OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиБўрибосар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм138KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Бўрибосар (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

1

Уни амакисининг паркентлик қўйчивон амакиси ташлаб кетди. У кичкина айиқ боласига ўхшарди. Кулранг, қалин жунлари орасидан япалоқ тумшуғини ҳам, яқиндагина очилган мунчоқдек қора кўзларини ҳам кўриб бўлмасди. Думалоқ коптокдек боши танасидан катта бўлганидан тўғри юролмас, тумшуғи билан ерни сидириб, йўлида учраган нарсани босиб, ағдариб, ўзи ҳам юмалаб юрарди. Кекса чўпоннинг гапига қараганда, у жуда зотли бўрибосарлар авлодидан экан. Онаси, еттита бўрини ўлдирган, бутун Паркентга донғи кетган Олапар бу йил атиги иккита туғибди. Биттаси шу экан. Иккинчисини кекса чўпон, талабгорлар ниҳоятда кўп бўлса ҳам, ҳеч кимга бермай, ўзига қолдирибди. Отаси ҳам машҳур итлардан бўлиб, жамбуллик қаҳрамон кўйчивон Сарсонбой Сакеновнинг отарини қўриқлар экан. Амакининг шу итга ҳаваси келиб, уч йилдан бери ҳар баҳор Олапарни Жамбулга ҳамкасб дўстининг отарига олиб борар экан. Икки йил бурун Олапар учта туғибди. Ҳар биттаси ҳозир ғунажиндек-ғунажиндек бўлиб кетган эмиш, Паркентда ҳам, унинг атрофларида ҳам бундай итларни ҳавас қилмаган чўпон йўқ эмиш...

Козим кучук болани яхши кўриб қолди. Хилма-хил ўйинчоқларни унутди. Велосипедини ҳам минмай қўйди. Ўйини — кучук бола. Ит ҳам унга ўрганиб қолди, унга эргашадиган бўлди. «Кўктой!» — деса, пилдираб олдига келади, нам тумшуғини оёқларига, қўлларига суркаб, эркаланади, атрофида думалайди. Козим боғчага кетганида кучукча узоқ ангиллайди, эшикка ёпишиб тимдалайди, келганида эса, хурсандликдан сакраб уйни бошига кўтаради.

Козимнинг онаси узоқ қариндошларининг совғасига аввал парво қилмади. Аммо кучук бола ўсган сайин, у эса кун эмас, соат сайин ўсарди, унинг кайфияти бузилиб, энсаси қотадиган бўлиб қолди. Идиш-товоқ сингани, китоб-дафтарлар йиртилгани майли, уйдан ит ҳиди келадиган бўлиб қолганини у биринчи сезди. Илгари у кун ора пол ювадиган бўлса, энди ҳар куни ювиб, эшик деразаларни очиб, уйни шамоллатади, овқат столини бир неча мартадан артади, Кўктой оёғининг тагида ўралашадиган бўлса, зарда-билан тепиб юборади. Кучук бола акиллаб, ўзини кроватнинг тагига олади ё Козимнинг стули тагига келиб, ётади-да олдинги оёқлари билан тумшуғини беркитади.

Бир куни Козимнинг онаси ишдан келганида, эшик тагида тунги кўйлаги ётганини кўрди. Ҳайрон бўлиб кўтарди ва зарб билан силкитган эди, юз-кўзига қандайдир томчилар сачради. Нима бўлганини тушуниб, зардаси қайнаб кетди, нам кўйлакни полга улоқтириб, кучук болани қидира бошлади. Аммо узоқ қидирмади. Кўктойнинг ўзи югуриб олдига келди. Козимнинг онаси: «Ҳа, ер юткур!» — деб қарғади-да, уни тепди. Аммо Кўктой жойидан қимирламади. Йўғон орқа оёқлари билан полга тиралиб, бошини кўтарди ва оппоқ аррадек тишларини кўрсатиб ириллади. Козимнинг онаси ҳанг-манг бўлиб қолди, афтидан, қўрқиб ҳам кетди. Қўлини мушт қилиб ургани кўтарган эди, Кўктой баттар ириллади ва биринчи марта вовуллаб юборди. Унинг чиройли, қўнғироқдек овози бор эди. Козимнинг онаси буни пайқамади, пайқаса ҳам парво қилмади. Аммо ургани ботинмади, муштини ёзиб, терс бурди-да, ўз хонасига кириб кетди.

Кечқурун Козимнинг дадасига шикоят қилди:
— Совға опкемай кетсин амакингиз! Иккита қурт ҳам бўларди болага. Боя менга бир ташланди, юрагим чиқиб кетай деди. Ҳозир шундоқ. Мени айтди, дерсиз. Каттароқ бўлса битта-яримтанинг бошини ейди, балога қоламиз.
— Ўргатиш керак, — деди Козимнинг дадаси. — Иннайкейин катта бўлганда қуйилиб қолади. Бу ҳам ҳали бола-да!..
— Боламас, бало! Тишлари арранинг ўзи! — Эътироз билдирди Козимнинг онаси. — Яхшиси, амакингизга қайтариб бериб келинг. Ўғлимизга йўқолиб қолди, деб қўя қоламиз. Бўлмаса, ўзим ит яшикка бериб юбораман.
— Ўргатиб кўрайлик-чи, аввал, — деди Козимнинг дадаси.

Козимнинг кровати остида ётган Кўктой уларнинг гапларини тушунгандай ғиншиб қўйди.

У шу туни туш кўрди. Кўм-кўк адр. Қўй-қўзилар ўтлаб юрганмиш. У янги ўрилган хушбўй пичан устида худди ўзидек, аммо ола-була кучук бола билан онасини эмиб ётганмиш...

2

Козимнинг дадаси айтганини қилди. Овчилар магазинига бориб, яхши чармбоғ, занжир олиб келди. Кимнингдир, итни бир қўлида калтак, бир қўлда қанд билан ўргатиш керак, деган маслаҳатига кириб, тутдан хивич йўнди. Аммо қанча уринмасин, барча ҳаракатлари зое кетди. Кўктой тиниқ қора кўзларини унга тикиб, қулоқ осар, лекин биронта гапига кирмасди. Икки ой деганда зўрға ўтириб, олдинги оёқларини кўтаришнигина ўрганди холос.
— Ит бўлмай ўлсин, — деди Козимнинг ойиси. — Ҳамма ақли гавдасига, қорнига кетган буни! Ҳали ҳам гапимга киринг, бу одам бўлмайди, обориб беринг амакингизга!

Чиндан ҳам ярим йил ичида Кўктой бузокдек бўлиб кетди. Сакрамасдан, чузилмасдан стол устидаги нарсаларга бўйи етадиган бўлди. Буни кўриб, Козимнинг онаси баттар хуноб бўлиб кетди. Стол устида энди ҳеч нарса қолдирмай, шкафларга яширади, дастурхонни йиғиштириб қўяди. Кўктой хивични чайнаб, занжирни узиб юборганидан кейин Козимнинг дадасининг ҳам ҳафсаласи пир бўлди. Ноилож янги занжир олиб келиб, ўғлининг олдига ташлади:
— Ма, ўзинг ўргат.

У шундай деди-ю, ит қўлдан чиқиб кетаётганига кўнглида ачинди. Хотинининг, катта бўлса биронтанинг бошига етади, деган гаплари хаёлидан ўтди. Кўктойнинг яна катта бўлиши, ўсиши эса шундай турқига ёзиб қўйилгандек эди. Ўқлоғидек-ўклоғидек оёқлари ҳали юмшоқ, қалин жунлари майин, назари шўх эди. Қишгача туриб-турсин-чи, ўзига қарор қилди Козимнинг дадаси, кейин бир гап бўлар...

Аммо у ўйлаганча бўлиб чиқмади.

Куз келиб, оёқ остида хазон шитирлаб қолган кунларнинг бирида у ишдан келса, Козим йиғлаб ўтирибди, хотини ётоқхонада ётибди. Чап қўли тирсагигача бинт билан боғланган.
— Нима бўлди? — хавотирланиб сўради Козимнинг дадаси.
— Кўктой... Кўктой ойимларни тишлаб олди, — кўзларини мушти билан артиб жавоб қилди Козим.
— Қаттиқ тишладими? — Козимнинг дадаси хотинининг оёғига ўтирди.
— Суяккача борди шекилли... — истар-истамас деди Козимнинг ойиси. — Ер юткур тишлашга-тишлади, қўйвор десам ҳам қўйвормайди! Қисқичдай, тишларини ботирганча, кўзларини лўқ қилиб бақрайиб турибди!.. Козим келиб қолмаганида, қўлсиз қолармидим?! Совғаси бошида қолсин амакиззи. Тишлайдиган нарсаниям совға қиладими?! Ман сизга айтдим бировнинг бошига етади, деб, қулоқ солмадингиз. Мана, мандан бошлади!..
— Нима қилувдингиз? — сўради Козимнинг дадаси.
— Вой ман нима қилардим?! — тутоқиб кетди хотини. — Нон тўғраб бир коса шўрва бердим. Очопат ўша заҳоти ютиб бўлди. Идишни ағдариб, уйни бошига кўтарди. Иккинчи косани солаётганимда чидамай косага ёпишди. Қоч, деб секин коса билан бошига туртганимни биламан, яшшамагур «ғап-п!» — деб ёпишди қўлимга! Дод солдим, қани қўйиб юборса! Козим келиб қолди-ю, қўйиб юборди. Поликлиникада итга справка олиб келинг, дейишди. Справка бўлмаса қирқта укол қиламиз, дейишди. Шу етмай турувди манга.
— Ўзи қани! — сўради Козимнинг дадаси.

Хотини индамади. Козим кроватнинг тагига ишора қилди. Козимнинг дадаси эгилиб қаради. Кўктой айбини сезгандек, бошини оёқлари орасига беркитиб ётарди.
— Ит қутирмаган, соғ, — деди Козимнинг дадаси.
— Справка керакмас демоқчимисиз? — киноя қилди хотини. — Майли, мен ўлиб кетавурай. Сизларга ит бўлса бўлди!..

Козим йиғлаб юборди. Дадаси энсаси қотиб, ўрнидан турди. Ўғлининг олдига келиб, бошини силади. Итнинг соғлигига шубҳаси бўлмаса ҳам, эртасига ветеринария докторини олиб келди. Кўктой ўз жойида, Козимнинг кровати тагида ётарди.

Козимнинг дадаси уни чақирди. Ит чиқмади. Бўйинбоғидан тортмоқчи бўлиб, қўлини узатган эди у тишларининг оқини кўрсатиб ириллади.
— Кроватни суришга тўғри келади, — деди Козимнинг дадаси.
— Қани, нари турингчи, — доктор шундай деб, ўзи кроватнинг тагига эгилиб қаради. — Итингиз соғ. Барибир текшириш керак. Сўлагидан бир амаллаб олмасак бўлмайди.

Кўктой кўзларини унга қадаб, шалпанг қулоқларини кўтарганича жойидан қимирламай ётарди.

Доктор узун йўнилган чўпга пахта ўраб, яна эгилди.
— Кўктой! Кўктой! Полвон ит, ақлли ит... Ҳозир ўзи чиқади, сўлагидан беради... — доктор майин оҳангда гапириб қўлларини ит томон чўзди. — Сени хафа қилишдими? Кейин тишлаб олдингми? Бундай итни хафа қилиб бўлар эканми? Бундай итга доим бир хил гапириш керак. Бир вақтда овқат, бир вақтда сув бериш керак. Бу виставкага қўйиладиган ит экан-ку? Полвон ит! Зотли ит!.. Кўктой, Кўктой! Чиқақол буёққа. Ҳа, баракалла, баракалла!..

Кўктой кроват остидан инграб, инқиллаб чиқди-да, доктор олдида ўрнидан турди. Тумшуғини чўзиб, қўлларини ялайбошлади. Доктор билинтирмасдан пахталик чўпини намлаб олди:
— Баракалла! Баракалла! Сени қутирган дейишдими? Бўлмаган гап. Соппа-соғсан. Эсинг ҳам жойида. Бекордан бекорга ҳеч кимни тишламайсан. Ўзингни ҳам хафа қилдириб қўймайсан. Бор, жойингга бор энди.

Кўктой шу гапни эшитиб тургандек, букилиб яна кроват тагига кириб кетди.
— Келин қийналмасинлар уколга бориб, — деди доктор. — Ҳозироқ справка ёзиб бераман. Зўр итингиз бор экан. Одамлар бунақасини қидириб тополмайди.

У кетгач, Козимнинг дадаси кроват олдида чўккалади.
— Кўктой, Кўктойжон! Буёққа чиқ, чиқақол, жонивор.

Ammo Koʻktoy joyidan qimirlamadi. Kozimning dadasi bir burda nonning ustiga goʻsht qoʻyib uzatdi. Ikkinchi qoʻli bilan boʻyinbogʻidan tortdi.

— Чиқ, Кўктой! Ит бўлмай кетгур, чиқ!

Кўктой ириллай бошлади. Козимнинг дадаси нонни унинг олдига зарда билан ташлади. Ит вовуллади. Козимнинг дадаси аччиқланди. Ўрнидан туриб, итнинг биқинини мўлжаллаб тепди-да, бошқа хонага чиқиб кетди. Нимадир эсига тушиб, ётоқхонага қайтиб кирди. Хонанинг ўртасида оёқларини кериб, думини таёқдек тик қилганча, Кўктой унга тикилиб турарди. Козимнинг дадаси беихтиёр тўхтаб қолди. Ит худди шуни кутиб тургандек унга ташланди.

Козимнинг дадаси: «Кўктой! Кўктой, йўқол!» — деганини билади, нимадир «шар» этиб йиртилди. Кўктой шимининг тиззасидан почасигача катта бир бўлагини узиб олган эди. Козимнинг дадаси ўзини йўқотиб қўйди, аммо кўнглида ит тасодифан оёғини тишлаб олмаганидан, шим халақит бериб қолганидан хурсанд бўлди. Шундай бўлса ҳам, «Ҳароми!» — деди-ю, ит томон чопди. Кўктой қўрқдими ё хафсаласи пир бўлдими, оғзидаги шим парчасини тишлаганича яна эгилиб кроват тагига кириб кетди. Унинг учун кроватнинг таги энг бехавотир жой бўлиб қолган эди.

Козимнинг дадаси баджаҳл одам эмас эди. Ҳайвонларни ёмон кўради, деб ҳам бўлмас эди уни. Аммо шу ёшга кириб, бирон марта маҳалладаги кўпчилик болалар қатори ит билан ўйнамаган, қўлида чумчуқми, каптарми ушламаган эди. Шунинг учун Кўктой сингари одамларнинг кўзидан уларнинг муносабатини билиб оладиган итлар бўлишини у билмас эди. Кўктой уни аллақачон билиб олган ва хуш кўрмай қолган эди.

Кечқурун Козимнинг ойиси справкани кўриб тинчиди. Дадаси бўлган воқеа ҳақида ҳеч нарса демади. Фақат ойиси билан бирга боғчадан келиб, ити билан ўйнай бошлаган ўғлига:
— Ётаётганингда занжирини тақиб, кроватга боғлаб қўй, тағин бирон нарсани синдириб қўймасин, — деди ва кўчага чиқиб кетди.

Ярим кечада, ҳамма ухлагани ётган пайти у ўрнидан турди. Эски кийимларини топиб кийди. Қўлига чарм қўлқопини тақди, оёқ учида юриб ўғлининг кроватига яқинлашди. Козим дадаси айтгандек қилиб қўйган экан. Занжирни кроватнинг оёғидан ечиб, секин аммо куч билан торта бошлади. Ҳеч нарсага тушунмаган ва ширин уйқуда ётган Кўктой ғиншиганича судралиб кроват остидан чиқди.
— Юр, жонивор, юр, Кўктой. Айланиб келамиз, — деди шивирлаб Козимнинг дадаси. Кўктой сургалиб унинг кетидан кўчага чиқди. Муздек ҳаво димоғига урилди. Оёғи остида тўкилган барглар шитирлади. Чуқур нафас олиб «вов!» демоқчи эди, Козимнинг дадаси занжирни силкитиб қўйди, овози оғзида қолди.
— Юр, жонивор, юр!..

Кечаси ҳеч сайрга чиқмаган Кўктой эгасининг ортидан битта-битта юриб кетди.

Улар кўп ўтмай зарқоғоздек ялтираб оқаётган дарё лабига чиқишди. Бу дарё шаҳарнинг ўртасидан ўтган бўлиб, қишин-ёзин музламас эди. Шаҳардан чиқаверишда темир йўл кўпригига етганда иккига бўлиниб бир қисми шаҳарга бурилар, иккинчи қисми эса эллик метрлик жарликка отилиб тушарди. Узоқ-узоқ жойлардан одамлар вишиллаб кўпириб тушадиган шу шаршарани кўпинча тамоша қилгани, муздек шаббодасида дам олгани келишарди.

Козим катта болаларга қўшилиб бир-икки марта дарё лабига келган эди Кўктой билан. Болалар қанча уринишмасин, уни сувга туширишолмаган эди.

Кўктой шу жойларни танийди. Салқин ҳаво, сувнинг бир маромдаги шовқини ёкди, эркаланиб эгасининг оёғига суйканди.

Козимнинг дадаси олазарак бўлиб ниманидир ахтарарди. Ниҳоят топди шекилли, дарё ёқалаб юрабошлади. Ит унга эргашди. Баланд бир чинорга етишганида тўхташди. Козимнинг дадаси энгашиб дўнг бўлиб турган бир нарса устига ўтирди. Кўктой ҳидлади. Дўнг катта харсанг тош солинган қоп эди. Кўктой ҳам эгасининг ёнига ўтирди. Козимнинг дадаси эпчиллик билан занжир қисқичини қоп боғланган арқонга илди. Шу топ хурсанд бўлганидан кўзлари чақнаб кетди, беихтиёр Кўктойнинг бошини силаб қўйди.

Узун тилини дам осилтириб, дам тамшаниб, ўқтин-ўқтин нафас олаётган итнинг ёқимли илиқ ҳиди димоғини қитиқлади, ўғлининг йиғидан бурушган башараси кўз олдига келди, аммо ниятидан қайтмади.

Шу алпозда бир пас ўтириб ўрнидан туради. Ит ҳам турди.
— Ма, ол,

Козимнинг дадаси эҳтиёт шарт чўнтагига солиб қўйган бир чақмоқ қандни ташлади унинг олдига. Ит эгилиб, қандни ҳидлай бошлади. Шу пайт Козимнинг дадаси бор кучини тўплаб, қопни баланд кўтарди, зарб билан дарёга отди. Бошини ердан кўтармаган Кўктой силтаниб кетди. Энди оғзига олмоқчи бўлган қантни ютаркан бўғилиб бир «ванг!» — деди-ю, қоп ортидан оёқлари чалишиб думалаб кетди ва кўп ўтмай «шалоп» этиб сувга ағдарилди.

Тошнинг зарбидан чайқалиб, шовқини кўтарилган, чўкаётган итнинг танаси, оёқлари урилиб шалоплаган дарё бир зумда тинчиб яна аввалгидек бир маромда оқа бошлади.

3

Eртаси куни эрталаб, Козим итини тополмай, роса йиғлади, боғчага бормайман, деб уйдагиларни қўрқитди. Дадасининг, билмай қолибмиз, кечаси эшик очиқ қолиб, чиқиб кетибди, деганига ҳам қулоқ солмади, ҳеч қандай ўйинчоққа рози бўлмади. Ниҳоят ойиси, янги коптокдек кичкина кучукнинг боласини олиб келиб беришни ваъда қилди. Шундагина Козим йиғидан тинди.

4

Кўктой сув тагида бўкиб, баттар оғирлашган қопдаги тош билан олдинма-кетин думалаб борарди. Гоҳ тош олдин кетиб қолиб, уни бўйнидан тортар, дарёнинг нотекис тубига илиниб қолганда, гоҳ Кўктой уни судрарди. Қулоқлари сувга тўлганига қарамай, бошини сарак-сарак қилиб, оёқларини шапиллатиб ўзи сезмаган ҳолда тепага, сув бетига чиқишга талпинар, аммо тошнинг оғирлиги, дарёнинг чу-қурлиги бунга йўл қўймас, у ҳориб яна сув тагига ардариларди. Бунинг устига у нима бўлганини, нима уун иссиқ уйдан чиқиб, баданини қақшата бошлаган, нафас олдирмай, кўз очирмай қўйган сувга тушиб қолганини, нима учун. Козимнинг дадаси унинг бошини силаб, юмшоқ гапириб туриб, сувга отганлигини билмасди. Агар уйда кўпинча бўлиб турганидек, эгасининг нима демоқчи эканини олдиндан сезганда, ўзини бу аҳволга солиб қўймас эди, ғафлатда қолмас эди, занжирни узиб, қочиб кетарди.

...Унинг ўпкаси тўлиб, йўтал тутди. Аммо оғзини очолмади. Ичида нимадир ғивирлаб, қорнини, кўкрагини, тошдек оғир ва карахт бўлиб қолган бошини ёриб юборгудек бўлиб кетди. У чидолмай жон-жаҳди билан оёқларини чўзиб сувни шапиллата бошлади. Бир маҳал илиқ ҳаво бурнига урилди. У қалқиб кетди. Оғзи бурнидан сув тушиб, нафас ола бошлади. Кўзлари нам бўлса ҳам очилди. Биринчи кўрган нарсаси: шундай дарёнинг тепасида унга тикилиб турган нурсиз ой эди. Кейин дарё қирғоғидаги яланғоч дарахтлар; қорайиб кўринди.

Кўктой сувдан боши чиқиб турса, кўзи очиқ бўлса, нафас олиш мумкинлигини тушунди, бўйнини тошга бо ланган занжири узиб юбораётган бўлса ҳам, энди эгилмас, эгилса, оёқлари сувни шапиллатишдан тўхтаса, чўкиб кетишини, шундан кейин балки мутлақо қалқиб чиқолмаслигини билиб қолди ва тумшуғини сув юзида тик тутиб оқим ихтиёрида юмронқозиқдек оқа бошлади. Баъзи-баъзида олдинги оёқлари сувда чиқиб қолар, у чўчиб зарб билан сувни урарди, сув шалоплаб, юз-кўзларига сачрар, энтикиб кетиб қалқир, мувозанатни йўқотиб қўярди. Аммо кўп ўтмай, у бошини силкитса, томчилар тушиб кетишини, яна эркин нафас олиш мумкинлигини билиб олди. Оёқлари сув тагида қанча кўп қимирласа, у шунча кўпроқ сув бетига чиқабошлаётганини ҳам пайқади. Илгари қулоқларигача сув устида бўлса, энди бўйнигача кўтариладиган бўлди. Яна у қайси оёғини сувга урса, шу томонга силжишини ҳам сезди ва тўғри, дарёнинг ўртасида оқим билан баравар сузадиган бўлди. Кўп ўтмай ҳатто дам олишни ҳам ўрганиб олди. Чарчаганда у бир пас оёқларини чўзарди, шунда сув ўзи уни чўктирмай кўтариб борарди. Фақат тош, бўйнида осилиб ётган зилдек тош уни ўз ҳолига қўймас, нималаргадир урилиб, ўхтин-ўхтин уни ўз ёнига, сув тубига тортарди. Аммо Кўктой бунга ҳам кўникиб колди. Тош уни пастга тортганда, тўртала оёғи билан сувга ёпишади. Унинг ҳаракатларини тушунгандек, дарё тошни кўтариб, олдинга итаради, у яна гоҳ олдинда, гоҳ орқада юмалай бошлайди.

Шу алпозда бир-бирига боғланган Кўктой билан харсанг тош анча оқишди. Тонг ёриша бошлади.

Юлдузлар сўнди. Дарёнинг иккала қирғоғидаги дарахтларнинг эгри-бугри шохларида қушлар кўринди. Кўктой уларнинг чуғурини, кўчаларда пайдо бўлган машиналарнинг овозларини эшита бошлади ва беихтиёр қирғоқ томон сузиб кетди. Тош унча халақит бермади, у билан олдинма-кейин юмалай бошлади. Аммо қирғоққа яқинлашганда тўхтаб қолди. Кўктой қанча уринмасин, тош жойидан силжимади. Бир-икки силтаниб ҳам кўрди, фойдаси бўлмади. Бир пас дам олиб, яна қирғоқ томон талпинди, лекин жойидан қимирлай олмади, аламидан инграб юборди-да, оёқларини чўзди. Оқим уни ҳам, тошни ҳам яна олдинга суриб кетди.

Офтоб чиқиб, сув бети кўкарганда, темир йўл кўпригининг ғишт устунлари кўринди. Сув оқими секинлашди. Кўктой тошнинг оғирлигини сезмай қолди. Оёқларини чўзиб оғир хўрсинди-да, атрофига қаради. Қушлар ҳам у шохдан бу шохга ўтиб чуғурлашар, машиналарнинг овози кўпайган сари одамларнинг бақириқ-чақириқлари пайдо бўлиб, кун ўз ҳукмига кирган, шаҳарда ҳаёт бошланган эди.

Кўктой чуқур нафас олди-да, оёқларини бир-икки шапиллатиб қўйди. Шу тоб бирдан сув остидаги тош уни силтаб тортди. Кўктой беихтиёр тисарилмоқчи бўлди, оёқлари билан сувни тепди. Аммо тош бу гал зўрлик қилиб, уни пастга тортди.

У айрилишга келганини, кўприк олдида дарё иккига бўлиниб, бир қисми кескин бурилиб шаҳарга қайтиб киришини, иккинчи қисми эса жарликка тушиб, шаҳардан чиқиб кетишини билмас эди. Тош уни сув тагидан жарлик, шаршара томон тортган эди.

Кўп ўтмай тошгина эмас, дарёнинг оқими ҳам уни шаршара томон тортди. Кўктой қанча уринмасин, ўзини ўнглолмай жарликка шўнғиди. Шаршарадан тош билан ёнма-ён оёклари осмонга кўтарилиб қушдек пастга тушаркан, гумбурлаган шаршара шовқини орасида кимнингдир: «Кўктой! Кўктой!» деган қичқириғи қулоғига киргандек бўлди. Кўктой кўприк ёнида шаршарани томоша қилиб турган бир тўда одамларга қараб улгурди, аммо ким қичқирганини билмади. Тош билан баробар «шалоп» этиб сувга тушди. Шаршара ости уларнинг зарбидан тўлқинланиб кетди ва бироздан сўнг яна эски ҳолига қайтди.

Кўктой қанчагача сув остида думалади, билмайди, хушига келиб, тумшуғи дарёни ёриб чиққанда, тошнинг бўйнидан тортмаётганини, занжир илинган чарм бўйинбоғи ҳам йўқлигини пайқади, намдан хиралашган кўзларини пирпиратиб, шаршарадан четроққа, сув оқими томон сузиб кетди. Унинг ҳар бир ҳаракати энди сезиларли эди, ҳеч нарса уни сув тубига тортмасди. Хурсанд бўлганидан бир-икки марта сув остида бўлса ҳам думини ликиллатиб қўйди. Ҳамма аъзоси энди унга қулоқ солар, яқиндагина уни қўрқитган сув ҳам унинг измига тушадиган бўлиб қолган эди.

5

Шаҳар анча ортда қолиб кетди. Сувнинг бети ғадир-будирлашиб оқиш тезлашди, иккала қирғоқ пасайди. Кўктой бир-икки марта орқа оёқлари билан сув тубига тегиб кетди. Аввал нима бўлганини тушунмади. Тўрттала оёғини узатганда, дарё бу ерларда чуқурмаслигини англади ва сувни шалоплатиб қирғоқ томон юриб кетди. Уни қийнаётган нарса энди битта, у ҳам бўлса сувнинг совуқлиги эди. Тиши-тишига тегмай қалтирар, қалин туклари ёпишиб қолган бадани ҳеч нарса сезмай қолган, оёқларининг томирлари тортишиб, зўрға-зўрға кўтарилар эди.

Бу гал қирғокда у сирғанмади, сувга ўхшаб тебраниб ётган ўтларнинг патак илдизларига маҳкам ёпишиб дарёдан чиқди. Ҳамма ёғидан шариллаб сув оқа бошлади. У силкинган эди, гандираклаб кетиб, юмшоқ ўт устига йиқилди. Турмади. Туришга мажоли йўқ эди. Ёнбошига ағдарилиб, оёқларини чўзди-да, бошини ҳам чим устига қўйиб кўзларини юмди. Шу заҳоти ухлаб қолди. Тиккага келган қуёш анчагача уни иситиб, уни қуритганини ҳам, шундай қирғоқ ёнидан ўтган ёлғизоёқ йўлда бир отлиқ уни кўриб қолиб, яримта кулча ташлаб кетганини ҳам билмади.

Қуёш ҳам у сингари ёнбошлаб, дарахтлар панасига ўзини олганда, тумшуғи устида нотаниш ҳид сезиб, кўзини очди.

Олдида бахайбат, мўйловлари тикандек қаттиқ бир қора ит кўзларини бақрайтириб унга қараб турарди. Кўктой унинг совуқ иккита кўзларига, йўғон оёқлари, кенг, сержун кўкрагига қараб, ўзича ҳушёр тортиб кўйди, аммо бошини кўтармади.

Қора ит у кўзини очганини кўриб, бир қадам тисарилди-да, осмонга караб бир-икки вовуллаб қўйди. Шу пайт унинг ёнида яна беш-олтита ит пайдо бўлди. Улар ҳам қора итдек бахайбат, тумшуклари узун, жунлари қалин эди.

Кўктой ётаверишини ҳам, туришини ҳам билмасди. Қочиш хаёлига ҳам келгани йўқ, лекин улар кўпчилик эди. Бунинг устига у ҳали ўзига келмаган, боши оғир, оёқлари анча мадорсиз эди. Козим уни кўчага олиб чиққанда, маҳалланинг итлари — лайчасидан тортиб, бесўнақай догигача тегажоғлик қилишарди. Айниқса Козим болаларга қўшилиб футбол ўйнаётган пайти, у ариқ лабида кўкрагини офтобга солиб ётганда, билдирмасдан келиб оёғидан, думидан тишлашарди. У парво қилмасди. Лайчанинг тишлагани нима бўларди, бурга чаққандек гап. Ғаши келиб ўрнидан турганда ҳаммаси тирақайлаб қочарди. Бир марта қаримсиқ қора лайча думидан тишлаганда, у тутиб олди. Икки оёғи билан биқинларини эзиб, оғзига яқин олиб келди. Тишлаш нияти йўқ эди, шундай бўлса ҳам оғзини очганда, лайча овози борича чинқириб юборди. Кўктой ҳайрон бўлиб, оёқларини олди. Лайча худди ўлдириб қўйишаётгандек аккиллаганича уйига қочиб кетди.

Шуларни эслаб, Кўктой оҳиста бошини кўтарди. Қора ит ириллади. Буни кўриб, олисрокда турган битта ит вовуллаб юборди. Кўктойнинг улар билан уришишга сира хоҳиши йўқ эди. Шундай бўлса ҳам ўзича бир режа тузиб қўйди. Агар итлар унга ташланса, биринчи бўлиб қора итга ёпишади. Уни босса қолганлари ўзи тарқалиб кетади. Қора ит сезиб колди, шекилли, ҳурпайди, ириллаганича бир қадам олдинга юрди. Кўктой шуни кутиб тургандек, сапчиб ўрнидан турди. Атрофини ярим ҳалқа қилиб ўраб олган итлар тирақайлаб қочишди. Қора ит ҳам ириллашдан тўхтаб, ёни билан уч-тўрт қадам чекинди. Унинг боши эгилиб, бўйнига кириб кетган эди. Думини қисиб, бир-икки вовуллаб қўйди-да, секин шериклари кетган томонга юра бошлади. Унинг ҳам, шерикларининг ҳам бундай катта итни биринчи кўришлари эди.

Кўктой уларни қувламади. Аммо орқаларидан қараб турди. Итлар пахтаси териб олинган ғўзапоя ичида ғойиб бўлишди. У тинчиб яна ётмоқчи бўлган эди, нонга кўзи тушди. Икки тишлашдаёқ уни еб, сўлаклари оқиб кетган оғзини оёқларига артди ва ёнбошлади. Қорни ниҳоятда очганлигини шунда сезди. Яримта кулча унга урвоқ ҳам бўлмади. Беихтиёр итлар кириб кетган ғўзапоя томон қаради. Ўша ёқдан сигирларнинг маъраши, товуқларнинг қақағи қулоғига чалинди. Уларнинг овозларига итларнинг вовуллашлари қўшилиб кетди. Баъзиларини таниди. Ҳозиргина уни таламоқчи бўлган эди улар. Одамларнинг товушлари ҳам эшитилди. Кўктой қулоқларини диккайтирди. Йўқ, товушлар яқинлашмади, ўша ёқларнинг ўзида дам пайдо бўлиб, дам йўқоларди. У ер, бу ердан тутун кўтарила бошлади. Шу тутун ҳиди билан бир маҳал димоғига пиёз-доғ, қовурилган гўшт ҳиди келиб урилди. Кўктой ўрнидан туриб кетди. Яна кучга кириб, оғриклари қайтган оёқлари билан депсиниб, инграб юборди, сўлаклари оқиб кетди. Бошини кўтариб итлар кетган томонга қаради. Ғўзапоя ортида бир қатордаги баланд-паст уйларнинг томлари қорайиб кўринди.

Кўктой бир пас нима қилишини билмай турди, ёқимли ҳид яна димоғини қитиқлади. У чидолмай, ғўзапоя томон юрди.

Уйларга яқинлашганида экинзор тугади. Кўктой тўхтади. Қандайдир хавф рўпарасидаги, очиқ водопроводидан шариллаб сув оқиб ётган уйнинг ҳовлисига ўтишга йўл қўймади. У эгилди-да чироқ ёнган деразага қаради.

Шу ёруғ хонадан лаган кўтарган бир аёл чиқиб, ҳовлида бир пас турди-да, ўчоқ бошига ўтди. У ерда нималардир тарақлади, гуп этиб, Кўктойнинг димоғига Козимларнинг уйидан таниш бўлиб қолган ҳид, дам еб етилган паловнинг ҳиди урилди. У энтикиб кетиб, лабларини ялади, оғзи сўлакка тўлиб кетганидан бир-икки ютиниб, тилини осилтирди.

Аёл лаган тўла ошни кўтариб чиқди, Кўктой тамшаниб лабларини кўкрагига артди. Аёл айвонга кўтарилгунча қараб турди. У кўздан йўқолгач, ўчоқбоши томон юрди. Ҳовлининг ўртасида бир тўхтаб, жойига қайтди, ғиншиб ўтирди. Шу алпозда анчагина вақт ўтди. Кўктой аёлнингми, ишқилиб уйдан овқатдан кейин кимнингдир чиқишини кутди. Козимларнинг уйида Козимнинг ойиси уни кўп уришса ҳам, ўзлари овқатга ўтиришларидан олдин унга овқат беришарди. Овқатланиб бўлиб, диванга ўтганларида яна бир нарса, ўзларидан нима қолса шуни беришарди. Деярлик доим Козимнинг онаси уни боқарди. Ўшанда у уни тишламоқчи эмас эди, ростини айтганда тишлагани ҳам йўқ, шундай, тишлари билан семиз билагини бир пас эзиб турди. Тишлагиси келса Козимнинг дадасини тишлар эди. Бир марта ҳам у тўғри қарагани йўқ, гапирмаса ҳам, хотинига ўхшаб вайсамаса ҳам, ичида уни хотинидан кўпроқ ёмон кўрарди, ундан жирканарди. Кўктой буни жуда тез пайқаб олди. Козим билан, Козимнинг ойиси билан ўйнагиси, эркалангиси келса, ундан иложи борича ўзини олиб қочарди, ундан қўрқарди. Мулойим гаплари, юмшоқ ҳаракатлари, энг муҳими, сахий кўзлари билан уни кўргани келган доктор эгасига муносабатини ўзгартириб юборди. Кўктой доктор келиб кетганидан кейинги эгасининг гапларига ишонмаса ҳам унга қулоқ солишга энди ҳаракат қила бошлаган эди. Ўшанда эгаси бироз чидаганда, оғирроқ бўлиб уни нафрат билан тепмаганда Кўктой унга кўникиб кетарди. Тишламоқчи бўлиб шимини тортганда ҳам у ростакам тишламоқчи эмас эди, жаҳлини бир оз босмоқчи эди, холос. Ҳеч кимга ўзини урдириб, тептириб қўймаслигини кўрсатмоқчи эди. Шунинг учун кечаси эгаси чақириши билан хафагарчиликни унутиб, дарҳол кроват остидан чиққан эди. Ўша куни Козимнинг ойиси палов қилган эди. Овқатдан олдин унга бир тоғорача нон тўғралган ёғлиқ шўрвани беришди. Овқатдан кейин эса Козим уни алахситиб турди, ойиси лаганни сидириб, идишига солди. Катта-катта юмшоқ суяклар ҳам бор эди ошнинг ичида...

... Бир маҳал аёл ҳовлига тушди, аммо унинг қўллари бўш эди. Водопровод олдига келиб сувни тўхтатди ва яна уйга кириб кетди.

Кўктой ортиқ чидолмади. Битта-битта юриб ҳовлининг ўртасига борди, у ёқ-бу ёғига қараб қўйди-да, ўчоқбоши томон юрди. Қоронғида ҳеч нарса кўринмади. Бир пас тургач, ҳид қаёқдан чиқаётганини аниқлади. Тахта тувоғининг устига ғишт бостирилган қозонда бир нарса бор эди. Кўктой ўчоққа яқин бориб, тувоқни ҳидлай бошлади. Аммо уни қандай очишни билмади. Олдинги оёқларини қозон зихига қўйиб, тумшуғи билан ғиштга тиралди. Тувоқ қозонга қаттиқроқ ёпишди. Кўктой алам қилганидан бошини буриб ейишга бошқа бирон нарса қидирмоқчи эди, тумшуғи ғиштга тегиб кетди. Ғишт сурилиб қозон ичига ағдарилди, тувокнинг бир томони кўтарилди. Қозон тагида тунука тоғорача тўла устига катта суяк кўйилган ош турарди. Кўктой тумшуғини тоғарачага ботирганча суяк аралаш шопиллатиб ейишга тушиб кетди. Шу пайтгача у бундай ширин овқат емаган эди.

Тоғорача бир пастда бўшади. Бир дона гуруч ҳам қолмади. Кўктой идишни итариб, қозонга тушган майда суякларни олмоқчи бўлганида, у ғиштга тегиб тарақлаб кетди. Кўктой бир сакраб ҳовлига тушди-да, ўзини ғўзапоя ичига олди.

Уйдан аёл чиқди. Атрофига аланглаб караб, ўчоқбошига кирди.
— Ер юткур нима тарақлади? — деди ўзича ва чироғини ёқди, қозон тепасига келиб, тикилиб қолди. — Ҳалима! Ҳой Ҳалима! — Қичқирди у. — Бу ёққа кел!

Айвондан бир қиз тушди.
— Нима, ойи?
— Қозонга сен тегмовдингми? — сўради аёл.
— Йўқ, нима эди? — Қиз ойисининг олдига борди.
— Дадангнинг овкати йўқ! Қозон очилиб қолибди. Тоғорачага солиб қозоннинг ичига қўйиб қўювдим.
— Беркитганмидингиз тувоғини?
— Вой, устидан ғишт ҳам бостириб қўйювдим. Қара, ғишт қозоннинг ичида ётибди. Тоғорача бўм-бўш!..

Аёл тоғорачани олиб негадир ҳидлаб кўрди.
— Балки бошқа идишга солиб уйга олиб кириб кетгандирсиз?
— Йўқ, — деди ишонқирамай ўз жавобига аёл. — Шу тоғорачага солувдим. Шундоқ кўз олдимда турибди. Тўлатиб ош солдим. Биласан, даданг ошиғлик суякни яхши кўради. Устига бостириб, кетдим, Қайдам тағин? Қараб кел-чи!

Қизча чопиб уйга кириб кетди. Зум ўтмай қайтиб келди.
— Йўқ, айвонда фақат бўш идишлар... Нима қиламиз энди? — Хавотирланиб сўради қиз. — Ўғри бўлса-я?
— Биз томонда ўғри нима қиларди? — Уни тинчитди аёл. — Ош еб ўтирганимизда девдек бир нарса лип этиб ўтувди-я, эътибор қилмадим.
— Итми? — сўради қиз.
— Эсинг жойидами? — жеркиб берди аёл? — Ит қозонни очоладими? Қўли бўлмаса!.. Анави қурувчилардан биронтаси бўлса керак. Яқин йўл қидириб ўтиб туришади-ку ҳовлимиздан. Ишдан кейин ўлгудек ичишади. Кейин ҳовлима-ҳовли закуска қидириб юришади. Ўшалардан биттаси тайёр ошни кўриб олган-кетган.

Қиз тусмолига ишонса ҳам ойисига эътироз билдирмади.
— Дадамлар нима ейдилар энди?
— Шунга бошим қотиб турибди, — деди аёл. — Эрталаб ош қилгин деб кетувдилар
— Қилақолайлик, — таклиф қилди қиз.
— Пишгунча сабри чидамайди. Яхшиси жаз-жуз қилиб гўшт билан картошка қовуриб берақоламан. Бор, тўртта картошка олиб тозала! — аёл шундай деб, бўш тоғорачани кўтарганича водопровод олдига келди, ва сувни очиб юва бошлади. — Ҳа жувонмарг бўлгурлар ичмай! Эрталабдан кечгача лақиллаб ўтиришади, кечқурун бировнинг қозонини титкилашади. Тешиб чиқсин ҳаммангни. Уйларингга етолмай арикда думалаб қолларинг!..

Кўктой қимир этмай жўяк ичида ётарди. Баъзан аёлнинг гапларига қулоқ солиб, тамшаниб қўярди.

Кўп ўтмай ўчоқбошида нимадир чарс-чурс қилди. Кўктой димоғига қовурилган гўшт ҳиди урилди. У яна икки уч тоғорача овқат бўлса ҳам тап тортмай еб ташларди. Шунинг учун кўзини ўчоқбошидан узмади.

Уйнинг орқа томонида машина овози эшитилди. Унинг чироқлари ҳовлини ёритиб, ғўзапояга ўтди. Кўктой кўзларини олди.

Машина ҳовлининг белигача келиб, тўхтади. Чироқлари ўчди. Козимнинг дадасига иккита келадиган эркак киши ундан чиқиб, водопровод олдида ювина бошлади. Аёл сочиқ олиб келди.
— Кутдик сизни, — деди аёл. — Келавермаганингиздан кейин ўзимиз овқатланиб қўяқолдик.
— Иш кўпайиб кетди, — эркак киши сочиқни олиб артина бошлади, — Қирга бориб келдим. Совуқ эрта туша-диганга ўхшайди. Нима овқат?
— Айтганингиздек ош қилувдим... Бир тоғорача босиб олиб қўювдим, йўқ, қовурдоқ қилиб қўйдим.
— Ким олади? — Хайрон бўлди эркак киши.
— Билмасам... — деди аёл. — Анави пияниста қурувчиларми дейман? Тағин тувоқнинг устига ғишт бостириб қўювдим. Ер юткурлар ғиштни бир чеккага ҳам олиб қўймабди, бўш тоғорача билан қозоннинг ичида ётибди.
— Ҳалима! Ҳой, Ҳалима! — бақириб юборди бирдан эркак киши. — Милтиқни олиб чиқ! Қўшотарни!
— Вой, нима деяпсиз! Милтиғингиз йўқ-ку? — сўради аёл.
— Овозингни ўчир. Ўғри бўлса хайиқади-да, милтиқдан, — деди шивирлаб эркак киши ва яна яна айвонга қараб қичқирди. — Олиб кел тезроқ!

Eр-хотин бир пас туришди ҳовлининг ўртасида. Ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит эди. Ҳалима ҳам ичкаридан чиқмади.

Улар айвонга кириб кетишганда, ерга ёпишиб ётган Кўктой бошини кўтарди. Унинг хаёли яна ўчоқбошида эди. Аммо дарров боришга ботинмади. Уйнинг ҳамма чироқлари ўчгандан кейин ўрнидан туриб, ҳовлига чиқди ва битта-битта қадам босиб ўчоқбошига кўтарилди. Аммо қозон бўм-бўш эди. Тумшури билан тувоқни итариб, қозоннинг ичини искаб чиқди. Кейин токчалардаги ҳар хил идишларни бир-бир қаради, ҳеч нарса йўқ эди ейишга. Кўктой ҳафсаласи пир бўлиб, ўчоқбошидан чиқди. Тумшуғини осмонга кўтариб ҳид қидирди. Лекин ҳеч қаёқдан ҳеч нарсанинг ҳиди келмади. Илгари у деярлик овқат ғамини емасди. Уч махал овқат ҳар доим идишида бўларди. Энди эса ўзи овқат излаши, ҳид олиши керак эди. Ҳар куни, ҳар соат хаёли энди қорин тўйдириш билан банд эди. У ғўзапоя орасига кириб ўз жойига ётди. Бундан яхши жой унинг учун энди йўқ эди.

Eрталаб — ғира-ширада уни кимдир искаётганини сезиб кўзларини очди. Ёнида кечаги итлардан бири, чап кўзига от қашқасидек тамға тушган оқ ит думини гажак қилиб унга тикилиб турарди.

Кўктой бошини кўтариб, тумшуғини чўзди. Оқ ит жилпанглаб олдинги оёқларига чўккалади ва эркаланиб, думини ликиллата бошлади.

Кўктойга кечаги ош бу итнинг жилпанглашидан маъқулроқ эди. Бир бонка ачиган сут бўлса ҳам ёмон бўлмас эди, лекин ким беради унга сутни? Ким ош олиб келади?

Ҳовлига кечаги қиз тушди. Қўлидаги сопол товоқни у баланд кўтариб: «Ма! Ма! Тўрткўз! Барбос!» — деб қичқирди. Аммо ҳеч ким унинг олдига бормади. Қиз бир пас кутиб турди-да, ғўзапояга яқинлашиб, товоқни ағдарди. Кўктой ағдарилган нарса нон тўғралган сутлигини кўрди. Думини бир-икки ерга уриб қўйиб, тамшанди, аммо бориб егани ботинмади. Оқ ит ҳам бормади. Унинг кўзлари Кўктойда эди.

Қиз яна ҳовлига тушди. Водопровод олдида турган кетмонни олиб, уй орқасига ўтиб кетди. Ҳовлида ҳеч ким қолмади. Кечаги машина ҳам йўқ эди.

Кўктой ўрнидан туриб, ҳовлига яқинлашди. Сутга бўккан нонни сидириб еди. Оқ ит орқасидан келиб думидан тишлади. Кўктой унинг ўйинга таклиф қилаётганини тушунди.

Нега ҳам ўйнамасин? Қорни тўқ, яхши дам олди. Бир пас ўйнаса бўлади. У лой ёпишган тумшуғини оёқларига артди-да, оқ ит томон ўгирилди. Оқ ит шўх ириллаб ерга ётди. Оёқларини осмонга кўтариб тилини осилтирди. Кўктой устига келиб, искай бошлади. Оқ ит бир пас қимирламай ётди-да, сапчиб ўрнидан туриб, ғўзапоя ичига кириб кетди. Кўктой орқасидан югурди.

Улар қоронғи тушгунча бир-бирларини қувлаб, думалатиб ўйнашди. Сув ёқаларида бўлишди, қишлоқ орқасидаги тепаликларга чиқишди. Қишлоққа қайтишганда қора итга дуч келишди. У қишлоққа кираверишдаги биринчи уйнинг дарвозаси олдида ётарди. Уларни кўриб ўрнидан турди, Кўктойга ўқрайиб қараб қўйди.

Оқ ит унга парво қилмай, жилпанглаб Кўктойни қишлоқ ичига бошлади. Аммо Кўктой бормади. Уни одамлар билан учрашишга хоҳиши йўқ эди. Оқ ит қанча эркаланса ҳам, у юрмади, орқасига кайтди. Дарёга етганда тўхтади ва тумшуғини чўзди. Овқат ҳиди димоғига урилди.

Бу гал таниш ўчоқбошида ҳеч нарса йўқ эди. Кечаги ош турган қозон тўнкариғлик эди.

Кўктой ўчоқбошини анча титкилади. Жойига бориб ётиб, у узоқ кутди. Аммо уйда чироқ ёнмади. Машина ҳам келмади. Ярим кечада у чидолмай ғўзапоя ёқалаб қўшни ҳовлига ўтди. Ўтди-ю, шошиб ўзини экинзор ичига олди. Бир лайча ит уни сезиб қолиб, ҳовлини бошига кўтариб юборди.

Кўктой яна иккита ҳовлини айланди. Аммо ўчоқбошига ўтолмади. Итлар вовуллаб эгаларини уйғотиб юборишди.

Ғира-ширада уйғонди. Тўғриси у ухлагани йўқ. У ёғидан бу ёғига ағдарилиб, нималигини билмаса ҳам шундай тепасида баркашдек сарғайиб турган ойга, сон-саноқсиз юлдузларга тикилди. Тиқ этса бошини кўтариб, ҳовлиларга қаради. Аммо ҳеч қаердан овқатнинг иси келмади. Мудроқ босиб кўзлари юмилганда, Козимларнинг уйи кўз олдидан ўтди. Иссиқ хоналар...Истаса-истамаса олдига ташлаб кетилган овқатлар... Ўчоқ бошидан эрталабдан кечгача келиб турадиган турли туман ҳидлар... У шуларни эслаши билан мажбур қилиб кўзларини очарди, сержун оёклари ёки биқинига тумшуғини тиқиб, ҳеч нарсани хаёлига келтирмасликка интиларди. Баъзан инграб кўз олдида пайдо бўлаётган нарсаларни ҳайдаш учун оёғи билан ётган жойида шапиллатиб кўзларини уриб қўярди.

Тонг ёриша бошлаганда, уйлардан одамлар чиқиб, қаёққадир кетабошлашди. У ош еган ҳовлидаги машина ҳам гувиллаб, уйнинг орқасига ўтиб кетди.

Ўртадаги ҳовлига алланарса кўтариб бир кампир тушди. Қўлидаги нарсани тап этиб ерга ташлади-да, ичкари хонадан таёқ олиб чиқди. Ерга ташлаган нарсасидан тери ҳиди келди. Бу супра эди. Кампир супрани ёзиб, ўртасида кўппайиб турган оппоқ бир қуббани муштлари билан ёйиб кенгайтирди. Таёқни унинг устига қўйди-да, яна ичкарига кириб кетди.

Кўктой бошини кўтариб ёйилган қуббага қаради. Ейдиган нарса эмас эди. Яна олдинги оёқларини жўяк ичига узатиб, кампирнинг чиқишини пойлади.

Кўп ўтмай кампир чиқди. У бир торора қўй қовурғасини кўтариб олган эди. Шу кўтарганича ўчоқбошига ўтиб кетди. Зум ўтмай, ўша томондан чарс-чурс ёнган ўтин овозлари эшитилди. «Шар» этиб нимадир ағдарилди. Кўктой ўрнидан турди. Ғўзапояларни шитирлатмасликка ҳаракат қилиб, ўчоқбошининг рўпарасига борди. Кампир тоғорадаги узун-узун эти шилинган қовурғаларни қозонга соларди. Олов кўтарилиб, қозоннинг атрофларидан қизил яллуғ отилиб чиқар, кампир эса этагини липпасига тортганича ҳеч нарсага эъти-бор бермай, тоғорани бўшата бошлади. Тоғоранинг тагида уч-тўртта бўлак ёғлик гўшт ҳам бўлса керак, шуларни ҳам қозонга солди-да, тоғорани кўтариб ҳовлига тушди.

Кўктойнинг сўлаклари оқиб.кўзлари ўйнаб кетди.

Лекин дарҳол ўчоқбошига югуришдан ўзини тийди. Қани, кампир нима қилар экан? У водопровод олдига келиб, тоғорани бир-икки чайди, кейин супра ёнига бориб, уни қўйди-да, ўқлоғи билан хамир ёйишга тушиб кетди. «Мени сезиб қолдимикин», деб бироз чўчиган Кўктой, таёқнинг нимага кераклигини тушуниб, тинчиди.

Ўчоқ томондан ёқимли гўшт ҳиди келабошлади. Қозон Кўктойга шундай кўриниб турарди. Узун-узун қовурға суяклар биқир-биқир қайнаётган сувда бир кўриниб, бир кўринмай қайнар, қозон деворлари бўйлаб айланарди.

Кўктой сабрсизлик билан кампирга қаради. Кампир офтобга орқасини ўгириб нималарнидир хиргойи қилиб хамир ёярди. Хамири ҳам ўқлоғи билан ишқалайверганидан супрадек бўлиб кетди, баъзи томонлари ерга ҳам тушиб кетди. У шу томонни тортиб кафти билан сидирар, супрага етмай қолган томонини айлантириб, яна устига ўқлоғи соларди.

Кўктой оҳиста ғўзапоя ичидан чиқди ва хатлаб-хатлаб ўчоқбошига кирди. Бир сакраб қозоннинг орқа томонига

ўтиб олди. Бу томонда олов йўқ эди. Ғўзапоя ичидан мўлжаллаган суяк кўтарилиб қозоннинг четига чиқди. Кўктой беихтиёр олдинги бир оёғи билан унга теккан эди, суяк ичига чўкиб кетди. Унинг иккинчи томони йўғон умуртқа суяги эди. Аммо у бир кўтарилдию, яна сув ичида ғойиб бўлди. Кўп ўтмай иккинчи якка қовурға томони кўтарилди.

Кўктой тишлаб тортишни мўлжал қилиб қўйди. Оёқларини аралаштиришнинг фойдаси йўқ эди. Суяк қозоннинг чети билан секин айланиб, унинг рўпарасига келганда, Кўктой олдинги тишлари билан уни исканжага олгандек тишлаб олди. Суюнганидан бутун баданига иссиқ югурди. У тумшуғини кўтарди. Суяк қозондаги сувни бир шалоплатиб, майда суяклар орасидан катта умуртқа суяги билан кўтарилиб чиқди. Умуртқанинг иликларидан сув аралаш илик ёғи силқиб тушабошлади.

Аввалги кунларидагидек суякни қозон тепасида ейиш мумкин эмас эди. Кампир кўриб қолиши мумкин эди. Кўктой эҳтиётлик билан тумшуғини баланд кўтарганича ўчоқбошидан тушди. Ён томони билан эшикка яқинлашиб, кампирга қаради. Кекса аёл хамон ўз иши билан банд эди.

Кўктой ўчоқбошига қандай кирган бўлса, шундай енгил хатлаб ховлидан ўтди-да, ғўзапоя ичига ўзини урди.
— Ҳой, кишт! — деди кампир.

Итни у кўрдими, ё ғўзапоя шитирлаганига шундай дедими, маълум эмас эди.

6

Кўктой суякни маҳкам тишлаганича қартанинг охирига чиқди. Сув бўйидаги мажнунтолнинг сапсариқ тўшакдек бўлиб ётган тагига келиб, омонатгина қўйди. Гир айланиб, қаёғидан ғажишни аниқлади-да, чўккалади. Одам учун ҳали пишиб етилмаган, қирқиб олинган ёки тарам-тарам бўлиб ёпишиб ётган суяк унинг учун энг кўнгилли овқат эди. Уёқ-буёққа бир қараб олиб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, шошмасдан ғажий бошлади. Оғзига ҳар тушган суяк бир пасда унинг аррадек ўткир тишлари орасида кукундек бўлиб кетар, Кўктой шу кукунни мириқиб ютарди. Қорни жуда ҳам оч бўлмагани ва суякнинг катталигидан бир соатча чамаси ўтгач, у ўйин қилиб еябошлади. Катта-катта суякни синдиради. Кичкина бўлагини олиб осмонга отади, ва шу заҳоти оғзини катта очиб тутиб олади, ғарчиллатиб ейди, ё бўлмаса суяк бўлагини тепага отади-да, ағдарилиб, олдинги оёқлари билан суякни тутади ва оғзига солади. Тушга яқин кимдир тепасида тургандек туюлди. Қорнини офтобга тутиб, чалқанча ётганича, секин ёнига кўз ташлади.

Икки-уч қадам нарида бир лайча ит тилини осилтириб, унга завқ билан қараб турарди. Кўктой эринибгина ағдарилди. Ўзидан сал йирокдаги кичкина бир умуртқа ҳалқасини олдинги чап оёғи билан яқинроқ сурди ва ириллаб қўйди. Лайча вангиллаганича тирақайлаб қочди. Шу қочганича у қишлоққа етиб борди ва барча итларни оёққа тургазди. Баланд-паст, қўрқув ва дўқ аралаш овозлар, акиллаб вовуллашлар бутун қишлоқни, ариққача чузилиб келган ғўзапояни тутиб кетди. Лекин на бир одам, на бир ит Кўктойнинг олдига келди.

Ярим кечага яқин Кўктой таниш бўлиб қолган ғўзапоя ичидаги жўякдан қишлоққа битта-битта юриб борди. Унинг қорни тўқ эди. Олиб келган суягидан ҳатто битта ушоқ ҳам қолгани йўқ.

Қатор чузилган, оралари деворсиз ҳовлилардан уч-тўрт ариқ берида тўхтаб қаёққа боришини, нима қилишини ўйлай бошлади. Тун узоқ, эрталабки еган овқати билан юриш мумкин. Кейин нима қилади?

У шу хаёл билан тумшуғини осмонга чўзиб чуқур исканди. Ҳеч нарса йўқ. Гўё бугун ҳеч ким қозон осмагандек эди.

Шу пайт рўпарадаги ҳовлининг намат билан беркитилган эшигидан тўрт-бешта эркак, уч-тўртта аёл чиқишди. Намат эшик тагида беш-олтита таниш итлар ётганини кўрди. Улар эгалари чиқиши билан ўринларидан туришди. Улар орасида қора қийшиқ оёқ ит ҳам, бояги лайча ҳам, тақа кўз оқ ит ҳам бор эди.
— Албатта бу энди ўғри эмас, опа, — деди новча, шопмўйлов бир киши. — Қурувчиларни биламан, арағин-гиз бўлса ўғирлаши мумкин, лекин... овқатингизга тегмайди. Назаримда қишлоғимизда катта ёввойи мушук, сиём мушуги дейишади. Ана ўша ўралашиб қолган. Кимдир айтувди ҳайвонот боғидан уч-тўртта ҳайвон қочибди, деб. Ажаб эмас биттаси шу бўлса. Битта кўзойнакли илон, каттасимас, боласи.
— Ваҳима гапларни топиб юрасиз-да Ҳаким полвон! — зарда қилди «Москвич» машинасининг эгаси. — Ҳайвонот боғи қаёқда-ю, бизнинг Ўртаовул қаёқда?
— Ия! Нима деяпсиз ўзи? — гап қайтарди Ҳаким полвон, — Роса юраман деса, илон бир соатда тўрт чақирим йўл босар экан. Мушук ундан секин юради дейсизми? Шу гапни мен уч кун бурун эшитган бўлсам, етмиш икки соат.

Олти чақиримдан мушук йўл юрса, етмиш икки соатда эллик икки чакирим йўл босар экан. Бизнинг қишлоққа Тошкентдан қанча — йигирма икки чақирим. Ҳойнаҳой иккаловининг тили бир бўлса, илон ҳам етиб келади-ёв!
— Мунча совуқ гапларни гапирасан, Ҳаким! — Гапга аралашди хамир ёйган кампир. — Бу илонмас, ҳалиги сен айтган сиём мушук ҳаммас. Расмана адашиб қолган қўлбола ит. Ҳар балони билади, одамга чап бериб, қорнини тўйғизиб юрибди. Ҳеч нарсани очиқ-сочиқ қўймасак ўзи кетиб колади.
— Йўқ, хола, бу ит эмас, — рози бўлмади чеккада турган ўрта бўй семиз бир одам. — Ит бўлса биззи итлар тинч қўйиб қўярмиди. Мана, битта Қоратойнинг ўзи. Тумшуғидан тишлаб йириб ташлар. Нечта уришқоқ итни гумдон қилган! Қоратой Қаёқдасан? Буёққа кел!

Қора, эгасига ўхшаган семиз, қийшиқ оёқ ит эгасининг олдига бориб эркаланди.
— Мени айтти, дейсизлар, бу тулки! — деди семиз одам. Биринчидан, куз. Йиғим-терим тугади. Чорва кўчяпти. Тулки ин қидириб, бу ёққа келиб қолган адашиб. Пойлайлик бир-икки кеча. Ўзим қўшотарим билан отиб бераман. Келишдикми шунга?

Кўпчиликка унинг гапи маъқул бўлгандек эди. Лекин ҳеч ким дадиллик билан розилик бермади.
— Нима десаларинг деларинг-у, бу итнинг иши. Қачондан бери тулки ош ейдиган бўлиб қолди. Ҳеч эшитмаганман. Суяк ўғирласа майли, тушунарди. Лекин ош еса, мошхўрда ичса. Шу ҳам тулки бўлдими? Уч кеча ухламай, пойлаб чиқишга розиман. Лекин бу тулки эмас! Тулки бўлса Қоратой уни омон қўймасди.
— Бе! — гапга аралашди кулиб Ҳошим ака, — сизнинг ўзингизга ўхшаб семириб кетган Қоратойингиз бошқа ёқда ҳозир.
— Қаёқда? — сўради кампир.
— Анави оқ қанжикда. Эртаю кеч кетида тилини осилтириб юргани юрган.
— Ҳой, аёллар бор демайсизлар-а! — деди аёллардан бири. Афтидан ўша тақакўз оқ итнинг эгаси бўлса керак қўшиб қўйди: — Бизникига ҳали ўғри тушгани йўқ. Ҳамма нарсамиз жойида.
— Катта кетманг, синглим, — деди Ҳаким полвон. — Итингизни яхши биламан, ўша ҳайвонот боғидан қочган мушукни кўрса ҳам, тулкини кўрса ҳам уй-пуйингизни ташлаб қочади. Ит керак бўлса битта бўрибосарми, немис овчаркасиданми олиш керак. Хамидуллага айтинг, итингизнинг болаларини тарқатадиган бизнинг уйда аҳмоқ йўқ. Қайси ўғлим шу ишга аралашаркан, қўлини синдираман.
— Бўлди! Талашманглар! — хулоса қилди Ҳошим ака. — Уч кун пойлаймиз. Қўшотаримни мойлаб олиб чиқаман. Зумрат опой! Қозонни бир чайиб ташлаб, янгитдан шилпилдоқ қилиб берасиз-да бугун. Сизникида ётамиз бугун. Эртага Ҳалиманинг онаси ош қилади. Нима дедингиз, уста?

«Москвич» машинасининг эгаси розиман, дегандек бош ирғади.
— Кейинига худо пошшо! Балки Нортожи опам янги қази солиб норин қилиб берарлар индинга.
— Норин сизлардан айлансин, — деди Тақакўз итнинг эгаси. Лекин айтдим-қўйдим. Оқбўрига ишонаман. Бизникига ўғри тушадиган бўлса бутун қишлоқни оёққа турғазади.
— Айтганингиз келсин, — деди кимдир.
— Ҳар ҳолда мени айтди дейсизлар, бу ҳайвонот боғидан қочган мушук!.. — Улоқ бировда кетмаслиги учун қўшиб қўйди Ҳошим полвон.

Одамлар яна нималарнидир гаплашиб, тарқала бошлади.

Ҳошим ака ёнида қора ити билан негадир ҳовлининг этаги томон юрди.

Кўктой ғўзапоя ичида олдинги оёқларини чўзиб, орқа оёқларини қорни тагига букди-да, ҳамлага тайёр ҳолда Ҳошим акага тикилди. Қора итдан унинг сира чўчийдиган ери йўқ эди. Елкаси билан бир туртса, думалаб ўрнидан туролмай қолиши аниқ.
— Ғўзапоя қавжираб кетди. Трактор юборсам ағдариб берар эканда ерингизни!..
— Кошкийди, болам, — миннатдорчилик билдирди хамир ёйган кампир.

Хошим ака бошқа ҳеч нарса демай, орқасига қайтди.

Туриш хавфли эди. Кўктой оёқларини бўшаштириб ёнбошлади, лекин кўзини одамлар шарпаси кўринган томондан узмади.

Кеч куз бўлишига қарамай Ҳаво анча илиқ эди. Илиқ шамол эсарди. Кўктой олдинги чап оёғини узатиб унга чузилганча бошини қўйди-да, кўзларини юмди. Афтидан уни энди ҳеч ким тонггача безовта қилмас эди.

Кўзи илинди. Кўм-кўк қир пайдо бўлди кўз олдида. Кейин сариқ ўтов. Ўтов ёнида пичан ғарами. Кимдир уни иссиқ юмшоқ тили билан белини яларди. Кўктой бу ялашнинг ёқиб қолганидан эркаланиб ғингшиб қўйди. Кейин нимадандир хавотирланиб, бошини кўтарди. Ёнида Тақакўз. Белини, думи аралаш биқинини ялаётган у эди.

Кўктой орқасига ағдарилиб, Тақакўзнинг тумшуғига оппоқ қорнини тутди. Тақакўз бўйнигача уни ҳидлаб, бир-икки ялаган бўлди-да, орқасига тисарилиб бошини кўтарди.

Кўктой уни тушунди. Ўрнидан туриб, унинг тумшуғини ҳидлади. Улар шундай бир пас бир-бирларининг ҳидларига тўйиб туришди. Кейин Тақакўз ариқ томон югуриб кетди. Кўктой унинг кетидан лўкиллаб юра бошлади.

Ўша тун улар шалдираб оқаётган ариқ лабида узоқ ўйнашди. Бир-бирларини қуриган юмшоқ ўт устида думалатишди, оёқлари, думларидан тишлашди. Тақакўз кўпинча унинг юмшоқ, йўғон думини тишлаб бурайди, оғритмасдан ерга тортади, ағдаради-да, биқинларини, киндигини ялайди. Кўктой унинг узун қулоқларини тишлайди...

Тақакўз бирдан ўрнидан туриб, катта кўча томон югуриб кетади. Кўктой ҳам иккиланмасдан унинг кетидан югуради.

Катта кўчага чиқишганда, у бўм-бўш эди. Кўктой эҳтиёткорликни унутиб, Тақакўзнинг ортидан кетаверди. Шу ўйин ичида улар қишлоқнинг марказий томонига етиб боришди. Бу ер ҳам жимжит эди. У ер бу ердаги магазинлар тепасидаги ёниб турган чироқларнинг тагида ҳам ҳечким йўқ, на одам, на ит...

Тақакўз Кўктойни ўз ҳовлисига бошлади. Ҳовлини таниши билан Кўктой ҳушёр тортиб, бир оёғини кўтарганича турган жойида қотиб қолди. Буни Тақакўз сезиб, девор тагида турган тоғорача олдига борди-да, шопиллатиб, ювинди еябошлади. Бу унинг ўзича таклифи эди. Кўктой унга яқинлашди ва қўшилишиб нон тўғралган қуюқ, серёғ ювиндини еябошлади. Оғзига гўшт парчаси ҳам чиқди. Бу гўшт шу кунгача еган гўштларга ўхшамасди, шўртанг, хушбўй. Оғзингга солсанг эриб кетади. Кўктой беихтиёр шу гўштнинг ҳиди бошқа ёқдан ҳам келаётганини сезди. Бошини кўтарди. Уй билан девор орасига терилган темир симга қатор қилиб, беш жуфт қази осиб қўйилган эди. Хушбўй, ҳид шу қазиники эди.

Кўктой қорни оч бўлмаса ҳам иштаҳа билан қазиларга тикилди. Кейин кўп ўйлаб ўтирмай бир сакради-да, иккита қазини тишлаб тортди. Сим узилиб ҳамма қазилар сим билан бирга ерга «тўп» этиб тушди. Хамир ёйган хотинникидан қарс-қурс этган ўқ овозлари эшитилди. Итлар вовуллаб кетди.
— Войдод! Ўғри тушди!
— Ким бор?! Чиқинглар! Касофатларни тутинглар! — деган овозлар қишлоқни, айниқса Тақакўзнинг ҳовлисини тутиб кетди.

Тақакўз Кўктойга қараб биринчи вовуллади. Ҳовлида бир-иккита ит кўриниши билан, қора қийшиқ оёқ ит иккалови қишлоқдан чиқиб кетишди.

Кўктой иккита қазини тишлаб олганича, Тақакўз бошлаган йўлдан қоча бошлади.

Кўча одамга, бир пасда қаёқдандир пайдо бўлиб қолган катта-кичик итларга тўлиб кетган эди. Ҳамма нималардир, деб қичқирар, итлар бараварига вовулларди. Кўктой қай кўз билан кўрсинки, Тақакўз ҳам бироз унда орқада қолиб, бошқа итлар сингар унга қараб вовулларди. Қазилар юмшоқ ва узун бўлганидан Кўктой бошини қанчалик баланд кўтармасин, кўкрагига, икки оёри орасига урилиб, яхши чопишга халақит берарди. Семиз бўлишига қарамай, Қора қийшиқ оёқ ит унга анча яқинлашиб қолган эди. Унинг ёнида узун таёқ кўтарган новча киши — Ҳакимполвон югуриб келарди.

Бир маҳал Тақакўз Кўктойнинг ёнида келатуриб, бирдан унда оркада қолди ва жон жаҳди билан унинг думғазасига ёпишди. Кўктойнинг ғазабдан кўзлари ёниб кетди. Тақакўз сағрини кенглигидан думғазани тишлолмаслигини кўриб, бор кучини тўплади-да, Кўктойнинг думига ёпишди.
— Ол! Бос! — қичқирди Ҳакимполвон.

Шу заҳоти Кўктой боши аралаш умуртқаларигача қарсиллаб кетганини сезди, оғзидаги қазини ташлаб юборди, гандираклаб оёғи тагида ивирсиб келаётган итларга туртилиб кетди. Ҳамма итлар йиқилди. Аммо орқадан қувиб келаётганлар кўп эди.

Кўктой улардан қочиб қутилолмаслигини сезди ва зарб билан олдинги оёқларини ерга тиради-да, таққа тўхтади. Танаси боши устидан айланиб тушди. Бир нечта ит унга туртилиб, ангиллаганича думалаб кетди. Уларнинг орасида у Тақакўзни ҳам кўрди. Ўрнидан туриб бошини кўтарганида, рўпарасида Қора ит турарди. Кўктойнинг важоҳатидан Ҳакимполвон ҳам тўхтаб қолди.
— Қоравой! Ол! Ол, Қоравой! — деди у қўрқув аралаш ва қўлидаги таёқни секин боши узра кўтара бошлади.

Кўктой буни ўзича тушуниб, яқинида турган қора бесўнақай ит қолиб кетди-да, даҳшат билан ириллаганича ўзини шу таёққа отди. Ит ҳам, унинг зарби аралаш Ҳакимполвон ҳам йиқилишди. Кўктой бир кўча бўлиб келаётган одамларни кўрди. Ҳали уларнинг етиб келишига беш-олти қадам бор эди. У чалқанча ётган Ҳакимполвоннинг устидан хатлаб ўтди-да, ўзини чап томонда кўринган тор кўча томон урди. Энди уни ҳеч ким қувмаётган эди. Бир-икки марта олдида, орқасида тош думалаб тушди холос. У тўхтамай, лўкиллаб тор кўчанинг бошига чиқди, рўпара янги ҳайдалган ер ёқаси бир машиналик асфалт йўл эди. Шу асфалт йўл бўйлаб у аввал лўкиллаб, кейин битта-битта юриб кетди.

Ҳеч умрида кўрмаган бояги шовқун-сурон, бадбуруш қийшиқ ит, таёқ кўтарган новча одам, Тақакўз ортда қолди.

Катта ёнғоқнинг тагига келганида у тўхтади. Ҳечқаерида, таёқ тушган бошида ҳам, умуртқа суякларида ҳам оғриқ сезмади. Тақакўз бир парча юнгини узиб олган думида оғриқ бор эди ва юраги гупиллаб урарди. У бир пас чузилиб олишга қарор қилди.

7

Кўктой ўша йили Сирдарёга яқин бўлган Олмазор, Яллама қишлоқлари атрофида юриб қишни ўтказди. Қиш ўзи ўша йили деярлик бўлмади. Мавсумнинг ярмигача қор ёққани йўқ. Тоғ томондан доим илиқ шамол эсиб турди. Кундузлари беихтиёр баъзи тепаликларга чиқиб қолса тоғни у кўрарди. У ер-бу ергина оқарган кўк тоғ тизмалари унинг нафа-сини қитиқлар, билса-билмаса туғилган жойларига уни тор-тарди. Лекин туғилган жойи қаерда — буни у билмасди. Бундан қаттиқ эзилмасди ҳам. Лекин қон уни тоғли жойларга тортади.

У шу пайт ичида анча ўсди, суяклари кенгайиб, қотди. Танаси кенгайгани учун боши энди аввалгидек бесўнақай кўринмас, сал чўзиқроқ бўлиб, жуда енгил энгашар, бирор хавфни сезса, дархол, яшин тезлигида узун бўйни аралаш кўтариб оларди.

Тақакўз хиёнат қилганидан кейин у қаёққа бормасин, биронта итга, одамга дуч келиб қолишдан ўзини эҳтиёт қиларди.

Ўшанда яхшигина дам олиб, Тақакўз тишлари ботиб қонаган думини ялаб, оғриғи босилганидан сўнг, ингичка асфалт йўл билан катта ялангликка чиқиб қолди. Ялангликнинг ўртасидан ҳозиргина келган асфалт йўлига тўртта келадиган кенг, текис икки йўл ўтган эди. Бир йўлдан юрган машиналар иккинчисидан юришмасди.

Кўктой шу кенг йўлларнинг ёқасида туриб, қаёққа боришини маъқулроқ эканини дарҳол пайқаб олди. Ўнг томон — одамлар, итлар кўп томон, чап томон — тоққа олиб борадиган, қир-адирлар кўп томон эди. Сезги, кичик бир хоҳиш билан у шу томонга юрди.

Қиш деярлик қишлигини қилмагани учунми, баҳор эрта келгани учунми Кўктой тез туллади. Тўшак қавиганда бўлак-бўлак бўлиб тушадиган бир-бирига патакдек ёпишиб кетган юнглари аввал орқа сонларидан бошлаб туша бошлади. Кейин сағринига ўтди. Қуруқ ерларга дуч келиб қолганда Кўктой думалаб ўзи туллашини, эски бурда-бурда бўлиб ётган кўкимтир юнгларини тушишини тезлатди. Апрелнинг ўрталарига келиб, туллаб бўлиб қорайди-ю, бироз, лекин кумушдек ялтираб кетди. Агар унинг қовурғалари, кураклари озғинликдан туртиниб чиқиб турганини эътиборга олинмаса жуда чиройли ит бўлиб етилган эди.

Шу пайтга келиб, аниқроғи, катта икки ёқлама йўлга чиқиб олганидан бери қишлоқларга кириб ўғирлик қилмасдан қорин тўйдириш йўлларини ҳам ўрганиб олди.

Йўл устида тез-тез кабобхона, сомсахона, паловхоналар учраб туради.

Кўктой уларнинг яқинига бормасди. Кабобхонани ёки сомсахонани бир-икки олисроқдан, лекин одамлар кўрадиган масофада айланиб чиқарди-да, сабр-тоқат билан ариқ лабидами, ё узун тоғдек келадиган машина соясидами ўлтирарди.

Одамлар, у шундай айланмаса ҳам, уни дарров кўришарди. Баъзиларнинг ҳаваси келарди, баъзилар ундан қўрқишарди. Лекин кўпчилик албатта унга бирон нарса ташлаб кетарди. Столни йиғиштирадиганлар ҳам қўрқа-писа уни чақиришар, аммо жойидан қимирламагач, яқинроғига келиб, дастурхонни қоқиб кетишарди. Бу қоқилган дастурхонда эҳ-ҳа, нималар бўлмасди. Чала чайналган гўшт парчаси, устихон, баъзан илиги билан, анча-мунча нон, кейин шўрбалиқ. Шўрбалиқнинг пўстидан кўра Кўктойга калласи ёқарди. Икки олдинги оёқлари билан оғзининг ярмига тиқиб аввал шимарди, кейин ғарчиллатиб битта ҳам қулоғининг пуфаклари, кўзларининг ҳалқаларигача, қолдирмай ерди.

Шундай чойхоналар олдида у баъзан ҳафталаб, ойлаб қолиб кетарди. Аммо яхши чойхоналардан кетиб қолиб, адашган вақтлари ҳам бўларди. Бир кабобхонада кабобпазлар эр-хотин экан. Кўмирхонанинг олдига итларини ҳам олиб келиб боғлаб қўйишган эди. Кўктой яқинлашиши билан уни, ўзидек катта, қора ола итни кўрди, аммо парво қилмади. Жуда ҳафсаласини пир қилса, битта белига уриб ҳайдаб юбормоқчи бўлди. Занжирга боғлиқ эканини кейин билиб қолди. Кабобпазнинг хотини қолган-қутган кабоб нонларни унга ташлаганда билди.

Занжирбанд ит ювинди челакни бир-икки ҳидлади-да, нарироққа бориб ётди.

Кўктой шуни кутиб тургаи эди. Битта-битта юриб итнинг олдига борди. Уни ҳидлади, ит боғлоқлиқ туравериб зерикканидан ғингшиди, ёш боладек ингиллаб ўрнидан турди, ўз навбатида Кўктойни ҳидлай бошлади. Кўктой уни аллақачон унутган, нима қилаётганидан бепарво бўлиб, тумшуғини челакдан кўтармай, апил-тапил овқат ейиш билан овора эди. Шу пайт тоғорачада сув кўтариб, кабобпазнинг хотини келиб қолди.
— Вой! Вой! Шотурсун ака! Бу ёққа қаранг, итингизнинг овқатини еб қўйябди.

Занжирбанд ит бир-икки номига вовуллаб қўйди.
— Ким еб қўяябди? — ичкаридан эркак кишининг овози келди.
— Чиқинг? Девдек бир нарса! — қичқирди хотини.

Kabobpaz keldi. Bir pas qarab turib, qoshlari chimirildi.

— Заб ит экан-да! Оёғларини, елкаларини қара! Тоғангга олиб бориб берсам нақ минг сўм беради. Битта отга енгилмайди. Чоп, арқон олиб чиқ!

Хотин ичкарига югурди.

Кўктой бирпасда челакни чип-чиннидай қилди. Лабла-рини, тумшуғини ялаб, бошини кўтарганда, кабобпаз уни эркалаб чақирди.
— Кел, жонивор, кел. Кетма, бир амаллаб боғлаб олсам бўлди сени. Зап келишган ит экансан-да!

Хотини келиб қўрқа-писа ён томонидан эрига арқонни узатди.
— Жонивор, жонивор, кетма.

Кабобпаз яна нималар деб туриб, арқонни катта сиртмоқ қилди-да, пойлаб туриб, Кўктойнинг бўйнига ташлади. Шундан кейин нима бўлганини у ҳам, хотини ҳам билмайди. Кўктой кўзининг қири билан кабобпазнинг қўлидаги арқонни кўриб турган эди. Ташлаши билан ўзини чап олди-да, бир «ғапп!» деганича кабобпазнинг кўкрагини иккала олдинги оёқлари билан урди. Кабобпаз хотинига ўзини ташлади, хотини ерга ағдарилди ва дод солиб юборди. Кабобхонадагилар нима бўлганини чиқиб аниқлагунларича Кўктой катта йўлга ўтиб олиб, лўкиллаганича тоғ томон кетди.

Кабобпаз белини ушлаб ўрнидан турар экан, думини ликиллатиб атрофида жилпанглаётган итининг бошига алам билан қўлидаги арқонни отди.
— Ит бўлмай ўл! Аҳмоқ... Тайёр овқатини едириб ўтирган ит ҳам ит бўлдими?! — Кейин у кийимларини қоқиб, инқиллаб ўрнидан тураётган хотинига ўшқирди. — Тоғангнинг ҳам падарига лаънат! Шу итни ит деб олиб бериб ўтирибди-я, уч юз сўмга. Қўй бу, ит эмас. Аллақачон совунга бериб юбориш керак!

8

Етти сойга етгунча бундай чойхоналар оз эмас эди. Аммо кунлар совиб, ёғингарчилик бошланиши билан уларга қулф солина бошланди. Камдан-кам кабобхона очиқ бўлар, улар ҳам икки-уч соатгина кун исиган тушлик пайти ишлар ва тезда ёпиларди.

Шундай бўлса ҳам Кўктой оч қолгани йўқ. Албатта аввалларгидек энди тўйиб овқатлана олмас, қоғозларга чала-чулпа ўраб кетилган нарсалар билан амал-тақал қилади.

Бир куни у Еттисойга кираверишдаги чойхонага етай деб қолганда иккита притсепли машина турганини кўрди. Қадамини секинлатиб, тумшуғини чойхона томига тутди. Ҳеч қандай ис келмади. Кўп ўтмай машиналар жўнади.

Кўктой ҳовуз ёнидаги темир кроват устида очиқ-сочиқ ётган нон қолдиқлари, беш-олтита шўрбалиқ калласи ва қилтаноқларни кўрди. Атрофда ҳеч ким йўқ эди. Чойхона берк. Кўктой ҳалиги қолдиқларни ушоғини ҳам қолдирмай еди. Кейин сув ичкиси келди. Ҳовузга энгашиб тумшуғини тутган эди, сув тагидан тумшуғини унга тутиб турган оёғидек йўғон қора балиқ кўринди.

Кўктой бирпас томоша қилиб турди. Кейин секин ўнг оёғини кўтариб, балиқнинг тумшуғига тепди. Оёғи тиззасигача сувга тушиб, ҳовузни чайқатиб юборди. Балиқ кўринмай кетди. Кўктой уни ахтариб анчагача ҳовузга қараб қолди. Бир маҳал балиқ сузиб чиқди. У сув устида оппоқ қорнига ағдарилиб ётарди, билинар-билинмас думи ликиллар, аммо аввалги холига қайтолмасди.

Кўктой осонликча оёғини узатиб, балиқни ўзига тортди. Балиқ қаршилик билдирмади. Тумшуғи тагига келганида «ғап» этиб қоқ белидан тишлаб олди-да бошини кўтарди. Унинг тутиб олган балиғи ҳозиргина еган шўр балиқларнинг калласидек келарди.

Шу йўсинда Кўктой қорин тўйдиришнинг янги бир усулини топди ва биринчи қор ёғгунча шу ерда қолиб кетди. Ҳовуздаги балиқлар унинг учун ҳозирча етарли эди.

Балиқлар кундуз пайти, айниқса офтоб чиққанда кўпроқ сув бетида кўринишарди. Кўктой овини кўпинча шу пайтида қиларди. Бунинг устига кунда бўлмаса ҳам, икки уч кун деганда йўловчи машиналар шу ерда тўхтар, одамлар темир кроват устига қоғоз ёзиб шоша-пиша овқатланишар ва яна машиналарига ўтириб кетишарди.

Кўктой иложи борича уларга кўринмасликка ҳаракат қиларди. Кўринса, албатта биронта тўполон бўлиши турган гап эди.

Кечаларига ҳам у чидаса бўладиган жой топган эди. Чойхоначининг эсидан чиққанми, ё жўрттага очиқ қолдириб кетганми, чойхона ортидаги ингичка, фанердан ишланган кўмирхона очиқ эди.

Кўктой шу ерга кириб ётарди. Албатта иссиқ эмас, лекин шамол йўқ, кўзини бемалол ёпиб, бошини биқинига, ё оёқлари орасига олиб тинч ухлаши мумкин эди.

Қорни ҳам у биринчи марта шу ерда кўрди. Ҳаммаёқни оқ булут босиб, учқунлаётганда темир кроват остида ётиб, йўлни, ўтган-кетган машиналарни томоша қилаётувди, тумшуғига оппоқ бир нарса қўнди. Кейин иккинчиси келиб қўнди. Кўктой эпчиллик билан уни ялаб улгурди. Муздек бир нарса, сув деса сув эмас, туз деса туз эмас. Бир пасда бурнининг учи оппоқ бўлиб қолди, кроватнинг атрофи ҳам оқ чойшаб ёпгандек, бир пастда оқ бўлди-қолди. Қейин тез қоронғи тушди. Еттисойга бурилишдаги симёғоч устидаги чироқнинг ёруғида осмондан бетиним тушаётган бу оқ юлдузчалар, капалакдек симёғоч атрофида айланиб, гоҳ қизил, гоҳ сариқ рангда товланар ва оҳиста ерга чўкарди. Улар беҳисоб эди. Ерга қўнгандан кейин ҳаммаси бир рангда оппоқ бўлиб кумушдек ялтирарди.

Кўктой мудроқ босганда кироват остидан чиқди-да, кўмирхона томон юрди. Ғарч-ғурч қилган йирик панжаларининг изи қор устида қолди. У кўмирхонага кириб олиб, изларига бироз қараб турди, лекин излар қор кўп ёғабошлаганидан тезда йўқолди.

Ярим кечага бориб, қор тинди. Совуқ бошланди. Тахта деворлар орасидан кирабошлаган изғирин шамол Кўктойнинг этини жунжитди. Аммо у эътибор бермади. Бошини кўпроқ узун танаси орасига олиб кулча бўлиб олди-да, яна уйқуга кетди.

Қорни очиб уйғонганда, тонг ёришган эди. У шошиб Ўрнидан турди-да, ҳовуз томон йўрғалаб кетди. Аммо қалин қор уни босганини, сув музлаганини у хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Қалин, ўткир тирноқлари билан ховуз бурчагидаги қорни суриб, сувни очгандек бўлди. Аммо бу сув эмас, қалин, қопқора муз эди. У секин иккала олдинги оёқларини муз устига кўйди. Муз ёрилмади. Бутунлай ховузга тушди. Ўзгариш бўлгани йўқ, қаердадир, муз бўлса керак, унинг оғирлигидан қирсиллади. Лекин бошқа ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ.

Кўктой тиззаларигача оппоқ қорга ботиб, нима қилишини билмай, ҳовуз ўртасида қаққайиб туриб қолди. У бугун оч қолганини, бу ердан кетиши лозимлигини билди.

Катта йўлга чиққанда машиналар қатнови энди бошланган эди. Машиналарнинг кўпи шаҳар томонга юришарди. Бири кечки каром ортган, бири баланд симтўр яшик. ичида пахта, бузилган трактор. Онда-сонда ичи ғиж-ғиж одамга тўлган бесўнақай автобуслар ўтиб қоларди. Шундай автобус ўтганда, кўпинча унинг деразаларидан қийқиришиб болалар Кўктойга бирон нарса ташлашар, «Ма! Ма!» деб чақиришарди.

Кўктой уларга ўрганиб қолган эди. Жуда очиққан пайтлари ўзи катта кўчанинг четига чиқиб ўтирар ва шундай автобусларни кутарди.

Ҳозир энди қаттиқ совуқ. Деярлик ҳамма машиналарнинг шу жумладан одам ташийдиган автобусларнинг ҳам деразалари берк эди.

Кўктой йўл ёқасидаги қор устида юриб чарчади. Йўлнинг ўртасига тушиб олди. Бу ерда ҳам юриш осон эмас эди. Тирноқлари ўткир бўлса ҳам, сон-саноқсиз машиналар ўтавериб қотиб яхмалак бўлиб кетган қорга ботмас, сирғалар, думалаб кетай-кетай дерди.

Баланд кўприкдан ўтаётганида бир енгил қора машина уни туртиб юборишига оз қолди. Шофер сигнал ҳам берди, эшикни очиб сўкинди ҳам. Кўктой йўл четига чиққач, қоғозга ўралган алланарсани олдига ташлади.

Кўктой шоша-пиша қоғозни титкилаб очди. Ярим килоча келадиган яхна гўшт билан битта катта тандир нон эди. Ҳеч ким бундай ейилмаган нарсани унга ҳеч маҳал ташламаган эди. Кўктой хириллаб, овозларини чиқариб шу нарсаларни еб қўйди. Руҳи анча тетиклашди, бадани қизиди.

Уч-тўрт километр юриб пастликка тушганда бояги қора «Волга» йўл четида тўхтаб турарди. Спортчилар кийимидаги икки киши машинадан чиқиб уни пойлаб туришарди.

Кўктой улардан берироқда тўхтади.
— Келавер, жонивор! Келавер! Биз сени урмаймиз! — деди йигитлардан бири. — Боқамиз. Ўргатамиз. Ма!

У Кўктойнинг олдига бир нарса ташлади. Бу ярим буханка нон эди. Кўктой ҳидидан билди. Нима қилиш керак? Борсинми? У оёкларини битта-битта кўтариб, нонга яқинлашди. Лекин эгалари қараб туришгани учун ҳидлади-ю, бошини кўтарди.
— Сенга! Еявер, сенга! — қичқирди нон отган йигит. — Ол! Йўлбарс! Полкан! Ол!
— Оти бошқачадир? — эътироз билдирди иккинчи йигит.
— Майли-да, ўрганса бўлди. Роса уй пойлайдиган ит эканда! — деди нон ташлаган йигит. — Озгина семирса борми, ҳарқандай ўғри кўриши билан қочади. Дарвозадан уйгача гаражнинг олди билан сим тортиб боғлаб қўярдим. Ана ундан кейин бир ойга бўлса кетавер. Уй қимирламайди жойидан. Бўрибой! Ол! Ука! Қорабой! Ол!

У шу гапни айтганини билади. Кўктой «Қоратой!» деган сўзни эшитиши билан бир ириллади. Йигитларнинг унга Ҳакимполвондек тикилиб турганини кўрди-да, нон эсидан чиқиб, вовуллаганича уларга ташланди, иккала йигит эпчиллик қилиб машинага кириб олишди. Кўктой тумшуғини машина деразасига тиқиб вовуллашдан тинмади. Машина бир силкиниб юриб кетди. Кўктой бир-икки қадам чопди орқасидан, кейин орқасига қайтди. Ноннинг олдига келиб, яна ҳидлади, машина кетган томонга қараб бир-икки энди шундай номига, ички бир дард билиб вовуллаб қўйди-да, икки тишлашда нонни тамом қилди.

Кечга яқин олдинда яна бир кўприк кўринди. Ундан йўл икки томонга —чапга ва тўғрига, тепаликларнинг ичига кириб кетган эди.

Кўприкнинг тепасига чиққанда, Кўктой ўнг томоннинг олис-олис этакларида, ботаётган қуёшнинг қизғиш нурлари олдида иморатларни кўрди. Чап томон қир, қирнинг теппасида, беш километрча келадиган масофада бир нарса қорайиб кўринди. Унинг орқаси тоққа туташиб кетган. Буни Кўктой қуёш нурларида йилт-йилт қилаётган баланд-паст чўққилардан билди. Ҳеч иккиланмасдан қир томонга оёқ босди.

Икки тепалиқдан ошиб учинчисига, қорайиб турган нарсага етгунича сув бўлиб кетди. Қулоқларининг учлари, тумшуғидаги узун қалин жунлар сумалакдек қотиб қолди.

Тепалик тепасида қорайиб турган нарса қабр эди. Кўктой муздек қабрга ёпишиб ётди-да, оёқларини чўзди. Панжаларидаги қайрилма йўғон тирноқлари муз парчалари ичида қолиб кетиб, ингичка ипдек қорайиб турарди.

Шу ерда ётганча ўзига келгач, бошини кўтариб, тепаликнинг нариги томонига қаради. Пастда, икки-уч километрлик жойда илондек ялтираб жилға оқарди. Шу пайт қай кўз билан кўрсинки, шу жилға ёнига беш-ўнта қўй келиб сув ичабошлади. Бир-иккиталари ичиб бўлиб бошларини кўтарди, «бе-бе-э! деб маъради. Жилға бўйини бир пасда ола-була қўйлар подаси босиб кетди. Бир-икки марта итларнинг бўғиқ вовуллаган товушлари ҳам эшитилди.

Кўктой тиззаларига кўтарилиб, пастликка тикилиб қолди.

Бир оздан сўнг жилғанинг нариги бетида эшак минган бир одам кўринди. Афтидан қўйчивон бўлса керак, бир пас қўйларнинг сув ичишига қараб туриб, «қурре-курре!» — деб қичқирди ва боши устида узун таёғини айлантира бошлади. Сув ичиб бўлган кўйлар орқага қайта бошлашди. Бир-иккитаси сувнинг устидан бу томонга сакраб ўтган эди, Кўктойдек бир сариқ ит вовуллаб орқага қайтарди.

Кўктой бу манзарани кўриб энтикиб кетди, бир-икки қалқиб йўталди ва ўзини пастга ташлади.

Пода кетаётган томонга маълум масофа сақлаб, итларга ҳам (улар катта эди, биттаси ҳалиги сариқ ит, иккинчи ола эди. Унинг ҳам бўйи сариқ итдан қолишмасди). Қўйларга ҳам кўринмай орқама орқа бораверди.

Пода яна бир тепаликка чиқиб, ғойиб бўлди.

Кўктой оҳиста шу тепаликка кўтарилганда кўзига таниш манзара кўринди. Кенг яланглик нарирокдаги тепаликка ё тоғнинг этагига бориб тақалган эди. Ялангликнинг ўртасида баланд пичан ғарами турарди, ғарамнинг ёнида ўтов. Пастроқда эса уч ёғочлик бутун пода сиғадиган кўра кўтарилган эди.

Қўй-қўзи маъраб-маъраб итларнинг ҳуриши, чўпон «қур-р, қур-э»си билан қўрага кира бошлади.

Кўктой яна пастроқ тушди. Қўрани чўпон беркитгач, итларни эргаштириб ўтовга кириб кетди. Кўктой қўранинг бурчагига бориб, ёғоч қозиқларга кўндаланг боғланган ходалар панасида пичан ғарамига ўтиб олди ва ер билан битта бўлиб ётган пичан устига ўзини мадорсиз ташлади.

Анча вақт ўтдй. Қўра ичидан итлар билан чўпон чиқди. Унинг ағдарма пўстини ҳидидан Кўктой таниш, эс-эс англаб оладиган болалигидаги ёқимли ҳидни сезди.

Чўпон итларни қўра дарвозаси яқинига чақириб, этагидан бир нарса тўкди. Иккала ит қирқилган калта думларини ликиллатиб, ва шундай калта қирқилган қулоқларини тушириб овқат ейишга тушиб кетишди.

Чўпон қайтиб яна ўтовга кириб кетди.

Кўктойнинг сўлаги оқиб кетди, тамшанди, лекин итлар ёнига боришга ботинмади. Улар тўйиб, ўша жойдан кетганларидан сўнг, ҳар доимгидек қолган-қутган нарсаларни ейишни кута бошлади.

Шу пайт ўтовдан чўпон чиқди, итлари томон бир қараб қўйиб, ғарамга, Кўктой ётган томонга кела бошлади. Кўктой нима қилишини билмай, бўйнини чўзиб, бошини ерга қўйди.
— Шаттамидинг? — сўради яқинроқ келиб чўпон. — Шаттасан деб ўйловдим ўзим ҳам. Тепаликда турганингни кўрувдим. Тушмаганингдан эслик экансан, деб қуювдим. Кўктой! Азамат ит! Ма! Манави сенга.

Кимдир уни шундай деб чақирган эди. Ҳозир эслолмайди. Онасининг бағридан олиб, шаҳарлик жиянига совға қилган кекса чўпонми, ё Козимнинг онасими? Чўпоннинг шундай деб чақиргани ёқди.

Чўпон икки-уч қадамча нарида чўккалаб Кўктойнинг олдига яхни гўшт думалатди.

Кўктой ҳидлади, қоронғи тушган бўлса ҳам, чўпоннинг мулойим кўзларини кўрди ва апил-тапил гўштни еябошлади.
— Баракалла! Манави нонни ҳам е!

Чўпон ит олдига уч-тўрт бурда нон ташлади.
— Сенларни энди қандай ўргатаман бир-бирингга? Бўрикалла ҳам ўжар, Олабуқа ҳам ундан қолишмайди. Ҳай, майли, сен шу ерда ётавер. Эртага бир гап бўлар. Балки кечаси топишиб кетарсанлар, а? Лекин, айт-чи, жонивор қайси нонкўр сени сарсон қилиб кўйди? Чўпон бўлмаса керак, чўпон сендақаларни кафтида олиб юради.

Чўпон кетди.

Кўктой у олдига ташлаган нарсаларнинг увоғини ҳам қолдирмади ва иссиқ пичан орасида уйқуга кетди.

Чўпоннинг итлари қўра атрофида тунни ўтказиб, бегона итнинг яқинларида ухлаб ётганини сезмадилар.

Кўктой ғира-ширада уйғонди. У энди ўзига келган, чарчоқлари унутилган, қорни ҳам унча оч эмас эди, кечгача чидаса бўларди. Кўзларини уқалаб, тўйиб эснади, бўйнини чўзиб, чўпон итларининг қаердалигини искаб кўрди. Қўранинг орқасида бўлишса керак ҳидлари келмади. Ўрнидан туриб бир силкинди-да, ғарамнинг орқасига ўтиб ғойиб бўлди.

Чўпон эрталаб, айри билан ғарам ёқасига келганда Кўктой йўқ эди.
— Ҳа айёр ит!.. Қочдингми? — деди у кулиб. — Йўқ, қочганинг йўқ. Биздан қўрқдинг. Қўрқиб нима қиласан тентак ит? Биздан қўркма. Бизнинг душманимиз битта — бўри. Лаънати кейинги пайтда кўпайиб қолди биз томонда. Менга — сир, ҳали келиб, тишининг оқини кўрсатгани йўқ, итлар ҳам сезмади. Лекин кўпайиб қолди. Эҳтиёт бўлмасак, беш-ўнта қўйдан бир кунда айрилиб қоламиз. Войбаёв! Лекин итмисан ит экансан. Оёғинг билагимга иккита келади-я! Ҳай, майли, биламан, ҳали айланиб келасан, қонинг тортади. Қорнинг ҳам тортади. Бу атрофда бошқа қўра йўқ... Чўпон чол яна алланарсаларни ўзича гапириб қўрадаги қўйларга пичан таший бошлади. Кейин ўтов ичидан қоп орқалаб чиқиб ем берди. Шу билан кун пешиндан оғди. Отда кимдир келиб унга нималарнидир укдириб кетди. Афтидан оби-ҳавони айтган бўлса керак, у кетиши билан қор учқунлай бошлади. Кейин оппоқ қордан бўлак ҳеч нарсани кўриб бўлмай қолди. Чўпон бугун подани пастга суғоргани олиб бормади. Моторни қўйиб, қудукдан суғарди.

Қоронғи тушиб, қўрадаги қўй-қузилар тинчигач, итлар овқатларини еб, қўранинг орқа томонига кетишгач, Кўктой ғарам ичидаги жойига қайтди. Шундай пичан устида кечагича гўшт, иккита шўр суяк ётарди.

Мирикиб еди. Суякларни ҳам овоз чиқармай аввал шимди, кейин оҳиста синдириб майдалаб-майдалаб оғзи тўла кўпик аралаш ютди.

Бу гал кечагидек уйқуси келмади. Қўра атрофида юрган қўйчивон итларининг ўйинлари, шарпаларини эшитди. Бир олдиларига бормоқчи, улар билан ўйнамоқчи бўлди, лекин ўзини тийди. Ножўя иш қилиб қўйса, яна қувишса! Йўқ, энди у бундай яшагиси келмасди.

Бир маҳал кўра четидан битта қўйнинг ҳуркиб, ғўлдирагани эшитилди. Бўрикалла осмонга қараб бир увлади-да, қаёққадир чопиб кетди. Шу пайт унинг «вағ-ғ» дегани ва инграгани эшитилди.

Кўктой ўша ёққа бор кучини тўплаб югурди. Қўранинг орқасида бештами, олтита бўри Олабуқани ўраб олишган ва секин-секин унга яқинлашмоқда эди. Ола-буқа ириллаб тисарила бошлади. Тисарилиб, беихтиёр орқасидан босиб келаётган бўрини кўрмай қолди. Ҳаммасини яхши кўриб бораётган Кўктой бир сакради-да, Олабуқанинг орқасидаги бўрининг устига тушди, унинг устидан ўзини ўртага отди. Бўрилар Олабуқани ташлаб, ўзларини Кўктойга отдилар. Жанг узоқ давом этмади, Кўктой бирин-кетин учта бўрини қулоғи аралаш жағидан тишлаб йиқитди. Сўнг, гир айланди-да, Олабуқага ёпишаётган бўрининг бўғзидан олди.

Белига тишларини ботирган бўри қочди. Кўктой уни қувмоқчи бўлганида, милтиқ овози эшитилди. Умрида у иккинчи марта ўк овозини эшитиши эди. Нима қилишини билмай, тўхтаб қолди. Шу тоб теппасидан бир бўри отилиб тушди-да, иккала кўзи аралаш бошини ғажий бошлади. Кўктой қанча тиришмасин бўри уни қўйиб юбормас, ўткир тишлари баттар кўзларига ботар эди. Кўктой оғриғига чи-долмай, бошини бир силкитди-да, устидаги бўрини ағдариб ташлади. Шу пайт бўрининг бўғзига Олабуқа ташланганини кўрди.

Кўп ўтмай ҳамма нарса тинчиди. Фақат баъзи кўйлар ҳамон қўрқув аралаш маърашар, олисдан чўпоннинг сўкинган овозлари келарди.

Кўктой гандираклабгандираклаб ғарб томонга йўл олди. Битта-битта юриб борар экан, қорнидан нимадир тушиб судралиб келаётганини, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай лўқиллаб оғриётганини сезди.

Ғарамга етганда ўз жойини топиб ётди.

Қўра томонда, эса чўпон чолнинг бўғилиб:
— Бўрикалла! Кўктой! — деб қичқирганини эшитди.

У кўзини очиб, бошини кўтармоқчи бўлган эди, зимзиё қоронғиликдан бошқа ҳеч нарсани кўрмади, аллақандай шўр суюқлик оғзига оқиб тушди. Секин эгилиб қорнини ялади, қорнига ҳам нима бўлганини билмади.

У оҳиста бошини кўтариб, олдинги оёқларини узатди-да, иккала ловуллаб ёнаётган кўзларини шу оёқлари орасига олди.
— Кўктой! Бўрикалла! — яна чўпоннинг овози эшитилди.

Кўктойнинг қимирлашга мажоли йўқ эди.

Eрталаб ғира-ширада Чўпон қўранинг орқа томонида бешта бўрининг ўлигини кўрди. Улардан нарирокда қорни бўғизигача ёриб ташланган Бўрикалла ётарди. Кўктой ҳеч қаерда йўқ эди. Бўриларни чўпон битта-битта қарар экан, Бўрикалла биринчи бўлиб ҳалок бўлганини билди. Тўртта бўри бир хил, қулоқлари, бўғзи аралаш тишлаб ўлдирилган эди. Чўпон ҳеч шубҳасиз бу Қўктойнинг иши эканини тушунди. Устига сакраб Кўктой чала ўлик қилиб қўйган бешинчи бўрини Олабуқа тугатган эди.

«Eсиз ит! — хаёлидан ўтказди чўпон. — Жанг билмаганда ҳали. Лекин ўзи қани?»
— Кўктой! Полвон ит! Азамат ит! Ма! Буёққа кел!

Koʻktoy hech qayoqda yoʻq edi. Shu payt choʻponning oldiga dumgʻazasi qonga belangan Olabuqa ingrab keldi.

— Сенга ҳам қойилман. Яранг тузалиб кетади, — деди чўпон унинг бошини силаб. — Лекин янги ошнанг қани, Кўктой қани? Бола пақир қани?

У шундай деб, қорга томган ва қўра ёнидан ипдек чизилиб кетган қон томчиларини кўрди. У шу томонга юрди. Томчилар уни пичан ғарамига олиб келди.

Кўктой кечаги ётган жойида, ер билан битта бўлиб ёйилиб кетган пичан устида ётарди.
— Вой азамат! Шатта экансан-ку! Индамайсан-а?

Кўктой сал қимирлагандек бўлди.
— Ҳозир мен дори олиб чиқаман, сени даволаймиз. Аттанг, аттанг!

Чўпон ўтовга югуриб кетди.

Кўктой деярлик уни эшитгани йўқ. Боши ғувиллар, кимдир уни, кичкина кучукчани бўйнидан кўтариб, қопга солмоқчи бўлар, у эса бир кучини тўплаб кичкина япалоқ оёкчалари билан қопни итарарди.

Чўпон дока, бинт, дорилар кўтариб, келди-да яна чақирди.
— Кўктой! Азаматим, Кўктой!

Кўктой инграб ҳам жавоб қилмади.

Чўпон кўкрагига қўлини қўйиб, секин қимирлатди. Аммо бузоқдек чузилиб ётган ит қимирламади.
— Аттанг, аттанг! Увол кетдинг, жонивор! Ҳали қанақа ит бўлардинг?! Чўпонларнинг ҳавоси, бўриларнинг кушандаси бўлардинг! Ўзим ургатардим. Эҳ-ҳа, биз бўлган жойда бўрининг сояси ҳам бўлмасди!..

Ўша куни кекса номаълум чўпон Кўктойни қўранинг ёнига чуқур қазиб кўмди. Ёнига Бўрикаллани қўйди. Қабрлар устига катта тош топиб келиб бостирди-да, узун таёқ қоқиб қўйди.

Eтакларини қоқиб ўрнидан турар экан, яна алам билан деди:
— Аттанг! Ёш кетди! Бола экан-а, бола!.. Олабуқа! Бу ерни ҳеч тита кўрма. На ёзда, на қишда...

9

Икки ярим йил ичида Козим жуда ўзгариб кетди. Илгариги ўйинқароқлиги йўқ. Ота-онаси билан ҳам муомаласи совуқ.

Бир куни онаси ишдан қайтаётганда бозорнинг олдида бир лайча ит унга эргашди. Суюниб ўзи билан бирга уйга олиб келди. Козим хурсанд бўлди.

Она-бола унга темир тоғорачада овқат беришар экан, ит бир-икки тимирскиланди-да, емади.
— Кўктой бошқача ит, эди, — деб юборди беихтиёр Козимнинг онаси. — Нима берсанг, ҳаммасини ерди, ҳеч қаёқни ифлос ҳам қилмас эди!..
— Ҳали ҳам олиб келиб берақолсайлар нима қилади? — зарда билан хуноб бўлиб сўради Козим.

Онаси жавоб бермади.

1986