OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиКуз ҳавоси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм32KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/09
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Куз ҳавоси (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

Саври хола хиёбондан битта-битта юриб борарди, шошмасди. Шошиб нима қилади? Уйда болалари йиғлаяптими ё биронта иши чала қоляптими? Ҳамма иши жойида, болалар йўқ. Болаларни Худо унга кўп кўрган. Нима қилади шошиб? Иннайкейин, ҳали кун эрта. Офтоб энди икки терак бўйи кўтарилди. Эрталабки муздек шабада ҳали илигани йўқ, лекин тафти босилган, этни жунжитмайди. Шудринг тушган япроқларнинг учларида мунчоқдек-мунчоқдек кумуш исирғалар пайдо бўлибди. Офтоб кўп қизиқ нарса-да. У бўлмаганда шу исирғалар бўлармиди?! Қушлар ҳам гала-гала бўлиб офтобда дарахтларга ёпишиб олибди. Илгари йўлнинг устида кам кўринарди, чуғур-чуғурлар хиёбоннинг пастки томонларидан эшитиларди. Мана энди бу ёқда, очикда. Одамлар ҳам шундай. Дарахт соясидан қочиб юришибди. Хиёбонда одам кам. Ҳамма ишда. Борлари бозор-ўчар қилиб юрганлар, ё бўлмаса унга ўхшаб ишдан қайтаётганлар. Лекин у ўзининг ишлаганлигини сезмасди. Ишлаган одам чарчайди, мадори қурийди. Унинг сира мадори қуримайди. Тағин кампир нарса. Уч кам етмишга кирди. Ҳа, бу йил товуқ йили бўлса шу ёшга кирган бўлади. Наҳотки, иш шунақа бўлса?! Ё Сотиболди тушмагур уни шунақа ишга қўйиб қўйдими? Эрталаб келади, супуради-сидиради. Баъзан хоналарнинг полини ювади. Деразаларни артади. Хизматчилар келганда ҳамма ёқ чиннидек тоза, саришта. Бўлди, шу билан иш тамом. Мана, икки ой бўпти ишлаётганига, аҳвол доим шунақа. Лекин суриштиргани уялади. Суриштириши унга норози бўлаётгандай туюлади. Шунинг учун ишхонасининг аниқ номини ҳам билмайди. Ҳамма хоналар баланд-баланд қийшиқ столлар билан тўлиб кетган. Хизматчилар типпа-тик туриб шу столлардаги катта-катта қоғозларга нималарнидир чизишади, нималигини у билмайди. Сотиболдининг хонаси алоҳида, эшигининг тагида доим битта жувон ўтиради. Лекин жувонни у кам кўради. Эрталаб келганида ишни аввал шу хонадан бошлайди-да. У пайтда ҳеч ким бўлмайди. Сотиболди ҳам бўлмайди. Бу ерни супуриб-сидириб, бошқа ёққа ўтганидагина келади. Бирин-чи куни Сотиболди анчагача тепасида қараб турди. Кейин:
— Ҳорманг. Чарчамадингизми? — деб сўради. Саври хола кулди.
— Нега чарчарканман, болам! Шу ҳам иш бўптими?
— Билганга иш бўлмасаям, билмаганга иш, — деди шунда Сотиболди. — Сиздан олдин нечтаси келиб кетди.

Саври хола индамади. Лекин бу гапдан кейин бирон нарса қилгиси келди, ҳозиргина артган жойларига янгитдан латта уриб чиқди. Иш тамом бўлгач, Сотиболдининг ўзи эшиккача кузатиб қўйди.
— Адашмайсизми? — деб сўради хайрлаша туриб, — Нега адашарканман, болам? Хиёбондан ўтсам бўлди. Катта кўча билан тўғри уйимга бораман, — деди кампир ва кўчани кесиб ўтиб, хиёбонга кирди.

Хиёбон ёзда яхши эди, гавжум бўларди. Қаёққа қарама одам, бўш жой йўқ ўтиришга. Эрталаб ҳам шунақа, кундузи ҳам, кечқурун ҳам. Энди бунақа эмас. Ҳамма ёқ ҳувиллаб ётибди. Скамейкалар бўм-бўш. Тағин қанақанги скамейкалар!.. Ўтирсанг, ўтирганинг билинмайди, ётгандайсан. Бўёқлари ҳам турли-турли: оқ, сариқ, қизил, кўк... Бамисоли Ҳазрат Алининг ёйлари дейсан. Кампир шу скамейкаларда бирпас-бирпас ўтган-кетганга қараб ўтирарди. Кейин хиёбонни айланарди. Нима йўқ унда. Дунёда бор дарахтлар, гуллар таг-туги билан кўчирилгану шу ёққа олиб келинган.

Айниқса, қўғирчоқ уйдек кичкина, жимжимадор уйнинг атрофи чиройлик. Гўё шу уйга келин тушадигану ерга палакдан пояндоз ясаб қўйишган. Кампир шу томонда кўпроқ юради, кейин катта кўчага чиқиб, пиёда уйига кетади. У пиёда юришни яхши кўради, иннайкейин кўникиб ҳам қолган. Шу ёшга кириб, ҳали бирон марта машина ёки трамвайга тушган эмас. Раҳматли эри Усмон ака агар бирон жойга бирга боришадиган бўлса роса хуноб бўларди. Жонингга жабр қилиб нима қиласан, деб сўкарди. Бу ҳам кор қилмагач, ҳукуматда қасдинг борми, нега у чиқариб қўйган трамвайга чиқмайсан, деб қўрқитарди. Лекин фойда бермасди. Саври хола унинг гапларига парво қилмай, сабабини билмаса ҳам, пиёда кетаверарди. Мана, жонига жабр қилмай эллик ёшида Усмон ака оламдан ўтиб кетди. Касал бўлгани йўқ. Майиб бўлгани йўқ. Кечқурун шавла еб ўтириб — раҳматли шавлани яхши кўрарди, — мудроқ босяпти, бирпас мизғиб олай, деб шундай танчанинг ёнига ёнбошлади. Шу ётганича турмай қўя қолди. Раҳматли паст бўйли — Саври холанинг елкасидан келарди — жиккаккина, мўмин-қобил одам эди. Шунчалик мўмин эдики, кўпинча уйда бор-йўқлиги ҳам билинмасди. Бечоранинг ўлими ҳам ўзига ўхшаб билинмай ўтиб кетди. Саври хола кўп қайғурмади. Юракда изи қолмаганидан кейин қийин экан. У ҳатто эрининг юз-кўзи қандай бўлганини ҳам эслолмайди. Лекин ҳар ҳайитда мозорбошига бориб, қабрини зиёрат қилиб келади. Уйидан Минор анчагина олис, айланма бўлса ҳам, пиёда боради. Пиёда юришга нима етсин?! Кўрмаганингни кўрасан, билмаганингни биласан. Сотиболди ишга киритиб қўйиб, кўчага чиқадиган бўлди-ю, дарди енгиллашди. Урушда бедарак кетганлар кўп экан, битта унинг ўғли эмас экан. Аза очиб бекор қилибди. Буни Сотиболди ҳам айтди. Қўйинг, боши омон бўлиб кириб келиб қолса, нима деган одам бўласиз, деди. Қулоқ солмади. Тилаб олган ўғлининг дарди бошқача бўлар экан. Омон бўлса келади, умри тугаган бўлса жанозасиз ётмасин, деди. Лекин ўшанда тўғри қилибдими, ё нотўғри қилдими, ҳали ҳам билолмайди. Кўчага чиқиб, биттаси йигирма бир йил деганда келганини эшитди. Бердиалининг кетганига қанча бўпти? Энди ўн етти йил! Ажаб эмас келиб қолса. Кўпинча кечқурунлари бир капгир ош қилиб, чимчилаб еб ўтирганда хаёл қурғур минг ёққа олиб кетади-ю, Бердиали иккита қовунни қўлтиқлаб кириб келаётгандай бўлади. Нега албатта қовун қўлтиқлаб келади — Саври хола билмайди. Лекин бир нарса доим эсида. Бердиали қаёқдан келмасин, ўқишиданми, бошқа ёқданми, барибир, ишқилиб бир нарса кўтариб келарди. Жўнашидан бир кун олдин ҳам шундай қилган эди. Хаёли урушда-ю, бир сумка шафтоли олиб келибди. Шунинг учунми, хаёлидан Бердиали ўтса, қўлида қовун билан ўтади. Қовун миясига ўрнашиб қолган. Ўтади-ю, кулиб турган қиёфаси бир неча кун кўз олдидан кетмай қолади. У чиройли куларди. Болалигидан шундай. Кулганда чап юзида кулгич пайдо бўларди. Ҳамма шу кулгичга ишқибоз эди. Бирпас кўчага чиқдими, чап юзи қизариб қайтиб келарди. Қўни-қўшнилар ўпаверишарди. Саври холанинг ўзи ҳам уни ҳолжонига қўймасди. Бўлар-бўлмасга кулдириб, ўпаверарди. Жўнаётган куни ҳам вок-залда Саври хола уни шу кулгичидан ўпган эди.

Бу сўнгги ўпич унинг хотирасидан сира чиқмайди. Уни эслаганда, беихтиёр кўзлари ёшланади. Бунинг устига ёлғизлиги қўшилиб, бир дарди ўн бўлади.

Яхшиям Сотиболди бор экан. Аза тутгандан бери тинч қўймай, охири, ишхонасига киритиб қўйди. Биринчи куни ўзи машинада олиб кетди. Хиёбонни ўшанда кўрди. Кўрди-ю, пиёда юргиси, шу хиёбондан ўтгиси, умрида кўрмаган танаси бир қулоч-бир қулоч келадиган дарахтларни, ҳуснини кўз-кўз қилиб турган хилма-хил гулларни томоша қилгиси келиб қолди. Қайтишда шундай қилди, хиёбонга йўл солди. Мана, икки ойдан бери шу йўлдан юради. Боришдаям, келишдаям. Бунга пиёда юришни яхши кўришидан ташқари, бошқа сабаб ҳам бор. У шу йўлдан юриб Собиржон билан танишиб қолди. Собиржон катта кўчада ямоқчилик қилади. Дўкони бор. Ноп-нозандай йигитсан, нега ямоқчилик қиласан, бўй-бастингга яраша иш қилсанг бўлмайдими, деб кўпинча сўрамоқчи бўлади Саври хола, лекин сўрай олмайди, уялади. Иннайкейин, унинг нима иши бор? Ҳар кимнинг ўз ихтиёри, кўнгли тусаган ишни қилаверади. Сирасини айтганда, Собиржон қўли гул йигит. Косиблик гўё унинг учун яратилган дейсиз. Қорайиб тарам-тарам бўлиб кетган бақувват қўлларида бигиз, игна ўйнаб туради. Унинг хушмуомалалигини айтмайсизми?! Ҳар кўрганида қўлини кўксига қўйиб салом беради, ҳол-аҳвол сўрайди.
— Ассалому алайкум, холажон, — дейди. — Йўл бўлсин?
— Уйга болам, уйга, — дейди Саври хола қадамини секинлатиб, кейин мағрурлик билан қўшиб қўяди. — Ишдан келяпман.
— Чарчагандирсиз бўлмаса, — дейди Собиржон ишини қўйиб. — Бирпас ўтириб чой ичиб кетинг. Селон чой. Янги дамлаганман.

Саври хола уйдан кўнгли тўқ бўлса, рози бўлади. Уйдан эса кўпинча кўнгли тўқ. Овқатга анча бор. Ҳовли шипший-дам. Ўтиради. Собиржон кичкина курсича қўйиб беради. Ана шунда, ишда озгина чарчагани билинади. Лекин бир-икки пиёла аччиқ тсейлон чойидан ичиб, танаси яйрайди. Буни бутун баданига иссиқ тарқаб, пешонасидаги уч-тўртта калин чизиқларнинг остида, қирра бурни учида тер томчилари пайдо бўлганидан билади-да, тургиси келмай қолади. Шунақа пайтлари баъзан оқшомгача шу ерда қолиб кетади. Собиржоннинг ишига маҳлиё бўлиб, гапларига қулоқ солиб ўтираверади. Собиржонда гап кўп, тағин бирам маънили. Дунёда нима гап, подшолар нима қилишяпти, нима дейиш-япти. Америка яна қанақа найранг қилмоқчи — ҳаммасидан хабардор. Ҳаммасини эринмасдан гапириб беради. Жуда гап тополмай қолса, қўлидаги ямаётган нарсасидан маъно чиқариб гапиради.
— Манави ботинкага қаранг, — дейди. — кўряпсизми, таги туянинг кўзидай тешилиб кетибди. Пошнаси ҳам қолмаган. Эгаси қанақа одам, биласизми?

Саври хола бошини сарак-сарак қилиб, йўқ, дейди. Собиржон гапида давом этади:
— Бу одам ўлгудек меҳнаткаш. Иш бўлса бўлди унга. Елиб-югураверади, ўзини ўйламайди. Оёғига тош-пош ботганда қараб қўяди. Усти бутун. Яна парво қилмай кетаверади. Ечиб, тагини қарашга вақти йўқ.

Собиржон унга тагдўзи қоқиб, ён-верини яхшилаб текислайди-да, бошқа бир туфлини қўлига олади.
— Бунга нима дейсиз? — сўрайди кампирдан, кўзларини айёрона сузиб.

Саври хола туфлининг ямоқ-ямоқ бўлиб кетганини кўриб:
— Бечора, жуда камбағал бўлса керак, — дейди.

Собиржон жилмаяди. Анчагача жавоб бермай туфлига қараб туради-да:
— Йўқ, хола, топмадингиз, — дейди. — Бунга қаранг. Бутун жойи қолмабди, ҳаммаси ямоқ бўлиб кетибди. Шундоқ бўлсаям яна яматгани олиб келибди. Энди, тозалигига қаранг. Гард юқмаган-а! Ким шунақа кияди? Ўлгудек зиқна, хасис одам шунақа кияди. Ўзиниям ўн йил кийган бўлса керак. Камбағал шунақа киядими?! Уники ёзгаям, қишгаям, лойгаям, сувгаям битта. Худо пошшо, деб кияверади. Соб бўлгунча кияди. Яматмайди. Яматгани орса ёқ яланг Қолади. Шунинг учун кияверади. Соб бўлганда, ташлаб, янгисини олади. Тўғри эмасми?

Саври хола тўғри, дегандай бош қимирлатади. «Шунча ақлинг билан битта катта идорани тебратишинг мумкин, бу ерданима қилиб ўтирибсан», демоқчи ҳам бўлади-ю, демайди. Ўғлини эслаб кетади. «Шундоқ ўтирса ҳам катта давлат эди», дейди ичида ва томоғига нимадир келиб тиқилади. Яна бирпас ўтирса кўзи ёшга тўлишини билиб:
— Умринг узоқ бўлсин, болам, — деб фотиҳа ўқийди-да, ўрнидан туради. — Қўлинг дард кўрмасин!
— Раҳмат, хола, — дейди Собиржон. — Яхши боринг.

Savri xola yoʻl-yoʻlakay oʻzini tutib oladi. Juda xayolga berilib ketsa, uyga kelib, darrov ovqatga unnaydi. Ba’zan bu ham foyda bermaydi, yosh quyilib kelaveradi. Shunda quruq choyni qult-qult yutib, tong otishini kutadi. Xoʻroz qichqirganda koʻngli ancha joyiga tushadi. Ishxonada, keyin Sobirjonning oldida ovunishini biladi. Lekin uch kundan beri doʻkon berk. Sobirjon yoʻq. Birinchi kuni uncha parvo qilmadi. Shunday boʻlsa ham doʻkon berkligini koʻrib yuragi uvushib ketdi. Birpas, kelib qolar, degan xayol bilan kutdi. Yoʻq, kelmadi. Ikkinchi kuni ham shunday boʻldi. Sobirjonga juda oʻrganib qolgan ekan. Zarur narsasini yoʻqotib qoʻygan odamdek karaxt boʻlib uyiga qaytdi. Ovqat tatimadi. Kechasi bilan ham uxlolmay chiqdi. Nima boʻldiy-kin? U yoq-bu yoqqa ketib qoldimikin? Unday boʻlsa aytardi. Innaykeyin, qayoqqa boradi? Hech kimi yoʻq. Nima boʻldiykin?

Саври хола битта-битта юриб борарди, шошмасди. Шошиб нима қилади? Уйда болалари кутяптими ё биронта иши чала қолганми? Ҳамма иши жойида. Иннайкейин, ҳали кун эрта. Офтоб энди тиккага келибди. Универмагга ҳам кириб чиқса бўлади. Бугун ойлик олди. Арзимаган ишгаям анча пул беришаркан. Илгари пенсиянинг тийини ҳам ҳисоблик эди. Энди бунақа эмас. Универмагга кириб чиқса бўлади. Битта маҳси олиш керак. Қиш ҳам келиб қолди.

Саври хола шу хаёллар билан ўзини чалғитишга уринди. Лекин, барибир, фикр-зикри Собиржонда эди. Охири чарчади шекилли, ўзига ихтиёр бериб юборди. Қадамлари бирдан тезлашди. Универмаг қолиб кетди. Катта кўчага чиқиб, театрга етганда эса қадамлари баттар тезлашди. У энди бутун вужуди билан олдинга интиларди. Кўзлари йўлда эди, лекин ҳеч нарсани кўрмасди. Лаблари нималарнидир шивирлар, лекин нималигини ўзи билмасди.

Йўловчилар ҳам ҳайрон эди. Қора духоба нимчасининг тугмачаларини ечиб, қўлларини қаттиқ-қаттиқ силтаганича, йўлканинг ўртасидан ҳеч кимга парво қилмай кетаётган бу кумуш соч кампирни кўриб, баъзилар тўхтаб орқасидан қараб қолишарди. Олдиндагилар эса худди аскар этигининг темир нағалидек асфалтга тапиллаб тушаётган овозни эшитиб орқаларига ўгирилишар ва кекса аёлнинг зарб билан келаётганини кўриб, шошганларича йўл беришарди.

Кўп ўтмай олисдан Собиржоннинг дўкони кўринди. Саври хола тўхтади. У ҳансирарди. Нимчасини ечиб қўлига олди. Шу билан дам олган бўлди-да, яна жадал юриб кетди. Шунча ҳаракат қилса ҳам дўконнинг очиқ-ёпиқлигини билолмади, қадамини яна тезлаштирди. Бир чақиримча юриб, дўконга етди. У очиқ эди. Кампир овозининг борича:
— Собиржон! — деб юборди. Деразадан кимдир мўралади.
— Лаббай, хола?!

Саври хола уни кўрди-ю бўшашиб кетди. Бу — Собиржон эмас эди:
— Собиржон қани? — сўради у бор кучини йиғиб. Лекин овози чиқмади.
— Лаббай? — дўкон эшиги очилди, ичкарида шоп мўйлов бир киши ўтирарди.
— Келинг, кампир, — деди у ва курсига ишора қилди. — Ўтиринг.

Саври хола худди шуни кутиб тургандай шилқ этиб курсига ўтирди. Унинг бутун мадори қуриган, рангида ранг қолмаган эди.
— Собиржон қани? — сўради у бир оз ўзини босиб олгач.
— Собиржонми? — деди шоп мўйлов киши. У кампирга парво қилмасдан, қўлидаги этикка нағал қоқиш билан банд эди. — Собиржоннинг тоби йўқ. Ётибди.
— Нима қилди? — шошиб сўради Саври хола. — Қаерда?
— Уйда, — этиқтсан кўзини узмай жавоб берди шоп мўйлов киши. — Уйида ётибди. Нима қилганини билмайман. Ўрнига бориб тур, дейишди, келдим.

Саври хола секин турди. Бутун бадани қақшарди. Оёқлари зўрға қимирларди.
— Ҳа, кампир, ўтирибсиз-да, — деди ямоқчи. — Собиржонда нима ишингиз бор эди? Мен қилиб берай?!

Саври хола индамади. Битта-битта қадам босиб уйи томон юриб кетди. У шошмасди. Қўлида нимчаси судралиб борарди. Нима қилади шошиб? Уйида нима, болалари борми йиғлайдиган? Йўқ. Болаларни Худо унга кўп кўрган. Шошиб нима қилади? Кун ҳам ҳали кеч эмас. Энди қиём бўлибди. Ана, муздек шабада эса бошлади. Ҳаво совиди. Терлагани учунми, Саври хола буни дарров сезди. Нимчасини кийиб олди. Офтоб кўп яхши нарсада. Қурт-қумурсқаям, жонивор ҳам, одам ҳам офтобга интилади. Усиз нима бўларди?

Саври хола уйига келиб, айвонга чўккалади. Анча ўтирди. Кейин самоварга озгина сув солиб, ўт ёкди. Сейлон чой ичгиси келди. Собиржон бир пачкасини қўярда-қўймай бериб юборган эди. Таҳорат олиб, юз-қўлини ювгунча самовар қайнаб чиқди. Аччиқ қилиб дамлади. Шу тоб бир нарса эсига тушиб қолди. Нимчаси устидан апил-тапил камзул кийди-да, эшикка отилди. Тўғри дўконга келди. Дўкон берк эди. Кампир ўйланиб қолди. У нима қилишини билмасди. Кейин нимадир эсига тушиб, дўкон орқасидаги уч қаватли бинонинг ҳовлисига кирди. Ҳовлида йўл-йўл камзул-шим кийган, қўқон дўппили бир киши ғилдирак симини тўғрилаётган боланинг тепасида томоша қилиб турарди.
— Айланай, — деди Саври хола унга рўпара келиб. — Собиржоннинг уйини билмайсизми?
— Собиржон? — сўради қўқон дўппили киши. — Қайси Собиржон?
— Ямоқчи йигит.
— Танимайман, — деди у, гап тамом, дегандай яна болага қараб. — Ямоқчига ишим тушмаган.
— Мен биламан, — деди бола шу пайт ўрнидан туриб. — Бир марта халталарини кўтаришиб олиб борганман. Кўрсатиб қўяйми?
— Бўйингга қоқай! — Саври хола севиниб кетди.
— Майли, — деди бола бурнини шўлқ этиб тортиб. — Фақат машинада борамиз.
— Машинада? Қанақа машинада?
— Мана кўрмаяпсизми! — деди бола ғилдирак билан симини кўрсатиб. — Мен олдинда кетаман. Орқамдан сиз юрасиз. Қўрқманг, олдинга кетиб қолсам, қайтиб келаман. Майлими?
— Майли, болам, майли, — деди Саври хола.

Shunday qilib, u umrida ikkinchi marta mashinaga «tushdi». Lekin bu gal e’tiroz bildirmay tushdi. Bola gʻildiragini gʻildiratib hovlidan chiqdi.

— Бип, бип, кетдик! Юринг!

Собиржоннинг уйи олис эмас экан. Бирпасда етишди.
— Мана, — деди бола кичкина қизил эшикни кўрсатиб, — шу ерда турадилар. Кираверинг. Мен кетдим. Бип, бип!
— Бўйингга қоқай, ойинг роҳатингни кўрсин!

Саври хола ичкарига кирди. Торгина ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Тўрда эшик кўринди. Шу ёққа юрди. Юраги дукиллаб ура бошлади. Эшикка яқинлашиб, секин тақиллатди.
— Ким? Кираверинг!

Бу Собиржон эди. Кампир овозидан дарров таниди. Таниди-ю, энтикиб кетди. Эшикни очиб, ичкарига кирди.

Собиржон эшикка қараганича, каравотда ёнбошлаб ётарди.
— Ие! Хола! Келинг! — деди қаддини ростлаб, лекин турмади.
— Келдим, — деди Саври хола. У ўзини энди анча босиб олган эди. — Нима қилди, болам? Тузукмисан?
— Эски ярам қўзиди, — деди Собиржон.
— Қанақа яра?
— Оёғим...
— Оёғингга нима қилган, болам? — хавотирланиб сўради Саври хола каравотга яқинлашиб.
— Оёғимгами? — деди Собиржон ўйланиб. — Оёғим... оёғим йўқ.
— А?! — Саври хола қотиб қолди.

Собиржон ҳам жим эди. У нимадандир уялиб, кўзларини юмиб олган эди. Бир маҳал у жилмайди, кўзларини очиб, Саври холага қаради. Кампирнинг юз-кўзи ёш эди.
— Қўйинг, йиғламанг, фойдаси йўқ. Урушнинг оқибати бу. Йиғламанг. Яхшиси, ишингиздан гапиринг, Қалай, хурсандмисиз.

Саври хола жавоб бермади. У Собиржоннинг оёқ томонидаги юпқа кўрпани чангаллаганича қотиб қолган эди. Бирдан у қаттиқ ютинди, серажин юзи тортилиб, ёш боладек ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Болам, болажоним! Оти қурсин урушнинг, оти қурсин! — дерди йиғи аралаш.

Шу куни Саври хола алламаҳалгача Собиржонникида қолиб кетди. Кўчага чиққанида қош қорайиб қолган эди. Уйи томон борар экан, у шошиларди. Нега шошилмасин? Бутун ишлари чала. Собиржонга иссиқ овқат қилмаса бўладими? Ўзига ўхшаб у ҳам ошни яхши кўрар экан. Йўл-йўлакай Сотиболдиникига кириши керак ҳали. Кўрпа-ёстиғини, кампир нарса, олиб кела олармиди? Иннайкейин, куни бирам яхши! Эрталабки юзни ачитадиган муздек шабада йўқ.

Жоннинг роҳати, куз ҳавоси кўп қизиқ-да. Айнаб қолмасин тағин? Шошиш керак.

1962