OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиМўжиза (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм91KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мўжиза (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

Бокс бўйича жаҳон чемпиони Пўлат Рўзиев навбатдаги учрашувдан ҳаргалгидек қувноқ қайтди. Кузатиб келган икки машина ишқибозлари, қанча хоҳлашмасин, уйга киришмади.
— Тураверсин, биратўла тўйда очамиз! — деди кимдир ҳазил қилиб.

Пўлат улар катта кўчага чиққунларича орқаларига қараб турди, кейин эшик қўнғироғини босди.

Қўнғироқ чалиниши билан дарвоза олдига югуриб келадиган, эгасини таниб жилпанглайдиган кичкина лайча итлари бу гал келмади. Пўлат бир-икки чақирди:
— Барлос! Барлос!

Ит овоз бермади. Пўлат ҳайрон бўлиб, дарвоза тагига қаради, шунда эшик очиқлигини кўрди.

Ичкарига кирганида, итлари ўзининг катта сим катаги ичидан қулоқларини диккайтириб унга қараб турганини кўрди. Айвон зинасидан эса адаси ҳассасига таяниб оҳиста тушиб келарди.

«Итни нега қамаб қўйишди?» — хаёлидан ўтказди Пўлат.
— Ада, тушманг! Эшик очиқ экан! — қичқирди у ва югуриб бориб адасининг қўлтиғидан олди.
— Қалай, яхши ўтдими учрашув? — сўради айвонга кўтарилар экан адаси.
— Жуда! Одам кўп бўлди. Зал тўлиб кетди. Ректорнинг ўзи олиб борди учрашувни.
— Ҳа, яхши. Ойинг мошкичири қилиб кетган. Тўлиқ турибди қозонда.
— Овқат емайман, — жавоб қилди Пўлат уни кўрпачага ўтқизар экан.
— Ректор қўймай бир пиёла чойга таклиф қилди. Бир пиёла чой зиёфатга айланиб кетди.

Пўлат ичкарига, ўз хонасига кириб, ечинди, ювиниб, уй кийимларини кийди ва адаси ёнига чиқди. Шунда у телевизордан кўз узмай ўтирадиган одам, бу гал қўймаганини пайқади.
— Тузукмисиз, ада? — сўради ташвишланиб.
— Яхшиман, — фотиҳага қўларини ёзди адаси, — Қани, омин! Умринг узоқ, мартабанг баланд бўлсин. Ҳар қандай бало-қазодан худони ўзи асрасин. Облоҳу акбар!

Пўлат қўлларини юзига суртиб, сўради:
— Ойим қанилар?
— Ойинг касалхонага кетди... — адаси яна нимадир демоқчи бўлди-ю, айтишга қийналиб йўталди.
— Нега? — сўрашга мажбур бўлди Пўлат сабри чидамай. У бир нарса юз берганини итнинг қамаб қўйилганидан сезган эди. Келди-кетди кўпайса уни қамаб қўйишарди. Нима бўлдийкин? Сўнгги йилларда уни хавотирга соладиган нарса адасининг юрак касали эди. Лекин... Лекин адаси рўпарасида ўтирибди. «Ким касалхонага тушди?»
— Нега касалхонага кетдилар?
— Ойдин... Ойдинхонинг уйларининг олдида машина уриб кетибди.
— Нима?! — Пўлат ўрнидан туриб кетди.
— Безовта бўлма, — юпатган бўлди адаси.
— Қаттиқ урмабди. Оёғи, бели озгина лат ебди.
— Қачон?
— Пешинда.

Пўлат ичкарига кириб, бир зумда кийиниб чиқди.
— Қайси касалхонада?
— Эски ТошМИда. Ойингни кутмайсанми? — сўради адаси.
— Балки бирон нарса олиб бориш керак бўлар?
— Борай-чи!

Пўлат шошиб уйдан чиқди. Машиналари йўқлигига шунда ачинди. Бўлганида уч юз метрча юриб катта кўчага чиқмас, қўл кўтариб ҳеч кимга ялинмасди. Машиналари бор эди. «Волга». Олишганига ўн йил бўлса ҳам кам минилган, яхши сақланган эди. Кузда Венадан, чемпионатдан қайтганида катталар ўзлари янги «Волга» таклиф қилишди. Адаси ҳам, ўзи ҳам таклифга ишониб, кўпдан бери ҳиқиллаб юрган бензинчи тоғаваччаларига сотиб юборувди. Янги машина ана келади, мана келади билан ярим йил ўтди. Шу вақт ичида нарх-наво Тошкент ҳавосидек ўзгариб кетди. Бир ойча бурун хабар қилишди «янги «Волга»лар келди» деб. Базадан ота-бола хомуш қайтишди. Уйга келганда эса ўзларини тутолмай роса кулишди. Эски «Волга»ларининг пулига мототсикл ҳам энди олиб бўлмасди. Тоғаваччалари уларнинг қандай аҳволга тушиб қолганларини яхши билса керак, илгарига ойда бир кўриниб қўйишини тарк қилиб, мутлақо келмай кетди.

Узоқдан учиб келаётган қизил «Жигули» рўпарасида чийиллаб тўхтади. Пўлат шошиб ўтирди-да, адресни айтди.
— Ия, мен бошқа томонга кетаётувдим-ку! — деди шофёр, ола-була «Адидас» спорт-костюмини кийиб олган ингичка мўйловли йигит. Аммо Пўлатнинг авзойини кўриб ўзгарди.
— Майли, шошиб турганга ўхшайсиз...

Пўлат ТошМИнинг темир панжарали дарвозаси олдида тушиб, битта минг сўмлик пулни узатди. Шофёр йигит оғзи тўла тилла тишларини ярқиратиб илжайди ва учта бармоғини кўрсатди. Пўлат ичидан тутоқиб кетди, аммо даров ўзини босиб олди, ҳечнарса демай, яна иккита минг сўмлик қоғозни чиқариб узатди-да, беморлар қабулхонасига югурди.

Ёш врач Ойдин Камолованинг қачон келтиришганини, қаерда ётганини айтиб, ўзи етаклаб кетди. Афтидан уни таниди шекилли, отини айтиб, бирмунча юпатган бўлди. Аммо Пўлат унинг гапларини эшитмасди. Хаёли, фикри-зикри Ойдинда, тўсатдан бошларига тушган фалокатда эди. Қандай қилиб у машинага дуч келди экан? Маст-пасмикан ҳайдовчи? Ё ҳамма нарсанинг худоси пул ҳисоблайдиган бойваччамикан? Ёки Ойдинннинг ўзи паришонхоллик қилдимикан? Нима бўлса ҳам омон бўлсин, тузалиб кетсин!

Ойдин билан улар «Пахтакор» стадионининг орқасидаги «Эгарчи» маҳалла аталмиш илон изи, тор кўчаларда оёқяланг тупроқ босиб катта бўлишган эди. Пўлатларнинг кўчалари ҳали ҳам турибди. Аммо ундан на одам ўтади, на машина. Эгалари кўчиб кетган, томлари, эшиги, ромлари бузиб олинган уйларнинг деворлари нураб ётибди.

Ойдин адаси, ойиси билан Самарқанд дарвозанинг бошидаги «дом»лардан бирида туради ҳозир. Пўлатнинг адаси эса уйлари бузиладиган хабар чиқиши билан ер олиб иморат кўтаришга тушиб кетган эди. Яхши ҳам шундай қилган экан, мана чол-кампир ўзлари ҳам, ўғиллари Пўлат ҳам уй-жойлик. Беш хона, олди равон уй иккита оилага бемалол етади.

Пўлат Университетга киролмай физкултура институтига жойлашганда, Ойдинни кўздан йўқотди. Аммо йил ўтмай, Ойдин ўзи уни топди. Ўтган йили чемпионатга кетишидан олдин уларни унаштириб қўйишди. Чемпионат, кейин Ойдиннинг битирув имтиҳонлари, диплом иши сабаб бўлиб тўй сурилди. Ўтган ҳафта эса қариндош-уруғ, маҳалла катталари йиғилишиб байрамнинг учинчи куни, тўртинчи сентябрга тўй қилишга узил-кесил келишишди. Қуда томондагилар, Ойдиннинг ўзи ҳам шунга рози бўлди. Унинг кайфи чоғ эди. Ўтган куни учрашганларида аспирантура масаласи ҳал бўлганини, факултетда кичик ўқитувчи қилиб тайинлашганларини хурсанд бўлиб айтиб берган эди. Уларнинг учрашиб туришларини, айниқса унаштириб қўйилганларидан кейин, иккала томон ҳам гап-сўз қилмай қабул қилишди. Хуфя юришдан, очиқ, ота-оналарининг кўз олдида жавобгарлик, мажбурият ҳис қилиб юриш ҳаммаларига маъқул эди. Кўз олдиларида катта бўлган қизни келин қилишаётганидан Пўлатнинг адаси, ойиси ниҳоятда хурсанд эдилар. Ойдин эски маҳалладаги одати бўйича Пўлат йўқ пайтлари келиб, уйларни йиғиштирар, ҳатто ҳовлини супуриб-сидириб ҳам кетарди. .

Яқиндагина бурни оқиб юрган қўшни боланинг жаҳонга донғи кетиб, унга куёв бўлаётганидан Ойдиннинг онаси Раҳбар опа ҳам, опаси Қундузхонлар ҳам бошлари осмонда эди. Нима бўлди? Қаердан чиқиб қолди бу фалокат?

Жарроҳлик бўлимига ётишганда ёш врач югуриб ичкарига кириб кетди.

Бинонинг олдидаги сердарахт боғчада кўзларини артаётган Қундузхон кўринди. Пўлат тўғри унинг олдига борди.
— Пўлатжон! Бу қандай кўргулик бўлди?! Кундузхон яна қип-қизил кўзларини артиб, у билан кўришди.
— Аҳволи қалай?
— Ўзини билмай ётибди. Бўлим бошлиғининг ўзи оператсия қилди. Ана! Ўзлари келаяптилар!...

Пўлат бино томонга қаради. Ёш врач елкадор, баланд бўйли, худди ўзи каби оқ халат кийган одам билан улар қаршисига келаётган эди. Пўлат юраги гупиллаб уриб, шу томонга юрди.
— Пўлат ака, танишинг, — деди ёш врач. — Профессор Мўминов Илҳом Азизович. Камоловани ўзлари оператсия қилдилар!

Профессор йирик, оғир қўлини узатди.
— Саломалайкум, Илҳом ака. — Пўлат унинг қўлни маҳкам қисди. — Қалай аҳволи? Нима бўлибди ўзи?
— Иккита қовурғаси синган. Умуртқа суяги икки жойдан, бўйнидан, белидан дарз кетган, балки синган ҳамдир, ҳозир бир нарса дейиш қийин. Яна чап оёғи тўпиғидан синган. Машина чап томондан келиб урган бўлиши керак, — Профессорннинг овози ҳам гавдаси каби йўғон эди. — Гипсга солиб қўйдик тўрт жойдан. Албатта, буларни енгил жароҳат деб бўлмайди. Аммо оёққа туриб, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Ҳозир наркознинг таъсирида ухлаб ётибди. Истасангиз уйғонганда олдига киришингиз мумкин.
— Раҳмат, — деди оҳиста руҳи тушиб Пўлат. У бунчалик деб ўйламаган эди.
— Эзилманг бунча, ўртоқ чемпион! — қўлини унинг елкасига ташлаб жилмайди профессор. — Отдек бўлиб кетадилар. Тўйга чақиришни унутманг! Кечирасиз!...

У кетди. Ёш врач ҳам хайрлаша бошлади. Пўлат миннатдорчилик билдирди.
— Ёрдамим керак бўлса, тортинманг, доим тайёрман, — ёш врач шимининг чўптатидан қўлда қора сиёҳда дона-дона қилиб ёзилган исми, фамилияси, адреси ва телефони ёзилган қалин адрес қоғоз чиқариб узатди. Ўзи ёзган бўлса керак. — Ҳар эҳтимолга қарши.

Пўлат маҳкам унинг қўлини қисди.
— Ойимларнинг ҳам мазалари йўқ, — деди ёлғиз қолишганда Қундузхон.
— Нима қилди?
— Боя шу ерда ҳушларидан кетиб қолдилар. Уйга жўнатдик. Ҳудаойим... — Қундузхон шундай деб, бирдан тўхтаб қолди. Бугунги фожеадан сўнг, «ҳудаойим» дейиш ўринли бўлармикан? Юрагининг бир четида шундай таҳлика ўзи сезмаган ҳолда пайдо бўлган эди. Шу ўй билан ўзи гапини тузатди. — Ойингиз... Санобар опам бирга кетдилар.
— Ойдининг уйғонишига ҳали бор. Юринг, телефон қиламиз, — ҳеч нарса сезмай таклиф қилди Пўлат.

Қундузхон ТошМИ дарвозаси томон юришар экан, йўл-йўлакай Ойдин билан нима бўлганини гапириб берди. Трамвайдан тушиб, кўчани кесиб ўтаётган экан. Машиналарга йўл берк бўлса ҳам трамвайнинг олдидан бир енгил машина визиллаб чиқиб қолибди. Ойдин қочиб улгуролмабди. Машина зарб билан уриб, тўхтатмай кетиб қолибди. Мошранг «Жигули» экан. Ойдин йиқилибди-ю, кўнгли кетиб қолибди. Ҳеч ким уни танимабди. Таниганда, уйи шу бекатнинг рўпарасидалигини биларди. Хабар берарди. «Тез ёрдам» келгунича тахминан ярим соат ўзини билмай, оғзидан қон кетиб ётибди. «Тез ёрдам» келиб, ТошМИга олиб боргандагина унинг кимлигини билишибди. Телефон қилишлари билан ҳаммалари касалхонага югуришибди. Яхши ҳам Қундузхоннинг эри уйда экан. Машинасида олиб борибди. Келишганда оператсия энди бошланган экан.
— Урган ким экан?
— Ҳеч ким билмайди. Биронта янги чиққан бойваччалардан бўлса керак-да, — деди энсаси қотиб Қундузхон. — Бўлмаса рухсат йўқ кўчага кирадими?! Одам уради-ю, тўхтамайдими?! Олдин шофёр бўлганда тўхтарди, тушиб ёрдам берарди. Топгани тешиб чиқсин, ер юткурнинг умри қамоқда ўтсин!

Пўлат индамади. Дилида унга қўшилди. Одамгарчиликни йўқотган, ўзи ярадор қилган одамга ёрдам қўлини чўзмаган бир маҳлуққа бу қарғишлар оз эди. Лекин қанча қарғашмасин, сўкишмасин, фойдаси йўқ. Фалокат юз бериб бўлди.

Дарвозанинг ёнида иккита телефон-автоматлардан ҳайтовур биттаси ишлайдиган чиқиб қолди. Қундузхон узоқ гаплашмади. Онаси тузукмиш. Лекин жаҳлидан ўзини тиёлмай ўтирганмиш. Санобар опа ўша ерда эканлар. «Тангангиз борми?» — сўради Қундузхон Пўлатдан. У қўлиии силтади. Қундузхон эри билан гаплашди чоғи, дарров келишини буюрди.
— Овқат қилиб келай, — деди трубкани илиб Пўлатга. — Ойдин еёлмаса ҳам врачлар, ҳамширалари ер. Яхшироқ қарашади.

Орадан беш соатча ўтганда навбатчи врач уларни Ойдиннинг олдига таклиф қилди. Ойдин махсус кароватда ётарди. Бошидан белигача у қолипга солинган, чап оёғи тахтакач устига осиб қўйилган эди.
— Ойдинхон! — деди секин навбатчи врач. Ойдиннинг битта қора чизиқдек бўлиб турган узун киприклари ёйилиб, кўзлари оҳиста очилди. Бир-бирига ёпишиб турган қонсиз лаблари қалтираб кетди. Афтидан у бир нарса деди, аммо овози чиқмади, лаблари очилмади.

Қундузхон ўзини тутолмай ҳўнграб юборди-да, эшикка отилди.

Пўлат кароватга яқинлашди.
— Хафа бўлманг, Ойдин. Шу кўргулик бор экан. Профессор оператсия яхши ўтди, яқин орада отдек бўлиб кетадилар, деди. Эшитяпсизми, Ойдин?

Ойдин секин кўзларини юмди ва бошқа очолмади. Оппоқ пешонасида тер томчилари кўринди.
— Чарчадилар, — деди навбатчи врач Пўлатжоннинг тирсагидан олиб. — Дам олсинлар энди.
— Мен шу ердаман, доим ёнингизда бўламан, — деди Пўлат ва ўз-ўзидан кўзларига ёш қуйилиб кетди.
— Қанча ётадилар қолипда? — сўради эшикка чиқишганда навбатчи врачдан.
— Камида икки ой. Профессор нима дедилар, билмайман. Аҳволари оғир. Аммо омон бўлишларига шубҳа йўқ.
— Раҳмат, — Пўлат кўзларини артди.
— Ҳавотир олманг! Нима лозим булса, қиламиз. Навбатчи врач хайрлашиб, палатага кириб кетди. Ўша куни Пўлат ярим кечада уйга қайтди. Эртасига ҳам, индинига ҳам. Умуман, шу кундан бошлаб унинг ҳаёти, фикри-зикри Ойдин ётган касалхонага боғланиб қолди. Бир кун келмаса, бир кун шипга тикилиб ётган Ойдинни кўрмаса, кўнгли жойига тушмайдиган бўлиб кетди. Навбатчи врач ваъда қилганидек, профессор ҳам, бошқа шифокорлар ҳам, ҳамма-ҳамма нима лозим бўлса ақллари, тажрибалари етганича шуни қилишди. Икки ой ўтиб, Ойдин бошини қимирлатадиган, ҳатто оз бўлса ҳам кўтарадиган бўлди. Аммо жойидан қимирлай олмади. Профессор овутди:
— Бирданмас-да, қизим! Секин-секин! Оз-оз!

Пўлатга ҳам шу гапни айтди.

Нима бўлмасин Пўлат анча хурсанд эди, энг муҳими шифокорларнинг гапларига қаттиқ ишонарди. Профессор, палата врачи икки ойда анча тузук бўлиб кетади дейишди. Айтганлари ҳарҳолда бўлди, бўйиндаги қолип олинди. Бошини кўтаради, қўллари ишлайди. Оёқлари ҳам, бели ҳам, тузалиб кетади. Яна бир ой. Боринг, икки ой ўтсин!

Пўлат шундай деб, ўзига ҳам, уйдагиларга, Ойдинга ҳам далда берди. Ойдин баъзи-баъзида кўзлари чарақлаб, лабларида табассум билан кутиб оладаган бўлиб қолди. Бу албатта, яхшиликка эди. Демак, туриб кетишига ишонади.

Пўлат вақтинча спорт қўмитасининг боксчилар сектсиясидаги ишини ташлади. Идорачилик, ҳар куни иш борми, йўқми, ориб ўтириш керак кечгача. Уёқ-буёққа борадиган бўлса, сектсия бошлиғига айтиб кетиши керак. Яккаю-ягона жаҳон чемпиони бўлса ҳам қўмита раисидан тортиб оддий аппарат ходимигача унга ҳурмат билан қарашса ҳам, ўрнатилган интизомни бузгиси келмади, аммо бу интизомга, айниқса, Ойдин касалхонага тушиб қолганидан кейин кўниколмади. Шунинг учун ариза ёзиб, бўшади. Институтда эса ҳарҳолда эркин эди. Кейин устозлари, бирга ўқиган ўртоқлари шу ерда эди. Улар ҳеч нарсада уни чегаралашмасди. Шундай донгдор одамнинг институтда ишлаши институт обрўси эди. Буни улар очиқ-ойдин айтишди. У нимани лозим топса, шуни қилиши мумкин эди. Фақат баъзи-баъзида маслаҳатларини аямаса, ойда бир-икки талабалар, ўқитувчилар билан учрашиб турса бўлди эди. Пўлат улардан жуда миннатдор бўлди. Ҳар куни эрталаб касалхонага келар, бир соат-ярим соат шу ерда бўлиб, нима кераклигини билиб оларди. Чунки Ойдиннинг онасига кунда икки маҳал қатнаш оғирлик қилардн, Қундузхон билан эри ишлик одамлар, фақат кечқурун ва дам олиш кунларигина келишлари мумкин эди.

Ойдин баъзи кунлари, кўпроқ профессор кириб уни кўриб кетган кунлари, очилиб, Пўлатнинг шу ердалигидан хурсанд бўлиб узоқ гаплашар, уни ҳатто кетгизгиси келмасди. Шундай кунларнинг бирида у Пўлатнинг синган, кейин битиб кетган қийшиқ панжаларини силаб, деди:
— Пўлат ака... — у унашилгунларича уни Пўлат дерди, улар тенг эдилар. Кимдир маслаҳат берди шекилли, ё ўзи лозим топдими, ака дейдиган ва сизлайдиган бўлди. Пўлат ҳам уни сизлашга ўтди.
— Пўлат ака... Кўп келаяпсиз. Раҳмат. Мен буни ҳеч унутмайман. Фақат илтимос, мени деб ишингиздан қолманг.
— Колаётганим йўқ, ҳаммаси жойида!— уни тинчитган бўлди Пўлат.

Аммо Ойдин қулоқ солмади.
— Гапимни эшитинг, Пўлат ака. Сезаяпман, тез оёққа туриб кетаман. Лекин илтимос, ишингиздан қолманг, Қўмитадан кетибсиз. Майли, бу ихтиёрингиз. Қоҳирага боришингиз керак эди. Ҳамма мусулмон мамлакатлари қатнашар экан. Сизга махсус таклиф келган экан. Нега бормадингиз? Наҳотки аҳволим шунчалик чатоқ бўлса?
— Ундай деманг, — Пўлат унинг пешонасига қўлини қўйиб, жилмайди.
— Аҳволингиз яхши. Кундан-кунга яхши бўлиб кетаяпсиз. Қоҳирага... ўзимнинг боргим келмади. Мусобақага қатнашмаганимдан кейин боришим шарт эмас.
— Кўриб келардингиз... Мисрда бўлмагансиз-ку? Ё бўлганмисиз?
— Бўлмаганман. Бирга борамиз. Худо хоҳласа бориб пирамидаларни тамошо қиламиз. Порт-Саид, Александрияларга борамиз. Сфинкс борку... ўшанинг остида спектакллар кўрамиз...
— Раҳмат. Айтганингиз келсин, — Ойдин Пўлатнинг пешонаси устидаги қўлига қўлини қўйди. — Лекин бари-бир боришингиз керак эди. Агар мени яхши кўрсангиз, иккинчи бундай қилмайсиз. Хўпми?
— Хўп, — яна жилмайди Пўлат ва қайлиғининг қалин қора қошларига, йирик кўзлари, узун, қайрилма киприкларига меҳр билан тикилди.
— Тузалиб кетаман-а? — Унинг узоқ тикилиб қолганини ўзича тушуниб сўради Ойдин.
— Албатта! Оз қолди. Сабр қилинг.

Ойдин ўзини тутолмай йиғлаб юборди, муздек ориқ қўллари билан Пўлатнииг бўйнидан қучоқлаб, пешонасидан ўпди.
— Тузалиб кетаман. Сиз айтгандек бўлсин, бирга борамиз Қоҳирага. Бутун Мисрни айланиб чиқамиз. Кейин Ҳиндистонга борамиз. Аграни кўрамиз. Кундузи шаҳарни айланамиз. Кечқурун, Тож-Маҳални томоша қиламиз. Тож-Маҳал жуда бошқача кўринармиш!... Худди денгизда сузиб кетаётган кемага ўхшармиш.
— Бўпти! Бўпти, Ойдин. Бўпти, жоним! Йиғламанг фақат!

Пўлат унинг қалин сочларини, қошларини силади.
— Йиғламайман, — ваъда берди Ойдин. — Энди сира, сира йигламайман!..

Пўлат хурсанд бўлиб уйига қайтди. Қаердан келаётганини адаси билса ҳам, овқат маҳали сўради:
— Касалхонага бордингми?
— Ҳа.
— Қалай?
— Яхши. Жуда яхши. Яқин-орада туриб кетади.
— Иншолло, айтганинг келсин!...

Шундай дер экан, адаси ер остидан чой қуяётган хотинига қаради. Санобар опа ҳеч нарса демади.

Ўша йили куз эрта келди. Октябрнинг ўрталарида бирдан қора совуқ тушиб, қор учқунлади. Совуқнинг тафти бир ҳафтадан зиёд тарқамади. Очиқ жойлардаги узум, анор, хурмо қорайиб тўкилди.

Пўлат ўртоқларидан бирининг машинасида Олой бозорига бориб яхши мевалардаи оз-озгина олди, устига иккита иссиқ патир қўйиб турганда, кимдир тирсагидан ушлади.
— Ҳа, ҳа?! Нима ҳаракат?

Пўлат бошини кўтарди. Олдида кенг жигарранг чарм камзул, худди шундай рангда қундуз телпак кийган сазлатли бир йигит унга оғзи тўла тилла тишларини кўрсатиб кулиб турарди.

Пулат таниди. Уч йил бурун республика чемпионатида очколар бўйича иккинчи ўринни олган боксчи, тошкентли Исмат Ҳайдаров деган йигит эди у. Кейин, Олма-отада чорак финалда қолиб кетди. Шундан бери уни кўрмаган эди.
— Саломалайкум!
— Кўришганимиздан хурсандман, — деди Исмат.
— Чемпионлнк билан табриклайман. Бунақаси бўлганмас! Қойилман! Бошингга ташвиш тушди, деб эшитдим. Тинчликми?

Исмат қўймай Пўлатнинг қўлидаги пакетни кўтариб олди.
— Тинчлик. Ҳозир анча тузук. Олдига кетаяпман ҳозир.
— Омон бўл! — мақтади уни Исмат ва ёнига ўгирилиб кимгадир имо қилиб қўйди.

Улар машинагача бирга келишди.
— Сеникими?— сўради Исмат эски «Жигули»ни кўриб.
— Йўқ. Менда ҳозир машина йўқ. Эгаси рулда ўтирибди. Ўртоғим. Таниш, физкултура институти ўқитувчиси.

Пўлат шундай деб, машинадан чиқаётган ўртоғини кўрсатди.

Исмат у билан истар-истамас кўришди. Иккита нотаниш йигит иккита тарвуз билан иккита қовун кўтариб келиб, машина юкдонига солишди.
— Нима қилаяпсизлар? — Ҳайрон бўлиб сўради Пўлат.
— Хотиржам бўл, уни тинчитди Исмат.
— Кўп ўрнида кўр. Сени кўрганимдан хурсандман. Уйинг эски жойдами? Кўкчада? Бораман. Бир ўтиришамиз.
— Кел, кел, — таклиф қилди Пўлат. — Мен ҳам хурсандман. Хизмат қаерда?
— Борганда айтиб бераман. Ишим яхши. Хўп, соғ бўл.

Исмат Пўлатнинг елкаларидан қучоқлаб хайрлашди. Ўртоғига қўлининг учини узатиб, бошини билинар-билинмас эгиб қўйди.
— Бойвачча бўлиб кетибди-ку! — деди Пўлатга ўртоғи йўлга тушишганда.
— Шунақага ўхшайди, — қўшилди унинг гапига Пўлат. — Бўлсин! Ўзига тўқ одам қанча кўп бўлса, шунча яхши.
— Албатта, албатта... Фақат уйидан нефт ё тилла чиққан одамга ўхшайди. Осмонда, майли, қандини урсин!...

Пўлат кулиб қўйди. Мусобақаларга қатнашмай қўйгандан бери, бунинг устига спорт қўмитасидан кетганидан кейин унинг даромади сезиларли даражада камайган эди. Чемпионликка олган мукофоти тугаб бўлган, ақлли одамларнинг маслаҳати ва тўй муносабати билан ярмини ўз вақтида керакли уй-жиҳозлари, кийим-кечагу, дон-дунга сарф қилинган, қолгани ўз қадрини йўқотиб, адасининг омонат китобчасида ётарди. Ота-онаси, ҳушёр одамлар, унинг қисилиб қолганини сезишиб, уй ҳаражатларини қирқишди, худди студентлик йилларидек унга чўнтак пули чиқаришди. «Чўнтак пули»га зарурат борлигини у Қундузхон пай-суякни қотирадиган бир ноёб дори қидириб қолганида жуда аниқ ҳис қилди. Профессор Ойдинга шу доридан укол қилишни маслаҳат берибди. Пўлатнинг бир таниши дорини олис бир қишлоқдан топиб келди ва уялинқираб қўлдан олганини, йигирма минг берганини айтди. Пўлат юз минг деса ҳам оларди. Индамай берди. «Қаерда ишлаётган экан?» — қизиқиб хаёлидан ўтказди бойвачча танишини Пўлат.
— Қовун-тарвузни нима қиласан? — сўради ўртоғи ТошМИга етиб боришганида.
— Олиб кетавер, — таклиф қилди Пўлат. — Кафедрадагиларга сўйиб берарсан.

Ўша куни Ойдинни кўра олмади. Палатага ичкаридан ҳамшира қиз чиқиб қолди. Пўлатни кўриб у бошини сарак-сарак қилди.
— Ҳаво айниганигами, кечаси билан мижжа қоқмай чиқдилар. Бел, оёқлари оғриди. Домла буни яхшиликка деяптилар. Ишқилиб шундай бўлсин. Аммо, Ойдинхон чарчадилар. Ҳозир ухлатиб чиқаяпман.

Пўлат касалхона тунга бекилгунча кутди. Ойдин уйғонмади. Навбатчи врачнинг гапига қараганда, у анча тинчиган, оғриқлари ҳам босилганадек эди.

Уйга қайтаётганда дарвоза ёнида бойвачча таниши солиб қўйган қовун-тарвузларни кўрди. Ўртоғи уйга ташлаб кетибди. Бойваччанинг ўзи эса айвонда адаси билан гаплашиб ўтирарди. Кўчада, деразалари остида бир енгил машина қорайиб турганига кўзи тушган эди. Демак, ў, бирдан унинг йўлида пайдо бўлиб қолган бойвачча келган экан-да. Яхшиликкамикан келгани, ё? Пўлат нохуш хаёлни дарҳол ҳайдаб, айвонга кўтарилди.
— Саломалайкум!.. Ие, ие!..

Қора костюм-шим кийиб, оппоқ кўйлаги ёқасиви қора галстук билан кейинган Исмат Ҳайдаров ўрнидан туриб унинг қаршисига юрди.
— Кечирасан, дўстим! Кундузи кўришмаганимиздан кейин шу пайтгача келмаганимиздан афсусланиб келавердим!
— Яхши қилибсан! Кани ўтир!..

Улар ўтиришди. Фотиҳадан сўнг, Пўлат беихтиёр дастурхонга этибор берди. Бозорнинг олди мевалари катта сопол лаганга аралаш қилиб солиб қўиилган эди. Иккита тақсимчада хамири ёғлиқ учбурчак сомса турарди. Хонтахтанинг бир четида сочиқ билан уч-тўртта баркашдек-баркашдек патир ёпиб қўйилган эди, У Исмат Ҳайдаров олиб келганини тушунди.
— Ойим қанилар? — сўради негадир кўнгли ғаш бўлиб.
— Холам ўчоқбошидалар! — деди Исмат Ҳайдаров.
— Ўртоғининг ошнинг харажатини кўтариб келибди, — жилмайди дадаси.
— Нима қераги бор эди?! — аччиғланиб сўради Пўлат.
— Қизиқмисан? Ҳар куни кўришиб юрибмизми? Бугундан бошлаб энди ман сани ёлғизлатиб қўймайман. Ҳали бир жойга олиб бораман. Майлими, амаки? Яхши одамлар йиғилади. Бир ёзилиб келсин! Чойдан ич!

Исмат Ҳайдаров олдида турган чойнакдан ўзи чой қуйиб унга узатди.

Пўлат чойни олиб, хўплар экан, кўнглининг бир четидаги ғашлик қаттиқроқ тугун бўлиб, кайфиятини буза бошлади. Нега келди экан? Унда нима иши бўлиши мумкин?
— Ойдин қалай? — сўради адаси.
— Ёмонмас. Профессор оғриқ сезаётгани яхшиликка дебди, — хаёли бўлиниб жавоб қилди Пўлат.
— Илойим яхши бўлсин.
— Ҳа... Анча жабр бўпти сизларга, — гапга қўшилди Исмат Ҳайдаров. — Келиб-келиб машина уни урадими-а?

Пўлат бирпас бошини эгиб ўтирди, кейин унга қараб, эътироз билдирмайдиган қилиб гапирди:
— Республика бош хирурги қараяпти. Аҳволи яхши. Яқинда юриб кетади.
— Унда яхши. Жуда яхши.

Исмат Ҳайдаров ўзини унинг гапидаги зардани сезмаганга солди.

Санобар опа ҳаргалгидек гуручи якка-якка бўлиб ялтираб турган палов қилиб олиб келди.

Пўлат емади, чимчилаб ўтирди.

Дастурхонга фотиҳа ўқилтач, Исмат Ҳайдаров ўрнидан турди.
— Қани кетдик!

Ота-онаси аралашмаганда, Пўлат бормас эди.
— Бор, ёзилиб келасан, болам, — деди Санобар опа.
— Шундай ўртоғинг бор экан, гапини ерда қолдирма, — қўшимча қилди адаси.

Деразалари остида турган енгил машина ҳали бўёқ ҳиди тарқамаган янги «Жигули» эди. Исмат Ҳайдаров эпчиллик билан рулга ўтириб, ўнг томондаги эшикни очди.
— Ўтир, дўстим!

Ярим соат чамаси шаҳар айланиб, Олой бозорининг орқасидаги сердарахт, камқатнов кўчалардан бирига кириб боришди. Карнизида иккита фонар ёниб турган узун иморат олдида Исмат Ҳайдаров машинасини тўхтатиб, ўртоғига қаради.
— Келдик.

Пўлат машинадан тушиб, атрофига қаради. Кўчанинг икки бети турли маркадаги чет эл машииаларига тўлиб кетган эди.

Исмат Ҳайдаров машинасини ёпмади, югуриб келган бир йигит унинг ўрнига ўтирди-да қаёққадир ҳайдаб кетди.
— «Бойчечак» деган клуб буйи баланд, уймакор ёғоч дарвозанинг қўнғироғини босар экан, тушунтирди Исмат Ҳайдаров. — Кўрасан, манимча сангаям маъқул булади. Кейин бу ерда топганингни ҳеч қаёқдан тополмайсан.

Дарвоза эшиги қия очилди. Кимдир мўралади.
— Манман, — овоз берди Исмат Ҳайдаров.

Эшик кенг очилганда Пўлатнинг димоғига турли овқатлар ҳиди урилди.
— Биз орқадан кирдик. Хўжайинга айтиб қўяй.

Пўлат ҳовлида ёлғиз ўзи қолди. Кенг, чорси ҳовли, жуда катта, олди пешайвонли уйга разм солар экан, бирвақтлар хусусий уй бўлганлигини тушунди. Балки, ҳозир ҳам шундайдир, ким билади? Аммо клуб одатда бир одамга қарашли бўлмайди, кўпчиликники, ё бўлмаса давлатники бўлади. «Бойчечак»... Қизиқ, бу клуб кимга қарар экан? Кейин нега «Бойчечак»?.. Бундай кўп болалар ташкилотларга бериларди, кўпроқ. Бу ҳам болалар клубимикан?
— Зерикмадингми? — олдида Исмат Ҳайдаров пайдо бўлди ва жавоб кутмасдан бино ичига бошлади.

Ярим соат ўтар-ўтмас Пўлат ундан бу дид билан қурилган уйда совет йиллари нима бўлганини, ҳозир нима жойлашганини билиб олди.

Ўттизинчи йилларда уй эгаси йирик тошкентлик савдогар қамалиб, мол-мулки мусодара қилинади. Бола-чақа ҳарёққа тарқаб кетади. Уйга ижроқўм киради. Урушдан кейин ижроқўм янги бинога кўчиб уйни почтага беради. Почта эплолмай, икки йил бурун сотади. Сотиб олганлар «Саломатлик — туман бойлик» жамиятининг фирмасини ташкил этишади. Болаларга турли спорт, физкултура тўгараклари очишади. Ўтган йил филиал мустақил «Бойчечак» клубига айланади. Клуб кундузи болаларга хизмат қилар экан. Қоронғи тушиши билан миллий таомлар, айниқса, уйғурча-хитойча овқатлар ресторани сифатида ишлар экан. Машҳур хонанда, созандалар келиб контсерт беришар экан. Клуб хўжайинлари подвални ремонт қилиб, яхши залга айлантиришибди. Залда франтсузча, миллий кураш, шахмат-шашка, бокс мусобақалари ўтказилар экан. Исмат Ҳайдаровнииг бугун шошиб Пўлатни олиб келгани иккита машҳур боксчи нокаутга ўйнар экан.
— Биттасини танийсан, ўзимизнинг йигитлардан, — деди у. Иккинчиси меҳмон. Ютган юз минг, ютқизган етмиш минг олади. Шунчадан тренерлари ҳам олишади. Қойилми? Фақат бир кунига! Эртага тушса, яна шунча олади…

Пўлат ҳайрон бўлиб шунча пулни клуб қаердан олади деб сўрамоқчи эди, Исмат Ҳайдаровнинг ўзи айтиб берди:
— Кириш ҳар бир одамга йигирма минг. Овқат, ичимлик ҳисобмас. Улар алоҳида. Ҳар куни камида юз эллик, икки юз одам йиғилади. Ҳисоблайвер шундан!...
— Сен иима қиласан?
— Ўйинчиларни, машшоқларнинг чиқишини ман ташкил қиламан. Одамларим бор. Заказ берсам бўлди, олиб келаверишади. Ҳали ҳеч ким йўқ дегани йўқ. Халқ артистлари ҳам ғиқ этмай келишади. Э, дўстим, шунча пул кўчада ётибдими? Кейин текин овқат. Бир сих кабоб бозорда палон пул. Бўтта тўйгунингча ейсан текинга.

Исмат Ҳайдаров буларнинг ҳаммасини оғзи тўлиб гапириб берди.
— Хўжайин келганингдан хурсанд. Шўтта ишласин девотти. Клубгаям яхши-да. Жаҳон чемпиони ишлавотти деган гап клубни кўтариб юборади. Обрўсиниям, баҳосиниям...

Пўлат клубдан кечаси иккиларда қайтди. Исмат Ҳайдаровнинг ўзи олиб келиб қўйди, хайрлашаётиб қалин конверт узатди.
— Икки юз минг. Мукофот бу. Эртадан маошга ўтасан.
— Хўп деганим йўқ-ку, ҳали?— сўради Пўлат.
— Жиннилик қилма. Бунақа ишни топишинг қийин. Пўлат индамади. Аммо конвертни олди. Ойдиннинг касалхонадалиги масалани ҳал қилган эди. Бундан ташқари клубда қиладиган иши — кундузги машғулотларға икки соатдан вақт ажратиб келиб кетса бўлди экан. Кечқурун йигитларнинг чиқишларини кўриш, кузатиш шарт эмас экан. Падвалдаги зал бирпасда арқон тутилиб рингга айлантирилганда Исмат Ҳайдаров шундай деди. Ниҳоят, боксчилар чиқишди. Баравар, ёнма-ён юриб келишди. Биттасини Исмат Ҳайдаров айтганидек, таниди. Институтнииг учинчи курсидан кетиб қолган наманганлик жиккак, қорачадан келган йигит эди. Исмни эслолмади. У республика, кейин Ўрта Осиё чемпионатларида қатнашган, ҳатто мукофотли ўринларни ҳам эгаллаган эди. Тренери, кейин институт ректори билан уришиб қолиб, ииститутни ҳам ташлаган, мусобақаларга ҳам қатнашмай кетиб қолган эди. Пўлат уришиб қолиш сабабини ҳам эслади. Унга Мексикага юборишни ваъда қилиб, охири команда жўнаётганда ўрнига ректорнинг жиянини рўйхатта қўйишган эди. Ўшандан бери бу истеъдодли йигитни Пўлат кўрмаган эди.
— Нима иш қилади у? Оти нима эди? — суради Исмат Ҳайдаровдан.
— Икром. Икром Алиев. Клуб очилганидан бери бизда. Клуб чемпиони деса бўлади. Ҳали енгилгани йўқ. Фақат мендан чўчийди.

Исмат Ҳайдаров тилла тишларини очиб кулди.
— Иккинчи йигит ким?
— Бокудан. Ўзларида республика ғолиби. Тез қайтиши керак экан. Эртагаям чиқади шунинг учун. Қоплонни ўзи!..

Ўртага судя чиқиб боксчиларни таништирди. Мукофотлари, чемпионатлардаги ўйинларини айтиб берди.

Еб, ичиб ўтириб бокс томоша қилишни Пўлат биринчи марта кўриши эди. Шунинг учун судянинг баъзи гапларини яхши эшитмади. Юқорида ресторанда ўтирганларнинг деярли ҳаммаси подвалга тушишгач, залнинг гир атрофига бир қатор қилиб қўйилган столлар орқасидаги креслолардан жой олишган эди. Пўлат аёллар ҳам борлигини кўрди. Яна шишаларнинг очилиши, рюмкаларнинг жаранглаши қулоққа чалиниб, унинг диққатини бўлди. Аммо кўп ўтмай кўникди. Жанг шиддат билан бошланди. Меҳмон чиндан ҳам қоплондек сақраб, рақибини бутун ринг бўйлаб айлантириб чиқди. Икром кучини аяб, оҳиста-оҳиста ҳужумни қайтариб, ўзини эҳтиёт қилиб олишди. Томошабинларнинг гиж-гижлагашига эътибор бермади. Учннчи раунд бошланганда, меҳмонни тер боса бошлади.
— Чегара қанча? — сўради Пўлат. Шўрмағиз чайнаб ўтирган Исмат Ҳайдаров кулиб қўйди:

— Chegara yoʻq. Marra toʻliq nokaut, boʻlmasa odamlarga qizigʻi yoʻq. Kelishmaydi.

Еттинчи раундда ҳамон чекиниб-чекиниб олишаётган Икром йўлбарсдек ўкириб юборди. Меҳмон икки букилиб йиқилди. Раҳбари тўққизтача санаб, Икромнииг қўлини кўтарди.

Жанг Пўлатга ёқмади. Аввало иккала боксчи ҳеч қандай қонун-қоидага риоя қилмади. Бу оддий, қўпол муштлашиш эди. Кейин Икром тутган йўлни, у қўрқоқлар йўли ҳисобларди. Бундай боксчилар кўпроқ очко билан ютадилар. Меҳмон ҳақиқий боксчи эди. Аммо Пўлатнинг назарида у шошди, эҳтиётсизлик қилди. Бўлмаса ғалаба қилиши мумкин эди.

Калта, тор кўйлак кийган қиз катта мис баркаш кўтариб, ўтирганларни айланиб чиқди. Бирпасда баркаш пулга тўлди.
— Бу боксёрларнинг ўзига. Иккалови бўлиб олади, — тушунтирди Исмат Ҳайдаров.

Пўлат кетмоқчи бўлиб ўрнидан турган эди, ўртоғи қўймади.
— Контсертни кўр. Кейин ўзим олиб бориб қўяман. Пўлат ноилож ўтирди.

Ринг олиниб, ўртага уч-тўртта стул қўйилди. Телевизор, радиода кўп чиқиб турадиган хонанда созандалар билан пайдо бўлди. Иккита ашула қилиб кириб кетди. Созандалар қолишди. Ғижжакчи «Тановар»ни бошлади. Зал жимжит бўлиб қолди. Ўртага паранжига ўралган раққоса чиқди. У паранжи ичида бир-икки дақиқа ўйин қилиб чўккалади ва музика оҳангида оҳиста тебраниб, паранжини ечди. Аввал узун, қора сочлари кўзга ташланди, кейин оппоқ, юпқа кўйлаги кўринди. Уни кўйлак дейиш қийин эди, нозик ипак, иплардан тўқилган парда, тўғрироғи танпарда деса бўларди.

Раққоса ариқ лабида ноз билан ювинган қизни тасвирлаб, ўрнидан турди.
— Вой-дод! Ўзим айланай Иқбол! — қичқириб юборди кимдир.

Раққоса ўйнаб туриб созандалар ёнига борди-да, қийиқча олди, ўйнаб туриб белини боғлади. Юпқа кўйлаги баданига ёпишиб йўқ бўлиб кетди. Кимдир ўзинн тутолмасдан ўртага тушди. Бир-икки ўйин қилиб соат чўнтагидан минг сўмлик битта қоғоз пулни олди-да, раққосага кўрсатди. Раққоса тебраниб қўлини узатган эди, бермади, оғзига тутқазиб орқасига тисаридди. Раққоса аразлаган бўлиб бурилиб кетди. Бир айланиб йигитнинг олдига келди. Йигит сигарет тутатиб, қўлидаги пулни силкитиб турарди.

«Наҳотки тишласа?» — хаёлидан ўтказди Пўлат. Унинг раққосага негадир раҳми келиб кетди.

Раққоса йигит атрофида яна бир айланди-да, тиззаларини эгиб, бир қўли билан унинг пул ушлаган қўлини ушлади ва оҳиста бошини сарак-сарак қилиб лаблари билан пулни тишлади. Шунда йигит унинг бошини эгиб ўпди. Залда қарсак кўтарилди. Йигит кетиши билан ўртага семиз бир одам тушди.

Унинг қорни ўзига иккита келарди. У раққосага қараб, жилмайди-да, семиз, калта қўлларини кўтариб ўйнай бошлади. Бесўнақай жуссасига қарамай, у жуда эпчил, музика оҳангига мос ҳаракат қиларди. Бирдан унинг қўлларида иккита беш минг сўмлик пул пайдо бўлди. У қоғозларни шилдиратиб, раққосанинг боши устида айлантирди, кейин қўлларнни туширди. Афтидан у чарчаган эди. Раққоса унинг олдида тиззаларига чўкди ва онасини эммоқчи бўлган бузоқдек қорни тагига кириб кетди. Ўрнидан турганида иккала қоғоз пул оғзида ҳилпираб турарди. Яна қарсаклар чалинди. Ғижимланган беш юз сўм, минг сўмлик пуллар раққосанинг бошига, оёқлари остига отила бошлади.
— Дод! — завқ билан қичқирди семиз одам ва лапанглаб ўртадан чиқабошлади.

Пўлат боя ҳам қичқирган у эканлигини билди. Ўйин тугади. Раққоса эгилиб таъзим қилди-да, оёқлари остида ётган ғижим пулларни йиғиштира бошлади.

Пўлат уялиб кетди. Лекин нима қилаоларди? Яшаш керак. Аммо яшаш осон эмас. Раққосанинг бошқа чораси йўқ. Ажаб эмас, йиллар ўтиб у бу кунларини унутиб юборар. Созандалардан биттаси у қаддини ростлаганда, устига паранжисини ташлади. Ўртада яна хонанда пайдо бўлди.
— Кетдик, — ўрнидан турди Пўлат.

Бу гал Исмат Ҳайдаров қаршилик билдирмади.

Йўлда ҳеч нарсадан-ҳеч нарса йўқ, ким билади балки ўзини яқии олганиданми, ё ачинганиданми, Исмат Ҳайдаров бир қариндоши ҳақида гапирди. Иккита ўғли бор экан. Каттаси энди ўнга кирибди. Шу одамнинг хотини ётиб қолибди. Йил ўтгандан қейин қариндош-уруғлари уни янгитдан уйлантириб қўйишибди. Эркак одам меҳмон-измони, кийим-кечаги бор, яна иссиқ-совуғи. Кўрпа-ёстиқ қилиб олган хотин хотинлик қила олармиди.

Сўрашганда, уни қара, уям йўқ демабди. Ўзлари биладилар, нима десалар, шу, дебди. Хўп феъли кенг, одамгўй аёлларимиз бор-а?

Пўлат унинг нима учун бу гапни қилганини тушунди, лекин жавоб бермади.

У дарвоза эшигини очиб ҳовлига кирганди, адасининг ҳали ётмаганини кўрди.
— Негадир хавотир олдим, — деди ўғлининг саволини кутмай у, — ғойибдан пайдо бўлиб қолган бойвачча ўртоғинг унча ёқмади менга.

Пўлат кулиб қўйди. Аммо ўзи ҳам шу фикрдалигини айтмади. Ғойибдан пайдо бўлган бойвачча таниш ғойибдан даромадли иш таклиф қилди. Шундай иш унга ҳозир жуда керак эди. Шунинг учун жавоб қилмай, семиз қонвертни адасининг олдига қўйди.
— Нима? — ҳайрон бўлиб сўради адаси.
— Ишга кириб келаяпман. Бу кириш ҳаққи экан.
— Яхши, — адаси конвертни кафтига олиб кўрди, — Яхшн, лекин, ўғлим, текин пулнинг баракаси бўлмайди.
— Қани, ишлаб кўрай-чи...

Пўлат Ойдин тузалиб кетса, ўз ишимни қиламан, ҳозир шу керак, демоқчи бўлди-ю, ҳожат сезмади. Адаси афтидан уни тушунган эди.

Эртасига Эски шаҳарда яхши бозор қилиб Ойдинларнинг уйига борди. Раҳбар опа уни дуо қилди. Ойдин унинг кайфияти чоғлигини сезиб анча руҳи кўтарилди. Пўлат кетганидан сўнг у олиб келган франтсузча духини димоғига тутиб йиғлади, тезроқ шифо беришни тилаб, худога ёлворди. Аммо яна икки ой ўтди, қиш кириб яримлади, оёқлари, белида ҳеч қандай ўзгариш юз бермади. Гўё текис тахта кароват унинг оёқлари, бели бўлиб кетган эди. Қанча тегмасин, қаттиқ-қаттиқ чимчилаб кўрмасин, оёқларида ҳам, белида ҳам жон йўқ эди.

Пўлат кун ўтган сари Ойдиннинг ннгоҳида синиқлик кучайиб бораётганини кўриб, кўпроқ олдида ўтирадиган бўлди. Ойдин буни ўзича тушунди ва ниҳояти бир куни ёрилди:
— Пўлат ака, ярим йилдан бери мен билан оворасиз. Қанча ўйинлардан, мусобақалардан қолиб кетдингиз. Мен тузалмайдиганга ўхшайман. Қўйинг энди. Мени деб ҳаётингизни бузманг. Уйланинг. Бола-чақа қилинг.
— Отинойилардек гапираяпсиз-а?— ичини ит тимдалаб кетган бўлса ҳам ҳазил қилди Пўлат. — Уйланаман, майли. Сиздақа қиз учрасин. Ҳали учрагани йўқ.

Ойдин жилмайди. Тақдир уни шундай йигитга дуч келтирганидан, ҳозир у рўпарасида ўзининг йирик меҳр тўла кўзларини унта тикиб ўтирганидан хурсанд эди. Кошкийди туриб кетса! Ундан бахтли одам бўлмасди дунёда. Дилида унинг жавобидан мамнун бўлган бўлса ҳам эътироз билдирди:
— Яхши қизлар кўп. Кетингиздан юрганларнинг ўзи сон мингта.
— Хабар келиб турадими?
— Ҳар бир қадамингиз ҳисобда.
— Унда уйланишим аниқ экан. Айтинг одамларингизга, ўзлари топиб беришсин. Фақат оти ҳам Ойдин бўлсин. Келишдикми?
— Келишдик.

Ойдин унинг қўлларинн ҳовучига олди, ғадир-ғудур бармоқларини битта-битта силай бошлади. Пўлат анча ўтирди олдида. Тунги дорилар билан шпритс кўтариб ҳамшира киргандагина хайрлашиб ўрнидан турди.

Йўқ, унга Ойдиндан бошқа ҳеч ким керак эмас. У ўз ҳаётини бошқа қиз билан тасаввур қилолмайди. Ойдин унга ачинаяпти, ҳазилнинг таги зил, у унинг уйланишини астойдил истаяпти. Уни яхши кўради. Яхши кўрмаса бундай демасди. Пўлат ҳам уни яхши кўради. Айниқса, фожеадан сўнг Ойдинга боғланиб қолди. Раҳмдилликми бу, муҳаббатми, билмасди. Буни фарқи ҳам йўқ эди. У албатта, кутади. Ойдиннинг соғайиб кетишига ишонади. Наҳотки шундай қиз туриб кетмаса?! Аммо эртасига касалхонага келганида профессорнинг ўзи уни чақирди.
— Биз консилиум қилдик, — деда у ўтиришга таклиф қилар экан, — Ойдинхонга жавоб бермоқчимиз. Билганимизни, имкониятимизда борини қилдик. Буёғига биз ожизмиз. Яшайди, узоқ умр кўради. Аммо юрмайди. Ажаб змас туриб кетса. Ҳозир бир нарса дейиш қийин.

Бу гапларни Пўлат бутун вужуди муз бўлиб эшитди. Анча вақт икковлари нима дейишларини билмай ўтиришди. Охири Пўлат ўзини тутиб олиб сўради.
— Ўзи биладими?
— Ҳа. Боя айтдик. Лекин қараб туришимизни, умидни узмасликни ҳам айтдик. Баъзан ирода, умид дори-дармондан кучли. Сиз ҳам умидвор бўлинг, Пўлатжон!...

Пўлат унинг сўнгги гапларини эшитмай, кабинетдан чиқди. Нима қилиш керак? Биринчи галда Ойдинни кўриши, уни юпатиши керак!

У шу ният билан палатага отилиб кирди.
— Эшитдингизми? — унинг авзойини кўриб сўради Ойдин. — Эртага олиб кетишади уйга. Биласизми, яхши бўлди. Уйни жуда соғинган эдим... Ўтиринг.

У ёнидаги стулга ишора қилди. Пўлат ўтиргач, жилмайди.
— Кеча гапимизга фаришталар омин деган экан. Энди шундай қилишингиз керак. Мен сиздан розиман. Тақдир экан, йўлимиз бўлинди. Ўзингизга қаранг энди. Мен сизга бахт келтирмадим. Энди буёғига бахтли бўлинг... Сизга тўсиқ бўлишни истамайман!
— Нималар деяпсиз, Ойдин!— Пўлат жаҳл билан ўрнидан туриб кетди. — Тузалиб кетасиз! Менга сиздан бошқа ҳеч ким керак эмас!
— Раҳмат! Шу гапингиз билан мен бахтлиман. Лекин буёғига энди мени, ногирон одамнинг гапини эшитинг. Мени қўйинг. Ўзингизни ўйланг! Шундай қилмасангиз, рози бўлмайман. Энди кетинг. Илтимос. Илтимос...

Ойдин бошини бир кўтариб орқага ташлади-да, қўллари билан юзини беркитди.

Пўлат бундай бўлишини кутмаган эди. Нима қилишини билмай, беихтиёр эшик томонга юрди. Ҳовлига чиқиб, ўзи сезмаган ҳолда кўзига ёш олди, Ойдин билан муносабатларининг бундай тугашини у хаёлига ҳам келтирмаган, врачларнинг, айниқса савлатли профессорнинг гапларига қаттиқ ишонган, уч-тўрт ой деганда Ойдин мутлақо тузалиб кетади деб ўйлаган эди. Бечора қиз! Профессорнинг гапини қандай эшитди экан? Тағин ҳам фил экап. Шунча азоб, ташвиш, умрбод шипга қараб ётишдек келажак бошида турса ҳам уни ўйлаяпти.

Пўлат сердарахт, қорлари ҳали эримаган ола-була ҳовлипииг четида турган заҳ скамейкага бориб ўтирди. У ўзини йўқотиб қўйган эди. Буёғига энди нима қилиш, қандай яшаш керак? Бир нарса ҳарҳолда унга аниқ эди. Нима бўлмасин, яна қандай кутилмаган кулфатлар бошига тушмасин, у Ойдиндан воз кечмайди. Бу қарорга у қачон келди? Фожеадан, Ойдин касалхонага тушмасидан олдинми, ё тушганидан кейин раҳми келибми? Бу саволга жавоб йўқ эди. Билмасди бу қарорга келганини. Кейин аҳамияти йўқ эди. Энг муҳими, Ойдинсиз ҳаётнинг унга қизиғи йўқ. Ойдин уни ҳайдамади, дард уни ҳайдаяпти... Ким билади, балки чораси бордир? Ўзга шаҳарларда, ўзга мамлакатларда бундай касалликларга шифо балки топишгандир?

Олисдан Қундузхон кўринди. Пўлатнинг бу ерда ўтириши энди бефойда эди.

Дарвозага етай деганда олдидан Исмат Ҳайдаров чиқди.
— Шу ердалигингни билиб келавердим!
— Тинчликми? — ҳайрон бўлди Пўлат.
— Тинчлик. Хўжайинни бир жойга олиб бориб келамиз.
— Мен ҳамми?— тушунмади уни Пўлат.
— Ҳа. Иккаламиз. Хўжайиннинг жони ҳаммамизга қиммат.

Пўлат энди англади. Ундан соқчи сифатида ҳам фойдаланишмоқчи. Янги чиққан бойлар бир тийинни бекорга сарф қилмайди. Унинг чемпионлик обрўйидан бу ишда ҳам, соқчиликда ҳам фойдаланишмоқчи. Зардаси тутиб кетиб қолмоқчи бўлди, аммо ўзини босди. Клубда ишлаётганига атиги икки ой бўлди. Ишлаётганини фақат ҳар ўн кунда олаётган пулда сезди. Дастлабки кунлари ҳатто уялиб ҳам юрди. Адасининг гапини хаёлидан кўтариб ташлаёлмади. Текин пулнинг баракаси бўлмайди деганди у. Зарарини Пўлат сезгани йўқ, фойдасини бўлса ҳар куни, ҳар қадамида кўриб турди. Бозорга тушганида ўзини чеклагани йўқ, нима кўзига яхши кўринса, олди. Битта ўзининг уйига эмас Ойдинларникига ҳам олиб борди, касалхонага қатновларининг кети узилгани йўқ. Шунинг учун ҳозирча чидаш керак. Бир кун кечга хизмат қилса қилибди-да! Тағин ҳали хизмат қандайлиги ҳам маълум эмас. Кундуз кунларидагидек бўлса, хизмат эмас, пашша қўриш. Ўн битта йигит билан Исмат Ҳайдаров бошлиқ иккита тренер шуғулланади. Уларни Пўлат илгари, қандайдир мусобақаларда кўрган аммо танишлиги йўқ. Машғулотларни улар олиб боришади. Пўлат фақат кузатади, лозим топганидагина аралашиб, маслаҳат беради. Унинг омади келганиданми, ё йигитларнинг ўзлари кучли бўлганлариданми, икки ой ичида тўрт марта жанг бўлди. Ҳаммасида клуб йигитлари ғолиб чиқишди. Улар қатори Пўлат ҳам мукофот олди.
— Ёқмади-а? — Исмат Ҳайдаров ялжайди, — На илож? Емоқнинг қусмоғи бор. Яхши олаяпмиз. Озгина хўжайиннинг кўаглини олсак олибмиз-да! Жаҳон чемпиони юрибди орқамда, деган гап керак экан бугун. Қизлариникига кетаяптилар. Қуда чақириқ. Зўр зиёфат бўлади.

Пўлат ярим кечада уйга қайтди. Яна Исмат Ҳайдаров олиб келиб қўйди. Соқчи сифатида унинг ҳечқандай хизмати бўлмади. Ҳечким уни суриштирмади. Ичкаридан, хўжайиннинг қизи тушган ҳашаматли уйдан турли овқатларнинг ҳиди келиб турса ҳам ҳечким уларга бир пиёла чой олиб чиққани йўқ. Учта «Таёта»нинг шофери, у, Исмат Ҳайдаров ҳеч кимнинг эсига келишгани йўқ.

Шундай муносабат бўлганидан бир ҳисобда у қувонди. Тили қисиқ бўлмайди, истаган пайтда тортинмасдан бўшаб кетади. Бўшаб кетишига эса унинг ишончи комил эди. Бундай даромадни кўрмаган бўлса ҳам, турмушида муҳтожлик сезмаса ҳам дилининг бир четида ўзидан, қилаётган ишидан норизо эди.

Эшикни қулфлаб, ҳовлига ўгирилганда, адаси билан онасининг уйғоқ ўтиришганини кўрди. Хаёли дарҳол Ойдинга кетди. У билан бир нарса бўлгандек туйилди. Айвонга кўтарилиши билан сўради:
— Тинчликми?
— Тинчлик. Хавотир бўлма. Эр-хотин гаплашиб ўтирибмиз, — деди адаси.
— Жуда қорним оч, ойи! Нимангиз бор?

Пўлат тинчиб ичкарига кириб кетди. Онаси ўчоқбошига бориб овқат олиб келгунча ювиниб, уй кийимларини кийиб чиқди. Эр-хотин ўғлининг иштаҳа билан овқатланишига ҳавас, ғурур билан қараб ўтиришди. Пўлат апил-тапил овқатланиб, ўзи қўлини фотиҳага ёзди. Опаси шошиб бир нарсалар шивирлаши билан юзига тортди. Ўрнидан турмоқчи бўлганида, адаси тўхтатди.
— Пўлат... — у хотинига қараб қўйиб, бошини эгди. — Кундузи Раҳбархон... Ойдиннинг онаси келган эди...
— Хўш? — Пўлатнинг юрагн орқасига тортиб бўшашди.
— Ойдин билан фотиҳаларингни бекор қилиб кетди
— Нега? — ҳайрон бўлди Пўлат.
— Яширадиган жойи йўқ энди, ўғлим, салмоқлаб гапирди адаси. — Ойдинхон... Ойдинхонни уйга олиб келишибди. Бечора қиз... Кўрпа-ёстиққа боғланиб қолди энди. Турмуш қуриб, бола-чақа қилиши қийин. Ноумид шайтон ўғлим ажаб эмас, бир кунмас бир кун ўрнидаи туриб кетса!.. Лекин бу кун қачон келади, худога аён, бандаси билмайди. Шуларни ўйлаб сенинг йўлингни очиб қўйишди, Бу гапдан Ойдиннннг ўзи ҳам хабардор экан. Ким билсин, балки ўзи бошлагандир?

Пўлат Ойдиннинг гапларини эслади. Албатта, гапни Ойдиннинг ўзи бошлаган.
— Сизлар нима дединглар? — Пўлат ойиси, адасига бир-бир қараб чиқди.
— Ўғлим!.. Бу тўғри фикрга қўшилмай иложимиз йўқ. Розимиз. Фақат ич-ичимиздан ачиниб, эзилиб ўтирибмиз. Ойдин яхши келин, Раҳбархон яхши қуда бўларди. Лекин нима дердик. Худо шифосини берсин. Тузалиб кетса, Ойдиндек қиз уйда ўтириб қолмайди. Бахтини топиб кетади.
— Нега мени кутмадинглар? — сўради зарда билан Пўлат ўзини тутолмай.
— Ойдин узил-кесил гап қилибди, — шу пайтгача дастурхоннинг бир четини ғижимлаб ўтирган Санобар опа ўғлига қараб бошини кўтарди. — Рози бўлмасдан иложимиз йўқ эди. Ўғлим, аданг айтганларидек бечорага худо умр берсин, шифо топиб кетсин. Унга ҳозир бундан бошқа ҳеч нарса керакмас, юрагига ҳам сиғмайди. Бизларнинг ҳам умидларимиз бор. Биттаю-битта ўғлимиз оила қурса, тўй қилсак, невара кўрсак, деймиз.

Яна адаси гапга қўшилди.
— Ҳаммамиз ўғлим, бу дунёда меҳмонмиз. Кўриб турибсан, менинг ҳам аҳволим кўнгилдагидек эмас. Худо билади, пешонага нима ёзилган. Кўзим очиқлигида сендан тинчисам дейман. Лекин билиб қўй, ойингга ҳам менга ҳам розилик бериш осон бўлгани йўқ.

Аллақаерда хўроз қичқирди. Алламаҳал бўлган эди. Шуни баҳона қилиб, Пўлат ўриндан турди. Хонасига кириб ечинмай ўрнига чўзилди. Аммо тонг отгунча мижжа қоққани йўқ.

Димоғини тандирдан янги узилган нон ҳиди қитиқлаб ўрнидан турди. Ухламай чиққанини сезмади, кечаси билан кўкрагини босиб турган оғир хаёллар, ота-онасининг гаплари бирдан қаёққадир йўқолди. Кўз олдида Ойдин пайдо бўлди. У онаси ёпган, буғи буралиб, хамиртуруш, аччиқ пиёз ҳиди анқиб турган бир сават нон кўтариб уни олдида турарди. У беихтиёр қўлини узатди, эшик томон юрди. Тасаввури тарқалди. Аммо барибир у хурсанд эди. Нон ҳиди нияти, режаларини ойдинлаштирди.

Нонушта пайти иссиқ, пиёзли нондан ушатиб оғзига солар экан:
— Қачон улгурдингиз? — сўради онасига меҳр билан боқиб.
— Кечқурун пишриб қўювдим хамирини, — нондек қизарган юзларини артиб жилмайди Санобар опа. — Худо хоҳласа, келин туширганимиздан кейин ҳар куни тандир ёқаман.

Пўлатнинг бояги тасаввури яна кўз олдидан ўтди. Ойдин бир сават нон билан айвонга кўтарилди. Мана, у саватни хонтахта бурчагига қўйиб, нонларни олаяпти. Нон иссиқ, саватдан олиб қўйгунича қўллари куйиб кетай деяпти. Лекнн касаллигини унутолмай лабларини тишлаб битта-битта олаяпти.

Пўлат ёрдам бермоқчи бўлиб қўлини узатди. Қўли янги кулча ушлаб турган онасининг қўлига тегди. Тасаввури яна тарқаб кетди. Ойдин йўқ эди. Дастурхон атрофида ойиси, адаси, ўзи ўтиришарди.
— Ойи! — Пўлат ютинди, жойида бир қўзғолиб олди. — Албатта, келин туширасиз. Мен уйланаман. Фақат Ойдинга уйланаман. У тузалиб кетади. Уни ҳозирги аҳволида қолдириб, бошқага уйланолмайман. Гапим шу.

Адаси пиёлани кўтарганича қотиб қолди. Санобар опа ҳам нима дейишини билмай чайнала бошлади. Пўлат сув сепгандек шошиб қўлларини юзига суртди-да, ўрнидан турди.

Кўчага чиқиб, аввал институтга борди. Ректор ўзида экан, кирди.
— Институт қошида майда болалар учун бокс мактаби очсак, нима дейсиз? — деди дабдурустдан.
— Жуда яхши бўлади! Қачондан?
— Бугундан.

Ректор ўрнидан туриб унга қўлини узатди.

Пўлат кафедрага кириб клубнинг телефонини тера бошлади.
— Исмат Ҳайдаровни мумкинми? Ўзингмисан? Салом оғайни. Ҳа, Пўлатман. Йўқ, бормайман. Мутлақо бормайман. Соқчилик, муштлашиш қўлимдан келмас экан. Боксимга қайтдим. Мактаб очаяпман институт қошида. Ҳоҳласанг кел, истеъдодли боксчи эдинг. Майли. Ихтиёр ўзингда. Истаган пайтинг кел. Эшик очиқ. Йўқ. Қайтмайман. Ҳамма нарсани пул билан ўлчаб бўлмайди. Хайр.

Трубкани қўйиб, сеқретар аёлга мурожаат қилди:
— Бир соатга эски ТошМИга бориб келаман. Хўпми?

Аёл бошини қимирлатди. Нега ТошМИга боришини у яхши биларди.

* * *

Давон орқали Фарғона водийсига бораётганимда албатта Пунгонда тўхтайман. Шу ерда, Наманган йўлига бурилишда жажжигина чойхона бор. Бирпас оёқ-қўлларимнинг чигалини ёзиб, аччиқ кўк чой ичиб, дам оламан. Чойхоначи мен тенгги, олтмишларга борган деҳқон одам. Собиқ агроном. Чойхона қариликни тан олганидан бери, тўғрироғи раҳбарлари тан олдиришгандан бери қилаётган эрмаги. Чойхонанинг орқаси боғ. Анжир, шафтоли, нок экиб қўйибди. Ким кирса, шулардан албатта, олдига қўяди. Райҳон, атиргулларни ҳиди димоғни қитиғлаб туради. Бу гал ҳам машинамни кўринадиган жойга қўйиб, чойхонага кирдим.

Бўш тақсимча билан чойнак кўтарган Обиджон ака очиқ дераза олдида катта йўлга тикилиб турарди. Беихтиёр шу томонга қарадим. Чойхонадан катта йўлга тушаверишда қўлига термос кўтариб олган йигит узун атлас куйлак кийган қизни тирсагидан ушлаб борарди. Улар оҳиста-оҳиста юриб, янги «Москвич» ёнида тўхташди. Йигит қизни қўйиб юбориб, машина эшигини очди. Қиз орқа ўрнндиққа ўтиргач, йигит эшикни оҳиста ёпди. Кейин машинани айланиб ўтиб, рулга ўтирди. Уларни танидим, аммо кўришишга улгурмадим. Машина юриб кетди. Йигит Пўлат, қиз Ойдин эди. Бироз бўлса ҳам Ойдин тузалганини, Пўлат уни Москва, Киевдаги таниқли жарроҳларга олиб борганини, бир йилдан бери эса наманганлик Муҳиддин табибга қатнашаётганини эшитган эдим. Аммо Ойдинни оёққа тургани, юрадиган бўлгани менинг учун мўъжиза эди.
— Уларни танийсизми? — сўрадим Обиджон акадан.
— Иккалови икки фаришта! — деди у. — Бири Тоҳир, бири Зуҳра, Бири Ширин, бири Фарҳод. Фарҳод-Ширинлар чўпчак дейишади. Ёлғон! Мана, улар чўпчак.

У қўлини узатиб машина кетган томонни кўрсатди, кейин шақиллаб қайнаб турган самовар ёнига бориб, чой дамлади. Гулдор патнисга битта ёпган нон, бир бош узум, бир сиқим қанд солиб олдимга келди.
— Астойдил йиғласа сўқир кўздан ҳам ёш чиқар экан, — Обиджон ака чой қуйиб узатди. — Пўлатжон фақат боксда чемпион эмас, меҳр-оқибатда ҳам чемпион экан. Муҳиддин табиб бечора қизни оёққа турғазгани мўъжиза, тўғри. Аммо-лекин шу қизга Пўлатжоннинг дуч келгани иккинчи мўъжиза. Унинг астойдил ҳаракати, садоқати билан Ойдин юриб кетди. Ҳамма нарса пулга чақиладиган даврда Пўлатжондек йигитларнинг борлиги яна бир мўъжиза. Тошкентда мактаб очибди. Ҳукумат қўлинг ўргулсин бир бино берибди. Бу мактабни битирганлардан чемпионлар чиқадими, йўқми, билмадим. Чиқар. Аммо яхши одамлар албатта, чиқади! Нима дедингиз?

Унга қўшилдим. Пўлатга ўхшаган садоқатли, вафодор йигитлар фақат қизларнинг эмас, бутун эл, юртнинг бахти. Улар бор яшаса, эртанги кунга умид, ишонч билан қараса бўлади...