

Йўқ, олис ўлкаларда эмас, мана шу ерда, ойна олдида ўтирибман. Мана ҳозир ўрнимдан туриб дераза пардасини кенгроқ очиб қўяман. Ҳамма — хонани ва у ерда ўтирган мени кўришсин. Яна болакайлар дераза олдида уймалашишяпти. Қандайдир машинани судрашяпти. Ана тўполону мана тўполон! Деразани очиб, пўписа қилиб қўйсаммикин! Шу вақт катта автобус ўтиб қолгани учун ҳеч ким гапимни эшитмади. Вақт нега имиллаяптийкин-а? Нега у қимирламай бир жойда турибди? Дақиқалар чексиздай чўзиляпти. Мен соатимнинг чиқиллашини эшитмаяпман — дераза олдида қимир этмай турибман, ҳеч ким мен томонга қарамайди, ҳеч ким мени кўрмайди ва ҳеч ким олдимга келмайди ҳам. Тиқ этган — овоз йўқ.

* * *

Кўчамизда қанчадан-қанча янги уйлар қад кўтарибди. Нотаниш одамларнику қўяверасиз. Ана қўшнимиз судралиб келяпги. Қанчалик қариб қопти-я! У билан гаплашсаммикин. Лекин шу вақт калит шириқлади. Эшикка отилдим. Ўғлим. Қўлида тугунчалар. «Менга бера қол, ўғлим». У бўлса тўғри ошхонага кириб, ҳамма нарсасини ташлаб чиқди. Чарчабди. Xудди ичак-човоғи ағдарилгандек ранги оппоқ. Эркаклар ишдан мана шундай ранг кўр, ҳол сўр, бўлиб келишади. Нега мен унинг нигоҳини кўрмаяпман? Унинг авзойи бузуқ кўринади. Сўрашмасданоқ, индамай креслога ўзини ташлади. Наҳотки, мен ундан ранжисам? Ахир, бу менинг ўғлимку. У газетани олиб, кеча ечишга улгурмаган кроссвордни ечишга киришди. Ҳозир унинг учун шундан муҳимроқ ҳеч бир нарса мавжуд эмас, Мен уни кичкинтойлигидан биламан. У дарахтларга, тепаликнинг тик ёнбағрига тармашгани-тармашган эди. Кейин ҳарбий хизмат. Балки, у уйда ҳеч ким йўқлиги учун мана шундай қовоқ уюб ўтиргандир? Уларнинг ҳаммаси қаёққа йўқолишдийкин? Дераза ортида зулмат қуюқлашиб борарди. Ҳозир фонусларни ёқишади. Қўнғироқ жиринглади. Ўғлим сакраб ўрнидан туриб, эшикни очди, ҳаммалари—қизим, набирам, куёвим келишибди. Қизимнинг кўриниши намунча ҳорғин бўлмаса. Набирам анча-мунча ўсиб қопти-я. Кутяпман. Ҳозир менга яқинлашади-да, қучади. Йўқ мени ҳеч ким кўрмаётганга ўхшайди. Балки улар мендан ранжишганмикин? Эҳ-ҳа, ахир уларнинг ўз дунёқарашлари бор-ку. Балки, ҳеч бўлмаса ўша муҳитларида. мени кўриб, мен билан гаплашишга вақт топишар. Ахир мен шундоққина ёнгиналаридаман-ку. Мана, мен. Набирам копток ўйнаяпти. Куёвим диванга ёнбошлаб ётибди. Қизим кечки овқатга стол тузаяпти. Мен ўз кресломга чекиндим. Шу бугунчалик ҳеч қачон ёлғиз бўлмаган бўлсам керак. Ҳа, ҳар доимгидан ҳам ортиқча. Нимадир рўй берганга ўхшайди. Ҳеч ким кулмаяпти. Тўнғиллашади. Қизимга яқинлашиб: «Нега маъюссан?»—деб сўрадим. У худди бўшлиққа қарагандек қараб турди-турдида, оғиз очиб жавоб беришга ҳам арзитмади. Оҳ, ҳамманглар бирам тегманозик бўлиб кетибсизларки. Юрагим пора-пора бўлиб кетди. Наҳотки, менинг шу ердалигимни билмасангизлар?! Мен мана шу ерда, креслода ўтирибман. Занги бузилган соатнинг овозини эшитиб ўтирибман. Xудонинг берган куни ҳар кеч шу аҳвол.

* * *

Баъзида улардан жаҳлим чиқиб, ўпкалаб бақирардимда, шол рўмолга ўранганча кўчага чопиб чиқиб кетардим. Улар ортимдан соядек эргашиб чиқишарди. Агар мабодо ҳозир: «Сизлардан қочиб кетаман»,— дейчи, қиё ҳам боқишмайди. Балки, ростданам кецаммикин. Уй олдида бир оз турсам, кейин бозорга бориб кўкфуруш, қассобга учрашсам. Ёки дарё бўйидаги хиёбонга борсаммикин? Ёки қўшнимиз Xадичаникига чиқсаммикин. Афтидан, мен ўз уйимга бегона бўлиб қолибман. Ҳаттоки ўз буюмларим орасида ҳам. Фақатгина соатимнинг зангигина ўзгармабди, холос, Менинг ўзим қаердадир ташқарида қолиб кетганга ўхшайман. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Xонага кирсаммикин-а? Буюмларим, кийим-кечакларим, сандиғим, каравот устидаги ёпқичим, чамадоним, кўҳна суратларим. Xонанинг ичидан қулфлаб олардим. Калит қаерда экан?

* * *

Одатдаги оқшомлардан бири. Мен ҳар доимгидек ўзимнинг кресломда ўтиргандим. Бошим айланди. Кресло суянчиғига ёнбошладим, Ичимда бир нима узилиб кетганини ҳис қилдим. Машина ишлаб турувди-ю, унинг нимасидир дарз кетгандай бўлди. Шундай қилиб, креслодан қимирлолмай қолдим. Бу ёруғ дунёда қанча яшадим экан? Олтмиш йил?

Мен яшашга улгурган ҳар бир йилимни ойма-ой, кунма-кун кўз олдимдан ўтказдим. Болалар туғилйб, вояга етишди. Набирам пайдо бўлди. Мен яшаган хоналар, уйлар. Xудди менга кино кўрсатишаётгандай эди. Балки, туш кўраётгандирман? Бирин-кетин кўрган тушларим бир-бирига қўшилиб, ҳаётим мазмунини ташкил этгандир. Мана энди креслода ўтирибман. Мана энди диванга ётдим. Қандайдир етти ёт бегона одамлар тепамга йиғилиб кетишибди. Дорилару кўз ёши. Қизим оёғимга ёпишиб олганча, уни маҳкам ушлаб турарди. Мени кеткизмаслик учун шундай қиляптимикин? Ҳаммалари жонларини жабборга бергудек йиғлашган эди-я. Ҳаттоки куёвим ҳам. Шундай бўлиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмовди. Кейин ҳамма тарқаб кетди, мени эса қаёққадир олиб кетишди. Улар ўзларича шундай ўйлашганди. Мен бўлсам шу ердаман. Дераза олдидаги креслода ўтирибман. Ошхонамда куймалашяпман. Балки, бу ўлимдир? Мен ундан шундай қўрқардимки. Қабристоннинг олдидан ўтиш у ёқда турсин, ҳатто кўз ташлашга ҳам юрагим дов бермасди. Эҳтимол, мен ўлгандирман. Эҳтимол, мен энди йўқликка юз тутгандирман. Эҳтимол, мен кўринмаётгандирман. Унча-мунча билган дуоларим ҳам ёдимдан кўтарилиб кетибди. Бутунлай эсимдан чиқибди. Ўлим, бу ҳамма нарсани унутиш демакдир.

* * *

Қизимнинг кўзлари кресломга қадалганча бақрайиб қолди. Ҳеч ким унга ўтиришга журъат қилмайди. Менинг бу ердалигимни улар билишармикин? Ниҳоят, ўғлим; кроссвордини бир чеккага йиғиштирди. Набирам радио эшитгиси келди шекилли, приёмникка интиляпти. Радиони қўя қол, болажоним, бирга эшитамиз. Балки менинг севимли «Сен Черкешдан келдингми, қизгина», деган ашулани эшиттиришаётгандир. Негадир этим увушяпти. Узала тушиб ётиб олдим. Қўчанинг нариги бетидаги уйларда чироқ ёқилди. Деразадан соялар яққол кўрина бошлади. Бизникида эса қоп-қоронғи. Болаларим ундан-бундан оҳиста суҳбатлашиб ўтиришибди. Мана шу тахлит яна бир кун ўтиб, яна бир тун ўз ҳукмига кирди.
— Мен учун эса на куннинг ва на туннинг фарқи бор. Мен ҳар доим шу кресломга михланиб ўтираман. Улар мени бошқа жойлардан қидириб овора бўлиб юришмасин дейман-да.

* * *
Мен барҳаётман! Чироқни ёқинглар! Радиони қўйинглар! Жилмайинглар! Мен сизларнинг шўх-шодон кулгиларингизни, овозингизни эшитишни хоҳлайман. Мен яшайман. Сизлар ҳам узоқ умр кўринглар. Йўқ, тушунишмаяпти. Ахир, бир кун келиб, улар ҳам менинг ҳолимга тушишлари аниқ, улар ўшанда креслода, столда, китобда, девор соатида яшай бошлайдилар. Чунки ҳар бир мавжудотнинг ўз бошпанаси, мангуликка юз тутгунча яшайдиган ўз макони бўлади. Менинг бошпанам. мана шу кўк кресло. Яна бузилган соатим уч марта бонг урди — демак, кечки етти бўлибди. Ўғлим шивирлаганча: «Соатимиз росаям алдайди-да.»— деди. Ҳаммалари деворга узоқ тикилиб қолишди. Ҳеч кимдан садо чиқмасди.