OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиКимнинг ташвиши йўқ (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм148KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/18
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кимнинг ташвиши йўқ (қисса)
Ўлмас Умарбеков

Назир ота ғалати туш кўриб уйғонди. Тушига хотини кирибди. Катта тоғ эмиш. Бир ёғи олмазор, бир ёғи шафтолизор. Орқада дарё. Хотини шу дарё лабида туриб уни имлаётганмиш. Борибди. Энди қўлини чўзган экан, хахолаб ўзини сувга ташлабди-ю, сузиб кетибди. Назир ота ҳам тушибди. Аммо қанча ҳаракат қилмасин, унга етолмабди. Чақираман деса, овози чиқмасмиш. Хотини эса: «Етолмайсиз! Етолмайсиз!» — деб, ҳиринг-хиринг кулармиш. «Зайнаб мазах қилмасди мени. Бу нимаси?!» — ўйлабди Назир ота. Охири мадори қуриб, қирғоққа чиқибди. Чиқиб аста бошини кўтарса, олдида яна хотини турган эмиш. Устида нўхат гулли кўйлаги, оёғида пайғамбар ёшига кирганда ўзи олиб берган амиркон маҳси-кавуши. Аммо бош яланг. Сочлари тўзғиб кетган... У нуқул:
— Чарчаб кетдингиз-а, дадаси? Чарчаб кетдингиз. Менинг кийимларим қани, менинг кийимларим? Худо уриб, тағин Турсин кийиб юрмасин! — дермиш...

Назир ота бу тушнинг маъносига етолмай анчагача ўйланиб ётди. У жуда камдан-кам туш кўрарди. Кўрса ҳам бемаъни, хаёлида йўқ нарсаларни кўрарди, хотинини кўрмасди. Нима бўлдийкин? Нега у кийимларини ахтариб қолди? Ўғлини нега тилга олди?

У, қанча ўйламасин, ҳеч нарса тушунолмади. Охири қовоқлари оғриб, кўзларини юмди, ухлашга ҳаракат қилди. Аммо уйқу келмади. У биқинига ағдарилди, бу биқинига ағдарилди, фойдаси бўлмади, қулоғи тагида хотинининг гаплари жаранглаб тураверди.

«Нега бундай деди? — ўйлади яна Назир ота кўзларини очиб. — Бунда бир ҳикмат бор. Ҳикмат бўлмаса, нега энди тушимга киради, бундай дейди? Йилини ўтказганимга беш ҳафта бўлди. Ҳа, бугун душанба бўлса, роппа-роса беш ҳафта бўлади. Нега шу бир йилу беш ҳафтада кирмади-ю, энди кирди? Бунда бир ҳикмат бор».

Назир ота шу фикр билан ўрнидан турди. Чопонини елкасига ташлаб, ҳовлига чиқди. Ҳали эрта эди. Қуёшнинг нимранг гардиши ҳовлига туташиб кетган колхоз боғининг ортидан энди кўрина бошлаган эди. Ҳаво салқин. Қаердандир кечки бодринг ҳидини келтириб шабада эсарди.

Назир ота ҳовлининг ўртасидан ўтган ариқ лабига келиб ўтирди. Муздек сувдан ҳовучини тўлдириб ичди. У ариқ сувини яхши кўрарди. Ҳар куни эрталаб ювинаётиб, бир ҳовуч-бир ҳовуч ичмаса кўнгли жойига тушмасди. Бу ёшлигидан қолган одат эди. Кампири буни биларди, индамасди. Невараси ҳам индамайди. Тўғрироғи, кўрмайди. Чол ундан анча эрта туради.

Назир ота ювиниб бўлиб, олма тагида осиғлиқ турган бедана тагига келди. Уни яқинда тўрқовоғи билан ўртоғи, чойхоначи Саксонбой ота берган. Ўлгудек сайроқи. На кечаси тиним бор, на кундузи.

Назир ота оёқ учида туриб, унинг дон-сувига қаради.
— Ҳа, жонивор, бугун жимсан? — деди тўрқовоқни чертиб. — Айнадингми?

Бедана шуни кутиб турган эканми, тумшуғини очиб, у ёқ-бу ёққа аланглади-да, бирдан такиллаб юборди. Унинг овози жуда тиниқ ва баланд эди.
— Бормисан?! — деди Назир ота жилмайиб. — Сайраш бундай бўлибди-да!

Унинг чеҳраси ёришиб кетди. Кўнглини ғаш қилиб турган тушни унутгандай бўлди. Ўчоқ бошига бориб самоварга ўт ташлади. Бедана эса қулоғи таранг буралган патефондай тинмасдан бир оҳангда «так-тарак», «так-тарак» қилиб сайрарди.

Ичкаридан невараси чиқди.
— Тузук-ку! — деди у беданага ишора қилиб.
— Уйғотиб юбордим сени, Зулай? — сўради Назир ота.
— Йўқ, ўзим уйғонувдим, — деди Зулайҳо. — Сайрашини қаранг, тиним билмайди-я!
— Саксонбой менга ёмонини берадими? — деди Назир ота ғурур билан. — Сайроқисини беради-да. Ўзиникини эшитганмисан?
— Йўқ. Чойхонадами?
— Йўқ, уйида. Овози ҳам қурғур жуда баланд. Бундан баланд.
— Бу ҳам ёмон эмас, — деди Зулайҳо. — Сайрашини қаранг! Қулоқни тешаман дейди.

Назир ота кулди.
— Бедана деган шунақа баланд сайраса-да. Курк товуққа ўхшаб куриллагани бўлмайди.
— Овози ўткир экан, — деди Зулайҳо. — Чой ичамизми, дада?
— Ҳа. Самоварга ўт ташлаб юборганман.
— Ўзим қилардим, — деди Зулайҳо. — Нима қилардингиз?
— Нима қилибди? Дастурхон ёз.
— Ҳозир, — деди Зулайҳо ва уйга кириб кетди.

Назир ота ариқ устидаги тахта сўрига чордана қурди. Бедана тинди. Бирдан яна ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Қулоғи тагида яна хотинининг гаплари жаранглай бошлади. Чойни чурқ этмай ичди.
— Мактабга борасанми бугун?— сўради Назир ота неварасидан фотиҳа ўқиб бўлиб.
— Тушдан кейин, — деди Зулайҳо. — Нима эди? Зулайҳо мактаб кутубхонасида ишларди. Бувиси вафот этгандан сўнг бувасини ёлғиз ташлаб кетгиси келмади. Қишлоқда қолди. Институтга сиртдан ўқишга кирди.
— Ишингиз бормиди менда?— сўради у яна бувасининг ўйланиб қолганини кўриб.
— Ойингнинг уйини кўтарсак, — деди Назир ота.
— Нега? — Зулайҳо ҳайрон бўлиб сўради.

Назир ота нима дейишини билмай қолди. Тушини айтгиси келмади. Ўзига ўхшаб неварасининг ҳам тушга ишонмаслигини биларди.
— Намиқиб кетибди, — деди ниҳоят тузук баҳона топгандай ишонч билан. — Бир шамоллатайлик. Иннай-кейин, керак бўлади.

Нега керак бўлади? Зулайҳо тушунмади. Лекин эътироз билдирмади.
— Майли, — деди дастурхонни йиғиштираркан. — Нима ҳам бор эди у уйда? Бирпасда йиғиштириб чиқаман.
— Мен қарашиб юбораман, — деди Назир ота. — Бир ўзинг кирма.
— Нега? — ҳайрон бўлди Зулайҳо.

Назир ота индамади. Кўз олдидан хотинининг имлагани ўтди. «Чўчийсан» дейишига тили бормади, аммо бошқа баҳона ҳам тополмади.

Зулайҳо ичкаридан бошига дока танғиб чиққанда, Назир ота хонани очаётган эди. Улар ичкарига киришди.

Бу — деразаси полдан шипгача кўтарилган, ҳовлига қараган, ёруғ, чорси хона эди. Зайнаб хола умрининг сўнгги йилларини шу хонага кўчиб чиқиб ўтказди. Уни эр-хотин ўғилларига институтга кирганда ажратиб беришган эди. Унинг ашқол-дашқоллари, бўйрадек-бўйрадек чизма қоғозлари кўп эди, алоҳида хона бўлмаса бўлмасди. Аммо у бу хонада кўп яшамади, тўрт йилча яшади, кейин урушга кетди. Ўша йили хотини туғди. Лекин келин бечоранинг умри қисқа экан, туғди-ю ўлди. Неварасини Зайнаб холанинг ўзи катта қилди. Ўтган йили баҳорда қулупнай териб туриб, бирдан ўзидан кетиб қолди. Назир ота сўрига ётқизди. Ўзига келгач, битта-битта юриб, ўғлининг хонасига кириб кетди. Шу-шу умрининг охиригача шу хонадан чиқмади. Нега у шу ерни танлади, ўз хонасига бормади ўшанда — Назир ота ҳалигача тушунолмайди. Ким билади, балки ўлишини сезиб, ўғлимга яқинроқ бўлай, деганми? Тузук бўлган кунлари у қуриб, териси суягига ёпишиб кетган қўлларини деразага тираб, ҳовлига қараб ўтиришни яхши кўрарди. Ҳовли эса, қараса арзирди. Уйнинг олди кетганча гулзор. Ёзда оқ, сариқ, пушти гуллар очилиб, чамандек бўлиб ётарди. Унинг орқасидан шилдираб ариқ оқарди. Ариқнинг нариги бети колхоз боғига туташиб кетган қулупнай. Девор томонда тўрт туп қора олхўри бор. Зайнаб хола олхўрига ўч эди. Думбул бўлганидан тортиб ерди то пишиб етилгунча. Қолганини мураббо қиларди.
— Нимадан бошлаймиз? — сўради Зулайҳо аланглаб. Назир ота жавоб бермади. Анчадан бери кирмагани учунми, хонадаги нарсалар унга янгидек туюлди. Бир бошдан қараб чиқди. Йўқ, ҳаммаси таниш нарсалар. Нега таниш бўлмасин ҳам?! Токчада кампири Турсунни кўрганда Тошкентдан олиб чиққан икки калитли қути. Бурчакда ўғлининг қийшиқ столи. Иккинчи токчада эса, унинг ҳар қаёқдан йиғиб келган ҳар хил тошлари. Тахмонда, пўлат сандиқнинг устида кампирнинг кўрпа ёстиғи. Яна нима бор? Ҳа, гилам. Хонанинг ярмига ҳам етмаган эски гилам. Бошқа деярли ҳеч нарса йўқ.
— Кўрпани олиб чиқиб ёяйми? — сўради Зулайҳо бобосининг ўйланиб қолганини кўриб.
— Майли, шундай қила қол, — деди Назир ота. — Кел, мен кўтара қолай.
— Йўқ, оғирмас.

Зулайҳо кўрпани кўтариб олиб чиқиб кетди. Назир ота сандиқни очди. Моғор ҳиди гуп этиб димоғига урилди, аксириб юборди. Сандикда бурчакка суриб қўйилган тугундан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
— Нима экан? — сўради Зулайҳо кириб.
— Тугун. Қани, олчи.

Зулайҳо тугунни олиб ечди. Бу — эркакларнинг костюм-шими эди.
— Сизникими? — сўради Зулайҳо.
— Йўқ, — деди ҳайрон бўлиб Назир ота. — Менинг бунақа кийимим йўқ.
— Яп-янги-я! — Зулайҳо костюмни қокди. — Нархи ёзилган қоғози ҳам бор.

«Ўғлига олган экан-да, — хаёлидан ўтказди Назир ота. — Лекин қачон олган экан? Менга айтмабди...».
— Ей, моғорлаганга ўхшайди, — деди у неварасига. — Куя емаптими?
— Йўқ, туппа-тузук турибди.
— Майли, ёй.

Назир ота сандиқни ёпди. Кейин гиламни ўраб, ҳовлига олиб чиқди. Қайтиб келганда Зулайҳо токчанинг олдида туриб ниманидир томоша қиларди.
— Нима қиляпсан? — сўради Назир ота.
— Қаранг, — деди Зулайҳо. — Билагузук!
— Қани?

Назир ота неварасининг қўлидан билагузукни олиб кўрди.
— Қаерда экан?
— Қутида, — деди Зулайҳо. — Худди шунақа зирак ҳам бор. Кумуш бўлса керак-а, дада? Ялтирашини қаранг!
— Ҳа, кумуш, — деди Назир ота тақинчоқларни кўраркан. — Тоза кумуш.
— Кимники? — сўради Зулайҳо. — Ойимларникими, опамларникими?
— Ойингники, — деди Назир ота эслаб. — Йўқолиб кетган, деб юрувдим мен. Сен туғилгандан бери тақмасди, — у «онанг вафот этгандан бери» деб айтолмади, тили бормади. — Тошкентнинг энг яхши заргари — Холпаранг заргардан буюртириб олиб берган эдим. Тузукми?
— Тузук ҳам гапми! — деди Зулайҳо билагузукни бобосидан олиб қўлига тақаркан. — Ярашдими, дада?
— Жуда ҳам, —деди Назир ота неварасига ҳавас билан тикилиб. — Тақақол. Ойингдан мерос.

Зулайҳо зиракларни чангаллаганича чиқиб кетди.

«Худди бувисига ўхшайди, — ўйлади Назир ота унинг орқасидан қараб қолиб, — Раҳматли ҳам ёшлигида шунақа нарсаларга ўч эди. Шуларни олиб келганимда боши осмонга етган эди. Зулай худди унинг ўзи. Ишқилиб, умри ўхшамасин».

Назир ота юзларида қандайдир табассум билан қутини тита бошлади. Лекин тақинчоқлардан бошқа чиқмади. Иккита мунчоқли кичкина қизил духобадан тикилган тумор чиқди. Бу — неварасиники. Болалигида у семиз, дўмбоқ эди. Кампир, кўз тегмасин, деб шу туморни бўйнига осиб қўйган эди. Қандайдир китоблар бор эди яна қутида. Кейин, найча қилинган қалин қоғоз. Назир ота қоғозни очди. Тепасида аллақандай ёзувлар, тагида ҳар хил чизиқлар. Ёзувга кўзи ўтмади. Айвондан кўзойнагини олиб келиб кўрди. Бўлмади, кўзи жимирлашиб кетди.
— Зулай! Қаёқда қолдинг? — чақирди у неварасини.
— Ҳозир, — деди Зулайҳо ичкаридан ва кўп ўтмай келди. — Қаранг?!

Назир ота унга ўгирилди. Ўгирилди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди. У неварасининг бунчалик чиройлилигини билмаган эди. Эгнида оқ крепдешин кўйлак, оёғида оқ туфли, бир ўрим қалин, зулукдек қора сочи олдига тушиб турибди, қўлидаги билагузук, кичкина қулоқларидаги оппоқ зирак-лар ярақларди.
— Вой-бў! Жуда кўҳлик экансан-ку?! — деди Назир ота ўзини тутолмай. — Худди ойингнинг ёшлигига ўхшайсан!
— Опамларга-чи? — сўради Зулайҳо.

Назир отанинг ичини бир нарса тимдалаб кетгандай бўлди.
— Опанг... опангга ҳам ўхшайсан, — деди ўзини дарров босиб олиб. — Опанг ҳам кўҳлик эди. — «Ростдан ҳам ўхшайди опасига, — кўнглидан ўтказди Назир ота. — Кўз-қошлари опасининг ўзи. Фақат бурни ўғлимга ўхшайди. Бизнинг авлодда ҳамманинг бурни гўштдор. Буники ҳам шунақа. Даҳани ҳам бир оз Турсунга ўхшаб кетади, япалоқроқ» — бу фикр кўнглини анча тинчитди шекилли, чеҳраси ёришиб, қўшиб қўйди: — Опангга бутун қишлоқнинг ҳаваси келарди. Жуда келишган эди опанг. Қош-кўзи қоп-қора. Сочлари тақимига тушарди. Иннайкейин, нима кийса ярашарди. Ойинг қўрқарди ёлғиз у ёқ-бу ёққа юборгани. Жуда кўҳлик эди. Айтгандай, манавини кўр. Нима экан бу?

Назир ота қўлидаги қоғозни неварасига узатди.
— Билмадим, — деди Зулайҳо қоғозга тикилиб. — Қандайдир чизиклар. Худди харитага ўхшайди. Тоғнинг белгилари бор.
— Тоғнинг белгилари бор? - Ҳа.
— Ёзувида нима дейилган?
— Ёзувидами? — Зулайҳо ўқишга ҳаракат қилди. — Ҳарфлари ўчиб кетибди. Ўқиб бўлмаяпти. Қаердан топдингиз?
— Қутида экан, — деди Назир ота. — Яхшилаб кўрчи.
— Менимча, бу ниманидир планига ўхшайди, дада. Ҳа, план дейилган ёзувда. Кейин қандайдир ҳарфлар: «X», «3». План X. 3.
— План X. 3.?
— Ҳа, — деди Зулайҳо. — Ия, бу адамларнинг ёзувлари-ку?! Тагида фамилиялари бор. Турсун... Турсун Назиров. Нима бўлдийкин, дада, бу?
— Билмадим, — деди ҳайрон бўлиб Назир ота.
— Бирон нарсанинг планидир-да. Экспедицияга борганларида чизганлар. Қўйиб қўяйми жойига?
— Майли, — деди Назир ота унга қўшилиб, — қўйиб қўй. Уйни йиғиштириб бўлишди. Зулайҳо костюмни олиб кириб қозиққа илиб қўйди. Кўрпа-ёстиққа тегишмади. Дастурхончига бериб юборишга қарор қилишди. Лекин Назир ота гиламни, уй ҳувиллаб қолмасин, деб яна солиб қўйди.
— Мен энди мактабга бораман, — деди Зулайҳо. — Боягидек борсам майлими?
— Майли, ўша тақинчоқлар энди сеники, — деди Назир ота.

Зулайҳо кетди. Назир ота ҳовлига тушиб, гулларга сув қуя бошлади. Аммо хаёли бошқа нарсалар билан банд эди.

«Мана, уйингни ҳам кўтардик, — деди ичида. — Энди тинчмисан, Зайнаб? Тинч бўл. Неваранг худди ўзингга ўхшайди. У бор, мен бор. Чарчаганим ҳам йўқ. Нега энди чарчарканман? Умридан норози одам чарчайди. Мен чарчаганим йўқ. Мен умримдан розиман. Иккаламиз яхши яшадик. Кўпни кўрдик. Лекин ўғлимизнинг роҳатини кўролмадик. Турсун ёш кетди. Мозори қаердалигини ҳам билмаймиз. Ёш кетди бола бечора...»

Шу топ бир нарса эсига тушди. Кетмонни ариққа ботириб, кўтарилган хонага кирди. Қутини очиб, найча қоғозни олди.

«Турсуннинг ёзуви, — деди у хатга тикилиб. — Шунақа ёзарди у. Ҳарфлари думалоқ. Сал чапга ёнбошлаган. Нима бўлдийкин бу? Ниманинг плани экан? Биронта зарур нарса бўлса керак ҳар ҳолда. Лекин йигирма йил ўтиб кетди. Нима кераклиги қолди экан?» Назир ота шундай ўйлади-ю, «керак нарса бўлса керак» деган гап миясига маҳкам ўтиришиб қолди. «Биронта билан маслаҳатлашиш керак, кўрсатиш керак», — деди ўзича ва қоғозни яна найча қилиб, яктаги ичига солди-да, кўчага чиқди. Қаёққа боришни бирпас ўйлаб турди, кейин тўғри чойхонага йўл олди.

* * *

Чойхонада, пешин бўлиб қолганига қарамай, ҳеч ким йўқ эди. Саксонбой ота ўртоғини тўрга ўтқазди-да, чой олиб келди.
— Мана бу ишинг жойида, ўртоқ, — деди у ўзи ҳам ўтириб. — Сен билан бизга энди ишни ким қўйибди? Ёшлар ишласин. Шундай катта боғ қилиб бердинг, бўлди. Энди дам ол. — Ҳали ҳам дам олиб юрибман, — деди Назир ота жилмайиб.
— Йўқ, сен кулма, — деди Саксонбой ота. — Энди бўлди. Илгари ҳам айтмоқчи эдим-ку бу гапни, ҳар ҳолда овунарсан, деб индамовдим. Мана, йил ҳам ўтди. Энди бўлди.
— Ҳа, энди бўлганга ўхшайди, — деди Назир ота кейинги кунларда офтоб ёқмай қолганини эслаб. — Ўзинг қалайсан?
— Қалай бўлардим, — деди Саксонбой ота хўрсиниб. — Бел лаънати тинчлик бермаяпти. На кечаси ҳаловат бор, на кундузи. Қақшаб оғрийди.
— Шамоллатгандирсан-да? — деди Назир ота.
— Ким билади дейсан? Ҳов бирда улоқда йиқилдим-ку, ўшанинг оқибатимикан, дейман.
— Бунга анча бўлди-ку? — деди Назир ота. — Йигирма йилдан ошди шекилли?
— Ҳа, ошди, —деди Саксонбой ота, кейин кулди. — Ўзи ҳам зап улоқ бўлувдими ўшанда?!
— Э, нимасини айтасан, — деди Назир ота чой қайтариб. — Бедазорни одам босиб кетувди, тумонат одам!.. Қўшни қишлоқлардан ҳам келишувди-да. Сен ўшанда кимнинг отини минган эдинг?
— Ўзимнинг отим турганда бировникини нима қиламан? Саманимни миниб тушган эдим. Сен, адашмасам, раиснинг отини минган эдинг.
— Ҳа, тўғри. Тўриқ бор эди-да, раисда. Ўзи минмасди, қўрқарди. Мелини боплаганманми ўшанда?!
— Нимасини айтасан!

Иккалови кулиб юборишди. Саксонбой ота оғрикдан белини маҳкам ушлаганича қиқирларди.
— Шошма, — деди у кулгидан тўхтаб бир маҳал, — сен қайси Мелини айтаяпсан?
— Мели чўтирни-да. Қумариқлик, — деди Назир ота.
— Қумариқлик? — сўради эслолмай Саксонбой ота.
— Ҳа-да. Ўғли Москопда ўқиган Мели чўтир-чи?! Биласан, узоқ йили жаназасига бирга борганмиз.
— Э, бўлди, бўлди, — деди Саксонбой ота. — Боплагансан!

Афтидан, улоқдаги воқеа кўз олдига келди шекилли, бел оғриғини ҳам унутиб, баралла кула бошлади. Назир ота ҳам унга қўшилди. Иккалови мириқиб кулишди.
— Мен тагимга босиб олганману оёғини қўйиб юбормайди-да улоқни, — дерди кулги аралаш Назир ота. — Қўйиб юбор, дейман бақириб. Йўқ, парвойи фалак. Кейин бир силтадим отимни, бечора эгар-пегари билан ағдарилиб тушди.
— Мен келиб қолмаганимда отнинг тагида бўлса ҳам ёпишиб ётаверарди чўтир.
— Яхшиям келиб қолдинг, ошириб юбордим. Қандай қилиб йиқилдинг ўшанда сен? Орқангда ҳеч ким йўқ эди-ку?
— Ҳеч ким йўқ эди, — деди Саксонбой ота. — Айил бўшаб кетдими ё ўзи нотўғри ўтириб қолдимми, ишқилиб, орқам билан гурс этиб йиқилганимни биламан. — Саксонбой ота яна кулди. — Йиқилиб ётибману улоқ эсимдан чиқмайди. Сени чақираман нуқул.
— Мен ўшанда сенга қаролмадим, — деди Назир ота. — Улоқни олдиму шундай кавобпазнинг олдига олиб бориб ташладим. Сенга қаролмадим.
— Йўқ, кенжам — Туробим кўриб турган экан, дарров келиб қўлтиқлаб олди.
— Энди ўзингга қара сен ҳам, — деди Назир ота жидций оҳангда.
— Қарайман, бир Чортоққа бориб, балчиққа ётсам дейман, — деди Саксонбой ота. — Куз келсин. Бирга борайлик? Сен ҳам дам олиб келасан.
— Кўрармиз, — деди Назир ота қўйнидан найча қоғозни олиб. — Саксонбой!
— Лаббай?
— Боя кампирнинг уйини кўтарган эдик Зулайҳо билан. Қутидан манави қоғоз чиқиб қолди. Турсунники. Яна жойига ташлаб қўйгани кўнглим бормаяпти. Керакликка ўхшайди назаримда. Нима қилсам экан?
— Нима экан ўзи?
— Мана, кўр.

Саксонбой ота қоғозни очди. Лекин ҳеч нарса тушунмади.
— Нима бўлди экан?
— Билсам сўрармидим? — деди Назир ота. —Урушга кетаётганда ҳамма кераксиз қоғозларини ойисига «ёқиб юборинг», деб олиб чиқиб ташлаган эди. Бошқа ҳеч нима йўқ. Фақат шу қоғоз қолибди. Тағин қутида. Керак бўлмаса буни ҳам ташлаб юборарди.
— Нима қилсак экан? — деди Саксонбой ота. — Туроб ҳам йўқ. Афғонда. Ҳаливери келмайди. Бунақа чизиқларни инженерлар билади-да.
— Еттиқоянинг расми ҳам бор эмиш. Зулайҳо айтди.
— Ўзимизнинг тоғни-я?
— Ҳа, — деди Назир ота. — Иннайкейин, тепасига «План» деб ёзилган.
— Текширтириш керак бўлмаса, — деди Саксонбой ота қатъий қилиб. — Зарур нарса бўлиб қолса ажаб эмас. Тўхта, — деди у нимадир хаёлидан ўтиб. — Эрталаб қовунни ёзгани бир мухбир келган. Шунга кўрсатмаймизми?

Бу фикр Назир отага маъқул тушди.
— Майли, — деди у қоғозни яна найча қилиб ўраркан. — Қаерда у?
— Қаерда бўлса ҳам шу ердан ўтади. Ўтир пойлаб. Ё ишинг борми?

Назир ота «Бундан ҳам зарур иш борми?» демоқчи эди-ю демади.
— Ишим йўқ, — деб қўя қолди.

Мухбир оқшом тушиб, бир-иккита чойхўр чопиқчилар даладан қайтганда келди.
— Полиз қалай, ука? — сўради Саксонбой ота унинг олдига бир чойнак памил чой олиб келиб. — Ёқдими?
— Ёқди, жуда ҳам ёқди, — деди мухбир қорнини силаб. — Қорним шишиб кетди қовун еявериб.
— Дуруст-дуруст, — деди Саксонбой ота. — Яхшилаб газетга ёзар экансиз-да, энди?
— Ҳа, очерк ёзаман, — деди мухбир. — Очеркка арзийди!
— Дуруст-дуруст, — деди яна Саксонбой ота. — Энди сиздан бир илтимос бор, ука. Йўқ, демайсиз.
— Хўш? — сўрайди мухбир.
— Манави ҳужжатни бир кўриб беринг. Ақлимиз етмай турибди. Нима экан. Назир! Қоғозни кўрсат.

Назир ота қоғозни қўйнидан эҳтиётлик билан олиб мухбирга узатди.

Мухбир ёш эди, энди йигирма уч-йигирма тўртларга кирган бўлса керак. Қоғозни у ёқ-бу ёққа ағдариб кўра бошлади.
— Геологик планга ўхшайди.
— Лаббай? — сўради Саксонбой ота тушунмай.
— Қандайдир қазилманинг плани, — деди мухбир. — Коннинг плани. Қаердан топдингиз буни?
— Топганим йўқ, ўғлимники, — деди Назир ота.
— Бўлмаса, ўғлингизнинг ўзи билса керак нималигини?
— Ўғлим урушда... бедарак кетди, — деди Назир ота. «Ўлган» деб айтолмади.

Мухбир ўйланиб қолди.
— Нима қилиш керак буни? — сўради Назир ота. — Керак нарсами?
— Билмадим, ота, — деди мухбир қоғозни қайтариб. — Буни геология бошқармасида билишмаса, бошқа ёқда билишмайди.
— Қаерда бўлади бу идора? — сўради Саксонбой ота.
— Тошкентда.

Мухбир бошқарманинг адресини яхшилаб тушунтирди. У кетгач
— Нима қиламиз? — сўради Саксонбой ота ўртоғидан.
— Бораман, — деди Назир ота. — Идорани топиб кўрсатаман. Менга озроқ пул бериб тур. Пенсамдан узаман.
— Майли, бор, — деди Саксонбой ота унга иккита ўн сўмликни узатаркан. — Ишқилиб, ишинг ўнгидан келсин.
— Раҳмат.

Назир ота қандайдир, шу пайтгача ўзида сезмаган ҳаяжон ва қувонч билан уйга қайтди. Зулайҳо ош дамлаб ўтирган экан. Сузиб келди. Назир ота иштаҳа билан еди.
— Эртага Тошкентга тушаман, — деди қўлини артаркан ва неварасига ниятини айтиб берди. Зўлайҳо бобосининг бу ишидан биронта фойда чиқишига ишонмаса ҳам, индамади, раъйини қайтаргиси келмади.
— Майли, ўйнаб ҳам келасиз, — деди.

«Ҳикмат шундамикин? — ўйлади Назир ота ётаркан тушини эслаб. — Шунда бўлса, хурсанд қиламан сени, Зайнаб. Чарчаганим йўқ ҳали. Ҳали белимда қувватим кўп. Ўғлингни изсиз қолдириб кетмайман. Бирон нишона қолдираман ундан. Албатта қолдираман». Эрталаб у азонда, ҳали хўроз қичқирмасдан қовун ортган машинага ўтириб, шаҳарга жўнади.

* * *

Шаҳарда у бошқармани дарров топди. Кўп қидирмади. Лекин бошқарма берк эди. Ҳали иш бошланмаган эди. Шундай бўлса ҳам Назир ота ўзини ниятига етгандай ҳис қилди. «Ҳализамон келишади, — ўйлади ўзича у. — Кўришади. Лекин нима экан ўзи бу? Қандай коннинг плани экан? Нима бўлса ҳам ҳар ҳолда ўғлим қўйиб кетган нарса кераксиз бўлмайди. Кераксиз бўлса қўйиб кетармиди?» У шу фикр билан кўчанинг нариги бетидаги хиёбонга ўтди. Қуёш энди икки терак бўйи кўтарилган эди. Хиёбонда одам сийрак. Бир кампир аравачада боласини айлантириб юрибди. Кимдир — эркакми, аёлми, кийимидан ажрата олмади, гул дўконининг олдини супуряпти.

Назир ота йўлка ёнидаги камалак тус скамейкаларнинг бирига ўтирди.

«Кераксиз бўлса қўйиб кетмасди, — деди яна қоғозни ўйлаб. — Шошганда, шошган. Шошмаса ўзи бир ёқлик қилиб кетарди».

Назир ота шундай деди-ю, кўз олдига ўша, ўғлини фронтга жўнатган кун келди. У бу кунни сира эслагиси келмас, лекин унутиб ҳам юбора олмас эди. Шу куни у умрида биринчи марта кампирига қўлини кўтарган, шу куни биринчи марта ўғлидан таъна эшитган эди.

Қирқ иккинчи йилнинг августи эди ўшанда. Худди мана шу кунгидай ҳаво очиқ, офтоб нурини аямай еру сувни қиздириб турарди.

Назир ота боғда ток чопиқ қилаётган эди. Олисдан пояларга суяниб-суяниб келаётган бир одам кўринди. Бу — Назир ота таниди — келини эди. Таниди-ю, жаҳли чиқди. «Овқат олиб келаётган бўлса керак, — ўйлади хуноб бўлиб. — Ўзи олиб кела қолса нима қилар экан Зайнабнинг оғироёқли одамни юбормай?!».

Келини рўпарасига келганда ишдан бошини кўтармай сўради
— Нега сен келдинг? Ойингнинг ўзи келса узилиб қолармиди?

У келинига ер остидан қаради-ю чўчиб кетди. Келинининг рангида ранг қолмаган, кўкариб кетган лаблари титрарди.
— Тинчликми? — сўради ҳовлиқиб.
— Ўғлингизга... ўғлингизга повестка келди, — деди нафаси қисилиб келин ва йиғлаб юборди.

Назир ота турган жойида қотиб қолди. У ҳар қандай шум хабарни кутганди, лекин буни кутмаган эди. «Ўғлим ҳали ёш», деб ўйлаб юрарди.
— Ўзи қани? — сўради Назир ота ўзига келиб.
— Отланяптилар...
— Қўй, йиғлама, — деди Назир ота келинини қўлтиқларкан. — Қани, юрчи!

Улар уйга келишганда Зайнаб хола ўчоқ бошида нимадир пишираётган эди. Эрини кўрди-ю, пиқирлаб йиғлаб юборди.
— Қани? — сўради Назир ота.

Зайнаб хола уйга ишора килди. Унинг гапиришга мажоли қолмаган эди.

Уйда Турсун қоғозларни йиғиштирарди. Отасини кўриб жилмайди.
— Отланяпсанми? — деди Назир ота рўпарасидаги стулга ўтириб. У ўзини дадил тутишга ҳаракат қиларди.
— Отланяпман, — деди Турсун. — Отланиш керак.
— Бугунми?
— Ҳозир. Сельсоветда йиғиламиз.
— Кейин қаёқка?
— Тошкентга бўлса керак. Тошкентдан жўнаймиз.
— Йигирма учга ҳам навбат келибди-да? Турсун индамади.
— Кўпчиликмисизлар? — сўради яна Назир ота.
— Ҳа, ўзимиздан ўттиз киши. Қумарикдагилар ҳам шу ерга келишади. Улар қанча — билмадим.

Гап яна узилди. Назир ота энди нимани сўрашни билмасди. Аммо сўрагиси келарди, тўғрироғи, ўғлини гапиртиргиси, унинг худди ўзиникига ўхшаган йўғон, лекин ширали овозини эшитгиси келарди. Ўғли эса ўзича бирон нарса демас, фикри-зикри отланиш билан банд эди. Буни кўрган сари Назир отанинг кўнгли эзилар, кўзларини четга олиб қочар, ё бўлмаса юрагига эрк бериб, ўғлини бағрига босгиси келарди. Аммо нимадир уни ушлаб турарди, нималигини ўзи билмасди.
— Бу йил узум яхши бўладиганга ўхшайди, — деди охири ўзини чалғитиб. — Ҳар боши саватдек келади жониворнинг.
— Ҳа, кўрдим, — деди миннатдор оҳангда Турсун. — Ўзингиз ҳам боғдан бери келмадингиз-да. Қачон бўлмасин, ўша ёқдасиз.
— Шундай қилмасанг бўладими? Ҳамма нарсага ҳам қаров керак. Яхши қарасанг яхши бўлаверади.

Келин кирди.
— Овқат тайёр, — деди у эрига кўзларини мўлтиратиб.

Турсун отасига қараб қўйди. Назир ота буни ўзича тушуниб, ўрнидан турди.
— Мен ойингга қарашворай. Кейин чақираман. У чиқиб кетди. Айвонда хотинига дуч келди.
— Қаёққа? — сўради у хотинининг уйга кираётганини кўриб. — Бирпас холи қўй икковини. Гаплашиб олишсин.

Зайнаб хола орқасига қайтди.

Овқатни ариқ устида супада ейишди. Турсундан бошқа ҳамма чайналиб ўтирди, емади. У қўлини артгач, Зайнаб хола яна пиқирлаб йиғлаб юборди, келин унга қўшилди.
— Бўлди-да энди! — деди Назир ота жаҳл билан. — Юртга келган тўй. Битта бу кетаётгани йўқ. Мунча йиғи қиласанлар! Ундан кўра қўлларингни оч. Омин. Ой бориб, омон кел, ўғлим. Қани, турдик.

Назир ота ўғлининг қайиш тортилган қопини кўтариб олди. Бирпасда ичкаридан қайнана-келин кийиниб чиқишди.
— Сенлар қаёққа? — сўради Назир ота хуноби чиқиб.
— Қўйинглар, ойи, шу ерда қолинглар, — деди Турсун. — Ҳожати йўқ. Яхшиси, келинингизга қаранг. Сен қаёққа? — сўради у хотинига ўгирилиб.
— Мен ҳам бораман, — деди келин.
— Зўрға турибсан-ку, қаёққа борасан? — деди Турсун. — Уринтирма ўзингни. Ойи, қолинг, келинингизга қаранг.
— Қол, — деди Назир ота. — Мен ўзим кузатиб келаман.

Қишлоқ совети инидан кўчган аридек ғувилларди. Ёш ҳам, қари ҳам шу ерда. Бинонинг олди бирпасда от-аравага тўлиб кетганди. Кимдир хирилдоқ овоз билан болохонадор қилиб сўкинарди. Қандайдир аёл овози эса: «Вой бола-е-м, вой бола-е-м! Ёлғизим бола-е-м, ёлғизим бола-е-м!»— деб чўзиб-чўзиб йиғларди. Назир отанинг томоғига нимадир келиб тиқилди. Беихтиёр бўш қўлини орқасига чўзди.
— Ҳа, ҳа, мен шу ердаман, — деди Зайнаб хола қўлини сиқиб. — Йиғлаётганим йўқ. Хавотир олманг.
— Йиғлама, — деди Назир ота ютиниб. — Ҳозир йиғлама, уят бўлади.

Турсун қопни унинг елкасидан олиб, «ҳозир чиқаман» деди-да, одамлар ичига шўнғиди.

Эр-хотин ариқ лабига ўтиришди.

Одам борган сари кўпая бошлади. Қий-чув, болалар, хотинларнинг йиғиси, кулги, отларнинг кишнаши — ҳаммаси қўшилиб қулоқни кар қила бошлади. Назир ота оломонга тикилиб, ҳеч кимни ажрата олмади. Кўзига Саксонбой ота кўрингандай бўлди, лекин дарров уни ҳам йўқотди. Афтидан, бу гал атрофдаги беш-олти қишлоқнинг йигитлари шу ерга йиғилишган эди...

Бир маҳал
— Йўлни бўшатинглар! Йўлни! Чиқишяпти! — деб қичқирди кимдир.

Одамлар кўчанинг икки томонига тизилишди. Қишлоқ советидан бирин-кетин йигитлар чиқа бошлашди. Қий-чув авжига минди. Бояги аёл овози яна: «Вой бола-е-ем, ёлғизим бола-ем!» деб йиғлай бошлади. Кимдир болохонадор қилиб сўкди уни. Лекин хотин тинмади, юракни тимдалайдиган бўғиқ овози билан баттар қичқириб йиғлай бошлади.

Назир отанинг ҳам жаҳли чиқиб кетди.
— Тирик боласини кўмяптими, бу аҳмоқ нима қиляпти ўзи?! — деди хотинига.

Зайнаб хола жавоб бермади. Турсун чиқди.
— Шаҳарга кетяпмиз, — деди у қопини елкасига олиб. — Энди бўлди. Сизлар қолинглар. Дарров хат ёзаман.
— Мен бораман, — деди Назир ота.
— Мен ҳам бораман, — деди Зайнаб хола. Назир ота хотинига қаради.
— Сен энди қол. Бўлди. Хайрлашдинг.
— Дадамлар майли, — деди Турсун. — Сиз қолинг. Келинингиз ёлғиз. Уринмасин. Дарров хат ёзаман. Хўпми?
— Болам! Болагинам! — Зайнаб хола ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Бўлди энди, уятга қўйма одамни! — деди Назир ота чўнтагидан дастрўмолини олиб. — Ма, кўзингни артиб ол. Ия, йиғлама деса, баттар йиғлайсан-а?!
— Йиғлаётганим йўқ, ўзи шундай... — Зайнаб хола эрининг қўлидан дастрўмолини олиб кўзига тутди.
— Хўп, ойи. Хайр. Яхши қолинг, — деди Турсун жилмайиб.

Шу жилмайиш таъсир қилдими, ё эрининг сўзларими, Зайнаб хола йиғидан тўхтади, юзларига табассум югурди ва ҳар доимгидек тиниқ, қўй кўзларини ўғлига тикиб
— Бор, болам. Худоё умринг узоқ бўлсин, — деди. Ота-бола йўлга тушишди.

Қуёш ботиб, кечки салқин турганда улар шаҳарга кириб боришди. Ракатга етишганда Назир ота, Тупроққўрғонга боришса керак, деб ўйлаган эди, йўқ, боришмади. Отряд тўғрига, шаҳарнинг марказидаги сапёрлар казармасига қараб йўл олди. Кўп ўтмай у ерга боришди. Казарма олдидаги беҳисоб одамларни кўриб, Назир отанинг кайфи учиб кетди. Лекин нима учундир бу ерда қий-чув йўқ эди. Ҳамма жим эди. Фақат катта тунука чойнак кўтарган бир бола овозининг борича бақириб юрарди:
— Кимга сув! Муздек сув! Мана сув-в-в!

Йигитлар икки тавақали темир дарвоза олдида тўхташди.
— Мана, келдик, — деди Турсун. — Энди қайтсангиз ҳам бўлади.
— Йўқ, мен бирпас тураман, — деди Назир ота. — Қаёққа кетишларингни билиб, кейин кетаман.

Турсун индамади. Дарвоза очилди. Йигитлар ичкарига киришлари билан яна ёпилди.
— Қаердансиз? — сўради кимдир Назир отадан. Назир ота айтди.
— Узинглар-чи?
— Яккабоғдан.

Назир ота Яккабоғнинг қаердалигини эслолмади. Суриштириб ҳам ўтирмади. Унинг назарида, уруш дунёнинг ҳамма бурчагидаги одамларни шу ерга йиғиштириб келган эди. Бунинг устига минг хил фикр билан хаёли банд эди, йўл ҳам чарчатган эди. Чеккага чиқиб, девор тагига ўтирди.

Бир маҳал дарвоза очилди. Саф-саф бўлиб йигитлар чиқа бошлашди. Дунёни ларзага солувчи қий-чув ана шунда бошланди. Одамлар худди боласини йўқотган қарчиғайдек ўзларини йигитлар сафига уришар ва бири ўғлининг, бири эри ёқи укасининг отини айтиб чақиришади. Топгани тинчиб у билан ёнма-ён кетар, топмагани уввос солиб ўзини иккинчи сафга ташларди. Сафлар оқими эса тугамас, бу оқимдан дарров ўз одамингни топиб олиш амримаҳол эди. Шунинг учун бўлса керак, баъзан йигитларнинг ўзлари саф орқасидан: «Ойи! Мен бу ердаман!» «Мен Худойбердиман!» «Қаёқдасиз, дада? Чап тарафга ўтинг!» деб қичқиришарди. Бу ҳаяжон, ташвиш, йиғи аралаш бақириқ-чақириқлар орасида сувчи боланинг сокинлик билан: «Кимга сув-в-в! Муздек сув! Мана сув-в-в!» деб қичқириши худди тонгги най садосидек ёқимли эшитиларди.
— Ҳой бола! Сувингдан олиб кел! — қичқирди Назир ота оломондан кўзини олиб қочиб.

«Мен ҳам шунақа қидириб юрсам-а, — хаёлидан ўтди унинг. — Бу қандай даҳшат бўлди, бу қандай даҳшат».
— Чўмичи қанчадан? — сўради олдига келгач.
— Текин, — деди бола. — Сувни ҳам сотадими, амаки? Манг, муздек. Ҳозир келибсизда-а?
— Ҳа. Қаердан билдинг? — сўради Назир ота чўмични унинг қўлидан оларкан.
— Нархини сўраганингиздан, — деди бола. — Булар ҳаммаси кеча келишган, — бола оломонга ишора қилди. — Баъзилари ўтган куни.
— Раҳмат, ўғлим, — Назир ота сувдан бир-икки ҳўплади, ортиқ ичолмади. Лекин анча ўзига келди. Болага бирор нарса бериш учун чўнтакларини титкилади. Битта туяқурт чиқди — келинига олиб келганида қолиб кетган экан — шуни узатди. — Ма, манави сенга. Кимнинг ўғлисан?
— Раҳимбек акани. Танимайсиз, —деди бола қуртни иккига бўлиб, ярмини оғзига солди, ярмини иштонбоғига қистирди. — Улар ҳам урушдалар. Москвада. Яхши қурт экан. Илгари ойимлар ҳам қурт солар эдилар.
— Энди-чи? — сўради Назир ота.
— Энди сигиримиз йўқ. Сотиб юборганмиз. Ем йўқ.
— Қийин бўлибди, — деди Назир ота ачиниб.
— Ҳаммага ҳам қийин бўлди, — деди бола хўрсиниб. — Лекин нима қиламиз? Чидаймиз. Бу кунлар унут бўлиб кетади, оз қолди.

Назир ота бу каттани кесиб кичик қилгандек боланинг гапларига ҳайрон бўлиб қолди. Ўзи тирноқча-ю гаплари катта одамники. Уруш ўлсин, болалар ёшлигидаёқ катта бўлиб қоляпти. Болалигини билмай қоляпти...
— Ўзингиз ўйланг ахир, — деди бола яна салмоқланиб, — Москва остонасидан қувдикми? Қувдик. Бу ёғи энди тез кетади. Иштончанг қочишади энди фрицлар!
— Ишқилиб, айтганинг келсин.
— Хўп, энди мен борай, — деди бола чойнакни кўтариб. — Янгилар келишди. Чўллагандир. Сиз жойингизда ўтираверинг. Ўғлингизни эртага эрталаб кўрасиз. Ҳозир уларни чўмилтиришади, соч-соқолини олдиришади. Шу билан ўзи эрталаб бўлади. Ҳов анави ҳовли бизники. — Бола кўчанинг нариги бетидаги қизил эшикни кўрсатди. — Кузатувчиларга атаб жой қилиб қўйганмиз. Лекин барибир бугун кўролмайсиз ўғлингизни.
— Раҳмат, ўғлим. Умринг узоқ бўлсин, — деди Назир ота унга меҳр билан боқиб.

Бола кетди. Кўп ўтмай унинг қўнғироқ овози кузатувчилар ичида яна жаранглай бошлади.
— Кимга сув-в-в! Мана сув! Муздек сув-в-в!

Назир ота трамвай тўхтагунча ўтирди. Турсун чиқмади. «Эрталаб кўрар эканман-да», — ўйлади Назир ота ва бола кўрсатган ҳовлига кирди. Ҳар ер-ҳар ерда бири паранжисини, бири чопонини остига солиб ётган одамларга туртина-туртина бутун ҳовлини бағрига олган катта нокнинг тагига бориб кимнингдир ёнига чўзилди. Аммо ухлолмади, бақириқ-чақириқлардан, йиғи, сўкинишлардан боши ғувиллар, кўз олдидан эса ўғлининг кулиб турган сиймоси кетмасди. Ғира-ширада кўчага чиқди.
— Ҳа, амаки, ухлолмадингизми? — сўради кимдир. Бу кечаги бола эди.
— Уйқу келмаяпти, — деди Назир ота. — Ўзингчи? Мунча эрта турмасанг?
— Ҳозир эрта турмаса бўладими?! — деди озгина киноя билан бола, кейин жиддий оҳангда қўшиб қўйди — Нонга кетяпман. Воҳли бормасам етмай қолади.

Бола кетди. Деразаларигача одам осилган биринчи трамвай шовқин билан ўтди. Тонг отди. Казарма томондан ашула эшитилди. У борган сари яқинлашиб келди-да, юзлаб оёқ товушларига қўшилиб кетди. Назир отанинг тагидаги ер титрай бошлади. Дарвоза очилди. Йигитлар, солдатлар чиқишди. Яна қий-чув билан янги кун бошланди. Лекин бу сафда Турсун чиқмади. Назир ота шундай дарвоза ёнига ўтиб олиб, чиқаётганларнинг ҳаммасини кузатиб турди. Турсун чиқмади. Саф тугаб, дарвоза ёпилганда кимдир Назир отанинг енгидан тортди. Назир ота ўгирилиб, рўпарасида турган Саксонбой ака билан хотинини кўрди.
— Хавотир олманг, — деди Зайнаб хола эрининг ўзгариб кетганини кўриб. — Мўлжалимда яна икки ой бор.
— Бу ҳам кўрсин-да, — деди Саксонбой ака. Назир ота келинидан анча хавотирда бўлса ҳам индамади.
— Бу ёққа ўт, — деди фақат жойини бўшатиб. — Шу ердан яхши кўрасан.

Турсунларнинг сафи тушга яқин чиқди. Назир отанинг чўчиганича бор эди. На хотини, на Саксонбой ака, на ўзи ўғлини таний олишди. Чаккаларига буралиб-буралиб тушиб турадиган қоп-қора жингалак сочини олдирган Турсуннинг ўзи сафнинг ўртасидан қичқирмаганда, улар кўришолмай қолишармиди балки?

Қоқилиб-суқилиб сафнинг ёнига ўтиб олишди. Назир ота хотинининг қўлидан етаклаб олган эди.
— Саратовга! Саратовга! — қичқирди Турсун ва яна нималардир деди, тўполондан Назир ота эшитолмади.

Бир маҳал Турсун ойисини кўриб қолди ва овозининг борича қичқирди:
— Уйга жўнанглар! Ёлғиз-ку ахир! Уйга жўнанглар!.. Кимдир ашула бошлади. Бутун саф унга қўшилди. Сафнинг сўнгидаги тўппонча таққан командир кузатувчиларга «Бўлди энди, қолинглар!» дегандай қўлини силкиди. Назир ота тўхтади. У сўнгги хайрлашувнинг бунчалик қисқа бўлишини кутмаган эди. Қулоғи тагида эса ўғлининг охирги сўзлари таънадек жарангларди.
— Қайтдик, — деди у хотинига. Зайнаб хола эътироз билдирмади.

Қишлоққа етишганда олисдан югуриб келаётган бир аёлни кўришди. Назир отанинг юраги «шув» этиб кетди. Аёл — дастурхончи эди.
— Тезроқ юринг, Зайнабхон! — деди у қичқириб. — Келинингиз оғирлашиб қолди!..
— Айтмовдимми, аблаҳ!

Назир ота қулочкашлаб хотинининг бўйнига туширди. Зайнаб хола гандираклаб кетди. Лекин ўзини дарров ушлаб олиб, уйга югурди.

Намозшомда келин туғди. Туғди-ю, аммо ўзи кўз юмди... Унинг қирқи куни Турсундан хат келди. Саратовда экан. «Икки кундан сўнг жўнаб кетамиз. Қаёққалигини билмайман. Боргандан кейин ёзаман», деган эди у хатда. Лекин ёзмади, бедарак кетди. ...Курант ўнга бонг урди. Назир ота аста ўрнидан турди.

* * *

Геология бошқармасида иш энди бошланган эди, эшик ёнида стул қўйиб ўтирган қоровул аёл унинг нима учун келганини батафсил суриштириб, ўрнидан турди-да, кимга мурожаат қилишни тушунтириб берди. — Иккинчи қаватга кўтарилиб, чап томонга бурилинг. Кейин, коридорнинг охиридаги хонага киринг. Воҳид Саидовичнинг — бошқарма бошлиғининг кабинети ўша ерда. Секретарь қизга айтсангиз олиб киради. Тушундингизми?

Назир ота «ҳа» деб бошини қимирлатди.
— Боринг бўлмаса, — деди аёл жойига ўтириб. — Тўғридаги зинадан чиқаверинг. Тезроқ боринг, тағин Воҳиджон кетиб қолмасинлар!..

Назир ота зангори гилам тўшалган зинадан кўтарилар экан, аёл орқасидан қичқирди
— Ишқилиб, ишингиз ривож топсин!
— Раҳмат, — деди Назир ота кўнгли кўтарилиб.

У иккинчи қаватга чиқиб, аёл тушунтиргандек чап томонга бурилди. Коридор жуда узун экан. Икки ёғи кетганча ойнавон эшикли хоналар... Биттасига шундай кўзи тушиб қолувди, юраги бўшашиб кетди. Хонада худди ўғлиникидек қия столлар турарди. Худди ўғлидек-ўғлидек йигитлар нималарнидир чизишарди.

Назир ота беихтиёр тўхтаб қолди. Кўзлари йигитларга қадалди. Лаблари ўзидан-ўзи титрай бошлади. Бироқ шу топ қоровул аёлнинг «тезроқ боринг, тағин кетиб қолмасинлар» деган гапи эсига тушиб, коридорнинг тўрига қараб юриб кетди.

Тўрдаги эшик ҳам ойнавонли эди. Назир ота ичкарига кирди. Дераза ёнида бир қиз ниманидир ёзиб ўтирарди.
— Мумкинми? — деди чол эшикни қия очиб.
— Келинг, — қиз ўрнидан турди. Назир ота ичкарига кирди.
— Воҳид... Воҳид... — у бошқарма бошлиғининг фами-лиясини эслолмади.
— Воҳид Саидович Саидов, — деди қиз жилмайиб.
— Ҳа. Воҳид Саидовичда ишим бор эди...
— Нима иш?

Назир ота айтиб берди ва қўйнидан қоғозни олиб кўрсатди.

Қиз уни синчиклаб кўрди-да
— Мен сўрайчи, — деди ва ён томондаги хонага кириб кетди. Кўп ўтмай чиқди.
— Киринг, сўраяптилар.

Назир отанинг юраги ўйнаб кетгандай бўлди. Лекин дарров ўзини тутиб олиб, ичкарига қадам қўйди.

Тўрда, ихчамгина столнинг орқасида қорачадан келган ёш бир йигит нимагадир тикилиб ўтирарди. Назир ота таниди. Бу — унинг қоғози эди. Йигит чолни кўриб, ўрнидан қўзғалди.
— Келинг, ота, келинг, — деди ва столни айланиб ўтиб, унга қўлини узатди. — Ассалому алайкум. Қани, ўтиринг.

У стол ёнидаги креслони кўрсатди. Ўзи ҳам Назир отанинг рўпарасига ўтирди. —- Келинг, ота, хизмат?
— Хизмат шуки, болам, — деди Назир ота нафасини ростлаб. — Кеча неварам билан уйни кўтараётиб, мана шу қоғозни топиб олдим. Ўғлимники. Ўғлим ҳам сизга ўхшаб гиволог эди. Урушда бедарак кетди. Тўртинчи курсни энди тамомловди. Бир-иккитага кўрсатувдим, коннинг плани дейишди... Коннинг плани бўлса, керак нарса экан деб, бу ёққа келдим. Бир кўринг, болам. Ҳар ҳолда ўғлимдан хотира-да.
— Жуда яхши, ота. Жуда яхши. Албатта кўрамиз. Саидов яна қоғозга тикилди.
— Еттиқояга яқин турасизми?
— Ҳа, Ширинсойда ҳовли. Тоғ биздан олти чақиримча келади.
— Бу қоғоз ҳақида ўғлингиз ҳеч нарса демаганмиди?
— Эслолмайман. Назаримда, ҳеч нарса демаган эди.
— Тоққа тез-тез чиқиб турармиди?
— Нима десам экан! Ҳа, тез-тез чиқиб турарди. Каникул пайтлари нуқул тоғда бўларди.

Саидов ўйланиб қолди. Кейин стол тагидаги кнопкани босди. Бояги қиз кирди.
— Ўртоқ Қодировни чақириб юборинг, — деди Саидов унга ва Назир отага ўгирилди. — Ота, студент чизганлиги билиниб турибди.
— Ҳа, ўғлим студент эди, — деди Назир ота. — Тўртинчи курсда ўқиётган эди.
— Мумкинми?

Эшик очилиб, чаккаларига оқ оралаган ўрта яшар бир киши кирди.
— Бу ёққа келинг, Маҳмуд ака, — деди Саидов. Қодиров унинг олдига келгач, қоғозни узатди.
— Бир нарса тушундингизми?
— Еттиқоя-ку! — деди Қодиров қоғоздан кўзини узмай. — Ниманингдир плани...
— Ҳа, — деди Саидов. — Отамлар олиб келдилар. Урушда бедарак кетган ўғиллариники экан. Сиз кўп шуғуллангансиз Еттиқоя билан, яхшилаб кўринг-чи.
— Геологмиди ўғлингиз? — сўради Қодиров.
— Ҳа, гиволог эди, — деди ҳозиржавоблик билан Назир ота. — Тўртинчи курсда ўқиётган эди. Қирқ иккинчи йили...
— Ўҳ-ҳў, — Қодиров ҳуштак чалиб юборди. — Йигирма йиллик қоғозми ҳали бу?
— Эскими? — сўради хавотирланиб Назир ота.
— Эскиликка-ку эски, жуда ҳам эски, — гапга аралашди Саидов. — Лекин... Еттиқоя кам текширилган. Шунинг учун...
— У ерда нима ҳам бўлиши мумкин, — деди Қодиров унинг гапини бўлиб. — Қизиқ... бир нарса бўлса йигирма йил ичида топилмасмиди?
— Бу энди тахмин. Текшириш керак, — деди Саидов ўрнидан туриб. — Ота, сиз қишлоғингизга қайтинг. Албатта текширамиз.
— Раҳмат, — деди Назир ота ва ўрнидан турди. — Қачон хабар олай?
— Хабарми? Хабар... Хабар олманг, — деди Саидов унга қўл узатиб. — Ўзимиз хабар берамиз. Маҳмуд ака, сиз нима дейсиз?
— Ҳа, албатта хабар берамиз. Ё мен ўзим бораман. — Қодиров Назир отага ўгирилди. — Аммо ота, бир нарса дейиш қийин. Ўғлингиз студент экан. Адашган бўлиши мумкин. Студентликда нималар бўлмайди. Лекин текширамиз. Еттиқояга борамиз.
— Раҳмат, болам, — деди Назир ота кўнгли кўтарилиб. — Раҳмат.
— Хайр! — деди Саидов уни эшиккача кузатиб қўйиб.
— Ҳа, ота, ишингиз битдими? — сўради қоровул аёл Назир ота пастга тушганда.
— Битди ҳисоб, — деди Назир ота жилмайиб.
— Айтмадимми, — деди завқ билан аёл. — Воҳиджон билан битмайдиган иш йўқ. — Раҳмат, опа, раҳмат! — Назир ота кўчага чиқиб анча енгил тортганини сезди.

* * *

Қишлоққа қайтиб, у тўғри чойхонага кирди. Ҳаммасини ўртоғига оқизмай-томизмай сўзлаб берди. — Менга қара, Назир, — деди Саксонбой ота унга диққат билан тикилиб. — Кон-пон чиқиб, тоза бойиб кетсанг-а!
— Қўй бу гапингни, — Назир отанинг жаҳли чиқди. — Кон-пон чиқиб қолса, Турсунни кўргандай бўламан. Шунинг ўзи катта давлат. Лекин мен сенга айтсам, ўртоқ, бирор нарса чиқадигандай, юрагим сезиб турибди.
— Ишқилиб, айтганинг келсин, — деди Саксонбой ота. Назир ота уйга келди. Унинг кайфи чоғ эди. Шаҳардаги геологлар билан суҳбат унга қанот бағишлаган ва у ўзини хотинининг вафотидан сўнг бунчалик тетик сезмаган эди.

Ариқ лабига бориб, ҳовучлаб сув ичди. Муздек сув аъзойи баданига ёйилиб, дили равшан тортди. Ўрнидан туриб бедана тагига келди.
— Ҳа, жонивор, — деди тўрқовоқни чертиб. — Нега жимсан? Нега сайрамайсан? Сайра. Энди бемалол сайрайвер...

Бедана бўйнини чўзиб патилладию, сайрамади. Назир ота уйга кирди. Зулайҳо йўқ эди. «Мактабда бўлса керак», ўйлади чол ва чопонини ечиб, айвон тўридаги кўрпачага чўзилди. Аммо нимадир эсига келиб, дарров ўрнидан турди. Апил-тапил чопонини кийиб, кўчага чиқди.

«Бориб келаман. Кечгача бориб келаман. Ўзим ҳам анча бўлди ўша томонларга ўтмаганимга».

Назир ота шундай деб, тоғ томон йўлга тушди. У йўлнинг олислигини биларди. Камида икки соат юриши керак эди. Лекин ҳозир унга бунинг аҳамияти йўқ эди. Дунёнинг нариги четига бўлса ҳам у ҳозир боришга тайёр эди. Шунинг учун борган сари қадамини тезлатарди, йўлда учраганларга ҳам парво қилмасди, кўзларини олисда қорайиб турган қояга тикканча, йўлида давом этарди.

Қишлокдан чиқиб бирпас тўхтаб қолди. Кейин тўғри олмазорга қараб юрди. Бу ер унга таниш эди. Бундан ташқари, олмазордан кесиб ўтса, йўли анча қисқарарди. Ҳозир унга шу керак эди. Олмазорга кирганда руҳи яна тетиклашди. Бир ёғи қишлоқнинг этагидаги каналга, бир ёғи қирга туташиб кетган бу боғ унинг пешона тери билан яралган, дастлабки икки мингта кўчатни бундан роппа-роса йигирма йил бурун Юнусободнинг Шредер номидаги мевачилик совхозидан ўзи келтириб ўтқазган эди. Ҳозир эса олмазорнинг кети кўринмайди, колхознинг деярли ярми даромади шу боғдан. Назир ота шохларини синдирай-синдирай деб турган кечки олмаларга ғурур билан қараб қўйди. Колхоз тузилибдики, боғдорчилик унинг севинчи ва ташвиши бўлиб келди. Яқинда бу севинч, ташвишига яна ташвиш келиб қўшилди. Бу — ҳов олдинда, қирнинг ортида совут таққан паҳлавондай қорайиб турган Еттиқоя, ўғлининг орзу-умидлари...

Назир ота олмазордан чиқиб, исиб кетди. Ажин босган пешонасини, юз-кўзларини тер қоплай бошлади. Лекин у парво қилмади. Фақат чопонини ечиб, елкасига ташлаб олди.

Ярим йўлга етганда ўтов кўринди. Офтобда олтиндек сарғайиб кетган теп-текис адирда у худди баҳайбат юмрон-қозикдай қаққайиб турарди.

Назир ота шу ёққа юрди. Ўтовга яқинлашганда ит ҳуриди. Ичкаридан кимдир чиқди. «Сафарбой!» Таниди Назир ота.
— Йўлбарс, ёт! — деди Сафар ота итга қўлини мушт қилиб. — Назирку бу, танимадингми! Ёт. Ассалому алайкум.

Назир ота келиб, унга қўл берди.
— Қайнананг суйган экан, ўртоқ. Ошнинг устидан чиқдинг. Қани ичкарига. Кўришмаганимизга ҳам йил бўлди-а?
— Бўлиб қолди. Тинчмисан? — деди Назир ота ўтовга кираркан.
— Худога шукур, тинчман. Юқорига ўт, юқорига. Ҳа, дуруст. ўзингчи, ўзинг тинчмисан? Кампирнинг йилига боролмадим. Айбга буюрмайсан энди.
— Айби бор эканми, — деди Назир ота. — Ҳамманинг ҳам ўзига яраша ташвиши бор, ҳамма ўзи билан ўзи овора.
— Бу гапинг ҳам тўрри. Қани, чойга қара.

Сафар ота қумғондан чой қуйиб, ўртоғига узатди. Гўшт кесиб қўйди. Назир ота босиб икки-уч пиёла чой ичгач, сўради
— Хўш, бу ёққа қайси шамол учирди?
— Бекорчилик, — деди Назир ота кулиб. Кейин бор гапни айтиб берди.
— Яхши, — деди Сафар ота. — Яхши қилибсан. Ҳеч нарса чиқмаса ҳам, майли. Кўнглинг тинчийди. Армон қилиб юрмайсан.
— Шундай, — Назир ота ўртоғининг гапини маъқуллаб бош силкиди. — Армондан ёмони йўқ.
— Ўзим олиб бораман, — деди Сафар ота. — Ҳозир Ўтанбой келсин.
— Ўғлинг ҳам шу ердами?
— Ҳа. Кампир ҳам. Қирнинг этагида ҳаммаси. Эртага подани бу ёққа ҳайдаймиз. Шунга жой ҳозирладим. Бир ҳафтагача шу ерда бўламиз. Ўтни кўрдингми, ўтни? Жуда яхши.
— Сув қалай?
— Ана шу сув масаласи чатоқ. Лекин бу ерда эски бир қудуқ бор. Шуни бир амаллаймиз. Тоғнинг этагида сув қуриди.
— Чатоқ экан, — деди Назир ота.
— Чатоқ. Лекин нима ҳам қила олардинг, — деди Сафар ота қўлини силкитиб. — Сувсизлик чўпоннинг пешанасига ёзилган.

Кўп ўтмай Ўтан келди. Бу — ўн тўққиз-йигирма ёшдаги, худди отасига ўхшаган, гавдали йигит эди.
— Катта бўлиб кетибсан-ку, — деди Назир ота унга ҳавас билан тикилиб.
— Катта бўлмай кетсин, — Сафар ота киноя билан кулди. — Ўқимайман, дейди энди. Пода боқармиш.
— Зулайҳо юрибдими? — сўради Ўтан гапни буриб.
— Юрибди. У ҳам институтга бормади. Уйда ўқияпти.
— Домласиз ўқиш — ўқишми, — деди Сафар ота. — Тепангда биттаси нихталаб турмаса, ўқиб қаёққа борардинг?!
— Ҳозир кўпчилик шундай ўқияпти, — деди Ўтан. — Мен ҳам бу йил кираман.
— Сенга ишониш қийин, — деди Сафар ота. — Шунча йил кирмаган энди кирармидинг?

Ўтан кулди.
— Сенга кулиш бўлса, — деди Сафар ота жаҳл билан. — Куйдирган калладай иршайиб юраверсанг! Ким тегади бунақада сенга?!
— Топилиб қолар, — деди Ўтан жилмайиб ва Назир отага ер остидан қараб қўйди.

У чиройли жилмаярди. Шамол ялаган қалин лаблари қизариб, қорамтир юзларида кичкина, худди чақалоқ боланикидек кулгичлар пайдо бўларди. «Яхши йигит бўлиб-ди, — ўйлаб қўйди Назир ота, ундан кўзини узолмай, — Зулайдан икки ёш катта эди чамамда».
— Нечага кирдинг? — сўради ундан Назир ота.
— Йигирмага, — деди жилмайганича Ўтан.
— Уйлантирса бўладиган, — деди Сафар ота. — Лекин ким билади, ким тегар экан унга?
— Топилиб қолади, — деди Назир ота Ўтанга кўзини қисиб. — Ҳали шундай ўқимишлиги келиб бўйнига осилсинки, ҳайрон қолгин.
— Қўйинглар шунақа гапларни, — деди қизариб Ўтан. — Бўш қолдингиз, шундан гапирасиз-а, дада?
— Сен билан бошқа нимани гаплашиб бўларди, — деди кулги аралаш Сафар ота. — Илмли гапларни билмайсан. Қўй-қўзи меъдага теккан.
— Бўлди, мен кетдим! — Ўтан зарда билан ўрнидан турди.
— Тўхта, — деди Сафар ота. — Ҳазилни ҳам тушунмайди. Назир отанг тоққа бормоқчи. Бирга бориб келаман. Ойингга айт, овқат қилиб турсин бу ёққа келиб.
— Кераги йўқ, — деди Назир ота. — Кеч бўлиб кетади. Неварамга айтмай келганман.
— Ҳеч нарса қилмайди. Ойингга айт.

Икки ўртоқ Ўтаннинг отига мингашиб йўлга тушишди.
— Зулайга салом айтинг! — деб қичқирди орқадан Ўтан. Назир ота бош силкиди.

* * *

Улар Еттиқояга етиб келишганда кун оға бошлаган, аммо ҳамон тафти баланд эди. Куннинг иссиғига отнинг бир маромда елиши қўшилиб, Назир ота сув бўлиб кетган эди. — Бу йил ёз иссиқ келди, — деди у қийиқчаси билан бўйнини артиб.
— Терлаб кетдингми? — сўради Сафар ота. — Ҳа, ёз иссиқ келди. Молга қийин бўлди. Биз-ку, бир амаллаймиз. Қирдагилар қийналади. Дарё олис. Шамол турдими?
— Шунақага ўхшайди, — деди Назир ота кўкрагига илиқ шабада урилганини сезиб.
— Нима бўлса ҳам тоғда. Лекин анча нураб қолди. Қояларга разм сол, — деди Сафар ота, отнинг жиловини тортиб. — Илгари худди найзага ўхшарди. Чўчирди одам қараб. Энди нураб қолди. «Чўпонғор»га олиб борайми?
— Майли, оз қолди шекилли?
— Етдик, мана.

Улар қуриб ётган жилғадан ўтиб, одам бўйи келадиган ғор олдида тўхташди.
— Битта шу ғор илгаригидек, — деди Сафар ота ғорнинг ичига кириб. Ғор тўрт-беш қадамча ичкарига чўзилиб кирган эди.

Назир ота уни эшитмади. У ўз хаёли билан банд эди. Кўзини ёшлигидан ўзига таниш бўлган тошлардан, қишлоққа қараган қоянинг лабидаги бир шохи қуриб, тангадек кичкина-кичкина барглари қовжираб турган букри чинордан, илгари шовқин солиб оққан, ҳозир эса қуриб, тошлари сарғайиб ётган жилғадан узолмасди, суқ билан атрофга қарарди. Ёшлигида у бу ерларда кўп бўлган, Сафар отадек пода боққан, қояларнинг устига чиқиб, олис-олисларга тикилган, тонг пайтлари муздек тоғ сувидан ичиб, дилини ёзган. Ўша пайтлари Еттиқоя бунақа эмас эди, баҳайбат эди. Баъзан ўзининг салобати билан одамни қўрқитарди, баъзан ҳайратга соларди.

«Одамга ўхшайди у ҳам, — хаёлидан ўтказди Назир ота. — Қариб, қадди букилибди... Турсун бунинг қаерларини текширган экан? Нималар қилган экан бу ерда? Балки шу харсанг устида ўтиргандир!»

Назир ота отдан тушди, худди тошларнинг устида ўғлининг изи қолгандек уларга тикилди. Лекин ҳеч нарса кўринмади. Чинорга қаради. Қовжираган барглар офтобда сарғайиб турарди.

«Одамга ўхшайди у ҳам, — деди Назир ота яна ўзича. — Худди одамнинг ўзи. Озгина қолди, сабр қил. Яқинда келаман. Ўзим қарайман, тўйғазиб сув бераман. Ҳиротдан бўлса ҳам олиб келиб бераман. Турсун сенга қарагандир. У албатта қараган. Энди мен қарайман. Сабр қил».
— Ўйланиб қолдинг? — сўради Сафар ота ўртоғи ёнига келиб. Назир ота чинорни кўрсатди.
— Қурияпти, — деди Сафар ота ачиниб. — Ўзи ҳам қачонги чинор. Болалигимда ҳам бўйи шундоғ эди. Иннай-кейин, топиб ўсган жойини қара.
— Жойи яхши, — деди Назир ота. — Ҳар қандай дарахт ҳам шунақа жой топсин-чи! Қара, худди одамга ўхшайди. Одам эса, кўпинча қийин жойда яшайди.
— Одамнинг яхшиси, де! — деди Сафар ота. — Хўш, қайтамизми? Кун ҳам ботди. Бу гивологларинг қачон келади энди?
— Билмадим, — деди Назир ота аниқ сўраб олмаганига ачиниб. — Келиб қолишса керак яқинда.
— Бир ҳафта шу ерда бўламан. Шунда келишса, ўтов сеники. Уч-тўрт кун бўлишар ахир!
— Раҳмат, — деди Назир ота.

Улар қайтишди. Назир ота ўртоғининг қистовига қарамай ўтовга тушмади. Отни ҳам олмади. Пиёда уйга қайтди.

* * *

— Қаёқда қолиб кетдингиз? — сўради хавотирланиб Зулайҳо овқат олиб келаркан. — Саксонбой отам ҳам ай-тиб беролмадилар қаердалигингизни. — Тоғда эдим, — деди Назир ота. — Тоққа чиқиб келдим. Келиб қолишса ўзим олиб бораман.
— Келишармикан?
— Келишади, — деди ишонч билан Назир ота. — Албатта келишади. Айтгандай, сенга Ўтанбой салом деб юборди. Зулайҳо қизариб ерга қаради.

* * *

Орадан тўрт кун ўтгач, тушга яқин, геологлар келишди. Булар Ўтан тенги иккита йигит эди. — Бизни ўртоқ Қодиров юбордилар, — дейишди йигитлар ўзларини танитиб.

Назир ота хурсанд бўлиб кетди. Дарров чой қўйди. Лекин йигитлар ўтиришмади. Ўша заҳотиёқ йўлга тушишди.
— Биз узоқ бўлмаймиз, — деди улардан бири тоққа етишганда. — Сиз олиб борган план бўйича Еттиқояни магнитометр билан текширамиз. Ҳар хил тошлардан олиб кетамиз. Текшириш натижасига қараб бошқалар келишади. Лекин натижа қандай бўлади — айтиш қийин.
— Жуда ҳам қийин, — гапга қўшилди иккинчи йигит. — Хризоколла бўладию, шунча вақт ҳеч ким билмай ётадими!
— Бу нима деганингиз, ўғлим? — сўради Назир ота.
— Хризоколлами? -Ҳа.
— Металл. Металнинг бир тури.
— Йўғ-е! — деди Назир ота ваҳми учиб.
— Биз ҳам шунинг учун ишонмаяпмизда, — деди биринчи геолог. — Металла, металл. Ҳазил гапми бу?
— Хўп, бошлаймизми? — сўради иккинчи геолог.
— Биз кетдик, ота. Ишқилиб, ниятингизга етингда!
— Раҳмат, — деди Назир ота миннатдор оҳангда. Геологлар компасдан каттароқ қандайдир бир асбобни қўлларига олиб, «Чўпонғор»нинг устига чиқиб кетишди.

Назир ота ғорнинг оғзига ўтирди. Ҳаяжондан у нима қилишини билмас, юраги гупиллаб урарди. Тепадан геологларнинг кулгиси эшитилди, тошлар гулдуради. Кўп ўтмай ҳамма нарса жим бўлиб қолди. На кулги эшитилди қулоғига, на тошларнинг гулдураши. Қанча ҳаракат қилмасин, ҳеч нарса эшитолмади. Гўё бирдан ҳаммаёқда ҳаёт тингандек бўлиб қолди. Назир ота буни нимага йўйишини билмади, атрофга аланглаб қаради. Ҳеч нарса кўринмади кўзига. Сап-сариқ дала. Қовжираган ер. Букри чинорнинг барглари ҳам тинч. Худди офтоб қотириб қўйгандай. Лекин бу манзара унга кечагидек таъсир қилмасди. «Чиқсинда ишқилиб, —деди у ичида. — Нима бўлса ҳам чиқсин». Унинг хаёлига бошқа нарса келмасди, фикри шу билан банд эди. Охири чарчади. Икки чаккаси қиса бошлади. Ўзини чалғитишга интилиб осмонга қаради. Баланд, жуда баландда нимадир учарди.

«Нима бўлдийкин? Калхатмикин? — ўйлади у. — Йўқ, калхат бунақа секин учмайди. Иннайкейин, унинг қаноти калтароқ бўлади. Бургутга ўхшайди. Бургут шунақа баланд учади. Уч, жонивор, уч. Учавер!..»

Бургут уни тушунгандай пастламади. Тоғни бир-икки айланиб, қаёққадир ғойиб бўлди.

У бу гапни ўзига нисбатан биринчи марта айтиши эди. Пенсияга чиқаришганда ҳам буни ўйламаган эди. Ўтирса чарчарди. Ўтирганларни унча хуш кўрмасди. Шунинг учун чойхонага кам чиқарди. Чиқса фақат кечқурун чиқарди. Ўшанда ҳам кўп ўтирмасди, неварасини баҳона қилиб, тез қайтарди уйига. Мана энди кўникиб қолди. Зерикмайди. Чарчамайди ҳам. Боққа чиққанда ҳам шу. Озгина у-буга қараб салқин жой қидириб қолади. Илгари бунақа эмас эди. Офтоб ҳам таъсир қилмасди, чарчоқ ҳам сезмасди. Зулайҳо чақириб кетмагунча ғимиллаб юраверарди.

«Ҳозир ҳам шундай, — деди ота ўзини овутиб. — Озгина чарчадим, холос. Зайнабсиз чарчадим. Ўзимни ўнглаб оламан. Ҳали бақувватман. Куч кўп ҳали қўлларимда».

У томирлари бўртиб чиққан узун, қорамтир қўлларига қаради. Қадоқ бўлиб кетган кафтини тиззасига қўйиб, жилмайди.

«Ҳали бақувватман. Фақат баъзида биқин санчиб қўяди. Саксонбойникига ўхшаб. Шу холос. Бошқа дардим йўқ. Ҳаяллаб кетишдику улар?»

Назир ота ўрнидан туриб тепага қаради. Кулги эшитилди, битта тош сакраб-сакраб оёғи тагига тушди.

«Тушишяпти», Назир отанинг юраги яна гупиллаб ура бошлади. Ғира-ширада геологлар тушишди.
— Ҳеч нарса йўқ, ота, — деди биринчи геолог хўрсиниб.
— Лаббай? — Назир отанинг оёқларигача музлаб кетди. Бўшашганича ғорнинг зиҳига суяниб қолди.
— Ҳеч нарса йўқ, — қайтарди биринчи геолог. — Бекорга овора бўлдик. Сиз ҳам, биз ҳам.
— Мен ўзи ишонмаган эдим, — деди иккинчи геолог. — Шундай нарса ётади-ю, шу пайтгача ҳеч ким билмайдими? Иннайкейин, Маҳмуд ака билан бир-икки марта келганман бу ёққа. Бирон нарса бўлса изи чиқарди шу пайтгача. Ота, энди бу ишни йиғиштиринг. Фойдаси йўқ.
— Нима? — сўради Назир ота тушунмай.
— Бу ташвишни қўйинг энди, бундан сизга фойда йўқ деяпман, — деди яна иккинчи геолог.

Назир отанинг юзига қон қуйилиб кетди. Бир силтаниб ўрнидан турди.
— Мен фойда учун юрганим йўқ, ука! — деди бўғиқ овоз билан. — Мен... Ўғлим...
— Ўғлингиз адашибди, ота, — деди биринчи геолог. — Хафа бўлманг. Адашмаса, кон топади-ю, индамай кетаверадими? Тағин уруш маҳали бўлса! Металлдан ҳам қиммат нарса бормиди у пайтда?

Назир ота ўзини босиб олди. Аламини ютиб, сўради
— Балки... балки у асбобларинг адашгандир?
— Э, ота, — деди иккинчи геолог. — Бу асбобни чиқарган одамга Давлат мукофоти беришган. Нима деяпсиз ўзи?! Хафа бўлманг, ўғлингиз адашган. Қани кетдикми, Собир? Бояги тошлар қани?
— Рюкзакда. Кетдик, — деди биринчи геолог. — Ота, кетасизми?

Назир ота жавоб бермади.
— Хафа бўлманг. Бу фақат бизнинг тахмин, — деди биринчи геолог Назир отани юпатган бўлиб ва орқасидаги рюкзакка ишора қилди. — Мана бу тошларни яна текширамиз бошқармада.

Назир ота турган жойида қотиб қолган эди, бу гапларни эшитмади ҳам ҳатто. Бир маҳал у бояги оёғи тагига тушган ёнғоқдек тошни қўлига олди ва унга сеҳрли бир нарсадай тикилди.
— Ўғлим! Ўғлим!.. — у бир нарса демоқчи бўлиб геологлар кетган томонга ўгирилди, лекин улар анча олислаб кетишган эди, гапи чала қолди.

Тошни пуфлаб-пуфлаб чангини қоқди, қийиқчасининг учига тугди, кейин нима қилишини билмай туриб қолди. У энди анча тинч эди, юраги ҳам боягидек гупиллаб урмасди, қўллари ҳам титрамасди, лекин қулоғи тагида геологларнинг гаплари ҳамон жаранглаб турарди.

«Мана, ўғлингни ҳам кўрдинг, — деди ўзига истеҳзо билан. — Энди нима қиласан?».

У саволига жавоб тополмади, битта-битта қадам ташлаб, бояги ўтирган жойига келди, чопонининг этакларини йиғди-да, устига чордана қурди.

Қоронғи туша бошлади. Дам сарғайиб, дам қизариб турган чинор барглари қорайди. Аллақаерда чигиртка чириллаб қолди. Қаёқдандир пайдо бўлган захча Назир отанинг боши устидан силкиниб ўтиб, чинорнинг қуриган шохига қўнди, бир-икки қанот қоқиб яна ғойиб бўлди. Дала томондан бўғилиб маъраган қўй овози эшитилди.

Назир ота қош қорайишини унча хушламасди, шундай пайтда йўлда ёқи бегона жойда бўлишни ёмон кўрарди. Лекин ҳозир у бунга эътибор бермади, ҳатто қоронғи тушганини сезмади ҳам. У ўйларди, аммо нималарни ўйлаётганини ўзи билмасди. Кўзлари ҳеч нарсани кўрмас, бир нуқтага қадалган, бўшашган қўлларни тиззаларига ташлаб бепарво ўтирарди. Энди унинг учун ҳеч нарсанинг қизиғи қолмагандай эди.

Орадан анча вақт ўтди. Назир ота қўзғалмади, тургиси келмади. Бир маҳал дала томондан от дупури эшитилди. У борган сари яқинлашиб келиб, Назир отанинг олдидан ўтиб кетди. Чол парво қилмади. Кейин кимдир қичқирди
— Назир ҳой, ҳой Назир!!!

Сафар ота эди уни қидираётган. Секин ўрнидан турди, чопонини қокди. Шу пайт ўртоғининг ўзи ҳам келиб қолди.
— Қаёқда қолдинг, Назир! — деди у зарда билан отдан тушиб. — Қидирмаган жойимиз қолмади. Ўтан қишлоққа кетди. Нима қилиб ўтирибсан?

Назир ота индамади.
— Қани, мин отга.
— Эшитдингми? — деди Назир ота эшитилар-эшитилмас.
— Гивологларинг айтди, — жавоб қилди Сафар ота.
— Ишонган эдим жуда. Жуда ишонган эдим. Металл дейишди-я, эшитдингми?
— Эшитдим, — деди Сафар ота.
— Ҳазил гап эмас бу. Турсун металлнинг планини чизган экан. Эшитдингми?
— Эшитдим, эшитдим, — деди Сафар ота. — Қани юр энди, уйга кетдик.

Сафар ота ўртоғини эгарга ўтқазиб, ўзи орқасига мингашди-да, йўлга тушди.
— Топилдиларми? Одамни қўрқитиб юбордингиз-а, айланай, — деди Сафар отанинг хотини улар ўтовга етиб келишганда. — Қани, кира қолинглар ичкарига! Овқатим ҳам тагига олиб кетди.

Кўп ўтмай Ўтан келди. У билан Зулайҳо мингашиб келган экан.

Бобосини кўриб бағрига ўзини ташлади ва йиғлаб юборди.
— Йиғлама, болам, йиғлама, — деди неварасининг йиғисини ўзича тушуниб Назир ота. — Аданг бекорга чизмакашлик қилиб кетмаган. Шу гал топилмади, кейинги гал албатта топилади. Нима дейсан, Сафар?

Сафар ота, ўртоғининг бу қатъий гапи таъсир қилдими о Зулайҳони овутгиси келдими, деди — Бўлмаса-чи! Топилмай қаёққа боради, топилади!

* * *

Шундан кейин анча кун ўтди. Бу вақт ичида Назир ота икки марта Тошкентга тушиб чиқди. Лекин фойдаси бўлма-ди. На бошқарма бошлиғи Саидовни, на Қодировни кўролди. Секретарь қиз икки борганида ҳам уларни командировкада, деди. Текширишга борган геологлар билан эса учрашгиси келмади. — Сирасини айтганда, — деди Саксонбой ота, — сен ақл бовар қилмайдиган ишга қўл урдинг. Тўғри, сен ўзингча ҳақсан. Ким фарзандига қайишмайди? Сенинг ўрнингда мен бўлганимда, мен ҳам шундай қилардим. Ҳамма ҳам шундай қиларди. Лекин геологларингга ҳам ишониш керак. Топилса уларга ҳам фойда-ку! Ҳаммага фойда. Йўқни йўқ, дейишди. Энди ўзингни қийнама.

Зулайҳо ҳам ётиғи билан худди шу фикрни айтди.

Назир ота кўнгандай бўлди. Лекин бошқарма бошлиғи билан Қодиров командировкадан қайтганда яна бир шаҳарга тушиб чиқишни кўнглига тугиб қўйди. Орадан яна тўрт кун ўтди. Бешинчи куни эрталаб Назир ота шаҳарга боришга аҳд қилиб ўрнидан турди. Аммо боришга тўғри келмади. Назир ота неварасини мактабга жўнатиб, сўрида эринибгина нонушта қилиб ўтирган эди, Ўтан тўрт кишини бошлаб келиб қолди. Булар орасида Қодиров билан биринчи геолог ҳам бор эди. Назир ота ўзини йўқотиб қўйди, кўзлари пирпираб, нима дейишини билмай қолди.
— Мана, ота, келдик, — деди Қодиров унга қўлини узатиб. — Бу жиянингиз ҳол-жонимга қўймади. Ўзимиз ҳам келмоқчи эдик-ку, лекин маҳкам ёпишиб олди, тез борасизлар деб.

Назир ота қувонч билан Ўтанга қаради.
— Мен... мен энди борай... Мактабда ишим бор эди, — деди Ўтан уялиб ва тез кўчага чиқиб кетди.

Назир отанинг севинчи шу қадар катта эдики, уни тўхтатиш эсига ҳам келмади.
— Собиржон олиб борган тошларда бир гап борга ўхшайди, — деди Қодиров каравотга омонатгина ўтириб. — Яна бир текширамиз. Ўзингиз ёрдам берасиз-да, бизга.
— Бўлмаса-чи! Бўлмаса-чи! — деди шошиб Назир ота.
— Бўлмаса кетдик. Бу гал узоқроқ бўламиз. Ковлашга тўғри келади.
— Ҳаммасига тайёрман. Кетмон олиб олайми? Қодиров кулди.
— Йўқ, керак эмас. Ҳамма асбоблар ўзимизда бор. Омадимиз келса ажаб эмас, ота.
— Кошкийди.
— Қани, юринг бўлмаса.

Назир ота дарров кийинди. Геологлар келган машина шу заҳотиёқ тоққа томон йўл олди.

Тоққа етиб келиб, букри чинорнинг рўпарасига палатка қуришди. Машина орқасига қайтди.
— Мана, энди ишни бошлаймиз, — деди Қодиров чинорга тикилиб.
— Барибир мен ўз фикримда қоламан, — деди Собир. — Бекорга овора бўламиз.
— Сен чинорга қарагин, Собир, — деди Қодиров. — Куйган пояга ўхшайди. Ота, бу чинор анчадан бери борми?
— Биз болалигимизда ҳам шундай эди, — деди Назир ота. — Лекин назаримда, барги илгари бунчалик эмас эди. Қовжираб кетибди бечора.
— Бор деб ўйлайсизми? — сўради Собир.
— Бўлиши мумкин, — деди Қодиров. — Тошларни қаердан олдинг?
— Анави томондан, — Собир Чўпонғор тарафга ишора қилди. — Менимча, бу тошлар нураш натижасида пайдо бўлган. Айтган эдим сизга. Остки қават составида ҳар нарса бўлиши мумкин. Лекин бу шу ерда бирон нарса бор, деган гап эмас-ку?!
— Негадир мен қизиқиб қолдим. Текширамиз.
— Ихтиёрингиз, — Собир елкасини қисди. — Лекин мен ўз фикримни айтдим.

Назир ота уларнинг гапларини эшитиб, индамай турарди. Тўғрироғи, нима дейишни билмасди. Балки Собир ҳакдир? Балки... у шу «балки»ни ўйлаб, юраги ҳаприқиб тушди. «Худо ўзинг қўлла!» — деб юборди ичида. Бу илтижонинг кучига аслида бепарво бўлса ҳам, бошқа сўз тополмади ўзини тинчитишга.
— Биз энди кетдик, ота, — деди Қодиров.
— Мен нима қилай? — сўради шошиб Назир ота.
— Сизми? Сиз энди дам олиб ўтиринг. Ҳали бир ош қилиб берасиз.
— Чой қўйиб турсинлар, — деди Собир.
— Хўп, ўғлим, хўп, — деди Назир ота.

Унинг уйга кетгиси келмасди, шуларнинг олдида бўлгиси келарди.
— Челак бор, чойнак бор, — деди кимдир. — Фақат сув йўқ. Сувни кўпроқ олиб келинг, ювинишга ҳам керак бўлади.

Геологлар Чўпонғор томонга кетишди. Назир ота палатка олдида қолди.

«Энди нима дейсан, Зайнаб? — деди у табассум билан хаёл суриб. — Айтганингни қилдим. Лекин сен айтмасанг ҳам қилардим. Ўғлинг катта одам экан, билмас эканмиз. У ёзиб кетган кичкина қоғозга шунча одам қизиқиб қолди. Мақтансанг арзийди ўғлинг билан. Ишқилиб, бирон нарса чиқсинда. Чиқса бутун қишлоққа ош бераман. Турсуннинг ҳамма ўртоқларини чақираман. Кексаларни ҳам чақираман. Назир боғбоннинг ўғли канақалигини билиб қўйишсин».
— Сув қаерда экан? — деди овозини чиқариб Назир ота. — Тоғ этагида доим сув бўларди. Бу ерда йўқ. Қуриб ётибди. Қаерда бўлдийкин?

У ўйлаб-ўйлаб, Сафар отанинг ўтовини эслади.
— Шу ёққа бораман, қудуқни очгандир? Иннайкейин, билиб қўйсин у ҳам. Ўтан омон бўлгур, зап йигит бўлибди-да. Қаеридир Турсунга ўхшайди. Кўзими ё кулишими?

Назир ота қаери ўхшашини аниқлай олмади. Қандайдир ширин хаёл миясига келиб кулиб қўйди. Кейин палаткадан челакни олдида, ўтовга қараб кетди.

«Яхши бўларди, — ўйлади у йўл-йўлакай. — Эсҳуши жойида. Оғир. Зулайҳо ҳам тузук. Худди ойисига ўхшайди. Қақилдоқ эмас. Меҳнаткаш. Сафар билан бир гаплашиш керак. Лекин олдин у гап бошласа бўларди. Мен гапирсам, неварамнинг шаънига яхши эмас. У гапирса тузук бўлар-ди...».

Ўтовга келганда кун тиккага кўтарилган эди. Лекин у иссиқни сезмади. Фақат озгина чўллади. «Сув чатоқ жан, — хаёлидан ўтказди у. — Сафарга қийин. Йил — ўн икки ой қирда. Бу жойлар ҳам ҳолва, бир амаллаб топса бўлади сувни. Қирда ёмон».

Ит ҳуриди. Ўтовнинг ичидан Сафар ота чиқди.
— Ёт, Йўлбарс. Танимадингми? Келавер, келавер. Машина ўтганини кўрувдим боя. Сен экансан-да?
— Яна келишди! — деди Назир ота. — Энди турадиган бўлиб келишди. Биласанми, Ўтанинг олиб келибди!
— Ёпирай-а? — Сафар ота севиниб кетди. — Шаҳарга шунинг учун тушган экан-да?
— Ҳа, — деди Назир ота. — Омон бўлсин. Яхши йигит бўлибди. Сувинг қаерда? Чой қилиб берай уларга.
— Сув бу ёқда, — Сафар ота ўртоғини қудуққа бошлади. — Ишқилиб ниятингга ет, ўртоқ!
— Етадиганга ўхшайман.
— Тўхта, менга қара, — деди Сафар ота қудукдан сув тортар экан, — шу ердан ўша ёққа шу челакда олиб бормоқчимисан?
— Ҳа, нима эди?
— Эсингни епсан! Маъпир, ҳо Маъпир! Ичкаридан Сафар отанинг хотини чиқди.
— Мешни олиб чиқ! Ҳа, мана бу жойида, челакда сув олиб бориб бўладими?!
— Яхшимисиз, янга? — сўради Назир ота.
— Раҳмат. Ишингиз юришиб кетибдида.
— Шунақага ўхшайди.
— Ишқилиб ўғлингизнинг арвоҳи ёр бўлсин!..
— Сувни мен олиб бориб бераман, — деди хотинининг гапини бўлиб Сафар ота.
— Йўқ, — деди Назир ота. — Мен ўзим. Шунга ҳам оворагарчиликми? Ишингдан қолма.
— Ҳеч нарса қилмайди, — деди Сафар ота отга эгар уриб.
— Мен ўзим, — деди Назир ота. — Отни қўй. Ҳали кўп келаман. Бошқа сафар. Ҳозир ўзим олиб бормасам, кўнглим жойига тушмайди.
— Ўзинг биласан, — Сафар ота ортиқча қистамади. — Қани энди юр, бир-икки пиёла чой ичиб ол.

Назир ота палаткага қайтиб келганда геологлар ҳали тушишмаган эди. Дарров шох-шабба йиғиб, чой қайната бошлади. У ҳозир ҳар қандай ишга тайёр эди. Ишқилиб улар олдинги сафаргидек кетиб қолишмаса бўлди. Собирнинг ўшандаги қўпол гаплари ҳам хаёлидан кўтарилган эди. Ҳафсала билан чойнак тагига шох ташлар экан, унинг чирсиллаб ёнишидан, ўт-ўлан, қўй-қўзи ҳидини келтириб димоғига урилаётган тутундан завқланарди.

«Нимадир қилмоқчи эдим шу ерда яна, — эслади у пешанасидаги терни сидириб. — Нимадир қилмоқчи эдим. Нима эди? Э, бўлди...»

У ўрнидан туриб, чинорга қаради. Унинг нимранг барглари офтобда олтин тангалардай ярақлаб турарди.

Назир ота мешдан челакни ярим қилиб сув солдида, қаёқдан қояга чиқишни билмай, Чўпонғор томонга юрди. Ғорга етганда тепадан Қодиров билан Собиржон тушиб келишди.
— Қаёққа кетяпсиз? — сўради Қодиров. Назир ота чинорни кўрсатди.
— Сувсаб қолибди.
— Қани, мен ичиб олай, — Собир чолнинг қўлидан челакни олди. — Ўҳ-ҳў! Мунча муздек?
— Қудуқнинг сувида, — деди Назир ота ғурур билан. — Тағин мешда олиб келдим. Кўп ичманг, ўғлим, томоқ оғриғи бўлиб қоласиз. Чой тайёр.
— Бу сув унга нима бўларди, ота, — деди Собир челакни қайтараркан. — Барибир қуриб қолади. Қайтинг, узимизга керак бўлади.
— Майли, суғорсинлар, — деди Қодиров. — Лекин бу сув урвоқ ҳам бўлмайди.
— Ҳарнада, олиб борайчи. Хўш, нима гап?
— Ҳозирча ҳеч гап йўқ, — деди Қодиров. — Тошлардап олиб тушяпмиз. Кўрайликчи майдалаб.

Чинор бирпасда сувни шимиб олди.

«Бунга ҳам қийин бўпти ёз иссиқ келиб, — хаёлидан ўтказди Назир ота, кейин қуриган шохни синдириб кўрди. — Йўқ, бу ёғи ҳўл. Ҳали кўп яшайди. Ҳали мендақадан ўнтасини кўради».

Назир ота шу гапни айтди-ю, чўчиб кетди, лекин дарров ўзини ўнглаб олди.

«Мен ҳам кўп яшайман ҳали, — деди шивирлаб. Бу гапни ўзига ё чинорга айтдими — билиш қийин эди. — Ҳали қиладиган ишларим кўп. Ўзим бўлмасам, ҳеч ким қилмайди. Иккаламиз ҳам кўп яшаймиз ҳали».

У пастга тушди. Собир палатканинг ичида кўйлакчан чўзилиб ётарди. Қодиров қандайдир асбобни текшириб ўтирарди.
— Қани, келинг, ота, — деди у. — Чойдан ичинг. Сув чатоқ экан бу ерда.
— Ҳа, чатоқ. Тоғлик жойда сув бўларди, ҳайронман бу ер нега бунақа.
— Баланд эмасда тоғ, емирилиб кетган. Қор кам туради. Қани, чойдан ичинг. Қанд билан ичинг. Ота, ўғлингиз ҳеч нарса демаганмиди-а, бу қоғоз ҳақида?
— Ҳеч нарса демаган, — жавоб қилди ўйланиб Назир ота. — Деган бўлса, эслаб қолмасмидим. У ўзи жуда камгап эди. Ўнта гапингизга зўрға битта жавоб олардингиз.
— Балки битта-яримта одамга гапиргандир?
— Ойисига гапирганмикин?..
— Бир сўраб кўринг, — деди Қодиров.
— Ойисиданми? -Ҳа.
— Ойисини... ойисининг йилини ўтказдим яқинда.
— Кечирасиз, ота, — деди хижолат тортиб Қодиров. — Билганим йўқ. Бир ўзингиз турасизми?
— Неварам билан тураман. Энди нима қилмоқчисизлар?

Назир ота гапни бошқа ёққа бурди. Оилавий ҳаётдан гапиришни у ёқтирмасди. Қандай гап бўлишидан қатъи назар кўнгли бузиларди.
— Энди бирпас ухлаймиз, — деди эснаб Собир. Қодиров кулди. Назир отага бу гап маъқул тушмаган бўлса ҳам, индамади. Нима ҳам дея оларди у? Улар нима деса шунга кўнишга мажбур эди. Нима бўлса ҳам, у ниятига етса бўлди.

Кечки пайт геологлар ҳам тоғдан тушиб ювиниб туришганда Ўтан билан отга мингашиб Зулайҳо келди. Иккалови иккита катта тугун кўтариб олишган эди.
— Ҳорманглар, — деди Ўтан.
— Саломат бўл, ўғлим, — деди Назир ота севиниб. Қодиров югуриб бориб, Зулайҳони отдан туширди.
— Неварангизми? — сўради кейин Назир отадан.
— Неварам, — деди жилмайиб Назир ота ва Зулайҳога ўгирилди. — Менинг бу ердалигимни қаердан билдинг?
— Ўтан китобга борувди, айтди, — деди Зулайҳо негадир қизариб. — Ош қилиб келдим. Иссиқ ҳали.
— Яхши қилибсан, — деди севиниб Назир ота. — Раҳмат, Ўтан болам. — Ўтан жилмайди. — Йигитлар, қани еб оламизми?
— Ош бўлади-ю, емаймизми?! — деди Собир.

Ҳамма кулиб юборди. Палаткага киришди. Ош чиндан ҳам ҳали иссиқ эди.
— Ўзингиз қилдингизми? — сўради Қодиров. — Жуда ширин-ку?
— Зўр! — деди Собир оғзини тўлатиб.
— Неварам пазанда, — деди ғурур билан Назир ота. — Ҳали шундай овқатлар қилиб берадики сизларга! Ўтан, сен нега емаяпсан?
— Мен едим, — деди Ўтан.
— Едим? Қаерда? Ўтан шошиб қолди.
— Уйда, уйда, — деди кейин ўзини босиб олиб ва Зулайҳога қараб қўйди. — Ойим ҳам ош қилган эканлар.
— Шундай дегин... Ҳа... Ойингники бошқа, бу бошқа, — деди Назир ота. — Қани, яқинроқ ўтир. Ошинг яхши бўпти, Зулай.
— Зўр! Зўр! Чойхонапалов! — деди яна оғзини тўлдириб Собир.

Зулайҳо жилмайди. Унинг икки кўзи бобосида, баъзида соч остидан Ўтанга қараб қўярди. Ошни бирпасда еб бўлишди.
— Раҳмат, — деди Қодиров иштаҳа билан папирос тутатаркан. — Яхши бўлди овқат.
— Кетамизми? — сўради Зулайҳо идишларни йиғиштириб бўлгач.
— Кетамиз, — деди Назир ота. — Эрталаб келаман.
— Жуда шошманг, — деди Қодиров. — Бафуржа келаверинг.
— Эртага нима қилиб келай? — сўради Зулайҳо дам бобосига, дам геологларга қараб.
— Паловда! — деди Собир Ўтанга кўзини қисиб. Гурр этиб яна кулги кўтарилди.
— Ҳеч нарса керакмас, раҳмат, — деди Қодиров. — Овора бўлманг. Собир ҳеч кимга билинтирмасдан уни туртиб қўйди, Кейин
— Ихтиёрингиз, нима қилсангиз шуни олиб келинг, — деди.
— Мен олиб келаман, — деди Ўтан.

Кўп ўтмай Назир ота билан Зулайҳо отда, Ўтан пиёда йўлга тушишди.
— Бизникида қоласиз, Назир ота, — деди Ўтан йўл-йўлакай. — Жой етади. Дадам ҳам тайинлаб юборганлар.
— Йўқ, қололмайман, — жавоб берди Назир ота ўйланиб. — Зулайҳо, уйда бўлганингда ҳам майли эди. Бедана оч қолади.
— Дон берганман, — деди Зулайҳо.
— Дадам жуда хафа бўладилар, — қўшиб қўйди Ўтан. Назир ота рози бўлди. Ўтовга етиб келишганда, Сафар ота уларнинг йўлига қараб ўтирган экан.
— Яхши келдинг, — деди у отнинг жиловини ушлаб. — Бемаҳалда қишлоққа қайтиб нима қиласан? Ўтов катта. Чақчақлашиб ётамиз. Хўш, ишлар қалай?

Назир ота қилган ишларининг ҳаммасини сўзлаб берди.
— Сенга ҳавасим келади, — деди Сафар ота. — Кичкина қоғоздан шунча ташвиш чиқардинг-а!
— Одамда ташвиш бўлгани яхшида, — деди Назир ота кулиб. — Худди ёшаргандайман. Тагимда зўр от бўлсаю, яна улоққа тушиб кетсам...
— Улоқлар ҳам йўқ энди.
— Нега шундай-а? Яхши нарсаку улоқ, пойга...
— Ким билади дейсан, — деди Сафар ота. — Вақт қолмаяпти одамларда назаримда. Шунгамикин? Қани, ичкарига киринглар. Маъпир, қани, олиб кел нарсаларингни!

Улар алламаҳалгача гаплашиб ўтиришди. Охири Сафар ота нимадир деб туриб ухлаб қолди. Тўрда аёллар ётишди. Назир ота ўртоғининг ёнига чўзилди. Аммо уйқуси келмади. Қанча ётди шу алпозда билмайди, бир маҳал Ўтаннинг шивирлаган овозини эшитиб қолди.
— Зулай, ухладингми?
— Йўқ, — деди Зулайҳо ҳам шивирлаб. — Уйқум келмаяпти.
— Менинг ҳам. Нималарни ўйлаяпсан?
— Билмайман. Лекин кўп нарсаларни ўйлаяпман. Сенчи?
— Мен ҳам, — деди Ўтан хўрсиниб. — Ҳозир негадир геолог бўлгим келиб кетди.
— Нега?
— Ўзим ҳам билмайман.
— Нима дейсан, топишармикин?
— Билмадим.
— Топишса яхши бўларди. Дадамнинг фикри-зикри шунда бўлиб қолди. Топишмаса жуда эзилади.
— Даданг жуда яхши одам.
— Биламан.
— Юр, эшикда гаплашиб ўтирамиз. Уйғотиб юбормайлик тағин.
— Сенинг дадангни тўп билан ҳам уйғотиб бўлмаса керак, — деди Зулайҳо. — Хуррак отишини қара!

Икковлари пиқиллаб кулиб юборишди. Назир ота ҳам жилмайиб қўйди.
— Чиқамизми? — сўради Ўтан.
— Майли, юр.

Улар эшикка чиқишди.
— Шу ерда ўтирамиз, — деди Зулайҳо. — Қўрқаман,
— Майли. Совуқмасми?
— Йўқ. Ойни қара, жудаям ёруғ-а? Ўтан, сен нима дейсан, ундаги доғ нимага ўхшайди?
— Билмадим. Нимага ўхшайди?
— Менимча, ер шарига ўхшайди. Қара, ҳув анави осилиб тушгани. — Африка, унинг тепаси — Америка, бу ёқдаги япалоғи биз, тагида Ҳиндистон. Ё нотўғрими?
— Ҳеч ўйламабман шуни.
— Мен доим ўйлайман. Нуқул кечаси уйғониб кетиб ойга қарасам, шуни ўйлайман. Қизиқ-а, тепадан туриб бу ер юзини кўрсанг, томоша қилсанг?..
— Космонавтлар кўришган.
— Биз ҳам кўрармиканмиз-а?..
— Нега кўрмас эканмиз? Бир кун келиб кўрамиз. Бунинг учун кўп саёҳат қилиш керак.
— Мен саёҳатни яхши кўраман.
— Яхши кўраман? — Ўтан кулди.
— Нега куласан?
— Сен ҳали Еттиқояни ҳам тузукроқ кўрганинг йўқ-ку!
— Кўрганман! Ҳаммасини биламан!
— Билсанг, Чўпонғорни нега Чўпонғор қўйишган? Қани, айтчи?
— Айтайми?
— Айт.
— Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир чўпон бор экан. Кунларнинг бирида пода боқиб ўтирса, жуда кўп отлиқ пайдо бўлиб қолибди. Улар ов қилиб юришган экан, тоққа яқинлашишганида бирдан шамол туриб, бир отлиқнинг юзидаги парда учиб кетибди. Чўпоннинг оғзи очилиб қолибди. Отлиқ — ой деса ойдек, кун деси кундек қиз экан.

Назир ота неварасининг эртагини эшитар экан, ич-ичидан завқланарди — унинг қуюқ овози, сўзларини чўзиб-чўзиб айтиши кампирини эслатарди. Шунинг учун ёнбошлаб, яхшироқ қулоқ солди.
— Кўрибди-ю, ошиқ бўлиб қолибди, — давом этди Зулайҳо. — Югуриб бориб ердан пардани олибдида, қизга элтиб берибди. Қиз ҳам уни кўриб, хуштор бўлиб қолибди. Шу-шу иккалови бир-бирини кўролмас экан. Йигит ҳам ўзи келишган, қора кўз, қора қош, алпдек йигит эканда. Лекин кун ўтган сайин уларнинг учрашишлари қийинлаша борибди. Қиз подшонинг қизи экан. Шундай бўлса ҳам, ота-онасини алдаб, бир амаллаб, чўпон билан учрашиб юрар экан. Шунда чўпон ўйлаб-ўйлаб мана шу ғорни қазибди. Шу ерда учрашадиган бўлишибди. Аммо бу ҳам узоққа чўзилмабди. Подшонинг айғоқчилари уларни тутиб олишибди. Кейин, подшонинг қизига осиладиган сенмисан, деб чўпоннинг иккала оёғини чопиб ташлашибди. Шундан кейин чўпон нима қилишини билмай, шу ғорда темирчилик қила бошлабди. Шу ерда ўлибди. У ясаган қиличлар синмас, пичоқлар эса тошни ҳам кесар экан. Лекин ҳеч ким унинг отини билмас экан. Подшонинг қизи ҳам. Шу томонларда бўлган одамлардан у нуқул — «Чўпон тирикми?» — деб сўраркан. Шу-шу бу ғор «Чўпонғор» бўлиб кетибди.
— Яхши эртак-а, — деди Ўтан.
— Одамлар ёмон эртак тўқийдими? — деди Зулайҳо. — Чўпонни айтмайсанми? Ҳозир бунақа одамлар йўқ.
— Қаердан биласан, балки бордир? Зулайҳо кулди.
— Биттаси сенми?
— Балки мендирман. Менга қара, Зулай, темирчилик қилган, дедингми чўпонни?
-Ҳа.
— Темирни қаердан олган экан?
— Билмадим.
— Геологларга айтиш керак буни. Темир бўлса, демак, Турсун акам адашмаганлар... Нега шу эртак илгарироқ эсингга келмади?
— Қайдам... Сира ҳам хаёлимда йўқ. Бувим айтиб берган эдилар.
— Геологларга айтиш керак. Эртага албатта айтаман. Ўтан ўйланиб қолди. Кейин, секин деди:
— Биласанми, Зулай, мен албатта геолог бўламан.
— Геолог? — ҳайрон бўлиб сўради Зулайҳо.
— Ҳа, геолог. Ишонмайсанми?
— Нега? Ишонаман. Сенга доим ишонаман. Тошкентга тушиб, яхши иш қилдинг. Сенга ишонаман.
— Анави... анави кунги гапларимга ҳам-а?
— Ҳа, уларга ҳам...
— Ростданми?
— Рост. Ўтан. Фақат, фақат дадам тинчиб олсинлар, хўпми?
— Хўп. Даданг тинчийдилар. Кон албатта топилади. Юрагим сезиб турибди. Топилади. Ана ўшанда...
— Бўлди, Ўтан, қўй...
— Хўп, қанча десанг ҳам пойлайман.

«Тузук-ку булар, — деди ичида кулиб Назир ота. — Тағин сен буларни қовуштирмоқчи бўлиб юрибсан, хом калла. Дарвоқе, энди бўлди, қолган гапни тўйдан кейин гаплашамиз».

У жўрттага йўталди ва ўрнидан туриб, ўтовдан чиқди. Утан қаёққадир қочди.
— Ие, шу ердамидинг? — деди Назир ота неварасининг питирлаб қолганини кўриб.
— Эшикка, эшикка чиқувдим, — деди Зулайҳо тутилиб.
— Энди кир, ёт, — Назир отанинг жаҳли чиққандай бўлди. — Қиз бола эрта туриши керак. Ухла.

Зулайҳо лип этиб ўтовга шўнғиди.

«Анависи қаёққа қочди? — деди ўзича атрофга аланглаб Назир ота. - Ҳа, майли, унинг эшиқда бўлгани ҳам яхши. Демак, эртак ҳам бор экан кон ҳақида. Қизиқ, нега мен эшитмаганман?». У жойига кириб ётди ва дарров уйқуга кетди. Зулайҳо Сюшини кўтариб унга мўралади. Эшикдан тушаётган ой шуъласи шундай унинг юзини ёритиб турарди. Аммо у ухларди. Юзларида, мўйловининг учлари тегиб турган лабларида табассум ўйнарди.

* * *

Эрталаб Назир ота геологлар ёнига қайтди. Эртасига ҳам кунни шу ерда кеч қилди. Индинига ҳам. Унинг қиладиган ишлари мураккаб эмасди. Сув таширди, чой қайнатарди. Баъзан геологлар тоғдан олиб тушган тошларни рангига қараб ажратарди. Лекин нима қилмасин, хаёли бир нарса билан банд эди «Чиқармикин!» — ўйларди у нуқул. Геологларнинг ҳам хаёлида шу фикр эди. Эрталаб тонгда чиқиб кетишади, тушда қайтишади. Ювиниб, чой-пой ичиб, яна кетишади. Баъзан тушликка ҳам тушишмайди. Уч-тўрт кун ичида тўрт-беш жойни портлатиб кўришди, натижа бермади. Кейин олисроқ жойларни текшира бошлашди. Тоғнинг орқа томонига ўтишди. Ўтан бошлаб борди. У ердан ғалати тошлар олиб кетишди. Анча-мунчаси шаҳарга анализ учун жўнатилди.

Аммо анализ разведка қилинган пластларда хризоколла элементлари жуда оз процентни ташкил этганини кўрсатди. Қодиров янги жойларни текширишга қарор қилди. Шу мақсадда Еттиқоянинг геологик картасини тузиб чиқишди, аммо натижа ҳамон қониқарсиз эди. Собирнинг борган сари хуноби оша бошлади.
— Сизга ҳайронман, — дерди у икки гапнинг бирида. — Ота-ку, маълум. Биз қанча кўп бўлсак, унга шунча яхши. Ҳар ҳолда умиди бор. Шунинг учун атрофимизда парвона. Анави Ўтан ҳам. Тағин эртак тўқишганини айтмайсизми?! Темирни шу ердан топмагандир ҳар ҳолда, ўша чўпон. Шунча текширдик, бўлдида. Ҳеч бало йўқ. Яна кетгингиз келмайди-я.

Қодиров кўпинча индамасди. Мийиғида кулиб қўя қоларди. Бошқалар ҳам гапга аралашишмасди. Назир ота эса бирор нарсани баҳона қилиб палаткадан чиқиб кетарди. Гапирса, Собирнинг жиғига баттар тегишини биларди, усиз ҳам ўзи аҳвол чатоқ эди. Палаткадан чиқиб, у-буга уннарди. Иложи борича тезроқ кунни кеч қилишга, миясини чулғаб келаётган ташвишли фикрлардан ўзини чалғитишга ҳаракат қиларди. Тезроқ эрта бўлишини кутарди. Назарида, гўё тонг билан хушхабар келаётгандек бўларди. Букри чинор барглари унга тонгни эслатарди, ёнига кўтариларди. Кун чиқишдан кун ботишгача ярақлаб турган баргларга тикилиб, кўнгли бир оз тинчирди.
— Оз қолди, жуда оз қолди, — дерди у чинорнинг букри танасига суяниб. — Яқинда чиқиб қолади. Ана ўшанда кўрасан. Тўй қиламиз. Бутун қишлоққа ош бериб, тўй қиламиз. Куёвни отга миндириб, шу ердан айлантириб ўтаман. Ҳалкка улоқ берарман шу ерда. Битта қўй нима бўлиб-ди? Ўнта қўйга ҳам кучим етади. Маррани сенинг тагингга белгилайман. Одамлар кўрсин сени ҳам. Рангинг кириб қолди, олатароқ баргларингга қон югурди. Одамлар кўрсин сени ҳам. Кўкариб турган нарса кўзни қувонтиради. Қани энди ҳамма нарса кўкариб турса! Одам ҳам бамисоли дарахт. Ўсади, улғаяди, кейин... кейин сўлийди. Ёши етиб сўлиса майли — алам қилмайди унда. Ёши етмаса — оғир. Жудаям оғир. Нима қилишингни билмайсан. Дунё кўзингга қоронғи кўринади, яшагинг келмайди. Ўз пуштингдан бўлгани сўлиса бундан ҳам даҳшат. Иложи бўлса-ю, унинг дард-ҳасрати сенга ўтса, ё бор кучингни йиғиб уни яна кўкартирсанг... Мен шундай қилмоқчийдим, шунинг учун бу ёққа келувдим. Сен кўкардинг. Қани энди у ҳам кўкарса! Юзларига юзимни қўйсам, кўзларидан, пешонасидан ўпсам! Бағримга босиб, тўйиб йиғласам! Йўқ, йиғлаб нима қиламан? Ёнингга кўтарилиб қичқирсам, бутун қишлоққа жар солсам. «Оғайнилар!» десам. «Мана менинг ўғлим, у тирик», десам.

Бир куни у одатича букри чинор тагида турганда олисдан портлаш овози эшитилди. Тоғ гулдураб кетди. Назир ота қулоқ солди. Портлаш эрталаб Ўтан геологларни бошлаб кетган томондан — тоғнинг этагидан эшитилди.
— Бошланди, — деди у фахр билан. — Бошланди! Ўғлим, хурсандмисан?

Унинг саволига жавобдай, бир гала қуш гур-р-р этиб ҳавога кўтарилди. Еттиқоя устида уч-тўрт айланиб, ғойиб бўлди.
— Буларни ҳам ташвишга солиб қўйдим, — деди Назир ота ачиниб. — Лекин на чора? Одамда биронта ташвиш бўлиши керак. Ташвишсиз одам — қанотсиз қуш!

У хурсанд эди. Ҳаяжон ва умид тўла бундай ташвишли дамлар қанча давом этади — ҳафталарми, ойларми ё умрининг сўнгигачами — ўйламасди. У шу дамларга етишганидан хурсанд эди ва кўзларини геологлар кетган томондан узмасди. Аммо кекса тоғнинг қояларидан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Қоялар эса худди шу чол каби нураб бораётганига қарамай, ҳамон виқор ва салобат билан кўкка бўй чўзиб турарди.

1965