OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиКўк дафтарнинг сири (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/09
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўк дафтарнинг сири (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

Бу дафтарни мен тўқимачиларнинг маданият саройи олдидаги хиёбондан топиб олдим. Болаларнинг қишқи таътили бошланган пайт эди. Шаҳарнинг барча майдонларидаги каби тўқимачилар хиёбонида ҳам катта арча ўрнатилиб, хилма-хил ўйинчоқлар билан безатилган. Эртадан-кечгача атрофидан болалар аримайди. Ҳатто, кечқурун ишдан қайтаётганимда ҳам одам бўйи келадиган Қорбобонинг кўм-кўк кўзларига, ранго-ранг чирокларга маҳлиё бўлиб турган болаларни кўраман.

Дафтарни топиб олган куним ҳам хиёбон гавжум эди. Болалар бир-бирларини қувлашган, осмонни бошларига кўтаргудай қичқиришган... Фақат тўрт-беш ёшлар чамасидаги қизил қалпоқ кийган бир болагина Қорбобонинг дам ёниб, дам ўчиб турган кўзларидан кўзини узмасди. Нега у менинг диққатимни ўзига тортди? Дум-думалоқ лўппи юзими, ё кичкина бурни ёнида ялтираб турган ёш томчисими, билмадим, ҳозир эслолмайман. Аммо унга анча тикилиб колдим. Бола худди эртаклардаги Қорбобо музлатиб кетган гўдақдек, турган жойидан жилмасди. Тим қора кўзлари Қорбобода, аммо назаримда, у Қорбобони кўрмас, нималарнидир ўйларди. Бир маҳал қалин лаблари титраб кетди ва овози борича:
— Опа! — деб қичқириб юборди. — Қаттасиз, опа?
— Шўттаман, нима қилди, нима?

Кимдир югуриб келиб, боланинг юзидан «чўлп» этиб ўпди. — Нима қилди, нима?!

Бу ўн тўрт-ўн беш ёшлар чамасидаги қизча эди. Эгнида кўк палто, бошида ойисининг рўмоли бўлса керак, икки учини қўлтиғидан ўтказиб орқасига боғлаб қўйибди.
— Совқотдингми? — сўради қиз боланинг қўлларини ишқалаб.
— Ойимла қачон келалла? — бола унга қарамасди. — Сиздан сўравотман, ойимла қачон келалла?
— Боя кўриб келдик-ку? Дарров соғиндингми?
— Ойимла қачон. келалла девобман, ойимла?!

Бола ҳўнграб йиғлаб юборди. У йиғи аралаш нималарнидир гапирар, аммо нималигини тушуниб бўлмасди. Опаси овутаман, деб қанча уринмасин, бола йиғидан тинмасди. Қизчага раҳмим келиб кетди. У нима қилишини билмасди. Сезиб турибман, агар укасининг йиғиси яна бир-икки минут чузилса, ўзи ҳам қўшилиб йиғлайдиган. Ўзимни тутиб туролмадим. Арчани айланиб, уларнинг олдига ўтдим.
— Ҳа-ҳа, акаси, нега йиғлаяпсан? — дедим боланинг бошига қўлимни қўйиб. — Биров урдими?
— Ҳеч ким ургани йўқ, ўзи йиғлавотди, — жавоб берди қизча менга бир қараб қўйиб.
— Ўғил бола ҳам йиғлайдими? Сен ўғил боламисан, ё қиз боламисан?
— Ўғил боламан... — деди бола энтикиб.
— Отинг нима?
— Аҳмад...
— Ў-ҳў... шунақа чиройли отинг бор экан-ку, йиғлайсанми? Аҳадлар йиғламайди.

Бола менга кўзини бир олайтириб қўйди, кейин тили билан лабларини артиб, опасига ўгирилди.
— Кетовузами?
— Кетовуз, кетовуз, ҳозир кетовуз, юр.

Опа-ука қўл ушлашиб, хиёбоннинг чап тарафидаги тўрт қаватли бино томон кетишди. Анчагача уларнинг орқасидан қараб, хаёл суриб қолдим. Кўзларим олдидан уруш йиллари ота-онасиз етим қолган болалар, қаҳратон қишда оёқ яланг мактабга, ўзларидан ҳам катта сумка кўтариб бозорга югурган қизчалар ўтди. Ҳозир яхши эсимда йўқ. Аммо Қорбобога хомуш тикилиб турган боланинг қиёфаси ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди. Нега у сўлғин эди? Онаси қаерда? Нима учун тенгқурларининг чеҳрасидан кулги аримайди-ку, қизнинг овози дардли? Минг хил хаёлларга бориб, арча атрофидаги кумуш ранг скамейкалардан бирига ўтирдим-да, энди папирос чекмоқчи бўлган эдим, ёнимда ётган кўк муқовали дафтарга кўзим тушиб қолди. Дарров уни олиб атрофимга қарадим: ҳеч ким йўқ. Ким унутиб қолдирди экан? Ҳайрон бўлиб варақлай бошладим. Эскириб, учлари титилиб кетган дафтарнинг муқовасига чиройли ҳарфлар билан «Холида» деб ёзилган. Ичи ҳам қандайдир ёзувлар билан тўла. Сўнгги бир варағи бўш қолган, холос. Юрагимдаги яашликни йўқотиш ўйи билан секин ўқий бошладим:

«Еттинчи сентябр.

Кеча Руқия опамлар дарс пайтида: «Ҳамманглар кунда-лик дафтар тутсанглар, яхши бўларди. Кўрган-билганларингизни, қилган ишларингизни ёзиб борардинглар дедилар. Ҳамма «Ура» деб чапак чалиб юборди, мен ҳам чалдим. Уйга келганимда дарров ойимларга айтдим.
— Ойи-чи, ойи! Биз энди кундалик дафтар тутамиз.

Ойимлар ҳам хурсанд бўлиб кетдилар.
— Кундалик тутадиган бўлсанг, катта бўлиб қолибсан. Майли, тута қол, — дедилар.

Чой ҳам ичмасдан шкафдан янги дафтар олдим, муқовасига чиройли қилиб «Холида» деб ёзиб қўйдим. Кейин биринчи бетини очдим. Юрагим дук-дук ура бошлади. Нимани ёзсам экан? Руқия опамлар кун бўйи нима қилсанглар, шуни ёзинглар, деган эдилар. Бугун нима қилдим? Эрталаб туриб чой қўйдим. Аҳадни уйғотиб ювинтирдим, ойимлар ҳар куни дадамларга гўшт қовуриб берадилар. Бугун ҳам туришлари билан овқатга уннаётувдилар, қарашиб юбордим. Жаҳллари чиқди. Мени деб ўқишдан кечга қоласан, чойингни ич, дедилар. Кейин пешонамдан ўпиб қўйдилар.

Мактабга кетаётганимда, дадамлар билан хайрлаша олмадим, ухлаб ётган эдилар. Ичиб келсалар доим шунақа, ҳаммадан кеч турадилар. Нега ичадилар-а? Афтиларига қараб бўлмайди, ҳамма ёқлари чанг-тупроқ. Ҳамма нарса кўзларига бошқача кўринади. Кеча кечқурун келганларида Аҳадни ўпаман, деб қайнаб тунган самоварга пешонасини босиб олдилар, лаблари қип-қизариб пишиб кетди. Аҳад йиғлаб хум бўлди.

Мактабда она тилидан яна «беш» олдим. Руқия опамлар елкамга қоқиб қўйдилар. Яхши қизим, оппоқ қизим, дедилар. Улар мени жудаям яхши кўрадилар. Фақат менимас, яхши ўқийдиганларнинг ҳаммасини яхши кўрадилар.

Ҳа, энг зарури эсимдан чиқибди. Раънонинг тоби йўқ. Уч кундан бери мактабга келмайди. Бугун ўқишдан чиққанимиздан кейин Мунира билан бориб кўриб келдик. Қаттиқ иситмалабди.

Шуларни ёзиб ўтирган эдим, эшикдан дадамларнинг товушлари эшитилиб қолди. Нега бақиряптилар?..»

Ўқишга берилиб кетиб, кун алламаҳал бўлиб қолганини унутибман. Боягина кўк бетини қоплаб турган сон-саноқсиз юлдузлар энди йўқ эди. Ҳамма ёқни қуюқ туман ўраб олган, икки қадам наридаги нарсани ҳам кўриб бўлмайди. Қорбобонинг фақат кўзларигина милтиллаб турибди.

Ўқишнинг иложи бўлмади. Дафтарни маҳкам ушлага-нимча уйга қайтдим. Ойим, болалар меҳмонхонада телевизор кўриб ўтиришган экан, сездирмай хонамга ўтдиму, эшикни ичидан қулфлаб, ғижимланган дафтарни ўқишга тушдим.

«Саккизинчи сентябр.

Мактабдан келсам, ойим айвонда йиғлаб ўтирибдилар. Бошларида пушти рўмоллари. Шу рўмолни жудаям яхши кўрадилар. Яхши кўрадилару, ёлғиз қолганларида ўрайдилар.

Мени кўриб дарров ўринларидан турдилар, апил-тапил ёшларини артиб жилмайдилар, кейин қўлимдан портфелимни олдилар.
— Кечга қолдинг? Қачондан бери чой қўйиб, пойлаб ўтирибман.
— Мунира билан гаплашиб қолдик, — дедим жўрттага. Бўлмаса ўзим ўқиш тугаши билан уйга чопганман.
— Уканг ухлаб ётибди, тақир-туқур қилма тағин!
— Хўп, — дедиму, уйга кирдим.

Бечора ойим. Чой қўйдим девдилар, қўймаган эканлар, электр чойнак стол устида турибди. Ўзим қўйиб юбордим.
— Вой, қайнамабдими?! — дедилар ечинаётганимда кириб, кейин нимагадир қип-қизариб кетдилар.
— Ҳозир қайнаб қолади. Қорним ҳам унча оч эмас, — дедим.

Нега ойим хафалар-а? Дадамлар кеча қаттиқ хафа қилганга ўхшайдилар. Рост-да, одам ҳам шунақа қўпол бўладими?! Илгари бунақа эмас эдилар. Ойим касал бўлиб, икки ой касалхонада ётиб чиқдилару, дадамлар ўзгардилар-қўйдилар. Кеча бўлса оғизларидан боди кириб, шоди чиқди, ёзишга уяламан.

Eшикдан киришлари билан:
— Мен бу уйда кимман? Хўжайинманми ё хизматкорманми? — дедилар ойимларга ўдағайлаб.
— Нима бўлди? Нега бундай деяпсиз? — сўрадилар ойим.
— «Нега бундай деяпсиз?..» Шу ҳам гап бўлдими? — дадамлар худди Аҳадга ўхшаб лабларини чўччайтирдилар, деразадан кўриб турибман. — Хотин деган эр келганда бундай кутиб олмайди. Мен келганда жўрттага ўзингни ўчоқбошига олиб қочасан.
— Овқатингиздан хабар олай девдим.
— Овқатмиш... Аҳад қани? Аҳадий! Аҳадичка!

Дадамлар ойимларни итариб ташлаб, уйга кирдилар. Мени кўриб, тўхтаб қолдилар.
— Салом, — дедим секин.
— Ҳа, шу ердамидинг? — Ниманидир ўйлаб жим қолдилар. Кейин ўқрайиб тикилдилар.
— Ойингга ўхшайсан. Нари тур. Аҳад! Аҳадидзе! Қаёқдасиз, ўғлим?

Аҳад келавермагач, диванга ёнбошладилар.
— Овқатингизини еб олинг, — ойим кириб столга бир коса лағмон қўйдилар.

Дадам индамадилар. Ойимлар, сен гапир, дегандай, мени туртиб қўйдилар.
— Дада, ошингиз совиб қолди, — дедим мен.
— Емайман, ойинг тайёрлаган овқатни емайман.

Shunday deb koʻrsatkich barmoqlarini peshonalariga bir-ikki marta urib qoʻydilar. Oyimlarning tishlari gʻijirlab ketdi. Xoʻrsindilar, keyin sekin kosani koʻtarib chiqib ketdilar. Men ham orqalaridan chiqdim. Koʻzlarida yosh yiltirardi.

— Қўйинг, ойи, йиғламанг, — дедим енгларидан тортиб.

Индамадилар.
— Бор, дарсингни қил, — дедилар анчадан кейин ва идиш-товоқларни юва бошладилар.
— Йиғламайсизми?
— Йўқ, йиғламайман. Бор, хонангга кир.

Шу пайт дадам чақириб қолдилар. Ойим косаларни шундай тоғорага ташладилару, ичкарига отилдилар. Эшик очиқ колди.
— Менга қара, сенда гапим бор...

Бу — дадамларнинг овозлари эди. Бироқ шундан кейин ҳеч нарса демадилар. Ойимларнинг ҳам овозлари эшитилмади. Қўлларини кўкракларига қўйиб стол ёнида турган бўлсалар керак. Дадамларнинг жаҳллари чиқса, доим шунақа турадилар. Гапиролмай қоладилар. Тавба, мунча қўрқадилар-а? Нима, ахир, одам эмасмилар? Мана, икки ой бўлибдики, юриш-туришлари ғалати. Биров эшикни қаттиқроқ тақиллатса ҳам чўчиб тушадилар. Дадамлар билан иложи борича гаплашмасликка ҳаракат қиладилар. Ораларидан нима гап ўтган, билмайман. Лекин гаплашсалар ҳам худди Аҳадга ўхшаб гаплашадилар, лаблари титрайди, кўзлари олазарак бўлиб туради. Илгари бунақа эмас эдилар. Доим кулиб турардилар. Дадам билан икковлари мени етаклашиб киноларга, театрларга боришганда ҳамманинг ҳаваси келарди. Қанчадан бери кинога бирга бормаймиз. Нуқул уйдалар. Кечқурун бўлса, дадам келганларидан кейин икковлари худди мушук-сичқонга ўхшаб қолишади. Шумшайиб ўтиришгани-ўтиришган.

Мана, ҳозир дадамлар бир нарса демоқчилару, лекин айтолмаяптилар. Бу фақат бугун эмас, бир неча кундан бери, тўғрироғи, ойим касалхонадан чиққанларидан бери шундай бўляпти. Нима демоқчи эканлар? Наҳотки айтиш шунчалик қийин бўлса? Заводда ишлари чатоқми? Ундай деса, яқинда яхши ишлаганлари учун мукофот олдилар-ку!
— Менга қара... — дедилар хўрсиниб. — Мен... мен... ўрнимни солиб бер.

Ойим елкаларини қисиб, ичкари уйга кириб кетдилар. Бечора ойим! Худди ёш болага ўхшаб қолдилар. Раён доктори келганда, сиз кўп койинманг, оғир бўлинг. Қанча қувноқ бўлсангиз, шунча тез тузалиб кетасиз, деган эди. Қувноқ бўлиш қаёқда, кўзларидан нуқул ёш томиб туради. Бугун ҳам шундай. Чой ичиб бўлганимиздан кейин, анча ўзларига келдилар. Уй вазифаларимни сўрадилар. Уқиш дарсида ўрганган «Она» шеърини ўқиб бердим. Жилмайиб қўйдилар. Жилмайсалар бирам чиройли бўлиб кетадилар. Лип этиб бориб юзларидаги чуқурчаларидан ўпиб олдим.
— Ойи, нега доим хафасиз? — дедим тиззаларига ўтириб. — Касал бўлганизгами?
— Ҳа, касални ким яхши кўради?
— Дадамлар-чи? Нега улар ҳам хафалар?
— Даданг ҳам касал бўлганимга хафа-да. Айтяпман-ку, касални ким яхши кўради.
— Нега бўлмаса сизга жаҳл қиладилар?
— Хафа бўлганидан жаҳл қилади-да. Бунга сен эътибор берма. Катталарнинг ишига аралашиш яхши эмас. Хўпми?

Мен индамадим. Фақат:
— Ойи, биласизми, — дедим, — мен сизни касал бўлсангиз ҳам яхши кўраман, жудаям яхши кўраман.
— Менам!

Бу Аҳад эди. Уйғониб, эшикнинг тагида кўзларини ишқалаб турарди. Ойим унинг овозини эшитиб, кулиб юбордилар. Кейин иккаламизни маҳкам қучоқладилар...»

Мен ҳаяжондан ўрнимдан туролмай қолдим. Ўн уч-ўн тўрт ёшдаги қизнинг сўзлари мени буткул сеҳрлаб қўйган эди. Ўзимни ўзга бир дунёда ҳис қила бошладим. Кўз олдимда онасининг қайғу-ҳасратига шерик бўлган нимжон қизча, сочига бевақт оқ оралаган сўлғин бир аёл пайдо бўлди. Кимлар улар? Каерда яшайди? Тошбағир ота ким? Буларнинг ҳаммаси ҳали менга сир. Лекин, шубҳа йўқки, улар қандайдир катта бир кулфатни ўз бошларидан кечирмоқдалар. Шу кулфатдан уларнинг қандай қутулишларини ўзимча мулоҳаза қилиб, кўнгилни тинчитадиган бир хулосага келдим-да, дафтарни яна варақлай бошладим. Лекин саҳифадан саҳифага ўтар эканман, вужудимни титроқ боса бошлади.

«Ўттизинчи сентябр.

Дадамдан уч кундан бери дарак йўқ. Ойимлар бизни ухлатадилару, ўзлари мижжа қоқмай чиқадилар. Дадам қаёқда қолишлари мумкин-а? Сафарга кетганмикинлар? Кетган бўлсалар, нега бизга айтмадилар? Аҳад йиғлагани-йиғлаган. Ярим кечада туриб олиб «дада, дада», дейди. Ойим иккаламиз уни овутгунча ўлиб бўлдик. Бирам дадасини яхши кўрадики... Мен ҳам яхши кўраман, лекин улар мени яхши кўрмайдилар. Нуқул, сен ойингнинг қизисан, деяве-радилар. Анави куни Аҳадга туфли олиб келиб бердилар. Аҳад қўлларидан олиши билан:
— Менга-чи? — деб юборибман.

Бир ўқрайиб бердилар. Индамай ичкари уйга кириб кетдим.
— Кўзи ёмон қизингни, — дедилар кетишим билан ойимларга.
— Менинг қизим бўлса, сизнинг ҳам қизингиз, — ойим жаҳл билан гапирдилар. Уларнинг дадамлар билан биринчи марта шундай гаплашишлари эди. — Кўчадан олиб келганим йўқ. Қанча уришсангиз мени уришинг, болада нима гуноҳ? Қовоғингиздан қор ёғилиб келганда, кўзларини жавдиратиб пинжимга киришими? Билмадим, шу бола бўлмаса, ҳолим нима кечарди.

Мен, ҳозир дадам ойимларни урадилар, деб қўрқиб турувдим, йўқ урмадилар. Қўрққан бўлсалар керакда. Ойимлар жуда қаттиқ гапирдилар. Мана, уч кундан бери дадам йўқлар. Шу уч куннинг ичида ойим чўп бўлиб қолдилар».

«Иккинчи октябр.

Кеча ойим заводга бориб келдилар. У ерда ҳам йўқмишлар. Ишхонасидагилар, касал бўлиб қолган бўлса керак, деб ўйлашган экан. Уйда йўқликларини билиб, ҳайрон бўлиб қолишибди.

Ойим билан анчагача бир-биримизга қараб ўтирдик. Ов-қат қилиш ҳам эсимиздан чиқиб кетибди. Чой қўйиб юбордим. Тўртта тухумни самовар ичига солиб қўйдим. Доктор ойимларга яхши овқатланишни буюрган. Мен зўрламасам, ўзларига қарамайдилар.

Уйга берилган масалани ечолмадим. Вақт бўлмади. Аҳад билан қолсам, ҳеч нарса қилолмайман. Эртага Руқия опамларга нима дейман?» «Учинчи октябр.

Мендан сўрамадилар. Олдимга келиб, негадир пешонамдан ўпиб қўйдилар. Уйга келсам, ойим йўқлар. Ҳовлининг ўртасида Аҳад йиғлаб ўтирибди. Овутиб, уйга олиб кирдим. Диванда бир хат ётибди. Ойим қаёққа кетдийкинлар? Хатни ўқий бошладим. Бу — дадамдан эди.

«Мени қидирманглар. Қайтиб бормайман. Мавжуда, мени тушун. Оғир касалликка умрбод мубтало бўлган киши билан ҳаёт қуриш учун сенга уйланганим йўқ. Болалар бўлса, болаларга муносабатимни ўзинг биласан, ўрнашиб олганимдан кейин Аҳадни олиб кетишим мумкин».

Йиғлаб юбордим. Мени кўриб, Аҳад ҳам йиғлади. Иккаламиз баравар йиғладик. Кейин нима бўлганини билмайман. Бир маҳал қарасам каравотда ётибман. Тепамда Руқия опам билан қўшнимиз Хайри опалар ўтиришибди. Аҳад хуррак отиб ухлаб ётибди.
— Ойимлар қанилар? — деб сўрадим.
— Шу ерда, ҳозир келади, — жавоб бердилар Хайри опам Руқия опамларга қараб туриб. — Поликлиникага кетган.
— Бу ёққа чиқайлик, сен ҳам ўрнингдан тур, — дедилар шунда Руқия опамлар.

Ҳаммамиз айвонга чиқдик. Руқия опамлар мени имладилар.
— Ўтир, гап бор.

Юрагим увушиб қолди. Нима гап экан? Ишқилиб, ойим тузук бўлсинлар-да!
— Хавотир олма. Ойинг тузук, — дедилар Руқия опам, кейин ўйланиб қолдилар. — Менга қара, — дедилар анчадан сўнг. — Сен катта қизсан. Ҳаммага нарсага ақлинг етади. Гапларимни яхшилаб тушуниб ол. Ойинг... Ойинг касалхонада... Бир ойча ётса керак. Уй бошлиғи энди ўзингсан. Оғир бўл. Мен келиб тураман, мана Хайри опанг ҳам шу ердалар, хабар олиб турадилар. Йиғламайсанми?

Мен «йўқ» дедиму, уйдан чопиб чиқиб кетдим. Ҳужрага бекиниб олиб роса йиғладим. Руқия опамлар ҳам, Хайри опамлар ҳам мени қидиришмади. Анчадан кейин уйга кирсам, икковлари Аҳад билан ўйнаб ўтиришибди. Руқия опам мени кўриб жилмайдилар. Мен ҳам...»

Кундалик шу ерда тугаган эди. Дафтарнинг сўнгги бетларига ҳеч нарса ёзилмаган. Фақат охирида қалам билан илова қилинган кичкина жумла бор эди, холос.

«Саккизинчи январ.

Ойим анча тузуклар. Руқия опамлар бугун ҳам бизни олдиларига олиб бордилар. Бизларни кўриб, ойимнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Яқинда чиқаман, дедилар. Анча гаплашиб ўтирдик. Дадамларни сўрамадим. Нима қиламан сўраб? Ўзлари қийналиб ётибдилар-ку. Аҳад лунжини тўлдириб «дада» демоқчи бўлиб турувди, чимчилаб олдим. Лекин унга қийин бўлди. Нуқул йиғлайди. Дадам бўлганларида йиғламасди. Қаерда эканлар-а, ҳозир?»

Кундаликни ёпиб қўйиб анча ўйланиб қолдим. Миямда минг хил фикр. Саҳифалардаги қайғули сатрлар вужудимни ҳаяжонга солди. Дарчани қия очиб, чека бошладим. Ташқарида ёмғир шиваламоқда. Чироқ нурида бир-икки қор учқунлари худди кўзмунчоқдай ялтираб кўринди. Бу учқунлар арча ёнида боя мен кўрган қизча ва унинг укасини эслатиб юборди. Ҳа, ўша қиз шу кундалик муаллифи Холида эди. Бунга ҳеч шубҳа йўқ. Нима қилиш керак? Уларга қандай қилиб ёрдам берса бўлади. Бемеҳр отани топиш керакми, йўқми?

Eрталаб ҳам шу хаёллардан бўшай олмадим. Нари-бери нонушта қилиб, тўғри раён маориф бўлимига бордим-да, Руқия опанинг қайси мактабда ишлашини суриштирдим. У ўзимизнинг раёндаги қирқинчи мактабда ишлар экан. Ўша ёққа югурдим. Руқия опа ўрта ёшлардаги хуштабиат аёл экан. Дафтарни узатдим.
— Кечирасиз, — дедим унинг ўзгариб кетганини кўриб. — Ўқиб чиқдим. Ўқувчингиз жуда жиддий қиз экан.
— Ҳа, Холида тез катта бўлди, — деди Руқия опа жиддий оҳангда. — Отаси...
— Ҳозир қаерда у одам?
— Ҳеч ким билмайди, — Руқия опа бир оз жим қолди. Кейин қўлини бир силтади-да, гапида давом этди. — Тўғрисини айтсам, ҳеч ким билишни истамайди ҳам. Бундай одамнинг бўлганидан бўлмагани маъқул. Шундай эмасми?

Мен бош силкиб қўйдим.
— Хотинининг касаллиги учун кетиб қолиши, ўзининг тинчлиги деб болаларидан, оиласидан юз ўгириши — ўтакетган тубанлик.
— Мавжудахон ҳозир тузукмилар?
— Ҳа, кеча бориб келдик. Яқинда чиқиб қолади.

* * *

Орадан бир ҳафтача ўтган бўлса керак, шанба куни эди. Ишдан қайтаётиб, тўқимачилар хиёбонида аёл кишининг:
— Аҳаджон! — деган овозини эшитиб қолдим.

Ялт этиб фонтан томонга қарадим. Икки киши Қорбобони олиб ташлашаётган экан. Катта-кичик болалар қий-чув қилиб туришибди. Олдинги қаторда ўша мен кўрган Аҳад ҳам бор эди. У икки кўзини қийшайиб турган Қорбободан узмасди. Бир маҳал кимдир келиб қўлидан тортди. Бу Холида эди. Опа-ука етаклашиб болалар орасидан чиқишди-да, катта сада тагидаги скамейкада ўтирган иккита аёл олдига боришди. Уларнинг биттаси Руқия опа, иккинчиси эса, Мавжудахон эди. Уни пушти рўмолидан танидим. Юрагимни тасвирлаб бўлмадиган қувонч туйғуси қоплаб олди. Битта-битта қадам ташлаб борар эканман, ранги сўлғин, лекин лабларида, юзида табассум порлаб турган аёлдан — Мавжудахондан кўзимни узолмасдим.

1961