OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиГул водийси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм6KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Гул водийси (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

1
Мен туғилдим гўзал воҳа — Гул водийси қўйнида, қулоқ солинг, сўзлаб берай бу водий қиссасини. Сўзлаб берай, нега бу юрт Гул водийси аталмиш.

2
Ботир Демир йўлга тушди тенгқурлари қатори. Йўлга тушди жанг қилиш-чун Родопи тоғларида. Уйда қолди ўн тўрт кунлик ойдек гўзал қайлиғи, уйда қолди чимилдикдан кеча чиққан Людмила.

3
Кунлар ўтди, ўн кун ўтди, ой ҳам ўтди пилдираб, Людмиланинг кўзи йўлда, эри кетган томонда. Хаёлида минг хил фикр, минг хил режа, орзулар... Лекин, дўстлар, кучли экан айрилиқнинг алами — ўзи сезмай Людмиланинг ранги бўлди заъфарон, кулиб турган кўзларини ғам пардаси қоп-лади. Яна қанча кунлар ўтди, йил ҳам ўтди пилдираб, ботир Демир отрядидан хабар бўлмади сира. Ғамга тўлди бутун қишлоқ, ғамга тўлди Людмила. Эрта тонгдан кўзи йўлда, эри кетган томонда, ўзи сезмай, гоҳи-гоҳи кўзига ёш келади. Хаёлига энди кирмас минг хил режа, орзулар... Хаёлида битта фикр, омонми ёстиқдоши? Омонми паҳлавони, севгига интизори?

4
Жавоб қайда бу саволга? Ҳамма жим, бошлар эгик. Ҳамма маъюс, лекин кўзлар ғазаб билан ёнади, қони қочган лаблар тун-кун лаънат ўқийди ёвга!

5
Тонг маҳали йўлга тушди Людмиламиз бир куни, йўлга тушди, аммо қайга борсин бечора ёлғиз? Қайда унинг ботир эри, қайда унинг тулпори, шу йўл билан юрса агар етарми висолига?

Оқшом тушди далаларга, дарё боши қизарди, чигирткалар чириллаши солди юракка ташвиш. Олисларда ит ҳуриди, от кишнади депсиниб, паға-паға булут ичра ним ранг ой сочди шуъла. Людмилани ваҳм босди, қайтсинми орқасига? Людмилани ваҳм босди, нима қилсин бечора? Хаёл суриб туриб қолди кенг далада паришон, шу топ отлар дупуридан чўчиб тушди у бирдан...

6
Душман келди Людмиланинг эри кетган томондан, у бир эмас, ўн ҳам эмас, балки минг нафар бордир? Беглар беги уни кўрди ва тўхтатди отини.
— Ким бўлди бу ҳурилиқо? — сўради у навкаридан.
— Ғолибона йўлингизга пояндоз бўлган гўзал! — жавоб берди содиқ навкар бошин эгиб ергача.
— Олиб кетинг, йўқса уни, бирга ором олурмиз. — Шундай деди беглар беги, қамчи босди отига.

7
Людмиланинг ранги сўлғин, лек томирда қон ўйнар, Людмиланинг ранги сўлғин, ертўлада у ёлғиз. Хаёл сурар ғамга ботиб, кўзларида ёш маржон. Қайғу тўла юрагига энди кирмас юрзулар. Миясида битта фикр, нима қилсин энди у? Бўйсунсинми ғолиб бекнинг буйруғига шу топда? Ё қочсинми бу даргоҳдан рози бўлиб ўлимга?

8
— Бегим, — деди беглар беги ётоғига кирганда, — Менинг битта орзум бордир, рози бўлсанг, қулингман.

Рози бўлсанг, бир умрга чўринг бўлиб қоламан. Истагинг не, ҳаммасини бажараман бегумон. Орзум шуки, ёрим ётур сен келган йўл устида, бир зиёрат этиб келай, хурсанд бўлсин арвоҳи, истагинг не, барчасига рози бўлурман шунда.

Беглар беги мафтун эди ёш жувоннинг ҳуснига, рози бўлди ва:
— Тонггача, майли бориб кел, — деди.

9
Йўлга тушди Людмиламиз, зардоб бўлиб юраги, йўлга тушди қанча ташвиш, хаёл билан бечора. Ва бир маҳал етиб келди Маритса қирғоғига. Шунда яшин каби кўнглин тилиб ўтди бир фикр, бўйсунсинми қонхўр бекка, ё ўлсинми шу ерда? «Ёстиқдошим, мени кечир, роҳатим кўролмадинг, паҳлавоним, мени кечир, содиқлигим кўрмадинг!» — шундай дея, ханжар урди кўкрагига Людмила ва йиқилди беҳол-беҳуш Маритса қирғоғига. Қони дарё бўлиб оқди, қони сувга қўшилди... Шундан бери Маритсанинг суви қизил ранг олмиш, шундан бери бу водийда қизил гуллар ўсармиш, шундан бери бу водийни Гул водийси демишлар...

10

Шу водийни ким сайр қилса, шу гуллардан ким узса, вафо унга ёр бўлармиш, бахт кулармиш умрбод. Ҳар ғунчада Людмиланинг соф қони сақланармиш, ҳар бир гулда барқарормиш Людмиланинг севгиси!..