OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиОта ва ўғил (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм107KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/17
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ота ва ўғил (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

Профессор Сабоҳат Қодирова ўғлининг контсертидан ўзида йўқ севинч билан чиқди. Бу гал ҳам аввалги кунлардагидек тўрт минг кишилик томоша зали одамга лиқ тўла, пашша қўнадиган жой йўк эди. Бу гал ҳам аввалги кунлардагидек одамлар контсертга тўйишмади, гулдурос карсаклар чалиб, ер тепиб уни сўрашди, талаб қилишди:
— Бахтиёржон! Ука! Яна битта айт! Жон ука!
— Битта айт, отанг роҳатингни кўргур болам!
— Тоғдан атайин тушганмиз! Тўймай қолдик! Битта яна! Битта айт! Жон тасаддуқ!

Саҳнанинг олтин пардаси оҳиста ёпилабошлаганда, ниҳоят ёпилиб, чарчаган, оғир нафас олабошлаган, бошдан-оёқ оқ кийинган Бахтиёр унинг орқасида ғойиб бўлганда, Сабоҳат Қодирова ўрнидан турди, қаторидаги жойларидан қимир этмай қарсак чалиб, саҳнадан кўз узмай турган одамларни безовта қилиб йўлакка чиқди. Кимдир уни қўлтиғидан олди.
— Орқада эшикдан чиқамиз, опа. Буёқни милитсия ўраган.
— Нега?
— Киролмаганлар туришибди. Афтидан эртагаям контсерт бўлади.

Сабоҳат Қодирова исмини билмаса ҳам ўғлининг ёрдамчиларидан бўлган бу йигитни таниди ва қўлини олмай у етаклаган томонга юрди.
— Олдиларига кирмайсизми? — сўради йигит зинадан пастга тушишаётганда. — Аммо одам кўп. Саҳнадан гримхонагача одам. Кўпи қиз! — йигит кулди, —Тезроқ уйлантириб қўймасак бўлмайди. Опқочиб кетишади!
— Уйда кўрақоламан. Бир соатларда борар?
— Ҳаракат қиламан оборишга!

Улар хизматчилар юрадиган баланд-паст, тор йўлкалардан айланиб кўчага чиқишди. Тошкентнинг тунги муздек ҳавоси гуп этиб димоққа урилди. Сабоҳат Қодирова беихтиёр кўча эшик тепасидаги соатга қаради. Ўн бирдан ошибди. Демак, контсерт бу гал ҳам тўрт соатдан зиёд давом этибди. Бола бечора! Роса чарчагандир? Боя, ўнинчи қаторда ўтирган бўлса ҳам унинг чарчаганини сезди. Чарчаса, кўзлари кўпроқ бир нуқтага тикилиб қолади. Боя кўзлари шундай хорғин эди. Аммо, барибир у ўзини, аввало ўғлини бахтли ҳисобларди. Дунёга машҳур Халқлар дўстлиги саройи раҳбарияти ўғлини илгари қўшма контсертларгагина таклиф қиларди. Ўтган ойда бирдан уни ўн кунлик контсертга чақиришди. Директорнинг ўзи келиб таклиф қилиб кетди. Илтимослар кўп, деди. Шундай бўлса ҳам Сабоҳат опа чўчиб, ўғлини қайтармоқчи бўлди. Аммо кўзлари чақнаб, севиниб турганини кўриб, ҳеч нарса демади. Яхши ҳам ҳеч нарса демаган экан. Ҳамма контсертлар бугунгидек муваффақият билан ўтди. Бирон марта ҳам уч соатдан кам бўлгани йўқ. Саҳна гулга тўлиб кетди. Тўнлар кийдиришди.

Сабоҳат Қодирова ҳамма контсертга келди. Санъатга, санъаткорга элда бўлган эътибор, ҳурматни у тасаввур қиларди, биларди. Аммо шу ўн кун ичидаги ўғлига бўлган эътибор, ҳурмат унинг тасаввурларидан, кўрган-билганларидан, умид-орзуларидан ўтиб кетди. Унинг севимли ўғли Бахтиёр эл севган ҳақиқий санъаткор бўлиб етишган эди. Фақат ҳақиқий санъаткорнигина эл шундай кутиб олади, бошига кўтаради, ҳеч қандай манфаатсиз унинг шайдоси бўлади.

Сабоҳат Қодирова буни контсертнинг биринчи куниёқ тушунди, аммо сир тутди, ҳеч кимга айтмади, ҳатто ўғлининг ўзига ҳам билдирмади. Дили ғурурга тўлиб кетганига қарамай, кейинги кунларнинг ташвишини қилди, қизиқиш сусайиб, томошабин камайиб кетишидан чўчиди. Шундай бўлмаслигини, билетлар сотилиб бўлганини билса ҳам ҳаво-тирланди. Ўғлининг ҳамма санъаткорларга ўхшаб, табиати нозик, одам сийраклашиб бораётганини кўриб, руҳи тушиб кетиши мумкин эди. Аммо контсертга қизиқиш кундан-кунга зўрайди, билет тополмай саройнинг у эшигидан бу эшигига югурганлар кўпайди. Тартиб ўрнатиш, контсертларнинг тинч ўтишини таъминлаш учун милитсия чақиришди. Уйда телефон кети узилмай, жиринглайдиган бўлиб қолди. Бир минутга бўлса ҳам унинг овозини эшитмоқчи бўлган уятчан қизлар телефон қилишарди, ҳамма нарсани, ҳаммани пулга сотиб олиш мумкин, деб ўйлайдиган янги чиққан бойваччалар, санъатда янги юлдуз пайдо бўлганлиги сабабли севинчига чидолмай табрикламоқчи бўлган зиёлилар, тўйлари, мажлислари, тантанали маросимларига таклиф қилган министрлар, минг хил бирлашма, фирмаларнинг бошлиқлари, вакиллари... Ҳаммасига Сабоҳат Қодирова жавоб қилди. Ҳеч кимни ранжитмади, аммо ҳеч кимга ваъда ҳам бермади. Бир нарса шу ўн кун ичида унга равшан бўлган эди. Кечагина у оила бошлиғи ҳисобланган уйда ўғли бирдан янги, мустақил, фақат санъаткоргина тушуниши мумкин бўлган мураккаб, ҳаётга қадам қўйган, бирдан у билан тиллашган, катта қилгунигача чеккан азоб-уқубатларини бирдан кўтариб ташлаган, дилини кувончга тўлдирган эди.
— Тезроқ обкелишга ҳаракат қиламан, — деди йигит дарвозалари олдида машинасини тўхтатиб.

Сабоҳат Қодирова хаёл билан бўлиб уйга қандай етиб келганини ҳам билмай қолган эди.
— Раҳмат. Эртага яна контсерт бўлса, вақтлироқ келиб дам олсин!..
— Ҳўп бўлади!

Машина силтаниб жойидан қўзғалди ва тун қўйнида ғойиб бўлди.

Сабоҳат Қодирова айвонга кўтарилиб, дарҳол ҳамма хоналарнинг, ҳовлининг чироқларини ёқиб юборди. Ҳойнаҳой Бахтиёр ёлғиз келмайди, созандалари, маъмурлари билан келади. Саройнинг директори ҳам келиб қолиши мумкин. Шундай тахмин қилиб, айвонга жой ҳозирлади. Овқатга нима қилишини ўйлаб, ётоқхонага кийимларини алмаштиргани кирганида контсертга кетаётиб, ошнинг сабзи-пиёзини бостириб кетганлиги эсига тушди, севиниб кетди. Ҳар эҳтимолга қарши уй кийимларини апил-тапил кийиб, ошхонага югурди. Эси қурсин, адашмаса, кеча кундуз куни эди, савзи-пиёз бостиргани, бугун эмас. Нима қилса бўларкин? Лағмонми? У шошиб тувоқни кўтарди. Хайрият, ошнинг савзи-пиёзини бугун бостириб кетган экан. Кўнгли анча жойига тушиб, ўн кишига мўлжаллаб гуруч олди. Тозалаб, ювиб, совуқ сувга солиб қўйди. Келишлари билан дамлайди.

У айвонга кўтарилиб, аччиқ-чучукка пиёз тозалаб қўймоқчи бўлиб турганида телефон жиринглади. Сабоҳат Қодирова ичида кулиб қўйди. «Контсерт тугаганга ўхшайди, энди тиним бўлмайди» — ўйлади ўзича ва телефонга борар экан, уйга олиб келиб қўйган таниш йигитнинг гапи эсига тушди: «Уйлантириб қўймасак бўлмайди. Обқочиб кетишади!»... Чиндан ҳам уйланса бўларди энди. Аммо Бахтиёр ўзи шу пайтгача оғиз очгани йўқ. Ўртоқлари ҳам унга ҳеч нарса дейишмайди. Телефонни оларкан, суриштиришни дилига тугиб қўйди.
— Эшитаман...

У адашган эди. Ўғлининг ишқибозлари эмас, клиникадан навбатчи доктор телефон килаётган эди.
— Нима гап, Каримжон?
— Кечирасиз, безовта қилишга мажбур бўлдим, Сабоҳат Қодировна! — деди хижолат бўлиб навбатчи доктор, — «Тез ёрдам»да оғир бемор олиб келишди. Нафас йўллари бекилган. Зудлик билан оператсия қилинмаса бўлмайди.
— Қилаверинг! — буюрди Сабоҳат Қодирова.
— Қилолмайман...
— Нега? — ҳайрон бўлди Сабоҳат Қодирова, — Бундай оператсияларни қилгансиз-ку?
— Буларга ўхшамайди. Назаримда овоз йўлларини олиб ташлаш керак.

Сабоҳат Қодирова дарҳол тушунди:
— Нима қилдингиз?
— Трубка қўйиб қўйдим. Машина юборайми?
— Майли. Оператсияхонани тайёрланг!
— Тайёр! Раҳмат, Сабоҳат Қодировна. Безовта килганим учун кечиринг! Машина юборганман. Эшигингиз тагида турган бўлса керак. Беморнинг ўғли кетган.
— Нега? — Сабоҳат Қодированинг жаҳли чиқиб кетди.
— Бошқа машина йўқ эди. «Тез ёрдам» ташлади-ю, кетди!
— Бемор неча ёшда экан?

Навбатчи доктор ўйланиб қолди, ё ёнидагилардан суриштира бошлади шекилли, дарҳол жавоб бера олмади. Кейин трубкадан хансираган овози келди:
— Элликдан ошган экан.
— Чиндан ҳам ёш эмас экан, — киноя қилди Сабоҳат Қодирова, — Ҳозир, бораман.

У трубкани қўйиб, айвонга чиқди. Ҳозиргина дастурхон ёзиб қўйган столи ёнига ўтириб, хат ёзди.

«Бахтиёр! Ўғлим! Табриклайман. Бугун ҳам контсертинг зўр бўлди. Ўчоқбошида ошнинг сабзи-пиёзини бостириб қўйганман. Гуруч ҳам ивитиғлик турибди. Клиникага боришга тўғри келиб қолди...»

Хатни ўқиб, соатига қаради. Чоракам ўн икки бўлган эди. Ҳар эҳтимолга қарши хатга имзо чекиб, вақтни ёзиб қўйди.

Кийиниб, кўчага чиққанида, баланд бўйли бир одам ҳовлиқиб яқинлашди:
— Ассалому алайкум! Мен сизга келганман, опа!
— Яхши. Кетдик!

Сабоҳат Қодирова шахдам машина томонга юрди.
— Нима қилди адангизга? — сўради йўлда у.
— Томоғлари оғриб юрарди. Уч-тўрт ойдан бери нафас олишлари қийинлашиб қолди, — машинани тез ва усталик билан хайдар экан, йигит орқасига ўгирилиб, Сабоҳат Қодировага қаради. Лип-лип қилиб ўтаётан фонуслар ёруғида йигит танишдек кўринди, овозини ҳам қаердадир эшитгандек бўлди. Аммо эслолмади. Бунинг ҳозир аҳамияти ҳам йўқ эди. Унинг бутун хаёли беморнинг қандай касалликка гирифтор бўлганлигида эди.
— Нафаслари чиқдими?
— Нафас ололмай қолдилар!... Опа!... Тузалиб кетадиларми?

Йигит ялинганомуз сўради. Сабоҳат Қодирова унинг йиғлаб юборганини сезди.
— Нима лозим бўлса, қиламиз.
— Раҳмат, опа. Қўлингизни гул дейишади. Бутун умидимиз сиздан. Ман — Аҳадман. Аҳад Комилов.
— Яхши, Аҳаджон. Ўзингизни босинг. Айтдим-ку, нима лозим бўлса қиламиз.

«Жигули» тсирк олдида чийиллаб қайилди-да, Чорсу томонга йўл олди. Бу кўчалардан Сабоҳат Қодирова кунига камида икки марта юрарди. Чорак асрдан бери уларсиз ўз ҳаётини тасаввур килаолмасди. Ҳар гал ўтиб борар экан, ўзи учун бирорта янгилик кашф этарди. Мана ҳозир ҳам шу таниш, қадрдон кўчалардан борар экан, тун қўйнида, баланд юлдузлар, ойнинг ўроғи ва лип-лип этиб ортда колаётган фонуслар ёруғида тинч, осойишталигиданми, улар юракни безовта қилувчи сир ва сеҳрга тўлиб тургандек эди. Улар нималарни, кимларни кўрмаган, кимлар уларнинг чанг парда тортган бетларига севинч ёки алам, қайғу ёшларини тўкмаган? Уларнинг қаърида қандай сирлар очилмай қолиб кетди, қандай сирлар очилишини кутиб ётибди? Уларни кимлар оҳиста босиб, тупроқларини юзларига суртиб ниятларига етолмай ўлиб кетдилар? Кимлар бу кўчаларда юлдуз санаб бахтларини топдилар, қўша қаридилар, кимларни ўлим қучоғига олди? Қанчадан-қанча беморлар шу кўчалардан юриб, унинг олдига нажот сўраб келдилар, шу кўчалардан юриб қанчаларнинг умрига умр қўшди? Бугун қандай сир бор экан уларда? Қандай сеҳр кўрсатишар экан? Ким бугун бу тунги осойишта кўчалардан юриб бахтини топади, кимнинг юлдузи учиб, кимлар фарёд қилади? Умид билан уни кутиб ўтирган беморга, у бугун нима беради? Нима уни кутаяпти — ўлимми ё ҳаёт?

Сабоҳат Қодирова икки қўлини рулга қўйиб кетаётган барваста йигитга қаради. Уни қаерда кўрган? Ё бировга ўхшатаяптими? Кимга?

Олдинда таниш майдон кўринди. Уни айланиб ўтишлари билан шифохонанинг панжара деворлари бошланади. Баланд чинорлар, кумушбарг тераклар тагида қолиб кетган тўрт қаватли шифохона биносини Сабоҳат Қодиро-ва яхши билади, яхши кўради. Чорак аср бурун у институтни битириб ишга келганида бино эндигина қад кўтарган эди. Уларнинг бўлими, институт кафедраси иккинчи қаватга жойлашди. Кафедра мудирининг хонаси энг сўнгги, кунга тескари тушган, шу туфайли олти ой ёз салқин бўлиб турадиган хона эди. Машҳур олим, хирург, унинг аспирантурадаги раҳбари, профессор Мумтоз Иброҳимов вафотидан кейин шу салқин хона унинг ишхонаси» кафедранинг ҳамма йиғилишлари, клиниканинг ҳамма мажлислари шу хонада ўтади, беморларни биринчи марта шу хонада қабул қилади.

Шифохонага етиб келишганда у одати бўйича ўз кабинетига кўтарилди. Зудлик билан халатини кийиб, умумий қабулхонага йўл олди. Эшик олдида навбатчи доктор билан анастезиолог кутиб туришарди.
— Аҳволи қалай? — уларга яқинлашганда сўради Сабоҳат Қодирова.
— Оғирлашаяпти, — навбатчи доктор ўзини четга олиб, йўл берди.

Сабоҳат Қодирова ичкарига кириши билан бир зум тўхтаб қолди. Юмшоқ креслода бошини суянчиққа ташлаб оқариб ўтирган, оғзига солинган ичак орқали оғир нафас олаётган одам таниш эди. Сабоҳат Қодирова ўзини ҳатто орқага ташлагандек, оёклари бўшашиб, юраги тўхтаб қолгандек бўлди. Аммо ундаги бу ўзгаришни ўзидан бошқа ҳеч ким сезмади. Дарҳол ўзини тутиб олиб, бемор тепасига келди-да, қўлини ушлади.

Томир уриши суст, нотекис эди. Бўйни шишиб, силлиқлашган, жағ суяклари, кекирдаги кўринмасди. Сабоҳат Қодирова нима бўлганини тушунса-да, ҳар эҳтимолга қарши ушлаб кўрди. Қекирдак соғлом одамларники сингари ҳара-катчанглигини йўқотган, шиш уни ҳар томондан исканжага олган эди.
— Оператсияга ҳамма нарса тайёрми? — беморни кўришда давом этиб сўради Сабоҳат Қодирова. — Оператсия қилмасак бўлмайди!

У шундай деб, беморнинг салқиган йирик кўзларига қаради. Бемор уни танидими, йўқми, айтиш қийин, қўрқув аралаш кўзларини ундан узмасди.
— Мени тушундингизми? — қайта сўради Сабоҳат Қодирова. — Оператсия килиш керак. Гап ҳаётингиз устида кетаяпти.

Бемор оҳиста кўзларини юмиб, бошини қимирлатди.
— Олиб боринглар.

Сабоҳат Қодирова қабулхонадан чиқаётганда Аҳад Комиловга дуч келди. Худди отасиникига ўхшаган йирик қора кўзлари илтижо билан унга тикилди.
— Оператсия қилмасак бўлмайди, — Сабоҳат Қодирова унинг саволини кутмай жавоб бериб қўяқолди. — Овоз йўлларида пайдо бўлган шиш кенгайиб, нафас олишга ҳалақит бераяпти. Мутлако бўғиб қўйиши мумкин. Зудлик билан олиб ташлаш керак.
— Омон... омон қоладиларми ишқилиб? Жуда қўрқитиб юбордилар.
— Омон қоладилар. Аммо овоздан ажрайдилар. Ашула айтолмайдилар.

Сабоҳат Қодирова билан оператсияхонасига ёнма-ён келаётган Аҳад Комилов бирдан тўхтаб қолди.
— Бошқа илож йўқ. Гап ҳаёт устида кетаяпти.

Sabohat Qodirova shunday dedi-da, operatsiyaxonaga kirib ketdi. Uning rostini aytmasdan iloji yoʻq edi. Bir paytlar dongʻi ketgan ashulachi bugun qanchadan-qancha odamlarni oʻziga maftun qilgan, quvonchiga quvonch qoʻshgan, toʻy, ziyofatlarini yayratgan ovozidan ajraydi. Balki mutlaqo gapirolmaydigan boʻlib qoladi, barcha sogʻlom odamlar singari burnidan emas, tomogʻidan nafas oladi... Boshqa iloji yoʻq. Dunyodagi barcha ilgʻor mamlakatlar tibbiyotida shunday. Ovoz yoʻllarining jarohatlangan joylarini olib tashlab, oʻrniga yangi bezlar, matolar qoʻyib asl holiga qaytarish hech qaerda ijobiy natija bergani yoʻq. Donorlardan foydalanish ham muvaffaqiyatsiz chiqdi. Inson hayotini saqlab qolish oldida ovozni yoʻqotish katta bir baxtsizlik emas. Inson har narsaga koʻnikadi, ovozsiz yashash, odamlar bilan muomala qilishning boshqa yoʻllarini topadi. Ovozi asosiy ish va yashash manba’i boʻlganlar kasblarini oʻzgartirishlariga toʻgʻri keladi. Na iloj? Sabohat Qodirova operatsiya kiyimlarini kiyaturib shularni xayolidan oʻtkazdi, koʻz oldiga yana bugungi bemor keldi. Olimjon Komilov — dongʻi ketgan ashulachi. Bir paytlari, rangli televizor qishloqlarda endi-endi paydo boʻla boshlagan, videokasseta nimaligini odamlar hali bilmagan paytlarda Olimjon Komilovning ovozi, u aytgan qoʻshiqlar koʻpchilikni hayajonga solgan, muhabbatini qozongan edi. U qatnashgan toʻyning dovrugʻi tilma-til boʻlib ketar, toʻy egasiga hammaning havasi kelardi. Radioda, televidenieda u paydo boʻlgan dastlabki yillari uning «Fargʻona tong otguncha» ashulasi koʻpchilik oʻzbek xonadonlarining sevimli qoʻshigʻi boʻlib ketdi. Xaziniy gʻazali bilan aytiladigan shu ashulani boshqa ashulachilar ham aytishgan edi. Ammo ovozining hech kimnikiga oʻxshamagan ijrosi bilanmi yo aytish uslubidagi tiniklik, har bitta soʻzning ohangi, dardini aniq yetkazish san’ati bilanmi u koʻpchilikning ogʻziga tushib ketdi. Xalq orasida ertalabki oshga uch ming, kechqurungi bazmga toʻrt ming bilan borarmish, degan gap tarqaldi. Bir xillar qoyil qolishdi, bir xillar tillarini tishlab, yoqalarini ushlashdi. Ammo hech kim oʻni urishgani yoʻq. Harxolda Sabohat Qodirova buni eshitmagan. U paytlari u yosh, endi maktabni tamomlayotgan qiz edi. Yettinchi sinfdan oʻninchi sinfgacha oʻqiyotgan koʻpchilik tengqurlari qatori u ham Olimjon Komilovga xushtor boʻlib qolgan, uning «Oftob kuygay», «Xolingmu bu yoki olucha?», «Xohi ishon; xohi ishonma» va yana bir talay qoʻshiqlarini yodlab olgan edi. Sijjakda oʻsha paytlarda kamdan kam odamda magnitofon bor edi. Adashmasa, toʻrttami, beshta. Shu xonadonlar kechqurun odamga toʻlib ketardi. Navbat bilan, guruh-guruh boʻlib, uning ashulalarini eshitishardi. Sabohat Qodirova ham uyidagilardan birortasi bilan, oyisi yo opasi bilanmi boʻlib eshitib kelardi va kechasi bilan uxlolmay chiqardi...

— Ҳамма нарса тайёр, — ахборот берди ҳамшира. — Яхши.

... У ҳақда турли хил миш-мишлар ҳам юрарди эл оғзида. Гуё унинг ҳар бир шаҳарда уйи бор эмиш. Ҳар бир уйида биттадан хотини бор эмиш. Энг яхши кўргани қўқонлик Кумушхон эмиш. Кумушхон ўйинчимиш. Тошкентда Мукаррама Турғунбоева ўз шогирдлари билан қанчалик машҳур бўлса, Фарғонада Кумушхон шунчалик машҳурмиш. Мукаррама опа бир неча бор «Баҳор»га келгин, деб унга одам юборибди, ҳатто ўзи атайин бориб келибди, аммо Кумушхон келмабди. «Олимжон акамларнинг гаплари билан ўйинга тушиб турибман, ундаям ўзлари бор жойда. У кишининг уйларини обод қилиб ўтириш менга бахт», дебди. Ўйнаганда ҳам у тўйларда эмас, тор-тор мажлисларда, «гап»ларда ўйнар экан. Одамлар пулдан чамбар қилиб, бўйнига ташлашар экан. Тошкентдаги қандайдир бир бева хотин ўртоқларига зиёфат бераётиб, Олимжон Комиловга янги, ҳали минилмаган «Волга»сини ҳадя қилиб юборибди...

Сабоҳат Қодирова оператсия столи ёнига келиб, яна беморнинг томирини ушлади.
— Ҳозир кўзи илинади, — деди анастезиолог. — Танидингизми, домла?

Унинг бу саволини боши, қовоқлари оғирлашиб бораётган бемор ҳам эшитди. Сабоҳат Қодированинг тасдиқлаган овозини ҳам эшитди. «Мен ҳам уни танийман» — хаёлидан ўтказди у.

Унинг оператсия олдидан охирги эсида қолган гапи шу бўлди. Томоғида нимадир «кирт-кирт» қилиб, чумоли ўрмалагандек бўлиб кетди, кейин ҳамма нарсани унутди!

Оператсия бир соатдан зиёд давом этди, Сабоҳат Қодирова беморнинг овоздан маҳрум бўлаётганига қанчалик ачинмасин, жароҳатланган овоз йўллари, кекирдагини очганда, ягона тўғри чора шу эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилди. Овоз йўлларидан тарқала бошлаган шиш бутун томоқни, кекирдагини, ҳатто овқат йўлини қисиб, жароҳатлай бошлаган эди.
— Ҳаммасини олиб ташлайсизми? Ўнг томон тузукка ўхшайди-ку? — Сўради навбатчи доктор.

Сабоҳат Қодирова скалпелни у айтган томонга тиради.
— Шуни тузук деяпсизми? Рангини кўрмаяпсизми? Қолдирсак, икки-уч ой ўтмай бу ер шишиб чиқади. Ашулачилар неча ёшгача ашула айтади, билмайсизми?
— Билмадим, — навбатчи доктор елкаларини қисди, — Юнус Ражабий етмиш ёшидаям ашула айтарди. Ҳар ким ҳар хил бўлса керак.
— Соғлигига қараб, — хулоса қилди Сабоҳат Қодирова. — Ўттизга бормай овоздан қолганлар ҳам бўлган. Бу киши ранжимаса ҳам бўлади. Элликдан ошган дедингизми боя?
— Олтмиш бирда эканлар.
— Ёмон эмас. Мана, бўлди. Тикамизми энди? Сабоҳат Қодирова беморнинг барча шишлари таги билан кесиб олинган томоғига тикилиб туриб, сўради. Саволни у ўзига, ҳеч қандай яра, шиш колиб кетмадимикан, деб берган эди.

Навбатчи доктор уни тўғри тушунди.
— Назаримда ҳеч нарса қолмади. Нечанчи трубкани қўямиз? Олтиними?
— Олтини. Қани, бошладик. Ип!

Сабоҳат Қодирова беморни палатага жўнатиб, ўз кабинетига кирганида, телефон жиринглаб турган эди.
— Эшитаман?
— Оператсия яхши ўтдими?
— Ҳа, яхши ўтди. Ким сўраяпти?

Сабоҳат Қодирова телефон қилаётган аёлни беморнинг кариндошларидан бўлса керак, деб гумон қилди. Гумон тўғри чиқди.
— Мен оилалари бўламан. Раҳмат сизга, доктор. Қачон чиқадилар? Бирон ҳафталарда чиқиб қоладиларми?

Сабоҳат Қодированинг энсаси котди. Аммо ўзини босди.
— Буни ҳозир айтиш қийин. Ҳаётлар, шунинг ўзи ҳозир катта гап.
— Ҳа, албатта, албатта. Раҳмат, доктор..

Аёл трубкани қўйиб қўйди. Сабоҳат Қодйрова унинг узоқдан гапираётганлигини, ёшлигини ҳам сезди. Аммо ҳайрон бўлмади. Миш-мишлардаги «хотин»лардан бири бўлса керак, деди-ю, шу захоти уни унутди. У чин юракдан беморга ачиниб кетган эди. Бугундан бошлаб ашула айтиш уёқда турсин, гапириши ҳам унинг амри учун маҳол эди.

Олимжон Комиловни у танирдигина эмас, яхши биларди. Тасодиф уларни учраштириб, бирини ёмон отлиқ қилган, бирининг ҳаётини алғов-далғов қилиб юборган эди. У сабаб, Сабоҳат Қодирова уйидан чиқиб кетди, ота-онаси деярлик ҳамма қариндош-уруғлари билан юз кўрмас бўлди, қорнида ўғли билан ёлғиз қолди. Тошкент кўчаларида сарсон-саргардон бўлиб юрди. У сабаб, Сабоҳат Қодирова ўғлини алдади, отасини ўлганга чиқарди, турмуш қурмади, эр-хотинлик кувончларидан умрбод маҳрум бўлди...

...Мактабни битириб, ТошМИга ҳужжатларини топшириб келган кунлар эди. Девор қўшнилариникида тўй бўлиб қолди. Ўрмон хўжалиги бошқармасининг бошлиғи ўғил уйлантираётган эди. Тўй эгаси, Мардонбек ака накд тўрт минг пул ва улоқчи отини берадиган бўлибди. Олимжон Комилов машинани яхши кўргандек, отни ҳам яхши кўрар экан. Шунга ҳам зўрға рози бўлибди. Эрталабга қолмайман, кечасиёқ кетаман, дебди. Мардонбек аканинг ўзи оғзи қулоғига етиб, шуни одамларга гапириб берибди. Қайси бир ўтиришда ўғлимнинг тўйига Олимжонни олиб келмасам, отимни бошқа қўяман, деб юборган экан. Шу хабар тарқалганидан кейин Сижжак бузилган ари уясига ўхшаб қолди. Одамларнинг тинчлиги йўқолди, деярлик ҳамма сабрсизлик билан тўй кунини санашга тушиб кетди. Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун келди. Одамлар ҳовлига сиғмай, кўчага ҳам жой солинди. Сабоҳат бўйи етган қизлар қатори ва қўшничилик ҳуқуқи билан келинни кутиб олиш шарафига муяссар бўлди. Тўй кечада хизмат қилиб юриб, куёв йигитлар билан келинни олиб келгани жўнашганида, Сабоҳат дастурхон етишмай қолиб, уйига чиқди. чиқди-ю, ҳовлининг ўртасидаги баланд тахта кароватда ўтирган меҳмонларни кўриб ҳанг-манг бўлиб қолди. Дарров таниди. Улар Олимжон Комилов ва унинг созандалари эди. Севинганидан боши айланиб, гандираклаб кетди.
— Яхши келдинг, қизим! — суюниб кетди ўчоқбошидан чой кўтариб келаётган дадаси уни кўриши билан. — Куёвлар келгунча бизникида ўтириб туришади. Ойингга қарашиб юбор!

Сабоҳат ўзини тутиб олиб, дадасига яқинлашди, қўлидан пиёлаларни олиб, каравот томон юрди.
— Ассалому алайкум! — у эшитилар-эшитилмас салом бериб, пиёлаларни кароват бурчагига қўйди-да, уялганидан қип-қизариб, ўчоқбошига югурди. Орқасидан дадасининг гапини эшиди:
— Сабохат мактабни тугатиб, ТошМИга кириб келди. Аълочи. Олтин медал олди.
— Жуда яхши. Табриклаймиз! — деди кимдир.

Сабоҳатнинг назарида Олимжон Комиловнинг ўзи шундай деди. Баттар уялиб кетди.
— Ойи, ўзими? — сўради бир нарса дейиш учун.
— Ўзи, болам, ўзи, блимжон Комилов! — деди онаси, — Даданг тушмагур бошлаб келдилар! Нима қилишимни билмай турибман. Яхна гўштим бор. Қовуриб берақолайми? Нима дейсан? Тўйхонадан чиққани бошқа, ўз уйингники бошқа.
— Яхши ойи. Мен нима қилай? — ойисидек Сабоҳат ҳам тинчини йўқотди.

Шундай одамнинг уларникига келиши қатта кувонч, биронта иссиқ овқат қўймасдан турғазиш мумкин эмас эди.
— Ўчоққа ўт қала. Даданг тушмагур-а, даданг тушмагур! Одамни шунақа уялтириб юрадилар! Кимнинг хаёлига келибди, уларнинг бизникига кириши! Бир соат олдин айтиб қўйсалар бўлмасмиди?

Сабоҳатнинг ойиси қозонга ёғ солиб, гўшт қирқар экан, эрини уришган бўлди, аммо ёниб турган кўзларидан ўзининг ҳам хурсандлиги билиниб турарди.
— Ойи! Кун иссиқ. Ҳойнаҳой чанқаб келишган. Дадамга айтинг, қовун-тарвуз сўйиб турсинлар! — таклиф қилди Сабоҳат.
— Тўғри айтасан! Чақир!

Сабоҳат меҳмонлар олдида чўкка тушиб нон синдираётган, чой қуйиб узатаётган дадаси ёнига бориб, секин тирсагидан туртди. Аммо у сезмади. Шунда Сабоҳатга табассум билан тикилиб ўтирган Олимжон Комилов луқма ташлади:
— Қизингиз бир нарса демоқчилар, Собир ака, қаранг!..

Сабоҳат ер ёрилиб, қаърига кириб кетгандек бўлди.

Юзлари, қўллари ловуллаб ёна бошлади, дадасини яна бир қаттиқ силтаб тортдида, ўчоқбошига югуриб кетди.
— Айтдингми?

Сабоҳат жавоб бермади. Эшик олдида дадаси пайдо бўлди.
— Гўшт қовураяпман, майлими? — сўради ойиси.
— Жуда яхши. Нарёғдан чиққан нарсалар кўп-у, ейдиган ҳеч нарса йўқ. Нега чақирдиларинг?
— Қизингиз «чанқаб келишгандир, қовун-тарвуз сўйсинлар дадам», деяпти.
— Дарвоқе, тўғри. Ҳозир!

Дадаси ҳам уларга ўхшаб хурсанд, хурсандлигидан бирмунча ховлиқиб қолган эди.

Сабоҳат тўйхонага дастурхон олиб чиқиб беришни унутди. Келин-куёвлар йўлга чиқишгани ҳақидаги хабар келгун-ча, меҳмонлар тургунча уйда онасига қарашди.

Карнай-сурнай чалиниб, кўчада қий-чув бошланганда, меҳмонлар ортидан тўйхонага чиқди.

Ўша тўй унинг хотирасидан чиқмайди. Умуман, бутун вужуди, дили билан севиниб кўрган тўйи шу бўлди. Биринчи марта келин-куёвнинг келишини, базмни девор орқасидан ё том устидан эмас, ҳақиқий катталар, меҳмонлар қатори дастурхон ёнида ўтириб кутди. Уни куёвнинг сингиллари ёнларига чақиришди. Кейин ўйнади, ҳа, рақсга тушди. Тушмаганга қўйишмади. Дадасининг ўзи келиб сўради. «Тановар»га ўйнаб берди. Бир-икки айланганидан сўнг, Олимжон Комилов уни ёнига келиб, ашуласини айтди, қочиб кетмагунча ўртадан чиқармади. Афтидан яхши ўйнади, ҳамма қарсак чалиб турди.

Тўй ярим кечаси, соат учларда тарқади. Олимжон Комилов ҳамманинг кўнглини олди. У чиндан ҳам эл севган санъаткорлигини кўрсатди.

Сабоҳат ўртоқлари билан хайрлашиб уйига кирганда, ҳовли тўла одамлар турганини кўрди. Улар Олимжон Комилов ва унинг созандалари эди.
— Бизникида ётиб қолишармиш, — деди ташвишдан кўзлари олазарак булиб кетган ойиси. — Даданг тушмагур бошлаб чиқдилар! Ҳой, қиз! — нимадир эсига тушиб ойиси унга ўгирилди. — Қачон бундай ўйинга тушишни ўрганиб олган эдинг? Ўйинчи қизларни уялтириб қўйдинг-ку! Ҳаммадан кўп пул сен ўйнаганингда тушди.

Сабоҳат индамай кулди. Қачон ўрганган эди? Дарсдан кейин-да, мактабда, тўгарақда.

Меҳмонлар ювиниб чой-пой ичгунларича она-бола катта хонага ўрин солиб чиқишди. Яхши ниятлар билан қавилган янги кўрпа, кўрпачаларни ёзишди. Ойиси ёстиқларга билинар-биланмас атир сепиб чиқди. Чивин безовта қилмасин, деди. Токчаларга райҳон ҳам сочди.

Ўша куни она-бола ухлашмади. Авваламбор, тоғнинг учлари оқара бошлаган эди. Кейин иккаловининг ҳам кўзига уйку келмади. Ойиси хамир қорди, у қийма қилди. Нонуштага тандир ёқиб, патир, сомса ёпишди.

Eрталаб яна бир хабар Сабоҳатни хурсанд қилди. Олимжон Комилов яна бир кун қоладиган бўлибди. Дала ҳавоси ёқмабдими, озгина шамоллабди, кечаси билан боши оғриб чиқибди. Кечгача ётармиш.

Дадаси шу гапни айтар экан, шифо бўлсин деб, меҳмоннинг оёғи тагида қўй сўйдирди.

Олимжон Комиловнинг чиндан ҳам ранги ўчган, чирой-ли, йирик, қора кўзлари атрофида чизиқлар пайдо бўлган эди. Нонушта пайти бошқалар хазил-хузул қилиб ўтиришди, латифалар айтишди. У ҳеч нарсага аралашмади. Қандайдир дорилар ичди. Иссиқ сут билан ғарғара қилди. Сабоҳат негадир унинг касал бўлиб қолганига ишонмади. Чой ташиган, кетма-кет иссиқ-иссиқ сомса келтириб турган маҳали унга кўзларини айёрона сузиб қараб-қараб қўйганиданми, ҳамма гап билан бўлиб турганда сутга қорилган юмшоқ патирдан катта-катта тишлагани, иштаҳа билан сомса еганиданми, ҳархолда нимадир сабаб бўлиб, ишонмади. Аммо ишонмаганини ҳеч кимга билдирмади. Нонуштадан сўнг созандалар жўнаб кетишди. Олимжон Комилов бирпас хомуш ўтирди, бир-икки чой хўплади, кейин жойига кириб ётди. Доктор чақиришга унамади.

Сабоҳат Қодирова ҳаётидаги жуда кўп ташвишли, оғир воқеаларни унутиб юборди, аммо ўша кунги воқеалар, айтилган гапларни ҳамон эслайди.

Кундузи, кун тиккага келганда уни уйқу элитди, ўчоқбошида ғимирлаб юрган ойисига бирпас мизғиб олишини айтиб, хонасига кирди. Ўрнига ётиши билан кўзи илинди. Шундан кейинги галда ярим соатлар ичида юз берган воқеа унинг бутун ҳаётини бузиб юборди, бошига қанчадан-қанча кулфат тошларини ёғдирди. Кўзи илинган маҳали кимдир унинг қўлини ушлаганини, ёнига ёнбошлаганини пайқади. Аввал ойиси деб ўйлади, кейин отаси хаёлидан ўтди. Аммо оғир, нотаниш нафас димоғига урилганида, чўчиб кўзларини очди. Ёнидаги одам Олимжон Комилов эди. У шундай бўлишини, нима учун машҳур ашулачи яна бир кунга касал бўлиб қолганини қандайдир ички бир туйғу билан сезганди. Аммо аниқ шундай бўлишини, у билан шундай бўлишини кутмаган эди. Сабоҳат қичқирмоқчи бўлиб, бошини кўтарди. Олимжон Комилов «Тисс!» — деб, оғзига қўлини қўйди. Қанча ҳаракат қилмасин, Сабоҳат унинг исканжасидан чиқиб кетолмади.
— Ҳайвон! — қичқирди бор алами ва нафратини шу сўзга солиб Сабоҳат. — Ҳайвон!

Бошқа ҳеч нарсага ундан қутилганида тили келишмади. Эшикка қўл чўзган Олимжон Комилов оғзи тўлатилла тишларини ялтиратиб илжайди.
— Даданг билан гаплашаман. Ўзим оламан сани.

Uning shu gapi ham hamma yaramas ishlari, qoʻlansa hidi singari Sabohat Qodirovaning hamon esida.

Ким билади агар у зўравонлик қилмаганда, унга ҳурмат билан қараганда, шу гапи уни кувонтирармиди? Аммо ўшанда ўзига бино қўйган, ҳамма нарсани пул билан, зўрлик билан қўлга киритиш мумкин деб ўйлаган, ёш қизнинг ҳаётини бузган одамни гапи уёқда турсин, ўзи, тиржайган башараси унинг кўнглини ағдарди, жирканиш пайдо қилди, ашулалари, овозига бўлган ҳурмат, муҳаббатни ўзи оёқ ости қилиб юборди. Қаердадир яхши санъаткоргина яхши одам бўлади ё аксинча, яхши одамгина яхши санъаткор бўлади, деб ўқиган эди. Ўшанда Олимжон Комилов унга ҳайвон бўлиб, ҳайвондан ҳам баттар бир маҳлуқ бўлиб кўринди ва ўша заҳотиёқ санъатидан ҳам унинг кўнгли қолди.

Аммо эндигина бўйига етган қизнинг кимлигини, нималигини тушуна бошлаган Сабоҳат қандай фожеа бошига тушганини тўрт ой ўтгандан сўнг билди. Ўша куни эса «машҳур ашулачи»нинг бешафқат қилмишинигина ўйлади, бировга айтгани уялиб, оҳиста ҳовлига чиқди. Негадир ҳовли жимжит эди. «Азиз» меҳмонининг соясига салом бериб юрган дадаси ҳам, ўчоқбошидан бошқа жойни билмай қолган ойиси ҳам йўқ эди. Сабоҳат молхонанинг орқасидаги деворнинг нураган жойи эсига тушиб шу томонга юрди. Деворнинг орқаси дала, қаровсиз қолиб кетган узумзор эди. Унинг тагида ёнғоқзор. Сабоҳат девордан ошиб шу ёнғоқзорга йўл олди. Қоронғу тушиб, юлдузлар кўрингунча, шу ерда чўккалаб олиб йиғлади, сой сувида ювинди, яна йиғлади. Одамлардан ўзини пана қилиб уйга қайтганда «дадаси билан гаплашадиган», «уни оладиган», яна «бир кунга қоладиган» донгдор ашулачи аллақачон жўнаб кетган эди.

Ҳеч ким ҳеч нарса сезмади. Сабоҳатнинг ўзи ҳеч кимга ҳеч нима демади. Аммо қиз бола ўзидаги ўзгаришни яширолмайди. Тўрт ойча ўтганда Сабоҳатнинг бошқача бўлиб қолганини опаси пайқади. Ўша заҳотиёқ ойисига айтди. Сабоҳатнинг бошига янги кулфат тушди. Энди ўз яқинлари уни хор қилишди. У истамаса ҳам, тўполон қилиб йиғласа ҳам қулоқ солмай, ойиси билан опаси уй ичига қамаб, кўйлагини ечиб текширишди. Нима бўлганини кўрган ойиси сочларидан тортиб урди, қўни-қўшни билиб қолмасин, деб овоз чиқармай қарғади, йиғлади. Опаси қанча уришмасин, ойисига ўҳшаб қарғаб, пўписа қилмасин, ким уни шу кўйга солганини Сабоҳат айтмади. Ғурури йўл қўймади. Икки дунёда «дадаси билан гаплашишга» ваъда қилган, унинг ҳурмати, муҳаббатини поймол қилган одамга ялинмайди. Майли, ўлдиришсин уни, осишсин, айтмайди.

Кечқурун дадаси билан поччаси билишди. Дадаси уни оқ қилди. Даф бўлсин, кўрмай, деди. Агар йўқотмасанг ўзим тоққа олиб чиқиб ташлаб юбораман, деди. Қўшни хонада уларни эшитиб ўтирган Сабоҳат ўзи кетишга қарор қилди. Иккита кенгроқ кўйлагини олди. Китоб орасига учта йигирма беш сўмлик пул қўйиб қўйган эди. Шуни олди. Кўйлакларини газетага ўраётганда, овқат кўтариб опаси кирди.
— Ҳа, нима ҳаракат? Сабоҳат индамади.
— Хей, ўзбошимча, жавоб бер, нима қилаяпсан? Опаси унинг тирсагидан ушлаб силтади.
— Кетаяпман! — деди кўзлари ёшга тўлиб Сабоҳат.
— Қаёққа?
— Билмадим. Бошим оққан томонга.

Опаси югуриб чиқиб кетди. Ўзини йўқотиб қўйганидан қўлидаги овқатни ҳам қўймай олиб чиқиб кетди.

Сабоҳат ҳозир она-бола бошлашиб киришади, яна тўполон бошланади, деб ўйлаган эди. Дадаси ўшқириб киришини ҳам кутган эди. Аммо ҳеч ким кирмади. Ўзича бироз кутган ҳам бўлди. Дилида тўполон қилишса ҳам, уришишса ҳам, кириб уни тўхтатишларини истади. Аммо киришмади. Уни унутишди. Сабоҳат қулоқ солди. Уни ҳатто гапирмай қўйишган, гап бозор-ўчарга ўтиб кетган эди.

Ҳовлига тушди. Оёқ товуши албатта уларга эшитиларди. Аммо ўзларини эшитмаганга солишди. Сабоҳат чидай олмади, кўчага отилиб чиқиб кетди.

Кўча қоп-қоронғи, биронта одам кўринмасди. Сабоҳат эшиклари олдида бирпас турди. Бутун вужуди титраб, яна кўзларига ёш қуйилиб келди. Ўкириб юбормаслик учун зарда билан эшикни тарақлатиб ёпди-да, катта йўл томонга юриб кетди.

Бўм-бўш автобус уни ярим кечада Тошкентга олиб келди. Йўл-йўлакай қаёққа боришини ўйлаб олган бўлса ҳам, машинадан тушиб анча туриб қолди. У аммасиникига бормоқчи эди. Иккита ўгай бола билан қолган қувноқ, Сабоҳатга бошқача меҳр билан қарайдиган бу аёлни у яхши кўрарди. Тошкентга тушганида кўпинча уникига кириб чой-пой ичиб кетарди. У мени тушунади, ўйлади ўзича Сабоҳат. Шу аммаси эсига тушиши билан бошқа таниш-билишлари, олис қариндошларини хаёлига ҳам келтирмади. Унинг уйи трамвай бекатининг рўпарасида эди. Пиёда боришга тўғри келди. Трамвайлар аллақачон ётган, троллейбуслар ҳам кўринмасди. Онда-сонда ўтиб турган машиналарни тўхтатиб, тушгани қўрқди. Шаҳар жимжит, аммо ёруғ эди. Аммасига ростини айтишни, у билан бўладиган савол-жавобларни ўйлаб, таниш-нотаниш кўчалардан борар экан, оёғидаги чарм туфлиси остидан чиқаётган товуш акс-садо бериб тинч, осуда шаҳарни уйғотиб юборгандек, деразалардан одамлар унга қараб тургандек, уни уят қилишаётгандек эди...

Сабоҳат Қодировага ўшанда аммасиникида туриш насиб қилмади. Ҳаяжонланиб уни эшитган, қош-кўзидан ўпиб овутган, қалин жой солиб ётқизган одам, тонгги ғира-ширада уни уйғотди.
— Тур! Кетдик!
— Қаёққа, амма? — чарчаб, йиғлаб яқиндагина кўзи илинган Сабоҳат ҳайрон бўлиб бошини кўтарди.
— Уйингга. Сижжакка. Ота-онангнинг оёғига йиқиласан, кечирим сўрайсан!

Сабоҳат ўрнидан туриб ўтирди.
— Нима деяпсиз? Сиз ҳам мени тушунмадингизми? Сиз ҳам менга ишонмаяпсизми? Айбим шуки, билмай қолдим. Айбдормасман!
— Ким у ярамас? Ифлос?
— Айтмайман.
— Нега? — ҳайрон бўлди аммаси.
— Айтсам, баттар хор бўламан.
— Нима деяпсан? Нега энди?
— Ойим, дадам уни кимлигини билишса уйланишини талаб қилишади. Мен буни истамайман. Уни кўргани кўзим йўқ.
— Нима қиласан унда? — тушунмай яна сўради аммаси. — Ундан бўлган бола билан сени ким оларди?
— Менга ҳечким керакмас, — шартта кесди гапни Сабоҳат.
— Жинни бўлма. Кимлигини айт. Уйлансин. Бола-чақали бўлсаям уйлансин. ЗАГСдан ўтмаса ҳам никоҳлаб олсин. Кейин орқасига тепиб ҳайдайсан. Садқаи эр кет, дейсан, адабини берасан!

Сабоҳат биринчи марта шунча ойдан бери жилмайди. Аммаси ҳарҳолда яхши одам эди, уни яхши кўрарди.
— Қани бўл. Бир пиёладан чой ичамиз-де, йўлга тушамиз.
— Йўқ, амма. Мен бундай қилолмайман. Якка ўтиб кетишга розиман, лекин унга ялинмайман.
— Ёшлик қилаяпсан, бола. Ота-онангни эзма. Юр. Сабоҳат узил-кесил гап қилди.
— Энди у уйга бормайман.
— Унда... унда бу уйдаям турмайсан...
— Хўп.

Сабоҳат аммасининг юзига қарамай ўрнидан турди. Водопровод остида ювинди, сочини таради. Негадир ўша тобда у ўзини жуда хотиржам ҳис қилди. Бу уйдан ҳам бутунлай, умрбод кетаётганидан чўчимади. Газетага ўроғлик кўйлакларини олиб, ҳовлига тушганида, аммаси орқасидан чақирди:
— Сабоҳат, болам, гапимга кир! Уйингга қайт! Ўзим олиб бораман!

Сабоҳат индамади. Бошини бир-икки силкитди-да, кўчага чиқиб кетди.

Яхши одамлар кўп дунёда. Баъзан етти ёт бегона одам қариндошдан кўпроқ тушунади, яхшилик қилади. Сабоҳат Қодирова ҳам ўшанда яхши бир одамга дуч келди. Ўша кундан бошлаб у одам туққан онадек, туғишган онадек азиз, яқин бўлиб кетди. Ўғли Бахтиёрга бўлса хақиқий буви бўлди.
— Мумкинми?

Сабоҳат Қодирова хаёлга берилиб, деразадан ҳеч нарса кўрмаётган кўзларини узиб эшикка қаради. Эшик олдида навбатчи доктор турарди.
— Қалай?
— Ухлаяпти. Яна бир соатча ухлайди. Юрак уриши текис, нафаси яхши. Сиз кетсангиз бўларди. Дам олинг. Машина бор. Беморнинг ўғли шу ерда.
— Айтгандек, чақиринг уни. Онаси телефон қилувди.

Uni eshitib turgandek, Ahad Komilov navbatchi doktorning orqasida paydo boʻldi.

— Мен шу ердаман, опа.
— Оператсия яхши ўтди.
— Айтдилар, — Аҳад Комилов навбатчи докторга қараб қўйди. «Таниш бўлишса керак», — хаёлида ўтказди Сабоҳат Қодирова навбатчи докторнинг илтимосларини эслаб.
— Раҳмат, опа. — Аҳад Комилов кўзларига ёш олди. — Болларингизнинг роҳатини кўринг. Тўйларингизда хизмат қилайлик. Биздан қайтмаса Худодан қайтсин!

У ғижим шимининг чўнтагидан рўмолча олиб, кўзларини артди.
— Ойингиз телефон қилдилар яқинда.
— Ойиммас, аячамиз, — Аҳад Комилов шошиб гапга аниқлик киритди. — Дадамизнинг кенжа хотинлари. Биз ойимиз билан чиқиб кетганмиз. Домда турамиз биз.

Сабоҳат Қодирова унинг гапида ўкинч сезди.
— Кечирасиз...
— Ҳечқиси йўқ, опа. Сиз қаердан биласиз?... Бахтимизга дадамизни сақлаб қолдингиз, бизга шу кифоя опа. Минг раҳмат. Қўлингиз дард кўрмасин. Кетасизми уйга? Пича дам олсангиз бўларди.

Сабоҳат Қодированинг гапи оғзида қолди. Албатта, Аҳад Комиловни ўгай онанинг нима дегани мутлақо қизиқтирмас эди.
— Майли. Борай уйга. Бирон ўзгариш бўлиб қолса хабар берарсиз. Навбатчи доктор ваъда қилди.

Аҳад Комилов бирпасда уни Қоратошга олиб келиб қўйди.
— Мен ҳам дадамнинг йўлини танлаган эдим, бўлмади, — деди у машинадан тушишганда. — Ёшлар мендан ўтиб кетишди. «Бинафша» ансамблида доира чаламан, яллаларга қўшилаб тураман. Сиз жуда эзилманг, доктор. Дадам икки йилдан бери ашуладан қолганлар. Нафас сиқади. Кўп докторларга кўрсатдилар. Ҳамма ўтиб кетади, деди. Дори беришди. Сизни ҳам айтишган эди. Аммо сизга келмадилар. Кечирасиз, ишонмадилар шекилли.

Аҳад Комилов жилмайди. Сабоҳат Қодирова ҳам унга қўшилиб жилмайди ва дилида «хабари йўқ экан», — деб қўйди.
— У эмас, бу эмас, пешона, — ўзича якун қилди Аҳад Комилов. — Опа, яна бир бор раҳмат сизга.
— Арзимайди. Уйга кирамиз? — Сабоҳат Қодирова эшикни очаркан таклиф қилди.
— Йўқ, йўқ. Мен борай. Олдиларида бўп турай.
— Ўнларда мен ҳам бораман. Хайр бўлмаса.
— Хайр. Раҳмат.

Сабоҳат Қодирова ҳовлига кириб, эшикни ёпгандан кейингина машина қўзғалганини эшитди. «Яхши йигит экан», — ўзича хаёлидан ўтказди у ва беихтиёр ўғли билан қиёслади. Қаеридир унинг Бахтиёрига ўхшаб кетарди. Ота бирлиги унинг эсига келмади.

Бахтиёр ва ўртоқлари ош қилишганлиги йиғиштирилмаган дастурхондан билиниб турарди. Бахтиёрнинг ўзи эса хонасида ечинмай кроватига чузилибди. Ойиси кирганини у сезди, кўзларини очиб қаради, аммо чарчоқ ва уйқу зўрлик қилди, ёнига ағдарилди.

Сабоҳат Қодирова уни пешонасидан оҳиста ўпиб, ўз хонасига ўтди. У ҳам чарчаган эди. Халатини кийиб ўрнига ёнбошлади. Аммо уйқуси келмади. Олимжон Комилов билан бугунги кутилмаган учрашув унга қийинчиликлар, алам тўла ҳаётини эслатиб юборган, дардлари янгиланиб кетган эди...
— Ҳой қиз! Ҳой бола! Тур! Уят бўлади кўчада қиз бола ухлаб ўтирса!

Кимдир унинг елкасига қаттиқ-қаттиқ туртди. Сабоҳат ачишган кўзларини очиб, бошини кўтарди. Аввал қаерда-лигини билолмай бирпас аланглаб турди. Кейин билди. Чақардан чиқиб, Чорсу орқали шу ерга, болалар театри олдига келганида, боши тошдек бўлиб, кўзлари ўзидан-ўзи юмилиб кетди. Театрнинг эшиги олдида ҳеч ким йўқ эди. Сабоҳат шу ёққа тушиб, қўлидаги газетани ярим ёзиб устига ўтирди. Шу заҳотиёқ уйқу олиб кетди.
— Раёндан келганга ўхшайсан-а? Топдимми?

Sabohat qora xalat kiygan, uzun erkak supurgi koʻtarib olgan keksa bir ayolning unga jilmayib qarab turganini koʻrdi.

— Шундоқми? — яна сўради аёл.

Сабоҳат бошини қимирлатди.
— Фақат узоқдан келганлар шунақа ухлагани жой тополмай юришади. Ҳеч киминг йўқми Тошканда?
— Йўқ, — алдади Сабоҳат ва қизариб кетди.
— Бечора. Қани тур. Юр манминан, — аёл супургисини судраб тепага чиқа бошлади. — Бозорнинг олдида меҳмонхона керак, деб кўп ёзишди. Ҳеч ким қулоқ солгани йўқ.

Рўпарада театр бўса чет эллардан меҳмонлар келиб турса. Ўзбеклар кўчадаям ётаркан, уй-жой етишмасакан, демайдими?!

Сабоҳат унинг гапини чала-чулпа эшитиб орқасидан юрди. Аёл унга бирдан ёқиб қолди. Содда, раҳмдил одамга ўҳшайди. Бошлаган жойига боради. Ёмонликни раво кўрмаса керак ҳарҳолда.

Ўн-ўнбеш минутча юришганидан сўнг аёл бир кўк эшик олдида тўхтаб, унинг раҳига қўлини сукди. Занжир шарақлаб тушди.
— Кир, болам. Шўтта мизғиб ол. Нима ишинг бўлса кейин қиласан.

Улар атиргул, райҳон ҳидлари уфуриб турган каттагина ҳовлига киришди. Ҳовлининг олди кўча эшиккача гулзор, ортида мевали дарахтлар соя ташлаб турарди.

Сабоҳат ҳовлига кирди-ю, уни илгари кўргандек, ундаги ҳар бир гул, ҳар бир дарахт, гилос, олма, шафтоли, ҳужра ёнидаги пастак шоҳтут унга танишдек, шу ерда илгари тургандек бўлиб кетди. Ё тушига кирганмиди шу ҳовли? У эслолмади, аммо қувониб кетди. Шу ҳовлида, шу аёл билан у тинчини топадигандек бўлди.

Аёл уни бўялмаган тахта поллик озода айвондан ичкари хоналардан бирига олиб кирди. Хонада ортиқча нарса йўқ эди. Кўрпа, ёстиқ тахланган тахмон, идиш-товоқ терилган иккита токча. Тахмон тагига икки қават кўрпача ташлаб қўйилган эди. Аёл тахмондан битта ёстиқ олиб, кўрпача устига ташлади.
— Ёт, бир ухлаб тургунингча ман келаман.

Shahodat opa, ayolning ismi ham Sabohatga yoqib tushdi, bir banka qaymoq, ikkita issiq non koʻtarib kelganda, Sabohat haqiqatan ham bir uxlab turgan, chehrasi yorishib, yuvinib, xonaning burchagidagi boʻyi shipga yetgulik atroflari jimjimador yogʻoch gullar bilan oʻralgan baland tosh-oyna oldida sochini tarab turgan edi.

— Ассалому алайкум! Хуш келибсан, болам! Яхши ухлаб турдингми? — Шаҳодат опа у билан қучоқлашиб кўришди, — Ойдай қиз экансан. Худо бахтингни берсин!

Ҳовлида самовар бақиллаб қайнаб турганини кўриб, у ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетган эди. Сабоҳат одати бўйича уйқудан турасолиб ҳовлига тушган, худди ўз уйидагидек ўчоқбошининг олдида самовар турганини кўриб, сувини алмаштирган, ўт солиб юборган эди.
— Барака топ, болам! Самовар қайнаб турмаса, уй эгасиз қолгандай бўлади манга. Шўтга жой солақоламиз.

Она-бола деразани олдида ўтириб чой ичамиз. Куз чузилиб турибди. Бу яхшиликка. Худо хоҳласа тўкинчилик бўлади. Бева-бечора қишдан зориқмай чиқади.

Шаҳодат опа гап орасида эпчиллик билан нонуштага ҳозирлик кўрабошлади. Сабоҳат унинг нима қилмоқчилигини илиб олиб ёрдамлашмоқчи бўлди, аммо нима қаердалигини ҳали билолмай типирчилаб қолди.
— Қўявер, болам. Сан ўтир. Сан меҳмонсан. Кейин ҳарҳолда чарчагансан. Ўтир, ўтир.

Аммо Сабоҳат ўтирмади. Қўлидан келганча унга қарашди. Икковлари бирпасда кўп йилдан бери танишдек яқин бўлиб кетишди. Шаҳодат опа ҳеч нима билан қизиқмади, ҳеч нарсани суриштирмади. Ўзи ҳақида эса Сабоҳат сўрамаса ҳам гапириб берди:
— Ёлғизман. Йигирма йил бўлди. Битта ўзим тураман. Амакинг иккаламиз етим ўсганмиз. Битта детдомда катта бўлганмиз. Ман пединститутни битирганман. Амакинг қишлоқ хўжалигини. Ўқиб юрибтурмуш қурдик. Мана шу ҳовли ташландиқ жой эди. Ўзимиз тупроқ ташиб, тош ташиб текисладик. Ўзимиз шу иморатни қурдик. Аммо амакингга насиб қилмади шу уйда туриш. Аспирантурада ўқиётганда яхши ният билан уни Яманга юборишди. Қишлоқ хўжалиги бўйича «списалис»ла керагакан. Бориб, жойлашиб мани чақирадиган бўлди. Ярим йил ўтди, бир йил ўтди. Жимжит. Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Икки йил деганда уни ўшатдаги саҳрода йўқолганини айтишди. Ё йўқолган, адашиб кетган, ё ҳукумат душманлари ўлдириб юборишган. Ман бояги ўзинг кўрган театрда ишлардим. Адабий эмакдош эдим. Шеърлар, кичик-кичик ҳикоялар ёзиб турардим. Шу хабар келгандан кейин бош оғриғи касалига гирифтор бўлиб қолдим. Биров бошимми устидан тегирмон тоши юргизаётганга ўхшайди нуқул. Эсим кирди-чиқди бўлиб қолди. Кўп дўхтирла қаради. Йўқ, бир тузалганга ўхшаб юраман уч-тўрт кун. Кейин икки чаккамдан биров омбирминам сиқади. Дод дегим кебкетади ўшанда. Тишимми-тишимга қўяман. Ҳеч нарса миямга кирмай қолади, ҳеч нарса эсимда турмийди... Дўхтирлар очиқ ҳаво керак, дейишди. Очиқ ҳаво қидириб қаёққа бораман? Ҳеч қаёқда ҳеч кимим йўқ. Пенсага чиқаришди. Кейин озгина ишлайман очиқ ҳавода деб шу ишга кирдим. Кўча супураман. Кулубминам театрни олдини манга беришган. Кунига икки маҳал супуриб-сидириб келаман. Қолган пайт уйдаман. Баъзан бозорга чиқаман. Баъзан театрга бориб спектакл кўриб ўтираман болламинам. Манга театр бепул. Ҳамма танийди. Амакинг, Акбар акангдан ана дарак чиқиб қолар, мана дарак чиқиб қолар, деб кутиб, йигирма йил кутибман. Дарак чиқмади. У ёқла нотинч. Бир-бириминам ит-мушук. Нима талашишади, билмийман. Ўлдирворган, ўлигини қум-пумми ичига кўмворган бўлишлариям ажабмас. Лекин бечора мани жуда яхши кўрарди, эси кетарди манга. Ростакам гапни айтганда ўшоққа мани деб кетди, ясантираман, кийинтираман деб кетди. Ноумид шайтон. Чўпчайлага ўхшаб мана шундоқ деразага қараб чой ичиб ўтирганимизда кеб қолишиям мумкин. Нима дединг?

Шаҳодатхон ундан кўзини узмай ўтирган Сабоҳатга қараб қўйди жавоб кутмай гапида давом этди:
— Умримми ярмидан кўпи ўтиб кетди. Кутдим. Буёғигаям кутаман. Одамла нима дейишса дейишвурснн, Жаноза очтирмийман. Манийчун у тирик. Нага ҳеч нарса емиёпсан? Ол. Қаймоқни битта одамдан оламан. Чойхонани олди-да манга ўхшаган бева аёл бор. Ўша мол боқади, озгина қассобчилик ҳам қилади. Гўшниям ўшандан оламан. Магазинникига етишомай қолсам. Қаеридан сўрасам, ўша еридан беради. Манга болам, ёқиб қолдинг. Агар борадиган жойинг бўлмаса, ишинг битгунча шу ерда туравур. Телевизоримми ремонтга берганман. Эрта-индин тузатиб олиб ке-лишади. Зерикмий ўтирасан кечқурунлари.

Шаҳодат опа жавоб эшитмади. Жавоб бер, деб қистамади ҳам. Аммо Сабоҳат бир кун эмас, бутунлай уникида қолиб кетди. Уникида туғди. Шаҳодат опа бахт келтирсин санга, ўзи ҳам бахтли бўлсин деб исмини Бахтиёр қўйди. Ўзи уни катта қилди. Шу уйда Сабоҳат институтни битирди, шу уйда номзодлик, докторлик диссертатсияларини ёқлади. Шаҳодат опа унга ҳақиқий она, ўғлига буви бўлиб кетди. Туққан она эмас, боққан она, деб шуни айтишса керак.

Шаҳодат опа Бахтиёрни санъатга ҳавас қўйишига ҳам, ашулачи бўлиб кетишига ҳам сабабчи бўлди. Боғчадан кейин клубга олиб борди, театрга олиб тушди. Ўзи кўча супуради. Бахтиёр спектакл кўради, болалар спектаклларини, репетитсияларини томоша қилади. Мактабга қатнай бошлаганда, уни бир спектаклда ўйнашга чақиришди. Кейин «Гаврош»ни овози тиниқ, бир ўйнаб кўрсин, дейишибди. Ўйнади. Премерага Шаҳодат опа Сабоҳат Қодировани ҳам олиб борди. Гаврош баррикадалар устига чиқиб, жандармларни мазах қилганда, ярадор баррикадачининг қўлидаги байроқни олиб кўтарганда, ўзи ҳам ярадор бўлиб, «Марселеза»ни айтганда ва кўкрагидан қон оқиб йиқилганда, томошабинлар ўринларидан туриб кетиб, қарсак чалишди. Шаҳодат опанинг ёнида Сабоҳат Қодирова ҳам тўлқинланиб кетиб, кўз ёш қилди. Бахтиёрнинг овози тиниқ, жарангдор ва ширали эди. Ўзи ҳам берилиб ўйнади, Гаврошнинг ўзи бўлиб кетди.

Шу-шу театр коллективи билан расмий гастролларга борадиган, спектакл ва контсертларда қатнашадиган бўлди. Уйда дутор, танбурдан ташқари, турли овоз ёзадиган музика аппаратлари, магнитофонлар пайдо бўлиб қолди.

Бешинчи синфни битирганида бирдан музика мактабидан одамлар келиб, уни ўзларига олиб ўқитишни сўрашди. Сабоҳат Қодирова буни кутмаган эди. Ўғлини олим, жуда бўлмаганда ўзига ўхшаган шифокор бўлишини истарди. Спектаклларда қатнашиши, контсертларда чиқишини шунчаки болалик қизиқишлари деб ўйларди ва ҳалақит бермасди. Аввал йўқ, деди. Кўз олдига Олимжон Комиловнинг бачкана қилиқлари келиб, қаттиқ турди. Шунда Бахтиёр бир гап қилди, Сабоҳат Қодированинг уёқ-буёғидан ўтиб кетди.
— Дадам бўлганларида йўқ демасдилар, — деди у лабларини осилтириб.

Шу гап масалани ҳал қилди. Ўғлини бағрига босиб Сабоҳат Қодирова розилик берди. Бахтиёр бошқа ҳеч маҳал ҳеч нарсада дадасини ўртага солмади. Суриштиради. Қайта-қайта онасини гапиртиради, аммо унинг номини аралаштириб масала ҳал қилмайди. Сабоҳат Қодирова отаси ҳақида бир афсона тўқиган эди. Бунга ҳам Шаҳодат опа, унинг эри ҳақидаги ҳикояси сабаб бўлди. Баҳтиёрнинг отаси, Даврон Қодиров, гўё геолог бўлган, у туғиладиган йили экспедитсия билан Тян-Шанга кетиб, қор бўронида қолиб кетади. Ҳеч қаердан топилмайди. Бахтиёр ишонди. Аммо бир куни отасининг суратини сўради. Сабоҳат Қодирова нима қилишини билмай қолди. Шаҳодат опа яна ёрдамга келди. Эрининг суратини берди. Ана шу бегона одам Бахтиёрнинг севимли отаси бўлиб қолди. Ўртоқлари билан расмни катта қилиб уйининг тўрига осиб қўйди.

Шаҳодат опа ўлимидан бир йил олдин, ўлими яқинлигини сезди шекилли, Сабоҳат Қодировани нотариусга бошлаб борди. Ижроқўмга хат қилдириб, уйини унинг номига ўтказди.
— Сани қизим дедим, ўғлинг, Бахтиёр неварам. Ўлиб қолсам ҳукумат бегона деб юрмасин биззи.

Такдир Сабоҳат Қодировани Шаҳодат опа билан учраштириб, уни фақат оналик эмас, уйлик-жойлик ҳам қилиб қўйди. Бахтиёрга эса бахт ёр бўлди.

Сижжакликлар эса бир марта ҳам уларни излаб келишмади. ТошМИдан Сабоҳатни топишса бўларди. Студентлигида ҳам келишмади. Битириб, ўша ерда ишлай бошлаганида ҳам. Бир марта опаси билан кўчада тўқнаш келиб қолиб, ўзини ушлаб туролмади, кўришди. Опаси Кўкалдош мадрасасининг орқасидаги дўппи бозорга келган экан. У эса ишга кетаётган эди. Аммо учрашув уларни яқинлаштирмади. Опаси бегона одамдек кўришди. Икки йил бурун оналари қазо қилиб кетганини, дадалари янги хотин олганини, яқинда ўғил кўрганини истар-истамас айтди.

Сабоҳат Қодирова онасини қаерга кўмилганини сўраб, уйга таклиф қилди. Ҳатто адресини яхшилаб тушунтирди. Яна қаерда ишлаётганини қайта-қайта таъкидлади. Опаси шошиб турибман, насиб қилса бир кун келарман деди-ю, келмади. Уйга ҳам келмади, ишхонага ҳам бормади.

Бахтиёр бир кун келиб қариндошларини суриштириб қолишини ўйлаб, Сабоҳат Қодирова опаси, ота-онаси ҳақида гапириб берди. Хушёр ўғил ҳеч нарса суриштирмади. Афтидан суриштириш онасига оғирлик қилишини тушунди. Фақат бир марта эҳтиётсизлик қилиб:
— Ойи, қариндошларимиз йўқми бизани? Эрталабки тўй оши жуда зўр бўлади-да, — деб қолди.

Сабоҳат Қодирова ичидан бир зил кетди-ю, кулиб қўя қолди. Аммо ўғлининг орзусини унутмади. Профессорлик унвони берилганини баҳона қилиб (бошқа ўшанда сабаб топилмади) маҳаллага ош берди. Ишхонасидагилар, ўғлининг домлалари, ўртоқларини чақирди. Бахтиёр тўн кийиб, қийиқ боғлаб эшикда меҳмонларни кутди. Ширин, яхши бир тўйдек йиғин бўлди ўшанда. Бир нарсагина Сабоҳат Қодированинг кўнглини жиндек хира қилди. Унда онаси ҳаёт эди. Машиналик шогирдларидан бирини Сижжакка юборди. Шогирди шахсан ойиси, дадасига учраб таклиф қилиб келгани аниқ. Ҳатто беш-ўн киши бўлиб боринглар ҳам деди. Аммо ҳеч ким келмади. Дилида ўзини айбсиз ҳисобласа ҳам Сабоҳат Қодирова улар билан ярашиб кетишни истаган ва ўзи биринчи бўлиб — ҳар ҳолда ёш, кейин фарзанд — шунга ҳаракат қилган эди. Аммо уни кечиришмади. Шундан бўлса керак, Олимжон Комиловга бўлган нафрати, ғазаби янада зўрайди, ўғлига дадаси ҳалок бўлиб кетган, деб айтганига яна бир бор қаноат ҳосил қилди.

...Осма соат еттига бонг урганида одати бўйича ўрнидан туриб кетди. Бахтиёр ҳовлининг гир айлана асфалт ётқизилган йўлкасида чопиб юрарди. Сабоҳат Қодирова севиниб кетди. Йўқ, у ҳеч қандай етимликни, уни хўрлаганлар, ундан воз кечганларни эсламайди, ҳеч кимдан хафа бўлмайди. Унинг бахти, қони ва жони ўғли бор! Шу унга кифоя! Шу билан такдиридан мингдан-минг рози. Аммо барибир кўнглининг бир чеккаси ғаш эди. Бу ғашлик кеча, оператсиядан кейин қўл юватуриб бирдан пайдо бўлиб қолган хавфнинг оқибати эди. У Олимжон Комиловга ачинди, овозсиз қолганига, касбини ўзгартириши лозимлигига ачинди-да, чўчиб кетди. Гўё сири фош бўлгандек, ўғли отаси кимлигини билиб қолгандек бўлиб кетди. Албатта бундай бўлишига асос йўқ эди. Бахтиёр унга ишонади. Отасининг ҳалок бўлганига шубҳаси йўқ. Сабоҳат Қодирова барибир хавотирга тушди. Олимжон Комилов ҳақида ўйларкан, у сабаб бошидан ўтган ҳодисаларни эслагани, кечаси билан ухламай чиққани шундан эди. У бутун вужуди билан Бахтиёр отаси Олимжон Комилов эканини билмаслигини, бунга ишонмаслигини истарди. Шу пайтгача унга ота ҳам, она ҳам ўзи бўлди, шундай бўлиб қолиши керак. Ифлос, пул учун санъаткор, одам номига иснод бемазагарчиликларга тайёр одам, одам эмас, бир махлуқ у киши ўғлига ота бўлиши мумкин эмас.

Қайси бир йили ҳамкасбларидан бири уни уйига таклиф қилди. «Фақат хотинлар бўлади, маъқул бўлиб қолса сиз ҳам бизга қўшиласиз» — деди. Борди. Чиндан ҳам йиғилганлар аёллар эди. Ойда бир шундай, навбатма-навбат қизлар базмига келишар экан. Ҳаддан ташқари шанғиллаб, уят сўзларни ишлатиб гаплашишгани учунми, эрлари, бола-чақалари бўлатуриб, шундай ҳамкасбининг иборасича ўзларигина «ёзилиб» ўтирганлари учунми, йиғин ёқмади. Бу ҳам майли. Замон оғир, ташвиш кўп. Озгина асабларни шу йўл билан тузатиб олишса олишар. Аммо уларнинг чақирилган санъаткорлар билан қилган қилиқлари Сабоҳат Қодировага ёқмади, кўнглини айнитди. Кайфлари ошиб қолган аёллар оёқларининг панжаларига эллик, юз сўмлик пул қистириб ашулачига тутишди. Чўккалаб, шу пулларни тишлаб олди.

Қовурилаётган ёғлиқ хамир ва ёғ ҳиди энди димоғига урилиб Бахтиёр ўчоқбошига келди. Сабоҳат Қодирова она-бола яхши кўришадиган таомлари — қатлама қилаётган эди. Чидамасдан биттасини синдириб, оғзига солди.
— Нега чақиришибди, ойи? Сизни кутиб ўтириб ухлаб қолибман.
— Оғир оператсия бўлди. Бир ашулачининг овоз йўлларини олиб ташлашга тўғри келди.
— Ким экан? Танийманми?
— Олимжон Комилов...
— Аттанг!.. Бир пайтлар уни жуда довруғи чиққан эди, дейишади. Манда битта кассетаси ҳам бор.
— Ҳозир-чи? — тусмоллаб сўради Сабоҳат Қодирова.
— Ҳозир кўпчилик эсламайди. Ашула айтмай ҳам қўйган эди. Бетоб дейишарди. Ойи, бошқа иложи йўқмиди? Нима қилган экан ўзи?
— Овоз касали кўпинча шамоллашдан бошланади. Иссиқ-совуқдан. Овозни аямасликдан. Касал ашулачилигига қарамайди, ўғлим.

Бахтиёр ўйланиб қолди. Сабоҳат Қодирова буни ўзича тушунди.
— Бу касал фақат ашулачиларда эмас, ҳаммада бўлиши мумкин.
— Олимжон акани филармониядагилар яхши кўришмайди. Овоздан қолиб битта ансамбл қилиб беринглар, деб келганида беришмаган. Анча-мунча димоғдор бўлган дейишади. Ҳатто филармония раҳбарларини ҳам менсимас экан.

Афтидан бу гапларни Бахтиёр Олимжон Комиловни ёмонлаш учун эмас, ўзига бир сабоқ учун айтди. Сабоҳат Қодирова унинг тўсатдан жиддийлашиб қолган нигоҳидан буни тушунди ва анча тинчиди. Йўқ, ёшлигида ташлаб кетган отасини у ҳеч кимга, айниқса Олимжон Комиловларга ўхшаганларга алмаштирмайди, ҳеч қандай ғийбат гапга ишонмайди.

Нонушта пайти у ўғлидан бугунги контсертини сўради.
— Майли бўлақолсин шу контсерт. Сарой директори ваъда бериб юборган экан, — Бахтиёр онасига илтимос назари билан қаради, — сиз борманг, хўпми? Асосан ёшлар экан бугун. Баъзи айтадиган нарсаларим сизга ёқмайди.
— Нега? — ҳайрон бўлди Сабоҳат Қодирова.
— Енгилроқ, нима десам экан, сизнинг назарингизда бачканароқ бўлади.
— Бачкана нарса айтма.

Бахтиёр жилмайди.
— Шу кунги ёшлар талабиниям ўйламаса бўлмайди, ойи. Улар ҳам ҳали ҳақиқий санъат нималигини билишмайди. Кун бўйи фақат пул дардида юрган одамга шўх ўйноқи, оёқ-қўлларнинг чигилини ёзадиган нарсалар керак. Уч-тўрт йил ўтсин, озгина белларини бақувват қилиб олишсин, ана ўшанда улар ҳам соф санъатни истаб қолишади.
— Эшитишармикан? — сўради ишонқирамай Сабоҳат Қодирова.
— Наҳорги ошларда эшитишади-ку? Ошда, ойи, асосан классика ижро этилади. Биронта одам тўполон қилганини билмайман.

Бахтиёр ҳақ эди. Ўғли шунга эътибор берганидан Сабоҳат Қодирова хурсанд бўлди.
— Майли, унда бормайман. Нима овқат қилиб қўяй?
— Нимани кўнглингиз тусаса, шуни...

Кўча томон деразаси тақиллади. Сабоҳат Қодирова ўрнидан турди. Институт машинаси келган эди.

Клиникада ўз кабинетида Сабоҳат Қодирова бўлим бошлиғининг ахборотини эшитди.
— Комиловга нима берилди?
— Фақат булон. Бошқа ҳеч нарса йўқ экан. Энди сўраймиз.
— Мева сувларидан кўпроқ буюринг. Кейин айтиб қўйинг, ҳамширалар ҳушёр бўлишсин, овқат найчалари бурнидан чиқиб кетмасин.
— Хўп бўлади. Ўзим қараб тураман. Сабоҳат Қодирова, хотинлари сизни кутиб турибди. Кирмоқчи.
— Майли. Ўзингизда бўлиб туринг. Комиловни бирга кўрамиз.

Бўлим бошлиғи чиқиб кетди. Эшик оғзида ясанган ёш бир аёл пайдо бўлди.
— Ассалому алайкум!
— Келинг! — таклиф қидтси Сабоҳат Қодирова унинг кимлигини фаҳмлаб.
— Ман Олимжон акани хотинлари бўламан. Кеча сизга телефон қилувдим.
— Келинг, ўтиринг.
— Раҳмат, — аёл уялинқираб курсининг четига омонатгина ўтирди.
— Эшитаман? — Сабоҳат Қодирова унга қаради.
— Сиз албатта билмайсиз. Сиззи мен эшитганман. Манам қоратошликман. Ўшатта ҳеч ким тузатмаган одамларни тузатворгансиз. Олимжон ака овоздан қолганларида сиззи

кўп гапирдим. Уч йилча олдин рози бўлдила. Келдик. Шундоқ машина эшигиззи очдилару, қочдилар. Ҳа, десам, эскичилик опа, хотин қишига кўрсатмийман, дедилар. Мана барибир сизга келдилар.

«Демак мени билади, — хаёлидан ўтказди Сабоҳат Қодирова аёлни эшитаркан. — Бахтиёрни ҳам билармикин?

Шундай ўйлади-ю, кечаги хавфи дилига тушди. Бирпаснинг ичида бир олам мулоҳазаларни бошидан ўтказди. Йўқ, унинг Бахтиёрга хаққи йўқ. Кап-катта хотин нимадан чўчиб кетди ўзи? Нега? Ҳеч ким, ҳеч қандай идора, судга у боролмайди. Бахтиёрнинг муносабатини бўлса эшитди. Гап тамом. Тезроқ даволаб чиқариб юборади-да, бўлди, эсига ҳам келтирмайдиган бўлиб кетади.

Сабоҳат Қодирова анча ўзини тутиб олди.
— Бир нарсани сиздан сўрамоқчиман, — ялинганомуз гапирди аёл.
— Хўш?
— Опа, жон опа, айтинг... — аёл бирдан кўзларига ёш олиб йирлаб юборди. — Ўлиб қолмайдиларми? Кеча жуда қўрқиб кетдим. А, опа?
— Эрингизнинг умри қанча билмайман. Буни Худо билади.

Аёл бошини ликиллатиб, хошияли рўмолчасини кўзларига тутди. .
— Лекин бу касал билан у киши беш йил, ўн йилдан кейин ҳам ўлмайди.
— Тилингизга бол, опа! Худоё айтганингиз келсин! — аёл жойида бир қўзғалиб олди-да, эшикка қараб қўйди. — Опажон, мани тушунинг, сизга ростини айтаман. Олимжон ака отам тенги одам. У киши тўсатдан оламдан ўтиб кетсалар, ман кўчада қоламан. Иккита хотинларидан еттита боллари бор. Ман шўрлик яккаман. Энди бошимга участка битганда улар тортиб олиб қўйишади. Қаёққа бораман? Беш қизмиз. Каттаси манман. Кечаси билан ухламай чиқдим.

Аёляна кўзларига ёш олди.
— Ўзингизни босинг, у киши... — Сабоҳат Қодирова энсаси қотса ҳам соддалик билан дилини очган аёлга раҳми келди. — У киши яшайди, Юраги ҳам тузук. Фақат овоз йўқ.
— Э, бўмасин! Ҳамма гапларини ўзим қиламан. Пақат тирик ўтирсалар бўлди уйда.
— Синглим! — Сабоҳат Қодирова «оилавий ишларингизга мен аралашмайман», деб уни тўхтатмоқчи эди, аёл ўзи ўрнидан туриб кетди.
— Мастура! Мастура Иноғомова! Бўлди, опа, раҳмат, манга бошқа ҳеч нарса керакмас. Нима қилишимни энди биламан. Раҳмат!

У отилиб кабинетдан чиқиб кетди. Унинг бу ҳаракатида кирганидаги уятчанлигидан асар ҳам қолмаган эди.

Олимжон Комилов махсус баланд каравотда шифтга қараб ётарди. Китоб ўқиб ўтирган ёшгина ҳамшира профессор билан бўлим бошлиғини кўриб шошиб ўрнидан турди.

Сабоҳат Қодирова бемор тепасига келиб салом берди. Олимжон Комилов чойшаб устида ётган қўлини силкитди.
— Қалай аҳволлари? Кўп йўталмаяптиларми?
— Боя сок ичирганимизда бир-икки йўталдилар, холос, — жавоб берди ҳамшира, — Кечаси сираям йўталмадилар.
— Яхши, — Сабоҳат Қодирова беморга қаради, — Биз қўлимиздан келган ҳамма чорани кўрдик. Умрингиз узоқ бўлади.

Бемор бошини оҳиста қимирлатиб қўли билан аллақандай ишоралар қилди.
— Бир нарса ёзмоқчилар, — дарров уни тушунди ҳамшира.
— Беринг қоғоз, қалам, — таклиф қилди Сабоҳат Қодирова.

Олимжон Комилов ҳали қимирлаши қийин эди. Шундай бўлса ҳам кўкрагига китоб қўйиб секин нимадир ёзди. Қоғозни икки буклади. Устига «Профессорга» деб ёзди. Бўлим бошлиғи тушуниб, ўзини четга олди.

Сабоҳат Қодирова ожиз, титроқ қўл билан ёзилган хатни ўқир экан, лабларининг устида совуқ тер пайдо бўлганини сезди. Дарров артди. «Сабоҳатхон, мен гуноҳкор бандани кечиринг», деб ёзилган эди хатда.

Сабоҳат Қодирова бир зум ўйланиб қолди. Нима қилиш, нима жавоб қилиш керак? Кечирса ҳам, кечирмаса ҳам уни таниганлигини билдиради. У буни мутлақо истамасди. Бирдан кутилмаган, аммо унинг назарида одил бир фикр миясига урилди. У хатни икки буклаб беморнинг қўлига қистирди-да, жилмайди.
— Одам одамга ўхшайди, — деди баланд овозда, — Сиз мени билмайсиз. Ким биландир адаштирдингиз. Тезроқ соғайиб кетинг.

Дахлизга чиққанда бўлим бошлиғига тайинлади:
— Ёлғиз қолмасин. Ҳамшира доим олдида бўлсин.
— Хавотир олманг, — ваъда қилди бўлим бошлиғи.

Ҳамма палаталарни айланиб, ўз кабинетига кирганда, телефон жиринглади.
— Ойи, бу менман, — деди Бахтиёр трубкани олганда.
— Тинчликми? — хавотирланиб сўради Сабоҳат Қодирова.
— Тинчлик. Ойи, эрталаб нотўғри гапирдим. Ким нима истаса шуни айтишим керак эмас. Ҳар қандай жойда, ҳар қандай шароитда яхши нарса айтишим керак. Сиз ҳақсиз. Вақтингиз бўлса келинг.
— Хўп, — жилмайди дили ёришиб Сабоҳат Қодирова.
— Ҳабибни юбораман. Олиб қелади.

Сабоҳат Қодирова эслади: Ҳабиб — кечаги маъмур йигит эди.
— Овқатга нима қилай? Эрталаб айтмадинг.
— Ош-да!..
— Кеча единг-ку?
— Пича олатароқ бўлиб қолди. Ўзингиз қилиб беринг. Контсертдан бирга қайтамиз. Хўпми, ойи?
— Хўп, — деди Сабоҳат Қодирова ва анча вақт узилган телефон трубкасининг калта-калта овозига қулоқ солиб турди. У ўзида йўқ хурсанд эди.

1993 йил, август.