OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиБаҳор нафаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Баҳор нафаси (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

Тунги сменадан қайтардим. Кун ҳали эрта. Эндигина ранг олиб келаётган баркашдек қуёш тоғлар ортидан кўтарилмоқда эди. Кўча жимжит. Онда-сонда пишқириб юк машиналари ўтиб қолади. «Гурр» этиб чумчуқлар галаси ерга қўнади-ю, чирқиллаб яна кўздан ғойиб бўлади. Қаердадир, тепада эрта кўчиб келиб, ёлғизликда қоронғи тунни ўтказган булбулнинг ўқтин-ўқтин нолиши эшитилади. Дам ачинасан, дам унинг мунгли ноласига қулоқ бериб, янги фаслнинг қанот ёзаётганига қувонасан киши. Қувонасану беихтиёр кўзларингни беғубор мовий осмонга тикасан, тонг ҳавосини ўпканг тўлгунча шимирасан. Ариқ бўйларидаги эндигина барг ёзаётган толларга, баланд-паст деворлар ор-қасидаги меваларнинг оқ, пушти, қизил гулларига табассум билан қарайсан, чарчоқларинг унутилади.

Ҳар баҳор шундай. Ҳар баҳор шу манзара такрорланади. Ҳар баҳор дон талашган шу чумчуқлар галасини, худди шу пишқириб ўтган юк машинасини кўргандай, адашган булбулнинг айнан шундай ноласини эшитгандай бўласан, шулардан нимадир сенга кучлироқ таъсир қилади-ю, яна бир ёш улғайганингга гумон қилиб қоласан. Ёшлигинг эсингга тушади, аллақачонлар унут бўлиб кетган воқеалар, юрагингнинг қаеридадир бир умрга қулфлаб ташланган, бошқаларгина эмас, ҳатто ўзинг эсласанг қизарадиган ёшликнинг шўхликлари эсингга тушиб, хаёл суриб кетасан.

Ҳар баҳор шундай, ҳар баҳор шу хаёллар қалбингни қитиқлайди. Лекин... лекин ўша куни шундай бўлмади. Тўқимачилар хиёбонига қадам қўйганимда нима учундир бузилмай қолган пахса деворнинг тагида очилган лолақизғалдоқни кўриб қолдим. У қуёш нурида чўғдек ловиллаб турарди. Юрагим ҳаприқиб кетди. Бордиму шартта узиб олдим. Нега уздим — унинг гўзаллигига ҳавасим келганиданми, ё қўлим билан ушлаб, лабларимга теккизиб, баҳор нафасини ҳис қилгим келдими, билмайман. Узганимдан кейин раҳмим келиб кетди. Рангпар банди мўрт, бирпасда узилган еридан сув томиб, қорайди. Чанги тўкилиб, бармоқларим олтин суви югуртирилгандек сарғайди. Аммо япроқлари таранг, шабадага парво қилмай, кулиб турарди. Афтидан, илдизлар бор кучларини тўплаб, япрокларга берган... Нима қилишимни билмай, унга тикилиб қолдим. Бир маҳал:
— Амаки, нима қиляпсиз? — деган овоз эшитилди.

Ёнимга қарасам, семиз портфел кўтариб олган бир қизча офтобдан юзини буриштириб, менга қараб турибди.
— Нима қиляпсиз-а, амаки? — сўради у яна.
— Томоша қиляпман, — дедим.
— Нимани, лолақизғалдоқними? — сўради қизча.
— Лолақизғалдоқни.
— Яхшияканми?
— Жудаям.
— Мен ҳам кўрай?
— Ма.

Қизча портфелини оёклари орасига қистириб, ҳовучини тутди. Бердим.
— Вуй, жудаям кичкина-я! — деди қизча уни авайлаб пуфларкан.—Қаердан олдингиз? Шу ердан узиб олдингизми?
— Ҳа, — дедим.
— Нима қилардингиз узиб? — деди қизча лолақизғалдоқдан кўзини узмай. — Ҳали катта бўларди...
— Қуриб қолмасин, деб уздим. Сенга берайми?
— Майли, беринг, — деди қизча. — Мен уни қуритмайман. Сувга солиб қўяман. Берасизми?
— Олақол.
— Раҳмат, амаки.

Қизча чап қўлини секин бўшатди-ю, портфелини олди. Кейин ўнг кафтида банди қорайган лолақизғалдоқни ушлаганича кетди. Унинг орқасидан қараб қолдим. Галина ҳам худди шундай, кичкина, оппоқ қўлларини чўзиб турган эди... Бунга анча бўлди. Биз иккита разведкачи — Владимир Казаков ва мен Курск ёнида қуршовда қолдик. Тун эди. Юракни эзадиган жимжитлик... Душман ҳам, биз ҳам ҳал қилувчи жангга тайёргарлик кўрмоқда эдик. Тонг отиши билан жанг бошланар эди. Урмондамиз. На шамол бор, на тун қушларининг чинқириғи. Баъзан гоҳ чапдан, гоҳ ўнг томондан немисча гаплар эшитилиб қолади, бошқа ҳеч нарса қулоққа чалинмайди. Тонгга яқин бир амаллаб ўрмондан чиқиб олдик. Таниш ёғоч чайла кўринди. Шундан икки юз метр нарида бизникилар. Олисдан истеҳкомларнинг деворлари билиниб турибди. Чайланинг орқасига эсон-омон ўтиб олсак, марра бизники. Вақтни бой бермай эмаклаб кетдик. Бир маҳал шеригим:
— Ўртоқ сержант! Қаранг! — деб қолди жонҳолатда.

Chayla tomonga qaradim. Kichkina bir qiz chaylaning oldida oʻtirardi. Gʻira-shirada uning basharasi yaxshi koʻrinmasa ham, juda yoshligi bilinib toʻrardi.

— Нима қиламиз? — сўради Казаков шошиб.
— Борайлик-чи, — дедим ҳаяжонимни яширишга ҳаракат қилиб.

Шеригимнинг ҳовлиқиб қолганини тушунардим. Агар қизча бизни кўриб қолиб, бақириб юборса борми, иш тамом, қўлга тушардик.

Ундан ўзимизни яшириб, эмаклаб кетдик. Чайлага етганимизни ҳам у сезмай қолди. Секин чақирдим:
— Ҳой қиз, кимсан?

Қизча бизга бошини ўгирди, лекин жойидан қимирламади.
— Галина, — деди бамайлихотир.
— Қаёқдан келдинг? У ўрмонни кўрсатди.
— Нима қилиб ўтирибсан?
— Дадамнинг олдига кетяпман.
— Даданг қаерда?
— Урушда...
— Ойинг-чи?
— Фашистлар отиб ташлашди.

Юрагимни бир нарса тимдалаб кетди. Ёнимга чақирдим.
— Дадангнинг олдига олиб борайликми?
— Ҳа.
— Юр, бўлмаса. Эмаклашни биласанми?
— Биламан.
— Қани, юр.
— Амаки, тўхтанг.
— Ҳа, нима бўлди?
— Лолам қолиб кетди.
— Қанақа лола?
— Ҳув ана.

Галина чайладан сал нарини кўрсатди. Мина қўпориб ташлаган тупроқ устида биттагина лола очилай-очилай деб турарди.
— Мен олиб келаман, — деди Казаков ва эмаклаб кетди. Бирпасда қайтиб ҳам келди. — Мана, юр энди тезроқ.

Галина икки қўлини ҳовуч қилиб узатди. Шу пайт бир нарса «виз-з-з» этди-ю, Казаков инграб юборди.
— Нима қилди? — сўрадим шошиб.
— Уқ тегди шекилли, лаънати! — сўкинди у биқинини ушлаб.

Ҳақиқатан ҳам ўқ теккан эди. Гимнастёркаси бирпасда қонга бўялди.
— Сизлар кетаверинглар, — деди у инграб. — Мен юролмайман.
— Бемаънилик қилма, — дедим жеркиб. — Кел, опич.
— Қўйинг, ўртоқ сержант. Фойдасиз.
— Опич деяпман!

Кўп ўтмай орқага қайтдик. Устимда Володя, ёнимда лоласини ушлаб олган Галина. Қирқ метрча юрдим. Қизча хам чарчади, мен ҳам. Тер қуйиб кетди. Устим қондан жикка ҳўл.
— Қўйинг, ўртоқ сержант. Оғирман. Иннайкейин, фойдасиз, — деди кучини тўплаб Володя.
— Нима деяпсан ўзи? — дедим. — Озгина қолди. Етиб оламиз.
— Етиб оламиз, — деди Галина. Унинг жуда ширин овози бор эди. — Сиз, ўламан деманг, эркаклар бунақа демайди.

Володя зўрға илжайди.
— Қаердан биласан сен?
— Дадам айтганлар.
— Даданг ботир одам экан, — дедим.
— Дадамлар қаҳрамонлар! — деди Галина.

Яна эмаклай бошладик. Кўп ўтмай тўплар гумбурлаб кетди. Бизникилар ҳужумга ўтишди.

Володяни госпиталга ётқиздик. Галина ҳам ўша ерда қолди. Қайтар эканман, у орқамдан югуриб келиб, енгимдан тортди:
— Ўртоқ сержант, манави сизга! — деди банди чайналган лолани узатиб. — Дадам лолани жуда яхши кўрардилар.
— Раҳмат, — дедим унинг узатилган оппоқ қўлчаларини ушлаб. — Олиб қўй, дадангни топганингда берасан.
— Дадамларни тополаманми?
— Топасан, — дедим. — Даданг ахир қаҳрамон-ку!
— Раҳмат, амаки.

Шу-шу уни кўрмадим. Урушнинг сўнгги йили Володядан хат олдим. Конвертни очсам, ичида қотирилган лола. «Галина бериб юборди, — деб ёзибди у. — Дадасини топса, янгисини ҳадя қилармиш».

Билмадим, дадасини топдими-йўқми? Лекин ҳар вақт албомни варақлаб, лолани кўрар эканман, Галинани эслайман. Унинг хайрлашаётганимиздаги чузилган ориқ қўллари, ишонч билан боққан йирик зангори кўзлари кўз олдимда гавдаланади.

Ўшанда ҳам шундай бўлди. Хиёбондан кетяпману, хаёлим унда. Қаерда экан ҳозир? Нима қилаётган экан? Отасини топдимикин? Балки топгандир. Шундай нимжон нарса Ҳаётга интилиб, ерни ёриб чиқибди-ку, у топмаганмикин?!

1963