OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиОдам бўлиш қийин (роман)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, Тошкент - 2007
Ҳажм578KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/18
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Одам бўлиш қийин (роман)
Ўлмас Умарбеков

Муқаддима

«
Осмондаги бўзтўрғай
Бўзламасанг на бўлғай?
Гулчеҳранинг ҳолини
Сўзламасанг на бўлғай?

Алёр
»


   Шоҳ Муслим дунёдаги энг доно, энг одил подшолардан эди. Унинг мамлакати гўзал, шаҳарлари обод, халқи тинч, фаровон турмуш кечирарди. Аммо подшонинг фарзанди йўқ эди. Бу фақатгина унинг ўзини эмас, бутун халқни ташвишга солиб қўйган эди. Орадан кўп йиллар ўтди. Подшо қариб, бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда турган пайтда фарзанд кўрди. Севинчи ичига сиғмай қирқ кечаю қирқ кундуз халққа ош берди. Қирқ биринчи куни эса етти иқлимдаги барча донғи кетган одамлар, фозилу фузало, олиму уламоларни йиғиб ўғлини кўрсатди ва ўз халқининг одатича унинг келажагини айтиб беришни сўради.

Ҳамма жим. Ҳамманинг боши қуйи солинган... Подшо ҳайрон бўлди.
— Бу жимликнинг боиси нима?

Яна ҳеч кимдан садо чиқмади. Орадан анча вақт ўтди. Оғир сукунатни Суқротдек кекса бир олим бузди.
— Шоҳим, рўпарангизда бош эгиб турганлар мендан ёш. Мен эса дунёга қачон келганимни унутганман, дунёнинг барча аччиқ-чучугини тотган одамман. Шуларнинг қонидан кечсангиз, мен айтай?
— Айт!

Шунда кекса олим деди:
— Ўғлингизнинг дунёда тенги бўлмайди. На кучда, на ақлда. Икки ойлигида икки ёшлик боланинг ишини қилади, икки ёшида эса йигирма ёшлик йигитдай бўлади. Ўн ёшида ўзини фиръавн эълон қилади. Унинг дастидан вайрон бўлмаган уй, мамлакат қолмайди. Шунинг учун ҳам умрининг иккинчи ярми пушаймонда, азобда ўтади.
— Жаллод! — қичқирди шунда шоҳ ва тиззасида ўйнаб ўтирган ўғлини бағрига босди. Қирқ кунлик бола бирдан отасининг соқолига чанг солиб, ярмини юлиб олди.
— Гапимнинг биринчи исботи бу! — деди кекса олим.

Шоҳ қулоқ солмади. Олимни олиб чиқиб кетишди.

Орадан кўп йиллар ўтди. Шоҳ Муслим кекса олимнинг гапларини ҳам, ўзини ҳам унутди. Шаҳзода олим каромат қилгандек кун сайин, соат сайин ўсиб, ўн ёшга тўлганда ажойиб йигит бўлди. Шоҳ ҳам, халқ ҳам унинг ҳуснига қараб, гапларини эшитиб тўйишмасди. Аммо шаҳзода ҳеч кимга парво қилмас, ўз ақлига, ўз кучига маҳлиё эди, кўп вақтни отасининг тахтида ўгказарди.

Бир куни осмони фалакни қора булут қоплади. Қаттиқ шамол турди. Бўрон бошланди. Сел на одамни аяди, на дов-дарахтни! Бирпасда гуллаб турган мамлакат вайрон бўлди. Шаҳарлар, далалар, тоғлар сув остида қолди. Бўрон тингач, шоҳ ва шаҳзода ўзларини сувда қалқиб турган ёғоч устида кўрдилар. Ёғоч шундай ингичка эдики, кимдир озгина қимирласа, иккалови ҳам ағдарилиб ҳалок бўларди. Шаҳзода отасига деди:
— Ота, бу ёғоч устида иккаламиз жон сақлолмаймиз. Сен менинг туғилишимни истаган эдинг. Энди қўйиб бер, мен яшашим керак.

Шундай деб шаҳзода отасини сувга итариб юборди. Шоҳ ғарқ бўлди.

Шаҳзода ўзга бир мамлакатга сузиб келиб, ўзини фиръавн эълон қилди. Унинг зулмидан, унинг қаҳридан ярим халқ қочиб қутилди, ярим халқ ўлди. Мамлакатда фиръавннинг ўзидан бошқа ҳеч ким қолмади. У узоқ яшади, аммо на тушида, на ўнгида ҳаёт лаззатини сурди. Бутун умри ёлғизликда, азоб-уқубатда ўтди.

Айтишларича, бундай одамлар юз йилда бир туғилар эмиш...

I

196... йилнинг жазирама ёз кунларидан бирида Мингбулоққа кираверишдаги оқ тунука томли уйнинг эшигини ёш бир йигит тақиллатди. Олис йўл юрганиданми, ё иссиқ қаттиқ таъсир қилганиданми унинг оқ батис кўйлаги куракларига ёпишиб қолган, ёқаси ичидан бўйнига ташлаб олган рўмолчаси жиққа ҳўл эди.

Дам ўтмай у кафтлари билан ясси пешанасини, бароқ қошлари аралаш юз-кўзларини артарди. Ичкаридан ҳадеганда ҳеч ким чиқавермади, йигит бесўнақай картон чамадонини қўлига олиб, эшикни оёғи билан итарди. Янги бўялган жимжимадор зангори эшик «ғийқ» этиб очилди. Йигит ичкарига кирди. Уй томони баланд сўридан иборат бўлган чорси ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. Ҳовлининг ўнг биқинидан ўтган ғишт йўлка ёнидаги гулзорга жилдираб сув оқиб турарди, йигит шу томонга қараб, ток тагига келди. Шунда у ровонда хонтахтага тирсакларини тираб тасбеҳ ўгириб ўтирган кампирга кўзи тушди. Кампирнинг кўзлари юмуқ, ажин тортиб кетган ингичка лаблари нималарнидир шивирларди.
— Буви, — деди секин йигит уни чўчитиб юбормаслик учун.

Кампир кўзларини очди ва рўпарасида жилмайиб турган йигитга тикилди. Кейин бирдан ўзини орқага ташлади-да, деди:
— Вой, ўла қолай! Абдулламисан?
— Мен...

Абдулла чамадонини ерга қўйиб, ровонга кўтарилди.
— Вой, бўйингга қоқий! Вой, садағанг кетай! Сен келадиган кун ҳам бор экан-ку!

Кампир ёшига муносиб келмаган эпчиллик билан ўрнидан туриб, Абдуллани қучоқлай кетди.
— Вой, мен ўлай сени танимай! Индамай термилиб ўтирибман-а. Эсонмисан, омонмисан? Нечук, болам, нечук? Ўзинг келдингми? Ойинг, даданг эсон-омонми?

Кампир янги кўрпача солиб, Абдуллани ўтқазар экан, севинчи ичита сиғмай, шанғиллаб гапирар, Абдудла эса жавоб беришга улгуролмай жилмаярди. У Мингбулоққа бу гал ўзи келган эди. Мактабни олтин медаль билан битириб, озод қушдек бўлгани учун онаси ёлғиз ўзини юборишга қаршилик қилмади. Бир чамадон совға-салом қилиб бериб, жўнатди. Абдулла бувисиникига, умуман, шу қишлоққа келишни яхши кўрарди.

Қачонлардир Мингбулоқ Қўқоннинг, қолаверса, бутун Фарғонанинг энг гўзал сайилгоҳларидан бири бўлган. Мингбулоқнинг марказидаёқ толзор такя водийнинг машҳур қизиқчилари, шоир ва полвонларини тўплаган, Қулочга сиғмайдиган толлар тагидаги супаларда ошхўрлар кунни кеч қилишган, шуҳрати бутун республикага тарқалган ашулачи, чолғувчиларнинг ашула, машқларини эшитишган.

Олис йўлга отланган сайёхлар ҳам Мингбулоқда тўхтаб, девзирадан бир сиқим ош қилиб еб кетишма-са, кўнгиллари жойига тушмасди. Машҳур Юсуфжон қизиқнинг ўз шогирди Охунжон қизиққа ютқазган жойи ҳам шу Мингбулоқ бўлган. Тумонат одам ўшанда тараф-тараф бўлиб аскияни тўполонга айлантирган экан. Буларни Абдулла кўрмаган, дадасидан эшитган. Уруш сабаб бўлиб Мингбулоқнинг файзи кетиб қолди. Бузилган ўчоқлар, чириб, намдан моғор тортган сўрилар сершовқин толзор такянинг ўлимини эслатади. Лекин ҳали ҳам бу жойларнинг кўрки, ҳисобсиз катта-кичик булоқлар, шохлари бир-бирига чирмашиб кетган баҳайбат толларнинг шовур-шувури, муздек ҳаво дилни равшан қилади. Абдулла деярли ҳар ёз икки-уч ҳафта ойиси билан келиб турарди. Аммо икки йилдан бери, отаси касалга чалиниб ётиб қолганидан бери келмаган ва бувисини жуда соғинган эди. Қариб мункиллаб қолган, қоп-қора бу кампирни у яхши кўрарди, соатлаб унинг гапларини эшитарди, зерикмасди ва кўпинча унинг ёнида ётиб, ҳикояларини тинглаб, тонг оттирарди.

Ҳожар буви ҳам неварасини яхши кўрарди. У келганда ўтқазгани жой тополмай қоларди, агар кўча-кўйда болалар билан ўйнаб, у ер-бу ери чақа бўлиб қайтса, жиғибийрони чиқарди. Абдулла унинг яккаю ягона невараси эди. У ўзи иккита фарзанд кўрган эди. Биттаси, Абдулланинг онаси Шаҳодат, иккинчиси, кенжаси Обид бўлиб, у шу ўғли билан турарди. Шаҳарга, қизиникига борганда, икки кундан ортиқ туролмас, шаҳар шовқини бошини оғритарди, сиқиларди. Бунинг устига у анчагина қари бўлса ҳам, мустақил ҳаёт кечиришни истарди. Ўғли билан туришига қарамай, ўз рўзғорини ўзи тебратарди ва кўпинча ўғли унга ёрдам бериши ўрнига, ўғлининг кам-кўстларини у тўғрилаб юрарди. Шундан бўлса керак, ким билан гаплашмасин, ўзини мағрур тутар ва дастурхон атрофидаги энг яхши дуоси: «Худо бировни бировга зор қилмасин!» эди.

Қишлоқдагилар уни «Отинбиби» ё бўлмаса «Завод ая» деб аташарди. Абдулла отинбиби дейишларининг сабабини биларди. Ҳожар буви анчагина ўқимишли аёл бўлиб, бир қанча китобларни, достонларни ёд биларди, ёшлигида Анбаротинга эргашиб, бир қанча ғазаллар ҳам битган эди. Лекин у, нима учун «Завод ая» дейишларига тушунолмасди. Қачонлардир пахта тозалаш заводига янги келганлардан бири уни «Завод ая!» деб чақирган, шу-шу «Завод ая» бўлиб кетган.

... Фотиҳадан сўнг, Ҳожар буви дарров дастурхон ёзди, бирпасда чой дамлаб келди-да, неварасининг ёнига ўтирди.
— Вой, Абдулла-ей, вой, болам-ей! Шундай қилиб, ўзим келдим дегин? Катта йигит бўлиб қолибсан, катта йигит! Даданг қалай?
— Раҳмат, тузуклар, — деди Абдулла. — Қон босимлари анча тушган. Салом деб юбордилар.
— Саломат бўлсин. Бу касал унга қаёқдан юқа қолди экан? Худо шифо берса, тузалиб кетар. Ўқишинг биттими энди?
— Ҳа. Олтин медаль билан тамомладим.
— Бўйингга қоқий!

Улар анчагина гаплашиб ўтиришди. Абдулла совғаларни топширди. Ҳожар буви кўзига ёш олиб дуо қилди.
— Тоғамгилар қани?
— Тоғанг балнисага кетган, — деди Ҳожар буви қандайдир ташвиш билан. — Келин ойингнинг кўзи ёрийдиган. Билмадим бу гал нима бўлар экан, — кампир оғир хўрсинди. — Ҳар банданинг бошида бир ташвиш бор экан-да, болам. Тўртта туғди, тўрттови ҳам уйга келмай қазо қилди. Буниси энди нима бўлар экан? Майли, ишқилиб, тоғангнинг бахтига ўзи омон бўлсин.

Орага жимлик чўкди. Ҳожар буви ўз Ҳаёлларига берилиб, неварасини бир дақиқа унутди. Кейин сесканиб, ўрнидан турди.
— Эсим қурсин, овқатга уннамай ўтиришимни қара.
— Овора бўлманг, буви, қорним тўқ,
— Овораси бор эканми? Ҳозир тоғанг ҳам келиб қолади. Сен бирпас чўзилгин. Мен дарров ош қилиб келаман. Бор, менинг уйимга кир.

Ҳожар буви пилдираб ўчоқ боши томонга кетди. Абдулла қишлоққа келганидан ҳурсанд бўлиб, ўрнидан турди. Анча вақт ҳовлининг ўртасидаги нашвати шохида кукулаб турган мусичани, ўчоқ бошида ғимирлаб юрган бувиси, мўридан ғўзапоянинг аччиқ ҳидини келтириб, бурқсиб чиқаётган кўкимтир тутунни томоша қилди, кейин эснаб ичкариги хонага, бувисининг уйига кирди. Бу уйни у жуда яхши билар ва яхши кўрарди.

Уй кенг ва чорси бўлиб, ҳамма девори токчалардан иборат эди. Токчаларга ҳар хил тусдаги катта-кичик қутичалар, ҳисобсиз коса, чойнак-пиёлалар териб қўйилган эди. Токчалар ўртасидаги устунларнинг ғалтак ўтқазилган қозиқларида ҳар доим дазмолланган ва атир сепилган сочиқлар осиғлиқ турарди. Одам кам киргани учунми, ё ҳовлининг офтоб тушмайдиган жойида бўлгани учунми, уй ёз бўйи салқин турарди.

Абдулла муздек беқасам кўрпача устига чўзилди. Юмшоқ пар ёстиқнинг райҳон ҳидини эслатувчи енгил, ёқимли ҳиди гуп этиб димоғига урилди. Қўлларини ёйиб, кўзларини юмди. Ҳовлида эса мусича ҳамон кукулар, чарс-чарс ёнаётган ғўзапоя овози унга қўшилиб ғалати, оромбахш оҳанг касб этарди. Имтиҳон ташвишларидан қутулган, юраги минг хил орзулар, номаълум, аммо порлоқ келажак лаззатлари билан тўлган Абдулла ўзини ниҳоятда бахтли ҳис қилар ва мудрар экан, юзларида табассум ўйнар эди.

Шу аҳволда у қанча ётди, ухладими, ё фақат мудрадими, билмайди, бир маҳал қувноқ, йўғон эркак овозини эшитиб, туриб кетди. Дераза ёнига бориб, ҳовлига қаради.

Ўчоқ боши олдида тоғаси онасини қучоқлаб, бақирарди:
— Ўғил, ойи! Ўғил! Тирик! Тирик!.. Абдулла отилиб ҳовлига тушди.
— Ассалому алайкум, тоға.

Обид ака уни кўриб, онасини қўйиб юборди ва қаршисига юрди.
— О жиян-э! Бормисан?! Жуда яхши келдингда. Мана сен ҳам энди жиянлик бўлиб қолдинг!
— Табриклайман. — Абдулла тоғасининг қўлини сиқди.
— Ҳой, менга қара, ўзини кўрдингми? — қичқирди ошга сабзи босаётган Ҳожар буви.
— Кўрдим. Қоп-қора бир жиш, — деди Обид ака кулиб.
— Нафасингни совуқ қилма! Қора бўлса, ўзимизга ўхшар экан-да.
— Кимга ўхшаса ҳам боши омон бўлсин, ойи!
— Худоё айтганинг келсин. Ҳой, Обид, самоварни янгила, ҳали замон ошим тайёр бўлади.

Обид ака севинчидан ниманидир хиргойи қилиб, самовар қўя бошлади. Бирдан у қаддини ростлади ва ўчоқ бошига қараб бақирди:
— Ойи! Отини нима қўямиз?
— Қайдам? Ўзларинг биласанлар.

Ҳожар бувининг шундай дейишида жон бор эди. Бу уйда ҳамма нарса унинг измида бўлиб, унинг айтгани-айтган, дегани-деган эди. Олдинги невараларининг ҳаммасига ҳам туғилмасдан исм қўйган, уйдагилар рози бўлишган эди. Лекин уларнинг биттаси ҳам турмади. Кампир кўнглида бунисига ўғил бўлса Тўхтасин, ё Турсун, қиз бўлса Умриниса қўйишни ният қилиб қўйган эди. Аммо ҳозир кўнглини очгиси келмади. Чақалоқларнинг турмаслигига ўзини айбдор ҳис қилганидан ўзини бу гал четга тортди.
— Қайдам? Ўзларинг биласанлар, — деди у яна анча жиддий тусда.
— Бўлмаса... — деди Обид ака Абдуллага кўз қисиб қўйиб. — Турсун бўлсин.

Ҳожар буви ўчоқ бошидан чиқди. Унинг кўзлари жиққа ёш эди.
— Айтганинг бўлсин... — деди ўпкаси тўлиб. — Омин! Неварамнинг умри узоқ бўлсин. Боши тошдан бўлсин!..

Ҳожар буви ёғлиқ қўлларини юзига суртди-да, енгининг учи билан нам кўзларини артди. Абдулла кўз оддида юз берган бу воқеадан севинишини ҳам, севинмасини ҳам билмай, қаққайиб туриб қолган эди. Обид ака буни сезди шекилли, елкасини бир-икки қоқиб қўйиб:
— Мана, жиянлик ҳам бўлиб қолдинг, — деди. Абдулла жилмайди.

Кўп ўтмай ҳовли қўни-қўшнига тўлиб кетди. Ҳамма шанғиллаб янги меҳмон билан табриклар, ҳазиллашар, бири олиб, бири қўйиб, қандайдир маслаҳатлар берарди.
— Завод ая! Энди пўлат сандиқни шамоллатадиган бўлдингиз-да? Бешик тўйи ўзи бўлмайди.
— Нима деяпсиз ўзи! Завод аянинг пўлат сандиқларидаги бисот ўнта бешик тўйига етади.
— Баҳона билан сарполик бўлиб қоларканмиз-да, Отинойи..
— Сенларга гап бўлса! — деди ўчоқ бошидан капгир кўтариб чиққан Ҳожар буви. — Менинг пўлат сандиғим билан нима ишларинг бор?
— Ўзингиз билан олиб кетманг деяптиларда, — деди ёш бир жувон.
— Тилинг кесилсин, Бувиниса! — деди жаҳли чиққан бўлиб Ҳожар буви — Сенга кимхоб камзулимни атаб қўювдим. Энди бериб бўпман! Неварамни уйлантираман деб юрибману ҳали?!
— Ишқилиб айтганингиз келсин, Завод ая! Неварангизнинг боши тошдан бўлсин.

Яна анча шанғиллаб гаплашиб, тарқалишди. Гап билан бўлиб ош тагига олиб кетганини ҳеч ким сезмабди.
— Майли, эртага бошқа қилиб берарсиз, — деди Обид ака. — Биз жиян билан бедана отиб келамиз. Нима дейсан, жиян?
— Зўр бўларди, — деди Абдулла севиниб. — Ҳеч бедана овига бормаганман.
— Бўпти. Азонда уйғотаман бўлмаса.

Шу тун Абдулла алламаҳалгача Ҳаёл суриб ётди. У Мингбулоққа келганидан ҳурсанд, шунинг учун Ҳаёллари ҳам Мингбулоқдек тоза, шўҳ ва тиниқ эди.

II

Обид ака ваъдасига мувофиқ, ғира-ширада Абдуллани уйғотди.
— Борасанми?
— Бўлмасам-чи! — деди Абдулла кўзларини ишқалаб.

Шундай деди-ю, лекин эринчокдик билан ўрнидан турди. Ҳовлига тушганда, Обид ака эски шим-кўйлак, резинка этик кийиб олиб, белига ўқдон боғлаб турарди.
— Ановилар сенга, — деди у ровонга ишора қилиб. — Бедазор ҳозир нам, кийимингни расво қиласан.

Абдулла апил-тапил ювиниб, тоғаси тайёрлаб қўйган эски бир комбинезонни кийди. Комбинезон катта келиб, почалари осилиб турса ҳам унга ярашди. Бир пойининг таги кўчган этикни кийганда эса, тоғаси кулиб деди:
— Тракторчи бўлдинг қўйдинг.
— Туззукми?
— Туззук бўлганда қандоқ!..

Ҳожар буви кечаги ошнинг гўштларини иккита нонга босиб, тўрвага солиб берди.
— Шу ерда еб ола қолайлик? — сўради Абдулла қорни очлигини сезиб.
— У ёкда еймиз. Бунинг ҳам ўзига яраша гашти бўлади, — деди Обид ака. — Нима дединг?
— Майли.
— Ҳаяллаб қолманглар, Обид, — дсди Ҳожар буви. — Заҳрога овқат олиб борасан-а. Ширгуруч қилиб қўяман.
— Хўп.

Улар йўлга тушишди. Эшикка етганда Обид ака:
— Тешавой! — деб чақирди.

Қаердандир кичкина олачипор, шалпангқулоқ ит пайдо бўлиб, уларнинг олдига тушди.
— Қаердан олдингиз буни, тоға? — сўради Абдулла итга одамнинг исми берилганига ҳайрон бўлиб.
— Бир овчи ўртоғимдан олдим. Унинг ҳам оти Тешавой. Ит деса, ов деса ўзини томдан ташлайди. Зўрға олдим. Бир ой ялиниб юрдим. Охири берди.

Обид ака, ўша ялиниб юрган кунлари эсига тушди шекилли, кулиб қўйди.
— Бир куни уйига борсам, ҳовлида ўйнатиб ўтирибди. Ўзида бир эмас — тўртта. Тағин шундоғ итлар-ки, шерни тутиб кел десанг, тутиб келади. Кўп бўлса кўз тўймас экан-да. Буни пойлаб юриб, янги туғилганда ошнасиникидан ўғирлаб келган. Кўрдиму маҳкам ёпишиб олдим. Ўша куни энди кўзини очган экан. Мен ҳам унга кўп яхшилик қилганман-да, охири йўқ деёлмади. Қўлига олиб, тумшуғидан ўпди. Ит ғингшиб қўлларини ялай бошлади. Яна айниб қолмасин, деб секин гап бошладим. «Тешавой...» деганимни биламан, ит тумшуғини менга ўгирди. Иккаламиз кулиб юбордик. «Майли, ола қол», деди итни менга узатиб. «Отини нима қўйдинг?» деб сўрадим, шошиб итни олар эканман. «Ҳозир ўзинг қўйдинг-ку, Тешавой-да», деди. Шу-шу Тешавой бўлиб кетди.

Ит ўзининг номини эшитиб, тўхтади-да, буйруқ кутгандек Обид акага ингичка қора тумшуғини чўзди.
— Бор, бор, сени чақирганим йўқ, — деди Обид ака қўли билан йўлга ишора қилиб.

Тешавой кичкина оппоқ думини ликиллатиб, олдинга чопиб кетди.
— Яхши ит чиқди, ҳароми, — деди Обид ака ҳавас билан унга қараб. — Ҳали яна ўзинг кўрасан.

Улар олмазор этагидаги сўқмоқ йўлга бурилишганда, қуёш тоғ ортидан эндигина мўралай бошлаган эди. Олма шохларидаги сарғая бошлаган япроқлар олтин тангалардек ярақларди.

Улар икки километрча юриб, канал бўйига чиқишди. Шу ерда қишлоқ тугаб, кенг экинзор бошланарди. Попуклари қизариб, етилиб турган жўҳоризор, унинг орқаси кетганча пахтазор эди. Обид ака жўҳоризорни айланиб ўтишганда:
— Келдик, — деди ва милтиғини елкасидан олди. Абдулла олдида бедаси ўрилган яхлит карта ястаниб турарди.
— Қани, бирпас ўтирайликчи, ҳозир бошланади, — деди Обид ака сирли оҳангда.

Улар ариқ лабига омонатгина ўтиришди. Абдулла тоғаси нимани бошланади, деди, тушунмади. Сўрашга эса уялиб, бедазорга тикилди. Жимжит. Ҳеч қандай қушнинг овози эшитилмасди. Енгил шабада беданинг чучмал ҳидини димоққа уриб эсарди. Улар анча ўтиришди. Обид ака оёқлари орасида тилини осилтириб ётган Тешавойнинг бошини силаб, худди Абдулладек бедазорга тикиларди. Аммо бедазор ҳамон тинч, унда бирон жонивор борлигидан асар йўқ эди. Бир-икки марта чумчуқ галаси «гур» этиб кўтарилиб, жўҳоризор ичида ғойиб бўлди, холос. Абдулла зерикди ва тоғасига ўгирилиб:
— Ҳеч нарса йўқ-ку? — деди.
— Тисс! — деди Обид ака нимагадир қулоқ солиб. Шу топ қишлоқ томонда сигир маъради, кейин қаердадир яқин бир жойда нимадир «тиқ» этди. Яна нимадир тақиллади. Бақами, алланарса бир-икки марта «ғувак-ғувак» деган товуш чиқарди. Обид ака Абдуллани туртиб, «эшит», деди. Абдулла шу сўзни эшитиши билан бир беданининг «пидпилдиқ»лаб кетганини пайқади. Овоз жуда баланд ва тиниқ эди. Кўп ўтмай бедазорнинг ҳар чеккасида беданалар сайрай бошлади. Абдулла қайси бирига қулоқ солишини билмай қодди. У ёш боладек севиниб, ариқ бўйлаб у ёқдан бу ёққа югурар, қаёқда бедана баландроқ сайраса шу ёққа ўзини отарди.
— Бошлаймизми? — сўради Обид ака.
— Бирпас туринг.

Абдулла, ўлим хавфини сезмай, ўз овозидан завқланиб сайраётган беданаларга қулоқ солиш билан банд эди, у бу дақиқанинг иложи борича чўзилишини истарди.
— Кеч бўлиб кетади. Орқадан одам ўтиб қолиши мумкин, — деди Обид ака, лекин жойидан қўзғалмади.

Беданаларнинг хори тингандай бўлди. У ер-бу ердагина сийрак эшитилиб қоларди.
— Энди бошлаймиз!

Обид ака ўрнидан турди. Ит бир сакраб ариқ ичидан чиқди-да, тиззасигача ботиб, бедазор ичига шўнғиди. Беш метрча доира чизиб айлангач, эгасининг олдига келиб, тумшуғини чўзди.
— Ол, — деди Обид ака қўлини олдинга бигиз қилиб.

Ит югуриб кетди. Обид ака белидаги анча-мунча илгак осилган камарини тузатар экан, Абдуллани огоҳлантирди:
— Фақат орқамдан юрасан. Ёнимга ҳам, олдимга ҳам ўтма.
— Хўп, — деди Абдулла ҳўл бедазорга қадам қўйиб. — Анча отамизми?
— Қанча керак?
— Беш-олтита отоларсиз? Обид ака кулди.
— Беш-олтита отиш мумкин. Жуда бўлмаса...

У гапини тутатмади, «пақ» этган ўқ товуши эшитилди. Абдулла нима бўлганини англаб етгунча, Тешавойнинг оғзида бир қанотини силкитиб турган беданани кўрди. Ит қойил иш қилгандек, ўзидан мамнун бўлиб, думини ликиллатганча Обид акага тикилиб турарди.
— Опкел! — деди Обид ака тиззасига уриб.

Ит югуриб эгасининг олдига келди. Бедана ҳамон тирик эди. Қанотини силкитиб, қон тумшуғи билан итнинг юзига уриларди. Обид ака уни итнинг оғзидан олди-да, камаридаги илгаклардан бирига бўйнидан илди. Осилиб қолган бедана бир-икки силкиниб, тинчиди.
— Семиз экан, — деди Обид ака милтиқни ўқлар экан. — Бу ҳам сенинг омадинг.

Абдулла индамади. Биринчи марта овга чиққани учунми, овнинг бундай бўлишини Ҳаёлига келтирмаган, отилган нарса ўша заҳоти ўлар, деб ўйлаган эди. У кўзини тоғасининг белида ликиллаб турган беданадан узолмас, ўқ тешиб мажақ бўлган тумшуғи кўнглини айнатарди. «Ҳозиргина сайраб турувди, — ўйлади у бир-икки тупуриб... — Энди сайрамайди. Энди пати юлинади, ювилиб, тозаланиб ошга босилади. Ким ер экан? Мен емайман..»
— Қаёқда қолдинг? Юрмайсанми? — қичқирди Обид ака.

Абдулла ўзига келиб, тоғасининг анча илгарилаб кетганини, унинг олдида ит думини чўзиб, ниманидир искаб турганини кўрди. Овнинг завқи баланд келиб, Абдулла ҳозиргина эзилиб Ҳаёлидан ўтказган гапларни унутди-да, итга тикилди, Тешавой бирпас тумшуғини чўзиб турди, кейин сакради. Нимадир унинг олдида пир этиб кўтарилди. Шу заҳоти ўқ узидди. Қуш бир-икки қанот қоқиб йиқилди. Ит у тушган жойга қараб югурди.
— Опкел! — деди Обид ака яна тиззасига уриб. Тешавой ниманидир тишлаб, эгасининг қаршисига югурди. Бу ҳам бедана эди. Лекин буниси ўқ тегиши билан ўлган, шунинг учунми, ё иккинчи марта кўриб кўникдими, Абдулла жирканмади.

Қуёш тошлоқ устида одам бўйи кўтарилиб, чўғдек қизғиш нурларини соча бошлади. Кимнингдир қичқиргани, кейин мотор гуриллагани эшитилди. Оддий, ҳар дамгидек меҳнат ва завқ билан тўла янги кун ўз ҳаётини бошлади. Аллақаерда қўшиқ янграй бошлади. Радиоданми, ё қишлоқнинг ўзиданми — Абдулла ажрата олмади. Қўшиқ беданаларнинг сайрашига қўшилиб, ғалати, шу пайтгача у эшитмаган, гўзал оҳанг касб этди. Овни унутиб, у шу атрофини тўлдириб турган оҳангларга завқ билан қулоқ сола бошлади. Кўп ўтмай қўшиқ тинди, аммо бедазор эса ҳамон қандайдир сирли, аммо шўх, ўйноқи оҳанглар билан тўла эди.

Яна ўқ узилди. Абдулла чўчиб кетди.
— Санаяпсанми, нечта бўлди? — қичқирди Обид ака.

Абдулла унинг ёнига келди. Обид ака Тешавойнинг оғзидан янги ўлжани олар экан, жиянига ғурур билан қараб қўйди.
— Беш-олтита девдингми, боя?
— Ҳа, — деди Абдулла илгаклардаги бир текисда осилиб турган беданаларга тикилиб. — Лекин кўп отганга ўхшайсиз...
— Ма, сана.

Обид ака камарини ечиб, кичкина бир тасмани олдида, илгакларни шунга ўтказди ва тугун қилиб, жиянига узатди.
— Бугун бедана кўп. Яна шунча отсак бўлади. Қани, ол, Тешавой!

У шундай деб олдинга югурган итнинг кетидан йўлга тушди. Абдулла ўлжаларни санади. Ўн битта бўлибди! «Бирпасда-я!» — ҳайрон бўлди у ва фахр билан тоғасига тикилди.

Бедазорни иккинчи марта айланиб чиқишганда, ўлжанинг сони ўн бештага етди. Обид аканинг кайфи чоғ эди.
— Қалай, ов тузукми? — деди нонушта қилгани ўтиришганда,
— Зўр, — жилмайди Абдулла.
— Аслида ишимни ташлаб овчиликка ўтиб қўя қолсам ҳам бўлар экан.
— Ҳали ҳам трактор ҳайдайсизми?
— Сал баландрокдан кел. Ҳамма тракторчиларнинг бошлиғиман ҳозир.
— Ўсибсиз-да, — деди Абдулла иштаҳа билан гўшт ер экан.
— Ўсганда қандоқ! Ўн йилда бригадир бўлдим, яна йигирма йилдан кейин раис бўлсам ажаб эмас.

Иккови кулишди.
— Ишим яхши, — деди Обид ака бир оздан сўнг Тешавойга суяк ташлар экан, жиддий оҳангда: — Жамоада ўттизта трактор бор. Қишин-ёзин тинмайди. Топиш ҳам шунга қараб. Яқинда машина оламан. Келинойинг туғса, бола ўлмаса, машинада бутун республикани айланиб чиқаман, деб ният қилиб қўйган эдим. Бир ёғи Арслонбоб, бир ёғи Чимён... Ниятимизга етадиганга ўхшаймиз. Ишим яхши-ю, ўқимадим-да, жиян... — Обид ака хўрсиниб қўйди... — Урушдан қайтиб келганимда ўқимоқчи эдим. Лекин бу фикрдан қайтдим. Қимматчилик, жамоа хароб, қишлокда деярли эркак қолмабди. Ўшанда раҳматлик Манноп ота раис эди. Сен уни кўрганмидинг?

Абдулла «йўқ» дея бошини қимирлатди.
— Ажойиб одам эди. Ёшлигида отдан йиқилиб, оёғи синган ва умрбод чўлоқ бўлиб қолган. Шу ҳам қўймади. Ўқиш қочиб кетмайди. Ўқирсан ҳам, олим ҳам бўларсан. Лекин ука, — деди. — Қишлоққа қара, битта ҳам бутун уй йўқ. Жамоа бундан бешбаттар. Деҳқон одам буни тушунади. Қол ука, — деди, қолдим. Кейин ишга берилиб кетиб ўқиш Ҳаёлимдан кўтарилди. Энди кеч. Энди ўқиб қаёққа борардим? Сен нима қилмоқчисан? Ишлайсанми, ўқийсанми?
— Ўқийман, — деди Абдулла негадир уялиб. — ТошДУнинг физматига кирмоқчиман.
— Дуруст, — деди Обид ака. — Математикани яхши кўрасанми?
— Ҳа.
— Дуруст. Ўқи, жиян, ўқи. Ойингнинг сендан умиди катта. Бор ишонгани сен. Даданг мана ётиб қолди. Ҳозир қалай, дурустми?
— Туззукдай.
— Ишқилиб тузалиб кетсин. Ёмон касалга чалиниб қолди. Гипер... гим... Нима эди номи?
— Гипертония.
— Гипертония, — қайтарди Обид ака. — Оти қурсин. Узоқ йили келганда анча яхши эди. Бир ҳафта турди чамамда ўшанда, а?
-Ҳа.
— У билан ҳам овга чиққан эдик. Ҳу анави ёққа. — Обид ака пахтазорнинг этак томонига ишора қилди. — Даданг, Тешавой мерган, мен. Даданг яхши отади. Адашмасам ўттиз-қирқта бедана отувдик ўшанда. Кечқурун Булоқбошида ош қилдик. Ярмини ошга босдик. Ярмини кабоб қилдик. Анча тузук эди даданг ўшанда.

Обид ака ўйланиб қолди. Кейин чўнтагидан ғижимланиб кетган папирос олиб, шошмасдан текисладида, тутатди.
— Дадангни яхши кўраман. У менга жуда кўп яхшилик қилган, уйлантирган, тўйга ўзи бош бўлиб турган.
— Бормайсизми? — сўради Абдулла.
— Бораман. Кеннойинг қайтсин. Бир ўттиз-қирқта бедана отиб олиб бораман.
— Мумкин эмас.
— Майли, емаса ҳам кўнгли кўтарилади. Қани, турдикми?
— Майли, — деди Абдулла қўзғалиб.
— Яна икки марта айланиб чиқамиз. Шу билан бўлди. Тешавой, юр!

Ит худди шу гапни кутиб тургандек, бедазорга ташланди.

Энди Абдулла овга кўниккан, ҳатто унга қизиқиб ҳам қолганди. У завқ билан Тешавойнинг ҳаракатларини кузатар, ҳар ўқ отилганда «Ура!» деб қичқирарди. Бедазорнинг орқасидаги арава йўлда тарвуз ортилган автокачка кўринганда Обид ака овни тўхтатди. Абдулла қаршилик кўрсатмади.

Аравадаги йигит Обид акани таниди шекилли, салом бериб:
— Қалай, ов тузукми? — деб сўради.

Обид аканинг ўрнига Абдулла жавоб берди:
— Йигирма бешта отдик, мана.

У ғурур билан қўлидаги тасмага тизилган беданаларни кўрсатди. Аравакаш калласини лиқиллатиб:
— Қойил! — деб қўйди.

Кейин уни чақириб битта тарвуз узатди.
— Айтгандек, Обид ака, — қичқирди йигит, — ўғил муборак бўлсин!
— Раҳмат.
— Булоқбошида битта ош қилиб берасизда энди девзирадан! Бедана босиб!
— Ош сендан айлансин, Ҳомид. Қилиб бераман. Аравакаш йўлга тушди. Абдулла тарвузни кўтариб, тоғасининг орқасидан юрди. Ариқ лабига етишганда:
— Чўлладик-ку, тарвузни шу ерда еб қўя қолайлик, — деди Обид ака. — Кўтариб юрасанми?

Улар эски жойга чордона қуришди. Обид ака буклама пичоғини тарвузнинг думига шундай теккизиши билан ёрилиб кетди. Қип-қизил чинни тарвуз булоқ сувидек муздек ва ширин эди. Обид ака битта тилимни итнинг олдига қўйди. Абдулла итнинг тарвуз ейишини шунда кўрди. Тешавой думини ликиллатиб ер экан, худди одамга ўхшаб данагини ажратиб ташларди.
— Зўр-ку, — деди Абдулла ҳайрон бўлиб.
— Нима деяпсан! Уйда биз нима есак, бу ҳам шуни ейди...

Обид ака яна нималарнидир деб, итни мақтамоқчи эди, жўҳоризор этагидан битта бедананинг жуда баланд сайраган овози эшитилиб қолди. Абдулла ҳалигача бунчалик ўткир ва тиниқ овозни эшитмаган эди. У-ку майли, Обид ака ҳам еб турган тарвузи оғзида қолиб, қулоқ сола бошлади. Бедана бир оҳангда «так-тарак, так-тарак» қилиб, озгина дам олар, кейин бир йўла саккиз-тўққиз марта таракларди. Бир неча марта шу қайтарилгач, Обид ака ўрнидан турди.
— Қаёққа? — сўради Абдулла тоғасининг нима қилмоқчи эканлигини сезган бўлса ҳам.

У шу беданининг отилишини истамас эди. Лекин Обид ака унга жавоб бермади. Эгасининг ҳаракатларини тушунган ит жўҳоризор томон югуриб кетди.
— Тоға, шуни отманг! — деди Абдулла унинг орқасидан бўғилиб.

Обид ака эшитмади. Абдулла уларга бирпас қараб турди-да, кейин ўша ёққа югурди. Лекин у кеч қолган эди. Тешавой қийинчиликсиз беданани топган, тумшуғи билан пишиллаб уни чўчитган эди. Абдулла бедананинг сакраб кўтарилганини кўрди. Ўқ овози жаранглади. Бедана патирлаб ҳавода бир-икки айланди-да, жўҳори ичига шўнғиди. Ит унинг орқасидан югурди. Шу пайт Абдулла жон ҳолатда қичқирди:
— Тоға, итни чақиринг! Ўзим тутаман, Тешавой! Обид ака уни тушунди ва тиззасига уриб, итни чақирди. Тешавой истар-истамас тўхтаб, орқасига қайтганда, Абдулла уларга етиб келди.
— Шуни отмасангиз бўларди, — деди у зарда билан.
— Ҳа, чакки бўлди, — ачиниб гапирди Обид ака. — Қанотига текканга ўхшайди ўқ, балки тузатармиз.

Абдулла жўҳоризор ичига кириб, беданани қидира бошлади. У ариқдан бу ариққа ўтди, лекин бедана кўринмасди. Жўҳоризорнинг ўртасига келиб, пояларни қайирди-да, олдинга тикилиб қаёққа боришини билмай туриб қолди. Олдинда бир одам кўрингандай бўлди. Абдулла бирикки ариқдан ўтиб, яхшилаб қаради. Ундан ўн ариқча нарида оқ кўйлакли, оқ дурра танғиб олган бир аёл чўкка тушиб ҳовучидаги яраланган беданага тикилиб турарди. Абдулла унинг юзини кўрмади. Бедана тутилганидан ва унинг тириклигидан ҳурсанд бўлиб, аёлнинг ёнига борди.
— Ўлмабдими?
— Ўлса сизга оғирлиги тушармиди?

Аёл жаҳл билан шундай деди-да, Абдуллага қарамай ҳансираётган беданани оғзига олиб бориб тили билан ҳўллади. Абдулла қўнғироқ овозидан аёлнинг ёш қиз эканлигини сезди. Аммо унинг қўпол жавобидан ранжиган бўлди.
— Шунча отганларинг етмасмиди?! — деди қиз яна бошини кўтармай.
— Мен ҳам шундай девдим, — Абдулла қизнинг ёнига энгашди. Энгашди-ю, унга бир қараши билан ўтириб қолди. — Гулчеҳра?
— Вой, сизмидингиз? — қиз ҳам уни таниб, беихтиёр бўш қўли билан этагини пастроқ тортиб қўйди.

Иккалови бир дақиқа жим қолишди. Қиз негадир уялиб бошини эгган, Абдулла эса оғзи очилиб, унга тикилиб қолган эди. Қизнинг бир-бирига туташ қалин қошларигача тушган жўҳори попуклари жамалак бўлиб ёпишиб қолган оппоқ дурраси, қийиқ кўзи ва кичкина бурни устида осилиб турган бир тутам жингалак сочи, бир қаноти синган беданага ачинганиданми, ё кутилмаган учрашувдан уялганиданми титраб турган думалоқ лаблари уни лол қилиб қўйган эди. Иккаловининг назарида шу сукут ичида ўтган бир дақиқа узоқ бир соатдек кўрина бошлаган бўлса ҳам, нима дейишларини билмай, жим ўтиришарди. Ниҳоят Абдулла бирон нарса дейишга қарор қилиб, йўталди. Кейин:
— Тузалиб кетармикин? — деди.

Қиз бирдан юзига қизиллик югуриб, Абдуллага кўз қирини ташлади.
— Тузалади, бир қаноти синибди, холос. Кўринг. Қиз шундай деб, кафтида ёнбошлаб ётган беданани унга узатди. Бедана ҳаллослар ва кичкина кўзларини пирпиратиб, уларга ялинганомуз тикиларди.
— Яхши сайраётганди, — деди Абдулла.
— Ҳа, — қиз жонланиб кетди. — Мен ҳам ишимни ташлаб қулоқ солиб ўтирувдим. Яхши сайраётувди.
— Нима қилаётган эдингиз?
— Жўҳори қайираётгандим, — қиз ёнидаги жўҳори солинган саватни кўрсатди. — Дадамларга. Яхши кўрасизми?

Қиз уялинқираб бошини эгди ва яна юзига қизиллик югурди.
— Дадамлар яхши кўрадилар.
— Мен ҳам яхши кўраман. Жўҳори кавоб ширин бўлади.
— Абдулла! Абдулла, ҳой! — чақирди Обид ака канал томондан.

Абдулла жавоб бермади, у жилмайганича Гулчеҳрага тикилиб, «яна нима десам экан?» деб ўтирар, бу ердан кетишни истамасди.
— Тоғангиз чақиряптилар, — деди Гулчеҳра қўзғалиб ва беданани узатди. — Олинг.
— Сизники бу энди.
— Нега? — севингандек бўлиб сўради қиз.
— Сиз топдингиз, сизники бу.
— Бўлмаса тузалганида қайтариб бераман. Абдулла кулди.
— Кетдикми? — сўради қиз.
— Майли.

Абдулла саватни кўтариб, қизнинг орқасидан юрди. У ниҳоятда шод эди.

Жўҳоризордан чиқишганда, Обид ака канал бўйида милтиғига юзини тираб ўтирарди. Уларни кўриб, бошини кўтарди.
— Мунча ҳаялладинг?
— Тутиш қийин бўлди, — деди Абдулла Гулчеҳрага кўз қирини ташлаб.
— Тирикми ишқилиб? — хавотирланиб сўради Обид ака.
— Бир қаноти синибди, — деди Гулчеҳра.
— Тузатмоқчи, — деди Абдулла унга ишора қилиб.
— Ҳа, дуруст.

Улар йўлга тушишди. Обид ака олдинда, Абдулла билан Гулчеҳра орқада. Анчагача жим боришди. Қишлоққа яқинлашганда Гулчеҳра сирли оҳангда деди:
— Айтгандай, табриклайман.
— Нима билан! — ҳайрон бўлиб сўради Абдулла.
— Медаль билан. Абдулла жилмайди.
— Раҳмат. Қаердан билдингиз?
— Бутун қишлоқ билади, — деди қиз ҳам жилмайиб. У жуда чиройли жилмаярди. Абдулла ўзи сезмай, беихтиёр унга тикилиб қолди.
— Мен келдим, — деди Гулчеҳра кўприкка етишганда.

Абдулла қўлидаги саватни унга узатди.
— Сизни қачон табриклайман?
— Табриклашингиз мумкин. Мен ҳам битирдим.
— Наҳотки? — Абдулла уялиб кетди. — Кечирасиз, эсимдан чиқибди. Анча бўлди кўришмаганимизга.
— Икки йил, — деди Гулчеҳра унга ғалати қараб. — Унутишингиз табиий.
— Кечирасиз.
— Ҳечқиси йўқ. Эртага зиёфатимиз бор. Келинг.
— Раҳмат.

Гулчеҳра кўприк ёнидаги дарвоза томон йўл олди. У бир қўлида ингичка белига тиралган сават, бир қўлида бедана кўтарганича енгил чувагини шапиллатиб кетар экан, Абдулла узоқ вақт кетидан қараб қолди.

Бир куни унинг лой томида бир бургут пайдо бўлиб қолди. Абдулла ўшанда ёзги каникулга келган эди. Гулчеҳра уни етаклаб, Дадавой амакининг уйига олиб борди.
— Кўряпсанми? — деди лой томга ишора қилиб.

Абдулла аввал ҳеч нарсани пайқамади. Кейин мўрининг ёнида букчайиб турган бир нарсага кўзи тушди.
— Нима?
— Бургут! — деди Гулчеҳра овозини пасайтириб. — Кеча кўриб қолдим. Билмадим, амаки қаёқдан олиб келдийкин? Ҳозир яхшилаб кўрсатаман.

Гулчеҳра кўчанинг нариги бетига ўтиб, бургутга кесак отди. Бургут сесканиб тумшуғини чўзди. Кейин аланглаб атрофга қаради-да, битта-битта қадам ташлаб мўрининг орқасига ўтди. Унинг бир оёғига занжир боғланган эди.
— Амаки буни нима қилар экан?
— Қайдам? — деди Гулчеҳра. — Балки уйига пойлоқчи қилиб қўйгандир.
— Бургут уй пойлайдими? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Нега пойламас экан? Ит пойлайди-ку?!
— Ит бошқа гап.
— Билсанг, бургут итдан ҳам зўр.

Улар анчагача кўчанинг четида томга тикилиб ўтиришди. Аммо бургут жойидан қимирламади.
— Биласанми, — деди Гулчеҳра бир маҳал. — Бечорага раҳмим келиб кетяпти.
— Нега?
— Оч бўлса керак. Амаки кун бўйи уйида бўлмайди.
— Кел, ул-бул берамиз, — таклиф қилди Абдулла.
— Нима берамиз? — Гулчеҳра хўрсинди. — Бургут хом гўшт ейди-ку!
— Нима қилибди? Биз ҳам хом гўшт берамиз.
— Қаердан оламиз? Бизда бўлганда ойим аллақачон овқат қилардилар.

Иккалови ўйланиб қолишди. Лекин қанча ўйлашмасин, гўшт топишнинг эвини қилишолмади.
— Нон емасмикин? — сўради бир маҳал Гулчеҳра умид билан. — Бизда зоғора нон бор, бир халта!
— Билмадим. Кел, бериб кўрамиз.

Кўп ўтмай иккалови Гулчеҳра уйидан ўғирлаб келган битта зоғора нонни Дадавой амакининг томига отишди. Аммо бургут уларнинг меҳрибончилигига парво қилмади, ҳатто жойидан ҳам қимирламади.
— Зоғора емас экан, — деди Абдулла.

Гулчеҳра индамади. Унинг иккала кўзи жиққа ёш эди.
— Нега йиғлайсан? — сўради Абдулла.
— Нега емайди?! Оч қолса майлими?! — Гулчеҳра ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Тўхта, — деди Абдулла. — Йиғламагин. Бир иш қиламиз...
— Қанақа иш? — кўзларини ишқалаб сўради Гулчеҳра.
— Амаки келишини пойлаймиз. Қани у нима бераркин?
— Бўпти! — деди Гулчеҳра севиниб.

Улар ўша куни алламаҳалгача Дадавой амакининг йўлини пойлаб ўтиришди. Ниҳоят у келди. Болалар унинг қўлида катта сумка кўришди. Ичкарига кирганда эса, кўча эшикдан уни кузатишди.

Дадавой амаки жинчироқ ёқиб, томга кўтарилди. Нималардир деб гапирди, болалар англашмади. Кейин бургутни оёғидан тортиб, қўлтиқлади-да, пастга тушди. Жинчироқни ҳовлининг ўртасига қўйиб, сумкасини ерга ағдарди ва бургутни қўйиб юборди. Бургут ерда тўкилиб ётган қора нарсалар атрофида бир-икки айланиб, чўқилай бошлади. Дадавой амаки занжирни узун қўйиб юборганча унинг ҳаракатларига тикилиб ўтирди-да, шивирлаб:
— Жавр бўлди сенга, жонивор, жавр бўлди, — деди.
— Гўшт беряпти, — деди секин Абдулла Гулчеҳранинг қулоғига.

Гулчеҳра бошини қимирлатди.

Дадавой амаки бургутни томга олиб чиқиб қўйганда улар кетишди. Лекин иккаласи ҳам тун бўйи бургутни ўйлаб чиқишди. Эрталаб эса яна шу ерга келишди. Бургут кечагидек мўрининг ёнида букчайиб турарди.
— Нега жавр бўлди, деди? Билдингми? — сўради Гулчеҳра.
— Йўқ.
—Унда ҳам гўшт йўқ. Шунинг учун жавр бўлди деди, — тушунтирди Гулчеҳра.
— Билмадим.
— Билмадим эмас, аниқ, — деди Гулчеҳра, кейин Абдуллани туртди. — Қўйиб юбормаймизми уни?

Абдулла бу гапдан чўчиб тушди.
— Амаки дод деб юборади.
— Билиб ўтирибдими? — деди Гулчеҳра. — Бечора бунақада ўлиб қолади. Бўшатиб юборамиз.
— Ҳозирми? — иккиланиб сўради Абдулла.
— Қоронғи тушганда.
— Майли.

Кечқурун улар девордан ошиб, Дадавой амакининг ҳовлисига тушишди. Айвоннинг бурчагидаги устун қозиғида узун занжир осилиб турарди. Унинг ярми қозиққа ўралган бўлиб, ярми томда бургутнинг оёғига боғланган эди. Абдулла занжирни ечди ва бир-икки силтаб тортди. Бургут томнинг зиҳига яқинлашди, лекин учишни Ҳаёлига ҳам келтирмади.
— Оёғидан бўшатиш керак, — деди Гулчеҳра.
— Қандай қилиб? Чўқиб олсачи?
— Устига қоп ташлаймиз.

Улар томга чиқишди. Занжир бургутнинг оёғига омонатгина илиб қўйилган экан, ечиш қийин бўлмади. Ечиб бўлиб, занжирни ҳовлига ташлашганда эса, ку-тилмаган воқеа юз берди. Бургут учмади. Аксинча, томдан тушишаётганда уларнинг кетидан юриб, нарвонга яқинлашганда тўхтади-да, яна ҳурпайиб, бошини қанотлари орасига яширди.
— Учмаяпти-ку? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Ҳайдаш керак, — деди Гулчеҳра.

У шундай деб девор орқали томга кўтарилди ва узун бир таёқ билан бургутни ҳайдай бошлади. Аммо бургут жойидан қимирламасди. Бир гал Гулчеҳра уни қаттиқ итариб юборди шекилли, бургут гандираклаб қанотларини ёйди ва ўзини тутолмай ҳовлига секин учиб тушди. Шунда болалар унинг қанотлари қирқилганини кўришди ва қилган ишларидан қўрқиб кетишди. Бургут эса айвон олдида савлат билан бир-икки айланиб, кеча овқат еган жойига борди-да, яна бук-чайиб тумшуғини қаноти ичига яширди.
— Нима қиламиз энди? — сўради Гулчеҳра. Абдулла биринчи марта унинг чўчиганини сезди.

Лекин нима деб жавоб бериши мумкин? У ҳам Гулчеҳрадек нима қилишини билмасди. Шунинг учун елкаларини қисди. Болалар анча вақт бургутга термилиб, ўйлашди. Лекин иккаловининг Ҳаёлига ҳеч қандай фикр келмади. Ниҳоят бўшашиб остонага ўтиришди.
— Яхши ҳам бошқа болалар билишмади, — деди Гулчеҳра хўрсиниб. — Билишганда, биттаси эмас, биттаси айтиб қўярди.
— Ҳа, — рози бўлди Абдулла, — роса тўполон бўларди.
— Мен амакидан қўрқаман. Кўзи ёмон. Гулчеҳра Дадавой амакининг кўзларини кўрсатмоқчи бўлиб, олайди, ўҳшата олмади. Абдулла кулиб юборди.
— Нега куласан?
— Амаки кўзларини ҳеч шунақа олайтирмайди, — деди Абдулла. — Унинг кўзлари доим бир хил — совуқ.
— Олаяди! — деди Гулчеҳра ўзиникини маъқуллаб.
— Олаймайди.
— Олаяди!
— Хўп, сеники маъқул. Менга қара, — деди Абдулла у билан тортишиш фойдасизлигини тушуниб, — яхшиси кетайлик. Амаки келиб қолса иккаламизни ҳам соғ қўймайди. Нима дединг?

Бу гап Гулчеҳрага маъқул тушди. Улар ўринларидан туриб эшик томон йўл олишди. Лекин ҳали беш қадам ҳам юрмаган эдиларки, бургут уларнинг кетидан юрди. Абдулла эшикни очиш ўрнига ҳовлининг орқа томонига қочди. Гулчеҳра ҳам унинг кетидан югурди. Бургут улардан бир қадам орқада қолмасди, улар тўхтаса тўхтар, чопса чопарди. Яна айвонга қайтиб келишганда Гулчеҳра ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Энди нима қиламиз?

Абдулла индамади. Уни ҳам қўрқув босган эди. Шу алфозда улар қанча туришди, билишмайди, бир маҳал кўча эшик ғирчиллаб очилиб, Дадавой амаки кириб келди. Қўлида ҳар доимгидек катта сумка, бошида учи найза қалпоғи. У айвонга яқинлашганда болаларни кўриб қолди.
— Кимсанлар?

Болалар индашмади. Иккалови ҳам совуқ еган одамдек қалт-қалт қиларди.

Улардан садо чиқмагач, Дадавой амаки айвонга кўтарилиб жинчироқни ёкди.
— Ҳа, — деди у Гулчеҳрага чироқни тутиб. — Юсуфнинг қизимисан? Бу бола ким?

Гулчеҳра жавоб бериш ўрнига йиғлай бошлади.
— Нега йиғлайсан? Қандай кириб қолдиларинг бу ерга?

Яна иккаловидан садо чиқмади.
— Майли, гапирмасаларинг гапирмаларинг, — деди Дадавой амаки сумкасини кўтариб. — Мен ҳам ёшлигимда шўх эдим. Қўшниларнинг на девори, на томи қолган мендан.

У шундай деб, ҳовлига тушди-ю, шумшайиб турган бургутни кўриб қолди.
— Мана бу ишларинг чакки бўпти, — деди у ҳамма нарсага тушуниб. — Кўр одам ҳассасиз юролмайди. Бу бургут ҳам кўр, ҳам қари. На уча олади, на кўра олади. Бир чўпон ўртоғим урушга кетаётганда менга топширди: сенда турсин, менга кўп яхшилик қилди, қариганида хор бўлмасин, деди. Икки йилдан бери мен боқиб юрибман. Бу ишларинг чакки бўлибди.
— Энди тегмаймиз, амаки, — деди йиғи аралаш Гулчеҳра.
— Ишонаман, қизим, ишонаман, — деди амаки. Бизни уришади деб қўрққан болалар, ўша куни жуда эзилиб уйларига қайтишди. «Яхши одам экан-ку, амаки?!» ўйларди ичида Абдулла. Лекин бир ҳафта ўтар-ўтмас у йўқ бўлиб қолди. У ҳам, бургут ҳам. Унинг қаёққа кетганлигини узоқ вақтгача ҳеч ким билмади. Уруш тугагандан сўнг эса унинг Украинада қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақида хабар келди. Ўшанда ҳам ёз бўлиб, Абдулла каникулга келган эди. Бу хабарни эшитиб, Гулчеҳра иккалови анча қайғуришди. Мана шу воқеа, ким билади, нима учундир Абдуллаиинг Ҳаёлидан сира кўтарилмасди.

Ҳозир ҳам у секин канал бўйлаб уй томон борар экан, шу воқеа барча икирчикирлари билан унинг кўз олдида намоён бўлган эди. Ўша пайтлари Гулчеҳра ўғил болалардан фарқ қилмасди. Энди-чи? Энди у бутунлай бошқача бўлиб кетибди. Илгариги шўхликлари, югуриб-елишлари қани? Шундай ўйлар экан, Абдулла қайси бир йили (ўшанда еттинчи синфда бўлишса керак) жамоа режани бажариб, тўй қилиб берганда, бирга от минишганини эслади. Ҳа, Гулчеҳра ўшандаёқ бошқача бўлиб қолган эди. Ўлар канал бўйлаб боришар экан, Абдулла унинг елкасига қўлларини қўйганда ўзини тортган ва шу билан катта бўлиб қолишганини билдирган эди.

Анча сайр қилишди. Кейин қайси бир бригаданинг ҳовуз бўйига қурилган шийпонида Ҳаёл суришди. Шийпонда улардан бошқа ҳеч ким йўқ, ҳамма хўжалик боғидаги тўйда, дала жимжит эди. Гулчеҳра тирсакларини шийпон панжарасига тираб, ҳовузга термилганча ўтирарди.
— Ўйлаяпсанми? — сўради Абдулла.
— Ҳа, — деди секингина Гулчеҳра. — Ким бўлишимизни ўйлаяпман.

Абдулла кулди.
— Ким бўлар эканмиз?
— Сен олим бўласан.
— Олим? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Ҳа, сен олим бўласан. Катта папка тутиб, кўзойнак тақиб юрасан.
— Қўйсанг-чи! — ичида севинса ҳам, зарда қилди Абдулла.
— Йўқ, рост, кўриб турибман.
— Ўзинг-чи? Ўзинг ким бўласан?
— Менми? — Гулчеҳра ўйланиб қолди. — Мен... мен меъмор бўламан.
— Ўҳ-ҳў, — деди Абдулла, — жуда баланд кетдинг-ку!
— Нимаси баланд? Сен олим бўлганингда, мен меъмор бўлолмайманми? Ҳарҳолда шунга ўқийман. Чиройли уйлар қураман, шаҳар қураман. Балки Мингбулоқ меъмори бўларман...
— Қишлоқнинг ҳам меъмори бўлар эканми?
— Нега бўлмас экан? Ҳозир бўлмаса, кейин бўлар. Ўшанда баланд-баланд, чиройли уйлар қураман. Кейинчи... Кейин...

Гулчеҳра кейин нима қилишини айтолмади.
— Мен ким бўлишимни ҳали билмайман, — деди Абдулла. — Дадам, ҳозир ўқишдан бошқа нарсани ўйлама, дейдилар.
— Мен бўлсам, кўп ўйлайман. Бир — шифокор бўлгим келади, бир — муҳандис. Ҳозир энди меъмор бўлгим келяпти. Нима дейсан, қайси бири яхши экан-а?
— Ҳаммаси ҳам яхши бўлса керак, — деди Абдулла иккиланиб. — Яхши бўлмаса одамларнинг ҳаммаси ё шифокор, ё муҳандис бўларди, Бошқа ишни танламасди. — Бу фикр ўзига маъқул келди шекилли, қатъий қилиб қўшиб қўйди: — Ҳаммаси ҳам яхши.

Гулчеҳра индамади, ёки яна ўз Ҳаёлларига бери-либ, уни эшитмади.

«Ҳозир у ким бўлмоқчи экан?» — ўйлади Абдулла. Шу пайт кимдир уни туртди.
— Салом!

Абдулла бошини кўтарди. Рўпарасида ўзи тенги иккита йигит турарди. Абдулла уларни таниди. Бири — Қосимжон, иккинчиси — Самад эди.
— Ҳаёл суриб қолибсан? — деди Қосимжон қўлини узатиб.
— Овга чиқувдик, — деди Абдулла йигитлар билан кўришар экан. — Яхшимисизлар?
— Раҳмат, — Қосимжон қўлидаги танбурга ишора қилиб, деди: — Мактабни тугатдик. Кечқурун зиёфат. Репетицияга кетяпмиз.
— Сен ҳам битирдинг шекилли? — сўради иккинчи йигит.
— Ҳа, — деди Абдулла.
— Яхши битирдингми?
— Ёмон эмас, — Абдулла олтин медаль олганини айтишга уялди. — Ўзларинг-чи?
— Биз ҳам шу, — деди Қосимжон. — Қачон келдинг?
— Кеча.
— Ҳали шу ердамисан?

— Ҳа.

— Бўлмаса кечқурун мактабга кел. Бир яйраймиз, хўпми?
— Майли, — деди Абдулла Гулчеҳранинг ҳам таклиф қилганини эслаб.
— Зиёфат зўр бўлади, — гапга аралашди иккинчи йигит. — Раиснинг ўзи қилиб беряпти.
— Зўр-ку, — деди жилмайиб Абдулла.
— Зўр бўлганда қандоқ! Хўжаликка кадрлар керак. Биз тайёр кадр. Зиёфат шунга қарабда.

Учалови кулишди.
— Келгин-а, албатта! — деди Қосимжон ўртоғини қўлтиқлаб. — Ҳайрлашмаймиз.

Йигитлар кетишди. Абдулла уйга кирганда Ҳожар буви водопровод тагида чордона қуриб, бедана тоза-лаб ўтирарди.
— Қаёқда қолиб кетдинг, болам! — деди у невара-сини кўриб.
— Ўртоқларимни кўриб қолдим.
— Тоғанг келинойингнинг олдига кетди. Тушликка келади. Яхшилаб ош қилиб бераман. Болам-ей, бо-лам-ей, қадами қутлуғ болам-ей! Қорнинг ҳам очгандир?

Кампир яна нималардир деб, ўчоқ бошига кетди, Абдулла у олиб келган ширгуручни эзмаланиб ер :>кан, кўз олдидан сават кўтарган Гулчеҳра кетмас :>ди. «Яхши қиз бўлибди, — ўйларди у, — жудаям яхши қиз. Беш-олти кун қоламан қишлокда». У шу фикрга келиб жилмайди-да, юмшоқ пар ёстиққа ёнбошлади. Шу пайт у бир боланинг «Буви!» деб чақирганини эшитди.
— Кела қол, нима дейсан? — деди кампир. Бола нимадир деди.
— Ана, айвонга бора қол, айвонда ўтирибди, — деди.
— «Ким экан?» — ўйлади Абдулла ва ҳовлига қаради.

Юзига жўҳори доналари ёпишган беш-олти яшар қоп-қора бола сочиққа ўралган бир нарса кўтариб келарди. Нарса иссиқ бўлса керак, ҳу-ҳулаб дам у қўлига, дам бу қўлига оларди. Остонага етганда у деди:
— Абдулла ака сизмисиз?
— Ҳа, нима эди? — сўради Абдулла.
— Мавини опай бердила.
— Нима бу?
— Жўхойи. Иссиқ.

Бола шундай деб сочиқни ёзиб юборди. Уч-тўртта қип-қизил қилиб пиширилган жўҳори кигиз устига думалаб кетди.

Абдулла «раҳмат» деб улгурмай, бола худди биров қувгандек, қочиб кетди. «Гулчеҳра!» — ўйлади Абдулла юзига табассум югуриб ва қўлини куйдирадиган даражада иссиқ жўҳоридан олиб тишлади. Унга шу пайтгача қўрда пишган жўҳори бунчалик ширин туюлмаган эди.

IV

Кечқурун у мактабга келганда, кечанинг тантана-ли қисми тугаб, ўйин-кулги авжига чиққан эди. Қосимжон ҳовлининг ўртасида туриб олиб, ваъзхонлик қилар, лекин ҳеч ким унга қулоқ солмас эди. Ҳамманинг кўзи узун столнинг бурчагида дуторга жўр бўлиб қўшиқ айтаётган қизда эди. Абдулла ҳам беихтиёр тўхтаб қулоқ сола бошлади. Қиз ҳар тўртликни айтиб бўлганда шўх кулги кўтарилар, лекин Абдулла унинг нима айтаётганини англай олмади. Қиз беш-олтита тўртликни айтиб бўлгач, гулдурос қарсак кўтарилди. Қосимжон, менга чалишяпти, деб ўйлади шекилли, тантанали вазиятда қўлларини кўксига қўйиб, миннатдорчилик билдирди ва шу топ Абдуллани кўриб қолди.
— Э, келардингиз-да, ўртоқ медалист? — деди у баланд овоз билан.

У ҳазиллашдими, ё киноя қилдими, Абдулла англамади, унинг икки кўзи ҳовлига гир айлантириб қўйилган стол атрофидаги одамларда эди. У Гулчеҳрани ахтарарди.
— Ўртоқлар! Бир дақиқа диққат! — қичқирди Қосимжон. — Бизнинг кечамизга Париждан, э кечира-сизлар, Тошкентдан ўртоқ Абдулла Шарипов ташриф буюрдилар.

Беш-олти жойдан қарсак кўтарилди. Қосимжон га-пида давом этди:
— Ўртоқ Шарипов сиз-бизга ўхшаган оддий одам эмас. У киши мактабни олтин медаль билан тамомладилар. Ура, ўртоқлар!

Абдулла бу гапдан энсаси қотиб, ўзини четга ол-моқчи бўлди, лекин Қосимжон уни қўлидан маҳкам ушлаганича, дастурхоннинг тўрига тортди. Абдулла унинг кайфи борлигини пайқаб, қаршилик қилмади ва у кўрсатган жойга бориб ўгирди. Негадир ҳеч қаерда Гулчеҳра кўринмасди. «Келмадимикан? — ўйлади ха-вотирланиб Абдулла. — Агар келмаган бўлса, бирпас ўтириб кетаман».
— Ҳафа бўлма, — деди қаёқдандир унинг ёнида пайдо бўлиб қолган Самад. — Биринчи ичиши...
— Зарари йўқ, — деди жилмайишга ҳаракат қилиб

Абдулла,
— Кечани ўзимизга қўйиб беришди. Аттестат топширилгандан кейин ҳамма катталар кетди, — деди Самад. — Директоримиз яхши одам, шуни талаб қилди.
— Косагул! — қичқирди шу тоб яна Қосимжон уч

марта қарс уриб. — Май!

Кимдир Абдулланинг олдига очилмаган «Шампанс-кое» келтириб қўйди.
— Озгина ич, — деди Самад. — Ҳарҳолда муста-қил бўлдик энди.
— Майли. Оч.
— Пақиллатамизми? Абдулла елкаларини қисди.
— Ихтиёринг.

Самад шиша қопқоғини ярмига кўтарган эди, ша-роб отилиб, дастурхонга тўкилиб кетди.
— Майли, — деди Самад.— Ҳаётимиз шундай тош-қин бўлсин. Кел, шунга ичамиз.

Фужерлар жаранглади. Абдулла бир қултум ютиб, столга қўйди.
— Нега ичмадинг? Бу Қосимжон эди.
— Ё биз билан ичмайсанми?
— Нега? Фақат ҳозир ичгим келмаяпти.
— Бўлмаса мен ичаман.

Қосим пиёлани тўлатди. Энди оғзига олиб борган эди, Самад унинг қўлини тутди.
— Бўлди. Кўп ичиб юбординг.
— Қўйиб юбор! — Қосимжон силтаниб қўлини бўшатган эди, вино кўйлагига тўкилиб кетди. Лекин у парво қилмай, қолганини қалқиб-қалқиб ичди. Кейин гандираклаб столга яқинлашди-да, пиёлани қўйди ва бирдан йиғлаб юборди.
— Абдулла, дўстим! Мен севинчимдан эмас, ала-мимдан ичаман, аламимдан. Ғаламислар мени йўлдан урди. Бу ерда қолишни истамайман! Тушунасанми, Абдулла?! Шаҳарга кетишни истайман, шаҳарда ўқигим келади. Бу ерда нима бор? Пахта, пахта ва яна пахта!..
— Алжирама, Қосим! — деди Самад.
— Алжираётганим йўқ. Ростми гапим, ё ёлғонми?
— Ёлғон!
— Ўзингни алдама! Биламан, сен ҳам қишлоқни ёмон кўрасан. Худди менга ўхшаб ёмон кўрасан. Лекин қўрқасан айтишга! Мен қўрқмайман! Мен ростини айтаман. Қишлоқ мана бу еримга келди, мана бу еримга!..

Қосимжон ҳиқилдоғига қўлининг зиҳи билан уриб йиғларди.
— Олиб кетсаларинг-чи! — деди қизлардан кимдир. — Айниб қолди-ку!

Иккита йигит Қосимжонни қўлтиқлаб олиб, нимадир дейишди. Қосимжон йиғи аралаш қиқирлаб кулди-да, қаршилик кўрсатмай, улар билан кетди.
— Нима бўлди? — сўради Абдулла.
— Ҳеч нарса, — деди Самад кулиб. — Жиннилик қиляпти, холос. Икки кун бурун ҳаммамиз қишлокда қолишга қарор қилдик.
— Қишлокда қолишга? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Ҳа, Қосимжон ҳам рози бўлган эди. Биласан, қишлоқда доим одам етишмайди. Шунинг учунми, хўжалигимиз анча қолоқ, камбағал. Бизнинг фойдамиз тегиши мумкин. Катталар жуда ҳурсанд бўлишди қароримизни эшитиб. Зиёфат шунинг учун ҳам қуюқ.
— Ўқимайсизларми?
— Нега ўқимас эканмиз? — деди Самад ҳафа бўлгандай. — Ўқиймиз. Ҳаммамиз ўқиймиз. Фақат сиртдан ўқиймиз. Мен, масалан, қишлоқ хўжалик институтига кираман. Қосимжон педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетига киради. Сезгандирсиз, унинг ким бўлишини гаплари ҳам айтиб турибди. Ана шунақа, ҳам ишлаймиз, ҳам ўқиймиз. Билмадим, нега Қосим бирдан айниб қолди?.. Энди нима бўлади?
— Нима бўларди, — деди Самад ўйланиб. — Нима истаса шу. Кетмоқчи бўлса қаршилик қиладиган одам йўқ. Қишлоқда қолиш мажбурий эмас. Бу ҳар кимнинг кўнгил иши.
— Сенинг ҳамми?
— Менинг ҳам.
— Нега бўлмаса Қосимжон сенга, қишлоқни ёмон кўрасан, деди? — сўради жилмайиб Абдулла.
— У тўғри айтди, — деди Самад вазминлик билан. — Лекин қишлоқни эмас, қишлоғимизни ёмон кўраман. Қандай тушунтирсам экан? Биласанми, Мингбулоқ ўзи яхнш, сув сероб. Лекин у қаровсиз. Кўчалари тор, қинғир-қийшиқ. Бунинг устига ёзда чанг бўлади, қишда доим лой. Уйларни айтмайсанми? Ўн-ўн беш уйни ҳисобга олмаганда, ўзимизнинг эски қамиш томли уйлар. Яна кўи иарса ёқмайди. Фойдаси йўқ ҳозир гапиришни.

Биз бу ҳақда Гулчеҳра билан кўп ўйлаймиз...
— Гулчеҳра билан?
— Ҳа, унга ҳам қишлоғимиз ёқмайди. Ана шунақа, Абдулла. Лекин беш-ўн йил ўтсин, Мингбулоқ жуда бошқача бўлиб кетади. Таний олмай қоласан.
— Айтганинг келсин, — деди Абдулла атрофга алсшглаб.

У Гулчеҳранинг номини эшитиши билан қулоғига гап кирмай қолган, лекин унинг қаердалигини сўрашга негадир ботинолмай ўтирарди. Гулчеҳра кўринмади, у секин ўрнидан турди.
— Қаёққа? — сўради Самад.
— Борай, кеч бўлиб қолди, — деди ийманиб Абдулла.
— Тўхта, ҳозир ош келади. Гулчеҳра қозон бошида. Кечанинг бошлиғи у. Унинг рухсатисиз кетмайсан.

Абдулла севиниб кетди. Аммо буни сездирмасликка ҳаракат қилиб:
— Анча ўтириб қолдим, — деди.
— Ҳеч нима қилмайди. Бу кеча ҳеч ким бизни уришмайди.

Абдулла «иложим қанча» дегандек, секин жойига ўтирди.

Кимдир радиола қўйиб юборди. Вальс янграй бошлади.
— Тур, — деди Самад. — Ҳарҳолда шахдрликсан, бошлаб бер.
— Иккаламиз.

Улар ўртага тушишди. Абдулла Самадни қўлтиқлади. Ҳовлини бир айланиб чиқишгач, иккита қизни ўртага тортишди. Бошқалар ҳам бирин-кетин ўринларидан туришди. Абдулла олиб юрган сариққина, нимжон қиз унинг кўкрагига қўлларини омонатгина қўйиб айланар экан, уялганиданми, ёмон тушишиданми, бо-шини ердан кўтармасди. Абдулла бунга парво қилмас, ҳар айланганида: «Қани энди шу қизнинг ўрнида ҳозир Гулчеҳра бўлса? — дея ўйларди. — Тонггача у билан тушардим, зерикмасдим».

Вальс ярмига етганда ўртада уч-тўрт жуфт одам қодди. Ҳамма тўхтаб, Абдуллага тикиларди. Абдулла чиндан ҳам вальсга яхши тушарди. Мактабда ундан ўтадигани йўқ эди. Кечаларда қизлар кўпинча у билан рақс тушишни, унинг олиб юришини орзу қилишар эди. Ҳозир ҳам Абдулла ҳаммани ўзига маҳлиё қилиб қўйган эди.

Ниҳоят вальс тинди. Қарсак кўтарилди. Шундагина Абдулла ҳамма қараб турганини сезди. Уялиб жилмайди-да, қизни жойига ўтқазиб, тўрга йўл олди. Энди ўтираётган эди, таниш қўнғироқ овоз қулоқлари тагида жаранглади.
— Яхши тушар экансиз!..

Абдулла ўгирилди. Рўпарасида оппоқ гуруч тишлари марвариддек ярқираб Гулчеҳра турарди. Абдулла лол бўлиб қолди. У Гулчеҳранинг бунчалик чиройли эканлигини Ҳаёлига келтирмаган эди. Эгнида кенг қизил атлас кўйлак, баланд пошна оқ туфлиси кичкина оёқларига чиппа ёпишган, иккита қилиб ўрилган сочларининг бир ўрими кўкраги устидан тушиб, жингалак учи зулукдек титраб турарди. Шодлигиданми, олов тепасида турганиданми икки юзи анордек қип-қизарган, чимирилган қошлари остида йирик, шўх кўзлари чўғдек ёнарди. Абдулла бу кўзларнинг тафтига чидаш беролмай, ерга қаради.
— Кўринмайсиз? Гулчеҳра кулди.
— Бугун мен ҳам иззатдаман, ҳам ҳизматда. Лекин келганингизни кўрдим. Фақат оддингизга келолмадим. Кечиринг.
— Ҳечқиси йўқ. Самад билан гаплашиб ўтирдик. Локин шу ердалигингизни у айтмаганда, кетиб қолардим.
— Наҳотки?
— Рост.
— Ундай бўлса, кетмаганингиз яхши бўлибди. Энди бўшадим.
— Бўлмаса ўтиринг, — Абдулла ёнидан жой кўрсатди.

Аммо Гулчеҳра ўтиришга улгурмади. Радиоладан яна вальс жаранглай бошлади.
— Тушасизми? — сўради Абдулла.
— Сиз билан тушишга уяламан, — деди Гулчеҳра оошини қуйи солиб.
— Нега?
— Яхши билмайман. Кейин мендан кулишингиз мумкин.
— Ҳаммадан кулсам ҳам, сиздан кулмайман. Гулчеҳра ялт этиб унга қаради. Абдулла уни иссиқ қўлидан ушлаб ўртага олиб чиқди ва эҳтиётлик билан бслидан қучоқлади. Музиканинг янги пардаси бошланиши билан, кутилмаганда, Гулчеҳра бошини кўтарди, иккала қўлини Абдулланинг елкаларига ташлади-да, товусдек сузиб кетди. Биринчи айланишдаёқ Абдулла упи олиб юриш жуда осон ва жуда ёқимли эканини тушунган ва ичида, боягина Ҳаёлидан ўтказган орзу-еига етишганидан чексиз шод эди.
— Алдоқчи экансиз? — деди кулиб Абдулла.
— Нега? — Гулчеҳра қошларини чимирди.
— Жуда яхши билар экансиз-ку?!
— Унчалик эмас, — деди Гулчеҳра ва хўрсинди... — Мингбулоқда танца тушишмайди. Мингбулоқ шаҳар эмас. Вақт ҳам йўқ, имконият ҳам йўқ.
— Нега? — ҳайрон бўлди Абдулла. — Ахир бугун...
— Бугун бошқа гап. Бугунни биз кўпдан бери кутган эдик.

Абдулла Гулчеҳранинг нима демоқчи эканлигига тушунмади. У ҳозир бу ҳақда ўйлашни, суриштиришни истамасди ҳам. У Гулчеҳранинг чеҳрасига маҳлиё эди... «Йўқ, — ўйларди у, — бунақа қизни шаҳарда учратмаганман. Йўқ. Очиқ, кибор эмас. Иннайкейин, жуда чиройли. Икки йил ичида у бутунлай ўзгариб кетибди. Қани энди у билан шаҳар кўчаларида юрсанг! Хдмманинг ҳаваси келарди, ҳаваси келиши турган гап!» У шундай ўйларди ва Гулчеҳранинг жиддий гапларини эшитишни истамасди. Вальс тугамаса, тонггача давом этса! У шуни истарди. Лекин Гулчеҳра ўзининг сўнгги гапи билан пайдо қилиб қўйган кайфиятдан унинг қутулиши осон бўлмади. Ҳаракатларидаги илгариги ҳаяжон сусайди, қизнинг бирданига жиддийлашгани у билан баробар оёқ ташласа ҳам, мусиқани боягидек ҳис қилмаётган, унинг енгил гапларга бўлган журъатини тўхтатган, боягина бутун вужудида жўш уриб турган эркини қисиб қўйган эди. Бироқ нимадир дейиши керак. Бир вальс иккинчисига уланиб кетди. Улар бўлса жим. Гулчеҳранинг кўзлари четда, Ҳаёли паришон. Нега шундай бўлиб қолди? Нега бирдан ўзгарди?
— Бошингиз оғрияптими? — сўради ниҳоят Абдулла. Гулчеҳра жилмайишга ҳаракат қилди.
— Йўқ, Ҳаёл суриб кетдим. Кечиринг.
— Ҳечқиси йўқ. Мен ҳафа қилиб қўйдимми, деб қўрқдим. Ҳафа қилмадимми?

Гулчеҳра унга жилмайиб боқди-да, бошини қимир-латиб қўйди. Шу боқиши Абдулланинг яна чеҳрасини очиб юборди. «Кўзлари мунча яхши? — Ҳаёлидан ўтказди у. — Йўқ, бунақа қиз шаҳарда йўқ».
— Гулчеҳра, — деди у севинчи жўш уриб. — Юринг, бир айланиб келамиз.

Абдулла бу фикр миясига қандай келиб қолганини ўзи сезмади.
— Юринг, канал бўйига борамиз. Ҳозир жуда чиройли бўлса керак. Борамизми?

Абдулла тўхтаб, Гулчеҳранинг тирсакларидан ушлади.
— Йўқ деманг. Юринг.

Гулчеҳра жавоб бермади. Унинг кўзлари ўртоқларида эди. Лекин ҳеч ким уларга парво қилмасди, ҳамма ўзи билан ўзи овора эди.
— Юринг!

Абдулла севинганидан сакраб юборай деди.

Мактаб томондан эшитилаётган мусиқа, кулги садоларини ҳисобга олмаганда, ўша куни Мингбулоқ осуда тун қўйнида ором оларди. Осмон тўла юлдуз. Янги етилган кунгабоқардек сарғайиб турган ойнинг ним ранг шуълаларидан олмазор ҳисобсиз кумуш исирға таққан эди.

Абдулла катта кўчага чиққунча Гулчеҳранинг соясига қараб борди. Унинг сояси ҳам ўзига ўхшаган чиройли эди. Ҳар қадам қўйганида белига тушиб турган соч ўримлари унинг соясига тегар ва яна шундай тезлик билан ғойиб бўларди. Абдулла сояни, худди жони бордек, босиб олмаслик учун эҳтиётлик билан оёқ қўяр эди. Муюлишга келганда иложи бўлмади, шундай сочининг устига чап оёғини қўйди ва худди ток ургандек чўчиб ўзини четга олди-да, Гулчеҳрага қаради. Гулчеҳра ҳам сояларга қараб келаётган экан, к,ошларини чимириб унга тикилди.
— Барибир босиб олдингиз!
— Оғридими? — қизнинг гапига мос оҳангда сўради Абдулла.
— Жуда ҳам, — деди Гулчеҳра лабларини чўччайтириб ва бирдан хохолаб кулиб юборди.

Абдулла ҳам унга қўшилди. Кулги сабаб бўлиб, мактабдан чиқишлари билан ўртага тушган уятчанлик, ётсираш йўқолди.

Абдулла қизнинг қўлини ушлади.
— Яхши-а?
— Жуда ҳам! — деди Гулчеҳра. — Кечаси мен бу еққа ҳеч келмаган эдим. Жуда яхши. Сувни қаранг, худди зар қоғозга ўхшайди. Яхши бўлди келганимиз. Сизчи, сиз ҳурсандмисиз?

У Абдуллага ўгирилди. Унинг кўзлари ёнарди.
— Ҳа, — деди Абдулла ва унинг қўлини қисиб кўйди.

Гулчеҳра индамади. У биринчи марта ойдин кечада сайр қилишидан чуқур ҳаяжонда, ҳар куни, ҳар соат кўриб турадиган нарсалари — канал устидаги бир ёқ панжараси синган кўприк ҳам, япроқлари кумуш исир-ғалардек ярақлаб турган олмазор ҳам, қўйинг-чи, кўзга кўриниб турган ҳамма нарса унга ҳозир бошқача тус олгандек сирли ва қандайдир ёқимли туюларди.

Жимирлаб оқаётган сувга тикилар экан, сув тагида ой бир қалқиди-ю, жилмайиб уни имлагандай бўлди. Гулчеҳра беихтиёр:
— Юринг, нарироқ борамиз, — деди.

Абдулла унинг ёнида йўлга тушди. Туннинг сеҳрли манзараси Гулчеҳрани элитган, уни қандайдир илгари Ҳаёлида ҳам пайдо бўлмаган ўзга бир дунёга олиб кирган бўлса, Абдулла ҳам ўзини ҳалигача билмаган ғалати ширин бир кайфиятда ҳис этарди.
— Сезяпсизми? — деди бир маҳал Гулчеҳра.
— Нимани? — сўради Абдулла унга тикилиб. Аммо Гулчеҳра унга қарамасди. Унинг кўзлари пастда, канал бўйида эди.
— Ялпиз...
— Ялпиз?
— Ҳа, Бечора шу пайтда ҳам чиқибди. Сезяпсизми ҳидини?

Абдулла тўйиб ҳаво симирди.
— Ҳа, ялпиз. Узиб берайми?
— Қоронғи-ку, — деди Гулчеҳра.

Лекин Абдулла унга қулоқ солмади, қирғоққа яқинлашиб, ўтларни титкилай кетди. Гулчеҳра ҳақ эди. Ойдин кеча бўлса ҳам, ой шуъласида минг хил ўтлар орасидан кичкина ялпиз шохини топиб бўлармиди? Абдулла буни ўйламасди. Унинг учун ҳозир Гулчеҳранинг чеҳрасини очган шу ўтни топишдан катта бахт йўқ эди. Бир қўли билан чимга ёпишиб, бир қўли билан каналнинг шундай лабини тимирскилар экан, «топаман, албатта топаман», дерди ичида. Унинг бу шаштидан шу тоб ҳеч ким, ҳеч нарса қайтара олмасди. Гулчеҳра буни сезди, индамади. Аксинча, тепадан туриб, у билан биргаликда димоғини қитиқлаган ялпизни ахтара бошлади. У ниҳоятда шод эди. Шу пайтгача ҳеч ким унинг истагини англаб, кўнглини олмаган эди. Бугун икки марта у орзусига етди. Бу орзулар кичкина бўлса ҳам, уни бах-тиёр қилган эди. Иккала орзусига ҳам у болалик ўртоғи, ғойибдан бугун тонгда пайдо бўлиб қолиб, унинг шодлигига шодлик қўшган Абдулла орқали етишди. «Қандай ажойиб йигит бўлибди у! — ўйлади у. — Қандай одобли, истараси иссиқ. Наҳотки одам икки йилда шун-чалик ўзгариб кетса? Юрармикин?» Шу савол Ҳаёлидан ўтиши билан у сесканиб кетди. «Унинг нима иши бор? Рашк қиляптими? Шаҳарлик бўлса, кейин иттифоқо учрашиб қолишган бўлса? Юрса юраверсин. Унинг нима иши бор?» Гулчеҳра шундай деб юрагини тирнаб ўтган хавфни қайтаришга ҳаракат қилди. «Юрса юраверсин». Лекин у ҳозир Абдулладан миннатдор. Вальсга тушмоқчи эди, Абдулла сезиб таклиф қилди. Ялпизни топмоқчи эди. Ана, қидиряпти. Топмаса ҳам майли, унинг истагини англаб, қидирганинг ўзи катта гап. Ҳар қандай йигит ҳам шундай қилавермайди.

Абдулла қанча ўйламасин, эслолмади.
— Баҳорда, дейсизми?
— Ҳа. Кечқурун эди. Мен сизларникида эдим. Завод аям, ялпиз юлиб келинглар, мошхўрда қиляпман, дедилар, Кейин, иккаламиз кетдик. Ҳў, тўғон бошига бордик. Чаман бўлиб ётувди ўшанда ялпиз. Энди терамиз деганимизда бир ёмғир қуйди, кейин дўл ёғди. — Гулчеҳра кулиб юборди.
— Нега куляпсиз?

Гулчеҳра кулгидан ўзини тўхтата олмай, зўрға гапида давом этди:
— Битта дўл... битта ёнғокдек дўл...— Гулчеҳра гапиролмади.
— Ҳа, нима бўлди? — сўради негадир уялиб Абдулла.
— Битта ёнғоқдек... дўл, — деди Гулчеҳра, — бошингизга тушди. Бирпасда бошингиз ғурра бўлди. — Гулчеҳра яна кулиб юборди. — Иккаламиз ғуррани ушлаб, роса йиғладик.
— Эсимда йўқ, — деди беихтиёр бошини ушлаб Абдулла. — Йиғлоқи эмасдим шекилли?..
— Ўшанда роса йиғлагансиз!

Гулчеҳра яна нимадир эслаб, «пиқ» этди-ю, Абдулланинг уялганини кўриб, ўзини тутиб қолди.
— Лекин, ялпиз терганмиз. Бир этак ялпиз терган-миз.
— Унинг ҳиди ҳам шунақа эдими?
— Йўқ, — деди Гулчеҳра бирдан жиддийлашиб. — Бунинг ҳиди яхши.

У шундай деб бошини эгди.
— Гулчеҳра...
— Ҳм...
— Нега қишлокда қолмоқчисиз?

Гулчеҳра жавоб бермади. Улар анчагача жим боришди. Олдинда тўғон бошидаги фонарь кўринди. Кўршапалакми, аллақандай катта бир нарса атрофида гир айланиб учарди.
— Наҳотки Мингбулоқ Тошкентдан яхши бўлса?
— Мингбулоқни яхши кўраман, — деди ниҳоят Гулчеҳра. — Уни Тошкентга солиштириб бўлмайди. Лекин бир кунмас-бир кун Мингбулоқ ҳам чиройли қишлоқ бўлади. Гап бунда эмас.
— Нимада бўлмаса?
— Мен кетолмайман, — Гулчеҳра хўрсинди. — Аям касал, дадамга ким қарайди?
— Иккаламизнинг аҳволимиз бир экан, — деди Абдулла. — Менинг дадам касал. Лекин бу сабаб бўлолмайди. Сиз ўқишингиз керак.
— Ўқийман.
— Сиртданми?
— Ҳа.
— Сиртдан ўқиш оғир. Агар борганингизда... бирга оўлардик.
— Боролмайман. Иннайкейин, бутун синф келишганмиз.
— Бунинг аҳамияти йўқ. Мана, Қосимжон воз кечди шекилли.
— Ким билади, бу ҳали номаълум.
— Тошкентга боришингизни жуда истардим.
— Раҳмат, Абдулла. Лекин қишлокдан кетолмайман.

Бу гаплар иккаловини ҳам ўйлантириб қўйди. Абдулла шундай яхши қизнинг қишлокда қолаётганини, уии энди бувисиникига келгандагина кўриши мумкинлигини ўйлаб, ачинарди. Ўшанда ҳам кўра олармикан? Гулчеҳра энди катта қиз. Қишлоқда эса йигитлар кўп. Самад боя нима деди? «Биз қишлоқнинг келажагини кўп ўйлаймиз Гулчеҳра билан», деди. Демак, Гулчеҳрага унинг майли бор. Тағин ким билади?.. Лекин Гулчеҳра Тошкентда ўқиса қандай яхши бўларди. Ҳар купи у билан учрашарди. Ҳар куни сайр қилишарди. Балки уларнинг алоқаси ўшанда бундан ҳам жиддийроқ бўлармиди?!

Абдулла шундай ўйлар экан, фонарга сўлғин кўзларини тикиб Ҳаёл суриб қолган Гулчеҳрадан назарини ололмасди. Ўша пайтда Гулчеҳранинг Ҳаёллари ғамгин, келажаги қоронғи Ҳаёллар эди. У аввал шунча йилдан бери кўришмаган тенгдоши билан учрашув бунчалик жиддий тус олишини кутмаган эди. Нима бўлибди? Самад, Қосимжонлар қатори бир йигит. Эрталаб кўрди. Сўрашди. Кейин, кечага таклиф қилди. Лекин шу биринчи учрашув унинг юрагига ғулғула солиб қўйганди.

Абдулланинг нимасидир биринчи кўришидаёқ уни ўзига тортган ва кун бўйи тезроқ кеч киришини орзиқиб кутган эди. Кечага ҳам у ўзининг энг севимли кўйлагини кийди. Аввал ҳам шу кўйлакни кийишни ўйлаб қўйган эди. Лекин Абдуллани кўрганидан кейин бу фикр қатъийланди, кўйлакни қандайдир ёқимли ҳаяжон билан кийиб, анча вақт ўзини ойнага солди. Пунинг устига у ҳеч қачон бунчалик диққат ва қувонч билан пардоз қилмаган эди. Абдулла шуларни сездимикан? Афтидан, сезди. Кечада кўришганда маҳлиё бўлиб қолди. Мана ҳозир ҳам кўзларини узолмай ту-рибди. Чиндан ҳам у билан бир жойда ўқиш, бир жойда бўлиш яхши эмасми? Лекин нега боролмайман, сиртдан ўқийман, деди? Кўнгил учун бўлса ҳам ўйлаб кўраман, ҳали бир ярим ой вақт бор, деса бўлмасмиди? Наҳотки аясининг бетоблиги катта шаҳарга бориб ўқишга йўл қўймаса! Абдулла ҳам бу сабаб эмас, де-япти-ку! Шундай эмасмикан? Йўқ, йўқ, боролмайди. Ахир қишлоқда қолишни таклиф қилган ўзи эди-ку?
— Ҳали кеч эмас, Гулчеҳра, — деди Абдулла жимликни бузиб.

Гулчеҳранинг Ҳаёллари бўлинди.
— Ҳа, — деди негадир у ва ғамгин жилмайди. Абдулла худди шу жавобни кутиб тургандек, севиниб кетди.
— Албатта кеч эмас, — деди у қизишиб. — Ҳар ким ўз ихтиёри билан иш қилиши мумкин. Иннайкейин, бу масалада бировнинг маслаҳати билан иш тутиб бўладими?
— Юринг, қайтамиз, — деди Гулчеҳра гапни бўлиб. Унинг ҳозир бир нарса дегиси келмади. — Кеч бўлиб қолди, тарқалишаётгандир.

Абдулла қаршилик қилмади. У ҳозир ўзини катта ғалабага эришган одамдек ҳис қиларди. Гулчеҳранинг «ҳа» дейиши унга рози бўлгандек туюлган эди ва ичида қайтишни истамаса ҳам, пгу биттагина «ҳа» туфайли Гулчеҳра нима деса, шунга тайёр эди.
— Бедана қалай? — сўради у Гулчеҳрани кўп ўйлатмасликка интилиб.

Гулчеҳра ҳам бу саволдан ҳурсанд бўлди. Унинг шу ажойиб кечани ғамгин, мураккаб Ҳаёллар билан бузгиси келмасди.
— Яхши! — деди чеҳраси очилиб. — Қанотини тахтакачлаб қўйдим. Аям, тузалиб кетади, деяптилар. Тузалганда қайтариб бераман. Лекин битта шарти би-лан...
— Қандай шарт?
— Тошкентга олиб кетасиз. Обид акамни яхши кўраман, лекин қаҳрлари қаттиқ. Ўлдириб қўйишлари мумкин. Олиб кетасизми?
— Хўп. Лекин мен ҳам ўлдириб қўйишим мумкин. Абдулла синовчан назар билан Гулчеҳрага тикилди.
— Иўқ, сиз ўлдирмайсиз. Жўҳоризордаёқ буни билган эдим.
— Айтгандай, жўҳори жуда ширин экан, раҳмат. Ҳали ҳам оғзимда мазаси турибди. Ҳозир бўлганда — йўқ демасдим.

Гулчеҳра жилмайди.
— Бугун энди кеч, эртага пишириб бераман, май-лмми?
— Бўлмаса-чи!

Улар кўприкка етиб келишди. Гулчеҳра тўхтади. Мактаб томондан ҳали ҳам мусиқа оҳанглари эшитидиб турарди.
— Кетишмабди...
— Бирпас айланамизми? :— сўради Абдулла.
— Йўқ. Аям хавотир оладилар.
— Гулчеҳра!
— Лаббай?
— Эртага бўшмисиз?
— Нимайди?
— Агар... бўш бўлсангиз, кечқурун жўҳорини ўзин-гиз олиб чиқинг, мен шу ерда кутиб тураман. Хўпми?

Гулчеҳра индамади.
— Илтимос қиламан.
— Қайдам?

Гулчеҳра қўлини чўзди. Гулчеҳра унинг иссиқ кафтига кафтини босди.

Гулчеҳра «яхши эмас» дегандай бошини қимирлатди ва секин қўлини тортиб бўшатди.
— Келасиз-а?

Аммо Абдулла қизнинг жавобини эшитмади. Гулчеҳра «хайр!» деди-да, ўкдек отилиб уйига кириб кетди.

V

Гулчеҳра ҳам, Абдулла ҳам тунни бўлажак учрашув орзусида ўтказишди. Иккалови ҳам қувончли тасодифдан чексиз шод эди.

Гулчеҳра тонг отишини сабрсизлик билан кутар :жан, икки ўт орасига тушиб қолаётганини биларди. Лекин барибир ширин дақиқаларни табассум ва ҳурсандлик билан эслашдан ўзини тиёлмасди, у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилиб, сўлиб қолган ялпизни юзига босарди.

Абдулла эртасига эрталабдан бошлаб Гулчеҳра билан учрашиш йўлларини ахтара бошлади. Улар кечқурун учрашишади, Гулчеҳра жўҳори олиб чиқади, лекин унгача яна бир марта бўлсада кўриш керак. Абдулла хилма-хил режалар тузиб кўрди. Болалардан биттасини киритмоқчи бўлди, лекин дарров бу фикридан қайтди. Ким чақиряпти деб аяси сўраб қолса, айтиб қўйиши мумкин. Гулчеҳраларникида ҳеч ким унинг чақираётганини билмаслиги керак. Бир марта бўлса майли, бошқа кунлари нима қилади? Кейин гумонсирай бошлашади, балки Гулчеҳрани бутунлай уйдан чиқармай қўйишади. Юсуф ака баджаҳл, иннайкейин, эски тоифадаги кишилардан. Бола киритиш тўғри келмаганидан сўнг, Абдулла, боғ томондан уларнинг ташқарисига ўтиб пойламоқчи бўлди. Кўриниб қолар ахир ҳовлида? Кўриши билан имлаб чақиради. Лекин бу ҳам маъқул тушмади. Гулчеҳра истамаса-чи? Унда роса уятга қолади-ку.

Шу хаёллар билан бўлиб, Ҳожар бувининг дастурхон ёзганини, олдига бир товоқ қаймоқ қўйиб, нон синдирганини пайқамади ҳам. Кампир уни паришон кўриб, ҳавотирланди.
— Ёш бола, нималарни ўйлаб қолдинг? Чойингни ичсангчи?
— Ҳозир! — деди Абдулла ва ўғридек боққа тушмоқчи бўлганини эслаб, кулди.
— Ҳа, кеча ўтиришинглар яхши бўлдими? Анча кеч қолдинг?
— Жуда ҳам яхши бўлди, буви.
— Тоғангни бир-икки кўчага чиқардим хавотир бўлиб.

Абдулла тоғасининг номини эшитиши билан келинойисининг аҳволини суриштирмаганини ўйлаб, уялиб кетди. Нега бир оғиз сўраш Ҳаёлига келмади?
— Айтгандай, буви, келинойим тузукмилар? Ҳожар буви неварасининг бу саволидан ҳурсанд бўлиб кетди.
— Худога шукур, яхши! Эртага тоғанг олиб келади. Чақалоқ ҳам бирам яхши, бирам кўҳлик... Қош-кўзлари худди сенга ўхшайди. Ишқилиб, умри узоқ бўлсин!
— Буви! — деди Абдулла хатосини тузатишни ўйлаб. — Бориб келайми мен ҳам?
— Балнисагами?
— Ҳа!
— Қандай бўларкин? — Ҳожар буви ўйланиб қолди, кейин деди: — Яхшиси, эртага бор тоғанг билан. Жиянингни ўзинг кўтариб кел. Бугун нима деб ҳам борардинг?

Абдулла елкасидан оғир юк олингандек, ўзини енгил ҳис қилди.
— Майли, эртага бўлса, эртага.

У апил-тапил қўлини артиб, ўрнидан турди.
— Иш-пиш борми менга, буви!
— Чойингни ичмайсанми?
— Бўлди.
— Вой, овқат еганинг тушсин сенинг. Нима иш бўларди, иш йўқ. Бешик тўйида ҳизмат қиласан. Ҳозир ўйна.

Ҳожар буви яна нималарнидир деди, лекин Абдулла эшитмади. Унинг хаёли кўчада эди. Учратармикин? Кун бўйи уйда ўтирмас-ку.

Абдулла кўчага чиқди. Қишлоқ жим-жит эди. Ҳожар бувининг кўчага қараган болохонаси тагида уч-тўртта бола ошиқ ўйнарди. Абдулла уларнинг тепасига келиб, бирпас қараб турди. Ҳаёли бошқа ёқда бўлгани учун, ўйин уни қизиқтирмади. Кўчани кесиб ўтиб, кўприк томон йўл олди. Балки жўҳоризордадир? Ялт этиб келган бу фикрдан у севиниб, қадамини тезлатди. Кўприкка етганда, беихтиёр Гулчеҳраларнинг қизил дарвозасига қаради. Эшик очиқ эди. Лекин ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Ўша ёқдамикин? Кошки эди! Абдулла канал ёқалаб юра бошлади. Негадир бу гал йўл жуда олис кўринди. Анча юрди-ю, аммо ҳали ҳам қишлоқ тугамасди. Ниҳоят етиб келди. Атрофга аланглаб қулоқ солди.

На биронта одамнинг шарпаси кўринди, на бир шитирлаган товуш эшитилди. Ҳаммаёқ жим-жит. Абдулла жўҳоризор ичига кириб, барглар остидан атрофни кузатди, ҳеч ким йўқ. Шундай бўлса ҳам, поялар орасида энгашиб бир оз юрди. Гулчеҳра кўринмади. Димиқиб, терлади, жўҳори чанги юз-кўзини ачита бошлади. Шундан кейин жўҳоризордан чиқиб, орқасига қайтди. Наҳотки кечгача энди уни учратмаса?! Боққа киради, ана ўша ерда кўради уни.

Абдулла кўприкка етганда, Гулчеҳранинг эшигидан икки кишининг ҳовлиқиб чиққанини кўрди: биттаси Самад, биттаси эса Гулчеҳра эди. Самад қўлларини ёйиб нимадир деди, Гулчеҳра юзини беркитди. Кейин иккалови қишлоқ юқориси томон тез-тез юриб кетишди.
— Самад! — қичқирди Абдулла уларнинг орқасидан.

Самад тўхтамай, орқасига ўгирилди ва Абдуллани кўриб, имлади. Абдулла худди шуни кутиб тургандек, югуриб уларга етиб олди.
— Тинчликми? — сўради у дам Самадга, дам Гулчеҳрага қараб.

Гулчеҳра уялдими ё Ҳаёли бошқа ёқдамиди, индамади.
— Қосимжонларнинг уйида тўполон, — деди Самад.
— Нега?
— Билмадим. Аяси билан қаттиқ уришиб қолибди. Улар Қосимжонларнинг уйига етиб келишганда, ичкаридан аёл кишининг бўғиқ овози эшитиларди:
— Кираверамизми? — сўради Гулчеҳра.
— Ҳа, — деди Самад ва биринчи бўлиб ичкарига қадам қўйди.

Ҳовлининг ўртасидаги супада Қосимжоннинг аяси — Зумрад хола ўтирарди. Унинг кўзлари нам, бир оёғи шиппаксиз эди. Шиппак остона тагида ётарди. Зумрад хола ёшларнинг кириб келганини ё кўрмади, ё ўзини кўрмаганга солди.
— Мен сени шу ният билан катта қилувдимми?! Юрак-бағримни қон қилдинг!
— Бўлди-бўлди! Мунча чўзиласиз... — ичкари хонадан Қосимжоннинг овози эшитилди.
— Нега бўлар экан? Энди бошлайман! Ҳа, энди бошлайман! Шошмай тур!

Зумрад хола эпчиллик билан ўрнидан туриб, дераза олдига келди-да, муштларини бир-бирига ура бошлади.
— Бола ўстирибмаи деб юрибман ҳали! Ҳа, яшшамагур! Боламас, бало ўстирибман! Бир бало экансан! На отанинг гапи кор қилади сенга, на онанинг! Нима қилмоқчисан ўзинг, ер юткур?! Укаларингни ўйласангчи!

Супанинг орқасидан юз-кўзи қоракуя, оёқ яланг бир бола кўтарилиб, лапанглаб келди-да, аясининг этагига ёпишди.
— Нари тур, зумраша! — Зумрад хола шундай деб кўйлагини тортган эди, бола гурс этиб йиқилди ва биғиллаб йиғлай бошлади.

Гулчеҳра югуриб бориб уни кўтарди-да, бағрига босди.
— Оппоқ ая, бўлди, қўйинг!
— Нега қўяр эканман? Ўқишинг билан қўшмазор бўлгурни нега қўяр эканман? Икки кундан бери уйимнинг тўс-тўполонини чиқарди-ку, нега қўяр эканман?

Зумрад хола Гулчеҳранинг қўлидан болани юлиб олиб супанинг лабига бориб ўтирди-да, оғзига эмчак солди.

Самад унинг бир оз тинчиганидан фойдаланиб, Қосимжоннииг олдига кириб кетди. Абдулла нима қилишини билмай, эшик тагида туриб қолди.
— Тинчликми ўзи, оппоқ ая? — сўради Гулчеҳра.
— Айланай, Гулчеҳра, тинчлик қаёқда? — Зумрад хола пиқиллаб йиғлаб юборди, — Икки кундан бери уйда жанжал, кетармиш, Тошкентда ўқирмиш. Ўқимай ўлгур. Не-не умид билан уни катта қилувдим. Мактабни битириб, отасига суянчиқ бўлар девдим! Ўзингиз ўйланг, айланай, олтита болани боқиш осонми?
— Қўйинг, йиғламанг!
— Йиғламай бўладими, болам? Йиғидан бошқа нимам қолди? Одойи тамом бўлдим. Одойи тамом!.. Ҳаммаларинг қолдиларинг, бу ҳам қолса — бўйни узиладими? Отаси яхши ҳам гапириб кўрди, ёмон ҳам, қани қулоқ солса?!
— У ёқда ҳам ишлайман. Ойлигимни юбориб тураман, дедим-ку! — қичқирди ичкаридан Қосимжон.
— Бу ерда иш ёмонми? Раиснинг гапини эшитдинг-ку, ер юткур!
— Кетаман, барибир кетаман!

Зумрад хола бу гапни эшитиб, бўшашди. Ранги довордек оқариб кетди. Юпқа бурушган лаблари ниманидир шивирлади. Кейин бирдан ўрнидан турди. Қўлидаги болани бир силтаб, эмчакдан олди-да, Гулчеҳрага узатиб, дераза ёнига борди.
— Кетасанми?
— Кетаман!
— Тур, жўна, ҳозироқ кет, кўзимга кўринма, жўна!
— Оппоқ ая... — нимадир демоқчи бўлди Гулчеҳра, аммо гапи оғзида қолди.
— Жўна деяпман! — қичқирди Зумрад хола.
— Хўп, ҳозир...

Кўп ўтмай ичкаридан Қосимжон, унинг кетидан Самад чиқди.
— Бекорга ҳафа бўляпсиз, ая... Мен...
— Йўқол!

Қосимжон чиқиб кетди. Самад билан Абдулла бир-бирларига тикилиб қолишди, кейин иккови баравар Қосимжоннинг кетидан югуришди.

Зумрад хола деразага суянганича бўзариб қолган, бутун вужуди титрарди. Гулчеҳранинг унга раҳми келиб, кўзларидан ёш чиқиб кетди, лекин у нима қилишини, нима дейишини билмасди.

Ўша куни Қосимжон пулсиз, кийим-бошсиз, битта кўйлак-шимда Қўқонга жўнади.
— Бошқа иложим йўқ, — деди у Самад билан Абдуллага, — Тошкентда ҳам сиртдан ё кечқурун ўқийман. Кундузи ишлайман. Қайтага бу ерда ишлаганимдан кўп пул топаман. Лекин гап бунда эмас. Адабиётчи китоб кўп, одам кўп жойда бўлиши керак.
— Ўзинг биласан, — деди Самад, — ишқилиб, ниятингга ет.

Абдулла унга уйининг адресини берди ва бир ҳафтага қолмай, боришини айтди.
— Ойимни бир амаллаб тинчит, — деди Қосимжон йўловчи машинага ўтираётиб. — Мен энди бирон ишнинг уддасидан чиқмагунимча қайтмайман.
— Хат ёз.
— Албатта. Ҳаммага салом айт!

Машина йўлга тушди, кўп ўтмай, чанг ичида йўқолди.
— Балки у ҳақдир, — деди Самад.

Абдулла индамади. Ҳозиргина кўз олдида юз берган воқеа уни қаттиқ ҳаяжонга солган, Зумрад холага ачинса ҳам, Қосимжоннинг иродасига қойил қолган эди.

Гулчеҳрани ҳам кўндириш керак. Агар у Тошкентга кетса, қандай яхши бўлади! Кеча кўнгандек бўлди. Абдулла бугун яна шу ҳақда гапиради. Қосимжонни мисол қилиб кўрсатади. Гулчеҳранинг ўзи ҳам кўрди буни, ўзи жанжалнинг гувоҳи бўлди. Афтидан, у Самад билан Қосимжонни қолишга кўндирмоқчи эди, лекин бир оғиз ҳам гапиролмади. Гапирганида ҳам у қулоқ солмасди. Онасининг гапига кирмади-ку, уларга қулоқ соладими? Қосимжон уйидан чиқиб кетаётганда Гулчеҳра жуда хомуш бўлиб қолди. Балки унга ҳаваси келгандир. Нега ҳам ҳаваси келмасин? Мингбулокда нима бор? Ҳаммаёқ чанг-тупроқ... Ҳар куни иш. Тағин ҳар куни бир хил иш — ойда бир кино, ойда бир концерт... Мингбулокда тағин нима бор? Абдулла шуларни ўйлар экан, Гулчеҳранинг кетиши аниқдай кўринди кўзига ва сабрсизлик билан кеч киришини кута бошлади. Кеч эса, ўша куни жуда кеч кирди. Бувисига ниманидир ғўлдираб баҳона қилган бўлди-да, кўчага чиқди. Соат ўнга яқинлашиб қолган эди. Қишлоқ ҳар доимгидек тинч, кўчада ҳеч ким кўринмасди. Абдулла кўприқдан ўтиб, каллакланган тол тагига бориб ўтирди. Текис оқаётган сув ичида ярим кулча ой мўралаб турарди. Абдулла уни пойлаб туриб, кесак отмоқчи бўлиб к.ўлини кўтарди, аммо отмади. Ойнинг ичида Гулчеҳраиипг жилмайган кўзлари кўрингандай бўлиб кетди. Абдулла тикилиб қолди. Ойдан у ўтирган жойгача узун соя тушиб турарди. Толмикин? Шу савол Ҳаёлига келди-ю, шошиб орқасига ўгирилди. Шундай унинг тепа-сида кўзлари ловиллаб Гулчеҳра турарди.
— Чўчиб тушдингизми? — сўради у жилмайиб. Абдулла сакраб ўрнидан турди.
— Аям ухлашлари билан чиқдим.
— Раҳмат, — деди севиниб Абдулла, — келганинг жуда яхши бўлди. Анча қўрққан эдим.
— Мен ҳам. Ҳеч ёлғиз чиқмаганман кечқурун. Кўп кутдингизми?
— Йўқ, ҳозир келдим, — деди Абдулла уни ранжитмаслик учун.
— Жуда яхши.

Иккалови жим қолишди. Кун бўйи анча-мунча гапни ўйлаб қўйган Абдулла ҳозир нима дейишини билмасди. Гулчеҳра ҳам уялганиданми, ё ҳаяжонланганиданми жим эди. Бу жимлик анча чўзилди.
— Айтгандай, — деди ниҳоят Абдулла, — жўҳори пиширдингизми ?
— Вой, эсимдан чиқибди, — деди шошиб Гулчеҳра. — Мана!

У пўстига ўралган жўҳорини узатди. — «Эсидан чиқмабди», — ўйлади севиниб Абдулла жўҳорини олар экан.
— Жўҳорини жуда яхши кўраман.

Абдулла емоқчи бўлиб оғзига олиб борди-ю, лекин дарров бу фикридан қайтди, уялди.
— Айланамизми?
— Кеч-ку жуда ҳам?
— Бирпасгина, майлими? Гулчеҳра жилмайди.
— Майли.

Абдулла секин унинг тирсагидан ушлади.
— Керакмас, — деди Гулчеҳра ва қўлини бўшатиб, олдинга тушди.

Улар худди кечагидек канал ёқалаб кетишди. Иккалови ҳам ҳурсанд, иккаловининг ҳам чеҳрасида табассум ўйнарди.
— Гулчеҳра!..
— Ҳм-м...— Гулчеҳра бошини кўтариб унга қаради.
— Сиз... сиз жуда чиройлисиз!..
— Қаёқда? Наҳотки? — Гулчеҳра ҳайрон бўлиб қошларини чимирди, кейин ўз саволидан уялди шекилли, бошини эгди.
— Ҳа, жуда чиройлисиз... Биринчи учрашганимиз эсингиздами? Эрталаб? Ўшандаёқ ҳайрон қолган эдим. Сиз ўзгариб кетибсиз.
— Сиз ҳам, — деди секингина Гулчеҳра. Абдулла кулди.
— Йўқ, мен ўша-ўшаман.
— Мен ҳам.

Абдулла унинг бу гапини ўзича тушунди.
— Нега бўлмаса, сизсирадингиз?
— Қайдам? — Гулчеҳра яна бошини кўтарди-да, Абдуллага жилмайиб бокди.

«Ўпсам-чи?» — Ҳаёл қилди Абдулла шу топда. «Ўпсам индамасмикин?» — У Гулчеҳранинг қўлидан ушлаб тўхтади.
— Билмайсизми?

Гулчеҳра ҳам тўхтаб, унга ўгирилди.
— Йўқ.

Унинг овози қалтирарди.
— Биласиз. Гулчеҳра, менга қаранг.
— Ҳм...

Гулчеҳра унга тикилди. Шу пайт Абдулла унинг чап юзидан чўлп этиб ўпиб олди.
— Нима қиляпсиз? — Гулчеҳра шундай деди-да, бир силтаниб қўлини бўшатди ва билаги билан кўзларини яширди.

Абдулла унинг бу ҳаракатидан қўрқиб кетди. «Кетиб қолса-я?» Лекин Гулчеҳра кетмади. Фақат бир-икки қадам ундан узоқлашиб, тўхтади.
— Яхши эмас... Севмасдан туриб шундай қилиб бўладими?
— Бўлади! — Абдулла шундай деб яна унинг қўлини ушлади. Гулчеҳра тисарилди. — Тўхтанг, Гулчеҳра, тўхтанг! Гапларим ёлғон, ҳазиллашдим. Биринчи марта шундай қилишим. Яхши кўраман сизни. Эшитяпсизми, яхши кўраман!

Гулчеҳра нима дейишини билмасди. У бунчалик тез шу гапларни эшитишни кутмаган, шундай бўлади деб ўйламаганди. Абдулла унинг жимгина турганини кўриб, елкасига қўлини қўйди. Иссиқ, ёқимли нафаси димоғига урилди.
— Нега индамайсиз?

Гулчеҳра жим эди. У боягидек ўзини тортмас, қимирламасди. Бирдан у титрай бошлади, кейин, қийналиб ютинди. Абдулла хавотирланиб унга қаради. Уиинг кўзлари жиққа ёш эди.
— Нима бўлди, Гулчеҳра? Ҳафа бўлдингизми? Гулчеҳра бошини тебратди.
— Нега йиғлаяпсиз бўлмаса?
— Ўзим... шундай... Қачон кетасиз?
— Билмайман, — деди Абдулла унинг саволидан ҳайрон бўлиб, кейин сўради:
— Нимайди?
— Кетманг.

Абдулла севинчи ичига сиғмай уни бағрига босди.

VI

Бу учрашув ва кейинги кунлардаги бошқа қатор учрашувлар иккаловининг ҳам ҳаётини ўзгартириб юборди. Улар кун бўйи тунги сайил, ширин суҳбатлар кайфи, роҳати билан юришар ва тезроқ қош қорайишини орзиқиб кутишарди. Энди уларни нимани гапириш, ўзини қандай тутиш каби саволлар қийнамас эди. Улар қаерда учрашишни, қачон учрашишии ҳам Ҳаёлларига келтиришмасди. Соат ҳам, жой ҳам аниқ. Фақат ҳеч ким кўрмаса, қоронғи бўлса бўлди. Энди улар учун туннинг ажойиб, сеҳрли фазилати очилган, у энди икки қалбни учраштирувчи қудратли куч, чексиз шодлик, ширин Ҳаёллар, орзу-умидлар булоғи эди.

Улар қишлоққа тун чўкканда уйдан чиқардилар. Уларнинг учрашадиган жойлари ё тўғон боши, ё унга яқин катта-кичик булоқлар ялтиллаб турган толзор, ёки бўлмаса олмазорнинг этаги эди. Шу ерлардаги ҳар бир сўқмоқ, ҳар бир тош энди уларга таниш ва қадрдон бўлиб қолган эди. «Ўзимизнинг тош», «ўзимизнинг булоқ», бу сўзлар энди иккалови учун янги мазмун кашф этган, ҳар бир жой энди иккалови учун унутилмас тарихдек бўлиб қолган эди.

Бироқ Абдулла ҳам, Гулчеҳра ҳам қанчалик шод, қанчалик бахтли бўлишмасин, уйга қайтганларида нимадир юракларини ғаш қилаётганини пайқашарди. Бу ғашлик олдинги кунлари унча сезилмаса ҳам, Абдулланинг жўнаши яқинлашганидан кейин очиқ намоён бўла бошлади. Бу ёғи нима бўлади? Нима қилишади? Бу саволлар борган сари кўпроқ иккаловини ўйлатадиган бўлиб қолди... Аммо улар қанча ўйлашмасин, аниқ бир фикр йилтиллаб кўринмас, келажак гўзал бўлса ҳам, тундек қоронғи эди.

«Нима қилиш керак?» — ўйларди Гулчеҳра уйга келиши билан ва кўпинча саволига жавоб тополмас, тўсатдан келган бахт умри қисқа бир тушдек туюлиб, уни қайғуга соларди. Унинг аҳволи Абдуллага қараганда анча қийин эди. Гарчанд ҳалигача Тошкентга бориш-бормаслигини узил-кесил айтмаган бўлса ҳам, қишлоқда қолишини у аниқ биларди. Шунинг учун қийналарди. Очиқ айтиб, кўнгилни бўшатишни эса, негадир истамасди. Унинг назарида шундай дейиши билан Абдулла ўзгариб, алоқалари узилиб қоладигандек туюларди. Бундан у қўрқарди. Икки-уч кун ичида юрагини бутунлай эгаллаб олган Абдулла унга жуда азиз ва қадрдон бўлиб қолган эди. Лекин у қишлокдан чиқиб кетолмайди. Ҳар доим уйга кириб, тўрда ранги заъфарон бўлиб ётган онасини кўрар экан, бу фикрининг қатъийлигига ишонарди. Саодат опанинг аҳволи чиндан ҳам оғир эди. Ўтган йили баҳорда у шамоллаб, беш-олти кун ётиб қолди. Кейин тузалиб кетди. Аммо ўқтин-ўқтин боши оғрийдиган, кўнгли айнийдиган бўлиб қолди. Тузалиб кетар-тузалиб кетар билан бепарво юриб, кузга келганда яна ётиб қолди.

Юсуф ака уни Қўқонга олиб борган эди, касалхонада олиб қолишди. Кузатиш-текширишлардан сўнг унинг ошқозонида рак борлиги аникданди. Не-не шифокорлар кўрди, лекин Саодат опа бирдек эди. Иштаҳаси йўқолган, озиб, териси суякларига ёпишиб қолган эди. Юсуф ака докторлар билан маслаҳатлашиб, қишда уни Тошкентга олиб борди. Бу ерда ҳам раклиги аниқланди. Катта-катта докторлар Юсуф аканинг мўлтираган кўзларига қаролмай, «ожизмиз» деган бошларини қуйи солишди. Лекин Саодат опадан касалини яширишди. Қишлоқда ҳам ҳеч кимга айтишмади. Саодат опанинг ракка йўлиққанини фақат тўрт киши — Юсуф ака, раис — Нурмат ака, Гулчеҳра ва Обид акагина биларди. Тўртталови ҳам бечора аёлни кўриши билан юраклари эзилар, кўпинча ташқарига чиқиб, ўзларини тутолмай йиғлашарди. Айниқса, Юсуф ака кўп азоб тортарди. Урушдан янги қайтганда Саодат опа унинг кийимларини кийиб, трактор ҳайдарди. Гулчеҳра беш яшар бола эди ўшанда. Умуман, чапани, жанжалкаш одам у билан турмуш қургандан сўнг, бутунлай бошқача бўлиб қолган, Саодат опа унинг учун ҳам хотин, ҳам она, ҳам давлат эди. Хуллас, ҳозир нимага эга бўлган бўлса, ҳаммасига Саодат опанинг маслаҳатлари билан эришган эди. Буни у яхши биларди ва хотинини жонидан ҳам ортиқ севарди. Шунинг учун деярли ҳар куни ярим кечагача тепасида ўтирар, кундуз кунлари эса бир неча марта келиб хабар олиб кетарди.

Уларнинг бахтига Гулчеҳра бор экан, иккаловига балогардон ҳозир у эди. Уйнинг юмушлари ҳам унинг бошида бўлиб, кун бўйи тинмасди. Эр-хотин баъзан саҳаргача кўз юммай ётишар экан, уни ўйлашар, унинг борлиги билан фахрланишар эди.

Бир куни Гулчеҳра уйга одатдагидан кеч қайтди. Ўша куни Абдулла иккалови болаликларини эслаб, олди ҳовуз шийпонни қидириб кетиб қолишган эди, Гулчеҳра дарров юзини чайиб, аясининг олдига кирди. Дераза тагида укаси Алишер ҳуррак отиб ухлаб ётарди.
— Кеч қолиб кетдинг? — деди Саодат опа сўлғин кўзларини унга тикиб.

Гулчеҳра дарров бугун уйдан нима баҳона билан чиқиб кетганини эслади.

Саодат опа чарчади шекилли, оғир хўрсиниб, кўзларини юмди. Гулчеҳра уни фақат қошларигина қорайиб турган, оппоқ, рангсиз юзига тикилар экан, нима демоқчи эканлигига тушунмасди.
— Нима демоқчисиз, ая?
— Ҳозир... Гули, даданг билан гаплашдим. Ўша янги чиққан доктор кўрса, мен тузалиб кетаман. Мабодо тузалмасам, бу ёғи... бу ёғи оз қолди.
— Нима деяпсиз, ая?! — жеркиб берди Гулчеҳра.
— Эшит. Бу ёғи оз қолди. Ташвишдан, азобдан қутуламан. Даданг ҳам рози. Сен бор. Ўқи. Қўқонга борасанми, Тошкентга борасанми — ўзинг биласан. Тошкентга борганинг маъқул. Қосимжон бор... Иннайкейин... Зовут аянинг набираси... Ёлғиз бўлмайсан...
— Ая!..
— Бор. Биз даданг билан ўқимадик. Ўқиёлмадик. Даданг урушга кетиб қолди. Мен иш билан бўлдим. Лекин ўқиган қизларни кўрсам, ҳавасим келарди. Даданг яхши одам. Урушдан қайтганида, сен ўқи, деди.

Беш йил тез ўтиб кетади, кутаман, деди. Мен, йўқ, дедим. Уни ёлғиз ташлаб кетгани кўзим қиймади... Сен ўқи.

Гулчеҳра онасидан бундай гапларни сира кутмаган эди. У онасини яхши биларди, лекин бунчалик бағри кенглигини ҳаёлига келтирмаган, аксинча, иттифоқо кетмоқчи бўлсам, юбормайдилар, деб ўйлаб юрарди. Шунинг учун бўлса керак, ҳозир унинг чакка суяклари бўртиб турган заъфарон чеҳрасига тикилар экан, хўрлиги келиб, кўзларига ёш қуйилди.
— Мунча яхшисиз, ая! — у ўзини онасининг кўкрагига яшириб муздек пешанасини, эрта оқарган сочларини силай бошлади. — Мунча яхшисиз?! Кетмайман ҳеч қаёққа! Сизни кимга ташлаб кетаман? Ўқиш бир гап бўлар. Сиртдан ўқийман. Йилда икки-уч марта бориб келаман институтга. Кейин, оз қолди, деманг, ая. Одам қўрқади. Сиз ҳали кўп яшайсиз! Тузалиб кетасиз!..
— Кошки эди, Гули...

Саодат опа қуриган оппоқ қўллари билан қизини қучоқлади, юз-кўзларини силади.
— Шундоқ дерсан девдим ўзим ҳам, Гули... Лекин менга ўхшашингни истамайман. Сенинг бошқалардан қаеринг кам? Ақлли, эсли-ҳушлисан, ҳар қандай ўқишни эплаб кетасан? Йўқ, дема, бор. Даданг ҳам рози.
— Йўқ, ая. Кетмайман.

Саодат опанинг кўзларида ёш кўринди.
— Йиғламанг, ая. Ҳамма айтганларингиз бўлади, қаммаси бўлади. Мана кўрасиз, йиғламанг.
— Йиғлаётганим йўқ.

Саодат опа жилмайишга ҳаракат қилиб, кўзларини арта бошлади. Гулчеҳра унинг кўм-кўк томирлари бўртиб турган қўлларига қараб, «Қандай ташлаб кетаман? Шу аҳволда ташлаб кетиб бўладими?» деб ўйларди ва юпатишга интиларди.
— Биласизми, ая? — деди у бир маҳал. — Бугун жуда ғалати туш кўрдим. Айтиб берайми?
— Ҳм, — бошини қимирлатди Саодат опа.
— Эшитинг. Эрталаб экан. Дадам ҳовлида юз-қўлларини юваётган эмишлар. Алишер кўчада, офтобда ўтирган эмиш. Сиз ўчоқ бошида нимадир пишираётган эмишсиз. Мен бўлсам, мен нима қилаётганимни билмайман. Бир маҳал дадамлар чақирибдилар...

Гулчеҳра дадасининг овозига ўхшатиб, йўғон овозда қичқирди.
— Ҳой! Овқатларингдан дарак борми?

Унинг овози жуда кулгили чиқди шекилли, Саодат опа кулиб юборган эди, йўтал тутди. Гулчеҳра тўхтаб, унинг кўкрагини босди.
— Гапиравер... — деди Саодат опа рўмолчасини силкитиб.
— Шунда сиз, «ҳозир!» дедингизу, бир лаган ширгуруч олиб келдингиз. Кейин дадамлар ҳаммамизни кўчага олиб чиқдилар. Аммо кўча йўқ эди.
— Шу ўзимизнинг кўча-я? — сўради кўзларини очиб Саодат опа.
— Ҳа, шу кўча йўқ. Унинг ўрнида катта майдон турган эмиш. Майдоннинг ўртасида самолётга ўхшаган оппоқ бир нарса.
— Бу нима, деб сўрадингиз сиз.
— Дирижабль, — дедилар дадамлар. — Атайин сенга олиб келдим. Саёҳат қиламиз. Қани, ўтиринглар.

Ҳаммамиз дирижаблга чиқдик. Дадамлар рулга ўтирдилар. Бир маҳал дирижабль лопиллаб осмонга кўтарилди-да, булутларни ёриб ўта бошлади. Жуда кўп учдик. Сиз Алишерни маҳкам ушлаб олибсиз. Нуқул дадамларни туртиб:
— Ҳой бўлди. Болалар қўрқади, дейсиз. Дадамлар бўлса, куладилар.

Гулчеҳра бу ёғига нима дейишини билмай, тўхтаб қолди:
— Кейин нима бўлди? — сўради Саодат опа. Унинг худди Гулчеҳраники сингари йирик қора кўзлари куларди.
— Кейинми? — деди Гулчеҳра. — Кейин бир жойга қўндик. Бундай қарасак, Москва экан. Бирам катта, бирам чиройли!.. Бирдан нимадир гумбурлаб кетди. Шу пайт уйғониб қолдим. Алишер радиони бураб юборган экан.
— Яхши туш кўрибсан, — деди Саодат опа. У қизи бу тушни ҳозир тўқиганини сезган бўлса ҳам, билдирмади. — Тузалиб кетсам, янаги йилга Москвага борамиз. Ҳаммамиз борамиз.
— Ҳой! Овқатдан дарак борми?! — қичқирди кимдир.

Иккалови кулиб юборишди: Юсуф ака қайтган эди, Гулчеҳра югуриб ҳовлига тушди.
— Аянг қалай? — сўради Юсуф ака қизини тўхтатиб.
— Кулиб ётибдилар... — кулди Гулчеҳра.
— А?!
— Ана, кириб кўринг ишонмасангиз.

Юсуф ака севинганидан чўлп этиб қизининг пешанасидан ўпди-да, лапанглаб уй томон юриб кетди.

«Худди ёш болага ўхшашади, — ўйларди Гулчеҳра ўчоқ бошига борар экан. — Уларни ташлаб кетиб оўлармиди? Менсиз нима қила олишарди улар? Кетмайман».

Шу пайт кўз оддида Абдулла пайдо бўлди. Нима бўлди ўзи? Нега бирдан унинг ҳаёти ўзгариб кетди? У энди нима қилиши керак? У фақат иккита нарсани аниқ билади: биринчиси — кетмайди, иккинчиси эса — севиб қолди. Лекин бу севги унга нима келтиради? Уни бахтли қиладими, ё қайғуга соладими — буни у билмасди.

Эртаси куни у Абдуллага онасининг гапларини, ўзини қийнаётган саволларни батафсил айтиб берди.

Улар канал ёқасида бир оз айланишди. Иккалови ҳам хомуш, иккаловининг ҳам кайфи бузилган эди.

Абдулла шундай бўлишини сира кутмаган эди. Энди нима қилади? Наҳотки бор қувончини шу ерга ташлаб кетади?
— Балки, — деди Гулчеҳра бир маҳал, — келаси йилга борарман.
— Наҳотки?! — қичқириб юборди Абдулла.
— Аямларга яна бир доктор топишди. Тузалиб кетсалар, янаги йилга бораман.
— Гулчеҳра, жоним...

Абдулла қувонч билан уни қучоқлади. Лекин Гулчеҳра дарров ўзини бўшатиб олди.
— Кутасизми?
— Бўлмаса-чи!

Улар шу қарорга келиб хайрлашишди. Бир йил нима деган гап? Кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади. Бир йилдан кейин эса... Абдулла ширин Ҳаёллар оғушида уйга қайтди. У шу пайтда Гулчеҳранинг ёстиққа юзини буркаб йиғлаётганидан хабари йўқ эди.

Эртаси куни Ҳожар буви қишлоқнинг ўттиз-қирқ хотин-қизини йиғиб, бешик тўйи қилиб берди. Обид ака билан Абдулла роса чарчашди. Лекин иккалови ҳам шод эди. Абдулла Гулчеҳра билан қатъий аҳдлашганига севинса, Обид ака уйда чақалоқнинг овози эштилаётганидан боши осмонда эди. Севинганидан у, хатто ош сузиб тарқатилганда, битта яримталикни очиб, Абдуллага ҳам ичирди.
— Жиян! Сени яхши кўраман. Ишқилиб ўғлим сенга ўҳшасин. Шунга ичмайсанми?

Абдулла йўқ деёлмади. Бир пиёлани симирди.
— Баракалла! — деди Обид ака. — Даданг хўп тортардида илгари. Ичгин демайман, ичма, лекин жиян, манавинақа пайтда озгина ичилса, зиён қилмайди.

Биринчи марта ичгани учунми, Абдулланинг боши айланди, кўзлари қизариб кетди.
— Мазанг йўқ-ку! — деди кулиб Обид ака. — Ҳозир тузатамиз. Қани аччиқ-аччиқ чой ич-чи!

Абдулла тоғаси айтгандек қилиб, анча ўзига келди. Хотинлар тарқалишганда эса йўлга тушмоқчи бўлиб қўзғалди. Унинг уйга кетгиси йўқ эди. Лекин уч-тўрт кунга келган одам ўн кун қолиб кетди.
— Аям хавотир оладилар, — деди у бувисининг қистовига қарамай. — Кетаман.

Обид ака бир нечта сур бедана тугиб берди.
— Дадангга олиб бор. Емаса ҳам, кўнгли.
— Келиб тургин, болам. Жим бўлиб кетмагин?
— Энди тез-тез келиб тураман. Абдулла шундай деб, жилмайди.
— Шундай қил, болам, шундай қил, — Ҳожар буви ҳеч нарсага тушунмай неварасининг елкасига қокди.

Бир қўлида чамадон, бир қўлида тугун кўтариб, Абдулла йўлга чиққанда қош қорая бошлаган эди. Кечки поездга икки соатча бор. Гулчеҳра келганмикан? У кўприкдан ўтиб, олмазор томон юрди. Гулчеҳра уни шу ерда кутмоқчи эди. Олмазорнинг этагига етганда унинг қораси кўринди.
— Келдингизми? — деди Абдулла унга яқинлашиб. Гулчеҳра бошини қимирлатди. Худди биринчи учрашувдагидек иккалови яна анча вақт жим қолишди. — Келишдик-а?
— Келишдик, — деди қийналиб Гулчеҳра.
— Боришим билан хат ёзаман.
— Келасизми?

Гулчеҳранинг овозида чексиз илтижо, муҳаббат бор эди. Абдулла буни сезди ва тўлқинланиб:
— Албатта! — деди.

VII

Ҳар бир оиланинг ўзига хос ҳаёти, тарихи бўлади. Абдуллалар оиласининг ҳам ана шундай ҳам яхши, ҳам ёмон фазилатларга эга бўлган ҳаёти, тарихи бор эди. Бу оила уч кишидан иборат бўлиб, Тошкентнинг марказида Янгиобод маҳалласида истиқомат қиларди. Ҳовлилари катта, кўчага орқа ўгириб тушган уйлари баланд қасрни эслатарди.

Абдулланинг отаси — Ғафуржон ака маҳалланинг обрўли кишиларидан эди. Биронта тўй-маърака усиз ўтмас, маҳалланинг деярли катта-кичиги кўпинча унинг маслаҳати билан иш тутарди. У ўзи асли паркентлик бўлиб, отаси билан бирга тунукасозлик қилган, эски мактабда озгина ўқиган, отасининг вафотидан кейин Тошкентга келиб, Янгиободда мактаб очган ўртоғи Ҳусанхон аканикида яшай бошлаган эди. Янги мактабда ҳам озгина ўқиди, кейин шу мактабда ҳўжалик ишларини бошқара бошлади. Бу соҳада у қисқа вақт ичида фақатгина мактаб дирекциясининг эмас, туман раҳбарларининг ҳам ҳурматига сазовор бўлди. Қандайдир бир йиғилишда у тумандаги савдо ишлари ҳаақида жуда фойдали ва керакли гапларни айтганда, унинг обрўси янада ошиб кетди. Ўшандан кейин кўп ўтмай тунукасозлик артелига директор қилишди. Ун йилдан ортиқ ишлади шу артелда. Сўнг туман савдо бошқармасига мудир қилиб тайинлашди. Шу йил у нима иш биландир Қўқонга бориб, Завод ая билан танишиб қолди. Завод аяга оғир, етти ўлчаб бир кесадиган Ғафуржон ака ёқиб қодди. Ўғлини унга қўшиб Фарғонани айлантирди, уйида меҳмон қилди. Шаҳодат хола ўшанда эндигина ўн саккизга кирган қиз эди. Гап орасида Ғафуржоннинг ҳали уйланмаганлиги, иш билан бўлиб рўзғор тутмаганлиги маълум бўлди. Завод ая қизининг узоққа кетиб қолишини унча истамаса ҳам, йигитнинг яхшилигини кўриб, уни куёв қилгиси келиб қолди. Йўлини топиб айтди ҳам. Ғафуржон ака Шаҳодатни кўриб, рози бўлди. Тўй қилишди.

Завод ая ўзи Тошкентга тушиб, куёвининг ёр-биродарлари билан биргаликда, ёшларга уй-жой қилиб берди. Ў куёвидан, Ғафуржон аканинг дўстлари эса келиндан, унинг кўпни кўрган, ақлли, тажрибали онасидан ҳурсанд эди.

Шундай тоифа одамлар бўладики, улар меҳнат билан бўлиб ўзини ўйламайди. Баланд бўй, полвон қоматли Ғафуржон ака шундай одам эди. Уйида Завод ая берган жиҳоз, асбоб-анжомдан бошқа ҳеч нарса бўлмай, меҳмон-измон келганда Шаҳодат опа идиш-товоқни кўпинча қўни-қўшнидан олиб чиқарди. Эридаги бепарволик унга ҳам ўтиб, онасининг: уни ол, буни ол, деган маслаҳатларига:
— Ҳа, оларман, шусиз ҳам кун ўтяпти-ку, — деб қўя қоларди.

Эр-хотин жуда тотув, яхши яшашарди. Абдулла туғилганидан сўнг, уларнинг ҳаёти янада лаззатли бўлиб кетди. Бола баҳона, уй янгитдан қурилди. Ҳатто ортиқча ул-бул ҳам ғамланди. Шунга қарамай, Ғафуржон ака рўзғор ишларига бутунлай уқувсиз одамлигича қолаверди. Аммо бу ҳеч кимни — хотинини ҳам, қайнанасини ҳам, маҳалладаги ошна-оғайниларини ҳам ташвишга солмади. Чунки Ғафуржон ака уйини ўйламаса ҳам, маҳалладаги деярли ҳар бир оиланинг ташвиши, кам-кўстидан хабардор эди. У қийналиб қолган одамга ёнидаги бор пулини бериб юборишдан ҳам тоймас, совға-саломни қуюқ қиларди. Бундан у ҳеч нарса таъма қилмасди. Шу қилган иши ўзини ҳурсанд қилса, бўлди, шунинг ўзи унга кифоя эди.
— Сиз асаларига ўхшайсиз, — дерди уни койиган бўлиб баъзан Завод ая. — Асал қўясизу, ўзингиз емайсиз, бошқалар ейди.
— Э, ая, — дерди шунда Ғафуржон ака. — Яхши бисотдан яхши от қолгани яхши. Қозон қайнаб турибдими, шунинг ўзи катта давлат.

Бироқ Ғафуржон ака ҳақида ёмон ўйлайдиган одамлар ҳам йўқ эмасди. Улар, бундай сахийликни ошиб-тошиб кетган одам қилади, сандиғи тўлаки, шундай қиляпти, деб ўйлашарди. Ғафуржон ака фисқи-фасод гаплар қулоғига етса ҳам, парво қилмасди. Ғийбатларни эшитиб, хомуш ўтирган хотинини уришарди.
— Чаён ёмон чақади, — дерди у. — Лекин у ҳамма уйдан чиқавермайди. Битта чаён деб ўзингни койитма. Топганимиз ҳалол. Қўрқадиган жойимиз йўқ.

Чиндан ҳам шундай эди. Ғафуржон ака хиёнат қилмай ишлади. Шунинг учун идорада ҳурмат-эътибори яхши эди. Сермеҳнат, ҳунарли одам хор бўлмайди, дерди у нуқул. Бу ҳақда унинг ўзи тўқиганми ё эшитганми — иккита ибратли эртаги ҳам бор эди. Биттаси, тахминан, шундай:

Бир фиръавннинг қирқта хотини бўлиб, қирқинчиси камбағал бир гилам тўқувчи ҳунарманднинг қизи экан. Фиръавн унинг ҳуснига мафтун бўлиб, ўзига никоҳлаб олган экан. Лекин қиз камбағал бўлгани учун саройдагилар уни чиқиштиришмас, кундошлари эса уни жуда хор қилишар экан. Бечора қиз куйиб кетганидан фиръавндан илтимос қилибди:
— Шоҳим, ё мени отамникига юборинг, ё шу ерга менинг тўқув асбобларимни олиб келишни буюринг. Токи ёлғизлигим билинмасин.

Фиръавн уни кеткизмабди. Лекин айтган нарсаларини олиб келишни буюрибди. Қиз гилам тўқишга тушибди. Қирқ кечаю қирқ кундуз ҳужрасидан чиқмабди. Ҳатто фиръавнни ҳам ёнига киритмабди. Қирқ биринчи куни у фиръавннинг оёғи тагига бир гилам ташлабди. Фиръавн уни кўриб, маҳлиё бўлиб қолибди. У шу пайтгача бундай нозик дид ва меҳр билан тўқилган гиламни кўрмаган экан. Гиламнинг ўртасида қип-қизил атиргул очилиб турган эмишки, унинг ҳусни ростдакам гулдан минг марта афзал экан.
— Сени ҳусн бобида танҳо десам, ҳунар бобида ҳам танҳо экансан. Ҳунаринг сиридан мени хабардор қил, — дебди шунда фиръавн.

Қиз рози бўлибди. Қисқа вақт ичида фиръавнни гилам тўқишга ўргатибди. Фиръавн ойда бир марта фуқароларим нима қилаётган экан, деб кечаси қаландар кийимида шаҳар айланар экан. Бир куни шундай сафарга чиққанида ғалати воқеа юз берибди. Шаҳарнинг сўлим бир жойида кабобхона бор экан. Шу ердан ўтаётиб, кабоб ҳиди димоғига урилибди-да, кабобхонага кўтарилибди. Кабобпаз уни икки букилиб кутиб олиб, тўрдаги бир хонадан жой кўрсатибди. Фиръавн бориб ўтириши билан нимадир тарақлабди. Шу заҳоти фиръавн ўзини чуқур бир ғорда кўрибдп. Ғор жуда катта бўлиб, деворларида занжирлар осиғлиқ турган эмиш, ҳар бир занжирга эса одамлар боғлаб қўйилган эмиш. Фиръавн ҳайрон бўлибди ва ёнидаги бир мўйсафиддан сўрабди:
— Бу қандай жой?
— Ўлимхона бу, — дебди мўйсафид.
— Ўлимхона?
— Ҳа, ўлимхона. Ҳар куни бир одам сўйилиб, кабоб қилинади. Эртага менинг навбатим.

Фиръавннинг жаҳли чиқиб кетибди. Ўз подшолигида шундай ярамас одамлар борлигидан куюнибди. Лекин ҳозир нима қилиш керак? Бу ердан қандай кутулиб чиқиш мумкин? Фиръавн узоқ ўйлаб, охири бир қарорга келибди:
— Ота, — дебди, — навбатингизни менга беринг. Мўйсафид унга ҳайрон бўлиб тикилибди. Кўнглидан: «Жинними бу одам ўзи? Нечун ўлимга шошилади?» деган гапни ўтказибди-ю, лекин йўқ демабди.

Эртасига фиръавнни юқорига тортиб чиқаришибди. Энди уни бўғизламоқчи бўлишганда, у сўрабди:
— Мен сизга қанча даромад келтираман? Кабобхоиа эгалари, минг динор, дейишибди.
— Ўн минг динор берсам, соғ қоламанми?
— Ҳа, — дейишибди кабобхона эгалари. — Лекин бунча пулни қаердан оласан?

Шунда фиръавн бир кечада гилам тўқиб беришини ва бу гиламнинг ўн минг динор туришини айтиб, жун ва керакли ускуналар келтиришни сўрабди. Кабобхона эгалари агар ёлғон гапираётган бўлса эртага ўлдириш шарти билан унинг айтганларини муҳайё қилишибди.

Фиръавн туни билан мижжа қоқмай гилам тўқибди. Тайёр бўлганда саройга элтишни ва фиръавннинг кичик хотинига кўрсатишни буюрибди. Кабобхона эгалари у айтганидек қилиб, фиръавннинг кичик хотинига гиламни кўрсатишибди. ва ўн минг динор сўрашибди. Хотин гиламни кўриб, дарров нима бўлганига тушунибди. Фиръавн гилам четига қаердалигини гулга ўхшатиб тўқиб ёзган экан. Лекин хотин сир бой бермай, қароқчиларни ҳурсанд қилиб қайтарибди. Кейин ўша соатдаёқ лашкар тўплаб, кабобхонани босибди, фиръавнни ва бошқа бандиларни озод қилибди.
— Агар, — дерди Ғафуржон ака эртакни айтиб бўлиб, — фиръавннинг ҳунари бўлмаганда, шу гиламни у бир кечада тўқимаганда соғ қолмасди. Ҳунарсиз одамнинг ҳассасиз кўрдан фарқи йўқ.

Унинг иккинчи эртаги ҳам худди шу мазмунда бўлиб, унда қароқчилар бир чўпонни қудуққа ташлаб, қўйларини ҳайдаб кетишгани ҳикоя қилинарди. Чўпон қудуқда аждаҳонинг панжасига тушади. Шунда у най чалиб, уни ухлатмоқчи, кейин қочиб қутулмоқчи бўлади. Аждаҳо унинг ажойиб куйини эшитиб, чиндан ҳам ухлаб қолади, чўпон эсон-омон уйига қайтади.

Абдулла шу ва шунга ўхшаш эртаклар таъсирида ўсди. Унга ҳамманинг ҳаваси келарди. Озода кийинар, шўхлик қилмас, катталарнинг сўзини қайтармасди. Мактабда ҳам у ҳамма ўқитувчиларга ёқиб қолди. Аъло ўқиди, интизом сақлади. Албатта бола бўлгандан кейин шўхлик ҳам қилади. Лекин унинг шўхлигини катталардан деярли ҳеч ким кўрмасди. Чунки юз-кўзи, китоблари ифлос бўлиб қайтса, аясига ёқмаслигини биларди. Буни эса у истамасди. Ҳар доим, ҳар қаерда у кўзга ташланиб туришни, катталар унга эътибор беришларини яхши кўрарди ва иложи борича уларга ёқишга ҳаракат қиларди.

. Шунинг учун уйга кираётганда албатта юз-қўлини тозалаб, кийимларини қоқиб кирарди. Еттинчи синфгача у ҳар йили мақтов қоғози олиб ўқиди. Фақат еттинчи синфда унга мақтов қоғози беришмади. Бу воқеа уни қаттиқ қайғуга солди, лекин шу билан бир вақтда кўп нарсага ўргатди. Гап шундаки, у еттинчига ўтганида отаси касалга чалиниб, туман савдосиии бошқариш оғирлик қилиб қолди. У бўшаб, яна артелга ишга ўтди. Ўша йили Абдуллаларнинг синфига янги бола келди. У Абдулладан икки-уч ёшга катта бўлиб, жуда олифта кийинар, чарм портфель тутарди. Кўпчилик ўқитувчилар унга алоҳида эътибор билан қарашарди. Доска ёнига чиққанда, тутилиб қолса, уришишмас, секингина: майли, ўтир, келаси сафар сўрайман, дейишарди. Бу нарса Абдуллага ёқмади, у ўқитувчиларнинг ўзига муносабатлари ўзгариб қолганини пайқай бошлади. Айниқса, отасининг қадрдон ўртоғи Ҳусанхон ака ўзини ғалати тутадиган бўлиб қолди. Илгари у билан сўрашиб юрса, энди саломига алик ҳам олмасди. Аммо янги болага эса жуда меҳрибон эди. Синфга кириши билан гўё ундан бошқа бола йўкдай, унинг олдида тўхтаб, қўл бериб кўришарди.
— Ҳа, Инъомжон, яхшимисан? — дерди илжайиб. — Уйингдагилар тинчми? Даданг саломатмилар? Кеча Эргаш акамларни кўрган эдим, шошиб машиналарига ўтираётган эдилар. Мажлис-пажлис бўлса керакда юқорида.
— Шундай бўлса керак, — дерди гердайиб Инъом ва кўряпсанларми, дегандек, ҳаммага кўзини ўйнатиб қараб чиқарди.
— Қийин, қийин, — дерди Ҳусанхон ака. — Ўзи соғлиқлари дурустми?
— Ёмон эмас. Докторлари, яна курортга боринг, деяпти.
— Қаёққа бормоқчилар?
— Кисловодскка.
— Ҳа, яхши. Боришлари керак. Одамга энг зарур нарса — соғлиқ. Ўтир, ўтир, нега турибсан?

Ҳусанхон ака шундай дерди-да, сенлар ҳам ўтирларинг, дегандек бошқа болаларга қўлини эринибгина силкитиб қўярди. Абдулланинг жаҳли чиққанидан тишлари ғижирлаб кетарди. Деярли ҳар доим она тили дарсида шунга ўхшаган савол-жавоб бўлаверганидан у қаттиқ азобланар, она тили соати унинг учун катта қийноқ соатидек туюларди.

Ҳатто она тили ҳам унинг кўнглини айнитадиган бўлиб қолди. Йўқламада борган сари баҳолари пасая бошлади. Бир диктантдан икки ҳам олди. Нега бундай бўлди? Нега илгари уни доим яхши кўрадиган ўқитувчилар энди пайқамайдиган бўлиб қолишди? Бунинг сабабини у тушунмасди. Бир куни шу ҳакда ўйлаб, ёғоч ручкасининг учини оғзига солиб ўтирган эди, арифметика ўқитувчиси кириб, дарс бошлаганини сезмай қолди. Ёнидаги бола уни туртди. Бошини кўтарганда ўқитувчи унга қараб, илжайиб турарди. У Абдуллани уришмади, синфдан чиқариб юбормади ҳам, лекин бир умрга Абдулланинг юрагига санчилиб қолган гапни айтди.
— Уйда, — деди у Абдуллага тикилиб, — менинг бир яшар ўғлим бор. Бешикда ётади. Қаровсиз қолганда сумагини чиқариб сўради. Сумакда маза бор, сенинг бу ручкангда маза йўқ.

Қизлардан кимдир пиқ этиб кулиб юборди. Абдулла уялганидан лавлаги бўлиб, бошини эгди-да, кафтини юзига тутди. Дарс тугагач, мактабнинг орқасига ўтиб аччиқ-аччиқ йиғлади. Нега бундай қилишади? Ахир Сиддиқ ака ҳам, Ҳусанхон ака ҳам отасининг яхши ўртоқлари эди-ку? Бошқа болаларга қараганда уни яхши билишади-ку? Иннайкейин, ўзи яхши ўқийди-ку? Кўп ўтмай ҳамма нарса равшан бўлди. Бир куни у ўқишга кетаётганида, супада ёнбошлаб ётган дадаси чақириб:
— Ўғлим, — деди. — Ҳусанхон аканг анчадан бери келмаяпти. Жуда соғиндим. Кўрсанг айтгин, бир келиб кетсин.
— Хўп, — деди Абдулла ва мактабга келиши билан Ҳусанхон акани қидирди, лекин тополмади.

Ўша куни охирги дарс она тили эди. «Дарсдан олдин эшикда пойлаб туриб айтаман», деб қарор қилди Абдулла.

Охирги дарс бошланишига қўнғироқ чалинганда, Ҳусанхон ака етиб келди-да, ўқитувчилар хонасига ҳам кирмай, синфга йўл олди. Эшик тагида Абдулла у билан кўришди.
— Нима дейсан? — сўради Ҳусанхон ака чимирилиб.

Абдулла уни бу аҳволда кўриб, ғалати бўлиб кетди. Лекин ўзини тутиб олиб, деди:
—Дадам сизни кўрмоқчи эканлар. Борармишсиз...
—Майли, майли, — деди Ҳусанхон ака уни итариб синфга киритар экан. — Борарман, ҳозир вақтим йўқ. Лекин Инъомнинг олдидан ўтаётиб, одатдагидек, тўхтади ва илжайиб қўлини узатди.
—Яхшимисан? Эргаш акам қалайлар?
—Бугун уйдалар, дам оляптилар, — деди Инъом.
—Шундай дегин? Бир бориб кўрмоқчийдим-да... Анчадап бери ҳеч вақтларини топиб соғлиқларини сўролмайман...
—Боринг бугун, — деди Инъом.
—Қандай бўлар экан? Ҳозир дам олаётган бўлса-чи, кечқурун борсам бўлармикан?
—Вақтли борсангиз ҳам бўлаверади.
—Шундай дейсанми? Бўлмасам, дарсдан чиқиб бораман.
—Майли.
—Айтиб қўясан-да, Ҳусанхон акам сизни кўрмоқчилар, деб? Шундай кўраману, қайтаман. Узоқ ўтирмайман.
—Узоқ ўтирсангиз ҳам майли... — деди Инъом кулиб.
—Шундоқ дейсанми? Яхшиси, шундай қиламиз, Инъомжон, сен билан бирга бораман. Майлими?
— Майли.
— Раҳмат. Дарсдан кейин иккаламиз кетамиз.
—Ҳусанхон ака шундай деб, ўтирларинг, дегандек эринибгина қўлини силкитди.

Бу суҳбат Абдулланинг у ёқ-бу ёғидан ўтиб кетди. У ўзини ҳам, уйда ётган касал отасини ҳам беобрў қилишган, хўрланган ҳис қилди. Шу дақиқадан бошлаб, уни тиззаларида олиб ўтирган, эркалаб юз-кўзини силаган Ҳусанхон акани ўзининг энг ашаддий душманидек ёмон кўриб қолди.

Дарс тугагач, бир ўртоғидан сўради.
— Инъомнинг отаси ким?
— Билмайсанми? — деди ўртоғи. — Туман ижроқўми раиси-да.

Абдуллага ҳамма нарса ойдинлашди. Инъомнинг отаси амалдор, унинг отаси эса кичик бир артелда ишлайди! Мана масала қаерда. Унинг хўрлиги келиб кетди. Лекин йиғламади. Юрагида кўтарилган нафрат йиғидан кучлилик қилди.

Уйда дадаси, айтдингми, деб сўраганда, бир зум иккиланиб турди, кейин деди:
— Салом деб юбордилар. Ишлари кўп экан, эртага ё индинга бораман, дедилар. Албатта бораман, дедилар.
— Раҳмат, раҳмат, — деди Ғафуржон ака севиниб. — Ҳусанхон аканг тилла одам, тилла. Кўрдингми, ўғлим, яхшилик қилсанг яхшилик қайтади. Ҳеч ким сени унутмайди.

Шу жойда Абдулла ўзини тўхтатолмади, ҳўнграб йиғлаб юборди-да, уйга отилди.
— Нима қилди, ўғлим? Нима қилди? — деди орқадан Ғафуржон ака.

Аммо Абдулла жавоб бермади, папкасини токчага улоқтириб, ўзини каравотга ташлади. Ғафуржон ака ҳам, Шаҳодат опа ҳам қанча уринишмасин, у йиғисининг сабабини айтмади. Орадан бир ой ўтди. Ҳусанхон ака келмади. Кечқурун доктор буюрган тузсиз каптар шўрва ичиб ўтирар экан, Ғафуржон ака хотинига деди:
— Эсингдами, ўғлинг Ҳусанхонни айтиб келиб, йиғлади?! Нега йиғлаганини энди билдингми? Ҳусанхон ўшанда, боролмайман, деган. Шунга йиғлади ўғлинг. Агар шундай демаганида ҳалигача келарди.
— Энди, айтиб кел, деманг, — деди Шаҳодат опа. — Яна қийналади.
— Айтмайман. Мен ҳеч қачон Ҳусанхон шундай қилади, деб ўйламаган эдим. Ўттиз йиллик ўртоқ-а...
— Қўйинг, ўйламанг, — юпатди эрини Шаҳодат опа. — Соғайиб кетганингизда ўзи уялиб қолади. Бахтимизга ўғлингизнинг умри узоқ бўлсин.
— Ўшанда бекор қилдим айтиб кел деб, — хўрсинди Ғафуржон ака. — Ўшандан бери хомуш, серфикр бўлиб қолди.

Чиндан ҳам шу воқеа Абдуллани ўзгартириб юборган эди. У энди фақат ўзига ишонишга, дунёда ёмон одамлар йўқ эмаслигига, яхши ўқиб, катта обрўли одам бўлиб етишишга астойдил қарор қилган эди. Бу қарорни амалга оширишдаги биринчи қадам — ўқиш, ўқиганда ҳам аъло ўқиш эди. Лекин ўша йили у қанча тиришмасин яхши ўқий олмади. Тўсатдан бошига тушган ташвишдан қутулолмаган, Ҳусанхон акага бўлган нафрати кучлилигидан она тилини яхши ўзлаштиролмаган эди. Лекин саккизинчи синфдан бошлаб ҳамма нарса ўзгарди. Биринчидан, Ҳусанхон ака, Сиддиқ акани ўриига бошқа ўқитувчилар кирди. Бунинг устига унинг ўзи ҳам вақтни бекор ўтказмай ўқишга жон-жаҳди билан берилди. Натижа яхши бўлди. Саккизинчи синфни ҳам, тўққизинчи синфни ҳам аъло битирди. Инъом зўрға уч-тўртга илинди. Бундан Абдулланинг боши осмонга етди. У ният қилса, бошқа ютуқларга ҳам етишиши мумкинлигини англади. Фақат меҳнат қилиш керак, ҳамма нарсанинг асоси меҳнат. Отаси ҳақ. Меҳнат қилса бир кунмас, бир кун Ҳусанхон акалар унинг оёғига бош қўйишади. Қачон ўша кун келаркин? Қачон?

Ўқишнинг тўртинчи чораги тугай деб қолганда, Абдуллани директор ҳузурига чақиришди.
—Сени медалга мўлжаллаяпмиз. Бу ёғини бўшаштирма, — деди директор.

Абдулла севинчи ичига сиғмай директордан миннатдор бўлиб чикди ва яна мутолаага берилди. Унинг кўзига ўқишдан бошқа ҳеч нарса кўринмай қолди. У ўқиди, муккасидан тушиб ўқиди ва орзусига етди. Мактабни олтин медаль билан тамомлади. Инъом эса йиқилди. Ҳамма ачинса ҳам, унга фақат Абдулла ачинмади.

У танийдиган ва у билан юришни истаган қизлар орасида келишган, чиройлилари ҳам бор эди. Абдулла уларга бир жилмайиб боқиши билан атрофида гирдикапалак бўлишарди. Аммо у бундай қилмасди. Рақс тушарди, лекин ҳаммадан олдин, агар кеча чўзиладиган бўлса, ғойиб бўлиб қоларди.
— Ҳозир ўқиш керак, ҳозир уйда бўлишим керак, — дерди у қолишни истаса ҳам ўзини мажбур қилиб. — Ўйин кейин...

Унинг кўз олдидан ҳозир осмонда чараклаб турган юлдузлардек олтин медаль кетмасди. Ўнгида ҳам, тушида ҳам шуни кўрарди. Медаль унинг учун ҳаёт рамзи, келажак калити эди. Шу калитсиз унинг яшаши ҳам мумкин бўлмай қолган эди. Калит қўлига тушгандан сўнг, нима қилишни у ўзи билади. Майли, ўртоқлари ҳозир ундан кулишсин, қизлар уни одамови, кеккайган, дейишсин. Унинг кимлиги кейин маълум бўлади.

Шундай фикрлар билан ўзини тинчитиб ўқиди, вақтини бекорга кетказмади. Энди-чи? Энди уни кўришсин. Энди ўртоқларидан ўзиб кетди. Унинг ҳеч кимда йўқ, гўзал қизи бор — Гулчеҳра... Унинг исми ҳам ўзидек гўзал. Абдулла озғин, ингичка оёқли қизларни ҳуш кўрмасди. Бир куни рақс тушишаётганда шундай ингичка оёқли бир қизнинг пайпоғи тушиб кетди. Абдулла уни четга олиб чиқди. Қиз этагини сонигача кўтариб, резинкасини боғлаётганда, Абдулла беихтиёр унинг оёғига қаради-ю, энсаси қотди.

Шу-шу ўша қиз билан рақс тушмайдиган бўлиб қолди. Гулчеҳранинг оёқлари бунақа эмас эди. Тўлача, тиззалари кичкина, думалоқ, нима киймасин — баланд пошна туфлими, шиппакми, чиппа ёпишиб, ўзига ярашарди. Шундай қиз уни яхши кўради. Ўзи айтди.
— Мен ҳам сизни яхши кўраман, — деди.

Абдулла муздек ҳаводан симириб осмонга тикилди. Шамол унинг сочларини тўзғитиб ўйнар, кўзларини юмдирмоқчи бўларди, лекин у парво қилмасди. Кўзларипи осмонга тикканича Ҳаёл сурарди. Унинг ҳозир эсига бувисининг қачонлардир ҳар бир одамнинг ўз юлдузи бўлади, деган гапи келди-да, милтиллаб турган юлдузларнинг ҳар бирига алоҳида диққат билан қарай бошлади. Унинг юлдузи қайси экан?! Юлдузлар деярли бир-биридан фарқ қилмасди: бири сал катта, бири сал кичик... Йўқ, булар ичида унинг юлдузи йўқ. Уники бошқача бўлиши керак. Ҳамманикига ўхшамаслиги керак. Агар яхшилаб қараса, бу юлдузларнинг орқасида бошқа юлдузлар бўлиши мумкин, лекин улар анча хира ва кичик. Қайси бири уники? Абдулла узоқ тикилиб, битта юлдузни танлади. Бу юлдуз олти қиррали бўлиб, бир чеккада ажралиб турарди. Унинг ҳажми ҳам катта эди. Ёғдуси ҳам ўткир эди. Шу юлдуз уники бўлади.

Йўқотиб қўймаса бўлди, уники бўлади. Ойдан ўн икки қарич нарида, Зуҳрадан баландроқда. Гулчеҳрага қайси юлдузни танласа экан?

Абдулла қанча ахтармасин, ўзига яқинроқ жойдан Гулчеҳрага атаб биронта юлдуз тополмади. Зуҳра юлдузини танлашни эса, истамади. Зуҳра катта. Улар тенг бўлиши керак. Шу фикр миясига келганда, у яна Гулчеҳрани ўйлаб кетди. У бир йилдан сўнг учрашишларини, кейин доим бирга бўлишларини биларди. Бу ҳакда кўп ўйлаган эди. Лекин ота-онаси бунга нима дер экан? Гулчеҳранинг ота-онасичи? Умуман, улар билиши керакми-йўқми? Албатта, ўйлади Абдулла, улар билиши керак, ўзи айтмаса ҳам, бир кунмас бир кун маълум бўлади. Лекин институтни битиришгунча билишмагани яхши. Чунки ўшангача Абдулланинг уйланиши мумкин эмас. У уйланмайди. Уйланолмайди. Бу ҳақда унинг фикри қатъий эди. У отасидек яшашни истамасди. Бировнинг ёрдами билан уйланмайди. Кейин, Гулчеҳрани бўм-бўш уйга олиб бормайди. Уялади олиб киргани. Институтни битиради, ишга киради, рўзғор учун керакли нарсаларни олади, ана ўшанда уйланади. Лекин у шу куннинг тезроқ келишини истарди. Гулчеҳра билан яқинроқ бўлишни орзу қиларди. Қўлларини ушлаш, секин тортиниб ўпиш энди уни қониқтирмасди. У Гулчеҳра билан бирга бўлишни истарди. Бир куни ҳатто тушига кирди. Жуда ғалати бўлди. Аммо уйғониб ўзидан уялиб кетди. Шундай туш кўрганидан ранжиди. Кун бўйи лоҳас бўлиб юрди. Гулчеҳра билан учрашганда эса, қоронғи бўлишига қарамай, унинг кўзларига тик қарай олмади.
— Хомуш кўринасиз? — сўради Гулчеҳра уни тирсагидан ушлаб.

Абдуллани ток ургандек бўлиб кетди. Секин қўлини бўшатиб, ўзини четга олди.
— Бошим оғрияпти, — деди титраб.
— Бошим оғрияпти? Ҳозир тузатамиз! — деди шошиб Гулчеҳра ва булоққа қўлини тиқиб унинг пешанасига тутди. — Энди тузукми?
— Туззук, — деди Абдулла пешанаси аралаш унинг қўлини ушлаб, кейин бўш қўли билан қучоқлаб, лабларидан қаттиқ ўпа бошлади, Гулчеҳра нима бўлганига тушунмай, аввал жим турди, кейин силтаниб ўзини тортди.
— Дарров тузалиб кетдингиз-а? — деди қошларини чимириб.
— Гулчеҳра... — деди Абдулла ўз овозини ўзи танимай.
— Тисс! Эшитяпсизми? Беданангиз сайраяпти!!! Гулчеҳра шундай деб қочиб кетди.

Яхши бўлди. Агар ўшанда иккалови ўзларига эрк бериб юборишганда нима бўларди? Иккалови ҳам шарманда бўларди! Йўқ, Абдулла бундай қилмайди. Қийналса ҳам майли, бундай қилмайди. Ҳамма нарса иродага боғлиқ. У ўз иродасига ишонади.
—Йигитча, тушмайсизми? — деди кимдир орқадан. Абдулла чўчиб, ўгирилди. Эшик олдида вагон кузатувчиси турар эди.
—Тошкентга келдикми? — ҳайрон бўлиб сўради Абдулла.
—Анча бўлди.

Абдулла ташқарига қаради. Кун ёришган, тоғ ортидан офтоб бир қарич кўтарилиб, олтин шуъласини сочиб турарди. У ниҳоятда катта ва серёғду эди, кечаги, ўзига танлаган юлдузга ўхшамасди. Бу ҳол уни жиндек ранжитди, у ўз юлдузи қуёшдек бўлишини истарди. Афсуски, бундай бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас. Шуни ўйлаб эринибгина хўрсинди-да, поезддан тушди. Сершовқин шаҳар ҳаёти дарҳол уни қучоғига олди. Яшаш қандай яхши, тағин шундай катта, гўзал шаҳарда! Шу дақиқада ҳамма нарса — шу муҳташам вокзал биноси ҳам, бир-бирини қувиб ўтаётган турнақаnор машиналар ҳам, кенг вокзал майдони ўртасиидаги баҳайбат кўсак нусха фонтан ҳам, ҳамма-ҳаммаси уни қувонтирар, унинг борлиғидан ва бахтиёрлигидан дарак бериб турарди.

Трамвай қачонлардир отаси ишлаган Миробод бозорини айланиб ўтиб, оғир ғирчиллади-да, тўхтади. Абдулла вагон деразасидан беихтиёр ташқарига қаради. Бешик осиғлик турган қамиш томли болохонани кўриб, жилмайди. У уйига келган эди. Трамвайдан тушиб, кўчани кесиб ўтганда, кимдир чақирди:
— Абдулла!

Абдулла чамадонини ерга қўйиб, тўхтади. Унинг қаршисига катта сумка кўтарган синфдош ўртоғи Рустам югуриб келарди. Абдулла учрашувдан ҳурсанд бўлди.
— Бормадинг-да, — деди Рустам у билан сўрашиб.
— Ҳа?
— Чимённинг бунақа жойлигини энди билишим. Мазза қилдик. Аҳрорнинг дадаси ўша ерда экан. Битта қўй сўйиб берди. Икки кун кабоб қилиб едик. Чўмилдик, тоққа чиқдик. Лекинчи, мен шамоллаб қолиб, икки кун ётиб қолдим. Кейин чўмилмадим. Борсанг, мазза қилардинг.

Абдулла жилмайди.
— Қишлокда яхши бўлдими? — сўради Рустам.
— Тузук, — деди Абдулла, — бедана отдик, чўмилдим...
— Бедана? — ҳавас билан сўради Рустам.
— Ҳа.
— Анча отдингми?
— Ўнтача.
— Оббо сен-ей! Мазза қилибсан-ку?

Абдулла яна жилмайди. Кўп нарсани гапиришга юраги тўлиб турган бўлса ҳам, ўзини тутди. У сафаридан ҳурсанд эди, шунинг ўзи кифоя. Бировларнинг билишига ҳожат йўқ. Кўриб турибди, шунинг ўзи етарли. Шунинг учун у гапни бўлди.
— Қачон қайтдиларинг?
— Ўтган куни. Биласанми, одам жуда зерикди. Кечқурун Аҳрорлар билан бир айланиб, кўлга бормоқчимиз. Оролчада ўтириб, қиттак-қиттак қиламиз. Биз билан юр.
— Майли.
— Бўлмаса, кечқурун кираман.
— Қаёққа кетяпсан? — сўради Абдулла сумкага ишора қилиб.
— Э, ойим бозорга кетаётувдилар, қўлларидан юлиб олдим. Одам зерикиб ўлди. Хўп, кечқурун кирайми?

Абдулла бошини қимирлатди. Уйи томон юрар экан, у ўйларди: унинг зерикишга вақти йўқ. У ўқийди, кўп ўқийди ва Гулчеҳрани ўйлайди.

IX

Ғафуржон ака ўғлининг қайтишини сабрсизлик билан кутарди. Абдулла Мингбулоққа кетгандан кейин уч-тўрт кун ўтгач, бир одам уни кўргани келди. Ўрта яшар, яхши кийинган, бошида шляпа. У Ғафуржон ака билан эски қадрдонлардай сўрашиб, уни бетоб кўрганига қайғурди.
— Кеча билиб қолдим, — деди у. — Эрталаб Ленинграддан қайтганимни эшитиб, оғайнилар келишди. Шулар сизни бетоб дейишди. Меҳмон-излом билан бўлиб кеча келолмадим. Бугун, нима бўлса ҳам сизни кўришга аҳд қилиб, мана, келдим.
— Раҳмат, раҳмат, — деди Ғафуржон ака истараси иссиқ, хушмуомала бу одамнинг кимлигини, қаерда кўрганлигини эслолмай, лекин сўрагани уялди.

Улар анча вақт у ёкдан-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Шаҳодат опа чой қўйди. Меҳмон гап орасида икки йилдан бери Ленинградда яшаётгани, у ерда янги бир институт очилиб, уни профессор сифатида таклиф қилишганини айтди.

Бир ойча бу ерда бўламан-да, кейин қизимни олиб кетаман, — деди у. — Институтни ўзимнинг олдимда тамомласин. Айтгандай, Абдуллажон қалай? Катта йигит бўлиб қолгандир?
— Ҳа, — деди фахр билан Ғафуржон ака. — Мактабни олтин медаль билан тамомлади. Ҳозир Қўқонда. Ўйнаб келсин деб жўнатдик.
— Жуда яхши, жуда яхши. Қайси институтга кирмоқчи?
— САГУга. ФизМатга кираман, дейди.
— О, жуда яхши. Математикани яхши кўрар экан-да.
— Ҳа, ёзма математикани йигирма дақиқада топшириб чиқди.
— Йўғ-е? — ҳурсанд бўлиб сўради меҳмон.
— Ҳа, ўқитувчилари ҳам ҳайрон.
— Яхши, жуда яхши. Бизнинг Сайёра ҳам математикага дуруст. Шунинг учун ҳам ўзимнинг институтимга олиб кетмоқчиман. Келажаги яхши институт. Атом билан, атом энергияси билан боғлиқ институт.
— Шундай денг?
— Ҳа, қиз болага озгина оғирлик қилади-ю, аммо яхши.

Меҳмон ўйланиб қолди. Ғафуржон ака ҳам унга, шундай ажойиб ўқишга кетаётган қизига ҳаваси келиб Ҳаёлга чўмган эди. Қани энди у ҳам шу меҳмонга ўҳшаган бўлса-ю, ўғлини шундай ўқишга юборса! Абдулла эсли, ақлли бола, катта одам бўлиб қайтарди.
— Стипендияси тузукми? — сўради у ниманингдир илинжида.
— Бошқа институтдагидан баланд, ётоғи бор. Ғафуржон ака, нима дейсиз, ўғилчани юбормайсизми? Тағин ўзи математикага қизиқар экан, яхши бўларди. — Меҳмон Ғафуржон аканинг иккиланиб тургаиини ўзича тушуниб, қўшиб қўйди:
— Моддий томондан ҳеч қийналмайди. Иннайкейин, мен борман. Ёлғиз ташлаб қўймайман.
— Қайдам, — деди Ғафуржон ака, лекин ичида меҳмоннинг таклифи унга маъқул тушди.
— Шундай деятганимки, — гапида давом этди меҳмон, — институт янги. Уни битирган одам жуда қимматли касб эгаси бўлади. Бу ёғи менга ҳам яхши. Қиз билан иккалови бир-бирига далда бўлиб ўқирди.
— Раҳмат, — деди Ғафуржон ака миннатдор оҳангда. — Мен рози, ойиси билан, кейин ўзи келганда ўзи билан гаплашиб кўрай.
— Шундай қилинг. Имтиҳон топширмайди. Ҳужжатларини мен олиб кетаман. Гаплашиб кўринг. Мен билан ҳам учрашсин.

Меҳмон шундай деб, блокнотидан бир варақ йиртиб, манзилини ёзди.

У кетгач, Ғафуржон ака қоғозни кўрди-ю, унинг кимлигини эслади.
— Шаҳодат, ҳо Шаҳодат! — қичқирди у севинчини яширолмай. — Биласанми ҳалиги одам ким?
— Ким экан? — деди айвонда иш тикиб ўтирган Шаҳодат опа!
— Артелдалигимда экспедитор йигит бор эди-ку, Турсунали Қурбонов деган, эсингдами? Ўша.

Шаҳодат опа эслолмади. Лекин Ғафуржон аканинг кўз олдидан бу одамнинг ўқийман деб Ўратепадан қочиб келгани, турмушда қийналиб, бозорда ҳаммолчилик қилгани ва унга дуч келгани бирма-бир ўтди. Ғафуржон ака уни ўшанда ишга жойлади, ўқишини битирганда яхши бир зиёфат қилиб берди. Кейин Турсунали қаёққадир ишга кетди. Ўшандан бери кўришмас эди. Мана, тоғ тоғ билан учрашмас экан, одам одам билан учрашар экан. Қанча йил ўтиб кетди, бечора уни унутмабди, атайин кўргани келибди. Бу ҳам майли, энди яхшиликларини қайтармоқчи. Дунёда яхши одамлар кўп, ўйларди чеҳраси ёришиб Ғафуржон ака, нега юбормасин Абдуллани? Боргани яхши, қийналмайди, қийналиб қолса унча-мунча пул-мул юбориб туришга қурби етади. Иннайкейин, шундай катта одам, профессор, ёлғизлатиб қўймайман, деяпти. Ғафуржон ака шуларнинг ҳаммасини хотинига тушунтирди. Шаҳодат хола кўнглида қарши бўлса ҳам, эрининг раъйини қайтара олмади.
— Майли, ихтиёрингиз, — деди у. — Ўзи нима деркин? Ўзи билан гаплашинг.

Унинг шундай дейишида жон бор эди. Абдулла эс-ҳушли бола, ўйларди у, дадасини шу аҳволда ташлаб кетмас. Қачон тузалади, тузала оладими ҳали, номаълум. Буни Абдулла ҳам билади. Шунинг мулоҳазасига боради. Иннайкейин, ҳаммаёкда ўқиш бор, яхши ўқиса шу ерда ҳам катта одам бўлиб кетиши мумкин.

Лекин Ғафуржон ака тинчимади.
— Ўзи нима дерди? — деди у. — Бораман, дейди. Ундай жойда ўқиш ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайди. Мабодо иккиланадиган бўлса, сен ҳам жим турма, гапир.

Шаҳодат опа индамади.
— Нега индамайсан? Ё ўзинг қаршимисан? — суриштира бошлади Ғафуржон ака. — Менга қара, беш йил ҳеч гап эмас. Ҳаш-паш дегунча ўтиб кетади. Ўзинг ҳам сезмай қоласан. Ўғлинг йўқ ҳунарни эгаллаб келса ёмонми?
— Мен жавобимни айтдим, — деди Шаҳодат опа хўрсиниб. — Ихтиёр ўзингизда. Нимани лозим топсангиз, шуни қилинг. Лекин аввало, ўзи ҳал қилсин. Бораман, деб туриб олса, сиз ҳам, мен ҳам ҳеч нарса деёлмаймиз. Ўғлингиз кичкина эмас энди.
— Мен ҳам шуни айтяпман-да, хотин, — деди Ғафуржон ака. — Энди кичкина эмас. Лекин фарзандга маслаҳат бериш — ота-онанинг вазифаси. Мен гапирганимда индамай турмагин. Келишдикми?

Шаҳодат опа «ҳа» дегандек бошини қимирлатди.

Абдулла бу янгиликни жуда хотиржам эшитди! Ғафуржон ака буни сира кутмаган, тезроқ у билан гаплашишга шошилган эди. Шунинг учун ўғли келиши билан қишлоқ янгиликларини апил-тапил эшитиб, хушхабарни айтган эди.
— Ҳа, ёқмадими? — сўради ҳайрон бўлиб у хомуш ўтирган ўғлидан.
— Йўқ, нега? Яхши... — деди Абдулла. Лекин кўнглида ўзга юртга боришни истамади. Қандай кетади, бир йилдан кейин Гулчеҳра келса... Уни ўзи зўрға шунга кўндирди-ку?! Қани энди у билан бирга Гулчеҳра ҳам кетса, жуда ажойиб бўларди. Лекин бундай бўлмайди. Демак, унинг бориши керак эмас. Албатта институт яхши. Шунинг устига Ленинградда ўқиш — кўпчилик етишолмайдиган орзу. Лекин у бормайди, Гулчеҳрасиз боролмайди.

Шаҳодат опа меҳр билан ўғлига тикилиб, ҳа дегандай бошини эгиб қўйди. У ҳурсанд эди. Ўғлининг иккиланиб турганини у ўзича тушунган эди.
— Турсун амакинг, ўзим ёрдам бериб тураман, доим ҳолидан хабар олиб тураман, деяпти. Ўзимиз сенга бор десагу, бормайсанми?! Манави Турсун амакингнинг манзили. Мен билан учрашсин Абдулла, деди. Ана, ўзи билан ҳам гаплаш.
— Ўйлаб кўрай, — деди Абдулла, лекин дадасининг қўлидан қоғозни олди.

Кун бўйи у кутилмаган таклиф таъсирида юрди. Рустам чақириб келганда ҳам унинг Ҳаёлидан шу таклиф кўтарилмаган эди. У ўртоғи билан маслаҳатлашмоқчи бўлиб, оғиз очди, лекин дарров бу фикридан қайтди. Иккиланишга ўрин йўқ, ўйлади у, қолишим керак.

Икки ўртоқ кўчага чиқишди.
— Қаёққа борамиз?
— Курантнинг тагида йиғилмоқчи эдик, — деди Рустам. — Жиндек айланиб, ҳали айтганим кўлга борамиз.
— Кетдик.

Улар курантнинг тагига етиб келишганда, кун ботган, панжаралари зар бўёққа бўялган истироҳат боғидан духовой оркестр садоси жаранглаб турарди. Боғ ҳам, кўчалар ҳам, девқомат чинорлар соя ташлаб турган хиёбон ҳам одамлар билан тўла эди. Мусиқа садосига йигит-қизларнинг шўх кулгилари, салмоқли ғовур-ғувур гаплар қўшилиб, тунги оромбахш ҳаёт бошлангандан дарак берарди. «Мингбулоқда нима бор? — Ҳаёлидан ўтказди Абдулла суқ билан атрофига қарар экан. — Мана ҳаёт, жўшқин, гўзал ҳаёт. Гулчеҳранинг рози бўлгани яхши бўлди. У шаҳарда бўлиши керак, чанг-тупрокда нима қилади? Мана шу кўчаларда иккалови кечқурунлари айланишади, шу салқин боғ ичида сайр қилишади, рақс тушишади. Хиёбондаги гулларга кўмилиб ётган скамейкаларда ўтириб Ҳаёл суришади. Бунга нима етсин? Албатта иккалови бирга кетганида-ку, жуда яхши бўларди. Бироқ бу мумкин эмас, Гулчеҳра шу ернинг ўзига келишга ҳам зўрға рози бўлди».

Абдулла юрагини нимадир тирнаб кетганини сезди. Бундан чўчиб, ҳеч нарсани ўйламасликка қарор қилди ва шошиб ўртоғидан сўради:
— Болалар қани?!
— Ҳов ана, келишяпти, — деди Рустам хиёбонни кўрсатиб. — Юр, ўша ёққа. Бу ерда одам кўп.

Улар кўчани кесиб ўтишди. Хиёбон ичидаги йўлкадан улар тенги йигитлар ниманидир баҳслашиб келишарди.
— Ў, келдингми? — деди жингалак соч бир йигит Абдуллага қўл чўзиб. — Биз, қишлоқда қолиб кетдингми деб қўрқдик. Чимёнда маза бўлди.
— Эшитдим, — деди жилмайиб Абдулла у билан кўришар экан. — Шамоллаб роса ётиб олибсанлар. — Кулги кўтарилди.
— Қаёқда! — эътироз билдирди жингалак соч йигит. — Битта Рустам шамоллади. Уни ўзинг биласан-ку, бировнинг йўталига ҳам шамоллаб қолади. Яна кулишди. Айтгандай, Абдулла, таниш, — деди сап-сариқ, ориқ бир йигит ёнидаги шеригини кўрсатиб. — Пўлат. Ленинградга кетяпти. Бу ҳам медаль олган.
— Салом, — Абдулла уялиб қараб турган бу жиккак, олифта кийинган йигитга қўлини узатди. — Қайси институтга?
— Ядрофизикага, — деди ҳозиржавоблик билан Пўлат. Унинг овози майин, худди қизларникига ўхшарди. — Икки йил бўлди очилганига. Дадам қаршилик қилсалар ҳам кетяпман.
— Яхши, — Абдулла ҳавас билан унга тикилди.
— Яхши бўлганда қандоқ! — гапга аралашди Рустам. — Нима дединг, Аҳрор? Зўр бу, зўр!
— Ҳа, — деди жингалак соч йигит. — Агар мен ҳам медалга илинганимда, борар эдим.
— Ҳозир ҳам боравер, — деди сариққина йигит.
— Қўрқаман, имтиҳонлари оғир. Йиқилиб қолишим мумкин.
— Сиз-чи? — сўради Пўлат Абдуллага мурожаат қилиб. — Сиз қаерга кирмоқчисиз?
— Мен... — негадир ўйланиб қолди Абдулла, кейин деди: — Мен ҳам шу институтга борсам керак.
— Йўғ-э?! — деб юборди Рустам.
— Лекин, лекин ҳали аниқ эмас, — деди шошиб Абдулла. Унинг ўз гапи ўзини чўчитиб юборган эди. — Дадам шундай деяптилар.
— Борсангиз яхши бўларди, — деди Пўлат.
— Ҳа, албатта, — бу мулойим йигит Абдуллага ёқиб қолган эди. — Лекин билмадим. Ўзим САГУни, ФизМатни мўлжаллаб турибман.
— Қани, йигитлар! — деди сариққина йигит. — Ҳадеб ўқишдан гапираверманглар. Менинг ҳиқилдоғимга келди ўқиш. Юринглар.
— Юринглар, — деди Аҳрор йўл бошлаб. Йигитлар йўлкани тўлдириб, Сайилгоҳ кўчаси томон битта-битта юриб кетишди.

«Нега бундай дедим? — ўйларди йўл-йўлакай Абдулла. — Мақтангим келдими? Йўқ, менинг бундай одатим йўқ. Ё ҳавасим келдими? Наҳотки боришни шунчалик истасам?» Унинг кайфи бузилган эди. Кўлда ҳам у деярли гапга аралашмади. Узига ёқиб қолган Пўлатнинг эса бир-иккита саволларини жавобсиз қолдирди. Бир пиёла оқ винони зўрға ичиб, ҳаммадан оддин турди. Уйига келиб жойига ётар экан, «Нима бўлибди?! — деди ўзини юпатиб. — Бораман, деб аниқ айтганим йўқ-ку».

Шу фикр ўзига маъқул келиб, кўнгли анча тинчиди-да, кўп ўтмай, ухлаб қолди.

X

Профессорникига бориш керакми, йўқми? Эрталаб уйғонганда Абдулланинг миясига келган биринчи фикр шу бўлди. Лекин қандай қарорга келишни у билмасди. Бир томондан Мингбулоқда Гулчеҳра билан ўтказган кунлари кўз олдидан кетмай, бир йилдан сўнг Тошкентда бундан ҳам яхши давр бошланишини ҳис қилиб, ҳеч қаёққа кетишни истамас, иккинчи томондан отасининг гаплари, кечаги жиккаккина йигитга бўлган ҳаваси уни қийноққа солиб қўйган эди. Лекин кеча у ўзида бундай иккиланишни сезмаган, кетишдан кўра қолишга кўпроқ мойил эди. Негадир бугун унинг фикри уйқудан туриши билан ўзгариб қолди. Бундан у баттар қийноққа тушди. Эринибгина кийиниб, кўчага чикди. Икки ҳовли наридаги ариқ лабида кимдир ўзини офтобга солиб ўтирарди. Абдулла уни дарров таниди ва ўша томонга юрди.
— Ҳа, ўтирибсанми? — деди у унинг ёнига бориб ўтираркан.
— Қариганимда ҳам шу одатим қолмаса керак, — деди Рустам эснаб.
— Эрталабки офтоб яхши.
— Абдулла... — деди Рустам.
— Ҳм...
— Ростдан кетмоқчимисан?
— Қайдам?
— Сенинг ўрнингда бўлсам, учардим.
— Хали ҳам кеч эмас, уч.

Аҳрор кеча тўғри айтди, имтиҳонлари оғир бўлади. Иннайкейин, дадам юбормайди. Сени ўзлари бор деб туришибди. Имтиҳонларни топширмайсан.
—Лекин...
—Нима лекин? Бунинг лекини борми? Жўнайвер. Кирмасанг, кейин ачинасан. Умр бўйи ачиниб ўтасан.

«Балки тўғридир, — ўйлади Абдулла. — Бу ерда қолиб, ишим юришмай қолса, шундай бўлади. Кейин, Пўлатпи кўрганимда, шундай бўлади. Менинг ундан нимам кам?» Бу фикр унинг кўз олдига отасини келтирди. Илгари у қандай эди?! Ҳусанхон акалар унинг олдида икки букилиб юрарди. Энди-чи? Энди улар келиб кўришни истамайдилар. Ҳаммаси отасининг мансаби пасайиб кетганлигида. У бошқача яшайди Унинг ҳаёти баланд-паст бўлиши керак эмас, Тўғри бўлиши керак, йил ўтган сари поғонама-поғона кўтарилиб бориши керак. Ленинградда ўқиб келса шупдай бўлиши мумкин. У ё Пўлат билан тенг бўлиши, ё ундан баланд бўлиши керак. Бошқачаси тўғри келмайди. Бироқ, бироқ... Шу бироқ, Гулчеҳрага берган ваъдаси уни чуқур ўйлатиб қўйган эди. Профессор билан гаплашиб келса-чи? Бунинг нимаси ёмон? Гаплашади, холос!

Бу фикр унга маъқул тушиб, дик этиб Рустамнинг олдидан турди.
— Ҳа, қаёққа?
— Ишим бор.

Профессорнинг уйини у қийинчиликсиз топди. Бу Тошкентнинг энг сокин, жимжит Хоразм кўчасидаги яхлит ойнали бежирим уйлардан бири эди. Сири кўчмаган зангори дарвозадаги рақамга кўзи тушиши билан Абдуллани ҳаяжон босди. Бўшашган қўлини чўзиб эҳтиётлик билан қўнғироқ тугмасини босди. Ҳеч ким чиқмади. Абдулла ичида ҳурсанд бўлиб қўйди. Лекин кетмади. Дарвоза тирқишидан ҳовлига қаради. Шундай дарвоза орқасида кунгабоқардек катта қизил картошка гулдан бошқа нарса кўзига кўринмади. Яна қўлини чўзиб қўнғироқ тугмасини босди. Шу пайт:
— Кто там? — деган аёл кишининг овози эшитилди.

Абдулла нима дейишини билмай, эшикни бир-икки тақиллатиб қўйди. Енгил туфли пошналари тақ-туқ қилиб дарвозага яқинлашди-да, кейин ғирчиллаб эшик очилди ва Абдулланинг олдида чиройли оёқларига ёпишиб турган кўк шим, енгсиз сариқ кофта кийган нозик бир қиз пайдо бўлди. Кичкина бежирим бошида таранг қилиб тортилиб, ингичка сариқ лента билан боғланган жигарранг сочларининг учи чап қулоғи орқасида жўҳори попугидек осилиб турарди. Абдулла унинг қирра бурни, майда туклари билинар-билинмас қорайиб турган юқориги лаби устида тер томчиларини ва қўлидаги ҳўл латтани кўриб, иш қилаётганлигини пайқади. Қиз унга кўриниши билан латтани яширган бўлиб, қўлини орқасига беркитди.
— Салом, — деди Абдулла унинг туташ қошлари остидаги қўй кўзларига тикилиб.
— Здравствуйте, — қиз савол назари билан унга қаради.

«Чиройли экан», — ўйлади Абдулла ундан кўз узолмай, лекин кўп тикилишга уялди.
— Менга Турсун амаким керак эдилар. Уйдамилар?
— Ҳа, — деди қиз. У бу сўзни худди ўзбек тилини янги ўрганган одамдек оғзини тўлдириб айтди. — Заходите.
— Спасибо, — деб юборди беихтиёр Абдулла, лекин ўша заҳотиёқ қўпол чиққанини сезиб, уялиб кетди. — Шу ерда... шу ерда тураман.
— Нет, нет, заходите.

Қиз эшикни каттароқ очиб, унинг киришини кутмай, тўрдаги баланд зинали даҳлиз томон йўл олди. Боғичи бойланмаган сандали яна енгил тақ-туқ, тақ-туқ қила бошлади.
— Папа!

Қиз даҳлизга кўтарилиб, оёқларини силкитиб сандалини зинапояга ташлади-да, оёқ яланг ичкари хонага кириб кетди. Абдулла зина ёнига бориб тўхтади ва ҳовлига разм солди. Ҳовли жуда салқин, турли-туман гуллар билан тўла эди. Ҳовлининг ўртасида, баланд олмалар тагида пастак шийпон бўлиб, печак гуллар зангори устунларга чирмашиб, томгача чиқиб кетган эди.
— Что вы там стоите? Заходите, — деди қиз чиқиб.

Абдулла унинг кичкина, оппоқ оёқларига кўз қирини ташлаб, даҳлизга кўтарилди. Туфлисини ечмоқчи бўлганда:
— Что вы, не надо! — деди қиз ва оёғи тагига қўлидаги латтани ташлади. — Вытрите и всё.

Абдулла латтага яхшилаб туфлисини артиб, қизнинг кетидан ичкарига кирди. Бу кенггина зал бўлиб, тўрда катта думалоқ стол бор эди. Пастда эса кичкина узунчоқ столнинг икки томонида иккита юмшоқ, кресло турарди. Қиз улардан биттасини суриб, Абдуллага ишора қилди.
— Садитесь. Папа скоро выйдет!

Абдулла креслога омонатгина ўтирди. У ғалати ахволга тушиб қолган эди. Бундай уйни биринчи кўриши, бундай креслода биринчи ўтириши! Қандай яхши! Ҳамма профессорлар шундай яшармикин? Қизи шуми? Жуда ғалати экан. Абдулла ҳавас ва ҳаяжон билан хонага бир-икки қараб чиқиб, қизни кўриб қолди. У шундай эшикнинг тўғрисида даҳлиз токчасига чиқиб, дераза ойнасини артарди. Абдулла беихтиёр унга тикилиб қолди. Қиз латтали қўлини ҳар кўтарганда, кофтаси тагидан шими таранг тортиб турган ингичка оппоқ бели силкинарди. Бу ҳол узоқ давом этди. Бир маҳал қиз Абдулланинг қараб турганини сезди шекилли, қўлини тушириб, кофтасини шимига қистирди.
— Папа! Ну хватить! Человек ждёт! — қичқирди у ниҳоят лабларини чўччайтириб.

Абдулла уялиб кўзини четга олди. «Яхши қилмадим, — ўйлади у. — Демак, қизи шу экан-да? Наҳотки Ленинградга борса?» У худди ўзи кетаётгандек, бунга ишониси келмади, айни вақтда унинг боришини истарди.

Кўп ўтмай ичкари хонадан профессор чиқди. Абдулла ўрнидан турди.
— Куттириб қўйдимми? — деди Турсунали ака унга кўл узатиб. — Салом.
— Салом, — деди Абдулла жилмайиб.
— Эрталаб жиндак ишлайдиган одатим бор. Кечиринг, Абдуллажон.

У хушмуомалалиги биланми, нимаси биландир Абдуллага бирпасда ёқиб қолди.
— Ҳечқиси йўқ, — деди шошиб ва профессордан сўнг креслога ўтирди,
— Айтгандай, олтин медаль билан табриклайман, — деди профессор. — Эшитиб, жуда ҳурсанд бўлдим. Яхши, жуда яхши!
— Раҳмат, — Абдулла жилмайиб бошини эгди.
— Сайёра, — чақирди профессор кимнидир. Бояги қиз кирди. Энди у худди шимининг рангида юмшоқ чувак кийиб олган эди.
— Что папа?
— Таниш, — деди профессор, — Ғафуржон аканинг ўғли. Айтган эдим сенга. Абдулла ўрнидан туриб қизга қўлини узатди.
— Абдулла.
— Мактабни олтин медаль билан битирган! — қўшиб қўйди профессор ғурур билан.
— Поздравляю, — деди қиз жилмайиб. Унинг тишлари гуручдек оппоқ эди.
— Ўзбекча гапирсанг-чи! — деди профессор уни уришган бўлиб.
— Ты же знаешь, какой у меня говор! — деди қиз лабларини чўччайтириб. — Чай поставить?

Абдулла нима дейишини билмай қолди. У қишлоқдан қайтиб келганидан кейин на дадаси, на онаси билан бу ҳакда гаплашган эди. Мингбулоққа жўнаётганида бир профессор келиб турганидан хабардор эди. Буни аяси айтиб берган эди. Шу профессорнинг гапи эсига тушди.
— Қон босими икки юздан тушмаяпти. Лекин тузалиб кетасиз, дейишяпти. Гўшт емайдилар. Тузли ҳеч нарса ичмайдилар. Бир-икки кун ишга чиқувдилар, қийналиб қолдилар.
— Ишга чиқмаганлари маъқул. Ҳозир ўзларига яхши қарамасалар, кейин қийин бўлади.
— Мен ҳам худди шундай дейман нуқул, — деди Абдулла ва қизариб кетди. У сира шундай демаган эди. Аксинча, отаси уйда йўқ бўлса, негадир севинарди. «Нега шундай демаганман?» ачиниб Ҳаёлидан ўтказди Абдулла. «Шундай одам гапирганида, мен ҳам айтишим мумкин эди...».
— Бизда ўзи кўпинча шундай, — деди Турсунали ака ўйланиб. — Яхши одамлар тез касалга чалинади. Ёмон одамлар, аксинча — уларга бало ҳам урмайди.
— Ҳа, — деди Абдулла, лекин Турсунали аканинг бу гапи билан нима демоқчи эканига тушунмади.
— Папа! Всё готово! — деди Сайёра кулиб. Абдулла унинг хипча белига боғланган нўхат гулли фартуғига ҳавас билан қараб қўйди. Буни Сайёра ҳам сезди шекилли, унга жилмайиб тикилди-да, фартуғининг этаги билан ун юққан қўлларини артди. — Ну, идёмте!
— Қани, юринг, — деди Турсунали ака ўрнидан туриб. — Бизнинг қизни чойидан ичайлик. Жа яхши дамлайди-да! А, қизим?
— Ну, прям уж! — деди Сайёра эркаланиб ва ҳаммадан олдин ҳовлига йўл олди.

Улар шийпонга чиқиб ўтиришди. Ўртадаги кичкина думалоқ стол усти ноз-неъматга тўлиб кетган эди. Катта гулдор вазада шафтоли, узум, олтиндек анжир, алоҳида тақсимчада Самарқанд данаги... Сариёғ, қази шундай усталик билан паррак қилиб тўғралган эдики, бирон жойида пичоқ тирнаб кетган ғадири кўринмасди. Абдулла нонуштага қўйилган бу нозу неъматларнинг кўплиги, хилма-хиллигидан ҳам кўра, уларнинг нозик дид ва тартиб билан қўйилганлигига ҳайрон бўлиб қолган эди.

Сайёра катта хитойи чойнакда чой олиб келиб Абдулланинг қаршисига ўтирди-да, нон ушатди.
— Ана, айтмадимми? — деди Турсунали ака жилмайиб.

Абдулла Сайёра узатган пиёлага қараб бошини қимирлатди. Памил чой қип-қизил ранг олиб, ажойиб ҳид таратиб турарди.
— Хвастун! — деди Сайёра кўз қирини Абдуллага ташлаб.
— Рости-да, нима дедингиз, Абдулла?
— Яхши чой бўлибди. — Абдулла ер остидан қизга қараб қўйди.
— Папа! — деди секин Абдуллага қараб Сайёра. — Он да?

Турсунали ака кўзини қисиб қўйди-да, кулиб сўради:
— Ёқдими?

Сайёра қип-қизариб кетди. Кейин чой қошиқ билан дадасининг пешанасига урди.
— Я просто спрашиваю.

Турсунали ака кулгидан ўзини тиёлмай гапирди:
— Нега қизариб кетдинг бўлмаса?
— Просто, жарко! И всё!
— Биламан нега жарко.
— Папа!
— Бўпти-бўпти.

Ҳеч нарсага тушунмаган Абдулла пиёласига термилиб ўтирар экан: «Наҳотки бирга ўқисак, яхши қиз экан», деб ўйларди.
— Дадангиз айтдиларми? Мен сиз ҳақингизда гаплашган эдим, — деди бир маҳал жиддий тарзда Турсунали ака унга мурожаат қилиб.

Абдулла бошини кўтарди.
— Мен ишлаётган институт яқинда ташкил бўлди, — гапида давом этди Турсунали ака. — Бу қизиқарли, жуда керакли институт. Эшитган бўлсангиз керак, ҳозир ядро физикаси ҳақида кўп гаплар бўляпти. Атом реакторлари қуриляпти. Хуллас, бу фан ҳозир энг зарур ва келажаги порлоқ фанлардан бўлиб қолди. Бир-икки йилдан сўнг Ўзбекистонда ҳам кўпгина атом иншоотлари қурилади. Математикага ҳавасингиз баланд экан, шунинг учун ва дадангизни ҳурмат қилганимдан сизга шу таклифни қиляпман. Агар хоҳишингиз бўлса, борганингиз маъқул. Мана, Сайёра кетяпти.

Абдулла ялт этиб чой қошиқни ўйнаб ўтирган Сайёрага қараб қўйди-да:
— Раҳмат, — деди секин. — Дадамлар айтувдилар.
— Баракалла. Ҳарҳолда ёмон бўлмайди. Бундан ташқари, мустақил ҳаётга ҳам ўрганиш керак.
— А может он не хочет? — деди гапга аралашиб Сайёра.
— Билмадим, — деди Турсунали ака. — Ўйлаб кўринг. Уйингиздагилар билан маслаҳатлашинг. Лекин тез ҳал қилиш керак, талабгорлар кўп.
— Хўп, — деди Абдулла бошини ирғатиб.
— Қачон айтасиз? Шу бир-икки кунда ҳал қилинг. Мен ҳамма борадиганларнинг ҳужжатларини йиғиб, жўнатишим керак.

Абдулла яна бошини қимирлатди. Турсунали ака, гап тамом дегандек, ўрнидан турди.

Эшик тагида Сайёра жилмайиб Абдуллага қўлини узатди.
— Хайр.
— Хайр, — деди шошиб Абдулла ва қизнинг кичкина қўлини маҳкам қисиб қўйди.

Эшик ғичирлаб орқасидан ёпилганда Абдулла оғир хўрсинди. У шу уйга келганидан, шундай самимий одамлар билан учрашганидан ҳурсанд эди. «Наҳотки энди улар билан бирга бўлсам, бирга ўқисам?» У юзларида табассум ўйнаб, ўзига бу саволларни берар экан, улар саволми ё аниқлашаётган қарорми, билолмасди. Лекин бир нарса, шу уйга келиши, унинг фикрларини ва олдинги режаларини ўзгартиб турганлиги аниқ эди. «Хайр!» Нега у бирдан шундай деди. Русча ҳайрлашмади? Лекин жуда ширин чикди: «Хайр...» Абдулла шуни ўйлар экан, Сайёра, бу қийиқ кўз, қувноқ қиз кўз олдидан кетмасди.
— Ўғлим, — деди уйга келганда Ғафуржон ака уни чақириб. — Турсунали аканг билан қачон учрашасан? Бориб келсанг бўларди.
— Учрашдим, — деди Абдулла дадасининг ёнига ўтириб.
— Учрашдим? — севиниб кетди Ғафуржон ака. — Қачон?
— Ҳозир ўша ердан келяпман.
— Тушунтирдими ҳаммасини?
— Ҳа, борсангиз яхши бўлади, дедилар.
— Ана, айтмадимми? Бу одам бизга ёмон нарсани раво кўрмайди. Нима дединг?
— Ҳали ҳеч нарса деганим йўк,. Ўзлари ҳам сўрамадилар. Ўйлаб келинг, уйингиздагилар билан маслаҳатлашинг, дедилар.
— Жуда яхши, раҳмат. Шундай танишимиз бор экан, билмас эканмиз-а?! Хўш, нима қарорга келдинг? Борасанми?

Абдулла нима дейишини билмай, ўйланиб қолди. Дадаси тагидаги кўрпача зиҳини ғижимлаб бирпас жим турди-да, кейин деди:
— Борсанг яхши бўлар?..

Уларнинг гапига қулоқ солиб водопровод тагида идиш ювиб ўтирган Шаҳодат опа бўшашиб кетди, қўлидаги тақсимча шалоп этиб тоғарага тушди.

XI

Сайёра Абдуллачалик ҳаяжонга тушмаган эди. У ҳали мактабни тутатмасданоқ Ленинградга боришини ва отаси ҳузурида яшаб, у дарс бераётган институтда ўқишини биларди. Онаси ҳам бунга рози эди. Лекин у ёлғиз қизининг тўрт йил олис шаҳарда ёлғиз қолиб кетишидан озгина чўчирди. Гап шундаки, Турсунали ака бу институт билан тўрт йил ишлашга келишган, қизи биринчи курсни тамомлаши билан у яна ўзининг эски ишига, Тошкентга қайтиши лозим эди. У ҳам Сайёранинг биронта танишроқ одам билан бирга кетишини истарди. Шунинг учун Ғафуржон аканикидан у ҳурсанд бўлиб қайтган эди. «Отаси яхши одам, ўғли ҳам яхши бўлиши керак», ўйларди у. Абдуллани кўриб у хотиржам бўлди. Камгап, оғир табиатли. У Сайёрага яхши ўртоқ бўлиб қолиши мумкин. Бунинг устига яхши ўқиган. Институтда ҳам қизига кўмаги тегиши турган гап. Борса, яхши бўларди. Лекин у фақат қизи учунгина Абдулланинг у ёққа боришини истамасди. Институтнинг келажаги ва аҳамиятини яхши билгани сабабли ёшлигида уни қўллаб-қўлтиқлаган одамга жиндак бўлса ҳам фойдаси тегишини ўйлаб, у шу таклифни қилган эди. Қизига йўлдош топиш унинг учун иккинчи даражали масала эди. Шунинг учун ҳам Абдулла кетиши билан қизининг: «Неужели из-за меня хочешь его заставить поехать?» — деган саволига:
— Йўқ, фақат сен учун эмас, — деб жавоб берди. — Фақат сен учун эмас. Кичкина эмассан, бемалол яшаб кетасан. Унга яхшилик қилгим келди. Унинг отаси яхши одам.
— Может бытъ он не хочет?
— Бу бошқа гап. Бормаса бормас, лекин институтнинг қандайлигини била туриб, маслаҳат бермаслик яхши эмас. Нима дединг?

Сайёра елкасини қисди. Унга Абдулла борадими-йўқми, барибир эди. Уни биринчи марта кўриши, биринчи марта у билан гаплашиши... Бормаса, ачинмайди. Борса, ёмон ҳам бўлмайди. Унга Абдулланинг фақат жилмайиши ёқди. Ў танийдиган йигитларнинг ичида ҳеч қайсиси шунақа жилмаймайди. Тишлари ҳам ёмонмас, оппоқ, текис...

Сайёра Абдуллани кўз олдига келтиришга ҳаракат қилди. Лекин жилмайиши ва русчалаб раҳмат деганидан бошқа ҳеч нарсани эслай олмади. Русча яхши гапирмаса керак? Бу, албатта, тушунарли, ўзбек мактабини тамомлаган. Агар қийналса, Сайёра ёрдам бериши мумкин. Танца тушишга ҳам ўргатади, ҳозир рақс тушишни билмаслик уят. Кўпгина ўзбек йигит-қизлари эса билишмайди. Нега бундай? Танца ахир яхши-ку? Сайёра ўз хонасига кириб радиолани қўйди. Майин мусиқа оҳанги уйни тўлдира бошлади. Бу Сайёранинг энг яхши кўрган куйи — «Дунай тўлқинлари» эди. Сайёра бир зум тебраниб уни тинглаб турди-да, кейин қачонлардир отаси совға қилган ва ҳали ҳам ўзи билан бирга олиб ётадиган катта айиқ қўғирчоқни қучоқлаб, хонани айлана кетди.
— Танца тушасизми?

Эртаси куни кечқурун Абдулла келганда унинг берган биринчи саволи шу бўлди. Абдулла қизариб кетди.
— Оз-моз. Лекин мен... мен...
— Кейин, юринг.

Сайёра уни қўлларидан судраб уйга олиб кириб кетди.
— Ҳеч ким йўқ. Ҳаммалари меҳмонга кетишган. А мне одной скучно.

Сайёра шундай деб уйнинг ўртасида турган столни четга торта бошлади. Лекин кучи етмади ва қошларини чимириб Абдуллага тикилди. Абдулла кутилмаганда юз берган бу яқинлик ва самимийлиқдан ўзини йўқотиб қўйган эди. Шунинг учун қизнинг нима демоқчи эканлигига дарҳол тушунмай жилмайди.
— Помогите-же! — деди Сайёра.
— Кечирасиз...

Абдулла отилиб столга ёпишди. Сайёра пластинка қўйди-да, унинг ёнига келди.
— Танго.

Абдулла буни яхши биларди. Лекин шундай бўлса ҳам, у билан рақс тушишга чўчирди. Бутун қиёфаси, ўзини эркин тутиши, эркин гаплашиши билан Сайёра шу пайтгача Абдулла кўрган, билган қизларга ўхшамасди. Бунинг устига ҳали саломлашмасдан бегона йигитни рақсга таклиф қилиши унинг анча билағон, рақсга усталигини кўрсатиб турарди.

Абдулла тортиниб унинг белидан ушлади ва биринчи қадам қўйиши билан Сайёра йигит қучоғида сузиб кетди.
— Уста экансиз, — деди Абдулла ҳайрат билан.
— Бу жуда осон. Сиз ҳам яхшисиз, — деди Сайёра салмоқлаб.

Унинг ўзбекча жавоб бериши Абдуллани ҳаяжонга солди.
— Яхши гапирар экансиз-ку?!
— Эсимга солишмаса, — деди Сайёра унга бошини кўтариб қарар экан. — Папам куладилар. Шунга улар билан гаплашгим келмайди.
— Ойингиз билан яхши гаплашасизми?
— Ойим билан, қўшнилар билан.
— Кўпроқ машқ қилсангиз, бундан ҳам яхши гапирадиган бўлиб кетасиз.
— Тўғри, лекин ўртоқларим ҳаммаси русча гапиришади. Сиз-чи, сиз русчани яхши биласизми?
— Йўқ, деярли билмайман.
— Агар мен билан бирга борсангиз сизни русчага ўргатаман. Борасизми?
— Бораман. Дадангизга шуни айтгани келувдим.
— У ерда яхши бўлади.

Сайёра бу гапни шундай хотиржамлик билан айтдики, Абдулла унинг ҳурсанд бўлган-бўлмаганлигини билолмади, негадир авжи пасайиб кетди. Ҳатто бир-икки адашиб, унинг оёғини босиб олди.
— Кечирасиз, — деди қизариб.
— Ничего, — деди Сайёра. — Ўзбек мактабларида танцани кам ўргатишади. Нега, билмайман.
— Ҳа, — Абдулла бу қизнинг олдида шунча билганлари уч пул эканига тушунди ва шу пайтгача ўзича фахрланиб юрганидан уялиб кетди.
— Лекин сиз яхшисиз.
— Қаёқда? Билсам, оёғингизни босиб олармидим? —Оғрияптими?
— Йўқ, босилиб қолди. Фокстротни биласизми?
— Йўқ, эшитганман.
— Москвада нуқул фокстрот тушишади. Менда битта пластинка бор. Қўяйми?

Абдулла майли дегандек бошини қимирлатди. Сайёра, унинг қучоғидан чиқиб, радиолани тўхтатди ва стол ўтдида бетартиб ётган пластинкаларни тита бошлади.
— Қаёқда эди?

Абдулла эшикка суяниб унга тикилиб қолди. Шубҳасиз, Сайёра уни қизиқтириб қўйган эди. Унинг нозиклиги, шу билан бирга эпчил ҳаракатлари, очиқлиги, худди отасидек хушмуомалалиги уни Абдулла билан бошқа қизлардан ажратиб, ҳар томонлама улардан юқорилигипи кўрсатиб турарди. Фақат Гулчеҳра бу солиштирмадан мустасно, бутунлай бошқача қиз. У ҳеч кимга ўҳшамайди. Албатта, у Сайёрага ўхшаган очиқ эмас, вальсни яхши билмайди. Шунга қарамай, Гулчеҳра бошқа олам. Қандай яхши у билан танишгани! Кетгунича албатта у билан учрашади. Мингбулоққа боради. Тушунтиради, ўша ёқда ўқиса ёмонми? Иннайкейин, иккалови ҳам институтни битиришлари керак. Унгача ҳеч қандай жиддий ўзгариш бўлиши мумкин эмас. Бунинг устига Гулчеҳра бир йилдан кейин келадими Тошкентга, келмайдими, номаълум. Гулчеҳранинг ўзи ҳам буни билмайди. Келмаганда ҳам Абдулла у билан алоқасини узмасди. Шундай экан, иккаловига ҳам барибир. Лекин таътил пайтида улар албатта учрашиб туришади. Сайёра унга ким бўлибди? У яхши бир одам. Ўзи билан бирга кетяпти. Бирга ўқишади. Тамом, бошқа ҳеч нарса йўқ ораларида. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Биринчидан, у Гулчеҳрани яхши кўради. Иккинчидан, Сайёранинг йигити бўлиши мумкин. Бўлмаганда ҳам унга Абдулла ёқмайди. Ёқса, унинг бориш-бормаслигига шундай фарқсиз қарармиди?
— Мана! — деди Сайёра ниҳоят битта пластинкани кўтариб.

Абдулланинг Ҳаёли бўлинди.
— Жуда яхши фокстрот. Эшитинг.

Сайёра пластинкани қўйиб, хонанинг ўртасига келди. Енгил, шўх куй янграй бошлади.
— Яхшими?

Абдулла ҳамон жойидан қўзғалмай турарди.
— Келинг, тушамиз.
— Йўқ, — деди жилмайиб Абдулла. — Билмайман.
— Вальсдан осон бу. Қаранг.

Сайёра шундай деб, қўлларини икки ёнига кўтарди ва мусиқа оҳангига мос ҳаракат қила бошлади. Унинг кичкина оёклари жуда енгил кўчар, ингичка бели юпқа шоҳи кофтаси тагида чиройли силкинарди. Абдулла қандайдир кечада фокстрот тушишганини кўрган эди. Лекин ўшанда бу рақс унга ёқмаган эди. Ҳозир эса у Сайёранинг эпчил, енгил ҳаракатларини кузатар экан, фокстротнинг ҳам жуда яхши куйлигига ишонди ва эшик тагига стул қўйиб ўтирди-да, беихтиёр қарсак чала бошлади. Сайёра пластинка жим бўлганда тўхтади ва оғзини тўлдириб уҳ тортди.
— Чарчадим.

Кейин у вальс қўйди. Яна иккалови бир-бирини қучоқлаб айлана кетишди. Вальсдан кейин танго, яна вальс, фокстрот... Абдулла ўзида йўқ ҳурсанд эди. Унга бу уйдаги ҳамма нарса ва ҳамма маъқул тушган, шу оила билан, Сайёра билан танишиб қолганидан мамнун эди.
— Мени енгилтак деб ўйламаяпсизми? — сўради бир маҳал Сайёра янги бир вальс тугай деб қолганда.
— Йўқ, мутлақо, — деди Абдулла ҳозиржавоблик билан. — Сиз билан танишганимдан жуда ҳурсандман.
— Мен ҳам. Танцани яхши кўраман. Бирон иш қилаётганимда ҳам радиони қўйиб қўяман.

Сайёра Абдуллага қараб жилмайди.
— Бир вақти мен консерваторияга ҳам кирмоқчи бўлган эдим. Кейин айнадим. Физика мени кўпроқ қизиқтиради.
— Сиртдан ўқисангиз-чи?
— Тисс! — деди Сайёра бармоғини лабига қўйиб. — Бошланди.

Улар жим бўлиб қолишди. Тито Гобби куйларди. Абдулла тушунмаса ҳам, худди Сайёрадек берилиб қулоқ солди. Ария тамом бўлганда эса, унинг ҳаёл суриб кетганини кўрди. Нималарни ўйлаётганини сўрамоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаганда, Сайёранинг ўзи унга мурожаат қилди.
— Ёқдими? - Ҳа.
— Жуда яхши ария бу. Кейин, бу арияни ҳеч ким Тито Гоббидек айтолган эмас. Бизда эса бунақа овоз йўқ, бунақа опера ҳам йўқ. Сайёра хўрсинди.
— Ачиняпсизми?
— Сиз ачинмайсизми? Катта-катта олимларимиз бор, врачларимиз бор. Яхши ашулачиларимиз йўқ. Битта Ҳалима опа. Бошқа ким бор?

Абдулла жавоб бермади, лекин у ҳавас билан Сайёрага тикилиб қолган эди. Кеча уни енгилтак қиз бўлса керак, деб ўйлаган эди. Жуда серфикр, ақлли қиз экан у. Абдулла шундай ўйлади-ю, беихтиёр ўзини ва ўзи билган одамларни у билан солиштирди. Бу солиштириш Сайёрани янада баландга кўтариб юборди. «Биз ҳеч нарса билмаймиз. Мен-чи, мен эса, дарсликдан бошқа ҳеч нарсани билмайман», — алам билан Ҳаёлидан ўтказди у ва:
— «Гулсара»-чи? — деди бирон нарса дейиш учун, — менимча, «Гулсара» яхши опера.
— Битта шу-да. Бизда бошқа опера йўқ. Абдулла жилмайди. Сайёранинг гапига эмас, фикри тўғри чиққанига ва қизнинг унга қўшилганига мамнун бўлиб жилмайди. Буни Сайёра ўзича тушуниб, гапида давом этди:
— Рост-да. «Гулсара»дан кейин ҳеч нарса пайдо бўлмади. Янги овоз ҳам келмади. Баъзан одам уялиб кетади... кейин...

«Қизиқ, нималарни ўқир экан?» — ўйларди шу топда Абдулла ундан кўз узмай. «Агар адабиётдан гап очилиб қолса, унда нима бўлади? Ахир мен жуда кам нарса ўқиганман-ку!».
— Сайёра, кутубхонангиз борми? — сўради у тўсатдан унинг гапини бўлиб.
— Бор. Нима эди?
— Кўрсам бўладими?
— Майли.

Сайёра уни қўшни хонага олиб кирди. Деворларнинг ҳаммаси китоб жавонлари эди. Абдулла анграйиб қолди.
— Катта экан...
— Кўпи илмий китоблар. Бадиий асарлар кам. Фақат яхши кўрадиганларим.

Абдулла бу гапни эшитиб, бадиий китоблар жавони ёнига борди. «Кўп ўқир экан, — Ҳаёлидан ўтди унинг. — Ўқисанг, шундай ўқисанг-да!».

У чиройли қилиб терилган китобларни бирма-бир кўздан кечира бошлади: Толстой, Достоевский, Пушкин, Золя, Меримэ... Яна қанчадан-қанча у эшитмаган, билмаган номлар.
— Шуларнинг ҳамасини ўқиганмисиз? — сўради у жўрттага ўзини бепарвороқ тутиб.
— Ҳа, ҳозир Хемингуэйни ўқияпман. Ўқиганмисиз?
— Оз-моз, — деди Абдулла ва гапини бурди: — Баъзи китобларни олиб турсам, майлими?
— Майли, лекин...

Шу пайт қўнғироқ чалинди.
— Келишди, — деди Сайёра ва югуриб ташқарига чиқиб кетди.

«Йўқ, мен ҳам шуларни ўқишим керак. Нега у ўқийди-ю, мен ўқимайман?» — ўйлади Абдулла. — «У нима билса, мен ҳам шуни билишим керак. Ҳатто ундан кўп билишим керак».
— Папа! — эшитилди унинг қулоғига Сайёранинг овози. — Он здесь!
— Ким?
— Абдулла. Он поедет.
— Жуда яхши, — деди Турсупали ака.
— Чой қўйдингми? — деди аёл киши. «Ойиси бўлса керак?» — ўйлади Абдулла.
— Ой! Забыла!
— Эсинг қурсин. Сенга танца бўлса. Дарров қўйиб юбор!

Абдулла даҳлизга чиқди.
— Ассалому алайкум.
— О, салом, Абдулла, салом. Келдингизми? Турсунали ака Абдулла билан кўришиб, хотинига ўгирилди.
— Шу йигит-да, Ғафуржон акамнинг ўғли, Санобар.
— Яхшимисиз, укам? Борадиган бўлдингизми ишқилиб?
— Ҳа, уйдагилар ҳам шундай дейишди.
— Жуда яхши бўлибди-да. Сайёра тушмагур сизни оч олиб ўтирибди-да!
— Қорним тўқ. — Абдулла жилмайди. — Энди кетмоқчи бўлиб турувдим.
— Қаёққа кетасиз? — деди Турсунали ака. — Энди биз билан бирпас ўтирасиз. Ё хавотир олишадими?
— Йўқ, — деди Абдулла, — айтиб келганман.
— Бўлмасам, бўпти. Қани, ичкарига киринг.

Ўша куни Абдулла алламаҳалда қайтди. Улар анча вақт гаплашиб ўтиришди. Абдулла кечагидек тортинмади. Турсунали акалар уйидаги очиқлик, самимийлик, ҳазил-мутойиба гаплар, бир-бирига бўлган содда муносабат уни ўзига тортиб олган ва у ўзини меҳмон эмас, шу оиланинг яқин бир кишисидек ҳис қила бошлаган эди. Гап орасида Турсунали ака унинг аттестатини олди, институтга ариза ёздирди. Абдулла бир ойдан кейин — йигирманчи августларда жўнайди. У эса вақтли кетади, ўн кундан сўнг Турсунали ака институтда бўлиши керак. Сайёра ҳам кетади у билан бирга.
— Тағин айнаб қолмайсизми? — сўради кўчага чиқишганда Сайёра.
— Йўғ-е, — деди кулиб Абдулла. — Айнаб энди қаёққа борардим. Аттестатим дадангизда?..

Сайёра ҳам кулди ва қўлини узатаётиб, деди:
— Эртага келасизми?
— Келайми?
— Келсангиз, кинога борардик. Янги фильм кетяпти.
— Нима экан?
— «Любимие напитки». Джинни Лолобриджида ўйнайди.
— Э!.. — деди Абдулла. — Бўпти.

У шод эди, жимжит кўчадан уйига қайтар экан, бир нималарнидир хиргойи қилар, Тошкентни сўнгги марта кўраётгандек, ҳамма нарсага суқ билан қарарди. Ҳамма нарса унга гўзал, ҳамма нарса — машиналарнинг серёғдў чироқлари, деразалардаги хилма-хил пардалар, ҳатто ойдан ўн икки қаричча нарида чарақлаб турган унинг юлдузи ҳам кулиб боқаётгандек, унга оқ йўл тилаётгандек эди. Фақат Гулчеҳранинг юлдузи кўринмасди. У қаерда эди? Абдуллани бир дақиқа ташвиш босди, лекин Гулчеҳрага ҳали юлдуз тополмаганини эслаб, кўнгли ёришди. Қайси бирини танласам экан? У яна осмонга тикилди. Милтиллаб турган юлдузларнинг ҳаммаси жуда олисда ва жуда кичкина эди. Қанча тикилмасин, биронта маъқулини тополмади. Уйга келиб эса кайфи бузилди. Эшик тагидаги болохонадаги бешикка кўзи тушиб қолди. Бешик ҳам, болохона ҳам унга шу топда жуда ёмон кўриниб кетди. Уйлари мунча эски? Нега ҳеч нарса йўқ. Мабодо Сайёра келиб қолса, нима қилади?

Кутубхона ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бор китоблари токчада ётибди. Шуни эслади-ю, ўзи билан Сайёра ўртасидаги фарқнинг ниҳоятда катталигини сезди. Бунинг устига у кўп нарсаларни билади. Лолобриджида, Гобби, Хемингуэй... Абдулланинг унга етиб олишига анча бор. Лекин етиб олиши керак. Етиб олади ҳам! Кўп ўқийди. Институтни битириб эса, биринчи қиладиган иши уйини тузатади ё янги уй солади. Бир хонани алоҳида кутубхона қилади, бир хона, катта хона — зал, алоҳида ошхона... Ҳа, шундай қилади.

Абдулла шу Ҳаёллар билан бўлиб Гулчеҳранинг юлдузини унутди. Овқатини ҳам емай ётди. Унга уйдаги ҳамма нарса — у ер-бу ери чакка ўтиб ёрилган фанер шифт ҳам, токчада турган эски сариқ самовар ҳам, худди болохонадаги бешиги сингари, ёмон кўриниб қолган эди.

Эртасига Сайёра билан у яна учрашди. Индинига ҳам. Кинога боришди. Хуллас, ўн кўн кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Кетишидан бир кун олдин Турсунали ака уларникига келди.
— Абдуллажон энди бизники, — деди ҳазиллашиб Ғафуржон акага.
— Жон-дилим билан бердим, эскича айтганда: суяги бизники, эти сизники.

Иккалови кулишди. Абдулла ҳам уларга қўшилди.
— Турсунали, ука, раҳмат, — деди шунда Ғафуржон ака кўзига ёш олиб. — Жуда миннатдорман сиздан. Бор умидимиз шу ўғилдан. Қариганимизда қоронғи уйимизга чироқ бўлсин, деймиз. Ишқилиб сизнинг кўмагингизда одам бўлиб келса, бошимиз осмонда... Ёлғиз ташлаб қўймасангиз, бўлди.
— Йўқ, то жойлашиб, у ерда оқ-қорани танишгунча, бирга бўламан. Кейин ўзлари нима қилишни билиб қолишади. Бориб хабар олиб тураман, — деди Турсунали ака. — Кўнгилни хотиржам қилинг.
— Раҳмат, ука, раҳмат.

Эртасига улар жўнашди. Абдулла аэропортга кузатгани чиқди.
— Вахлироқ боринг, — деди Сайёра. — Шаҳарни кўрсатаман. «Ракета»да саёҳат қиламиз.

Абдулла «хўп» дея бош ирғади. Самолёт шаҳар устида бир айланиб, булут ичига шўнғиганда, Абдулланинг юрагини нимадир тимдалаб кетгандек бўлди. Лекин нималигини у тушунмади.

XII

Уйга қайтиб келганда, супада Ғафуржон ака билан Шаҳодат опа ҳомуш ўтиришарди. Абдулла уларнинг ёнига келиб, супанинг зиҳига омонатгина ўтирди ва тинчликми, дегандай аясига тикилди.
— Кузатиб келдингми? — сўради Шаҳодат опа.
— Ҳа.
— Саодат опанг қазо қилибди.
— Ким? — ҳайрон бўлиб сўради Абдулла.
— Саодат опанг, тоғангнинг қўшниси, — тушунтирди Шаҳодат опа.
— Ийе, Гулчеҳранинг аясими? — бўшашиб сўради Абдулла.
— Ҳа. Бечора жуда ёш кетди... Қирққа борувдими?
— Билмадим, — деди Ғафуржон ака. — Ҳар ҳолда шунга яқин. Нима қилмоқчисан?
— Қайдам, — деди Шаҳодат хола. — Телеграмма бериб юборамизми?
— Бўлмаган гапни гапирма! — жеркиб берди Ғафуржон ака. — Одам ўлса-ю, сен телеграмма берсанг! Бориб кел.
— Сизни ташлаб-а?
— Менга нима қилибди? Отдекман. Бир кун минг кун эмас. Абдуллани ол-да, кечқурунги поездда жўна.

Шаҳодат опа ўйланиб қолди.
— Бўлди, бўлди! Гап шу. Тур, ҳозирлигингни кўр. Шаҳодат опа: «Ўлим қурсин-а, ўлим», — деб ўрнидан турди. Абдулла карахт бўлиб қолган эди. Уни Саодат опанинг ўлими эмас, бошқа нарса ўйлатиб қўйган эди. Гулчеҳра билан хайрлашаётганда иккалови бир-бирига хат ёзишга ваъдалашишган, хат почтага келиб туриши керак эди. У ҳозир шу ваъдасининг устидан чиқмаганидан мулзам бўлиб ўтирарди. Гулчеҳра ёзганмикин? Нега шу пайтгача эсига келмади?

Абдулла шошиб ўрнидан турди-да, кўчага отилди.
— Қаёққа? — сўради орқасидан Ғафуржон ака. — Олис кетиб қолма.
— Ҳозир келаман.

Ҳайтовур почта ҳали очиқ эди. Абдулла дарча олдида ўтйрган ёш бир қизга мурожаат қилди:
— Менга Қўқондан хат келиши керак эди...
— Паспортсиз бермаймиз, — деди қиз.
— Илтимос, жуда зарур хат эди. Ҳозир ўзим Қўқонга кетаман.
— Ўзингиз борар экансиз, хатни нима қиласиз?
— Тўсатдан борадиган бўлиб қолдим. Борми ўзи хат?
— Бўлди энди. Ўзингни тут, — деди кимдир. Абдулла овозидан тоғаси эканлигини билди. — Йиғлаганинг билан қайтиб келмайди.

Юсуф ака йиғи аралаш хўрсиниб, жим бўлди. Лекин кўп ўтмай, яна ўзини тутолмасдан йиғлаб юборди.

Абдулла дарвоза ёнига келиб, қўл қовуштириб турган Самаднинг ёнида тўхтади. Улар сўзсиз, бош тебратиб кўришдилар. Бир маҳал «Омин!» деди ичкарида дағал бир овоз.
— Олиб чиқишяпти! — шивирлади Самад. Абдулла ичкарига қаради. Ҳовлини тўлдириб турган одамлар устида қизил духоба паранжи ёпилган тобут бир-икки тебраниб, эшик томон суза бошлади.
— Вой дод! Аяжон!!! — қичқирди кимдир. — Мени ташлаб кетманг, аяжон!!!

Бу Гулчеҳра эди. Абдулла унинг овозини эшитиши билан титраб кетди ва ёпирилиб келаётган одамлар орасидан мўралаб, Гулчеҳрани қидира бошлади. Аммо уни кўролмади. Одамлар тўлқини уни суриб кетди. Ўзини ўнглаб олиб, худди елкандек сертўлқин дарёда сузиб кетаётган тобут кетидан югурди.

Қабристон Мингбулокдан анча нарида эди. Унга етиб боргунча одамларнинг ҳаммаси терлаб сув бўлиб кетди. Тобут ерга қўйилганда енгил шабада турди. Қуёшнинг тафти босилгандек бўлди. Абдулла димоғига урилаётган чучмал ўт-ўлан ҳидини симириб, атрофга қаради. Қабристон ҳали ҳосили терилмаган боғни эслатарди. «Қизиқ, — ўйлади у меваларини кўтаролмай, шохлари эгилиб турган олмаларга қараб. — Ҳеч одам ўлганга ўхшамайди...»

Чиндан ҳам агар қийиқ боғлаган йигитлар, салла-чопонли сокин чоллар бўлмаса, бу боғдан фарқ қилмайдиган қабристонга ўлик келганига ишониб бўлмасди.

Тобутдан жасадни ола бошлашганда эса, қабристонни йиғи тутиб кетди. Яна Гулчеҳранинг овози эшитилди.
— Аяжон! Аяжонгинам!! Бизни ташлаб кетманг, аяжон!!

Абдулла чидай олмади. Юзини ўгирди-да, четроққа бориб чўккалади. Уйга қайтишганда у қанча ҳаракат қилмасин, Гулчеҳрани холи учрата олмади. Бир-икки марта кўрди. Бечора қиз йиғлайвериб қовоқлари шишиб, кўзлари қизариб кетибди. Эгнида қора шоҳи атлас, бошида қора дурра... Кечга яқин Абдулла кўчада ўтирган хассакашларга чой олиб келмоқчи бўлиб ташқари ҳовлига кирганда, унга тўқнаш келиб қолди.
— Гулчеҳра?.. — деди у секин.

Гулчеҳра бошини кўтарди. Бир муддат унинг аламли кўзларида севинч барқ ургандек бўлди, лекин дарров сўнди. «Кўряпсизми?» дегандек бошини оғир тебратиб ўтиб кетди.

Абдулла шу пайтгача бунчалик эзилиб, ўзини олдирган, бутун қиёфасини чексиз алам ва дард қоплаб олган одамни кўрмаган эди. Чой элтиш ҳам Ҳаёлидан кўтарилиб, кўча томон битта-битта юриб кетди. Гулчеҳра билан биринчи учрашган жойи — жўҳоризорга борди. Аммо жўҳори энди йўқ эди. Илдизлари қовжираган поялар қозиқдек қаққайиб турарди. Бирпас шуларга термилиб орқасига қайтди.

Қоронғи тушди, олисдан подачи боланинг «қурей-қурей»си эшитилди. Аллақаерда ит бир-икки вовилладида, жим бўлди. Қишлоқда яна тунги осуда ҳаёт бошланди. Лекин ўша куни бу ҳаёт, илгарилари қувонтирган, ширин Ҳаёлларга чўмдирган сеҳрли қишлоқ туни Абдуллани чўчитди. Унинг кўз олдида қовоқлари шишган, сўлғин Гўлчеҳра, қизил паранжи ёпилган тобут қалқиб турарди. «Энди нима бўлади? Гулчеҳра энди нима қилади?» — ўйларди у нуқул, лекин ўйларига жавоб тополмасди. У чин кўнгилдан Гулчеҳранинг Тошкентга боришини истарди. Бу ерда нима қилади? Энди унга бу ерда нима бор? Кетгани яхши. У ҳам бирга кетса-чи?! Қандай яхши бўларди агар шундай бўлса! Бирга ўқишарди, яна бирга бўлишарди. Бошқа институтга кириши ҳам мумкин ядро-физикани истамаса. Бунинг мутлақо аҳамияти йўқ. Бир шаҳарда бўлишади, шунинг ўзи кифоя. Лекин кета олармикин?

Абдулла шу Ҳаёллар билан қишлоқ чеккаларини анча айланди. Тўғон бошига етганда орқасига ўгирилиб, қишлоққа қаради. Фақат битта жойда уч-тўртта чироқ милтиллаб кўринди. Бошқа ҳамма уйлар қоронғи, ҳамма уйқуга кетган. «Гулчеҳра ҳали уйғоқ, — ўйлади ачиниб Абдулла. — Мизғиб олса бўларди. Нима қилаётган экан ҳозир? Қаерда ўтирган экан?»

Абдулла ҳўрсиниб, цемент зинага ўтирди. Шу топда Гулчеҳрани жуда ҳам кўргиси келиб кетди. Агар кўрганда бисотидаги бор яхши гапларни айтиб юпатарди. Ҳафа бўлманг, дерди. Ўлим ҳамманинг бошида бор. Албатта, аянгиз ёш кетдилар. Улар ҳали кўп яшашлари мумкин эди. Тўйингизга... тўйимизга бош бўлиб туришлари мумкин эди. Лекин начора? Ўлим ўлимлигини қилади. Йиғламанг, йиғи энди фойдасиз. Ўзингизни баттар қийнаб нима қиласиз?..

Қишлоқ томондан кимнингдир шарпаси кўринди. Абдулла юраги гупиллаб ўрнидан турди. Наҳотки Гулчеҳра бўлса?
— Гулчеҳра!.. — чақирди у шарпа яқинлашганда. — Гулчеҳра, сизмисиз?
— Мен, — деди хира овоз. — Мен... Абдулла югуриб унинг олдига борди.
— Гулчеҳра...

У гапини йўқотиб қўйди. Нима дейишини, нима қилишини билмай, Гулчеҳранинг елкаларидан ушлади. Гулчеҳра бошини унинг кўкрагига қўйиб, ўзини тутолмай, йиғлаб юборди. Унинг бутун вужуди титрарди.
— Қўйинг, Гулчеҳра, қўйинг...

Аммо Гулчеҳра уни эшитмасди, ҳўнграб йиғларди. Анчадан сўнг у бошини кўтарди.
— Йиғламанг, қўйинг, — деди Абдулла ва қўллари билан юзларидаги, кўзларидаги ёшини сидира бошлади. — Йиғламанг...

Гулчеҳра энтикиб-энтикиб ўзини зўрға тутиб олди.
— Мана, — деди у. Унинг овози бўғилиб қолган эди... — Аямдан ҳам ажралиб қолдим... Ёлғиз қолдим.
— Қўйинг, ҳафа бўлманг...
— Ҳафа бўлмай бўладими... Мени жуда яхши кўрардилар...

Гулчеҳра яна титраб, кўзларида ёш йилтирай бошлади.
— Қўйинг, Гулчеҳра...

Абдулла унинг пешанасини, сочларини силай бошлади.
— Мен ҳам яхши кўрардим. Ёлғиз ташлаб кетгим келмасди. Энди ўзим ёлғизман, укам ёлғиз, дадам ёлғиз... Энди мен бутунлай шу ерда қолиб кетдим. Энди учрашолмаймиз...
— Ҳечқиси йўқ, — деди Абдулла, — ҳечқиси йўқ. Хат ёзишиб турамиз, келиб тураман.

У шундай деди-ю, ўқиш ҳақида гапириш ноўринлигини, ҳозир кетаётганлигини айтса, уни жуда ҳафа қилиб қўйиши мумкинлигини тушунди.
— Тез-тез келиб тураман. Майлими?

У Гулчеҳранинг бошини кўтариб, ўзига қаратди.
— Ҳм... — деди секин Гулчеҳра.
— Йиғламанг энди, хўпми? Гулчеҳра бош силкиди.

«Шундай қизни яхши кўрмай бўладими? — ўйларди у ичида. — Ҳеч маҳал уни ёлғиз қолдирмайман. Келаман, албатта келаман».

XIII

Унинг ўқишдан ёзган биринчи хати ҳам шу мазмунда бўлди.

«Ҳурматли Гулчеҳра, — деб ёзди у. — Бу хатни олиб ҳайрон бўларсиз. Бу, албатта табиий. Сўнгги учрашувимизда сизга кўп нарсани айтмоқчи эдим. Афсуски, бунга имконият бўлмади. Сизнинг бошингизга тушган кулфат сиз қатори мени ҳам қаттиқ қайғута солган ва айтмоқчи бўлган гапларим ичимда қолиб кетган эди. Гапларим эса ўшанда жуда кўп эди. Сиз билан бир қанча масалалар устида маслаҳатлашмоқчи эдим. Лекин сизни кўриб, ҳеч нарса деёлмадим. Ташвишингиз бошингиздан ошиб ётувди. Энди эса, орадан икки ой ўтганда шу хатни ёзиб, ўшанда айтмоқчи бўлган гапларимни қисман бўлса ҳам сизга етказмоқчиман.

Эсингиздами, Гулчеҳра, олмазорда мени кузатаётганингизда, бир йилдан сўнг Тошкентга боришим мумкин, дедингиз. Мен жуда севиндим. Бир йилдан сўнг бирга бўлишимиздан, бирга ўқишимиздан бошим осмонга етди. Аммо уйга қайтганимда ғалати хабарнинг устидан чиқдим. Дадамларнинг яхши бир танишлари — математика фанлари доктори — бизникига келиб, Ленинградда янги институт ташкил этилганини ва агар рози бўлсам ўша ерда ўқишим мумкинлигини айтибди. Мен, албатта, рози бўлмадим. Сиз Тошкентда бўлсангизу, мен у ёққа кетаманми? Кейин, ўзимча ўйлаб қолдим. Бир йилдан сўнг бирга бўлсак, қаерда бўлишимизнинг нима фарқи бор? Шу фикр миямга келиб, жуда ҳурсанд бўлиб кетдим. Шундай бўлса ҳам сиз билан маслаҳатлашмоқчи бўлиб, Мингбулоққа боришга отланиб турганимда тоғамлардан шум хабар келиб қолди. Жуда ҳафа бўлиб кетдим. Ўша куниёқ аям билан йўлга чикдим. Лекин Мингбулоқда сизни кўриб, ҳеч нарса айтолмадим. Ўшанда юрагингизга ҳеч нарса сиғмасди. Гулчеҳра, жоним, ўшанда сизга жуда ачиндим. Рангингизда ранг қолмаган, кўзларингиз шишиб кетган эди. Мен сизни ҳеч маҳал шу аҳволда кўришни истамайман. Сизга йиғи ярашмайди, сиз доим ҳурсанд бўлиб юришингиз керак. Шундай бўлади ҳам... Билмадим, ҳозир қандай экансиз? Тинчиганмикинсиз бир оз? Ишқилиб, тинчиган бўлинг. Биласизми, ўлим ҳар бир кишининг бошида бор. Бунинг устига аянгизнинг аҳволи оғирлигини ўзингиз ҳам билардингиз. Қўйинг, Гулчеҳра, энди кўп қайғурманг. Ўзингизга азоб берганингиз билан аянгиз қайтиб келмайдилар. Мен шу гапларни тўғон бошига келганингизда айтиб, иложи борича, сизни тинчитмоқчи эдим. Лекин ўшанда сиздаги қайғу менга ҳам ўтди. Оғиз очолмай қолдим.

Гулчеҳра, ўшанда сиз:
— Мана, энди ёлғиз қолдим. Энди ҳеч кимим йўқ, — дедингиз.

Йўқ, ундай эмас. Сиз ёлғиз эмассиз. Мен борман. Агар мени жиндек бўлса ҳам яхши кўрсангиз, гапимга ишонинг. Мен доим сиз билан бирга бўламан, сизни ҳеч қачон ёлғиз ташлаб кетмайман.

Мана, бир ярим ойдан бери сиздан узоқда ўқияпман. Ядро-физика институти энг катта институтлардан экан. Шу ёққа келиб хато қилмабман. Ўқишларим яхши. Ётоқхонамиз шундай Нева дарёсининг ёнида. Тўрт киши турамиз. Лекин биласизми, Ҳаёлим нуқул сизда. Қачон бир йил ўтар экан, қачон учрашар эканмиз? Доим шуни ўйлайман. Гулчеҳра, сиз албатта ўз фикрингиздан қайтмаган бўлсангиз керак? Мен шуни жуда истардим. Қаерда бўлишимнинг сизга аҳамияти йўқ. Тўғри эмасми? Биз тез-тез хат ёзишиб турамиз. Таътил пайтлари ҳам албатта Мингбулоққа бораман. Ҳар йили бораман. Ана кўрдингизми? Тошкентда қолганимда ҳам шундай бўлар эди. Лекин сизга айтмасдан кетиб қолганим учун ўзимни айбдор ҳисоблайман. Шунинг учун ўтиниб сўрайман, мени кечиринг, Гулчеҳра. Сизни ишонтириб айтаман: қаерда бўлмай, доим сизни ўйлайман. Сизни кўргим, сиз билан гаплашгим келади. Сиз-чи? Сиз ҳам шундайми? Қани энди шундай бўлса?! Мен ўзимни жуда бахтиёр ҳис қилардим.

Гулчеҳра, азизим, шу билан хатимни тугатаман. Хатолари бўлса кечиринг. Ҳаяжон ичида ёздим. Жавобингизни соғиниб кутувчи Абдулла».

Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, у жавоб олди. Хат жуда қисқа бўлса ҳам, уни қувонтирди. «Салом Абдулла, хатингизни олиб жуда ҳурсанд бўлдим. Кетишингиздан ҳафа эмасман. Нега ҳафа бўлай? Албатта мен ҳам борганимда яхши бўларди. Лекин биласизку, боролмайман. Уйнинг ташвиши энди бутунлай менинг бошимда. Шундай бўлса ҳам ўқишга кирдим. Политехника институтининг сиртқи бўлимига ҳужжатларимни топширдим. Ҳам ўқиб, ҳам ишлайман. Шундай қилганим маъқул. Хўп, ҳозирча хайр. Алангали салом билан Гулчеҳра».

Биринчи курсни тутатиб, қишлоққа борганида эса Гулчеҳра уни жуда яхши қарши олди. Аммо ҳамон унинг эгнида қора кийим, кўзлари сўлғин эди. Шунда ҳам у ҳуснини йўқотмаган, қайтанга аввалгидан ҳам гўзаллашиб, очилиб кетган эди. Улар ярим кечагача ўзларига қадрдон бўлиб қолган жойларини айланишди. Абдулла ўқишдан ҳикоя қилди. Гулчеҳра кутубхонада ишлаётганини, Тошкентга тушиб имтиҳонларни жуда яхши топшириб қайтганини айтди. Унинг Абдулланинг келишидан ниҳоятда ҳурсандлиги билиниб турарди. Ўзи ҳам буни яширмасди. Олмазорнинг этагида ўтиришганда:
— Сизни кўп кутдим, — деди секин. — Кеча ҳам уйдагилар уҳлагандан кейин, шу ерларни бир айланиб чиқдим.
— Мен ҳам сизни соғиндим, — деди Абдулла. — Уйда кўп турганим йўқ. Бир кун турдим. Кейин, бувимни соғиндим деб, йўлга чикдим.

Иккалови кулишди.
— Бир йил ўтди, — деди Гулчеҳра. — Аям бўлганларида ҳозир Тошкентда юрармидик...
— Мен ҳам кетмас эдим.

Абдулла шундай деди-ю, ўзининг гапига ўзи ишонмади ва уялиб кетди.
— Ростдан кетмасмидингиз?
— Ҳа. Ишонмайсизми?

Абдулла унга бир қаради-да, дарров кўзларини четга олди.
— Йўқ. Ишонаман. Сиз жуда яхшисиз.

Абдулла баттар уялиб кетди. Лекин дарров ўзини тутиб олди. Нима ёмон иш қилибди у? Гулчеҳрага айтмай, кетишга розилик берганими? Бунинг нимаси ёмон? Барибир айтарди, эртами-кечми айтарди, Ахир унинг ўзини ҳам олиб кетмоқчи бўлди-ку. Агар аяси ўлмаганда айтарди, балки бирга ўқишармиди? Энди эса фойдаси йўқ. Шундай бўлса ҳам сўради:
— Мендан... кетиб қолганимдан ҳафа эмасмисиз?
— Нега ҳафа бўлай? — Гулчеҳра ўйланиб қолди, кейин деди: — Одам, нима яхши бўлса, шуни қилиши керак. Тошкентга бормайман деганимда, сиз мендан ҳафа бўлмадингиз-ку? Тўғрими?
— Тўғри. — Абдулла севиниб кетди. — Сиздан ҳеч ҳафа бўлмайман.
— Мен ҳам.

Улар яна кўп марта учрашишди, Абдулла ўқишдан қайтиши билан бир кун-ярим кун уйда бўлиб, Қўқонга отланарди. Шаҳодат опа унинг бувисига меҳрибонлигидан қувонса ҳам, ичида бунга унча ишонмасди. У Абдулланинг биринчи марта ўқишга кетаёттанида юз берган воқеани ҳеч унутолмасди. Уни кузатгани вокзалга Ғафуржон ака ҳам бир амаллаб чиқди. Шаҳодат опа, чиқманг, уриниб қоласиз, деса ҳам бўлмади, лекин Абдулла ҳеч нарса дегани йўқ. Вокзалда эса ҳаммадан олдин вагонга чиқиб одди. Поезд жўнаганда эса деразадан мўралаб бир марта қўл силкиди-ю, ғойиб бўлди. Шаҳодат опа бўшашиб кетди. У ўзи Абдулланинг кетишга қарор қилганидан ҳафа эди. Лекин эрининг раъйига қараб индамаган, майли, яхши ўқиш бўлса бора қолсин, деган эди. Шундай бўлса ҳам, «болам бемеҳр чиққанга ўхшайди» деб, юраги шиғ этиб кетган эди. Вокзалдаги воқеа бу фикрининг тўғрилигини исботлади.
— Ўғлинг катта бўлиб қолибди, — деди Ғафуржон ака уйга қайтишар экан.
— Нима эди?
— Қучоқлашмоқчи бўлсам, ўзини олиб қочди.
— Олис жойга ёлғиз кетяпти-ю, кичкина бўладими! — деди Шаҳодат опа, аммо ичида бир зил кетиб қўйди.

Абдулланинг уйга ёзган хатлари ҳам жуда қисқа бўлиб, кўпроқ ўзи ҳақида эди. Отасининг соғлиғини кам суриштирар, уй билан деярли қизиқмасди. «Ўзимга ўҳшайди», — дерди хатни ўқиб Ғафуржон ака. — «Хат ёзишни мен ҳам ёмон кўраман». Шаҳодат опа хомушгина жилмайиб қўя қоларди. Ёлғиз қолганда эса, «Ёшда, ҳали ёш», — деб ўзини овутар, навбатдаги хатни орзиқиб кутарди. Абдулланинг каникулга келиши унинг учун катта бир тўй эди. Худди Ғафуржон ака сингари у ҳам икки кун аввал ювиниб-тараниб олар, бозорнинг олди нарсаларидан олиб, дастурхон ясатарди. Абдулла эса улар билан апил-тапил кўришиб, қишлоққа ошиқарди. Бир куни Шаҳодат опа чидай олмади:
— Абдулла, қишлокда нима бор? Мунча серқатнов бўлиб қолдинг? — деди зарда билан.

Абдулла нима дейишини билмай, жилмайди.
— Илгарилари бормайсан деб уришардингиз. Энди кўп борасан деб уришасиз-а?!
— Тўғри-да, бизни жуда эсдан чиқариб қўйдинг. Даданг бечора, ўғлим келади деб ўтиради. Сен бўлсанг келасану кўчага отиласан. Одам деган шунақа ҳам бемеҳр бўладими?
— Унақа деманг, ойи, — деди кулиб Абдулла. — Институтни битириб олай, иккаловингларни тўрт қават кўрпачага ўтқазиб қўяман. Ҳеч қаёққа кетмайман. Розимисиз шунга?
— Рози бўлмай нима қилардим? — Шаҳодат опа ўғлининг бу гапига ишонмаса ҳам, ҳурсанд бўлиб кетди. — Ишқилиб, бизнинг бахтимизга Худо омадингни берсин.
— Омад ҳам гапми! — деди Абдулла ишонч билан. — Бу институтни битирган одам яхши пул топади.
— Пулини ўйлама. Пул қўлнинг кири. Ишинг яхши бўлса, бўлди.
— Ишим ҳам яхши бўлади, пул ҳам кўп бўлади. Уйни яхшилаб ремонт қиламиз. Ясатамиз. Турсунали амакиникида бўлмагансиз. Эҳ-ҳе, нима йўқ уларнинг уйида!.. Кирсангиз, чиққингиз келмайди. Ая, даданг яхши ишда ишлаган, дейсиз нуқул. Нега энди бизда қеч нима йўқ, уйимиз қуп-қуруқ?
— Ким билади дейсан. Иш билан бўлиб шуни ўйламаган-да.
— Сиз-чи? Сиз ўйласангиз бўлмасмиди?
— Мени ҳам рўзғорга уқувим йўқ эди. Шу бор рўзғорни ҳам бувинг қилиб берган.
— Биламан, — деди Абдулла ўйланиб. — Мен бундай қилмайман. Менинг уйимда ҳамма нарса бўлади. Х.амма нарса! Кейин, сизга ҳеч иш қилдирмайман.
— Айтганинг келсин. Яхши ўқисанг, яхши ишласанг, айтганинг бўлади.

Шаҳодат опа шундай дер экан, унинг ҳақида ёмон фикрда бўлганини эслаб, ўзидан ҳафа бўлиб кетди. Дадаси тўғри айтади. Абдулла катта йигит бўлибди. Эс-ҳуши жойида. Бундай бола билан фахрланса арзийди. Уйда кам бўлса нима қилибди? Эркак киши ўзи шунақа: бир кун уйда бўлса, ўн кун кўчада. Ғафуржон ака ўзи қанақа эди? Роса уни хуноб қиларди илгари. Кечалари мижжа қоқмай унинг келишини пойлаб ўтирарди. Касалга чалинди-ю, уйдан чиқолмай қолди. Кўчадан бери келмаса ҳам майли эди тузалиб! Қандай бало касал экан гипертония! Тузалиб ўғлининг роҳатини кўрса қандай яхши бўларди.

Шаҳодат опа айвонда Ҳаёл суриб ўтирган эрининг ёнига келди.
— Ҳа, ўйланиб қолибсиз? — деди унинг хомуш чеҳрасига қараб.
— Ўғлимни ўйлаяпман.
— Ҳа, ўғлимга нима қилибди?
— Ўғлингга ҳеч нарса қилгани йўқ. Ўғлинг яхши...
— Нега ўйлаб қолдингиз бўлмаса?
— Ўйлаб қолганимки, ҳадемай ўқиши битади. Уйлантириш керак. Касал аблаҳдан қутулсам эди, беш-ўн танга йиғардим. Яхши бир тўй қилгим келади. Уйнинг аҳволи бу бўлса...
— Вой, шунга ўйланиб ўтирибсизми? — Шаҳодат опа кулди. — Ҳозиргина ўғлингиз шуни гапириб турган эди.
— Ҳа, нима деди?
— Ўғлимдан айланай. Боши олтин чикди унинг, боши олтин. Ишим яхши бўлади, дейди. Ишга киришим билан биринчи қиладиган ишим — уйни тузатаман, яхшилаб ремонт қиламан, дейди.
— Йўғ-э? — севиниб деди Ғафуржон ака.
— Ҳа, Турсуналининг уйини роса мақтади. Шунақа уй қиламан, дейди. Кейин сизни озгина уришди.
— Нима деди?
— Ая, дадам яхши-яхши ишларда ишлаганлар, дейсиз. Нега ўшанда уйга қарамаганлар, дейди.
— Сен нима дединг? — қизиқиб сўради Ғафуржон ака.
— Мен нима дердим? Пул топиб ақл топмаганмизда, дедим.

Эр-хотин кулишди.
— Нега энди бунақа дейсан? — деди кейин жиддийлашиб Ғафуржон ака.
— Қизиқсиз, шундай дермидим? Иш билан бўлиб рўзғор эсимизга келмаган, дедим.
— Бу гапинг дуруст. Лекин Шаҳодат, озгина мол-пол қилиб қўйсак зиён бўлмас эди ўшанда.
— Сиз мол қиладиган одаммисиз? Сизнинг молингиз одамларда. Шунинг ўзи катта давлат.
— Зап ажойиб хотинсан-да, Шаҳодат, — деди завқ билан Ғафуржон ака. — Бахтингга тузалиб кетсам, осмондан юлдузни олиб бер десанг, олиб бераман.
— Аввал тузалинг-чи, кейин бир гап бўлар. Шўрвангизни ичасизми? Ордона қолсин, тузсиз шўрва ҳам шўрва бўлдими?!

Шаҳодат опа ўчоқ бошига йўл олди.

Шу пайтда поезд Абдуллани Қўқонга элтарди. У ҳар гал йўлга чиқар экан, юрагини аллақандай ширин орзулар қоплар, яна таътил келганидан, яна бир неча кун оғир, эртаю кеч ўқиш билан ўтган йилдан сўнг дам олиши, Гулчеҳра билан учрашиш мумкинлигидан чексиз шод бўлар эди. У Гулчеҳра ҳам уни сабрсизлик билан кутаётгани, уни кўриши билан кўзлари чақнаб, юзига табассум югуришини биларди. Бироқ у уларнинг шунча вақтдан бери давом этаётган алоқаларида нимадир етишмаётганини ҳис қилар ва хайрлашаётганида нимадандир кўнгли тўлмаслигини сезарди. Айниқса, сўнгги бир-икки йил ичида шундай бўлиб қолган эди. У, албатта, бу етишмаётган нарса нималигини биларди ва унинг юз беришидан чўчирди. Шундай бўлса ҳам қандайдир ички бир туйғу уни шунга ундарди. Аммо Гулчеҳра унинг бу истагини сезмас ё ўзини сезмасликка солар, Абдулла меъёридан ошиқ ҳаракат қила бошласа, дарров ўзини четга тортарди. У Абдулла билан сайр қилишни, қўл ушлашиб олис-олисларни айланиб келишни истарди. Ўз ишларидан тўлиб-тошиб гапиришни яхши кўрарди. Унинг катта бир сири бор эди. Бу сирни фақат уч киши: Абдулла, ўзи ва Самад биларди. Бу сир иккинчи курсни тамомлагандан сўнг пайдо бўлди. У Мингбулоқнинг макетини туза бошлади. Ҳеч ким ундан буни талаб қилмаган бўлса ҳам, у бу ишга жуда жиддий киришди. Абдулланинг, нима қиласиз, деган саволига, у кулиб:
— Раисга кўрсатаман, — деди.

Албатта бундай эмас эди. Гулчеҳра кейин тушунтирди. У Самад билан болалигидан орзуси, янги Мингбулоқни қуриш орзусига киришган эди. У бу ниятига эришиш қийинлигини билса ҳам, эрта-кеч шунинг Ҳаёлида юрар, эски қишлоқ макети эса унга ишлаш учун керак эди. У қишлоқнинг яхши, бошқа баъзи бир янги қурилаётган қишлоқлар сингари гўзал бўлишини орзу қиларди. Шунинг учун Самаднинг ёрдамида у қишлоқ архитектурасига оид кўпгина китобларни, плакат ва лойиҳаларни ёздириб олган, уйи устахонани эслатарди.

Юсуф ака ярим кечада ҳам ухламай нималарнидир чизиб, тиқир-тиқир қилиб ўтирган Гулчеҳрани баъзан койирди. У қизининг архитекторликка ўқиётганини биларди. Шундай бўлса ҳам ўзини тиёлмасди:
— Нима қиляпсан сен ўзи? Дам олсанг бўлмайдими?

Баъзан эса унинг рўпарасига ўтириб, жимжима қоғозларга катта фанер устидаги қўғирчоқ уйларга, тепаликларга узоқ қараб қоларди.
— Нима қиляпсан ўзи, а? — дерди қизининг эпчил ҳаракатларини кузатиб.

Бир куни Гулчеҳра Самад билан у келтирган телефон симларидан кичкина дарахтлар ясаб ўтирганди, Юсуф ака кириб қолди. У индамай Самаднинг рўпарасига келди-да, макетга тикилди.

Бирпасдан сўнг ҳайратланиб сўради:
— Бу бизнинг тўғон-ку! Гулчеҳра кулиб юборди.
— Топдингиз. Уйимизни ҳам топинг энди, дада? Юсуф ака яна макетга тикилди. Кейин бирдан:
— Ё тавба! — деб юборди. — Буни нима қилмоқчисизлар? Ўзимизнинг Мингбулоқ-ку бу?
— Худди ўзи, — деди Самад. — Қалай, тузукми Мингбулоқ?

Юсуф ака ўпирилган деворлар, қамиш томлар, қинғир-қийшиқ кўчаларга яна тикилиб қолди.
— Жуда ўҳшатибсанлар, — деди охири ўйланиб. — Ўхшатибсанлар-ку, лекин бошқа қишлоқни ясасаларинг бўлмасмиди? Жуда хунук-ку!
— Шу хунуклиги учун ясаяпмиз-да, дада, — деди Гулчеҳра. — Идорага олиб бориб қўямиз. Ҳамма кўрсин. Шундай жойда яшаб бўладими? Уят-ку!
— Жамоамиз бой, тўғри эмасми? — гапни давом эттирди Самад. — Янги қишлоқ қуриш керак. Одамлар янги, чиройли уйларда яшасин. Катта-катта кўчаларда юрсин. Ҳозир битта машина юрса, бутун қишлоқни чанг қоплайди. Иннайкейин, жамоанинг клуби йўқ. Мажлис бўлиб қолса, ёшларнинг борадиган жойи йўқ. Тўғри эмасми?

Юсуф ака анграйиб қолган эди.
— Нима, янги қишлоқни шунақа ясамоқчимисанлар? — сўради кейин қизига термилиб.
— Ҳа, — деди Самад. — Гулчеҳра ясайди. Кейин муҳокамага қўямиз. Маъқул бўлса, секин қуришга тушамиз.
— Тузуксан-ку, қизим? — деди фахр билан Юсуф ака. — Мен буни раисга айтаман.
— Ҳозир керак эмас, — деди Самад. — Аввал битсин макет, кейин.
— Оббо, қизим-ей, оббо қизим-ей, тузуксан-ку! Юсуф ака севинчини яширмай, алламаҳалгача ёшларнинг олдида ўтирди.

Гулчеҳра шу воқеани кула-кула Абдуллага айтиб берганди, унинг ҳам макетни кўргиси келиб кетди. Лекин Гулчеҳра кўнмади.
— Ҳали тайёр эмас, — деди у. — Иннайкейин, иннайкейин, сизга кўрсатгани уяламан.
— Нега? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Бу менинг биринчи мустақил ишим. Балки жуда ёмондир. Аввал домлаларимга кўрсатай.
— Самад кўрса майли, — деди ҳафа бўлган бўлиб Абдулла.
— Самад кўрмаса бўладими? Бу иккаламизнинг режамиз. Ҳафа бўлдингизми?

Гулчеҳра шундай деб, меҳр билан унга тикилди. Абдулла жўрттага юзини ўгирди.
— Менга сиз йўқдан бошқа нарсани демайсиз...
— Ёлғончи! — деди кулиб Гулчеҳра. — Мен сиз билан ҳеч ким билан қилмаган ишларни қиляпман. Эсласам, қўрқиб кетаман.
— Нима иш?
— Билмайсизми?
— Билмайман, — ўзини соддаликка солди Абдулла.
— Ярим кечада эркак киши билан қандай қиз юради биласизми?
— Йўқ.
— Ёмон қиз. Баъзан ўзимдан-ўзим уялиб кетаман. Дадам билиб қолсалар, нима бўлади?
— Билмайдилар, — деди Абдулла уни қўлидан тортиб. — Ўзингиз айтиб қўймасангиз агар...
— Айтсам-чи?
— Гулчеҳра имтиҳон қилгандай Абдуллага тикилди.
— Ихтиёрингиз...
— Айтмайман. Қандай айтаман. Сиз айтасиз, хўпми? Барибир бир кун айтиш керак бўлади-ку! Айтасизми?
— Ҳм... — деди Абдулла уни қучоқлаб, — Гулчеҳра...
— Нима?
— Мени яхши кўришингиз ростми?
— Ўзингиз нима дейсиз?
— Билмайман. Билганимда сўрамас эдим.
— Рост, — деди сирли оҳангда Гулчеҳра.
— Нега бўлмаса, йўқ дейсиз?
— Ҳали ҳам йўқ дейман...
— Нега?
— Ҳали ёш боламиз-ку!

Гулчеҳра шундай деди-да, зулукдек буралиб унинг қучоғидан чикди.
— Ёмонсиз!..
— Гулчеҳра...
— Қаранг, биров келяпти!

Гулчеҳра қўрққан одамдек жўрттага атрофга аланглаб, Абдуллани имлади-да, кейин туриб кетди. Абдулла бирпас жойида қимир этмай турди, алданганини билгач, кетидан югурди.

Ҳар учрашувда деярли шундай бўларди. Бироқ уни бу ранжитмас, кўнглини совутмас, қайтанга Гулчеҳрага кучлироқ боғлаб қўярди. Бундан у ҳурсанд эди. Кичкина, кўримсиз, чанг бир қишлокда уни яхши кўрадиган, у билан ўзининг энг муқаддас фикрлари, сирларини ўртоқлашадиган, унинг кўнглини оладиган соддадил, ақлли бир қиз бор. Бу қизнинг ҳам орзулари уники каби баланд, гўзал. Худди Абдулла каби у ҳам орзуларига етишиш учун астойдил интилмоқда. Бу кун яқин, у бахтли бўлади. Бу бахтга Абдулла ҳам шерик.

Шундай ўйлар экан, Абдулла кейинги таътилнинг тезроқ келишини, Гулчеҳра билан яна тезроқ кўришишни орзу қиларди. Кўришганда эса яна кўнгли тўлмаётганини ҳис қиларди. Ниҳоят бир гал у истаган, ҳаяжон ва қўрқув билан кутган нарса юз берди. Ўшанда у тўртинчи курсни тамомлаб, ёзги таътилга қайтган эди.

XIV

Тунги поезд билан йўлга чиққан Абдулла тушга яқин Мингбулоққа етиб келди. Ҳовлининг ўртасида тоғорага сув солиб неварасини чўмилтираётган Ҳожар буви уни кўриши билан катта бир совунни шалоп этиб тоғорага ташладида, қаршисига йўрғалаб кетди.
— Вой, тасаддуғинг кетай! Вой, қоқиндиғинг бўлай! Абдуллажон болам!

Абдулла жилмайганича эгилиб, кўришгани елкасини тутар экан, Ҳожар буви уни юз-кўзларидан ўпар, оғзи тинмас эди.
— Вой, ўзим ўргилай! Вой, бўйингга қоқай! Одамни хавотирга қўйиб бу гал мунча ҳаялладинг? Эсонмисан, омонмисан? Уйидагиларинг эсон-омонми? Даданг тузукми? Вой, ўзим айланай!
— Ўзингиз тинчмисиз? Тоғам яхши юрибдиларми? Келинойим қалайлар?

Абдулла гапни чўзмаслик учун ўзи бувисини саволга тута бошлади.
— Отдайман, болам, отдайман. Тоғанг ҳам, келинойинг ҳам тузук, ишлаб юришибди. Мени бу жиянинг қийнаб юборди. Турсун, ҳой Турсун! Тоғанг билан кўришмайсанми, тентак!
— Ассалому алайкум!

Тоғорада чўккалаб ўтирган Турсун шилт этиб қўлларини нам кўкрагига урди. Ҳожар буви билан Абдулла кулиб юборишди.
— Катта бўлиб қолибди-ку, а, буви?
— Кичкина бўладими, тўрт ёшга тўлди-ю! Лекин сенга ўхшаган мўмин-қобил чиқмади бу! Уззукун кўчада тентирагани тентираган. Ҳозир ҳам энди тутиб олиб келувдим. Афт-ангорига қараб бўлмайди.

Абдулла тоғаваччасининг олдига келиб чўккалади-да, юзига сув сепди.
— Шунақа шўҳмисан-а?
— Алдаяптила, — деди бола овозини пасайтириб. — Ҳечам тўполон қилмайман. Буви! Шундоқ ўтиравераманми?
— Туша қол. Бўлди энди. Тоза бўлиб қаёққа борардинг? — жавради айвонга жой қилаётган Ҳожар буви.
— Иштоним қани?

Абдулла сўрига илиғлиқ чанг иштонни қоқиб жиянига узатди.
— Келақол, Абдулла! Болам, — қичқирди Ҳожар буви.

Абдулла жиянини етаклаб айвонга кўтарилди. Фотиҳадан сўнг, Ҳожар буви овқатга уннай бошлади. Абдулла қаршилик қилса ҳам, кўнмади.
— Дарров бўлади, болам. Йўлда очиққансан.
— Бўлмаса бир айланиб келаман Турсун билан.
— Ҳаяллаб кетма.

Тоға-жиян кўчага чиқишди. Турсун узокда, кўчани бошларига кўтариб копток тепаётган болаларни кўриб, тоғасини ўша ёққа сургади. Абдулла бир оз копток тепиб терлаб кетди.
— Бўлди, кетдик, — деди жиянига.

Лекин у қулоқ солмади. Абдулла ёлғиз ўзи уйга қайтди. Эшик тагига келганда, тўхтади. «Балки уйдадир?» — ўйлади у ва Гулчеҳраларнинг дарвозаси томон йўл олди. Дарвоза ланг очиқ эди. Абдулла ичкарига қаради. Ҳовли жимжит, ҳеч ким кўринмасди. У киришини ҳам, кирмасини ҳам билмай, эшик олдида туриб қолди. Энди қайтаман деганда икки боғ ҳўл беда ортиб эшак минган Алишер келиб қолди. Абдулла у билан сўрашиб, Гулчеҳрани сўради.
— Сойга кетганлар, — деди Алишер. — Макетларига қандайдир ўт керак экан. Шуни юлгани кетганлар.
— Анча бўлдими?
— Ҳа, эрталаб. Чақириб келайми?
— Йўқ, раҳмат. Сой узоқми?
— Анча бор. Ҳов анави толзорни кўряпсизми? Ўшанинг орқасида. Керак бўлсалар чақириб келаман.
— Раҳмат. Ўзи келиб қолар. Кўрсанг, Абдулла акам келдилар деб қўйгин.
— Хўп.

Думалоқ кўкраклари туртиб турган кўйлаги ҳар нафас олганида кўтарилиб, белини таранг қилиб тортар, тушганда эса кўкраклари ўртасида узун чизиқ ҳосил қиларди. Абдулла унга ҳавас билан тикилиб турди-да, шу ётишида унинг қип-қизил юзларидан ўпиб олгиси келиб кетди... Секин-секин, ўтларни шитирлатмасдан унга яқинлашди. Боши устига келганда эҳтиёткорлик билан чўккалаб, секин энгаша бошлади. Энди лаблари отқулоққа етай деганда, Гулчеҳра, «вой!» деди-ю, сапчиб ўрнидан туриб кетди. Абдулла кулди.
— Юракдан ҳам бор экан-ку!
— Уф! Қўрқиб кетдим, Абдулла, сизмисиз?
— Худди ўзи!
— Қачон келдингиз? Шунақа ҳам бўладими одам деган?
— Ёмон қўрқдингизми?
— Юрагим ўйнаб кетди.

Гулчеҳра кўкрагига «туп-туп»лаб, «уҳ» деди-да, жилмайди ва Абдулланинг рўпарасига ўтирди.
— Қачон келдингиз?
— Бир соатча бўлди. Келдиму, сизни қидиришга тушдим.
— Бу жойдалигимни қаердан билдингиз?
— Алишер айтди.
— Вой, бу ёққа келганингизни у биладими?
— Йўқ. Кўрсанг келганимни айтгин, дедиму, у кетгандан кейин бу ёққа келавердим. Ҳа, билса нима қилибди? Самад билан ярим кечагача бирга қолиб кетасизлар-ку!
— Самад бошқа гап. Самад менинг ёрдамчим. Уйдагилар буни билишади. Нега бу гал кечикдингиз? Доим ўн бешинчи августда келар эдингиз?
— Иш чиқиб қолди.
— Қизлар биланми? — Гулчеҳра кўзларини айёрона сузиб Абдуллага қаради.

Абдулла кулди.
— Йўқ, бир мақола устида ишладим. Курс ишим. «Фан ва турмуш»да босишмоқчи эди.
— Наҳотки? — севиниб сўради Гулчеҳра.
— Ҳа. Раҳбарим айтган экан. Шуни қайта ишлаб чиқдим.
— Нима темада?
— Юқори частоталар ҳақида. Ҳозир бу жуда керакли тема.
— Маъқул бўлдими?
— Ҳа, босишадиган. Агар босишса, анча шов-шув бўлади.
— Яхши шов-шувми?
— Шундай бўлиши керак. Профессор шу темани диссертация ҳам қилсангиз бўлади, деяпти.
— Ў, жуда яхши-ку. Абдулла уялинқираб жилмайди.
— Ўзингизнинг ишларингиз қалай? Гулчеҳра қўлларини ёзиб, хўрсинди.
— Макет!..
— Ҳали ҳам-а?
— Бу энди янги макет. Янги қишлоқ макети.
— Яхши бўляптими?
— Қайдам. Институтда лойиҳани маъқуллашди. Бу ерда ҳали кўрсатганим йўқ. Лекин эскисини кўрсатдим. Вой-бў-ў, шунақанги тўполон бўлиб кетдики!..
— Йўғ-э?
— Ҳа. Самад макет тайёр бўлиши билан кечаси Нурмат аканинг кабинетига олиб бориб қўйди. Ҳар куни эрталаб актив йиғиладида у ерга. Эрталаб Нурмат ака ҳаммадан кеч келиб, кабинетига кирса, одамлар пиқ-пиқ кулиб туришган эмиш. Нима гап деса, ҳеч ким индамасмиш. Кейин кимдир стол устида турган макетни кўрсатибди. Нурмат ака ҳайрон бўлиб тикилиб қолибди, — Гулчеҳра раиснинг қандай ҳайрон бўлганини кўрсатмоқчи бўлиб афтини буруштирди. Абдулла ўзини тутолмай, кулиб юборди. Гулчеҳра давом этди. — Бу нима? — деб сўрабди. Яна ҳеч ким индамабди. Ҳамма унинг одатини билади-да. Агар ўзига маъқул тушмайдиган жавобни эшитиб қолса, ёмон сўкиб беради. «Бу нима? — сўрабди у яна. — Нима, ҳамманг мум тишлаганмисанлар, нега жавоб бермайсанлар?». Шунда Самад: «Макет», дебди. «Кўриб турибман макетлигини. Ниманинг макети?» «Мингбулоқнинг макети, — дебди Самад. Раис бошқатдан макетни қарай бошлабди. «Бу нима?» — дебди бир маҳал бир томонга қийшайиб ётган бинони кўрсатиб. «Идора». «Бу-чи?» — Нурмат ака қўлини бигиз қилиб қамиш томли бир уйни кўрсатибди. «Сизнинг уйингиз», — дебди Самад. «Ҳм», — Нурмат ака ўйланиб қолибди. Кейин мўйлови тортила бошлабди. Жаҳли чиқса шунақа, мўйлови худди сичқоннинг думидек ликиллай бошлайди. «Буни нима қилмоқчисанлар? — дебди бир маҳал кўзлари олайиб. — Виставкага юбормоқчимисанлар?». «Виставкага нима қиламиз юбориб? — дебди секин Самад. — Шу ерда туради. Ё бўлмаса клубга қўйиб қўямиз.

Қандай яшаётганимизни одамлар кўришсин». «Шундоқ дегин? — раис ўйланиб қолибди, кейин сўрабди: — Кимнинг иши бу?» Самад индамабди. Дадамлар жанжал чиқишидан қўрқиб: «Шунга ҳам ҳафа бўласизми, раис? — дебдилар. — Ўйин қилиб қизим иккалови ясашган. Йўқотиб ташлаймиз ҳозир...» Қизим, дегин? — дебди Нурмат ака ва Самадга қараб. — Бор, ўша рассомингни чақириб кел!»— деб буюрибди. Уйда ўтирувдим, бир маҳал ҳовлиқиб Самад келиб қолди-ку! «Ҳа, — десам. — Э сўрама, иш чатоқ, раис хуноб, сени чақиряпти», — деди. Йўл-йўлакай нима дейишимни ўйлаб бордим. Бир томондан унинг жаҳли чиққани яхши. Демак, қишлоғимизнинг ёмонлигини тушунибди. Шунинг ўзи ҳам катта гап. Лекин нима дейман? Ҳар ҳолда буни дадам айтганларидек, ўйинчоқ дейишга қарши эдим. Самад ҳам ҳеч қандай маслаҳат бера олмади. Охири тўғрисини айтишга келишиб, идорага кириб бордик. Ҳали сўрашмасимдан: «Бу сенинг ишингми?» — деб сўради Нурмат ака мўйловларини титратиб. «Меники», — дедим секин. «Нима қилмоқчисан?» «Нима қилмоқчиман?! — сўрадим мен ва лоп этиб миямга бир фикр келиб қолди. — Курс иши қилиб институтга топшираман», — деб юбордим. «Нима?! — дўқ урди Нурмат ака. — Ҳм, Тошкентга олиб бораман, дегин?» «Ҳа, — дедим, — олиб бораман». Нурмат ака ўрнидан туриб кетди. Кабинетни бир айланиб чиқиб, олдимга келди-да, елкамга қўлини қўйди. «Қизим, нима, бизни шарманда қилмоқчимисан?» «Нега шарманда бўласиз? — дедим ўзимни соддаликка солиб. — Қайтанга макет қишлоқдан чиройли-ку?» «Шуни яна озгина чиройли қилсанг бўлмайдими?» «Бўлади, — дедим мен, — лекин ёлғон бўлади-да. Одамларни алдаб нима қиламиз?» «Нега алдар экансан? — деди Нурмат ака. — Беш-олти йилдан кейин қишлоғимиз яхши бўлиб кетади. Янги, чиройли бинолар қурамиз. Шуни ўйлаб бошқатдан яса, жон қизим...» «Янги қишлоқнинг макетини ясасам-чи? — сўрадим шунда мен.

— Яхши чиқса, шунга қараб қурилишни бошлаймиз». «Бўпти, — деди Нурмат ака севиниб. — Яса. Бунингни бекит. Биз кўрдик. Биздан бошқа ҳеч ким кўрмасин. Нақ сочимни битталаб юлишади кўришса!» Уч-тўрт кундан кейин мажлис чақириб, Мингбулоқни қайта қуриш режалари ҳақида гапирди. Шундай ажойиб гапирдики, оғзим очилиб қолди. Кейин мени «қишлоғимиз архитектори», деди.
— Зўр-ку! — деди Абдулла ҳурсанд бўлиб.
— Зўр ҳам гапми? Бундай бўлади деб сира кутмаган эдим.
— Макет битиб қолдими?
— Қаёқда? — деди Гулчеҳра қошларини чимириб. — Энди бошладим. Ҳали иши кўп. Биласизми, бутун қишлоқнинг янги лойиҳасини битта ўзим ишлолмайман. Мен атиги тўртта нарсани ўйлаяпман. Катта кўча, клуб, хўжалик идораси, меҳмонхона. Унинг олди катта боғ. Мана шуларнинг макетини ишламоқчиман.
— Шу ҳам жуда катта иш.
— Биламан. Лекин қилиш керак. Диплом ишим шу бўлади, — Гулчеҳра ўйланиб қолди. Абдулла унинг мана шундай кўзларини бир нуқтага тикиб Ҳаёл суришини яхши кўрарди. Ҳаёл сурганда лаблари тортилиб, энди очилай деб турган ғунчага ўхшаб кетарди. Абдулла унинг шу ғунча лабларига тикилиб, ҳаёлидан ўтказди: «У билан бўлганим қандай яхши!» Гулчеҳра нимадир эсига тушиб, унга ўгирилди. — Айтгандай, институтимизда «Ёшлик» меҳмонхонаси лойиҳасига танлов эълон қилинди. Меҳмонхона Тошкентда қурилади. Таги ресторан, кафе... Мен ҳам қатнашяпман. Бир ҳафта қаттиқ ишладим. Яхшими?
— Жуда ҳам. Табриклайман.
— Шундай бир бино бўлсаки, у худди қушга ўхшаса! Олисдан қараганда учишга тайёрланиб, қанотларини ёзиб тургандек бўлса! Мен шундай қилдим. Билмадим, маъқул бўлармикин? Тошкентда шундай катта архитекторлар борки...
— Сизники маъқул бўлиб қолса-чи?
— Қайдам... — Гулчеҳра елкаларини қоқиб қўйди.
— Агар шундай бўлса, биласизми, мен нима қилардим!
— Нима?
— Мана бундай, мана бундай қилиб сизни ўпиб олардим.

Абдулла Гулчеҳрани қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпа бошлади.
— Уятсиз! Қўйиб юборинг, биров келиб қолади!..
— Соғинмадингизми? — деди Абдулла уни қўйиб юбормай.
— Йўқ! — деди зарда билан Гулчеҳра ва сакраб ўрнидан турди.
— Куппа-кундузи нима қиляпсиз ўзи?

Абдулла кулди.
— Яхшиси менга ёрдам беринг.
— Нима қилай?
— Ҳу, анави ўтларни кўряпсизми? — Гулчеҳра сой лабига келиб тиниқ сув тагида тебраниб турган ўсимликларни кўрсатди. — Шулардан олиб чиқиб беринг.
— Бўпти. Бир челак бўладими?
— Аввал юлиб кўринг...

Абдулла ечина бошлади. Гулчеҳра уялиб юзини четга бурди. Сув шалоплагандагина ўтирилди.
— Мунча муздек?.. — деди Абдулла энтикиб ва сузиб кетди. Сой чуқур эмас, одам бўйи келарди ва булоқ суви бўлгани учунми, таги аниқ кўриниб турарди.
— Чўмилмайсизми? — сўради Абдулла Гулчеҳранинг рўпарасига келиб.
— Сиз бўлмаганингизда чўмилардим...
— Энди-чи?
— Биров келиб қолса-чи?
— Ҳеч ким келмайди. Тушинг.
— Йўқ.
— Ихтиёрингиз, лекин сув мазза!

Абдулла шундай деб шўнғиди ва Гулчеҳра кўрсатган ўтлар олдига сузиб борди. Лекин ўтни юламан деганда сирғалиб кетиб, чалқанча йиқилди. Гулчеҳра кулиб юборди.
— Бир челакмиш-а? Беш-олтитасини юлиб чиқсангиз ҳам майли эди.

Абдулла ўзини ўнглаб, яна ўтга ёпишди. Қаттиқ тортган эди, ўсимлик майда тошларга чирмашиб кетган илдизи билан суғирилиб чикди,
— Қаттиқ экан, — деди Гулчеҳрага узатаётиб.
— Шунинг учун сиздан сўрадим-да. Менга ўтни Самад билан Алишер юлиб беришади.

Абдулла яна шўнғиди. Бу гал ўсимлик осон кўчди.
— Бир челак юлиб берсам-чи? — деди ғурур билан.
— Агар совуқ емасангиз...
— Сув яхши.
— Абдулла беш-олти марта ўт юлиб, чарчади. Лекин сувдан чиққиси келмади, тўғрироғи, Гулчеҳранинг ҳам сувга тушишини истарди. Навбатдаги илдизга ёпишганда у ҳийла ишлатди. Худди ҳаво етишмай чўккан одамдек ўсимлик устига йиқилди. Унинг ҳаракатларини кузатиб турган Гулчеҳра аввал тушунмай турди, кейин қўрқиб кетиб, «Абдулла!» — деб қичқириб юборди. Абдулла жавоб бермади. Уч дақиқача у сув тагида тура олишини биларди, шунинг учун «ишқилиб шу пайтда тушсин-да», деб ўйларди. Гулчеҳра ўрнидан турди, сой лабида бир-икки типирчилаб, у ёқ-бу ёққа юрди, яна «Абдулла!» — деб чақирди. Жавоб эшитилмагач, ўзини сувга отди ва бирпасда Абдулланинг олдида пайдо бўлди. Абдулла қимир этмади, лекин Гулчеҳра унинг олдига келганини сезди. Нима қиларкин? Гулчеҳра шошиб унинг белидан қучоқлади-да, бошини сувдан чиқариб, қирғоққа судради. Ўйинга берилиб кетиб Абдулла индамади. Гулчеҳра сувдан чиқиши билан энгашиб унинг кўкрагига юзини қўйди. Шунда Абдулла уни маҳкам қучоқлаб олди. Ўзини йўқотиб қўйган Гулчеҳра шилқ этиб унинг ёнига ағдарилди.
— Қўрқиб кетдингизми?
— Жуда ҳам, — деди бўшашганича Гулчеҳра.
— Кечиринг, — Абдулла қизнинг кичкина қулоқлари аралаш юзларини сиқиб, муздек лабидан ўпа бошлади. Гулчеҳра индамади. Аксинча, уни ўзига тортиб, иккала қўли билан кўкрагига суви томиб турган бўйнидан қучоқлади.
— Сизни яхши кўраман, Гулчеҳра!..

Гулчеҳра жавоб ўрнига уни қаттиқроқ қучоқлади.

Иккалови орзиқиб ва қандайдир қўрқув билан кутган воқеа содир бўлди. Абдулла ўзида йўқ шод эди. Толнинг панасига ўтиб кўйлагини сиқаётган Гулчеҳрага меҳр билан тикилар экан, ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис қилар ва кўзларини ундан узолмас эди. Ҳа, энди Гулчеҳра тамоман уники! Энди улар доим бирга бўлишади. Энди унинг ҳаётини шу ёқимтой, гўзал, нозик қизнинг ҳаётисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан ҳам ортиқ бахт, бундан ҳам ортиқ шодлик борми дунёда!

Гулчеҳра ҳам шод эди. Лекин у нозик табиатли одам бўлганидан содир бўлган воқеадан айни вақтда уяларди. У бир кунмас-бир кун шундай бўлишини биларди. Лекин ўша тўй деб аталган муқаддас бирлашишдан сўнг бунинг юз беришини истарди. Ҳамма шундай қилади. Ҳаёт ўзи шундай. Икки киши муқаддас қасам билан, муқаддас, бир умрга ёддан кўтарилмайдиган қадаҳ билан қовушади. Ҳамма шундай қилади, ҳамма шундай бўлишини истайди. Лекин у нима қилиб қўйди? Кимнинг юзига оёқ қўйди? Беор қиз? Нима қилиб қўйдинг ўзи? Энди қандай қилиб бошингни кўтариб юрасан? Нима деган одам бўлдинг энди? Қани у сен орзу қилган кунлар? Қани у сен орзу қилган ҳаёт? Сенга гард юқтирмай катта қилган онангнинг хотирасини поймол қилдинг! Сен уни хўрладинг! Отангнинг номига доғ туширдинг.

У шундай қайғули ҳаёлларга борар экан, унга меҳр ва муҳаббат билан тикилиб турган Абдуллага кўзи тушиши билан кўнгли ёришарди. «Албатта гуноҳ иш қилиб қўйдим, — ўйларди у. — Катта гуноҳ қилиб қўйдим, — ўйларди у. — Лекин ким билан? Абдулла билан-ку. Уни яхши кўраман-ку, ахир. Барибир бир кун шундай бўлар эди-ку! У энди бутунлай мен билан! Мен у билан! Бир-биримиздан энди ҳеч ажралмаймиз. Яқинда институтни битириб келади. Тўй бўлади. Ҳозир нима бўлганини ким билиб ўтирибди? Ўзим ҳам шуни истадим. Йўқ, демадим. Ҳеч ким билмайди. Ҳеч кимга айтмаймиз. Бу бизнинг муқаддас сиримиз бўлади. У бизнинг фақат юрагимизда сақланади. Гулчеҳра! Қара, у қандай яхши йигит! Чиройли, ақлли! У сени яхши кўради. У сен билан бўлади. Унинг кўзларига қара! Шу кўзлар наҳотки сени алдаса? Йўқ, алдамайди. У доим сен билан бўлади. Сен ҳам худди онанг каби бахтли бўласан. Лекин сенинг умринг қисқа бўлмайди. Сен узоқ яшайсан, Абдулла қанча яшаса, сен ҳам шунча яшайсан! У билан бирга, у билан баробар яшайсан. Шундай бўлади.

Ҳозир содир бўлган нарса сени чўчитмасин. Сен энди кичкина эмассан. Ўз ҳаётингни ўзинг қурадиган давр келди. Сен энди мустақилсан. Нима истасанг шуни қиласан. Бугун сен уни истадинг. Нима бўлибди? Бунинг нимаси ёмон? У сен билан бўлса, бўлди. Бахтинг, келажагинг шунда, бир-бирингга бўлган меҳр-муҳаббатингда!

Гулчеҳра шундай деб, ўзини овутишга интиларди, лекин барибир кўнгли нотинч эди, юрагининг қаеридадир «Гуноҳ бўлди, гуноҳ!» деган фикр маҳкам ўтиришиб қолган эди.

Сочларини тўғрилаб жойига қайтиб келганда, Абдулла ўт тўла челакка тикилиб ўтирарди... Уни кўриши билан қандайдир бўғиқ овозда:
— Кетамизми? — деди секин.

Гулчеҳра унга қараёлмай, бошини лиқиллатди. Абдулла ўрнидан туриб челакни қўлига олди.
— Мен ўзим, — деди Гулчеҳра челакни ундан олиб. Абдулла индамади. Толзордан чиқишгунча иккалови жим боришди.
— Сиз кейин... — деди сўқмоққа ўтаётиб Гулчеҳра. Абдулла эътироз билдирмай, жойида қолди. Гулчеҳранинг бутун қиёфаси ҳафа бўлган ва қаттиқ қайғуга тушган одамни эслатарди. «Чиқармикин кечқурун?» Абдулланинг юрагини ғулғула босди, ҳатто қўрқиб кетди. Гулчеҳра ўша куни ҳам чикди, эртасига ҳам, индинига ҳам.

Улар энди учрашишганларида, келажак ҳақида гаплашишмасди. Келажак улар учун энди кафтда турган олмадек аниқ эди. Бир йил капалак умридек ўтиб кетади. Абдулла ўқишни битириб қайтади. Ана ўшанда ҳамма нарса жойига тушади. Уларнинг бирга бўлишларига ҳеч ким, ҳеч нарса тўсқин бўлолмайди. Абдулла жўнаётганда ҳам деярли ҳеч нарса ҳақида гаплашмади. Гулчеҳра унга худди сўнгги марта кўришишаётгандек меҳр билан узоқ тикилиб турди-да, оёқ учларига кўтарилиб, секин лабидан ўпди.

Фақат уйда Ҳожар буви неварасидан ранжиган бўлиб койинди.
— Болам, Мингбулоққа нега келасан, билмай қолдим. Бизларни кўрганими, ё бошқа бирон ишинг борми?..

Абдулла мийиғида кулиб қўйди.

XV

Ядро-физика институтининг ётоқхонаси шаҳар четида бўлиб, бешинчи қаватдан Нева қора бахмалдек жилваланиб кўринарди. Сайёра отаси Тошкентга кўчиб кетганидан кейин шу ётоқхонада яшай бошлади. Аввалги уч йил тўрт кишилик хонада турди. Тўртинчи курсга ўтганда эса, барча юқори курсдагилар қатори, унга бешинчи қаватдан алоҳида хона ажратиб беришди. Бу ердан шаҳарнинг деярли ярми яққол кўриниб турарди. Сайёра кўпинча ўқишдан қайтгач, деразани ланг очиб қўйиб, дарёнинг нариги қирғоғида олтин қуббаси ялтираб турган Петропавловск қалъасини, портга кириб-чиқиб турган баҳайбат кемаларни томоша қилишни яхши кўрарди. Бугун ҳам ўқишдан қайтиб, апил-тапил ечинди. Хона иссиқ бўлганидан хала-тини киймай, шундай ички кўйлакда, дераза ёнига келди. Лекин очмади. Пардани суриб, токчага суянганича ташқарига тикилди. Ташқари эса туман ичига ғарқ бўлган, деярли ҳеч нарса кўринмас, баъзи-баъзида ё портга кириб келаётган, ё чиқиб кетаётган кемаларнинг бўғиқ овозлари эшитилиб қоларди.

Сайёра туман тарқалгунча ҳеч нарса кўринмаслигига ишонч ҳосил қилиб, пардани туширди. Диван ёнида турган кичкина тахта яшикдан алоҳида-алоҳида қилиб юмшоқ қоғозга ўралган сап-сариқ олмадан биттасини олиб, қарс этиб тишлади-да, диванга ёнбошлади. Шунда стол устида ярми ичилмаган қатиқ шишаси тагидаги хатга кўзи тушди. Бу хат уйдан бўлиб, дадаси ёзган, кеча кечқурун у кинодан қайтганида ўқиган эди. Шундай бўлса ҳам хатни яна қўлига олди. Турсунали ака бу хатда ҳам одатдагидек, уйнинг тинчлиги, онасининг уни соғингани ҳақида ёзиб, бир қанча ўзининг ва онасининг маслаҳатларини баён қилган эди. Сайёра хатга кўз югуртирар экан, дадасининг «сен жуда серхаражат чиқиб қолдинг, яқинда пул юборган эдим, яна сўрабсан», деган жойига келганда кулиб қўйди. Чунки худди шу хат билан кетма-кет онасидан юз сўм ҳам олган эди. Буни, албатта, Турсунали ака билмасди. Агар онасининг унга бекитиқча юборган пулларини билиб қолса борми, тепа сочи тикка бўлиши турган гап эди. Бироқ Турсунали аканинг ўзи ҳам қизига пулни аямасди, кўп юборарди. Балки шунинг учун Сайёра курсдош қизлар ичида энг яхши ва энг чиройли кийинадиган қиз эди. Лекин шу билан бирга баъзи қизларга ўхшаб молпараст эмас эди. У нарса қидирмасди, бирон нарса керак бўлса дарров яқин ўртадаги магазиндан топиб келарди. Лекин шу қийинчиликсиз топиб келган нарсаси ўзига ярашар ва ҳамманинг ҳавасини келтирарди. Диплом ишининг раҳбари, мункиллаб қолган профессор уни эркалаб «Менинг қўғирчоғим, агар ўғлим бўлганида мажбур қилиб бўлса ҳам ўзим келин қилардим, — дерди тамшаниб.
— Шарқ гўзаллари ҳақида кўп ўқиганман, эшитганман, лекин уларнинг бунчалик ҳусн эгаси бўлишини биринчи кўришим». Сайёра бундай гапларни кўп эшитгани учун, кулиб қўя қоларди. Бунинг устига у ўзини чиройли ҳисобламасди, деярли пардоз ҳам қилмасди. Йигитларнинг уни кўрганда анграйиб қолишлари, шўхларининг эса гап отишларига оддий бир ҳол, ҳамма қизларга ҳам шундай қилишади, деб қарарди, лекин унинг кетига тушганларни ёмон ҳафа қиларди. Курсидаги бир йигитнинг ҳаддан зиёд шилқимлиги учун бир шапалоқ туширганини ҳамма биларди. Қизиғи шунда-ки, у шу йигит билан кейин жуда апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Умуман, у одамлар билан бўлишни, улар қизми, йигитми, барибир, бўш вақтини завқ билан қувноқ ўтказишни яхши кўрарди. Буни билиб қолган йигитлар уни доим ўзлари билан олиб юришар, уни ўз сингилларидек кўришарди. Қизлар билан ҳам унинг алоқаси яхши эди. Унинг кийимлари деярли ҳамманинг кийимлари эди. Баъзан нимаси бор-йўқлигини билолмай қоларди, ҳатто ўзининг кийишига ҳам ҳеч нарса қолмаган пайтлари бўларди. Шунинг учун хатнинг «онанг, энди кичкина эмас, сал ўзини босиб юрсин деяпти», дейилган жойига кўзи тушганда, энсаси қотиб, еб турган олмасини отиб юборди. Оёқ яланг дераза ёнига келиб пардани тортди. Туман орасидан қалъа қуббаси билинар-билинмас мўралай бошлаганди. «А-ҳа!» — деди Сайёра. — «Кечқурун демак яхши бўлади». У бугун Пўлат, Абдуллалар билан «Ракета»да Пётр саройига боришмоқчи бўлганини эслади. Эслади-ю, дадасининг хатнинг орқасига тиркаган жумласи ҳаёлидан ўтди. Бошқатдан уни ўқиб чикди. «Абдулла яхши юрибдими? У билан алоқаларинг қалай? Мендан салом айтиб қўй, яқинда мақоласи чиққан журнални юбораман...»

У Абдулланинг мақоласидан хабардор эди. Унинг анча дадил ва яхшилигини ҳам биларди. Бирга ўқишган, муҳокама қилишган. Бироқ нега отаси уларнинг алоқалари билан қизиқиб қолди? Алоқалари ҳар доимдагидек яхши. Аксари вақт улар бирга. Қизиқ.

Сайёра шундай ўйлаб радиони қўйди. Енгил куй янграй бошлади. Бир-икки «па»дан сўнг, Сайёра ёлғиз ўзи рақс тушишни истамади, каравотга сакраб чиқди-да, оёқларини қучоқлаб ҳали танишиб чиқмаган «Математик программалар» журналининг сўнгги сонини варақлай бошлади. Ҳеч нарса тушунмади. Ҳаёлидан дадасининг саволи ва Абдулла кўтарилмасди. Бирдан унга нимадир ойдинлашгандек бўлди. «Наҳотки... — ўйлади у, — наҳотки улар шуни истасалар? Бўлиши мумкин. Дадам уни яхши кўрадилар. Ойимнинг ҳам оғзидан тушмайди, унга ҳам ёқади. Менга-чи?» Бу саволга у жавоб беролмади. Лекин янгитдан Абдулла ҳақида ўйлаб бошлади. Ҳа, Абдулла яхши йигит. Бунинг устига у жуда ўзгариб кетди. Яхши томонга ўзгариб кетди. Илгаригидек уятчан эмас, оғзидан гапи тушиб кетмайди, фикрлари дадил ва ишончли.

Илгари қандай эди? Гапиришга қўрқарди. Умуман, унинг ҳар бир ҳаракатида қандайдир етишмовчилик, ҳатто қолоқлик бор эди. Энди-чи? Энди у бутунлай бошқа одам. Ўтган тўрт йил уни бошқача қилиб юборди. Кўп ўқийди, ақлли, тартиб билан кийинади. Болалар ҳазиллашиб уни «келажак Эйнштейни» дейишади. Лекин бу ҳазилда қандайдир ҳақиқат бор. Ҳеч ким унинг курс иши, жуда енгиллик билан тайёрлаган курс иши бунчалик муваффақиятли чиқади, деб ўйламаган эди. Ўзи ҳам бундай бўлишини кутмаган эди. Ваҳоланки, шундай бўлиб чикди. Мақола ҳолида босилишининг ўзи, катта гап. Бунинг устига деканатда шу ишингизни диплом қилинг, деб маслаҳат беришди. Бу камдан-кам бўладиган воқеа. Иннайкейин, ҳамма уни ҳурмат қилади. Сайёра ҳам. У Абдулла билан бўлишдан уялмайди. У билан бўлган одам ҳеч зерикмайди. Қизиқ гапларни топиб гапиради, яхши рақс тушади. Умуман, Абдулла у билган йигитлардан анча устун. Лекин у ҳеч Абдулла билан турмуш қуришни ҳаёлига келтирмаган эди. Бирга бўлишди. Ҳатто ҳазиллашиб Абдулла уни қучоқларди, ўпган пайтлари ҳам бўлган. Лекин буларнинг ҳаммаси шунчаки ҳазил эди. Сайёра ҳеч маҳал у билан яқин бўлишга эҳтиёж сезмаган эди. Абдулла ҳам балки шундайдир? У одоб доирасидан чиқадиган ҳаракатга сира йўл қўймасди. Улар яхши ўртоқ. Бўрттириброқ айтганда, яхшигина дўст эдилар. Абдулла унга катта ҳурмат билан қарар ва доим уни ўзидан баланд қўярди. Буни Сайёра биларди. Шунинг учун ҳам у бошқа йигитлардан кўра уни ўзига яқин тутар, ҳатто сирларини унга айтарди. Улар кўпинча бирга бассейнга боришарди, бирга чўмилишарди, Сайёра унинг келишган, бақувват қоматига ҳавас билан қарар, баъзан қизишиб кетганда, ўзини унинг қучоғида тасаввур қилиб кўрарди. Лекин бу бир дақиқалик ҳаёл бўларди ва у дарров буни унутарди. Баъзан ўзининг нозик, хипча қоматида Абдулланинг ҳам назарини сезиб қоларди. Лекин бу табиий, йигит киши шундай ёнида яхшигина қизни кўради, унинг нафасини сезади-ю, ҳаяжонга тушмай тураверадими? Бундай йигитлар йўқ, бўлиши ҳам мумкии эмае. Аммо бўлганда ҳам, улар кимга ёқарди. Ҳатто қизларнинг унинг эътиборсизлигидан жаҳллари чиқиши ҳам мумкин. Абдулла ҳамма йигитларга ўхшаган йигит. У қараши мумкин, ҳаёлидан ғалати фикрларни ўтказиши мумкин, лекин чегарадан чиқмайди, ортиқча ҳаракатга йўл қўймайди. Сайёранинг ўзи ҳам буни истамасди. У ҳеч маҳал Абдулла билан яқинлик ҳақида ўйламаган эди. Тўғри, бир марта у тушига кирди. Ўшанда кун бўйи Абдуллага қаролмай юрди. Лекин бу — туш. Тушда ҳар нарса бўлиши мумкин. Ҳаётда-чи? Сайёра шу пайтгача ўзига бу саволни бермаган эди. Лекин ҳозир беихтиёр шу савол келиб қолди, лекин унга жавоб беролмади. Икки-уч йил муқаддам жавоб бериши мумкин эди, ҳозир эса аниқ жавоб беришга қийналиб қолди. У энди кичкина эмас. Онаси ҳақ. Капалакдек у гулдан-бу гулга сакрайдиган даври тугади. Энди унинг уйи, рўзғори, севимли кишиси бўлиши керак. Лекин шундай одам борми?

Сайёра кўп қизларнинг оҳ-воҳ солиб, севиб қолдим, усиз туролмайман, деганларини эшитган эди, биларди ҳам. Дугоналарининг кўпчилиги қандайдир йигитлар билан ўз турмушларини боғлаб қўйишган эди ва тезроқ ўқишни тугатиб тўй қилиш, бирга туриш орзусида юришарди. Аммо унинг ҳеч кими йўқ эди. Тўғри, у ҳамма билан яқин эди, лекин мана шундай бирдан бир йигитга муҳаббат қўйиш ё аксинча, унинг муҳаббатига сазовор бўлиш унинг бошига тушмаган эди. Бу ҳақда, ҳатто ўйламаган эди.

Дадасининг илмоқли гапи, онасининг огоҳлантириши уни бу ҳақда ўйлашга мажбур қилиб қўйган эди. Чиндан ҳам, нега у бошқа қизларга ўхшамайди? Баъзилар биринчи курсданоқ биттасининг этагини ушлаб олишади. Нега у шундай қилмади? Хунук бўлмаса, аҳмоқ ҳам бўлмаса? Балки муҳаббат ёш танламаслиги ростдир? Биров эрта муҳаббат қўяди, биров кеч... Сайёра шундайдир? Кимга у муҳаббат қўйиши мумкин? Бундан ташқари, наҳотки муҳаббат бировни нишонга олгандай, танлаб қўйилса? У кўп йигитларга ёқишини биларди. Улар-чи? Улар унга ёқадими? Сайёра ўзи билган йигитларни бирма-бир кўз олдига келтириб чиқди. Йўқ, улар унга ёқмасди. Ҳаммаси яхши йигитлар, лекин ҳеч бири юрагини жизиллатмайди. Абдулла-чи? У бошқа гап. Таниш-билишларнинг ичида энг яхшиси шу. Лекин Сайёра уни севадими? Севиб қолиши мумкинми? Агар севмаса-чи? У севгисиз ҳаётни истамайди, бундай ҳаётнинг бўлганидан бўлмагани яхши. Балки Абдулла ҳам уни яхши кўрар!

Бу ҳаёллардан мияси ғовлаб Сайёра ўрнидан турди. Радиони ўчирмоқчи бўлганида, кўзи приёмник устидаги будильникка тушиб қолди. «О, ля-ля!» — деб юборди у бошини қашиб. «Етти бўлибди-ку. Роса хуноб бўлишаётгандир!»

У шошиб кийина бошлади. Бироқ енги калта кофта кийиб, энди шимининг занжирини тортай деганда, айнади. Ечиниб, янгитдан кийинди. Энди эгнига яхши кўрадиган тўқ зангори кўйлак, оёғига баланд пошнали оқ туфлисини кийди. Ойнага бир қараб, ўзидан ва кийимидан кўнгли тўлди. Калта қирқилган сочини орқасига бир силкитиб текислади-да, плашини қўлтиқлаб пастга тушди. Эшик тагида вахтёр уни тўхтатди.
— Сенга телеграмма келди.
— Қани? — Сайёра кампирнинг қўлидан телеграммани олиб, шошиб очди.

«Избрали академиком, твой папа», дейилган эди унда. Сайёра чапак чалиб юборди.
— Тётя Дуся! Милая! Ура!!!

У шундай деб кампирнинг бурушган юзидан чўлп этиб ўпди-да, эшикка югурди. Кампир ҳеч нарсага тушунмай ҳайрон бўлиб унинг орқасидан қараб қолди.

Абдулла билан Пўлат кўчанинг нариги бетида хуноб бўлиб туришарди. Сайёра уларни кўриши билан машиналарга ҳам парво қилмай, чопиб кўчани кесиб ўтди.
— Қиролича одатдагидек ушланиб қолдилар? — деди киноя билан Пўлат.

Абдулла жилмайди.
— Болла, кечиринглар! — деди ялинган бўлиб Сайёра. — Икки марта кийиниб кечга қолдим.
— Ўҳ-ҳў! — деди шунда унинг жуда чиройли кийинганини пайқаб Пўлат. — Қироличамиз бугун кечирса арзийдиган кийнибдилар.
— Яхшими?
— Жуда ҳам! — деди Абдулла.
— Бунақаси бўлмайди, — қўшиб қўйди Пўлат. — Қани энди шу кийимга яраша кармон ҳам бўлса!
— Кармон катта, — деди Сайёра. — Кеча ойимлар юз сўм юбордилар.
— Юз сўм?! — ваҳми учиб сўради Пўлат.
— Ҳа. Ҳозир бориб оламиз. Борамизми?
— Бориш ҳам гапми? Учамиз!

Улар йўлга тушишди. Сайёра ўртага ўтиб иккаловини қўлтиқлаб олди.
— Бугун сизларга коньяк ҳам қуйишим мумкин...
— Наҳотки? — сўради Абдулла.
— Бу ҳимматнинг боиси недир? — деди Пўлат.
— Мана, — Сайёра тўхтаб плашининг чўнтагидан телеграммани олиб уларга узатди.
— Қиёмат-ку, Сайёра! — деди Пўлат.
— Табриклайман! — Абдулла ҳаяжон билан Сайёрага қўлини узатди. — Бу жуда катта воқеа.
— Шунга битта коньяк қўймоқчимисан? — деди Пўлат телеграммани қайта ўқир экан. — Қизғончиқлигингни энди билишим. Ҳаммамизга биттадан қўясан.

Сайёра кулди.
— Мен ҳеч ишонмасдим.
— Даданг бўлгани учун шундай, — деди Пўлат, — Турсунали ака катта олим. Тўғрими, Абу!

Улар ҳазиллашиб Абдуллани шундай аташарди.
— Тўғри, — деди Абдулла ҳамон ҳаяжонини босолмай. — Академик... Зўр-а? Жаранглашини қара! Академик...
— Абу! — деди Сайёра унга ўгирилиб. — Сен ҳам бўласан. Мен буни биламан.
— Мен ҳам, — деди Пўлат. — Баҳс бойлашим мумкин, ўн йилдан кейин Абу академик бўлади. Эй академик, эшитяпсанми? Ўн йилдан кейин.
— Ҳазилингни қўй, — деди Абдулла, лекин уларнинг шундай дейишганига ичида қувонди.

Нега ҳам бўлмасин? Ахир шунга интиляпти-ку?! Лекин қиёмат, Турсунали ака академик! Бундан ҳам катта бахт бўлиши мумкинми? Нима қилаётган экан ҳозир? Институтдамикин? Уйдамикин? Қаерда бўлмасин, ҳамма унинг олдига келяпти, табриклаяпти... У бўлса секингина жилмайиб: «Раҳмат, раҳмат» деяётгандир... Абдулла бир дақиқа ўзини унинг ўрнида қиёс қилди. Мана креслода ўтирибди. Кресло катта, қизил духоба қопланган, ўтирсанг, чўкиб кетасан, юмшоқ... Худди Сайёраларникидек... Бирин-кетин одамлар келишяпти. Ҳамманинг юзида табассум, лекин олайиб қараётганлар ҳам йўқ эмас. Абдулла ҳамма билан илиқ сўрашади, олайганлар билан ҳам. Чунки улар энди нима ҳам қила оларди. У умрбод академик! Ана, Ҳусанхон ака келяпти. Икки қўли кўксида, юзида кулги. У оёқ учида юриб унинг олдига келиб эгилади.
— Абдуллажон, табриклайман, чин кўнгилдан табриклайман. — Унинг овози худди Инъом билан гаплашгандагидек майин, титроқ. — Бир вақтлар озгина бўлса ҳам сизни ўқитганим билан фахрланаман. Эргаш акам... Э, э, Ғафуржон акам қалайлар? Саломатликлари дурустми? Бир зиёрат қилиб келсам, қандай бўлар экан? Вақтлари бўлармикин қабул қилгани?

Абдулла «йўқ» дегандай бошини қимирлатади.
— Биламан, биламан, — дейди шошиб Ҳусанхон ака. — Энди у кишининг ишлари кўп. Меҳмон-излом дегандай... Ишқилиб омон бўлсинлар. Айтиб қўйсангиз, ўзларини уринтирмасалар...

Ҳа... Агар шундай бўлса, ажойиб бўларди. Академик!.. Ҳаётнинг, орзунинг чўққиси бу.
— Ньютон янги формула ихтиро қиляпти! — деди Пўлат.

Сайёра кулиб юборди.
—Нима? — англамай сўради Абдулла.
— Ҳаёл суриб кетганингга ҳазил қиляпти, — деди Сайёра.
— А... Чиндан ҳам ҳаёл суриб кетибман, — деди Абдулла бирон нарса дейиш учун.
— Нимани, Абу? — сўради Сайёра.
— Коньякми, коньяк-ку бор... Закускаси-чи?
— Бир нарса топилар, — деди Пўлат.
— Йўқ, академикликни «бир нарса» билан ювиб бўлмайди.
— Нима таклиф қилмоқчисан?
— Нима дейсанми? — Абдулла қошларини чимирди. Унинг чеҳраси очилиб кетган эди. Ахир шунга интиляпти-ку, албатта шундай бўлади, ҳамманинг унга ҳаваси келади. — Балиқ! Полякча пиширилган осетра. Лимон билан.
— Вуй! Зўр! — деб юборди Сайёра.
— Зўр ҳам гапми? — деди Абдулла ўз ҳаёлига берилиб. — Қиёмат!
— Қани, чопдик! — Сайёра уларни судраб кетди. — Кассаси ёпилиб қолмасин тағин.

Учалови йўловчиларни ҳайрон қолдириб, югуриб кетишди. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас улар «Ракета»да ўтиришарди. Сайёра ўртада. Пўлат билан Абдулла уни қўлтиқлаб олишган эди.

Саройда балиқ топилмади. Бор эди, лекин улар истаган балиқ эмас. Боғни айланиб шаҳарга қайтганда овқатланишга қарор қилишди. Сайёра йигитларни марказий фонтан томон бошлаб кетди. Унга бу ер, айниқса Самсон атрофида жоду кўзларини кўкка тикиб ҳаёлга чўмган сув парилари жуда ёқарди. Қачон саройга келмасин, албатта шу улуғвор ҳайкаллар сув отиб турган фонтанни томоша қилмасдан кетмасди.

Абдулла Сайёранинг жавобини кутмай, уни сургаб кетди.
— Мен-чи?
— Юр-юр!
— Сен тўғри айтдинг, Абу! — деди Сайёра арғамчида ўтириб атрофга тикилар экан. — Балки сўнгги марта келишимиздир. Менга бу ер жуда ёқиб қолган эди.
— Ачинма. Бизнинг ишимиз шундайки... — деди Пўлат, — ҳар йили келиб турамиз...
— Лекин иш билан келамиз...

Сайёранинг бу гапи йигитларни ўйлатиб қўйди. Иш... чиндан ҳам яқинда иш бошланади. Саккиз ой қолди. Саккиз ойлик ёшлик, саккиз ойлик шўхлик. Кейин бу давр ҳеч қайтиб келмайди.
— Қизиқ, — деди Пўлат. — Студентлик яхшимикин, ё иш?
— Менга қолса, умрбод студент бўлардим, — деди Сайёра.
— Унда сендан нима фойда?
— Битта ёмон математик камаярди. Дурустроқ ишлашимга кўзим етмаяпти. Сен билан Абу бошқа гап.
— Абуни гапирма, — деди Пўлат. — У ишлаш учун яратилган одам. Ростини айтсам, менинг ҳам уч-тўрт йил ўқигим бор. Афсуски, бу мумкин эмас.
— Ҳаммамиз ҳам яхши ишлаймиз, — деди арғимчоқ тебратиш билан овора бўлиб турган Абдулла. — Биз ҳали ишлаганимиз йўқ. Шунинг учун студентлик яхши кўриняпти. Ишга тушганда, иш яхши кўринади.
—Лекин Сайёра, сени ҳеч реактор ёнида тасаввур қилолмаяпман. Сен кўпроқ врачга ўхшайсан.
— Мединститутга кирайми? Абдулла кулиб юборди.
— Йўқ. Биз бирга ишлаймиз. Шундай ишлаймизки...
— Класс бўлади, класс! — деди Пўлат.
— Тағин қандай класс!..

Шаҳарга қайтишганда Абдулланинг таклифи билан «Астория»га киришди. Бу қадимий ресторан ва унинг қимматбаҳо менюси анчадан бери унинг димоғини қитиқлаб юрарди. Подшо Николай II ни эслатувчи швейцар чол уларга честь бериб, эпчиллик билан Сайёранинг қўлидан плашни олди.
— Қирол қироличани кутиб оляпти! — ҳазил қилди Пўлат.

Улар иккинчи қаватга кўтарилишди. Деразалари оғир духоба дарпардалар билан тўсилган ресторанда тантанавор жимжитлик ҳукмрон эди. Онда-сонда қўшни залдан қадаҳларнинг енгил жаранги эшитилиб қоларди. Ёшлар проспектга қараган дераза тагига ўтиришди.
— Ҳа... — деди Пўлат хўрсиниб. — Ўзимизнинг ошхона бундан тузук эди.

Сайёра пиқ этиб кулиб юборди.
— Бир кун барибир кирасан шунақа ресторанга, — деди Абдулла. — Ўрганиш керак.

Капалак нусха галстук таққан официант меню узатди. Сайёра уни варақлаб, ҳар хил нарсаларни буюрар экан, Пўлат унинг тирсагидан тортиб:
— Ўзингни бос, ўзингни бос, — дерди.

Улар жуда яхши ўтиришди. Икки рюмкадан сўнг Пўлатга бу ҳашаматли ресторан худди студентлар ошхонасидек оддийгина бўлиб кўрина бошлади.
— Қизиқ, — дерди икки гапнинг бирида у. — Нега илгари ҳеч кирмаганмиз бу ерга? Жуда тинч экан-ку!
— Қани, кўтардик, — деди Абдулла янгитдан рюмкаларни тўлдириб.
— Нима учун? — сўради қизариб кетган Сайёра.
— Ҳаммамизнинг академик бўлишимиз учун! Абдулла бу гапни чиндан айтдими, ё ҳазил қилдими, билиб бўлмасди, лекин жуда кулгили чиқди.

Улар туришганда, шишада ҳали анчагина коньяк бор эди.
— Нима қиламиз? — сўради Пўлат ва аланглаб атрофга қаради. Ресторан деярли бўш эди. Фақат бурчак-бурчакларда, чет элликлар бўлса керак, ярим овозда гаплашиб ўтиришарди.
— Битта ҳам бадавлат студент кўринмайди. Оҳ! — деди Пўлат бармоғини бигиз қилиб, пешанасига қадар экан. — Топдим. Қиролича! Агар шу, сизнинг муборак қўлингиз теккан шаробни қирол олий ҳазратларига ҳадя қилсак, нима дейсиз?
— Олармикан? Туриши жуда ваҳима-ку? — деди Сайёра.
— Йўлини топамиз.

Пастга тушишганда Пўлат шишани швейцар чолга узатди.
— Бобай, агар биз қайтмасак, бизнинг соғлиғимизга ичишингиз мумкин.

Швейцар эътиборсизлик билан шишани олиб, бир чайқатди. Кўнгли тўлди шекилли, прилавка устига қўйиб, пошналарини зарб билан тақиллатди-да, честь берди.
— Ташаккур, — деди Пўлат.

Соат ўн иккидан ошган, лекин тун кирганга ўхшамасди. Шаҳарнинг сутдек оппоқ кечаси ўз ҳаётини бошлаб, бор гўзаллигини кўз-кўз қилиб турарди.
— Бирпас айланамиз-а? — деди Сайёра яна шерикларини қўлтиқлаб.
— Фақат менсиз, — деди Пўлат.
— Нега? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Қироличани аяб кўпроқ тортганга ўхшайман.
— Айлансак, тарқаб кетади. Кейин уйда чой ичамиз, — деди Сайёра.

Пўлат рози бўлди. Улар Невский проспекти бўйлаб битта-битта юриб кетишди. Одам сийраклигини эътиборга олмаганда, шаҳарнинг тун қўйнидалигини билиб бўлмасди. Трамвай юрарди, машиналар «ғиз-ғиз» ўтиб гурарди. Ҳеч қаерда тун белгиси бўлган фонарь ҳам милтиллаб кўринмасди. Ҳаммаёқ ёп-ёруғ, ҳамма нарса уйғоқ.

Сайёра Пўлат билан Абдулланинг қўлларида осилиб борар экан, кўзларини уйларнинг жимжимадор пештоқларидан, кўкўпар биноларни елкаларида кўтариб турган паҳлавонлардан, баланд арклардаги хомуш нигохларини ерга қадаган фаришталардан узолмасди. У шуларни кўрганидан, тўрт йил шулар билан бирга яшаганидан мамнун эди, лекин яқинда хайрлашади, оз қолди, лекин хайрлашади. У буни истамасди. У бутунлай шу шаҳарда яшашни истарди, шунинг учун кўнглининг қаеридир ғаш эди.
— Ниманг гўзал сенинг, шимол гўзали? — у эсига тушган бир шеърни ўқий бошлади:

Ниманг гўзал сенинг, шимол гўзали?
Ойдин тунларингми, баҳмал денгизинг?

Абдулла уни давом эттирди:

Ниманг гўзал сенинг, шимол гўзали?
Сенинг боғларингми, ёкут юлдузинг?
Сенда улгайдим мен, сенда англадим
Инсон деган номни, ҳаёт бешиги...

Кейин нима эди?

Пўлат «пиқ», этиб кулди-да, давом эттирди:
— Сенда Эйнштейн бўламан дедим,

Сенда ланг очилди илм эшиги...
— Ҳазил-ҳазил-у, — деди Сайёра, — менинг кайфим бузилиб кетди. Биз энди ёш эмасмиз... Ҳеч миямга сиғмаяпти.
— Менинг миям ёрилиб кетай деяпти, — деди Пўлат. — Уйга борайлик?..
— Юринглар.

Улар ётоқхонага келишди. Лифтни чақиришаётганда вахтёр кампир Сайёрадан сўради:
— Боя жуда севиниб кетдинг?
— Отаси академик бўлди, — жавоб берди Пўлат.
— Илгари ким эди? Абдулла кулиб юборди.
— Илгари доктор эди.
— Доктор? — ҳайрон бўлиб сўради кампир. — Нима, академик доктордан яхшими? Мен бир докторни биламан, жуда яхши одам, юракни операция қилади. Иннайкейин...

Лифт кўтарилди. Бешинчи қаватга чиқишганда Пўлат тўхтади.
— Ҳа, чой ичмайсанми? — сўради Абдулла.
— Бу одатни иккаловингларга ҳавола қиламан. Уйқу босяпти.

У тушиб кетди. Абдулла билан ёлғиз қолиб, негадир бу сафар Сайёра ўзини ноқулай сезди.
— Мазанг йўқми? — сўради Абдулла.
— Йўқ, яхши, — деди Сайёра. Овози ҳам негадир бўғиқ чиқди.
— Ҳурсандмисан?
— Нимадан? — тушунмади Сайёра.
— Дадангдан.
— Албатта. Лекин шундай бўлади деб ўйламаган эдим.
— Мен билардим. Тўғрироғи, шундай бўлишига ишонардим. Бу жуда катта бахт. Камдан-кам одам бунга етишади.
— Сен бундан мустасно.
— Нега?
— Сени яхши биламан, — деди Сайёра унинг қўлидан ушлаб. — Сен етишасан.
— Кулма.
— Кулаётганим йўқ. Сендан кулмайман.
— Ростданми?
— Нега ёлғон бўлар экан?

Абдулла миннатдор қиёфада жилмайди ва унга узоқ тикилиб қолди.
— Мен ҳозир! — деди Сайёра, плашини диванга улоқтириб. — Аччиқ бўлсинми?
— Ўзинг биласан.
— Демак, аччиқ.

Сайёра чинни чойнак билан чой қутини кўтариб, чиқиб кетди. Абдулла дераза ёнига борди. Форточкани очди. Барибир уй совимади. Костюмини ечиб, стулга илаётганда кўйлагининг кўкрагидаги тугма ширт этиб узилиб кетди. Абдулла тугмани олиб, столга қўйди-да, диванга ўтирди. Шу пайт Сайёра қайтиб кирди.
— Ҳозир бўлади, — деди у ва столнинг устини йиғиштира бошлади. Шунда кўзи тугмага тушиб қодди.
— Бу қаердан пайдо бўлиб қолди? — деди у ҳайрон бўлиб.
— Кечирасан, меники, — деди Абдулла. — Узилиб кетди.
— Айтмайсанми? — ҳафа бўлди Сайёра. — Ҳозир қадаб қўяман.
— Қўявер, ўзим...
— Нега мен эмас?..

Сайёра шундай деб, шкафнинг тортмасини титкилай бошлади.

«Яхши қиз, — ўйлади Абдулла нозик қоматига кўз тикиб. — Чиройли, иннайкейин, академикнинг қизи. Жуда бахтли бўлса керак». У Сайёра билан биринчи марта учрашганини эслади. Ўшанда ҳам у худди шундай чиройли, чаққон, хушмуомала эди. Бироқ ўшанда Абдулла ундан уяларди. Энди-чи? Энди улар деярли тенг. Тенгми? Йўқ, тенг эмас. Унинг ҳамма нарсаси бор. У нима истаса шуни қилиши мумкин. Унга уйланган йигит жуда бахтли бўлади. Унинг яна бир яхши одати шуки, ўзининг мавқеи билан ғурурланмайди, эсга ҳам солмайди. Ҳа... Унга уйланган одам бахтли бўлади. Оиласи ҳам яхши. Турсунали аканинг ундан бошқа ҳеч кими йўқ. Онаси ҳам уни еру кўкка ишонмайди. Қизиқ, нега у ҳеч ким билан юрмайди? Наҳотки ҳеч кимни яхши кўрмаса.
— Сайёра...
— Нима? Оқ ипни қаерга қўйибман, тополмаяпман.
— Қўявер. Ўзим тикиб оламан. Сайёра...
— Эшитяпман.
— Сени... сени эрга тегяпти, деб эшитдим. Ростми? Сайёра кулди.
— Ким экан ўша мен тегадиган эр?
— Ўзинг билсанг керак?
— Ўша одам бунисини ҳам айтмабди-да... Топдим. Сайёра Абдулланинг ёнига ўтириб, игнага ип ўтказа бошлади.
— Айтмади, — деди Абдулла унинг очиқ тиззаларига тикилиб. — Тўйга-чи, тўйга айтасанми?
— Агар бўлса... Қаери узилди?
— Албатта бўлади. Мана, — Абдулла унга яқинроқ сурилиб, кўкрагини тутди.
— Ишонасанми шунга?
— Нега ишонмас эканман? Бу ҳар бир кишининг бошида бор.
— Фақат менинг эмас.
— Нега?
— Менинг ҳеч кимим йўқ, — Сайёра хомуш бўлиб қўлларини туширди. — Менинг ҳеч кимим йўқ...
— Ишонмайман, — Абдулла шундай деб, унинг тиззасига қўлини қўйди. — Сен... сен чиройлисан.
— Бу қуруқ гап.
— Йўқ, ростдан. Жуда чиройлисан,
— Сен-чи? Сенга ёқаманми мен?

Сайёра унга секин кўз қирини ташлади. Абдулла нима дейишини билмай қолди. Ёқадими Сайёра унга? Бу ҳақда у ўйламаган эди. Ҳа, ёқади, албатта ёқади. Шундай қиз нега ёқмасин? Нега шуни илгари билмаган эди?
— Ҳа, — деди ҳаяжон билан у. — Мен-чи? Мен сенга ёқаманми?

Сайёра жилмайди.
— Кел, қадаб қўяй.

У шошиб Абдулланинг ёқасиии ечди. Унинг юзи қип-қизариб кетган, энтикиб-энтикиб нафас оларди. Абдулла ҳам қизариб кетган эди. Кўкрагини тутиб қимир этмай турар экан, Сайёранинг сочлари энгагига тегиб, бутун баданини жимирлатарди, ёқимли ҳиди димоғига уриларди.

Тугмани қадаб бўлиб, ипни тишлаб узиш учун Сайёра эгилди. Шу тоб унинг иссиқ юзи Абдулланинг очиқ кўкрагига тегди. Абдулла ўзини тутиб ололмади. Уни қучоқлаб, бўйнидан, қулоғидан ўпа бошлади. Сайёра бошини кўтармади, оғирлигини унга ташлаганича, бир дақиқа унинг қучоғида ётиб қолди. Коридорда нимадир тарақлаб кетди.
— Вой, чойнак! — деди ўзига келиб Сайёра ва сакраб ўрнидан туриб эшикка отилди.

Абдулла ҳаяжонини босолмай, жойидан қимирламади. Уни янги ҳаёт, янги орзулар қувончи қамраб олган эди. У ҳеч маҳал шундай бўлишига ишонмаган, хатто ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Сайёра унинг учун шу кунгача чиқиб бўлмайдиган қоянинг устида эди. Бугун эса, бугун у шу қояга чиқди. «Ҳа, — деди у ичида ўзидан мамнун бўлиб. — Мен ниятимга етаман, ҳамманинг менга ҳаваси келади!».

Иккига бўлинган чойнакни кўтариб, Сайёра кирди. У айбдор қиёфада жилмайди.
— Бу яхши. Бу бахтдан нишона. Руслар шундай дейди,

У ўрнидан туриб Сайёранинг олдига борди. Чойнак бўлакларини қўлидан олиб, столга қўйди-да:
— Ишонасанми шунга? — деди. Сайёра бошини қимирлатди ва сўради:
— Бошқа дамлайми?
— Йўқ, — деди Абдулла ва уни қўлларидан ушлаб ўзига тортди.

XVI

«Мингбулоқ» жамоасининг идорасида мажлис кетарди. Бу одатдаги мажлислардан бўлмай, унга қишлоқнинг барча қизиққан кишилари чақирилган эди. Чамаси икки юз киши сиғадиган, «клуб» деб аталмиш шифтининг қамишлари чиқиб ётган зал одамларга тўлгач, Нурмат ака Самадга имо қилиб, «бошла», деди. Самад саҳнанинг ўртасида турган столга яқинлашди. Уч хил баланд-паст бинонинг макетига бир қараб қўйиб, залга мурожаат қилди.
— Ўртоқлар, бугун мажлисимизда битта масала кўрилади. У ҳам бўлса қишлоғимизнинг келажаги.

Мингбулоқ йигирма-ўттиз йил оддин қандай бўлса, ҳозир ҳам деярли шундай турибди. Мана ўзингиз ўтирган хўжалик идораси. Урушдан аввал ҳам шу бино идора эди. Ҳозир ҳам. Ташқаридан қараган одамнинг кўнгли озади. Қишлоқдаги бошқа уйлар, қинғир-қийшиқ кўчалар-чи? Энди шундай лой томли, пастак уйларда яшаш уят. Агар пулимиз бўлмаганда бошқа гап эди. Мен яна қайтариб айтаман, пулимиз ҳозир янги қишлоқ қурилишини бошлашга етади, Мана, кўз олдингларда янги Мингбулоқнинг тахминий макети, — Самад макетни қийшайтириб залдагиларга кўрсатиб чикди. — Бу макетни ўзимизнинг ёш меъмор, Юсуф акамизнинг қизлари Гулчеҳра ясаган. Қурилишни ҳам унинг ўзи бошқаради. Раҳбарият шунга қарор қилди.

Залда қарсак кўтарилди.
— Умрингдан барака топ! — деган овозлар эшитилди.
— Ҳозир, — гапни давом эттирди Самад, — сўзни Гулчеҳрага берсак. Янги Мингбулоқнинг қандай бўлишини яхшилаб тушунтириб берса, кейин муҳокамага қўйсак? Қаршилик йўқми?
— Йўқ.
— Эшитайлик!
— Бўлмаса сўз Гулчеҳра Саидовага!

Нурмат ака билан отасининг ўртасида ўтирган Гулчеҳра уялиб ўрнидан турди ва «гапираверайми?» дегандек, раисга қаради.
— Бемалол. Кўнглингдаги борини гапир, — деди Нурмат ака.

Гулчеҳра макет ёнига келди. У уйда мажлисга тай-ёрланар экан, гапни нимадан бошлашни ва нима билан тугатишини ҳам ўйлаб қўйган эди. Лекин ҳозир уига кўзларини тикиб турган одамларга қараб ўзини йўқотиб қўйди. Ҳатто ичида: «Худо, ўзинг шарманда қилмагинда», деб юборди. Нимадан бошлаш керак? Кундузи Самад билан учрашганда ҳаммасини келишиб олган, нима дейишини аниқ биларди. Ҳозир эса ҳамма гап ҳаёлидан кўтарилиб кетди.

Зал тўлқинлана бошлади. Кимдир йўталиб ҳам кўйди. Гулчеҳра гапини ўйлаб, бирма-бир залдагиларга қараб чиқар экан, дераза токчасида ўтирган Алишерга кўзи тушиб қолди. Алишер унинг қийналиб турганини кўриб, «гапираверинг, нимадан чўчийсиз?» дегандек кўзини қисиб қўйди. Гулчеҳрага бу далда бўлди. Укасидан кўз узмай, секин гапини бошлади.
— Бу макет менинг диплом ишим бўлади. Ўртоқларим катта-катта биноларнинг, бутун районларнинг макетларини чизишяпти. Мен ўз қишлоғимни танладим. Кўпдан бери Мингбулоқнинг янги қиёфасини кўришни, чанг, тор кўчалар, ертўлаларни эслатувчи уйлар ўрнида кенг кўчалар, чиройли иморатларни орзу қилардим. Шу орзумни мана шу макетга туширдим. Бу макет, албатта, мукаммал эмас, хато, камчиликлари кўп, бунинг устига менинг биринчи мустақил ишим...

Гулчеҳра тўхтаб қолди. У ҳаяжонлана бошлаганидан гапини йўқотиб қўйган эди.
— Гапиравер, қизим, қулоғимиз сенда, — деди бир чол биринчи қатордан.
— Камчилиги бўлса, қўрқма. Ҳашарга чақирсанг, тузатамиз! — қичқирди орқада кимдир.
— Камчиликсиз иш бор эканми! Гапиравер! — уни қувватлади яна кимдир.

Гулчеҳра укасига қаради. Алишер икки кўзини унга тикиб, жилмайиб турарди.
— Қани бўла қол, қизим! — деди Нурмат ака унга далда бериб.
— Янги Мингбулоқ қандай бўлиши керак? — давом этди ўзини тутиб олиб Гулчеҳра. — Мана бу макетда унинг бир қисми кўрсатилган. Мана бу тўрт каватли бино хўжаликники. Биз Нурмат ака билан келишиб, уни маданият саройи деб атадик. Ҳозир ҳеч қандай қишлоқни шундай маданият саройисиз тасаввур қилиб бўлмайди, ёшлар кўп. Кечқурун улар доим дам оладиган, билимларини оширадиган, кино, концерт, театр кўрадиган бир жой бўлиши керак. Макетдаги бино ана шунақа жой бўлади.
— Қачон? — қичқирди кимдир.
— Уч-тўрт йил ичида, — жавоб берди Гулчеҳра. — Маданият саройи орқасига канал тушади. Кейинчалик бориб бу ер қишлоқ марказига айланади. Унинг олдидан катта кўча ўтади. Бу кўча бир томондан Қўқон, иккинчи томондан Олтиариқ билан туташиб кетади. Маданият саройининг ўнг томонида, мана кўряпсизлар, хўжаликнинг янги идораси. Бу икки қаватли бино қурилиши ҳам шу йиллар ичида ишга тушади. Чап томондаги тепаси айвонлик манави бино «Мингбулоқ» меҳмонхонаси. Шундай қилиб, қишлоқ марказида мана шу учта катта бино бўлиб, уларнинг ўртаси фонтанли боғ бўлади. Бу боғ каналгача чўзилиб келади.
— Менда савол бор? — деди залнинг ўртасидан бир мўйсафид туриб.
— Тўхтанг, ота! Гапини тамомласин!
— Гапини кейин гапираверади. Ҳозир сўрамасам, эсимдан чиқиб қолади.
— Майли, сўранг, — деди Гулчеҳра, — нима дейсиз, ота?
— Айтаётганларингнинг ҳаммаси яхши, болам. Шу иморатларнинг ҳаммаси керак. Лекин сен менга бошқа нарсани айт. Бизнинг уйлар нима бўлади? Кеча неварам гап топиб келди. «Нима дейсиз, бува, Мингбулоқ бузилармиш, кўп қаватли уйда турармишмиз!» «Тўхта, — дедим, — бу нима деган гап? Туппа-тузук уйимиз бўлсинда, ҳамма бир-бирининг устига мингашиб яшасин? Бу бўлмаган гап. Қайси бир йили Тошкентга тушганимда, мени бир жойга жаназага олиб боришди. Уйга одам сиғмади, жаназани кўчада ўқидик. Бу ҳам майли. Товутни арқон билан деразадан туширилганини айтмайсанми? Мен Мингбулоқда ҳам шундай бўлишини истамайман. Ўзбекка бир парча ер керак. Ўзбекка битта бўлса ҳам дарахт кўкариб турган жой керак. Ҳожатхонага чиқса ҳам ҳовлига чиқсин-да, ўзбек. Нима дединглар?
— Тўғри, ота, тўғри!
— Бор экансиз-ку, Қобилжон ака! — деган овозлар янгради.
— Қобилжон ака, — деди Самад, — шунча гапингиз бор экан, кейинроқ гапирсангиз бўлар эди.
— Э, болам, эсимдан чиқиб қолади, деяпман-ку! Хўш, қизим, қани айт-чи, неварам ҳақми? Ростдан шунақа уй қурасанми?
— Ҳозир, ҳозир, ота, — деди унинг гапларини кулиб туриб эшитган Гулчеҳра. — Мен ҳам сиз қандай ўйласангиз, шундай ўйлайман. Ҳозир жавоб бераман. Шундай қилиб, шу учта бино тушадиган жой қишлоқ маркази бўлади. Унинг атрофида тўрт томонга тўртта кўча тушади. Кўчаларнинг атрофларига турар жой бинолари қурилади. Мана бу ерда шу турар жой биноларининг иккита макети бор. Бу, албатта, тахминий макет. Кўряпсизларми, кўчага қараган тўрт ойнали уй, унинг орқаси ҳовли. Ҳовлининг жамоа ерига жойлашган жойи қатор ҳужра... Мингбулоқда кўп қаватли турар жой бинолари қуриб бўлмайди. Ҳозирча мана шу уйлар кифоя. Қобилжон ота, мана қаранг, бу уйлар шундай бўлади: олди айвон, уч хона, бир даҳлиз. Ё бўлмаса, тўрт хона, бир даҳлиз. Кўчага эса, хоҳланг эшик, хохланг дарвоза қуринг.
— Қобилжон акага дарвоза керак. Тобут эшикдан чиқмаса, нима қилади?

Залда кулги кўтарилди.
— Шундай қилиб, — гапини якунлади Гулчеҳра, — макетда асосан қишлоқнинг маркази кўрсатилган. Шунинг ўзи ҳам анча йилга чўзиладиган иш.

Гулчеҳра жойига бориб ўтирди. Нурмат ака, маъқул, дегандек унга қараб бошини қимирлатиб қўйди.
— Яша, — деди Юсуф ака. — Гапга ҳам тузук экансан-ку?

Гулчеҳра жилмайди.
— Хўш, қани, кимда савол бор? — Самад столга қалам уриб залга мурожаат қилди.
— Менда бор! — деди иккинчи қатордан гавдали бир аёл кўтарилиб. — Янги қишлокда ясли бўладими? Нега бу ҳакда индамайсизлар? Ё болани орқамизга тутиб ишлайверамизми?
— Бўлади! — деди Нурмат ака жойида туриб. — Биринчи навбатда олтмиш кишилик ясли қурамиз. Бу режага кирмаган. Чунки яслининг қурилиши шу йилиёқ бошланади.
— Кўнглингиз тўлдими, Каромат опа?
— Манави бошқа гап.
— Яна қандай савол бор?
— Менда!

Алишернинг ёнида турган бир бола қўлини кўтарди.
— Нима дейсан?
— Маданият саройи битганда, ҳар куни кино бўладими, ё ҳозиргидек уч-тўрт ойда бирми?
— Кунига икки маҳал. Яхшими? Бола илжайди.
— Яна кимда савол бор?
— Мен бир нарсага тушунмаяпман, — биринчи қаторда ўтирган мўйсафид ўрнидан турди. — Ундай бўлади, бундай бўлади, деяпсизлар! Яхши. Бўлсин. Идорани ҳам, томоша бинони ҳам жамоа хўжалиги қуради. Бунга аклим етиб турибди. Лекин турар жойларни ким қуради? Кимнинг пулига қуради? Шуни тушунтир.

Самад Нурмат акага «гапирасизми?» дегандай қараб қўйди. Нурмат ака макет ёнига келди.
— Гапингиз тўғри, Муқим ака. Жамоа хўжалиги ҳаммага текин иморат қуриб беролмайди. Лекин биз маслаҳатлашиб шундай бир фикрга келдик. Ўттиз-қирқ кишидан иборат қурилиш бригадаси тузсак. Шу бригада фақат уй қуриш билан шуғулланса.
— Пулни ким беради, пулни?
— Ҳозир, — Нурмат ака қўлини кўтарди. — Пулни кучи етганнинг ўзи беради. Кучи етмаганга хўжалик. Уч-тўрт йилда қарз узилиб кетади. Даромадидан босиб қолинади. Мана сизнинг ўзингизни олайлик. Ўзингиз ишлайсиз, ўғлингиз, келинингиз. Икки кишининг даромади хўжаликка сарф бўлса, биттангизники янги уйга кетади. Сизники кетадиган бўлса, бир йилдаёқ узиласиз. Қалай, маъқулми?
— Маъқул ҳам гапми? — деди мўйсафид. — Биринчи қилиб мени хатга тиркаб қўй. Уйга эгилиб киравериш жонимга тегди.

Кулги кўтарилди.
— Қани, кимда яна?
— Мумкинми?

Савол-жавоб алламаҳалгача давом этди. Гулчеҳра кичкина макет шунча гап-сўзга сабаб бўлишини кутмаган, ҳозир дадаси ва Самадлар билан уйига қайтар экан, ўзида йўқ шод эди. Ярим йўлга келишганда, Юсуф ака нимадир эсига тушиб, орқасига қайтди. «Аянгга айтиб қўй, дарров келаман», — деди-ю Нурмат акани ахтариб кетди. Гулчеҳра Самад билан ёлғиз қолди.
— Ҳурсандмисан энди? — сўради Самад.
— Жуда ҳам, — деди Гулчеҳра. — Бундай бўлади деб сира ўйламаган эдим.
— Мен ҳам. Одамлар яхши яшашни истаб қолишди. Энди, қорним тўйса бўлди, деган гап қолиб кетди.
— Лойдан ясаган қалъамиз эсингдами? — сўради Самад, унинг тирсагини ушлаб. — Тўрт дарвозали, икки қаватли қалъа... Лекин уни ўшанда кимдир бузиб юборган эди. Энди ҳеч ким бузмайди. Сенинг уйларинг билан энди одамларнинг ўзи қизиқиб қолишди.
— Ҳа, — деди Ҳаёлчан оҳангда Гулчеҳра.

Лой қалъа унинг хотиридан сира чиқмайди. Анча бўлди бунга. Иккинчими, учинчи синфда ўқирди ўшанда. Дарсдан кейин мол боқиб юриб, болалар ариқ лабида «ҳаммомпиш!» ўйнашди. Гулчеҳра ҳам ўйнади. Кейин, ўзи сезмай, лойдан нимадир ясай бошлади. Самад ҳам унга қўшилди. Гулчеҳра девор кўтарди, Самад унинг нима ясаётганини сезгандай қатор дарча очди. Кейин деворнинг тўрттала бурчагига минора қуришди. Минораларни қамиш билан бир-бирига улаб, тагига дарвоза ўрнатишди.
— Бу сенинг уйинг, — деди Гулчеҳра жиддий оҳангда қалъага тикилиб.

Бизнинг уйда дарвоза йўқ, — деди Самад.
— Катта бўлганингда қуриб оласан.

Болалар қалъа устига яна нима куришни ўйлаб, узоқ туриб қолишди. Лекин ҳеч нарса топишолмади. Кеч кирди. Болалар тарқалишди. Гулчеҳра уйда ҳам қалъа устига нима ўрнатишни ўйлади. Ниҳоят топди. Эрталаб у ҳурсанд бўлиб, Самадларникига югурди. Иккалови шоша-пиша тўғон бошига келишди. Аммо кечаги тизза бўйи қад кўтариб турган қалъа бузилиб ётарди. Кимдир уни тепкилаб ер билан битта қилган эди. Ҳали яхши қуримаган лойда этик нағалларининг изи турарди.

Гулчеҳра йиғлаб юборди.
— Йиғлама, — деди Самад тишини тишига қўйиб. — Ўзим янгисини ясаб бераман.

У шундай ҳам қилди. Аввалгидан катта қалъа қурди. Лекин барибир Гулчеҳранинг алами анчагача босилмади.

Гулчеҳра шуни эслаб борар экан, миннатдорлик билан Самадга қараб қўйди. Ҳақиқий дўст шундай бўлади. Мана, Самад ҳозир ҳам уни қувватлаб келяпти, ундан ёрдамини аямаяпти.
— Биласанми, мен ҳали янги уй қурмоқчиман. Шийпонлик, дарвозалик...
— Ў, тўй яқинми?.. — сўради Гулчеҳра.
— Агар рози бўлса яқин, рози бўлмаса...
— Ким экан ўша рози бўлмайдиган? Мен биламанми?
— Ҳа, — деди секингина бош ирғатиб Самад.
— Ўзи нима дейди? Гаплашдингми?
— Йўқ. Гапираман дейману, тилим бормайди...
— Шунчалик уятчангмисан? Билмаган эканман.
— Гап уятчангликда эмас.
— Нимада?
— Биласанми, у шунақанги яхши одамки, ўзини шу қадар менга яқин тутадики, бу ҳакда оғиз очгани қўрқаман. Балки ҳафа қилиб қўярман, балки ёқмасман...
— Сен ёқмайдиган қиз ким экан? Мингбулокданми?
— Ҳа. Мингбулокдан. Бирга ўқиганман, бирга ишлаяпман...

Гулчеҳра қишлокдаги барча қизларни бир-бир кўз олдига келтириб чиқди, лекин биронтасини Самадга яқинлаштира олмади.
— Ким экан? — деди ниҳоят унинг ўзига мурожа-ат қилиб.
— Айтайми?
— Ҳа.
— Сен.

Гулчеҳра қизариб кетди. У бундай жавобни ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Бечора Самад!
— Ҳафа қилдимми? — сўради Самад хавотирланиб.
— Йўқ, йўқ, — Гулчеҳра тўхтаб қолди. — Лекин... Лекин мен... сен... йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас.
— Биламан, сенга Абдулла ёқади. Гулчеҳра ялт этиб унга қаради.
— Қаердан биласан? — сўради шошиб Гулчеҳра. «Наҳотки кўрган бўлса?». У шуни ўйлади-ю, толзор эсига тушди ва қўрқиб кетди.
— У келганда жуда бошқача бўлиб кетасан.
— Шуми? — Гулчеҳра енгил нафас олди.
— Шунинг ўзи ҳам катта гап.
— Тўғри мен уни... мен уни яхши кўраман.
— У-чи?
— У ҳам. Кўпдан бери.

Гулчеҳра шундай деди-ю, севиниб кетди. Абдулланинг бўлгани ва улар бир-бирини яхши кўргани қандай яхши! Яқинда учрашишади, оз қолди, кейин доим бирга бўлишади. Бундан ҳам катта бахт борми! Лекин, лекин бечора Самад... Унга қийин. Ўзи жуда яхши йигит. Балки бошқа бировни севиб қолар? Қишлокда яхши қизлар кўп. Нурмат аканинг қизи-чи? Бирам чиройли, бирам ёқимтой!
— Мени кечир, Самад, — деди Гулчеҳра уни юпатишга интилиб. — Ҳеч нарса деёлмайман.
— Йўқ, сен кечир. Гапирмасам бўлар эди. Шундай бўлишини кутган эдим, кечир... Хўп, мана уйингга ҳам етиб келдик.

Самад дарвоза қаршисида тўхтади. Гулчеҳра қўлини узатди.
— Хайр.
— Хайр, — Самад унинг қўлини омонатгина сиқиб, тез орқасига бурилди.
— Самад!
— Нима?
— Тўхта,— Гулчеҳра югуриб унинг олдига борди. — Мендан ҳафа бўлдингми?
— Йўқ, — Самад хомуш жилмайди. — Нега ҳафа бўлар эканман? Ёш бола эмасмиз. Хайр.

Лекин Гулчеҳра уни қўйиб юбормади.
— Барибир ўртоқ бўлиб қоламиз-а? Мен сени ўзимнинг энг яқин дўстим деб биламан.
— Мен ҳам. Хайр. Орамизда ҳеч қандай гап бўлгани йўқ деб ҳисоблайвер.

Боласиз одам боланинг қадрини билади. Кейин ўзининг меҳрибонлигини кўряпсанми? Сенларни кўрганда оёқларингга йиқилиб поёндоз бўламан дейди, — деган гаплари ҳам унга таъсир қилмасди. Лекин бир воқеа сабаб бўлиб, улар бир-бирларига яқин бўлиб кетдилар. Келганига бир йил бўлганда йиғим-терим олдидан Зумрад опа бир ҳафтага Олтиариққа бориб, акасини кўриб келмоқчи бўлди-да, Алишер билан йўлга отлана бошлади. Гулчеҳра укасини юборишни истамаса ҳам, отаси розилик бергани учун, индамади. Бир ҳафта билинмай ўтиб кетди. Қайтиб келишганда у укасини танимади. Оёғида янги туфли, эгнида ёқасига уқа тутилган кўйлак, жун матодан шим... Энг муҳими, ранги қип-қизил мағиздек.

Алишер уни кўриши билан «опа!» деб қучоғига отилди.
— Маза бўлди, опа! Роса ўйнадим. Аямлар кейин шаҳарга олиб тушдилар. Кийимларимни қаранг.
— Муборак бўлсин. Мунча яхши! Ким олиб берди?
— Аямлар, — деди ғурур билан Алишер.
— Яхшими? — сўради уларга жилмайиб қараб турган Зумрад опа.
— Жудаям яхши, ая! — деб юборди тўлқинланиб Гулчеҳра ва уни маҳкам қучоқлади.

Зумрад опа йиғлаб юборди. У Гулчеҳрани бағрига босиб севинар, лекин кўзидан шашқатор оқаётган ёшларини тўхтата олмасди. Шу-шу уларнинг орасидан қил ўтмайдиган бўлиб кетди.

... Зумрад опа иссиқ ошни унинг олдига қўяр экан, сўради:
— Даданг қанилар?
— Ҳозир келиб қоладилар. Нимадир эсларига тушиб, Нурмат акани қидириб кетдилар.
— Яхши бўлди де-а?
— Жуда ҳам. Нурмат ака, ўзинг бош бўлиб қурдирасан, деяптилар. Лекин ҳали бунга анча бор. Ҳали институтда нима дейишади, билмайман.
— Айтгандай, — деди ўрнидан туриб Зумрад опа. — Сенга телеграмма келди.
— Қани? — шошиб сўради Гулчеҳра Абдулладан деб ўйлаб.
— Мана, олиб қўйибман.

Зумрад опа деразага қистирилган қоғозни олиб, унга узатди. Гулчеҳра апил-тапил қўлларини артиб, телеграммани ўқий бошлади. Ўқиб бўлиб, аввал ҳайрон бўлди. Кейин янгитдан ўқиб чиқди ва бирдан ҳоҳолаб кулиб юборди.
— Ҳа, нима экан? — сўради Зумрад рпа.

Гулчеҳра ўзини кулгидан тўхтата олмай, жавоб ўрнига телеграммани узатди. Унда шундай ёзилган эди: «Ҳурматли ўртоқ Саидова! «Ёшлик» комплекс биносининг жюри аъзолари сизнинг лойиҳангиз билан танишиб чиқди. Жюри сизга шу лойиҳа учун биринчи мукофот берилишини лойиқ топди... Конкурс шартига мувофиқ, келгуси йилда бошланадиган қурилишда сиз иштирок этишингиз керак. Сизни қизиқтирган барча масалалар билан қуйидаги манзилга мурожаат қилинг: Шаҳар лойиҳа институти».

Гулчеҳра қувончининг чеки йўқ эди. У энди архитектор! Унинг лойиҳасини қабул қилишди! Мукофот беришди.
— Нега гапирмайсан? Менга ҳам айт! — деди Зумрад опа.

Гулчеҳра уни қучоқлаб чўлпиллатиб юзидан ўпар экан, телеграмманинг мазмунини айтиб берди.
— Нима, энди кетиб қоласанми?
— Ҳозир эмас. Чақиришганда. Иннайкейин, тез қайтаман. Ярим йилча-да, ая! Бу жуда катта гап! Ишонмайсизми?
— Ишонаман. Нега ишонмас эканман. Майли, омон бўл ишқилиб.

Гулчеҳра телеграммани юзига суртиб ўпа бошлади. Орзусига энди етди у! Жуда тез етди! Самад эшитса-чи, ўзи ҳурсанд бўлади. Дадаси-чи? У ҳам. Ҳамма ҳурсанд бўлади. Дарҳол Абдуллага ёзиши керак. Қандай севиниб кетар экан эшитиб?! У шундай ҳаёл билан овқати ҳам чала қолиб, ўз хонасига югуриб кириб кетди.

«Абдулла, — деб бошлади у хатни. — Икки кун бўлгани йўқ сизга хат ёзганимга. Лекин яна ёзгим келди. Бугун шодлигимнинг чегараси йўқ. Мингбулоқ макети қабул қилинди! Шундан бошим осмонга етиб, уйга келганимда яна бир қувончли хабарнинг устидан чиқдим. «Ёшлик» комплекс меҳмонхонаси учун юборган лойиҳам биринчи мукофот олибди. Ҳозир қўлимда шу телеграмма-ку, севинчимни ичимга сиғдиролмай сизга ёзаяпман. Ҳурсандмисиз? Сиз яхши кўрган қиз ақлли чиқиб қолди. Лекин унинг ютуқлардан боши айланмайди. У сизга ўхшашга, ҳамма нарсага жиддий, сокин қарашга ҳаракат қилади ва сизни соғиниб кутади. Сиз келганда мен Тошкентда бўларман. Чунки қурилишда менинг иштирок қилишим шарт экан. Жюри шундай ёзибди. Шу билан хатим тамом. Дадам келяптилар!..

Хатингизни интизорлик билан кутувчи Сизни соғинган

Гулчеҳра».

XVII

Абдулла икки ўт орасига тушиб қолган эди. Лекин шундай бўлганидан ҳафа эмас эди. Сайёра оддий қиз эмас. У билан ўз ҳаётини боғлаган одам кўп нарсага етишиши мумкин. Абдулла эса шундай боғланишнинг бўсағасида турибди. У ўзининг Сайёра билан бўладиган турмушини тасаввур қилар экан, беихтиёр чеҳрасига табассум югурарди. Уч йил аспирантура, уч йил докторликка тайёргарлик, кейин биронта йирик илмий-текшириш институтига раҳбарлик... Бу ҳаммаси бўладиган гаплар. Албатта бу даражага унинг ўзи ҳам мустақил равишда эришиши мумкин. Лекин қачон? Неча йилда? Бунинг устига ҳаётда ҳар бир нарса юз бериши мумкин. Унинг эътибордан четда қолиб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Сайёра билан бўлганда-чи? У бутунлай бошқа гап. Турсунали ака обрўли одам, у ҳеч маҳал қараб турмайди. Қўлидан келганича унга ёрдам беради, йўл кўрсатади. Ҳар ҳолда бегона эмас, оддийгина шогирд эмас, куёв! Яккаю ягона қизининг умр йўлдоши! Умр йўлдоши... Қизиқ, шундай бўлармикин? Нега ҳам бўлмасин? Сайёра сўнгги пайтларда унга жуда бошқача қарайдиган бўлиб қолди. Илгари ҳам у ўзи эътиборли эди. Лекин Абдулла иккалови ўртасида бундай яқинлик юз беришини кутмаган эди. Албатта, биринчи марта кўрганидаёқ шу фикр ҳаёлидан ўтган. Лекин бу фақатгина ҳаёл, шу важдан ичида қолиб кетган эди. Уни юзага чиқаришга ботинолмай юрарди. Бунинг устига Гулчеҳра... Гулчеҳра... яхши қиз, чиройли, унга ёқади. Агар Сайёра билан бунчалик бўлиб кетмаганда, албатта, ҳеч иккиланмасди. Ҳаммаси ўша келишганларидек бўларди. Энди-чи? Энди ҳамма нарса чувалашиб кетди. Бу яхши эмас. Одам деган бир сўзлик бўлади. Кўрнамаклик қилмайди. Лекин нега Гулчеҳра бунчалик бўшлик қилди? Қизлар ўзи шунақа бўлармикан? Жуда ҳам бўшлик қилди. Агар рози бўлмаганда Абдулланинг жаҳли чиқмасди. Албатта озгина ҳафа бўларди, лекин озгина, холос. Ҳозир буни ўйлаб ўтирмасди. Унинг ўзига ҳам, Абдуллага ҳам яхши бўларди. Типпа-тинч, худди бир-бирларини билмагандек бўлиб кетишарди. Энди-чи? Энди ёмон, ҳарҳолда шундай яқинлиқдан сўнг, шунча ваъдадан сўнг алдаш, хиёнат қилиш яхши одамнинг иши эмас. Иннайкейин, Гулчеҳра уни яхши кўради. Бироқ у билан турмуш қурса нима бўлади? Уни нима кутади? Абдулла буни тасаввур қилишга уриниб кўрди, лекин ўзининг болохонали уйидан бошқа ҳеч нарсани кўз олдига келтира олмади. «Ўзим аҳмоқман, ўзим! — ўйларди у. — Нега шошилдим? Шусиз куним ўтмасмиди?» Лекин у Мингбулоқда ўтказган кунларини эслаб, ўзини оқларди, бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди. У чиндан ҳам Гулчеҳрани севиб қолган, усиз яшай олмаслигига қаттиқ ишонган эди. Мингбулоқда, албатта яхши бўлган эди. Тунги сайиллар, ширин орзулар, Гулчеҳранинг майин қўллари, қўнғироқдек овози, ажойиб гаплари!.. Уни севмасдан бўлармиди? У билан ўша ерда бир дақиқа бирга бўлган; унинг олов кўзларига тикилиб, овозини эшитган одам бир умрга ўзини бахтли ҳисобласа бўларди.

Абдулла шу пайтгача ўзини шундай ҳисоблаб келарди. Унинг назарида, шу пайтгача ундан шод, ундан бахтли одам йўқ эди. Ўқишлари яхши, келажаги порлоқ, уни севадиган одам бор. Тағин қандай одам. Тенги йўқ гўзал, тенги йўқ мулойим одам! У Гулчеҳранинг севиб қолишини жуда истаган эди. Агар шундай бўлмаганда ўзини жуда бахтсиз, руҳан эзилган ҳис қиларди. У болалигидан шунга ўрганган эди. Агар уни кимдир уришадиган бўлса, ёмон кўз билан қарайдиган бўлса, тинчлиги бузиларди, ўзини аламдан қаёққа қўйишини, нима қилишини билмай қоларди. Ахир мактабда ўқиб юрган пайтлари Ҳусанхон акани шунинг учун ёмон кўриб қолмаганмиди?! Болаликда ойиси... Мактабни тамомлаганда эса Гулчеҳра. Шуларсиз у ўз ҳаётини тасаввур қилолмасди. Албатта Гулчеҳра бўлмаса, у барибир бошқа бир одам топарди. Ким бўлмасин, унга меҳр қўйган биронта одам бўлиш керак эди. Афсуски, шундай одам Гулчеҳра бўлиб чикди. Энди нима қилади? Бу мушкул аҳволдан қандай қутулади? У Гулчеҳрага ҳам, Сайёрага ҳам, ҳеч кимга ёмон кўринишни истамасди. Ўзи ёмон одам бўлганда бошқа гап эди. Ёмон эмас. Ҳарҳолда уни ҳурмат қилишади, у билан ҳисоблашишади, институтнинг энг олди студентларидан бири.

Ҳеч кимга у ёмонлик қилгани йўқ, ёмонлик қилишни ўйламайди ҳам. Одам ўз ҳаётининг яхши бўлишини истаса, яхши турмуш кечиргиси келса — бунинг нимаси ёмон? Албатта, Гулчеҳра билан ўша воқеа юз бермаганда, иш кўнгилдагидек бўларди. Ҳеч нарсани ўйламасди. Гулчеҳра, кечиринг, мен адашган эканман, биз бир-биримизга тўғри келмаймиз, мен билан бўлсангиз ҳаётингиз бузилиши мумкин, деб хат ёзарди. Шу билан тамом. Ҳозир бундай хат ёзиб бўлмайди, уларнинг алоқалари жуда чуқурлашиб кетди. Тавба, одам ҳам шунчалик қийин аҳволга тушиб қоладими?! Бироқ нимаси қийин? Биттасини танлаш керак. Кимни? Абдулла Гулчеҳра ҳақида қанчалик ўйлашга, унинг томонига оғишга ҳаракат қилмасин, кўз олдидан Сайёра кетмас эди. Кичкинагина, нозик, қийиқ кўзлари доим шўх кулиб туради. Ундан воз кечиш мумкинми? Отасининг қўлида иккалови бирга ишлашса, бир хонада ўтиришса, бир мажлисга қатнашишса! Воз кечса, унинг кўзига қандай қарайди? Турсунали акага кандай қарайди. Жаҳл устида унинг ҳаётини бузиб юбориши ҳам мумкин. Академик!

Бир куни Сайёра ҳазиллашиб унга отасининг «Абдулла билан алоқаларинг қалай? Тузукми?» деган хатини кўрсатди.

— Жавоб ёздингми? — сўради Абдулла.
— Ҳа, — Сайёра унга қошларини чимириб тикилди.
— Нима дединг?
— Уришиб қолдик. Ёмон йигит экан, — деб ёздим. Абдулла чўчиб кетди. Бу қиздан ҳар нарсани кутса бўлади. Айниб қолган бўлса-я?
— Ҳазил қилма.
— Нега ҳазил қилар эканман? Рост. Сен ёмонсан. Сен билан ёлғиз қолиб бўлмайди.

Абдулла уялиб кетди. Албатта у Гулчеҳрадан кейин ўзига эрк беришдан қўрқарди. Лекин шундай бўлса ҳам баъзан ўзини тиёлмасди. Шунинг учун бўлса керак, Сайёра кейинги пайтларда жуда камдан-кам, ўшанда ҳам кундуз кунлари уни ўз хонасига киритарди. Балки бу яхшидир, ўйларди шунда Гулчеҳрани эслаб Абдулла.
— Ростдан шундай ёздингми?

Абдулланинг ранги оқара бошлаганини кўрган Сайёра унга раҳми келиб, кулиб юборди.
— Йўқ. Сиз ўйлагандан ҳам яхши, деб ёздим. Маъқулми шу жавоб?
— Жуда ҳам, — Абдулла очилиб кетди.

Шундан бир ҳафта ўтганда у бирданига иккита хат олди. Биттаси Гулчеҳрадан, биттаси уйдан эди. Абдулла аввал Гулчеҳранинг хатини қўлига олди-ю, кейин айниди. Хат очмаса ҳам очилиб кетадигандек кўриниб, кайфини бузди. Секин столга қўйиб, устига китоб бостирди-да, отасининг хатини очди. Ғафуржон ака ҳол-аҳвол сўраб, унинг тинчлигини, аясининг соғ-лигини, ўзининг ҳам анча тузуклигини баён қилгандан сўнг, шундай ёзган эди:

«Кеча кечқурун Турсунали аканг келди. Анча гаплашиб ўтирдик. У сени сўради. Қизидан гапирди. Билишимча, Сайёра жуда яхши қиз бўлган эмиш. Бир-биринг билан анча тузукмишсанлар. Абдулла менга жуда ёқади. Тузуккина олим бўлиши мумкин, деди. Битиргандан сўнг, Сайёрани ҳам, уни ҳам ўз институтимга оламан, аспирантурага киритиб қўяман, деди. Аянг иккаламиз жуда ҳурсанд бўлдик. Бечора аянг озгина кўз ёши ҳам қилиб олди. Абдуллажон, ўғлим, кўпдан бери биз шуни орзу қилардик. Сенинг катта одам бўлишингни истардик. Англашимча, шу ниятимизга етаётганга ўхшаймиз. Ишқилиб соғ бўл.

Турсунали аканг кетганидан кейин аянг иккимиз кечаси билан ухламай сени ўйлаб, гаплашиб чиқдик. Агар Сайёра билан юлдузларинг тўғри келиб қолса, Турсунали аканг билан қуда бўлиш биз учун катта бахт бўларди. Назаримда Турсунали акангнинг ҳам шунга майли бор. Илтимосим шуки, кейинги хатингда шу ҳақда ҳам икки отз ўз фикрингни ёзиб юбор.

Салом билан отанг

Абдулла севиниб кетди. Демак, ҳамма нарса унинг Сайёра билан бўлишига қараб кетяпти. Демак, у Турсунали акага ёқади. У ўз институтига олади. Бу энди аниқ. Аспирантурада ўқийди. Бу ҳам аниқ. Ажойиб қиз, ажойиб оила. Яна нима керак? Ахир унинг ҳам худди ота-онасидек орзуси шу эмасми? Абдулла шу заҳотиёқ жавоб ёзмоқчи бўлиб қўлига ручка олди. Шу пайт кўзи китоб тагидан учи чиқиб турган қизил конвертга тушиб қолди. Нима ёзган экан? Яна «Соғиндим, тезроқ йил ўта қолсайди...» бўлса керак. У эринибгина конвертни йиртди. Хат жуда қисқа эди. Бу ўша биз билган хат бўлиб, Гулчеҳра ўз ютуқларини ёзган, севинчини у билан ўртоқ-лашган эди. Абдулла хатни ўқиб бўлиб ўйланиб қолди. У ҳеч қачон қисқа муддат ичида Гулчеҳранинг бунчалик катта ютуқларга эришишини кутмаган эди. Албатта, Гулчеҳра ғайратли, меҳнатсевар, ақлли қиз эди. Лекин бунчалик бўлиш!.. Унинг шу топда унга ғайирлиги келиб кетди ва айни вақтда у билан фахрланди. У енгилтак, оддий бир қиз билан юрмаган экан. Уни яхши кўрган қиз жуда талантли экан! Гулчеҳра! Гулчеҳра!.. Нима қилиш керак? Шундай қиздан воз кечиб бўладими?!

Абдулла қўлидаги ручкани улоқтириб юборди. Йўқ, у ёзмайди, ҳеч нарса ёзмайди. Қандай ёзади, нима деб ёзади? Тавба, бунчалик ҳам қийноқ бўладими одамга? Нима қилиш керак? Биронта одам билан маслаҳат қилсинми? Лекин ким билан? Кейин, нима деб маслаҳат сўрайди? Йўқ, бу масалада унга ҳеч ким маслаҳат беролмайди. Маслаҳат сўрашнинг ўзи уят. Ундан роса кулишлари мумкин. Кулишса ҳам майли, уни ҳақорат қилишлари мумкин. Ахир бировнинг мол-мулки, амалига қараб муҳаббат қўйиб бўладими? Бу шармандалик-ку! У нима деган одам бўлади? Обрўси қоладими ўшанда? Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин. Ким айтувди унга бу гапни? Қачон эшитган эди? Ҳа, бунга анча бўлди. Тоғаси айтган эди. Мактабни битириб, Мингбулоққа борганида шундай деган эди. Нега шундай деди? Наҳотки Абдулла ўшанда биронта номаъқул гап айтиб қўйди? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. У ҳеч маҳал дилидагини тилига чиқармаган. Ҳа, бўлди. Отаси ҳақида гапира туриб, шундай деган эди.

«Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин...» Йўқ, у Гулчеҳрани ташламайди. Айниқса, энди. Энди Гулчеҳра унга ҳаммадан ҳам яқин, азиз бўлиши керак. Уни ташлаш хиёнат ва у — Абдулла бундай хиёнатга қодир эмас. Гулчеҳра билан ҳам у ниятларига етиши мум кин. Мана, ҳеч кимнинг кўмагисиз, шундай катта шаҳарда, мураккаб институтда ўқиди. Яхши ўқиди. Ҳатто курс иши босилиб чикди. Диплом иши ҳам шундай бўлиши мумкин. Шундай қилади, жавоб ёзмайди, Тошкентга қайтганда эса отасига ётиғи билан тушунтиради ва Гулчеҳрага уйланади... У тушунадиган одам. Кейин, Гулчеҳра билан у эмас, Абдулла туради. Аяси ҳам қаршилик қилмайди.

Бироқ бундай ҳаёллар ҳам Абдулланинг кўнглини кўтармади. Озгина тинчитди, лекин кўнглини ёриштирмади. У каравотда чўзилиб, Гулчеҳранинг хатини қайтадан ўқий бошлади. «Сиз қайтганингизда балки Тошкентда бўларман. Қурилишга иштирок этишингиз керак, дейишяпти...» «Тошкентда бўларман...» — ўйлади Абдулла ва унинг шаҳарда юрганини кўз олдига келтирди. Мана у Сайилгоҳ кўчасида кетяпти. Эгнида шоҳи атлас кўйлак, оёғида оппоқ туфли. Ҳамманинг кўзи унда. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, Гулчеҳра жуда чиройли. Мана, у универмаг ёнидан ўтди. Шу топ... Сайёра билан уни кўриб қолди! Йўқ, бундай бўлмайди. Абдулла ҳеч кимни, на Сайёрани, на уни алдайди.

Эшик тақиллади.
— Ким?
— Мумкинми?
— Ҳа, сенмисан, — деди Абдулла ётган жойида. — Кел.
— Нима қилиб ётибсан? — деди Пўлат хонага кириб.
— Ўзим шундай... Ўзинг-чи? Бекорга ўхшайсан?
— Ҳозир кутубхонадан келдим. Ишим юришмаяпти назаримда.

Пўлат Абдулланинг ёнига ўтириб, тиззасига мушт урди.
— Нега?
— Мана биз юряпмиз. Ҳар бир қадамимиз қандайдир бир физик ҳодиса. Каптар учди, олма шохидан узилиб тушди. Булар ҳам физик ҳодиса. Хуллас, ҳамма ҳодиса ва улар асосида пайдо бўлган назарияларнинг тафаккурга алоқаси бор. Бу тушунарли.

Лекин конкрет математик масалаларни ечишда диаматнинг роли қандай? Биламан, масаланинг моҳиятини ечишда у сўзсиз катта ёрдам беради. Лекин бу энди математика эмас, физика олами. Квантли механика ва фалсафа, Эйнштейн нисбат назарияси ва фалсафа... Сен бу ҳақда ҳеч ўйлаганмидинг?
— Кўп марта.
— Хўш, фикринг қандай?

Абдулла қийнаб турган саволлардан қутулиш учун Пўлатга жавоб бера бошлади.
— Диамат, албатта математик масалаларни ечиш йўлларини кўрсатиб беролмайди. Лекин илмий қидиришларни усиз тасаввур қилиш ҳам қийин. Фалсафани ўрганмасдан, илмий ҳақиқатларга етиб бўлмайди... Агар ҳамма нарса ўсиш, ривожланишга эга эканлигини Эйнштейн билмаганда, унинг нисбат назарияси ҳам пайдо бўлмасди.
— Сен академик Александров нима деган бўлса, шуни қайтаряпсан.
— Агар тўғри бўлса, нега қайтармас эканман?
— Чунки дипломнинг кичкина бир бобига буни сиғдириб бўлмайди. Менга битта конкрет мисол керак. Раҳбарим бўлса, ўзингиз топинг, деяпти.
— Бир оз бош қотирсанг топасан. Яхшиси, менга қара, — Абдулла ўрнидан турди. — Озгина ичайлик. Ул-булинг борми?
— Ҳеч нарса. Бой бўлсанг олиб келишинг мумкин. Дўкон шундай тагимизда.
— Майли.

Абдулла чўнтакларини титкилаб, пул олди-да, ўртоғига узатди.
— Йўқ бўлиб кетма тағин.
— Ракета бўламан, ракета, — Пўлат чопганича пастга тушиб кетди.

«Озгина бошни шамоллатиш керак, ғовлаб кетди, — ўйлади Абдулла ва киноя билан кулиб қўйди. — Аҳволинг оғир, азизим, аҳволинг оғир... Пўлатнинг иши маза. Дипломдан бошқа нарсани билмайди, шундан бошқа ғами йўқ. Дипломи ҳам ўзи тайёр бўлиши керак. Бироқ у енгил-елпи иш қилмайди. Секин қилса ҳам пухта иш қилади. Афтидан миясида бир фикр ўралашиб юрибди. Ҳаммасини билади, айёр. Лекин ўзини текшириб кўрмоқчи. Балки шундай қилган яхшидир? У ҳам секин ўзини тилга олмасдан, маслаҳат қилиб кўрсинми?»
— Мана, биз ҳам тайёр! — деди ҳансираб Пўлат хонага кирар экан. — Озгина закуска ҳам олдим.
— Пўлат, — деди Абдулла бир рюмкадан сўнг.
— Нима?
— Агар сени жарнинг ёқасига олиб келиб, танла: ё ҳаёт, ё ўлим? — дейишса, нимани танлар эдинг?
— Бемаъни саволингни қўй.
— Йўқ, айтгин.
— Албатта ҳаётни танлар эдим.
— Ёлғон гапирдинг. Мен ҳазил қилаётганим йўқ.
— Нимани танлар эдимми?
— Ҳа.
— Қайси бири яхши бўлса, шуни.
— Сенинг учун нима яхши?
— Менинг учун ҳаёт қолиб, ўликдек яшаганимдан ўлиб ҳаёт бўлишим яхши. Ҳа, бу фалсафий масалалар сени нега ўйлатиб қўйди?

Абдулла жавоб бермади. Пўлатнинг шундай жавоб беришини у биларди. Бошқалар ҳам шундай. Лекин у-чи? У ҳам шундай жавоб берармиди? Албатта. Йўқ, у Гулчеҳрани ташлаб кетмайди! Ҳеч қачон! Ҳеч қачон!
— Қуй!
— Тинчликми?

Лекин Абдулла жавоб беришга улгурмади. Эшик қаттиқ очилиб, ҳар галгидек шўх кулги билан Сайёра кириб келди.
— Болла, мени табриклашинглар мумкин!
— Ҳа?
— Дипломимни машинкага бердим.
— Урра! — деди қарсак чалиб Пўлат. — Яна «Астория»га борар эканмиз-да?
— Марҳамат!
— Борамизми, Абдулла? — Пўлат ўртоғини туртди. Абдулланинг боргиси йўқ эди, лекин унга илтижо билан тикилиб турган Сайёрага кўзи тушди-ю, йўқ деёлмади.
— Майли, — деди ва шу ондаёқ «шундан ажраламанми? Қандай яхши қиз! — деган фикр Ҳаёлидан ўтди.
— Аввал менга бир нарсани айтинглар! — деди Сайёра мамнун бўлиб. — Нима сабабдан ичиб ўтирибсизлар, тағин менсиз?
— Манави бўлса сабаб топилади, — деди Пўлат шишага ишора қилиб. — Ўзимиз, шундай. Абдулланинг ортиқча пули бор экан.
— Яна гонорарми?
— Йўқ, қолгани, — деди Абдулла. — Озгина ичасанми?
— Ароқданми? Пуф! Йўқ, — Сайёра афтини бужмайтирди.
— Хўп, кетдикми бўлмаса? — сўради Пўлат. — Қорним пиёзнинг пўсти бўлиб кетди.
— Шошма, кийиниб олай, — деди Сайёра.
— Оббо! Яна кутарканмиз-да!..
— Йўқ, тез тушаман.

Сайёра шошиб чиқиб кетди ва анчагача Абдулланинг қулоғи остида унинг «тақ-туқ, тақ-туқ» қилган енгил оёқ товушлари жаранглаб турди.
— Тавба! — деди Пўлат шишанинг оғзини беркитар экан. — Қироличамиз бўлмаганда нима қилар эдик? Мен ҳаммамизнинг яна бир жойда ишлашимиздан ҳурсандман. Сен-чи, Абу?
— Мен ҳам. Бироқ шундай бўлармикин?
— Нега бўлмасин?
— Атом реактори яқинда битади. Биттамиз ўша ёққа кетиб қолишимиз мумкин.
— Фақат мен эмас. Сайёра ҳам бормайди. Наҳотки сен?
— Билмадим. Агар юборишса, нима дейишим мумкин?
— Аспирантура нима бўлади? Ниятинг шу эди-ку?
— Ният бошқа, ҳаёт бошқа. Наҳотки шуни билмасанг!
— Қизиқ... — Пўлат елкаларини қисиб қўйди. Абдулланинг дарров ўзгариб қолгани уни қизиқтирса ҳам, ҳозир бу ҳақда ўйлагиси ва суриштиргиси келмасди. У тезроқ «Астория»га боришни истарди ва кўзини эшикдан узмасди. Ниҳоят Сайёранинг коридорда оёқ товушлари эшитила бошлади.
— Тушяпти. Юр.

Абдулла ўрнидан турди. «Шундай бўлгани яхши, — ўйларди у. — Реакторда ишлайман, булардан четда».

Улар «Астория»да анча ўтиришди. Кейин шаҳар айланишди. Ойдин кеча, гўзал шаҳар, Сайёра ва Пўлатнинг ҳазил-ҳузул гаплари унинг кўнглини кўтариб юборди.

Лекин ётоқхонага қайтиб, хонасига кирганда яна миясини минг хил фикр қоплаб олди.

Шу тариқа кунлар ўта бошлади. Абдулла Сайёра билан бўлганда, Пўлат билан учрашганда ҳамма нарсани деярли унутар, ёлғиз қолганда эса нима қилишини билмасди. У ўзини тўқайзор ичида адашиб қолган овчидек ҳис қиларди, бу тўқайнинг на боши бор, на охири, қаёққа юришни билмайсан киши. Шунинг учун отасининг саволига жавоб ёзмади. Гулчеҳрага эса, ўзини мажбур қилиб, ярим қоғозгина хат ёзди-да, ютуқлар билан табриклаган бўлди. Хатида Тошкентга унинг ниҳоят келадиган бўлганидан ҳурсандлигини ҳам билдирди.

Бир куни у кечқурун ётоққа қайтганида (у энди кўп вақтини кутубхонада ўтказарди) вахтёр кампир унга хат узатди. Хат Гулчеҳрадан эди. Яна соғинганини ёзган бўлса керак, ё бирон иши яна яхши чиққандир, деб ўйлаб, Абдулла шошмасдан хонасига кўтарилди. Ечиниб, каравотга ёнбошлади-да, хатни очди. Аммо уни ўқиб, юраги орқасига тортиб кетди. Хатда шундай дейилган эди:

«Салом, Абдулла!

Яна ёзяпман. Лекин бу гал хатим сизни қувонтирмайди, чунки жуда катта кўркув ва қайғу билан ёзяпман. Бошимга катта ташвиш тушди. Бу ташвишни ҳеч кимга айтолмайман. Сизга айтишга ҳам уяламан. Шунинг учун ҳам бир ойдан бери сизга хат ёзганим йўқ эди. Энди ёзмасдан иложим йўқ. Сиздан бошқа менинг энди кимим бор? Абдулла, сўнгги учрашувимиздан кейин бир ой ўтгач, менда ўзгариш юз берди. Тушуняпсизми? Бошқача ёзолмайман. Аввал, ҳечқиси йўқ, бир кун аввал, бир кун кейин, деб ўзимни тинчитдим. Иккинчи ойда ҳам шундай бўлди. Мана ҳозир учинчи ой кетяпти. Тахминим тўғри чиққанга ўхшайди. Нима қилишимни билмайман. Агар учинчи ой ҳам шундай бўлса, бунга эса бир ҳафта қолди, унда ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Тушундингизми, Абдулла? Биз катта гуноҳ қилиб қўйганга ўхшаймиз. Қишлоқда энди бошимни қандай кўтариб юраман? Сиз ёнимда бўлганингизда ҳам, бошқа гап эди, бунчалик қийналмас эдим. Бирор йўлини қидириб топардик. Врачга мурожаат қилгим келмаяпти. Уяламан. Кейин, бу ерда. Қўқонда дадамни билишади. Бошим қотди. Ҳеч нарса дилимга сиғмай қолди. Нима қиламиз энди?

Жавобингизни кутиб

Гулчеҳра».

Бу хат Абдуллани эсанкиратиб қўйди. Наҳотки, Гулчеҳра ҳомиладор бўлса? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. У йиғламоқдан бери бўлиб, хатни яна ўқиб чиқди. Ё тавба! Энди шу етишмай турган эди ўзи. Нима бўлади энди? Нима қилади? Абдулла хонанинг у бошидан-бу бошига юрар экан, кўз олдидан бу даҳшатнинг манзаралари бирма-бир ўта бошлади. Мана онаси... У бу хабарни эшитиб, кўзлари ғазабга тўлди. Бошини салмоқлаб тебратар экан:
— Ўғлим, сиздан буни кутмаган эдим. Юзимизни ерга қаратдингиз, — деди.

Мана, отаси. Унинг ранги сўлғин, қариб, қовоқлари осилиб кетди. У ҳеч нарса демади, у демайди. У кечириши мумкин. Мана, бувиси... Йўқ, бу кампир кечирмайди. Унинг қаҳри қаттиқ. У кечирмайди. Обид ака-чи? У ҳам майли. Ундан бир-икки гап эшитади. Лекин Турсунали ака?.. Мана бу даҳшат. У Абдуллани ҳар нарса қилиши мумкин. Унинг бир оғиз гапи, тамом, Абдуллани ер билан яксон қилади. Сайёра-чи? Мана, у бу шум хабарни эшитди. Абдулла энди у билан бўлиши мутлақо мумкин эмас. Келди, хонага кирди. Кўзларида ёш... Йўқ, у йиғламайди. У келади-да, унинг башарасига тупуриб, бир шапалоқ тортади. Шундай қилиши аниқ. Кейин нима бўлади? Йўқ, йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас. Балки Гулчеҳра ваҳима қилаётгандир? Ҳеч гап йўқдир? Кошки энди шундай бўлса! Балки шундай бўлар? Ҳеч маҳал унинг бошидан бундай воқеа ўтган эмас, билмасдан тахмин қилаётгандир? Бошқа бирон касалга чалингандир? Аёлларда нима кўп, касал кўп. Шундай бўлиши керак. Агар шундай бўлмаса, тамом, шармандалик!.. Кейин... кейин у қандай қилиб болалик хотинни уйига олиб киради? Йўқ, йўқ, Гулчеҳра ваҳима қиляпти. У ўзи шунақа, тез ҳурсанд бўлади, тез ҳафа бўлади. Адашган, бошқа бирор касалга йўлиққану, шундай деб гумон қиляпти. Иннайкейин, ўзи ҳам аниқ ёзмаган, гумон қиляпман, деган...

Абдулла шундай ўйлаб, бир оз тинчиди, лекин бу тинчлик вақтинчалик тинчлик эди.

XVIII

Гулчеҳра тошойнадан кўз узмай ўтирарди. Аясига «Ҳозир кийиниб чиқаман», деб ўз хонасига кириб кетганича қайтиб чиқмади. Бурчакдаги бўйи шифтга тегиб турган ойнага тикилди-ю, жойида туриб қодди. Назарида ранги сўнган, кўз остилари билинар-билинмас қорайган эди. Бунинг нимаданлигини у биларди, уйқусизлик, йиғи, турли хил- кўнгилии ғаш қилувчи ўйлар... Аммо лаблари нега мунча қалинлашиб кетди? Бу нимадан? Наҳотки ҳомиладорлик белгиси бўлса? Гулчеҳра шуни ўйлади-ю, чўчиб кетди. Агар шундай бўлса, аяси ҳам сезгандир? У беихтиёр қорнини ушлади. Аммо ҳеч нарса пайқамади. Кўйлагини сидириб орқасига тортди-да, ойнага қаради. Тўлишган кўкраклари ҳам, кичкина қорни ҳам аввалгидек ўзгаришсиз эди. Бундан кўнгли бир оз таскин топган бўлса ҳам, ғашлиги тарқамади. Бўшашиб курсига ўтирди-да, яна ойнага тикилди. Бироқ ойнада у сўлғин юзларини ҳам, қуюқ, чимирилган қошларини ҳам, ҳеч нарсани кўрмасди. Ҳаёли бир нарса билан банд эди. Нима қилиш керак? Нима қилса, бу фалокатдан қутулади? Ўз аҳволи фақат ўзи учун эмас, отаси учун ҳам, бутун қишлоқ учун ҳам катта фалокат бўлиб бораётганига у аллақачон ишонган эди. Ундан қутулиш энди фақат ўзига боғлиқ, ўзининг қўлида. Абдулладан дарак йўқ. Йигирма кундан ошди хат ёзганига, жавоб келмади. Нима бўлдийкин? Ё йўқмикин? Йўқ бўлса хати қайтиб келарди. Йигирма кун ичида йигирма марта почтага борди, охири уялиб, Алишерни юборадиган бўлди. Дараги иўқ. Энди ортиқ кутиб бўлмайди. Буни Гулчеҳра яхши биларди. Аммо нима қилиш кераклигини, кимга мурожаат қилиши кераклигини тасаввур қилолмасди.
— Опа!

Гулчеҳра чўчиб тушди.

Деразадан Алишернинг боши кўринди.
— Чойингиз совуб қолди!
— Ҳозир, — Гулчеҳра ўрнидан турди. — Дадамлар шу ердамилар?
— Кеттила.
— Ҳозир чиқаман, — Гулчеҳра енгил тортиб хўрсинди.

Алишер кетгач, нима кийишини билмай, шифонер олдида туриб қолди. Илгарилар яхши кўрадиган тор кўйлакларидан кийишга уялиб, Зумрад опа тикиб берган, лекин ҳали ҳеч киймаган хонатлас кўйлагини танлади. Апил-тапил кийиб, ойнага қаради. Кўйлак унга жуда ярашган эди. Ойнада ўз аксини кўрди-ю, қувониб кетди. Назарида кўзларидан сўлғинлик йўқолган, ранги ҳам тоза, ҳеч қандай кўкарган, қорайган жойи йўқ эди, «Ваҳима қилибманми?» — ўйлади у, кейин тилини чиқариб аксини мазах қилган бўлди-да, шошиб ҳовлига тушди.
— Мунча ҳаялладинг? — сўради айвонда ўтирган Зумрад опа.
— Нима кийишимни билмадим, кейин шуни кийдим, — деди кўйлагига ишора қилиб айвонга кўтарилар экан.
— Буюрсин, ярашибди. — Зумрад опа ҳавас билан унга тикилди. — Тўлишибсан-да, бир оз кенгроқ эди, энди яхши.

Гулчеҳра лабини тишлади. «Наҳотки билса?!» — яшин тезлигида ҳаёлидан ўтди. Ҳозиргина чеҳрасини ёритиб турган вақтинчалик шодлик зумда йўқолди. Бўшашибгина аясининг рўпарасига ўтирди.
— Қайдам, — деди кўйлак этакларини тиззаси устига тортар экан.
— Қиз боланинг ҳусни ҳам тилида, ҳам дилида, дейишади, — деди Зумрад опа унга чой узата туриб, — Мен, этида ҳам дейман. Қуруқ суякка кийим ярашармиди?!

Гулчеҳра енгил тортди. Ўзича миннатдорлик билан ер остидан аясига қаради.
— Сиз ҳам тузуксиз, ая.
— Менинг тузуклигим қаёққа борарди, аянгиз... аянгизни жуда кўҳлик аёл эди, дейишади.

Гулчеҳра нима дейишини билмай қоди. У сира бу ҳакда ўйламаган, дадаси янги уйланганида ҳам дилида норозилигига қарамай, аяси билан Зумрад опани таққослаштирмаган эди. Зотан, унга буни кераги ҳам йўқ эди. Зумрад опанинг яхши аёллиги уни ҳурсанд қилган, уни ўз аясидек яхши кўриб қолган эди. Наҳотки марҳумага рашк қилаётган бўлса? Ё дадаси бирон нарса дедимикин? Қариндошлар ҳафа қилдимикин? Ҳарҳолда кейингиси тўғрироқ бўлса керак, рашкдан нима фойда? Гулчеҳра шундай ўйлаб, уни юпатмоқчи бўлди.
— Аямлар чиройли эдилар. Лекин ўзлари буни билмасдилар. Мен ҳам билмасдим. Мен учун улар ая эдилар. Сиз ҳам шундай. Мен учун ҳам, Алишер учун ҳам аясиз.
— Раҳмат.
— Биров бир нарса дедими, ая?
— Йўқ, — Зумрад опа янги чой қуйиб узатди. — Ол. Йўқ, ҳеч ким ҳеч нарса демади.
— Бўлмаса, қўйинг, ҳафа бўлманг.
— Ҳафа бўлмайман. Энди бутун умрим сизлар билан. Ишқилиб омон бўлинглар.

Гулчеҳра яна нима деб уни юпатишни билмай, ўрнидан турди.
— Тушликка келасанми? — сўради Зумрад опа у ҳовлига тушганда. — Аччиққина шўрва қилиб тураман. Келгин.
— Келаман, ая! Ҳафа бўлманг, хўпми? Зумрад опа жилмайган бўлиб, унга қаради. Гулчеҳра кўча эшикка етганда, Зумрад опани нима эзганини тушунди. Эшик олдида деворга суёқлиқ ўймакор оқ панжара билан катта қора мармар тош турарди. Тошга: Саодат Саидова, 1924—1960 деб ёзиб қўйилган эди. Бу ёдгорликларни кўриб Гулчеҳранинг ўзи эзилиб кетди. Унутган эканми, ё ўйламаган эканми, онаси жуда ёш экан. Эндигина ўттиз олтига кирган экан! Нимадир томоғини бўғди. «Ая! Аяжон!» — деб қичқиргиси келди, аммо тишини тишига қўйиб ўзини босди. Ўзи-ку, майли, лекин уйда ёлғиз қолаётган бечора аёлнинг дардига дард қўшиб нима қилади? Юрагидан қуйилиб келаётган йиғисини тўхтатишга интилиб у кўчага отилди.

Гулчеҳра шошиб Абдулланинг манзилини ёзди, кейин, ўйланиб қолди. Хатни олган бўлса-чи? Ахир шу пайтгача олиб юрарди, ҳеч хато бўлмасди. Нега жим бўлмаса? Наҳотки у... наҳотки ундан воз кечган бўлса?!

Гулчеҳранинг бутун вужуди муз бўлиб кетди. Йўқ, йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Бундай бўлмайди! Абдулла уни ташламайди, хат келади, бугун-эрта келади. Шунда бутун ташвишлари унут бўлади!

Гулчеҳра ўрнидан туриб кетди, манзил ёзилган бланкани ғижимлаганича эшикка йўл олди.
— Ҳа, опа, ёзмайсизми? — сўради почтачи қиз. Гулчеҳра тўхтади.
— Кейин... балки хат келиб қолар...

У шундай деб эшикка чикди. Ҳа, келади, келиши керак... Лекин эртасига ҳам келмади.

Гулчеҳра энди ўз кулфати билан ёлғиз қолганига аниқ ишонди. Бундай пайтларда одам тинчроқ, холироқ жой қидириб қолади. Ёлғиз бўлгиси келади. Гулчеҳра ёлғизликка ёлғиз эди-ю, лекин холи жойга муҳтож эмас эди. Абдулла ҳар келганида унга шундай жойларни кўрсатардики, туғилиб-ўсган ўз қишлоғида шундай жойлар борлигини ҳаёлига ҳам келтирмас эди.

Гулчеҳра идорада ишлари бўлса ҳам толзор томон йўл олди.

Кўприкка яқинлашганда, рўпарасидан «ГАЗ-69» машинаси чиқиб қолди. Рулда Нурмат ака, ёнида Самад. Раис Гулчеҳрани кўриб, машинани тўхтатди.
— Ҳа, йўл бўлсин?
— Шу ёққа ўтиб келай... — Гулчеҳра ўзини қанчалик сокин тутишга интилмасин, овози қалтираб кетди.

Раис буни сезди шекилли, машинадан тушиб, унинг ёнига келди.
— Тинчликми? Хомуш кўринасан?

Гулчеҳра бош қимирлатди, лекин хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Нурмат ака унинг йиғисини ўзича тушуниб, қўлини елкасига қўйди:
— Биламан. Сенларга қийин бўлди. Онанг раҳматли яхши одам эди. Лекин нима қилардик, ўлим ҳар кимнинг бошида бор. Қалай, янги аянг яхшими? Даданг яхши дейди. Ростдан яхшими? Ё ҳафа қиляптими?
— Йўқ, — деди бўғилиб Гулчеҳра, — яхши, худди аямларга ўхшайди.
— Ана! — раис ўзича ҳурсанд бўлиб қўйди. — ёмон одамни уйингга олиб келармидик? Эрта-индин аянг қабрини тузатиб қўямиз. Ригадан тош буюртириб келдик. Кўрдингми?

Гулчеҳра «ҳа» дея бош қимирлатди. Унинг ҳаёли ҳозир мутлақо бошқа нарсада бўлса ҳам, ўз дарди билан овора бўлса ҳам раиснинг гаплари унга ёққан, уни овутгандек эди.
— Даданг сендан жуда ҳурсанд. Мен ҳам ҳурсандман, ўзимиздан ажойиб архитектор чиқиб қолди. Сен энди ишингни ўйла. Баҳорда қурилишни бошлаб юборамиз. Планинг ҳаммаси маъқул. Шундай ишларни қилиб қўйибсан-у, ёш боладек йиғлайсан-а! Қани, менга қарачи?

Гулчеҳра зўраки жилмайиб Нурмат акага қаради.
— Баракалла! Йиғи қаритади, йиғлама. Келишдикми?

Гулчеҳра бошини қимирлатди.
— Гап бундай бўпти!

Раис машинага ўтириб, Самадга нимадир деди. Иккалови кулишди. Нима деганини Гулчеҳра эшитмади, лекин яхши гаплигини сезди. Машина кўздан ғойиб бўлгунча жойидан қимирламади, кейин битта-битта қадам ташлаб, канал ёқалаб кетди.

XIX

Абдулланинг аҳволи ҳам Гулчеҳраникидан яхши эмас эди. Аммо ичини ит тирнаса ҳам, сиртдан анча тинч кўринарди. Шу вақтинчалик тинчлик таъсирида у дипломини ёқлади. Унинг ишини яхши қабул қилишди. Кафедра мудири — профессор Марков, ҳатто давлат имтиҳонларини топширгандан сўнг институтда кафедра қошида қолишни таклиф этди. Албатта булар Абдуллани чексиз ҳурсанд қилар, орзулари ушалаётганига ишончини оширарди. Лекин кеч кириб, ўз хонасида ёлғиз қолдими, у бутунлай ўзгарарди-қўярди. Шу кунгача эришган ютуқлари тушдек, ўзи эса даҳшатли бир спектаклда роль ўйнаётгандек кўринарди. Ҳаёлида аллақачонлар аниқ тасаввур қилиб қўйган келажак уни ҳурсанд қилмас, аксинча, чўчитарди. Шу чўчиш, ҳамон давом этиб келаётган иккиланиш билан бир ой ўтиб кетди, Гулчеҳранинг хатига у ҳали ҳам жавоб қайтармади. Жавоб қайтариш зарурлигини, Гулчеҳра унинг ҳар бир сўзига мунтазир бўлиб турганини яхши биларди. Лекин нима деб ёзишини билмайди. Бунинг устига, вақт ўтган сари, ўзининг Гулчеҳрага бўлган муҳаббатини ўйлаган сари Сайёрага ҳаваси ортиб борарди. Қандай ажойиб қиз! У билан гаплашиб, гапига тўймайсан. Шўх, эркин, чеҳрасидан кулги аримайди. У билан ёнма-ён юриш, у билан бўлиш қандай бахт! Иннайкейин, уларнинг бирга бўлишларини ота-онаси ҳам истаяпти, Турсунали ака ҳам. Турсунали акага, шундай катта олимга куёв бўлиш ҳазил гап эмас!

Лекин Гулчеҳра билан бўлса нима бўлади? Ахир уни яхши кўрарди-ку? У билан нима, ҳаёти бузиладими? Йўқ, бузилмайди. Аксинча, Гулчеҳра ундан умрбод миннатдор бўлиб яшайди. Кейин, у ақлли. Яхшигина архитектор бўлиши мумкин. Лекин, албатта, Тошкентда яшашолмайди. Сайёра билан алоқалари бузилгандан кейин Тошкентда у бирон нарсага эриша олармиди?! Турсунали ака шунча гап-сўздан кейин уни тинч қўймайди. Турсунали ака олдида эса у бир хас. Пуф деса учиб кетади. Шу ерда яшашади. Кафедрада иш таклиф қилишяпти-ку унга. Шу ерда ишлайди, шу ерда диссертациясини ёқлайди. Гулчеҳрага ҳам биронта иш топилиб қолади. Архитектор ҳамма ерда керак.

Аммо ота-онаси бунга нима дейди? Шунча умид билан ўқитиб одам қилганда, энди роҳатини кўрамиз деганда, уларни ташлаб кетадими? Улар шунга кўнадими?

Бир куни кечқурун у жуда қийналиб кетди, ётоғида ўтиролмади. Шариллаб ёмғир қуяётганига қарамай, плашини кийиб, пастга тушди. Кўчада одам сийрак эди. Қаёққа боришини билмай, Мойка томон йўл олди. Илиқ ёз ёмғири ҳаш-паш дегунча юз-кўзини ҳўл қилди.

Сочлари орасидан сизиб бўйнига тушди. Абдулла плашининг ёқаларини кўтариб канал ёқалаб юриб кетди. Доимо қора бахмалдек ялтираб турадиган канал суви ҳозир лойқа эди. Шу ерларда у Сайёра билан кўп сайр қилган, сувга тикилиб ўз аксини томоша қилган... Сира эсидан чиқмайди. Бир куни яланғоч отлиқлар ҳайкали ёнида панжарага суяниб туришганда Сайёра қўлида ўйнаб турган помадасини сувга тушириб юборди. Абдулла сувдаги ўз аксларига тикилиб турган эди. Улар бир-икки тебраниб ажралди, кейин анчагача қўшилиб турди-да, сув тингач, ўз ҳолатига кирди.
— Ўхшар эканмизми? — деди Сайёра унга ғалати қараб.
— Ҳамма шундай деяпти.
— Ўзингчи?
— Мен аллақачон буни сезганман, — Абдулла шундай деб унинг қўлларини ушлади.
— Демак, биз ака-ука эканмизда?

Сайёра кўзларини айёрона сузиб Абдулланинг аксига тикилди.
— Мен ундан ҳам қалинроқ бўлишни истардим. Сайёра индамади. Чўнтагидан бир нечта танга олиб, сувга отди.
— Ана! — деди ёш боладек чапак чалиб. — Яна қўшилиб кетишди.
— Доим шундай бўлса-чи? — Абдулла ҳазиллашган бўлиб дилидаги гапни айтди.
— Ёқмай кетсин! — Сайёра шундай деб Абдулланинг бурнини чертди, лекин унинг шўх чеҳрасидан розилиги, шундай бўлишини истаётганлиги сезилиб турарди.

Абдулла шуни эслаб, дили ёришгандек бўлди. Ҳа, улар бирга бўлишлари керак. Унинг келажагини фақат Сайёра таъминлайди. Нима бўлса ҳам шунга интилади, шунга эришиши лозим.

У Невский проспектига чиққанда, бирдан қайноқ ҳаёт ичига кириб қолгандек бўлди. Ёмғир ҳамон челаклаб қуяётганига қарамай, йўлка одамлар билан тўла эди. Қаёққа қарама, зонт. Катта, кичик, оқ, сариқ, қора зонт. Кичик елканлардек бу зонтлар Абдулланинг атрофида сузиб юрарди. Онда-сонда улар орасидан кимларнингдир шалаббо бошлари кўриниб қолар ва шу ондаёқ ғойиб бўларди. Фақат Абдулла шошмасди. Қаёққа ҳам шошарди? У ҳозир вақт ўтказиши керак, биронта аниқ фикрга келмагунча шошмаслиги керак. Шунинг учун ҳам у секин қадам ташларди, қўллари чўнтагида, қулоқлари эса атроф-даги минг хил оёқ товушларида, зонтларда.

Қизиқ, нега зонтлар ҳар хил товуш чиқаради? Ёмғир ҳаммасига бир хил уриляпти-ку? Бировники худди энтиккан юрак уришидек дукиллайди, бировники эса қизитилмаган чирмандадек такиллайди... Ҳаммаси ҳар хил. Бу қандай қонунга кирар экан? Бунинг қонуни бормикин ўзи?

Абдулланинг тирсагига тегиб, катта қора зонт вазмин сузиб ўтди.
— Наташа! Қаердасан? — қичқирди орқадан жарангдор аёл овози.
— Шу ердаман! — жавоб қилди чинқироқ қора зонт ва тўхтади.
— Шу еринг қаер?
— Тротуар!
— Тротуарлигини биламан. Ўзинг қаердасан? Қора зонт кўтарилди, унинг тагидан думалоққина қизчанинг жавдираган кўзлари кўринди. Қизча у ёқ-бу ёққа аланглаб қарар, аммо қаёққа юришини билмасди. Абдулла кўмаклашмоқчи бўлиб ёнига энди келувдики, қизча олдинга қараб югуриб кетди. Абдулла унинг орқасидан қараб қолди. Зонт тагидан қизчанинг кичкина оёқлари чалп-чалп қилиб пилдираб борарди. Бу товушнинг қандай қонуни бор? Ҳамма қонунларнинг асоси бор — ҳаёт. Ҳаётдан юксак қонун йўқ. Ким шундай деган эди? Ломоносов бўлса керак?.. Ҳа, ҳаётдан юксак қонун йўқ. Ҳаёт эса мураккаб, унда ҳеч нарса бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто одам ҳам. Ҳар бир одамнинг ўз ҳаёти бор. Биров ҳурсанд, биров ҳафа. Биров бор истакларига эришган, биров энди эришяпти. Биров эса... биров эса ҳеч нарсага етишолмай ўтиб кетяпти. Шунинг учун ҳам, балки зонтларнинг товушлари ҳар хилдир, оёқ товушлари ҳар хилдир? Кийимига қараб одамларни билиш мумкин, дейишади-ку?

«Нева» кинотеатрига етганда Абдулла зонтлар камайганини пайқади. Сочини рўмолчаси билан сидириб, осмонга қаради: ёмғир тинган, нурсиз юлдузлар бирин-кетин кўрина бошлаган эди. Шу пайт кимдир Абдуллани туртди. Абдулла чўчиб тушди. Рўпарасида сетка кўтариб олган курсдоши Виктор турарди.
— Ҳа, Абуша, юлдуз санаяпсанми? — сўради кулиб у.

Абдулла жилмайди.
— Салом. Ўзинг-чи?
— Хотинимнинг олдидан келяпман, — деди Виктор сеткага ишора қилиб. — Касалхонада ётибди.
— Тинчликми? — хавотирланиб сўради Абдулла.
— Аҳмоқ, боласини олдириб ташлабди, — деди куюниб Виктор. — Роса уришдим.
— Нега?
— Светканинг ўзи ҳозир етармиш. Света — қизим, уч ёшга тўлди. Ажойиб қиз. Менга ўхшайди. Юз-кўзлари ҳам, қилиқлари ҳам. Кечагача тинч юрувди, ҳеч қандай гап-сўз йўқ эди. Кечқурун келсам, уйда йўқ. Анча пойладим, йўқ. Кейин қорним очиб ошхонага кирдим. Чой қўймоқчи бўлиб чойнакни олсам, тагида хат. «Кечир, Витенька! Мен касалхонадаман. Уч кунда чиқаман...»
— Уч кунда? — нимадандир жонланиб сўради Абдулла.
— Ҳа! «Уч кунда чиқаман. Агар истасанг, келиб кетишинг мумкин». Келиб кетишим мумкинмиш! — Виктор истеҳзо билан кулиб қўйди. — Югурдим. Борсам, шу аҳвол. Кечикибман.
— Тузукми ўзи? Қачон чиқади?
— Икки кундан кейин чиқади.
— Икки кундан кейин? — ҳовлиқиб сўради Абдулла.
— Ҳа. Нима эди?
— Йўқ-йўқ, ҳеч нима! — Абдулла ўзини босишга ҳаракат қилиб деди: — Энди нима қиласан?
— Нима қилардим? Бўлар иш бўлди, — Виктор хўрсинди. — Хўп, хайр. Светик уйда ёлғиз.
— Ҳайр.

Виктор шошиб йўлга тушди.

Абдулла ўзида йўқ шод эди. Йўли топилди! Ҳозироқ Гулчеҳрага хат ёзади, йўқ, телеграмма беради. Қийин эмас экан-ку, ниҳоятда уч кун! Боринг, бир ҳафта бўлсин. Наҳотки Гулчеҳра шунинг уддасидан чиқолмаса?! Кичкина эмас ахир.

Ён-атрофда почта кўринмади. Кўрингани ҳам берк эди. Абдулла меҳмонхона томон жадал юриб кетди. Шу ерда почта тун бўйи ишларди. Телеграммани у жуда қисқа ва фақат Гулчеҳрагина тушунадиган қилиб ёзди. «Агар керакли идорага мурожаат қилсангиз, ҳаммаси жойида бўлади. Салом билан Абдулла».

У телеграммани топширди ва оғир ишдан қутулган одамдек анча енгиллашди, кўнгли жойига тушди. «Гулчеҳра энди мендан ҳафа бўлмаса бўлади, — Ҳаёлидан ўтказди у. — Бундан ортиқ нима қилиш мумкин? Энг яхши йўл ҳозир шу».

Абдулла шундай ўйлади-ю, бирдан Гулчеҳра унга анчагина бегона бўлиб қолганини пайқади. Уйланиш ҳақида гап бўлипш мумкин эмас энди. Иннайкейин, уйланаман деб ваъда бермаган. Яхши кўриш — бирга бўлиш деган гап эмас-ку?! Бирга бўламиз деб ҳамма севишганлар гапиради. Лекин ҳар доим бирга бўлавермайди. Албатта, Гулчеҳра озгина қийналади. Начора? Ёшлик — шўхлик, енгилтаклик. Адашганлар камми? Ўн йил-ўн бир йил турмуш қурганлар ажралиб кетишяпти-ку? Уларга ҳали нима бўлибди? Севгини бўғиб бўлмайди. Сайёрани севиб қолган экан, бунга у айбдор эмас, кўнгил...Кўнгилни чеклаб бўлмайди. Бунинг устига Гулчеҳрага бир неча бор, бирга кетайлик, бирга ўқийлик, деди. Ўзи кўнмади. Бирга ўқишганда, ким билади, балки бирга бўлишармиди?! Бир оз қийналади, кейин унутиб юборади, бахт фақат биринчи севгида эмас.

Абдулла ўша куни ўз мулоҳазаларидан ўзи ҳурсанд бўлиб, иккинчи телеграммани ҳам ёзди. Бу телеграмма уйига, онасига эди.

«Мен рози. Ихтиёр ўзларингда. Салом билан ўғлингиз

Абдулла».

XX

Гулчеҳра бир ҳафтадан бери Тошкентда эди. Абдулладан ҳеч қандай дарак бўлмай, қўрқув ва изтироб ичида юрганида институтдан хат келиб қолди. Ректорат уни жюри мукофотини олиш ва қурилиш ишлари бошланиши олдидан лойиҳа ҳақида қурувчиларнинг баъзи мулоҳазалари билан танишиш учун Тошкентга келиб кетишини сўраган эди. Гулчеҳра бутун ташвишларига нажот тополгандек, дарҳол йўлга отланди. Вокзалга уни Юсуф ака билан Самад кузатиб қўйишди. Тошкентда Гулчеҳра курсдош ўртоқларининг биронтаси билан маслаҳатлашиб, уйда қабул қиладиган врачга мурожаат қилишни мўлжаллаган эди. Шунинг учун ҳам Тошкентга келиши билан, Санобар исмли бир аёл бор эди, шуникига қараб йўл олди. Санобар ўртоғи билан ободончилик-лойиҳалаш институтида ишларди. Камгап, сермулоҳаза аёл эди у. Гулчеҳра имтиҳон топширгани келганида, кўпинча у билан бирга дарс тайёрлар эди. Бир қиз, бир ўғли бор эди Санобарнинг. Поездда бор танишларини бир-бир санаб чиқар экан, шу жувон билан дардлашишни негадир лозим топди. Санобар Чилонзорнинг қайси бир секторида турарди. Қайси секторлигини Гулчеҳра эслолмади. Уйининг рўпарасида катта бир гастроном борлигини биларди. Таксига ўтириб анча айлангандан сўнг, ниҳоят топди. Аммо уйда ҳеч ким йўқ эди. Гулчеҳранинг бирдан оёқ-қўли муз бўлиб, бўшашиб кетди. Яна қўнғироқ тугмасини босди. Жавоб бўлмади. Эшик тагида нима қилишини билмай, анча туриб қолди. Бир маҳал қўшни эшик очилди. Бўйнига аэрофлот сумкасини осиб олган стюардесса кийимидаги бир қиз чиқди.
— Сизга ким керак эди? — сўради у Гулчеҳрага бошдан-оёқ разм солиб.
— Санобар опа... Санобар Қодировна, — деди шошиб Гулчеҳра.
— Шундай денг?

    — Ҳа.

— Сиз уларнинг кими бўласиз? — стюардесса қиз яна Гулчеҳрага тикилди.
— Таниши бўламан, бирга ўқиймиз. Қўқондан келдим. Уйдами у киши?
— Э, конкурсда ғолиб чиққан меъмор сиз бўласизми? — унинг саволини эшитмай сўради стюардесса қиз.
—Ҳа.
— Санобар опам сизни кўп гапирардилар. Буни қаранг, мен сизни ҳеч кўрмаган эканман. Мен ҳам институтга кириб, меъмор бўлмоқчиман. Яхши уйларни бирам яхши кўраманки, сира кетолмай қоламан. Академик Сагдуллаевни танийсизми?

Гулчеҳра «йўқ» дея бошини қимирлатди.
— Шуларнинг уйида бир-икки марта бўлганман, — гапида давом этди стюардесса қиз. — Бирам ажойиб! Икки этажли. Биринчи этажида зал, кухня, столовая. Иккинчи этажда спальня, шундай ёнида катта ванная.., бирам яхши!.. Кирсанг, кетгинг келмай қолади. Танишайлик, Зара. Ҳозирча аэрофлотда ишлайман. Москва маршрутида.

Қиз сабрсизлик билан уни эшитиб турган Гулчеҳрага самимий равишда қўлини узатди. Гулчеҳра омонатгина унинг қўлини ушлади-да, сўради:
— Айтмадингиз, Санобар опа қаерда?
— Ҳа, уларми? — ҳафсаласизлик билан деди қиз. — Улар кетишган. Иссиқкўлга. Ҳаммалари кетишган.
— Анча бўлдими?
— Ҳа. Ўн кунларда қайтиб келишади. Улар жуда керакмиди?

Гулчеҳра жавоб бермади, бўшашганича эгилиб, чамадонига қўл узатди.
— Вой, турадиган жойингиз йўқми? Бизникида тура қолинг? — қиз унга меҳрибонлик билан гапирди. — Мен бир ўзим яшайман. Улар қайтгунча туринг.
— Раҳмат, — Гулчеҳра пастга туша бошлади. Унинг бирдан ўзгариб қолганини қиз кўриб, таклиф қилди:
— Мазангиз йўққа ўхшайди. Жуда бўлмаса бир оз бизникида дам олинг.

Гулчеҳра уни эшитмади. Қиз кўчагача у билан бирга чикди.
— Борадиган жойингиз борми?

Гулчеҳра «ҳа» дея бошини қимирлатди. Шу пайт уларнинг рўпарасига бўм-бўш автобус келиб тўхтади.
— Менинг автобусим. Олиб бориб қўяйми?
— Раҳмат, ўзим, — деди Гулчеҳра унга миннатдорлик билан жилмайишга ҳаракат қилиб.

Қиз «лип» этиб автобусга чиқди. Шофёр газ берди.
— Жойингиз бўлмаса, келинг! — қичқирди қиз автобус деразасидан бошини чиқариб. — Кечқурун қайтаман!

Гулчеҳра унга қўл силкиди-да, автобус узоқлашгач, чамадони устига оғир ўтирди. Қаёққа боради энди у? Институтга кеч бўлиб қолди. Биронта ўртоғиникига чамадон билан кириб бориши яхши эмас. Одатдагидек, Абстутайникига боради-да. Тошкентга биринчи йили келганида синфдоши Қосимжон уни шу кампирникига жойлаштириб қўйган эди. Унинг набираси Қосимжон билан бирга ўқирди. «Меҳмонхона қилиб юрасанми? — деди Қосимжон ўшанда. — Менинг ўрнимда тур, мен ётоққа ўтдим». Гулчеҳра ҳам меҳмонхонада ёлғиз туришни эп кўрмай, унинг таклифини қабул қилди.

Абстутай Лабзакда турарди. Каттагина ҳовли. Бир неча хона. Илгари ўғли билан турар экан. Ўғли хотини билан Бухоро — Урал газ магистрали қурилишига кетиб, эндиликда кампир набираси билан ёлғиз қолибди. У Гулчеҳрани жуда яхши қабул қилди. Кейинчалик Гулчеҳра, институт жой берса ҳам бормай, шу қувноқ, меҳмондўст кампирникида турадиган бўлди.

Бўш такси кўринди. Гулчеҳра уни тўхтатди. Оқшом тушганда у Абстутайникига кириб борди. Кампир ҳовлининг ўртасидан ўтган ариқ лабидаги сўрида кўрпа қавиб ўтирарди.

Гулчеҳрани кўрди-ю, худди ёш аёлдек сакраб ўрнидан турди:
— Вой, айланайин, вой, ўргилайин! Бор экансиз-ку? Опоқ қизим, момиқ қизим!

Гулчеҳра ўзини унинг бағрига ташлади.
— Яхши юрибсизми, Абстутай? Тинчмисиз?
— Менга нима қиларди, қизим. Отдекман. Фақат ҳар доимгидек ёлғизман. Зубайда ҳам кетди. Ўтир, қизим, ўтир. Мен ҳозир чой дамлайман.
— Қаёққа кетди Зубайда?
— Практикага. Қосимжон иккалови кетди. Ўтир, қизим. Мен ҳозир.

Абстутай ўчоқ бошига пилдираб кетди. Гулчеҳра Қосимжоннинг Тошкентдамаслигидан ичида ҳурсанд бўлиб қўйди. У ҳеч кимнинг Тошкентга келишдан кўзлаган асл мақсадини сезиб қолишларини истамасди. Сезишса, тамом, Мингбулоққа қайтиб боролмайди, отасининг юзига қаролмайди.

Кампир дарров чой дамлаб келди.
— Анчага келдингми?

Гулчеҳра нима дейишини билмади. Чиндан ҳам у қанчага келди ўзи? Буни фақат шифокор биларди.
— Ишим битгунча тураман. Бир ҳафтами, икки ҳафта.
— Яхши, яхши. Унгача Зубайда ҳам келиб қолади. Энди бундай. Сен чой ичиб ўтир. Мен дарров парамач қилиб келаман. Янги гўштим бор.

Гулчеҳра қўймаганига қарамай, кампир бир пиёла чойни апил-тапил ичди-да, ўрнидан турди.

Ўша куни улар алламаҳалгача гаплашиб ётишди. Ўз дарди билан ёлғиз қолганлигиданми, ё Абстутайнинг онаси каби унга кўрсатган меҳрибонлигиданми, Гулчеҳра бўшашиб, ёрилди, дилидаги борини айтиб берди. Абстутай уни бағрига босиб юпатди, кўнглини кўтарди. Кейин бундай воқеаларни кўрган-билган аёл сифатида яхши маслаҳат берди.
— София деган шифокор туғишганим бор. Эртага шунга бориб келаман. Сен тинч бўл. Дунёда чорасиз иш йўқ. Чораси топилади. Бўлди, йиғлама. Сен ўз ишингни битир. Бу ишни менга қўйиб бер.

Абстутайнинг бу ишонч билан айтган гаплари Гулчеҳрани анча овутди. Бир неча кунги уйқусизликдан сўнг биринчи марта тинч ухлади.

Эрталаб нонуштадан сўнг Абстутай врачга, Гулчеҳра эса институтга кетди.
— У ярамас йигитни энди ўйлама, — деди кампир уни кузатаётиб. — Одам эмас у. Одам бўлса сени ташлаб қўймасди. Ўйлама.

Гулчеҳра ваъда берди. Лекин ўйламай тура олармиди? «Абдулла, Абдулла... Наҳотки шунчалик тошбағир бўлсанг?! Сенга ишонган эдим, сенга ҳаётимни бағишламоқчи эдим!.. Жавоб бер! Нега жимсан!»

Гулчеҳра ичдан қалқиб келаётган йиғини тўхтатишга қанча уринмасин, ёш барибир кўзларидан қуюлиб борарди, лекин буни ўзи сезмасди. Трамвай тўхташ жойида кимдир тирсагидан ушлади.
— Нима бўлди, қизим? Нега йиғлаяпсиз? Гулчеҳра бошини кўтарди. Рўпарасида нуроний бир мўйсафид унга дардли тикилиб турарди. — Биров ҳафа қилдими?
— Йўқ, — деди Гулчеҳра ва уялганидан қизариб кетди.
— Дадил бўлинг, — деди мўйсафид. — Йиғи ҳеч маҳал одамга ёрдам берган эмас. Қанча совуққонлик қилсангиз, шунча ютасиз. Асаб, йиғи ожизларнинг удуми.

Трамвай келди. Гулчеҳра мўйсафидга нима деб жавоб қилишини билмай, ўзини трамвайга отди. Институтда уни ректорнинг ўзи қабул қилди.
— Келинг, келинг! — деди у Гулчеҳранинг қаршисига юриб. — Биз эса телеграммангизни кутиб ётибмиз! Қаерга жойлашдингиз?
— Танишимизникига, — Гулчеҳра ректор кўрсатган креслога ўтирди.
— Олис эмасми?
— Йўқ, шундай Лабзакда.
— Ҳа, яхши экан. Истасангиз, меҳмонхонадан жой олиб берамиз!
— Йўқ, раҳмат. Жойим яхши. Тошкентга келганимда доим шу ерга тушаман.
— Ундай бўлса, яхши. Гулчеҳрахон, аввало сизни мукофот билан табриклайман. Ишингиз ҳаммамизга маъқул бўлди. Албатта камчиликлардан ҳам холи эмас. Масалан, сиз кафенинг Тошкентда қурилишини яхши ўйламагансиз. Ерни иқтисод қилиш, ҳозир муҳим масалалардан бири. Кейин, ички ҳашамга доир баъзи бир жузъий камчиликлар бор. Умуман, ишингиз яхши. Ихчам, содда, оригинал. Қурувчилар кафени меҳмонхона билан бирга қуришни таклиф қилишяпти. Бу деган сўз, кафе йилнинг охиригача битади. Бориб кўрасизми?
— Яхши бўларди.
— Бўпти. Мен ўзим олиб бораман.

Ректор столи бурчагидаги тугмачани босди. Хонага котиба кирди.
— Индинга, соат ўн иккида мажлис. Танлов ғолибига мукофот топширилади.

Котиба «хўп» деб чиқиб кетди.
— Турдик бўлмаса.

Гулчеҳра бундай бўлади деб сира кутмаган эди. Ректор билан ёнма-ён ўтириб машинада борар экан, севинчи ичига сиғмас, боягина юрагини эзиб турган ташвишларини унутган эди. Ярим соат ўтар-ўтмас улар студентлар шаҳарчасига кириб боришди. Бу ерда қурилиш кескин суръатда олиб борилмокда эди. Қаёққа қараманг, кўтарма кранлар, юк машиналари... Терак бўйи келадиган иморатларнинг баъзилари битган, баъзилари сувалмокда, баъзиларига энди пойдевор қурилмоқда эди.
— Қаранг, — деди ректор ғурур билан. — Икки-уч йил ичида бу ер катта шаҳарга айланади, ёшлик каби гўзал бўлади! Бунда сизнинг ҳам ҳиссангиз бор. Фахрлансангиз арзийди. Кўп биноларнинг лойиҳаларини ёшларнинг ўзи ижод қилишган. Ана, қаранг, анави бино ёшларнинг маданият саройи. Унинг проектини бир йигит тузган. Яхшими?
— Жуда ҳам! — Гулчеҳра ҳавас билан ректор кўрсатган бинога қаради.
— Манави эса «Ёшлик» меҳмонхонаси. Келдик. Машина тўхтади. Ректор тушиб, Гулчеҳрага қўлини узатди.
— Битиб қолибди-ку? — деди Гулчеҳра беш қаватли бинога тикилиб.
— Ҳали иши кўп. Лекин йилнинг охиригача битказамиз.

Улар бинони айланиб ўтиб, кенг қурилиш майдонига чиқишди. Бир чол ректорнинг қаршисига юрди.
— Салом алайкум, Сулаймон ота! — ректор у билан қуюқ кўришди. — Аҳволлар яхшими? Мана шу ерга тушадиган иморатнинг устасини олиб келдим.
— Жуда яхши, жуда яхши! — деди чол Гулчеҳрага бошдан-оёқ қараб чиқиб. — Меъмор денг?
— Худди шундай! — деди ректор кулиб. Гулчеҳра уялинқираб бошини эгди.
— Қизлардан ҳам меъмор чиқар экан-да?
— Чиққанда қандоқ! Қани, ота, кўрсатинг хўжалигингизни!
— Юринг!

Ректор Гулчеҳранинг тирсагидан ушлаб йўл бошлади.

Кечқурун Гулчеҳра ҳаммаёғи чанг, чарчаб келганда, Абстутай севинчига севинч қўшди:
— Келгуси ҳафтанинг бошида борамиз. Ҳаммаси жойида бўлади, қизим. София ваъда берди. Тинч бўлсин, деди.

Гулчеҳра Абстугайни маҳкам қучокдаб, юз-кўзидан ўпди.
— Бўлди-бўлди, қизим, белимни синдирасан! Шундай деб Абстутай ҳам уни бағрига босди. Мукофот топшириладиган куни институтнинг мажлислар зали одамга лиқ тўлди. Анча-мунча гаплар бўлди. Жюри раиси уни табриклаб, мукофотни топширди. Кейин ректор гапирди:
— Танловда бизнинг студентимиз ғолиб чиққанидан мен ниҳоятда ҳурсандман, — деди у. — Лекин Гулчеҳрага айтадиган бир-иккита гапим бор. Истеъдодсиз ижодкор бўлиш қийин. Буни ҳамма билади. Аммо меҳнат, билим, ғайрат каби қатор компонентлар борки, буларсиз ижодни тасаввур қилиб бўлмайди. Шуларнинг ҳаммаси Гулчеҳрада бор. Унга янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз...

Гулчеҳра институтдан боши гангиб чикди. У чексиз шод эди. Ажаб эмас, янги Мингбулоқ лойиҳаси ҳам шундай муваффақиятли ўтса? Албатта уларга кўрсатади, уларнинг маслаҳатини олади. Диплом ишим шу деб, яна икки йил кутиб ўтирадими?!
— Мукофотни ювсак бўларди! — деди кимдир орқадан.

Гулчеҳра тўхтаб ўгирилди. Бир гуруҳ йигит-қиз уни ўраб олди.
— Табриклаймиз! Табриклаймиз!
— Раҳмат! — Гулчеҳра ҳаммага қўл бериб миннатдорчилик билдирди. — Мен тайёрман. Ҳозир ҳам ювишимиз мумкин.
— Бўпти! «Баҳор»га кетдик! — қичқирди кимдир.
— Йўқ, йўқ! — уни бўлди бир қиз: — Кафе битсин, шунда Гулчеҳра опам яхшилаб зиёфат берадилар.
— Бўпти! — деди Гулчеҳра кулиб. — Албатта шундай қиламиз.

Ёшлар хайрлашиб кетишди. Гулчеҳра, уйга боришга ҳали эрта деб, Ўрда томон юрди. Дарвоқе, мукофотини нима қилади? У беихтиёр сумкасини очиб, пулли конвертни ушлаб кўрди. Анча. Уйга, дадасига жўнатсинми? Ё совға олсинми? Шу иккинчи фикр унга маъқул тушди.

Ўша куни ҳам, эртасига ҳам магазинма-магазин юриб, отаси, аяси, укаси, ҳамма таниш-билишларига совға олди. Ҳатто Абстутай ҳам четда қолмади. Унга бир кийимлик ҳаво ранг шерсть мато олди. Кампирнинг боши осмонга етди, кўз ёши қилди, дуо қилди. Аммо Гулчеҳра ўзига ҳеч нарса ололмади. Унинг ҳамма нарсаси бор эди. Шундай бўлса ҳам, аёл киши молга ўч бўлади, нималарнидир қидирди. Баъзилари ёқмади, баъзи нарсаларни тополмади. У анчадан бери ҳинд шиппагини орзу қиларди, тополмади. Универмагдаги пойафзал сотувчи қиз, икки кундан кейин келинг, чех шиппаклари савдога чиқади, ҳиндчадан қолишмайди, деди. Гулчеҳра албатта келишини айтди.

Ҳамма ишларидан кўнгли тўқ бўлганидан икки кун кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Гулчеҳра икки-уч марта талабалар шаҳарчасига борди. Қоровул чол уни яхши кўриб қолиб, шаҳарни кўрсатди, боғига олиб борди. Боғи шундай шаҳарчага туташ экан. Қовун полизга олиб кириб, ҳандалак сўйиб берди. Охирги борганида Гулчеҳра меҳмонхонанинг бешинчи қаватига кўтарилди.
— Эҳтиёт бўл, болам! — огоҳлантирди пастдан Сулаймон ота. — Битмаган иморатга чиқиш хавфли!

Гулчеҳра қулоқ солмади. Ҳали панжараси ўрнатилмаган болохонага чиқиб, атрофни томоша қилди. Бу ердан шаҳар кўм-кўк ўрмон ичига яширингандек кўринарди. Катта-катта дарахтлар остидан фақат уйларнинг оқ, қизил томларигина кўзга ташланарди. Олисда тоғ. Кўкка бўй чўзган, чўққилари кумушдек оппоқ тоғ... Ғир-ғир шабада эсади, сочларини тарайди, юз-кўзини силайди...

Гулчеҳра шу ерда туриб, янги бир нарсани ўйлаб қолди. Кафенинг устини очиқ айвон қилса яхши бўлмайдими? Бунинг ҳеч қийинчилиги йўқ. Томи барибир бетондан қилинади. Қийинчилиги йўқ. Ҳа, шундай қилиш керак. Эртагаёқ таклиф қилади, лойиҳани ўзгартиради. Нега илгари шу фикр ҳаёлига келмади экан?

У пастга тушди.
— Қалай? Яхшими? — сўради Сулаймон ота.
— Нимасини айтасиз! Ҳавоси жуда ҳам яхши.
— Э, жаннат, болам, жаннат, — деди ғурур билан

Сулаймон ота. — Уйим бузилса ҳам, шунинг учун бу ердан кетмаяпманда. Шаҳар битсин, жуда алламбало жой бўлиб кетади...

Гулчеҳра йўлга тушди. Ҳадрага келганда универмагга бориш эсига келиб қолди. Шу трамвайнинг ўзидаёқ ўқувчилар саройигача келди.

Сотувчи қиз алдамаган экан. Уни кўриши билан чақирди.
— Мана, кийиб кўринг.

Гулчеҳра шиппакни олиб, пештахта ёнидаги стулга ўтирди. Шиппак чиройли эди. Оппоқ, белидан ингичка олтиндек занжир ўтказилган, пошнаси ҳам баланд эмас, юришга осон. Гулчеҳра кийиб кўрди. Яхши келди.
— Раҳмат, шуни оламан, — деди сотувчига. Сотувчи қиз шиппакни ўраб берди.

Шу пайт кимдир Гулчеҳрани орқасидан қучоқлади.
— Вой, ким? — ҳайратланиб деди Гулчеҳра.

Аёл кишининг қаҳ-қаҳ кулгиси эшитилди. Гулчеҳра ўгирилди.
— Вой, опоқи, сизмисиз, — Гулчеҳра шундай деди-ю бутун вужуди бўшашиб кетди.

Бу аёл Шаҳодат опа эди.
— Боятдан бери қараб турибман, Гулчеҳрами, бошқами деб. Яхшимисан, омонмисан? Уйдагилар тинчми? Қачон келдинг?
— Бир ҳафтача бўлди, — деди зўрға овози чиқиб Гулчеҳра. — Институтга чақиришган эди.
— Вой, қизи тушмагур! Шунча бўлибди-ю, бундай бизникига кирмайсанми?
— Кирарман! Ўзингиз тинчмисиз? — Гулчеҳра шундай деди-ю, «Худди Абдулланинг ўзи-я! Қоши ҳам, кўзи ҳам!» — деган фикр ҳаёлидан яшиндек чақилиб ўтди. — Амаким қалайлар?
— Худога шукур. Анча яхши ҳозир. Тўй тараддудидамиз чол-кампир.
— Тўй?!
— Абдуллани уйлантирадиган бўлиб қолдик. Гулчеҳра ялт этиб Шаҳодат опага қаради, Қаради-ю, «Кимга?» деган савол оғзидан қандай чиқиб кетганини билмай қолди.
— Ўзи билан ўқийди. Жуда яхши қиз.

Гулчеҳра гандираклаб кетди. Бир-икки қадам тисарилиб пештахтага суяниб қолди.

Шаҳодат опа буни пайқамади. Атрофга аланглаб, гапида давом этди:
— Бирам ақлли, бирам ақлли, худди отасининг ўзи! Отаси академик Қурбоновда! Эшитганмисан? Шу ёзда тўй бўлади.
— Табрик... табриклайман, — деди ўзини тутиб олиб секин Гулчеҳра. — Бахтли бўлишсин.

Бор кучини тўплаб у қаддини ростлади.
— Бахтли бўлишсин.

Шундан кейин у яна нима деганини, қандай қилиб магазиндан чиққанини, қандай қилиб уйга етиб келганини билмайди.

Оқшом пайти Абстутай унинг хонасига кирганда, Гулчеҳра ҳамма нарсага бефарқ ҳолда кўзларини шифтга тикиб ётарди.
— Нима бўлди, қизим? — кампир унинг пешанасига қўлини қўйди.

Гулчеҳра индамади.

Шу алфозда у кечгача ётди. Кечқурун эса ўриндан турди. Ойна олдига келиб, сочини тараган бўлди. Қулоқларининг орқасига, бўйнига атир сепди. Кейин боягина олган оқ туфлисини кийиб, ҳовлига тушди.
— Шу топда қаёққа, қизим? — сўради хавотирланиб Абстутай.
— Бир айланиб келаман, бошим оғрияпти, — деди Гулчеҳра, кейин эшик томон юрди.
— Ҳаяллаб қолма бемаҳалда, — қичқирди орқасидан Абстутай.

Гулчеҳра Ўрдагача пиёда келди. «Яхши туфли олибман, — деди муюлишда ҳавас билан оёқларига қараб. — Юмшоқ, енгил. Ўзи ҳам менга ярашибди».

Трамвай ўтди. У бўм-бўш эди. «Қаёққа борсам экан? — ўйлади Гулчеҳра. — Трамвайга ўтириб шаҳар айланайми? Тошкентга биринчи марта ўзим келганимда шундай қилган эдим. Яхши бўлади, кўрмаган жойларим кўп ҳали».

У шундай қилди. Янги шаҳар томон кетаётган трамвайга ўтирди. Вагон бўш, ҳатто кондуктор ҳам йўқ эди. Гулчеҳра дераза ёнига ўтириб, кўчага қаради. Турли-туман чироқлар, минг хил реклама чироқларидан кенг кўча худди хонатласдек лов-лов ёниб турарди.

Гулчеҳра анча айланди. Трамвай икки марта шаҳарнинг у бошидан-бу бошига бориб келди. Шаҳар тинч эди. Фақат Гулчеҳранинг остидаги ғилдиракларгина бу тинчликни бузиб турарди. Аммо Гулчеҳра бунга кўникиб қолган эди. Унинг ўзи ҳам тинч эди...

Дзин, дзин!.. Трамвай тўхтади. Гулчеҳра кўзларини деразадан узмай ўтираверди.
— Қизим, қаерда тушасиз?

Гулчеҳра бошини кўтарди. Тепасида шоп мўйлов вагон ҳайдовчи турарди.
— Адашиб қолмадингизми?
— Қаерга келдик?
— Талабалар шаҳарчасига.
— Шу ерда тушаман. Гулчеҳра шошиб ўрнидан турди.
— Тавба, — деди ҳайдовчи у тушиб кетгач. — Ғалати одамлар бўлади-я дунёда.

Гулчеҳра тўппа-тўғри «Ёшлик» меҳмонхонасига борди. Бир оз унга қараб турди, кейин майдонга ўтди. Шу пайт қоровул уйчасидан Сулаймон ота чиқди.
— Ассалому алайкум, ота! — деди Гулчеҳра.
— Кимсан? — қоронғилик ичида уни танимай сўради қоровул чол.
— Мен, мен — Гулчеҳраман, — деди Гулчеҳра чолга яқинлашиб.
— Бемаҳалда нима қилиб юрибсан, қизим?
— Уйда ўтириб зерикдим. Бирпас кўчаларни айландим. Кейин шу ёққа келдим. Кўргим келди. Қандай бўлар экан? Одамларга ёқармикан?
— Ёқмай-чи, болам! Шаҳардаги энг кўҳлик бино бўлади бу.
— Раҳмат, ота.
— Ҳа, менга ишонавер, — деди чол ғурурланиб... — Сулаймон ота ёлғон гапирмаган. Роҳатижон жой бўлади бу ер. Ҳамманинг савобига қоласан ҳали.
— Айтганингиз келсин, ота, — деди жилмайиб Гулчеҳра.

У шундай деб ўйланиб қолди. Унинг иккала кўзи қоронғиликни ёриб, баҳайбат қушдек учишга ҳозирланиб қанотларини ёзган бинода эди. Уники ҳам шундан қолишмайди. Қушдек енгил, гўзал бўлади. Қоровул чолга ҳам шундай туюлди шекилли, фахр билан деди:
— Учаман деб турибди!

Гулчеҳра индамади. Кейин битта-битта юриб, меҳмонхона биноси ичига кириб кетди. Янгитдан чой қўйиш учун ичкарига кирган Сулаймон ота унинг қаёққа кетганини кўрмай қолди. Бир-икки «Гулчеҳра!» деб чақирди, жавоб бўлмади.
— Ишқилиб, умри узоқ бўлсин, — деди Сулаймон ота.

Гулчеҳра бино деворларини пайпаслаб, ҳали тарашланмаган зинадан бешинчи қаватга кўтарилди. Эрталаб чиққан балконига эҳтиётлик билан ўтди.

Кеча сутдек ойдин эди. Узоқ-яқинда қорайиб турган тераклар енгил шабададан оҳиста тебраниб, оғир-лигини бир оёғидан иккинчи оёғига олиб турган паҳлавон соқчиларга ўхшарди.

Олисда телевизион станция минорасининг қизил чироқлари кўринди. «Нима кетаётган экан ҳозир? — ўйлади Гулчеҳра. — Ботир куйлаётганмикин? «Маро бибўс»микан?» У шу қўшиқни яхши кўрарди. Айниқса, Ботир Зокиров айтганида. Қўқонда кимдир айтди, ўхшата олмади. Гулчеҳрага Ботирнинг овозидан кўра, шу қўшиқни айтаётгандаги кайфияти ёқарди. Қўшиқ гўё унинг учунгина яратилгандек, у билан тирикдек туюларди.

Гулчеҳра шундай ўйлар экан, қулоғи остида шу қўшиқ янграётгандек, чироқлар ичидан эса ашулачи унга қараб тургандек, ҳозир фақат унинг учун куйлаётгандек бўлди. Беихтиёр қулоқ солди. Трамвай чинқириб бурила бошладй. Шу заҳоти аспирантлар ётоқхонаси олдида нимадир чирсиллаб ёнди-ю, дарҳол сўнди. Гулчеҳра кафтини юзига тутди, аммо анчагача камалак тус олов яллиғи кўз олдидан кетмади. Трамвай узоқлашиб, яна ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Гулчеҳра кўзларини очиб атрофга қаради. У ҳеч маҳал тунги Тошкентни томоша қилмаган эди. Тўғри, бир марта самолёт кеч учиб, қоронғи тушганда Тошкентга келган эди. Ўшанда, самолёт пастлаётганда, дарчадан шаҳарга қараб ҳайрон қолган эди. Ҳаммаёқ чироқ... худди шахмат тахтасига ўхшайди. Фақат бу тахта оқ-қора эмас, минг хил бўёқда товланади. Ҳозир ҳам тунги Тошкент шундай гўзал эди, одамнинг суқи келарди. Гулчеҳра симириб нафас олди, муздек ҳаво томоғини қитиқлаб ўтди. Яна анча вақт баланд-паст иморатлар орасидаги шўх чироқларга термилиб турди-да, бошини кўтарди. Осмон тўла юлдуз. Ойнинг ним ранг гардиши адашиб пайдо бўлиб қолган бир қулоч булут пардаси орқасига ўтиб, тунни қорайтирди-да, кўп ўтмай мўралаб чиқди. Дарахтларнинг барглари кумушдек ялтираб кстди. Гулчеҳра ойга термилиб, худди у билан сузиб кетаётгандек бўлди. Дарҳол балкондалигини эслади-да, деворни ушламоқчи бўлиб қўлини орқага чўзди ва тисарилди. Аммо орқасида ҳеч нарса йўқ эди. Гулчеҳра осмонга тикилиб деворга ёни билан туриб қолганини унутган эди. «Ота!» — деди у юраги шувиллаб, аммо овози томоғида қолди. Қўлларини ёйганича пастга шўнғиди. «Қушга ўхшайман-а» — Ҳаёлидан ўтди унинг. Кейин ҳушини йўқотди.

— Эрталаб кўрдим ўликни... Лекин уни кеча кўрганман. Кеча шу ерга келган эди...
— Қай пайт?
— Кечқурун. Кечқурун келган эди, анча кеч бўлиб қолувди. Соат неча бўлди, деб сўраган эдим ундан. Чорак кам ўн икки эди, ҳа, чорак кам ўн икки деган эди...
— Ота, ўзингизни босинг, бир чеккадан гапиринг, — деди милиция ходимларидан бири. — Ёзиб олишимиз керак.

Сулаймон ота «хўп» дея бошини оғир силкитди. Кейин, билганларини айтиб берди.

Лекин Гулчеҳра ўшандаёқ бино тепасига кўтарилганми, ё кейин келганми — қоровул чол билмасди. Қизнинг ўлимига уни айбдор ҳисоблашлари мумкинлигидан чўчиб ва унга ачиниб: «Нега тепага чиқмадим? Нега ўшанда уни қидирмадим? Аҳмоқ чол!» — деб ўз-ўзини сўкарди.

Орадан бир соат ўтар-ўтмас ўлик экспертизага олиб борилди. Текширилди. Унинг бешинчи қаватдан тушиб кетгани аниқ эди. Ҳеч ким унга суиқасд қилмаган. Марҳумнинг баданида ҳам, бинода ҳам буни исботлайдиган далил топилмади. Лекин милицияга бир нарса қоронғи эди: у тасодифан тушиб кетганми ё ўзини ташлаганми?! Шунинг учун бинони яна синчиклаб текширишди, ўликни ҳам рентгенга солиб кўришни лозим топишди. Ўша заҳотиёқ марҳума идорасига — политехника институтига хабар қилинди.

Кечга яқин милицияда марҳума ҳақида аниқ маълумот тўпланди, текширишлар якунланди. Лекин марҳума ўзини ташлаганми, ё тасодифан тушиб кетганми — бу савол ечилмади. Ким билади, балки чиндан ҳам тушиб кетгандир? Ҳаммаёқ қоронғи бўлса, балконни панжаралари ҳали қоқилмаган бўлса?! Ортиқча қадам қўйиб юборган. Милиция ходимлари шундай қарорга келиб, одамларга рухсат беришди.

XXII

Қосимжон билан Зубайда практикадан қайтиб келишганда Гулчеҳранинг ўлганига уч кун бўлган эди. Абстутай уларни кўриши билан йиғлаб юборди.
— Қосимжон, ўғлим, Гулчеҳрадан айрилиб қолдик!.. Гулчеҳра ўлиб қолди.
— Нима?! — Қосимжон қотиб қолди.
— Онаси чақирди уни, онаси!.. Худо кўп кўрди уни бизга!

Кампир, йиғи аралаш бўлган воқеани зўрға-зўрға гапириб берди.
— Ҳаммасига ўша йигит айбдор! Оти қурғур Абдулла! Ўтган куни самолётда олиб кетишди. Қариндошлари, институтдагилар олиб кетишди. Бечора қиз... Онасининг ёшига кирса ҳам майли эди.

Қосимжон шу заҳотиёқ йўлга тушди. Қош қорайганда Мингбулоққа кириб борди. Гулчеҳранинг уйи атрофида тумонат одам. Ичкаридан аёлларнинг йиғиси эшитиларди. Қосимжон одамлар орасида бошини ҳам қилиб турган Самадни кўриб, унинг ёнига борди.
— Қачон кўмдиларинг?
— Кеча.
— Юсуф ака қалай?
— Уни сўрама, — Самад хўрсинди. — Кечадан бери тилдан қолган. Ҳеч нарсани билмайди. Раиснинг уйига ётқизиб қўйдик. Тепасида доктор.
— Аблаҳ! Мен уни соғ қўймайман!
— Ўзингни бос, — деди Самад. — Фалокат устига фалокат қўшилмасин. У билан кейин гаплашамиз.
— Хабари борми?
— Мен хабар бермоқчи эмасдим. Мамлакат телеграмма бериб қўйибди.
— Ким у?
— Почтачи қиз.
— Адресини билар эканми?
— Гулчеҳра почтага бориб хат оларди. Бу ёққа юр.

Улар одамлар орасидан чиқиб, канал лабига ўтиришди.
— Манавини Гулчеҳра кўрмай кетди. — Самад Абдулланинг сўнгги телеграммасини ўртоғига узатди.
— Кимдан?
— Кимдан бўларди...

Қосимжон телеграммани ўқиб чикди. Қўллари мушт бўлиб тугилди.
— Аблаҳ!

Икки ўртоқ жим қолишди. Самад бошини тиззалари орасига олиб, ҳаёлга чўмди.
— Қосим, — деди у бир маҳал чидолмай.
— Лаббай?
— Мен... мен уни яхши кўрардим!.. Эсимни таниганимдан бери яхши кўрардим!..

Самад титраб йиғлаб юборди. Қосимжон унинг орқасига қўлини қўйди, бир нарса деб овутмоқчи бўлди, аммо тилига ҳеч нарса келмади.

...Худди шу пайтда Абдулла самолётдан тушиб Тошкент — Қўқон поездига ўтирган эди. Телеграммани олганида, аввал у ишонмади. Бир неча марта ўқиб чиқди. Кейин, бирдан содир бўлган даҳшатга тушуниб, додлаб юборди. У бундай бўлишини сира кутмаган эди. Шошиб кийинди. Шкаф устида чанг босиб ётган чамадонини олиб, нималарнидир солди, кейин жаҳл билан улоқтириб ташлади-да, пастга отилди. «Энди нима бўлади? Энди нима қиламан?» — дерди у нуқул самолётда ҳам, поездда ҳам.

Гулчеҳра нима қилиб қўйганини у билмасди. Лекин нима қилиб қўйган бўлса ҳам, бунга ўзи айбдор эканини биларди. Нима деган одам бўлди у энди? Одамларнинг юзига қандай қарайди? Қандай яшайди? У шундай ўйлар экан, кўз олдидан Гулчеҳранинг сиймоси кетмасди, қаёққа қарамасин, унинг кулиб турган кўзларига тўқнаш келарди. Бу кўзлар таъна қилмасди, йўқ, улар унга меҳр билан боқарди, улар севинчга, севгига лиммо-лим эди. Абдулла Мингбулоққа киргунча уларнинг таъқибидан қутулолмади. Мингбулоққа кирганда эса, ҳаёли бўлинди. Олисда бир гуруҳ одамлар кўринди. Улар Гулчеҳралар уйининг олдида туришарди. Абдуллани қўрқув босди. Одамларнинг ҳаммаси унга ёв назари билан қараб тургандек туюларди. Уларга кўринмаслик учун девор ёқалаб юра бошлади. Унинғ рангида ранг қолмаган, тиззалари қалтирарди. Бир амаллаб бувисининг уйига етиб келди. Ҳовлиги кирди-ю, худди биров қувлаётгандек, эшикни орқасидан шошиб танбалади. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Абдулла айвонга кўтарилди.
— Буви! — чақирди у секин. Ҳеч ким жавоб бермади.
— Тоға! Яна жимлик.
— Келинойи!

Шу пайт боғ томондан бедана «так-тарак»лаб юборди. Абдулла сесканиб кетди. Бу — ўша, Гулчеҳра авайлаб тарбия қилган, қаноти синиқ бедана эди.
— Гулчеҳра! — қичқириб юборди Абдулла ўзидан-ўзи.
— Тоға, — кўзларини ишқалаб ичкари хонадан жияни Турсун чиқди.
— Ҳа, жиян, — деди ўзини босишга интилиб Абдулла. — Уйдагилар қани?

Ҳаммалари Юсуф амакимларникида. Эшитмадингизми, Гулчеҳра опам ўлиб қолдилар.
— Эшитдим. Нима бўлибди?
— Тошкентда иморатдан йиқилиб тушибдилар. Тоға!
— Нима?
— Бувим сизни қарғадилар, — деди Турсун сирли оҳангда. — Адам ҳам сўкдилар. Бувим унақа неварам йўқ, дедилар. Нима қилувдингиз, тоға?

Абдулла жавоб бермади. У йиғларди. Бир томчи ёш жиянининг бўйнига тушди. Турсун бошини кўтариб тоғасига қаради.
— Сиз ҳам йиғлаяпсизми? Абдулла бошини қимирлатди.
— Мен... мен Гулчеҳра опангни яхши кўрардим. Кейин... кейин кетиб қолдим...

Абдулла жиянининг бошини силади-да, ҳовлига тушди. Битта-битта юриб кўчага чикди. Одамлар фотиҳага келишарди. Абдулла ҳеч кимга парво қилмай, канал ёқалаб кетди. Қулоғи остидан эса қаноти синган бедананинг бир оҳангдаги «так-тараги» кетмасди. Кўп ўтмай қабристонга етиб келди. Ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит, фақат аллақаерда чумчуқ чирқилларди. Абдулла атрофига қаради. Олисда кимнингдир қораси кўринди. Абдулла бирпас ўйланиб турди-да, кейин шу томонга юрди. Узун қора мармар тош ёнидаги янги қабр тепасида кимдир турарди. Абдулла яқинлашиб, таниди. Бу Самад эди. Ёнига борди. Самад унга қарамади. Иккалови анчагача ёнма-ён туришди. Абдулланинг кўзи қабрда. Ҳали ундан шундай тупроқ иси келиб турарди.
— Бўлди, кет! — деди бир маҳал Самад вазминлик билан. — Тиригида хўрладинг, ўлганида тинч қўй. Кет.

Абдулла индамади. Яна бир оз турди-да, орқасига қайтди. У маст одамдек гандираклаб қадам ташлар экан, ҳеч ким, ҳеч нима ҳаёлига кирмасди. Ҳеч нарсани кўрмасди. Чумчуқ эса ҳамон тинмасдан чирқилларди.

XXIII

Андижон — Тошкент пассажир поезди оқшом пайти пойтахтга кириб келди. Перрон бир дамда одамга тўлди ва худди шундай бир зумда бўшади. Поезддан энг охири Абдулла тушди. У талмовсираб атрофга қаради, кейин судралиб вокзалдан чиқди. У нима қилишни, қаёққа боришини билмасди. Шунинг учун шошмасди. Анча вақт вокзал олдида қаққайиб турди. Кейин Темирйўлчилар саройи томон юрди. Саройни бир оз айлангач, қандайдир хиёбондан чиқиб қолди. Қош қорайиб, қуёшнинг ним ранг гардиши дарахтлар орқасидан мўралаб турарди. Хиёбонда одам сийрак, фақат ҳали сув қўйилмаган кўсаксурат фонтан ёнидаги скамейкада иккита мўйсафид гаплашиб ўтирарди. Абдуллага уларнинг қиёфаси шу даражада сокин ва тантанали кўриндики, у ҳам шу топда ҳеч нарсани ўйламасдан шундай осойишта ўтиргиси келиб кетди. Беихтиёр панароқ жой қидира бошлади. Ҳиёбоннинг орқа томонидаги катта йўлга туташ панжара ёнида ола-чипор бир скамейка кўринди. Абдулла шу томонга юрди. Скамейка олдида беш-олтита чумчуқ ва иккита мусича нон ушоқларини чўқилаб юрарди. Улар кеч кирганига, инларига шошилган бошқа қушларнинг чирқиллаганига парво қилмас, ўз ишлари билан овора эди. Ҳатто одам келганини ҳам пайқашмади. Абдулла бир депсиниб уларни ҳайдади-да, ўзини скамейкага ташлади. Нима бўлди ўзи? Нега ўлди? Нега ўлади? Абдулла қанча ўйламасин, ўйининг охирига етолмади. Бу эса уни баттар қийноққа солди. Кўзлари тиниб, ҳамма нарса жимирлаб кўрина бошлади. Шалвираган қўлларини зўрға кўтариб, ишқалади. Барибир фойда бермади. Секин юмди. Энди кўзларининг ичида нималардир жимирлай бошлади. «Ҳозир кетади, ҳозир йўқолади», ўйлади ўзича Абдулла ва бошини скамейка суянчиғига қўйди. Аммо жимирлаш йўқолмади. Аксинча, кўпайди, кейин ингичка ҳалқачаларга айланди. Ҳалқалар бирининг ичидан иккинчиси чиқиб, патефон пластинкасидек чириллаб айланиб, қорачиққа яқинлашганда ёйилиб кетди. Шу заҳоти иккита ҳалқача пайдо бўлиб, аввалгисидан ҳам тез айлана бошлади. Унинг ўрнини учинчиси, кейин тўртинчиси эгаллади. Лекин энг ёмони ҳалқачаларнинг пластинкадек айланиши эди. Қорачиққа яқинлашганда пластинка ғадир-будур чизиқлар ҳосил қилиб, шундай тез чириллаб айланардики, гўё баданига игна санчилаётгандек бўларди.

Абдулла шу алфозда қанча ўтирди, билмайди, ниҳоят чидай олмай бошини кўтарди. Лекин боши тегирмон тоши юритгандек оғрирди. Яна кўзларини ишқалаб, юмди. Бу гал ҳалқачалар кўринмади. Абдулла хўрсиниб, бошини яна суянчиққа қўйди. Шу маҳал олисда соққадек кичкина қора бир нарса пайдо бўлди. Кўзларининг тўғрисига келиб тўхтаб турди-да, кейин Абдулла томон юмалай бошлади. Бирпасдан сўнг у иккита бўлди. Кейин тўрттага айланди. Абдулла «нима бўларкин?» деб кўзларини юмганича ўтираверди. Тўғрироғи, очишга мажоли йўқ эди. Тўртта соққа бу пайтда ўн олтитага айланиб юмалаб келарди. Лекин яқинлашмасди. Соққалар ҳисоблаб бўлмайдиган даражага етганда, Абдулла кўзларини бир-икки қисиб қўйди. Шунда ҳамма соққалар бирлашиб, катта бир темир шарга айланди. Шар овоз чиқариб думалай бошлади. «Ҳозир мени босиб кетади, — ҳаёлидан ўтказди Абдулла. — Қочиш керак». Лекин жойидан қўзғалолмади. Шарнинг унга етиб келишига беш-олти қадамча қолди. «Ҳозир келади, ҳозир!..» Абдулла юраги қинидан чиқай деб ҳансирай бошлади. Шар кенгайди, кўз даврасидан чиқиб кетди. Аммо ҳамон думаларди. «Етди! Етди!» — деди Абдулла ва бирдан инграб юборди.
— Нима бўлди, йигит? — сўради кимдир меҳрибонлик билан.

Абдулла ёнига ўгирилиб, бояги мўйсафидлардан бири тепасида турганини кўрди.
— Ухлаётган экансиз, туш кўриб, чўчидингиз шекилли?
— Ҳа, — деди Абдулла уялиб, кейин секин ўрнидан турди.
— Муздек сув ичиб олинг, яхши бўлади, — маслаҳат берди мўйсафид.
— Раҳмат.

Абдулла рўмолчаси билан тер қоплаган бўйнини артиб, йўлга тушди. У гандиракларди, оёқлари омонатгина илиб қўйилган таёқчалардек судралар, тиззалари зўрға букиларди.

Шу аҳволда у хиёбондан чиқиб, марказий кўчага ўтди. Бу кўча кеч кириши билан гавжум бўларди. Машина қатнови тўхтаб, бутун кўча пиёдалар ихтиёрига ўтарди. Пиёдалар эса турли кийимда, турли ёшда бўлиб, шу кўчага келганда ўзларини беихтиёр, ҳеч қандай ғами, ташвиши йўқдек ҳис қилишарди. Бу ерда умрида биринчи марта анчагина уриш-тўполон билан сайилга чиққан, ҳали баланд пошнали туфлига ўрганмаган қизларни, ярим кечагача ўйин-кулги қилиб, бутун шаҳар ўзиники бўлиб қолган талаба-ёшларни, бир-биридан ҳали бўса олиб улгурмаган, бор меҳрларини қўл ушлаш билангина ифодалаб юрган севишганларни, умри тугаб бораётганини сезиб, ҳаммага, ҳамма нарсага суқ ва ҳавас билан қаровчи мункиллаган кампир, чолларни, қўйинг-чи, шаҳарнинг деярли ҳамма тоифа кишиларини кўриш мумкин эди. Бир соат чамаси шошилмасдан шу кўчани айланган киши, узоқ учратмаган таниш-билишларини кўпинча шу ердан топиши эҳтимолдан холи эмас. Кўпчилик, айниқса, ёшлар шундай қилишарди ҳам. Бу кўча умуман, дам олиш, учрашувлар, келгуси режалар жойи эди.

Абдулла битта-битта қадам ташлаб тротуар четидан борар экан, одамларга қарамасликка интиларди. Унинг ҳеч ким билан учрашгиси, ҳатто саломлашгиси ҳам келмасди.

Универсал магазин рўпарасига етганда у тўхтади. Шу ерда сайилгоҳни тор бир кўча кесиб ўтган эди. Шу ёққа юрди.

Кўча жимжит, на биронта машина, на биронта одам кўринарди. Абдулланинг кайфи баттар бузилиб кетди. Ўзини ифлос, катта бир гуноҳ қилиб қўйгандек ҳис қиларди. «Расво бўлдим, — ўйлади у. — Ҳамма нарса расво бўлди». Шундай ўйлади-да, яна йўлга тушди. Троллейбус тўхтайдиган жойга келганда, кимнингдир симёғочга суяниб турганини кўрди. Унинг шу одам билан гаплашгиси, озгина бўлса ҳам кўнглини бўшатгиси келиб кетди. Симёғочга яқинлашиб йўталди. Лекин бегона киши унга қарамади. Симёғочга суянганича тураверди.
— Кечирасиз, соат неча бўлди? — сўради Абдулла унинг қаршисига ўтиб.
— Соатим йўқ, — деди бегона киши. — Аммо тахминан айтишим мумкин. Ўн иккидан ошди.
— Наҳотки? — ҳайрон бўлди Абдулла.
— Ҳа, троллейбус энди юрмайди. Чекишингиз борми?
— Бор.

Абдулла шошиб сигарета олиб бегона кишига узатди, ўзи ҳам тутатди. Бегона киши оғир хўрсиниб тутун чиқарар экан, деди:
— Хотинимни кутиб турибман.
— Шунақа кеч келадиларми?
— Энди келмаса керак, — деди бегона киши йўлга қараб.
— Нега?
— Уришиб қолувдик, кетиб қолди. Анча бўлди кетганига, ҳали қоронғи тушмаган эди.
— Ҳафа бўлманг, келиб қоларлар, — юпатди Абдулла.
— Йўқ, келмайди. Кетиб қолса қаерда бўлишини билардим. Ё анҳорнинг лабида ўтирарди, ё бўлмаса катта кўчада юрарди. Дарров топиб келардим. Бугун тополмадим. — Бегона кишининг кўзлари ялтираб кетди. — Энди келмайди...
— Ҳафа бўлманг, эр-хотиннинг уриши қаёққа борарди? — деди Абдулла яна уни овутмоқчи бўлиб. — Қайтиб келадилар.
— Айб ўзимда, — деди бегона киши кўзларини артиб. — Уни кўп ҳафа қилардим. Бугун ҳам қаттиқ ҳафа қилдим. Билмадим, нимадан жанжал чиқардим. Туппа-тузук овқатланиб ўтирган эдик бўлмаса. Бир гапга иккинчиси уланди, учинчиси... Кейин у ҳам чидай олмади, шекилли: олим бўлиш осон экану, одам бўлиш қийин экан, деди. Бу гап у ёқ-бу ёғимдан ўтиб кетди. Ёмон сўкиб бердим. Чиқиб кетди, йиғлаб-йиғлаб чиқиб кетди. Бунақа одамни топиш қийин. Ёмон бўлса, иккита боламни ўз боласидек кўрмас эди. Мен ҳам уни яхши кўраман. Эртага туғилган куни эди. Совға ҳам олиб қўювдим... — Бегона киши хўрсинди. — Мана, кўринг.

У қўйин чўнтагидан кичкина қутичани олиб Абдуллага узатди. Бу — кичкина бриллиант кўзли узук эди.
— Яхшими?
— Жуда ҳам, — деди Абдулла қутичани ёпиб, қайтарар экан.
— Зўрға топувдим. Энди кераги йўқ... Нима қилади энди буни?..

Бегона киши бирдан ўзини ўнглади. Сигаретини оёғи тагига ташлаб эзди, кейин ёш боладек катта кўча томон югуриб кетди.
— Саида! Саида!!!

Абдулла унинг орқасидан ҳайрон бўлиб қараб қолди. Бир оздан сўнг троллейбус келмаслигига ишонч ҳосил қилиб, ўша томонга юрди. Муюлишга етганда бегона киши кўчани бошига кўтариб кулганича, бир нарсани опичлаб келар эди. Абдуллани кўриб, у се-винч билан қичқирди:
— Топдим! Топдим!..

Абдулла шунда уни бўйнидан қучоқлаб олган нимжон аёлни кўрди. Унинг ой нури ёритиб турган кўзлари намданми, ё севинчданми худди бояги узукнинг бриллиант кўзларидек ялтирарди.

Шу пайт:
— Йигит! — деди бегона киши тўхтаб. — Эртага бизникига келинг. Отамлашамиз. Симёғоч қаршисидаги уй. Албатта келинг!
— Раҳмат, — деди Абдулла.

Бу тасодифий учрашув уни баттар эзиб юборди ва у ёши анчага бориб қолган, аммо қонида йигитлик завқи, муҳаббати жўш уриб турган, осойишта тун қўйнидаги бўм-бўш кўчани тўлдириб бораётган бу одамга чексиз ҳавас, айни вақтда ҳали узоқ йиллар, балки умрбод қалбини тимдалайдиган гуноҳ азоби билан қараб қолди.

1969