OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиОйнинг олтин ўроғи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм98KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/17
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ойнинг олтин ўроғи (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

«Самарқанд — Тошкент» автоекспресси Янгийўлдан ўтганда тўхтаб қолди. Ҳайдовчилардан бири рулдаги шериги билан алланарсаларни гаплашиб, машинадан тушди. Йўловчиларнинг кўпчилиги олис йўл элитиб, автобуснинг бемаврид тўхтаганига эътибор ҳам беришмади, кўзларини юмганларича кресло ёстиқчасидан бошларини кўтаришмади. Фақат Санобар Камоловагина ўрнида бир қўзғалиб олди-да, беихтиёр соатига қаради. Кечки ўндан қирқ минут ўтибди. Автобус график бўйича ўн бирдан чорак соат ўтганда Тошкент автостантсиясига кириб бориши керак эди. У пастга тушиб, орқага ўтди, двигателни очиб текшираётган шофёрнинг олдига борди.

— Тинчликми, ука?
— Ҳозир биламиз-да, опажон, — деб жавоб қилди йигит фонарни ичкарироқ тутиб. — Автобус янги. Бирон контакти бўшаган бўлса керак-да.

Санобар Камолова хотиржам тортиб катта йўлдан чеккароққа чиқди-да, беихтиёр тепага қаради. Кузги осмонда сон-саноқсиз юлдузлар чарақлаб ётар, улар орасида чўгари тилимидек олтинранг уч кунлик ой оҳиста сузар эди. Санобар Камолова янги ойнинг ўнг томони билан сузиб бораётганини кўриб, суюниб қўйди. Пушкиннинг қайсидир асарида, янги ойни ўнг томондан кўрган одам бахтли бўлади ё унинг ҳаётида қувончли бир воқеа юз беради, деган гап бор. Айтишларича, ўзи ҳам шу таъбирга ишонган экан. Санобар Камолова беихтиёр яна бир марта ойга қаради. Назарида, Пушкиннинг таъбири тўғридай эди. Унинг ҳам уйидан кўнгли тинч. Эри қўшни мамлакатдаги олис командировкасидан омон-эсон қайтди. Ўзининг сафари ҳам яхши қарияпти. Самарқанд медитсина институтининг студентлари, ўқитувчилар коллективи унинг маърузасини жуда яхши қабул қилишди. Рентген ва ЭҲМ имкониятлари... Бу мавзу Санобар Камолованинг илмий иши бўлиб, беш йил бурун ҳимоя қилган докторлик диссертатсиясининг давоми эди. АҚШ, ГФР, Москва, Ленинград ва Тошкент медик олимлари мустақил равишда шу йўлда олиб бораётган ишлар амалга ошса, деярли ҳамма мия касалликларини даволаш имконияти очилиши мумкин эди.

Маърузадан сўнг, анча вақт савол-жавоб бўлди. Шу билан кечаги кун ниҳоясига етди. Бугун эса эрталабдан бошлаб, ТошМИда бирга ўқиган курсдош ўртоқлари ихтиёрида бўлди. Бозорга тушишди, Регистонга боришди. Бир неча марта кўрган бўлса ҳам, яна Улуғбек расадхонасига кириб чиқди.

Қандайдир оромбахш кўнгил тўклиқ билан экспрессга ўтирди. Тўрт соат нима деган гап, тағин, иш куни бўлмаса? Бунинг устига, Санобар Камолова машинада йўл юришни яхши кўрарди. Эри билан дам олиш кунлари кўпинча шаҳардан чиқиб кетар, «Волга» машиналарининг орқа ўриндиғига ўтириб, лип-лип ўтаётган баланд-паст иморатлар, мевазор, экинзорларга қараб ёш боладек суюнар, ҳатто янги ҳайдалган ердан ҳам аллақандай завқ олар эди. Ер иси унга мураккаб, аммо мазмунли ҳаётни эслатарди. Улар, эр-хотин шунчаки — ҳеч қандай иш, мақсадсиз баъзан кун бўйи машинада юришарди. Лекин медик бўлгани учун уларнинг ўша кунги олган дамлари бутун келаси ҳафта учун беқиёс кувват эканини яхши биларди у.

Шунинг учун ҳам уйга оз қолганда автобуснинг тўхтаб қолгани унинг кайфиятини бузмади. Яна осмонга қаради. Янги ойнинг тагида думли юлдуз пайдо бўлибди. Ҳозиргина У йўқ эди. Ё бормиди? У юлдузга тикилиб қолди.

Машинадан яна бир аёл тушди. У ҳам худди Санобар Камоловадек аввал машинанинг орқасига — йигитларнинг олдига борди. У ёқда энди иккала шофёр тимирскиланишарди.
— Яқин-орада кетамизми? — деди аёл бўғилиб.
— Ким билади, дейсиз, опажон? — бояги шофёр тағин жавоб берди. — Тили бўлсаки, айтса, манави ерим... деб. Хавотир олманг, узоғи билан бир соатда йўлга тушамиз. Бу машинанинг карбюратори нозикроқ. Запас бериб қўйинглар, десак, беришмайди.

Аёл Санобар Камолова томон юрди. Фонар ёруғида унинг ҳали ёшлиги — қирқ-қирқ бешлар атрофидалиги қоматидан ҳам, юзидан ҳам билиниб турарди. Санобар Камолова унинг эгнидаги белбоғлик палтосига эътибор берди. Қуюқ қора қундузли узун духоба палто унга жуда ярашиб турарди.
— Кечирасиз, Тошкентга яқин қолдикми? — дея сўради у Санобар Камоловага яқинлашиб.
— Олис эмас, йигирма-йигирма беш километрча қолди шекилли. — Кейин соатига қараб қўшиб қўйди: — Агар ҳозир тузатишса, ўн иккиларда етамиз.

Аёл индамади.

Автобусдан яна беш-олти киши тушди.
— Келдикми дейман? — деб сўради бир киши.
— Йўқ, ҳали бор, — деди иккинчиси. — Анча мизғиб олдилар чамамда, туртсам ҳам сезмадингиз?
— Ҳўв шофёр оғайнилар! Тинчликми ё шу ерда тунаймизми?

Яна қандайдир савол-жавоблар, ҳазил-мутойиба гаплар бошланиб кетди. Кимдир қайси бир йили қаҳратон қишда йўлда ёлғиз қолиб кетиб, бўриларга ем бўлишига оз қолгани ҳақида, кимдир олис йўлларда навбатчи авария машиналари йўқлиги бемазагарчилик экани ҳақида гапирарди.

Аёл улардан четрокда эди, афтидан гапларни эшитмас, ўз хаёли, ўйлари оғушида эди. Кейин чуқур бир эснаб, қўлларини чўнтакларига солди-да, Санобар Камоловага разм солиб, у тикилиб турган томонга қаради.
— Нимани кузатаяпсиз? Янги ойними? — Унинг овози бўғиқ бўлса ҳам анча ширали, кишини дарҳол ўзига тортадиган эди.
— Ойни ҳам, — деб жавоб қилди Санобар Камолова. — Кўпроқ унинг ёнидаги юлдузни. Қаранг, думи ерга тегай деб турибди.
— Ростдан ҳам! — Аёл ҳайратга тушди. — Думли юлдузларни эшитган эдим-ку, лекин бунақасини кўрмаган эканман. Оти нима бу юлдузни, биласизми?
— Билмадим, — деди Санобар Камолова. — Афтидан, бу юлдуз эмас.
— Вой! Анави... учар тарелками ё?

Санобар Камолова кулди.
— Учар тарелка биз томонларда нима қилсин? Булар ҳаммаси йўқ гаплар. Назаримда, бу ё ернинг сунъий йўлдоши, ё космик кема...
— Жонибековлар учиб юрган кема, денг? Мунча кичкина?
— Кичкина эмас, шундай туюляпти-да олисдан. Автобусимиздан қолишмас.

Аёл ҳам Санобар Камолова ҳам беихтиёр автобусга қарашди. Кейин яна осмонга тикилишди. Думли юлдуз ҳаракатга тушиб, Ойнинг устидан учиб ўтди-да, кўздан ғойиб бўлди.
— Қандай кунлар келди-я?!.. — деди ҳайрат ичида аёл.

Санобар Камолова уни қувватлади:
— Нимасини айтасиз! Агар космик кема бўлса, балки космонавтлар бизни кўришгандир? Сизни ҳам, мени ҳам...

Лекин аёл бирдан ўзгариб:
— Э, менинг кимга керагим бор, ўзи одамлардан қочиб юрибман-ку, — дедию автобус олдига ўтиб кетди.

Автобус бир соат деганда ҳам тузалмади. Баъзилар иккита-учта бўлиб, йўловчи машиналарда кета бошлашди, баъзилар автобус ичига кириб, ухлашга тушдилар.

Санобар Камолова зерикди. У ухлаёлмаслигини биларди. Шунинг учун биронта машина тўхтаса, кетақолишни мўлжаллаб, автобусдан сумкасини, дугоналари қўярда-қўймай бериб юборган Самарқанд нони, шўрданак солинган пакетни олиб тушиб, машина олдига ўтди.

Нотаниш аёл автобусга суяниб йиғларди. Санобар Камолова нима қилишини билмай, турган жойида тўхтаб қолди. Кўнгил сўраб борса, жеркиб берса-чи? Аёлларнинг нимаси кўп, сири кўп. Баъзан ўзлари ёлғиз бўлгилари келади. Шундай бўлса ҳам Санобар Камолова бу келишган, анчагина ёқимли, аммо баъзи ҳаракатлари болаларникидек содда аёлга далда бермоқчи бўлди.
— Кечирасиз, — деди яқинроқ бориб, — мен ҳам йўловчи машина тутиб кетмоқчиман. Автобуснинг қачон тузалиши ҳали гумон. Истасангиз бирга кетайлик.

Аёл юз-кўзларини артиб, жилмайди.
— Шошадиган жойим йўқ. Майли. Кетамиз, десангиз, кетамиз. Сумкамни олволай.

У эринибгина орқасига қайтди ва тезда ҳаворанг қўл сумкаси билан Санобар Камолованинг ёнида пайдо бўлди.
— Сиз қаерда турасиз?
— Богдан Хмелнитский кўчасида. Шундай «Шодлик» ателесининг орқасида.
— Бўлди, яқин экан. Мен С-12да тураман.
— Сизнинг уйингиз ҳам олис эмас экан, — деди Санобар Камолова. — Мен олдин сизни ташлаб кетишим мумкин.

Иккита енгил машина кўзларни қамаштириб, визиллаганича ўтиб кетди. Учинчи машинанинг чироқлари кўринганда, иккала аёл баравар қўл кўтаришди.

Қизил «Жигули» рўпараларига келиб тўхтади. Санобар Камолова рулда ўтирган йигитга адресини тушунтирди.
— Ўтиринглар, — деди йигит. — Биронта милитсионер тўхтатса, қариндошимиз дейсизлар-да. Отим Ислом.

Аёллар «хўп» деб машинага чиқишди. Шофёр йигит магнитофон тугмачасини босиб қўйди. Машина ичини майин дутор оҳанги босиб кетди. Мусиқага берилиб, шаҳарга кириб келишганини билмай қолишди. Шота Руставели кўчасига етганда, Ислом:
— Аввал Богдан Хмелнитскийда тўхтасак, нима дейсизлар? С-12дан қайтиш қийин. Ўзим ўша томонда тураман.

Санобар Камолова аёлга қаради.
— Майли, — деди аёл, кейин Санобар Камолованинг ўзигагина эшитарли қилиб қўшиб қўйди. — Сизникида қолақолсам, майлими?

Санобар Камолова аввал ҳайрон бўлди. Лекин туппа-тузук аёлнинг раъйини қайтармаслик учун:
— Ихтиёрингиз, — деди. — Хавотир олишмайдими, ишқилиб?
— Хавотир оладиган ўзим-да..

Аёл шундай деб киноя билан жилмайди ва хўрсиниб қўйди.

Уйга етиб келишганда, кўча чироғидан бошқа барча уйларда чироқ ўчиқ, ҳамма уйқуда эди.

Санобар Камолова эшикни очиб, аёлни ичкарига таклиф қилди. Айвонга ўтиб, чироқларни ёқди. Эрининг ҳарбий кители осиб қўйилган стулни четроққа суриб:
— Бемалол ечиниб ўтиринг, — деди-да, ўзи ичкари хонага кериб кетди.

Ётоқхонага ўтиб эрининг пешонасидан ўпди.
— Забихилла ака! Мен келдим. Хавотир олмадингизми?

Забихилла ака ётган жойида уйқу аралаш хотинига Кўлларини чўзди.
— Қозонда овқат бор... Мунча кеч?
— Автобус йўлда бузилиб қолди. Мен бир ўзиммасман. Бугун энди ёлғиз ётасиз. Бир аёл бор. Бизникида ётиб қолади. Кабинетингизга жой соламиз. Майлими?

Забихилла ака ҳафсаласи пир бўлиб, тескари ўгирилар экан, майли, деб бошини қимирлатди ва яна уйқуга кетди.

Санобар Камолова рўпарадаги йўлак орқали қўшни хонага кириб, иккала ўғлига қаради, устиларидаги чойшабни яхшилаб ёпди, яна ётоқхонага қайтиб кирди. Жавондан иккита тунги халат олиб, айвонга чиқди.
— Поччангизнинг кабинетларида ётамиз иккаламиз. Ҳозир чой қайнатаман. Бир ошамдан ош еймиз.

Санобар Камолова кўзларини бир нуқтага қадаб, хомуш ўтирган аёлга мурожаат этди.
— Нега ечинмаяпсиз? Палтонгизни анави қозиққа илинг. Жудаям чиройли экан. Ўзингизга бирам ярашибдики... Айвонимиз иссиқ, кейин ҳеч ким кирмайди, поччангиз ҳам;

иккала ўғлим бўлса донг қотиб ухлаб ётишибди. Кўйлагингизни ечиб, манави халатни кийиб олинг. Мендан уялмассиз?

Аёл жилмайди.
— Йўқ...
— Бўлинг бўлмаса!

Санобар Камолова жўрттага шўхлик билан қўлидаги пуштиранг халатни аёлга отди. Ўзи ҳам шу ерда апил-тапил ечиниб, яхши кўрган зангори халатини кийиб олди.
— Ана! Опа-сингил бўлдик-қўйдик. Мен Санобарман.

У шундай деб, аёлга қўлини узатди. Аёл ҳам қўлини чўзди. Унинг бармоқларида қўша-қўша жавоҳир узуклар бор эди.
— Иродаман.
— Хуш келибсиз, Иродахон.

Санобар Камолова, олис йўлга бундай қимматбаҳо нарсаларни тақиб нима қилардингиз, тағин бир ўзингиз йўлга чиққан экансиз, деб сўрамоқчи бўлди-ю, яна ийманди. Тўғрироғи, ҳаваси келибди, деб ўйламасин, деди.
— Сизни билмайман-у, Иродахон, менинг қорним очқаб кетди. Бунинг устига, поччангиз ўзлари ош қилсалар емаган одамдан хафа бўладилар. Юринг. Мен ошни иситаман. Сиз чой дамлайсиз.

Икковлари айвоннинг биқинига тушган қулайгина ошхонага ўтишди. Аёлнинг анчагина руҳи кўтарилди шекилли, худди ўз уйидек юмушга берилиб кетди. Унинг уй ишларига эпчил, озода, меҳнаткаш аёл эканини Санобар Камолова дарҳол сезди. Нима ташвиш тушган экан бечоранинг бошига? Аммо шу заҳоти ўнг қўлидаги узукларни, қулоқларидаги ҳар бир тошининг ўзи ҳатто бир бойлик бўлмиш, ниҳоятда нозик ишланган жавоҳир исирғаларни кўриб, унинг ўзи бировларни бечора қилиб қўймаганмикан, деган хаёл Санобар Камолованинг миясига урилди, кимни олиб келдим уйимга, деб бир оз ўзини койиган ҳам бўлди. Лекин илож қанча, бўлар иш бўлди. Шу фикр билан у ўзини чалғитди-да, айвондаги столга дастурхон ёзди.

Ош ширин экан, иситилган бўлса ҳам яхшигина ейишди. Чойдан сўнг кабинетга ўтишди.

Санобар Камолова қўярда-қўймай меҳмонни диванга ётқизди. Ўзига йиғма каравот олиб кириб жой солди.
— Сиз диванда ётсангиз бўларди, — деди Ирода. — Барибир мен ухлаёлмайман. Сизни безовта қиламан ағдарилавериб, эшикка чиқавериб...

Санобар Камолова кўнмади.
— Ҳечқиси йўқ. Мен ҳам кам ухлайман. Аммо, Ирода... мени кечиринг-у, нима сизни қийнаяпти? Мен ёрдам беришим мумкинми? Эътиборингиз учун: мен — врачман.
— Раҳмат. Менга врач керак эмас. Менга ҳозир ҳеч нарса керак эмас. Бир ҳафтада ҳаёти ағдар-тўнтар бўлган одамман мен. Бахтсиз, юзи қаро...

Ирода жимиб қолди. Санобар Камолова унинг юраги тўлиб, пиқ-пиқ йиғлаётганини эшитди.
— Сув олиб берайми? — деди бошини кўтариб.
— Йўқ, раҳмат, — деди Ирода йиғи аралаш. — Менга шунчалик илтифот кўрсатдингиз, уйингизда олиб қолдингиз, раҳмат. Мен... мен, киритмассиз, деб ўйлаган эдим.
— Нега киритмас эканман? — дея ҳайрон бўлди Санобар Камолова. — Одам одамга дўст бўлиши керак, меҳр-оқибатли бўлиши керак.

Ирода ўзини тутолмай йиғи аралаш йўталди.
— Йўқ. Менинг кимлигимни... менга нима бўлганини билганингизда эди!.. — Ирода ҳиқиллаб анча йиғлади.

Санобар Камолова ҳозир уни овутиш фойдасиз, деб ўйлаб, бир оз жим турди. Кейин чой қуйиб узатди.
— Манавини ичиб юборинг.

Ирода пиёлани олди, охиригача ичди. Оғир бир тин олиб, Санобар Камоловага ўгирилди.
— Биласизми, Санобар опа... мен... мен тўрт боланинг онасиман. Катта ўғлим Бахтиёр йигирмада, кейингиси Элдор, ўн саккизда. Қизим Саида тўртинчи синфда, Холёр иккинчи синфга ўтди яқинда. Ўзим қирқ бешга кирдим. Асли Жомбойда туғилганман. Отам мен туғилган йили урушга кетиб, ҳалок бўлганлар. Уруш, урушдан кейинги йилларни биласиз, анча қийинчилик кўриб ўсганман. Лекин мени ўқитишди. Мактабни битиргач, Самарқанд медитсина институтига кирдим. Кўряпсиз, ҳамкасбмиз. Лекин касбим фойдасиз қолиб кетди. Аъло битирдим институтни. Орзум Тошкентга келиб аспирантурага кириш эди. Ўқитувчиларим болалардаги тутқаноқ касалига оид диплом ишимни мақтаб, шу мавзуда илмий иш қилсангиз арзийди, дейишди. Тошкентга келиб аспирантурага кирдим ҳам. Афсуски (албатта, энди афсус дейман), онам, тоғаларим мени узатиш дардига тушиб юришган экан. Йигитни айтишди. У ҳам самарқандлик бўлиб, устози ортидан Тошкентга кўчиб келган, яхши ишда экан. Обрўйи ҳам бинойи, топиши ҳам. Йўқ дейишимга қарамай, бизни Тошкентда бир танишимизникида учраштиришди. Ростини айтсам, йигит менга ёкди. Баланд бўйли, қорақош, қоракўз, қуюқ сочлари бир оз жингалак бўлиб кетган, очиқ ҳавода кўп юрганиданми ё ўзи шунақами — ранги қизилмағиз нондек... Қандайдир бир қурилиш бошқармасида инженер бўлиб ишлар экан. Бирпас чой-пой ичиб, гаплашиб ўтиргандек бўлдик. Тили бурро. Билмаган нарсаси йўқ. Устига устак, медикларни ҳурмат қилар экан. Ошналари кўп экан медиклардан. Гап орасида, ҳар бир янги тушаётган массивда алоҳида поликлиникаси, медпункти бўлишини талаб қиляпмиз, деди. Хуллас, менга у ёкди. Мен ҳам ёкдим, шекилли, бир ҳафта ўтар-ўтмас, тўйимиз бўлди. Икки жойда — олдин Самарқандда, кейин Тошкентда. Самарқанддагисини номига ўтказдик. Аммо Тошкентдаги тўй... мен бунақа дабдабали тўйларни кам кўрганман. «Тошкент» ресторани сотиб олинди. Столларда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Артистлар-чи? Бутун Самарқанд, Қаршидан энг довруқли созандалар, ашулачилар келишган. Тошкентдагиларни айтмайсизми? Адашмасам, Фахриддин Умаров ҳам бор эди. Ўшанда унинг энг гуриллаган пайти эди.

Куёвнинг устозлари Сотимхон ака шунақанги гапга чечан одам эканларки, бир қарасангиз, дунё воқеаларидан тушиб ҳаммани ўйлатиб қўядилар, бир қарасангиз, кутилмаган ҳазил гапларни топиб ҳаммани кулдирадилар. Мен ҳам ўзимни зўрға тутиб ўтирдим.

Ярим кечада бизни машинага солиб, олиб кетишди. Қоронғида қаерга келганимизни билмайман, ҳар ҳолда узоқ юрмадик. Машинадан тушганимда Сотимхон ака Норбой ака билан менинг олдимга келдилар. Қолганлар орқароқда туришди.
— Норбой, ука! Мана, оила ҳам қурдинг. Гўзал бир пари ҳаёт йўлдошинг бўлди. Иродахон! Куёв бола мен учун ўғилдан ҳам азиз. Бир жон, бир тан бўлиб яшанглар. Кексалар, оиланинг боши эр бўлса, танаси хотин, деб бекорга айтишмаган. Қўшақаринглар. Манави калит, келин, сизга. Уз қўлингиз билан ўз уйингизни очинг. Учинчи қават, 14-хона. Шу жез калит кейинчалик олтин бўлиб кетсин.

Сотимхон ака калитни менга бериб, пешонамдан ўпдилар. Норбой акани қучоқладилар. Қўлтиқлашиб йўлакка кириб кетмагунимизча ҳамма ортимиздан қараб турди.

Уй, Санобар опа, мен сизга айтсам, эртакдагидек эди. Албатта мен учун. Тўйлар ҳам, уй ҳам. Уч хона, поли паркет. Иккита лоджиа. Ҳамма хоналарда бир хил кизил мебел. Бошим айланиб кетди. Норбой ака мени қучоқлаб кўтарди-да, икки кишилик каравот четига ўтқизди.
— Чарчадингизми? — деб сўради у ўта мулойимлик билан. — Бир бокалдан шампан ичайлик, ҳаммаси ўтиб кетади. Уйнинг камчиликлари бўлса, кечирасиз. Танлагунимизча вақт ўтиб кетди. Сотимхон акамларга раҳмат, шу уйни кейин ўзлари олиб бердилар.
— У киши ким? — дедим ёш болалар онасидан сеҳргар ким деб сўрагандек.
— Сотимхон аками? Соддароқ тушунтирсам, йигирманчи аср кишиси. Ҳамма нарсани билади, ҳамма нарсага қўли етади. Йўлимизда шу одамнинг учраб қолгани бизнинг бахтимиз.

Уч кундан кейин Ялтага кетдик. «Ўзбекистон» санаториясида дам олдик. Биз тушмаган биронта теплоход қолмади, энг яхши ресторанларнинг ҳаммасига кириб чиқдик. Аспирантура хаёлдан кўтарилди.
— Яхши врач бўламан деган одам, аспирантурасиз ҳам бўлаверади, — деди мени овутиб Норбой ака. — Қиёс қилинг, мен сизнинг беморингизман. Қаранг, боқинг... Бор тажрибаларингизни менда ўтказинг. Аспирантура қочиб кетмайди. Ҳозир ўйнаб олинг.

Ростини айтганда, Норбой ака таклиф қилган ҳаётда аспирантура мен учун ортиқча эди. Тушгача бозор, магазин... Нима истасам оламан. Тушдан кейин кечқурунга тайёргарлик... Кейин телевизор, кино, театр... Хуллас, ўртоқларимнинг кўпи менга ҳавас қилишарди. Баъзан ўзим ҳам ўзимга ҳавас қилиб қўярдим. Шу алпозда кунлар ўтаверди. Ялтадан қайтиб келганимиздан кейин кўп ўтмай, Норбой ака кўтарилди. Бошқарманинг бош инженери бўлди. Яна бир оз вақтдан сўнг, янги бир бошқармага бошлиқ бўлиб ўтди. У ниҳоятда хурсанд эди. Кундуз куни шу хабарни айтгани келди-да, кечқурун Сотимхон акам келадилар, тай-ёргарлик кўриб қўйинг, деди.

У кетиши билан уйга яшик-яшик мева-чева, сўйилган қўй кўтариб келишди. Икки киши кабоб, мантига уннаб кетди. «Иродахон! Ошни ўзингиз қилармишсиз!», деди улардан бири.

Қоронғи тушганда келган Норбой ака ошпазларнинг ишларидан мамнун бўлиб:
— Бўлди, бу ёғини ўзимиз қиламиз, — деди-да, уларга жавоб бериб юборди. Менга эса:
— Сотимхон ака катта ўтиришларни ёқтирмайдилар. Нотаниш одамларни ҳам. Қўрага сих теришни ўзим қотириб юбораман. Манти вақтидан ўтиб кетмаса бўлгани. Қараб туринг, — дея таъкидлади.

Кейин иккаламиз дастурхон тузай бошладик.
— Оз-озгина керагидан қўйсак бўлди. Тўла дастурхон иштаҳани бўғади.

Норбой ака шундай деб турган эди, қўнғироқ жиринглади.
— Келдилар! — деди суюниб Норбой ака. — Ўзингиз очинг. Хурсанд бўладилар.

Дарҳол фартугимни ечиб, эшикни очдим. Сотимхон ака бир ўзлари эдилар.
— Баракалла! Мана, ҳақиқий уй бекаси бўлибсиз-қўйибсиз. Салом!

У шундай деб, иккала қўли билан пиёз юқи қўлимни лабига олиб бориб ўпди.
— Аёл учун энг азиз ва мўътабар касб — уй касби. Эр уйга минг хил кайфиятда келади. Бир кайфиятда икки оғиз ширин гап, табассум етарли. Бир кайфиятда бир ошам олтиндек палов бошни кўкка етказади. Хуллас, эрни эр қиладиган ҳам хотин, кечирасиз, бу сизга мутлақо тааллуқли эмас, ер қиладиган ҳам хотин. Бир кўрай, деб келдим. Бу, бизнинг куёв бола, Норбой Норбўтаевичдан шикоят йўқми?
— Йўқ, раҳмат. Қани, ичкарига киринг, Сотимхон ака!.. — дедим-у, уялганимдан ўзимни ошхонага урдим.

Ошхонада бояги ҳаяжондан ўзимни босолмай, юз-кўзимга муздек сув сепдим, у-буга уннадим, хуллас, бир амаллаб, сал ўзимга келдим. «Норбой Норбўтаевич!..» Энди уни шундай дейишар экан-да?! Чиндан ҳам катта ишга ўхшайди, Сотимхон аканинг ўзи уни шундай деяпти. Севинганимдан бу одамга қўлимдан келган яхшиликни қилишга, Норбой акани эса, у билан учрашганимдан, ярим оч, етим ўтган болалигим эвазига шундай, бахтли ҳаётга етишганимдан бўйнидан қучоқлаб ўпиб-ўпиб олишга аад қилиб қўйдим.

Қази, қирилган турп олиб чиқиб қўяётганимда, Норбой ака шишаларни очаётган экан. Сотимхон ака менга кулиб бир қараб қўйди-да, Норбой акадан сўради.
— Ий-я! Норбой Норбўтаевич! Бизнинг суйганимиз қани? Йўқ, у бўлмаса кўнгил жойига тушмайди.

Норбой ака қип-қизариб кетди. Мен нима ҳакда гап кетаётганини тушунмадим.
— Буни қаранг, шу эсдан чиқибди-ку. Кечирасиз, ҳечқиси йўқ, беш минутда ҳозир бўлади. Айбга буюрмайсиз, ўзингизни ёлғиз қолдираман-да?
— Топмасангиз бўлмайди. Бугунги кайфиятимиз ўнта «Наполеон»га арзийди! — деди Сотимхон ака. — Боринг!

Норбой ака югуриб эшикка чиқиб кетди. Мен ошхонага ўтиб, ўз ишларимга уннаб кетдим. Ошга сабзи, пиёзни бостириб, сув солиб турганимда, ошхонага Сотимхон ака кириб келди.
— Ия, ия! Бу, қўлга нима қилди?
— Нима қилибди? — дея қўрқиб кетдим.
— Кесиб олибсиз-ку! Шундай қўлни ҳам кесиб бўладими?

Чўмични қозон ёнига қўйиб, тирсагимгача шимарилган қўлларимга қарадим.
— Қани?

Сотимхон ака ўнг қўлимни билагимдан ушлаб, башмалдоғимдан билагимгача борган ингичка қизил чизиқни кўрсатди.
— Мана! Бунинг олдини олиш керак.

У қўлимни қўйиб юбормай юзига яқинлаштирди ва дўрдоқ лабларини чўзиб, пуфлай бошлади.
— Ёд суриш керак, — дедим мен.
— Ёднинг кераги йўқ. Энг яхши даво лабнинг шираси.

U shunday deb, bilagimni oʻpa boshladi. O’zimni yoʻqotib qoʻydim. Buni u rozilik, deb tushundi, shekilli, belimga qoʻl yubordi. Bir siltanib chiqib ketdim, qoʻlimni tortib oldim.

— Нима бўлди, қизим? Фақат банияти шифо, деб, фақат шифо деб. Ёшлар-эй, ёшлар, яхшиликни тушунмаган ёшлар...

У чиқиб кетди. Мени тер босиб кетган эди. Нима қилсам экан, чиқиб уришсамми, ҳайдаб юборсамми? Ўзи ёпишди, деса нима бўлади? Ким менга ишонади? Норбой ака ишонармикан? Биласизми, Санобар опа, назаримда ўша куни, ўша топда, кўзим очилди. Норбой ака билан орамизга совуқлик тушди, муносабатимиз дарз кетди.

Ер ютгур «Наполеон» келди. Норбой ака қайси бир ресторандан топиб келди. Алламаҳалгача иккалови ичиб ўтиришди. Мен чиқмадим. Кабоб ҳам эсларидан чиқди, манти ҳам. Ош дам еганда, тишимни тишимга қўйиб суздим. Бир лаган олиб чиқдим.
— Баракалла! Қизимнинг қўли гул... Норбой Норбўтаевич! Қизимнинг кўли гул! Унга озор берсангиз, бизга озор берган бўласиз. Қани, битта қуйинг-чи!

Мен ҳам рюмкани кўтаришга мажбур бўлдим. Сотимхон ака гапирди.
— Норбой Норбўтаевич! Сизни мен ўғлим деганман. Иродахон — қизим. Шу кишининг саломатлиги учун.

Ичишди. Мен лабимга теккизиб қўйдим.

Сотимхон ака ўрнидан турди. Норбой ака югуриб ичкари хонадан дипломат-сумкасини олиб чиқди. Ундан катта бир пакетни олиб устозига узатди.
— Айтганингиз, Сотимхон ака. Бу ёғига биз қарздор.
— Омон бўлинглар.

Сотимхон ака пакетни қўлтиғига қистириб чиқиб кетди. Мен йўлакда қолдим. Норбой ака уни кузатиб қайтиб келганида оғзи қулоғида эди.
— Биласанми, эртадан бошлаб мен кимман? Энг яхши трестнинг бошлиғиман!
— Муборак бўлсин! — дедим, лекин шаштим пастлигини Норбой ака сезди.
— Нима бўлди?
— Шу одам иккинчи бизникига келмасин.
— Нега энди? Бу ҳеч мумкин эмас! — дея ҳайрон бўлди Норбой ака. — Нима бўлди ўзи, айт.

Айтиб бердим. Норбой ака хахолаб кулди.
— Шуми? Шарти кетиб, парти қолган чол-ку бу одам! Майли, битта масалада келишиб оламиз. У келганда, мен доим ёнингда бўламан. Келишдикми?

Илож қанча эди? Индамадим.
— Лекин билиб қўй, — деди катъий оҳангда Норбой ака. — Бир афсона бор. Антей деган грек паҳлавони товони ерга тегиб турган пайтда ҳеч кимдан енгилмас экан. Ердан узиб олинган Антейда ҳеч қандай куч қолмас экан. Сотимхон ака менинг товоним. Сотимхон акани қўзғатиб қўйишса, менинг ишларимдан путур кетади.

Норбой аканинг кўзлари муздек қотган, овози дағал, менга эътиборида меҳрибонликдан асар ҳам йўқ эди шу топда. Шунинг учун пакетдаги нима эди, деб сўрамадим. Кейин билсам, (бир марта эмас, икки марта эмас, бундай пакетлар бизникига тез-тез келарди, биздан Антейникига кетарди) улар ҳаммаси пул экан.

Ииллар ўтди. Кетма-кет фарзанд кўрдик. Уй Норбой акага торлик қилди. Юнусободдан ҳовли олганларини бир куни айтдилар. Лекин ҳали у ерда туриб бўлмайди. Пича ремонт қилиш керак. Янаги ёзга кўчиб борамиз, деди. Ёзда кўчиб бордик. «Сим-сим»нинг ўзи. Ҳатто кайфим учиб кетди. Бунақа ҳовли, бунақа уйни сира кўрмаганман. Бир томони гулзор, бир томони мевазор, узун пешайвонининг олди токзор. Сўриси оқ тунука томга чиқиб кетган. Ҳовлининг этагида ичи мармардан ишланган, икки томонидан зинапоя тушган ҳовуз. Ҳар ер-ҳар ерда, гўё бетартиб-у, лекин дид билан ўрнатилган фавворачалар офтобда атлас нусха сув пуркаб отилиб ётибди.
— Адашмадимми? — деб ҳайрон бўлдим.
— Мени танлашда адашмаган бўлсанг бўлди. Товоним ҳали ерда экан, ҳамма нарса кафтингда бўлади. Сотимхон аканинг нусхасидан. Фақат мен айвоннинг устунларини ўйма қилдирмадим. Каттадан сал пастроқ юриш керак.

Норбой ака мени гаражга бошлаб, машина устидаги оқ чойшабни тортди. Эски «Жигули» ўрнида янги оқ «Волга» турарди.
— Шундай хотин... Устозинг ишбилармон бўлса, сенга ҳам юқади. Сассиқ чолнинг битта билагингдан ушлаганига хуноб бўлиб юрибсанми? Антейга ўнта билак ҳам кам. Мен сенга айтсам Антейда «бунақалар» тиқилиб ётибди. Не-не билаклар унинг соясига салом беради, уни кўрганда балиқ бўлиб кетади.

Лекин мен сизга айтсам, Санобар опа, одам ҳамма нарсага кўникиб кетар экан. Илгарилари уйга келган ҳар бир янги нарсадан қувонар эдим. Меҳмон кутганда, эрим айтган таомлардан зиёдроқ бирон нарса пиширсам, одамлар уни мақтаб ейишса бошим осмонга етарди. Кейинчалик ўзим билар-билмас ҳамма нарсадан кўнглим қолди. Ҳеч нарса қувонтирмайдиган, дилни очмайдиган бўлиб қолди. Мабодо бирон юмуш билан қўшниларникига чиқиб қолсам, оддий қовурилган картошкани ҳам ҳузур қилиб ейдиган бўлиб қолдим.

Муҳими — Норбой ака ой сайин эмас, кун сайин ўзгариб кетадиган бўлди. Унга ҳам ҳеч нарса татимайди.

Пиширган овқатларимни илгаригидек иштаҳа билан, мақтаб емайди. Бир икки чўқилайди, қўяди. Телевизор кўриб ўтириб ухлаб қолади. Сезяпман, унга бир бало бўлган. Фақат меҳмонлар, айниқса, Сотимхон ака келганда чеҳраси ёришади, аввалгидек ўзини шўх, беташвиш тутади. Улар кетиши билан яна қовоқ тумшуғи осилиб қолади. Бир куни ҳатто ундан сўрадим:
— Сизга нима бўлди? Шаштингиз паст? Аввалгидек ёришиб ўтирмайсиз. Ё бошқа хотинни кўнглингиз тусаб қолдими? Бемалол. Ғиқ этмайман. У жилмайди.
— Иш кўп. Ҳаммага ҳам ишониб бўлавермайди. Кўп нарса ўзимга қолиб кетяпти.

Уйқусидан ҳам халоват кетди. Эшик тиқ этса, ўрнидан сапчиб туриб кетади. Томдан мушук ўтиб қолса ҳам юраги така-пука. Ҳовлига чиқади, хужраларда нималарнидир тинтийди, гаражга ўтади. У ерда ҳам ўғрига ўхшаб ғимирсилайди. Чанг-чунг бўлиб келиб, ўрнига чузилади, «уҳ» тортади. Баъзи кунлари чидаёлмай болаларнинг хонасига чиқиб ётаман.

Илгари қандай пайтлар экан, ойим битта бўз кўйлак олиб келса ҳам бошим кўкка етарди, қувончимга чек йўқ эди. Энди ҳеч нарса татимайди...
— Зерикмадингизми, Санобар опа? — деб сўради Ирода.
— Йўқ, йўқ, — дея оғир хўрсиниб жавоб қилди Санобар Камолова. — Айтаверинг. Жуда ғалати, ақл бовар қилмайдиган гаплар...
— Лекин, рост. Мен сизни алдаб нима қиламан? Етти ёт бегонаман, — дея гапида давом этди Ирода. — Янги жойда ҳам турмуш аввалгидек. Кунора зиёфат. Келди-кетди кўп. Кимлардир, мен танимайман, аммо уларнинг ҳаммаси мени билади, «Иродахон опа», дейди, нималарнидир ташлаб кетишади. Кимлардир келиб, «Иродахон опа!», дейди-да, олиб кетади. Шу алпозда кунлар ўтаверди, болалар катта бўлди, иккала каттасини институтга жойлаб қўйдик.

Икки йилдан ошди, чамамда, бир куни Норбой ака тўрт кишини етаклаб келдилар. Холёр билан Саида мактабдан келиб ҳовузда чўмилишаётувди.
— Чиқларинг! — деди Норбой ака сабрсизлик билан. — Сув айнибди. Касал бўлиб қоласанлар.

Холёр чиққиси келмай гап қайтарди:
— Топ-тоза-ку?!
— Чиқ дейман! Бўлмаса пес бўлиб қоласан.

Болалар ҳовлиқиб сувдан чиқишди. Авзойи бузуқ Норбой ака одамларга нималарнидир буюрди. Ҳалигилар бир-пасда ҳовузнинг устини тахта билан ёпиб, тупроқ тортиб юборишди. Ҳалигина болаларни қувонтириб турган ҳовуз гулзор билан теп-текис бўлди-қолди. Устига гулбеор экиб ташлашди. Фаввораларнинг ҳам беш-олтитаси тагидан суғуриб ташланди. Шундан кейин Норбой ака ойлаб минилмай турган «Волга»ни миниб чиқиб кетдилар. Ярим кечада, дарвозани ўзим очдим, ширакайф ҳолда, қандайдир пачок «Жигули»да қайтдилар.
— Ҳозирча шуни миниб турсин ўғилларинг, Сотимхон аканинг бир шохи лат еди. Аммо товони остидаги ер ҳали бақувват, патак босиб ётибди. Қаёғига кетмон урма, кўпчиб чиқаверади. Тақинчоқларингнинг энг зўрларини йиғиштир, бирон жойга кўмиб қўямиз.

Ярмидан кўпини йиғиштириб бердим. Қўлимдагилару қулоғимдагилар қолди. Шуларни ҳам ечтирди. Ёқут кўзли тилла узугим бор эди, ўзимники, онамдан қолган, шуни ҳам бармоғимнинг сирқираб оғриганига қарамай суғуриб олди. Ярим кечагача гаражда ивирсиб, бир маҳал ҳаллослаб кириб келди.
— Бўлди. Искович ит ҳам тополмайди, — деди ўрнига ётар экан.
— Мунча қўрқмасангиз?Сотимхон акадан қарзингиз бўлса, бериб қўяқолинг.

Норбой ака аҳмоқсан дегандай ёстиққа оғзини тираб ингради.
— Ҳеч кимдан қарзим йўқ. Топганим ўзимники. Ўзимнинг ақлим, қўлим билан топганман.
— Бўлмаса тинчланинг, — дедим юпатган бўлиб.

Ammo tinchlik qayda? O’zini qayoqqa qoʻyishni bilmaydi. Birpasda adoyi-tamom boʻldi. Bunday odamga oʻxshab gapla-shishlari yoʻqoldi. Azonda ketadi, kechasi qaytib, nomiga ovqat yegan boʻladi-da, hovlini aylanadi, garajda soatlab yoʻq boʻlib ketadi.

Тахминан бир ойлар ўтди шекилли, Сотимхон ака — ўша ер ютгур аждаҳо қамалди. Норбой аканинг рангида ранг қолмади.
— Сотиб қўймаса бўлди, — деди бир куни у.
— Шуни пойлаб ўтирасизми? — дедим мен. — Шу ҳам ҳаёт бўлдими? Ҳаммамизни қийнаб юбордингизку. Болалар, каттасидан тортиб, кичигигача кўзингизга дуч келгани қўрқишади.
— Нима қил, дейсан?
— Нимани сотиб қўйишидан қўрқсангиз, шуларни бориб айтинг ўзингиз. Олиб бориб беринг. Тинчийсиз.
— Мени қаматмоқчимисан? — деб киноя билан қулди у. — Кейин бор топганимни ўйнашларинг билан еб ичмоқчимисан?
— Вой, нима деяпсиз ўзи? Тўртта бола билан менда ўйнаш нима қилсин? — Тутоқиб кетдим мен ҳам. — Топган нарсаларингиз ўзингизга буюрсин. Менга тийинингиз ғам керак эмас. Агар бориб ўзингиз айтмасангиз, мен бораман. Тўрттала боламни етаклаб бораман.

Бурнимга мушт тушди. Пешонабоғим билан оғзи бурнимни беркитганимча ошхонага чиқиб кетдим.

Шу кеча минг хаёлга бориб тонг оттирдим. Санобар опа, мен бир нарсага ҳеч тушуна олмайман. Қашқир ҳам қорни тўқлигида инида ётар экан. Одам шунчалик очофат бўладими? Ҳидланиб қолган гўштлар, қурт тушган қази-қарталарни қўшнилар, қариндош-уруғга беролмай, кечалари итларга ташлаб яшашнинг нимаси яхши? Йиллаб зах ерда ётавериб чириб кетган пулларни ишлатиб бўлмагандан кейин нима кераги бор? Келини ё куёви, хотини ё қизига ёздирилган иккита-учта машинани одамлар нима қилади? Қорин тўйса ҳам, кўз тўймайди, деган гап фақат одамларга, номини, зотини, кимлигини унутганларга тааллуқли экан.

Eрталаб худди ҳеч нарса бўлмагандек, Норбой ака олдимга кирди.
— Кечир мени. Агар бирор ножўя иш қилган бўлсам, ишон, аввало сени деб қилдим, кейин болаларни деб. Мендан кейин ҳам, ҳеч нарсага зор бўлманглар, деб жонимни жабборга бердим, ишладим.
— Ишлаш бунақа бўлмайди...
— Биламан, ишлаш бунақа бўлмайди. Қани, тўғри ишлаб кўр-чи, нонинг бутун бўлармикин?
— Бўлади, — дея қўшилмадим унинг гапларига. — Қолаверса, тинч, бошни ғоз тутиб яшаш учун яримта нон ҳам етади... Борасизми ё йўқми?
— Тушунсанг-чи, ахир, боролмайман. Айниқса ҳозир.
— Нега?
— Тергов бир ёқли бўлсин. Тергов тугагандан кейин борсам анча енгил бўлади. — Норбой ака ийманиб бир нарсани айтолмай турди, кейин айтди. — Ахир... бу ёқдагилар жим туришгани йўқ. Ҳаракат қилишяпти. Ажаб эмас, ҳаммаси тинчиб кетса!..

Шу пайт ошхонага иккала катта ўғлим кириб келишди.
— Ойи, биз армияга ёзилиб келдик. Бир ойдан кейин кетамиз.
— Қаёққа?
— Ҳарбий хизматга.
— Менга ҳам айтсаларинг бўладими шу гапларингни? — Норбой ака зарда билан гапирди. — Адашмасам, оталарингман шекилли?

Болалар индамай, бошларини эгишди.
— Ким қувяпти уйдан сенларни? — Норбой ака битта-битта ўғилларига қараб чиқди. — Кейин... кейин, биласанларми, осонликча сенларни ўқишга киритиб қўйганим йўқ. Ҳар биринг учун нақд ўн мингдан берганман!
— Шунинг учун ҳам кетяпмиз, — деди Элдор. — Хизматдан қайтгач, ўзимиз кирамиз ўқишга. Ўз кучимиз билан.
— Бу уйда соғ одам қолмапти чамамда, — деб ғўлдиради Норбой ака.
— Фақат сиз соғсиз, дада, — деди лаблари қалтираб қути учган Бахтиёр. — Соғ одам фақат пул топиши керак. Шунақанги кўп пул топиши керакки, ерга кўмиб, уни албатта чиритиши керак!
— Тирранча! Ўчир овозингни!

Норбой ака мушт кўтарди. Аммо Бахтиёр ҳам, Элдор ҳам жойларидан жилишмади. Бошларини эгганларича тек тураверишди.

Норбой ака қўлини тушириб, менга нимадир демоқчи бўлди, кейин ҳафсаласи пир бўлди, шекилли, эшикни тарақлатиб ёпиб, кўчага чиқиб кетди.
— Ойи, нима қиламиз? Розимисиз? — дея сўради Элдор.
— Қилгуликни қилиб қўйиб, энди розилик сўрайсизларми? — дедим аччиғланиб.
— Сизга енгил бўлармикан, деб ўйловдик-да.
— Енгил бўлсин десаларинг, холи қўйинглар мени ҳозир.

Иккалови чиқиб кетди. Бошим оғриб кетди. Нима қилай? Кимга нима дей? Ҳеч маҳал бундай оғир аҳволга тушмаган эдим. Орзуимни нимага алмашдим? Биринчи келган фикр шу бўлди. Иш билан бўлиб кетганимда, ким билади, бу фирибгар, ҳаром одамлар қафасига тушмасмидим балки? Мен ўзимни ёмон одам деб ўйламайман. Лекин суриштириб қарасангиз, салкам чорак аср ёмонлар билан бирга бўлибман, ҳамёстиқ бўлибман, нима пок, нима ифлос, нимада халқнинг аччиқ дарди бор — билмабман! Санобар опа, қаранг, йигирма уч йил биронта одамга яхшилик қилмабман, ҳаромхўр, текинхўр, юлғичларнинг дастурхонини тузабман, кўзига ширин боқибман, ширин гапирибман. Қул хам эгасига бундай қилмайди, жуда бўлмаганда нафратини дилида сақлайди. Мен шундай ҳам қилмадим. Улар мени қўғирчоқдек ўйнатишди. Лекин бир нарса менга тасалли беради. Болаларим. Болаларимни тўғри ўстирибман. Розиман иккаловининг ҳам кетишига. Боришсин. Хизмат қилишсин. Кейин бошларига тушганини кўришар. Лекин бир нарсага аминман. Ҳалол яшашади. Дадасига айтган гапларини эшитдингиз. Улар айтганимни қилади. Баҳодирим, Элдорим, азиз болажонларим, фақат йўлларингда учрайдиган товони ерга тегиб турган алвастилардан нари бўлсаларинг бўлди.

Ўша куни томоғимдан ҳеч нарса ўтмади. Уйқу ҳам қелмади. Албатта мен ҳеч қаёққа борганим йўқ. Қаёққа борардим? Нима дердим? Сўроқдаги Сотимхон аканинг жавобларидан эрим қўрқиб юрибди, дейманми? Аллақачон хабарлари бўлса керак. Бир иш очилса, ҳаммаси очилади. Иннай-кейин, ўз эримдан шикоят қилиб борармидим? Ер ютгур олиб келган ўша нарсаларини емаганманми, киймаганманми? Фақат шу ифлос кийимларни деб меҳмондорчиликларга, тўй, театрларга бормаганманми?

Хуллас, ҳеч қаёққа бормадим. Оқшом пайти ўзлари келишди.
— Протоколга вақт кетмаслиги учун ҳаммасини ўзингиз кўрсатганингиз маъқул, — деди улардан бири Норбой акага.
— Ҳамма нарса очиқ, ўзларинг қарайверинглар, — деб жавоб қилди эрим.

Тинтув бошланди... Санобар опа, бу фалокат бошингизга тушмаган, билмайсиз. Ер ёрилсаю ерга кириб кетсанг шу маҳали. Қўшниларим, болаларимдан қандоғ уялдим, қан-доғ уялдим!..
— Бўлдими? — деб сўради ниҳоят тинтув бошлиғи.
— Бори шу, — деди Норбой ака тумшайганича.
— Бўлмаса, гаражга ўтайлик...

Гаражда нима борлигини улар қаердан билган экан? Мен ўғилларимга қарадим. Улар ҳам мендек, уялганларидан зўрға оёкда туришарди, бошлари эгик.

Улар Норбой акамни олдиларига солиб гаражга кетишди.

Мен болаларим билан айвонда қолдим. Кўп ўтмай, машинани суриб чиқаришди гараждан. Нималардир у ерда тарақлаб кетди. Темир-терсак ўлгур кўп эди гаражда. Бир маҳал учта оғзи маҳкам беркиладиган сут бидонни икки киши кўтариб, айвонга олиб чиқди. Оғзиларини очиб ағдаришди. Учала бидоннинг ичи чала-чулпа тахланиб, сув қоғозга ўралган юз сўмлик, эллик сўмлик пуллар экан. Бундан мутлақо хабарим йўқ эди. Узун дераза тагида турган диваннинг устини пул босиб кетди. Кўпи моғорлаб қанчаси чириб, титилиб кетибди.
— Бу ёғини ўзингиз айтасизми, ё? — деди яна тинтув қилаётганлардан бири.
— Айтадиган бошқа ҳеч нарсам йўқ, — деб тўнғиллади яна эрим.
— Ҳовузни беркиттираётганингизда у ерга нима яширган эдингиз?
— Ҳеч нарса яширганим йўқ.
— Ўжарлик қилиб, чакки қиласиз.
— Опа, ҳовуз қаёқда?

Кўрсатдим. Ярим соат ўтар-ўтмас, сувқоғозга ўралган иккита бир килолик тунука чой қути кўтариб келишди. Очишди. Ичи тўла тилла пуллар экан. Бу пуллар қаердан келди? Нега буларнинг ҳаммасини мендан яширди?

Шу пайт кимдир қаттиқ ингради, кейин ҳирилдоқ товуш эшитилди. Тинтув ўтказаётганлар югуриб ичкари хонага кириб кетишди. Биз ҳам кирдик. Қай кўз билан кўрайки, ётоқхонада Норбой акам икки қўлию бўйнидан қон кетиб ётарди. Бир қўлида чустий пичоқ. Танидим: қайси бир йили бир ўртоғи совға қилган эди. Қийиққа ўралганча шкафда ётувди.

Ўзимни ушлаб туролмай, Норбой аканинг устига ташландим! «Норбой ака! Нима қилиб қўйдингиз? Мен сизга бегонамидим? Айтганингизда қайтарсам бўлмасмиди?..» Яна нималар деб йиғладим. Одамлар овутган бўлишди. Қани энди уларнинг гапи қулоғимга кирса?!

Чақирилган «тез ёрдам» фойда бермади. Беш минут ўтар-ўтмас Норбой акам оламдан ўтди. Ҳеч нарсадан хабарлари йўқ Саида билан Холёр музика дарсидан келиб, ичкарига киришди. Одамларни ёриб ўтиб, бўлган воқеани, қонга беланиб ётган оталарини кўришди. Бирдан «Дада! Дадажон!» деб қизим қичқириб юборди. Шундагина мен уларни кўриб қолдим. Дарҳол иккаловини бағримга босиб, ҳовлига олиб чиқиб кетдим.

Ана шундай даҳшатли кунлар ҳам тушар экан одамнинг бошига, Санобар опа. Еттисини ўтказдик, ҳеч ким кирмади маҳалладан. Ишхонасидан беш-ўнта киши келган бўлди.

Норбой ака ўзини ўлдирган куниёқ иккала кичкинамни синглимникига жўнатдим. У ҳам Тошкентда яшайди. Бола бечоралар бу уйда қандай ухлайди? Катталари ҳам зўрға туришди. Ҳовлига жой қилиб ётишди. Ёнларига менга ҳам жой қилиб беришди.

Еттиси ўтган куни, идиш-товокларни йиғиштириб бўлиб, катта ўғилларимни ёнимга чақирдим.
— Нима қиламиз энди? Нима гапларинг бор?

Узоқ ўйланиб ўтиришди. Кейин Бахтиёр гап бошлади.
— Ишлаймиз, ойи. Сизни ёлғиз қолдирмаймиз. Уқиш бўлса сиртдан ўқирман. Кундузгида, Элдорни билмайман, мен ўқиёлмайман. Уз кучи билан, зўрға кирган ўртоқларимнинг кўзига қандай қарайман?
— Мен ҳам ўқимайман кундузгида. Акамдек ишга кираман. Сиртдан ўқийман.
— Армияга кетмоқчи эдиларинг-ку? — деб сўрадим ичимда улардан рози бўлиб.

Иккови ҳам жавоб беришмади.
— Ёзилиб келганларинг ростми? Ё... Элдор бошини қимирлатди.
— Рост эди.
— Рост бўлса... ҳарбийда хизмат қилиб келиш ҳар бир йигитнинг бошида бор, — дедим мен. — Хафа бўлмайман. Бориб келинглар.

Бахтиёр бир нарсага оғиз жуфтлаган эди, тўхтатдим.
— Йўқ, йўқ! Боринглар... Сенларники ҳалол... Ўзимни тутолмай йиғлаб юбордим.
— Ойи! Сизда нима гуноҳ? Сиз ўғирлик қилибсизми? Элдор елкаларимдан қучоқлаб, юз-кўзимдан ўпа бошлади.
— Гуноҳ кўп менда ҳам, болам!.. Биринчи марта иккита гўрсўхта индамай сўйилган қўйни ташлаб кетганида, олмасам ё кўчага улоқтирсам, балки ҳозир гуноҳим бўлмасди. Мен олдим, биринчи мартасиям, иккинчи мартасиям, ҳар доим, ҳар доим. Ким нима кўтариб келса, суриштирмай олиб қолавердим. Дадангни эгри ишлардан тўхтатмадим, қайтага шерик бўлдим!.. Ўғирликмасми бу! Ҳеч ўзимни кечирмайман, сенлар ўқишда эдинглар. Бир мўйсафид келди. Дадангнинг трестида ишлар экан. Дурадгор экан. Беш йилдан бери квартира деб йиғлармиш, беришмасмиш. Шу одам бир тоғора қовоқ сомса қилиб олиб келибди. «Бошқасига қурбим етмади. Бола-чақа кўп. Зах, эски уйда тураман. Норбойжон битта ҳа, деб юборсалар квартиралик бўлиб қолардим. Берадиган ҳеч нарсам йўқ. Уйимнинг ўртасида эски намат, ҳовлининг бурчагида битта ориқ сигир. Бор бойлигим болаларим. Ёрдам қилинг, синглим», деб йиғлади ҳалиги мўйсафид. Кечқурун дадангга айтдим, ҳатто ялиндим. Аралашма, деди даданг. У одам оёғи билан эмас, тили билан юради. Кўрдиларингми, шу кичкинагина бир савоб ишни ҳам қилганим йўқ дадангга қўшилиб. Энди гап бундай, дедим иккала ўғлимга, йигит кишининг гапи битта бўлади, армия дедиларингми, қайтманглар. Қайтгунларингча иккала уканг билан холаларингникида туриб тураман. Қайтганла-рингдан кейин бир гап бўлар.
— Ойи, биз бу уйда турмаймиз, — деди Элдор.
— Мен ҳам, — дедим.

Улар кетишди. Кавказда ҳозир. Иккала кичкинам синглимникида. Мен бўлсам, бир бетайин одам бўлиб қолдим. Хаёлим паришон, юрагимга қил сиғмайди, нимага қўл уришимни, қаёққа боришимни билмайман... Иттифоқо тинтув пайти рўйхат қилинган нарсалар хаёлимдан ўтди. Улар орасида тақинчоқларим йўқ эди. Топишмади шекилли. Шундай ўйлаб туриб, ўзим ўша нарсаларни қидириб кетдим. Кечга яқин ҳовуз ариқчасининг қувуридан топдим. Термосга ўхшаган қопқоқлик бир идишда сув қоғозга ўроғлиқ турган экан. Топишмади, булар энди сеники, болаларингники, деган фикр ўтди юрагимдан. Лекин болаларимни ўғирлик мол билан ўстираманми яна, бу ёғи пешонам терига қолсин. Шу фикрда тўхтадим. Ҳаммасини стол устига ёзиб бирпас томоша қилиб ўтирдим. Кейин одмироқ сумкага солиб, кўчага чиқдим. Назаримда шу кетишда милитсияга кетяпман. Ярим йўлга етганимда, орқага қайтдим. Худди биров мени қувиб келаётгандек уйга югурдим. Кира солиб, эшикни қулфладим. Кейин ўйлаб-ўйлаб, яхши бир йўл топгандек ҳам бўлдим. Чиройли кийиндим. Қўлларимга сиғганича узукларимнинг энг қимматбаҳоларини тақдим. Енгил жемперимнинг устидан икки қатор марварид, бир қатор туятишли дуримни осдим. Энг яхши зиракларни ҳам осиб олдим қулоқларимга. Яхши кўринсин, деб калта тик ёқа чарм палтомни кийдим. Тақинчоқларнинг қолганларини палтом рангидаги сумкага солиб кўчага чиқдим.

Ателени айланиб, Богдан Хмелнитский кўчасига етганимда — шу ерда катта гастроном бор — шунга бир кириб чиқдим. Уч-тўртта аёл, бир-икки эркаклар мени кузатишди. Менга шу керак эди. Гастрономдан чиқиб, педагогика институти томон юрдим. Сездим, рўпарамдан бир кекса хотин менга тикилиб келяпти. Яқинлашганимда у тўхтади. Мен парво қилмай ўтиб кетавердим. Шунда орқамдан унинг овозини эшитдим:
— Айланай! Эҳтиёт бўлинг. Ясан-тусан ҳам эвида-да. Битта-яримта ўлдириб кетса нима бўлади?!

Индамай кетавердим. Педагогика кўчаси билан Шота Руставели муюлишигача бордим. Ҳеч ким менга бошқа парво қилгани йўқ, илашгани ҳам йўқ. Шу ерда бирпас туриб боғга йўл олдим. Боғнинг дарвозаси олдида бир эркак киши бутилкадан пиво ичиб турган экан. Мени кўриб, оғзидаги пивоси томоғидан ўтмади, бир қалқиб, шишани ариққа улоқтирди. Мен унга ортиқча қарамай ўтиб кетдим.

Боғ жимжит. Катта ҳовуздаги сувда занжирбанд қайиқлар бўм-бўш турибди. Боғнинг ўртасидаги ёғоч иморатнинг ичидан билярд тошларининг овози келяпти. Бошқа товуш, шовқин-сурон йўқ. Боғнинг орқа томонлари қоп-қоронғи. Қўрқиб кетдим. Ҳовуз лабидаги ўриндиққа ўтирдим.

Шу тобда яқинимда, орқамда кимнингдир шарпаси пайдо бўлди.
— Чарчабсиз-да, хоним? — деди эркак овоз.

Ялт этиб қарадим. Бир қўли плашчининг чўнтагида, бир қўли скамейканинг суянчиғига тиралган ҳалиги пиво ичаётган одам орқамда турарди. Жавоб бермадим.
— Мен ҳам чарчаганман. Ёнингизда бирпас ўтирсам майлими?
— Утиринг. Жой кўп, — дедим.

Юрагим гупуллаб ура бошлади. У ўтириши билан сассиқ папирос ва ачиган овқат ҳиди димоғимга урилди.
— Бу дейман, хоним, ишдан чарчадингизми, ё ёлғизликдан? — деб сўради у яқинроқ сурилиб.

Мен қимир этмай ўтиравердим.
— А, нимадан чарчадингиз? Билсак бўладими?
— Ишдан, — дедим зарда билан.

Нега зарда қилдим, билмайман. Ўзим, ахир, ўғри ё одам ўлдиришдан тоймайдиган одамга дуч келиш учун чиқдим-ку уйдан. Бу одам худди шунақаларданга ўхшарди.
— Ишдан? — У ҳайрон бўлди ва тикилиб юзимга, қулоғим, қўлларимга қаради, кейин жилмайиб деди:
— Йўқ, мени алдаб бўпсиз!.. Ишга бунақа ясаниб бормайди одам, келмай қолдиларми?
— Ким?
— Ким бўларди... ҳалиги... — У кўзини қисиб кулди. — Келмаган бўлсалар, хафа бўлманг... Мана! Биз готоп!

У кўкрагига зарб билан мушт туширди. Мен ҳатто сесканиб кетдим. У буни ўзича тушуниб елкамга қўлини чўзди.
— Қўлингизни олинг! — дедим яна зарда билан. — Тўртта болам бор. Оладиган нарсаларингизни олинг-да, кетинг!
— Қанақа нарсаларни? — деб ҳайрон бўлиб менга қаради у.
— Манави тақинчоқларни. Зирак, узук. Сумкада ҳам бор. Мана.

Сумкани очиб кўрсатдим. Сумканинг ичи ялтираб кетди.
— Мени ким деб ўйлаяпсиз, хоним! — У қошларини чимирди. — Агар юз грамм ортиқча ичган бўлсам, икки... атиги икки оғиз ширин гап гапирмоқчи бўлган бўлсам, дарров мени — туппа-тузук одамни ўғрига чиқариб дўясизми?

У уҳ тортди, ғижим бўлиб кетган рўмолчасини олиб бурнини қоқди ва шу рўмолчани кўзларига босган бўлди. Буни мен ўйин деб тушундим. Вақт, зарур вақт пойлаяти, деб ўйладим.
—Йўқ, адашасиз, хоним!.. — У гапида давом этди. — Илгари мен... рост, ўғирлик қилганман. Орип чиноқ деса Бешоғочдан Кўкчагача мени ҳамма биларди ва ҳамма қўрқарди. Эшитяпсизми, қўрқарди. Йигирма йил бўлди, ташлаганман. Иннайкейин, бунақа тош пошлар менинг касбим эмас. Нақд кармон пул — мана, мен нимани яхши кўрардим. Тош албатта бировнинг бошини ейди. Пул-чи? Бугун бор, эртага йўқ. Тош йўқолмайди, қўлдан қўлга ўтади ва бир куни қарабсизки, ҳурматли хоним... Орип чиноқ решатканинг орқасида. Мен... мен... пулнинг ҳам фақат ҳаромини ўғирлаганман. «Жаноб 420»ни кўрганмисиз, зўр филм. Ўша ўғри мен бўламан. Менга ишонасизми, йўқми? — Мен беихтиёр «ҳа» дедим. — Бўлмаса, илтимос, ўн сўм бериб туринг. Уйдан бепул чиқиб кетганман. Учта болам билан ойдек хотинимни ташлаб, чиқиб кетганман. Ярамас, мени ҳайдаб чиқарди-я озгина ичганимга!

Мен бу одам билан учрашганимга пушаймон бўлиб, ўн сўм қолдирдим унга.
— Раҳмат, эртага албатта қайтараман, — деди у ва бир пасда кўздан ғойиб бўлди.

Ҳафсалам пир бўлиб, ўрнимдан турдим. Кап-катта шаҳарда ўғри учратиш ҳам амри-маҳол экан. Тағин тайёр мол билан турсанг ҳам кўринишмайди...

Ирода кулди.

Санобар Камолова унинг анча енгил тортганини пайқаб қўшиб қўйди.
— Ўғри ҳам танлаб ўғирлайди.
— Шунақа экан. Уйга қайтдим. У ердан синглимникига бордим. Саида билан Холёр синглимнинг болалари билан роса тўполон қилишиб, энди уйқуга кетишган экан. Иккаловининг юз-кўзидан ўпиб, бағримга босиб, ташқарига чиқдим. Сиримни синглимга билдирмадим.
— Болаларга ўзинг қараб тур. Йўқлигимни билдирма. Қаердалигим икки-уч кундан кейин маълум бўлади, — дедим.
— Қаёққа кетаяпсиз? — деб хавотирланиб сўради синглим.
— Ҳозир айтолмайман.

У ортиқча суриштирмади. Эрининг ташвиши билан юрган бўлса керак, деб ўйлади.

Яна кўчага чиқдим. Оёқларим ўзидан-ўзи «Минор»га бошлади. Дарвозанинг ёнидаги кичик эшик очиқ экан, шундан кириб, Норбой аканинг қабри устига бордим. Этларим жимирлашиб кетди. Бўшашиб тиз чўкдим. Тиз чўкдиму бор аламим, нафрат ва муҳаббатимни лойшувоқ қабрга тўкиб солдим! Ким эдим? Ким бўлдим? Мени кимлардан айирдинг бетавфиқ? Тўртта болани сўққа бошимга нега ташлаб кетдинг? Қозонимиз ҳафталаб қайнамаса ҳам, йиртиқ-ямоқ кийиниб юрсак ҳам сендан таъна қилмас эдим. Ўртоқларимдан айрилдим; касбимдан айирдинг. Мени ўйлаганларинг, менга гапирганларинг мени деб, болаларни деб ўғирлик қилганларинг, ҳаммаси-ҳаммаси ёлғон! Сен билан яшаганим ёлғон! Ёлғон! Ёлғон!..

Унинг қабри ёнида яна қанча ўтирдим — билмайман. Афтидан, овозимни чиқариб бўзлаган бўлсам керак, кимдир келиб мени кўчага олиб чиқиб қўйди.
— Қўйинг, фойдасиз, — деди. — Бу ерга тирикларни ўйлаб келиш керак.

Ҳар ҳолда, ўйлар мени машиналар кўпроқ юрадиган кўчаларга бошлади. Айланиб, яна Шота Руставели кўчасидан чиқиб қолибман. Улгурмадим. Ёнимга қарасам, чироқларини тўла ёндириб машина келяпти. Яқин қолганида йўлини кесдим. Машина худди бояги трамвайдек чинқириб юборди-да, маст одамдек ўзини бир-икки у ёқ-бу ёққа ташлаб, тиззаларимга тегиб тўхтади.
— Опа! Жонизда қасдингиз бўлсаям, бизни ўйламайсизми?! Жувонмарг бўлиб кетардим-ку ҳозир! — Шундай деб шофёр йигит машинадан тушди. — Урилмадингизми?
— Йўқ, — дедим уялиб мен.
— Наҳотки кўрмадингиз машинани? Бунинг устига, тез келаётган эдик, — деди машинадан тушган иккинчи йигит.
— Кечиринглар!.. — Мен бошқа ҳеч нарса дея олмадим.
— Қаёққа кетяпсиз? — деб сўради шофёр йигит.

«Samarqandga» degan soʻz ogʻzimdan chiqib ketganini oʻzim bilmay qoldim.

— Буни қаранг-а? Йўлимиз битта экан. Қани, ўтиринг! — Шофёр йигит орқа эшикни очиб мени ўтқазди. — Палтонгиз бир оз чанг бўлибди, холос.

У жойига, иккинчи йигит унинг ёнига ўтирди Машинани юргизар экан, шофёр йигит зўраки кулиб қўйди:
— Тиззаларим ҳалиям қалтираб кетяпти. Аммо, опажон, бир фалокатдан қутулиб қолдик-да! Қани, кетдик!

Тошкентдан чиқилганда шофёр йигит сал орқага ўгирилди.
— Менинг отим Исмат. Бу киши ўртоғим — Нурилла. Иккаламиз ҳам физикмиз. Илмий-текшириш институтида ишлаймиз. Келинингиз Самарқанд университетида диссертатсия ёқлаяптилар эртага. Адабиётдан. Навоий билан Жомийнинг адабий алоқаларидан.
— Мен эса, Иродаман. Ҳамшира. — Қандай қилиб оғзимдан шу гаплар чиқиб кетганини сезмай қолдим, қип-қизариб кетганимни бутун вужудим билан пайқадим, аммо машина ичи қоронғи эди, улар билишмади.
— Иродахон опа! — деди шофёр йигит яна. — Қорин қалай? Машинада норин бор, қази, пишган гўшт... Балки...
— Сўраб берадими? — деб жеркиди иккинчи йигит. — Сангзорга етайлик, тўхтаб, яхшилаб овқатланиб оламиз. Нима дедингиз?

Мен бош ирғадим. Кейин йигитларга билинтирмай, секин-секин бармоқларимдан, қулоқларимдан тақинчоқларимни ечиб сумкамга солиб қўйдим. Дурларимдан биттасини ҳам бўйнимда қолдирмадим.

Анчагача жим бордик. Сирдарёдан чиққанимизда, шофёр йигит шеригидан сўради.
— Дача қилмоқчи эдинглар, нима бўлди?
— Э, сўрама, — деб жавоб қилди иккинчи йигит. — Нанайнинг этагидан яхши жой танлаган эдик. Бир қурилиш бошқармаси билан шартнома туздик. Бошлиқлари бориб кўриб келди. Пулини ҳам келишдик. Энди қурилиш бошланай деганда ҳаммаси қамоққа олинди. Бошлиқлари ҳам. Норбўтаевмиди, Норбоевмиди — ҳозир эсимда йўқ.
— Нега?
— Ҳозир маълум эмас. Афтидан, муттаҳамлик, қаллоблик.
— Пахтани тузатишган эди, энди навбат қурилишга келибди-да!
— Нимасини айтасан. Гапларга қараганда, булар фақат алдаш билан кун ўтказишаркан.
— Яхши бўлмади-да, — дея хўрсинди йигит. — Беш-ўнта касофат ҳаммамизга иснод келтиряпти. Бу нокасларни...

Мен бир сесканиб тушдим. Лекин эримга қанча ачинмай, улар ҳақ эди.
— Ярамаслар, қачон уларнинг уруғи тугайди?!

Худди унинг гапини эшитмагандек шофёр йигит деди:
— Хафа бўлма. Оз қолди. Ёмондан яхши кўп... Ишларимиз жуда бошқача бўлиб кетади.

Сангзорда овқатланиб, яна йўлга тушдик. Тонг ёришганда Самарқандга кириб келдик. Мен бозор олдида қолдиришларини илтимос қилдим. Шундай қилишди. Борадиган жойим, қиладиган ишим йўқ эди. Нега ўзи Самарқандга бориб қолдим — билмайман. Институтда бирга ўқиган ўртоқларим бор, уларникига кирсам, бирпас дам олсам бўларди. Лекин нима деб кираман? Қайси юз билан кираман?

Бозорга ўтиб, расталарни томоша қила бошладим. Куз бозори жуда алламбало бўлади. Тўғрими, Санобар опа? Айниқса, Самарқанд бозори. Бир томонда писта-бодом, шўрданак... Бир томонда қуруқ мева, бир томонда ҳўл мева... Кўзларингиз қамашиб кетади.

Мен Самарқанд нонларига жуда ишқивозман. Тавба, қандай қўли гул одамлар ёпар экан-а бундай нонларни? Ҳозир есангиз ҳам маза қиласиз. Бир ойдан кейин ҳам унинг кусир-кусири руҳингизни кўтаради. Битта янги узилган бўрсилдок нон олиб, қаймоқ бозорига ўтдим. Қаймоқчиларнинг панасида бир сопол товоқ қаймоққа уни ботириб едим. Биласизми, анча ўзимга келдим. Аёллардан бири аччиқ кўк чой узатди. Яқин-яқингача юрагимнинг қаеринидир кемириб турган дард йўқолгандек бўлди. Регистонга ўтиб офтоб ялтиратиб турган мадрасаларнинг ҳаммасини шошмасдан томоша қилдим. Кейин Афросиёб музейига бордим. Кун ярим бўлди. Зарафшонга келиб овқатланган бўлдим. Кейин яна кўчага чиқдим. Гўри Амир томонга она-бола қўл аравага босиб ғўзапоя олиб кетяпти. Бола тортиб кетяпти, калиши оёғидан тушиб қолай-тушиб қолай деган аёл бор кучи билан аравани орқадан итаряпти.
— Камроқ ортсаларинг бўлмасмиди? Болага оғир-ку?! — дедим ўзимни тутолмай.
— Мен ҳам айтдим охи оғир бўлди деб. — Хотин тўхтаб тушунтира бошлади. — Аравага ҳам, сенга ҳам, бола, менга ҳам жабр, дедим. Икки сафар қилайлик, дедим. Йўқ, дейди. Ўқиган-да! Телевизор кўрар эмиш. Футбол бор эна, тезроқ нон ёпинг, дейди. Ғўзапояга нон зўр пишади-да, айланай, худди сизнинг ойдек юзингиз бўлиб кетади. Бизнинг ҳовлига бўлинг, ана, водопровод оқиб турибди. Шунга етсангиз — бўлди. Одилшо, чақир опангни?

Араванинг олдида ғўзапоя орасидан илжайган калла кўринди.
— Қани, юр бўлмаса! — Кампир аравани итарди. Олдинда ҳеч ким бўлмаса ҳам, кўшиб кўйди: — Қани, пўшт! Одилшо тойчок кетяпти, пўшт. Қадами олтин кетяпти, пўшт!..

Яшаш қандай ширин шу одамларга. Она боласига у севган нонини ёпиб бериш дардида, бола янги узилган нонни еб футбол кўриш иштиёқида. Бундан катта завқ, бахт борми? Уларнинг ҳаёти ҳар куни шундай, меҳнат, завқ билан ўтади. Нега шундай яшаш мумкин эмас? Шунча йил яшаб, нега мен бирон марта бундай завқ олганим йўқ? Болаларимга қандай завқ бердим?

Югуриб меҳмонхонага кирдим. Иккита конверт, икки варақ қоғоз олдим. Ўша заҳотиёқ иккита хат ёздим. Мана улар...

Санобар Камолова ёзув столи устидаги чироқни ёқиб, хатларни унинг қўлидан олди. Иккалови ҳам ариза эди. Бири — шаҳар советига: ҳовлини олиб, ўрнига квартира бериш ҳақида; иккинчиси — Тошкент педиатрия институтининг бош врачи номига бўлиб, ҳамшира сифатида ишга қабул қилишларини ўтиниб сўралган эди.
— Иккала аризангиз ҳам яхши, — деди Санобар Камолова. — Оқилона иш қилибсиз. Биттасини, қабул қилинди, деб ўйлайверасиз.
— Қайсинисини? — деди шошиб Ирода.
— Ҳамшираликни. Ўша касалхонанинг бош врачи мен бўламан. Эртадан ишга бораверинг.

Ирода дивандан сакраб тушиб, ёш боладек Санобар Камолованинг бўйнидан қучоқлаб олди.
— Юринг, ҳовлига чиқайлик. Юлдузлар сўнмаганмикин, кўрайлик.

У даст ўриндан туриб, ҳовлига тушди. Кетидан Санобар Камолова ҳам ҳовлига чиқди. Эрта саҳар эди. Ҳаёт ҳали қоронғилик оғушида. Юлдузлар чарақлаб турибди. Қай кўз билан кўрсинки, янги, энди тўрт кунлик ой шундай иккаловининг ўнг томонида эди.
— Вой! Қаранг, — деди Ирода. — Думли юлдуз яна қайтиб келибди!

Ростдан ҳам ойнинг тагида кеча улар кўрган думли юлдуз турарди. Унинг ёруғи ҳовлигача тушган эди.
— Санобар опа? Айтинг-чи, кандай одамни бахтли деб бўлади? — деб сўради Ирода бирдан.
— Назаримда, бахтли одам — халққа, жамиятга фойдаси теккан, одамларга зарур одам бўлса керак.
— Мен ҳам шундай одам бўлармиканман?

Санобар Камолова унга қаради. Ироданинг кўзлари ялт-юлт қилиб турган думли юлдузда ва янги ойнинг олтин уроғида эди.

1986